Еремиё

Еремиё

1 Ушбу китобда Хилқиё ўғли Еремиёнинг сўзлари баён этилган. Еремиё Бенямин ҳудудидаги Онотўт шаҳрида яшаган руҳонийлардан бири эди.

2 Омон ўғли Йўшиё Яҳудода ҳукмронлик қилган даврнинг ўн учинчи йилида, Эгамизнинг сўзи илк бор Еремиёга аён бўлган эди.

3 Шундан сўнг Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим давридан тортиб, то Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йилигача, Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини бир неча марта аён қилган эди. Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йили бешинчи ойида Қуддус аҳолиси Бобилга сургун қилинди.

Эгамиз Еремиёни танлайди

4 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

5 “Онанг қорнида сенга шакл бермасимдан олдин сени билган эдим,

Туғилмасингдан олдин сени Ўзим учун ажратиб олган эдим.

Халқларга сени пайғамбар этиб тайинлаган эдим.”

6 Мен Унга шундай жавоб қайтардим:

— Ё Эгам Раббий! Мен тузукроқ ҳам гапира олмайман. Ҳали жуда ёшман.

7 Эгамиз эса менга шундай деди:

— Ўзингни, ёшман, деб айтма! Мен сени кимнинг олдига юборсам, ўшаларнинг олдига борасан. Сенга амр қилган ҳамма гапларимни уларга айтасан.

8 Сен улардан қўрқма. Мен сен билан бирга бўламан, сени халос қиламан. Буни Мен, Эганг, айтдим.

9 Сўнг Эгамиз қўлини узатиб, лабимга теккизди–ю, деди:

— Мана, сўзларимни оғзингга солиб қўйдим.

10 Бугундан бошлаб халқлар ва шоҳликларни қўпориб, йўқ қилишинг учун, вайрон қилиб, ағдаришинг учун, бунёд этиб, мустаҳкамлашинг учун сенга изн бердим.

Иккита ваҳий

11 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилиб, шундай деди:

— Эй Еремиё, нимани кўряпсан?

— Бодом шохини, — деб жавоб бердим мен.

12 — Тўғри кўрдинг, — деди Эгамиз. — Бодом шохи Менинг ҳушёр туришимни билдиради. Айтган сўзларимни Мен тез орада бажо келтираман.

13 Эгамиз менга Ўз сўзини яна аён қилиб деди:

— Нимани кўряпсан?

— Шимол томонда қайнаб турган бир қозонни. Қозон биз томонга ағдарилай–ағдарилай деб турибди, — дедим.

14 Эгамиз менга шундай деди:

— Бу юртнинг бутун аҳолиси устига шимол томондан фалокат ёғилади.

15 Эгамиз шундай демоқда: “Мен шимолдаги шоҳликларнинг барча халқларини чақириб оляпман. Уларнинг шоҳлари келиб, ўз тахтларини Қуддус дарвозаларининг ёнига ўрнатадилар. Қуддус деворларини қуршаб оладилар, Яҳудо шаҳарларининг ҳаммасига ҳужум қиладилар.

16 Шу йўсин Мен халқимга қарши ҳукмимни эълон қиламан, чунки Ўз халқим Мени тарк этиб, қабиҳлик қилди. Улар бегона худоларга қурбонликлар келтириб, ўз қўлларининг ижодига сажда қилдилар.

17 Сен энди бўла қол, белингни боғла. Буюрганларимнинг ҳаммасини уларга бориб айт. Улардан қўрқма. Акс ҳолда, уларнинг олдида сени ваҳимага соламан.

18 Бугун Мен сени бир қалъадай, темир устундай ва бронза девордай мустаҳкам қилдим. Сен бутун юртга — Яҳудо шоҳларига, шаҳзодаларига, руҳонийларига, юрт аҳолисига қарши чиқасан.

19 Улар сенга ҳужум қилишади, лекин сени енга олишмайди. Мен сен билан бирга бўламан, сени халос қиламан.” Эгамизнинг каломи шудир.

Худо Исроил халқига ғамхўрлик қилади

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Қуддусга бориб, жар сол: «Эгамиз шундай деб айтмоқда:

Ёшлигингдаги вафодорлигинг ёдимда,

Келинчаклигингдаги севгинг эсимда.

Сен саҳрода Менга эргашган эдинг,

Экин экилмаган ерда орқамдан юрар эдинг.

3 Эй Исроил, сен Менга бағишланган эдинг,

Ўримимнинг илк ҳосилига ўхшаган эдинг.

Ўша ҳосилни еган ҳар ким айбдор ҳисобланарди,

Бундайларнинг бошига кулфат келар эди,

— деб айтмоқда Эгамиз.»”

Исроил аждодларининг гуноҳи

4 Эй Ёқуб насли, жамики Исроил уруғлари, Эгамизнинг сўзларини эшитинглар.

5 Эгамиз шундай демоқда:

“Ота–боболарингиз Мендан нима айб топдилар?

Нима учун Мендан узоқлашдилар?

Улар бетайин бутларга сиғиндилар,

Ўзлари ҳам бетайин бўлиб қолдилар.

6 Улар Менга интилмайдилар.

Мен эса уларни Мисрдан олиб чиққан эдим,

Чўлдан, чуқурликларга тўла саҳродан олиб ўтгандим,

Зулмат қамраган қақроқ ерда олиб юрган эдим.

Одам яшамаган, оёқ етмаган жойдан олиб ўтган эдим.

7 Мен сизларни ҳосилдор юртга олиб келгандим,

Меваларидан, мўл ҳосилидан енглар, деган эдим.

Аммо сизлар келиб, юртимни ҳаром қилдингизлар,

Мулким бўлган еримни жирканч бир жойга айлантирдингизлар.

8 Руҳонийлар Менга интилмадилар,

Қонун ҳимоячилари Мени билмадилар,

Ҳукмдорлар Менга қарши бош кўтардилар,

Пайғамбарлар Баал номидан башорат қилдилар,

Ҳеч нарсага ярамайдиган бутларга кўнгил боғладилар.”

Эгамиз Ўз халқини айблайди

9 Эгамиз шундай демоқда:

“Мен сизларни яна бир бор айблайман,

Набираларингизни ҳам айблайман.

10 Ғарбдаги Кипр қирғоқларига бориб кўринглар,

Шарқдаги Кедарга одам жўнатиб, билиб келинглар.

Бундай воқеа ҳеч юз берганмикан?!

11 Бирон халқ ўз худоларидан воз кечганмикан?!

Худолари ҳақиқий бўлмаса–да, улардан юз ўгирганмикан?!

Менинг халқим эса ўз улуғвор Худосидан воз кечди,

Қадрсиз бутларга Мени алмаштирди.

12 Эй осмон, бундан ҳайратлангин,

Ваҳима ичра титрагин,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

13 Менинг халқим икки гуноҳ қилди:

Улар Мени — ҳаётбахш сув булоғини тарк этдилар.

Ўзлари учун сардобалар қазидилар,

Сувни ушлаб туролмайдиган ёриқ сардобалар қурдилар.

Хиёнатнинг оқибати

14 Исроил қулмиди?! Ёки қулликда туғилганмиди?!

Нечун унда у ғанимларига ўлжа бўлди?

15 Ғанимлари унга шердай ўкирди,

Овози борича унга бўкирди.

Ўшалар дастидан Исроил юрти хароб бўлди,

Шаҳарлари вайрон бўлиб, ҳувиллаб қолди.

16 Эй Исроил, Нуф ва Тахпанхасдаги халқлар

Сочингни қириб ташладилар.

17 Сенга йўл кўрсатган Эганг Худони тарк этдинг,

Шу қилмишинг билан ўз бошингни ўзинг единг.

18 Энди нега Мисрга борасан?

Нил сувидан ичиш учунми?!

Нечун Оссурияга йўл оласан?

Фурот сувидан ичиш учунми?!

19 Қабиҳлигинг ўзингнинг бошингга етади,

Хиёнатинг сени маҳкум қилади.

Эганг Худони тарк этганинг

Нақадар ёмон ва аламли эканини

Кўриб, билиб қўйгин.

Сен Мендан қўрқмас экансан”, демоқда

Сарвари Олам — Раббий.

Исроил халқи Худога сажда қилишдан бош тортади

20 Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Исроил, сен анча олдин

Бўйинтуруғингни синдирган эдинг,

Кўп вақт олдин кишанларингни узган эдинг.

«Сенга хизмат қилмайман!» деб айтган эдинг.

Ҳар бир баланд тепаликда бутларга сажда қилдинг,

Ҳар бир яшил дарахт остида фоҳишадай ётдинг.

21 Мен сени аъло токдай эккан эдим,

Сен энг сара уруғдан пайдо бўлган эдинг.

Нечун энди айниб қолдинг?

Нега ёввойи токка айланиб қолдинг?

22 Сен ўзингни ишқор билан ишқаласанг ҳам,

Кўп совун ишлатиб, ўзингни ювсанг ҳам,

Айбдорлик доғларинг кетмайди,

Булар доим кўз ўнгимда туради,

— деб айтмоқда Эгамиз Раббий. —

23 Шундай экан, қандай қилиб:

«Булғанмадим», деб айтасан?!

Нега «Баалга сиғинмадим», дейсан?!

Водийда қилган ишларингга қара,

Қилган қилмишларинг ҳақида ўйлаб кўр,

Сен ҳирси қўзиган урғочи туяга ўхшайсан,

Ўзингни у ёқдан–бу ёққа урасан.

24 Саҳрода улғайган бир қулонга ўхшайсан,

Шаҳватинг қўзиганда, ҳавони искайсан.

Сенинг ҳирсингни ким қондира олади?!

Ҳеч бир эркак сенга эришиш учун ўзини уринтириши шарт эмас,

Жуфтлашиш даврида сени осонликча топиб олишади.

25 Эй Исроил, бошқа худоларнинг кетидан югуравермагин,

Чориғинг йиртилгунча, томоғинг қуригунча

Улар кетидан юравермагин.

Лекин сен шундай дединг:

«Гапирганинг бефойда,

Ахир, мен ўша худоларни севиб қолдим,

Уларнинг кетидан бормасам бўлмайди.»

Исроил халқи жазоланади

26 Қўлга тушган ўғри шарманда бўлгандай,

Исроил халқи ҳам шарманда бўлади.

Уларнинг ўзлари, шоҳлари, аъёнлари уятга қолади,

Руҳонийлару пайғамбарлари шарманда бўлади.

27 Улар ёғочга: «Менинг отам сенсан» дейишади,

Тошга: «Туққан онам сенсан», деб айтишади.

Аммо Менга юз бурмай, орқа ўгиришади,

Бошларига кулфат келганда эса,

«Бизга нажот бер!» дея Менга ёлворишади.

28 Хўш, ўзларингиз учун ясаган худоларингиз қани?

Кулфат чоғида сизларни қутқара олса, келсин.

Шаҳарларингиз қанча кўп бўлса,

Худоларингиз ҳам шунчадир, эй Яҳудо халқи.

29 Нечун Мен билан даъволашасиз?!

Ҳаммангиз Менга қарши бош кўтардингиз!

— деб айтмоқда Эгамиз. —

30 Эй халқим, сени жазолаганим зое кетибди.

Сен барибир гапимга кирмадинг.

Сенинг қиличинг йиртқич арслондай

Пайғамбарларингни қириб ташлади.

31 Эй бу насл, Менинг гапларимга қулоқ сол!

Наҳотки Мен Исроил учун саҳродай бўлган бўлсам?!

Наҳотки зулмат қоплаган қоронғи ердай бўлган бўлсам?!

Нечун халқим: «Энди озодмиз, олдингга қайтиб бормаймиз», деб айтади?

32 Қиз бола тақинчоқларини унутадими?!

Келинчак ўз либосини эсдан чиқарадими?!

Йўқ! Аммо халқим Мени унутди,

Орадан сон–саноқсиз кунлар ўтиб кетди.

33 Ошиқларни топишга нақадар устасан!

Энг бузуқ аёл ҳам сендан ўрганса бўлади.

34 Сен кийимларингни доғ қилдинг,

Айбсиз қашшоқларнинг қонига уларни беладинг,

Улар уйингга ўғри бўлиб тушмаган эди.

Шунга қарамай сен:

35 «Айбсизман», деб айтасан.

«Эгамиз ғазабидан тушгани аниқ», дейсан.

«Гуноҳ қилмадим» деганинг учун

Мен сени жазолайман.

36 Нега сен енгилтаклик қиласан?

Нега иттифоқчиларингни ўзгартирасан?

Сен Оссуриядан ёрдам олмаганингдай,

Мисрдан ҳам ҳеч қандай ёрдам олмайсан.

37 Сен Мисрдан чиқиб келасан,

Уялганингдан юзингни қўлинг билан тўсасан.

Зеро, сен умид боғлаган халқни Эганг рад этди.

Сен улардан ҳеч қандай наф кўрмайсан.”

Бевафо Исроил

1 Эгамиз шундай демоқда: “Бир одам хотини билан ажрашди, дейлик. Агар хотини бориб, бошқасига турмушга чиқса, олдинги эри уни қайта никоҳига олиши мумкинми?! Бундай бемаънигарчилик юртни ҳаром қилиб юбормайдими?! Эй Исроил, сен кўп ўйнашлар орттириб фоҳишалик қилдинг. Энди қайси юз билан олдимга қайтиб келмоқчисан?!

2 Атрофингдаги яланг қирларга назар солиб, қара!

Сен фоҳишалик қилмаган бирор жой қолдими?!

Сен йўл бўйларида ўтириб, ўйнашларингни кутдинг.

Чўлда босқинчилик қилишга шай турган қароқчидай бўлдинг.

Менга қилган бевафолигинг ва фосиқлигинг билан,

Бутун юртни ҳаром қилдинг.

3 Шу сабабдан ёмғир ёғмади,

Баҳорда ёғингарчилик бўлмади.

Сен фоҳишадай безбетсан,

Уят деган нарсани билмайсан.

4 Энди эса Менга: «Отажонимсан», деяпсан,

«Ёшлигимдан буён дўстимсан», деб айтяпсан!

5 «Ҳадеб мендан жаҳлинг чиқаверадими?» дейсан,

«Бир умр менга ғазабингни сочасанми?» деб айтасан,

Ўзинг эса имконинг борича ёвузлик қилаверасан.”

Исроил ва Яҳудо халқлари тавбага чақирилади

6 Шоҳ Йўшиё даврида Эгамиз менга шундай деди: “Бевафо Исроилнинг қилмишларини кўрдингми? Ҳар бир баланд тепаликда ва ҳар бир яшил дарахт остида у фоҳишалик қилди.

7-8 Барча қилмишларидан кейин ҳам, олдимга қайтиб келади, деб ўйлаган эдим. Лекин у қайтиб келмади. Шунинг учун Мен садоқатсиз Исроилга талоқ хатини бериб, жўнатиб юбордим. Унинг синглиси Яҳудо эса буни кўрган эди. Шунга қарамай бу мунофиқ заррача ҳам қўрқмади, у Менга вафо қилмай, фаҳшга берилди.

9 Исроил тош ва ёғочдан ясалган худоларга сиғиниб, зино қилган эди. Енгилтаклик билан фоҳишалик қилиб, юртни ҳаром этган эди.

10 Буларга қарамай, унинг мунофиқ синглиси Яҳудо Менга соф кўнгил билан қайтмади. У кўзбўямачилик қилди”, — деб айтмоқда Эгамиз.

11 Кейин Эгамиз менга шундай деди: “Бевафо Исроил, мунофиқ Яҳудога қараганда, ўзини солиҳ қилиб кўрсатди.

12 Қани, шимолга бор, у ерда ушбу сўзларни жар солиб айт: «Эгамиз шундай демоқда: эй бевафо Исроил, Менга юз бур! Энди Мен сенга ғазабимни сочмайман, Мен раҳмдилман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Сендан то абад ғазабланмайман.

13 Фақатгина гуноҳингни тан олгин: сен Эганг Худога қарши бош кўтардинг, ҳар бир яшил дарахт остида бегона худоларга сажда этиб, зино қилдинг, Менинг гапимга кирмадинг, — деб айтмоқда Эгамиз.»”

14 Эгамиз шундай демоқда: “Эй садоқатсиз фарзандлар, олдимга қайтинглар! Зеро, Мен хўжайинингизман. Ҳар бир шаҳардан биттангизни, ҳар бир хонадондан иккитангизни олиб, Қуддусга олиб келаман.

15 Мен сизларга кўнглимдаги чўпонларни бераман. Улар сизларни донолик ва билим билан бошқаришади.

16 Сизлар юртда кўпайиб, ували–жували бўласизлар. Шунда халқ Менинг Аҳд сандиғим ҳақида гапирмайдиган бўлади. Улар Сандиқ ҳақида ўйлашмайди, уни эсга ҳам олишмайди, зарурати бўлмагани учун янгисини ясашмайди.

17 Зеро, ўша вақтда Қуддус «Эгамизнинг Тахти» деб аталади. Ҳамма халқлар Менга сажда қилиш учун Қуддусда, Менинг ҳузуримда тўпланадилар. Шундан кейин улар ҳеч қачон ёвуз юракларининг ўжарликларига итоат қилмайдилар.

18 Ўша кунларда Яҳудо ва Исроил халқлари бирлашади. Улар шимолдаги юртдан Мен ота–боболарингизга мулк қилиб берган юртга бирга қайтиб келишади.

19 Мен, Эгангиз, ичимда шундай деган эдим:

«Сени жон–жон дея Ўзимга фарзанд қилиб олган бўлар эдим,

Сенга ажойиб юртни совға қилган бўлар эдим,

Халқларнинг энг гўзал мулкини сенга берган бўлар эдим.»

Мени «Отажоним дейсан», дея ният қилган эдим,

Мендан ҳеч қачон юз ўгирмайсан, деб ўйлаган эдим.

20 Аммо, эй Исроил, Менга бевафолик қилдинг!

Сен эрига хиёнат қилган аёлдай бўлдинг,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

21 Яп–яланг қирлар узра фиғон эшитилмоқда,

Исроил халқи доду фарёд солмоқда.

Зотан, улар ҳақ йўлдан озган эдилар,

Ўзларининг Эгаси Худони унутиб юборган эдилар.

22 Эй садоқатсиз фарзандларим, орқага қайтинглар!

Бевафо қалбингизга Мен шифо бераман.

Сизлар Менга шундай дейсизлар:

«Мана, олдингга қайтяпмиз,

Ахир, Эгамиз Худо Сенсан.

23 Биз қирларда бутларга сажда қилар эдик,

Қаттиқ шовқин–сурон кўтарар эдик.

Аммо ҳаммаси беҳуда экан.

Ягона нажоткоримиз Сенсан, эй Эгамиз Худо.

24 Бу ярамас бутлар болалигимиздан буён,

Оталаримизнинг меҳнатини йўққа чиқарди,

Уларни мол–қўйларидан айирди,

Ўғил–қизларидан жудо қилди.

25 Келинг, шармандаликни ўзимизга тўшак қилайлик,

Уятни ёпинчиқ қилиб, устимизга ёпайлик!

Ахир, ота–боболаримиз билан биз

Эгамиз Худога қарши гуноҳ қилдик.

Ёшлигимиздан то бугунгача

Эгамиз Худонинг гапига кирмадик.»”

Тавбага даъват

1 Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Исроил, қани энди қайтсанг,

Қани энди, Менга қайтиб келсанг!

Ҳузуримдан жирканч бутларингни улоқтириб ташласанг,

Қани энди, Менинг йўлимдан озмай юрсанг.

2 Қани энди, ҳақиқат, адолат ва тўғрилик ила

«Эгамиз шоҳид!» дея қасам ичсанг.

Шунда халқлар Мен орқали барака топади,

Улар Мен билан фахрланади.”

3 Эгамиз Яҳудо халқига ва Қуддус аҳолисига шундай деб айтмоқда:

“Ерингизни шудгор қилинг,

Тиканлар орасига уруғ сепманг.

4 Эй Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси,

Ўзингизни Мен, Эгангизга бағишланг,

Юрагингизни суннат қилинг.

Акс ҳолда, ёвуз қилмишингиз учун

Алангали ғазабимни устингизга ёғдираман.

Бу ғазабимни ҳеч ким сўндира олмайди.

Яҳудо халқи бошига келадиган фалокатлар

5 Яҳудода эълон қилинг, Қуддусда жар солинг:

«Бутун юрт бўйлаб бурғу чалинсин.»

Баланд овозда ҳайқиринг: «Қани, тўпланинглар!

Мустаҳкам шаҳарларга қочиб борайлик!»

6 Қуддусга қочиб бориш учун ишора беринг,

Имилламай, тезроқ қочинг!

Мен шимолдан кулфат келтирмоқдаман,

Даҳшатли ҳалокат олиб келмоқдаман.

7 Ана, халқларни ҳалок этувчи йўлга тушди,

У шер каби чакалакзордан чиқди.

Юртингизни хароб қилгани уясини ташлаб келди.

Эвоҳ, энди шаҳарларингиз вайрон бўлади,

Ҳаммаси ҳувиллаб қолади.

8 Марсия айтиб, фарёд қилинглар,

Қанорга ўраниб олинглар.

Ахир, Эгангизнинг алангали ғазаби

Сизни четлаб ўтмади.”

9 Эгамиз шундай демоқда: “Ўша куни шоҳ билан аъёнларнинг юраги орқага тортиб кетади. Руҳонийлар билан пайғамбарлар даҳшатга тушади.”

10 Шунда мен дедим: “Ё Эгам Раббий, Сен Қуддус аҳолисини ёмон лақиллатдинг! Қилич уларнинг бўғзида турган бир пайтда, Сен уларга тинчлик ваъда қилдинг.”

11 Ўша пайт келганда Эгамиз Қуддус аҳолисига шундай деб айтади: “Саҳродаги яланг қирлардан чиққан гармсел халқим томон эсмоқда. У донни хашакдан тозалайдиган майин шабада эмас,

12 балки Мен юборган кучли бир гармселдир. Мен сизларга қарши Ўз ҳукмимни эълон қилмоқдаман.”

Яҳудо душманлар қуршовида

13 Қаранг! Душман булутдай кўтарилмоқда.

Уларнинг жанг аравалари қуюн кабидир,

Отлари бургутдан ҳам чаққондир.

Эвоҳ, шўримиз қурсин! Хонавайрон бўлдик!

14 Эй Қуддус, нажот топишинг учун юрагингни покла.

Қачонгача юрагингда ёвуз ният сақлайсан?!

15 Ана, Дан шаҳридан хабарчининг овози эшитилмоқда,

Эфрайим қирларидан бир шум хабар келмоқда.

16 Эгамиз шундай дейди:

“Халқларга буни айтинглар,

Қуддусда шундай эълон қилинглар:

«Олис юртдан босқинчилар келмоқда,

Улар Яҳудо шаҳарларига қарши ҳайқирмоқда.

17 Босқинчилар дала қўриқчиларига ўхшаб,

Қуддусни қуршаб олишади.»

Зотан, Қуддус аҳли Менга қарши бош кўтарди,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

18 Тутган йўлингиз, қилган қилмишингиз дастидан

Бу кулфат бошингизга келди–ку!

Жазоингиз шудир.

Оҳ, нақадар аччиқ бўлмаса бу кулфат!

Нақадар юракни эзади–я!”

Еремиё ўз халқи учун қайғуради

19 Вой жоним, адойи тамом бўлдим!

Вой юрагим! Қинидан чиққудай бўляпти!

Сукут сақлаб тура олмайман,

Эшитяпман бурғу садоларини,

Эшитяпман урушга даъватларни.

20 Кулфат кетидан кулфат келди,

Бутун юрт хонавайрон бўлди.

Бир зумда чодирларим бузилиб кетди,

Масканим пардалари йўқ бўлди.

21 Қачонгача ёв байроғи кўзим олдида ҳилпираб тураверади?!

Қачонгача бурғу овози қулоғимга чалинаверади?!

22 Эгамиз шундай жавоб берди:

“Ахир, Менинг халқим бефаросат,

Улар Мени танишмайди.

Улар нодон, ақлсиз фарзандлардир.

Ёмонлик қилишга уста,

Яхшилик қилиш эса қўлларидан келмайди.”

Келаётган кулфат ҳақидаги ваҳий

23 Мен ерга қарадим, ер айқаш–уйқаш эди,

Кўзимни осмонга тикдим, осмонда нур кўринмасди.

24 Тоғларга қарадим, тоғлар силкинаётган эди,

Ҳамма қирлар ларзага келган эди.

25 Қарадим, аммо инсон зоти кўринмади,

Ҳатто кўкдаги қушлар ҳам учиб кетган эди.

26 Қарадим, ҳосилдор ерлар чўлга айланган эди,

Ҳамма шаҳарлар вайрон бўлган эди.

Бунга сабаб Эгамизнинг қаттиқ қаҳри эди.

27 Зеро, Эгамиз шундай деган эди:

“Бутун юрт вайрон бўлади,

Лекин юртни бутунлай йўқ қилиб юбормайман.

28 Бутун дунё аза тутади,

Осмон ҳам қоп–қора бўлиб кетади.

Буни Мен айтдим, шахтимдан қайтмайман.

Қарор қилдим, қароримни ўзгартирмайман.”

29 Отлиқ ва камонкашлар ҳайқириғидан

Ҳар бир шаҳар аҳолиси қочиб қолади.

Улар чакалакзорлар оралаб югуришади,

Қояларга чиқиб, ораларига яшириниб олишади.

Ҳамма шаҳарлар ҳувиллаб қолади,

У ерларда яшайдиган одам бўлмайди.

30 Сен эса, эй харобазорга айланган шаҳар,

Нега устингга қирмизи либос кийиб олдинг,

Олтин тақинчоқлар билан безандинг?

Нега кўзларингни бўяб олдинг?

Бекорга безаниб олибсан!

Ўйнашларинг сендан нафратланади,

Жонингга қасд қилмоқчи улар.

31 Ана, кимдир тўлғоқ тутган аёлдай бақирмоқда,

Кимдир илк бор туғаётган аёлдай инграмоқда.

Қиз Қуддус энтикиб қичқирмоқда,

Қўлларини чўзиб шундай демоқда:

“Шўрим қурсин! Қотилларим олдида мадорим қолмади.”

Қуддус аҳолисининг гуноҳлари

1 Эгамиз шундай дейди:

“Қуддуснинг ҳар бир кўчасига кириб чиқинглар,

Атрофингизга қараб, билиб олинглар,

Шаҳар майдонларида қидириб кўринглар,

Бирон адолатли, ростгўй одам бормикан.

Агар шундай одамни топиб келсангиз,

Мен Қуддус аҳолисининг гуноҳидан ўтаман.

2 Улар «Эгамиз шоҳид!» дея қасам ичадилар,

Аммо ичган қасамлари ёлғон.”

3 Эй Эгам, Сен ҳақиқатни излайсан.

Сен бу халқни урган эдинг,

Аммо улар оғриқ сезмадилар.

Уларни деярли йўқ қилиб юборганингда ҳам,

Гапингга кирмадилар.

Бетларини тошдан ҳам қаттиқ қилдилар,

Тавба қилишни хоҳламадилар.

4 Шунда мен ичимда дедим:

“Эҳа, булар камбағал–ку!

Шунинг учун уларнинг фаросати йўқ,

Улар Эгамизнинг йўлини билмайди,

Худосининг қонунини танимайди.

5 Қани, бойларнинг олдига борай–чи,

Улар билан гаплашиб кўрай–чи,

Эгамизнинг йўлини улар албатта билади,

Улар Худосининг қонунини танишади.”

Аммо уларнинг ҳаммаси бўйинтуруғини синдирган экан,

Эгамизга итоат этишдан бош тортган экан.

6 Шунинг учун ўрмондан чиққан шер уларни ўлдиради,

Чўлдан келган бўри уларни ғажиб ташлайди.

Қоплон уларнинг шаҳарлари олдида писиб туради,

Шаҳардан чиққан ҳар бир одамни тилка–пора қилади.

Ахир, улар кўп гуноҳ қилдилар,

Худога кўп хиёнат этдилар.

7 Эгамиз шундай дейди:

“Эй Қуддус, Сени қандай қилиб кечираман?!

Фарзандларинг Мени тарк этдилар–ку!

Улар Худо бўлмаган бутларнинг номини ўртага қўйиб онт ичдилар.

Мен уларнинг эҳтиёжларини қондирар эдим,

Улар эса зино қилаверар эдилар,

Фоҳишаларнинг уйига тўдалашиб борар эдилар.

8 Улар ҳирси қўзғаган айғир отлар каби эдилар,

Ҳар бири қўшнисининг хотинига кишнар эди.

9 Мен уларни бунинг учун жазоламайми?!

Шундай бир халқдан ўч олмайми?!

— деб айтмоқда Эгамиз. —

10 Қани, уларнинг узумзорларига киринглар,

Токларини кесиб ташланглар.

Аммо бутунлай йўқ қилманглар.

Новдаларини синдиринглар,

Энди улар Меники эмас.

11 Ахир, Исроил ва Яҳудо халқлари

Менга бутунлай хиёнат қилишди.”

Эгамизнинг каломи шудир.

Эгамиз Исроилни тарк этади

12 Исроил халқи Эгамиз ҳақида ёлғон гапирди, улар шундай деди:

“Эгамиз барибир ҳеч нарса қилмайди.

Ҳеч қандай кўргилик бошимизга тушмайди!

Қаҳатчилик, уруш бўлмайди!

13 Пайғамбарларининг бемаъни сўзлари шамолга ўхшайди,

Худонинг сўзи уларга аён бўлмаган.

Бу кулфатлар ўзларининг бошига тушсин!”

14 Шунинг учун Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Еремиё, халқим айтган бу гаплари учун

Мен Ўз сўзларимни сенинг оғзингда оловдай қиламан.

Бу халқ эса ўтин каби бўлади,

Олов уларни ёндириб ташлайди.”

15 Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Исроил халқи,

Мен олисдаги бир халқни қўзғатаман.

Уларни сизга қарши юбораман.

Улар кучли, қадимги бир халқдир.

Бу халқнинг тилини сизлар билмайсизлар,

Уларнинг гапларини тушунмайсизлар.

16 Уларнинг ҳаммаси моҳир жангчилардир,

Ўқлари ўлим элчиларидир.

17 Улар ҳосилингизни, нонингизни еб битиришади,

Ўғил–қизларингизни ўлдиришади.

Мол–қўйларингизни бўғизлашади,

Узумзору анжирзорларингизни йўқ қилишади.

Суянган мустаҳкам шаҳарларингизни

Лашкарлари вайрон қилишади.”

18 Эгамиз демоқда: “Шундай кунларда ҳам Мен Ўз халқимни бутунлай қириб юбормайман.

19 Халқим сендан: «Нима учун Эгамиз Худо бундай ишларни қилди?» деб сўраганда, сен, эй Еремиё, уларга шундай жавоб бер: «Сизлар Худони тарк этиб, юртимизда бегона худоларга хизмат қилдингизлар. Энди ўзга юртда бегона одамларга худди шундай хизмат қиласизлар.»

Худо халқни огоҳлантиради

20 Бориб, Ёқуб наслига шундай деб айт, Яҳудо халқига шундай деб эълон қил:

21 Сизларнинг кўзингиз бор, аммо кўрмайсизлар,

Қулоғингиз бор, аммо эшитмайсизлар.

Эй ақлсиз, бефаросат одамлар,

Гапларимни эшитинглар!

22 Наҳотки Мендан қўрқмасангизлар?!

Менинг олдимда титрамасангизлар?!

— деб айтмоқда Эгамиз. —

Ахир, Мен денгизга қумни чегара қилиб қўйдим,

Ўтиб бўлмайдиган абадий тўсиқ қилдим.

Тўлқинлар кўпириб, кўтарилса ҳам,

Тўсиқдан устун келолмайди.

Ҳайқириб ўкирса ҳам,

Ундан ошиб ўтолмайди.

23 Аммо сизлар ўжар ва исёнкорсизлар,

Йўлдан озиб, Мени тарк этдингизлар,

24 Сизлар ичингизда ҳеч айтмайсизлар:

«Эгамиз Худодан қўрқайлик,

У ўз вақтида ёмғир ёғдиради–ку!

Кузда ҳам, баҳорда ҳам еримизни суғоради–ку!

Йиғим–терим мавсумини ўз вақтида беради–ку!» деб.

25 Гуноҳларингиз сизларни булардан маҳрум этди,

Айбларингиз сизларни баракадан жудо этди.

26 Ҳа, халқим орасида ярамас одамлар бор.

Улар қуш овлаётгандай писиб ётишар,

Тузоқ қўйиб, одамларни ўз домига тортишар.

27 Овчи қафасни қушларга тўлдиргандай,

Улар уйларини ҳийлага тўлдирдилар.

Шу туфайли кучайиб, давлат орттирдилар,

28 Семириб, ялтираб кетдилар.

Қабиҳ ишларининг чек–чегараси йўқ.

Улар етимни оқлашга ҳаракат қилмайди,

Йўқсилнинг ҳақини ҳимоя этмайди.

29 Мен уларни бу учун жазоламайми?!

Шундай бир халқдан ўч олмайми?!

— деб айтмоқда Эгамиз. —

30 Қўрқинчли ва даҳшатли ишлар

Бу юртда содир бўлмоқда:

31 Пайғамбарлар ёлғондан башорат қилмоқда,

Руҳонийлар ўзларича халқимни бошқармоқда,

Халқимга буларнинг ҳаммаси хуш келмоқда.

Аммо охирида улар нима қилар экан–а?”

Қуддус душманлар қуршовида

1 Эгамиз шундай дейди:

“Эй Бенямин насли,

Жонингизни қутқаринглар!

Қуддусдан қочиб чиқинглар!

Тахува шаҳрида бурғу чалинглар!

Байт–Хакерем шаҳрида олов ёқиб, белги кўрсатинглар.

Ана, шимолдан бир фалокат келяпти,

Даҳшатли бир ҳалокат яқинлашяпти.

2 Қиз Қуддус гўзал ва латофатлидир,

Аммо Мен уни йўқ қилиб ташлайман.

3 Шаҳар атрофига жойлашиб олган чўпонлардай,

Душманлар Қуддусни қамал қилади.

Ҳар бири ўз лашкари учун жой танлайди.

4 Улар шундай деб айтишади:

«Қуддусга қарши жангга тайёрланинглар!

Бўла қолинглар, кундуз куни уларга ҳужум қиламиз!

Шўримиз қурсин! Кун ҳам ботяпти,

Оқшом соялари бўй чўзиб қолди.

5 Энди тунда ҳужум қиламиз,

Шаҳардаги қалъаларни вайрон этамиз!»”

6 Сарвари Олам душман лашкарига шундай демоқда:

“Дарахтларини кесинглар,

Қуддус деворига қиялатиб тупроқ уйинглар.

Бу шаҳар жазоланиши керак,

Шаҳар зўравонликка тўлиб–тошган.

7 Булоқдан сув қайнаб чиққани сингари,

Қуддусдан қабиҳликлар қайнаб чиқяпти.

Зўравонлигу бузғунчилик садолари эшитиляпти.

У ерда кўрганим хасталигу яралар.

8 Эй Қуддус, эсингни йиғиб олгин,

Йўқса, Мен сендан юз ўгираман.

Сени ташландиқ бир жойга айлантираман,

Юртингни ҳувиллатиб қўяман.

9 Душманларингга айтаман,

Улар сени шип–шийдам қиладилар,

Бир шингил узуми қолмаган токка ўхшатиб қўядилар.”

Сарвари Оламнинг каломи шудир.

Исёнкор Исроил

10 Эй Эгам! Кимга гапирай, кимни огоҳлантирай?!

Ким менинг гапларимга қулоқ солади?!

Қара, уларнинг қулоқлари ёпиқ,

Улар ҳеч нарсани эшитмайди.

Сенинг сўзингдан улар хафа бўлади,

Уни эшитишни хуш кўрмайди.

11 Аммо ичим Сенинг ғазабингга тўлган эди,

Жаҳлимни тийишдан чарчадим.

Эгамиз менга шундай деди:

“Ғазабимни кўчадаги болаларга сочгин,

Тўдалашиб турган йигитларга сочгин.

Ғазабим эркагу аёлларга тушади,

Мункиллаган қариялар ҳам ундан қочиб қутулмайди.

12 Уйлари, далалари ва хотинлари

Бошқа бировларга берилади.

Мен бу юрт аҳолисига қарши қўл кўтараман,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

13 Улар кичкинасидан тортиб, каттасигача,

Нафсини тиёлмай ҳаром йўл билан пул топишади.

Пайғамбардан тортиб, руҳонийгача —

Ҳаммаси товламачилик қилишади.

14 Халқимнинг яраларини юзаки даволашади.

Аҳвол оғир бир пайтда «ҳаммаси яхши», деб айтишади.

15 Жирканч ишлари учун уяладиларми?

Йўқ, уялмайдилар!

Қизариш деган нарсани билмайдилар,

Шунинг учун бошқалардай ҳалок бўладилар.

Ҳа, уларни жазолаб, хонавайрон қиламан.”

Эгамизнинг каломи шудир.

Исроил Худонинг йўлидан озади

16 Эгамиз Ўз халқига шундай деб айтмоқда:

“Чорраҳаларда туриб қаранг,

Қадимги йўллар ҳақида сўранг,

Яхши йўл қаерда эканлигини билиб олинг.

Ўша йўлдан юринг,

Шунда кўнглингиз таскин топади.

Аммо сизлар: «Йўқ, у йўлдан юрмаймиз», дедингизлар.

17 Мен сизларга қўриқчилар қўйдим,

«Қўриқчилар бурғусининг жанговар садосига қулоқ солинглар»,

Деб сизларга тайинладим.

Сизлар эса: «Уларга қулоқ солмаймиз!» деб айтдингизлар.

18 Шунинг учун, эй халқлар, эшитинг!

Халқим не ҳолга тушишини билиб олинг.

19 Эй замин, қулоқ сол!

Мен бу халқнинг бошига кулфат келтираман,

Ёмон ниятларининг оқибати шудир.

Зотан, улар сўзларимга кирмадилар,

Қонунларимни рад этдилар.

20 Шава юртидан келтирилган зираворларни нима қиламан?!

Олис юртдан олиб келинган хушбўй қамишни нимага ишлатаман?!

Халқимнинг куйдириладиган назрларини Мен қабул қилмайман,

Қурбонликларидан хушнуд бўлмайман.”

21 Шу сабабдан Эгамиз демоқда:

“Мен бу халқнинг оёғига тўғоноқ соламан,

Улар қоқилиб йиқиладилар.

Оталар фарзандлари билан бирга,

Қўшнилар ёр–биродарлари билан бирга ҳалок бўладилар.”

Шимолдан босқинчилар келади

22 Эгамиз шундай демоқда:

“Ана, шимолдаги юртдан оломон келмоқда,

Дунёнинг четидан буюк бир халқ қўзғалмоқда.

23 Камону найзалар билан қуроллангандир улар,

Шафқат қилмайдиган золимдир у одамлар.

Улар отларини елдиради,

Тўлқинланган денгиздай гувиллаб келади.

Эй қиз Қуддус, улар қаршингда саф тортадилар,

Жанг қилишга шай бўлиб турадилар.”

