1 Коринфликлар

1 Коринфликлар

Дуойи салом

1 Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлиш учун даъват қилинган мен — Павлусдан ва биродаримиз Состенисдан

2 Худонинг Коринф шаҳридаги жамоатига салом! Худо сизларни Ўзининг азиз халқи бўлишга даъват қилиб, Исо Масиҳ орқали Ўзи учун ажратиб олган. Шундай қилиб, ҳар ерда Раббимиз Исо Масиҳга сажда қилаётганларнинг қаторига қўшилдингиз. Исо Масиҳ уларнинг ҳам, бизнинг ҳам Раббимиздир.

3 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга инояту тинчлик ато этсин.

Худонинг кўрсатган илтифоти

4 Худойим сизларга Исо Масиҳ орқали Ўз иноятини берди. Шу боис доимо Худойимга сизлар учун шукур айтаман.

5 Исо Масиҳ орқали Худо сизларни ҳар қандай каломда моҳир, илму маърифатда бой қилди.

6 Шу тариқа мен сизларга айтган Масиҳ ҳақидаги хабар ҳақиқат эканлиги исботланди.

7 Мана энди Раббимиз Исо Масиҳнинг келишини интизорлик билан кутар экансиз, Муқаддас Руҳ берадиган инъомлардан бенасиб эмассизлар.

8 Раббимиз Исо Масиҳ келган кунда сизлар айбсиз бўлишингиз учун Худо сизларни охиригача қўллаб–қувватлайди.

9 Сизларни Ўз Ўғли Раббимиз Исо Масиҳ билан мулоқот қилишга чорлаган Худо садоқатлидир.

Имонлилар жамоатидаги низолар

10 Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ номи билан сизларга илтижо қиламан: ҳаммангиз ўзаро аҳил яшанглар. Орангизда низоларга йўл қўймай, фикр–хаёлда тамомила якдил бўлинглар.

11 Зеро, эй биродарларим, сизларнинг орангизда жанжаллар борлиги ҳақида опамиз Хлоиснинг хонадонидагилар менга хабар беришди.

12 Мен қуйидагиларни назарда тутяпман: орангизда баъзилар: “Мен Павлуснинг шогирдиман”, яна баъзилар эса: “Мен Аполлоснинг шогирдиман”, яна бошқалар: “Мен Бутруснинг шогирдиман”, яна бир хил одамлар: “Мен Масиҳнинг шогирдиман”, деб айтаётган эмиш.

13 Нима, Масиҳ бўлинганми? Ёки сизлар учун Павлус хочга михланганми? Наҳотки Павлуснинг номи билан сувга чўмдирилган бўлсангиз?!

14 Худога шукурки, мен сизларнинг орангиздан Криспус ва Гаюсдан бошқа ҳеч кимни сувга чўмдирмадим.

15 Ҳеч ким: “Мен Павлуснинг номи билан чўмдирилганман”, дея олмайди.

16 Тўғри, мен Стефанаснинг уй аҳлини ҳам сувга чўмдирган эдим, аммо булардан бошқа ҳеч бир одамни сувга чўмдирганим эсимда йўқ.

17 Зотан, Масиҳ мени, одамларни сувга чўмдирсин деб эмас, балки Хушхабарни ёйсин деб юборди. Менга бу Хушхабарни инсонларга оид бўлган донолик билан ёйиш буюрилмади. Бўлмаса, Масиҳнинг хочдаги ўлими ҳақидаги хабарнинг кучи йўқолган бўларди.

Масиҳ — Худонинг ҳикмати ва қудрати

18 Хоч ҳақидаги бу хабар ҳалок бўлаётганларга телбаликдай туюлади. Аммо биз — нажот топаётганлар учун эса у Худонинг қудратидир.

19 Ахир, Муқаддас битикларда ёзилган–ку:

“Мен доноларни донолигидан маҳрум қиламан,

Идроклиларни идрокидан айираман.”

20 Донолар қани? Тафсирчилар ва бу дунёнинг файласуфлари қаерда? Худо бу дунёнинг ҳикматини ақлсизликка айлантирди–ку, ахир!

21 Модомики, Худонинг ҳикмати бўйича бу дунё ўз ақл–заковати билан Худони таниб–билмаган экан, тентакликдай туюлган хабарга ишонганларни Худо қутқаришни лозим кўрди.

22 Мана, яҳудийлар мўъжизалар талаб қиладилар, юнонлар эса донолик пайида юрадилар.

23 Биз эса фақат хочга михланган Масиҳ ҳақидаги хабарни ёймоқдамиз. Бу хабар яҳудийлар учун ҳақорат бўлса, ғайрияҳудийлар учун телбаликдир.

24 Бироқ Худо даъват қилган яҳудий ва ғайрияҳудийлар учун Масиҳ хочи Худонинг қудрати ва ҳикматидир.

25 Зеро, Худонинг “ақлсизлиги” инсон донолигидан устундир, Худонинг “заифлиги” инсон қудратидан кучлироқдир.

26 Эй биродарларим, Худо сизларни даъват қилганда қандай одам эдингизлар, бир эсга олинг–чи! Инсоний нуқтаи назардан қараганда, орангизда доно, қудратли ёки олижаноблар кўп эмасди.

27 Лекин Худо доноларни шарманда қилиш учун дунёдаги ақлсиз деб ҳисобланганларни танлади. У қудратлиларни шарманда қилиш учун дунёдаги заиф ҳисобланганларни танлади.

28 Дунёдаги эътиборли ҳисобланганлар арзимас бўлиб қолсин деб, Худо бу дунёдаги эътиборсиз ва камситилган, яъни аҳамиятсиз деб ҳисобланганларни танлади.

29 Шундай қилиб, ҳеч бир инсон Худонинг олдида мақтана олмайди.

30 Исо Масиҳ орқали Худо бизга янги ҳаёт ато этиб, У орқали доноликка эга бўлганимизни намоён қилди. Биз Масиҳнинг шарофати билан оқланиб, гуноҳдан халос бўлдик, Худонинг азиз халқи бўлдик.

31 Шундай қилиб, Муқаддас битикларда ўргатилгандай, ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизни биламан, деб мақтансин.

Павлус баён этган хабарнинг асоси

1 Эй биродарлар, мен сизларга Худонинг сирли режасини эълон қилишга борганимда, сўзамоллик ва инсоний донолик билан гапирмадим.

2 Орангизда бўлганимда, Исо Масиҳ ва Унинг хочга михланганидан бошқа ҳеч нарса ҳақида гапирмасликка қарор қилдим.

3 Олдингизга заифлигу қўрқув ҳисси билан титраб бордим.

4 Мен сизларга Хушхабар айтиб, ваъз қилганимда, донолик қилиб ишонтиришга уринмадим, балки Худонинг Руҳи ва қудратига асосландим,

5 токи сизларнинг имонингиз инсон донолигига эмас, балки Худонинг қудратига асослансин.

Худонинг донолиги

6 Биз етказган хабарни руҳан етук инсонлар ҳикмату донолик деб тан оладилар. Аммо бизнинг донолигимиз бу дунёга ёки бу дунёнинг ўтиб кетадиган ҳукмронларига муносиб бўлган донолик эмас.

7 Биз Худонинг пинҳон тутилган сирли донолиги ҳақида гапирамиз. Бу донолиги билан Худо дунё бино бўлишидан аввалроқ биз учун нажот режасини тайёрлаб қўйган эди. Унинг мақсади бизни Ўз улуғворлигидан баҳраманд қилиш эди.

8 Бу дунёнинг ҳукмронлари Худонинг донолигини тушунмадилар. Тушунганларида эди, улуғвор Раббимиз Исони хочга михламаган бўлардилар.

9 Биз Муқаддас битикларда ёзилган сирли режа ҳақида гапиряпмиз:

“Ҳеч бир кўз кўрмаган, ҳеч бир қулоқ эшитмаган,

Инсон ақли бовар қилмаган ажойиботларни

Худо Ўзини севганлар учун тайёрлаб қўйган.”

10 Бизларга эса Худо буларни Ўзининг Руҳи орқали ошкор қилди. Чунки Муқаддас Руҳ ҳамма нарсадан, ҳатто Худонинг чуқур ўй–фикрларидан ҳам огоҳдир.

11 Инсоннинг ўй–фикрларини унинг ичидаги ўз руҳидан бошқа яна ким билади?! Худди шу сингари, Худонинг ўй–фикрларини Худонинг Руҳидан бошқа ҳеч ким билмайди.

12 Биз Худонинг Руҳини қабул қилдик, энди дунёвий одамлар каби ўй–фикр қилмаймиз. Шунинг учун Худо бизга нима ато қилганини аниқ тушуна оламиз.

13 Биз булар ҳақида гапирганимизда инсоний донолик билан гапирмаймиз, балки Муқаддас Руҳ ўргатаётган сўзлар билан руҳий ҳақиқатни талқин қиламиз.

14 Қалбида Худонинг Руҳи бўлмаган инсонлар Худонинг Руҳи ўргатган ҳақиқатни рад қиладилар. Улар учун бу ҳақиқат тентакликдай туюлади, бу ҳақиқатни улар тушуна олмайдилар. Зеро, бу ҳақиқатни фақатгина Худонинг Руҳи ёрдами билан тушунса бўлади.

15 Қалбида Худонинг Руҳи бўлган инсон ҳамма нарсага баҳо бера олади, аммо бошқалар у одамга баҳо беришга ожиз.

16 “Ахир, ким Раббимизнинг фикр–зикрини англаб етибдики, Унга йўл–йўриқ кўрсатса?!” Биз эса Масиҳдай фикрлай оламиз.

Ҳамон гўдакдай бўлган имонлилар

1 Эй биродарлар, сизларга руҳан етук инсонларга гапиргандай эмас, балки бу дунёга тегишли одамларга гапиргандай гапирдим. Яна сизларга эндигина Масиҳга ишонган, имонда гўдакдай бўлган инсонларга сўзлагандай сўзладим.

2 Сизларга берган таълимотим милкка ботадиган егуликдай эмас, балки чақалоқларга керак бўлган сутдай эди, чунки сизлар кучлироқ таълимотга тайёр эмас эдингиз. Ҳозир ҳам тайёр эмассиз,

3 чунки бу дунё ҳали ҳам сизларга ўз таъсирини кўрсатяпти. Орангизда ҳасадгўйлик ва жанжалкашлик бор экан, бу сизларнинг ҳали ҳам башарий табиатингиз таъсирида эканингизни, инсоний фикрлаб яшаётганингизни кўрсатмайдими?!

4 Ахир, баъзиларингиз: “Мен Павлуснинг шогирдиман”, бошқаларингиз эса: “Мен Аполлоснинг шогирдиман”, десангиз, сизлар инсоний фикрлаб яшаётган бўлмайсизми?

