Воиз
Ҳаёт беҳудадир
1 Қуйидагилар Довуд ўғли, Қуддусда ҳукмронлик қилган Воизнинг сўзларидир.
2 “Беҳуда! Беҳуда!
— дейди Воиз. —
Ҳаммаси беҳудадир!”
3 Одам бу дунёда қилган меҳнатидан
Қандай фойда топар?
4 Авлод келиб, авлод кетар,
Бу дунё эса шундайлигича қолаверар.
5 Қуёш чиқиб яна ботар,
Чиққан жойига қайтишга шошар.
6 Шамол жанубга эсар,
Шимол тарафга елар,
Такрор–такрор айланиб,
Ўз йўлидан юраверар.
7 Барча дарёлар денгизга оқар,
Денгиз эса ҳеч тўлмас,
Шунда ҳам ўз макони сари
Оқаверар дарёлар.
8 Ҳамма нарса чарчатар, ҳолдан тойдирар,
Уларни тасвирлашга сўзлар ҳам етмас.
Кўзларимиз кўраверар, аммо тўймас,
Қулоқларимиз эшитаверар, аммо қониқмас.
9 Олдин нима бўлган бўлса, яна содир бўлгай,
Нима қилинган бўлса, яна қайтарилгай,
Бу дунёда ҳеч қандай янги нарса йўқ.
10 Бирор нарса бормидики, биз бу ҳақда: “Қаранглар, бу янгилик–ку!” — деб айта олсак?! У олдиндан бор эди, биз таваллуд топмасдан олдин ҳам шу ерда эди.
11 Қадимда бўлганлар эсга олинмас, ҳатто бундан кейин бўладиганлар ҳам келажакда эсланмас.
Воизнинг тажрибаси
12 Мен, Воиз, Исроил устидан Қуддусда шоҳман.
13 Ўзимни донолик билан изланишга, мана шу дунёда бўлаётган ҳамма ишларни тушунишга бағишладим. Худо инсонга берган бу иш қандай қайғули–а!
14 Мен бу дунёда бўлаётган ҳамма нарсани кўрдим, қаранглар, ҳаммаси беҳуда, шамолнинг орқасидан қувишдай экан.
15 Эгри нарсани тўғрилаб бўлмас,
Йўқ нарсани санаб бўлмас.
16 Ўзимга шундай дедим: “Мана, мен буюк бўлиб, доноликда мендан олдин Қуддусда ҳукмронлик қилганларнинг ҳаммасидан ўзиб кетдим. Кўп донолик орттирдим, илму маърифатни яхшилаб ўргандим.”
17 Донолик ва илм–маърифатнинг фойдаси телбалик ва аҳмоқликдан устунлигини англаб етишга ўзимни бағишладим, аммо бу ҳам шамолнинг орқасидан қувишдай эканлигини тушундим.
18 Қайғу ҳам ортаркан, донолик қанча кўп бўлса,
Дард кўпаяр экан гар билим ошса.
1 Мен, Воиз, ўзимга: “Қани, роҳатланиб, бир маза қилай–чи”, — дедим, лекин бу ҳам беҳуда экан.
2 “Кулги телбалик экан, роҳат қандай фойда келтиради?” — дедим.
3 Донолик мени бошқарар экан, кўнглимни шароб билан чоғ қилиб кўрай–чи деб, аҳмоқликка ўз бағримни очдим. Бу дунёда одамлар ўз қисқа ҳаётлари давомида қандай иш қилсалар уларга фойда келишини билмоқчи бўлдим.
4 Буюк ишлар қилдим: ўзимга уйлар қурдим, узумзорлар барпо қилдим,
5 полизлар ва боғлар яратдим, у ерларга ҳар хил мевали дарахтлар экдим.
6 Ўсаётган дарахтларни суғориш учун ҳовузлар қаздирдим.
7 Ўзим учун қуллар ва чўрилар сотиб олдим, уйимда қул–чўрилар туғилиб, уларнинг сони ортиб бораверди. Подаларим шунчалик кўп эдики, Қуддусда мендан олдин яшаган ҳеч кимда бунчалик кўп мол–қўй бўлмаган.
8 Ўзим учун кумушу олтин, шоҳларга лойиқ ажойиб бойликлардан йиғдим, жуда кўп ерларга эга бўлдим. Аёл ва эркак қўшиқчилар менга хизмат қилишар эди, менга завқ келтирадиган ҳарамим ҳам катта эди.
9 Мен буюк бўлиб, буюкликда Қуддусда мендан олдин яшаганларнинг ҳаммасидан ўтдим. Донолигим менга панд бермади.
10 Ўзим хоҳлаган ҳамма нарсани олдим, кўнглим истаганини қилдим. Қилган ҳар бир ишимдан жоним роҳатланди, бу қилган меҳнатларим эвазига келган мукофот эди.
11 Аммо қарасам, ўз қўлларим билан қилган ишларим, қилган ҳамма меҳнатим — буларнинг ҳаммаси беҳуда экан, шамолнинг орқасидан қувишдай экан. Бу дунёда бирорта фойдали нарса топилмаслигини билдим.
12 Шундан кейин яна донолик, телбалик ва аҳмоқликни солиштиришга қарор қилдим. Ворисим меникидан ҳам яхшироқ хулосага кела олармиди?!
