Забур

Забур

1 Шундай инсонлар саодатлидир:

Улар фосиқлар маслаҳатига юрмайди,

Гуноҳкорлар йўлида улар турмайди,

Мазахчилар орасида ўтирмайди.

2 Ҳа, улар Эгамизнинг қонунидан завқ олади,

Туну кун таълимотининг мағзини чақади.

3 Ундай инсонлар оқар сув бўйига ўтқазилган

Дарахтларга ўхшайди.

Улар ўз мавсумида мевасини беради,

Барглари асло қуримайди.

Улар неки қилса, муваффақиятга эришади.

4 Фосиқлар эса бундай эмаслар,

Шамолда тўзғиб кетадиган сомонга ўхшайди.

5 Ҳукмда фосиқлар оқлана олмайди,

Солиҳлар жамоасидан гуноҳкорлар жой ололмайди.

6 Эгамиз солиҳнинг йўлини қўриқлайди,

Фосиқнинг йўли ҳалокатга етаклайди.

1 Нега қутуради халқлар?!

Нега беҳуда фитна қилар элатлар?!

2 Замин шоҳлари Эгамизга

Ва У танлаган шоҳга қарши саф тортадилар.

Ҳукмдорлар фитна қўзғаб, шундай дейдилар:

3 “Синдирайлик улар солган кишанларни,

Олиб ташлайлик бўйнимиздан сиртмоқларни.”

4 Самода ҳукмрон бўлган Раббий эса

Уларни масхаралаб, устидан кулади.

5 Раббий ғазаб билан уларни огоҳ этади,

Қаҳрини сочиб, ваҳимага солиб айтади:

6 “Мен Сионга, Ўзимнинг муқаддас тепалигимга

Ўз шоҳимни жойлаштирдим.”

7 Эгамизнинг сўзларини шоҳ эълон қилмоқда:

“Эгамиз менга шундай деди:

«Сен Менинг ўғлимсан,

Бугун Мен сенга ота бўлдим.

8 Тила, халқларни сенга мулк қилиб бераман,

Ернинг тўрт томони сеники бўлади.

9 Темир хивчин ила уларни уриб эзасан,

Сопол кўзани синдиргандай уларни парчалайсан.»”

10 Эй шоҳлар! Энди ақл билан иш қилинг.

Эй замин ҳукмдорлари! Огоҳ бўлинг.

11 Қўрқув ила Эгамизга сажда қилинг!

Ваҳима ила тавба қилинг!

12 Унинг ўғлига таъзим қилинг,

Бўлмаса У ғазабланади,

Йўлингизда йўқ бўлиб кетасиз,

Унинг ғазаби тез аланга олади.

Нақадар бахтлидир Унда паноҳ топганлар!

1 Ўғли Абсаломдан қочиб кетгандан кейин Довуднинг айтган саноси.

2 Эй Эгам! Ғанимларим нақадар кўпдир!

Менга қарши қўзғалганлар қанчалар кўпдир!

3 Кўплар мен ҳақимда:

“Худодан унга нажот йўқ”, деб айтадилар.

4 Эй Эгам, Менинг қалқонимсан!

Шуҳратим Сенсан!

Сен бошимни юксалтирасан.

5 Эгамиздан мадад сўраб қиламан фарёд,

Муқаддас тепалигидан У менга беради жавоб.

6 Эгамиз мени ҳимоя этгани учун

Ётиб ухлаб, яна уйғонаман.

7 Ҳар томондан мени қуршаб турган

Ўн мингларча ғанимларимдан қўрқмасман.

8 Қўзғалгин, эй Эгам!

Нажот бер, эй Худойим!

Ҳамма ғанимларимнинг юзларига урасан,

Қабиҳларнинг тишларини синдирасан.

9 Эй Эгам! Нажот Сендан келади!

Баракаларинг халқингга келсин!

1 Ижрочилар раҳбарига. Торли асбоблар жўрлигида айтиладиган Довуд саноси.

2 Эй менинг одил Худойим!

Илтижо қилганимда жавоб бер!

Кулфатда қолганимда мени озод қилдинг.

Менга шафқат қилиб, ибодатимни эшит.

3 Эй инсонлар, қачонгача шаънимни ерга урасиз?!

Қачонгача пуч сўзларга кўнгил боғлайсиз?!

Қачонгача ёлғонларни излаб юрасиз?!

4 Унутмангки, Эгамиз Ўзи учун танлайди тақводорни,

Илтижо қилганимда, Эгамиз эшитади мени.

5 Ҳатто ғазабланганингизда ҳам гуноҳ қилманг,

Тунда ётганингизда ўйланг, сукут сақланг.

6 Муносиб қурбонликлар келтиринг,

Умидингизни Эгамизга боғланг.

7 Кўп одамлар айтади:

“Яхши замонларни ким бизга кўрсатади?!” деб.

Эй Эгам, жамолинг бизга нурларини сочсин!

8 Дон ва шароби мўл бўлганлар қувонади,

Сен юрагимга ундан ҳам кўпроқ шодлик бердинг.

9 Ётганимда хотиржам ухлайман,

Эй Эгам, ёлғиз Сен мени омон сақлайсан.

1 Ижрочилар раҳбарига. Най жўрлигида айтиладиган Довуд саноси.

2 Сўзларимга қулоқ тут, эй Эгам!

Диққат қилгин нолаларимга.

3 Эшитгин, мадад сўраб илтижо этаман,

Сен ҳам Шоҳимсан, ҳам Худойимсан!

Шу боис Сенга ибодат қиламан.

4 Эй Эгам! Тонг чоғи овозимни эшитасан,

Субҳидамда Сенга ёлвораман,

Сендан жавоб кутаман.

5 Қабиҳликдан мамнун бўлмайдиган Худосан Сен,

Сенга меҳмон бўлолмас гуноҳкор инсон.

6 Такаббурлар ҳузурингда тура олмайдилар,

Ҳамма бадкирдорларни Сен ёмон кўрасан.

7 Ёлғон гапирадиганларни Сен қириб ташлайсан,

Эй Эгам, қонхўр, ёлғончилардан Сен жирканасан.

8 Мен эса содиқ севгингнинг мўллиги сабаб

Сенинг уйингга кираман.

Муқаддас Маъбадингда таъзим қиламан,

Қўрқув ила Сенга сажда қиламан.

9 Нақадар душманларим кўп, эй Эгам,

Одиллигинг билан мени сўқмоғингдан етакла,

Ўз йўлларингни менга равшан қил.

10 Душманларим оғзидан ҳақиқат чиқмайди,

Уларнинг юраклари балою офатдир.

Очиқ қабр кабидир оғизлари,

Тиллари хушомад қилади.

11 Эй Худо, уларни жазолагин!

Ёмон ниятлари ўзларининг бошига етсин.

Улар Сенга қарши исён қилганлар.

Гуноҳлари кўплиги учун уларни ҳайдаб юборгин.

12 Сенда паноҳ топганларнинг ҳаммаси севинсин,

То абад шодликдан улар куйласин.

Уларни Сен ҳимоя қилганинг учун,

Сени севганлар севинч ила жўшсин.

13 Эй Эгам! Сен солиҳ кишиларга барака берасан,

Сенинг ҳимматинг уларни қалқондай ҳимоя қилади.

1 Ижрочилар раҳбарига. Саккиз торли асбоб жўрлигида айтиладиган Довуд саноси.

2 Эй Эгам! Ғазаб билан менга танбеҳ бермагин,

Қаҳринг сочиб, менга жазо бермагин.

3 Эй Эгам, мадорим йўқ, раҳм қил менга,

Суякларим зирқирайди хасталикдан,

Эй Эгам, шифо бер менга.

4 Азоб чекмоқда жоним,

Қачонгача куттирасан, эй Эгам, қачонгача?

5 Кел энди, эй Эгам, қутқар жонимни,

Содиқ севгинг ҳақи озод қил мени.

6 Ахир, ўлганда эсламас ҳеч ким Сени,

Ўликлар диёрида ким шукур қилар Сенга?!

7 Оҳ–воҳ қилавериб чарчадим,

Тунлари кўз ёшларим туфайли ўрним ҳўл бўлди,

Йиғлаганимдан тўшагим шалаббо бўлади.

8 Кўзларим нури сўнди ғамдан,

Заифлашди кўзларим душманларим дастидан.

9 Йўқолинглар кўзимдан ҳаммангиз, эй бадкирдорлар!

Нола–йиғиларимни Эгам эшитди.

10 Эгам эшитди менинг илтижоимни,

Эгам қабул қилади менинг ибодатимни.

11 Жамики душманларим уялиб қолади,

Ҳаммаси ваҳимага тушиб қолади,

Ўша он шарманда бўлиб, қайтиб кетади.

1 Бенямин қабиласидан бўлган Кушнинг қилмишлари туфайли Довуднинг Эгамизга айтган марсияси.

2 Сенда паноҳ топаман, эй Эгам Худо,

Пайимга тушганлардан халос эт, қутқар мени.

3 Йўқса, улар мени шердай ғажиб ташлайди,

Бурда–бурда қилади, ҳеч ким мени қутқаролмайди.

4-5 Эй Эгам Худо!

Агарда кимгадир ноҳақлик қилган бўлсам,

Дўстимни душманига сотган бўлсам мабодо,

Ғанимимни сабабсиз талаган бўлсам,

Ҳа, агарда у ишларни қилган бўлсам,

6 Душманларим таъқиб қилсин, тутсин мени,

Танамни тупроққа қорсин,

Жасадимни ерга ташласин.

7 Қани, ғазабингни сочгин, эй Эгам!

Қўзғал ёвларимнинг қаҳрига қарши!

Кўриб, адолат қилгин!

8 Халқларни атрофингга тўплагин,

Баланддаги тахтингда ўтириб,

Улар устидан ҳукмронлик қилгин.

9 Эй Эгам, олий Ҳакам Ўзингсан,

Сен халқларни ҳукм қиласан.

Эй юксалган Эгам,

Ҳукм пайтида юзимни ёруғ қил,

Биласан–ку, солиҳман, бегуноҳман.

10 Фосиқларнинг ёвузлиги барҳам топсин,

Солиҳлар барқарор бўлсин.

Онгу юракларни синагувчи Сенсан,

Эй одил Худо!

11 Менинг қалқонимдир юксалган Худо,

Покдилларга У нажот беради.

12 Адолатли ҳакамдир Худо,

Қабиҳга У доим ғазабини сочади.

13 Агар инсон тавба қилмаса,

Худо қиличини чархлайди,

Камонини тайёр қилиб туради.

14 Қирғин қуролларини шай қилиб қўйган,

Оловли ўқларини тайёрлаб қўйган.

15 Ана, қабиҳлар қабиҳликдан уруғ орттиради,

Дарду балолардан ҳомиладор бўлади,

Охир–оқибатда ёлғонни туғади.

16 Улар чуқур қазийдилар,

Аммо чоҳга ўзлари қулайдилар.

17 Уларнинг дарду балоси ўзига қайтади,

Зўравонлиги ўзларининг бошига етади.

18 Эгамизга, адолатинг учун шукур, дейман.

Эгамиз — Худойи Таолога ҳамду санолар куйлайман.

1 Ижрочилар раҳбарига. Соз жўрлигида айтиладиган Довуд саноси.

2 Эй Эгам, бизнинг Раббимиз!

Бутун ер юзида Сенинг номинг улуғвордир!

Осмондан ҳам юксакдир Сенинг шуҳратинг!

3 Душманларингнинг, қасоскорларнинг

Овозини ўчирай дея,

Сен болалар ва чақалоқларни

Ўз қудратингни сўйлашга ўргатдинг.

4 Қўлларинг ижоди бўлган осмонингга қарадим,

Ўзинг жойлаштирган юлдузлару ойга боқдим.

5 Инсон зоти недирки, у ҳақда ўйлагайсан?!

Бандалар недирки, Сен уларни ардоқлагайсан?!

6 Сен уларни Ўзингдан андак паст қилдинг,

Иззату шараф тожини уларга кийгиздинг.

7 Жамики яратганинг узра уларни ҳукмрон қилдинг,

Бор нарсани уларнинг оёғи остига қўйдинг:

8 Жамики молу қўйларни ҳам,

Барча ёввойи ҳайвонларни ҳам,

9 Самодаги қушларни ва денгиздаги балиқларни,

Денгизда сузувчи ҳар хил махлуқларни.

Ҳа, уларнинг устидан инсонни ҳукмрон қилдинг.

10 Эй Эгам, бизнинг Раббимиз!

Бутун ер юзида Сенинг номинг улуғвордир!

1 Ижрочилар раҳбарига. “Қизлар” куйига айтиладиган Довуд саноси.

2 Бутун юрагимдан, эй Эгам, Сенга шукур айтаман,

Барча ажойиб ишларингни сўйлайман.

3 Сен туфайли шодланиб, қувонаман.

Қўшиқ айтиб, Сени мадҳ этаман,

Эй Худойи Таоло!

4 Душманларим чекиниб қочганларида,

Қоқилиб, нобуд бўлди Сенинг ҳузурингда.

5 Сен адолат ила ҳукм қилиб тахтга ўтирдинг,

Мени ҳукм этиб, юзимни ёруғ қилдинг.

6 Халқларни Сен ваҳимага солдинг,

Қабиҳларни қириб ташладинг.

Уларнинг номини бир умрга ўчирдинг.

7 Вайроналар ичра душманимиз то абад ғойиб бўлди,

Уларнинг шаҳрини Сен вайрон этдинг,

Уларнинг хотираси тамоман ўчди.

8 Эгамиз эса то абад Ўз тахтида ўтиради,

У тахтини ҳукм қилиш учун қургандир.

9 У оламни адолат билан бошқаради,

Халқларни одилона ҳукм қилади.

10 Мазлум учун Эгамиз қалъадай бўлади,

Ҳа, қайғули дамларда У паноҳ бўлади.

11 Эй Эгам, Сени танийдиганлар

Ўзингга умид боғлайди.

Сенга юз бурганларни тарк этмайсан.

12 Ҳамду сано куйланг Қуддусда тахт қурган Эгамизга!

Унинг ишларини эълон қилинг халқлар орасида!

13 Қасоскор Эгамиз мазлумларни ёдида тутади,

Жафокашлар фарёдини У унутмайди.

14 Раҳм қил менга, эй Эгам, қара!

Мендан нафратланган ғанимларим азоб бермоқда!

Ўлим оғзидан мени қайтарадиган Сенсан!

15 Шу боис гўзал Қуддус дарвозалари олдида

Сенга ҳамду сано айтайин,

Менга нажот берган Сенсан,

Шу боис ҳам қувонайин.

16 Халқлар ўзлари қазиган чуқурга ўзлари йиқилди,

Яширган тўрларига оёқларидан илинди.

17 Эгамиз адолатли ҳукми ила

Ўзининг кимлигини кўрсатди.

Қабиҳлар ўзлари қўйган тузоққа илинди.

18 Қабиҳлар ва Худони унутган жамики халқлар

Ўликлар диёрига тушар.

19 Муҳтожни Худо бир умрга унутмас,

Бечораҳолнинг умидини то абад йўққа чиқармас.

20 Қани, эй Эгам! Инсон зоти ғолиб чиқмасин,

Халқлар ҳузурингда ҳукм қилинсин.

21 Уларни қўрқувга сол, эй Эгам!

Халқлар инсон зоти эканлигини билсин.

22 Нечун, эй Эгам, узоқда турибсан?

Қайғули дамларда Ўзингни яширасан?

23 Такаббур қабиҳлар бечорани таъқиб қилади,

Тўқиган иғволари ўзларининг бошига етсин.

24 Қабиҳлар ёвуз эҳтирослари билан мақтанади,

Очкўзлар Эгамизни лаънатлайди, Ундан нафратланади.

25 Худога интилмайди ўзига бино қўйган қабиҳлар,

“Худо йўқдир”, деб доим ўйлайди улар.

26 Қабиҳларнинг доим иши юришади,

Худонинг амрларини улар тушунмайди,

Душманларини писанд қилмайди.

27 Улар ўз кўнглида ўйлайдилар:

“Биз ҳеч қачон қоқилмаймиз,

Ҳеч қачон кулфатларга дуч келмаймиз.”

28 Қабиҳларнинг оғзидан лаънат, ҳийла, пўписа чиқади,

Сўзлари билан улар одамларни яралаб, барбод қилади.

29 Улар қишлоқларда яшириниб олади,

Бегуноҳ инсонни пойлаб ўлдиради.

Кўзлари ожиз қурбонни қидиради.

30 Шерга ўхшаб панада кутиб туради,

Бечорани ушлайман деб, писиб ётади,

Заифни ўз сиртмоғига илинтириб, ушлаб олади.

31 Қабиҳлар ўз кучи билан заифни йиқитади,

Уни ётқизиб, эзиб ташлайди.

32 Улар ўз кўнгилларида: “Худо қилмишларимизни унутган,

У кўзларини юмиб олган, ҳеч нарсани кўрмайди”, деб ўйлайди.

33 Қани, эй Эгам! Ургин қабиҳларни,

Эй Худо! Унутмагин мазлумларни!

34 Нечун қабиҳлар Сендан нафратланади?

Нечун ўз кўнглида улар:

“Худо Мендан ҳисоб сўрамайди”, деб айтади?

35 Сен эса кўриб турасан,

Билиб турасан кулфату азобда қолганларни.

Қўлларингни уларга узатасан,

Ожиз ўзини Сенинг паноҳингга топширади,

Сен етимга доим ёрдам бергансан.

36 Қабиҳлару ёвузларнинг қўлини қирққин,

Қилмишлари учун улардан ҳисоб сўра,

Токи улар бошқа ёвузлик қилмасин.

37 Эгамиз Шоҳдир то абад,

Ўзга халқлар йўқ бўлади Унинг юртидан.

38 Эй Эгам, мазлумларнинг истакларига қулоқ соласан,

Уларнинг юракларига далда берасан.

Етиму мазлумнинг додини Сен эшитиб,

39 Ер юзида банда уларни ваҳимага солмасин дея,

Уларга Сен адолат қиласан.

Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

1 Эгамизда мен паноҳ топаман,

Қандай қилиб сиз менга:

“Қуш каби учиб кетгин тоғларга”, дейсиз?

2 Сизлар менга:

“Қара, покдилнинг юрагини панадан отмоқ учун

Қабиҳлар ёйларини тайёрлади,

Ўқларини шайлаб, мўлжалга олди.

3 Қонун оёқ ости бўлганда,

Солиҳ нима қила олади?!” деб айтасиз.

4 Эгамиз Ўзининг муқаддас Маъбадидадир,

Эгамизнинг тахти самодадир.

У инсонни кўздан қочирмайди,

Нигоҳи инсонни текшириб туради.

5 Эгамиз солиҳни ҳамда қабиҳни синайди,

Зулмни севувчидан У ниҳоятда нафратланади.

6 Қабиҳнинг устига чўғ, олтингугурт ёғдиради,

Уларга улуш қилиб гармселни беради.

7 Эгамиз адолатлидир, У тўғри ишларни севади,

Тўғри юрадиган инсон

Унинг марҳаматидан баҳраманд бўлади.

1 Ижрочилар раҳбарига. Саккиз торли асбоб жўрлигида айтиладиган Довуд саноси.

2 Нажот бергин бизга, эй Эгам!

Тақводор бир инсон қолмади,

Сенга содиқ инсон йўқ бўлиб кетди.

3 Ҳамма бир–бирига ёлғон сўзлайди,

Хушомадгўйлик билан бир–бирини алдайди.

4 Хушомадгўй тилларни Эгамиз кесиб ташласин,

Мақтанчоқ оғизларни У қириб ташласин.

5 Ахир, улар: “Оғзимиз билан эришамиз ҳар нарсага,

Тилимиз ўзимизники, ким хўжайин бизга?!” деб айтади.

6 Эгамиз айтмоқда: “Муҳтож эзилиб кетди,

Бечора нола қилди. Энди қўзғаламан,

Ўзлари интилган нажотга етказаман.”

7 Эгамизнинг ваъдалари ғоятда покдир,

Унинг сўзлари ўчоқда

Етти карра тозаланган кумушга ўхшайди.

8-9 Ҳар тарафда қабиҳлар дайдиб юради,

Ҳар ёқда одамлар ёмонликни мақтаб юради.

Эй Эгам! Булардан бизларни сақлагайсан,

То абад бу наслдан бизни ҳимоя қилгайсан.

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

2 Эй Эгам, қачонгача мени унутасан?

Наҳотки мени то абад унутсанг?!

Қачонгача мендан юз ўгирасан?

3 Қачонгача жоним азобда қолади,

Кун бўйи юрагим ғамга тўлади?

Қачонгача душманим мендан устун келади?

4 Жавоб бер, эй Эгам Худо, боқ ҳолимга!

Кучимни қайтаргин, токи кетмайин ўлим уйқусига.

5 “Уни енгдим”, деб айтмасин душманим,

Йиқилганимда севинмасин ёвларим!

6 Мен умид боғлайман содиқ севгингга,

Нажотингдан қалбим тўлади қувончга.

Эй Эгам, қўшиқ айтаман Сенга,

Зеро, Сен иноят айладинг менга.

Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

1 Аҳмоқлар ўз кўнглида: “Худо йўқ”, дейди.

Улар ярамаслардир, қилмиши жирканч ишлардир,

Яхшилик қилувчи бирон зот йўқдир.

2 “Идрокли бирон зот бормикан?

Бормикан Менга юз бурган?” дея

Инсонга Эгамиз самодан боқар.

3 Ҳаммаси адашган, бирдай бузилган,

Яхшилик қилувчи бир кимса йўқдир,

Ҳатто биронта ҳам йўқ!

4 Улар идроксиз, бадкирдор,

Халқимни бир луқма нондай еб юборади,

Ҳеч қачон Эгамизга сажда қилмайди.

5 Ана, босаётир уларни қаттиқ ваҳима,

Худо солиҳлар биландир бирга.

6 Бадкирдорлар мазлумнинг ниятини пучга чиқарса ҳам,

Эгамиз мазлумларнинг паноҳидир.

7 Эҳ, Қуддусдан Исроилга нажот келсайди!

Эгамиз Ўз халқини яна фаровонликка эриштирса,

Ёқуб насли шод бўлгай, Исроил севингай!

Довуд саноси.

1 Эй Эгам, ким яшайди Сенинг масканингда?

Ким макон топади Сенинг муқаддас тоғингда?

2 Тўғри юриб, тўғри иш қилганлар яшайди,

Юракдан ҳақ гапни айтганлар яшайди.

3 Бошқаларга бўҳтон қилмаганлар яшайди,

Дўстларига ёмонлик қилмаганлар яшайди,

Қўшниларини ҳақорат қилмаганлар яшайди.

4 Разил кимсалардан нафратланганлар яшайди,

Эй Эгам, Сендан қўрққанларни иззатлаганлар яшайди,

Ўзига зарар бўлса ҳам, аҳдида турганлар яшайди.

5 Қарз бериб судхўрлик қилмаганлар яшайди.

Айбсизга қарши гувоҳлик бериш учун пора олмаганлар яшайди.

Буларни қилганлар тинч–омон бўлади.

Довуд қўшиғи.

1 Ўзинг сақла мени, эй Худо!

Мен Сенда паноҳ топаман.

2 Эгамга айтдим: “Менинг Раббимсан,

Сендан бошқа менинг буюк бахтим йўқ.”

3 Нақадар улуғвордир юртдаги тақводорлар,

Улардан мен ғоят завқ оламан.

4 Сохта худоларга эргашганларнинг кулфати ортади.

Уларнинг ичимлик назри қон экан,

Мен уларнинг бу назрларига қўшилмайман,

Сохта худоларнинг исмларини тилга олмайман.

5 Эй Эгам! Барқарорлигим Сенсан,

Муваффақиятим ҳам Ўзингдирсан,

Келажагимни Сен таъминлайсан.

6 Ҳосилдор ерни мерос олган инсонга ўхшайман.

Ахир, Сен мени ажойиб мулкнинг соҳиби қилдинг!

7 Эгамни олқишлайман,

У менга йўл кўрсатади,

Тунда ҳам қалбим менга ўгит беради.

8 Мен доим Эгамга кўз тикаман,

У ўнг томонимда бўлгани учун

Мени ҳеч нарса қўзғата олмас.

9 Шу боис, эй Эгам, юрагим қувончга тўла,

Жоним ҳам қувонади.

Танам хавф–хатарсиз яшайди.

10 Мени ўликлар диёрида қолдирмайсан,

Тақводорингни қабрда чиритмайсан.

11 Менга ҳаёт сўқмоғини Ўзинг кўрсатасан,

Ҳузурингда шодлик мени қамраб олади,

Менга боқий ҳузур–ҳаловатни Сен берасан.

Довуд ибодати.

1 Эй Эгам, ҳақли даъвоимни эшит,

Фарёдимга эътибор бер.

Ҳийласиз оғзимдан чиққан

Ибодатимга қулоқ тут.

2 Бегуноҳлигимни кўрсатгин Сен,

Адолатни кўрсин кўзларинг.

3 Ҳатто юрагимни тафтиш қилиб,

Тунда мени синаб кўрсанг,

Агар мени имтиҳон қилсанг,

Ёмон ниятни менда топа олмасдинг.

Оғзим гуноҳ қилмас, қарорим шудир.

4 Инсонлар қилмишини мен қилмадим,

Сенинг амрингга мен итоат этдим,

Зўравоннинг йўлларидан ўзимни сақладим.

5 Қадамларим сўқмоқларингда собит бўлди,

Оёқларим ҳеч қачон тойиб кетмади.

6 Сенга илтижо қиламан, эй Худо,

Биламан, Сен менга жавоб берасан.

Менга қулоқ тутиб, сўзларимни эшитгин.

7 Содиқлигингни зоҳир эт ажойиб ишлар ила.

Рақиблардан қочиб Сенга борганларга

Ўнг қўлинг билан нажот бергувчи Сенсан.

8 Мени кўзларинг қорачиғидай асрагин,

Мени қанотларинг соясида яширгин,

9 Мени талайдиган фосиқлардан асрагин,

Атрофимда шай турган ашаддий ёвларимдан яширгин.

10 Уларнинг юрагида шафқатга жой йўқ,

Оғизлари билан киборларча гапиради.

11 Улар мени таъқиб қилиб, ўраб олганлар,

Ерга урмоқ учун менга кўзларини тикади.

12 Душманларим мени ғажимоқчи бўлган шерга ўхшайди,

Пана жойда писиб ётган йиртқич шерга ўхшайди.

13 Кел, эй Эгам! Уларга қарши юз бур,

Тиз чўктиргин уларни!

Қиличинг ила фосиқлардан қутқаргин мени!

14 Эй Эгам! Қудратинг ила

Мени бундай инсонлардан қутқаргин,

Уларнинг насибаси фақатгина бу дунёдадир.

Тайёрлаб қўйган аччиқ кўргиликларинг билан

Уларни тўйдиргин,

Ҳатто болаларига ҳам етсин,

Набиралари ҳам тотиб кўрсин.

15 Солиҳ бўлганим учун мен Сени кўргайман,

Уйғониб, жамолингни кўрганимдан рози бўлгайман.

1 Ижрочилар раҳбарига. Эгамизнинг қули Довуд саноси. Эгамиз Довудни жамики душманлари ва Шоулнинг қўлидан озод қилгандан кейин Довуд

Эгамизга атаб шу қўшиқни айтди.

2 Сени севаман, эй Эгам, менинг қудратим.

3 Эгам суянган қоямдир, менинг қалъам, қутқарувчимдир.

Ҳа, Худодир менинг қоям, Унда паноҳ топаман.

Удир менинг қалқоним, қудратли нажоткорим, қўрғоним.

4 Эгамга илтижо қиламан,

Ғанимларимдан У мени халос қилади.

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

5 Мени ўлим тўрлари чирмаб олганди,

Бало–қазо селлари даҳшат ила босиб келганди.

6 Ҳа, ўликлар диёрининг тўрлари мени ўраб олганди,

Ўлим ўз тузоғига мени асир қилганди.

7 Кулфатда қолганимда Эгамга илтижо қилдим,

Ҳа, нола қилдим Худойимга.

У Маъбадидан туриб, овозимни эшитди,

Оҳу нолам қулоғига етиб борди.

8 Ўша замон ер юзи титраб, тебранди,

Тоғларнинг пойдевори ларзага келди,

Эгам ғоят ғазабга минган эди.

9 Бурнидан тутун буруқсаб чиқарди,

Оғзидан оташ пишқирарди,

Олдидан қип–қизил чўғ ёғиларди.

10 У кўкларни ёриб, пастга тушди,

Оёқлари остида — қора булут.

11 Эгам бир карубга миниб учди,

Ел қанотлари узра учиб келди.

12 Атрофини зулмат билан ўради,

Қуюқ, қора булутларни Ўзига чайла қилди.

13 Улкан нур Эгамнинг олдидан чиқди,

Дўл ва қип–қизил чўғ қоп–қора булутларни парчалади.

14 Эгамизнинг овози кўкларда гулдиради,

Худойи Таолонинг садоси эшитилди.

15 Ўқларини отди,

Чақмоқ чақтириб, ёвларини тирқиратди,

Уларни саросимага солди.

16 Эгамизнинг таҳдидларидан,

Унинг қаҳрли нафасидан

Денгизнинг туби кўриниб қолди,

Замин пойдевори яланғоч бўлиб қолди.

17 Эгам юқоридан қўл узатиб, мени тутди,

Баҳайбат сувлардан мени чиқариб олди.

18 Мени кучли ғанимларим қўлидан,

Мендан нафратланган ёвларимдан қутқарди,

Улар мендан кучли эдилар.

19 Қора кунимда улар менга ҳамла қилдилар,

Аммо Эгам менга таянч бўлди.

20 Мени бехавотир жойга чиқариб қўйди,

Мендан мамнун бўлиб, нажот берди.

21 Эгам солиҳлигим учун мени мукофотлайди,

Айбсизлигим учун мени тақдирлайди.

22 Зеро, мен Эгамнинг йўлидан юрдим,

Ахлоқсизлик қилмадим, Худойимдан юз ўгирмадим.

23 Унинг ҳамма қонун–қоидаларига риоя қилдим,

Фармонларини четга суриб қўймадим.

24 Унинг олдида бенуқсон бўлдим,

Гуноҳ қилишдан ўзимни сақладим.

25 Шу сабабли Эгам мени пок деб билди,

Солиҳлигимга яраша мукофот берди.

26 Эй Эгам! Сенга содиқ бўлганга Сен содиқ бўласан,

Яхши инсондан яхшилигингни аямайсан,

27 Пок кишига поклигингни кўрсатасан,

Эгрининг айёрлигини ўз бошига соласан.

28 Аҳли камтарга эса нажот берасан,

Димоғдорни ерга урасан.

29 Эй Эгам Худо! Чироғимни ёқувчи Ўзингсан,

Зулматни мен учун ёруғликка айлантирасан.

30 Эй Худойим! Сенга суяниб лашкарни йўқ қиламан,

Сенга суяниб деворлардан ошиб ўтаман.

31 Худонинг йўли комилдир,

Эгамизнинг каломи чин ҳақиқатдир,

Паноҳ излаб борганга У қалқондир.

32 Эгамиздан бошқа Худо ким экан?!

Худойимиздан бўлак суянчиқ Қоя бормикан?!

33 Мени қудратли қилувчи Худодир,

Йўлимни Ўзи бехатар қилади.

34 У оёқларимни кийик оёғидай қилади,

Чўққилар узра мени бехатар юргизади.

35 Қўлларимни жанг қилишга ўргатади,

Бармоқларим бронза ёйни бука олади.

36 Эй Эгам, Сен менга зафар қалқонингни бергансан,

Ўнг қўлинг менга таянч бўлади,

Мададинг эса мени юксалтиради.

37 Оёқларим учун йўлимни кенг қилгансан,

Оёқларим сира оғиб кетмайди.

38 Ғанимларимни қувлаб, тутиб олдим,

Уларни йўқ қилмай ортга қайтмадим.

39 Шундай эздимки уларни, тура олмадилар,

Оёқларим остида чўзилиб қолдилар.

40 Сен менга қувват бериб, жангга юбординг,

Менга қарши отланган ёвни олдимда бош эгдирдинг.

41 Ғанимларимни мендан қочирдинг,

Мендан нафратланганларни мен йўқ қилдим.

42 Улар мадад сўраб фарёд қилдилар,

Нажоткорни эса тополмадилар,

Эй Эгам, ғанимларим Сенга ёлвордилар,

Аммо Сен жавоб бермадинг.

43 Шамолнинг чангидай уларни эздим,

Йўлдаги лойдек сидириб ташладим.

44 Сен мени халқнинг уруш–жанжалидан халос этдинг.

Мени элларга йўлбошчи қилдинг,

Ўзим танимаган элат менга қарам бўлди.

45 Овозимни эшитибоқ қулоқ тутди,

Ёт эллар менга бўйин эгди.

46 Ёт эллар ҳолсизланиб йиқилди,

Қалтираб манзилидан чиқиб қочди.

47 Эгам барҳаётдир! Суянган Қоямга олқишлар бўлсин!

Нажоткорим Худо юксалсин!

48 Қасдимни олган Худодир,

Халқларни менга У тобе қилган,

49 Мени ғанимларимдан У қутқарган,

Босқинчилардан мени устун қилган,

Мени зўравонлар қўлидан халос этган.

50 Шу боис, эй Эгам, халқлар ичра

Сенга ҳамдлар айтаман!

Сени куйлаб сано айтаман!

51 Эгамиз Ўз шоҳини улуғ зафарларга эриштиради,

Ўзи танлаган шоҳ Довуд ва унинг наслига

То абад содиқ севгисини кўрсатади.

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

2 Худонинг шуҳратини самолар намоён қилади,

Унинг ижодини фалак тоқи айтиб туради.

3 Осмон кундан–кунга буни билдиради,

Ҳар тун бундан хабардор қилади.

4 Само, фалак айтмас бир гап, ё бир жумла,

Чиқмас улардан ҳеч бир садо.

5 Аммо хабарлари ҳар томонга тарқалади,

Оламнинг четигача етиб боради.

Худо самоларда қуёш учун чодир қурган.

6 Қуёш гўшангадан чиққан куёвга ўхшайди.

Қаҳрамонларга ўхшаб ғайрат билан йўлагидан боради.

7 Самоларнинг бир четидан у чиқиб,

Айланиб, бошқа бир четига йўл олади,

Унинг тафтидан ҳеч нарса яширина олмайди.

8 Эгамизнинг қонуни мукаммалдир,

Бизга янги куч ато этади,

Эгамизнинг фармонлари ишончлидир,

Соддаларга донолик беради.

9 Эгамизнинг буйруқлари тўғридир,

Қалбларни шодликка тўлдиради,

Эгамизнинг амрлари равшандир,

Улар кўзларга нур беради.

10 Эгамиздан қўрқиш покликдир,

Бу то абад давом этади.

Эгамизнинг қоидалари ҳақиқатдир,

Ҳаммаси ғоят адолатлидир.

11 Улар соф олтиндан ҳам аълодир,

Тоза асалдан ҳам ширинроқдир.

12 Эй Эгам, қоидаларинг менга, Ўз қулингга ўгит беради,

Қоидаларингга итоат этганлар буюк мукофот олади.

13 Ким ўз хатосини била олади?!

Яширин хатолардан мени Ўзинг поклагин.

14 Мен, қулингни ошкора гуноҳдан сақлагин,

Устимдан гуноҳ ҳоким бўлмасин.

Шунда мен айбсиз бўламан,

Оғир гуноҳдан ҳам холи бўламан.

15 Эй Эгам, суянган Қоям, Қутқарувчим!

Оғзимдан чиққан сўзлар,

Юракдаги ниятларим Сенга маъқул бўлсин.

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

2 Кулфатда қолганингда, Эгамиз сенга жавоб берсин,

Бобомиз Ёқубнинг Худоси сени тинч–омон сақласин.

3 Муқаддас масканидан У сенга мадад юборсин,

Қуддусдан У сенга таянч бўлсин.

4 У сенинг ҳамма назрларингни ёдда тутсин,

Куйдирилган қурбонликларингни қабул этсин.

5 Кўнглинг истаганини Эгамиз сенга инъом қилсин,

Ҳамма режаларингни рўёбга чиқарсин.

6 Шунда биз зафарингни севинч ила куйлаймиз,

Худойимиз номи билан байроқлар ўрнатамиз,

Ҳамма илтижоларингни Эгамиз рўёбга чиқарсин.

7 Биламан, Эгамиз Ўзи танлаган шоҳга нажот беради,

Эгамиз муқаддас самосидан унга жавоб беради,

Эгамиз ўнг қўли билан унга буюк ғалаба ато қилади.

8 Баъзилар жанг араваларига ишонади,

Баъзилар отлари билан мақтанади,

Биз эса Эгамиз Худога ишонамиз.

9 Улар ҳолсизланиб йиқиладилар,

Биз эса кучайиб қад ростлаймиз.

10 Эй Эгам, шоҳимизга ато қилгин ғалаба,

Илтижо қилганимизда, жавоб бергин бизга.

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

2 Эй Эгам! Сенинг қудратинг туфайли шоҳ қувонади,

Сен берган зафарлардан у нақадар лаззатланар!

3 Кўнглидаги истакларини рўёбга чиқардинг,

Унинг тилакларини рад қилмадинг.

4 Улуғ баракани унга ато қилдинг,

Унинг бошига соф олтин тож кийгиздинг.

5 Сендан умр сўраганда, умр бердинг,

Узоқ ҳамда боқий умр бахш этдинг.

6 Шоҳнинг шуҳрати Сен берган зафарлар туфайли улуғдир,

Унга дабдаба, улуғворлик ато қилган Сенсан.

7 Сен то абад унга барака берасан,

Унга жуда яқин бўлиб,

Уни шодликка тўлдирасан.

8 Эгамизга шоҳимиз умид боғлайди,

Худойи Таолонинг содиқ севгиси туфайли

У ҳеч қачон қоқилмайди.

9 Эй шоҳимиз, қўлинг барча душманларингни мағлуб қилади,

Ҳа, ўнг қўлинг сендан нафратланганларни мағлуб қилади.

10 Сен зоҳир бўлганинг замон

Қизиган тандирдай уларни ёндирасан.

Эгамиз Ўз ғазаби билан уларни ютиб юборади,

Аланга уларни ёндириб ташлайди.

11 Эй шоҳимиз, уларнинг наслини

Ер юзидан қириб ташлайсан,

Зурриётини инсоният орасидан йўқотасан.

12 Душманларинг сенга қарши ёмонликни режа қилсалар,

Улар сенга қарши фитна қўзғасалар,

Ҳеч нарсага эриша олмайдилар.

13 Камонингдан уларга ўқлар отасан,

Ортига қочишга мажбур қиласан.

14 Ўз қудратинг туфайли юксалавер, эй Эгам,

Қудратингни куйлаб, ҳамду сано айтамиз.

1 Ижрочилар раҳбарига. “Тонгда чиққан кийик” куйига айтиладиган Довуд саноси.

2 Эй Худойим! Нега мени тарк этдинг?!

Нега мендан узоқдасан шу қадар?!

Эй Худойим! Нечун менга нажот бермайсан?!

Оҳу нолаларимни эшитмайсан?!

3 Эй Худойим, кун бўйи илтижо қиламан,

Сен эса жавоб бермайсан.

Тун бўйи ёлвораман,

Аммо менга тинчлик йўқ.

4 Барибир Сен Муқаддас Худосан,

Исроилнинг ҳамду саноси қуршаб олган тахтингни.

5 Ота–боболаримнинг умиди Сенда эди,

Сен уларга нажот бердинг.

6 Улар Сенга нола қилиб, нажот топдилар,

Улар Сенга ишониб, уялиб қолмадилар.

7 Ахир, мен инсон эмас, бир қуртдирман.

Одамлар ҳазар қилган, халқлар нафратланган.

8 Мени кўрган ҳар ким устимдан кулар,

Мени ҳақоратлаб, бош чайқаб дерлар:

9 “Эгангга ишон, Ўзи қутқариб олар,

Эганг сендан мамнун бўлса, У нажот берар.”

10 Онам қорнидан Сен мени чиқарган эдинг,

Онам бағрида Ўзинг мени омон сақлаган эдинг.

11 Сенга таянаман туғилганимдан буён,

Менинг Худойимсан онам дунёга келтиргандан буён.

12 Мендан узоқ бўлмагин!

Ахир, кулфат ёнгинамда–ку,

Менга мадад бергувчи бирон кимса йўқ!

13 Бир гала буқалар Мени қуршаб олган,

Ҳа, Башан ўлкасининг кучли буқалари Мени ўраб олган.

14 Ўкириб ўлжасини пора қиладиган шерга ўхшаб,

Мен томон улар оғизларини катта очган.

15 Ҳаётим сув каби тўкилди,

Суякларим бўғинидан бўшашди,

Юрагим мум каби ичимда эриб кетди.

16 Мадорим қуриб, сопол парчасидай бўлиб қолдим,

Тилим танглайимга ёпишиб қолди,

Мени ўлим тўшагига ётқиздинг.

17 Атрофимда кўппаклар изғийди,

Бадкирдорлар тўдаси мени қуршаб олгандир,

Қўлу оёқларимни улар илма–тешик қилади.

18 Ҳамма суякларим кўриниб туради,

Душманларим кўзларини чақчайтириб,

Еб қўйгудек бўлади.

19 Кийимларимни улар ўзаро бўлишган,

Либосим учун қуръа ташлашган.

20 Мендан узоқ турма, эй Эгам!

Кучим манбаи Сенсан! Тез кел, ёрдам бер!

21 Жонимни қилич дамидан қутқар,

Ҳаётимни кўппаклар чангалидан қутқар!

22 Шерлар оғзидан қутқаргин мени!

Ёввойи буқалар шохидан асрагин мени!

Сен илтижоимга жавоб бердинг.

23 Биродарларимга Сен ҳақингда айтаман,

Жамоа орасида Сенга ҳамду сано ўқийман.

