Ваҳий

Ваҳий

Муқаддима ва дуойи салом

1 Мазкур китобда Исо Масиҳнинг ваҳийси баён этилган. Яқин орада юз берадиган ҳодисаларни Худо Ўз қулларига аён қилиш учун бу ваҳийни Исо Масиҳга берди. Исо Масиҳ қули Юҳаннонинг олдига Ўз фариштасини юбориб, ушбу ваҳийни кўрсатди.

2 Юҳанно Худонинг каломи ва Исо Масиҳнинг шаҳодати тўғрисида нималарни кўрган бўлса, ҳаммаси ҳақида гувоҳлик бермоқда.

3 Ушбу башорат сўзларини овоз чиқариб ўқиётган одам бахтлидир. Уни тинглаб, китобда ёзилганларга амал қилувчилар бахтлидир. Ахир, бу ҳодисалар ҳадемай юз беради.

4-5 Асия вилоятидаги имонлиларнинг еттита жамоатига Юҳаннодан салом! Азалдан бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган Худодан, Унинг тахти олдида турган етти руҳдан, шунингдек, ўликлар ичидан биринчи бўлиб тирилган, ер юзи шоҳларининг Ҳукмдори бўлган ишончли шоҳид — Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин.

Исо Масиҳ бизни севади. У Ўз қонини тўкиб, бизни гуноҳларимиздан халос этди.

6 У биздан Шоҳлик яратди, бизни Отаси Худога хизмат қиладиган руҳонийлар қилиб тайинлади. Қудрат Соҳиби бўлган Масиҳга абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

7 Ана, У булутларда келяпти!

Ҳар бир кўз Уни кўради,

Ҳатто Унга найза санчганлар ҳам Унга кўз тикади.

Дунёнинг жамики қабилалари Уни деб йиғлайди.

Дарҳақиқат, ҳаммаси айтилгандай бўлади! Омин.

8 “Мен Ибтидо ва Интиҳодирман, — деб айтмоқда Эгамиз Худо. — Мен олдин бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган Қодир Худодирман.”

Юҳанно ваҳийда Масиҳни кўради

9 Мен биродарингиз Юҳанноман. Исонинг азоблари, Унинг Шоҳлиги ва сабр–тоқатини баҳам кўрган шеригингизман. Мен Худонинг каломини ваъз қилиб, Исо ҳақида гувоҳлик берганим учун Патмос оролига сургун қилинганман.

10 Якшанба куни Муқаддас Руҳ мени қамраб олди. Мен орқамдан карнай садосига ўхшаш кучли бир овозни эшитдим. Овоз шундай деди:

11 “Кўрганларингни китобга ёзиб бор. Сўнг уни Эфес, Смирна, Пергамон, Тиятира, Сардис, Филаделфия ва Лаодикия шаҳарларидаги имонлиларнинг еттита жамоатига юбор.”

12 Менга гапираётган Кимсани кўриш учун ўгирилдим. Шунда еттита олтин чироқпояни кўрдим.

13 Чироқпоялар орасида инсон қиёфасидаги бир Зот турган эди. Унинг устида узун, тўпиғигача тушган ридо бор эди, кўксига олтин тасма боғланган эди.

14 Сочи момиқдай оқ, қордай оппоқ эди. Кўзлари эса оловдай чақнарди.

15 Унинг оёқлари ўчоқда қиздирилган бронзадай ярқирар, овози гувиллаган денгиз товушига ўхшарди.

16 Ўнг қўлида еттита юлдуз бор эди, оғзидан ўткир дудама қилич чиқиб турарди. Унинг юзи кун қизиганда балқийдиган қуёшдай порларди.

17 Уни кўришим биланоқ, оёқлари остига ўликдай йиқилдим. У эса ўнг қўлини устимга қўйиб, шундай деди: “Қўрқма! Мен Биринчи ва Охиргиман.

18 Барҳаётман. Ўлган эдим ва мана, абадулабад тирикман. Ўлимнинг ва ўликлар диёрининг калитлари Мендадир.

19 Шундай экан, сен олдин кўрганларингни, ҳозир кўраётганларингни ва бундан кейин кўрадиганларингнинг ҳаммасини ёзиб бор.

20 Сен ўнг қўлимда кўрган еттита юлдуз ва еттита олтин чироқпоянинг сирига келсак, етти юлдуз — етти жамоатнинг фаришталарини, етти чироқпоя эса етти жамоатни билдиради.”

Эфес шаҳридаги имонлилар жамоатига

1 “Эфесдаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Етти юлдузни ўнг қўлида тутгувчи, еттита олтин чироқпоя орасида юрувчи Зот шундай демоқда:

2 сенинг ишларингни, меҳнатингни, бардошингни биламан, бадкирдорларга тоқат қилмаслигингни ҳам биламан. Ҳаворий бўлмаган ҳолда ўзларини ҳаворий деб айтганларни сен синадинг, уларнинг ёлғонини фош қилдинг.

3 Ҳа, бардошлисан. Менинг номим учун кўп қийинчиликларни бошдан кечириб, ҳолдан тоймадинг.

4 Бироқ сенга бир эътирозим бор: сен Менга бўлган илк севгингни унутдинг.

5 Эслагин ахир, илк севги билан яшаганингда қанчалар юксакда эдинг! Энди эса тавба қил, аввалги ишларингга қайт. Тавба қилмасанг олдингга бориб, чироқпоянгни ўз жойидан олиб ташлайман.

6 Ҳа, сенда яна бир яхши фазилат бор: сен николасчиларнинг ишларидан нафратланасан. Мен ҳам улардан нафратланаман.

7 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин. Ғолиб келганларга Худонинг жаннатидаги ҳаёт дарахти мевасидан ейишни насиб этаман.”

Смирна шаҳридаги имонлилар жамоатига

8 “Смирнадаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Ўлиб тирилган, Биринчи ва Охирги бўлган Зот шундай демоқда:

9 чеккан азобларингни, камбағаллигингни биламан. Аслида эса бойсан! Ўзини Худонинг халқи деб атаганлар сени қанчалар ҳақоратлаганини ҳам биламан. Улар Худонинг халқи эмас, балки шайтон тўдасидир.

10 Бошингга тушадиган азоб–уқубатлардан қўрқма! Билгинки, иблис сизларни синаш учун орангиздан баъзиларни зиндонга ташлайди, ўн кун давомида азоб чекасизлар. Ўлим хавфи остида бўлганингда ҳам содиқ қол, шунда Мен сенга ҳаёт тожини бераман.

11 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин. Ғолиб келганлар иккинчи ўлимдан ҳеч қандай зарар кўрмайдилар.”

Пергамон шаҳридаги имонлилар жамоатига

12 “Пергамондаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Ўткир дудама қилич Соҳиби шундай демоқда:

13 қаерда яшаётганингни биламан. Шаҳрингда шайтоннинг тахти жойлашган. Шундай бўлса–да, сен Менинг номимга қаттиқ боғландинг. Шайтон яшаётган ўша шаҳрингда содиқ шоҳидим Антипас ўлдирилганда ҳам, сен Менга бўлган имонингдан қайтмадинг.

14 Лекин сенга бир оз эътирозим бор: орангизда Балом таълимотига риоя қилувчилар бор. Балом Исроил халқини йўлдан оздириш йўлини Болоққа ўргатганди. Болоқ эса Исроил халқини бутларга келтирилган қурбонлик гўштини ейишга ва фаҳш–зинога ундаганди.

15 Шунингдек, орангизда николасчилар таълимотига эргашувчилар ҳам бор.

16 Энди тавба қил! Акс ҳолда, Мен зудлик билан олдингга бориб, оғзимдаги қилич билан ўшаларга қарши жанг қиламан.

17 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин. Ғолибга Мен пинҳон сақланган маннани бераман. Унга оқ тошни ҳам бераман. Бу тошнинг устига янги бир исм ёзилган, тошни олган кишидан бошқа ҳеч ким у исмни билмайди.”

Тиятира шаҳридаги имонлилар жамоатига

18 “Тиятирадаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Кўзлари оташ алангасидай чақноқ, оёқлари қиздирилган бронзадай ярқироқ Худонинг Ўғли шундай демоқда:

19 сенинг ишларинг, севгинг, имонинг, хизматинг ва бардошингни биламан. Ҳозирда олдингидан ҳам кўпроқ иш қилаётганингни биламан.

20 Лекин сенга бир эътирозим бор: сен Изабел деган бўлмағур аёлга тоқат қилиб юрибсан. У ўзини пайғамбар деб, таълимоти билан қулларимни йўлдан оздиряпти. Уларни фаҳш–зино қилишга ва бутларга келтирилган қурбонлик гўштини ейишга ундаяпти.

21 Фаҳш–зинодан тавба қилиши учун унга муҳлат бердим, аммо у тавба қилишдан бош тортяпти.

22 Шундай экан, Мен уни хаста қилиб, тўшакка ётқизиб қўяман. У билан бирга фаҳш–зино қилганларни ҳам, борди–ю, унинг йўлидан қайтмасалар, қаттиқ азоб–уқубатларга дучор қиламан.

23 Унинг издошларини ўлдираман. Онгларни ва юракларни билгувчи Мен эканлигимни шунда ҳамма жамоатлар билиб оладилар. Мен орангиздаги ҳар бир кишини ўз қилмишига яраша жазолайман.

24 Тиятирадаги баъзиларингиз Изабелнинг бу таълимотига эргашмадингиз. Сизлар «шайтоннинг сирлари» деб аталган нарсалардан бехабарсизлар. Сизларга шундан бошқа ҳеч нарса юкламайман:

25 фақат Мен келгунимга қадар, имонингизда қаттиқ туринглар, дейман.

26 Ғолиб келганларга ва охиригача Менинг иродамни бажарганларга халқлар устидан ҳокимият бераман.

27 Улар халқларни темир хивчин ила бошқаришади. Сопол кўзани синдиргандай халқларни парчалашади. Отам Худо Менга ато қилган бу ҳокимият уларда бўлади.

28 Мен уларга тонг юлдузини ҳам бераман.

29 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин.”

Сардис шаҳридаги имонлилар жамоатига

1 “Сардисдаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Худога хизмат қиладиган етти руҳни Бошқарувчи, қўлида етти юлдузни Тутгувчи шундай демоқда: сенинг ишларингни биламан. Сени тирик дейишади, аммо ўликсан.

2 Сенинг ишларинг Худойим назарида тугал эмаслигини билдим. Уйғон! Жамоатинг нобуд бўлмоқда. Имонини сақлаб қолганларга қўшилиб, жамоатингни мустаҳкамла.

3 Нимани эшитиб ўрганган бўлсанг эслагин. Ўшаларга риоя қилгин. Гуноҳларингдан тавба этгин. Агар уйғонмасанг, Мен устингга ўғридай бостириб келаман. Сен эса қайси соатда келишимни билмайсан.

4 Бироқ Сардисда ўз кийимларини булғамаган бир неча одамларинг қолган. Улар Мен билан бирга оқ кийимда юрадилар, улар бунга лойиқдирлар.

