Луқо

Луқо

Муқаддима

1-3 Ҳурматли Теофилус! Ўзингизга маълумки, кўп одамлар орамизда Худонинг қилган ишлари тафсилотини ёзишга киришганлар. Бу воқеаларни ёзишда улар бўлиб ўтган ҳодисаларни бошидан кўрган ва уларни бизга етказган одамларнинг сўзларини асос қилиб олганлар. Шунинг учун мен ҳам ҳаммасини бошидан синчиклаб текширганимдан кейингина, бу воқеаларнинг тафсилотини тартиб билан сизга ёзиб беришга қарор қилдим,

4 токи сизга ўргатилган таълимотнинг ҳақиқийлигига ўзингиз ишонч ҳосил қилинг.

Яҳё чўмдирувчининг туғилиши ҳақида каромат

5 Яҳудия шоҳи Ҳирод даврида Закариё деган бир руҳоний бор эди. У руҳоний Абиё уруғидан келиб чиққанди, хотини Элисабет ҳам руҳонийлар наслидан эди.

6 Иккови ҳам Худо олдида солиҳ бўлиб, Эгамизнинг амру фармонларига беками–кўст риоя қилишарди.

7 Элисабет бепушт бўлгани учун уларнинг фарзанди йўқ эди. Бунинг устига, иккови ҳам кексайиб қолган эдилар.

8 Закариёнинг руҳонийлар бўлинмаси Маъбадда навбатчилик қилаётган кунларнинг бирида, Закариё Худонинг ҳузурида руҳонийлик вазифасини бажараётган эди.

9 Руҳонийларнинг одати бўйича, Эгамизнинг Маъбадига кириб, хушбўй тутатқилар тутатиш қуръаси унга тушганди.

10 Тутатқи тутатиш вақтида катта бир оломон ташқарида ибодат қилаётган эди.

11 Шу пайт Эгамизнинг бир фариштаси Закариёга зоҳир бўлди. Фаришта тутатқи қурбонгоҳининг ўнг томонида турарди.

12 Закариё уни кўриб, қўрққанидан ўзини йўқотиб қўйди.

13 Фаришта унга деди:

— Закариё, қўрқма, сенинг илтижоларинг ижобат бўлди. Хотининг Элисабет сенга бир ўғил туғиб беради. Унинг исмини Яҳё қўясан.

14 У сенга шодлик ва қувонч келтиради, унинг туғилганидан кўпчилик хурсанд бўлади.

15 У Эгамизнинг назарида улуғ бўлади, шаробу ўткир ичимликларни оғзига олмайди. Онасининг қорнидаёқ Муқаддас Руҳга тўлади.

16 Исроил халқидан бўлган кўпларни у Эгаси Худога қайтаради.

17 У Илёс пайғамбарнинг руҳи ва қудратига тўлиб, Раббимиз Масиҳдан олдин келади. Раббимизга тайёр бир халқни тақдим қилиш учун оталарнинг юракларини фарзандларига мойил қилади, итоатсизларнинг фикрини солиҳлар донолиги томон буради.

18 Закариё фариштага деди:

— Мен бунга қандай амин бўламан? Ахир, мен кексайиб қолганман, хотиним ҳам қариб қолган бўлса?

19 Фаришта унга шундай жавоб берди:

— Мен Худонинг ҳузурида турадиган Жаброилман. Сен билан гаплашгани, сенга бу Хушхабарни эълон қилгани юборилганман.

20 Сенга айтганларим ўз вақтида бажо бўлади. Аммо менинг сўзларимга ишонмаганинг учун тилдан қоласан. Айтганларим бажо бўлмагунча, гапиролмайсан.

21 Шу орада Закариёни кутиб турган халқ унинг Маъбадда имиллаб қолганига ҳайрон бўлди.

22 Ниҳоят, Закариё ташқарига чиқди, аммо сўзламоққа тили айланмади. Халқ унинг Маъбадда ваҳий кўрганлигини тушунди. Закариё соқов бўлиб қолгани учун халқ билан имо–ишоралар орқали сўзлашишга мажбур бўлди.

23 Маъбаддаги хизмат муддати тугагач, Закариё уйига қайтиб борди.

24 Орадан кўп ўтмай, хотини Элисабет ҳомиладор бўлди. У дастлабки беш ой давомида уйидан чиқмай юрди. У шундай дерди:

25 “Буни мен учун Эгам қилди. У менга марҳамат кўрсатиб, халқ орасида мени шармандаликдан қутқарди.”

Исо Масиҳнинг туғилиши ҳақида каромат

26 Элисабетнинг ҳомиласи олти ойлик бўлганда, Худо фаришта Жаброилни Жалиланинг Носира деган шаҳрига,

27 Довуд авлодидан Юсуф исмли йигитга унаштирилган бир қизга юборди. Қизнинг оти Марям эди.

28 Фаришта унинг олдига бориб:

— Салом, эй Худо ёрлақаган қиз! Эгамиз сен биландир, — деди.

29 Марям фариштанинг сўзларидан саросимага тушди. “Бундай саломлашув нимани билдирар экан?” деб ўйланиб қолди.

30 Фаришта унга деди:

— Марям, қўрқма, сен Худодан иноят топдинг.

31 Сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан. Унинг исмини Исо қўясан.

32 У буюк бўлади. Уни Худойи Таолонинг Ўғли деб аташади. Эгамиз Худо Унга бобоси Довуднинг тахтини беради.

33 У то абад Исроил халқи устидан ҳукмронлик қилади, ҳукмронлигининг охири бўлмайди.

34 — Мен ҳали эр кўрмаган бўлсам, бу қандай бўлади? — деб сўради фариштадан Марям.

35 Фаришта жавоб берди:

— Муқаддас Руҳ сени қамраб олади, Худойи Таолонинг қудрати сени қоплайди. Шу боис туғадиган ўғлинг муқаддас бўлади, У Худонинг Ўғли деб аталади.

36 Мана, қариндошинг Элисабет ҳам қарилигида ҳомиладор бўлди, у ўғил туғади. Ҳомиласи олти ойлик. Одамлар эса уни бепушт деб айтардилар.

37 Худо учун имконсиз нарса йўқ!

38 — Мен Эгамнинг бандасиман. Ҳаммаси сиз айтганингиздай бўлсин, — деб жавоб берди Марям. Шундан кейин фаришта кетди.

Марям Элисабетни йўқлаб боради

39 Кўп ўтмай Марям шошилганича Яҳудия қирларидаги шаҳарга йўл олди.

40 У Закариёнинг уйига кириб, Элисабет билан саломлашди.

41 Элисабет Марямнинг саломини эшитгани заҳоти қорнидаги боласи ўйноқлаб кетди. Элисабет Муқаддас Руҳга тўлиб,

42 баланд овозда шундай хитоб қилди:

— Сен аёллар ичра мубораксан, қорнингдаги Бола ҳам муборакдир!

43 Мен ким бўлибманки, Раббим Масиҳнинг онаси менинг ҳузуримга келибди!

44 Сенинг саломинг қулоғимга етиши биланоқ, қорнимдаги бола қувончдан ўйноқлаб кетди.

45 Нақадар бахтлисан! Чунки Эгамиз айтганларини амалга оширишига сен ишондинг.

46 Марям шундай деди:

“Бутун вужудим билан Эгамни улуғлайман,

47 Нажоткорим Худодан кўнглим шод–хуррам.

48 Ахир, У мендай арзимас бандасига назар солди.

Жамики насллар энди мени бахтли деб атайди.

49 Зотан, қудратли Худо мен учун буюк ишлар қилди,

Муқаддасдир Унинг номи.

50 Ундан қўрққанларга

У насллар оша марҳамат қилади.

51 У Ўзининг қудратини кўрсатди,

Юраги такаббурларни тўзғитиб ташлади.

52 Ҳукмдорларни тахтларидан туширди,

Фақирларни эса юксалтирди.

53 Очларни неъматлар ила тўйдирди,

Бойларни эса қуруқ жўнатди.

54-55 Ота–боболаримизга берган ваъдаси бўйича,

Иброҳимга, унинг наслига

Шафқат қилишни то абад ёдида тутди.

Қули Исроилга ёрдам берди.”

56 Шундай қилиб, Марям Элисабетникида уч ойча қолди, кейин уйига қайтиб кетди.

Яҳё чўмдирувчининг туғилиши

57 Элисабетнинг ой–куни етиб, ўғил туғди.

58 Қўни–қўшни ва қариндошлари Эгамизнинг унга кўрсатган буюк марҳаматини эшитиб, у билан бирга қувонишди.

59 Улар саккизинчи куни болани суннат қилгани олиб боришди. Унга Закариё деб отасининг исмини қўймоқчи бўлишди.

60 Бунга боланинг онаси эътироз билдириб:

— Йўқ, исмини Яҳё қўямиз, — деди.

61 Лекин бошқалар:

— Қариндош–уруғинг орасида бу исм билан аталган ҳеч ким йўқ–ку, — дейишди унга.

62 Шу пайт отасига имо–ишора қилиб, ундан болага қандай исм қўймоқчи эканлигини сўрашди.

63 Закариё имо–ишора орқали бир тахтача сўради ва: “Унинг исми Яҳё бўлади”, деб ёзди. Ҳамма ҳайрон қолди.

64 Шу пайт Закариё яна тилга кириб, гапира бошлади ва Худога ҳамду сано айтди.

65 Ҳамма қўшнилари ҳайратда қолди, бутун Яҳудия қирларида бу воқеа овоза бўлиб кетди.

66 Бу ҳақда эшитганларнинг ҳаммаси: “Ажабо, бу бола ким бўларкин?” дея мулоҳаза қилишарди. Чунки Эгамизнинг қудрати унда намоён эди.

Закариёнинг башорати

67 Чақалоқнинг отаси Закариё Муқаддас Руҳга тўлиб, башорат қила бошлади:

68 “Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

У бизга ёрдамга келди, Ўз халқини асоратдан халос қилди.

69-70 Азалдан бизга ваъда бергандай,

Муқаддас пайғамбарлари орқали айтгандай,

Қули Довуд хонадонидан

Бизга қудратли Нажоткорни юборди.

71 Токи У бизни душманларимиздан қутқарсин,

Биздан нафратланадиганларнинг ҳаммасидан халос этсин.

72 Шундай қилиб, Худо ота–боболаримизга илтифот айлади,

Муқаддас аҳдини ёдида тутди.

73 Бобокалонимиз Иброҳимга берган ўша қасамёдига кўра,

74 Худо бизни ёвларимиз қўлидан қутқарди,

Энди биз Унга қўрқмасдан хизмат қила оламиз.

75 Бутун умримиз давомида

Унинг олдида муқаддас ва солиҳ бўла оламиз.

76 Сен ҳам, болажоним,

Худойи Таолонинг пайғамбари деб аталасан.

Зеро, сен Раббимиз Масиҳдан олдин юрасан,

У юрадиган йўлни ҳозирлайсан.

77 Халқига нажот топишларини эълон қиласан,

Худо уларнинг гуноҳларини кечиришини айтасан.

78 Зеро, Худойимиз меҳр–шафқатга бой,

У самодан бизга уфқ Нурини сочади.

79 Зулматда, ўлим соясида ўтирганларни ёритади,

Тинчликка олиб борадиган йўлни бизга кўрсатади.”

80 Бола улғайиб, руҳан кучайди. Исроил халқига хизмат қиладиган вақти келмагунча, чўлда яшади.

Исо Масиҳнинг туғилиши

1 Ўша кунларда Қайсар Август: “Бутун Рим империясидаги аҳоли рўйхатга олинсин”, деган фармон чиқарди.

2 Бу илк аҳоли рўйхати бўлиб, Сурияда Квириниюс ҳоким бўлган пайтда ўтказилди.

3 Рўйхатдан ўтиш учун ҳамма ўз шаҳрига борди.

4 Юсуф ҳам Жалиладаги Носира шаҳридан Яҳудиянинг Байтлаҳм шаҳрига йўл олди. Бу шаҳар Довуд шаҳри эди. Юсуф Довуд хонадонидан, унинг наслидан эди.

5 Юсуф рўйхатдан ўтгани Марямни ҳам ўзи билан олиб кетди. Марям Юсуфга унаштирилган бўлиб, фарзанд кутаётган эди.

6 Улар ўша ерда бўлганларида Марямнинг ой–куни тўлди.

7 У ўзининг тўнғич ўғлини туғди. Уни йўргаклаб, охурга ётқизиб қўйди, чунки меҳмонхонада уларга жой йўқ эди.

Чўпонлар ва фаришталар

8 Байтлаҳм яқинида чўпонлар бор эди. Улар тунда яйловдаги сурувини қўриқлаш учун далада ётиб қолган эдилар.

9 Уларнинг қаршисида Эгамизнинг бир фариштаси пайдо бўлди, Эгамизнинг улуғворлиги уларнинг атрофини ёритиб юборди. Чўпонлар қаттиқ ваҳимага тушдилар.

10 Аммо фаришта уларга шундай деди:

— Қўрқманглар! Мен сизларга Хушхабар олиб келдим. Бу хабар ҳаммага буюк қувонч келтиради.

11 Бугун Довуд шаҳрида сизлар учун Нажоткор туғилди. У Масиҳдир, бизнинг Раббимиздир.

12 Мана, сизларга Унинг белгиси: охурда ётган, йўргакланган Чақалоқни топасизлар.

13 Бирдан фариштанинг ёнида само лашкари бўлмиш сон–саноқсиз фаришталар пайдо бўлди. Улар Худога ҳамду сано айтишарди:

14 “Фалак тоқидаги Худога шарафлар бўлсин,

Худодан марҳамат топган ердаги бандаларга тинчлик келсин!”

15 Фаришталар осмонга кўтарилиб кетгандан кейин, чўпонлар бир–бирига дедилар:

— Қани, Байтлаҳмга борайлик! Эгамиз бизга айтган воқеа юз берганини кўрайлик!

16 Улар шоша–пиша бордилар, Марям, Юсуф ва охурда ётган Чақалоқни кўрдилар.

17 Улар Чақалоқни кўриб, фаришта бу Чақалоқ тўғрисида нималар айтганини гапириб бердилар.

18 Чўпонларнинг гапини эшитганларнинг ҳаммаси ҳайратга тушди.

19 Марям эса бу сўзларнинг барини дилига тугиб олиб, чуқур ўйлаб юрди.

20 Чўпонлар қайтиб кетаётиб, Худони улуғлаб, Унга ҳамду санолар айтдилар. Чунки эшитган ва кўрганларининг ҳаммаси худди фаришта айтгандай содир бўлганди.

Исога исм қўйилади

21 Орадан саккиз кун ўтди. Чақалоқни суннат қиладиган пайт келди. Унга Исо деб исм қўйдилар. Исо она қорнида пайдо бўлмасдан олдин, фаришта Унга шу исмни берган эди.

Шимўннинг ҳамду саноси

22-24 Мусонинг қонунига кўра, Марям покланиш кунларига риоя қилди. Бу муддат тугагач, Марям билан Юсуф Қуддусга бордилар. У ерда покланиш қурбонлигини келтириб, Эгамизнинг қонунидаги: “Иккита каптар ёки иккита мусича келтирилсин” деган амрни бажардилар. Улар Болани ҳам Эгамизга тақдим қилмоқчи бўлиб, Уни ўзлари билан Қуддусга олиб борган эдилар. Чунки Эгамизнинг қонунида: “Ҳар бир тўнғич ўғил Эгамизга бағишланиши керак”, деб ёзилган.

25 Ўша пайтда Қуддусда Шимўн деган бир одам бор эди. У солиҳ, тақводор одам бўлиб, Исроилнинг нажот топишини интизор бўлиб кутар эди. Муқаддас Руҳ унга ёр эди.

26 Муқаддас Руҳ унга: “Эгамиз ваъда қилган Масиҳни сен кўрмагунингча, ўлмайсан”, деб аён қилган эди.

27 Шундай қилиб, Шимўн Муқаддас Руҳ бошчилигида Маъбадга борди. Исонинг ота–онаси қонунда буюрилган маросимни бажариш учун Чақалоқни Маъбад ҳовлисига олиб кирдилар.

28 Шунда Шимўн Чақалоқни қўлига олиб, Худога ҳамду сано айтди:

29 “Эй Эгам, ваъдангни Сен бажо айладинг,

Энди тинчгина ўлишга рози бу қулинг.

30 Зеро, ўз кўзим ила кўрдим Қутқарувчини,

31 Барча эллар олдида ҳозирлаган нажотингни.

32 Ғайрияҳудийларга аён бўладиган нурдир У,

Халқинг Исроилнинг шуҳратидир У.”

33 Юсуф ҳам, Марям ҳам Исо ҳақида айтилган бу сўзлардан ҳайратга тушдилар.

34 Шимўн уларни дуо қилиб, Исонинг онаси Марямга деди:

— Мана шу гўдак Исроил халқи орасида кўп одамларнинг қулашига ва юксалишига сабабчи бўлади. У Худодан аломат бўлади, Уни кўплар рад этади.

35 Натижада кўпларнинг сирли фикрлари ошкор бўлади. Сенинг қалбингга ҳам қилич санчилади.

36 У ерда Ханна исмли кекса бир пайғамбар аёл ҳам бор эди. У Ошер қабиласидан Паниёл деган одамнинг қизи эди. У турмушга чиқиб, эри билан етти йил яшади.

37 Сўнг бева қолган эди. У саксон тўрт йил давомида бева бўлиб, ҳеч қачон Маъбадни тарк этмасди. Рўза тутиб, ибодат қилиб, кечаю кундуз Худога сажда қиларди.

38 Шимўн Марям ва Юсуфга гапириб турган пайтда Ханна уларга яқинлашиб, Худога шукроналар айтди. У Қуддуснинг озод қилинишини интизорлик билан кутганларнинг ҳаммасига бу Бола ҳақида сўзлай бошлади.

39 Юсуф билан Марям Эгамизнинг қонунидаги ҳамма талабларни бажарганларидан кейин, Жалилага, ўз шаҳри Носирага қайтиб бордилар.

40 Бола улғайиб, кучга ва доноликка тўлиб борарди. У Худонинг инояти остида эди.

Ўсмир Исо Маъбадда

41 Исонинг ота–онаси ҳар йили Фисиҳ байрамида Қуддусга борар эдилар.

42 Исо ўн икки ёшда бўлганда, улар яна одатдагидай байрам қилиш учун Қуддусга бордилар.

43 Байрамдан кейин улар уйга қайтар эканлар, ўсмир Исо Қуддусда қолди. Ота–онаси эса бундан бехабар эди.

44 Улар, Исо йўловчилар орасида келяпти, деб ўйлашди. Бир кун йўл босганларидан кейин, Исони қариндош–уруғлари ва таниш–билишлари орасидан қидира бошладилар.

45 Уни топа олмаганларидан кейин, Қуддусга қайтиб, Исони ўша ердан қидирдилар.

46 Уч кундан сўнг Уни Маъбаддан топдилар. У муаллимлар орасида ўтирарди, уларнинг гапларига қулоқ солиб, саволлар берарди.

47 Исонинг гапларини эшитганларнинг ҳаммаси Унинг фаҳм–идрокига ва бераётган жавобларига ҳайрон қолардилар.

48 Ота–онаси Уни кўриб, ажабландилар. Онаси Унга деди:

— Ўғлим, бу нима қилганинг? Отанг икковимиз Сени қидиравериб адойи тамом бўлдик–ку!

49 — Нега Мени қидирдингизлар? — деди Исо. — Мен самовий Отамнинг уйида бўлишим кераклигини наҳотки билмаган бўлсангизлар?!

50 Аммо улар Исонинг айтган гапини тушунмадилар.

51 Исо улар билан Носирага қайтиб кетди. Доим ота–онасига итоат қилди. Онаси эса бу гапларнинг ҳаммасини дилига тугиб қўйди.

52 Исо улғайиб, йиллар ўтган сари доно бўлиб борарди. У Худонинг ҳам, одамларнинг ҳам меҳрини қозонарди.

Яҳё чўмдирувчининг ваъзи

1 Қайсар Тиберий ҳукмронлигининг ўн бешинчи йили эди. Яҳудия вилоятида Пўнтий Пилат ҳоким эди. Жалила ҳудудида Ҳирод, Итурея билан Трахонитис ҳудудларида Ҳироднинг укаси Филип, Авилина ҳудудида Лисанияс ҳукмронлик қилар,

2 Ханан ва Каяфас эса олий руҳоний эдилар.

Ўша вақтда чўлда яшаётган Закариёнинг ўғли Яҳёга Худонинг сўзи келди.

3 У Иордан дарёси атрофидаги ерларни кезиб, одамларга: “Гуноҳларингиздан тавба қилиб, сувга чўминглар, шунда Худо гуноҳларингизни кечиради”, деб ваъз қиларди.

4 Шу тариқа Ишаё пайғамбар ўз китобида ёзган қуйидагича башорати амалга ошди:

“Чўлда бир овоз янграмоқда:

«Эгамизга йўл ҳозирланг,

Унга тўғри йўл очинг!

5 Ҳар бир жарлик тўлдирилади,

Ҳар бир тоғу тепалик пасаяди.

Қинғир–қийшиқ йўллар ростланади,

Ўнқир–чўнқир сўқмоқлар текис бўлади.

6 Бутун жонзот Худонинг нажотини кўради!»”

7 Катта бир оломон сувга чўмдирилиш учун Яҳёнинг олдига келди. Яҳё уларга деди:

— Ҳой, илонлар зоти! Бошингизга келаётган Худо ғазабидан қочиб қутуласиз, деб сизларга ким уқтирди?

8 Бундан кейин тавбага яраша иш тутинглар! Ўзингизча: “Биз Иброҳим наслиданмиз”, деб айтишни хаёлингизга ҳам келтирманглар! Сизларга шуни айтай: Худо мана бу тошлардан Иброҳимга авлод тиклашга қодир.

9 Ҳозирданоқ дарахтлар илдизида болта ётибди. Яхши мева бермаган ҳар бир дарахт кесилиб, оловга ташланади.

10 Оломон Яҳёдан сўради:

— Ундай бўлса, биз нима қилишимиз керак?

11 У жавоб бериб, деди:

— Кимнинг иккита кўйлаги бўлса, бирини кўйлаги бўлмаган одамга берсин. Кимнинг озиқ–овқати бўлса, у ҳам овқати йўқлар билан бўлишсин.

12 Солиқчилардан баъзилари ҳам сувга чўмдирилиш учун келиб, Яҳёдан:

— Устоз, биз нима қилишимиз керак? — деб сўрашди.

13 Яҳё уларга шундай жавоб берди:

— Белгиланганидан ортиғини одамлардан талаб қилманглар.

14 Баъзи бир аскарлар ҳам ундан:

— Биз–чи?! Биз нима қилишимиз керак? — деб сўрадилар. Яҳё уларга деди:

— Бировларни ноҳақ айблаб, пул орттирманглар, маошингиз билан қаноатланинглар.

15 Халқ Масиҳнинг келишини орзиқиб кутарди. Улар: “Яҳё Масиҳ эмасмикин?” деган фикрни кўнгилдан ўтказишарди.

16 Яҳё уларнинг ҳаммасига шундай деди:

— Мен сизларни сувга чўмдиряпман. Лекин мендан ҳам қудратлироқ бўлган бир Зот ортимдан келмоқда. Мен Унинг чориқ ипларини ечишга ҳам арзимайман. У сизларни Муқаддас Руҳга ва оловга чўмдиради.

17 Унинг паншахаси қўлида тайёр турибди. У Ўз хирмонини шопиради: буғдойни Ўз омборига тўплаб, сомонни эса сўнмас ўтда ёндириб юборади.

18 Яҳё яна кўп бошқа насиҳатлар бериб, халққа Хушхабарни эълон қиларди.

19 Вилоят ҳукмдори Ҳироднинг қилмишларини эса фош қилди. Чунки Ҳирод ўз укасининг хотини Ҳиродияга уйланган ва яна бошқа ёмон ишлар ҳам қилганди.

20 Шуниси етмагандай, у Яҳёни ҳам зиндонга қаматиб қўйди.

Исо сувга чўмдирилади

21 Бутун халқ сувга чўмдирилаётганда, Исо ҳам сувга чўмдирилди. У ибодат қилиб турганда осмон очилиб кетди

22 ва Муқаддас Руҳ каптар шаклида Унинг устига тушиб келди. Осмондан эса: “Сен Менинг севикли Ўғлимсан, Сендан ниҳоятда мамнунман” деган овоз келди.

Исонинг насабномаси

Исодан Зарубабелгача

23 Исо хизматини бошлаганда ўттиз ёшларда эди. Одамлар Уни Юсуфнинг ўғли деб ҳисоблардилар.