24 Одамлар шундай деди:

“Улар ҳақидаги бу хабарни эшитдик,

Мадоримиз қолмади.

Дард тутган аёл каби,

Азобу изтироб чекдик.

25 Далаларга борманглар,

Кўчаларда юрманглар!

Душман қиличини тутган.

Атрофни даҳшат қамраган.”

26 Эй халқим, қизалоғим!

Қанорга ўраниб, кулга белангин.

Ёлғиз фарзанд учун аза тутгандек,

Аччиқ–аччиқ йиғлагин.

Ана, ҳалок этувчи келяпти,

У тўсатдан бизга ҳужум қилади.

27 Эгамиз шундай деди:

“Эй Еремиё, халқимни текширгин,

Темирни синагандай уларни синагин,

Тутган йўлларини билиб олгин.

28 Уларнинг ҳаммаси ўжар ва бебошдир,

Бировларга туҳмат қилиб юрадилар.

Бағирлари мис ва темир каби қаттиқ,

Ҳаммаси бузғунчилик қиладилар.

29 Ана, босқонга тўхтовсиз дам берилмоқда,

Ўчоқдаги олов ловуллаб ёнмоқда.

Аммо бундай олов ҳам уларни тозалай олмади,

Улар фосиқлигича қолди.

30 Уларни «сифатсиз кумуш» деб атайдилар,

Ахир, Мен уларни рад этдим.”

Еремиё Маъбадда воизлик қилади

1 Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:

2 “Уйимнинг дарвозаси олдига бор. Ўша ерда туриб, баланд овозда шундай деб айт: «Эй жамики Яҳудо халқи! Эй Эгамизга сажда қилиш учун мана бу дарвозадан кираётган халойиқ! Эгамизнинг гапларини эшитинглар.

3 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: ёмон йўлингиздан қайтинглар. Турмуш тарзингизни ўзгартиринглар. Шундагина бу юртда яшашингизга ижозат бераман.

4 ‘Эгамизнинг Маъбади шу ерда! Мана, Эгамизнинг Маъбади, шунинг учун ҳеч қандай хавф–хатар йўқ!’ деган ёлғон сўзларга ишонманг.

5 Агар ҳақиқатан ёмон йўлингиздан қайтсангиз, турмуш тарзингизни ўзгартирсангиз, бир–бирингизга нисбатан адолатли бўлсангиз,

6 мусофирларга, етим ва беваларга зулм қилмасангиз, бу юртда айбсиз одамнинг қонини тўкмасангиз, бошингизга фалокат келтирадиган бошқа худоларга эргашмасангиз,

7 бу ерда қолишингизга ижозат бераман. Мен ота–боболарингизга абадий мулк қилиб берган бу юртда сизлар яшайверасизлар.

8 Аммо сизлар ёлғон сўзларга ишоняпсизлар.

9 Ўғрилик қиляпсизлар, одам ўлдиряпсизлар, зино қиляпсизлар, ёлғондакам қасам ичяпсизлар, Баалга назрлар атаб, ўзингиз билмаган худоларга эргашяпсизлар.

10 Шундай экан, нима учун сизлар Менинг номим билан аталган уйимга келиб, ‘Биз хавф–хатардан холимиз!’ деб айтяпсизлар?! Бундай жирканч ишларни давом эттириш учунми?!

11 Айтинглар–чи, Менинг номим билан аталган бу уй сизлар учун қароқчилар уяси бўлиб қолдими?! Қилган барча ишларингизни Мен Ўз кўзим билан кўриб турибман–ку! — деб айтмоқда Эгамиз.

12 -Қани, Шилў шаҳрига боринглар! Мен улуғланишим учун илк бор ўша жойни танлаган эдим. Аммо халқим Исроилнинг қабиҳликлари туфайли ўша жойни не аҳволга солганимни кўриб қўйинглар.

13 Бундай ёвуз ишларни қилаётганингизда, Мен сизларга қайта–қайта гапирдим. Аммо сизлар гапларимга қулоқ солмадингиз. Сизларга хитоб қилдим, аммо жавоб бермадингиз, — деб айтмоқда Эгамиз.

14 -Шундай экан, Мен Шилўни не кўйга солган бўлсам, Ўз номим билан аталган уйимни ҳам ўша аҳволга соламан. Сизлар умид боғлаган бу уйимни ва ота–боболарингизга берган бу юртни Шилўнинг аҳволига тушираман.

15 Қондошингиз Эфрайим халқини улоқтирганимдай, сизларни ҳам Ўз ҳузуримдан улоқтириб ташлайман.»”

Халқнинг итоатсизлиги

16 Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, сен бу халқ учун ибодат қилма! Улар учун фарёд қилиб, илтижо қилма! Уларни деб, Менга ёлворма! Мен сенга қулоқ солмайман.

17 Яҳудо шаҳарларида, Қуддус кўчаларида улар нималар қилаётганини кўрмаяпсанми?!

18 Болалар ўтин йиғишади, оталари олов ёқишади, хотинлар эса хамир қориб, само қироличасига атаб нонлар ёпишади. Ғазабимни қўзғатиш учун бегона худоларга шароб назрини келтиришади.

19 Бу қилмишлари билан улар Менга эмас, ўзларига зарар келтирмоқда–ку! — деб айтмоқда Эгамиз. — Ўзларини шарманда қилишмоқда–ку!

20 Шу сабабдан, Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, Мен қаҳру ғазабимни бу заминга, инсонлару ҳайвонларга, даладаги дарахтлару экинларга сочаман. Ғазабим сўнмас оловдай ёнади.”

21 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Сизлар қурбонликларнинг гўштини ейсизлар, куйдириладиган қурбонликларингизнинг гўштини ҳам ўзларингиз еяверинглар.

22 Мен ота–боболарингизни Мисрдан олиб чиққанимда уларга нафақат қурбонликлар ва куйдириладиган қурбонликларга оид амрлар берган эдим,

23 балки уларга яна шундай амр берган эдим: «Менга итоат қилинг! Шунда Мен сизнинг Худойингиз, сизлар эса Менинг халқим бўласизлар. Фақат Мен кўрсатган йўлдан юринглар, шунда бахтиёр бўласизлар.»

24 Аммо улар итоат қилишни ҳам, қулоқ солишни ҳам хоҳламадилар. Ёвуз юракларининг ўжарликларига итоат қилдилар. Олдинга юрмай, орқага кетдилар.

25 Аждодларингиз Мисрдан чиққан кундан бошлаб шу кунга қадар, Мен пайғамбар қулларимни олдингизга кетма–кет жўнатдим.

26 Аммо сизлар Менга қулоқ ҳам солмадингизлар, эътибор ҳам бермадингизлар. Ўжарликда ота–боболарингиздан ҳам ўтиб тушдингиз, қилган ишларингиз уларникидан ҳам ёвузроқ.”

27 Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, сен бориб, айтганларимнинг ҳаммасини уларга етказасан, лекин улар сенга қулоқ солишмайди. Уларга хитоб қиласан, аммо улар сенга жавоб беришмайди.

28 Шунинг учун сен уларга шундай деб айт: «Сизнинг халқингиз Эгаси Худога итоат қилмади, Унинг гапига кирмади. Ҳақиқат қолмабди, оғзингиздан ҳақ сўз чиқмайдиган бўлди.

29 Эй Қуддус аҳолиси, аза тутинг! Сочингизни қириб ташланг. Марсиянгиз яланг қирлар узра нола қилсин. Зеро, Эгамизнинг тоқати тоқ бўлди, У бу наслни рад этиб, ташлаб кетди.»”

Хиннум сойлигида қилинган гуноҳлар

30 Эгамиз шундай демоқда: “Яҳудо халқи ўзининг Эгаси олдида қабиҳликлар қилди. Улар Менинг номим билан аталган уйимга макруҳ бутларини ўрнатдилар. Уйимни ҳаром қилдилар.

31 Шуниси етмагандек, Хиннум сойлигидаги Тофатда саждагоҳлар қурдилар. У ерда ўз ўғилу қизларини оловда куйдирдилар. Аммо Мен уларга буни амр қилмаганман, бунақасини хаёлимга ҳам келтирмаганман.

32 Қараб туринг! — деб айтмоқда Эгамиз. — Шундай кунлар келадики, одамлар бу жойни Тофат ёки Хиннум сойлиги деб атамайди. Бу жой «Қирғин водийси» деб ном олади. У ерда кўп мурдалар дафн қилинади, мурдалар кўплигидан қабрларга жой етмай қолади.

33 Бу халқнинг жасадлари қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ем бўлади, ҳеч ким уларни ҳайдамайди.

34 Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус кўчаларида шоду хуррамлик садолари бўлмайди, келин–куёвнинг овози эшитилмайди. Бу юрт ҳувиллаб қолади.”

1 Эгамиз шундай демоқда: “Ўша вақтда Яҳудо шоҳларининг суяклари, аъёнларнинг, руҳонийларнинг, пайғамбарларнинг ва Қуддус аҳолисининг суяклари қабрлардан олиб чиқилади.

2 Уларнинг суяклари қуёш, ой ва юлдузлар остида сочиб ташланади. Зотан, бу одамлар осмон жисмларини севар эдилар, ўшаларга хизмат қилар эдилар, уларга эргашиб, маслаҳат солар эдилар, ўшаларга сажда этар эдилар. Уларнинг суякларини ҳеч ким йиғиб кўммайди, гўнгдай ер устида ётаверади.

3 Бу ёвуз наслнинг омон қолганларини Мен турли жойларга сургун қиламан. Ўшанда улар яшашдан кўра, ўлимни афзал кўрадиган бўладилар.” Сарвари Оламнинг каломи шудир.

Гуноҳ ва жазо

4 Уларга бориб айт, Эгамиз шундай демоқда:

“Йиқилган одам турмайдими?!

Йўлдан адашган ортига қайтмайдими?!

5 Нима учун бу халқ Мен кўрсатган йўлдан озди?

Нима учун Қуддус аҳли тўғри йўлга қайтмаяпти?

Улар ёлғонга қаттиқ ёпишиб олдилар,

Ҳузуримга қайтишдан бош тортдилар.

6 Мен уларнинг гапларига яхшилаб қулоқ солдим,

Биронтаси тўғри гап айтмайди.

Ҳеч бири қилмишидан пушаймон бўлмайди,

«Нималар қилиб қўйдим?» демайди.

Улар жангга чопган отга ўхшайдилар

Ўз йўлларидан қайтмайдилар.

7 Ҳаттоки осмондаги лайлаклар

Қайтиб келиш вақтини билади.

Каптар, қалдирғочу турналар

Мавсумда кўчиш вақтига амал қилади.

Менинг халқим эса ўз Эгасининг

Қонун–қоидаларини билмайди.

8 Сизлар: «Биз дономиз» деб айтасиз,

«Бизда Эгамизнинг қонунлари бор», деб мақтанасиз.

Аслида тафсирчилар қаллоблик қилиб,

Қонунимни ўзгартирдилар.

9 Бундай донолар шарманда бўлади,

Саросимага тушиб, тузоққа илинади.

Менинг сўзимни рад этганларни

Доно деб бўладими?!

10 Шунинг учун уларнинг хотинларини бошқаларга бераман,

Далаларини босқинчиларга топшираман.

Зотан, уларнинг кичигидан тортиб, каттасигача

Нафсини тиёлмай ҳаром йўл билан пул топишади.

Пайғамбаридан тортиб, руҳонийсигача —

Ҳаммаси товламачилик қилишади.

11 Халқимнинг яраларини юзаки даволашади.

Аҳвол оғир бир пайтда «ҳаммаси яхши», деб айтишади.

12 Жирканч ишлари учун улар уяладиларми?

Йўқ, улар уялмайдилар!

Қизариш деган нарсани билмайдилар.

Шунинг учун бошқалардай ҳалок бўладилар,

Уларни жазолаб, хонавайрон қиламан,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

13 Мен уларнинг ҳосилини тортиб оламан.

Токларида узум қолмайди,

Анжир дарахтлари мева тугмайди,

Барглари тўкилиб хазон бўлади.

Уларга нима берган бўлсам,

Ҳаммасидан жудо бўлишади.”

Эгамизнинг каломи шудир.

14 Яҳудо одамлари бир–бирига айтишади:

“Бу ерда нима қилиб ўтирибмиз, ахир?

Қани бўлинглар, йиғилишиб,

Мустаҳкам шаҳарларга қочиб борайлик,

Ўша ерда жон таслим қилайлик.

Эвоҳ, Эгамизга қарши гуноҳ қилдик!

Эгамиз Худо бизни ўлимга маҳкум этди,

Заҳарли сувдан бизга ичирди.

15 Биз тинчликни изладик,

Аммо яхшилик келмади.

Шифо топмоқчи эдик,

Аммо ваҳимага дучор бўлдик.

16 Ана, душман Дан шаҳрига етиб келди,

У ердан отларининг пишқиргани эшитилмоқда.

Айғирларнинг кишнагани

Бутун юртни титратмоқда.

Душман юртимизни яксон қилмоқчи,

Шаҳарларни вайрон этиб, одамларни ўлдирмоқчи.”

17 Эгамиз шундай демоқда:

“Мен орангизга илонларни юборяпман,

Бу заҳарли илонлар сизларни чақади,

Бу илонларни ўйнатиб бўлмайди.”

Еремиёнинг ўз халқи учун тортган жафоси

18 Қайғуларимга тасалли топа олмаяпман,

Юрак–бағрим эзилиб кетди.

19 Халқим фарёд этмоқда,

Юрт бўйлаб дод–войлари эшитилмоқда:

“Наҳотки Эгамиз Қуддусни тарк этган бўлса?!

Наҳотки Шоҳимиз Сионда бўлмаса?!”

Эгамиз шундай жавоб берди:

“Улар бутлари билан қаҳримни келтирдилар–ку!

Яроқсиз бегона тасвирлари билан Мени ғазаблантирдилар–ку!”

20 Халқ эса шундай деб нолимоқда:

“Ўрим вақти ўтди,

Ёз ҳам тугади,

Биз эса ҳануз қутқарилмадик!”

21 Халқим тортган азоблардан эзилиб кетдим,

Қайғуриб, ваҳимага тушдим.

22 Нима, Гиладда малҳам йўқмиди?!

Табиб йўқмиди?!

Ундай бўлса, нега халқим шифо топмаяпти?

1 Кошкийди, бошим бир булоқ бўлса,

Кўзларим ёшлар чашмаси бўлса.

Халқим ҳалокатга учрагани учун,

Кечаю кундуз йиғлаган бўлар эдим!

2 Қанийди, саҳрода бир қўнолғам бўлса,

Мен халқимни тарк этган бўлардим,

Уларнинг орасидан чиқиб кетардим!

Ахир, уларнинг ҳаммаси зинокор, хоинлар тўдасидир.

3 Эгамиз шундай демоқда:

“Халқим тилларини камон каби қайириб,

Ёлғон сўзларни ўқдек отишади.

Халқим ноҳақлик қилиб, юртда кучайиб бормоқда,

Ёмонлик кетидан ёмонлик қилмоқда,

Улар Мени тан олмайдилар.

4 Қўшнингиздан эҳтиёт бўлинг,

Қариндошингизга ишонманг.

Ҳамма қариндошингиз ёлғончи,

Ҳамма қўшнингиз туҳматчи.

5 Қўшни қўшнисини алдайди,

Биронтаси тўғри гап гапирмайди.

Тили ёлғон гапиришга ўрганиб қолган.

Ҳолдан тойгунча гуноҳ қилишади.

6 Эй Еремиё, сен ёлғончилар орасида яшаяпсан,

Улар ёлғонлари дастидан

Мени тан олишни хоҳламаяптилар.”

Эгамизнинг каломи шудир.

7 Шу сабабдан Сарвари Олам демоқда:

“Мен халқимни синовдан ўтказиб, поклайман.

Уларни бошқа нима ҳам қилар эдим?!

8 Уларнинг тили ҳалокат келтирадиган ўққа ўхшайди,

Оғзидан фақат ёлғон сўзлар чиқади.

Қўшниларига ширин гапиришади,

Ичларида эса уларни тузоққа туширмоқчи бўлишади.

9 Шундай экан, бу қилмишлари учун уларни жазоламайми?!

Шундай бир халқдан ўч олмайми?!”

Эгамизнинг каломи шудир.

10 Мен тоғлар учун фарёд қилиб, йиғлайман,

Даштдаги яйловлар учун марсия айтаман,

Чунки яйловларнинг ҳаммаси қуриб қолган.

У ердан ҳеч ким ўтмайди,

Сигирларнинг маъраши эшитилмайди.

Қушлару ҳайвонлар бу ерларни тарк этган.

11 Эгамиз шундай деди:

“Мен Қуддусни вайрон қиламан,

Бу ерни чиябўриларнинг маконига айлантираман.

Яҳудо шаҳарлари ҳувиллаб қолади,

У ерда биронта ҳам одам қолмайди.”

12 Мен Эгамиздан сўрадим:

— Эй Эгам, нечун бу юрт шу қадар вайрон бўлиб кетди? Нечун саҳро каби ҳувиллаб қолди? У ерда биронта ҳам сайёҳ кўринмайди. Қайси фаросатли одамнинг бунга ақли етади?! Сен буларни ким орқали халққа етказасан?

13 Эгамиз шундай жавоб берди:

— Мен халқимга қонунлар берган эдим, лекин улар рад этдилар, Менга итоат этмадилар, қонунларимга риоя қилмадилар.

14 Аксинча, юракларининг ўжарликларига итоат қилдилар, ота–боболари ўргатгандек Баалга сиғиндилар.

15 Шунинг учун Мен бу халққа аччиқ ўтдан едириб, заҳарли сувдан ичираман, — деб айтмоқда Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам.

16 -Ўзлари ва ота–боболари билмаган халқлар орасига Мен уларни тарқатиб юбораман. Уларнинг кетидан қилич жўнатиб, қирдириб ташлайман.

Қуддус аҳолиси аза тутади

17 Сарвари Олам шундай демоқда:

“Энди қулоқ солинг!

Йиғичи аёлларни чақириб келинг,

Уларнинг энг моҳирлари келсин.”

18 Халқ шундай деди:

“Уларга айтинг, тезроқ келсин.

Биз учун марсия айтишсин,

Кўзимиздан ёшлар оқсин,

Киприкларимиздан сувлар тўкилсин.

19 Ана, Қуддусдан фарёд эшитилмоқда:

«Хонавайрон бўлдик!

Қандай шармандагарчилик!

Юртимизни тарк этишга мажбурмиз,

Уйларимиз вайрон бўлди.»”

20 Эй аёллар, Эгамизнинг сўзини эшитинг,

Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзига қулоқ солинг.

Қизларингизга марсия айтишни ўргатинг,

Бир–бирингизга йиғи қўшиғини ёдлатинг.

21 Ана, деразалардан ўлим ўрмалади,

Қалъаларимизга кириб олди.

Кўчалардаги болаларни йўқ қилиб ташлади,

Майдонлардаги ёшларни қириб юборди.

22 Эй аёллар, сизлар айтинг:

“Эгамиз шундай демоқда:

«Одамларнинг жасадлари ётади

Даладаги гўнг каби

Ўроқ солинган буғдой каби,

Уларни ҳеч ким йиғиштириб олмайди.»”

23 Эгамиз шундай деб айтмоқда: “Донолар донолиги билан мақтанмасин. Кучлилар кучи билан мақтанмасин. Бойлар бойлиги билан мақтанмасин.

24 Ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизни биламан, деб мақтансин, Эгамизни тушунаман, деб мақтансин. Мен Эгангизман. Мен меҳр–шафқат кўрсатаман, ер юзида адолату ҳақиқат ила иш тутаман. Бундай қилишдан Мен завқланаман.” Эгамизнинг каломи шудир.

25 Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, бадани суннат қилинган, аммо юраги суннат қилинмаган одамларнинг ҳаммасини Мен жазолайман.

26 Ҳа, Мен Мисрликларни, Эдом наслини, Оммон халқини, Мўабликларни, сочини олдириб юрадиган чўл қабилаларининг ҳаммасини ва улар билан бирга Ўз халқим Яҳудони жазолайман. Аслида, бу халқларнинг ҳаммаси суннатсиз, уларнинг юраги суннат қилинмаган.”

Бутлар ҳақида

1 Эй Исроил халқи, Эгамиз сизларга айтаётган сўзларга қулоқ солинг.

2 Эгамиз шундай демоқда:

“Бошқа халқларга тақлид қилманглар,

Бошқа халқлар сингари,

Осмондаги аломатлардан қўрқманглар.

3 Халқларнинг удумлари беҳуда!

Улар ўрмондан дарахт кесади,

Ҳунарманд болтаси билан унга шакл бериб,

4 Кумушу олтин билан безатади.

Йиқилиб кетмасин дея, мих билан маҳкамлайди,

5 Бутлари полиздаги қўриқчиларга ўхшайди.

Улар гапира олмайди.

Уларни кўтариб юриш керак бўлади,

Ўзлари юра олмайди.

Улардан қўрқманглар,

Уларнинг қўлидан ҳеч қандай ёмонлик келмайди,

Яхшилик ҳам қила олмайди.”

Еремиё Худонинг шаънига ҳамду санолар айтади

6 Эй Эгамиз, Сенга ўхшаши йўқ!

Сен буюкдирсан,

Сенинг номинг улуғ ва қудратлидир.

7 Эй элларнинг Шоҳи,

Сендан қўрқмайдиган бирор зот борми?!

Сен бунга лойиқдирсан.

Халқларнинг донишмандлари орасида,

Уларнинг шоҳлари орасида

Сенга ўхшаши йўқ.

8 Донишмандларию шоҳлари аҳмоқ ва бефаросат.

Улар бетайин ёғоч бутларидан маслаҳат олишади.

9 Бутларини ясаш учун кумушни Таршишдан,

Олтинни Уфаздан келтиришади.

Бутларни ҳунарманду заргарлар ясаган.

Кўк ва сафсар либослар билан безаган,

Ҳаммаси — моҳир усталарнинг ишидир.

10 Аммо Эгамиз ҳақ Худодир.

У барҳаёт Худо ва абадий Шоҳдир.

Ғазабланганда ер силкинади,

Унинг қаҳрига халқлар дош бера олмайди.

11 Эгамиз шундай деди: “Бошқа халқларга айт: «Бу худолар еру осмонни яратмаган. Улар ер юзидан ва осмон остидан йўқ бўлиб кетади.»”

12 Эгамиз қудрати ила ерни яратди,

Донолиги ила дунёни бунёд этди,

Идроки ила осмон гумбазини ўрнатди.

13 Унинг овозидан осмондаги сувлар гулдурайди,

У дунёнинг тўрт бурчидан булутларни олиб келади.

Ёмғир ёғдирганда чақмоқ чақтиради,

Омборларидаги шамоллардан эстиради.

14 Унинг олдида ҳамма одамлар аҳмоқ ва нодондир.

Заргарлар ясаган бутлари туфайли шарманда бўлишади.

Ясаган санамлари сохтадир, уларнинг жони йўқ.

15 Бу бетайин бутлар алдамчидир.

Уларни жазолаганим заҳоти йўқ бўлишади.

16 Ёқубнинг Худоси эса ундай эмас.

Бутун борлиқни У яратган,

Исроил қабиласини Ўзига мулк қилган.

Унинг номи Сарвари Оламдир.

Сургун вақти яқинлашиб келмоқда

17 Эй қуршовда яшаётганлар!

Бор–будингизни йиғиштириб олинг.

18 Зеро, Эгамиз шундай демоқда:

“Мен сизларни Исроил юртидан улоқтириб ташлайман,

Бошингизга кулфат ёғдираман,

Токи сизлар буни сезинглар.”

19 Шўрим қурсин! Шунчалик азобларга қолдим!

Оғир яраланган эканман.

Аммо ўзимга ўзим: “Бошимда шу дард бор экан,

Унга чидашим керак”, дедим.

20 Чодирим йиқитилган, иплари узиб ташланган.

Фарзандларим кетди, улар йўқ бўлди.

Энди чодиримни ким тикади?!

Чодиримнинг пардаларини ким осади?!

21 Ахир, чўпонлар аҳмоқ,

Улар Эгамиздан маслаҳат олмадилар.

Шунинг учун ҳам ишлари ўнгидан келмади,

Қўйлари ҳар ёққа тарқалиб кетди.

22 Эшитинглар! Бир хабар келмоқда!

Ана, шимолдан шовқин–сурон кўтарилмоқда!

Лашкарлар Яҳудо шаҳарларини хароб қилар эмиш,

Чиябўрилар яшайдиган маконга айлантирар эмиш.

Еремиё ибодат қилади

23 Эй Эгам, биламан,

Одам зоти ўз тақдирини ўзи белгилай олмайди,

Ўз қадами ўзининг ихтиёрида эмас.

24 Эй Эгам, мени жаҳл устида жазоламагин.

Адолатинг ила ҳақ йўлга солгин,

Акс ҳолда, мени йўқ қилиб юборасан.

25 Сени тан олмайдиган халқлар устига қаҳрингни соч,

Сенга сажда қилмайдиган эллар устига соч,

Ахир, улар Ёқуб наслининг бошини едилар.

Ҳаммасини ҳалок этиб, йўқ қилдилар,

Юртини харобазорга айлантирдилар.

Еремиё ва аҳд

1 Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:

2 “Менинг Исроил халқи билан тузган аҳд шартларимга қулоқ сол. Буларни Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолисига етказ.

3 Уларга айт: «Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: ушбу аҳд шартларига риоя қилмаган ҳар бир одам лаънати бўлсин!

4 Мен ота–боболарингизни Мисрдан, ўша темир ўчоқ ичидан олиб чиққан эдим. Уларга, гапларимга қулоқ солинглар, ҳамма амрларимни бажаринглар, деб айтган эдим. Агар шундай қилсангиз, сизлар Менинг халқим бўласиз, Мен эса сизнинг Худойингиз бўламан, деб айтдим.

5 Мен ота–боболарингизга берган қасамимни бажариш учун шу сўзларни айтган эдим. Мана, Мен уларга ваъда қилган, сут ва асал оқиб ётган юртда сизлар яшаб юрибсизлар.»”

“Омин, эй Эгам, айтганинг келсин”, дедим мен.

6 Эгамиз менга шундай деди: “Айтадиган гапларимнинг ҳаммасини Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус кўчаларида шундай деб эълон қилгин: ушбу аҳднинг шартларини эшитинглар, уларга риоя қилинглар.

7 Мен ота–боболарингизни Мисрдан олиб чиққанимдан бери уларни огоҳлантириб келдим. Уларга: «Менинг гапларимга қулоқ солинглар», деб қайта–қайта айтдим.

8 Аммо улар итоат қилмадилар, Менга қулоқ солмадилар. Аксини қилиб, ёвуз юракларининг ўжарликларига итоат этдилар. Шунинг учун аҳдда ёзилган ҳамма лаънатларни уларнинг бошига солдим. Мен уларга буюрган аҳдимнинг шартларини бажармаганлари учун шундай қилдим.”

9 Эгамиз менга деди: “Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси Менга қарши фитна уюштиришмоқда.

10 Улар ота–боболарининг эски гуноҳларига қайтишди. Ота–боболари сингари, гапларимга қулоқ солмай, бегона худоларга эргашиб, сажда қилишди. Яҳудо халқи Исроил халқига тақлид қилди, Мен ота–боболари билан тузган аҳдимни улар бузишди.

11 Шунинг учун уларнинг бошларига шундай кулфат келтираманки, биронтаси ҳам қутулиб қололмайди, — деб айтмоқда Эгамиз. — Менга илтижо қилишса ҳам, уларнинг илтижоларига қулоқ солмайман.

12 Ўшанда Яҳудо халқи билан Қуддус аҳолиси ўз худоларига илтижо қилишади. Улар бу худоларига қурбонликлар келтиришар эди. Аммо кулфат куни ўша худолари уларни асло қутқаролмайди.

13 Эй Яҳудо халқи, шаҳарларингиз сони қанча бўлса, худоларингиз ҳам шунчадир. Қуддусдаги кўчалар қанча кўп бўлса, қурбонгоҳларингиз ҳам шунчадир. Сизлар бу қурбонгоҳларни жирканч Баалга қурбонликлар келтириш учун қургандингизлар.

14 Эй Еремиё, сен бу халқ учун ибодат қилма. Улар учун илтижо қилиб ёлворма. Уларнинг бошларига кулфат тушиб, илтижо қилганларида, Мен уларга қулоқ солмайман.

15 Азиз халқим шунча жирканч ишлар қилди. Энди уйимга киришларига нима ҳақлари бор?! Ваъдалару қурбонликлар билан кулфатнинг олдини олиб бўлармиди?! Ахир, халқим қабиҳликлар қилаётганидан севинди–ку!”

16 Эгамиз Ўз халқини “Яхши мева берадиган, мафтункор ям–яшил зайтун дарахти” деб атаган эди. Аммо энди Эгамиз бўроннинг даҳшатли товуши остида дарахтга ўт қўяди, унинг шох–шаббалари ёниб кетади.

17 Бу дарахтни эккан Сарвари Оламнинг Ўзи уни йўқ қилишга амр берди. Зеро, Исроил ва Яҳудо халқлари қабиҳликлар қилдилар. Баалга қурбонликлар келтириб, Худони ғазаблантирдилар.

Еремиёнинг жонига қасд қилишади

18 Эгамиз менга душманларимнинг фитнасини аён қилди. Эгамиз уларнинг ёвуз қилмишларини кўрсатгани учун, мен бу ҳақда хабар топдим.

19 Мен бўғизланишга олиб кетилаётган ювош қўзидай бўлган эканман. Душманларим менга қарши фитна уюштирганларини пайқамаган эканман. Улар шундай деб айтишган эди: “Дарахт ва унинг мевалари кесилгандай, келинглар, уни ҳам бу дунёдан даф қилайлик, унинг хотирасини ўчирайлик!”

20 Эй Сарвари Олам,

Сен адолат билан ҳукм қиласан,

Инсоннинг юрагини, хаёлларини синайсан.

Душманларимдан ўч олганингни кўрай,

Даъвоимни Ўзинг ҳал қил!

21 Шунда Эгамиз менга деди: “Эй Еремиё, Онотўт аҳолиси сенга: «Эгамизнинг номидан гапирма, бўлмаса ўласан», деб айтиб юришибди.

22 Аммо Мен, Сарвари Олам, айтаманки, уларни жазолайман! Йигитлари қиличдан ўлади. Ўғил–қизлари қаҳатчиликдан нобуд бўлади.

23 Уларнинг биронтаси омон қолмайди. Белгиланган вақтда Онотўт аҳолисининг бошига кулфат келтираман.”

Еремиё Эгамизга саволлар беради

1 Сен билан даъволашганимда, эй Эгам,

Сен ҳар доим ҳақ бўлиб чиқасан.

Шундай бўлса–да, Сен билан яна гаплашмоқчиман,

Адолат хусусида савол бермоқчиман.

Нечун фосиқларнинг иши юришади?

Нечун мунофиқлар роҳатда яшайди?

2 Уларни Сен экиб ундирдинг,

Улар ўсиб ҳосилга кирдилар.

Номинг уларнинг оғзидан тушмайди,

Аммо диллари Сендан узоқдир.

3 Лекин Сен, эй Эгам, мени биласан.

Сен мени синагансан,

Дилим Сенга мойил эканини Ўзинг кўрдинг.

Энди ёвларимни бўғизланадиган қўйлардай судрагин!

Бўғизлашга тайёрлаш учун ажратиб қўйгин!

4 Эвоҳ, қачонгача ер қақраб ётади?

Қачонгача далалардаги ҳамма ўтлар қурийди?

Бу ерда яшайдиган фосиқларнинг дастидан,

Қушлару ҳайвонлар нобуд бўлди.

Бу одамлар: “Бизга нима бўлишини

Еремиё қаердан ҳам биларди?!” деб айтишади.

5 Эгамиз менга деди: “Эй Еремиё,

Сен одамлар билан пойга қилиб ҳолдан тойган бўлсанг,

Қандай қилиб отлар билан пойга қила оласан?!

Фақат осойишта юртда ўзингни бехатар сезсанг,

Иордан бўйидаги чакалакзорда нима қиласан?!

6 Ҳатто қариндошларинг ҳам сендан юз ўгирди,

Ўз оиланг сенга хиёнат қилди.

Овози борича сенга дўқ урди.

Улар сенга ширин гапиришса ҳам,

Уларнинг сўзларига ишонма.”

Эгамиз Ўз халқи учун қайғуради

7 Эгамиз шундай деб айтди:

“Мен хонадонимни тарк этдим,

Мулк қилиб олган халқимни рад этдим.

Севган халқимни душманларининг қўлига бердим.

8 Ўз халқим Менга

Ўрмондаги шердай бўлиб қолди.

У Менга қараб бўкирди,

Шунинг учун ундан нафратландим.

9 Ўз халқим Менга

Олачипор калхатдай бўлиб қолди.

Бошқа калхатлар халқимни ўраб олди!

Боринг, барча ёввойи ҳайвонларни йиғинг,

Халқимни ғажиб ташлашсин.

10 Тўда–тўда чўпонлар узумзоримни хароб қилдилар,

Даламни улар пайҳон қилдилар.

Ҳа, гўзал даламни ташландиқ чўлга айлантирдилар.

11 Улар еримни хароб қилдилар,

Ташландиқ ерим кўз олдимда қақраб ётибди.

Бутун юртим вайрон бўлди,

Аммо бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

12 Босқинчилар саҳродаги

Ҳамма яланг қирларни эгаллаб олдилар.

Энди Менинг қиличим бутун юртни вайрон қилади,

У бошидан бу бошигача ҳаммани қириб ташлайди.

Бехатар яшаётган биронта одам қолмайди.

13 Менинг халқим буғдой экди,

Аммо тикан ўриб олди,

Зўр бериб ишлади,

Аммо ҳеч нарсага эришмади.

Қаттиқ қаҳрим уларнинг ҳосилини нобуд қилди.

Улар ҳосилсиз қолиб, шарманда бўлишди.”

Эгамиз қўшни халқларга ваъда беради

14 Эгамиз шундай демоқда: “Мен халқимга Исроил юртини мулк қилиб берган эдим, аммо унинг ёвуз қўшнилари халқимга ҳужум қилиб, юртимни талон–тарож қилдилар. Мен бу ёвуз халқларни ўз юртларидан суғуриб ташлайман. Яҳудо халқини уларнинг исканжасидан суғуриб оламан.

15 Ўша ёвуз халқларни суғуриб ташлаганимдан кейин, уларга яна раҳм–шафқат қиламан. Ҳаммасини ўз юртларига, ўз мулкларига қайтариб олиб келаман.

16 Илгари бу халқлар Исроил халқига Баал номи билан қасам ичишни ўргатган эдилар. Агар энди улар халқим Исроилнинг йўлини астойдил ўргансалар, «Эгамиз шоҳид» дея Менинг номим билан қасам ичсалар, халқим орасида ўрнашиб оладилар.

17 Борди–ю, биронта халқ Менга итоат этмаса, ўша халқни таг–томири билан қўпориб ташлайман.” Эгамизнинг каломи шудир.

Зиғир толасидан тўқилган қийиқча

1 Эгамиз менга шундай деди: “Бор, ўзинг учун зиғир қийиқча сотиб ол. Уни белингга боғла, аммо сувга теккизма.”

2 Эгамизнинг амрига биноан, мен қийиқча сотиб олиб, белимга боғлаб олдим.

3 Кейин Эгамиз менга шу сўзини аён қилди:

4 “Сотиб олган белингдаги қийиқчани қўлингга олгин–у, Поро анҳорининг бўйига туш. Қийиқчани қоянинг ёриқ жойига яшириб қўй.”

5 Мен Эгамиз буюрганидек қилдим. Қийиқчани Поро анҳорининг бўйига яшириб қўйдим.

6 Орадан анча кун ўтгандан сўнг, Эгамиз менга шундай деди: “Қани, Поро анҳорининг бўйига бор, Менинг амримга биноан, у ерга яшириб қўйган қийиқчангни олиб кел.”

7 Шунда мен бориб, қийиқчани ўзим яшириб қўйган жойдан ковлаб олдим. Аммо қийиқча чириб кетган, ҳеч нарсага ярамайдиган бўлиб қолган эди.

8 Шунда Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди.

9 Эгамиз шундай демоқда: “Мен Яҳудо халқининг мағрурлигини ва Қуддус аҳолисининг такаббурлигини қийиқча каби чиритаман.

10 Бу фосиқ халқ сўзларимни эшитишдан бош тортди, ёвуз юрагининг ўжарликларига итоат қилди. Бегона худоларга эргашди, уларга хизмат қилиб, сажда этди. Улар ўша чириб кетган қийиқча каби, ҳеч нарсага ярамайдиган бўлиб қоладилар.

11 Қийиқча одамнинг белига ёпишиб тургани каби, Мен жамики Исроил ва Яҳудо халқларини Ўзимга яқин тутар эдим: улар Менинг халқим бўлишади, Менга шон–шуҳрат, олқишлар ва шараф келтиришади деб, шундай қилган эдим. Аммо улар Менга қулоқ солмадилар.” Эгамизнинг каломи шудир.

Шароб учун мешлар

12 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз менга шундай деди: “Эй Еремиё, халққа айт: «Шароб мешлари шароб билан тўлдирилиши керак.» Борди–ю, улар сенга: «Шароб мешлари шароб билан тўлдирилиши кераклигини ўзимиз ҳам биламиз», деб айтишса,

13 сен уларга шундай деб жавоб бер: «Эгамиз демоқда: Мен бу юртдаги ҳамма одамларни маст қиламан. Довуд тахтида ўтирган шоҳдан тортиб, руҳонийлар, пайғамбарлар ва Қуддуснинг бутун аҳолисигача — ҳаммасини маст қиламан.

14 Мен уларни бир–бирларига, ота–оналарни болаларига қарши қилиб қўяман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Уларни аямай йўқ қилиб ташлайман, уларга ачинмайман, раҳм–шафқат қилмайман.»”

Еремиё такаббурлик оқибатлари ҳақида огоҳлантиради

15 Эшитинглар, қулоқ солинглар,

Катта кетманглар,

Зотан, Эгамиз гапирмоқда.

16 Худо устингизга зулмат юбормасдан олдин,

Қоронғи қирларда қоқилмасингиздан олдин,

Эгангиз Худони улуғланг.

Акс ҳолда, сиз кутаётган ёруғликни

У зулматга айлантиради,

Ўша ёруғликни тим қоронғи қилади.

17 Агар сиз гапларимга қулоқ солмасангиз,

Мағрурлигингиз учун қалбим пинҳон йиғлайди.

Мен аччиқ–аччиқ кўз ёш тўкаман,

Ахир, Эгамизнинг қўйлари

Асирликка олиб кетилади.

18 Эгамиз менга деди:

“Шоҳга ва она маликага шундай дегин:

«Тахтдан тушинглар,

Ахир, чиройли тожингиз

Бошингиздан тушиб кетди.»

19 Нагав чўлидаги шаҳарлар беркитилган,

Дарвозаларни очадиган кимса йўқ.

Яҳудо халқи асирликка олиб кетилди,

Ҳа, бутун халқ сургун қилинди.”

