Ибронийлар

Ибронийлар

Худо Ўз Ўғли орқали охирги сўзини аён қилди

1 Худо қадимда ота–боболаримизга кўп марта ва турли тарзда пайғамбарлар орқали гапирган эди.

2 Бу охирги кунларда эса У бизга Ўз Ўғли орқали гапирди. Худо коинотни Ўғли орқали яратган ва Уни бутун борлиқнинг вориси қилиб тайин этган.

3 Ўғил — Худо шуҳратининг порлаши, Худо борлиғининг аниқ суратидир. У Ўзининг қудратли каломи билан коинотни асраб турибди. У Ўз жонини фидо қилиб, бизни гуноҳлардан поклади, сўнг самода Улуғвор Худонинг ўнг томонида ўтирди.

Худонинг Ўғли — фаришталардан олий

4 Дарҳақиқат, Худо Масиҳга “Ўғил” деб улуғ ном берди. Бу ном Масиҳ фаришталардан ниҳоятда юксак мартабага эга эканлигини кўрсатиб турибди.

5 Ахир, Худо биронта фариштага:

“Сен Менинг Ўғлимсан,

Бугун Мен Сенга Ота бўлдим”,

— деб айтмаган! Ёки:

“Мен Унга Ота бўламан,

У эса Менга Ўғил бўлади”,

— демаган!

6 Тўнғич Ўғлини бу дунёга яна юборишидан олдин эса Худо шундай деб айтади:

“Ҳамма фаришталарим Унга сажда қилсинлар.”

7 Фаришталар ҳақида эса Худо:

“Мен Ўз малакларимни шамолларга айлантираман,

Хизматкорларимни ловуллаган олов қиламан”,

— деганди.

8 Аммо Ўз Ўғлига У шундай деган:

“Сен Худосан, Сенинг тахтинг абадийдир,

Адолат ҳассаси шоҳлигинг ҳассасидир.

9 Сен солиҳликни севасан, қабиҳликдан нафратланасан.

Шу боис Мен Сени дўстларингдан устун қилдим,

Ҳа, Мен, Худойинг, шодлик мойини Сенга суртдим.”

10 Ўғлига яна шундай деган:

“Сен Раббийсан,

Азалда заминнинг пойдеворини Сен қўйгансан,

Самоларни Ўз қўлларинг ила яратгансан.

11 Улар йўқ бўлиб кетар, Сен тураверасан,

Еру осмон кийим каби эскириб кетади.

12 Кераксиз либосдай уларни тахлаб қўясан,

Тўзиб кетган кийимдай уларни алмаштирасан.

Сен эса ҳеч ўзгармассан,

Сен то абад яшайсан.”

13 Худо биронта фариштага:

“Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча,

Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин”,

— деб айтмаган.

14 Ахир, фаришталар бор–йўғи хизматчи руҳлардир! Худо уларни абадий ҳаётдан баҳраманд бўладиган одамларга хизмат қилиш учун юборган.

Буюк нажотга эътиборсиз бўлмайлик

1 Шу сабабдан биз бутун эътиборимизни эшитганларимизга қаратишимиз керак. Шунда ҳақиқатдан оғиб кетмаймиз.

2 Фаришталар орқали ота–боболаримизга берилган Худонинг қонуни мажбурий эди. Агар ўша қонунни бузган ва унга итоат этмаган одамлар ҳар бир қилмишига яраша жазоланган бўлса,

3 наҳотки биз буюк нажот хабарига эътиборсиз қолсак, жазодан қочиб қутула оламиз?! Ахир, дастлаб бу нажот хабарини бизга Раббимиз Исонинг Ўзи эълон қилди–ку. Раббимизга қулоқ солган шоҳидлар бу хабарнинг ҳақиқийлигини бизга тасдиқлашди.

4 Худо ҳам бу хабарни тасдиқлади: У аломату мўъжизалар ва турли ажойиботлар кўрсатди, Ўз хоҳиш–иродаси бўйича, Муқаддас Руҳнинг инъомларини улашиб берди.

Бизга нажот бериш учун Исо инсон бўлиб келди

5 Биз айтаётган келажак дунёни Худо фаришталарга тобе қилмади.

6 Аксинча, Муқаддас битикларда Худога шундай деб айтилган:

“Инсон зоти недирки, у ҳақда ўйлагайсан?!

Инсон ўғли недирки, Сен уни ардоқлагайсан?!

7 Сен уни қисқа вақтгагина фаришталардан паст қилдинг,

Кейин эса иззату шараф тожини унга кийгиздинг.

8 Бор нарсани унинг оёғи остига қўйдинг.”

“Бор нарсани унинг оёғи остига қўйдинг” дегани — Худо бутун борлиқни ўша Инсоннинг ҳокимиятига тобе қилганини билдиради. Ҳозирги кунда эса бутун борлиқ Унга тобе бўлганини биз кўраётганимиз йўқ.

9 Аммо “қисқа вақтгагина фаришталардан паст бўлган” Инсонни, яъни Исони биз кўриб турибмиз. У инсон бўлиб келди, Худонинг инояти туфайли бутун инсоният учун азоб чекиб, ўлди. Шу сабабдан энди “иззату шараф тожини кийди.”

10 Худо ҳамма нарсани яратган ва ҳамма нарса Унинг улуғворлиги учун мавжуддир. У кўп инсонларни Ўз улуғворлигидан баҳраманд қилиш учун нажотга эриштирмоқчи бўлди. Исо одамларни нажотга бошлаб борсин деб, Худо Уни азоб–уқубатлар орқали баркамол Сардор қилиб тайёрлади.

11 Инсонларни гуноҳлардан покловчи Исо ва покланган инсонларнинг ҳаммаси бир оилага мансубдир. Шу сабабдан Исо уларни биродарларим деб аташдан ор қилмай, Худога шундай дейди:

12 “Биродарларимга Сен ҳақингда айтаман,

Жамоа орасида Сенга ҳамду сано ўқийман.”

13 Исо яна шундай дейди:

“Умидим Худодадир”,

сўнг яна айтади:

“Худо берган фарзандларим билан бирга Мен шу ердаман!”

14 Бу фарзандлар фоний бандалар бўлганлари учун, Исо ҳам, улар сингари, инсон бўлди. Зеро, У Ўз ўлими орқалигина ўлим келтирувчи иблиснинг қудратини йўқ қила олди ва

15 умр бўйи ўлим қўрқувига қул бўлган одамзодни озод қилишга муваффақ бўлди.

16 Исо фаришталарни эмас, балки Иброҳимнинг наслини қулликдан қутқаргани аниқ.

17 Шу сабабдан, У ҳар жиҳатдан биродарларига ўхшаган бўлиши шарт эди. Шундагина У халқни гуноҳларидан поклай оладиган, Худонинг хизматидаги раҳмдил ва содиқ Олий руҳоний бўла оларди.

18 Исонинг Ўзи синовдан ўтиб, азоб чекди. Шунинг учун У синовдан ўтаётганларга ёрдам бера олади.

Исо Масиҳ — Мусо пайғамбардан юқори

1 Эй биродарларим, сизлар Худонинг азиз халқисизлар. Худо сизларни Ўз ҳузурига киришга даъват этган. Келинглар, Худонинг Элчиси ва биз эътироф этган эътиқодимизнинг Олий руҳонийси Исо ҳақида мулоҳаза қилайлик.

2 Худо Исони Олий руҳоний қилиб тайинлади. Мусо Худонинг хонадонида содиқ хизматкор бўлгани каби, Исо ҳам Худога содиқ бўлди.

3 Бироқ Исо Мусодан кўра, кўпроқ улуғворликка лойиқ бўлди. Ахир, уйнинг ўзи эмас, уни қурган одам кўпроқ эътиборга сазовор–ку!

4 Албатта, ҳар бир уйнинг қурувчиси бор, аммо аслида бутун борлиқнинг бинокори — Худо.

5 Мусо содиқ қул эди. У Худонинг бутун халқи орасида энг ишончлиси бўлиб, унинг хизмати келажакда ошкор бўладиган илоҳий ҳақиқатнинг шарпаси эди, холос.

6 Масиҳ эса содиқ Ўғил эди. Унга Худонинг хонадонини бошқариш топширилди. Худонинг хонадони эса бизмиз. Биз фақат жасур бўлиб, умидимизни маҳкам тутишимиз керак. Ахир, биз бу умидимиз билан фахрланамиз.