24 Уларга шундай дейман:

“Эгамизга ҳамду сано айтинг, эй Ундан қўрққанлар!

Эгамизни улуғланг, эй Ёқуб насли!

Эгамизни иззатланг, эй Исроил насли!

25 Кулфатда қолган бечорадан Эгамиз юз ўгирмади.

Унинг қайғуларидан ҳазар қилмади, нафратланмади.

Бечоранинг нолаларини Эгамиз эшитди.”

26 Улуғ жамоа ичра

Ҳамду сано айтишимнинг сабаби Сенсан.

Сендан қўрққанлар олдида онтимни адо этаман.

27 Эй Эгам, қашшоқлар еб тўядилар,

Сенга юз бурганлар Сени мадҳ қиладилар,

Улар дунё тургунча турсинлар!

28 Эгамизни эслаб, Унга юз бурсинлар

Ер юзидаги жамики инсонлар!

Жамики уруғу элатлар

Унга сажда қилсинлар!

29 Эгамиз ҳокимияти мутлақдир,

Элатлар устидан У ҳукмрондир.

30 Жамики бойлар ҳам зиёфат еб, Унга таъзим қилади.

Тупроқ остига кетаётганлар ҳам Унга сажда қилади,

Ҳатто ўз ҳаётини сақлай олмайдиганлар таъзим қилади.

31 Авлодлар Унга хизмат қилади,

Келгуси насллар Раббий ҳақида эшитади.

32 Улар келиб Эгамизнинг нажоти ҳақида эълон қилади,

Унинг қилганларини ҳали туғилмаган халқларга айтади.

Довуд саноси.

1 Эгам Менинг чўпонимдир,

Мен муҳтожлик кўрмасман асло.

2 Ям–яшил яйловларда У менга ором беради,

Сокин ирмоқлар бўйида У мени етаклайди.

3 У менга қайта куч бахш этади.

Ўзининг номи ҳақи–ҳурмати

Мени тўғри йўлга бошлайди.

4 Эй Эгам!

Ҳатто зулмат водийсида юрсам ҳам,

Хавф–хатардан қўрқмайман,

Ахир, Сен мен билан биргасан.

Сенинг чўпон таёғинг,

Хивичинг мени ҳимоя қилади.

5 Душманларимнинг кўз ўнгида

Мен учун дастурхон тузайсан.

Бошимга мой суртиб,

Сен мени ҳурмат билан кутиб оласан.

Косамни лаззатли неъматларга лим–лим тўлдирасан.

6 Умрим бўйи Сенинг меҳр–шафқатинг изимдан юради,

Эй Эгам, Сенинг уйинг то абад менинг масканим бўлади.

Довуд саноси.

1 Эгамизникидир замин, ундаги бутун борлиқ,

Оламу унда яшовчи жамики жонзот.

2 У оламни ўрнатган денгизлар узра,

Мустаҳкам қилган уни уммонлар узра.

3 Ким туриши мумкин Эгамизнинг муқаддас маконида?

Ким чиқиши мумкин Унинг тепалигига?

4 Қўли ҳалол, қалби тоза инсонлар,

Сохта нарсаларга кўнгил қўймаганлар,

Ёлғондакам онт ичмаганлар.

5 Эгамиз уларга барака беради,

Нажоткор Худо уларни оқлайди.

6 Эгамизга юз бурган жамоа ўшандайдир.

Ҳа, Худога интилган Ёқуб насли шундайдир.

7 Қаддингизни ростланг, эй дарвозалар!

Очилинглар, эй азалий эшиклар!

Токи кира қолсин улуғвор Шоҳ!

8 У улуғвор Шоҳ ким экан?

Жангларда ғолиб бўлган,

Кучли, қудратли Эгамиз Шоҳдир!

9 Қаддингизни ростланг, эй дарвозалар!

Очилинглар, эй азалий эшиклар!

Токи кира қолсин улуғвор Шоҳ!

10 У улуғвор Шоҳ ким экан?

Сарвари Оламнинг Ўзи улуғвор Шоҳдир.

Довуд саноси.

1 Юрагимни очаман Сенга, эй Эгам!

2 Сенга умид боғлайман, эй Худойим!

Шарманда бўлишимга йўл қўймагин,

Душманларим мендан устун келмасин.

3 Сенга ишонганлар асло бўлмасин шарманда.

Шармандалик келсин

Сенга асоссиз хиёнат қилганларнинг бошига.

4 Эй Эгам, йўлларингни менга кўрсат,

Сўқмоқларингни менга ўргат.

5 Ўзинг мени бошлаб боргин,

Ҳақиқатингни менга ўргатгин,

Нажоткорим Худо Ўзингсан,

Кун бўйи Сендан умид қиламан.

6 Ёдингда тут, эй Эгам, буюк шафқатингни

Ҳамда севгида содиқлигингни.

Ахир, азалдан Сен шундай қилгансан.

7 Ёшликда қилган гуноҳларимни эсга олмагин,

Итоатсизликларим учун мени жазоламагин.

Содиқ севгинг ҳақи ёдга ол мени,

Ахир, Сен яхшисан, эй Эгам!

8 Эгамиз яхши, адолатлидир!

У гуноҳкорларга йўл–йўриқ кўрсатади.

9 У камтарни тўғриликка бошлайди,

Камтарин инсонни Ўз йўлига ўргатади.

10 Эгамиз қилган ҳар иши орқали

Унинг аҳдига риоя қилганларга

Севгисию садоқатини кўрсатади.

11 Менинг айбларим кўп.

Эй Эгам, Ўз номинг ҳақи

Айбларимни кечиргин.

12 Агарда инсон Эгамиздан қўрқса,

Эгамиз унга тўғри йўл танлашни ўргатади.

13 Ўша инсон умрини фаровонликда ўтказади,

Унинг насли юртни мулк қилиб олади.

14 Эгамиз Ундан қўрқадиганларга

Ўз ниятларини ишониб билдиради,

Ўз аҳдини уларга маълум қилади.

15 Нигоҳим доимо Эгам томондадир,

У оёқларимни тузоқдан халос қилади.

16 Эй Эгам, ҳолимга боқ, меҳрибонлик қил.

Мен ёлғизман, тушкунликка тушганман.

17 Юракдаги ғамларим ортиб бормоқда,

Шу кулфатдан мени қутқаргин.

18 Кулфату ғамларимни кўриб,

Барча гуноҳларимдан ўтгин.

19 Қара, душманларим нақадар кўп,

Мендан қаттиқ нафрат қиларлар.

20 Ҳаётимни асра, қутқаргин мени,

Шармандали аҳволга солмагин мени,

Зотан, Сенда паноҳ топаман мен.

21 Ҳаққонийлик, тўғрилик сақласин мени,

Зотан, Сендан умид қиламан мен.

22 Эй Худо, қутқаргин Исроилни

Жамики кулфатларидан!

Довуд саноси.

1 Эй Эгам, тўғри юрганим учун

Мени оқлагин.

Қоқилмасдан Сенга таяндим.

2 Синаб, имтиҳон қил мени, эй Эгам!

Юрагимни, ниятимни синаб кўр!

3 Сенинг содиқ севгинг кўз ўнгимдадир,

Сенга доим содиқман.

4 Ёлғончиларга мен шерик бўлмайман,

Мунофиқлар билан дўст бўлмайман.

5 Фосиқлар тўдасидан нафрат этаман,

Қабиҳларга мен шерик бўлмайман.

6 Намоён қилмоқ учун айбсизлигимни

Қўлларимни юваман, эй Эгам.

Қурбонгоҳинг атрофида юраман,

7 Баланд овоз ила шукрона қўшиғини куйлайман,

Жамики мўъжизаларинг ҳақида айтаман.

8 Эй Эгам, севаман Сен маскан қилган уйни,

Улуғворлигинг порлаган жойни.

9 Гуноҳкорлар қатори жонимни олма,

Қонхўрлар қатори ҳаётимга чек қўйма.

10 Уларнинг қўллари тузади ёвуз режа,

Ўнг қўллари порага тўла.

11 Мен эса пок ҳаёт кечираман,

Қутқар мени, қил менга шафқат.

12 Тўғри йўлдан оғмайман,

Эй Эгам, улуғ йиғинларда Сени олқишлайман.

Довуд саноси.

1 Эгам нурим ва нажотимдир,

Кимдан қўрқаман?!

Эгам ҳаётимнинг қалъасидир,

Ким мени қўрқита олар?!

2 Мени ўлдирмоқчи бўлиб,

Ёвузлар устимга бостириб келганда,

Ҳа, ғаниму душманларим менга ҳужум қилганда,

Қоқилиб, йиқилиб тушадилар.

3 Ҳатто бутун лашкар мени ўраб олса ҳам,

Юрагимда асло қўрқув пайдо бўлмас.

Ҳатто менга қарши жангга отланса ҳам,

Ишончим ҳеч ҳам йўқолмас.

4 Бир нарсани Эгамдан сўраганман,

Ҳа, Ундан истаганим битта нарсадир:

Эгамнинг уйида то абад яшай,

Эгамнинг жамолини кўрай,

Маъбадда туриб, Унга мунтазир бўлай.

5 Кулфатда қолган кунларимда

У мени Ўз чайласида омон сақлайди.

Чодири остида мени яширади,

Баланд қоя тепасига ўтқазиб қўяди.

6 Энди эса ҳар тарафдаги ғанимларим устидан

Бошим мағрур кўтарилгандир.

Шодликдан ҳайқириб,

Эгамнинг Чодирида қурбонлик келтираман.

Эгамни олқишлаб, қўшиқ айтаман.

7 Эшитгин, эй Эгам, илтижо қилганимда,

Шафқат қилгин, жавоб бер менга.

8 “Менга интил!” деганингни қалбим эшитди,

Ҳа, эй Эгам, мен Сенга интиламан.

9 Мендан юз ўгирмагин,

Ғазаб ила мен, Ўз қулингдан воз кечмагин,

Мададкорим Сен бўлгансан–ку, эй Эгам.

Рад этма, тарк айлама мени, эй нажоткорим Худо!

10 Ота–онам мени тарк этса ҳатто,

Эй Эгам, Сен мени қабул қиласан.

11 Йўлингни менга кўрсат, эй Эгам,

Душманларим пойлаб тургани учун

Мени тўғри сўқмоқларингдан етакла.

12 Ғанимларим қўлларига топширма мени.

Ахир, сохта гувоҳлар, ноҳақ айбловчилар

Менга қарши чиқдилар.

13 Шубҳам йўқ, тириклар диёрида

Эгамнинг эзгулигини албатта кўраман.

14 Эгамизга умид боғла,

Дадил бўл, юрагингга далда бер,

Эгамизга умид боғла!

Довуд саноси.

1 Сенга илтижо қиламан, эй Эгам,

Мени эшитмай қолмагин, эй суянган Қоям.

Агар менга гапирмай сукут сақласанг,

Қабрга тушган одам каби бўлиб қоламан.

2 Эшитгин, Сенга илтижо қиламан.

Муқаддас масканингга қўлларимни чўзиб,

Фарёд қилиб, Сендан мадад сўрайман.

3 Мени фосиқларнинг қаторига қўшмагин,

Уларнинг қилмишлари ёмонликдир,

Қўшниларига тилёғламалик қилади,

Юракларида эса ёвуз ниятдир.

4 Қилмишига яраша уларга жазо бергин,

Ифлосликларига яраша жазолагин.

Қабиҳ ишларига яраша адабини бергин,

Хизматига яраша уларга қайтаргин.

5 Эй Эгам, улар ишларингни қадрламас,

Сенинг ижодингга эътибор қилмас,

Сен уларни йиқитасан,

Улар қайтиб тикланолмас.

6 Олқишлар бўлсин Эгамизга,

Илтижоларимни У эшитди.

7 Эгам — менинг қудратим, қалқонимдир,

Юракдан Унга умид боғлаганман.

Эгам менга мадад берди, бахтиёрман.

Қўшиғим ила Унга шукрона айтаман.

8 Эгамиз Ўз халқининг қудратидир,

Ўзи танлаган шоҳнинг нажот қўрғонидир.

9 Халқингга нажот бер, эй Эгам,

Ўз элатингга барака бергин.

Уларнинг чўпони бўлгин,

То абад уларга ғамхўрлик қилгин.

Довуд саноси.

1 Эгамизга ҳамдлар айтинг, эй илоҳий зотлар,

Эгамизнинг қудратию шуҳратига ҳамдлар ўқинг.

2 Эгамизнинг шарафига ҳамдлар ўқинг,

Муқаддас улуғворликка бурканган Эгамизга сажда қилинг!

3 Эгамизнинг овози сувлар узра эшитилади,

Улуғвор Худо гулдираб садо беради.

Ҳа, азим сувлар узра

Эгамиз гулдираб садо беради.

4 Эгамизнинг овози қудратлидир,

Эгамизнинг овози ҳайбатлидир.

5 Эгамизнинг овози садр дарахтларини қулатади,

Ҳатто Лубнондаги садр дарахтларини парчалаб ташлайди.

6 Лубнон тоғларини Эгамиз буқадай сакратади,

Ҳа, Хермон тоғини ёввойи бузоқдай сакратади.

7 Эгамизнинг овози чақмоқ чақтиради,

8 Эгамизнинг овози саҳрони титратади,

Эгамиз Кадеш саҳросини ларзага солади.

9 Эгамизнинг овози улкан дарахтларни эгиб юборади,

Ўрмонларни яланғочлаб, шилиб юборади,

“Эгамиз улуғвордир”, деб Маъбадида ҳамма куйлайди.

10 Эгамиз тўфонни жиловлади,

У то абад Шоҳ бўлиб тахтда ўтиради.

11 Эгамиз Ўз халқига куч ато этсин,

Ўз халқига тинчлик билан барака берсин.

1 Довуд саноси. Эгамизнинг уйи бағишланган пайтда айтилган қўшиқ.

2 Эй Эгам, Сени улуғлайман!

Қабр оғзидан мени қутқардинг,

Душманларим менинг устимдан кулишига йўл қўймадинг.

3 Сендан мадад сўраб ёлвордим, эй Эгам Худо,

Менга Сен бердинг шифо.

4 Эй Эгам, ўликлар диёридан жонимни олиб чиқдинг,

Қабрдан мени қутқариб қолдинг.

5 Эй Эгамизнинг тақводорлари!

Эгамизга ҳамду сано куйланглар,

Унинг муқаддас номини олқишланг.

6 Эгамизнинг ғазаби бир лаҳза давом этади,

Лутфу карами бир умр тугамасдир.

Шу боис қайғу–алам тун бўйи давом этса ҳам,

Тонг билан бирга шодлик ҳам кириб келади.

7 Ишларим юришганда,

“Асло қоқилмасман!” дер эдим.

8 Эй Эгам, лутфу караминг билан

Мени тоғдай мустаҳкам қилгандинг.

Аммо юзингни ўгирганингда,

Мен даҳшатга тушдим.

9 Эй Эгам, мен Сенга илтижо қилдим,

Шафқат сўраб, эй Раббий, Сенга ёлвордим:

10 Агар мен кириб кетсам қабрга,

Менинг ўлимимдан не фойда Сенга?!

Тупроқ Сенга ҳамду сано айтарми?!

Сенинг содиқлигингни у сўйларми?!

11 Эшит, эй Эгам, менга раҳм қилгин,

Эй Эгам, менга мададкор бўлгин!

12 Азамни Сен тўйга айлантирдинг,

Аза либосини эгнимдан олиб ташладинг,

Шодликни менга кийгиздинг.

13 Қалбим сукут сақламай, Сени куйлаб сано ўқисин,

Эй Эгам Худо, Сенга то абад шукур айтаман.

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

2 Эй Эгам, Сенда мен паноҳ топаман,

Шарманда бўлишимга асло йўл қўйма,

Адолатлисан, мени қутқаргин.

3 Қулоқ тут менга, дарров халос қилгин,

Менинг паноҳ қоям бўлгин.

Нажот топай, мустаҳкам қўрғоним бўлгин.

4 Чиндан ҳам Сен суянган қоямсан, қалъамсан,

Ўз номинг ҳақи мени етакла, йўл кўрсатгин.

5 Сен менинг паноҳимсан.

Қўйилган тузоқдан мени қутқаргин.

6 Ҳаётимни Сенга топшираман, эй Эгам,

Мени қутқарасан, эй содиқ Худо.

7 Сохта худоларни иззатлаганларга

Мен нафратимни сочаман.

Эй Эгам, мен Сенга умид боғлайман.

8 Содиқ севгинг ила шод–хуррам бўлай,

Қайғуларимни Ўзинг кўргансан,

Жоним азобда қолганини биласан.

9 Мени ғаним қўлига бермадинг,

Оёқларимни бехавотир ерга қўйдинг.

10 Раҳм қил, эй Эгам, кулфатда қолдим,

Кўзларим қайғудан толди,

Жону танам адойи тамом бўлди.

11 Ҳаётим азоб билан тугайди,

Йилларим оҳ–воҳ билан битади.

Гуноҳларим дастидан кучдан қолдим,

Этларим суякларимга ёпишиб кетган.

12 Душманларим мени ҳақорат қилади,

Қўшниларим мендан ҳазар қилади.

Дўстларим ҳам мендан қўрқади,

Кўчада кўриб мени, қочиб кетади.

13 Мени унутдилар, гўё ўлганман,

Гўё синган сопол идиш кабиман.

14 Эшитяпман, кўпчилик ғийбат қилади,

Атрофимни даҳшат ўраб олган.

Биргаликда менга қарши фитна тўқишади,

Мени ўлдирмоқни ният қилишади.

15 Эй Эгам, мен Сенга умид боғлайман,

“Менинг Худойим Сенсан”, деб айтаман.

16 Ҳаётим Сенинг қўлингдадир,

Ғанимларим қўлидан,

Пайимга тушганлардан мени қутқаргин.

17 Жамолинг мен, қулингга нурларини сочсин,

Сен содиқсан, мени қутқаргин.

18 Йўл қўйма, эй Эгам, шарманда бўлишимга,

Мадад сўраб илтижо қилдим Сенга.

Қабиҳлар шармандаи шармисор бўлсин,

Ўликлар диёрига жим кириб борсин.

19 Ўчсин уларнинг ёлғончи овозлари,

Зеро, такаббурлик ва нафрат билан

Улар солиҳга қарши сўйлар.

20 О, нақадар буюкдир Сенинг эзгулигинг!

Ўзингдан қўрққанларга уни сақлаб қўйгансан,

Сенда паноҳ топганларга ҳадя қиласан,

Ҳамманинг кўзи олдида инъом қиласан.

21 Ҳузурингда уларни ҳимоя қиласан,

Инсон фитналаридан омон сақлайсан.

Уларни Ўз чодиринг остида

Иғволардан сақлаб турасан.

22 Қамалда қолган шаҳардай бўлганимда

Менга ажойиб садоқатингни кўрсатганинг учун

Эй Эгам, Сенга олқишлар бўлсин!

23 Ваҳимага тушиб мен:

“Эй Эгам, Сенинг назарингдан маҳрум бўлдим”, дегандим.

Ҳа, мадад сўраб Сенга ёлворганимда

Илтижоларимни эшитдинг.

24 Эй Эгамизнинг тақводорлари, Уни севинг!

Унга содиқ бўлганларни Эгамиз ҳимоя қилади,

Такаббурларга тўлиқ жазо беради.

25 Бардам бўлинг, дадил бўлсин юрагингиз,

Эй сиз, Эгамиздан умид қилганлар!

Довуд қасидаси.

1 Итоатсизлиги кечирилганлар бахтлидир,

Эгамиз кимнинг гуноҳидан ўтган бўлса,

Ўша инсон бахтлидир.

2 Эгамиз кимнинг айбини ёзмаган бўлса,

Ўша инсон бахтлидир,

Руҳида ҳийла бўлмаганлар бахтлидир.

3 Эй Эгам, гуноҳимни бўйнимга олмай, рад қилганимда,

Танам қоқ суяк бўлиб қолганди,

Кун бўйи оҳ–воҳ қилиб чиқардим.

4 Кечаю кундуз тарбия беришдан тўхтамадинг,

Саратон иссиғидагидай мадорим қуриб қолди.

5 Энди олдингда гуноҳимни эътироф этдим,

Айбимни яширмай, ўзим айтдим:

“Эгам олдида итоатсизлигимни бўйнимга оламан.”

Сен эса менинг гуноҳимни кечирдинг.

6 Шу боис ҳар бир тақводор

Вақт борида Сенга ибодат қилсин.

Шунда азим сувлар тўфони

Тақводорларга етиб бормас.

7 Сен менинг паноҳимсан,

Мени кулфатлардан Сен асрайсан,

Нажот қўшиғи ила мени ўрайсан.

8 Эгамиз айтар: “Сизларга Мен йўл кўрсатаман,

Юрадиган йўлларингизни ўргатаман,

Маслаҳат бераман, сизларни кузатаман.

9 Онгсиз от ёки хачир каби бўлманглар,

Уларни йўлга солмоқ учун сувлуқ, жилов керак,

Бўлмаса улар ёнингизга келмайди.”

10 Фосиқнинг азоби кўпдир,

Лекин Эгамиздан умидворларни

Содиқ севги қуршаб олади.

11 Эй солиҳлар, Эгамиз туфайли шодланинг, қувонинг!

Эй барча кўнгли поклар, шодликдан куйланг!

1 Севинч ила Эгамизга қўшиқ куйланг, эй солиҳлар!

Унга ҳамду сано айтмоқ покдил инсонларга муносибдир!

2 Лира чалиб, Эгамизга ҳамдлар айтинг,

Ўн торли арфа чалиб, Унга қўшиқ куйланг.

3 Эгамизга янги бир қўшиқ айтинг,

Маҳорат ила тор чалиб, шодликдан ҳайқиринг.

4 Эгамизнинг каломи ҳақиқатдир,

Унинг барча ишлари ишончлидир.

5 Эгамиз адолату ҳақиқатни севади,

Замин Унинг содиқ севгисига тўла.

6 Самолар бунёд бўлган Эгамизнинг каломидан,

Самодаги жисмлар яралган Унинг нафасидан.

7 У денгиз сувларини йиғиб қўйган,

Тубсиз сувларни гўё омборга жойлаб қўйган.

8 Бутун ер юзи Эгамиздан қўрқсин,

Бутун олам аҳли Ундан ҳайиқсин.

9 У гапирди, айтгани мавжуд бўлди,

Амр қилди, замин яратилди.

10 Эгамиз халқларнинг режаларини пароканда қилади,

У халқларнинг ниятларини пучга чиқаради.

11 Эгамизнинг режалари то абад собит туради,

Унинг ниятлари наслдан наслга ўтиб боради.

12 Эгамизни ўз Худоси деб билган халқ бахтлидир!

Эгамиз, азизим деб танлаган халқ бахтлидир!

13 Эгамиз самодан боқар,

Инсон зотини У кўриб турар.

14 У тахт қурган жойидан туриб,

Ҳамма ер юзида яшовчиларни кузатар.

15 У ҳамманинг юрагини яратган,

Ҳамманинг ишларини англаган.

16 Лашкари кўплигидан шоҳ қутулмайди,

Кучи кўплигидан жангчи ғолиб бўлавермайди.

17 “Жанг отлари нажот берар” дейиш пуч хаёлдир,

Улар қудратли кучи билан қутқара олмайди.

18 Эгамиз кўриб турар Ўзидан қўрққанларни,

Унинг содиқ севгисига умид қилганларни.

19 Эгамиз уларни ўлимдан қутқаради,

Очликдан сақлаб, тирик қолдиради.

20 Жонимиз Эгамизга мунтазирдир,

У бизнинг мададкоримиз, қалқонимиздир.

21 Биз Муқаддас Худога умид боғлаймиз,

У туфайли юрагимиз шодликка тўла.

22 Эй Эгам! Сенга ҳамон умид боғлаймиз,

Содиқ севгинг бизга ёр бўлсин.

1 Довуд Абумалек олдида ўзини телбаликка солиб, унинг ҳузуридан қувилгандан кейин айтган саноси.

2 Ҳар доим Эгамни олқишлайман,

Унинг мадҳи тилимдан асло тушмайди.

3 Эгам боис жоним фахрланади,

Мазлум эшитиб, шод бўлсин.

4 Мен билан бирга олқишланг Эгамни,

Биргаликда улуғлайлик Унинг номини.

5 Эгамга юз бурдим, У жавоб берди,

Ҳамма қўрқувлардан У халос қилди.

6 Эгамиздан умид қилганларнинг юзларида нур,

Уларнинг юзлари асло шувут бўлмайди.

7 Бу бечора илтижосин Эгамиз эшитди,

Барча уқубатлардан уни қутқарди.

8 Эгамиздан қўрққанларнинг атрофида

Эгамизнинг фариштаси қароргоҳ қуриб,

Уларга нажот бахш этади.

9 Эгамизнинг мурувватини татиб кўр,

Эгамиз яхши эканлигини билиб ол.

Нақадар бахтлидир Унда паноҳ топганлар.

10 Эй тақводорлар, Эгамиздан қўрқинг.

Ундан қўрққанлар асло муҳтожлик кўрмас.

11 Ҳатто йиртқич шерлар овқатсиз,

Улар очликдан азоб чекади.

Эгамизга юз бурганлардан эса

Фаровонлик айрилмайди.

12 Келинг, эй болалар, тинглангиз мени,

Ўргатайин мен Эгамиздан қўрқишни.

13 Ҳаётдан завқланишни,

Бахтли узоқ умр кўришни истайсизми?

14 Демак, тилингизни ёмон сўзлардан тийинг,

Оғзингизни ёлғон гаплардан асранг.

15 Ёмонликдан қайтинг, яхшилик қилинг,

Тинчлик истанг, ҳа, тинчлик пайида бўлинг.

16 Эгамиз солиҳларни кузатиб туради,

Уларнинг ноласини Эгамиз эшитади.

17 Бадкирдорлардан эса юз ўгиради,

Уларнинг хотирасини ер юзидан ўчиради.

18 Тақводорлар ёлворади, Эгамиз эшитади,

Барча балолардан уларни Эгамиз қутқаради.

19 Кўнгли чўкканларга Эгамиз яқиндир,

Руҳан эзилганларни У қутқаради.

20 Солиҳларнинг қайғулари кўп бўлса,

Ҳамма қайғулардан Эгамиз халос қилар.

21 Уларнинг ўзини Эгамиз сақлайди,

Биронта ҳам суяги синдирилмайди.

22 Фосиққа ўз ёвузлиги ўлим келтиради,

Солиҳдан нафратланган маҳкум бўлади.

23 Эгамиз Ўз қулларининг ҳаётини қутқаради,

Эгамизда паноҳ топувчилар маҳкум бўлмайди.

Довуд саноси.

1 Эй Эгам, менга қарши чиққанларга Ўзинг қарши бўл.

Менга ҳужум қилганлар билан Ўзинг жанг қил.

2 Қалқону совутингни ол,

Қани, менга ёрдамга кел.

3 Мени таъқиб қилганларга қарши

Найзаю болтангни олгин.

“Сенга нажот бераман”, деб

Ўзинг менга ваъда бергин.

4 Менинг жонимга қасд қилганлар

Шармандаю шармисор бўлсин!

Менга қарши фитна қилаётганлар

Уятга қолиб, орқага қайтсин!

5 Эй Эгам, Сенинг фариштанг уларни қувсин.

Ҳа, улар худди шамолда учган сомондай бўлсин.

6 Қоронғи, сирпанчиқ бўлсин уларнинг йўли,

Эй Эгам, Сенинг фариштанг уларни қувсин.

7 Сабабсиз менга тузоқ қўйдилар,

Мени тутиб олиб ўлдирмоқ учун

Сабабсиз менга чуқур қазидилар.

8 Тўсатдан уларнинг бошига ҳалокат келсин,

Қўйган тузоғига ўзлари ўралиб қолсин,

Қазиган чуқурга ўзлари йиқилиб, битсин.

9 Шунда, эй Эгам, Сен туфайли шод бўламан,

Нажот берганинг учун қувонаман.

10 Бутун вужудим хитоб қилади:

“Сенга ўхшаши йўқ, эй Эгам,

Бечорани зўравондан қутқарасан,

Фақирни талончидан қутқарасан.”

11 Ёвуз ниятли гувоҳлар пайдо бўлади,

Билмайдиган нарсаларимни мендан сўрайди.

12 Улар яхшилигимга ёмонлик қайтаради,

Ўзимни тамом ёлғиз ҳис қиламан.

13 Улар хаста бўлганларида эса

Мен қанор кийиб, рўза тутиб, қайғу чекардим.

Бошимни қуйи солиб, ибодат қилардим.

14 Дўстим, биродарим, дея ташвиш тортардим,

Туққан онам учун аза тутгандай,

Қайғудан бошимни эгиб юрардим.

15 Қоқилганимда эса улар шод бўлдилар,

Менга қарши йиғилишиб келдилар,

Бехабар эканман, улар каллакесар экан,

Тўхтовсиз менга бўҳтон қилдилар.

16 Шаккоклардай аёвсиз масхара қилдилар,

Менга қараб тишларини ғижирлатдилар.

17 Эй Эгам, қачонгача қараб турасан?

Қутқаргин мени уларнинг ҳужумидан,

Халос қилгин жонимни ўша шерлардан!

18 Буюк жамоа ичра Сенга шукур айтаман,

Халқ йиғинларида Сенга ҳамдлар ўқийман.

19 Асоссиз менга душманлик қилганлар

Устимдан кулмасинлар,

Мендан сабабсиз нафрат этганлар

Кўзларини ўйнатмасинлар.

20 Тинчлик сўзини оғизга олмас улар,

Аммо юртда тинч яшаётганлар устидан

Ёлғон сўзларни ўйлаб топарлар.

21 Менга қарши шанғиллаб айтарлар улар:

“Аҳа, кўзларимиз билан кўрдик қилмишларини.”

22 Ўзинг кўргансан, эй Эгам, сукут сақлама!

Эй Раббий, мендан ҳеч узоқлашма!

23 Қани, бўл, ҳимоя қилгин мени,

Мен учун жанг қилгин, эй Худойим, Раббим!

24 Сен одилсан, эй Эгам Худо,

Шу боис мени оқлагин.

Душманларим асло устимдан кулмасин.

25 Улар ўзларига ўзлари:

“Аҳа, истаганимиз бўлди–ку!” деб айтмасин.

“Уни ютиб юбордик–ку”, демасин.

26 Кулфатларимдан завқланганларнинг ҳаммаси

Шармандаю шармисор бўлсин.

Мендан ўзларини юқори қўйганлар

Шармандалик, бадномликка ўралсин.

27 Мен ҳақ бўлиб чиқишимни истаганлар

Хурсанд бўлсин, севинч ила куйласин.

Ҳар доим айтаверсин улар:

“Қулининг саодатидан ҳузурланган

Эгамиз тобора юксалаверсин.”

28 Одиллигинг ҳақидаги сўзлару мадҳинг

Кун бўйи тилимдан тушмайди.

1 Ижрочилар раҳбарига. Эгамизнинг қули Довуд саноси.

2 Фосиқларнинг гуноҳкорлиги ҳақида

Юрагимда бир башорат бор:

Гуноҳкор инсон Худодан қўрқмайди.

3 Ўзининг наздида у осмонда юради,

Худо гуноҳимни кўрмайди,

Ҳукм қилмайди, деб айтади.

4 Оғзидан манфур, ёлғон сўзлар чиқади,

Доноликдан, яхши ишлар қилишдан у бош тортади.

5 Ҳатто ётганда ҳам фосиқликни ўйлайди,

Гуноҳга ўзини бағишлайди,

Фосиқликдан асло юз ўгирмайди.

6 Эй Эгам, содиқ севгинг фалакларга етгайдир,

Эй Эгам, садоқатинг самоларга чўзилгайдир.

7 Одиллигинг буюк тоғларга ўхшайди,

Адолатинг тубсиз денгизга ўхшайди,

Эй Эгам, инсону жониворларни Сен сақлагайсан.

8 Содиқ севгинг, эй Худо, нақадар бебаҳодир!

Қанотларинг соясида инсонлар паноҳ топади.

9 Улар уйингдаги неъматлардан еб тўяди,

Лаззат тўла дарёингдан уларга ичирасан.

10 Ҳаётнинг булоғи Сендадир,

Зиё олармиз Сенинг нурингдан.

11 Сени билганларга содиқ севгингни кўрсат,

Юраги софларга Ўзинг нажот бергин.

12 Такаббурнинг оёғи мени эзмасин,

Фосиқнинг қўллари мени ҳайдамасин.

13 Ана, бадкирдорлар ағанаб ётибди,

Қаддини кўтара олмай, ерга қапишиб ётибди.

Довуд саноси.

1 Фосиқларга ғайирлик қилмагин,

Бадкирдорларга ҳасад қилмагин.

2 Улар майсадай тезда қуриб қолади,

Ям–яшил ўтдай тезда сўлиб қолади.

3 Эгамизга умид боғлаб, яхшилик қилгин,

Шу юртда яшаб, ҳаловат топгин.

4 Эгамизни ўзингнинг шодлигинг деб бил,

Кўнглингдаги орзуларингга У етказади.

5 Йўлларингни топширгин Эгамизга,

Ишон Унга, У мадад беради.

6 Солиҳлигингни У тонг каби порлатади,

Ҳақлигингни кундузги қуёш каби қилади.

7 Сабрли бўл, мунтазир бўл Эгамизга,

Ғайирлик қилмагин йўлларини топганларга,

Фосиқ ниятларин амалга оширганларга.

8 Ғазабдан ўзингни тий, қаҳрдан қайтгин,

Ич–этингни ема, бу фақатгина зарарга олиб боради.

9 Ёвузлар йўқ қилиб ташланади,

Эгамиздан умидворлар юртга эгалик қилади.

10 Тез орада фосиқларнинг куни битади,

Сен ҳар қанча қидирмагин,

Уларни бу ердан топа олмайсан.

11 Беозорлар эса юртга эгалик қилади,

Мўл бахт–саодатдан баҳраманд бўлади.

12 Фосиқ солиҳларга қарши фитна қилади,

Уларга қарши тишларини ғижирлатади.

13 Раббий фосиқларни масхара қилади,

Уларнинг куни битаётир, буни Раббий билади.

14 Фосиқ қиличини суғуриб, камонини тортади,

Бечора, мазлумни йиқитишга шайланади,

Солиҳларни ўлдирмоқ истайди.

15 Аммо қиличлари ўзларининг бошини ейди,

Камонлари ҳам парча–парча бўлиб кетади.

16 Солиҳнинг қўлидаги оз нарса афзал,

Жамики фосиқнинг бойлигидан кўра.

17 Фосиқнинг кучи қирқилиб кетади,

Солиҳни эса Эгамиз қўллаб–қувватлайди.

18 Айбсизларнинг эҳтиёжи Эгамиз эътиборида,

Уларнинг мулки то абад давом этади.

19 Қаро кунларда ҳам улар завол топмайди,

Қаҳатчилик кунларда ҳам фаровон яшайди.

20 Фосиқлар эса албатта ҳалок бўлади,

Эгамиз ғанимлари қирдаги гуллардай қурийди,

Улар тутун каби тарқалиб, йўқ бўлиб кетади.

21 Фосиқ қарз олади–ю, қайтариб бермайди,

Солиҳ эса ҳиммат ила инъом қилади.

22 Эгамиз барака берган инсонлар юртни эгаллайди,

Эгамиз лаънатлаган одамлар эса йўқ бўлиб кетади.

23 Эгамиз инсоннинг йўлидан мамнун бўлса,

Унинг қадамларини собит қилади.

24 Ҳатто қоқилса ҳам йиқилиб тушмайди,

Эгамиз мадад бериб, қўлидан ушлайди.

25 Мен ҳам ёш эдим, энди кексайдим,

Солиҳларнинг тарк этилганини,

Уларнинг зурриёти нон тилаганини кўрмадим.

26 Улар доим ҳиммат ила қарз беради,

Фарзандлари ҳам барака топади.

27 Фосиқликни ташла, яхшилик қилгин,

Токи юртда то абад маскан қилгин.

28 Зотан, Эгамиз яхши кўради адолатни,

Тарк этмайди тақводорларни,

Уларни то абад ҳимоя қилади,

Фосиқлар наслини қириб ташлайди.

29 Солиҳ юртга эгалик қилади,

Бу юртда то абад истиқомат қилади.

30 Солиҳнинг оғзи доноликдан сўзлайди,

Унинг тили адолатни сўйлайди.

31 Юрагида Худосининг қонуни жой олган,

Шунинг учун қадамида адашмайди.

32 Фосиқ солиҳни доим кузатади,

Уни ўлдирмоқни мўлжаллаб юради.

33 Эгамиз солиҳни фосиқнинг ихтиёрига топширмайди,

Ҳукмга олиб келинганда, солиҳ маҳкум бўлмайди.

34 Эгамиздан умид қил, Унинг йўлларини тутгин,

У сени юксалтиради, бу юртни эгаллайсан,

Фосиқнинг қирилиб кетишини сен кўрасан.

35 Кўрганман фосиқ, золим одамнинг

Ўз юртида ям–яшил дарахтдай унганини.

36 Кўп ўтмай у ўтиб кетди, йўқ бўлди,

Қанча қидирсам ҳам, топа олмадим.

37 Айбсизга эътибор бер, софдилни кузат,

Тинчликпарварнинг истиқболи ёрқин.

38 Гуноҳкорларнинг ҳаммаси қирилиб битади,

Фосиқнинг келажаги барҳам топади.

39 Солиҳ киши Эгамиз туфайли нажот топгайдир,

Кулфат чоғи Эгамиз солиҳнинг қалъасидир.

40 Эгамиздан паноҳ топгани учун

Солиҳга Эгамиз мадад беради, уни қутқаради,

Фосиқдан омон сақлайди, унга нажот беради.

1 Довуд саноси. Эгамиздан мадад сўраб айтган илтижоси.

2 Эй Эгам! Ғазаб билан менга танбеҳ бермагин,

Қаҳринг сочиб, менга жазо бермагин.

3 Ўқларинг менга санчилди,

Қўлларинг устимга босиб тушди.

4 Бутун танам хастадир ғазабингдан,

Соғлигим йўқолган гуноҳларим дастидан.

5 Айбларим мени жуда ҳам эзади,

Улар жуда оғир юкка ўхшайди.

6 Ақлсизлигим дастидан

Яраларим сасиб, йиринглаб оқяпти.

7 Жуда эгилиб, букчайиб қолдим,

Кун бўйи ғамгин юраман.

8 Ичим иситмадан оташ бўлиб ёнмоқда,

Танамда биронта соғ жой йўқ.

9 Силлам қуриб, тамом эзилдим,

Юракдаги аламдан нола қиламан.

10 Юрагим тубидаги истакларим

Эй Раббий, Ўзингга равшан,

Оҳу нолам Сендан яширин эмас.

11 Юрагим титрайди, қувватим кетди,

Кўзларимнинг нури адойи тамом бўлди.

12 Дўст–ёронларим дардим туфайли олдимдан қочади,

Туғишганларим асло ёнимга келмайди.

13 Жонимга қасд қилганлар менга тузоқ қўяди,

Менга ёмонлик истаганлар кулфатдан сўз очади,

Кун бўйи ёлғон сўйлаб, фитна қилади.

14 Мен эса карга ўхшайман, эшитмайман,

Соқовга ўхшайман, гапира олмайман.

15 Чиндан ҳам мен соқовга ўхшайман,

Тили қотиб қолган одамдайман.

16 Эй Эгам, умидим ёлғиз Сенсан,

Эй Раббим Худо, жавоб берадиган Сенсан.

17 Эй Эгам: “Ҳолимни кўриб, душманларим шодланмасин,

Оёқларим қоқилганда, ўзларини катта тутмасин”, дея

Сенга ибодат қилдим.

18 Ўзим ҳам йиқилай деб турибман,

Тинмай азоб чекаётирман.

19 Қилган эгриликларим учун тавба қиламан,

Гуноҳга қўл урганимдан пушаймонман.

20 Ашаддий душманларим кўпдир,

Сабабсиз мендан нафрат этувчилар сон–саноқсиз.

21 Улар яхшилигимга ёмонлик ила жавоб беради,

Эзгу ишларим учун мени иғво қилади.

22 Эй Эгам, мени асло тарк этмагин,

Эй Худойим, мендан узоқ кетмагин.

23 Менга ёрдам бергани шошилгин,

Эй менинг нажоткорим — Раббий!

1 Ижрочилар раҳбари Ёдутунга. Довуд саноси.

2 Ўзимга ўзим шундай дейман:

“Юрар йўлларимни кузатиб борай,

Гуноҳ сўздан тилимни тийиб юрай,

Фосиқлар ҳамон ўраб тураркан мени,

Қулф уриб ёпиб олай оғзимни.”

3 Жим турдим, сукут сақладим,

Сўзлашдан бўйин товладим,

Ошиб бораверди дардим.

4 Қизиб кетаверди ичим,

Ўйлаганим сари ўртанди кўнглим,

Охири тилимни тия олмай ёлвордим:

5 “Эй Эгам, умрим ниҳоясини аён қилгин,

Қанча куним қолганини аён қилгин,

Умрим қанча қисқалигини билайин.

6 Елдай ўтиб кетгувчи умр бергансан,

Сенинг назарингда умрим бир лаҳзадир,

Ҳар кимнинг умри бир нафасдир.

7 Ҳар кимнинг умри соядай ўтиб кетар,

Инсоннинг ҳаракати беҳуда бўлар,

Бойлик йиғар, лекин билмас

Ким бойликка эгалик қилар.

8 Кимдан мен умид қилай энди, ё Раббий?

Сендадир менинг барча умидим.

9 Халос қилгин мени гуноҳларимдан,

Кулмасин аҳмоқлар менинг устимдан.

10 Сукут сақлайман, оғзимни очмайман,

Ахир, Сен Ўзинг мени шу аҳволга солдинг.

11 Мендан офатларингни узоқ қилгин,

Сенинг зарбаларингдан ўлай, дедим.

