Римликлар

Римликлар

Салом

1 Мен — Исо Масиҳнинг қули бўлган Павлусдан Римдаги биродарларимга салом! Мен ҳаворийликка даъват этилганман, Худонинг Хушхабарини ёйиш учун танланганман.

2 Муқаддас битикларда ёзилгандай, Худо бу Хушхабарни бераман деб, Ўз пайғамбарлари орқали ваъда берган эди.

3 Бу Хушхабар Худонинг Ўғли ҳақидадир. У жисман Довуд зурриётидан келиб чиққан эди.

4 Худонинг Ўзи Раббимиз Исо Масиҳни ўликдан тирилтирди. Шу орқали Муқаддас Руҳнинг кучига тўла бўлган Исо Масиҳ Худонинг Ўғли эканлиги исботланди.

5 Ана шу Исо Масиҳ орқали Худо менга иноят кўрсатиб, ҳаворий бўлиш вазифасини берди. Токи барча халқлар Худога ишониб, итоат этсинлар, шунда Исо Масиҳнинг номи улуғланади.

6 Сизлар ҳам, ўша халқлар қатори, Исо Масиҳга тегишли бўлишга даъват этилгансизлар.

7 Мен ушбу мактубимни сизларга — Римдаги биродарларимга ёзяпман. Худо сизларнинг ҳаммангизни яхши кўриб, Ўзининг азиз халқи бўлишга чорлаган. Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.

Павлуснинг Римга бориш истаги

8 Авваламбор, Исо Масиҳ шарофати ила барчангиз учун Худойимга шукур қиламан, чунки бутун дунё сизларнинг имонингиз ҳақида гапиряпти.

9 Худонинг Ўғли ҳақидаги Хушхабарни ёяр эканман, чин қалбимдан Худога хизмат қиламан. Худо шоҳид, мен доим сизлар учун ибодат қиламан.

10 Ибодатларимда, доим Худодан: “Агар ироданг бўлса, имкон бер, мен бориб, Римдаги биродарларимни кўриб келай”, деб сўрайман.

11 Сизларни роса кўргим келяпти, чунки сизлар билан руҳий инъомларни баҳам кўрсам, дейман, шунда сизлар имонда янада мустаҳкамроқ бўлардингиз.

12 Тўғрироғи, кўришганимизда, бир–биримизнинг имонимиздан далда олсак, дейман.

13 Биродарлар, билиб қўйинглар, мен кўп марта сизларнинг олдингизга боришни режалаштиргандим, аммо ҳеч йўл очилмади. Бошқа халқлар орасида Хушхабарни айтиб, яхши натижаларга эришдим. Римда ҳам шундай натижаларга эришишни истайман.

14 Менинг бурчим маданиятлию маданиятсизларга, зиёлию саводсизларга Хушхабарни айтишдан иборат.

15 Шунинг учун мен сизларга, яъни Римдагиларга ҳам Хушхабарни айтишга интизорман.

16 Мен Хушхабардан ор қилмайман, чунки Худонинг куч–қудрати бўлган бу Хушхабар орқали унга ишонганларнинг ҳаммаси қутқарилади. Ишонадиганлар яҳудийми, ғайрияҳудийми, фарқи йўқ!

17 Бу Хушхабарда ошкор қилинганки, Худо инсонларни имон орқали, ҳа, фақатгина имон орқали оқлайди, чунки Муқаддас битикларда: “Солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади”, деб ёзилган.

Инсониятнинг гуноҳкорлиги

18 Барча фосиқлигу адолатсизлик устига самодан Худонинг қаҳри ёғилади, чунки инсонлар ўз адолатсизликлари билан ҳақиқатга тўсқинлик қиляптилар.

19 Худо ҳақида нимаики билиш мумкин бўлса, уларга равшандир, Худонинг Ўзи уларга зоҳир этган.

20 Борлиқ яратилгандан бери Худонинг кўринмас хусусиятлари, яъни абадий қудрати ва илоҳиёти очиқ кўриниб турибди. Худонинг ижодига қараб, Унинг хусусиятларини тушуниб олса бўлади. Шундай экан, улар: “Худони билмаймиз”, деб баҳона қилолмайдилар.

21 Улар Худони билсалар–да, Уни улуғламадилар, Унга шукур қилмадилар. Аксинча, бемаъни ўй–хаёлларга берилиб кетдилар, уларнинг нодон онглари зулматга чўкди.

22 Улар ўзларини ақлли деб ҳисоблайдилар, аслида эса нодондирлар.

23 Улар мангу, улуғвор Худога эмас, балки ўткинчи инсон, қуш, чорва, судралувчи жониворлар суратидаги бутларга сажда қилдилар.

24 Шунинг учун Худо уларни ўз юракларидаги чиркин эҳтирослари оғушида қолдирди. Шу сабабдан улар бир–бирлари билан беҳаё ишлар қиладилар.

25 Улар Худонинг ҳақиқатини ёлғон билан алмаштириб, Яратувчига эмас, балки яратилганга сажда қилиб, хизмат қиладилар. Яратувчи Худогагина то абад ҳамдлар бўлсин! Омин.

26 Ҳақиқатни рад қилганлари учун Худо уларни ўзларининг беҳаё эҳтиросларига топширди. Ҳатто аёллар ҳам табиий жинсий муносабатни нотабиий муносабатга алмаштириб, бир–бирлари билан жинсий алоқа қилдилар.

27 Худди шунингдек, эркаклар ҳам аёллар билан бўладиган табиий жинсий муносабатдан воз кечиб, бир–бирларига нисбатан шаҳвоний ҳирс билан ёндилар. Эркаклар бир–бирлари билан беҳаё ишлар қилиб, қилмишларига яраша жазо тортяптилар.

28 Бу одамлар Худони таниб–билишни рад қилганлари учун, Худо уларни бузуқ хаёлларга топшириб қўйди, оқибатда улар қилиш мумкин бўлмаган ишларни қиладилар.

29 Улар ҳар турли адолатсизлик, ёмонлик, очкўзлик ва ёвузликка тўлиб, ҳасадгўйлик, қотиллик, жанжалкашлик, фирибгарлик ва бадфеълликка муккасидан кетгандирлар.

30 Улар ғийбатчи бўлиб, одамларнинг орқасидан гапирадилар. Худодан нафратланадилар. Улар сурбет, такаббур, мақтанчоқдирлар. Улар ёвуз ишлар қилишнинг ҳар хил йўлларини топадилар, ота–оналарига итоат қилмайдилар.

31 Улар нодондирлар, уларга ишониб бўлмайди, уларда меҳр–шафқат йўқ.

32 Худонинг қонунида, шундай ишларни қиладиган одамлар ўлимга лойиқ, деб айтилганини биладилар. Шундай бўлса–да, улар нафақат бу ишларни ўзлари қиладилар, балки ўшандай ишларни қилувчиларни қўллаб–қувватлайдилар.

Худонинг одил ҳукми

1 Эй бошқаларни ҳукм қилаётган инсон! Сен ким бўлишингдан қатъий назар, бошқаларни ҳукм қилишга ҳеч ҳақинг йўқ. Сен бошқа одамни ҳукм қилиб, ўзингни ҳам маҳкум этасан. Ахир, ўзинг ҳам шу ишларни қиляпсан–ку!

2 Бундай ишлар қилиб юрганларни Худо маҳкум қилишга ҳақли эканини биламиз.

3 Айни шу ишларни ўзинг қила туриб, шундай ишларни қилувчиларни ҳукм этсанг, Худонинг ҳукмидан қочиб қутуламан, деб ўйлайсанми?!

4 Худонинг чексиз меҳрибонлиги ва сабр–тоқатини писанд қилмаётганингни қара. Ахир, Унинг муруввати сени тавбага етаклашини билмайсанми?!

5 Аммо сен ўжарлик қилиб, гуноҳларингдан тавба қилмаяпсан. Худонинг адолатли ҳукми аён бўладиган қаҳр–ғазаб кунида бошингга тушадиган жазони янада кўпайтиряпсан.

6 Худо ҳар кимни қилган ишига яраша тақдирлайди.

7 Яхши ишда қунт қилиб, шараф, ҳурмат–эҳтиром ва мангуликка интилганларга Худо абадий ҳаёт ато қилади.

8 Аммо худбинлик қиладиган, ҳақиқатни рад этиб, адолатсизликка эргашадиганлар қаҳр–ғазабга дучор бўлади.

9 Ёвузлик қиладиган ҳар бир инсон изтиробда қолади, унинг бошига фалокат тушади, бу инсон яҳудийми, ғайрияҳудийми — фарқи йўқ.

10 Яхшилик қиладиганларга эса — яҳудийларга ҳам, ғайрияҳудийларга ҳам, шараф, ҳурмат–эҳтиром ва тинчлик насиб этади.

11 Зеро, Худо тарафкашлик қилмайди.

12 Худонинг қонунини билмасдан туриб гуноҳ қилганлар, қонунга алоқасиз равишда ҳукм қилинадилар. Қонунни била туриб гуноҳ қилганлар эса қонун бўйича ҳукм қилинадилар.

13 Ахир, қонунни эшитганлар эмас, балки қонунга риоя қиладиганлар Худонинг олдида оқланадилар.

14 Ғайрияҳудийларда Худонинг қонуни йўқ. Аммо қонунни билмай туриб, улар табиий равишда қонуннинг буюрганларини бажарсалар, ўзларига ўзлари қонундирлар.

15 Бу билан улар қонуннинг талаблари ўз юракларида ёзилганини кўрсатадилар. Уларнинг виждони ҳам бунга шаҳодат беради, чунки уларнинг хаёллари уларни гоҳ қоралайди, гоҳ оқлайди.

16 Худо инсонларнинг яширин ўй–хаёлларини Исо Масиҳ орқали ҳукм қиладиган кунда буларнинг ҳаммаси аён бўлади. Мен келтирган Хушхабарда ана шулар баён этилган.

Яҳудийлар ва қонун

17 Мана, орангиздагиларнинг баъзилари: “Мен яҳудийман”, дейдилар, қонунга суянган ҳолда, “Худога яқинман”, деб мақтанадилар.

18 Эй яҳудий! Сен Худонинг хоҳиш–иродасини билиш ва яхшини ёмондан фарқ қилишни қонундан ўрганиб олибсан.

19-20 Худонинг қонунида барча илм–маърифат ва ҳақиқат мужассам. Сенда мана шу қонун борлиги учун сен кўрларга йўл кўрсатувчи, зулматда қолганларга нур, ғофилларга мураббий, ғўр болаларга эса муаллим эканлигингга ишончинг комил.

21 Шундай экан, сен қандай қилиб бошқаларга таълим бера туриб, ўзингга таълим бермайсан?!

22 “Ўғрилик қилма”, деб насиҳат қилиб туриб, ўғрилик қиласанми?! “Зино қилма”, деб туриб, ўзинг зино қиласанми?! “Бутлардан жирканаман”, деб туриб, куфрлик қиласанми?!

