Ишаё
1 Омиз ўғли Ишаёнинг Яҳудо ҳамда Қуддусга оид башорати. Бу даврларда Яҳудода Уззиё, Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё каби шоҳлар ҳукмронлик қиларди.
Худо Ўз халқига таъна қилади
2 Эшитинг, эй самолар, тингла, эй замин,
Шудир Эгамизнинг каломи:
“Бино қилдим болаларни, улғайтирдим уларни,
Аммо улар исён қилдилар Менга.
3 Ҳўкиз билади ўз эгасини,
Ҳатто эшак билар ким уни боқишини,
Аммо халқим Исроил билмайди,
Улар тушунмайди Мен, ўз Эгасини.”
4 Эҳ, гуноҳкор элат, айби муқаррар халқ,
Эҳ, қабиҳ насллар!
Номуссизларча иш қилар бу болалар,
Эҳ, Эгамизни тарк этган улар,
Исроил халқининг Муқаддас Худосига
Шаккоклик қилган,
Эгамизга орқа ўгирган улар!
5 Эгам айтар: “Нега яна мунча калтак истайсиз?!
Не учун исённи давом эттирасиз?!
Яраланган бутун бош,
Мадордан кетган бутун юрак.
6 Бошдан–оёқ соғ жойи йўқ,
Йиринг ила қопланган, кўкариб кетган,
Яраларидан қон оқиб ётар,
Тозаланмаган, боғланмаган, мой суртилмаган.
7 Вайроналар ичра ётар юртингиз,
Оловда ёниб кетган шаҳарларингиз!
Олдингизда ерингизни
Еб битирар келгиндилар,
Бегоналар юртингизни вайрон қилар.
8 Аммо азиз Қуддус
Қамал қилингандай бўлар,
У ўхшаб қолар
Узумзордаги ёлғиз чайлага,
Полизда тиккайган капага.”
9 Агарда Сарвари Олам
Қолдирмаганда эди беш–олтитамизни,
Садўм шаҳрининг ҳолига тушар эдик,
Ғамўра шаҳридай хонавайрон бўлардик.
10 Эгамизнинг каломини эшитинг,
Садўм йўлбошчиларининг издошлари!
Худойимизнинг ўгитига қулоқ солинг,
Ғамўра халқининг шериклари!
11 “Нима кераги бор Менга?!
Кўплаб қурбонлигингиз?!
Тўйиб кетдим энди
Куйдирилган қўчқорлар назридан,
Бўрдоқи ёғларидан,
— деб айтмоқда Эгамиз. —
Менга хуш келмади буқаларнинг,
Қўзилар ва эчкиларнинг қони.
12 Ҳузуримда ҳозир бўлганингизда,
Муқаддас Ҳовлимни булғасин, деб ким айтди?
Буларни сизлардан ким сўради?!
13 Энди сохта назрлар қилманглар Менга,
Тутатқингиз ҳам Менга жирканчдир!
Тоқат қилмасман энди
Чорловларингизга, фосиқ йиғинингизга,
Янги ой шодиёнасию Шаббат кунингизга.
14 Нафратландим янги ой шодиёнангиздан
Ҳамда «муқаддас» кунларингиздан.
Булар Менга оғир юк бўлди,
Толиққанман буларни кўтаришдан.
15 Ҳатто кўп ибодат қилганингизда ҳам,
Эшитмасман Мен сизларни.
Менга очганингизда қўлларингизни,
Сизлардан яшираман Мен кўзларимни.
Қўлларингиз қонга ботгандир.
16 Покланг, тозаланг ўзингизни.
Кўз олдимдан йўқотинг
Қабиҳ қилмишларингизни.
Қабиҳликни энди бас қилинг!
17 Ўрганинг эзгулик қилишни,
Адолатни изланг,
Йўлга солинг золимни,
Ҳимоя қилинг етимни,
Бева ҳақи учун курашинг.”
18 Эгамизнинг каломи шудир:
“Қани, энди биргалашиб ўйлайлик:
Гуноҳларингиз қизил рангга ўхшаса ҳам,
Сизлар қордай оппоқ бўласиз.
Гуноҳларингиз қирмизи рангга ўхшаса ҳам,
Сизлар момиқдай оппоқ бўласиз.
19 Агар Менга итоат этсангиз чин кўнгилдан,
Ейсиз, албатта заминнинг сара ҳосилидан.
20 Аммо рад этиб, Менга бўйсунмасангиз,
Қиличнинг дамига рўпара бўлгайсиз.”
Эгамизнинг Ўзи шундай деб айтди.
Қуддус халқининг садоқатсизлиги
21 Эй Қуддус! Қаерга ғойиб бўлди сенинг садоқатинг?!
Қандай қилиб фоҳишага сен айландинг?!
Ахир, олдинлари халқинг солиҳликка, адолатга ташна эди!
Энди эса шаҳрингда фақат қотиллар қолди!
22 Сенинг кумушинг тошқол бўлди,
Шаробинг сув билан аралашди.
23 Ҳа, исёнкордир йўлбошчиларинг,
Ўғриларга шерикдир улар.
Ҳар бири порани севар,
Ҳадянинг ортидан қувар.
Етимни улар ҳимоя қилмас,
Беванинг арзи уларга етиб бормас.
24 Энди Исроил халқининг қудратли Худоси,
Сарвари Олам — Раббий айтади:
“Ҳа, душманларимга ғазабимни сочарман,
Ғанимларимдан ўч олиб, тасалли топарман.
25 Яна сизларга қарши қўл кўтараман.
Ишқор билан тозалагандай,
Жамики қоришмани йўқ қилиб,
Тошқолларни ажратаман.
26 Азалда бўлганидай
Одил ҳакаму маслаҳатчиларни бераман.
Шундан сўнг сенга ном қўйилар:
«Солиҳлик шаҳри, Садоқат шаҳри», дея.”
27 Шунда Қуддус адолат орқали қутқарилади,
Тавба қилганлар солиҳлик туфайли нажот топади.
28 Исёнкору гуноҳкорлар бирга қирилади,
Эгамиздан воз кечганлар ҳалок бўлади.
29 Сизлар шарманда бўласиз
Ўзингиз хуш кўрган эманлар сабабли.
Мана, уялиб қоласиз
Ўзингиз танлаган саждагоҳ боғлар туфайли.
30 Ҳа, сизлар ўхшаб қоласиз
Япроғи қовжираган эманга,
Ҳамда сувсиз қақраган боққа.
31 Кучлилар ҳам чўпга ўхшаб қолади.
Ишлари лов этган оловга ўхшайди.
Ўзларию ишлари бирга ёниб кетади,
Ҳеч ким бу оловни ўчиролмайди.
Абадий тинчлик
1 Омиз ўғли Ишаёга ваҳийда Яҳудо ва Қуддус ҳақида аён бўлган башорат.
2 Шундай кунлар келадики,
Эгамизнинг уйи турган тоғ
Тоғларнинг энг юксаги бўлиб, қарор топади.
Бу тоғ ҳаммасидан ҳам баланд бўлади,
Ҳамма халқлар у ерга дарёдай оқиб келади.
3 Кўплаб эллар келади,
Улар шундай деб айтади:
“Қани, юринглар!
Чиқайлик Эгамизнинг тоғига!
Қани, юринглар!
Борайлик Ёқубнинг Худоси уйига!
Токи У бизга ўргатсин Ўзининг йўлларини,
Токи юрайлик бизлар Унинг сўқмоқларидан.”
Ахир, Эгамизнинг каломи келиб чиқар Қуддусдан,
Ҳа, Худонинг таълимоти келиб чиқар Сиондан.
4 Эгамиз ҳукм қилади халқларнинг орасида,
Ажрим қилади кўп миллатлар орасида.
Қиличларини айлантиришади омочга,
Найзаларини эса ток қайчиларига.
Қилич кўтармайди бир–бирига халқлар,
Ҳеч қачон жанг қилмайди улар.
Ишаёнинг Исроил халқига мурожаати
5 Эй Ёқуб насли! Келинглар, Эгамизнинг нурида юрайлик.
6 Эй Ёқуб хонадони! Халқингизнинг йўлларини сиз тарк этдингиз! Бу юрт шарқдан келган башоратгўйларга, Филистлар юртига ўхшаб фолбинларга тўла. Улар бегона халқлар билан ҳамтовоқ бўлдилар.
7 Қаранг, Ёқуб хонадони тўла кумуш, олтинга,
Чек–чегараси йўқ хазиналарининг,
Уларнинг юрти тўладир отларга,
Чек–чегараси йўқ жанг араваларининг.
8 Уларнинг юрти тўла беҳуда бутларга!
Улар таъзим этарлар
Қўлларининг ижодига,
Ўзлари ясаб, яратганларга.
9 Эвоҳ, мана инсон паст бўлди,
Шу тариқа одамзод тиз чўктирилди,
Уларнинг қаддини кўтарма, эй Эгам!
10 Эгамдан қўрқиб қочинглар,
Қоянинг ичига кириб олинглар,
Тупроқ остига яширининглар,
Эгамнинг улуғворлиги буюкдир!
11 Ҳа, инсоннинг мағрурлиги ерга урилади,
Одамзоднинг манманлиги йўқ қилинади,
Ёлғиз Худо ўша куни юксалади.
12 Зотан, Сарвари Оламнинг бир куни бор,
Қарши чиқар У жамики кибор, кеккайганларга.
Ўша мағрурларга қарши бўлар,
Уларнинг ҳар бирини ерга урар.
13 Қарши бўлар У барча юксак, мағрурларга!
Ҳа, ўша Лубнон садрларию
Башан эманларининг ҳаммасига.
14 Қарши бўлар У ҳамма баланд тоғларга,
Ҳамма юксак тепаликларга.
15 Қарши бўлар У ҳар бир баланд минорага,
Ҳар бир мустаҳкам қалъага.
16 Қарши бўлар ўша машҳур Таршиш кемаларию
Инсон яратган барча ажойиботларга.
17 Ҳа, ерга урилади ўша одамзод фахри,
Паст бўлади инсоннинг юксаклиги!
Ёлғиз Худо ўша куни юксалади!
18 Беҳуда бутлар тамомила йўқ бўлиб кетади.
19 Эгамиз, ерни ларзага солай, дея қўзғалганда,
Инсон Эгамиздан қўрққанидан
Кириб кетар қоялардаги ғорларга.
Унинг буюк улуғворлигидан
Яширинар ердаги чуқурларга.
20 Одам, ўзим сажда қилай, деб ясаган
Олтину кумуш бутларини
Берар ўша куни юмронқозиқ
Ҳамда кўршапалакларга.
21 Ҳа, Эгамиз, ерни ларзага солай, дея қўзғалганда,
Инсон Эгамиздан қўрққанидан
Қоялардаги ғорларга кириб кетар.
Унинг буюк улуғворлигидан
Чўққиларнинг ёриқларига яширинар.
22 Энди узоқда юринг
Тупроқдан яратилганлардан.
Борми уларнинг бирон қиймати?!
Қуддусдаги бетартиблик
1 Сарвари Олам — Раббий энди Қуддус ва Яҳудо халқига ҳар турли таъминот ҳамда мадад бермай қўяди. Уларни нон ва сувдан бебаҳра қиляпти.
2 Жангчилар ва аскарлардан, ҳакамлар ва пайғамбарлардан, фолбинлар ва оқсоқоллардан маҳрум қиляпти.
3 Элликбоши ва амалдорлардан, маслаҳатчилардан, моҳир усталар ва “доно” афсунгарлардан жудо қиляпти.
4 Эгам айтар: “Болалар ҳукмрон бўлар бу халқ устидан,
Ақлсизлар ҳукмронлик қилар улар тепасидан.”
5 Халқ бир–бирига зулм қилади,
Ҳар ким дўстига душман бўлади.
Ҳақорат қилар ёш йигит оқсоқолни,
Шарманда одам эса обрўли одамни.
6 Одамлар ўз яқинини ушлаб олиб,
Ўша қариндошига шундай дейдилар:
“Устингда кийиминг бор экан,
Бизга бош бўла қол.
Мана бу вайроналар уюми
Сенинг қўл остингда бўлади.”
7 У эса ўша куни қасам ичиб айтар:
“Ахир, мен шифо бера олмайман,
Мени қилманг халққа бошлиқ,
Уйимда бор на нон, на кийим.”
Ҳукмнинг натижаси
8 Ҳа, Қуддус ҳам, Яҳудо ҳам қулади.
Халқининг тиллари, ишлари Эгамизга қаршидир.
Эгамнинг шуҳратини улар ерга булғади.
9 Юзлари гувоҳлик бериб турар,
Улар Садўм каби гуноҳларини ошкор қилар.
Ҳа, гуноҳларини улар яширмас.
Эҳ, ўзлари бошларига келтирар кулфат!
Уларнинг ҳолига вой!
10 Солиҳларга эса яхшилик кўрасан, деб айтинг,
Улар ўз ишларининг самарасидан лаззат топади.
11 Аммо фосиқларнинг ҳолига вой! Бошларида кулфат,
Ахир, қилмишларига яраша қайтади ўзларига.
12 Ёш болалар эзади халқимни,
Аёллар ҳукмронлик қилади улар устидан.
Эй халқим, йўлбошчиларинг сени чалкаштиради,
Сўқмоқларингдан сени адаштиради.
Эгамизнинг даъвоси
13 Эгамиз Ўз даъвосини исбот қилмоққа киришаётир,
Ҳа, халқларни ҳукм қилмоққа У қўзғалаётир.
14 Ўз тахтига ўтириб Эгамиз
Ўз халқининг оқсоқолларию
Шаҳзодалари билан ҳукмга киришар:
“Сизлар Менинг узумзоримни хароб қилгансиз.
Камбағалдан олган ўлжа билан тўла уйингиз.
15 Нимаси бу?! Халқимни эзаверасиз!
Камбағални исканжага олаверасиз!”
Сарвари Олам — Раббийнинг сўзидир бу.
Эгамиз Қуддус аёлларини огоҳлантиради
16 Эгам айтар: “Мағрурдир Қуддус аёллари,
Бўйинларини ликиллатиб, кўзларини сузиб юрар,
Майда қадам ташлаб юриб,
Тўпиғидаги ҳалқаларни жиринглатар.”
17 Шу боис Раббий яра қилар
Қуддус аёлларининг бошларини,
Шарманда қилар очиб уятли жойларини.
18 Ўша куни Раббий тортиб олар уларнинг
Гўзаллиги — тўпиғидаги безакларини,
Тиллақошларию зеб–зийнатларини,
19 Сирғалари, билагузук ва ҳарир рўмолларини,
Тортиб олар бошидаги тожини,
Билагузук, маржон, хушбўй мой, туморларини,
20 Муҳр узукларини, бурундаги сирғаларини,
21 Тортиб олар шоҳона либосини,
Нафис кўйлаклари, нимчалари, кармонларини,
22 Кўзгулари, зиғир либосларини,
Тиллақошларию ҳарир рўмолларини.
23 Хушбўй ҳид ўрнига улардан сассиқ ҳид келади,
Камарлар ўрнига арқон боғлаб юради,
Турмакланган соч ўрнига кал бош бўлади,
Башанг кийим ўрнига қанор кияди,
Ҳа, гўзаллик ўрнига асирлик тамғаси бўлади.
24 Мана, йигитлари қиличдан йиқилиб қолади,
Ботир эркаклари жангда қирилиб кетади.
25 Қуддус дарвозалари йиғлаб, аза тутади.
Сион бўм–бўш бўлиб, ерда ўтирибди.
1 Ўша куни етти аёл бир эркакни тутиб олиб, шундай дейди:
“Ўз нонимизни еймиз,
Ўз кийимимизни киямиз.
Шармандалигимиздан бизни қутқаринг,
Бизни сизники деб билишса бўлди.”
2 Ўша куни Исроилдаги омон қолганларга
Юртнинг ҳосили ифтихор, улуғворлик бўлади.
Ҳа, Эгамнинг новдаси кўркам, улуғвор бўлади.
3 Қуддусда омон қолганлар,
Ўша Сион шаҳрида қолганлар
“Муқаддас” деб аталади.
Улар Қуддусда ҳаёт китобига ёзилган.
4 Адолат руҳи, оташ руҳи ила
Раббий ювиб ташлайди
Қуддус халқининг ҳаром–харишини,
Поклайди Сионнинг қон доғларини.
5 Жамоа узра кундузи булутни,
Тунлари тутунни, ёруғ алангани
Эгам барпо қилади бутун Сион тоғида.
Ҳа, ўша ҳашаматли шаҳар узра
Эгам Ўзи соябон бўлади.
6 У соя, кўланка бўлади кундузи иссиқдан,
Паноҳ, бошпана бўлади бўрону ёмғирдан.
Узумзор қўшиғи
1 Қўшиқ айтай суюклигимга,
Айтай муҳаббат қўшиғимни
Унинг узумзори ҳақида.
Суйганимнинг узумзори бор эди
Тупроғи унумли тепаликда.
2 Ерни ағдариб, тошлардан тозалади,
Ўтқазди энг сара узум токини,
Қоровул минорасини ўртага қурди.
Узум сиқиш чуқурини тайёрлади,
Узумларнинг пишишини У кутди,
Аммо ҳосил итузум бўлди.
3 Энди, эй Қуддус аҳли, Яҳудо халқи,
Ҳакам бўлинг Мен билан узумзорим ўртасида.
4 Яна нима қилишим керак эди узумзор учун?
Унга қилмаганим яна не қолди?!
Узумларнинг пишишини кутганимда,
Нега ҳосил итузум бўлди?!
5 Энди Мен сизларга айтаман
Нима қилишимни узумзоримни.
Четан деворини олиб ташлайман,
Ҳамма бор нарсаси еб битирилсин.
Унинг деворини бузиб ташлайман,
Узумзорим пайҳон қилинсин.
6 Мен уни харобазор қиламан,
Энди токларим буталмайди,
Ери ҳеч юмшатилмайди.
Тиканлар, чангалзор билан қоплансин,
Булутларга ҳам амр бераман,
Узумзоримга ёмғир ёғдирмасин.
7 Сарвари Оламнинг узумзори — Исроил халқи,
Эгамнинг хуш кўрган кўчати — Яҳудо одамлари.
Улардан тўғрилик кутганди, қотиллик кўрди,
Улардан адолат кутганди, фарёд эшитди.
Ишаё адолатсизликни қоралайди
8 Эй кўплаб уй сотиб оладиганлар!
Ҳолингизга вой!
Эй даласига яна дала қўшиб оладиганлар!
Ҳолингизга вой,
Ҳа, бошқаларга жой қолдирмайсиз,
Энди бу юртда ёлғиз ўзингиз қолиб кетасиз.
9 Сарвари Оламнинг сўзи аён бўлди менга:
“Кўплаб уйлар, шубҳасиз, хароб бўлади,
Катта, чиройли уйлар кимсасиз қолади.
10 Йигирма таноб узумзор икки кўза шароб беради,
Ўн сават уруғ аранг бир сават ҳосил беради.”
11 Ҳолингизга вой, эй эрта тонгда туриб,
Ўткир ичимлик ортидан қувадиганлар!
Ҳолингизга вой, эй тунда алламаҳалгача
Шароб ичиб қизийдиганлар!
12 Зиёфатларингизда лира, арфа,
Чилдирма, най чалинар, шароб ичилар!
Бироқ Эгамнинг ишларини англамайсизлар,
Унинг қўллари ижодини кўрмайсизлар!
13 Шу боис, халқим Мени билмагани туфайли сургунга кетди.
Амалдорлари очликдан ўлиб кетди,
Кўплари ташналикдан ўртаниб ёнди.
14 Ҳа, беҳад очилиб кетди
Ўликлар диёрининг иштаҳаси,
Чексиз очилиб кетди унинг оғзи,
Тушиб кетди у ерга Қуддуснинг обрўси,
Ўликлар диёрига кетди кўп одами,
Шовқин–сурони, юксалгани ҳам.
15 Шундай қилиб, инсон шарманда бўлди,
Одамзод тиз чўктирилди,
Киборларнинг кўзлари ерга қаради.
16 Бироқ Сарвари Олам адолати ила юксалади.
Мана, Муқаддас Худо одиллиги ила
Муқаддаслигини кўрсатди.
17 Қўзилар ўтлайди энди ўзларининг
Яйловида ўтлагандай,
Сарсон бўлиб юрган бўрдоқилар
Еб тўяди вайроналарда.
18 Ҳолингизга вой! Эй ёлғонни арқон қилиб
Айбларини тортиб келадиганлар!
Эй араванинг арқони билан
Гуноҳларини судраб келадиганлар!
19 Сизлар айтасиз: “Қани, тез бўлсин,
Қиладиганини дарров қилсин,
Токи биз буни кўрайлик.
Исроил халқининг Муқаддас Худосининг мақсади
Зудлик билан амалга ошсин,
Токи биз буни билиб олайлик.”
20 Ҳолингизга вой, эй ёмонни яхши,
Яхшини ёмон деб айтадиганлар,
Зулматни нур билан,
Нурни эса зулмат билан алмаштирадиганлар!
Эй аччиқни ширин,
Ширинни аччиқ дейдиганлар!
21 Ҳолингизга вой, эй ўзини доно деб билганлар,
Ўзларини идрокли деб ҳисоблаганлар!
22 Ҳолингизга вой, эй шароб ичишда
Қаҳрамон бўлганлар,
Ичкиликни аралаш–қуралаш ичишда
Баҳодирлик кўрсатганлар.
23 Пора эвазига айбдорни ҳақ деб топганлар,
Солиҳларнинг тўғрилигини инкор қилади улар!
24 Шу боис аланганинг тили сомонни ютгандай,
Уларнинг илдизи чириб кетади,
Қуруқ хашак оловда куйиб битгандай,
Уларнинг ғунчаси чангдай учиб кетади.
Сарвари Оламнинг таълимотини улар рад қилди,
Исроил халқининг Муқаддас Худосининг сўзидан нафратланди.
25 Ҳа, Эгамнинг ғазаби Ўз халқига қарши алангаланди,
У халққа қарши қўл кўтариб, уларни урди.
Шунда тоғлар ларзага келди,
Кўчаларда жасадлар ахлат бўлди.
Шунда ҳам Эгам ғазабидан тушмади,
Унинг қўли ҳамон
Исроилга қарши кўтарилганча турарди.
Худо, Исроилга ҳужум қилсин деб, бегона халқларни олиб келади
26 Узоқдаги халқларга Эгам белги беради,
Ернинг четидаги халқларга ишора юборади.
Ана, улар келаётир бу ерга тез, шиддат ила!
27 Улар на чарчайди, на йиқилади,
На мудрайди, ё на ухлайди,
На камари бўшалади,
На чориғининг иплари узилади.
28 Уларнинг ўқлари ўткирланган,
Ҳамма ёйлари тортиб боғланган,
Отларининг туёқлари чақмоқтошга ўхшар,
Араваларининг ғилдираклари қуюн кабидир.
29 Улар шерга ўхшаб бўкиради,
Йиртқич шер каби ўкиради,
Ўкириб, ўлжасини ушлайди, олиб кетади,
Ҳеч ким уни қутқариб ололмайди.
30 Ўша куни гувиллаган денгизга ўхшаб
Юрт узра ўкириш эшитилади.
Ана юртга қаранг!
Зулмат ва кулфат,
Булутлар туфайли нур хира бўлди.
Худо Ишаёни пайғамбарликка чақиради
1 Шоҳ Уззиё вафот этган йили мен юқорига юксалган Раббийнинг тахтда ўтирганини кўрдим. Унинг либоси этаклари Маъбадни тўлдирган эди.
2 Унинг тепасида серафлар шай турарди, ҳар бирининг олтита қаноти бор эди. Улар икки қаноти ила юзларини тўсганди, икки қаноти ила оёқларини тўсганди, қолган икки қаноти билан учаётган эди.
3 Улар бир–бирига ҳайқиришарди:
“Муқаддасдир, муқаддасдир,
Муқаддасдир Сарвари Олам!
Унинг улуғворлиги
Бутун оламни тўлдирган!”
4 Уларнинг ҳайқирган овозлари Маъбадни пойдеворигача титратиб юборди, Маъбад тутун билан тўлиб борарди.
5 Мен шундай дедим: “Шўрим қурсин! Ўлдим энди! Ўз кўзларим билан ўша Шоҳни, Сарвари Оламни кўрдим. Ахир, мен оғзи нопок бир одамман, оғзи нопок халқ орасида яшайман!”
6 Серафлардан бири мен томон учди, қўлида кўмир чўғи бор эди. У ўша чўғни оташкурак билан қурбонгоҳ устидан олган эди.
7 Кўмир чўғини оғзимга теккизиб, шундай деди: “Қара, бу чўғ лабларингга тегди, энди айбларинг ювилди, гуноҳларингдан фориғ бўлдинг.”
8 Шунда мен Раббийнинг овозини эшитдим: “Кимни юбораман? Биз учун ким боради?” Мен айтдим: “Мен шу ердаман, мана, юборгин мени.”
9 У шундай деди:
“Бор, мана шу халққа айт:
«Хўп, тинглайверинглар, барибир, тушунмайсиз,
Қарайверинглар, барибир, англаб етмайсиз.»
10 Эй Ишаё, бу халққа гапир.
Сўзларинг уларнинг ақлини ўтмас қилади,
Гапларинг дастидан қулоқлари гаранг бўлади,
Уларнинг кўзлари юмилиб қолади.
Шунда кўрмай қолади кўзлари,
Эшитмай қолади қулоқлари,
Англамай қолади ақллари,
Улар Менга қайтмайдилар,
Улар шифо топмайдилар.”
11 Сўрадим: “Эй Раббий, қачонгача?” У айтди:
“Шаҳарлар вайрон бўлиб,
Кимсасиз қолгунларича,
Хонадонларда бирон жон қолмай,
Юрт тамом вайрон бўлгунча.
12 Охири, Мен, Эгангиз, ҳаммани узоққа жўнатаман,
Юртда эса кўплаб ташландиқ жойлар бўлади.
13 Халқнинг ўндан бири қолса ҳам
Ёндириб юборилади.
Аммо қайрағоч, эман дарахтлари кесилганда
Тўнкалари қолгани каби,
Ундан ҳам тўнка қолади.
Унинг тўнкаси Муқаддас уруғдир.”
Шоҳ Охозга хабар берилади
1 Уззиёнинг набираси, Йўтомнинг ўғли Охоз ҳукмронлиги даврида Орам шоҳи Ратан ва Исроил шоҳи Рамалиё ўғли Пеках Қуддусга келиб, саф тортдилар. Аммо уни босиб ололмадилар.
2 Довуд хонадонига: “Орам лашкари Эфрайим халқи билан иттифоқ тузибди” деган хабар етиб келди. Шоҳ Охоз ҳамда халқ шунчалик ваҳимага тушдиларки, ҳаммалари шамолда тебранган дарахтдай титрадилар.
3 Шунда Эгамиз Ишаёга деди: “Сен ўғлинг Шерёсуб билан катта йўлга чиққин. У йўл кир ювувчининг даласи томон кетган. Юқори ҳовуз ариғининг охири бўлган ўша жойда Охозни кутиб олиб,
4 унга шундай деб айтинглар: «Ўзингни бос, тинчлан, қўрқма! Орам шоҳи Ратан ва Рамалиё ўғли ғазабга минган, аммо уларни деб қўрқувдан титрамагин. Иккови ҳам ёниб битаётган ғўладай.
5 Эфрайим ва Рамалиё ўғли билан бирга, Орам сенга қарши фитна қилиб, шундай деди:
6 ‘Яҳудога бостириб борамиз. Халқини ваҳимага солиб, қўлга оламиз. Сўнг Тўвал ўғлини Яҳудо шоҳи қилиб тайинлаймиз.’
7 Аммо Эгамиз Раббий айтмоқда:
Бу фитна амалга ошмас,
Бу ҳеч қачон юз бермас.
8 Орамнинг боши Дамашқдир,
Дамашқнинг боши Ратандир,
Олтмиш беш йилдан сўнг Эфрайим
Қирилиб битар, асло халқ бўлмас.
9 Эфрайимнинг боши Самариядир,
Самариянинг боши Рамалиё ўғлидир.
Агарда сўзимга ишонмасангиз,
Мустаҳкам тура олмайсиз.»”
Иммануил тўғрисида башорат
10 Эгамиз яна Ишаё орқали Охозга шундай деди:
11 — Айтганларимни амалга оширишимга ишонч ҳосил қилишинг учун, Мен, Эганг Худодан ўзингга бирор аломат сўра, ўша аломат ўликлар диёридан чуқур ёки фалак тоқидан баланд бўлсин.
12 Шунда Охоз Ишаёга:
— Сўрамайман, Эгамни синамайман, — деди.
13 Шунда Ишаё деди:
— Эшитинг, эй Довуд хонадони! Одамларни бездирганингиз сизларга камлик қилгандай, Худойимни ҳам бездирасизларми?!
14 Энди Раббийнинг Ўзи сизларга аломат беради: ана, қиз ҳомиладор, у ўғил туғади ва Унинг исмини Иммануил қўяди.
15 Ўша бола ёмонни рад этиб, яхшини танлашни биладиган ёшга етганда қатиқ ва асал ейди.
16 Ҳа, ўша вақт келмасдан олдин, сизларни ваҳимага солаётган иккала шоҳнинг ерлари ташландиқ бўлади.
17 Эгам сизнинг ва халқингизнинг, ота–боболарингизнинг хонадони бошига шундай кунларни соладики, Эфрайим Яҳудодан ажралиб чиққандан бери бундай кунлар уларнинг бошига тушмаган: эвоҳ, Оссурия шоҳи келмоқда!
18 Ўша куни Эгам Миср дарёларининг юқори оқимидаги пашшаларга, Оссурия юртидаги ариларга ишора қилади.
19 Шундан кейин уларнинг ҳаммаси келиб, чуқур сойликларга, қояларнинг ёриқларига жойлашадилар. Ҳамма чакалакзорларга, ҳамма яйловларга ўрнашиб оладилар.
20 Ўша куни Раббий Оссурия шоҳини ишлатади. У Раббийнинг қўлида Фурот дарёсининг ортида ижарага олинган устара каби бўлади. Ҳа, соқолингизни бутунлай қириб ташлайди, бошу оёғингизда бирорта тук қолмайди.
21 Ўша куни бир одам икки қўй ва бир ғунажинни тирик сақлаб қолади.
22 У одамда шунча кўп сут бўладики, у қатиқ ейди. Юртда қолганларнинг ҳаммаси қатиқ ва асал ейди.
23 Минг кумуш тангага арзийдиган, токларга тўла бир узумзор бор. Ўша куни мана шу узумзор ҳам чакалакзору тиканзорларга айланади.
24 Шундан кейин одамлар у ерга камону ўқлари билан борадиган бўлади.
25 Бир замонлар ишлов берилган, экин экилган барча тепаликларга энди сизлар бормайсизлар. Ахир, чакалакзору тиканзорлардан қўрқасизлар–да. У ерларда моллар ўтлайди, у ерларни қўй–эчкилар топтайди.
Ишаёнинг ўғли халқ учун аломат
1 Шунда Эгамиз менга айтди:
— Катта лавҳа олиб, унга: “Мохиршалолхошбозга тегишли”, деб тушунарли қилиб ёз.
2 Мен руҳоний Уриё билан Ябаракиё ўғли Закариёни Ўзимга ишончли гувоҳлар қилиб тайинлайман.
3 Шундан кейин мен хотиним билан ётдим. У ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Шунда Эгамиз менга деди:
— Унинг исмини Мохиршалолхошбоз деб қўй.
4 Бола ҳали “ота”, “она” деб айтишни ўрганмасдан олдин, Оссурия шоҳи Дамашқнинг бойликларини ва Самариядан тортиб олган ўлжаларини олиб кетади.
5 Эгамиз яна менга гапириб:
6 — Бу халқ тинч оқадиган Шилўвах сувларидан воз кечди, Ратан ва Рамалиё ўғли Пекахдан кўнгиллари шод бўлди, — деди.
7 — Шунинг учун Мен, Раббий, халқимга қарши Оссурия шоҳини ва унинг шонли лашкарини бошлаб келмоқдаман. Улар Фурот дарёсининг баҳайбат тўлқинлари кабидир. Ҳамма ирмоқлардан ошиб, ҳамма қирғоқлардан тошиб кетади.
8 Сел каби Яҳудони босади, унинг бўғзига етиб келади.
Шунга қарамай, Худо биз биландир!
У ёйилган қанотлари паноҳида юртимизни омон сақлайди!
9 Эй халқлар, сафарбар бўлаверинг, ҳалокатга йўлиқасиз!
Эй узоқ юртлардаги жамики эллар, эшитинг!
Жангга бел боғлайверинг, аммо ҳалокатга йўлиқасиз!
Ҳа, бел боғлайверинг, аммо ҳалок бўласиз!
10 Пухта режа қилаверинг, аммо режангиз пучга чиқади,
Сўз бераверинг, аммо амалга ошмайди,
Чунки Худо биз биландир!
11 Эгам қудрати билан мени Ўзига жалб қилиб, шундай кўрсатма берди:
— Бу халқнинг йўлидан борманглар.
12 Бу халқ исён деб айтадиган ҳамма нарсани сизлар исён деб билманглар. Уларни қўрқувга соладиган нарсалардан сизлар қўрқманглар, ваҳимага тушманглар.
13 Сизлар Мен, Сарвари Оламни муқаддас деб иззат қилинглар. Фақат Мендан қўрқинг, фақатгина Мен сизни ваҳимага солай.
14 Ўшанда Мен Ўзим сизларга паноҳ бўламан. Аммо Исроилнинг иккала хонадони учун Мен қоқилтирадиган тош, тўсқинлик қиладиган қоя, Қуддус аҳолиси учун тузоқ ва тўр бўламан.
15 Улардан кўплари қоқилади, йиқилиб, бурда–бурда бўлади. Улар тузоққа тушиб, асир бўлади.
16 Эй шогирдларим, Эгам менга берган бу сўзларни авайлаб асранг.
17-18 Сарвари Олам Сион тоғида маскан қилган. У Ёқуб наслидан юзини яширяпти, аммо мен Уни кутаман, умидим Ундадир. Мана, қаранг, Эгам берган фарзандларим билан бирга мен шу ердаман! Исроилда биз белги ва аломатмиз.
19 Халқлар сизларга: “Арвоҳ чақирувчиларга боринглар, ғалати товуш чиқариб, тушунарсиз сўзларни пичирлаб айтадиган фолбинларга маслаҳат солинглар”, деб айтсалар, сизлар ўз Худойингизга бормайсизми?! Ахир, тириклар ўликлардан насиҳат излаб борадими?!
20 Арвоҳ чақирувчиларга боришни маслаҳат берганларга рўшнолик бўлмайди. Сизлар уларга эмас, Худонинг йўл–йўриқлари ва таълимотига маслаҳат солинг.
21 Сизларни нотўғри йўлга бошлаган ўша халқлар бу юрт бўйлаб ўтади, улар оч, изтиробда. Оч қолиб, ғазабланиб, шоҳини ва худоларини лаънатлайди. Юқорига қарайди,
22 ерга қарайди. Ана, кулфат ва зулмат, ғам ва офат. Улар йўқ бўлиб кетади.