13 Ёруғлик қоронғиликдан яхшироқ бўлганидай, донолик ҳам аҳмоқликдан яхшироқлигини тушундим:
14 Дононинг кўзи бор,
Нодон эса қоронғиликда юради.
Аммо ҳамманинг тақдири бир эканлигини ҳам тушундим.
15 Ўзимча: “Нодоннинг бошига тушган нарса менинг ҳам бошимга тушар экан. Шундай экан, доно бўлишнинг нима фойдаси бор?!” деб ўйладим. “Бу ҳам беҳуда!” — дедим.
16 Донолар ҳам, нодонлар унутилгани каби, унутилади, келажакда ҳамма бирдай унутилади. Нима учун донолар нодонлардай ўлиши керак?!
17 Шунинг учун ҳам мен ҳаётдан нафратландим, чунки бу дунёда қилинган ҳар бир иш менга қайғу келтирди. Ҳаммаси беҳуда, шамолнинг орқасидан қувишдайдир.
18 Бу дунёда меҳнат қилиб топган ҳамма нарсамдан нафратландим, чунки ҳаммаси барибир мендан кейин келадиганларга қолишини билардим.
19 Улар доно бўладими ёки аҳмоқми, ким билади? Мен бу дунёда меҳнат қилиб, донолик билан топганларимга барибир ўшалар эгалик қилишади. Бу ҳам беҳудадир.
20 Шунда бу дунёда қилган барча меҳнатим учун юрагим ачиб, қайғура бошладим.
21 Ахир, барибир донолик, билим ва моҳирлик билан топилган нарсалар мана шу нарсалар учун ишламаганларга қолар экан. Бу ҳам беҳуда, қандай фалокат!
22 Бу дунёда қилган меҳнати ва тиришқоқлиги учун одам қандай фойда оларкан–а?!
23 Ахир, унинг кунлари дардга тўла бўлса, қайғудан боши чиқмаса, ҳаттоки кечалари ҳам дам ололмаса. Эҳ, бу ҳам беҳуда!
24 Одам учун ейиш, ичиш ва қилган меҳнатидан роҳатланишдан яхшироқ нарса йўқ. Бу ҳам Худодан эканлигини тушундим,
25 ахир, Худосиз ким овқат ея олади, ким роҳат топади?!
26 Худога маъқул бўлганларга Худонинг Ўзи донолик, билим ва қувонч беради. Гуноҳкорларга эса бойлик йиғиш иштиёқини беради–ю, уларнинг ишлаб топганларини олиб, Худо Ўзига маъқул бўлганларга ато этади. Гуноҳкорларнинг бу ишлари ҳам беҳуда ва шамолнинг орқасидан қувишдайдир.
Ҳар нарсанинг вақти бор
1 Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор, ҳар бир ишнинг ўз вақти бор.
2 Туғилишнинг ҳам, ўлишнинг ҳам ўз вақти бор.
Экишнинг ҳам, экилганни ўришнинг ҳам ўз вақти бор.
3 Ўлдиришнинг ҳам, шифо беришнинг ҳам ўз вақти бор.
Бузишнинг ҳам, қуришнинг ҳам ўз вақти бор.
4 Йиғлашнинг ҳам, кулишнинг ҳам ўз вақти бор.
Азанинг ҳам, рақснинг ҳам ўз вақти бор.
5 Тош отишнинг ҳам, тош йиғишнинг ҳам ўз вақти бор.
Бағрига босишнинг ҳам, ундан ўзини тийишнинг ҳам ўз вақти бор.
6 Қидиришнинг ҳам, йўқотишнинг ҳам ўз вақти бор.
Сақлаб қўйишнинг ҳам, ташлаб юборишнинг ҳам ўз вақти бор.
7 Йиртишнинг ҳам, тикишнинг ҳам ўз вақти бор.
Сукут сақлашнинг ҳам, сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор.
8 Яхши кўришнинг ҳам, нафратнинг ҳам ўз вақти бор.
Урушнинг ҳам, тинчликнинг ҳам ўз вақти бор.
9 Шунча меҳнат қилиб инсон қандай фойда топади?
10 Инсонлар қилиши учун Худо берган мушкул ишни кўрдим.
11 Худо айтгани бўйича ҳамма нарса ўз вақтида содир бўлади. Худо юрагига солгани учун инсон вақт ўтишини сезади, лекин Худо бошидан охиригача қилган ишларни инсон тушуна олмайди.
12 Инсон учун бахтли ҳаёт кечириш, ўз ҳаётидан роҳатланишдан бошқа яхшироқ нарса йўқ эканлигини тушуниб етдим.
13 Ҳамма еб, ичиб, ўз қилган меҳнатининг роҳатини кўрсин. Бу Худонинг инъомидир.
14 Худо қилган ҳар бир иш то абад ўзгармас, бу ишга ҳеч нарса қўшиб бўлмайди, ундан ҳеч нарсани айириб бўлмайди. Худо бу ишларни, ҳамма Мендан қўрқсин, деб қилди.
15 Ҳозир нима бўлса, олдин ҳам бўлган, келажакда бўладигани ҳозир ҳам бордир. Ўз вақтида Худо ўтмишни яна қайтарар.
Дунёдаги адолатсизлик
16 Мен яна бу дунёда адолат ҳукм суриши керак бўлган жойда — қозихонада ҳам, тўғрилик ўрнида ҳам эгрилик кўрдим.