20 Эй Қуддус, шимолдан келаётганларга бир қара!

Қани сенинг чиройли қўйларинг?

Қани сенга топширилган сурувинг?

21 Сен иттифоқдошларингга ўзинг устозлик қилган эдинг,

Эгамиз ўшаларни бошингга чиқарганда, нима дер экансан?

Шунда сен тўлғоқ тутган аёлдай бўлиб қоласан–ку!

Дард азобида қолиб кетасан–ку!

22 “Нега булар бошимга тушди?” дерсан.

Сен кўп гуноҳ қилдинг,

Этагинг кўтарилди, хўрландинг.

23 Ҳабашистонлик ўз терисининг рангини ўзгартира оладими?!

Қоплон ўз терисидаги холларини йўқота оладими?!

Шу сингари, сизлар ҳам яхшилик қила олмайсизлар,

Ёмонлик қилишга одатланиб қолгансизлар!

24-25 Эгамиз шундай деб айтмоқда:

“Гармсел сомонни тўзғитгандай,

Мен сизларни сочиб ташлайман.

Бу сизларнинг қисматингиздир,

Мен бошингизга ёғдирадиган кулфат шудир.

Сизлар Мени унутдингизлар,

Сохта худоларга инондингизлар.

26 Мен кўйлагингиз этагини баланд кўтараман,

Шармандангизни чиқараман.

27 Далаларда, қирларда қилган

Жирканч ишларингизни Мен кўрдим,

Зино ва шаҳвоний қийқириқларингизни эшитдим.

Уятсизларча қилган фоҳишабозлигингизнинг гувоҳи бўлдим.

Эй Қуддус, ҳолингга вой!

Қачонгача булғаниб юрасан?!”

Даҳшатли қурғоқчилик

1 Еремиёга Эгамизнинг қурғоқчилик ҳақидаги сўзи аён бўлди:

2 “Яҳудо аза тутмоқда,

Шаҳарлари адойи тамом бўлди.

Одамлар қайғуга ботган,

Бағирларини ерга бериб ётибди,

Қуддусдан фарёд кўтарилмоқда.

3 Асилзодалар хизматкорларини сувга юбордилар.

Хизматкорлар сардобаларга борган эдилар,

Аммо сув топа олмадилар.

Идишлари бўм–бўш қайтиб келдилар.

Улар тушкунликка тушдилар,

Шарманда бўлиб қолдилар,

Уятдан юзларини беркитиб олдилар.

4 Ёмғир ёғмагани учун ер ёрилиб кетди,

Деҳқонлар умидсизликка тушди,

Юзларини беркитиб олишди.

5 Ҳатто чўлдаги она оҳу ҳам,

Ўт–ўлан бўлмагани учун,

Янги туғилган оҳучаларини ташлаб кетмоқда.

6 Қулонлар яланг қирларда туриб,

Чиябўрилар каби ҳансираяпти,

Ўт йўқлигидан қулонларнинг кўзлари киртайиб қолган.”

7 Гуноҳларимиз бизга қарши гувоҳлик берса–да,

Ўз номинг ҳақи–ҳурмати бизга раҳм қил, эй Эгам.

Ахир, биз Сенга кўп хиёнат қилдик,

Сенга қарши гуноҳ ишлар қилдик.

8 Эй Исроилнинг ёлғиз умиди,

Кулфат вақтида Қутқарувчиси!

Нечун юртимизда мусофирга ўхшайсан?

Бир кечагина тунайдиган сайёҳга ўхшайсан?

9 Нега саросимага тушган одамга ўхшайсан?

Нега ёрдам бера олмайдиган жангчига ўхшайсан?

Эй Эгам, Сен бизнинг орамиздасан–ку!

Биз Сеникимиз.

Бизни тарк этма!

10 Эгамиз бу халқ ҳақида шундай демоқда:

“Улар ўзларини сира тия олмайдилар,

Дайдиб юришни ҳақиқатан яхши кўрадилар.

Шунинг учун Мен улардан рози эмасман,

Энди қабиҳликларини ёдга оламан,

Гуноҳлари учун уларни жазолайман.”

11 Сўнг Эгам менга тайинлаб деди:

— Бу халқ учун ибодат қилма.

12 Улар рўза тутишса ҳам, Мен уларнинг илтижоларига қулоқ солмайман. Менга атаб қурбонликлар куйдиришса ҳам, дон назрларини олиб келишса ҳам қабул қилмайман. Аксинча, уларни қаҳатчилик, уруш ва ўлат орқали қириб ташлайман.

13 Мен эса шундай дедим:

— Ё Эгам Раббий, пайғамбарлар бу халққа, уруш ва қаҳатчилик бўлмайди, сизлар бу юртда чинакамига осойишта ҳаёт кечирасизлар, деб айтишмоқда–ку.

14 Эгамиз менга шундай жавоб берди: “Пайғамбарлар Менинг номимдан ёлғон гапиришмоқда. Мен уларни юбормаганман, уларга гапиришни буюрмаганман. Улар сизларга уйдирмаларни ўзларича башорат қилишяпти, беҳуда фол очиб, хаёлларига келган ёлғонларни гапиришяпти.

15 Ўша пайғамбарлар Менинг номимдан гапиришса ҳам, уларни Мен жўнатмаганман. Улар: «Юртда уруш ва қаҳатчилик бўлмайди», деб айтаётган эканлар, аммо Мен айтаманки, ўша пайғамбарлар уруш ва қаҳатчиликдан нобуд бўлишади.

16 Уларнинг гапларини тинглаётган одамлар ҳам уруш ва қаҳатчиликдан ўлади. Жасадлари Қуддус кўчаларида қолиб кетади. Уларнинг, хотинларининг, ўғил–қизларининг жасадларини кўмадиган одам бўлмайди. Қилган қабиҳликларини Мен ўзларининг бошларига соламан.

17 Сен уларга шундай деб айт:

«Кечаю кундуз кўзларимдан ёш оқяпти,

Ўзимни тўхтата олмаяпман.

Зеро, бокира қизим — Менинг халқим,

Қаттиқ зарба еди, оғир яраланди.

18 Далага чиқаман,

Эвоҳ, ана, қиличдан ҳалок бўлганлар ётибди.

Шаҳарга кираман,

Ана, очарчиликдан ўлганлар ётибди.

Пайғамбару руҳонийлар эса пул дардида

Одамларга бемаъни маслаҳатлар бериб юрибдилар.»”

Еремиё Худога илтижо қилади

19 Эй Эгамиз, наҳотки Яҳудони бутунлай рад этган бўлсанг?!

Наҳотки Қуддусдан ҳазар қилсанг?!

Нечун бизни оғир яраладинг?

Шифо топа олмаяпмиз–ку!

Биз тинчликни изладик, аммо яхшилик келмади,

Шифо топмоқчи эдик, аммо ваҳимага дучор бўлдик.

20 Эй Эгамиз, Сенга қарши гуноҳ қилдик!

Қабиҳликларимизга иқрор бўлдик,

Ҳа, ота–боболаримизнинг айбларини тан оламиз.

21 Номинг ҳақи–ҳурмати бизни рад этма,

Улуғвор тахтинг турган жойни хор қилма.

Биз билан тузган аҳдингни ёдингда тут,

Ўтинамиз, аҳдингни бузма.

22 Халқларнинг бетайин бутлари ёмғир ёғдира олармиди?!

Ёғингарчилик осмоннинг хоҳиши билан бўлармиди?!

Буларни қилишга қодир Сен эмасми, эй Эгамиз Худо?!

Биз умидимизни Сенга боғлаганмиз,

Зотан, буларнинг ҳаммасини қила оладиган Сенсан.

Яҳудо халқининг қисмати

1 Эгамиз менга деди: “Ҳатто Мусо билан Шомуил ҳузуримда туриб, ёлворганда ҳам, Мен бу халққа ачинмаган бўлардим. Бу халқни ҳузуримдан ҳайда! Йўқолишсин!

2 Улар сендан «Қаерга борамиз?» деб сўрашса, уларга айт, Эгамиз шундай демоқда:

«Ҳамма пешанасида борини кўрсин,

Баъзилар ўлатга йўлиқиб нобуд бўлсин,

Баъзилар қиличдан ўтказилсин,

Баъзилар очликдан қирилиб кетсин,

Баъзилар асирликка тушиб, сургун қилинсин.»”

3 Эгамиз демоқда: “Уларнинг бошига тўрт хил балою офатни келтираман: улар қиличдан ҳалок бўлишади, жасадларини итлар судрайди, қушлар ва ёввойи ҳайвонлар уларни ғажиб ташлайди.

4 Ҳизқиё ўғли Манаше Яҳудо шоҳлиги тахтида ўтириб, Қуддусда кўп қабиҳликлар қилган эди. Ўша қабиҳликлар туфайли дунёдаги барча шоҳликлар халқимдан ҳазар қиладиган бўлади.”

5-6 Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Қуддус, ким сенга ачинар экан?!

Ким сен учун мотам тутар экан?!

Биронтаси сенга келиб,

Ҳол–аҳвол сўрармикан?!

Сен Мени рад этдинг,

Менга орқа ўгирдинг.

Сенга раҳм қилавериб чарчадим.

Энди сенга қарши қўл кўтараман,

Сени йўқ қилиб юбораман.

7 Мен сени юртнинг ҳар бир шаҳрида

Буғдойни совургандай совураман.

Сени фарзандларингдан жудо қиламан.

Эй халқим, сени нобуд этаман,

Ахир, сен ўз йўлингдан қайтмадинг.

8 Мен беваларингни денгиз қумидан ҳам кўп қиламан,

Йигитларингнинг оналарига қарши

Куппа–кундуз куни қирғин қилувчини жўнатаман.

Тўсатдан бошларига даҳшат ва азоб–уқубат соламан.

9 Етти фарзанднинг онаси ҳолдан тойиб, жон беради.

Унинг қуёши кундуз куни ботади,

У хўрланиб, шарманда бўлади.

Омон қолганлари душман қиличидан ўлади.”

Эгамизнинг каломи шудир.

Еремиё Эгамизга шикоят қилади

10 Шўрим қурсин! Нега онам мени дунёга келтирган экан–а?! Мен бутун юрт билан тортишиб, жанжаллашяпман. Қарз олмаган, қарз бермаган бўлсам ҳам, ҳамма мени қарғамоқда.

11 Эгамиз шундай деди: “Эй Қуддус аҳли, Мен айримларингизни омон қолдираман, ўшаларга яхшироқ тақдир ато қиламан. Қолганларингизнинг устингизга эса душман тортиб келаман, бошингизга кулфату оғир кунлар соламан.

12 Эй Яҳудо халқи, сиз бронза ва темирни синдира олмаганингиз каби, шимолдан сизга ҳужум қиладиган душманларни ҳам синдира олмайсизлар.

13 Сизлар юртингизнинг ҳамма жойида кўп гуноҳлар қилдингизлар. Шунинг учун бойликларингиз ва хазиналарингиз душманларга текин ўлжа бўлади.

14 Ўзингиз билмаган юртда душманларингизга хизмат қиласизлар. Менинг ғазабим сизларни оловдай ямламай ютади.”

15 Эй Эгам, Сен ҳаммасини биласан,

Ёдга ол мени, ёрдам бергин,

Мени қувғин қилганлардан ўч олгин.

Ғанимларимга сабр–тоқат қилиб,

Тағин мени ҳалок қилиб юборма.

Сени деб хўрланганимни эсингдан чиқарма.

16 Айтган ҳар бир сўзингга ташна эдим.

Сўзларингдан шодланар эдим,

Сўзларинг дилимга қувонч бағишлар эди.

Зеро, мен Сенга тегишлиман,

Эй Парвардигори Олам — Эгамиз.

17 Мен хушчақчақ улфатлар даврасида ўтирмадим,

Уларнинг хурсандчилигига шерик бўлмадим.

Қўлинг остида ёлғиз ўзим ўтирар эдим,

Сен мени ғазабга тўлдирган эдинг.

18 Нега менинг дардим зўрайяпти?

Нега оғир ярам тузалмаяпти?

Наҳотки ёзда қуриган булоқ каби,

Умидларимни барбод қилсанг?!

19 Эгамиз менга шундай деди:

“Агар тавба қилсанг, сени яна хизматимга оламан.

Бўлмағур гаплар ўрнига тўғри сўзлар гапирсанг,

Сени Ўзимнинг сўзловчим қиламан.

Шунда сен халқнинг олдига бормайсан,

Улар сенинг олдингга келишади.

20-21 Мен сени бу халқ қаршисида

Мустаҳкам бронза девордай қиламан.

Улар сенга ҳужум қилишади,

Лекин сени енга олишмайди.

Ўзим сен билан бирга бўламан,

Сени халос қилиб, қутқараман,

Ҳа, фосиқлар қўлидан халос қиламан,

Золимлар чангалидан озод этаман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

Еремиёнинг ҳаёти учун Эгамизнинг режаси

1 Эгамизнинг қуйидаги сўзи менга аён бўлди:

2 “Оила қурма, бу юртда ўғил–қизларинг бўлмасин.

3 Бу юртда туғилган ўғил–қизлар ҳақида ва уларни дунёга келтирган ота–оналар ҳақида Мен, Эганг, айтаманки,

4 улар оғир хасталиклардан ҳалок бўлишади. Улар учун ҳеч ким аза тутмайди, жасадларини кўмадиган бирон кимса бўлмайди, жасадлари гўнг каби, ер устида ётаверади. Улар қиличдан ва қаҳатчиликдан ҳалок бўлишади, жасадлари қушлар ва ёввойи ҳайвонларга ем бўлади.

5 Мен сенга айтаман: азадор уйга кирма, мотам тутма, таъзия билдирма. Мен бу халқни тинчлик–хотиржамлигимдан маҳрум қилдим. Мен бу халқни севмайман, уларга меҳр–шафқат кўрсатмайман, — деб айтмоқда Эгамиз.

6 Бу юртнинг каттаю кичиги ўлиб кетади, уларни ҳеч ким кўммайди. Ҳеч ким улар учун аза тутмайди, қайғудан баданини тилмайди, сочини олдирмайди.

7 Азадорларга тасалли бериш учун ҳеч ким овқат олиб чиқмайди. Ота ёки онасидан жудо бўлганларга тасалли бериш учун ҳеч ким бир коса шароб узатмайди.

8 Зиёфат бўлаётган уйга кирма, улар билан ўтириб, еб–ичма.

9 Чунки сенинг замонингда шоду хуррамлик садоларига, келин–куёвнинг хурсандчилик овозларига чек қўяман, — деб айтмоқда Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам. — Буни ўз кўзинг билан кўрасан.

10 Айтганларимнинг ҳаммасини одамларга гапириб берганингда, улар сендан шундай деб сўрайдилар: «Нега Эгамиз бизга бундай кулфатларни раво кўряпти? Айбимиз нима? Эгамиз Худога қарши нима гуноҳ қилдик?»

11 Сен уларга шундай жавоб бер: «Эгамиз айтмоқда: ота–боболарингиз Мени тарк этдилар. Қонунларимга риоя қилмасдан, Мендан юз ўгирдилар. Бошқа худоларга эргашдилар, уларга хизмат қилиб, сажда этдилар.

12 Сизларнинг гуноҳларингиз эса ота–боболарингизникидан ҳам ошиб тушди. Мана, ҳар бирингиз ёвуз юрагингизнинг ўжарликларига итоат қиляпсиз, Менга қулоқ солмаяпсиз.

13 Шунинг учун Мен сизларни бу ердан бошқа бир юртга улоқтириб юбораман. У юртни ўзингиз ҳам, ота–боболарингиз ҳам билмайдилар. У ерда сизлар кечаю кундуз бошқа худоларга хизмат қиласизлар. Энди Мен сизларга раҳм қилмайман.»”

Халқ сургундан қайтади

14 Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, одамлар онт ичганда: «Исроил халқини Мисрдан олиб чиққан Эгамиз шоҳид», деб айтмайдиган бўлади.

15 Бунинг ўрнига улар: «Исроил халқини шимолдаги юртдан ва Ўзи сургун қилган барча бошқа юртлардан олиб чиққан Эгамиз шоҳид», деб онт ичадиган бўлишади. Мен халқимни Ўзим ота–боболарига берган юртга қайтариб олиб келаман.”

Яқинлашиб келаётган жазо

16 Эгамиз шундай демоқда: “Мана, Мен талай душманни юборяпман. Улар халқимни балиқчилар каби, тутиб оладилар. Ўша душманлар кетидан бошқаларини жўнатаман, улар овчилар каби, халқимни ҳар бир тоғда, ҳар бир тепаликда, қояларнинг жарликларида овлайдилар.

17 Мен халқимнинг тутган ҳамма йўлларини кўриб турибман. Уларнинг ёвуз йўллари Мендан яширин эмас. Ҳамма гуноҳлари кўз ўнгимда.

18 Қилган гуноҳлари ва қилмишлари учун халқимга икки баробар қилиб қайтараман. Зотан, улар жонсиз, жирканч худолари билан юртимни ҳаром қилдилар, Менинг мулкимни макруҳ бутларга тўлдирдилар.”

Еремиёнинг ибодати

19 Эй Эгам, менинг қудратим, қўрғонимсан,

Кулфат кунида паноҳимсан.

Дунёнинг тўрт бурчагидан халқлар

Сенинг олдингга келиб, айтади:

“Аждодларимизнинг сохта бутларидан бўлак ҳеч нарсаси йўқ эди,

Бу бетайин бутларидан фойда бўлмаган эди.

20 Инсон ўзи учун худоларни ясай оладими?!

Бундай худолар ҳақиқий Худо эмас–ку!”

21 Эгамиз шундай дейди:

“Шундай экан, уларга сабоқ берай,

Куч–қудратимни уларга кўрсатиб қўяй.

Шунда Эгангиз Мен эканлигимни билиб олишади.”

Яҳудо халқининг гуноҳи ва жазоси

1 Эгамиз шундай дейди: “Эй Яҳудо халқи, сизларнинг гуноҳингиз темир қалам билан ўйиб ёзилган. Сизларнинг гуноҳингиз тош юракларингиз устига ва қурбонгоҳларингиз шохларига олмос учи билан ўйиб битилган.

2 Ҳатто фарзандларингиз ҳам баланд қирлардаги ва серсоя дарахтлар остидаги қурбонгоҳларга бориб, Ашеранинг устунларига сажда қилишади.

3 Бутун юртда қилган гуноҳларингиз эвазига Мен Ўз тоғимни, сизнинг ҳамма бойликларингизни, хазиналарингизни ва барча саждагоҳларингизни душманга ўлжа қилиб бераман.

4 Сизларга Мен мулк қилиб берган юртдан ўз айбингиз туфайли айриласизлар. Мен сизларни ўзингиз билмаган бир юртга жўнатаман, душманларингизга ҳаммангизни қул қилиб бераман. Сизлар Мени ғазаблантирдингиз, ғазабим сўнмас олов каби ёнмоқда.”

Ҳикматли сўзлар

5 Эгамиз шундай демоқда:

“Умидини инсонга боғлаган,

Фоний банданинг кучига ишонган,

Юраги Мендан узоқлашган одам лаънатидир.

6 Бундай одам саҳродаги бутадай бўлади,

Фаровон ҳаёт кўрмайди.

Чўлнинг қақроқ жойларида,

Шўр босган бўм–бўш ерларда яшайди.

7 Эгасидан умид қилган киши бахтлидир,

Ёлғиз Худога инонган зот саодатлидир!

8 Бундай киши сув бўйига ўтқазилган дарахтга ўхшайди,

Оқар сувлар томон илдиз отади.

Куннинг жазирамасидан қўрқмайди,

Барглари доим ям–яшил бўлади.

Қурғоқчилик келганда ҳам безовта бўлмайди,

Мева беришдан тўхтамайди.

9 Одамнинг юраги шунчалик айёрки,

Унинг давоси йўқ!

Унинг ичидагини ким билади?!

10 Аммо Мен, Эгангиз, одамнинг юрагини биламан,

Унинг ўй–фикрларини текшираман.

Қилмишига яраша жазолайман,

Қилган ишига яраша тақдирлайман.”

11 Ноҳақлик билан бойлик орттирган киши,

Ўзи қўймаган тухумларни босиб ётган какликка ўхшайди.

Бундай киши умрининг ярмида

Бойликларидан маҳрум бўлади,

Ҳаёти охирлаб қолганда аҳмоқ эканини билади.

12 Муқаддас маконимиз

Азалдан юксалтирилган улуғвор тахтдир!

13 Эй Эгамиз, Сен Исроилнинг ёлғиз умидисан!

Сени тарк этганларнинг ҳаммаси шарманда бўлар,

Сендан юз ўгирганларнинг исмлари тупроққа ёзилар.

Эй Эгамиз, улар Сени тарк этдилар.

Ҳа, ҳаётбахш сув булоғидан воз кечдилар.

Еремиё Эгамиздан мадад сўрайди

14 Эй Эгам, менга шифо бер, соғайиб кетай.

Мени қутқаргин, нажот топай.

Ахир, ёлғиз Сени олқишлайман.

15 Қара, бу одамлар устимдан кулишяпти,

“Эгамизнинг таҳдидли сўзлари қани?!

Айтганлари бажо бўлсин–чи энди!” деб айтишяпти.

16 Мен эса халқингга чўпон бўлдим,

Хизмат қилишдан бош тортмадим.

Офат куни келишини хоҳламаганимни биласан.

Оғзимдан чиққан ҳар бир сўз Сенга аёндир.

17 Мени ваҳимага солмагин,

Кулфат кунида паноҳим Сенсан.

18 Мени қувғин қилганлар шарманда бўлсин,

Мени эса шарманда қилма.

Душманларим саросимага тушсин,

Мени эса довдиратиб қўйма.

Уларнинг бошларига кулфат келтир,

Жазосини икки баробар оғирроқ қилгин.

Шаббат кунига риоя қилиш ҳақида

19 Эгамиз менга шундай деди: “Яҳудо шоҳлари кириб чиқадиган Халқ дарвозаси олдига бориб тур, сўнг Қуддуснинг бошқа дарвозалари олдига ҳам бор.

20 Борганингда халққа шундай деб айт: «Эй Яҳудо шоҳлари, эй Яҳудо халқи, бу дарвозадан ўтиб юрган бутун Қуддус аҳолиси, Эгамизнинг сўзини эшитинглар!

21 Эгамиз шундай деб айтмоқда: Шаббат куни юк ташиманглар, Қуддус дарвозаларидан юкни кўтариб кирманглар. Ҳушёр бўлинглар, тағин ҳаётингизга ўзингиз зомин бўлиб қолманглар.

22 Шаббат куни уйингиздан бирон юкни кўтариб чиқманглар, ҳеч қандай иш қилманглар. Мен ота–боболарингизга амр қилганимдек, Шаббат кунини муқаддас деб билинглар.

23 Ота–боболарингиз гапларимга эътибор бермаган, Менга қулоқ солмаган эдилар. Улар қайсарлик қилиб, сўзларимни тингламагандилар, гапимга кирмагандилар.

24 Борди–ю, сизлар гапларимга қулоқ солсангизлар, Шаббат куни шаҳар дарвозаларидан юк ташимасангизлар, ўша муборак кунни муқаддас деб билиб, ҳеч қандай иш қилмасангизлар,

25 Қуддус тахтида доим Довуд наслидан бўлган шоҳ ўтиради. Жанг араваларию отларни миниб олган шоҳлар ва аъёнлар шаҳар дарвозаларидан киришади. Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси улар билан бирга кирадилар. Қуддусдан то абад одам аримайди.

26 Шунда Яҳудо шаҳарларидан, Қуддус атрофидаги қишлоқлардан, Бенямин ҳудудидан, қирлардан, ғарбдаги қир этакларидан, Нагав чўлидан одамлар келади. Улар Эгасининг уйига куйдириладиган ва бошқа қурбонликларни, шукрона ва дон назрларини, хушбўй тутатқиларни олиб келадилар.

27 Борди–ю, сизлар гапимга қулоқ солмасангизлар, Шаббат кунини муқаддас деб билмай, юк ташиб, дарвозалардан кириб чиқсангизлар, Мен шаҳар дарвозаларини ёндириб юбораман. Олов Қуддус саройларини йўқ қилади, бу оловни ҳеч ким ўчира олмайди.»”

Еремиё кулолнинг уйида

1 Эгамиз Еремиёга шу сўзини аён қилди:

2 “Қани бўл, кулолнинг уйига бор. Ўша ерда сенга бир гап айтаман.”

3 Мен кулолнинг уйига бордим. Кулол чарх уриб, ишлаётган эди.

4 У лойдан ясаётган идиш бузилди, шундан кейин у ўзи хоҳлаган шаклдаги бошқа бир идишни ясади.

5 Эгамиз Ўз сўзини менга аён қилиб деди:

6 “Эй Исроил халқи, наҳотки бу кулол қилган ишни Мен сизларга қила олмасам?! Сизлар Менинг қўлимда кулол қўлидаги лойга ўхшайсизлар.

7 Мен бирон халқни ёки шоҳликни қўпориб ташлашимни, йўқ қилиб вайрон қилишимни эълон этишим мумкин.

8 Аммо ўша халқ ёвуз қилмишларидан қайтса, Мен ҳам уларнинг бошларига фалокат келтириш ниятимдан қайтаман.

9 Шундай пайтлар ҳам бўладики, Мен бирон халқ ёки шоҳликка: «Сизларни қайта бунёд этиб, мустаҳкам қиламан», деб айтаман.

10 Аммо ўша халқ Менинг олдимда қабиҳлик қилса ёки айтганларимга қулоқ солмаса, Мен ниятимдан қайтаман, уларга қилмоқчи бўлган яхшилигимни қилмайман.

11 Шундай экан, Яҳудо халқи билан Қуддус аҳолисига айт: «Эгамиз шундай демоқда: мана, Мен бошингизга соладиган кулфатни тайёрлаяпман, сизларга қарши режалар тузяпман. Бўлди энди, ҳар бирингиз ёмон йўлингиздан қайтинглар. Турмуш тарзингизни ўзгартиринглар. Эски қилмишларингиздан воз кечинглар.»

12 Аммо улар: «Гапирганинг бефойда!» дейишади. «Биз барибир хоҳлаганимиздай яшаймиз, ёвуз юракларимизнинг ўжарликларига итоат қилаверамиз», деб айтишади.”

Халқ Эгамизни рад этади

13 Шунинг учун Эгамиз демоқда:

“Халқлардан сўраб–суриштиринг–чи,

Бунақасини ҳеч эшитганмикан?!

Бокира қиз Исроил жирканч бир иш қилди.

14 Лубнондаги қорлар ҳеч эриганми?!

Азим чўққиларни ҳеч тарк этганми?!

Унинг муздек сувлари ҳеч адо бўлганми?!

15 Менинг халқим эса Мени тарк этди,

Улар беҳуда бутларга тутатқи тутатдилар.

Бутлари туфайли халқим қоқилди,

Азалий йўлидан адашди.

Тўғри йўлни тарк этиб, сўқмоқлардан юриб кетди.

16 Шу сабабдан юрти ҳувиллаб қолади,

Юртнинг аҳволидан одамлар қотиб қолади,

Ўтган–кетганлар даҳшатга тушади,

«Ё тавба» деб, ёқасини ушлашади.

17 Шарқдан эсган шамол каби,

Мен уларни душманлари олдида сочиб ташлайман.

Бошларига кулфат тушган куни

Уларга орқа ўгираман,

Уларга назар солмайман.”

Еремиёга қарши фитна

18 Сўнг одамлар шундай дедилар: “Қани, Еремиёга қарши фитна уюштирайлик. Ахир, қонунни ўргатадиган руҳонийлар, маслаҳат берадиган донишмандлар ва Худонинг сўзини айтадиган пайғамбарлар ҳар доим бор. Еремиёга туҳмат қилайлик, унинг гапларига умуман эътибор бермайдиган бўлайлик.”

19 Эй Эгам, мени тингла,

Рақибларим гапларини эшит!

20 Наҳотки яхшиликка ёмонлик қайтаришса?!

Эсингдами, ҳузурингда туриб,

Улар учун Сенга ёлворгандим,

Улардан Сенинг қаҳрингни қайтаргандим.

Улар эса менга чуқур қазидилар.

21 Шундай экан, болаларини очликдан ўлдир,

Ҳаммасини қилич измига топшир.

Хотинлари болаларидан жудо бўлсин,

Ҳаммаси бева бўлиб қолсин.

Эркаклари ўлатдан қирилиб кетсин,

Йигитлари жангда ҳалок бўлсин.

22 Тўсатдан устига босқинчи юборганингда,

Уйларидан дод–фарёдлар кўтарилсин!

Ахир, улар мени тутиб олмоқчи бўлиб, чуқур қазидилар,

Оёғимни сиртмоққа илинтирмоқчи бўлдилар.

23 Мени ўлдириш учун фитна қилдилар,

Буни Сен биласан, эй Эгам.

Уларнинг гуноҳларини кечирма,

Жиноятларидан ўтма.

Ғазабланиб, жазоларини бергин,

Улар Сенинг олдингда йиқилиб қолсинлар.

Синган кўза

1 Эгамиз менга шундай деди: “Бориб кулолдан бир сопол кўза сотиб ол. Сўнг ёнингга халқ оқсоқолларидан ва бош руҳонийлардан олиб,

2 Синган кўзалар дарвозаси яқинидаги Хиннум сойлигига туш. Мен сенга айтадиган сўзларни оқсоқолларга сен ўша ерда айтасан.

3 Сен уларга шундай деб айт: «Эй Яҳудо шоҳлари, Қуддус аҳолиси, Эгамизнинг сўзларини эшитинглар. Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: Мен бу жойга шундай фалокат ёғдираманки, бу фалокатни эшитганларнинг бошидан ҳуши учади.

4 Зотан, халқим Мени тарк этди, бу ерни ҳаром қилди. Улар ўзлари билмаган, ота–боболари ҳам, Яҳудо шоҳлари ҳам билмаган бегона худоларга қурбонликлар куйдирдилар. Бу ерни бегуноҳ одамларнинг қонига тўлдирдилар.

5 Баалга атаб саждагоҳлар қурдилар. У ерда ўз ўғил–қизларини Баалга қурбонлик қилиб куйдирдилар. Мен уларга буни амр қилмаганман, бунақасини хаёлимга ҳам келтирмаганман.

6 Қараб туринглар! — деб айтмоқда Эгамиз. — Шундай кунлар келадики, одамлар бу жойни Тофат ёки Хиннум сойлиги деб атамайди, балки бу жой ‘Қирғин водийси’ деб аталадиган бўлади.

7 Мана шу жойда Мен Яҳудо ва Қуддуснинг режаларини барбод қиламан. Халқимни душманларга мағлуб қилиб бераман, уларда қасди борларнинг қўлига топшираман. Жасадларини қушларга, ёввойи ҳайвонларга ем қиламан.

8 Мен бу шаҳарни шундай вайрон қиламанки, унинг олдидан ўтган–кетган ҳар бир киши шаҳарнинг аянчли аҳволидан даҳшатга тушиб, қотиб қолади.

9 Душманлар шаҳарни қамал қилиб, одамларни қириб ташламоқчи бўладилар. Қамал пайтида азобда қолган халқ ўғил–қизларининг ва бир–бирининг этини ейдиган бўлади.»

10 Эй Еремиё, ўзинг билан келганларнинг олдида кўзани синдир.

11 Уларга шундай деб айт: «Сарвари Олам шундай демоқда: мана бу кўза чилпарчин бўлиб, тузатиб бўлмайдиган аҳволга тушгани каби, Мен бу халқни ва бу шаҳарни чилпарчин қиламан. Ўликлар Тофатда дафн қилинади, ўликлар кўплигидан қабрларга жой етмай қолади.

12 Мен бу шаҳарни ва унинг аҳолисини шундай аҳволга соламанки, бу шаҳар Тофатга ўхшаган бўлиб қолади, — деб айтмоқда Эгамиз.

13 Қуддусдаги хонадонлар ва Яҳудо шоҳларининг саройлари, Тофат каби, ҳаром бўлади. Чунки у ерлардаги ҳамма уйларнинг томларида самовий жисмларга атаб қурбонликлар куйдирилган, бегона худоларга шароб назрлари келтирилган.»”

14 Еремиё Эгамизнинг амри билан Тофатда башорат қилди, сўнг у ердан қайтиб келгач, Эгамизнинг уйи ҳовлисида туриб халққа деди:

15 “Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: энди Мен айтган сўзимга биноан бу шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқларга фалокат келтираман, чунки сизлар ўжарлик қилиб, сўзларимни эшитишни хоҳламадингизлар.”

Еремиё руҳоний Пашхур билан баҳслашади

1 Иммар ўғли Пашхур руҳоний бўлиб, Эгамиз уйининг бош назоратчиси эди. У Еремиёнинг башорат қилиб айтган бу сўзларини эшитди.

2 Шу сабабдан Еремиёни калтаклатиб, Эгамиз уйининг ҳовлисидаги Юқори Бенямин дарвозаси томонда кишанлаб қўйишни буюрди.

3 Эртаси куни эрталаб Пашхур Еремиёнинг кишанларини ечганда, Еремиё унга шундай деди: “Эгамиз сенга «Пашхур» эмас, «Даҳшат қамраган» деб исм қўйган.

4 Зеро, Эгамиз шундай деб айтмоқда: Мен сени ва ҳамма дўстларингни ваҳимага соламан. Дўстларинг душманлари қўлида ҳалок бўлаётганини ўз кўзинг билан кўрасан. Мен бутун Яҳудо халқини Бобил шоҳининг қўлига топшираман. Бобил шоҳи халқимни асир қилиб, ўзининг юртига олиб кетади. Уларни қиличдан ўтказади.

5 Мен бу шаҳарнинг бойликларини, бор нарсасини, қимматбаҳо буюмларини, Яҳудо шоҳларининг хазиналарини душманнинг қўлига бераман. Улар шаҳарни талон–тарож қилишади. Барча бойликларини Бобилга олиб кетишади.

6 Сен ҳам, эй Пашхур, ўз хонадонинг билан Бобилга сургун бўласан. Сен у ерда жон бериб, дафн қилинасан. Ёлғон башоратларингга қулоқ солган дўстларинг ҳам ўша кўйга тушади.”

Еремиё Эгамизга шикоят қилади

7 Эй Эгам, Сен мени кўндирдинг,

Мен ҳам кўндим.

Мендан устун келдинг, мени енгдинг.

Мен ҳаммага мазах бўлдим,

Ҳамма устимдан кулмоқда.

8 Гапирганимда жар солишим керак,

“Зўравонлик! Ҳалокат!” дея бақиришим керак.

Сенинг сўзинг туфайли ҳаммага кулги бўлдим,

Кун бўйи мени масхара қилишяпти.

9 Борди–ю, мен: “Бўлди, Эгам ҳақида сўзламайман,

Унинг номидан гапирмайман” десам,

Сенинг сўзинг, олов каби, ичимни ёндиради,

Ўт қўйгандай суякларимни зирқиратади.

Сўзингни ичимда сақлаб туришдан чарчадим,

Ҳа, уни бошқа ушлаб тура олмайман.

10 Эшитяпман, кўпчилик ғийбат қиляпти.

Атрофимни даҳшат қамраган!

“Фош бўлсин! Уни фош қилайлик!” деб айтяптилар.

Ҳатто менинг яқин дўстларим ҳам

Қоқинишимни пойлаб турибдилар,

“Еремиё тузоққа тушади,

Шунда уни енгамиз,

Ундан қасдимизни оламиз”, деяптилар.

11 Аммо Сен, эй Эгам, мен билан биргасан,

Сен баҳодир жангчига ўхшайсан.

Мени қувғин қилганлар қоқилиб тушади,

Улар мендан устун келолмайди.

Иснодга қолади, муваффақиятга эришолмайди.

Улар то абад доғда қолади,

Шармандагарчилиги ҳеч қачон унутилмайди.

12 Эй Сарвари Олам, Сен солиҳ кишини синайсан,

Одамнинг дилини, ўй–хаёлини биласан.

Душманларимдан ўч олганингни кўрайин,

Ахир, даъвоимни Сенга топширдим!

13 Эгамизга қўшиқ куйланглар!

Эгамизга ҳамду санолар айтинглар!

Зеро, У бечора банданинг жонини

Бадкирдорлар қўлидан қутқарди.

14 Эвоҳ, мен туғилган кун қуриб кетсин!

Онам мени туққан кун хосиятсиз бўлсин!

15 Отамга хабар олиб келган одам лаънати бўлсин,

“Ўғил кўрдинг!” дея уни хурсанд қилган киши қуриб кетсин.

16 Эгамиз шафқатсизларча вайрон қилган

Шаҳарлардай бўлсин ўша одам.

У эрталабданоқ доду фарёдлар эшитсин,

Кундуз куни уруш наъраларини эшитсин.

17 Ахир, у мени онамнинг қорнидаёқ ўлдирмади.

Шунда онамнинг қорни қабрим бўлган бўларди,

Онам то абад ҳомиладор бўлиб қолган бўларди.

18 Нимага ҳам туғилдим экан–а?!

Машаққату қийинчилик кўриш учунми?!

Умримни шармандаликда хазон қилиш учунми?!

Қуддуснинг мағлубияти ҳақида башорат

1 Шоҳ Зидқиё Еремиё пайғамбарнинг олдига Малкиё ўғли Пешхур ва Масиё ўғли руҳоний Зафаниёни юборди. Шунда Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди. Пешхур билан Зафаниё Еремиёга шундай дедилар:

2 “Ўтинамиз, биз учун Эгамизга ёлвор, чунки Бобил шоҳи Навухадназар бизга ҳужум қиляпти. Балки Эгамиз аввалгидек мўъжизалар кўрсатиб, Навухадназарни орқага чекинтирар.”

3 Еремиё уларга шундай жавоб берди:

4 “Бориб, Зидқиёга Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг шу сўзларини айтинглар: «Сизлар қўлингизга қурол олиб, сизларни қамал қилган Бобил шоҳига ва Бобилликларга қарши жанг қиляпсизлар. Аммо қўлингиздаги қуролларингизни Мен Бобилликларга эмас, балки ўзларингизга қарши ишлатаман. Мана шу шаҳар — Қуддус марказида қуролларингизни уйиб ташлайман.

5 Мен Ўзим сизларга қарши чиқаман. Ўз қудрату ажойиботларим билан, қаҳру ғазабим билан сизларга қарши жанг қиламан.

6 Бу шаҳар аҳолисини йўқ қиламан. Одамлару ҳайвонлар ўлатдан нобуд бўладилар.

7 Шундан кейин Мен Яҳудо шоҳи Зидқиёни, унинг аъёнларини, шаҳарда урушдан, қаҳатчиликдан ва ўлатдан омон қолган ҳамма одамларни Бобил шоҳи Навухадназарнинг қўлига бераман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Уларда қасди борларга топшираман, душман қўлига бераман. Душманлар шаҳар аҳолисини шафқатсизларча қириб ташлайдилар. Биронта одамни ҳам аямайдилар, уларга ачинмайдилар, раҳм қилмайдилар.»

