Юҳанно

Юҳанно

Калом ва Нур

1 Азалда Калом бор эди.

Калом Худо билан бирга эди,

Калом Худо эди.

2 Азалда У Худо билан бирга эди.

3 Бутун борлиқ Калом орқали яратилган,

Усиз яратилган бирон нарса мавжуд эмас.

4 Калом ҳаёт манбаи эди,

Бу ҳаёт инсонларнинг Нури эди.

5 Нур зулматда порлайди,

Ахир, зулмат Нурни енголмади.

6 Худо Яҳё исмли бир одамни юборди.

7 Яҳё Нур ҳақида шаҳодат қилгани келган эди, токи ҳамма унинг шаҳодати орқали имон келтирсин.

8 Яҳёнинг ўзи Нур эмас эди, у фақат Нур ҳақида шаҳодат қилгани келганди.

9 Ҳар бир одамни ёритадиган ҳақиқий Нур дунёга келаётган эди.

10 Ҳа, Калом дунёда эди,

Дунё У орқали яратилганди,

Бироқ дунё Уни танимади.

11 У Ўз юртига келди,

Лекин Ўз халқи Уни қабул қилмади.

12 Аммо Уни қабул қилганларнинг ҳаммасига,

Унга имон келтирганларга,

У Худонинг фарзанди бўлиш ҳуқуқини берди.

13 Улар тана хоҳишидан эмас,

Эр хоҳишидан ҳам эмас,

Табиий йўл билан эмас,

Балки Худодан туғилган фарзандлардир.

14 Калом инсон бўлди,

Орамизда яшади.

У иноят ва ҳақиқатга тўлганди.

Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик.

Бу улуғворлик Отадан келган ягона Ўғилга мансуб эди.

15 Яҳё У ҳақда гувоҳлик бериб, баланд овозда деди: “Менинг кетимдан келаётган Зот мендан улуғдир, чунки У мендан олдин мавжуд бўлган, деб мана шу Киши ҳақида айтган эдим.”

16 Унинг чексиз инояти туфайли

Биз ҳаммамиз барака устига барака олдик.

17 Худо қонунни Мусо орқали берди,

Иноят ва ҳақиқатни эса

У Исо Масиҳ орқали кўрсатди.

18 Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас,

Самовий Отанинг бағридаги,

Аслида Худо бўлган ягона Ўғил

Уни бизга танитди.

Яҳё чўмдирувчининг гувоҳлиги

19-20 Қуддусдаги яҳудийлар Яҳёнинг олдига руҳонийларни ва левиларни юбордилар. Улар келиб, Яҳёдан:

— Сен кимсан? — деб сўрадилар. Яҳё жавоб беришдан бош тортмади. У шаҳодат бериб, очиқ–ойдин:

— Мен Масиҳ эмасман, — деб айтди.

21 Яна ундан:

— Бўлмаса кимсан? Илёсмисан? — деб сўрадилар.

— Йўқ! — деди у.

— Биз кутаётган пайғамбармисан? — деб савол бердилар. У яна:

— Йўқ! — деб жавоб берди.

22 — Унда кимсан? Бизни юборганларга жавоб беришимиз керак. Сен ўзинг ҳақингда нима дейсан? — деб сўрадилар.

23 — Ишаё пайғамбар айтганидай: “Эгамизга тўғри йўл очинг”, деб чўлда янграётган овоз менман, — деди Яҳё.

24 Фарзийлар томонидан юборилган бу одамлар

25 Яҳёга дедилар:

— Модомики, сен Масиҳ ҳам, Илёс ҳам, биз кутган пайғамбар ҳам эмас экансан, нега халқни сувга чўмдириб юрибсан?

26 Яҳё уларга жавобан шундай деди:

— Мен одамларни сувга чўмдиряпман, холос. Лекин орангизда сизлар танимайдиган бир Зот бор.

27 У менинг ортимдан келяпти, шундай бўлса–да, мен Унинг чориқ ипларини ечишга ҳам арзимайман.

28 Бу ҳодиса Иордан дарёсининг шарқий қирғоғидаги Байтания қишлоғида юз берган эди. Яҳё ўша ерда одамларни сувга чўмдириб юрарди.

Исо — Худонинг қурбонлик Қўзиси

29 Эртаси куни Яҳё Исонинг яқинлашиб келаётганини кўриб, шундай деди:

— Ана, Худонинг Қўзиси! У дунёни гуноҳдан поклайди!

30 Мен ана шу Киши ҳақида: “Менинг кетимдан келаётган Зот мендан улуғдир, чунки У мендан олдин мавжуд бўлган”, деб айтган эдим.

31 Мен Унинг кимлигини билмас эдим. Лекин Уни Исроил халқига танитиш мақсадида, мен одамларни сувга чўмдиргани келдим.

32 Яҳё яна шундай шаҳодат берди:

— Мен Руҳнинг осмондан каптардай учиб келганини ва Унинг устига қўнганини кўрдим.

33 Ўша пайтгача мен Унинг кимлигини билмас эдим. Лекин “Одамларни сувга чўмдирасан”, деб мени юборган Худо менга шундай деган эди: “Муқаддас Руҳ кимнинг устига тушиб қўнганини кўрсанг, билки, Муқаддас Руҳга Чўмдирувчи Ўшадир.”

34 Мен буни кўрдим ва сизларга: “Бу Худонинг Ўғлидир”, деб айтяпман.

Исонинг дастлабки шогирдлари

35 Эртаси куни Яҳё шогирдларининг иккитаси билан яна кечаги жойда эди.

36 У ўтиб кетаётган Исога қараб:

— Ана, Худонинг Қўзиси! — деди.

37 Иккала шогирд Яҳёнинг бу сўзларини эшитиб, Исонинг орқасидан эргашиб боришди.

38 Исо ўгирилиб, уларнинг эргашиб келаётганини кўрди–да, улардан:

— Сизларга бирон нарса керакми? — деб сўради.

— Раввий, Сиз қаерда турасиз? — дейишди улар. (Раввий “устоз” демакдир.)

39 — Юринглар, кўрасизлар, — деди Исо.

Улар бориб, Исонинг турар жойини кўрганларида, соат тўрт бўлиб қолган эди. Шунинг учун улар ўша куни Исо билан қолишди.

40 Яҳёдан Исо ҳақида эшитиб, Унга эргашганлардан бири Эндрус эди. Эндрус Шимўннинг укаси эди.

41 У дарров акаси Шимўнни топди–да, унга:

— Биз Масиҳни топдик, — деди. (Масиҳ “Худонинг танлагани” демакдир.)

42 Эндрус акасини Исонинг олдига олиб келди. Исо унга қараб:

— Сен Юҳанно ўғли Шимўнсан. Сенинг исминг Кифас бўлади, — деди.

(Кифас юнончада Бутрус, яъни “тош” демакдир.)

43 Эртаси куни Исо Жалила ҳудудига бормоқчи бўлди. У Филипни учратиб, унга:

— Ортимдан юр! — деди.

44 Филип Байтсайда шаҳридан бўлиб, Эндрус ва Бутруснинг ҳамшаҳари эди.

45 Филип Натанилни топиб, унга деди:

— Мусо Таврот китобида, бошқа пайғамбарлар ҳам ўзларининг битикларида бир Зот тўғрисида ёзишган эди. Биз ўша Зотни топдик. У Носира шаҳридан, Юсуф ўғли Исо экан!

46 — Носира шаҳридан? У ердан бирон яхшилик чиқармиди?! — деди Натанил унга.

— Юр, кўрасан! — деди унга Филип.

47 Исо яқинлашиб келаётган Натанилни кўриб, у ҳақда шундай деди:

— Ана Исроилнинг ҳақиқий авлоди. У ҳийла деган нарсани билмайди.

48 Натанил Исодан сўради:

— Сиз мени қаердан танийсиз?

— Филип сени чақирмасдан олдин, сен анжир дарахтининг тагида эдинг. Мен сени ўша ерда кўрган эдим, — деб жавоб берди Исо.

49 Шунда Натанил деди:

— Устоз, Сиз Худонинг Ўғлисиз! Исроилнинг Шоҳисиз!

50 Исо унга жавобан деди:

— Мен сенга: “Сени анжир дарахти тагида кўрдим” деганим учунгина ишоняпсан. Сен бундан ҳам буюк ишларни кўрасан!

51 Сўнг яна шундай деб қўшиб қўйди:

— Сизларга чинини айтайин: сизлар осмон очилганини ва Худонинг фаришталари Инсон Ўғли олдига тушиб–чиқаётганини кўрасизлар.

Исонинг дастлабки мўъжизаси

1 Икки кундан кейин Жалиладаги Каъна қишлоғида никоҳ тўйи бўлди. Исонинг онаси ўша ерда эди.

2 Исо билан шогирдлари ҳам тўйга таклиф қилинган эдилар.

3 Шароб тугай деб қолганда, онаси Исога:

— Уларда шароб қолмабди, — деди.

4 — Бунинг Менга нима дахли бор?! Менинг вақт–соатим ҳали келгани йўқ, — деди Исо.

5 Шунда онаси хизматкорларга:

— У сизларга нима деса, шуни қилинглар, — деди.

6 Ўша ерда яҳудийларнинг покланиш маросимларида ишлатиладиган олтита тош хум бор эди. Ҳар бир хум ичига ўн–ўн икки челак сув сиғарди.

7 Исо хизматкорларга:

— Хумларни сувга тўлдиринглар, — деди. Улар хумларни лиммо–лим қилиб сувга тўлдиришди.

8 Исо уларга:

— Энди хумдаги сувдан озгина олиб, тўйбошига олиб боринглар, — деди. Улар олиб боришди.

9 Тўйбоши шаробга айланган сувни татиб кўрди. Бу шаробнинг қаердан келганлигини у билмас эди, фақат олиб келган хизматкорлар билишар эди. Тўйбоши куёвни чақиртириб,

10 унга деди:

— Дастурхонга аввал яхши шароб тортилади. Меҳмонлар ичиб тўйганларидан кейин, ёмонроғи тортилади. Сен эса яхши шаробни шу пайтгача сақлаб келибсан!

11 Бу Исонинг қилган биринчи мўъжизаси эди. Исо бу мўъжизали аломатни Жалиладаги Каъна қишлоғида намойиш этиб, Ўзининг улуғворлигини зоҳир қилди. Шогирдлари Унга ишондилар.

12 Шундан кейин Исо, онаси, укалари ва шогирдлари Кафарнаҳум шаҳрига бордилар ва у ерда бир неча кун турдилар.

Исо савдогарларни Маъбаддан қувади

13 Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашиб қолгани учун Исо Қуддус шаҳрига борди.

14 Маъбад ҳовлисига кирганда, у ерда мол–қўй, каптар сотаётганларни ва хонтахталар ёнида ўтирган саррофларни кўрди.

15 Исо арқондан қамчи ясади–да, Маъбаддан ҳаммани мол–қўйлари билан бирга қувиб чиқарди. Саррофларнинг хонтахталарини ағдариб, пулларини сочиб юборди.

16 Каптар сотувчиларга:

— Буларни йўқотинглар бу ердан! Отамнинг уйини бозор қилманглар! — деди.

17 Шунда Унинг шогирдлари Муқаддас битиклардаги: “Сенинг уйингга бўлган севгим ичимни ёндирар” деган сўзларни эсладилар.

18 — Бундай қилишга нима ҳақинг бор?! Борди–ю, ҳақинг бўлса, биронта аломат кўрсатиб, буни исботла! — деб талаб қила бошлади яҳудийлар.

19 Исо шундай жавоб берди:

— Мана бу Маъбадни бузинглар, Мен уч кун ичида уни тиклайман.

20 Бунга жавобан яҳудийлар дедилар:

— Бу Маъбад қирқ олти йилдан бери қуриляпти, Сен эса уни уч кунда тикламоқчимисан–а?!

21 Ҳолбуки, Исо Маъбад деб Ўзининг баданини назарда тутган эди.

22 Исо ўлиб тирилгандан кейин, шогирдлари Унинг бу гапини эсладилар. Шунда Муқаддас битикларга ва Исонинг сўзларига ишондилар.

23 Исо Қуддусда Фисиҳ байрамида бўлганда, кўп одамлар Унинг қилаётган мўъжизали аломатларини кўриб, Унга имон келтирдилар.

24 Аммо Исо одамларнинг қанақалигини билгани учун Ўзини уларга ишонмас эди.

25 Инсон ҳақида Унга бирон гап айтишнинг ҳожати йўқ эди. Чунки инсон дилида нима борлигини У билар эди.

Исо ва Никодим

1 Яҳудий йўлбошчиларидан Никодим исмли бир одам бор эди, у фарзийлар мазҳабида эди.

2 Бу одам бир куни кечаси Исонинг олдига келиб, Унга деди:

— Устоз, Сиз Худодан келган бир муаллим эканлигингизни биз биламиз. Агар Худо Сиз билан бўлмаганда эди, Сиз бундай мўъжизали аломатларни қила олмас эдингиз.

3 Исо унга шундай жавоб берди:

— Сизга чинини айтай: қайтадан туғилмаган биронта одам Худонинг Шоҳлигини кўролмайди.

4 — Кекса одам туғила олармиди?! У онасининг қорнига қайта кириб, яна туғила олмайди–ку! — деди Никодим.

5 Исо шундай жавоб берди:

— Сизга чинини айтай: сувдан ва Руҳдан туғилмаган биронта одам Худонинг Шоҳлигига киролмайди.

6 Одам жисмонан ота–онадан туғилади, руҳан эса Муқаддас Руҳдан туғилади.

7 “Сизлар қайтадан туғилишингиз керак” деганимга таажжубланманг.

8 Руҳ худди шамолга ўхшайди. Шамол истаган жойда эсаверади. Унинг товушини эшитасиз–у, лекин қайси томондан келиб, қайси томонга кетишини билмайсиз. Руҳдан туғилган ҳар бир кишида ҳам шундай бўлади.

9 — Бу қандай бўлиши мумкин? — деб сўради Никодим.

10 Исо унга шундай жавоб берди:

— Сиз Исроилнинг устозисиз–ку! Наҳотки шуни билмасангиз?!

11 Сизга чинини айтай: биз билганимизни сўзлаймиз, кўрганимиз ҳақида шаҳодат берамиз. Лекин сизлар бизнинг шаҳодатимизни қабул қилмаяпсизлар.

12 Агар сизлар ердаги нарсалар ҳақида айтганларимга ишонмасангизлар, самовий нарсалар тўғрисида гапирганларимга қандай ишонасизлар?

13 Осмондан тушган Инсон Ўғлидан бошқа ҳеч ким осмонга чиққан эмас.

14 Мусо саҳрода бронза илонни ходага маҳкамлаб, қандай юқорига кўтарган бўлса, Инсон Ўғли ҳам худди шундай юқорига кўтарилиши керак.

15 Шу тариқа имонга келган ҳар бир киши У орқали абадий ҳаётга эга бўлади.

16 Зеро, Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди. Токи Унга ишонганлардан биронтаси ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин.

17 Худо дунёни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Уни дунёга юборди.

18 Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди. Унга ишонмаган одам эса аллақачон маҳкум бўлган, чунки у Худонинг ягона Ўғлига ишонмади.

19 Ҳукм шундай далилга асосланган: дунёга нур келди, аммо одамлар нурдан кўра, зулматни яхши кўрдилар, чунки уларнинг қилмишлари ёвуз эди.

20 Қабиҳлик қилган одам нурдан нафратланади. Қилмишлари фош бўлмаслиги учун у нурдан қочади.

21 Ҳақиқат йўлини тутган одам эса нурга келади. Бундай одамнинг ишлари Худо орқали қилинганлигини нур ҳаммага аён қилади.

Яҳё чўмдирувчи Исо Масиҳ ҳақида гувоҳлик беради

22 Шундан кейин Исо шогирдлари билан Яҳудия ўлкасига борди. Исо улар билан бир қанча вақт у ерда қолиб, одамларни сувга чўмдирди.

23 Яҳё ҳам Салейм деган жойнинг яқинидаги Эйнон ерида халқни сувга чўмдирарди. У ер ниҳоятда серсув эди. Одамлар доим Яҳёнинг олдига келиб, сувга чўмдириларди.

24 Бу ҳодисалар Яҳё зиндонга ташланишдан олдин юз берган эди.

25 Шу маҳал Яҳёнинг шогирдлари билан бир яҳудий киши орасида таҳорат ҳақида баҳс бўлди.

26 Улар Яҳёнинг олдига бориб дедилар:

— Устоз! Иордан дарёсининг шарқий қирғоғида ёнингиздаги бир Одам ҳақида гувоҳлик берган эдингиз–ку, ўша Одам халқни сувга чўмдириб юрибди, ҳамма Унинг олдига боряпти.

27 Бунга жавобан Яҳё деди:

— Агар осмондан берилмаса, инсон ҳеч нарса қила олмайди.

28 “Мен Масиҳ эмасман, фақат Унинг олдидан юборилганман”, деб айтган сўзларимга ўзларингиз гувоҳсизлар.

29 Келин куёвга тегишлидир. Куёв жўра эса куёв ёнида туриб, унинг овозини эшитганидан севиниб хурсанд бўлади. Худди шундай мен ҳам бугун бениҳоят шодман.

30 Масиҳ юксалиши, мен эса пасайишим керак.

31 Юқоридан келган Зот ҳаммадан устундир. Ердан бўлган одам ерга мансубдир ва ерга хос масалалар тўғрисида гапиради. Осмондан Келган эса ҳаммадан устундир.

32 У кўргани ва эшитгани ҳақида гувоҳлик беради, аммо ҳеч ким Унинг гувоҳлигини қабул қилмайди.

33 Унинг гувоҳлигини қабул қилган киши эса Худонинг ҳақлигини тасдиқлайди.

34 Худо юборган Зот Худонинг сўзларини гапиради. Зеро, Худо Ўз Руҳини Унга чексиз–ўлчовсиз беради.

35 Ота Ўғлини яхши кўради, У ҳамма нарсани Ўғлининг қўлига топширган.

36 Худонинг Ўғлига ишонган ҳар бир одам абадий ҳаётга эга бўлади. Ўғилни рад этган одам эса ҳаёт кўрмай, Худонинг ғазаби остида қолади.

Исо ва Самариялик аёл

1-3 Исо Яҳёдан кўра, кўпроқ шогирд орттириб, сувга чўмдиряпти деган хабар фарзийларнинг қулоғига етиб борди. Ваҳоланки, халқни Исонинг Ўзи эмас, шогирдлари сувга чўмдираётган эдилар. Бу хабар фарзийларнинг қулоғига етиб борганини Исо эшитгач, Яҳудияни тарк этиб, яна Жалилага йўл олди.

4 Йўлда У Самариядан ўтиши керак эди.

