Хабаққуқ
1 Хабаққуқ пайғамбарга ваҳий орқали аён бўлган башорат.
Хабаққуқ Худога адолатсизликдан шикоят қилади
2 Эй Эгам, қачонгача Сендан ёрдам сўраб ёлвораман?! Менга қулоқ соласанми ўзи?! Қачонгача: “Зўравонликдан қутқар!” деб илтижо қилавераман?! Бизга нажот берасанми ўзи?!
3 Нима учун ноҳақликка қараб туришим керак?! Бундай ҳақсизликка қандай чидай оляпсан?! Атрофимга назар солсам, зўравонлигу талончиликни кўраман. Жанжал ва уруш авж олмоқда.
4 Оқибатда қонун ўз кучини йўқотди, адолат эса поймол бўлди. Фосиқлар солиҳлардан баланд келгани учун ноҳақ ҳукм чиқариляпти.
Худо Хабаққуққа жавоб беради
5 Атрофдаги халқларга назар солинглар! Уларга яхшилаб қаранглар! Кўрганингиздан ҳайратда қоласизлар. Сизнинг даврингизда Мен шундай бир иш қиламанки, агар эшитсангиз қулоғингизга ишонмайсизлар.
6 Мана, Мен Бобилликларни ғоят кучайтирмоқдаман. Бу халқ шафқатсиз ва тажовузкордир. Улар дунёнинг ҳар томонига юриш қиладилар, ўзга юртларни босиб оладилар.
7 Ҳаммани қўрқув, ваҳимага соладилар. Ўзига хон, ўзига бек бўлган такаббурдир улар.
8 Уларнинг отлари қоплондан чаққон, кечаси изғийдиган бўрилардан хавфли. Отлиқлари узоқдан отларини елдириб келишади, ўлжасига ташланадиган бургут каби учиб келишади.
9 Уларнинг тўдалари зўравонлик мақсадида келишади. Улар саҳродан келадиган қуюн каби бўлиб, қум йиққандай асирларни йиғишади.
10 Шоҳларни мазахлашади, ҳукмдорларни масхара қилишади. Мустаҳкам шаҳарлар устидан кулишади. Ўша шаҳарлар деворларига қиялатиб тупроқ уядилар. Уларни қўлга киритадилар.
11 Сўнг шамол каби тез ўтиб кетишади. Улар ўз кучини худо деб биладилар, шунинг учун жазодан қоча олмайдилар.
Хабаққуқ Худога яна шикоят қилади
12 Эй Эгам Худо, Муқаддас Худойим! Доимо мавжуд бўлган Худо Сен эмасми?! Шундай экан, Бобилликлар дастидан биз йўқ бўлиб кетмаймиз. Эй Эгам! Сен, ҳукмимни амалга оширсин, деб Бобилликларни танладинг. Эй суянган Қоям! Сен, халқимни жазоласин деб, уларни тайинладинг.
13 Сенинг кўзларинг шу қадар покизаки, Сен ёвузликка қараб туролмайсан. Ҳақсизликка чидай олмайсан. Ҳайронман, қандай қилиб бу маккор одамларга чидаб юрибсан?! Бу қабиҳлар ўзларидан солиҳроқ халқни ямлаб ютяпти–ку, қандай қилиб уларга индамай жим турибсан?!
14 Сен одамларни денгиздаги балиқлар каби қилдинг, йўлбошчиси бўлмаган денгиз махлуқларига ўхшатиб қўйдинг.
15 Бобилликлар одамларни ўз қармоғига илинтирадилар. Тўр ташлаб балиқ овлагандай уларни овлайдилар. Ёйма тўрларига тушириб, қирғоққа тортиб чиқарадилар. Овини кўргач, хурсанд бўлиб севинадилар.
16 Ҳа, тўрлари туфайли улар мўл ўлжа оладилар, сара таомлардан тановул қиладилар. Шунинг учун тўрларига атаб қурбонликлар келтирадилар, ёйма тўрларига атаб тутатқилар тутатадилар.
17 Қачонгача улар тўрлари билан элларни овлайдилар?! Қачонгача халқларни шафқатсиз нобуд қиладилар?!
1 Мен минорага чиқиб оламан. Шаҳар деворидан олисларга қараб, Эгамнинг жавобини кутаман. Шикоятимга жавоб берганда, Унга нима айтишимни ўйлаб кўраман.