Худонинг хизматидаги ҳамкорлар

5 Ахир, Павлус ким? Аполлос ким? Улар Худонинг хизматкорларидир, улар орқали сизлар имонга келгансизлар. Ҳар биримиз Эгамиз берган вазифани бажарамиз.

6 Мен уруғ экдим, Аполлос суғорди, лекин Худо парваришлаб, ўстирди.

7 Ким эккани ёки суғоргани муҳим эмас, энг муҳими ўстирадиган Худодир.

8 Экувчининг ҳам, суғорувчининг ҳам мақсади бир ва уларнинг ҳар бири ўз меҳнатига яраша мукофот олади.

9 Биз Худонинг хизматидаги ҳамкорлармиз, сизлар эса Худонинг даласисизлар. Айни пайтда сизлар Худонинг иморати ҳамсизлар.

10 Худонинг марҳамати билан мен моҳир бир меъмордай иморатнинг пойдеворини қўйдим. Энди эса бошқалар унинг устида қурилиш қиляптилар. Ҳар ким қандай қилиб қураётганига диққат қилсин.

11 Зеро, ҳеч ким мавжуд бўлган пойдевордан бошқа пойдевор қўя олмайди. Бу пойдевор Исо Масиҳдир.

12 Бу пойдевор устига кимдир олтиндан, кимдир кумуш ёки қимматбаҳо тошлардан, яна кимдир эса ёғочу хашак ёки похолдан иморат қурмоқда.

13 Ҳар кимнинг иши қандай эканлиги қиёмат кунида аён бўлади. Ўша куни ҳамманинг иши оловда синалади.

14 Кимнинг қилган иши оловга бардош берса, ўша киши мукофот олади.

15 Кимнинг иши ёниб кетса, у мукофотдан маҳрум бўлади. Ҳолбуки, у Исо Масиҳга тегишли бўлгани учун нажот топади, лекин у оловдан қутулиб чиққан одамга ўхшайди.

16 Наҳотки билмасангиз?! Сизлар Худонинг маъбадисизлар, Худонинг Руҳи орангизда маскан қилган.

17 Кимки Худонинг маъбадини бузса, Худо уни ҳалок қилади. Зеро, Худонинг маъбади муқаддасдир, бу маъбад эса сизларсиз.

18 Ҳеч ким ўзини ўзи алдамасин. Орангизда кимдир ўзини бу дунёда доно деб билса, ўзининг ақлсиз эканлигини тан олсин, шундагина у ҳақиқатан ҳам доно бўлади.

19 Чунки бу дунёнинг донолиги Худонинг назарида ақлсизликдир. Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган–ку:

“У доноларни ўзларининг айёрликлари орқали тутиб олади.”

20 Яна шундай ёзилган:

“Эгамиз доноларнинг ниятини англайди,

Ниятларининг беҳудалигини У билади.”

21 Шунинг учун орангизда ҳеч ким бошқа бир инсоннинг таълимотига риоя қилаётгани билан мақтанмасин. Ахир, ҳаммаси сизларга тегишли–ку:

22 Павлус, Аполлос ва Бутрус, дунё ҳам, ҳаёт ва ўлим ҳам, ҳозир ва келажак ҳам — буларнинг ҳаммаси сизники.

23 Сизлар эса Масиҳники, Масиҳ эса Худоникидир.

Ҳаворийларнинг мартабаси ва вазифаси

1 Одамлар бизни Масиҳнинг хизматкорлари ҳамда Худонинг сир–асрорларини баён этишга масъул инсонлар деб билишлари керак.

2 Биздан талаб қилинган нарса ишончли бўлишдир.

3 Мени сизлар ҳукм қиласизларми ёки маҳкамада ҳукм қилишадими, менга фарқи йўқ. Мен ўзимни ўзим ҳам ҳукм қилмайман.

4 Зотан, ўзимда ҳеч бир айб кўрмасам ҳам, бу билан ўзимни оқламайман. Чунки мени ҳукм қилувчи Раббимиз Исо бўлади.

5 Шу боис сизлар ҳам вақтидан олдин, Раббимиз келмагунча, асло ҳукм қилманглар. У келиб зулматда яширилган нарсаларни равшан қилади, инсон юракларининг мақсадларини ошкор этади. Ўшанда ҳар ким ўз ишига яраша Худонинг таҳсинига сазовор бўлади.

6 Эй биродарлар, мен ўзимни ва Аполлосни мисол қилиб келтирдим, токи сизлар Муқаддас битикларда ёзилганларга биноан яшашни биздан ўрганинглар. Бир устозни бошқасидан устун қўйманг.

7 Ким сизларга шундай ҳуқуқ бериб қўйган?! Худодан олмаган бирор нарсангиз борми?! Бор нарсангизни сизга Худо берган–ку, нима учун худди ўз кучингиз билан эришгандай мақтаниб юрибсиз?

8 Хоҳлаган ҳамма нарсангизга эришиб олдингизми?! Бой бўлиб кетдингизми?! Бизсиз ҳукмронлик қиляпсизми?! Қани, энди ҳақиқатан ҳам ҳукмронлик қилаётган бўлсангиз эди, биз ҳам сизлар билан бирга ҳукмронлик қилсак.

9 Лекин мен ўйлайманки, Худо биз — ҳаворийларни шармандали аҳволга солиб, майдонда намойиш қилинадиган, ўлимга маҳкум этилган асирлардай қилиб қўйди. Биз фаришталару инсонлар олдида, бутун коинот олдида томоша бўлиб қолдик.

10 Биз Масиҳ ҳақи ақлсиз бўлибмиз, сизлар эса Масиҳ соясида ақлли бўлиб қолибсизлар. Биз заиф, сизлар эса кучли экансиз! Сизлар обрў–эътиборли, биз эса шарманда эканмиз–да!

11 Ҳозиргача оч–яланғочмиз, ташналик ва калтакларга бардош беряпмиз, сарсон–саргардон бўлиб юрибмиз.

12 Ўз меҳнатимиз билан кун кўряпмиз. Бизни ҳақорат қилсалар, дуо қиламиз, қувғин қилсалар, чидаймиз.

13 Бизни ғийбат қилсалар, яхшилик билан жавоб берамиз. Ҳозиргача биз дунёнинг супуриндиси, ҳамманинг ахлатидай бўлиб юрибмиз.

Павлуснинг панд–насиҳатлари

14 Мен буларни сизларни хижолатда қолдирмоқ учун эмас, балки севимли болаларимга насиҳат қилгандай, сизларга насиҳат қилиб ёзяпман.

15 Масиҳнинг йўлида минглаб одамлар сизларга устозлик қилса ҳам, сизларнинг фақатгина бир руҳий отангиз бор. Мен сизларга Хушхабарни етказиб, Исо Масиҳ орқали сизларнинг руҳий отангиз бўлдим.

16 Шунинг учун сизларга ёлвораман, мендан ўрнак олинглар.

17 Ана шу мақсадда мен Раббимиз Исога содиқ бўлган севимли ўғлим Тимўтийни сизларнинг олдингизга юборяпман. Ҳар ерда ва ҳар бир имонлилар жамоатида таълим берар эканман, Исо Масиҳга тегишли бўлиб, қандай ҳаёт кечираётганимни у сизларга айтиб беради.

18 Орангизда баъзилар: “Павлус келмас экан”, деб кеккайиб, билганини қилаётган экан.

19 Аммо Раббимиз Исо хоҳласа, мен яқин орада олдингизга бораман. Шунда нафақат бу такаббур одамлар қандай гаплар гапираётганларини, балки уларда қандай куч борлигини синаб кўраман.

20 Чунки Худонинг Шоҳлиги қуруқ сўзлар билан эмас, балки куч–қудрат билан намойиш этилади.

21 Хўп, нима хоҳлайсизлар? Олдингизга калтак билан борайми ёки меҳр–муҳаббат ва мулойимлик руҳи билан борайми?

Жамоатдаги ахлоқсизликни йўқ қилиш ҳақида

1 Орангизда жинсий ахлоқсизлик бор эканлиги ҳақида гаплар юрибди. Бундай ахлоқсизлик ҳатто бутпарастлар орасида ҳам содир бўлмаган экан. Орангиздаги бир киши ўз отасининг хотинини хотин қилиб яшаётган экан.

2 Сизлар эса кеккайиб юрибсизлар. Аксинча, мотам тутиб, бундай иш қилган одамни орангиздан ҳайдаб чиқаришингиз керак–ку!

3-4 Тўғри, ҳозир жисмонан сизлар билан эмасман, аммо руҳан сизлар билан биргаман. Мен гўё сизларнинг ёнингизда бўлгандек, бу ишни қилган одам ҳақида аллақачон Раббимиз Исо Масиҳ номи билан ҳукм чиқардим. Сизлар бирга йиғилганингизда, Исо Масиҳнинг қудрати ва менинг руҳим сизлар билан бирга бўлади.

5 Шунда ўша одамни шайтонга топширинглар, токи унинг танаси ҳалокатга учрасин, руҳи эса Раббимиз Исо келган кунда халос бўлсин.

6 Мақтанишингиз ўринли эмас. Наҳотки озгина хамиртуруш бутун хамирни ачитишини билмасангизлар?

7 Орангиздан эски хамиртурушни чиқариб ташланглар, шу тариқа янги хамирдай бўлинглар. Сизлар аслида хамиртурушсиз хамирдайсизлар–ку! Чунки Масиҳ Ўз жонини фидо қилиб, бизнинг Фисиҳ қурбонлигимиз бўлди!

8 Шунинг учун Фисиҳ байрамини нишонлагандай, янги ҳаётимизни нишонлаб яшайлик! Ёмонлик ва бузуқлик тимсоли бўлган хамиртурушга ҳаётимиздан ўрин бермай, софлик ва ҳақиқат билан кун кечирайлик.

9 Мен олдинги мактубимда сизларга жинсий томондан ахлоқсиз бўлган одамлар билан муносабатда бўлмаслик ҳақида ёзган эдим.

10 Шубҳасизки, бу дунёнинг зинокорларини, тамагирларини, товламачиларини, бутпарастларини назарда тутмаган эдим, акс ҳолда, сизлар бу дунё билан бутунлай алоқани узишингизга тўғри келар эди.

11 Мен сизларга, ўзини биродар деб атаб туриб, зинокор, тамагир, бутпараст, ғийбатчи, майхўр ёки товламачи одам билан алоқа қилманглар, у билан бирга ҳатто овқат ҳам еманглар, деб айтган эдим.

12-13 Қолаверса, имонлилар жамоатидан ташқаридагиларни ҳукм этишга бизнинг нима ҳақимиз бор? Уларни Худо ҳукм қилади. Сизлар жамоатдагиларни ҳукм қилсангиз, бас. Фосиқ одамни ўз орангиздан ҳайдаб чиқаринглар.