5 Ғолиб келганлар улар сингари, шундай оқ кийим киядилар. Мен уларнинг номларини ҳаёт китобидан ўчирмайман, Отам Худо ва Унинг фаришталари олдида номларини тан оламан.

6 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин.”

Филаделфия шаҳридаги имонлилар жамоатига

7 “Филаделфиядаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Шоҳ Довуднинг калити муқаддас ва ҳақ Зотдадир. У эшикни очганда, уни ҳеч ким бекита олмайди. У бекитганда, ҳеч ким очолмайди. Ўша Зот шундай демоқда:

8 сенинг ишларингни биламан. Мана, олдингда бир эшик очдим, уни ҳеч ким бекита олмайди. Кучинг камлигини Мен биламан. Шунга қарамай, сен сўзимга риоя қилдинг, Мендан тонмадинг.

9 Шайтон тўдасидан бўлганларни нима қилишимни ўзинг кўрасан. Улар ўзларини Худонинг халқи деб атайдилар, аммо гаплари ёлғон, улар Худонинг халқи эмаслар. Мен уларни шундай кўйга соламанки, келиб сенинг оёғингга йиқиладилар. Мен сени қанчалик севганимни билиб оладилар.

10 Сен Менинг сабрли бўлиш ҳақидаги амримга итоат этдинг. Шундай экан, ер юзида яшовчиларни синаш учун юбориладиган кулфат вақтидан Мен сени асрайман.

11 Мен тезда келаман. Имонингда маҳкам тур, токи ҳеч ким тожингни тортиб олмасин.

12 Ғолиб келганларни Мен Худойимнинг Маъбадида устун қиламан. Шунда улар зинҳор Маъбадни тарк этмайдилар. Уларнинг пешаналарига Мен Худойимнинг номини ва Худойимга қарашли шаҳарнинг номини ёзаман. Бу шаҳар — Худойим самодан юборадиган янги Қуддусдир. Ғолибнинг пешанасига Мен Ўзимнинг янги номимни ҳам ёзаман.

13 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин.”

Лаодикия шаҳридаги имонлилар жамоатига

14 “Лаодикиядаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Ишончли ва ҳақ Шоҳид, Худо яратган борлиқнинг Асосчиси, Омин деб ном олган Зот шундай демоқда:15 сенинг ишларингни биламан, сен на совуқ ва на иссиқсан. Эҳ, қанийди, ё совуқ, ё иссиқ бўлсанг!

16 Сен иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, балки илиқ бўлганинг учун Мен сени қусиб юбораман.

17 Сен: «Бойман, ўзимга тўқман, ҳеч нарсадан кам–кўстим йўқ», — дейсан. Аслида эса аянчли, ачинарли аҳволда эканингни, қашшоқ, кўр ва яланғоч эканингни билмайсан!

18 Сенга маслаҳат бераман: бойишинг учун Мендан оловда тобланган олтинни сотиб ол. Шармандали яланғочлигингни ёпиш учун эгнингга оқ кийим, кўришинг учун кўзларингга суртадиган малҳамни Мендан сотиб ол.

19 Мен кимни севсам, айбини кўрсатаман, тарбиялайман. Шундай экан, шижоатли бўл, гуноҳларинг учун тавба қил.

20 Мана, Мен эшик олдида туриб, тақиллатяпман. Ким овозимни эшитиб эшикни очса, Мен ўшанинг олдига кираман. Мен у билан ва у Мен билан овқатни баҳам кўрамиз.

21 Ғолиб келганларни Мен ёнимда, тахтимда ўтиришга ҳақли қиламан. Зотан, Мен ҳам ғолиб келганимда Отам Худо билан бирга Унинг тахтида ўтирдим.

22 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин.”

Самодаги сажда

1 Шундан кейин мен осмонда ланг очиқ бир эшикни кўрдим. Илгари менга гапирган карнай садосига ўхшаш ўша овоз яна эшитилди. У шундай деди: “Бу ёққа чиқ, бундан кейин нима юз беришини сенга кўрсатаман.”

2 Шу пайт Муқаддас Руҳ мени қамраб олди. Мен самода турган бир тахтни кўрдим, унда бир Зот ўтирар эди.

3 Ўтирган Зотнинг қиёфаси қимматбаҳо яшма ва лаъл тошларидай ярқирарди. Тахт атрофида зумрад тусидаги камалак жилваланарди.

4 Тахтнинг теварагида яна йигирма тўртта тахт турарди. Бу тахтларда оқ кийим кийган, бошларида олтин тожлари бўлган йигирма тўрт нафар оқсоқол ўтирар эди.

5 Тахтдан чақмоқ чақарди, момақалдироқнинг гулдурос садоси келарди. Тахт олдида Худонинг етти руҳи бўлган еттита машъала ёниб турарди.

6 Тахтнинг олдида ойна сингари денгизга ўхшаш, биллурдай тиниқ бир нарса бор эди.

Тахтнинг атрофида тўртта жонли мавжудот турар эди, уларнинг олди ва орқаси кўзлар билан қопланган эди.

7 Биринчи мавжудот шерга, иккинчиси буқага ўхшар эди, учинчи мавжудотнинг юзи одамнинг юзига, тўртинчиси эса учаётган бургутга ўхшар эди.

8 Бу тўртта мавжудотнинг ҳар бирида олтитадан қанот бор эди. Уларнинг ҳамма ёғи кўзлар билан қопланган эди, ҳатто қанотларининг тагида ҳам кўзлари бор эди. Улар кечаю кундуз тинмай шундай сўзларни такрорлар эдилар:

“Муқаддасдир, муқаддасдир,

Муқаддасдир Қодир Худо — Эгамиз.

У бор бўлган, ҳозир ҳам бор,

Келажакда ҳам бор бўлар!”

9 Мавжудотлар тахтда Ўтирганни, то абад барҳаёт Зотни улуғлашарди, иззат–икром кўрсатиб, шукроналар айтишарди.

10 Шунда йигирма тўрт нафар оқсоқол тахтдаги то абад барҳаёт Зот олдида ерга мук тушиб, сажда қилишарди. Тожларини тахт олдига қўйиб, шундай дейишарди:

11 “Ё Эгамиз, ё Худойимиз!

Сен қудратлисан!

Улуғворлигу иззатга Сен лойиқсан!

Зеро, бутун борлиқни Сен яратгансан,

Ҳамма нарса Сенинг ироданг ила вужудга келди, яратилди.”

Муҳрланган ўрама қоғоз ва Қўзи

1 Мен тахтда ўтирган Зотнинг ўнг қўлида бир ўрама қоғозни кўрдим. Ўрамнинг олди ва орқа томонларида ёзувлари бор бўлиб, у еттита муҳр билан муҳрланган эди.

2 Сўнг мен кучли бир фариштани кўрдим. У баланд овозда: “Муҳрларни ечишга, ўрамни очишга ким лойиқ?” деб сўради.

3 Бироқ на осмонда, на ер юзида, на ер остидаги оламда ўрамни оча оладиган ёки ичига назар сола оладиган бирон кимса бор эди.

4 Мен аччиқ–аччиқ йиғлай бошладим, чунки ўрамни очишга, ҳатто унинг ичига назар солишга лойиқ бирон кимса топилмаганди.

5 Шунда оқсоқоллардан бири менга деди: “Йиғлама! Ана қара, Яҳудо қабиласидан бўлган Шер — Довуд уруғидан чиққан Зот ғалаба қозонди. У ўрамнинг еттита муҳрини ечишга ва ўрамни очишга қодирдир.”

6 Шунда мен тахтнинг олдида, тўртта жонли мавжудот ва оқсоқоллар қуршовида турган бир Қўзини кўрдим. У гўё бўғизлангандай эди. Қўзининг етти шохи ва етти кўзи бор эди. Булар Худо бутун ер юзига юборган еттита руҳдир.

7 Қўзи келиб, тахтда ўтирган Зотнинг ўнг қўлидан ўрамни олди.

8 У ўрамни олганда, тўртта мавжудот ва йигирма тўрт оқсоқол Қўзининг олдида мук тушишди. Ҳар бирининг қўлида бир арфа ва хушбўй тутатқиларга тўла олтин косалар бор эди. Хушбўй тутатқилар — Худо азизларининг дуою ибодатлари демакдир.

9 Улар қуйидагича янги қўшиқ айтишар эди:

“Сен ўрамни олишга,

Унинг муҳрларини ечишга лойиқсан!

Чунки Сен бўғизланган эдинг,

Ўз қонинг эвазига ҳар бир қабила, миллат, элату халқдан

Худо учун одамларни қутқариб олдинг.

10 Улардан Шоҳлик яратдинг,

Уларни Худойимизга хизмат қиладиган

Руҳонийлар қилиб тайинладинг.

Улар ер юзида ҳукм сурадилар.”

11 Кейин мен тахтнинг, мавжудотлар ва оқсоқолларнинг атрофида кўп фаришталарни кўрдим, уларнинг овозларини эшитдим. Уларнинг саноғига етиб бўлмас, минг–минглаб, ўн минглаб эдилар.

12 Улар баланд овозда шундай дердилар:

“Бўғизланган Қўзи ҳамдларга лойиқдир!

Кучу давлат, донолигу қудрат Соҳибига

Шон–шарафлар бўлсин!”

13 Шунда мен еру осмондаги, ер остидаги, денгиздаги жамики жонзотларнинг овозларини эшитдим. Уларнинг ҳаммаси шундай деб куйлаётган эдилар:

“Тахтда ўтирган Зотга ва Қўзига

Абадулабад ҳамдлар бўлсин!

Бу қудрат Соҳибларига

Абадулабад шон–шарафлар бўлсин!”

14 Тўртта мавжудот: “Омин!” — деди. Оқсоқоллар эса мук тушиб, сажда қилдилар.

Муҳрлар

1 Кейин мен Қўзининг етти муҳрдан бирини ечганини кўрдим. Ўша пайтда тўртта жонли мавжудотдан бири момақалдироққа ўхшаш овоз билан: “Кел!” — деб айтганини эшитдим.

2 Шунда мен бир оқ отни кўрдим. От устида камони бор сувори ўтирарди. Унга бир тож берилди. У босқинчи бўлиб, душманларини босиб олиш учун йўлга чиқди.

3 Қўзи иккинчи муҳрни ечганда, мен иккинчи мавжудотнинг: “Кел!” — деб айтганини эшитдим.

4 Шу пайт бошқа бир от чиқиб келди. У қип–қизил рангда эди. Халқлар бир–бирига қирғин келтирсин деб, бу от устидаги суворига дунёни тинчликдан маҳрум қилиш қудрати берилганди. Унга катта қилич ҳам берилди.

5 Қўзи учинчи муҳрни ечганда, мен учинчи мавжудотнинг: “Кел!” — деб айтганини эшитдим. Шунда мен қора отни кўрдим. Бу от устидаги суворининг қўлида тарози бор эди.

6 Мен тўртта мавжудотнинг орасидан чиққан овозга ўхшаш бир садони эшитдим. Ўша овоз деди: “Одамлар бир кунлик иш ҳақига бор–йўғи бир коса буғдой ёки уч коса арпа сотиб оладиган бўлсин. Аммо зайтун боғлари ва узумзорларга зарар етказма!”