Ишаё бўлажак шоҳ ҳақида башорат қилади
1 Кулфат қамраган бу юртда энди азоб бўлмайди. Олдин Забулун ва Нафтали юрти шарманда бўлган эди. Аммо келажакда денгиз бўйидаги ерлар, Иорданнинг нариги томонидаги ўлка ва ғайрияҳудийлар Жалиласи улуғланади.
2 Зулматда юрган халқ ёрқин зиёни кўрди,
Ўлим соя солган юрт аҳолиси устига нур сочилди.
3 Бу халқни Сен кўпайтиргансан,
Уларга кўп шодлик ато қилгансан.
Ҳосил вақтидаги мамнунлик каби,
Ўлжаларин бўлишиб олган пайтдаги каби,
Улар ҳузурингда қувончга тўлган.
4 Бу халқнинг оғир бўйинтуруғини,
Елкасидаги таёғини
Сен синдириб ташлагансан.
Золимларнинг калтагини
Мидиён халқи каби,
Мағлуб қилгансан.
5 Жангда кийилган этиклар,
Қонга беланган ҳамма кийим
Оловга ташланиб, ёқилажак.
6 Мана биз учун бола туғилди,
Ўғил бизга берилди.
Ҳукмронлик Унинг зиммасидадир,
Номи Ажойиб Маслаҳатчи, қудратли Худо,
Абадий Ота, Тинчлик Шаҳзодасидир.
7 Довуднинг тахтида
Унинг ҳукмронлиги ортиб боради.
Тинчлик то абад ҳукм суради.
Ҳозирдан бошлаб, то абад
У адолат ва ҳақиқат ила
Шоҳлигини мустаҳкамлаб, барқарор қилади.
Сарвари Олам жон куйдириб,
Буни бажо айлайди.
Худонинг Исроилга бўлган ғазаби
8 Ёқуб наслига қарши Раббий бир сўз юборди,
Унинг сўзи Исроил халқига етиб келди.
9 Эфрайимда, Самарияда яшайдиганлар,
Жамики халқ бундан хабардор бўлди.
Улар димоғдорлик, киборлик ила айтмоқда:
10 “Ғиштин иморатлар вайрон бўлса,
Йўнилган тошлар билан қурамиз.
Шикамора–анжир дарахтлари кесилган бўлса,
Уларнинг ўрнига садр дарахтларини экамиз.”
11 Ана, Орам шоҳи Ратанга қарши
Эгам унинг душманларини қўзғатди,
Ғанимларини даъват қилди.
12 Шарқдан Орамлар, ғарбдан Филистлар
Оғизларин катта очиб, Исроилни ютиб юборди.
Аммо шундай бўлса ҳам,
Эгам тушмас ғазабидан,
Унинг қўли ҳамон
Исроилга қарши кўтарилган.
13 Бу халқ Сарвари Оламга юз бурмади,
Жазо берган Зотга улар қайтмади.
14 Шунда Эгам бир кунда
Исроилнинг бошини ва қуйруғини,
Хурмосини ва қамишини кесиб олди.
15 Оқсоқоллар, амалдорлар бошдир,
Сохта пайғамбарлар қуйруқдир.
16 Улар бу халқни йўлдан адаштирган,
Уларга эргашганлар боши берк кўчага кириб қолган.
17 Ҳаммаси шаккок, қабиҳлик қилар,
Барча оғизлардан аҳмоқона сўз чиқар.
Раббий ёшлардан мамнун бўлмади,
Етим ва беваларга шафқат кўрсатмади.
Аммо шундай бўлса ҳам,
Эгам тушмас ғазабидан,
Унинг қўли ҳамон
Исроилга қарши кўтарилган.
18 Фосиқлик оловга ўхшаб ёнар,
Еб битирар бутазору тиканзорларни.
Ўрмондаги чангалзорларни ёндириб,
Баландларга тутунини ўрлатади.
19 Сарвари Оламнинг қаҳридан
Юрт ёниб битар,
Халқ оловга ёнилғи бўлар.
Одамлар ўз яқинига шафқат қилмас,
20 Улар ўнг тарафга ҳамла қиладилар,
Аммо оч қоладилар.
Ютаман деб чап томонга ҳужум қиладилар,
Аммо тўймайдилар.
Ўз қўлининг гўштини ейди инсонлар.
21 Манаше қабиласи ейди Эфрайим қабиласини,
Эфрайим эса Манашени,
Иккови бирлашиб Яҳудога ҳужум қилади.
Аммо шундай бўлса ҳам,
Эгам тушмас ғазабидан,
Унинг қўли ҳамон
Исроилга қарши кўтарилган.
1 Эй сиз, ёвуз фармонлар чиқарадиганлар,
Қонунлар ёзиб, жабр келтирадиганлар.
2 Камбағални адолатдан маҳрум қиляпсиз,
Мазлум халқимни талаяпсиз,
Овингиз бўлаётир бевалар,
Ўлжангиз бўлаётир етимлар.
3 Қиёмат куни келганда, сиз нима қиласиз?
Узоқдан бало келганда, нима қиласиз?
Ёрдам сўраб кимга қочиб борасиз?!
Бойлигингизни қаерга олиб кетасиз?!
4 Йўқ, асир бўлиб йиқилиб қоласиз,
Ё жасадлар тагида қолиб кетасиз.
Аммо шундай бўлса ҳам,
Эгам тушмас ғазабидан,
Унинг қўли ҳамон
Исроилга қарши кўтарилган.
Худо такаббур Оссурияни ҳукм қилади
5 Эгам айтар: “Мана Оссурия! Ғазабимнинг ҳассаси!
Унинг қўлидадир қаҳримнинг таёғи!
6 Мен уни шаккок элга қарши юбораман,
Ғазабимни ўша халққа қарши сочаман,
Овлаб, ўлжа қил, деб унга амр қиламан.
Халқларни лойдай оёқ ости қилади у.
7 Аммо Оссурия Менинг қуролим эканини
Хаёлига ҳам келтирмас,
Булар ҳақида у ўйламас ҳам.
Унинг фикри–ёди:
Халқларни қириб ташлашдир,
Битта қўймай уларни йўқ қилишдир.
8 Оссурия шоҳи шундай ўйлайди:
«Лашкарбошиларим шоҳлар эмасми?!
9 Хално шаҳрини Кархамиш шаҳридай вайрон қилмадикми?!
Хомат ҳам Арпаддай қулади–ку!
Самария Дамашқ каби эмасми?!
10 Олганимдай беҳуда бутлар шоҳликларини,
Оламан Қуддусу Самариянинг санамларини.
11 Не қилган бўлсам Самария ва унинг санамларини,
Шундай қиламан Қуддусу унинг бутларини.»”
12 Аммо Раббий тузган режаларини Сион тоғида ва Қуддусда амалга оширгандан кейин, шундай дейди: “Энди такаббур, кибор Оссурия шоҳи билан ҳисоб–китоб қиламан.
13 Ахир, Оссурия шоҳи шундай деган эди:
«Ўз кучим билан буларни амалга оширдим,
Донолигим билан қилдим, ахир, идроклиман.
Халқларнинг чегарасини йўқ қилдим,
Уларнинг хазиналарини ўлжа қилиб олдим.
Қудратли шоҳларини тахтдан улоқтирдим.
14 Қуш инига қўл суқиб тухум йиққани каби,
Халқларнинг бойликларини тўпладим.
Ташлаб кетилган тухумларни қандай тўпласалар,
Жамики юртларни мен шундай йиғиб олдим.
Ё қанот қоққан, оғзин очган,
Ё овозин чиқарган биров бўлмади.»”
Ишаёнинг Оссурия шоҳига жавоби
15 Болта мақтанарми уни ишлатганга?!
Арра ўзини мақтайдими уни қўлга олганга?!
Калтак ушлаганни калтакнинг ўзи кўтарадими?!
Ҳасса ўзини ушлаганни кўтарадими?!
16 Эй Оссурия,
Шу боис Сарвари Олам — Раббий
Оғир хасталикни юборар паҳлавонларингиз орасига.
Касалликларининг қизғин палласида
Уларнинг баданларидан ўт чиқади,
Улар гўё лов–лов этиб ёнади.
17 Исроилнинг Нури ёлқин бўлади,
Исроил халқининг Муқаддас Худоси олов бўлади.
Олов ёндириб, тиканзору чангалзорларини
Бир кунда ямлаб ютади.
18 Оссуриянинг муҳташам ўрмонлари
Ва унумдор далалари
Оғир хасталикка йўлиққан инсондай,
Тамомила хароб бўлади.
19 Ўрмондаги дарахтлар шунчалик оз қоларки,
Ҳаттоки ёш бола ҳам уларни санай олади.
Худо Ўз халқини тинчлантиради
20 Ўша куни Исроилнинг қолган–қутгани,
Ёқуб наслининг қутулганлари
Бошқа суянмайди ўз зулмкорларига,
Улар садоқат билан таянади
Исроил халқининг Муқаддас Худоси — Эгамга.
21 Ёқуб наслининг қутулганлари, омон қолганлари
Қайтади қудратли Худога.
22 Эй Исроил, сенинг халқинг
Денгиз қумидай кўп бўлса ҳам,
Энди улардан фақатгина саноқли одамлар қайтади.
Зеро, “Қирғин бўлсин”, дея қарор қилинган,
Худо одил ҳукмини Ўз халқининг бошига солади.
23 Шубҳасиз, бутун ер юзида қиёмат бўлади, зотан, Сарвари Олам — Раббий шундай қарор қилган.
24-25 Шу боис Сарвари Олам — Раббий шундай айтмоқда: “Эй халқим, Қуддус аҳли! Мисрликлар каби, Оссурияликлар сизларга таёқ кўтарадилар, сизларни қамчи билан урадилар. Аммо ҳадемай ғазабимни босаман, улардан қўрқманглар. Энди Оссурияликларга қаҳримни сочиб, уларни қираман.
26 Ҳа, Мидиёнларни Орив қоясида шундай қирган эдим. Ҳассамни кўтариб, Миср лашкарини денгизда ғарқ қилдим. Энди худди шундай қилиб, Мен, Сарвари Олам, уларга қарши қамчимни кўтараман.
27 Ўша куни Оссуриянинг юкини елкангиздан улоқтираман. Унинг бўйинтуруғи бўйнингиздан олиб ташланади. Ҳа, бўйинтуруқ йўқ қилинади, чунки сизлар кучга тўлдингиз.”
28 Оссурия лашкари Ояз шаҳрига келди,
Мигрон бўйлаб ўтди,
Қурол–аслаҳасини Михмашда шай қилди.
29 Улар Гебо сўқмоғини кесиб ўтдилар–у,
Рама халқи ваҳимага тушиб қолди,
Улар Шоулнинг шаҳри Гивода омонат тўхтади–ю,
Шаҳар аҳли қочиб кетди.
30 Фарёд қилинг, эй Галим аҳли!
Эшит, эй Лайшо!
Эй шўрлик Онотўт!
31 Мадменах аҳли қочиб кетди,
Гебим аҳли, паноҳ топай деб, учиб кетди.
32 Ўша куни Оссурия лашкари Нав шаҳрида туради.
Қуддус шаҳри жойлашган тепаликка —
Азиз Сион тоғига қараб муштини кўтаради.
33 Қара, Сарвари Олам — Раббий
Қудратли кучи ила дарахт шохларини кесиб ташлайди,
Баланд дарахтларни қирқиб ташлайди,
Юксалганларини ерга уради.
34 У болта билан кесиб ташлайди ўрмондаги чангалзорни,
Қудратли Худо қулатиб юборади Лубнон дарахтларини.
Тинчликсевар шоҳлик ҳақида башорат
1 Эссайнинг томиридан новда ўсиб чиқади,
Ҳа, унинг илдизидан кўчат ёйилади.
2 Унинг устида бўлади Эгамизнинг Руҳи.
Бу донолик ҳамда ақл–идрок,
Насиҳат ва куч–қудрат Руҳидир,
Эгамизни билиш ва Ундан қўрқиш Руҳидир.
3 Ўша Эссай фарзанди
Эгамиздан қўрқишдан завқ олар,
Ҳукм қилмас кўзлари кўргани ила,
Ажрим қилмас эшитганлари ила.
4 У адолат ила бечорани ҳукм қилади,
Тўғрилик ила ер юзи мазлумларини ажрим қилади.
Бир оғиз сўзи билан золимни жазолайди,
Нафаси ила фосиқни ўлдиради.
5 Адолат унинг белидаги камар бўлади,
Ҳаққоният унинг белидаги белбоғ бўлади.
6 Шунда бўри қўзи билан яшар,
Сиртлон билан улоқча бирга ётар,
Бузоқ, шер, бўрдоқи биргадир,
Ёш бола уларни етаклаб юрар.
7 Сигир билан айиқ бирга ўтлайди,
Болалари ҳам бирга ётади,
Шер ҳўкизга ўхшаб сомон ейди.
8 Гўдак қора илон уяси устида ўйнар,
Ёш бола қўлини илон инига суқар.
9 Муқаддас тоғимнинг гир атрофида
Улар зарар келтирмас ё чақмас.
Ҳа, сувлар тўлдирганидай денгизни,
Ер юзи тўлиқ билиб олади Эгамизни.
10 Мана, Эссайнинг томиридан чиққан шоҳ ўша куни халқлар учун баланд кўтарилган байроқ каби бўлади. Элатлар маслаҳат сўрагани унинг ҳузурига келади, Унинг маскани улуғворликка тўлади.
11 Ўша куни Раббий қўлини иккинчи марта узатади. У Ўз халқидан қолганларини қутқаради. Уларни Оссуриядан, Мисрнинг шимолий ва жанубий ҳудудларидан, Ҳабашистондан йиғиб келади. Эламдан, Бобилдан, Хоматдан ва денгиз соҳилларидан олиб келади.
12 Элатларга У белгисини кўрсатиб,
Исроилнинг қувилганларини тўплайди.
Ер юзининг тўрт бурчагидан йиғади
Яҳудонинг тарқалиб кетганларини.
13 Эфрайимнинг ҳасадгўйлигини қирқади,
Яҳудонинг хусуматини тўхтатади,
Эфрайим Яҳудога ҳасад қилмас,
Яҳудо Эфрайимга хусумат қилмас.
14 Ғарбда улар Филистларга чангал солади,
Биргаликда Шарқ халқини талайди,
Эдом, Мўаб уларга бўйин эгади,
Оммон халқи тиз чўкади.
15 Эгамиз тамомила қириб юборар
Қизил денгизнинг қўлтиғини.
Фурот дарёсига қарши қўл кўтаради.
Гармсел келтириб, жизғанак қилиб,
Дарёни етти саёз ирмоққа бўлиб ташлайди,
Ирмоқлардан бир–бир ҳатлаб ўтса бўлади.
16 Ҳа, Исроил Мисрдан чиққанда,
Уларга йўл очилганидай
Эгамизнинг халқидан қолганларга
Оссуриядан катта йўл очилади.
Шукрона қўшиғи
1 Ўша куни сен айтасан:
“Сенга шукур айтаман, эй Эгам,
Мендан ғазабланган эдинг,
Ғазабинг босилди, эй Эгам,
Менга Сен тасалли берасан!”
2 Сен яна айтасан: “Ҳа, Худо нажотимдир,
Қўрқмасман, У менинг умидимдир.
Эгамнинг Ўзи менинг куч–қудратимдир,
У менинг қутқарувчимдир.”
3 Шод бўлиб, нажот чашмасидан сув оласиз.
4 Ўша куни айтасиз:
“Шукроналар айтайлик Эгамизга.
Сажда қилайлик Унга!
Қилган буюк ишларини
Халқлар орасида овоза қилайлик,
Номи юксалганини ёдга солайлик!”
5 Ҳамдлар айтинг Эгамизга!
Бутун ер юзида бўлган овоза
Унинг қилган ажойиб ишлари!
6 Хитоб қилинг, ҳайқиринг шодликдан, эй Қуддус аҳли,
Буюкдир орангиздаги Исроил халқининг Муқаддас Худоси.
Худо Бобилни жазолайди
1 Омиз ўғли Ишаёга ваҳийда Бобил тўғрисида аён бўлган башорат.
2 Яланг тепалик узра байроқ кўтаринг,
Бобилга қарши жангчиларни сафарбар қилинг.
Ҳаммасини жангга даъват этинг,
Улар аслзодалар дарвозаларини ишғол қилсин.
3 Эгам айтар: “Мен Ўзим танлаганларга амр бериб,
Қаҳримни кўрсатсин деб, жангчиларимни йиғдим,
Ғалабамдан севинадиганларни тўпладим.”
4 Қирлардаги оломоннинг товуши
Ўхшайди буюк халқнинг овозига.
Ана, шоҳликларнинг шовқин–сурони!
Элатлар йиғилмоқда.
Жанг қилмоққа лашкарини
Сарвари Олам тайёрламоқда.
5 Келаётир улар узоқ ерлардан,
Ҳа, осмон гумбазининг бир бурчидан.
Эгам ва Унинг ғазаб қуроллари
Вайрон қилади бутун ер юзини.
6 Фарёд қил, Эгамизнинг куни яқин!
Ҳа, Қодир Худо кулфат юборади!
7 Ҳамма қўллардан дармон кетади,
Ҳар бир инсон ваҳимага тушади.
8 Улар даҳшатга тушарлар,
Дарду изтироб уларни чулғар,
Тўлғоқ тутган аёлдай букчайиб қолар.
Бир–бирига қўрқув ичра қарар,
Уларнинг юзлари ловуллаб ёнар.
9 Мана, келаётир Эгамизнинг куни!
Аланга олаётир ғазабу қаҳр, даҳшат.
Вайронага айлантирар ер юзини,
Ер юзидан қириб ташлар гуноҳкорларни.
10 Ҳа, самодаги юлдузлар, буржлар
Таратмайди ўз ёруғлигини.
Қуёш чиқса ҳам, зулмат бўлади,
Ой ўз нурини сочмайди.
11 Эгам айтар:
“Олам билан ҳисоб–китоб қиламан қабиҳлиги учун,
Фосиқлар билан уларнинг гуноҳи учун,
Манманларнинг киборлигига чек қўяман,
Такаббурларни димоғдорлиги учун ерга ураман.
12 Инсонни камёб қиларман соф олтиндан ҳам,
Одамни Офир олтинидан ҳам.
13 Ғазабим алангаланган кун
Самони титратиб юборарман.
Мен, Сарвари Оламнинг ғазабидан
Замин қўзғалади ўз ўрнидан.
14 Шунда инсон овдаги жайрондай бўлар,
Чўпонсиз қолган сурувдай бўлар,
Ҳар бири ўз халқига қайтиб кетади,
Ҳар бири ўз юртига қочиб боради.
15 Топилганларнинг ҳар бири найзага илинади,
Қўлга тушган ҳар ким қиличдан ўтказилади.
16 Ўзларининг кўз ўнгида
Чақалоқлари тилка–пора бўлади.
Уйлари талон–тарож бўлади,
Хотинларига тажовуз қилинади.
17 Мана, Мидияликларни уларга қарши қўяман,
Мидияликларга кумушнинг ҳеч кераги йўқ,
Улар олтинни ҳам истамаслар.
18 Уларнинг ўқлари ёшларни қиради,
Шафқат кўрсатмайди улар болаларга,
Раҳм қилмайди она қорнидагиларга.
19 Бобил шаҳри шоҳликларнинг гўзали,
Бобилдир — Бобилликларнинг улуғвор дурдонаси.
Аммо Мен, Худо, ер билан яксон қиламан
Худди Садўм, Ғамўра каби уни.
20 Энди у ерда ҳеч ким яшамас,
То абад ҳеч ким уни маскан қилмас.
У ерда ҳатто чодир қурилмас,
Чўпонлар сурувларини ўтлатмас.
21 Аммо ёввойи ҳайвонлар бу ерда ётар,
Уйлар йиртқичлар билан тўлар,
У ерда бойқушлар жойлашар,
Эчкилар у ерда шаталоқ отар.
22 Увиллашар сиртлонлар қалъаларда,
Чиябўрилар гўзал саройларда.
Ўша вақт яқин орада келади,
Ўша кун келмасдан қолмайди.”
Исроил халқи сургундан қайтади
1 Аммо Ёқуб наслига Эгам шафқат қилади,
У яна Исроил халқини танлаб олади.
Ёқуб наслига ўз ерида ором беради,
Бирлашади мусофирлар улар билан,
Қўшилади Ёқуб хонадони билан.
2 Халқлар ўз юртларига Исроилни бошлаб боради,
Улар Исроил халқининг мулки бўлади.
Исроил Эгамнинг ерида халқларни қул, чўри қилади.
Ўзини асир қилганларни Исроил халқи асир қилади,
Золимлар устидан у ҳукмронлик қилади.
Бобил шоҳи мазах бўлади
3 Эгам сизни қайғу, дард–аламдан қутқарганда, сизга азоб берган оғир ишдан халос қилганда,
4 Бобил шоҳини масхаралаб бу сўзларни айтасиз:
“Мана, золимнинг куни битди–я!
Зўравон тамом бўлди–я!
5 Эгам синдирди фосиқларнинг таёғини,
Ҳукмдорларнинг ҳассасини!
6 Бу ҳасса халқларни роса урарди,
Тўхтовсиз калтакларди,
Халқларга ғазаб ила ҳукмронлик қиларди,
Шафқат қилмай таъқиб қиларди.
7 Жамики замин тинч, осуда,
Улар севинч ила қўшиқ айтмоқда.
8 Ҳатто сарв дарахтлари ҳалокатингдан мамнун,
Лубнон садрлари ҳам айтар:
«Энди сен чуқурда ётибсан,
Ҳеч ким бизни кесгани келмас.»
9 Ўликлар диёри жонланиб қолди:
Ана, келди, кутиб олайлик, дея.
Қара, уйғонди сени деб
Ер юзи йўлбошчиларининг руҳлари.
Тахтларидан оёққа қалқиди
Жамики халқларнинг шоҳлари.
10 Эй Бобил шоҳи!
Ҳаммалари сенга қараб айтади:
«Ҳатто сен ҳам биздай ночор бўлдинг–а,
Бизнинг кунимиз тушди сенинг бошингга.»
11 Улуғворлигинг, кайфу сафолар товуши
Улоқтирилди ўликлар диёрига!
Остингдаги қуртлар кўрпачангдир,
Чувалчанглар сенинг тўшагингдир.
12 Қандай қилиб тушиб кетдинг самодан,
Эй Зуҳра юлдуз, Тонг ўғли?!
Халқларни ерга улоқтирган эдинг!
Ерга қулаб тушдинг–ку ўзинг!
13 Ҳа, ўзингча айтган эдинг:
«Мен чиқиб бораман самоларга,
Тахтимни кўтараман
Худонинг юлдузлари тепасига.
Ўтираман худолар йиғиладиган тоғда,
Шимолнинг энг чеккасида.
14 Булутлар тепасига чиқиб бораман,
Худойи Таолодай бўламан.»
15 Аммо сен улоқтирилгансан ўликлар диёрига,
Чуқурликнинг туб–тубига.
16 Кўрганлар сенга тикилиб қолади,
Кўнгилларида шундай ўй кечади:
«Ўша одамми бу заминни титратган,
Шоҳликларни ларзага солган?!
17 Шуми оламни саҳрога айлантирган?!
Шаҳарларни ер билан яксон қилган,
Асирларни қўйиб юбормаган?!»
18 Халқларнинг шоҳи бўлганларнинг ҳаммаси
Муҳташам қабрларида ётибди.
19 Аммо сен улоқтирилгансан
Жирканч чирик новдадай қабрингдан.
Тош чуқурга тушадиган жасадлар,
Қиличдан қулаган жасадлар
Бўлар сенинг кафанинг.
20 Ахир, ўз юртингни вайрон қилгансан,
Халқингни ўзинг ўлдиргансан.
Энди улар қатори дафн қилинмассан.
Эй фосиқ, сенинг наслинг
То абад тилга олинмас!
21 Отасининг гуноҳлари учун
Ўғилларини жаллодга топширинг.
Улар асло кўтарилмас.
Энди ерга эгалик қилмас,
Ер юзида шаҳарлар барпо қилмас.”
Худо Бобилни вайрон қилади
22 Қуйидагилар Сарвари Оламнинг сўзидир. “Мен Бобилга қарши қўзғаламан. Бобилдагиларнинг номини ҳам, қолган–қутганини ҳам, уруғ–аймоғини ҳам йўқ қиламан”, — деб айтмоқда Эгамиз.
23 “Мен Бобилни типратиканларга мулк қилиб бераман. Уни ботқоққа айлантираман. Харобазор қилиб, супуриб ташлайман”, — деб айтмоқда Сарвари Олам.
Худо Оссурияни вайрон қилади
24 Сарвари Олам онт ичиб айтди:
“Ҳа, Менинг белгилаганим бажо бўлади,
Менинг режалаштирганим амалга ошади.
25 Оссурия халқини Ўз еримда яксон этаман,
Тоғларимда уни оёқ ости қиламан.
Унинг бўйинтуруғи юртимдан олинади,
Юки Исроилнинг елкаларидан улоқтирилади.
26 Бутун олам учун шу режани туздим,
Бутун халқларга қарши қўлимни кўтардим.”
27 Сарвари Олам режа қилган!
Қани, буни ким бекор қила олади?!
У халқларга қарши қўл кўтарди!
Қани, Уни ким тўхтата олади?!
Худо Филистларни хонавайрон қилади
28 Шоҳ Охоз вафот этган йили бу башорат аён қилинди:
29 “Бизни урган таёқ синди”, деб
Севинмангиз, эй Филистлар!
Ахир, илоннинг тухумидан қора илон чиқади!
Унинг боласи ваҳимали аждар бўлади!
30 Мана, қашшоқларнинг тўнғичи тўйяпти,
Муҳтожлар эсон–омон ётибди.
Аммо сизнинг илдизингизни очликдан қуритаман,
Қолган–қутганларингиз эса қирилиб кетасиз.
31 Эй Филистлар, ҳаммангиз
Азадан адойи тамом бўласиз.
Фарёд қил, эй дарвоза! Йиғла, эй шаҳар!
Шимолдан уруш ҳиди чиқаётир,
Ўша лашкар сафдан чиқмай келаётир.
32 Халқларнинг элчиларига қандай жавоб берилар?
“Эгамиз Қуддусни барқарор қилди.
Ўз халқи орасида муҳтож бўлганлар
У ерда паноҳ топади”, жавоби шудир.
Худо Мўабни вайрон қилади
1 Мўаб ҳақида башорат:
Вайрона бўлди тунда,
Мўабдаги Ор шаҳри нидосиз ётар.
Вайрона бўлди тунда,
Мўабдаги Хир шаҳри нидосиз ётар.
2 Мўаб халқи ўз худосининг уйига чиқди фарёд қилгани,
Ҳа, Дибонликлар саждагоҳига чиқди нола қилгани.
Ҳар бирининг сочлари қирилган,
Ҳар бирининг соқоли олинган,
Наво ва Мидаво шаҳарлари учун Мўаб нола чекар.
3 Кўчаларда халқ қанорга ўранган.
Томларда, хиёбонларда фарёд қилиб,
Ҳаммаси кўз ёшларини тўкар.
4 Хашбон, Элалей аҳли фарёд чекар,
Уларнинг овози Яхазгача эшитилар.
Мўабнинг қуролланганлари фарёд этар,
Улар қўрқувдан қалтирар.
5 Юрагим Мўаб учун фарёд қилади,
Қочоқлар қочиб борар Зўварга,
Эглат–Шалишиё шаҳрига.
Лухит тепалигига ҳам улар йиғлаб боради.
Ҳатто Хўронайим йўлида
Улар ҳалокат туфайли фиғон чекади.
6 Ҳа, ўтлар қуриб адо бўлди,
Майсалар тамом бўлди.
Яшилликдан асар қолмади,
Нимрим суви хароб бўлди.
7 Энди улар ўзлари эришган бойликларни,
Ўзларининг ҳамма мол–мулкларини
Арабим сойлиги орқали олиб кетади.
8 Фарёд етиб борган Эхлайим шаҳригача,
Йиғи етиб борган Бэр–Илим шаҳригача,
Мўаб юрти оҳу нолага тўлди!
9 Ана, Дибондаги сувлар қон билан тўла!
Аммо энди Худо Дибонга баттарини қилади.
Мўабнинг қочиб қутулганларига,
Юртдаги қолган–қутганларининг бошига
Шерларни олиб келаман.
Мўаб умидсиз аҳволда қолади
1 Қўзилар юборгин юртнинг ҳукмдорига,
Уларни юбор саҳро йўли орқали
Села шаҳридан азиз Сион тоғига.
2 Худди дарбадар қушлардай
Бўлиб қолар ахир, Мўаб аҳли.
Уясидан қувилган қушлардай
Улар Арнон сойлиги кечувини ғурбатда кезади.
3 Улар шундай дейди:
“Маслаҳат бер бизга, қарор чиқар!
Куннинг ўртасида соянгни тун каби тушир.
Яширгин қувилганларни,
Ошкор қилма қочоқларни!
4 Қочоқларимиз орангизда яшасин,
Қирғин келтирувчи зўравонлардан
Мўабга бошпана бўлгин.”
Золимлар йўқ бўлганда,
Зўравонлик барҳам топади.
Талончилар юртдан ғойиб бўлади.
5 Тахт ўрнатилар садоқат ила.
Тахтда ўтирар ҳақиқатгўй бир ҳукмдор.
Бу ҳукмдор Довуд хонадонидан келиб чиқар.
У адолатпарвар, одиллик билан ҳукм чиқарар.
6 Ҳа, эшитганмиз Мўабнинг мағрурлигини,
Унинг чиройи, киборлиги, бойлигини!
Нақадар мағрурдир у!
Аммо буларнинг ҳаммаси ёлғон!
7 Энди Мўаб фарёд чексин,
Ҳамма Мўаб учун нола қилсин.
Ҳа, ўша Хир–Харасот майизларини
Ҳамма қўмсаб, аза тутсин.
8 Мана, ҳолдан тойди Хашбон далалари,
Сивмо узумзорлари ҳам.
Халқларнинг ҳукмдорлари эзган
Сивмонинг узум бошларини.
Улар Язиргача етиб бордилар,
Улар саҳрода кезиб юрдилар.
Новдалари бир вақтлар ўсиб кетиб,
Денгиздан ҳам ошиб ўтди.
9 Шу боис Язир йиғлаганда, мен ҳам йиғлайман,
Эй Сивмо узумзорлари!
Кўз ёшларим ила сизларни шалаббо қиламан,
Эй Хашбон, Элалей шаҳарлари!
Ахир, ёзги ҳосилингиз барҳам топди,
Дон ҳосили пайтидаги ўйин–кулгилар тўхтади.
10 Боғларда шодлик,
Хурсандчилик энди бўлмас,
Узумзорларда қўшиқ айтилмас,
Шодлик қийқириқлари кўтарилмас.
Узум сиқиш чуқурларида
Ишлайдиган ҳеч ким қолмас.
Шодлик қийқириқларини Худо бостирди.
11 Шу боис юрагим Мўаб учун
Арфа каби нола қилар.
Хир–Харасот учун вужудим фарёд чекар.
12 Мўаб халқи келиб, ўзини толиқтирса ҳам,
Саждагоҳига келиб, илтижолар қилса ҳам,
Ҳеч нарсага эришмас.
13 Эгамиз бу сўзларни Мўаб ҳақида олдиндан айтган эди.14 Энди Эгамиз айтар: “Ҳозир жуда кўп бўлганига қарамай, ёлланган ишчининг муддати каби, уч йилдан кейин Мўабнинг обрўси тўкилар. Халқидан қолганлари эса жуда оз, заиф бўлар.”
Худо Дамашқ ва Исроилни жазолайди
1 Дамашқ ҳақида башорат:
“Ана, Дамашқ энди шаҳар бўлмайди!
У вайроналар уюмига айланади!
2 Арор шаҳарлари тарк этилади,
Сурувлар масканига айланади,
Ҳеч ким уларни ҳуркитмайди.
3 Эфрайим юртининг қалъаси йўқ бўлади,
Дамашқнинг шоҳлиги кетади.
Орам халқининг омон қолганлари ғойиб бўлади,
Буларнинг ҳаммаси Исроил халқининг
Шуҳрати сингари барҳам топади,
— деб айтмоқда Сарвари Олам. —
4 Ўша куни Ёқуб наслининг шуҳрати йўқолади,
Танаси озиб–тўзиб кетади.
5 Мана, ўроқчилар бошоқларни ўриб олади,
Ўз қўллари билан дон ҳосилини йиғиштириб олади.
Ўша далаларда терилган буғдой бошоқларидай
Рафа водийсида Ёқуб наслидан ҳам озчилик қолади.
6 Ҳа, зайтун дарахти қоқилганда
Дарахт учида икки–уч мева қолгандай,
Ҳосилдор шохчаларда тўрт–беш мева қолгандай
Ўша бошоқларда бир–икки дон қолади”,
— деб башорат қилар Исроил халқининг Худоси — Эгамиз.
7 Ўша куни ҳар бир одам Яратувчига қарайди, уларнинг кўзлари Исроил халқининг Муқаддас Худосини кўради.
8 Инсон қурбонгоҳларга, қўлларининг ижодига қарамайди, ўз қўли билан ясаган нарсалар — Ашерага аталган устунларни, тутатқи қурбонгоҳларини
кўрмайди.
9 Ўша куни мустаҳкам шаҳарлари ўрмонлардаги ташландиқ жойларга ўхшаб қолади. Одамлар ташлаб кетган қир тепаликлар каби бўлади. Исроил халқи
дастидан бу шаҳарлар харобазорга айланади.
10 Ахир, сен нажоткоринг Худони унутдинг,
Паноҳ бўладиган Қоянгни эсламадинг.
Мана, сен ёқимли ўсимликлар экасан,
Бегона кўчатларни ўтқазасан.
11 Уларни авайлаб–асраб ўстирасан,
Тонгда уруғдан куртак чиқартирасан,
Аммо барча ҳосилинг йўқ бўлади.
Фақат дард ва алам сенга насиб этади.
12 Қаранг, халқларнинг кўплигини!
Улар денгиз каби гувиллайди!
Лашкарларнинг ҳайқириғи
Тўлқинлар товушидай баланддир.
13 Аммо Эгам уларга танбеҳ беради,
Халқлар ҳам тўлқинлар каби йўқолиб кетади.
Улар узоқларга қочиб қолади.
Тоғлардаги шамолда учган хас–чўп каби қувилади,
Қуюн олдидаги гирдоб каби ҳайдалади.
14 Оқшом пайти! Қаранглар, кулфат!
Тонг отмасдан улар йўқ бўлиб кетади.
Бизни талайдиганларнинг қисмати шундай бўлади,
Биздан тортиб олганларга мана шу насиб қилади.
Худо Ҳабашистонни жазолайди
1 Ҳолингга вой! Эй Ҳабашистон дарёлари ортидаги,
Қанотлар гувиллашига тўлган юрт!
