Михо

Михо

1 Яҳудо шоҳлари Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё ҳукмронлик қилган даврларда Эгамиз Мўрашатлик Михо пайғамбарга Ўз сўзини аён қилиб турди. Самария ва Қуддус ҳақида Эгамиз айтган бу сўзлар Михо пайғамбарга ваҳий орқали аён бўларди.

Самария ва Қуддус ҳукм қилинади

2 Қулоқ тутинг, эй халқлар!

Қулоқ солинг, ер юзида яшовчилар!

Эгамиз Раббий сизларга қарши гувоҳлик беради.

Муқаддас Маъбадидан Раббий гапиради.

3 Ана, Эгамиз Ўз масканидан чиқяпти,

Тоғ чўққиларини босиб келяпти.

4 Унинг оёғи остида эрийди тоғлар,

Ёрилиб кетади даралар.

Тоғлар оловда эриган мум каби бўлади,

Тепаликдан оқиб тушган сувдай тўкилади.

5 Ёқуб насли итоатсизлик қилгани учун,

Исроил гуноҳга ботиб кетгани учун

Бу воқеалар содир бўлади.

Ёқуб насли орасида итоатсизлик қилган ким?

Пойтахт шаҳар Самария эмасми?!

Бутпарастлар уяси Яҳудонинг қаерида жойлашган?

Қуддуснинг нақ ўзида эмасми?!

6 Эгамиз шундай дейди:

“Мен Самарияни вайрон қиламан.

Уни ток экиладиган жойга айлантираман.

Шаҳар деворларини йиқитаман,

Девор тошларини водийга юмалатаман.

Унинг пойдеворларини очиб ташлайман.

7 Самариянинг бутлари парча–парча бўлади,

Барча санамлари синдириб, ёндирилади.

Фаҳш йўли билан келган бутларнинг қимматбаҳо безаклари

Ўзга юрт фоҳишаларига тўлов қилиб берилади.”

Михо пайғамбарнинг марсияси

8 Бундай мусибат дастидан йиғлаб, фарёд қиламан,

Яланғоч, оёқ яланг юраман,

Чиябўридай увиллаб, фиғон чекаман,

Бўта каби бўзлаб йиғлайман.

9 Ахир, даво йўқ Самариянинг ярасига,

Ёпишди Яҳудога ҳам у яра,

Халқим дарвозаси — Қуддусга юқди.

10 Гат аҳолиси билан бу ҳақда ҳасратлашманг,

Улар олдида кўз ёшингизни тўкманг!

Байт–Лафрога бориб,

У ерда қайғудан тупроққа юмаланг!

11 Эй Шофир аҳли,

Сиз асирликка кетасиз,

Яланғоч, шарманда бўлиб борасиз.

Занон халқи ташқарига чиқишга журъат этмайди.

Байт–Эзел аҳли мотам тутади,

Энди улар сизга паноҳ бўлмайди.

12 Морўт аҳолиси мадад кутган эди,

Аммо Эгамиз фалокат юборди.

Бу фалокат ҳатто Қуддус дарвозаларига етди.

13 Эй Лахиш аҳли,

Отларингизни жанг араваларига қўшинг!

Сиз итоатсиз Исроил халқига тақлид қилдингиз,

Қуддус аҳлини илк бор гуноҳга бошладингиз!

14 Шундай экан, эй Яҳудо халқи,

Энди Мўрашат билан хайрлашаверинг,

Эсдалик совғаларингизни уларга тақдим қилинг.

Аттанг, Ахсиб аҳли Исроил шоҳларига панд берди,

Бера олмайдиган ёрдамни уларга ваъда қилди.

15 Эй Моришо аҳли,

Эгамиз устингизга бир босқинчини юборади.

Исроил йўлбошчилари Адуллам ғорига қочиб боришади.

16 Суюкли фарзандларингиз учун нола қилинг,

Сочингизни қирдиринг.