Имонлилар орасидаги даъволарни ҳал қилиш ҳақида

1 Орангизда биттасининг бошқа бировга даъвоси бор экан. Бу даъвони ҳал қилиб берсин деб, у киши Худонинг азизлари олдига эмас, балки имонсизлар олдига боришга қандай журъат қиляпти?

2 Худонинг азизлари ҳатто дунёни ҳукм қилишини наҳотки сизлар билмасангиз?! Модомики, сизлар дунёни ҳукм қилар экансиз, наҳотки аҳамиятсиз икир–чикир ишларни ҳукм қила олмасангиз?

3 Биз ҳатто фаришталарни ҳам ҳукм қиламиз–ку! Шуни билмайсизларми?! Шундай экан, турмуш икир–чикирлари нима бўлибди?!

4 Нима учун энди бир–бирингизга даъвоингиз бўлса, жамоатга дахли бўлмаган ҳакамларнинг олдига боряпсиз?!

5 Наҳотки орангизда ўз биродарларининг даъвосини ажрим қила оладиган бирорта доно одам топилмаса?! Уялмайсизларми, ахир?!

6 Имонли биродар яна бошқа бир имонли биродари билан даъволашмоқда, қолаверса буни имонсиз ҳакамларнинг олдида қиляпти–я!

7 Ундан кўра, ҳақсизликка чидаб турганингиз сизлар учун яхшироқ бўлмасмиди? Ҳатто ҳийла–найранглардан зарар кўриш сизлар учун афзалроқ бўлмасмиди? Бир–бирингиз билан даъволашишнинг ўзи сизлар учун тамоман мағлубият–ку!

8 Шуниси етмагандай, сизлар ҳийла–найранглар билан ўз биродарингизга ноҳақлик қиляпсизлар.

9 Наҳотки билмасангизлар?! Ноҳақлик қилувчилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар–ку! Адашманглар, жинсий томондан ахлоқсиз бўлганлар, бутпарастлар, зинокорлар, баччабозлару баччалар,

10 ўғрилар, тамагирлар, майхўрлар, ғийбатчилар ва товламачилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар.

11 Баъзиларингиз олдин шундай эдингиз. Энди эса сизлар Раббимиз Исо Масиҳнинг номи билан ва Худонинг Руҳи орқали покландингиз, Худога бағишландингиз, оқландингиз.

Аъзойи баданингиз билан Худони улуғланг

12 Баъзиларингиз: “Хоҳлаганимни қилишга ҳақим бор”, деб айтяпсизлар. Тўғри, лекин ҳамма нарса ҳам фойдали эмас. Хоҳлаганимизни қилишга ҳақимиз бор, лекин ҳеч бир нарса бизнинг устимиздан ҳокимлик қилмаслиги керак.

13 Баъзиларингиз яна: “Овқат қорин учун, қорин эса овқат учун, Худо иккаласини ҳам йўқ қилади–ку”, деб айтяпсизлар. Тўғри, аммо баданимиз зино учун хизмат қилмаслиги керак, аксинча, баданимиз билан Раббимиз Исога хизмат қилишимиз керак. Раббимиз баданимиз устидан ҳокимлик қилиши керак.

14 Раббимизни тирилтирган Худо Ўз қудрати билан бизларни ҳам тирилтиради.

15 Билмайсизларми, ахир?! Аъзойи баданингиз Масиҳ танасининг аъзоси–ку! Шундай экан, мен Масиҳ танасининг аъзоларини олиб, фоҳиша танасининг аъзолари қилиб қўярмиканман? Йўқ, асло!

16 Фоҳиша билан қовушган у билан бир тан бўлишини билмайсизларми?! Муқаддас битикларда: “Иккаласи бир тан бўладилар”, деб ёзилган–ку!

17 Раббимиз Исо билан бирга бўлган эса У билан бир руҳда бўлади.

18 Жинсий ахлоқсизликдан ўзингизни олиб қочинглар! Жинсий ахлоқсизлик билан гуноҳ қилган ўз танасига қарши гуноҳ қилган бўлади, қолган ҳамма гуноҳлар эса танага бевосита боғланмаган ҳолда қилинади.

19 Наҳот билмасангиз?! Қалбингизда маскан қилган Муқаддас Руҳни Худо сизларга берган. Танангиз Муқаддас Руҳнинг маъбадидир. Сизлар ўзларингизга тегишли эмассизлар.

20 Сизлар қиммат баҳога сотиб олингансизлар. Шунинг учун ўз танангиз билан Худони улуғланглар.

Никоҳ масаласи

1 Энди сизлар менга ёзганларингизга келайлик. Орангизда баъзилар: “Эр хотини билан қовушмасин”, деб айтаётган экан.

2 Лекин жинсий ахлоқсизликка йўл қўймаслик учун ҳар бир киши ўз хотини билан, ҳар бир аёл эса ўз эри билан қовушиши керак.

3 Эр ўз хотинига нисбатан ва хотин ўз эрига нисбатан эр–хотинлик вазифасини бажарсин.

4 Хотиннинг бадани устидан хотин эмас, балки эри ҳокимлик қилади. Худди шу сингари, эрнинг бадани устидан эр эмас, балки хотини ҳокимлик қилади.

5 Бир–бирингиздан бош тортманглар. Фақатгина ўзаро келишган ҳолда, ўзингизни ибодатга бағишлаш учунгина жинсий алоқадан ўзингизни тутиб туринг. Бундан сўнг яна қовушинглар, токи ўзингизни тия олмаслигингиздан фойдаланиб, шайтон сизларни васвасага солмасин.

6 Мен буни буйруқ тариқасида эмас, насиҳат тариқасида айтяпман.

7 Қанийди, ҳамма менга ўхшаб сўққабош бўлса! Аммо ҳар бир одамда Худодан берилган инъом бор, бириники бу бўлса, бошқасиники удир.

8 Бева аёллар ва хотини ўлган эркакларга шундай дейман: мен каби бўлсалар, ўзлари учун яхшидир.

9 Аммо улар ўзларини тия олмасалар, уйлансинлар, эрга тегсинлар. Чунки шаҳвоний ишқ билан ёнишдан кўра, уйланиш, эрга тегиш яхшироқдир.

10 Қуйидаги амр эса уйланган ва эрга текканларга берилган. У мендан эмас, Раббимиз Исодандир: хотин эри билан ажрашмасин.

11 Ажрашган бўлса, бошқа эрга тегмасин ёки ўз эри билан ярашсин. Эр ҳам ўз хотини билан ажрашмасин.

12 Эри ёки хотини имонли бўлмаганларга эса шундай деб айтаман. Булар Раббимизнинг эмас, менинг сўзларимдир: бирорта имонли эркакнинг хотини имонсиз бўлса–ю, аммо эри билан яшашга рози бўлса, эр хотини билан ажрашмасин.

13 Шунингдек, имонли аёлнинг эри имонсиз бўлса ва у хотини билан яшашга рози бўлса, ўша аёл эридан ажрашмасин.

14 Ахир, имонсиз эр имонли хотини туфайли покланади. Шунингдек, имонсиз аёл имонли эри туфайли покланади. Натижада уларнинг фарзандлари ҳаром эмас, пок бўлади.

15-16 Худо бизни тинчликка чорлаган. Қаердан биласан эй хотин, балки сен орқали эринг нажот топар?! Эй эр, қаердан биласан, балки сен орқали хотининг нажот топар?! Аммо имонсиз инсон ўзининг имонли турмуш ўртоғидан ажрашмоқчи бўлса, ажрашаверсин. Шундан кейин ўша ажрашган имонли одамнинг боши боғлиқ эмас.

Худонинг даъватига қараб яшанглар

17 Ҳар бир инсонни Худо қандай даъват қилган бўлса, Раббимиз Исо уни қандай шароитга солган бўлса, у шундай яшашда давом этаверсин. Барча жамоатларда мана шундай таълим бериб келяпман.

18 Биров суннатли бўлганда даъват этилдими, жарроҳлик ёрдамида қайта суннат қилинмагандай суннатини ўзгартирмасин. Бошқа биров суннатсиз бўлганда даъват этилдими, суннат қилинмасин.

19 Ахир, суннат қилинган ёки қилинмаганликнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Энг муҳими, Худонинг амрларига амал қилишдир.

20 Ҳар ким қандай ҳолатда даъват этилган бўлса, ўша ҳолатини ўзгартиришга уринмасин.

21 Агар қул бўлганингда даъват этилган бўлсанг, ташвишланма. Аммо озод бўлишга имкон бор бўлса, фурсатни ғанимат бил.

22 Сизлар Раббимиз Исога тегишли бўлишга даъват этилгансиз. Ким қул бўлган пайтида даъват этилган бўлса, энди Раббимизнинг назарида у озод инсондир. Шунингдек, ким озод бўлган пайтида даъват этилган бўлса, энди у Масиҳнинг қулидир.

23 Сизлар қиммат баҳога сотиб олиндингиз, шунинг учун ўзингизни инсоний ғояларга қул қилманглар.

24 Биродарлар, Худо кимни қандай вазиятда даъват қилган бўлса, ўша вазиятда қолиб яшайверсин.

25 Ҳали оила қурмаган эркагу аёллар масаласига келсак, Раббимиз Исо бу ҳақда амр бермаган. Аммо мен Эгамизнинг меҳр–шафқати билан ишончли бўлган киши сифатида маслаҳат бера оламан.

26 Ҳозирги танг вазият сабабли киши қай ҳолда бўлса, шундай қолгани яхшидир.

27 Уйланганмисан? Хотининг билан ажрашма. Бўйдоқмисан? Хотин олмагин.

28 Борди–ю, уйлансанг, бу гуноҳ эмас. Шунингдек, қиз эрга тегса ҳам, гуноҳ бўлмайди. Аммо уйланганларнинг ташвиш ва изтироблари кўп бўлади, мен сизларни шулардан асрамоқчиман.

29 Эй биродарлар, сизларга яна шуни айтмоқчиманки, вақт энди қисқа. Вақти келиб, уйланганлару уйланмаганларнинг фарқи бўлмайди.

30 Йиғлаётганлару севинаётганлар, буюм харид қилганлар ўзларининг қайғу–аламлари, хурсандчилиги ва мол–дунёси билан овора бўлиб қолмасин.

31 Бу дунёнинг ишлари билан овора бўлганлар энди буни бас қилсинлар. Ахир, бу дунё ўткинчи–ку!

32 Мен сизларнинг ташвишсиз бўлишингизни истайман. Бўйдоқнинг асосий ташвиши Раббимиз Исони мамнун қилиш, Унинг ишлари билан машғул бўлишдир.

33 Уйланган киши эса хотинини мамнун қилиш ниятида дунёвий ишлар ҳақида қайғуради.