2 Нил дарёси орқали хабарчиларини жўнатадиган,
Денгиз орқали папирус кемаларини юборадиган юрт!
Сенинг ҳолингга вой!
Боринглар, эй чаққон хабарчилар,
Баланд бўйли, териси тиниқ халққа,
Узоқдан ҳам, яқиндан ҳам қўрқинчли бўлган элатга,
Кучли, забт этувчи миллатга,
Юртида дарёлари бор халққа.
3 Эй олам аҳли, юрт халқи!
Тоғларда байроқ кўтарилганда, кўрасиз,
Бурғу чалинганда, эшитасиз.
4 Мана, Эгам менга шундай демоқда:
“Қоқ тушда куйдирай деган ёрқин қуёш нури каби,
Ҳосил мавсумида осмонни босай деган қора булут каби,
Энди жим бўлиб, Ўз масканимдан кузатиб тураман.”
5 Ҳосил йиғилмасдан олдин, ғунча очилганда,
Узум пишиб етилай деганда
Эгам новдаларни ток қайчи ила кесади,
Куртакларни эса узиб ташлайди.
6 Уларнинг ҳаммаси қолиб кетади
Тоғлардаги йиртқич қушларга,
Даштдаги ёввойи ҳайвонларга.
Улар ем бўлади ёзда йиртқич қушларга,
Қишда ёввойи ҳайвонларга.
7 Ўша пайтда ҳадялар келтирар Сарвари Оламга
Баланд бўйли, териси тиниқ Ҳабаш халқи,
Узоқдагилар ҳам, яқиндагилар ҳам қўрқадиган халқ,
Кучли, забт этувчи халқ,
Юртида дарёлари бўлган халқ.
Ҳа, бу халқ ҳадялар келтирар Сион тоғига
Сарвари Оламга аталган жойга.
Худо Мисрни жазолайди
1 Миср ҳақида башорат:
Ана, Эгам миниб олган учқур булутга,
У келади Мисрга.
Мисрнинг беҳуда бутлари
Унинг олдида титрар,
Мисрнинг юраги эса орқага тортар.
2 “Миср халқини бир–бирига сапчитаман.
Ака–укалару дўстлар,
Шаҳарлару шоҳликлар
Бир–бирига қарши чиқар.
3 Мисрликлар тушкунликка тушади.
Мен уларнинг режаю ниятларини пучга чиқараман.
Улар қидириб қолар
Беҳуда бутларнию сеҳргарларни,
Фолбинлару оталари руҳларини.
4 Мен Мисрни бераҳм хўжайинларга топшираман,
Ҳа, кучли шоҳ уларни бошқаради”,
— демоқда Сарвари Олам — Раббий.
5 Нил суви қуриб қолади,
Дарё қуриб бораверади,
У жизғанак ер бўлади.
6 Оқар сувлар бадбўй ҳид чиқаради,
Мисрдаги Нил пасайиб, қурийди.
Поялару қамишлар чирийди.
7 Нил қирғоғидаги, дарё бўйидаги қамишлар,
Нил бўйига экилган ҳамма экинлар
Қуриб кетади, совурилади,
Улардан ҳеч нарса қолмайди.
8 Балиқчилар аза тутар,
Нилга қармоқ ташлаганлар йиғлар,
Сувга тўр ёйганлар умидсиз бўлар.
9 Зиғир толасига ишлов берадиганлар
Шарманда бўладилар,
Оқ мато тўқийдиганлар
Уятга қолиб кетадилар.
10 Уларнинг дастгоҳлари ишдан чиқади,
Барча ишчилари тушкунликка тушади.
11 Эй Зўван шаҳзодалари, ғирт аҳмоқсиз ахир,
Эй фиръавн маслаҳатчилари, сизнинг донолигингиз ҳам шундай.
Маслаҳатларингиз даф бўлади.
Қандай қилиб сиз фиръавнга:
“Биз доноларнинг ўғлимиз,
Қадим шоҳлар наслиданмиз”, дея айта оласиз?!
12 Эй фиръавн, қани ўша доно одамларингиз?!
Сарвари Олам Мисрга нима режа қилганини
Улар сизга билдирсин, айтсин.
13 Мана, Зўван шаҳзодалари аҳмоқ бўлдилар,
Нуф шаҳзодалари алдандилар.
Мисрни ўз қабила бошлиқлари йўлдан урдилар,
14 Уларнинг ақлини Эгам чалкаштирди,
Қусуғига думалайдиган маст қандай бўлса,
Мисрни улар шундай йўлдан оздирар.
15 Мисрга ҳеч ким ёрдам бера олмас,
На боши, на қуйруғи, на хурмоси, на қамиши.
Миср Эгамизга сажда қилади
16 Ўша куни Миср хотин кишига ўхшаб қолади. Сарвари Олам унга қарши қўлини кўтаради, шунда Миср титраб даҳшатга тушади.
17 Яҳудо Мисрликларни даҳшатга солади. Сарвари Олам уларни ваҳимага солганини эслаган ҳар бир одам даҳшатга тушади.
18 Ўша кунга келиб, Мисрдаги бешта шаҳар иброний тилида гапирадиган бўлади. Улар Сарвари Олам олдида онт ичадилар. Бу шаҳарлардан бири “Қуёш шаҳри” деб аталади.
19 Ўша куни Мисрнинг ўртасида Эгамиз учун бир қурбонгоҳ қурилади, чегарада Эгамизга аталган бир муқаддас тош ўрнатилади.
20 Булар Сарвари Олам учун Мисрда бир белги ва гувоҳ бўлади. Халқ золимлар дастидан ёлворганда, Эгамиз уларни қутқарадиган бир ҳимоячи юборади. У халқни қутқаради.
21 Эгамиз Ўзини Мисрликларга зоҳир қилади. Мисрликлар ҳам ўша куни Уни тан оладилар. Эгамизга қурбонликлар келтирадилар, назрлар атаб, сажда қиладилар. Унга ваъда бериб, ваъдаларини адо этадилар.
22 Эгамиз Мисрликларни хасталик келтириш билан жазолайди, кейин шифо беради. Улар Эгамизга ёлворадилар, Эгамиз уларга шифо беради.
23 Ўша куни Миср билан Оссурия ўртасида бир йўл бўлади. Оссуриялик Мисрга, Мисрлик Оссурияга бориб келаверади. Оссурияликлар билан Мисрликлар биргаликда сажда қиладилар.
24 Ўша куни Миср билан Оссурия қаторида Исроил учинчи халқ бўлади. Учалови ер юзига барака бўлади.
25 Ҳа, Сарвари Олам уларга марҳамат қилиб, шундай деган: “Эй халқим Миср, қўлларимнинг ижоди Оссурия, Ўзимнинг мулким Исроил, барака топинглар!”
Яланғоч Ишаё халқ учун аломатдир
1 Оссурия шоҳи Саргон ўз лашкарбошисини Ашдод шаҳрига юборди. Лашкарбоши келиб, Ашдодни қўлга олди.
2 Ўша пайтда Омиз ўғли Ишаёга Эгамиз шундай деди:
— Қани, эгнингдаги қанорни еч, оёқларингдаги чориқларингни еч.
Ишаё айтилганларни қилди. У яланғоч, ялангоёқ юрадиган бўлди.
3 Шунда Эгамиз деди:
— Қулим Ишаё уч йил яланғоч, ялангоёқ юргани Миср ва Ҳабашистон қисматини билдирувчи белги ва аломатдир.
4 Оссурия шоҳи Миср асирларини, Ҳабашистон тутқунларини, ёшу қарисини яланғоч, ялангоёқ, уятли жойлари очиқ ҳолда ҳайдаб кетади. Миср шарманда бўлади.
5 Ҳабашистонга умид боғлаган, Мисрдан фахрланган халқ иснодга қолади.
6 Ўша куни қирғоқдаги юртнинг аҳолиси шундай деб айтади: “Биз ишонган одамларнинг аҳволини кўриб қўйинг. Улар бизга ёрдам бериб, Оссурия шоҳининг қўлидан қутқаради, деб юрардик. Энди қандай қутулар эканмиз?!”
Бобилнинг қулаши ҳақида башорат
1 Денгиз бўйидаги саҳро ҳақида башорат:
Нагав узра кетма–кет эсаётган бўронлар каби,
Чўлдан — қўрқинчли юртдан келаётир босқинчи.
2 Мен мудҳиш бир ваҳий кўрдим:
Хоин хоинлик қилаётир,
Босқинчи талон–тарож қилаётир.
Эгамнинг сўзларини эшитдим:
“Эй Элам халқи, ҳужум қил,
Эй Мидия халқи, қамал қил!
Жамики нолаларга барҳам бераман!”
3 Эвоҳ, кўрганларимдан ичимда оғриқ турди,
Туғаётган аёл каби азоблар мени қамради.
Икки букилдим эшитганларимдан,
Даҳшатга тушдим кўрганларимдан.
4 Юрагим увушиб кетди,
Қўрқувдан титраб кетдим.
Оқшомни кутгандим,
Оқшом эса қўрқувга тўла.
5 Бобилликлар гиламлар тўшаб,
Дастурхон ҳозирламоқдалар,
Улар еб–ичмоқдалар.
Бирданига шундай овоз эшитилмоқда:
“Қўзғалинг, эй раҳнамолар, қалқонларни ёғланг!”
6 Раббий менга шундай деди:
“Қани, бир қоровул қўй,
Кўрганини етказсин.
7 Жанг араваларининг, отлиқларнинг,
Эшакларга, туяларга минганларнинг
Жуфт–жуфт бўлиб келганини кўради.
Яхшилаб эътибор берсин.”
8 Шу лаҳзада қоровул шердай ўкириб қолди:
“Эй тўрам, мен кундузи ҳар доим
Қоровул минорасида тураман,
Ҳар тун ҳам жойимдаман.
9 Ана, жанг аравалари, отлиқлар
Жуфт–жуфт бўлиб келаётир!”
Шу он у бақириб хабар берди:
“Қулади, Бобил қулади!
Бутлари синиб, ер билан битта бўлди!”
10 Эҳ, халқим!
Хирмонда буғдой каби янчилган халқим!
Исроил халқининг Худоси — Сарвари Оламдан
Эшитганларимни сизга билдирдим.
Эдом ҳақида башорат
11 Думах ҳақида башорат:
Сеирдан мени чақиришар:
“Эй посбон, қачон тонг отар?
Қачон тонг отар?”
12 Жавобим шудир: “Тонг отаётир,
Аммо яна кеч киради.
Кўпроқ билмоқчи бўлсангиз,
Яна қайтиб келинг.”
Арабистон ҳақида башорат
13 Арабистон ҳақида башорат:
Ғарб ўрмонларида тунайсиз,
Эй Дедон карвонлари!
14 Эй Темо аҳолиси!
Сув келтиринг, ташналарга пешвоз чиқинг!
Қутулиб омон қолганларга нон беринг!
15 Ахир, улар қочаётирлар қиличдан,
Душманнинг кўтарилган қиличидан,
Таранг тортилган ёйлардан,
Шафқатсиз урушлардан.
16 Раббий менга шундай деди: “Яна бир йилдан кейин, ёлланган ишчининг муддати каби, Кедарнинг улуғворлиги барҳам топади.
17 Кедарнинг жасур камонкашларидан озгинаси қолади.” Ҳа, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай деди.
Қуддус ҳақида башорат
1 Ваҳий водийси ҳақида башорат:
Эй Қуддус аҳли, нима қиляпсиз?!
Нега томларга чиқиб, шод–хуррам бўляпсиз?!
2 Нима учун бутун шаҳар қувонч садоларига тўла?!
Орангизда ўлганлар урушда нобуд бўлмади,
Шуни унутдингизми?!
3 Йўлбошчиларингиз жанг майдонидан қочди,
Шуни эсдан чиқардингизми?!
Узоққа қочган бўлса–да,
Уларнинг ҳаммаси душман қўлига тушди,
Жангсиз, ўқсиз душманга таслим бўлди.
4 Шунда мен дедим:
“Ёлғиз қолдиринг мени,
Аччиқ–аччиқ йиғлайин.
Тасалли беришга уринманг менга,
Ахир, учради халқим қирғинга!”
5 Зотан, Сарвари Олам — Раббий бир кунни белгилади,
У куни Ваҳий водийсида қий–чув бўлади,
Зулм ва саросима ҳукм суради.
Деворлар қулаётир,
Одамлар тоғларга қараб фарёд қилаётир.
6 Элам лашкари ўқдонларини тайёрлади,
Жанг аравалари, отлиқлари билан келди,
Хир лашкари қалқонларини қўлга олди.
7 Мана, гўзал водийларингиз жанг аравалари билан тўлди,
Отлиқлар шаҳар дарвозалари олдига йиғилди.
8 Эвоҳ, Яҳудо ҳимоясиз қолди!
Ўша куни сизлар “Лубнон ўрмони” деган уйдаги қуролларга ишондингиз.
9 Довуд қалъаси деворларининг ёриқлари жуда кўп. Буни кўриб сизлар Қуйи ҳовуздан сув тўпладингиз.
10 Қуддусдаги уйларни санаб чиқдингиз. Шаҳар деворларини мустаҳкамлаш учун уйларни буздингиз.
11 Эски ҳовуз сувларини тўплаш учун икки девор ўртасида сардоба қурдингиз. Аммо буни илгаридан режа қилган Худони ёдга олмадингиз. Амалга оширадиган Худони хаёлингизга ҳам келтирмадингиз.
12 Ўша куни Сарвари Олам — Раббий:
“Йиғланг, аза тутинг”, деб айтди.
“Сочларингизни қириб, қанорга ўранинг”, деди У.
13 Аммо буни қаранг!
Шодлигу кайфу сафо!
“Эрта–индин ўлиб кетамиз,
Келинглар, еб–ичиб қолайлик”, деб
Сизлар буқа, қўйлар сўйдингиз,
Гўшт еб, майхўрлик қилдингиз.
14 Шунда Сарвари Оламнинг Ўзи менга шундай деди:
“Бу гуноҳларингиз кечирилмас ўлгунингизгача.”
Ҳа, буни Сарвари Олам — Раббий айтмоқда.
Шавна огоҳлантирилади
15 Сарвари Олам — Раббий шундай демоқда: “Қани, шоҳнинг ўнг қўл вазири, сарой аъёни Шавнанинг олдига бориб, шундай деб айт:
16 «Бу ерда нима ишинг бор?! Бу ерда сенинг киминг борки, ўзингга қабр қазибсан?! Юксакда ўзингга қабр қазибсан, қояда ўзингга маскан қилибсан?!
17 Мана, Мен, Эганг, сени улоқтираман. Эй кучли инсон! Мен сени чирпирак қилиб шиддат билан улоқтираман.
18 Мен сени айлантириб–айлантириб, тўп каби, кенг бир юртга учириб юбораман. Сен ўша юртда ўлиб кетасан. Улуғвор жанг араваларинг ўша ерда қолиб кетади. Хўжайининг хонадонига сен шармандалик келтирасан!
19 Мен сени ўз жойингдан қўзғатаман. Сен ўз лавозимингдан олинасан.
20 Ўша куни Хилқиёнинг ўғли қулим Элияқимни чақираман.
21 Сенинг либосларингни унга кийдираман. Камарингни унга боғлаб, сенинг бутун ҳукмронлигингни унга бераман. У Қуддус аҳолисига, Яҳудо халқига ота бўлади.
22 Довуд хонадонининг калитини унга бераман. У очганда, ҳеч ким беркитолмайди. У беркитганда, ҳеч ким очолмайди.
23 Мен уни деворга мустаҳкам қоқилган қозиқдай қиламан, у ўз уруғига шуҳрату шараф келтиради.
24 Ҳамма уруғ–аймоқларини қўллаб–қувватлайди, уларнинг оғирини енгил қилади. Улар қозиққа осилган идишлар каби Элияқимга осилиб олади.
25 Аммо бир кун келиб, мустаҳкам қоқилган бу қозиқ жойидан чиқиб, ерга тушади, — демоқда Сарвари Олам. — Унга осилган юк чилпарчин бўлади.»” Эгамиз шундай деб айтди.
Тир шаҳрини Худо жазолайди
1 Тир ҳақида башорат:
Эй Таршиш кемалари, фарёд қилинг!
Сиз Кипр соҳилида эшитган хабарлар тўғри,
Бошпанангиз бўлган Тир вайрон бўлди.
2 Сукут сақланг, эй орол халқи!
Эй Сидон савдогарлари!
Бир пайтлар кемаларга тўла эдингиз.
3 Шихор дони, Нилнинг ҳосили
Тирнинг даромади бўлган эди,
У элатлардан фойда қиларди.
4 Уят сенга, эй Сидон!
Ахир, Тир, денгиз бўйидаги қалъа шундай демоқда:
“На тўлғоқ азобин чекдим, на туғдим,
На ўғиллар, на қизлар улғайтирдим.”
5 Тир тўғрисида эшитганда,
Мисрнинг юраги қинидан чиқай дейди.
6 Таршишга жўнанг, эй қирғоқ аҳолиси,
Фарёд қилинг!
7 Қадимда барпо бўлган,
Такаббур шаҳрингизнинг ҳоли не бўлди?
Энди дарбадар бўласиз,
Узоқ, бегона юртни ватан қиласиз.
8 Тирга қарши ким бундай қарор чиқарди?
Бу шаҳар шоҳларга тож кийдирганди,
Савдогарлари ҳукмдор эди,
Бутун дунё уларни иззат қиларди.
9 Сарвари Олам қабул қилди бу қарорни:
“Такаббурлиги, улуғворлиги йўқ бўлсин,
Бутун олам иззат қилганлар ерга урилсин.”
10 Эй Таршиш аҳли!
Нил бўйидаги деҳқонлар каби,
Ерларингга ишлов бер.
Ахир, бандаргоҳинг йўқ энди.
11 “Канъон қалъалари вайрон бўлсин”, деб
Эгамиз амр берди.
Ҳа, У денгизга қарши қўл кўтарди,
Шоҳликларни титратди.
12 Эгамиз шундай деди:
“Зулм чеккан, эй Сидон аҳли,
Энди хурсандчилик билмай ўтасан.
Қани, Кипрга жўна,
У ерда роҳат нималигин билмай ўтасан.”
13 Ана Бобил юртига боқ, энди унинг халқи йўқ. Оссурияликлар қуршов миноралари қурдилар, Бобилликларнинг саройларини яксон қилдилар. Юртни вайронага айлантирдилар, ёввойи ҳайвонларга бердилар.
14 Фарёд қилинг, эй Таршиш кемалари,
Энди йўқ бошпанангиз!
15 Шундан кейин Тир шаҳри бир шоҳнинг умрича — етмиш йилга унутилади. Етмиш йил ўтгандан кейин, Тир ҳам қуйидаги қўшиқда айтилган фоҳишадай бўлади.
16 Арфангни ол, шаҳар бўйлаб кез,
Эй ҳамма унутган фоҳиша!
Қани, гўзал қилиб чал–чи!
Қўшиқ кетидан қўшиқ куйла–чи!
Балки сени эслаб қоларлар.
17 Етмиш йил ўтгач, Эгамиз Тир билан яна алоқада бўлади. Аммо Тир пул учун яна фоҳишалик қила бошлайди. Дунёнинг ҳамма шоҳликларига фоҳиша бўлади.
18 Шаҳар тижоратдан ва фаҳшдан олган даромадларини Эгамизга атайди. Даромадлар йиғилмайди ҳам, сақланмайди ҳам. Тижоратдан олганларини тўйгунча есинлар, чиройли кийинсинлар деб, даромад Эгамизнинг ҳузурида яшаётганларга берилади.
Эгамиз ер юзини жазолайди
1 Ана, Эгамиз хароб этади ер юзини,
Вайронага айлантиради уни,
Остин–устин қилади ер юзини,
Тарқатиб юборади замин аҳлини.
2 Бир тақдир кутмоқда
Халқ ва руҳонийни,
Қул ва унинг эгасини,
Чўрию унинг бекасини,
Харидору сотувчини,
Қарздору қарз берувчини,
Судхўру қарз олганни.
3 Дунё тамом вайрон бўлади,
Ер юзи ўлжага айланади.
Ҳа, Эгамизнинг каломи шудир.
4 Дунё қуриб, вайрон бўлади,
Ер юзи қайғуриб, тамом бўлади,
Дунёнинг мағрур халқи кучдан қолади.
5 Замин булғанди,
Ахир, унинг аҳли қонунларни бузди,
Худонинг кўрсатмаларини оёқ ости қилди.
Ҳа, абадий аҳд бузилди.
6 Шу боис лаънат оламни еб битиради,
Олам аҳли гуноҳининг жазосини тортади,
Шу сабабдан улар йўқолиб бормоқда,
Жуда оз одамлар қутулиб қолди.
7 Янги шаробинг тугади, токларинг қуриди,
Илгари шод бўлганлар оғир нафас олмоқда.
8 Доиранинг жўшқин садоси кесилди,
Шодон овозлар энди эшитилмайди,
Арфанинг шўх садоси сукутга толди.
9 Энди шароб ичиб, қўшиқ айтмаслар,
Ичганга шаробнинг таъми аччиқ туюлар.
10 Вайрона шаҳар ташландиқ бўлди,
Ҳамма уй беркилган, кириб бўлмайди.
11 Шароб йўқлигидан кўчаларда шовқин–сурон.
Эвоҳ, шодликдан асар ҳам қолмади,
Дунёни севинч тарк этди.
12 Шаҳар харобазор,
Дарвозалари эса парча–парча.
13 Ҳа, ҳосил мавсумидан кейин,
Зайтун дарахти ёки узумзор қандай бўлса,
Дунёдаги халқлар ҳам шундай яланғоч бўлиб қолади.
14 Мана, ғарбдагилар
Эгамизнинг буюклигини овоза қиладилар.
Улар овозларини юксалтириб,
Севинчдан ҳайқирадилар.
15 Шу боис, эй шарқ аҳли, Эгамизга ҳамду сано айтинг,
Эй денгиз оролларида яшовчилар,
Исроил халқининг Худоси — Эгамизни улуғланг.
16 Дунёнинг энг четидан қўшиқлар эшитармиз:
“Одил Худога шарафлар бўлсин!”
Аммо мен: “Тамом бўлдим! Тамом бўлдим!
Энди ҳолимга вой! — дедим. —
Хоинлар сотмоқдалар,
Ҳа, улар хоинлик қилмоқдалар!”
17 Эй олам аҳли, сизни ваҳима,
Тузоқ ва чоҳ кутмоқда.
18 Ваҳимали овозни эшитиб қочган чуқурга тушар,
Чуқурдан чиққан эса тузоққа илинар,
Осмоннинг қопқаси очилади,
Ернинг пойдевори титраб кетади.
19 Ер парча–парча бўлиб,
Майдаланиб кетади.
Ер қаттиқ тебранади.
20 Замин маст одамдай гандираклайди,
Даладаги чайладай тебранади.
Гуноҳларнинг оғирлигидан букчайиб қолади,
Йиқилади–ю, қайтиб тура олмайди.
21 Ўша куни Эгамиз юқоридаги самовий кучларга,
Пастдаги замин шоҳларига жазо беради.
22 Улар чоҳдаги асирлар каби,
Бир жойга йиғиб олинади,
Зиндонга қамаб қўйилади,
Кейинроқ улар жазоланади.
23 Ой хижолат бўлар, қуёш шарманда бўлар,
Сарвари Олам Қуддусдаги Сион тоғида ҳукмрон бўлар.
Халқ оқсоқолларига У Ўз улуғворлигини намоён қилар.
Шукрона қўшиғи
1 Эй Эгам, Сен менинг Худойимсан.
Мен Сени улуғлайман,
Сенга ҳамду санолар айтаман.
Сен ажойиб ишлар қилгансан,
Қадимдан тузган режаларингни,
Садоқат билан амалга оширгансан.
2 Яксон қилдинг душманларимиз қалъаларини,
Вайронага айлантирдинг мустаҳкам шаҳарларини,
Йўқ қилдинг узоқ юртдаги ажойиб саройларини,
Улар ҳеч қачон қайта тикланмас.
3 Энди кучли халқлар Сени иззат қилади,
Шафқатсиз халқлар Сенга сажда қилади.
4 Камбағал, бечоралар кулфатда қолганда,
Сен уларга бошпана бўлдинг.
Пешиндаги жазирамадан соя,
Жаладан паноҳ бўлдинг.
Ваҳший ғанимларнинг ҳужуми бўрондай бўлди.
Сен эса бизнинг паноҳимиз бўлдинг.
5 Душман шовқин–сурони
Саҳро иссиғи каби бўлганда,
Жазирама иссиқни Сен
Булутлар сояси ила босдинг.
Душманнинг севинч қўшиғи
Садоларини ўчирдинг.
Худо зиёфат тайёрлайди
6 Бу тоғда Сарвари Олам
Жамики халқлар учун
Ажойиб зиёфат тайёрлар.
Бой дастурхон, сара шароблар,
Ёғли гўштлар, тиниқ шароб тортилади.
7 Ўша куни Эгам жамики халқлар устидан
Кафанларини ечиб ташлайди.
Мана шу тоғда Эгам
Халқларни ўраган, элатлар устидаги
Ёпинчиқни олиб ташлайди.
8 Ҳа, У ўлимни бутунлай ютиб юборади.
Эгам Худо ҳамманинг кўз ёшларини артиб қўяди,
Бутун ер юзида Ўз халқининг уятини олиб ташлайди.
Ҳа, Эгам шундай деб айтган!
9 Ўша куни улар шундай дейдилар:
“Мана, бизнинг Худойимиз,
Қутқарсин деб, Уни кутгандик,
У бизга нажот берди.
Келинглар, қувонайлик, севинайлик!
Умид қилиб кутгандик,
Мана, бизнинг Эгамиз.”
Худо Мўабни жазолайди
10 Эгамнинг Ўзи бу тоғни ҳимоя қилар.
Мўаб халқи янчилган сомондай эзилар,
Чиритиш учун гўнг чуқурга улоқтирилар.
11 Ҳа, улар бор кучи билан
Сузувчига ўхшаб чуқурдан чиқишга интилар.
Аммо Худо уларнинг ғурурини яксон қилар,
Қўлларининг моҳирлиги фойда бермас.
12 Мўабнинг қалъа деворлари бузиб ташланар,
Вайронага айланар, ер билан яксон бўлар.
Худо Ўз халқига ғалаба ато қилади
1 Ўша куни Яҳудо юртида ушбу қўшиқ куйланар:
“Мана, шаҳримиз қудратлидир!
Эгамиз бизнинг қалъамиздир,
Унинг Ўзи бизга нажот беради.
2 Очинг шаҳар дарвозаларини!
Садоқатли солиҳ халқ ичкари кирсин!
3 Эй Эгамиз, Сенга ишониб,
Фикри–зикри Сендан узилмайдиганга
Ўзинг комил тинчлик ато қиласан.
4 Эгамизга то абад ишон,
Унинг Ўзи абадий Қоямиздир.
5 Юксалганларни У йиқитди,
Такаббур шаҳарни вайрон қилиб,
Ер билан битта қилди.
6 Ўша шаҳарни мазлумлар оёқ ости қилди,
У бечораларнинг қадамлари остида эзилди.”
7 Солиҳнинг йўли текисдир,
Тўғри йўлни Сен унга тайёрлайсан.
8 Эй Эгамиз, йўл–йўриқларинг ила
Сенга умид қиламиз.
Сенинг номингни шарафлаш
Кўнглимиз истагидир.
9 Тун бўйи юрагим Сени қўмсайди,
Ҳа, мен Сенга интиламан.
Ер юзида Сенинг ҳукминг бўлганда,
Олам аҳли адолатни билади.
10 Фосиқлар марҳамат кўрганда
Улар асло солиҳликни ўрганмас.
Ҳаққонийлик ўрнига улар эгрилик қилаверади,
Сенинг улуғворлигингни улар кўрмайди.
11 Эй Эгамиз, қўлинг кўтарилган,
Жазолашга тайёр,
Аммо улар буни кўрмайди.
Халқингни деб жон куйдирганингни кўриб,
Улар шарманда бўлсин.
Ғанимларингга аталган олов уларни ютсин.
12 Эй Эгамиз, бизга Сен тинчлик ато этасан,
Қилган ишларимизнинг барчасига
Етишганмиз Сенинг қудратинг ила.
13 Эй Эгамиз Худо, Сендан бошқалар
Устимиздан ҳукмронлик қилдилар,
Аммо биз ёлғиз Сенинг номингни тилга оламиз.
14 Ўликлар яшамас,
Улар асло қайтиб келмас.
Уларни Сен жазолаб, қириб ташладинг,
Уларни тамомила хотирадан ўчирдинг.
15 Эй Эгамиз, халқимизни Сен кўпайтирдинг,
Халқни кўпайтириб, Ўзинг юксалдинг,
Юртнинг барча чегараларини кенгайтирдинг.
16 Эй Эгамиз, кулфатда қолганларида
Улар Сенга юз бурдилар,
Сенинг танқидларинг остида эгилдилар.
17 Тўлғоқ тутаётган аёл оғриқдан қичқиргандай,
Тўлғониб, дод–фарёд қилгандай,
Биз ҳам Сенинг олдингда шундай бўлдик, эй Эгамиз!
18 Ҳомиладор бўлиб, дард чекдик,
Аммо шамолдан бошқа ҳеч нарса кўрмадик.
На ер юзида биз ғолиб бўлдик,
На авлодлар дунёга келтирдик.
19 Аммо Сенинг ўлик халқинг тирилади,
Таналари ўрнидан туради.
Эй тупроқ остида ётганлар, қўзғалинг,
Шодликдан ҳайқиринг!
Эй Эгамиз, шабнаминг тонгги шабнамга ўхшайди,
Замин мурдаларига ҳаёт бағишлайди.
Ҳукм ва қайта тикланиш
20 Келинг, эй халқим, бир оз яшириниб туринг!
Эгамизнинг ғазаби босилгунча,
Киринг ичкарига,
Ортингиздан эшикларни ёпиб қўйинг!
21 Ана, Эгамиз келаётир масканидан
Замин аҳлини гуноҳлари учун жазолагани.
Ер тўкилган қонларни фош этади,
Қотилликнинг қурбонларини энди яширмайди.
1 Ўша куни Эгамиз қиличи билан Левитанни жазолар.
Ҳа, шафқатсиз, баҳайбат, қудратли қиличи билан жазолар
Ўша қочаётган, ғимирлаётган илон — Левитанни.
Ўлдирар денгиздаги ўша аждарҳони.
2 Эгам айтар: “Ўша куни ажойиб узумзор тўғрисида куйланг!
3 Мен, Эгангиз, узумзор қўриқчисиман,
Доимо уни суғораман.
Кечаю кундуз узумзорни қўриқлайман,
Ҳеч ким унга зарар келтиролмайди.
4 Мен ғазабда эмасман!
Лекин тиканлару буталар Менга қарши чиқса,
Улар билан жанг қиламан.
Уларни ёндириб ташлайман.
5 Улар Мендан паноҳ излаб келсин!
Ҳа, Мен билан тинчлик ўрнатсин,
Улар Мен билан тинчлик ўрнатсин.”
6 Вақти келиб, Ёқуб насли илдиз отади,
Исроил куртак отиб, гуллайди,
Ер юзини мевалари билан тўлдиради.
7 Исроилнинг душманларини Эгамиз қаттиқ жазолайди!
Исроилнинг кўп ғанимларини Эгамиз ўлдиради,
Исроилни эса у қадар жазоламайди,
8 Эгамиз Ўз халқини жазолаганда
Уларни юртидан ҳайдаб, сургун қилади.
Шарқдан эсган бўрон каби,
Уларни узоққа олиб кетади.
9 Шундай қилиб, Эгамиз Ёқуб наслини гуноҳдан поклайди.
У бутларга аталган қурбонгоҳларни парчалаб ташлайди.
Ашерага аталган устуну тутатқи қурбонгоҳлардан асар ҳам қолмайди.
10 Мана, Исроилнинг мустаҳкам шаҳарлари ташландиқ бўлади,
Тарк этилган саҳродай, ҳувиллаган юрт бўлади.
Вайроналар орасида чорва ўтлаб юради,
Дарахтларнинг баргини еб, шип–шийдам қилади.
11 Шохлари қуриб, синиб ётади,
Аёллар келиб, уларни ёқади.
Бу халқ ақл–ҳушидан айрилган,
Яратувчи ҳам уларга ачинмайди,
Худо уларга марҳамат кўрсатмайди.
12 Ўша куни, эй Исроил халқи, Эгамиз сизларни Фурот дарёсидан Миср чегарасидаги ирмоққача бўлган ерда янчади. Ҳаммангизни битта–битта йиғиб келади.
13 Ўша куни катта карнай чалинади. Оссурия юртида йўқолганлар, Миср юртига қувилганлар келиб, Қуддусдаги муқаддас тоғда Эгамизга сажда қилади.
Худо Самарияни жазолайди
1 Эй улуғворлик тожи бўлган шаҳар! Ҳолингга вой!
Сен Эфрайимдаги маст–аластларнинг улуғворлиги эдинг!
Эҳ, ажойиб, гўзал шаҳар эдинг! Шуҳратинг гулдай сўлмоқда!
Серҳосил водийдаги унумдор шаҳар эдинг.
Тубанлашдинг шаробдан!
2 Мана, Раббийнинг кучли бир баҳодири бор.
У селга, вайрон келтирадиган қуюнга ўхшайди.
Ювиб кетадиган, тошқин жалаларга ўхшайди.
Ўз қўллари билан у Эфрайимни яксон қилади.
3 Эҳ, Эфрайимдаги маст–аластларнинг улуғворлик тожи!
Ана энди оёқ остида топталади!
4 Серҳосил водийдаги унумдор шаҳар эди!
Энди уларнинг шуҳрати гуллар каби сўнади.
Улар илк пишган анжирларга ўхшайди,
Пишган заҳоти юлиниб, ютиб юборилади.
5 Ўша куни Сарвари Олам
Ўзининг халқидан қолганлари учун
Шуҳрат тожию ажойиб гулчамбар бўлади.
6 Ҳукм курсисида ўтирганларга
У адолат руҳини беради.
Дарвозадан душманга зарба берадиганга
У жасорат манбаи бўлади.
Худо бузуқ йўлбошчиларни жазолайди
7 Руҳоний, пайғамбарлар шароб туфайли,
Ўткир ичимликлардан гандираклаб юради.
Ҳа, шароб, бўзалардан уларнинг боши айланади,
Май дастидан улар йўлларидан адашади,
Ўткир ичимликдан гандираклаб юради.
Улар ваҳий кўрганларида хато қилади,
Қиладиган ҳукмларида адашади.
8 Уларнинг дастурхони қусуққа тўла,
Бирорта ҳам тоза жой йўқ.
9 Улар менга таъна қилиб айтади:
“Сен кимга таълим бераётганингни биласанми ўзи?!
Бизни энди кўкракдан ажратилган гўдак деб ўйлаяпсанми?!
10 Қачон қарама, бидир–бидир қиласан,
Гўдакдай гувранасан.”
11 Шундай экан, Худо уларга,
Ўзга тилда, тушунарсиз шевада гапиради.