17 Ўзимга: “Яхшини ҳам, ёмонни ҳам Худо ҳукм қилади, чунки Худонинг Ўзи ҳар бир нарсанинг, ҳар бир ишнинг вақтини белгилаган”, дедим.
18 Мен яна одамзод ҳақида шуни тушундим: “Инсонлар ҳам худди ҳайвонлардай экан. Шуни кўрсатиш учун Худо инсонларни синар экан.”
19 Ахир, одамлар билан ҳайвонларнинг тақдири бир хил, униси ҳам буниси ҳам ўлади. Инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам Худо жон берган, одамлар ҳайвонлардан устун эмас. Ҳаммаси беҳуда экан.
20 Ҳамма битта жойга боради, тупроқдан яралганлар тупроққа қайтади.
21 Инсоннинг руҳи тепага чиқадими, ҳайвонларнинг руҳи пастга — ернинг остига тушадими, ким билади?!
22 Шунда мен тушундим: инсон учун ўз меҳнатидан роҳат олишдан бошқа яхшироқ нарса йўқ экан, чунки бу унинг тақдири. Инсон ўтиб кетгандан кейин нима бўлишини ким унга кўрсата олади?!
1 Мен яна бу дунёда бўлаётган зулмни кўрдим. Мана эзилганларнинг кўз ёшлари, лекин уларнинг юпатувчиси йўқ. Уларга зулм қилаётганларида куч бор, эзилганларнинг эса юпатувчиси йўқ.
2 Шунда мен: “Марҳумлар тириклардан бахтлироқдир”, дедим.
3 Аммо ҳали туғилмаганлар марҳумлардан ҳам бахтлироқдир, чунки улар бу дунёда қилинаётган қайғули ишларни кўрмаганлар.
4 Мен яна бир нарсани кўрдим: инсон ҳамма ишни моҳирлик билан қилади, лекин бу ишни бировга ғайирлик билан қилса, бу ҳам беҳуда, шамол орқасидан қувишдайдир. Аммо:
5 Нодон қўлларини қовуштириб ўтириб ўзини ўзи хароб қилади.
6 Вақтни елга совуриб, машаққатли меҳнат билан икки ҳовуч нарсага эришиш мумкин, лекин хотиржамлик билан бир ҳовуч нарсага эга бўлиш ундан афзалроқдир.
7 Бу дунёда яна бир беҳудаликни кўрдим.
8 Мана, бир киши — ёлғиз, унинг фарзандлари ҳам, ака–укалари ҳам йўқ. У тиним билмай меҳнат қилади, кўзи эса бойликка тўймайди. У: “Ким учун ишлаяпман, нима учун ўзимни роҳат қилишдан қисяпман?!” демайди. Бу ҳам беҳудадир, қайғули ишдир.
9 Икки киши бир кишидан кўпроқ иш бажара олади, улар ўз меҳнатлари учун яхши тақдирланадилар.
10 Агар биттаси йиқилса, иккинчиси турғизади, лекин ёлғиз бўлганнинг аҳволи чатоқдир, у йиқилса, турғизишга ёнида ҳеч ким бўлмайди.
11 Икки киши бирга ётса, совуқ қотмайдилар, агар киши бир ўзи ётса қандай қилиб исинади?!
12 Киши бир ўзи бўлса, уни йиқитиш осон, лекин икки киши ўзларини ҳимоя қила олади. Учта ипдан эшилган арқонни узиш қийиндир.
13 Қари, маслаҳатга қулоқ солмайдиган нодон шоҳдан камбағал, лекин доно бўлган йигит яхшироқдир.
14 Шунга ўхшаш бир йигит ўз юртида камбағал бўлиб туғилиб, қарзини тўлай олмай қамоққа тушиб қолиши мумкин. Лекин қамоқдан чиққандан кейин келажакда шоҳ бўлиши ҳам мумкин.
15 Шоҳнинг вориси бўлган ўша йигитни қўллаб–қувватлашга тайёр бўлган, мана шу дунёда яшаётганларни кўрдим.
16 Унга эргашганлар сон–саноқсиз бўлиб кетиши, унинг обрўси ортиши мумкин. Шундай бўлса ҳам, келажак авлод уни рад қилади. Ҳа, бу ҳам беҳуда экан, шамолнинг орқасидан қувишдай экан.
Шошқалоқлик билан ваъда берманг
17 Худонинг уйига борганда қадамингизни ўйлаб босинг. Нодонлардай ҳаракат қилмасдан, аксинча, қулоқ солиш учун боринглар. Нодонлар Худога ўйламасдан қурбонлик келтирадилар. Ўйламасдан, бепарволик билан қурбонлик келтириш фосиқлик эканлигини эса тан олмайдилар.
1 Ҳеч қачон гапиришга шошилма, қалбингда Худога ваъда беришга ховлиқма. Худо самода, сен эса ердасан, шунинг учун камгап бўлгин.
2 Ташвиш кўп бўлганда, пуч ниятлар ҳам кўпаяди,
Кўп гапирганда, оғиздан аҳмоқона сўзлар чиқади.
3 Худога назр атаганингдан кейин уни бажаришни орқага сурмагин. У нодонларни ёқтирмайди. Албатта ваъдангда тургин.