7 Қўзи тўртинчи муҳрни ечганда, мен тўртинчи мавжудотнинг: “Кел!” деб айтганини эшитдим.

8 Шунда мен кўкимтир рангдаги бир отни кўрдим. От минган суворининг номи Ўлим эди. Унинг кетидан Қабр эргашиб келаётган эди. Уларга дунёнинг тўртдан бир қисми устидан ҳокимият берилганди. Улар ердаги одамларни қилич, қаҳатчилик, ўлат ва ёввойи ҳайвонлар орқали ўлдиришлари мумкин эди.

9 Қўзи бешинчи муҳрни ечганда, мен қатл қилинган одамларнинг жонларини қурбонгоҳ остида кўрдим. Улар Худонинг каломи ва берган шаҳодатларига содиқ қолганлари учун ўлдирилган эдилар.

10 Улар қаттиқ фарёд қилиб, шундай дердилар: “Ё Эгамиз, Сен муқаддас ва ҳақдирсан. Сен қачон дунёда яшаётганларни ҳукм этасан? Қачон улардан ўлимимиз учун қасос оласан?”

11 Бу жонларнинг ҳар бирига оқ либос берилди. Уларга: “Қисқа бир муддат дам олиб туринглар”, деб айтилди. Бошқа хизматчи биродарлар ҳам улар сингари ўлдирилиб, ўлдирилганларнинг сони белгиланган миқдорга етгунча улар кутиб туришлари керак эди.

12 Қўзи олтинчи муҳрни ечаётганини мен кузатиб турдим. Шунда қаттиқ зилзила рўй берди. Қуёш қора жундай тим қора бўлиб қолди, тўлин ой эса қондай қип–қизил тусга кирди.

13 Осмондаги юлдузлар ерга қулади. Ҳа, кучли шамол дарахтни силкитиб анжирни тўккандай улар ерга тўкилди.

14 Осмон қоғоздай ўралиб, йўқ бўлиб кетди. Ҳар бир тоғ ва орол жойидан силжиб кетди.

15 Дунёнинг шоҳлари, аслзодаларию лашкарбошилари ғорларга ва тоғларнинг қоялари орасига яшириндилар. Улар билан бирга бойлару кучлилар, қулу эркин одамлар яшириндилар.

16 Улар тоғу қояларга шундай деб ёлворар эдилар: “Устимизга қуланг, тахтда ўтирган Зотнинг назаридан ва Қўзининг ғазабидан бизни яширинг!

17 Ахир, Улар ғазабини сочадиган қўрқинчли кун келди! Бу кунга ким бардош бера оларди?!”

Муҳрланган 144.000 киши

1 Шундан кейин мен ер юзининг тўрт бурчагида турган тўрт нафар фариштани кўрдим. Улар тўрт шамолни тутиб турар эдилар. Шамолнинг эсишига, ерга, денгизга, бирон дарахтга тегишига йўл қўймас эдилар.

2 Сўнгра мен шарқдан келаётган бошқа бир фариштани кўрдим. У барҳаёт Худонинг муҳрини олиб келаётган эди. Еру денгизга зарар етказиш қудрати берилган тўртта фариштага у баланд овозда шундай хитоб қилди:

3 “Ерга, денгизга ва дарахтларга зарар етказмай туринглар. Худойимизнинг қуллари пешаналарига биз муҳр босиб олайлик!”

4 Мен муҳр босилган кишиларнинг сонини эшитдим. Исроил қабилаларининг барчасидан 144.000 кишига муҳр босилган эди:

5 Яҳудо қабиласидан 12.000 киши,

Рубен қабиласидан 12.000,

Гад қабиласидан 12.000,

6 Ошер қабиласидан 12.000,

Нафтали қабиласидан 12.000,

Манаше қабиласидан 12.000,

7 Шимўн қабиласидан 12.000,

Леви қабиласидан 12.000,

Иссахор қабиласидан 12.000,

8 Забулун қабиласидан 12.000,

Юсуф қабиласидан 12.000,

Бенямин қабиласидан 12.000 киши.

Оқ кийимли оломон

9 Шундан кейин мен саноғига етиб бўлмайдиган катта бир оломонни кўрдим. Турли хил халқ, қабила, элату миллатларга мансуб бўлган бу одамлар тахт олдида, Қўзининг ҳузурида туришарди. Ҳаммасининг эгнида оқ либос, қўлларида пальма дарахти шохлари бор эди.

10 Улар овозлари борича шундай ҳайқиришарди: “Тахтда ўтирган Худойимиз билан Қўзи нажот бериш қудратига эгадирлар!”

11 Ҳамма фаришталар тахт атрофида, оқсоқоллар ва тўртта мавжудот атрофида турар эдилар. Улар тахт олдида мук тушиб, Худога сажда қилган ҳолда

12 шундай дейишарди:

“Омин!

Худойимизга ҳамду санолар бўлсин!

Донолигу куч–қудрат Соҳибига

Абадулабад шукронаю шон–шарафлар бўлсин!

Омин.”

13 Оқсоқоллардан бири мендан сўради:

— Оқ либос кийган бу одамлар ким? Улар қаердан келганлар?

14 — Тақсир, буниси ўзингизга аён, — дея жавоб бердим мен. У менга шундай деди:

— Булар қаттиқ қувғинлардан ўтиб келганлар. Улар либосларини Қўзининг қони билан ювиб оқартирганлар.

15 Шунинг учун улар Худонинг тахти олдида турадилар ва Унинг Маъбадида кеча–кундуз хизмат қиладилар. Тахтда Ўтирган эса уларни Ўз паноҳида асрайди.

16 Улар энди оч қолмайдилар, чанқамайдилар. Қуёш ҳам, офтоб ҳам уларни урмайди.

17 Зотан, тахт олдида турган Қўзининг Ўзи уларга чўпонлик қилади. Уларни ҳаётбахш сув булоқларига олиб боради. Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир томчи ёшни артиб қўяди.

Еттинчи муҳр

1 Қўзи еттинчи муҳрни ечганда, само ярим соатча сукунатда қолди.

2 Мен Худонинг ҳузурида турган еттита фариштани кўрдим. Уларнинг ҳар бирига биттадан карнай берилди.

3 Бошқа бир фаришта келиб, қурбонгоҳнинг олдида турди. Унинг қўлида олтин оловкурак бор эди. Унга кўп хушбўй тутатқилар берилди. У бу тутатқиларни барча Худо азизларининг ибодатларига қўшиб, тахт олдида турган олтин қурбонгоҳ устида назр қилиши керак эди.

4 Тутатқиларнинг тутуни Худо азизларининг ибодатлари билан бирга фариштанинг қўлидан юқорига — Худонинг ҳузурига кўтарилди.

5 Фаришта оловкуракни олиб, уни қурбонгоҳдаги оташ билан тўлдирди–да, ер юзига улоқтириб юборди. Ўшанда момақалдироқнинг гулдурос садоси янграб, чақмоқ чақди, зилзила бошланди.

Охирзамон карнайлари

6 Еттита фаришта қўлларидаги карнайларни чалишга тайёрландилар.

7 Биринчи фаришта карнайини чалди. Шунда дўл, олов ва қон ер юзига ёғдирилди. Ернинг учдан бир қисми ёниб кетди, дарахтларнинг учдан бири ва ҳамма ўт–ўланлар куйиб кетди.

8 Иккинчи фаришта карнайини чалди. Шунда ловуллаб ёнаётган улкан тоққа ўхшаш бир нарса денгизга отилди. Денгизнинг учдан бир қисми қонга айланди.

9 Денгиздаги жонзотларнинг учдан бир қисми ўлди, кемаларнинг учдан бир қисми ҳалокатга учради.

10 Учинчи фаришта карнайини чалди. Шунда осмондан улкан бир юлдуз тушди. Машъала бўлиб ёнаётган бу юлдуз дарёларнинг учдан бир қисмига ва сув булоқларига тушди.

11 Бу юлдузнинг номи Эрман эди. Сувларнинг учдан бир қисми аччиқ бўлди. Аччиқ сувдан кўп одамлар ўлди.

12 Тўртинчи фаришта карнайини чалди. Қуёшнинг учдан бир қисми, ойнинг ва юлдузларнинг учдан бир қисми зарба еб, қоронғилашди. Натижада кундузнинг ҳам, туннинг ҳам учдан бир қисми ёруғликдан маҳрум бўлди.

13 Кейин мен бошим узра учиб кетаётган бир бургутни кўрдим. У баланд овозда шундай деганини эшитдим: “Ер юзида яшаётганларнинг ҳолига вой! Ҳолига вой! Ҳолига вой! Ахир, қолган учта фаришта ҳозир карнайларини чалишади.”

Бешинчи карнай: жаҳаннам қаъридан чиққан чигирткалар

1 Бешинчи фаришта карнайини чалди. Шунда мен осмондан ерга тушган бир юлдузни кўрдим. Унга жаҳаннам қаърининг калити берилган эди.

2 У жаҳаннам қаърини очди. Улкан ўчоқдан чиқаётгандай, жаҳаннам қаъридан тутун бурқираб чиқди. Бу тутундан қуёш ва ҳаво қоронғилашиб кетди.

3 Тутундан чигирткалар чиқиб, ер юзига тарқалди. Уларга ердаги чаёнларнинг кучига ўхшаш бир куч берилган эди.

4 Чигирткаларга: “Ер юзидаги ўт–ўланларга, биронта ўсимлик ёки дарахтга тегманглар”, деб айтилган эди. Улар фақат пешаналарида Худонинг муҳри бўлмаган одамларга зарар етказишлари мумкин эди.

5 Одамларни ўлдириш чигирткаларга ман этилганди. Улар одамларга беш ой давомида азоб беришлари керак эди. Бу азоб чаён чаққандаги азобга ўхшарди.

6 Ўша беш ой давомида одамлар ўлим излайдилар, аммо тополмайдилар. Ўлимни орзу қиладилар, аммо ўлим улардан қочади.

7 Чигирткаларнинг кўриниши жангга шайланган отларга ўхшар эди. Уларнинг бошида олтин тожга ўхшаган нарсалар бор, юзлари эса одамсимон эди.

8 Сочлари аёлларнинг сочига, тишлари эса арслон тишига ўхшар эди.

9 Кўкраклари темир совутдай эди. Қанотларининг товуши эса урушга елиб бораётган тумонат жанг араваларининг товушини эслатарди.

10 Чаёнларникига ўхшаш думлари ва нишлари бор эди. Инсонларга беш ой давомида зарар етказиш учун олган куч–қудрати ўша думларида эди.

11 Уларга жаҳаннам қаърининг фариштаси ҳукмронлик қиларди. Бу фариштанинг оти ибронийчада Абаддўн, юнончада Аполлион, яъни “ҳалок қилувчи” демакдир.

12 Биринчи ҳалокат ўтди, бундан кейин яна иккита ҳалокат бор.