Имондан қайтманглар!

7 Шундай экан, Муқаддас Руҳнинг айтган ушбу гапларини ёдингизда тутинг:

“Қанийди, бугун Менинг овозимга қулоқ солсангиз!

8 Менга қарши исён қилган оталарингиздай тош юрак бўлманглар,

Мени саҳрода синаган ўша аждодларингиздай бўлманглар.

9 Оталарингиз қирқ йил қилган ишларимни кўрса ҳам,

У ерда Мени синаб кўрдилар.

10 Шу боис Мен бу наслдан ғазабланиб, дедим:

«Улар доим Мендан юз ўгиришади,

Амрларимга бўйсунишдан бош тортишади.»

11 Шунинг учун ғазабланиб, онт ичдим:

«Улар фароғат диёримга кирмайди», дедим.”

12 Эй биродарларим, эҳтиёт бўлинглар! Ёмон ниятга қалбингиздан ўрин берманглар, Худога бўлган ишончингизни йўқотманглар. Акс ҳолда, бу иллатлар сизларни барҳаёт Худодан қайтаради.

13 Ҳар кунни Муқаддас битиклардаги “бугун” деб билиб, бир–бирингизга насиҳат қилинглар. Тағин бирортангиз гуноҳга алданиб, юрагингизни тош қилманглар.

14 Ахир, биз Масиҳга шерик бўлдик. Фақат бошида эга бўлган имонимизни охиригача маҳкам тутишимиз лозим.

15 Бир–бирингизга Забурдаги шу сўзларни эслатиб туринглар:

“Қанийди, бугун Менинг овозимга қулоқ солсангиз!

Менга қарши исён қилган оталарингиздай тош юрак бўлманглар!”

16 Ўшанда Худонинг овозини эшитиб туриб, исён қилган ким эди? Мусо Мисрдан олиб чиққанларнинг ҳаммаси!

17 Қирқ йил давомида Худо кимдан ғазабланганди? Гуноҳ қилган одамлардан! Улар ҳаммаси ўлди, саҳро уларга қабр бўлди.

18 Худо онт ичиб: “Улар фароғат диёримга кирмайди”, дея ким ҳақида айтган эди? Албатта итоатсиз одамлар ҳақида!

19 Демак, улар Худога ишонмаганлари учун фароғат диёрига кира олмадилар.

Худо Ўз халқига ваъда қилган фароғат

1 Худонинг фароғат диёрига кириш ҳақидаги ваъдаси ҳануз кучда қолган. Шунинг учун эҳтиёт бўлайлик, тағин ваъда қилинган фароғат диёрига киришга номуносиб бўлиб қолмайлик.

2 Ахир, фароғат диёри ҳақидаги Хушхабар Исроил халқига саҳрода эълон қилингандай, бизга ҳам эълон қилинди. Аммо улар бу хабарни эшитсалар ҳам, унинг қадрига етмадилар. Улар бизга ўхшаб, бу хабарни эшитдилар, аммо унга ишонмадилар.

3 Биз ишонганимиз учун фароғат диёрига кирамиз. Ишонмаганлар ҳақида эса Худо шундай деганди:

“Шунинг учун ғазабланиб, онт ичдим:

«Улар фароғат диёримга кирмайди.»”

Ҳолбуки, Худо фароғат диёрини дунёни яратгандаёқ тайёрлаб қўйган.

4 Чунки яратилишнинг еттинчи куни ҳақида Муқаддас битикларда шундай дейилган:

“Еттинчи куни Худо ҳамма ишларини битириб, дам олди.”

Аммо баъзи одамлар Худонинг фароғат диёрига кирмадилар.

5 Юқоридаги парчада айтилгандай:

“Улар фароғат диёримга кирмайди.”

6 Бундан англашиладики, фароғат ҳақидаги Хушхабарни биринчи бўлиб эшитганлар ўз итоатсизлиги учун фароғат диёрига кирмаган эдилар. Аммо баъзи кишиларга у ерга кириш учун имконият бор.

7 Худо ўша кишиларни кўзда тутиб, “бугун” деб аталган яна бир кунни тайин қилди. Кўп йиллардан кейин бу кун ҳақида У Довуд орқали гапирди. Худонинг бу гапини мен олдин ҳам айтиб ўтганман:

“Қанийди, бугун Менинг овозимга қулоқ солсангиз!

Тош юрак бўлманглар!”

8 Агар Ёшуа Исроил халқини фароғатга эриштирганда эди, ўшандан кейин Худо бошқа бир кун ҳақида гапирмаган бўларди.

9 Хуллас, Худонинг халқини Шаббат кунига ўхшаган фароғат кутмоқда.

10 Худонинг фароғат диёрига кирганлар, Худо каби ўз ишларидан дам оладилар, чунки Худо ҳам дунёни яратиб бўлгандан кейин дам олган эди.

11 Шундай экан, фароғат диёрига киришга жон куйдирайлик. Акс ҳолда, биз ҳам Исроил халқидай итоатсизлик қилиб, фароғатдан бебаҳра қоламиз.

Худо каломининг таъсирчанлиги

12 Худонинг каломи жонли ва таъсирли, ҳар қандай дудама қиличдан ўткирроқдир. У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни ажратгудек суқилиб киради. Худонинг каломи хаёлу юракнинг ниятларини фош этади.

13 Бутун борлиқ Худонинг кўзи олдида яп–яланғоч ва очиқдир. Ҳеч ким ва ҳеч нарса Ундан пинҳон эмас. Биз Унга ҳисоб берамиз!

Улуғ Олий руҳонийимиз Исо

14 Шундай экан, ўзимиз эътироф этган эътиқодимизни маҳкам тутайлик! Зотан, бизнинг улуғ Олий руҳонийимиз бор. Худонинг самодаги ҳузурига кириб борган бу Олий руҳонийимиз Худонинг Ўғли Исодир.

15 У ожизликларимизга ҳамдард бўла олади. Ахир, У биз каби ҳар томонлама синалган, лекин бизга ўхшаб гуноҳ қилмаган.

16 Келинглар, иноятли Худойимизнинг тахтига жасорат билан яқинлашайлик. Шунда У бизга марҳамат кўрсатади, Унинг инояти зарур вақтда бизга ёрдам беради.

1 Ҳар бир олий руҳоний инсонлар орасидан танлаб олинади. У Худога гуноҳлар учун назрлар ва қурбонликлар келтириб, халқ вакили бўлиб хизмат қилади.

2 Ғафлатда гуноҳ қилиб қўйган одамларни олий руҳоний тушунади, чунки у ўзи ҳам инсон, камчиликлари бор.

3 Шу сабабдан у нафақат халқнинг гуноҳлари учун, балки ўзининг гуноҳлари учун ҳам қурбонликлар келтириши зарур.

4 Ҳеч ким ўз хоҳиши билан олий руҳоний бўла олмайди, балки Ҳорунга ўхшаб Худо томонидан тайинланади.

5 Шу тариқа, Масиҳ ҳам олий руҳонийлик шарафига интилмади, бундай мартабага У даъвогарлик қилмади. Аксинча, Унга:

“Сен Менинг Ўғлимсан,

Бугун Мен Сенга Ота бўлдим”,

— деб айтган Худо Уни Олий руҳоний қилиб тайинлади.

6 Зеро, бошқа бир жойда Худо Унга шундай деган:

“Сен Маликсидиқ сингари,

То абад руҳонийсан.”

7 Масиҳ бу дунёда яшаган пайтда кўз ёш тўкиб, Худога фарёд қилди, Унга илтижо қилиб ёлворди. Чунки Худо Уни ўлимдан қутқаришга қодир эканлигини Масиҳ билар эди. У Худони юксак даражада эъзозлагани учун Унинг илтижоси ижобат бўлди.

8 Гарчи У Худонинг Ўғли бўлса ҳам, азоб–уқубат чекиб, итоаткорликнинг асл маъносини англади.

9 Худо азоблар орқали Масиҳни баркамол қилди. Шундай қилиб, Унга итоат қилганларнинг ҳаммаси учун Масиҳ абадий нажот манбаи бўлди.

10 Худо Масиҳни “Маликсидиқ сингари Олий руҳоний” деб эълон қилди.