12 Гуноҳлари учун инсонни жазолаб,

Унга танбеҳ берасан.

Куя егандай қадрли нарсаларини йўқ қиласан.

Шубҳасиз, инсон бир нафасда ўтиб кетади.

13 Эй Эгам, ибодатимни эшитгин,

Нолаю фарёдимга қулоқ солгин.

Кўз ёшларимга бефарқ бўлмагин.

Ахир, мен Сенинг ўткинчи меҳмонингман,

Оталарим каби мусофирман.

14 Қаҳрли нигоҳингни мендан ўгиргин,

Токи яна хурсанд бўлайин

Бу оламдан ўтиб йўқ бўлмасимдан олдин.”

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

2 Мен Эгамизга умид боғладим,

У менга юз бурди, фарёдимни эшитди.

3 Мени балчиқ чуқурдан,

Ботқоқликдан чиқариб олди.

Эсон–омон мени қаттиқ ерга ўтқазди,

Қадамларимни дадил қилди.

4 У оғзимга янги бир қўшиқ солди,

Бу қўшиқ Худойимизга мадҳиядир.

Кўплар Унинг ишларини кўриб, қўрқади,

Эгамизга умид боғлайди.

5 Бахтлидир Эгамизга умид боғлаганлар,

Киборларга суянмаганлар,

Бутпарастлардан ёрдам кутмаганлар.

6 Кўп мўъжизалар кўрсатдинг, эй Эгам Худо,

Бизга қаратилган кўп ниятларингни бажардинг.

Бирор зот Сенга тенг кела олмас,

Оғиз очиб, мўъжизаларинг ҳақида айтсам,

Нақадар кўплигини санай олмасдим.

7 Сен қурбонлигу назрни истамадинг,

Куйдириладиган қурбонлик ҳамда

Гуноҳ қурбонлигини талаб қилмадинг,

Итоат қилишим учун Сен қулоқларимни очдинг.

8 Шунда дедимки: “Мана, мен келдим.

Муқаддас битикларда мен ҳақимда ёзилган.

9 Сенинг хоҳишингни адо этишдан завқ оламан,

Эй Худойим, Сенинг қонунинг юрагим тўридадир.”

10 Улуғ жамоанг ичра

Нажотинг хушхабарини эълон қилганман.

Ҳа, эй Эгам, Ўзинг биласан,

Оғзимга бир нафас ҳам дам бермаганман.

11 Қутқарганингни юрагимда яширмадим,

Содиқлигинг, нажотингдан ҳар кимга сўйладим,

Севгинг, садоқатингни буюк жамоангдан сир тутмадим.

12 Эй Эгам, мендан шафқатингни дариғ тутмагин,

Сенинг севгинг, садоқатинг мени то абад сақласин.

13 Беҳисоб офатлар атрофимни ўради,

Гуноҳларим ўзимнинг бошимга етди,

Энди кўзларим кўра олмас,

Гуноҳларим бошимдаги сочимдан кўпдир,

Энди жасоратим тамоман сўнди.

14 Эй Эгам, илтимос, менга нажот бер,

Келгин тезда, эй Эгам, менга мадад бер.

15 Жонимга қасд қилган ҳаммалар

Шармандаю шармисор бўлсин!

Ҳалокатимни истаганлар

Уятга қолиб, орқага қайтсин!

16 “Ҳолинг қалай энди?!” деб мени масхаралаганлар

Шарманда бўлганидан ваҳимага тушсин.

17 Сенга юз бурганларнинг ҳаммаси

Сен туфайли севинч, шодликка тўлсин.

Сенинг нажотингни севганлар:

“Эгамиз юксалаверсин”, деб доим айтсин.

18 Мен эса ғариб, бечораман,

Эй Раббий, мен ҳақимда ўйлагин,

Мададкорим, нажоткорим Ўзингсан,

Кечикмагин, эй Худойим!

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

2 Бахтлидир бечорани ўйлайдиганлар,

Кулфатда қолганларида Эгамиз уларни қутқаради.

3 Эгамиз уларни ҳимоя қилади, ҳаётини асрайди,

Улар юртдаги бахтлилардан ҳисобланади,

Эгамиз уларни душманлари ихтиёрига топширмайди.

4 Тўшакка михланиб қолса,

Эгамиз парвариш қилади,

Хасталигига Эгамиз шифо беради.

5 Шундай илтижо қилдим Сенга:

“Эй Эгам, шафқат қил менга,

Гуноҳ қилдим Сенга, шифо бергин.”

6 Душманларим ёвуз ният ила шундай дейди:

“Қачон ўлар экан у, номи ҳам қачон ўчаркан?”

7 Улар мени кўргани келганда,

Ёлғон–яшиқ гапларни гапиради.

Юракларида эса фисқу фасод тугиб,

Ташқарига чиқади–да,

Ҳамма жойда ёйиб юради.

8 Мендан нафратланганларнинг ҳаммаси

Менга зарар беришни режа қилишади,

Бирлашиб, мен ҳақимда пичир–пичир қилишади:

9 “Оғир хасталикка чалинган у,

Тўшагидан қайтиб тура олмайди.”

10 Ҳатто нонимни еган яқин, ишонган дўстим,

Менга қарши бош кўтарган.

11 Сен эса, эй Эгам, менга раҳм қил,

Мени оёққа турғаз.

Қилмишларига яраша душманларимга қайтарай.

12 Душманларим устимдан ғолиб келмаса,

Мендан мамнун бўлганингни биламан.

13 Тўғрилигим учун мени сақлайсан,

Ҳузурингда то абад мени ўтқазасан.

14 Олқишлар бўлсин абадулабад

Исроил халқининг Худоси — Эгамизга!

Омин! Омин!

1 Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг қасидаси.

2 Кийик ирмоқ сувларини тусагандай,

Эй Худо, жоним Сени шундай тусайди!

3 Жоним ташна Худога, барҳаёт Худога,

Қачон бориб, Унинг ҳузурида ҳозир бўламан?

4 Туз тотмай кечаю кундуз кўз ёш тўкаман,

“Қани Худойинг?” дея масхара қилар одамлар доим.

5 Шодлик ҳайқириқларию ҳамду санолар остида

Жамоа билан бирга Худонинг уйига борардим.

Байрам нишонлагани оломон билан борардим.

Шуларни эслаб, юрагим пора–пора бўлмоқда.

6-7 Нега тушкунликка тушасан, эй жоним?

Нега беҳаловат бўласан ичимда?

Худога умид боғла! Шукур этаман

Яна Унга — нажоткорим, Худойимга.

Тушкунликка тушганман.

Шу боис, эй Худо, Сени Иордан диёридан,

Хермон тизмасидан, Мизор тоғидан туриб эслайман.

8 Ўкираётган денгизлардай,

Гувиллаётган шаршаралардай

Сен юборган қайғу тўлқинлари

Ўтгандилар устимдан босиб.

9 Кундузи Эгам содиқ севгисини кўрсатади,

Тунлари У менга қўшиқ беради,

Менга умр берган Худога ибодат қиламан.

10 Худога, суянган Қоямга айтаман:

“Нега мени унутиб қўйдинг Сен?!

Не учун ғамга ботиб юрмоғим керак

Душманларим сиқуви сабабидан?!”

11 Душманларим ҳақоратидан суякларим зирқирайди,

Улар муттасил мендан: “Қани Худойинг?!” дея сўрайди.

12 Нега тушкунликка тушасан, эй жоним?

Нега беҳаловат бўласан ичимда?

Худога умид боғла! Шукур этаман

Яна Унга — нажоткорим, Худойимга.

1 Эй Худо, оқла мени!

Шаккок халққа қарши даъвоим бор.

Ўзинг мени ҳимоя қил.

Мени бу ёлғончи, адолатсизлардан қутқар.

2 Ахир, менинг паноҳим — Худо Сенсан,

Нега Сен тарк этдинг мени?!

Не учун ғамга ботиб юрмоғим керак

Душманларимнинг сиқуви дастидан?!

3 Йўллагин нурингни, ҳақиқатингни,

Булар менга йўл кўрсатиб турсин,

Муқаддас тоғингга мени олиб борсин,

Сенинг маконингга мени олиб борсин.

4 Шунда бораман, эй Худо, Сенинг қурбонгоҳингга.

Буюк шодлигимсан, севинчимсан Сен,

Лира чалиб, ҳамду сано айтаман Сенга,

Эй Худо, менинг Худойим!

5 Нега тушкунликка тушасан, эй жоним?

Нега беҳаловат бўласан ичимда?

Худога умид боғла! Шукур этаман

Яна Унга — нажоткорим, Худойимга.

1 Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг қасидаси.

2 Эй Худо, ўз қулоқларимиз ила эшитганмиз.

Қадимда, ота–боболаримиз даврида

Қилган ишларингни улар бизга айтган эди.

3 Ўз қўлинг ила қувдинг бегона халқларни,

Уларнинг юртига ўтқаздинг оталаримизни.

Кулфатга солдинг бегона халқларни,

Озод қилдинг Сен оталаримизни.

4 Улар юртни қилич ила олмадилар,

Ўз қўллари билан ғалабага эришмадилар.

Улар Сенинг ўнг қўлинг, қудратинг,

Сенинг юз нуринг ила ғолиб бўлдилар.

Зеро, Сен улардан мамнун бўлгандинг.

5 Сен Шоҳимсан, Худойимсан,

Амр бер, Ёқуб насли ғолиб бўлсин.

6 Сен туфайли душманларимизни йиқитамиз,

Номинг ила ғанимларимизни эзамиз.

7 Ишониб қолмасман мен ўз ёйимга,

Қиличим ғалаба келтирмас менга.

8 Ғанимларимиз устидан бизни ғолиб қилдинг,

Биздан нафратланганларни шарманда қилдинг.

9 Эй Худо, кун бўйи Сен туфайли мақтандик,

То абад Сенга шукроналар айтамиз.

10 Энди эса бизни рад қилиб, шарманда қилдинг,

Лашкарларимизни бошлаб бормаяпсан.

11 Бизни душманларимиз олдида чекинтирдинг,

Ғанимларимиз бизни талон–тарож қилди.

12 Бизни қўйлар каби емишга бердинг,

Халқлар орасига бизни ёйиб юбординг.

13 Халқингни қора чақага сотиб юбординг,

Уларни сотишдан ҳеч наф кўрмадинг.

14 Қўшни халқлар бизни масхара қилади,

Сен йўл қўйиб бердинг.

Атрофимиздагилар бизни ҳақоратлайди,

Кулишларига имкон бердинг.

15 Халқлар орасида кулги қилдинг бизни,

Халқлар бизни масхаралаб, чайқайди бошини.

16 Ҳар доим хижолат бўлиб юраман,

Шармандалик юзимни қоплаган.

17 Эшитганимиз масхараю ҳақорат!

Кўрганимиз қасоскор душман!

18 Гарчи Сени унутмаган бўлсак–да,

Гарчи аҳдингга хиёнат қилмасак–да,

Бу кўргиликлар бошимизга тушди.

19 Биз Сени ҳеч қачон тарк этмадик,

Сенинг йўлларингдан ҳеч қачон тоймадик.

20 Аммо чиябўрилар маконига бизни ташладинг,

Зимзиё зулматга бизни улоқтирдинг.

21 Эй Худойимиз, ахир, Сенинг номингни унутсак,

Қўлларимизни бегона худоларга очсак,

22 Эй Худо, Сен буни билмасмидинг?!

Ахир, Сен юракдаги сирларни биласан–ку!

23 Сен туфайли ҳар куни ўлимга дуч келамиз,

Бўғизланадиган қўйдай бўлиб қолганмиз.

24 Турсанг–чи, нега ухлаётгандайсан, ё Раббий?!

Қани, бўл, бизни то абад рад этмагин.

25 Нега биздан юз ўгирасан?!

Бошимизга тушган кулфату зулмни унутасан?!

26 Биз ағнатилганмиз тупроққа,

Танамиз ёпишиб қолгандир ерга.

27 Қани, кел, бизга мадад бер,

Содиқ севгинг ҳақи бизни қутқар.

1 Ижрочилар раҳбарига. “Нилуфар” куйига айтиладиган тўй қўшиғи. Кўрах наслининг қасидаси.

2 Шоҳимга шеърларимни бағишлайман,

Юрагимдан гўзал сўзлар тўкилади,

Тилим моҳир котиб қаламига ўхшайди.

3 Эй шоҳим! Инсонлар орасида жуда чиройлисан.

Худо сенга то абад барака бергани учун

Лабларингдан латиф сўзлар ёғилади.

4 Эй қудратли шоҳ, белингга боғла қиличингни,

Ҳашамату улуғворлигинг билан зоҳир бўлгин.

5 Улуғворлик билан олға бос!

Ҳақиқат, камтарлик, адолат учун ғалаба қил!

Ўнг қўлинг қўрқинчли ишлар кўрсатсин.

6 Ғанимларингнинг юрагини

Ўткир ўқларинг тешиб ўтади.

Халқлар оёғинг остига йиқилади.

7 Худо берган тахтинг абадийдир,

Адолат ҳассаси шоҳлигинг ҳассасидир.

8 Сен солиҳликни севасан, қабиҳликдан нафратланасан.

Шу боис Худо сени дўстларингдан устун қилди,

Ҳа, Худойинг шодлик мойини сенга суртди.

9 Либосингдан мирра, алоэ ва долчиннинг

Хушбўй ҳидлари уфурар.

Фил суяги билан безатилган саройларда

Чолғу наволари сени шод қилар.

10 Шоҳ қизлари иззатли хонимларинг орасидадир,

Офир олтинига безанган малика ўнг қўлингда ўтирар.

11 Тингла, эй қиз, қулоқ солиб, ўйлагин,

Халқинг, отанг хонадонин унутгин.

12 Жамолингга шоҳ мафтун бўлгандир,

Таъзим қил унга, у хўжайинингдир.

13 Тир халқи ҳадялар олиб келади,

Бойлар сендан марҳамат истайди.

14 Саройда малика нақадар гўзал!

Либослари олтин билан безатилган.

15 Нақшли либосида уни шоҳ ҳузурига олиб келишади,

Ортидан қизлар, унинг дугоналари эргашиб келади.

16 Улар шод–хуррамлик ичра келади,

Шоҳнинг саройига улар кириб келади.

17 Эй шоҳим, ўғилларинг олгайлар оталаринг ўрнини,

Бутун юртда шаҳзодалар қилгайсан сен уларни.

18 Қўшиғим туфайли номинг насллар оша яшар,

Шу боис халқлар сени то абад мадҳ этарлар.

1 Ижрочилар раҳбарига. “Қизлар” куйига айтиладиган Кўрах наслининг қўшиғи.

2 Худо бизнинг паноҳимиз, қудратимиздир,

Кулфатда қолганимизда доим мададкоримиздир.

3 Шу боис биз қўрқмаймиз ҳеч ҳам

Ер остин–устин бўлиб кетса ҳам,

Денгиз бағрига тоғлар қулаб тушса ҳам.

4 Денгизлар ўкириб, тошиб кетса ҳам,

Шиддатли тўлқинлар тоғларни титратса ҳам

Биз қўрқмаймиз ҳеч ҳам.

5 Бир дарё бор, унинг сувлари

Шодлик олиб келар Худо шаҳрига,

Худойи Таолонинг муқаддас маконига.

6 Шаҳарда Худо тургани учун

Шаҳар қуламас асло,

Тонг отганда, Худо ёрдамга келади.

7 Халқлар алғов–далғов бўлади,

Шоҳликлар қулайди.

Худонинг овози гулдирайди, ер эриб кетади.

8 Сарвари Олам биз биландир,

Ёқубнинг Худоси қалъамиздир.

9 Келинг, Эгамизнинг ишларини кўринг,

Ер юзига келтирган кулфатни кўринг.

10 Бутун оламда У жангни тўхтатади,

Ёйни парчалайди, найзани синдиради,

Қалқонларни оловда ёқиб, шундай дейди:

11 “Тўхтанг, билинг, Мен Худоман,

Халқлар орасида Мен юксалгайман,

Ер юзида Мен юксалгайман.”

12 Сарвари Олам биз биландир,

Ёқубнинг Худоси қалъамиздир.

1 Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг саноси.

2 Эй халқлар! Ҳаммангиз қарсак чалинг,

Севинч ҳайқириқлари ила Худони куйланг!

3 Қўрқинчлидир Худойи Таоло — Эгамиз,

Бутун ер юзида Удир улуғ Шоҳимиз.

4 Халқларни У бизга итоат эттирди,

Элатларни оёғимиз остига ташлади.

5 Ўзи суйган Ёқубнинг фахрли мулкини

Эгамиз биз учун юрт қилиб танлади.

6 Шодлик ҳайқириқлари остида Худо тахтга чиқди,

Карнай садоси остида Эгамиз тахтига ўтирди.

7 Ҳамду сано куйланг Худога, мадҳлар куйланг!

Ҳа, Шоҳимизга мадҳлар куйланг! Ҳамду сано куйланг!

8 Бутун ер юзининг шоҳидир Худо,

Унга ажойиб ҳамду сано куйланг!

9 Жамики улусларнинг шоҳидир Худо,

Муқаддас тахтида ўтирибди Худо!

10 Иброҳим Худосининг халқи билан бирга

Тўпланарлар халқларнинг ҳукмдорлари.

Заминнинг шоҳлари — Худоники,

Ғоят баланд юксалгандир У.

1 Кўрах наслининг саноси. Қўшиқ.

2 Эгамиз буюкдир!

Эгамиз Ўз шаҳрида,

Ҳа, Ўзининг муқаддас тоғида

Мадҳияларга лойиқдир!

3 Худонинг муқаддас тоғи юксак ва гўзалдир,

Бутун ер юзига шодлик олиб келадир!

Буюк Шоҳнинг шаҳридаги,

Унинг шимолидаги Сион тоғи!

4 Худо Қуддуснинг қўрғони ичида туради,

Унинг қалъаси бўлиб, Ўзини намоён этган.

5 Шоҳлар тўпландилар,

Биргалашиб Сион тоғига қарши юрдилар.

6 Уни кўрдилар–у, шошиб қолдилар,

Ваҳимага тушиб, қочиб қолдилар.

7 Туғаётган хотин тортгандай дард

Ўша ерда уларни титроқ босди.

8 Шарқдан шамол эсиб,

Таршиш кемаларини парчалагандай,

Сен уларни қириб ташладинг.

9 Худо нима қилганини биз эшитдик.

Нима эшитган бўлсак, энди ўшани

Худойимиз, Сарвари Оламнинг шаҳрида кўрдик.

Бу шаҳарни Худо то абад сақлар.

10 Эй Худо, Маъбадинг ичида

Содиқ севгинг ҳақида ўйлаймиз.

11 Эй Худо, мадҳинг ҳам донғинг каби,

Ернинг тўрт томонига ёйилган,

Ўнг қўлинг адолат ила тўлиб–тошган.

12 Сенинг ҳукмларингдан

Сион тоғи шод бўлсин,

Яҳудо шаҳарлари севинсин!

13 Эй Исроил халқи,

Қуддус теварагида юринг.

Атрофида айланиб,

Унинг минораларини санаб чиқинг.

14 Сионнинг истеҳкомларига эътибор беринг,

Унинг қўрғонларига қаранг!

Буларни кўриб, келгуси авлодларга ҳикоя қилинг:

15 “Худо ўша истеҳкомларга ўхшайди.

У то абад бизнинг Худойимиздир,

У то абад бизнинг йўлбошчимиз бўлади.”

1 Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг саноси.

2 Эшитинглар, эй халқлар,

Қулоқ солинг, олам аҳли,

3 Эй инсонлар, жамики одамзод,

Бойлару фақирлар, қулоқ солингиз!

4 Оғзимдан тўкилади доно сўзлар,

Қалбимнинг мулоҳазалари ҳам идроклидир.

5 Қулоғимни ҳикматга бураман,

Маъносини лира билан англатаман.

6 Нега қўрқишим керак қаро кунларда?!

Нега қўрқишим керак таъқиб қилувчилар

Қабиҳ ишлари билан мени ўраб олганларида?!

7 Улар мол–мулкига ишонадилар,

Беҳисоб бойликлари ила мақтанадилар.

8 Ахир, ҳеч ким ҳаётини пул тўлаб қутқара олмас,

Ёки унинг учун Худога тўлов беролмас.

9 Инсон ҳаёти учун тўлов ғоят қимматдир,

Ҳеч қандай тўлов етарли бўлмас.

10 Йўқса инсон то абад яшарди,

Қабр юзини асло кўрмасди.

11 Донони қаранг, улар ҳам ўлади,

Аҳмоқ, бемаъни бирдай ҳалок бўлади,

Уларнинг бойлиги бошқаларга қолади.

12 Юртларга ўзларининг номини берганда ҳам,

Мозор то абад уйи бўлиб қолади,

Маскани наслдан наслга ўтаверади.

13 Бойлигига қарамай инсон то абад қолмас,

Ўладиган жонзотга ўхшайди улар.

14 Ўзларига ишонганларнинг қисмати шудир,

Уларнинг сўзини маъқуллаганларнинг тақдири шудир:

15 Улар қўйлар каби ўликлар диёрига ҳайдаладилар,

Ўлим уларнинг чўпони бўлади,

Тонгда тўғри инсонлар уларнинг устидан ҳукмрон бўлади,

Таналари чириб кетади,

Ўликлар диёри уларнинг қасри бўлади.

16 Ўликлар диёри ҳукмидан Худо мени қутқаради,

Шубҳасиз, У мени Ўз ёнига олади.

17 Биронтаси бойиб кетганда,

Уйининг ҳашамати ошиб кетганда,

Ваҳимага тушма!

18 Оламдан ўтганда, у ўзи билан ҳеч нарса олиб кетмайди,

Бойлиги ҳам унинг ортидан қабрга эргашиб бормайди.

19 Ҳаётлигида ўзини бахтиёр ҳисоблайди,

Ошиб–тошиб яшагани учун

Кўплар унга ҳамду сано айтади.

20 У ҳам ота–боболари ёнига кетади,

Улар каби ёруғликни бошқа кўрмайди.

21 Бойлиги бўла туриб ақлсиз бўлганлар

Ўладиган жонзотга ўхшайдилар.

Осиф саноси.

1 Худолар Худоси — Эгамиз

Сўйлар, даъват қилар ер юзига

Шарқдан ғарбга қадар.

2 Худо Ўз нурини сочар Қуддусдан —

Гўзалликда комил шаҳардан.

3 Худойимиз келар, сукут сақламас,

Унинг олдида аланга ямлаб юборар,

Атрофида бўрон ғазабдан қутурар.

4 Ўз халқини ҳукм этмоқ учун

Еру осмонни гувоҳ қилиб чақирар:

5 “Йиғиб келинг Менинг тақводор халқимни,

Қурбонлик орқали Мен билан аҳд қилганларни!”

6 Самолар эълон қилар Худонинг одиллигини,

Ҳакам Худонинг Ўзидир.

7 Худо айтар: “Эшит, эй халқим, Мен сўзлайман,

Эй Исроил, сенга қарши гувоҳлик бераман,

Мен Худоман, сенинг Худойингман.

8 Келтирган қурбонликларинг доимо олдимда.

Куйдирилган қурбонликларингдан шикоят қилмайман.

9 Оғилингдаги буқангга муҳтож эмасман,

Сурувингдаги эчкингга ҳам зор эмасман.

10 Меникидир ўрмондаги жамики ҳайвон,

Минглаб қирлардаги молу қўйлар.

11 Меникидир жамики тоғдаги қушлар,

Меникидир даладаги барча жониворлар.

12 Оч қолсам ҳам, сендан овқат сўрамасдим.

Ахир, Меникидир олам, ундаги ҳамма нарса.

13 Мен буқа гўштини ейманми?!

Ёки эчки қонини ичаманми?!

14 Мен, Худога шукрона қурбонлигини қил,

Мен, Худойи Таолога онтингни адо қил.

15 Оғир кунда Менга илтижо қилгин,

Сенга нажот бераман,

Сен эса Менга мақтов айтасан.”

16 Фосиққа эса Худо шундай дейди:

“Не ҳақинг бор қонунларимни тилга олмоққа?!

Не ҳақинг бор аҳдимни оғзингга олмоққа?!

17 Нафрат ила қарайсан–ку йўл–йўриқларимга,

Отиб ташлайсан–ку каломларимни орқангга!

18 Ўғрини кўрганингда, дўстлашасан у билан,

Шерик бўлиб оласан зинокорлар билан.

19 Оғзинг ёмон сўзлар учун доим тайёрдир,

Тилингнинг тўқигани фақат ёлғондир.

20 Ўтириб, биродарингга қарши сўйлайсан,

Туғишганингга ҳам туҳмат қиласан.

21 Шу ишларни қилганингда, сукут сақладим,

Мени ҳам ўзингга ўхшаган, деб ўйладинг.

Энди–чи, айбингни бўйнингга қўйиб,

Сени ҳукм қиламан.

22 Эй Мени унутганлар, билиб қўйинг,

Йўқса сизларни парча–парча қиламан,

Биронта нажот бергувчи топилмайди.

23 Менга шукрона қурбонлиги келтирганлар

Мени иззат қилган бўлади.

Мен Ўз нажотимни

Тўғри йўлдан юрганларга кўрсатаман.”

1-2 Ижрочилар раҳбарига. Натан пайғамбар келиб, Довуднинг Ботшева билан қилган гуноҳини фош этгандан кейин, Довуднинг айтган саноси.

3 Раҳм қилгин менга, эй Худо,

Содиқ севгинг, чексиз шафқатинг ила

Итоатсизлигимни олиб ташлагин.

4 Ювиб ташла барча айбларимни,

Поклагин гуноҳларимдан.

5 Ҳа, ўзимнинг итоатсизлигимни биламан,

Гуноҳим турар кўз ўнгимда мудом.

6 Сенга, ёлғиз Сенга қарши гуноҳ қилганман,

Сенинг олдингда қабиҳликларга қўл урганман,

Шу боис ҳукм қилганингда Сен барҳақсан,

Айбимни фош этганингда доимо тўғри бўлиб чиқасан.

7 Мана, гуноҳкор бўлиб туғилганман,

Онам қорнидаёқ гуноҳкор эдим.

8 Бироқ Сен самимий, пок қалбни истайсан,

Асл доноликни Ўзинг менга ўргатгин.

9 Покла мени иссоп ўти ила, тоза бўлайин,

Ювгин мени, қордан ҳам оқ бўлайин.

10 Яна эшитай шодлик, қувонч хабарин,

Сен эзган суякларим яна қувонсин.

11 Гуноҳларимдан четга ол кўзларингни,

Олиб ташла айбларимни.

12 Эй Худо, менда тоза юрак яратгин,

Содиқ қалбни менга яна бир бор бергин.

13 Ҳузурингдан мени улоқтириб ташлама,

Муқаддас Руҳингни мендан олма.

14 Нажотинг шодлигини менга қайтаргин,

Итоат этишга менда истак уйғотгин.

15 Шунда итоатсизларга Сенинг йўлларингни ўргатаман,

Гуноҳкорлар қайтиб келадилар Сенга.

16 Қон тўкканим учун кечир мени, эй Худо,

Нажот берганингни севинч ила куйлар тилим,

Эй нажоткорим Худо!

17 Лабларимни очгин, эй Раббий,

Оғзим Сени мадҳ айласин.

18 Қурбонликни Сен хоҳламайсан,

Қурбонлик куйдирганимда ҳам

Сен хуш кўрмаган бўлардинг.

19 Сенга маъқул қурбонлигим эзилган руҳдир,

Эзилган, тавба қилган юракни

Сен рад этмайсан, эй Худо.

20 Лутфу караминг билан Қуддусни яшнатгин,

Сион шаҳри деворларини қайтадан қургин.

21 Шунда муносиб қурбонликлар келтирилади,

Куйдириладиган қурбонликлар Сени мамнун қилади,

Қурбонгоҳингда буқалар назр қилинади.

1-2 Ижрочилар раҳбарига. Эдомлик Доег Шоулнинг олдига бориб: “Довуд Охималекнинг уйида”, деб хабар бергандан кейин, Довуднинг айтган қасидаси.

3 Нечун мақтанасан ёвузлигинг ила, эй зўравон?!

Худонинг содиқлиги доим мен билан, ахир!

4 Бало келтираман, дея режа қиласан,

Ўткир устарага ўхшайди тилинг.

Алдашга сен моҳирсан.

5 Эзгуликдан кўра, ёвузликни ёқтирасан,

Ҳақиқатни сўйлашдан кўра, ёлғонни афзал биласан.

6 Ҳалок қиладиган сўзларни яхши кўрасан,

Ёлғончи тилни севасан.

7 Худо эса сени то абад ҳалок қилади,

Сени ушлаб, чодирингдан тортиб чиқаради,

Тириклар юртидан йўқ қилиб ташлайди.

8 Солиҳлар буни кўриб, қўрқади,

Фосиқнинг устидан кулади:

9 “Қаранг, ўша одам Худони паноҳим деб билмади,

Мўл–кўл бойлигига умид боғлади,

Бошқаларни қириш туфайли кучайди.”

10 Мен–чи, ўхшайман Худонинг уйидаги

Кўм–кўк зайтун дарахтига.

Худонинг содиқ севгисига

Мен то абад умидимни боғлайман.

11 Эй Худо, Сенинг ҳамма қилганларинг учун

Сенга то абад шукур айтаман.

Тақводорларингнинг ҳузурида

Сенга умид боғлайман,

Ахир, Ўзинг яхшисан!

1 Ижрочилар раҳбарига. “Қайғу–алам” куйига айтиладиган Довуд қасидаси.

2 Аҳмоқлар ўз кўнглида: “Худо йўқ”, дейдилар.

Улар ярамаслардир, қилмиши жирканч ишлардир,

Яхшилик қилувчи бирон зот йўқдир.

3 “Идрокли бирон зот бормикан?

Бормикан Менга юз бурган?” дея

Инсонга Худо самодан боқар.

4 Ҳаммаси йўлдан озган, бирдай бузилган,

Яхшилик қилувчи бир кимса йўқдир,

Ҳатто биронта ҳам йўқ!

5 Улар идроксиз, бадкирдор,

Халқимни бир луқма нондай еб юборади,

Ҳеч қачон Худога сажда қилмайди.

6 Ана, босаётир уларни қаттиқ ваҳима,

Бунақасини илгари кўрмаган улар.

Худо сочиб ташлар ғанимларингнинг суякларини.

Ахир, Худо рад этган уларни!

Шу боис, эй Исроил, сен уларни шарманда қилгансан.

7 Эҳ, Қуддусдан Исроилга нажот келсайди!

Худо Ўз халқини яна фаровонликка эриштирсайди,

Шунда Ёқуб насли шод бўлгай, Исроил севингай!

1-2 Ижрочилар раҳбарига. Зифликлар Шоулнинг олдига бориб: “Довуд халқимиз орасида яшириниб юрибди”, деб хабар берганларидан кейин, Довуднинг айтган қасидаси. Торли асбоблар жўрлигида айтилади.

3 Эй Худо! Буюк қудратинг ила мени қутқаргин!

Куч–қувватинг ила менга адолатли ҳукм чиқаргин!

4 Эй Худо, эшитгин илтижоимни,

Тинглагин айтганларимни!

5 Бегоналар қарши қўзғалди менга,

Зўравонлар қасд қилмоқчи жонимга,

Улар Сени писанд қилмайдилар.

6 Эй Худо, менга мадад берасан,

Эй Раббий, менинг жонимни асрайсан.

7 Душманларимнинг қабиҳликлари ўз бошига келсин,

Сен содиқсан, уларни қириб ташлагин!

8 Шод бўлиб, Сенга қурбонлик келтираман,

Ўзинг яхшисан, эй Эгам, Сенга шукур айтаман!

9 Сақладинг ҳар қандай кулфатдан мени,

Кўзларим кўрди душманларим мағлубиятини.

1 Ижрочилар раҳбарига. Торли асбоблар жўрлигида айтиладиган Довуд қасидаси.

2 Ибодатимга қулоқ сол, эй Худо,

Илтижоимни эътиборсиз қолдирма.

3-4 Эшит мени, жавоб бер,

Душманларим дағдағаси, фосиқларнинг сиқуви

Бошимга ғам–кулфат келтиради.

Улар ғазабланиб, мендан нафратланади.

Эҳ, ўйларим қийнайди мени,

Ғам–ташвишлар қаттиқ эзади.

5 Юрагим ҳасратга тўладир,

Ўлим ваҳимаси мени босиб келадир.

6 Қўрқув, титроқ менга келмоқда,

Даҳшат мени эзиб бормоқда.

7 “Қанийди каптар каби, қанотим бўлса”, дедим,

“Учиб кетиб, ором олган бўлардим.

8 Ҳақиқатан, узоқларга учиб қутулардим,

Саҳрода макон қилган бўлардим.

9 Қутурган шамолу бўрондан қочиб,

Ўзимга бошпана топгани шошилган бўлардим.”

10 Эй Раббий, душманларимни чалғит,

Уларнинг гапларини чалкаштир.

Шаҳарда зўравонлик, жанжални кўриб турибман.

11 Фосиқлар кеча–кундуз шаҳар девори устида изғийди,

Ёвузлик, ваҳима шаҳар ичида юз бермоқда.

12 Шаҳарнинг ўртасида бузғунчилик,

Кўчаларидан зулм ва ҳийла аримайди.

13 Ғанимларим мени ҳақорат қилганда эди,

Бунга бардошим етган бўларди.

Душманим ўзини мендан юқори қўйганда эди,

Ундан яширинган бўлардим.

14 Аммо у менинг тенгим–ку,

Яқин дўстим ҳамда ҳамроҳим–ку.

15 У билан дилкаш дўст эдик,

Эй Худо, Сенинг уйингдаги йиғинда бирга юрардик.

16 Уйлари, юраклари фосиқликка тўла бўлгани учун

Ғанимларим ўлимга рўбарў бўлсин,

Тириклайин ўликлар диёрига тушсин.

17 Мен илтижо қиламан Худога,

Нажот беради Эгам менга.

18 Оқшом, саҳар ҳамда кундуз

Дарду фиғонларимни айтаман.

Эгам менинг овозимни эшитади.

19 Гарчи менга қаршилар кўп бўлса ҳам,

Бирорта ҳам зарар етказмай

Мени жанглардан қутқаради.

20 Азалдан тахтда ўтирган Худо

Менга қулоқ тутиб,

Душманларимни мағлуб қилади.

Ахир, улар ўз йўлидан қайтмадилар,

Худодан улар қўрқмадилар.

21 Ҳамроҳим ўз дўстига қарши қўлини кўтарди,

Мен билан қилган аҳдига у хиёнат қилди.

22 Унинг оғзидан бол томади,

Юраги эса адоватга тўла.

Сўзлари мойдан ҳам ёқимли,

Аслида қиндан чиққан қиличдайдир.

23 Ташвишларингни Эгамизга топширгин,

У сенга таянч бўлади.

Эгамиз ҳеч қачон солиҳнинг йиқилишига йўл қўймайди.

24 Эй Худо, фосиқларни Сен

Ўликлар диёрига улоқтирасан.

Қонхўр, хоин кимсалар асло

Умрининг ярмисини ҳам яшамайди.

Мен эса Сенга умид боғлайман.

1 Ижрочилар раҳбарига. Филист халқи Довудни Гат шаҳрида тутиб олгандан кейин, унинг айтган қўшиғи. “Узоқдаги жим кабутар” куйига айтилади.

2 Шафқат қил менга, эй Худо,

Одамлар мени таъқиб қилмоқда,

Ғанимларим кун бўйи мени эзмоқда.

3 Бўҳтончилар кун бўйи мени таъқиб қилади,

Кўплари менга ҳужум қилади, эй Худойи Таоло!

4 Қўрққанимда Сенга умид боғлайман.

5 Эй Худо, каломингни мадҳ этаман,

Сендан умид қиламан, қўрқмайман,

Банданг менга не қила олади?!

6 Ғанимларим ҳар доим гапимни бузиб кўрсатади,

Менга зарар етказмоқ учун фитналар қилади.

7 Ёвуз ниятда ортимдан писиб келади,

Ҳар бир қадамимни ўлчаб юради,

Улар ҳаётимга чек қўйишни истайди.

8 Жиноятлари учун уларни улоқтир,

Эй Худо, ғазабинг ила уларни ерга ур!

9 Сен қайғуларимни ҳисобга олгансан,

Кўз ёшларимни идишингга солиб йиғиб қўйгин.

Ахир, уларнинг ҳар бири китобингда ёзилган–ку!

10 Сенга илтижо қилган куним

Душманларим ортга чекинади.

Ҳа, биламан, Сен мен томонда.

11 Эй Худо, каломингни мадҳ этаман,

Ҳа, Эгам, Сенинг каломингни мен мадҳ этаман.

12 Сендан умид қиламан, қўрқмайман,

Банданг менга не қила олади?!

13 Эй Худо, Сенга берган онтимни бажармоғим шарт,

Шукрона назрларимни Сенга атайман.

14 Жонимни ўлимдан қутқариб қолдинг,

Оёғимни қоқилишдан сақладинг.

Шу боис, эй Худо, Сенинг олдингда,

Ҳаёт нурида юраман.

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуднинг Шоулдан қочиб юрган пайтда ғорда яшириниб қутулганидан кейин айтган қўшиғи. “Хароб этма” куйига айтилади.

2 Эй Худо, раҳм қилгин менга, раҳм қил,

Менинг жоним Сенда паноҳ топади.

Ҳалокатли офатлар ўтиб кетгунча

Мен қанотларинг соясида паноҳ топаман.

3 Ёлвораман Худойи Таолога,

Мен учун қасос олувчи Худога.

4 Самодан нажот юбориб, У мени қутқаради,

Мени топтайдиганларни шарманда қилади.

Худо Ўз севгию садоқатини юборади.

5 Мен одамхўр шерлар орасида ётгандайман.

Уларнинг тишлари найзаю ўқ кабидир,

Уларнинг тиллари кескир қиличдайдир.

6 Эй Худо, фалакдан ҳам юқорида юксалавер!

Шуҳратинг бутун замин узра ёйилсин.

7 Душманларим оёқларимга тузоқ қўйган,

Қайғу–кулфатдан руҳим чўккан.

Улар сўқмоқларимда чуқур қазиди,

Ўзлари қазиган чуқурга ўзлари қулади.

8 Эй Худо, юрагим Сенга содиқ,

Ҳа, юрагим Сенга содиқдир!

Сени куйлаб, қўшиқ айтаман.

9 Уйғонгин, эй жоним!

Уйғон, эй арфа, лира!

Тонгни ҳам мен уйғотаман!

10 Эй Раббий, халқлар орасида Сенга шукрона айтаман,

Эллар орасида Сенга ҳамду сано куйлайман.

11 Содиқ севгинг самолардай юксакдир,

Садоқатинг булутларга чўзилгандир.

12 Эй Худо, фалакдан ҳам юқорида юксалавер!

Шуҳратинг бутун замин узра ёйилсин.

1 Ижрочилар раҳбарига. “Хароб этма” куйига айтиладиган Довуд қўшиғи.

2 Эй ҳукмдорлар! Наҳот сиз адолатли қарор чиқарасиз?!

Наҳот сизлар тўғрилик ила халқларни ҳукм қиласиз?!

3 Йўқ, ахир, юракларингиз адолатсизликка тўла–ку!

Ер юзида қўлларингиз зўравонликни тақсимлайди–ку!

4 Фосиқлар онасининг қорнидаёқ адашади,

Ёлғончилар туғилишданоқ йўлдан озади.

5 Уларнинг заҳри илоннинг заҳрига ўхшайди.

Кар илондай қулоқ солишни улар истамайди.

6 Илон ўйнатувчининг куйини улар эшитмайди,

Унинг маҳорат билан чалган куйига бепарво.

7 Синдир уларнинг тишларини, эй Худо,

Суғуриб ол шерларнинг қозиқ тишларини, эй Эгам!

8 Улар оқар сувдай йўқ бўлиб кетсин,

Уларнинг ўқлари нишонга тегмайдиган бўлсин.

9 Балчиққа ботиб кетган шиллиқ қуртдай бўлсин,

Онаси қорнидан ўлик туғилиб,

Ҳеч қачон қуёш кўрмаган чақалоқдай бўлсин.

10 Ёнаётган тикан қозонни тез қиздиргандай

Фосиқни шунчалик тез супуриб йўқ қилгин.

11 Фосиқдан ўч олинганда, солиҳ севинади,

Уларнинг қонида солиҳ оёқларини ювади.

12 Одамлар айтар: “Шубҳасиз, солиҳга мукофот бордир,

Ер юзида ҳукм қилувчи Худо албатта бордир.”

1 Ижрочилар раҳбарига. Шоул Довудни ўлдириш учун унинг уйини кузатишга киши юборгандан кейин, Довуднинг айтган қўшиғи. “Хароб этма” куйига айтилади.

2 Ғанимларимдан мени қутқар, эй Худойим,

Менга қарши турганлардан ҳимоя қил мени.

3 Бадкирдорлардан қутқаргин мени,

Қонхўрлардан сақлагин мени.

4 Қара, улар мени пойлаб ётарлар,

Золимлар менга қарши фитна қиларлар,

Гарчи айбу гуноҳим бўлмаса–да, эй Эгам,

5 Гарчи мен ҳақсизлик қилмасам–да,

Улар менга қарши ҳужум қилмоққа тайёр.

Қўзғал Ўзинг, аҳволимни кўр, кел ёрдамга.

6 Эй Исроил халқининг Худоси,

Эй Парвардигори Олам — Эгам,

Қани, бўл, барча халқларни жазолагин,

Ёвуз сотқинларга шафқат қилмагин.

7 Ғанимларим ҳар куни оқшомда қайтиб келади,

Итлардай увиллаб, шаҳар изғийди.

8 Қара, оғизларидан қусуқ чиқади,

Тилларидан заҳар сўзлар чиқади,

“Ким ҳам бизни эшитарди”, дея ўйлайди.

