Ёқуб

Ёқуб

Дуойи салом

1 Мен — Худонинг ва Раббимиз Исо Масиҳнинг қули Ёқубдан ўзга юртларга тарқалиб кетган ўн икки қабилага салом!

Синов ва васвасалар

2 Эй биродарларим, турли синовларга дучор бўлганингизда ўзингизни бахтли деб билинглар.

3 Ахир, имонингиз синалганда, сизлар сабр–тоқат қилишни ўрганасизлар. Бу ўзингизга ҳам аён.

4 Ҳар қандай вазиятда сабр қилишни ўрганинглар, шунда етук, бекаму кўст, комил инсон бўласизлар.

5 Агар бирортангизга донолик етишмаса, Худодан сўранг, У беради. Чунки сўраганларнинг ҳаммасига Худо сахийлик билан, беминнат беради.

6 Шу боис умидингизни фақатгина Худога боғлаб, имон билан сўранг. Иккиланманг, чунки Худога сидқидилдан ишонмаган киши гўё денгиз тўлқинига ўхшайди, шамол қайси томонга эсса, тўлқин ўша томонга қараб йўналади.

7 Бундай одам Эгамиздан бирор нарса оламан деб умид қилмасин.

8 У Худога таянмагани учун ҳаётида беқарор, ўзгарувчан бўлади.

9 Ночор аҳволдаги биродар Худонинг назарида юксак эканлигидан хурсанд бўлсин.

10 Бой биродар эса Худога муҳтож эканлигидан шодлансин. Чунки ўз бойлигига таянган киши дашт гулидай хазон бўлади.

11 Қуёш жазирама иссиғи билан даштнинг ўт–ўланларини қовжиратиб юборади. Гулларнинг гўзаллиги йўқолиб, хазон бўлади. Бойлик орқасидан қувиб, давлатига таянганлар ҳам худди шу сингари нобуд бўлишади.

12 Синовларга бардош берган одам бахтлидир. Чунки у синовдан ўтгач, ҳаёт тожи билан тақдирланади. Бундай тожни Худо Ўзини севганларга ваъда қилган.

13 Васвасага тушганингизда Худони айбламанг! Чунки Худо ҳеч қачон васвасага тушмайди ва ҳеч кимни васвасага солмайди.

14 Лекин ҳар ким ўз эҳтироси дастидан васвасага дучор бўлиб, нафс тузоғига илинади.

15 Кейин эҳтирос ҳомиладор бўлиб гуноҳни туғади, гуноҳ эса етилиб, ўлимга олиб боради.

16 Эй азиз биродарларим, алданманглар!

17 Ҳар бир яхши ва мукаммал ҳадя самодан келади. Бу ҳадяларни осмондаги жамики ёритқичларни яратган Худо беради. Ёритқичларнинг нури пайдо бўлиб, ғойиб бўлади, Худонинг эзгулиги эса йўқолмайди. Зеро, Худо ҳеч қачон ўзгармайди.

18 Худо келажакда бутун борлиқни янгилайди. Биз бу янгиланишнинг илк ҳосили бўлишимиз учун, Худо Ўз хоҳишига кўра, бизга ҳақиқат каломи орқали янги ҳаёт берди.

Худонинг сўзини эшитиб, унга амал қилиш ҳақида

19 Эй азиз биродарларим, шуни эсингизда тутинглар: ҳар бир одам эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб келганда босиқ бўлсин.

20 Чунки инсоний ғазабингиз Худога манзур бўлган солиҳ ҳаёт кечиришингизга йўл қўймайди.

21 Шундай экан, ҳар қандай жирканч ва ёмон ишларни бас қилинглар! Худонинг қалбингизга эккан каломини камтарлик билан қабул қилинглар. Ахир, бу калом жонингизни қутқаришга қодир.

22 Худонинг каломига риоя қилинглар! Каломни эшитсам бас, деб ўзингизни ўзингиз алдаманглар.

23 Каломни тинглаб, амалда риоя қилмаган одам ўз юзини кўзгуда кўрган кишига ўхшайди.

24 У ўзига қаради–ю, кетди ва ўша заҳоти ўзининг қандай эканлигини унутиб юборди.

25 Сизлар эса Худонинг озодлик берувчи мукаммал қонунига доим синчиклаб қаранглар. Қонунни шунчаки эшитиб, унутиб юборманглар, унга қатъий амал қилинглар. Бу ишингиз учун Худо сизга барака беради.

