Ҳикматлар

Ҳикматлар

Сулаймоннинг ҳикматлари

(1:1-9:18)

Ҳикматларнинг қадри

1 Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймоннинг ҳикматлари.

2 Бу ҳикматлар донолик ва насиҳатни ўргатади,

ҳикматли сўзларни тушунтиради,

3 ақлли кўрсатмаларни,

тўғрилик, адолат ва одилликни ато қилади,

4 соддаларга идрок,

ёшларга билим, фаҳму фаросат беради.

5 Донолар тинглаб билимини кўпайтирсин,

идроклилар йўл–йўриқ олсин.

6 Бу ҳикматлар — маталларни, жумбоқларни,

дононинг сўзларини ва топишмоқларини тушуниш учундир.

7 Эгамиздан қўрқиш илму маърифатнинг бошидир.

Донолик ва насиҳатдан нафратланган эса нодондир.

Ёшларга насиҳат

8 Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол,

онанг ўгитларини рад этма,

9 чунки улар бошингга гўзал гулчамбар,

бўйнингга маржондайдир.

10 Ўғлим, агар гуноҳкорлар сени йўлдан урмоқчи бўлса,

бўйин берма.

11 Агар улар: “Кел, бизга қўшил, пистирма қўйиб қон тўкайлик,

айбсизнинг йўлини важсиз тўсайлик,

12 дўзахга ўхшаб уни тириклайин ўз қаъримизга тортайлик,

чуқур каби бутунлайин ютиб юборайлик,

13 ҳар хил бойликларни тортиб олиб,

уйимизни ўлжа билан тўлдирайлик,

14 ҳамма нарса ўртада бўлсин,

ҳамёнимиз битта бўлсин”, деб айтсалар,

15 ўғлим, уларга ҳамроҳ бўлма,

йўлига бир қадам ҳам босма.

16 Чунки улар қон тўкишга тайёрдирлар,

оёқлари ёвузликка шошилади.

17 Қушни тўр билан тутиб бўлмайди,

тўрни кўрган қуш пир этиб учиб кетади.

18 Ёвузлар эса ўз қисматини кўра олмайдилар,

бошқаларнинг жонини пойлайман деб,

ўз жонига зомин бўлганини билмайдилар.

19 Очкўзлик билан тортиб оладиганларнинг аҳволи шу!

Улар ўз ҳаётига зомин бўлади.

Донолик ўзига чорлайди

20 Донолик кўчада чақиради.

Майдонда баланд овоз билан ҳайқиради.

21 Гавжум кўчанинг бошида,

шаҳар дарвозаларида жар солади.

22 “Эй нодонлар, қачонгача нодон бўлиб юраверасиз?!

Сиз–чи, мазах қилувчилар, қачонгача мазах қилишдан завқланасиз?!

Ақлсизлар, қачонгача илм–маърифатдан нафратланасиз?!

23 Панд–насиҳатларимга қулоқ солинглар.

Мана, сизларга руҳимни бераман.

Сўзларимни очаман.

24 Лекин сизларни чақирганимда рад этдингиз,

қўлларимни узатганимда, эътибор бермадингиз.

25 Маслаҳат, панд–насиҳатларимнинг

ҳеч бирини қабул қилмадингиз.

26 Шунинг учун бошингизга фалокат келганда, мен ҳам куламан.

Ваҳимага тушганингизда, мазах қиламан.

27 Ваҳима бўрондай, фалокат эса тўфондай келганда,

кулфату машаққатлар бошга тушганда,

28 улар мени чақирадилар, лекин жавоб бермайман.

Улар мени қидирадилар, излайдилар, лекин тополмайдилар.

29 Чунки улар илм–маърифатдан нафратландилар,

Эгамиздан қўрқишни рад этдилар.

30 Маслаҳатларимни, ўгитларимни қабул қилмадилар.

31 Шунинг учун ўз қилмишларининг мевасини еб,

пушаймон бўлиб қоладилар.

32 Нодонлар йўлдан адашиб ўз жонига ўзлари зомин бўлади,

ақлсизларнинг беғамлиги ўзларини ҳалок қилади.

33 Лекин менга қулоқ солганлар осойишта ҳаёт кечиради,

ёмонликнинг ваҳимасидан халос бўлади.”

Донолик Эгамиздандир

1 Ўғлим, насиҳатларимни қабул қилиб,

амрларимни юрагингда сақласанг,

2 доноликка қулоқ солиб,

қалбингни фаҳм–идрокка очсанг,

3 фаросатга ташна,

идрокка чанқоқ бўлсанг,

4 уни кумуш излагандай изласанг,

яширин хазина қидиргандай қидирсанг,

5 Эгамиздан қўрқиш нималигини тушунасан,

Худо кимлигини биласан.

6 Чунки доноликни Эгамиз беради,

билим ва идрок Унинг оғзидан чиқади.

7 Эгамиз тўғри одамни эсон–омон сақлайди,

тўғри юрадиганга Ўзи қалқон бўлади.

8 Адолатли инсонни ҳимоя қилади,

Унга содиқ бўлганнинг йўлини қўриқлайди.

9 Шунда сен тўғрилик, адолат, одиллик,

яъни тўғри йўл нима эканлигини тушунасан.

10 Чунки юрагингга донолик киради,

руҳинг эса билимдан завқланади.

11 Фаҳм–фаросат сени ҳимоя қилади,

ақл–идрок сени қўриқлайди.

12 Ёмон йўлдан,

ёвуз гапирадиганлардан асрайди.

13 Улар тўғри йўлни ташлаб,

қоронғиликда юради.

14 Ёмон ишлардан хурсанд бўлади,

ёвузликдан қувонади.

15 Улар йўлдан адашган,

сўқмоқлари ҳам эгридир.

16 Донолик сени зинокордан,

тилёғлама бузуқ аёлдан сақласин.

17 Бузуқ аёл ёшлигидаги умр йўлдошини ташлаб,

Худо олдида берган аҳдини бузган.

18 Унинг уйи ўлимга,

йўллари ўликларнинг олдига олиб боради.

19 Унинг олдига борган одам қайтиб келмайди,

ҳаёт сўқмоқларига қайтиб қадам босмайди.

20 Шунинг учун яхши одамларнинг йўлидан юргин,

солиҳларнинг йўлидан чиқмагин.

21 Чунки тўғри одам ўша ерда яшайди,

пок одам у ерда қолади.

22 Фосиқ эса ер юзидан қириб ташланади,

вафосиз йўқ қилинади.

Ёшларга насиҳат

1 Ўғлим, сўзларимни унутма,

амрларимни юрагингда сақла.

2 Улар умрингга умр қўшади,

ҳаётинг тинч бўлади.

3 Севги ва садоқатни асло тарк этма.

Бўйнингга маржон қилиб тақиб ол,

юрагинг қаърига ёзиб қўй.

4 Шунда Худонинг ҳам, одамларнинг ҳам меҳрини қозонасан,

улардан иззат–ҳурмат топасан.

5 Ўз ақл–идрокингга суянма,

бутун қалбинг билан Эгамизга ишон.

6 Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт,

шунда У йўлларингни тўғрилайди.

7 Ўзингни доно ҳисоблама.

Эгамиздан қўрқ.

Ёмонликдан юз ўгиргин.

8 Шундай қилсанг жисминг соғ,

жонинг ҳам омон бўлади.

9 Ўз бойлигинг,

биринчи ҳосилинг билан Эгамизни улуғла.

10 Шунда омборинг тўлиб–тошади,

янги шаробинг етиб ортади.

11 Ўғлим, Эгамизнинг тарбиясини рад қилмагин,

Унинг танбеҳидан руҳинг тушмасин.

12 Ота яхши кўрган фарзандини жазолагандек,

Эгамиз ҳам яхши кўрган бандасини жазолайди.

13 Доноликка эришган,

ақл–идрок топган қандай бахтлидир!

14 Чунки унинг баҳоси кумушдан,

фойдаси олтиндан ҳам афзалроқдир.

15 У жавоҳирлардан ҳам азиздир,

сен тилаган бирор нарса Унга тенг келмайди.

16 Унинг ўнг қўлида узоқ умр,

чап қўлида эса бойлик ва шон–шуҳрат бор.

17 Йўли — шодлик йўли,

барча сўқмоқлари тинчдир.

18 Доноликни қучганлар учун у ҳаёт дарахти кабидир,

уни маҳкам тутганлар бахтлидир.

19 Эгамиз донолик билан ерни яратди,

ақл–идроки билан осмонни ўз ўрнига жойлаштирди.

20 Унинг ақли билан чуқурликлар бўлинган,

булутлардан шудринг тушган.

21 Ўғлим, донолик ва фаҳм–фаросатни маҳкам ушла,

назарингдан қочирмагин.

22 Ўшанда улар жонингга ҳаёт бахш этади,

бўйнингга безакдай бўлади.

23 Йўлингда эсон–омон юрасан,

оёғинг қоқилмайди.

24 Бехавотир ётасан,

уйқунг ширин бўлади.

25 Бехосдан келадиган офатдан қўрқма.

Ёвуз одам ҳужум қилганда ҳам қўрқма.

26 Чунки Эгамиз ёнингда бўлади,

сени қоқилишдан асрайди.

27 Яхшилик қилиш қўлингдан келса,

муҳтожлардан ёрдамингни аяма.

28 Ўзингда бор бўлса,

қўшнингга “кечроқ кел”, “эртага бераман”, деб айтма.

29 Сенга ишониб, ёнингда тинчгина яшаётган

қўшнингга қарши ёмон ният қилма.

30 Сенга ёмонлик қилмаган одам билан сабабсиз уришма.

31 Зўравонга ҳасад қилма,

у қиладиган ишларни қилма.

32 Чунки Эгамизга ёвузлар жирканчдир,

У тўғри одамга ҳамроҳ бўлади.

33 Фосиқнинг уйи Эгамизнинг лаънатига,

солиҳнинг уйи эса қут–баракага тўлади.

34 У мазах қилувчиларни мазах қилади,

камтарларга эса иноят кўрсатади.

35 Донолар шон–шуҳратга эришадилар,

нодонлар эса шармандаликка дучор бўладилар.

Доноликдан келадиган фойдалар

1 Ўғилларим, отангизнинг панд–насиҳатларига қулоқ солинглар,

эътибор бериб фаросатли бўлинглар.

2 Сизларга яхши сабоқ бераман,

сўзларимдан юз ўгирманглар.

3 Мен ота–онамнинг ёлғиз, ёш ўғли эдим.

4 Болалигимда отам менга шундай дерди:

“Сўзларимни юрагингга жо қилиб,

амрларимни бажаргин, шунда яшайсан.

5 Доно бўл, идрокли бўл,

уларни унутма, сўзларимдан чиқма.

6 Доноликдан юз ўгирма, сени ҳимоя қилади,

уни севгин, сени асрайди.

7 Доноликнинг боши шудир, доно бўл,

бор–йўғингни бериб бўлса ҳам, идрок ол.

8 Уни ҳурмат қил, сени кўкка кўтаради.

Уни қучгин, сени шон–шуҳратга эриштиради.

9 Бошингга илтифот гулчамбари,

шуҳрат тожини кийдиради.”

10 Ўғлим, айтганларимга қулоқ солиб қабул қил,

шунда умринг узоқ бўлади.

11 Сенга донолик йўлларини ўргатдим,

тўғри йўлдан олиб юрдим.

12 Юрганингда тўсиққа учрамайсан,

югурганингда қоқилмайсан.

13 Йўл–йўриқларимни қаттиқ ушла, қўйиб юборма,

уларни қўриқла, чунки улар ҳаётингдир.

14 Фосиқнинг сўқмоқларига оёқ босма,

ёвузлар йўлидан юрма.

15 Ҳатто назар солма,

ёнидан ҳам ўтма,

қайрилиб узоқдан юргин.

16 Чунки улар ёмонлик қилмасдан ухлай олмайди,

бирортасига зарар келтирмагунча уйқулари келмайди.

17 Улар фосиқлик нонини ейди,

зўравонлик шаробини ичади.

18 Солиҳнинг йўли тонгга ўхшайди,

кун чиққунча тонг ёришаверади.

19 Фосиқнинг йўли эса зулмат кабидир,

нимага қоқилиб кетишини билмайди.

20 Ўғлим, сўзларимни эшит,

айтганларимга қулоқ сол.

21 Уларни кўз олдингдан қочирма,

юрагингнинг қаърида сақлагин.

22 Чунки уларни топганларга ҳаёт,

бутун тан–жонига малҳам бўлади.

23 Бор кучинг билан қалбингни асра,

чунки у ҳаёт булоғидир.

24 Оғзингдан эгриликни,

тилингдан айёрликни олиб ташла.

25 Кўзларинг тўғрига қарасин,

нигоҳинг олдингга қаратилган бўлсин.

26 Тўғри йўлни танлаб юр,

қадамингни ўйлаб бос.

27 Ўнгга ҳам, чапга ҳам оғма,

ёвузликдан узоқлаш.

Зинога қарши огоҳлантириш

1 Ўғлим, донолигимга эътибор бер,

ақл–идрокимга қулоқ сол,

2 токи фаҳм–фаросатинг йўқолмасин,

билиминг сақлансин.