Юсуф эса — Элахнинг ўғли,

24 Элах — Маттотнинг ўғли,

Маттот — Левининг ўғли,

Леви — Малкийнинг ўғли,

Малкий — Яннайнинг ўғли,

Яннай — Юсуфнинг ўғли,

25 Юсуф — Маттатиёнинг ўғли,

Маттатиё — Амоснинг ўғли,

Амос — Нохумнинг ўғли,

Нохум — Ҳеслининг ўғли,

Ҳесли — Нагайнинг ўғли,

26 Нагай — Махатнинг ўғли,

Махат — Маттатиёнинг ўғли,

Маттатиё — Шимахнинг ўғли,

Шимах — Йўсехнинг ўғли,

Йўсех — Йўдонинг ўғли,

27 Йўдо — Йўханоннинг ўғли,

Йўханон — Резонинг ўғли,

Резо — Зарубабелнинг ўғли,

Зарубабел Шалтиёлнинг ўғли эди.

Шалтиёлдан Натангача

Шалтиёл — Нерийнинг ўғли,

28 Нерий — Малкийнинг ўғли,

Малкий — Йиддонинг ўғли,

Йиддо — Қосамнинг ўғли,

Қосам — Элмодамнинг ўғли,

Элмодам — Ғурнинг ўғли,

29 Ғур — Ёшуанинг ўғли,

Ёшуа — Элиазарнинг ўғли,

Элиазар — Йўримнинг ўғли,

Йўрим — Маттотнинг ўғли,

Маттот — Левининг ўғли,

30 Леви — Шимўннинг ўғли,

Шимўн — Яҳудонинг ўғли,

Яҳудо — Юсуфнинг ўғли,

Юсуф — Юнамнинг ўғли,

Юнам — Элияқимнинг ўғли,

31 Элияқим — Малиёнинг ўғли,

Малиё — Маннонинг ўғли,

Манно — Маттатонинг ўғли,

Маттато — Натаннинг ўғли,

Натан Довуднинг ўғли эди.

Довуддан Исҳоққача

32 Довуд — Эссайнинг ўғли,

Эссай — Обиднинг ўғли,

Обид — Бўазнинг ўғли,

Бўаз — Салмўннинг ўғли,

Салмўн — Нахшўннинг ўғли,

33 Нахшўн — Оминадавнинг ўғли,

Оминадав — Админнинг ўғли,

Админ — Арнийнинг ўғли,

Арний — Хазроннинг ўғли,

Хазрон — Паразнинг ўғли,

Параз — Яҳудонинг ўғли,

34 Яҳудо — Ёқубнинг ўғли,

Ёқуб — Исҳоқнинг ўғли,

Исҳоқ Иброҳимнинг ўғли эди.

Иброҳимдан Одам Атогача

Иброҳим — Тераҳнинг ўғли,

Тераҳ — Нахўрнинг ўғли,

35 Нахўр — Саруғнинг ўғли,

Саруғ — Равунинг ўғли,

Раву — Палахнинг ўғли,

Палах — Ибирнинг ўғли,

Ибир — Шилахнинг ўғли,

36 Шилах — Хенаннинг ўғли,

Хенан — Арпахшоднинг ўғли,

Арпахшод — Сомнинг ўғли,

Сом — Нуҳнинг ўғли,

Нуҳ — Ламакнинг ўғли,

37 Ламак — Матушалоҳнинг ўғли,

Матушалоҳ — Ханўхнинг ўғли,

Ханўх — Ёреднинг ўғли,

Ёред — Махалиёлнинг ўғли,

Махалиёл — Хенаннинг ўғли,

38 Хенан — Энўшнинг ўғли,

Энўш — Шиснинг ўғли,

Шис — Одам Атонинг ўғли,

Одам Ато Худонинг ўғли эди.

Исони иблис васвасага солади

1 Исо Иордан дарёсидан Муқаддас Руҳга тўлиб қайтди. Руҳ Уни саҳрога бошлаб кетди.

2 Саҳрода Исони иблис қирқ кун васвасага солди. Ўша кунлар давомида Исо ҳеч нарса емади, охири оч қолди.

3 Шунда иблис Исога деди:

— Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, бу тошга буюр, нонга айлансин!

4 Исо унга шундай жавоб берди:

— Ёзилганки: “Инсон фақат нон билан яшамайди.”

5 Сўнг Исони иблис тепаликка олиб чиқиб, бир лаҳзада Унга оламнинг барча шоҳликларини кўрсатди.

6 У Исога деди:

— Сени ана шу шоҳликлар устидан ҳукмрон қиламан, уларнинг шон–шуҳратини Сенга бераман. Буларнинг ҳаммаси менга берилган, мен эса истаганимга бераман.

7 Менга сажда қил, шунда ҳаммаси Сеники бўлади.

8 Исо жавоб бериб деди:

— Ёзилганки: “Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил.”

9 Кейин иблис Исони Қуддусга олиб борди. Уни Маъбаднинг энг юқори жойига чиқариб, шундай деди:

— Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни бу ердан пастга ташла.

10 Ахир, ёзилган–ку:

“Худо Сен тўғрингда фаришталарига амр беради,

Фаришталар Сени қўриқлайди.

11 Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин дея,

Фаришталар қўлларида Сени кўтариб боради.”

12 Исо иблисга жавобан деди:

— Яна ёзилганки: “Эганг Худони синама.”

13 Иблис ҳар томонлама Исони васвасага солиб бўлгандан сўнг Унинг ёнидан кетди, бироқ қайтиб келиш учун фурсат пойлаб юрди.

Исо Ўз юртида рад қилинади

14 Исо Руҳ қудратига тўлиб, Жалила ҳудудига қайтди. У ҳақидаги овоза бутун атрофга тарқалди.

15 У синагогаларда таълим берарди, ҳамма Уни мақтарди.

16 Сўнг Исо Ўзи улғайиб ўсган шаҳри Носирага борди. Ўз одати бўйича Шаббат кунида синагогага кириб, Муқаддас битикларни ўқиш учун ўрнидан турди.

17 Унга Ишаё пайғамбарнинг ўрамини узатдилар. У ўрамни очиб, қуйидаги парчани топиб ўқиди:

18 “Эгамизнинг Руҳи мени қамради.

Йўқсилларга Хушхабар етказмоқ учун

Эгам мени танлади.

Зиндондагиларга эркин бўласиз, деб айтмоқ учун,

Кўрларга, кўзингиз очилади, деб хабар бермоқ учун,

Асирларни озод қилмоқ учун,

19 Эгамнинг марҳамат йилини маълум этмоқ учун

Эгам мени юборди.”

20 Кейин Исо ўрамни қайта ўради–да, хизматчига бериб, жойига ўтирди. Синагогадаги барчанинг кўзи Унга тикилди.

21 Исо уларга деди:

— Сизлар эшитган бу калом шу бугун бажо бўлди.

22 Ҳамма Исони мақтар эди. Унинг латиф сўзларига маҳлиё бўлиб: “Наҳотки бу Одам Юсуфнинг ўғли бўлса?!” деб айтишарди.

23 Исо уларга деди:

— Билиб турибман, сизлар: “Эй табиб, ўзингни ўзинг даволаб кўр–чи!” деган иборани юзимга солмоқчисизлар. “Кафарнаҳумда қилган мўъжизалар ҳақида хабар топдик. Ўшаларни Ўз шаҳрингда ҳам қил”, деб айтмоқчисизлар.

24 Сўнг Исо гапида давом этиб, деди:

— Сизларга чинини айтайин, ҳеч қандай пайғамбар ўз юртида қабул қилинмайди.

25 Сизларга яна бир ҳақиқатни айтаман: Илёс пайғамбар даврида Исроил юртида кўп бевалар бор эди. Осмондан уч йилу олти ой давомида бир томчи ҳам ёмғир ёғмади, бутун юртда даҳшатли очарчилик бўлди.

26 Аммо Худо Илёсни уларнинг биронтасига юбормай, фақатгина Сидон шаҳри яқинидаги Зорафатда яшовчи бир бевага юборган эди.

27 Худди шу сингари, Элишай пайғамбар даврида ҳам Исроил юртида тери касаллигига чалинган кўп одамлар бор эди. Аммо биронтаси ҳам шифо топмади, фақат Суриялик Нўъмон шифо топди, холос.

28 Синагогадаги одамлар буларни эшитгач, ҳаммалари ғазабланишди.

29 Ўринларидан сакраб туриб, Исони шаҳардан ташқарига ҳайдаб чиқаришди. Носира шаҳри тепалик устида жойлашган эди. Одамлар Исони ўша тепаликнинг четига олиб бориб, жарликка ташламоқчи бўлишди.

30 Лекин Исо уларнинг орасидан ўтиб, Ўз йўлига кетди.

Жинга чалинган одам шифо топади

31 Исо Жалиладаги Кафарнаҳум шаҳрига борди. Шаббат кунларида халққа таълим берадиган бўлди.

32 Халойиқ Исонинг таълимотини эшитиб, ҳайратда қолди, чунки У ҳокимият билан гапирарди.

33 Шаҳардаги синагогада жинга чалинган бир одам бор эди. У овози борича бақириб деди:

34 — Эй Носиралик Исо! Бизни тинч қўй! Сен бизни ҳалок қилгани келдингми?! Сенинг кимлигингни биламан: Сен Худонинг Азизисан!

35 Бироқ Исо жинга дўқ уриб:

— Жим бўл! Ундан чиқиб кет! — деди. Шунда жин ҳамманинг кўзи олдида ҳалиги одамни ерга ағнатиб, унинг ичидан чиқиб кетди. Одам ҳеч қандай зарар кўрмади.

36 Ҳамма ҳайратда қолди.

— Нима бўляпти ўзи?! У қудрату ҳокимият билан буйруқ берганда ёвуз руҳлар чиқиб кетяпти! — деб бир–бирларига гапирардилар.

37 Исо ҳақидаги овоза бутун теварак–атрофга тарқалди.

Исо кўп одамларга шифо беради

38 Исо синагогадан чиқиб, Шимўннинг уйига кирди. Шимўннинг қайнанаси қаттиқ иситмалаб ётган эди. Исодан, касални кўриб қўйинг, деб илтимос қилишди.

39 Исо аёлнинг ёнига келиб, иситмага: “Аёлни тарк эт!” — деб буйруқ берди. Иситма аёлни тарк этди. Аёл ўша заҳоти ўрнидан туриб, уларга хизмат қила бошлади.

40 Қуёш ботаётган пайтда, одамлар турли хасталикдан азоб чекаётган қариндош–уруғларини Исонинг олдига олиб келдилар. Исо ҳамма хасталарга қўлини қўйиб, шифо берди.

41 Жинлар эса: “Сен Худонинг Ўғлисан!” — деб бақирганларича, кўплаб одамларни тарк этардилар. Исо жинларга дўқ уриб, уларнинг гапиришларига ижозат бермасди, чунки жинлар Исонинг Масиҳ эканини билишарди.

Исо синагогаларда ваъз қилади

42 Тонг отгач, Исо шаҳарни тарк этиб, кимсасиз бир жойга кетди. Бир тўда оломон Уни излаб ортидан борди. Улар Исони топганларидан сўнг: “Ёнимиздан кетманг”, деб Уни олиб қолишга ҳаракат қилдилар.

43 Исо эса одамларга шундай деди:

— Мен Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни бошқа шаҳарларда ҳам эълон қилишим керак, Мен шу мақсадда юборилганман.

44 Шундай қилиб, Исо юртдаги синагогаларда воизлик қилишни давом эттирди.

Исонинг дастлабки шогирдлари

1 Бир куни Исо Жалила кўли бўйида турганда, оломон Худонинг сўзини эшитиш учун Исонинг ёнида тирбанд бўлди.

2 Исо кўл қирғоғида турган икки қайиқни кўрди. Балиқчилар қайиқдан чиқиб, тўрларини юваётган эдилар.

3 Қайиқлардан бири Шимўнники эди. Исо Шимўннинг қайиғига тушиб, қирғоқдан бир оз нарироқ сузиб боришни илтимос қилди. Сўнг ўтириб, ўша ердан одамларга таълим берди.

4 Исо гапини тугатиб, Шимўнга деди:

— Чуқурроқ ерга сузиб бориб, ўлжа учун тўрларингизни ташланглар.

5 Шимўн Исога шундай деди:

— Устоз, биз тун бўйи астойдил ҳаракат қилдик, лекин ҳеч нарса тутолмадик. Аммо Сиз айтганингиз учун тўр ташлаймиз.

6 Улар тўр ташлаганларида, шу қадар кўп балиқ овладиларки, ҳатто тўрлари йиртила бошлади.

7 Улар бошқа қайиқдаги ўртоқларига, ёрдам беринглар, деб ишора қилдилар. Қайиқлар етиб келгач, иккала қайиқни ҳам балиққа тўлдирдилар, қайиқлар сувга бота бошлади.

8 Шимўн буни кўрди–да, Исонинг олдида тиз чўкиб деди:

— Ҳазрат! Менинг ёнимдан кетинг, чунки мен гуноҳкор инсонман.

9 Шимўн ва ёнидагилар бундай мўл балиқ овидан ҳайратга тушган эдилар.

10 Шимўннинг шериклари Забадиё ўғиллари Ёқуб билан Юҳанно ҳам ҳайратда эдилар.

Исо Шимўнга деди:

— Қўрқма, бундан буён сен инсонларни овлайсан.

11 Улар қайиқларини қирғоққа тортдилар ва ҳамма нарсаларини қолдириб, Исога эргашдилар.

Тери касаллигига чалинган одамни Исо соғайтиради

12 Исо бир шаҳарда бўлганда, тери касаллигига чалинган бир одам келиб қолди. У Исони кўриб, юз тубан ерга мук тушиб, ёлворди:

— Ҳазрат, биламан, истасангиз, мени бу касалликдан поклай оласиз.

13 Исо қўлини узатди ва унга теккизиб:

— Истайман, пок бўл! — деди. Касаллик эса ўша заҳоти кетди.

14 Исо унга қатъиян деди:

— Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз оча кўрма. Бориб, ўзингни руҳонийга кўрсат. Покланганингни ҳаммага исбот қилиш учун Мусо амр қилган қурбонликларни келтир.

15 Исо тўғрисидаги гап–сўзлар эса тобора ёйилиб бораверди. Тумонат халойиқ Уни тинглаш ва дардларидан фориғ бўлиш учун Унинг олдига йиғилиб келар эди.

16 У эса кўпинча кимсасиз жойларга кетиб, ибодат қилар эди.

Исо шолни соғайтиради

17 Бир куни Исо таълим бераётганда, Унинг тингловчилари орасида фарзийлар билан Таврот тафсирчилари ҳам ўтирган эдилар. Улар Жалила ва Яҳудиянинг ҳамма қишлоқларидан, Қуддусдан келган эдилар. Исода Эгамизнинг хасталарга шифо бериш қудрати бор эди.

18 Бир нечта киши тўшакда ётган бир шол одамни кўтариб келдилар. Уни уйга — Исонинг олдига олиб киришга уриндилар.

19 Лекин оломон кўплигидан бунинг иложини тополмай, уйнинг томига чиқиб, томдан тешик очдилар. Сўнг шолни ўша тешикдан тўшаги билан оломон ўртасига — Исонинг олдига туширдилар.

20 Исо уларнинг ишончини кўриб, шолга деди:

— Биродарим, гуноҳларинг кечирилди.

21 Тафсирчилар билан фарзийлар эса ўзларича шундай мулоҳаза қила бошладилар: “Куфрлик қилаётган бу Одам ким ўзи? Худодан бошқа ҳеч ким гуноҳларни кечира олмайди–ку!”

22 Исо уларнинг мулоҳазаларини билиб, шундай савол берди:

— Нега бундай нарсаларни ўйлайсизлар?

23 Қайси бири осонроқ? Шолга: “Гуноҳларинг кечирилди!” деб айтишми, ёки: “Ўрнингдан туриб юр!” деб айтишми?

24 Инсон Ўғлига ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимияти берилган. Ҳозир шуни билиб оласизлар.

Исо шундай деди–ю, шолга:

— Сенга айтаман: ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, уйингга бор! — деб буюрди.

25 Шол ўша заҳоти ҳамманинг кўзи олдида ўрнидан турди. Ётган тўшагини олиб, Худони улуғлаб, уйига кетди.

26 Ҳамма ҳайратга тушиб, Худони улуғлади. Улар қўрқув ичра: “Бугун ақл бовар қилмайдиган ҳодисани кўрдик”, деб айтардилар.

Исо Левини чақиради

27 Шундан сўнг Исо у ердан чиқиб, солиқчи Левини кўриб қолди. Леви солиқ йиғадиган жойда ўтириб, одамлардан солиқ йиғаётган эди. Исо унга:

— Ортимдан юр! — деди.

28 Леви ўрнидан турди, ҳамма нарсасини қолдириб, Исога эргашди.

29 Сўнгра Леви ўз уйида Исонинг шарафига катта зиёфат берди. Меҳмонлар орасида бир гуруҳ солиқчилар ва бошқа одамлар бор эди.

30 Фарзийлар ва фарзийларнинг мазҳабидан бўлган тафсирчилар норози бўлиб, Исонинг шогирдларига дедилар:

— Нега сизлар солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб–ичиб ўтирибсизлар?

31 Исо уларга шундай жавоб берди:

— Соғлар эмас, хасталар табибга муҳтождир.

32 Мен солиҳларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман.

Рўза тутиш ҳақида савол

33 Баъзи одамлар Исога дедилар:

— Мана, Яҳёнинг шогирдлари фарзийларнинг шогирдлари каби, тез–тез рўза тутиб, ибодат қилишади. Сизнинг шогирдларингиз эса еб–ичиб юрибдилар!

34 Исо уларга деди:

— Куёв даврада бўлганда тўйга келган меҳмонларни рўза тутишга мажбур қилиб бўлармиди?!

35 Бироқ улар куёвдан жудо бўладиган кунлар келади, ана ўшанда рўза тутадилар.

36 Исо уларга бир масални ҳам айтиб берди:

— Ҳеч ким янги кийимдан йиртиб олиб, эски кийимга ямоқ солмайди. Акс ҳолда, янги кийим ҳам йиртилади, янги кийимдан олинган ямоқ ҳам эски кийимга тўғри келмайди.

37 Шунингдек, ҳеч ким янги шаробни эски мешга қуймайди. Чунки янги шароб мешни ёриб юборади, шароб тўкилади, меш ҳам нобуд бўлади.

38 Аксинча, янги шаробни янги мешга қуймоқ даркор.

39 Эски шаробдан ичган одам янги шаробни истамайди. “Эскиси яхши”, деб айтади.

Шаббат куни тўғрисида савол

1 Шаббат кунларининг бирида Исо буғдойзордан ўтиб кетаётган эди. Унинг шогирдлари бошоқлардан узиб олиб, кафтларида уқалаб, донларини еяётган эдилар.

2 Баъзи фарзийлар эса уларга деди:

— Нега сизлар Шаббат куни қонунга хилоф иш қиляпсизлар?

3 Исо уларга шундай жавоб берди:

— Довуд ҳамроҳлари билан оч қолганда нималар қилганини наҳотки сизлар ҳеч ўқимаган бўлсангиз?!

4 У Худонинг уйига кириб, муқаддас нонларни еган. Ҳатто ҳамроҳларига ҳам берган. Қонунга мувофиқ эса бундай нонларни фақат руҳонийлар ейишга ҳақли эдилар–ку!

5 Исо яна деди:

— Инсон Ўғли Шаббат кунининг ҳам Ҳокимидир.

6 Бошқа Шаббат куни Исо синагогага кириб таълим берди. У ерда ўнг қўли қуриб қолган бир одам бор эди.

7 Таврот тафсирчилари билан фарзийлар Исони айблаш учун бирон сабаб топиш мақсадида: “Исо Шаббат куни бу одамга шифо берармикан”, деб Уни кузатиб турардилар.

8 Исо уларнинг бу ниятини била туриб, қўли шол одамга:

— Ўрнингдан туриб олдинга чиқ! — деб буюрди. У олдинга чиқди.

9 Исо йиғилганларга деди:

— Сизларга бир саволим бор. Қонунга мувофиқ Шаббат куни яхшилик қилиш керакми ёки ёмонликми? Жонни халос қилиш керакми ёки нобуд қилишми?

10 Исо уларнинг ҳаммасига назар ташлаб чиқди–да, у одамга:

— Қўлингни узат! — деди.

У одам қўлини узатиши биланоқ қўли соппа–соғ бўлиб қолди.

11 Тафсирчилар билан фарзийлар ғазабдан жазаваси тутиб, Исони нима қилсак экан, деб муҳокама қила бошладилар.

Исо ўн икки ҳаворийни танлайди

12 Ўша кунларнинг бирида Исо ибодат қилгани тоққа чиқди. У тун бўйи Худога ибодат қилди.

13 Тонг отгач, шогирдларини ёнига чақирди ва ораларидан қуйидаги ўн иккитасини танлаб олиб, уларга ҳаворийлар деб ном берди:

14 Шимўн (Исо унга Бутрус деб исм берди), унинг укаси Эндрус, Ёқуб, Юҳанно, Филип, Бартоломей,

15 Матто, Тўма, Халфей ўғли Ёқуб, ватанпарвар деб ном олган Шимўн,

16 Ёқуб ўғли Яҳудо ва кейинчалик хиёнат қилган Яҳудо Ишқариёт.

17 Шундан сўнг Исо улар билан бирга пастга тушиб, текис жойда тўхтади. Бу ерда Унинг кўплаб шогирдлари, шунингдек, бутун Яҳудиядан, Қуддусдан, соҳилдаги Тир ва Сидон ҳудудларидан келган бир талай оломон бор эди.

18 Улар Исони тинглагани ва хасталикларидан фориғ бўлгани келган эдилар. Ёвуз руҳлардан азоб чекаётган одамлар ҳам шифо топдилар.

19 Ҳамма одамлар қўлларини Исога теккизишга уринарди, чунки Ундан бир куч чиқиб, ҳаммага шифо берарди.

Бахтлилар ва бахтсизлар

20 Исо шогирдларига қараб, деди:

“Эй камбағаллар, сизлар бахтлисиз!

Худонинг Шоҳлиги сизларникидир.

21 Эй ҳозир оч бўлганлар, бахтлисиз!

Сизлар тўқ бўласизлар.

Эй йиғлаётганлар, бахтлисиз!

Сизлар қувониб куласизлар.

22 Инсон Ўғлига ён босганингиз учун

Одамлар сиздан нафратланганларида,

Жамиятдан қувиб, ҳақоратлаганларида,

Исмингизни қоралаганларида,

Сизлар барибир бахтлисизлар!

23 Шундай кунлар келганда қувонинг, шодликдан сакранг. Сизларни самода буюк мукофот кутмоқда. Ахир, сизларга озор етказаётган одамларнинг ота–боболари ҳам пайғамбарларга шундай қилганлар.

24 Эй бойлар, ҳолингизга вой!

Сизлар роҳатингизни кўриб бўлдингизлар.

25 Эй қорни тўқлар, ҳолингизга вой!

Сизлар оч қоласизлар.

Эй кулаётганлар, ҳолингизга вой!

Сизлар аза тутиб, фарёд қиласизлар.

26 Барча одамлар сизни мақтаганда ҳолингизга вой.

Ахир, уларнинг ота–боболари

Сохта пайғамбарларни ҳам худди шундай мақтаганлар.

Душманларингизни яхши кўринглар

27 Эй Мени тинглаётганлар, сизларга айтяпман: душманларингизни яхши кўринглар, сиздан нафратланганларга яхшилик қилинглар.

28 Сизларга лаънат айтганларни дуо қилинглар. Сизга озор берганлар учун ибодат қилинглар.

29 Бир чаккангизга урсалар, иккинчисини ҳам тутинг. Агар кимдир тўнингизни тортиб олса, кўйлагингизни ҳам ечиб беринг.

30 Сиздан сўраганларнинг ҳаммасига беринг. Агар кимдир нарсангизни тортиб олса, «Қайтариб бер», деб талаб қилманг.

31 Одамлар сизларга нима қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга ўшани қилинглар.

32 Агар сизни севганларнигина яхши кўрсангиз, қандай савоб қилган бўласизлар?! Ҳатто гуноҳкорлар ҳам ўзларини севганларни яхши кўрадилар.

33 Агар ўзингизга яхшилик қилганларгагина яхшилик қилсангиз, қандай савоб қилган бўласиз?! Ҳатто гуноҳкорлар ҳам худди шундай қиладилар.

34 Агар сиз қайтариб олишга умид қилиб қарз берсангиз, қандай савоб қилган бўласиз?! Ҳатто гуноҳкорлар ҳам қанча қарзлари бўлса, ҳаммасини қайтариб олиш мақсадида гуноҳкорларга қарз берадилар.

35 Лекин сиз душманларингизни севинг, уларга яхшилик қилинг, қайтариб беришини ўйламай, қарз беринг. Шунда буюк мукофот олиб, Худойи Таолонинг фарзандлари бўласизлар. Ахир, Унинг Ўзи ҳам ношукурларга ва фосиқларга меҳрибон–ку!

36 Осмондаги Отангиз раҳмдил бўлгани каби, сизлар ҳам раҳмдил бўлинглар.

Бошқаларни ҳукм қилманглар

37 Бошқаларни ҳукм қилманг, шунда Худо ҳам сизларни ҳукм қилмайди. Бошқаларни айбламанг, шунда Худо ҳам сизни айбламайди. Бошқаларни кечиринг, шунда Худо сизни кечиради.