26 Агар сиз ўзингизни диндор ҳисоблаб, тилингизни тиймасангиз, ўзингизни ўзингиз алдаган бўласиз ва сизнинг бундай дин–диёнатингиз бефойдадир.

27 Отамиз Худонинг назарида пок ва беғубор дин–диёнатга эга бўлган инсон етим–есиру беваларни қайғули кунларида йўқлаб боради, у бу дунё дастидан булғанмайди.

Юз–хотирчилик қилманглар

1 Эй биродарларим, улуғвор Раббимиз Исо Масиҳга ишонар экансиз, юз–хотирчилик қилманглар.

2 Сизларнинг йиғилишингизга олтин узук таққан, башанг кийинган бир бой билан уст–боши жулдур бир гадой кирди деб фараз қилайлик.

3 Агар сизлар башанг кийинганга қараб: “Марҳамат қилиб тўрга чиқинг”, гадойга эса: “Сен остонада тур” ёки “Шу ерда, пойгакда ўтир”, десангиз,

4 сизлар бир одамни бошқасидан устун қўйган бўлмайсизларми?! Бу билан сизлар ёмон ниятли қозиларга ўхшаб қоласизлар–ку!

5 Эй азиз биродарларим, қулоқ солинглар: Худо бу дунёдаги камбағалларни имонда бой қилиш учун танлади! У Ўзини севганларга ваъда қилгандай, уларга Ўз Шоҳлигини мерос қилиб берди.

6 Аммо сизлар–чи, камбағални беобрў қилиб ташладингиз! Сизларга жабр–зулм қилган бойлар эмасми?! Сизларни маҳкамаларга судраб олиб борган улар эмасми?!

7 Сизлар Раббимиз Исога тегишлисизлар. Аммо бу бойлар Раббимизнинг эзгу номини ҳақорат қиляптилар!

8 Агар сизлар Муқаддас битиклардаги: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг” деган Худонинг Шоҳлигига оид қонунга амал қилаётган бўлсангиз, тўғри қилаётган бўласизлар.

9 Бироқ юз–хотирчилик қилаётган бўлсангиз, гуноҳ қиляпсиз ва қонунбузар сифатида ҳукм қилинасиз.

10 Кимки қонуннинг ҳаммасига риоя қилса–ю, фақат бир нарсада гуноҳ қилса, у бутун қонунни бузган ҳисобланади.

11 Чунки “Зино қилманг” деган Худо “Қотиллик қилманг” деб ҳам айтган. Агар сиз зино қилмасангиз–у, аммо одам ўлдирсангиз, қонунни бузган бўласиз.

12 Шунинг учун ҳар бир гапингиз ва ишингиз Худонинг озодлик берувчи қонунига мувофиқ бўлсин. Зеро, Худо ҳар бир одамни ўша қонун бўйича ҳукм қилади.

13 У шафқатсиз одамга раҳм қилмайди. Раҳмдил инсон эса ҳукм пайтида Худодан шафқат топади.

Имон ва амал

14 Эй биродарларим, агар бирор киши имоним бор, деса–ю, хайрли ишлар қилмаса, нима фойдаси бор?! Бундай имон уни қутқарармиди?!

15 Фараз қилинг, имонли биродарингиз оч–яланғоч бўлса–ю,

16 сиз унга: “Яхши бор! Исиниб, қорнингни тўйдириб юр”, десангиз–у, эҳтиёжини қондирмасангиз, бундан нима фойда?!

17 Шунга ўхшаб қуруқ имоннинг ўзи амалсиз ўликдир.

18 Кимдир:

— Баъзиларнинг хайрли ишлари, бошқаларнинг эса имони бор–ку, — деб норозилигини билдириши мумкин. Ундай одамга мен шундай жавоб берган бўлардим:

— Кел, сенга имонимни хайрли ишларим орқали кўрсатай. Сен эса имонинг самимийлигини қайси далил билан исботлай оласан? Ахир, сен хайрли ишлар қилмайсан–ку!

19 У одам:

— Мен Худонинг ягоналигига ишонаман! — деб айтиши аниқ. Мен эса унга:

— Ишониб, яхши қиласан! — дейман. — Аммо сенинг бу ишончинг жинларнинг ишончидан асло фарқ қилмайди. Зеро, жинлар ҳам Худонинг ягоналигига ишониб, даҳшатдан титрайди.