23 Қонунни биламан, деб мақтанасан–у, лекин қонунни бузиб, Худонинг номига доғ туширасанми?!

24 Ахир, Муқаддас битикларда шундай ёзилган–ку: “Сизларни деб, халқлар орасида Худонинг номи ҳақорат қилинмоқда.”

25 Суннат масаласига келайлик. Агар сен қонунга риоя қиладиган бўлсанг, суннатнинг фойдаси бор. Аммо қонунни бузсанг, сенинг суннатинг суннатсизликдан ҳеч фарқ қилмайди.

26 Худди шунингдек, агар суннат қилинмаганлар қонунга амал қилсалар, уларнинг суннатсизлиги суннатдай қабул қилинмайдими?!

27 Шундай экан, суннатсиз бўла туриб, қонунга амал қиладиган одам сени маҳкум қилмайдими?! Ахир, сенда Муқаддас битиклар бор, сен суннат қилингансан–у, лекин барибир Худонинг қонунини бузасан.

28 Яҳудий урф–одатлари билан яшайдиганларнинг ҳаммаси ҳам асл яҳудий эмас. Жисмоний суннатнинг ўзи ҳам суннатнинг асл мақсадини бажармайди.

29 Асл яҳудийлик юракдан келиб чиқади. Асл суннат, яъни юракнинг суннати қонунга амал қилишдан келиб чиқмайди, балки Руҳ томонидан қилинади. Асл яҳудий инсонларнинг эмас, балки Худонинг мақтовига сазовор бўлади.

Худонинг садоқати

1 Хўш, яҳудийларнинг қандай устунлиги бор? Ёки суннатнинг нима фойдаси бор?

2 Яҳудийлар ҳар жиҳатдан катта устунликка эгадирлар. Бу устунлик, энг аввало, шундан иборатки, Худонинг каломи уларга ишониб топширилган.

3 Уларнинг баъзилари ишонмаган бўлса, нима бўпти? Уларнинг ишонмаганлиги Худонинг садоқатини бекор қиладими?

4 Йўқ, асло! Ахир, ҳар бир инсон ёлғончи бўлса ҳам, Худо ҳақдир. Муқаддас битикларда Худо ҳақида шундай ёзилган–ку:

“Шу боис ҳукм қилганингда Сен барҳақсан,

Айбимни фош этганингда доимо тўғри бўлиб чиқасан.”

5 Инсоний фикр юритиб айтайин: агар бизнинг қабиҳлигимиз Худонинг одиллигини янада очиқроқ кўрсатса, нима ҳам дердик? Бошимизга қаҳр–ғазаб ёғдиргани учун Худо адолатсизми?

6 Йўқ, асло! Худо одилдир. Худо адолатсиз бўлганда эди, қандай қилиб дунёни ҳукм қила оларди?!

7 Менинг ёлғончилигим Худонинг ҳақлигига урғу бериб, Унга янада кўпроқ шон–шуҳрат келтирар экан, нима учун мен гуноҳкор сифатида маҳкум қилинишим керак?

8 Шундай экан, “Яхшилик келтирсин деб, ёмонлик қилаверайликми?” дейишимиз керакми?! Баъзилар бизга туҳмат қилиб, Павлус ўшандай таълим беряпти, деб айтмоқдалар. Бундай туҳмат қилганлар жазога лойиқдир.

Ҳамма гуноҳкордир

9 Хўш, биз, яҳудийлар, бошқалардан устунмизми? Йўқ, асло! Юқорида исботлаб ўтганимдай, хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ ғайрияҳудий бўлсин, ҳар бир инсон гуноҳнинг ҳокимияти остидадир.

10 Ахир, Муқаддас битикларда қуйидагидай ёзилган–ку:

“Ҳеч бир солиҳ кимса йўқдир,

Ҳатто биронта ҳам йўқ!

11 Биронта ҳам идрокли зот йўқ,

Ҳеч ким Худога юз бурмайди.

12 Ҳаммаси йўлдан озган, бирдай бузилган,

Яхшилик қилувчи бир кимса йўқдир,

Ҳатто биронта ҳам йўқ!

13 Очиқ қабр кабидир оғизлари,

Улар ёлғон гапиради.

Тилларидан илон заҳри томади.

14 Уларнинг оғзидан аччиқ сўзлар, лаънат чиқади.

15 Уларнинг оёқлари қон тўкишга шошилади,

16 Қадамидан ҳалокату вайрона келади.

17 Улар тинчлик йўлларини билмайди,

18 Улар Худодан қўрқмайди.”

19 Биз биламизки, қонун неки буюрган бўлса, қонунга қарам бўлганларга буюрган, токи ҳар бир оғиз юмилсин ва бутун дунё Худо олдида жавобгар бўлсин.

20 Зотан, қонунга амал қилиш орқали ҳеч ким Худонинг олдида оқлана олмайди, чунки қонун инсонга гуноҳкорлигини янада аниқроқ кўрсатади.

Гуноҳкорни оқлаш — Худонинг иши

21 Мана энди қонунга алоқасиз равишда оқланиш йўлини Худонинг Ўзи аниқ кўрсатди. Буни Таврот ва Пайғамбарлар битиклари тасдиқлайди.

22 Биз Исо Масиҳга бўлган имонимиз орқали Худонинг олдида оқланамиз. Одамлар орасида ҳеч бир фарқ йўқ.

23 Ахир, ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир.

24 Лекин гуноҳкорлар Исо Масиҳ орқали гуноҳларидан озод бўладилар. Улар оқланишга лойиқ бўлмасалар–да, Худонинг инояти билан оқланадилар.

25-26 Худо Исо Масиҳни бу дунёга юборди. Масиҳга ишонганларнинг ҳаммаси Унинг тўкилган қони орқали Худо билан ярашди. Шундай қилиб, Худо Ўзининг адолатини намоён қилди. У ўтмишда сабр–тоқат қилиб, илгари қилинган гуноҳларни жазосиз қолдирган эди, энди эса Исо Масиҳга ишонганларни оқлаб, Ўзининг ҳақ эканлигини кўрсатмоқда.

27 Энди мақтанишга арзигулик нарсамиз қолдими? Йўқ, мақтовга ўрин йўқ. Нима сабабга кўра? Амрларни бажо келтиришни талаб қилувчи қонунга кўрами? Йўқ, инсонлар имон орқали оқланганда мақтанишга ҳеч ўрин қолмайди.

28 Ахир, инсон қонун талабларини бажо қилиш орқали эмас, балки имон орқали оқланади, биз бунга қаноат ҳосил қилдик.

29 Наҳотки Худо фақат яҳудийларнинг Худоси бўлса?! У бошқа халқларнинг ҳам Худоси эмасми? Албатта, У бошқа халқларнинг ҳам Худосидир.

30 Ахир, Худо ягона–ку! Суннатлиларни ҳам, суннатсизларни ҳам Худо имон орқали оқлайди.

31 Демак, биз бу имон билан қонунни бекор қиляпмизми? Йўқ, асло! Аксинча, қонунни тасдиқлаяпмиз.

Иброҳимнинг ибратли имони

1 Хўш, биз бобокалонимиз Иброҳим ҳақида нима деймиз? Иброҳим қандай қилиб иноят топди?

2 Агар Иброҳим савоб ишлари туфайли оқланганда эди, унинг мақтанишга ҳақи бўларди, аммо Худонинг олдида ҳеч ким мақтана олмайди.

3 Ахир, Муқаддас битикларда нима деб ёзилган? “Иброҳим Худога ишонди, Худо уни ишончи учун, солиҳ деб билди.”

4 Меҳнаткашга тўланадиган маош илтифот эмас, хизмат ҳақидир.

5 Бироқ қонунни бажаришга суянмай, балки бетавфиқни оқловчи Худога ишонган киши ўз ишончи туфайли оқланади.

6 Мана, қонун талабларини бажо қилган–қилмаганидан қатъий назар, Худо томонидан оқланган одамни Довуд ҳам бахтли деб айтади:

7 “Итоатсизлиги кечирилганлар бахтлидир,

Эгамиз кимнинг гуноҳидан ўтган бўлса,

Ўша инсон бахтлидир.

8 Эгамиз кимнинг айбини ёзмаган бўлса,

Ўша инсон бахтлидир.”

9 Бу бахтиёрлик фақат суннат қилинганларга мансубми ёки суннатсизларга ҳам тегишлими? Айтиб ўтганимиздай, Худо Иброҳимни ишончи учун солиҳ деб билди.

10 Хўш, бу қачон содир бўлди? Иброҳим суннат бўлишидан олдинми ёки кейинми? Суннат бўлишидан олдин!

11 У суннатни имон орқали сазовор бўлган солиҳлигининг муҳри сифатида қабул қилди. У суннат қилинмасдан олдин оқланганди. Шундай қилиб, Иброҳим суннатсиз ҳолда имон келтириб оқланган ҳар бир инсоннинг отаси бўлди.

12 Айни замонда, Иброҳим суннатлиларнинг ҳам отаси ҳисобланади. Аммо шарти шуки, суннатлиларнинг имони ҳам отамиз Иброҳим суннат қилинмасдан олдин эга бўлган имондай бўлиши керак.

Худо Ўз ваъдасида туради

13 Худо Иброҳимга ва унинг наслига, сизлар ер юзини мулк қилиб оласизлар, деб ваъда берган эди. Иброҳим қонунга итоат қилгани учун эмас, балки Худо уни ишончи туфайли солиҳ деб билгани учун Худо бу ваъдани берди.

14 Агар қонунга суянадиганлар ер юзини мулк қилиб оладиган бўлса эди, унда имон беҳуда, ваъда эса қуруқ бўлиб қолар эди.

15 Ахир, қонун Худонинг ғазабини қўзғатади, холос. Қонун бўлмаса, қонунбузарлик ҳам бўлмайди.

16 Шу сабабдан, Худонинг ваъдаси Унинг иноятига боғлиқ бўлиб, фақат имон билан қабул қилинади. Иброҳимнинг имонидай имонга эга бўлганларнинг ҳаммаси қонунга амал қилиб яшайдими, йўқми, унинг зурриёти ҳисобланади. Худонинг ваъдаси албатта уларга ҳам дахлдордир. Ахир, Иброҳим ҳаммамизнинг отамиздир.

17 Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган–ку: “Мен сени кўплаб халқларнинг отаси қиламан.” Ўликларни тирилтирувчи ва мавжуд бўлмаган нарсаларни вужудга келтирувчи Худога ишониб, Иброҳим ҳаммамизнинг отамиз бўлди.

18 Худо Иброҳимга яна: “Сенинг наслинг сон–саноқсиз бўлади”, деган эди. Иброҳим кўп халқларнинг отаси бўлишга ҳеч бир умиди қолмаганига қарамасдан, имони туфайли умидвор эди.

19 Ўзи юз ёшга яқинлашиб, бадани анча заифлашиб қолганига ва хотини Соранинг бепуштлигига қарамай, Иброҳимнинг имони заифлашмади.