38 Бошқаларга беринг, Худо ҳам сизларга беради, мўл–кўл қилиб беради, босиб, силкитиб тўлдирилган, тошиб–тўкилган ўлчов билан қўйнингизни тўлдиради. Сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангизлар, Худо ҳам сизларга худди шундай ўлчов билан ўлчаб беради.”

39 Исо уларга қуйидаги масални ҳам айтиб берди: “Кўр одам кўрни етаклаб юра оладими?! Иккаласи ҳам чуқурга қулаб тушади–ку!

40 Шогирд устозидан устун бўлмас. Аммо мукаммал билим эгаллаган шогирд устозидай бўлар.

41 Нима учун сен биродарингнинг кўзидаги зирапчани кўрасан–у, ўз кўзингдаги ходани сезмайсан?

42 Кўзингдаги ходани кўрмай туриб қандай қилиб биродарингга: «Дўстим, кел, кўзингдаги зирапчани олиб ташлай», деб айтасан? Ҳой, иккиюзламачи! Олдин кўзингдаги ходани чиқариб ол, шунда кўзинг тиниқ кўради ва биродарингнинг кўзидан зирапчани чиқара оласан.

Дарахт ва унинг меваси

43 Яхши дарахт ёмон мева бермас, ёмон дарахт эса яхши мева бермас.

44 Ҳар бир дарахтнинг қандайлиги ўз мевасидан билинади. Тиканзордан анжир терилмайди, бутазордан узум узилмайди.

45 Яхши одам юрагининг эзгулик хазинасидан яхшилик чиқаради, ёмон одам юрагининг ёмонлик хазинасидан ёмонлик чиқаради. Одамнинг дили нимага тўлиб–тошса, ўша тилига чиқади.

Доно ва аҳмоқ бинокор

46 Нега сизлар Мени: «Ё Раббий, ё Раббий!» деб чақирасиз–у, аммо айтганларимни қилмайсизлар?

47 Менинг олдимга келган ва сўзларимни эшитиб, уларга риоя қилган одам кимга ўхшашини биласизларми?

48 Уй қураётганда, чуқур хандақ қазиб, тош устига пойдевор ўрнатган кишига ўхшайди у. Сел тошиб, ўша уйни сув босади, лекин уйни қўзғата олмайди. Чунки уй маҳкам ўрнатилган.

49 Аммо Менинг сўзларимни тинглаб, уларга риоя қилмайдиган одам уйни тупроқ устига, пойдеворсиз қурган кишига ўхшайди. Уйни сув босганда, уй ўша заҳоти қулаб тушади. Уй бутунлай вайрон бўлади.”

Рим юзбошисининг имони

1 Исо халққа бу сўзларини айтиб бўлгандан кейин, Кафарнаҳум шаҳрига кетди.

2 У ерда бир Рим юзбошисининг жуда азиз хизматкори касал бўлиб, ўлим тўшагида ётган эди.

3 Юзбоши Исо тўғрисида эшитиб қолди ва яҳудий оқсоқолларини Унинг олдига юбориб: “Келинг, хизматкоримга шифо беринг”, — деб илтимос қилди.

4 Улар Исонинг ёнига келгач, ўтиниб ёлвордилар:

— У Сизнинг ёрдамингизга муносибдир.

5 У халқимизни яхши кўради, бизга ҳатто синагога ҳам қуриб берган.

6 Исо улар билан бирга кетди. У уйга яқинлашиб қолганда, юзбоши дўстлари орқали шундай хабар жўнатди:

— Ҳазрат, овора бўлманг! Кулбамга оёқ босишингиз учун номуносибман.

7 Мен ўзимни нолойиқ ҳисоблаганим учун Сизнинг олдингизга ўзим бормадим. Сиз буюрсангиз, бас, хизматкорим соғайиб кетади.

8 Мен ўзим буйруққа тобе одамман, аммо менинг ҳам қўлим остида аскарларим бор. Бирига “кет” десам, кетади, бошқасига “кел” десам, келади. Бирон хизматкоримга “шуни қил” десам, қилади.

9 Исо бу сўзларни эшитгач, юзбошидан ҳайратланди. У ўгирилиб, орқасидан эргашиб келаётган оломонга деди:

— Сизларга шуни айтай: Мен ҳаттоки Исроил халқи орасида ҳам бундай кучли имонга эга бўлган одамни учратмадим.

10 Юборилганлар юзбошининг уйига қайтиб келганларида, хизматкор соғайиб қолганини кўрдилар.

Исо бева аёлнинг ўғлини тирилтиради

11 Орадан кўп вақт ўтмай, Исо Наин деган шаҳарга борди. Унинг шогирдлари ва бир талай оломон Исо билан бирга эди.

12 Исо шаҳар даровозасига етиб қолганда, вафот этган бир одамни олиб чиқишаётганини кўриб қолди. Марҳум одам бева аёлнинг ёлғиз ўғли экан. Аёл билан бирга шаҳардан бир талай оломон чиқиб келаётган эди.

13 Раббимиз Исо бу аёлни кўргач, унга раҳми келиб:

— Йиғлама! — деди.

14 Кейин Исо яқинлашиб, тобутга қўлини теккизди. Тобутни кўтариб бораётганлар тўхтаб қолдилар. Исо ўликка:

— Эй йигит, сенга айтаман: тур ўрнингдан! — деди.

15 Ўшанда ўлик ростланиб ўтирди–да, гапира бошлади. Исо уни онасига топширди.

16 Ҳаммани ваҳима босди. Одамлар: “Орамизда буюк пайғамбар пайдо бўлди, Худо Ўз халқини қутқариш учун келди”, деб Худога ҳамду сано айтардилар.

17 Исо ҳақидаги бу хабар Яҳудияга ва бутун атрофга ёйилди.

Яҳё чўмдирувчининг хабарчилари

18 Яҳёга шогирдлари бўлиб ўтган бу воқеалар тўғрисида хабар беришди.

19 Яҳё шогирдларидан иккитасини чақириб, уларни Раббимиз Исонинг олдига шундай савол билан юборди: “Келадиган Зот Сизмисиз, ёки биз бошқасини кутайликми?”

20 Улар Исонинг олдига бориб дейишди:

— Бизни Яҳё чўмдирувчи юборди. У Сиздан: “Келадиган Зот Сизмисиз, ёки биз бошқасини кутайликми?” — деб сўраяпти.

21 Айни шу пайтда Исо кўп одамларнинг хасталикларию дардларига шифо бераётган, ёвуз руҳларга чалинганларни тузатаётган, кўплаб кўрларнинг кўзларини очаётган эди.

22 Исо Яҳёнинг шогирдларига шундай жавоб берди:

— Боринглар, кўриб эшитаётганларингизни Яҳёга айтинглар: кўрлар кўрмоқда, чўлоқлар юрмоқда, тери касаллигига чалинганлар тузалмоқда, карлар эшитмоқда, ўликлар тирилмоқда, йўқсиллар Хушхабарни эшитмоқда.

23 Мендан юз ўгирмаганлар нақадар бахтлидир!

24 Яҳёнинг хабарчилари кетгандан кейин, Исо оломонга Яҳё ҳақида гапира бошлади: “Саҳрога нимани кўргани бордингизлар? Шамолда ҳилпираб турган қамишними?

25 Хўш, нимани кўргани бордингизлар? Башанг кийинган одамними? Бироқ башанг кийиниб, бой–бадавлат яшайдиганлар шоҳ саройида бўлади–ку!

26 Ундай бўлса, нимани кўргани бордингизлар? Пайғамбарними? Ҳа, сизларга шуни айтай: сизлар пайғамбардан ҳам улуғини кўрдингизлар!

27 У ҳақда шундай ёзилган:

«Мана, Сендан олдин Мен Ўз элчимни юборяпман,

У Сен учун йўлни ҳозирлайди.»

28 Сизларга айтаманки, бутун инсон зоти орасида Яҳёдан улуғи йўқ. Аммо Худонинг Шоҳлигида энг кичик ҳисобланган одам ҳам ундан улуғроқдир.”

29 Яҳёни эшитган жамики одамлар, ҳатто солиқчилар ҳам Худонинг йўли тўғри эканлигини тан олган эдилар. Улар Яҳё томонидан сувга чўмдирилгандилар.

30 Фарзийлар билан Таврот тафсирчилари эса, Яҳё томонидан сувга чўмдирилишни истамай, Худонинг улар учун бўлган мақсадини рад қилдилар.

31 Исо гапида давом этди: “Шундай экан, замонимиздаги одамларни кимга қиёсласам бўлади?

32 Улар майдонда ўтирган болаларга ўхшайдилар. Ўша болалар бир–бирларига шундай дея бақирадилар:

«Сизлар учун най чалдик, аммо рақсга тушмадингиз,

Биз оҳ–воҳ қилдик, аммо сизлар йиғламадингиз.»

33 Яҳё чўмдирувчи келиб на нон еди, на шароб ичди. Сизлар эса: «Уни жин урибди», дейсизлар.

34 Инсон Ўғли келиб, ҳам еди, ҳам ичди. Уни эса сизлар: «Ебтўймас, шаробхўр, солиқчилар ва гуноҳкорларнинг дўсти», дейсизлар.35 Аммо билиб қўйинглар: Худонинг донолигини тан олганлар Унинг донолиги тўғри эканлигини кўрсатиб турибдилар.”

Гуноҳкор аёл Исонинг оёқларига атир мой суртади

36 Фарзийлардан бири Исони таом ейишга таклиф қилди. Исо фарзийнинг уйига кириб, дастурхон ёнига ёнбошлади.

37 Шаҳарда гуноҳкор бир аёл бор эди. У: “Исо фарзийнинг уйида меҳмонда экан”, деб эшитди ва ганчдан ясалган идишда атир мой олиб келди.

38 Ўша аёл Исонинг оёқлари томонида туриб йиғлади. Аёлнинг кўз ёшлари Исонинг оёқларига томар эди. Аёл Исонинг оёқларини сочлари билан артиб, ўпа бошлади, оёқларига атир мой суртди.

39 Исони ўз уйига таклиф қилган фарзий буни кўриб: “Агар бу Одам ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлганда эди, Унга қўл теккизган аёлнинг кимлигини ва қанақалигини билган бўларди, бу аёл гуноҳкор–ку”, деб кўнглидан ўтказди.

40 Исо фарзийга деди:

— Шимўн, сенга бир гап айтмоқчиман.

— Айтинг, Устоз! — деди у.

41 Исо деди:

— Икки киши бир одамдан қарздор экан: бири беш юз кумуш танга, иккинчиси эллик кумуш танга.

42 Улар қарзларини тўлай олмагани учун, қарз берувчи икковининг ҳам қарзидан кечиб юборибди. Хўш, улардан қайси бири қарз берганни кўпроқ яхши кўради?

43 Шимўн жавоб бериб деди:

— Менимча, кўпроқ қарзи кечирилган одам бўлса керак.

— Тўғри мулоҳаза қилдинг, — деди унга Исо.

44 Кейин Исо аёлга ўгирилиб қаради–да, Шимўнга деди:

— Мана бу аёлни кўряпсанми? Мен уйингга келганимда, оёқларимни ювгани сув бермадинг. У эса кўз ёшлари билан оёқларимни ювиб, сочлари билан артиб қуритди.

45 Сен Мени ўпиб кутиб олмадинг. Бу аёл эса, келганимдан бери оёқларимни ўпишдан тўхтагани йўқ.

46 Сен бошимга зайтун мойи суртмадинг, бу аёл эса оёқларимга атир мой суртди.

47 Сенга айтай: бу аёлнинг гуноҳлари кўп эди, кечирилди. Чуқур меҳрининг сабаби ҳам шудир. Оз кечирилганнинг меҳри оз бўлади.

48 Сўнг Исо аёлга:

— Гуноҳларинг кечирилди, — деди.

49 Исо билан дастурхон атрофида ёнбошлаганлар ичларида айтардилар: “Бу ким бўлдики, ҳатто гуноҳларни ҳам кечиради–я!”

50 Исо эса аёлга:

— Ишончинг сени қутқарди, эсон–омон бор, — деди.

Исога эргашган аёллар

1 Орадан кўп ўтмай, Исо шаҳару қишлоқларга бориб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилди. Ўн икки шогирди У билан бирга эди.

2 Ёвуз руҳлардан ва хасталиклардан халос бўлган бир неча аёллар ҳам Исога эргашган эдилар. Булар: Магдалалик Марям (унинг ичидан еттита жин чиқиб кетган эди),

3 Ҳироднинг сарой бошқарувчиси Хузаснинг хотини Йўанна, Сусанна ва кўплаб бошқа аёллар эди. Улар ўз мол–мулкларини Исо билан Унинг шогирдлари эҳтиёжлари учун сарф қилардилар.

Уруғ сепувчи ҳақида масал

4 Бир куни шаҳару қишлоқлардан талай оломон келиб, Исонинг ёнида тўпланди. Исо шундай масал айтди:

5 “Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди. У уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Одамлар уруғларни босибди, қушлар чўқиб кетибди.

6 Баъзи уруғлар тошлоқ жойга тушибди. Уруғлар кўкариб чиқибди–ю, аммо намлик бўлмагани учун қуриб қолибди.

7 Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Уруғлар билан бирга ўсиб чиққан тиканлар уруғларни бўғиб қўйибди.

8 Яна баъзи уруғлар яхши тупроққа тушибди. Улар кўкариб чиқиб, ҳар бири юз баравар ҳосил берибди.”

Исо буларни айтиб бўлиб, баланд овозда: “Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!” — деди.

Масалларнинг мақсади

9 Шогирдлар Исодан:

— Бу масалнинг маъноси нима? — деб сўрашди.

10 У шундай жавоб берди: “Худо Шоҳлигининг сирларини билиш сизларга берилган. Бошқаларга эса, Мен ҳамма нарсани масаллар билан гапираман, токи улар:

«Қараб туриб, англамасинлар,

Тинглаб туриб, тушунмасинлар.»

Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъноси

11 Бу масалнинг маъноси шу: уруғ Худонинг каломидир.

12 Сўқмоқ йўл устига тушган уруғлар шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитадилар, лекин ишонмасликлари ва нажот топмасликлари учун иблис уларнинг юрагидан каломни олиб кетади.

13 Тошлоқ жойга тушган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитганда уни севинч билан қабул қиладилар. Аммо улар илдиз отмаган. Шунинг учун улар қисқа вақт давомида ишонадилар, синов пайти келганда эса имондан қайтадилар.

14 Тиканлар орасига тушган уруғлар шундай одамларни билдирадики, улар каломни эшитадилар, бироқ умри давомидаги ташвишлар, бойлик ва ҳаёт лаззатлари бундай уруғларни бўғиб қўяди. Уларнинг ҳосили етилмайди.

15 Яхши тупроққа тушган уруғлар эса шундай кишиларни билдиради: улар каломни эшитиб, уни эзгу, самимий юракда асрайдилар ва сабр–тоқат ила ҳосил берадилар.

Ёруғлик ва қоронғилик ҳақида

16 Ҳеч ким чироқни ёқиб, устини идиш билан ёпиб қўймайди ёки чорпоя тагига яшириб қўймайди. Аксинча, кирганлар ёруғликни кўрсин деб, уни чироқпояга қўяди.

17 Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади. Ҳар қандай сир очилиб, ёруққа чиқади.

18 Шундай экан, яхшилаб қулоқ солинглар: кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, бор деб ўйлаган нарсаси ҳам ундан тортиб олинади.”

Исонинг онаси ва укалари

19 Исонинг онаси билан укалари Унинг олдига келдилар, аммо одам кўплигидан Унга яқинлаша олмадилар.

20 Исога:

— Онангиз билан укаларингиз ташқарида туришибди, улар Сизни кўришмоқчи, — деб айтишди.

21 Исо уларга шундай жавоб берди:

— Худонинг сўзини эшитиб, унга амал қилувчилар Менинг онам ва укаларимдир.

Исо бўронни тинчлантиради

22 Бир куни Исо шогирдларига: “Кўлнинг нариги томонига ўтайлик”, — деди. Улар қайиққа ўтириб, жўнаб кетдилар.

23 Сузиб кетаётганларида Исо ухлаб қолди. Кўлда қаттиқ бўрон кўтарилди, қайиқ сувга тўла бошлади. Улар хавфли аҳволда қолдилар.

24 Шунда шогирдлар:

— Устоз! Устоз! Ҳалок бўляпмиз! — деб Исони уйғотдилар.

Исо туриб шамолга ва қутураётган тўлқинларга дўқ урди. Шу онда шамол тинди, сукунат чўкди.

25 Исо шогирдларига:

— Ишончингиз қани?! — деди.

Улар эса қўрқув ва ҳайрат ичра бир–бирига шундай дейишди:

— Бу ким бўлди экан–а? У ҳатто шамолу сувга амр беради, улар эса бўйсунади–я!

Жинга чалинган одамга Исо шифо беради

26 Исо шогирдлари билан қайиқда Жалила кўлининг нариги қирғоғидаги Гераса ҳудудига сузиб борди.

27 Исо қирғоққа чиқиши билан Уни жинга чалинган шаҳарлик бир одам қарши олди. Бу одам анча вақтдан бери кийим киймас эди. У уйда эмас, қабристон ғорларида яшарди.

28 Ўша одам Исони кўргач, қичқириб юборди. Ўзини Унинг оёқлари остига отиб, овози борича бақирди:

— Эй Исо, Худойи Таолонинг Ўғли! Мени тинч қўй! Ўтинаман, менга азоб берма! — деди.

29 Чунки Исо ёвуз руҳга бу одамдан чиқиб кетишни буюрган эди. Кўп марта ёвуз руҳ бу одамдан устун келиб, уни бошқарарди. Гарчи бу одамнинг қўл–оёқларини занжир билан боғлаб қўриқлашган бўлса ҳам, у занжирни узиб ташларди, жин эса уни кимсасиз жойларга олиб кетарди.

30 Исо жиндан:

— Исминг нима? — деб сўради.

— Исмим Тумонат, — деди у. Чунки бу одамнинг ичига бир талай жин кириб олган эди.

31 Жинлар Исодан: “Бизни тубсиз чуқурликка юбормагин”, деб ёлвориб сўрадилар.

32 Шу тоғнинг ён бағрида катта бир чўчқа подаси ўтлаб юрган эди. Жинлар Исодан: “Чўчқаларнинг ичига киришимиз учун бизга ижозат бер”, деб ёлвордилар. Исо уларга рухсат берди.

33 Шунда жинлар бу одамдан чиқиб, чўчқаларга кириб олишди. Чўчқа подаси тик қияликдан кўлга ёпирилиб, чўкиб кетди.

34 Чўчқа боқувчилар содир бўлган воқеани кўриб қочдилар. Улар бўлиб ўтган ҳодисани шаҳар ва қишлоқларда гапириб юрдилар.

35 Одамлар бўлиб ўтган воқеани кўргани келдилар. Улар Исонинг олдига келганларида, жиндан халос бўлган одамни кўрдилар. У одам кийинган, ақли расо ҳолда Исонинг оёқ томонида ўтирарди. Улар буни кўриб, қўрқиб кетишди.

36 Воқеани кўрганлар эса жин чалган одамнинг қандай қилиб шифо топганини сўзлаб бердилар.

37 Шунда Гераса ҳудудидан келган ҳамма одамлар қаттиқ ваҳимага тушиб, Исога: “Бизнинг ҳудудимиздан чиқиб кетинг”, деб илтимос қилдилар. Исо қайиққа тушиб, қайтиб кетмоқчи бўлиб турганда,

38-39 жинлардан халос бўлган одам Исога:

— Сиз билан кетай, — деб ёлворди. Исо эса:

— Уйингга қайтиб бор. Худо сен учун нималар қилганини айтиб бер, — деб уни жўнатиб юборди.

У киши бориб, Исо унга қанчалар мурувват кўрсатганини бутун шаҳарга эълон қилди.

Соғайган аёл ва тирилган қиз

40 Исо кўлнинг бу қирғоғига қайтиб келганда, халқ Уни қаршилаб олди, чунки ҳамма Уни кутаётган эди.

41 Шу пайт Яир исмли бир одам келиб қолди. У синагога бошлиғи эди. У Исонинг оёғига бош уриб: “Илтимос, уйимга юринг”, деб ёлворди.

42 Чунки Яирнинг ўн икки ёшли ёлғиз қизи ўлим тўшагида ётган эди.

Исо ўша одам билан кетди. Оломон Исони ҳар томондан қисиб қўярди.

43 Оломон орасида ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл ҳам бор эди. У бор–будини табибларга сарфлаган бўлса ҳам, биронтаси унга шифо бера олмаган эди.

44 Аёл Исонинг орқасидан келиб, Унинг кийими этагига қўл теккизди. Шу заҳоти қон кетиши тўхтади.

45 — Менга ким тегди? — деб сўради Исо. Исога қўл теккизганини ҳеч ким тан олмади. Шунда Бутрус деди:

— Устоз, оломон Сизни ўраб олиб, сиқиб қўйганини кўриб турибсиз–ку!

46 Лекин Исо деди:

— Кимдир Менга қўлини теккизди. Ичимдан бир куч чиққанини сездим.

47 Назардан четда қола олмаслигини билиб, аёл титраганча Исонинг олдига келди. Унинг оёқлари остига ўзини ташлаб, бутун халқ олдида нима сабабдан Исога қўлини теккизганини ва қўл теккизган заҳоти шифо топганини айтиб берди.

48 Исо унга деди:

— Қизим, ишончинг сени соғайтирди. Эсон–омон бор.

49 Исо шундай деб турган ҳам эдики, синагога бошлиғининг уйидан кимдир келиб унга:

— Қизингиз ўлди, Устозни овора қилмай қўя қолинг, — деди.

50 Буни эшитган Исо синагога бошлиғи Яирга деди:

— Қўрқманг. Фақат ишонинг, қизингиз шифо топади.

51 Исо бошлиқнинг уйига келганда, Бутрус, Юҳанно, Ёқуб ва қизнинг ота–онасидан бошқа ҳеч кимнинг ичкарига киришига рухсат бермади.

52 Ҳамма қизча учун дод–фарёд қилаётган эди. Исо уларга деди:

— Йиғламанглар, ахир, қизча ўлмаган, у ухлаб ётибди.

53 Улар эса Исонинг устидан кулдилар, чунки қизча ўлганини билардилар.

54 Исо эса қизчанинг қўлидан ушлаб:

— Қизалоқ, тур ўрнингдан! — деди.

55 Қизчага жон кирди. У шу заҳоти ўрнидан турди. Исо: “Қизчага овқат беринглар”, — деб буюрди.

56 Қизчанинг ота–онаси донг қотиб қолдилар. Исо эса уларга бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга оғиз очмасликни буюрди.

Исо ўн икки ҳаворийни хизматга юборади

1 Исо ўн икки ҳаворийни ёнига чақириб, уларга ҳамма жинларни қувиб чиқариш ва касалликларни даволаш қудрати ва ҳокимиятини берди.

2 Исо уларни Худонинг Шоҳлигини эълон қилишга ва хасталарни шифолашга юборар экан,

3 шундай деди: “Йўлга ҳеч нарса олманглар: ҳасса ҳам, тўрва ҳам, нон, пул, ҳатто қўшимча кийим ҳам олманглар.

4 Қайси уйга кирсангизлар, ўша шаҳардан кетгунингизча шу уйда қолинглар.

5 Агар бирор шаҳарда сизни қабул қилмасалар, у ердан чиқаётганингизда уларга огоҳлантириш тариқасида оёқларингиздаги чангни қоқиб кетинглар.”

6 Ҳаворийлар кетдилар. Қишлоқма–қишлоқ юриб, ҳамма ёқда Хушхабарни эълон қилдилар, хасталарга шифо бердилар.

Ҳирод саросимага тушади

7 Вилоят ҳукмдори Ҳирод содир бўлаётган ажойиботлар ҳақида эшитиб, эсанкираб қолди. Чунки баъзилар: “Яҳё тирилиб келибди”, десалар,

8 бошқалар: “Илёс пайғамбар зоҳир бўлибди”, дер эдилар. Яна бошқалар бўлса: “Қадимги пайғамбарлардан бошқа бири тирилиб келибди”, дейишарди.

9 Ҳирод: “Мен Яҳёнинг бошини олдирган эдим, аммо менга айтишаётган бу Одам ким бўлди экан?” деб Исони кўргиси келди.

Исо 5000 кишини тўйдиради

10 Ҳаворийлар қайтиб келдилар ва қилган ҳамма ишларини Исога айтиб бердилар. Исо фақатгина ҳаворийлари билан вақт ўтказмоқчи бўлиб, уларни Байтсайда шаҳрига олиб кетди.

11 Оломон эса бу ҳақда хабар топиб, Унинг орқасидан эргашди. Исо оломонни яхши кутиб олди, уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида гапирди, шифога муҳтожларни шифолади.

12 Кун ботиб, кеч кира бошлади. Ўн икки ҳаворий Исонинг олдига келиб дедилар:

— Одамларни жўнатиб юборинг, токи улар атрофдаги қишлоқларга, овулларга бориб, ўзларига тунаш учун жой ва егулик топсинлар. Ахир, биз кимсасиз жойдамиз.

