1 Бутрус

1 Бутрус

Дуойи салом

1 Исо Масиҳнинг ҳаворийси мен — Бутрусдан Худонинг танланган халқига салом! Эй Худонинг азиз халқи, сизлар бу дунёда мусофир бўлиб яшаяпсизлар, Понтус, Галатия, Каппадокия, Асия ва Битиния вилоятларига тарқалиб кетгансизлар,

2 аммо Отамиз Худо азалда қарор қилиб, сизларни танлаган эди. Сизлар Исо Масиҳга итоат этишингиз ва Унинг тўкилган қони орқали покланишингиз учун Худо қудратли Руҳи билан сизларни Ўзига ажратиб олди.

Худонинг чексиз инояти ва тинчлиги сизларга ёр бўлсин.

Масиҳдаги умидимиз

3 Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога ҳамду санолар бўлсин! У бизга беҳад раҳм–шафқат кўрсатиб, янги ҳаёт берди. Исо Масиҳ ўликдан тирилиб, барҳаёт бўлгани учун энди бизнинг умидимиз бор.

4 Шу боис Худо Ўз халқига атаган қут–баракага биз кўз тикканмиз. Ҳа, самода сақланаётган бу абадий, сўлмас, беғубор барака сизларни кутмоқда.

5 Охирзамонда ошкора бўладиган нажотдан баҳраманд бўлишингиз учун Худо Ўз қудрати билан сизларни омон сақлайди. Имонингиз туфайли У сизларни қўриқлайди.

6 Шунинг учун хурсанд бўлинглар! Сизлар турли синовлар туфайли вақтинча қийналяпсизлар, шундай бўлса ҳам қувонинглар.

7 Чунки синовлар имонингизнинг самимий эканлигини исботлаш учун керакдир. Ҳатто йўқ бўлиб кетадиган олтин ҳам оловда тобланиб, синалади. Сизнинг имонингиз эса олтиндан минг баробар қадрлироқдир. Исо Масиҳ охиратда келганда синовдан ўтган имонингиз сизларга мақтов ва шон–шараф келтиради.

8 Сизлар Масиҳни кўрмаган бўлсангиз ҳам, Уни яхши кўрасизлар. Ҳозир ҳам Масиҳни кўрмай туриб, Унга ишоняпсизлар, қалбингиз сўз билан ифодалаб бўлмайдиган ажойиб бир қувончга тўла.

9 Ахир, имонингиз туфайли жонларингиз нажот топади.

10 Пайғамбарлар изланиб, бу нажотни чуқур ўрганганлар. Сизларга бериладиган Худонинг инояти ҳақида каромат қилганлар.

11 Уларнинг қалбларида Масиҳнинг Руҳи бор эди. Бу Руҳ уларга Масиҳнинг чекадиган азоб–уқубатлари ва азоблар кетидан келадиган улуғворлиги ҳақида олдиндан маълум қилган эди. Бу воқеалар қачон ва қай тарзда юз беришини пайғамбарлар билмоқчи бўлар эдилар.

12 Аслида уларнинг бу изланишлари ўз манфаати учун эмас, балки сизларнинг манфаатингиз учун қилинганини Худо уларга аён этди. Пайғамбарлар эълон қилган нажот ҳақидаги Хушхабар сизнинг даврингизда амалга ошди. Бу Хушхабарни сизларга осмондан юборилган Муқаддас Руҳнинг қудратига тўлган одамлар баён этишди. Ҳатто фаришталар ҳам бу нажотнинг қай тарзда амалга ошишини интизорлик билан кутаётган эдилар.

Худога манзур ҳаёт кечиринглар

13 Хуллас, эс–ҳушингизни йиғиб олинглар, ҳушёр бўлинглар. Бутун умидингизни Худонинг иноятига боғланглар. Ахир, Исо Масиҳ охиратда келганда Худо сизларга иноят кўрсатиб, нажот беради.

14 Худога итоаткор фарзандлар бўлинглар, олдинги ғафлат пайтида сизларни қамраган эҳтиросларга қул бўлиб қолманглар.