12 Худо уларга қаерда ором топишларини айтган,
Тинчликка қандай эришиш кераклигини ўргатган,
Аммо улар қулоқ солишни истамадилар.
13 Шу сабабдан Эгамизнинг сўзи
Улар учун мазмунсиз сўзлардай бўлади.
Гўдакнинг гувранишидай эшитилади.
Улар юрмоқчи бўлганларида
Орқага йиқилиб, яраланадилар,
Тузоққа тушиб, олиб кетиладилар.
Қуддус ҳукмдорларига мурожаат
14 Шу боис Эгамдан келган бу хабарни эшитинг,
Эй Қуддусдаги масхарабоз ҳукмдорлар!
15 Сизлар шундай дедингиз: “Биз
Ўлим билан аҳд қилганмиз,
Ўликлар диёри ила битим тузганмиз.
Даҳшатли офат келиб бошимизга тушмайди.
Ахир, ёлғонни паноҳ қилиб олганмиз,
Сохталикни чодир қилиб олганмиз.”
16 Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда:
“Мана, Мен жойлаштиряпман Қуддусда
Синалган бир тошни, пойдевор тошини.
Бу қадрли тамал тоши ишончли пойдевордир.
Ҳа, унга таянган ҳеч бир инсон умидсиз бўлмайди.
17 Мен адолат билан ҳукм қиламан,
Тўғрилик ўлчовим бўлади.
Сохта паноҳингизни дўл ювиб кетади,
Чодирингизни селлар ювиб кетади.
18 Ўлим билан тузган аҳдингиз бекор бўлади,
Ўликлар диёри ила қилган битимингиз барбод бўлади.
Даҳшатли офат юртдан ўтаётганда,
Сизлар ер билан яксон бўласиз.
19 Ҳа, ҳар тонгда, туну кун
Ўша тўфон сизни ювиб кетади.”
Эшитганингизни англаб етганингизда,
Бу хабар ғоят катта хавфдан дарак беради:
20 Ётгани тўшагингиз калталик қилади,
Ёпингани кўрпангиз энсизлик қилади.
21 Перазим тоғидагидай
Ўз ишимни қилай, деб Эгам қўзғалади.
Гивон водийсидагидай У ғазабга минади.
Ҳа, У Ўзининг ажойиб ишини қилади.
Унинг ишлари ҳайратда қолдиради.
22 Масхаралашни бас қилинг энди,
Бўлмаса занжирларингиз яна оғирлашади.
Сарвари Олам — Раббий менга:
“Бутун юртни вайрон қиламан”, деб айтди.
Барча донолик Эгамиздандир
23 Тингланг, овозимга қулоқ солинг,
Диққат қилинг, гапларимни эшитинг!
24 Деҳқонлар экиш учун ерга ишлов бераверадими?!
Тупроқ ковлайверади–ю, ҳеч қачон экмайдими?!
25 Йўқ, улар ерни текислайди,
Кейин укроп, зира уруғини сепади.
Белгиланган жойларига
Ҳар турли буғдой, арпа уруғини экади.
26 Ҳа, деҳқонлар нима қилишни билади,
Худо уларга ақл–идрок берган!
27 Ахир, укропни болға билан янчмайди,
Зирани арава ғилдираги билан эзмайди.
Мана, укропни калтак билан янчиб олади,
Зирани таёқ билан эзиб олади.
28 Буғдойдан ун қилинади,
Аммо у то абад янчилмайди.
Арава ғилдираги буғдой устидан
Чанг бўлгунча юргизилмайди.
29 Бу донолик келар Сарвари Оламдан,
Унинг маслаҳатлари ажойиб, донолиги буюкдир.
Қуддус қамал қилинади
1 Эгам айтар:
“Ҳолингга вой, эй Довуд яшаган шаҳар!
Эй Ориёл, Ориёл!
Йиллар ортидан йиллар ўтаверади,
Байрамлар нишонланади.
2 Аммо Мен бошингга кулфат келтираман,
Фарёд қилиб, нола чекасан,
Сени қурбонгоҳ қиламан.
3 Атрофингда сенга қарши лашкар тўплайман,
Қамал иншоотларини ўрнатаман.
Миноралар қуриб, сени ўраб оламан.
4 Ернинг остидан сен гапирасан,
Тупроқ остидан сўзларинг келади,
Овозинг шарпа овозидай ер остидан чиқади,
Гапларинг тупроқ остидан шивирлаб келади.
5 Аммо шунда шафқатсиз душманларинг
Бирданига чанг каби учиб кетади,
Тўсатдан бўрондаги хас–чўпдай
Улар тўзиб кетади.
6 Келаман Мен, Сарвари Олам, гумбур–гумбур,
Зилзила, шовқин–сурон, довул,
Бўрону ютиб юборувчи аланга билан.
7 Эй Қуддус, сизга қарши чиққан халқлар йўқ бўлиб кетади.
Сизнинг қалъангизга ҳужум қилган ваҳший элатлар
Тундаги туш каби ўтиб кетади.
8 Ҳа, оч одам тушида овқат еса ҳам,
Уйғонганда, очлигича қолаверади.
Чанқаган одам тушида сув ичади–ю,
Чанқоғи қонмасдан уйғонади.
Эй Сион тоғи, сизга қарши чиққан
Жамики элатлар ҳам шу аҳволга тушади.”
9 Қулоғингизни кар қилинг, донг қотиб қолинг,
Кўзингизни кўр қилинг, кўрмас бўлинг,
Маст бўлинг, аммо шаробдан эмас,
Гандираклаб юринг, аммо бўзадан эмас.
10 Эгам сизни қаттиқ ухлатиб қўйди,
Эй пайғамбарлар, Эгам кўзларингизни уйқуга бостирди.
Эй валийлар, Эгам бошу кўзларингизни ўраб қўйди.
11 Мана, бу ваҳийнинг ҳаммаси сизлар учун муҳрланган ўрама қоғоздай бўлиб қолди. Бу ўрама қоғоз ўқий оладиганларга берилиб: “Буни ўқинг!” деб буюрилса, улар: “Йўқ, муҳрланган экан”, дейдилар.
12 У ўқий олмайдиганларга берилиб: “Буни ўқинг”, деб айтилган бўлса, улар: “Биз ўқишни билмаймиз”, деб жавоб берадилар.
13 Ҳа, Раббий айтди:
“Бу халқ фақат сўздагина Менга яқинлашади,
Тилидагина Мени иззат қилади,
Юраклари эса Мендан узоқдир.
Улар инсон яратган қоидалари орқали
Менга сажда қилишади.
14 Мана, Мен шундай бир иш қиламанки,
Бу халқ ҳайратда қолади,
Лол бўлиб, донг қотади.
Донолари донолигидан маҳрум бўлади,
Идроклилари идрокидан айрилади.”
15 Ҳолингизга вой!
Эгамиздан режаларингизни яширяпсиз,
Ишларингизни қоронғиликда қиляпсиз.
“Ким бизни кўрарди, ким бизни биларди?” дейсиз.
16 Ҳаммасини ағдар–тўнтар қиляпсиз,
Ахир, кулолни лойга тенглаштириб бўладими?!
Наҳотки буюм ўзини яратганга:
“Мени яратганинг йўқ”, деб айтса?!
Наҳотки идиш кулолга:
“Сен тушунмайсан”, деб айтса?!
Келажакка умид
17 Мана, қисқа вақт ичида
Лубнон ўрмони далага айланади.
Дала эса қалин ўрмон бўлади.
18 Ўша куни китобдаги сўзларни карлар эшитар,
Кўрларнинг кўзлари зулматда нур кўрар.
19 Бечораларга Эгам янги қувонч ато этади,
Исроил халқининг Муқаддас Худоси туфайли
Муҳтожлар шод бўлади.
20 Золимлар то абад йўқ бўлади,
Мазахчилар ҳалок бўлади,
Ёмонлик истовчилар қириб ташланади.
21 Улар одамларга туҳмат ёғдирар,
Ҳакамларга тузоқ қўяр,
Солиҳларни адолатдан маҳрум қилар.
22 Шу боис Иброҳимни қутқарган Эгам
Ёқуб хонадони тўғрисида шундай деб айтмоқда:
“Ёқуб насли энди ҳеч қачон шарманда бўлмайди,
Қўрқувдан унинг ранги оқармайди.
23 Исроил халқи Мен бунёд этган фарзандларини кўрганда
Улар Менинг номимни муқаддас деб билади,
Мени — Ёқуб наслининг Худосини муқаддас деб тан олади.
Ҳа, Мен, Исроил Худосининг ҳузурида ҳайратда туради.
24 Йўлидан адашганлар ўшанда тушуниб етади,
Нолиганлар йўл–йўриқларимни ўрганади.”
Мисрдан ёрдам кутиш бефойда
1 Эгам айтар: “Эҳ, итоатсиз халқим!
Уларнинг ҳолига вой!
Менсиз маслаҳатлар қилишади.
Сулҳлар тузади, лекин Менинг Руҳим йўқ–ку уларда!
Ҳа, халқим гуноҳ устига гуноҳ орттираверади.
2 Ахир, Мендан сўрамасдан Мисрга боряптилар,
Фиръавндан паноҳ сўраяптилар,
Мисрдан бошпана истаяптилар.
3 Аммо фиръавннинг ҳимояси уларга шармандалик бўлади,
Мисрнинг бошпанаси уларни уятга қолдиради.
4 Мана, халқимнинг аъёнлари Зўванга етиб келдилар,
Элчилар Ханесга кириб келдилар.
5 Лекин уларнинг ҳаммаси шарманда бўлади,
Ахир, Миср уларнинг халқига ёрдам бермайди.
Ҳеч қандай мадад, фойда йўқ,
Улар шарманда бўлиб, таъна тагида қолади.”
6 Нагав чўлидаги ҳайвонлар ҳақида башорат:
Элчилари эшагу туяларга хазиналарини ортиб,
Мисрга олиб кетмоқда.
Ваҳимали саҳро бўйлаб секин
Миср томон бормоқда.
Улар бормоқда шерлару заҳарли илонлар
Яшайдиган саҳро бўйлаб.
Аммо Миср уларга ёрдам бермайди.
7 Миср берган мадад бекор, фойдасиз,
Шу боис Мен Мисрни
“Жим ўтирган Раҳоб” деб атайман.
Исроил итоат этишдан бош тортади
8 Эгамиз айтар: “Энди бор, сўзларимни бир лавҳага ёзиб,
Бу халқ учун китоб қилиб бер.
Бу келгуси вақтлар учун бўлсин,
Ёзилганлар то абад бўлсин.”
9 Улар исёнкор халқ, ёлғончи болалар!
Эгасининг йўл–йўриқларига
Қулоқ солишни рад этган болалар улар.
10 Улар валийларга айтар:
“Энди ваҳий кўрманглар.”
Улар пайғамбарларга айтар:
“Бизларга ҳақиқий башоратларни айтманглар.
Бизга ширин сўзлару сохта ваҳийлар айтинг.
11 Бу йўлдан юрманг энди! Қайтинг бу йўлдан.
Исроил халқининг Муқаддас Худоси ҳақида энди
Эшитмайлик ҳеч бир нарса!”
12 Шу боис Исроил халқининг Муқаддас Худоси айтар:
“Сизлар Менинг сўзларимни рад қилдингиз,
Зулмга, ёлғонга умид боғладингиз,
Уларга ишондингиз.
13 Шу боис сизлар учун бу гуноҳингиз
Ёрилган, шишиб кетган девор каби бўлади.
Бирдан, бир лаҳзада қулаб тушади.
14 Сопол идиш каби, у парча–парча бўлиб кетади.
Шунчалик эзилиб кетадики,
Ўчоқдан чўғ ёки ҳовуздан сув олгани
Бирон парчасини ҳам топиб бўлмайди.”
15 Эгамиз Раббий, Исроил халқининг Муқаддас Худоси шундай демоқда:
“Менга қайтсангиз нажот топасиз,
Ҳаловатли бўлсангиз қутқариласиз.
Сокинлигу ишончингиз сизнинг кучингиз бўлади.
Аммо сизлар буни хоҳламадингиз.
16 Айтдингизки: «Йўқ, отларга миниб учиб кетамиз»,
Мана энди отларга миниб учиб кетасиз!
Айтдингизки: «Учқур отларга миниб кетамиз»,
Энди эса сизни таъқиб қиладиганлар учқур бўлади!
17 Қаранглар, халқингиздан беш–олтитаси қолмагунча
Бир кишининг таҳдиди мингтангизни қочиради.
Беш кишининг таҳдиди ҳаммангизни қочиради.
Аммо қолганлар тепаликдаги байроқ дастасидай бўлади.
Улар тоғ чўққисидаги байроқ каби ишора бўлади.”
18 Шунинг учун Эгам кутмоқда,
Сизларга шафқат кўрсатай деб.
Мана У қўзғалмоқда,
Ўз меҳрини кўрсатай деб.
Ахир, Эгам адолатли Худодир.
Унга умид боғлаганлар бахтиёрдир.
19 Эй Қуддусда макон қилган Сион халқи! Сизлар энди йиғламайсизлар. Фарёдингизни эшитиб, Эгам албатта марҳамат кўрсатади. Овозингизни эшитиб, жавоб беради.
20 Раббий сизларга кулфатни нон қилиб, қайғуни сув қилиб берса ҳам, энди Ўша Устозингиз Ўзини яширмайди. Сизлар ўз кўзларингиз билан Уни кўрасизлар.
21 Сизлар ўнгга ёки чапга бурилганингизда, шундай овозни эшитасизлар: “Мана йўл, шу йўлдан юринглар.”
22 Кейин ҳамма кумуш бутлар, олтин тасвирларингизни йўқ қилиб ташлайсиз. Сиз ўша нарсаларни ифлос латта–путтадай улоқтириб ташлайсиз. “Эй даф бўл кўзимдан!” дейсиз ўша нарсаларга.
23 Эгам ерга эккан уруғингизга ёмғир беради. Ердан келадиган озиқ–овқат мўл, баракали бўлади. Ўша куни чорвангиз кенг яйловларда ўтлайди.
24 Тупроққа ишлов берган ҳўкиз, эшаклар энг яхши емни ейдилар.
25 Ўша куни, душманларингиз ўлдирилган, миноралар қулаган куни ҳар бир тоғдан, ҳар бир тепаликдан ирмоқ оқиб тушади.
26 Ой қуёшга ўхшаб нур сочади. Қуёш эса етти баробар кўпроқ нур беради, етти кунлик ёруғлигини сочади. Эгам Ўз халқининг яраларини боғлаб, Ўзи келтирган жароҳатларга шифо берган кун шундай бўлади.
Эгамиз Оссурияни жазолайди
27 Ана, Эгамизнинг Ўзи узоқдан келмоқда,
Қалин булут ичида, ғазабга миниб келмоқда.
Лаблари ғазабга тўла,
Тили — ямламай ютадиган оловдай.
28 Унинг нафаси бўйингача келадиган
Тошқин дарёга ўхшар,
У халқларни ҳалокат элагида элайди.
У элатларнинг оғзига сувлуқ солади–да,
Уларни йўлдан адаштиради.
29 Сизлар эса муқаддас байрам оқшомидагидай қўшиқлар куйлайсиз. Эгамизнинг тоғига, Исроил халқининг Қоясига най садолари остида бораётганлардай юракларингиз шодликка тўлади.
30 Эгамиз Ўз улуғвор овозини эшиттиради. Ҳа, қўлининг зарбаси оғирдир. Унинг кучли ғазаби, ямламай ютай деган оловга ўхшайди. Ҳа, Унинг ғазаби бўрону довул, момақалдироқ кабидир.
31 Эгамиз ҳассаси билан Оссурияни уради. Ўз овози билан уни даҳшатга туширади.
32 Эгамиз қайта–қайта Оссурияни доира ва арфа садолари остида ҳассаси билан жазолайди. Эгамиз Ўз қўлининг зарби билан жанг қилиб, улар билан уришади.
33 Тофат аллақачон тайёрланган. Ҳа, у ҳатто Оссурия шоҳи учун ҳам тайёр турибди. Бу кенг чуқурда алангаю ўтин мўл–кўл. У ерда Эгамизнинг нафаси вулқондан чиққан олов каби ёндиради.
Мисрнинг кучига ишонма
1 Мисрдан ёрдам сўраб борганларнинг ҳолига вой!
Улар чопқир отларига ишонадилар,
Жанг араваларининг кўплигию
Кучли отлиқларга умид боғлайдилар.
Исроил халқининг Муқаддас Худосига эса
Назар ҳам ташламайдилар,
Эгамизга юз бурмайдилар.
2 Доно Эгамизнинг гапига улар кирмайдилар.
Эгамиз фосиқларнинг хонадонига қарши қўзғалади,
Бадкирдорларга ёрдам берганларга қарши туради.
Уларнинг бошига кулфат келтиради,
Айтган сўзларини У қайтиб олмайди.
3 Мисрликлар Худо эмас, инсонлардир,
Уларнинг отлари руҳ эмас, танадир.
Эгамиз уларга қарши қўл кўтарганда,
Мададкор қоқилади,
Мададга зор йиқилади.
Иккови биргаликда ҳалок бўлади.
4 Ҳа, Эгам менга айтмоқда:
“Кучли шер қўйни бўғизлаганда,
Чўпонлар шовқин–суронига эътибор бермас,
Уларга ҳатто назар ҳам ташламас.
Шу сингари, Мен, Сарвари Олам,
Сион тоғида — ўша тепаликда
Жанг қилишга келаман.
5 Ўз ини устида учаётган қуш каби,
Мен, Сарвари Олам, Қуддусни қўриқлайман.
Мен Қуддусни қўриқлаб, озод қиламан,
Ҳимоя қилиб, нажот бераман.”
6 Эй Исроил халқи! Гарчи сизлар шу қадар фосиқ исёнчи бўлсангиз ҳам, энди Эгамизга қайтинг!
7 Ҳа, ўша куни ҳар бирингиз олтин бутлар ва кумуш тасвирларни рад этасиз. Уларни гуноҳкор қўлларингиз билан ясаган эдингиз.
8 Оссурия вайрон бўлади, аммо инсоннинг қиличидан эмас.
Худонинг қиличи Оссурияликларни уради.
Оссурияликлар ваҳимага тушиб қочадилар.
Кучли, ёш йигитларини қул қилиб олиб кетадилар.
9 Оссуриянинг суянган қояси ваҳима ичида қочади,
Лашкарбошилари жанговар байроқдан қўрқиб, қочиб кетади.
Ҳа, Эгамизнинг алангаси Қуддусда,
Унинг ўчоғи Сиондадир.
Эгамизнинг каломи шудир.
Солиҳлик ҳукмронлик қилади
1 Ана, шоҳ солиҳлик билан ҳукмронлик қилади,
Ҳукмдорлар адолат билан бошқаради.
2 Ҳар бир одам шамолдан асрайдиган паноҳдай бўлади,
Бўрондан сақлайдиган бошпана каби бўлади.
Улар саҳродаги сув ўзанига ўхшайди,
Ташна ердаги улкан қоянинг соясидай бўлади.
3 Кўриб турганлар энди кўз юмиб юрмайди,
Қулоғи борлар энди қулоқ солади.
4 Идроксизнинг ақли англайдиган бўлади,
Дудуқ одамнинг тили равон бўлади.
5 Аҳмоқни энди аслзода деб чақирмайдилар,
Ярамасни, ҳурматга сазовор, деб айтмайдилар.
6 Мана, аҳмоқ калтафаҳмлик билан гапиради,
Фикри–зикри эса ёвузлик билан банд.
Қилганлари — нопоклик,
Эгам ҳақида хато гапиради.
Оч одамни у очлигича қолдиради,
Чанқаганга сув бермайди.
7 Баттолнинг усуллари ёвуздир,
У ёмонликлар режалаштиради,
Ёлғон гап–сўзлари билан
Фақирнинг ҳақ даъвосини йўққа чиқариб,
Бечорани нобуд қилади.
8 Олижаноб одамлар эса яхши режалар тузади,
Яхши ният қилиб, ўз сўзида туради.
Қуддус аёллари тўғрисида башорат
9 Эй сиз, беғам аёллар,
Туринглар, Менга қулоқ солинглар!
Эй сиз, ўзига ишонган қизлар,
Менинг гапларимни эшитинглар!
10 Эй сизлар, бепарво юрганлар,
Бир йил ўтар–ўтмас титрай бошлайсиз.
Узум ҳосили яхши бўлмайди,
Мева ҳосил бермайди.
11 Қўрқинг, эй сиз, беғам аёллар,
Қалтиранг, эй ўзига ишонган қизлар!
Тавба қилиб, кийимингизни ечиб ташланг.
Қанорга ўраниб, белингизни боғланг!
12 Кўкрагингизга уриб йиғланг
Ажойиб далаларингиз,
Серҳосил узумзорларингиз учун!
13 Халқимнинг ери учун йиғланг!
У ерни тикан, янтоқ буталари босиб кетади.
Ҳа, шодликка тўла бўлган уйлар учун,
Қувноқ шаҳар учун аза тутинг!
14 Мана, сарой ташландиқ бўлиб қолди,
Гавжум шаҳар саҳрога айланди.
Қалъаю минора то абад
Ёввойи эшаклар яйрайдиган жой,
Чорва учун яйлов бўлди.
15 Токи юқоридан устимизга
Руҳ ёғилмагунча шундай бўлади.
Ундан кейин саҳролар серҳосил далага айланади,
Серҳосил дала ўрмон сифат бўлади.
16 Шунда одиллик саҳрода макон қилади,
Солиҳлик серҳосил далада маскан қилади.
17 Солиҳлик меваси тинчлик бўлади,
Солиҳлик самараси то абад хотиржамлик, ишонч бўлади.
18 Халқим яшайди сокин жойларда,
Бехавотир уйларда, хотиржам масканларда.
19 Ўша ўрмонни дўл яксон қилади,
У шаҳар эса тамомила йўқ бўлади.
20 Шундай бўлса ҳам, нақадар бахтлисиз!
Ирмоқлар бўйида экин экасиз.
Чорваю подангиз яйловларни кезиб юради.
Нажот ва умид ҳақида башорат
1 Эй таланмаган талончи! Ҳолингга вой!
Эй хиёнатни татимаган хиёнаткор! Ҳолингга вой!
Роса талаб бўлганингдан сўнг,
Ўзингни талон–тарож қиладилар.
Хиёнатни бас қилганингда,
Сенга хиёнат қиладилар.
2 Эй Эгамиз, бизга марҳамат қил,
Биз Сенга умид боғлаймиз.
Бизга ҳар куни куч ато қил,
Кулфат чоғи эса бизга нажот бер.
3 Гумбурлаган овозингдан халқлар тарқаб кетар,
Сен қўзғалганингда элатлар қочиб кетар.
4 Чигирткалар йиғилгандай ўлжаларинг йиғилар,
Чигирткалар уюми каби, ўлжаларингни талон–тарож қилишар.
5 Эгамиз юксалгандир. Ҳа, Унинг маскани юксакда.
Тўлдиргандир У Қуддусни адолату солиҳлик ила.
6 Эй Қуддус, У кунларингиз тинчлигини маҳкам тутади,
Унинг Ўзи нажот, илм–маърифат, доноликнинг бой манбаидир.
Эгамиздан қўрқиш сизларнинг хазинангиздир.
7 Ана қаранг! Яҳудонинг жасур йигитлари
Кўчаларда фарёд қилади,
Тинчлик элчилари аччиқ–аччиқ йиғлайди.
8 Катта йўллар ҳувиллаб қолган,
Бу йўллардан юрмайди ҳеч кимса,
Аҳдлар бузилди, шаҳарлар вайрон бўлди,
Инсон ўз қадрини йўқотди.
9 Юрт аза тутди, азоб чекди.
Лубнон ўрмонлари иснодга қолиб, қуриб қолди.
Шарон текислиги саҳрога ўхшаб қолди,
Башан, Кармил тоғидаги дарахтларнинг япроқлари қолмади.
10 “Энди қўзғаламан,
— демоқда Эгамиз. —
Энди Мен юксаламан,
Ҳа, Ўзимни баланд кўтараман.
11 Сизлар эса сомонга ҳомиладор бўлгандай,
Фойдасиз поялар туққандай бўласиз.
Руҳингиз сизларни олов каби еб битиради.
12 Халқлар ёниб, кул бўлади,
Кесилиб, оловга ташланган тикандай бўлади.
13 Эй узоқдагилар, Менинг қилганларимни эшитинг,
Эй яқиндагилар, қудратимни билиб олинг!”
14 “Орамизда ким ямламай ютадиган олов билан тура олади?
Орамиздаги ким ёниб битмас аланга ёнида қола олади?” дея
Қуддусда гуноҳкорлар ваҳимага тушди,
Нопокларни қўрқув эгаллаб олди.
15 Мана, қаранг солиҳ яшаётганларга!
Улар тўғри гапни гапиради,
Тамагирлик фойдасидан юз ўгиради,
Пора олишдан қўлларини тияди.
Қотилларнинг фитналарига қўшилмайди,
Кўзларини ёвузлик жалб қила олмайди.
16 Ҳа, шундайларнинг маскани юксакларда бўлади,
Тоғлардаги қоялар бошпанаси бўлади.
Нону суви ҳеч қачон етмай қолмайди.
17 Мана, кўзларингиз улуғвор шоҳни,
Кенг ёйилган юртни кўради.
18 Шунда ўтмишдаги қўрқувни эслаб, дейсиз:
“Қани экан ўша бош лашкарбоши?
Қани ўша ўлжаларни ўлчаган одам?
Қани энди минораларни санаганлар?”
19 Сизлар тилларини тушунмайдиган,
Гапларини англамайдиган,
Ўша такаббур халқни энди кўрмайсиз!
20 Мана, қаранг Қуддусга!
Байрамларимиз шаҳрига боқинг.
Ўз кўзларингиз билан Сионни,
Ўша осуда масканни кўрасиз.
Бу чодир ҳеч қачон кўчмайди,
Унинг қозиқлари сурилмайди,
Биронта арқони узилмайди.
21 Ҳа, у ерда қудратли Эгамиз бизнинг Шоҳимиз бўлади,
У ерда кенг дарёлару ирмоқлар бўлади.
Эшкакли уруш кемалари кечиб ўта олмайди,
Елканли жанг кемалари ҳам у ерда суза олмайди.
22 Ахир, Эгамиз ҳукмронлик қилади,
Унинг Ўзи қонун–қоидани ўрнатади.
Эгамиз бизнинг Шоҳимиздир,
Унинг Ўзи бизга нажот беради.
23 Кемангизнинг мачтаси мустаҳкам эмас,
Унинг арқонлари заифлашган,
Унинг елкани ёйилмайди.
Сўнг мўл–кўл ўлжа бўлинади,
Ҳатто чўлоқ ҳам ўлжага шерик бўлади.
24 Орангизда ҳеч кимса, “Мен хастаман”, демайди,
Қуддусдагиларнинг гуноҳлари кечирилади.
Эгамиз элатларни жазолайди
1 Эй элатлар, яқинроқ келинг, қулоқ солинг!
Эй халқлар, диққат қилинг!
Эшитинг, эй замин, заминдаги бор жонзот!
Оламу унинг маҳсули, эшитинг!
2 Ҳа, Эгамиз бутун элатлардан ғазабда,
Уларнинг лашкарларига қаҳри келди.
Эгамиз уларни тамомила қириб ташлайди.
Уларни бўғизлашга ҳукм этган.
3 Мурдалари кўмилмай қолиб кетади,
Жасадларидан қўланса ҳид анқийди,
Уларнинг қони қирларда дарё бўлиб оқади.
4 Самодаги ҳамма юлдузлар чириб кетади,
Осмон ўрама қоғоздай эшилиб кетади.
Токдан қуриб тушган барглар сингари,
Дарахтидан тўкилган анжир сингари,
Самовий жисмлар тўкилиб кетади.
5 Эгам айтар: “Ҳа, самоларда Менинг қиличим пайдо бўлди.
Мана, у Эдомга,
Мен ҳалокатга ҳукм қилган халқнинг бошига тушади.”
6 Эгамизнинг қиличи қонга булғанган.
Қўзилар, эчкилар ёғига, қонига,
Қўчқор буйрагининг ёғига тўйган.
Ҳа, Бозрах шаҳрида Эгамизга қурбонлик бор,
Эдом юртида катта қирғин бошланади.
7 Ёввойи буқалар, новвослар, катта ҳўкизлар ҳам
Улар билан бирга қирилиб кетади.
Уларнинг ери қон билан суғорилади,
Тупроғи ёғни шимиб олади.
8 Ҳа, бу кун Эгамизнинг қасос кунидир.
Қуддус учун Эгамиз қасос оладиган йилдир бу.
9 Эдом ирмоқлари қатронга айланади,
Тупроғи олтингугуртга айланади,
Бутун юрт эса аланга ичида қолади.
10 Аланга кечаю кундуз ўчмайди,
Тутун абадий кўтарилаверади.
Бу юрт авлодлар оша
Вайрона бўлиб қолаверади.
Ҳеч ким уни то абад босиб ўтмайди.
11 У ер бойқушлару кирпиларнинг мулки бўлади,
Уккию қарғалар у ерда макон қилади.
Ҳа, Эгамиз бу юртни ўлчаб,
Вайронаю харобага лойиқ топди.
12 Бу юртда аслзодалар йўқ энди,
У ердан бирорта шоҳ чиқмайди,
Барча шаҳзодалари йўқ бўлиб кетади.
13 Қалъаларида тиканлар ўсади,
Саройларида янтоқлар, қушқўнмас буталар битади.
У ер чиябўриларга маскан бўлади,
Туяқушларнинг бошпанаси бўлади.
14 Ёввойи мушуклару сиртлонлар
Бир–бирига дуч келади,
Ёввойи эчкилар бир–бирини чақириб маърайди,
У ерда тун шарпалари дам олади,
Ўша ер уларга оромгоҳ бўлади.
15 Илонлар у ерда ин қуриб, тухум қўяди,
Соя жойларда болаларини йиғади.
Қузғунлар у ерда жуфтланиб тўпланади.
16 Мана, Эгамизнинг китобидан топиб, ўқинг:
Ҳайвонлару қушлардан биронтаси йўқ бўлмайди,
Уларнинг ҳаммаси жуфт–жуфт бўлади,
Эгамизнинг Ўзи шундай амр этган,
Унинг Руҳи ҳаммасини тўплади.
17 Эгамиз қуръа ташлаб, ҳар бирининг улушини берди,
Арқон билан ўлчаб, юртни уларга бўлиб берди.
Бу юрт то абад уларнинг мулки бўлади,
Авлодлар оша улар бу ерда яшайди.
Нажот топишга умид
1 Чўлу биёбон шод бўлади,
Саҳро қувониб, атиргулдай гуллайди.
2 Ҳамма ёқда гул–чечаклар очилади,
Чўл шодланиб, қувончдан ҳайқиради.
Лубноннинг чиройи, Кармил тоғининг,
Шарон текислигининг улуғворлиги Унга берилади.
Улар Эгамизнинг шуҳратини,
Худойимизнинг улуғворлигини кўради.
3 Қўллари чарчаганларга далда бергин,
Тиззалари букилганларга мадад бергин.
4 Қўрқоқ юракларга шундай деб айтгин:
“Дадил бўлинг, қўрқманг!
Мана, Худойингиз!
Қасос келмоқда илоҳий интиқом ила,
Унинг Ўзи сизларга нажот беради.”
5 Ўша пайтда кўрларнинг кўзлари очилади,
Карларнинг қулоқлари эса эшитади.
6 Чўлоқ ҳам оҳудай сакрайди,
Соқов шодликдан ҳайқиради.
Мана, ахир, саҳрода сув шариллаб оқмоқда,
Чўл жойлар эса ирмоқларга тўла.
7 Қизиб ётган қум ҳовузга айланади,
Қақраган ер қайнаётган булоқ бўлади.
Олдин чиябўрилар яшаган масканларда
Энди майса, қамиш, папируслар ўсади.
8 Ўша ердан катта йўл ўтади,
Муқаддас Йўл деб аталган йўл бўлади.
Нопоклар у йўлга қадам босмайди,
Бу йўл мана шу йўлдан юрадиганларга қарашлидир.
Бу йўлдан юрадиганлар,
Ҳатто идроксизлар ҳам адашмайди.
9 У ерда шер бўлмайди.
Йиртқич ҳайвон юрмайди.
Улар бу ерда топилмайди.
Ҳа, фақат нажот топганлар ўша ерда юради.
10 Эгамиз қутқарганлар қайтиб келади,
Улар қўшиқ айтиб, Қуддусга киради.
Бошларида абадий шодлик тожи бўлади,
Шод–хуррамлик уларни қамраб олади,
Қайғу, ғамлар йўқ бўлиб кетади.
Оссурия қўшини Қуддусга таҳдид солади
1 Ҳизқиё ҳукмронлигининг ўн тўртинчи йилида Оссурия шоҳи Санхарив Яҳудо юртига ҳужум қилди. Унинг ҳамма мустаҳкам шаҳарларини босиб олди.
2 Лахиш шаҳридан Оссурия шоҳи ўз мулозимини катта лашкар билан Қуддусга, шоҳ Ҳизқиё ҳузурига юборди. У Юқори ҳовуз ариғи ёнида тўхтади. Бу ариқ кир ювувчининг даласига борадиган йўлда эди.
3 Шунда Хилқиё ўғли Элияқим, Шавна ва Осиф ўғли Йўх Қуддусдан чиқиб, мулозимнинг ёнига бордилар. Шоҳ Ҳизқиёнинг саройида Элияқим бош вазир бўлиб, Шавна котиб, Йўх эса мушовир бўлиб хизмат қилар эдилар.
4 Мулозим уларга шундай деди:
“Улуғ Оссурия шоҳининг шу гапларини Ҳизқиёга етказинг: «Нимангга ишоняпсан ўзи?
5 Ҳарбий маҳоратингдан ва куч–қудратингдан гапиряпсан, лекин булар қуруқ гаплар–ку! Кимингга ишониб менга итоат этмаяпсан?
6 Ҳа, сен Мисрга ишоняпсан. Лекин Миср ёриқ қамишдан қилинган ҳассага ўхшайди–ку! Унга суянсанг, қўлингга санчилади. Миср фиръавнига ишонганларнинг ҳаммаси шу аҳволга тушади.
7 Балки сизлар: ‘Биз Эгамиз Худога ишонамиз’, деб айтарсизлар менга. Ахир, Ҳизқиё ўша Эгангизнинг саждагоҳу қурбонгоҳларини бузиб ташлаб, Яҳудо халқига ва Қуддусликларга: ‘Фақатгина Қуддусдаги қурбонгоҳнинг олдида сажда қилинглар’, деб айтган экан–ку!»
8 Келинглар, энди Оссурия шоҳи жаноби олийлари номидан сизлар билан бир гаров ўйнайлик. Биз сизларга икки мингта от берамиз, қани, уларни минишга одам топинглар–чи!