Калхатлар каби сийқа бош бўлинг,

Ахир, болаларингиз сургун қилинади.

Бечораҳолни эзган золимларнинг қисмати

1 Эй тўшагида ётиб, ёвузликни режалаштирганлар!

Сизнинг ҳолингизга вой!

Тонг отганда сиз

Режаларингизни амалга оширасиз.

Ҳа, бу сизнинг қўлингиздан келади.

2 Сизлар бировнинг экинзорига кўз олайтириб,

Уни тортиб оласиз.

Бировнинг уйини ёқтириб қолиб,

Уни ўзингизники қилиб оласиз.

Бирини ўз уйидан,

Бошқасини мерос қилиб олган еридан маҳрум этасиз.

3 Шу сабабдан Эгамиз демоқда:

“Мен сизларга қарши фалокатни режа қиляпман.

Сизлар бўйинтуруқдан қочиб қутулолмайсиз,

Бурнингизни осмонга кўтариб юрмайсиз.

Бу оғир дамлар бўлади.”

4 Ўша вақт келганда, сизларни масхара қилиб,

Одамлар шундай аччиқ марсия куйлашади:

“Биз меросимиздан маҳрум бўлдик!

Далаларимиз душманларга бўлиб берилди.

Энди биз бутунлай хароб бўлдик!”

5 Шундай экан,

Эгамизнинг халқи қайтадан бўлганда юртни,

Улуш қилиб олмайсиз сиз бир парча ерни.

6 Сизлар менга ақл ўргатиб деяпсиз:

“Бизга ақл ўргатма!

Нафасингни иссиқ қил,

Биз шарманда бўлмаймиз.”

7 Эй Ёқуб насли, сизлар айтасиз:

“Наҳотки Эгамизнинг сабри тугаган бўлса?!

Наҳотки Худо шундай ишларни қилса?!”

Бу сўзларни айтишингиз жоизми?!

Ахир, Худонинг сўзлари тўғри одамга яхшилик келтиради–ку!

8 Эгамиз демоқда:

“Сизлар ўз халқингизга зулм қилдингиз!

Хотиржам юрган одамнинг қадамини пойладингиз.

Жангда талафот кўрган одамга ўхшатиб,

Унинг эгнидаги тўнини ечиб олдингиз.

9 Халқимнинг аёлларини шинам уйларидан чиқариб юбордингиз,

Фарзандларининг насибасини Менинг юртимдан уздингиз.

10 Қани, туринглар, кетинглар бу ердан!

Ором топа олмайсиз энди бу юртда!

Ахир, қилган гуноҳларингиз юртимни ҳаром қилди,

Юртимнинг хароб бўлишига сабаб бўлди.

11 Борди–ю, олдингизга ёлғончи одам келса,

— Шароб, бўзадан ваъз айтаман, — деб айтса,

Сизлар уни пайғамбар дея қабул қиласиз!

Умидбахш ваъда

12 Эй Ёқуб насли,

Мен сизларни албатта йиғаман,

Эй Исроилнинг омон қолганлари,

Мен сизларни тўплаб оламан.

Қўрадаги қўйлардай, яйловдаги сурувдай,

Сизларни Мен бир жойга йиғаман.

Ўшанда юртингиз одамларга тўлиб–тошади.

13 Мен Йўлбошчингиз бўлиб, сизларга йўл очаман,

Сизларни сургундан олиб чиқаман.

Сизлар шаҳар дарвозасидан чиқиб кетасиз.

Мен, Шоҳингиз сизларни бошлаб бораман.

Мен, Эгангиз, олдинда юраман.”

Михо Исроил йўлбошчиларига танбеҳ беради

1 Мен шундай дедим:

“Эй Ёқуб наслининг йўлбошчилари, эшитинг!

Эй Исроил ҳукмдорлари, қулоқ солинг!

Адолат ўрнатиш сизнинг вазифангиз–ку!