8 Сизлар бу халққа бориб айтинглар: «Эгамиз демоқда: Мен сизларга икки йўлни — ҳаёт ва ўлим йўлини бердим.

9 Шаҳарда қолганлар қилич, қаҳатчилик ва ўлатдан нобуд бўладилар. Шаҳардан чиқиб, Бобилликларга таслим бўлганлар эса тирик қоладилар. Бу одамлар ҳеч бўлмаса ўз жонларини сақлаб қоладилар.

10 Мен бу шаҳарга яхшилик эмас, кулфат келтиришга қарор қилдим, — деб айтмоқда Эгамиз. — Бу шаҳарни Бобил шоҳига таслим қилиб бераман. Навухадназар шаҳарга ўт қўяди.»

Яҳудо шоҳининг хонадони жазоланади

11 Яҳудо шоҳининг хонадонига ҳам бориб шундай айтинглар: «Эгамизнинг сўзини эшит,

12 эй Довуд сулоласи! Эгамиз шундай демоқда:

Ҳар куни эрталабдан адолат қилинглар,

Жабрдийдаларни зўравонлар қўлидан қутқаринглар.

Акс ҳолда, қилган ёвузликларингиз туфайли

Менинг ғазабим аланга олади,

Бу ғазабимни сўндиришга ҳеч кимнинг қурби етмайди.

13 Эй водийдаги қоя устида қурилган Қуддус,

Мен сенга қаршиман!

— деб айтмоқда Эгамиз. —

Сизлар айтасиз: ‘Ким ҳам бизга қарши чиқа оларди?!

Ким ҳам қўрғонларимизга кира оларди?!’

14 Мен қилмишингизга яраша жазоингизни бераман,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

Шоҳнинг саройига ўт қўяман,

Олов атрофдаги ҳамма нарсани ёндиради.»”

Яҳудо шоҳининг хонадони ҳақида башорат

1 Эгамиз менга шундай деди: “Яҳудо шоҳи саройига бориб, у ерда ушбу сўзларни жар солиб айт:

2 «Эй Довуд тахтида ўтирган Яҳудо шоҳи, эшит. Аъёнларинг ва мана бу саройга кирган одамларинг ҳам сен билан бирга Эгамизнинг сўзини эшитсин.»

3 Кейин уларга айт, Эгамиз шундай демоқда: «Адолат ва тўғрилик билан иш тутинг. Жабрдийдаларни зўравонларнинг қўлидан қутқаринг. Мусофирларга, етим ва беваларга ноҳақлик қилманг, уларни эзманг. Бу ерда бегуноҳ одамнинг қонини тўкманг.

4 Борди–ю, сизлар ҳақиқатан ҳам буларга риоя қилсангизлар, Қуддус тахтида доим Довуд наслидан бўлган шоҳ ўтиради. Жанг араваларию отлар минган шоҳлар сарой дарвозаларидан киришади. Аъёнлар ва халқ ҳам улар билан бирга киради.

5 Борди–ю, бу амрларимга риоя қилмасангизлар, Мен Ўз номим ҳақи онт ичиб айтаманки, бу сарой вайрон бўлади.» Эгамизнинг каломи шудир.

6 Ахир, Эгамиз Яҳудо шоҳининг саройи ҳақида шундай демоқда:

«Сен Мен учун гўзал Гилад ўлкасига ўхшайсан,

Бамисоли Лубноннинг юксак чўққиларисан.

Лекин қасам ичиб айтаманки, сен саҳрога ўхшаб қоласан,

Ҳувиллаган бир шаҳарга айланиб қоласан.

7 Сенга қарши босқинчиларни жўнатаман,

Қуролланган одамларни юбораман.

Улар сара садрларингни кесадилар,

Ёғочларингни оловга ташлайдилар.»

8 Кўплаб халқлар бу шаҳар олдидан ўтаётиб, бир–бирларидан: «Нега Эгамиз бундай буюк шаҳарни шу кўйга солган экан–а?» деб сўрайдилар.

9 Уларга шундай жавоб беришади: «Шаҳар аҳолиси ўзларининг Эгаси Худо билан тузган аҳдини бузди. Бошқа худоларга сажда қилиб, хизмат қиладиган бўлди.»”

Еремиё шоҳ Ёҳухоз ҳақида башорат қилади

10 Ўлган шоҳингиз учун йиғламанг,

У учун аза тутманг.

Ундан кўра, сургун бўлган шаҳзодангиз учун қайғуринг,

У учун аччиқ–аччиқ кўз ёш тўкинг.

Ахир, у энди қайтиб келмайди,

Она юртини бошқа кўрмайди.

11 Шоҳ Йўшиёдан кейин Яҳудо тахтига Йўшиёнинг ўғли Ёҳухоз ўтирган эди. Шоҳ Ёҳухоз сургун қилингандан кейин, Эгамиз у ҳақда шундай деди: “У бу ерга ҳеч қачон қайтиб келмайди.

12 Сургун қилинган ерда оламдан ўтади, бу юртни бошқа кўрмайди.”

Еремиё Ёҳайиқим ҳақида башорат қилади

13 Эгамиз шундай дейди:

“Уйини ноҳақлик билан қурганнинг ҳолига вой!

Юқори хоналарини адолатсизлик билан бино қилганнинг ҳолига вой!

Бундай одам биродарини текинга ишлатади,

Унинг меҳнат ҳақини бермайди.

14 У шундай дейди:

«Мана, ўзим учун катта сарой қурдим,

Юқори қаватдаги хоналарни кенг қилдирдим.»

У уйига катта ойналар қўйдирмоқда,

Деворларини садр ёғочи билан қопламоқда,

Уларни қирмизи рангга бўямоқда.

15 Сен ўзинг учун кўп садр ёғочини йиғдинг,

Бу билан сен яхши шоҳ бўлиб қолмадинг!

Сенинг отанг ҳам хоҳлаганича еб–ичган,

Аммо доим ҳақиқату адолатни ўрнатган.

Шу сабабдан унинг иши юришган.

16 У фақиру бечорани ҳимоя қилган,

Шунинг учун фаровон ҳаёт кечирган.

Худони билиш дегани шу эмасми?!

— деб айтмоқда Эгамиз. —

17 Сен эса фақат ноҳақ фойдани кўзлайсан.

Бегуноҳ одамнинг қонини тўкасан,

Зўравонлик ва зулм ўтказасан.”

18 Шу сабабдан Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳақида Эгамиз шундай демоқда:

“Унга ҳеч ким аза тутмайди,

«Вой, жигарим! Вой, жигарим!» деб йиғламайди.

«Хўжайиним! Олампаноҳим!» деб ҳеч ким қайғурмайди.

19 Уни ўлган эшакнинг аҳволига соладилар,

Қуддус дарвозаларидан судраб чиқиб, отиб юборадилар.”

Қуддуснинг қисмати

20 Эгамиз шундай дейди:

“Эй Қуддус, Лубнонга чиқиб фарёд қилгин,

Башан ўлкасига бориб, хитоб этгин.

Аборим тоғларида туриб, овозинг борича бақиргин,

Чунки ҳамма ўйнашларинг йўқ бўлди.

21 Фароғатда яшаганингда, сенга гапирдим,

Сен эса «Гапингга қулоқ солмайман!» деб айтдинг.

Ҳа, ёшлигингдан шу йўлни тутгансан,

Гапимга сен кирмагансан.

22 Шамол ҳамма чўпонларингни супуриб кетади,

Ўйнашларинг сургун бўлади.

Сен эса қабиҳ ишларинг туфайли уятда қоласан,

Шармандаи шармисор бўласан.

23 Сен «Лубнон» саройида яшаб юрибсан,

Садр дарахтлари орасида ин қургансан,

Аммо туғаётган аёл каби дард чекасан,

Азобдан инграйсан.”

Шоҳ Ёҳайихинни Худо ҳукм қилади

24 Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихин ҳақида Эгамиз шундай демоқда: “Эй Яҳудо шоҳи Ёҳайихин! Борди–ю, сен Менинг ўнг қўлимдаги муҳр узугим бўлганингда эди, Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сени улоқтириб ташлаган бўлар эдим.

25 Сен кимдан қўрқсанг, сени ўшанинг қўлига бераман, сенда қасди борларнинг қўлига топшираман. Сени шоҳ Навухадназарнинг ва Бобилликларнинг қўлига бераман.

26 Сени ва сени туққан онангни бегона бир юртга, киндик қонинг тўкилмаган бир ерга улоқтириб юбораман. Сизлар ўша ерда ўласизлар.

27 Сизлар бу юртга қайтиб келишни орзу қиласизлар, аммо қайтиб келмайсизлар.”

28 Ёҳайихин ташлаб юбориладиган синиқ хумдай бўлиб қолади,

Ҳеч кимга керак бўлмайдиган сопол идишга ўхшаб қолади.

У болалари билан сургун бўлади!

Ўзи билмаган юртга улоқтириб ташланади!

29 Эй юрт, юрт, юрт!

Эгамизнинг сўзини эшит!

30 Эгамиз шундай демоқда:

“Бу одамнинг фарзандларини насабномага киритманг,

Уни ҳаётда омади йўқ, деб қайд қилиб қўйинг.

Унинг зурриётидан бирортаси муваффақият қозонмас,

Бирортаси Довуд тахтига чиқа олмас.

Яҳудода улар ҳеч қачон ҳукмронлик қилмайдилар.”

Келажакка умид

1 Эгамиз шундай демоқда: “Чўпонлар яйловимдаги қўйларни тарқатиб юборяптилар, уларни йўқ қиляптилар. Бундай чўпонларнинг ҳолига вой!

2 Эй халқимни боққан чўпонлар, сизлар қўйларимни ўз ҳолига ташлаб қўйдингизлар. Уларни тарқатиб, узоқларга қочириб юбордингизлар. Бу ёвуз қилмишларингиз учун Мен сизларни ўз ҳолингизга қўймай жазолайман, — деб айтмоқда Исроил халқининг Худоси — Эгамиз.

3 Мен қўйларимни ҳар хил юртларга ҳайдаб юборган эдим. Энди Ўзим уларни йиғиб оламан, ўзларининг яйловига олиб келаман. Улар баракали бўлиб, кўпаядилар.

4 Мен улар устидан бошқа чўпонларни тайинлайман. Чўпонлар қўйларимни боқадилар. Шунда қўйларим ҳеч нарсадан қўрқмайди, саросимага тушмайди. Уларнинг биронтаси ҳам йўқолмайди.” Эгамизнинг каломи шудир.

5 Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, Мен Довуд наслидан солиҳ бир новдани етиштираман. Бу Шоҳ донолик билан ҳукмронлик қилади. Адолат ва тўғрилик билан иш тутади.

6 Унинг ҳукмронлиги даврида Яҳудо халқи бехатар яшайди, Исроил халқи осойишта ҳаёт кечиради. Ўша Шоҳни «Эгамиз — нажоткоримиз» деб аташади.”

7 Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, одамлар онт ичганда: «Исроил халқини Мисрдан олиб чиққан Эгамиз шоҳид», деб айтмайдиган бўлади.

8 Бунинг ўрнига улар: «Исроил наслини шимолдаги юртдан ва сургун қилинган бошқа барча юртлардан олиб чиққан Эгамиз шоҳид», деб онт ичадиган бўлади. Улар ўз юртларида яшашади.”

Еремиё сохта пайғамбарлар ҳақида башорат қилади

9 Пайғамбарлар ҳақида ўйлаб,

Юрак–бағрим эзилиб кетди,

Вужудим титраб кетмоқда.

Эгамиз туфайли,

Унинг айтган муқаддас сўзи туфайли

Мен маст одамга ўхшаб қолдим,

Шаробга бўккан кишидай бўлиб қолдим.

10 Эвоҳ, юрт зинокорларга тўлиб кетди,

Лаънат туфайли ер қақраб қолди,

Даштдаги яйловлар қуриб ётибди.

Пайғамбарлар қабиҳлик қилишга шошилади,

Кучини ҳақсизлик йўлида ишлатишади.

11 Эгамиз шундай демоқда:

“Пайғамбару руҳонийлар бетавфиқдирлар,

Ҳатто Менинг уйимда ҳам қабиҳлик қилганларини кўрдим.

12 Шу сабабдан юрган йўллари сирпанчиқ бўлади,

Улар зулматга ғарқ бўлишади.

Ҳаммаси йиқилиб қолади.

Жазо оладиган йили

Бошларига кулфат келтираман,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

13 Самария пайғамбарлари орасида

Жирканч бир ишни кўрдим:

Улар Баал номидан башорат қилишди,

Халқимни йўлдан оздиришди.

14 Аммо Қуддус пайғамбарлари орасида

Бундан ҳам баттарроғини кўрдим:

Улар зино қилиб, ёлғон ичида яшашади,

Ёвузларнинг ишини қўллаб туришади,

Шунинг учун ҳеч ким ёмон йўлидан қайтмаяпти.

Назаримда уларнинг ҳаммаси Садўм одамларидай бўлиб қолган,

Қуддус аҳолиси Ғамўра аҳолисига ўхшаб қолган.”

15 Сарвари Олам пайғамбарлар ҳақида шундай демоқда:

“Мен уларга аччиқ ўтдан едираман,

Заҳарли сувдан ичираман,

Зеро, Қуддус пайғамбарлари дастидан

Юртимда бетавфиқлар кўпайиб кетди.”

16 Сарвари Олам шундай демоқда: “Сизларга башорат қилаётган пайғамбарларнинг гапларига қулоқ солманглар. Улар қўйнингизни пуч ёнғоққа тўлдиряпти. Улар Менинг оғзимдан чиққан сўзларни эмас, ўз дил орзуларини айтишяпти.

17 Менинг сўзимдан нафратланган одамларга улар ҳадеб: «Ҳаммаси яхши бўлади», дейишади. Юрагидаги ўжарликларга итоат қилганларга: «Бошингизга бало–қазо келмайди», дейишади.”

18 Хўш, Эгамизнинг кенгашида улардан қайси бири қатнашибди?!

Худонинг сўзини қайси бири эшитибди?!

Қайси бири эътибор билан Уни тинглабди?!

19 Ана, бўрон кўтарилди!

Бу Эгамизнинг ғазабидир.

Унинг ғазаби қуюн гирдоби бўлиб,

Фосиқларнинг бошига тушди.

20 Эгамиз кўнглидаги ниятини бажармагунча,

Уни охирига етказмагунча,

Ғазабидан тушмайди.

Кейинчалик буни англаб оласизлар.

21 Эгамиз шундай деди:

“Бу пайғамбарларни Мен юбормадим,

Улар ўзлари югуриб бордилар.

Уларга Мен гапирмадим,

Улар эса башорат қилдилар.

22 Агар ўша пайғамбарлар кенгашимда бўлганларида эди,

Сўзларимни халқимга етказган бўлардилар.

Халқимни ёмон йўлдан,

Ёвуз қилмишлардан қайтарган бўлардилар.”

23 Эгамиз шундай демоқда: “Мен ҳамма ёқдаман — яқинда ҳам, узоқда ҳам ўша Худоман.

24 Ким Мендан яширина олади?! Еру кўкни тўлдириб турган Мен эмасми?! — деб айтмоқда Эгамиз.

25 Менинг номимдан ёлғон башорат қилган пайғамбарларнинг: «Мен бир туш кўрдим! Худо менга бир туш берди!» деганларини эшитдим.

26 Қачонгача бу давом этади?! Улар юракларидаги ҳийлаю найрангларини, ёлғон башоратларини бас қилишадими, йўқми?!

27 Уларнинг ота–боболари Мени унутиб, Баалга сажда қилган эдилар. Шу сингари, бу сохта пайғамбарлар «Халқ Эгамизни унутсин», дея бир–бирларига тушларини айтишади.

28 Майли, туш кўрган пайғамбар тушини айтсин, сўзимни эшитган эса уни садоқат билан эълон қилсин. Ахир, сомон билан буғдойнинг фарқи бор–ку! — деб айтмоқда Эгамиз.

29 Менинг сўзим оловдай куйдиради. Қояни ёрадиган болғадай зарба беради.” Эгамизнинг каломи шудир.

30 Эгамиз шундай демоқда: “Бу пайғамбарлар «Эгамизнинг сўзи» деб бир–биридан гап ўғирлайди. Мен уларга қаршиман.

31 Ҳа, Мен ўша пайғамбарларга қаршиман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Улар ўзларича валдираб юрадилар, яна «бу Эгамизнинг сўзлари», деб айтадилар.

32 Уйдирма тушларини айтган пайғамбарларга қаршиман! Улар ёлғонларию телбалиги билан халқимни йўлдан оздиришмоқда. Уларни Мен тайинламаганман, халқимнинг олдига Мен юбормаганман. Халқимга уларнинг заррача ҳам фойдаси йўқ.” Эгамизнинг каломи шудир.

Юк ҳақида

33 Эгамиз менга деди: “Эй Еремиё, агар халқимдан бўлган бирорта одам, пайғамбар ёки руҳоний сендан: «Бу сафар Эгамиз бизга нима юкламоқчи?» деб сўраса, сен шундай деб жавоб бер: «Сизлар ўзларингиз Эгамизга юк бўлдингизлар. Энди У сизларни улоқтириб ташлайди.»

34 Борди–ю, бирон одам, пайғамбар ёки руҳоний: «Эгамизнинг сўзи бизга юк бўлди», деб айтадиган бўлса, Мен ундай одамни бутун хонадони билан жазолайман.

35 Сизлар бир–бирингиздан: «Эгамиз нима деб жавоб берди?» ёки «Эгамиз нима деб айтди?» деб сўранглар.

36 Аммо: «Эгамиз бизга нима юкламоқчи?» деб бошқа сўраманглар. Зеро, одамлар бу иборани ишлатиб, ўз сўзларини ишонарли қилмоқчи бўладилар, барҳаёт Худо, Сарвари Олам — Худойингизнинг сўзларини бузиб айтадилар.

37 Сизлар эса пайғамбарнинг олдига борганингизда, ундан: «Эгамиз сизга нима деб жавоб берди?» ёки «Эгамиз сизга нима деди?» деб сўранглар.

38 Борди–ю, сизлар гапимга кирмай: «Эгамиз бизга нима юкламоқчи?» деб яна сўрасангизлар,

39 Мен сизларни юк кўтаргандай кўтариб, Ўз ҳузуримдан улоқтириб ташлайман. Ота–боболарингизга Ўзим берган шаҳарни ҳам шу кўйга соламан.

40 Абадий иснод ва шармандаликка дучор қиламан. Бундай шармандаликни унутиб бўлмайди.”

Икки сават анжир

1 Эгамиз менга Маъбад олдида турган икки сават анжирни кўрсатди. Бу воқеа Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусдаги Яҳудо шоҳи Ёҳайихинни, Яҳудо аъёнларини, ҳунармандлару темирчиларни Бобилга асир қилиб олиб кетгандан сўнг содир бўлди. Шоҳ Ёҳайихин Ёҳайиқимнинг ўғли эди.

2 Мен кўрган саватларнинг бирида яхши чиллаки анжирлар, бошқасида эса ёмон, еб бўлмайдиган анжирлар бор эди.

3 Эгамиз мендан:

— Еремиё, нимани кўряпсан? — деб сўради.

— Анжирларни, — деб жавоб бердим мен. — Яхши анжирлар ниҳоятда яхши экан, ёмонлари эса еб бўлмайдиган даражада ириб кетган экан.

4 Шунда Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

5 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Бобилликларнинг юртига сургун бўлган Яҳудо асирлари ўша яхши анжирларга ўхшайди. Мен уларга илтифот кўрсатаман.

6 Назаримни солиб, яхшилик қиламан, уларни бу юртга қайтариб олиб келаман. Уларни йўқ қилмайман, балки қайта бунёд этаман. Қўпориб ташламайман, балки барқарор қиламан.

7 Қалбларига Мени билиш истагини соламан, улар Мени Эгамиз деб тан оладилар. Бутун қалблари билан Менга қайтадилар. Улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг Худоси бўламан.”

8 Аммо Яҳудо шоҳи Зидқиё тўғрисида, унинг аъёнлари, Қуддуснинг омон қолган аҳолиси ва Мисрга қочиб борганлари тўғрисида Эгамиз шундай демоқда: “Улар еб бўлмайдиган анжирларга ўхшайди. Ириган анжирларни нима қилишса, Мен ҳам уларни шундай қиламан.

9 Уларнинг бошига шундай кулфат соламанки, буни кўрган ер юзидаги барча халқлар даҳшатга тушади. Мен уларни тарқатиб юборган ҳамма жойда одамлар уларнинг устидан кулади, уларни мазах қилади, хор қилади, номини қарғишларда ишлатади.

10 Мен уларга ва ота–боболарига берган юртдан уларни қириб ташламагунимча бошларига уруш, очарчилик ва ўлат юбораман.”

Шимолдан келган душман

1 Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Еремиёга Яҳудо халқи тўғрисида Эгамизнинг сўзи аён бўлди. Бобил тахтига худди ўша йили Навухадназар ўтирган эди.

2 Еремиё пайғамбар Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолисига шундай деди:

3 “Омон ўғли Йўшиё Яҳудода ҳукмронлик қилган даврнинг ўн учинчи йилидан тортиб, то бугунга қадар Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилиб келмоқда. Мана, йигирма уч йилдирки, мен сизларга тўхтовсиз гапиряпман, аммо сизлар гапларимга қулоқ солмаяпсизлар.

4 Эгамиз олдингизга пайғамбар қулларини бирин–кетин юборган бўлса ҳам, сизлар уларнинг гапларини эшитмадингиз, уларга қулоқ солмадингиз.

5 Улар сизларга айтишган эди: «Қабиҳ ишларингизни бас қилинглар. Ёмон йўлдан қайтинглар. Шунда Эгамиз сизларга ва ота–боболарингизга абадий мулк қилиб берган юртда қоласизлар.

6 Бошқа худоларга эргашманглар. Уларга хизмат қилманглар, сажда этманглар. Ясаган бутларингиз билан Эгамизни ғазаблантирманглар. Шунда Эгамиз бошингизга фалокат келтирмайди.»

7 «Аммо сизлар гапимга қулоқ солмадингизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. — Бутларингиз билан Мени ғазаблантириб, ўз бошингизга фалокат келтирдингизлар.»

8 Шу сабабдан Сарвари Олам демоқда: «Сизлар гапимга кирмаганингиз учун,

9 Мен шимолдаги барча қабилаларни йиғаман. Бобил шоҳи қулим Навухадназарни ҳам чақираман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Уларни сизларга қарши, бу юрт аҳолиси ва ён–атрофингиздаги халқларга қарши тортиб келаман. Мен сизларни тамомила қириб битираман. Сизларни кўрганлар даҳшатга тушади, аҳволингизни кўрган одамлар қотиб қолади. Мен юртингизни абадий харобазорга айлантираман.

10 Шундай қиламанки, орангизда шоду хуррамлик садолари бўлмайди, келин–куёвнинг овози эшитилмайди, тегирмоннинг товуши чиқмайди. Чироғингиз ёнмайди.

11 Бутун юрт вайрон бўлиб, харобазорга айланади. Бу халқлар етмиш йил мобайнида Бобил шоҳига хизмат қилишади.»

12 Эгамиз шундай демоқда: «Етмиш йилдан кейин эса Мен Бобил шоҳини, унинг халқини ва Бобилликларнинг бутун юртини қилган гуноҳлари учун жазолайман. Уларнинг юрти то абад ҳувиллаб қолади.

13 Ўзим айтган ҳамма кулфатларни ўша юртга ёғдираман. Бу китобда ёзилган ҳамма фалокатларни келтираман. Еремиёнинг ҳамма халқларга қарши айтган башоратларини амалга ошираман.

14 Бобилликлар кўплаб халқлару буюк шоҳларга қул бўладилар. Қилган қилмишларига яраша жазоларини оладилар.»”

Худо халқларни ҳукм қилади

15 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз менга шундай деди: “Қўлимдаги косани ол. Бу коса ғазабим шаробига тўла. Мен сени қайси халқлар олдига юборсам, бу косадаги шаробдан уларга ичир.

16 Улар шаробдан ичадилар, гандираклаб қолиб, ақлдан озадилар. Ахир, Мен уларга қарши қилич юбораман.”

17 Мен Эгамизнинг қўлидаги косани олдим. Эгамиз мени қайси халқлар олдига юборган бўлса, ўша халқларга шаробдан ичирдим:

18 Қуддус, Яҳудо юртининг шаҳарлари ва у ердаги шоҳу аъёнлар хонавайрон бўлсин деб, мен уларга шаробдан ичирдим. Бугунгача уларнинг аҳволини кўриб одамлар ёқасини ушлайди, халқимнинг номини қарғишларга қўшиб ишлатишади.

19 Сўнг мен Мисрга йўл олдим. Фиръавн, унинг хизматкорлари, аъёнлари, бутун халқи

20 ва у ерда яшаётган мусофирларга шаробдан ичирдим. Сўнг Уз номли юртнинг шоҳларига, шунингдек, Ашқалон, Ғазо, Эхрон ва талафот кўрган Ашдодда ҳукмронлик қилган ҳамма Филист шоҳларига шаробдан ичирдим.

21 Сўнг мен Эдом, Мўаб, Оммонга,

22 Тир, Сидон ва денгиз ортидаги юртларнинг шоҳларига шаробдан ичирдим.

23 Дедон, Темо, Буз ва сочини олдириб юрадиган бошқа ҳамма халқларга шаробдан ичирдим.

24 Ҳамма Арабистон шоҳларига, саҳрода яшайдиган ҳар хил кўчманчи қабилаларнинг ҳамма шоҳларига шаробдан ичирдим.

25 Зимри, Элам ва Мидия юртларининг ҳамма шоҳларига шаробдан ичирдим.

26 Шимолдаги узоқ–яқинда бўлган ҳамма шоҳларга шаробдан ичирдим. Ер юзидаги барча салтанатларга бирин–кетин бориб келдим. Охири косадаги шаробдан Бобил тахтида ўтирган шоҳ ичадиган бўлди.

27 Эгамиз менга деди: “Уларга шундай деб айт: «Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: ғазаб косамдан ичинглар! Маст бўлиб қусинглар! Турмайдиган бўлиб йиқилинглар, чунки Мен сизларнинг устингизга қилич юборяпман.»

28 Борди–ю, улар қўлингдаги косани олишдан ва шароб ичишдан воз кечсалар, сен уларга шундай деб айт: «Сарвари Олам сизларга демоқда: ичишингиз шарт!

29 Мана, Ўзимга тегишли Қуддус шаҳрига кулфат ёғдира бошладим. Сизлар жазодан қочиб қутулармидингиз?! Йўқ, жазодан қутула олмайсизлар! Мен ер юзидаги барча одамларни уруш балосига гирифтор этаман, — деб айтмоқда Сарвари Олам.»

30 Шунинг учун, эй Еремиё, сен бу сўзларнинг ҳаммасини уларга айт:

«Эгамиз юксакдан шердай ўкиради,

Муқаддас маконидан садо беради.

Юртига шиддат билан ўкиради.

Узум эзувчилар каби бақиради,

Ер юзидаги ҳамма инсонларга ҳайқиради.

31 Гумбурлаши дунёнинг четигача эшитилади.

Зеро, Эгамиз халқларга даъво қилмоқда,

Дунёдаги одамзодни У ҳукм этмоқда,

Фосиқларни қиличдан ўтказмоқда.

Эгамизнинг каломи шудир.

32 Сарвари Олам шундай демоқда:

Қаранглар, фалокат келмоқда,

Халқдан халққа юқмоқда!

Дунёнинг тўрт бурчагидан

Кучли бўрон кўтарилмоқда!

33 Ўша куни бутун ер юзи, бу бошидан нариги четигача Эгамизнинг қудратидан нобуд бўлган одамларнинг жасадларига тўлади. Марҳумлар учун ҳеч ким марсия айтмайди, ҳеч ким уларни йиғиб кўммайди. Улар ер устида гўнгдай ётаверади.

34 Эй чўпонлар, уввос солиб йиғланглар!

Эй йўлбошчилар, кулга беланинглар!

Бўғизланадиган кунингиз етиб келди,

Жасадларингиз ерда сочилиб ётади,

Чилпарчин бўлган қимматбаҳо кўзадай бўлади.

35 Чўпонлар ҳеч қаерга қоча олмайди,

Йўлбошчилар қутулолмайди.

36 Эшитинг! Йўлбошчилар фарёд қилмоқда,

Чўпонлар ҳўнграмоқда!

Эгамиз уларнинг яйловларини нобуд қиляпти.

37 Сўлим майсазорларини пайҳон этяпти.

Ахир, Эгамизнинг ғазаби аланга олди.

38 Ўлжа қидириб уясидан чиққан шердай,

Эгамиз Ўз маконидан чиқди.

Эгамизнинг алангали ғазаби туфайли,

Уруш балоси туфайли

Бутун юрт харобазорга айланади.»”

Еремиёни ўлимга ҳукм қилмоқчи бўлишади

1 Йўшиё ўғли Ёҳайиқимнинг Яҳудодаги илк ҳукмронлиги даврида Еремиёга Эгамиз Ўз сўзини аён қилди.

2 Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, уйимнинг ҳовлисига бориб тур. Яҳудо шаҳарларидан уйимга сажда қилмоқчи бўлиб келган ҳамма одамларга гапир. Мен сенга амр қилган барча сўзларни, биронтасини ҳам қолдирмай уларга айт.

3 Балки, улар Мен айтган гапларга қулоқ солиб, ёвуз йўлларидан қайтишар. Шунда Мен ҳам шахтимдан қайтаман. Қилган қабиҳликлари туфайли бошларига келтирмоқчи бўлаётган фалокатни келтирмайман.

4 Сен уларга шундай деб айт: «Эгамиз демоқда: сизлар Менга қулоқ солмадингизлар, берган қонунларимни бажармадингизлар.

5 Олдиларингизга қайта–қайта пайғамбар қулларимни жўнатдим, аммо сизлар уларнинг гапига кирмадингизлар. Агар энди айтганларимни бажармасангизлар,

6 Мен бу уйни Шилўнинг кўйига соламан. Бу шаҳарни эса ер юзидаги халқлар орасида лаънати қиламан.»”

7 Руҳонийлар, пайғамбарлар ва бутун халқ Еремиёнинг Эгамиз уйида айтаётган бу гапларини эшитишди.

8 Еремиё Эгамизнинг амр қилган ҳамма сўзларини бутун халққа айтиб бўлгач, руҳонийлар, пайғамбарлар ва бутун халқ унга ташланиб:

— Ўлдиринглар уни! — дея бақира бошлашди.

9 Сен ҳали Эгамиз номидан башорат қиладиган бўлиб қолдингми?! “Бу уй Шилўнинг кўйига тушади, бу шаҳар эса вайрон бўлиб ҳувиллаб қолади”, деб айтишга қандай журъат этдинг?!

Эгамиз уйидаги бутун оломон Еремиёни ўраб олди.

10 Бундан хабар топган саройдаги Яҳудо аъёнлари Эгамизнинг уйига келдилар. Қозилик қилиш учун Янги дарвозанинг кираверишидаги курсиларга ўтирдилар.

11 Шунда руҳонийлар билан пайғамбарлар етиб келган аъёнларга ва халойиққа мурожаат қилиб дедилар:

— Бу одам ўлимга лойиқ! У шаҳримизга қарши башорат қилди, буни ўз қулоғингиз билан эшитдингиз.

12 Еремиё ўз навбатида шундай деди:

— Сизлар эшитган барча сўзларни гапиришим учун мени Эгам юборди. “Бу уйга ва шаҳарга қарши башорат қил”, деди.

13 Агар сизлар ёмон йўлингиздан қайтсангиз, турмуш тарзингизни ўзгартирсангиз, Эгангиз Худога итоат этсангиз, Эгамиз ҳам шахтидан қайтади, сизларга эълон қилган фалокатни бошингизга келтирмайди.

14 Мана, мен сизнинг ихтиёрингиздаман. Нимани тўғри деб билсангиз, менга шуни қилинг.

15 Фақат билиб қўйинглар: агар мени ўлдирсангизлар, сизлар ҳам, шаҳар аҳолиси ҳам айбсиз одамнинг қонини тўккан бўласизлар. Зотан, бу сўзларнинг ҳаммасини сизларга айтишим учун Эгамизнинг Ўзи мени юборган.

16 Сўнг аъёнлар билан бутун халойиқ руҳонийларга ва пайғамбарларга шундай дедилар:

— Йўқ, бу одам ўлимга лойиқ эмас. У бизга Эгамиз Худо номидан гапиряпти–ку!

17 Юртнинг бир нечта оқсоқоли ҳам чиқиб, тўпланган бутун оломонга шундай дедилар:

18 — Яҳудо шоҳи Ҳизқиё даврида башорат қилиб юрган Мўрашатлик Михо ҳам Яҳудо халқига шундай деб айтган эди:

“Сарвари Олам демоқда:

«Қуддус даладай шудгор қилинади,

Сион харобазор бўлади,

Эгамизнинг уйи турган тоғни

Қалин ўрмонзор қоплайди.»”

19 Ўшанда Яҳудо шоҳи билан бутун халқ пайғамбарни ўлдирганмиди?! Аксинча, шоҳ Эгамиздан қўрқиб, Ундан марҳамат сўраган эди. Эгамиз эса шахтидан қайтиб, уларга эълон қилган фалокатни бошларига келтирмади. Биз–чи? Биз ўзимизнинг бошимизга ўзимиз фалокат келтиряпмиз–ку!

20 Эгамизнинг номидан башорат қилган яна бир одам бор эди. У Хират–Йўримлик Шамаё ўғли Уриё эди. У ҳам худди Еремиёга ўхшаб бу юрт ва шаҳарга қарши башорат қилган эди.

21 Шоҳ Ёҳайиқим, унинг ҳамма соқчилари ва аъёнлари Уриёнинг сўзларини эшитдилар. Шунда шоҳ Уриёни ўлдиришга қасд қилди. Бундан хабардор бўлган Уриё қўрққанидан Мисрга қочиб кетди.

22 Шоҳ Ёҳайиқим унинг орқасидан Ахбор ўғли Элнатанни одамлари билан жўнатди.

23 Улар Уриёни Мисрда тутиб олиб, шоҳнинг олдига олиб келган эдилар. Шоҳ уни ўлдириб, жасадини авом халқнинг қабристонига ташлаган эди.

24 Шунга қарамай, Шофон ўғли Охихам Еремиёнинг тарафини олди. Еремиёни ўлдирмоқчи бўлган оломоннинг қўлига топширишга йўл қўймади.

Еремиё ва ҳўкиз бўйинтуруғи

1 Йўшиё ўғли Зидқиё Яҳудода ҳукмронлигининг илк даврида, Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди.

2 Эгамиз менга шундай деди: “Ёғочдан бир бўйинтуруқ яса, қайишлар ёрдамида уни гарданингга осиб ол.

3 Сўнг эса Қуддусга — шоҳ Зидқиё ҳузурига келган элчилар орқали Эдом, Мўаб, Оммон, Тир ва Сидон шоҳларига хабар жўнат.

4 Элчиларга буюр, улар ўз шоҳларига қуйидаги хабарни етказсинлар:

«Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: шоҳларингизга айтинглар,

5 бу дунёни, ер юзидаги одамзоду ҳайвонларни Мен Ўз қудратим ва ажойиботларим билан яратганман. Шундай экан, уларни хоҳлаган одамга бераман.

6 Ана шу юртларнинг барчасини Мен Бобил шоҳи қулим Навухадназарга бердим. Ҳаттоки ёввойи ҳайвонларни ҳам унинг измига топширдим, улар ҳам Навухадназарга хизмат қилишади.

7 Навухадназарнинг шоҳлиги қулагунча ҳамма халқлар унга, унинг ўғлию неварасига хизмат қилади. Кейин эса Навухадназарнинг ўзи ҳам кўплаб халқларга ва буюк шоҳларга хизмат қилишга мажбур бўлади.

8 Бобил шоҳи Навухадназарга хизмат қилмаган, унга бўйин бермаган ҳар бир халқ ва шоҳликни Мен урушга, қаҳатчилигу ўлатга гирифтор этиб, қириб ташлайман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Ўша халқни Навухадназар орқали бутунлай йўқ қилмагунимча қўймайман.

9 Сизлар Бобил шоҳига хизмат қилмайсизлар, дея каромат қилаётган пайғамбарларингизга, фолбинларингизга, туш таъбирчиларига, башоратгўй одамларингизга, сеҳргарларингизга ишонманглар.

10 Улар сизларга ёлғон башорат қиляптилар. Агар уларга қулоқ солсангизлар, Мен сизларни бу ердан чиқариб юбораман. Узоқ юртларга сургун қиламан, оқибатда сизлар ҳалок бўласизлар.

11 Бобил шоҳининг бўйинтуруғи остида бўйин эгган, унга хизмат қилган ҳар бир халқни эса Мен ўз юртида қолдираман. Улар ўз юртларида яшаб, ўз ерига ишлов берадилар. Эгамизнинг каломи шудир.»”

12 Мен Яҳудо шоҳи Зидқиёни ҳам худди шундай деб огоҳлантирдим: “Бобил шоҳига бош эгинг, унинг ўзига ҳам, халқига ҳам хизмат қилинг, шунда жонингизни сақлаб қолган бўласиз.

13 Эгамиз: «Бобил шоҳига хизмат қилмаган ҳар бир халқ уруш, қаҳатчилик ва ўлатдан нобуд бўлади» деган эди. Наҳотки ўзингизнинг ва ўз халқингизнинг жонига зомин бўлсангиз?!

14 «Бобил шоҳига хизмат қилманг», деб айтаётган пайғамбарларнинг гапларига қулоқ солманг, улар сизларга ёлғон башорат қиляпти.

15 Ўша пайғамбарлар ҳақида Эгамиз шундай деб айтди: «Уларни Мен юбормаганман. Улар Менинг номимдан ёлғон башорат қилишяпти. Шундай экан, Мен сизларни ва сизларга башорат қилаётган пайғамбарни бу юртдан улоқтириб ташлайман. Ҳаммангиз ҳалок бўласизлар.»”

16 Сўнг мен руҳонийларга ва бутун халққа гапирдим: “Эгамиз шундай демоқда: «Маъбаднинг ашёлари Бобилдан яқинда олиб келинади, деб айтаётган пайғамбарларга қулоқ солманглар. Улар сизларга ёлғон башорат қилишяпти.

17 Уларга қулоқ солманглар! Жонингизни сақлаб қолмоқчи бўлсангизлар, Бобил шоҳига хизмат қилинглар. Акс ҳолда, шаҳар вайрон қилинади!

18 Агар улар, ҳақиқатан ҳам, пайғамбарлар бўлишса, агар чиндан ҳам Менинг каломим уларга аён бўлган бўлса, унда улар Мен, Сарвари Оламга ёлворишсин. ‘Сенинг уйингдаги, шоҳ саройидаги ва Қуддусдаги қолган ашёлар Бобилга олиб кетилмасин’, деб Менга илтижо қилишсин.»