9 Улар устидан Сен куласан, эй Эгам,

Ҳамма халқларни Сен масхаралайсан.

10 Сенга интизорман, эй Қудратим,

Сен менинг қалъамсан, эй Худо!

11 Содиқ севгинг ила, эй Худойим, менга мадад берасан,

Кўзларимга душманларим мағлубиятини кўрсатасан.

12 Уларни ўлдирма, халқим бу сабоқни унутиб қўяр,

Қудратинг билан уларни титрат,

Эй қалқоним Раббий, уларни кўтариб ур.

13 Уларнинг оғзидан чиққан гуноҳлар учун,

Лабларидан чиққан сўзлар учун

Ўзларининг такаббурлиги орқали илинсин.

Улар айтадиган лаънат, ёлғон учун

14 Ғазабинг ила уларни йўқ қилгин,

Битта ҳам қолдирмай қириб ташлагин.

Шунда эй Худо, Ёқуб насли устидан ҳукмрон эканлигинг

Ернинг тўрт томонида маълум бўлади.

15 Ғанимларим ҳар куни оқшомда қайтиб келади,

Итлардай увиллаб, шаҳар изғийди.

16 Овқат излаб, дайдиб юради,

Агар тўймасалар, ириллайди.

17 Мен эса Сенинг қудратингни тараннум этаман,

Содиқ севгингни тонгда севинч ила куйлайман.

Сен менинг қалъам бўлгансан,

Кулфатда қолганимда паноҳимсан.

18 Эй Қудратим, Сени куйлаб мадҳ қиламан,

Сен, эй Худо, менинг қалъамсан,

Содиқ севгисини кўрсатувчи Худосан.

1-2 Ижрочилар раҳбарига. Довуд Орам–Нахрайим ва Орам–Зўво халқи билан уруш қилаётган пайтда Йўаб қайтиб келиб, ўн икки минг Эдомликни Туз водийсида ўлдиргандан кейин, Довуднинг айтган қўшиғи. “Нилуфар гул шаҳодати” куйига айтилади. Таълим учун.

3 Эй Худо, бизни тарк этдинг,

Мудофаамизни ёриб ўтдинг,

Биздан ғазабландинг,

Энди бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин!

4 Ерни силкитдинг, ёриқлар очдинг,

Ёриқларни тузатгин, ер тебранмоқда.

5 Халқингга кўп азоблар бердинг,

Гандираклаб юрсин деб, ичгани шароб бердинг.

6 Улар камон ўқларидан яшириниб олсин дея,

Ўзингдан қўрққанларга ишора бериб, байроқ кўрсатасан.

7 Ўнг қўлинг ила ғалаба ато қилгин,

Илтижоимизга жавоб бергин,

Суюкли бандаларинг нажот топсин.

8 Эй Худо, Ўз муқаддас маконингдан ваъда бергансан:

“Шодланиб, Шакамни бўлиб ташлайман,

Сухот водийсини тақсимлаб бераман.

9 Гилад Меникидир, Манаше Меникидир,

Эфрайим дубулғамдир, Яҳудо салтанат ҳассамдир.

10 Мўаб Менинг қўлювгичимдир,

Эдом узра чориғимни отаман,

Олқишланг Мени, эй Филистлар!”

11 Эй Худо, қанийди мустаҳкам шаҳарга мени олиб борсалар,

Эдомга мени бошлаб борсалар.

12 Ахир, бизни Ўзинг рад этдинг–ку!

Лашкаримизга йўлбошчилик қилмаяпсан–ку энди!

13 Душмандан қутқариб, бизга ёрдам бер,

Инсоннинг ёрдами бутунлай беҳуда.

14 Эй Худо, Сен билан биз ғолиб бўламиз,

Душманларимизни Сен янчиб ташлайсан.

1 Ижрочилар раҳбарига. Торли асбоблар жўрлигида айтиладиган Довуд саноси.

2 Эшитгин, эй Худо, оҳу ноламни,

Тинглагин менинг ибодатимни.

3 Ернинг у четидан Сенга ёлвораман,

Юрагим қон бўлганда, Сени чақираман.

Етиб бўлмас баланд қояга мени олиб чиққин.

4 Сен менинг паноҳим бўлгандирсан,

Душманимга қарши мустаҳкам минорасан.

5 Чодирингда то абад маскан қилай,

Қанотларинг соясида паноҳ топай.

6 Ахир, эй Худо, онтимни эшитгансан,

Номингдан қўрққанларнинг мулкидан менга ато қилгансан.

7 Шоҳнинг умрини узайтиргин,

Насллар оша ҳаётини давом эттиргин.

8 Эй Худо, у то абад ҳузурингда тахтда ўтирсин,

Севгинг, садоқатинг ила уни ҳимоя қилгин.

9 Шунда Сенга ҳар доим ҳамду сано куйлайман,

Берган онтимни ҳар куни адо этаман.

1 Ижрочилар раҳбари Ёдутунга. Довуд саноси.

2 Жоним ёлғиз Худога мунтазирдир,

Нажот менга Худодан келади.

3 Ҳа, Унинг Ўзи суянган қоям, нажотимдир.

Қалъам Удир, шу боис асло қоқилмасман.

4 Эй душманлар, қачонгача мени туртасизлар?!

Лиқиллаб турган четан деворга,

Қийшайган деворга ҳужум қилгандай

Ҳаммангиз менга ёпишаверасизларми?!

5 Сизнинг режангиз обрўйимни тўкишдир.

Ёлғон–яшиқ гаплардан завқ оласиз,

Оғзингиз билан дуо қиласиз,

Ичингизда эса лаънат ўқийсиз.

6 Эй жоним, ёлғиз Худога мунтазир бўлгин,

Умидим манбаи Унинг Ўзидир.

7 Ёлғиз Худодир суянган қоям, нажотим,

Қалъам Удир, шу боис қоқилмасман.

8 Нажотиму шарафим Худодан келар,

Қудратли қояму паноҳим Удир.

9 Эй халқим, умид қил Худодан,

Юрагингни очгин доимо Унга,

Бизнинг паноҳимиз Худодир.

10 Инсон зоти бир нафасдир,

Ҳа, инсон зоти ёлғондир!

Агар тарозида тортиб кўрилса,

Ҳаммаси бирга ҳаводан ҳам енгил чиқади.

Уларнинг асло вазни йўқдир.

11 Юлғичликка ишониб қолма,

Талончиликка беҳуда умид қилма,

Мабодо бойлигинг кўпайиб қолса,

Бойлигингга кўнгил боғлама.

12 Эй Худо, Сен менга бир нарса айтдинг,

Шу икки нарса ҳақида менга гапирдинг:

Сен қудратли Худосан.

13 Эй Раббий, Сенинг севгинг чексиздир.

Шу боис Сен ҳар бир инсонни

Қилган ишларига кўра, мукофотлайсан.

1 Довуд Яҳудо чўлида бўлгандан кейин, унинг айтган саноси.

2 Эй Худо, менинг Худойимсан, интиламан Сенга,

Қуруқ, толиққан сувсиз тупроқдай

Жоним ташнадир Сенга,

Вужудим орзуманддир Сенга.

3 Муқаддас масканингда Сенга нигоҳ ташладим,

Қудратингни, шуҳратингни кўрдим.

4 Ҳаётдан афзал Сенинг севгинг,

Тилимдан тушмас Сенга мадҳия.

5 Бир умр Сени олқишлайман,

Қўлларимни кўтариб, Сенга сажда қиламан.

6 Илик билан ёғ егандай жоним мамнун бўлади,

Шодиёна қўшиқлар ила Сени мадҳ қиламан.

7 Ўрнимда ётиб ҳам, Сени эслайман,

Сени ўйлаб, тунни қарши оламан.

8 Ўзинг менинг мададкорим бўлдинг,

Қанотларинг соясида севинч ила куйлайман.

9 Сенинг ортингдан қолмай эргашаман,

Ўнг қўлинг мени маҳкам тутади.

10 Жонимнинг пайига тушганлар

Ернинг қаърига тушиб йўқ бўлиб кетади.

11 Улар қиличнинг дамига йўлиқади,

Чиябўриларга ем бўлади.

12 Шоҳ эса Худодан севинч топади,

Худо номи билан онт ичганлар Уни мадҳ қилади,

Ёлғончиларнинг оғзи эса ёпилади.

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

2 Эй Худо, овозимни эшитгин илтижо қилганимда,

Ҳаётимни душман ваҳимасидан қутқаргин.

3 Фосиқнинг фитнасидан мени яширгин,

Бадкирдорлар тўдасидан ҳимоя қилгин.

4 Улар тилларини шамширдай қайрайди,

Нишонга олиб, заҳарли сўзларини ўқдай отади.

5 Айбсиз одамни пистирмадан туриб отади,

Ҳеч қўрқмай, бирданига унга ўқ узади.

6 Бир–бирининг қабиҳ режаларин қўллаб–қувватлайди,

Яширинча тузоқ қўйишга тил бириктиради,

“Буни ким ҳам кўрарди”, деб ўйлайди.

7 Улар адолатсизликни қасд қилади:

“Ажойиб режа туздик,

Ниятимизни ҳеч ким билмайди”, деб айтади.

8 Худо эса фосиқларга ўқ узади,

Тўсатдан улар яраланади.

9 Уларнинг тили ўзларининг бошини ейди,

Уларни кўрганлар қалтираб кетади.

10 Жамики одамзод қўрқиб қолади,

Худонинг ишларини улар эълон қилади,

Худонинг қилганлари ҳақида ўйлаб кўради.

11 Солиҳлар Эгамиз туфайли севинсин!

Солиҳлар Унда паноҳ топсин,

Ҳамма покдил инсонлар Уни мадҳ этсин.

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси. Қўшиқ.

2 Эй Қуддусдаги Худо, Сен лойиқсан ҳамду санога,

Сенга берган онтимизни бажо қиламиз.

3 Сенсан ибодатларга жавоб бергувчи,

Жамики одамзод Сенга келади.

4 Гуноҳ устимиздан тантана қилган,

Сен эса кечирасан гуноҳларимизни.

5 Қутлуғ ҳовлимда яшасин дея,

Сен Ўзинг танлаб, олиб келган инсон

Нақадар бахтлидир!

Уйингнинг, муқаддас Маъбадингнинг

Неъматларидан биз баҳраманд бўламиз.

6 Ғаройиб ишлар кўрсатиб,

Ғалаба ила бизга жавоб берасан,

Эй нажоткоримиз Худо!

Ернинг тўрт томонининг,

Ҳамда энг узоқ денгизларнинг умиди Сенсан.

7 Куч билан Ўзингни қуроллантиргансан,

Қудратинг ила тоғларни жойлаштиргансан.

8 Денгизлар ҳайқириғини бостирасан,

Тўлқинлар шовқинини тинчитасан.

Халқлар шовқин–суронига барҳам берасан.

9 Дунёнинг у четида яшовчилар

Мўъжизаларингдан қўрқувга тушади.

Шарқдан ғарбгача халқлар

Сенинг ишларингни севинч ила куйлайди.

10 Заминни Сен суғориб парваришлайсан,

Мўл–кўл қилиб уни бойитасан.

Эй Худо, дарёларинг суви лиммо–лимдир,

Инсонларни дон–дун билан таъминлашни мўлжаллагансан.

11 Эгатларини қондириб суғорасан,

Баланд жойларини Ўзинг текислайсан,

Ёмғир билан тупроғини юмшатасан,

Ҳосилига барака берасан.

12 Мўл ҳосил билан йилга тож кийгизасан,

Араваларинг юрган йўллардан бойлик оқади.

13 Чўл серсув ўтлоқзорларга айланади,

Тепаликлар севинчга бурканади.

14 Яйловлар қўй сурувлари билан қопланади,

Водийлар донларга тўлади,

Улар севинчдан ҳайқириб қўшиқ айтади.

Ижрочилар раҳбарига. Сано. Қўшиқ.

1 Худога шодлик ила ҳайқиринг,

Эй ер юзидаги инсонлар!

2 Худонинг улуғворлигини куйланг!

Унга ажойиб ҳамду санолар айтинг!

3 Худога айтинглар:

“Сенинг ишларинг нақадар ғаройиб!

Қудратинг буюклигидан

Душманларинг олдингда титраб тиз чўкади.

4 Бутун замин Сенга сажда қилади,

Улар Сенга ҳамду сано айтади,

Ҳа, Ўзингга ҳамду сано куйлайди.”

5 Кел! Худо нима қилганини кўргин!

Инсон манфаати учун қилган

Ғаройиб ишларини кўргин!

6 Худо денгизни қуруқ ерга айлантирди,

Ота–боболаримиз баҳрдан юриб ўтди,

У ерда қилган ишларидан,

Худо туфайли биз севинамиз.

7 Қудрати ила то абад ҳукм суради,

Кўзлари халқларни кузатиб туради,

Унга қарши исёнчилар қўзғалмасин.

8 Эй халқлар, Худойимизга олқишлар айтинг,

Унинг ҳамду саноси янграсин.

9 У бизнинг ҳаётимизни сақлаган,

Оёқларимизни тойиб кетишдан асраган.

10 Эй Худо, Сен бизни синадинг,

Кумушни тозалагандай бизни тозаладинг.

11 Бизни тузоққа йўлиқтирдинг,

Елкамизга оғир юк ортдинг.

12 Араваларни бошимиз узра юргиздинг,

Олов, сувлардан биз кечиб ўтдик,

Фаровонликка бизни олиб келдинг.

13 Куйдириладиган қурбонликлар билан

Сенга берган онтимни адо этгани

Мен Сенинг уйингга келаман.

14 Кулфатда қолганимда онт ичган эдим,

Тилим ваъда берган, оғзим сўйлаган эди.

15 Бўрдоқиларни куйдириб, Сенга қурбонлик қиламан.

Қўчқор, така, буқаларни келтираман.

Қурбонликларнинг ҳиди самога етиб боради.

16 Эй Худодан қўрққанлар, келиб эшитинглар,

Мен учун У нима қилганин сўзлаб берайин.

17 Мадад сўраб Худога ёлвордим,

Унинг ҳамду саноси ҳеч тилимдан тушмади.

18 Юрагимда гуноҳим бўлса эди,

Мени асло эшитмас эди Раббий.

19 Худо мени тинглади,

Ибодат қилганимда, овозимни эшитди.

20 Худога олқишлар бўлсин!

Ибодатимни У рад қилмади,

Содиқ севгисини мендан дариғ тутмади.

1 Ижрочилар раҳбарига. Торли асбоблар жўрлигида айтиладиган сано. Қўшиқ.

2 Эй Худо, меҳрибон бўлгин, барака бергин бизга,

Юзинг нурини сочгин лутф ила устимизга,

3 Заминда маълум бўлади Сенинг йўлларинг,

Жамики халқлар орасида маълум бўлади Сенинг нажотинг.

4 Эй Худо, халқлар Сени мадҳ қилсин,

Жамики халқлар Сенга ҳамду сано айтсин.

5 Халқларни Сен одиллик ила ҳукм қиласан,

Замин узра элатларга йўлбошчилик қиласан,

Севинсин халқлар, шодланиб қўшиқ айтсин.

6 Эй Худо, халқлар Сени мадҳ қилсин,

Жамики халқлар Сенга ҳамду сано айтсин.

7 Ер ўз ҳосилини берсин,

Худойимизнинг Ўзи бизга барака берсин.

8 Ҳа, Худо бизга барака берсин!

Ернинг тўрт томонидаги халқлар Унга тиз чўксин.

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси. Қўшиқ.

2 Қўзғалсин Худо, тарқалиб кетсин душманлари,

Олдидан қочиб кетсин Ундан нафратланганлар.

3 Тутунни шамол тарқатгани каби,

Худо уларни ҳайдаб юборсин.

Мум оловда эригани каби,

Худо олдида фосиқ ҳалок бўлсин.

4 Солиҳлар эса хурсанд бўлсин,

Худо олдида шод бўлсин,

Улар хурсандликка тўлиб–тошсин.

5 Худога ҳамду санолар куйланг,

Унинг номини тараннум этинг.

У булутларни миниб боради,

Уни улуғланг.

У Эгамиздир!

Ҳузурида шодланинг!

6 У Худодир, макони муқаддасдир,

Етимларнинг отаси, бевалар ҳимоячисидир.

7 Худо ёлғизларни хонадонга жойлаштиради,

Асирларни роҳатга, эркинликка олиб чиқади,

Исёнкорлар эса қақраган ерга эга бўлади.

8 Эй Худо, Ўз халқингнинг олдида борганингда,

Саҳро бўйлаб юриш қилганингда,

Замин титради, осмон ёмғирини қуйди.

9 Сенинг ҳузурингда, эй Синай тоғининг Худоси,

Сенинг олдингда, эй Исроил халқининг Худоси,

Замин титради, осмон ёмғирини қуйди.

10 Сен, эй Худо, мўл ёмғир бердинг,

Толиққан ерингга қайтадан куч ато этдинг.

11 Халқинг ўша ерда бошпана топди,

Эй Худо, ҳимматингдан муҳтожларни баҳраманд қилдинг.

12 Раббийдан амр келади,

Аёлларнинг катта жамоаси хушхабарни элтади:

13 “Шоҳлару лашкарлар шоша–пиша қочди!”

Ҳа, Исроил аёллари чодирларда ўлжани бўлишиб олади!

14 Ҳатто уйда қолганлар учун ҳам

Бордир кумуш билан қопланган каптар қанотлари,

Ялтироқ олтин билан қопланган каптар патлари.

15 Қодир Худо шоҳларни тўзғитганда,

Залмон тоғига қор ёққандай бўлди.

16 Эй Башаннинг тоғи, улуғвор тоғ,

Эй чўққилари кўп тоғ, Башаннинг тоғи!

17 Эй чўққилари кўп тоғ!

Худо макон қилиб танлаган тоққа

Нега ҳасад билан қарайсан?

Эгамиз то абад у ерда истиқомат қилади.

18 Худонинг жанг аравалари сон–саноқсиздир,

Раббий Синайдан муқаддас маконига келади.

19 Юксакларга чиқди У,

Асирларни ортидан эргаштирди.

Халқлардан ҳадялар олди,

Ҳатто гуноҳкор исёнчилардан ҳам туҳфалар олди.

Ахир, Парвардигор Эгамиз у ерда яшайди!

20 Раббийга олқишлар бўлсин,

У ҳар куни оғирлигимизни кўтаради.

Худо бизнинг нажотимиздир.

21 Худойимиз — нажот бергувчи Худо,

Эгамиз Раббий ўлимдан қутқаради.

22 Худо шубҳасиз душманлар бошини янчади,

Гуноҳ йўлидан юрган одамнинг

Бош суякларини ҳам эзади.

23 Раббий шундай дейди:

“Душманларингни Башандан қайтариб келаман,

Уларни денгиз тубидан олиб келаман.

24 Оёғингни душманларинг қонига ботирасан,

Итларинг ҳам душман қонини ялаб,

Ўз улушини олади.”

25 Эй Худо, зафарли карвонинг кўринмоқда!

Худойим, менинг Шоҳим, Сенинг карвонинг

Муқаддас маконингга бораётгани кўринмоқда!

26 Олдинда қўшиқчилар, орқада созандалар,

Уларнинг ўртасида чилдирма чалган қизлар куйлар:

27 “Олқишлар айтинг Худога буюк жамоа ичра,

Ҳамду санолар ўқинг Эгамизга,

Эй Исроилнинг манбаидан пайдо бўлганлар!”

28 Уларнинг энг кичиги — Бенямин қабиласи олдинда келади,

Ортидан тўп бўлиб Яҳудо шаҳзодалари келади,

Забулун, Нафтали шаҳзодалари уларга эргашади.

29 Эй Худо, кўрсатгин қудратингни!

Эй Худо, аввалгидай намоён қил кучингни!

30 Қуддусдаги Маъбадинг ҳақи–ҳурмати

Шоҳлар Сенга ҳадялар келтиради.

31 Мисрга, қамишзор орасидаги ўша ёввойи ҳайвонга танбеҳ бер,

Халқларга, ўша буқалар подасига, бузоқларига танбеҳ бергин.

Сенга таъзим қилиб, кумушларини назр қилишсин.

Урушдан лаззатланувчи бу халқларни тўзғитгин.

32 Мисрдан бронза келтирилади,

Ҳабашистон Сенга қўлларин чўзиб, эй Худо,

Ўлпон тўлашга шошилиб қолади.

33-34 Худони тараннум этинг, эй ер юзи шоҳликлари,

Самолар — азалий самолар узра чиққан,

Ҳайбатли овози гулдураган

Раббийга ҳамду санолар куйланг.

35 Ҳаммага эълон қилинг Худонинг қудратини,

Унинг улуғворлиги Исроил устидадир,

Унинг қудрати самолардадир.

36 Худо қўрқинчлидир Ўзининг муқаддас масканида,

Исроил халқининг Худоси куч–қудрат берар Ўз халқига.

Худога олқишлар бўлсин!

1 Ижрочилар раҳбарига. “Нилуфар” куйига айтиладиган Довуд саноси.

2 Эй Худо, мени Ўзинг қутқар,

Сувлар бўғзимга қадар кўмди.

3 Ботқоққа чўкиб бораётирман,

Оёғимни қўйгани қаттиқ ер йўқ.

Чуқур сувларга ботиб кетдим,

Энди тўлқинлар мени ютмоқда.

4 Мадад сўраб, силлам қуриди,

Томоқларим қақраб кетди,

Эй Худойим, Сени кутиб, кўз нурим сўнди.

5 Сабабсиз мендан нафратланганлар

Бошимдаги сочимдан ҳам кўпдир.

Кўпчилик сабабсиз менга душмандир,

Улар жонимга қасд қилмоқчилар.

Мен ўғирламаган нарсаларни улар,

Қайтиб бер, деб мени мажбур қилмоқдалар.

6 Эй Худо, ақлсизлигимни Ўзинг биласан,

Айбларим Сендан асло яширин эмас.

7 Эй Сарвари Олам — Раббий,

Сендан умид қилганлар

Мен туфайли уятга қолмасинлар.

Эй Исроил халқининг Худоси,

Сенга юз бурганлар

Мен туфайли шарманда бўлмасинлар.

8 Сени деб ҳақоратга чидадим,

Хижолатдан юзим шувут.

9 Ака–укаларимга гўё бегонадайман,

Туғишганларим орасида мусофирдайман.

10 Сенинг уйингга бўлган севгим ичимни ёндирар,

Сени ҳақоратлаганлар мени ҳақорат қилган бўлар.

11 Фарёд қилиб, рўза тутганимда,

Мен масхара бўлдим.

12 Кулфатда қолиб, қанор кийганимда,

Улар устимдан кулдилар.

13 Шаҳар дарвозаси олдида ўтирганлар

Мени ғийбат қиларлар,

Маст–аластлар мен тўғримда қўшиқ айтарлар.

14 Мен эса, эй Эгам, Сенга ибодат қиламан.

Маъқул вақтда, содиқ севгинг соясида, эй Худо,

Ишончли нажотинг билан жавоб бер менга.

15 Мени қутқаргин, ботқоққа ботиб кетмай,

Мендан нафратланганлардан халос бўлай,

Мени чуқур сувлардан сақлагин.

16 Тўфон мени ғарқ қилмасин,

Тубсиз сувлар мени ютмасин,

Қабр менга оғзин очмасин.

17 Жавоб бер ибодатимга, эй Эгам,

Нақадар эзгудир содиқ севгинг,

Буюк шафқатинг ила менга юз бургин.

18 Мен, қулингни жамолингдан бебаҳра қилма,

Кулфатда қолганман, жавоб бер тезда.

19 Яқинроқ кел, қутқаргин мени,

Душманларимдан халос қил мени.

20 Ҳақоратга дучор бўлганим,

Шармандаю шармисор бўлганим

Ўзингга равшан.

Ҳамма душманларимни биласан.

21 Ҳақоратлар қалбимни яралаб,

Тушкунликка туширди.

Бир ҳамдард изладим, ҳеч ким йўқ эди,

Тасалли берувчи изладим–у, топмадим.

22 Овқатимга улар заҳар солдилар,

Чанқаганимда менга узум сиркаси бердилар.

23 Дастурхонлари ўзларига тузоқ бўлсин,

Ҳамтовоқлари учун қопқон бўлсин.

24 Кўз нурлари сўнсин, кўрмай қолсин,

Беллари то абад букчайиб қолсин.

25 Улар устига ғазабингни сочгин,

Қаҳринг аланга олиб, уларни ютиб юборсин.

26 Уларнинг макони ташландиқ бўлиб қолсин,

Чодирларида тирик бир жон қолмасин.

27 Сен урган инсонларни улар таъқиб қилади,

Сен берган яра азобларини улар ғийбат қилади.

28 Гуноҳлари устига гуноҳ қўшгин,

Уларни Сен оқламагин.

29 Номлари ҳаёт китобидан ўчирилсин,

Солиҳлар билан ёнма–ён ёзилмасин.

30 Мен азобда, кулфатда қолганман,

Эй Худо, нажотинг мени ҳимоя қилсин.

31 Номини куйлаб, Худони мадҳ қиламан,

Шукур айтиб, Уни мақтайман.

32 Қурбонлик қилинган бузоқдан, ҳатто буқадан кўра,

Ҳамдларим Эгамни кўпроқ мамнун қилади.

33 Мазлумлар буни кўриб, севинсин,

Худога интилаётганлар дадил бўлсин.

34 Эгамиз муҳтожларни эшитади,

Асир бўлган халқидан нафратланмайди.

35 Еру осмон Эгамизни мадҳ айласин,

Денгизлару улардаги жонзотлар Уни улуғласин.

36 Худо Қуддусга нажот беради,

Яҳудо шаҳарларини қайта тиклайди,

Халқ ўрнашиб, у ерни мулк қилади.

37 Худо қулларининг авлоди у ерни эгаллайди,

Худони севганлар у ерни маскан қилади.

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси. Эгамиздан мадад сўраб айтган илтижоси.

2 Эй Худо, нажот бер менга,

Келгин тезда, эй Эгам, мадад бер менга.

3 Жонимга қасд қилганлар

Шармандаю шармисор бўлсин!

Ҳалокатимни истаганлар

Уятга қолиб, орқага қайтсин!

4 “Ҳолинг қалай энди?!” деб мени масхаралаганлар

Шарманда бўлиб, орқага қайтсин.

5 Сенга юз бурганларнинг ҳаммаси

Сен туфайли севинч, шодликка тўлсин.

Сенинг нажотингни севганлар:

“Худо юксалаверсин”, деб доим айтсин.

6 Эҳ, мен ғариб, бечораман,

Менга ёрдам беришга шошил, эй Худо!

Мададкорим, нажоткорим Ўзингсан,

Кечикмагин, эй Эгам!

1 Эй Эгам, Сенда мен паноҳ топаман,

Шарманда бўлишимга асло йўл қўймагин.

2 Адолатлисан, мени халос қил, қутқаргин,

Қулоқ тут менга, нажот бергин.

3 Менинг паноҳ қоям бўлгин,

Ҳар доим Сенга бора олай.

Мени қутқармоқ учун амр бердинг.

Чиндан ҳам, Сен суянган қоямсан, қалъамсан.

4 Эй Худойим, фосиқнинг қўлидан мени қутқаргин,

Адолатсиз, золим одамнинг исканжасидан қутқаргин.

5 Сен, эй Эгам Раббий, менинг умидимсан,

Ёшлигимдан Сенга умид боғлаганман.

6 Туғилганимдан буён Сенга суяндим,

Онамнинг қорнидан мени олиб чиққансан,

Доимо Сенга ҳамду сано айтаман.

7 Ҳаётим кўпчиликка ўрнак бўлди,

Чунки Сен менинг мустаҳкам паноҳимсан.

8 Оғзимдан асло тушмас Сенга ҳамду санолар,

Кун бўйи шуҳратингни эълон қиламан.

9 Кексайган чоғимда мени ташлаб қўймагин,

Қувватим кетганда, мени тарк этмагин.

10 Ахир, душманларим менга қарши тил бириктиради,

Бирга фитна қилиб, мени ўлдирмоқчи бўлади.

11 Душманларим айтар: “Худо тарк этган уни,

Қувинглар, ушланглар уни,

Уни қутқарадиган ҳеч кимса йўқдир.”

12 Эй Худо, мендан узоқ кетмагин,

Тез кел, эй Худойим, менга мадад бер!

13 Мени айбловчилар шармандаликдан ерга кириб кетсин,

Менга зарар етказмоқчи бўлганлар

Масхара бўлсин, бадном бўлсин.

14 Мен эса доимо Сенга умид боғлайман,

Янада кўп ҳамду сано айтаман.

15 Менга қилганларингдан ҳайратга тушдим,

Адолатингни ҳар кимга ҳикоя қилавераман,

Нажотингни кун бўйи сўйлайвераман.

16 Қудратли ишларингни мадҳ қиламан, эй Эгам Раббий,

Ёлғиз Сенинг одиллигингни мадҳ қиламан.

17 Эй Худо, ёшлигимдан Сен менга таълим бергансан,

Ажойиб ишларингни ҳамон айтиб юраман.

18 Сочларим оқариб, кексайганимда,

Мени тарк этмагин, эй Худо!

Келгуси авлодларга кучинг ҳақида айтай,

Мендан кейин келадиганларга

Қудратинг ҳақида айтиб берай.

19 Адолатинг самоларга етади, эй Худо,

Буюк ишлар қилдинг Сен,

Сенга ўхшаган ким бор, эй Худо?!

20 Дучор қилдинг мени кўп кулфат, азобларга,

Мени яна ҳаётга қайтарасан,

Ер остидан яна мени чиқариб оласан.

21 Шуҳратимни яна юксалтирасан,

Менга яна таскин берасан.

22 Арфа чалиб, Сенга ҳамду сано айтаман,

Сенинг садоқатингни куйлайман, эй Худойим.

Лира чалиб, Сени тараннум қиламан,

Эй Исроил халқининг Муқаддас Худоси!

23 Сени мадҳ қилиб куйлаганимда,

Шодликдан ҳайқираман.

Мени Сен қутқаргансан.

24 Менга зарар етказмоқчи бўлганлар

Шармандаи шармисор бўлдилар.

Кун бўйи тилим адолатинг ҳақида сўйлайди.

1 Сулаймон саноси.

Эй Худо, шоҳга адолатингни бергин,

Шоҳ ўғлига тўғри ҳукм чиқаришни ўргатгин.

2 Сенинг халқингни у адолат ила ҳукм этсин,

Бечораларни у тўғрилик билан ҳукм этсин.

3 Тоғлар халққа роҳат–фароғат олиб келсин,

Тепаликлар ҳақиқат самарасини келтирсин.

4 Шоҳ халқнинг қашшоқларини ҳимоя қилсин,

Бечораларнинг болаларига нажот берсин,

Золимларни эзиб ташласин.

5 Насллар оша қуёшу ой самода тургандай,

Унинг умри ҳам шунчалик узоқ бўлсин!

6 Шоҳимиз ўхшасин ўрилган далага,

Ёққан ҳузурбахш ёмғирга,

Ерни суғорган шаррос ёмғирга.

7 Унинг даврида солиҳ яшнасин,

Дунё тургунча мўл–кўлчилик бўлсин.

8 У бир денгиздан иккинчисига қадар,

Фурот дарёсидан тортиб,

Ер юзининг тўрт томонига ҳукмронлик қилади.

9 Шоҳ олдида чўл қабилалари тиз чўксин,

Унинг душманлари тупроқ яласин.

10 Денгиз ортидаги юртларнинг шоҳлари,

Таршиш шоҳлари унга ўлпон олиб келсинлар.

Шава ҳамда Саво шоҳлари

Унга ҳадялар келтирсинлар.

11 Ҳамма шоҳлар унга таъзим айласин,

Ҳамма халқлар унга хизмат қилсин.

12 Мазлум нола қилганда, шоҳ нажот беради,

Мададкори йўқ бечорани у қутқаради.

13 Заиф, бечорага у шафқат кўрсатади,

Мазлумларнинг ҳаётини сақлайди.

14 Мазлумларни жабр–зулмдан халос қилади,

Мазлумлар қони унинг назарида азиздир.

15 Шоҳнинг умри узоқ бўлсин!

Шаванинг олтини уники бўлсин,

Халқ доимо у учун ибодат қилсин,

Кун бўйи дуо қилиб, Худодан барака тиласин.

16 Юртда дон мўл–кўл бўлсин,

Тепаликлар устида дон бошоқлари чайқалиб турсин.

Лубнон тоғларида бўлгани каби, ҳосили унумли бўлсин.

Даладаги гиёҳлар каби, шаҳарлари одамга тўлсин.

17 Шоҳнинг номи мангу яшасин,

Унинг донғи қуёш тургунча бор бўлсин,

Барча халқлар у орқали барака топсин,

Халқлар уни, бахтиёр, деб айтсин.

18 Исроил халқининг Худоси — Эгамизга

Олқишлар бўлсин.

Ажойиб ишлар қиладиган ёлғиз Удир.

19 Эгамизнинг улуғвор номига то абад олқишлар бўлсин,

Бутун ер юзи Унинг шуҳрати билан тўлсин.

Омин! Омин!

20 Эссай ўғли Довуднинг ибодатлари ниҳоясига етди.

Осиф саноси.

1 Ҳақиқатан ҳам, Исроил халқига,

Юраги пок бўлганларга Худо ҳиммат қилар.

2 Оёқларим тойиб кетай, деди,

Сал бўлмаса сирпаниб йиқилай, дедим.

3 Фосиқнинг яшнаётганини кўрганимда,

Такаббурларга ҳасад қилдим.

4 Улар оғриқ нималигини билмайдилар,

Таналари соппа–соғ, бақувват.

5 Бошқалардай улар дард тортмайдилар,

Бошқалардай улар азоб чекмайдилар.

6 Киборлик уларнинг бўйнидаги маржон бўлади,

Зўравонликни улар либос қилиб кийиб олган.

7 Уларнинг кўзларини ёғ босиб қолган,

Хаёлларида аҳмоқона ниятлар тўлиб–тошган.

8 Такаббурлар масхаралаб, хусумат билан гапиради,

Мағрурланиб, зулм билан таҳдид қилади.

9 Фосиқлар оғизлари билан осмонга даъво қилади,

Тиллари билан ер юзини мулк қилиб олади.

10 Шу боис ҳар ким уларга юз буради,

Уларнинг сўзларини сув каби ичади.

11 Яна улар шундай дейдилар:

“Худо қандай қилиб била олади?!

Худойи Таоло нимани ҳам биларди?!”

12 Фосиқлар ана шунақа!

Доимо беташвиш бойлик орттиради.

13 Ҳа, мен бекорга юрагимни пок тутган эканман–да!

Айбсизман, дея бекорга қўлларимни ювибман–да!

14 Ахир, кун бўйи азоб тортаман,

Ҳар куни эрталаб жазо оламан.

15 Мен ҳам фосиқ гапларни гапираверганимда,

Сенинг содиқ фарзандларингга хоинлик қилган бўлар эдим.

16 Аммо буларни тушунай, десам,

Бу иш жуда ҳам машаққатли туюлди.

17 Худонинг муқаддас масканига кирдим,

Шундагина фосиқлар қисмати не бўлишини тушундим.

18 Эй Худо, чиндан ҳам уларни сирпанчиқ ерга қўйгансан,

Уларни жарликка улоқтириб, барбод қиласан.

19 Улар бирдан қирилиб кетади,

Ваҳимадан қирилиб, йўқ бўлади.

20 Уларнинг ҳаёти фақат тушдир,

Уйғонганларида унут бўлади.

Сен ҳам қўзғалганингда, эй Раббий,

Уларнинг ҳаётига чек қўясан.

21 Ғамга тўлган пайтларимда,

Юрагимда дард пайдо бўлганда,

22 Мен нодон, жоҳил бўлган эканман,

Қаршингда онгсиз ҳайвон каби бўлган эканман.

23 Шундай бўлса ҳам, доимо Сен биланман,

Сен ўнг қўлимдан ушлагансан.

24 Ўгитларинг билан менга йўл кўрсатасан,

Охири мени шон–шуҳрат ила кутиб оласан.

25 Сендан бошқа кимим бор самода?!

Сендан ўзгасини истамасман ер юзида.

26 Адо бўлиши мумкин танаму юрагим,

Аммо Сен, эй Худо, қалбимнинг қувватисан,

Сен то абад барқарорлигимсан.

27 Сендан узоқ бўлганлар ҳалок бўлади,

Қириб ташлайсан Сенга содиқ бўлмаганларни.

28 Эй Худо, Сенга яқин бўлганим эса менга яхшидир.

Эй Эгам Раббий, Сени паноҳим қилиб олдим,

Сенинг ҳамма ишларингни айтиб юраман.

Осиф қасидаси.

1 Эй Худо! Нечун бизни то абад рад этасан?!

Нечун яйловдаги қўйларингга ғазабингни сочасан?!

2 Азалда Ўзингники қилиб олган халқингни ёдингда тут.

Ўзимнинг мулким бўлсин деб, қутқарган халқингни,

Ўзинг маскан қилган Сион тоғини ёдингда тут.

3 Даҳшатли бу хароба томон қадам босиб кўр,

Қара, муқаддас маскандаги борини ғаним йўқ қилди.

4 Ғанимларинг шовқин–сурони муқаддас масканингни тўлдирди,

Байроқларини улар белги қилиб ўрнатди.

5 Ўзларини болтаси бор одамдай тутдилар,

Ўрмондаги дарахт кесувчилардай тутдилар.

6 Сўнгра болтаю болғалар билан

Парчаладилар унинг ўймакор ишларини.

7 Муқаддас масканингга ўт қўйдилар,

Сен улуғланадиган маконни ҳаром қилдилар,

Маъбадингни ер билан битта қилдилар.

8 “Уларни тамомила қириб ташлаймиз”, деб ўз кўнглида айтдилар,

Юртдаги барча саждагоҳларни ёқиб ташладилар.

9 Биронта ҳам пайғамбар қолмади,

Мўъжиза аломатларини топа олмаймиз.

Қачонгача давом этар бу?

Биронтамиз билмаймиз.

10 Эй Худо, қачонгача ғаним Сени масхара қилар?!

Сени душман то абад ҳақорат қиларми?!

11 Нечун ўнг қўлингни ишга солмайсан?!

Қўлингни қўйнингдан чиқариб,

Уларни қириб ташлагин!

12 Эй Худо, азалдан менинг Шоҳимсан,

Ер юзига Сен нажот олиб келасан.

13 Қудратинг билан денгизни бўлган Сенсан,

Денгиз аждарларининг бошини мажақлагансан.

14 Махлуқ Левитаннинг бошларини эзиб ташлагансан,

Чўл жонзотларига уни емиш қилиб бергансан.

15 Булоқлару анҳорларни очган Сенсан,

Оқар дарёларни қуритган ҳам Сенсан.

16 Кундуз Сеникидир, тун ҳам Сеники,

Қуёш ва ойни бунёд этгансан.

17 Заминнинг чегарасини Сен ўрнатгансан,

Ёз ва қишни ҳам ўрнатган Сенсан.

18 Эй Эгам, душманнинг масхаралашини,

Аҳмоқ одамлар Сени ҳақоратлашини ёдингда тут.

19 Каптарларинг ҳаётини ёввойи ҳайвонларга берма,

Мазлум халқингнинг ҳаётини то абад унутма.

20 Биз билан қилган аҳдингни эсла,

Юртдаги зулмат жойлар зўравонликка тўла.

21 Шармандаликка мазлум дучор бўлмасин,

Фақиру бечора Сенга ҳамду сано айтсин.

22 Қани, эй Худо, даъвоингни исбот қилгин,

Аҳмоқлар кун бўйи Сени масхара қилишини ёдда тут.

23 Душманларинг шовқин–сурони кўтарилаверади,

Уларнинг бақир–чақириғини эътиборсиз қолдирма.

1 Ижрочилар раҳбарига. “Хароб этма” куйига айтиладиган Осиф саноси. Қўшиқ.

2 Эй Худо, Сенга шукурлар айтамиз,

Шукурлар айтамиз, Сен бизга яқинсан,

Мўъжизаларинг ҳақида одамлар гапиради.

3 Худо айтар: “Белгиланган вақтни танлайман,

Ҳаққонийлик билан ҳукм қиламан.

4 Замин ва ундаги инсонлар титраган пайтда

Замин устунларини маҳкам ушлаган Менман.”

5 Мақтанчоқларга Худо айтар: “Мақтанмагин”,

Фосиққа айтар: “Кучинг билан мақтанмагин.

6 Гердайиб, самоларга кучингни кўрсатма,

Қайсарларча киборлик билан гапирма.”

7 Ҳеч ким шарқдан ёки ғарбдан ёхуд саҳродан

Инсонни юксалтира олмайди.

8 Ҳукм қиладиган Худодир,

Бировни У йиқитар, бошқасини юксалтирар.

9 Ғазаб косаси Эгамизнинг қўлида,

Зиравор қўшилган кўпикли шаробга тўла.

У шаробни қуяди,

Оламдаги жамики фосиқлар эса

Қуйқумигача ичиб тугатади.

10 Мен то абад Ёқубнинг Худоси ҳақида гапираман,

Уни ҳамду сано ила тараннум этаман.

11 Худо айтар: “Фосиқларнинг кучини қирқаман,

Солиҳларнинг қудратини ошираман.”

1 Ижрочилар раҳбарига. Торли асбоблар жўрлигида айтиладиган Осиф саноси. Қўшиқ.

2 Яҳудо юртида Худо машҳурдир,

Исроилда Унинг номи буюкдир.

3 Унинг чодири Қуддусдадир,

Макони Сиондадир.

4 Ўша ерда синдирди оташдай ўқларни,

Қалқону қилични, жанг қуролларини.

5 Эй Худо, нақадар буюксан!

Ўлжага бой тоғлардан Сен улуғворсан!

6 Жасур аскарлар ўлжа бўлиб ётибди,

Улар ўлим уйқусига кетган.