4 Ваъда бериб, уни бажармасликдан кўра, умуман ваъда бермаслик яхшироқдир.
5 Шундай пайтда тилинг сени гуноҳга етакламасин. Руҳонийга: “Назр атаб, хато қилдим”, деб айтмагин. Шундай деб Худонинг қаҳрини келтирсанг, ўз қўлларинг билан қилган ишларингни Худо бузиб ташлаши мумкин.
6 Пуч ниятлару кўп гапириш беҳуда оқибатларга олиб боради. Шундай қилиш ўрнига Худодан қўрққин.
Ҳаёт беҳудадир
7 Агар камбағалларга зулм қилинаётганини, адолат ва ҳақиқат йўқлигини кўрсанг, ҳайрон бўлмагин, ҳар бир амалдорнинг устидан ундан ҳам каттароғи бор, уларнинг устидан яна ҳам каттароғи бордир.
8 Ҳаммаси, ҳатто шоҳ ҳам, даланинг ҳосилига кўз тикиб, улуш талаб қилиб олади.
9 Пулга ружу қўйган ҳеч қачон пулга, бойликни яхши кўрган эса бойликка тўймайди. Бу ҳам беҳудадир.
10 Буюм, нарсалар кўпайганда, уларни ишлатиб юборадиганлар ҳам кўпаяди. Бойликнинг эгаси фақат ўз бойлигига термулиб қарашдан бошқа яна қандай фойда топади?!
11 Меҳнаткашлар кам еса ҳам, кўп еса ҳам тинч ухлайди, бойлар эса бойлиги кўплигидан хавотирланиб ухлай олмайди.
12 Бу дунёда шундай бир қайғули фожиа кўрдим: йиғилган бойлик эгасига зарар келтиради,
13 яъни ўша бойлик қандайдир омадсизлик туфайли йўқолади. Ўз болаларига қолдириш учун эса бой одамнинг ҳеч нарсаси бўлмайди.
14 Онадан қандай туғилган бўлса, шундайлигича бу дунёдан кетади, қилган меҳнатларининг меваларидан бирортасини қўлларида олиб кета олмайди.
15 Бу ҳам қайғули фожиадир: инсон қандай келган бўлса, шундайлигича кетади, шамол учун меҳнат қилиб қандай фойда топади?
16 Бутун умрини қоронғиликда ўтказади, қайғу–алам, ғазаб ва хасталиклар билан яшайди.
17 Мана, мен бир нарсани тушундим: инсон учун Худо берган қисқа умри давомида ейиш, ичиш ва бу дунёда қилган ўз меҳнатидан завқланиш яхши экан, чунки бу инсоннинг тақдиридир.
18 Худо кимга бойлик ва мулк бериб, унга мана шу нарсалардан роҳатланишга имконият ҳам берса, инсонга ўз қилган меҳнатидан мамнун бўлиб, ундан завқланишига йўл берса, мана шу Худонинг инъомидир.
19 Бундай инсон ҳаёти ҳақида қайғурмайди ҳам, чунки Худо унинг қалбини завқланиш билан банд қилади.
1 Бу дунёда шундай бир фожиани кўрдим, у инсон зотини тошдай босиб туради:
2 Худо баъзиларга бойлик, мулк ва обрў беради, бу инсонлар кўнгли хоҳлаган нарсага эга бўлади. Лекин Худо уларга бу нарсалардан завқ олишга йўл бермаса, бир бегона бу нарсаларнинг роҳатини кўради. Бу беҳуда, қайғули фожиадир.
3 Инсон юзта фарзандли бўлиши ҳам мумкин, узоқ умр кўриши ҳам мумкин, лекин у қанча кўп яшаса ҳам, мана шу ҳаётнинг роҳатини кўрмаса ёки ҳурмат билан кўмилмаса, менимча, ўлик туғилган боланинг тақдири уникидан яхшироқдир.
4 Бу бола беҳуда дунёга келиб, оламдан ўтади. Ҳеч ким уни билиб танимайди.
5-6 У қуёш юзини кўрмаган, ҳаёт нималигини билмаган. Шундай бўлса ҳам, икки минг йил яшаб ҳаётнинг роҳатини кўрмаган кишидан кўра, кўпроқ ўша бола ором олади. Барибир ҳамма бир жойга боради–ку!
7 Инсоннинг барча меҳнатию интилишлари ўз қорнини тўйдириш учундир, шунда ҳам у ҳеч қачон қониқмайди.
8 Доноларнинг нодонлардан қандай устунлиги бор? Камбағаллар бу ҳаётни уддалаб яшашга ақллари етса ҳам, уларга бундан нима фойда бор?!
9 Одамнинг кўзи олдида турган нарса дилда ҳавас қилиб юрган нарсадан яхшироқдир. Доимо мол–мулким кўпайсин, деб ҳавас қилиш беҳудадир, шамолнинг орқасидан қувишдайдир.
Ҳамма нарсани Худо белгилайди
10 Дунёда нима бўлса, ҳаммаси аллақачон белгиланган, инсоннинг тақдири ҳам маълум, ҳеч бир киши ҳаммадан кучли бўлган Худо билан баҳслаша олмайди.
11 Қанча кўп баҳслашсанг, шунча беҳудадир, сенга ҳеч қандай фойдаси йўқ.