5 Шундай қилиб, У Самариянинг Сихар деган шаҳрига келди. Бу шаҳар Ёқуб ўз ўғли Юсуфга берган ерга яқин эди.

6 Ёқубнинг қудуғи ҳам ўша ерда эди.

Йўл юриб чарчаган Исо қудуқнинг ёнига ўтирди. Тахминан туш пайти эди.

7 Шу вақт Самариялик бир аёл сув олгани келиб қолди. Исо унга:

— Менга ичгани сув бер, — деди.

8 Исонинг шогирдлари эса овқат сотиб олиш учун шаҳарга кетган эдилар.

9 Самариялик аёл Унга шундай деди:

— Сиз яҳудий бўлсангиз, мен эса Самариялик аёл бўлсам, қандай қилиб мендан сув сўрашга журъат этдингиз?!

Нега десангиз, яҳудийлар Самарияликлар билан алоқа қилмайдилар.

10 Исо аёлга деди:

— Худо сенга қандай инъом бермоқчи эканлигини ва сендан сув сўраган Одам ким эканлигини сен билмайсан. Билганингда эди, ўзинг Ундан сув сўраган бўлар эдинг ва У сенга ҳаётбахш сувни берган бўларди.

11 — Тақсир! — деди аёл, — Сизда сув оладиган ҳеч нарсангиз йўқ–ку, қудуқ эса чуқур. Ҳаётбахш сувингизни қаердан оласиз?

12 Бу қудуқни бизга бобокалонимиз Ёқуб берган. Унинг ўзи ҳам, болалари ҳам, чорваси ҳам бу қудуқдан сув ичган. Наҳотки Сиз Ёқубдан ҳам устун бўлсангиз?!

13 Исо аёлга шундай жавоб берди:

— Бу сувдан ким ичса, яна чанқаб қолади.

14 Лекин Мен берадиган сувдан ким ичса, абадий чанқамайди. Мен берадиган сув ўша одамнинг вужудида булоққа айланиб, то абад ҳаёт сари жўшиб оқади.

15 — Тақсир, бу сувдан менга ҳам беринг. Мен ҳам ҳеч қачон чанқамайин, сув олгани бу ерга келавермайин, — деди аёл.

16 — Бориб, эрингни бу ерга чақириб кел, — деди Исо.

17 — Менинг эрим йўқ, — деди аёл.

— Эрим йўқ, деб сен тўғрисини айтдинг, — деди Исо.

18 — Сенинг беш нафар эринг бўлган, ҳозиргиси ҳам эринг эмас. Сен тўғрисини айтдинг!

19 — Ҳазрат, Сиз пайғамбар эканингизни кўриб турибман, — деди аёл.

20 — Ота–боболаримиз Худога бу тоғда сажда қилар эдилар. Аммо сизлар — яҳудийлар эса Худога сажда қилинадиган жой Қуддусда, дейсизлар.

21 Исо унга деди:

— Эй аёл, Менга ишонгин, шундай вақт келадики, ўшанда осмондаги Отага на бу тоғда, на Қуддусда сажда қиласизлар.

22 Сизлар — Самарияликлар кимга сажда қилаётганингизни билмайсизлар, биз эса кимга сажда қилаётганимизни биламиз. Чунки нажот яҳудийлардан келади.

23 Аммо шундай вақтлар келадики, ҳақиқий сажда қилувчилар Отага Руҳда ва ҳақиқатда сажда қиладилар. Бундай вақт келди ҳам! Ота шу йўсинда Ўзига сажда қилувчиларни излайди.

24 Худо Руҳдир, Унга сажда қилувчилар ҳам Муқаддас Руҳ бошчилигида, ҳақиқатни билган ҳолда сажда қилишлари лозим.

25 Аёл Исога:

— Мен Масиҳ келишини биламан. У келганда, ҳамма нарсани бизга тушунтиради, — деди. (Масиҳ “Худонинг танлагани” демакдир.)

26 Исо аёлга деди:

— Ўша Менман. Сен билан гаплашиб турибман.

27 Шу пайтда Исонинг шогирдлари келиб қолишди. Унинг бир аёл билан гаплашаётганини кўриб ҳайрон бўлишди. Лекин бирортаси ҳам: “Нима хоҳлайсиз?” ёки: “Нимага бу аёл билан гаплашяпсиз?” деб сўрамади.

28 Аёл кўзасини ўша ерда қолдирди–да, шаҳарга бориб, одамларга деди:

29 — Юринглар, бир Одамни кўринглар. У менинг қилган ҳамма ишларимни айтиб берди! Ўша Масиҳ эмасмикин?

30 Одамлар шаҳардан чиқиб, Исонинг олдига бордилар.

31 Шу орада шогирдлари Исога:

— Устоз, овқат еб олинг, — деб таклиф қилдилар.

32 Аммо Исо уларга деди:

— Менинг ейдиган овқатим бор, сизлар бу овқат тўғрисида билмайсизлар.

33 Шогирдлари ўзаро гаплашиб: “Бирон киши Унга овқат келтирганмикин?” деб айтишарди.

34 Исо уларга деди:

— Менинг овқатим — Мени Юборганнинг иродасини адо этиш, Унинг ишини тугатишдир.

35 Сизлар: “Экинлар тўрт ойда етилади” деган иборани ишлатасизлар. Мен эса сизларга айтаман: кўзларингизни очинглар! Экинзорларга қаранглар! Ҳосил етилган, ўрим–йиғимга тайёр бўлган.

36 Ўроқчи ҳозирдан яхши даромад олмоқда, абадий ҳаёт учун ҳосил йиғмоқда. Токи ҳосилни эккан ва ўрган бирга қувонишсин.

37 “Бири экади, бошқаси ўради” деган мақол шу вазиятга тўғри келади.

38 Мен сизларни ўзингиз меҳнат қилиб экмаган ҳосилни ўргани юбордим. Бошқалар меҳнат қилган эдилар, сизлар эса уларнинг меҳнатидан фойдаланасизлар.

39 Шундан кейин ўша шаҳарда яшовчи талай Самарияликлар Исога имон келтиришди. Улар ҳалиги аёлнинг “У менинг қилган ҳамма ишларимни айтиб берди” деган гувоҳлигига ишонган эдилар.

40 Шундай қилиб, Самарияликлар Исонинг олдига келиб: “Биз билан қолинг”, деб Исога ёлворишди. Исо икки кун ўша ерда қолди.

41 Исонинг айтган сўзлари туфайли кўп одамлар имон келтирди.

42 Шунда улар аёлга дедилар:

— Энди сенинг сўзларинг туфайлигина ишонаётганимиз йўқ. Уни ўзимиз ҳам эшитдик. У ҳақиқатан ҳам оламнинг Нажоткори эканлигига амин бўлдик.

Исо амалдорнинг ўғлини соғайтиради

43 Икки кундан кейин Исо у ердан Жалила ҳудудига жўнаб кетди.

44 У: “Пайғамбар ўз юртида эътибор топмайди”, деб таъкидлаганди.

45 Жалилага келганда эса, аҳоли Уни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Чунки улар Фисиҳ байрами учун Қуддусга борганларида, у ерда Исонинг қилган ҳамма ишларини кўрган эдилар.

46 Шундай қилиб, Исо яна Жалиладаги Каъна қишлоғига келди. Бу ерда У сувни шаробга айлантирган эди. Ўша пайтда Кафарнаҳум шаҳрида бир сарой амалдорининг ўғли касал бўлиб ётган эди.

47 Бу одам Исонинг Яҳудиядан Жалилага келганлигини эшитиб, Унинг олдига борди. Исога:

— Юринг, ўлим тўшагида ётган ўғлимга шифо беринг, — деб ёлворди.

48 — Сизлар аломату мўъжизалар кўрмагунча ишонмайсизлар! — деди унга Исо.

49 — Юра қолинг Ҳазрат, ўғилгинам ўлиб қолмасин! — деди сарой амалдори Унга.

50 — Сиз бораверинг. Ўғлингиз соғ–саломат, — деди Исо.

У одам Исонинг айтганига ишониб, жўнаб кетди.

51 У ҳамон йўлда экан, хизматкорлари унга пешвоз чиқиб:

— Ўғлингиз соғ–саломат, — деган хабар келтирдилар.

52 — Қайси соатда аҳволи енгиллашди? — дея сўради у.

— Кеча тушда, соат бирларда иситмаси тушди, — дейишди хизматкорлар.

53 “Ўғлингиз соғ–саломат” деган сўзларни Исо айнан ўша вақтда айтганини боланинг отаси англади. Шунда ўзи ва бутун хонадони Исога имон келтирди.

54 Бу эса Исонинг Яҳудиядан Жалилага келиб кўрсатган иккинчи мўъжизали аломати эди.

Исо шолни соғайтиради

1 Бу ҳодисалардан кейин Исо яҳудийларнинг байрамини нишонлаш учун Қуддусга борди.

2 Қуддуснинг Қўй дарвозаси ёнида бир ҳовуз бор эди. Бу ҳовузнинг орамийча номи Байтзада бўлиб, бешта айвони бор эди.

3-4 Бу айвонларда кўр, чўлоқ ва шол бўлган кўп ногиронлар ётар эди.

5 Бу ерда ўттиз саккиз йилдан бери ногирон бўлиб ётган бир киши бор эди.

6 Исо унинг ётганини кўрди, у узоқ вақтдан бери хаста эканлигини Исо биларди. Шунинг учун ундан:

— Соғайишни истайсанми? — деб сўради.

7 Ногирон одам Исога шундай жавоб берди:

— Тақсир, сув қимирлаганда мени ҳовузга туширадиган одам йўқ. Мен боргунимча, бошқаси мендан олдин тушиб олади.

8 Исо унга шундай деди:

— Ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, юр!

9 Ўша одам шу заҳоти соғайиб кетди. Тўшагини олиб, юра бошлади.

Бу ҳодиса Шаббат куни содир бўлди.

10 Шунинг учун яҳудийлар соғайиб кетган одамга дейишди:

— Бугун Шаббат куни! Шу куни тўшакни кўтариб юриш қонунда ман этилган!

11 У одам эса шундай жавоб берди:

— Мени соғайтирган Киши менга: “Тўшагингни олиб, юр”, деб айтди.

12 — “Тўшагингни олиб, юр”, деб айтган Одам ким? — деб сўрадилар.

13 Шифо топган одам эса Унинг кимлигини билмас эди, у ерда халқ кўплигидан Исо Ўзини четга олган эди.

14 Кейинроқ Исо у одамни Маъбадда учратиб қолиб, унга деди:

— Мана, сен соғайдинг. Энди гуноҳ қилма, тағин бошингга бундан баттар кунлар келмасин.

15 Бу одам бориб, уни соғайтирган Исо эканлигини яҳудийларга айтди.

16 Улар эса, Исони Шаббат кунида бундай ишлар қилиб юргани учун қувғин қила бошладилар.

17 Аммо Исо уларга шундай деди:

— Менинг Отам шу кунгача Ўз ишини қилиб келяпти, Мен ҳам Ўз ишимни қиляпман, — деди.

18 Ана шу сўзи учун яҳудийлар Исони ўлдиришга янада кўпроқ ҳаракат қилишди. Чунки У нафақат Шаббат қоидаларини бузди, балки Худони Отам деб, Ўзини Худога тенглаштирган эди.

Ўғилнинг ҳокимияти

19 Исо яҳудийларга шундай деди: “Сизларга чинини айтай: Ўғил Ўзидан–Ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Фақат Отасидан кўрган ишларни қилади. Осмондаги Ота нималарни қилса, Ўғил ҳам худди шуларни қилади.

20 Ахир, Ота Ўғлини яхши кўради, Ўзи қилган ҳамма ишларни Ўғлига кўрсатади. У Ўғлига бундан ҳам буюкроқ ишларни кўрсатади, шунда ҳаммангиз ҳайрон қоласизлар.

21 Ота ўликларни тирилтириб, уларга ҳаёт бахшида этгандай, Ўғил ҳам истаган одамига ҳаёт бахш этади.

22 Шунингдек, Ота ҳеч кимни ҳукм қилмайди, балки ҳукм қилиш ҳуқуқини Ўғлига берган,

23 токи ҳамма осмондаги Отани ҳурмат қилгандай, Ўғлини ҳам ҳурмат қилсинлар. Ким Ўғилни ҳурмат қилмаса, Уни юборган Отани ҳам ҳурмат қилмаган бўлади.

24 Сизларга чинини айтай: Менинг сўзларимни тинглаган ва Мени Юборганга ишонган киши абадий ҳаётга эгадир. У ҳукм қилинмайди. Зотан, у ўлимдан ҳаётга ўтган.

25 Сизларга чинини айтай: ўликлар Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади, келиб қолди ҳам. Ўғилнинг овозига қулоқ солганлар тирилади.

26 Зеро, Отанинг Ўзи ҳаёт манбаи бўлгани каби, Ўғлига ҳам ҳаёт манбаи бўлиш қудратини ато қилди.

27 Бундан ташқари, самовий Ота инсонларни ҳукм қилиш ҳокимиятини Ўғлига берди, чунки У Инсон Ўғлидир.

28 Бунга ҳайрон қолманглар! Қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммаси Инсон Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади.

29 Шунда ўликлар қабрларидан чиқадилар: яхшилик қилганлар яшаш учун тирилади, ёмонлик қилганлар эса маҳкум бўлиш учун тирилади.

Исо ҳақида Худонинг берган гувоҳлиги

30 Мен Ўзимдан Ўзим ҳеч нарса қилолмайман. Осмондаги Отам Менга қандай айтса, шундай ҳукм қиламан, шунинг учун ҳукмим тўғридир. Зотан, Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини бажо келтиришни истайман.

31 Агар Мен Ўзим ҳақимда Ўзим гувоҳлик берсам, Менинг гувоҳлигим ҳақиқий бўлмайди.

32 Аммо Мен ҳақимда гувоҳлик берувчи бошқаси бор. Унинг берган гувоҳлиги ҳақиқат эканлигини биламан.

33 Сизлар Яҳёнинг олдига одам юбордингизлар, у ҳақиқат тўғрисида гувоҳлик берди.

34 Гарчи Мен инсоннинг гувоҳлигига муҳтож бўлмасам–да, лекин буларни сизлар нажот топишингиз учун айтяпман.

35 Яҳё гўё ёниб туриб, нур сочган бир чироқдай эди. Сизлар эса унинг нурида бирпас қувонмоқчи бўлдингизлар.

36 Бироқ Мен Яҳёдан кўра, каттароқ гувоҳликка эгаман. Гувоҳлик деб, Мен тугатишим учун осмондаги Отам берган ишларни назарда тутяпман. Буларнинг ҳаммаси Мени Отам юборганидан далолат беради.

37 Мени юборган Отамнинг Ўзи ҳам Мен ҳақимда гувоҳлик бериб турибди. Сизлар эса ҳеч қачон Унинг овозини эшитмагансиз, қиёфасини ҳам кўрмагансиз.

38 Унинг каломи ҳам кўнглингиздан жой олмади, чунки сизлар У юборган Зотга ишонмаяпсизлар.

39 Сизлар Муқаддас битикларни текширасизлар, чунки улар орқали абадий ҳаётга эга бўламиз, деб ўйлайсизлар. Аммо ўша Ёзувлар Мен тўғримда гувоҳлик беради–ку!

40 Сизлар эса ҳаётга эга бўлиш учун олдимга келишни истамайсизлар.

41 Мен инсонлардан таҳсин кутмайман.

42 Лекин сизларни биламан, қалбингизда Худонинг севгиси йўқ.

43 Мен Отамнинг номидан келдим, аммо сизлар Мени қабул қилмаяпсизлар. Агар кимдир ўз номидан келса, уни қабул қилаверасизлар.

44 Сизлар бир–бирингиздан таҳсинлар олишни яхши кўрасизлар, лекин ягона Худонинг таҳсинига сазовор бўлишга ҳаракат қилмайсизлар. Қандай қилиб ҳам Менга ишона олардингиз?!

45 Мен сизларни Ота олдида айблайман, деб ўйламанглар. Сизлар Мусога умид боғлагансизлар. Мусонинг ўзи сизларни айблайди.

46 Агар Мусога ишонганингизда эди, Менга ҳам ишонган бўлар эдингизлар. Ахир, у Мен ҳақимда ёзган эди.

47 Мусонинг ёзувларига ишонмаган бўлсангиз, Менинг сўзларимга қандай ишонасизлар?!”

Исо 5000 кишини тўйдиради

1 Шундан кейин Исо қайиқда Жалила кўлининг нариги қирғоғига сузиб ўтди (Жалила кўлини Тиберияс кўли деб ҳам аташарди).

2 Бир талай халойиқ Исонинг орқасидан эргашиб борарди. Чунки Исо мўъжизали аломатлар орқали хасталарни соғайтирганини улар кўрган эдилар.

3 У шогирдлари билан тоққа чиқиб ўтирди.

4 Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашаётган эди.

5 Исо қараса, бир талай халойиқ У томонга келаётган экан. Исо Филипдан:

— Бу одамларни тўйғазиш учун қаердан нон сотиб оламиз? — деб сўради.

6 Исо бу гапни Филипни синаб кўриш учун айтаётган эди, аслида нима қилишни Ўзи билар эди.

7 Филип шундай жавоб берди:

— Буларнинг ҳар бирига бир бурда нон бериш учун икки юз кумуш тангага нон сотиб олсак ҳам етмайди!

8 Шунда шогирдларидан бири, Бутруснинг укаси Эндрус Исога деди:

9 — Бу ердаги бир болада бешта арпа нон билан иккита балиқ бор экан. Лекин шунча одамга бу нима ҳам бўлар эди?!

10 — Одамларни ерга ўтқазинглар, — деди Исо.

У ер қалин майсазор эди. Одамларнинг ҳаммаси ерга ўтиришди. Оломон орасида тахминан беш мингга яқин эркак бор эди.

11 Исо нонларни олиб, шукрона дуосини ўқиди. Сўнг ўтирганларнинг ҳаммасига тарқатди. Балиқларни ҳам худди шундай қилди. Одамлар истаганларича едилар.

12 Ҳаммалари еб тўйганларидан кейин, Исо шогирдларига шундай деди:

— Ортиб қолган нон бурдаларини йиғиб олинглар, исроф бўлмасин.

13 Шогирдлар ейилган бешта арпа нондан ортиб қолган бурдаларни йиғиб олишди, ўн иккита сават тўлди.

14 Шунда одамлар Исонинг қилган мўъжизали аломатини кўриб:

— Ҳақиқатан ҳам дунёга келиши керак бўлган пайғамбар мана шу Киши экан, — дедилар.

15 Улар Исони зўрлик билан шоҳ қилиб кўтармоқчи бўлдилар. Буни билган Исо ёлғиз Ўзи тоққа чиқиб кетди.