20 Иброҳим имонсизлик қилмади, Худонинг ваъдасидан шубҳаланмади, балки имонида маҳкам туриб, Худони улуғлади.

21 Худо берган ваъдасини бажо келтиришга қодир, деб Иброҳим қатъий ишонар эди.

22 Мана шу ишончи учун Худо Иброҳимни солиҳ деб билди.

23 Бу сўзлар фақатгина Иброҳимга тегишли эмас,

24 балки биз учун ҳам айтилган. Агар Раббимиз Исони ўликдан тирилтирган Худога ишонсак, Худо бизни ҳам оқлайди.

25 Худо бизнинг гуноҳларимиз учун Исо Масиҳни ўлимга топширди ва оқланишимиз учун Уни тирилтирди.

Худо билан ярашиш

1 Биз имонимиз туфайли оқланганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳ орқали Худо билан ярашиб, тинчликка эришдик.

2 Раббимиз Исо Худонинг инояти эшигини бизга очиб берди. Биз имон туфайли бу иноятга эришиб, маҳкам турамиз ҳамда Худонинг улуғворлигига шерик бўлиш умидимиз борлигидан фахрланамиз.

3 Фақатгина ўша умидимиз билан эмас, балки азоб–уқубатларимиз билан ҳам фахрланамиз, чунки азоб–уқубатлар сабр–тоқат ҳосил қилишини биламиз.

4 Сабр–тоқат Худога маъқул феъл–атворни, бундай феъл–атвор эса умидни ҳосил қилади.

5 Умидимиз бизни уятга қолдирмайди. Чунки бизга берилган Муқаддас Руҳ орқали юракларимиз Худонинг меҳр–муҳаббати билан тўлиб–тошади.

6 Ҳа, биз чорасиз бўлганимизда, белгиланган вақтда Масиҳ биз — бетавфиқлар учун ўлди.

7 Солиҳ инсон учун ҳам ўлишга рози бўладиган бирорта инсонни топиш қийин. Эҳтимол, кимдир ҳимматли инсон учун ўлишга журъат қилар.

8 Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Шу йўсинда Худо бизга бўлган Ўз меҳр–муҳаббатини намоён қилди.

9 Демак, биз Масиҳнинг тўкилган қони туфайли оқланган эканмиз, албатта У бизни Худонинг қаҳр–ғазабидан қутқаради.

10 Биз ҳали Худонинг душманлари бўлган пайтимизда, Худо Ўз Ўғлининг ўлими орқали бизларни Ўзи билан яраштирди. Биз энди Худо билан ярашган эканмиз, албатта Ўғлининг ҳаёти туфайли нажот топамиз.

11 Бундан ташқари, биз Раббимиз Исо Масиҳ туфайли Худо билан бўлган муносабатимиздан фахрланамиз. Ахир, Исо Масиҳ орқали биз Худо билан ярашганмиз–ку.

Одам Атодан — ўлим, Масиҳдан — ҳаёт

12 Бир одамнинг дастидан дунёга гуноҳ кириб келди. Гуноҳдан эса ўлим келиб чиқди. Натижада инсонлар ўладиган бўлди, чунки ҳамма гуноҳкордир.

13 Қонун мавжуд бўлмасдан олдин ҳам дунёда гуноҳ бор эди, лекин қонун йўқлигида гуноҳ ҳисобга олинмайди.

14 Шунга қарамай, Одам Атодан Мусога қадар яшаганларнинг гуноҳлари айнан Одам Атонинг гуноҳидай бўлмаса–да, ўлим уларнинг устидан ҳокимлик қилди.

Одам Ато келадиган Зотнинг тимсоли бўлди:

15 бир кишининг гуноҳи туфайли ҳамма ўладиган бўлди, шунга ўхшаб бир Одам, яъни Исо Масиҳнинг инояти орқали ҳамма Худонинг бой эҳсонидан баҳраманд бўла олади. Бироқ Худонинг эҳсонини Одам Атонинг гуноҳи билан солиштириб бўлмайди.

16 Худонинг эҳсони билан Одам Атонинг гуноҳи орасидаги фарқ қуйидагидан иборат: ўша бир гуноҳнинг оқибати маҳкум қилинишга олиб борди, кўп гуноҳлардан кейин берилган эҳсон эса оқланишни келтириб чиқарди.

17 Тўғри, биттагина одамнинг гуноҳи туфайли, ўша одамнинг дастидан ўлим ҳокимлик қила бошлади. Аммо Худонинг чексиз инояти билан оқланганларнинг ҳаммаси энди бир Одам, яъни Исо Масиҳ орқали абадий ҳаётда ҳокимлик қиладилар.

18 Шунга кўра, бир гуноҳ ҳаммани маҳкум қилгандай, бир солиҳ иш туфайли ҳамма оқланиб, янги ҳаётдан баҳраманд бўла олади.

19 Бир одамнинг итоатсизлиги туфайли кўп одамлар гуноҳкор бўлган бўлса, энди бир Кишининг итоаткорлиги туфайли ҳамма солиҳ бўла олади.

20 Қонун берилгандан кейин гуноҳ кўпайиб кетди. Лекин қаерда гуноҳ кўп бўлса, Худонинг инояти янада кўпроқ намоён бўлади.

21 Гуноҳ ҳокимлик қилиб, бизни ўлимга бошлар эди. Аммо биз оқландик ва Раббимиз Исо Масиҳ орқали абадий ҳаётга эгамиз. Бундан кўриниб турибдики, энди Худонинг инояти ҳукм сурмоқда.

Масиҳ билан ўлиб, тириламиз

1 Хўш, нима дейлик? Иноят кўпаяверсин деб, гуноҳ қилишда давом этаверамизми? Йўқ, асло!

2 Биз гуноҳ учун ўлганмиз. Энди қандай қилиб гуноҳ қилиб яшайверамиз?

3 Унутманглар, чўмдирилиш орқали биз — Масиҳга тегишли бўлганлар Унинг ўлимига шерик бўлдик!

4 Биз сувга чўмдирилиб, Масиҳ билан бирга ўлдик ва кўмилдик. Отамиз Худонинг улуғвор қудрати билан Исо Масиҳ ўликдан тирилганидай, биз ҳам янги ҳаётга эга бўламиз.

5 Биз чўмдирилиб, Исо Масиҳнинг ўлимига шерик бўлган бўлсак, албатта Унинг ўликдан тирилишига ҳам шерик бўламиз.

6 Биз биламизки, эски ўзлигимиз Масиҳ билан бирга хочга михлангани учун, гуноҳга берилган бу вужудимиз йўқ қилинди. Энди биз гуноҳга қул эмасмиз.

7 Ахир, ўлган одам гуноҳнинг амри остида эмас–ку!

8 Агар биз Масиҳ билан бирга ўлган бўлсак, У билан яшашимизга ҳам ишончимиз комил.

9 Биз биламизки, Масиҳ ўликдан тирилгани учун У энди бошқа ўлмайди, ўлим энди Унга ҳоким бўла олмайди.

10 Масиҳ ўлгани учун гуноҳ энди Унга ўз таъсирини кўрсата олмайди, Унинг янги ҳаёти Худога шуҳрат келтиради.

11 Шунинг учун сизлар ўзингизни гуноҳ олдида ўлик деб ҳисобланг. Энди Исо Масиҳ туфайли Худога шуҳрат келтириб яшашингиз керак.

12 Шундай қилиб, энди гуноҳ сизларнинг фоний таналарингиз устидан ҳокимлик қилмасин, худбин истакларингизга итоат этманглар.

13 Танангизнинг ҳеч бир аъзосини ёмонлик қуроли қилиб, гуноҳнинг измига топширманглар. Аксинча, ўзингизни Худонинг измига топширинглар, чунки сизлар олдин ўлик эдингизлар, энди эса янги ҳаётга эгасизлар. Сизларнинг танангиз Худонинг солиҳлик қуроли бўлсин.

14 Гуноҳ сизларнинг устингиздан ҳукмрон бўлмайди, чунки сизлар энди қонун остида эмас, балки иноят паноҳидасизлар.

Солиҳликка қул бўлиш ҳақида

15 Хўш, буёғи энди нима бўлади? Қонун остида эмас, иноят паноҳида бўлганимиз учун гуноҳ қилаверайликми? Йўқ, асло!

16 Биласизлар–ку, сиз ўзингизни итоаткор қул қилиб кимнинг измига топширсангизлар, ўшанинг қули бўласизлар. Сизлар кимга бўйсунасизлар? Ўлимга олиб борувчи гуноҳгами ёки солиҳликка етакловчи итоаткорликками?

17 Аммо Худога шукурки, сизлар олдин гуноҳга қул бўлсангиз ҳам, энди сизларга ўргатилган таълимотга сидқидилдан амал қиляпсизлар.

18 Сизлар энди гуноҳнинг чангалидан озод қилиниб, солиҳликнинг қули бўлиб қолдингизлар.

19 Инсон онги заиф бўлгани учун мен кундалик ҳаётдан мисол келтириб гапиряпман. Сизлар бир вақтлар аъзойи баданингизни ифлослик ва қонунсизликка топшириб, гуноҳга янада чуқурроқ ботиб кетган эдингиз. Энди эса ўзингизни муқаддасликка етаклайдиган солиҳликка қул қилиб топширинг.

20 Ахир, гуноҳга қул бўлган пайтингизда, тўғри ишлар қилишга мажбур эмасдингиз.

21 Ўша пайтдаги қилмишларингизнинг оқибати нима бўлди?! Ҳозир улардан уяляпсиз, ўша қилмишларингизнинг оқибати ўлим–ку!

22 Энди гуноҳдан озод қилиниб, Худонинг қули бўлиб қолдингиз. Бунинг натижаси муқаддаслик ва абадий ҳаётдир.

23 Гуноҳнинг эвази — ўлим, Худонинг инъоми эса Раббимиз Исо Масиҳ орқали бериладиган абадий ҳаётдир.

Никоҳ қонунидан мисол

1 Эй биродарлар, ахир, сизлар биласизлар–ку, (мен қонунни биладиганларга айтяпман), қонун фақат тирик инсоннинг устидан ҳукмронлик қилади.

2 Масалан, эрли хотиннинг эри тирик экан, қонун бўйича у эрига боғлиқ. Аммо эри ўлса, у никоҳдан озод бўлади.

3 Шунинг учун ҳали эри тирик бўлган хотин бошқа эрга тегса, у зинокор деб ҳисобланади. Аммо эри ўлса, хотин ўша қонундан озод бўлади ва бошқа эрга тегса ҳам, зино қилган ҳисобланмайди.

4 Шунга ўхшаб, сизлар ҳам, эй биродарларим, Масиҳнинг ўлими орқали қонун учун ўлгансизлар. Энди қонундан озодсизлар, ўзингизни Бошқасига, яъни ўликдан тирилган Масиҳга бағишлай оласизлар. Бунинг натижасида эса биз Худонинг йўлида самарали ишлар қила оламиз.