Имонда улғайинглар

11 Олий руҳонийимиз ҳақида сизларга яна кўп гапирган бўлардим–у, аммо қандай қилиб сизларга тушунтиришни билмайман, чунки сизнинг ақлингиз ўтмас бўлиб қолган.

12 Сизлар ўзларингиз аллақачон устозлик қилишингиз керак эди! Аммо сиз бошқаларга эмас, бошқалар сизларга Худо каломининг илк асосларини ўргатишлари керак. Сизлар ҳали ҳам сутга муҳтожсиз! Қуюқ овқатни ҳазм қила олмайсиз.

13 Сут билан озиқланадиган ҳар бир киши ҳали чақалоқ. У тўғри билан нотўғрининг фарқига бормайди.

14 Қуюқ овқат эса улғайганлар учундир. Улар тажриба орттириб, яхшини ёмондан фарқлай оладилар.

1 Шундай экан, Масиҳнинг бошланғич таълимотида тўхтаб қолмайлик. Аксинча, имонда етук бўлишга интилайлик. Ҳадеб таълимотнинг илк асосларини ўрганавермайлик. Ўлимга етакловчи ишлардан тавба қилиш ва Худога ишониш ҳақида,

2 покланиш маросимлари ва қўл қўйиб дуо қилиш ҳақида, ўликларнинг тирилиши ва абадий ҳукм ҳақида қайта–қайта таълим олишимиз шарт эмас.

3 Энди Худонинг мадади билан етуклик сари қадам ташлайлик.

Огоҳликка ва умидворликка чорловчи сўзлар

4 Наҳотки Худодан юз ўгирган одамни яна тавбага олиб келиб бўлса?! Бундай одам Худонинг нурини кўриб, самовий инъомдан лаззат олган, Муқаддас Руҳдан баҳраманд бўлиб,

5 Худо каломининг эзгулигини тотиб кўрган ва келажак дунёнинг қудратини ўз тажрибасида кўрган.

6 Агар шуларга қарамай, у Худодан қайтса, икки дунёда ҳам тавба қилмайди! Чунки бу қилмиши билан Худонинг Ўғлини гўё бошқатдан хочга михлаб, ҳамманинг олдида Уни шарманда қилаётгандай бўлади.

7 Худонинг йўлидан юрган одамни мўл–кўл ёмғирга тўйган ерга ўхшатса бўлади. Бундай ер деҳқонлар учун яхши ҳосил етиштириб, Худодан барака топади.

8 Худодан қайтган одам эса янтоғу тикан босган ерга ўхшайди. Бундай ер фойдасиз бўлиб, лаънатга дучор бўлиш хавфи остида қолади. Охир–оқибатда эса оловга ем бўлади.

9 Севимли биродарларим, қаттиқ гапирганимга қарамай, сизлардан кўнглим тўқ. Сизлар нажотга элтувчи тўғри йўлдан кетаётганингизга ишончим комил.

10 Ахир, Худо адолатлидир. У сизнинг ишингизни унутмайди, Унга бўлган муҳаббатингиз туфайли азизларига қилган ва қилаётган хизматларингизни ёдида тутади.

11 Хизматдаги бу шижоатингизни ҳар бирингиз охиригача асрашингизни чин дилдан хоҳлаймиз. Чунки шундагина Масиҳга бўлган умидингиз сўнмайди.

12 Эринчоқ бўлманглар. Аксинча, имони ва сабр–тоқати туфайли Худонинг ваъдаларидан баҳраманд бўлган биродарлардан ўрнак олинглар.

Худонинг ўзгармас ваъдаси умид бағишлайди

13 Худонинг Иброҳимга берган ваъдасини эсланглар. Ўшанда Худо Ўз номи ҳақи қасам ичганди. Зеро, қасам ичиш учун Ўзидан буюкроқ бирон зот йўқ эди.

14 Ўшанда Худо қасам ичиб, шундай деганди:

“Сенга албатта қут–барака бераман,

Наслингни сон–саноқсиз қиламан.”

15 Иброҳим сабр–тоқат қилиб, берилган ваъдага эришди.

16 Одамлар қасам ичганларида ўзларидан буюкроқ бўлган кимсанинг исми ҳақи қасам ичадилар. Қасам айтилган гапнинг тасдиғи ҳисобланади ва ҳар қандай баҳсга хотима беради.

17 Шунга ўхшаб, Худо ҳам Ўз ваъдасини қасам билан тасдиқлади. Чунки халқига барака беришни ваъда қилган Худо шу орқали Ўз иродасининг қатъий эканлигини аниқ кўрсатмоқчи эди.

18 Худо ёлғон гапирмайди! Унинг берган ваъдаси ва ичган қасами ҳеч қачон ўзгармайди. Худонинг тасдиқлаган ваъдасидан энди биз кучли далда олиб, У берган умидни маҳкам тутайлик. Ахир, биз Худодан паноҳ топганмиз.

19 Бу умид жонимиз учун тебранмас, мустаҳкам лангардайдир. Умидимиз бизни самовий Чодирдаги парданинг орқа тарафига, Худонинг ҳузурига олиб киради.

20 Исо биздан олдин у ерга кириб, биз учун йўл очиб берди. У Маликсидиқ сингари то абад Олий руҳонийимиз бўлди.

Улуғ руҳоний Маликсидиқ

1 Маликсидиқ — Салим шоҳи ва Худойи Таолонинг руҳонийси эди. Иброҳим тўртта шоҳни мағлуб этиб, қайтиб келаётганда, Маликсидиқ уни кутиб олгани чиқиб, дуо қилган эди.

2 Иброҳим эса қўлга киритган ҳамма ўлжасининг ўндан бирини Маликсидиққа берганди.

Маликсидиқ исмининг маъноси “адолат шоҳи” демакдир. У яна “тинчлик шоҳидир”, чунки Салим “тинчлик” маъносини беради.

3 Унинг на отаси, на онаси, на насабномаси бор. Ҳаётининг боши ҳам, охири ҳам йўқ. У Худонинг Ўғли сингари, то абад руҳоний бўлиб қолади.

4 Маликсидиқ қанчалик буюк зот эканлигини билиб қўйинг! Ҳатто улуғ бобокалонимиз Иброҳим ҳам ўлжасининг ўндан бирини унга берганди.

5 Леви наслидан бўлган руҳонийлар эса Худонинг қонуни бўйича Исроил халқидан, яъни ўз биродарларидан ушр йиғишлари керак эди. Ваҳоланки, Исроил халқининг ҳаммаси Иброҳимнинг авлодларидир.

6 Маликсидиқ Леви наслидан бўлмаса–да, Иброҳимдан ушр олди. Сўнг Иброҳимни — Худонинг ваъдаларини олган зотни дуо қилди.

7 Ҳаммамизга маълумки, дуо қилган одам дуо олган одамдан улуғроқдир.

8 Ушр йиғадиган руҳонийлар фоний бандалар эди. Иброҳимдан ушр олган Маликсидиқ эса, Муқаддас битикларда ёзилишича, ҳануз барҳаётдир.

9 Ҳатто айтишимиз мумкинки, ушр олувчи леви руҳонийлари ҳам Иброҳим орқали Маликсидиққа ушр бергандилар.

10 Чунки Маликсидиқ Иброҳимни кутиб олганда, леви руҳонийлари ҳали бобокалони Иброҳимнинг пушти камарида эдилар.

Маликсидиққа ўхшаш бошқа бир Руҳоний

11 Леви руҳонийлари бизни баркамол қила олмайдилар. Шунинг учун Худо Ҳоруннинг насабидан бўлган руҳонийни эмас, балки Маликсидиққа ўхшаган бошқа бир руҳонийни юборди. Исроил халқига берилган қонунлар леви руҳонийлари орқали жорий қилинган эди.

12 Шундай экан, Худо янги руҳонийликни ташкил қилганда, янги қонунларни ҳам жорий қилди.

13-14 Буни биз айтиб ўтган руҳоний, яъни Раббимиз Исо мисолида аниқ кўришимиз мумкин. Биз биламизки, Раббимиз Исо Леви қабиласидан эмас, балки Яҳудо қабиласидан келиб чиққан. Яҳудо қабиласидан ҳеч ким руҳоний бўлиб қурбонгоҳда хизмат қилмаган. Бунинг устига, Мусо бу қабила ҳақида гапирганда руҳонийликка доир бирон кўрсатма бермаган.