Исо сув устида юради

16 Кечки пайт Исонинг шогирдлари кўл бўйига бордилар.

17 Қоронғи тушган, Исо эса ҳали ҳам уларнинг олдига келмаган эди. Шогирдлар қайиққа тушиб, кўлнинг нариги томонидаги Кафарнаҳумга қараб йўл олдилар.

18 Кучли шамол эсиб, кўл тўлқинланиб кетаётган эди.

19 Улар қирғоқдан беш чақиримча масофани сузганларидан кейин, кўл юзида юриб келаётган Исони кўришди. У қайиққа яқинлашаётган эди, шогирдлар қаттиқ ваҳимага тушишди.

20 — Қўрқманглар, бу Менман! — деди уларга Исо.

21 Улар Исони қайиққа олмоқчи бўлдилар. Ўша заҳоти қайиқ улар бораётган қирғоққа етиб тўхтади.

Исо — ҳаёт нони

22 Эртаси куни халқ Исони қидира бошлади. Одамлар у ерда фақат бир қайиқ борлигини ва шогирдлар Исони қолдириб, ўзлари қайиқда сузиб кетганларини билишарди.

23 Шу пайт Тибериясдан бошқа қайиқлар келиб қолди. Қайиқлар тўхтаган жой Раббимиз Исо Ўз шукрона дуосини ўқиган ва халқ нон еган ерга яқин эди.

24 Одамлар Исо билан шогирдларининг у ерда йўқлигини кўргач, қайиқларга тушиб, Исони қидириб Кафарнаҳумга сузиб келишди.

25 Улар Исони кўлнинг нариги бўйидан топиб, Ундан сўрашди:

— Устоз, Сиз қачон бу ерга келдингиз?

26 Исо уларга шундай жавоб берди:

— Сизларга чинини айтайин: сизлар мўъжизали аломатларни кўрганингиз учун эмас, балки нон еб тўйганингиз учун Мени қидиряпсизлар.

27 Сиз ўткинчи озуқа учун эмас, абадий ҳаётга бошловчи боқий озуқа учун ҳаракат қилинглар. Бундай озуқани сизларга Инсон Ўғли беради. Зотан, Отамиз Худонинг Ўзи бу вазифа учун Уни маъқул деб топди.

28 Одамлар Исога шундай савол беришди:

— Худога маъқул ишларни бажариш учун нима қилишимиз керак?

29 Исо деди:

— Худога маъқул иш қилмоқчи бўлсангизлар, Худо юборган Зотга ишонинглар.

30 Улар Исога жавобан шундай дедилар:

— Сизга ишонишимиз учун бирорта аломат кўрсатинг. Қани, биз учун нима иш қиласиз?

31 Ахир, ота–боболаримиз саҳрода манна еганлар. Муқаддас битикларда: “Худо уларга есин деб, осмондан нон берди”, деб ёзилган–ку.

32 Исо уларга деди:

— Сизларга чинини айтайин, сизларга осмондан нон берган Мусо эмас. Осмондан тушган ҳақиқий нонни сизларга Менинг Отам беради.

33 Отам Худо берадиган нон осмондан тушиб, дунёга ҳаёт бахш этади.

34 Одамлар Исога шундай дедилар:

— Ҳазрат, бундай нонни бизга доим бериб туринг!

35 Исо жавобан деди:

— Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келган одам сира оч қолмайди, Менга ишонган одам ҳеч қачон чанқамайди.

36 Аммо Мен сизларга айтганимдай, сизлар Мени кўрган бўлсангизлар ҳам, ишонмаяпсизлар.

37 Самовий Отам Менга берган ҳар бир одам Менинг олдимга келади. Олдимга келган биронта одамни Мен асло ҳайдаб юбормайман.

38 Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини адо этиш учун осмондан тушганман.

39 Отамнинг иродаси шундан иборатки, У Менга берганлардан биронтасининг ҳам йўқолишига Мен йўл қўймаслигим керак, балки охиратда уларнинг ҳаммасини тирилтиришим керак.

40 Ҳа, Ўғилга кўз тиккан ва Унга ишонган ҳар бир одам абадий ҳаётга эга бўлиши Отамнинг иродасидир. Мен бундай одамларни охиратда тирилтираман.

41 Исо: “Мен осмондан тушган нонман” дегани учун яҳудийлар Ундан норози бўла бошлашди.

42 Улар ўзаро шундай деб айтишарди:

— Бу Юсуфнинг ўғли Исо–ку! Ота–онасини таниймиз, қандай қилиб: “Мен осмондан тушдим”, деб айтишга ҳадди сиғди?!

43 — Бундай гапларингизни бас қилинглар! — деди уларга Исо.

44 — Агар Мени юборган Ота бировни жалб қилмаса, у Менга келолмайди. Олдимга келган одамни эса Мен охиратда тирилтираман.

45 Пайғамбарлар битикларида: “Уларнинг ҳаммасига Худо таълим беради”, деб ёзилган. Отага қулоқ солган, Ундан ўрганган ҳар бир одам Менинг олдимга келади.

46 Аслида ҳеч ким ҳеч қачон самовий Отани кўрган эмас, биргина Худодан бўлган Зот Отани кўрган.

47 Сизларга чинини айтаман: ким Менга ишонса, абадий ҳаётга эга бўлади.

48 Мен ҳаёт нониман.

49 Ота–боболарингиз саҳрода манна егандилар, шунга қарамай ўлиб кетдилар.

50 Аммо осмондан тушадиган бу нон эса шундай хислатга эгаки, ундан еган одам ўлмайди.

51 Мен осмондан тушган ҳаётбахш нондирман. Бу нонни еган киши абадий яшайди. Дунёга ҳаёт бахшида этиш учун берадиган ноним Менинг танамдир.

52 Шунда яҳудийлар:

— У қандай қилиб бизга Ўзининг танасини едира олар экан? — деб ўзаро талашиб–тортиша бошладилар.

53 Исо уларга деди:

— Сизларга чинини айтаман: агар Инсон Ўғлининг танасини емасангизлар ва Унинг қонини ичмасангизлар, сизда ҳаёт бўлмайди.

54 Менинг танамни еган ва қонимни ичган одам эса абадий ҳаётга эгадир. Мен уни охиратда тирилтираман.

55 Менинг танам — ҳақиқий озуқа, қоним ҳақиқий ичимликдир.

56 Танамни еб, қонимни ичадиган одам Менда, Мен эса унда яшайман.

57 Модомики, Мени барҳаёт Ота юборган экан, Мен Ота туфайли яшайман. Менинг танамни еган ҳар бир одам эса Мен туфайли яшайди.

58 Осмондан тушган нон мана шудир. Бу нон ота–боболарингиз еган маннага ўхшамайди, улар манна еб ўлиб кетганлар. Мен берган нонни еган одам эса абадий яшайди.

Абадий ҳаёт бахш этувчи сўзлар

59 Исо бу сўзларни Кафарнаҳумдаги синагогада таълим бераётганда айтган эди.

60 Унинг кўплаб шогирдлари бу гапларни эшитиб:

— Қанчалик қаттиқ сўзлар! Буларни ким ҳазм қила олади?! — дейишар эди.

61 Шогирдлари норози бўлганларини Исо биларди, шунинг учун У шундай деди:

— Гапларим жиғингизга тегяптими?

62 Агар сизлар Инсон Ўғлининг асли келган жойига — осмонга кўтарилиб кетаётганини кўрсангизлар, нима дер экансизлар–а?!

63 Худонинг Руҳи ҳаёт бахш этади, инсоннинг кучи билан эса ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Сизларга айтган бу сўзларимни Менга Худонинг Руҳи берган, бу сўзларим сизларга ҳаёт ато қилади.

64 Шунга қарамай, орангизда Менга ишонмаганлар бор.

Ҳолбуки, Исо кимлар ишонмаганини ва ким Унга хиёнат қилишини олдиндан билар эди.

65 Исо гапида давом этди:

— Шу сабабдан Мен сизларга: “Осмондаги Отам йўл қўймаса, ҳеч ким Менинг олдимга келолмайди”, — деган эдим.

66 Ўша вақтдан бошлаб кўп шогирдлар Исодан юз ўгириб, Унга эргашмайдиган бўлдилар.

67 Шунда Исо ўн икки шогирдидан:

— Сизлар ҳам кетмоқчимисизлар? — деб сўради.

68 Бутрус шундай жавоб берди:

— Ҳазрат, биз Сиздан бошқа кимга ҳам борар эдик?! Абадий ҳаёт бахш этувчи сўзлар Сизда–ку!

69 Сиз Худонинг Азизи эканингизга ишончимиз комил.

70 Исо уларга деди:

— Мен ўн иккитангизни танлаб олдим. Лекин орангиздаги биттангиз иблисдир!

71 У Шимўн ўғли Яҳудо Ишқариётни назарда тутган эди. Яҳудо ўн икки шогирддан бири бўлса ҳам, кейинчалик Исога хиёнат қилди.

Исо ва укалари

1 Шундан кейин Исо Жалила ҳудудини кеза бошлади. У Яҳудияни кезишни хоҳламаган эди, чунки у ердаги яҳудийлар Уни ўлдиришга қасд қилган эдилар.

2 Яҳудийларнинг Чайла байрами яқинлашаётган эди.

3 Укалари Исога шундай дейишди:

— Бу ердан чиқиб Яҳудияга боринг. Қилаётган ишларингизни шогирдларингиз ҳам кўришсин.

4 Эл назарига тушаман деган биронта одам яширинча иш қилмайди–ку! Бундай ишларни қилар экансиз, Ўзингизни дунёга танитинг!

5 Ҳатто укалари ҳам Унга ишонмас эдилар.

6 Исо укаларига шундай деди:

— Менинг вақт–соатим ҳали келгани йўқ. Лекин сизлар учун ҳар вақт қулайдир.

7 Дунё сизлардан нафратлана олмайди, лекин Мендан нафратланади. Чунки Мен унинг қилмишлари ёмон эканлигини юзига соламан.

8 Майли, сизлар байрамга боринглар. Мен ҳозирча бу байрамга бормайман, чунки Менинг вақтим ҳали келгани йўқ.

9 Шу сўзларни айтиб, Исо Жалилада қолди.

Исо Қуддусда Чайла байрамида

10 Исонинг укалари байрамга кетганларидан кейин, Исонинг Ўзи ҳам ҳеч кимга билдирмай, яширинча байрамга борди.

11 Яҳудийлар эса Исони байрамда қидирар, “У қаёқда?” деб сўрар эдилар.

12 Омма орасида Исо тўғрисида ҳар хил гап–сўзлар ёйилган эди. Баъзилар: “У яхши одам”, десалар, бошқалар: “Йўқ, У халқни йўлдан оздиряпти”, дейишарди.

13 Бироқ яҳудийлардан қўрққанлари учун У ҳақда ҳеч ким очиқ гапирмас эди.

14 Байрамнинг ярми ўтганда, Исо Маъбадга кириб, таълим бера бошлади.

15 Уни эшитган яҳудийлар ҳайрон қолиб дейишди:

— Бу Одам ўқимаган бўлса, қаердан шунча нарсани билади?!

16 Исо уларга жавобан деди:

— Мен ўргатаётган таълимот Ўзимники эмас, балки Мени Юборганникидир.

17 Ким Худонинг иродасини бажаришни истаса, бу таълимот Худоданми ёки Ўзимданми, билиб олади.

18 Ким ўз номидан гапирса, ўзига шуҳрат излайди. Ким уни юборганга шуҳрат изласа, ҳақиқатни сўзлайди, унинг дилида ҳийла бўлмайди.

19 Қонунни сизларга Мусо берди, шундай эмасми? Аммо бирортангиз қонунни бажармайсиз. Нега Мени ўлдирмоқчисизлар?

20 — Сени жин урибди! Ким Сени ўлдирмоқчи экан? — деди халойиқ.

21 Исо эса Ўз сўзида давом этди:

— Мен Шаббат куни битта мўъжиза қилганим учун ҳаммаларингиз ҳайрон қоляпсизлар.

22 Ўзларингиз эса, Мусонинг қонунига амал қилайлик деб, Шаббат куни ўғил болани суннат қиласизлар–ку! Аслида, суннат одати Мусодан эмас, Иброҳим давридан қолган.

23 Мусонинг қонуни бузилмасин деб, сизлар ҳатто Шаббат куни ҳам ўғил болани суннат қилсангизлар, нега Мендан ғазабланасизлар?! Шаббат куни одамни бутунлай соғайтирганим учунми?!

24 Юзаки ҳукм қилманглар, ҳукмингиз адолатли бўлсин.

Исонинг кимлиги ҳақида гумонлар

25 Баъзи Қуддусликлар шундай дейишарди:

— Йўлбошчиларимиз ўлдирмоқчи бўлган Одам шу эмасми?

26 Мана, У ҳамманинг олдида сўзлаяпти, Унга қарши ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти. Наҳотки йўлбошчиларимиз Уни Масиҳ деб тан олишган бўлса?!

27 Аммо бу Одамнинг қаерданлигини ҳаммамиз биламиз, Масиҳ келганда эса, Унинг қаерданлигини ҳеч ким билмайди.

28 Исо Маъбадда таълим берар экан, баланд овозда шундай деди:

— Ҳа, сизлар Менинг кимлигимни ҳам, қаерданлигимни ҳам биласизлар. Лекин Мен Ўзимча келганим йўқ. Мени Юборган бор, сизлар эса Уни танимайсизлар. У ҳақдир.

29 Мен Уни биламан, чунки Мен Унинг олдидан келганман, У Мени юборган.

30 Бу гапи учун Исони қўлга олмоқчи бўлдилар. Бироқ ҳеч ким Унга қўл теккизмади, чунки Унинг вақт–соати ҳали келмаган эди.

31 Шу билан бирга, халқ орасидаги кўп одамлар Унга имон келтирди. Улар:

— Масиҳ келса ҳам, барибир бунчалик кўп мўъжизали аломатлар кўрсата олмайди! — дейишарди.

Исони тутиб олмоқчилар

32 Одамлар Исо тўғрисида шундай деб пичирлашаётганини фарзийлар эшитиб қолишди. Шунда бош руҳонийлар билан фарзийлар Исони қўлга олиш учун Маъбад миршабларини юборишди.

33 Исо деди:

— Мен сизлар билан қисқа бир муддат бўлиб, яна Мени Юборганнинг олдига қайтиб бораман.

34 Сизлар Мени излайсизлар–у, лекин тополмайсизлар. Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар.

35 Буни эшитган яҳудийлар ўзаро шундай деб айтишарди:

— У қаерга бормоқчики, биз Уни топа олмасак? Балки У бошқа юртларда яшайдиган яҳудийлар орасига бормоқчидир? Ғайрияҳудийларга ҳам таълим бермоқчидир?

36 “Сизлар Мени излайсиз–у, лекин тополмайсизлар, Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар” деган гаплари билан нима айтмоқчи экан?

Ҳаётбахш сув ва Руҳ ҳақида

37 Чайла байрамининг охирги, улуғ кунида Исо туриб, баланд овозда хитоб қилди:

— Ким чанқаган бўлса, Менинг олдимга келиб ичсин.

38 Шунда Муқаддас битикларда айтилганидек, Менга ишонган одамнинг ичидан ҳаётбахш сув дарё бўлиб оқиб чиқади.

39 Исо шундай деганда, Муқаддас Руҳни назарда тутган эди. Унга ишонганлар Руҳни қабул қилиб олишлари керак эди. Лекин Руҳ ҳануз берилмаган эди, чунки Исо ҳали улуғланмаган эди.

Исо туфайли халқ бўлинади

40 Оломон ичидан баъзилари бу сўзларни эшитиб шундай дедилар:

— Ҳақиқатан ҳам бу Одам биз кутган пайғамбар экан.

41 Бошқалари:

— Бу Масиҳ, — дейишса, яна бошқалари шундай дейишарди:

— Масиҳ Жалиладан келмайди–ку!

42 Муқаддас битикларда, Масиҳ Довуднинг уруғидан келиб чиқади, У Довуд яшаган Байтлаҳм қишлоғида туғилади, деб айтилмаганми?!

43 Шу тариқа Исо туфайли халқ иккига бўлинди.

44 Баъзилар Уни қўлга олмоқчи бўлишди, аммо ҳеч ким Унга қўл теккизмади.

45 Шу пайт Маъбад миршаблари бош руҳонийларнинг ва фарзийларнинг олдига қайтиб келишди.

— Нега Уни олиб келмадингизлар? — деб сўрашди улардан.

46 — Ҳеч ким ҳеч қачон бу Одамдай гапирмаган, — деди миршаблар.

47 — Мабодо У сизларни ҳам йўлдан урмадими? — дейишди фарзийлар.

48 — Бош руҳонийлар билан фарзийлар орасида Унга ишонган биронта одам ҳам йўқ!

49 Тавротни билмаган ўша қаланғи–қасанғилар эса шундоқ ҳам лаънат остида қолган!

50 Шунда фарзийлардан бири, илгари Исонинг олдига борган Никодим шундай савол берди:

51 — Қонунимизга кўра, наҳотки биз одамни эшитмай туриб, унинг айбини топмасдан уни ҳукм қила олсак?!

52 — Сен ҳам Жалиладан бўлсанг керак–а? Муқаддас битикларни ўрганиб чиқ, Жалиладан пайғамбар чиқмаслиги аниқ, — дейишди унга.

53 Шундан кейин ҳаммалари уй–уйларига тарқалиб кетдилар.

Исо фоҳиша аёлни кечиради

1 Исо Зайтун тоғи томон кетди.

2 Саҳарда яна Маъбадга қайтди. Бутун халқ Унинг олдига йиғилиб келди, У эса ўтириб, одамларга таълим бера бошлади.

3 Шу орада Таврот тафсирчилари билан фарзийлар бир аёлни олиб келишди. Улар бу аёлни зино қилаётганда ушлаб олишган эди. Аёлни ҳамманинг олдига турғизиб,

4 шундай дейишди:

— Устоз, бу аёл зино қилаётганда ушланди.

5 Мусо қонунда бундай аёлларни тошбўрон қилишни буюрган. Сиз нима дейсиз?

6 Бу савол билан улар Исони тузоққа илинтириб, айблашга асос топмоқчи эдилар. Исо эса энгашиб бармоғи билан ерга ёза бошлади.

7 Улар бу саволни қайта–қайта сўрайверганлари учун, Исо ўрнидан туриб деди:

— Сизнинг орангизда ким бегуноҳ бўлса, ўша биринчи бўлиб аёлга тош отсин.

8 Сўнг яна энгашиб, ерга ёзишни давом эттирди.

9 Улар бу гапни эшитиб, катталардан бошлаб ҳаммаси бирин–кетин кета бошлашди. Охирида ёлғиз Исо билан Унинг олдида турган аёл қолди.