5 Зеро, биз башарий табиатимиз амри билан яшаган пайтимизда, қонун бизнинг аъзойи баданимизда гуноҳкор эҳтиросларни қўзғатарди. Уларнинг самараси эса ўлимдир.

6 Энди эса бизни асир қилган қонун учун ўлдик ва ундан озод бўлдик. Шундай қилиб, биз эскичасига, яъни ёзилган қонун етакчилигида эмас, балки янгичасига, яъни Муқаддас Руҳ етакчилигида Худога хизмат қиламиз.

Қонун ва гуноҳ

7 Хўш, унда нима деймиз? Қонун гуноҳнинг манбаими? Йўқ, асло! Аммо қонун бўлмаганда эди, мен гуноҳ нима эканлигини билмаган бўлар эдим. Масалан, қонун “бошқаларнинг мулкига кўз олайтирма” деб буюрмаганда эди, мен бунинг гуноҳ эканлигини билмаган бўлардим.

8 Аммо гуноҳ бу амрдан фойдаланиб, менинг юрагимда ҳар хил нафсу ҳасадни қўзғатди. Қонун бўлмаган жойда гуноҳ ўликдир.

9 Бир вақтлар мен қонунни билмай яшардим. Аммо амр бор эканлигини билганимдан кейин, гуноҳ тирилди,

10 мен эса ўлдим. Амр ҳаёт келтириши керак эди, аммо менинг ўлимимга сабабчи бўлди.

11 Чунки гуноҳ амрдан фойдаланиб, мени алдади ва амр орқали мени ўлдирди.

12 Аммо қонун барибир муқаддасдир, унинг ҳар бир амри муқаддас, одил ва яхшидир.

13 Хўш, яхши бўлган қонун менга ўлим келтирдими? Мутлақо! Гуноҳ менга ўлим келтириш учун яхши нарсадан фойдаланди. Гуноҳнинг гуноҳ эканлиги очиқ кўриниши учун шундай бўлди. Шундай қилиб, амр орқали гуноҳнинг нақадар ёмон эканлиги ошкор бўлди.

Гуноҳга қарши кураш

14 Қонунни Худо берган. Мен эса гуноҳга қул қилиб сотилган ожиз бандаман.

15 Ахир, ўзим қилаётган ишларни ўзим тушунмайман, чунки қилишни хоҳлаганларимни қилмайман, аксинча, нимани ёмон кўрсам, шуни қиламан.

16 Ўзим хоҳламаган ишларни қилаётган эканман, бу билан қонуннинг яхши эканлигини маъқуллаётган бўламан.

17 Демак, бу ишларни мен ўзим эмас, балки юрагимдаги гуноҳ қилаётган бўлади.

18 Менда, яъни башарий табиатимда ҳеч қандай яхши жиҳат йўқлигини аниқ биламан. Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлса–да, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди.

19 Ўзим қилишни хоҳлаган яхшиликни қилмайман–да, унинг ўрнига ўзим қилишни хоҳламаган ёмонликни қиламан.

20 Ўзим хоҳламаган ишни қилаётган эканман, демак, бу ишни мен эмас, балки юрагимдаги гуноҳ қиляпти.

21 Мен бундан ушбу хулосани чиқараман: яхшилик қилмоқчи бўлганимда, қалбимда ҳамиша ёмонлик пойлаб туради.

22 Бутун қалбим билан Худонинг қонунидан завқ оламан.

23 Аммо аъзойи баданимда бошқа бир қоида амал қилмоқда. Бу қоида онгимдаги қонунга қарши кураш олиб бориб, аъзойи баданимда амал қилувчи гуноҳ қоидасига мени асир қиляпти.

24 Оҳ, мен шўрлик одам! Ўлим сояси остидаги бу аҳволимдан ким мени қутқарар экан?

25 Худога шукур! Раббимиз Исо Масиҳ орқали У бизни қутқаради!

Хулласи калом, мен онгим билан Худонинг қонунига қул бўлсам–да, башарий табиатим гуноҳ қоидасига қулдир.

Муқаддас Руҳнинг етакчилигида яшаш

1 Исо Масиҳга тегишли бўлганлар энди ҳукм қилинмайдилар.

2 Ҳаёт ато этувчи Руҳнинг қонун–қоидаси Исо Масиҳ орқали бизни гуноҳдан ва ўлимга етаклайдиган қонундан озод қилди.

3 Инсон Худонинг қонунини бажара олмагани учун қонун таъсирсиз бўлиб қолди. Қонун инсонни гуноҳдан қутқара олмагани учун Худонинг Ўзи одамларни қутқарди. У Ўз Ўғлини гуноҳкор инсонга ўхшатиб, бу дунёга юборди ва гуноҳнинг қудратини йўқ қилди. Шу йўсин Худо инсон орқали гуноҳни маҳкум қилди.

4 Биз — башарий табиатнинг эмас, балки Руҳнинг етакчилигида яшаётганлар — қонун талаб қилган солиҳликка эришишимиз учун Худо шундай қилди.

5 Башарий табиат етакчилигида яшайдиганлар башарий фикр қиладилар. Руҳнинг етакчилигида яшайдиганлар эса Руҳни мамнун қиладиган нарсалар ҳақида фикр қиладилар.

6 Башарий табиат етакчилигида фикр қилиш ўлимга етаклайди, Руҳ етакчилигида фикр қиладиганлар эса ҳаёт ва тинчликка эга бўладилар.

7 Башарий табиат етакчилигида фикр қилиш Худога душманликдир, чунки бундай табиат Худонинг қонунига итоат қилмайди, дарҳақиқат, итоат қила олмайди ҳам.

8 Башарий табиат етакчилигида яшайдиганлар Худони мамнун қила олмайди.

9 Агар Худонинг Руҳи ҳақиқатан ҳам сизларнинг қалбингизда макон қилган бўлса, сизлар энди башарий табиат амри билан эмас, балки Руҳ амри билан яшаяпсизлар. Кимки Масиҳнинг Руҳига эга бўлмаса, у Масиҳга тегишли эмас.

10 Аммо Масиҳ сизнинг қалбингизда макон қилган. Тўғри, гуноҳ туфайли танангиз ўлимга маҳкум қилинган, лекин энди Худонинг Руҳи сизлар учун ҳаёт манбаидир, чунки сизлар оқлангансиз.

11 Исони ўликдан тирилтирган Худонинг Руҳи қалбингизда яшаяпти. Исо Масиҳни ўликдан тирилтирган Худо юрагингизда яшаётган Ўз Руҳи орқали сизларнинг фоний танангизни ҳам ўликдан тирилтиради.

12 Шундай қилиб, эй биродарлар, энди биз башарий табиатимизнинг амри билан яшашга мажбур эмасмиз.

13 Ахир, башарий табиат етакчилигида яшасангиз, ўласизлар, аммо Руҳ орқали ўша табиатнинг қилмишларига чек қўйсангиз, яшайсизлар.

14 Худо Руҳининг етакчилигида яшайдиганларнинг ҳаммаси Худонинг фарзандларидир.

15 Худо бизга Ўз Руҳини берди. Буни яна қул бўлиб, қўрқувда яшашимиз учун эмас, балки Унинг фарзанди бўлиб, Руҳ орқали Худони “Отажон” деб чақиришимиз учун қилди.

16 Худонинг Руҳи бизнинг руҳимизга қўшилиб, биз Худо фарзандлари эканлигимиз ҳақида гувоҳлик бериб туради.

17 Биз Худонинг фарзандлари эканмиз, демак, фарзандлардай Унинг ваъда қилган баракаларига эга бўламиз, Масиҳ билан бирга бу баракаларни баҳам кўрамиз. Биз Масиҳнинг азоб–уқубатларига шерик эканмиз, албатта, Унинг улуғворлигига ҳам шерик бўламиз.

Ҳозирги азоб–уқубатлар ва келажакдаги улуғворлик

18 Ишончим комилки, ҳозирги азоб–уқубатларимиз бизга зоҳир қилинадиган улуғворлик олдида ҳеч нарса эмас.

19 Ахир, Худонинг фарзандлари ким эканлигининг аён қилинишини бутун мавжудот интизорлик билан кутяпти.

20-21 Чунки мавжудот беҳудаликка мубтало бўлган. Бу — мавжудотнинг ихтиёри билан эмас, балки Худонинг ихтиёри билан бўлди. Шундай бўлса–да, мавжудот чириб–битиш қуллигидан озод этилиб, Худонинг фарзандлари билан бирга улуғвор эркинликдан баҳраманд бўлишига умид бор.

22 Ахир, бутун мавжудот гўё тўлғоқ азобида, ҳозирга қадар оҳ–нола қилаётганини биламиз.

23 Нафақат мавжудот, балки биз ўзимиз — Худонинг Руҳи билан яшаш қандай эканлигини татиб кўрганлар ҳам — ич–ичимиздан оҳ–нола қиляпмиз. Худонинг фарзандлари қилиб асраб олинганимизнинг тўлиқ рўёбга чиқишини ҳамда ўладиган баданимизнинг чириб–битишдан озод бўлишини интизорлик билан кутяпмиз.

24 Умидимизнинг рўёбга чиқишини кутиб, нажот топганмиз. Кўзга кўриниб турган нарса умид эмас. Ахир, ким кўриб турган нарсани умид қилади?!

25 Агарда биз кўрмаганимизни умид қилаётган бўлсак, буни сабр билан кутсак бўлади.

26 Бунинг устига, ожизлигимизда Руҳ бизга мадад беради. Чунки биз қандай ибодат қилишни билмаймиз, аммо Руҳнинг Ўзи ифода қилиб бўлмас оҳ–нолалар билан биз учун Худо олдида шафоат қилади.

27 Инсонларнинг юрагини синовчи Худо Руҳнинг фикри нимада эканлигини билади, чунки Руҳ Худонинг иродасига кўра, Унинг азизлари учун шафоат қилади.

28 Биз биламизки, Худони яхши кўрганларга ҳамма нарса яхшиликка хизмат қилади, чунки Худо уларни Ўзининг мақсадига кўра, даъват этган.

29 Худо уларни азалдан танлаб олган эди ва “Менинг Ўғлимга ўхшаган бўлсинлар”, деб олдиндан белгилаб қўйган эди, токи Ўғил кўп биродарлар орасида тўнғич бўлсин.

30 Худо олдиндан белгилаб қўйганларни даъват этди, даъват этганларни оқлади, оқлаганларни Ўзининг улуғворлигидан баҳраманд қилди.

Худонинг меҳр–муҳаббати

31 Энди бунга нима деймиз? Худо биз томонда экан, ҳеч ким бизга қарши тура олмайди!

32 Худо Ўз Ўғлини аямай, ҳаммамиз учун Уни фидо қилган бўлса, Унга қўшиб, қолган ҳамма нарсани ҳам бизга ато қилмасмикан?!

33 Худонинг танлаганларини ким айблай оларди?! Худонинг Ўзи уларни оқлайди–ку!