Олтинчи карнай: отлиқ қўшинлар

13 Олтинчи фаришта карнайини чалди. Шунда мен Худо ҳузуридаги олтин қурбонгоҳнинг тўртта шохи томонидан келаётган бир овозни эшитдим.

14 Бу овоз карнай тутган олтинчи фариштага шундай деди: “Буюк Фурот дарёси бўйида боғлаб қўйилган тўрт фариштани ечиб юбор!”

15 Бу тўртта фаришта ўша соат, ўша кун, ўша ой ва ўша йил учун сақлаб келинган эди. Улар инсониятнинг учдан бир қисмини қириб ташлаш учун бўшатилди.

16 Улар икки юз миллионлик отлиқ қўшинни бошқаришарди, мен уларнинг сонини эшитдим.

17 Мен кўрган ваҳийдаги отлар билан сувориларнинг кўриниши қуйидагича эди: сувориларнинг совутлари оловдай қизил, тўқ кўк ва олтингугуртдай сариқ рангда эди. Отларнинг боши арслон бошига ўхшар, оғизларидан олов, тутун ва олтингугурт отилиб чиқарди.

18 Инсониятнинг учдан бир қисми шу уч балодан — олов, тутун ва олтингугуртдан ўлди.

19 Отларнинг кучи ҳам оғзида, ҳам думларида эди. Уларнинг думлари илонларга ўхшарди. Бу илонлар одамларни чақиб, жароҳатларди.

20 Бу балолардан омон қолган инсонлар эса ўзлари ясаган бутларидан воз кечмадилар, жинларга сиғинишдан қайтмадилар. Кўрмайдиган, эшитмайдиган, юрмайдиган олтин, кумуш, бронза, тош ва ёғоч бутларга сажда қилавердилар.

21 Қотилликларидан, иссиқ–совуқ қилишдан, фаҳш–зино ва ўғриликларидан қайтмадилар.

Фаришта ва кичкина ўрама қоғоз

1 Мен самодан тушаётган бошқа кучли бир фариштани кўрдим. У булутга бурканган эди. Унинг боши узра камалак бор эди. Юзи қуёшдай порлар, оёқлари олов устунларидай ловуллаб турар эди.

2 Унинг қўлида кичкинагина очилган ўрама қоғоз бор эди. У ўнг оёғини денгиз устига, чап оёғини ер юзига қўйганича,

3 шер ўкиргандай қаттиқ ҳайқирди. У ҳайқирганда етти момақалдироқ ҳам тилга кириб, гулдурос овоз билан гапира бошлади.

4 Етти момақалдироқ гапирганда, мен уларнинг гапларини ёзмоқчи бўлдим. Лекин самодан бир овоз шундай деди:

— Етти момақалдироқнинг гапларини ёзма, уларни сир сақла!

5 Денгиз ва ер юзида турган, мен кўрган фаришта ўнг қўлини осмонга кўтарди.

6-7 У то абад барҳаёт Худо ҳақи онт ичди. Еру осмонни, денгиз ва уларни тўлдирган жамики жониворларни яратган Худо ҳақи онт ичиб, шундай деди:

— Худо пайғамбар қулларига Ўзининг сир тутган режасини маълум қилганди. Еттинчи фаришта карнай чалганда, Худо ўша режасини амалга оширади. Энди кечиктирмайди.

8 Самодан келган овоз менга яна деди:

— Бор, денгиз ва ер устида турган фариштанинг қўлидан очиқ ўрама қоғозни ол.

9 Мен фариштанинг ёнига бориб:

— Ўрама қоғозни менга беринг, — дедим. Фаришта менга деди:

— Мана, ол! Уни егин! У ичингни ачитиб юборади, оғзингга эса асалдай ширин таъм беради.

10 Мен ўрама қоғозни фариштанинг қўлидан олиб едим. У оғзимда асалдек ширин эди. Аммо уни ютганимдан кейин ичим ачишиб кетди.

11 Сўнг менга шундай деб айтишди:

— Сен яна кўп элатлар ҳақида, халқлар, миллатлару шоҳлар ҳақида башорат қилишинг керак.

Охирзамоннинг икки шоҳиди

1 Менга ўлчаш учун бир қамиш берилди, сўнг шундай деб айтилди: “Бор, Худонинг Маъбадини ва қурбонгоҳни ўлчаб чиқ. У ерда сажда қилувчиларни санагин.

2 Маъбаднинг ташқи ҳовлисини эса қолдир, уни ўлчама. Чунки у ер бутпарастларга берилган. Улар муқаддас шаҳарни 42 ой оёқ ости қиладилар.

3 Мен икки шоҳидимга қудрат бераман. Улар эгниларига қанор кийиб, 1260 кун давомида ваъз қиладилар.

4 Бу икки шоҳид — бутун дунё Эгасининг ҳузурида турган иккита зайтун дарахти ва иккита чироқпоядир.

5 Борди–ю, биронтаси уларга озор етказмоқчи бўлса, уларнинг оғзидан олов чиқиб, ўша душманни еб битиради. Уларга озор беришни истаганлар шу йўсинда ҳалок бўлади.

6 Бу икки шоҳид ваъз қиладиган кунларда ёмғир ёғмаслиги учун Худо уларга осмонни беркитиш қудратини берган. Уларга яна сувни қонга айлантириш ва ер юзини истаган вақтларида турли балою офатларга йўлиқтириш қудрати берилди.

7 Улар шаҳодат бериб бўлганларидан кейин, тубсиз чуқурликдан чиққан бир махлуқ улар билан жанг қилади, уларни енгиб, ўлдиради.

8 Уларнинг жасадлари буюк шаҳарнинг кўчасида ётади. Шоҳидларнинг Раббийси Исо ҳам ўша шаҳарда хочга михланган эди. Ўша шаҳарнинг рамзий номи Садўм ва Мисрдир.

9 Барча элу қабилалар, миллату халқлардан бўлган одамлар уч ярим кун давомида уларнинг жасадларини томоша қиладилар. Уларни дафн этишга рухсат беришмайди.

10 Ер юзида яшаётганлар шоҳидларнинг ўлимидан севиниб хурсандчилик қилишади. Бир–бирларига ҳадялар юборишади. Чунки бу иккала пайғамбар ер юзида яшовчиларга кўп азоб берган эди.”

11 Аммо уч ярим кундан кейин иккала пайғамбарнинг вужудига Худонинг ҳаёт нафаси кирди. Шунда улар оёққа турдилар. Уларни кўрганларнинг ҳаммасини қаттиқ ваҳима босди.

12 Икки пайғамбар самодан келган баланд бир овознинг: “Бу ёққа чиқинглар!” — деганини эшитишди, шунда улар душманларининг кўз ўнгида булут ичида самога кўтарилишди.

13 Ўша заҳоти шиддатли зилзила юз берди. Шаҳарнинг ўндан бир қисми қулади. Зилзилада етти минг киши нобуд бўлди. Қолганлари эса ваҳимага тушиб, Самовий Худони улуғлашди.

14 Иккинчи ҳалокат ўтди. Мана, учинчи ҳалокат тез яқинлашяпти.

Еттинчи карнай: самодаги ҳамду сано

15 Еттинчи фаришта карнайини чалди. Самода баланд овозлар янгради. Улар шундай деб айтаётган эдилар:

“Энди бу дунё ҳукмронлиги

Эгамизга ва Унинг Масиҳига тегишлидир.

Улар абадулабад ҳукмронлик қилишади.”

16 Шунда Худонинг ҳузуридаги ўз тахтларида ўтирган йигирма тўрт нафар оқсоқол юз тубан ерга мук тушдилар. Улар Худога сажда қилиб дедилар:

17 “Ё Қодир Худо — Эгамиз!

Сен бор бўлгансан, ҳозир ҳам борсан.

Биз Сенга ташаккурлар айтамиз.

Ахир, Сен буюк қудратингни намоён этдинг,

Ҳукмронлик қила бошладинг.

18 Халқлар Сендан ғазабланганди,

Энди Сен ҳам ғазабга миндинг.

Энди вақти келди ўликларни ҳукм қилишга,

Пайғамбар қулларингни, азизларингни мукофотлашга,

Сендан қўрққан каттаю кичикни тақдирлашга.

Ерни вайрон қилганларни вақти келди хонавайрон қилишга!”

19 Сўнг Худонинг самодаги Маъбади очилди. Маъбадда Худонинг Аҳд сандиғи кўринди. Ўшанда чақмоқ чақиб, момақалдироқнинг гулдурос садолари янгради, зилзила бошланди, шиддатли дўл ёғди.

Туққан аёл ва аждарҳо

1 Осмонда ажойиб бир аломат рўй берди: қуёшга бурканган бир аёл пайдо бўлди. Унинг оёқлари остида ой ва бошида ўн икки юлдузли тож бор эди.

2 Аёл ҳомиладор бўлиб, уни тўлғоқ тутар, дард билан бақирар эди.

3 Сўнгра осмонда бошқа бир аломат кўринди: етти бошли, ўнта шохли улкан қизил аждарҳо пайдо бўлди. Унинг ҳар бир бошида биттадан тожи бор эди.

4 У думи билан осмондаги юлдузларнинг учдан бир қисмини судраб, ерга улоқтирди. Аждарҳо тўлғоқ тутган аёлнинг олдига туриб олди. Чақалоқ туғилиши биланоқ аждарҳо уни ютиб юбормоқчи эди.

5 Аёл ўғил кўрди. Келажакда барча халқларни темир хивчин билан бошқарадиган бу ўғлон дарҳол олиб кетилди. У Худонинг ҳузурига, тахтга келтирилди.

6 Аёл эса чўлга қочиб борди. У ерда 1260 кун давомида аёлга ғамхўрлик қилишсин деб, Худо махсус жой ҳозирлаб қўйган эди.

7 Шундан кейин самода жанг бошланди. Микойил ва унинг фаришталари аждарҳога қарши чиқишди. Аждарҳо ҳам ўзининг фаришталари билан Микойилга қарши жанг қилди.

8 Аммо аждарҳо талафот кўрди. Унга ва унинг фаришталарига энди самода жой йўқ эди.

9 Улкан аждарҳо ерга улоқтирилди. Бутун дунёни алдаган бу алмисоқ илон иблис ва шайтон деб аталган. У ўз фаришталари билан ерга улоқтирилди.

10 Шунда мен самодан баланд овозда айтилган бу сўзларни эшитдим:

“Худойимиз нажоту қудратини аён қилди,

Мана, Унинг Шоҳлиги келди.

Худонинг Масиҳи ҳокимияти ўрнатилди.

Ахир, биродарларимизнинг туҳматчиси ерга улоқтирилди,

Ҳа, Худойимиз ҳузурида кеча–кундуз

Уларга туҳмат қилаётган иблис пастга отилди.

11 Улар Қўзининг қони туфайли,

Ўзларининг шаҳодат сўзи туфайли иблисни енгдилар.

Ҳатто ўлим хавфи остида бўлганларида жонларини аямадилар.

12 Эй осмону фалак, хурсанд бўл!

Унда яшовчилар, шодланинг!

Аммо, эй еру денгиз, сизнинг ҳолингизга вой!