3 Бузуқ аёлнинг тилидан бол томади,

сўзлари — малҳамдай юмшоқ,

4 аммо оқибати заҳардай аччиқ,

ханжардай ўткирдир.

5 Оёқлари ўлим томон юради,

қадамлари ўликлар диёрига етаклайди.

6 У ҳаётга олиб борадиган йўлга эътибор бермайди,

йўллари беқарор, ўзи буни билмайди.

7 Ўғлим, менга қулоқ сол,

сўзларимдан чиқма.

8 У аёлдан узоқроқ юр,

унинг эшигига яқинлашма.

9 Бўлмаса, ўз обрўйингни бегоналарга,

ҳаётингни ёвузларга берган бўласан.

10 Бойлигингдан бегоналар баҳраманд бўлади,

меҳнат билан топган мол–мулкинг ўзгаларнинг уйида бўлади.

11 Умринг охирида,

вужудингу танангдан асар қолмагач,

фарёд қиласан.

12 Ўшанда шундай дейсан:

“Мен интизом ва танқиддан қанчалик нафратланар эдим–а,

13 на устозларимга,

на насиҳат берганларга қулоқ солибман.

14 Ана оқибат, жамоа орасида

ҳалокат қирғоғига келиб қолдим.”

15 Ўз сардобангдаги,

ўз қудуғингдаги сувни ичавер.

16 Булоқларинг ташқарида,

ирмоқларинг кўчада оқсинми?!

17 Уни бегоналар билан баҳам кўрма,

фақат ўзингники бўлсин.

18 Булоғинг сувлари муборак бўлсин,

кўз очиб кўрганинг билан қувонгин.

19 Жозибали оҳу ва гўзал кийик!

Унинг оғуши сени қониқтирсин,

доим унинг севгиси билан қаноатлангин.

20 Нега энди, ўғлим, бегона хотинни кўнглинг қўмсайди?

Нимага бегона аёлнинг оғушини қучасан?

21 Инсоннинг хатти–ҳаракатлари

Эгамизнинг кўзи олдидадир.

Эгамиз одамнинг барча ишларини кузатиб туради.

22 Фосиқнинг ишлари унинг ўзини ушлайди,

гуноҳлари уни занжирбанд қилади.

23 У аҳмоқлиги туфайли йўлдан озади,

тарбиясизлиги дастидан ўлади.

Кафиллик ва турли иллатларга қарши огоҳлантириш

1 Ўғлим, ўзгага кафиллик қилиб,

бегона билан аҳдлашган бўлсанг,

2 ўз тилингдан илиниб,

сўзларинг тузоққа етаклаган бўлса,

3 ўғлим, ўзганинг қўлига тушиб қолибсан,

ўзингни қутқар, бор, тиз чўкиб ёлвор.

4 Ўзингга уйқу берма,

бир сония ҳам дам олма.

5 Овчидан қочган оҳу каби,

беданавоз қўлидан қочган беданадай ўзингни қутқар.

6 Эй танбал, чумолиларга бир қара,

уларнинг хатти–ҳаракатларини кўриб доно бўл.

7 Уларнинг на раҳбари,

на назоратчиси, на ҳукмдори бор.

8 Лекин улар ёзда озиқ тўплашади,

ўрим пайтида дон–дун йиғишади.

9 Сен–чи, танбал, қачонгача ухлайсан?!

Қачон ўрнингдан турасан?

10 “Бир оз ухлай, бир мизғиб олай,

ёнбошлаб бирпас дам олай”, дейсан.

11 Шунинг учун қашшоқлик йўлтўсардай,

муҳтожлик қароқчидай устингга келади.

12 Айёр ва нопоклар ярамас сўзларни гапириб юрадилар.

13 Кўз қисадилар,

оёқ–қўллари билан имо–ишора қиладилар.

14 Юракларида доим ёвуз ният қилиб,

одамлар орасида жанжал чиқарадилар.

15 Шунинг учун тўсатдан офатга учрайдилар,

шифо топмай тўсатдан ҳалок бўладилар.

16 Олти нарсадан Эгамиз нафратланади,

етти нарсадан У жирканади. Булар:

17 манманлик нигоҳи, ёлғончи тил,

бегуноҳ қонни тўкадиган қўллар,

18 ёмон ниятли юрак,

ёвузликка югурадиган оёқлар,

19 ёлғон гапирадиган сохта гувоҳ,

ака–укалар орасига нифоқ солувчилардир.

Зинога қарши огоҳлантириш

20 Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол,

онанг ўгитларини рад этма,

21 уларни доим юрагингда сақла,

бўйнингга тақиб ол.

22 Юрганингда улар сенга йўл кўрсатади,

ухлаганингда қўриқлайди,

уйғоқлигингда сенга гапиради.

23 Чунки амрлар — чироқ,

танбеҳ — ҳаёт йўли,

панд–насиҳатлар нурдир.

24 Улар сени бошқаларнинг хотинидан,

зинокор аёлнинг ширин сўзидан сақлайди.

25 Юрагингда унинг гўзаллигини орзу қилмагин,

кўзларига маҳлиё бўлма.

26 Фоҳишага биттагина нон ҳақи етарли,

аммо ўзганинг хотини билан қилинган зино

бутун ҳаётингни барбод қилади.

27 Қўйинга чўғ солганда кийимни куйдирмай бўладими?!

28 Чўғ устида юрганда оёқни куйдирмай бўладими?!

29 Ўзганинг хотини олдига кирганнинг аҳволи ҳам шундай,

бегона аёлга теккан жазосиз қолмайди.

30 Қорни очлигидан ўзини тўйдириш учун ўғрилик қилса,

одамлар ундан нафратланмайди.

31 Лекин қўлга тушиб қолганда ўғирланган молининг ҳақини

етти баробар қилиб қайтариши керак.

32 Зино қилган ақлсиздир,

ўзини ўзи нобуд қилади.

33 У кўп калтак еб шарманда бўлади,

бир умрга бадном бўлади.

34 Чунки рашк эрни ғазаблантиради,

эр қасос олганда шафқат қилмайди.

35 Ҳар қандай ҳадяни рад этади,

қанча пора берсанг олмайди.

1 Ўғлим, сўзларимни асра,

амрларимни дилингда сақла.

2 Амрларимни сақлаб яша,

таълимотимни кўз қорачиғингдек асра.

3 Уларни бармоғингга боғла,

юрагинг қаърига ёзиб қўй.

4 Доноликни синглим,

ақл–идрокни қардошим деб атагин.

5 Улар сени зинокордан,

тилёғлама бузуқ аёлдан асрайди.

Ахлоқи бузуқ аёл

6 Уйимдаги дераза панжараси ортидан қарадим,

7 содда ёшларнинг орасида,

бир ақлсиз йигитни кўриб қолдим.

8 Йигит кўчадан ўтиб,

зинокор аёлнинг уйи томон кетаётган эди.

9 Оқшом. Кеч.

Тун қоронғи эди.

10 Шунда фоҳишага ўхшаб кийинган,

маккор ниятли аёл уни кутиб олгани чиқди.

11 У шаллақи, ўжар, ҳеч қачон уйида турмайди.

12 Бир қарасанг кўчада, бир қарасанг майдонда,

яна бир қарасанг ҳар хил бурчакда турган бўлади.

13 У йигитни қучоқлаб, ўпиб,

беномусларча шундай деди:

14 “Бугун қурбонлик келтирдим,

ваъдаларимни бажардим.

15 Шунинг учун сени кутиб олишга чиқдим,

сени қидириб топдим.

16 Тўшагимни Мисрдан келтирилган рангли мато билан безадим.

17 Мирра, долчин ва алоэдан бўлган хушбўй атирлар сепдим.

18 Қани, юр, тонгга қадар куёв–келиндай роҳат қилайлик,

ҳузур–ҳаловат қилайлик.

19 Эрим ҳозир уйда эмас,

узоқ сафарга кетган.

20 Бир ҳамён кумуш танга олиб кетган,

ой тўлмагунча қайтиб келмайди.”

21 Кўп ширин сўзлар ва мулойим гаплар билан

у йигитни йўлдан урди.

22 Йигит ўша заҳотиёқ, кушхонага кетаётган ҳўкиздай,

тузоққа оёқ қўяётган кийикдай унинг орқасидан эргашди.

23 У тузоққа кираётган қушдай,

найза жигарига тегмагунча ҳаётини йўқотишини билмайди.

24 Ўғилларим, менга қулоқ солиб,

сўзларимга эътибор беринглар.

25 Юрагингиз ўша аёлнинг йўлига бурилмасин,

унинг сўқмоқларида адашманг.

26 У кўпларни ҳалок қилди,

қурбонлари ҳам кўп.

27 Унинг уйи ўликлар диёрига етакловчи йўлдир,

ўлимга олиб боради.

Доноликнинг улуғлиги

1 Донолик чорламайдими?!

Идрок овозини баланд қилиб чақирмайдими?!

2 Қир–адирларда, йўл бўйларида,

чорраҳаларда,

3 шаҳар дарвозаларида,

эшиклар олдида туриб жар солади:

4 “Эй инсонлар, сизларни чақиряпман,

одамзодга гапирмоқдаман.

5 Соддалар, фаҳм–фаросатли бўлинг,

нодонлар, идрокли бўлинг.

6 Қулоқ солинг,

мен аъло гапларни гапираман, ростини айтаман.

7 Чунки тилим ҳақиқатни гапиради,

фосиқликдан эса нафратланади.

8 Ҳамма сўзларим тўғридир,

уларда на эгрилик, на бузуқлик бор.

9 Фаросатлиларга равшан,

билим оладиганларга тўғридир.

10 Кумуш ўрнига насиҳатларимни,

олтин ўрнига илм–маърифатни танланг.

11 Чунки донолик кўҳинурдан аълороқдир,

ҳеч қандай шодлик У билан тенглаша олмайди.

12 Мен, Донолик, ақл–идрок билан яшайман,

билим ва фаҳм–фаросат мендадир.

13 Эгамиздан қўрқиш ёмонликдан нафратланиш демакдир.

Мен мағрурлик ва манманликдан,

ёвузлик ва бузуқ тилдан нафратланаман.

14 Менда маслаҳат ва ҳақиқат бор,

мен идрокман,

қуввату куч ҳам мендадир.

15 Шоҳлар мен орқали ҳукм сурадилар,

ҳукмдорлар тўғри қонунлар чиқарадилар.

16 Мен орқали раҳбарлар бошқарадилар,

амалдор ва барча одил ҳакамлар ҳукм чиқарадилар.

17 Ким мени севса ўшани севаман,

астойдил излаганлар мени топадилар.

18 Бойлик, шуҳрат, битмас–туганмас хазина,

фаровонлик мендадир.

19 Менинг ҳосилим тоза олтиндан ҳам,

аъло кумушдан ҳам яхшироқ.

20 Мен тўғри йўлдан,

адолат сўқмоқларидан юраман.

21 Мени севганлар бойликни мерос қилиб оладилар,

уларнинг хазинасини тўлдираман.

22 Эгамиз яратиш ишларини бошламасдан олдин,

мени бунёд қилган эди.

23 Азалда, энг бошида,

дунё яратилмасдан олдин,

У мени тайинлаган эди.

24 Тубсиз денгизу бепоён уммон,

ё бирорта булоқ кўз очмай туриб,

мен дунёга келтирилганман.

25 Тоғу тош, қир–адир барпо бўлмасдан олдин

мен таваллуд топганман.

26 У ҳали на ер, на далаларни,

на ернинг тупроғини яратган эди.

27 Худо осмонни яратганда,

бепоён уммон узра фалакни барпо этганда,

мен ўша ерда эдим.

28 Осмонга булутларни жойлаб,

денгизларни сув билан тўлдирган чоғда,

29 У сув тошиб кетмасин деб амр берганда,

ерга асос солганда,

30 мен Унинг ёнида мусаввир эдим,

қошида кундан–кунга завқланиб,

доимо қувонардим.

31 Дунёда, Унинг ерида одамзод билан хурсанд бўлардим.

32 Ўғилларим, менга қулоқ солинглар,

йўлимдан юрганлар бахтлидир.

33 Панд–насиҳатларимни тинглаб

доно бўлинглар, уни рад этманглар.

34 Ҳар куни остонамда кутиб, эшигимни пойлаб,

сўзларимга қулоқ соладиган бахтлидир.

35 Чунки мени топган ҳаёт топади,

Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади.

36 Мени кўздан қочирган ўзига зарар етказади,

мендан нафратланган ўлимни севади.”

Донолик ва аҳмоқлик

1 Донолик уй қурди,

уйининг етти устунини қўйди.

2 Қурбонлик келтирди,

шароб тайёрлаб, дастурхон ёзди.

3 Хизматкорларини шаҳарнинг энг баланд жойига юбориб,

улар орқали:

4 “Ким содда бўлса, бу ёққа келсин”, — деб чақирди,

ақлсизларга шундай деди:

5 “Келинглар, таомимдан енглар.

Мен тайёрлаган шаробдан ичинглар.

6 Ғафлатдан воз кечинглар, шунда яшайсизлар,

идрок йўлидан юринглар.”