19-21 Ахир, Сарвари Олам демоқда: «Бобил шоҳи Навухадназар Яҳудога бостириб келиб, тахтда ўтирган Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихинни Яҳудо амалдорлари билан бирга асир қилиб олиб кетганда, Маъбаддаги иккита бронза устунни, ҳовузни, тагкурсиларни ва Қуддусдаги айрим идишларни қолдириб кетган эди.» Аммо ўша қолган–қутган ашёлар ҳақида Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: «Ўз уйимда, шоҳ саройида ва Қуддусда қолган ашёлар ҳақида айтадиган гапларимни эшитинглар:

22 ашёларнинг ҳаммаси Бобилга олиб кетилади. Мен уларни олиб келгани бормагунимча, ўша ерда қолади. Сўнг эса Мен уларни қайтариб олиб келаман, шу ерга жойлаштираман.» Эгамизнинг каломи шудир.”

Сохта пайғамбар Ханониё

1 Айни ўша йили, яъни Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг илк даврида, тўртинчи йили бешинчи ойида Ханониё пайғамбар Эгамиз уйидаги руҳонийлар ва халқ олдида менга гапирди. Ханониё Гивонлик Аззурнинг ўғли эди. У менга шундай деди:

2 — Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: “Бобил шоҳи солган бўйинтуруқни Мен синдириб ташладим.

3 Шоҳ Навухадназар уйимдан Бобилга олиб кетган ҳамма ашёларни Мен икки йил ичида бу ерга қайтариб олиб келаман.

4 Бундан ташқари, Бобилга сургун бўлган Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихинни ва у билан бирга ҳамма асирларни қайтариб олиб келаман. Мен Бобил бўйинтуруғини синдириб ташлайман.” Эгамизнинг каломи шудир.

5 Шунда мен Эгамиз уйида ҳозир бўлган руҳонийлар ва халқ олдида Ханониёга

6 шундай дедим:

— Омин! Илойим, айтганингиздай бўлсин. Башорат қилган сўзларингизни Эгамизнинг Ўзи бажо айласин. Ўз уйининг ашёларию асирларни Бобилдан қайтариб, бу ерга олиб келсин.

7 Энди эса мен сизга ва халққа айтмоқчи бўлган мана бу гапларимни эшитинг.

8 Сиздан ва мендан олдин ўтган пайғамбарлар кўп юртлару буюк шоҳликларга қарши уруш, очарчилик ва ўлатни башорат қилган эдилар.

9 Тинчликни башорат қилган пайғамбарнинг башорати бажо бўлганидан кейингина, халқ уни “ҳақиқатан ҳам Эгамизнинг элчиси” деб тан олар эди.

10 Сўнг Ханониё пайғамбар Еремиёнинг гарданидаги бўйинтуруқни олиб синдирди–да,

11 тўпланиб турган халойиққа мурожаат қилиб деди:

— Эгамиз айтмоқда: “Худди шундай қилиб, Мен икки йил ичида Бобил шоҳи Навухадназарнинг халқларга солган бўйинтуруғини олиб, синдириб ташлайман.”

Бу гаплардан кейин Еремиё ўз йўлига кетди.

12 Ханониё пайғамбар Еремиё пайғамбарнинг гарданидаги бўйинтуруқни синдиргандан кейин, кўп ўтмай Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини аён қилиб деди:

13 “Ханониёнинг олдига бориб, шундай деб айт: «Эгамиз айтмоқда: сен ёғоч бўйинтуруқни синдирдинг, аммо ўшанинг ўрнига Мен темир бўйинтуруқ ясайман.

14 Зеро, Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: Мен бу халқларнинг гарданига темир бўйинтуруқ соламан. Уларнинг ҳаммаси Бобил шоҳи Навухадназарга хизмат қилишади. Ҳа, уларнинг ҳаммаси Навухадназарга бош эгади. Мен ҳатто ёввойи ҳайвонларни ҳам Навухадназарнинг ихтиёрига топшираман.»”

15 Еремиё пайғамбар Ханониё пайғамбарга деди:

— Менга қара, Ханониё, Эгамиз сени юбормаган. Сен эса бу халқни ёлғон гапларингга ишонтириб қўйдинг.

16 Шу қилганинг учун Эгамиз шундай демоқда: “Мен сени ер юзидан даф қиламан. Сен ўз башоратларинг билан халқни Эгангга қарши қўзғатганинг учун шу йилиёқ ўласан.”

17 Ўша йилнинг еттинчи ойида Ханониё оламдан ўтди.

Еремиёнинг Бобилдаги яҳудийларга ёзган мактуби

1 Еремиё пайғамбар Бобилда асирларнинг орасида омон қолган оқсоқолларга, руҳонийларга, пайғамбарларга ва асирликда юрган бутун халққа Қуддусдан бир мактуб йўллади. Бу асирларни шоҳ Навухадназар Қуддусдан Бобилга сургун қилган эди.

2 Шоҳ Ёҳайихин, она малика, аъёнлар, Яҳудо ва Қуддус йўлбошчилари, ҳунармандлару темирчилар Қуддусдан сургун қилингандан кейин бу мактуб ёзилди.

3 Еремиё мактубини Шофон ўғли Эласах ва Хилқиё ўғли Гамариё орқали жўнатди. Яҳудо шоҳи Зидқиё бу одамларни Бобил шоҳи Навухадназар ҳузурига юборганди. Мактуб қуйидаги мазмунда эди:

4 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам Қуддусдан Бобилга сургун қилган барча одамларга шундай демоқда:

5 “Ўзларингизга яшаш учун уйлар қуринглар, боғ–роғлар яратинглар, меваларидан тановул қилинглар.

6 Уйланинглар, ўғил–қизлар кўринглар, ўғилларингизга келинлар олиб беринглар. Қизларингизни узатинглар, улар ҳам ували–жували бўлишсин. Ўша ерда кўпайинглар, сонингиз камаймасин.

7 Мен сизларни сургун қилган ўша шаҳарнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун меҳнат қилинглар. Ўша шаҳарнинг осойишталиги учун Менга ибодат қилинглар. Шаҳар тинч бўлса, сизлар ҳам тинч бўласизлар.”

8 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Орангиздаги пайғамбарлар билан фолбинлар сизларни лақиллатишмасин. Улар кўрган тушларини айтганларида қулоқ солманг,

9 улар Менинг номим билан башорат қилиб айтаётган ҳамма гаплари ёлғондир. Уларни Мен олдингизга юбормаганман.” Эгамизнинг каломи шудир.

10 Эгамиз шундай демоқда: “Бобил ҳукмронлигига етмиш йил бўлгандан кейин, Мен олдингизга бораман. Берган эзгу ваъдамга биноан сизларни шу ерга қайтариб, олиб келаман.

11 Ахир, Мен сизлар тўғрингизда тузган режаларимни биламан, — деб айтмоқда Эгамиз. — Бу режаларим сизларга кулфат эмас, фаровонлик олиб келади, ёруғ келажагу умид беради.

12 Ўша дамларда Менга қилган илтижою ибодатларингиз ижобат бўлади.

13 Мени бутун қалбингиз билан изласангизлар, топасизлар.

14 Ҳа, Мени топасизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. — Мен сизларни яна фаровонликка эриштираман. Сизларни сургун бўлган барча халқлар орасидан, ҳамма юртлардан йиғиб оламан. Сизларни Ўзим чиқариб юборган она юртингизга қайтариб олиб келаман.” Эгамизнинг каломи шудир.

15 Сизлар: “Эгамиз Бобилда бизга пайғамбарлар берди”, деб айтишингиз мумкин.

16 Энди Довуд тахтида ўтирган шоҳ ҳақида, ҳануз Қуддусда яшаб келаётган бутун халқ ҳақида, сизлар билан сургунга кетмаган қариндош–уруғингиз ҳақида Эгамизнинг айтган сўзларини эшитинг.

17 Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен уларнинг бошига уруш, очарчилик ва ўлат балосини келтираман. Уларни еб бўлмайдиган чирик анжирга ўхшатиб қўяман.

18 Қилич, очарчилик ва ўлат билан уларнинг кетидан қуваман. Буларни кўрган ер юзидаги ҳамма шоҳликлар даҳшатга тушади. Мен уларни тарқатиб юборган жойда уларнинг аҳволини кўрган ҳамма одамлар даҳшатга тушиб, ёқасини ушлайди. Уларни масхара қилиб, номини қарғишларда ишлатишади.

19 Ахир, улар гапимга қулоқ солмадилар, — деб айтмоқда Эгамиз. — Мен уларнинг олдиларига пайғамбар қулларимни узлуксиз юбориб турдим. Бироқ улар пайғамбарларимга қулоқ солмадилар.” Эгамизнинг каломи шудир.

20 Шундай экан, эй Эгамиз Бобилга сургун қилган асирлар, Эгамизнинг гапларига қулоқ солинглар!

21 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам Хулаё ўғли Ахаб ва Масиё ўғли Зидқиё ҳақида шундай демоқда: “Улар Менинг номим билан ёлғон башоратлар айтиб юришибди. Мен уларни Бобил шоҳи Навухадназар қўлига топшираман. Сизларнинг кўзингиз олдида ўлдиртириб юбораман.

22 Шундан кейин Бобилдаги Яҳудолик асирлар бировни қарғаганда шундай деб айтадиган бўлади: «Илойим, бошингга Бобил шоҳи тириклайин ёқиб юборган Зидқиё ва Ахабнинг куни тушсин.»

23 Ахаб билан Зидқиёнинг қисмати шудир, чунки улар Исроилда разилликлар қилдилар. Қўшниларининг хотинлари билан зино қилдилар. Мен уларга амр қилмаган бўлсам ҳам, Менинг номимдан ёлғон гапирдилар. Қилган қилмишларини биламан, Ўзим шуларга гувоҳман.” Эгамизнинг каломи шудир.

Шамаёга қарши башорат

24-25 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам менга Нахаламлик Шамаё тўғрисида бир хабар берди. Шамаё ўзбошимчалик қилиб, Қуддусдаги ҳамма одамга, Масиё ўғли руҳоний Зафаниёга ва бошқа ҳамма руҳонийларга бир мактуб жўнатган экан. У мактубида руҳоний Зафаниёга шундай деб ёзган экан:

26 Эгамизнинг Ўзи сизни Ёҳайидо ўрнига руҳоний қилиб тайинлади. Сиз, Эгамиз уйининг назоратчиси сифатида, ўзини пайғамбар қилиб кўрсатган ҳар бир телбани кишанлаб, занжирбанд қилишингиз лозим.

27 Нега энди Онотўтлик Еремиёга индамай юрибсиз? У сизларнинг орангизда ўзини пайғамбар қилиб кўрсатиб юрибди–ку!

28 У Бобилга, бизга мактуб жўнатиб, мактубида: “Сизлар узоқ йиллар давомида сургунда яшайсизлар. Ўзларингизга яшаш учун уйлар қуринглар, боғ–роғлар яратинглар, мевасидан тановул қилинглар”, деб ёзибди.

29 Бу мактубни Еремиёга руҳоний Зафаниё ўқиб берди.

30 Шунда Еремиёга Эгамиз Ўз сўзини аён қилди:

31 “Сургундаги барча одамларга шундай деб ёз:

Нахаламлик Шамаё ҳақида Эгамиз демоқда: «Шамаёни Мен юбормаганман. У эса башорат қилиб, сизларни ёлғон гапларига ишонтириб қўйди.

32 Шунинг учун Мен уни бутун хонадони билан бирга жазолайман. Бу халқ орасида унинг авлодидан бўлган биронта одам ҳам тирик қолмайди. Уларнинг биронтаси ҳам халқимга Мен қиладиган яхшилигимни кўрмайди, чунки Шамаё ўз гаплари билан халқимни Менга қарши қўзғатмоқчи бўлди.» Эгамизнинг каломи шудир.”

Эгамиз Ўз халқига ваъда беради

1 Эгамизнинг сўзи Еремиёга аён бўлди.

2 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай деди: “Мен сенга айтган барча сўзларимни ўрама қоғозга ёзиб қўй.

3 Шундай кунлар келадики, Мен халқим Исроилни ва Яҳудони яна фаровонликка эриштираман. Ота–боболарига берган юртга уларни олиб келаман. Улар ўша юртга эгалик қиладилар.” Эгамизнинг каломи шудир.

4 Эгамиз менга Исроил ва Яҳудо ҳақида шундай сўзларни айтди:

5 Эгамиз демоқда:

“Саросима овозларини эшитдик.

Ана, ваҳима садолари эшитилмоқда! Тинчлик йўқ!

6 Қани, сўраб кўринг:

Эркак киши туғадими?

Нега унда мен кўрган ҳар бир кучли эркак

Дард тутган аёлдай белини ушлаб олган?

Нега ҳар бир эркакнинг юзи бўздай оқарган?

7 Эвоҳ, нақадар даҳшатли бу кун!

Бундай кун ҳеч қачон бўлмаган.

Ёқуб насли учун бу жабр куни бўлади,

Аммо бу кундан халқим қутқарилади.”

8 Сарвари Олам шундай демоқда: “Ўша куни Мен халқимнинг бўйнидаги бўйинтуруқни синдираман, кишанларини узиб ташлайман. Менинг халқим энди ҳеч қачон ажнабийларга қул бўлмайди.

9 Улар Мен, Ўз Эгаси Худога ва Мен тахтга ўтқизадиган Довуд авлодидан бўлган шоҳга хизмат қилишади.”

10 Эгамиз шундай демоқда:

“Эй қулим Ёқуб, қўрқма!

Эй Исроил халқи, саросимага тушма!

Мен сени олис юртдан озод қилиб олиб келаман,

Наслингни сургун бўлган мамлакатдан қутқараман.

Эй Ёқуб насли, сен юртингга қайтасан,

Осойишта ва бехатар яшайсан.

Энди ҳеч ким сени қўрқитмайди.”

11 Эгамиз шундай демоқда:

“Мен сен билан бирга бўламан,

Ўзим сени қутқараман.

Сени халқлар орасига тарқатган эдим,

Энди ўша халқларнинг ҳаммасини қириб ташлайман.

Сени эса қириб юбормайман,

Аммо жазосиз ҳам қолдирмайман,

Адолат ила жазоингни бераман.”

12 Мана, Эгамиз Ўз халқига шундай демоқда:

“Ярангни даволаб бўлмайди,

Сенинг дардинг бедаводир.

13 Арзингни эшитадиган одам йўқ,

Яранг учун дори–дармон йўқ,

Сени даволаб бўлмайди.

14 Ҳамма ўйнашларинг сени унутди,

Уларнинг сен билан иши йўқ.

Мен душман каби, сенга ҳамла қилдим,

Шафқатсиз жазоингни бердим.

Оғир жиноятинг, кўп гуноҳларинг учун

Сени шу кўйга солдим.

15 Нечун жон аччиғида бақиряпсан?!

Ярангни даволаб бўлмайди, ахир!

Оғир жиноятинг, кўп гуноҳларинг учун

Сени шу кўйга солдим.

16 Аммо сени ҳалок қилганлар ҳалок бўлади,

Душманларингнинг ҳаммаси сургун қилинади.

Сени талон–тарож қилганлар таланади.

Сенга ҳужум қилганлар босиб олинади.

17 Душманлар сени «Ташлаб кетилган» деб аташса ҳам,

«Ҳеч кимнинг Қуддус билан иши йўқ», деб айтишса ҳам,

Мен сени соғайтираман,

Ярангга шифо бераман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

18 Эгамиз шундай демоқда:

“Мен Ёқуб наслининг чодирларини қайта тиклайман.

Халқим хонадонларига раҳм–шафқат қиламан.

Шаҳар ўз вайроналари устида қайта бунёд бўлади,

Сарой ўз жойида тикланади.

19 У ердан шукрона қўшиқлари эшитилади,

Шодлик ҳайқириқлари янграб туради.

Мен халқимни кўпайтираман,

Уларнинг сони камаймайди.

Уларни обрў–эътиборли қиламан,

Ҳеч ким уларни оёқ ости қилмайди.

20 Фарзандлари олдингидай фаровон ҳаёт кечиради,

Жамоаси олдимда мустаҳкам туради.

Уларга жабр қилганларни Мен жазолайман.

21 Шаҳзодаси ўзларидан чиқади,

Ҳукмдори Менинг халқимдан бўлади.

Мен уни Ўзимга яқинлаштираман,

Шунда у Менга яқинлаша олади.

Зотан, ҳеч ким ўзидан–ўзи

Менга яқинлашишга журъат этмайди!

— деб айтмоқда Эгамиз. —

22 Шунда, эй Ёқуб насли, сизлар Менинг халқим бўласизлар,

Мен эса сизларнинг Худойингиз бўламан.”

23 Қаранглар, Эгамиз ғазабга минди,

Унинг қаҳри бўронга ўхшайди,

Авж олган тўфондай,

Фосиқларнинг бошига тушади.

24 Эгамиз ниятини тўлиқ бажармагунча,

Ўз ғазабидан тушмайди.

Кейинчалик буни англаб оласиз.

Исроил халқи она юртига қайтиб келади

1 Эгамиз шундай демоқда: “Ўша вақтда Мен ҳамма Исроил қабилаларининг Худоси бўламан, улар эса Менинг халқим бўлади.”

2 Эгамиз шундай демоқда:

“Қирғиндан омон қолган Исроил халқи

Тинчлик излаб сафарга чиққанда,

Саҳрода иноят топди.”

3 Эгамиз қадимда Исроилга зоҳир бўлиб,

Шундай деган эди:

“Сени мангу севги билан севдим,

Сенга содиқ бўлиб келдим.

4 Эй бокира қиз Исроил,

Мен сени қайтадан бунёд этаман.

Сен қайта бино бўласан.

Сен яна чилдирмангни чаласан,

Қувонч ила рақсга тушасан.

5 Самария қирларида яна узумзорлар барпо қиласан.

Ток эккан деҳқонлар ўзлари етиштирган ҳосилдан ейдилар.

6 Шундай кунлар келадики,

Соқчилар Эфрайим қирларида шундай деб жар соладилар:

«Келинглар, Эгамиз Худонинг олдига борайлик!

Келинглар, Қуддусга чиқайлик!»”

7 Эгамиз шундай демоқда:

“Ёқуб насли учун севинч ила қўшиқ айтинг,

Ҳа, халқлар сардори учун Худони мадҳ қилинг.

Худога ҳамду санолар ўқинг, Унга ёлвориб айтинг:

«Эй Эгамиз, Ўз халқингни халос қилгин!

Исроилнинг омон қолганларини қутқаргин!»

8 Мен уларни шимолдан олиб келаман,

Дунёнинг тўрт бурчагидан йиғиб оламан.

Ораларида кўру чўлоқлар бўлади,

Ҳомиладор аёллару тўлғоқ тутаётганлар бўлади.

Катта бир жамоа бўлиб, бу ерга қайтиб келишади.

9 Улар кўз ёш тўкиб, йўл юришади,

Уларни бошлаб келаётганимда илтижо қилишади.

Мен уларни сув булоқлари бўйлаб етаклайман,

Қоқилмасин деб, текис йўлдан олиб юраман.

Зотан, Мен Исроилнинг отасидирман,

Эфрайим Менинг тўнғич ўғлимдир.”

10 Эй халқлар, Эгамизнинг сўзини эшитинглар,

Денгиз ортидаги юртларда шундай эълон қилинглар:

“Эгамиз Исроил халқини тарқатиб юборди,

Аммо энди уни қайта йиғиб олади,

Чўпон сурувини қўриқлагандай,

Эгамиз Исроилни қўриқлайди.”

11 Зеро, Ёқуб наслини Эгамиз озод қилди,

Улардан кучлироқ бўлган бир халқдан бу наслни қутқарди.

12 Ёқуб насли Қуддус қирларида қувонч ила ашула айтади,

Эгамиз берган баракадан қувонади.

Буғдой, шароб ва зайтун мойи туфайли,

Сурувдаги қўзилару подалардаги бузоқлар туфайли

Уларнинг юзидан нур сочилади.

Улар суғорилган боққа ўхшайдиган бўлади,

Бутунлай қайғуни унутиб юборишади.

13-14 Эгамиз шундай демоқда:

“Қизлар хурсанд бўлиб, рақсга тушадилар,

Эркакларнинг ёшу қариси шод бўлади.

Мен уларнинг қайғусини қувончга айлантираман,

Ҳасрат ўрнига таскин ва шодлик бераман.

Руҳонийларни аъло сифатли овқатлар билан тўйғизаман,

Халқимни баракалардан баҳраманд қиламан.”

Эгамизнинг Исроилга бўлган меҳр–шафқати

15 Эгамиз шундай демоқда:

“Рама шаҳридан бир нидо эшитилар,

Аччиқ бир нолаю оҳу фиғон бу.

Болалари учун йиғлар Роҳила,

Овунишни хоҳламас,

Ахир, улар энди йўқ.”

16 Эгамиз шундай демоқда:

“Бўлди бас, йиғлама,

Кўз ёшларингни тўкма.

Зеро, меҳнатинг тақдирланади,

Фарзандларинг душман юртидан қайтиб келади.

17 Келажагингга умид бор,

Болаларинг ўз юртига қайтиб келади,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

18 Эфрайимнинг ҳасратини эшитдим:

«Мени жазоладинг, ўзимга сабоқ олдим.

Мен ўжар бир бузоққа ўхшаган эдим.

Мени қайтар, олдингга қайтиб борай,

Ахир, Эгам Худо Сенсан.

19 Сендан юз ўгирганимдан пушаймон бўлдим,

Эс–ҳушимни йиғиб олгач, кўксимга урдим.

Ёшликда иснодга қолганим туфайли

Шармандаю шармисор бўлдим.»

20 Эфрайим — Менинг азиз ўғлоним,

Суюкли фарзандимдир у!

Унга қарши кўп гапирганим билан,

Хаёлимдан уни кеткизмайман.

Унга ич–ичимдан ачиниб кетдим,

Албатта унга раҳм қиламан.”

Эгамизнинг каломи шудир.

21 Эй бокира қиз Исроил,

Ўзинг учун йўл белгиларини қўй,

Йўналиш устунларини ўрнат.

Келган йўлингни аниқлаб ол.

Қайт, ўз шаҳарларингга қайт.

22 Эй вафосиз қиз,

Қачонгача иккиланасан?!

Эгамиз дунёда янги бир нарса яратади:

Исроил Ўз Худосига чирмашиб олади.

Худо халқининг ёрқин келажаги

23 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен халқимни яна фаровонликка эриштираман. Шунда Яҳудо юртидаги ва барча шаҳарларидаги одамлар Қуддусни шундай дуо қиладиган бўлишади:

«Эй муқаддас тоғ,

Солиҳлик макони,

Эгамиз сенга барака берсин!»

24 Одамлар Яҳудо юртида ва унинг ҳамма шаҳарларида яшайдилар. У ерда деҳқонлар ва қўйларни боқадиган чорвадорлар бўлади.

25 Мен чанқаганларнинг чанқоғини қондираман, толиққан жонга ором бераман.

26 Шунда одамлар мириқиб ухлаб, кучга тўлиб уйғонадилар.”

27 Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, Мен Исроил ва Яҳудо юртларини одамларга ва ҳайвонларга тўлдираман.

28 Илгарилари Мен бу халқни қўпориб, ҳалок қилган бўлсам, уларни ағдариб ташлаб, яксон этган бўлсам, бошларига фалокат келтирган бўлсам, энди уларни қайта бунёд этиб, мустаҳкам қиламан, — деб айтмоқда Эгамиз.

29 Ўшанда одамлар шундай деб айтмайдиган бўлади:

«Оталари нордон узум ейишган эди,

Болаларининг тиши қамашди.»

30 Аксинча, ҳар бир одам қилган гуноҳи учун ўзи ўлим жазосини олади. Ким нордон узум еган бўлса, ўшанинг тиши қамашади.”

31 Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, Мен Исроил ва Яҳудо халқлари билан янги аҳд тузаман.

32 Бу янги аҳд Мен уларнинг ота–боболари билан тузган аҳдга ўхшамайдиган бўлади. Мен ота–боболарини қўлидан етаклаб, Мисрдан олиб чиққанимда, улар билан аҳд тузган эдим. Мен уларга содиқ хўжайин эдим, аммо улар ўша аҳдимни бузишди.” Эгамизнинг каломи шудир.

33 Эгамиз шундай демоқда: “Мен келажакда Исроил халқи билан тузадиган аҳд шундай бўлади: Мен қонунимни одамларнинг онгига солиб қўяман, қонунимни уларнинг юракларига ёзаман. Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўладилар.

34 Шундан кейин одамлар бир–бирига: «Эгамизни таниб–билинг», демайдиган бўлишади. Чунки уларнинг ҳаммаси — каттасидан тортиб, кичигигача Мени биладиган бўлади. Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман.” Эгамизнинг каломи шудир.

35 Кунни ёритсин дея, Эгамиз қуёш ато қилди.

Кечаси нур сочсин дея, ой ва юлдузларни яратди.

У денгизни кўпиртирар,

Тўлқинларини ўкиртирар,

Унинг номи Сарвари Оламдир.

У шундай демоқда:

36 “Агар табиатдаги бу тартиб бузилса,

Исроил насли ҳам халқ сифатида йўқ бўлади.”

37 Эгамиз шундай демоқда:

“Осмону фалакни ўлчаб бўлмагандай,

Замин пойдеворини текшириб бўлмагандай,

Мен ҳам Исроил наслини тарк этолмайман,

Қилган қилмишлари учун уларни ташлаб кетолмайман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

38 Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келяптики, Қуддус Менинг шарафим учун қайта тикланади. Бутун шаҳар Ханонил минорасидан тортиб, то Бурчак дарвозасигача қайта қурилади.

39 Шаҳар кенгаяди, чегараси ғарбдаги Горив тепалигигача бориб, Гўах томон бурилади.

40 Ўликлар кўмилган, ахлат ташланган бутун Хиннум сойлиги ва Қидрон сойлигининг шарқидаги От дарвозасигача чўзилган ҳамма далалар Меники бўлади, улар муқаддас бўлади. Қуддус шаҳри энди ҳеч қачон вайрон қилинмайди, харобага айланмайди.”

Еремиё дала сотиб олади

1 Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг ўнинчи йилида Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди. Ўша йили Бобил шоҳи Навухадназар ҳукмронлигининг ўн саккизинчи йили бўлиб,

2 айни вақтда у лашкарлари билан Қуддусни қамал қилиб турган эди. Еремиё эса Яҳудо шоҳи саройидаги соқчилар ҳовлисига қамаб қўйилган эди.

3 Шоҳ Зидқиёнинг ўзи Еремиёни ўша ерга қаматиб, шундай деган эди: “Нега сен ўзингча башорат қилиб юрибсан?! Ахир, сен шундай деб айтяпсан: «Эгамиз айтмоқда: Мен бу шаҳарни Бобил шоҳининг қўлига топшираман, шаҳар таслим бўлади.

4 Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳам Бобилликларнинг қўлидан қочиб қутулолмайди. У Бобил шоҳининг қўлига топширилади. У шоҳ Навухадназарни ўз кўзи билан кўради, Навухадназар у билан юзма–юз гаплашади.

5 Навухадназар Зидқиёни Бобилга олиб кетади. Мен Зидқиёни жазоламагунимча Зидқиё ўша ерда қолади, — деб айтмоқда Эгамиз. — Агар Бобилликларга қарши жанг қилсангизлар, мағлуб бўласизлар.»”

6 Еремиё шундай деб айтди: “Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилиб деди:

7 «Эй Еремиё, сенинг олдингга Шаллум амакингнинг ўғли Ханомил келади. У сенга: ‘Онотўтдаги даламни сотиб ол. Сен энг яқин қариндошим бўлганинг учун даламни сотиб олиш ҳуқуқига эгасан’, деб айтади.»

8 Кейин, худди Эгамиз айтганидек, соқчилар ҳовлисига амакиваччам Ханомил кириб келди. У менга шундай деди: «Бенямин ҳудудида жойлашган Онотўтдаги даламни сотиб олсанг, деган эдим. Сен яқин қариндошим бўлганинг учун даламни ўзингга мулк қилиб олиш ҳуқуқига эгасан. Даламни сотиб ола қол.» Шунда менга ҳақиқатан ҳам Эгамиз гапирганини билдим.

9 Мен амакиваччам Ханомилдан Онотўтдаги далани сотиб олиб, унга 43 мисқол кумушни ўлчаб бердим.

10 Кейин васиқага қўл қўйиб, уни муҳрладим, ҳаммасини гувоҳлар олдида қилдим, кумушни тарозида ўлчаб бердим.

11 Сўнг муддат ва шартлари баён қилинган васиқанинг муҳрланган нусхасини, шунингдек, муҳрланмаган очиқ нусхани

12 Борухга бердим. Борух Нериёнинг ўғли, Махсиёнинг невараси эди. Соқчилар ҳовлисида ўтирган ҳамма яҳудийлар, васиқага қўл қўйган гувоҳлар ва амакиваччам Ханомил бунинг шоҳиди бўлдилар.

13 Мен уларнинг олдида Борухга шундай дедим:

14 «Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: бу васиқанинг иккала нусхасини, муҳрланган ва очиқ нусхаларини олиб, хумчага солиб қўй, токи улар узоқ йиллар давомида сақланиб қолсин.

15 Зеро, Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: бу юртда одамлар яна уйлар, далалар ва узумзорлар сотиб оладиган бўлишади.»

Еремиёнинг ибодати

16 Мен васиқани Нериё ўғли Борухга берганимдан сўнг, Эгамизга ибодат қилдим:

17 Ё Эгам Раббий! Сен Ўз қудратинг ва ажойиботларинг билан еру осмонни яратдинг. Сенинг қўлингдан келмайдиган нарса йўқ.

18 Сен минглаб авлодларга Ўзингнинг содиқ севгингни кўрсатасан, аммо оталарнинг гуноҳлари учун болаларни жазолайсан. Эй буюк ва қудратли Худо! Сарвари Оламдир Сенинг номинг.

19 Сен доно режалар тузиб, буюк ишлар қиласан. Фоний бандалар қилаётган барча ишларни кузатиб турасан. Уларни қилмишига яраша жазолайсан, қилган ишига яраша тақдирлайсан.20 Сен Мисрда ёдда қоладиган аломату мўъжизалар кўрсатдинг. Ҳозирги кунда ҳам Исроил ва бутун одамзод орасида Сенинг номинг ниҳоятда машҳур.

21 Аломату мўъжизаларинг, Ўз қудратингу ажойиботларинг, буюк бир даҳшатинг билан Сен Ўз халқингни Мисрдан олиб чиққан эдинг.

22 Ота–боболарига ваъда қилган, сут ва асал оқиб ётган юртни уларга берган эдинг.

23 Улар бу юртга келиб, уни мулк қилиб олдилар. Аммо Сенга бўйсунмадилар, қонунларингга риоя қилмадилар. Буюрган амрларингни бажармадилар. Шу сабабдан Сен бу фалокатларнинг ҳаммасини уларнинг бошига солдинг.

24 Ана энди Бобилликлар Қуддусга ҳужум қиляптилар. Қуддусни қўлга киритиш учун шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйяптилар. Қирғин, очарчилик ва ўлат дастидан шаҳар таслим бўлади. Ўзинг кўриб турганингдек, айтганларингнинг бари бажо бўляпти.

25 Эй Эгам Раббий, шаҳар Бобилликларга таслим бўлаётган шундай бир пайтда Сен менга: «Гувоҳлар олдида кумушга дала сотиб ол», дединг–а!”

26 Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини аён қилди:

27 “Мен Эгангизман. Мен барча тирик жоннинг Худосиман. Қўлимдан келмайдиган иш йўқ!

28 Шундай экан, Мен бу шаҳарни Бобилликларга, Бобил шоҳи Навухадназарга таслим қилиб бераман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Улар шаҳарни қўлга киритадилар.

29 Сизларга ҳужум қилиб келаётган ўша Бобилликлар шаҳарга ўт қўядилар. Қуддусдаги уйларни ёндириб ташлайдилар! Ахир, Қуддус аҳолиси уйларининг томлари устида Баалга қурбонликлар куйдириб, бошқа худоларга шароб назрларини келтириб, Мени ғазаблантирди.”

30 Эгамиз шундай демоқда: “Исроил ва Яҳудо халқлари ёшлигидан бери олдимда фақат қабиҳлик қилишади. Қачон қараса, Исроил халқи ўз ишлари билан Мени ғазаблантириб юради.

31 Бу шаҳар бино бўлгандан буён, то бугунга қадар, шаҳар аҳолиси Мени қаттиқ ғазаблантириб келмоқда. Мен уларни ҳузуримдан даф қиламан,

32 чунки Исроил ва Яҳудо халқлари — шоҳларию аъёнлари, руҳонийларию пайғамбарлари, Яҳудо ва Қуддусда яшаган ҳамма одамлар қилган ёвузликлари билан жаҳлимни чиқардилар.

33 Улар Менга юз бурмай, орқа ўгирдилар. Мен уларни тўғри йўлга солмоқчи бўлиб астойдил ҳаракат қилгандим, аммо улар Менга қулоқ солмадилар, ўзларига сабоқ олмадилар.

34 Менинг номим билан аталган уйга жирканч бутларини ўрнатиб, уйимни ҳаром қилдилар.

35 Хиннум сойлигида Баалга саждагоҳлар қурдилар. У ерда ўғил–қизларини Мўлахга қурбонлик қилиб, оловда куйдирдилар. Мен уларга бундай жирканч ишни амр қилмаганман, бу ҳатто хаёлимга ҳам келмаган. Натижада бу қилмишлари туфайли Яҳудо халқи жазога лойиқ бўлди.

Эгамизнинг умидбахш ваъдаси

36 Эй Еремиё, сен бу шаҳар ҳақида: «Қуддус шаҳри қирғин, очарчилик ва ўлат дастидан Бобил шоҳининг қўлига топширилади», деб айтяпсан. Бу гапинг тўғри. Аммо Мен, Исроил халқининг Худоси — Эгангиз, айтаманки,

37 халқимни қаҳр–ғазаб ва қаттиқ жаҳл устида турли юртларга тарқатиб юборганимдан кейин, уларни йиғиб оламан. Уларни яна мана шу ерга олиб келаман. Улар бу ерда осойишта умр кечирадилар.

38 Улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг Худоси бўламан.

39 Улар Мендан ҳар доим қўрқсин деб, уларни якдил қиламан, ҳаммасини ҳаётнинг бир мақсади томон йўналтираман. Шунда ўзларига ҳам, болаларига ҳам яхши бўлади.

40 Мен улар билан абадий аҳд тузаман. Уларга доим яхшилик қилишдан қочмайман. Мендан юз ўгириб кетмасликлари учун уларнинг юракларига Мендан қўрқиш ҳиссини солиб қўяман.

41 Мен уларга яхшилик қилганимдан хурсанд бўламан, уларни жону дилим билан бу юртда албатта мустаҳкам ўрнаштираман.”

42 Эгамиз шундай демоқда: “Мен бу халқнинг бошига катта фалокатни қандай ёғдирган бўлсам, ваъда қилган барча эзгуликларимни ҳам устиларига худди шундай ёғдираман.

43 Одамлар бу юрт ҳақида: «Ҳа, юртимиз Бобилликларга таслим бўлди, одамлар ва ҳайвонларсиз ҳувиллаб қолди», деб айтишяпти. Аммо шундай кун келадики, бу юртдаги далалар яна сотиладиган бўлади.

44 Одамлар бу далаларни кумушга сотиб оладилар, гувоҳлар олдида васиқаларга қўл қўйиб, муҳр босадилар. Бундай ҳодиса Бенямин ҳудудида, Қуддус атрофида, Яҳудо шаҳарларида, қирларда, ғарбдаги қир этакларида ва Нагав чўлида содир бўлади. Ахир, Мен халқимни яна фаровонликка эриштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

Эгамизнинг иккинчи умидбахш ваъдаси

1 Еремиё соқчилар ҳовлисида қамоқда ўтирганда, Эгамиз унга иккинчи марта Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй Еремиё, Мен Эгангман, оламни яратган, ерга шакл бериб, уни ўрнатган Худойингман.

3 Менга илтижо қил, сенга жавоб бераман. Сен ҳали билмайдиган буюк сирларни сенга айтаман.

4 Шундай экан, Қуддус аҳлига айт: «Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: сизлар душманнинг қамал иншоотларидан ва унинг қиличидан сақланмоқчи бўлиб, шаҳрингиз деворларини мустаҳкам қилдингиз. Бунинг учун уйларингизни, ҳатто Яҳудо шоҳларининг саройларини буздингизлар.

5 Сизлар Бобилликлар билан жанг қиласизлар. Улар эса вайрона уйларингизни жасадларга тўлдирадилар. Мен қаҳр–ғазабга тўлиб, халқимни қираман! Халқимнинг қабиҳликлари туфайли бу шаҳардан юз ўгирдим.

6 Шунга қарамай, бу шаҳарга яна шифо бераман, уни соғайтираман. Аҳолисини соғ–саломат қилиб, чексиз тинчлик ва осойишталикдан баҳраманд этаман.

7 Мен Яҳудо ва Исроил халқларини яна фаровонликка эриштираман, аввалгидай қайта бунёд этаман.

8 Менга қарши қилган барча гуноҳларидан уларни поклайман, бош кўтариб қилган гуноҳларини кечираман.

9 Ер юзидаги ҳамма халқлар олдида Қуддус Менга шуҳрат, қувонч ва шон–шараф келтиради. Қуддусга қилган яхшилигимни, унинг равнақини кўрган барча элларни қўрқув ва титроқ босади.»”

10 Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар, бу ҳувиллаган шаҳарда на одам, на ҳайвон бор, деб айтасизлар. Айтганингиз бежиз эмас. Яҳудо шаҳарлари билан Қуддус кўчалари ҳувиллаб қолган, у ерда на одам, на ҳайвон бор. Бироқ у ерда сиз яна бир бор

11 қувончу шодлик садоларини, келин–куёв овозларини эшитасиз. Одамлар Эгасининг уйига яна шукрона назрларини келтирадилар, шундай деб яна куйлайдилар:

«Шукрона айтинг Сарвари Оламга, У яхшидир!

Унинг содиқ севгиси абадийдир!»

Мен бу юртни илгариги фаровонлигига эриштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

12 Сарвари Олам шундай демоқда: “Одам ва ҳайвонсиз ҳувиллаб қолган бу жойда, юртнинг ҳамма шаҳарларида яна яйловлар бўлади, чўпонлар у ерда қўйларини ўтлатишади.

13 Қирлардаги шаҳарларда, ғарбий қир этакларидаги, Нагав чўлидаги ва Бенямин ҳудудидаги шаҳарларда, Қуддус атрофида, Яҳудо шаҳарларида чўпонлар яна қўйларини санайдиган бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.

14 Эгамиз шундай демоқда: “Мен Исроил ва Яҳудо халқларига берган эзгу ваъдамни бажараман. Ваъдамни бажарадиган кунлар яқинлашиб келяпти.

15 Ўша кунларда Мен Довуд наслидан солиҳ бир новдани етиштираман. Юртда у адолату тўғрилик ила иш тутади.

16 Ўша кунларда Яҳудо халқи бехатар яшайди, Қуддус аҳолиси осойишта ҳаёт кечиради. Қуддус шаҳри «Эгамиз нажоткоримиздир» деб ном олади.”

17 Эгамиз шундай демоқда: “Довуднинг насли Исроил тахтида абадий ўтиради.