10 Исо ўрнидан туриб аёлга деди:

— Эй аёл, бошқалар қани? Ҳеч ким сени маҳкум қилмадими?

11 — Ҳеч ким, Ҳазрат! — деб жавоб берди аёл.

Исо деди:

— Мен ҳам сени маҳкум қилмайман. Бор, бундан кейин бошқа гуноҳ қилма.

Исо Масиҳ — оламнинг нури

12 Исо яна халққа гапириб деди:

— Мен оламнинг нуриман. Кимки Менга эргашса, ҳеч қачон зулматда юрмайди, балки ҳаёт нурига эга бўлади.

13 Фарзийлар Исонинг бу гапига эътироз билдирдилар:

— Сиз Ўзингизга Ўзингиз гувоҳлик беряпсиз. Бу гувоҳлигингиз ҳаққоний эмас.

14 Исо шундай жавоб берди:

— Мен Ўзимга Ўзим гувоҳлик берсам ҳам, гувоҳлигим ҳаққонийдир. Чунки Мен қаердан келиб, қаерга кетаётганимни биламан. Сизлар эса Менинг қаердан келиб, қаерга кетаётганимни билмайсизлар.

15 Сизлар инсоний ўлчов билан ҳукм қиласизлар. Мен эса ҳеч кимни ҳукм қилмайман.

16 Борди–ю, Мен ҳукм қилсам ҳам, ҳукмим ҳаққонийдир. Чунки Мен Ўзим эмас, балки Мени юборган осмондаги Отам билан бирга ҳукм қиламан.

17 Ўзларингизнинг Тавротингизда: “Икки гувоҳнинг шаҳодати ҳаққонийдир”, деб ёзилган–ку.

18 Шундай экан, битта гувоҳ Менман, иккинчиси Мени юборган Отадир.

19 Шунда улар Исодан:

— Отангиз қаерда? — деб сўрадилар. У бунга жавобан деди:

— Сизлар Мени ҳам, Отамни ҳам танимайсизлар. Агар Мени таниганингизда эди, Отамни ҳам таниган бўлар эдингизлар.

20 Бу сўзларни Исо Маъбадда таълим бераётиб, хайр–эҳсон қутисининг олдида айтди. Ҳеч ким Уни қўлга олмади, чунки Унинг вақт–соати ҳали келмаган эди.

Исони рад қилганларнинг қисмати

21 Исо уларга яна деди:

— Мен кетяпман. Сизлар Мени қидирасизлар ва гуноҳкор бўлиб ўласизлар. Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар.

22 — Наҳотки У Ўзини Ўзи ўлдирса? “Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар”, деб айтяпти–ку, — дейишди ўзаро яҳудийлар.

23 Исо уларга шундай деди:

— Сизлар бу дунёдансизлар, Мен эса юқориданман. Сизлар бу оламга мансубсизлар, Мен эса бу оламдан эмасман.

24 Шунинг учун сизларга: “Гуноҳкор бўлиб ўласизлар”, деб айтдим. Ҳа, агар Ўша Мен эканлигимга ишонмасангизлар, гуноҳкор бўлиб ўласизлар.

25 — Сиз кимсиз? — деб сўрашди Исодан. Исо шундай деди:

— Кимлигимни сизларга бошидан айтиб келяпман–ку!

26 Сизларни айблаб айтадиган гапим жуда кўп. Лекин Мени Юборган ҳақдир, Мен Ундан нима эшитган бўлсам, ўшани дунёга маълум қиламан.

27 Улар эса Исо самовий Отаси ҳақида гапираётганини тушунмадилар.

28 Исо сўзида давом этди:

— Инсон Ўғлини юқорига кўтарганингизда, Ўша Мен эканлигимни билиб оласизлар. Ўшанда Мен Ўзимча ҳеч нарса қилмаганимни, фақат Отам ўргатган нарсаларни айтганимни тушуниб оласизлар.

29 Мени Юборган доимо Мен билан биргадир. У Мени ёлғиз ташлаб кетмаган. Зеро, Мен ҳар доим Унга маъқул бўлган ишларни қиламан.

30 Исонинг айтган гапларини эшитган кўп одамлар Унга имон келтирдилар.

Озод қиладиган ҳақиқат

31 Шу вақт Исо Унга ишонган яҳудийларга деди:

— Агар Менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар.

32 Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.

33 Улар шундай деб жавоб беришди:

— Биз Иброҳим наслимиз. Ҳеч қачон ҳеч кимга қул бўлмаганмиз. Қандай қилиб Сиз, “Озод бўласизлар”, деб айтяпсиз?

34 Исо деди:

— Сизларга чинини айтайин: гуноҳ қилувчи ҳар бир киши гуноҳнинг қулидир.

35 Қул ҳеч қачон хонадон аъзоси бўла олмайди, ўғил эса абадулабад ўз хонадонининг аъзосидир.

36 Шундай экан, агар Ўғил сизларни озод қилса, ҳақиқатан озод бўласизлар.

37 Иброҳим насли эканлигингизни биламан. Бироқ Менинг жонимга қасд қилмоқчисизлар. Чунки Менинг сўзим қалбингиздан жой топмаган.

38 Мен Отанинг ҳузурида нима кўрган бўлсам, ўшани сизларга айтяпман. Сизлар эса ўз отангиздан ўрганганингизни қиляпсизлар.

Иброҳим болалари ва иблис болалари

39 Улар Исога шундай жавоб бердилар:

— Бизнинг отамиз Иброҳимдир.

Исо шундай деди:

— Агар Иброҳимнинг фарзандлари бўлганингизда эди, Иброҳимнинг қилган ишларини қилган бўлар эдингизлар.

40 Мен сизларга Худодан эшитган ҳақиқатни сўзлаб бердим, холос. Шундай бўлса–да, сизлар Мени ўлдирмоқчисизлар. Иброҳим бундай иш қилмаган.

41 Сизлар Иброҳимнинг эмас, ўз отангизнинг ишларини қиляпсизлар.

— Ие, биз зинодан туғилмаганмиз. Бизнинг биттаю битта Отамиз — Худонинг Ўзи–ку! — деб жавоб беришди Исога.

42 Исо уларга шундай деди:

— Агар Отангиз Худо бўлганда эди, Мени яхши кўрган бўлар эдингиз, чунки Мен Худодан келиб, энди шу ерда турибман. Мен Ўзимча келганим йўқ, Мени У юборди.

43 Нега айтганларимни англамаяпсизлар?! Бунга сабаб — сўзларимни ҳазм қила олмаганингиз.

44 Сизларнинг отангиз Худо эмас, иблисдир. Сизлар ўз отангизнинг нафсу эҳтиросларини бажо қилишни хоҳлайсизлар. Азалданоқ иблис қотил эди. У ҳеч қачон ҳақиқат тарафдори бўлмаган, чунки унда ҳақиқат йўқ. У ёлғон сўзлаганда, ўзига хос сўзлайди. Чунки у ёлғончи, ёлғоннинг отасидир.

45 Аммо Мен ҳақиқатни гапирганим учун Менга ишонмаяпсизлар.

46 Қайси бирингиз Мени бирон гуноҳда айблай оласиз? Агарда ҳақиқатни гапираётган бўлсам, нега Менга ишонмаяпсизлар?

47 Ким Худога тегишли бўлса, Худонинг сўзларига қулоқ солади. Сизлар эса Худога бегона бўлганингиз учун қулоқ солмаяпсизлар.

Исо азалдан мавжуд

48 Бунга жавобан яҳудийлар шундай дедилар:

— Сиз Самарияликсиз–ку, Сизни жин урибди, деб тўғри айтган эканмиз!

49 Исо деди:

— Мени жин ургани йўқ. Мен осмондаги Отамни ҳурмат қиламан. Сизлар эса Мени беобрў қиляпсизлар.

50 Мен Ўзимга обрў орттирмоқчи эмасман. Лекин обрўйимни кўтарадиган бор, Унинг Ўзи ҳукм қилади.

51 Сизларга чинини айтайин: ким Менинг сўзимга риоя қилса, ҳеч қачон ўлим кўрмайди.

52 Шунда яҳудийлар дедилар:

— Сизни жин урганини энди аниқ билиб олдик! Иброҳим ўлди, пайғамбарлар ҳам ўлиб кетишган. Сиз эса: “Ким Менинг сўзимга риоя қилса, ҳеч қачон ўлмайди”, деяпсиз–а?!

53 Наҳотки Сиз вафот этган отамиз Иброҳимдан ҳам устун бўлсангиз?! Пайғамбарлар ҳам ўлиб кетишган–ку! Сиз Ўзингизни ким деб ҳисоблайсиз ўзи?!

54 Исо шундай жавоб берди:

— Агар Мен Ўзимни Ўзим мақтасам, мақтовларим беҳудадир. Отамнинг Ўзи Мени мақтайди. Сизлар Уни Худойимиз деб атайсизлар,

55 аслида эса Уни танимайсизлар. Мен эса Уни биламан. Агар, Уни билмайман, десам, сизларга ўхшаган ёлғончи бўламан. Мен Уни биламан ва Унинг сўзига риоя қиламан.

56 Отангиз Иброҳим келган кунимни кутиб, хурсанд бўлган эди. Ўша кунни кўриб, қаттиқ қувонди.

57 — Сиз ҳали эллик ёшга тўлмаган бўлсангиз, қандай қилиб Иброҳимни кўргансиз?! — дейишди яҳудийлар Унга.

58 Исо уларга шундай жавоб берди:

— Сизларга чинини айтайин: Иброҳим туғилмасдан олдин Мен бор бўлганман.

59 Шунда Исони тошбўрон қилмоқчи бўлдилар. Исо эса яширинча Маъбаддан чиқиб кетди.

Исо туғма кўрга шифо беради

1 Исо йўлда кетаётиб, бир туғма кўр одамни кўриб қолди.

2 Шогирдлари Исодан сўрадилар:

— Устоз, кимнинг гуноҳи унинг кўр бўлиб туғилишига сабабчи бўлди? Ўзиникими ёки ота–онасиникими?

3 Исо шундай жавоб берди:

— Бу одамнинг гуноҳи ҳам, ота–онасининг гуноҳи ҳам бунга сабаб бўлмаган. Худонинг ишлари унда намоён бўлиши учун у кўр туғилган.

4 Кун ёруғ экан, Мени Юборганнинг ишларини қилишимиз лозим. Ана тун келяпти, ўшанда ҳеч ким иш қила олмайди.

5 Мен оламда бор эканман, оламнинг нуридирман.

6 Исо буларни айтди–ю, ерга тупурди, тупукдан лой қилиб, кўрнинг кўзларига суртди.

7 Сўнг унга:

— Бориб, Силоам ҳовузида ювингин, — деди. (Силоам “юборилган” демакдир.)

Кўр одам бориб ювинди ва кўра оладиган бўлиб қайтди.

8 Шунда унинг қўшнилари ва илгари унинг садақа сўраганини кўрган одамлар:

— Бу ҳалиги тиланчилик қилиб ўтирган одам эмасми? — деб сўрашарди.

9 Баъзилар:

— Бу худди ўша, — десалар, бошқалар:

— Йўқ, ўшанга ўхшайди, холос, — дейишарди. Одамнинг ўзи эса:

— Ўша менман, — деб таъкидларди.

10 — Ундай бўлса, кўзларинг қандай очилди? — деб сўрадилар.

11 — Исо деган киши лой қилиб, кўзларимга суртди–ю, “Бориб, Силоам ҳовузида ювингин”, деди. Мен бориб ювиндим ва кўрадиган бўлиб қолдим, — деди шифо топган кўр.

12 — Ўша Одам қани? — деб сўрадилар.

— Билмайман, — деб жавоб берди у.

Фарзийлар соғайган кўрни сўроқ қилишади

13 Илгари кўр бўлган ўша одамни фарзийларнинг олдига келтиришди.

14-15 Фарзийлар ҳам бу одамдан кўзлари қандай очилганини сўрадилар.

— У кўзларимга лой суртди. Мен ювиндим–у, кўзларим кўрадиган бўлди, — деди ҳалиги одам.

Исо лой қилиб, кўрнинг кўзларини очган кун Шаббат куни эди. Шунинг учун

16 фарзийлардан баъзилари:

— Кўзларингни очган Одам Худодан эмас, чунки У Шаббат кунига риоя қилмаяпти, — дедилар. Бошқалари эса:

— Гуноҳкор одам бундай мўъжизали аломатларни қандай қила олади? — дейишди. Шундай қилиб, ораларида келишмовчилик пайдо бўлди.

17 Шунда фарзийлар кўр одамдан яна сўрадилар:

— У Киши ҳақида сен нима дейсан? У сенинг кўзларингни очди–ку!

— У пайғамбар, — деб жавоб берди кўр.

18 Бироқ яҳудийлар кўзлари очилган одамнинг ота–онасини чақиртирмагунча, унинг илгари кўр бўлганига ва кўзлари очилганига ишонмадилар.

19 Улар кўрнинг ота–онасига шундай савол бердилар:

— Кўр туғилган, деб айтган ўғлингиз шуми? Хўш, энди қандай қилиб унинг кўзлари кўряпти?

20 Ота–онаси жавоб беришди:

— Бу бизнинг ўғлимиз эканлигини биламиз. Унинг кўр туғилганини ҳам биламиз.

21 Лекин қандай қилиб кўзлари кўраётганини ва кўзларини ким очганини биз билмаймиз. У балоғатга етган, ўзидан сўранглар. Ўзи учун ўзи жавоб берсин.

22 Кўрнинг ота–онаси яҳудийлардан қўрққанлари учун шундай дедилар. Дин арбоблари бундан аввал, ким Исонинг Масиҳлигини тан олса, синагогадан четлаштирилсин, деб қарор қилган эдилар.

23 Ана шу сабабдан кўрнинг ота–онаси: “У балоғатга етган, ўзидан сўранглар”, деб айтишганди.

24 Шундай қилиб, илгари кўр бўлган одамни иккинчи марта чақириб, дейишди:

— Ростини айтаман, деб Худонинг номи билан қасам ич! Биз у Одамнинг гуноҳкорлигини биламиз.

25 Кўр шундай жавоб берди:

— У гуноҳкорми, йўқми, мен билмайман. Шуни биламанки, мен кўр эдим, энди эса кўзларим кўряпти.

26 — У сенга нима қилди? Кўзларингни қандай очди? — деб ундан сўрадилар.

27 — Сизларга айтиб бердим–ку, аммо сизлар қулоқ солмадингизлар! Нега буни яна эшитмоқчисизлар?! Наҳотки сизлар ҳам Унинг шогирдлари бўлмоқчисизлар?! — деди у одам.

28 Яҳудийлар эса уни ҳақоратлаб, дейишди:

— Сен ўзинг Унинг шогирдисан! Биз эса Мусонинг шогирдларимиз!

29 Мусога Худо гапирганини биламиз. Бу Киши–чи, Унинг қаерданлигини ҳам билмаймиз.

30 Кўзи очилган одам шундай жавоб берди:

— Ана шуниси жуда ажабланарли–да! Сизлар Унинг қаерданлигини билмайсизлар, У эса кўзларимни очди!

31 Гуноҳкорларга Худо қулоқ солмаслигини биламиз. Унинг иродасига амал қилган тақводорларга эса Худо қулоқ солади.

32 Туғма кўрнинг кўзларини бирор киши очгани ҳаётда эшитилмаган гап.

33 Агар у Киши Худодан бўлмаганда эди, ҳеч нарса қилолмасди.

34 Яҳудийлар бунга жавобан:

— Сен бутунлай гуноҳ ичида туғилгансан, энди бизга ақл ўргатяпсанми?! — дейишди–да, уни синагогадан ҳайдаб чиқаришди.

Қалби кўрлар

35 Ўша одамнинг ҳайдаб чиқарилганлигини Исо эшитди–ю, уни қидириб топди.

— Сен Инсон Ўғлига ишонасанми? — деб сўради ундан.

36 У одам эса Исога деди:

— Ҳазрат, У кимдирки, мен Унга ишонсам?

37 — Уни кўриб турибсан, У билан гаплашиб турибсан, — деди Исо.

38 Шунда у одам:

— Ишонаман, ё Раббий, — деди–да, Исога сажда қилди.

39 Исо:

— Кўрлар кўрсин, кўзи очиқлар эса кўр бўлсин деб, Мен бу дунёни ҳукм қилгани келганман, — деди.

40 Унинг атрофида баъзи фарзийлар турган эди. Улар бу гапни эшитгач:

— Наҳотки бизлар ҳам кўр бўлсак? — деб сўрашди.

41 Исо уларга деди:

— Агар кўр бўлганингизда, гуноҳда айбланмас эдингиз. Лекин сизлар “Кўзларимиз кўряпти” деганингиз учун гуноҳингиз ўз бўйнингизда қолади.

Исо — яхши чўпон

1 Исо деди: “Сизларга чинини айтайин: ким қўй қўрасига эшикдан кирмай, бошқа йўлдан ошиб тушса, у ўғри ва босқинчидир.

2 Эшикдан кирган одам эса қўйларнинг чўпонидир.

3 Қоровул унга эшикни очиб беради. Қўйлар унинг овозига қулоқ солади. У эса ўз қўйларини номма–ном чақириб, ташқарига олиб чиқади.

4 У ўз қўйларини қўрадан олиб чиққанда, уларнинг олдида бораверади. Қўйлар эса унга эргашади, чунки улар чўпоннинг овозини биладилар.

5 Бегона кишига эса эргашмайдилар. Аксинча, бегонанинг овозини танимай, ундан қочадилар.”

6 Исо бу матални айтиб берганда, тингловчилар У нима демоқчи эканлигини тушунмадилар.

7 Шу сабабдан Исо яна деди: “Сизларга чинини айтай: Мен қўйлар учун эшикман.

8 Мендан олдин келганларнинг ҳаммаси ўғри ва босқинчи эдилар. Лекин қўйлар уларга қулоқ солмадилар.

9 Мен эшикман. Ким Мен орқали кирса, нажот топади. У кириб чиқиб, яйлов ҳам топади.

10 Ўғри фақат ўғирлаш, бўғизлаш, барбод қилиш учун келади. Мен эса уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман.

11 Мен яхши чўпонман. Яхши чўпон қўйлари учун жонини фидо қилади.

12 Ёлланган одам эса қўйларнинг на чўпони, на эгасидир. У бўрининг келганини кўргач, қўйларни ташлаб қочади. Бўри эса қўйларни талаб, тумтарақай қилади.

13 Ёлланган одам шунчаки ёлланган бўлгани учун ва қўйлар ҳақида қайғурмагани учун қочади.

14-15 Мен яхши чўпонман. Осмондаги Отам Мени ва Мен Отамни билганимдай, Мен қўйларимни биламан, улар ҳам Мени биладилар. Мен қўйларим учун жонимни фидо қиламан.