15 Аксинча, бутун юриш–туришингизда муқаддас бўлинглар, зеро, сизларни даъват этган Худо муқаддасдир.

16 Ахир, Худонинг Ўзи: “Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман”, деб айтган.

17 Сизлар Худога илтижо қилиб, Уни Ота деб атайсизлар. Аммо эсингизда тутинглар, Худо юз–хотирчилик қилмайди, У ҳар бир кишини қилган ишига яраша тақдирлайди ёки жазолайди. Шундай экан, бу дунёдаги мусофирчилик даврингизда Худодан қўрқиб яшанглар.

18-19 Зотан, сизлар ота–боболарингиздан ўрганган бемаъни турмуш тарзингиздан кумуш ёки олтинга ўхшаш ўткинчи нарсалар эвазига эмас, балки Масиҳнинг қимматбаҳо қони эвазига қутулгансизлар. Ахир, Масиҳ Худонинг бенуқсон қурбонлик Қўзисидир.

20 Худо Масиҳни дунё яратилишидан олдин бу хизмат учун тайинлади. Энди шу охирги кунларда эса Уни сизлар учун зоҳир қилди.

21 Сизлар Масиҳ орқали Худога ишонасизлар. Худо Масиҳни тирилтириб, улуғворликка эриштиргани учун ҳам сизлар имонингизда собит турибсиз, чин қалбдан Худога умид боғлагансиз.

22 Сизлар ҳақиқатга бўйсуниб, гуноҳдан покланганингиз учун биродарларга самимий меҳр қўя оласизлар. Шундай экан, бир–бирингизни чин юракдан, ихлос билан яхши кўринглар.

23 Ахир, сизлар янгидан туғилгансизлар. Бу янги ҳаётни сизга фоний бандалар эмас, балки абадий ва ҳаётбахш Худонинг каломи ато этган.

24 Муқаддас битикларда шундай ёзилган:

“Инсон зотининг ҳаммаси майсадай,

Уларнинг шуҳрати дала гули кабидир.

Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади.

25 Эгамизнинг каломи эса абадий туради.”

Ана шу калом сизларга эълон қилинган Хушхабардир.

Худонинг каломига интилинглар

1 Энди ҳар қандай ёмон ният, ҳийла–найранг, иккиюзламачилик, рашк–ҳасад ва ғийбатни ўзингиздан соқит қилинглар.

2 Янги туғилган чақалоқ соф она сутини тусагандай, сизлар ҳам Худо каломига ташна бўлинглар. Калом билан озиқланиб, улғайиб, нажотга эришинглар.

3 Ахир, сизлар Раббимиз Исонинг мурувватидан баҳраманд бўлдингизлар.

Худонинг маъбади учун тирик тошлар

4 Инсонлар рад этган, лекин Худо қимматбаҳо деб танлаган тирик тошга — Раббимиз Исога яқинлашинглар.

5 Шунда ўзларингиз ҳам тирик тошлардай бўласизлар. Худо сизлардан руҳий маъбад барпо этади. Сизлар муқаддас руҳонийлар бўлиб хизмат қиласизлар ва Исо Масиҳ орқали Худога мақбул руҳий қурбонликлар келтирасизлар.

6 Зеро, Муқаддас битикларда Худо шундай деган:

“Мана, Мен жойлаштиряпман Қуддусда

Танланган, қимматбаҳо тамал тошини.

Унга таянган ҳеч бир инсон уятга қолмайди.”

7 Сизлар — Масиҳга ишонганлар учун бу тош қимматбаҳодир. Аммо ишонмаганларга Муқаддас битиклардаги шу сўзлар тўғри келади:

“Бинокорлар рад этган тош

Бинонинг тамал тоши бўлди.

Баъзилар бу тошга қоқинади,

Унинг дастидан йиқилади.”

8 Имонсизлар Хушхабарни рад этиб, итоатсизлик қилганлари учун қоқинадилар. Улар ана шу қисматга маҳкум бўлганлар.

9 Аммо сизлар — танланган бир насл, руҳонийлар шоҳлиги, муқаддас қавм, Худонинг азиз халқисиз. Худо сизларни зулматдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, Унинг буюк ишларини эълон қилишингиз учун сизларни танлаган.