12 Ҳаёт елдай ўтиб кетар, инсон учун нима яхшилигини ким билади?! Худо ҳаётимизни ўтиб кетадиган соядек қилиб қўйган, ким ҳам бизга келажакда нима бўлишини айтиб бера оларди?!
Доноларнинг маслаҳати
1 Яхши ном қимматбаҳо хушбўй мойдан, ўлим куни эса туғилган кундан яхшироқдир.
2 Тўй бўлаётган уйга боришдан кўра, азадор хонадонга бориш яхшироқ, чунки ҳамманинг тақдири бир, ҳаёт бўлганлар буни унутмасинлар.
3 Қайғу кулгидан яхшироқдир, қайғули юз юракка яхши.
4 Дононинг қалби азадор уйдагилар биландир, нодон эса доимо хурсандчилик ҳақида ўйлайди.
5 Доно одамнинг танбеҳини эшитиш нодоннинг мақтовларидан яхшироқ,
6 чунки нодоннинг мақтов куйи қозоннинг остида ёниб турган янтоқнинг чирсиллашига ўхшайди. Аммо бу ҳам беҳуда, чунки
7 дўқ–пўписа донони ҳам телба қилади, пора эса юракни эгри қилади.
8 Ҳамма нарсанинг охири — бошидан, сабр–тоқат — мағрурликдан яхшироқдир.
9 Жаҳлдор бўлмагин, чунки жаҳл нодонларнинг юрагида уй қуради.
10 “Нима учун ўтмиш кунлар ҳозиргилардан яхшироқ эди?” деб сўрамагин, бу саволни сўраш доноликдан эмас.
11 Донолик худди мерос каби яхшидир, бу дунёда ҳаёт бўлганларга фойдалидир.
12 Донолик ҳам, пул каби, вақтинчалик ором беради, донолик ҳаётга чидашга ёрдам беради, илм–маърифат фойда келтиради.
13 Худо қилган ишларга қарагин, У эгри қилган нарсаларни ким ҳам тўғрилай оларди?!
14 Бахтли кунларингда қувонгин, қайғули кунларингда эса шуни эсингда тут, қувончни ҳам, қайғуни ҳам Худо яратган. Ҳеч ким келажакда нима бўлишини айтиб бера олмайди.
Инсон донолигининг меъёри
15 Мана шу беҳуда ҳаётим давомида ҳамма нарсани кўрдим. Солиҳ инсонлар солиҳ бўлсалар ҳам ҳалок бўладилар, фосиқлар эса ўз фосиқликлари билан узоқ умр кўрадилар.
16 Қонунпараст бўлма, донолигингга жуда ҳам ишонаверма, нима учун ўзингни ўзинг ҳалок қилишинг керак?!
17 Аммо шаккок ёки аҳмоқ ҳам бўлмагин, нима учун ажалинг етмай туриб вафот этишинг керак?!
18 Бу насиҳатларнинг бирини тутиб, иккинчисини унутма. Худодан қўрққан иккисини ҳам эсда тутади.
19 Донолик инсонни шаҳардаги ўнта ҳукмдордан қудратлироқ қилади.
20 Лекин бу дунёда ҳар доим солиҳлик қилиб, умуман гуноҳ қилмайдиган инсон йўқдир.
21 Хизматкоринг сени ёмонлаётганини эшитиб қолмаслигинг учун одамлар гапираётган ҳамма нарсага ҳам эътибор беравермагин.
22 Ўзинг биласан, сен ўзинг ҳам бошқаларни жуда кўп ёмонлагансан–ку!
23 Буларнинг ҳаммасини донолигим билан синаб кўрдим, ўзимга: “Доноликка эришаман”, дедим, лекин унга ета олмадим.
24 Ҳамма содир бўладиган нарсаларнинг маъноси жуда чуқур, етиб бўлмасдир. Ким ҳам уни топа оларди?!
25 Шунда мен доноликни қидириб топишга, ҳар бир содир бўлган нарсани тушунишга ўзимни бағишладим. Фосиқлик нодонлик эканлигини, аҳмоқлик телбалик эканлигини ўз ҳаётимда исботламоқчи бўлдим.
26 Мен мана бу нарсани билдим. Аҳмоқлик бир аёлга ўхшайди. У ўзи тузоқ, юраги тўр, қўллари эса занжирдайдир. У ўлимдан ҳам аччиқроқ экан. Худога маъқул келадиган ишларни қиладиганлар ундан қоча оладилар, лекин гуноҳкор унинг қўлларига тушади.
27-28 Воиз шундай деди: “Бекорга ҳар бир содир бўлган нарсанинг маъносини қидириб (бу маънони жуда синчковлик билан излаган бўлсам ҳам), мана шу нарсани тушуниб етдим: минглар орасида битта солиҳ кишини топдим, шуларнинг орасидан битта ҳам солиҳ аёл топа олмадим.
29 Аммо бир нарсани англадим, қаранг, Худо инсонларни тўғри қилиб яратган, лекин улар ҳар хил қабиҳ режалар тузади.”
Шоҳга итоат этинглар
1 Ким доно кишига ўхшайди? Ким бирор нарсанинг маъносини билади?
Донолик кишининг юзини яшнатади,
Юз қаттиқлигини юмшатади.
2 Худога берган қасамингни бажарганингдай, шоҳнинг ҳам амрига итоат қил.