Зеро, иблис олдингизга тушди.

Вақти оз қолганини билиб, у қаҳру ғазабга минди.”

13 Аждарҳо ўзининг ер юзига улоқтирилганини англагач, ўғил бола туққан аёлни таъқиб қила бошлади.

14 Аёл ўша илондан қоча олиши учун унга катта бургутнинг икки қаноти берилди. У саҳрога — уч ярим йил давомида унга ғамхўрлик қилинадиган жойга қочиб бориши керак эди.

15 Илон эса, уни сел оқизиб кетсин деб, оғзини очди–да, аёлнинг кетидан дарёдай сув оқизди.

16 Аммо ер аёлга ёрдам берди. Ер даҳанини очиб, аждарҳо оқизган дарёни ютиб юборди.

17 Аждарҳо аёлдан қаттиқ ғазабланди. У аёлнинг бошқа фарзандлари билан жанг қилгани чиқди. Аёлнинг фарзандлари — Худонинг амрига итоат қилган ва Исонинг шаҳодатига содиқ қолган одамлардир.

Денгиздан чиққан махлуқ

1 Аждарҳо денгизнинг қум соҳилига бориб турди.

Тўсатдан мен денгиздан бир махлуқ чиқиб келганини кўрдим. Унинг еттита боши ва ўнта шохи бор эди. Ҳар бир шохига биттадан тож кийдирилган, ҳар бир бошига эса куфрона ном ёзилганди.

2 Мен кўрган бу махлуқ қоплонга ўхшарди. Оёқлари айиқнинг оёғига, оғзи эса шернинг оғзига ўхшар эди. Аждарҳо бу махлуққа ўз қудрати, тахти ва буюк ҳокимиятини берди.

3 Махлуқнинг бошларидан бири даволаб бўлмайдиган даражада қаттиқ яраланган эди. Аммо унинг бу яраси соғайиб қолди. Шунда бутун жаҳон ҳайратда қолиб, махлуққа эргашди. Одамлар аждарҳога сажда қилишди, чунки аждарҳо махлуққа ўз ҳокимиятини берди.

4 Улар махлуққа ҳам сажда қилиб, шундай деб айтишарди: “Ким ҳам бу махлуққа тенг келарди?! Ким ҳам унга қарши чиқа оларди?!”

5 Махлуққа такаббурона ва куфрона сўзлар айтадиган оғиз берилди. Унга қирқ икки ой давомида ҳукмронлик қилиш ҳуқуқи берилди.

6 Махлуқ куфр кетиб, Худони ва Худонинг номини лаънатлади. У Худо яшайдиган маконга ва самода яшайдиган ҳар бир мавжудотга лаънатлар ёғдирди.

7 Унга Худонинг азизларига қарши жанг қилиш ва уларни енгиш учун изн берилди. Унга ҳар бир қабила, элат, миллат ва халқ устидан ҳокимият берилди.

8 Бу дунёга қарашли одамларнинг ҳаммаси махлуққа сажда қилишади. Уларнинг исмлари бўғизланган Қўзининг ҳаёт китобига дунё яратилишидан олдин ёзилмаган.

9 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!

10 Ҳамма пешанасидагини кўради:

Баъзилар асирликка тушиб, сургунга кетади.

Баъзилар қиличдан ўтказилади,

Бу вазият Худо азизларидан сабр–тоқату имонни талаб қилади.

Ердан чиққан махлуқ

11 Бундан сўнг мен ердан чиқаётган бошқа бир махлуқни кўрдим. Унинг икки шохи қўчқорнинг шохларига ўхшарди, у аждарҳодай гапирарди.

12 У биринчи махлуққа хизмат қилиб, унинг бутун ҳокимиятини ишга соларди. Бутун ер юзи ва у ерда яшаганлар яраси тузалган биринчи махлуққа сажда қилсин деб, уларни мажбурларди.

13 Бу иккинчи махлуқ буюк ва мўъжизали аломатлар кўрсатди. У ҳатто ҳамманинг кўзи олдида осмондан ерга олов туширди.

14 Биринчи махлуқнинг номидан бу мўъжизали аломатларни кўрсатишга унга изн берилганди. Бу аломатлари билан у ер юзидаги одамларни йўлдан оздирди. У одамларга: “Қиличдан яраланган, аммо соғ қолган махлуқнинг тасвирини ясанглар”, — деб буюрди.

15 Унга махлуқнинг тасвирига жон ато этиш қудрати берилганди. Махлуқ тасвири тилга кирди ва ўзига сажда қилмаганларнинг ҳаммасини ўлдиртирди.

16 У ҳаммани — каттаю кичикни, бою камбағални, қулу эркин одамни мажбурлаб, уларнинг ўнг қўли ёки пешанасига тамға бостирди.

17 Кимда махлуқнинг тамғаси бўлмаса, у мутлақо олди–сотди қилолмасди. Тамғада махлуқнинг номи ёки номининг сони ёзиларди.

18 Бунда ҳикмат бор. Ақли етган одам махлуқнинг сонини ҳисоблаб чиқсин, чунки бу сон — маълум бир инсонни билдирадиган сондир. Унинг сони 666.

Қўзи ва 144.000 киши

1 Мен Сион тоғида Қўзининг турганини кўрдим. Қўзи билан бирга 144.000 киши бор эди. Уларнинг пешаналарига Қўзининг ва Отаси Худонинг исми ёзилганди.

2 Шунда мен самодан бир товуш эшитдим. Бу товуш денгизнинг шовуллашидай, гумбурлаган момақалдироқ товушидай эди. У худди арфа чалаётган чолғучиларнинг куйига ўхшарди.

3 Ўша 144.000 киши тахт олдида, тўртта жонли мавжудот ва оқсоқоллар олдида янги бир қўшиқ куйлаётган эдилар. Дунёдан қутқариб олинган бу 144.000 кишидан бошқа ҳеч ким бу қўшиқни ўргана олмас эди.

4 Бу одамлар булғанмаганлар, бокира қизлардай ўзларини пок сақлаганлар. Қўзи қаерга борса, Унинг орқасидан эргашганлар. Инсонлар орасидан қутқариб олинган бу одамлар илк ҳосил сингари, Худо ва Қўзига назр қилинганлар.

5 Уларнинг тилида ёлғон–макр йўқ, улар бенуқсондирлар.

Уч фариштанинг хабари

6 Шундан кейин бошим узра учиб бораётган бир фариштани кўрдим. Бу фаришта ер юзида яшовчи ҳар бир халқ ва қабилага, ҳар қандай миллату элатга абадий Хушхабарни эълон қилаётган эди.

7 У баланд овозда шундай деди:

“Худодан қўрқинг, Уни улуғланг!

У халқларни ҳукм қиладиган вақт келди.

Еру осмонни, денгизу булоқларни Яратганга сажда қилинг!”

8 Унинг кетидан иккинчи фаришта учиб келиб, шундай деди:

“Вайрон бўлди!

Буюк Бобил шаҳри вайрон бўлди!

Бобил шаҳвоний ҳирси шаробидан

Ҳамма халқларга ичирганди.”

9 Уларнинг кетидан учинчи фаришта учиб келиб, баланд овозда шундай деди:

— Кимки махлуққа ва унинг тасвирига сажда қилиб, пешанаси ёки қўлига тамға қабул қилса,

10 у Худонинг ғазаб шаробидан ичади. Қаҳр косасига қуйилган бу шароб ниҳоятда кучлидир. Бундай одамлар муқаддас фаришталар ва Қўзи олдида ёнаётган олтингугурт ичида азоб чекадилар.

11 Азобларининг тутуни абадулабад бурқираб туради. Махлуқ ва унинг тасвирига сажда қилиб, махлуқ номли тамғани қабул қилганлар кечаю кундуз тинчлик билмайдилар.

12 Бундай вазиятда Худонинг амрларига итоат қилган ва Исога содиқ қолган Худонинг азизларидан сабр–тоқат талаб қилинади.

13 Шунда мен самодан бир овоз эшитдим. У менга деди:

— Шундай деб ёз: бундан буён Раббимиз Исога умид боғлаб, оламдан кўз юмганлар бахтлидир!

— Ҳа, — дейди Руҳ, — улар қилган оғир меҳнатидан дам олсинлар, меҳнатининг роҳатини кўрсинлар.

Ернинг ҳосили ўрилади

14 Шундан кейин мен бир оқ булутни кўрдим. Булут устида инсон қиёфасидаги бир Зот ўтирганди. Унинг бошида олтин тож, қўлида ўткир ўроқ бор эди.

15 Кейин Маъбаддан бир фаришта чиқди. У булут устида ўтирган Зотга баланд овозда шундай деди: “Ўроғингизни ишга солинг, чунки ўрим–йиғим вақти келди. Мана, ернинг ҳосили етилди.”

16 Булут устида ўтирган Зот ерга ўроқ солди, ернинг ҳосили ўрилди.

17 Самодаги Маъбаддан бошқа бир фаришта чиқди. Унинг ҳам ўткир ўроғи бор эди.

18 Сўнг қурбонгоҳ олдидан яна бошқа бир фаришта келди. У қурбонгоҳдаги олов учун масъул эди. У ўткир ўроқли фариштага баланд овозда хитоб қилди: “Ўткир ўроғингни ишга сол. Ердаги узум бошларини йиғ. Ахир, узум пишиб бўлди.”

19 Фаришта ўроғини ерга солди. Ердаги узум бошларини йиғиб, Худонинг узум сиқадиган катта қаҳр–ғазаби чуқурига улоқтирди.20 Шаҳар ташқарисидаги ўша чуқурда узумларни эза бошлашди. Чуқурдан қон дарё бўлиб оқиб чиқди. Бу қонли дарё 1600 ўқ отими масофага оқиб борди, у шунчалик чуқур эдики, деярли отни кўмиб юборар эди.

Етти фаришта ва етти бало

1 Мен самода буюк ва ҳайратга соладиган бошқа бир аломатни кўрдим. Самода еттита фаришта турарди, ҳар бирининг қўлида биттадан бало бор эди. Бу балолар сўнгги балолар бўлиб, Худо ғазабини якунлар эди.

2 Мен гўё олов аралаш ойнадай бўлган бир денгизни кўрдим. Унинг ёнида одамлар турган эди. Улар махлуқ устидан, унинг тасвири ва номини билдирган сон устидан ғалаба қозонган эдилар. Уларнинг қўлларида Худо берган арфалар бор эди.

3 Улар Худо қули Мусонинг ва Қўзининг қўшиғини куйлардилар:

“Ё Қодир Худо — Эгамиз,

Буюк ва ажойибдир Сенинг ишларинг.

Эй халқларнинг Шоҳи!

Тўғри ва ҳақдир Сенинг йўлларинг.

4 Эй Эгамиз, Сендан қўрқмайдиган борми?!

Номингни улуғламайдиган борми?!

Ахир, ёлғиз Ўзинг муқаддасдирсан.

Жамики халқлар ҳузурингга келадилар,

Улар Сенга сажда қиладилар.

Зеро, одил ҳукмларинг ҳаммага аён бўлди.”