34 Унинг фикри иккига бўлинган. Ҳозир эрсиз бўлган аёллар ва эрга тегмаган қизларнинг ҳам ташвиши Раббимизнинг ишлари билан машғул бўлишдир, уларнинг мақсади ҳам жисмонан, ҳам руҳан Раббимизга бағишланишдир. Эрга теккан аёл эса эрини мамнун қилиш ниятида дунёвий ишлар ҳақида қайғуради.

35 Мен сизларни чегаралаш ниятида эмас, балки сизларнинг манфаатингизни кўзлаб буларни айтяпман. Токи сизлар фикрингизни чалғитмасдан, сидқидилдан Раббимиз Исога берилиб, одобли ҳаёт кечиринглар.

36 Агар унаштирилган киши ўз қайлиғига уйланмай, унга нисбатан нотўғри муомала қиляпман, деб ўйласа ҳамда унга уйланишни қаттиқ хоҳласа, ўзининг берган сўзида туриб, уйлансин. Бу гуноҳ эмас.

37 Аммо у уйланишни эҳтиёж деб билмай, ўз қайлиғига уйланмасликка қаттиқ қарор қилиб, бу борада иродасини кўрсата олса, бу ҳам яхши.

38 Шундай қилиб, ўз қайлиғига уйланган киши яхши иш қилган бўлади, уйланмаган эса ундан ҳам яхшироқ иш қилган бўлади.

39 Хотин кишининг эри тирик экан, унинг боши боғлиқдир. Агар эри ўлса, у истаган кишига турмушга чиқиши мумкин, фақат у эркак Раббимиз Исога тегишли бўлиши керак.

40 Аммо менимча, ўша аёл туллигича қолса, у яна ҳам бахтли бўлади. Ишонаманки, менда ҳам Худонинг Руҳи бор.

Бутга келтирилган қурбонлик гўшти масаласи

1 Бутга келтирилган қурбонлик гўшти масаласига келсак. Ўзингиз айтганингиздек, ҳаммамиз бу ҳақдаги ҳақиқатни биламиз. Аммо билим одамни шишинтиради, меҳр–муҳаббатли инсон эса ўзгаларнинг манфаатини кўзда тутади.

2 Агар бир киши билимлиман деб ўйласа, у ҳали зарур бўлган билимга эришмаган.

3 Ким Худони яхши кўрса, Худо уни таниб–билади.

4 Энди бутга келтирилган қурбонлик гўштини ейиш масаласига келсак, биз шуни биламизки, дунёда бут ҳеч нарса эмас, биргина Худодан бошқа Худо йўқ.

5 Гарчи еру кўкда худо деб аталган нарсалар кўп бўлса–да (ҳақиқатан, бунақа “худолар” ва “раббийлар” жуда кўп),

6 биз учун биргина Отамиз Худо бор. У бутун мавжудотнинг Яратувчисидир ва биз У учун яшаймиз. Шунингдек, биргина Раббимиз Исо Масиҳ бор. Бутун мавжудот Масиҳ орқали вужудга келган ва биз У орқали яшаймиз.

7 Аммо ҳамма ҳам буларни билмайди. Орангизда баъзилар “бутлар бор” деган фикрга шунчалик ўрганиб қолганки, бутларга келтирилган қурбонлик гўштини еганда уларнинг виждони қийналади, чунки улар бундай гўшт ейишни ҳали ҳам бутларга сажда қилиш деб билади.

8 Озиқ–овқат бизни Худога яқинлаштира олмайди. Ахир, емасак ҳам бирор нарса йўқотмаймиз, есак ҳам бирор фойда кўрмаймиз.

9 Фақат эҳтиёт бўлинг, сизларнинг бу эркинлигингиз заифларнинг васвасага тушишига сабаб бўлмасин.

10 Масалан, сен билимли одам, бутхонада таом еб ўтирибсан, дейлик. Бу масалада иккиланиб турган биродаринг сени кўриб қолади. Бундан кейин у бутга келтирилган қурбонлик гўштидан ейишга мойил бўлмайдими?!

11 Ўша заиф биродаринг учун Масиҳ ўлган, сен эса уни ўз билиминг туфайли ҳалокатга йўлиқтирасан.

12 Шундай қилиб, иккиланиб турган биродарингни васвасага солиб, унга қарши гуноҳ қилсанг, Масиҳга қарши гуноҳ қилган бўласан.

13 Агар бирор овқатни ейишим биродаримнинг гуноҳ қилишига сабаб бўлса, уни васвасага солмаслик учун энди мен умрбод ўша овқатни емайман.

Ҳаворийнинг ҳақ–ҳуқуқлари

1 Мен озод эмасманми?! Мен ҳаворий эмасманми?! Раббимиз Исони кўрмаганманми?! Раббимиз йўлида қилган меҳнатимнинг маҳсули сизлар эмасми?!

2 Агар бошқалар учун ҳаворий бўлмасам ҳам, ҳеч бўлмаса сизлар учун ҳаворийдирман. Ахир, сизлар Раббимизга тегишли бўлганингиз учун ҳаворийлигимнинг муҳрисизлар.

3 Мени танқид қилаётганлар олдида қуйидагилар билан ўзимни оқлайман.

4 Наҳотки Раббимиз йўлида қилган хизматимиз учун текин еб–ичишга ҳуқуқимиз бўлмаса?!

5 Нима, бошқа ҳаворийлар каби, Раббимиз Исонинг укалари ва Бутрусга ўхшаб, имонли бир аёлга уйланиб, уни ёнимизда олиб юришга ҳақимиз йўқми?!

6 Ёки фақатгина мен билан Барнабо кун кечириш учун ўз қўлимиз билан меҳнат қилишимиз керакми?!

7 Ким ўз ҳисобидан аскарлик қилади?! Ким ток ўтқазиб, унинг мевасини емайди?! Ким пода боқиб, поданинг сутини ичмайди?!

8 Буларни фақатгина инсоний нуқтаи назардан айтаётганим йўқ! Мусонинг қонуни ҳам худди шундай буюради–ку!

9 Унда: “Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсманг”, деб ёзилган–ку. Нима, Худо ҳўкизлар ҳақида қайғуряптими?!

10 Йўқ, Худо буни бизнинг манфаатимиз учун айтган. Ҳа, булар биз учун ёзилган. Шудгор қилувчи ҳам, ғалла янчувчи ҳам ўз ҳақини олиш умиди билан ишлайди–ку.

11 Биз руҳий жиҳатдан сизларга хизмат кўрсатсак–да, моддий ёрдамингизни бизга кўп кўрасизми?

12 Бошқалар сизларнинг ёрдамингиздан баҳраманд бўлаётган экан, бизнинг ҳақимиз уларникидан ҳам кўпроқ эмасми?! Лекин биз бу ҳуқуқимиздан фойдаланмадик. Аксинча, Масиҳнинг Хушхабарига тўсиқ бўлмайлик деб, ҳар нарсага чидаб юрибмиз.

13 Билмайсизларми, Маъбадда хизмат қилувчи руҳонийлар Маъбаддан овқат олиб ейдилар. Қурбонгоҳда хизмат қилувчилар келтириладиган қурбонликлардан улуш оладилар.

14 Шунингдек, Раббимиз Исонинг Ўзи буюргани бўйича, Хушхабар ёйиш вазифасини бўйнига олганлар бу иши орқали кун кечира олишлари керак.

15 Аммо мен бу ҳуқуқларимдан фойдаланмадим ва бундан фахрланаман. Бу хатни ўша ҳуқуқимдан фойдаланай, деб ҳам ёзаётганим йўқ. Менга фахрланиш ҳуқуқини бераётган сабабни йўқотишдан кўра, ўлганим яхшироқдир.

16 Мен Хушхабарни айтар эканман, бу билан мақтанишга ҳақим йўқ, чунки бу зиммамдаги вазифамдир. Аммо Хушхабарни ёймасам, менинг ҳолимга вой!

17 Мен буни ўз ташаббусим билан қилаётган бўлсам, мукофотга лойиқ бўлардим. Лекин мукофотга лойиқ эмасман, чунки бор–йўғи зиммамдаги вазифани бажаряпман, бу ишни қилишдан бошқа иложим йўқ.

18 У ҳолда менинг мукофотим нима? Мукофотим шундаки, мен Хушхабарни ёйганимда, ҳеч кимдан бирон нарса сўрамайман. Шунинг учун Хушхабарни ёйиш менга баъзи бир ҳуқуқларни берса–да, улардан фойдаланмайман.

Павлуснинг мақсади

19 Мен қул эмас, эркин инсон бўлсам–да, ҳаммага қулдай хизмат қилдим. Янада кўпроқ одам Исонинг шогирди бўлсин деб, шундай қилдим.

20 Ўша мақсадимни кўзда тутиб, яҳудийлар учун яҳудийдай бўлдим, Мусонинг қонунига тобе бўлмасам–да, бу қонунга тобе бўлганлар орасида худди улардай яшадим.

21 Мусонинг қонунини билмаганлар орасида бўлганимда, улар ҳам Исонинг шогирдлари бўлсин деб, худди шулардай яшадим. Тўғри, мен Худонинг қонунидан озод эмасман, Масиҳнинг амрларига тобеман.

22 Заиф инсонлар ҳам Исони танисинлар деб, уларнинг орасида бўлганимда заиф инсондай бўлдим. Ҳеч бўлмаса баъзиларни қай йўл билан бўлса–да, қутқарай деб, ҳаммага ҳамма нарса бўлдим.

23 Мен буларнинг ҳаммасини Хушхабарни ёйиш ниятида қиляпман, токи Хушхабар келтирадиган қут–баракалардан баҳраманд бўлай.

24 Биласизлар–ку, мусобақада кўпгина югурувчилар қатнашади, аммо фақат бир киши ғолиб келиб, мукофот олади. Сизлар ҳам шундай югурингки, мукофотни қўлга киритинглар.

25 Ахир, мусобақада қатнашадиган одам ўз нафсини тийиб, тартиб–интизом билан машқ қилади–ку! Улар сўлиб қоладиган гул тож олиш учун, биз эса боқий тож олиш учун ҳаракат қиламиз.

26 Шунинг учун мен мақсадсиз югурмайман, курашганимда зарбаларим аниқ бўлади.

27 Танамни чиниқтириб, уни ўз ихтиёримга бўйсундираман, токи бошқаларга Хушхабарни ваъз қилиб туриб, ўзим мукофотга нолойиқ бўлиб қолмайин.

Исроил халқининг тарихидан ибратлар

1 Биродарлар, ота–боболаримизнинг тарихини ёдингизга солмоқчиман. Уларнинг ҳаммаси булут остида чўлни кезиб, Қизил денгиздан ўтдилар.

2 Улар булут остида кезиб, Қизил денгиздан ўтганда, гўё сувга чўмдирилгандай бўлиб, Мусонинг издошлари бўлдилар.

3 Мўъжиза орқали уларнинг ҳаммасига бир хил овқат берилди.