13 — Сизлар уларга овқат беринглар! — деди Исо.

— Бешта нон ва иккита балиқдан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ–ку! — дея жавоб берди шогирдлар. — Нима, биз бориб, шунча одамга овқат сотиб олайликми?!

14 Оломон орасида тахминан беш мингга яқин эркак бор эди. Исо шогирдларига деди:

— Одамларни элликта–элликта қилиб ўтқазинглар.

15 Шогирдлар айтилгандай қилиб, ҳаммани ерга ўтқаздилар.

16 Исо бешта нон билан иккита балиқни олди, осмонга қараб шукрона дуосини ўқиди. Сўнг буларни синдириб, халққа тарқатиш учун шогирдларига берди.

17 Ҳамма еб тўйди. Ортиб қолган бурдаларни йиғиб олишганда, ўн икки сават чиқди.

Бутрус Исонинг Масиҳ эканини тан олади

18 Бир куни Исо ёлғиз Ўзи ибодат қилаётганда, шогирдлари келиб қолишди. Исо улардан:

— Халқ Мени ким деб билади? — дея сўради.

19 Улар шундай жавоб бердилар:

— Баъзилар Сизни Яҳё чўмдирувчи деб ҳисоблайдилар, баъзилар Илёс, бошқалари эса, қадимги пайғамбарлардан бири тирилиб келган, деб айтиб юрибдилар.

20 — Сизлар–чи, Мени ким деб биласиз? — деб сўради Исо.

— Сиз Худо юборган Масиҳсиз! — деб жавоб берди Бутрус.

Исо Ўз ўлими тўғрисида гапиради

21 Исо шогирдларига: “Буларни ҳеч кимга айтманглар, — деб қатъий огоҳлантириб гапирди.

22 — Инсон Ўғли кўп азоб чекади. Йўлбошчилар, бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари томонидан рад қилиниб, ўлдирилади. Учинчи куни эса тирилади.”

23 Сўнг ҳаммага деди: “Кимда–ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ҳар куни ўз хочини кўтариб, ортимдан юрсин.

24 Ким ўз жонини асраб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Ким Мен учун жонини берса, уни асраб қолади.

25 Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса–ю, бироқ ўз ҳаётига ўзи зомин бўлса, бундан унга нима фойда?!

26 Мендан ва Менинг сўзларимдан уялманглар! Акс ҳолда, Инсон Ўғли Ўзининг, самовий Отасининг ва муқаддас фаришталарнинг улуғворлигида келганда, У ҳам сизлардан уялади.

27 Сизларга чинини айтайин: бу ерда турганлардан баъзилари Худонинг Шоҳлигини кўрмагунча, ўлмайдилар.”

Исонинг қиёфаси ўзгаради

28 Исо бу гапларни айтгандан кейин орадан саккиз кун ўтди. У Бутрусни, Юҳанно билан Ёқубни олиб, ибодат қилгани тоққа чиқди.

29 Ибодат пайтида Исонинг юзи ўзгарди, кийимлари ҳам кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ бўлиб қолди.

30-31 Бирданига Исонинг олдида икки одам пайдо бўлди, уларнинг бутун борлиғи нур таратиб турарди. Бу икки одам Мусо ва Илёс бўлиб, Исо билан гаплашаётган эдилар. Улар Исонинг тез орада Қуддусга бориши ва у ерда Худонинг режасини амалга ошириб, оламдан ўтиши тўғрисида суҳбатлашаётган эдилар.

32 Бутрус ва у билан бирга бўлганлар қаттиқ уйқуга кетган эдилар. Улар бирдан уйғониб, Исонинг улуғворлигини ва Унинг ёнида турган икки одамни кўрдилар.

33 Бу икки одам кетмоқчи бўлиб турганда Бутрус Исога деди:

— Устоз, яхши ҳам шу ерда эканмиз! Келинг, учта чайла ясайлик, биттаси Сизга, биттаси Мусога, биттаси Илёсга.

Аммо у нима деб айтаётганини ўзи ҳам билмас эди.

34 У шу гапини тугатмаган ҳам эдики, булут пайдо бўлиб, ҳаммаларига соя солди. Булут остида қолган шогирдлар қўрқиб кетдилар.

35 Булут орасидан эса шундай овоз эшитилди:

— Бу Менинг Ўғлимдир, Мен Уни танладим. Унга қулоқ солинглар!

36 Овоз тингандан кейин, шогирдлар Исонинг у ерда ёлғиз қолганини кўрдилар. Шогирдлар кўрганларини сир сақлаб, ўша кунларда ҳеч кимга айтмадилар.

Жинга чалинган болага Исо шифо беради

37 Эртаси куни Исо ва Унинг уч шогирди тоғдан тушдилар. Исони катта оломон кутиб олди.

38 Тўсатдан оломон орасидан бир одам бақириб қолди:

— Устоз! Ёлвораман, ўғлимни кўриб қўйинг! У менинг яккаю ягона ўғлим!

39 Баъзан уни жин тутиб туради. Шунда ўғлим бирданига бақириб қолади. Оғзидан кўпик чиққунча, жин уни дағ–дағ қалтиратади. Болани ўлгудай чарчатиб, азоб беради.

40 Мен шогирдларингизга, жинни қувиб чиқаринглар, деб ёлвордим, аммо улар эплай олмадилар.

41 Исо шундай жавоб берди:

— Эй имонсиз ва бузуқ авлод! Қачонгача сизлар билан бирга бўлишим керак?! Сизларга яна қанча тоқат қилишим керак?! Ўғлингни бу ерга олиб кел!

42 Бола яқинлашаётганда, жин уни ерга ағнатиб, қалтирата бошлади. Лекин Исо ёвуз руҳга дўқ уриб, болага шифо берди. Сўнг уни отасига топширди.

43 Ҳамма Худонинг қудратига ҳайрон қолди.

Исо яна Ўз ўлими ҳақида гапиради

Одамлар Исонинг қилаётган ишларидан ҳайратланаётган эдилар. Шунда Исо Ўз шогирдларига деди:

44 “Сизлар бу сўзларимни қулоқларингизга қуйиб олинглар! Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади.”

45 Аммо шогирдлар бу сўзларни тушунмадилар. Бу сўзларнинг маъноси улар учун қоронғи бўлиб, уни англамадилар. “Бу нима деганингиз?” деб Исодан сўрашга ҳам ботина олмадилар.

Ким катта?

46 Шогирдлар ўртасида: “Орамизда энг катта ким?” деган баҳс бўлди.

47 Уларнинг бу ўй–хаёлларини билган Исо бир болани олиб Ўзининг ёнига турғизди–да,

48 уларга деди:

— Ким бу болани Менинг номимдан қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади. Ким Мени қабул қилса, Мени Юборганни қабул қилган бўлади. Ораларингиздаги энг кичигингиз аслида энг каттангиздир.

Сизга қарши бўлмаган — сизнинг томонингизда

49 Шунда Юҳанно деди:

— Устоз! Биз бир одамни кўрдик. У Сизнинг номингиз билан жинларни қувиб чиқараётган экан. У биз билан юрмагани сабабли, унга бундай қилишни ман этдик.

50 — Ман этманг! — деди Исо. — Кимки сизларга қарши бўлмаса, у сиз томонда.

Самарияликлар Исони рад қилишади

51 Исонинг осмонга кўтариладиган куни яқинлашиб келаркан, У Қуддусга боришга қарор қилди.

52 Ўзидан олдин хабарчиларни юборди. Улар Исонинг келишига ҳозирлик кўриш учун Самариянинг бир қишлоғига кирдилар.

53 Аммо Самарияликлар Исони қабул қилмадилар, чунки У Қуддусга кетаётган эди.

54 Унинг шогирдлари Ёқуб билан Юҳанно бу вазиятни кўриб, шундай дедилар:

— Ҳазрат, истасангиз, биз: “Осмондан олов тушсин! Буларни йўқ қилиб юборсин!” — деб буюрамиз.

55 Исо эса ўгирилиб қаради–да, уларни койиди.

56 Шундан кейин улар бошқа қишлоққа кетдилар.

Исога эргашиш шартлари

57 Йўлда кетаётганларида, бир одам Исога:

— Қаерга борсангиз ҳам, мен ортингиздан бораман, — деди.

58 Исо ўша одамга шундай деди:

— Тулкиларнинг уялари бор, қушларнинг инлари бор. Инсон Ўғлининг эса бош қўядиган жойи йўқ.

59 Бошқа бир одамга Исо:

— Ортимдан юр! — деди. Лекин у:

— Ҳазрат, ижозат беринг, аввал бориб отамни дафн қилиб келай, — деди.

60 Исо эса ўша одамга айтди:

— Марҳумларни руҳан ўлик бўлганлар дафн қилсинлар, сен эса бориб, Худонинг Шоҳлигини эълон қилгин.

61 Яна бошқа бири айтди:

— Ҳазрат, мен Сизга эргашаман. Фақат олдин бориб уйдагилар билан хайрлашишимга ижозат беринг.

62 Лекин Исо унга деди:

— Омочни тутиб, ортига қараган биронта одам Худонинг Шоҳлигига лойиқ эмас.

Шогирдларнинг воизлик сафари

1 Шундан кейин Раббимиз Исо етмиш икки одамни танлаб олди. Уларни иккита–иккита қилиб, боришни мўлжаллаган ҳар бир шаҳарга, ҳар бир жойга Ўзидан олдин жўнатди.

2 Исо уларга шундай деди: “Ҳосил мўл, аммо ишчилар оз. Ҳосил Эгасидан: «Ҳосилингни йиғиб олишга яна ишчилар юбор», деб сўранглар.

3 Боринглар! Сизни бўрилар орасига қўзилардай юборяпман.

4 Ўзларингиз билан ҳамён, тўрва, чориқ олманглар. Йўлда одамлардан ҳол–аҳвол сўрашга вақтингизни кеткизманглар.

5 Бирор хонадонга кирганларингизда, аввало: «Хонадонингизда тинчлик–омонлик бўлсин», деб айтинглар.

6 Агар ўша хонадонда тинчликсевар одам яшаётган бўлса, сиз тилаган тинчлик ўша одамда қолади. Бўлмаса, ўзингизга қайтиб келади.

7 Бир хонадондан бошқа хонадонга кўчиб юрманглар. Кирган хонадонингизда қолинглар. Олдингизга нима қўйишса, ўшани еб–ичинглар. Чунки меҳнаткаш иш ҳақини олишга муносибдир.

8 Бир шаҳарга кирганингизда, шаҳар аҳолиси сизларни қабул қилса, олдингизга қўйганларини енглар.

9 Ўша ердаги хасталарга шифо бериб, шаҳардаги одамларга: «Худонинг Шоҳлиги сизларга яқинлашди», деб айтинглар.

10 Аммо бирон шаҳарга кирганингизда сизларни қабул қилмасалар, ўша шаҳарнинг шоҳ кўчаларига чиқиб шундай деб айтинглар:

11 «Огоҳлантириш тариқасида шаҳрингиздан оёқларимизга ёпишган чангни ҳам қоқиб кетяпмиз. Аммо билиб қўйинг, Худонинг Шоҳлиги яқинлашди!»

12 Сизларга айтаманки, қиёмат кунида ўша шаҳарнинг ҳоли Садўм шаҳрининг ҳолидан баттар бўлади.

Худони рад этган шаҳарларнинг ҳоли

13 Сенинг ҳолингга вой, эй Хоразин! Сенинг ҳолингга вой, эй Байтсайда! Агар сизларда қилинган мўъжизалар Тир билан Сидон шаҳарларида қилинганда эди, улар аллақачон қанорга ўраниб, кулга ўтириб, тавба қилган бўлардилар.

14 Қиёмат кунида сизнинг ҳолингиз Тир ва Сидоннинг ҳолидан баттар бўлади.

15 Эй Кафарнаҳум! Худо сени кўкларга кўтаради, деб ўйлайсанми?! Йўқ, У сени тубсиз чуқурликка улоқтиради!”

16 Исо шогирдларига деди: “Сизларга қулоқ солган Менга қулоқ солган бўлади. Сизларни рад қилган Мени рад қилган бўлади. Мени рад қилган эса Мени Юборганни рад қилган бўлади.”

Шогирдлар сафардан қайтади

17 Етмиш икки шогирд хурсанд бўлиб сафардан қайтиб келдилар. Улар Исога шундай дедилар:

— Ҳазрат, биз Сизнинг номингиздан буйруқ берганимизда, ҳатто жинлар ҳам итоат этяптилар.

18 Исо уларга деди:

— Мен шайтоннинг осмондан яшиндай тушганини кўрдим.

19 Мен сизларга илону чаёнларни босиб эзиш ҳокимиятини ва иблиснинг бутун куч–қудратини оёқ ости қилиш ҳокимиятини берганман. Ҳеч нарса сизларга зарар етказмайди.

20 Бироқ жинлар сизга бўйсунаётганидан хурсанд бўлманглар, балки номларингиз осмонда ёзилганидан хурсанд бўлинглар!

21 Шу он Исо Муқаддас Руҳнинг шодлигига тўлиб, деди: “Эй Ота, еру осмоннинг Эгаси! Сен бу ишларни донолару идроклилардан яшириб, гўдакларга маълум этганинг учун Сенга шукурлар айтаман. Ҳа, Ота, бу Сенинг эзгу хоҳишинг эди.”

22 Сўнг Исо одамларга деди: “Осмондаги Отам ҳамма нарсани Менинг ихтиёримга топширган. Ўғилнинг кимлигини Отадан бошқа ҳеч ким билмайди. Отанинг кимлигини ҳам Ўғилдан бошқа ва Ўғил аён қилишни истаган одамдан бошқа ҳеч ким билмайди.”

23 Исо шогирдларига ўгирилиб қаради–да, уларга алоҳида деди: “Сизлар кўраётганларни кўрадиган кўзлар бахтлидир!

24 Сизларга шуни айтай: қанчадан–қанча пайғамбарлар, қанчадан–қанча шоҳлар сизлар кўрган воқеаларни кўришни истаганлар, аммо кўрмаганлар. Сизлар эшитганларингизни эшитишни улар истаганлар, аммо эшитмаганлар.”

Раҳмдил Самариялик ҳақида масал

25 Шунда Исони синаш мақсадида келган Таврот тафсирчиларидан бири туриб, Унга савол берди:

— Устоз, абадий ҳаётга эга бўлишим учун мен нима қилишим керак?

26 Исо:

— Тавротда бу тўғрида нима ёзилган? Сиз нима деб тушунасиз? — деб сўради.

27 У киши шундай жавоб берди:

— У ерда ёзилганки: “Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан, кучингиз борича севинг”, яна: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.”

28 Исо унга:

— Тўғри жавоб бердингиз. Сиз ҳам шундай қилинг, ана шунда яшайсиз! — деди.

29 Аммо у одам ўзини оқламоқчи бўлиб, Исодан:

— Менинг яқиним ким? — деб сўради.

30 Исо шундай жавоб берди:

— Бир одам Қуддусдан Ерихога бораётган экан, қароқчилар қўлига тушиб қолибди. Қароқчилар унинг кийимларини ечиб олиб, калтаклаб, чалажон қилиб ташлаб кетибдилар.

31 Тасодифни қарангки, ўша йўлдан бир руҳоний кетаётган экан. У ҳалиги одамни кўрибди–ю, йўлнинг нариги четидан ўтиб кетаверибди.

32 Ўша жойдан ўтиб кетаётган леви ҳам худди шундай қилибди. У ярадор одамни кўриб, йўлнинг нариги четидан ўтиб кетаверибди.

33 Аммо ўша ердан ўтиб кетаётган бир Самариялик ярадор одамни кўриб, унга ачиниб кетибди.

34 Унинг ёнига келиб, яраларига зайтун мойи, шароб суриб, боғлаб қўйибди. Сўнг уни ўз уловига миндирибди–да, меҳмонхонага олиб келиб, уни парвариш қилибди.

35 Эртаси куни икки кумуш танга чиқарибди–да, меҳмонхона эгасига бериб: “Унга яхши қаранг, агар бундан ортиқ харажат қилсангиз, қайтишимда сизга тўлайман”, дебди.

36 Сизнингча, ўша уч одамдан қайси бири қароқчилар қўлига тушган одамнинг яқини ҳисобланади?

37 Тафсирчи:

— Унга шафқат кўрсатган одам–да, — деб жавоб берди.

— Боринг, сиз ҳам шундай қилинг! — деди унга Исо.

Исо Марям билан Мартанинг уйида

38 Исо ва Унинг шогирдлари йўлда давом этдилар. Улар бир қишлоққа кирдилар. У ерда Марта исмли аёл Исони уйига таклиф қилди.

39 Унинг Марям исмли бир синглиси бор эди. Марям Раббимиз Исонинг оёқлари олдида ўтириб, Унинг сўзларини тинглар эди.

40 Марта эса меҳмон кутиш билан овора эди.

У Исонинг олдига келиб деди:

— Ҳазрат! Эътибор бермаяпсизми, синглим ҳамма ишни бир ўзимга ташлаб қўйди–ку! Унга айтинг, менга ёрдам берсин.

41 Раббимиз Исо унга шундай жавоб берди:

— Эҳ, Марта, Марта, бунча уриниб ташвишланмасанг!

42 Зарур бўлган биттагина нарса бор. Марям ўзи учун энг яхшисини танлади ва бу ундан тортиб олинмайди.

Ибодат ҳақида

1 Бир пайт Исо ибодат қилаётган эди. Ибодатни тамом қилгач, шогирдларидан бири Унга деди:

— Ҳазрат! Яҳё ўз шогирдларига ибодат қилишни ўргатганди. Сиз ҳам бизга ибодат қилишни ўргатинг.

2 Исо уларга деди:

— Ибодат қилаётганингизда шундай деб айтинглар:

“Эй осмондаги Отамиз!

Сенинг муқаддас номинг улуғлансин.

Сенинг Шоҳлигинг келсин.

3 Кундалик ризқимизни бергин.

4 Гуноҳларимизни кечиргин,

Чунки биз ҳам ўзимизга қарши гуноҳ қилган ҳар бир одамни кечирамиз.

Бизни васвасага дучор қилмагин.”

5 Исо шогирдларига деди: “Фараз қилайлик, орангиздан бирортангиз ярим кечаси дўстингизнинг олдига бориб, шундай деб илтимос қилдингиз:

— Дўстим, менга учта нон қарзга бериб тур.

6 Ҳозир уйимга бир дўстим келиб қолди, унинг олдига қўядиган бирон егулигим йўқ.

7 Ичкаридаги дўстингиз эса сизга шундай жавоб берди дейлик:

— Мени безовта қилма! Эшик қулф, болаларим мен билан бир тўшакда ётишибди. Ўрнимдан туриб сенга нон беролмайман!

8 Мен сизларга айтаман: у сизга нонни дўсти бўлганингиз учун бермаса ҳам, сиз уни ҳоли–жонига қўймай сўрайверсангиз, сўраган нарсангизни албатта сизга беради.

9 Сизларга айтаман: сўранг ва сизга берилади. Изланг, топасизлар. Тақиллатинг, эшик очилади.

10 Чунки сўраган ҳар бир одам олади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади.

11 Орангиздан қайси бир ота, ўғли балиқ сўраганда, унга балиқ ўрнига илон беради?

12 Ёки тухум сўраганда, унга чаён беради?

13 Сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадялар бера олар экансиз, осмондаги Ота ҳам Ундан сўраганларга Муқаддас Руҳни беришга қанчалар тайёр.”

Исо ва шайтон

14 Бир куни Исо соқов одамдан ёвуз руҳни қувиб чиқарди. Жин чиққандан сўнг, соқов тилга кирди, халқ эса ҳайратда қолди.

15 Аммо ораларидан баъзилари: “У инс–жинслар ҳукмдори Баалзабулнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти!” дедилар.

16 Бошқалар эса Исонинг Худодан келганини синаб кўрмоқчи бўлиб, мўъжизали аломат кўрсатишини талаб қилдилар.

17 Исо эса уларнинг нима ҳақида ўйлаётганини билиб турарди. У ўша одамларга деди: “Низо туфайли ўз ичидан бўлиниб кетган ҳар бир шоҳлик хароб бўлади, низо туфайли бўлинган хонадон барбод бўлади.

18 Шу сингари, шайтон шоҳлиги ҳам ўзаро бўлиниб кетса, унинг шоҳлиги қандай тура олади?! Сизларнинг гапингизга кўра, инс–жинслар ҳукмдори — Баалзабул ато этган қудрат билан Мен жинларни қувиб чиқараётган эмишман.

19 Агар Мен жинларни Баалзабулнинг кучи билан қувиб чиқараётган бўлсам, у ҳолда ўз шерикларингиз кимнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаришяпти? Шу сабабдан ҳам шерикларингиз сизларни ҳукм қилади.

20 Агар Мен жинларни Худонинг қудрати билан қуваётган бўлсам, демак, Унинг Шоҳлиги сизларга ҳам келган.

21 Бошдан–оёқ қуролланган кучли одам уйини қўриқлаганда, унинг мол–мулки бехатар бўлади.

22 Аммо ундан кучлироғи ҳужум қилиб уни енгса, унинг таянган барча қуролларини тортиб олади ва ўлжасини истаганига тақсимлаб беради.

23 Ким Мен томонда бўлмаса, Менга қаршидир. Ким Мен билан бирга йиғмаса, сочади.

24 Ёвуз руҳ инсондан чиққандан кейин, ҳузур–ҳаловат излаб, сувсиз ерларни кезади ва топмагач: «Чиққан уйимга қайтиб бораман», дейди.

25 Уйига келганда, уйни супурилган ва йиғиштирилган ҳолда кўради.

26 Шунда бориб, ўзидан ҳам ёвузроқ бошқа еттита руҳни чақиради ва улар билан уйга кириб, жойлашиб олади. Охир–оқибат ўша одамнинг аҳволи олдингидан ҳам баттар бўлади.”

Ҳақиқий бахтиёрлик

27 Исо шу гапларни айтаётганда, оломон орасидан бир аёл баланд овозда Исога деди:

— Сизни қорнида кўтариб юрган, Сизни эмизган аёл бахтлидир!

28 Исо эса жавобан шундай деди:

— Тўғри, лекин Худонинг каломини тинглаб, унга риоя қиладиганлар бахтлироқдир!

Юнус пайғамбарнинг аломати

29 Исонинг олдига катта оломон йиғилгандан кейин, Исо сўз бошлади: “Ҳозирги насл қабиҳ бир наслдир. Бу насл аломат сўрайди, аммо уларга Юнуснинг аломатидан бошқа аломат берилмайди.

30 Юнус Найнаво аҳолисига аломат бўлгани сингари, Инсон Ўғли ҳам ҳозирги насл учун аломат бўлади.

31 Жануб маликаси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслнинг одамларини маҳкум этади. Чунки Сулаймоннинг доно таълимотини тинглагани малика дунёнинг у четидан келган эди. Бу ерда эса Сулаймондан ҳам буюкроқ бир Зот турибди!

32 Найнаво аҳолиси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслни маҳкум этади. Чунки Найнаволиклар Юнуснинг ваъзидан кейин тавба қилганлар. Бу ерда эса Юнусдан ҳам буюкроқ бир Зот турибди!

Тананинг чироғи

33 Ҳеч ким чироқни ёқиб, уни кўринмас ерга қўймайди. Аксинча, кирганлар ёруғликни кўрсин деб, уни чироқпояга қўяди.

34 Тананинг чироғи — кўз. Агар кўзингиз яхши бўлса, бутун танангиз ёп–ёруғ бўлади. Агарда кўзингиз ёмон бўлса, бутун танангиз зимзиё зулмат бўлади.

35 Шунинг учун эътибор беринг: сиздаги нур зулмат бўлмасин.36 Агар танангиз ёп–ёруғ бўлиб, биронта қоронғи жойи бўлмаса, чироқнинг нури сизни ёритиб тургандай, баданингиз тамомила ёп–ёруғ бўлади.”

Исо фарзийларни ва Таврот тафсирчиларини айблайди

37 Исо буларни гапириб турганда, бир фарзий Уни меҳмонга таклиф қилди. Исо унинг уйига кириб, дастурхон ёнига ёнбошлади.

38 Исо овқатдан олдин қўлларини ювмаганини фарзий кўриб, ажабланди.

39 Раббимиз Исо унга деди: “Эй фарзийлар, сизлар пиёлаю идишнинг сиртини тозалайсизлар–у, аммо ичингиз очкўзлик ва ёвузликка тўла!

40 Ҳой бефаҳмлар! Нарсанинг сиртини яратган унинг ичини ҳам яратган эмасми?!

41 Яхшиси, идишингиз ичидагини камбағалларга хайр–садақа қилиб беринглар. Шунда ҳамма нарса сиз учун ҳалол бўлади.

42 Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Сизлар ялпиз, заъфарон ва ҳар хил ошкўкдан ушр берасизлар–у, аммо адолат ва Худонинг севгисини писанд қилмайсизлар! Буларнинг бирини бажара туриб, иккинчисини ҳам ташлаб қўймаслигингиз керак эди.