5 Шундан сўнг мен самовий Маъбаднинг Энг муқаддас хонаси очилганини кўрдим.

6 Маъбаддан етти балони тутган еттита фаришта чиқди. Уларнинг эгнида тоза, оппоқ зиғир либослар бор эди, кўксиларига олтин тасмалар боғланган эди.

7 Тўртта мавжудотдан бири бу етти фариштага еттита олтин косани берди. Бу косалар то абад барҳаёт Худонинг ғазаби билан тўлган эди.

8 Маъбад Худонинг улуғворлиги ва қудрати тутунига тўлиб кетди. Етти фариштанинг етти балоси тамом бўлмагунча, ҳеч ким Маъбадга кира олмади.

Худонинг ғазабига тўла етти коса

1 Бундан кейин мен Маъбаддан келаётган баланд бир овозни эшитдим. Ўша овоз еттита фариштага шундай деди: “Боринглар, Худонинг ғазабига тўлиб–тошган етти косадаги балоларни ерга тўкинглар.”

2 Биринчи фаришта бориб, косасидагини ерга тўкди. Махлуқнинг тамғаси босилган ва унинг тасвирига сажда қилган одамларда оғир, жирканч яралар пайдо бўлди.

3 Иккинчи фаришта косасидагини денгизга тўкди. Денгиз ўликнинг қонига ўхшаб қолди. Денгиздаги ҳамма жониворлар қирилиб кетди.

4 Учинчи фаришта косасидагини дарёларга ва булоқларга тўкди, улар ҳам қонга айланди.

5 Сувлар учун масъул бўлган фариштанинг шундай деганини эшитдим:

“Эй Муқаддас Худо,

Сен бор бўлгансан, ҳозир ҳам борсан.

Сенинг чиқарган бу ҳукмларинг одилдир.

6 Азизларинг ва пайғамбарларингнинг қонини тўкканларга

Сен қон ичирдинг, улар бунга лойиқдир.”

7 Қурбонгоҳдан шундай бир овоз эшитилди:

“Ҳа, Қодир Худо — Эгамиз!

Сенинг ҳукмларинг ҳақ ва адолатлидир.”

8 Тўртинчи фаришта ўз косасини қуёш устига тўкди, қуёшга инсонларни олов билан ёндириш қудрати берилди.

9 Жазирама иссиқ инсонларни куйдирганда, улар бу офатлар устидан ҳокимиятга эга бўлган Худони лаънатладилар. Улар қилмишларидан тавба қилмадилар, Худони улуғламадилар.

10 Бешинчи фаришта косасидагини махлуқ тахтига тўкди, махлуқнинг салтанати зимистонга чулғаниб қолди. Одамлар чеккан азобидан тилларини тишлардилар.

11 Яраларининг оғриғидан Самовий Худони лаънатлардилар. Аммо қилмишларидан тавба қилмадилар.

12 Олтинчи фаришта косасидагини буюк Фурот дарёси устига тўкди. Дарёнинг суви қуриди. Шарқдан бостириб келадиган шоҳларга йўл очилди.

13 Бундан кейин мен қурбақаларга ўхшаш учта ёвуз руҳни кўрдим. Улар аждарҳо, махлуқ ва сохта пайғамбарнинг оғизларидан чиқаётган эдилар.

14 Булар жинлар бўлиб, мўъжизали аломатлар кўрсата олардилар. Улар Қодир Худонинг улуғ кунида бўладиган жангга барча жаҳон шоҳларини тўплагани бордилар.

15 Масиҳнинг шундай гапларини ёдингизда тутинг:

“Мана, Мен ўғри каби ногаҳон келаман!

Ҳушёр турган киши бахтлидир,

Яланғоч юрмайин, шарманда бўлмайин деб,

Кийимини тахт қилиб қўйган киши бахтлидир!”

16 Учта ёвуз руҳ жаҳон шоҳларини ибронийчадаги Хар–Магидўн деган жойга тўпладилар.

17 Еттинчи фаришта косасидагини ҳавога тўкди. Маъбаддаги тахтдан: “Амалга ошди!” — деган баланд бир овоз келди.

18 Шу вақт чақмоқ чақиб, момақалдироқнинг гулдурос садолари янгради, кучли зилзила бўлди. Зилзила шу қадар кучли эдики, ер юзида инсон яшагандан бери бунақаси бўлмаганди.

19 Буюк шаҳар уч қисмга бўлиниб кетди. Бошқа халқларнинг шаҳарлари ер билан яксон бўлди. Худо буюк Бобил шаҳрини ёдга олди. У Бобилга косадаги Ўзининг ғазаби шаробидан берди.

20 Ҳар бир орол ўрнидан жилди, тоғлар кўздан ғойиб бўлди.

21 Осмондан одамлар устига йирик дўл ёғилди. Ҳар бир дўл донасининг оғирлиги икки пуд чиқарди. Бу даҳшатли дўл дастидан одамлар Худони лаънатлашарди.

Махлуқни минган аёл

1 Еттита косани тутган етти фариштадан бири келиб, менга шундай деди: “Бу ёққа кел, мен сенга машҳур фоҳишанинг оладиган жазосини кўрсатаман. Фоҳиша тимсолидаги бу буюк шаҳар сероб сувлар бўйида жойлашган.

2 Ер юзининг шоҳлари у билан зино қиларди, ер юзида яшаётганлар унинг фаҳшу зино шаробидан ичиб, маст бўлишарди.”

3 Муқаддас Руҳ мени қамраб олди, фаришта мени чўлга олиб борди. У ерда мен қип–қизил махлуқ устида ўтирган бир аёлни кўрдим. Махлуқнинг ҳамма ёғига куфрона номлар ёзилганди, унинг еттита боши ва ўнта шохи бор эди.

4 Аёл сафсар ва қип–қизил либослар кийган, олтин, жавоҳир ва марваридлар билан безанганди. Унинг қўлида олтин коса бор эди, бу коса жирканчли нарсаларга, фаҳшу ҳаромликларга тўлиб–тошган эди.

5 Аёлнинг пешанасига сирли маънога эга бўлган шундай бир исм ёзилганди: “Буюк Бобил — фоҳишаларнинг ва ер юзидаги жирканч ишларнинг онасидир.”

6 Мен аёлнинг Худо азизлари қонидан, яъни Исо шоҳидлари қонидан маст бўлганини кўрдим. Уни кўриб, ғоят даражада ҳайрон қолдим.

7 Фаришта менга деди: “Нега ҳайрон бўласан? Мен сенга аёлнинг ва у минган етти бошли, ўн шохли махлуқнинг сирини айтиб бераман.

8 Сен кўрган бу махлуқ қачонлардир бор эди, энди эса йўқ. У кўп ўтмай тубсиз чуқурликдан чиқади ва маҳв этилади. Дунё яратилишидан олдин исмлари ҳаёт китобига ёзилмаган ер юзидаги ҳамма одамлар махлуқни кўриб, ҳайрон қоладилар. Чунки бу махлуқ бор эди, ҳозир йўқ, аммо яна келади.

9 Буларни англамоқ учун ақлу идрок даркор. Махлуқнинг етти боши — аёл ўтирган еттита тепаликнинг тимсолидир.

10 Бу етти бош еттита ҳукмдорни ҳам билдиради. Буларнинг бештаси қулаган, биттаси ҳозир ҳукмронлик қиляпти, бошқаси эса ҳали келгани йўқ. У келганда ҳам кўп вақт турмайди.

11 Илгари бор, ҳозир йўқ махлуқ эса еттита ҳукмдордан бири бўла туриб, саккизинчи ҳукмдор сифатида қайтиб келади ва маҳв этилади.

12 Сен кўрган махлуқнинг ўнта шохи ҳали тахтга ўтирмаган бошқа ўнта ҳукмдорни билдиради. Улар қисқа вақт давомида махлуқ билан бирга ҳукмронлик қиладилар.

13 Бу ҳукмдорлар бирлашиб, ўзларининг қудрати ва ҳокимиятини махлуққа топширадилар.

14 Улар Қўзига қарши жанг қиладилар. Аммо Қўзи Ўзининг даъват этилган, танланган ва содиқ издошлари билан уларни енгади. Ахир, Қўзи ҳукмдорларнинг Ҳукмдори, шоҳларнинг Шоҳидир.”

15 Фаришта менга яна шундай деди: “Сен фоҳишанинг сувлар бўйида ўтирганини кўрдинг. Бу сувлар тўда–тўда элатларни, халқлару миллатларни билдиради.

16 Сен кўрган ўнта шох ва махлуқ фоҳишадан нафратланадилар. Уни хонавайрон қилиб, яланғоч қолдирадилар. Унинг этини ейдилар, қолдиқларини эса оловда ёндирадилар.

17 Худонинг айтган сўзлари амалга ошмагунча, ўнта ҳукмдор бирлашиб, ўз ҳокимиятини махлуққа топширадилар. Зеро, бу мақсадни уларнинг дилига Худонинг Ўзи солган.

18 Сен кўрган аёл — ер юзи шоҳлари устидан ҳукмронлик қиладиган буюк шаҳардир.”

Бобил вайрон бўлади

1 Бундан кейин мен самодан тушиб келаётган бошқа бир фариштани кўрдим. Унда буюк ҳокимият бор эди. Унинг улуғворлигидан ер юзи ёришиб кетди.

2 У қаттиқ ҳайқириб, шундай деди:

“Вайрон бўлди! Буюк Бобил вайрон бўлди!

У жинларнинг макони, ҳар турли ёвуз руҳнинг паноҳи,

Ҳар қандай ҳаром ва жирканч қушнинг уяси бўлиб қолди.

Ахир, барча халқлар Бобилнинг

Шаҳвоний ҳирси шаробидан ичганди.

3 Ер юзи шоҳлари у билан зино қилганди,

Ер юзи савдогарлари

Унинг чексиз шаҳвати туфайли бойлик орттирганди.”

4 Шу пайт мен самодан келаётган бошқа бир овозни эшитдим. У шундай деди:

“Эй халқим, Бобилдан чиқиб кетинг!

Тағин гуноҳларига шерик бўлиб қолманг,

Тағин сизлар ҳам Бобилнинг балоларига дучор бўлманг!

5 Зеро, унинг гуноҳлари уйилиб кўкка етди,

Худо унинг жиноятларини ёдга олди.

6 Бобил сизга нима қилган бўлса,

Худо ҳам унга шуни қилсин!

Қилмишига яраша икки баробар жазосини берсин!

Ўзи тайёрлаган ичимликдан унга икки баробар ичирсин!

7 Бобил қай даражада кеккайиб, кайф–сафо сурган бўлса,

Унга шу даражада азобу изтироб берилсин!

Ахир, у дилида шундай демоқда:

«Мен маликаман, бева эмасман,

Асло қайғу чекмайман.»

8 Шу боис унинг бошига балолар келади,

У бир куннинг ичида ўлат, қайғу, қаҳатчиликка дучор бўлади.

Уни оловда ёндиришади.

Ахир, уни ҳукм қилувчи Эгамиз Худо қудратлидир!”