4 Мўъжиза орқали ҳаммасига ичиш учун сув берилди. Мўъжиза орқали улар қоядан сув олиб ичдилар. Ўша қоя Масиҳнинг тимсоли эди. Юрган йўлларида Масиҳ улар билан бирга эди.

5 Гарчи шундай бўлса ҳам, уларнинг деярли ҳаммаси Худони норози қилди, шунинг учун итоатсизларни Худо саҳрода ҳалок қилди.

6 Итоатсизларнинг бошига тушган кўргиликлар бизга ибрат бўлди, токи биз ҳам уларга ўхшаб ёвузлик пайида бўлмайлик.

7 Уларнинг баъзиларига ўхшаб, бутпараст бўлмайлик. Улар ҳақида шундай ёзилган–ку: “Халқ ўтириб еб–ичгандан кейин кўнгилхушлик қилди.”

8 Уларнинг баъзиларига ўхшаб жинсий ахлоқсизликка берилмайлик. Улар ахлоқсизлик қилганлари учун бир кунда йигирма уч мингтаси нобуд бўлди.

9 Масиҳни синамайлик, чунки улардан баъзилари шундай қилиб, илонларнинг заҳридан ҳалок бўлдилар.

10 Ҳеч нолимайлик. Улардан баъзилари минғирлаб нолидилар, шунинг учун Азроил уларни уриб, нобуд қилди.

11 Улар бошидан кечирган бу ҳодисалар бизларга ибрат бўлди. Замон охирлашиб қолган пайтда яшаётганларга, яъни бизларга сабоқ бўлиши учун бу ҳодисалар Муқаддас битикларда ёзиб қолдирилган.

12 Шунинг учун маҳкам турибман, деб ўйлаган одам эҳтиёт бўлсин, тағин қоқилиб йиқилмасин.

13 Сизлар тушган васвасага бошқалар ҳам дучор бўлган. Аммо Худо содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди. Васвасага бардош бера олишингиз учун керакли пайтда васвасадан қутулиш йўлини ҳам беради.

Жинлар билан алоқада бўлмаслик ҳақида

14 Эй азизларим, бутпарастликдан ўзингизни олиб қочинг!

15 Мен сизларни ақли расо одамлар деб билиб гапиряпман. Айтаётганларимга ўзингиз баҳо беринглар.

16 Биз дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирганимизда, Худога шукур айтиб қутлуғ косадан ичганимизда Масиҳнинг тўкилган қонига шерик бўламиз, нонни бўлишиб еганимизда эса Унинг қурбон қилинган танасига шерик бўламиз–ку!

17 Битта нонни бўлиб еганимиздай, биз ҳаммамиз, кўпчилик бўлсак–да, бир танани ҳосил қиламиз.

18 Исроил халқига қаранглар! Қурбонгоҳдаги қурбонликлардан тановул қилиш улар учун Худога сажда қилиш дегани–ку!

19 Мен бу билан нима демоқчиман ўзи? Бутга бағишланган қурбонликнинг ҳам бирор аҳамияти борми? Бутнинг ўзи ҳам бирор аҳамиятга эгами?

20 Йўқ! Бутпарастлар қурбонлик келтирганларида, аслида қурбонликни худо деб аталган бутларга эмас, балки жинларга бағишлаган бўладилар. Жинларга шерик бўлишингизни мен хоҳламайман.

21 Сизлар ҳам Раббимиз Исонинг косасидан, ҳам жинларнинг косасидан ича олмайсизлар. Ҳам Раббимиз дастурхонидан, ҳам жинларнинг дастурхонидан баҳраманд бўла олмайсизлар.

22 Наҳотки Раббимиз Исонинг рашкини қўзғатмоқчи бўлсангиз? Наҳотки сизлар Ундан ҳам қудратлироқ бўлсангиз?!

Бошқаларнинг манфаатини кўзлаш

23 Баъзиларингиз: “Инсон хоҳлаганини қилишга ҳақли”, деб айтяпсиз. Тўғри, лекин ҳамма нарса ҳам фойдали эмас. Инсон хоҳлаганини қилишга ҳақи бор, лекин ҳамма нарса ҳам манфаат келтирмайди.

24 Ҳамма биринчи ўринда ўзининг эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзда тутсин.

25 Бозордаги гўшт қаердан келгани ҳақида сўраб–суриштирмай, пок виждон билан еяверинглар.

26 Ахир, Муқаддас битикларда шундай ёзилган–ку:

“Эгамизникидир замин, ундаги бутун борлиқ.”

27 Агар Масиҳни билмаган бирорта одам сизларни уйига чақирса ва сиз у ерга борадиган бўлсангиз, олдингизга қўйилган ҳамма нарсани қаердан келганини сўраб–суриштирмай, пок виждон билан еяверинглар.

28-29 Лекин бир биродар сизга: “Бу қурбонлик гўшти”, деб айтса, унда ўша айтган одам ҳақи ва уни васвасага солмаслик учун ўша гўштни еманглар. Гўшт ейиш сиз учун гуноҳ бўлмаса ҳам, ўша одам учун гуноҳ, у гўштни еса, виждони қийналади. Аммо мен бу гўштни емасам ҳам эркинлигим чекланиб қолмайди.

30 Агар мен Худога шукрона айтиб овқатни тановул қилсам, ўша овқатни еганим учун маломатга қолмайман.

31 Шундай қилиб, ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангиз ҳам, ҳаммасини Худони улуғлаш учун қилинглар.

32 Яҳудийлару ғайрияҳудийларни, Худони биладигану билмайдиганларни ўйлаб иш тутинг.

33 Мен ҳам ўз манфаатимни эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзлаяпман, улар нажот топсин деб, турли йўллар билан ҳамманинг кўнглини топишга ҳаракат қиляпман.

1 Мен Масиҳдан ўрнак олганим каби, сизлар ҳам мендан ўрнак олинглар.

Бош ёпинчиқлари ҳақида

2 Доим мени эслаб турганларингиз ва мен сизларга ўргатган урф–одатларга амал қилаётганларингиз учун сизларни мақтасам арзийди.

3 Лекин билингларки, аёл эркакдан яратилган, ҳар бир эркакнинг ҳаёт манбаи Масиҳдир, Масиҳнинг ҳаёт манбаи эса Худодир.

4 Бошини ёпиб ибодат қилган ёки шу ҳолда бошқаларга Худонинг сўзини етказган ҳар бир эркак Масиҳни шарманда қилган бўлади–ку!

5 Аёл киши бошига ҳеч нарса ўрамай ибодат қилса ёки Худонинг сўзини гапирса, эркакларга иснод келтиради, ахир, бошини ёпмаслик сочини қириб ташлаш билан баробар–ку!

6 Агар аёл киши бошига бирор нарса ўрашни хоҳламаса, майли, сочини кесиб ташлайверсин. Агар калта соч ва қирилган бош аёл кишининг шарманда эканлигини кўрсатса, аёллар бошларига рўмол ўрасинлар.

7 Эркак киши бошини ёпмаслиги керак, чунки у Худонинг суратида яратилган ва Унинг улуғворлигини акс эттиради. Аёл киши эса эркак кишининг улуғворлигини акс эттиради.

8 Ахир, эркак аёлдан эмас, балки аёл эркакдан яратилган.

9 Эркак аёл киши учун эмас, балки аёл эркак учун яратилган.

10 Сизларга шуни айтмоқчиман: аёл киши бошига бирор нарса ўрайдими ёки йўқми, бу ҳақда ўзи қарор қилишга ҳақи бор. Ахир, эркаклар қатори, улар ҳам фаришталарни ҳукм қиладилар–ку!

11 Ҳолбуки, Раббимиз Исога тегишли бўлганлар орасида аёл киши эркакдан мустақил эмас, эркак киши эса аёлдан мустақил эмас.

12 Аёл киши эркакдан яратилгани тўғри, лекин ўша пайтдан бери ҳар бир эркак аёл кишидан туғилган. Аслида эса бутун борлиқнинг манбаи Худодир.

13 Ўзингиз ўйлаб кўринг–чи, аёл киши бошини ёпмай Худога ибодат қилиши тўғрими?

14 Эркак кишининг сочлари узун бўлса, бу эркак учун шармандалик эканлигини табиатнинг ўзи ўргатади–ку!

15 Худди шунга ўхшаб, аёл кишининг сочи узун бўлса, бу аёл киши учун шараф эмасми?! Ахир, узун соч бошига рўмол ўраш кераклигини кўрсатади.

16 Агар бирортаси бу масаладаги йўл–йўриқларим ҳақида баҳслашмоқчи бўлса, билсинки, Худонинг жамоатларида биз айтиб ўтганлардан бошқа урф–одатлар йўқ.

Раббимиз Исони хотирлаш ҳақидаги йўл–йўриқлар

17 Қуйидаги масалаларга келганда эса сизларни мақтай олмайман. Йиғилишларингиз фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтираётган экан.

18 Аввало, сиз — имонлилар бирга йиғилганингизда ҳар хил гуруҳларга бўлинар экансиз, бунга қисман бўлса ҳам ишонаман.

19 Тўғри, келишмовчиликларнинг олдини олиб бўлмайди. Ахир, келишмовчилик бўлгандагина орангизда ким тўғри фикр қилаётгани билинади.

20 Сизлар бирга йиғилганингизда ҳеч ҳам Раббимиз Исони хотирлаётганга ўхшамайсиз.

21 Чунки ҳамма ўзи олиб келган овқатини ўзи тановул қилаётган экан. Шундай қилиб, баъзилар оч қолаётган экан, баъзилар эса маст бўлиб қолаётган экан.

22 Наҳотки ейиш ва ичиш учун уйларингиз бўлмаса?! Ёки Худонинг жамоатини писанд қилмай, йўқсилларни хижолатда қолдирмоқчимисизлар? Сизларга яна нима айтайин? Сизларни мақтайми? Йўқ, сизларни бу хусусда мақтамайман.

23 Мен сизларга берган йўл–йўриқларни Раббимиз Исодан ўрганганман. Раббимиз Исо хоинларча тутиб берилган кечада қўлига нон олди–да,

24 шукрона дуосини айтиб, синдирди ва шундай деди: “Бу нон Менинг танамни билдиради. Танам сизлар учун фидо бўлади. Биргаликда нон синдириб еганингизда Мени хотирланглар.”

25 Овқатланиб бўлганларидан кейин, Исо яна шукрона айтиб, шароб қуйилган косани олди–да, шундай деди: “Бу коса Худонинг янги аҳдини билдиради. Бу аҳд сизлар учун тўкиладиган қоним эвазига кучга киради. Биргаликда косадан шароб ичганингизда Мени хотирланглар.”

26 Ҳар сафар биргаликда шу тарзда нон еб, шароб ичар экансиз, Раббимиз келгунига қадар Унинг ўлимини эълон қилаётган бўласизлар.