43 Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Сизлар синагогаларнинг тўрида ўтиришни ва бозорларда сизларга салом беришларини яхши кўрасизлар.

44 Ҳолингизга вой! Сизлар белгиси йўқ қабрларга ўхшайсизлар. Одамлар билмай туриб ўша қабрлар устидан босиб ўтадилар.”

45 Таврот тафсирчиларидан бири Исога деди: “Устоз, бу сўзларингиз билан бизни ҳақорат қилдингиз!”

46 Исо эса деди: “Эй тафсирчилар, сизларнинг ҳам ҳолингизга вой! Сизлар кўтариб бўлмайдиган оғир юкни одамларга юклайсизлар–у, уларга ёрдам бергани ўзларингиз ҳатто бармоғингизни ҳам қимирлатмайсизлар.

47 Ҳолингизга вой! Сизлар ота–боболарингиз ўлдирган пайғамбарларга мақбаралар қуряпсизлар.

48 Шу тариқа ота–боболарингизнинг қилмишларини маъқуллаганингизни тасдиқлаяпсизлар. Улар пайғамбарларни ўлдиришган бўлса, сизлар пайғамбарларга мақбаралар қуряпсизлар!

49 Шунинг учун ҳам Худо Ўз ҳикматларида шундай деган: «Мен уларга пайғамбарлар ва ҳаворийлар юбораман. Улардан баъзиларини ўлдирадилар, баъзиларини эса қувғин қиладилар.»

50 Дунё яратилгандан бери ҳамма пайғамбарларнинг тўкилган қони учун бу насл жазоланади.

51 Улар Ҳобилнинг тўкилган қонидан тортиб, қурбонгоҳ билан Маъбад орасида ўлдирилган Закариёнинг қонигача жавоб беришади. Ҳа, сизларга айтиб қўяй, бу насл ҳамма қотилликлар учун жавобгар бўлади.

52 Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар! Сизлар илму маърифат калитини тортиб олдингизлар. Аммо ўзларингиз кирмадингизлар, кирмоқчи бўлганларнинг ҳам йўлларини тўсдингизлар.”

53 Исо у ердан чиқиши биланоқ, тафсирчилар ва фарзийлар Уни қаттиқ сиқувга олдилар, кўп саволларга жавоб беришга мажбурладилар.

54 Улар Исони тилидан илинтириб олиш учун фурсат пойлардилар.

Исо иккиюзламачилик ҳақида огоҳлантиради

1 Шу орада минглаб одамлар тўпланиб, бир–бирларини итариб сиқишаётган эдилар. Исо аввал шогирдларига гапира бошлади: “Фарзийларнинг хамиртурушидан, яъни уларнинг иккиюзламачилигидан эҳтиёт бўлинглар!

2 Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади.

3 Шу боис қоронғида айтганларингиз ёруғликда эшитилади, ёпиқ эшиклар ортида шивирлаб айтганларингизни уйларнинг томи устида бақириб эълон қилишади.

Қўрқиш ва қўрқмаслик ҳақида

4 Сизларга шуни айтай, дўстларим: танани ўлдириб, ундан кейин бошқа бирон нарса қила олмайдиганлардан қўрқманглар.

5 Бироқ кимдан қўрқишингиз кераклигини сизларга уқтирай: Худодан қўрқинглар, чунки У одамни ўлдириб, дўзахга ташлашга ҳам қодир. Ҳа, сизларга айтаман: Худодан қўрқинглар!

6 Бешта чумчуқ икки тангага сотилади, шундай эмасми? Бироқ буларнинг биронтаси ҳам Худонинг назаридан четда қолмаган.

7 Сизларнинг эса ҳатто бошингиздаги ҳар бир тола сочингиз саналган. Қўрқманглар, сизлар кўплаб чумчуқлардан қадрлироқсизлар.

Масиҳни эътироф этиш ва рад қилиш тўғрисида

8 Сизларга яна шуни айтай: ким Мени инсонлар олдида тан олса, Инсон Ўғли ҳам Худонинг фаришталари олдида уни тан олади.

9 Аммо ким инсонлар олдида Мени рад этса, у ҳам Худонинг фаришталари олдида рад этилади.

10 Кимки Инсон Ўғлига қарши сўз айтса, кечирилади. Лекин ким Муқаддас Руҳга куфрлик қилса, кечирилмайди.

11 Сизларни синагогаларга, бошлиқлар ва ҳокимлар олдига олиб келганларида: «Ўзимизни қандай ҳимоя қиламиз, нима айтамиз», деб хавотир олманглар.

12 Нима айтишингизни ўша вақтда сизга Муқаддас Руҳ ўргатади.”

Аҳмоқ бой ҳақида масал

13 Оломон орасидан кимдир Исога айтди:

— Устоз, акамга айтинг, отамиз бизга қолдирган меросни мен билан бўлишсин.

14 — Эй инсон! Ким Мени сизларга қози ёки мерос бўлувчи қилиб қўйибди? — деди унга Исо.

15 Сўнг халойиққа деди:

— Эҳтиёт бўлинглар, ўзингизни ҳар қандай очкўзликдан сақланглар. Зеро, инсоннинг умри мол–мулкининг кўплигига боғлиқ эмас.

16 Исо уларга шундай масал айтди: “Бир бой одамнинг даласи мўл ҳосил берибди.

17 Бой кўнглида:

— Нима қилсам экан, ҳосилимни сақлашга етарли жойим йўқ–ку, — деб ўйлабди.

18 Ниҳоят, у шундай дебди:

— Энди бундай қиламан: омборларимни бузиб, каттароқларини қураман. Ҳамма дон–дунларимни, бойликларимни ўша ерда сақлайман.

19 Шунда ўзимга ўзим дейман: “Кўп йилларга етадиган мол–мулк тўпладим. Энди роҳатланаман, еб–ичаман, кайфу сафо қиламан.”

20 Аммо Худо унга шундай дебди:

— Эй нодон! Шу тундаёқ жонинг олинади. Йиғиб–терган мол–мулкинг энди кимга қолади?!

21 Ҳа, ўзи учун бойлик йиққан, аммо Худонинг назарида бой бўлмаган одамнинг қисмати шундай бўлади.”

Тирикчилик ташвишлари ҳақида

22 Исо шогирдларига шундай деди: “Шунинг учун сизларга айтаман: тирикчилигингиздан хавотир олиб, нима еймиз, устимизга нима киямиз, деманглар.

23 Ахир, ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ–ку!

24 Қарғаларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборлари, на қўралари бор. Шунга қарамай, Худо уларнинг ризқини беради. Сизлар эса қушлардан анча қадрлисизлар!

25 Биронтангиз ташвишланиб, умрингизни бир лаҳзага бўлса ҳам узайтира олармидингиз?!

26 Шундай арзимас иш қўлингиздан келмас экан, нега қолган нарсалар ҳақида ташвиш тортасиз?

27 Нилуфар гулларнинг қандай ўсишига эътибор қилинг: улар меҳнат қилмайди, ип йигирмайди. Аммо сизларга айтаманки, ҳатто шоҳ Сулаймон ўзининг шуҳрат чўққисида ҳам ўша гулларнинг биронтасидай кийинмаган.

28 Бугун бор, эртага эса ўчоққа ташланадиган дала ўтини Худо шундай безаган бўлса, наҳотки сизларни кийинтирмаса, эй имони сустлар!

29 Нима еймиз, нима ичамиз, деб ташвишланиб безовта бўлманглар.

30 Худони билмайдиган халқлар ҳадеб бу нарсаларнинг ташвишида юрадилар. Лекин осмондаги Отангиз буларга муҳтож эканингизни билади–ку!

31 Сизлар, яхшиси, Худонинг Шоҳлиги пайида бўлинглар, шунда қолган нарсалар ҳам сизга берилади.

32 Эй кичик сурув, қўрқманглар! Осмондаги Отангиз Ўз Шоҳлигини сизларга беришни маъқул топди.

33 Мол–мулкингизни сотиб, хайр–садақа беринглар. Ўзингизга эскирмайдиган ҳамёнлар, самоларда битмас–туганмас хазина тайёрланглар. У ерга ўғри яқинлаша олмайди, хазинангизни куя ея олмайди.

34 Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади.

Ҳушёр хизматкорлар

35 Ҳар доим тайёр ҳолда туринглар: белбоғларингиз белингизда боғланган, чироқларингиз ёниб турган бўлсин!

36 Сизлар хўжайинининг тўйдан қайтишини интизорлик билан кутган хизматкорлардай бўлинглар. Хўжайин келиб, эшикни тақиллатиши биланоқ эшикни очадиган бўлинглар.

37 Хўжайин келганда ҳушёр турган хизматкорлар бахтлидир! Сизларга чинини айтай: хўжайин белини боғлаб, хизматкорларини дастурхонга ўтқазади ва уларга ўзи хизмат қилади.

38 Хўжайин ярим тунда келадими ёки тонгга яқин келадими, хизматкорларини ҳушёр ҳолда кўрса, ўша хизматкорлар нақадар бахтлидир!

39 Аммо шуни билиб қўйингки, агар уй эгаси ўғрининг қачон келишини билганда эди, уйига бузиб киришга ўғрига йўл қўймаган бўларди.

40 Шунингдек, сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар кутмаган вақтда келади.”

41 Шу пайт Бутрус сўради: “Ҳазрат, бу масални фақат бизга айтяпсизми ё ҳаммагами?”

42 Раббимиз Исо шундай жавоб берди: “Ишончли ва ақлли уй бошқарувчиси ким? Хўжайин бундай одамни ўз хизматкорларига бошлиқ қилиб қўяди, уларга ўз вақтида овқат тарқатишни унга топширади.

43 Хўжайин уйга қайтганда ўша хизматкорини юмуш устида кўрса, хизматкор нақадар бахтлидир!

44 Сизларга чинини айтай: хўжайин ўша хизматкорини бутун мулки устидан бошқарувчи қилиб қўяди.

45 Борди–ю, у хизматкор кўнглида: «Хўжайиним ҳали бери қайтиб келмайди» деб, бошқа хизматкорларни ура бошласа, еб–ичиб, маст бўлса,

46 хизматкор кутмаган кунда, ўйламаган соатда хўжайини келиб қолади, хизматкорини қаттиқ жазолаб, бошига садоқатсизларнинг кунини солади.

47 Хўжайиннинг хоҳишини билган, аммо ҳозирлик кўрмаган ва унинг хоҳишини бажармаган хизматкор кўп калтак ейди.

48 Билмай туриб жазога муносиб иш қилган хизматкор эса кўп калтакланмайди. Кимга кўп берилган бўлса, ундан кўп сўралади. Кимга кўп ишониб топширилган бўлса, ундан кўпроқ талаб қилинади.

Исо — бўлинишнинг сабабчиси

49 Мен ер юзига олов келтиргани келдим. Қанийди, бу олов ҳозироқ аланга олиб кетса!

50 Мен чуқур қайғу–аламларга ботаман. Бу амалга ошмагунча қаттиқ изтироб чекаман!

51 Мени ер юзига тинчлик олиб келган, деб ўйлайсизларми? Йўқ, деб айтаман, бўлиниш олиб келганман!

52 Зеро, бундан буён бир уйда яшаган беш киши бўлинади, учтаси иккитасига ва иккитаси учтасига қарши бўлади.

53 Ҳа, улар бўлинади:

Ота ўғлига қарши чиқади,

Ўғил отасига қарши бўлади,

Она қизига қарши чиқади,

Қиз онасига қарши бўлади,

Қайнана келинига қарши чиқади,

Келин қайнанасига қарши бўлади.”

Замон аломатлари ва абадийлик

54 Исо оломонга шундай деди: “Ғарбда булут кўтарилиб келаётганини кўрганингизда, сизлар дарров: «Ҳозир ёмғир ёғади», деб айтасизлар. Шундай бўлади ҳам.

55 Жанубдан шамол эсаётганини кўрганингизда, сизлар: «Жазирама иссиқ бўлади», деб айтасизлар. Шундай бўлади ҳам.

56 Эй иккиюзламачилар! Сизлар еру осмоннинг авзойига қараб, об–ҳавони аниқлай оласизлар–ку! Нима учун ҳозирги замонни талқин қила олмайсизлар?!

57 Нима тўғрилигини нега ўзингиз қарор қила олмайсизлар?

58 Шундай экан, биронтаси билан даъволашиб, у билан бирга маҳкамага кетаётганингизда, йўлда у билан ярашишга ҳаракат қилинг. Агар шундай қилмасангиз, у сизни қозининг олдига судраб боради, қози сизни зиндонбонга топширади. Зиндонбон эса сизни зиндонга ташлайди.

59 Сизларга шуни айтай: қарзингизни охирги тийинигача тўламагунингизча, у ердан чиқолмайсиз.”

Тавба ва ҳалокат ҳақида

1 Ўша вақтда баъзи одамлар келиб, Исога ҳоким Пилат ўлдирган Жалилаликлар ҳақида хабар қилишди. Жалилаликлар қурбонлик келтираётган пайтда Пилат уларни ўлдириб, қонларини сўйилган қурбонликлар қонига аралаштириб ташлаган эди.

2 Исо хабарчиларга деди: “Сизнингча, бу Жалилаликлар бошқа ҳамма Жалилаликларга қараганда кўпроқ гуноҳ қилганлари учун шунчалик жафо чекдиларми?

3 Сизга йўқ, дейман. Лекин тавба қилмасангизлар, ҳаммаларингиз улар каби ҳалок бўласизлар.

4 Ёки Силоам қишлоғидаги минора қулаганда нобуд бўлган ўн саккиз кишини олайлик. Сизларнинг фикрингизча, ўша нобуд бўлганлар Қуддусда яшайдиган қолган ҳамма одамдан кўра, кўпроқ гуноҳ қилган эдиларми?

5 Сизларга, йўқ, деб айтаман. Лекин тавба қилмасангизлар, ҳаммангиз улар каби ҳалок бўласизлар.”

Ҳосилсиз анжир дарахти ҳақида масал

6 Шундан кейин Исо шу масални айтиб берди: “Бир одамнинг узумзорига анжир дарахти экилган экан. Ўша одам келиб, анжир дарахтидан мева излабди, аммо топа олмабди.

7 У боғбонга дебди:

— Менга қара, уч йилдирки, мен мана бу анжир дарахтидан мева излайман, аммо шу пайтгача биронта мева топа олмадим. Уни кесиб ташла! Бекорга ерни эгаллаб туришининг нима кераги бор?!

8 Боғбон эса шундай жавоб берибди:

— Хўжайин, дарахтингиз бу йил ҳам турсин. Мен унинг атрофини чопиб, гўнг солай.

9 Балки келгуси йил мева берар. Агар бермаса, унда кесиб ташлаймиз.”

Шаббат куни Исо букри аёлга шифо беради

10 Шаббат куни Исо синагогаларнинг бирида таълим бераётган эди.

11 У ерда ўн саккиз йилдан бери жинга чалинган бир аёл бор эди. У икки букилиб қолган бўлиб, қаддини умуман ростлай олмасди.

12 Исо уни кўргач, ёнига чақириб деди:

— Эй аёл, сен дардингдан халос бўлдинг!

13 Сўнг аёлга қўлларини қўйди, шу заҳоти аёлнинг қадди тикланди–қолди. Аёл Худога ҳамду санолар айтди.

14 Исо Шаббат куни хастага шифо бергани учун синагога бошлиғи аччиқланиб, оломонга шундай деди:

— Ишлаш учун олти кун бор. Шифо топмоқчи бўлсангиз, Шаббатдан бошқа куни келинглар.

15 Раббимиз Исо унга жавобан деди:

— Эй иккиюзламачилар! Сизлар ўзларингиз ҳам Шаббат куни ҳўкизингиз ёки эшагингизни охурдан ечиб, суғоргани олиб борасизлар–ку!

16 Бу эса Иброҳимнинг қизи, ахир! Шайтон ўн саккиз йилдан бери уни боғлаб қўйган эди. Уни Шаббат куни кишанларидан озод қилиш наҳотки мумкин бўлмаса?!

17 Исо шу гапларни айтганда, Унинг ҳамма рақиблари шарманда бўлдилар. Жамики оломон эса Исо қилган ажойиб ишлардан хурсанд эди.

Хантал уруғи ҳақида масал

18 Исо деди: “Худонинг Шоҳлиги нимага ўхшайди? Уни нимага ўхшатсам бўлади?

19 Худонинг Шоҳлиги бир одам ўз боғига эккан хантал уруғига ўхшайди. Уруғ униб–ўсиб, дарахт бўлади, қушлар унинг шохларига уя қуради.”

Хамиртуруш ҳақида масал

20 Исо яна шундай деди: “Худонинг Шоҳлигини яна нимага ўхшатсам бўлади?

21 Худонинг Шоҳлиги хамиртурушга ўхшайди. Аёл бир бўлак хамиртурушни бир тоғора унга қорса ҳам, ҳамма хамир ошади.”

Нажот эшиги тордир

22 Исо Қуддусга йўл олди ва шаҳару қишлоқларга бориб, таълим берар эди.

23 Бир одам Ундан сўради: “Ҳазрат, наҳотки саноқли одам нажот топса?!”

Исо шундай жавоб берди:

24 “Тор эшикдан киришга жон–жаҳдингиз билан ҳаракат қилинглар. Сизларга шуни айтай: кўп одам ичкари киришга интилади, аммо кира олмайди.

25 Уй эгаси ўрнидан туриб эшикни ёпганда, сизлар ташқарида қолиб эшикни тақиллатасизлар ва:

Ҳазрат, бизга эшикни очинг! — деб айтасизлар. У эса сизларга:

— Кимлигингизни ва қаердан келганингизни билмайман! — деб жавоб беради.

26 Шунда сизлар:

— Ахир, биз Сиз билан бирга еб–ичганмиз! Кўчаларимизда таълим бергансиз! — деб айтасизлар.

27 Аммо У сизларга дейди:

— Мен сизларни танимайман! Қаерданлигингизни ҳам билмайман! Йўқолинглар олдимдан, эй бадкирдорлар!

28 Сизларни ташқарига қувиб чиқаришганда, қаттиқ пушаймон бўласизлар, фиғон чекасизлар, чунки Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб ва барча пайғамбарлар Худонинг Шоҳлигида эканини кўрасизлар.

29 Шундан кейин шарқу ғарбдан, шимолу жанубдан одамлар келиб, Худонинг Шоҳлигида зиёфатга ўтирадилар.

30 Шунда охирги бўлган баъзи одамлар биринчи бўладилар, биринчи бўлган баъзилар эса охирги бўладилар.”

Исонинг Қуддус учун ноласи

31 Шу пайтда фарзийлардан айримлари Исонинг олдига келиб дейишди:

— Бу ердан кетишингиз керак. Ҳирод Сизни ўлдирмоқчи.

32 Исо уларга шундай деди:

— Бориб у тулкига айтинглар: “Эшитиб ол, Мен бугун ҳам, эртага ҳам жинларни қувиб, хасталарга шифо бераман. Учинчи куни эса ишимни тугатаман.”

33 Аммо шундай бўлса ҳам, Мен бугун, эртага ва индинга Ўз йўлимдан қолмаслигим керак. Ахир, пайғамбар Қуддусдан ташқарида ўлдирилиши мумкин эмас.

34 Эҳ Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни қатл этиб, ҳузурига юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! Товуқ ўз жўжаларини қанотлари остига қандай тўпласа, Мен ҳам сенинг халқингни бир неча марта шундай тўпламоқчи бўлдим. Лекин сен истамадинг.

35 Эй Қуддус аҳолиси, сизнинг Маъбадингиз ҳувиллаб қолади. Сизга шуни айтай: “Эгамиз номидан келадиган Инсон барака топсин”, деб айтмагунингизча, Мени кўрмайсизлар.

Исо Шаббат куни хастага шифо беради

1 Бир Шаббат куни Исо фарзийлар раҳнамоларидан бирининг уйига меҳмонга борди. Уни диққат билан кузатиб ўтиришарди.

2 Исонинг олдига истисқо дардидан қўл–оёқлари шишиб кетган бир одам келиб қолди.

3 Исо Таврот тафсирчиларидан ва фарзийлардан сўради:

— Қонунимизга кўра, Шаббат куни одамга шифо бериш мумкинми ёки йўқми?

4 Улар эса индамадилар.

Исо хаста одамга қўл теккизиб, шифо берди ва уни жўнатиб юборди.

5 Сўнг уларга деди:

— Бирортангизнинг фарзандингиз ёки молингиз қудуққа тушиб кетса, Шаббат куни бўлишига қарамай, уни дарҳол чиқариб олмайсизларми?!

6 Улар эса бу гапга бирон жавоб топа олмадилар.

Камтарлик ва меҳмондўстлик

7 Меҳмонлар тўрдан жой танлашга интилаётган эдилар. Исо буни кўриб, шундай масал айтди:

8 “Сизни тўй зиёфатига таклиф қилишганда, тўрга чиқиб олманг. Меҳмонга чақирилганлар орасида сиздан ҳам ҳурматлироқ бошқаси бўлиши мумкин.

9 Икковингизни таклиф қилган мезбон келиб, сизга:

— Жойингизни бу одамга бўшатиб беринг, — деб айтиши мумкин. Шунда сиз хижолат тортиб, пойгакда ўтиришга мажбур бўласиз.

10 Шунинг учун таклиф этилганингизда, пойгакда ўтиринг, токи мезбоннинг ўзи келиб сизга:

— Дўстим, илтимос тўрга чиқинг, — деб айтсин. Шунда бошқа меҳмонлар кўзида сизнинг ҳурматингиз ошади.

11 Зотан, ўзини ўзи юксалтирган камситилади, ўзини паст тутган эса юксалтирилади.”

12 Исо Ўзини таклиф қилган хонадон соҳибига айтди:

— Тушки ё кечки зиёфат берганингизда, дўстларингизни ёки ака–укаларингизни, қариндош–уруғларингизни ё бўлмаса, бой қўшниларингизни таклиф қилманг. Акс ҳолда, улар ҳам сизни меҳмонга чақириб, қилган яхшилигингизни қайтарадилар.

13 Аксинча, зиёфат берганингизда, камбағал–қашшоқларни, чўлоқ, шолларни, кўрларни таклиф қилинг.

14 Шунда бахтли бўласиз. Чунки улар қилган яхшилигингизни қайтара олмасалар–да, солиҳлар тирилган замонда бунинг савобини кўрасиз.

Тўкин зиёфат ҳақида масал

15 Дастурхон атрофида ўтирган меҳмонлардан бири Исонинг бу сўзларини эшитиб, Унга деди:

— Худонинг Шоҳлигида зиёфат ейдиган киши бахтлидир!

16 Исо ўша одамга шундай деди: “Бир одам катта зиёфат тайёрлаб, кўпчиликни таклиф этибди.

17 Зиёфат вақти бўлганда:

— Келинглар, дастурхон тайёр бўлди, — деб меҳмонларни чақиргани хизматкорини юборибди.

18 Аммо таклиф қилинганларнинг ҳаммаси бирдай узр сўрай бошлабдилар. Биринчиси унга дебди:

— Мен ер сотиб олган эдим, ўша ерни кўргани боришим керак. Илтимос, мени кечиринг.

19 Бошқаси эса:

— Мен беш жуфт ҳўкиз сотиб олдим, уларни синагани кетяпман. Илтимос, мени кечиринг, — дебди.

20 Яна бошқаси:

— Мен янги уйландим, шунинг учун бора олмайман, — дебди.

21 Хизматкор қайтиб келиб, хўжайинига ахборот берибди. Шунда уй соҳиби ғазабланиб, хизматкорига буюрибди:

— Ҳозироқ шаҳар кўчаларини, йўлакларини айланиб чиқ. Қашшоқ, чўлоқ, кўр ва шолларни бу ерга олиб кел.

22 Бир оз вақтдан кейин хизматкор шундай деб келди:

— Хўжайин, буюрганларингизни бажардим, лекин яна бўш жой қолди.

23 Шунда хўжайин хизматкорига айтибди:

— Йўлларга, йўлакларга бор, одамларни кўндириб олиб кел, токи уйим тўлсин.

24 Сизларга айтай: таклиф қилинганларнинг бирортаси ҳам зиёфат таомларидан асло тотиб кўрмайди.”

Шогирдликнинг қиймати

25 Катта бир оломон Исога эргашиб кетаётган эди. Исо уларга қараб деди:

26 “Менга эргашган одам Мени ота–онасидан, ака–ука ва опа–сингилларидан, ҳатто ўз жонидан ортиқ севиши керак, акс ҳолда, у Менинг шогирдим бўлолмайди.

27 Ўз хочини кўтариб, ортимдан юрмаган одам ҳам Менинг шогирдим бўлолмайди.

28 Сизлардан бирортангиз минора қурмоқчи бўлсангиз, уни битириш учун маблағ етарлими, деб олдиндан харажатини ҳисоблаб чиқмайсизми?

29 Акс ҳолда, сиз пойдевор ётқизасиз–у, минорани битказа олмайсиз. Буни кўрганларнинг ҳаммаси устингиздан кулиб, шундай деб айтишади:

30 «Бу одам қурилишни бошлади, аммо битира олмади.»