20 Эй аҳмоқ, амалсиз имонинг фойдасиз эканлигини наҳотки тушунмасанг?!

21 Отамиз Иброҳим ўз ўғли Исҳоқни қурбон қилмоқчи бўлгани учун Худо уни солиҳ деб билди!

22 Ана, кўрдингми?! Иброҳимнинг бу ишига имон асос бўлди. Унинг қилган иши имонининг чинлигини кўрсатди.

23 Шу тариқа Тавротдаги: “Иброҳим Худога ишонди, Худо уни ишончи учун, солиҳ деб билди”, — дея ёзилган сўз амалга ошди. Иброҳим Худонинг дўсти деб аталди.

24 Эй биродарларим, кўрдингизми, инсон қуруқ имони учун эмас, балки қилган ишлари учун солиҳ деб тан олинади.

25 Фоҳиша Раҳоба ҳам бунинг яна бир мисолидир. Нима учун Худо уни солиҳ деб тан олди? Раҳоба Исроил халқининг айғоқчиларини уйига киргизиб, бехатар йўл билан қочиб кетишларига ёрдам бергани учун Худо уни солиҳ деб билди.

26 Хуллас, амалсиз имон жонсиз танадай ўликдир.

Тилни тиймоқ ҳақида

1 Эй биродарларим, ҳаммангиз ҳам устоз бўлаверманглар! Биз, устозлар, жиддийроқ ҳукмга дучор бўлишимиз ўзингизга маълум.

2 Одамларнинг ҳаммаси кўп хато қилади. Сўзлаётганда хато қилмаган инсон етукдир. У бутун вужудини жиловлай олади.

3 Биз отларни итоат эттириш учун оғизларига сувлуқ соламиз. Шу орқали уларнинг бутун танасини бошқарамиз.

4 Мана, кемалар ҳам, қанча улкан бўлмасин ва кучли шамоллар ёрдамида юрмасин, кичкина бир руль билан бошқарилади. Кемачи руль ёрдамида кемани истаган жойга йўналтиради.

5 Тил ҳам худди шундайдир, тил баданнинг кичкина бир узвидир, аммо катта муаммоларни келтириб чиқаради.

Қара, кичкина бир олов бепоён ўрмонни ёндириб юборади!

6 Тил ҳам оловга ўхшайди. Тил — узвларимиз орасида бир бузғунчи дунё! У бутун вужудимизни булғайди. У дўзахдан алангаланиб, бутун ҳаётимизни ёндиради.

7 Турли хил ёввойи ҳайвонлар билан қушлар, судралувчи ва денгиз ҳайвонлари инсон зоти томонидан бошқарилган ва бошқарилмоқда.

8 Аммо тилни ҳеч бир инсон бошқара олмайди. Тиниб–тинчимас бу ёвуз тил заҳри қотилдир.

9 Биз тилимиз билан самовий Отамиз бўлган Эгамизни олқишлаймиз ва тилимиз билан Худонинг суратида яратилган инсонларни лаънатлаймиз.

10 Олқиш ва лаънат бир оғиздан чиқади. Эй биродарларим, бундай бўлмаслиги керак!

11 Ахир, битта булоқдан ҳам ширин, ҳам аччиқ сув оқиб чиқмайди–ку!

12 Эй биродарларим, анжир дарахти зайтун мевасини берадими?! Ёки ток новдаси анжир тугадими?! Йўқ! Шўр булоқдан ҳам ширин сув оқиб чиқмайди!

Ким доно?

13 Доно ва фаросатлимисиз? Буни ибратли ҳаётингиз орқали намоён қилинг. Ҳар бир ишни камтарлик ва донолик билан бажаринг.

14 Борди–ю, юрагингизда аччиқ ҳасад ва худбинлик бўлса, дономан, деб мақтанманг. Ўзингизни шундай тутаётган бўлсангиз, ҳақиқатни рад этган бўласиз.

15 Дунёга ва моддиятга хос бўлган бундай “донолик” Худодан эмас, шайтондандир.

16 Чунки ҳасадгўйлик ва худбинлик бор жойда жанжал ва ёвузлик ҳукм суради.