9 Қани, кўрайлик–чи, шоҳимнинг қуллари орасидаги энг кичик бир лашкарбошисини мағлуб қила оласизми?! Ахир, ўзингиз Мисрнинг жанг араваларию отлиқларига умид боғлаб ўтирибсиз.
10 Қолаверса, бизни Эгангизнинг хоҳишисиз бу юртни вайрон қилишга келган, деб ўйлайсизларми? Эгангизнинг Ўзи бизга: «Ўша юртга бориб, у ерни вайрон қилинглар», деб амр берган–ку!”
11 Элияқим, Шавна ва Йўх Оссуриялик мулозимга:
— Бу қулларингга орамийча гапиравер, орамийчани тушунамиз. Ибронийча гапирма. Тағин девор устидагилар бизнинг гапимизни эшитиб қолмасин, — дедилар.
12 Мулозим эса шундай жавоб берди:
— Шоҳим бу сўзларни фақат ҳукмдорингизга ва сизларга гапирсин, деб мени юборибдими?! Девор устида тўпланган одамларга ҳам гапиряпман–да. Улар ҳам, сизлар каби тезакларини еб, сийдикларини ичишга гирифтор қилинган.
13 Сўнгра у тик туриб, баланд овоз билан ибронийча гапирди: “Улуғ Оссурия шоҳининг гапларини эшитинг!
14 Шоҳ ҳазратлари шундай айтмоқда: Ҳизқиё сизларни йўлдан урмасин. У барибир сизларни қутқара олмайди.
15 «Эгамиз бизни албатта қутқаради, бу шаҳар Оссурия шоҳи қўлига таслим бўлмайди», деб Ҳизқиё сизларни Эгангиздан умидвор қилмасин.
16 Шоҳингиз Ҳизқиёга қулоқ солманглар. Мана, Оссурия шоҳи айтмоқда: мен билан сулҳ тузиб, менинг олдимга чиқинглар. Шунда ҳар кимга ўз узумзорию анжир дарахти ҳосилидан ейишга, ўз сардобасидан сув ичишга ижозат берилади.
17 Сўнгра мен сизларни ўз ўлкангизга ўхшаган бир юртга олиб бораман. У жой буғдой, шароб, нон, узумзорларга бой юртдир.
18 Яна Ҳизқиё: «Эгамиз бизни қутқаради», деб сизларни алдамасин. Қани, қайси халқнинг худоси ўз юртини мен, Оссурия шоҳининг қўлидан қутқарибди?!
19 Хомат билан Арпад шаҳарларининг худолари қани?! Сефарвайимнинг худолари–чи?! Бирорта худо Самарияни менинг қўлимдан қутқара олмади–ку!
20 Жамики халқларнинг худоларидан қайси бири ўз юртини менинг қўлимдан қутқарибдики, Эгангиз Қуддусни қутқара олса?!”
21 Аммо халқ жим тураверди. Биронтаси ҳам жавоб бермади. Чунки шоҳ Ҳизқиё: “Унинг гапига жавоб қайтарманглар”, деб фармон берган эди.
22 Шундан кейин бош вазир Элияқим, котиб Шавна ва мушовир Йўх қайғудан либосларини йиртиб, Ҳизқиёнинг олдига келдилар–да, Оссурия мулозимининг гапларини Ҳизқиёга айтиб бердилар.
Шоҳ Ҳизқиё Ишаёдан маслаҳат сўрайди
1 Шоҳ Ҳизқиё буларни эшитгач, қайғудан либосларини йиртди. Қанорга ўраниб, Эгамизнинг уйига борди.
2 У бош вазир Элияқимни, котиб Шавнани ва оқсоқол руҳонийларни Омиз ўғли Ишаё пайғамбарнинг ҳузурига юборди. Ҳаммалари қанорга ўраниб олган эдилар.
3 Улар Ишаёнинг ҳузурига бориб, шундай дедилар:
— Ҳизқиё айтяптики: “Бугун жафо чекяпмиз, жазо оляпмиз, шарманда бўляпмиз. Биз туғаётган, лекин туғиш учун мадори қолмаган аёлга ўхшаймиз.
4 Барҳаёт Худони таҳқирлаш учун Оссурия шоҳи ўзининг мулозимини юборибди. Мулозимнинг сўзларини кошкийди Эгангиз Худо эшитса–ю, ўша сўзлари учун уларни жазоласа. Энди шаҳардаги тирик қолганлар учун илтижо қилинг.”
5 Шоҳнинг айтиб юборган бу хабарини Ишаё эшитгач,
6 Ҳизқиёнинг аъёнларига шундай деди:
— Шоҳингизга шу гапларни етказинглар: “Эгамиз шундай айтмоқда: Оссурия шоҳининг қуллари Мени ҳақоратлаб айтган сўзларидан қўрқма.
7 Мен Оссурия шоҳининг юрагига ғулғула соламан, у бир миш–мишни эшитиб, ўз юртига қайтиб кетади. Унга ўз юртида ажал келтираман.”
Оссурия шоҳининг Ҳизқиёга мактуби
8 Оссурия шоҳи Санхаривнинг Лахиш шаҳридан қайтиб кетганини эшитиб, шоҳнинг мулозими ҳам орқасига қайтди. Шоҳни Либна шаҳрига қарши уришаётган ерида топди.
9-10 Санхарив: “Ҳабашистон шоҳи Тирхоқо сен билан уруш қилгани отланди” деган хабарни эшитди. У Ҳабашистонга қарши жанг бошлашдан олдин Яҳудо шоҳи Ҳизқиёга яна одамлари орқали шу гапни етказди:
“Умид қилган худойинг сени алдамасин: «Қуддус Оссурия шоҳига таслим бўлмайди», деб сени лақиллатмасин.
11 Ахир, ўзинг эшитгансан–ку! Оссурия шоҳлари ҳамма юртларни ер билан яксон қилган. Энди сен қутуламан, деб ўйлаяпсанми?!
12 Оталарим қанча халқларни хонавайрон қилди. Уларни худолари қутқармади–ку! Гозан, Хорон, Разаф аҳолиси, Талассарда яшаган Эден халқлари қутула олдими?!
13 Қани, айт–чи, Хомат шаҳрининг шоҳи қани энди?! Арпад, Сефарвайим, Хана, Иввах шаҳарларининг шоҳлари қаерда?!”
14 Ҳизқиё хабарчиларнинг қўлидан мактубни олиб ўқигач, Эгамизнинг уйига кирди. Мактубни Эгамизнинг олдида очиб, ерга ёйди ва
15 ёлвориб ибодат қилди:
16 “Эй икки каруб орасида тахт қурган Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам! Бутун ер юзидаги шоҳликларнинг танҳо Худоси Сенсан. Осмонни ва ерни Сен яратгансан.
17 Эй Эгамиз! Қулоқ солиб, эшит. Эй Эгамиз, кўзларингни очиб, қара. Санхаривнинг ҳамма айтганларини, у барҳаёт Худони қандай ҳақоратлаганини билиб қўй.
18 Эй Эгамиз! Биз биламизки, Оссурия шоҳлари ҳамма халқларни ва уларнинг юртларини вайрон қилганлар.
19 Ўша халқларнинг худоларини оловда ёқиб, йўқ қилганлар. Чунки ўша нарсалар худолар эмас, балки инсон қўли билан ёғочдан, тошдан ясалган нарсалар эди.
20 Эй Эгамиз Худо! Энди Сен бизни Санхаривнинг қўлидан қутқаргин, токи бутун ер юзидаги шоҳликлар Сенинг танҳо Эгамиз эканингни билишсин!”
Ишаё шоҳ Ҳизқиёга Худонинг сўзини етказади
21 Омиз ўғли Ишаё Ҳизқиёга шундай хабар юборди:
“Исроил халқининг Худоси — Эгамиз айтмоқда: «Оссурия шоҳи Санхарив ҳақида қилган илтижоларингни эшитдим.»
22 Эгамиз унга қарши шу сўзларни менга аён қилди:
«Бокира қиз Қуддус сендан нафратланади,
Устингдан кулади.
Гўзал Сион орқангдан масхара қилади,
Бошини чайқайди.
23 Кимни ҳақорат қилдинг ўзи?
Кимни таҳқирладинг?
Кимга қўрс гапирдинг?
Киборларча боқдинг, ҳей?
Исроил халқининг Муқаддас Худосига!
24 Хабарчиларинг орқали Мен, Раббийни ҳақорат қилдинг.
Ўзинг ҳақингда айтдингки:
‘Кўплаб жанг араваларим билан тоғ чўққиларини забт этдим.
Лубнондаги инсон қадами етмаган жойларга етиб бордим.
Энг баланд садр дарахтларини,
Энг аъло сарв дарахтларини қўпордим.
Лубноннинг энг узоқ тепаликларига,
Ҳатто энг қалин ўрмонларига етиб бордим.
25 Мен қудуқлар қазиб,
Сувларидан ичдим.
Мисрнинг ҳамма дарёларини
Оёғим кафти билан қуритдим.’
26 Эшитмаганмисан, эй Санхарив,
Анча олдин мўлжаллаб қўйган эдим,
Буни азалдан режа қилган эдим.
Энди амалга оширдим.
Қалъаларни вайронага айлантирсин деб,
Мен сенга куч бердим.
27 Қўлу қаноти қирқилди шаҳар аҳлининг,
Ваҳимага тушиб, уятга қолдилар.
Улар далада ўсган ўт, янги майсалар кабидир.
Томларда ўсган майсаларга ўхшаб,
Етилмасдан олдин қуриб қолдилар.
28 Сени ҳар томондан биламан, эй Санхарив!
Қачон урушга чиқиб,
Уйингга қачон қайтишингни ҳам биламан.
Биламан: Мендан ғазабдасан.
29 Мендан қаттиқ ғазабдасан.
Манманлигинг қулоғимга етиб келди.
Энди Мен бурнингдан ҳалқамни,
Оғзингдан сувлиғимни ўтказаман.
Келган йўлингдан сени қайтариб олиб кетаман.»
30 Эй Ҳизқиё, мана булар сен учун нишона бўлади: бу йил ўз–ўзидан ердан ўсиб чиққанларни тановул қиласиз. Иккинчи йили ҳам ўрнидан ўсиб чиққанини ейсиз. Учинчи йил эса уруғ экиб, ҳосил ўрасиз. Узумзорлар барпо қилиб, мевасин тановул қиласиз.
31 Яҳудо халқининг қутулиб қолганлари яна илдиз отиб, мева беради.
32 Халқнинг қолгани Қуддусдан, қутулганлари Сион тоғидан келади. Сарвари Олам Ўз ғайрати билан буни амалга оширади.
33 Оссурия шоҳи тўғрисида Эгамиз шундай айтмоқда: Санхарив бу шаҳарга киролмайди, ўқлар отолмайди. Қалқони билан шаҳарга яқинлашмайди, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдирмайди.
34 Келган йўлидан қайтиб кетади, шаҳарга кирмайди, — деб айтмоқда Эгамиз.
35 — Ўзимнинг ҳақи–ҳурматим, қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати бу шаҳарни ҳимоя қилиб, сақлайман.”
36 Эгамизнинг фариштаси Оссурияликларнинг қароргоҳига бориб, 185.000 кишини ўлдирди. Эртасига уйғониб қарасалар, қароргоҳ жасадга тўлиб кетибди!
37 Оссурия шоҳи Санхарив қароргоҳни ташлаб, орқага қайтди. Ўз уйи Найнавога қайтиб, ўша ерда яшади.
38 Санхарив ўз худоси Нисрохнинг уйида сажда қилаётган эди, ўғиллари Одраммалек билан Саризар унга қилич уриб ўлдирди. Иккови ҳам Арарат юртига қочиб кетди. Санхаривнинг ўрнига ўғли Исархаддўн шоҳ бўлди.
Ҳизқиё касал бўлиб қолади
1 Ўша кунлари Ҳизқиё тузалмас хасталикка йўлиқиб, ўлим тўшагига ётиб қолди. Омиз ўғли Ишаё пайғамбар унинг ҳузурига келиб, шундай деди: “Эгамиз шундай айтмоқда: тайёргарлигингни кўриб қўявер, энди тузалмайсан, ўласан.”
2 Ҳизқиё юзини деворга буриб, Эгамизга ёлворди:
3 “Эй Эгам! Чин қалбимдан Сенга содиқ бўлиб, йўлларингдан юрганимни ва олдингда тўғри ишлар қилганимни эсла.” Шундай деб аччиқ–аччиқ йиғлади.
4 Шундан кейин Ишаёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:
5 “Бориб, Ҳизқиёга шундай деб айт: «Бобонг Довуднинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: илтижоларингни эшитдим, кўз ёшларингни кўрдим. Умрингни яна ўн беш йилга узайтираман.
6 Сени ва бу шаҳарни Оссурия шоҳининг қўлидан халос қиламан. Ҳа, бу шаҳарни ҳимоя қиламан.
7 Эй Ҳизқиё! Мен, Эганг, берган ваъдамни бажараман. Мана сенга Мендан аломат:
8 ана қара! Ботаётган қуёш Охознинг зинапоясига соя тушириб турибди. Ўша сояни ўн қадам орқага сурдираман.»”
Шундай қилиб, соя ўн қадам орқага кетди.
9 Шоҳ Ҳизқиё соғайгандан кейин қуйидаги шеърни ёзди:
10 “Мен айтдим:
Наҳотки ҳаётим чўққисида
Ўликлар диёрига борсам?!
Умримнинг қолгани хазон бўлса?!
11 Наҳот, Эгамни энди кўрмасам?!
Ҳа, Уни кўрмасман бу ёруғ дунёда.
Тирик зотларни энди кўрмайман.
Бу дунёдагилар билан бўлмайман.
12 Чўпоннинг чодири йиғилганидай
Менинг умрим узилди,
Мендан тортиб олинди.
Умрим тўқувчининг матоси каби битди.
Унинг дастгоҳидаги ипдай
Менинг умрим ҳам қирқилди.
Эй Раббий, туну кун мени қийнайсан.
13 Тонггача фарёд қилдим,
Шердай ҳамма суякларимни синдирасан.
Эй Раббий, туну кун мени қийнайсан.
14 Қалдирғочу турнадай нола чекдим,
Мусичадай оҳ–воҳ қилдим.
Юқорига қарайвериб, кўзларим толди,
Эй Раббий, эзилдим, ёрдам бер менга!
15 Энди мен нима десам экан?!
Эгам менга нима айтган бўлса,
Унинг Ўзи ўшани қилди.
Жоним тортган бу азоблар туфайли
Умрим бўйи итоат этиб юраман.
16 Эй Раббий, Сенинг тарбиянг яхшидир,
Чунки у ҳаёту соғликка етаклайди.
Сен менга соғлигимни қайтардинг,
Менга қайта ҳаёт бахш этдинг.
17 Мана, ҳамма қийинчилигим
Яхшиликка айланди.
Қабрдан мени сақладинг,
Ҳамма гуноҳларимни кечирдинг.
18 Ахир, ўликлар диёри Сенга шукур қилмайди,
Ўлим Сенга ҳамду сано айтмайди.
Қабрга борадиганлар
Сенинг садоқатингдан умид қилмайди.
19 Мана, мен Сенга шукур айтмоқдаман.
Ахир, тириклар, фақатгина тириклар
Сенга шукур айтадилар–ку!
Оталар ўзларининг фарзандларига
Сенинг садоқатингни билдирадилар.
20 Эгам мени қутқаради.
Бутун умримиз бўйи торли асбоблар ила
Эгамнинг уйида куйлаймиз.”
21 Ишаё шундай деган эди: “Анжир ширасини олиб, яранинг устига қўйинглар. Шунда Ҳизқиё соғаяди.”
22 Буни эшитган Ҳизқиё: “Эгамизнинг уйига боришимни қандай биламан? Буни нима исботлайди?” деб сўраганди.
Бобилдан келган элчилар
1 Ўша пайтларда Бобил шоҳи Баладон ўғли Мардухбаладон шоҳ Ҳизқиёга мактублару ҳадялар жўнатди. У Ҳизқиёнинг хасталаниб, кейин соғайганини эшитганди.
2 Ҳизқиё элчиларни кўриб хурсанд бўлди. Хазинасидаги бор нарса — омборлардаги ҳамма қимматбаҳо ашёларини, олтинни, кумушни, хушбўй зираворларни ва мойларни, бутун қурол–яроғ омборини уларга кўрсатди. Ҳизқиёнинг саройидаю ўз шоҳлигида уларга кўрсатмаган ҳеч нарсаси қолмади.
3 Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёнинг ҳузурига келиб:
— Бу одамлар қаердан келибди? Сенга нималар деди? — деб сўради.
— Узоқ бир юртдан, Бобилдан келибдилар, — деб жавоб берди Ҳизқиё.
4 — Улар саройингда нималарни кўрди? — деб сўради Ишаё.
— Саройимдаги ҳамма нарсани кўрдилар, — дея жавоб берди Ҳизқиё. — Хазиналаримда мен уларга кўрсатмаган ҳеч нарса қолмади.
5 Шунда Ишаё айтди:
— Энди Сарвари Оламнинг сўзига қулоқ сол.
6 Эгамиз айтмоқдаки: “Бир кун келиб, саройингдаги ҳамма нарса, ота–боболарингнинг бугунгача тўплаб қолдирганлари Бобилга ташиб кетилади. Ҳеч нарса қолмайди.
7 Сенинг пушти камарингдан бино бўлган ўғилларингдан баъзилари ҳам олиб кетилади. Улар Бобил шоҳининг саройида бичилган қуллар бўлиб хизмат қилади.”
8 Ҳизқиё Ишаёга:
— Эгамиз сен орқали айтган сўзлар хосиятлидир, — деди–да, ичида: “Умрим охиригача тинч, хотиржам яшар эканман–ку”, деб ўйлади.
Худонинг халқига тасалли сўзлари
1 “Юпатинг, халқимни юпатинг,
— демоқда Худойингиз. —
2 Қуддуснинг руҳини кўтариб,
Унга шундай деб айтинг:
«Азоб косанг тўлиб бўлди,
Айбларинг учун жазо олиб бўлдинг.
Ҳамма гуноҳларинг эвазига
Мен, Эгангдан икки карра жазо олдинг.»”
3 Бир овоз янграмоқда:
“Чўлда Эгамизга йўл ҳозирланг,
Саҳрода Худойимизга тўғри йўл очинг.
4 Ҳар бир жарлик юксалади,
Ҳар бир тоғу тепалик пасаяди.
Ўнқир–чўнқир жойлар текис бўлади,
Ўйдим–чуқур ер текислик бўлади.
5 Ўшанда Эгамизнинг улуғворлиги зоҳир бўлади,
Бутун жонзот биргаликда буни кўради.
Ҳа, Эгамиз Ўз оғзи билан шуни айтди.”
6 Бир овоз: “Эълон қил!” деб айтди,
Иккинчиси: “Нимани эълон қиламан?” деб сўради.
Биринчи овоз шундай деди:
“Инсон зотининг ҳаммаси майсадай,
Уларнинг барча содиқлиги дала гули кабидир.
7 Уларнинг устидан Эгамизнинг нафаси эсганда
Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади.
Мана, бу халқ майсанинг ўзи.
8 Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади,
Худойимизнинг каломи эса абадий туради.”
9 Эй хушхабар келтирган Қуддус,
Баланд тоққа чиқ!
Эй хушхабар келтирган Сион,
Баланд овозда эълон қил!
Қўрқмагин, жар солгин!
Яҳудо шаҳарларига:
“Мана сизнинг Худойингиз”, деб айтгин.
10 Мана, Эгамиз Раббий қудрат ила келади,
Қудрати ила ҳукмронлик қилади.
Унинг Ўзи тақдирлайди,
Мукофотини Ўзи билан олиб келмоқда.
11 Чўпон каби, У Ўз сурувини боқади,
Қўзиларни қўлларида кўтаради.
Уларни кўтариб, бағрига босади,
Қўзилари билан бирга она қўйни
Эҳтиётлаб ҳайдаб боради.
Исроилнинг тенги йўқ Худоси
12 Ким ҳовучи ила сувларни ўлчаган?!
Ким қаричлаб осмонни ўлчаган?!
Замин тупроғини ўлчаган борми?!
Ким тоғларни тарозида тортиб кўрган?!
Тепаликларни тарози палласида тортган?!
13 Ким Эгамизнинг Руҳига йўл кўрсата олади?!
Ким Унга маслаҳат бера олади?!
14 У кимга маслаҳат солган?!
Ким Унга насиҳат берган?!
Ким Унга адолат йўлини ўргатган?!
Унга билим берган борми?!
Идрок йўлларини Унга кўрсатган борми?!
15 Ахир, элатлар челакдаги бир томчи сувдайдир,
Улар тарози палласидаги чанг кабидир.
Мана, оролларни ҳам Эгамиз чангдай кўтаради.
16 Лубнон юртидаги ҳайвонлар қурбонликка озлик қилади,
Ўрмонларининг дарахтлари эса етарли ўтин бўлмайди.
17 Жамики элатлар Эгамиз олдида ҳеч нима эмас,
Эгамиз назарида улар арзимас, бўшлиқдир.
18 Хўш, Худони кимга ўхшатасиз?!
Унга қандай қиёфани бераркансиз?!
19 Ҳунарманд ясаган бутнинг қиёфасиними?!
Ахир, уста бутни олтин билан қоплаган.
Унга кумуш занжирлар ясаб берган.
20 Ундай қилишга қурби етмаган эса
Чиримайдиган ёғоч топади.
Моҳир устани ёллаб,
Йиқилиб тушмайдиган бут ясаттиради.
21 Билмайсизми?! Эшитмаганмисиз?!
Бошидан сизга айтилмаганми?!
Дунё пойдеворига қараб ҳам тушуниб етмайсизми?!
22 Худо осмон гумбази узра ўтиради,
Замин аҳли чигиртка кабидир.
Худо осмонни парда каби ёйган,
Одамзод макон қилсин дея, чодир каби қурган.
23 Шаҳзодаларни У пастга уради,
Замин ҳукмдорларини йўққа чиқаради.
24 Эвоҳ, улар экилиши биланоқ қуриб қолади.
Ерга ўтқазилиши биланоқ сўлиб қолади.
Илдиз отиши биланоқ қуриб қолади.
Ҳа, Эгамизнинг нафаси уларни қуритади.
Бўрон уларни сомондай учириб кетади.
25 “Мени кимга қиёслайсиз?
Ким Менга тенг кела олар?”
— деб айтади Муқаддас Худо.
26 Кўзларингизни осмонга тикинг, қаранг:
Ахир, буларни ким яратган?
Худо осмонга юлдузларни териб қўйган–ку!
Унинг Ўзи ҳар бирига ном берган–ку!
Ўзининг буюк кучи, улуғ қудрати билан
Ҳар бирини ўз жойига чиқармай қўймайди.
27 Эй Ёқуб насли, нима учун сен:
“Бошимга тушганни Эгамиз кўрмайди”, дейсан?
Эй Исроил халқи, нима учун сен:
“Машаққатларимни Худойим унутган”, деб айтасан?
28 Наҳотки билмайсан? Наҳотки эшитмагансан?
Эгамизнинг Ўзи абадий Худо–ку!
Бутун оламни У яратган–ку!
У чарчамайди, ҳолдан тоймайди,
Унинг донолигини билиб бўлмайди.
29 У толиққанга куч беради,
Заифнинг кучига куч қўшади.
30 Ҳатто ёшлар чарчайди, ҳолдан тояди,
Йигитлар қоқилиб, йиқилади.
31 Эгамиздан умид қилганлар эса
Янгидан куч олади,
Бургут сингари парвоз қилади.
Улар югуриб, чарчамайди,
Юриб ҳам ҳеч толиқмайди.
Худонинг Исроил халқига берган ваъдаси
1 Эгам айтар: “Менинг олдимда сукут сақланг,
Эй денгиз ортидаги юртлар!
Халқларнинг кучи қайта тиклансин.
Улар яқинроқ келиб, гапирсинлар.
Ҳукм қилишга бирга йиғилайлик.
2 Ким шарқдан ғолиб шоҳни чақирди?!
Ким уни Ўз хизматига чақирди?!
Ким унга элатларни бўйсундиради?!
Ким шоҳларни оёғи остида эзади?!
Ғолиб шоҳ ўз қиличи билан
Уларни чопиб ташлайди,
Ёйи билан уларни сомондай учиради.
3 Уларни таъқиб қилади,
Оёқ босмаган йўлдан юради,
Ўша жойлардан эсон–омон ўтади.
4 Бу воқеалар ортида турган ким?!
Бошидан авлодларни дунёга келтирган ким?!
Мен эмасми?!
Азалдан Мен сизнинг Эгангизман,
Охиргача ҳам Эгангиз бўламан.
5 Денгиз ортидаги юртлар
Буни кўриб, қўрқади.
Ер юзининг тўрт бурчидан титраб,
Улар яқинлашиб келади.
6 «Қўрқмагин», дея ҳамма
Бир–бирига далда беради.
7 Мана, ҳунарманд одам
Тилла устасига далда беради.
Мисгар: «Ҳа, яхши чиқди», деб
Темирчига далда беради.
Йиқилиб тушмасин деб, бутни михлаб қўяди.
8 Аммо сен–чи, эй қулим Исроил,
Эй Ўзим танлаган Ёқуб насли,
Дўстим Иброҳимнинг авлоди!
9 Сени ернинг тўрт бурчидан олиб келдим,
Ернинг олис бурчакларидан чақирдим.
Айтдимки: «Сен Менинг қулимсан,
Сени танладим, рад этмадим.»
10 Қўрқма, Мен сен билан биргаман,
Ваҳимага тушма, Мен сенинг Худойингман.
Сенга куч бераман, Ўзим ёрдамга келаман,
Ғолиб ўнг қўлим билан сени қўллайман.
11 Ҳа, сенга қарши бўлганларнинг ҳаммаси
Шармандаю шармисор бўлиб қолади,
Душманларинг йўқ бўлади, нобуд бўлади.
12 Уруш қиладиганларни излаб ҳам топа олмайсан,
Сен билан жанг қилганлар тамомила тугаб битади.
13 Мен Ўзим, Эганг Худо, ўнг қўлингни кучайтираман,
Сенга: «Қўрқма, Ўзим ёрдамга келаман» деган Менман.”
14 Эгамиз шундай айтмоқда:
“Қўрқма, эй Исроил халқи, Ёқуб насли!
Сен кичкина бир чувалчангдайсан.
Аммо Ўзим сенга ёрдам бераман.
Мен, Исроил халқининг Муқаддас Худоси,
Сенинг қутқарувчингман.
15 Сендан буғдой янчадиган хўптир ясайман,
Янги, ўткир, тишли хўптир қиламан,
Сен тоғларни янчасан, эзасан,
Тепаликларни сомон қиласан.
16 Сен уларни совуриб ташлайсан,
Уларни шамол учириб кетади.
Бўрон уларни тўзғитади,
Сен эса Мен — Эганг туфайли севинч топасан,
Исроил халқининг Муқаддас Худоси ила мақтанасан.
17 Қашшоқлару муҳтожлар сув излар,
Аммо сув йўқ.
Оғизлари чанқоқдан қуриб кетган.
Мен, Эгангиз, уларга жавоб бераман,
Мен, Исроил халқининг Худоси, уларни тарк этмайман.
18 Яланғоч тепаликлардан дарёлар ўтказаман,
Водийлар ўртасида булоқлар очаман.
Саҳроларни сув тўла ҳовузларга айлантираман,
Қақраган ерда булоқлар очаман.
19 Чўлда садр, акас, зайтун дарахтларини,
Ҳамда мирта буталарини ўстираман,
Саҳрода сарв, арча, қарағай дарахтларини ўстираман.
20 Мана, ҳамма кўриб билсин,
Буларни Мен, Эгангиз,
Ўз қўлим билан қилганимни улар тушунсин.
Мен, Исроил халқининг Муқаддас Худоси,
Буларни яратганимни улар англаб етсин.”
Бутлар фойдасиздир
21 Ёқуб наслининг Шоҳи — Эгамиз, шундай дейди:
“Даъволарингизни айтинг,
Исботингизни келтиринг.
22 Қани, бутларингизни олиб келинг,
Келажакда нима бўлишини
Бутларингиз айтиб берсин.
Ўтмишда бўлганларни тушунтирсин–чи!
Ўшалар ҳақида ўйлаб кўрайлик.
Охири нима бўлишини билайлик.
Ҳа, бўладиганларни бизга айтсин.
23 Эй бутлар! Келажакни бизга билдиринг,
Шунда худо эканлигингизни биламиз.
Бирон яхшилик ёки ёмонлик қилиб кўринг–чи,
Кўриб, биргаликда ваҳимага тушайлик.
24 Ахир, сизлар ҳеч нима эмассиз,
Ишларингиз эса ундан ҳам баттар.
Сизни танлаганнинг ўзи жирканчдир.
25 Мен шимолдан бир етакчи чақирдим.
Ана, у келади.
Шарқдан келиб, Менинг номимга шуҳрат келтиради.
Ҳукмдорларни у тупроқдай оёқ ости қилади,
Кулолнинг лойидай қилиб тепкилайди.
26 Ким буни олдиндан айтибдики, биз билибмиз?!
Ким буни илгари билдирибдики, «У ҳақ эди», деб айтсак?!
Бутлар бу ҳақда гапирмади, хабар бермади,
Ҳеч ким уларнинг овозини эшитмади.
27 Мен, Эгангиз, биринчи бўлиб бу хушхабарни Қуддусга етказдим,
Сионга элчи жўнатиб, шундай деб айтишни буюрдим:
Халқинг келяпти! Улар уйларига қайтиб келишяпти!
28 Мен бутларга қарадим,
Лекин улар Менга ҳеч нарса айтмади.
Саволимга улар жавоб бермади.
29 Қаранг, бутларнинг ҳаммаси сохта,
Қилган ишлари ҳеч нима эмас,
Ҳамма бутлар шамолдай беҳуда.”
Эгамиз танлаган қул
1 Эгам айтар: “Мана Менинг қулим,
Ўзим уни қўллаб–қувватлайман.
Мен Ўзим уни танлаганман.
Ундан жуда мамнунман.
Мен унга Ўз Руҳимни бердим,
У элатларга адолат келтиради.
2 У бақирмайди, қаттиқ гапирмайди,
Кўчаларда овозини баланд кўтармайди.
3 Эзилган қамишни синдирмайди,
Тутаётган пиликни ўчирмайди,
Содиқ бўлиб, адолат келтиради.
4 Ер юзида адолат ўрнатмагунча
У ҳолдан тоймайди,
Унинг жасорати сўнмайди.
Денгиз ортидаги юртлар
Унинг йўл–йўриқларини кутади.”
5 Худо, бизнинг Эгамиз шундай айтмоқда:
“Мен осмонни яратиб, уни ёйганман,
Ерни яратиб, уни тўлдирганман,
Ер юзидаги инсонларга жон ато қилганман,
Жамики одамзодга ҳаёт берганман.
6 Мен, Эганг, нажот олиб келиш учун сени чақирдим.
Мен сенинг қўлингни кучайтираман,
Ўзим сени ҳимоя қиламан.
Халқим билан тузган аҳдимни
Сен орқали амалга ошираман,
Жамики элатларга сен орқали нур сочаман.
7 Сен кўрларнинг кўзларини очасан,
Маҳбусларни зиндондан озод қиласан,
Зулматда ўтирганларни қутқарасан.
8 Мен Эгангизман!
Менинг номим шудир!
Мен шуҳратимни бировга бермайман,
Ўзимга муносиб бўлган ҳамду санони
Бутлар билан баҳам кўрмайман.
9 Мен сизларга келажакдаги воқеаларни
Юз бермасдан олдин айтяпман.
Олдин аён қилганларимга қаранг,
Ана, ўшалар бажо бўлди–ку!”
Ҳамду сано мадҳияси
10 Эгамизга янги бир қўшиқ айтинг!
Ер юзининг ҳар бир четидан
Эгамизни тараннум этинг!
Эй кемаларда сузиб келадиганлар,
Денгиздаги барча жонзотлар,
Эгамизга қўшиқ айтинг!
Эй денгиз ортидаги юртлару
Бу юртларни тўлдирганлар,
Эгамизга қўшиқ айтинг!
11 Саҳролар, у ердаги шаҳарлар хитоб қилсин,
Кедар қишлоқларининг аҳли шод бўлсин!
Села аҳли шодликдан куйласин,
Тоғ чўққиларидан ҳайқирсин!
12 Улар Эгамизни улуғласин,
Денгиз ортидаги юртларда ҳам
Унга ҳамду санолар айтсин!
13 Эгамиз баҳодир йигитдай олға босади,
У ғайратли жангчидай келади, хитоб қилади.
Ҳайқириб, душманларидан устунлигини кўрсатади.
Худонинг мададкор сўзи
14 Эгам айтар: “Узоқ вақт сукут сақладим,
Жим турдим, Ўзимни тутдим.
Энди эса туғаётган аёлдай
Оғир нафас оламан, фарёд қиламан.
15 Тоғу тепаликларни вайрон қиламан,
Жамики ўт–ўланни қуритаман,
Ирмоқларни қуруқ ерга айлантираман,
Ҳатто ботқоқликларни қуритаман.
16 Кўзи ожизларни билмаган йўлларидан бошлаб бораман,
Уларни нотаниш сўқмоқлардан олиб бораман.
Кўзларидаги зулматни нурга айлантираман,
Ўнқир–чўнқир йўлларни текислайман.
Мана шу айтганларимни қиламан,
Уларни тарк этмайман.
17 Бутларга ишонганлар уятга қолади.
Ҳа, бутларни «худоларимиз» дейдиганлар
Шармандаю шармисор бўлади.
Ношуд Исроил халқи
18 Эшитинг, эй карлар,
Қаранг, кўриб қўйинг, эй кўрлар!
19 Менинг қулимдай кўр бўлган борми?!
Мен юборган хабарчидай кар бўлган борми?!
Мен танлаганларимдай кўр бўлган борми?!
Мен, Эгангизнинг қулидай кўр бўлган борми?!
20 Эй халқим! Кўп нарсаларни кўрасиз–у, эътибор бермайсиз,
Қулоқларингиз очиғу эшитмайсиз.”
21 Ўз адолати ҳақи,
Эгамиз Ўз қонунларини
Улуғ ва шарафли қилмоқни истади.
22 Аммо бу халқ талон–тарож қилинган,
Ҳаммаси зиндонда тутқун, қамоққа ташланган.
Улар қўлга тушди, қутқарадигани йўқ.
Улар ўлжа бўлди, “Қайтариб бер” дейдигани йўқ.
23 Қайси бирингиз буларни эшитасиз,
Эътибор бериб, ўтмишга қулоқ соласиз?!
24 Ёқуб наслини ўлжа қилиб қўйган ким?
Исроил халқини талончиларга берган–чи?
Эгамиз эмасми?!
Ахир, биз Унга қарши гуноҳ қилдик–ку!
Унинг йўлидан юришни истамадик,
Унинг йўл–йўриқларига қулоқ солмадик.
25 Шу боис Эгамиз қақшатқич ғазабини,
Шафқатсиз урушни бошингизга келтирди.