31 Ёки қайси шоҳ бошқа бир шоҳга қарши урушга чиқишдан аввал ўтириб: «Душман йигирма минг аскари билан менга қарши келяпти, мен ўн минг аскарим билан унга бас кела оламанми?» деб ўйламайдими?!

32 Кучи етмаса, душман ҳали узоқдалигида унинг олдига элчи юбориб, сулҳ тузайлик, деб илтимос қилади.

33 Худди шу сингари, бор мол–мулкингиздан кечмасангиз, биронтангиз ҳам Менинг шогирдим бўла олмайсиз.

Туз ҳақида

34 Туз — яхши нарса. Лекин туз ўз таъмини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиб бўлади?!

35 Бундай туз ерга ҳам, гўнгга ҳам ярамайди, уни ташлаб юборадилар. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”

Адашган қўй ва йўқолган танга ҳақида масал

1 Ҳамма солиқчилар ва гуноҳкорлар Исонинг таълимотини тинглаш учун келар эдилар.

2 Фарзийлар билан Таврот тафсирчилари: “Ана, У гуноҳкорларни қабул қилиб, улар билан бирга еб–ичяпти”, деб минғирлаб норози бўлдилар.

3 Исо эса уларга қуйидаги масални айтиб берди:

4 “Сизларнинг орангизда кимнингдир юзта қўйи бўлса–ю, биттаси адашиб қолса, тўқсон тўққизтасини яйловда қолдириб, адашган қўйни топмагунча қидирмайдими?

5 Ўша қўйини топганда, хурсанд бўлиб елкасига кўтариб олади.

6 У уйига келиб, дўстларини, қўшниларини чақиради ва уларга:

— Мен йўқолган қўйимни топдим! Хурсандчилигимга шерик бўлинглар, — деб айтади.

7 Сизларга айтаманки, худди шу сингари, тавбага ҳожат сезмаган тўқсон тўққизта солиҳ одамдан кўра, тавба қилган битта гуноҳкор учун самода кўпроқ шодлик бўлади.

8 Ёки қайси бир аёлнинг ўнта кумуш тангаси бўлса–да, биттасини йўқотиб қўйса, у чироқ ёқиб тангани топмагунча уйини супуриб–сидириб синчиклаб қидирмайдими?!

9 Тангани топгач, дугоналарини ва қўшниларини чақириб:

— Мен йўқолган тангамни топдим! Хурсандчилигимга шерик бўлинглар, — дейди.

10 Сизларга айтаманки, худди шу сингари, тавба қилган битта гуноҳкор учун Худонинг фаришталари ҳузурида шодлик бўлади.”

Дарбадар ўғил ҳақида масал

11 Исо яна деди: “Бир одамнинг икки ўғли бор экан.

12 Уларнинг кичиги отасига:

— Ота, мол–мулкингиздан менга тегишли қисмини беринг, — дебди.

Отаси мол–мулкини икки ўғлига бўлиб берибди.

13 Орадан кўп ўтмай, кичик ўғил бор нарсасини йиғиштириб, узоқ бир мамлакатга кетибди. У ерда шалоқ яшаб, мол–дунёсини кўкка совурибди.

14 Борини исроф қилгандан кейин, ўша мамлакатда оғир қаҳатчилик бошланибди. Йигит ҳам муҳтожликда қолибди.

15 У бориб, ўша мамлакат фуқароларидан бирига ёлланибди. У одам эса йигитни ўз даласидаги чўчқаларни боқишга юборибди.

16 Йигит чўчқалар ейдиган қўзоқлар билан қорнини тўйдиришга ҳам зор бўлибди, лекин унга шуни ҳам раво кўришмас экан.

17 Ниҳоят йигит ақлини йиғиб олиб, ўзига ўзи дебди:

— Отамнинг қанчадан–қанча ёлланма ишчиларининг нони ошиб–тошиб ётибди, мен эса бу ерда очликдан ўляпман.

18 Энди отамнинг олдига бориб, унга шундай деб айтаман: “Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим.

19 Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ эмасман. Мени ёлланма ишчиларингиз қаторига қабул қилинг.”

20 Йигит отаси олдига равона бўлибди. Йигит ҳали узоқда келар экан, отаси уни кўриб, ўғлига раҳми келибди. У югуриб бориб, ўғлини қучоқлаб, ўпибди.

21 Кейин ўғли отасига айтибди:

— Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ эмасман.

22 Отаси эса хизматкорларига буюрибди:

— Тез бўлинглар, энг нафис тўн келтириб елкасига ёпинглар, қўлига узук тақинглар, оёқларига чориқ кийгизинглар.

23 Бўрдоқи бузоқни олиб чиқиб, сўйинглар. Еб–ичайлик, хурсандчилик қилайлик.

24 Чунки бу ўғлим мен учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.

Шундай қилиб, хурсандчилик қила бошлабдилар.

25 Катта ўғил шу пайтда далада экан. Қайтаётиб уйга яқинлашганда, қулоғига мусиқа ва ўйин–кулги садолари эшитилибди.

26 Хизматкорлардан бирини чақириб:

— Нима гап? — деб сўрабди.

27 — Укангиз қайтиб келдилар. Отангиз уни соғ–саломат кўргани учун бўрдоқи бузоқни сўйдилар, — деб жавоб берибди хизматкор.

28 Шунда катта ўғилнинг жаҳли чиқибди, ичкарига киришдан бош тортибди. Отаси эса ташқарига чиқиб, ўғлига ўтиниб гапирибди.

29 Аммо у отасига шундай жавоб берибди:

— Менга қаранг! Шунча йилдан бери сизга қулдай ишлаб келаман. Бирорта гапингизни ерда қолдирмадим. Лекин дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун сиз менга битта улоқча ҳам бермадингиз.

30 Аммо мол–мулкингизни фоҳишалар билан еб, йўқ қилган анави ўғлингиз қайтиб келганда, сиз бўрдоқи бузоқни сўйдирдингиз!

31 Отаси унга шундай жавоб берибди:

— Ўғлим! Сен доимо мен билан биргасан. Менинг бор нарсам сеники.

32 Бугун эса байрам қилиб, хурсанд бўлишимиз керак. Ахир, бу уканг биз учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.”

Пишиқ иш бошқарувчи ҳақида масал

1 Исо шогирдларига шундай деди: “Бир бой одамнинг иш бошқарувчиси бор экан. Бойга, иш бошқарувчингиз мол–мулкингизни совуриб юрибди деган хабар етиб келди.

2 Бой одам иш бошқарувчисини чақириб, унга шундай дебди:

— Сен ҳақингда баъзи гапларни эшитдим. Бу нимаси?! Менга бошқарувинг тўғрисида ҳисобот бер, энди ишларимни сен бошқармайсан.

3 Шунда иш бошқарувчи ўзига ўзи дебди:

— Хўжайиним мени ишдан бўшатяпти. Энди нима қиламан? Ер чопишга кучим етмайди, садақа сўрашга уяламан.

4 Эҳа, топдим! Бир иш қиламан, шунда бўшатилганимдан кейин одамлар уйларининг эшикларини мен учун очиб беришади.

5 У вақтни бой бермай, хўжайиннинг қарздорларини бирма–бир чақирибди. Биринчисидан сўрабди:

— Хўжайинимдан қанча қарзинг бор?

6 — Икки юз кўза зайтун мойи, — деб жавоб берибди у.

— Тилхатингни ол, тезда ўтириб юз кўза деб ёз! — дебди унга иш бошқарувчи.

7 Кейин бошқасидан ҳам сўрабди:

— Сенинг қанча қарзинг бор?

— Минг тоғора буғдой, — деб жавоб берибди у. Унга ҳам:

— Тилхатингни ол, саккиз юз тоғора деб ёз! — дебди иш бошқарувчи.

8 Ҳа, айёр иш бошқарувчи ишини боплаб бажарди! Чиндан ҳам бу дунёнинг одамлари замондошлари орасида нур аҳлига қараганда ўз ишига анча пишиқдирлар.

9 Мен сизларга айтаман: бу дунёнинг бойлигидан фойдаланиб дўст орттиринглар, токи бу бойлик тугагач, Худо сизни абадий масканига қабул қилсин.

10 Кичик ишда садоқатли бўлган одам катта ишда ҳам садоқатли бўлади. Кичик ишда садоқатсиз бўлган эса катта ишда ҳам садоқатсиз бўлади.

11 Агар сизга бу дунёнинг бойлигини ишониб топшириб бўлмаса, ким сизга ҳақиқий бойликни ишониб топширади?!

12 Агар сизга бошқаларнинг нарсасини ишониб топшириб бўлмаса, ўзингизга аталган нарсани сизга ким беради?!

13 Ҳеч қандай хизматкор икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига бағишланиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка бирдек хизмат қила олмайсизлар.”

14 Пулпараст фарзийлар буларни эшитиб, Исони мазах қилдилар.

15 Исо уларга деди: “Сизлар одамлар олдида ўзингизни тақводор қилиб кўрсатасизлар, лекин Худо юрагингизни билади. Одамзод кўкка кўтарган нарсалар Худонинг назарида жирканчдир.

16 Яҳё ва ундан олдин келганлар Таврот ва Пайғамбарлар битикларини эълон қилганлар. Энди эса Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабар эълон қилинмоқда ва ҳар бир одам бу Шоҳликка киришга ундалмоқда.

17 Бироқ Тавротдан бир нуқтанинг йўқолишидан кўра, еру осмоннинг йўқолиши осонроқдир.

18 Ким ўз хотини билан ажрашиб бошқасига уйланса, зино қилган бўлади. Шунингдек, эри билан ажрашган хотинга уйланган киши ҳам зино қилган бўлади.

Бой ва Лазар ҳақида масал

19 Бир бой одам бор экан. У қимматбаҳо либослар кийиб юрар, ҳар куни дабдабали ҳаёт кечирар экан.

20 Бойнинг дарвозаси олдида бутун баданига яра тошган Лазар исмли бир қашшоқ гадой ётар экан.

21 У бой дастурхонидан тўкилган ушоқлар билан қорин тўйдиришни орзу қилар экан. Итлар келиб унинг яраларини ялаб кетар экан.

22 Бир куни гадой ўлиб қолибди, фаришталар уни Иброҳимнинг ёнига олиб кетибдилар. Кейин бой ҳам ўлиб, дафн қилинибди.

23 Жаҳаннамда азоб чекаётган бой бошини кўтариб, узоқда Иброҳимни ва унинг ёнидаги Лазарни кўрибди.

24 Сўнг шундай деб фарёд қилибди:

— Эй Иброҳим ота! Менга раҳм қилиб Лазарни юборинг. У бармоғининг учини сувга ботириб, тилимга томизсин. Бу аланга ичида азоб чекяпман!

25 Иброҳим унга шундай деб жавоб берибди:

— Унутма, ўғлим, сен ҳаётлигингда ҳамма яхши нарсаларингни олиб бўлдинг, Лазар эса фақат ёмонлик кўрди. Энди у бу ерда тасалли топяпти, сен бўлсанг, азоб чекяпсан.

26 Бундан ташқари, сен билан бизнинг орамизда тубсиз жарлик бор. Бу ердан сиз томонга ўтмоқчи бўлганлар ўта олмайдилар ва у ердан биз томонга ҳам ўтмайдилар.

27 Шунда бой айтибди:

— Ундай бўлса, эй ота, сиздан ўтиниб сўрайман, Лазарни отамнинг уйига юборинг.

28 Менинг бешта укам бор. Улар ҳам бу азобли жойга келмасликлари учун уларни огоҳлантириб қўйсин.

29 Иброҳим жавоб берибди:

— Уларда Мусонинг ва пайғамбарларнинг битиклари бор–ку, ўшаларга қулоқ солишсин.

30 Бой эса:

— Йўқ, Иброҳим ота, улар қулоқ солмайдилар. Аммо ўликлардан бири уларнинг олдига борса, ўшанда тавба қиладилар, — дебди.

31 Иброҳим шундай дебди:

— Агар Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг сўзларига қулоқ солмаган бўлсалар, ўликлардан бири тирилиб борса ҳам ишонмайдилар.”

Гуноҳ ҳақида

1 Исо Ўз шогирдларига яна деди: “Гуноҳга етаклайдиган васвасалар доимо келади. Аммо васвасага сабабчи бўлган одамнинг ҳолига вой!

2 Бу кичикларнинг биронтасини гуноҳга бошлаганингиздан кўра, бўйнингизга тегирмон тошини осиб, сизни денгизга ташлашгани ўзингиз учун яхшироқдир.

3 Эҳтиёт бўлинглар! Агар биродарингиз гуноҳ қилса, унга танбеҳ беринг. Агар тавба қилса, уни кечиринг.

4 Агар ўша одам бир куннинг ўзида сизга қарши етти марта гуноҳ қилса–ю, етти марта қайтиб келиб, сизга: «Тавба қилдим», деса, уни кечириб юборинг.”

Имон ва хизмат бурчи ҳақида

5 Ҳаворийлар Раббимиз Исога: “Имонимизга имон қўшинг”, — дедилар.

6 Раббимиз шундай жавоб берди: “Агар зиғирдай имонингиз бўлиб, шу тут дарахтига:

— Илдизинг билан қўпорилиб чиқ ва денгизга кўчиб илдиз от, — десангиз, дарахт сизга бўйсунади.

7 Хизматкорингиз қўш ҳайдаб ёки пода боқиб даладан эндигина қайтиб келганда, қай бирингиз унга:

— Кел дарров, дастурхонга ўтир, — деб айтасиз?

8 Бунинг ўрнига ўша хизматкорингизга:

— Кечки овқатимни тайёрла, еб–ичиб бўлгунимча, белингни боғлаб, менга хизмат қил, кейин ўзинг еб–ичасан, — деб айтмайсизми?!

9 Хизматкор ўз вазифасини бажаргани учун унга ташаккурлар билдирмайсиз–ку!

10 Шу сингари, сизлар ҳам ўзингизга буюрилган ҳамма ишни бажарганингиздан сўнг:

— Биз бор–йўғи хизматкормиз, вазифамизни бажардик, холос, — деб айтинглар.”

Исо ўн кишига шифо беради

11 Исо Самария билан Жалилани кесиб ўтиб, Қуддус томон йўл олди.

12 У бир қишлоққа кираётганда, тери касаллигига чалинган ўн киши Уни қаршилаб олди. Улар узоқдан туриб,

13 фарёд қилдилар:

— Эй Исо! Устоз! Бизга раҳм қилинг!

14 Исо уларни кўриб:

— Боринглар, ўзларингни руҳонийларга кўрсатинглар, — деди.

Улар йўлда кетаётганларида, тери касаллигидан покланиб қолдилар.

15 Улардан бири ўзининг шифо топганини кўриб, баланд овозда Худони улуғлаб орқага қайтди.

16 Ўзини Исонинг оёқлари остига ташлаб, Унга миннатдорчилик билдирди. Ўша одам Самариялик эди.

17 Исо шогирдларига деди:

— Тери касаллигидан покланган ўн киши эмасмиди?! Қолган тўққизтаси қани?

18 Худони улуғлаш учун шу бир бегона кишидан бошқа ҳеч ким қайтиб келмадими?

19 Сўнг Исо тери касаллигидан покланган одамга деди:

— Ўрнингдан тургин–да, боравер. Сенга ишончинг шифо берди.

Худонинг Шоҳлиги

20 Баъзи фарзийлар Исодан:

— Худонинг Шоҳлиги қачон келади? — деб сўрадилар. Исо уларга шундай жавоб берди:

— Худонинг Шоҳлиги кўзга кўринадиган шаклда келмайди.

21 Ҳеч ким: “Қара, Худонинг Шоҳлиги бу ерда”, ёки “Ана у ерда”, деб айтмайди. Чунки Худонинг Шоҳлиги сизларнинг орангиздадир.

22 Кейин Исо шогирдларига деди: “Шундай вақтлар келадики, сизлар Инсон Ўғлининг кунларидан биттасини кўришни орзу қиласизлар, аммо ўша кунни кўролмайсизлар.

23 Одамлар сизларга: «Ана, Масиҳ анави ерда» ёки «Мана, Масиҳ бу ерда», деб айтадилар. Аммо сизлар улар айтган ерга борманглар, уларнинг ортидан эргашманглар.

24 Чунки Инсон Ўғли келганда, Уни ҳамма кўради. У осмонни бир четидан бошқа четигача ёритиб юборган чақмоқдай бўлади.

25 Лекин ундан аввал Инсон Ўғли кўп азоб чекиши ва бу насл томонидан рад қилиниши керак.

26 Нуҳ даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли келадиган даврда ҳам худди шундай бўлади.

27 Нуҳ кемага кирган кунгача инсонлар еб–ичдилар, уйландилар, турмушга чиқдилар. Тўфон келганда эса уларнинг ҳаммаси нобуд бўлди.

28 Лут замонида ҳам худди шундай бўлган эди: одамлар еб–ичардилар, савдо–сотиқ қилардилар, экин экардилар, уй қурардилар.

29 Лекин Лут Садўм шаҳридан чиққан куниёқ осмондан олов ва олтингугурт ёғиб, ҳаммани нобуд қилди.

30 Инсон Ўғли зоҳир бўлган кунда ҳам худди шундай бўлади.

31 У кунда томнинг устида бўлган киши уйдаги нарсаларни олиш учун пастга тушмасин. Далада бўлган одам ҳам қайтиб келмасин.

32 Лутнинг хотинига нима бўлганини ёдингизда тутинглар.

33 Жонини сақламоқчи бўлган уни йўқотади. Жонини йўқотган эса уни асраб қолади.

34 Сизга шуни айтай: ўша кеча бир тўшакда икки киши ётган бўлса, бири олинади, бири қолдирилади.

35-36 Икки аёл бирга тегирмон тортаётган бўлса, бири олинади, бири қолдирилади.”

37 Шогирдлар Исодан сўради:

— Ҳазрат, бу воқеалар қаерда юз беради?

— Калхатлар тўпланган жойда мурда бўлишини ҳамма билади, — деб жавоб берди Исо. — Бу воқеалар қаерда юз бериши ҳам сизларга шу сингари аён бўлади.

Бева аёл ва адолатсиз қози ҳақида масал

1 Шогирдлар доимо ва безмасдан ибодат қилсин деб, Исо уларга шундай бир масал айтиб берди:

2 “Бир шаҳарда Худодан ҳам қўрқмайдиган, одамдан ҳам уялмайдиган бир қози бор экан.

3 Ўша шаҳарда бир бева аёл ҳам яшар экан. У қозининг олдига тез–тез бориб туриб:

— Мени рақибимдан ҳимоя қилинг, — деб ўтинаркан.

4 Қози анча вақтгача унга ёрдам беришдан бош тортиб юрар экан. Охири у ўзи–ўзига шундай дебди:

— Мен Худодан қўрқмайман, одамлардан ҳам уялмайман.

5 Аммо бу бева хотин мени ҳолу жонимга қўймагани учун уни ҳимоя қила қолай. Бўлмаса, у келавериб мени безор қилади.”

6 Раббимиз Исо гапида давом этди: “Адолатсиз қозининг гапини эшитдингизми?

7 Шундай экан, наҳотки Худо туну кун илтижо қилаётган Ўз танлаганларини ҳимоя қилмаса?! Йўқ, Худо уларни куттириб қўймайди!

8 Сизларга айтаман: уларни зудлик билан ҳимоя қилади! Аммо Инсон Ўғли келганда, ер юзида имони бор одамларни топармикин?”

Фарзий ва солиқчи ҳақида масал

9 Ўзларининг солиҳлигига ишониб, бошқаларни менсимайдиган баъзи одамларга Исо қуйидаги масални айтиб берди:

10 “Икки одам ибодат қилгани Маъбадга киришибди. Уларнинг бири фарзий, иккинчиси солиқчи экан.

11 Фарзий ўрнидан туриб, шундай ибодат қилибди:

— Худойим, Ўзингга шукур! Чунки мен бошқаларга ўхшаб ўғри, жиноятчи, зинокор ёки манави солиқчидай эмасман.

12 Мен ҳафтада икки марта рўза тутаман. Топганимнинг ўндан бирини ушр қилиб бераман.

13 Солиқчи бўлса узоқда туриб, ҳатто осмонга ҳам қарашга ботинолмай, кўкрагига урганича:

— Ё Худо, мен гуноҳкорга раҳм қил! — деб илтижо қиларди.

14 Сизга айтаман: фарзий эмас, мана шу одам оқланиб уйига қайтди. Зотан, ўзини ўзи юксалтирган одам камситилади, ўзини паст олган одам эса юксалтирилади.”

Исо болаларни дуо қилади

15 Исо болаларимизга қўл теккизсин деб, одамлар Унинг олдига ҳатто гўдакларни ҳам олиб келишарди. Шогирдлар буни кўриб, одамларни койидилар.

16 Исо эса болаларни ёнига чақириб, деди: “Болаларга йўл беринглар, Менинг олдимга келишларига тўсқинлик қилманглар! Зеро, Худонинг Шоҳлиги шундайларникидир.

17 Сизларга чинини айтайин: ким Худонинг Шоҳлигини бола каби қабул қилмаса, унга ҳеч қачон киролмайди.”

Бойлик ва абадий ҳаёт ҳақида

18 Обрўли бир одам Исодан сўради:

— Валинеъмат Устоз! Абадий ҳаётга эга бўлиш учун нима қилишим керак?

19 Исо унга деди:

— Нега Мени валинеъмат дейсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас–ку!

20 Сен амрларни биласан: “Зино қилма. Қотиллик қилма. Ўғрилик қилма. Ёлғон гувоҳлик берма. Ота–онангни ҳурмат қилгин.”

21 — Буларнинг ҳаммасига ёшлигимдан амал қилиб келаман, — деди бояги бошлиқ.

22 Буни эшитиб, Исо деди:

— Сенга биргина нарса етишмайди: бор нарсангни сот, пулини камбағалларга тарқат. Шунда самода хазинанг бўлади. Кейин келиб, Менга эргашгин.

23 Бошлиқ буни эшитиб, қаттиқ хафа бўлди, чунки у жуда бой эди.

24 Исо унинг хафа бўлганини кўриб деди:

— Мол–дунёси бор одамларнинг Худо Шоҳлигига кириши нақадар қийин!

25 Бойнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир.

26 Буни эшитганлар эса:

— Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан? — деб сўрашди.

27 Исо шундай жавоб берди:

— Одамлар учун имконсиз бўлган нарсанинг Худо учун имкони бор.

28 Шунда Бутрус деди:

— Мана, биз уй–жойимизни ташлаб, Сизнинг орқангиздан эргашиб келдик.

29 Исо шогирдларига деди:

— Сизларга чинини айтайин, Худонинг Шоҳлиги учун уй–жойини ёки хотинини ё ака–укаларини ёки ота–онасини ё бола–чақасини қолдирган одам

30 бу дунёнинг ўзидаёқ бир неча баробар ортиғи билан олади, нариги дунёда эса абадий ҳаётга эга бўлади.

Исо Ўз ўлими тўғрисида учинчи марта гапиради

31 Кейин Исо ўн икки шогирдини четга олиб, уларга деди: “Мана, биз Қуддусга кетяпмиз. Пайғамбарларнинг Инсон Ўғли тўғрисида ёзган ҳамма башоратлари бажо бўлади.

32 Уни ғайрияҳудийларга тутиб берадилар. Уни масхаралаб ҳақорат қиладилар. Унга тупурадилар.

33 Ғайрияҳудийлар Уни қамчилайдилар, кейин ўлдирадилар. Аммо учинчи куни У тирилади.”

34 Шогирдлар эса бу сўзлардан ҳеч нарса тушунмадилар. Бу сўзларнинг маъноси уларга қоронғи эди, Исонинг айтганларини улар англамадилар.

Исо кўр одамга шифо беради

35 Исо Ерихо шаҳрига кириб келаётганда, бир кўр одам йўл чеккасида садақа сўраб ўтирар эди.

36 Олдидан катта бир оломон ўтиб кетаётганини эшитган ўша кўр:

— Нима гап? — деб сўради.

37 — Носиралик Исо ўтиб кетяпти, — деб жавоб беришди унга.

38 Шунда кўр:

— Эй Довуд Ўғли Исо, менга раҳм қилинг! — деб бақирди.

39 Олдинда кетаётганлар эса:

— Жим бўл! — деб унга дўқ қилишди. У эса янада қаттиқроқ бақирди:

— Эй Довуд Ўғли! Менга раҳм қилинг!

40 Шунда Исо тўхтаб, кўрни ёнига олиб келишларини буюрди. Кўр келгач, Исо ундан сўради:

41 — Мендан нима истайсан? Сен учун нима қилай?

— Ҳазрат, кўзларим кўрсин! — деди у.

42 Исо унга:

— Кўзларинг кўрсин, ишончинг сенга шифо берди, — деди.

43 Ўша заҳоти у кўра бошлади. Сўнг Худони улуғлаганча Исога эргашди. Буни кўрган бутун халқ Худога ҳамду санолар айтди.

Исо ва Заккай

1 Исо Ерихо шаҳрига кириб, шаҳар бўйлаб ўтаётган эди.