34 Бизни ким маҳкум қилар экан?! Ахир, ўлиб, тирилган, Худонинг ўнг томонида ўтирган Исо Масиҳнинг Ўзи биз учун шафоат қилмоқда–ку!

35 Ким бизни Масиҳнинг меҳр–муҳаббатидан ажрата олади? Азоб–уқубатми, изтиробми, қувғинми, очликми, яланғочликми, хавф–хатарми ёки қиличми?

36 Муқаддас битикларда ёзилган–ку:

“Сен туфайли ҳар куни ўлимга дуч келамиз,

Бўғизланадиган қўйдай бўлиб қолганмиз.”

37 Ахир, бизни яхши кўрадиган Масиҳ орқали ҳамма қийинчиликлар устидан бутунлай ғалаба қозонамиз.

38 Мен аминманки, ўлим ҳам, ҳаёт ҳам, фаришталару жинлар ҳам, ҳеч қандай ғайритабиий кучлар ҳам, ҳозиргию келгуси ҳодисалар ҳам,

39 баландликлару чуқурликлар ҳам, яратилган биронта мавжудот ҳам бизни Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худонинг меҳр–муҳаббатидан жудо қилишга қодир эмас.

Худо танлаган халқ

1 Мен Исо Масиҳга тегишли бўлганим учун ҳақиқатни айтяпман, ёлғон гапирмайман. Бу ҳақда виждоним ҳам Муқаддас Руҳ орқали шаҳодат беряпти.

2 Ўз халқим учун чуқур қайғуга ботган юрагим муттасил алам чекмоқда.

3 Ўз қондошларим ҳақи, Худонинг лаънати остида қолиб, Масиҳдан ажралишга ҳам рози бўлардим.

4 Улар Исроил халқидир. Худо уларни Ўзига фарзанд қилиб олиш учун танлади. Ўзининг улуғворлигини уларга намоён қилиб, улар билан аҳдлар тузди. Уларга Ўз қонунини бериб, уларни Ўзининг хизматига тайинлади ҳамда уларга Ўз ваъдаларини берди.

5 Улар улуғ ота–боболардан келиб чиққан, Масиҳ ҳам жисман Исроил халқидан келиб чиққан. Бутун борлиқ устидан ҳукмдор бўлган Худога абадий ҳамду санолар бўлсин. Омин!

6 Худо Ўз сўзида турмади, демоқчи эмасман. Аммо Исроил халқининг ҳаммаси ҳам Худонинг халқи эмасдир.

7 Шунга ўхшаб, Иброҳимдан туғилганларнинг ҳаммаси ҳам Иброҳимнинг асл зурриёти деб ҳисобланмайди. Ахир, Худо Иброҳимга: “Сенинг наслинг Исҳоқ орқали келиб чиқади”, деб айтган–ку!

8 Демак, жисмоний жиҳатдан Иброҳимнинг фарзандлари бўлганларнинг ҳаммаси ҳам Худонинг фарзандлари эмасдирлар. Фақатгина Худо берган ваъданинг натижасида дунёга келганлар асл зурриёт ҳисобланади.

9 Худонинг Иброҳимга берган ваъдаси қуйидагича эди: “Мен келгуси йили шу пайтда келганимда, хотининг Сора ўғилли бўлади.”

10 Ўша ўғил бобокалонимиз Исҳоқ эди. Вақти келиб, Исҳоқнинг хотини Ривқо эгизак ўғилларга ҳомиладор бўлди.

11-12 Фарзандлар туғилмасларидан аввал, ҳали бирорта яхши ёки ёмон иш қилмасларидан олдин Худо Ривқога: “Каттаси кичигига хизмат қилади”, деб айтганди. Бундан кўриниб турибдики, Худо Ўз мақсадини бажариш учун инсонларни танлайди, танланиш инсонларнинг ишларига эмас, балки Худонинг даъватига боғлиқдир.

13 Ахир, Муқаддас битикларда: “Мен Ёқубни яхши кўриб, Эсовдан нафратландим”, деб ёзилган–ку!

14 Хўш, бунга нима деймиз? Худо адолатсизми? Йўқ, асло!

15 Худо Мусога: “Марҳамат қиладиганимга марҳамат қиламан, шафқат қиладиганимга шафқат қиламан”, деб айтган.

16 Шундай қилиб, Худонинг меҳр–шафқати инсон хоҳиши ва ташаббусига эмас, балки Худонинг иродасига боғлиқ.

17 Муқаддас битикларда ёзилганидай, Худо фиръавнга: “Сенга қудратимни кўрсатай, бутун оламга шуҳратимни ёяй деб, сени ҳукмдор қилиб тайинладим”, деб айтган.

18 Хуллас, Худо Ўз хоҳиш–иродасига кўра, иш юритади, бир инсонга марҳамат кўрсатади, бошқа бировнинг эса юрагини тош қилади.

Худонинг ғазаби ва марҳамати

19 Шунда кимдир мендан: “Унда нима учун Худо бизни айблайди? Ахир, ким ҳам Унинг иродасига қарши чиқа оларди?” деб сўраши мумкин.

20 Эй инсон, сен ким бўлибсанки, Худога гап қайтарсанг?! Яратилган нарса яратувчисидан: “Нима учун мени бундай қилиб яратдинг?” деб сўрайдими?!

21 Ахир, кулол ҳам бир лой қоришмасидан ҳар хил идишлар ясайди–ку! Уларнинг баъзиларини қутлуғ байрам кунларида ишлатиладиган қилишга, бошқаларини эса ҳар куни ишлатиладиган идиш қилиб қўйишга ҳақи йўқми?!

22 Тўғри, Худо Ўз ғазаби ва қудратини жазо орқали кўрсатишга ҳақлидир. Аммо жазога мубтало бўладиганларнинг ҳалокатини орқага суриб, сабр–бардош кўрсатса, нима бўпти?

23 Шундай қилиб, Худонинг марҳаматига сазовор бўлган ва Унинг улуғворлигини баҳам кўришга белгиланган одамларга Худо Ўз улуғворлигининг нақадар бой эканлигини намоён қилади.

24 Нафақат яҳудийлар орасидан, балки бошқа халқлар орасидан танланганлар қаторида биз ҳам бормиз.

25 Хўшея китобида Худо шундай деб айтган: “Менинг халқим бўлмаганларни «Ўз халқим» деб атайман. Олдин суюклигим бўлмаганни «Суюклигим» деб айтаман.

26 Уларга: «Халқим эмас», деб айтилган бўлса, келажакда улар «Барҳаёт Худонинг фарзандлари» деб аталади.”

27 Ишаё ҳам Исроил халқи ҳақида шундай деган эди: “Исроил халқининг сони денгиз қумидай кўп бўлса ҳам, улардан фақатгина саноқли одамлар қутқарилиб, омон қолади,

28 чунки Эгамиз дунё устидан чиқарган ҳукмини тўла–тўкис ва тезда ижро этади.”

29 Булардан олдинроқ Ишаё яна шундай деб айтган эди:

“Агарда Сарвари Олам

Қолдирмаганда эди бизга зурриёт,

Садўм шаҳрининг ҳолига тушар эдик,

Ғамўра шаҳридай хонавайрон бўлардик.”

Исроил халқи ва оқланиш

30 Хўш, булар нимани билдиради? Оқланиш пайида бўлмаган халқлар энди имон туфайли Худонинг олдида оқландилар.

31 Исроил халқи эса оқланиш ниятида қонунни бажариш пайида бўлдилар, лекин мақсадларига эриша олмадилар.

32 Нима учун? Чунки улар имон билан эмас, балки қонунни бажариш орқали оқланишга уриндилар. Улар Муқаддас битикларда тасвирланган тошга қоқилиб йиқилдилар.

33 Худо Муқаддас битикларда шундай деб айтган эди: “Мен Қуддусда бир тош жойлаштиряпман. Баъзилар Унга қоқилиб йиқиладилар, аммо Унга таянган ҳеч бир инсон уятга қолмайди.” Бу тош Исо Масиҳдир.

Нажот ҳамма учун

1 Биродарларим, мен ўз халқим Исроилнинг нажот топишини чин дилдан истайман ва бу учун Худога илтижо қиламан.

2 Ахир, ўзим гувоҳман: улар жон–жаҳдлари билан Худога берилганлар, аммо ҳақиқий тушунчага эга эмаслар.

3 Худонинг инсонларни оқлаш йўлини тушунмасдан, ўзларини оқлаш ниятида, улар Худонинг ҳақ йўлига бўйсунмадилар.

4 Исо Масиҳ эса қонуннинг мақсадини амалга оширди, шу тариқа ҳамма имон орқали оқланади.

5 Қонун орқали оқланиш ҳақида Мусо қуйидагича ёзган эди: “Худонинг қонун–қоидаларига риоя қилган одам ҳаётдан баҳраманд бўлади.”

6-7 Имон орқали оқланиш ҳақида эса Муқаддас битикларда нима деб ёзилган? “Юрагингизда: «Ким осмонга чиқади? Ким тубсиз чуқурликка тушади?» дея сўраманглар”, деб ёзилган. Демак, Масиҳни ерга тушириш учун ҳеч ким осмонга чиқиши шарт эмас, Масиҳни тирилтириш учун ҳам ҳеч ким ўликлар диёрига тушиши шарт эмас.

8 Ахир, Муқаддас битикларда яна шундай ёзилган: “Бу калом сизнинг яқинингиздадир, оғзингизда ва юрагингиздадир.” Биз ваъз қилаётган имон ҳақидаги калом ана шудир.

9 Агар ўз оғзингиз билан Исони Раббим деб эътироф этиб, Худо Уни ўликдан тирилтирганига чин юракдан ишонсангиз, нажот топасиз.

10 Чунки инсон қалбидан ишониб оқланади ва оғзи билан эътироф этиб нажот топади.

11 Муқаддас битикларда ёзилгандай: “Унга ишонган ҳеч бир инсон уятга қолмайди.”

12 Яҳудийлар билан ғайрияҳудийлар орасида асло фарқ йўқ. Уларнинг Раббийси бир бўлиб, Унга илтижо қилганларнинг биронтасидан У Ўз меҳр–шафқатини аямайди.

13 Ахир, “Раббимизга илтижо қилган ҳар бир инсон қутқарилади”, деб ёзилган–ку.

14 Аммо Раббимиз Исога ишонмаганлар қандай қилиб Унга илтижо қиладилар?! У ҳақда эшитмаган бўлсалар, қандай қилиб Унга ишонадилар?! Ҳеч ким уларга Хушхабарни эълон қилмаса, қандай қилиб эшитадилар?!

15 Уларни ҳеч ким юбормаса, қандай қилиб Хушхабарни эълон қиладилар?! Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган–ку: “Хушхабарни эълон қилган хабарчининг қадамлари нақадар гўзал!”

16 Аммо Хушхабарга ҳамма ҳам ишонмади. Ишаё ҳам шундай деган–ку: “Эй Эгам, бизнинг хабаримизга ким ишонди?”