27 Шундай қилиб, кимда–ким Раббимизнинг йўлида юрганларга номуносиб равишда бу нондан еса ёки Раббимизнинг косасидан ичса, Раббимизнинг танаси ва қонига қарши гуноҳ қилган бўлади.

28 Шунинг учун ҳар бир киши ўзини ўзи текшириб кўрсин, шундан сўнггина нондан есин ва шаробдан ичсин.

29 Раббимизнинг танасини писанд қилмасдан еб–ичган одам ўзини ўзи маҳкум қилган бўлади.

30 Мана шу сабабдан кўпларингиз заиф ва хастасизлар, ҳатто баъзилар ўлиб кетган.

31 Агар ўзимизни ўзимиз яхшилаб текширганимизда эди, маҳкум бўлмас эдик.

32 Дунё билан бирга маҳкум бўлмаслигимиз учун Раббимиз Исо бизни ҳукм қилиб, адабимизни беряпти.

33 Шунинг учун, биродарларим, Раббимизни хотирлаш ниятида биргаликда еб–ичиш учун йиғилганингизда, бир–бирингизни кутиб туринглар.

34 Агар бирор киши оч бўлса, ўз уйида овқат еб келсин. Шунда йиғилишингиздаги хулқ–атворингиз сизларни маҳкум қилмайди. Қолган масалалар ҳақида олдингизга борганимдан кейин йўл–йўриқ кўрсатаман.

Муқаддас Руҳ берадиган инъомлар ҳақида

1 Эй биродарларим, энди Муқаддас Руҳ берадиган инъомлар масаласига келсак, бу ҳақда тўлиқ тушунчага эга бўлишингизни хоҳлайман.

2 Эсингиздами, сизлар Худосиз бўлган пайтларингизда йўлдан озиб, соқов бутларга сажда қилар эдингиз.

3 Шунинг учун қуйидагиларни билишингизни хоҳлайман. Худонинг Руҳидан илҳом олаётган ҳеч ким Исони лаънатламайди, шунингдек, ҳеч ким Муқаддас Руҳнинг илҳомисиз Исони Раббим деб айта олмайди.

4 Руҳ берадиган инъомлар ҳар хилдир, аммо Руҳ бирдир.

5 Хизмат қилиш йўллари ҳар хилдир, Раббимиз Исо эса бирдир.

6 Тўғри, хизматлар ҳар хилдир, лекин ҳар бир инсонга бу хизматларни бажариш қобилиятини бераётган Худо бирдир.

7 Умумий манфаат учун Муқаддас Руҳ ҳар кимда ўзига хос равишда намоён бўлади.

8 Бир одамга Руҳ орқали донолик билан гапириш қобилияти берилади, бошқа бировга эса худди шу Руҳ орқали илм–маърифатга тўла сўзларни гапириш қобилияти берилади.

9 Ўша Руҳ орқали кимгадир кучли бир имон берилади, бошқа бировга эса шифо бериш инъоми берилади.

10 Баъзиларга мўъжизалар кўрсатиш қобилияти, бошқаларга Худонинг сўзини етказиш инъоми берилган. Яна бошқаларга эса руҳларнинг фарқига бориш инъоми берилган. Кимгадир номаълум тилларда гапириш инъоми берилган бўлса, бошқаларга бу тилларни таъбир қилиш инъоми берилган.

11 Буларнинг ҳаммасини Муқаддас Руҳ бажо қилади. Ҳар бир инсонга Руҳнинг Ўзи лойиқ кўрган инъомни ато қилади.

Тана бир, тана аъзолари эса кўп

12 Тана бир бўлса–да, унинг аъзолари кўп. Худди шунингдек, тана аъзолари кўп бўлса–да, уларнинг ҳаммаси бир танани ташкил қилади. Масиҳнинг танаси, яъни жамоат ҳам шундайдир.

13 Ахир, биз ҳаммамиз — яҳудийлару юнонлар, қуллару озод бўлганлар, бир тана бўлишимиз учун бир Муқаддас Руҳга чўмдирилдик. Ҳаммамиз ўша бир Руҳга тўлиб–тошганмиз.

14 Зотан, бадан бир аъзодан эмас, балки кўп аъзолардан иборат.

15 Оёқ: “Мен қўл эмасман, шунинг учун танага тегишли эмасман” дегани билан танага тегишли бўлмай қолмайди–ку!

16 Қулоқ ҳам: “Мен кўз эмасман, шунинг учун танага тегишли эмасман” дегани билан танага тегишли бўлмай қолмайди–ку!

17 Ахир, бутун тана кўз бўлса, қандай қилиб эшитади? Агар бутун тана қулоқ бўлса, қандай қилиб ҳидлай олади?

18 Ахир, Худо тана аъзоларининг ҳар бирини Ўзи хоҳлаган жойига қўйган.

19 Агар уларнинг ҳаммаси биргина аъзо бўлганда, тана бўлармиди?!

20 Шундай қилиб, тана аъзолари кўп, лекин тана бирдир.

21 Кўз қўлга: “Сен менга керак эмассан”, деб айта олмайди, бош ҳам оёқларга: “Сизлар менга керак эмассизлар”, дея олмайди–ку!

22 Аксинча, ожиз туюлган тана аъзолари энг керакли аъзолардир.

23 Биз танамизнинг уятли ҳисобланган аъзоларига эътибор бериб, уларни ёпиб юрамиз. Кўримсиз туюлган тана аъзоларимизга диққат–эътибор қиламиз.

24 Уятли бўлмаган тана аъзоларимизга бундай эътибор беришимизнинг ҳожати йўқ. Худо танамизни шундай яратганки, ҳурмат–эътиборсиз аъзоларга кўпроқ иззат–эътибор берилади.

25 Шундай қилиб, тана аъзолари орасида келишмовчилик бўлмайди, балки барча аъзолар бир–бирига ғамхўрлик қилади.

26 Агар бир аъзо азоб чекса, қолган барча тана аъзолари у билан бирга азоб чекади. Агар бир аъзо юксалса, қолган барча аъзолар у билан бирга севинади.

27 Энди сизлар Масиҳнинг танасисизлар, ҳар бирингиз тананинг алоҳида бир аъзосисиз.

28 Шу тариқа, Худо имонлилар жамоатига, биринчидан, ҳаворийларни, иккинчидан, пайғамбарларни, учинчидан, муаллимларни тайинлаб берди. Кейин баъзиларга мўъжиза кўрсатиш қобилиятини, бошқаларга эса шифо бериш инъомини, яна бошқаларга ёрдам бериш, бошқариш, номаълум тилларда гапириш қобилиятларини ато қилди.

29 Ҳамма ҳаворийми?! Ҳамма ҳам Худонинг сўзларини етказа оладими?! Ҳамма ҳам муаллимми?! Ҳамма мўъжиза кўрсатадими?!

30 Ҳаммада шифо бериш инъоми борми?! Ҳамма ҳам номаълум тилларда гапириш қобилиятига эгами?! Ҳамма ҳам номаълум тилларда айтилганларни талқин қила оладими?!

31 Сизлар улуғроқ инъомларга эга бўлишга интилинглар. Энди сизларга энг олий йўлни кўрсатаман.

Севги — энг олий хислат

1 Агар мен инсонларнинг ва фаришталарнинг тилларида гапирсам–у, лекин севгим бўлмаса, жаранглайдиган мис чолғу, янграйдиган зил бўлиб қоламан.

2 Агар менда Худонинг сўзини етказиш инъоми бўлса, бутун сирлардан воқиф бўлиб, ҳар қандай билимга эга бўлсам, агар тоғларни кўчирадиган имонга эга бўлсам–у, лекин севгим бўлмаса, мен ҳеч нарсага арзимас инсон бўлиб қоламан.

3 Бор мулкимни муҳтожларга тақсимлаб берсам, менга шараф келтирсин деб, ҳатто қийноқларга рози бўлсам–да, лекин севгим бўлмаса, буларнинг менга фойдаси йўқ.

4 Севги сабр–тоқатли ва меҳрибондир. Севги ҳасад қилмайди, мақтанмайди, кеккаймайди.

5 Севги одобсизлик қилмайди, худбинлик қилмайди, аччиқланмайди, кек сақламайди.

6 Севги ноҳақликдан севинмайди, аксинча, ҳақиқат қарор топганда шодланади.

7 Севги ҳар нарсани кўтаради, ҳеч қачон ишончини йўқотмайди, ҳар қандай шароитда умид сақлайди, ҳар нарсага тоқат қилади.

8 Худонинг сўзини етказиш инъоми ҳам, номаълум тилларда гапириш инъоми ҳам йўқ бўлади, билим ҳам бартараф бўлади. Севги эса асло адо бўлмайди.

9 Мана, ҳозир билимимиз тўлиқ эмас, Худонинг сўзини етказиш қобилиятимиз ҳам чекланган.

10 Камолот зоҳир бўлганда эса тўлиқсиз нарсалар бартараф бўлади.

11 Болалик пайтларимда мен бола каби гапирардим, бола каби фикр қилардим, бола каби мулоҳаза қилар эдим. Вояга етгач, болаликни ташладим.

12 Шу сингари, биз ҳозир хира ойна орқали кўргандай бўляпмиз, аммо вақти келганда аниқ кўрамиз. Ҳозирги билганларим тўлиқ эмас. Ўша пайтда эса Худо мени тўлиқ билгани каби мен ҳам ҳамма нарсани тўлиқ тушунаман.

13 Мана бу уч нарса бор: ишонч, умид ва севги. Севги эса энг аълосидир.

Муқаддас Руҳ ато қиладиган инъомлардан фойдаланиш

1 Севгининг пайида бўлинглар, шунингдек, Муқаддас Руҳ берадиган инъомларни олишга, айниқса инсонларга Худонинг сўзини етказишга интилинглар.

2 Ким номаълум тилда гапирса, инсонларга эмас, Худога гапиради, чунки уни ҳеч ким тушунмайди. У Руҳдан илҳомланиб, сирларни гапиради.

3 Худонинг сўзини етказадиганлар эса одамларни имонда маҳкам туришга ундайдилар, уларга далда берадилар, юпатадилар.

4 Одам номаълум тилда гапирганда, фақатгина ўзининг имонини мустаҳкамлайди. Худонинг сўзини одамларга етказадиган инсон эса бутун жамоатнинг имонини мустаҳкамлайди.

5 Ҳаммангиз ҳам номаълум тилларда гапиришингизни истайман, лекин бошқаларга Худонинг сўзини етказадиган инсон бўлишингизни ундан ҳам кўпроқ хоҳлайман. Чунки Худонинг сўзини айтиш одамларга кўпроқ фойда келтиради, лекин номаълум тилда гапирганнинг сўзлари талқин қилинса, бу ҳам жамоатнинг имонини мустаҳкамлайди.