10 Сизлар бир вақтлар Худога бегона эдингизлар, энди эса Унинг халқисизлар. Бир вақтлар Худонинг марҳаматидан бебаҳра эдингизлар, энди эса Ундан марҳамат топдингизлар.

Жамиятда Худога муносиб ҳаёт кечиринглар

11 Эй азизларим, сизлардан ўтиниб сўрайман, жонга қарши курашадиган нафс эҳтиросларидан сақланинглар. Ахир, сизлар бу дунёда ғарибу мусофирсизлар.

12 Имонсизлар орасида Худога муносиб ҳаёт кечиринглар. Улар сизларни ёмонликда айбласалар–да, эзгу ишларингизни кўриб, ким билсин, балки тавба қилишар ва қиёмат куни Худони улуғлашар.

13 Инсонлар томонидан ўрнатилган ҳар қандай ҳокимиятга, Эгамиз ҳақи–ҳурмати, бўйсунинглар. Олий ҳоким бўлган шоҳга ҳам,

14 у тайинлаган ҳокимларга ҳам итоат қилинглар. Зеро, ҳокимлар ёмонлик қилганларни жазолаш учун, яхшилик қилганларни эса тақдирлаш учун тайинланган.

15 Сиз ҳақиқатни билмаган нодон одамларнинг оғизларини қилган яхшилигингиз билан ёпинглар, чунки бу Худонинг хоҳишидир.

16 Озод одамлардек яшанглар, аммо озодлик ниқоби остида ёмонлик қилманглар. Худонинг қулларидай ҳаёт кечиринглар.

17 Ҳамма одамларни ҳурмат қилинглар. Имонли биродарларингизни яхши кўринглар. Худодан қўрқинглар, давлат раҳбарига иззат–эҳтиром кўрсатинглар.

18 Эй қуллар, Худодан қўрққанингиз учун хўжайинларга итоат қилинглар. Нафақат меҳрибон ва мулойимларга, балки қаттиққўл хўжайинларга ҳам бўйсунинглар.

19 Агар сизлар Худони мамнун қилмоқчи бўлиб, тўғри иш қилсангиз–у, ноҳақ азобларга чидасангиз, Худони рози қилган бўласиз.

20 Борди–ю, қилган гуноҳингиз учун таёқ еб чидасангиз, бу сизга шараф келтирармиди?! Аммо яхшилик қилиб туриб, ноҳақ азобларга чидасангиз, Худонинг мақтовига сазовор бўласиз.

Масиҳдан ибрат олинглар

21 Ҳатто азоб чекканингизда ҳам Худо сизларни яхшилик қилишга даъват этган. Масиҳ сизлар учун азоб чекиб, намуна бўлди. Унга тақлид қилинглар.

22 Ахир, У ҳеч қандай гуноҳ қилмаган, оғзидан бирон ёлғон сўз чиқмаган.

23 У ҳақорат қилинганда ҳеч кимга ҳақорат билан жавоб қайтармади, азоб чекканда ҳеч кимга таҳдид қилмади. Фақат одилона ҳукм қиладиган Худога Ўзини топширди.

24 У гуноҳларимизни Ўзига олди, аъзои бадани ёғочда азоб чекди. Шу туфайли биз гуноҳ учун ўлганмиз ва солиҳ ҳаёт кечира оламиз. Унинг яраларидан биз шифо топдик.

25 Илгари сизлар адашиб юрган чўпонсиз қўйларга ўхшар эдингизлар, энди эса жонларингизнинг посбони бўлган Чўпонга қайтиб келдингизлар.

Эр–хотинлик муносабатлари

1-2 Эгамиз ҳақи–ҳурмати, сиз, хотинлар, ўз эрларингизга бўйсунинглар. Эрларингиз Хушхабарни рад этишса ҳам, уларга итоат этинглар. Сизнинг ибратли хулқ–атворингиз ҳар қандай сўздан кўра, таъсирлироқ бўлади. Эрларингиз покиза ҳаётингизни ва Худодан қўрқиб яшаётганингизни кўриб, имонга келишади.