16 Бу қўрада бўлмаган бошқа қўйларим ҳам бор. Уларни ҳам олиб келишим керак. Улар ҳам Менинг овозимга қулоқ солади, шунда бир сурув, бир чўпон бўлади.

17 Мен жонимни қайтиб олиш учун уни фидо қиламан, шу боис Отам Мени яхши кўради.

18 Ҳеч ким жонимни Мендан тортиб ололмайди. Мен Ўз ихтиёрим билан уни фидо қиламан. Жонимни беришга ва уни қайтариб олишга ҳокимиятим бор. Буни Менга Отам буюрган.”

19 Исонинг бу сўзлари туфайли, яҳудийлар орасида яна келишмовчилик келиб чиқди.

20 Ораларидан кўпчилик:

— Уни жин урибди, У ақлдан озган! Нега Унга қулоқ соляпсизлар? — дер эдилар.

21 Бошқалари эса:

— Бу жин урганнинг сўзлари эмас. Жин кўр одамнинг кўзларини оча олармиди?! — деб айтишарди.

Исони рад қилишади

22 Ўша вақтда Қуддусда Маъбадни бағишлаш байрами нишонланаётган эди. Қиш фасли эди.

23 Исо Маъбадда Сулаймон айвони деган жойда айланиб юрар эди.

24 Яҳудийлар Унинг атрофини ўраб олдилар.

— Қачонгача бизни иккилантирасиз? Агар Масиҳ бўлсангиз, бизга очиғини айтинг, — дейишди.

25 Исо уларга жавоб берди:

— Мен сизларга айтдим, аммо сизлар ишонмаяпсизлар. Осмондаги Отам номидан қилаётган ишларим кимлигимни кўрсатиб турибди.

26 Сизлар эса ишонмаяпсизлар, чунки сизлар Менинг қўйларимдан эмассизлар.

27 Менинг қўйларим овозимга қулоқ солади. Мен уларни танийман, улар эса Менга эргашиб юришади.

28 Мен уларга абадий ҳаёт бераман, улар ҳеч қачон ҳалок бўлмайдилар. Ҳеч ким уларни Менинг қўлимдан тортиб ололмайди.

29 Уларни Менга берган Отам ҳаммадан буюкдир. Отамнинг қўлидан уларни тортиб олишга ҳеч кимнинг кучи етмайди.

30 Мен ва Отам бирмиз.

31 Яҳудийлар яна Исони тошбўрон қилмоқчи бўлдилар.

32 — Мен сизларга Ота буюрган кўп хайрли ишларни кўрсатдим, уларнинг қайси бири учун Мени тошбўрон қилмоқчисизлар? — деб сўради Исо.

33 Яҳудийлар Унга шундай дейишди:

— Хайрли ишингиз учун эмас, куфрлигингиз учун Сизни тошбўрон қилмоқчимиз. Сиз одам бўла туриб Ўзингизни Худо деяпсиз!

34 Исо шундай жавоб қайтарди:

— Сизлар ўзларингиз доим ўқийдиган Муқаддас битикларда: “Айтдимки, ҳаммангиз худоларсиз”, деб ёзилган эмасми?!

35 Ўзларингиз биласизлар: Муқаддас битикларни ўзгартириб бўлмайди. Худонинг каломини олган одамлар “худолар” деб аталган–ку!

36 Мени эса Отам Ўзи учун ажратиб олиб, дунёга юборган. Мен “Худонинг Ўғлиман” деганим учун куфрлик қилган бўламанми?!

37 Агар Мен Отамнинг ишларини қилмаётган бўлсам, Менга ишонмай қўя қолинглар.

38 Борди–ю, Унинг ишларини қилаётган бўлсам, Менга ишонмасангиз ҳам, қилаётган ишларимга ишонинглар. Шунда Ота Менда ва Мен Отада эканимни билиб, англаб оласизлар.

39 Улар яна Исони ушлаб олишга ҳаракат қилдилар, аммо Исо уларнинг чангалидан қутулиб қолди.

40 Сўнг Исо Иордан дарёсининг шарқ томонига, илгари Яҳё одамларни чўмдириб юрган жойга қайтиб бориб, у ерда қолди.

41 Унинг олдига кўп одамлар келишарди. Улар шундай деб айтишарди: “Яҳё ҳеч қандай мўъжизали аломат кўрсатмаган эди, лекин Яҳёнинг бу Одам ҳақида айтган ҳамма гапи тўғри чиқди.”

42 Шундай қилиб, ўша ердаги кўп одамлар Исога ишондилар.

Лазарнинг ўлими

1 Байтания қишлоғида Лазар исмли бир одам касал бўлиб ётган эди. Марям ва унинг опаси Марта ҳам шу қишлоқда яшар эдилар.

2 Кейинчалик Раббимиз Исога атир мой суртган ва Унинг оёқларини сочи билан артиб қуритган ўша Марям эди. Касал ётган Лазар эса Марямнинг акаси эди.

3 Опа–сингил Исога:

— Ҳазрат, Сизнинг азиз дўстингиз касал, — деган хабар юборишди.

4 Исо буни эшитиб, шундай деди:

— Бу касаллик ўлим билан якунланмайди, балки Худонинг улуғланишига ва шу орқали Худо Ўғлининг улуғланишига сабаб бўлади.

5 Исо Мартани, унинг синглисини ва Лазарни яхши кўрар эди.

6 Аммо Лазарнинг хаста эканини билса ҳам, турган жойида яна икки кун қолди.

7 Шундан сўнг У шогирдларига:

— Яҳудияга қайтиб борайлик, — деди.

8 Шогирдлари эса шундай дедилар:

— Устоз, яқиндагина яҳудийлар Сизни тошбўрон қилмоқчи эдилар–ку! Энди яна у ерга бормоқчимисиз?

9 Исо жавоб берди:

— Кундуз ўн икки соатдан иборат эмасми?! Ким кундузи юрса, қоқилмайди, чунки бу дунёнинг нурини кўради.

10 Кечаси юрган эса қоқилади, чунки унинг ўзида нур йўқ.

11 Бу сўзларини айтиб бўлиб, уларга яна деди:

— Дўстимиз Лазар ухлаб қолди. Мен уни уйғотгани кетяпман.

12 — Ҳазрат, агар ухлаётган бўлса, тузалиб кетади, — деди шогирдлари.

13 Исо Лазарнинг ўлимини назарда тутган эди. Шогирдлар эса Исо одатдаги уйқу тўғрисида гапирди, деб ўйладилар.

14 Кейин Исо уларга очиғини айтди:

— Лазар вафот этди.

15 Мен унинг ёнида бўлмаганимдан хурсандман, чунки бу вазият сизларнинг ишонишингизга имкон беради. Қани, энди унинг олдига борайлик.

16 Шунда Тўма, яъни Дидимус бошқа шогирдларга:

— Қани, юринглар, биз ҳам Исо билан ўламиз! — деди.

Исо — тириклик манбаи

17 Исо у ерга етиб бориб билдики, Лазарнинг қабрга қўйилганига тўрт кун бўлган экан.

18 Байтания қишлоғи Қуддусдан бор–йўғи уч чақиримча масофада жойлашган эди.

19 Қуддусдаги кўп яҳудийлар Марта билан Марямнинг олдига акасининг вафоти муносабати ила тасалли бериш учун борган эдилар.

20 Марта Исонинг келаётганини эшитиб, Уни кутиб олгани чиқди. Марям эса уйда қолди.

21 — Ҳазрат! — деди Марта Исога. — Агар Сиз бу ерда бўлганингизда эди, акам ўлмаган бўларди.

22 Аммо ҳозир ҳам биламан, Сиз Худодан нима сўрасангиз, Худо Сизга беради.

23 — Сенинг аканг тирилади, — деди Исо.

24 — Биламан, охиратда ўликлар тирилганда тирилади, — деди Марта.

25 Исо унга деди:

— Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган одам ўлса ҳам яшайди.

26 Кимда–ким Менга ишониб яшаса, то абад ўлмайди. Бунга ишонасанми?

27 — Ҳа, Ҳазрат, — деди Марта, — Сиз дунёга келадиган Масиҳ, Худонинг Ўғли эканингизга ишонаман.

28 Марта шундай деди–ю, бориб синглиси Марямни чақирди. Унга секингина деди:

— Устоз шу ерда, У сени чақиряпти.

29 Марям буни эшитгач, шошиб ўрнидан турди–да, Исонинг олдига кетди.

30 Исо ҳали қишлоққа кирмаган, ҳануз Марта Уни кутиб олган жойда эди.

31 Марям билан уйда бўлган ва унга тасалли бераётган одамлар унинг шошилиб ўрнидан туриб ташқарига чиққанини кўришди. Марям йиғи–сиғи қилгани қабрга кетяпти, деб ўйлаб, унинг орқасидан кетишди.

32 Марям Исо турган ерга етиб келиб, Уни кўрди–ю, оёғига йиқилиб деди:

— Ҳазрат! Агар Сиз шу ерда бўлганингизда эди, менинг акам ўлмаган бўларди!

33 Марям ҳам, у билан келганлар ҳам йиғлаётган эдилар. Исо буни кўриб, қаттиқ изтиробга тушди, кўнгли ўртаниб кетди.

34 — Уни қаерга қўйдингизлар? — деб сўради.

— Юринг, Ҳазрат, кўрасиз! — дедилар.

35 Исонинг кўзларидан дув–дув ёш оқди.

36 Ўша ердаги одамлар:

— Қаранглар, уни қанчалик яхши кўрар экан! — дейишди.

37 Улардан баъзилари эса шундай дейишди:

— У кўрнинг кўзларини очган. Лазарни ҳам ўлимдан олиб қолса бўлмасмиди?!

Исо Лазарни тирилтиради

38 Исо тағин қаттиқ изтироб чекиб, қабр олдига келди. Қабр бир ғор бўлиб, оғзи тош билан ёпилган эди.

39 Исо:

— Тошни олиб ташланглар! — деди. Марҳумнинг синглиси Марта Унга деди:

— Ҳазрат, жасад ҳидланиб қолган–ку! Ахир, қабрга қўйилганига тўрт кун бўлди!

40 — Агар ишонсанг, Худонинг улуғворлигини кўрасан, деб сенга айтмаганмидим?! — деди Исо.

41 Тошни олиб ташладилар. Исо эса осмонга кўз тикиб, деди:

— Эй Ота! Мени эшитганинг учун Сенга шукурлар айтаман.

42 Сен Мени доимо эшитишингни биламан. Лекин бу сўзларни шу ерда турган халқ учун айтяпман, токи Мени Сен юборганингга улар ишонсин.

43 Шундай деди–ю, баланд овоз билан хитоб қилди:

— Лазар, ташқарига чиқ!

44 Шу пайт қўлу оёқлари кафанланган, юзи рўмол билан ўралган марҳум чиқиб келди.

— Кафанини ечинглар, уни қўйиб юборинглар, — деди Исо одамларга.

Исони ўлдириш режаси

45 Марямни йўқлагани келган одамларнинг кўпчилиги Исонинг қилган ишини кўриб, Унга ишонишди.

46 Аммо баъзилари фарзийларнинг олдига бориб, Исонинг қилганларини айтиб беришди.

47 Шундан кейин бош руҳонийлар ва фарзийлар Олий кенгаш чақириб, дейишди:

— Нима қиламиз? Бу Одам жуда кўп мўъжизали аломатлар кўрсатиб юрибди–ку!

48 Буни давом этишига йўл қўйсак, ҳамма Унга ишониб кетади. Римликлар келиб, Маъбадимизни ҳам, халқимизни ҳам хонавайрон қиладилар.

49 Улардан бири, ўша йили олий руҳоний бўлган Каяфас сўз олди:

— Сизлар ҳеч нарсани билмайсизлар!

50 Бутун халқ ҳалок бўлгандан кўра, битта одамнинг халқ учун ўлиши ўзингиз учун яхшироқ–ку! Наҳотки буни тушунмасангизлар?!

51 Бу сўзларни у ўзидан–ўзи айтмаган эди. Балки ўша йили олий руҳоний сифатида Исонинг халқ учун ўлишини башорат қилган эди.

52 Исо нафақат яҳудий халқи учун, балки Худонинг тарқоқ бўлган ҳамма фарзандларини бирлаштириш учун ўлиши керак эди.

53 Шундай қилиб, ўша кундан бошлаб, Исони ўлдиришга тил бириктирдилар.

54 Исо эса энди яҳудийлар орасида очиқчасига юрмайдиган бўлди. У чўл яқинидаги Эфрайим шаҳрига бориб, Ўз шогирдлари билан ўша ерда қолди.

55 Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашаётган эди. Мамлакатнинг ҳамма томонидан одамлар байрамдан олдин покланиш учун Қуддусга боришди.

56 Шу вақтда Исони изладилар. Маъбадда йиғилиб турганлар ўзаро: “Нима деб ўйлайсизлар? У байрамга келадими?” деб сўрашди.

57 Бош руҳонийлар ва фарзийлар эса Исони қўлга олмоқчи бўлиб, шундай буйруқ берган эдилар: “Ким Исонинг қаердалигини билиб қолса, хабар қилсин.”

Марям Исога атир мой суртади

1 Фисиҳ байрамидан олти кун олдин Исо Лазарнинг қишлоғи Байтанияга борди. Исо ўша Лазарни ўликдан тирилтирган эди.

2 Ўша ерда Исога зиёфат ҳозирладилар. Марта хизмат қилиб юрган эди, Лазар эса Исо ва меҳмонлар билан бирга дастурхон олдида ёнбошлаган эди.

3 Шу пайт Марям бир шиша тоза, қимматбаҳо сунбул мойини олиб келиб, Исонинг оёқларига суртди, сўнг сочлари билан артди. Уй атир мойнинг хушбўй ҳидига тўлиб кетди.

4 Исонинг шогирдларидан бири, Унга хиёнат қиладиган Яҳудо Ишқариёт деди:

5 — Бу мойни уч юз кумуш тангага сотиб, камбағалларга бўлиб берса бўлмасмиди?!

6 У шу гапни камбағалларга қайғургани учун эмас, балки ўғри бўлгани учун айтди. Пул қутиси Яҳудонинг назоратида эди, қутига солинадиган пулдан у ўғирлаб турарди.

7 Исо шундай деди:

— Марямни тинч қўйинглар! Зотан, у Мени дафн кунимга тайёрлади.

8 Камбағаллар ҳар доим сизлар билан бирга бўлади. Мен эса ҳар доим ҳам сизлар билан бирга бўлмайман.

9 Бир талай яҳудийлар Исонинг Байтанияда эканлигини билиб келишди. Улар нафақат Исони, балки Исо ўликдан тирилтирган Лазарни ҳам кўришни истардилар.

10 Бош руҳонийлар Лазарни ҳам ўлдиришни режалаштирган эдилар.

11 Чунки кўп яҳудийлар Лазар туфайли Исо томонига ўтиб, Унга имон келтираётган эдилар.

Исо Қуддусга тантанали равишда киради

12 Эртаси куни байрамга борган бир талай халойиқ Исонинг Қуддусга келаётганини эшитиб қолди.

13 Улар пальма дарахти шохларидан олишди, Уни қарши олгани чиқиб, шундай деб ҳайқиришарди:

“Тасанно!

Эгамиз номидан келаётган Инсон барака топсин!

Исроилнинг шоҳи муборак бўлсин!”

14 Исо бир хўтикни топиб, унга минди, худди Муқаддас битикларда ёзилгандай:

15 “Эй Қуддус халқи, қўрқма!

Мана, Шоҳингиз хўтикни миниб келяпти.”

16 Исонинг шогирдлари аввал буни тушунмадилар. Исо улуғлангандан кейингина улар бу сўзларнинг У ҳақда ёзилганини ва халқ худди ёзилганидек қилганини эсладилар.

17 Исо Лазарни қабрдан чақириб тирилтирганига гувоҳ бўлган оломон Исога эргашиб, бу ҳақда ҳаммага айтарди.

18 Исонинг қилган бу мўъжизали аломати ҳақида эшитган кўп одамлар Уни кутиб олгани чиққан эдилар.

19 Фарзийлар эса бир–бирига:

— Қаранглар, қўлимиздан ҳеч нарса келмади. Бутун дунё Унинг ортидан бормоқда! — дейишарди.

Исо Ўз ўлими ҳақида гапиради

20 Худога сажда қилиш учун байрамга келганлар орасида баъзи ғайрияҳудийлар бор эди.

21 Улар Филипнинг олдига бориб (Филип Жалиланинг Байтсайда шаҳридан эди) шундай деб айтишди:

— Тақсир, биз Исони кўрмоқчимиз.

22 Филип бориб, бу ҳақда Эндрусга айтди. Сўнг иккалови Исонинг олдига бориб, Унга айтишди.

23 Исо уларга шундай жавоб берди:

— Инсон Ўғли улуғланадиган вақт–соати келди.

24 Сизларга чинини айтайин: агар буғдойнинг дони ерга тушиб ўлмаса, у бир донлигича қолади. Агарда ўлса, кўп ҳосил беради.

25 Ким ўз жонини севса, уни йўқотади. Ким бу дунёда ўз жонидан воз кечса, уни абадий ҳаёт учун сақлаб қолади.

26 Ким Менга хизмат қилмоқчи бўлса, орқамдан юрсин. Мен қаерда бўлсам, хизматчим ҳам ўша ерда бўлсин. Менга хизмат қилган одамни осмондаги Отам ҳурмат қилади.

27 Энди эса юрагим сиқилиб кетяпти. Нима ҳам дер эдим?! “Эй Ота, бу вақт–соатдан Мени сақла”, деб айта олармидим?! Мен шу вақт–соат учун келганман–ку!

28 Эй Ота, Ўз номингни улуғлагин!

Исо шундай дейиши биланоқ осмондан:

— Мен номимни улуғладим, бундан кейин ҳам улуғлайман, — деган садо келди.

29 У ерда турган оломон бу садони эшитиб, момақалдироқ деб ўйлади. Бошқалар эса:

— Унга фаришта гапирди! — дейишди.

30 Бунга жавобан Исо деди:

— Бу садо Мен учун эмас, сизлар учун бўлди.

31 Энди бу дунё ҳукм қилинади, бу дунёнинг ёвуз ҳукмдори ҳайдаб чиқарилади.

32 Мен ердан юқорига кўтарилганимда, ҳаммани Ўзимга жалб қиламан.

33 Исо бу сўзларни қай йўл билан ўлишини билдириш учун айтди.

34 Халқ бунга жавобан деди:

— Биз Тавротдан, Масиҳ абадий яшайди, деб эшитганмиз. Қандай қилиб Сен, Инсон Ўғли юқорига кўтарилиши керак, деб айтяпсан? Инсон Ўғли ким ўзи?

