Юнус

Юнус

Юнус Эгамизга итоат этмади

1 Бир куни Амитай ўғли Юнусга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:

2 “Қани, бўл, қудратли Найнаво шаҳрига бор. Жар солиб, у ердагиларни огоҳлантир, чунки шаҳар аҳли қилган қабиҳликлар Менга етиб келди.”

3 Юнус йўлга тушди, лекин Эгамиздан қочиб бошқа томонга кетмоқчи бўлди. У Яффага келиб, у ерда Таршишга борадиган кемани топди. Йўл ҳақини тўлади–да, Эгамиздан қочиб Таршишга сузиб кетгани кемачилар билан кемага чиқди.

4 Аммо Эгамиз шундай кучли шамол қўзғатдики, денгизда даҳшатли бўрон бошланди. Бўрон кемани парчалаб юборай дерди.

5 Бундан кемачилар ваҳимага тушиб, ҳар бири ўз худосига ёлворди. Кейин, кема енгиллашсин деб, у ердаги юкларни денгизга улоқтира бошладилар. Юнус эса кеманинг ичкарисига кириб, қаттиқ уйқуга кетган эди.

6 Бир пайт кема дарғаси Юнуснинг ёнига келиб: “Нега сен ухлаб ётибсан? Тур, худойингга ёлвор! Балки у бизларни эсласа, ҳалок бўлмасмиз”, деди.

7 Кемадагилар эса бир–бирларига: “Келинглар, қуръа ташлайлик, шунда бу фалокат ким сабабли бошимизга келганини биламиз”, дедилар. Қуръа ташлаган эдилар, қуръа Юнусга тушди.

8 Кейин Юнусдан сўрадилар: “Бизга айт–чи, нима сабабдан бошимизга бу фалокат тушди? Сен кимсан? Қаердан келяпсан? Қайси юртдансан? Қанақа халқдансан?”

9 Юнус уларга шундай жавоб берди: “Мен ибронийман, денгиз ва қуруқликни яратган Самовий Худо — Эгамга сиғинаман.”

10 Улар Юнуснинг Эгамиздан қочиб кетаётганини билардилар. Чунки Юнуснинг ўзи бу ҳақда уларга айтган эди. Улар бу гапни эшитиб, яна ҳам қаттиқроқ даҳшатга тушдилар ва унга: “Нега бундай қилдинг–а?!” дедилар.

11 Кемадагилар Юнусга: “Денгиз тинчланиши учун сени нима қилсак экан–а?” деб сўрадилар. Чунки денгиз янада ваҳима билан тўлқинланарди.

12 Шунда Юнус кемадагиларга деди: “Мени олиб, денгизга улоқтирсангизлар, денгиз тинчланади. Биламан, бу кучли бўрон мен туфайли бошларингизга келган.”

13 Кемадагилар эса кемани қуруқликка олиб бормоқчи бўлиб роса эшкак эшдилар, аммо бунга муваффақ бўла олмадилар, чунки денгиз уларга қарши баттар қутураётган эди.

14 Шунда улар Эгамизга ёлвордилар: “Эй Эгамиз! Сен Ўзингга маъқул бўлганини қилиб, бизни шу аҳволга солдинг. Эй Эгамиз! Сенга илтижо қиламиз: шу одамнинг жони учун бизларни ҳалок қилма, бегуноҳ одамнинг ўлимига бизларни жавобгар қилма.”

15 Шундан кейин Юнусни олиб денгизга улоқтирган эдилар, денгиз тинчланиб қолди.16 Бу воқеани одамлар кўргач, Эгамиздан қаттиқ қўрқдилар. Унга қурбонлик қилиб, назр атадилар.

Юнус балиқ қорнида ибодат қилади

1 Юнусни ютсин деб, Эгамиз наҳанг балиқни юборди. Юнус уч кечаю уч кундуз балиқ қорнида қолди.

2 Юнус балиқнинг қорнида экан, ўзининг Эгаси Худога шундай деб ибодат қилди:

3 “Эй Эгам, қайғули дамларимда

Сенга қилдим илтижо,

Илтижоларимни Сен эшитдинг.

Ўликлар диёрининг қаъридан фарёд кўтардим,

Сен эшитдинг овозларимни.

4 Мени отгандинг тубсиз чуқурга,

Денгиз бағрига,

Мени қуршаб олганди сувнинг гирдоби.

Сенинг тўлқинларинг

Ўтгандилар устимдан босиб.

5 Сенинг ҳузурингдан

Қувилганман, дедим ўшанда,

Лекин муқаддас Маъбадингни

Яна кўраман!

6 Сувлар мени бўғзимгача кўмганди,

Тубсиз денгиз атрофимни ўради.

Денгиз ўтлари бошимга ўралиб қолди.

7 Тоғларнинг тубига чўккандим —

Занжирлари билан то абад менга тўсиқ қўйган жойга.

Сен эса, эй Эгам Худо,

Жонимни ўша жойдан қутқардинг!

8 Эй Эгам, ҳаётим онлари тугай деганда,

Мен Сени эсладим.