18 Леви авлодидан бўлган руҳонийлар эса ҳузуримда қурбонликлар куйдириб, дон назрларини келтирадилар, улар абадулабад Менга қурбонликлар қиладилар.”

19 Эгамизнинг сўзи Еремиёга аён бўлди.

20 Эгамиз шундай деди: “Борди–ю, биронтангиз тун ва кун билан тузган амримни бузишга қодир бўлсангиз, уларнинг тартибини ўзгартира олсангиз,

21 шундагина Мен ҳам Довуд ва Менга хизмат қилаётган Леви авлоди билан тузган аҳдимни бузаман, Довуд сулоласини тахтдан тушираман.

22 Мен қулим Довуд наслини ва Менга хизмат қилаётган Леви авлодини осмондаги юлдузлардай, денгиздаги қумдай сон–саноқсиз қиламан.”

23 Еремиёга Эгамизнинг ушбу сўзи аён бўлди:

24 “Бу одамларнинг гапини эшитдингми? Улар, Эгамиз Ўзи танлаган иккита халқни — Исроил ва Яҳудони рад этди, деб айтиб юришибди. Бу одамлар халқимдан шунчалик ҳазар қилишадики, уни энди халқ деб тан олишдан ор қилишяпти.”

25 Эгамиз шундай демоқда: “Мен кун ва тунга берган амримни, осмону фалак учун ўрнатган қонун–қоидаларимни ҳеч қачон ўзгартирмайман.

26 Шу сингари, Ёқуб авлодини ва қулим Довуд сулоласини рад этмайман. Мен доимо Довуд наслидан шоҳ танлайман. Уни Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб авлодининг устидан ҳукмрон қилиб қўяман. Мен халқимни яна фаровонликка эриштираман, уларга раҳм–шафқат кўрсатаман.”

Зидқиё учун хабар

1 Бобил шоҳи Навухадназар ўз лашкари, қўли остидаги барча шоҳликлару халқлар билан бирга Қуддусга ва унинг ён–атрофидаги шаҳарларга қарши жанг қилаётган эди. Шунда Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди:

2 “Қани бўл, Еремиё, Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳузурига бор. Унга айт: «Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: Мен бу шаҳарни Бобил шоҳига таслим қиламан, у шаҳарга ўт қўяди.

3 Сен ҳам Бобил шоҳининг қўлидан қочиб қутула олмайсан. Одамлар сени тутиб оладилар. Бобил шоҳининг қўлига топширадилар. Сен ўз кўзинг билан Бобил шоҳини кўрасан, у сен билан юзма–юз гаплашади. Кейин сени Бобилга жўнатиб юборади.

4 Бироқ, эй Яҳудо шоҳи Зидқиё, Эгамизнинг сўзини эшит! Эгамиз сен ҳақингда шундай демоқда: сен қиличдан ҳалок бўлмайсан.

5 Тинчгина оламдан кўз юмасан. Одамлар ота–боболарингни, сендан олдин ўтган шоҳларни қандай дафн қилишган бўлса, уларнинг шарафига қандай гулхан ёқишган бўлса, сенинг шарафингга ҳам шундай гулхан ёқишади. Йиғи–сиғи қилиб: ‘Вой, хожам!’ дея марсия айтишади. Эгамизнинг каломи шудир.»”

6 Еремиё пайғамбар буларнинг ҳаммасини Қуддусда Яҳудо шоҳи Зидқиёга айтди.

7 Шу орада Бобил шоҳининг лашкари Қуддус, Лахиш ва Озикаҳ шаҳарларига ҳужум қилаётган эди. Яҳудонинг мустаҳкам шаҳарларидан ўшаларгина ёвга ҳанузгача таслим бўлмаган эди.

Халқ иброний қулларни озод қилиш аҳдига риоя қилмайди

8 Шоҳ Зидқиё Қуддусдаги бутун аҳоли билан аҳд қилиб, иброний қулларни озодликка чиқаришни эълон қилгандан кейин, Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди.

9 Зидқиё қилган аҳдга кўра, ҳамма иброний қулларга ва чўриларга озодлик берилиши лозим эди. Яҳудий биродарларни қулликда тутиш ман этилган эди.

10 Аъёнлар билан бутун халқ аҳд шартларига кўнди. Улар ўз қуллари билан чўриларини озод қилишга, уларни бундан кейин қул қилиб олмасликка рози бўлган эдилар. Барча қулдорлар аҳдга риоя қилган ҳолда, қулларига озодлик беришди.

11 Кейинчалик эса ўз фикрларидан қайтиб, озод қилган қул ва чўриларни мажбурлаб, ўзларига яна қул қилиб олишди.

12 Шунда Эгамизнинг сўзи Еремиёга аён бўлди.

13 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Мен ота–боболарингизни Мисрдаги қулликдан олиб чиққанимда, улар билан аҳд қилиб, шундай деган эдим:

14 «Ўзини сизга сотиб, олти йил хизмат қилган ҳар бир иброний қулни озод қилинглар.» Аммо ота–боболарингиз айтганларимга эътибор бермадилар, Менга қулоқ солмадилар.

15 Яқинда эса сизлар тавба қилган эдингизлар. Менинг ҳузуримда — Ўзимнинг номим билан аталган уйимда туриб, биродарларингизни озод қилишга аҳд қилган эдингиз. Менинг назаримда бу ишингиз тўғри эди.

16 Кейин эса сизлар фикрингиздан қайтдингизлар. Мени бадном қилдингизлар. Ўз хоҳишларига кўра, озод қилинган қулу чўриларингизни қайтариб олдингизлар, уларни қул бўлишга мажбур қилдингизлар.”

17 Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар Менга итоатсизлик қилиб, ёру дўстларингизни, қўни–қўшниларингизни қўйиб юбормадингиз, шунинг учун Мен сизларни қўйиб юбораман. Мана, уруш, қаҳатчилигу ўлатга йўлингиз очиқ! Аҳволингизни дунёдаги барча шоҳликлар кўриб, даҳшатга тушади.

18 Аҳдимни бузган бу одамларни Мен жазолайман. Улар ҳузуримда аҳд тузган эдилар, бузоқни икки қисмга бўлиб, икки бўлаги орасидан ўтган эдилар. Аммо аҳд шартларига риоя қилмадилар. Шунинг учун Мен уларни бўғизланган бузоқнинг ҳолига тушираман.

19 Бузоқнинг икки бўлаги орасидан ўтган Яҳудо аъёнларини, Қуддус маъмурларини, сарой амалдорларини, руҳонийларини ва халқ оммасини жазолайман.

20 Уларда қасди борларга ўзларини топшираман, душман қўлига бераман. Жасадлари қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ем бўлади.

21 Яҳудо шоҳи Зидқиёни ҳам аъёнлари билан бирга душман қўлига бераман, уларда қасди борларга топшираман. Вақтинчалик чекинган Бобил шоҳининг лашкарига уларни таслим қиламан.

22 Мен буйруқ бериб, Бобилликларни бу шаҳарга қайтариб олиб келаман. Улар сизларга ҳужум қиладилар. Шаҳарни қўлга олиб, ўт қўядилар. Яҳудо шаҳарлари вайрон бўлади, у ерда ҳеч ким яшамайди.” Эгамизнинг каломи шудир.

Еремиё ва Рахав насли

1 Йўшиё ўғли шоҳ Ёҳайиқим ҳукмронлик қилган даврда Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди:

2 “Қани бўла қол, Еремиё, Рахав хонадони ҳузурига бориб, у ердаги одамлар билан гаплаш. Сўнг уйимдаги ён хоналарнинг бирига уларни таклиф қилгин–да, шаробдан қуйиб бер.”

3 Мен бориб, Хавазинёнинг невараси — Еремиё ўғли Язаниёни ака–укалари билан бирга, ҳамма ўғилларини ва бутун Рахав хонадонини чақириб,

4 Эгамизнинг уйига бошлаб келдим. Уларни Йихдалиё ўғли Ханон пайғамбарнинг ўғилларига қарашли хонага олиб кирдим. Бу хонанинг ёнида Маъбад аъёнларининг хонаси, тагида эса Шаллум ўғли Масиёнинг хонаси жойлашган эди. Масиё Маъбад дарвозабони бўлиб хизмат қилар эди.

5 Мен дастурхонга идишларни тўлдириб шароб тортдим, пиёлалар қўйдим. Сўнг Рахав наслига:

— Марҳамат қилиб, шаробдан ичинглар, — деб таклиф қилдим.

6 Улар шундай дедилар:

— Биз шароб ичмаймиз. Бобокалонимиз Рахав ўғли Ёҳунадав бизга шундай амр қилган: “Зинҳор шароб ичманглар, болаларингиз ҳам ичмасин.

7 Уйлар қурманглар, экин экманглар, узумзорлар барпо қилманглар, уларни ўзингизга мулк қилиб олманглар. Кўчиб борган жойингизда узоқ вақт яшай олишингиз учун чодирларда кун кечиринглар.”

8 Шунинг учун биз бобокалонимизнинг амрига бўйсуниб, ҳеч қачон шароб ичмаймиз, хотинларимиз ҳам, ўғил–қизларимиз ҳам шароб ичмайдилар.

9 Ўзимиз учун уйлар қурмаймиз, экин экмаймиз, бизда на узумзор бор, на дала бор.

10 Биз бобокалонимиз Ёҳунадавнинг амрига итоат қилиб, бир умр чодирларда яшаб келдик.

11 Аммо Бобил шоҳи Навухадназар бу юртга бостириб келгандан сўнг, Бобил ва Орам лашкарларидан қўрқиб, Қуддусга келишга қарор қилган эдик. Шу сабабдан ҳозир биз Қуддусда яшаб юрибмиз.

12 Шундан сўнг Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди.

13 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам унга шундай деди: “Қани бўл, Еремиё, Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолисининг ҳузурига бориб, шундай деб таъна қил: сизлар ўзи сабоқ оласизларми?! Менга итоат қилишни ўрганасизларми ўзи?!

14 Ана, кўриб қўйинг, Рахав насли ўз бобокалонининг амрига итоат қилгани учун бугунга қадар шаробни оғзига ҳам олмай юрибди. Мен эса сизларга қайта–қайта гапирган бўлсам ҳам, сизлар Менга итоат қилмадингизлар.

15 Мен пайғамбар қулларимни олдингизга қайта–қайта жўнатдим. Улар орқали сизларни шундай деб огоҳлантирган эдим: «Сизларга ва ота–боболарингизга Мен берган бу юртда яшай олишингиз учун ёмон йўлингиздан қайтинглар. Турмуш тарзингизни ўзгартиринглар. Бошқа худоларга эргашманглар. Уларга хизмат қилманглар.» Аммо сизлар қулоқ солмадингизлар, гапимга кирмадингизлар.

16 Ёҳунадавнинг авлоди ўз бобокалони буюриб кетган амрни ижро этди, бу халқ эса Менга итоат қилмади.”

17 Шунинг учун Исроил халқининг Худоси, Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда: “Мен Яҳудо ва Қуддус аҳолисига гапирган эдим, аммо улар гапларимга қулоқ солмадилар, уларни чақирган эдим, аммо Менга жавоб бермадилар. Шунинг учун Ўзим айтган барча бало–қазоларни уларнинг бошларига ёғдираман.”

18 Рахав хонадонига эса Еремиё шундай деди: “Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: «Сизлар бобокалонингиз Ёҳунадавнинг амрига итоат этдингиз, унинг насиҳатларини рад этмай, айтганларининг ҳаммасини бажардингиз, шунинг учун

19 Рахав ўғли Ёҳунадав авлодидан бўлган киши ҳузуримда абадулабад хизмат қиладиган бўлади.» Исроил халқининг Худоси — Сарвари Оламнинг каломи шудир.”

Борух ўрама қоғозга ёзилган сўзларни Маъбадда ўқийди

1 Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Еремиёга Эгамизнинг шу сўзи аён бўлди:

2 “Ўрама қоғоз ол. Исроил, Яҳудо ва барча шоҳликларга қарши Мен айтган сўзларни ёзиб қўй. Сенга илк бор Йўшиё даврида аён қилган сўзимдан тортиб, то бугунга қадар айтган барча гапларимни ёз.

3 Балки Яҳудо халқи Мен бошларига келтирмоқчи бўлган фалокатлар ҳақида эшитиб, ёвуз йўлларидан қайтар. Шунда Мен уларнинг айбу гуноҳларини кечираман.”

4 Еремиё Нериё ўғли Борухни чақириб, Эгамизнинг айтган ҳамма сўзларини ёздирди.

5 Сўнг Еремиё Борухга тайинлаб деди: “Эгамизнинг уйига кириш менга ман этилган.

6 Шунинг учун рўза куни сен ўзинг у ерга борасан. У ердаги одамларга мен сенга ёздирган Эгамизнинг сўзларини ўрама қоғоздан ўқиб берасан. Ўша куни Яҳудонинг турли шаҳарларидан келган халойиқ Эгамизнинг уйида бўлади, улар ҳам ўқиганингни эшитиб олсин.

7 Балки улар Эгамизга ёлвориб, ёвуз йўлларидан қайтишар. Ахир, Эгамиз қаҳру ғазабини уларга сочишини эълон қилди!”

8 Нериё ўғли Борух Еремиёнинг айтганларини тўла–тўкис бажарди. У Эгамизнинг уйига борди, ўрама қоғозга битилган Эгамизнинг сўзларини ўқиди.

9 Бу воқеа Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг бешинчи йили тўққизинчи ойида содир бўлди. Қуддус аҳолиси билан Яҳудо шаҳарларидан келган бутун халқ Эгамизга бағишлаб рўза тутган эди.

10 Шунда Борух Эгамиз уйининг Янги дарвозаси ёнидаги юқори ҳовлида жойлашган Шофон ўғли котиб Гамариёнинг хонасига кирди. У ердан туриб, ўрама қоғозга битилган Еремиёнинг сўзларини бутун халққа овоз чиқариб ўқиб берди.

Борух ўрама қоғозни аъёнларга ўқиб беради

11 Гамариё ўғли Михиё ўрама қоғозга битилган Эгамизнинг сўзларини эшитгач,

12 дарҳол шоҳ саройидаги котибнинг хонасига жўнади. Барча аъёнлар ўша ерда жамулжам бўлиб ўтирган экан: улар — котиб Элишама, Шамаё ўғли Далоё, Ахбор ўғли Элнатан, Шофон ўғли Гамариё, Ханониё ўғли Зидқиё ва бошқа аъёнлар эдилар.

13 Борух ўрама қоғоздан халққа ўқиб берган барча сўзларни Михиё уларга айтиб берди.

14 Аъёнлар Куши ўғли Шаламиё авлодидан бўлган Натаниё ўғли Ёҳудини Борухнинг олдига жўнатиб, шундай гапни айтиб юбордилар: “Халққа ўқиб берган ўрама қоғозни олиб, ҳузуримизга келгин.” Нериё ўғли Борух ўрама қоғозни олиб аъёнларнинг олдига борди.

15 Аъёнлар Борухга:

— Қани, ўтир, бизга ҳам ўрама қоғоздаги сўзларни ўқиб бер, — дедилар. Борух ўқиди.

16 Аъёнлар эшитган сўзларидан ваҳимага тушиб, бир–бирларига қараб қолдилар. Сўнг Борухга:

— Бу ҳақда шоҳни хабардор қилишимиз зарур, — дедилар.

17 Улар Борухдан сўрадилар:

— Буларни қаердан олиб ёздинг? Бу сўзларни сенга айтган, мабодо, Еремиё эмасми?

18 — Ҳа, Еремиёнинг ўзи айтиб турди, мен эса унинг айтганларини сиёҳ билан ўрама қоғозга ёздим, — деб жавоб берди Борух.

19 — Еремиё билан бориб, бирон жойга яшириниб олинглар, ҳеч ким бу ҳақда билмасин, — деб тайинлашди аъёнлар.

Шоҳ ўрама қоғозни ёқиб юборади

20 Аъёнлар ўрама қоғозни котиб Элишаманинг хонасида қолдирдилар, ўзлари эса шоҳ ҳузурига бориб, ҳамма гапни етказдилар.

21 Шоҳ ўрама қоғозни олиб келиш учун Ёҳудини жўнатди. Ёҳуди котиб Элишама хонасидан ўрама қоғозни олиб келиб, уни шоҳга ва шоҳ ҳузуридаги аъёнларга ўқиб берди.

22 Кеч куз. Шоҳ қишки саройида ўтирар, ёнидаги манқалда ўт ёниб турар эди.

23 Ёҳуди ўрама қоғоздан уч–тўрт устунни ўқиб бўлиши биланоқ, шоҳ Ёҳайиқим котибнинг пичоқчаси билан ўрамнинг ўша қисмини қирқиб, манқалдаги оловга ташлайверди. У ўрама қоғознинг ҳаммасини оловда ёндириб бўлгунча шундай қилаверди.

24 Ўрама қоғоздаги сўзларни эшитган шоҳ билан хизматкорлар қўрқувга тушмадилар, қайғудан кийимларини йиртмадилар.

25 Элнатан, Далоё ва Гамариё шоҳга ёлвориб, ўрама қоғозни ёндирманг, деб илтимос қилган бўлсалар ҳам, шоҳ уларга қулоқ солмади.

26 У шаҳзода Ярахмалга, Озриёл ўғли Сараёга ва Абдал ўғли Шаламиёга, Еремиё пайғамбарни ва котиб Борухни тутиб келинглар, деб буюрди. Эгамиз эса Еремиё билан Борухни яширган эди.

Еремиё Худонинг сўзларини бошқатдан ёздиради

27 Еремиё Борухга ёздирган ўрама қоғозни шоҳ ёқиб юборгандан кейин, Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:

28 “Еремиё, бошқа бир ўрама қоғоз ол. Унга Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ёндириб юборган аввалги ўрама қоғоздаги ҳамма сўзларни ёз.

29 Яҳудо шоҳи Ёҳайиқимга эса шундай деб айт: «Эгамиз демоқда: ўрама қоғозда: ‘Бобил шоҳи албатта келади, юртни вайрон қилади, одамлару ҳайвонларни қириб ташлайди’, деб ёзилгани учун сен Еремиёга дўқ қилибсан, ўрама қоғозни ёқиб юборишга журъат этибсан.

30 Шунинг учун, эй Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим, Эгамиз сен ҳақингда шундай демоқда: сенинг авлодингдан биронтаси ҳам Довуд тахтида ўтирмайди. Сенинг жасадингни одамлар улоқтириб юборишади, ўлигинг куннинг жазирамасида, туннинг совуғида қолади.

31 Мен сени, сенинг авлодингу аъёнларингни қилган гуноҳларингиз учун жазолайман. Ўзим айтган барча фалокатларни сизларнинг бошингизга, Қуддус аҳолиси ва Яҳудо халқининг бошига ёғдираман, чунки сизлар Менга қулоқ солмадингизлар.»”

32 Еремиё бошқа бир ўрама қоғоз олиб, Нериё ўғли котиб Борухга берди. Сўнг Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ёндириб юборган аввалги ўрама қоғоздаги барча сўзларни унга ёздирди. Аммо бу сафар ўрамга шу мазмундаги кўп хабарлар қўшилган эди.

Шоҳ Зидқиё Еремиёдан маслаҳат сўрайди

1 Бобил шоҳи Навухадназар Йўшиё ўғли Зидқиёни Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихиннинг ўрнига Яҳудо шоҳи қилиб тайинлади.

2 Аммо на шоҳ, на аъёнлари, на юртдаги халқ Эгамизнинг Еремиё орқали айтган сўзларига қулоқ солар эдилар.

3 Шоҳ Зидқиё Шаламиё ўғли Ёҳухал билан Масиё ўғли руҳоний Зафаниёни Еремиё пайғамбарнинг олдига юборар экан, шу гапларни айттириб юборди: “Илтимос, биз учун Эгамиз Худога илтижо қил.”

4 Еремиё шу вақтгача қамоққа олинмаганлиги учун халқ орасида бемалол юрар эди.

5 Шу орада фиръавн лашкари Мисрдан чиқди. Қуддусни қамал қилиб турган Бобилликлар бу хабарни эшитишгач, Қуддусдан чекиндилар.

6 Шунда Эгамиз сўзини Еремиёга аён қилди.

7 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Худонинг сўзини билмоқчи бўлиб, икковингизни олдимга юборган Яҳудо шоҳига шундай деб айтинг: сизларга ёрдам бермоқчи бўлиб келаётган фиръавн лашкари ўз юрти — Мисрга қайтиб кетади.

8 Бобилликлар эса Қуддусга қайтиб келиб, шаҳарга қарши жанг қиладилар. Улар шаҳарни қўлга олиб, ёндириб юборадилар.”

9 Эгамиз яна шундай демоқда: “Бобилликлар энди қайтиб келишмайди, деб ўзларингизни алдаманглар, чунки улар албатта қайтиб келишади.

10 Борди–ю, сизлар Бобилликларнинг бутун лашкарини мағлуб қилганингизда ҳам, уларнинг чодирларида қолган ярадорлар келиб, шаҳрингизга ўт қўйган бўларди.”

Еремиё зиндонга ташланади

11 Фиръавн лашкари яқинлашиб келаётгани учун Бобилликлар Қуддусдан чекиндилар.

12 Шунда Еремиё Бенямин ҳудудидаги халқ орасида ўзига тегишли ер улушини кўриш учун Қуддус шаҳридан кетмоқчи бўлди.

13 У Қуддуснинг Бенямин дарвозасига етиб келгач, соқчилар бошлиғи Йириё:

— Сен Бобилликларнинг олдига қочиб кетмоқчисан, — деб уни қамоққа олди. Йириё Шаламиёнинг ўғли, Ханониёнинг невараси эди.

14 — Ёлғон! — деди Еремиё, — мен Бобилликларнинг олдига қочмоқчи эмасман.

Аммо Йириё Еремиёнинг гапига қулоқ солишни истамади, уни ҳибсга олиб, аъёнларнинг олдига олиб борди.

15 Аъёнлар Еремиёдан ғазабланиб, уни калтаклашди. Сўнг котиб Йўнатаннинг зиндонга айлантирилган уйига қамаб қўйишди.

16 Шундай қилиб, Еремиё узоқ вақт зиндон ҳужраларидан бирида ётди.

17 Орадан вақт ўтди. Шоҳ Зидқиё Еремиёни саройига чақиртириб:

— Эгамиздан бирон хабар борми? — деб яширинча сўради.

— Ҳа, бор, — деди Еремиё. — Сиз Бобил шоҳининг қўлига тушасиз.

18 Нега улар мени зиндонга ташлашди? Мен аъёнларингизга ва бу халққа қарши нима гуноҳ қилибман?! — деди яна у.

19 — “Бобил шоҳи сизга ҳужум қилмайди, юртимизга у тажовуз қилмайди”, деб башорат қилган пайғамбарларингиз қани?!

20 Ёлвораман, олампаноҳим, илтижоимни рад этманг, мени котиб Йўнатаннинг уйига қайтариб юборманг. У ерда адойи тамом бўламан.

21 Шоҳ Зидқиё, Еремиёни соқчилар ҳовлисига қамаб қўйинглар, шаҳарда нон қолмагунча, ҳар куни унга новвой растасидан биттадан нон олиб беринглар, деб буюрди. Шундай қилиб, Еремиё соқчилар ҳовлисида қолди.

Еремиёни сардобага ташлашади

1 Маттон ўғли Шафатиё, Пашхур ўғли Гадалиё, Шаламиё ўғли Ёҳухал ва Малкиё ўғли Пешхур Еремиёнинг халққа айтган шу сўзларини эшитган эдилар:

2 “Эгамиз демоқда: «Шаҳарда қолганлар қиличдан, қаҳатчилик ва ўлатдан нобуд бўладилар. Бобилликларнинг олдига чиққанлар эса тирик қоладилар. Бу одамлар ҳеч бўлмаганда ўз жонларини сақлаб қоладилар.

3 Бобил шоҳининг лашкари албатта бу шаҳарни таслим қилиб, қўлга киритади.» Эгамизнинг каломи шудир.”

4 Аъёнлар шоҳга арз қилиб:

— Бу одамни йўқ қилиш керак! — дедилар, — чунки у ўзининг бемаъни гаплари билан шаҳарда қолган жангчилару одамларнинг руҳини туширмоқда. У халқимизнинг фойдасини эмас, зарарини кўзламоқда.

5 — Жуда соз, — деди шоҳ, — у билан хоҳлаганингизни қилинг. Мен сизларга монелик қила олмайман.

6 Аъёнлар Еремиёни ушлаб, арқонларга боғлаб сардобага туширдилар. Соқчилар ҳовлисидаги бу сувсиз сардоба шаҳзода Малкиёга тегишли бўлиб, сардобада балчиқдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Еремиё балчиққа ботиб қолди.

7 Еремиё сардобага ташлангани ҳақида шоҳ саройининг амалдори Ҳабашистонлик Обидмалек хабардор бўлди. Шоҳ ўша пайтда Бенямин дарвозасидаги маҳкамада эди.

8 Обидмалек саройдан чиқди–да, шоҳнинг олдига бориб деди:

9 — Шоҳ ҳазратлари, Еремиё пайғамбарни сардобага ташлаган одамлар қабиҳлик қилишибди. Шаҳарда нон қолмаган бўлса, Еремиё у ерда очликдан ўлади–ку.

10 Шоҳ Ҳабашистонлик Обидмалекка шундай амр қилди:

— Бу ердан ўттизта одамни олгин–да, бориб Еремиёни сардобадан чиқариб ол. Тағин у ерда ўлиб қолмасин.

11 Обидмалек ёнига одамларни олиб, сарой хазинасининг остки қисмида жойлашган хонага кирди. У ердан эски–туски кийимлар ва латта–путта топиб, уларни арқонларга боғлаб, Еремиёга туширди.

12 Сўнг Еремиёга деди: “Арқон танангизни қийиб юбормаслиги учун латталарни арқон билан қўлтиғингиз орасига қўйинг.” Еремиё айтилгандай қилди.

13 Одамлар Еремиёни арқонлар ёрдамида сардобадан чиқариб олдилар. Еремиё соқчилар ҳовлисида қолди.

Зидқиё Еремиёга маслаҳат солади

14 Шоҳ Зидқиё Еремиё пайғамбарни чақиртирди, уни Эгамиз Маъбадининг учинчи киришида кутиб олди.

— Сендан бир нарсани сўрамоқчиман, — деди шоҳ. — Мендан ҳеч нарсани яшира кўрма.

15 — Сизга ҳақиқатни айтсам, мени ўлдиришингиз аниқ, — деди Еремиё. — Сизга маслаҳат берганим билан, барибир қулоқ солмайсиз.

16 Шоҳ Зидқиё Еремиёга махфий равишда онт ичиб деди:

— Бизга ҳаёт бахшида этган Эгамиз шоҳид, мен сени ўлдирмайман. Жонингга қасд қилаётган одамларнинг қўлига ҳам сени топширмайман.

17 Шундан кейин Еремиё Зидқиёга деди:

— Исроил халқининг Худоси, Парвардигори Олам — Эгамиз демоқда: “Агар сиз Бобил шоҳининг аъёнларига таслим бўлсангиз, ўз жонингизни сақлаб қоласиз, бу шаҳар ҳам оловга ем бўлмайди. Сиз ва бутун хонадонингиз тирик қоласизлар.

18 Борди–ю, Бобил шоҳининг аъёнларига таслим бўлмасангиз, Бобилликлар бу шаҳарни енгиб, унга ўт қўядилар, ўзингиз ҳам уларнинг қўлидан қочиб қутулолмайсиз.”

19 — Мен Бобилликлар томонга қочиб ўтган яҳудийлардан қўрқаман, — деди шоҳ. — Бобилликлар мени уларнинг қўлига топширишса, улар мени хўрлашади.

20 — Топширишмайди, — деди Еремиё. — Айтганларимни қилиб, Эгамизнинг сўзига итоат қилсангиз, ҳаммаси яхши бўлади, жонингизни сақлаб қоласиз.

21 Борди–ю, таслим бўлишдан бош тортсангиз, Эгамиз менга ваҳий орқали аён қилганлари бажо бўлади:

22 саройингизда қолган ҳамма аёллар Бобил шоҳининг аъёнлари олдига чиқарилади. Ўша аёллар сизга шундай дейишади:

“Ишонган дўстларингиз

Сизни алдаб, енгиб кетишди.

Оёғингиз лойга ботганда,

Ишонган дўстларингиз сизни ташлаб кетишди.”

23 Сизнинг хотину бола–чақаларингиз Бобилликларнинг олдига чиқарилади. Сиз ўзингиз ҳам Бобилликларнинг қўлидан қочиб қутула олмайсиз. Бобил шоҳи сизни қўлга тушириб, шаҳарни ёндириб юборади.

24 — Суҳбатимиз ҳақида ҳеч кимга оғиз очма, акс ҳолда, ўласан, — деди Зидқиё Еремиёга.

25 — Борди–ю, аъёнлар сен билан гаплашганимни билиб қолиб, сенга: “Шоҳ билан нималар ҳақида гаплашдинг? Биздан бирон нарсани яширмай айт, бўлмаса ўласан”, деб айтишса,

26 сен уларга: “Мени Йўнатаннинг уйига қайтариб юборманг, шоҳим, акс ҳолда, у ерда адойи тамом бўламан, деб илтижо қилдим”, дея жавоб бер.

27 Аъёнлар Еремиёнинг олдига келиб, уни сўроққа тутишди. Еремиё шоҳ буюрган гапларни айтиб, жавоб берди. Шундан кейин аъёнлар унга бошқа савол бермадилар, чунки шоҳ билан Еремиё орасида бўлган суҳбатни ҳеч ким эшитмаган эди.

28 Еремиё Қуддус қулаган кунга қадар соқчилар ҳовлисида қолди.

Қуддус қулайди

1 Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг тўққизинчи йили ўнинчи ойида Бобил шоҳи Навухадназар ўзининг жамики лашкари билан Қуддусга келиб, шаҳарни қамал қилди.

2 Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йили тўртинчи ойининг тўққизинчи кунида Бобилликлар Қуддус деворини ёриб, шаҳарга кирдилар.

3 Шаҳар қўлга олингач, Бобил шоҳининг ҳамма аъёнлари шаҳарнинг Ўрта дарвозасидаги маҳкамаларда қўмондонлик қароргоҳини жойлаштирдилар. Аъёнларнинг орасида Наргал–Шаразар, Самгарнаву, бош маслаҳатчи Сарсаҳим ва амалдор Наргал–Шаразар бор эдилар.

4 Яҳудо шоҳи Зидқиё ва унинг жамики лашкари уларни кўрдилар–у, қочдилар. Улар ярим кечаси шоҳнинг боғи орқали ўтиб, икки девор орасидаги дарвозадан чиқдилар–да, Иордан водийсига қараб кетдилар.

5 Аммо Бобил сипоҳлари уларнинг орқасидан қувиб, Ерихо текислигида Зидқиёга етиб олдилар. Улар Зидқиёни қўлга олиб, Хомат юртидаги Ривло шаҳрига — Бобил шоҳи Навухадназарнинг ҳузурига олиб боришди. Шоҳ Навухадназар Зидқиёни ҳукм қилди,

6 Ривлода Зидқиёнинг ўғилларини кўзи олдида ўлдирди, сўнг ҳамма Яҳудо аъёнларини қатл қилди.

7 Зидқиёнинг эса кўзларини ўйиб, Бобилга олиб кетиш учун кишанлади.

8 Бобилликлар шоҳ саройига ва одамларнинг уйларига ўт қўйиб, Қуддус деворларини йиқитдилар.

9 Қўриқчилар сардори Набизарадон шаҳарда қолган бутун халқни, Бобил шоҳи томонга ўтган қочоқларни Бобилга асир қилиб олиб кетди.

10 У Яҳудо юртида ҳеч вақоси бўлмаган қашшоқ одамларнигина қолдирди. Ўша одамларга дала ва узумзорларни берди.

Еремиё озод бўлади

11 Шоҳ Навухадназар қўриқчилар сардори Набизарадон орқали Еремиёга оид қуйидаги амрни берди:

12 “Еремиёни қарамоғингизга олиб, унга яхши қаранглар. Асло зарар етказманглар, сизлардан нима сўраса бажаринглар.”

13 Қўриқчилар сардори Набизарадон, бош назоратчи Навушазбон, шоҳ маслаҳатчиси Наргал–Шаразар ва Бобил шоҳининг ҳамма бош амалдорлари одам юбориб, унга:

14 “Еремиёни қўриқчилар ҳовлисидан олиб кел”, деб буюрдилар. Уни эсон–омон уйига элтиб қўйиш учун Гадалиёга топширдилар. Гадалиё Охихамнинг ўғли, Шофонинг невараси эди. Шундай қилиб, Еремиё ўз халқининг орасида қолди.

Обидмалек

15 Еремиё соқчилар ҳовлисида қамоқда ўтирганда, унга Эгамизнинг сўзи аён бўлган эди:

16 “Ҳабашистонлик Обидмалекнинг олдига бориб, шундай деб айт: «Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам айтмоқда: Мен айтган сўзларимни бажо қиламан. Бу шаҳарга яхшилик эмас, ёмонлик келтираман. Сен ўзинг бунинг гувоҳи бўласан.

17 Лекин ўша куни Мен сени қутқариб қоламан, — деб айтмоқда Эгамиз. — Ўзинг қўрқадиган одамларнинг қўлига сени бермайман.

18 Сени, албатта, қутқараман, жангда ҳалок бўлмайсан. Менга умид боғлаганинг учун жонинг омон бўлади, — деб айтмоқда Эгамиз.»”

Еремиё Гадалиё билан қолади

1 Қўриқчилар сардори Набизарадон Еремиёни Бобилга олиб кетилаётган Қуддус ва Яҳудо асирлари орасидан занжирбанд ҳолда топиб олиб, уни Рама шаҳрида озод қилди. Шундан сўнг Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди.

2 Қўриқчилар сардори Набизарадон Еремиёни ёнига чақириб шундай деди: “Эгангиз Худо, бу юртга фалокат келтираман, деб айтган эди.

3 Мана, ҳозирги кунда Эгангиз айтганини қилиб, юртингизга фалокат келтирди, чунки сизлар Эгангизга қарши гуноҳ қилдингизлар, Унинг айтганини қилмадингизлар. Шу сабабдан бундай кулфат бошингизга тушди.

4 Ҳозир мен қўлингдаги кишанларни ечаман, сени озод қиламан. Агар мен билан Бобилга бормоқчи бўлсанг, марҳамат, сенга яхши қарайман. Борди–ю, Бобилга боришни истамасанг, ихтиёринг ўзингда. Мана, бутун юрт сенинг рўпарангда турибди, хоҳлаган ерингга боравер.

5 Бу юртда қоладиган бўлсанг, Охихам ўғли Гадалиёнинг олдига бор. Бобил шоҳи Гадалиёни Яҳудо шаҳарларига ҳоким қилиб тайинлади. Гадалиё Шофон деган одамнинг неварасидир. Сен унинг ёнида қолиб, халқинг орасида яшашинг мумкин ёки хоҳлаган жойингга боришинг мумкин.” Қўриқчилар сардори Еремиёга егулик билан совға бериб, уни озод қилди.

6 Еремиё Миспах шаҳрига — Охихам ўғли Гадалиёнинг олдига бориб, юртда қолган одамлар орасида ўрнашди.

Яҳудо ҳокими Гадалиё

7 Баъзи яҳудий лашкарбошилари ва жангчилар таслим бўлмаган эдилар. Охихам ўғли Гадалиёни Бобил шоҳи юртга ҳоким қилиб тайинлаганини, юртда қолган энг қашшоқ эркак, аёллар ва болаларни Гадалиёнинг ихтиёрига топширганини улар эшитдилар.

8 Сўнг Миспахга келиб, Гадалиёга учрашдилар. Келганлар — Натаниё ўғли Исмоил, Кариёх ўғли Йўханон, Танхумат ўғли Сараё, Натуфолик Эфайнинг ўғиллари, Махолик Язаниё ва уларнинг одамлари эди.

9 Гадалиё келганларга шундай деб онт ичди: “Бобилликларга тобе бўлишдан қўрқманглар. Юртда ўрнашиб, Бобил шоҳига хизмат қилаверинглар, шунда ҳаммаси яхши бўлади.

10 Мен эса Миспахда қоламан. Келадиган Бобилликларнинг олдида вакилингиз бўламан. Сизлар ўрнашиб олган шаҳарларингизда яшайверасизлар. Меваларни йиғиштириб олинглар, шароб ва зайтун мойини тайёрлаб, ғамлаб қўйинглар.”

11 Бобил шоҳи баъзи одамларга Яҳудо юртида қолишга ижозат берганини ва Гадалиёни ҳоким қилиб тайинлаганини Мўаб, Оммон, Эдом ва бошқа юртларда яшаётган яҳудийлар ҳам эшитишди.

12 Шунда улар сургун қилинган ҳамма жойлардан Яҳудо юртига — Миспахдаги Гадалиёнинг олдига қайтиб келишди. У ердан бир талай мева йиғиштириб, кўп шароб тайёрлашди.

Гадалиёни ўлдириб кетишади

13 Бир куни Кариёх ўғли Йўханон ва қирлардаги лашкарбошилар Миспахга Гадалиёнинг олдига келиб сўрадилар:

14 — Оммон шоҳи Баалис сизни ўлдиртириш учун Натаниё ўғли Исмоилни юборганидан хабарингиз борми?

Аммо Гадалиё уларга ишонмади.

15 Шунда Йўханон ҳеч кимга билдирмай Гадалиёга деди:

— Ижозат беринг, бориб Исмоилни ўлдирай. Бу ҳақда ҳеч ким билмайди. Нима учун у сизни ўлдиришига йўл қўйишимиз керак? Борди–ю, Исмоил ниятига етса, атрофингизга йиғилган барча яҳудийлар тарқалиб кетадилар, Яҳудода қолган одамларнинг боши эса балога қолади.

16 Аммо Гадалиё:

— Ундай қилма! Исмоил ҳақида айтган гапларинг ёлғон, — деди.

1 Ўша йилнинг еттинчи ойида шоҳ Зидқиёнинг бош лашкарбошиларидан бири бўлган Натаниё ўғли Исмоил ўнта одами билан бирга Миспахга — Охихам ўғли Гадалиёнинг ҳузурига борди. Исмоил шоҳ уруғидан бўлган Элишаманинг набираси эди. Гадалиё келганлар билан бирга дастурхон атрофида ўтириб овқатланаётганда,

2 Исмоил ва у билан келган ўнта одам қиличларини яланғочлаб, Бобил шоҳи ҳоким қилиб тайинлаб кетган Гадалиёни ўлдиришди.

3 Гадалиё билан бирга Миспахда бўлган ҳамма яҳудийларни Исмоил қиличдан ўтказди. У ердаги Бобиллик сипоҳларни ҳам ўлдирди.

4 Эртаси куни Гадалиё ўлдирилганлиги ҳақидаги хабар тарқалмай туриб,

5 Шакам, Шилў ва Самариядан саксонта одам келди. Улар қайғудан соқолини қирган, кийимларини йиртган, таналарини тилган эдилар. Улар дон ва тутатқиларни назр қилиш учун Эгамизнинг уйига кетаётган эдилар.