17 Демак, имон тинглашдан, яъни Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни эшитишдан келиб чиқади.

18 Менинг бир саволим бор. Хўш, улар эшитмаганмиди? Албатта эшитганлар, чунки “хабарчиларнинг овозлари ҳар томонга тарқалди, хабарлари оламнинг четигача етиб борди”, деб ёзилган–ку.

19 Бундан яна бир савол келиб чиқади. Хўш, Исроил халқи хабарни тушунмадими? Мусо орқали Худо шундай деганди:

“Мен ҳам халқ бўлмаганлар билан уларнинг рашкини келтираман,

Ақлсиз бир халқ билан ғазабини қўзғатаман.”

20 Ишаё ҳам Худонинг сўзларини жасорат билан етказган:

“Мени изламаганлар топди,

Мени сўрамаганларга кўриндим.”

21 Исроил халқи ҳақида эса шундай дейди:

“Итоатсиз ва ўжар халқни

Кун бўйи қучоқ очиб кутдим.”

Худонинг танланган халқи

1 Шундай қилиб, яна бир саволим бор. Наҳотки Худо Ўз халқини рад қилган бўлса? Йўқ, асло! Мен ўзим Исроил халқидан бўлиб, Иброҳимнинг авлодиданман, Бенямин қабиласига тегишлиман–ку!

2 Худо азалдан танлаб олган халқини рад қилгани йўқ. Муқаддас битикларда Илёс ҳақида нима ёзилгани эсингизда йўқми?! У Исроил халқидан шикоят қилиб, Худога шундай деган эди:

3 “Эй Эгам, Исроил халқи қурбонгоҳларингни бузди, пайғамбарларингни қиличдан ўтказди. Ёлғиз мен қолдим, холос. Энди жонимни олиш учун мени ҳам қидириб юрибдилар.”

4 Худо унга нима деб жавоб берди? “Мен Исроил халқидан Ўзим учун Баал олдида тиз чўкмаган етти минг одамни қолдирдим.”

5 Худди шунга ўхшаб, ҳозир ҳам Худога содиқ қолганлар бор, чунки улар Худонинг инояти бўйича танланганлар.

6 Танлаш инсонларнинг ишларига эмас, Худонинг иноятига боғлиқ. Агар шундай бўлмаганда эди, иноят ҳақиқий иноят бўлмас эди.

7 Хуллас, бу нимани билдиради? Исроил халқи солиҳлик пайида бўлса ҳам, солиҳликка эришмади. Фақатгина танланганлар бу мақсадга эришди, қолганларнинг эса юраклари тош бўлди.

8 Муқаддас битикларда ёзилгандай:

“Худо шу пайтгача уларни қаттиқ ухлатиб қўйди,

Уларга кўрадиган кўз, эшитадиган қулоқ бермади.”

9 Довуд ҳам шундай деган:

“Дастурхонлари ўзларига тўру тузоқ бўлсин.

Шунда улар қоқилиб,

Жазоларини оладилар.

10 Кўз нурлари сўнсин, кўрмай қолсин,

Беллари то абад букчайиб қолсин.”

11 Бундан яна бир савол келиб чиқади. Яҳудийлар қоқилганда, бутунлай ҳалок бўлдиларми? Йўқ, асло! Аксинча, улар Масиҳни рад қилганлари учун ғайрияҳудийлар нажотга эга бўлдилар, токи Исроил халқининг рашки қўзғалсин.

12 Яҳудийлар Масиҳни рад этиб, бутун дунёни янада бойитдилар. Ўзлари йўқотган бойлик билан ғайрияҳудийларга фойда келтирдилар. Агар уларнинг бу гуноҳи шундай самара келтирган бўлса, уларнинг нажот топиши қанчалик фойда келтиришини бир тасаввур қилиб кўринглар–а!

Новдаларнинг пайванд қилиниш мисоли

13 Энди сизларга — ғайрияҳудийларга айтяпман. Тўғри, мен сизларга Хушхабар келтириш учун юборилганман. Бу хизматимни жон–жаҳдим билан бажараман,

14 балки бу хизматим билан ўз қондошларим яҳудийларнинг рашкини қўзғатарман, уларнинг баъзиларини қутқариб қоларман.

15 Яҳудийларнинг рад этилиши дунёни Худо билан яраштирган бўлса, уларнинг Худо томонидан қабул қилиниши ўлимдан ҳаётга олиб бормайдими?

16 Биринчи ёпилган нон Худога бағишланиб муқаддас бўлса, хамирнинг қолгани ҳам муқаддасдир. Агар томирлар муқаддас бўлса, новдалар ҳам муқаддасдир.

17 Баъзи яҳудийлар дарахтнинг синдириб ташланган новдаларига ўхшайдилар. Сизлар — ғайрияҳудийлар эса табиий новдалар орасига пайванд қилинган ёввойи зайтун новдаларига ўхшайсизлар. Энди улар билан бирга бир томирдан озиқланяпсизлар.

18 Шундай экан, бошқа новдаларга қараб мақтанманглар. Агар жуда кеккайиб кетсангизлар, ёдга олинглар, сизлар томирни эмас, балки томир сизларни озиқлантиряпти.

19 Эҳтимол сизлар: “Биз пайванд қилинишимиз учун новдалар синдирилди”, дерсизлар.

20 Тўғри, лекин эсингизда бўлсин: улар ишонмаганлари учун синдириб ташландилар, аммо сизлар имонингиз орқали пайванд қилингансиз. Шунинг учун кеккайиб кетманглар, балки Худодан қўрқинглар.

21 Акс ҳолда, Худо табиий новдаларни аямагани каби, сизларни ҳам аямайди.

22 Шундай қилиб, Худонинг меҳрибонлиги ва қаттиққўллиги ҳақида ўйлаб кўринг: Худонинг нажотини рад қилганларга У қаттиққўллик қилди, сизларга — пайванд қилинганларга эса У меҳрибонлик кўрсатди. Агар Худога содиқ қолсангиз, Унинг меҳрибонлигидан баҳраманд бўлаверасиз. Бўлмаса, Худо сизларни ҳам кесиб ташлайди.

23 Нажотни рад қилганлар ўз имонсизликларини бас қилсалар, пайванд қилинадилар. Худо уларни қайта пайванд қилиб қўйишга қодир.

24 Ахир, сизлар ёввойи зайтун дарахтидан кесиб олиниб, парваришланган зайтун дарахтига, табиатга хилоф равишда, пайванд қилиндингиз. Шундай экан, улар, табиий новдалар, ўзларининг дарахтига қанчалар осонлик билан қайта пайванд қилинадилар–а!

25 Биродарларим, сизлар тағин ўзбилармон бўлиб кетманглар деб, бу сирни сизларга билдирмоқчиман: белгиланган миқдордаги ғайрияҳудийлар нажот топмагунча, Исроил халқининг баъзилари ўжар бўлиб қолаверадилар.

26 Шундан кейин бутун Исроил қутқарилади. Муқаддас битикларда Худо шундай деган–ку:

“Қутқарувчи Қуддусдан келади,

Ёқуб наслидан бетавфиқликни йўқ қилади.

27 Улар билан қилган аҳдим мана шудир:

Мен уларни гуноҳларидан фориғ қиламан.”

28 Яҳудийлар Хушхабарни рад қилиб, Худонинг душманлари бўлиб қолдилар, бу сизларга — ғайрияҳудийларга фойда келтирди. Аммо Худо яҳудийларни танлагани учун, уларнинг ота–боболари ҳақи ҳали ҳам уларни яхши кўради.

29 Чунки Худо берган инъомларини қайтариб олмайди ва Ўзи даъват қилган халқидан воз кечмайди.

30 Сиз — ғайрияҳудийлар ҳам бир вақтлар итоатсиз эдингиз, аммо яҳудийларнинг итоатсизлиги натижасида Худо сизларга меҳр–шафқат кўрсатди.

31 Тўғри, ҳозир яҳудийлар итоатсиз, аммо сизларга кўрсатилган меҳр–шафқат туфайли улар ҳам меҳр–шафқат топадилар.

32 Ҳаммага меҳр кўрсатай деб, Худо ҳаммани итоатсизликка тутқун қилди.

33 Худонинг донолигию билими нақадар бой ва чуқурдир! Унинг ҳукмларини ким тушуниб етади?! Унинг йўлларини ким синчиклаб текшира олади?!

34 Ким Эгамизнинг фикр–зикрини била олади?! Ким Унга маслаҳат бера олади?!

35 Ким Худога шундай ҳадя берганки, Худо ундан қарздор бўлса?!

36 Ҳеч ким! Чунки бутун борлиқ Худодан келиб чиққан, Худо орқали ва Худо учун мавжуддир! Унга то абад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

Ҳаётни Худога бағишлаб яшаш

1 Шундай қилиб, эй биродарларим, Худонинг марҳамати ҳақи сизларга ёлвораман. Ўз танангизни тирик, муқаддас ва Худога манзур бўладиган қурбонлик сифатида бағишланг. Худога лойиқ бўлган асл хизмат мана шудир.

2 Бу дунёга мослашманглар, фикр–зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар. Шунда Худонинг иродасини тушуна оладиган бўласиз, яъни нима яхши, Худога манзур ва мукаммал эканлигини била оладиган бўласиз.

3 Менга берилган иноятдан фойдаланиб, сизларга айтяпман: ўзингизга ҳаддан ташқари юқори баҳо берманглар. Аксинча, Худо ҳар бир кишига қанча имон берган бўлса, шунга кўра, фикр қилиб, ақли расо одамлар бўлинглар.

4 Ахир, танамиз бир бўлса–да, танамиз аъзолари кўп, танамиз аъзоларининг вазифаси ҳам бир хил эмас.

5 Шунга ўхшаб, биз — Масиҳга тегишли бўлганлар бир танани ташкил қиламиз. Ҳар биримиз ҳар хил аъзолар бўлиб, бир–биримизга боғлиқмиз.

6 Бизга берилган иноят бўйича ҳар биримизнинг ҳар хил инъомларимиз бор. Агар бирортасида Худонинг сўзини бошқаларга етказиш инъоми бўлса, у эътиқодимизга мувофиқ равишда гапирсин.

7 Агар бирорта одамга хизмат қилиш инъоми берилган бўлса, у хизмат қилсин, агар бирортасига муаллимлик инъоми берилган бўлса, у таълим берсин.

8 Агар инсонга далда бериш инъоми берилган бўлса, у далда берсин, беғараз ёрдам берадиган бўлса, сахийлик билан берсин. Етакчилик қиладиган одам қунт билан етакчилик қилсин, меҳр–шафқат кўрсатадиган одам хурсандчилик билан иш тутсин.

9 Бир–бирингизга бўлган меҳр–муҳаббатингиз самимий бўлсин. Ёмонликдан нафратланиб, яхшиликни маҳкам тутинг.