6 Хўш, биродарларим, мен сизларнинг олдингизга келиб, номаълум тилда гапирсам–да, лекин айтганларим сизларга ҳеч қандай тушунча, билим бермаса, Худонинг сўзини етказмаса ва йўл–йўриқ кўрсатмаса, мен сизларга қандай фойда келтирган бўламан?

7 Ҳатто жонсиз чолғу асбоблари ҳам, масалан, най ёки чанг, фарқли бир садо чиқармаса, най ёки чангда қандай мусиқа чалинаётганини одам қаердан билади?

8 Агар бурғу ноаниқ бир садо берса, ким жангга тайёргарлик кўришни бошлайди?

9 Шунга ўхшаб, агар сизларнинг гапингиз тушунарсиз бўлса, тингловчиларингиз нима гапирганингизни қандай билиб оладилар? Сизлар ҳавога гапиргандай бўласизлар.

10 Дунёда тиллар кўп ва хилма–хилдир, улардан бирортаси ҳам маъносиз эмас.

11 Агар мен бирор тилни тушунмасам, у тилда гапираётган одам учун мен ажнабийман, у ҳам мен учун ажнабийдир.

12 Модомики, сизлар Руҳ берадиган инъомларга эга бўлишга интилаётган экансизлар, бутун жамоатнинг имонини мустаҳкамлайдиган инъомга бой бўлиш пайида бўлинглар.

13 Шунинг учун номаълум тилда гапирган одам ўзининг айтганларини талқин қилиш қобилиятини олиш учун ҳам ибодат қилсин.

14 Агар мен номаълум тилда ибодат қилсам, руҳим ибодат қилади, онгим эса бунда иштирок этмайди.

15 Хўп, бундан қандай хулоса чиқараман? Руҳим билан ибодат қиламан, онгим билан ҳам ибодат қиламан. Руҳим билан ҳамду сано айтаман, онгим билан ҳам ҳамду сано айтаман.

16 Акс ҳолда, агар сен руҳинг билан номаълум тилда ҳамду сано айтсанг, атрофдагилар қандай қилиб сенинг шукрона ибодатингга қўшилиб “омин” деб айта олади? Улар сенинг айтаётганларингни тушунмайди–ку!

17 Шу тарзда шукрона айтганинг яхши, лекин бу атрофдагиларнинг имонини мустаҳкамламайди–ку!

18 Худога шукурки, номаълум тилларда мен ҳаммангиздан ҳам кўпроқ гапираман.

19 Имонлилар жамоатида эса номаълум тилда минглаб сўзларни гапиргандан кўра, бошқаларга насиҳат қилиш учун тушунарли бештагина сўз айтишни афзал биламан.

20 Эй биродарларим, ёш болалардай фикр қилманглар. Аксинча, ёмонликка келганда чақалоқдек бўлиб, ақл–идрокка келганда эса етук инсонлар бўлинглар.

21 Муқаддас битикларда қуйидагидай ёзилган:

“Эгамиз шундай демоқда:

«Мен бу халққа ўзга тилларда,

Бегона халқларнинг оғзи орқали гапираман,

Аммо шунда ҳам улар Менга қулоқ солмайдилар.»”

22 Демак, номаълум тиллар имонлилар учун эмас, балки имонсизлар учун аломатдир. Худонинг сўзини етказиш инъоми эса имонсизлар учун эмас, имонлилар учун аломатдир.

23 Агар имонлилар жамоати бир жойда йиғилиб, ҳаммаси номаълум тилларда гапираётган бўлишса, у ерда бундан бехабар бўлганлар, яъни имонсизлар бўлса, улар: “Булар жинни бўлиб қолибди”, деб айтмайдими?!

24 Аммо ҳамма Худонинг сўзини тушунарли равишда бошқаларга етказиб бераётган бўлса, у ердаги имонсиз одам уларнинг айтганларини эшитади. Шундан кейин юрагини текшириб кўради–да, гуноҳкор эканлигига амин бўлади.

25 Унинг юрагидаги сирлари фош бўлади. Шунда у мук тушиб: “Чиндан ҳам Худо сизлар билан экан”, дейди–да, Худога сажда қилади.

Жамоат йиғилишларидаги тартиб–қоида

26 Энди, биродарлар, бундан қандай хулоса чиқарамиз? Бирга йиғилганингизда, баъзилар сано айтади, баъзилар таълим беради, баъзилар Худонинг сўзини бошқаларга етказади, баъзилар номаълум тилларда гапиради, яна баъзилар эса уларнинг айтганларини талқин қилади. Буларнинг ҳаммасини имонлилар жамоатининг имонини мустаҳкамлаш ниятида қилсинлар.

27 Агар баъзилар номаълум тилларда гапирмоқчи бўлса, икки киши, энг кўпи билан уч киши навбат билан гапирсин, уларнинг айтганлари талқин қилинсин.

28 Агар таъбир қилувчи бўлмаса, номаълум тилда гапираётган одам жамоатда сукут сақлаб, ўзига ва Худога гапирсин.

29 Шунингдек, икки ёки учта одам бошқаларга Худонинг сўзини етказсин, қолганлар эса айтилганларга баҳо берсинлар.

30 Ўтирганлардан бирига Худонинг сўзи келса, ўша пайтда гапираётган одам жим бўлсин.

31 Шунда ҳамма бирин–кетин Худонинг сўзини бошқаларга етказа олади, токи ҳамма таълим ва далда олсин.

32 Худонинг хабарини етказаётганда инсон ўз руҳини бошқара олади.

33 Ахир, Худо тартибсизлик Худоси эмас, балки тинчлик Худосидир. Барча жамоатларда, Худонинг азиз халқи орасида бу намоён бўлиб турибди.

34 Жамоатда аёллар сукут сақласин. Ахир, уларга гапириш учун ижозат берилмаган, Муқаддас битикларда ёзилганидай, улар итоаткор бўлишлари керак.

35 Агар улар бирор нарсани билмоқчи бўлсалар, уйда ўз эрларидан сўрасинлар. Имонлилар жамоатида аёл кишининг гапириши адабсизликдир.

36 Эй Коринфлик биродарлар, Худонинг сўзи сиздан келиб чиққанми?! Наҳотки у фақатгина сизларга етиб борган бўлса?!

37 Агар бирор киши: “Менда Худонинг сўзини етказиш инъоми бор” ёки “Руҳдан махсус бир инъом олганман”, деб ўйласа, менинг ёзганларим Раббимиз Исонинг амри эканлигини эътироф этсин.

38 Аммо улар буни тан олмасалар, уларга эътибор берманглар.

39 Шундай экан, биродарларим, бошқаларга Худонинг сўзини етказишга интилинглар, бошқаларнинг номаълум тилларда гапиришига тўсқинлик қилманглар.

40 Фақат ҳаммаси одоб ва тартиб билан қилинсин.

Исо Масиҳ ўликдан тирилгани ҳақида

1 Биродарларим, мен ўзим сизларга етказган Хушхабарнинг моҳиятини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Сизлар бу Хушхабарни қабул қилдингиз, у имонингизнинг асосидир.

2 Ўша Хушхабар орқали нажот топасиз, аммо сизлар мен айтган ўша Хушхабар орқали етишган имонингизда маҳкам туришингиз керак, акс ҳолда, имонингиз бекор бўлади.

3 Менга берилган энг муҳим таълимотни сизларга етказдим. Бу таълимот қуйидагичадир: Муқаддас битикларга мувофиқ, Масиҳ гуноҳларимиз учун ўлган.

4 Кейин У дафн қилинди, учинчи куни эса тирилди. Буларнинг ҳаммаси Муқаддас битикларга мувофиқ содир бўлди.

5 Аввал У Бутрусга, сўнгра ўн икки шогирдига кўринди.

6 Ундан кейин бир вақтнинг ўзида беш юздан кўпроқ биродарларга кўринди. Уларнинг аксарияти ҳозирга қадар тирик, баъзилари эса дунёдан кўз юмиб кетганлар.

7 Ундан сўнг Масиҳ Ёқубга ва қолган барча ҳаворийларга кўринди.

8 Мен ривожланмай қолган бир ҳомиладай бўлсам–да, ниҳоят менга ҳам кўринди.

9 Ахир, мен ҳаворийларнинг энг арзимасиман, ҳаворий деб аталишга ҳам лойиқ эмасман, чунки мен Худонинг жамоатини қувғин қилардим.

10 Аммо Худонинг инояти туфайли энди ҳаворийман. Унинг менга кўрсатган инояти зое кетмади, зеро, мен ҳаворийларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ меҳнат қилдим. Лекин аслида меҳнат қилган мен эмас, балки Худонинг иноятидир.

11 Сизлар Хушхабарни мендан эшитдингизми ёки бошқаларданми, фарқи йўқ, чунки биз бир Хушхабарни ваъз қиламиз, сизлар эса ўша Хушхабарга ишонгансиз.

Ўликдан тирилиш ҳақида

12 Масиҳ ўликдан тирилган, деб ваъз қилинаётган экан, қандай қилиб баъзиларингиз, ўликдан тирилиш деган нарса йўқ, деб айтяпсизлар?!

13 Ахир, ўликдан тирилиш бўлмаса, Масиҳ ҳам тирилмаган экан–да!

14 Масиҳ тирилмаган бўлса, Хушхабарни ваъз қилишимиз бекор, сизларнинг имонингиз ҳам бекор.

15 Агар ростдан ҳам ўликлар тирилмаса ва Масиҳни Худо тирилтирмаган бўлса, бундай ҳолда, биз Худо ҳақида ёлғон шоҳидлик берган бўламиз, чунки биз: “Худо Масиҳни тирилтирди”, деб шаҳодат бериб юрибмиз.

16 Ўликлар тирилмас экан, Масиҳ ҳам тирилмаган бўлади.

17 Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, сизларнинг имонингиз беҳуда, сизлар ҳали ҳам гуноҳга ботганингизча юрибсизлар.

18 Шундай бўлса, Масиҳга ишонган ҳолда ҳаётдан кўз юмганлар бутунлай ҳалок бўлиб кетибдилар–да!

19 Агар биз ёлғиз бу ҳаёт учун Масиҳга умид боғлаган бўлсак, энг бахтсиз инсонлар эканмиз.

20 Ваҳоланки, Масиҳ ҳақиқатан ҳам тирилди! У биринчи бўлиб тирилди, шу тариқа ўликдан тириладиганларнинг орасида ҳосилнинг илк самарасидай бўлди.

21 Ўлим бир инсон орқали дунёга кирди. Шунга ўхшаб, ўликларнинг тирилиши ҳам бир Инсон орқали содир бўлади.

22 Ахир, бу дунёга ўлим Одам Ато туфайли кириб келди, энди Исо Масиҳ орқали ҳамма тирилади.

23 Ҳамма нарса ўз навбати билан содир бўлади: мана, Масиҳ биринчи бўлиб тирилди, Масиҳ келганда эса Унга тегишли бўлганлар тирилади.