2 Сизлар эса яхшиликдан нафратланасиз,

Қабиҳликка меҳр қўясиз,

Сиз халқимнинг терисини шилиб,

Этини суягидан ажратиб оласиз.

3 Сиз халқимнинг этини ейсиз,

Терисини шилиб, суякларини майдалайсиз,

Қозонга солинадиган гўштдай уларни нимталайсиз.

4 Вақти келиб, Эгамизга илтижо қиласиз,

Ўшанда Худодан жавоб олмайсиз.

Сизлар қабиҳларча иш тутдингиз,

Шу боис У сизлардан юз ўгиради.”

5 Эгамиз шундай демоқда:

“Эй халқимни йўлдан оздирган пайғамбарлар!

Сизлар қорнингизни тўйғизганларга тинчликни башорат қиласиз,

Оғзингизни мойламаганларга эса урушни эълон қиласиз.

6 Энди устингизга тун бостириб келади,

Сизлар ваҳийларни кўрмайсиз.

Қаро зулмат сизни ўраб олади,

Башорат қилишингизга имкон бўлмайди.

Сизлар учун қуёш ботади,

Кундуз ҳам зулмат бўлади.

7 Шарманда бўласиз, эй валийлар,

Уятга қоласиз, эй фолчилар.

Мендан сўз олмаганингиз учун

Оғзингизни очолмай қоласиз.”

8 Аммо менинг вужудим кучга тўлган,

Эгамизнинг Руҳи мени тўлдирган.

Қудрат ва адолатга тўлганман.

Энди мен Ёқуб наслининг итоатсизлигини фош қиламан,

Исроил халқининг гуноҳини юзига соламан.

9 Эй Ёқуб наслининг йўлбошчилари, эшитинг!

Эй Исроил ҳукмдорлари, қулоқ солинг!

Сизлар адолатдан ҳазар қиласиз,

Ҳақиқатни бузиб кўрсатасиз.

10 Қонлар эвазига барпо қилдингиз Қуддусни,

Зулм эвазига бунёд этдингиз Сионни!

11 Эй Қуддус ҳокимлари, сизлар пора олиб ҳукм қиласиз,

Эй Қуддус руҳонийлари, сизлар тама қилиб таълим берасиз,

Эй Қуддус пайғамбарлари, сизлар пул учун башорат қиласиз.

Тағин Эгамизнинг номини рўкач қилиб, айтасиз:

“Эгамиз биз билан, бунга шубҳа йўқ!

Бошимизга бирор кўргилик тушмас.”

12 Сизлар сабабли

Қуддус даладай шудгор қилинади,

Сион харобазор бўлади,

Эгамизнинг уйи турган тоғни

Қалин чакалакзор қоплайди.

Эгамиз бутун дунёда тинчлик ўрнатади

1 Шундай кунлар келадики,

Эгамизнинг уйи турган тоғ

Тоғларнинг энг юксаги бўлиб қарор топади.

Бу тоғ ҳаммасидан ҳам баланд бўлади,

Халқлар у ерга дарёдай оқиб келади.

2 Кўплаб эллар келади,

Улар шундай деб айтади:

“Қани, юринглар!

Чиқайлик Эгамизнинг тоғига!

Қани, юринглар!

Борайлик Ёқубнинг Худоси уйига!

Токи У бизга ўргатсин Ўзининг йўлларини,

Токи юрайлик бизлар Унинг сўқмоқларидан.”

Ахир, Эгамизнинг каломи келиб чиқар Қуддусдан,

Ҳа, Худонинг таълимоти келиб чиқар Сиондан.

3 Эгамиз ҳукм қилади кўп халқларнинг орасида,

Ажрим қилади олисдаги кучли миллатлар орасида.

Қиличларини айлантиришади омочга,

Найзаларини эса ток қайчиларига.