7 Мазах қилувчига танбеҳ берган таҳқирланади,

фосиқнинг хатосини айтган ҳақоратланади.

8 Мазах қилувчига танбеҳ берма,

акс ҳолда, у сендан нафратланади.

Донога танбеҳ бер, шунда у сени севади.

9 Донога ўргатсанг, янада донороқ бўлади.

Солиҳни ўқитсанг, билимини кўпайтиради.

10 Эгамиздан қўрқиш доноликнинг бошидир,

Муқаддас Худони билиш идрокдир.

11 Чунки донолик туфайли умрингга умр қўшилади.

12 Доно бўлсанг ўзингга фойда,

мазах қилсанг ўзинг жабр тортасан.

13 Аҳмоқ аёл шаллақи ва фаросатсиздир,

у ҳеч нарсани билмайди.

14 Уйининг эшиги олдида,

шаҳарнинг энг баланд жойида ўтириб,

15 йўлида тўғри юрган,

ёнидан ўтиб кетаётганларни:

16 “Кимки содда бўлса, бу ёққа келсин”, — деб чақиради,

ақлсизларга шундай дейди:

17 “Ўғирланган сув шириндир,

беркитиб ейилган нон мазали.”

18 Лекин у ерда арвоҳлар борлигини,

унинг меҳмонлари ўликлар диёрининг қаърида эканлигини билмайдилар.

Сулаймон ҳикматларининг тўплами

(10:1-22:16)

1 Сулаймоннинг ҳикматлари.

Доно фарзанд отага шодлик келтиради,

нодон фарзанд эса онага қайғу.

2 Ёвузлик билан топилган бойликдан наф йўқ,

тўғрилик эса ўлимдан қутқаради.

3 Эгамиз солиҳнинг оч қолишига йўл қўймайди,

лекин фосиқнинг хоҳишини бажо қилмайди.

4 Дангаса қўллар қашшоқлик келтиради,

тиришқоқ қўллар эса бойлик.

5 Ёз пайтида ҳосил йиққан — доно ўғил,

ўрим пайти ухлаган эса отасига уят келтиради.

6 Солиҳнинг бошида — барака,

фосиқнинг тили эса ёвузлик конидир.

7 Солиҳнинг хотираси муборак бўлади,

фосиқнинг номи ёддан кўтарилади.

8 Юрагида донолик бўлган амрларни қабул қилади,

эзма нодон эса ҳалок бўлади.

9 Тўғри юрган хавф–хатарни билмайди,

йўлдан оғган эса жазо топади.

10 Кўз қисган қайғуга сабаб бўлади,

эзма нодон ҳалок бўлади.

11 Солиҳнинг тили — ҳаёт булоғи,

фосиқнинг тили — ёвузлик кони.

12 Нафрат жанжал қўзғайди,

севги–муҳаббат эса ҳамма гуноҳларни кечиради.

13 Идроклининг сўзларида — донолик,

нодоннинг орқасида эса қамчи.

14 Донолар билимини орттиради,

нодоннинг тили эса ҳалокат келтиради.

15 Бойнинг қалъаси — бойлиги,

камбағалнинг ҳалокати эса камбағаллигидадир.

16 Солиҳнинг ҳақи — ҳаёт,

фосиқники эса жазо.

17 Насиҳатга қулоқ солган ҳаёт йўлидадир,

танбеҳни тан олмаган йўлдан адашади.

18 Нафратини яширган — ёлғончи,

ғийбат тарқатувчи аҳмоқдир.

19 Гап–сўз кўп бўлса, жанжал ҳеч қачон тўхтамайди,

тилини тийган эса донодир.

20 Солиҳнинг тили олтин кабидир,

фосиқнинг қалби эса ҳеч нарсага арзимайди.

21 Солиҳнинг тили кўпларни озиқлантиради,

нодон эса ақлсизлиги туфайли ҳалок бўлади.

22 Эгамизнинг марҳамати бойлик келтиради,

Эгамиз бойликка ғам–ташвиш қўшмайди.

23 Аҳмоқ ёмонлик қилишдан,

ақлли эса доноликдан завқланади.

24 Фосиқ нимадан қўрқса, ўшанга дучор бўлади,

солиҳ эса орзусига етишади.

25 Қуюндан кейин фосиқлар йўқ бўлади,

солиҳлар эса абадий мустаҳкамдир.

26 Дангасага иш буюрсанг,

у сен учун тишга қўйилган сиркадай,

кўзга кирган тутундай бўлади.

27 Эгамиздан қўрқиш умрга умр қўшади,

фосиқнинг умри эса қисқаради.

28 Солиҳнинг орзуси қувонч келтиради,

фосиқнинг нияти эса пучга чиқади.

29 Эгамизнинг йўли солиҳлар учун қалъа,

ёмонлик қиладиганлар учун эса ҳалокатдир.

30 Солиҳ ҳеч қачон ўрнидан қўзғатилмайди,

фосиқ эса ўша ерда яшамайди.

31 Солиҳнинг тили донолик келтиради,

ёмон тил эса кесиб ташланади.

32 Солиҳнинг тили марҳамат келтиради,

фосиқнинг тили эса эгрилик.

1 Ёлғон тарози Эгамиз учун жирканчдир,

аниқ тарози тошлари эса Унинг қувончидир.

2 Мағрурлик билан шармандалик келади,

донолик эса камтарлар биландир.

3 Тўғриларнинг софдиллиги йўл кўрсатса,

хоинларнинг иккиюзламачилиги ҳалок қилади.

4 Қиёмат кунида бойлик фойда бермайди,

солиҳлик эса ўлимдан сақлайди.

5 Покдилнинг солиҳлиги йўлини тўғрилайди,

фосиқ эса фосиқлиги туфайли қоқилади.

6 Тўғрининг солиҳлиги нажот беради,

сотқин эса ёмон ниятлари туфайли тутилади.

7 Ёвуз ўлса, орзу–умидлари ҳам ўлади,

фосиқнинг ҳам хоҳиш–тилаклари поймол бўлади.

8 Солиҳ ғам–ғуссадан қутулади,

фосиқ эса ғамга дучор бўлади.

9 Имонсиз ўз тили билан қўшнисини ҳалок қилади,

солиҳ эса илм–маърифати туфайли нажот топади.

10 Солиҳнинг иши юришса, эл–юрт қувонади,

фосиқ ҳалок бўлса, тантана бўлади.

11 Тўғри одамлар туфайли шаҳар гуллаб–яшнайди,

фосиқнинг тилидан эса эл–юрт вайрон бўлади.

12 Қўшнисини камситган ақлсиздир,

идрокли сукут сақлайди.

13 Ғийбатчи сирларни очади,

содиқ эса сир сақлайди.

14 Йўл–йўриқ кўрсатувчиси бўлмаган халқ ҳалок бўлади,

маслаҳатчилар кўп бўлса, ғалаба келади.

15 Бегонага кафиллик қилган кўп жабр кўради,

кафил бўлишдан нафратланадиган эса тинчгина юради.

16 Меҳрибон хотин иззат–ҳурмат топади,

зўравон эса бойликдан бошқа ҳеч нарсага эришмайди.

17 Шафқатли инсон ўз жонига манфаат келтиради,

бағри тош эса ўзига зарар етказади.

18 Худонинг йўлидан юрганлар ҳақиқий мукофотни,

фосиқлар эса ёлғон мукофотни оладилар.

19 Солиҳликни кўзлаган инсон ҳаётга,

ёмонликни кўзлаган эса ўз ўлимига эришади.

20 Эгри юрак Эгамизга жирканч,

покларнинг ишлари эса Унинг қувончидир.

21 Фосиқ асло жазосиз қолмайди,

солиҳнинг эса авлодлари ҳам нажот топадилар.

22 Чиройли, аммо фаросатсиз аёл,

бурнига тилла сирға таққан чўчқа мисол.

23 Солиҳнинг хоҳиши фақат эзгулик,

фосиқнинг кутганлари эса қаҳр–ғазабдир.

24 Баъзиларнинг қўли очиқ, аммо бойлиги кўпаяверади.

Баъзилар ҳаддан ташқари тежамкор, аммо қашшоқлашаверади.

25 Сахийнинг бири икки бўлади,

бошқаларга яхшилик қилганнинг ўзи ҳам яхшилик кўради.

26 Ғалласини қизғанганни халқ қарғайди,

сотганларга эса барака ёғилади.

27 Эзгуликка интилган илтифот топади,

ёмонлик қидирганга эса ёмонлик келади.

28 Бойлигига ишонган хонавайрон бўлади,

солиҳ эса барг каби яшнайди.

29 Ўз оиласига ғам–ташвиш келтирадиганлар мерос олмайди,

нодонлар донога қул бўлади.

30 Солиҳларнинг маҳсули — ҳаёт дарахти,

оқилу донолар одамларнинг юрагидан жой олади.

31 Дунёда солиҳ қанча тақдирланса,

фосиқ билан гуноҳкор ундан ҳам кўпроқ жазоланади.

>1 Насиҳатни севган илм–маърифатни севади,

танбеҳдан нафратланадиган эса аҳмоқдир.

>2 Яхши одам Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади,

нияти бузуқни эса У жазога ҳукм этади.

>3 Инсон ёвузлик билан камол топмайди,

солиҳ ҳеч қачон ўрнидан қўзғатилмайди.

>4 Яхши хотин эрининг бошидаги тожидир,

эрини уялтирадиган хотин бошга балодир.

>5 Солиҳнинг фикри–зикри — адолат,

фосиқнинг маслаҳати эса ёлғондир.

>6 Фосиқнинг сўзи қонга ташна,

тўғрининг тили эса қутқаради.

>7 Фосиқ ҳалокатга учраб йўқ бўлади,

солиҳнинг уйи эса мустаҳкам туради.

>8 Инсонни ақл–идрокига қараб улуғлайдилар,

эгри одам эса нафратга дучор бўлади.

>9 Ўзини катта тутиб нонга зор бўлгандан кўра,

оддий бўлиб хизматкор бўлиш яхшироқ.

>10 Солиҳ ҳайвонга ҳам меҳрибонлик қилади,

фосиқнинг раҳмдиллиги ҳам золимликдир.

>11 Ерга ишлов берган тўйиб нон ейди,

бекор нарсани кўзлаган эса ақлсиздир.

>12 Фосиқ ёвузлик тўрига илинтирай дейди,

солиҳнинг илдизи яшнайди.

>13 Фосиқ ўз тилидан илинади,

солиҳ эса ғамдан фориғ бўлади.

>14 Одам сўзлари туфайли яхши нарсага эришади,

меҳнати уни тақдирлайди.

>15 Нодон ўз йўлини тўғри деб ўйлайди,

доно эса маслаҳатга қулоқ солади.

>16 Нодон ғазабини дарҳол билдиради,

ақли расо эса ҳақоратланганини беркитади.

>17 Тўғри гапирадиган ҳақиқатни айтади,

сохта гувоҳ ёлғон гапиради.

>18 Ўйламасдан айтилган сўз қиличдай жароҳатлайди,

дононинг гаплари эса шифо беради.

>19 Ростгўй лаблар абадийдир,

ёлғон тил эса бир лаҳзаликдир.

>20 Ёмон ният қиладиганнинг юрагида ёлғон,

тинчлик ўрнатувчининг юрагида эса қувонч бор.

>21 Солиҳга ҳеч қандай зарар тегмайди,

фосиқ эса ғам–ғуссадан қутулмайди.

>22 Ёлғончи тил Эгамизга жирканч,

тўғрилик билан иш қиладиганлар эса Унинг севинчидир.

>23 Ақлли билимини кўз–кўз қилмайди,

нодон ўз нодонлигини ошкор қилади.

>24 Тиришқоқ ҳукм суради,

дангаса эса қул бўлади.

>25 Юракдаги қайғу–алам одамни эзади,

ширин сўз эса юракни шод этади.

>26 Солиҳ ўзгаларга йўл кўрсатади,

фосиқ эса йўлдан адаштиради.

>27 Дангаса ўлжасини пиширишга ҳам эринади,

ғайратли эса қимматбаҳо бойликка эга бўлади.

>28 Солиҳлик йўли ҳаётга етаклайди,

бу йўлда ўлим йўқдир.

1 Ақлли фарзанд отасининг насиҳатларини қабул қилади,

мазах қилувчи эса танбеҳга қулоқ солмайди.

2 Яхши одам сўзлари билан яхшиликка эришади,

хоин эса зўравонликка.

3 Тилини тийган жонини асрайди,

тилига эрк берган эса ҳалокатга учрайди.

4 Дангасанинг кўнгли хоҳлайди–ю,

аммо ҳеч нарсага эриша олмайди,

тиришқоқ эса орзусига етишади.

5 Солиҳ ёлғондан нафратланади,

фосиқ эса уятли ва шармандали ишлар қилади.

6 Солиҳлик тўғри юрадиганни ҳимоя қилади,

фосиқлик эса гуноҳкорни ҳалок қилади.

7 Шундай одам бор, ҳеч нарсаси йўғ–у, ўзини бой кўрсатади.

Яна шундай одам бор, бойлиги кўп–у, ўзини қашшоқ кўрсатади.