Биронта жангчининг

Қўл кўтаришга кучи қолмади.

7 Эй Ёқубнинг Худоси! Сенинг ҳайқириғингдан,

Отлару чавандозлар карахт бўлиб ётибди.

8 Чиндан ҳам Сен қўрқинчлисан,

Ким бардош бера олар Сенинг қаршингда,

Ғазабинг қўзғалган пайтда?!

9-10 Самолардан ҳукмингни эълон қилдинг!

Эй Худо! Сен ҳукм қилай деб,

Оламдаги мазлумларни қутқарай деб, қўзғалдинг.

Шунда ер юзи қўрқиб сукутда қолди.

11 Инсонга бўлган ғазабинг Ўзингга ҳамду сано келтирар,

Ғазабингдан қутулганларни атрофингга тўплайсан.

12 Эгангиз Худога онтингизни адо қилинглар,

Қўрқинчли Худога атрофидагилари

Ҳадялар олиб келсинлар!

13 Худо такаббур шаҳзодаларни бўйсундириб олади,

Ер юзи шоҳларини қўрқувга солади.

1 Ижрочилар раҳбари Ёдутунга. Осиф саноси.

2 Фарёд қилиб, Худога ёлвораман,

Эшитгин мени, деб Худога ҳайқираман.

3 Қайғули кунимда Раббийга интилдим,

Тунда қўлларимни кўтариб илтижо қилдим,

Жоним тасалли топишни рад этди.

4 Эй Худо, Сени ўйлаганимда,

Фиғон чекаман, руҳим заифлашади.

5 Тун бўйи Сен мени бедор қилдинг,

Сўзлай олмайман азобланганимдан.

6 Олдинги кунлар ҳақида ўйлаб юрдим,

Эски даврларни эслаб юрдим.

7 Тун бўйи ўзим билан ўзим суҳбат қурдим,

Қалбим хаёлга берилиб, руҳим сўраб–суриштирди:

8 “Раббий то абад бизни рад этармикан?

Ҳеч қачон шафқат кўрсатмасмикан?

9 Унинг содиқ севгиси то абад йўқолганми?

Унинг ваъдалари бир умрга тамом бўлганми?

10 Худо шафқатли бўлишни унутиб қўйдими?

Раҳмдиллик ўрнини ғазаб эгалладими?”

11 Ўзимга ўзим дедим:

“Худойи Таоло ўнг қўли орқали

Энди бизга ёрдам бермаяпти.

Бу менинг кулфатимдир.”

12 Эй Эгам, ишларингни мен ёдга оламан,

Азалий мўъжизаларингни эсга оламан.

13 Ҳамма ишларингни хаёлимдан ўтказаман,

Қудратли ишларинг ҳақида фикр юритаман.

14 Сенинг йўлинг, эй Худо, муқаддасдир,

Қайси худо Сендай буюкдир?!

15 Мўъжизалар яратувчи Худо Сенсан,

Халқлар орасида қудратингни кўрсатган Сенсан.

16 Қудратинг билан Ўз халқингни,

Ёқуб ҳамда Юсуф наслларини қутқаргансан.

17 Эй Худо, сувлар Сени кўрганда,

Ҳа, сувлар Сени кўрганда, қўрқиб кетдилар,

Тубсиз денгизлар ларзага келди!

18 Булутлар ёмғирин қуйди,

Самолар гумбурлаб янгради,

Ўқларинг ҳар томонда

Ялт этиб пайдо бўлди.

19 Гумбур–гумбур эшитилди қуюн ичида,

Чақмоқларинг оламни ёритди,

Замин титраб, тебранди.

20 Йўлинг денгиз орқали ўтди,

Сўқмоғинг баҳайбат сувлардан ўтди,

Изларинг эса кўринмас эди.

21 Халқингни қўй сурувидай етаклаб бординг,

Мусо, Ҳорунни раҳнамо қилиб танладинг.

Осиф қасидаси.

1 Қулоқ солинг, эй халқим, ўгитларимга,

Қулоқ тутинг оғзимдан чиққан сўзларга.

2 Оғзимни очаман масалга,

Ўтмишнинг сирли сабоқларин ўргатаман сизга.

3 Буларни айтган эди ота–боболаримиз,

Улардан эшитганмиз, биламиз.

4 Эгамизнинг ҳамдга лойиқ ишларини,

Унинг қудратини, У қилган ажойиботларни

Биз яширмай айтамиз ота–боболаримиз наслига,

Ҳикоя қиламиз болаларимизга.

5 Ёқуб наслига У фармон берди,

Исроилга қонун тайинлади.

Ота–боболаримизга амр бериб:

“Болаларингизга ўргатинг”, деди.

6 Токи келажак насллар буларни билсин,

Билсин ҳатто туғилмаган болалар,

Ўз навбатида болаларига айтсин улар.

7 Болалари ҳам умидини боғласин Худога,

Худонинг ишларини унутиб қўймай,

Риоя этсин Унинг амрларига.

8 Токи улар ота–боболарига ўхшаб,

Ўжар, исёнкор насл бўлмасин.

Юрагида Худога садоқати бўлмаган,

Руҳан беқарор насл бўлмасин.

9 Ўқ–ёй билан қуролланган Эфрайим жангчилари

Жанг кунида ортига қайтди.

10 Улар Худонинг аҳдига риоя қилмадилар,

Унинг қонунлари бўйича юришни рад этдилар.

11 Улар унутдилар Худонинг қилган ишларини,

Худонинг уларга кўрсатган мўъжизаларини.

12 Миср диёридаги Зўван текислигида,

Уларнинг ота–боболари кўз ўнгида

Худо мўъжизалар кўрсатганди.

13 Денгизни ёриб, ўртасидан уларни ўтказди,

Сувларни девор каби тик қилиб қўйди.

14 Кундузи уларни булут орқали етаклади,

Тун бўйи аланга ёруғи орқали етаклади.

15 У саҳродаги қояларни парчалади,

Денгиз сувидай мўл сувни уларга берди.

16 Қоядан ирмоқларни чиқарди,

Сувларни дарёлардай оқизди.

17 Улар саҳрода Худойи Таолога қарши исён кўтариб,

Унга қарши гуноҳ қилавердилар.

18 Улар атайлаб Худони синадилар,

Кўнгли тусаган овқатни талаб қилдилар.

19 Улар Худога қарши сўзлаб, дедилар:

“Саҳрода Худо бизга дастурхон ёза олармиди?!

20 Мана, У қояга урганда,

Сув дарё–дарё бўлиб оқди,

Ирмоқлар тўлиб–тошди.

Энди У Ўз халқига нон бера олармикан?

Халқини гўшт билан таъминлай олармикан?”

21 Эгамиз уларнинг гапини эшитиб,

Қаттиқ ғазабга минди.

Ёқуб наслига қарши ғазаб алангасини пуркади,

Ҳа, Исроил наслига қарши қаҳрини сочди.

22 Улар Худога ишонмадилар,

Унинг нажотига таянмадилар.

23 Худо самолардан туриб амр берди,

Осмон қопқаларини очиб юборди.

24 Улар есин деб, манна ёғдирди,

Осмоннинг донини уларга берди.

25 Одамзод фаришталар нонидан еди,

Худо уларга мўл–кўл таом юборди.

26 У самолардан шарқ шамолини эстирди,

Қудрати билан жануб шамолига йўл кўрсатди.

27 У чангдай мўл қилиб, халқига гўшт ёғдирди,

Ҳа, денгиздаги қумдай мўл қилиб қушлар ёғдирди.

28 Буларни уларнинг қароргоҳига ёғдирди,

Уларнинг чодирлари атрофига туширди.

29 Улар тўйгунларича едилар,

Худо уларга кўнгиллари тусаганини берди.

30 Бироқ ҳали кўнгли тусаганига тўймаган,

Луқмалари ҳали уларнинг оғизларида экан,

31 Худо ғазабини уларга сочди,

Уларнинг кучлиларини ўлдирди,

Исроилнинг гулдай йигитларини ер тишлатди.

32 Шуларга қарамай, улар гуноҳ қилавердилар,

Худонинг мўъжизаларига ишонмадилар.

33 Худо уларнинг кунларини бир нафасдай битирди,

Уларни ваҳимага солиб, умрларини барбод қилди.

34 Баъзиларини Худо ўлдирди,

Шундагина қолганлари Унга интилди,

Тавба қилиб, яна Худога қайтди.

35 Улар шундай деб эсладилар:

“Ҳа, Худо суянган қоямиз,

Бизнинг қутқарувчимиз Худойи Таоло.”

36 Аммо Худога хушомад қилардилар,

Унга тиллари билан ёлғон сўзлашарди.

37 Юракларида эса Худога содиқ эмас эдилар,

Унинг аҳдига бевафолик қилдилар.

38 Худо–чи, шафқат қилди,

Кечирди уларнинг гуноҳларини,

Қириб ташламади уларни.

Кўпинча У ғазабини босди,

Бутун ғазабини сочмади.

39 Худо эслади: “Улар шунчаки бандалардир,

Эсиб, бошқа қайтиб келмас шамолдир.”

40 Саҳрода Худога қанчалар кўп исён қилдилар!

Дашту биёбонда Уни хафа қилдилар.

41 Худони улар такрор–такрор синадилар,

Исроил халқининг Муқаддас Худосини ранжитдилар.

42 Улар Худонинг қудратини,

Уларни душмандан қутқарган кунни эсдан чиқардилар.

43 Худо Мисрда кўрсатган мўъжизаларни,

Ҳа, Зўван текислигида кўрсатган ажойиботларни унутдилар.

44 Мисрдаги дарёларни Худо қонга айлантирди,

Мисрликлар ирмоқлардан сув ичолмай қолди.

45 Уларни еб битирсин дея, пашшалар галасини юборди,

Юртни вайрон қилсин дея, қурбақалар юборди.

46 Уларнинг ҳосилини Худо чигирткаларга ем қилди,

Уларнинг меҳнати маҳсулини чигирткаларга берди.

47 Узумзорларини дўл билан яксон қилди,

Шикамора–анжир дарахтларини жалада нобуд этди.

48 Уларнинг чорвасини дўлга дучор қилди,

Уларнинг подасини яшин алангасига берди.

49 Кулфат элчиларини юборгандай

Худо уларга алангали ғазабини, қаҳрини,

Нафратини ҳамда мусибатни сочди.

50 У Мисрдан ғазабини қайтармади,

Уларнинг жонларига шафқат қилмади,

Уларни вабога дучор қилди.

51 Мисрнинг ҳамма тўнғич ўғилларини нобуд қилди,

Ҳа, Хом авлодининг фахри,

Қут–барака тимсолини йўқ қилди.

52 Ўз халқини эса Худо қўйдай етаклаб чиқди,

Уларни саҳро бўйлаб сурувдай бошлаб борди.

53 Эгамиз эсон–омон бошлаб борди,

Улар қўрқмадилар,

Уларнинг ғанимларини эса денгиз ютди.

54 Эгамиз халқини Ўз муқаддас юртига,

Ўз кучи билан қўлга киритган тоққа олиб келди.

55 Ўз халқининг олдидан бошқа халқларни қувди,

Уларнинг юртини мулк қилиб бўлиб берди,

Исроил қабилаларини уларнинг чодирларида ўрнаштирди.

56 Улар ҳамон Худойи Таолони синардилар,

Унга қарши исён кўтариб, фармонларига бўйсунмадилар.

57 Оталари каби бевафолик қилиб, хоинлик қилдилар,

Яроқсиз камонга ўхшаб ишончсиз чиқдилар.

58 Саждагоҳлари билан улар Худони ғазаблантирдилар,

Бутлари билан Унинг рашкини қўзғатдилар.

59 Буларни эшитганда Худо, ғазабга минди,

Шундан сўнг Исроилни тамом рад этди.

60 У Шилўдаги Ўз масканини,

Инсонлар орасида тиккан Чодирини тарк этди.

61 Душманга асир қилиб берди Аҳд сандиғини,

Ўзининг қудратию шуҳрати рамзини.

62 Ўз халқини У қиличга рўпара қилди,

Ғазабини танлаган халқига сочди.

63 Йигитларини аланга ямламай ютди,

Қизлари никоҳ қўшиқларини айтолмай қолди.

64 Руҳонийлари қилич тиғидан йиқилди,

Руҳонийларнинг бевалари аза тутолмай қолди.

65 Шунда Раббий қўзғалди уйқудан уйғонгандай,

Шаробдан ҳайқираётган баҳодирдай.

66 Душманларини У тирқиратиб қувди,

Уларни абадий шармандаликка дучор қилди.

67 Юсуф наслини Худо рад этди,

Эфрайим қабиласини танламади.

68 Унинг ўрнига Яҳудо қабиласини,

Ўзи севган Сион тоғини танлади.

69 Абадий ўрнатган ер курраси каби,

Самолар каби, Ўз муқаддас масканини қурди.

70 Худо Ўз қули Довудни танлаб олди,

Қўй қўрасидан уни чақириб олди.

71 У Довудни совлиқ қўй, қўзиларга чўпонликдан олди.

Ўзининг халқи Исроилга,

Ёқуб наслига чўпон қилиб тайинлади.

72 Довуд уларга ҳалоллик билан чўпонлик қилди,

Моҳирлик билан уларни етаклаб борди.

Осиф саноси.

1 Эй Худо, бегона халқлар

Танлаган юртингни босиб олди,

Улар муқаддас Маъбадингни булғади,

Қуддусни вайронага айлантирди.

2 Биз Сенинг қулларингмиз.

Улар қулларингнинг жасадларини

Қушларга емиш қилиб бердилар.

Тақводор халқингнинг этини

Заминдаги ёввойи ҳайвонларга бердилар.

3 Қуддус атрофларида улар қонимизни сувдай тўкди,

Жасадларни дафн қилишга бирон зот қолдирмади.

4 Қўшниларимиз олдида масхара бўлдик,

Атрофимиздагиларга кулги, ўйинчоқ бўлдик.

5 Эй Эгам, қачонгача биздан ғазабланасан? То абадми?

Қачонгача рашкинг алангадай ёнади?

6 Сени тан олмайдиган халқлар узра,

Сенга сажда қилмайдиган шоҳликлар узра

Ғазабингни сочгин.

7 Улар халқинг Исроилни еб битирди,

Юртини ташландиқ саҳрога айлантирди.

8 Бизга оталаримиз гуноҳларини эслатма,

Бизга тезда шафқатингни кўрсат,

Ахир, биз оёқ ости бўлиб кетдик–ку!

9 Ўз шуҳратинг ҳақи, бизга мадад бер,

Эй нажоткоримиз Худо!

Ўз номинг ҳақи, бизни қутқар,

Гуноҳларимизни кечир.

10 Нима учун бегона халқлар:

“Қаерда экан–а уларнинг Худоси”, дея айтмоғи керак?!

Халқлардан ўч олганингни биз кўрайлик,

Ахир, улар бизнинг қонимизни тўккан.

11 Маҳбусларнинг фиғонини эшитгин,

Буюк қудратингни намойиш қилиб,

Ўлимга маҳкум бўлганларни қутқаргин.

12 Эй Раббий, қўшни халқлар Сени ҳақоратлагани учун

Уларга етти баравар қайтаргин.

13 Биз Сенинг халқинг, яйловдаги сурувингмиз,

Сенга то абад шукур айтармиз,

Наслдан наслга Сени такрор мадҳ қилармиз.

1 Ижрочилар раҳбарига. “Нилуфар” куйига айтиладиган Осиф саноси.

2-3 Тингла бизни, эй Исроилнинг Чўпони,

Юсуф наслини қўй сурувидай етаклаб чиққан Сенсан,

Карублар орасида тахт қургансан,

Эфрайим, Бенямин, Манаше олдида нурингни соч.

Қудратингни кўрсат, бизни қутқаргани кел.

4 Эй Худо, бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин,

Жамолинг бизга нурларини сочсин, нажот топайлик.

5 Эй Парвардигори Олам — Эгамиз,

Қачонгача ғазабланиб, ибодатимизни рад этасан?

6 Кўз ёшлар бердинг бизга нон ўрнига,

Челак тўла кўз ёшларни бизга ичирдинг.

7 Қўшнилар биздан нафратланишига имкон бердинг,

Душманларимиз бизни масхара қилмоқда.

8 Эй Парвардигори Олам, бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин,

Жамолинг бизга нурларини сочсин, нажот топайлик.

9 Ток новдасини суғургандай,

Бизни Мисрдан келтирдинг.

Бегона халқларни қувиб, бизни ўтқаздинг.

10 Биз учун тупроқ тайёрладинг,

Илдиз отиб, юртни тўлдирдик.

11 Тоғлар бизнинг соямиз билан қопланди,

Баҳайбат садрлар ҳам новдаларимиз билан қопланди.

12 Биз шохларимизни денгизгача ёйдик,

Новдаларимиз Фурот дарёсигача чўзилди.

13 Нега энди боғнинг деворларини бузиб ташладинг?

Ўтган–кетганлар меваларини юлсин дебми?

14 Ёввойи тўнғизлар уни хароб қилади,

Ёввойи жониворлар ундан еб қорнини тўйғизади.

15 Қайт яна бизга, эй Парвардигори Олам!

Назар солгин, қара самодан,

Бу ток новдасини қўриқлагин.

16 Ўнг қўлинг ўтқазган илдизни,

Ўзинг ўстирган новдани қўриқлагин.

17 Ғанимларинг узум токингни қирққан эди,

Узум токингни оловда ёндирган эди,

Ғазабли боқишингдан улар йўқ бўлсин.

18 Ўзинг танлаганингга,

Ўзинг учун кучли қилган халққа таянч бўлгин.

19 Шунда биз ҳеч қачон Сендан қайтмаймиз,

Сенга сажда қиламиз, бизга ҳаёт ато қил.

20 Эй Парвардигори Олам — Эгамиз,

Бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин,

Жамолинг бизга нурларини сочсин, нажот топайлик.

1 Ижрочилар раҳбарига. Соз жўрлигида айтиладиган Осиф саноси.

2 Худога, қудратимиз манбаига

Севинч билан куйланг!

Ёқубнинг Худосига шодлик ила ҳайқиринг!

3 Қўшиқ куйланг, доира чертинг,

Хушовоз лира, арфа чалинг.

4 Бурғу чалинг янги ой шодиёнасида,

Ой тўлганда, байрам кунимизда.

5 Исроил учун бу қонундир,

Ёқуб Худосининг фармонидир.

6 Миср юрти устига бостириб борганда,

Худо буни Исроилга қонун қилиб берди.

Мен нотаниш бир овозни эшитдим:

7 “Юкни олдим елкангиздан,

— дейди У. —

Қўлларингиз саватдан озод бўлди.

8 Кулфатда Менга фарёд қилдингиз, сизни қутқардим,

Булутлар орасидан сизларга жавоб бердим,

Марива сувлари бўйида сизларни синадим.

9 Эшитинг, эй халқим, танбеҳ бераман сизга,

Эй Исроил, кошкийди қулоқ солсангиз Менга!

10 Орангизда бегона худолар бўлмасин,

Бошқа худоларга сажда қилманглар.

11 Мен сизларнинг Эгангиз Худоман,

Сизларни Миср юртидан Мен олиб чиққанман,

Оғзингизни катта очинг, Мен уни тўлдираман.

12 Эй халқим, сиз эса овозимга қулоқ солмадингиз,

Эй Исроил, Менга итоат этишни рад этдингиз.

13 Ўз билганингизча яшанг, дея

Юракларингизни ўжарлигича қолдирдим.

14 Эҳ, қанийди сиз Менга қулоқ солсангиз,

Эй Исроил, Менинг йўлларимдан юрсангиз!

15 Тезда душманларингизни бўйсундирардим,

Сизнинг ғанимларингизга зарба берардим.

16 Мен, Эгангиздан нафратланганлар

Қўрқувдан титраб, тиз чўккан бўларди,

Уларнинг ҳалокати то абад давом этарди.

17 Сизларни буғдойнинг энг яхшиси билан боқардим,

Қоядан асал чиқариб, сизларни тўйдирардим.”

Осиф саноси.

1 Худо раислик қилар самодаги кенгашида,

У ҳукм чиқарар худолар орасида:

2 “Қачонгача сизлар ноҳақ ҳукм қиласиз?!

Фосиққа тарафкашлик қиласиз?!

3 Заиф, етимларга адолат кўрсатинг,

Мазлум, қашшоқларнинг ҳақини ҳимоя қилинг.

4 Заиф, муҳтожларни қутқаринг,

Фосиқнинг қўлидан уларни озод этинг.

5 Ҳеч нарсани билмайсиз, тушунмайсиз,

Сизлар зулматда юрасиз,

Заминнинг пойдевори ларзага келади.

6 Айтдимки: ҳаммангиз худоларсиз,

Худойи Таолонинг ўғилларисиз.

7 Аммо оддий одамдай ўлиб кетасиз,

Ҳар қандай ҳукмдор каби қулайсиз.”

8 Қани, эй Худо, оламни ҳукм қил,

Зотан, ҳамма халқлар Сеникидир.

1 Осиф саноси. Қўшиқ.

2 Эй Худо, сукут сақламагин,

Жимжит бўлма, эй Худо, жим турмагин.

3 Душманларинг шовқин–сурон солмоқда,

Ғанимларинг исён қилмоқда.

4 Айёрлик билан улар халқингга фитна қилади,

Сен ардоқлаганларга қарши қасд қилади.

5 Улар айтар: “Қани, ўша халқнинг илдизини қуритайлик,

То абад унутилсин Исроилнинг номи.”

6-8 Эдомликлар ва Исмоил авлодлари,

Мўабликлар ва Ҳожар насллари,

Габол, Оммон ва Омолек халқлари,

Тир халқи билан Филистия

Тил бириктириб, фитна қилади,

Сенга қарши иттифоқ тузади.

9 Лут насли билан иттифоқ тузиб,

Оссурия ҳам уларга қўшилган эди.

10 Мидиёнларни жазолаганингдай уларни жазола,

Хишон дарёсида Сисаро, Ёбинни қирганингдай жазола.

11 Улар Эн–Дўрда ҳалок бўлгандилар,

Ерга ташланган гўнгдай бўлгандилар.

12 Орив ва Заёвдай қилиб, уларнинг йўлбошчиларини ўлдир,

Барча шаҳзодаларини Зевах ва Залмунодай қилгин.

13 Ахир, улар: “Худонинг ўтлоқларини

Ўзимизники қилиб олайлик”, дедилар.

14 Эй Худойим, уларни хазондай совургин,

Шамолдаги сомондай уларни учиргин.

15-16 Ўрмонни аланга ёндиргандай,

Уларни бўронларинг ила таъқиб қил.

Тепаликларни олов билан куйдиргандай

Уларни довулларинг ила даҳшатга сол.

17 Юзларини шармандаликдан қизартир,

Токи улар, эй Эгам, Сенга интилсин.

18 Улар доим шарманда бўлиб, қўрқувга тушсин,

Бадном бўлиб, йўқ бўлиб кетсин.

19 Улар билсин Эгамиз Сен эканингни,

Ер юзида буюк ҳукмдор ёлғиз Сен эканингни.

1 Ижрочилар раҳбарига. Соз жўрлигида айтиладиган Кўрах наслининг саноси.

2 Сенинг маконинг ажойибдир,

Эй Сарвари Олам!

3 Эй Эгам, Сенинг ҳовлингга кирмоқни

Жоним истар, ҳатто орзиқар.

Эй барҳаёт Худо! Қалбим, вужудим

Севинч ила Сенга куйлар.

4 Эй Сарвари Олам, Шоҳим, Худойим!

Қурбонгоҳинг ёнида чумчуқ ҳам бир уй топган,

Полапонларим учун жой топай дея,

Қалдирғоч ҳам ўзи учун бир ин қурган.

5 Бахтлидир Сенинг уйингда истиқомат қиладиганлар,

Улар доим Сенга ҳамду сано айтарлар.

6 Бахтлидир Сендан қудрат олган одамлар,

Қуддусни чин дилдан зиёрат қилишга интиладиганлар.

7 Қақраган сойликдан улар ўтар эканлар,

Булоқлар оқа бошлар,

Илк ёмғир бу ерни сув ҳавзаларига тўлдирар.

8 Улар юрган сари кучайиб борар,

Эй Худо, улар Қуддусда ҳузурингда ҳозир бўлар.

9 Эй Парвардигори Олам — Эгам, эшит ибодатимни,

Эй Ёқубнинг Худоси, тинглагин мени.

10 Эй Худо, қара шоҳга — қалқонимизга,

Ўзинг мой суртиб танлаганга лутф қилгин.

11 Сенинг ҳовлиларингда ўтган бир кун

Афзалдир бошқа ерда ўтган минг кундан.

Фосиқларнинг чодирларида яшагандан кўра,

Бўлсайдим, эй Худойим, Сенинг уйингда дарвозабон.

12 Эй Парвардигор Эгам, қуёш ва қалқонсан,

Сен бизга меҳрибонлик кўрсатиб, шон–шуҳрат ато этасан.

Эй Эгам, тўғри юрганлардан

Неъматингни дариғ тутмайсан.

13 Эй Сарвари Олам,

Сендан умид қилган одам бахтлидир!

1 Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг саноси.

2 Эй Эгам, Ўз юртингга марҳамат кўрсатгансан,

Ёқуб наслини яна фаровонликка эриштиргансан.

3 Халқингнинг айбларини унутгансан,

Уларнинг гуноҳларини кечиргансан.

4 Бутун ғазабингни жиловладинг,

Қаҳру ғазабингдан қайтдинг.

5 Эй нажоткоримиз Худо,

Олдинги ҳолимизга бизни қайтаргин,

Бизга қарши бўлган ғазабингни тўхтатгин.

6 Сен биздан то абад ғазабланасанми?

Ғазабингни насллар оша сочаверасанми?

7 Халқим Менда севинч топсин дея,

Бизга яна янги ҳаёт бахш этмайсанми?

8 Эй Эгам, бизга содиқ севгингни кўрсат,

Бизга нажотингни ато қил.

9 Парвардигор Эгамиз айтаётганига қулоқ соламан,

У Ўз халқига, Ўз тақводорларига тинчлик ваъда қилаётир,

Энди улар бемаъни йўлларига қайтмасин.

10 Шубҳасиз, Эгамиздан қўрққанларга

Унинг Ўзи нажот беришга тайёр туради,

Бизнинг еримизда Унинг улуғворлиги макон топади.

11 Севги ва ҳақиқат учрашади,

Адолат, тинчлик бир–бири ила ўпишади.

12 Ҳақиқат заминдан ўсиб чиқади,

Адолат самодан туриб боқади.

13 Эгамиз чиндан неъматин ёғдиради,

Еримиз ўз ҳосилини беради.

14 Адолат Эгамизнинг олдида юради,

Унинг қадамлари учун йўл тайёрлайди.

Довуд ибодати.

1 Тинглагин, эй Эгам, жавоб бер менга,

Мен муҳтож ҳамда йўқсилман.

2 Тақводорман, жонимни асрагин,

Сенга умид қиламан, мен, қулингни қутқаргин.

Сен менинг Худойимсан.

3 Шафқат қилгин менга, эй Раббий,

Кун бўйи Сенга илтижо қилмоқдаман.

4 Мен, қулингга шодлик бахш этгин,

Эй Раббий, мен Сенга юрагимни очаман.

5 Сен, эй Раббий, яхшисан, кечиримлисан,

Сенга илтижо қилганларга

Содиқ севгингни кўрсатасан.

6 Ибодатимга қулоқ сол, эй Эгам,

Шафқат сўраб қилган илтижоимга диққат қил.

7 Оғир кунда Сенга илтижо қиламан,

Илтижоларимга Сен жавоб берасан.

8 Эй Раббий, худолар орасида

Ҳеч қайсиси Сенга ўхшамайди,

Биронта буюк ишни Сеники билан қиёслаб бўлмайди.

9 Жамики халқларни Сен яратгансан,

Эй Раббий, улар келиб, Сенга таъзим қилади,

Номингга шуҳрат келтиради.

10 Зеро, Сен буюксан, мўъжизалар кўрсатасан,

Сен танҳо Худосан.

11 Йўлингни менга кўрсат, эй Эгам,

Токи тўғри сўқмоқларингдан юрай,

Менга собит қалб бергин,

Мен Сендан қўрқайин.

12 Эй Раббим Худо, бутун юрагим ила

Сенга шукур айтаман!

То абад Сенинг номингни улуғлайман.

13 Менга бўлган содиқ севгинг ғоят буюкдир,

Ўликлар диёридан жонимни қутқаргансан.

14 Эй Худо, такаббурлар менга ҳужум қилмоқда,

Зўравонлар тўдаси жоним пайига тушган.

Улар Сенга асло эътибор бермайди.

15 Сен, эй Раббий, раҳмдил ва иноятли,

Жаҳли тез чиқмайдиган Худосан,

Севгинг ва садоқатинг мўлдир.

16 Ҳолимга боқ, меҳр–шафқат қил,

Мен қулингман, Ўз чўрингнинг ўғлиман.

Менга қудратингдан ато қил,

Мени қутқаргин.

17 Марҳаматинг аломатини менга кўрсатгин,

Токи ғанимларим буни кўриб, шарманда бўлсин.

Мени қўллаб, тасалли бергансан, эй Эгам.

1 Кўрах наслининг саноси. Қўшиқ.

2 Эгамиз яратган шаҳар муқаддас тоғда турибди,

Ёқуб наслининг барча масканларидан кўра,

Эгамиз Қуддус дарвозаларини кўпроқ севади.

3 Эй Худонинг шаҳри!

Сен тўғрингда Худо ажойиб сўзлар айтган:

4 “Мени эътироф этадиганлар орасида

Мисрни, Бобилни, Филистияни,

Тир билан Ҳабашистонни ҳам қайд этаман.

Одамлар уларни ҳам: «Қуддусда туғилган», деб айтади.”

5 Ҳа, Қуддус ҳақида одамлар шу сўзни айтади:

“Ҳар бири ўша ерда туғилган,

Худойи Таолонинг Ўзи Қуддусни мустаҳкам қилади.”

6 Эгамиз халқларнинг рўйхатини тузиб:

“Бу одам ҳам Қуддусда туғилган”, деб ёзади.

7 Хониш қилиб, рақс тушиб улар:

“Ҳаётим манбаи Сендадир”, деб айтади.

1 Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг саноси. “Қайғу–алам” куйига айтиладиган қўшиқ. Зерах уруғидан бўлган Хаманнинг

қасидаси.

2 Эй Эгам, нажоткорим Худо,

Кеча–кундуз фарёд қиламан олдингда.

3 Ибодатим Сенга етиб борсин,

Қулоғингни додимга тутгин.

4 Ҳаётим кулфатга тўла,

Ўзим ўликлар диёрига яқинлашганман.

5 Мени қабрга тушганлар орасида ҳисоблайдилар,

Бемажолларга ўхшаб қолганман.

6 Мурдалар орасига ташланганман,

Қабрда ётган марҳумларга ўхшайман,

Сен мени ўшалардай унутгансан,

Улар Сенинг ҳимоянгдан маҳрумдирлар.

7 Сен ташладинг мени қабрнинг энг тубига,

Энг зулмат, чуқур жойларга.

8 Ғазабинг устимдан зилдай босади,

Қаҳринг тўлқинлари ила мени эзасан.

9 Яқин дўстларимдан мени айирдинг,

Уларга мени жирканч қилдинг,

Қамалиб қолганман, халос бўла олмайман.

10 Кўзларим нури ғамдан адойи тамом бўлди.

Эй Эгам, ҳар куни Сенга илтижо қиламан,

Қўлларимни Сен томон чўзаман.

11 Мўъжизаларингни марҳумларга кўрсатасанми?!

Мурдалар туриб, Сенга ҳамду сано айтармикан?!

12 Сенинг содиқ севгинг қабрда эълон қилинарми?!

Ҳалокат диёрида Сенинг садоқатинг ҳақида айтиларми?!

13 Зулмат диёрида мўъжизаларинг маълум бўларми?!

Унутилганлар маконида одиллигинг ҳақида сўйланарми?!

14 Эй Эгам, мен Сенга фарёд қиламан,

Ибодатим саҳарданоқ Сенга етиб боради.

15 Эй Эгам, нечун мени рад қиласан?

Нечун мендан юз ўгирасан?

16 Ёшлигимдан буён хастаман, ўлим билан юзма–юзман,

Ваҳималаринг қаршисида умидсиз қолганман.

17 Қаҳру ғазабинг мени эзиб ташлади,

Ваҳималаринг мени адойи тамом қилди.

18 Қаҳр–ғазабинг кун бўйи мени тўфондай ўраб олади,

Мени ҳар тарафдан қуршаб олади.

19 Яқин дўстимдан, қўшнимдан мени айирдинг,

Фақат зулмат менинг шеригим бўлиб қолди.

1 Зерах уруғидан бўлган Этханнинг қасидаси.

2 Сенинг содиқ севгингни, эй Эгам, то абад куйлайман,

Барча наслларга садоқатингни ўз оғзим билан эълон қиламан.

3 Биламан, Сенинг содиқ севгинг то абад мустаҳкамдир,

Сенинг садоқатинг самолардай барқарордир.

4 Сен шундай дединг:

“Ўзим танлаганим билан аҳд қилганман.

Ҳа, қулим Довудга қасамёд қилганман:

5 «Сенинг наслингни то абад мустаҳкам қиламан,

Тахтингни бутун авлодлар оша ўрнатаман.»”

6 Ажойиботларингга, эй Эгам, самолар ҳамду сано айтсин,

Муқаддас малаклар Сенинг садоқатингни куйласин.

7 Эй Эгам, самоларда Сенга тенглашадигани бормикан?!

Илоҳий зотлардан қайси бири Сенга ўхшаркан?!

8 Эй Худо, муқаддас малаклар даврасида ҳайбатлисан,

Тахтинг атрофидагиларнинг ҳаммасидан қўрқинчлисан.

9 Эй Парвардигори Олам — Эгам,

Ким Сенчалик қудратли, эй Эгам?!

Садоқатинг атрофингни ўраган.

10 Асов денгизни йўлга солгувчи Сенсан,

Тўлқинлар қутурганда босгувчи Сенсан.

11 Жасадни эзгандай махлуқ Раҳобни эздинг,

Қудратли қўлинг билан ғанимларингни тарқатдинг.

12 Самолар Сеникидир, замин ҳам Сеникидир,

Оламу ундаги ҳар нарса Сеникидир,

Ҳаммасини Сен мустаҳкам қургансан.

13 Шимолу жанубни ҳам Сен яратгансан,

Товур, Хермон тоғлари

Сенинг номинг туфайли шодликдан куйлайди.

14 Билагинг нақадар қудратлидир!

Қўлинг кучли, ўнг қўлинг музаффардир!

15 Адолат ва ҳаққониятдир тахтингнинг пойдевори,

Олдингда юради севги ва садоқат.

16 Бахтлидир севинч ҳайқириқларини билган халқ,

Эй Эгам, ҳузуринг нурида юрган халқ бахтлидир!

17 Сенинг номинг туфайли улар кун бўйи севинади,

Сенинг адолатинг туфайли улар юксалади.

18 Зотан, Сен уларнинг кучи, шуҳратисан,

Қудратимиз юксалар Сенинг лутф–карамингдан.

19 Эй Эгам, қалқонимизни Сен танладинг,

Эй Исроил халқининг Муқаддас Худоси,

Сен бизга шоҳимизни бердинг.

20 Қадимда Сен тақводорларингга ваҳийда айтдингки:

“Машҳур жангчига Мен куч бердим,

Халқ орасидан ёш йигитни юксалтирдим.

21 Қулим Довудни Мен топдим,

Муқаддас мойимни суртиб уни танладим.

22 Менинг қўлим доим уни қувватлайди,

Билагим уни кучли қилади.

23 Ғаним уни алдай олмайди,

Золим уни қиса олмайди.

24 Унинг кўз ўнгида душманларини эзиб ташлайман,

Уни ёмон кўрганларни қириб ташлайман.

25 Садоқатим, содиқ севгим у билан бўлади,

Мен туфайли унинг қудрати юксалади.

26 Унинг қудратини денгиз узра барқарор қиламан,

Унинг ҳукмронлигини дарёлар узра ўрнатаман.

27 У Менга айтади: «Сен Отамсан!

Худойимсан, нажотим қояси Сенсан.»

28 Мен уни тўнғич ўғил қилиб оламан,

Ер юзи шоҳларининг қудратлиси қиламан.

29 Унга бўлган чексиз севгимда то абад собит тураман,

У билан қилган аҳдимни давом эттираман.

30 Унинг наслини то абад мустаҳкам қиламан,

Унинг тахти осмон тургунча туради.

31 Борди–ю, унинг насли қонунимдан юз ўгирса,

Менинг қоидаларим бўйича улар юрмасалар,

32 Агарда фармонларимни бузсалар,

Менинг амрларимга риоя этмасалар,

33 Уларни итоатсизлиги учун хивич билан жазолайман,

Гуноҳи учун уларни таёқ билан жазолайман.

34 Довуддан эса севгимни дариғ тутмайман,

Садоқатимга асло хиёнат этмайман.

35 Мен аҳдимни бузмайман,

Айтган сўзимдан асло қайтмайман.

36 Муқаддас номим ҳақи илк ва сўнг марта онт ичдим,

Довудни Мен асло алдамайман.

37 Унинг насли то абад давом этади,

Унинг тахти қаршимда қуёш каби туради.

38 Ойга, самолардаги ўша содиқ гувоҳга ўхшаб,

Тахти то абад маҳкам туради.”

39 Энди эса, эй Эгам, Сен уни нафрат билан рад этдинг,

Ўзинг шоҳ қилиб танлаганингдан ғоят ғазабландинг.

40 Мен — Ўз қулинг билан қилган аҳдингдан қайтдинг,

Унинг тожини Сен тупроққа қординг.

41 Шаҳарларининг ҳамма деворларини қулатдинг,

Қалъаларини вайронага айлантирдинг.

42 Йўлдан ўтаётганларнинг ҳаммаси уни талади,

Қўшни халқларга у масхара бўлди.

43 Шоҳимизнинг душманларини ғолиб қилдинг,

Унинг ҳамма ғанимларини севинтирдинг.

44 Қиличининг дамини қайтардинг,

Жангда унга Сен мадад бермадинг.

45 Унинг улуғворлигига Сен чек қўйдинг,

Тахтини ерга улоқтириб юбординг.

46 Ёшлик кунларини қисқартирдинг,

Уни шармандаю шармисор қилдинг.

47 Эй Эгам, бу қачонгача давом этади?

Ўзингни биздан то абад яширасанми?

Қачонгача ғазабинг оташ каби ёнади?

48 Эсингда тут, ҳаётим нақадар қисқа,

Не учун инсонни беҳуда яратдинг?!

49 Қайси инсон ўлимни кўрмас экан?!

Ким ўликлар диёри чангалидан омон қолар экан?!

50 Эй Раббий, қани олдинги буюк севгинг?

Садоқатинг ила буни Довудга ваъда берган эдинг–ку!

51 Эй Раббий, мен, қулинг, қанчалар масхара бўлганимни ёдингда тут.

Ҳамма халқларнинг ҳақоратларини бағримда кўтариб юрибман–ку!

52 Эй Эгам, душманларинг танлаган шоҳингни масхаралаганини,

Унинг ҳар бир қадамини таҳқир этганларини ёдда тут!

53 Эгамизга то абад олқишлар бўлсин!

Омин! Омин!

1 Худо одами Мусонинг ибодати.

2 Эй Раббий, насллар оша

Сен паноҳимиз бўлган эдинг.

3 Тоғлар ҳали пайдо бўлмасдан олдин,

Еру оламни яратмасингдан олдин,

Абадулабад Сен Худосан.

4 Сен инсонни тупроққа қайтарасан,

“Қайтинглар тупроққа, эй бандалар”, деб айтасан.

5 Минг йил Сенинг назарингда бир кундайдир,

Қисқа бир тун вақтидайдир.

6 Сен одамларни супуриб ташлайсан,

Улар гўё тушга ўхшайди.

Улар тонгда унган янги майса кабидир.

Тонгда майса янгидан ўсиб чиқса ҳам

Оқшомда сўлиб, хазон бўлади.

7 Сенинг ғазабингдан адойи тамом бўлдик,

Қаҳрингдан биз ваҳимага тушдик.

8 Гуноҳларимизни Сен олдингга келтирдинг,

Яширин гуноҳларимизни нурларинг ёритиб туради.

9 Кунларимиз Сенинг ғазабинг остида ўтади,

Йилларимиз бир оҳ каби, тез ниҳоясига етади.

10 Кунларимиз етмиш йил экан,

Агар бардам бўлсак, саксон йил экан.

Энг ажойиб йиллар заҳмат, жафо билан кечаркан,

Умримиз тез ўтар, ўзимиз учиб кетармиз.

11 Сенинг ғазабинг қудратини ким била олар?!

Қаҳринг, Ўзингга лойиқ қўрқув каби буюкдир.

12 Умримиз кунларини санашни бизга ўргатгин,

Токи биз доно қалбга эга бўлайлик.

13 Кел, эй Эгам! Қачонгача кутамиз?!

Ўз қулларингга шафқат қилгин!

14 Саҳарда содиқ севгинг билан бизни қондиргин,

Умримиз бўйи қўшиқ айтиб, хурсанд бўлайлик.

15 Кулфатлар кўрдик кўп кунлар,

Бизни қайғуга гирифтор қилдинг қанча йиллар,

Ўша кунлар эвазига бизни хурсанд қил.

16 Биз, Ўз қулларингга қудратли ишларингни кўрсатгин,

Бизнинг наслимиз улуғворлигингни кўрсин.

17 Эй Раббимиз Худо, лутф–караминг бизга ёр бўлсин,

Қилган ишимиз бароридан келсин,

Ҳа, ишларимизга барака бергин!

1 Худойи Таоло паноҳида яшайдиганлар

Қодир Худо соясида ором топар.