Қилич кўтармайди бир–бирига халқлар,

Ҳеч қачон жанг қилмайди улар.

4 Ором олар ҳар ким ўз узумзорида,

Ўтирар ҳар ким ўз анжирзорида,

Бирор кимса уларга таҳдид солмайди.

Буни Сарвари Оламнинг Ўзи айтди!

5 Ҳамма халқлар ўз худоларига эргашаверсин,

Биз эса абадулабад Эгамиз Худонинг йўлидан юрамиз.

Исроил халқи сургундан қайтиб келади

6 Эгамизнинг каломи шудир:

“Шундай вақт келадики, Мен чўлоқларни йиғиб оламан.

Ҳайдаб юборилганларни тўплайман,

Ўзим азобга гирифтор қилганларимни йиғаман.

7 Чўлоқларни омон сақлайман,

Ҳайдаб юборилганлардан кучли бир халқ бунёд этаман,

Ўша кундан бошлаб, то абад Мен, Эгангиз,

Сион тоғида уларга ҳукмронлик қиламан.”

8 Эй Қуддусдаги шоҳ қалъаси,

Худо халқининг кузатув минораси,

Собиқ ҳокимиятинг ўзингга қайтади.

Эй Қуддус шаҳри,

Сенинг салтанатинг қайта тикланади.

9 Энди эса нечун фарёд қиляпсан?

Нима бўлди, ҳукмдоринг йўқмиди?!

Нечун тўлғоқ тутган аёл каби азобланяпсан?

Маслаҳатчинг нобуд бўлдими?!

10 Эй қиз Қуддус,

Туғаётган хотин каби оҳ–воҳ қилмайсанми?!

Ўзингни ҳар томонга ташламайсанми?!

Ахир, ҳозир шаҳардан чиқиб кетасан!

Яланг қирларга бориб маскан қиласан!

Ҳа, Бобилга сен сургун бўласан.

Бироқ у ерда сен нажот топасан,

Душман қўлидан халос қилар Эгамиз сени.

11 Сенга қарши бирлашди талай халқлар,

Сен ҳақингда шундай деб айтади улар:

“Қани, келинглар, Қуддусни хўрлаймиз,

Шаҳват билан уни томоша қиламиз.”

12 Аммо билмас улар Эгамизнинг ниятини,

Асло тушунмаслар Унинг режаларини,

Эгамиз уларни не сабабдан йиққанини улар билмаслар,

Буғдой бошоқларини хирмонда янчгандай,

Эгамиз уларни янчмоқчи эканини англамаслар.

13 Эгамиз демоқда:

“Туринг, эй Қуддус аҳолиси!

Янчиб ташланг уларни!

Темирдан қиламан шохларингизни,

Бронзадан ясайман туёқларингизни,

Эзиб мажақлайсиз кўплаб халқларни.”

Олган ўлжангизни Эгамизга бағишлайсиз,

Бутун олам Раббийсига ёв бойлигини назр қиласиз.

Худо Байтлаҳмлик Ҳукмдорни ваъда қилади

1 Эй Қуддус, йиққин лашкарингни!

Ғанимлар бизни қуршовга олди!

Улар Исроил ҳукмдорининг бетига таёқ билан уради.

2 Аммо Эгамиз демоқда:

“Эй Эфратдаги Байтлаҳм,

Сен Яҳудонинг митти шаҳри бўлсанг ҳам,

Исроилни Мен учун бошқарадиган зот сендан чиқади.

Унинг насаби қадимларга бориб тақалади.”

3 Ҳа, Эгамиз Исроил халқини бир муддатга душманларга таслим қилади,

Аммо бу ҳол узоқ давом этмайди.

Ҳомиладор аёлнинг кўзи ёриганда,

Бўлғуси ҳукмдорнинг биродарлари сургундан қайтади.

Улар Исроил халқи билан бирлашади.