Аланга сизни ўраб олса ҳам тушунмадингиз,
Сизларни куйдирса ҳам, англаб етмадингиз.
Исроил халқининг қутқарувчиси Эгамиздир
1 Энди, эй Ёқуб насли, сени яратган Эгамиз гапирмоқда!
Эй Исроил халқи, сени барпо қилган
Эгамиз шундай айтмоқда:
“Мен сени қутқардим,
Сенинг исмингни айтиб чақирдим,
Сен Меникисан, қўрқма!
2 Сувлардан ўтганингда
Мен сен билан бирга бўламан.
Дарёлардан ўтганингда
Сувлар сени кўммайди.
Оловдан ўтганингда
Аланга сени ёндирмайди,
Олов тафти сени куйдирмайди.
3 Ҳа, Мен Эганг Худодирман,
Исроил халқининг Муқаддас Худоси — қутқарувчингман.
Сен учун тўлов қилиб Мисрни бердим,
Ҳабашистон, Саво юртларини сенинг ўрнингга бердим.
4 Кўз олдимда азизсан, қадрлисан,
Мен сени севаман.
Шу боис сенинг эвазингга одамни,
Жонинг эвазига халқларни бераман.
5 Қўрқма, Мен сен билан биргаман,
Наслингни шарқдан олиб келаман,
Сизларни ғарбдан йиғиб келаман.
6 Шимолга: «Уларни бер», дейман.
Жанубга: «Уларни ушлаб қолма», деб айтаман.
Ўғилларим узоқлардан,
Қизларим ернинг четларидан келсин.
7 Менга тегишли бўлганларни
Ўз шуҳратим ҳақи яратдим,
Ўзим ижод қилиб, уларни бино қилдим.”
8 Эгамиз шундай демоқда:
“Халқимни йиғинглар.
Кўзи бор, аммо кўр бўлган,
Қулоғи бор, аммо кар бўлган халқимни тўпланглар.
9 Жамики элатлар бирга йиғилсин.
Қани, халқлар келиб қўшилсин.
Уларнинг орасидан ким буни айтиб беради?!
Ўтиб кетган нарсаларни ким бизга билдиради?!
Гувоҳларини чақириб, ҳақлигини исботласин,
Бошқалар эшитиб: «Бу тўғри», деб айтсин.”
10 Эгамиз шундай айтмоқда:
“Сизлар Менинг шоҳидимсизлар,
Сизлар Менинг қулимсизлар.
Мени билсин, Менга ишонсин, деб
Танҳо Худо Мен эканлигимни билсин, деб
Сизларни танладим.
Мендан олдин бирон худо бўлмаган,
Мендан кейин ҳам бўлмайди.
11 Мен Эгангизман!
Ёлғиз Мен Эгангизман,
Мендан бошқа қутқарувчи йўқ.
12 Мен Ўзим айтдим, қутқардим, билдирдим,
Орангизда бошқа бирон худо йўқ.”
Эгамизнинг каломи шудир:
“Мен Худоман, сизлар Менинг шоҳидларимсиз.
13 Ҳа, азалдан буён Мен Ўшаман,
Ҳеч ким Менинг қўлимдан қутула олмайди.
Мен қилганимни ким бекор қила олади?!”
Эгамиз Исроилни Бобилликлардан қутқаради
14 Исроил халқининг Муқаддас Худоси, қутқарувчингиз —
Эгамиз шундай демоқда:
“Сизларни деб Бобил устига лашкар юбораман,
Ўзлари фахрланган кемаларда
Бобилликлар қочишга мажбур бўладилар.
15 Мен Муқаддас Худойингиз — Эгангизман,
Исроил халқининг Яратувчиси — Шоҳингиз Менман.”
16 Эгамиз шундай демоқда:
“Мен денгизни бўлиб, йўл очдим,
Баҳайбат сувлар ичра сўқмоқ қилдим.
17 Жанг араваларию отларни,
Лашкару жангчиларни олиб чиқдим.
Ана улар ётибдилар, турмайдилар.
Пиликдай милтираб, ўчиб қолганлар.
18 Ўтмишдагиларни ёдга олманг,
Қадимгиларни ўйлайверманг.
19 Мана, Мен янги бир иш қиляпман.
Шу пайтнинг ўзидаёқ содир бўляпти! Кўрмаяпсизми?!
Мен саҳрода йўллар очаман,
Ҳа, чўлда дарёлар яратаман.
20 Ҳатто ёввойи ҳайвонлар Мени улуғлайди,
Чиябўри, туяқушлар ҳам Мени шарафлайди.
Зотан, танлаган халқимга сув берай дея,
Саҳрога сувлар юбордим,
Чўлда дарёлар яратдим.
21 Бу халқни Ўзим учун яратганман.
Улар Менга ҳамду сано айтсинлар.
Исроил халқининг гуноҳлари
22 Сен эса, эй Ёқуб насли, Менга сажда қилмадинг!
Эй Исроил халқи, сен Мендан безор бўлдинг!
23 Сен Менга қўйларингни атамадинг,
Уларни куйдириладиган қурбонлик қилмадинг.
Мени улуғлаш учун қурбонликлар келтирмадинг.
Мен назр–қурбонликларни сендан
Меъёридан кўп талаб қилмадим–ку!
Хушбўй тутатқиларни сендан
Ортиғи билан сўрамадим–ку!
24 Сен Менга хушбўй қамиш сотиб олмадинг.
Қурбонликлар ёғини келтирмадинг,
Мени рози қилмадинг.
Эвоҳ, гуноҳларинг билан Менга юк бўлдинг,
Айбларинг билан Мени чарчатдинг.
25 Ўзимнинг ҳақи–ҳурматим
Айбларингни кечирадиган Менман.
Гуноҳларингни ёдга олмайман.
26 Қани, бирга даъволашайлик.
Гапир! Айбсизлигингни исботла–чи!
Ёдимга сол–чи!
27 Ахир, энг катта бобонг гуноҳ қилганди.
Пайғамбару руҳонийларинг Менга қарши чиққанди.
28 Шу боис муқаддас масканнинг
Бошлиқларини ҳаром қиламан.
Ҳа, Ёқуб наслини ҳалокатга,
Исроил наслини ҳақоратга ҳукм этаман.”
Худо Исроил халқини марҳаматлайди
1 Эгам айтар: “Энди эшит, эй қулим Исроил!
Эй Ёқуб насли! Мен сени танлаганман.
2 Мен, Эганг, сени яратганман, онанг қорнида сенга шакл берганман.
Сенинг мададкоринг, Мен, шундай айтмоқдаман:
«Қўрқма, эй азиз Исроил!
Эй Ёқуб насли, Мен сени танлаганман.
3 Чанқоқ ерга Мен сув бераман,
Қақраган тупроқда ирмоқлар оқизаман.
Наслингга Руҳимни бераман,
Зурриётинг устига Ўз баракамни ёғдираман.
4 Улар оқар сув бўйидаги тол дарахти каби,
Майсалар орасидан ўсиб чиқади.
5 Бири: ‘Мен Эгамникиман’, деб айтади,
Бошқаси Исроил халқига қўшилай деб келади.
Яна бири қўлига ‘Эгамники’ деб ёзади–да,
Исроил халқининг бириман, деб айтади.»”
Бутпарастлар аҳмоқдир
6 Исроил халқининг Шоҳи, уларнинг қутқарувчиси,
Сарвари Олам — Эгамиз шундай айтмоқда:
“Биринчию охирги Мен Ўзимман,
Мендан бошқа Худо йўқ!
7 Ким Менга ўхшайди? Қани, гапирсин–чи!
Қадимий халқни яратганимдан бери
Нима бўлганларини бошдан айтиб берсин!
Келажакда нима бўлишини билдирсин.
8 Ваҳимага тушманг, қўрқманг!
Мен сизларга нима бўлишини
Олдиндан эълон қилдим–ку!
Сизлар Менинг гувоҳларимсиз!
Мендан бошқа Худо борми?!
Йўқ, бошқа Қоя йўқ.
Мен бошқа ҳеч бирини билмайман!
9 Бут ясайдиганларнинг ҳаммаси ҳеч нарсадайдир. Хуш кўрган бутлари ҳеч фойда келтирмайди. Ўша бутларнинг гувоҳлари кўр, жоҳилдир. Шунинг учун улар шарманда бўлиб қолади!
10 Ахир, ким фойдасиз худоларнинг тасвирларини ясайди?!
11 Ҳали ўша бутпараст дўстларнинг ҳаммаси шарманда бўлади. Бут тайёрловчиларга қаранг. Улар ҳам оддий одамлар–ку! Қани, ҳаммаси тўплансин! Улар қўрқувга тушиб, биргаликда шармандаю шармисор бўлади.
12 Бут ясайдиган темирчи асбобини олади. Буюмни кўмир чўғи устида қиздиради. Болғаси билан уни ясайди. Қўлининг кучи билан ишлайди. Қорни очиб, ҳолдан тояди. Ташналикдан силласи қурийди.
13 Дурадгор ип билан ёғочни ўлчайди. Хоҳлаган шаклини чизиб олиб, ранда билан ишлов беради. Уни инсон шаклида ясайди. Унга инсон чиройини беради–да, саждагоҳга ўрнатади.
14 Ўрмонда сарв, эман дарахтларини танлайди. У ўзи учун садр дарахтларидан кесиб олади. Ёки қарағай дарахтини ўтқазади. Ёмғир эса ўша дарахтни ўстиради.
15 Кейин булар одамга ўтин бўлади. Одам ёғочнинг баъзиларини олиб исинади. Баъзиларини эса ёқиб, нон ёпади. Яна ўзига худо ҳам ясаб, унга сажда қилади. Бут ясаб, унга мук тушиб, таъзим қилади!
16 У ўтинларнинг ярмини ёқади. Оловда гўшт пишириб, қорнини тўйдиради. Исиниб бўлгач: «Оҳ, оҳ, исиниб олдим, оловнинг тафтидан жоним ором оляпти», дейди.
17 Ёғочнинг қолганидан эса худосини, ўзининг бутини ясайди. «Мени ўзинг қутқар, ахир, сен менинг худойимсан!» деб бутга ибодат қилади, мук тушиб сажда этади.
18 Улар ҳеч нарсани билмайдилар, тушунмайдилар. Кўзларию юракларида тўсиқ бор, улар кўрмайди, тушунмайди.
19 Бирортаси ҳам ўйлаб кўрмайди. «Ўтиннинг бир қисмини ёқдим. Оловида нон ёпдим, гўшт пишириб едим. Энди қолганидан жирканч нарса ясайманми?! Ёғоч ғўласига таъзим қиламанми?!» деб айтишга ақл–идрок йўқ.
20 Эҳ, кул ейдиганлар! Алданган қалби уни адаштиради. У ўз жонини қутқара олмайди. «Қўлимдаги шу нарса сохта–ку!» деб ўзига айтмайди.
21 Эй Ёқуб насли! Эй Исроил халқи!
Буларни ёдда тут!
Сизлар Менинг қулимсиз.
Мен сизларни яратдим,
Ҳа, сизлар Менинг қулимсиз!
Эй Исроил, Мен сизларни унутмайман!
22 Гуноҳларингизни булутдай ҳайдадим,
Айбларингизни тумандай тарқатдим,
Сизларни қутқарганман,
Менга қайтинг.”
Қуддус қайта тикланади
23 Эй самолар, шодликдан ҳайқиринг!
Мана, Эгамиз ажойиб бир иш қилди!
Ҳайқиринг, эй заминнинг тубсиз жойлари!
Шодликдан ҳайқиринг, эй тоғлар,
Эй ўрмон, ўрмондаги ҳар бир дарахт!
Ҳа, Эгамиз Ёқуб наслини қутқариб, Ўзига олди.
У Исроил халқи орасида улуғланмоқда.
24 Қутқарувчингиз, онангиз қорнида сизга шакл берган
Эгамиз шундай айтмоқда:
“Ҳаммасини яратган Мен Эгангизман,
Ёлғиз Ўзим самоларни ёйганман!
Бир Ўзим заминни яратганман!
25 Фолбинларнинг аломатларини беҳудага чиқараман,
Башоратгўйларни лақиллатаман,
Донишмандларга зарба бериб,
Билган нарсаларини нодонликка чиқараман.
26 Ўз қулимнинг башоратини ижро этаман,
Элчиларимнинг айтганларини қиламан.
Мен Қуддус ҳақида:
«Бу ерда яна инсон яшайди», деб айтмоқдаман.
Яҳудо шаҳарлари ҳақида:
«Улар қайтадан қурилади,
Вайроналарини тиклайман», деб айтмоқдаман.
27 Чуқур сувларга шундай дейман:
«Қуриб бит! Дарёларингни қуритаман.»
28 Шоҳ Куруш ҳақида шундай дейман:
«У Менинг чўпоним.
Менинг барча хоҳишимни у бажаради.»
Куруш шундай дейди:
«Қуддус қайта қурилсин,
Маъбад яна тиклансин.»”
Шоҳ Куруш — Эгамизнинг танлагани
1 Эгам айтар: “Мен шоҳ Курушни ўнг қўлидан тутиб турибман.
Халқларни унга итоат эттирай дея,
Шоҳларни қуролсизлантираман.
Унинг олдида эшиклар очиқ туради,
Дарвозалар ёпилмайди.”
Эгамиз Ўзининг танлагани — Курушга шундай айтмоқда:
2 “Мен Ўзим Сенинг олдингда бораман,
Тоғларни текисликка айлантираман,
Бронза эшикларни парчалайман,
Темир тамбаларни синдираман.
3 Мен Эганг эканлигимни билиб олгин,
Сенинг исмингни айтиб чақираётган Мен
Исроил халқининг Худоси эканлигимни англагин деб,
Яшириб қўйилган бойликларни,
Зулматдаги хазинани сенга бераман.
4 Қулим Ёқуб ҳақи,
Ўзим танлаган Исроил ҳақи,
Сенинг исмингни айтиб чақирдим.
Сенга ном ато қилдим,
Аммо сен Мени билмайсан.
5 Мен Эгангман, бошқаси йўқ,
Мендан ўзга худо йўқ!
Сенга мадад бераман,
Аммо Мени билмайсан.
6 Мендан бошқаси йўқлигини
Шарқу ғарбда ҳамма билсин, дедим.
Мен Эгангман, бошқаси йўқ!
7 Мен ёруғлик яратаман, зулмат бино қиламан,
Фаровонлик юбораман, кулфат ёғдираман.
Мен Эгангман!
Буларнинг ҳаммасини Мен қиламан!
8 Эй самолар, юқоридан солиҳлик ёғдиринг,
Ҳа, солиҳлик булутлардан қуйилсин.
Ердан нажот униб чиқсин,
Солиҳлик билан бирга яшнасин.
Мен Эгангизман! Мен уни яратганман.”
9 Ҳолингизга вой!
Эй Яратувчи билан баҳслашадиганлар!
Тупроқдан ясалган кўзаю хумлар!
Ахир, лой кулолга: “Нима қиляпсан?” дейдими?!
“Қўлингдан иш келмас экан!” деб айтадими?!
10 Туғилмаган ҳомила отасига:
“Нима туғдиряпсиз ўзи?” деб айтадими?!
Онасига: “Нимага мени туғяпсиз ўзи?” дейдими?!
Сизларнинг ҳолингизга вой!
11 Исроил халқининг Муқаддас Худоси,
Унинг Яратувчиси — Эгамиз шундай айтмоқда:
“Хўш, энди Ўз фарзандларимнинг
Тақдири ҳақида Мени сўроққа тутасизми?!
Ўз қўлларим ижоди тўғрисида
Менга кўрсатмалар берасизми?!
12 Заминни барпо қилган,
Ер юзида инсонни яратган Менман.
Мен Ўз қўлим билан осмонни ёйдим,
Барча самовий жисмларга Мен буйруқ бердим.
13 Мен Ўзим Курушни қўзғатиб,
Унга ғалаба бераман.
Унинг барча йўлларини текислайман.
У Менинг шаҳримни қуради.
Пораю мукофот олмасдан
Менинг асирларимни қўйиб юборади.”
Сарвари Олам шундай деди.
Эгамиз танҳо Худо ва нажоткордир
14 Эгамиз айтмоқда: “Мисрнинг бойликлари,
Ҳабашистоннинг хазиналари сеники бўлади!
Саво юртининг баланд бўйли одамлари сенга келади.
Улар сенга эргашади.
Занжирбанд бўлиб, сенга таъзим қилади.
Ёлвориб: «Ҳа, Худо сизнинг орангизда!
Ундан бошқа Худо йўқ!» дейди.”
15 Эй Исроил халқининг Худоси — қутқарувчи!
Ҳақиқатан ҳам, Сен Ўзини яширадиган Худосан.
16 Бут ясайдиганлар биргаликда уятга қолди.
Ҳаммаси шармандаю шармисор бўлди.
17 Исроилни эса Эгамиз қутқарди,
То абад нажот берди!
Эй Исроил халқи, сизлар шарманда бўлмайсиз,
То абад уятга қолмайсиз!
18 Эгамиз Самоларни яратган,
У Худодир!
У ерни барпо қилган, мустаҳкамлаган.
Ерни бўш қилиб эмас,
Яшашга лойиқ қилиб яратган.
У шундай деб айтмоқда:
“Мен Эгангизман, бошқаси йўқ.
19 Мен сизларга яширин жойда,
Зимзиё юртда гапирмадим.
Мен Ёқуб наслига: «Бўш жойлардан
Мени қидиринг!» деб айтмадим.
Мен Эгангизман.
Ҳақиқатни айтаман,
Тўғрисини эълон қиламан.
20 Эй халқларнинг омон қолганлари,
Йиғилинглар, яқинлашиб, бирга келинглар!
Ёғоч бутларини олиб юрадиганлар,
Қутқармайдиган худога ибодат қиладиганлар
Ҳеч нарсани англаб етмайдилар.
21 Гапиринг, исбот келтиринг.
Ўзаро маслаҳатлашинг.
Бу тўғрида ким қадимдан хабар берди?
Азалдан ким айтиб берган эди?
Мен Эгангиз эмасми?!
Мендан бошқа Худо йўқ!
Мен одил Худоман, қутқарувчиман!
Мендан бошқаси йўқ.
22 Менга юз буринг, нажот топасиз,
Эй заминнинг барча четлари!
Ҳа, Мен Худоман, бошқаси йўқ.
23 Ўзим ҳақим онт ичдим,
Оғзимдан тўғри сўз чиқди, беҳуда кетмас:
Менинг олдимда ҳар бир одам тиз чўкади,
Ҳар бир тил Менга садоқат қасамини ичади.
24 Мен ҳақимда: «Фақатгина Эгамизда адолат, қудрат бор», деб айтадилар.
Мендан ғазабланганларнинг ҳаммаси
Менга келадилар, улар уялиб қоладилар.
25 Аммо бутун Исроил насли
Мен — Эгаси туфайли нажот топади.
Улар мақтовга сазовор бўлади.”
1 Эгам айтар: “Худо Бэл тиз чўкди, худо Наво букилди.
Уларнинг бутлари молу ҳайвонга юк бўлди.
Олдин кўтариб юрганларингиз
Энди толиққанга юк бўлди.
2 Улар эгилди, бирга тиз чўкди,
Улар энди юкни қутқара олмайди,
Ўзлари эса асир бўлиб кетади.
3 Эй Ёқуб насли! Менга қулоқ солинг!
Эй Исроил наслининг омон қолганлари!
Эй халқим! Туғилганингдан бери сени онадай кўтариб юрдим,
Ҳа, дунёга келмасингдан олдин Мен таянчинг бўлдим.
4 Кексайгунингча ҳам Мен Ўшаман,
Сочинг оқарганда ҳам сени кўтариб юраман.
Мен сени яратганман, Ўзим сени кўтараман.
Ўзим сени кўтариб, қутқараман.
5 Мени кимга ўхшатасан?!
Кимга тенглаштирасан?!
Мени кимга таққослайсан?!
Нима, Мен ўшалар билан тенг бўлиб қолдимми?!
6 Мана, одамлар ҳамёндан тилла чиқарадилар.
Кумушни тарозиларда тортадилар.
Уста ёллаб, худо ясаттирадилар.
Улар ўша худосига таъзим қиладилар.
Ҳа, унга сажда қиладилар.
7 Ўша худосини опичлаб олиб кетадилар,
Уни жойига ўрнатиб, турғизиб қўядилар.
У жойидан қимирламай тураверади.
Кимдир унга ёлворганда, жавоб бермайди,
Машаққатидан халос қила олмайди.
8 Буни ёдда тутинг, маҳкам бўлинг!
Эй исёнкорлар, буни эсга олиб туринг!
9 Азалдан бўлганларни ёдда тутинг!
Ахир, Мен Худоман, бошқаси йўқ!
Мен Худоман, Менга ўхшагани йўқ!
10 Охирида нима бўлишини бошидаёқ айтаман.
Содир бўлмаганларни олдиндан билдираман.
«Ниятларим бажо бўлади,
Барча истакларимни ижро этаман», деб айтмоқдаман.
11 Шарқдан йиртқич қушни чақиряпман.
Ҳа, хоҳишимни бажарадиганни
Узоқ юртдан чақиряпман.
Мен Ўз айтганимни бажо қиламан!
Ҳа, ўйлаганимни амалга ошираман!
12 Менга қулоқ солинг, эй ўжарлар!
Ғалаба узоқ, деб ўйлаганлар!
13 Мана, Мен ғалаба келтираман, у узоқда эмас.
Кечиктирмай нажот бераман.
Ҳа, Қуддусга нажот ато қиламан,
Исроилга Ўз улуғворлигимни бераман.”
Гўзал аёлга ўхшаган Бобил ҳукм қилинади
1 Эгам айтар: “Пастга туш, тупроққа ўтир,
Эй бокира қиз Бобил!
Ерга ўтир, энди тахтинг йўқ,
Эй қиз Бобил!
Мана энди сен тўғрингда:
«Нақадар нозик, майиндир», деб айтмаслар.
2 Қани, тегирмон тошини ол, дон янчгин.
Ёпинчиғингни еч, этагингни йиғиштир,
Болдирингни оч, дарёлардан кечиб ўт.
3 Яланғоч жойларинг очилади,
Шармандалигинг кўриниб қолади.
Мен қасос оламан,
Ҳеч кимга шафқат қилмайман.”
4 Қутқарувчимиз Исроил халқининг Муқаддас Худосидир.
Унинг номи Сарвари Оламдир.
5 Эгам айтар: “Жим ўтир, қиз Бобил! Зулматга жўна!
Энди сени «Юртларнинг маликаси» деб айтмайдилар.
6 Мен халқимдан ғазабландим,
Ўз мулкимни ҳаром қилдим.
Уларни сенинг қўлингга бердим.
Сен эса уларга шафқат қилмадинг,
Ҳатто кексаларнинг елкасига ҳам
Ғоят оғир бўйинтуруқ солдинг.
7 Шунда: «Мен то абад оламнинг маликаси бўламан», деб айтдинг.
Аммо буларнинг нима билан тугашини
Ўйлаб кўрмадинг, ақлингга келтирмадинг.
8 Энди бунга қулоқ сол! Эй ҳашаматни севувчи!
Бехатар ўтириб, ўзингча айтасан:
«Мендан бошқа малика йўқ,
Тул қолмасман, фарзанд доғини кўрмасман.»
9 Кўп сеҳр–жодуларингга қарамай,
Кучли афсунларингга қарамай,
Мана шу иккаласи ҳам
Бир кунда бошингга тушади:
Сен ҳамма болаларингдан айриласан,
Тул бўлиб қоласан.
10 Ўз ёвузлигингга ишондинг,
«Мени ҳеч ким кўрмайди», дединг.
Донолигинг, билиминг сени йўлдан адаштирди,
Ўзингга: «Мана, мен!
Мендан бошқаси йўқ», дединг.
11 Мана, бошингга кулфат тушади,
Уни сеҳр–жоду билан даф қилолмайсан.
Бошингга бахтсизлик ёғилади,
Сен уни қайтара олмайсан.
Ҳалокат сенга бирданига келади,
Бу тушингга ҳам кирмаган.
12 Қани, сеҳр–жодуингни ишга сол,
Кўпроқ афсунгарлик қил,
Ахир, сен ёшлигингдан
Бундай ишларга одатлангансан.
Балки бирон нарсага эришарсан,
Балки биронтасини қўрқитарсан.
13 Олган маслаҳатларинг кўплигидан
Сен чарчаб қолдинг.
Қани, энди ўша мунажжимларинг, таъбирчиларинг?
Ҳар янги ой чиққанда тақдирингдан башорат қиладиганлар қани?
Улар келсин–чи!
Энди ўшалар сени қутқарсин.
14 Ана, ҳаммалари сомонга ўхшаб қолди–ку!
Олов уларни ямламай ютади!
Жонларини оловдан қутқаролмайди.
Исиниш учун кўмирлари бўлмайди.
Тафтидан баҳра олиш учун гулхани бўлмайди.
15 Ёшлигингдан сен билан олди–берди қилган ҳар бир одам,
Сен билан бирга ишлаганларнинг ҳаммаси шундай бўлиб қолади.
Улар ўз йўлига қараб кетади!
Сени қутқарадиган бирор кимса бўлмайди.”
Худонинг исёнкор халқи
1 Эшитинг буни! Эй Ёқуб насли!
Эй Исроил номи билан аталадиганлар,
Яҳудо уруғидан чиққанлар!
Сизлар Эгамизнинг номи билан қасам ичасизлар,
Исроил халқининг Худосини тилга оласизлар,
Аммо ҳақиқат ва солиҳлик билан эмас.
2 Ҳа, сизлар ўзингизни муқаддас шаҳар номи ила атадингиз,
Исроил халқининг Худосига таяндингиз,
Ахир, Унинг номи Сарвари Оламдир.
3 Эгамиз сизларга шундай деди:
“Бўлиб ўтганларни олдиндан Мен айтдим,
Оғзимдан чиқиши билан буларни билдирдим,
Бирданига ҳаракат қилдим ва улар содир бўлди.
4 Ахир, қайсарлигингни Мен биламан–ку!
Бўйнинг темирдай, пешананг бронзадай қаттиқ!
5 «Буларни менинг санамим қилди,
Қуйма, ўйма бутларим амр қилди», деб
Айтмагин, дея Мен олдиндан айтдим,
Бажо бўлмасдан олдин, бўлиб ўтганларни билдирдим.
6 Буларнинг ҳаммасини эшитдинг,
Наҳотки энди эътироф этмасанг?!
Ҳозирдан бошлаб янгиларини,
Ўзинг билмаган яширин нарсаларни
Сенга эшиттирдим.
7 Булар ҳозир яратилди, қадимда эмас,
Бу тўғрида сен илгари эшитмагансан.
Йўқ! Сен: «Мен буларни биламан–ку!»
— деб айта олмайсан.
8 Ҳа, эшитмагансан, билмайсан ҳам,
Ҳатто азалдан ҳам қулоқларинг очилмаганди.
Мен биламан–ку хиёнаткор эканлигингни,
Туғилганингданоқ сен исёнкор деб аталгансан.
9 Ўзимнинг исмим ҳақи ғазабимни босяпман,
Шарафим ҳақи Ўзимни тутяпман,
Бўлмаса, сени йўқ қилган бўлардим.
10 Мана, Мен сени покладим,
Аммо кумушдай қилиб эмас.
Сени кулфат ўчоғида синадим.
11 Ўз ҳақим, ҳа, Ўз ҳақим учун шундай қиламан!
Ахир, нимага Мен бадном бўлишим керак?!
Шуҳратимни бировга бериб қўймайман.
Исроил Бобил зулмидан халос бўлади
12 Менга қулоқ тут, эй Ёқуб насли!
Ўзим чақирган Исроил халқи, эшит!
Мен Ўшаман!
Боши ҳам, охири ҳам Мен Ўзимман.
13 Ҳа, Менинг қўлим заминнинг пойдеворини қўйган,
Самоларни ёйган Менинг қўлимдир.
Мен уларни чақирганимда
Улар биргаликда туради.
14 Ҳаммангиз тўпланиб, эшитинг!
Бутларнинг қайсиси буларни билдирди?!
Курушни Мен, Эгангиз, яхши кўраман.
У Бобилда Менинг ниятимни бажо келтиради.
Менинг қўлим Бобилликларга қарши бўлади.
15 Мен айтдим! Ҳа, Мен Ўзим айтдим!
Уни Мен чақирганман!
Уни Мен олиб келдим,
У ғалабага эришади.
16 Менга яқинлашинг! Бунга қулоқ солинг!
Азалдан ҳеч нарсани яширмай айтдим,
Бошиданоқ Мен ўша ердаман.”
Мана энди Эгамиз Раббий мени
Ҳамда Ўз Руҳини юбормоқда.
17 Қутқарувчингиз, Исроил халқининг Муқаддас Худоси —
Эгамиз шундай айтмоқда:
“Мен Эгангиз Худоман!
Яхши бўлинг деб, сизларга йўл–йўриқ кўрсатаман,
Юрадиган йўлларингиздан етаклайман.
18 Қанийди амрларимга қулоқ солганингизда!
Ўшанда фаровонлигингиз дарёдай бўларди,
Зафарингиз денгиз тўлқинларидай бўларди.
19 Уруғингиз қум каби бўларди,
Наслингиз қум зарраларидай сон–саноқсиз бўларди.
Уларнинг номи ўчиб кетмаган бўларди,
Менинг олдимдан йўқотилмаган бўларди.”
20 Энди Бобилдан чиқиб кетинг,
Бобилликлардан қочинг.
Шодлик ҳайқириқлари ила эълон қилинг!
Дунёнинг тўрт четига бу хабарни етказинг!
“Эгамиз Ўз қуллари, Ёқуб наслини қутқарди”, деб айтинг!
21 Эгамиз уларни саҳродан олиб борганда,
Улар ташналикдан қийналмадилар.
Худо улар учун қоядан сув чиқарди.
У қояни ёрди, сувлар пишқириб чиқди.
22 “Ёвузларга омонлик йўқ”, дейди Эгамиз.
Исроил бошқа халқларга чироқ бўлади
1 Қулоқ солинг, эй денгиз ортидаги юртлар!
Эътибор беринг, эй узоқдаги халқлар!
Туғилмасимдан олдин Эгам мени чақирди,
Она қорнида бўлганимдаёқ
У исмимни айтиб чақирди.
2 У тилимни ўткир қиличдай қилди,
Қўлининг соясида У мени яширди.
У мени учли ўқдай қилди,
Ўқдонига мени яширди.
3 У менга шундай деди:
“Сен Менинг қулимсан,
Эй Исроил, Мен сен туфайли шуҳрат топаман.”
4 Мен шундай дедим:
“Мен бекорга меҳнат қилдим,
Кучимни беҳуда, бефойда сарф этдим.”
Аммо Эгам мени ҳукм қилади–ку,
Мукофотлаш Худойимнинг қўлидадир.
5 Энди Эгам гапирди.
Ёқуб наслини Унга қайтарсин деб,
Исроилни Унинг олдига тўпласин деб,
Онам қорнидаёқ мени Ўз қули қилиб яратди.
Эгамнинг кўзи олдида мен шуҳрат топаман,
Худойим менинг куч–қудратим бўлди.
6 У шундай деди:
“Ҳа, сен Ёқуб қабилаларини қайта тиклайсан,
Исроилнинг омон қолганларини
Ўз юртига қайтариб олиб келасан.
Бироқ сени фақат шунинг учунгина қулим қилмадим.
Мен сени бошқа халқларга нур қиламан,
Токи Мен берадиган нажот ернинг четигача етиб борсин.”
7 Исроил халқининг қутқарувчиси,
Уларнинг Муқаддас Худоси —
Эгамиз шундай айтмоқда:
“Эй хору зор бўлган бечора қулим,
Сен халқларнинг нафратига учрагансан,
Ҳукмдорларнинг қулига айлангансан.
Бироқ сенга айтаманки,
Сени кўриб, шоҳлар ўрнидан туради,
Ҳукмдорлар тиз чўкиб таъзим қилади.
Исроил халқининг Муқаддас Худоси —
Содиқ Эгангиз ҳақи–ҳурмати шундай қилади.
Ахир, У сени танлаган–ку!”
Исроил қайта тикланади
8 Эгамиз шундай айтмоқда:
“Мурувват пайти келганда,
Мен сенга жавоб бердим,
Нажот куни келганда,
Мен сенга ёрдам бердим.
Ўзим сени ҳимоя қиламан,
Халқим билан тузган аҳдимни
Сен орқали амалга ошираман.
Токи юрт қайта тиклансин,
Ташландиқ мулклар тақсимлансин.
9 Маҳбусларга: «Чиқинглар!» демоқдаман.
Зулматдагиларга: «Кўрининглар!» деб айтмоқдаман.
Йўл бўйида улар ўтлоқлар топади,
Тап–тақир қирлар уларнинг яйлови бўлади.
10 Улар на очликни, на ташналикни билади,
На гармсел, на жазирама қуёшдан азоб чекади.
Меҳр–шафқат кўрсатиб, уларни етаклайман,
Уларни булоқларга бошлаб бораман.
11 Ҳамма тепаликларимни текис йўл қиламан,
Жарликларни тўлдириб, йўллар барпо этаман.
12 Мана, улар узоқлардан келади.
Қаранг, улар шимолдан, ғарбдан,
Синим юртидан ҳам келади.”
13 Шодликдан куйланг, эй самолар,
Хурсанд бўл, эй замин!
Қўшиққа жўр бўлинг, эй тоғлар!
Эгамиз халқига тасалли берди,
Эзилган халқига раҳм қилди!
14 Аммо Қуддус шундай деди:
“Эгам мени тарк этди,
Раббим мени унутиб қўйди.”
15 Эгам айтар: “Ахир, аёл киши эмизикли боласини унутадими?!
Ўзи туққан боласига раҳм қилмайдими?!
Агар хотинлар боласини унутсалар ҳам,
Мен сени асло унутмайман!
16 Қара, сенинг номингни кафтимга ёзиб қўйдим,
Эй Қуддус, доимо кўз ўнгимдасан!
17 Ҳадемай, фарзандларинг қайтиб келади,
Сени вайрон қилиб, йўқотмоқчи бўлганлар
Сендан чиқиб кетади.
18 Бошингни кўтариб, атрофга қара,
Ҳамма фарзандларинг тўпланиб, олдингга келишди.”
Эгамиз шундай демоқда:
“Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи айтаманки,
Ҳаммаси зебу зийнатдай сени безатиб туради,
Келинчакдай уларни тақинчоқ қилиб тақасан.
19 Ҳа, еринг кимсасиз, ҳувиллаб қолганди,
Юртинг вайронага айланганди.
Энди эса одам кўплигидан тор бўлиб қолади,
Бузғунчилар сендан узоқда юради.
20 Асирликда туғилган фарзандларинг
Ҳали сенга шундай дейди:
«Бу жой бизга торлик қиляпти,
Жой беринг, биз ҳам яшайлик.»
21 Шунда ўзингга ўзинг дейсан:
«Уларни менга ким туғиб берди?
Фарзандсиз эдим, туғмас бўлиб қолгандим.
Сургунда эдим, хор бўлгандим.