3 Сизнинг жозибангиз ўрилган сочлар, олтин тақинчоқлар, чиройли кийимлар каби ташқи зеб–зийнатдан иборат бўлмасин.

4 Аммо қалбингиздаги ювош ва сокин руҳ сизларнинг сўлмайдиган ички гўзаллигингиз бўлсин. Худонинг назарида бундай гўзалликнинг қадри юксакдир.

5 Ўтмишда Худога умид боғлаган муқаддас хотинлар ҳам ўзлари шу йўсинда безаниб, эрларига бўйсунар эдилар.

6 Масалан, Сора ҳам Иброҳимга итоат этиб, уни хўжайин деб атар эди. Агар сизлар яхшилик қилиб, ҳар қандай қўрқувдан саросимага тушмасангиз, Соранинг қизлари ҳисобланасизлар.

7 Эй эрлар, сизлар ҳам, Эгамиз ҳақи–ҳурмати, хотинларингизга эътиборли бўлинглар, улар заиф жинсдан эканлигини ҳисобга олинглар. Улар ҳам абадий ҳаёт иноятидан баҳраманд бўлганлари учун уларни ҳурмат қилинглар. Акс ҳолда, ибодатларингиз ижобат бўлмайди.

Ҳақиқат йўлида азоб чекиш ҳақида

8 Хуллас, ўзаро ҳамфикр, ҳамдард бўлинглар, бир–бирингизни биродарларча яхши кўринглар, меҳр–шафқатли ва камтар бўлинглар.

9 Ёмонликка ёмонлик, ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтарманглар, аксинча, ҳаммани дуо қилинглар. Зеро, Худо сизларни шунга даъват этган. Буларга риоя қилсангиз, барака топасизлар.

10 Ахир, Муқаддас битикларда шундай ёзилган:

“Кимки ҳаётдан завқланишни,

Бахтли умр кўришни истаса,

У тилини ёмон сўздан тийсин,

Оғзини ёлғон гапдан асрасин.

11 Ёмонликдан қайтиб, яхшилик қилсин.

Тинчлик истаб, тинчлик пайида бўлсин.

12 Чунки Эгамиз солиҳларни кузатиб туради,

Уларнинг илтижосини Эгамиз эшитади.

Бадкирдорлардан эса юз ўгиради.”

13 Агар яхшилик қилишга бел боғласангиз, ким ҳам сизларга озор бера оларди?!

14 Ҳатто тўғри иш учун азоб чекаётган бўлсангиз ҳам, бахтиёрсизлар! Дўқ–пўписа қилувчилардан қўрқманглар, ҳаяжонга тушманглар.

15 Қўрқувга тобе бўлманглар, балки бутун қалбингиз билан Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳокимиятига бўйсунинглар. Масиҳга бўлган умидингиз ҳақида сиздан сўраган ҳар бир кишига жавоб беришга доимо тайёр туринглар. Лекин буни мулойимлик ва ҳурмат билан бажо қилинглар.

16 Виждонингиз тоза бўлсин, токи Масиҳ йўлидаги ибратли ҳаётингизни ёмонлаганлар ўз гапларидан уялиб қолсинлар.

17 Агар яхшилик қилиб азоб чекишингизни Худо лозим кўрса, ҳар ҳолда ёмонлик қилиб азоб чекишдан бу афзалроқдир.

Масиҳ ёвузлик устидан ғалаба қозонди

18 Масиҳ бизни гуноҳларимиздан то абад фориғ қилиш учун азоб чекканини ёдингизда тутинглар. У солиҳ бўла туриб, биз, гуноҳкорларни Худога яқинлаштириш учун жонини фидо қилди. Уни жисман ўлдиришди, аммо У янги, улуғвор ҳаёт учун тирилди.

19 Сўнг зиндонга қамалган ёвуз руҳлар олдига бориб, улар устидан ғалаба қилганини эълон этди.