8 Жоннинг ҳақи — унинг бойлиги,

камбағал эса дўқ–пўписадан қўрқмайди.

9 Солиҳларнинг чироғи доим чароғон,

фосиқники эса ўчиб қолади.

10 Мағрурликдан фақат уруш чиқади,

насиҳатга қулоқ солган одамда эса донолик бор.

11 Ҳийла билан топилган давлат йўқолади,

меҳнат билан топилгани эса кўпаяди.

12 Рўёбга чиқмаган умид юракни эзади,

ушалган орзу эса ҳаёт дарахти кабидир.

13 Панд–насиҳатлардан нафратланган

ўзига ҳалокат келтиради,

амрга қулоқ солган эса тақдирланади.

14 Дононинг таълимоти ҳаёт манбаидир,

у одамни ўлим тузоғидан асрайди.

15 Идрокли инсон марҳаматга эришади,

хоиннинг йўли эса машаққатлидир.

16 Зукко одам ақл билан иш қилади,

ақлсиз эса аҳмоқлигини кўрсатади.

17 Ёмон хабарчи кулфат олиб келади,

содиқ хабарчи эса юракка шифо келтиради.

18 Насиҳатга қулоқ солмаганларга қашшоқлик ва уят келади,

танбеҳга қулоқ солганлар эса ҳурмат ва иззат топади.

19 Амалга ошган тилак жонга роҳат беради,

нодон одам ёмонликдан айрилишни рад этади.

20 Донога ҳамроҳ бўлган доно бўлади,

аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади.

21 Бахтсизлик гуноҳкорнинг кетидан қувиб юради,

солиҳнинг мукофоти эса бахт–саодатдир.

22 Яхши одам болаларининг болаларига ҳам мерос қолдиради,

фосиқнинг бойлиги эса солиҳга насиб этади.

23 Камбағалнинг даласида ғалла мўл,

лекин адолатсизлик туфайли вайрон бўлади.

24 Калтакни ўғлидан аяган одам уни ёмон кўради,

ўғлини севган эса ёшликдан тартиб–интизомга ўргатади.

25 Солиҳ қорни тўйиб овқат ейди,

фосиқ эса оч қолади.

1 Доно хотин ўз оиласини мустаҳкамлайди,

нодон хотин эса оиласини ўзи бузади.

2 Тўғри йўлдан юрадиган Эгамиздан қўрқади,

эгри йўлдан юрадиган эса Уни рад этади.

3 Аҳмоқнинг сўзлари ўзига калтак келтиради,

дононики эса уни ҳимоя қилади.

4 Ҳўкиз бўлмаса охур тоза,

лекин ҳўкизнинг кучи туфайли ҳосил кўп бўлади.

5 Содиқ гувоҳ ёлғон гапирмайди,

сохта гувоҳ ёлғон гапиришдан тўхтамайди.

6 Мазах қилувчи доноликни қидиради, аммо тополмайди,

идроклига эса билим олиш осон.

7 Ақлсиздан узоқлаш,

чунки ундан маъноли сўз чиқмайди.

8 Зийракнинг донолиги ўз йўлини билишидадир,

ақлсизнинг аҳмоқлиги эса уни йўлдан адаштиради.

9 Аҳмоқ одам айб қурбонлиги устидан кулади,

тўғри одам эса Худонинг марҳаматига сазовор бўлади.

10 Юрак ўз дардини ўзи билади,

унинг шодлигини ҳам ҳеч ким тўлиқ тушунмайди.

11 Фосиқларнинг уйи хароба бўлади,

солиҳларнинг хонадони эса гуллаб–яшнайди.

12 Шундай йўл борки, инсонга тўғри бўлиб кўринади,

аммо охири ўлимга олиб боради.

13 Кулса ҳам юракда қайғу бор,

хурсандчиликнинг охири ғамдир.

14 Юраги қинғир ўз эгрилигидан,

яхши одам эса тўғрилигидан мамнун.

15 Содда ҳар бир сўзга ишонаверади,

ақлли эса қадамини ўйлаб босади.

16 Доно қўрқиб ёмонликдан узоқлашади,

нодон эса жаҳли тез ва бепарво.

17 Баджаҳл ақлсизлик қилади,

бадният нафратга учрайди.

18 Соддаларнинг насибаси — нодонлик,

ақллиларнинг тожи эса илму маърифатдир.

19 Ёмонлар яхшиларнинг олдида,

фосиқлар солиҳларнинг дарвозасида таъзим қилади.

20 Камбағалдан қўшнилари ҳам нафратланади,

бойнинг эса ўртоқлари кўп.

21 Қўшнисини хор қилган — гуноҳкор,

муҳтожга марҳамат қилган эса бахтлидир.

22 Нияти бузуқлар йўлдан адашади.

Яхши ниятлилар эса севги ва садоқатга сазовор бўлади.

23 Ҳар бир меҳнатдан фойда бор,

қуруқ гап эса камбағаллик келтиради.

24 Оқилларнинг тожи — донолиги,

ақлсизнинг нодонлиги эса аҳмоқлигидир.

25 Ростгўй гувоҳ жонни қутқарса,

ёлғончи гувоҳ алдайди.

26 Эгамиздан қўрқиш — мустаҳкам қалъа,

фарзандларига ҳам Ўзи паноҳдир.

27 Эгамиздан қўрқиш ҳаёт манбаидир,

бундай хислат одамни ўлим тузоғидан асрайди.

28 Халқнинг кўплиги — шоҳнинг шуҳрати,

камлиги эса ҳокимнинг ҳалокатидир.

29 Сабр–тоқатли одам ақл–идроклидир,

жаҳлдорлик аҳмоқликни билдиради.

30 Хотиржам юрак танага ҳаёт бахш этади,

ҳасадгўйлик эса суякларни чиритади.

31 Камбағалга зулм қилган Яратувчини таҳқирлаган бўлади,

муҳтожга ёрдам берган эса Худони улуғлаган бўлади.

32 Фосиқ ўз қилмишлари туфайли ҳалокатга учрайди,

солиҳ эса ўлимда ҳам паноҳ топади.

33 Донолик оқилнинг қалбида яшайди,

нодонлар орасида ҳам ўзини билдиради.

34 Солиҳлик халқни юксалтирса,

гуноҳ шарманда қилади.

35 Донолик билан иш қиладиган қул шоҳнинг марҳаматига сазовордир,

шармандали иш қиладиган эса унинг ғазабига учрайди.

1 Юмшоқ жавоб ғазабни қайтаради,

қаттиқ сўз эса жаҳл чиқаради.

2 Донолар тилидан илм–ҳикмат ёғилса,

нодонлардан аҳмоқлик чиқади.

3 Эгамизнинг кўзлари ҳамма жойда,

У яхшию ёмонни кўриб туради.

4 Ширин сўз — ҳаёт дарахти,

бузуқ тил — жоннинг ҳалокати.

5 Отасининг насиҳатини аҳмоқ рад этади,

танбеҳга қулоқ солган эса идроклидир.

6 Солиҳнинг уйида бойлик кўп,

фосиқнинг ҳосили эса ташвиш келтиради.

7 Дононинг тили билим тарқатади,

аҳмоқнинг қалби эса ундай эмас.

8 Фосиқнинг қурбонлиги Эгамизга жирканчдир,

тўғрининг ибодати эса Унинг қувончи.

9 Фосиқнинг ишлари Эгамизга жирканчдир,

солиҳликка интилганни эса У севади.

10 Тўғри йўлни ташлаб кетган қаттиқ жазо олади,

танбеҳдан нафратланган ўлади.

11 Ҳатто Ўлим ва Ҳалокат ҳам Эгамиз нигоҳи остида экан,

одамзоднинг қалби Унга ҳеч нарса эмас.

12 Масхара қилувчи танбеҳ берганларни ёқтирмайди,

у донолар олдига ҳам бормайди.

13 Юрак шод бўлса, чеҳра очиқ,

ғамгин бўлса, руҳ тушкундир.

14 Заковатли юрак илм қидиради,

ақлсизнинг оғзи аҳмоқлик излайди.

15 Қийналганларга ҳар кун ташвиш,

лекин юрагида шодлик бўлса, доимо байрам.

16 Кўп бойликка эга бўлиб ваҳима билан яшагандан кўра,

Эгамиздан қўрқиб озгина бойлик билан яшаш яхшироқ.

17 Гўшт еб нафрат билан яшашдан,

сабзавот еб севги билан яшаган афзалроқ.

18 Баджаҳл жанжал чиқаради,

жаҳлни тиядиган эса тинчлантиради.

19 Дангасанинг йўли тиканли четан девор каби,

тўғрининг сўқмоғи эса катта равон йўлдир.

20 Ақлли фарзанд отасини қувонтиради,

ақлсиз эса онасини хор қилади.

21 Аҳмоқлик виждонсизга қувончдир,

ақлли эса тўғри юради.

22 Маслаҳат бўлмаган жойда иш юришмайди,

маслаҳатчи кўп бўлса, муваффақиятли бўлади.

23 Одам яхши жавоби туфайли қувонади,

ўз вақтида айтилган сўз қанчалик яхши.

24 Донога тепадаги ҳаёт сўқмоғи

пастдаги ўликлар диёридан узоқлашиш учундир.

25 Эгамиз такаббурнинг уйини вайрон қилади,

беванинг мол–мулкини сақлайди.

26 Фосиқнинг ниятлари Эгамизга жирканч,

ёқимли сўзлар эса покдир.

27 Очкўз ўз уйига ташвиш келтиради,

порадан нафратланадиган эса яшайди.

28 Солиҳ ўйлаб жавоб беради,

фосиқнинг оғзидан эса ёмонлик чиқаверади.

29 Эгамиз фосиқлардан узоқда,

лекин солиҳларнинг ибодатини эшитади.

30 Кўздаги нур кўнгилни хушнуд этади,

хушхабар тан–жонга озиқ беради.

31 Ҳаётбахш насиҳатга қулоқ солган

доноларнинг орасида бўлади.

32 Насиҳатни рад қилган ўз жонини хор қилади,

танбеҳга қулоқ солган эса идрокли бўлади.

33 Эгамиздан қўрқиш доноликни ўргатади,

камтарлик иззату икромга сазовор қилади.

1 Режалар одамнинг юрагида,

тилдаги жавоб эса Эгамиздан.

2 Одамнинг қилмишлари унинг назарида тўғри,

лекин Эгамиз юракнинг поклигини ўлчайди.

3 Ишларингни Эгамизга топшир,

шунда режаларинг мустаҳкам бўлади.

4 Ҳамма нарсани Эгамиз Ўз мақсади билан яратган,

ҳатто фосиқларнинг ҳам қисматини белгилаб қўйган.

5 Барча такаббурлар Эгамизга жирканч,

улар жазосиз қолмайдилар.

6 Севги ва садоқат туфайли гуноҳ кечирилади,

Эгамиздан қўрқиш ёмонликдан узоқлаштиради.

7 Эгамизга инсоннинг йўллари маъқул келганда,

душманлари билан ҳам яраштиради.

8 Адолатсиз келган кўп даромаддан,

ҳалол меҳнат билан топилган озгинаси яхшироқ.

9 Одам юрагида ният қилади,

унинг қадамини эса Эгамиз бошқаради.

10 Худонинг сўзлари шоҳнинг тилида,

ҳукм қилганда хато қилмайди.

11 Тўғри тарозию паллалар Эгамизникидир,

тарози тошларини ҳам Худо яратган.

12 Шоҳнинг ёмонлик қилиши қабиҳликдир,

чунки унинг тахти адолат туфайли мустаҳкам.

13 Тўғри сўз шоҳнинг қувончидир,

у ростгўйларни яхши кўради.

14 Шоҳнинг ғазаби ўлим даракчисидир,

доно уни тинчлантиради.

15 Шоҳ юзидаги табассум ҳаётдан нишона,

унинг марҳамати ёмғир келтирадиган булут кабидир.

16 Доно бўлиш — олтиндан,

идрок топиш эса кумушдан ҳам яхшироқдир.

17 Тўғрининг йўли ёмонликдан узоқлаштиради,

қадамини билиб босган одам ўз жонини асрайди.

18 Мағрурликнинг ортидан ҳалокат келади,

такаббурликдан сўнг эса одам қоқилади.

19 Такаббурлар билан ўлжа бўлишгандан кўра,

камтарин бўлиб камбағаллар орасида яшаш яхшироқ.

20 Гапга тушунадиган яхшилик топади,

Эгамизга умид боғлаган бахтли бўлади.

21 Қалбида донолик бўлган фаросатли деб аталади,

ширинсуханлик ақл–идрокни кўпайтиради.

22 Идрок ўзининг соҳиби учун ҳаёт булоғи,

аҳмоқлик эса аҳмоққа жазодир.

23 Дононинг юраги тилига идрок беради,

сўзларини ишончли қилади.

24 Ёқимли сўз асал кабидир,

жонга роҳат, суякларга малҳамдир.

25 Шундай йўл борки, инсонга тўғри бўлиб кўринади,

аммо охири ўлимга олиб боради.