15 Янги қонунлар жорий қилинганини яна шундан аниқ кўришимиз мумкин: Раббимиз худди Маликсидиқ кабидир.

16 Унинг руҳонийлиги бу фоний дунёнинг талабига, яъни насл–насабга доир қоидаларга асосланмаган, балки Маликсидиқнинг руҳонийлиги сингари, чексиз ҳаёт қудратига асосланган.

17 Зотан, Муқаддас Битикда У ҳақда шундай ёзилган:

“Сен Маликсидиқ сингари,

То абад руҳонийсан.”

18 Демак, аввалги қонун–қоидалар ожиз ва самарасиз бўлгани учун бекор қилинди.

19 Чунки қонун бирон–бир кишини камолотга етказа олмаган. Энди қонун ўрнига бизга аълороқ бир умид берилди, биз бу умид орқали Худога яқинлаша оламиз.

20-21 Бундан ташқари, Худо Исони Олий руҳоний қилиб тайинлаганда онт ичганди. Муқаддас битикларда бу ҳақда шундай дейилган:

“Эгамиз онт ичган, қарорини ўзгартирмас:

«Сен то абад руҳонийсан.»”

Аммо леви руҳонийлари тайинланганда, Худо бирон марта онт ичмаган.

22 Демак, Худо Исо орқали бизни аълороқ бир аҳдга эриштирди, Исонинг Ўзи бунга кафилдир.

23 Яна бир фарқ шундаки, леви руҳонийларининг сони кўп эди, чунки ўлим руҳонийларга ўз хизматларини давом эттиришга монелик қилар эди.

24 Аммо Исо мангу бўлгани учун то абад руҳоний бўлиб хизмат қилади.

25 Шунинг учун У Ўзи орқали Худога яқинлашувчиларга абадий нажот бера олади. Ахир, Исо барҳаёт бўлиб, улар учун Худога илтижо қилади.

26 Бизга айнан шундай — муқаддас, беғубор ва пок Олий руҳоний керак эди. Исо гуноҳкорлардан айрилган, осмондан ҳам юксакка кўтарилган.

27 У бошқа олий руҳонийлар каби, ҳар куни олдин ўз гуноҳлари учун, кейин халқнинг гуноҳлари учун қурбонлик келтириши керак эмас. Чунки У бир марта Ўзини қурбон қилиб, халқнинг гуноҳлари учун келтириладиган ҳамма қурбонликларга чек қўйди.

28 Тавротга биноан олий руҳонийликка ожиз бандалар тайинланарди. Аммо энди Худонинг онт ичиб берган ваъдасига биноан олий руҳонийликка Худонинг Ўғли тайин этилди. У баркамолликка эришган ва то абад баркамол бўлиб қолади.

Олий руҳонийимиз Исо — янги аҳднинг Воситачиси

1 Айтган гапларимизнинг мағзи қуйидагича: бизнинг шундай Олий руҳонийимиз борки, У самода, Улуғвор Худо тахтининг ўнг томонида ўтирибди.

2 У самодаги ҳақиқий Чодирнинг Энг муқаддас хонасида хизмат қиляпти. Бу Чодирни инсон эмас, балки Эгамизнинг Ўзи қурган.

3 Ҳар бир олий руҳоний Худога назрлар ва қурбонликлар келтириш учун тайин этилади. Шундай экан, бизнинг Олий руҳонийимизнинг ҳам келтирадиган бирор назри бўлиши лозим эди.

4 Агар У ер юзида бўлганда эди, умуман руҳоний бўлолмас эди. Чунки Мусонинг қонунида буюрилган назрларни келтирувчи руҳонийлар бор.

5 Улар ер юзидаги Муқаддас чодирда хизмат қиладилар. Бу Чодир бор–йўғи самодаги ҳақиқий Чодирнинг нусхаси ва соясидир. Негаки, Худо Мусога Чодир қуришни буюрганда, унга шундай деганди: “Эҳтиёт бўл, ҳамма нарсани Мен сенга тоғда кўрсатган намунага мувофиқ ясат.”

6 Аммо Исога берилган руҳонийлик хизмати бошқа руҳонийларникига қараганда буюкдир. Чунки Унинг воситасида тузилган янги аҳд аввалги аҳддан улуғроқ ва аълороқ ваъдаларга асосланган.

7 Дарвоқе, агар аввалги аҳд камчиликсиз бўлганда эди, янги аҳд керак бўлмасди.

8 Одамлар аввалги аҳд талабларини бажара олмасликларига Худонинг кўзи етиб, У Ўз халқига шундай деган эди:

“Шундай кунлар келадики, Мен Исроил ва Яҳудо халқлари билан янги аҳд тузаман.

9 Бу янги аҳд Мен уларнинг ота–боболари билан тузган аҳдга ўхшамайдиган бўлади. Мен ота–боболарини қўлидан етаклаб, Мисрдан олиб чиққанимда, улар билан аҳд тузган эдим. Аммо улар ўша аҳдимга риоя қилишмади, шунинг учун Мен улардан юз ўгирдим.

10 Мен келажакда Исроил халқи билан тузадиган аҳд шундай бўлади: Мен қонунларимни одамларнинг онгига солиб қўяман, қонунларимни уларнинг юракларига ёзаман. Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўладилар.

11 Шундан кейин одамлар бир–бирига: «Эгамизни таниб–билинг», демайдиган бўлишади. Чунки уларнинг ҳаммаси — каттасидан тортиб, кичигигача Мени биладиган бўлади.

12 Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман.”

13 Худо янги аҳдни тилга олганда, аввалги аҳднинг эскириб кетганлигини кўрсатди. Эскирган нарса эса тез орада йўқ бўлиб кетади.

Аввалги аҳд давридаги диний хизмат

1 Дарвоқе, аввалги аҳд даврида саждага оид қонун–қоидалар ва бу дунёга мансуб бўлган бир саждагоҳ бор эди.

2 Бу саждагоҳ Чодир бўлиб, икки хонадан иборат эди. Биринчи хона Муқаддас хона деб аталарди. У ерда чироқпоя, хонтахта ва хонтахта устида муқаддас нонлар бор эди.

3 Чодирнинг ички пардаси орқасида Энг муқаддас хона деб аталган яна бир хона бор эди.

4 Бу хонада тутатқи тутатиладиган олтин қурбонгоҳ ва ҳар томони олтин билан қопланган Аҳд сандиғи турарди. Аҳд сандиғи ичида манна солинган олтин идиш, Ҳоруннинг гуллаган ҳассаси ва амрлар ёзилган иккита тош лавҳа бор эди.

5 Сандиқнинг қопқоғи устига Худо ҳузурининг рамзи — қанотли карублар ўрнатилганди. Карубларнинг тепага кўтарилган қанотлари қопқоқни беркитиб турарди. Буларнинг ҳаммасини ҳозир бирма–бир айтишнинг мавриди эмас.

6 Хуллас, Чодир шу тарзда жиҳозланган эди. Руҳонийлар ҳар куни Чодирнинг биринчи хонасига кириб, ўз хизматларини адо этардилар.

7 Чодирнинг ички — Энг муқаддас хонасига эса фақатгина олий руҳоний йилда бир мартагина кирарди. У доим ўзи билан қурбонлик қонини олиб кирарди. Бу қонни ўзининг ва халқнинг билмасдан қилган гуноҳлари учун назр қиларди.

8 Ўрнатилган ўша тартибга биноан, Муқаддас Руҳ шуни кўрсатяптики, Энг муқаддас хона халқ учун ёпиқ. Чодирнинг биринчи хонасига оид бўлган қоидалар ҳануз кучда экан, самодаги Энг муқаддас хонага ҳам ҳали йўл ёпиқ.

9 Бу қоидалар ҳозирги замон учун рамздир, улар шундай маънони билдиради: келтирилган назрлар ва қурбонликлар Худога сажда қилувчиларнинг виждонини поклай олмайди.

10 Бу назрлару қурбонликлар, шунингдек, егулик, ичгулик ва ҳар хил покланиш маросимларига оид удумлар инсон танаси билан боғлиқ. Булар янги тартиб ўрнатилгунча амал қилган.