20 Қадим замонда бу руҳлар Худога итоатсизлик қилиб, инсониятни йўлдан оздирганди. Аммо Худо сабр қилди. Нуҳ ўз кемасини қуриб бўлгунча Худо инсониятни ҳукм қилмай, кутиб турди. Ўша кемага фақат саккизтагина одам кириб, тўфон сувларидан омон қолганди.

21 Нуҳ ва унинг оиласи билан рўй берган бу ҳодиса биз учун тимсол ҳисобланади. Бу тимсол бизнинг имонга келишимизни ва сувга чўмдирилишимизни билдиради. Чўмдирилиш маросими баданни кирдан тозалаш эмас, балки Худога: “Сенга содиқ қоламан”, деб чин юракдан ваъда бериш демакдир. Дарҳақиқат, сизлар сувга чўмдирилганингизда, Исо Масиҳнинг тирилиши туфайли нажот топдингизлар.

22 Масиҳ осмонга кўтарилиб, Худонинг ўнг томонида ўтирибди. Коинотдаги ҳар бир фаришта, ҳар қандай кучлару ҳукмронлар Масиҳга тобедир.

Худо йўлида яшаш

1 Масиҳ бу дунёда азоб чеккани каби, сизлар ҳам азоб чекишга тайёр туринглар. Зотан, азоб чекишга рози бўлган киши гуноҳдан юз ўгирган бўлади.

2 Бундай одам қолган умрини нафсини қондиришга эмас, Худонинг иродасини бажаришга бағишлайди.

3 Сизлар ўтмишда худосизлардай яшаганингиз етар. Ўша вақтларда ахлоқсизлик, шаҳватпарастлик, майхўрлик, айш–ишрат, кайф–сафо, разил бутпарастлик билан кун кечирардингизлар.

4 Энди эса атрофдагилар сизларни кўриб, ҳайрон бўляптилар. Уларнинг ярамас қилмишларига қўшилмаганингиз учун сизларни ҳақорат қиляптилар.

5 Аммо улар ўз қилмишлари учун Худо олдида жавоб берадилар. Худо тиригу ўликларни ҳукм этишга тайёр турибди.

6 Хушхабар нима сабабдан эълон қилинганини эсингизда тутинглар. Тўғри, Хушхабарни эшитган кўп одамлар оламдан кўз юмди, чунки ўлим бу дунёга гуноҳ натижасида кириб келди. Улар ҳам, бошқа инсонлар каби, жисман ўлимга мубтало бўлишди. Бироқ бир кун келиб, Худо уларга улуғвор, янги ҳаёт ато қилади.

7 Охирзамон яқинлашиб қолди. Ақлингизни йиғиб, доим ҳушёрлик билан ибодат қилинглар.

8 Авваламбор, бир–бирингизни чин юракдан яхши кўринглар. Чунки севги кўп гуноҳларни ювади.

9 Нолимай, очиқ чеҳра билан бир–бирингизни меҳмон қилинглар.

10 Худо сизларга берган инъомлар билан бир–бирингизга хизмат қилинглар. Худонинг бу бой эҳсонларидан оқилона фойдаланинглар.

11 Ваъзхонмисиз? Шундай ваъз қилингки, гўё сиз орқали Худонинг Ўзи гапиргандай бўлсин. Хизматчимисиз? Худонинг берган кучига мувофиқ хизмат қилинг. Токи Исо Масиҳ орқали Худо ҳар бир ишингизда ва ҳар бир сўзингизда улуғлансин. Қудратли Худога абадулабад шон–шарафлар бўлсин. Омин.

Масиҳ учун азоб чекиш

12 Эй азизларим, худди ғайритабиий ҳодиса юз бергандай, бошингизга тушган оғир синовлардан ҳайрон бўлманглар.

13 Аксинча, Масиҳнинг азобларига шерик бўлганингиздан хурсанд бўлинглар! Шундай қилсангиз, У охиратда улуғворликка бурканиб келганда, қалбингиз янада кўпроқ қувончга тўлади.

14 Агар сизларни Масиҳга тегишли бўлганингиз учун ҳақорат қилишса, бахтлисизлар! Ахир, Худонинг Руҳи сизларга мадад беради. У сизларни Худонинг улуғворлигидан баҳраманд қилади.