26 Меҳнат қиладиган одам ўзи учун ишлайди,

чунки оч қорни уни ундайди.

27 Ярамас одам ёмонликни қўзғайди,

сўзлари куйдирадиган олов кабидир.

28 Маккор жанжал чиқаради,

ғийбатчи эса яқин дўстларни ажратади.

29 Ёвуз ўзгани алдаб, ёмон йўлга бошлайди.

30 Кўзини қисган — ёмон ниятда,

лабини тишлаган эса ёвузлик қилган.

31 Оқарган сочлар — шарофат тожи,

солиҳлик йўлида юрган унга эришади.

32 Жаҳлини тийган — қудратлидан,

ўзини тута биладиган эса шаҳарни енггандан яхшироқ.

33 Қуръа ташланади,

аммо барча қарор Эгамиздандир.

1 Дастурхони тўла жанжалли уйдан,

бир тишлам қаттиқ нони бор тинч хонадон яхшироқ.

2 Шармандали иш қиладиган ўғил устидан фаросатли қул ҳукмронлик қилади,

у хўжайинининг ўғиллари қатори меросга шерик бўлади.

3 Кумуш ва олтин оловда синалади,

одамларнинг қалбини эса Эгамиз синайди.

4 Фосиқлар ёвуз одамларнинг гапига киради,

ёлғончилар эса ғийбатга қулоқ солади.

5 Камбағални мазах қилган одам уларни Яратганни таҳқирлайди,

бировнинг бахтсизлигидан қувонган жазосиз қолмайди.

6 Набиралар — кексаларнинг тожу тахти,

оталар ўғилларнинг шон–шуҳратидир.

7 Яхши сўз нодонга ярашмагандек,

ёлғон ҳам улуғсифат одамга асло тўғри келмайди.

8 Ўз эгасининг назарида пора сеҳрли қимматбаҳо тош,

гўё ҳамма ерда омад келтиради.

9 Гуноҳни кечирган дўстликни сақлайди,

уни кавлаштирган эса дўстни узоқлаштиради.

10 Донога берилган битта танбеҳ

нодоннинг бошида синган юзта калтакдан таъсирлироқ.

11 Фосиқ фақат ғалаён пайида бўлади,

шунинг учун унга ёвуз элчи юборилади.

12 Тентакнинг аҳмоқлигига йўлиққандан кўра,

болаларидан айрилган она айиққа дуч келган яхшироқ.

13 Яхшиликка ёмонлик қилганнинг хонадонидан

ёмонлик аримайди.

14 Жанжалнинг бошланиши — сув уриб кетишига ўхшайди,

жанжал чиқмасдан уни тўхтат.

15 Фосиқни оқлаш, солиҳни айблаш —

иккови ҳам Эгамизга жирканчдир.

16 Бу нима?!

Нодоннинг қўлида бойлик бор,

“Донолик сотиб олай”, — дейди, лекин унда ақл йўқ.

17 Ҳақиқий дўст ҳар доим севади,

ака–укалар ҳам оғир кун учун туғилган.

18 Қўл ташлаб бировга кафиллик қиладиган ақлсиздир.

19 Гуноҳни яхши кўрган уруш–жанжални севар,

ўзига бино қўйган ҳалокат қидирар.

20 Юраги маккор одам яхшиликка эришмайди,

эгри тил кулфатга дучор бўлади.

21 Нодон фарзанд кўрган қайғу чекади,

аҳмоқнинг отаси шодлик нималигини билмайди.

22 Шод юрак — шифобахш дори,

ғам–кулфат эса жоннинг эговидир.

23 Фосиқ қўйнидан пора олиб

адолат йўлини ўзгартиради.

24 Фаҳм–фаросатли инсон доноликка қарайди,

нодоннинг кўзи эса дунёнинг нариги четида.

25 Аҳмоқ фарзанд — отасига қайғу,

уни туққан онага ғамдир.

26 Солиҳни жазолаш,

амалдорни одиллиги учун койиш яхши эмас.

27 Кам гапирган — доно,

оғир, вазмин одам идроклидир.

28 Ҳатто аҳмоқ ҳам индамай ўтирганда доно бўлиб кўринади,

тилини тийиб турган фаросатли ҳисобланади.

1 Бошқалардан ажралган ўз истагини қондиришни хоҳлайди,

у ҳамма доно насиҳатга қарши чиқади.

2 Нодон ақл–идрокни ёқтирмайди,

фақат ўзини кўрсатади.

3 Фосиқлик дастидан шармандалик келади,

ҳурматсизлик эса уят келтиради.

4 Доно сўзлар чуқур сувлардай туганмасдир,

донолик булоғи ошиб–тошган ирмоқдир.

5 Фосиқнинг тарафини олиш,

ҳукмда солиҳни айблаш яхши эмас.

6 Аҳмоқнинг тили жанжал чиқаради,

сўзлари эса калтак келтиради.

7 Аҳмоқнинг тили ўзига ҳалокат,

сўзлари жонига тузоқдир.

8 Ғийбатчининг сўзи ширин овқат кабидир,

одамнинг бутун аъзойи баданига сингиб кетади.

9 Ишда дангаса бўлган одам бузғунчига оғайнидир.

10 Эгамизнинг номи мустаҳкам қалъадир,

солиҳ у ерга бориб эсон–омон бўлади.

11 Бойнинг бойлиги қалъасидир,

унинг назарида шаҳарнинг баланд девори кабидир.

12 Такаббурлик ҳалокатга олиб боради,

камтарлик эса иззату икромга сазовор қилади.

13 Охиригача тингламай жавоб берган аҳмоқдир,

у шарманда бўлади.

14 Одамнинг руҳи касалликка чидай олади,

лекин тушкун руҳга ким тоқат қила олади?!

15 Ақллининг қалби билим олади,

доно илму маърифатга интилади.

16 Совға эгасига ҳамма эшикларни очади,

катта одам олдига олиб боради.

17 Биринчи гапирган одам

бошқаси келиб текширмагунча, ҳақ кўринади.

18 Қуръа жанжални тўхтатади,

кучли рақибларни ҳам ажратади.

19 Хафа бўлган биродарга яқинлашиш

кучли шаҳарни олишдан ҳам қийин,

ўртадаги жанжал қалъанинг қулфига ўхшайди.

20 Одамнинг қорни оғзининг маҳсули билан тўяди,

тилининг самараси билан қониқади.

21 Ўлим ҳам, ҳаёт ҳам тилнинг ҳукмидадир,

бирисини севган мевасини ейди.

22 Хотин топган бахт топиб,

Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади.

23 Камбағал илтижо билан гапиради,

бой эса қўпол жавоб беради.

24 Шундай дўст борки, у ҳалокат келтиради,

дўст борки, у туғишгандан ҳам яқинроқдир.

1 Тўғри юрадиган камбағал

эгри тилли аҳмоқдан яхшироқ.

2 Билимсиз истак яхши эмас,

шошқалоқлар ҳам қоқилади.

3 Нодоннинг нодонлиги ҳаётини бузади–ю,

Эгамиздан жаҳли чиқади.

4 Бойлик дўстлар устига дўст келтиради,

камбағал эса дўстидан ҳам айрилади.

5 Сохта гувоҳ жазосиз қолмайди,

ёлғон гапирувчи ҳам қочиб қутулмайди.

6 Аъёнларнинг марҳаматини истайдиган кўп,

совға берувчига ҳамма дўстдир.

7 Камбағалдан ҳамма ака–укалари нафратланади,

дўстлари ҳам узоқлашади,

қидирганда уларнинг изи ҳам йўқ.

8 Доноликка эришган ўз жонини севади,

фаросатли киши яхшилик топади.

9 Сохта гувоҳ жазосиз қолмайди,

ёлғончи ҳалок бўлади.

10 Ҳашаматли яшаш аҳмоққа ярашмаганидек,

хўжайин устидан ҳокимлик қилиш ҳам

қулга тўғри келмайди.

11 Одамнинг ақли жаҳлини тияди,

гуноҳни кечириш унга шуҳрат келтиради.

12 Шоҳнинг ғазаби шернинг ўкиришига ўхшайди,

муруввати эса майсадаги шабнам кабидир.

13 Нодон фарзанд отасига ташвиш келтиради,

хотиннинг жанжали бетўхтов томадиган чаккадайдир.

14 Уй ва бойлик — отадан мерос,

фаросатли хотин эса Эгамиздандир.

15 Дангасалик одамни уйқучи қилади,

ялқов одам оч қолади.

16 Амрларга амал қилган ўз жонини асрайди,

ўз ҳаётини хор қилган эса ўлади.

17 Камбағалга раҳм қилиш — Эгамизга қарз беришдай,

У яхшиликни қайтаради.

18 Умид бор экан, фарзандингни тарбия қил,

бузилиб, нобуд бўлишига йўл қўйма.

19 Жаҳлдор жазосини олади,

уни бир қутқарсанг яна қутқаришингга тўғри келади.

20 Насиҳатга қулоқ сол, панд–ўгитни қабул қил,

шунда умринг бўйи оқил бўласан.

21 Инсоннинг юрагида ният кўп,

лекин фақат Эгамизнинг айтгани амалга ошади.

22 Инсоннинг истаги — садоқатли севги,

камбағал одам ёлғончидан яхшироқдир.

23 Эгамиздан қўрқиш ҳаётга элтади,

одам ҳузур–ҳаловатда яшаб ташвишга учрамайди.

24 Дангаса қўлини косага чўзади–ю,

оғзига олиб келишга эринади.

25 Мазах қилувчининг таъзирини бер!

Шунда содда одамларга ақл киради.

Фаросатлига танбеҳ бер!

Шунда унинг билими ошади.

26 Отасига зўравонлик қилиб, онасини ҳайдаган ўғил

уят ва шармандалик келтиради.

27 Эй ўғлим, агар насиҳатга қулоқ тутмасанг,

илм–маърифатдан юз ўгирган бўласан.

28 Маккор гувоҳ адолат устидан кулади,

фосиқнинг оғзи ёвузликни ўзига олади.

29 Мазах қилувчиларга ҳукм,

нодонларга калтак тайёрдир.

1 Шароб — мазахчи, ароқ — жанжалкаш,

уларга алданганлар нодондир.

2 Шоҳнинг ғазаби — шернинг ўкиришидай,

унинг жаҳлини чиқарган жонидан маҳрум бўлади.

3 Жанжалдан ўзини тортиш — инсоннинг ҳурмати,

аҳмоқ эса жанжалга аралашади.

4 Дангаса кузда ер ҳайдамайди,

ўрим пайти эса қидириб ҳеч нарса тополмайди.

5 Инсоннинг фикрлари — чуқур сув кабидир,

фаҳмли одам уларни ташқарига чиқара олади.

6 Кўпчилик ўзини содиқ деб айтади,

ҳақиқатан ҳам садоқатли бўлганни топиб кўр–чи!

7 Солиҳ ҳалол яшайди,

унинг болалари нақадар бахтлидир!

8 Ҳукмронлик қилаётган шоҳ

ўз кўзи билан барча ёмонликларни ажратади.

9 “Қалбимни тозаладим, гуноҳимдан холиман”, деб

ким айта олади?!

10 Икки турли тарози тоши ва нотўғри ўлчов —

иккови ҳам Эгамизга жирканчдир.

11 Ҳатто ёш болани ҳам хулқидан,

тўғрилигини ва поклигини ишларидан билса бўлади.

12 Эшитадиган қулоқ, кўрадиган кўз —

икковини ҳам Эгамиз яратган.

13 Уйқуни яхши кўрма,

бўлмаса камбағал бўласан,

кўзларингни оч, қорнинг тўяди.

14 Харидор: “Яхши эмас, яхши эмас!” дейди–ю,

нарироққа бориб мақтанади.

15 Олтин бор, ёқут тошлар ҳам кўп,

бироқ энг қимматбаҳо нарса — билимли тил.

16 Бегонага кафиллик қилганнинг тўнини ечиб ол,

ҳа, бундай ақлсиз одамдан кийимини гаров қилиб ол.

17 Ноҳақлик билан топилган нон ширин,

аммо кейин оғиз тупроқ билан тўлади.

18 Маслаҳат билан режа туз,

ақлли йўл–йўриқ билан уруш олиб бор.

19 Чақимчи сирларни очади,

оғзи бўш одам билан алоқада бўлма.

20 Ким ота–онасини лаънатласа,

унинг чироғи зулматда ўчиб қолади.

21 Бошида шошилиб олинган мерос

оқибатда барака келтирмайди.

22 Ёвузлик учун қасос оламан демагин,

Эгамизга умид боғлаб кутгин,

У сени қутқаради.

23 Икки хил тарози тоши Эгамизга жирканчдир,

ёлғон тарози ҳам яхши эмас.

24 Инсоннинг қадами — Эгамиздан,

шундай экан, у ўз йўлини қандай тушунсин?!

25 Ўйламасдан Худога ваъда берган киши,

аҳд қилгандан кейин иккиланган одам тузоқдадир.

26 Доно шоҳ ёвузларни ажратиб,

уларнинг устидан тегирмон тоши юргизади.

27 Одамнинг руҳи — Эгамизнинг чироғи,

вужуднинг барча чуқурликларини текшириб туради.