4 Эгамизнинг қудрати ила ўша ҳукмдор сурувини боқади,

Ўз Эгаси Худонинг улуғворлиги ила уларни бошқаради.

Исроил халқи хатарсиз яшайди,

Ахир, ҳукмдорининг довруғи бутун дунёга ёйилади.

5-6 Ўша зот тинчлик ўрнатувчи бўлади.

Мабодо Оссурияликлар

Юртимизга бостириб келса,

Чегарамизга қадам босса,

Ҳукмдоримиз бизни ҳимоя қилади.

Ҳа, Оссурияликлар

Юртимизга бостириб келса,

Қалъаларни улар ёриб ўтса,

Биз уларга қарши етти йўлбошчини танлаймиз,

Ҳатто саккиз раҳнамони тайинлаймиз.

Улар қилич кўтариб, Оссурия устидан ҳукмронлик қилишади,

Нимрўднинг ерида ўз ҳукмини ўтказишади.

7 Кўп халқлар орасида

Ёқуб наслининг омон қолганлари

Эгамиз осмондан туширадиган

Шудрингдай бўлишади,

Майсаларни суғорадиган

Ёмғирга ўхшаган бўлишади.

Уларни ҳеч ким тўхтата олмайди,

Улар душманлари устига бостириб боришади.

8 Ҳа, кўп халқлар орасида

Ёқуб наслининг омон қолганлари

Ўрмон ҳайвонлари орасидаги

Арслондай бўлишади,

Қўй суруви орасига кириб қолган

Шер боласига ўхшаган бўлишади.

Юрган йўлларида ҳаммага ташланиб ғажишади,

Уларга ҳеч ким бас кела олмайди.

9 Эй Исроил, сенинг қўлинг ёвлардан баланд келади,

Барча душманларинг қирилиб кетади.

Эгамиз Ўз халқини поклайди

10 Эгамизнинг каломи шудир:

“Ўша куни отларингизни Мен йўқ қиламан,

Жанг араваларингизни парча–парча этаман.

11 Вайрон қиламан юртингиз шаҳарларини,

Яксон этаман жамики қалъаларингизни.

12 Юртингизда сеҳр–жодуга барҳам бераман,

Орангизда биронта фолбинни қолдирмайман.

13 Тасвиру бутсимон тошларингизни йўқ қиламан,

Бошқа сажда қилмайсиз қўлингиз ижодига.

14 Ашерага аталган устунларни қўпориб ташлайман,

Шаҳарларингиз кулини кўкка совураман.

15 Менга итоат қилмаган халқлар устига

Қаҳру ғазабимни ёғдириб, қасос оламан.”

Эгамиз Исроил халқи билан даъволашади

1 Эгамизнинг сўзини эшитинг:

“Қани, туринг!

Тоғлар олдида айтинг даъвоингизни,

Қирлар эшитсин сизнинг овозингизни.”

2 Эй тоғлар, Эгамизнинг даъвосига қулоқ тутинг,

Заминнинг мангу пойдеворлари, сиз ҳам эшитинг!

Эгамиз Ўз халқи билан даъволашади,

Халқи Исроил билан У баҳслашади.

3 Эгамиз демоқда:

“Эй халқим, сенга Мен нима қилдим?!

Сенга тушдими бирор оғирлигим?!

Қани, жавоб бергин–чи Менга!

4 Мен сизларни Миср юртидан олиб чиққан эдим–ку,

У ердаги қулликдан халос этган эдим–ку.

Олдингизга юборгандим йўлбошчиларни —

Мусо, Ҳорун ва Марямни.

5 Эй халқим, наҳот эсламасангиз

Мўаб шоҳи Болоқнинг ёвуз ниятини,

Бавўр ўғли Баломнинг унга берган жавобини?!

Шитимдан Гилгалга қилган сафарингизда ҳам

Нималар юз берганини бир эсланг.

