Яҳудо

Яҳудо

Дуойи салом

1 Исо Масиҳнинг қули ва Ёқубнинг укаси мен — Яҳудодан, Худонинг халқи бўлишга даъват қилинган биродарларга салом! Отамиз Худо сизларни Исо Масиҳ келишига қадар Ўз меҳр–муҳаббати паноҳида омон сақлайди.

2 Худо сизларга чексиз марҳамат, тинчлик ва меҳр–оқибат ато қилсин.

Сохта устозлардан эҳтиёт бўлинглар

3 Азизларим, ҳаммамиз биргаликда баҳра олаётган нажотимиз ҳақида мен сизларга ёзишни жуда хоҳлаган эдим. Аммо бунинг ўрнига сизларни: “Имонимизни ҳимоя қилайлик”, деб ундамоқчиман. Ахир, Худо бу ўзгармас имонни азиз халқига то абад топширган.

4 Гап шундаки, баъзи бетавфиқ одамлар орангизга ўғринча кириб олибдилар. Улар ўз ахлоқсизлигини оқлаш учун Худойимизнинг инояти ҳақидаги хабарни бузиб ўргатяптилар. Ягона Хўжайинимиз ва Раббимиз Исо Масиҳни рад этяптилар. Ўша бетавфиқларнинг жазоси азалданоқ ёзилгандир.

Сохта устозларнинг жазоси

5 Бундай одамларнинг қисмати нима бўлишини ўзларингиз яхши биласизлар. Буларни сизларга яна бир бор эслатмоқчиман: Эгамиз Ўз халқи Исроилни Мисрдаги қулликдан қутқарганди. Кейинроқ эса ишонмаган одамларни ҳалок қилган эди.

6 Шунингдек, ўз мавқеига яраша иш тутмай, маконини ташлаб кетган фаришталарни ҳам Эгамиз қоронғи зимистонга абадий занжирбанд қилганди. Уларни буюк қиёмат кунигача ўша ерда сақлаб турибди.

7 Ўша фаришталар сингари, Садўм ва Ғамўра шаҳарлари аҳолиси, шунингдек, булар атрофидаги барча шаҳарлар аҳолиси ҳам нотабиий бузуқ эҳтиросларга ва шаҳвоний ҳирсга берилган эдилар. Оқибатда эса абадий ўтда куйиб, ўз жазосини олганлар. Уларнинг қисмати ҳаммага сабоқ бўлди.

8 Шунга қарамай, орамизга кириб олган бетавфиқлар ўз ваҳийларига таяниб, баданларини ҳаром этяптилар. Худонинг ҳокимиятини рад этиб, самовий мавжудотларни ҳақорат қиляптилар.

9 Эсингизда бўлса, бош фаришта Микойил иблис билан Мусонинг жасади борасида баҳслашганди. Аммо Микойил шунда ҳам иблисни ҳақоратлаб, ҳукм қилишга журъат этмади, у Худонинг ҳокимиятини эъзозлаган ҳолда, фақат: “Эгамнинг Ўзи сени ҳукм қилсин”, — деб айтган эди, холос.

10 Ўша бетавфиқлар эса Худонинг қонунини тушунмайдилар, тушунмаганлари учун ҳам ўша қонунни менсимайдилар. Улар ўзларини онгсиз ҳайвонлардай тутиб, эҳтиросларга берилиб яшашдан бошқа ҳеч нарсани билмайдилар. Бунинг натижасида ҳалокатга йўлиқадилар.

11 Бу сохта устозларнинг ҳолига вой! Ахир, улар Қобилнинг изидан боряптилар. Пулга берилиб, бошқаларни Баломга ўхшаб йўлдан уряптилар. Кўрах сингари исён кўтариб, ҳалокатга юз тутяптилар.

12 Бу одамлар жамоатингизни ҳам ҳалокатга йўлиқтирадилар. Улар фақат ўзини боқадиган чўпонларга ўхшайди. Сизлар таом ейиш учун бирга йиғилганингизда, Раббимиз Исони хотирлаш учун нон синдирганингизда, улар уялмай, очкўзлик билан қоринларини тўйдирадилар. Улар шамол ҳайдаган ёмғирсиз булутларга ўхшайдилар, мавсумида мева бермайдиган дарахтлар кабидирлар. Бу устозлар қўпориб ташланган дарахтлардай ўликдирлар.

13 Улар денгизнинг ваҳший тўлқинлари каби жўш уради, шармандали ишларини ифлос кўпикдай юзага чиқариб, атрофга сочади. Улар тайёрлаб қўйилган қоп–қоронғи зулматга адашган юлдузлардай абадий ғарқ бўлишади.

14 Одам Атодан бошлаб, еттинчи авлодда яшаган Ханўх бу одамлар ҳақида шундай башорат қилган:

“Раббимиз минг–минглаб муқаддас малаклари билан келади.

15 У жамики одамзодни ҳукм қилади.

Гуноҳга ботган бетавфиқларни маҳкум этади,

Ярамас қилмишлари учун,

Уни ҳақоратлаганлари учун

Бетавфиқларни жазолайди.”

16 Орамизга кириб олган бу бетавфиқлар, қачон қараманг, минғирлаб нолиб юрадилар. Улар фақат ўз нафсини ўйлаб иш тутадилар, мақтанадилар, ўз манфаатини кўзлаб, тилёғламалик қиладилар.

Худога содиқ қолинглар

17 Сизлар эса, эй азизларим, Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳаворийлари айтган башоратларни эсингизда тутинглар.

18 Ахир, улар сизларни қуйидагича огоҳлантиришган: “Охирги замонда шундай одамлар бўладики, улар фақат ўз нафсини қондириш билан овора бўлишади, ҳақиқатга итоат қилувчиларни мазах қилишади.”

19 Муқаддас Руҳга эга бўлмаган бу бетавфиқ устозлар инсон табиатига қул бўлиб яшайдилар, орангизга низо уруғини сочадилар.

20 Сизлар эса, эй азизларим, қутлуғ имонингизга таяниб ҳаёт кечиринглар. Муқаддас Руҳ илҳоми билан ибодат қилинглар.

21 Худонинг севгиси паноҳида бўлиб, ўзингизни асранглар. Раббимиз Исо Масиҳнинг келишини кутинглар. У келиб, Ўз марҳамати туфайли бизга абадий ҳаёт ато қилади.

22 Иккиланувчи биродарларингизга раҳмдил бўлиб,

23 уларни қутқаринглар. Ана шунда сизлар бундай одамларни қиёмат алангасидан чиқариб олгандай бўласизлар. Ўз билганидан қайтмаганларга эса ачининглар. Бироқ эҳтиёт бўлинглар, уларнинг қабиҳ қилмишларидан ҳазар қилинглар. Уларнинг ҳатто кийими ҳам сизлар учун ҳаром ва жирканчлидир.

Сўнгги дуо

24 Имондан қайтиб кетишдан сизларни фақатгина Худо асрай олади. У сизларни беғубор ва шод–хуррам қилиб, Ўзининг улуғвор ҳузурига олиб киришга қодир.

25 Бизни Исо Масиҳ орқали қутқарган яккаю ягона нажоткоримиз Худога ҳамдлар бўлсин! Азалдан, ҳозир ва то абад салобатли, куч–қудратли, салтанат Соҳиби бўлган Худога шон–шарафлар бўлсин! Омин.