24 Шундан сўнг Масиҳ ҳар қандай ҳокимиятни, ҳукмронлик ва қудратни барбод қилиб, салтанатни самовий Ота — Худога топширганда охират бўлади.

25 Масиҳнинг ҳамма душманлари Унинг оёқлари остига пойандоз қилинмагунча, У ҳукмронлик қилиши керак.

26 Шунда охирги душман — ўлим ҳам барҳам топади.

27 Ахир, Муқаддас битикларга кўра, Худо ҳамма нарсани Масиҳга тобе қилиб, Унинг оёқлари остига ташлаган. Гарчи шундай бўлса–да, борлиқни Унга тобе қилган Худо бундан истиснодир.

28 Худо ҳамма нарсани Масиҳга тобе қилгандан кейин, Ўғил ҳам Худога тобе бўлади, токи Худо борлиқ устидан бутунлай ҳукмрон бўлсин.

29 Баъзиларингиз ўлганлар учун сувга чўмдирилаётган экансиз. Ўликлар тирилмас экан, уларнинг ўрнига чўмдирилишнинг қандай фойдаси бор?

30 Хўш, нима учун бизлар ҳар дақиқа ўз ҳаётимизни хавф–хатар остига қўйяпмиз?

31 Ҳар куни ўлимга рўбарў бўлаётганим рост! Биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ сизларнинг ҳаётингизда қилаётган ишларидан фахрланаётганим чин бўлганидай, айтаётган гапларимда ҳам бирор ёлғон йўқ.

32 Агар фақатгина бу дунёга умид боғлаган бўлсам, нима учун Эфес шаҳрида ҳаётимни хавф остига қўйдим?! Агар ўликлар тирилмас экан, унда “келинглар, еб–ичиб қолайлик, эрта–индин ўлиб кетамиз–ку” дейиш ўринли бўлмайдими?!

33 Лекин адашманглар, ахир, “ёмон улфатлар яхши ахлоқни бузади”, дейишади–ку!

34 Кўзларингизни очиб, ўзингизга келинглар! Бас энди, гуноҳ қилаверманглар. Кўриниб турибдики, баъзиларингиз Худони билмайсизлар. Сизларни уялтирай деб, буларни айтяпман.

Тирилган тананинг хусусиятлари

35 Эҳтимол, бирор киши: “Ўликлар қандай қилиб тириларкан? Уларнинг таналари қанақа бўларкан?” деб сўрар.

36 Қандай аҳмоқона савол–а бу! Ахир, экилган уруғ ўлмаса, ўсимлик ўсиб чиқмайди–ку!

37 Буғдой бўладими ёки бошқа бирор нарсами, экин экканингда, ўсиб чиқадиган ўсимликни эмас, унинг уруғини экасан–ку!

38 Худо уруққа Ўзи истаган бир жисмни бағишлайди, ҳар бир уруғдан алоҳида бир жисмни ҳосил қилади.

39 Кўриб турибмизки, жонзотларнинг ҳам таналари ҳар хил, инсонларники бошқача, ҳайвонларники бошқача, қушларники бошқача, балиқларники бошқача.

40 Самовий ва дунёвий жисмлар ҳам бор. Лекин самовий жисмларнинг кўрки бошқа, дунёвийларники бошқа.

41 Қуёшнинг кўрки бошқа, ойнинг кўрки бошқа ҳамда юлдузларнинг кўрки бошқа. Ахир, юлдузлар ҳам ўз кўркига яраша бир–биридан фарқ қилади.

42 Ўликларнинг тирилиш жараёни ҳам қуйидагига ўхшайди: экилган уруғдан ўсимлик ўсиб чиққандай, ўладиган танамиз ўлмайдиган бўлиб тирилади.

43 Ҳозирги ожиз ва хор бўлган танамиз, қудрату улуғворликка тўла равишда тирилади.

44 Ҳозирги танамиз моддий бир жисм бўлса, тириладиган танамиз руҳий бир тана бўлади. Ахир, моддий тана бор экан, руҳий тана ҳам бор–да!

45 Муқаддас битикларда ёзилгани бўйича: “Биринчи одам — Одам Ато тирик жон бўлди.” Охирги Одам Ато, яъни Исо Масиҳ эса ҳаётбахш руҳ бўлди.

46 Мана шундан кўриниб турибдики, руҳий тана эмас, моддий тана биринчи келган. Моддий тана ўтиб кетгандан кейингина, руҳий тана келади.

47 Биринчи одамнинг танаси моддий жисмдир, у тупроқдан яратилган, иккинчи Одам, яъни Масиҳ эса самовийдир.

48 Тупроқдан яратилган илк одам қандай бўлса, қолган ҳамма одамлар ҳам шундайдир. Самовий Одам, яъни Масиҳ қандай бўлса, самодагилар ҳам худди Унга ўхшайдилар.

49 Биз тупроқдан яратилган одамга ўхшар эканмиз, бир кун келиб, самовий Одамга ҳам ўхшаган бўламиз.

50 Эй биродарлар! Сизларга қуйидагиларни айтмоқчиман: қон ва этдан иборат бўлган таналаримиз Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўла олмайди. Бу фоний тана мангу ҳаётга эга бўла олмайди.

51 Мен сизларга бир сирни билдирмоқчиман: биз ҳаммамиз ҳам ўлмаймиз, аммо ҳаммамиз ўзгарамиз.

52 Тўсатдан, кўз очиб юмгунча, охирзамон карнайи чалинганда ўзгарамиз. Ҳа, карнай чалинади ва шу онда марҳумлар ҳеч ўлмайдиган бўлиб тириладилар. Шунда биз ҳам ўзгарамиз.

53 Чунки бизнинг ўладиган танамиз ўлмайдиган танага, фоний танамиз мангу танага айланиши керак.

54 Ўладиган танамиз ўлмайдиган танага, бу фоний танамиз мангу танага айланганда, Муқаддас битикларда ёзилган қуйидаги сўзлар амалга ошади:

“Ўлим енгилиб, йўқ бўлди.

55 Эй ўлим, сенинг зафаринг қаерда?!

Эй ўлим, сенинг нишинг қаерда?!”

56 Ўлимнинг ниши гуноҳдир. Гуноҳнинг қуввати эса қонундан келиб чиқди.

57 Худога шукурлар бўлсин! У Раббимиз Исо Масиҳ орқали бизга ғалаба ато қилган.

58 Шунинг учун, эй азиз биродарларим, ҳеч иккиланмай, имонингизда маҳкам туринглар. Ҳамиша Раббимиз Исога хизмат қилишга бағишланиб, янада ғайратли бўлинглар. Ахир, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз самарасиз қолмаслигини биласизлар–ку!

Қуддусдаги жамоат учун маблағ йиғиш ҳақида

1 Энди Худойимизнинг Қуддусдаги азизларига моддий маблағ тўплаш масаласига келсак, сизлар ҳам Галатия ҳудудидаги жамоатларга берган йўл–йўриқларимга амал қилинглар.

2 Ҳар якшанба куни ҳар бир одам қўлидан келганича бир миқдор пулни олиб қўйсин, токи олдингизга борганимда пул йиғишга ҳожат бўлмасин.

3 Борганимдан кейин, эҳсонларингизни имонлиларга топширсин деб, ўзингиз муносиб кўрган кишиларни Қуддусга жўнатаман. Уларнинг ҳар бирини таништириб, мактуб ёзиб бераман.

4 Агар боришга имкон бўлса, ўзим ҳам улар билан бирга бораман.

Павлуснинг режалари ва йўл–йўриқлари

5 Македониядан ўтиш ниятим бор. Шундан кейин сизларнинг олдингизга бораман.

6 Сизлар билан бирмунча вақт бўламан, деб ўйлайман, балки ҳатто қишни ҳам сизлар билан ўтказарман. Ундан кейин қаерга бормоқчи бўлсам ҳам, сизларнинг ёрдамингиз билан сафаримни яна давом эттираман.

7 Ахир, сизларни фақатгина йўл–йўлакай кўришни истамайман, Раббимиз Исо хоҳласа, сизлар билан кўпроқ вақт ўтказаман, деб умид қиламан.

8 Лекин Ҳосил байрамига қадар Эфес шаҳрида қоламан.

9 Чунки бу ерда менга қарши чиққанлар кўп бўлишига қарамай, таъсирчан фаолият кўрсатишим учун йўл очилди.

10 Тимўтий олдингизга борганда унга ғамхўрлик қилинглар, у орангизда хотиржам юрсин, чунки у ҳам менга ўхшаб Раббимиз Исо хизмати билан машғул.

11 Ҳеч ким унга паст назар билан қарамасин. Тимўтий менинг олдимга қайтиб келаётганда, уни эсон–омон кузатиб юборинглар. Унинг биродарлар билан бирга келишини кутиб турибман.

12 Биродаримиз Аполлосга келсак, уни биродарларга қўшилиб сизларнинг олдингизга боришга кўп ундадим, лекин унинг ҳозир ҳеч боргиси йўқ. Имкони бўлса кейинроқ борар экан.

13 Ҳушёр бўлинглар, имонда маҳкам туриб, жасоратли ва кучли бўлинглар.

14 Ҳамма нарсани меҳр–муҳаббат билан қилинглар.

15 Биродарлар, Стефанаснинг хонадонини биласизлар. Улар Ахая вилоятида биринчи бўлиб Масиҳга имон келтирган ва ўзларини Худонинг азиз халқига хизмат қилишга бағишлаганлар. Сизлардан бир илтимосим бор:

16 бундай инсонларни ва улар билан бирга берилиб хизмат қилаётганларни ҳурмат қилиб, уларнинг айтганларини қилинглар.

17 Стефанас, Фортунатус ва Ахайкуснинг келганидан хурсанд бўлдим, улар сизларнинг йўқлигингизни билдирмади.

18 Улар сизларнинг руҳингизни кўтаргандек, менинг ҳам руҳимни кўтардилар. Бундай инсонларни қадрланглар.

Сўнгги саломлар

19 Асия вилоятидаги жамоатлар сизларга салом йўллаяптилар. Акил билан Прискилла ва уларнинг уйида йиғиладиган жамоат ҳам сизларга — Раббимиз Исонинг йўлидаги ҳамкорларига оташин салом айтяпти.

20 Ҳамма биродарларимиз салом айтяптилар. Бир–бирингиз билан ўпишиб кўришинглар.

21 Мен, Павлус, мана шу мактубнинг якунини ўз қўлим билан ёзяпман.

22 Кимки Раббимиз Исони яхши кўрмаса, у лаънати бўлсин! Эй Раббимиз, келгин!

23 Раббимиз Исонинг инояти сизларга ёр бўлсин.

24 Сизларни яхши кўраман, чунки ҳаммамиз Исо Масиҳга тегишлимиз.