3 Унинг олдида қўрқиб туравермасдан, бориб айтганини қил. Ёмон ишларнинг тарафдори бўлма, чунки шоҳ ўзи хоҳлаган ишни қилади.
4 Шоҳнинг сўзи эътиборлидир, ҳеч ким унга: “Нима қиляпсиз?” — деб айта олмайди.
5 Фармонларга итоат қилганларга зарар етмайди.
Доно киши ҳамма нарсанинг, ҳатто ҳукмнинг ҳам ўз вақти борлигинию
6 инсоннинг қилган ёвузликлари уни тошдек босиб туришини билади.
7 Доно киши яна шуни билади: ҳеч ким келажакда нима бўлишини, қачон содир бўлишини билмайди.
8 Ҳеч кимнинг шамолни ушлашга кучи етмаганидай, ўлим кунини орқага суришга ҳам ҳеч кимнинг кучи етмайди. Жангчи ўрнига бировни қўйиб, урушдан қоча олмагандай, фосиқлар ҳам фосиқликдан қочиб қутулолмайди.
Фосиқлар ва солиҳлар
9 Бу дунёда бўлаётган ҳамма нарса ҳақида чуқур ўйлаб, буларнинг ҳаммасини кўрдим, бир киши иккинчисининг устидан зулм ўтказиб, ҳукмронлик қиладиган бир замон бу.
10 Яна шу нарсани кўрдим, фосиқ кишининг жасади муқаддас жойдан олиб чиқилди. Орқасидан оломон борарди, ўша фосиқ киши ҳурмат билан кўмилди. Солиҳларнинг жасадлари эса сочилиб ётарди. Бу ҳам беҳудадир.
11 Жиноятга тез жазо берилмагани учун инсонларнинг юраги ёвузликлар қилишга доим тайёр.
12-13 Гуноҳкорлар юз марта жиноят қилсалар ҳам, узоқ умр кўришлари мумкин. Ҳа, “Худодан қўрқадиганларга ундан ҳам яхшироқ бўлади, чунки улар Худодан қўрқадилар. Фосиқларга эса яхши бўлмайди, ҳаётлари соядай тез ўтиб кетади, чунки улар Худодан қўрқмайдилар” деган гапни биламан.
14 Қаранглар–а, бу дунёда мана шундай бемаъни нарсалар ҳам содир бўлади, солиҳлар фосиқларга лойиқ бўлган жазони оладилар, фосиқларга эса худди солиҳлардай муносабатда бўладилар. Мен: “Бу ҳам беҳудадир”, — дедим.
15 Шунинг учун мен бу ҳаётдан роҳат олишни маслаҳат бераман. Бу дунёда одамларга ейиш, ичиш ва хурсанд бўлишдан бошқа яхшироқ нарса йўқдир. Худо инсонга берган бу дунёдаги ҳаёти давомида қиладиган меҳнатида шодлик у билан бўлади.
16-17 Доноликни билишга, ер юзида бўлаётган ишларни ўрганишга ўзимни бағишладим. Худонинг ҳамма ишларини кўрдим, ҳақиқатан ҳам ҳеч ким бу дунёда Худо нима қилаётганини тушунмайди. Ҳатто уйқудан воз кечиб ҳам, қанча ҳаракат қилмайлик, билолмаймиз, маъносини топа олмаймиз. Донолар: “Биламиз”, деб айтади, аммо улар ҳам ҳақиқатан тушунмайдилар.
1 Буларнинг ҳаммасини юрагимга жойлаб, улар ҳақида яхшилаб ўйладим: солиҳлар ҳам, донолар ҳам, уларнинг ишлари ҳам Худонинг қўлида экан, ҳатто уларнинг севгиси ҳам, нафрати ҳам Худонинг қўли остида экан. Ҳеч ким келажакда нима бўлишини билмайди.
2 Ҳамманинг тақдири бир хил, солиҳнинг ҳам, фосиқнинг ҳам, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам, ҳалолнинг ҳам, ҳаромнинг ҳам, қурбонлик қиладиганларнинг ҳам, қурбонлик қилмайдиганларнинг ҳам тақдири бирдир. Гуноҳкорларга нима бўлса, яхшиларга ҳам шундай бўлади, художўйлик билан назр қиладиганларнинг ҳам, чин кўнгилдан назр қилмайдиганларнинг ҳам қисмати бир.
3 Бу дунёда бўлаётган ҳамма ишларнинг қайғулилиги шундадир: ҳамманинг тақдири бир хил. Шунинг учун ҳамманинг юраги ғазабу аламга тўла, ҳаётликларида юраги телбалик билан тўла. Кейин эса улар бу оламдан ўтадилар.
4 Лекин ҳаёт бўлганнинг умиди бор, ахир: “Тирик ит ўлик шердан яхшироқ”, — дейишади–ку.
5 Ҳаёт бўлганлар ҳеч бўлмаса ўлишларини биладилар, марҳумлар эса ҳеч нарсани билмайдилар. Марҳумлар учун ҳеч қандай мукофот йўқ, вақти келиб ҳеч ким уларни ёдга ҳам олмайди.
6 Улар севган, нафратланган ва жон куйдирган нарсаларнинг ҳаммаси ўтиб кетган. Бундан кейин улар ҳеч қачон бу дунёда бўлаётган нарсаларга қўшила олмайдилар.