Бу воқеаларни эсга олсангиз,

Мен, Эгангиз, сизларни қутқармоқчи бўлиб,

Не–не ишлар қилганимни кўрасиз!”

Худонинг талаблари

6 Юксалган Худога сажда қилганимда,

Нима олиб борай Эгамизнинг ҳузурига?!

Унга атаб қурбонликлар куйдирсаммикан?!

Бир ёшли бузоқларни назр қилсаммикан?!

7 Унга атаб минглаб қўчқорларни сўйсам,

Зайтун мойин дарё–дарё қилиб оқизсам

Эгамиз мендан мамнун бўлармикан?!

Итоатсизлигим эвазига тўнғич ўғлимни берайми?!

Гуноҳим эвазига ўз фарзандимни қурбон қилайми?!

8 Эй инсон, нима яхши эканлигини

Эгамиз сенга аён қилди.

Шудир Унинг сендан қилган талаби:

Адолатли иш тутгин,

Меҳр–шафқат қилишдан завқ олгин,

Камтар бўлиб, Худонинг йўлидан юргин.

9 Худодан қўрқиш — донолик, ахир!

Эгамиз Қуддус аҳлига хитоб қилар:

“Яхшилаб қулоқ солинг!

Мен сизларни ҳадемай жазолайман!

10 Эй фосиқлар, ҳаром бойлигингизга қандай кўз юмай?!

Тарозидан уриб йиққан давлатингизни қандай унутай?!

Бундай бойликдан жирканаман, ахир!

11 Нотўғри тарозини ишлатган одамни қандай оқлайин?!

Сохта қадоқ тошлардан фойдаланган кишига қандай чидайин?!

12 Эй Қуддус бойлари, сизлар зўравонлик қиляпсиз,

Эй шаҳар одамлари, сизлар алдаяпсиз.

Ёлғондан бошқани билмас тилларингиз.

13 Шунинг учун Мен сизларга қақшатқич зарба бераман,

Гуноҳларингиз учун сизларни хароб қиламан.

14 Сизлар ейсиз, лекин тўймайсиз,

Қорнингиз доим оч бўлади.

Нарса йиғасиз–у, сақлай олмайсиз,

Йиққанларингизни урушда нобуд қиламан.

15 Сиз экасиз, аммо ўриб олмайсиз.

Мой оласиз, аммо ундан фойдаланмайсиз.

Узум эзасиз, аммо шаробидан ичмайсиз.

16 Ахир, сизлар шоҳ Омрининг одатларини ташламаяпсиз.

Ахаб хонадонининг барча қилмишларига тақлид қиляпсиз,

Уларнинг йўлини тутяпсиз.

Шунинг учун Мен сизларни хароб қиламан.

Сизни кўрганлар сизлардан ҳазар қилади,

Барча халқлар сизларни ҳақорат этади.”

Михонинг марсияси

1

Шўрим қуриди!

Ёзги мевалар йиғиб олингач,

Узумзор ҳосили йиғиштирилгач,

Токлардан бир бош узум ҳам топа олмаган,

Бир дона анжирга зор бўлган одамдайман мен.

2

Художўй йўқ бўлди бу юртда,

Тўғри одам қолмади инсонлар орасида.

Қон тўкаман деб, одамлар бир–бирини пойлайди,

Ҳаттоки қариндош қариндошига тузоқ қўяди.

3

Ёмонлик қилишга устадир улар.

Амалдору қозилари пора олишади,

Бойлари хоҳлаганини қилдиришади,

Биргаликда улар ҳақиқатни бузиб кўрсатишади.

4

Уларнинг ҳимматлиси янтоққа ўхшайди,

Виждонлиси бир уюм тикандан қолишмайди.

Эй халқим,

Соқчилар сизларга эълон қилган кун яқинлашди,

Ҳа, жазо оладиган кунингиз етиб келди.

Ҳаммангиз саросимага тушадиган вақт бўлди.