9 Бобил билан зино қилиб, кайф–сафо сурган ер юзи шоҳлари ёнаётган Бобилнинг тутунини кўриб, унинг ҳолига ҳўнграб йиғлайдилар.

10 Бобилнинг азоб–уқубатидан даҳшатга тушиб, узоқдан туриб, дейдилар:

“Эй буюк шаҳар, ҳолингга вой!

Эй қудратли Бобил, ҳолингга вой!

Сен бир соатдаёқ жазоингни олдинг!”

11 Ер юзи савдогарлари ҳам унинг ҳолига йиғлаб, мотам тутадилар. Чунки уларнинг молини энди ҳеч ким сотиб олмайди.

12 Олтин, кумуш, жавоҳирлару марваридларни, майин зиғир матоси, шойи, сафсару қирмизи газламаларни, турли хил хушбўй ёғочларни, фил суягидан ясалган ҳар хил буюмларни, энг қимматбаҳо ёғочдан, бронзадан, темирдан ва мармардан ясалган буюмларни,

13 долчин, зираворлар, хушбўй тутатқилар ва миррани, шароб, зайтун мойини, олий навли ун ва буғдойни, мол–қўйларни, отлару араваларни, одамларнинг жонини, танасини ҳам сотиб оладиган бошқа ҳеч ким бўлмайди.

14 Савдогарлар шундай деб айтишади: “Эй Бобил, сен орзу қилган неъматларинг йўқ бўлди. Ҳашамату савлатинг ном–нишонсиз ғойиб бўлди.”

15 Ҳа, ўша молларини Бобилга сотиб, бойиб кетган савдогарлар Бобилнинг азоб–уқубатидан даҳшатга тушиб, қайғуриб йиғлайдилар:

16 “Ҳолингга вой!

Эй буюк шаҳар, ҳолингга вой!

Сен майин зиғир матосидан кийим кияр эдинг,

Сафсару қирмизи либослар ила ясанардинг.

Олтин, жавоҳирлару марваридлар ила безанардинг.

17 Шундай бойлигинг бир соатдаёқ нобуд бўлди–я!”

Ҳар бир кема дарғаси, кемадаги йўловчилар, денгизчилар ва денгизда савдо–сотиқ қилувчиларнинг ҳаммаси узоқдан Бобилга қараб турадилар.

18 Шаҳардаги ёнғиндан чиқаётган тутунни кўриб, шундай фарёд қиладилар: “Бу буюк шаҳарга тенг келадигани йўқ!”

19 Улар бошларига кул сочиб, фарёд чекиб, қайғуриб, дод соладилар:

“Ҳолингга вой!

Эй буюк шаҳар, ҳолингга вой!

Денгиздаги кемаларга эга бўлганлар

Сенинг зийнатларинг туфайли бойлик орттирдилар.

Энди эса сен бир соатдаёқ хароб бўлдинг!

20 Эй само, унинг ҳолидан шодлангин,

Эй Худонинг азизлари, хурсанд бўлинг,

Ҳаворийлару пайғамбарлар, севининг!

Зеро, Худо сизларни деб, Бобилни жазолади.”

21 Кейин кучли бир фаришта тегирмон тошига ўхшаш катта тошни кўтариб, денгизга улоқтирди–да, шундай деди:

“Мана шундай шиддат билан

Буюк шаҳар Бобил қулайди!

Энди у асло қад кўтармайди.

22 Арфачилару ашулачиларнинг овозлари сенда эшитилмас,

Найчию карнайчиларнинг куйи сенда янграмас.

Энди биронта ҳунарманд сенда устахона очмайди.

Тегирмон тошининг товуши кўчаларингда эшитилмайди.

23 Энди кўчаларингдаги чироқлар шуъла сочмайди,

Куёв билан келиннинг овози эшитилмайди.

Зеро, савдогарларинг бутун дунёга сўзини ўтказарди,

Сеҳр–жодуларинг дастидан жамики халқлар алданган эди.

24 Пайғамбарлар ва Худо азизларининг қони кўчаларингда тўкилди,

Ҳа, ер юзида қирғинга дучор бўлганлар сенда ўлдирилди.”

Самодаги ҳамду сано

1 Бундан кейин мен самодаги катта оломоннинг ғала–ғовурига ўхшаш баланд овозларни эшитдим:

“Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Нажот, улуғворлик ва қудрат Худойимизга тегишлидир.

2 Зотан, У тўғри ва адолатли ҳукм қилади.

Ер юзини фаҳш–зино ила булғаган ашаддий фоҳишани У маҳкум этди,

Ундан Ўз қулларининг хунини олди.”

3 Оломон яна шундай деб ҳайқирди:

“Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Бобилдан то абад бурқираб тутун чиқади.”

4 Шу пайт йигирма тўрт нафар оқсоқол ва тўрт мавжудот ерга мук тушиб: “Омин! Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!” — дея тахтда ўтирган Худога сажда қилдилар.

5 Кейин тахтдан бир овоз келди:

“Эй Худойимизнинг барча қуллари,

Ундан қўрқувчи каттаю кичиклар,

Худога ҳамду сано айтинглар!”

6 Сўнгра мен катта бир оломоннинг овозига ўхшаш, шовуллаган денгиз, гумбурлаган момақалдироқнинг садосига ўхшаш овозларни эшитдим. Улар шундай дер эдилар:

“Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Қодир Худо — Эгамиз ҳукмронлик қилмоқда!

7 Севиниб хурсанд бўлайлик,

Ҳаммамиз Уни улуғлайлик!

Ахир, Қўзининг никоҳ куни келди,

Унинг келини ўзини тўйга тайёрлади.”

8 Кийиши учун келинга ярқираган, пок, майин зиғир либос берилди. Бу либос — Худо азизларининг одил ишларидир.

9 Кейин фаришта менга шундай деди:

— Қани, ёз: “Қўзининг никоҳ тўйига таклиф этилганлар бахтлидир!”

Яна қўшиб деди:

— Булар Худонинг ҳақ сўзларидир.

10 Мен фариштага сажда қилиш учун ўзимни оёқлари остига ташладим. Лекин у менга деди:

— Йўқ, менга сажда қилма! Фақат Худога сажда қил! Мен ҳам сенга ўхшаб Худога хизмат қиляпман, Исо ҳақида шаҳодат берадиган сен ва биродарларинг сингари, Худонинг хизматкориман. Дарҳақиқат, Исо ҳақида шаҳодат берганлар пайғамбарлардир, улар Худонинг ҳақ хизматкорларидир.

Оқ от минган Чавандоз

11 Бундан кейин мен осмоннинг очилганини кўрдим. У ерда бир оқ от турар эди. Устидаги Чавандозни Содиқ ва Ҳақ деб чақиришарди. У одилона ҳукм чиқариб, жанг қиларди.

12 Унинг кўзлари оташ алангасидай чақнарди. Бошида кўп тожлари бор эди. Пешанасига эса Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган бир исм ёзилганди.

13 Эгнидаги кийими қонга беланганди. Чавандозга “Худонинг Каломи” деб ном берилган эди.

14 Оппоқ, топ–тоза, майин зиғир либос кийган самовий қўшинлар оқ отларда Чавандозга эргашиб боришарди.

15 Унинг оғзидан ўткир бир қилич чиқиб турарди. У ўша қиличи билан халқларни мағлуб этади, қўлидаги темир хивчин билан уларни бошқаради. Қодир Худонинг қайноқ қаҳр–ғазаби чуқурдаги узумларни босиб эзади.

16 Кийимининг сон қисмида: “шоҳларнинг Шоҳи, ҳукмдорларнинг Ҳукмдоридир” деган исм ёзилган.

17 Шундан сўнг мен қуёш устида турган бир фариштани кўрдим. У учиб кетаётган барча қушларга баланд овозда шундай хитоб қилди: “Худонинг буюк базмига келинглар!

18 Шоҳлар, саркардалар, баҳодир жангчиларнинг жасадларини, оту суворилар, ҳамма қулу эркин, каттаю кичикнинг жасадларини ейиш учун тўпланинглар!”

19 Шунда мен махлуқни, ер юзи шоҳларини, уларнинг қўшинларини кўрдим. Улар от минган Чавандоз билан Унинг қўшинларига қарши жанг қилиш учун сафарбар бўлган эдилар.

20 Махлуқ асир тушди. У билан бирга сохта пайғамбар ҳам асир олинди. Бу сохта пайғамбар махлуқнинг номидан мўъжизали аломатлар кўрсатганди, бу аломатлари билан махлуқнинг тамғасини олган ва унинг тасвирига сажда қилган одамларни алдаган эди. Махлуқни ҳам, сохта пайғамбарни ҳам олтингугурт ёнаётган олов кўлига тириклайин ташлашди.

21 Бошқалар эса от минган Чавандознинг оғзидан чиққан қилич билан ўлдирилди. Ҳамма қушлар бўкиб қолгунча уларнинг гўштидан еди.

Минг йиллик тинчлик

1 Мен самодан тушаётган бир фариштани кўрдим. Унинг қўлида тубсиз чуқурликнинг калити ва катта занжир бор эди.

2 Фаришта аждарҳони тутиб олди. Иблис ва шайтон деб аталган бу алмисоқ илонни у минг йил муддатга кишанлаб қўйди.

3 Яна халқларни алдамасин деб, уни тубсиз чуқурликка ташлаб, қамаб қўйди. Минг йил тамом бўлгунга қадар кираверишни муҳрлади. Минг йил ўтгандан кейин уни қисқа бир муддатга озод қилиши керак эди.

4 Бундан сўнг, мен тахтларни ва тахтларда ўтирганларни кўрдим. Худо тахтларда ўтирганларни оқлаган эди. Улар Исо ҳақидаги шаҳодати ва Худонинг сўзи туфайли боши олинганларнинг жонлари эди. Улар махлуққа ва унинг тасвирига сажда қилмаганлар, пешаналари ва қўлларига унинг тамғасини бостирмаганлар. Улар тирилиб, Масиҳ билан минг йил ҳукмронлик қилдилар.

5-6 Бу биринчи тирилишдир. Биринчи тирилишда иштирок этганлар бахтли ва муқаддасдир. Иккинчи ўлим уларга ҳоким эмас. Улар Худонинг ва Масиҳнинг руҳонийлари бўлиб, У билан минг йил давомида ҳукмронлик қиладилар.

Қолган ўликлар эса минг йил ўтмагунча тирилмади.

Шайтон жазоланади

7 Минг йил ўтгач, шайтон ўз зиндонидан озод этилади. У чиқиб, ернинг тўрт бурчагидаги халқларни, яъни Гўг ва Магўгни алдаб, жангга тўплайди. Тўпланган халқларнинг сони денгиз қумидай сон–саноқсиз бўлади.

8 Улар бутун ер юзини қоплаб оладилар, Худо азизларининг қароргоҳини ва Худо яхши кўрадиган шаҳарни қамал қиладилар.

9 Шунда осмондан олов тушиб, уларни қириб ташлайди.

10 Уларни алдаган иблис олтингугуртли кўлга ташланади. Махлуқ ва сохта пайғамбар ҳам ўша кўлга ташланган эдилар. Улар кечаю кундуз, абадулабад у ерда азоб чекадилар.