6 Натаниё ўғли Исмоил уларни кутиб олиш учун Миспахдан йиғлаб чиқди. Уларга яқинлашгач: “Қани, ичкарига, Гадалиёнинг олдига киринглар”, деди.

7-9 Улар шаҳарга киришлари биланоқ, Исмоил билан унинг одамлари уларни ҳам қириб ташладилар. Аммо келганлардан ўнтаси Исмоилга ёлвориб деди: “Илтимос, бизни ўлдирма! Далаларда яшириб қўйган буғдой, арпа, зайтун мойи ва асалимиз бор.” Исмоил уларни ўлдирмай, ҳаётларини сақлаб қолди. Ўлдирган одамларнинг жасадларини эса катта сардобага ташлади. Жасадларга тўлган бу сардобани Яҳудо шоҳи Осо Исроил шоҳи Башо ҳужум қилган пайтда қурдирган эди.

10 Исмоил Миспахда омон қолган ҳамма одамларни асир қилиб олди. Бобиллик қўриқчилар сардори Набизарадон Миспахдаги ҳамма одамларни уларнинг орасидаги маликаларга қўшиб, Гадалиёнинг ихтиёрига топширган эди. Исмоил уларнинг ҳаммасини асир қилиб, Оммон юртига жўнади.

11 Натаниё ўғли Исмоилнинг қилган жиноятлари ҳақида Кариёх ўғли Йўханон ва лашкарбошилар хабар топдилар.

12 Улар бор одамларини тўплаб, Исмоил билан жанг қилиш учун йўлга тушдилар. Улар Исмоилга Гивондаги катта ҳовуз бўйида етиб олдилар.

13 Исмоилнинг асирлари Йўханонни ва унинг ёнидаги ҳамма лашкарбошиларни кўриб, хурсанд бўлиб кетишди.

14 Исмоил Миспахдан асир қилиб олган ўша одамларнинг ҳаммаси орқага — Йўханоннинг олдига югуриб келишди.

15 Исмоил эса саккизта одами билан Йўханондан қочиб, Оммон юртига кетди.

16 Шундай қилиб, Йўханон ва унинг лашкарбошилари Миспахдаги фожиада омон қолган аёлу бола–чақаларни, сарой амалдориларию жангчиларни Гадалиёнинг қотили Исмоилнинг қўлидан озод қилдилар. Уларни ўзлари билан Гивондан олиб кетдилар.

17-18 Йўханон одамлари билан Бобилликлардан қўрққанлари учун Мисрга йўл олдилар. Чунки Бобил шоҳи юртга ҳоким қилиб тайинлаган Гадалиёни Исмоил ўлдирган эди. Сўнг ҳаммаси йўлда Байтлаҳм ёнидаги Химам қўнолғасида тўхтадилар.

Халқ Еремиёдан ибодат қилишини сўрайди

1 Ҳамма лашкарбошилар, Кариёх ўғли Йўханон, Ҳўшайё ўғли Озариё ва каттаю кичик одам

2 Еремиёнинг олдига бориб, шундай дедилар:

— Илтимос, бир оғиз гапимизга қулоқ солинг. Эгангиз Худога биз учун ибодат қилинг, тирик қолганлар учун сўранг. Ўзингиз кўриб турибсиз, илгарилари биз ниҳоятда кўпчилик эдик, энди эса саноқли одам қолдик.

3 Биз қаерга боришимизни, нима қилишимизни Эгангиз Худо бизга кўрсатсин.

4 Еремиё пайғамбар уларга шундай жавоб берди:

— Яхши, илтимосингизга биноан Эгамиз Худога ибодат қиламан. Эгамиз нимаики деса ҳаммасини сизларга айтаман, ҳеч нарсани сизлардан яширмайман.

5 Улар эса Еремиёга шундай дедилар:

— Агар биз Эгангиз Худонинг сиз орқали айтган биронта сўзига риоя қилмасак, Унинг Ўзи орамизда адолатли ва садоқатли шоҳид бўлсин.

6 Биз Эгамиз Худонинг ҳамма амрларига, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар, итоат қиламиз. Эгамиз Худога итоат қилсак, ҳаммаси яхши бўлади.

Еремиёнинг ибодатига Эгамиз жавоб беради

7 Орадан ўн кун ўтди. Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди.

8 Еремиё Кариёх ўғли Йўханонни, лашкарбошиларни ва одамларнинг каттаю кичигини тўплаб,

9 уларга шундай деди: “Мен илтимосингизга биноан Исроил халқининг Худоси — Эгамизга илтижо қилдим. У менга шундай деди:

10 «Энди шу юртда қолсангизларгина Мен сизларни барбод қилмайман, балки қайта бунёд этаман, қўпориб ташламайман, балки мустаҳкам ўрнаштираман. Сизларнинг бошингизга фалокат келтирганимдан пушаймонман.

11 Бундан буён Бобил шоҳидан қўрқманглар, — деб айтмоқда Эгамиз. — Мен сизлар билан биргаман. Шундай экан, ундан қўрқманглар. Ўзим сизларни қутқараман, унинг қўлидан озод қиламан.

12 Мен сизларга раҳм–шафқат қиламан. Бобил шоҳи сизларга ачиниб, она юртингизга ўрнаштиради.»

13 Аммо Эгангиз Худога бўйсунмай: «Бу ерда қолмаймиз.

14 Мисрга кетамиз, у ерда уруш кўрмаймиз, бурғу садоларини эшитмаймиз, нонга зор бўлмаймиз, у ерда яшаймиз», деб айтадиган бўлсангизлар,

15 эй Яҳудо халқининг омон қолганлари, Эгамизнинг сўзини эшитиб қўйинглар! Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: «Агар сизлар Мисрга бориб, у ерда ўрнашиб олишга қарор қилган бўлсангизлар,

16 ўша ерга борганингизда ўзларингиз қўрқаётган урушга дуч келасизлар. Сизлар очарчиликдан қўрқяпсизлар, аммо очарчилик кетингиздан Мисрга эргашиб боради, у ерда нобуд бўласизлар.

17 Мисрга бориб, у ерда ўрнашиб олишга жазм қилган ҳар бир киши қиличдан, очарчилик ва ўлатдан нобуд бўлади. Ундай одамлардан биронтаси ҳам тирик қолмайди, Мен уларнинг бошларига келтирадиган кулфатдан ҳеч ким қочиб қутулмайди.»

18 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: «Агар сизлар Мисрга боргудек бўлсангизлар, Мен Қуддус аҳолисига ёғдирган қаҳримни Мисрда сизларнинг устингизга ёғдираман. Аҳволингизни одамлар кўрганда даҳшатга тушади. Сизларни мазах қилиб, номингизни қарғишларда ишлатишади. Сизлар бу юртни бошқа ҳеч қачон кўрмайсизлар.»

19 Эй Яҳудо халқининг омон қолганлари, Эгамиз сизларга, Мисрга борманглар, деб айтди. Билиб қўйинглар, бугун мен сизларни огоҳлантириб қўйяпман,

20 сизлар катта хато қиляпсизлар. Ўзларингиз мени Эгангиз Худонинг олдига жўнатиб: «Илтимос, Эгамиз Худога илтижо қил, Эгамиз Худо нима деса, ҳаммасини қиламиз», деган эдингизлар.

21 Эгангиз Худонинг менга айтган ҳамма сўзларини бугун сизларга айтдим, аммо сизлар Унинг айтган биронта сўзига итоат қилишни хоҳламаяпсизлар.

22 Сизларга айтиб қўяй: бормоқчи бўлаётган жойингизда сизлар қиличдан, очарчилик ва ўлатдан нобуд бўласизлар.”

Еремиёни Мисрга олиб кетишади

1 Еремиё Эгаси Худо ўзига аён қилган бу сўзларнинг ҳаммасини бутун халққа айтиб бўлгач,

2 Ҳўшайё ўғли Озариё, Кариёх ўғли Йўханон ва бошқа сурбетлар Еремиёга шундай дедилар:

— Ёлғон гапиряпсан! Эгамиз Худо сенга, Мисрга бориб яшаманглар, деб айтмаган.

3 Нериё ўғли Борух сени бизга қарши гижгижлаб юрибди. У бизни Бобилликларнинг қўлига тушириб, ҳалок қилмоқчи ёки сургун қилиб юбормоқчи.

4 Шундай қилиб, Кариёх ўғли Йўханон, лашкарбошилар ва бутун халқ Эгамизнинг амрига итоат қилмадилар, улар Яҳудо юртида қолишдан бош тортдилар.

5 Яҳудога турли юртлардан қайтиб келган ҳамма одамларни Йўханон ва лашкарбошилар ўзлари билан олиб кетдилар.

6 Булардан ташқари, қўриқчилар сардори Набизарадон Охихам ўғли Гадалиё ёнида қолдириб кетган ҳамма эркагу аёлларни, бола–чақа, маликалар, Еремиё пайғамбар ва Нериё ўғли Борухни ҳам улар ўзлари билан олиб кетдилар.

7 Улар Эгамизнинг амрига итоат қилмай, Мисрга жўнаб, Тахпанхас шаҳрига етиб бордилар.

8 Тахпанхасда Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:

9 “Яҳудийларнинг кўзи олдида катта тошларни ол. Бу тошларни Тахпанхас шаҳридаги фиръавн саройининг кираверишига, ҳовлидаги ғишт йўлаги остига кўмиб қўй.

10 Сўнг яҳудийларга шундай деб айт: «Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: Мен Бобил шоҳи қулим Навухадназарни бу ерга олиб келаман. У мана шу кўмилган тошларнинг устига тахтини ўрнатиб, шоҳона чодирини тикади.

11 У келганда Мисрни вайрон қилади, ҳар бир одам пешанасидагини кўради:

Баъзилар ўлатга йўлиқиб, нобуд бўлади,

Баъзилар асирликка тушиб, сургун қилинади,

Баъзилар қиличдан ўтказилади.

12 Менинг амрим билан Навухадназар Миср худоларининг саждагоҳларига ўт қўяди. Баъзи бутларини ёндиради, баъзиларини ўзи билан олиб кетади. Қўйчивон тўнини бит–бургадан астойдил тозалагандай, Навухадназар ҳам Миср юртини қиртишлаб тозалайди. Сўнг соғ–саломат ўз юртига қайтиб кетади.

13 У Мисрдаги Қуёш саждагоҳига ўрнатилган бутсимон тошларни бузиб ташлайди. Миср худоларининг саждагоҳларини ёқиб юборади.»”

Эгамиз Мисрдаги яҳудийларга танбеҳ беради

1 Мисрнинг шимолидаги Мигдол, Тахпанхас ва Нуф шаҳарларида, шунингдек, Мисрнинг жанубида истиқомат қилаётган яҳудийлар тўғрисида Еремиёга Эгамиз шу сўзини аён қилди.

2 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен Қуддус ва Яҳудонинг ҳамма шаҳарларига келтирган барча фалокатларни сизлар ўз кўзингиз билан кўрдингизлар. Ўша шаҳарлар ҳозир хароб бўлиб, ҳувиллаб ётибди.

3 Яҳудо одамлари қабиҳ ишлари билан Мени ғазаблантирдилар. Улар бегона худоларга сиғиниб, қурбонликлар куйдирдилар. Бу бегона худоларни на уларнинг ўзлари, на сизлар, на ота–боболарингиз биладилар.

4 Мен Яҳудо халқи олдига пайғамбар қулларимни қайта–қайта жўнатдим. «Мен нафратланадиган жирканч ишларингизни қилманглар», деб халқимдан ўтинган эдим.

5 Аммо Яҳудо халқи қулоқ солмади, гапларимга эътибор ҳам бермади. Қабиҳликларидан қайтмади, бегона худоларга қурбонликлар қилишда давом этди.

6 Шунда аччиқ ғазабим Яҳудо шаҳарлари билан Қуддус кўчаларига ловуллаган олов бўлиб тушди. Ҳозир ўша жойлар ҳувиллаб, ташландиқ бўлиб ётибди.”

7 Энди Исроил халқининг Худоси, Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда: “Нега ўз бошингизга бундай фалокат келтирмоқчисизлар?! Яҳудо юртидан келган эркагу аёл, бола–чақанинг бошига етиб, ҳаммангиз битта қолмай қирилиб кетмоқчимисизлар?!

8 Сизлар Мисрда ўрнашиб олиб, бегона худоларга қурбонликлар қиляпсизлар. Қилмишларингиз билан жаҳлимни чиқаряпсизлар. Эҳтиёт бўлинглар, яна бошингизга балою офат орттириб олманглар. Дунё халқларининг қарғишига қолиб, ҳаммага кулги бўлиб қолманглар.

9 Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус кўчаларида қилган қабиҳликларингизни унутдингизми?! Буларни ота–боболарингиз, Яҳудо шоҳларию маликалари, ўзларингиз ва хотинларингиз қилгансизлар–ку!

10 Мана бугунгача сизлар Мендан заррача ҳам қўрқмадингизлар, афсус–надомат қилмадингизлар. Сизлар ота–боболарингизга берган қонун–қоидаларим бўйича яшамаяпсизлар.”

11 Шунинг учун Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: “Мен бошингизга офату фалокат келтираман. Яҳудо халқини йўқ қилишга қатъий қарор қилдим.

12 Мисрда яшашга қарор қилган яҳудийларнинг омон қолганларини ҳалок этаман. Ҳаммаси Мисрда ўлиб кетади. Каттаю кичиги қилич ва қаҳатчиликдан нобуд бўлади. Уларнинг аҳволини кўрганлар ваҳимага тушади. Уларни мазах қилиб, номини қарғишларда ишлатишади.

13 Мисрда яшаган ўшаларни, Мен Қуддусни жазолагандай, уруш, қаҳатчилик ва ўлат ила жазолайман.

14 Мисрда яшайман, деб келган яҳудийларнинг омон қолганларидан биронтаси қочиб қутула олмайди. Улардан ҳеч ким тирик қолмайди, Яҳудо юртига қайтиб боролмайди. Ўз юртига қайтиб боришни орзу қилган одамлардан фақатгина бир–икки қочоқ она юртига қайтиб боришга муваффақ бўлади, холос.”

15 Хотинлари бошқа худоларга қурбонлик келтирганини билган эркаклар, ўша ерда турган аёллар — Мисрнинг шимолий ва жанубий ҳудудида яшаётган яҳудийларнинг кўпчилиги бир овоздан Еремиёга шундай дедилар:

16 “Сен Эгамизнинг номидан бизга башорат қилиб айтган сўзларингга қулоқ солмаймиз.

17 Биз само қироличасига қурбонликлар қиламиз, шароб назрини келтирамиз, деб онт ичганмиз, бу онтимиздан қайтмаймиз. Биз ўзларимиз, ота–боболаримиз, шоҳларимиз, аъёнларимиз Яҳудо шаҳарларида, Қуддус кўчаларида нима қилган бўлсак, шуни қилаверамиз. Нега десангиз, ўша замонларда биз истаганимизча нон ердик, турмушимиз фаровон эди, ғам чекмас эдик.

18 Аммо само қироличасига қурбонликлар қилишни ва шароб назрини келтиришни тўхтатганимиздан бери етишмовчиликдан бошимиз чиқмайди. Қанча одамларимиз очарчиликдан ўлиб, урушда қирилиб кетди.”

19 Хотинлар ҳам шундай деб айтдилар: “Биз само қироличасига қурбонликлар қилаверамиз, шароб назрларини келтираверамиз! Само қироличасига шароб назр қилишимизни, унинг шаклида нонлар ёпишимизни эрларимиз билади–ку!”

20 Сўнг Еремиё бундай жавоб берган эркагу аёлларга ва бутун халойиққа деди:

21 “Сизлар, ота–боболарингиз, шоҳларингиз, аъёнларингиз, бутун юрт халқи Яҳудода ва Қуддус кўчаларида бошқа худоларга назрлар келтирган эдингизлар. Бу назрларингизни Эгамиз унутган, дейсизми?! Ёки Унинг бундан хабари йўқ, деб ўйлайсизми?!

22 Эгамиз ёвуз қилмишларингизга, жирканч ишларингизга ортиқ тоқат қила олмагани учун ҳозир юртингиз ҳувиллаб, ташландиқ бўлиб ётибди. Одамлар юртингизнинг номини қарғишларда ишлатишмоқда.

23 Ахир, сизлар бегона худоларга қурбонликлар келтириб, Эгамизга қарши гуноҳ қилдингизлар. Эгамизга итоат этмадингизлар, Унинг қонун–қоидаларини ва шартларини бажармадингизлар. Шунинг учун бу кўргилик бошингизга келди. Шуларнинг оқибатида ҳозир бу аҳволга тушиб ўтирибсизлар.”

24 Еремиё уларнинг ҳаммасига, айниқса, хотинларга қарата шундай деди: “Эй Миср юртидаги яҳудийлар, Эгамизнинг сўзини эшитинглар.

25 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: «Сизлар хотинларингиз билан бирга: ‘Само қироличасига албатта қурбонликлар қиламиз, шароб назрларини келтирамиз’, деб онт ичибсизлар. Онтингизни ҳам бажарибсизлар. Жуда соз, айтганингизни қилаверинглар! Ичган онтингиздан асло қайтманглар!

26 Лекин, эй Миср юртида яшаб юрган яҳудийлар, Эгангизнинг шу сўзини эшитиб қўйинглар: Мен Ўзимнинг буюк номим билан онт ичиб айтаманки, бундан буён Миср юртидаги биронта яҳудий Менинг номимни тилга олмайди, ‘Эгам Раббий шоҳид’, дея онт ичмайди.

27 Мен уларнинг бошига яхшилик эмас, ёмонлик келтираман. Мисрдаги яҳудийларнинг ҳаммаси, битта ҳам қолмай қиличдан ва очарчиликдан нобуд бўлишади.

28 Бир–иккитагина одам қирғиндан қочиб, Мисрдан Яҳудога қайтиб боради. Ўшанда Мисрга яшагани борган яҳудийларнинг ҳаммаси кимнинг сўзи ҳақ бўлиб чиққанини билишади. Менинг сўзим ҳақмикан ёки уларники?»

29 Эгамиз шундай демоқда: «Мен сизларни мана шу ерда жазолайман. Айтганларимнинг ҳаммаси бажо бўлишига ишонч ҳосил қилишингиз учун сизларга шундай бир аломат бераман:

30 Мен Яҳудо шоҳи Зидқиёни унинг ашаддий душмани бўлган Бобил шоҳи Навухадназарга таслим қилганимдай, Миср фиръавни Хофрани ҳам унинг жонига қасд қилаётган душманига таслим қилиб бераман.» Эгамизнинг каломи шудир.”

Худо Борухга ваъда беради

1 Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йили эди. Еремиё юқоридаги сўзларни Нериё ўғли Борухга айтиб, ўрама қоғозга ёздиргандан сўнг, унга шундай деди:

2-4 — Эй Борух, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сенга шундай гапларни айтиб қўйишимни буюрди: сен: “Шўрим қурсин! Эгам қайғу устига қайғу орттирди, юрак–бағрим эзилиб кетди, жонимни қўярга жой тополмаяпман”, деб айтган экансан. Шунинг учун Эгамиз сенга айтмоқда: “Мен бутун юрт бўйлаб бунёд қилган ҳамма нарсамни бузиб ташлайман, мустаҳкам қилиб ўрнатганларимни қўпориб ташлайман.

5 Сен ўзинг учун катта режалар тузма! Мана, Мен барча одамзоднинг бошига кулфат ёғдираман. Аммо сенинг жонингни сақлаб қоламан, борган жойингда сени асрайман.” Эгамизнинг каломи шудир.

Миср лашкари Кархамишда мағлуб бўлади

1 Эгамиз халқлар ҳақида Еремиёга Ўз сўзини аён қилди.

2 Бу Миср ҳақида башорат эди. Аниқроғи, Миср фиръавни Нехонинг лашкари тўғрисида эди. Улар Фурот дарёси бўйидаги Кархамиш шаҳрида қароргоҳ қурган эдилар. (Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Бобил шоҳи Навухадназар бу лашкарни мағлуб қилди.)

3 Эгамиз шундай дейди:

“Каттаю кичик қалқонларни тайёр тутинг!

Қани, энди жангга киринг!

4 Отларга эгар уринг,

Чопқир отларга мининг!

Дубулғаларни кийиб олинг,

Жанговар ҳолатда туринг.

Найзаларни ўткирланг,

Совутларни кийиб олинг!

5 Аммо нималарни кўряпман?!

Миср лашкари ваҳимага тушди,

Улар орқага чекинди,

Жангчилари тор–мор бўлди.

Улар орқага қарамай шошилиб қочдилар.

Атрофни даҳшат қамради,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

6 Чаққонлар қоча олмайдилар,

Сипоҳлар қочиб қутулолмайдилар.

Улар шимолда, Фурот дарёси бўйида

Қоқилиб йиқилиб тушадилар.”

7 Ким у Нил дарёсидай қирғоғидан чиқиб кетган?!

Ким у сувлари тошқин дарё каби бўлиб қолган?!

8 Миср Нилдай ҳаддидан ошган,

Сувлари тошқин дарёга ўхшаб қолган.

Миср айтади:

“Мен кўтарилиб, ер юзини қоплайман,

Шаҳарларни вайрон қиламан,

Аҳолисини қириб ташлайман.”

9 Эй отлиқлар, ҳужум қилинг!

Жанг араваларини учиртиринг!

Эй қалқон тутган Ҳабашистонликлару Ливияликлар,

Эй камон ушлаган Лидияликлар,

Қани, жангга киринг!

10 Ахир, бу Сарвари Олам — Раббийнинг кунидир.

Бу кун қасос куни бўлади,

Худо душманларидан ўч олади.

Унинг қиличи тўйгунча эт ейди,

Чанқоғи босилгунча қондан ичади.

Ўша куни Фурот бўйидаги шимолий юртда,

Сарвари Олам — Раббий ёвларини қурбон қилади.

11 Эй бокира қиз Миср,

Гиладга бор, малҳам олгин.

Аммо сен бекорга дори–дармон йиғасан,

Барибир дардингга шифо топмайсан.

12 Халқлар шарманда бўлганингни эшитди,

Ер юзи доду фарёдларингга тўлиб кетди.

Жангчиларинг бир–бирига урилди,

Ҳаммаси мағлуб бўлиб йиқилди.

Навухадназар Мисрга ҳужум қилади

13 Бобил шоҳи Навухадназар Мисрга ҳужум қилиши ҳақида Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:

14 Мисрда шундай деб эълон қилгин,

Мигдол шаҳрида шундай деб хабар бергин,

Нуф ва Тахпанхас шаҳарларида жар солиб айтгин:

“Жойларингизни эгалланг!

Жангга шай туринг!

Зеро, қилич атрофдаги ҳаммани қиради.”

15 Жангчиларингиз мағлуб бўлади!

Улар бардош бера олмайди.

Зеро, Эгамизнинг Ўзи уларни уради.

16 Улар қайта–қайта қоқиладилар,

Бир–бирининг устига йиқиладилар.

Шунда ўзларига ўзлари айтадилар:

“Қани, бўлинглар,

Халқимизнинг олдига қочиб қолайлик!

Киндик қонимиз тўкилган юртга борайлик.

Бу қирғиндан қочиб қутулайлик.”

17 Улар шундай деб бақирадилар:

“Фиръавн катта гапирди,

Аммо фурсатни қўлдан бой берди.”

18 Худо Шоҳдир,

Сарвари Оламдир Унинг номи.

У шундай демоқда:

“Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи айтаманки,

Сизларга қарши бир ғаним келаётир.

У тоғлар орасидаги Товур тоғидай забардаст,

Денгиз бўйидаги Кармил тоғидай улкан.

19 Эй қиз Миср, тугунингни тайёрлагин,

Сургунга кетишга ҳозирлангин!

Ахир, пойтахтинг Нуф вайрон бўлади,

Кимсасиз, ҳувиллаб қолади.

20 Миср чиройли бир ғунажинга ўхшайди,

Аммо шимол сўнаси унга ёпирилади.

21 Мисрнинг ёлланма аскарлари

Боқилган бузоқларга ўхшайди.

Аммо кулфат куни келганда,

Жазо оладиган вақти етганда,

Уларнинг ҳаммаси орқага қочади,

Душман қаршисида чекинади.

22 Бостириб келаётган душман дастидан

Миср қочаётган илондай вишиллайди.

Душманлар дарахт кесувчилар каби,

Болта кўтариб, Мисрга ҳужум қилишади.

23 Мисрнинг ўрмони қалин бўлса–да,

Душманлар уни кесиб ташлайди,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

Ахир, душманлар чигирткадан ҳам кўп,

Саноғига етиб бўлмайди.

24 Қиз Миср шарманда бўлади,

Шимолдаги халқнинг қўлига тушади.”

25 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен Нў шаҳрининг худоси Омонни жазолайман. Фиръавннинг, Мисрнинг, у ердаги шоҳлар ва худоларнинг, фиръавнга умид боғлаган ҳамманинг адабини бераман.

26 Уларнинг жонларига қасд қилаётган Бобил шоҳи Навухадназарнинг ва аъёнларининг қўлига бераман. Аммо вақт ўтиб, Мисрда илгаригидек одамлар яшайдиган бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.

Эгамиз Ўз халқини қутқаради

27 “Эй қулим Ёқуб, қўрқма!

Эй Исроил халқи, саросимага тушма!

Мен сени олис юртдан озод қиламан,

Наслингни сургун бўлган мамлакатдан қутқараман.

Эй Ёқуб насли, сен юртингга қайтасан,

Осойишта ва бехатар яшайсан.

Энди ҳеч ким сени қўрқитмайди.

28 Сен, эй қулим Ёқуб, қўрқма,

Мен сен билан бирга бўламан,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

Сени халқлар орасига тарқатиб юборган эдим,

Энди ўша халқларнинг ҳаммасини қириб ташлайман.

Сени эса қириб юбормайман,

Аммо жазосиз ҳам қолдирмайман.

Адолат ила жазоингни бераман.”

Филист халқининг тақдири

1 Фиръавн Ғазо шаҳрига ҳужум қилишидан олдин, Филист халқи ҳақида Эгамизнинг шу сўзлари Еремиёга аён бўлди:

2 Эгамиз айтмоқда:

“Қаранг, шимолда душманлар тўпланмоқда,

Улар тўлқинлар каби, пишқириб келмоқда.

Жўшқин дарё каби, тошиб ҳовлиқмоқда.

Улар тўфондай бутун юртни босиб кетади,

У ердаги ҳаммани —

Шаҳарлар ва одамларни чўктиради.

Халқ доду фарёд қилади,

Юрт аҳолиси фиғон чекади.

3 От туёқлари дупур–дупур уради,

Аравалар тарақ–туруқ қилади,

Ғилдираклар гурсиллайди.

Эркаклар ичидан зил кетадилар.

Ҳатто болаларини қутқаргани ҳам

Улар орқага қайтмайдилар.”

4 Ҳа, ўша кун келади,

Филист халқи қириб ташланади!

Омон қолган иттифоқчилари йўқ қилинади.

Тир ва Сидон шаҳарларига ёрдам келмайди,

Хафтўр соҳилларидан келган Филистларни

Эгамизнинг Ўзи йўқ қилади.

5 Ғазо аҳолиси қайғудан сочларини қирдиради,

Ашқалон одамларининг дами ичига тушиб кетади.

Эй Филист забардастларининг омон қолганлари!

Қачонгача ғам чекиб, баданингизни тиласиз?!

6 Филист халқи шундай деб ёлворади:

“Шўримиз қурсин! Эй Эгамизнинг қиличи!

Қачон тиниб–тинчийсан сен?!

Бўлди етар, тинчлана қол!

Қинингга кир, дамингни ол!”

7 Эвоҳ, Эгамизнинг Ўзи амр этган бўлса,

Қандай дам олсин у қилич?!

“Ашқалон шаҳрига ва соҳилга ҳужум қил” деган бўлса,

Қандай тинчлансин у қилич?!

Мўабнинг тақдири

1 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам Мўаб ҳақида шундай демоқда:

“Наво аҳолисининг ҳолига вой!

Уларнинг шаҳри хароб бўлади.

Хиратайим шармандаларча мағлуб бўлади,

Унинг қалъаси уятга қолади,

Ер билан яксон қилинади.

2 Мўабнинг довруғидан асар ҳам қолмайди.

Душман Хашбон шаҳрини қўлга киритади,

Мўаб халқини илдизидан қуритишни режа қилади.

Мадмон шаҳрида сукунат ҳукм суради,

Қилич унинг изига тушади.

3 Ана, Хўронайимдан фарёд эшитилмоқда!

«Хонавайрон бўлдик!» дея хитоб қилишмоқда.

4 «Мўаб вайрон бўлди–ку!» дея додлашмоқда.

Гўдаклари биғиллаб йиғламоқда.

5 Одамлар аччиқ–аччиқ йиғлаб,

Лухит тепалигига чиқишади.

Ҳатто Хўронайимга тушиш йўлида

Аччиқ фиғон овозлари эшитилади.

6 Тезроқ қочинг!

Чўлдаги юлғундай

Жонингизни сақлаб қолишга тиришинг!

7 Эй Мўаб, сен куч ва бойлигингга таяндинг,

Энди эса мағлуб бўласан.

Худойинг Хамўш сургун қилинади,

Руҳонийларингу аъёнларинг асир қилиб олиб кетилади.

8 Сенинг ҳар бир шаҳрингга вайрон этувчи келади,

Бирорта шаҳринг омон қолмайди.

Водий вайрон қилинади,

Ясси тепалик яксон этилади.”

Эгамизнинг каломи шудир.

9 Мўаб учун қабр тоши тайёрланг,

Кўп ўтмай Мўаб йўқ бўлади.

Шаҳарлари вайрон қилинади,

Ҳаммаси ҳувиллаб қолади.

10 Эгамизнинг ишидан бўйин товлаган киши лаънати бўлсин! Қон тўкишдан ўзини тийган бундай киши лаънати бўлсин!

Мўаб шаҳарлари вайрон бўлади

11 “Мўаб ёшлигидан бехатар ўсган,

Тиндирилган шароб каби тинч яшаган.

Гўё бир идишдан бошқасига қуйилмаган,

Ҳеч қачон ўз юртидан сургун бўлмаган.

Шу боис унинг таъми ўзгармаган,

Муаттар ҳиди сақланиб қолган.

12 Аммо шундай кунлар келмоқдаки,

Мен Мўабга қарши одамларни жўнатаман,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

Улар Мўабни шароб тўккандай тўкиб ташлайдилар.

Идишларини бўшатиб, чилпарчин қиладилар.

13 Мўаб халқи ўз худоси Хамўш дастидан шарманда бўлади,

Исроил халқининг ҳолига тушади.

Ахир, Исроил ҳам Байтилдаги бузоққа инониб,

Шармандаи шармисор бўлган эди–ку!”

14 “Биз қаҳрамонлармиз,

Жасур жангчилармиз”, деб

Айтишга қандай ҳаддингиз сиғди?

15 Худо Шоҳдир,

Сарвари Оламдир Унинг номи.

У шундай демоқда:

“Мўаб вайрон бўлади,

Шаҳарлари босиб олинади.

Энг сара йигитлари қириб ташланади.

16 Мўабга кулфат яқинлашмоқда,

Фалокат унга елдай учиб келмоқда.

17 Эй Мўаб қўшнилари, қайғуринглар,

Эй Мўабни таниганлар, мотам тутинглар.

Айтинглар: «Эвоҳ, салтанат ҳассаси синди.

Қудратли ва улуғвор ҳасса парчаланди.»

18 Эй Дибонда яшайдиганлар,

Тўрдаги ўрнингиздан туринглар,

Ердаги тупроққа ўтиринглар.

Зеро, Мўабни ҳалок этувчи сизга қарши чиқади,

У қўрғонларингизни қулатади.

19 Эй Арорда яшайдиганлар,

Кўчага чиқиб кузатиб туринглар!

Қочиб кетаётган эркагу аёллардан

«Нима бўлди?» деб сўранглар.

20 Эвоҳ, Мўаб шарманда бўлди, вайрон қилинди.

Уввос солиб, фарёд қилинглар!

Мўаб хароб бўлганини

Арнон дарёси бўйларида эълон қилинглар.

21 Мен ясси тепаликларда жойлашган ҳамма шаҳарларни: Хўлунни, Яхазни, Мифатни,

22 Дибонни, Навони, Байт–Диблатайимни,

23 Хиратайимни, Байт–Гамулни, Байт–Миённи,

24 Харийўтни, Бозрахни жазолайман. Хуллас, узоқ–яқинда жойлашган ҳамма Мўаб шаҳарлари вайрон бўлади.

25 Мўабнинг қудрати синади, кучи кесилади.” Эгамизнинг каломи шудир.

Мўаб шарманда бўлади

26 Ўзини Эгамиздан устун қўйган Мўабни маст қилинглар. Ўз қусуғида ўзи думалаб ётсин, одамларга кулги, масхара бўлсин.

27 Эй Мўаб, эсингдами, Исроил устидан кулган эдинг! У ўғримидики, у ҳақда гапирганингда бошингни чайқаган эдинг!

28 Эй Мўаб аҳолиси!

Шаҳарларни тарк этинг,

Қоялар орасида яшаб юраверинг.

Тоғ дарасида ин қурган кабутарлардай бўлинг.

29 Эшитганмиз Мўабнинг мағрурлигини,

Манманлиги, киборлиги, такаббурлигини!

Нақадар такаббурдир у!

Ниҳоятда гердайиб кетган!

30 Эгамиз шундай демоқда:

“Мен бу халқнинг сурбетлигини биламан.

Улар беҳуда мақтанадилар.

31 Шундай экан, Мўаб учун Мен йиғлайман,

Бутун Мўаб халқи учун фарёд қиламан.

Хир–Харасот аҳолиси учун кўз ёш тўкаман.

32 Эй Сивмо қишлоғининг узумзорлари,

Мен ҳам, Язир шаҳри сингари, сизлар учун қайғураман.

Сизнинг новдаларингиз ўсиб кетди,

Ҳатто Ўлик денгиздан ҳам ошиб ўтди,

Шохларингиз Язир шаҳригача етди.

Аммо ёзги мевалар ва узумларингизга

Зараркунандалар тушди.

33 Мўабнинг ҳосилдор ерларида

Шодлигу хурсандчилик барҳам топди.

Мен узум сиқиш чуқурларидаги

Шаробни тортиб оламан.

Энди ҳеч ким шодликдан ҳайқириб узум эзмайди,

Шодон қийқириқлар энди эшитилмайди.

34 Хашбон, Элалей аҳли фарёд чекади,

Уларнинг овози Яхазгача эшитилади.

Садоси Зўвардан Хўронайимгача жаранглайди,

То Эглат–Шалишиёгача етиб боради.

Ҳатто Нимрим сувлари нобуд бўлади.

35 Мўаб саждагоҳларида қурбонлик қилганларни ўлдираман,

Ўз худоларига атаб тутатқи тутатганларни йўқ қиламан,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

36 Қалбим най каби нола қилиб,

Мўаб учун қайғурмоқда.

Ҳа, қалбим най каби,

Хир–Харасот одамлари учун йиғламоқда.

Ахир, уларнинг йиққан бойлиги йўқ бўлди.

37 Қайғудан ҳамма сочини олдирган,

Ҳамма соқолини қириб ташлаган,

Ҳамма қўлларини тилган,

Белларига қанор ўраб олган.

38 Мўабдаги ҳамма томлар устида,

Ҳамма шаҳар майдонларида

Фақат марсия айтилади.

Зотан, Мен Мўабни синдириб ташлайман,

Кераксиз идишдай чилпарчин қиламан,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

39 Мўаб чил–чил синади!

Одамлари аччиқ–аччиқ йиғлайди!

Шармандаликдан Мўаб юзини яширади!

Мўаб ҳаммага масхара бўлади,

Унинг аҳволидан қўшни халқлар ваҳимага тушади.”

Мўаб душманлардан қутула олмайди

40 Эгамиз шундай демоқда:

“Қаранглар!

Душман бургут сингари, Мўабга ҳужум қилмоқда,

Қанот кериб Мўаб узра парвоз этмоқда.

41 Мўаб шаҳарлари энди олинади,

Қалъалари қўлга киритилади.

Ўша куни Мўаб лашкарлари ваҳимага тушади,

Улар дард тутган аёл каби бўлиб қолади.

42 Ахир, Мўаб ўзини Мендан устун қўйди,

Энди у нобуд бўлади.

43 Эй Мўаб аҳли, сизни ваҳима,

Тузоқ ва чоҳ кутмоқда!

— деб айтмоқда Эгамиз. —

44 Ваҳимадан қочган чуқурга тушар,

Чуқурдан чиққан эса тузоққа илинар.

Мен Мўабнинг бошига

Жазо йилини келтираман,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

45 Ҳолдан тойган қочоқлар

Хашбон шаҳри соясида тўхтайди.

Аммо олов чиқади Хашбон шаҳридан,

Аланга чиқади шоҳ Сихўннинг шаҳридан.

Ёнғин бутун Мўаб юртини ямлаб ютади,

Исёнкор одамларнинг бошини ейди.

46 Эй Мўаб, ҳолингга вой!

Хамўшга сиғинганлар нобуд бўлади,

Ўғил–қизларинг асирликка тушади.

47 Аммо кейинчалик

Мен Мўаб халқини яна фаровонликка эриштираман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

Мўаб тўғрисидаги башоратлар ўз ниҳоясига етди.

Эгамиз Оммон халқини ҳукм қилади

1 Эгамиз Оммон халқи тўғрисида шундай дейди:

“Исроил тирноққа зормиди?!

Унинг меросхўри йўқмиди?!

Нимага унда Мўлахга топинадиганлар

Гад ҳудудини эгаллаб олишди?

Нимага Оммон халқи Гад шаҳарларида яшаяпти?

2 Бу қилмишлари учун шундай кунлар келадики,

Мен Оммонликларнинг Рабба шаҳрига қарши уруш эълон қиламан,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

Рабба шаҳрини вайроналар уюмига айлантираман,

Атрофдаги қишлоқларига ўт қўяман.

Шунда Исроил халқи Оммон босқинчиларининг ерларини босиб олади,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

3 Дод сол, эй Хашбон!

Ай шаҳри вайрон бўлди!

Эй Рабба аҳолиси, фарёд қилинг!

Қанорга ўраниб, марсия айтинг,

Қайғудан баданингизни тилинг.

Ахир, худойингиз Мўлах сургун қилинади,

Руҳонийлару аъёнларингиз асирга олиб кетилади.

4 Эй исёнкор қиз Оммон,

Нечун кучинг билан мақтанасан?

Сенинг кучинг қирқилади!

Сен бойлигингга ишонасан,

«Бизга ҳужум қилишга ким журъат этар?» дейсан.

5 Мен Ўзим сенга ҳар томондан даҳшат соламан,

— деб айтмоқда Сарвари Олам — Раббий. —

Ҳаммангиз тумтарақай бўлиб қочасизлар,

Қочоқларни ҳеч ким тўплай олмайди.