35 Исо уларга деди:

— Нур яна қисқа бир муддат сизлар билан бўлади. Нур борида юринглар, тағин зулмат сизларни қамраб олмасин. Зулматда юрадиган киши қаерга кетаётганини билмайди.

36 Нур ҳануз сизлар билан экан, нурга ишонинглар, шунда нур фарзандлари бўласизлар.

Буларни айтиб бўлгач, Исо узоқлашиб, халқдан яширинди.

Халқнинг ўжарлиги ва имонсизлиги

37 Исо халқнинг кўз ўнгида шунча кўп мўъжизали аломатлар яратган бўлса ҳам, улар Исога ишонмас эдилар.

38 Шу тариқа Ишаё пайғамбарнинг сўзи бажо бўлди:

“Эй Эгамиз, бизнинг хабаримизга ким ишонди?

Сенинг қудратли кучинг кимга аён бўлди?”

39 Ҳақиқатан ҳам, улар ишона олмадилар. Негаки, Ишаё улар ҳақида яна шундай деб айтганди:

40 “Эгамиз уларнинг кўзларини кўр қилди,

Ақлларини ўтмас қилди.

Токи кўзлари билан кўрмасинлар,

Ақллари билан англамасинлар,

Тағин Менга қайтиб, шифо топмасинлар.”

41 Ишаё Масиҳнинг улуғворлигини кўргани учун бу сўзларни айтган эди.

42 Шунга қарамай, кўп яҳудий йўлбошчилари ҳам Исога имон келтирдилар. Лекин улар фарзийлар туфайли буни очиқчасига тан олмас эдилар, чунки синагогадан ҳайдалишдан қўрқардилар.

43 Ахир, улар Худонинг мақтовидан кўра, инсоннинг мақтовини яхши кўрардилар.

44 Исо хитоб қилиб деди:

— Менга ишонган одам Менга эмас, балки Мени Юборганга ишонган бўлади.

45 Мени кўрган одам Мени Юборганни кўрган бўлади.

46 Менга ишонган биронта одам зулматда қолмасин деб, Мен дунёга нур бўлиб келдим.

47 Агар ким Менинг сўзларимни эшитиб, риоя қилмаса, Мен уни ҳукм қилмайман. Мен дунёни ҳукм қилиш учун эмас, нажот бериш учун келганман.

48 Мени рад қилиб, сўзларимни қабул қилмаган одамни ҳукм қилувчи бор. Ундай одамни охиратда Мен эмас, айтган сўзим ҳукм қилади.

49 Зотан, Мен Ўзимча гапирганим йўқ. Мени юборган самовий Ота нима айтишимни, қандай гапиришимни Менга амр этган.

50 Унинг амри эса абадий ҳаёт беришини биламан. Хуллас, нима айтаётган бўлсам, Отам Менга айтгандай сизларга айтяпман.

Исо Ўз шогирдларининг оёқларини ювади

1 Фисиҳ байрамига оз қолган эди. Исо бу дунёни тарк этиб, осмондаги Отаси олдига борадиган вақт–соати келганини билар эди. У дунёдаги Ўзиникиларни яхши кўрар эди, уларни охиригача яхши кўрди.

2 Кечки овқат пайти эди. Шимўн ўғли Яҳудо Ишқариётнинг дилига иблис аллақачон Исога хиёнат қилиш ниятини солган эди.

3 Исо эса Отаси ҳамма нарсани Унинг қўлига берганини билар эди, У Худодан келиб, яна Худонинг олдига қайтаётганини ҳам билар эди.

4 Шундай қилиб, Исо дастурхондан туриб, устки кийимини ечиб ташлади. Сочиқни олиб белига боғлади.

5 Кейин тоғорага сув қуйиб, шогирдларининг оёқларини ювишга тушди. Белига боғлаган сочиқ билан уларнинг оёқларини артиб қуритди.

6 Исо Бутруснинг олдига келди.

— Ҳазрат, наҳот оёқларимни Сиз ювсангиз?! — деди Бутрус.

7 — Ҳозир нима қилаётганимни сен билмайсан, кейин тушуниб оласан, — деди Исо унга жавобан.

8 — Менинг оёқларимни икки дунёда ҳам ювмайсиз! — деди Бутрус.

— Агар оёқларингни ювмасам, Менга қарашли бўлмайсан, — деди Исо.

9 Шунда Бутрус деди:

— Ҳазрат, нафақат оёқларимни, қўлларим билан бошимни ҳам ювиб қўйинг!

10 Исо унга деди:

— Чўмилган одам фақат оёғини ювса бас, у тамоман покдир. Сизлар ҳам поксизлар, аммо ҳаммангиз эмас.

11 Исо Ўзига хоинлик қиладиган одамни билар эди, шунинг учун: “Ҳаммангиз ҳам пок эмассизлар”, деди.

12 Шогирдларининг оёқларини ювиб бўлгач, Исо устки кийимини кийиб, яна дастурхон олдига ёнбошлади. Сўнг шогирдларидан сўради:

— Ҳозир нима қилганимни тушундиларингми?

13 Сизлар Мени “Устоз”, “Ҳазрат” деб чақирасизлар ва тўғри қиласизлар, чунки Мен худди шундайман.

14 Агар Мен Ҳазратингиз ва Устозингиз бўла туриб оёқларингизни ювган бўлсам, сизлар ҳам бир–бирингизнинг оёқларингизни ювишингиз шарт.

15 Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам ўшани қилишингиз керак. Мен сизларга ўрнак кўрсатдим.

16 Сизларга чинини айтайин: қул ўз хўжайинидан устун эмас, элчи ҳам уни юборгандан устун эмас.

17 Агар гапимни уққан бўлсангиз, бунга амал қилинглар, шунда бахтли бўласизлар!

Яҳудонинг Исога хиёнати ҳақида каромат

18 Исо гапида давом этди:

— Менинг гапларим ҳаммангизга тегишли эмас. Мен кимларни танлаганимни биламан. Муқаддас битикларда: “Нонимни еган киши Менга қарши бош кўтарди”, деб айтилган. Бу сўзлар бажо бўлиши керак.

19 Мен буни сизларга ҳозирдан, юз бермасдан олдин, айтиб қўйяпман. Токи юз берганда, Масиҳ Мен эканлигимга ишонинглар.

20 Сизларга чинини айтайин: ким Мен юборган одамни қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса Мени Юборганни қабул қилган бўлади.

21 Исо қаттиқ изтироб чекиб, деди:

— Сизларга чинини айтайин, орангиздан биттаси Менга хиёнат қилади.

22 Шогирдлари эса У кимни назарда тутаётганини билмай, гангиб бир–бирига қараб турар эдилар.

23 Шогирдларидан бири Исонинг ёнида ёнбошлаган эди. У Исонинг севикли шогирди эди.

24 Бутрус ўша шогирдга: “Исо ким ҳақида гапиряпти, сўра–чи”, деб имо–ишора қилди.

25 Шунда у энгашиб, Исодан:

— Ҳазрат, у ким? — деб сўради.

26 Исо жавоб берди:

— Мен бир бурда нонни косага ботириб кимга берсам, у ўшадир, — деди. Сўнг бурда нонни ботириб, Шимўн ўғли Яҳудо Ишқариётга берди.

27 Яҳудо бурдани олар–олмас, шайтон унинг ичига кириб олди.

— Қиладиганингни тезроқ қил, — деди унга Исо.

28 Дастурхон атрофидагилардан ҳеч ким нима учун Исо бу сўзларни Яҳудога айтганини тушунмади.

29 Пул қутиси Яҳудода бўлгани сабабли, баъзилари: “Исо унга, байрам учун бизга керак бўладиган нарсаларни сотиб ол, деяпти ёки, камбағалларга бир нима бер, деяпти”, деб ўйлардилар.

30 Яҳудо эса ўша бурда нонни олган заҳоти ташқарига чиқиб кетди. Тун эди.

Бир–бирингизни севинглар

31 Яҳудо чиқиб кетгач, Исо деди:

— Инсон Ўғлининг улуғворлиги аён бўладиган вақти келди. У орқали Худонинг улуғворлиги аён бўлади.

32 Худонинг улуғворлиги Инсон Ўғли орқали аён бўлар экан, тез орада Худо Инсон Ўғлини Ўз улуғворлигига шерик қилади.

33 Болаларим! Энди Мен сизлар билан узоқ бўлмайман. Мени қидирасизлар. Яҳудийларга айтган эдим, сизларга ҳам айтяпман: Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар.

34 Сизларга янги амр беряпман: бир–бирингизни севинглар. Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир–бирингизни шундай севинглар.

35 Агар бир–бирингизни севсангиз, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади.

Бутруснинг Исодан тониши ҳақида каромат

36 Бутрус Исога деди:

— Ҳазрат, Сиз қаерга кетяпсиз?

— Ҳозир Мен борадиган жойга сен орқамдан боролмайсан, кейинчалик борасан, — деди унга Исо.

37 Бутрус сўради:

— Ҳазрат, нега ҳозир орқангиздан боролмас эканман? Мен Сиз учун жонимни беришга тайёрман!

38 Исо жавоб берди:

— Сен ростдан ҳам Мен учун жонингни беришга тайёрмисан?! Сенга чинини айтаман, хўроз қичқирмасданоқ, сен уч марта Мендан тонасан!

Исо йўл, ҳақиқат ва ҳаётдир

1 Исо шогирдларига деди:

— Юрагингиз сиқилмасин. Худога ишонинг, Менга ҳам ишонинг!

2 Отам Худонинг уйида маскан кўп. Шундай бўлмаганда эди, сизларга буларни айтиб ўтирмаган бўлардим. Мен сизларга жой тайёрлагани кетяпман.

3 Мен бориб сизларга жой тайёрлайман–у, сизларни Ўзим билан олиб кетгани келаман. Токи Мен бўлган жойда сизлар ҳам бўлинглар.

4 Мен борадиган жойга олиб борадиган йўлни сизлар биласизлар.

5 — Ҳазрат! — деди Унга Тўма, — Қаерга боришингизни билмасак, йўлни қаердан биламиз?

6 Исо унга деди:

— Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Отанинг олдига олиб борадиган Мендан бошқа йўл йўқ.

7 Агар Мени таниб–билсангиз, Отамни ҳам таниб–биласизлар. Ҳа, Уни биласиз, чунки Уни кўрдингиз.

8 Филип Исога деди:

— Ҳазрат, бизга Отани кўрсатинг, шунинг ўзи бизга кифоя!

9 — Филип, — деди унга Исо, — Мен шунча вақтдан бери сизлар билан биргаман. Наҳотки Мени таниб–билмасанг?! Мени кўрган одам Отани кўрган бўлади. Шундай экан, қандай қилиб сен: “Отани бизга кўрсатинг”, деяпсан?

10 Мен Отада, Ота эса Менда эканлигига наҳотки ишонмасанг?! Мен сизларга айтган сўзларни Ўзимдан тўқиб гапирмаяпман. Аксинча, Менда яшаган Отам Мен орқали Ўз ишларини бажармоқда.

11 Мен Отамда ва Отам Менда эканлигига ишонинглар. Агар ишонмасангизлар, ҳеч бўлмаса, қилган ишларим туфайли ишонинглар.

12 Сизларга чинини айтайин: Менга ишонган одам Мен қилган ишларни қилади. Булардан ҳам буюкроқ ишларни қилади, чунки Мен Отанинг олдига кетяпман.

13 Сизлар Менинг номимдан сўраган ҳамма нарсани Мен бажо келтираман, токи Ота Ўз Ўғли орқали улуғлансин.

14 Ҳа, сизлар Менинг номим билан Мендан сўраган ҳар қандай нарсани бажо келтираман.

Муқаддас Руҳни юбориш ваъдаси

15 Исо уларга деди: “Агар Мени севсангизлар, амрларимга амал қиласизлар.

16 Мен осмондаги Отага мурожаат қиламан ва У сизлар билан то абад қоладиган бошқа Ҳомийни юборади.

17 Бу Ҳомий — Ҳақиқат Руҳидир. Бу дунёга тегишли бўлганлар Уни қабул қила олмайдилар, чунки Уни кўрмайдилар ҳам, билмайдилар ҳам. Сизлар эса Уни биласизлар, чунки У сизлар билан яшамоқда, У ичингизда бўлади.

18 Мен сизларни етим қолдирмайман, яна олдингизга қайтиб келаман.

19 Бир оздан кейин дунё Мени бошқа кўрмайди. Аммо сизлар Мени кўрасизлар. Мен барҳаёт бўлганим учун сизлар ҳам яшайсизлар.

20 Мен Отамда эканимни, сизлар Менда ва Мен сизларда эканимни ўша куни англаб оласизлар.

21 Менинг амрларимни билиб, уларга амал қилган киши Мени севади. Ким Мени севса, Отам ҳам уни севади. Мен ҳам уни севаман ва Ўзимни унга аён қиламан.”

22 Ишқариёт бўлмаган бошқа Яҳудо Исога деди: “Ҳазрат, нега Ўзингизни дунёга аён қилмай, бизга аён қилмоқчисиз?”

23 Исо унга шундай жавоб берди: “Ким Мени севса, Менинг сўзимга амал қилади. Отам ҳам уни севади. Биз унинг олдига келиб, у билан бирга яшаймиз.

24 Мени яхши кўрмаган киши сўзларимга амал қилмайди. Сизлар эшитган сўз Меники эмас, балки Мени юборган Отаникидир.

25 Мен сизлар билан эканман, буларни айтдим.

26 Отам Менинг номимдан юборадиган Ҳомий, яъни Муқаддас Руҳ сизларга ҳаммасини ўргатади. Мен сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга солади.

27 Мен сизларга тинчликни қолдиряпман. Ўз тинчлигимни сизларга беряпман. Мен бераётган тинчлик дунё берадиган тинчликка ўхшамайди. Юрагингиз сиқилмасин, қўрқманглар.

28 Сизларга айтганимни эшитдингизлар: Мен кетиб, яна олдингизга қайтиб келаман. Агар Мени яхши кўрганингизда эди, самовий Отанинг олдига кетаётганимдан қувонган бўлар эдингизлар. Зеро, Ота Мендан улуғдир.

29 Бу ҳодисалар содир бўлмасдан олдин сизларга айтдим. Токи содир бўлганда ишонинглар.

30 Сизлар билан сўзлашишга деярли вақтим қолмади. Чунки бу дунёнинг ёвуз ҳукмдори келяпти. У Менга ҳукмини ўтказа олмайди.

31 Лекин дунё билсинки, Мен Отани севаман, Ота Менга неки буюрган бўлса, худди шуни бажараман.

Қани, туринглар, бу ердан кета қолайлик.”

Ток ва унинг новдалари ҳақида масал

1 Исо шогирдларига деди: “Мен ҳақиқий токман, осмондаги Отам эса боғбондир.

2 Ҳосил бермайдиган ҳар бир новдамни У кесиб ташлайди. Ҳосил берадиган ҳар бир новдани эса, яна кўпроқ ҳосил берсин деб, хомток қилиб тозалайди.

3 Мен сизга айтган сўзим орқали сизлар аллақачон тозаланиб бўлгансизлар.

4 Мен билан алоқада бўлинглар, шунда Мен сизлар билан алоқада бўламан. Токка уланмаган новда ўз–ўзидан ҳосил беролмайди. Шу сингари, сизлар ҳам Мен билан алоқада бўлмасангизлар, ҳосил беролмайсизлар.

5 Мен — ток, сизлар эса новдасизлар. Агар Менда бўлсангизлар ва Мен сизларда бўлсам, кўп ҳосил берасизлар. Менсиз ҳеч нарса қилолмайсизлар.

6 Ким Мен билан алоқани узса, новда каби, ташлаб юборилади ва қурийди. Бундай новдаларни эса йиғиб, ўтга ташлаб ёндиришади.

7 Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, сизга берилади.

8 Сизлар кўп ҳосил бериб, Менинг шогирдларим эканлигингизни исботлайсиз. Бу орқали Отам улуғланади.

Севги ҳақида

9 Осмондаги Отам Мени қандай севган бўлса, Мен ҳам сизларни шундай севдим. Севгимга содиқ қолинглар.

10 Мен Отамнинг амрларига амал қилиб, Унинг севгисига содиқ қолганман. Худди шу сингари, сизлар ҳам, Менинг амрларимга амал қилсангизлар, севгимга содиқ қоласизлар.

11 Менинг шодлигим қалбингизни тўлдирсин деб, сизларга бу сўзларни айтдим.

12 Менинг амрим шу: Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир–бирингизни шундай севинглар.

13 Ким ўз жонини дўстлари учун фидо қилса, бундан ортиқ севги йўқ.

14 Агар сизлар амрларимни бажо келтирсангизлар, Менинг дўстларим бўласизлар.

15 Мен сизларни энди қул деб атамайман. Қул хўжайини нима қилишини билмайди. Сизларни дўстларим дейман, чунки Отамдан эшитган ҳамма нарсани сизларга айтдим.

16 Сизлар Мени эмас, Мен сизларни танладим. Мен сизларни: «Бориб ҳосил берсин, ҳосили боқий бўлсин», деб танладим. Шунда Менинг номимдан Отадан нима сўрасангизлар, У сизларга беради.

17 Хуллас, сизларга амрим шу: бир–бирингизни севинглар!

Дунёнинг нафрати

18 Агар дунё сизлардан нафратланаётган бўлса, билингки, сизлардан илгари Мендан нафратланган.

19 Сизлар бу дунёга тегишли бўлганингизда эди, дунё сизларни ўзиники каби севар эди. Сизлар эса бу дунёга тегишли эмассизлар. Мен сизларни бу дунёдан танлаб олдим. Ана шу сабабдан дунё сизлардан нафратланади.

20 Қул ўз хўжайинидан устун эмас деган сўзимни эсланглар. Агар Мени қувғин қилган бўлсалар, сизларни ҳам қувғин қиладилар. Агар Менинг сўзларимга риоя қилган бўлсалар, сизларникига ҳам риоя қиладилар.

21 Одамлар буларни сизларга Менинг номим туфайли қиладилар. Ахир, улар Мени Юборганни танимайдилар.

22 Агар Мен келиб, уларга гапирмаганимда эди, улар Менга ишонмаганлари учун гуноҳда айбланмас эдилар. Энди бўлса гуноҳларини оқлаш учун баҳона топа олмайдилар.

23 Мендан нафратланган одам осмондаги Отамдан ҳам нафратланади.

24 Агар Мен улар орасида бошқа ҳеч ким қилмаган мўъжизаларни қилмаганимда эди, улар гуноҳда айбланмас эдилар. Энди бўлса мўъжизаларимни кўрдилар–у, Мендан ҳам, Отамдан ҳам нафратландилар.

25 Бу эса Тавротдаги: «Мендан сабабсиз нафрат этганлар» деган сўзлар бажо бўлиши учун содир бўлди.