15 Орангизда ҳеч ким қотил, ўғри, бадкирдор ёки жанжалкаш одам сифатида азоб чекмасин.

16 Аммо масиҳий бўлганингиз учун азоб чексангиз, бундан уялманг, аксинча, сизларни бундай номга сазовор қилган Худони улуғланг.

17 Худо дунёни ҳукм қиладиган вақт келди. У ҳукмини Ўз хонадонидан бошлайди. Агар биз биринчи навбатда ҳукм қилинадиган бўлсак, унда Хушхабарни рад этиб, Худога итоат қилмаганларнинг охирати нима бўлади?

18 Агар солиҳ одам зўрға қутулса, бетавфиқу гуноҳкорнинг ҳоли не кечади?

19 Шундай экан, Худонинг иродасига кўра, азоб чекаётган бўлсангиз, яхшилик қилишда давом этинглар, ўзингизни содиқ Яратувчига топширинглар.

Оқсоқолларга ва ёшларга насиҳат

1 Эй жамоат оқсоқоллари, энди сизларга бир насиҳатим бор. Мен ҳам сизларга ўхшаган оқсоқолман. Масиҳ чеккан азоблари ҳақида шаҳодат берувчи ва Унинг зоҳир бўладиган улуғворлигининг иштирокчиси сифатида мен сизлардан ўтинаман:

2 Назоратингиздаги Худонинг сурувини яхши боқинглар. Бу хизматни мажбурият юзасидан эмас, балки чин кўнгилдан, Худога манзур тарзда бажаринглар. Шунчаки пулпарастлик мақсадида эмас, самимият билан ижро этинглар.

3 Қўлингиз остидаги сурувга ўз ҳукмингизни ўтказмай, уларга ўрнак бўлинглар.

4 Ана шунда, Бош Чўпонимиз — Масиҳ зоҳир бўлганда, сизларга сўлмас, улуғворлик тожи берилади.

5 Эй ёшлар, оқсоқолларга итоат этинглар. Ҳаммангиз — ёшмисиз, қаримисиз, ўзингизни камтар тутиб, бир–бирингизга хизмат қилинглар. Зеро, “Худо мағрурларга қарши чиқади, камтарларга эса иноят кўрсатади.”

6 Шундай экан, Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни паст тутинглар. У Ўз вақтида сизларни юксалтиради.

7 Барча ташвишингизни Худога топширинглар, чунки У ҳамиша сизларга ғамхўрлик қилади.

8 Ҳушёр ва бедор бўлинглар! Душманингиз бўлган иблис шердай бўкириб, бировни ютиб юбориш учун изғиб юрибди.

9 Иблисга мустаҳкам имон билан қарши туринглар. Шуни билингларки, бутун дунёдаги имонли биродарларингиз сизлар каби, азобларга дучор бўлмоқдалар.

10 Гарчи сизлар бу қисқа ҳаётда азоб чекиб яшасангизлар ҳам, Худонинг Ўзи сизларга мадад бериб, барчангизни баркамол, саботли, куч–қудратли ва мустаҳкам қилади. Ахир, иноятга бой Худо Исо Масиҳ орқали сизларни Ўзининг абадий улуғворлигига шерик қилиш учун даъват этган.

11 Қудратли Худога абадулабад ҳамдлар бўлсин. Омин.

Сўнгги саломлар

12 Мен бу қисқа мактубимни Силаснинг ёрдами билан ёздим. Уни ишончли биродар деб биламан. Мактубимда сизларга насиҳат қилиб, Худонинг ҳақиқий инояти ҳақида ёздим. Имонда собит қолишингиз учун Унинг бу иноятига таянинглар.

13 Сизлар каби Бобилдаги танланган имонлилар жамоати ва менга ўғилдай бўлиб қолган Марк сизларга салом йўлламоқдалар.

14 Бир–бирингизга меҳр–муҳаббат кўрсатиб, ўпишиб кўришинглар. Масиҳга тегишли бўлган ҳаммаларингиз тинч–омон бўлинглар.