28 Севги ва садоқат шоҳни асрайди,

ўша иноят туфайли унинг тахти мустаҳкамдир.

29 Қувват йигит кишининг ғуруридир,

оқарган сочлар эса кексанинг шуҳратидир.

30 Қамчининг жароҳати ёмонликка даводир,

калтак зарби вужуднинг энг чуқур жойларини тозалайди.

1 Шоҳнинг юраги Эгамизнинг қўлида,

уни ирмоқдай хоҳлаган томонга буради.

2 Одамнинг қилмишлари ўзининг назарида тўғри,

аммо Эгамиз юракларни синайди.

3 Адолату ҳақиқатга амал қилиш

Эгамизга қурбонликдан афзалроқдир.

4 Такаббур кўзлар ва мағрур юрак чироқ каби фосиқнинг гуноҳини кўрсатади.

5 Меҳнаткашнинг режаси фақат мўл–кўлчилик келтиради,

шошқалоқ камбағалликка дучор бўлади.

6 Ёлғон билан бойлик топадиганлар

чиқиб кетадиган буғ кабидир,

улар ўз ўлимини излайди.

7 Ёвузнинг зўравонлиги ўз бошига етади,

чунки у адолат билан иш қилишни рад этади.

8 Гуноҳкорнинг йўли — эгри,

софдилнинг иши — тўғри.

9 Уришқоқ хотин билан кенг уйда яшагандан кўра,

лой томнинг бир четида яшаган яхшироқ.

10 Ёвузнинг кўнгли ёмонликка ташна,

қўшниси ундан раҳм–шафқат топмайди.

11 Мазах қилувчи жазоланса, содда одамлар доно бўлади,

донога йўл–йўриқ берилса, билими ошади.

12 Худо одилдир, фосиқнинг уйини У кузатиб туради,

фосиқни ҳалокатга мубтало қилади.

13 Камбағалнинг фарёдига ким қулоқ солмаса,

ўзи фарёд қилганда ҳам ҳеч ким жавоб бермайди.

14 Яширинча берилган совға жаҳлни юмшатади,

енг ичидаги пора ғазабдан туширади.

15 Адолатга амал қилиш солиҳларга севинч,

фосиқларга эса қўрқинчдир.

16 Ақл–идрок йўлидан чиққанлар ўликлар орасидадир.

17 Зиёфатни севган қашшоқлашади,

шароб билан мойни яхши кўрган одам бой бўлмайди.

18 Солиҳга аталган ёвузлик фосиқнинг бошига тушади,

тўғри одамнинг ўрнига хоин ҳалокатга учрайди.

19 Уришқоқ ва баджаҳл хотин билан яшагандан кўра,

чўлу биёбонда яшаш яхшироқ.

20 Дононинг уйида ёғ ҳам, энг яхши нарсалар ҳам бор,

ақлсиз эса уни сарфлаб юборади.

21 Тўғрилик ва садоқат пайида бўлганлар

узоқ умр, солиҳлик ва шон–шуҳратга эришади.

22 Доно энг қудратли шаҳарга бориб,

таянч бўлган қалъани ҳам вайрон қилади.

23 Оғзини ва тилини қўриқлаган

ўз жонини ташвишлардан асрайди.

24 Такаббур ва мағрурнинг номи “мазахчи”,

ҳамма нарсани манманлик билан қилади.

25 Дангасанинг орзуси ўлимга олиб келади,

чунки қўллари ишга бормайди.

26 Дангасанинг куни баднафслик билан ўтади,

солиҳ эса аямасдан беради.

27 Фосиқларнинг қурбонлиги жирканчдир,

ёвуз ният билан келтирилгани эса ундан ҳам баттар.

28 Сохта гувоҳ йўқ бўлади,

ҳақиқатга қулоқ солган эса қолади.

29 Фосиқнинг юзи қаттиқ,

солиҳ эса ўз йўлини билади.

30 Эгамизга қарши донолик ҳам,

идрок ҳам, режа ҳам йўқ.

31 От жанг куни учун тайёрланади,

ғалаба эса Эгамизнинг қўлида.

1 Яхши ном — энг катта бойликдан ортиқ,

марҳаматга сазовор бўлиш эса

кумушу олтиндан ҳам яхши.

2 Бой билан камбағалнинг бир ўхшашлиги бор,

икковини ҳам Эгамиз яратган.

3 Эс–ҳушли одам хавф–хатарни кўриб яширинади,

содда эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади.

4 Камтарлик ва Эгамиздан қўрқиш

бойлик, ҳурмат ва ҳаёт келтиради.

5 Эгрининг йўлида тиканзор ва тузоқлар бор,

ўз жонини асраган ундан узоқлашади.

6 Болани тўғри йўлга солиб тарбияла,

шунда қариганда ҳам йўлидан адашмайди.

7 Бойлар камбағаллар устидан ҳукмронлик қилади,

қарздор қарз берганнинг қулидир.

8 Фосиқликни эккан ташвиш йиғади,

жаҳл қамчиси синади.

9 Сахий барака топади,

чунки ўз нонини камбағаллар билан баҳам кўради.

10 Мазах қилувчини орадан қув!

Шунда ғавғо кетади,

жанжалу ҳақорат ҳам барҳам топади.

11 Покдилликни севиб,

хушмуомала бўлганга шоҳ дўст бўлади.

12 Эгамиз илм–маърифатли инсонни асрайди,

У хоиннинг сўзларини пучга чиқаради.

13 Дангаса: “Ташқарида шер бор,

кўчада мени ўлдиради”, — дейди.

14 Бузуқ аёлнинг оғзи тубсиз чоҳдир,

Эгамизнинг ғазабига учраганлар унга тушади.

15 Ақлсизлик боланинг дилига ўрнашган,

унинг бу ақлсизлигини калтак ҳайдаб чиқаради.

16 Бой бўламан деб қашшоқни эзган ҳам,

бойга совға қилган ҳам камбағаллашади.

Ўттизта доно насиҳат

(22:17-24:22)

17 Доноларнинг сўзларига қулоқ тут,

қалбингни билимимга оч.

18 Чунки бу сўзларни қалбингда сақласанг,

дилинг яшнайди,

улар доим тилингда тайёр бўлсин.

19 Эгамизга умид боғлагин деб

бугун шуларни ўргатяпман.

20 Сенга билим ва маслаҳат билан

ўттизта насиҳат ёзиб бермаганмидим?!

21 Бу ҳақиқат сўзларини ўрганиб,

сени юборганларга айтиб беришинг учун эди.

Биринчи насиҳат

22 Камбағални камбағаллиги учун талама,

бахтсизни дарвоза олдида ҳукм қилганда қийнама.

23 Чунки Эгамиз уларни ҳимоя қилиб,

золимларига Ўзи зулм қилади.

Иккинчи насиҳат

24 Уришқоқ билан дўстлашма,

баджаҳл билан юрма.

25 Бўлмаса сен ҳам уларнинг йўлига тушиб қоласан,

жонингни тузоққа илинтирасан.

Учинчи насиҳат

26 Бегона билан қўл ташлашма,

ўзганинг қарзига кафиллик берма.

27 Агар ўшанинг қарзини тўлашга ҳеч нарсанг бўлмаса,

ҳатто, тагингдаги тўшагингдан ҳам айрилиб қоласан.

Тўртинчи насиҳат

28 Ота–боболаринг қўйган қадимий чегараларни бузма.

Бешинчи насиҳат

29 Ўз ишига моҳир устани кўрганмисан?

У оддий одамларга эмас, шоҳга хизмат қилади.

Олтинчи насиҳат

1 Ҳоким билан овқатланишга ўтирганда,

олдингга қўйилган нарсаларга назар сол.

2 Агар иштаҳанг катта бўлса,

бўғзингга пичоқ тиралгандай, ўзингни назорат қил.

3 Унинг неъматларини кўнглинг тусамасин,

чунки бу алдамчи таомдир.

Еттинчи насиҳат

4 Бой бўлай деб кўп ҳаракат қилма,

фаҳму фаросат билан бу фикрингдан воз кеч.

5 Бойлик кўз очиб юмгунча йўқ бўлади,

қанот қоқиб бургутдай осмонга учиб кетади.

Саккизинчи насиҳат

6 Хасиснинг овқатидан ема,

унинг неъматларини кўнглинг тусамасин.

7 Чунки у кўнглида ўзининг фойдасини ҳисоблайди,

“Егин, ичгин”, — дейди–ю, кўнгли сен билан эмас.

8 Еган луқмангни қайт қиласан,

ширин сўзларинг ҳавога учиб кетади.

Тўққизинчи насиҳат

9 Аҳмоққа гап гапирма,

у ҳикматли сўзларингни рад этади.

Ўнинчи насиҳат

10 Қадимий чегараларни бузма,

етимларнинг даласини тортиб олма.

11 Чунки уларнинг Ҳимоячиси қудратли,

У етимларнинг тарафини олади.

Ўн биринчи насиҳат

12 Юрагингни насиҳатга,

қулоқларингни эса идрокка оч.

Ўн иккинчи насиҳат

13 Боладан танбеҳни аяма,

чунки таёқ билан урсанг ўлмайди.

14 Таёқ билан уриб жазоласанг,

жонини дўзахдан сақлайсан.

Ўн учинчи насиҳат

15 Ўғлим, қалбингда донолик бўлса,

юрагим қувонади.

16 Тилингдан тўғри сўз чиқса,

кўнглим ҳам шодланади.

Ўн тўртинчи насиҳат

17 Гуноҳкорларга ҳавас қилма,

доимо Эгамиздан қўрқиб юр.

18 Чунки албатта келажак бор,

умидинг рўёбга чиқади.

Ўн бешинчи насиҳат

19 Ўғлим, тинглаб доно бўл,

юрагингни тўғри йўлга сол.

20 Майхўр ва очкўзлик билан гўшт ейдиганлар орасида бўлма.

21 Чунки майхўр ва очкўз қашшоқ бўлади,

уйқучилик жулдур кийим кийдиради.

Ўн олтинчи насиҳат

22 Сени дунёга келтирган отангга қулоқ сол,

онанг қариганда уни хор қилма.

23 Ҳақиқатни сотиб ол,

донолик, йўл–йўриқ, идрок ҳам ол, уларни сотма.

24 Солиҳ отасининг бошини кўкка етказади,

доно фарзанд уни хурсанд қилади.

25 Ота–онанг сендан хурсанд бўлсин,

сенга ҳаёт берган онанг шод бўлсин.

Ўн еттинчи насиҳат

26 Ўғлим, менга қалбингни оч,

кўзларинг ишларимни кузатсин.

27 Чунки бузуқ хотин — тубсиз чоҳ,

зинокор хотин тор қудуқдир.

28 У қароқчи каби пойлаб туради,

одамлар орасида вафосизликни орттиради.

Ўн саккизинчи насиҳат

29 Қайғу кимда, ким ғам–ташвиш тортади?

Ким жанжал қилади, шикоят қилган ким?

Ким сабабсиз яраланади?

Кимнинг кўзлари қип–қизил?

30 Шароб ичишга берилганлар,

хушбўй майни тотиб кўришга кўп борганлар.

31 Шаробнинг қизиллигига,

қадаҳда чўғдай товланишига,

текис қуйилишига қарама.

32 Охирида у илон каби чақади,

қора илондай заҳар сочади.

33 Кўзларинг ғалати нарсаларни кўради,

юрагингда эгри фикрлар бўлади.

34 Кўпирган денгиз ўртасида ётгандай,

тўлқинларда чайқалган кемада ухлагандай бўласан.

35 “Мени урдилар, оғримади,

калтакладилар, лекин билмадим.

Қачон уйғонаман?

Яна бир ичай”, — дейсан.

Ўн тўққизинчи насиҳат

1 Фосиқларга ҳавас қилма,

улар билан бирга бўлишга интилма.

2 Чунки улар зўравонликни ният қилади,

тиллари ёмонликни гапиради.

Йигирманчи насиҳат

3 Уй донолик билан қурилади,

идрок билан мустаҳкам бўлади.

4 Хоналар эса билим билан турли қимматбаҳо,

қимматли бойликка тўлади.

Йигирма биринчи насиҳат

5 Доно сипоҳлар кучли сипоҳлардан,

илм–маърифатлилар эса кучи борлардан қудратлироқдир.

6 Яхши одам йўл–йўриқ билан урушга боради,

маслаҳатчилар кўплиги туфайли ғалаба қилади.

Йигирма иккинчи насиҳат

7 Аҳмоқ доноликка етишмайди,

ҳукмда оғзини оча олмайди.

Йигирма учинчи насиҳат

8 Ёмон ният қилувчининг номи шаккокдир.

9 Аҳмоқлик билан тузилган режа гуноҳдир,

мазахчидан одамлар жирканади.

Йигирма тўртинчи насиҳат

10 Ташвишли кунда ожиз бўлганнинг кучи камдир.

Йигирма бешинчи насиҳат

11 Ўлимга маҳкум бўлганларни,

дорга олиб кетилаётганларни қутқар.

12 “Билмайман”, — десанг ҳам,

юракни синайдиган Худо кўрмайдими,

жонни асрайдиган буни билмайдими?