26 Мен сизларга Отамдан юборадиган Ҳомий, яъни Отамдан чиқадиган Ҳақиқат Руҳи келганда Мен тўғримда гувоҳлик беради.

27 Сизлар ҳам гувоҳлик берасизлар, чунки бошданоқ Мен билан бирга бўлгансизлар.

Муқаддас Руҳнинг фаолияти

1 Мен бу гапларни сизлар тўғри йўлдан озманглар, деб айтдим.

2 Сизларни синагогалардан ҳайдаб юборадилар. Ҳатто шундай замон келадики, сизларни ўлдираётган ҳар бир киши бу билан Худога хизмат қиляпман, деб ўйлайди.

3 Улар бу ишларни самовий Отамни ва Мени танимаганлари учун қиладилар.

4 Буларни сизларга ҳозирдан айтиб қўйяпман, токи ўша вақт–соат келганда, сўзларимни эсга олинглар.

Сизларга буларни бошданоқ айтишимга ҳожат йўқ эди, чунки Ўзим сизлар билан бирга эдим.

5 Энди эса Мени Юборганнинг олдига кетяпман. Биронтангиз Мендан: «Қаерга кетяпсан?» деб сўрамаяпсиз.

6 Буларни айтганим учун дилингиз ғам–қайғуга ботган.

7 Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман, Менинг кетишим сизлар учун яхшироқдир. Агар Мен кетмасам, Ҳомий келмайди. Агарда кетсам, Уни олдингизга юбораман.

8 У келганда дунёга гуноҳ, адолат ва ҳукм тўғрисидаги ҳақиқатни аён қилади.

9 Гуноҳ тўғрисидаги ҳақиқат шундан иборатки, одамлар Менга ишонмайдилар.

10 Адолат тўғрисидаги ҳақиқат шуки, Ота Мени оқлайди. Мен Отанинг олдига кетяпман ва сизлар Мени бошқа кўрмайсизлар.

11 Ҳукм тўғрисидаги ҳақиқат шундан иборатки, ҳукм чиқариб бўлинган, бу дунёнинг ёвуз ҳукмдори маҳкум қилинган.

12 Сизларга яна айтадиган гапларим кўп, лекин энди ичингизга сиғдиролмайсизлар.

13 Ҳақиқат Руҳи келиб, сизларни тўлиқ ҳақиқат сари бошлайди. У Ўзича гапирмайди, неки эшитса, ўшани сўзлаб беради, У юз берадиган воқеалар ҳақида сизларга хабар қилади.

14 У Мендан эшитган нарсаларни сизларга маълум қилади, шу орқали Мени улуғлайди.

15 Отанинг бор нарсаси Меникидир. Ана шу сабабдан, Руҳ Мендан эшитган нарсаларни сизларга маълум қилади, деб айтдим.

16 Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар.”

Қайғунгиз шодликка айланади

17 Шу пайтда Исонинг шогирдлари бир–бирига деди: “Қизиқ, У бизга ўзи нима айтмоқчи?! «Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар», деди. «Отанинг олдига кетяпман», деб айтди.

18 «Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман» дейиши билан нима демоқчи экан, тушунмадик.”

19 Исо шогирдларининг савол бермоқчи бўлганларини билиб, деди: “«Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар», деб айтган гапимнинг маъносини муҳокама қиляпсизларми?

20 Сизларга чинини айтайин: сизлар йиғлаб, дод–фарёд қиласизлар, дунё эса қувонади. Сизлар қайғурасиз, лекин қайғунгиз шодликка айланади.

21 Ойи тўлган аёл дард билан туғади. Аммо бола туғилгандан кейин, дунёга одамзод келди, деб аёл қувонади. Қувонганидан у чеккан дардини унутиб юборади.

22 Шунга ўхшаб сизлар ҳам ҳозир ғам–қайғу чекяпсизлар. Лекин Мен сизларни яна кўраман. Шунда юрагингиз қувончга тўлади. Қувончингизни сизлардан ҳеч ким тортиб олмайди.

23 Ўша куни Мендан ҳеч нарса сўрамайсизлар. Сизларга чинини айтайин: Менинг номимдан осмондаги Отамдан нима сўрасангизлар, У сизларга беради.

24 Шу пайтгача Менинг номим билан Отадан ҳеч нарса сўрамадингизлар. Сўранглар, оласизлар ва қалбингиз шодликка тўлади.

Исо дунёдан устун

25 Шу вақтгача сизларга маталлар орқали гапириб келдим. Лекин шундай вақт келадики, Мен сизларга Отам ҳақида маталлар орқали эмас, очиқдан–очиқ гапираман.

26 Ўша куни ўзларингиз Отадан истаганингизни Менинг номимдан сўрайсизлар. Менинг сизлар учун Отадан илтимос қилишимнинг ҳожати бўлмайди.

27 Зотан, Отанинг Ўзи сизларни севади, чунки сизлар Мени яхши кўриб, Худодан келганимга ишондингизлар.

28 Мен Отамдан чиқиб, дунёга келдим. Энди дунёни тарк этиб, Отамнинг олдига кетяпман.”

29 Шогирдлар Исога шундай дейишди:

— Мана, ҳозир Сиз матал ишлатмай, очиқ сўзлаяпсиз.

30 Ҳамма нарсани билишингизни энди тушундик. Саволга ҳам ўрин йўқ. Сиз Худодан келганингизга энди ишондик.

31 Исо деди:

— Энди ростдан ҳам ишоняпсизларми?

32 Шундай вақт келадики, ҳатто келди ҳам, сизлар тарқалиб, ҳар бирингиз ин–инингизга кириб кетасиз. Мени ёлғиз қолдирасизлар. Бироқ Мен ёлғиз эмасман, чунки Отам Мен биландир.

33 Мен туфайли хотиржам бўлишингиз учун буларни сизларга айтдим. Дунёда қайғу–алам чекасизлар. Лекин дадил бўлинглар, Мен дунёни енгдим.

Исо Ўз шогирдлари учун ибодат қилади

1 Шу гаплардан кейин Исо кўзларини осмонга тикиб, деди: “Эй Ота! Вақт–соати келди. Ўғлинг Сени улуғлаши учун Ўғлингни улуғлагин.

2 Сен Унга бутун инсоният устидан ҳокимият бердинг. Токи Унга берилган ҳар бир инсонга У абадий ҳаёт ато қилсин.

3 Абадий ҳаёт эса Сени — ягона ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб–билишдан иборатдир.

4 Сен Менга топширган ишни тугатиб, ер юзида Сени улуғладим.

5 Дунё яратилишидан аввал Мен Сенинг ҳузурингда улуғвор эдим. Энди, эй Ота, ўша улуғворликни Ўз ҳузурингда Менга яна ато қилгин.

6 Сен дунёдан Менга берган одамларга Сени танитдим. Улар Сеники эдилар ва Сен уларни Менга бердинг. Улар Сенинг сўзингга амал қилдилар.

7 Сен Менга берган ҳамма нарса Сендан эканлигини улар энди билиб олдилар.

8 Чунки Сен Менга айтган сўзларингни Мен уларга айтдим. Улар сўзларингни қабул қилиб, Мен Сендан келганимни аниқ тушундилар. Мени Сен юборганингга ишондилар.

9 Мен улар учун илтижо қиламан. Дунё учун эмас, балки Сен Менга берган одамлар учун илтижо қиламан. Ахир, улар Сеникидир.

10 Зотан, Меники бўлган ҳамма — Сеники, Сеники эса Меникидир. Менинг улуғворлигим улар орқали аён бўлмоқда.

11 Мен бу дунёда ортиқ қолмайман, Сенинг олдингга қайтиб кетяпман. Улар эса бу дунёда қоладилар. Эй Муқаддас Ота! Менга берган Ўз номинг қудрати ила уларни омон сақла. Токи улар ҳам Биздай бир бўлсинлар.

12 Мен улар билан бирга бўлганимда, Менга берган номинг қудрати ила уларни омон сақладим. Уларни асрадим, биронтаси йўқолмади. Фақат Муқаддас битикларда айтилганлар бажо бўлиши учун ҳалокатга маҳкум бўлган одам нобуд бўлди.

13 Энди эса Сенинг олдингга кетяпман. Менинг шодлигим уларнинг қалбини тўлдирсин деб, буларни ҳали дунёда бўлганимда айтяпман.

14 Мен уларга Сенинг сўзларингни айтдим. Бу дунёга тегишли бўлганлар улардан нафратланади. Чунки Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар.

15 Энди уларни дунёдан олишингни эмас, балки ёвуз шайтондан сақлашингни сўраяпман.

16 Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар.

17 Сенинг каломинг ҳақиқатдир. Ҳақиқат орқали уларни Ўзинг учун ажратиб олгин.

18 Сен Мени дунёга юборганингдай, Мен ҳам уларни дунёга юбордим.

19 Уларни деб Ўзимни Сенга бағишладим, токи улар ҳам ҳақиқат орқали ўзларини Сенга бағишласинлар.

20 Мен нафақат улар учун илтижо қиляпман, балки уларнинг сўзи орқали Менга имон келтирадиганлар учун ҳам илтижо қиляпман:

21 ҳаммалари бир бўлишсин. Эй Ота, Сен Менда ва Мен Сенда бўлганимдай, улар ҳам Бизда бўлишсин. Шу тариқа Мени Сен юборганингга дунё ишонсин.

22 Сен Менга ато қилган улуғворликни уларга бердим, токи Биз бир бўлганимиздек, улар ҳам бир бўлишсин.

23 Мен улардаман, Сен эса Мендасан. Шундай экан, улар мукаммал бирликда бўлсинлар. Токи, Мени Сен юборганингни дунё билсин. Мени қандай севсанг, Меникиларни ҳам шундай севганингни дунё кўрсин.

24 Эй Ота! Сен Менга берган одамлар Мен билан бир жойда бўлишини хоҳлайман. Сен Менга ато қилган улуғворликни улар ҳам кўрсин, чунки оламни яратмасингдан олдин Сен Мени яхши кўрар эдинг.

25 Эй одил Ота! Дунё Сени билмаса ҳам, Мен Сени биламан. Бу одамлар ҳам Мени Сен юборганингни билиб олдилар.

26 Уларга Сенинг кимлигингни аён қилдим ва аён қилишни давом эттиравераман. Токи, Менга бўлган севгинг уларнинг юракларида жо бўлсин, Мен ҳам уларда бўлайин.”

Исо ҳибсга олинади

1 Бу сўзларни айтгандан сўнг, Исо Ўз шогирдлари билан у ердан чиқиб, Қидрон сойлигининг нариги томонига ўтди. Ўша ерда бир боғ бор эди. Исо шогирдлари билан боққа кирди.

2 Хоин Яҳудо ҳам ўша жойни билар эди, чунки Исо шогирдлари билан у ерда тез–тез учрашиб турар эди.

3 Шундай қилиб, Яҳудо бир бўлинма Рим аскарларини ҳамда бош руҳонийлар ва фарзийлар томонидан юборилган Маъбад миршабларини бошлаб, у ерга келди. Қўлларида машъалаю фонуслар, қурол–яроғлар бор эди.

4 Исо бошидан кечадиган ҳамма нарсани билар эди. У одамларга пешвоз чиқиб, сўради:

— Кимни қидиряпсизлар?

5 — Носиралик Исони, — деб жавоб беришди улар.

— Ўша Менман, — деди Исо.

Хоин Яҳудо уларнинг орасида турган эди.

6 Исо “Ўша Менман” дейиши биланоқ улар орқага тисарилиб, ерга йиқилишди.

7 Исо улардан яна сўради:

— Кимни қидиряпсизлар?

— Носиралик Исони, — дедилар.

8 — Сизларга айтдим–ку, Ўша Менман, — деди уларга Исо. — Агар Мени қидираётган бўлсангизлар, буларни қўйиб юборинглар, кетаверишсин.

9 Шу йўсин Исонинг илгари: “Ота, Сен Менга берган одамлардан ҳеч бирининг йўқолишига йўл қўймадим” деган сўзлари бажо бўлди.

10 Шу онда Бутрус ёнидаги қиличини қинидан суғурди–да, олий руҳонийнинг хизматкорига бир уриб, ўнг қулоғини кесиб ташлади. Хизматкорнинг исми Малхус эди.

11 Исо Бутрусга:

— Қиличингни қинига солиб қўй! Наҳотки Мен осмондаги Отам берган азоб косасидан ичмасам?! — деди.

12 Шунда Рим аскарлари билан бўлинма қўмондони ва яҳудий миршаблари Исони қўлга олиб, боғлашди.

13 Уни олдин Ханан олдига олиб боришди. Ханан ўша йилги олий руҳоний бўлган Каяфаснинг қайнатаси эди.

14 Яҳудийларга: “Халқ учун битта одамнинг ўлиши яхшироқ”, деб маслаҳат берган ўша Каяфас эди.

Бутрус Исодан тонади

15 Исонинг орқасидан Бутрус ва яна бошқа бир шогирд эргашиб боришар эди. Бу шогирд олий руҳоний Хананнинг таниши бўлиб, Исо билан бемалол олий руҳонийнинг ҳовлисига кирди.

16 Бутрус эса ташқарида, дарвоза олдида қолди. Олий руҳонийга таниш бўлган шогирд кейинроқ яна ташқарига чиқди–да, дарвозабон чўрига нимадир деб, Бутрусни ичкарига олиб кирди.

17 Шунда дарвозабон чўри Бутрусдан:

— Сиз ҳам у Одамнинг шогирдларидан эмасмисиз? — деб сўради.

— Йўқ! — деди Бутрус.

18 Ҳаво совуқ бўлгани учун у ерда турган хизматкорлар билан миршаблар кўмир ёқиб, исинаётган эдилар. Бутрус ҳам уларнинг олдига бориб, исиниб турди.

Исо олий руҳоний Ханан олдида

19 Шу пайтда олий руҳоний Ханан Исони сўроқ қилаётган эди. Шогирдлари ва таълимотига тааллуқли саволлар берди.

20 Исо унга жавоб бериб деди:

— Мен элу оламга очиқ сўзладим. Ҳар доим яҳудийлар йиғиладиган синагогаларда ва Маъбадда таълим бериб юрдим, ҳеч яширинча гап айтмадим.

21 Нега Мени сўроқ қиляпсиз? Гапларимни эшитган одамлардан сўранг. Нималар ҳақида гапирганимни улар билишади.

22 Исо буларни айтиб бўлгач, ёнида турган Маъбад миршабларидан бири Исонинг юзига бир шапалоқ уриб, деди:

— Олий руҳонийга ҳам шундай жавоб берасанми?

23 Исо бунга жавобан деди:

— Агар Мен нотўғри гапирган бўлсам, нотўғри жойини кўрсат. Агар тўғри гапирган бўлсам, нега Мени урасан?

24 Шундан кейин Ханан Исони боғланган ҳолда олий руҳоний Каяфас ҳузурига юборди.

Бутрус Исодан яна тонади

25 Бутрус олов олдида исиниб тураркан, кимдир ундан:

— Сен ҳам Унинг шогирдларидан эмасмисан? — деб сўради.

— Йўқ! — деб тонди у.

26 Олий руҳонийнинг хизматкорларидан бири Бутрус қулоғини узиб юборган одамнинг қариндоши эди. Бу хизматкор Бутрусга деди:

— Сени боғда У билан кўрдим, шекилли?

27 Бутрус эса яна тонди. Нақ шу пайт хўроз қичқирди.

Исо Пилат ҳузурида

28 Тонг отди. Яҳудийлар Исони Каяфас ҳузуридан олиб чиқиб, ҳоким Пилатнинг саройига олиб бордилар. Ўзлари эса булғанишни истамай ҳукумат саройига кирмадилар, чунки булғанган одам Фисиҳ таомини ея олмасди.

29 Шу сабабли Пилат ташқарига, уларнинг олдига чиқди.

— Бу Одамни нимада айблаяпсизлар? — деб сўради.

30 — Агар У жиноятчи бўлмаганда, Уни сизнинг қўлингизга топширмас эдик, — деб жавоб беришди улар.

31 — Уни олиб кетиб, ўз қонунингиз бўйича ҳукм қилаверинглар, — деди Пилат.

— Бизга ҳеч кимни қатл қилишга ижозат берилмаган, — дейишди унга яҳудийлар.

32 Исо Ўзининг қандай ўлиши ҳақида айтган сўзлари амалга ошиши учун бу воқеа содир бўлди.

33 Шунда Пилат яна саройга кирди ва Исони чақиртириб:

— Сен яҳудийларнинг Шоҳимисан? — деб сўради.

34 — Ўзингиз қизиқиб сўраяпсизми, ёки бошқалар сизга Мен тўғримда айтишдими? — деб сўради Исо.

35 Пилат деди:

— Нима, мен яҳудиймидим?! Ўз халқинг, бош руҳонийларинг Сени менга топширишди. Сен нима иш қилиб қўйдинг?

36 Исо жавоб берди:

— Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас. Агар Шоҳлигим бу дунёдан бўлганда эди, яҳудийларнинг қўлига тушмаслигим учун Менинг хизматкорларим курашар эдилар. Бироқ Менинг Шоҳлигим бу ердан эмас.

37 — Демак, Сен Шоҳ экансан–да?! — деди Пилат.

— Шоҳ эканимни ўзингиз айтдингиз, — деди Исо. — Мен ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик қилмоқ учун туғилганман, ана шу мақсадда оламга келдим. Ҳақиқат тарафида бўлган ҳар бир одам Менга қулоқ солади.

38 — Ҳақиқат ўзи нима? — деб сўради Пилат. Шундай деди–ю, яна ташқарига, яҳудийларнинг олдига чиқди.

— Мен Ундан ҳеч қандай айб топмадим, — деди уларга.

39 — Сизларнинг бир одатингиз бор–ку, ҳар Фисиҳ байрамида сизлар учун бир маҳбусни озод қилар эдим. Шунга кўра, сизлар учун яҳудийларнинг Шоҳини озод қилишимни истайсизларми?

40 — Уни эмас, Бараббасни озод қилинг! — деб бақирди улар.

Бараббас эса исёнда иштирок этганди.

Исо ўлимга ҳукм қилинади

1 Шундан кейин Пилат Исони олиб кетишни ва қамчилатишни буюрди.

2 Рим аскарлари тиканлардан тож ўриб, Исонинг бошига қўйдилар, устига сафсар тўн кийдирдилар.

3 Исонинг олдига қайта–қайта келиб:

— Яшавор–э, яҳудийларнинг Шоҳи! — деб, Уни тарсакилар эдилар.

4 Пилат яна ташқарига чиқиб, яҳудийларга хитоб қилди:

— Мана, Уни олдингизга чиқаряпман, билиб қўйинглар, мен Ундан ҳеч қандай айб тополмадим!