2 Бу шаҳарда Заккай деган бир одам бор эди. У солиқчилар бошлиғи бўлиб, бой эди.

3 Заккай “Исо ким экан?” деб Уни кўришга уринарди, аммо одам кўплигидан кўра олмасди, чунки унинг бўйи паст эди.

4 У олдинга югуриб, Исони кўриш учун шикамора–анжир дарахти устига чиқиб олди. Исо ўша ердан ўтиши керак эди.

5 Исо у ерга келганда, юқорига қараб, Заккайга деди:

— Заккай! Тезроқ пастга туш, Мен бугун сенинг уйингда меҳмон бўлишим керак.

6 Заккай дарров пастга тушди, Исони қувонч билан уйига таклиф қилди.

7 Буни кўрганларнинг ҳаммаси: “Исо бир гуноҳкор одамнинг уйига меҳмонга борди”, деб норозилик билдиришди.

8 Заккай эса ўрнидан туриб, Раббимиз Исога деди:

— Ҳазрат, мен мол–мулкимнинг ярмини камбағалларга бераман. Бирон кимсанинг нарсасини ноҳақ олган бўлсам, тўрт баробар қилиб қайтараман.

9 Исо унга шундай жавоб берди:

— Бугун бу хонадонга нажот келди, чунки бу одам ҳам Иброҳимнинг ўғлидир.

10 Инсон Ўғли йўқолганни излаб топиш ва уни қутқариш учун келган.

Ўнта хизматкор ҳақида масал

11 Оломон Исонинг бу сўзларини тинглар экан, Исо гапини бир масал билан давом эттирди. Чунки Исо Қуддусга яқинлашиб қолган эди, одамлар ҳам, Худонинг Шоҳлиги ҳозир зоҳир бўлиши керак, деб ўйлардилар.

12 Исо шундай деди: “Бир зодагон одам узоқ мамлакатга кетмоқчи бўлибди. У ерда шоҳлик тахтини эгаллаб, қайтиб келмоқчи эди.

13 Кетишдан олдин у хизматкорларидан ўнтасини чақирибди–да, ҳар бирига бир тилладан бериб, шундай дебди:

— Мен қайтиб келгунимча, бу пулларни ишга солинглар.

14 Ҳолбуки, бу зодагоннинг ҳамюртлари уни ёмон кўришар экан. Унинг орқасидан: «Бу одам бизга шоҳ бўлмасин, истамаймиз», деб айтиш учун элчилар юборишибди.

15 Аммо зодагон шоҳлик тахтини эгаллаб, қайтиб келибди. Сўнг ўзи пул берган хизматкорларини чақиртириб, ким қанча фойда олганини билмоқчи бўлибди.

16 Биринчиси келиб:

— Шоҳ ҳазратлари, сизнинг тиллангиз ўн тилла фойда олиб келди, — дебди.

17 Шоҳ унга:

— Баракалла! Сен яхши хизматкорсан! Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун ўнта шаҳар устидан ҳоким бўласан, — дебди.

18 Иккинчиси келиб:

— Шоҳ ҳазратлари, сизнинг тиллангиз беш тилла фойда келтирди, — дебди.

19 Унга ҳам:

— Сен ҳам бешта шаҳарга ҳокимлик қиласан, — дебди.

20 Сўнг учинчи хизматкори келиб:

— Шоҳ ҳазратлари! — дебди, — мана сизнинг тиллангиз, мен уни рўмолчага тугиб сақладим.

21 Мен сиздан қўрқдим, сиз қаттиққўл одамсиз. Сиз бермасдан оласиз, экмасдан ўрасиз.

22 Шоҳ эса унга:

— Эй ёмон хизматкор! — деб дўқ урди, — мен сени ўз сўзларинг бўйича ҳукм қиламан! Менинг қаттиққўллигимни ҳамда бермасдан олишимни, экмасдан ўришимни билар экансан,

23 нега пулимни муомалага киритмадинг? Мен қайтиб келганимдан кейин, пулимни фойдаси билан олган бўлардим.

24 Сўнг ёнида турганларга дебди:

— Унинг қўлидан тиллани олиб, ўн тилласи борга беринглар.

25 — Эй олампаноҳ, унинг ўн тилласи бор–ку! — дейишибди улар.

26 — Сизларга шуни айтай: кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, ҳатто бори ҳам тортиб олинади.

27 Энди менинг шоҳ бўлишимни истамаган душманларимга келсак, уларни шу ерга олиб келиб, кўз олдимда қатл қилинглар.”

Исо Қуддусга тантанали киради

28 Исо шу гапларни айтгандан кейин, йўлида давом этиб, Қуддусга кетди.

29 Зайтун тоғи этагидаги Байтфагия билан Байтания қишлоқларига яқинлашгач, У шогирдларидан иккитасига деди:

30 — Анави қишлоққа боринглар. У ерга киришингиз биланоқ, боғлиқ турган ва ҳеч қачон минилмаган хўтикни кўрасизлар. Ўша хўтикни ечиб, бу ерга олиб келинглар.

31 Агар кимдир сизлардан: “Хўтикни нега ечяпсизлар?” — деб сўраб қолса, “Бу хўтик Раббимиз Масиҳга керак”, — деб айтинглар.

32 Шогирдлар бориб, худди Исонинг айтганини топдилар.

33 Хўтикни ечаётганларида унинг эгалари:

— Нега хўтикни ечяпсизлар? — деб сўрашди.

34 Шогирдлар:

— У Раббимиз Масиҳга керак, — дедилар.

35 Хўтикни Исонинг олдига келтиришди–да, устига тўнларини ташлаб, Исони миндиришди.

36 Исо хўтикни миниб кетаётганда, одамлар тўнларини йўлга пойандоз қилдилар.

37 Исо Зайтун тоғидан тушадиган жойга етиб келганда, кўпдан–кўп шогирдлар кўрган барча мўъжизаларни эслаб шодландилар ва баланд овозда Худога ҳамду санолар айтдилар:

38 “Эгамиз номидан келаётган Шоҳ барака топсин!

Осмонда тинчлик, фалак тоқида шон–шарафлар бўлсин!”

39 Шунда оломон орасидан баъзи фарзийлар Исога:

— Устоз, шогирдларингизни жим қилинг! — дейишди.

40 Исо эса уларга деди:

— Сизларга шуни айтай: агар булар жим бўлса, тошлар чинқиради!

Исо Қуддус учун йиғлайди

41 Исо Қуддусга кирай деганда, шаҳарни кўриб, йиғлаб юборди:

42 “Тинчлик учун нималар зарурлигини бугун сен билсайдинг! Аммо булар сенга қоронғи.

43 Бошингга шундай кунлар келади: душманларинг атрофингга тупроқ уядилар, сени ўраб оладилар, ҳар томондан сиқувга оладилар.

44 Бағрингдаги фарзандларингни қириб ташлайдилар. Сени шу қадар вайрон қиладиларки, шаҳрингда ҳатто тош устида турган тош қолмайди. Чунки Худо сени қутқаргани келганди, аммо сен бу имкониятни қўлдан бой бердинг.”

Исо савдогарларни Маъбаддан қувиб чиқаради

45 Исо Маъбадга кириб, ичкарида савдо–сотиқ қилаётганларни қувиб чиқара бошлади.

46 Уларга шундай деди:

— “Менинг уйим ибодат уйи бўлади”, деб Муқаддас битикларда ёзилган–ку! Сизлар эса Худонинг уйини қароқчилар уясига айлантириб юборибсизлар!

47 Исо ҳар куни Маъбадда таълим берарди. Бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва халқ йўлбошчилари эса Уни ҳалок қилиш пайига тушдилар.

48 Лекин бунинг чорасини топмадилар, чунки бутун халқ Исонинг сўзларини жону дили билан тинглар эди.

Исонинг ҳокимияти тўғрисида савол

1 Бир куни Исо Маъбадда халққа таълим бериб, Хушхабар айтаётган эди. Шу пайт бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва йўлбошчилар келиб қолдилар.

2 Улар Исодан сўрадилар:

— Бизларга айтинг–чи, Сиз бу ишларни қандай ҳокимият билан қиляпсиз? Бу ҳокимиятни Сизга ким берган?

3 Исо уларга шундай жавоб берди:

— Мен ҳам сизларга бир савол берайин, Менга айтинглар:

4 Яҳё халқни сувга чўмдириш ҳуқуқини Худодан олганмиди ёки инсонданми?

5 Улар эса ўзаро мулоҳаза юритдилар:

— Агар: “Худодан”, — десак, У: “Нега Яҳёга ишонмадингизлар?” — дейди.

6 Агар: “Инсондан”, — десак, бутун халқ бизни тошбўрон қилади, чунки халқ Яҳёнинг пайғамбарлигига қатъий ишонади.

7 Шундай қилиб, улар:

— Қаерданлигини билмаймиз, — деб жавоб бердилар.

8 Исо уларга деди:

— Ундай бўлса, Мен ҳам бу ишларни қайси ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтмайман.

Ёвуз боғбонлар ҳақида масал

9 Исо халққа қуйидаги масални айтди: “Бир одам узумзор барпо қилибди. Узумзорни боғбонларга ижарага бериб, ўзи узоқ вақтга сафарга кетибди.

10 Йиғим–терим мавсумида, узумзор ҳосилидан тегишли улушини олиш учун ўша одам хизматкорини боғбонлар олдига юборибди. Аммо боғбонлар хизматкорни калтаклаб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди.

11 Кейин узумзор эгаси яна бошқа бир хизматкорини юборибди. Боғбонлар бу хизматкорни ҳам уриб, шарманда қилиб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди.

12 Яна учинчисини юборибди, уни ҳам ярадор қилиб, қувиб чиқаришибди.

13 Кейин узумзор эгаси ўйлабди: «Энди нима қилсам экан? Энди суюкли ўғлимни юбораман. Балки боғбонлар уни ҳурмат қилишар.»

14 Аммо боғбонлар унинг ўғлини кўришлари билан ўзаро муҳокамага тушиб:

— Бу меросхўр–ку! Уни ўлдирайлик, шунда мероси бизга қолади, — дейишибди–да,

15 ўғлини узумзордан ташқарига чиқариб, ўлдиришибди.

Хўш, сизнингча, энди узумзор эгаси уларни нима қилар экан?

16 У келиб боғбонларни ўлдиради, узумзорини эса бошқаларга ижарага беради.”

Буни эшитганлар:

— Худо кўрсатмасин! — деб юборишди.

17 Исо эса уларга тикилиб, шундай деди:

— Ундай бўлса, Муқаддас битиклардаги:

“Бинокорлар рад этган тош

Бинонинг тамал тоши бўлди”,

деган сўзларнинг маъноси нима?

18 Кимки бу тамал тошига йиқилса, парча–парча бўлади. Тош кимнинг устига тушса, уни эзиб юборади.

19 Исо айтган бу масал тафсирчилар билан бош руҳонийларга қарши айтилган эди. Улар буни англаб етдилар ва шу заҳоти Исони қўлга олмоқчи бўлдилар. Аммо халқдан қўрқдилар.

Солиқ тўлаш ҳақида

20 Тафсирчилар билан бош руҳонийлар Исони кузатиб юрдилар. Унинг ортидан ўзларини самимий кўрсатадиган одамларни қўйдилар. Улар эса Исони тилидан илинтириб, ҳокимнинг қўлига ва ҳукмига бермоқчи эдилар.

21 Шунинг учун улар Исога дедилар:

— Устоз, Сиз айтаётган сўзларингиз ва ўргатаётган таълимотингиз тўғри эканини биламиз. Сиз ҳеч кимга юз–хотир қилмай Худонинг йўлини тўғри ўргатасиз.

22 Айтинг–чи, Қайсарга солиқ тўлашимиз тўғрими ёки йўқми?

23 Исо уларнинг маккорлигини англаб, деди:

24 — Қани, Менга бир динор кўрсатинглар! Бу тангадаги сурат ва ёзув кимники?

— Қайсарники, — деб жавоб берди улар.

25 Исо:

— Ундай бўлса, Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, — деди.

26 Улар халқнинг кўз ўнгида Исони тилидан илинтира олмадилар. Исонинг жавобидан лол қолиб, жим бўлдилар.

Тирилиш ҳақида савол

27 Саддуқийлар ўликларнинг тирилишини инкор этардилар. Уларнинг баъзилари Исонинг олдига келиб, халқ олдида Унга шундай савол бердилар:

28 — Устоз! Мусо бизга шундай ёзиб қолдирган: агар бировнинг акаси фарзанд кўрмай ўтиб кетса, укаси акасининг хотинига уйланиб, акаси учун фарзандни дунёга келтирсин. Туғилган бола марҳум акасиники ҳисобланади.

29 Хўш, етти ака–ука бўлган экан. Биринчиси уйланибди, аммо фарзанд кўрмай оламдан ўтибди.

30 Сўнг иккинчиси ўша хотинни олиб, бола кўрмай ўлибди.

31 Учинчиси ҳам худди шу кўйга тушибди. Хуллас, еттала ака–уканинг ҳаммаси ўша хотинга уйланиб, фарзандсиз ўтиб кетибди.

32 Охирида хотин ҳам қазо қилибди.

33 Айтинг–чи, Худо одамларни тирилтирганда ўша аёл қайси бирининг хотини ҳисобланади? Еттови ҳам унга уйланган эдилар–ку!

34 Исо уларга шундай жавоб берди:

— Бу дунёда одамлар уйланадилар ва эрга тегадилар.

35 Аммо ўликдан тирилишга ва келажакдаги дунёда яшашга сазовор бўлганлар у дунёда уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар.

36 Улар бамисоли фаришталардай бўлганлари учун ҳеч қачон ўлмайдилар. Улар Худонинг фарзандларидир, чунки тирилгандирлар.

37 Ҳатто Мусонинг ўзи ҳам ўликларнинг тирилишини таъкидлаб, ёнаётган бута тўғрисидаги воқеада Эгамизни “Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси” деб атаган.

38 Зотан, Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Худо учун ҳамма тирикдир.

39-40 Тафсирчиларнинг баъзилари Исога яна савол беришга журъат этмаганлари учун:

— Устоз, яхши гапирдингиз, — дедилар.

Масиҳ кимнинг ўғли?

Исо тафсирчиларга деди:

41 — Нега Масиҳни Довуднинг Ўғли дейдилар?

42-43 Мана, Довуднинг ўзи Забур китобида шундай деган:

“Эгамиз айтмоқда Раббимга:

Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча,

Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.”

44 Демак, Довуд Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ Довуднинг Ўғли бўлади?!

Исо сохта диндорлик тўғрисида огоҳлантиради

45 Бутун халқ Исони тинглаб турар экан, У шогирдларига деди:

46 — Таврот тафсирчиларидан эҳтиёт бўлинглар! Улар узун кийимлар кийишни, бозорларда юрганларида уларга салом беришларини яхши кўрадилар. Синагогаларда яхши жойларда ўтиришни, зиёфатларда тўрда ўтиришни ёқтирадилар.

47 Аммо бева аёлларнинг уй–жойларини тортиб оладилар, хўжа кўрсинга узоқ дуо ўқийдилар. Бундай одамлар ниҳоятда қаттиқ жазога мубтало бўладилар.

Бева аёлнинг хайр–эҳсони

1 Исо Маъбаднинг эҳсон қутисига назар солар экан, эҳсон ташлаб турган бой одамларни кўрди.

2 Шунингдек, икки чақа ташлаган бир камбағал бева аёлни ҳам кўрди.

3 Шунда Исо деди:

— Сизларга чинини айтайин, бу камбағал бева ҳаммадан кўпроқ эҳсон берди.

4 Чунки бойларнинг ҳаммаси ўзларининг ортиқча пулларидан эҳсон қилдилар. Аммо бу аёл камбағаллигига қарамасдан, ўзининг бор–йўғини ташлади.

Исо Маъбаднинг вайрон бўлиши тўғрисида башорат қилади

5 Шогирдлардан баъзилари Маъбадни томоша қилиб, унинг гўзал тошлар ва Худога назр қилинган инъомлар билан безатилгани тўғрисида гаплашаётган эдилар. Исо эса деди:

6 — Шундай кунлар келадики, сиз кўриб турганларнинг ҳаммаси вайрон бўлади. Бу ерда тош устида турган биронта тош қолмайди.

7 Улар Исодан сўрадилар:

— Устоз, бу ҳодисалар қачон юз беради? Тез орада юз беришини нимадан билсак бўлади?

8 Исо деди:

— Эҳтиёт бўлинглар, йўлдан озманглар, чунки кўп кишилар ўзларини Менинг номим билан атаб: “Мен Ўшаман”, “Вақт яқин”, — деб айтади. Уларга эргашманглар.

9 Сизлар уруш ва исёнлар тўғрисида хабарларни эшитганингизда, ваҳимага тушманглар, чунки бу ҳодисалар биринчи бўлиб содир бўлиши керак. Аммо бу ҳали сўнгги ниҳоя эмас.

10 Кейин Исо уларга деди: “Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади.

11 Айрим жойларда шиддатли зилзилалар, қаҳатчиликлар, ўлатлар бўлади. Осмонда ваҳимали ҳодисалар, буюк аломатлар юз беради.

12 Лекин буларнинг ҳаммасидан олдин сизларни ҳибсга оладилар, қувғин қиладилар, синагогаларга топшириб, қамоқларга ташлайдилар. Менинг номим туфайли сизларни шоҳлар ва ҳокимлар олдига олиб борадилар.

13 Булар Хушхабарни айтишингиз учун имконият бўлади.

14 Ўзимизни қандай ҳимоя қиламиз, деб олдиндан қайғурмасликка қарор қилинглар.

15 Мен Ўзим сизларга сўз, донолик ато қиламанки, рақибларингиздан биронтаси айтганларингизни рад қила олмайдилар ёки эътироз билдира олмайдилар.

16 Сизларни ҳатто ота–онангиз, ака–укаларингиз, қариндош–уруғларингиз, дўстларингиз тутиб беришади. Улар баъзиларингизни ўлдиришади.

17 Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади.

18 Бироқ бошингиздан бир тола соч ҳам тушмайди.

19 Қатъиятли бўлинглар, шунда ҳаётга эришасиз.

Қуддуснинг вайрон бўлиши ҳақида башорат

20 Қуддусни душман лашкарлари ўраб олганини кўрганингизда, билингки, шаҳар яқин орада вайрон қилинади.

21 Шунда Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочсин, шаҳарнинг ичида бўлганлар ташқарига чиқсин, далаларда бўлганлар шаҳарга кирмасин.

22 Чунки Худонинг қасос оладиган кунлари келди. Ўша кунларда ҳамма башоратлар амалга ошади.

23 У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой! Чунки ер юзини катта мусибат чулғаб олади, бу халқнинг бошига Худонинг ғазаби ёғилади.

24 Баъзилари қиличдан ўтказилади, бошқалари барча юртларга асир қилиб олиб кетилади. Ғайрияҳудийларнинг давру даврони тугамагунча, улар Қуддусни оёқ ости қиладилар.

Инсон Ўғлининг келиши ҳақида

25 Қуёш, ой ва юлдузларда аломатлар пайдо бўлади. Денгизлар ва тўлқинлар шовқинидан халқлар саросимага тушиб, изтироб чекади.

26 Одамлар дунёга келадиган фалокатларни кўриб, қўрқувдан ҳушидан кетадилар. Чунки ўшанда самовий кучлар ларзага келади.

27 Шунда ҳамма одам Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли қудратга ва буюк улуғворликка бурканиб, булутларда келади.

28 Бу ҳодисалар юз бера бошлаганда, туриб, бошингизни баланд кўтаринг. Чунки қутқариладиган вақтингиз яқинлашмоқда.”

Ҳушёр бўлиш ҳақида

29 Исо шогирдларига бир масални айтиб берди: “Анжир дарахтига ва бошқа ҳамма дарахтларга қаранглар.

30 Дарахтлар барг ёзаётганини кўрганингизда, ёз яқинлашиб қолганини биласиз.

31 Шу сингари, мана бу воқеалар содир бўлганда, билингки, Худонинг Шоҳлиги яқин.

32 Сизларга чинини айтайин, бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади.

33 Еру осмон йўқ бўлиб кетади, аммо Менинг сўзларим кучда қолади.

34 Ҳушёр бўлинглар! Кайфу сафога, бу ҳаётнинг ташвишларига берилиб кетманглар. Тағин ўша кун келиб қолганда сизлар тўсатдан тўрга тушган одамларга ўхшаб қолманглар!

35 Чунки у кун бутун ер юзида яшовчиларнинг бошига тушади.

36 Доим ҳушёр бўлинглар. Юз берадиган бу ҳамма мусибатлардан қутула олишингиз ва Инсон Ўғли олдида муносиб тура олишингиз учун доимо ибодатда бўлинглар.”

37 Ҳар куни Исо Маъбадда таълим берарди, кечалари эса шаҳардан чиқиб, тунни Зайтун тоғида ўтказар эди.

38 Халқ саҳардан Исони тинглагани Маъбадга келарди.

Исони ўлдириш режаси

1 Хамиртурушсиз нон байрамига яқин қолган эди. Бу байрам Фисиҳ деб аталарди.

2 Бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари Исони яширинча ўлдириш учун фурсат пойлаб юрган эдилар, чунки улар халқдан қўрқардилар.

3 Шунда ўн икки ҳаворийдан бири — Яҳудо Ишқариётнинг ичига шайтон кириб олди.

4 Яҳудо бош руҳонийларнинг ва Маъбад миршаббошиларининг олдига бориб, Исони қандай тутиб бериш тўғрисида улар билан гаплашди.

5 Улар жуда хурсанд бўлиб, Яҳудога пул берадиган бўлдилар.

6 Яҳудо рози бўлди ва Исони халқдан яширинча уларнинг қўлига тутиб бериш учун қулай фурсатни кута бошлади.

Қутлуғ кеча ва Исога хиёнат

7 Хамиртурушсиз нон байрами келди. Шу куни Фисиҳ қўзиси қурбонлик қилинар эди.

8 Исо Бутрус билан Юҳаннони юбораётиб шундай деди:

— Боринглар, биз учун Фисиҳ таомини тайёрланглар.

9 Улар Исодан сўрадилар:

— Байрам таомини қаерда тайёрлашимизни хоҳлайсиз?

10 Исо уларга деди:

— Қуддусга киришларингиз биланоқ, кўзада сув кўтариб кетаётган бир одамни учратасизлар. Ўша одамга эргашиб, у кирадиган уйга киринглар.

11 Хонадон эгасига шундай деб айтинглар: “Устозимиз шогирдлари билан Фисиҳ таомини емоқчилар. У сиздан: «Бизга тайёрлаб қўйилган меҳмонхона қаерда?» деб сўраб юбордилар.”

12 Уй эгаси сизларга жиҳозланган катта болохонани кўрсатади. У ерда биз учун ҳозирлик кўринглар.

13 Шогирдлар кетдилар. Ҳамма нарса худди Исо айтгандай рўй берди. Улар Фисиҳ таомини тайёрладилар.

14 Зиёфат вақти бўлди. Исо билан ҳаворийлари дастурхон атрофига ёнбошлашди.

15 Исо уларга деди:

— Мен азоб чекмасимдан аввал бу Фисиҳ таомини сизлар билан бирга ейишни жуда ҳам орзу қилгандим.

16 Сизларга айтай: биз Худонинг Шоҳлигида ҳақиқий Фисиҳ таомини емагунимизча, Мен бу таомдан бошқа емайман.

17 Кейин Исо шароб қуйилган косани олиб, шукрона дуосини айтиб деди:

— Буни олинглар, ўзаро бўлишинглар.

18 Сизларга айтай: Худонинг Шоҳлиги келмагунча, Мен узум неъматидан бошқа ичмайман.

19 Сўнгра нонни олди, шукрона дуосини айтиб синдирди ва шогирдларига бериб деди:

— Бу нон Менинг танамни билдиради. Танам сизлар учун фидо бўлади. Биргаликда нон синдириб еганингизда Мени хотирланглар.

20 Овқатланиб бўлганларидан кейин, Исо яна шароб қуйилган косани олиб, шундай деди:

— Бу коса Худонинг янги аҳдини билдиради. Бу аҳд сизлар учун тўкиладиган қоним эвазига кучга киради.

21 Ана, қаранг! Менга хиёнат қиладиган одам Мен билан бир дастурхонда ўтирибди.

22 Ҳа, Худо режа қилгандай, Инсон Ўғли жон беради. Аммо Инсон Ўғлига хиёнат қилган одамнинг ҳолига вой!

23 Шунда улар бир–бирларидан:

— Орамизда бундай ишга қўл урадиган ким экан? — деб сўрай бошладилар.

Энг катта ким?

24 Шогирдлар орасида: “Қайси биримиз энг катта ҳисобланишимиз керак?” деган баҳс бўлди.

25 Исо уларга деди: “Бутпарастларнинг ҳукмдорлари халқларига ўз ҳукмини ўтказадилар. Эл бошлиқлари ўзларини олийҳиммат деб атайдилар.

26 Сизлар эса бундай бўлманглар. Аксинча, орангизда ким катта бўлса, ўзини энг кичикдай тутсин. Ким бошлиқ бўлса, хизматкордай бўлсин.