Ҳаммага уларнинг ишига яраша қайтармайдими?

Йигирма олтинчи насиҳат

13 Ўғлим, асал еб кўргин, у яхши,

асалари муми оғзингга шириндир.

14 Донолик жонингга асалдайдир,

унга эришсанг келажагингни топасан,

умидинг рўёбга чиқади.

Йигирма еттинчи насиҳат

15 Эй фосиқ, солиҳнинг уйига пистирма қурма,

уй–жойига тегма.

16 Солиҳ етти марта йиқилса ҳам туриб кетаверади,

фосиқ эса ҳалокатга учрайди.

Йигирма саккизинчи насиҳат

17 Душманинг йиқилганда севинма,

қоқилгани учун юрагинг қувонмасин.

18 Бўлмаса Эгамиз буни кўриб ёқтирмай,

ғазабини ундан ўгиради.

Йигирма тўққизинчи насиҳат

19 Фосиқлардан жаҳлинг чиқмасин,

ёмонларга ҳавас қилма.

20 Чунки ёмонларнинг келажаги йўқ,

фосиқларнинг чироғи ўчиб қолади.

Ўттизинчи насиҳат

21 Эй ўғлим, Эгамиздан ҳам, шоҳдан ҳам қўрқ,

уларга қарши бош кўтарма.

22 Чунки улардан кулфат кутилмаганда келади,

икковидан келадиган ҳалокатни ким билади?!

Доно ўгитлар

(24:23-34)

23 Қуйидаги сўзлар ҳам донолардан.

Ҳукмда тарафкашлик қилиш яхши эмас.

24 Фосиққа “солиҳсан” деганни эл лаънатлайди,

халқлар ундан нафратланади.

25 Унга танбеҳ берганлардан хурсанд бўлади,

улар қут–барака топадилар.

26 Тўғри жавоб берадиганларни ҳамма севади.

27 Ташқаридаги юмушингни бажар,

даладаги барча ишларингни тартибга сол,

кейин уйингни қургин.

28 Сабабсиз ўзгага қарши гувоҳлик берма,

тилинг билан алдама.

29 “Менга нима қилган бўлса, мен ҳам шундай қиламан,

қилмишига яраша қайтараман”, дема.

30 Мен дангасанинг даласидан,

нодоннинг узумзори ёнидан ўтдим.

31 Ана, ҳамма ёқ тиканзор,

ҳамма ерда қичитқи ўт,

тош девор ҳам қулаб, ер билан битта бўлиб ётибди.

32 Қараб, ўйлаб кўрдим,

уни кўриб сабоқ олдим.

33 “Бир оз ухлай, бир мизғиб олай,

ёнбошлаб бирпас дам олай”, — дейди.

34 Шунинг учун қашшоқлик йўлтўсардай,

муҳтожлик эса қароқчидай устига келади.

Ҳизқиё томонидан тўпланган Сулаймон ҳикматлари

(25:1-29:27)

1 Қуйидагилар ҳам Сулаймоннинг ҳикматларидир. Бу ҳикматлар Яҳудо шоҳи Ҳизқиёнинг одамлари томонидан ёзиб олинган.

2 Ишларни сирли қилиш — Худонинг шуҳрати,

ишларни текшириб билиш эса шоҳ шарафидир.

3 Осмон баланд, денгиз чуқур,

шоҳнинг юраги ҳам шундай,

уни тушуниш қийин.

4 Кумушдан чиқиндини олиб ташла,

ўшанда ундан яхши идиш ясалади.

5 Фосиқни шоҳ олдидан чиқариб ташла,

шунда шоҳнинг тахти ҳақиқат билан мустаҳкам бўлади.

6 Шоҳнинг олдида ўзингни юқори қўйма,

улуғ одамлар турганда тўрга чиқма.

7 Чунки ўзинг кўриб турган асилзодалар олдида

биров сени пойгакка туширгандан кўра,

“Тўрга ўтинг” дегани яхшироқ.

8 Шошилиб арз қилма,

охирида қўшниларнинг олдида уялиб қолсанг нима бўлади?

9 Қўшнингнинг ўзи билан гаплаш,

сирни бошқаларга очма.

10 Бўлмаса, эшитганлар сени уятга қўяди,

номинг бир умрга ёмон бўлади.

11 Ўз ўрнида айтилган сўз тилла узукка қўйилган ёқут кўздайдир.

12 Дононинг танбеҳи тинглаган қулоққа

тилла сирға ва олтин безакдайдир.

13 Садоқатли хабарчи уни юборганларга

жазирама ўрим пайтидаги салқин сувдайдир,

хўжайинининг қалбини севинтиради.

14 Қилмаган совғаси билан мақтанадиган одам

ёмғирсиз булут ва шамол кабидир.

15 Сабр–тоқат билан гапирилса амалдор ҳам кўнади,

мулойим сўз тошни ҳам синдиради.

16 Асал топсанг, етарлича егин,

ортиқчаси қайт қилдиради.

17 Қўшнингникига ҳадеб кираверма,

бўлмаса сендан безиб, ёмон кўриб қолади.

18 Ўзгага қарши сохта гувоҳлик берган одам

болта, қилич, ўткир ўққа ўхшайди.

19 Ташвишли кунда вафосизга суяниш

синган тиш ва чўлоқ оёққа ишониш кабидир.

20 Ғамгин одам олдида қўшиқ айтиш

аёзда уст–бошини ечиб ташлагандай, жароҳатга сирка суртиш кабидир.

21 Душманинг оч бўлса, овқат бер,

чанқаган бўлса, сув ичир.

22 Шунда унинг бошига ёнаётган чўғ йиққандай бўласан,

Эгамиз эса сени тақдирлайди.

23 Шимолдан эсадиган шамол жала,

ғийбат эса ғазаб келтиради.

24 Уришқоқ хотин билан кенг уйда яшагандан кўра,

лой томнинг бир четида яшаган яхшироқ.

25 Узоқ юртдан келган хушхабар

чарчаган одамга совуқ сув кабидир.

26 Фосиққа бош эгган солиҳ

лойқаланган булоқ ва бузилган қудуқдайдир.

27 Кўп асал ейиш яхши эмас,

иззатталаб бўлиш ҳам ҳурмат келтирмайди.

28 Ўзини тута олмайдиган одам

деворсиз вайрона шаҳар кабидир.

1 Ақлсизга иззат–ҳурмат кўрсатиш

ёзда ёққан қор, йиғим–терим пайтидаги ёмғир кабидир.

2 Қушлар бекорга осмонга кўтарилмагандай,

сабабсиз лаънат ҳам одамга тегмайди.

3 Отга — қамчи, эшакка — сувлуқ,

ақлсизнинг орқасига эса — таёқ.

4 Нодоннинг нодон саволларига жавоб берма,

бўлмаса сен ҳам унга ўхшаб қоласан.

5 Нодоннинг гаплари бемаънилигини ошкор қил,

тағин ўзича доно бўлиб кетмасин.

6 Ақлсиз орқали хабар юборган одам

оёғини кесиб ташлагандай азоб чекади.

7 Аҳмоқнинг оғзидаги матал чўлоқ оёқдайдир.

8 Ақлсизга иззат–ҳурмат кўрсатиш

палахмонга тош боғлаб қўйиш кабидир.

9 Нодоннинг тилидаги матал

мастнинг қўлидаги тикандайдир.

10 Аҳмоқни ва йўлдан ўтган ҳар бир мастни ёллаган одам

дуч келганни отадиган камонкашга ўхшайди.

11 Ўз қусуғига қайтиб келадиган ит каби,

нодон ҳам ўз ақлсизлигини такрорлайди.

12 Ўзини доно деб ўйлаганни кўрганмисан?

Ундан кўра, ақлсиздан умид кўпроқ.

13 Дангаса: “Кўчада шер бор,

у очиқ майдонда юрибди”, — дейди.

14 Эшик ўз ўқида айланади,

танбал эса ўз тўшагида.

15 Дангаса қўлини косага чўзади–ю,

оғзига олиб келишга эринади.

16 Танбал ўз назарида

фаросат билан гапирадиган етти кишидан ҳам донороқ.

17 Бошқаларнинг жанжалига аралашган

дайди итнинг қулоғидан чўзгандайдир.

18 Телба ўт, найза ва ўлим ёғдиради.

19 Бировни алдаб: “Фақат ҳазиллашган эдим” деган ҳам шундайдир.

20 Ўтин бўлмаса, ўт ўчиб қолади,

чақимчи бўлмаса, жанжал тўхтайди.

21 Кўмир — чўғ учун, ўтин — олов учун,

уришқоқ эса жанжал чиқариш учундир.

22 Ғийбатчининг сўзи ширин овқат кабидир,

одамнинг бутун аъзойи баданига сингиб кетади.

23 Ширин сўзли нияти ёмон одам

кумуш суви юритилган сопол идиш кабидир.

24 Душман тилида бошқача сўзлайди,

дилида эса алдашни ният қилади.

25 У юмшоқ сўзлаганда ишонма,

чунки юраги қабиҳликка тўла.

26 Нафрат ёлғон билан яширилган бўлса ҳам,

ёмонлиги эл–юртга ошкор бўлади.

27 Бировга чуқур қазиганнинг ўзи унга тушади,

тош думалатганга эса ўша тош қайтади.

28 Ёлғончи тил ўзи яралаган одамни ёмон кўради,

хушомадгўй ҳалокат келтиради.

1 Эртанги кун билан мақтанма,

унинг нима олиб келишини билмайсан–ку!

2 Сени ўзинг эмас, бошқалар,

ўз оғзинг эмас, ўзгалар мақтасин.

3 Тош ҳам, қум ҳам оғир,

ақлсизнинг ғазаби эса икковидан ҳам оғирроқ.

4 Жаҳл — золим, ғазаб бир тошқиндир,

рашк олдида ким бардош бера олади?!

5 Ошкора танбеҳ пинҳона меҳрдан яхшироқ.

6 Душманнинг ширин сўзи эмас,

дўстнинг калтаклаши садоқатни кўрсатади.

7 Тўқ одам асални ҳам оёқ ости қилади,

очга эса аччиқ нарса ҳам ширин.

8 Ўз уйини ташлаб кетган одам

инидан айрилган қушга ўхшайди.

9 Хушбўй мой ва муаттар атир кўнгилни шод қилади,

дўстнинг самимий маслаҳати қувонч келтиради.

10 Ўз дўстингни ва отангнинг дўстини ташлаб кетма,

оғир кунда акангникига чопма,

яқин қўшни узоқдаги акадан яхшироқ.

11 Эй ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир,

шунда биров мени танқид қилса ҳам,

жавоб қайтара оламан.

12 Эс–ҳушли одам хавф–хатарни кўриб яширинади,

содда эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади.

13 Бегонага кафиллик қилганнинг тўнини ечиб ол,

ҳа, бундай ақлсиз одамдан кийимини гаров қилиб ол.

14 Тонг–саҳарлаб дўстига ҳамду сано айтган одам

унга лаънат ўқиган бўлади.

15 Жанжалкаш хотин

ёмғирли кунда тўхтамай томаётган чаккага ўхшайди.

16 Уни бошқариш шамолни бошқариш

ёки ўнг қўл билан мойни ушлаш демакдир.

17 Темир темирни ўткирлайди, инсон эса дўстини.

18 Анжирни парвариш қилган одам

унинг мевасидан баҳраманд бўлади,

соҳибига яхши қараган иззат–ҳурматга эга бўлади.

19 Сув инсоннинг юзини акс эттиргани каби,

юраги ҳам унинг кўзгусидир.

20 Ўлим ва Ҳалокат ҳеч тўймаганидай,

инсоннинг кўзи ҳам асло тўймайди.

21 Кумуш, олтин оловда синалади,

одам эса мақтовда.

22 Аҳмоқни келига солиб дон билан бирга янчсанг ҳам,

аҳмоқлиги ундан ажралмайди.

23 Қўйларингнинг аҳволини яхши бил,

подаларингга яхши қара.

24 Чунки бойлик ҳам, тож ҳам абадий эмас.

25 Ўтлар қуриб, янги кўкатлар ўсиб чиққанда,

қир–адирдаги ўт–ўланлар йиғиб олинганда,

26 қўзилар кийим–кечагингни,

эчкилар эса дала баҳосини қоплайди.

27 Эчкиларнинг сути кўп,

сенга ҳам, уй аҳлингга ҳам,

ҳатто хизматкорларингга ҳам етарли бўлади.

1 Фосиқни ҳеч ким қувмаса ҳам қочаверади,

солиҳ эса шердай ботир.

2 Юртда исён бўлганда бошлиқ кўпаяди,

аммо ақл–идрокли раҳнамо туфайли

юртда тинчлик барқарор бўлади.

3 Ожизларни эзадиган камбағал

овқат қолдирмайдиган селдайдир.

4 Қонунни тан олмайдиганлар фосиқларни мақтайди,

қонунга амал қиладиганлар эса улар билан курашади.

5 Фосиқ адолатни тушунмайди,

Эгамизга интилган эса ҳамма нарсани тушунади.

6 Камбағал бўлиб тўғри юриш

бой бўлиб эгри юргандан яхшироқ.