10 Бир–бирингизни биродарларча, чуқур муҳаббат билан яхши кўринг. Бир–бирингизни ҳурмат қилиб, ўзингиздан юқори кўринг.

11 Ғайратингиз сусаймасин, бутун қалбингиз билан Раббимиз Исога хизмат қилинг.

12 Умидингиз борлиги учун хурсанд бўлинг. Қийинчиликда сабр–тоқат қилинг. Ибодат қилишдан чарчаманг.

13 Муҳтожликда бўлган Худонинг азизларига ёрдам беринг, доимо меҳмондўст бўлинг.

14 Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар, уларни қарғаманглар.

15 Севинаётганлар билан бирга севининглар, йиғлаётганлар билан бирга йиғланглар.

16 Ўзаро ҳамфикр бўлинглар. Такаббурлик қилмай, бечора ҳамда паст табақали одамлар билан дўст бўлинглар. Ўзбилармонлик қилманглар.

17 Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар, одамлар яхшилик деб билганларни қилишга интилинглар.

18 Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч–тотув ҳаёт кечиринглар.

19 Азизларим, ўзингиз учун ўзингиз қасос олманг, балки Худонинг ғазабига йўл қўйиб беринг. Ахир, Муқаддас битикларда Эгамиз шундай деб айтган–ку: “Мен Ўзим қасос ва ўч оламан.”

20 Муқаддас битикларда ёзилганидай қилинг:

“Душманинг оч бўлса, овқат бер,

Чанқаган бўлса, сув ичир.

Шунда унинг бошига ёнаётган чўғ йиққандай бўласан.”

21 Ёмонлик сизни мағлуб қилмасин, аксинча, сиз ёмонликни яхшилик билан мағлуб этинг.

Ҳокимиятга бўйсуниш ҳақида

1 Ҳар бир инсон ўзининг устидан ҳукмрон бўлган ҳокимиятга бўйсунсин. Чунки Худо буюрмаган ҳокимият йўқ, мавжуд бўлган ҳар бир ҳокимиятни эса Худо тайин этган.

2 Шунинг учун ҳокимиятга қаршилик кўрсатган одам Худо ўрнатган тартибга қарши чиққан бўлади. Қаршилик қилувчилар эса ўзларини ўзлари ҳукмга дучор қиладилар.

3 Яхшилик қилганлар эмас, ёмонлик қилганлар ҳукмронлардан қўрқишлари керак. Ҳокимиятдан қўрқмасликни истайсанми? Унда яхшилик қилиб юр, шунда бошлиқнинг мақтовига сазовор бўласан.

4 Чунки бошлиқлар одамларнинг манфаати учун Худонинг хизматидадирлар. Ёмон иш қилаётган бўлсанг, қўрққин, чунки жазо бериш қудрати бошлиқларга бекорга берилмаган. Улар Худонинг хизматкорлари бўлиб, ёмонлик қилувчиларга жазо берадилар, Худонинг ғазабини амалга оширадилар.

5 Шунинг учун фақатгина ғазабга дучор бўлмаслик ниятида эмас, балки виждон ҳақи ҳам бошлиқларга бўйсуниш керак.

6 Мана шу сабабдан солиқ ҳам тўлаш лозим. Чунки амалдорлар ўз вазифаларини бажариб, Худога хизмат қиладилар.

7 Уларга нима тегишли бўлса, шуни беринг: солиқ йиғувчига — солиқ, бож олувчига — бож, обрўга лойиқ бўлганга — обрў, ҳурмату эҳтиромга лойиқ бўлганга — ҳурмат–эҳтиром.

Масиҳга ишонганларга хос хатти–ҳаракат

8 Ҳеч кимдан ҳеч нарса қарздор бўлманглар. Фақат меҳр–муҳаббатни ҳам фарз, ҳам қарз деб билинглар, чунки ўзгани яхши кўрган одам Худонинг қонунини бажарган бўлади.

9 Ахир, “Зино қилманг”, “Қотиллик қилманг”, “Ўғрилик қилманг”, “Бировларнинг мулкига кўз олайтирманг” деган ва қолган ҳамма амрлар қуйидаги битта амрда мужассам–ку: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.”

10 Чунки ўзгани яхши кўрган одам унга ёмонлик қилмайди. Шундай қилиб, бошқаларни яхши кўриш Худонинг қонунини тўлиқ бажариш билан баробардир.

11 Ҳозирги вақтни ғанимат деб билинглар. Мана, уйқудан уйғонадиган пайтингиз етиб келди. Биз имон келтирган пайтдагидан кўра, ҳозирги вақтда нажотимизнинг тўлиқ рўёбга чиқиши яқинроқдир.

12 Тун ўтиб кетиб, кундуз яқинлашиб қолди. Шунинг учун қоронғилик ишларидан воз кечайлик, нурга лойиқ ишларни қилишга боп бўлган қурол–аслаҳаларни тақиб олайлик.

13 Шаҳватпарастлик ва фисқ–фужурга берилмайлик, жанжалкашлик ва ҳасадгўйлик қилмайлик, айш–ишрат ва ичкиликбозлик билан эмас, кундузга яраша, одоб билан кун кечирайлик.

14 Раббимиз Исо Масиҳга бурканинглар ва башарий табиатингизнинг эҳтиросларини қондиришни ҳатто хаёлингизга ҳам келтирманглар.

Биродарингни ҳукм қилма

1 Имони суст бўлганларни имонлилар қаторига қабул қилинг, уларнинг фикрлари юзасидан баҳслашманг.

2 Зеро, баъзилар, ҳамма нарсани тановул қилиб бўлади, деб ишонади, баъзи имони сустлар эса фақат сабзавот ейди.

3 Ҳамма нарсани ейдиган одам, ҳар қандай нарсани емайдиган одамдан нафратланмасин. Шунингдек, ҳар нарсани ҳам еявермайдиган одам, ҳамма нарсани ейдиган одамни ҳукм қилмасин, чунки Худо уни имонлилар қаторига қабул қилган.

4 Сен ким бўлибсанки, бировнинг хизматкорини тергайсан? Хизматкорнинг тўғри ёки нотўғри иш қилганини унинг хўжайини тасдиқлайди–ку! Хўжайин хизматкорни бошқаргани учун хизматкор тўғри иш қилади, бу хўжайин Раббимиз Исодир.

5 Айрим одамлар бир кунни бошқа кундан устунроқ ҳисоблайдилар, яна бошқа бир одамлар эса кунларнинг ҳаммасини баравар деб ҳисоблайдилар. Ҳар бир киши ўз фикрида маҳкам турсин.

6 Бирор кунни бошқасидан устун деб билган одам Раббимиз Исони улуғлаш учун шундай қилади. Ҳамма нарсани ейиш мумкин деб билган одам ҳам Раббимизни улуғлаш учун шундай фикрлайди, чунки у овқати учун Худога шукур айтади. Ҳар нарсани емайдиган одам ҳам Раббимизни улуғлаш учун шундай қилади, у ҳам овқати учун Худога шукур айтади!

7 Зеро, ҳеч биримиз фақат ўзимиз учун яшамаймиз, фақатгина ўзимиз учун ўлмаймиз.

8 Ахир, яшасак, ҳаётимиз билан Раббимиз Исога шуҳрат келтирамиз, ўлсак ҳам, ўз ўлимимиз билан Раббимизга шуҳрат келтирамиз. Демак, яшасак ҳам, ўлсак ҳам, Раббимизга тегишлимиз.

9 Масиҳ ўликларнинг ҳамда тирикларнинг Раббийси бўлиш учун ўлди ва ўликдан тирилди.

10 Шундай экан, нима учун биродарингизни ҳукм қиляпсиз? Нима учун биродарингиздан нафратланяпсиз? Ахир, ҳаммамиз Худонинг ҳукм курсиси олдида туриб, жавоб берамиз–ку!

11 Муқаддас битикларда шундай ёзилган:

“Эгамиз шундай демоқда:

«Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи айтаманки,

Менинг олдимда ҳар бир одам тиз чўкади,

Ҳар бир тил Менга ҳамду сано айтади.»”

12 Демак, ҳар биримиз Худонинг олдида ўзимиз учун жавобгармиз.

Биродарлар билан тинч–тотув яшаш ҳақида

13 Шунинг учун энди бир–биримизни ҳукм қилмайлик. Аксинча, биродарларингизнинг йўлига ғов қўймасликка, уни васвасага солмасликка қарор қилинглар.

14 Мен Раббим Исога тегишли бўлганим учун қатъий аминманки, ҳеч бир нарса ўзидан–ўзи ҳаром эмас. Аммо кимдир бирор нарсани ҳаром ҳисобласа, ўша нарса у учун ҳаромдир.

15 Агар сизлар бирор нарса еб, биродарингизни хафа қилаётган бўлсангиз, меҳр–муҳаббат билан иш тутмаётган бўласиз. Масиҳ бу одам учун ўлган, еган овқатингиз билан ўша одамни ҳалокатга йўлиқтирманг.

16 Сиз яхши деб билган нарса ҳақида бошқалар ёмон гап гапирмасин.

17 Худонинг Шоҳлиги овқат ва ичимликдан эмас, балки Муқаддас Руҳ ато қиладиган солиҳлик, тинчлик ва қувончдан иборат.

18 Масиҳга шу тарзда хизмат қилган одам Худони ҳам мамнун қилади, инсонларнинг ҳам мақтовига сазовор бўлади.

19 Шунинг учун ўзаро тинч–тотув яшаш ва бир–биримизнинг имонимизни мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлайлик.

20 Егуликни деб, Худонинг ишига путур етказманглар! Тўғри, ҳамма нарса ҳалол, аммо бирор нарсани еб, биродарини васвасага солган одам нотўғри иш қилган бўлади.

21 Гўшт ейиш, шароб ичиш ёки шунга ўхшаш ишлар бирорта биродарни васвасага солаётган бўлса, буларни қилмаслик яхшидир.

22 Бу масаладаги фикрингизни Худонинг Ўзи ҳукм қилсин. Тутган йўлини ҳукм қилмаган одам бахтиёрдир.

23-26 Бирор нарсани ейиш ҳақида иккиланиб туриб, барибир ейишга қарор қилган одам ҳукмга дучор бўлиши муқаррар, чунки у ўз ишончига кўра, иш тутмаган бўлади. Ишончга асосланмасдан қилинган ҳар бир иш эса гуноҳдир.

1 Биз, имони кучлилар, ўзимизни мамнун қилишни кўзламасдан, имони суст бўлган биродарларнинг ожизлигига сабр–бардош қилишимиз керак.

2 Ҳар биримиз ўзганинг манфаатини кўзлаб, унга далда бериш ниятида уни мамнун қилишга ҳаракат қилайлик.

3 Ҳаттоки Масиҳ ҳам Ўзини мамнун қилишни кўзламаган, зеро, Муқаддас битикларда ёзилганидай:

“Эй Худо, Сени ҳақоратлаганлар Мени ҳақорат қилган бўлар.”