27 Хўш, ким катта? Дастурхон атрофида ўтирганми ёки унга хизмат қилаётганми? Дастурхон атрофида ўтирган эмасми?! Мен эса орангизда хизматкордайман.

28 Оғир кунларимда ёнимда бўлдингизлар.

29 Шунинг учун осмондаги Отам Менга инъом қилган Шоҳликни Мен сизларга инъом қиляпман.

30 Сизлар Менинг Шоҳлигимда дастурхоним атрофида ўтириб еб–ичасизлар, Исроилнинг ўн икки қабиласига ҳукмронлик қиласизлар.”

Исо Бутруснинг тониши тўғрисида башорат қилади

31 Исо деди:

— Шимўн, Шимўн! Мана, буғдойни ғалвирдан ўтказишгандай, шайтон сизларни синовдан ўтказишга изн талаб қилди.

32 Бироқ имондан тоймасин деб, Мен сен учун ибодат қилдим. Сен тавба қилиб, Менга қайтганингдан кейин, биродарларингни имонда мустаҳкамла.

33 Шимўн Исога жавобан деди:

— Ҳазрат! Мен Сиз билан зиндонга ҳам, ўлимга ҳам боришга тайёрман!

34 Исо эса деди:

— Эҳ Бутрус! Сенга шуни айтай: бугун хўроз қичқирмасдан олдин сен уч марта Мени танимаслигингни айтасан.

Ҳамён, тўрва, қилич

35 Исо шогирдларига деди:

— Мен сизларни ҳамёнсиз, тўрвасиз, чориқсиз юборганимда, бирон нарсада камчилигингиз бормиди?

— Ҳеч нарсада! — жавоб берди улар.

36 Исо уларга шундай деди:

— Энди эса кимнинг ҳамёни ёки тўрваси бўлса, олсин. Кимда қилич йўқ бўлса, чопонини сотиб, қилич харид қилсин.

37 Сизларга айтай: “У гуноҳкорлар қаторида саналди”, — деб Мен ҳақимда айтилган башорат бажо бўлиши керак. Ҳа, Мен ҳақимда ёзилган бу сўз бажо бўляпти.

38 Шогирдлар:

— Ҳазрат, қаранг, мана бу ерда иккита қилич бор экан! — дедилар.

— Бўлди, бас қилинглар! — деди Исо.

Исо Зайтун тоғида ибодат қилади

39 Исо шаҳардан чиқиб, одатдагидай Зайтун тоғига йўл олди. Шогирдлари ҳам Унинг орқасидан кетдилар.

40 Исо ўша жойга етиб келгандан кейин, шогирдларига:

— Васвасага тушиб қолмайлик, деб ибодат қилинглар, — деди.

41 Ўзи улардан бир тош отар масофача нари борди–да, тиз чўкиб ибодат қилди:

42 — Эй Ота! Қанийди, бу азоб косасини Мендан узоқлаштирсанг! Аммо Менинг хоҳишим эмас, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.

43 Шу орада осмондан бир фаришта Исога зоҳир бўлиб, Унга куч ато қилди.

44 Исо оғир изтироб ичида жон–жаҳди билан ибодат қилди. Ундан оққан тер эса ерга томаётган қон томчиларига ўхшар эди.

45 Исо ибодатни тугатиб, шогирдлари ёнига келди. Уларнинг ухлаб ётганини кўрди. Шогирдлар қайғудан ҳолдан тойган эдилар.

46 Исо уларга:

— Нега ухлаб ётибсизлар? Қани, туринглар, васвасага тушиб қолмайлик, деб ибодат қилинглар, — деди.

Исо ҳибсга олинади

47 Исо ҳали гапини тугатмаган ҳам эдики, оломон келиб қолди. Оломонни ўн икки шогирддан бири — Яҳудо бошлаб келганди. Яҳудо Исони ўпмоқчи бўлиб, Унга яқинлашди.

48 Исо эса унга деди:

— Яҳудо, сен Инсон Ўғлига биргина ўпич билан хиёнат қиляпсанми?!

49 Исонинг ёнидагилар воқеа қаёққа йўналаётганини пайқаб:

— Ҳазрат, қилични ишга солайликми? — дейишди.

50 Улардан бири эса олий руҳонийнинг хизматкорига бир уриб, унинг ўнг қулоғини кесиб ташлади.

51 Шунда Исо:

— Қўйинглар, бас! — деди–да, хизматкорнинг қулоғига қўл теккизиб унга шифо берди.

52 Сўнг Уни қўлга олишга келган бош руҳонийлар, Маъбад миршаббошилари ва йўлбошчиларга деди:

— Мен қароқчимидим, Мени олиб кетгани қиличу таёқлар билан келибсизлар?!

53 Сизлар билан ҳар куни Маъбадда бирга эдим, Менга қўл теккизмадингизлар. Аммо энди замон сизники, зулмат ҳукмронлиги келди!

Бутрус Исодан тонади

54 Исони ушлаб, олий руҳонийнинг уйига олиб кетдилар. Бутрус эса масофа сақлаб уларга эргашиб борди.

55 Олий руҳонийнинг ҳовлиси ўртасида гулхан ёқишди. Бутрус гулхан атрофида ўтирган одамларнинг ёнига бориб ўтирди.

56 Бир чўри қиз гулхан ёнида ўтирган Бутрусни кўрди. У Бутрусга тикилиб қаради–да:

— Бу одам ҳам У билан бирга эди! — деди.

57 Лекин Бутрус инкор этиб:

— Эй синглим, мен Уни танимайман! — деди.

58 Бир оздан кейин бошқа бир одам Бутрусни кўриб:

— Сен ҳам улардан бирисан–ку! — деди. Лекин Бутрус унга ҳам:

— Йўғ–э, мен улардан эмасман! — деди.

59 Орадан бир соатлар ўтгандан кейин яна кимдир:

— Ҳақиқатан ҳам, манави одам У билан бирга бўлган. Ахир, у ҳам Жалилалик–ку! — деб туриб олди.

60 — Менга қара, нима тўғрисида гапиряпсан, тушунмаяпман, — деб эътироз билдирди Бутрус.

У гапини тугатмасданоқ, хўроз қичқирди.

61 Раббимиз Исо ўгирилиб, Бутрусга қаради. Шунда Бутрус Раббимизнинг: “Бугун хўроз қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан” деган гапини эслади.

62 Бутрус ҳовлидан чиқиб, аччиқ–аччиқ йиғлади.

63 Исони қўриқлаган одамлар Уни ҳақоратлаб калтакладилар.

64 Улар Исонинг кўзларини боғлаб қўйиб:

— Пайғамбар, қани, топ–чи, Сени ким урди экан? — дердилар.

65 Исога яна кўп ҳақоратли сўзлар айтдилар.

Исо Олий кенгаш олдида

66 Тонг отганда Олий кенгаш аъзолари — бош руҳонийлар ва тафсирчилар йиғилдилар. Исони уларнинг олдига олиб келишди.

67 — Бизга айт–чи, Сен Масиҳмисан? — деб сўрадилар. Исо шундай жавоб берди:

— Агар сизларга айтсам, Менга ишонмайсизлар.

68 Агар сизларга савол берсам, жавоб бермайсизлар.

69 Бироқ бундан буён Инсон Ўғли Қодир Худонинг ўнг томонида ўтиради.

70 Шунда ҳамма бирданига:

— Бундан чиқди, Сен Худонинг Ўғли экансан–да? — деб сўрадилар.

— Ўзларингиз Менинг кимлигимни айтдингизлар, — деди уларга Исо.

71 Шунда улар:

— Бошқа гувоҳга эҳтиёж қолмади! Ўз оғзидан ўзимиз эшитдик, ахир! — дейишди.

Исо Пилат ҳузурида

1 Бутун Кенгаш аъзолари туриб, Исони ҳоким Пилатнинг олдига келтирдилар.

2 Улар Исони айблай бошладилар:

— Биз бу Одамни халқимизни йўлдан оздираётганда ушлаб олдик. У, Қайсарга солиқ тўламанглар, Мен Масиҳман, яъни шоҳман, деб айтиб юрибди.

3 Пилат Исодан:

— Сен яҳудийларнинг шоҳимисан? — деб сўради.

— Сиз шунақа дейсиз, — деб жавоб берди Исо.

4 Шунда Пилат бош руҳонийларга ва оломонга:

— Мен бу Одамни айблашга ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман, — деди.

5 Аммо улар қаттиқ туриб олдилар:

— У Ўз таълимоти билан бутун Яҳудиядаги одамларни қўзғолонга даъват қиляпти. У бу қилмишини Жалилада бошлаганди, энди шу ерга ҳам етиб келибди.

6 Пилат бу гапни эшитиб:

— Бу Одам Жалилаликми? — деб сўради.

7 Исо Ҳироднинг қўли остидаги ҳудуддан эканини Пилат билгач, Уни Ҳирод ҳузурига жўнатди. Ҳирод ўша пайтда Қуддусда эди.

Исо Ҳирод олдида

8 Ҳирод Исони кўриб, жуда хурсанд бўлиб кетди. У анчадан буён Исони кўрмоқчи бўлиб юрган эди. Чунки Ҳирод Исо ҳақида эшитган, Унинг бирон мўъжизасини кўрсам деган ниятда эди.

9 Ҳирод Исога кўп саволлар берди, аммо Исо ҳеч бирига жавоб қайтармади.

10 Шу ерда турган бош руҳонийлар билан Таврот тафсирчилари эса Уни шиддат билан қораладилар.

11 Шундан кейин Ҳироднинг ўзи ҳам аскарлари билан бирга Исони камситиб масхаралади. Унга шоҳона чопон кийдириб, Пилатнинг олдига қайтариб юборди.

12 Бир–бирига душман бўлган Ҳирод билан Пилат ўша куни дўстлашдилар.

Исо ўлимга ҳукм қилинади

13 Пилат бош руҳонийлар, йўлбошчилар ва халқни чақириб,

14 уларга деди:

— Сизлар бу Одамни халқни йўлдан оздиришда айблаб, олдимга олиб келдингизлар. Мен Уни сизларнинг олдингизда текшириб кўрдим. Аммо сизлар Унга қўйган айблардан биронтасини мен топмадим.

15 Ҳирод ҳам ҳеч нима тополмагани учун Уни бизнинг олдимизга қайтариб юборди. Хуллас, бу Одам ўлимга лойиқ бирон иш қилмаган.

16-17 Шунинг учун мен Уни калтаклаб, озод қилиб юбораман.

18 Халойиқ эса бир оғиздан:

— Унга ўлим! Бизга Бараббасни озод қилинг! — деб бақира кетишди.

19 Бараббас шаҳарда юз берган исёнда иштирок этиб, қотиллик қилган, шунинг учун зиндонга ташланган эди.

20 Пилат Исони озод қилмоқчи бўлиб, оломонга яна мурожаат этди.

21 Аммо оломон:

— Хочга михлансин! Хочга михлансин! — деб шовқин кўтарди.

22 Пилат учинчи марта уларга айтди:

— Нимага? У нима ёмонлик қилди, ахир?! Мен Унда ўлимга лойиқ бирор айб топганим йўқ. Шундай экан, мен Уни калтаклаб, озод қилиб юбораман!

23 Бироқ оломон овози борича:

— Исо хочга михлансин! — деб бақириб, талаб қилаверди. Ниҳоят уларнинг бақир–чақирлари устун келди.

24 Пилат уларнинг талабини бажаришга қарор қилди.

25 Оломоннинг истагига кўра, исёнда иштирок этиб, қотиллик қилгани учун зиндонга ташланган одамни Пилат озод қилди, Исони эса оломоннинг ихтиёрига топширди.

Исо хочга михланади

26 Рим аскарлари Исони олиб кетдилар. Улар кетаётганларида, Шимўн деган бир одамни учратиб қолдилар. Шимўн Киринеялик бўлиб, даладан шаҳарга қайтиб келаётган экан. Аскарлар унинг елкасига хочни ортиб, Исонинг кетидан боришга мажбур қилдилар.

27 Бир талай оломон Исонинг ортидан эргашиб келаётган эди. Уларнинг орасида аёллар ҳам бор эди. Аёллар кўксига уриб, Исо учун фарёд қилардилар.

28 Исо аёлларга қараб деди:

— Мен учун йиғламанглар, эй Қуддус қизлари! Ўзларингиз учун, фарзандларингиз учун йиғланглар.

29 Шундай кунлар келадики: “Туғмаган, бола эмизмаган, бепушт аёллар бахтлидир”, деб айтишади.

30 Ўшанда одамлар тоғларга: “Устимизга қуланглар!” дея бақиришади. Қирларга: “Бизни босиб қолинглар!” деб ёлворишади.

31 Кўкариб турган дарахтга шундай қилсалар, қуриган дарахтни нима қилар эканлар?!

32 Исо билан бирга икки жиноятчини ҳам қатл қилишга олиб кетаётган эдилар.

33 Бош суяги деган жойга етиб келганларидан сўнг, аскарлар Исони хочга михладилар. Исо билан бирга иккита жиноятчини ҳам михладилар, уларнинг бири Исонинг ўнг томонида, бири чап томонида эди.

34 Исо:

— Эй Ота! Уларни кечиргин, улар нима қилаётганини билмайдилар, — деди.

Аскарлар қуръа ташлаб, Исонинг кийимларини бўлишиб олдилар.

35 Оломон қараб турарди. Яҳудий йўлбошчилари эса Исонинг устидан кулиб, шундай дердилар:

— У бошқаларни қутқарарди. Агар У Худо танлаган Масиҳ бўлса, энди Ўзини қутқариб кўрсин–чи! — дейишарди.

36 Аскарлар ҳам Исони масхараладилар. Улар Исога арзон шароб ичиргани яқинлашиб,

37 шундай дедилар:

— Агар Сен яҳудийларнинг Шоҳи бўлсанг, Ўзингни Ўзинг қутқар–чи!

38 Исонинг бош томонида: “Бу яҳудийларнинг Шоҳидир” деган ёзув бор эди.

39 Хочга михланган жиноятчилардан бири Исони ҳақоратлаб деди:

— Масиҳ экансан, Ўзингни ҳам, бизни ҳам қутқармайсанми?!

40 Иккинчи жиноятчи эса бу шеригига таъна қилди:

— Худодан қўрқмайсанми?! Ўзинг ҳам шу Одам каби жазога маҳкум бўлгансан–ку!

41 Биз қилмишимизга яраша адолатли жазо олдик. У эса ҳеч қандай ёмонлик қилгани йўқ.

42 Кейин деди:

— Эй Исо, тахтингизга ўтириб, Шоҳ бўлганингизда мени эсланг!

43 Исо унга деди:

— Сенга чинини айтайин, бугуноқ сен Мен билан бирга жаннатда бўласан.

Исонинг ўлими

44-45 Туш пайти эди. Кун қорайди, соат учга қадар ҳамма ёқ зулматга чўмди. Маъбаддаги парда ўртасидан йиртилди.

46 Исо баланд овоз билан фарёд қилди:

— Ота! Руҳимни Сенинг қўлларингга топширяпман.

Шундай деди–да, жон берди.

47 Воқеани кўриб турган Рим юзбошиси Худони улуғлаб:

— Ҳақиқатан ҳам, бу Одам солиҳ экан, — деди.

48 Томошага тўпланган оломон содир бўлган воқеаларни кўриб, қайғудан кўксига ура–ура уйларига қайтиб кетдилар.

49 Исони билганлар эса, шу жумладан, Жалиладан Унга эргашиб келган аёллар юз берган воқеаларни узоқдан кузатиб турардилар.

Исо дафн этилади

50 Олий кенгаш аъзолари орасида Юсуф исмли яхши ва солиҳ бир киши бор эди.

51 У Яҳудиядаги Ариматея шаҳридан бўлиб, Худонинг Шоҳлигини интизорлик билан кутарди. Юсуф Кенгаш аъзоларининг бу қарорини ва қилган ишини маъқулламаган эди.

52 У Пилатнинг олдига бориб, Исонинг жасадини сўради.

53 Юсуф жасадни хочдан тушириб олиб, зиғир матоси билан кафанлади. Кейин жасадни қояга ўйилган қабрга қўйди. Бу қабрга ҳали ҳеч ким қўйилмаган эди.

54 Бу кун Шаббат арафаси бўлиб, Шаббат куни бошланишига оз қолганди.

55 Жалиладан Исо билан бирга келган аёллар Юсуфнинг орқасидан эргашиб бордилар. Улар қабрни ва Исонинг жасади қандай дафн қилинганини кўрдилар.

56 Улар уйларига қайтиб бориб, жасадга суртиш учун хушбўй мойлар ва атирлар тайёрладилар. Шаббат куни эса, қонунда буюрилгандай, дам олдилар.

Исо Масиҳ тирилади

1 Якшанба куни эрта тонгда аёллар тайёрлаб қўйган хушбўй мойларини олиб, қабрга келдилар.

2 Қабр оғзидаги тош ағдарилиб ётганини кўрдилар.

3 Ичкарига кирдилар, аммо Раббимиз Исонинг жасадини топмадилар.

4 Улар гангиб қолдилар. Шунда тўсатдан аёлларнинг қаршисида икки одам пайдо бўлди. Уларнинг кийимлари ярқираб турарди.

5 Аёллар ваҳимадан бошларини ерга эгиб туришди. Одамлар эса аёлларга шундай дейишди:

— Нега сиз тирикни ўликлар орасидан қидиряпсизлар?

6 У бу ерда йўқ, У тирилди! Ҳали Жалилада бўлган пайтида сизларга нима деганини эсланглар.

7 У сизга: “Инсон Ўғли гуноҳкор одамлар қўлига тутиб берилади, хочга михланади, учинчи куни эса тирилади”, деган эди–ку.

8 Шунда аёллар Исонинг бу сўзларини эсладилар.

9 Улар қабр ёнидан қайтиб, бу воқеани ўн бир шогирдга ва қолган ҳаммага айтиб бердилар.

10 Ҳаворийларга бу хабарни Магдалалик Марям, Йўанна ва Ёқубнинг онаси Марям етказдилар. Улар билан бирга бошқа аёллар ҳам бор эди.

11 Аммо ҳаворийлар, бу аёллар сафсата тарқатяптилар, деб ўйладилар, аёлларнинг гапларига ишонмадилар.

12 Бутрус эса ўрнидан туриб, қабр томон югурди. Ичкарига энгашиб қараб, у ерда фақатгина кафанни кўрди. Юз берган воқеадан ҳайрон қолиб, уйига қайтиб кетди.

Эммаус йўлида

13 Ўша куни Исонинг шогирдларидан иккитаси Эммаус деган қишлоққа кетишаётган эди. Бу қишлоқ Қуддусдан тахминан ўн чақирим узоқликда жойлашган эди.

14 Улар юз берган воқеалар тўғрисида суҳбатлашиб кетаётган эдилар.

15 Улар гаплашиб, бўлиб ўтганларни муҳокама қилиб кетаётганларида, Исонинг Ўзи уларга яқинлашиб, ҳамроҳ бўлди.

16 Шогирдлар Исони кўрдилар, аммо Уни таний олмадилар.

17 Исо улардан:

— Нимани муҳокама қилиб кетяпсизлар? — деб сўради. Улар тўхтаб қолдилар, юзлари ғамгин эди.

18 Шогирдларидан Клеопас дегани Унга жавоб берди:

— Шу кунларда Қуддусда кўп воқеалар юз берди. Булардан бехабар қолган мусофир ёлғиз Сиз бўлсангиз керак.

19 — Қандай воқеалар? — деб сўради Исо улардан.

— Носиралик Исо тўғрисидаги воқеалар–да, — деб жавоб берди улар. — Исо пайғамбар эди, Худо олдида ва бутун халқ олдида сўзлари ва ишлари билан қудратини кўрсатди.

20 Аммо бош руҳонийларимиз билан йўлбошчиларимиз Уни ўлимга маҳкум қилиб, хочга михлаш учун тутиб бердилар.

21 Биз эса, У Исроилни халос этади, деб умид қилган эдик. Бу ҳодисалар содир бўлганига бугун уч кун бўлди.

22 Бунинг устига–устак, орамиздаги айрим аёллар бизни ҳайратда қолдиришди. Улар бугун саҳарда қабрга борган эканлар,

23 Унинг жасадини топа олмабдилар. Аёллар қайтиб келиб: “Бизга фаришталар зоҳир бўлди, улар бизга, Исо тирик, деб айтишди” деган хабарни олиб келишди.

24 Шунда орамиздан баъзилар қабрга бориб, аёлларнинг гапи тўғри эканини кўрдилар. Исо қабрда йўқ эди.

25 Исо уларга деди:

— Бунчалик бефаҳм бўлмасангизлар?! Пайғамбарларнинг гапларига ишониш нега сизлар учун шунчалик қийин?!

26 Ахир, Масиҳ улуғланишидан олдин бу азобларни бошдан кечириши керак эди–ку!

27 Кейин Мусодан тортиб, барча Пайғамбарлар битикларида Ўзи ҳақида ёзилган сўзларнинг ҳаммасини Исо уларга тушунтирди.

28 Ниҳоят, улар бораётган қишлоққа яқинлашдилар. Исо Ўзини йўлда давом этадиган қилиб кўрсатди.

29 Лекин улар Исога:

— Кеч бўлиб қолди, ҳадемай қоронғи тушади. Биз билан бирга қолинг, — деб қистадилар.

Исо улар билан бирга қолгани ичкарига кирди.

30 Улар билан бирга дастурхонга ўтирганда, нонни олиб шукрона дуосини айтди ва нонни синдириб уларга берди.

31 Шунда уларнинг кўзлари очилиб, Исони таниб қолишди. Бироқ Исо кўздан ғойиб бўлди.

32 Шогирдлар бир–бирига дедилар:

— У йўлда биз билан гаплашиб, Муқаддас битикларни тушунтираётганда, юракларимиз жизилламаганмиди, ахир?!

33 Шу заҳоти ўринларидан туриб, Қуддусга қайтиб бордилар. Ўн бир ҳаворийни ва улар билан тўпланиб турганларни топдилар.

34 Ҳаворийлар уларга:

— Раббимиз Исо ҳақиқатан ҳам тирилибди! У Бутрусга кўринибди! — деб айтдилар.

35 Шунда Эммаусдан қайтиб келган икки шогирд ҳам йўлдаги воқеаларни, Исо нонни синдираётганда Уни қандай таниб қолганларини айтиб бердилар.

Исо шогирдларига зоҳир бўлади

36 Улар бу тўғрида ҳали гапираётганларида, Исонинг Ўзи ўрталарида зоҳир бўлди.

— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.

37 Шогирдлар, арвоҳ кўряпмиз, деб ўйлаб ўтакаси ёрилди.

38 Лекин Исо уларга деди:

— Нега қўрқиб кетдингизлар? Нечун кўнглингизда бунча гумонлар туғиляпти?

39 Қўлларимга ва оёқларимга қаранглар, бу Мен Ўзимман. Мени ушлаб кўринглар. Арвоҳнинг эту суяги бўлмайди–ку, ахир! Менинг эса, кўриб турганингиздай, эту суягим бор.

40 Исо шу гапларни айтиб, уларга қўл–оёқларини кўрсатди.

41 Шогирдлари севинчдан таажжубланиб ҳали ҳам ишонмай турганларида, Исо улардан сўради:

— Бу ерда ейдиган бирон нарсангиз борми?

42 Шогирдлари Унга бир бўлак қовурилган балиқ беришди.

43 Исо буни олиб, уларнинг кўзлари олдида еди.

44 Кейин Исо шогирдларига деди:

— Сизлар билан бирга бўлган пайтларимда, Мусонинг Таврот китобида, Пайғамбарлар битикларида ва Забурда Мен тўғримда ёзилганлар бажо бўлиши керак, деб сизларга айтган эдим.

45 Сўнгра Исо, Муқаддас битикларни тушуниб етсинлар деб, уларнинг онгини очди

46 ва уларга деди:

— Масиҳ азоб чекиши ва учинчи куни ўликдан тирилиши керак, деб ёзилган.

47 Яна, тавба қилиш ва гуноҳларнинг кечирилиши ҳақидаги хабар Унинг номи билан жамики халқларга ваъз қилиниши керак, деб ҳам ёзилган. Шундай экан, Қуддусдан бошлаб,

48 ҳамма одамларга кўрган–билганларингизни айтинглар.

49 Мен сизларга осмондаги Отам ваъда қилган Муқаддас Руҳни юбораман. Шунинг учун юқоридан қудрат келиб сизларни қамраб олмагунча, шу шаҳарда қолинглар.

Исо осмонга кўтарилади

50 Шундан кейин Исо шогирдларини шаҳардан ташқарига — Байтания яқинига олиб чиқди. Исо қўлларини кўтариб, уларни дуо қилди.

51 Дуо қилаётиб, улардан узоқлашиб бораверди ва осмонга кўтарилди.

52 Шогирдлар эса Унга сажда қилдилар ва катта севинч ила Қуддусга қайтиб бордилар.

53 Улар доимо Маъбадда бўлиб, Худони олқишлар эдилар.