Масиҳ — баркамол қурбонлик

11 Энди эса Масиҳ келган хайр–баракаларнинг Олий руҳонийси бўлди. У инсон қўли билан қурилмаган, бу дунёга мансуб бўлмаган самодаги мукаммал Чодирга кирди. Ердаги Чодирдан буюкроқ бўлган самодаги бу Чодирдан ўтиб,

12 Энг муқаддас хонага кирди. Масиҳ бу хонага такалар ва буқаларнинг қони билан эмас, балки Ўз қони эвазига кирди. У ерга бир марта кириб, бизни то абад гуноҳлардан озод қилди.

13 Илгарилари такалару буқаларнинг қони ҳамда куйдирилган ғунажиннинг кули ҳаром бўлган кишиларнинг устига сепилганда, улар жисман покланардилар. Жониворларнинг қони билан шундай натижага эришилган бўлса,

14 Масиҳнинг қони билан бундан–да буюкроқ натижага эришса бўлади! Зеро, Масиҳ мангу Руҳнинг қудрати орқали Ўзини бенуқсон қурбонлик сифатида Худога бағишлади. Унинг тўкилган қони виждонимизни ўлимга етакловчи ишлардан поклайди, шунда биз барҳаёт Худога хизмат қила оламиз.

15 Ана шу сабабдан Масиҳ янги аҳднинг воситачиси бўлди. Энди даъват этилган одамлар Худонинг ваъда қилган абадий меросига эга бўла оладилар. Улар аввалги аҳд даврида берилган Худонинг қонунини бузиб, гуноҳ қилган эдилар. Масиҳ эса уларни гуноҳларидан халос қилиш учун қурбон бўлди.

16 Янги аҳдни гўё васиятга ўхшатса бўлади. Қаерда васият бор бўлса, васият қилган одамнинг ўлими тасдиқланиши керак.

17 Чунки васият ўлимдан кейингина кучга киради. Васият қилувчи ҳали тирик экан, васиятнинг ҳеч бир таъсири йўқ.

18 Шу боис аввалги аҳд ҳам тўкилган қон орқали кучга кирганди.

19 Бошида Мусо Тавротдаги ҳамма амрларни бутун халққа ўқиб берди. Сўнг бир тутам иссоп ва қирмизи ип ёрдамида буқалар ва такаларнинг қони билан сувни Таврот китобига ва бутун халқнинг устига сепиб,

20 деди: “Шу қон Эгамизнинг сизлар билан қилган аҳдини тасдиқлайди.”

21 Шунингдек, Мусо Муқаддас чодир устига ва сажда маросимларида ишлатиладиган барча ашёлар устига қон сепди.

22 Дарҳақиқат, Мусонинг қонуни бўйича деярли ҳамма нарса қон билан покланади, тўкилган қон орқалигина гуноҳлар кечирилади.

23 Шу сабабдан самовий Чодирнинг акси бўлган бу Чодир ва ундаги ҳамма ашёлар ҳайвонларнинг қони билан покланиши керак эди. Аммо самовий нарсалар бундан аълороқ қурбонликларни талаб қилади!

24 Ана шу мақсадда Масиҳ бизлар учун Худонинг ҳузурида ҳозир бўлди. У ҳақиқий Чодирнинг соясигина бўлган бу дунёдаги Чодирнинг Энг муқаддас хонасига эмас, балки инсон қўли билан қурилмаган самовий Чодирга кирди.

25 Леви наслидан бўлган олий руҳонийлар ҳар йили Энг муқаддас хонага кириб, ҳайвонларнинг қонини назр қиладилар. Масиҳ эса Ўзини қайта–қайта қурбонлик қилмади.

26 Агар Масиҳ ҳар йили Ўзини қурбонлик қилганда эди, дунё яратилгандан бери У қайта–қайта азоб чеккан бўларди. Бунинг ўрнига У мана шу охирги замонда одамларнинг гуноҳларини ювиш учун бир мартагина оламга келиб, Ўзини қурбон қилди.

27 Инсон зоти бир марта ўлади, сўнг Худо томонидан ҳукм қилинади.

28 Шу сингари, Масиҳ ҳам кўпларнинг гуноҳларини Ўз бўйнига олиш учун бир марта қурбон бўлиб, ўлди. Бу дунёга У қайтиб келади. Бу сафар У гуноҳларни ювиш учун эмас, балки Уни интизорлик билан кутаётган одамларга нажот бериш учун келади.

Масиҳ — охирги қурбонлик

1 Қонун бўлғуси хайр–баракаларнинг асл сурати эмас, бор–йўғи соясидир. Ҳар йили қонун бўйича Худога бир хил қурбонликлар келтирилади. Демак, қонун бу қурбонликлар орқали Худога сажда қилувчиларни камолотга етказа олмайди.

2 Борди–ю, ўша одамлар қурбонликлари орқали гуноҳдан поклана олганларида эди, уларнинг виждони қийналмасди ва улар қурбонлик келтиришни бас қилардилар.

3 Ҳолбуки, қурбонликлар ҳар йили одамларга гуноҳларини эслатади, холос.

4 Чунки буқаю такаларнинг қони ҳеч қачон гуноҳларни юва олмайди.

5-6 Шунинг учун Масиҳ дунёга келганда Худога шундай деган эди:

“Сен қурбонлигу назр истамадинг,

Куйдириладиган қурбонлик ҳамда

Гуноҳ қурбонлигидан мамнун бўлмадинг,

Итоат қилишим учун Менга бадан ҳозирладинг.

7 Ўшанда дедимки: «Мана, Мен келдим.

Муқаддас битикларда Мен ҳақимда ёзилган.

Сенинг хоҳишингни адо этиш учун келдим, эй Худойим.»”

8 Дастлаб Масиҳ қонун талаб қилган қурбонликлар ҳақида сўз юритиб, Худога: “Сен қурбонлигу назр истамадинг, куйдириладиган қурбонлик ҳамда гуноҳ қурбонлигидан мамнун бўлмадинг”, — деб айтган.

9 Сўнг эса ҳақиқий итоаткорликни тилга олиб, шундай деган: “Сенинг хоҳишингни адо этиш учун келдим, эй Худойим.” Бундан кўриниб турибдики, Масиҳ қурбонлик маросимларига асосланган аввалги аҳдни бекор қилди. Унинг мақсади юракнинг итоаткорлигига асосланган янги аҳдни ўрнатиш эди.

10 Масиҳ Худонинг хоҳишини бажариб, Ўз танасини биз учун қурбон қилди. Бу ягона қурбонлиги орқали бизни гуноҳдан поклади.

11 Руҳонийлар ҳар куни Худога хизмат қиладилар. Бир хил қурбонликларни қайта–қайта келтирадилар. Аммо бу қурбонликлар ҳеч қачон гуноҳни юва олмайди.

12 Масиҳ эса гуноҳларни абадий ювиб ташлайдиган ягона қурбонликни келтириб, Худонинг ўнг томонида ўтирди.

13 “Худо душманларимни оёқларим остига пойандоз қилади”, — деб Масиҳ ўша вақтдан бери кутмоқда.

14 Дарвоқе, Масиҳ биттагина қурбонлик орқали гуноҳдан поклаган одамларини то абад баркамол қилди.

15 Муқаддас Руҳ ҳам бу ҳақда бизга шаҳодат бериб, деди:

16 “Эгамиз шундай демоқда: «Мен келажакда Исроил халқи билан тузадиган аҳд шундай бўлади: Мен қонунларимни одамларнинг юрагига солиб қўяман, қонунларимни онгларига ёзаман.

17 Мен уларнинг гуноҳларию қабиҳликларини ҳеч қачон эсга олмайман.»”

18 Демак, Худо гуноҳларни кечирган бўлса, бошқа қурбонлик келтиришнинг ҳожати йўқ.

Имонимизга содиқ қолайлик

19 Эй биродарларим, Исо Масиҳнинг қони туфайли энди биз Энг муқаддас хонага дадиллик билан кира оламиз.

20 Чунки Исо биз учун янги йўлни очиб берди. У Чодирдаги парда орқали, яъни қурбон қилинган Ўз танаси орқали ҳаёт сари етаклайдиган йўлни очди.

21 Ҳа, бизнинг улуғ Руҳонийимиз бор, У Худонинг бутун хонадони устидан масъулдир.