5

Дўстингизга суянманг,

Шеригингизга ишонманг,

Қучоғингизда хотинингиз ётганда,

Қулф солинг оғзингизга.

6

Ўғил ўз отасини хўрлайди,

Қиз онасининг юзига сапчийди,

Келин қайнанасига душманлик қилар.

Сизнинг душманларингиз — ўз уйингиздагилар.

7

Мен эса Эгамга тикаман кўзларимни,

Умид ила кутаман нажоткорим Худони,

Албатта эшитар Худойим мени.

Халқ Эгамизга юз буради

8

Ҳолимни кўриб шод бўлмангиз, эй ғанимлар!

Йиқилганимда ўзим туриб оларман.

Зулматда ўтирганимда,

Менга нур сочар Эгам.

9

Гуноҳ қилдим мен Эгамга қарши,

Унинг қаҳрига дош бераман энди.

Бир кун келиб, У менинг тарафимни олади,

Менинг ҳақлигимни исбот этади.

Ёруғликка олиб чиқади У мени,

Мен кўраман Худонинг адолатини.

10

Эй душманларим, албатта буни кўрасиз.

“Эганг Худо қани?!” деб мени масхара қилдингиз,

Энди сиз шармандаи шармисор бўласиз.

Мен кўзларим билан кўраман сизнинг қулашингизни,

Оёқ ости бўласизлар кўчадаги лой каби.

Исроилнинг қайта тикланиши ҳақида башорат

11

Эй Қуддус, келар шундай замонлар:

Сенинг деворларинг қайта қурилар,

Кенгайиб кетади сенинг ҳудудинг.

12

Ўша куни халқинг қайтиб келади.

Улар Оссуриядан Мисргача,

Мисрдан Фурот дарёсигача бўлган

Барча ўзга юртлардан,

Узоқ денгиз соҳилларидан,

Олис тоғлар бағридан келишади.

13

Бошқа халқларнинг юртлари эса

Ўз қилмишлари дастидан харобазорга айланади.

Михонинг илтижоси ва Эгамизнинг жавоби

14

Эй Эгам, Ўз халқингнинг чўпони бўлгин,

Ўз сурувингни таёғинг билан бошқаргин,

Уларнинг ён–атрофи кўм–кўк яйловлар,

Улар эса чакалакзорда яшаяптилар.

Узоқ ўтмишдагидай уларни ўтлатгин,

Башан ва Гилад яйловларида уларни тўйғазгин.

15

Эгамиз демоқда:

“Мен сизларни Мисрдан олиб чиққан кунларимдай,

Сизларга Ўз ажойиботларимни яна кўрсатаман.”

16

Эй Эгам, ажойиботларинг олдида халқлар

Буюк лашкарларининг ожизлигини кўриб,

Ўзлари шарманда бўладилар.

Қўллари билан юзларини беркитадилар.

Уларнинг қулоқлари гаранг бўлиб қолади.

17

Илон каби улар тупроқ ялайди,

Судралувчи махлуқлар каби тупроқ ошайди.

Эй Эгамиз Худо, улар титраб–қақшаб,

Ўз уяларидан Сенинг олдингга чиқадилар.

Сенинг ҳузурингда даҳшатга тушадилар.

18

Эй Худо, Сенга ўхшаши бормикан?!

Халқингдан омон қолганларнинг

Гуноҳларини Сен кечирасан,

Уларнинг итоатсизлигини афв этасан.

То абад ғазабланмассан халқингдан,

Завқ оласан Ўзинг меҳр–шафқат кўрсатишдан.

19

Сен бизга яна раҳм қиласан.

Айбларимизни ерга кўмиб юборасан,

Гуноҳларимизни денгиз тубига улоқтирасан.

20

Қадимда ота–боболаримизга онт ичганингдай,

Сен Ёқуб авлодига садоқатли бўласан,

Иброҳим наслига сўнмас севгингни кўрсатасан.