17 Худодан келган донолик эса, аввало покдир. Шунингдек, бу асл донолик тинчликсевар, мулойим, ҳақиқатга бўйсунадиган, меҳр–шафқатли, хайрли ишларга бой, тарафкашлик қилмайдиган, ўта самимийдир.

18 Тинчлик ўрнатувчилар тинчликни экиб, солиҳликни ўриб оладилар.

Дунё билан дўст бўлган киши Худога душмандир

1/sup> Орангиздаги уруш ва жанжаллар қаердан келиб чиқади? Ичингизда жанг қилаётган нафсу эҳтиросларингиздан эмасми?!

2/sup> Сизлар ўзингизда йўқ нарсани хоҳлайсизлар, ўшанга эришиш учун одам ўлдиришдан ҳам тоймайсизлар. Ҳасад қиляпсизлар, аммо мақсадингизга эриша олмагач, жанжаллашиб урушяпсизлар. Сизларда хоҳлаган нарсангиз йўқ, чунки уни Худодан сўрамайсизлар.

3/sup> Сўраган тақдирда ҳам, олмаяпсизлар, чунки ёмон ният билан, нафсингизни қондириш учун сўраяпсизлар.

4/sup> Эй садоқатсиз бандалар! Дунё билан дўстлик Худога душманлик эканлигини наҳотки билмасангизлар?! Ким дунё билан дўст бўлишни истаса, Худога душман бўлади.

5/sup> Муқаддас битикларда: “Худо ичимизга солган руҳни ғоятда қизғанади, У биздан садоқатни талаб қилади”, деб таълим берилади–ку! Нима, сизлар буларни бекор деб ўйлайсизларми?!

6/sup> Тўғри, Худо биздан садоқатни талаб қилади, аммо шу билан бирга У бизга нисбатан ниҳоятда иноятлидир. Зеро, Муқаддас битикларда ёзилган:

“Худо мағрурларга қарши чиқади,

Камтарларга эса иноят кўрсатади.”

7/sup> Шундай экан, Худога бўйсунинглар! Иблисга қаршилик кўрсатинглар, шунда у сизлардан қочади.

8/sup> Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади. Эй гуноҳкорлар, қўлларингизни гуноҳдан тозаланглар! Бир вақтнинг ўзида ҳам Худога, ҳам дунёга кўнгил боғлаганлар, қалбингизни покланглар!

9/sup> Қилган гуноҳингиз учун қайғуринглар, мотам тутинглар, йиғланглар! Кулгингиз мотамга, шодлигингиз ғам–ғуссага айлансин.

10/sup> Эгамиз олдида ўзингизни паст тутинглар, шунда У сизларни юксалтиради.

Биродарларни ҳукм қилманглар

11/sup> Эй биродарларим, бир–бирингизни ёмонламанглар. Агар биродарингизни ёмонлаб, ҳукм қилсангиз, демак, меҳр–оқибатни ўргатадиган Худонинг қонунини ёмонлаб, ҳукм қилган бўласизлар. Худонинг қонунини ҳукм қилган одам эса, қонун бажаришдан бош тортиб, ўзини қонундан устун қўйган қозидай бўлади.

12/sup> Аммо фақатгина Худо қонун чиқариб, ҳукм қила олади. Фақат У қутқариш ва нобуд қилиш қудратига эга. Сен эса ким бўлибсанки, биродарингни ҳукм қиласан?!

Худога таянмай ўз кучига таянганларни огоҳлантириш

13/sup> Ҳой, қилмоқчи бўлган ишлари билан мақтанадиганлар, менга қулоқ солинглар! Сизлар: “Бугун ёки эртага фалон шаҳарга бориб, у ерда бир йил яшаймиз. Савдо–сотиқ қилиб, пул ишлаб келамиз”, дейсизлар.

14/sup> Эртага нима бўлишини сизлар қаердан биласизлар?! Умрингиз бир лаҳза кўзга кўриниб, кейин ғойиб бўладиган тутунга ўхшайди–ку!

15/sup> Бунинг ўрнига сизлар: “Эгамиз хоҳласа, соғ–саломат бўлсак, уни ёки буни қиламиз”, деб айтишингиз керак.

16/sup> Сизлар эса аксини қилиб, мағрурланиб, мақтаняпсизлар. Бу каби мақтаниш ёмондир.

17/sup> Демак, қилишингиз керак бўлган яхши ишни била туриб, қилмасангиз гуноҳ бўлади.