Худо Хабаққуққа жавоб беради
2 Эгамиз менга шундай жавоб берди: “Сенга аён қилган сўзларимни тош лавҳаларга аниқ қилиб ёз, югуриб кетаётган одам уни бир қарашданоқ ўқий оладиган бўлсин.
3 Башорат белгиланган вақтда амалга ошади. Ўша вақт ҳадемай етиб келади, башорат рўёбга чиқади. Борди–ю, у кечикадиган бўлса, сабр қилгин. У албатта бажо бўлади, кеч қолмайди.
4 Менга қара! Тўғри йўлдан юрмаганлар ҳалок бўлади. Солиҳлар эса Худога бўлган садоқати туфайли тирик қолади.”
Хабаққуқ фосиқларнинг жазо олишини эълон қилади
5 Бойлик алдамчидир. Бойлар такаббурдирлар, улар ҳеч қачон тиниб–тинчимайдилар. Улар ўликлар диёри каби очкўз, ўлим каби тўймайдилар. Улар халқларни ўзларига тобе қилишади, элларни қўл остига олишади.
6 Асирликка тушганлар уларни нафратомуз мазах этадилар, масхара қилиб, шундай айтадилар:
“Эй бировнинг бойлигини талаб, уюм қилганлар, сизнинг ҳолингизга вой! Сизлар бировнинг нарсасини қайтармай, қарзларингизни орттириб юрибсизлар. Бундай ҳол узоққа чўзилармиди?!
7 Қарзларингизни қистайдиганлар тўсатдан пайдо бўлади. Улар келиб, сизларни даҳшатга солишади. Шунда сизлар улар учун ўлжа бўласизлар.
8 Сизлар кўп халқларни таладингиз. Одамларнинг қонини тўкдингиз, юртлару шаҳарларни вайрон қилиб, у ердагиларни нобуд қилдингиз. Шунинг учун омон қолган халқлар энди сизларни талон–тарож қиладилар.
9 Эй ҳаром йўл билан бойлик топиб, уйига ташиганлар, сизнинг ҳолингизга вой! Сизлар уйларингизни баландликда қуриб, ўзингизни кулфат чангалидан асрамоқчи бўлдингиз.
10 Аммо ҳийлаларингиз хонадонингизни шарманда қилди. Сизлар кўп халқларни нобуд қилганингиз учун ўз бошингизга етдингиз.
11 Ҳатто уйингиз деворидаги тошлар зўравонлигингиздан дод солади. Тўсинларнинг ноласи акс садо бўлиб чиқади.
12 Эй қотиллик ила шаҳарлар қурганлар, ҳолингизга вой! Эй зўравонлик ила қўрғонларга асос солганлар, ҳолингизга вой!
13 Эллар беҳуда тинкасини қуритади. Халқларнинг тер тўкиб эришганлари оловга ем бўлади. Бу Сарвари Оламнинг иши эмасми?!
14 Ҳа, сувлар тўлдиргандай денгизни,
Ер юзи тўлиқ билиб олади Эгамизнинг улуғворлигини.
15 Эй қўшни халқларга шаробни зўрлаб ичирганлар, ҳолингизга вой! Яланғоч баданларини томоша қилайлик деб, уларга ғазабингиз шаробидан ичирдингиз. Уларни маст қилдингиз.
16 Бироқ сизлар обрў топмай ўзингиз шармандаликдан маст бўласизлар. Қани, ичинг! Яланғоч танангизни кўрсатинг! Ана, Эгамизнинг ўнг қўлидаги жазо косаси сизларга етиб келди! Обрўйингиз тўкилиб, шармандангиз чиқади.
17 Ҳа, Лубнонда қилган зўравонлигингиз ўз бошингизга етади. У ерда ёввойи ҳайвонларни қирдингиз, энди ҳайвонлар сизларни даҳшатга солади. Чунки сизлар юртлару шаҳарларни вайрон қилдингиз. Одамларнинг қонини тўкиб, уларни нобуд қилдингиз.
18 Инсон ясаган бутдан не фойда?! Санамнинг фойдаси борми ёлғондан бошқа?! Нега одам ўзи ясаган нарсасига умидини боғлайди?! Нега тили йўқ бир бутни ясайди?!
19 Ҳолингизга вой, эй бир парча ёғочга «Уйғон!» деганлар! Ҳолингизга вой, эй тилсиз тошга «Тур!» деб ёлворганлар! Бут сизга тўғри йўл кўрсатармиди?! Олтину кумуш билан қопланган бутнинг жони бормиди?!