2 Мен Эгамга шундай дейман:

“Сен паноҳимсан, қалъамсан,

Мен умид боғлаган Худойимсан.”

3 Албатта У халос этар сени овчининг тузоғидан,

Халос этар сени қирғин келтирувчи вабодан.

4 Сени У қанотлари остига олар,

Унинг паноҳида бехатар бўласан,

Садоқати билан сенга қалқон, девор бўлар.

5 Шунда қўрқмайсан туннинг ваҳимасидан,

Қўрқмайсан кундузи учган ўқдан,

6 Зулматда билдирмай келадиган вабодан,

Қоқ пешинда қирғин келтирувчи ўлатдан.

7 Мингтаси чап ёнингда йиқилиб қолади,

Ўн мингтаси ўнг ёнингда йиқилиб қолади,

Аммо бу кулфатлар сенга яқин келмайди.

8 Фақат кўзларингни оч, шунда кўрасан

Фосиқнинг қандай жазо олганини.

9-10 Агар Эгамизни паноҳинг қилсанг,

Бошингга бирон бахтсизлик келмас.

Худойи Таолони қўрғонинг қилсанг,

Бирон фалокат чодирингга йўламас.

11 У сен тўғрингда фаришталарига амр беради,

Фаришталар ҳамма йўлларингни қўриқлайди.

12 Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин дея,

Фаришталар қўлларида сени кўтариб боради.

13 Шер ва заҳарли илон устидан босиб ўтасан,

Йиртқич шер, илонни оёғинг билан эзасан.

14 Эгамиз шундай дейди:

“У Мени яхши кўргани учун

Мен уни қутқараман.

Мени билгани учун

Мен уни ҳимоя қиламан.

15 У илтижо қилганда Мен жавоб бераман,

Оғир кунларида у билан бирга бўламан,

Уни қутқариб, унга иззат кўрсатаман.

16 Узоқ умр бериб, уни мамнун қиламан,

Унга нажот бераман.”

1 Сано. Шаббат куни айтилган қўшиқ.

2 Эй Эгам, Сенга шукур айтмоқ яхшидир,

Эй Худойи Таоло, Сенга ҳамду сано куйламоқ яхшидир.

3 Эълон қилмоқ яхшидир субҳидамда содиқ севгингни,

Эълон қилмоқ яхшидир кечалари садоқатингни.

4 Яхшидир айтмоқ буларни мусиқа чалиб

Ўн торли асбобда, лирада, арфа жўрлигида!

5 Эй Эгам, қудратли ишларингдан мен шодман,

Қилган ишларингдан хурсанд бўлиб куйлайман.

6 Эй Эгам, ишларинг нақадар буюкдир!

Ўйларинг жуда ҳам терандир!

7 Ақлсиз кимса буни била олмайди,

Аҳмоқ кимса буни тушуна олмайди:

8 Гарчи фосиқлар майса каби униб чиқса ҳам,

Бадкирдорлар гуллаб–яшнаса ҳам,

Улар то абад йўқ бўлади.

9 Сен–чи, эй Эгам, то абад улуғворсан.

10 Эй Эгам, душманларинг албатта йўқ бўлади,

Улар шубҳасиз ҳалок бўлади.

Бадкирдорларнинг ҳаммаси тарқалиб кетади.

11 Мени ёввойи буқадай кучли қилдинг,

Қудратинг билан менга қайтадан куч ато этдинг.

12 Душманларим мағлубиятин кўзларим кўрди,

Бадкирдорлар заволин қулоқларим эшитди.

13 Солиҳлар пальма дарахтидай гуллаб–яшнайди,

Лубнондаги садр дарахтидай юксалади.

14 Улар Эгамизнинг уйига ўтқазилган,

Худойимизнинг ҳовлисида улар яшнайди.

15 Кексаликда ҳам ҳамон ҳосил беради,

Ям–яшил, навқирон бўлиб тураверади.

16 Улар биргаликда шундай деб эълон қилади:

“Эгамиз одилдир! У менинг суянган қоямдир,

Унда ноҳақлик йўқдир.”

1 Эгамиз Шоҳдир, У улуғворликка бурканган,

Улуғворликка бурканиб, қудрат билан қуролланган.

Оламни мустаҳкам ўрнатган, олам асло тебранмас.

2 Сенинг тахтинг қарор топган азалдан,

Сен Ўзинг мавжудсан азалдан.

3 Денгизлар гувилламоқда, эй Эгам,

Денгизлар ҳайқирмоқда, эй Эгам,

Денгизлар тўлқинларини кўтармоқда.

4 Юксакдаги Эгамиз денгиз тўлқинларидан ҳам қудратлироқдир,

Баҳайбат сувларнинг пишқиришидан ҳам қудратлироқдир.

5 Сенинг фармонларинг собитдир,

Уйингга муқаддаслик зийнатдир

Абадулабад, эй Эгам!

1 Эй Эгам, Сен қасоскор Худосан,

Эй қасоскор Худо, нурингни соч!

2 Қани, бўл, эй ер юзини ҳукм этгувчи,

Мағрурларнинг жазосини бер.

3 Қачонгача фосиқлар тантана қилар?

Эй Эгам, қачонгача?

4 Оғизларидан баландпарвоз сўзлар отилиб чиқяпти–ку!

Ҳамма бадкирдорлар мақтаняпти–ку!

5 Эй Эгам, улар халқингни эзяпти,

Ўзинг танлаган элатингга зулм қиляпти.

6 Бева, мусофирни улар ўлдиряпти,

Етимларни йўқ қиляпти.

7 Улар айтяпти: “Эгамиз кўрмас,

Ёқубнинг Худоси эътибор бермас.”

8 Тушуниб олинг, эй халқ орасидаги тентаклар.

Қачон сизларга ақл кирар, эй аҳмоқлар?!

9 Қулоқни яратган эшитмайдими?!

Кўзни ато этган кўрмайдими?!

10 Халқларга танбеҳ берувчи жазоламайдими?!

Унинг Ўзи инсонга ўргатади–ку!

11 Эгамиз инсоннинг ниятини англайди,

Ниятларимиз беҳудалигини билади.

12 Эй Эгам, бахтлидир Сенинг танбеҳингни олганлар,

Бахтлидир Сенинг қонунингдан ўрганувчилар.

13 Ёмон кунлардан уларни Сен омон сақлайсан.

Фосиқ учун чуқур қазилгунча улар омон бўладилар.

14 Эй Эгам, Ўз халқингни тарк этмайсан,

Ўзинг танлаган элатингни ташлаб қўймайсан.

15 Ҳукмнинг асоси яна адолат бўлади,

Жамики покдиллар адолатни қўллаб–қуватлайди.

16 Фосиқлардан ким мени ҳимоя қилади?

Бадкирдорларга қарши ким мен томон бўлади?

17 Эй Эгам, агарда Сен менга ёрдам бермаганингда,

Менинг жоним тезда ўлим сукунатига чўкарди.

18 “Оёқларим қоқилади”, деб ўйлаганимда,

Эй Эгам, содиқ севгинг мени қўллади.

19 Ичим хавотирга тўлиб кетганда,

Сен берган тасалли менга қувонч келтирди.

20 Золим ҳукмдорлар Худога шерик бўларми?!

Ахир, улар фармонлари билан кулфат келтиради–ку!

21 Улар солиҳларга қарши бирлашади,

Гуноҳсизларни ўлимга маҳкум этади.

22 Аммо Эгам менинг қалъамдир,

Менинг паноҳ қоям Худодир.

23 Фосиқлиги учун Эгамиз уларни қириб ташлайди,

Гуноҳлари учун жазосини беради.

Ҳа, Эгамиз Худо уларни илдизидан қуритади.

1 Келинглар, севинч ила Эгамизни куйлайлик,

Нажотимиз Қоясига шодлик ила ҳайқирайлик.

2 Шукрона айтиб, Унинг ҳузурига борайлик,

Унга қўшиқлар айтиб, шодликдан ҳайқирайлик.

3 Зотан, Эгамиз улуғ Худодир,

Жамики худолар устидан улуғ Шоҳдир.

4 Заминнинг энг чуқур жойлари Унинг қўлидадир,

Тоғларнинг чўққилари ҳам Уникидир.

5 Уникидир Ўзи яратган денгиз ҳам,

Қўли барпо қилган қуруқ ер ҳам.

6 Келинглар, таъзим қилиб, сажда этайлик,

Яратган Эгамиз олдида тиз чўкайлик.

7 У Худойимиздир, биз Унинг яйловидаги халқмиз,

Биз Унинг қўл остидаги қўйлармиз.

Эгамиз шундай дейди:

“Қанийди, бугун Менинг овозимга қулоқ солсангиз!

8 Оталарингиз каби тош юрак бўлманглар.

Маривада, саҳродаги Массахда улар қилган ишни қилманглар.

9 Оталарингиз Менинг ишларимни кўрса ҳам,

У ерда Мени синаб кўрдилар.

10 Қирқ йил у наслдан нафратланиб,

Шундай дедим: «Бу халқ Мендан юз ўгиради,

Амрларимга бўйсунишдан бош тортади.»

11 Шу боис ғазабланиб, онт ичдим:

«Улар фароғат диёримга кирмайди», дедим.”

1 Эй олам, Эгамизни тараннум этинг!

Эгамизга янги бир қўшиқ айтинг.

2 Эгамизни тараннум этинг,

Унга олқишлар бўлсин,

Унинг берган нажотидан ҳар куни сўйланг.

3 Эълон қилинг элатлар орасида Унинг шуҳратини,

Жамики халқлар орасида Унинг ажойиботларини.

4 Эгамиз буюкдир, кўп мақтовга лойиқдир,

Жамики худолардан У иззатлидир.

5 Зотан, халқларнинг ҳамма худолари бутлардир,

Эгамиз эса самоларни яратгандир.

6 Шуҳрату улуғворлик Унинг ҳузуридадир,

Қудрату гўзаллик Унинг муқаддас масканидадир.

7 Эгамизга ҳамдлар айтинг, эй замин халқлари!

Эгамизнинг қудратию шуҳратига ҳамдлар ўқинг!

8 Эгамизнинг шарафига санолар айтинг!

Назрлар келтириб, Унинг ҳовлисига киринг!

9 Муқаддас улуғворликка бурканган Эгамизга сажда қилинг!

Эй замин аҳли, Унинг олдида титраб туринг!

10 Элатлар орасида айтингки: “Эгамиз Шоҳдир!

Олам мустаҳкам ўрнашган, ҳеч қачон тебранмайди,

У халқларни ҳаққоний ҳукм қилар.”

11 Самолар шод бўлсин, замин қувонсин,

Денгизу ундаги ҳамма жонзот гувилласин.

12 Далалару ундаги ҳар нарса севинч ила жўшсин,

Ўрмондаги ҳамма дарахт шодликдан қўшиқ айтсин.

13 Эгамиз олдида улар қўшиқ айтар, ана, У келаётир,

Заминни бошқармоқ учун У келаётир,

Оламни адолат ила У бошқарар,

Халқларни Ўз ҳақиқати ила бошқарар.

1 Эгамиз Шоҳдир, замин қувонсин,

Денгиз ортидаги ҳамма юртлар шод бўлсин.

2 Булутлар, зимзиё зулмат Унинг атрофини ўраган,

Адолату ҳақиқат Унинг тахтига пойдевор бўлган.

3 Эгамиз оловини Ўзидан олдин юборади,

Олови ҳар тарафдаги душманларни ютади.

4 Чақмоқлари оламни ёритади,

Замин буни кўриб титрайди.

5 Бутун оламнинг Раббийси олдида,

Эгамиз олдида тоғлар мумдай эрийди.

6 Самолар эълон қилади Унинг адолатини,

Жамики халқлар кўради Унинг улуғворлигини.

7 Бутларга сажда қилувчилар,

Беҳуда санамлари ила мақтанувчилар

Шарманда бўлади.

Барча худолар Эгамизга таъзим қилади.

8 Эй Эгам! Сенинг адолатингдан

Яҳудо шаҳарлари шод бўлади,

Қуддус эшитиб, қувонади.

9 Эй Эгам, ер юзидаги буюк ҳукмдор Сенсан,

Ҳамма худолардан Сен юксалгансан.

10 Эй Эгамизни севганлар!

Ёмонликдан нафратланинг.

У тақводорларининг жонларини Ўзи асрайди,

Фосиқларнинг қўлидан уларни халос этади.

11 Солиҳларга нур сочилгай,

Юраги поклар узра шодлик ёйилгай.

12 Эй солиҳлар, Эгамиз туфайли шодланинг,

Унинг муқаддас номини олқишланг!

Сано.

1 Янги бир қўшиқ айтинг Эгамизга!

Ахир, У ажойиб ишлар қилди.

Ўзининг ўнг қўли, муқаддас билаги билан зафар қозонди.

2 Эгамиз зафарининг донғини таратди,

Халқларга нажотини намоён қилди.

3 Исроил халқига бўлган севгисию садоқатини ёдида тутди.

Ернинг тўрт томони Худойимиз берган нажотни кўрди.

4 Эй замин аҳли, Эгамизни олқишлаб, хитоб қилинг,

Севинчли куй–қўшиқлар ила Унга хитоб қилинг.

5 Лира чалиб, Эгамизга ҳамду сано куйланг,

Лира чалиб, қўшиқлар айтинг.

6 Карнайу бурғуларни чалинг,

Шоҳни — Эгамизни олқишлаб, хитоб қилинг.

7 Жўш урсин денгизу ундаги ҳамма жонзот,

Жўш урсин оламу унда яшовчи ҳамма махлуқот.

8 Эгамиз олдида дарёлар қарсак чалсин,

Қирлар бирга шодланиб қўшиқ айтсин.

9 Зотан, Эгамиз ерда ҳукм этгани келмоқда,

У оламни тўғри ҳукм этади,

Адолат ила халқларни ҳукм қилади.

1 Эгамиз Шоҳдир, халқлар титрасин!

Карублар орасида тахт қурган У!

Замин ларзага келсин!

2 Эгамиз Қуддусда улуғдир,

Жамики халқлар узра юксакдадир.

3 Унинг номи улуғ, ҳайбатлидир!

Ҳамма Уни мадҳ қилсин,

Зеро, муқаддасдир У!

4 Шоҳ қудратлидир, адолатпарвардир,

У одилликни ўрнатган!

Ёқуб насли орасида

Адолатли ва тўғри ҳукм чиқарган!

5 Эгамиз Худони улуғланглар!

Унинг пойига сажда қилинглар.

Зеро, муқаддасдир У!

6 Мусо ва Ҳорун Унинг руҳонийларидан эди,

Шомуил ҳам Эгамизга илтижо қилганлардан бири эди.

Улар Эгамизга илтижо қилди, У жавоб берди.

7 Устун шаклидаги булут ичра улар билан гаплашди,

Улар Эгамизнинг фармонларига

Ҳамда У берган қонунларига риоя қиларди.

8 Уларга жавоб бердинг, эй Эгамиз Худо!

Сен уларни кечирувчи Худо бўлдинг,

Уларни жазоладинг ёмон йўлдан кетганларида.

9 Улуғланглар Эгамиз Худони!

Сажда қилинг Унга муқаддас тоғида.

Зеро, муқаддасдир Эгамиз Худо!

Шукроналик саноси.

1 Эй замин аҳли, Эгамизга шодлик ила ҳайқиринг,

2 Хурсанд бўлиб Эгамизга сажда қилинг,

Шодланиб, қўшиқ айтиб, Унинг ҳузурига келинг.

3 Билингки, Эгамиз Худодир,

Бизни яратган Удир, биз Уникимиз.

Биз Унинг халқимиз, яйловидаги қўйларимиз.

4 Шукрона айтиб, дарвозаларидан киринг,

Ҳамду сано айтиб, ҳовлиларига киринг.

Шукрона айтиб, Унинг номини олқишланг!

5 Эгамиз яхшидир,

Унинг содиқ севгиси абадий давом этади,

Садоқати эса барча наслларга ўтади.

Довуд саноси.

1 Садоқатингни, адолатингни куйлайман,

Сени, эй Эгам, тараннум этаман.

2 Бенуқсон ҳаёт кечиришни ўрганаман,

Қачон бунга эришаман?

Пок юрак ила ўз уйимда умр кечираман.

3 Ҳеч қандай ёвузликка йўл қўймайман.

Қинғир ишлардан нафратланаман,

Мен уларга ҳеч қўшилмайман.

4 Терс ишларни рад қиламан,

Ёмонлик мендан узоқ бўлади.

5 Дўсти ортидан ғийбат қиладиганни йўқ қиламан,

Такаббурлик билан қарайдиган кўзларга,

Мағрур юракка асло тоқат қилмайман.

6 Ёнимда истиқомат қилсинлар дея,

Юртимнинг содиқ одамларига хайрихоҳ бўламан.

Тўғри йўлдан юрадиган инсон

Менга хизмат қилади.

7 Ҳийлагарлар менинг саройимда қолмайди,

Ёлғончилар қаршимда турмайди.

8 Ҳар саҳарда юртдаги фосиқларни қираман,

Эй Эгам, Сенинг шаҳрингдан бадкирдорларни йўқ қиламан.

1 Дард–аламга ботганда, арзини Эгамиз олдига тўккан ғарибнинг ибодати.

2 Эшитгин ибодатимни, эй Эгам,

Етиб борсин Сенга оҳу нолам.

3 Кулфатда қолганимда мендан юз ўгирма,

Менга қулоқ тутгин.

Чақирганимда менга тез жавоб бергин.

4 Умрим тутундай ўтиб кетди,

Иситмадан бутун танам ёниб кетяпти.

5 Юрагим қуриган ўтдай хазон бўлди,

Бирор нарса ейишга истак йўқолди.

6 Фарёд қилиб оҳ–нола чекаман,

Шу боис этим суягимга ёпишган.

7 Даштдаги қушга ўхшайман,

Вайронадаги бойўғли кабидирман.

8 Бедор бўлиб ётаман,

Томда ёлғиз қолган қушга ўхшайман.

9 Ғанимларим доимо мени ҳақорат қилади,

Мени масхараловчилар

Исмимни лаънат ўқиш учун ишлатади.

10 Кулни нон каби емоқдаман,

Ичимлигимга кўз ёшларимни қўшмоқдаман.

11 Сенинг қаҳру ғазабинг туфайли шундай қиляпман,

Ахир, мени кўтариб, бир ёнга улоқтирдинг.

12 Оқшомги кўланкага ўхшайди умрим,

Қуриган майсадай бўлиб қолдим.

13 Сен эса, эй Эгам, то абад ўтирасан тахтингда,

Насллар оша Сенинг номинг давом этар!

14 Қўзғалиб, шафқат кўрсатасан Қуддусга,

Унга марҳамат кўрсатиш вақти келди,

Белгиланган вақти–соати етиб келди.

15 Унинг тошлари ҳам Сенинг қулларинг учун қимматбаҳодир,

Қуддуснинг ҳатто тупроғига ҳам меҳрибонлик қиламиз.

16 Халқлар Эгамиздан қўрқади,

Унинг шуҳратидан ер юзи шоҳлари титрайди.

17 Зеро, Эгамиз Қуддусни барпо қилади,

Ўзининг шуҳрати ила зоҳир бўлади.

18 Йўқсилларнинг ибодатига У эътибор беради,

Уларнинг илтижоларини рад этмайди.

19 Ҳали туғилмаган халқ ҳам Эгамизга ҳамду сано айтсин,

Келажак насл учун бу ёзиб қўйилсин:

20-21 Асирларнинг ноласига қулоқ солай деб,

Эгамиз юксакдаги муқаддас маконидан қаради.

Ўлимга маҳкум бўлганларни қутқарай деб,

У осмондан заминга назар ташлади.

22 Шу боис Эгамизнинг донғи Қуддусда эълон қилинсин,

Унга Сионда ҳамду сано айтилсин.

23 Эгамизга бирга сажда қилгани

Халқлару шоҳликлар йиғилади.

24 Ҳали ёш пайтимда Эгам мени заиф қилди,

Кунларимни Унинг Ўзи қисқартирди.

25 Унга фарёд қилдим: “Эй Худойим,

Ёш умримни хазон қилмагин,

Барча насллар оша Сен доимо борсан.

26 Азалда заминнинг пойдеворини Сен қўйгансан,

Самоларни Ўз қўлларинг ила яратгансан.

27 Улар йўқ бўлиб кетар, Сен тураверасан,

Еру осмон кийим каби эскириб кетади,

Тўзиб кетган кийимдай уларни алмаштирасан,

Ҳаммасини ташлаб юборасан.

28 Сен эса ҳеч ўзгармассан,

Сен то абад яшайсан.

29 Қулларингнинг фарзандлари хавфсиз яшар,

Уларнинг насли Сенинг ҳузурингда барқарор бўлар.”

Довуд саноси.

1 Эгамизни олқишлагин, эй жоним,

Унинг муқаддас номини олқишла, эй вужудим!

2 Эгамизни олқишлагин, эй жоним,

Унинг қилган ҳамма яхшиликларини унутмагин!

3 Ҳамма гуноҳларимни У кечиради,

Барча хасталикларимга У шифо беради.

4 Мени қабрдан У қутқаради,

Севги, шафқат ила менга тож кийгизади.

5 Ҳаётимни неъмат ила У қондиради,

Ёшлигим бургутнинг кучидай янгиланади.

6 Эгамиз тўғри иш қилади,

Мазлумларга адолат қилади.

7 Ўз йўлларини У Мусога маълум қилган,

Ишларини Исроил халқига намоён этган.

8 Эгамиз раҳмдил, иноятлидир,

Жаҳли тез чиқмайди, содиқ севгиси мўлдир.

9 У доимо бизни айбламайди,

Ёки то абад ғазабини сочмайди.

10 Бизни У гуноҳларимизга қараб жазоламас,

Ёмонликларимизга қараб қайтармас.

11 Самолар заминдан нақадар баланддир!

Эгамизнинг содиқ севгиси ҳам

Ундан қўрққанларга шундай юксакдир!

12 Шарқ ғарбдан қанчалик узоқ бўлса,

Гуноҳларимизни биздан шу қадар узоқ қилади.

13 Ота болаларига шафқат қилгандай,

Эгамиз Ўзидан қўрққанларга раҳм қилади.

14 Биз қандай ясалганимизни У билади,

Биз тупроқ эканимизни У ёдида тутади.

15 Инсонмиз, майсага ўхшар умримиз,

Дашт гулига ўхшаб гуллаймиз.

16 Шамол эсар, майса йўқ бўлар,

Уни ўз жойи эсламай қўяр.

17 Аммо Эгамизнинг содиқ севгиси

Абадулабад Ундан қўрққанлар билан биргадир!

Унинг содиқлиги эса уларнинг наслига ўтади.

18 Ҳа, Эгамиз содиқ қолади Унинг аҳдига риоя қилганларга,

Унинг амрларига садоқат ила итоат этганларга.

19 Эгамиз тахтини ўрнатгандир самода,

Унинг шоҳлиги ҳукмрондир ҳамма ерда.

20 Эгамизни олқишланг, эй Унинг фаришталари,

Унинг амрини ижро қилувчи баҳодирлар,

Унинг сўзларига итоат этувчилар!

21 Эй Эгамизнинг самовий лашкарлари!

Унинг иродасини ижро этувчи хизматкорлари!

Эгамизни олқишланг!

22 Эй Эгамиз яратганларнинг ҳаммаси!

У ҳукмрон бўлган ҳар бир жойда

Уни олқишланглар!

Эй жоним! Эгамизни олқишла!

1 Эгамни олқишла, эй жоним.

Эй Эгам Худо! Сен нақадар буюксан,

Шуҳрату улуғворликка буркангансан.

2 Ёпинчиққа ўралгандай нурга чулғангансан,

Самоларни бир чодир каби ёйгансан.

3 Осмондаги сувлар узра даргоҳингни қургансан,

Булутларни жанг араваси қиласан,

Шамол қанотларини миниб кетасан.

4 Шамолларни Ўзингга хабарчилар қиласан,

Ловуллаган оловни хизматкорларинг этасан.

5 Ҳеч қачон тебранмасин дея,

Сен заминнинг пойдеворини қўйгансан,

6 Заминни либосга ўрагандай,

Тубсиз сувлар ила ўраган эдинг,

Ҳатто тоғлар чўққисини сувлар кўмган.

7 Сенинг таҳдидларингдан сувлар чекинар,

Сен гумбурлатган садодан улар қочар.

8 Сувлар тоғлар устидан, водий бўйлаб оқар

Сен улар учун тайин этган жойга.

9 Бу сувлар тошмасин деб,

Яна ер юзини қайта қопламасин деб,

Сен чегара қўйгансан!

10 Булоқларни тоширдинг Сен сойликлардан,

Булоқлар оқиб келар тоғлар орасидан.

11 Жамики ёввойи ҳайвонларни булоқлар суғоради,

Ёввойи эшаклар ташналигини қондиради.

12 Оқар сувлар бўйида қушлар ин қуради,

Шохлар орасидан улар сайрайди.

13 Тоғларни суғорасан юқоридаги даргоҳингдан.

Замин тўла Сен ўстирган мева билан.

14 Чорва учун Сен ўт–ўлан ўстирасан,

Инсон фойдалансин деб, экинлар ўстиргансан,

Егулигини тупроқдан олсин, дейсан.

15 Сен берасан инсон кўнглини чоғ қилувчи шаробни,

Юзга жило берувчи зайтун мойини,

Инсон ҳаётига қувват берувчи нонни.

16 Эй Эгам, Сенинг дарахтларинг,

Ҳа, Ўзинг Лубнонда эккан садр дарахтларинг

Сувга яхши қонади.

17 Қушлар дарахтларда уя қуради,

Сарв дарахтида лайлак уй қилади.

18 Тоғ эчкиси баланд тоғларда яшар,

Бўрсиқлар эса қояларда уя қурар.

19 Вақтни белгиласин деб, ойни яратдинг,

Қуёш ҳам билади қачон ботишин.

20 Қоронғилик чўктирганингда, тун бўлар,

Ўрмондаги бор ҳайвон кезгани чиқар.

21 Шерлар ўлжа ахтариб бўкирар,

Ўз ризқ–рўзини, эй Худо, Сендан излар.

22 Қуёш чиқар, улар ортга қайтарлар,

Ўзларининг инларида ётарлар.

23 Одамлар ўз ишларига чиқарлар,

Оқшомгача юмушлари ила банд бўларлар.

24 Эй Эгам, ишларинг ғоят турли–тумандир!

Ҳаммасини донолик ила яратгансан,

Замин Сен яратганларинг ила тўладир.

25 Мана, буюк, бепоён денгиз,

Сон–саноқсиз яратилганлар билан тўла,

Катта–кичик жониворлар бор.

26 Кемалар денгизларда қатнайди.

Сувларда ўйнасин дея,

Ўша махлуқ Левитанни яратгансан.

27 Эй Эгам! Ўз вақтида ризқимизни берсин дея,

Уларнинг ҳаммаси Сенга кўз тикади.

28 Уларга ризқини берганингда, йиғиб олади,

Қўлларингни очганингда, улар еб тўяди.

29 Юзингни яширганингда эса улар ваҳимага тушади,

Жонларини олганингда, ўлиб, тупроққа қайтади.

30 Руҳингни юборганингда улар яратилади,

Ер юзига янгидан ҳаёт берасан.

31 Эгамизнинг шуҳрати то абад давом этсин,

Эгамиз Ўз яратганларидан хурсанд бўлсин.

32 Ерга У боққанда, ер титрар,

Тоғларга текканда, тоғлар тутун чиқарар.

33 Ҳаёт эканман, Эгамни тараннум этаман,

Бор эканман, Худойимга ҳамду сано куйлайман.

34 У ҳақидаги ўйларим хуш келсин Унга,

Зотан, севинаман мен Эгам туфайли.

35 Ер юзидан йўқ бўлсин гуноҳкорлар,

Бўлмасин бошқа энди фосиқлар.

Эгамни олқишла, эй жоним!

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

1 Эгамизга шукур айтинг, Унга сажда қилинг,

Бошқа халқлар орасида Унинг ишларини билдиринг.

2 Тараннум қилиб Уни, ҳамду сано ила қўшиқ айтинг,

Унинг жамики ажойиб ишларини сўзлаб беринг.

3 Эгамизнинг муқаддас номи ила фахрланинг,

Эгамизга юз бурганларнинг қалби шодликка тўлсин.

4 Қудратли Эгамизга юз буринг!

Унинг ҳузурида бўлишга интилинг.

5-6 Эй сизлар, Эгамизнинг қули Иброҳим насли,

Эй Ёқуб ўғиллари — Эгамизнинг танлаганлари,

Эгамиз қилган ажойиботларини эсда тутинг,

Унинг мўъжизаларини, чиқарган ҳукмларини унутманг.

7 У Эгамиз Худодир,

У бутун ер юзини адолатли ҳукм қилади.

8 Ўз аҳдини У то абад ёддан чиқармас,

Минглаб наслларга берган ваъдасини унутмас.

9 Риоя қилар У Иброҳим билан қилган аҳдига,

Исҳоққа қасам ичиб берган ваъдасига.

10 Ёқуб учун бу аҳдни бир қонун қилди,

Ҳа, Исроил учун абадий бир аҳд қилди.

11 Айтдики: “Канъон юртини сенга бераман,

Уни ўзингга абадий мулк қилиб оласан.”

12 Ўша вақтда уларнинг сони кам эди,

Ҳа, жуда камчилик эдилар.

Улар бу юртга келгинди эди.

13 Кезарди бир халқ орасидан бошқасига,

Бир шоҳликдан бошқа юртга.

14 Эгамиз ҳеч кимга уларни эзишларига йўл қўймади,

Уларни деб шоҳларга танбеҳ берди.

15 Айтдики: “Мен танлаганларга тегманглар,

Пайғамбарларимга зарар келтирманглар.”

16 Канъон юрти устига Эгамиз очарчилик юборди,

Битта қолдирмай егуликларга қирғин келтирди.

17 Улардан олдин одам юборди,

Ҳа, Юсуф қул каби сотилди.

18 Унинг оёқларига занжир урилди,

Бўйнидан темир ҳалқа ўтказилди.

19 Юсуфнинг сўзлари бажо бўладиган вақт келгунча,

Эгамизнинг каломи Юсуфни синади.

20 Миср шоҳи одам юбориб, Юсуфни қутқарди,

Элларнинг ҳукмдори уни озод қилди.

21 Юсуфни шоҳ саройининг бошқарувчиси қилиб тайин этди,

Жамики мулкининг ҳокими қилди.

22 Хоҳласа саройдаги аъёнларимни занжирбанд қилсин,

Маслаҳатчиларимга донолик ила ўгит берсин деб, шундай қилди.

23 Сўнгра Исроил Мисрга келди,

Ҳа, Ёқуб насли Хом юртида мусофир бўлди.

24 Унинг халқини Эгамиз баракали қилди,

Душманларига қараганда, кўпайтирди.

25 Эгамиз Миср халқининг юракларини ўзгартирди,

Улар Эгамиз халқидан нафратланди,

Эгамизнинг қулларига қарши улар фитна уюштирди.

26 Сўнгра Эгамиз қули Мусони юборди,

Танлаб олган Ҳорунни бирга жўнатди.

27 Мисрликлар орасида, ўша Хом юртида

Иккаласи Эгамизнинг мўъжизаларини, ажойиботларини кўрсатди.

28 Эгамиз зулмат юборди, Мисрни зулматга буркади,

Ахир, Мисрликлар Эгамизнинг амрларига итоатсизлик қилди.

29 Мисрнинг сувларини Эгамиз қонга айлантирди,

Жамики балиқларини нобуд қилиб ташлади.

30 Миср юрти тўлиб кетди қурбақаларга,

Етиб борди ҳатто ҳукмдорларнинг уйига.

31 Эгамиз амр берганда, сўналар галаси келди,

Миср бўйлаб бургалар қайнаб кетди.

32 Ёмғир ўрнига уларга Эгамиз дўл ёғдирди,

Бутун Миср бўйлаб чақмоқ чақтирди.

33 Узумзору анжирзорларини қуритди,

Мисрдаги дарахтларни қўпориб ташлади.

34 Эгамиз амр берганда, чигирткалар келди,

Сон–саноқсиз майда чигирткалар чиқиб келди.

35 Улар Мисрдаги бутун ўт–ўланни еб юборди,

Миср ўлкасидаги ҳосилни еб битирди.

36 Мисрдаги жамики тўнғич ўғилларни Эгамиз нобуд қилди,

Ҳа, уларнинг фахри, қут–барака тимсолини йўқ қилди.

37 Сўнг Эгамиз Ўз халқини

Олтину кумушга бойитиб олиб чиқди.

Исроил қабилаларининг орасида қоқилиб қолгани бўлмади.

38 Мисрликлар Исроилдан қўрқиб, ваҳимага тушганди,

Улар кетгач, Миср халқи севинди.

39 Халқи устида ёпинчиқ бўлсин деб,

Эгамиз булутни ёйди,

Кечаси ёруғлик бўлсин деб, аланга берди.

40 Исроил гўшт сўраганда Эгамиз беданалар берди,

Осмондан нон ёғдириб, уларни тўйғазди.

41 Эгамиз қояни очди, сув отилиб чиқди,

Саҳро бўйлаб дарёдай сув оқди.

42 Эгамиз Ўзининг муқаддас ваъдасини,

Ўз қули Иброҳимга берган ваъдасини ёдда тутди.

43 Шу боис халқини олиб чиқди севинч ила,

Ўз танлаганларини шодлик ҳайқириқлари ила.

44 Бегона халқларнинг юртларини уларга берди,

Ўша халқларнинг бойлигини Исроил мулк қилиб олди.

45 “Исроил халқи Менинг фармонимга риоя қилсин,

Менинг қонунларимга итоат этсин”, дея

Эгамиз мана шуларнинг ҳаммасини қилди.

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир!

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

2 Эгамизнинг қудратли ишларини ким батафсил айта олади?!

Ким Унга мукаммал ҳамду сано айта олади?!

3 Бахтлидир адолат ила иш тутганлар,

Ҳар доим тўғри иш қилганлар.

4 Эй Эгам, халқингга мурувват кўрсатганингда мени эслагин,

Уларга нажот берганингда, менга ҳам ёрдам бергин,

5 Токи танлаган халқингнинг иқболини кўрайин,

Халқингнинг шодлигини кўриб, мен ҳам қувонайин,

Улар билан бирга фахрланиб юрайин.

6 Эй Исроил халқи, ота–боболаримиз каби, биз гуноҳ қилдик,

Эгри йўлдан юрдик, ёмонлик қилдик.

7 Ота–боболаримиз Мисрда бўлганларида,

Эгамизнинг ажойиб ишларига эътибор қилмадилар,

Унинг мўл содиқ севгисини эсламадилар,

Қизил денгизда исён қилдилар.

8 Қудратли кучини билдириш учун,

Ўз номи ҳақи,

Эгамиз уларни қутқарди.

9 У Қизил денгизга дўқ урди, денгиз қуриди.

Қуп–қуруқ ердан етаклагандай,

Исроил халқини денгиз тубидан ўтказди.

10 Эгамиз уларни ёв қўлидан қутқарди,

Ғаним қўлидан уларни озод қилди.

11 Сувлар қайтиб, ғанимларни босиб қолди,

Душманларнинг биронтаси қутула олмади.

12 Шунда Исроил халқи Эгамизнинг сўзига ишонди,

Унга ҳамду санолар куйлади.

13 Улар тез орада Эгамизнинг ишларини унутди,

Эгамиздан бемаслаҳат иш қилдилар.

14 Саҳрода улар нафси бузуқлик қилди,

Дашту биёбонда улар Худони синади.

15 Эгамиз уларга сўраганини берди–ю,

Уларга ҳалокатли хасталикни ҳам юборди.

16 Қароргоҳдаги халқ Мусога,

Эгамизга бағишланган Ҳорунга ҳасад қилди.

17 Ер ёрилиб, Датанни ютиб юборди,

Абурам билан шерикларини ямлаб юборди.

18 Шериклари устига олов тушди,

Ўша фосиқларни аланга ёндирди.

19 Синай тоғида улар бузоқ ясадилар,

Ўша олтин бутга сажда қилдилар.

20 Улар Худонинг улуғворлигини

Ўт ейдиган буқа тасвирига алишдилар.

21 Мисрда буюк ишлар қилган

Нажоткори Худони унутдилар.

22 Хом юртида Эгамиз ажойиботлар кўрсатганди,

Қизил денгизда қўрқинчли ишлар қилганди.

Ана шуларни Исроил халқи унутди.

23 Шу боис Эгамиз, уларни қираман, деди.

Аммо Мусо, Эгамизнинг танлагани ўртага тушиб,

Эгамиздан илтижо қилиб,

Уни қаҳру ғазабидан қайтарди.

24 Сўнгра улар мафтункор юртни хор қилдилар,

Эгамизнинг ваъдасига ишонмадилар.

25 Ўз чодирларида минғирлаб нолидилар,

Эгамизга итоат этмадилар.

26 Эгамиз қўлини кўтариб, онт ичди:

“Сизларни саҳрода яксон қиламан.

27 Наслингизни халқлар орасига тарқатаман,

Бошқа юртларга уларни сочиб юбораман.”

28 Сўнгра бизнинг ота–боболаримиз

Пиёр тоғидаги Баалга сажда қилишга қўшилдилар,

Ўликларга келтирилган қурбонликдан едилар.

29 Улар қилмишлари билан

Эгамизни ғазаблантирдилар,

Улар ўлатга гирифтор бўлдилар.

30 Финхаз қўзғалиб, аралашди,

Шунда ўлат ҳам тўхтади.

31 Шу боис Финхаз солиҳлик тимсоли бўлди,

Бу насллардан наслларга то абад давом этади.

32 Марива сувлари бўйида улар Эгамизнинг қаҳрини келтирдилар,

Уларнинг дастидан Мусонинг бошига қайғулар келди.

33 Улар Мусонинг ғазабини қўзғатди,

Мусо ҳам ўйламай гапирди.

34 Эгамиз, халқларни қиринглар, деб амр берганди,

Улар Эгамизнинг амрини бажармади.

35 Бегона халқлар билан улар аралашиб,

Уларнинг одатларини ўргандилар.

36 Улар бегона халқларнинг бутларига сажда қилдилар,

Ўша бутлар Эгамизнинг халқига тузоқ бўлди.

37 Улар ўзларининг ўғил–қизларини

Жинларга қурбон қилдилар.

38 Ҳа, ўзларининг ўғил–қизларини

Канъон бутларига қурбон қилиб,

Бегуноҳ қон тўкдилар.

Уларнинг қони юртни ҳаром қилди.

39 Ишлари билан ўзларини булғадилар,

Қилмишлари билан Эгамизга бевафолик қилдилар.

40 Шунда Эгамиз Ўз халқидан ғазабланди,

Улардан жирканди.

41 Уларни ёт халқларнинг қўлига берди,

Ғанимлари улар устидан ҳукмрон бўлди.

42 Душманлари уларни сиқувга олди,

Куч билан уларни бўйин эгдирди.

43 Кўп марта Эгамиз уларни қутқарди,

Улар эса атайлаб исён қилган эди,

Гуноҳлари туфайли паст кетдилар.

44 Шунда ҳам Эгамиз Ўз халқининг нолаларини эшитиб,

Уларнинг кулфатларига эътибор берди.

45 Улар ҳақи Ўз аҳдини ёдида тутди,

Мўл содиқ севгиси билан уларга шафқат кўрсатди.

46 Уларни асир олганларни

Шафқатли бўлишга ундади.

47 Эй Эгамиз Худо, бизларни қутқар,

Халқлар орасидан бизни тўплаб ол,

Ўзинг муқаддассан, Сенга шукур айтайлик,

Мадҳга лойиқ ишларинг билан фахрланайлик.

48 Исроил халқининг Худоси — Эгамизга

То абад олқишлар бўлсин,

Жамики халқлар: “Омин”, деб айтсин.

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

1 Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

2 Шундай десин Эгамиздан нажот топганлар,

У кулфатдан қутқарган одамлар.

3 Ахир, Эгамиз уларни шарқу ғарбдан,

Шимолу жанубдан тўплаган,

Кўп юртлардан уларни йиғиб келган.

4 Баъзилари чўлу биёбонда тентираб юрдилар,

Яшаш учун бирон шаҳарга йўл топмадилар.

5 Оч, ташна ҳолда қолдилар,

Сал бўлмаса ўлаёздилар.

6 Кулфатда қолганларида Эгамизга нола қилдилар,

Эгамиз уларни азоб–уқубатлардан қутқарди.

7 Улар яшайдиган шаҳарга боргунга қадар,

Эгамиз уларни тўғри йўлдан етаклади.

8 Содиқ севгиси учун улар Эгамизга шукрона айтсин!

Эгамизнинг инсониятга кўрсатган ажойиб ишлари учун шукур қилсин!

9 Зотан, У қондирар ташна бўлганларни,

Тўйдирар неъматлар билан очларни.

10 Баъзилари зимзиё зулматда ўтирардилар,

Асир бўлиб, кишанда азоб чекардилар.

11 Улар Худонинг сўзларига қарши исён қилгандилар,

Худойи Таолонинг йўл–йўриқларини менсимадилар.

12 Шу боис Худо уларни оғир ишларга мажбур этди,

Улар йиқилганда, ёрдам беришга бирон кимса бўлмади.

13 Кулфатда қолганларида Эгамизга нола қилдилар,

Эгамиз уларни азоб–уқубатлардан қутқарди.

14 Уларни зимзиё зулматдан олиб чиқди,

Уларнинг кишанларини парча–парча қилди.

15 Содиқ севгиси учун улар Эгамизга шукрона айтсин!

Эгамизнинг инсониятга кўрсатган ажойиб ишлари учун шукур қилсин!

16 Зотан, У бронза дарвозаларни синдирар,

Темир тамбаларни иккига бўлиб ташлар.

17 Баъзилари аҳмоқ бўлиб, итоатсизлик қилдилар,

Гуноҳлари туфайли азобга дучор бўлдилар.