7 Марҳамат, нонингизни шодлик билан еяверинг, шаробингизни қувноқ юрак билан ичаверинг, чунки Худо шундай қилишингизни маъқул кўрган.
8 Кийимларингиз ҳар доим оппоқ бўлсин, бошингиздан хушбўй мой аримасин.
9 Бу дунёдаги сизга берилган умр давомида ўз севган хотинингиз билан тез ўтиб кетадиган бу ҳаётдан завқланинг. Ҳаётингиз ва дунёда қиладиган меҳнатларингиз давомида сизга шундай имкониятни Худо берган.
10 Нима қилсангиз ҳам бор кучингиз билан қилинг, чунки сиз бораётган жой — ўликлар диёрида ҳеч қандай иш, фаҳм–идрок, илм–маърифат ёки донолик йўқдир.
11 Мен яна бир нарсани тушундим, бу дунёда:
Мусобақада ғалаба доимо тез югурганга,
Жангда ғалаба доим кучлига насиб этмас экан.
Мол–мулк доимо донога,
Бойлик ҳам доим уддабуронга насиб этмас экан.
Муваффақият доимо билимдонга келавермас экан.
Ҳа, куни келиб, ҳамманинг ҳам омади кетади.
12 Кулфат қачон келишини ҳеч ким билмайди. Тўрга тушиб қолган балиқ ва тузоққа илинган қушлардай, инсонлар ҳам бошларига кулфат тушганда бирданига тутилиб қоладилар.
Донолик ва нодонлик ҳақида ўйлар
13 Бу дунёда мен донолик ҳақида қуйидаги берилган намунани кўрдим. Менимча бу жуда ҳам муҳим эди.
14 Кичкина бир шаҳарча бўлган экан, унда яшовчиларнинг сони ҳам кўп эмас экан. Бир қудратли шоҳ бостириб келиб, мана шу шаҳарчани қуршовга олибди. Шаҳарчани қўлга киритиш учун катта тайёргарликлар кўриб, баланд қурилмалар ясабди.
15 Бу шаҳарда бир киши яшар экан. Ўзи камбағал, лекин доно экан. У ўзининг донолиги билан шаҳарни қутқариб қолиши мумкин эди, лекин бу камбағал кишини ҳеч ким эсга олмади.
16 Мен ўзимга: “Донолик қудратдан яхшироқ бўлса ҳам, камбағал кишининг донолигини ҳеч ким қадрламайди, унинг сўзларига қулоқ солмайди”, дедим.
17 Шундай бўлса ҳам,
Доно кишининг хотиржамлик билан айтган сўзлари нодон ҳукмдорнинг баланд овоз билан айтган сўзларидан афзалроқдир.
18 Донолик уруш қуролларидан яхшироқдир, лекин бир бефаросат кўп яхшиларни бузади.
1 Ўлик пашшалар хушбўй мойни саситиб юборади, шунингдек, озгина аҳмоқлик кўп доноликдан оғирроқ чиқади.
2 Дононинг юраги ўнгга — тўғри ишларни қилишга, нодонники эса чапга — фосиқликка тортади.
3 Аҳмоқлар ақли етмай, қилган қилиқлари билан ҳам ҳаммага аҳмоқлигини кўрсатади.
4 Агар ҳукмдорнинг сендан жаҳли чиқса, жойингни ташлаб кетмагин, чунки вазминлик туфайли хафагарчиликлар ҳам босилиб кетади.
5 Мана мен бу дунёда кўрган фожиа, ҳукмдордан бошланган катта хато:
6 аҳмоқлар баланд лавозимга кўтарилади, бойлар эса пастда ўтиришади.
7 Мен яна шуни кўрдим: зодагонлар худди қуллардай пиёда юрганда, қуллар отда юрарди.
8 Чуқур қазиганнинг ўзи унга тушиши, деворни бузганни эса илон чақиши мумкин.
9 Тош кесган ўзига зарар етказиши, хода ёрган эса оғриққа дучор бўлиши мумкин.
10 Агар болта ўтмас бўлса–ю, уни ўткирламасанг, уни ишлатиш учун кўпроқ куч керак бўлади. Мана, доноликдан қандай фойда бор экан.
11 Аммо илон ўйнатилмасдан олдин чақиб олса, илон ўйнатувчига донишмандликнинг нима фойдаси бор?!
12 Доноларнинг сўзлари уларга ҳурмат келтиради, нодонларнинг сўзлари эса ўзларини ҳалок қилади.
13 Уларнинг сўзлари аҳмоқлик билан бошланиб, ғирт телбалик билан тугайди,
14 шунда ҳам аҳмоқлар гапираверадилар. Ҳеч ким нима бўлишини билмайди, ким бизга келажакни айтиб бера олади?!
15 Нодоннинг ҳаракатлари уни жуда чарчатади, чунки у шунчалик аҳмоқки, шаҳарга борадиган йўлни ҳам қайта топа олмайди.
16 Эй шоҳи ёш бўлган, ҳукмдорлари эрталабдан зиёфат қиладиган юрт, сенга афсус–надоматлар бўлсин.
17 Шоҳи асилзода бўлган, ҳукмдорлари майхўрлик учун эмас, куч тўплаш учун ўз вақтида зиёфат қиладиган юрт бахтлидир.
18 Дангасаликдан уйнинг томи чўкади,
Ялқовлик туфайли томдан чакки ўтади.