4 Муқаддас битикларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган. Биз бу битиклардан сабр ва тасалли топиб, умидимизда маҳкам туришимиз лозим.

5 Исо Масиҳнинг йўлида юрар экансиз, сабр ва тасалли манбаи бўлган Худонинг Ўзи сизларга ҳамфикр бўлишни ато қилсин.

6 Шунда сизлар якдиллик билан, бир овоздан Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси — Худони улуғлайсизлар.

Хушхабар барча халқлар учундир

7 Масиҳ сизларни Ўз биродарларидай қабул қилгани каби, сизлар ҳам бир–бирингизни биродарлардай қабул қилинг. Шундай қилиш Худога шуҳрат келтиради.

8 Мен сизларга айтяпман: Худонинг содиқлигини кўрсатиб, Унинг ота–боболаримизга берган ваъдаларини бажариш учун Исо Масиҳ яҳудийларнинг хизматкори бўлиб келди.

9 Масиҳнинг келишидан яна бир мақсади шу эдики, ғайрияҳудийлар ҳам Худонинг меҳр–шафқати учун Уни улуғласинлар. Муқаддас битикларда ёзилганидай:

“Халқлар ичра Сенга ҳамдлар айтаман!

Сени куйлаб сано айтаман!”

10 Яна бошқа жойда шундай ёзилган: “Эй эллар, Унинг халқи билан бирга шодланинг.”

11 Яна шундай деб ҳам ёзилган:

“Эй барча халқлар, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Эй жамики элатлар, Уни олқишланглар!”

12 Ишаё китобида ҳам қуйидагича ёзилган:

“Эссай томиридан бир Зот келиб чиқар,

У халқлар устидан ҳукмронлик қилар,

Халқлар эса Унга умид боғлайдилар.”

13 Имон йўлидан юрар экансиз, умид манбаи бўлган Худо қалбингизни севинч ва тинчликка тўлдирсин, шунда сизлар Муқаддас Руҳнинг кучи ила умидга бой бўласизлар.

Павлус ғайрияҳудийларга хизмат қилишга даъват этилган

14 Эй биродарларим, мен аминманки, сизлар эзгуликка ва илм–маърифатга бойсизлар, бир–бирингизга панд–насиҳат қилишга қодирсизлар.

15 Шунинг учун баъзи бир нарсаларни эслатай деб, сизларга бу хатни ёзишга журъат қилдим, чунки мен Худонинг инояти билан

16 Исо Масиҳнинг хизматкори этиб тайинланганман. Худонинг Хушхабарини айтиб, руҳоний сифатида ғайрияҳудийларга хизмат қилмоқдаман. Бунинг натижасида, ғайрияҳудийлар Худога манзур бўладиган, Муқаддас Руҳ орқали табаррук қилинган қурбонликдай Худога тортиқ этилмоқдалар.

17 Шундай қилиб, Исо Масиҳ туфайли Худонинг йўлида қилган ишларим билан мақтансам бўлади.

18-19 Кучли мўъжизалару аломатлар билан, менинг айтганларим ва қилганларим орқали Масиҳ ғайрияҳудийларни Худога итоат қилиш йўлига бошлади. Аммо Исо Масиҳнинг мен орқали қилган ишларидан бошқа нарсалар ҳақида гапиришга журъат этмайман, чунки буларнинг ҳаммаси Худо Руҳининг қудрати ила содир бўлди. Шундай қилиб, мен Қуддусдан бошлаб, то Иллурикон ҳудудига қадар Масиҳнинг Хушхабарини ёйиб, ўз вазифамни бажардим.

20 Шу билан бирга, мен бошқаларнинг пойдевори устига бино қурмайин деб, ҳали Масиҳнинг номи овоза қилинмаган ерларда Хушхабарни ёйиш учун жон куйдиряпман.

21 Муқаддас битикларда ёзилганидай:

“У ҳақда хабарсиз бўлганлар энди кўрадилар,

У ҳақда эшитмаганлар энди англаб етадилар.”

Павлуснинг Римга бориш нияти

22 Хушхабарни ёйиш хизматим туфайли анчадан бери сизларнинг олдингизга бора олганим йўқ.

23 Энди эса бу жойларда менга бошқа иш қолмаган. Мен кўп йиллардан бери сизларни кўришни орзу қиламан.

24 Шунинг учун Испанияга бораётганимда, йўлда сизларни кўриб ўтмоқчиман, бир оз бўлса–да, дийдорингизга тўйганимдан кейин, йўлимда давом этишим учун керакли бўлган зарур эҳтиёжимни қондирарсизлар деган умиддаман.

25 Ҳозирча мен Худо азизларига ёрдам бергани Қуддусга кетяпман.

26 Чунки Македония ва Ахаядаги биродарлар маблағ йиғиб, Қуддусдаги камбағал биродарларга ёрдам беришга қарор қилдилар.

27 Буни ҳам қарз, ҳам фарз деб билганлари учун хурсандчилик билан шундай қилдилар. Ахир, ғайрияҳудийлар яҳудийлар туфайли руҳий неъматларга сазовор бўлдилар–да, шунинг учун улар ўз моддий бойликларини яҳудийлар билан баҳам кўришни лойиқ топдилар.

28 Мен бу ишни бажариб, тўпланган маблағни уларга топширганимдан кейин, сизларнинг олдингизда тўхтаб ўтаман. Сўнгра Испанияга кетаман.

29 Аминманки, мен сизларни кўришга борганимда, биз биргаликда Масиҳ Хушхабари келтирадиган қут–баракаларни тўлиқ баҳам кўрамиз.

30 Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ ва Муқаддас Руҳ ато қиладиган меҳр–муҳаббат ҳақи сизларга ёлвораман: мен учун биргаликда Худога ибодат қилайлик.

31 Яҳудиядаги имонсизларнинг қўлидан қутулишим учун ва Қуддусдаги хизматим у ердаги Худонинг азизларига маъқул бўлиши учун ибодат қилинглар.

32 Худо хоҳласа, мен шод–хуррамлик билан сизларнинг олдингизга бораман, сизлар билан бирга бўлганимдан қалбим ором топади.

33 Тинчлик манбаи бўлган Худо ҳаммангизга ёр бўлсин. Омин!

Сўнгги саломлар

1 Мен Кенхрея шаҳридаги жамоатда хизмат қилаётган опамиз Фивани сизларга таништирай.

2 Сизлар Худонинг азизларисиз, шунинг учун Раббимиз Исо ҳақи Фивани меҳмондўстлик билан қабул қилинглар. У нимага муҳтож бўлса, ёрдам беринглар. Зеро, у кўпларга, айниқса, менга кўп ёрдам кўрсатган.

3 Прискилла ва Акилга салом айтинглар, улар мен қатори Исо Масиҳга хизмат қиляптилар.

4 Улар менинг жонимни асраб қолиш учун ўзларини ўлим хавфи остига қўйдилар. Нафақат мен, балки ғайрияҳудийлардан иборат бўлган жамоатлар ҳам улардан миннатдорлар. Уларнинг уйида йиғиладиган жамоатга ҳам салом айтиб қўйинглар.

5 Асия вилоятидагилар орасида биринчи бўлиб Масиҳга имон келтирган азиз дўстим Эпанетусга салом айтинг.

6 Сизлар учун кўп меҳнат қилган Марямга салом айтинглар.

7 Биродаримиз Андроникус ва опамиз Юнияга салом айтинглар. Улар мен билан бирга ҳибсда бўлган қондошларимдир. Бу обрўли ҳаворийлар мендан олдин Масиҳга имон келтирган эдилар.

8 Раббимиз Исо туфайли менинг азиз дўстим бўлиб қолган Амплиатусга салом айтинг.

9 Масиҳ хизматида ҳамкоримиз бўлган Урбанус ва азиз дўстим Стахисга салом айтинг.

10 Масиҳга содиқлигини исботлаган Апеллисга салом айтинг. Аристовулус хонадонига ҳам салом айтиб қўйинг.

11 Қондошим Ҳиродионга салом айтинг. Наркис хонадонидаги Раббимиз Исога тегишли бўлганларга ҳам салом айтиб қўйинг.

12 Раббимизга жону дили билан хизмат қилаётган опаларимиз Трифена билан Трифосага салом айтинглар. Раббимизга астойдил хизмат қилаётган азиз опамиз Персисага ҳам салом айтинг.

13 Раббимизнинг танланган хизматкори Руфусга ва менга онадай бўлиб қолган унинг онасига ҳам салом айтинг.

14 Асинкритус, Флегон, Хермес, Патровас, Хармас ва улар билан бирга бўлган биродарларга салом айтинглар.

15 Филологус билан Юлияга, Нерус ва унинг синглисига, Олимпас ҳамда улар билан бирга бўлган барча азиз биродарларга салом айтинглар.

16 Бир–бирингиз билан ўпишиб кўришинглар. Барча Масиҳ жамоатлари сизларга салом йўллаяптилар.

Сўнгги панд–насиҳатлар ва тилаклар

17 Сизларга ёлвораман, олган таълимотингиздан айнитиб, орангизга низо ва ғулғула соладиган одамлардан эҳтиёт бўлинглар. Улардан ўзингизни олиб қочинглар.

18 Ахир, бундай одамлар Раббимиз Исо Масиҳнинг эмас, балки ўз нафсининг қулидирлар. Улар ширин сўзлару хушомадгўйлик билан софдил инсонларни йўлдан оздирадилар.

19 Сизларнинг Худога бўлган итоаткорлигингиз ҳаммага маълум. Мен сизлардан жуда хурсандман, аммо яхшиликка келганда доно, ёмонликка келганда эса норасида бўлишингизни истайман.

20 Тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи тез орада шайтонни оёқларингиз остида эзиб ташлайди. Раббимиз Исонинг инояти сизларга ёр бўлсин.

21 Менинг ҳамкорим Тимўтий ҳамда қондошларим Лукиёс, Ясон ва Сосипатрус сизларга салом йўллаяптилар.

22 Бу мактубни қоғозга тушираётган, Раббимизнинг қули мен — Тертиюсдан ҳам сизларга салом.

23-24 Бутун жамоатга меҳмондўстлик кўрсатадиган ва ҳозирда менинг мезбоним бўлган Гаюс сизларга салом айтяпти. Шаҳар хазинабони Эрастус ва биродаримиз Квартус ҳам салом йўллаяптилар.

25 Мен баён қилаётган Хушхабарга, яъни Исо Масиҳнинг Хушхабарига биноан сизларни имонда собит қадам қилишга қодир бўлган Худога ҳамду санолар бўлсин! Бу Хушхабар қадимдан сир тутилган эди, энди эса у очилди.

26 Ҳа, бу сир ошкор қилинди ва пайғамбарларнинг битиклари орқали, Худонинг амри бўйича барча халқларга аён бўлди, токи улар ҳам имон орқали Худога итоаткор бўлсинлар.

27 Донолик соҳиби бўлган ягона Худога Исо Масиҳ орқали то абад шон–шарафлар бўлсин! Омин!