18 Ҳар қандай овқатдан жирканар эдилар,

Ўлим оғзига яқинлашиб қолган эдилар.

19 Кулфатда қолганларида Эгамизга нола қилдилар,

Эгамиз уларни азоб–уқубатлардан қутқарди.

20 Эгамиз гапириб, уларга шифо берди,

Қабрдан уларни сақлаб қолди.

21 Содиқ севгиси учун улар Эгамизга шукрона айтсинлар!

Эгамизнинг инсониятга кўрсатган ажойиб ишлари учун шукур қилсинлар!

22 Улар шукрона қурбонлигини келтирсинлар,

Унинг ишларини шодон қўшиқларда куйласинлар.

23 Баъзилари кемаларда денгизга чиқдилар,

Ваҳимали сувлар узра савдо қилдилар.

24 Улар Эгамизнинг ишларини,

Чуқур сувда Унинг мўъжизаларини кўрдилар.

25 У амр берганда, бўрон қўзғалди,

Денгиз тўлқинлари баланд кўтарилди.

26 Кема осмонга кўтарилиб, яна чуқур сувга тушди,

Фалокатдан кемадагилар бемажол бўлиб қолди.

27 Улар маст каби довдираб айланди,

Маҳоратлари фойда бермади.

28 Кулфатда қолганларида Эгамизга нола қилдилар,

Эгамиз уларни азоб–уқубатлардан қутқарди.

29 У бўронни шабадага айлантирди,

Денгиз тўлқинлари сукутга чўмди.

30 Тўлқинлар жим бўлганидан улар севинди,

Истаган бандаргоҳга уларни келтириб қўйди.

31 Содиқ севгиси учун улар Эгамизга шукрона айтсин!

Эгамизнинг инсониятга кўрсатган ажойиб ишлари учун шукур қилсин!

32 Улар жамоа олдида Эгамизни улуғласин,

Оқсоқоллар йиғинида Унга ҳамду санолар айтсин.

33 Эгамиз дарёларни саҳрога айлантирар,

Булоқларни қақраган ерга айлантирар.

34 Аҳолисининг фосиқлиги сабабли

Ҳосилдор ерларни шўр ерга айлантирар.

35 Саҳрони эса Эгамиз кўл қилар,

Қақраган ердан булоқлар чиқарар.

36 Оч–юпунларни у ерга олиб келиб ўрнаштирар.

Улар эса яшаш учун шаҳарлар қурар.

37 Далаларга уруғ экиб, узумзорлар яратар,

Далалардан мўл–кўл ҳосил олар.

38 Эгамизнинг баракаси ила улар жуда кўпаяр,

Уларнинг чорваси камайишига Эгамиз йўл қўймас.

39-40 Эгамиз аслзодаларни хор қилди,

Йўлсиз саҳрода уларни саргардон қилди.

Зулм, кулфат, ғамдан

Уларнинг сони камайди,

Улар қашшоқлашди.

41 Йўқсилларни эса Эгамиз кулфатдан қутқарар,

Уларнинг оиласини қўй сурувидай кўпайтирар.

42 Солиҳлар буни кўриб, севинар,

Фосиқлар эса оғзини ёпиб, жим бўлар.

43 Донолар буларга эътибор берсин,

Эгамизнинг содиқ севгисини англасин.

1 Довуд саноси. Қўшиқ.

2 Эй Худо, юрагим Сенга содиқ,

Жоним борича Сени куйлаб, қўшиқ айтаман.

3 Уйғон, эй арфа, лира!

Тонгни ҳам мен уйғотаман!

4 Эй Эгам, халқлар орасида Сенга шукрона айтаман,

Эллар орасида Сенга ҳамду сано куйлайман.

5 Содиқ севгинг самолардан ҳам юксакдир,

Садоқатинг булутлардан ҳам баланддир.

6 Эй Худо, фалакдан ҳам юқорида юксалавер!

Шуҳратинг бутун замин узра ёйилсин.

7 Ўнг қўлинг ила ғалаба ато қилгин,

Илтижоимга жавоб бергин,

Суюкли бандаларинг нажот топсин.

8 Эй Худо, Ўз муқаддас маконингдан ваъда бергансан:

“Шодланиб Шакамни бўлиб ташлайман,

Сухот водийсини тақсимлаб бераман.

9 Гилад Меникидир, Манаше Меникидир,

Эфрайим дубулғамдир, Яҳудо салтанат ҳассамдир.

10 Мўаб Менинг қўлювгичимдир,

Эдом узра чориғимни отаман,

Филистлар узра зафар ила ҳайқираман.”

11 Эй Худо, қанийди мустаҳкам шаҳарга мени олиб борсалар,

Эдомга мени бошлаб борсалар.

12 Ахир, бизни Ўзинг рад этдинг–ку!

Энди лашкаримизга йўлбошчилик қилмаяпсан–ку!

13 Душмандан қутқариб, бизга ёрдам бер,

Инсоннинг ёрдами бутунлай беҳуда.

14 Эй Худо, Сен билан биз ғолиб бўламиз,

Душманларимизни Сен янчиб ташлайсан.

Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

1 Сени олқишлайман, эй Худо,

Сукут сақламагин.

2 Фосиқ, ёлғончилар менга қарши оғиз очган,

Ёлғончи тиллар билан менга қарши гапирар.

3 Нафратга тўла сўзларни устимга ёғдирарлар,

Сабабсиз менга ҳужум қиларлар.

4 Менга айб қўярлар дўстлигимга жавобан,

Ибодат қиламан ҳамон.

5 Яхшилик эвазига менга ёмонлик қайтарарлар,

Дўстлигим эвазига менга адоват қиларлар.

6 Фосиқни уларга қарши қўй,

Уларнинг ўнг томонида айбловчи турсин.

7 Синалганда, улар айбдор бўлсин,

Уларнинг ибодати гуноҳ деб ҳисоблансин.

8 Уларнинг умри қисқа бўлсин,

Ўрнини бошқаси олсин.

9 Етим бўлиб қолсин болалари,

Бева бўлиб қолсин хотинлари.

10 Болалари кулбасидан айрилиб, дарбадар бўлсин,

Нон излаб тиланчи бўлсин.

11 Мол–ҳолини судхўрлар эгалласин,

Меҳнати самарасини бегоналар тортиб олсин.

12 Бирон кимса уларга шафқат қилмасин,

Уларнинг етим болаларига ҳеч ким ачинмасин.

13 Уларнинг насл–насаби қирилиб кетсин,

Бир наслдан сўнг номлари йўқ бўлсин.

14 Эй Эгамиз! Оталари айбини эсга олгин,

Оналарининг гуноҳини ҳеч қачон унутмагин.

15 Эй Эгамиз, уларнинг гуноҳидан доим хабардор бўлгин,

Ўша инсонларнинг хотирасини ер юзидан ўчиргин.

16 Ахир, улар ҳеч қачон шафқат қилишни ўйламади.

Муҳтожларни, умидсизликка тушганларни,

Камбағалларни таъқиб қилди, ўлдирди.

17 Улар лаънатлашни яхши кўрарди,

Энди лаънатлари ўзларининг бошига келсин.

Дуо қилишни ёқтирмасди,

Энди дуо улардан узоқ бўлсин.

18 Лаънатни улар кийимдай киярди,

Уларнинг танасига лаънат сув каби кирарди,

Суякларига мой каби сингарди.

19 Ҳа, кийим кийгандай, улар лаънатга ўраниб олсин,

Лаънатни ҳар куни белга тақадиган камардай қилиб олсин.

20 Эй Эгам! Менга қарши ёмон гапирувчиларга,

Мени айбловчиларга Сендан ана шулар мукофот бўлсин.

21 Сен, эй Эгам Раббий,

Ўз номинг ҳақи менга мадад бер,

Эзгудир содиқ севгинг, мени қутқар.

22 Мен бир бечора, йўқсилман,

Ичимда юрагим яралангандир.

23 Оқшомги соядай йўқ бўлиб боряпман,

Чигирткадай мен улоқтирилганман.

24 Рўза тутганимдан тиззаларимда дармон йўқ,

Этим суягимга ёпишиб қолган.

25 Душманларим ҳақоратининг нишониман,

Мени кўрганларида масхаралаб, бошларини чайқашар.

26 Эй Эгам Худо, менга мадад бергин,

Содиқ севгинг ҳақи мени халос қилгин.

27 Буни Сенинг қўлинг қилганини душманларим билсин,

Эй Эгам, менга нажот берган Сен эканингни улар билсин.

28 Майли, улар мени лаънатласин,

Сен эса менга барака берасан.

Улар ҳужум қилганда, шарманда бўлишсин,

Мен — қулинг эса шод–хуррам бўлай.

29 Мени айбловчилар бадномликка буркансин,

Чопон кийгандай, шармандаликка ўрансин.

30 Эгамга чексиз шукроналар айтаман,

Халойиқ орасида Унга ҳамду сано ўқийман.

31 Эгамиз турар йўқсилларнинг ўнг томонида,

Уларни ўлимга маҳкум этганлардан қутқармоқ учун.

Довуд саноси.

1 Эгамиз айтмоқда Раббимга:

“Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча,

Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.”

2 Эй Раббим! Эгамиз Сенинг ҳукмронлигингни

Қуддусдан бошлаб кенгайтирар!

Душманларинг ўртасида Сен ҳукмронлик қил!

3 Сен жанг қиладиган кунда

Жангчиларинг ўз хоҳиши билан майдонга чиқади.

Эрта тонг ёш йигитларинг

Шабнам каби атрофингда тўпланади,

Улар муқаддас улуғворликка бурканган.

4 Эгамиз онт ичган, қарорини ўзгартирмас:

“Сен Маликсидиқ сингари,

То абад руҳонийсан.”

5 Эй Худо, Раббим ўнг томонингда ўтирар,

Ғазабланган кунда шоҳларни эзиб ташлар.

6 У халқларни ҳукм этиб, жасадларини уюм қилар,

Бутун ер юзидаги ҳукмдорларни эзиб ташлар.

7 Йўл бўйидаги ирмоқдан сув ичар,

Кучга тўлиб, ғолиб бўлиб турар.

1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Солиҳлар жамоасида бўлганимда,

Бутун қалбимдан Эгамга шукур айтаман.

2 Эгамизнинг ишлари буюкдир,

Улардан лаззат олувчилар улар ҳақда фикр юритадилар.

3 Эгамизнинг ишлари улуғвор, ҳайбатлидир,

Унинг адолати то абад давом этади.

4 Эгамиз унутилмас ажойиботларни яратди,

У раҳмдил ва шафқатлидир.

5 Ўзидан қўрққанларга ризқ–рўзини беради,

Ўз аҳдини доимо ёдида тутади.

6 Халқига қудратли ишларини кўрсатди,

Бошқа халқлар ерини уларга берди.

7 Ҳамма ишларида содиқ, адолатлидир,

Унинг ҳамма амрлари ишончлидир.

8 Уларнинг ҳаммаси то абад мустаҳкам туради,

Эгамиз уларни садоқат, тўғрилик ила ижро қилди.

9 У халқини қутқарди,

То абад аҳди билан уларни Ўзига боғлади.

Унинг номи муқаддас, қўрқинчлидир.

10 Эгамиздан қўрқиш доноликнинг бошидир,

Бундай йўл тутганларнинг ақли расодир,

Унинг ҳамду санолари то абад давом этади.

1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Бахтлидир Эгамиздан қўрқадиган одам,

Унинг амрларини бажариб завқ оладиган одам!

2 Бундай одамнинг авлоди юртда қудратли бўлади,

Тўғри одамнинг насли барака топади.

3 Унинг уйида мўлчилик, бойлик бўлади,

Унинг солиҳлиги то абад давом этади.

4 Ҳатто зулматда ҳам тўғри инсонга нур ёғилади,

Раҳмдил, меҳрибон, солиҳ одамга ёғду сочилади.

5 Яхши одам сахий, қарз беради,

Адолат билан иш юритади.

6 Солиҳ ҳеч қачон тебранмайди,

У то абад унутилмайди.

7 У ёмон хабардан қўрқмайди,

Бутун юракдан Эгамизга умид боғлайди.

8 Юраги барқарордир, қўрқув нималигини билмайди,

Охири душманларининг мағлубиятини ўз кўзи билан кўради.

9 Бойлигини муҳтожларга сахийлик ила тақсимлайди,

Унинг солиҳлиги то абад давом этади.

У қудратли, ҳурматли бўлади.

10 Фосиқлар буни кўриб, ғазабга минади,

Алам қилганидан тишларини ғичирлатади–ю,

Аммо кучдан қолади.

Ҳа, фосиқларнинг истаги пучга чиқади.

1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Ҳамду сано айтинг, эй Эгамизнинг қуллари,

Ҳамду санолар бўлсин Эгамизнинг номига!

2 Эгамиз номига ҳозир ҳам,

Абадулабад олқишлар бўлсин.

3 Шарқдан то ғарбга қадар

Эгамизнинг номига олқишлар бўлсин!

4 Эгамиз барча халқлар устидан юксалган,

Унинг шуҳрати самолардан ҳам буюкдир.

5 Эгамиз Худога ким ўхшайди?!

У юксакда тахт қурган.

6 У самога, ер юзига эгилиб қарайди.

7 Тупроққа қорилган бечораҳолларни У кўтаради,

Фақирларни ахлат уюмидан олиб, юксалтиради.

8 Уларга шаҳзодалар ёнидан жой беради,

Ўз халқининг шаҳзодалари билан бирга ўтқазади.

9 Бефарзанд аёлни ўз уйида У шарафлайди,

Унга фарзанд ато этиб, бахтиёр қилади.

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

1-2 Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетганда,

Яҳудо юрти Худонинг муқаддас маскани бўлди.

Ҳа, Ёқуб насли бегона юртдан кетганда,

Исроил юрти Худонинг шоҳлиги бўлди.

3 Денгиз Худони кўрди–ю, қочди,

Иордан дарёси орқага қайтди.

4 Тоғлар қўчқорлар каби сакради,

Тепаликлар қўзилар каби ирғиди.

5 Не бўлди, эй денгиз, қочиб кетдинг?

Не бўлди, эй Иордан, орқага қайтдинг?

6 Эй тоғлар, нечун сакрадингиз такалар каби?

Эй тепаликлар, нечун ирғидингиз қўзилар каби?

7 Титрагин, эй замин, Раббий олдида,

Ёқубнинг Худоси ҳузурида.

8 У қояни сув ҳовузига айлантирган,

Қаттиқ қоядан булоқ чиқарган.

9 Эй Эгам! Содиқ севгинг, садоқатинг ҳақи

Сенга шарафлар бўлсин!

Бизга эмас, Сенга шарафлар бўлсин!

10 Нима учун бегона халқлар:

“Қани уларнинг Худоси”, дея айтарлар?

11 Бизнинг Худойимиз самолардадир,

У истаганини қилаверади.

12 Халқларнинг худолари эса кумуш, олтиндан,

Инсон қўлларининг маҳсулидир.

13 Бутларнинг оғизлари бор, сўзлай олмаслар,

Кўзлари бор, кўра олмаслар.

14 Уларнинг қулоқлари бор, эшита олмаслар,

Бурунлари бор, ҳидлай олмаслар.

15 Уларнинг қўллари бор, сеза олмаслар,

Оёқлари бор, юра олмаслар,

Бўғизларидан овоз чиқара олмаслар.

16 Бутларни барпо қилганлар, бутларга ишонганлар

Худди уларга ўхшаган бўлиб қолар.

17 Эй Исроил халқи! Ишонинг Эгамизга,

У мадад берар, қалқон бўлар сизга!

18 Эй Ҳорун хонадони! Ишонинг Эгамизга,

У мадад берар, қалқон бўлар сизга!

19 Эй Эгамиздан қўрққанлар! Ишонинг Эгамизга,

У мадад берар, қалқон бўлар сизга!

20 Эгамиз бизни ёдда тутиб, барака беради,

Исроил халқига У барака беради,

Ҳорун хонадонига У барака беради.

21 Эгамиз Ўзидан қўрққанларга барака беради,

Каттаю кичикка бир хилда барака беради.

22 Эгамиз сизларни,

Болаларингизни кўпайтирсин.

23 Еру осмонни яратган Эгамиз

Сизларга барака берсин.

24 Самолар Эгамизнинг самоларидир,

Ерни эса У инсонларга бергандир.

25 Ўлим сукунатига ботган марҳумлар

Эгамизга ҳамду сано айтмаслар.

26 Биз эса Эгамизга ҳозир ҳам, абадулабад

Олқишлар айтамиз.

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

1 Эгамни севаман, У мени эшитади,

Менинг илтижоларимни У тинглайди.

2 Қулоқ бериб мени тинглагани учун

Умрим бўйи Эгамга илтижо қиламан.

3 Мени ўлим тўрлари ўраб олди,

Ўликлар диёрининг азоблари бошимга тушди,

Мени босди дарду ғам, аламлар.

4 Шунда Эгамга илтижо қилдим:

“Эй Эгам, ёлвораман, мени қутқаргин!”

5 Эгамиз меҳрибон, одилдир,

Худойимиз раҳмдилдир.

6 Эгамиз содда инсонларни ҳимоя қилади,

Хавф–хатарда қолганимда, У мени қутқаради.

7 Эй жоним, яна хотиржам бўлгин,

Эгам менга эзгулик қилган.

8 Эгам жонимни ўлимдан қутқариб қолди,

Кўзларимни ёш тўкишдан,

Оёғимни қоқилишдан қутқарди.

9 Тириклар диёрида эканман

Эгамнинг йўлидан юравераман.

1 Жуда кўп азоб чексам ҳам,

Худога бўлган ишончим йўқолмади.

2 Ўйламасдан: “Ҳамма одамлар ёлғончидир”, дедим.

3 Эгам менга қилган яхшиликларини

Унга қандай қилиб қайтарай?

4 Нажот топганимни нишонлайман,

Эгамга сажда қиламан.

5 Эгамиз халқининг кўзи олдида

Унга берган онтимни адо этаман.

6 Тақводорларнинг ўлими

Эгамизнинг назарида жуда аччиқдир.

7 Эй Эгам, мен Сенинг қулингман,

Чўрингнинг ўғлиман,

Ўзинг кишанлардан мени озод қилгансан.

8 Шукрона қурбонлигини Сенга назр қиламан,

Сенга сажда қиламан.

9-10 Қуддусда, Сенинг уйинг ҳовлиларида,

Жамики халқингнинг кўзи олдида

Эй Эгам, Сенга берган онтимни адо этаман.

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

1 Эй барча халқлар, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Эй жамики элатлар, Уни олқишланглар!

2 Зеро, Унинг бизга бўлган севгиси улуғдир,

Эгамизнинг садоқати то абад давом этар.

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

1 Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

2 Исроил халқи шундай десин:

“Унинг содиқ севгиси абадийдир.”

3 Ҳорун авлоди шундай айтсин:

“Унинг содиқ севгиси абадийдир.”

4 Эгамиздан қўрққанлар шундай айтсин:

“Унинг содиқ севгиси абадийдир.”

5 Кулфатда қолганимда Эгамга илтижо қилдим,

Жавоб бериб, У мени озод қилди.

6 Эгам мен билан бирга, шу боис қўрқмайман.

Инсонлар менга нима қила олади?!

7 Эгам мен билан бирга, У менга мадад беради,

Кўзларим душманларим мағлубиятини кўради.

8 Инсондан умид қилгандан кўра,

Эгамиздан паноҳ излаш яхшидир.

9 Шаҳзодалардан умид қилгандан кўра,

Эгамиздан паноҳ излаш яхшидир.

10 Душман халқлар ўраб олган атрофимни,

Эгамнинг қудрати билан уларни улоқтирдим.

11 Ҳар тарафдан ўраб, менга ҳужум қилганди,

Эгамнинг қудрати билан уларни улоқтирдим.

12 Атрофимни арилардай ўраб олдилар,

Тикан алангасидай лов этдилар–да, ўчдилар,

Эгамнинг қудрати билан уларни улоқтирдим.

13 Мени қаттиқ туртганларида, йиқилаёздим,

Эгам менга мадад берди.

14 Эгам менинг куч–қудратимдир,

У менинг қутқарувчимдир.

15 Солиҳларнинг чодирларида

Шодлик, зафар қўшиқлари жаранглайди:

“Эгамизнинг ўнг қўли мағлуб қилади.

16 Эгамизнинг ўнг қўли баланд кўтарилади,

Ҳа, Эгамизнинг ўнг қўли мағлуб қилади.”

17 Мен ўлмайман. Ҳа, мен яшайман,

Эгамнинг ишларини нақл қиламан.

18 Эгам мени қаттиқ жазолади,

Лекин ўлишимга йўл қўймади.

19 Адолат дарвозаларини менга очинглар,

Токи мен дарвозадан кириб,

Эгамга шукроналар айтайин.

20 Бу Эгамизнинг дарвозасидир,

Солиҳлар шу дарвозадан кирсин.

21 Эй Эгам, ибодатимга жавоб берганинг учун,

Менинг нажоткорим бўлганинг учун

Сенга шукрона айтаман.

22 Бинокорлар рад этган тош

Бинонинг тамал тоши бўлди.

23 Бу Эгамизнинг қилган ишидир,

Кўз олдимиздаги ажойиботдир.

24 Эгамиз яратган кундир бу,

Бу кунда шод бўлиб, севинайлик.

25 Нажот бер бизга, ёлворамиз, эй Эгам!

Муваффақият бер, ўтинамиз, эй Эгам!

26 Эгамиз номидан келадиган зот барака топсин,

Эгамиз уйидан туриб, сени дуо қиламиз.

27 Эгамиз Худодир, У бизга нур берган.

Байрам нишонлашни бошланг!

Пальма шохларини олиб, қурбонгоҳ олдига боринг.

28 Сен Худойимсан, Сенга шукур айтаман,

Сен Худойимсан, Сени улуғлайман.

29 Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

1 Бахтлидир йўллари пок бўлганлар,

Эй Эгам, Сенинг қонунинг бўйича юрадиганлар.

2 Бахтлидир Сенинг шартларингга риоя қиладиганлар,

Бутун қалби билан Сенга интиладиганлар.

3 Улар асло ноҳақ иш қилмайдилар,

Сенинг йўлларингдан юрадилар.

4 Ўзинг бизга амр бериб,

Буйруқларимга диққат ила итоат этинг, дегансан.

5 Қанийди фармонларингни адо этишда барқарор бўлсам!

6 Мен шарманда бўлиб қолмай, дея

Ҳамма амрларингга диққат қиламан.

7 Сенинг одил қоидаларингни ўрганганимда,

Тоза қалб ила ҳамду сано айтаман Сенга.

8 Сенинг қонунларингни бажараман,

Мени ҳеч қачон тарк этмагин.

9 Йигит қандай қилиб йўлларини пок сақлайди?

Каломинг бўйича яшаб, шунга эришади.

10 Бутун қалбим билан Сенга интиламан,

Амрларингдан оғишимга йўл қўймагин.

11 Сўзларингни юрагимда асрайман,

Токи Сенга қарши гуноҳ қилмайин.

12 Эй Эгам, Сенга олқишлар бўлсин,

Фармонларингни ўргатгин менга.

13 Оғзингдан чиққан барча қоидаларни

Ўз оғзим билан эълон қиламан.

14 Шартларингга эргашиб, лаззат топаман,

Гўё катта бойлик топиб хурсанд бўламан.

15 Буйруқларинг ҳақида чуқур фикр юритаман,

Сенинг йўлларингга диққат қиламан.

16 Фармонларингдан лаззат оламан,

Каломингни мен унутмасман.

17 Мен, Ўз қулингга яхшилик қилгин,

Токи яшаб, каломингга итоат этайин.

18 Кўзларимни оч, токи кўрайин

Қонунингдаги ажойиботларни.

19 Ер юзида мусофирдай яшайман,

Амрларингни мендан яширма.

20 Жоним куймоқда ҳасрат билан,

Қоидаларингни ўрганишни доим истайман.

21 Лаънатланган такаббурларга,

Амрларингдан оғиб кетганларга Сен танбеҳ берасан.

22 Ҳақорат, хўрликни мендан узоқлаштир,

Ахир, шартларингни доим бажарганман.

23 Ҳатто шаҳзодалар тўпланиб, менга бўҳтон қилсалар ҳам

Мен фармонларинг ҳақида чуқур фикр юритаман.

24 Сенинг шартларинг менга лаззат бағишлайди,

Шартларинг мен учун маслаҳатчидирлар.

25 Жоним чиқай деб турибди,

Ваъдангга кўра, ҳаётимни сақлагин.

26 Ҳаётим ҳақида Сенга айтиб бердим,

Сен жавоб бердинг.

Энди фармонларингни менга ўргатгин.

27 Менга буйруқларингни тушунтир,

Токи мўъжизаларинг ҳақида чуқур фикр юритай.

28 Жоним адо бўлди ғам–ғуссадан,

Қувват бергин менга ваъдангга биноан.

29 Сохта йўллардан мени сақлагин,

Илтифот ила қонунингни менга ўргатгин.

30 Мен садоқат йўлини танлаганман,

Қоидаларингни юрагимга жо қилганман.

31 Эй Эгам, шартларингни маҳкам ушлаганман,

Энди шарманда бўлишимга йўл қўймагин.

32 Жоним билан амрларингни бажараман,

Зотан, менга кўп заковат ато қиласан.

33 Эй Эгам, менга фармонларингни ўргат,

Токи мен уларни охиригача бажарайин.

34 Заковат бер менга, токи қонунингга риоя қилай,

Чин қалбимдан қонунингни бажарай.

35 Амрларинг сўқмоғидан мени етаклагин,

Мен ундан лаззат топаман.

36 Юрагимни ноҳақ фойда томон эмас,

Ўз шартларинг томон бургин.

37 Кўзларимни бефойда нарсалардан қайтаргин,

Ваъдангга биноан ҳаётимни сақлагин.

38 Мен, Ўз қулингга берган ваъдангда тургин,

Бу ваъданг Сендан қўрқадиганлар учундир.

39 Шармандаликдан қўрқаман, мендан узоқ қил,

Зотан, қоидаларинг эзгудир.

40 Буйруқларингга нақадар талпинаман,

Адолатинг билан ҳаётимни сақлагин.

41 Содиқ севгингни, эй Эгам, менга кўрсат,

Ваъдангга кўра, менга нажот бер.

42 Шунда мени ҳақорат қилганларга жавоб бераман,

Сенинг каломингга умид қиламан.

43 Оғзимдан ҳақиқат каломини тамом тортиб олма,

Сенинг қоидаларингга умид боғлаганман.

44 Қонунингга доимо риоя қиламан,

Абадулабад уни бажараман.

45 Мен озод бўлиб юравераман,

Буйруқларингни излаб топганман.

46 Шоҳлар олдида шартларингдан сўйлайман,

Шарманда бўлмасман.

47 Амрларингдан лаззат топаман,

Мен амрларингни севаман.

48 Амрларингга иззату севги кўрсатаман,

Фармонларинг ҳақида чуқур фикр юритаман.

49 Эсла мен, қулингга берган ваъдангни,

Сен ваъда бериб, умидвор қилгансан мени.

50 Кулфатда қолганимда шу менга тасалли беради,

Сенинг ваъданг менинг ҳаётимни сақлайди.

51 Такаббур мени тамом масхара қилади,

Шунда ҳам қонунингдан юз ўгирмасман.

52 Азалий қоидаларингни, эй Эгам, эслайман,

Бу қоидаларингдан мен тасалли топаман.

53 Фосиқ қонунингдан юз ўгирган,

Шу боис мен қаттиқ ғазабланаман.

54 Қаерда бошпана қилган бўлмайин,

Фармонларингни қўшиқ қилиб куйлайман.

55 Эй Эгам, тунда ҳам Сени эслайман,

Сенинг қонунларингга риоя этаман.

56 Бу менга одат бўлган эди,

Буйруқларингга риоя қилдим.

57 Эй Эгам, Сен менинг хавфсизлигим манбаисан,

Каломингга итоат этаман, деб ваъда бераман.

58 Жамолингни изладим чин қалбимдан,

Меҳрибон бўл менга ваъдангга биноан.

59 Йўлларимга диққат қилдим,

Шартларинг бўйича қадам босаман.

60 Мен шошиламан, кечикмасман

Амрларингга итоат этмоқ учун.

61 Фосиқлар мени арқонлар билан боғлайди,

Шунда ҳам Сенинг қонунингни унутмайман.

62 Ярим тунда уйғониб, одил қоидаларинг учун

Сенга ҳамду сано айтаман.

63 Сендан қўрққанларга мен дўстман,

Буйруқларингга риоя қилганларга шерикман.

64 Эй Эгам, содиқ севгингдан замин тўлгандир,

Фармонларингни менга ўргат.

65 Эй Эгам, Ўзинг берган ваъдангга мувофиқ

Мен, Ўз қулингга яхшилик қилдинг.

66 Менга донолик, зукколик бергин,

Сенинг амрларингга ишондим.

67 Жазо олмасимдан олдин адашар эдим,

Энди Сенинг сўзингга итоат этаман.

68 Нақадар яхшисан, эзгулик қиласан,

Фармонларингни менга ўргатгин.

69 Такаббур ёлғон сўйлаб, мени қорага чаплар,

Мен эса чин қалбдан буйруқларингга итоат этаман.

70 Уларнинг қалбини ёғ боғлаган,

Мен эса қонунингдан лаззат оламан.

71 Тортган жазоим менга сабоқ бўлди,

Шу орқали фармонларингни ўргандим.

72 Минглаб олтину кумушдан кўра,

Яхшидир мен учун оғзингдан чиққан қонун.

73 Қўлларинг мени яратган, барпо қилган,

Амрларингни ўрганишга менга идрок бергин.

74 Сендан қўрққанлар мени кўриб, севинсинлар,

Зотан, Сенинг каломингга умид қилганман.

75 Эй Эгам, ҳукмларинг адолатлилигини биламан,

Менга жазо берганингда, Сен ҳақ эдинг.

76 Мен, Ўз қулингга берган ваъдангга кўра,

Содиқ севгинг менга тасалли бўлсин.

77 Менга шафқат қилгин, токи яшайин,

Ахир, Сенинг қонунинг мен учун лаззат.

78 Ёлғон гапириб, менга зарар қилгани учун

Такаббурлар шарманда бўлсин.

Мен эса буйруқларинг ҳақида фикр юритаман.

79 Мен томон келсин Сендан қўрққанлар,

Сенинг шартларингни биладиганлар.

80 Фармонларингни битта қолмай бажарай,

Токи мен шарманда бўлиб қолмай.

81 Нажотингни кутиб, жоним адо бўлмоқда,

Сенинг каломингдан умид қилмоқдаман.

82 Ваъдаларингни кутиб, кўзимнинг нури сўнади,

“Қачон менга тасалли берасан?” дея сўрайман.

83 Тутунда қорайиб, бужмайган мешдай бўлсам ҳам,

Сенинг фармонларингни мен унутмаганман.

84 Қачонгача мен, қулинг, кутишим керак?

Мени таъқиб қилувчиларни қачон ҳукм қиласан?

85 Такаббурлар менга чуқур қазирлар,

Сенинг қонунингга улар қарши чиқарлар.

86 Ҳамма амрларинг умидбахшдир.

Мени сабабсиз таъқиб этарлар, ёрдам бер!

87 Улар мени ер юзидан йўқ қилай, деди,

Аммо буйруқларингни мен тарк этмадим.

88 Содиқ севгинг ҳақи сақла ҳаётимни,

Токи оғзингдан чиққан шартларга риоя қилай.

89 Каломинг, эй Эгам, то абаддир,

У самоларда мустаҳкам туради.

90 Сенинг садоқатинг насллар оша давом этади,

Ерни барқарор қилгансан, у то абад тураверади.

91 Қоидаларинг туфайли

Еру осмон бугун ҳам мустаҳкамдир,

Бутун олам қўлинг остидадир.

92 Агар қонунинг мен учун лаззат бўлмасайди,

Тортган ғаму кулфатларимдан тамом бўлардим.

93 Мен буйруқларингни ҳеч қачон унутмайман,

Булар орқали Сен ҳаётимни сақлагансан.

94 Мен Сеникидирман, мени қутқаргин,

Зотан, мен буйруқларингни бажаришга интилганман.

95 Фосиқлар мени ўлдиришга пайт пойлайди,

Мен эса шартларинг ҳақида чуқур фикр юритаман.

96 Жамики комилликнинг чекланганини кўрдим,

Сенинг амрларинг эса чегарасиздир.

97 О, нақадар севаман қонунингни!

Кун бўйи хаёлимда тутаман уни.

98 Амрларинг мени ғанимларимдан кўпроқ доно қилди,

Амрларинг доимо мен билан бирга.

99 Барча устозларимдан ҳам зийракроқ бўлдим,

Сенинг шартларинг устида фикр юритаман.

100 Ёши улуғлардан ҳам донороқ бўлдим,

Чунки Сенинг буйруқларингга итоат этаман.

101 Ҳар қандай ёмон йўлдан қадамимни тийдим,

Токи Сенинг каломингга итоат этай дедим.

102 Қоидаларингдан мен қайтмадим,

Менга Ўзинг таълим бергансан.

103 Сўзларинг мен учун нақадар мазалидир,

Асалдан ҳам ширин туюлар оғзимга.

104 Буйруқларинг туфайли мен доно бўламан,

Ҳар қандай ёлғон йўлдан нафратланаман.

105 Сенинг каломинг қадамларим учун чироқдир,

Йўлимга нур сочадиган ёруғликдир.

106 Адолатли қоидаларингни бажараман, деб

Онт ичдим ва бу онтимга вафо қиламан.

107 Эй Эгам, мен кўп жафо чекдим,

Ваъдангга кўра, ҳаётимни сақла.

108 Эй Эгам, мақтов назрларимни қабул этгин,

Менга қоидаларингни ўргатгин.

109 Ҳаётим ҳар он хавфда бўлса ҳам,

Сенинг қонунингни мен унутмайман.

110 Фосиқлар менга тузоқ қўйдилар,

Шунда ҳам буйруқларингдан оғиб кетмадим.

111 Сенинг шартларинг то абад менинг мулкимдир,

Шартларинг қалбимнинг қувончидир.

112 Фармонларингни то абад ижро этмоққа

Юрагимни мойил қилдим.

113 Иккиюзламачилардан мен нафратланаман,

Сенинг қонунингни севаман.

114 Сен менинг паноҳимсан, қалқонимсан,

Сенинг каломингга умид боғлайман.

115 “Эй бадкирдорлар, йўқолинг кўз олдимдан,

Мен Худойимнинг амрларини бажарай”, деб айтаман.

116 Ваъдангга кўра, менга таянч бўл, токи яшайин,

Умидим пучга чиқмасин, шарманда бўлмайин.

117 Суянчиқ бўл менга, токи нажот топайин,

Фармонларингга доим диққат билан боқайин.

118 Фармонларингдан тойганларни рад этдинг,

Уларнинг ҳийлаю найранглари беҳудадир.

119 Ер юзидаги жамики фосиқларни

Ахлатдай улоқтириб ташлайсан,

Шу боис мен шартларингни севаман.

120 Сендан қўрққанимдан вужудим титрайди,

Ҳукмларингдан мени ваҳима босади.

121 Адолатли, тўғри ишлар қилганман,

Мени золимлар қўлида қолдирма.

122 Мен, қулингнинг бахтига кафолат бергин,

Такаббурлар мени эзишларига йўл қўймагин.

123 Нажотингни кутавериб, кўзим тўрт бўлди,

Ваъда қилган нажотинг армонида кўзим нури тўкилди.

124 Мен, Ўз қулингга содиқ севгингни кўрсатгин,

Фармонларингни менга ўргатгин.

125 Сенинг қулингман, менга идрок бергин,

Токи мен шартларингни билиб олайин.

126 Эй Эгам, вақти келди, Ўз ишингни қил,

Сенинг қонунинг бузилди.

127 Чиндан ҳам Сенинг амрларингни

Олтиндан, энг соф олтиндан ҳам кўпроқ севаман.

128 Сенинг буйруқларингга кўра, қадам босаман,

Ҳар қандай ёлғон йўлдан нафратланаман.

129 Сенинг шартларинг ажойибдир,

Шу боис уларга итоат этаман.

130 Каломингнинг таълимоти зиё сочади,

Соддаларга ақл–идрок беради.

131 Оғзим очилиб, оғир нафас оламан,

Чунки Сенинг амрларингга жуда интиламан.

132 Мен томон юз бур, менга шафқат қилгин,

Ахир, Сени севганларга доим шафқат кўрсатасан.

133 Сўзингга кўра, қадамимни Ўзинг бошқаргин,

Ҳеч қачон устимдан гуноҳ ҳукмрон бўлмасин.

134 Инсон зулмидан мени қутқаргин,

Токи Сенинг буйруқларингга итоат этайин.

135 Жамолинг менга нурларини сочсин,

Фармонларингни менга ўргатгин.

136 Кўзларимдан ёшлар дарё бўлиб қуйилар,

Ахир, одамлар қонунингга риоя қилмаяпти.

137 Сен одилсан, эй Эгам,

Ҳукмларинг адолатлидир.

138 Адолат ила шартларингни буюргансан,

Тамомила ишончлидир шартларинг.

139 Ғазабим мени адо қилмоқда,

Душманларим каломингни рад этмоқда.

140 Ваъдаларинг нақадар софдир!

Мен ваъдаларингни нақадар севаман!

141 Мен кераксизман, хўрланганман,

Буйруқларингни унутмайман.

142 Сенинг адолатинг мангудир,

Сенинг қонунинг ҳақиқатдир.

143 Бошимга кулфату азоб келди,

Амрларинг менга завқ берар.

144 Шартларинг то абад адолатлидир,

Идрок бергин менга, токи яшайин.

145 Эй Эгам, чин кўнгилдан ёлвораман, жавоб бер,

Фармонларингга риоя қиламан.

146 Сенга фарёд қиламан, мени қутқаргин,

Токи шартларингга мен риоя қилай.

147 Кун чиқмасдан Сендан мадад сўраб фарёд қиламан,

Сенинг каломингга мен умид боғлайман.

148 Сенинг ваъдангни чуқур англай деб,

Кўзларимга тун бўйи уйқу келмайди.

149 Содиқ севгингга кўра, овозимни эшитгин,

Эй Эгам, адолатинг билан ҳаётимни сақлагин.

150 Қабиҳ режа тузадиганлар яқин келмоқда,

Улар қонунингдан узоқда юради.

151 Сен эса, эй Эгам, ёнимдасан,

Ҳамма амрларинг ҳақиқатдир.

152 Қонунингни Сен мангу барқарор қилгансан,

Ёшлигимдан буни мен биламан.

153 Азобларимга қарагин, мени қутқаргин,

Ахир, мен Сенинг қонунингни унутмадим.

154 Менинг даъвоимни исбот қил, мени қутқар,

Ваъдангга кўра, ҳаётимни сақла.

155 Фосиқдан нажот узоқдадир,

Сенинг фармонларингни улар изламаслар.

156 Эй Эгам, шафқатинг буюкдир,

Адолатинг билан ҳаётимни сақла.

157 Мени таъқиб қилувчи душманларим кўп,

Мен шартларингдан юз ўгирмайман.

158 Маккорларга нафрат ила қарайман,

Улар Сенинг амрларингга риоя қилмайди.

159 Қарагин, нақадар севаман буйруқларингни,

Содиқ севгингга кўра, сақлагин ҳаётимни.

160 Каломинг моҳияти ҳақиқатдир,

Адолатли қоидаларинг то абад давом этади.

161 Ҳукмдорлар мени сабабсиз таъқиб қилар,

Юрагим каломингдан қўрқиб титраб турар.

162 Худди улкан хазина топган одамдай,

Сенинг сўзингдан шод бўламан.

163 Ёлғондан нафратланиб, жирканаман,

Сенинг қонунингни эса севаман.

164 Сенинг адолатли қоидаларинг туфайли

Етти марта кунига Сени мадҳ қиламан.

165 Қонунингни севганлар буюк тинчликка эга бўлар,

Ҳеч нарса уларга тўсиқ бўла олмайди.

166 Эй Эгам, мен нажотингга умид қиламан,

Мен Сенинг амрларингни бажараман.

167 Шартларингга итоат этаман,

Мен уларни ғоятда севаман.

168 Буйруқ, шартларингга риоя қиламан,

Ҳамма йўлларим Сенга маълумдир.

169 Эй Эгам, оҳу нолам етсин Сенга,

Каломингга кўра, менга идрок бергин.

170 Илтижоим етиб борсин Сенга,

Берган ваъдангга кўра, мени қутқаргин.

171 Лабларимдан ҳамду сано тўлиб–тошсин,

Менга ўргатасан фармонларингни.

172 Тилим куйлайди Сенинг ваъдангни,

Зотан, адолатлидир барча амрларинг.

173 Менга ёрдамга тайёр тургин,

Зотан, танлаганман мен буйруқларингни.

174 Эй Эгам, нажотингга талпинаман,

Сенинг қонунингдан лаззат топаман.

175 Умр бер менга, ҳамду сано айтайин Сенга,

Қоидаларинг ёрдам берсин менга.

176 Адашган қўйдай йўлдан озганман,

Излаб топ мени, Ўз қулингни.

Зотан, мен амрларингни унутмаганман.

Зиёрат қўшиғи.

1-2 Қайғу–аламдан Эгамга фарёд қилдим:

“Эй Эгам, ёлғончи лаблардан,

Маккор тилдан жонимни асрагин!”

У фарёдимга жавоб берди.

3 Эй маккор тил, Эгамиз бошингга не кунни солар экан?

Сенга қандай жазо берар экан?

4 У жангчининг ўткир ўқлари билан сени жазолайди,

Ёнаётган юлғун бутасининг чўғлари билан сенга жазо беради.

5 Ҳолимга вой, Мешехда мусофирман,

Кедар чодирлари орасида яшайман.

6 Тинчликдан нафрат этувчи халқ орасида

Яшашдан чарчадим.