Уларни ким менга катта қилиб берди?
Ёлғиз ўзим қолгандим–ку,
Энди улар қаердан келиб қолди?»”
22 Эгамиз Раббий шундай айтмоқда:
“Мана, Мен халқларга қўл кўтариб, ишора бераман,
Элатларга байроғимни кўтараман.
Болаларингни улар қўлларида кўтариб келади,
Қизларингни улар опичлаб келади.
23 Шоҳлар сенга хизмат қилиб, боқади,
Маликалар сенга энагалик қилади.
Бошлари ерга теккудай бўлиб,
Улар сенга таъзим қилади,
Оёқларинг чангини ялаб–юлқайди.
Ўшанда Мен Эганг эканлигимни биласан.
Менга умид боғлаган шарманда бўлмайди.”
24 Бирор кимса кучли жангчидан
Ўлжани олиб қўя оладими?!
Наҳотки золимнинг қўлига асир тушган қутула олса?!
25 Эгамиз эса шундай айтмоқда:
“Мана, кучли жангчидан асирлар тортиб олинади,
Золимга ўлжа бўлганлар қутқарилади!
Сенга қарши чиққанларга Мен қарши чиқаман,
Сенинг болаларингни Мен Ўзим қутқараман!
26 Сенга зулм қилганларга ўз танасини едираман,
Улар шароб ичгандай бўлиб, ўз қонидан маст бўлади.
Шунда жамики одамзод
Мен, Эганг, нажоткоринг ва қутқарувчинг эканлигимни,
Ёқуб наслининг қудратли Худоси эканлигимни билиб олади.”
Исроил халқининг гуноҳи
1 Эгамиз шундай айтмоқда:
“Мен онангизни ҳайдаб юборган эдим,
Унинг талоқ хати қани?
Хўш, сизни қайси қарз берувчимга сотибман?
Мана, гуноҳларингиз туфайли сотилдингиз,
Итоатсизлигингиз дастидан онангиз ҳайдалди.
2 Келганимда нега бирон кимса йўқ эди?
Чақирганимда нега ҳеч ким жавоб бермади?
Сизни қутқаришга Менинг қўлим қисқами?
Ёки сизни озод қилишга кучим етмасми?
Бир таҳдид қилсам денгиз қурийди,
Дарёларни чўлга айлантираман.
Сувлар қуриб, балиқлари сасийди,
Сув йўқлигидан балиқлар ўлиб кетади.
3 Самоларга қора кийдираман,
Қанорни уларнинг ёпинчиғи қиламан.”
Эгамизнинг итоаткор қули
4 Толиққанларга сўз билан мадад берсин деб,
Эгам Раббий менга доно тил берди.
Ҳар тонг У мени уйғотади,
Донолардай тингласин деб, қулоғимни очади.
5 Эгам Раббий қулоғимни очди,
Мен итоатсизлик қилмадим,
Мен Ундан юз ўгириб кетмадим.
6 Мени урганларга кифтимни очдим,
Соқолимни юлганларга юзимни тутдим,
Ҳақорат, тупуришлардан юзимни яширмадим.
7 Эгам Раббий менга мадад беради,
Шу боис мен ҳеч шарманда бўлмадим.
Азобларга бардош беришга қарор қилдим,
Биламан, шарманда бўлмайман.
8 Мени оқлайдиган яқинимдадир,
Мен билан даъволашадиган ким, юзлашайлик–чи!
Қани рақибларим? Менга қарши чиқсин!
9 Мана, Эгам Раббий менга мадад беради,
Қани, ким мени айбдор деб айта олади?!
Қаранг, уларнинг ҳаммаси кийим каби эскиради,
Уларни куя еб тамом қилади.
10 Орангиздан ким Эгамиздан қўрқади?
Ким қулининг овозига қулоқ солади?
Зулматда юрганлар, нурдан маҳрум бўлганлар
Эгамизнинг номига умид боғласин,
Ҳа, ўзининг Худосига таянсин!
11 Ахир, ҳаммангиз аланга ёқяпсиз,
Машъаллар ёқяпсиз.
Алангангиз ёруғида юраверинг,
Ўзингиз ёққан машъала ёруғида юраверинг.
Қаранг, Худо сизларни не кўйга солади:
У бошингизга азоб–уқубат келтиради.
Худо Ўз халқига тасалли беради
1 Эгам айтар: “Эй нажотга умид боғлаганлар,
Мен, Эгангизга интилаётганлар,
Менга қулоқ солинг!
Қаердан келиб чиққанингизга эътибор беринг:
Қоянгизга қаранг, сиз ундан кесиб олингансиз,
Конингизга қаранг, сиз ундан қазиб олингансиз.
2 Ҳа, отангиз Иброҳимга боқинг,
Сизни туққан Сорага қаранг.
Иброҳимни чақирганимда, у ёлғиз эди,
Мен унга барака бериб, кўпайтирдим.
3 Мана, Мен, Эгангиз, Қуддусга тасалли бераман,
Унинг барча вайроналарига тасалли бераман.
Унинг саҳросини Адан боғига айлантираман,
Унинг чўлини Менинг боғимдай қиламан.
У ерда шодлик, севинч бўлади,
Шукроналик ва қўшиқ садолари янграйди.
4 Эй халқим! Менга қулоқ солинг!
Қулоқ тутинг Менга, эй элатим!
Мана, таълимот Мендан чиқиб боради,
Адолатим халқларга нур бўлади.
5 Мен берадиган нажот ўз йўлига чиқди,
Мен ғалаба қозонадиган вақт яқинлашди.
Халқлар орасида қўлим ила адолат ўрнатаман,
Денгиз ортидаги юртлар Менга умид боғлайди,
Билагимнинг кучидан улар умид қилади.
6 Кўзларингизни самоларга қаратинг,
Пастга, ер юзига назар солинг.
Самолар тутун каби йўқолади,
Замин кийим каби тўзиб битади.
Замин аҳли чивиндай ўлиб кетади,
Мен берадиган нажот эса то абад бўлади,
Менинг ғалабам бекор қилинмайди.
7 Эй таълимотимни қалбига жо қилганлар,
Сизлар нима тўғри эканлигини биласизлар.
Менга қулоқ солинг!
Инсон ҳақоратларидан қўрқманглар,
Уларнинг таҳқирларидан хафа бўлманглар.
8 Куя кийимни, қурт жунни еб битиргандай,
Улар ҳам йўқ бўлиб кетади.
Менинг ғалабам эса абадий бўлади,
Нажотим насллар бўйи давом этади.”
9 Уйғон, уйғон, эй Эгам!
Куч–қудратингга буркангин!
Уйғон қадимги пайтлардагидай,
Азалий насллар давридагидай.
Махлуқ Раҳобни парчалаган Сен эмасмидинг?!
Аждарга тиғ санчган Сен эмасмидинг?!
10 Сен эмасмидинг денгизни қуритган,
Ғоят тубсизликдаги сувларни қуритган?!
Ўзингга тегишли бўлганлар ўтсин деб,
Денгиз тубини йўл қилган Сен эмасмидинг?!
11 Эгамиз қутқарганлар қайтиб келади,
Қўшиқ айтиб Қуддусга келади.
Абадий шодлик уларнинг бошида тож бўлади.
Улар шодлик, севинчга етишади,
Қайғу, надомат улардан узоққа қочади.
12 Эгам айтар: “Мен Ўзим сизларни юпатаман!
Кимдан қўрқасиз? Ўладиган бандаданми?
Майсага ўхшаб сўлийдиган инсон зотиданми?!
13 Самоларни ёйган, замин пойдеворини ўрнатган,
Сизларни яратган Мен, Эгангизни унутиб қўйдингиз.
Сизни қирмоқчи бўлган золимнинг ғазабидан
Ҳар доим титраб–қақшаб турасиз.
Аммо қани энди золимнинг ғазаби?!
14 Мазлумлар тез орада озод бўлади,
Улар ўлмайди, қабрга тушмайди,
Нонга зор бўлмайди.
15 Мен Эгангиз Худоман.
Денгизни қўзғатадиган,
Тўлқинларни гувиллатадиган Менман.
Менинг номим Сарвари Оламдир!
16 Оғзингизга сўзларимни солдим,
Сизларни қўлим соясида яширдим.
Самоларни ўрнатганман,
Замин пойдеворини қўйганман.
Қуддусга: «Сен Менинг халқимсан», деганман.”
Қуддуснинг азоблари тугайди
17 Уйғон, уйғон эй Қуддус, оёққа тур!
Сен Эгангнинг қўлидаги ғазаб косасидан ичдинг!
Тагидаги қуйқумигача ичиб,
Гандираклаб қолдинг.
18 Ўзинг туққан шунча ўғиллар орасидан
Сени етаклайдиган биронтаси ҳам йўқ.
Ўзинг ўстирган шунча ўғиллар орасидан
Қўлингдан тутадиган биронтаси йўқ.
19 Бошингга қўш фалокат келди,
Ким сенга тасалли беради?!
Атрофингда талончилигу ҳалокат, очлигу қилич,
Ким сени юпата олади?!
20 Ҳар бир кўча бошида
Ўғилларинг сулайиб ётибди.
Улар тўрга тушган кийиклар кабидир.
Эгангиз бор қаҳр–ғазабию Ўз танбеҳи билан
Уларни шу аҳволга солди.
21 Шу боис энди бунга қулоқ солинг,
Эй азоб чекканлар!
Сизлар мастсиз, аммо шаробдан эмас!
22 Ўз халқини ҳимоя қиладиган Худойингиз —
Эгангиз Раббий шундай айтмоқда:
“Мана, сенинг қўлингдан
Гандираклатадиган косани олдим.
Энди ғазабим косасидан бошқа ичмайсан.
23 Уни сенга азоб берганларнинг қўлига бераман.
Улар сенга: «Ерга ёт, устингдан
Босиб ўтайлик», деган эди.
Елкаларинг уларга ер каби бўлди.
Сен ўзинг йўлдай бўлдинг,
Улар устингдан босиб ўтди.”
Худо Қуддусни қутқаради
1 Уйғон, уйғон, эй Қуддус,
Куч–қудратга тўлгин.
Ажойиб кийимларингни кийгин,
Эй Сион, муқаддас шаҳар!
Мана энди суннатсизлар, нопоклар
Дарвозаларингдан ичкари кирмайди!
2 Қани, тур, тупроқни қоқиб ташла!
Эй Қуддус, ўз тахтингга ўтир!
Бўйнингдаги занжирни узиб ташла,
Эй асира қиз Сион!
3 Мана Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар бепул сотилган эдингиз, энди пулсиз қутқариласиз.”
4 Ҳа, Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Олдин халқим Мисрга борди. У ерда мусофир бўлди. Кейин Оссурияликлар сабабсиз уларга зулм ўтказди.
5 Бу нимаси? — демоқда Эгамиз. — Халқим беҳудага босиб олинди. Ҳукмдорлари фарёд қилмоқда, — демоқда Эгамиз. — Менинг номим доимо, кун бўйи ҳақорат қилинмоқда.
6 Шу боис халқим номимни билиб олади. Ҳа, Мен гапираётганимни ўша куни улар билиб олади. Мана, Мен Ўшаман.”
7 Тоғлар оша тинчликни эълон қилган
Хабарчининг қадамлари нақадар гўзал!
У хушхабар олиб келмоқда,
У нажотни эълон қилмоқда,
У Қуддусга: “Худойинг ҳукмрондир”, демоқда.
8 Қулоқ солинг! Соқчиларингиз овозини кўтармоқда,
Биргаликда улар шодликдан куйламоқда!
Ахир, Эгамизнинг Қуддусга қайтиб келишини
Улар ўз кўзлари билан кўради.
9 Эй Қуддус вайроналари!
Биргаликда севинч ила ҳайқиринг.
Эгамиз Ўз халқига тасалли берди,
Қуддусни қутқариб, Ўзига олди!
10 Ҳамма халқларнинг кўз ўнгида
Эгамиз муқаддас қўлини кўрсатди.
Худойимизнинг нажотини
Ернинг тўрт бурчи кўради.
11 Кетинг, у ердан чиқиб кетинг!
Ҳаром бўлганларга тегиб кетманг!
Эй Эгамизнинг муқаддас ашёларини кўтарадиганлар,
У ердан чиқинглар, покланинглар!
12 Мана, сиз шошилмай йўлга чиқасиз,
Қочишингизга асло ҳожат қолмайди.
Ахир, Эгамиз олдингизда бормоқда,
Исроил халқининг Худоси ортингиздан
Сизни қўриқламоқда.
Эгамизнинг азобланаётган қули
13 Эгам айтар: “Мана, Менинг қулим яшнайди,
У кўтарилиб, юксалади,
Ғоят баландга кўтарилади.
14 Илгари унинг қиёфаси шундай бадбашара эдики,
Инсон зотига ўхшаш жойи қолмаган эди.
Шу боис кўплар унинг олдида даҳшатга тушди,
15 Энди эса у кўп халқларни ҳайратда қолдиради,
Уни деб шоҳлар ҳам лол бўлиб қолади.
Ахир, улар билмаган нарсаларни кўрадилар,
Эшитмаганларини англаб етадилар.”
1 Бизнинг хабаримизга ким ишонди?
Эгамизнинг қудратли кучи кимга аён бўлди?
2 Эгамизнинг қули Эгамиз олдида янги кўчатдай,
Қуруқ тупроқдаги илдиздай ўсди.
Бизни ўзига жалб қиладиган
Гўзаллик, улуғворлик унда йўқ эди.
Бизни ўзига ром этадиган
Ҳеч бир жозибаси йўқ эди.
3 Одамлар ундан нафратландилар, уни рад этдилар.
У қайғу, азоб–уқубат нималигини биларди.
Ҳамма ундан юз ўгирди, ундан ҳазар қилди.
Биз уни одам қаторида санамадик.
4 Ҳа, дардларимизни у ўзига олди,
Оғриқларимизни у ўз зиммасига олди.
Биз эса ўйладик: “Уни Худо урган,
Аламдийда, жабрланган у!”
5 У эса бизнинг гуноҳларимизни деб ярадор бўлди,
Бизнинг айбларимиз туфайли эзилди.
Бизга тинчлик келтирадиган жазо унга тушди,
Унинг яралари бизга шифо берди.
6 Ҳаммамиз қўйлардай йўлдан адашдик,
Ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик.
Ҳаммамизнинг айбларимизни
Эгамиз унинг зиммасига юклади.
7 У жабр кўрди, ўзи уқубат чекди,
Аммо миқ этмади, оғзини очмади.
Бўғизланишга олиб борилган қўзидай,
Жун қирқувчи олдида жим турган қўйдай
У миқ этмади, оғзини очмади.
8 Ҳукм билан, куч билан олиб кетилди.
Унинг насли ҳақида ким ўйлайди?
Тириклар юртидан у улоқтирилди,
Халқимизнинг гуноҳи туфайли унга зарба тушди.
9 Гарчи у ёвузлик қилмаган бўлса ҳам,
Оғзидан ёлғон сўз чиқмаган бўлса ҳам,
Унга ёвузлар қатори қабр берилганди,
Аммо ўлганда у бойлар ёнига қўйилди.
10 Эгамиз Ўз қулини эзишни, азоблашни маъқул кўрди.
Шундай бўлса ҳам, Эгамизнинг қули ўз наслини кўради,
Узоқ умр кечиради,
Чунки у ўзини гуноҳ учун назр қилди.
У орқали Эгамизнинг хоҳиши бажо бўлади.
11 Чеккан азобларининг натижасини кўриб,
У мамнун бўлади.
Менинг солиҳ қулим ўз билими туфайли
Кўпчиликни оқлаб, уларнинг айбини ўзига олади.
12 Шу боис буюклар қаторида унга улуш бераман,
У кучлилар билан ўлжаларни бўлишади.
Ахир, у ўзини ўлимга тутиб берди,
Гуноҳкорлар қаторида саналди.
Кўпларнинг гуноҳини у ўзига олди,
Гуноҳкорлар учун васийлик қилди.
Худонинг Ўз халқига бўлган севгиси
1 Эгам айтар: “Эй бола кўрмаган бепушт аёл!
Шодликдан ҳайқир!
Эй тўлғоқ оғриғини билмаган аёл!
Севинчдан ҳайқир!
Ахир, ташлаб кетилган аёлнинг болалари
Эри бор хотинникидан ҳам кўпроқ бўлади.
2 Чодиринг жойини кенгайтиргин,
Чодиринг пардаларини кенг чўздиргин!
Ҳеч нарсани аяма!
Арқонларингни узун ташлагин,
Қозиқларингни маҳкам қоққин!
3 Ахир, мулкинг ўнгу сўлга кенгайиб кетади.
Авлодинг халқларни мулк қилиб олади,
Улар ташландиқ шаҳарларни тўлдиради.
4 Қўрқма, уятга қолмайсан,
Уялма, шарманда бўлмайсан!
Ахир, сен ёшлигингдаги шармандаликни унутасан,
Бевалигингдаги шармандаликни бошқа эсламайсан.
5 Зотан, Мен, Яратувчинг, сенинг эринг бўламан.
Менинг номим Сарвари Оламдир!
Мен, Исроил халқининг Муқаддас Худоси, қутқарувчингман,
Мен бутун ер юзининг Худоси деб аталаман.
6 Эй Исроил! Сен ташлаб кетилган,
Руҳи азобланган аёлдайсан.
Рад этилган, ёш жувондайсан.
Аммо Мен, Эганг, сени чақириб оламан,
— демоқда Худойинг. —
7 Қисқа вақтга Мен сени тарк этгандим,
Буюк шафқат ила сени қайтариб оламан.
8 Қаттиқ ғазабда сендан бир лаҳзага юз ўгиргандим,
Энди туганмас меҳр билан сенга раҳм қиламан,
— демоқда қутқарувчинг — Эгамиз. —
9 Ҳа, Мен учун бу Нуҳ даври кабидир.
Энди ер юзини Нуҳ тўфони каби,
Ҳеч қачон сув босмайди, деб онт ичганман.
Худди шундай қилиб, яна онт ичаман:
«Ҳеч қачон сендан ғазабланмайман,
Сенга жаҳл қилмайман!»
10 Тоғлар ўрнидан қўзғалса ҳам,
Тепаликлар тебранса ҳам,
Менинг содиқ севгим сендан кетмайди,
Менинг тинчлик аҳдим ўзгармайди.”
Сени севувчи Эгамизнинг каломи шудир.
Бўлажак Қуддус
11 Эгам айтар: “Эй мазлум шаҳар!
Бўронларда қолдинг, аммо ҳеч ким сени юпатмади!
Мана, Мен фируза тошлар ишлатиб, сени қайта қураман.
Зангори ёқут тошлардан сенга пойдевор қўяман.
12 Минораларингни ёқутлардан қураман,
Дарвозаларингни гавҳарлардан қиламан,
Барча деворларингни қимматбаҳо тошлардан қураман.
13 Ҳамма болаларингга Мен, Эганг, таълим бераман,
Фарзандларингнинг тинчлиги буюк бўлади.
14 Мен сени душманларингдан халос қилганимда
Сен бехатар бўласан.
Зулм сендан узоқда бўлади,
Ҳалокатдан қўрқмайсан,
Чунки у сенга яқинлашмайди.
15 Агар кимдир сенга ҳужум қилса,
Билгинки, уни Мен қилмаган бўламан.
Сенга ҳужум қилган ҳар ким мағлуб бўлади.
16 Темирчига қара!
У тошкўмир чўғини пуфлайди,
Қотиллик учун қурол ясайди.
Уни Мен яратганман.
Вайрон қилсин деб,
Босқинчини ҳам Мен яратдим.
17 Сенга қарши ясалган
Ҳеч қандай қурол сенга бас кела олмайди.
Сен билан даъволашган ҳар бир одамнинг
Даъволарини сен йўққа чиқарасан.
Менинг қулларимга ана шулар насиб қилади,
Ўзим уларга ғалаба ато қиламан.”
Эгамизнинг каломи шудир.
Худонинг меҳр–шафқати
1 Эгам айтар:
“Эй ташна бўлганлар! Ҳаммангиз сувга келинглар!
Эй пулсизлар, келинг, сотиб олиб, енглар!
Келинг, шаробу сут сотиб олинг пулсиз, текинга!
2 Нима учун пулингизни
Қорин тўйғизмайдиган нарсага сарф қиласиз?
Нима учун ишлаб топганингизни
Қониқтирмайдиган нарсаларга сарф қиласиз?
Эшитинг, Менга қулоқ солинг!
Шунда аъло таомларни ейсиз,
Ёғли таомлар еб, маза қиласиз.
3 Қулоқ солинг, Менга келинг,
Тингланг, шунда яшайсиз.
Довудга ваъда берган содиқ севгим ҳақи
Сиз билан абадий аҳд тузаман.
4 Мана Мен Довудни халқларга гувоҳ қилдим,
Уни халқларнинг ҳукмдори, раҳнамоси қилдим.
5 Ўзингиз танимаган халқларни чақирасиз,
Сизни танимаган халқлар олдингизга келади.
Мени, Исроил халқининг Муқаддас Худоси —
Эгангиз Худони деб
Бу халқлар келади,
Зотан, Мен сизни улуғворликка буркаганман.”
6 Эгангиз ёнингизда экан, Унга интилинг,
У яқинингизда экан, Уни чақиринг!
7 Бадкирдор йўлидан қайтсин,
Гуноҳкор ниятидан қайтсин,
Улар Эгамизга қайтсин,
Эгамиз шафқат кўрсатади,
Улар Худойимизга қайтсин,
Унинг юраги кечиримга бой.
8 Эгамиз шундай демоқда:
“Сизларнинг фикрингиз Меники эмас,
Менинг йўлларим сизларники эмас.
9 Осмон ердан қанчалик баланд бўлса,
Менинг йўлларим ҳам, ўйларим ҳам,
Сизларнинг йўлларингиздан, ўйларингиздан
Шунчалик баланддир.
10 Осмондан қор, ёмғир ёғади.
Улар осмонга қайтмай, ерни суғоради,
Токи ер ўсимлик ўстирсин,
Эккани дон, егани нон берсин.
11 Менинг оғзимдан чиққан сўз шундай бўлади,
Менга бўм–бўш қайтиб келмайди.
Менинг хоҳиш–иродамни ўша сўз бажаради,
Қайси ниятда юборсам,
Ўшани бажо қилади.
12 Ҳа, сиз хурсанд бўлиб борасиз,
Соғ–омон қайтиб келасиз.
Олдингизда тоғлар, тепаликлар
Севинч ила ҳайқиради,
Даладаги ҳамма дарахтлар қарсак чалади.
13 Тиканзорлар ўрнига сарв дарахтлари ўсади,
Газанда ўт ўрнига мирта буталари ўсади.
Шундай қилиб, булар Мен, Эгангга шараф бўлади.
Туганмас, абадий нишона бўлиб қолади.”
Ҳамма халқлар Худонинг халқига қўшилади
1 Эгамиз шундай айтмоқда:
“Адолатни ҳимоя қилинг,
Тўғри ишларни қилинг.
Зотан, яқинда нажот бераман,
Тез орада адолатимни зоҳир этаман.
2 Шаббат кунини таҳқирламай,
Унга риоя қиладиган инсон бахтлидир!
Ҳар қандай ёвузликдан қўлини тийиб,
Барқарор бўлган инсон бахтлидир!”
3 Бегона халқдан бўла туриб,
Ўзини Эгамизга бағишлаган одам:
“Эгамиз мени, барибир, Ўз халқидан ажратади”, деб айтмасин.
Бичилган эркак ҳам:
“Мен қуриган дарахтман”, деб айтмасин.
4 Зотан, Эгамиз ўша эркакларга шундай айтмоқда:
“Шаббат кунига риоя қилинг.
Мени мамнун қиладиганларни танланг.
Менинг аҳдимга содиқ бўлинг.
5 Шунда сизларга уйимда
Ўғилу қизларимникидан ҳам кўра,
Яхшироқ ном, хотира бераман.
Бу ном йўқолмайдиган, абадий бир ном бўлади.”
6 Эгамизни севиб, хизмат қиладиган,
Шаббат кунига риоя этадиган,
Эгамизнинг аҳдига содиқ бўлган,
Бегона халқдан бўлиб туриб,
Ўзини Эгамизга бағишлаганларга
Эгамиз шундай демоқда:
7 “Мен сизларни муқаддас тоғимга олиб келаман.
Маъбадимда сизларни мамнун қиламан.
Куйдириладиган қурбонликлару назрларингиз
Қурбонгоҳимда қабул бўлади.
Менинг уйим барча халқларнинг ибодат уйи деб аталади.”
8 Тарқалиб кетган Исроил халқини йиғадиган
Эгамиз Раббий айтмоқда:
“Уйимда йиғилганлар ёнига
Мен яна бошқаларни йиғиб келаман.”
Исроил халқининг йўлбошчилари ҳукм қилинади
9 Эй даштдаги ҳамма ҳайвонлар,
Эй ўрмондаги барча ҳайвонлар!
Келинглар, халқимни еб битиринглар!
10 Исроилнинг соқчилари кўрдир!
Уларнинг ҳаммаси идроксиз,
Вовилламайдиган тилсиз итлар кабидир.
Ётиб олиб, туш кўрадилар,
Улар уйқуни яхши кўрадилар.
11 Улар тўйганини билмаган
Очкўз итларга ўхшар,
Бу чўпонлар идроксиз!
Ўз фойдасини кўзлаб,
Ҳар бири ўз йўлидан кетди.
12 Улар шундай дейди:
“Қани, келинглар, шароб ичайлик,
Ичкиликка роса тўяйлик.
Эрта ҳам бугун каби бўлади,
Ҳатто ундан ҳам яхшироқ бўлади.”
Бутпараст Исроил халқи ҳукм қилинади
1 Эгам айтар: “Солиҳ одамлар ўлиб кетяпти,
Ҳеч ким бу ҳақда фикр юритмайди.
Тақводорлар йўқ бўляпти.
Ёвузликдан қутулсин деб,
Солиҳлар оламдан ўтяпти.
Ҳеч ким бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайди.
2 Солиҳ инсонлар тинчликка эришади,
Тўғри юрганлар ўлимда ҳам ором топади.
3 Сизлар эса, эй фолбиннинг ўғиллари,
Яқинроқ келинг!
Бу ёққа келинг, эй зинокор, фоҳишалар уруғи!
4 Хўш, сизлар кимнинг устидан куляпсиз?
Кимга қарши оғиз очяпсиз?
Кимга қараб тилингизни чиқаряпсиз?
Ахир, итоатсизларнинг болаларисиз–ку!
Ёлғончининг уруғидан келиб чиққансизлар–ку!
Шундай эмасми?!
5 Ҳар бир ям–яшил дарахт остида
Шаҳват билан гуноҳга берилдингиз!
Дарё бўйларида, қоялар ковагида
Ўз фарзандларингизни қурбонлик қилдингиз!
6 Сизлар севган бутлар дарёнинг силлиқ тошлари орасидадир!
Ҳа, ўша бутларга сизлар кўнгил қўйгансиз!
Ана ўшаларга шароб назрлари бердингиз,
Уларга дон назрларини атадингиз.
Хўш, булардан Мен хурсанд бўлайми?!
7 Баланд, буюк тоғда ётоқ қурасиз,
Қурбонлик келтирай деб, ўша ерга чиқасиз.
8 Эшикларингиз орқасига,
Эшикларингизнинг кесакиси ортига
Жирканч тамғаларингизни қўйдингиз.
Ҳа, Мендан юз ўгирдингиз,
Яланғоч бўлиб ётоғингизга кирдингиз,
Ўйнашларингиз билан аҳд туздингиз,
Улар билан ётишни жуда ёқтириб қолдингиз.
Уларнинг яланғоч баданидан кўз узмадингиз.
9 Зайтун мойи билан кўпгина хушбўй атирлар олиб,
Ўз шоҳингизга ҳадялар қилдингиз.
Узоқларга, ҳатто ўликлар диёрига
Элчиларингизни юбордингиз.
10 У ёқдан–бу ёққа юравериб, толиқдингиз,
Аммо шунда ҳам умидингизни узмадингиз.
Қайтадан куч тикладингиз,
Шу боис ҳеч заифлашмадингиз.
11 Ким сизларни ваҳимага солди?
Ким сизларни шунчалик қўрқитди?
Ёлғон гапирдингиз. Мени эсламадингиз!
Мен ҳақимда ўйлаб ҳам кўрмадингиз!
Узоқ сукут сақлаганим сабабли
Мендан қўрқмай қўйдингиз!
12 Мана энди ўзингизча тўғри деб билган
Ўша ишларингизни очиб ташлайман.
Улар сизга битта ҳам фойда келтирмайди.
13 Ёрдам сўраб, фарёд қилганингизда
Атрофингиздаги бутлар сизларни қутқарсин!
Уларнинг ҳаммасини шамол супуриб кетади,
Шабада уларни учириб кетади.
Мендан паноҳ топганлар эса юртни мулк қилиб олади,
Улар Менинг муқаддас тоғимга эгалик қилади.”
14 Эгам шундай айтмоқда:
“Тупроқ йиғиб, йўлни тайёрланг,
Халқим йўлидаги тўсиқларни олиб ташланг.”
Худонинг мадад ва шифо ҳақидаги ваъдаси
15 Юксак, юқори бўлган, абадий яшайдиган Эгамиз,
Номи муқаддас Эгамиз шундай айтмоқда:
“Мен юксакда, муқаддас масканда яшайман.
Камтарлар руҳини қайта тиклай деб,
Итоаткорлар қалбини жонлантирай деб,
Руҳи камтар, итоаткор одамлар билан биргаман.
16 Ахир, Мен то абад даъволашмайман,
Абадий қаҳр–ғазабда бўлмайман.
Акс ҳолда, Мен яратган тирик жонзот,
Инсон зоти олдимда тура олмасди.
17 Уларнинг гуноҳу ҳасадгўйлиги туфайли
Ғазабланиб, уларни жазоладим.
Қаҳр билан улардан юз ўгирдим,
Аммо барибир истаган йўлларидан кетдилар.
18 Уларнинг юрган йўлларини кўрдим,
Майли, энди шифо бериб, йўл кўрсатаман,
Уларга ҳам, аза тутаётганларга ҳам
Ўзим тасалли бераман.
19 Уларнинг тилларини мадҳияга тўлдираман.
Узоғу яқиндагиларга тинчлик бўлсин!
— демоқда Эгамиз. —
Мен уларга шифо бераман.
20 Фосиқлар эса тўлқинланган денгиздайдир.
Ҳа, улар тинч тура олмайдиган денгизга ўхшайди.
Ўша денгизнинг сувлари лой, балчиқ келтиради.”
21 Худойим шундай дейди:
“Ёмонларга тинчлик йўқ.”
Ҳақиқий рўза
1 Эгам айтар:
“Овозингни аямай, қаттиқ ҳайқиргин,
Карнайга ўхшаб, барала бақиргин.
Халқимнинг итоатсизлигини фош қилгин,
Ёқуб хонадонининг гуноҳларини юзига солгин.
2 Худди тўғри йўлдан юрган халққа ўхшаб,
Улар ҳар куни Менга интилгандай бўлади.
Худосининг амрларини унутмаган халқдай,
Йўлларимни билмоқ истайди.
Мендан одил ҳукм сўрайди,
Мен, Худога яқинлашишни истаганга ўхшайди.
3 Эй халқим, сизлар Менга:
«Рўза тутяпмиз–ку, Сен кўрмаяпсан,
Сенга итоат қиляпмиз–ку, нега билмайсан?!» деб айтасизлар.
Ахир, рўза тутган кунингизда хоҳлаган ишингизни қиляпсиз,
Ишчиларингиздан оғир меҳнат талаб этяпсиз.
4 Мана, рўза тутсангиз ҳам
Жанжал, ғавғо қилаверасиз.
Зўравонлик билан қўл кўтараверасиз.
Бундай рўзангиз билан
Овозингизни самоларга етказа олмайсиз!
5 Рўза тутганингизда ўзингизни қийнайсиз,
Эгилган қамишдай бошингизни эгиб юрасиз,
Қанор ёйиб, кул сочиб устига ётасиз.
Шуни рўза деб атайсизми?!
Мана шулар Мен, Эгангизни мамнун қилади, деб ўйлайсизми?!
6 Мен истаган рўза қуйидагича:
Адолатсизлик кишанларини парчаланг,
Бўйинтуруқ арқонларини узиб ташланг,
Мазлумларни озодликка чиқаринг,
Ҳар қандай бўйинтуруқни синдиринг!
7 Овқатингизни очлар билан баҳам кўринг,
Уйсизларга уйингиздан жой беринг.
Яланғочни кўрганингизда кийим беринг,
Яқинларингиздан ёрдамингизни аяманг.”
8 Шунда нурингиз тонг каби порлайди,
Ўзингиз тезда шифо топасиз.
Эгамиз доим олдингизда юриб, сизларни асрайди,
Ортингиздан Унинг улуғворлиги сизни қўриқлайди.
9 Шунда ёрдам сўраганингизда, Эгамиз жавоб беради,
Фарёд қилганингизда, “Шу ердаман”, деб айтади.
Орангиздан зулм бўйинтуруғини йўқ қилганингизда,
Бармоқни бигиз қилиб, ҳақорат айтишни бас қилганингизда,
10 Очлар учун жон куйдирганингизда,
Мазлумларнинг жонига оро кирганингизда,
Нурингиз зулматда ҳам порлайди,
Энг қоронғи даврингиз ёп–ёруғ кундуздай бўлади.
11 Эгамиз доимо сизга йўл кўрсатади,
Қақраган ерларда ҳам жонингизга озиқ беради,
Шунда сиз суғорилган боғдай,
Сувлари қуримас булоқдай бўласиз.
12 Қадимги вайроналарингиз қайта тикланади,
Кўҳна пойдеворларни қайта кўтарасиз.
Шунда сизларни “Бузуқ деворни тикловчи”,
“Кўчаларни қайта қурувчи” деб чақиришади.
Шаббат кунига риоя қилганнинг мукофоти
13 Шаббат кунини оёқ ости қилманг,
Шу муқаддас кунда
Хоҳлаганингизни қилишдан ўзингизни тийинг.
Шаббат кунини завқли деб билинг.
Эгамизнинг муқаддас кунини шарафли деб билинг.
Бу кунда ўзингиз истаган йўлдан юрманг,
Хоҳлаганларингизни қилаверманг,
Истаган гапларингизни гапираверманг.
14 Шаббат кунига риоя қилсангиз,
Эгамиз туфайли шодлик топасиз,
У сизларни юртнинг баланд чўққиларига олиб чиқади,
Отангиз Ёқубнинг мулкидан баҳраманд қилади.
Эгамизнинг каломи шудир!
Ишаё халқнинг гуноҳларини ҳукм қилади
1 Нима, Эгамизнинг қўли қисқами? Қутқаролмаса!
Қулоғи оғирми? Эшитмай қолса!
2 Ахир, ўз айбларингиз сизни Худойингиздан айирди,
Гуноҳларингиз туфайли У сиздан юз ўгирди,
Ибодатларингизга қулоқ солмайди.