22 Шундай экан, самимий қалб ва мустаҳкам ишонч билан Худога яқинлашайлик. Ахир, Масиҳ Ўз қони билан қалбларимизни тозалаб, виждонимизни қийнаган ҳамма гуноҳлардан поклади. Баданимиз ҳам тоза сув билан ювилди.

23 Энди ўзимиз эътироф этган умидимизни иккиланмай маҳкам тутайлик. Чунки ваъда берган Худо Ўз сўзига содиқдир.

24 Биз бир–биримизга эътиборли бўлайлик, бир–биримизни меҳр–муҳаббатга ва хайрли ишларга чорлайлик.

25 Баъзи одамларга ўхшаб, йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча, Раббимиз Исонинг келадиган куни яқинлашиб қолганини билиб, бир–биримизни янада кўпроқ руҳлантирайлик.

26 Агар биз ҳақиқатни билиб олгандан кейин, атайлаб гуноҳ қилишда давом этсак, бу гуноҳларимизни ҳеч қандай қурбонлик юва олмайди.

27 Шунда қўрқув ичра Худонинг ҳукмини кутишдан бошқа иложимиз қолмайди. Оқибатда, Худонинг душманлари билан бирга ловуллаган оловда ёниш бизнинг қисматимиз бўлади.

28 Мусонинг қонунига бўйсунишни рад этган одам икки ёки уч гувоҳнинг шаҳодати асосида шафқатсизларча ўлдириларди.

29 Шундай экан, Худонинг Ўғлини оёқ ости қилган одамни қандай жазо кутишини бир тасаввур қилиб кўринглар–а! Масиҳнинг аҳд қони билан покланиб, сўнг уни булғаган одамнинг ҳоли нима кечади?! Худонинг иноят Руҳини ҳақорат қилганнинг ҳоли нима кечади?!

30 Ахир, биз қуйидаги сўзларни айтган Худони яхши биламиз:

“Мен қасос оламан, жазосини бераман.

Мен Ўз халқимни ҳукм этаман.”

31 Ҳа, барҳаёт Худонинг қўлига тушиб қолиш нақадар даҳшатлидир!

32 Ўтмишингизни эсланглар. Ўшанда сизлар Худонинг нурини кўриб, кўп азоб–уқубатларга бардош берган эдингизлар.

33 Баъзида сизларни ҳамманинг олдида ҳақоратлаб, хор қилишарди. Бошқа пайтларда бундай аҳволда қолган биродарларингизга ён босардингиз.

34 Қамоқда бўлганларга ҳамдард бўлардингиз, мулкингиз мусодара қилинганда, буни хурсандчилик билан қабул қилардингиз, чунки сизларда боқий бойлик борлигини билардингиз.

35 Шундай экан, олдингидай имонда қатъиятли бўлинглар! Шунда буюк мукофот оласизлар.

36 Сабр–тоқатли бўлиб, Худонинг иродасини бажаринглар. Шунда Худонинг ваъдасига эришасизлар.

37 Ахир, Муқаддас битикларда айтилгандай, келиши керак бўлган Зот ҳадемай келади. У кеч қолмайди.

38 Худонинг солиҳлари Унга бўлган садоқати туфайли тирик қолишади. Борди–ю, бирортаси имондан қайтса, Худо ундан рози бўлмайди.

39 Биз эса имондан қайтиб, ҳалок бўладиган одамлардан эмасмиз. Биз имонимизга содиқ қолган, нажот топган одамлармиз.

Имон нима?

1 Имон — умид қилинган нарсаларнинг амалга ошишига ишониш, кўринмайдиган нарсаларга амин бўлиш демакдир.

2 Имон туфайли ота–боболаримиз Худонинг мақтовига сазовор бўлдилар.

Қадимги имон қаҳрамонлари

3 Имон туфайли биз коинот Худонинг каломи билан яратилганини англаб оламиз, кўринадиган моддалар кўринмайдиган воқеликдан вужудга келганини биламиз.

4 Имони туфайли Ҳобил Худога, Қобилдан кўра, яхшироқ қурбонликни келтирди. Худо Ҳобилнинг қурбонлигидан мамнун бўлиб, Ҳобилни имони туфайли солиҳ киши деб билди. Ҳобил ўлган бўлса ҳам, унинг имони ҳануз бизга намуна бўлиб хизмат қиляпти.

5 Имони туфайли Ханўх ўлмади. У тириклайин осмонга кўтарилиб кетди. Ханўх бирданига ғойиб бўлиб қолганди, чунки Худо уни олиб кетган эди. Муқаддас битикларда айтилишича, Худо Ханўхни олиб кетмасдан олдин ҳам ундан мамнун эди.

6 Ишонмаган одам ҳеч қачон Худони мамнун қила олмайди. Ахир, Худога сажда қилаётган ҳар ким Худонинг борлигига ишониши керак, Худога юз бурганларга Худонинг Ўзи мукофот беришига у амин бўлиши керак.

7 Имони туфайли Нуҳ оиласини қутқариш учун кема қурганди. У мисли кўрилмаган кулфат ҳақидаги Худонинг огоҳлантиришларини эшитиб, Худодан қўрқиб, Унга қулоқ солганди. Қилган бу иши билан у Худонинг бутун дунё устидан чиқарган ҳукмини эълон қилди. Худо уни имони туфайли солиҳ киши деб билди.

8 Имони туфайли Иброҳим Худога итоат қилди. Худо унга: “Мен сенга мулк қилиб берадиган ерга бор”, деб буюрганда, Иброҳим қаерга кетаётганини билмасдан йўлга тушди.

9 Имони туфайли у Худо ваъда қилган ерда ўрнашди, мусофир бўлиб, чодирларда яшади. Унинг ўғиллари Исҳоқ ва Ёқуб ҳам у каби кун кечиришди, чунки Худо уларга ҳам худди ўша ваъдани берганди.

10 Нега Иброҳим бундай қилди? Чунки у Худо томонидан лойиҳалаштирилган ва қурилган, пойдевори мустаҳкам, боқий шаҳарни кутаётган эди.

11 Ўзи қариб кетган, хотини Сора эса бепушт бўлганига қарамай, Иброҳим имони туфайли фарзанд кўрди. Чунки фарзандни ваъда қилган Худо садоқатли эканига у ишонарди.

12 Шунинг учун бир оёғи гўрда бўлган бу битта одамдан осмондаги юлдузлардай, денгиз қирғоғидаги қумдай сон–саноқсиз насл келиб чиқди.

13 Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб оламдан ўтдилар, аммо Худо берган ваъдасини бажаришига улар ишонардилар. Улар Худо ваъда қилган юртга эришмадилар, аммо ўша юртни узоқдан кўриб, хурсанд бўлган эдилар. Улар бу дунёда келгинди ва мусофир эканликларини очиқчасига тан олдилар.

14 Мусофирлигини тан олган одамлар ўзларининг ҳақиқий ватанини қўмсаётганини кўрсатадилар.

15 Борди–ю, улар келиб чиққан юртини қўмсаган бўлганларида эди, у ерга қайтиб бориш учун иложини топган бўлар эдилар.

16 Аслида улар яхшироқ юртни, яъни самовий ватанни қўмсаётган эдилар. Шунинг учун Худо Ўзини уларнинг Худоси деб аташдан ор қилмайди. Худо ҳатто улар учун бир шаҳар ҳозирлаган эди.

17-18 Худо Иброҳимни синовдан ўтказаётганда, Иброҳим ўз имони туфайли ўғли Исҳоқни қурбонликка олиб борди. Гарчи Худо унга: “Мен сенга ваъда қилган наслинг Исҳоқ орқали келиб чиқади”, — деб ваъда берган бўлса–да, у ягона ўғлини қурбонлик қилишга тайёр эди.

19 Демак, Худо ҳатто ўликларни ҳам тирилтиришга қодир эканлигига Иброҳим ишонарди. Шунинг учун Худо Исҳоқни Иброҳимга тириклайин қайтариб берди. Исҳоқ ўликдан тириладиган ҳамма одамларнинг рамзи бўлиб хизмат қилади.

20 Имони туфайли Исҳоқ ўз ўғиллари Ёқуб ва Эсовни дуо қилди. Келажакда дуолари амалга ошишига у ишонганди.