7 Мен тинчлик тарафдориман,

Аммо гапирай деб, оғиз очсам,

Улар урушни истайдилар.

1 Тоғларга тикаман кўзларимни,

Қаердан келар менга мадад?

2 Еру осмонни яратган

Эгамдан келар менга мадад.

3 Қоқилишингга У йўл қўймас,

У посбонингдир, асло мудрамас.

4 Ҳа, Исроилнинг посбонидир У,

Мудрамайди, ухламайди У.

5 Эгамиздир сенинг посбонинг,

Эгамиздир ёнингдаги соянг сенинг.

6 Кундузи офтоб сени урмас,

Кечаси ой сенга зарар етказмас.

7 Эгамиз сени ҳар қандай хатардан асрайди,

Жонингни Эгамиз омон сақлайди.

8 Ҳозир ва то абад қаерга борсанг ҳам,

Эгамиз доим сенга посбонлик қилади.

Довуднинг зиёрат қўшиғи.

1 “Эгамизнинг уйига борайлик”, деб

Менга айтганларида шод бўлдим.

2 Мана турибмиз, эй Қуддус,

Дарвозаларинг ичкарисида.

3 Қуддус яхши қурилган шаҳардир,

Деворлари бир–бирига туташтириб солингандир.

4 Исроил халқига берилган қонунга кўра,

Қабилалар у ерга чиқиб борарлар!

Ҳа, Эгамизнинг қабилалари

Унга шукур айтмоқ учун чиқиб борарлар!

5 У ерда ҳукм тахтлари ўрнашган,

Ҳа, Довуд хонадонининг тахтлари

У ерда жойлашган.

6 Дуо қилинг Қуддуснинг тинчлиги учун:

“Уни севганлар ҳузур–ҳаловат топсин.

7 Деворлари ичида тинчлик бўлсин,

Қалъалари бехатар бўлсин.”

8 Қариндошларим, дўстларим ҳақи–ҳурмати,

Қуддусга тинчлик бўлсин, дея айтаман.

9 Эгамиз Худонинг уйи ҳақи–ҳурмати

Қуддуснинг иқболини излайман.

Зиёрат қўшиғи.

1 Эй самоларда тахт қурган Худо!

Кўзларимни Сенга тикаман.

2 Эй Эгамиз Худо!

Бизга шафқатингни кўрсатгин дея,

Биз Сендан умид қиламиз.

Хўжайини қўлига қараган

Қулларнинг кўзлари каби,

Бекасининг қўлига қараган

Чўри қизнинг кўзлари каби,

Кўзларимиз Сенга қадалган.

3 Шафқат қил, эй Эгам, шафқат қил бизга,

Кўрган хўрликларимиз етиб ортар.

4 Беғамларнинг масхаралаши жонимиздан тўйдирди,

Киборларнинг ҳақоратидан пичоқ бориб суякка етди.

Довуднинг зиёрат қўшиғи.

1 Энди Исроил шундай десин:

“Эгамиз биз томонда бўлмаса эди,

2 Ҳа, Эгамиз биз томонда бўлмаса эди,

Ғанимларимиз бизга ҳужум қилганда,

3 Улар бизга ғазабини сочганда,

Бизни тириклайин ютган бўларди.

4 Тўфон бизни гирдобига тортган бўларди,

Сел бизни босиб олган бўларди.

5 Пишқирган сувлар устимиздан босган бўларди.”

6 Эгамизга олқишлар бўлсин,

Йиртқич тишларга бизни ўлжа қилиб қўймади.

7 Биз овчининг тузоғидан қутулган

Қушларга ўхшаймиз.

Тузоқ синиб, биз қутулдик.

8 Еру осмонни яратган Эгамиздан

Бизга мадад келади.

Зиёрат қўшиғи.

1 Эгамизга умид боғлаганлар Сион тоғига ўхшар,

Ҳеч қачон тебранмас, то абад мустаҳкам турар.

2 Тоғлар Қуддусни ўрагандай,

Ҳозирдан бошлаб, то абад

Эгамиз Ўз халқини ўраб олгандир.

3 Фосиқ шоҳнинг салтанат ҳассаси

Солиҳларнинг юртида узоқ қолмайди.

Бўлмаса солиҳлар қўлларини ёмон ишларга узатади.

4 Эй Эгам, юраги тўғри бўлганларга,

Яхшиларга яхшилик қилгин.

5 Эй Эгам, эгри йўлларга бурилганларни

Бадкирдорлар билан бирга ҳайдаб юборгин.

Исроил узра тинчлик бўлсин!

Зиёрат қўшиғи.

1 Эгамиз Қуддусни яна фаровонликка эриштирганда,

Туш кўраётган одамларга ўхшар эдик.

2 Оғзимиз кулги билан,

Тилларимиз шодлик қўшиғи билан тўла эди.

Шунда халқлар айтдилар:

“Улар учун Эгамиз буюк ишлар қилди.”

3 Ҳа, Эгамиз биз учун буюк ишлар қилганди,

Биз қувончга тўлгандик.

4 Нагав чўлидаги сойликларни қайта сувга тўлдиргандай,

Эй Эгам, фаровонлигимизни қайта тиклагин.

5 Кўз ёш билан уруғ экканлар

Шодлик қўшиқлари ила ҳосил ўради.

6 Йиғлаб, уруғ халтасини олиб борувчилар

Шодлик қўшиқлари билан қайтиб келади,

Дон боғламларини олиб қайтади.

Сулаймоннинг зиёрат қўшиғи.

1 Агар уйни Эгамиз қурмаса,

Қурувчиларнинг иши бекор бўлади.

Агар Эгамиз шаҳарни қўриқламаса,

Қоровул беҳуда пойлоқчилик қилади.

2 Эрта туриб, кеч ётганингиз ҳам,

Овқат топай деб, тортган машаққатингиз ҳам бекордир.

Эгамиз Ўз севганларининг эҳтиёжини

Уйқуларида ҳам қондиради.

3 Ўғиллар Эгамиздан меросдир,

Фарзандлар Ундан мукофотдир.

4 Ёшлигингизда туғилган ўғилларингиз

Жангчининг қўлидаги ўқлардайдир.

5 Ўқдони тўла шундай инсон бахтлидир!

Шаҳар дарвозаси олдида

Душмани билан даъволашганда,

У шарманда бўлиб қолмайди.

Зиёрат қўшиғи.

1 Эй Эгамиздан қўрққанлар, ҳаммангиз бахтлисиз,

Эй Унинг йўлидан юрадиганлар, сизлар бахтлисиз.

2 Меҳнатингиз самарасини ейсиз,

Бахтли бўлиб, ҳузур–ҳаловатга етасиз.

3 Хотинингиз ҳовлингиздаги серҳосил

Узум токига ўхшаган бўлади.

Дастурхонингиз атрофидаги болаларингиз

Ёш зайтун кўчатига ўхшаган бўлади.

4 Эй Эгамиздан қўрқадиганлар,

Шу тариқа барака топасиз.

5 Эгамиз Қуддусдан туриб сизга барака берсин,

Умрингиз бўйи Сионнинг гуллаб–яшнашини кўринг.

6 Яшайверинг сиз, невара–чевара кўринг,

Исроил узра тинчлик бўлсин!

Зиёрат қўшиғи.

1 Исроил шундай деб айтсин:

“Улар ёшлигимдан менга кўп зулм ўтказиб келди.

2 Ҳа, ёшлигимдан менга зулм ўтказиб келган,

Аммо мени енга олмаганлар.

3 Мени савалаб, елкаларимда чуқур излар қолдирдилар,

Яраларим даладаги узун жўякларга ўхшар.

4 Эгамиз адолатпарвардир,

Фосиқларнинг арқонини қирқиб, мени озод қилди.”

5 Қуддусдан нафратланганларнинг ҳаммаси

Шарманда бўлиб, ортига қайтсин.

6 Том устидаги ўтларга ўхшасин улар,

Ўсмасдан олдин қуриб қолсинлар.

7 Бундай ўтга ўроқчиларнинг ҳовучи тўлмайди,

Боғловчиларнинг қучоғи тўлмайди.

8 Ўтган–кетганлар уларга:

“Эгамиз сизларга барака берсин,

Эгамиз номи билан сизларни дуо қиламиз!” деб айтмасин.

Зиёрат қўшиғи.

1 Эй Эгам, тубсиз сувлардан Сенга нола қиламан.

2 Эй Раббий, менинг овозимни эшитгин!

Илтижоларимга диққат ила қулоқ солгин!

3 Эй Эгам, гуноҳларни ҳисобга олсанг агар,

Эй Раббий, ким ҳам бардош бера олар?!

4 Аммо Сен кечиримлисан,

Шу боис Сендан қўрқамиз.

5 Эгамга умид боғлайман,

Ҳа, жоним Унга талпинади.

Унинг каломига умид боғлайман.

6 Тонгни кутган посбондан ҳам кўпроқ,

Ҳа, тонгни кутган посбондан ҳам кўпроқ

Менинг жоним Раббийга талпинади.

7 Эй Исроил! Умид қилгин Эгамиздан!

Эгамиз содиқ севгисини кўрсатади.

Қутқаришга У доим тайёр!

8 Исроилни барча гуноҳларидан

Қутқарадиган Унинг Ўзидир.

Довуднинг зиёрат қўшиғи.

1 Эй Эгам, юрагимда мағрурлик йўқ,

Кўзларим асло киборларча боқмайди.

Менга ғоят ҳайратли бўлган, буюк ишлар билан

Мен ўзимни банд қилмайман.

2 Бола онаси бағрида тинчлангандай,

Мен ҳам енгил тортиб, тинчланганман.

Ҳа, жоним тинчланган.

3 Эй Исроил! Ҳозир ҳам, абадулабад Эгамиздан умид қилгин!

Зиёрат қўшиғи.

1 Эй Эгам, эслагин Довудни,

У тортган барча азоб–уқубатларни!

2 Эй Эгам, у Сенга қасам ичганди.

Эй Ёқубнинг қудратли Худоси,

У Сенга ваъда берганди:

3 “Мен асло уйимга кирмайман,

Ёки ўрнимга ётмайман.

4 Кўзларимга уйқу бермайман,

Қовоқларим юмилишига йўл қўймайман.

5 Эгамиз учун бир жой топмагунимча,

Ёқубнинг қудратли Худоси учун

Бир маскан бўлмагунча асло дам олмайман.”

6 Аҳд сандиғи Эфратда, деб эшитгандик,

Биз уни Йўр далаларида топиб олдик.

7 “Эгамизнинг масканига борайлик,

Унинг пойига сажда қилайлик”, дедик.

8 Қани, кел, эй Эгам, оромгоҳингга

Қудратинг рамзи бўлган Сандиқ билан бирга.

9 Руҳонийларинг солиҳликни кийсинлар,

Тақводорларинг шодликдан куйласинлар!

10 Ўз қулинг Довуднинг ҳақи–ҳурмати,

Танлаган шоҳингни рад қилмагин.

11 Эй Эгам, Сен Довудга онт ичган эдинг,

Сен шу онтингдан асло қайтмай дейсан:

“Ўзингдан бино бўлган ўғилларингдан

Бирини сенинг тахтингга ўтқазаман.

12 Агар ўғилларинг Менинг аҳдимга риоя қилса,

Уларга ўргатган амрларимга итоат этса,

Уларнинг ўғиллари ҳам

Шоҳ бўлиб, то абад сенинг тахтингда ўтиради.”

13 Эй Эгам, Сен Қуддусни танлагансан,

У ерни Ўзингга маскан қилишни истагансан.

14 Сен шундай дединг:

“Мен то абад яшайдиган жой шу жойдир,

Бу ерда истиқомат қилишни истаганман.

15 Унинг озуқаларига мўл қилиб барака бераман,

У ердаги фақирларни тўйдираман.

16 Руҳонийларни нажотга буркайман,

Тақводорлари шодликдан куйлайдилар!

17 Довуднинг наслини бу ерда кўкартираман,

Ўзим танлаган шоҳнинг чироғини ўчирмайман.

18 Унинг ғанимларини шармандаликка ўрайман,

Шоҳнинг бошидаги тожи эса порлаб тураверади.”

Довуднинг зиёрат қўшиғи.

1 Нақадар яхшидир, ёқимлидир

Биродарлар бирга аҳил яшасалар.

2 Аҳиллик Ҳоруннинг бошига суртилган,

Соқолигача оқиб тушган қимматбаҳо мойдайдир,

Кийимлари ёқасидан оқиб тушган мой кабидир.

3 Сион тоғларига келадиган барака

Хермон тоғидаги мўл шабнамга ўхшайди.

Сиондан Эгамиз Ўз баракасини ва абадий ҳаётни беради.

Зиёрат қўшиғи.

1 Эй сизлар — Эгамизнинг қуллари,

Эгамизнинг уйида кечаси хизмат қиладиганлар,

Эгамизни олқишланг!

2 Муқаддас маскан томон

Қўлларингизни кўтариб,

Эгамизни олқишланг!

3 Еру осмонни яратган Эгамиз

Қуддусдан туриб, сизга барака берсин.

1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Эгамизнинг номига мадҳиялар бўлсин!

Ҳамду сано айтинг, эй Эгамизнинг қуллари,

2 Эй Эгамизнинг уйида хизмат қиладиганлар,

Эй Эгамиз уйининг ҳовлисида хизмат қиладиганлар!

3 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин,

У яхшидир!

Тараннум этинг Уни, бу ёқимлидир.

4 Эгамиз Ўзи учун Ёқуб наслини танлади.

Ҳа, Ўзимнинг хазинам деб, Исроил халқини танлади.

5 Ҳа, биламан, Эгамиз улуғдир,

Раббимиз барча худолардан юксакдир.

6 Осмонда ҳам, заминда ҳам,

Денгизларда, жамики тубсиз сувларда

Эгамиз истаганини қилади.

7 У ернинг тўрт томонидан булутларни олиб келади,

Ёмғир билан бирга чақмоқ юборади,

Омборларидан шамол олиб келади.

8 Эгамиз Мисрнинг тўнғичларини,

Инсон ҳамда ҳайвонларнинг биринчи туғилганларини нобуд қилди.

9 Фиръавн ва унинг ҳамма аъёнларига қарши

Мисрнинг орасига Эгамиз аломату мўъжизаларни юборди.

10 У кўп эллар, халқларни қирган,

Қудратли шоҳларни бўғизлаган.

11 Амор халқининг шоҳи Сихўнни, Башан шоҳи Ўгни

Ҳамда Канъоннинг барча шоҳларини қирган.

12 Уларнинг ерини Исроил халқига мулк қилиб берди.

13 Эгамизнинг номи то абад давом этар,

Эгамизнинг шуҳрати насллар оша давом этар.

14 Эгамиз Ўз халқига адолат қилади,

Ўз қулларига раҳм–шафқат қилади.

15 Халқларнинг худолари эса кумуш, олтиндан,

Инсон қўлларининг маҳсулидир.

16 Бутларнинг оғизлари бор, сўзлай олмаслар,

Кўзлари бор, кўра олмаслар.

17 Қулоқлари бор уларнинг, эшита олмас,

Улар асло нафас ололмас.

18 Бутларни барпо қилганлар, бутларга ишонганлар

Худди уларга ўхшаган бўлиб қолар.

19 Эй Исроил халқи, олқишлар айтинг Эгамизга!

Эй Ҳорун хонадони, мадҳиялар айтинг Эгамизга!

20 Эй Леви хонадони, олқишлар айтинг Эгамизга!

Эй Эгамиздан қўрққанлар, мадҳиялар айтинг Унга!

21 Қуддусда истиқомат қиладиган Эгамизга

Сионда олқишлар айтинг!

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

1 Шукрона айтинг Эгамизга, У яхшидир!

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

2 Шукрона айтинг худоларнинг Худосига,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

3 Шукрона айтинг эгаларнинг Эгасига,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

4 Шукрона айтинг Худога,

Фақатгина У буюк ажойиботлар кўрсатади.

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

5 Шукрона айтинг донолик билан самоларни яратганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

6 Шукрона айтинг сувлар узра ерни барпо қилганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

7 Шукрона айтинг улкан ёритқичларни яратганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

8 Кундузи нур сочиб турсин дея,

Қуёшни яратганга шукрона айтинг.

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

9 Тун узра нур сочиб турсин дея,

Юлдузлару ойни яратганга шукрона айтинг.

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

10 Шукрона айтинг Мисрнинг тўнғичларини урганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

11 Шукрона айтинг Мисрдан Исроилни олиб чиққанга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

12 Шукрона айтинг йўғон билакларию

Кучли қўли ила Исроилни олиб чиққанга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

13 Шукрона айтинг Қизил денгизни иккига бўлганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

14 Шукрона айтинг Исроилни денгиз ўртасидан ўтказганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

15 Шукрона айтинг фиръавн ва унинг лашкарларини

Қизил денгизга улоқтирганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

16 Шукрона айтинг Ўз халқини саҳро бўйлаб олиб ўтганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

17 Шукрона айтинг буюк шоҳларни ҳалок қилганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

18 Шукрона айтинг қудратли шоҳларни қирганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

19 Шукрона айтинг Амор халқининг шоҳи Сихўнни ўлдирганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

20 Шукрона айтинг Башан шоҳи Ўгни ўлдирганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

21 Шукрона айтинг уларнинг ерини

Ўз халқига мулк қилиб берганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

22 Шукрона айтинг у ерларни

Ўз қули Исроилга мулк қилиб берганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

23 Шукрона айтинг хор бўлганимизда бизни эслаганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

24 Шукрона айтинг бизни душманларимиздан қутқарганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

25 Шукрона айтинг барча жонзотларни озиқлантирадиганга,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

26 Шукрона айтинг Самовий Худога,

Унинг содиқ севгиси абадийдир.

1 Бобилдаги дарёлар бўйида ўтирардик,

Йиғлаб, у ерларда Қуддусни эслардик.

2 Лираларимизни ўша ердаги толларга

Осиб қўйгандик.

3 Бизни у ерда асирга олганлар:

“Қўшиқ айтиб беринглар”, дердилар,

Бизга зулм қилганлар кўнгилларини чоғ қилгани:

“Бизга Қуддус қўшиқларидан куйланглар”, дердилар.

4 Қандай қилиб бегона юртда

Биз Эгамизга қўшиқ куйлай олардик?!

5 Эй Қуддус, агар сени унутсам,

Ўнг қўлим қуриб қолсин.

6 Агар мен сени эсламасам,

Қуддусни энг катта шодлигим деб билмасам,

Тилим танглайимга ёпишиб қолсин.

7 Эй Эгам, Қуддус қулаган кунда

Эдомликлар нима қилганини ёдда тутгин.

Ахир, улар: “Қулатинг, йиқитинг уни!

Пойдеворигача қулатиб ташланг!” деб бақирган.

8 Эй Бобил шаҳри! Қирғинга маҳкум бўлгансан.

Бизга не қилган бўлсанг, ўшани

Бошингга соладиганлар бахтлидир.

9 Сенинг гўдакларингни ушлаб, қояга уриб,

Тилка–пора қиладиганлар бахтлидир.

Довуд саноси.

1 Эй Эгам, чин дилдан Сенга шукрона айтаман,

Фаришталар олдида Сенинг мадҳингни куйлайман.

2 Муқаддас Маъбадинг олдида сажда қиламан,

Содиқ севгинг, садоқатинг учун Ўзингга шукрона айтаман,

Номингни ҳам, сўзингни ҳам ҳар нарсадан юқори қўйгансан.

3 Чақирганимда, менга жавоб бергансан,

Қудратинг билан мени жасур қилгансан.

4 Эй Эгам, замин шоҳлари Сенга шукур айтади,

Оғзингдан чиққан сўзларни улар эшитганлар.

5 Эй Эгам, ишларингни улар куйласинлар!

Зеро, Сенинг шуҳратинг буюкдир!

6 Гарчи Сен юксак бўлсанг–да, хор бўлганларга боқасан,

Киборларни Сен узоқдан ҳам биласан.

7 Кулфатда юрсам ҳам, душманларим ғазабидан сақлайсан,

Ўнг қўлингни узатиб, мени қутқарасан.

8 Эй Эгам, мен учун қасос оласан.

Содиқ севгинг то абад давом этар,

Ўзинг яратганларни тарк этмагин.

Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

1 Эй Эгам, мени Ўзинг синаб кўриб, билгансан,

2 Қачон ўтириб, қачон туришимни Ўзинг биласан,

Ўй–хаёлларимни узоқдан туриб англаб оласан,

3 Юришимни, ётишимни Сен текширасан,

Барча йўлларим Сенга ойдай равшандир.

4 Бирон сўз тилимга келмасдан олдин,

Эй Эгам, Сен ҳаммасини биласан.

5 Мени ҳамма томондан ўраб олгансан,

Қўлларингни устимга қўйгансан.

6 Донолигинг мен учун жуда ажойибдир,

Шу қадар юксакки, мен англай олмасман.

7 Сенинг Руҳингдан қочиб, қаерга ҳам бора оламан?!

Сенинг ҳузурингдан қаерга ҳам кета оламан?!

8 Агар осмонга чиқсам, Сен ўша ердасан!

Ўликлар диёрига тушсам ҳам, Сен ўша ердасан!

9 Саҳарнинг қанотларини олиб парвоз қилсам,

Денгизнинг энг узоқ четларига ўрнашсам,

10 Ҳатто у ерда ҳам қўлларинг мени етаклар,

Ўнг қўлинг мени қувватлар.

11 Агарда: “Шубҳасиз, мени зулмат қамраб олади,

Атрофимда кундуз тунга айланади”, деб айтсам,

12 Ҳатто зулмат ҳам Сен учун қоронғи эмас,

Тун кундуз каби нур сочар,

Туну кундуз Сен учун бирдир.

13 Ички аъзоларимни Сен яратгансан,

Онамнинг қорнида менга шакл бергансан.

14 Сенга шукрона айтаман.

Ахир, қандай ажойиб қилиб яратилганман!

Сенинг барча ишларинг нақадар ажойиб,

Буни мен жуда яхши биламан.

15 Мен пинҳон яратилганимда,

Ернинг тубида маҳорат ила тўқилганимда,

Суякларим Сендан яширин эмас эди.

16 Кўзларинг кўрганди ҳомила эканимни.

Менга ажратилган кунлар келмасдан,

Ҳаммаси китобингга ёзилганди.

17 Сенинг ниятларинг, эй Худо, менга қадрлидир,

Ниятларингнинг сон–саноғи нақадар кўпдир.

18 Қумдан ҳам кўп бўларди агар уларни санаганимда,

Уйғонганимда қарасам, ҳамон мен билан экансан бирга.

19 Эй Худо, кошки фосиқни ўлдирсанг эди,

Қонхўр мендан узоқлашса эди,

20 Сен ҳақингда улар фитна қиладилар,

Душманларинг Сенинг номинг билан ёлғон қасам ичадилар.

21 Эй Эгам! Сендан нафратланганлардан мен нафратланмайманми?!

Сенга қарши исён қилганлардан мен жирканмайманми?!

22 Улардан бутунлай нафратланаман,

Уларни ўзимнинг душманим деб биламан.

23 Текшириб кўр мени, эй Худо, юрагимни бил,

Синаб кўр мени, ташвишларимни бил.

24 Билгин–чи, менинг бирон қабиҳлигим бормикан?

Мени абадий йўлдан етаклаб боргин.

1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

2 Ёмонлардан мени қутқар, эй Эгам,

Зўравонлардан ҳимоя қил мени.

3 Улар юракларида қабиҳликни қасд қилади,

Доимо уруш–жанжалларни қўзғайди.

4 Улар тилларини илондай ўткир қилади,

Тилларидан илон заҳри томади.

5 Эй Эгам, мени қабиҳларнинг қўлидан қутқар,

Йиқитмоқчи бўлган зўравонлардан мени ҳимоя қил.

6 Такаббурлар мен учун тузоқ қўйганлар,

Улар тўрларининг ипларини ёйганлар,

Йўлим бўйлаб менга қопқон қўйганлар.

7 Эй Эгам, Сенга айтаман: “Сен Менинг Худойимсан.”

Қулоқ сол, эй Эгам, Сенга илтижо қиламан.

8 Эй Эгам Раббий, қудратли нажоткорим!

Жанг кунида бошимни омон сақладинг.

9 Эй Эгам, фосиқнинг истагини бажо қилмагин,

Уларнинг қабиҳ режаларига омад бермагин,

Улар мағрурланиб кетмасин.

10 Атрофимни ўраб олганларнинг таҳдидлари,

Ўзларининг бошига келсин.

11 Ёнаётган кўмир чўғи ўзларига ёғилсин,

Улар оловга, ифлос чуқурларга улоқтирилсин–у,

Асло қайтиб чиқмасин.

12 Туҳматчиларга юртда асло жой бўлмасин, кўкармасин,

Фалокат золимнинг изидан тушиб, уни йўқ қилсин.

13 Биламан, эй Эгам, мазлумни ҳимоя қиласан,

Бечораҳолни адолат ила қўллаб–қувватлайсан.

14 Солиҳлар албатта Сенга шукрона айтади,

Тўғри инсонлар ҳузурингда истиқомат қилади.

Довуд саноси.

1 Сенга ёлвораман, эй Эгам, ёнимга тез келгин,

Сенга ёлворганимда овозимга қулоқ солгин.

2 Ибодатимни тутатқи назридай қабул қилгин,

Қўлларимни кўтарганимни кечки қурбонлик деб билгин.

3 Эй Эгам, оғзимга посбон қўйгин,

Лабларим эшигини қўриқлагин.

4 Юрагимни қабиҳликка бурмагин,

Ёмон ишларга қўшилишимга йўл қўймагин,

Бадкирдорларнинг жамоасида

Зиёфатларини ейишимга йўл қўймагин.

5 Майли, солиҳ одам мени ураверсин,

Содиқ одам мени тўғриласин,

Бошим шундай аъло мойни рад қилмасин.

Менинг ибодатим муттасил

Бадкирдорларнинг қабиҳ ишларига қаршидир.

6 Уларнинг ҳакамлари қоядан улоқтирилади,

Шунда фосиқлар сўзларим ҳақ эканлигини билиб олишади.

7 Бадкирдорлар айтар: “Шудгор қилиниб, парчаланган ердай,

Суякларимиз қабр оғзида майдаланиб, сочилиб ётибди.”

8 Кўзларим Сендадир, эй Эгам Раббий,

Сендан паноҳ излайман,

Мени ташлаб қўймагин.

9 Бадкирдорларнинг қопқонларидан,

Улар қўйган тузоқдан мени сақлагин.

10 Мен соғ–омон ўтиб кетайин,

Фосиқлар қўйган тўрларига ўзлари тушсин.

Довуд ғорда бўлгандан кейин айтган қасидаси. Ибодат.

1 Эй Эгам, Сенга қаттиқ фарёд қиламан,

Эй Эгам, Сенга қаттиқ ёлвораман.

2 Дардларимни Сенга тўкиб соламан,

Қайғуларимни Сенинг олдингда айтаман.

3 Руҳим сўлғин бўлганда,

Йўлларимни Сен биласан.

Мен юрадиган сўқмоқларда

Ғанимларим менга тузоқ қўйишган.

4 Ўнг томонимга қараб кўр:

Менга эътибор берадиган бирон кимса йўқ.

Ҳеч қаерга қочиб кета олмайман,

Мен учун ҳеч ким қайғурмас.

5 Сенга ёлвориб айтаман, эй Эгам:

“Сен менинг паноҳимсан,

Бу дунёдаги хавфсизлигим Сенсан.”

6 Фарёдимга қулоқ солгин,

Ахир, оёқ ости бўлиб кетдим–ку.

Мени таъқиб қилувчилардан қутқар,

Улар мендан ғоят кучлидирлар.

7 Мени тутқунликдан чиқариб олгин,

Токи Сенга шукрона айтай.

Менга эзгулик қилганинг учун

Солиҳлар атрофимни ўраб олади.

Довуд саноси.

1 Эшитгин, эй Эгам, ибодатларимни,

Сен содиқсан, илтижоимга қулоқ сол,

Сен одилсан, жавоб бер.

2 Мен, Ўз қулингни ҳукм қилмагин,

Ахир, Сенинг назарингда ҳеч ким солиҳ эмас.

3 Душманлар мени таъқиб қилган,

Менинг танамни тупроққа қорган,

Азалда оламдан ўтганлар каби,

Мени зулматда яшашга мажбур қилар.

4 Шу боис руҳим сўлган,

Юрагим қўрқувдан увушиб қолган.

5 Мен олдинги кунларни эслайман,

Сенинг ҳамма ишларинг ҳақида ўйлайман,

Қўлларинг ижодини хаёлимга келтираман.

6 Қўлларимни Сенга ибодат учун очаман,

Қақраган ер каби жоним Сенга ташна.

7 Эй Эгам, менга тез жавоб бер,

Руҳим тушкунликда,

Мендан юз ўгирмагин,

Токи қабрга кирганлардай бўлиб қолмайин.

8 Саҳарда содиқ севгингни менга билдиргин,

Умидимни Сенга боғлайман.

Юрадиган йўлимни Ўзинг кўрсатгин,

Юрагимни Сенга очаман.

9 Эй Эгам, мени ғанимларимдан қутқар,

Паноҳ истаб Сенга қочиб борганман.

10 Сенинг хоҳишингни бажармоққа мени ўргат,

Сен Худойимсан, Сенинг эзгу Руҳинг

Мени текис сўқмоқдан етаклаб борсин.

11 Эй Эгам, Ўз номинг ҳақи мени сақлагин,

Адолатинг билан мени кулфатдан қутқаргин.

12 Содиқ севгинг ҳақи қиргин ғанимларимни,

Йўқ қилиб ташлагин ҳамма душманларимни,

Ахир, мен Сенинг қулингман–ку.

Довуд саноси.

1 Эгамга, суянган қоямга олқишлар бўлсин,

У қўлларимни урушга, бармоқларимни жангга ўргатган.

2 Эгам доим менга содиқдир,

У менинг қалъам, қўрғоним, халоскоримдир.

Ҳа, Эгам менинг қалқоним,

Унда мен паноҳ топаман,

Халқларни У менга бўйсундиради.

3 Эй Эгам, инсон зоти кимдирки, унга эътибор берсанг?!

Бандалар кимдирки, улар ҳақда ўйласанг?!

4 Инсон умри оғиздан чиққан нафасга ўхшар,

Одамзоднинг ҳаёти ўткинчи сояга ўхшар.

5 Эй Эгам, кўкларни ёриб, пастга тушгин,

Тоғларга теккин, улардан тутун чиқсин.

6 Чақмоқ чақтир, ёвларни тирқиратгин,

Ўқларингни от, уларни саросимага солгин.

7 Юқоридан узат қўлингни, мени қутқаргин,

Азим сувлардан мени чиқариб олгин,

Бегоналар қўлидан мени қутқаргин.

8 Уларнинг сўзлари беҳуда,

Қўлини кўтариб, улар ёлғон қасам ичади.

9 Эй Худо, Сенга янги қўшиқ куйлайман,

Ўн торли арфа чалиб Сени тараннум этаман.

10 Шоҳларга Сен зафар ато этасан,

Қулинг Довудни шафқатсиз қиличдан қутқарасан.

11 Келгиндиларнинг қўлидан

Мени халос қил, қутқаргин.

Уларнинг сўзлари беҳуда,

Қўлини кўтариб, улар ёлғон қасам ичади.

12 Ўғилларимиз ёшлигида яхши ўсган кўчатга ўхшасин,

Қизларимиз саройнинг ўймакор устунларига ўхшасин.

13 Омборларимиз ноз–неъматларга тўлиб–тошсин,

Қўйларимиз минглаб, ўн минглаб яйловларда кўпайсин.

14 Ҳўкизимиз оғир юкларни тортсин,

Деворларимиз дарз кетмасин,

Одамларимиз сургун бўлмасин,

Кўчаларимизда оҳ–воҳ, ғаму кулфат бўлмасин.

15 Нақадар бахтлидир бундай инсонлар!

Бахтлидир Худони Эгамиз деб билган халқ!

Довуднинг ҳамду саноси.

1 Эй Худойим, Шоҳим! Сени улуғлайман!

То абад Сенинг номингни олқишлайман!

2 Ҳар куни Сени олқишлайман,

Сенга то абад ҳамду сано айтаман.

3 Эгамиз буюкдир, мадҳ этилсин янада,

Ақл етмас Унинг буюклигига.

4 Эй Эгам, бир насл бошқасига мақтар ишларингни,

Улар эълон қилар қудратли ишларингни.

5 Улар шонли дабдабангни, улуғворлигингни сўйлайдилар,

Мен эса ажойиб мўъжизаларинг ҳақида ўйлайман.

6 Одамлар қўрқинчли ишларинг қудрати ҳақида айтадилар,

Мен эса буюклигингни эълон қилгайман.

7 Инсонлар чексиз эзгулигингни хотирлаб, гапираверадилар.

Адолатингни улар севинч ила куйлайдилар.

8 Эгамиз иноятли, раҳмдилдир,

Жаҳли тез чиқмайди, содиқ севгиси мўлдир.

9 Эгамиз ҳар кимсага ҳиммат қилар,

Яратганларининг ҳар бирига шафқат айлар.

10 Эй Эгам, жамики яратганларинг Сенга шукур айтар,

Жамики тақводорларинг Сенга олқишлар куйлар.

11 Салтанатинг шуҳратини улар ҳикоя қилар,

Сенинг қудратинг ҳақида улар сўйлаб юрар.

12 Ҳаммани қудратли ишларингдан,

Салтанатинг шуҳратию дабдабасидан хабардор қилар.

13 Сенинг салтанатинг абадий шоҳликдир,

Ҳукмронлигинг насллар оша давом этар.

14 Йиқилаётганларга Эгамиз таянч бўлади,

Икки букилганларнинг қаддини ростлайди.

15 Эй Эгам, ҳамманинг кўзи умид билан Сенга тикилар,

Ўз пайтида уларнинг ризқини берасан.

16 Сен қўлингни очиб,

Жамики жонзотнинг истагини қондирасан.

17 Эгамиз ҳамма йўлларида адолат қилар,

Ҳамма ишларида севгисини кўрсатар.

18 Эгамиз Ўзига ёлворганларнинг ёнидадир,

Чин дилдан илтижо қилганларнинг ёнидадир.

19 Ундан қўрққанларнинг тилагини Эгамиз қондирар,

Уларнинг ноласини эшитиб, уларга нажот берар.

20 Эгамиз Ўзини севувчиларни асрайди,

Ҳамма фосиқларни қириб ташлайди.

21 Эгамизнинг ҳамду саноси доимо тилимда бўлади,

Жамики жонзот Унинг муқаддас номини то абад олқишлайди.

1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Эгамни мадҳ қил, эй жоним!

2 Тирик эканман, Эгамга ҳамду сано айтаман,

Умрим борича Худойимга ҳамду сано куйлайман.

3 Умид боғламанг шаҳзодаларга,

Нажот беролмайдиган инсон зотига.

4 Улар жон бергач, тупроққа қайтар,

Ўша ондаёқ уларнинг режаси йўққа чиқар.

5 Ёқубнинг Худосини мададкорим, деб айтганлар бахтлидир,

Ўзларининг Эгаси Худодан умид қилганлар бахтлидир.

6 Ҳа, Ёқубнинг Худоси

Осмонни, ерни ҳамда денгизни яратган.

Денгизу ундаги ҳамма жонзотни У яратган,

У то абад содиқ бўлиб қолади,

7 Мазлумларга адолат қилади,

Очларга У нон беради.

Асирларни озод қилувчи Эгамиздир.

8 Эгамиз кўрнинг кўзларини очади,

Икки букилганларнинг қаддини ростлайди,

Эгамиз солиҳларни севади.

9 Эгамиз мусофирларни асрайди,

Етим ва беваларни қўллайди,

Фосиқнинг йўлларига халақит беради.

10 Эгамиз то абад ҳукмдордир,

Эй Қуддус, сенинг Худойинг насллар оша ҳукмдордир!

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Нақадар яхшидир Худойимизни тараннум этмоқ!

Нақадар лаззатли, муносиб Унга ҳамду сано айтмоқ!

2 Эгамиз Қуддусни қайтадан қуради,

Сургундагиларни Исроилга йиғади.

3 Эзилган кўнгилларга У шифо беради,

Уларнинг яраларига малҳам қўяди.

4 Юлдузларнинг сонини У аниқлаб чиқади,

Уларнинг ҳаммасига ном беради.

5 Раббимиз буюкдир, қудрати азимдир,

Унинг донолиги чексиздир.

6 Эгамиз мазлумларни юксалтиради,

Фосиқларни эса ерга уриб эзади.

7 Эгамизга шукрона айтиб тараннум қилинг,

Худойимизга атаб лирада куй чалинг.

8 У самоларни булутлар ила қоплайди,

У ерни ёмғир билан таъминлайди,

Қир–адирларда ўт–ўлан ўстиради.

9 У ҳайвонларнинг ризқ–рўзини беради,

Қарға болалари қағиллаганда уларга озиқ беради.

10 У отларнинг кучидан завқ олмайди,

Сипоҳнинг кучли оёқларидан хушланмайди.

11 Эгамиз Ўзидан қўрққанлардан хушланади,

Унинг содиқ севгисига умид қилганлардан мамнун бўлади.

1 Эгангни олқишлагин, эй Қуддус!

Худойингга ҳамду сано айт, эй Сион!

2 Дарвозаларинг тамбаларини У мустаҳкам қилади,

Ичингдаги болаларингга У барака беради.

3 Шоҳлигингга У тинчлик ато қилади,

Буғдойнинг энг яхшиси билан тўйдиради.

4 Худо амрларини ер юзига юборади,

Унинг айтган сўзлари тез ёйилади.

5 У қорни оппоқ кўрпадай ёяди,

Қировни кул каби сочади.

6 Дўлни ушоқ каби ёғдиради,

Унинг совуғи олдида ким бардош бера олади?!

7 Каломини юбориб, Эгамиз музларни эритади,

Шамолини эсдириб, сувлар оқизади.

8 Ёқуб наслига сўзини аён қилади,

Қонун–қоидаларини Исроилга билдиради.

9 Бошқа халқларга Эгамиз шундай қилмади,

Ўша халқлар Унинг қонунларини билмайди.

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин самолардан,

Унга ҳамду санолар бўлсин фалаклардан!

2 Эй Унинг фаришталари,

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Эй Унинг самовий лашкарлари,

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

3 Унга ҳамду санолар бўлсин, эй қуёш, эй ой,

Ҳамду санолар бўлсин Унга, нурли юлдузлар!

4 Ҳамду санолар бўлсин Унга, эй фалаклар тоқи,

Эй самолар узра жойлашган сувлар!

5 Эгамизга ҳамду сано айтсин улар,

Эгамизнинг амри билан яратилган улар.

6 Эгамиз бир фармон билан уларни то абад жойига ўрнаштирди,

Бу фармон бекор қилинмайди.

7 Ер юзидан Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Эй жамики тубсиз сувлар, денгиз махлуқлари,

8 Эй чақмоқ, қор, дўл, булутлар,

Унинг амрига бўйсунувчи бўронлар

Эгамизга ҳамду санолар айтинг!

9 Мадҳиялар айтинг Унга, эй тоғлар, жамики қирлар,

Мевали дарахтлар, жамики садр дарахтлари!

10 Ҳамду сано айтинг Унга,

Эй ёввойи ҳайвонлар, жамики чорва,

Судралиб юрувчилару учар қушлар!

11 Мадҳиялар айтинг Унга,

Эй заминдаги шоҳлар, жамики халқлар,

Шаҳзодалар, заминдаги ҳамма ҳукмдорлар!

12 Унга ҳамду сано айтинг йигитлар, қизлар,

Ёшу қари — ҳаммангиз бирга.

13 Ҳаммаси Эгамизга ҳамду сано айтсин,

Ёлғиз Унинг номи юксакдир,

Шуҳрати замину осмондан баланддир.

14 Эгамиз Ўз халқини қудратли қилди.

Шу боис тақводорлари Уни улуғламоқда,

Қадрдони Исроил халқи Уни мадҳ этмоқда.

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Эгамизга янги бир қўшиқ айтинг,

Тақводорлар жамоасига ҳамду сано айтинг.

2 Исроил ўз Яратувчиси туфайли қувонсин,

Қуддус халқи ўз Шоҳидан шод бўлсин.

3 Эгамизга улар рақс ила ҳамду сано айтсин,

Доира, лира Унга атаб куй чалсин.

4 Эгамиз Ўз халқидан хушнуддир,

Мазлумларга нажотни тож қилиб кийдиради.

5 Эришган шарафи туфайли тақводорлар шод бўлсин,

Тўшакларида ётганларида шодланиб қўшиқ айтсин.

6 Худога ҳамду сано тилларидан тушмасин,

Қўлларида дудама қиличлар бўлсин,

7 Токи ёт халқлардан қасос олсин,

Элатларга жазосини берсин,

8 Уларнинг шоҳларини занжирбанд қилсин,

Аслзодаларига темир кишанлар солсин.

9 Улар устидан Худонинг ҳукмини ижро этсин,

Тақводорлари учун шараф шудир.

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Худога ҳамду санолар бўлсин муқаддас масканида,

Унга ҳамду санолар бўлсин

Самода — мустаҳкам қалъасида.

2 Қудратли ишлари учун Унга ҳамду санолар бўлсин,

Тенгсиз буюклиги учун мадҳиялар бўлсин.

3 Унга ҳамду сано айтинг бурғу чалиб,

Унга ҳамду сано айтинг арфа, лира чалиб.

4 Доира чалиб, рақс ила Унга ҳамду сано айтинг,

Торли асбоб, най чалиб, Унга мадҳиялар айтинг.

5 Жарангдор зиллар чалиб, Унга ҳамду сано айтинг,

Оҳангдор зилларни қаттиқ чалиб, Унга мадҳиялар айтинг.

6 Эгамизга ҳамду сано айтинг,

Эй жамики тирик жонзотлар!

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!