19 Зиёфат берилганда кўнгил шодликка тўлади,
Шароб инсонни хушнуд этади.
Лекин иккаласи учун ҳам пул керак.
20 Ҳатто сирдош дўстларинг орасида ҳам шоҳни лаънатлама, ўз ётоқхонангда ҳам бойларни ёмонлама. Яхши гапнинг ҳам, ёмон гапнинг ҳам қаноти бордир. Осмондаги қуш сўзларингни етказиб бориши мумкин.
Доно кишининг ишлари
1 Нонингни сувга ташла, бир неча кундан кейин уни яна топасан.
2 Бу дунёда қандай кулфат келишини билмайсан, шунинг учун нарсаларингни етти, ҳатто саккиз кишига бўлиб бергин.
3 Булутлар тўлганда, ерга ёмғир ёғади, дарахт шимол томонга ёки жануб томонга йиқилса ҳам, ўша йиқилган жойида ётаверади.
4 Шамолни кўриб қўрққан ҳеч қачон уруғ экмайди, ёмғирдан хавфсираб, булутни кузатган ҳеч қачон ҳосил ўрмайди.
5 Онанинг бачадонидаги болага қандай қилиб жон киришини билмаганингдек, ҳамма нарсани содир қиладиган Худонинг ишларини билмайсан.
6 Уруғларингни эрталаб эккин, кечқурун ҳам қўлларинг бўш ўтирмасин, чунки сен қайси бири — унисими ёки бунисими яхши ўсишини билмайсан, балки иккаласи ҳам яхши ўсар.
Ёшларга маслаҳат
7 Ёруғлик лаззатлидир, қуёшни кўриш кўзлар учун ҳам ёқимлидир.
8 Узоқ йиллар яшайдиганлар ҳам ҳар бир яшаган кунларидан завқ олсин, ҳали кўп қоронғилик кунлари бўлишини эсда тутсин. Ҳамма келадиган нарсалар елдай ўтиб кетади.
9 Эй йигит, ёшлигингда роҳатлан, юрагинг сени завқлантирсин. Кўнглинг орзу қилган, кўзларинг хоҳлаган ишни қилгин, лекин билиб қўй, ҳар бир қилган ишинг учун Худо сени ҳукм қилади.
10 Қайғурмагин, тананг оғриқни билмасин, чунки ёшлик, ҳаёт тонги елдай тез ўтиб кетади.
1 Ёшлигингда, қайғули кунлар келишидан олдин Яратганни ёдда тут, шундай йиллар келадики, сен: “Бу вақт менга ҳеч қандай роҳат келтирмайди”, — дейсан.
2 Ҳаётингнинг ўша йилларида:
Қуёш, ёруғлик, ой ва юлдузлар қораяр,
Ёмғирли булутлар ўтиб кетмас.
3 Сени ҳимоя қилган қўлларинг қариликдан қалтирар,
Кучли оёқларинг заифлашар,
Тишларинг камлигидан чайнай олмассан,
Кўзларинг яхши кўрмайдиган бўлиб қолар.
4 Қулоқларинг ҳам кўчада буғдой янчилаётганинию
Ашулачилар овозини эшитолмайдиган даражада кар бўлиб қолар.
Қушларнинг овози эса сени уйғотиб юборар.
5 Баландликлардан қўрқадиган бўлиб қоларсан,
Эҳтиёткорлик билан қадам ташларсан.
Сочларинг гулга кирган бодом дарахтидай оппоқ бўлиб қолар,
Туриб юришга қийналарсан,
Белингнинг қуввати кетиб судралиб юрарсан.
Ҳар бир инсон дунёдан ўтгандай, сен ҳам вафот этарсан,
Азадорлар кўчаларни тўлдирарлар.
6 Кумуш занжир узилар,
Ҳаётнинг тилла чироғи тушиб кетиб, бузилар.
Булоқ бошидаги сув кўзаси синиб кетар,
Қудуқнинг арқони узилиб кетар.
7 Сенинг ўткинчи тананг
Ернинг тупроғига қайтар,
Худо берган руҳинг ҳам
Унинг Ўзига қайтар.
8 “Беҳуда! Беҳуда!
— дейди Воиз. —
Ҳаммаси беҳудадир!”
Хулоса
9 Воиз доно одам эди. У ўз билганларини одамларга ўргатди, сабр–тоқат билан ҳикматларни ўрганиб, уларни тўғрилаб ёзди.
10 Воиз маъқул келадиган сўзлар топишга ҳаракат қилиб, ҳақиқат сўзларини очиқ ёзди.
11 Доноларнинг ҳикматлари ўткир таёққа ўхшайди, ҳикматли сўзлар маҳкам қоқилган михларга ўхшайди. Буларнинг ҳаммасини барчамизнинг Чўпонимиз берган.
12 Булардан бошқа насиҳатларга эҳтиёткорлик билан қарагин, болам.
Кўп китоб ёзишнинг охири йўқ,
Кўп ўқиш одамни чарчатади.
13 Ҳамма нарса айтилди, мана энди хулоса: Худодан қўрқ, Унинг амрларини бажар, чунки бу ҳамманинг бурчидир.
14 Ҳар бир ишни, ҳатто яширин қилинган ишларни ҳам, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар, Худо ҳукм қилади.