5 Шу пайт бошида тиканли тож, эгнида сафсар тўн билан Исо ташқарига чиқди.

— Мана, у Одам! — деди Пилат уларга.

6 Бош руҳонийлар ва Маъбад миршаблари Исони кўриб, бақиришди:

— Хочга михлансин! Хочга михлансин!

— Уни сизлар олиб хочга михланглар! Мен Ундан ҳеч қандай айб тополмадим, — деди Пилат уларга.

7 Яҳудийлар унга жавобан:

— Бизда қонун бор, қонунимизга кўра, У ўлиши керак, чунки У Ўзини Худонинг Ўғли деб айтяпти, — дедилар.

8 Пилат буни эшитгач, юраги орқага тортиб кетди.

9 Қайтадан ҳукумат саройига кириб, Исодан:

— Сен қаердансан? — деб сўради. Исо унга жавоб бермади.

10 — Менга жавоб бермайсанми?! — деди Пилат. — Сени озод қилишга ёки хочга михлашга менда ҳокимият борлигини билмайсанми?!

11 Исо жавоб берди:

— Агар Худо йўл қўймаганда эди, сиз Менга ҳеч қандай ҳукмингизни ўтказа олмас эдингиз. Шу сабабдан Мени сизнинг қўлингизга тутиб берган одамнинг гуноҳи сизнинг гуноҳингиздан каттароқ.

12 Шундан кейин Пилат Исони қўйиб юборишга чора излай бошлади. Аммо яҳудийлар шундай деб қичқиришди:

— Агар Уни қўйиб юборсангиз, сиз Қайсарнинг дўсти эмассиз. Ўзини шоҳ дейдиган ҳар бир киши Қайсарга қарши чиққан бўлади!

13 Пилат бу сўзни эшитгач, Исони ташқарига олиб чиқди ва Тош супа деб ном олган жойдаги ҳукм курсисига ўтирди (бу жойнинг орамийча номи Габбата эди).

14 Ўша куни Фисиҳ байрами арафаси, туш маҳали эди. Пилат яҳудийларга хитоб қилди:

— Мана, Шоҳингиз!

15 — Йўқ қилинг Уни, йўқ қилинг! Хочга михланг! — деб бақирди улар.

— Сизларнинг Шоҳингизни хочга михлаб қўяйми? — деб сўради Пилат.

— Қайсардан бошқа шоҳимиз йўқ, — дейишди бош руҳонийлар.

16 Охири Пилат Исони хочга михлаш учун аскарларига топширди. Улар эса Исони олиб кетдилар.

Исони хочга михлашади

17 Исо Ўз хочини кўтариб, шаҳар ташқарисидаги Бош суяги деган жойга келди (бу жойнинг орамийча номи Гўлгота эди).

18 У ерда Исони хочга михлаб қўйдилар. У билан бирга яна иккита одамни ҳам хочга михладилар. Уларнинг бири Исонинг бу томонида, бошқаси у томонида, Исо эса ўртада эди.

19 Пилат бир лавҳага: “Яҳудийларнинг Шоҳи Носиралик Исо” деган сўзларни ёзиб, лавҳани хочга остириб қўйди.

20 Исо хочга михланган жой шаҳарга яқин бўлгани учун, бу лавҳани кўп яҳудийлар ўқидилар. Лавҳа орамий, лотин ва юнон тилларида ёзилган эди.

21 Яҳудий бош руҳонийлари эса Пилатга бориб шундай дедилар:

— “Яҳудийларнинг Шоҳи” деб ёзманг, балки “Бу Одам яҳудийларнинг Шоҳи бўлишга даъвогарлик қилган” деб ёзинг.

22 — Мен қандай ёзган бўлсам, шундайлигича қолсин, — деди Пилат.

23 Аскарлар Исони хочга михлаб бўлиб, Унинг кийимларини олдилар. Кийимларини тўрт бўлакка бўлиб, ҳар бир аскарга бердилар. Ички кўйлагини ҳам олдилар. Ички кўйлак бошдан–оёқ чоксиз бир тўқима эди.

24 Аскарлар бир–бирига:

— Буни йиртмайлик, бу учун қуръа ташлаймиз, кимга тушса, ўшаники бўлсин, — дейишди.

Шу тариқа Муқаддас битиклардаги қуйидаги сўзлар бажо бўлди:

“Кийимларимни улар ўзаро бўлишган,

Либосим учун қуръа ташлашган.”

Аскарлар худди шундай қилдилар.

25 Исонинг хочи ёнида Унинг онаси ва холаси, Клопаснинг хотини Марям ҳамда Магдалалик Марям турар эдилар.

26 Исо онасини ва онаси ёнида турган севикли шогирдини кўрди. Исо онасига:

— Мана бу сизнинг ўғлингиз! — деди.

27 Кейин шогирдига қараб:

— Мана бу сенинг онанг! — деди.

Ўша вақтдан бошлаб шогирд Марямни ўз уйига олди.

Исо жон беради

28 Исо ҳамма ишларини тугатганини биларди. Муқаддас битиклар бажо бўлсин деб, У:

— Чанқадим! — деди.

29 Бу ерда арзон шаробга тўла бир идиш турган эди. Аскарлар шаробга шимгични ботирдилар–да, таёқнинг учига илиб, Исонинг оғзига олиб бордилар.

30 Исо шаробни татиб кўргач:

— Амалга ошди! — деди–ю, бошини эгиб, жон берди.

31 Ўша куни Шаббат арафаси эди. Эртанги Шаббат куни ниҳоятда табаррук кун ҳисоблангани учун, яҳудийлар жасадларни хочда қолдиришни истамадилар. Улар Пилатнинг олдига бориб, хочга михланган одамларнинг болдирларини синдириб ташлаб, хочдан туширишни сўрадилар.

32 Шунда аскарлар бориб, Исо билан бирга хочга михланган биринчи, сўнгра иккинчи одамнинг болдирларини синдириб ташладилар.

33 Исонинг олдига келиб, Унинг ўлиб бўлганини кўрдилар. Шунинг учун болдирларини синдирмадилар.

34 Лекин аскарлардан бири Исонинг биқинини найза билан тешди, шу заҳоти Унинг биқинидан қон билан сув оқиб чиқди.

35 Бу ҳодисани кўрган киши, сизлар ҳам ишонинглар деб, гувоҳлик бериб келмоқда. Унинг гувоҳлиги ҳақиқатдир, у ҳақиқат айтаётганини билади.

36 Бу ҳодиса Муқаддас битиклардаги: “Биронта ҳам суяги синдирилмайди” деган сўзлар амалга ошиши учун рўй берди.

37 Муқаддас битикларнинг бошқа бир жойида шундай дейилган: “Улар ўзлари найза санчган Одамга қарайдилар.”

Исо дафн қилинади

38 Ариматеялик Юсуф Исонинг шогирди эди, лекин яҳудийлардан қўрққани учун буни яшириб юрар эди. Исо ўлгандан кейин Юсуф Пилатдан Исонинг жасадини хочдан тушириб олишни илтимос қилди. Пилат ижозат берди. Шунда Юсуф бориб, Исонинг жасадини хочдан тушириб олди.

39 Илгари Исонинг олдига кечаси борган Никодим ҳам Юсуф билан бирга эди. Никодим икки пуд мирра ва алоэ мойларининг қоришмасини олиб келганди.

40 Улар иккови Исонинг жасадини олиб, яҳудийларнинг дафн одатларига кўра, бу муаттар моддаларни суртиб, Уни кафанладилар.

41 Исо хочга михланган жойнинг яқинида бир боғ бор эди. У боғда ҳали ҳеч ким қўйилмаган янги бир қабр бор эди.

42 Ўша кун яҳудийларнинг Шаббат арафаси бўлгани учун улар, бу жой яқинроқ, деб Исонинг жасадини ўша қабрга қўйдилар.

Исо тирилади

1 Якшанба куни эрта саҳарда, кун ёришмасдан, Магдалалик Марям қабрнинг олдига келиб, қабр оғзидаги тошнинг ағдарилганини кўрди.

2 Сўнг у югуриб, Бутрус ва Исонинг севикли шогирди олдига бориб деди:

— Ҳазратимизнинг жасадини қабрдан олиб кетишибди. Уни қаерга қўйишганини билмаймиз.

3 Бутрус ва бошқа шогирд қабр томон жўнашди.

4 Иккови бирга югуриб кетишди. Аммо у шогирд Бутрусдан тезроқ югуриб, қабрга биринчи бўлиб етиб келди.

5 У энгашиб ичкарига қаради–да, у ерда ётган кафанни кўрди. Лекин қабрга кирмади.

6 Унинг орқасидан Бутрус етиб келиб, қабрга кирди. У ерда ётган кафанни

7 ва Исонинг бошига ўралган рўмолни кўрди. Аммо рўмол кафан билан бирга эмас, алоҳида жойга йиғиштириб қўйилган эди.

8 Шунда аввал келган шогирд ҳам қабрга кирди. Кўргандан кейингина ишонч ҳосил қилди.

9 Чунки улар Муқаддас битиклардаги, Исо ўликдан тирилиши керак деган сўзларни шу пайтгача тушунмаган эдилар.

Исо Марямга зоҳир бўлади

10 Шундан сўнг шогирдлар яна ўз уйларига қайтиб кетдилар.

11 Марям эса қабрнинг ташқарисида турганича, йиғлар эди. Йиғлаётиб, бир эгилиб қабр ичига қаради.

12 Шунда оқ кийим кийган икки фариштани кўриб қолди. Бири Исонинг жасади ётган жойнинг бош томонида, иккинчиси эса оёқ томонида ўтирган эди.

13 Улар Марямга:

— Эй аёл, нега йиғлаяпсан? — дейишди.

— Ҳазратимнинг жасадини олиб кетишибди, Уни қаерга қўйишганини билмайман, — деди у.

14 Шундай деди–ю, орқасига бурилиб, у ерда турган Исони кўрди. Лекин Унинг Исо эканлигини билмади.

15 — Эй аёл, нега йиғлаяпсан? Кимни қидиряпсан? — деб сўради ундан Исо. Марям Уни боғбон деб ўйлади. Унга шундай деди:

— Тақсир, агар Уни сиз олиб кетган бўлсангиз, қаерга қўйганингизни менга айтинг, мен бориб Уни олай.

16 Исо унга:

— Марям! — деди.

Марям Исога қайрилиб қаради–да, орамийчалаб:

— Раввуний! — деди. (Раввуний “устозим” демакдир.)

17 — Мени ушлаб турма! — деди Исо Марямга. — Мен самовий Отанинг олдига чиқиб кетяпман. Сен бориб биродарларимга гапларимни етказ: “Мен Отамнинг олдига чиқиб кетяпман. У сизларнинг ҳам Отангиздир. У Менинг Худойим ва сизларнинг Худойингиздир.”

18 Шунда Магдалалик Марям шогирдларнинг олдига бориб:

— Мен Раббимиз Исони кўрдим! — деди. Сўнг Исонинг унга айтган гапларини уларга етказди.

Исо шогирдларига зоҳир бўлади

19 Ўша якшанба куни оқшомда шогирдлар тўпланган эдилар. Улар яҳудийлардан қўрқиб, уйнинг эшикларини қулфлаб олган эдилар. Шу пайт Исо келди, ўрталарида туриб шогирдларига:

— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.

20 Сўнг уларга қўлларини ва биқинини кўрсатди. Шогирдлар Раббимиз Исони кўриб, хурсанд бўлиб кетдилар.

21 Исо яна уларга деди:

— Сизларга тинчлик бўлсин! Осмондаги Отам Мени дунёга юборгани сингари, Мен ҳам сизларни дунёга юборяпман.

22 Шундай деб, уларнинг устига пуфлади–да:

— Муқаддас Руҳни қабул қилинглар, — деди.

23 — Сизлар кимнинг гуноҳларини кечирсангизлар, у кечирилади. Кимнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, у кечиримсиз қолаверади.

Исо билан Тўма

24 Исо келганда ўн икки шогирддан бири Тўма, яъни Дидимус шогирдлар орасида йўқ эди.

25 Бошқа шогирдлар унга:

— Биз Раббимиз Исони кўрдик, — дейишди. Тўма уларга шундай деди:

— Унинг қўлларидаги мих чандиқларини ўзим кўрмагунимча, мих чандиқларига бармоғимни теккизмагунимча, биқинига қўлим билан тегиб кўрмагунимча ишонмайман.

26 Кейинги якшанба куни Исонинг шогирдлари яна уйда тўпланган эдилар. Бу сафар Тўма ҳам улар билан бирга эди. Уйнинг эшиклари қулф эди. Шунга қарамай Исо кирди, ўрталарида туриб:

— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.

27 Кейин Тўмага қараб:

— Бармоғингни бу ёққа теккиз! Қўлларимни кўр. Қўлингни узатиб, биқинимга тегиб кўр. Иккиланишни бас қил, ишон! — деди.

28 Тўма Исога:

— Ё Раббим, Худойим! — деди.

29 Исо унга шундай деди:

— Сен Мени кўрганинг учун ишондинг. Мени кўрмай ишонганлар нақадар бахтлидир!

Китобнинг моҳияти

30 Исонинг бу китоб таркибига киритилмаган яна кўп мўъжизали аломатларига шогирдлар гувоҳ бўлганлар.

31 Китобга киритилган мўъжизалар эса сизлар учун ёзилган. Токи сизлар Исонинг Масиҳ, Худонинг Ўғли эканлигига ишониб, бу имонингиз туфайли ҳаётга эга бўлинглар.

Исо кўл бўйида зоҳир бўлади

1 Бу ҳодисалардан кейин Исо Жалила кўли бўйида яна шогирдларига зоҳир бўлди. Бу шундай рўй берди:

2 Бутрус, Тўма, яъни Дидимус, Жалиладаги Каъна қишлоғидан бўлган Натанил, Забадиёнинг ўғиллари ва бошқа икки шогирд — ҳаммалари бирга йиғилган эдилар.

3 Бутрус ёнидагиларга:

— Мен кетдим, балиқ тутаман, — деди.

— Биз ҳам сен билан борамиз, — дейишди улар. Сўнг қайиққа тушиб, жўнаб кетишди. Лекин ўша кеча ҳеч нарса тутишолмади.

4 Кун ёришганда, Исо қирғоқда турган эди. Шогирдлари эса Унинг Исо эканлигини билмадилар.

5 — Йигитлар, балиғингиз борми? — деб сўради Исо улардан.

— Йўқ, — деб жавоб берди улар.

6 — Тўрингизни қайиқнинг ўнг томонига ташланглар, шунда тутасизлар, — деди Исо.

Улар тўрни ташладилар. Балиқ кўплигидан уни тортиб ололмадилар.

7 Шу пайт Исонинг севикли шогирди:

— Бу Раббимиз Исо–ку! — деди Бутрусга. Бутрус буни эшитиши биланоқ, узун кўйлагининг этакларини белига қистирди–ю, кўлга сакради.

8 Бошқа шогирдлар эса балиқ тўла тўрни судраганча, қайиқда келдилар. Улар қуруқликка яқин, тахминан икки юз тирсак масофада эдилар.

9 Қирғоққа чиққанларида, нонни ва ёнган кўмир устида пишаётган балиқни кўрдилар.

10 Исо уларга:

— Ҳозир тутган балиғингиздан олиб келинглар, — деди.

11 Бутрус бориб, тўрни қирғоққа тортиб чиқарди. Тўр катта балиқларга тўла эди. Ҳаммаси бўлиб 153 та балиқ бор эди. Балиқлар кўплигига қарамасдан, тўр йиртилмади.

12 Исо шогирдларига:

— Қани, келинглар, нонушта қилиб олинглар, — деди. Улардан ҳеч бири: “Сиз кимсиз?” деб сўрашга ботинолмади, чунки Унинг Раббимиз Исо эканлигини билар эдилар.

13 Исо уларнинг олдига бориб, нондан берди, балиқдан ҳам берди.

14 Шу йўсин Исо тирилгандан кейин учинчи марта шогирдларига зоҳир бўлди.

Исонинг Бутрусга саволи

15 Исо нонуштадан кейин Шимўн Бутрусдан сўради:

— Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени улардан кўпроқ яхши кўрасанми?

— Ҳа, Раббим! Мен Сени яхши кўришимни Ўзинг биласан–ку, — деди Унга Бутрус.

— Қўзиларимни ўтлат, — деди унга Исо.

16 Исо иккинчи марта Бутрусдан сўради:

— Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени яхши кўрасанми?

— Ҳа, Раббим! Сени яхши кўришимни Ўзинг биласан–ку, — деди Бутрус Унга.

— Қўйларимни боқ, — деди унга Исо.

17 Сўнг учинчи марта Бутрусдан сўради:

— Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени яхши кўрасанми?

Исо учинчи марта яна шу саволни бергани учун Бутрус хафа бўлди.

— Раббим! Сен ҳамма нарсани биласан, мен Сени яхши кўришимни ҳам биласан, — деди Бутрус. Исо унга шундай деди:

— Қўйларимни ўтлат!

18 Сенга чинини айтайин: ёш бўлганингда камарингни ўзинг боғлар эдинг, хоҳлаган жойингга борар эдинг. Қариганингда эса қўлларингни узатасан, бошқа биров сени боғлайди, сени хоҳламаган жойингга олиб боради.

19 Исо бу сўзлар орқали Бутруснинг қай йўл билан ўлиб, Худони улуғлашини билдирди. Сўнгра унга:

— Ортимдан юр! — деди.

Исо ва Унинг севикли шогирди

20 Бутрус бурилиб, Исонинг севикли шогирди орқаларидан эргашиб келаётганини кўрди. Бу шогирди кечки зиёфатда энгашиб, Исодан: “Ҳазрат, Сизни ким тутиб беради?” — деб сўраган эди.

21 Бутрус уни кўриб, Исодан:

— Раббим, унинг тақдири нима бўлади? — деб сўради.

22 Исо унга:

— Мен келгунимгача унинг тирик қолишини истасам, бундан сенга нима?! Сен ортимдан юравер, — деди.

23 Шундай қилиб, имонлилар орасида бу шогирд ўлмайди деган гап–сўз тарқалиб кетди. Ҳолбуки, Исо уни ўлмайди, демаганди. У фақат: “Агар Мен келгунимгача унинг тирик қолишини истасам, бундан сенга нима?!” — деб айтган эди.

Хотима

24 Ана шу шогирд бу ҳодисаларнинг ҳаммасига гувоҳ бўлиб, уларни ёзиб олган. Унинг гувоҳлиги ҳақиқат эканлигини биламиз.

25 Исо яна кўп бошқа ишлар қилган. Булар бирма–бир ёзиб чиқилганда эди, ёзилган китоблар оламга ҳам сиғмас эди, деб ўйлайман.