Илтижоларим Сенгача,

Муқаддас Маъбадинггача етиб борди.

9 Сохта, бемаъни бутларга сиғинадиганлар

Сенга бўлган садоқатидан воз кечдилар!

10 Мен эса шукрона айтиб,

Сенга қурбонлик келтираман.

Атаган назрларимни адо этаман.

Эй Эгам, нажот фақат Сендандир!”

11 Эгамиз шундан кейин наҳанг балиққа амр берган эди, наҳанг балиқ Юнусни қуруқликка чиқариб қўйди.

Юнус Найнаво аҳолисини тавбага чақиради

1 Юнусга Эгамиз иккинчи марта шу сўзларни аён қилди:

2 “Қани, бўл, қудратли Найнаво шаҳрига бориб, Менинг сўзларимни жар солиб у ердагиларга эълон қил.”

3 Юнус Эгамизнинг амрига бўйсуниб, Найнаво томонга кетди. Найнаво жуда катта шаҳар бўлиб, уни айланиб чиқишга уч кун вақт кетарди.

4 Юнус шаҳар бўйлаб бир кун йўл юриб ўтди. У айланиб юриб: “Яна қирқ кундан кейин Найнаво хароб бўлади”, деб жар солди.

5 Найнаволиклар Худога ишониб, рўза тутамиз, деб эълон қилдилар. Шаҳардаги каттаю кичик тавба қилиб қанорга ўранди.

6 Бу хабар Найнаво шоҳига ҳам етиб борди. У тахтдан тушиб, шоҳона либосларини ечди, қанорга ўраниб, кулга ўтирди.

7 Ўзи ва амалдорлари номидан бутун Найнаво бўйлаб қуйидаги фармонни эълон қилди: “На инсонлар, на ҳайвонлар — мол–қўйлар ҳеч нарса емасин, сув ичмасин.

8 Инсонлар ҳам, ҳайвонлар ҳам қанорга ўрансин. Ҳар ким Худога ялиниб илтижо қилсин, ёвуз қилмишидан қайтсин, зулм қилмасин.

9 Ким билади, балки Худо раҳм қилиб, бизга бўлган ғазабини қайтарар, биз ҳалок бўлмасмиз.”

10 Худо уларнинг қилган ишларини, ёвуз қилмишларидан қайтганини кўриб, раҳм қилди ва уларнинг устига “юбораман”, деб айтган офатни юбормади.

Юнуснинг ғазаби ва Худонинг шафқати

1 Бу воқеадан Юнус қаттиқ хафа бўлиб ғазабланди.

2 У Эгамизга ибодат қилиб деди: “Эй Эгам! Шунақа қилишингни ўз юртимда эканимдаёқ айтмаганмидим?! Шунинг учун мен Таршишга қочган эдим–да. Сен иноятли, раҳмдил, жаҳли тез чиқмайдиган, содиқ севгиси мўл, ғазабидан тушиб кечирадиган Худо эканлигингни билган эдим.

3 Энди, илтижо қиламан, Эгам, жонимни олиб қўя қол. Яшаганимдан кўра, ўлганим яхшироқ.”

4 Эгамиз эса: “Наҳотки шундан сен хафа бўлдинг?!” деди.

5 Юнус шаҳардан чиқиб, шаҳарнинг шарқ томонига бориб ўтирди. Шу ерда чайла ясаб, энди шаҳарга нима бўларкин, деб чайланинг соясида кутиб ўтирди.

6 Бир пайт, Юнуснинг бошига соя бўлсин, қайғуси барҳам топсин деб, Парвардигор Эгамиз бир ўсимлик ўстирди. Ўсимлик Юнуснинг тепасида кўтарилди. Юнус бу ўсимлик ўсганидан жуда хурсанд бўлди.

7 Кейинги куни эса тонг пайтида Худо бир қуртни юборган эди, қурт ўсимликни кемириб қуритди.

8 Қуёш юқорига кўтарилганда, Худо шарқдан гармсел юборди. Қуёш Юнуснинг бошини шундай қиздирдики, у ҳолдан кета бошлади. Юнус: “Бунақа яшаганимдан, ўлганим яхшироқ”, деб ўзига ўлим тилади.

9 Худо Юнусга:

— Битта ўсимлик нобуд бўлганидан жаҳлинг чиқдими? — деди.

— Ҳа, жаҳлим чиқди, ўлимимга ҳам рози бўлдим, — деб жавоб берди Юнус.

10 Шунда Эгамиз айтди:

— Бу ўсимлик учун сен меҳнат қилмагансан, экиб–ўстирмагансан, ўзи бир кечада ўсиб, бир кечада йўқ бўлди. Сен шу ўсимлик учун ачинганингда,

11 Мен қудратли Найнаво шаҳрига ачинмаслигим керакми?! Ахир, бу ерда оқ–қорани ажрата олмайдиган болаларнинг ўзидан юз йигирма мингдан ортиғи ва талай ҳайвонлар яшайди–ку!