20 Эгамиз эса Ўзининг муқаддас Маъбадидадир.
Унинг олдида бутун дунё сукут сақласин!”
Хабаққуқ ибодат қилади, ваҳийда Худони илоҳий жангчи тимсолида кўради
1 Хабаққуқ пайғамбарнинг куйга солинган ибодати қуйидагича:
2 “Эй Эгам, мен Сенинг шуҳратинг ҳақида эшитдим. Қилган буюк ишларингдан ҳайратда қолдим. Эй Эгам, бизнинг давримизда ҳам шундай ишларингни қилгин. Одамлар Сенинг нималарга қодир эканлигингни билиб қўйишсин. Ғазабланганингда меҳр–шафқатни эсдан чиқармагин.
3 Худо келади Эдом юртидан,
Муқаддас Худо келади Порон қирларидан.
Унинг улуғворлиги кўкни порлатар,
Ҳамду саноларига бутун дунё тўлар.
4 Улуғворлиги чақмоқдай чақнар,
Нур сочилар Унинг қўлидан —
Куч яширинган билагидан.
5 Унинг олдида юради ўлат,
Унинг кетидан эргашади офат.
6 Тўхтаганда ер силкинади,
Назар солганда халқларни титроқ босади.
У юрган кўҳна йўллар бўйидаги
Мангу тоғлар ўпирилиб тушади,
Абадий қирлар чўкиб паст бўлади.
7 Кўшон халқининг қўрққанини мен кўряпман,
Мидиён халқининг дағ–дағ қалтираганини кўряпман.
8 Эй Эгам, наҳотки ғазаблансанг дарёлардан?!
Наҳот Сенинг жаҳлинг чиқса ирмоқлардан?!
Ёки Сенинг қасдинг бормиди денгиздан?!
Шунинг учун отларингни чоптирасанми,
Зафарли жанг араваларингга миниб оласанми?!
9 Сен ғилофдан чиқарасан камонингни,
Ўқларга тўлдирасан ўқдонингни.
Дарёлар билан ёрасан ер юзини.
10 Буни кўрганда тоғларни дард тутар,
Шиддатли оқим кўпириб оқар.
Денгиз тубидан нидо янграр,
Денгиз тўлқинлари кўкка интилар.
11 Сенинг ўқларинг учиб чақнайди,
Найзаларинг ялт этиб ёнади.
Бундан қуёшу ой ўз жойида қотиб туради.
12 Сен жаҳл устида босиб ўтарсан ер юзини,
Ғазабга миниб оёқ ости қиларсан халқларни.
13 Қутқариш учун келасан Ўз халқингни,
Ўз танлаганинг орқали озод қилиш учун уларни.
Фосиқ халқнинг йўлбошчисини урасан,
Бошдан–оёқ уни шилиб ташлайсан.
14 Ана, ғанимларимиз қуюн каби келяптилар,
Бизни ҳар ёққа тарқатиб юбормоқчи бўляптилар.
Ўз уясида ўлжасини ғажиган йиртқич ҳайвондай,
Осон овидан ўзида йўқ севиняптилар.
Сен эса уларнинг йўлбошчисини ўз ўқлари билан ҳалок қиласан.
15 Отларинг туёқлари денгизни босиб эзади,
Баҳайбат сувларни бир жойга йиғиб қўяди.”
Хабаққуқ Худога бўлган ишончини эълон қилади
16 Мен буларни эшитдим.
Шунда увушди менинг юрагим,
Титрай бошлади лабларим,
Мадорим қолмай, қалтиради тиззаларим.
Аммо мен сабр–тоқат қиламан,
Босқинчиларимиз бошига тушадиган кулфат кунини кутаман.
17 Борди–ю, анжир дарахти гулламай қолса,
Узум токлари мева тугмаса,
Зайтун дарахтлари ҳосил бермаса,
Даладаги экинлар унмай қолса,
Қўраларда қўйлар қолмаса,
Оғилхоналар бўм–бўш бўлса,
18 Шунда ҳам Эгамдан шод бўларман,
Нажоткорим Худодан қувонарман.
19 Эгам Раббий менинг қудратимдир.
У оёқларимни кийик оёғидай қилади,
Чўққилар узра мени бехатар юргизади.
Ижрочилар раҳбарига. Торли асбоблар жўрлигида.