3 Ана, қўлларингиз қонга булғанган,
Бармоқларингиз гуноҳга ботган,
Оғзингиздан ёлғон чиқаверади,
Тилингиз ҳақсизликни гапиради.
4 Ҳеч кимса, адолат бўлсин, деб айтмайди,
Ҳеч кимса ҳақиқат учун курашмайди.
Беҳуда гаплардан умид қилиб, ёлғонлар айтади,
Бузуқликка ҳомиладор бўлиб, ёвузлик туғади.
5 Сизлар илоннинг тухумини босиб ўтирасиз,
Ўргимчак уясини тўқийсиз.
Бундай тухумни еганлар ўлади.
Агар битта тухум эзилса,
Ундан заҳарли илон ўрмалаб чиқади.
6 Тўқиган уянгиздан кийим чиқмайди,
Сиз тўқиганлар билан ҳеч ким устини ёпа олмайди.
Сизларнинг ишингиз ярамас ишлардир,
Сизларнинг қўлларингиз зўравонликка тўла.
7 Фосиқларнинг оёғи ёмонликка шошилади,
Улар беҳуда қон тўкишга жуда уста.
Уларнинг фикри–зикри гуноҳ билан банд,
Қадамидан ҳалокату вайрона келади.
8 Улар тинчлик йўлларини билмайди,
Юрган йўлида адолат йўқ.
Ўзларига эгри йўллар қилдилар,
Бу йўлдан юрганлар тинчлик билмайди.
Халқ гуноҳларини тан олади
9 Шу боис адолат биздан узоқ,
Худо бизни қутқармайди.
Нур излаймиз, аммо фақатгина зулмат бор,
Ёруғлик излаймиз, аммо зулматда юрамиз.
10 Кўрлардай деворни ушлаб юрамиз,
Кўзи кўрмайдиганлардай пайпасланамиз.
Куппа–кундузи тундагидай қоқиламиз,
Тириклар орасида ўликлардаймиз.
11 Ҳаммамиз айиқ каби бўкиряпмиз,
Ҳаммамиз мусича каби нола қиляпмиз.
Адолат кутяпмиз, аммо у йўқдир,
Нажот кутяпмиз, аммо у биздан узоқда.
12 Ҳа, Худо олдида кўп итоатсизлик қилдик,
Гуноҳларимиз бизга қарши гувоҳлик бериб турибди.
Итоатсизлигимиз кўз ўнгимизда,
Айбларимизни ўзимиз биламиз.
13 Итоатсизлик қилдик, Эгамизни алдадик,
Худойимиздан юз ўгирдик,
Зулм қўзғадик, хиёнат қилдик,
Юракда ёлғон гаплар тўқиб гапирдик.
14 Адолат чекинди, солиҳлик узоққа кетди.
Ахир, ҳақиқат қувиб чиқарилди,
Ҳаққонийликка асло ўрин қолмади.
15 Ҳеч қаерда ҳақиқат йўқ,
Ўзини ёмонликдан олиб қочган одам
Ҳалокатга йўлиқди.
Эгамиз буларни кўриб,
Адолат йўқлигидан озор чекди.
16 Мазлумларга ёрдам берадиган
Ҳеч кимса йўқлигини кўрди,
Ҳеч ким йўқлигидан У ҳайратда қолди.
Шунда Эгамиз Ўз қўли билан қутқаришга киришди,
Худонинг Ўзи уларга нажот берди.
17 У адолатни совутдай кийиб олди,
Нажот дубулғасини бошига кийди,
Эгамиз қасосни либосдай кийиб олди,
Рашкни чопон қилиб ўраб олди.
18 Ҳар кимга қилганига яраша жавоб беради,
Ўз душманларига ғазаб сочади,
Ғанимларидан қасос олади,
Денгиз ортидаги юртларга
Қилганларига яраша тўлиқ қайтаради.
19 Ғарбда Эгамизнинг номидан қўрқадилар,
Шарқда Унинг шуҳратидан қўрқувга тушадилар.
Мана, Эгамиз дарёдай келади.
Ўзининг Руҳи даъват этаётган
Кучли дарёдай келади.
20 Эгамиз шундай айтмоқда:
“Қутқарувчи Қуддусга келади,
Ёқуб наслининг гуноҳдан қайтганларига келади.”
21 Эгамиз шундай дейди: “Сиз билан қиладиган аҳдим шудир: сизга берган Руҳим, оғзингизга солган сўзларим сизларни тарк этмайди. Ҳозирдан бошлаб, то абад сизларни, болаларингизни ва набираларингизни ҳеч қачон тарк этмайди.”
Қуддуснинг улуғвор келажаги
1 Эй Қуддус халқи, тур, порлагин! Ахир, нуринг келди,
Эгамизнинг улуғворлиги устингга ёғилди.
2 Мана, ер юзини зулмат қоплади,
Халқларни қуюқ зулмат босди.
Аммо Эгамиз сенинг олдингга келади,
Ўз улуғворлигини бошинг узра порлатади.
3 Халқлар сенинг нурингга келади,
Тонгги ёруғлигингга шоҳлар келади.
4 Бошингни кўтариб, атрофингга боқ!
Ҳаммаси тўпланиб, сенга келмоқда.
Ўғилларингни узоқлардан олиб келадилар,
Қизларингни чақалоқлардай қўлларда кўтариб келадилар.
5 Ўшанда шуларни кўриб, нур сочасан,
Юрагинг ҳаприқиб, қинидан чиққудай бўлади.
Зотан, денгиз орқали келадиган бойликлар сенга насиб этади,
Халқларнинг бойлиги сенга келади.
6 Юртинг туя сурувларига тўлиб кетади,
Мидиён, Эфахнинг бўталоқлари билан тўлади.
Уларнинг ҳаммаси Шава юртидан келади,
Олтину тутатқилар олиб келади.
Улар Эгамизга мадҳлар айтади.
7 Кедарнинг ҳамма қўй сурувлари сенга келади,
Наваётнинг қўчқорлари сенга хизмат қилади.
Эгамизнинг қурбонгоҳида
Улар қурбонлик деб қабул қилинади.
Эгамиз Ўз уйини янада улуғвор қилади.
8 Булутлар каби, учаётган нима у?
Инларига учаётган каптарларга ўхшаш нима у?
9 Шубҳасиз, денгиз ортидаги юртлар
Эгамизга мунтазир бўлади.
Исроил халқининг Муқаддас Худоси —
Эгангиз Худонинг шарафига
Таршиш кемалари бошчилигида
Болаларингизни узоқдан олиб келишади,
Олтину кумушлари билан бирга олиб келишади.
Зотан, Эгамиз сени улуғворлик билан қоплаган.
10 Эгамиз Қуддусга шундай дейди:
“Бегоналар деворларингни тузатади,
Шоҳлари сенга хизмат қилади.
Ғазабланганимда сенга жазо берган бўлсам ҳам,
Энди марҳамат қилиб, сенга шафқат қиламан.
11 Дарвозаларинг доимо очиқ бўлади,
Улар кечаю кундуз ёпилмайди.
Шунда халқлар сенга бойликларини олиб келади,
Уларни ўз шоҳлари бошлаб келади.
12 Сенга хизмат қилмаган элату шоҳлик йўқ бўлади,
Ҳа, у халқлар батамом нобуд бўлади.
13 Лубноннинг фахрланган дарахтлари
Сенга олиб келинади.
Сарв, чинор, садр ёғочлари
Муқаддас масканимни безатиш учун келтирилади.
Оёғим турган шу жойга Мен шуҳрат келтираман.
14 Сенга зулм қилганларнинг ўғиллари келиб,
Сенга таъзим қиладилар.
Сендан нафратланганларнинг ҳаммаси
Оёқларингга йиқилади.
Улар сени «Эгамизнинг шаҳри,
Исроил халқининг Муқаддас Худосининг шаҳри — Сион» деб аташади.
15 Илгари сен ташлаб кетилган,
Ҳамма нафрат этган,
Бирор кимса ўтмайдиган жой эдинг.
Энди Мен сени абадий улуғвор қиламан,
Жамики наслларнинг шодлиги қиламан.
16 Элатлар, шоҳлар сени она каби эмизадилар,
Ўшанда Мен, Эганг, сенинг нажоткоринг эканлигимни билиб оласан,
Ёқуб наслининг қудратли Худоси —
Қутқарувчинг Мен эканлигимни англайсан.
17 Сенга бронза ўрнига олтин,
Темир ўрнига кумуш,
Ёғоч ўрнига бронза,
Тош ўрнига темир келтираман.
Тинчлик сенинг ҳакаминг,
Солиҳлик ҳукмдоринг бўлади.
18 Юртингда энди зўравонлик товуши эшитилмайди,
Чегаранг ичида вайронагарчилик, ҳалокат бўлмайди.
Деворларингга, Нажот деб ном қўясан,
Дарвозаларингга, Шараф дея ном берасан.
Худонинг Ўзи Қуддуснинг улуғворлигидир
19 Энди кундузи қуёш сенга нур сочмайди,
Ой ҳам ёруғлик манбаинг бўлмайди.
Сенга Менинг Ўзим то абад нур манбаи бўламан,
Мен, Худойинг, сенинг улуғворлигинг бўламан.
20 Қуёшинг ҳеч қачон ботмайди,
Ойинг энди бошқа яширинмайди,
Чунки Мен сенинг қуёшу ойинг бўламан.
Ҳа, Мен сенинг то абад нуринг бўламан,
Қайғули кунларинг тамом бўлади.
21 Халқингнинг ҳаммаси солиҳ бўлади,
Улар юртни то абад мулк қилиб олади.
Ўзим ўтқазган ниҳолдир улар,
Менга шуҳрат келтирсин деб, яратган
Қўлларимнинг ижоди улар.
22 Энг кичик одамингдан мингта одам чиқади,
Энг заиф одамингдан кучли халқ пайдо бўлади.
Мен, Эганг, буни ўз вақтида тез бажо келтираман.”
Нажот ҳақида хушхабар
1 Эгамиз Раббийнинг Руҳи мени қамраб олган,
Чунки У мени танлаган.
“Йўқсилларга хушхабар етказсин,
Хаста қалбларга шифо берсин,
Асирларга озодлик эълон қилсин,
Зиндондагиларга эркинлик хабарини берсин” деб,
Эгам мени юборди.
2 “Эгамнинг марҳамат йилини,
Худонинг қасос оладиган кунини эълон қилсин,
Азадорларнинг ҳаммасини овутсин” деб,
Эгам мени юборди.
3 “Қуддусда нола қилаётганларга тасалли берсин,
Уларга кул ўрнига зеб–зийнат,
Аза ўрнига шодлик мойи,
Маъюс руҳ ўрнига мадҳия берсин” деб,
Эгам мени юборди.
Энди уларни “Эгамиз Ўз шуҳрати учун эккан кўчатлар,
Солиҳлик эманлари” деб аташади.
4 Энди улар қадимги вайроналарни қайта тиклайди,
Азалий вайрона ерларни яна ўнглайди,
Насллар оша вайрон ётган шаҳарларни қайта қуради.
5 Эй халқим, бегоналар келиб, мол–қўйларингизни боқади,
Ёт халқ ўғиллари деҳқонингиз, боғбонингиз бўлади.
6 Сизларни эса Эгамизнинг руҳонийлари деб аташади,
Худойимизнинг хизматкорлари деган ном оласизлар.
Элатларнинг бойликлари сизларники бўлади,
Ўзга халқлардан келган мол–мулк билан фахрланасиз.
7 Уят ўрнига сизлар икки ҳисса улуш оласиз.
Шарманда бўлмайсиз, олган мулкингиздан шодланасиз.
Ҳа, ўз юртингизда икки ҳисса улуш оласиз,
Абадий шодликка эга бўласиз.
8 Эгам айтар: “Мен, Эгангиз, адолатни севаман,
Талончилик, ҳақсизликдан нафратланаман.
Садоқат билан халқимга мукофотини бераман.
Улар билан абадий аҳд тузаман.
9 Уларнинг насли халқлар орасида машҳур бўлади,
Уларнинг зурриёти эллар орасида донг таратади,
Кўрганларнинг ҳаммаси уларни
«Эгамиз барака берган халқ» деб тан олади.”
10 Эгам туфайли мен буюк шодлик топаман,
Худойим деб қалбим жўш уради.
Зотан, У мени нажот либоси билан ўради,
Зафар кийимини менга кийдирди.
Мен тож кийган куёвга ўхшайман,
Зеб–зийнат билан безанган келиндайман.
11 Ер ўсимликни етиштиргани каби,
Боғ экилганларни ўстиргани сингари,
Эгамиз Раббий барча халқлар кўз ўнгида
Солиҳлик ва мадҳияларни етиштиради.
Қуддуснинг янги номи
1 Қуддус ҳақи, мен сукут сақламайман,
Сион ҳақи, мен жим турмайман.
Унинг зафари тонг каби нур сочмагунча,
Унинг нажоти машъала каби ёнмагунча,
Мен асло жим турмайман.
2 Эй Қуддус халқи, халқлар сизнинг ғалабангизни,
Ҳар бир шоҳ шуҳратингизни кўради.
Улар сизни янги ном билан атайди,
Бу номни Эгамизнинг Ўзи сизларга беради.
3 Сизлар Эгамизнинг қўлида гўзаллик тиллақоши,
Худойингизнинг қўлида шоҳлик тожи бўласиз.
4 Энди сизни “Тарк этилган” деб айтмаслар,
Сизнинг юртингизни “Ташландиқ” деб атамаслар.
Энди сизга “Ундан мамнунман” деган ном берилади,
Юртингизни эса “Оилали” деб айтишади.
Зотан, Эгангиз сиздан мамнун бўлади,
Юртингиз ҳам оилали бўлади.
5 Йигит қиз билан турмуш қургандай,
Ўғилларингиз юртингизга боғланиб,
Унга эгалик қилади.
Куёв келин билан қандай шод бўлса,
Худойингиз сиз билан шундай севинади.
6 Эй Қуддус, деворларингга соқчилар қўйдим,
Улар кечаю кундуз ибодатни бас қилмайди.
Эй Эгамизга ибодат қиладиганлар!
Сизлар ҳам ҳеч жим турманг.
7 Қуддусни барқарор қилгунга қадар,
Уни ер юзининг фахри қилмагунга қадар,
Эгамизга ҳеч тинчлик берманглар.
8 Эгамиз ўнг қўлини кўтариб,
Ўз қудрати билан онт ичди:
“Ҳеч қачон душманларингизга
Донингизни емиш қилиб бермайман.
Меҳнатингиз сингган шаробни
Бегоналар ичмайди.
9 Ҳа, дон йиққанларнинг ўзи дон ейди–да,
Мен, Эгасига ҳамду сано айтади.
Узумни йиғиб–терганлар
Шаробни муқаддас ҳовлимда ичади.”
10 Эй Қуддус аҳолиси, дарвозалардан чиқинг!
Қайтаётган халққа йўлни тайёрланг!
Тупроқ йиғиб йўл қилинг,
Тошларни териб ташланг,
Халқлар учун байроқ тикинг!
11 Мана, Эгамиз ернинг тўрт четига эълон қилмоқда:
“Гўзал Қуддусга шундай деб айтинг:
«Қара, нажоткоринг келмоқда,
Ана, Унинг Ўзи тақдирлайди,
Мукофотини Ўзи билан олиб келмоқда.»”
12 Эй Қуддус, сенинг халқингни “Муқаддас” деб айтадилар,
“Эгамиз қутқарган халқ” деб айтадилар.
Сени “Эгамиз излаб топган, тарк этилмаган шаҳар” деб атайдилар.
Худонинг қасоси ва нажоти
1 Эдомдан келаётган ким?
Қизил либос кийиб,
Бозрах шаҳридан келаётган ким?
Кўзни қамаштирувчи кийимлар кийиб,
Катта куч билан қадам босган ким?
Эгамиз шундай деди:
“Бу Мен, Эгангизман! Қутқариш кучига эгаман.
Ғалабани эълон қилишга келмоқдаман.”
2 Эй Эгам, нечун кийимларинг қип–қизил?
Нима учун чуқурда узум эзган одамга ўхшайсан?
Эгамиз жавоб берди:
3 “Узум сиқиш чуқурида Ўзим ишладим,
Ёнимда халқлардан биронтаси йўқ эди.
Ғазаб билан душманларни эздим,
Қаҳр билан уларни оёқ ости қилдим.
Уларнинг қони кийимларимга сачради,
Бутун уст–бошимни ифлос қилди.
4 Ҳа, Мен қасос кунини тайинлаб қўйган эдим,
Халқимни қутқарадиган кун етиб келди.
5 Қарадим, ёрдам берадиган бирор одам йўқ эди,
Қўллаб–қувватлайдиган ҳеч кимса йўқлигидан ҳайратда қолдим.
Шунда Ўзимнинг қўлим ёрдамга келди,
Ўз ғазабим Менга мадад бўлди.
6 Ғазаб билан халқларни тепкиладим,
Жаҳл билан уларни эзиб ташладим.
Уларнинг қонини ерга тўкдим.”
Худонинг Исроил халқига қилган яхшилиги
7 Эгамизнинг содиқ севгиси ҳақида айтаман,
Қилган ишлари учун Эгамизга ҳамдлар айтаман.
Ўзининг меҳр–шафқати, буюк севгиси билан
Исроил халқига қилган буюк эзгуликлари ҳақида айтаман.
8 Эгамиз шундай деди:
“Ҳа, Исроил халқи Менинг халқимдир,
Хиёнат қилмайдиган фарзандлардир.”
Шундай қилиб, Худо уларнинг нажоткори бўлди.
9 Улар қийналганларида, У ҳам азоб чекди,
Эгамизнинг фариштаси уларни қутқарди.
Севгиси, шафқати туфайли Унинг Ўзи уларни қутқарди.
Эгамиз уларни кўтариб, азалдан опичлаб юрарди.
10 Аммо улар исён қилдилар,
Эгамизнинг Муқаддас Руҳини ранжитдилар.
Шунинг учун Эгамиз уларнинг душмани бўлди.
Эгамизнинг Ўзи уларга қарши курашди.
11 Шунда халқ ўтган кунларни,
Мусонинг даврини эслаб, шундай деди:
“Ота–боболаримизни ва уларнинг чўпонларини денгиздан ўтказган қани?
Ўз Муқаддас Руҳини уларнинг орасига юборган қани?
12 Ажойиб қудратли қўли билан
Мусонинг ўнг қўлидан тутган қани?
Ўзининг номини шарафлай деб,
Уларнинг олдидаги сувни иккига бўлган қани?”
13 Эгамиз уларни денгиз тубидан олиб ўтди.
Текис жойда юрган отдай
Улар ҳеч қоқилмасдан ўтди.
14 Водийга ёйилган подага ўхшатиб,
Эгамизнинг Руҳи уларга ором берди.
Ўзининг буюк номи улуғлансин дея,
Эгамиз Ўз халқига йўл кўрсатди.
Меҳр–шафқат ва мадад учун ибодат
15 Эй Эгамиз, осмондан қара,
Муқаддас, улуғворликка тўла
Масканингдан боқ!
Қани энди ғайратинг, қудратинг?
Сен меҳрибонлигингни, шафқатингни
Биздан дариғ тутдинг.
16 Ахир, Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз!
Иброҳим бизни билмайди,
Ёқуб бизни танимайди.
Сен бизнинг отамизсан!
Азалдан номинг — “Қутқарувчимиз.”
17 Эй Эгамиз, нега бизни йўлингдан адаштирасан?
Нега бизга Сендан қўрқмайдиган тош юрак бергансан?
Биз Сенинг қулларингмиз.
Бизнинг ҳақи–ҳурматимиз,
Ўзингнинг азиз халқинг ҳақи–ҳурмати
Бизга юз бургин!
18 Сенинг муқаддас масканингга
Биз, азиз халқинг, фақат оз вақт эгалик қилдик.
Энди эса душманларимиз
У ерни оёқ ости қилиб ташлади.
19 Сенга тегишли бўлмаган халққа,
Сен устидан ҳукмрон бўлмаган элга
Биз аллақачон ўхшаб қолдик.
1 Эй Эгам, қанийди самоларни ёриб, пастга тушсанг,
Тоғлар олдингда титраса!
2 Аланга ўтинни ёндириб, сувни қайнатгандай,
Сен ҳам пастга тушиб, халқларни титрат.
Токи ғанимларинг номингни билсин.
3 Биз кутмаган ажойиб ишлар қилдинг!
Пастга тушдинг, олдингда тоғлар титради!
4 Ахир, Сенга умид боғлаганларни деб,
Ажойиб иш қиладиган Худо Сенсан.
Сенга ўхшаган худо ҳақида
Азалдан ҳеч ким эшитмаган,
Ҳеч бир қулоққа ҳам кирмаган.
Сенга ўхшаган худони ҳеч бир кўз кўрмаган.
5 Қувонч билан тўғри йўлдан юрганларга,
Сенинг амрларингни бажарганларга
Сен пешвоз чиқасан.
Мана, Сен ғазабдасан,
Биз эса гуноҳ қилдик.
Биз азалдан гуноҳга ботганмиз,
Энди нажот топа оламизми?
6 Ҳаммамиз ҳаром бўлиб қолдик,
Яхши ишларимизнинг ҳаммаси ҳайз латталари кабидир.
Япроқлар каби сўлиб боряпмиз,
Айбларимиз шамол каби, бизни учириб кетяпти.
7 Ҳеч ким Сенга сажда қилмайди,
Ҳеч ким, Эгамга ўзимни боғлай, демайди.
Ахир, Сен биздан юз ўгирдинг,
Бизни ўз гуноҳларимиз измига топширдинг!
8 Аммо энди Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз!
Биз лоймиз, Сен эса кулолсан,
Ҳаммамиз қўлларингнинг ижодимиз!
9 Эй Эгамиз, бизга бунчалик ғазабингни сочаверма,
Гуноҳларимизни то абад ёдда тутма.
Қара, ахир, ҳаммамиз Сенинг халқингмиз!
10 Муқаддас шаҳарларинг саҳрога айланди,
Қуддус вайрона бўлди,
Сион чўлу биёбон бўлиб қолди.
11 Бизнинг муқаддас Маъбадимиз, фахримиз,
Ота–боболаримиз Сенга мадҳлар куйлаган жой
Энди ёниб битди.
Бизга қадрли бўлганларнинг ҳаммаси
Вайронага айланди.
12 Эй Эгам! Наҳот шунда ҳам Ўзингни тутиб тураверсанг?!
Сукут сақлаб, бизни қаттиқ жазолайверсанг?!
Худо ҳукмининг одиллиги
1 Эгам айтар: “Мени сўрамаганларга кўриндим,
Мени изламаганлар топди.
Менга илтижо қилмаган бир халққа:
«Мана Мен! Шу ердаман!» деб айтдим.
2 Итоатсиз халқни
Кун бўйи қучоқ очиб кутдим.
Ана, улар ўзлари хоҳлаган,
Тўғри бўлмаган йўллардан юради.
3 Улар юзимга қараб туриб,
Жаҳлимни чиқаради.
Саждагоҳ боғларда тўхтовсиз қурбонликлар келтиради,
Ғишт қурбонгоҳларда тутатқилар тутатади.
4 Улар қабрлар орасида ўтириб,
Яширин жойларда арвоҳларга маслаҳат солади.
Улар чўчқа гўштини ейди,
Қозонларида ҳаром гўшт қайнатади.
5 Улар бошқаларга шундай дейди:
«Нарироқ тур, менга тегма,
Яна муқаддаслигим юқиб қолмасин.»
Буларнинг ҳаммаси кун бўйи ёниб турган олов кабидир.
Уларнинг тутуни бурнимни ачитади.
6 Мана, ҳаммаси кўз ўнгимда ёзиб қўйилган.
Мен жим турмайман, уларни жазолайман.
Қилмишларига яраша уларга тўлиқ қайтараман.
7 Уларни ўзларининг гуноҳлари учун
Ҳамда оталарининг гуноҳлари учун жазолайман,
— демоқда Эгамиз. —
Ахир, улар тоғларда тутатқилар тутатдилар,
Тепаликларда Мени ҳақорат қилдилар.
Шу боис қилмишларига яраша
Уларга жазосини бераман.”
8 Эгамиз шундай айтмоқда:
“Агар бир бош узумда ҳали шарбати бор бўлса,
Одамлар: «Уни ташлаб юборманг,
Ҳали фойдаси тегади», деб айтади.
Мен ҳам Ўз қулларим ҳақи шундай қиламан,
Ўз халқимнинг ҳаммасини йўқ қилмайман.
9 Тоғларимни мулк қилиб олсин деб,
Исроил ва Яҳудо халқига авлод бераман.
Танлаган халқим тоғларимга эгалик қилади,
Менинг қулларим у ерда яшайди.
10 Шарон текислиги қўйлар сурувлари учун яйлов бўлади,
Охор сойлиги мол–қўйлар учун ўтлоқ бўлади.
Ҳа, бу ерлар Менга интилганларники бўлади.
11 Аммо баъзиларингиз Мен, Эгангизни тарк этдингиз,
Муқаддас тоғимни унутдингиз!
«Омад» бути учун дастурхон ёздингиз,
«Қисмат» бути учун қадаҳларга шароб қуйдингиз!
12 Шундайларни Мен қиличнинг дамига рўпара қиламан.
Ҳаммангиз тиз чўкасиз, бўғизланасиз.
Ахир, Мен чақирганимда жавоб бермадингиз,
Гапирганимда қулоқ солмадингиз.
Менинг олдимда қабиҳликлар қилдингиз,
Мен хоҳламаган нарсаларни танладингиз.”
13 Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда:
“Менинг қулларим ейди, сизлар эса оч қоласиз,
Қулларим ичади, сизлар ташналикдан азоб чекасиз,
Қулларим шод–хуррам бўлади,
Сизлар эса шармандаю шармисор бўласиз.
14 Қулларимнинг қалби шодликка тўлади,
Улар қўшиқлар куйлайди.
Сизлар эса юрагингиздаги қайғудан дод–вой қиласиз,
Эзилган руҳингиз туфайли увиллаб йиғлайсиз.
15 Мен, Эгангиз Раббий, сизларни ўлдираман,
Сизнинг номингиз танланган халқим орасида
Лаънат сифатида ишлатилади.
Ўз қулларимга эса бошқа ном бераман.
16 Ким ўзига бу юртда барака тиласа,
Мен, содиқ Худонинг номи билан дуо қилади.
Юртда ким онт ичадиган бўлса,
Менинг номим билан онт ичади.
Олдинги қайғулар унутилади,
Қайғу кўз олдимдан йўқотилади.
Янги улуғвор ижод
17 Мана, қаранг! Янги осмон, янги ер яратяпман.
Илгари бўлганлар энди эсланмайди,
Улар ҳеч қачон ёдга олинмайди.
18 Яратаётган ишларим туфайли
То абад шодланинг, хурсанд бўлинг.
Мен Қуддусни шодлик қилиб,
Халқини қувонч қилиб яратяпман.
19 Мен Қуддус туфайли севинаман,
Халқим Менга қувонч келтиради.
Энди Қуддусда ҳеч қачон
Йиғи, фарёд товуши эшитилмайди.
20 У ерда энди гўдаклар ўлмайди,
Бирор қария ёшини яшамай ўтмайди.
Биронтаси юз ёшга кириб оламдан ўтса,
У ҳақда: «Эвоҳ, ёш кетди», деб айтадилар.
Юзга етмай ўлганни лаънати деб биладилар.
21 Халқим уйлар қуриб, ўзлари ўша ерда яшайди,
Токзорлар ўтқазиб, ҳосилини ўзлари ейди.
22 Энди улар қурган уйларда бошқалар яшамайди,
Эккан дарахтларининг ҳосили бошқаларга насиб бўлмайди.
Халқимнинг умри чинор умридай узоқ бўлади,
Танлаган халқим ўз қўлларининг маҳсулидан узоқ вақт баҳраманд бўлади.
23 Уларнинг меҳнати беҳуда кетмайди,
Насллари бахтсизликка мубтало бўлмайди.
Улар Мен, Эгасидан барака топган халқдир,
Уларнинг авлодига ҳам Мен барака бераман.
24 Менга ёлвормасларидан ҳам олдин
Халқимга жавоб бераман.
Гапираётган пайтининг ўзидаёқ
Уларга қулоқ тутаман.
25 Бўри билан қўзичоқ бирга ўтлаб юради,
Шер ҳам ҳўкиз каби сомон ейди,
Илон эса тупроқ ялайди.
Муқаддас тоғимнинг бирон ерида
Ҳеч бир ёвузлигу ёмонлик қилинмайди.”
Эгамизнинг каломи шудир.
Худо халқларни ҳукм қилади
1 Эгамиз шундай айтмоқда:
“Осмон Менинг тахтимдир,
Ер оёғим тагидаги курсидир.
Менга қандай уй қуриб бера оласиз?!
Қайси жой Менга маскан бўла олади?!
2 Ахир, ҳаммасини Ўз қўлларим билан яратганман,
Ҳа, бутун борлиқ Мен туфайли мавжуддир,
— демоқда Эгамиз. —
Камтар, мўмин бўлган одамга,
Каломим олдида титрайдиганга
Мен эътибор билан қарайман.
3 Аммо буқани қурбонлик қиладиган инсон
Одам ўлдирган қотил кабидир.
Қўзини қурбонлик қиладиган одам
Итнинг бўйнини синдирган одам кабидир.
Дон назри қиладиган одам
Чўчқа қонини назр қиладиган одам кабидир.
Тутатқи тутатган одам
Бутга топинадиган одам кабидир.
Ўшалар ўз йўлларини танладилар,
Қилган жирканч ишларидан жонлари лаззат олар.
4 Мен ҳам уларга қаттиқ жазо танлайман.
Улар нимадан қўрқса, ўшани бошларига соламан.
Ахир, чақирганимда, ҳеч ким жавоб бермади,
Гапирганимда, ҳеч ким қулоқ солмади.
Улар Менинг олдимда қабиҳлик қилдилар,
Менга номаъқул бўлган йўлни танладилар.”
5 Эй Эгамизнинг каломини эшитиб, титрайдиганлар,
Унинг сўзларига қулоқ тутинглар:
“Қардошларингиз сиздан нафратланади,
Менинг номимни деб улар сизни ҳайдаган.
Сизларни мазах қилиб, шундай деган эди:
«Қани, Эгангиз улуғворлигини кўрсатиб,
Сизларни қутқарсин.
Хурсанд бўлганингизни кўрайлик–чи!»
Энди ўшалар шарманда бўлади.”
6 Шаҳардан кучли шовқин–сурон келмоқда!
Маъбаддан бир овоз эшитилмоқда!
Бу Эгамизнинг овозидир!
У Ўзининг душманларига
Қилмишларига яраша қайтаради.
7 Мана, Қуддус тўлғоқ тутмасдан олдин туғди,
Тўлғоқ тутмай туриб, бир ўғил туғди.
8 Ким бундай воқеани эшитган?!
Ким бундай ҳодисани кўрган?!
Хўш, юрт бир кунда пайдо бўладими?!
Бир онда бутун бир халқ дунёга келадими?!
Қаранг, тўлғоғи тутар–тутмас
Қиз Қуддус ўғиллар туғди.
9 “Туғадиган пайтгача олиб келаман–у,
Туғишга куч бермайманми?!
— демоқда Эгамиз. —
Туғишга куч бераман–у,
Бачадонни ёпиб қўяманми?!”
— деб айтмоқда Худойингиз.
10 Эй Қуддусни севадиганлар,
Қуддус билан бирга севининг,
Ҳаммангиз у билан бирга шодланинг.
Эй Қуддус учун аза тутганлар,
У билан бирга хурсанд бўлинг!
11 Сиз унинг кўкрагидан эмгандай бўлиб,
Тўйиб, тасалли топасиз.
Қониб–қониб ичиб,
Унинг мўл–кўл баракасидан завқ оласиз.
12 Ҳа, Эгамиз шундай айтмоқда:
“Мен Қуддусга тинчликни дарё каби,
Элатларнинг бойлигини тошқин сой каби оқизиб келтираман.
Қуддус сизларни эмизикли боладай қўлларида кўтариб юради,
Сизларни тиззаларига ўтирғизиб, парвариш қилади.
13 Боласини овутган бир она каби,
Мен ҳам сизларни овутаман.
Сизлар Қуддусда тасалли топасиз.”
14 Буларни кўриб, қалбингиз шодликка тўлади,
Танангиз янги майса каби, ҳаёт билан тўлиқ бўлади.
Эгамиз Ўз қулларига қудратини,
Душманларига эса ғазабини кўрсатади.
15 Мана, қаранг! Эгамиз олов билан келмоқда,
Унинг жанг аравалари қуюндай келмоқда.
У аёвсиз қасос олади,
Ғазаби олов каби ёнади.
16 Ҳа, Эгамиз олову қилич билан
Жамики жонзотларга қарши курашади.
Унинг қўлидан кўплари ҳалок бўлади.
17 Эгамиз шундай айтмоқда: “Ўзларини поклаб, бутларга бағишлаганлар, саждагоҳ боғларга бориб, йўлбошчиларига эргашганлар йўқ бўлади. Чўчқа ва бошқа ҳаром, макруҳ ҳайвонларнинг гўштини ейдиганлар, уларнинг ҳаммаси биргаликда ҳалок бўлади.
18 Уларнинг ишларидан, ўйларидан нафратланаман. Ҳамма халқларни, элатларни йиғиш вақти келди. Улар келиб, Менинг улуғворлигимни кўрадилар.
19 Мен уларнинг орасида аломат кўрсатаман. Омон қолганларини қуйидаги халқлар орасига юбораман: Таршиш, Ливия халқларига, камонкашлари билан машҳур бўлган Лидия халқига, Тувал ва Юнон халқларига, денгиз ортидаги Мен ҳақимда эшитмаган, Менинг улуғворлигимни кўрмаган халқларга. Улар Менинг буюклигимни ўзга халқларга билдирадилар.”
20 Эгамиз шундай дейди: “Ўшанда улар барча халқлар орасидан қолган ҳамма биродарларингизни олиб келишади. Уларни назр сифатида муқаддас тоғим — Қуддусга келтиришади. Худди Исроил халқи пок дон назрини Маъбадга олиб келгандай, улар биродарларингизни Қуддусга отларда, жанг араваларида, от қўшилган араваларда, хачирларда ва туяларда олиб келишади.”
21 Эгамиз шундай дейди: “Уларнинг орасидан баъзиларини руҳоний, баъзиларини эса леви қилиб тайинлайман.”
22 Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен яратадиган янги ер ва янги осмон кўз олдимда қанча турадиган бўлса, авлодларингиз ҳам, номингиз ҳам шунча туради.
23 Ҳар янги ой шодиёнасида, ҳар Шаббат кунида жамики инсонлар ҳузуримга келиб, Менга сажда қиладилар, — демоқда Эгамиз.
24 — Улар ташқарига чиққанларида Менга қарши чиққанларнинг жасадларини кўрадилар. Ўша жасадларни ейдиган қуртлар ўлмайди, уларни ёндирадиган олов ҳеч қачон ўчмайди. Ҳаммаси барча инсон зотига жирканч бўлади.”