7 Доно фарзанд қонунга риоя қилади,

ярамасга улфат бўлган эса отасини шарманда қилади.

8 Судхўр ва очкўз одам бойлик йиғади,

аммо бойлиги қашшоққа ачинадиганга насиб этади.

9 Қонундан юз ўгирганнинг ибодати ҳам жирканчлидир.

10 Тўғри одамни ёмон йўлга бошлаган одам

қазиган чуқурига ўзи тушади,

покдил эса яхшилик топади.

11 Бой ўзининг назарида доно,

ақлли камбағал эса ўзини текширади.

12 Солиҳ мартабага эришганда катта байрам,

фосиқ лавозимга келса одамлар яширинади.

13 Ўз гуноҳларини яширган ютуққа эришмайди,

уларни тан олиб, воз кечган марҳамат топади.

14 Доим Худодан қўрққан бахтлидир!

Бағри тош одам эса балога учрайди.

15 Ожиз халқ устидаги ёвуз ҳукмдор

ириллаётган шер ва ҳужум қилаётган айиқдайдир.

16 Ақлсиз ҳукмдор ниҳоятда золим бўлади,

адолатсиз фойдадан нафратланадиган узоқ яшайди.

17 Агар биров одам ўлдирган бўлса, ўлгунча қочиб юрсин,

унга ҳеч ким ёрдам бермасин.

18 Тўғри юрадиган нажот топади,

эгри йўлдан юрадиган эса йиқилади.

19 Ўз ерига ишлов берганнинг нони мўл бўлади,

орзу–хаёлларга берилган эса қашшоқликка учрайди.

20 Содиқ киши кўп барака топади,

бойишга шошилган жазосиз қолмайди.

21 Тарафкашлик яхши эмас,

бир тўғрам нон деб одам вафосизлик қилади.

22 Хасис одам бойлик орқасидан қувиб,

бошига қашшоқлик келишини билмайди.

23 Танқид қиладиган одам

хушомадгўйга қараганда кўпроқ марҳамат топади.

24 Ота–онасининг мулкини ўғирлаб,

“Бу гуноҳ эмас” деган одам бузғунчига шерикдир.

25 Очкўз жанжал чиқаради,

Эгамизга ишонган эса тўқ яшайди.

26 Ўзигагина ишонган аҳмоқдир,

ақл билан юрадиган эса нажот топади.

27 Камбағалга берган одам кам бўлмайди,

кўриб–кўрмасликка олган эса кўп лаънатга учрайди.

28 Фосиқлар мартабага эришса одамлар яширинади,

фосиқлар ҳалокатга йўлиққанда эса солиҳлар кўпаяди.

1 Танбеҳ олса ҳам ўжарлигича қоладиган одам

бирданига ҳалокатга учрайди, шифо топмайди.

2 Солиҳлар кўпайганда халқ севинади,

фосиқ ҳукмрон бўлганда эса фиғон чекади.

3 Доноликни севган ўғил отасини севинтиради,

фоҳиша билан алоқада бўлган мол–мулкини совуради.

4 Шоҳ юртни адолат билан мустаҳкамлайди,

совғани севадиган эса хароб қилади.

5 Дўстига хушомад қилган одам

ўз оёқларига тузоқ қўйгандай бўлади.

6 Фосиқнинг гуноҳи қопқон,

солиҳ эса қўшиқ айтиб қувонади.

7 Солиҳ ожизнинг ҳақ–ҳуқуқини билади,

фосиқда эса бундай тушунча ҳам йўқ.

8 Мазах қилувчилар шаҳарда тўполон қилади,

донолар эса ғазабни тинчлантиради.

9 Доно аҳмоқни судлашгани маҳкамага олиб борса,

аҳмоқ жанжал қилади, ҳақоратлайди.

Доно эса ҳаловатга эришмайди.

10 Қонхўр одам покдил инсондан нафратланади,

тўғрининг жонини олмоқчи бўлади.

11 Нодон бор жаҳлини тўкиб солади,

доно эса ичида сақлайди.

12 Ҳукмдор ёлғонга қулоқ солса,

барча хизматкорлари фосиқ бўлади.

13 Золим билан ожизнинг бир ўхшашлиги бор:

икковига ҳам Эгамиз кўз нури берган.

14 Шоҳ камбағални адолат билан ҳукм қилса,

унинг тахти абадий мустаҳкам туради.

15 Қамчи ва насиҳат ақл киритади,

ўз ҳолига ташлаб қўйилган бола эса

онасига уят келтиради.

16 Фосиқ кўпайганда гуноҳ ҳам кўпаяди,

солиҳ эса фосиқнинг ҳалокатини кўради.

17 Фарзандингга тарбия бер:

у сенга ором келтиради,

қалбингни шодликка тўлдиради.

18 Ваҳий бўлмаса эл–юрт йўлдан озади,

Худонинг қонунига амал қилган бахтлидир!

19 Қул фақат сўз билан тарбияланмайди,

сўзни тушунса ҳам амал қилмайди.

20 Ўйламай гапирадиганни кўрганмисан?!

Ундан кўра, нодондан умид кўпроқ.

21 Қулни ёшлигидан эркалатиб ўстирса,

оқибатда хўжайинига қайғу бўлади.

22 Сержаҳл одам жанжал чиқаради,

серзарда кўп гуноҳ қилади.

23 Одамнинг мағрурлиги уни паст қилади,

камтарин эса иззат–ҳурмат топади.

24 Ўғрига шерик бўлган ўз жонини ёмон кўради,

у танбеҳ эшитса ҳам чурқ этмайди.

25 Одамдан қўрқиш тузоққа илинтиради,

Эгамизга умид боғлаган эса

хавф–хатардан холи бўлади.

26 Ҳукмдор марҳаматини қидирган кўп,

лекин инсонни ҳукм қиладиган Эгамиздир.

27 Фосиқ солиҳга жирканч,

тўғри юрадиган эса фосиққа жирканчдир.

Ағурнинг сўзлари

(30:1-33)

1 Ёхининг ўғли Ағурнинг Ихтиёлга берган, Ител ва Ухалга айтган сўзлари:

2 “Ростдан ҳам одамлар орасида энг ақлсизи эканман,

инсоннинг ақл–идроки менда йўқ.

3 На доноликни ўрганибман,

на Муқаддас Худони билибман.

4 Ким осмонга кўтарилган, осмондан тушган?

Шамолни ҳовучларига йиққан ким?

Ким сувни ўз кийимига ўраган?

Ернинг барча чегараларини ўрнатган ким?

Унинг исми нима?

Ўғлининг исми–чи?

Биласан–ку!

5 Худонинг ҳар бир сўзи ҳақиқатдир,

Ўзи эса Унга умид боғлаганнинг қалқони.

6 Унинг сўзларига қўшма,

У жазоласа, ёлғонинг фош этилса нима қиласан?

7 Сендан икки нарсани сўрайман,

ўлмасимдан олдин қилгин.

8 Сохталик ва ёлғонни мендан узоқлаштир,

менга қашшоқлик ҳам, бойлик ҳам эмас,

фақат насибамни бергин.

9 Қорним тўйганда: «Эгам ким ўзи?» деб айтмайин,

камбағалликдан ўғрилик қилиб, Уни бадном қилмайин.

10 Қул сени лаънатламаслиги учун уни эгасига ёмонлама,

бўлмаса жазоланасан.

11 Шундай насл борки, отасига лаънат ўқийди,

онасини дуо қилмайди.

12 Шундай насл борки, ўзининг назарида пок,

лекин ифлослигидан тозаланмаган.

13 Шундай насл бор, кўзлари қанчалик такаббур,

қарашлари ҳам мағрур.

14 Шундай насл борки, тишлари — қилич,

қозиқ тишлари эса пичоқ,

ер юзидан камбағални,

одамлар орасидан муҳтожни йўқотади.

15 Зулукнинг икки қизи бор:

«Бер, бер!» — деб айтади.

Ҳеч қачон қониқмайдиган уч нарса,

етарли, демайдиган тўрт нарса бор.

16 Дўзах, бепушт бачадон,

сувсираган тупроқ ҳамда олов, етарли, демайди.

17 Отани мазахлайдиганнинг,

онага бўйсунишни рад этадиганнинг кўзларини

қузғунлар чўқийди,

калхат болалари ейди.

18 Мени ҳайрон қолдирадиган уч нарса бор,

тўрт нарса борки, ақлимга сиғмайди:

19 ҳаводаги бургутнинг йўли,

тош устидаги илоннинг йўли,

денгиз ўртасидаги кеманинг йўли ҳамда

қизга юрадиган эркакларнинг йўли.

20 Зинокор аёлнинг йўли ҳам шундайдир:

у еб бўлгач, оғзини артиб:

«Ҳеч бир эгрилик қилмадим–ку!» дейди.

21 Ер уч нарсадан ларзага келади,

тўрт нарсани кўтара олмайди:

22 қул шоҳлик қилганда,

аҳмоқ тўйганда,

23 шаллақи аёл эрга текканда,

чўри бекасининг ўрнини олганда.

24 Ер юзида тўртта кичкина нарса бор,

лекин ўта доно:

25 чумолилар заиф,

лекин егулигини ёзда тайёрлайди.

26 Бўрсиқ камқувват,

лекин инини қояга қуради.

27 Чигирткаларнинг сардори йўқ,

лекин барчаси ҳамжиҳат юриш қилади.

28 Ўргимчакни қўл билан ушласа бўлади,

лекин саройда ҳам юради.

29 Юриши салобатли уч нарса,

қадами улуғвор тўрт нарса бор:

30 шер ҳайвонлар ичида энг кучлиси,

ҳеч нимадан қочмайди.

31 Мақтаниб юрадиган хўроз,

серка ва ғолиб шоҳ.

32 Агар аҳмоқлик қилиб ўзингни мақтаган бўлсанг,

бировга ёмонлик қиламан, деб айтган бўлсанг,

овозингни ўчир, оғзингни ёп!

33 Чунки кув пишса ёғ чиқади,

бурунга урса қонайди,

жаҳлни қўзғатса жанжал чиқади.”

Шоҳга маслаҳат

(31:1-9)

1 Шоҳ Лемулнинг сўзлари. Бу сўзларни унга онаси ўргатган:

2 “Ўғлим, нима десам экан?

Нима дейин, эй жигарбандим?

Худодан тилаб олган ўғлим, сенга не айтай?

3 Қувватингни хотинларга берма,

шоҳни бузадиганларга ҳаётингни сарф қилма.

4 Эй Лемул, шоҳлар учун эмас шароб,

май амалдорлар учун эмас!

5 Улар ичиб қонунни унутади,

эзилган халқни ҳукм этишда эгрилик қилади.

6 Майни ҳалок бўлаётганга,

шаробни қайғу чекканга бергин.

7 Улар ичиб камбағаллигини унутсин,

фалокатларини эсламасин.

8 Оғзингни гунг учун очгин,

бошига кулфат тушганларнинг тарафини олгин.

9 Гапир, адолат билан ҳукм қил,

бечора ва камбағалларни ҳимоя қил.”

Фаросатли хотин

(31:10-31)

10 Фаросатли хотинни ким топа олади?

Унинг баҳоси гавҳардан ҳам баланд.

11 Эри унга юракдан ишонади,

ҳеч нарсага муҳтож бўлмайди.

12 У эрига ёмонлик эмас,

бир умр яхшилик қилади.

13 Жун ва сурп топади,

хурсанд бўлиб ўз қўли билан ишлайди.

14 Савдо кемалари каби узоқдан нонини келтиради.

15 Қоронғида ўрнидан туриб,

уй аҳлини овқатлантиради,

хизматкорларига топшириқ беради.

16 Ният қилиб, дала сотиб олади,

ўз қўли билан узумзор яратади.

17 Белини маҳкам боғлаб,

қўлларига қувват беради.

18 Қилган ишининг роҳатини кўради,

тунлари ҳам чироғи ўчмайди.

19 Қўлини чархга қўяди,

бармоқлари ип йигиради.

20 Камбағалларга қўлини узатади,

муҳтожларга раҳм қилади.

21 Уй аҳли учун қиш–қировдан қўрқмайди,

чунки улар ҳаммаси қалин кийинтирилган.

22 Ўзи учун сўзана тикади,

либоси кимхоб ва шойидандир.

23 Эри юрт оқсоқоллари орасида ўтиради,

шаҳар дарвозасида танилган.

24 Яна шойидан кийим тикиб сотади,

савдогарларга белбоғ етказиб беради.

25 Либоси — қувват, шараф,

у келажакка қараб қувонади.

26 Донолик билан сўзлайди,

меҳр билан насиҳат қилади.

27 Уй аҳлига яхши қарайди,

дангасалик қилмайди.

28 Болалари туриб уни дуо қилади,

эри ҳам мақтайди:

29 “Фаросатли аёллар кўп,

аммо сен ҳаммасидан аълосан.”

30 Жозиба алдамчи, чирой эса ўткинчидир,

аммо Эгамиздан қўрқадиган аёл кўкка кўтарилади.

31 Меҳнатининг мевасини кўрсин,

ишлари дарвозаларда уни шарафласин.