21 Имони туфайли Ёқуб ҳам Юсуфнинг ўғилларини бирма–бир дуо қилди. У оламдан кўз юмаётганда ҳам, ўз ҳассасига суянганича, Худога сажда қилди.

22 Имони туфайли Юсуф Исроил халқининг Мисрдан чиқиб кетиши тўғрисида башорат қилди. У ўша пайтда ўлим тўшагида ётган бўлиб: “Менинг суякларимни ўзларингиз билан бу ердан олиб кетинглар”, деб васият қилганди.

23 Имони туфайли Мусонинг ота–онаси янги туғилган Мусони уч ой яширишди. Улар чақалоқнинг чиройли эканлигини кўриб, фиръавннинг фармонидан қўрқишмади.

24 Мусо вояга етганда имони туфайли фиръавн қизининг ўғли деб аталишни рад этди.

25 У гуноҳ қилиб, вақтинчалик ҳузур–ҳаловатда яшашдан кўра, Худонинг халқи билан бирга азоб–уқубат чекишни ўзига раво кўрди.

26 У келажакдаги мукофотни кўзлагани учун Масиҳни деб хўрланишни Мисрнинг хазиналаридан афзал деб билди.

27 Имони туфайли Мусо Мисрни тарк этди. У фиръавннинг ғазабидан қўрқмади. Гўё кўринмас Худони кўргандек, танлаган йўлидан қайтмади.

28 Имони туфайли у Исроил халқига Фисиҳ қўзиларини сўйишни буюрди. Сўнг қўзиларнинг қонини эшиклар кесакиларига сепишни буюрди. Бундан мақсади Исроил халқининг тўнғич ўғилларини Азроилдан асраб қолиш эди.

29 Имони туфайли Исроил халқи Қизил денгиздан худди қуруқликдан ўтаётгандек кечиб ўтди. Мисрликлар ҳам ўтмоқчи бўлишди, аммо чўкиб кетишди.

30 Исроил халқи етти кун Ерихо шаҳри деворлари атрофида айланиб бўлгандан кейин, уларнинг имони туфайли шаҳар деворлари қулаб тушди.

31 Имони туфайли фоҳиша Раҳоба ҳалок бўлмади. У айғоқчиларга меҳмондўстлик қилгани учун Худога итоат қилмаган ҳамшаҳарлари билан бирга ўлмади.

32 Яна кимни мисол қилиб келтирай?! Гидўн, Барақ, Шимшўн, Йифтох, Довуд, Шомуил ва бошқа пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилиш учун вақтим етарли эмас.

33 Имони туфайли улар шоҳликларни босиб олдилар, давлатни адолат билан бошқардилар ва Худо берган ваъдаларга эришдилар. Шерларнинг жағларини ёпдилар,

34 ловуллаган оловни ўчирдилар ва қилич тиғидан омон қолдилар. Ҳолдан тойган пайтларида кучга тўлдилар, жангда баҳодирлик кўрсатдилар ва ўзга юрт лашкарларини тор–мор қилдилар.

35 Аёллар марҳум қариндошларини тирилган ҳолда қайтариб олдилар.

Бошқалар эса имони туфайли қийноқларни бошдан кечирдилар. Улар Худодан воз кечиб, ўлимдан қутулишлари мумкин эди. Аммо улар бундай қилмадилар, чунки аълороқ нарсани, яъни абадий ҳаёт учун тирилишни умид қилган эдилар.

36 Улардан баъзилари ҳақорату калтакларга чидадилар, баъзилари занжирбанд бўлиб, зиндонларда ётдилар.

37 Уларни тошбўрон қилдилар, таналарини арралаб иккига бўлдилар, қиличдан ўтказдилар. Улар қўй ва эчки пўстинларини кийиб, сарсон–саргардон бўлдилар, муҳтожликда яшадилар, зулм остида қолдилар, хор бўлдилар.

38 Улар чўл–саҳроларда, тоғ–тошларда дайдиб юрдилар, ғорларда, ернинг кавакларида яшириндилар. Аслида дунё уларнинг тирноғига ҳам арзимас эди!

39 Улар имони туфайли Худонинг мақтовига сазовор бўлдилар. Шундай бўлса–да, Худонинг ваъдасига эришмадилар.

40 Худога содиқ қолган бу одамларни Худо биз билан бирга баркамол қилишни истади. Чунки У бизни ҳам ўйлаган ҳолда аълороқ режани тайёрлаб қўйганди.

Худога содиқ қолинглар!

1 Имони бизга ибрат бўлиб хизмат қиладиган ана шу одамларнинг ҳаммаси атрофимизни ўраб олган. Бу катта оломон бизни кузатиб тураркан, тақдиримиздаги мусобақада сабр–тоқат билан чопайлик. Югуришимизга халақит бераётган ҳар қандай юкни, айниқса, тўсқинлик қилаётган ҳар қандай гуноҳни бир четга улоқтириб ташлайлик.

2 Исога кўз тикайлик. Ахир, бу имон мусобақасида У биз учун йўл очиб, бутун масофани биздан олдин югуриб ўтди. Исо келажакдаги шодликка эришиш учун шармандали ўлимни писанд қилмай, хочда азоб тортиб жон берди. Ҳозир эса У Худо тахтининг ўнг томонида ўтирибди.

3 Жасоратингиз сўнмаслиги ва кўнглингиз чўкмаслиги учун Исо ҳақида фикр юритинглар. Ахир, У гуноҳкорлар томонидан кўп хўрланиб, ҳаммасига чидаган–ку!

Худо Ўз фарзандларини тарбиялайди

4 Сизлар эса қонингиз тўкилгунча гуноҳга қарши курашмадингизлар.

5 Худонинг сизларга Ўз фарзандлари сифатида айтган мана бу далда сўзларини унутибсизлар:

“Ўғлим, Эгамизнинг тарбиясига эътиборсиз бўлмагин,

Ундан танбеҳ олганингда кўнглинг чўкмасин.

6 Зеро, Эгамиз яхши кўрган бандасини тарбиялайди,

Фарзанд қилиб олган ҳар бир одамни жазолайди.”

7 Чекаётган азобларингизни Худонинг тарбияси деб билиб, сабр–тоқат қилинглар. Чунки Худо сизларни Ўз фарзандларидай кўриб, тарбия қиляпти. Ахир, ҳар бир ота ўз фарзандини тарбия қилади–ку!

8 Агар Худо сизларни бошқа фарзандларини тарбиялагандай тарбияламаса, демак, сизлар Худонинг фарзандлари эмас, ҳаромзодасизлар.

9 Биз жисмоний оталаримизнинг тарбиясини олиб, уларни ҳурмат қилиб келяпмиз. Шундай экан, янги ҳаётга эга бўлиш учун осмондаги Отамизга бундан–да кўпроқ итоат қилишимиз керак эмасми?!

10 Жисмоний оталаримиз қисқа вақт давомида, бизни ўз билганидай тарбиялаган эдилар. Худо эса бизнинг манфаатимизни кўзлайди. Биз У каби муқаддас бўлишимиз учун Худо бизни тарбиялайди.

11 Одам тарбия олаётганда хурсанд бўлмайди, аксинча, қайғуради. Аммо бундай тарбияни олган одам кейинчалик тинч–тотув ва солиҳ ҳаёт кечиради.

Худонинг йўлидан юринглар!

12 Сизларнинг қўлларингиз толиққан, тиззаларингиз букилган, аммо маҳкам туринг.

13 Ўзингиз учун тўғри йўлни танлаб юринг. Токи орангиздаги “ожиз” ва “оқсоқ” одамлар йиқилмасин, балки шифо топсинлар.

14 Ҳамма билан тинч–тотув яшашга ҳаракат қилинглар. Ҳалол ҳаёт кечиришга тиришинглар, акс ҳолда, Эгамизни кўра олмайсизлар.

15 Эҳтиёт бўлинглар, тағин, ўзингизни Худонинг иноятидан маҳрум қилиб қўйманглар. Ораларингизда аччиқ илдиз ўсишига йўл қўйманглар, акс ҳолда, унинг заҳри муаммолар туғдириб, кўпларингизни ҳаром қилади.

16 Қаранглар, орангизда Эсовга ўхшаганлар бўлмасин. Эсов тўнғич ўғил ҳуқуқини бир коса овқат учун сотган ахлоқи бузуқ, бетавфиқ бир одам эди.