6 Аммо шундан сўнг

Мен Оммон халқини яна фаровонликка эриштираман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

Эдом халқи ҳукм қилинади

7 Сарвари Олам Эдом ҳақида шундай демоқда:

“Темонда фаросатли киши қолмадими?

Оқилона насиҳат берадиган топилмадими?

Ақлларини моғор босдими?

8 Эй Дедонликлар, қочинглар,

Чуқур ғорларда бекиниб олинглар!

Вақт келди Эсов наслини жазолашга,

Фалокат келтираман унинг бошига.

9 Боғингизда узум терган одамлар

Бир–икки бош бўлса–да, узум қолдиради–ку!

Кечаси уйга тушган ўғри

Фақат хоҳлаган нарсасини олади–ку!

10 Мен эса Эсовнинг бор–йўғини тортиб оламан,

Унинг пана жойларини ошкор қиламан,

У ҳеч қаерга яширина олмайди.

Унинг болалари ҳалок бўлади,

Оға–ини, қўшнилари ўлади.

Ундан асар ҳам қолмайди.

11 Етимларингизни қолдиринг,

Уларнинг жонини асрайман.

Беваларингиз Менга инониб яшасин.”

12 Эгамиз шундай демоқда: “Айбсиз одамлар жабр тортса–ю, сен, эй Эдом, жазосиз қоласанми?! Йўқ, сен жазодан қочиб қутулолмайсан. Жазо косасидан албатта ичасан.

13 Ўз номим билан қасам ичиб айтаманки, Бозрах шаҳри вайрон бўлади. Унинг аянчли аҳволи одамларни ваҳимага солади. Ўтган–кетганлар уни мазах қилиб, номини қарғишларда ишлатади. Ён–атрофидаги ҳамма шаҳарлар ҳам то абад ташландиқ бўлиб қолади.” Эгамизнинг каломи шудир.

14 Эгамиз барча халқларга жарчи юборди,

Мен, Еремиёга шундай хабар етиб келди:

“Тўпланинг! Эдомга ҳужум қилинг,

Қани, жангга отланинг!”

15 Эгамиз дейди:

“Эй Эдом, сени халқлар орасида арзимас қилиб қўяман,

Бутун одамзод сендан ҳазар қиладиган бўлади.

16 Важоҳатинг сени алдади,

Такаббурлигинг сени аҳмоқ қилди.

Сен–ку тик қояда яшайсан,

Азим чўққиларни эгаллагансан.

Бургут каби инингни баланд қурган бўлсанг ҳам,

Сени у ердан тортиб тушираман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

17-18 Эгамиз шундай демоқда: “Эдомнинг бошига тушадиган кулфатлар шу қадар даҳшатли бўладики, бу юртнинг олдидан ўтган ҳар бир киши унинг аянчли аҳволидан ваҳимага тушиб, қотиб қолади. Садўм, Ғамўра ва уларнинг атрофидаги шаҳарлар қандай вайрон бўлган бўлса, Эдом ҳам худди шундай вайрон бўлади. У ерда ҳеч ким яшамайди.

19 Мен, Иордан чакалакзоридаги арслондай, яйловдаги қўйларга ҳужум қиламан. Бир зумда Эдом халқини ўз юртидан ҳайдаб чиқараман. Ўзим хоҳлаган инсонни у ерга бош қиламан. Ахир, ким Менга тенг кела олади?! Ким Мендан ҳисобот сўрай олади?! Қайси чўпон Менга қарши тура олади?!

20 Шундай экан, Эдом халқига қарши тузган режаларимни эшитиб қўйинг. Темон аҳолисига қилган ниятларимга қулоқ тутинг: йиртқичлар сурувдаги қўзичоқларни судраб кетади. Қилмишлари дастидан ям–яшил яйловлари пайҳон бўлади.

21 Эдом гурсиллаб қулаганда, ер юзи ларзага келади. Халқнинг доду войлари Қизил денгизгача эшитилади.

22 Қаранглар! Душман бургутдай Бозрахга ҳужум қилмоқда. Қанот кериб шаҳар узра парвоз этмоқда. Ўша куни Эдом лашкари дард тутган аёл каби ваҳимага тушади.”

Дамашқ ҳукм қилинади

23 Қуйидаги хабар Дамашқ ҳақидадир:

Эгамиз шундай дейди:

“Хомат билан Арпад аҳли шум хабар эшитишади,

Шунинг учун улар саросимага тушади.

Юрагига тушган ғулғула босилмайди,

Жўшқин денгиз каби тинчланмайди.

24 Дамашқ мадорсиз қолади,

Орқага қочмоқчи бўлади,

Бутун вужудини ваҳима қамраб олади.

Дард тутган аёлдай азобу қийноқда қолади.

25 Эвоҳ, машҳур шаҳар тарк этилади!

Қувонч макони ташлаб кетилади!

26 Ўша куни йигитлари майдонларда ўлади,

Ҳамма сипоҳлари ҳалок бўлади,

— деб айтмоқда Сарвари Олам. —

27 Мен Дамашқ деворларига ўт қўяман,

Олов Банҳадад қалъаларини ёндириб ташлайди.”

Кедар ва Хазор ҳукм қилинади

28 Бобил шоҳи Навухадназар мағлуб қилган Кедар ва Хазор шоҳликлари ҳақида Эгамиз шундай дейди:

“Қани бўлинг, Кедарга ҳужум қилинг!

Ўша шарқ қабилаларини ҳалок этинг!

29 Қўлга киритинг чодирларию қўйларини,

Чодир пардаларию бор бисотини.

Туяларини ўзингизга олинг.

Одамлар бақиради:

«Атрофни даҳшат қамради!»

30 Эй Хазор аҳолиси!

Қочинг! Узоқларга бош олиб кетинг.

Чуқур ғорларда яшириниб олинг,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

Зеро, Бобил шоҳи Навухадназар

Сизларга қарши бир режа тузди,

Сизларни ҳалок этиш ниятида юрибди.

31 Эй Бобил лашкарлари,

Қани, хотиржам бўлган халққа ҳужум қилинглар!

Бехатар яшаётганларга ташланинглар!

— деб айтмоқда Эгамиз. —

Улар саҳрода ёлғиз яшайдилар,

Шаҳарларининг на дарвозалари, на тамбалари бор.

32 Уларнинг туяларини ўлжа оласиз,

Мол подаларини қўлга киритасиз.

Сочини олдириб юрган Хазорликларни

Мен тўрт томонга тарқатиб юбораман.

Уларнинг устига ҳар ёқдан кулфат ёғдираман,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

33 Хазор то абад ташландиқ бўлиб қолади,

Чиябўрилар маконига айланади.

У ерда ҳеч ким яшамайди,

У жойларга ҳеч ким бориб ўрнашмайди.”

Элам ҳукм қилинади

34 Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг илк даврида Эгамиз Еремиё пайғамбарга Элам юрти тўғрисида Ўз сўзини аён қилди.

35 Сарвари Олам демоқда: “Мен Элам мерганларини нобуд қиламан. Қудратининг манбаини синдираман.

36 Улар устига тўрт томондан душман соламан. Ҳаммасини ер юзининг тўрт томонига тарқатиб юбораман. Эламликлар қочиб бормаган бирон–бир юрт қолмайди.

37 Мен Эламни қасди бор душманлари қаршисида саросимага соламан. Қайнаган ғазабимни устиларига кулфат қилиб ёғдираман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Ортидан қилич солиб, ҳаммасини битта қолдирмай қириб ташлайман.

38 Уларнинг шоҳини аъёнлари билан бирга йўқ қиламан. Эламда Ўз тахтимни ўрнатаман.

39 Аммо кейинчалик Мен Элам халқини яна фаровонликка эриштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

Бобил мағлуб бўлади

1 Эгамиз Бобил юрти, Бобилликларнинг диёри хусусида Еремиё пайғамбар орқали шундай сўзларни айтди:

2 “Халқларга эълон қилинг, хабар етказинг!

Байроқ кўтариб, янгиликни айтинг.

Ҳеч нарса яширмай шундай жар солинг:

«Бобил қулайди,

Уларнинг худоси Бэл шарманда бўлади,

Худоси Мардух парча–парча қилинади.

Бобил бутлари хор бўлади,

Санамлари синдириб ташланади.»

3 Шимолдаги бир халқ Бобил устига бостириб келади. Улар бутун юртни вайрон қилишади. У ерда ҳеч ким яшамайдиган бўлади. Одамлар ва ҳайвонлар у ердан қочиб кетади.”

Исроил халқи сургундан қайтиб келади

4 Эгамиз шундай демоқда: “Ўша кунлар келганда, Исроил халқи Яҳудо халқи билан бирга кўз ёш тўкиб, Эгаси Худога интиладиган бўлади.

5 Улар юзларини Қуддус томон бурадилар, у ерга олиб борадиган йўлни сўраб–суриштирадилар. Эгасига боғланиб қоладилар, У билан унутилмас, абадий бир аҳд тузадилар.

6 Менинг халқим адашган қўйларга ўхшайди. Чўпонлари уларни йўлдан адаштириб, тоғларга ҳайдаб юбордилар. Улар тоғлару қирларда дарбадар кезиб, оромгоҳини унутдилар.

7 Қўйларимга дуч келган одам уларни еди. Душманлар шундай деди: «Бизнинг айбимиз йўқ. Уларнинг ўзлари Эгасига қарши гуноҳ қилди. Эгаси улар учун асил яйловдай эди, ота–боболари Эгасига умид боғлаган эди.»

8 Эй Исроил халқи, Бобилдан қочиб чиқинг! Бобилликларнинг юртини тарк этинг! Сурувни бошқариб кетаётган серкадай биринчи бўлиб чиқинг.

9 Мана, Мен шимолдаги қудратли халқларни Бобилга қарши қўзғатяпман. Улар саф тортиб, Бобилга ҳужум қиладилар. Бобил жангда мағлуб бўлади. Душман ўқларининг ҳаммаси тўғри нишонга тегади, уларнинг ўқлари мерганларнинг ўқларидайдир.

10 Бобил талон–тарож қилинади, ҳамма талончилари ўлжага тўяди.” Эгамизнинг каломи шудир.

Бобил қулайди

11 Эй Худонинг халқини талаган Бобилликлар!

Сизлар севиниб, хурсанд бўляпсизлар,

Яйловдаги бузоқдай шодон сакраяпсизлар,

Отлар каби кишнаяпсизлар.

12 Аммо билиб қўйинг, она юртингиз хор бўлади,

Сиз туғилган юрт оёқ ости қилинади.

Юртингиз халқлар орасида арзимас бўлиб қолади,

Чўл, қақроқ ер, саҳрога айланади.

13 Эгамиз Бобилга қаҳрини сочади,

У ерда ҳеч ким яшамайди.

Бутунлай ташландиқ бўлиб қолади.

У ердан ким ўтса ёқасини ушлайди,

Бобил харобаларини кўриб қотиб қолади.

14 Эй мерганлар!

Бобил атрофига саф тортинг!

Унга қарши ўқ узинг!

Ўқингизни сира аяманг.

Ахир, Бобил Эгамизга қарши гуноҳ қилди.

15 Ҳар ёқдан Бобилга шундай деб хитоб қилинг:

“Бобил таслим бўляпти,

Истеҳкомлари йиқиляпти,

Деворлари ўпирилиб тушяпти.”

Эгамизнинг қасосидир бу.

Сизлар ҳам Бобилдан ўч олинг,

Қилмишларини ўз бошига қайтариб солинг.

16 Бобилдаги уруғ сепувчиларни йўқ қилинг,

Ўрим мавсумида ўроқчиларни ўлдиринг.

Душман қиличидан ҳамма қочсин,

У ердаги асирлар ўз халқи орасига қайтсин,

Она юртига қочиб борсин.

Исроил тикланади

17 Исроил халқи шерлар ҳар ёққа тумтарақай қочириб юборган қўйларга ўхшайди. Илк бор Исроилга Оссурия шоҳи ташланган эди, Исроилнинг суякларини эса Бобил шоҳи Навухадназар ғажиган эди.

18 Шу сабабдан Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен Оссурия шоҳини қандай жазолаган бўлсам, Бобил шоҳини ва унинг юртини ҳам худди шундай жазолайман.

19 Исроилни ўз яйловига қайтариб олиб келаман, улар Кармил тоғининг ён бағирларида ва Башанда ўтлаб юрадилар. Эфрайим қирларида ва Гиладда юриб, қоринларини тўйғизадилар.

20 Ўша кунлар келганда Исроилдан бирон гуноҳ топилмайди, Яҳудо ҳам бенуқсон бўлади, — деб айтмоқда Эгамиз. — Зеро, Мен асраган халқимнинг гуноҳларини кечираман.”

Худо Бобилни ҳукм қилади

21 Эгамиз шундай демоқда:

“Маротайим юртига бостириб боринглар,

Пахўд аҳолисига ҳужум қилинглар,

Уларни тамомила қириб битиринглар.

Сизларга Мен буюрган ҳамма ишни бажаринглар.

22 Бобилдан жанг шовқин–сурони кўтарилмоқда,

Ҳамма ёқ харобага айланмоқда.

23 Бобил бутун дунёни болғадай парча–парча қилди,

Эҳ, энди ўзи синиб парчаланиб кетди!

Бобилнинг аҳволи халқларни ваҳимага солди.

24 Эй Бобил, Мен сенга тузоқ қўйгандим,

Билмасдан тузоғимга тушиб қолдинг.

Сени фош қилдим, қўлга олдим.

Ахир, сен Менга қарши чиққан эдинг.”

25 Эгамиз Ўз аслаҳахонасини очди,

Ғазаб қуролларини олиб чиқди.

Сарвари Олам — Раббий

Бобилликлар юртида бир иш қилишга шайланди.

26 Узоқ юртлардан Бобилга ҳужум қилинг!

Омборхона эшикларини бузинг!

Бобилни дон уюмларидай йиғинг,

Ҳаммасини йўқ қилинг.

Ундан асар ҳам қолмасин!

27 Ёш жангчиларини ўлдиринг,

Ҳаммасини қириб ташланг.

Бобилнинг ҳолига вой, унинг куни битди,

Жазо оладиган вақти етди.

28 Бобилдан қочиб келганларнинг гапларини эшитинг. Улар Қуддусга келиб, Эгамиз Худо Ўз Маъбади учун қасос олганини эълон қилишмоқда.

29-30 Эгамиз шундай демоқда: “Бобилга ҳужум қилиш учун камонкашларни йиғинглар. Шаҳарни қуршовга олинглар, биронта одам қочиб кета олмасин. Бобилликларнинг қилган ишига яраша жазосини беринглар, қилмишларини ўз бошига қайтариб солинглар. Зеро, улар Менга, Исроил халқининг Муқаддас Худосига нисбатан такаббурлик қилдилар. Ўша куни Бобилликларнинг йигитлари майдонларда ўлиб кетади, ҳамма сипоҳлари ҳалок бўлади.”

31 Сарвари Олам — Раббий шундай демоқда:

“Эй такаббур Бобил, Мен сенга қарши чиқяпман!

Сенинг кунинг битди,

Сени жазолайдиган вақт етди.

32 Бу такаббур халқинг қоқилиб тушади,

Сени ҳеч ким турғизиб қўймайди.

Мен ҳамма шаҳарларингга ўт қўяман,

Олов атрофдаги ҳамма нарсани ёндириб юборади.”

33 Сарвари Олам шундай демоқда: “Исроил ва Яҳудо халқлари зулм исканжасида қолишди. Душманларнинг ҳаммаси уларни қаттиқ тутиб турибди. Уларни қўйиб юборишдан бош тортяпти.

34 Аммо Мен уларнинг қудратли Қутқарувчисиман, Менинг номим Сарвари Оламдир. Мен халқимни астойдил ҳимоя қиламан, уларнинг юртига ором бераман. Бобилликларни эса тинчликдан маҳрум қиламан.”

35 Эгамиз шундай демоқда:

“Бобилликларга ўлим!

Бутун Бобил аҳолисига,

Аъёнларию донишмандларига ўлим!

36 Фолбинларига ўлим!

Нақадар аҳмоқдир улар!

Жангчиларига ўлим!

Нақадар ваҳимага тушган улар!

37 Отларию жанг араваларига ўлим!

Ёлланган жангчиларига ўлим!

Аёлларга ўхшаган заифдир улар!

Зеб–зийнату бойликларини йўқ қилинг,

Таланг, ўлжа қилиб олинг.

38 Бутун юртга қурғоқчилик келсин!

Дарёлари қуриб кетсин.

Зеро, бу юрт бутлар макони бўлди,

Ваҳимага солган ўша бутлар дастидан

Одамлари ақлдан озди.

39 Шунинг учун Бобилда сиртлонлару туяқушлар яшайди. У ер ёввойи дашт ҳайвонларининг маконига айланади. Инсон зоти энди у ерда ҳеч қачон яшамайди, Бобил то абад бўм–бўш бўлиб қолади.

40 Садўм, Ғамўра ва уларнинг атрофидаги шаҳарлар қандай вайрон бўлган бўлса, Бобил ҳам шундай вайрон бўлади. У ерда ҳеч ким яшамайди.” Эгамизнинг каломи шудир.

41 Ана, шимолдан оломон келмоқда.

Дунёнинг четидан

Буюк бир халқу кўп шоҳлар қўзғалмоқда.

42 Камону найзалар билан қуролланган улар,

Шафқат қилмайдиган золимдир бу одамлар.

Улар отларини елдиради,

Денгиздай гувиллаб келади.

Эй қиз Бобил, улар сенга қарши чиқади,

Жанг қилгани саф тортишади.

43 Бобил шоҳи бу хабарни эшитди,

Қўлларида мадор қолмади.

Дард тутган аёл каби

Азобу изтиробда қолди.

44 Эгамиз шундай дейди: “Мен, Иордан чакалакзоридаги арслондай, яйловдаги қўйларга ҳужум қиламан. Бир зумда Бобил халқини ўз юртидан ҳайдаб чиқараман. Ўзим хоҳлаган инсонни у ерга бош қиламан. Ахир, ким Менга тенг кела олади?! Ким Мендан ҳисобот сўрайди?! Қандай чўпон Менга қарши тура олади?!

45 Шундай экан, Бобил юртига қарши Мен тузган режаларни эшитинглар. Бобил халқи тўғрисида қилган ниятларимга қулоқ тутинглар: йиртқичлар сурувдаги қўзичоқларни судраб кетади. Қилмишлари дастидан ям–яшил яйловлари пайҳон бўлади.

46 Бобил гурсиллаб қулаганда, ер юзи ларзага келади, халқнинг доду войлари олисдаги элларга эшитилади.”

Эгамиз Бобилни ҳукм қилишда давом этади

1 Эгамиз шундай демоқда:

“Мен Бобилга ва унинг аҳолисига қарши,

Ҳалокат келтирадиган шамол қўзғатаман.

2 Бобилга ажнабийларни жўнатаман.

Улар буғдойни совургандай,

Бобилни совуриб ташлайдилар.

Унинг бор–йўғини шилиб оладилар.

Кулфат куни унга ҳар ёқдан ёпириладилар.

3 Бобил камонкашларининг совут кийишига,

Ўқ узишларига имкон берманг.

Бобил йигитларига раҳм қилманг!

Лашкарини тамомила қириб битиринг.

4 Улар Бобил юртида чопиб ташланадилар,

Кўчаларида оғир яраланиб ётадилар.”

5 Исроил ва Яҳудо халқлари

Сарвари Олам олдида гуноҳ қилган бўлсалар ҳам,

Худоси уларни тарк этмади.

Исроил халқининг Муқаддас Худоси улардан юз ўгирмади.

6 Бобилдан қочиб чиқинглар!

Жонингизни қутқариб қолинглар!

Бобилнинг гуноҳи туфайли қирилиб кетманглар,

Зотан, Эгамиз Бобилдан ўч олмоқда,

Қилган қилмишларига яраша жазосини бермоқда.

7 Бобил Эгамизнинг қўлидаги олтин косадай эди,

Бобил бутун дунёни маст қилди.

Дунё халқлари косадаги шаробдан ичди,

Ҳаммаси ақлдан озди.

8 Бобил бирданига қулайди, вайрон бўлади.

У учун фарёд қилинг!

Яраларига малҳам суртинг,

Зора тузалиб қолса!

9 Бобилда яшаган ажнабийлар айтишади:

“Бобилни тузатмоқчи эдик, аммо у тузалмади.

Энди уни ташлаб кетайлик,

Ҳар биримиз юртимизга қайтиб кетайлик.

Ахир, Бобилнинг жазоси бошидан ошди,

Кўкдаги булутларгача етиб борди.”

10 Исроил халқи дейди:

“Эгамиз бизни оқлади.

Юринглар, Қуддусга борайлик,

Эгамиз Худонинг буюк ишларини

У ерда эълон қилайлик.”

11 Эгамиз Ўз Маъбади учун Бобилликлардан ўч олмоқчи бўлди. У бутун Бобил юртини вайрон қилишни режалаштириб қўйган эди. Режасини амалга ошириш учун Мидия шоҳларини Бобилга қарши қўзғатиб, шундай деган эди:

“Ўткирланг ўқларни!

Тўлдиринг ўқдонларни!”

12 Бобилга қарши байроқ кўтаринг.

Қўриқчилар сафини кучайтиринг,

Соқчилар қўйинг.

Пистирма қўйишга тайёр туринг.

Эгамиз режаларини амалга оширади,

Бобилга қарши айтганларини бажаради.

13 Эй сероб сувлар бўйидаги шаҳар,

Бой хазинага эга бўлган шаҳар!

Сенинг кунинг битди.

Ҳаётинг ипи узилди.

14 Сарвари Олам Ўз номи билан қасамёд қилиб деди:

“Чигирткадай гала–гала душманни сенга қарши юбораман.

Улар юртинг узра ғолибона ҳайқиради.”

Худога ҳамду сано қўшиғи

15 Эгамиз қудрати ила ерни яратди,

Донолиги ила дунёни бунёд этди,

Идроки ила осмон гумбазини ўрнатди.

16 Унинг овозидан осмондаги сувлар гулдурайди,

У дунёнинг тўрт бурчидан булутларни олиб келади.

Ёмғир ёғдирганда чақмоқ чақтиради,

Омборларидаги шамоллардан эстиради.

17 Унинг олдида ҳамма одамлар аҳмоқ ва нодондир.

Заргарлар ясаган бутлари туфайли шарманда бўлишади.

Ясаган санамлари сохтадир, уларнинг жони йўқ.

18 Бу бетайин бутлар алдамчидир.

Уларни жазолаганим заҳоти йўқ бўлишади.

19 Ёқубнинг Худоси эса ундай эмас.

Бутун борлиқни У яратган,

Исроил қабиласини Ўзига мулк қилган.

Унинг номи Сарвари Оламдир.

Эгамизнинг болғаси

20 Эгамиз шундай дейди:

“Эй Бобил, сен Менинг болғам, уруш қуролимсан.

Сен билан эздим Мен халқларни,

Сен билан парчаладим шоҳликларни.

21 Сен билан пачақладим отлару чавандозларни,

Мажақладим жанг араваларию аравакашларни.

22 Сен билан эздим эркагу аёлларни,

Сен билан урдим ёшу қариларни,

Сен билан ўлдирдим йигиту қизларни,

23 Сен билан эздим чўпонлару уларнинг сурувларини,

Сен билан урдим деҳқонлару уларнинг ҳўкизларини,

Сен билан ўлдирдим ҳокимлару аъёнларни.”

Бобилнинг жазоси

24 Эгамиз шундай демоқда: “Қуддусга қилган барча ёвузликлари учун Бобилликларни ва бутун Бобил юртини сизнинг кўзингиз олдида жазолайман.

25 Эй Бобил, сен тоғдай бўлиб,

Бутун дунёни вайрон қилдинг.

Шу боис Мен сенга қаршиман!

— деб айтмоқда Эгамиз. —

Мен сенга қарши қўл кўтараман,

Сени қоялардан пастга думалатиб юбораман,

Куйиб хароб бўлган тоққа айлантираман.

26 Сендан на тамал тоши,

На пойдевор учун тош олинади.

Сен то абад ташландиқ бўлиб қоласан.”

Эгамизнинг каломи шудир.

27 Байроқни кўтаринг!

Халқларга бурғу чалинг!

Халқларни Бобилга қарши урушга тайёрланг.

Арарат, Миннах ва Ашканоз шоҳликларини

Унга қарши тўпланг.

Бобилга қарши жанг қиладиган лашкарбошини тайинланг,

Чигиртка галасидай кўп отлар келтиринг.

28 Халқларни Бобилга қарши урушга тайёрланг.

Мидия шоҳларини, уларнинг ҳокиму аъёнларини,

Уларнинг қўли остидаги ҳамма юртларни

Бобилга қарши сафарбар қилинг.

29 Бутун дунё дағ–дағ титрамоқда,

Зеро, Эгамиз Ўз режасини амалга оширмоқда.

Бобил вайрон бўлади,

Эвоҳ, кимсасиз ҳувиллаб қолади.

30 Бобил сипоҳлари жангдан воз кечишади,

Қалъаларида писиб ётишади.

Уларнинг мадори қолмайди,

Аёллардай заиф бўлиб қолишади.

Бобилнинг душмани шаҳар биноларига ўт қўяди,

Шаҳар дарвозаларини бузади.

31 Чопар кетидан чопар югурар,

Хабарчи кетидан хабарчи келар.

Бобил шоҳига шундай хабар етказмоқчи улар:

“Шаҳрингиз қулади,

32 Дарёнинг кечув жойлари қўлга олинди,

Тўқайларга ўт қўйилди,

Сипоҳлар саросимага тушди.”

33 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда:

“Қиз Бобил хирмондаги буғдойга ўхшайди.

Тез орада ўрим вақти етиб келади,

Ҳадемай у янчилади.”

34 Қуддус аҳолиси шундай деди:

“Бобил шоҳи Навухадназар бизни ғажиди, эзди,

Бизни бўм–бўш идишдай қилиб қўйди.

У аждарҳодай бизни ямлади,

Лаззатли нарсаларимиз билан қорнини тўйғизди,

Кейин эса бизни тупуриб ташлади.”

35 Қуддус аҳолиси айтсин:

“Мажақланган танам учун Бобилдан ўч олинсин”, дея.

Сион аҳолиси айтсин:

“Тўкилган қоним учун Бобилликлар жазолансин”, дея.

Эгамиз Исроилга ёрдам беради

36 Эгамиз шундай демоқда:

“Мен даъвоингизни эшитиб,

Сизни ҳимоя қиламан.

Сизлар учун ўч оламан.

Бобилнинг булоғини қуритаман,

Дарёларини сувсиз қолдираман.

37 Бобилни бир уюм тошга айлантираман,

Чиябўриларнинг макони қиламан.

Бобилнинг аҳволидан одамлар даҳшатга тушади,

Уни кўрганлар қотиб қолади.

У ерда бирон кимса яшамайди.

38 Бобилликлар шер каби ўкиришади,

Шер болаларидай бўкиришади.

39 Айни қизишган пайтларида

Уларга ўткир ичимликдан ичираман.

Уларни масту шодон қиламан.

Сўнг улар абадий уйқуга кетишади,

Ҳеч қачон уйғонишмайди,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

40 Мен уларни қўзичоқ, қўчқор ва такалардай

Қассоб олдига олиб бораман.

Бобилнинг қисмати тўғрисидаги ашула

41 Эҳа, Бобил шаҳри қулади–я!

Бутун дунё ғурури мағлуб бўлди–я!

Унинг қисматидан халқлар даҳшатга тушди!

42 Денгиз сувлари Бобилни босди,

Шовқин тўлқинлар уни қоплаб олди.

43 Ана, шаҳарлари хароб бўлди,

Улар чўлу саҳрога айланди.

Энди у ерда ҳеч ким яшамайди,

Инсон қадами у ерга етиб бормайди.

44 Бобил худоси Бэлни Мен жазолайман,

Ютганларини оғзидан чиқараман.

Энди халқлар унинг олдига оқиб бормайди,

Бобил деворлари қулаб тушади.

Худо Бобилдаги Исроил халқига хабар беради

45 Эй халқим, чиқиб кет у ердан!

Қочиб қол Менинг қаҳримдан!

Жонингни қутқаргин!

46 Юртдаги миш–мишлар сизни қўрқитмасин,

Юрагингизга ғулғула солмасин.

Бир йил бир миш–миш бўлади,

Кейинги йили бошқаси чиқади.

Ҳа, юртдаги зўравонлик ҳақида миш–миш чиқади,

Шоҳлар орасидаги уруш ҳақида миш–миш тарқалади.

47 Мана, шундай кун келяптики,

Мен Бобилнинг сохта худоларини жазолайман.

Бутун Бобил юрти шарманда бўлади,

Кўчаларида жасадлар ётади.

48 Ҳа, Бобилга қарши шимолдан

Қирғин келтирувчи келади.

Шунда Бобилнинг ҳалокатидан

Еру осмон шодланади,

У ердаги барча мавжудот хурсанд бўлади,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

49 Ахир, Бобил Исроил халқининг умрига зомин бўлди,

Ер юзидаги кўп халқларнинг бошини еди,

Ана энди унинг қилмишлари ўзининг бошига етди.”

50 Эй қиличдан омон қолганлар!

Ўйланмасдан қочинглар!

Олис юртда Эгамизни эсланглар.

Қуддус ҳақида ўйланглар.

51 Сизлар айтасиз: “Шарманда бўлдик.

Ҳақоратлар эшитдик.

Юзимиз шувут.

Ахир, Эгамиз уйининг муқаддас хоналарини

Ажнабийлар оёқ ости қилди.”

52 Эгамиз эса шундай демоқда:

“Мана, шундай кунлар келяптики,

Мен Бобилнинг сохта худоларини жазолайман.

Бутун юрт узра

Ярадорларнинг фарёдлари эшитилади.

53 Бобил осмонга чиқиб олса ҳам,

Баланд қалъасини мустаҳкам қилса ҳам,

Мен унга қарши қирғин келтирувчини юбораман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

Бобил вайрон бўлади

54 Ана, Бобил халқидан доду фарёд кўтарилмоқда,

Бобил юртидан вайрон–талқон садолари келмоқда.

55 Эгамиз Бобилни вайрон қилади,

Шанғиллаган товушини ўчиради.

Душманлар шиддатли тўлқинлардай ўкиради,

Қулоқни тешгудек қилиб бақиради.

56 Қирғин келтирувчи Бобилга қарши чиқади,

Сипоҳларини асирликка олади.

Камонларини синдиради.

Ахир, Эгамиз жазолайдиган Худодир,

У роса Бобилнинг жазосини беради.

57 Худо Шоҳдир,

Сарвари Оламдир Унинг номи.

У шундай демоқда:

“Маст қиламан Бобил амалдорларию донишмандларини,

Ҳокимларини, аъёнларию жангчиларини.

Улар абадий уйқуга кетадилар,

Ҳеч қачон уйғонмайдилар.”

58 Сарвари Олам шундай демоқда:

“Бобилнинг қалин деворлари ер билан яксон қилинади,

Баланд дарвозалари ёндириб ташланади.

Эллар беҳуда тинкасини қуритади.

Халқларнинг тер тўкиб эришганлари оловга ем бўлади.”

Еремиёнинг башорати Бобилда овоза қилинади

59 Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг тўртинчи йили. Шоҳ Зидқиё Бобилга бормоқчи бўлиб йўлга отланганда, Еремиё пайғамбар Нериёнинг ўғли, Махсиёнинг невараси Сараёга кўрсатмалар берди. Сараё бу сафарда жавобгар бир шахс эди.

60 Еремиё ўрама қоғозга Бобилнинг бошига тушадиган барча кулфатларни батафсил баён қилиб ёздирган эди.

61 У Сараёга шундай тайинлади:

— Бобилга борганингдан кейин, ўрама қоғоздаги ҳамма сўзларни халққа баланд овозда ўқиб бер.

62 Кейин эса шундай хитоб қил: “Эй Эгам, Сен Ўзинг бу жойни вайрон қиламан, дегансан. Бу ерда на одамлар, на ҳайвонлар яшайди, бу жой то абад ташландиқ бўлади, деб айтгансан.”

63 Ўрама қоғозни ўқиб бўлганингдан кейин, унга бир тош боғлагин–да, Фурот дарёсининг ўртасига улоқтириб юбор.

64 Кейин шундай деб айт: “Бобил ҳам шунга ўхшаб чўкиб кетади. Эгамиз Бобилга ёғдирадиган кулфатлар туфайли Бобил ҳеч қачон ўнгланмайди. Унинг бутун аҳолиси ўлади.”

Еремиёнинг башоратлари тугади.

Қуддус қулайди

1 Зидқиё йигирма бир ёшида шоҳ бўлди ва Қуддусда ўн бир йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Хамутал бўлиб, Либналик Еремиёнинг қизи эди.

2 Зидқиё ҳам, Ёҳайиқим каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилгани учун

3 Эгамиз Қуддус ва Яҳудо халқидан ғоят ғазабланган, оқибатда уларни Ўз ҳузуридан қувиб юборган эди.

Зидқиё Бобил шоҳига қарши исён кўтарди.

4 Зидқиё ҳукмронлигининг тўққизинчи йили ўнинчи ойининг ўнинчи кунида Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусга қарши бор лашкарини тортиб келиб, шаҳарни қамал қилди. Шаҳар девори атрофида қамал иншоотлари ясатди.

5 Шоҳ Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йилигача шаҳар қамалда қолди.

6 Тўртинчи ойнинг тўққизинчи куни шаҳарда очарчилик шу қадар кучайдики, халқ бир бурда нонга зор бўлди.

7 Бобилликлар Қуддус деворини ёриб кирдилар. Улар Қуддусни ҳар томондан қуршаб олишган бўлсалар–да, Яҳудо сипоҳлари шоҳ билан бирга қочиб кетдилар. Улар тунда саройнинг боғи яқинидаги икки девор орасидаги дарвозадан чиқиб, Иордан водийси томонга қочган эдилар.

8 Аммо Бобил сипоҳлари шоҳнинг орқасидан қувиб, Ерихо текислигида унга етиб олдилар. Бутун лашкар эса шоҳни ташлаб қочиб кетди.

9 Бобил сипоҳлари шоҳ Зидқиёни ушлаб, Хомат юртидаги Ривло шаҳрига, Бобил шоҳи ҳузурига олиб келдилар. Бобил шоҳи Зидқиёни ҳукм қилди.

10 Ривлода Зидқиёнинг кўзи олдида ҳамма ўғилларини, сўнг Яҳудо аъёнларини қатл қилди.

11 Зидқиёнинг эса кўзларини ўйиб, уни кишанлаб қўйди. Бобил шоҳи уни ўзи билан Бобилга олиб кетди. Зидқиё умрининг охиригача зиндонда ётди.

Маъбад вайрон бўлади

12 Бобил шоҳи Навухадназар ҳукмронлигининг ўн тўққизинчи йили бешинчи ойининг ўнинчи кунида Бобил шоҳи хизматидаги қўриқчилар сардори Набизарадон Қуддусга кирди.

13 У Эгамизнинг уйига, шоҳ саройига, ҳар бир ҳашаматли иморатга, Қуддусдаги ҳамма уйларга ўт қўйди.

14 Қўриқчилар сардори бошчилигида бутун Бобил лашкари Қуддус деворларини йиқитди.

15 Набизарадон баъзи қашшоқларни, шаҳарда тирик қолганларни, Бобил шоҳи томонга ўтган қочоқлару қолган–қутган ҳунармандларни асир қилиб олиб кетди.

16 Узумчилик ва деҳқончилик билан машғул бўлсинлар дея, ҳеч вақоси йўқ, қашшоқ одамлардан баъзиларинигина қолдирди, холос.

17 Бобилликлар Эгамизнинг уйидаги бронза устунларни, араваларни, бронза ҳовузни парчаладилар, бронзанинг ҳаммасини Бобилга олиб кетдилар.

18 Эгамизнинг уйида хизмат пайтида ишлатиладиган буюмларни — қозонларни, куракларни, қайчиларни, тоғорачалар ва куракчаларни, барча бронза ашёларни ҳам олиб кетдилар.

19 Қўриқчилар сардори Набизарадон олтин ва кумушдан ясалган тоғораларни, оловкуракларни, тоғорачаларни, товоқларни, чироқпояларни, куракчаларни ва шароб назри учун ишлатиладиган идишларни ҳам олиб кетди.

20 Эгамизнинг уйи учун шоҳ Сулаймон ясаттирган иккита устунга, ҳовузга, ҳовуз остидаги ўн иккита буқага ва араваларга беҳисоб бронза сарф қилинган эди.

21 Ҳар бир устуннинг баландлиги 18 тирсак, тевараги 12 тирсак эди. Устунларнинг ичи кавак бўлиб, деворларининг қалинлиги тўрт энли эди.

22 Иккала устуннинг тепасида биттадан устунқош бор эди. Устунқошларнинг баландлиги 5 тирсакдан, атрофлари бронзадан ясалган тўрсимон безак ва анор тасвири билан безатилган эди.

23 Устунқошнинг ҳар бир томонига тўқсон олтита анор тасвири туширилган эди. Тўрсимон безакдаги анорларнинг сони ҳаммаси бўлиб юзта эди.

Яҳудо халқи Бобилга сургун қилинади

24 Қўриқчилар сардори Набизарадон олий руҳоний Сараёни, ундан кейинги руҳоний Зафаниёни ва учта дарвозабонни ҳам асирга олди.

25 Қуддусда қолган сипоҳларнинг лашкарбошисини, шоҳнинг еттита шахсий маслаҳатчисини, халқни лашкар сафига ёзган лашкарбошининг котибини ва халқдан шаҳарда қолган олтмиш кишини ҳам банди қилди.

26 Уларнинг ҳаммасини Ривлога, Бобил шоҳи ҳузурига олиб келди.

27 Бобил шоҳи уларни Хомат юртида — Ривлода қатл қилди. Шундай қилиб, Яҳудо халқи ўз юртидан сургун бўлди.

28 Навухадназар сургун қилган халқнинг сони қуйидагичадир: ҳукмронлигининг еттинчи йили 3023 нафар яҳудийни,

29 ўн саккизинчи йили Қуддус аҳолисидан 832 нафар кишини,

30 йигирма учинчи йили қўриқчилар сардори Набизарадон Яҳудодан 745 нафар кишини сургун қилди. Ҳаммаси бўлиб сургун қилинган халқнинг сони 4600 киши эди.

31 Яҳудо шоҳи Ёҳайихин Бобилга сургун қилинганига ўттиз етти йил бўлганда, Бобил тахтига Эвилмардух ўтирди. Эвилмардух ўша йилнинг ўн иккинчи ойи йигирма бешинчи куни Яҳудо шоҳи Ёҳайихинга марҳамат қилиб, уни зиндондан олиб чиқди.

32 Унга яхши муносабатда бўлди, Бобилга сургун қилинган бошқа шоҳлардан кўра, баландроқ мартаба берди.

33 Шундай қилиб, Ёҳайихин зиндон кийимларини ечди. Умр бўйи доимо Бобил шоҳининг дастурхонидан таом еди.

34 Умрининг охиригача Бобил шоҳи тарафидан кундалик эҳтиёжи ҳар доим қондирилди.