Қиёмат куни

11 Кейин мен улкан бир оқ тахтни ва тахтда ўтирган Зотни кўрдим. Унинг ҳузуридан еру осмон қочар эди, бироқ уларга яширингани жой топилмади.

12 Мен ўша улкан тахт олдида турган каттаю кичик ўликларни кўрдим. Китоблар очилди. Ҳаёт китоби деган бошқа бир китоб ҳам очилди. Ўликлар китобларда ёзилгани бўйича қилмишларига яраша ҳукм этилди.

13 Денгиз ўзидаги ўликларни берди, ўлим ҳам, ўликлар диёри ҳам ўзларидаги ўликларни берди. Ҳар бир киши қилмишига яраша ҳукм этилди.

14 Ўлим ва ўликлар диёри олов кўлига ташланди. Мана бу олов кўли иккинчи ўлимдир.

15 Исмлари ҳаёт китобида ёзилмаганларнинг ҳаммаси олов кўлига ташланди.

Янги еру осмон

1 Шундан кейин мен янги бир осмон ва янги бир ерни кўрдим. Аввалги еру осмон ғойиб бўлган эди, денгиз ҳам энди йўқ эди.

2 Мен муқаддас шаҳар — янги Қуддусни кўрдим. Қуддус самодан, Худо ҳузуридан тушиб келаётган эди. У куёви учун безаниб олган келинчакка ўхшар эди.

3 Мен тахтдан баланд бир овоз келганини эшитдим. Ўша овоз деди:

“Худонинг маскани инсонлар орасидадир!

У энди одамлар орасида яшайди,

Улар Худонинг халқи бўладилар.

Худонинг Ўзи улар билан бирга бўлади.

4 Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир томчи ёшни артиб қўяди.

Энди ўлим мавжуд бўлмайди,

Ҳеч ким қайғурмайди, йиғламайди, азоб чекмайди.

Зеро, аввалгилар ўтиб кетди.”

5 Тахтда ўтирган Зот шундай деди: “Мана, Мен ҳаммасини янги қилиб яратяпман!” Кейин У менга деди: “Буларни ёзиб қўй. Ахир, бу сўзлар ишончли ва тўғридир!”

6 Сўнг менга яна деди: “Амалга ошди! Ибтидо ва Интиҳо, Боши ва Поёни Ўзимман. Чанқаганга Мен булоқдаги ҳаётбахш сувдан ичираман. Бунинг эвазига у ҳеч қандай тўлов бермайди.

7 Ғолиб келганларга бу баракалар насиб бўлади. Мен унинг Худоси бўламан, у Менинг ўғлим бўлади.

8 Аммо қўрқоқ, имондан қайтган, ифлос, қотил, бузуқ, жодугар, бутпараст ва ҳамма ёлғончиларнинг қисмати олов ва олтингугурт билан ёнаётган кўлдадир. Бу иккинчи ўлимдир.”

Янги Қуддус

9 Шу пайт мен охирги етти балога тўлдирилган еттита косани ушлаган етти фариштадан бирини кўрдим. У олдимга келиб, менга деди: “Бу ёққа кел! Мен сенга келинни, Қўзининг хотинини кўрсатаман.”

10 Муқаддас Руҳ мени қамраб олди ва фаришта мени баланд бир тоғнинг чўққисига олиб чиқди. У менга самодан, Худо ҳузуридан тушаётган муқаддас шаҳар — Қуддусни кўрсатди.

11 Шаҳар Худонинг улуғворлигига тўлиб, қимматбаҳо жавоҳирдай, биллур каби мусаффо бўлган яшма тошидай ярқирарди.

12 Қалин ва баланд девор билан ўралган бу шаҳарнинг ўн икки дарвозаси бор эди. Ҳар бир дарвозани биттадан фаришта қўриқларди. Дарвозаларда Исроил халқининг ўн икки қабиласи номлари ёзилганди.

13 Дарвозаларнинг учтаси шарқда, учтаси шимолда, учтаси жанубда ва учтаси ғарбда жойлашган эди.

14 Шаҳар деворларининг ўн иккита пойдевори бор эди. Пойдеворларга Қўзининг ўн икки ҳаворийси исмлари ёзилганди.

15 Менга гапирган фариштанинг қўлида олтин чизғичи бор эди. Бу чизғич шаҳарни, унинг дарвозаларию деворини ўлчаш учун эди.

16 Шаҳар тўртбурчак шаклда бўлиб, узунлиги билан эни бир хил эди. Фаришта чизғичи билан шаҳарни ўлчади, шаҳарнинг эни 12.000 ўқ отими экан. Унинг узунлиги билан баландлиги ҳам шундай эди.

17 Сўнг фаришта шаҳарнинг деворини ўлчади. Деворнинг баландлиги 144 тирсак чиқди. Фаришта инсоний ўлчовдан фойдаланганди.

18 Шаҳар девори яшма тошидан қурилганди. Шаҳарнинг ўзи эса шишадай тиниқ, соф олтиндан эди.

19 Шаҳар деворларининг пойдеворлари турли қимматбаҳо тошлар билан безатилган эди: биринчи пойдевор яшмадан, иккинчиси кўк ёқутдан, учинчиси агатдан, тўртинчиси зумраддан эди.

20 Бешинчиси ақиқ, олтинчиси лаъл, еттинчиси хризолит, саккизинчиси берилл, тўққизинчиси топаз, ўнинчиси забаржад, ўн биринчиси ложувард, ўн иккинчиси аметистдан эди.

21 Ўн икки дарвоза ўн икки марвариддан иборат эди. Ҳар бир дарвоза битта марвариддан ясалган эди. Шаҳарнинг шоҳ кўчаси соф олтиндан бўлиб, шишадай мусаффо эди.

22 Мен бу шаҳарда Маъбад кўрмадим. Зотан, Қодир Худо — Эгамизнинг Ўзи ва Қўзи шаҳарнинг Маъбадидир.

23 Шаҳарни ёритиш учун қуёшга ёки ойга эҳтиёж ҳам йўқ. Чунки Худонинг улуғворлиги уни ёритади, Қўзининг Ўзи унинг чироғи бўлади.

24 Халқлар шаҳарнинг нурида юришади. Ер юзи шоҳлари унга ўз бойликларини келтиришади.

25 Шаҳар дарвозалари кун бўйи ёпилмайди, у ерда тун бўлмайди.

26 Халқларнинг улуғвор хазиналари унга киритилади.

27 Лекин ҳеч қандай ҳаром нарса, жирканч ишлар қиладиган ёки ёлғон гапирадиган биронта киши унга кирмайди. Фақат Қўзининг ҳаёт китобида ёзилганлар кирадилар.

Ҳаёт дарёси

1 Фаришта менга биллурдай тиниқ, ҳаётбахш сувлар дарёсини кўрсатди. Бу дарё Худонинг ва Қўзининг тахтидан чиқиб,

2 шаҳар кўчаси бўйлаб оқаётган эди. Дарёнинг иккала қирғоғида ҳам ҳаёт дарахти бор эди. Бу дарахт йилда ўн икки марта, ҳар ой ҳосил беради. Дарахтнинг барглари халқларга шифо бахш этади.

3 Лаънат деган нарса у ерда қолмайди. Шаҳарда Худонинг ва Қўзининг тахти бўлади, Худонинг қуллари Унга хизмат қилади.

4 Улар Худонинг жамолини кўради. Худонинг исми уларнинг пешаналарига ёзилади.

5 У ерда бошқа тун бўлмайди. Чироққа ҳам, қуёшга ҳам эҳтиёж қолмайди. Ахир, Эгамиз Худо уларга нур сочади, улар эса то абад ҳукмронлик қилади.

Исо келяпти

6 Фаришта менга шундай деди: “Бу сўзлар ишончли ва тўғридир. Пайғамбарларни руҳлантирган Эгамиз Худо Ўз қуллари олдига фариштасини юборди. Токи фаришта яқин орада юз бериши муқаррар бўлган воқеаларни уларга билдирсин.”

7 Масиҳ шундай демоқда:

“Мен тезда келаман!

Бу китобнинг башорат сўзларига

Амал қилганлар бахтлидир!”

8 Мен, Юҳанно, буларни кўрдим ва эшитдим. Буларни кўриб эшитганимдан кейин, бу нарсаларни менга кўрсатган фариштага сажда қилмоқчи бўлиб, ўзимни унинг оёқларига ташладим.

9 Аммо у менга деди: “Зинҳор бу ишни қилма! Мен сенинг ҳамкорингман, шунингдек, пайғамбар биродарларингнинг ва бу китобдаги сўзларга риоя қилувчиларнинг ҳамкориман. Худога сажда қил!”

10 Кейин менга яна шундай деди: “Бу китобнинг башорат сўзларини сир сақлама, чунки вақт яқиндир.

11 Бадкирдорлар ёмонлигини қилаверсин. Ифлослар ифлослигини давом эттираверсин. Солиҳлар эса тўғри иш қилишдан тўхтамасин, муқаддас одамлар ўзини муқаддас сақласин.”

12 Масиҳ шундай демоқда:

“Мен тез келаман, мукофотим Ўзим билан.

Ҳар кимга қилмишига ярашасини бераман.

13 Мен Ибтидо ва Интиҳодирман,

Биринчи ва Охирги,

Боши ва Поёнидирман.”

14 Либосларини ювганлар нақадар бахтлидир! Улар ҳаёт дарахти мевасидан ейишга, шаҳар дарвозаларидан киришга ҳақли бўладилар.

15 Ҳамма “кўппаклар” — жодугарлар, ахлоқи бузуқлар, қотиллар, бутпарастлар, ёлғонга ружу қўйиб, ҳийла ишлатганлар эса ташқарида қоладилар.

16 “Мен, Исо, Ўз фариштамни олдингизга юбордим,

Токи у булар тўғрисида жамоатларимга шаҳодат берсин.

Мен Довуд илдизидан чиққан Зотдирман, унинг зурриётиман,

Ёруғ тонг юлдузиман.”

17 Руҳ ҳам, келин ҳам: “Кел!” — деб чорлаяпти. Ушбу башорат сўзларни тинглаётган киши ҳам: “Кел!” — деб айтсин. Ким чанқаган бўлса, келсин. Ким хоҳласа, ҳаётбахш сувдан текин баҳра олсин.

18 Бу китобнинг башорат сўзларини эшитувчи ҳар бир кишини огоҳлантираман: кимда–ким бу сўзларга бирор нарса қўшса, Худо ҳам ўша кишининг жазосига бу китобда ёзилган балоларни қўшади.

19 Кимда–ким бу китобдаги башорат сўзларидан бирортасини чиқариб ташласа, Худо ҳам ўша кишини бу китобда ёзилган ҳаёт дарахтидан ва муқаддас шаҳардан бенасиб қилади.

20 Бу гапларнинг Шоҳиди: “Ҳа, Мен тез келаман!” — деб айтмоқда.

Омин! Ё Раббимиз Исо, келгин!

21 Раббимиз Исонинг инояти барчангизга ёр бўлсин.