Бойларни огоҳлантириш

1 Менга қаранглар, эй бойлар, бошингизга тушадиган фалокатлар учун ҳўнграб йиғланглар!

2 Бойлигингиз чириб кетган, кийимингизни куя еган.

3 Олтину кумушларингизни занг босган. Бу занг сизга қарши гувоҳ бўлади, у туфайли танангиз Худонинг қаҳри оловида ёнади. Охирзамон келиб қолди, сизлар эса бойлик тўплаш билан оворасизлар.

4 Сизлар экинларингизни ўрган ўроқчиларни алдаб, иш ҳақини бермадингизлар. Ана, ўша пуллар сизлардан норози бўлиб, нола қилмоқда! Ўроқчиларнинг дод–фиғони Сарвари Оламнинг қулоғига етиб борди.

5-6 Сизлар қаршилик кўрсата олмаган айбсиз одамларни қоралаб, қатл қилдингизлар. Бу дунёда маишатга берилиб, ҳузур–ҳаловатда яшадингизлар. Бўрдоқилардай семириб кетдингиз! Мана энди ҳукм кунида сўйилишга тайёр бўлиб қолдингиз!

Сабр–тоқатли бўлинглар

7 Эй биродарларим, Раббимиз Исо келадиган кунга қадар сабр–тоқат қилинглар! Ахир, деҳқон ҳам даласи мўл ҳосил етиштиришини кутади. У кузги ва баҳорги ёмғирни пойлаб, қанча сабр–тоқат қилади!

8 Сизлар ҳам сабр қилинглар. Дадил бўлинглар, чунки Раббимизнинг келадиган куни яқинлашиб қолди.

9 Биродарларим, маҳкум бўлмаслигингиз учун бир–бирингиздан шикоят қилманглар. Мана, ҳукм қилувчи Раббимиз Исо остонада турибди!

10 Эй биродарларим, пайғамбарлардан ўрнак олинглар! Улар Эгамизнинг номидан гапириб, азоб–уқубатларга дош берганлар.

11 Дарҳақиқат, сабр қилган бундай одамларни биз бахтли деб ҳисоблаймиз. Аюбнинг сабр–тоқати ҳақида эшитгансизлар, охирида Эгамиз унга қанчалар барака берганини биласизлар. Ҳа, Эгамиз раҳмдил ва меҳр–шафқатлидир.

12 Эй биродарларим, энг аввало, қасамхўр бўлманглар! Лафзи йўқ инсон каби, бўлар–бўлмасга осмон ҳақи, ер ҳақи ва бошқа нарса ҳақи, деб қасам ичаверманглар. Жавобингиз “ҳа” ёки “йўқ” бўлсин. Шунда Худо сизларни ҳукм қилмайди.

Бир–бирингиз учун ибодат қилинглар

13 Орангизда азоб–уқубат чекаётган биронта одам борми? Агар бўлса, ибодат қилсин. Хурсанд бўлгани борми? Худога ҳамду санолар куйласин.

14 Орангизда касал бўлган борми? Жамоат оқсоқолларини чақиртирсин. Улар ибодат қилиб, Раббимиз Исо номи билан беморнинг бошига зайтун мойини суртсинлар.

15 Имон билан қилинган ибодат беморни соғайтиради, Раббимизнинг Ўзи унга шифо беради. Агар бемор гуноҳ қилган бўлса, Раббимиз уни кечиради.

16 Шунинг учун қилган гуноҳларингизни бир–бирингиз олдида тан олинглар, бир–бирингиз учун ибодат қилинглар, шифо топасизлар. Солиҳ одамнинг илтижоси кучли таъсирга эгадир!

17 Илёс ҳам бизга ўхшаган оддий бир инсон эди. Ёмғир ёғмасин, деб у астойдил илтижо қилди ва ер юзига уч йилу олти ой ёмғир ёғмади.

18 Сўнг у ёмғир ёғсин, деб ибодат қилди, осмондан ёмғир ёғиб, ер ҳосил берди.

19 Эй биродарларим, агар орангиздаги бирор киши ҳақ йўлдан озган бўлса, уни тўғри йўлга солинг.

20 Эсингизда бўлсин, гуноҳкорни ноҳақ йўлдан қайтарган одам ўша гуноҳкорнинг нажот топишига ва беҳисоб гуноҳларининг ювилишига сабабчи бўлади.