17 Ўзингизга маълумки, кейин Эсов ваъда қилинган меросни олиш учун отасидан: “Мени дуо қилинг”, деб сўради, аммо отаси уни рад этди. Эсов кўз ёш тўкиб, отасига ёлворса–да, воз кечган меросини қайтариб олишга асло имкон йўқ эди.

Худодан юз ўгирманглар!

18 Сизлар яқинлашган тоғ Синай тоғи эмас. Синай тоғи жисмоний бир тоғ бўлиб, унга қўл теккизиб кўрса бўларди. У ерда аланга ловуллаб ёнарди, устини зулмат, қора булут қоплаган, бўрон босган эди.

19 Бурғу садоси янграб, Худонинг овози эшитилганди. Буни эшитган одамлар: “Ёлворамиз, Худо бизга бошқа гапирмасин”, деб ўтинганди.

20 Чунки: “Тоққа ҳатто ҳайвон ҳам тегса, тошбўрон қилинсин” деган Худонинг буйруғига улар дош бера олмаган эдилар.

21 Синай тоғидаги манзара шу қадар даҳшатли эдики, Мусонинг ўзи: “Қўрққанимдан титраб кетяпман”, деганди.

22 Сизлар, аксинча, самодаги Сион тоғига ва барҳаёт Худонинг шаҳри — самовий Қуддусга яқинлашгансизлар. Шод–хуррамлик қилгани йиғилган минглаб фаришталар олдига келгансизлар.

23 Исмлари осмонда ёзилган Худонинг меросхўрларига сизлар шерик бўлдингизлар. Ҳаммани ҳукм қилувчи Худонинг ҳузурига кирдингизлар. Худо баркамол қилган солиҳларнинг руҳлари олдига келдингизлар.

24 Сизлар янги аҳднинг воситачиси Исонинг ҳузурига кирдингизлар. Исонинг қонига яқинлашдингизлар. Унинг қони Ҳобилнинг қонига ўхшаб қасос талаб қилмайди, аксинча, гуноҳларимизни ювиш учун тўкилган.

25 Эҳтиёт бўлинглар, сизларга гапираётган Худодан юз ўгирманглар! Худо ер юзида гапирган вақтда, Уни рад этганлар ҳалокатдан қутула олмаган эдилар. Шундай экан, биз осмондан гапираётган Худони рад этсак, икки дунёда ҳам жазодан қутула олмаймиз!

26 Ўша вақтда Унинг овози ерни ларзага солган эди. Энди эса У шундай демоқда:

“Мен яна бир бор ерни ларзага соламан, аммо бу сафар осмонни ҳам титратаман.”

27 “Яна бир бор” дегани шуни билдирадики, яратилган бутун мавжудот йўқ бўлиб кетади, фақат тебранмас, абадий мавжудот қолади.

28 Бизга тебранмас шоҳлик берилган. Шундай экан, Худодан миннатдор бўлиб, эҳтиром ва қўрқув ила Унга манзур равишда сажда қилайлик.

29 Ахир, бизнинг Худойимиз ямламай ютадиган оловдир.

Сўнгги насиҳатлар

1 Бир–бирингизни биродарлардай яхши кўришни давом эттиринглар.

2 Меҳмондўстликни унутманглар. Зеро, меҳмондўст бўлган баъзи одамлар ўзлари билмаган ҳолда фаришталарни меҳмон қилишган.

3 Қамоқдаги биродарларингизни унутманглар, гўё ўзингиз ҳам улар билан бирга қамоқда ўтиргандек, уларни ёдингизда тутинглар. Хўрланганларни унутманглар, ўзингизни уларнинг ўрнига қўйиб кўринглар.

4 Никоҳни ҳаммангиз эъзозланглар. Эр–хотинлик муносабатини беғубор сақланглар. Фаҳшу зинога берилганларни Худо ҳукм қилади.

5 Пулга кўнгил боғламанглар, бори билан қаноатланинглар. Зеро, Худо:

“Сизларни ташлаб кетмайман, сизларни тарк этмайман”,

— деб айтган.

6 Шунинг учун биз ишонч билан айта оламиз:

“Эгам Мададкоримдир, шу боис қўрқмайман.

Инсонлар менга нима қила олади?!”

7 Худонинг каломини сизларга ўргатган устозларингизни хотирланглар. Уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида фикр юритинглар. Имонларига тақлид қилинглар.

8 Исо Масиҳ кеча, бугун ва то абад Ўшадир, У ўзгармайди.

9 Шундай экан, турли хил ғалати таълимотларга берилиб, тўғри йўлдан оғиб кетманглар. Қурбонлик маросимларига доир егулик–ичгулик қоидаларига риоя қилавермай, яхшиси, Худонинг инояти билан юрагингизни бақувват қилинглар. Ахир, инсонлар яратган бу қоидалар уларга риоя қилувчиларга ҳеч қандай фойда келтирмайди.

10 Эсингизда бўлсин, биз кўзга кўринмайдиган, ҳақиқий қурбонгоҳ олдида сажда қилмоқдамиз. Ердаги қурбонгоҳ олдида сажда қилаётганлар ҳақиқий қурбонгоҳда сажда қила олмайдилар.

11 Илгарилари олий руҳоний халқни гуноҳларидан поклаш учун ҳайвонларни қурбонлик қиларди. У қурбонликлар қонини Муқаддас хонага олиб киргандан сўнг, гўштини емасдан, сўйилган ҳайвонларни қароргоҳдан ташқарида куйдирарди.

12 Шу сингари, Исо ҳам шаҳар дарвозасидан ташқарида азоб чекиб ўлди. У Ўз қонини тўкиб, халқини гуноҳлардан поклади.

13 Келинглар, энди биз ҳам қароргоҳ ташқарисига — Исонинг олдига чиқайлик. У билан бирга хўрликларга чидайлик.

14 Зеро, бизнинг бу дунёда доимий масканимиз йўқ, биз бўлғуси шаҳарга кўз тикканмиз.

15 Шундай экан, Исо орқали Худога ҳамду сано назрларини тақдим қилаверайлик. Исони Раббимиз деб эътироф этишимиз Худога қурбонликдай бўлсин.

16 Яхшилик қилишни ва бир–биримизга ёрдам беришни унутмайлик, чунки бундай назрлар Худога манзурдир.

17 Жамоатдаги йўлбошчиларингизга қулоқ солинглар, айтганларини қилинглар. Ахир, улар имон йўлида сизларга посбонлик қиладилар, Худонинг олдида сизлар учун ҳисобот берадилар. Уларга итоат қилсангиз, улар ўз ишини хурсандчилик билан бажарадилар, бўлмаса, ўлган кунидан қиладилар. Бундан сизга нима фойда?!

18 Мен учун ибодат қилинглар. Виждоним тоза эканлигига аминман. Ҳурматга лойиқ ҳаёт кечиришга ҳаракат қиляпман.

19 Ўтиниб сўрайман, мен учун ибодат қилинглар, токи сизларнинг олдингизга тезроқ қайтиб борай.

Сўнгги дуолар

20 Тинчлик берадиган Худо Раббимиз Исони ўликдан тирилтирди. Исо Ўз қони билан абадий аҳдни муҳрлагани учун, Худо Уни Ўз халқининг улуғ Чўпони қилиб тайинлади.

21 Шу қадар буюк ишларни қилган Худонинг хоҳиш–иродасини бажара олишингиз учун, У сизларга ҳар қандай эзгу фазилат ва инъом берсин. У Ўзининг манзур мурод–мақсадини Исо Масиҳ орқали сизларда бажо келтирсин. Исо Масиҳга абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

22 Эй биродарларим, сизларга қисқагина мактуб ёздим. Ўтинаман, мактубимдаги насиҳатларни сабр–тоқат билан қабул қилинглар.

23 Айтмоқчи, биродаримиз Тимўтий қамоқдан чиқди. Агар бу ерга у вақтида етиб келса, сизларни кўргани борганимда, уни ҳам олиб бораман.

24 Жамоатдаги ҳамма йўлбошчиларингизга ва барча Худонинг азизларига салом айтинглар. Италиялик биродарларимиз сизларга салом йўллаяптилар.

25 Худонинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин.