Ҳаворийлар

Ҳаворийлар

Муқаддима

1-2 Эй Теофилус, биринчи китобимда мен сизга Исо бошидан то осмонга кўтарилгунга қадар қилган ҳамма ишлари ва ўргатган таълимоти тўғрисида ёзган эдим. У осмонга кўтарилишдан олдин, Муқаддас Руҳ кучи орқали Ўзи танлаган ҳаворийларга кўрсатмалар берган эди.

3 Исо азоб чекиб ўлгандан кейин, бир қанча ишончли далиллар орқали ҳаворийларга тирилганини кўрсатди. Қирқ кун давомида уларга зоҳир бўлиб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида гапирди.

4 Исо Ўз ҳаворийлари билан дастурхон атрофида ўтирар экан, уларга шундай амр берди: “Қуддусдан кетиб қолманглар, осмондаги Отамнинг берган ваъдаси бажо бўлишини кутинглар. Бу ваъда ҳақида олдин ҳам сизларга айтган эдим.

5 Яҳё одамларни сувга чўмдирар эди, сизлар эса яқин кунларда Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар.”

Исо осмонга кўтарилади

6 Ҳаворийлар бирга йиғилганларида, Исодан шундай деб сўрадилар:

— Раббимиз, Исроил шоҳлигини тиклайдиган вақтингиз келмадими?

7 Исо уларга шундай жавоб берди:

— Вақт ва даврларни Отам Ўз ҳокимияти орқали ўрнатган, буларни билиш сизнинг ишингиз эмас.

8 Аммо Муқаддас Руҳ сизларни қамраб олганда, куч–қудратга тўласизлар. Қуддусда, Яҳудия ва Самарияда, ер юзининг ҳамма бурчакларида сизлар Менинг шоҳидларим бўласизлар.

9 Исо шу гапларни айтгандан кейин, ҳаворийларнинг кўзи олдида осмонга кўтарилди. Булут Исони ҳаворийларнинг кўзларидан яширди.

10 Исо кўтарилиб кетгандан кейин ҳам ҳаворийлар кўзларини узмай осмонга қараб турардилар. Шу пайт бирдан оқ кийим кийган икки одам уларнинг олдида пайдо бўлди.

11 — Эй Жалилаликлар! — деди улар. — Нимага осмонга қараб турибсизлар? Исо осмонга кўтарилганини ўз кўзингиз билан кўрдингизлар. У осмонга қандай кўтарилган бўлса, худди шундай қайтиб келади.

Ўн иккинчи ҳаворий танланади

12 Шундан кейин улар Зайтун деб аталган тоғдан Қуддусга қайтиб келдилар. Зайтун тоғи Қуддус ёнида бўлиб, шаҳардан тахминан бир чақирим масофада жойлашган эди.

13 Улар шаҳарга кирганларидан кейин, ўзлари турадиган хонадоннинг болохонасига чиқдилар. Бутрус, Юҳанно, Ёқуб, Эндрус, Филип, Тўма, Бартоломей, Матто, Халфей ўғли Ёқуб, ватанпарвар Шимўн, Ёқуб ўғли Яҳудо шу ерда эдилар.

14 Улар якдиллик билан тоат–ибодатга берилган эдилар. Улар қаторида баъзи бир аёллар, шунингдек, Исонинг онаси Марям ва Унинг укалари ҳам бор эди.

15 Бир куни 120 нафар имонли биродар йиғилган эди. Бутрус улар олдида туриб, шундай деди:

16-17 “Биродарларим! Муқаддас Руҳ олдиндан Довуд орқали Яҳудо ҳақида башорат қилганди. Муқаддас битиклардаги Унинг бу сўзлари амалга ошиши керак эди. Яҳудо бизларнинг биримиз ҳисобланиб, бу хизматда иштирок этишга танланганди. Аммо у Исони ҳибсга олиш учун келганларга бошчилик қилди.

18 Кейин ёвуз иши билан қўлга киритган пулга дала сотиб олди. Аммо ўша ерда йиқилиб тушди, қорни ёрилиб, ичак–човоқлари чиқиб кетди.

19 Бу воқеа бутун Қуддус аҳолисига маълум бўлди, шунинг учун одамлар ўша жойни Хақалдамах, яъни Қон даласи деб атадилар.

20 Забур китобида шундай ёзилган:

«Унинг макони ташландиқ бўлиб қолсин,

У ерда яшайдиган бирон жон қолмасин.»

Яна шундай дейилган:

«Унинг ўрнини бошқаси олсин.»

21-22 Шунга кўра, биз Яҳудонинг ўрнига бошқа бир одамни танлашимиз керак. Токи у, биз сингари, Раббимиз Исонинг тирилгани ҳақида гувоҳлик берсин. Бу одам Раббимизнинг Яҳё томонидан сувга чўмдирилган кунидан бошлаб, то осмонга кўтарилган вақтгача бизга ҳамроҳлик қилганлардан бири бўлиши шарт.”

23 Шундай қилиб, улар икки кишини олдинга чиқардилар. Улардан бири Юсуф (унинг яна Барсабо ва Юстус деган исми ҳам бор эди), иккинчиси эса Маттиё эди.

24-25 Улар ибодат қилиб, шундай дедилар: “Эй Раббимиз! Сен ҳамма одамларнинг юрагини биласан. Мана шу икковидан қайси бирини ҳаворийлик хизмати учун танлаганингни бизга кўрсатгин, чунки Яҳудо хизматини ташлаб, ўзига тегишли ерга кетган.”

26 Ҳаворийлар улар учун қуръа ташладилар. Қуръа Маттиёнинг чекига тушди. Маттиё ўн бир ҳаворийга қўшилди.

Муқаддас Руҳнинг келиши

1 Ҳосил байрами куни келганда, ҳамма имонлилар бир жойда йиғилдилар.

2 Бирдан осмондан шиддатли шамол эсганга ўхшаш овоз келиб, улар ўтирган уйнинг ичини тўлдирди.

3 Улар тил шаклидаги алангани кўрдилар. Ўша аланга ёйилиб, ҳар бирининг устига тушди.

4 Шунда ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлдилар, Муқаддас Руҳ берган қобилиятга кўра, улар бошқа тилларда гапира бошладилар.

5 Ўша пайтда Қуддусда дунёдаги ҳар бир юртдан келган тақводор яҳудийлар яшар эди.

6 Улар бу овозни эшитганларида, бир талай оломон йиғилиб келди. Ҳар бири ўз тилидаги гапларни эшитиб, довдираб қолди.

7 Улар ҳайрат ва ҳаяжон ичида: “Қаранглар, гапираётган бу одамлар Жалилаликлар–ку! — деб хитоб қилдилар.

8 Қандай қилиб ҳар биримиз туғилган юртимизнинг тилларини эшитяпмиз?

9 Орамизда Парфиядан, Мидия, Элам, Месопотамия, Яҳудия, Каппадокия, Понтус ва Асиядан келганлар бор.

10 Фригия, Памфилия, Миср, Ливиянинг Киринеяга яқин ерларидан келганлар ҳам бор. Баъзиларимиз Римдан келганмиз, биз яҳудийлармиз, орамизда яҳудий динига кирган Римликлар ҳам бор.

11 Баъзиларимиз Крит ва Арабистондан келганмиз. Шундай бўлса–да, улар Худонинг қилган қудратли ишлари тўғрисида бизга ўз тилларимизда гапириб бераётганини эшитиб турибмиз.”

12 Улар ҳайратланиб, бошлари қотиб, бир–бирларидан: “Бу нимадан дарак беради?” деб сўрардилар.

13 Бошқалар эса: “Ие, улар ичиб маст бўлиб қолибдилар–ку”, деб масхара қилишарди.

Бутруснинг нутқи

14 Шунда Бутрус ўн бир ҳаворий билан олдинга чиқди–да, оломонга қарата шундай деди: “Эй яҳудий биродарлар, Қуддус аҳолиси! Гапимга қулоқ солиб, шуни уқиб олинглар!

15 Бу одамларни сизлар маст деб ўйлаяпсизлар, аммо ундай эмас. Ахир, эндигина эрталаб соат тўққиз бўлди–ку!

16 Аксинча, Йўэл пайғамбарнинг айтганлари бажо бўлмоқда:

17 «Худо айтмоқда:

Охирги кунларда,

Ўз Руҳимни ёғдираман ҳар бир инсон устига,

Ваҳийлар келади йигитларингизга.

Башоратлар қилар сизнинг ўғил–қизларингиз.

Кароматли тушлар кўрар қарияларингиз.

18 Ўз Руҳимни ёғдираман ўша кунларда

Ҳаттоки қулу чўриларингиз устига.

Улар башорат қиларлар.

19-20 Менинг буюк ва даҳшатли куним келишидан олдин,

Мен осмонда мўъжизалар яратаман,

Ерда аломатлар кўрсатаман:

Қон, олов, қалин туман ҳосил қиламан.

Қуёш қораяди, ой қон тусига киради.

21 Раббимизга илтижо қилган ҳар бир инсон қутқарилади.»

22 Эй Исроил халқи, бу гапларимни эшитиб олинглар: Носиралик Исо орқали Худо сизларнинг орангизда мўъжизалар ва аломатлар кўрсатди. Шу йўл билан Исода илоҳий ҳокимият борлигини Худо тасдиқлади. Буни ўзларингиз биласизлар.

23 Худо Ўзининг режаси бўйича Исони сизларнинг қўлингизга топширишни азалдан қарор қилган эди. Сизлар эса ғайрияҳудийларнинг қўллари билан Уни хочга михлатиб ўлдирдингизлар.

24 Аммо Худо Уни тирилтириб, ўлим азобларидан озод қилди. Ўлим ўз кучи билан Исони ушлаб туришга қодир эмасди.

25 Довуд У ҳақда шундай деган эди:

«Мен доим Эгамга кўз тикаман,

У ўнг томонимда бўлгани учун

Мени ҳеч нарса қўзғата олмас.

26 Шу боис, эй Эгам, юрагим қувончга тўла,

Тилим ҳам шод–хуррамдир.

Танам умид билан яшайди.

27 Мени ўликлар диёрида қолдирмайсан,

Тақводорингни қабрда чиритмайсан.

28 Менга ҳаёт сўқмоқларини Ўзинг кўрсатасан,

Ҳузурингда шодлик Мени қамраб олади.»

29 Биродарларим! Бобомиз Довуд тўғрисида сизларга очиқ–ойдин гапиришим керак. У ўлди, дафн қилинди, унинг қабри бугунгача шу ердадир.

30 У пайғамбар бўлгани боис, Худо унга: «Ўз наслингдан бўлган биттасини тахтингга ўтқазаман», деб ичган онтини ёдида тутарди.

31 Довуд келажакни олдиндан кўриб, Масиҳнинг тирилиши тўғрисида гапирган эди. Худо Масиҳни ўликлар диёрида қолдирмаслиги ва Масиҳнинг танаси чиримаслиги ҳақида Довуд башорат қилганди.

32 Ана шу Исони Худо тирилтирди, бунга ҳаммамиз гувоҳмиз.

33 Худо Исони юксалтириб, Уни тахтининг ўнг томонига ўтқазди. Отаси Худонинг ваъдаси бўйича Исо Муқаддас Руҳни қабул қилиб, Уни бизнинг устимизга ёғдирди. Буни ўзларингиз кўриб ва эшитиб турибсизлар.

34-35 Довуд осмонга чиқмаган бўлса–да, шундай деган эди:

«Эгамиз айтмоқда Раббимга:

Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча,

Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.»

36 Бутун Исроил халқи шуни аниқ билиб қўйсин: сизлар михлаган Исони Худонинг Ўзи жамики борлиқ устидан ҳукмдор қилди. Исо ҳам Масиҳ, ҳам Раббийдир.”

37 Халойиқ бу гапларни эшитди–ю, юраклари тилка–пора бўлди. Улар Бутрусдан ва қолган ҳаворийлардан:

— Биродарлар, энди биз нима қилайлик? — деб сўрадилар.

38 Бутрус уларга деди:

— Тавба қилинглар, ҳар бирингиз Исо Масиҳнинг номи билан сувга чўминглар, токи гуноҳларингиз кечирилсин. Шунда сизлар Муқаддас Руҳни инъом қилиб оласизлар.

39 Худо сизларга ва болаларингизга, узоқдагиларга, Эгамиз Худо Ўзига даъват этганларнинг ҳар бирига ваъдасини берган.

40 Бутрус бошқа кўп далиллар билан уларга гувоҳлик бериб: “Ўзларингизни бу бузуқ насл устига келаётган жазодан сақланглар”, дея ўтинди.

41 Шундай қилиб, Бутруснинг айтган хабарига ишонганлар сувга чўмдирилди. Ўша куни имонлилар сони уч мингтага кўпайди.

42 Улар ҳаворийларнинг таълимотини ўрганишга, биродарликка, Раббимиз Исони хотирлаб, нон синдиришга ва ибодатга ўзларини бағишладилар.

Имонлиларнинг ҳаёти

43 Ҳаворийлар орқали Худо кўплаб мўъжизалар ва аломатлар кўрсатарди, бундан эса ҳамма ҳайратга тушган эди.

44 Барча имонлилар тез–тез йиғилишиб турар эдилар. Улар ҳамма нарсада ҳамжиҳат эдилар.

45 Мол–мулкларини сотиб, пулини ҳар кимнинг эҳтиёжига қараб тақсимлаб берардилар.

46 Имонлилар ҳар куни Маъбадда йиғилардилар. Бир–бирлариникига меҳмонга борганда эса Раббимиз Исони хотирлаш учун нон синдирардилар, соддадиллик билан, юракдан севиниб овқатланишарди.

47 Худога ҳамду санолар айтардилар, халқнинг ҳурмату эътиборидан баҳраманд эдилар. Ҳар куни Эгамиз нажот топаётганларни имонлиларнинг қаторига қўшарди.

Шол тиланчи шифо топади

1 Бир куни Бутрус билан Юҳанно кундузи соат учларда — ибодат вақтида Маъбадга кетаётган эдилар.

2 Ўша пайтда Маъбад олдига бир шол одамни олиб келишди. Уни ҳар куни Маъбаднинг Гўзал деган дарвозасига келтириб қўйишарди, у эса тиланчилик қилиб, Маъбадга келган одамлардан садақа йиғарди.

3 Ўша одам Бутрус билан Юҳаннонинг келаётганини кўриб, садақа бериб кетинглар, деб ялинди.

4 Иккови унга тикилди. Шу пайт Бутрус:

— Бизга қара! — деди.

5 У одам бирон нарса олиш илинжида икковига диққат билан қаради.

6 Бутрус эса унга деди:

— Менинг пулим йўқ, аммо ўзимда бор нарсани сенга бераман. Носиралик Исо Масиҳ номи билан сенга буюраман: ўрнингдан туриб юр!

7 Шундан кейин Бутрус шол одамни ўнг қўлидан ушлаб, ўрнидан туришига кўмаклашди. Шу заҳоти шол одамнинг оёқлари билан тўпиқлари мустаҳкам бўлди.

8 У сакраб турди–ю, юра бошлади. Кейин у юриб, сакраб, Худога ҳамду сано айтиб, Бутрус ва Юҳанно билан бирга Маъбад ҳовлисига кирди.

9 Юриб Худога ҳамду сано айтаётган бу одамни халқ кўриб,

10 таниб қолди. Одамлар: “Гўзал дарвозаси ёнида ўтириб, садақа сўрайдиган одам–ку бу!” деб ҳайратланиб, юз берган воқеадан ҳайрон қолдилар.

Бутруснинг Маъбадда айтган нутқи

11 Бутрус билан Юҳанно Сулаймон айвони деган жойда турар эдилар. Шол одам икковининг қўлидан маҳкам ушлаб олган эди. Халқ ҳайрат ичида уларнинг олдига югуриб келди.

12 Бутрус одамларни кўргач, уларга қарата нутқ сўзлади: “Эй Исроил халқи! Нега бунга ҳайрон бўляпсизлар? Худди биз ўз қудратимиз ёки художўйлигимиз билан бу одамга шифо бергандай, нега бизга тикилиб қараяпсизлар?

13 Бу одамга ота–боболаримиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси шифо берди. Шу орқали Худо Ўзининг Қули Исони улуғлади. Аммо сизлар Исони тутиб бердингизлар. Пилат Уни озод этишга қарор қилганда ҳам, сизлар Уни Пилатнинг ҳузурида рад этдингизлар.

14 Ҳа, сизлар Муқаддас ва Солиҳ бўлган Исони рад қилиб, Унинг ўрнига бир қотилнинг озод бўлишини талаб қилдингизлар.

15 Сизлар ҳаётга бошловчини ўлдирдингизлар. Аммо Худо Уни ўликдан тирилтирди. Биз бунга гувоҳмиз.

16 Ўзларингиз кўриб–билиб турган мана бу одам Исонинг номига бўлган имони туфайли соппа–соғ турибди. Исо берган бу имон уни кўз ўнгингизда бутунлай соғайтирди.

17 Эй биродарлар, сизлар Исога қилган бу ёмонлигингизни ҳукмдорларингиз каби, билмасдан қилганингизни биламан.

18 Аммо Худо пайғамбарларнинг оғзи билан айтган башоратини бу қилмишингиз орқали бажо қилди. Ахир, пайғамбарлар, Масиҳ азоб чекади, деб олдиндан айтган эдилар.

19 Энди тавба қилинглар, Худога юз буринглар, токи гуноҳларингиз кечирилсин.

20 Шунда Эгамиз сизларга фароғат вақтини ато қилади. У сизлар учун танланган Масиҳни — Исони юборади.

21 Худо Ўзининг муқаддас пайғамбарлари орқали азалдан эълон қилгандай, ҳамма нарсалар янгиланадиган давр келади. Аммо ўша давр келгунча Исо самода қолиши керак.

22 Мусо шундай деган эди: «Эгангиз Худо сизлар учун халқингиз орасидан менга ўхшаган бир пайғамбар чиқаради. Унинг айтган ҳар бир сўзига қулоқ солинглар.

23 Ўша пайғамбарга итоат этмайдиган ҳар ким Худонинг халқи орасидан ажратиб олиниб, йўқ қилинади.»

24 Ҳақиқатан ҳам, Шомуил ва ундан кейин келиб хабар берган ҳамма пайғамбарлар биз яшаётган бу кунлар ҳақида башорат қилган эдилар.

25 Худонинг Ўз пайғамбарлари орқали берган ваъдалари сизлар учундир. Сизлар Худонинг Иброҳим орқали ота–боболарингиз билан тузган аҳдини ўзларингизга мерос қилиб оляпсизлар. Ахир, Иброҳимга Худо: «Сенинг зурриётинг орқали ер юзидаги жамики халқлар барака топади», деб айтган эди.

26 Худо Ўз Қули Исони зоҳир қилгандан кейин, Уни биринчи бўлиб сизларнинг орангизга юборди. Чунки У ҳар бирингизни ёмон йўлдан қайтариб, сизларга барака бермоқчи.”

Бутрус билан Юҳанно Олий кенгаш олдида

1 Бутрус билан Юҳанно халққа гапириб турганларида, бир неча руҳонийлар, Маъбад миршаббошиси ва саддуқий мазҳабининг баъзи аъзолари келдилар.

2 Уларнинг қаттиқ жаҳли чиққан эди, чунки бу иккала ҳаворий халққа таълим бериб, Исо ўликдан тирилди, деб ваъз қилаётган эдилар.

3 Улар иккала ҳаворийни ушлаб, вақт кеч бўлгани учун эртаси кун эрталабгача қамоқда сақладилар.

4 Аммо бу хабарни эшитганларнинг кўпчилиги имонга келди. Шундай қилиб, имонлиларнинг орасидаги эркакларнинг сони беш мингга етди.

5 Кейинги кун бош руҳонийлар, йўлбошчилар, Таврот тафсирчилари Қуддусда йиғилдилар.

6 Олий руҳоний Ханан, Каяфас, Юҳанно, Искандар ва олий руҳоний оиласига мансуб бўлган бошқа эркаклар йиғинда иштирок этдилар.

7 Улар иккала ҳаворийни ўртага турғизиб қўйиб, сўрадилар: “Буни қандай қудрат билан, кимнинг номидан қилдингизлар?”

8 Шунда Муқаддас Руҳга тўлган Бутрус уларга шундай деди: “Эй халқ раҳнамолари ва йўлбошчилари!

9 Агар бир хаста одамга қилинган яхшилик туфайли биздан ҳисоб талаб қилаётган бўлсангиз ва бу одамнинг қандай қилиб соғайганини сўраётган бўлсангиз,

10 сизлар, эй Исроил халқи, ҳаммаларингиз шуни билиб қўйингларки, мана бу одам Носиралик Исо Масиҳ номи билан тамомила соғайиб, олдингизда турибди. Исони сизлар хочга михлаган эдингизлар, Худо эса Уни ўликдан тирилтирди.

11 Ахир, Исо тўғрисида Муқаддас битикларда шундай ёзилган:

«Эй бинокорлар, сиз рад этган тош

Бинонинг тамал тоши бўлди.»

12 Нажот бошқа ҳеч кимдан келмайди. Унинг номи — бутун оламда нажот берадиган ягона номдир.”

13 Кенгаш аъзолари Бутрус билан Юҳаннонинг жасоратини кўрдилар ва уларнинг ўқимаган, оддий одам эканликларини билиб, ҳайрон қолдилар. Бутрус билан Юҳанно Исонинг шериклари эканини англадилар.

14 Шифо топган одам ҳам иккала ҳаворий билан бирга турган эди. Шунинг учун халқ раҳнамолари ва йўлбошчилари уни кўриб, икковининг гапларига қарши бирон сўз айта олмадилар.

15 Шундай қилиб, улар ҳаворийларга: “Мажлисхонадан чиқинглар”, деб буйруқ бердилар. Сўнгра ўзаро муҳокама қила бошладилар:

16 “Бу одамларни нима қиламиз? Бу ажойиб мўъжизани мана шу одамлар қилганини Қуддусдаги ҳар бир одам билади, биз буни инкор эта олмаймиз.

17 Аммо бу хабар халқ орасида янада ёйилиб кетишининг олдини олиш учун, бундан кейин Исонинг номи билан ҳеч кимга гапирмайсизлар, деб уларни огоҳлантириб қўямиз.”

18 Шундай қилиб, улар икковини чақирдилар ва: “Исонинг номи билан умуман гапирмайсизлар ёки таълим бермайсизлар”, деб буйруқ бердилар.

19 Бутрус билан Юҳанно эса уларга шундай жавоб қайтардилар: “Худодан кўра сизларга итоат этсак, Худонинг назарида тўғри бўладими? Ўзларингиз хулоса чиқараверинглар.

20 Биз эса кўрганларимиз ва эшитганларимиз тўғрисида гапирмасдан тура олмаймиз.”

21 Шундай қилиб, Кенгаш аъзолари уларни охирги марта огоҳлантириб, қўйиб юбордилар. Уларни жазолаш учун ҳеч қандай сабаб топа олмагандилар, чунки бутун халқ юз берган воқеани билиб, Худога ҳамду сано айтарди.

22 Ахир, мўъжизали аломат туфайли шифо топган одам қирқ йилдан ошиқ вақт давомида шол бўлган эди.

23 Бутрус билан Юҳанно озод бўлишлари биланоқ, дўстларининг олдига қайтиб келдилар ва бош руҳонийлар билан йўлбошчиларнинг уларга айтган гапларини сўзлаб бердилар.

24 Дўстлари бу гапларни эшитганларидан кейин, ҳаммалари биргаликда баланд овозда Худога шундай деб ибодат қилдилар: “Эй Эгамиз! Сен осмон билан ерни, денгизни ва улардаги ҳамма мавжудотни яратгансан!

25 Қулинг — бобомиз Довуд орқали Муқаддас Руҳинг билан шундай дегансан:

«Нега қутуради халқлар?!

Нега беҳуда фитна қилар элатлар?!

26 Эгамизга ва Унинг Масиҳига қарши

Замин шоҳлари саф тортдилар,

Ҳукмдорлар Унга қарши бирлашдилар.»

27 Ҳақиқатан, Ҳирод билан Пўнтий Пилат ғайрияҳудийлар ва Исроил халқи билан бирга бу шаҳарда Сенинг муқаддас Қулинг, Ўзинг Масиҳ қилиб танлаган Исога қарши тўпландилар.

28 Қудратинг ва хоҳиш–ироданг билан Ўзинг илгаридан қарор қилган ҳамма нарсани улар ижро этдилар.

29 Энди, эй Эгамиз, уларнинг таҳдидларига қара! Сенинг сўзингни жасорат билан айтишимиз учун, биз, қулларингга куч бер.

30 Қудратингни кўрсат, токи Муқаддас Қулинг Исо номи билан хасталарга шифо берайлик, аломатлар ва мўъжизалар кўрсатайлик.”

31 Ҳаммалари ибодат қилиб бўлганларидан кейин, улар йиғилиб турган жой силкинди. Ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлиб, Худонинг сўзини жасорат билан гапирадиган бўлдилар.

Имонлилар мол–мулкларини тақсимлаб берадилар

32 Имонга келганлар якдил ва ҳамжиҳат эдилар. Улардан биронтаси ўзига қарашли бирон нарсани “Бу меники”, деб айтмас, бор мол–мулкларини умумий деб билишарди.

33 Ҳаворийлар буюк қудрат билан Раббимиз Исонинг тирилганига гувоҳлик берардилар. Худо уларнинг ҳаммаларига мўл–кўл мурувват кўрсатарди.

34 Имонлиларнинг орасида биронта муҳтож одам йўқ эди. Дала ёки уй–жой эгалари бор нарсаларини сотардилар, сотувдан тушган маблағни олиб келиб,

35 ҳаворийларнинг ихтиёрига берардилар. Пуллар одамларнинг эҳтиёжига қараб тақсимланарди.

36 Имонлилар орасида Леви қабиласидан бўлган Юсуф исмли бир одам бор эди. У асли Кипрдан эди. Ҳаворийлар унга Барнабо, яъни “далда берувчи” деган ном берган эдилар.

37 Юсуф ҳам даласини сотиб, пулини ҳаворийларга инъом қилди.

Ханониё билан Сапфира

1 Ханониё деган бир одам хотини Сапфира билан келишиб, мулкидан бир қисмини сотди.

2 Ханониё пулнинг бир қисмини ўзига олиб қолди. Хотини бу ҳақда биларди. Ханониё пулнинг қолганини ҳаворийларга олиб бориб берди.

3 Бутрус ундан сўради:

— Ханониё, нимага шайтонга қалбингдан жой бериб, Муқаддас Руҳга ёлғон гапирдинг? Ернинг пулидан бир қисмини олиб қолдинг–ку!

4 Мулкингни сотмасингдан олдин, у сеники эди, сотганингдан кейин ҳам, пул сеники эди. Бундай иш қилишга қандай журъат этдинг?! Сен одамларга эмас, балки Худога ёлғон гапирдинг!

5 Ханониё бу сўзларни эшитиши биланоқ ерга йиқилиб жон берди. Бу воқеани эшитганларнинг ҳаммаси қаттиқ ваҳимага тушиб қолди.

6 Йигитлар келиб, унинг жасадини кафанладилар, кейин уни олиб чиқиб, дафн қилдилар.

7 Уч соатлардан кейин Ханониёнинг хотини келди. Юз берган ҳодисадан у бехабар эди.

8 Бутрус аёлдан сўради:

— Менга айт–чи, сен билан эринг ерларингизни фалон нархга сотдингизларми?

— Ҳа, ўшанча нархга сотдик, — деб жавоб берди аёл.

9 Шунда Бутрус аёлга деди:

— Нима учун сизлар Эгамизнинг Руҳини синашга қарор қилдингизлар? Ана, эрингни дафн қилган одамлар эшикдан кириб келишяпти. Энди улар сени ҳам олиб чиқадилар.

10 Шу заҳоти аёл ҳам йиқилди–ю, жон берди. Йигитлар кириб келиб кўрдиларки, аёл жон берибди. Улар аёлни ҳам олиб бориб, эрининг ёнига дафн қилдилар.

11 Бу воқеани эшитган одамлар ва бутун жамоат ваҳимага тушиб қолди.

Мўъжизалар ва ажойиботлар

12 Ҳаворийлар халқ орасида кўплаб мўъжизалар ва ажойиботлар кўрсатардилар. Ҳамма имонлилар Сулаймон айвонида йиғилишарди.

13 Халқ уларга ғоят ҳурмат кўрсатар, бегоналардан ҳеч ким уларга қўшилишга журъат қилолмасди.

14 Аммо Раббимиз Исога имон келтириб, жамоатга қўшилган эркагу аёллар сони тобора кўпайиб бораверди.

15 Одамлар: “Бутрус йўлдан ўтаётганда, унинг сояси буларнинг устига тушсин”, деб хасталарни кўчаларга олиб чиқишарди. Уларни чорпояларга, тўшакларга ётқизиб қўйишарди.

16 Бир талай оломон ҳам Қуддус атрофидаги қишлоқлардан келди. Улар ҳам хаста, ёвуз руҳлардан азоб чекаётганларни олиб келган эдилар. Хасталарнинг ҳаммаси шифо топди.

Ҳаворийлар қувғин қилинадилар

17 Шунда саддуқий мазҳабидан бўлган олий руҳоний ва унинг барча шериклари ҳаворийларга қаҳрини сочдилар.

18 Улар ҳаворийларни ҳибсга олиб, давлат қамоқхонасига ташладилар.

19 Аммо тунда Эгамизнинг бир фариштаси қамоқхона эшигини очди, ҳаворийларни ташқарига олиб чиқиб, шундай деди:

20 — Боринглар, Маъбадда туриб, бу янги ҳаёт тўғрисидаги хабарни одамларга айтинглар.

21 Ҳаворийлар бу гапни эшитиб, азонда Маъбад ҳовлисига кирдилар ва одамларга таълим бера бошладилар.

Олий руҳоний ва унинг ёрдамчилари Маъбадга келдилар ва Олий кенгашни, яъни ҳамма Исроил йўлбошчиларини чақиртирдилар. Ҳаворийларни олиб келиш учун қамоқхонага одам юбордилар.

22 Маъбад миршаблари бориб, қамоқхонада ҳаворийларни топа олмадилар. Улар қайтиб келиб, хабар бердилар:

23 — Борсак, қамоқхона маҳкам қулфланган, соқчилар эшик олдида туришган экан. Аммо эшикларни очиб ичкарига кирганимизда, ичкарида ҳеч кимни топа олмадик.

24 Маъбад миршаббошиси ва бош руҳонийлар бу сўзларни эшитиб, ҳаворийларга нима бўлди экан, деб ҳайрон бўлдилар.

25 Шу пайт бир одам келиб, хабар берди:

— Сизлар қамоққа ташлаган одамлар Маъбад ҳовлисида турибдилар, одамларга таълим беряптилар.

26 Миршаббоши билан миршаблар бориб, ҳаворийларни ҳибсга олдилар, аммо зўрлик қилмадилар. “Одамлар бизни тошбўрон қилмасин”, деб қўрқдилар.

27 Улар ҳаворийларни олиб келиб, Олий кенгаш олдида турғизиб қўйдилар. Олий руҳоний уларга шундай деди:

28 — Биз сизларга, бу Одамнинг номи билан таълим берманглар, деб қатъий тақиқламаганмидик?! Сизлар эса бутун Қуддус бўйлаб таълимотингизни ёйиб юборибсиз! Бу Одамнинг қонини бизнинг гарданимизга юклаяпсизлар!

29 Бутрус билан ҳаворийлар шундай жавоб бердилар:

— Биз инсонга эмас, Худога итоат этишимиз лозим.

30 Сизлар Исони ёғочга михлаб ўлдирган эдингизлар, ота–боболаримизнинг Худоси эса Уни тирилтирди.

31 Худо Исони юксалтириб, Ўзининг ўнг томонига ўтқазди. Исроил халқи тавба қилсин, уларнинг гуноҳлари кечирилсин деб, Худо Исони Сарвар ва Нажоткор қилиб тайинлади.

32 Биз буларга гувоҳмиз, Муқаддас Руҳ ҳам гувоҳдир. Худо Муқаддас Руҳни Унга итоат этадиганларга инъом қилган.

33 Олий кенгаш бу гапларни эшитиб, ғазабга минди, ҳаворийларни ўлдирмоқчи бўлди.

34 Олий кенгашда халқнинг ҳурматига сазовор бўлган бир Таврот тафсирчиси бор эди. Унинг исми Гамалиёл бўлиб, у фарзийлардан эди. Гамалиёл ўрнидан туриб, ҳаворийларни қисқа вақтга ташқарига олиб чиқишларини буюрди.

35 Шундан кейин у Олий кенгашга деди:

— Эй, Исроил йўлбошчилари, бу одамларни бирон нарса қилмоқчи бўлсангиз, эҳтиёт бўлинглар.

36 Эсингизда бўлса, бир қанча вақт олдин Февдас деган одам буюкликка даъво қилганди. Ҳатто тўрт юзтача одам унга эргашди. Аммо Февдас ўлдирилди, унинг издошлари тарқалиб, йўқ бўлиб кетди.

37 Шундан кейин аҳолини рўйхатга олиш пайтида пайдо бўлган Жалилалик Яҳудо бир қанча одамни ортидан эргаштирди. У ҳам ҳалок бўлди, унга эргашганларнинг ҳаммаси тарқалиб кетди.

38 Шу боис сизларга айтяпман: бу одамларга қарши бирон ҳаракат қила кўрманглар. Уларни ўз ҳолига қўйинглар! Уларнинг режалари ва қилаётган ишлари инсонники бўлса, бу ишлари барҳам топади.

39 Агар Худодан бўлса, сизлар уларни мағлуб қила олмайсизлар. Яна ўзларингиз Худога қарши жанг қилаётган бўлиб қолманглар.

40 Шундай қилиб, Олий кенгаш Гамалиёлнинг маслаҳатига рози бўлди. Улар ҳаворийларни чақириб, қамчи билан савалатдилар, “Ҳеч қачон Исонинг номи билан гапирмайсизлар”, деб буйруқ бериб, қўйиб юбордилар.

41 Ҳаворийлар Олий кенгаш ҳузуридан хурсанд бўлиб чиқдилар, чунки улар “Худо бизни Исонинг номи учун ҳақоратланишимизга лойиқ ҳисоблади”, дер эдилар.

42 Улар ҳар куни Маъбад ҳовлисида ва одамларнинг уйларида таълим берардилар. Исонинг Масиҳ экани тўғрисидаги Хушхабарни ваъз қилишда давом этавердилар.

Хизматга танланган етти киши

1 Шу вақт давомида шогирдларнинг сони ортиб бораверди. Аммо шу пайтда юнонзабон ва орамийзабон яҳудий имонлилар орасида зиддият пайдо бўлди. Юнонзабон яҳудийлар: “Кундалик озиқ–овқат тақсимланганда, юнонзабон бевалар эътибордан четда қоляптилар”, деб эътироз билдирдилар.

2 Ўн икки ҳаворий жамики шогирдларни йиғиб, уларга шундай дедилар:

— Биз Худонинг каломини ваъз қилишни бир четда қолдириб, озуқа тарқатиш билан овора бўлишимиз нотўғри.

3 Биродарлар, орангиздан етти кишини танланглар. Улар обрў–эътиборга эга, Муқаддас Руҳга ва доноликка тўлиб–тошган бўлсин. Уларни бу хизматга тайин этайлик.

4 Биз эса ўзимизни ибодатга ва Худо каломининг хизматига бағишлайлик.

5 Уларнинг гапи бутун жамоага маъқул бўлди. Жамоа имонга ва Муқаддас Руҳга тўла Стефанни, шунингдек, Филип, Прохорус, Никанор, Тимон, Парменас ва илгари яҳудий динига кирган Антиохиялик Николасни танладилар.

6 Улар бу одамларни ҳаворийларнинг олдига турғизиб қўйдилар. Ҳаворийлар уларга қўлларини қўйиб, ибодат қилдилар.

7 Шундай қилиб, Худонинг сўзи ёйилиб бораверди. Шогирдлар сони Қуддусда кўпайди. Руҳонийларнинг кўпчилиги имонга келдилар.

Стефан ҳибсга олинади

8 Стефан Худонинг марҳаматига ва илоҳий қудратга тўлган эди. У халқ орасида ажойиб мўъжизалар ва аломатлар кўрсатди.

9 Аммо “Озод қилинган қуллар” деган синагога аъзоларининг баъзилари — Киринеяликлар, Искандарияликлар, шунингдек, Киликия ва Асияликлар Стефан билан баҳслаша бошладилар.

10 Муқаддас Руҳ Стефанга кўп донолик берди, шунинг учун улар Стефаннинг гапларини инкор қила олмадилар.

11 Шундан кейин синагога аъзолари баъзи одамларни гижгижлаб: “Стефан Мусога ва Худога қарши куфр сўзлар айтганини эшитдик”, деб айтишга кўндирдилар.

12 Шу йўл билан улар халқни, йўлбошчиларни, Таврот тафсирчиларини қайрадилар. Улар Стефанни ушлаб, Олий кенгашга олиб келдилар.

13 Шунда улар сохта гувоҳларни ёлладилар. Сохта гувоҳлар шундай дедилар: “Бу одам мана шу муқаддас Маъбадга ва қонунга қарши гаплар айтишдан тўхтамаяпти.

14 Унинг айтишича, Носиралик Исо Маъбадни қулатар эмиш, Мусо бизларга берган урф–одатларни ўзгартирар эмиш.”

15 Олий кенгашда ўтирганлар Стефанга тикилиб қарадилар, унинг юзи худди фариштанинг юзига ўхшаш эканини кўрдилар.

Стефаннинг Олий кенгаш олдидаги нутқи

1 Олий руҳоний Стефандан: “Шу гаплар ростми?” деб сўради.

2 Стефан шундай жавоб берди: “Биродарлар, оталар! Менинг гапларимга қулоқ солинглар. Бобомиз Иброҳим ҳали Хоронда яшамасдан олдин — Месопотамияда бўлган пайтда улуғвор Худо унга зоҳир бўлиб,

3 шундай деди: «Ўз юртингдан, қариндош–уруғларинг олдидан чиқиб кет. Мен сенга бир юртни кўрсатаман, ўша ерга борасан.»

4 Шундан кейин Иброҳим Халдейлар юртини тарк этиб, Хоронга бориб ўрнашди. Иброҳимнинг отаси вафот этгач, Худо уни Хорондан ҳозир сизлар яшаб турган юртга кўчирди.

5 Худо Иброҳимга у ердан мулк бермади, ҳатто бир қарич ер ҳам бермади. Лекин Иброҳимга ва унинг наслига ўша юртни мулк қилиб беришни ваъда қилди. Ваҳоланки, ўша пайтда Иброҳимнинг фарзанди йўқ эди.

6 Худо унга шундай деди: «Сенинг наслинг бегона бир юртда мусофир бўлиб яшайди. Тўрт юз йил қул бўлиб, жабр–зулм тортади.

7 Аммо уларни қул қилиб оладиган халқни Мен жазолайман. Шундан кейин улар ўша юртдан чиқадилар ва бу ерда Менга сажда қиладилар.»

8 Кейин Худо унга суннат аҳдини берди. Шундай қилиб, Иброҳимдан Исҳоқ туғилди. Исҳоқни саккиз кунлигида Иброҳим суннат қилди. Исҳоқдан Ёқуб туғилди, у ҳам суннат қилинди. Ёқубдан ўн икки қабила асосчилари туғилди, улар ҳам суннат қилинди.

9 Ёқубнинг ўғиллари ўзларининг укалари Юсуфга ҳасад қилиб, уни Мисрга сотиб юбордилар. Аммо Худо Юсуф билан бирга бўлиб,

10 уни ҳамма кулфатлардан сақлаб қолди. Худо Юсуфни шунчалик доно қилдики, у Миср фиръавнининг илтифотига сазовор бўлди. Фиръавн Юсуфни бутун Миср ва ўзининг хонадони устидан ҳоким қилиб тайинлади.

11 Ўша даврда бутун Миср ва Канъон бўйлаб очарчилик тарқалди, кўп азоб–уқубатлар келиб чиқди. Ота–боболаримиз егулик топа олмай қолдилар.

12 Ёқуб, Мисрда дон бор экан, деб эшитиб қолди. У ўғилларини, яъни бизнинг боболаримизни Мисрга биринчи бор сафарга жўнатди.

13 Улар Мисрга иккинчи марта борганларида, Юсуф акаларига ўзини танитди. Шундай қилиб, Юсуфнинг уруғ–аймоғи фиръавнга маълум бўлди.

14 Шундан кейин Юсуф отаси Ёқубни, ҳамма қариндош–уруғларини ёнига чақирди. Улар ҳаммаси бўлиб етмиш беш киши эдилар.

15 Шундай қилиб, Ёқуб Мисрга кетди. Ёқуб ҳам, унинг ўғиллари, яъни ота–боболаримиз ҳам Мисрда вафот этдилар.

16 Уларнинг суякларини Шакам шаҳрига олиб келиб, Иброҳимнинг мақбарасига қўйдилар. Бу мақбарани Иброҳим шакамлик Хамўрнинг ўғилларидан бир қанча кумушга сотиб олган эди.

17 Худонинг Иброҳимга берган ваъдаси амалга ошадиган пайт яқинлашгани сари, Мисрдаги халқимиз ғоят кўпайиб борар эди.

18 Мисрни бошқа ҳукмдор бошқара бошлади. У Юсуф тўғрисида ҳеч нарса билмасди.

19 Улар ота–боболаримизга найранг ишлатдилар. Ота–боболаримиз чақалоқларидан воз кечишларига тўғри келди, чақалоқлари ўлдирилди.

20 Шу пайтда Мусо туғилган эди. У жуда чиройли бола эди. Ота–онасининг уйида Мусони уч ой парваришлаганларидан кейин

21 охири, воз кечишга мажбур бўлдилар. Фиръавннинг қизи Мусони сақлаб олиб, ўз ўғлидай тарбия қилди.

22 Мусога Мисрликларнинг илму маърифати ўргатилди, у сўзда ҳам, ишда ҳам буюк одам бўлди.

23 Мусо қирқ ёшга кирганда, унинг юрагида қардошлари бўлган Исроил халқини кўриш орзуси туғилди.

24 Мисрликлардан бири Исроил халқидан биттасига шафқатсизлик қилаётганини кўрганда, Мусо қардошини ҳимоя қилди. Мисрликни ўлдириб, қардошининг ўчини олди.

25 Мусо: «Худо мен орқали халқимни озод қилмоқчи, буни халқим тушунса керак», деб ўйлади. Аммо улар тушунмадилар.

26 Кейинги куни Мусо Исроил халқидан иккитаси жанжаллашаётганини кўриб, уларни яраштирмоқчи бўлди: «Қулоқ солинглар, эй одамлар, ахир, сизлар биродарсизлар! Нега бир–бирингизни хафа қиляпсизлар?»

27 Аммо қардошини хафа қилаётган одам Мусони туртиб деди: «Ким сени бизнинг устимиздан ҳукмдор ёки ҳакам қилиб қўйди?

28 Кеча Мисрликни ўлдирганингдай мени ҳам ўлдирмоқчимисан?»

29 Мусо бу гапни эшитгач, Мисрдан қочиб кетди ва Мидиён юртида мусофир бўлиб яшай бошлади. Бу юртда Мусо икки ўғил кўрди.

30 Орадан қирқ йил ўтгач, Мусо саҳродаги Синай тоғи ёнида бўлганда, бута алангаси ичида унга бир фаришта зоҳир бўлди.

31 Мусо буни кўриб, ҳайрон бўлди. Яхшироқ кўриш учун бутага яқин борди. Шу пайт у Эгамизнинг овозини эшитди:

32 «Мен ота–боболарингиз — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман.» Мусо қўрққанидан титраб, қарашга журъат этмади.

33 Шунда Эгамиз Мусога деди: «Оёғингдаги чориғингни еч, чунки сен турган жой муқаддас ердир.

34 Халқимнинг Мисрда чеккан азобларини кўрдим, уларнинг оҳ–воҳларини эшитдим. Мен уларни озод қилиш учун келдим. Энди кел, Мен сени Мисрга юбораман.»

35 Мана шу Мусони халқ рад қилиб, унга: «Ким сени бизга ҳукмдор ва ҳакам қилиб қўйди?» деб айтганди. Худонинг Ўзи эса Мусони ҳукмдор ва халоскор қилиб юборди. У буни бута ичида зоҳир бўлган фаришта орқали амалга оширди.

36 Мусо Исроил халқини Мисрдан олиб чиқди. Мисрда, Қизил денгизда ва саҳрода қирқ йил давомида мўъжизалар ва аломатлар кўрсатди.

37 Исроил халқига: «Худо сизлар учун ўз халқингиз орасидан менга ўхшаган бир пайғамбар чиқаради», деб айтган ҳам ўша Мусо эди.

38 Саҳрода Исроил халқи билан бирга яшаган Мусодир, Синай тоғида оталаримиз билан бирга турган, фаришта билан гаплашган ҳам удир. Бизга бериладиган Худонинг ҳаётбахш каломини Мусо фариштадан қабул қилди.

39 Аммо ота–боболаримиз Мусога итоат этишни истамадилар. Аксинча, улар Мусони менсимай, кўнгилларида Мисрга қайтишга мойил бўлдилар.

40 Улар Ҳорунга шундай дедилар: «Биз учун худолар ясаб бер, улар бизни йўлда бошлаб борсин. Бизни Мисрдан олиб чиққан Мусога нима бўлганини билмаймиз.»

41 Ўша пайтда улар бузоқ тасвирини ясадилар, ўша бутга қурбонлик қилдилар. Шундай қилиб, қўлларининг ижоди олдида кўнгилхушлик қилдилар.

42 Шу сабабдан Худо улардан юз ўгирди, самовий жисмларга сажда қилишсин, деб уларни тарк этди. Зотан, пайғамбарлар китобида шундай ёзилган:

«Эй Исроил халқи, сизлар жуда кўп қурбонликлар келтирасизлар! Мен ота–боболарингизни қирқ йил саҳрода олиб юрганимда, улардан шу қадар кўп қурбонлигу назрларни талаб қилмадим!

43 Сизлар ўзингиз ясаган худоларга — Мўлах ва Райфон тасвирларига топиниб юрибсизлар. Шунинг учун Мен сизларни Бобил юртига сургун қиламан. Қани, энди туринглар! Мўлахнинг чодирини ва Райфоннинг тасвири бўлган юлдузни кўтариб олиб кетинглар.»

44 Саҳрода ота–боболаримизнинг Муқаддас аҳд чодири бор эди. Бу Чодир, Худо Мусога буюргандай, У кўрсатган намуна бўйича ясалган эди.

45 Кейинроқ ўша Чодир оталаримизга берилди. Оталаримиз Ёшуа билан кетганларида Чодирни ўзлари билан олиб кетдилар. Ўшанда Худо қувиб юборган халқларнинг ерини оталаримиз тортиб олган эдилар. Чодир шоҳ Довуд замонигача ўша юртда оталаримиз билан қолди.

46 Худонинг марҳаматига сазовор бўлган Довуд: «Ёқубнинг Худосига маскан қуриб берай», деб Ундан изн сўради.

47 Аммо Худога уйни Сулаймон қуриб берди.

48 Ваҳоланки, Худойи Таоло инсон қўллари билан ясалган уйларда истиқомат қилмайди. Худо пайғамбар орқали айтгандай:

49 «Осмон Менинг тахтимдир,

Ер оёғим тагидаги курсидир.

Менга қандай уй қуриб бера оласиз?!

— демоқда Эгамиз. —

Қайси жой Менга маскан бўла олади?!

50 Ахир, ҳаммасини Ўз қўлларим билан яратганман.»

51 Сизлар ўжар халқсиз! Эй юраклари, қулоқлари суннат қилинмаганлар! Сизлар ҳам, ота–боболарингизга ўхшаб, ҳар доим Муқаддас Руҳга қарши турасизлар.

52 Ота–боболарингиз пайғамбарларнинг ҳаммасини қувғин қилганлар! Солиҳ Зотнинг келишини башорат қилганларни улар ўлдирганлар! Энди эса сизлар Солиҳ Зотни сотиб, қатл қилдингизлар.

53 Худонинг қонунини олган сизларсиз. Аммо ўша қонун сизларга фаришталар орқали берилганига қарамай, сизлар унга риоя қилмадингизлар.”

54 Олий кенгаш аъзолари Стефаннинг сўзларини эшитиб, ғазабга миндилар, ғазабдан тишларини ғижирлатдилар.

55 Аммо Муқаддас Руҳга тўлган Стефан осмонга тикилиб, Худонинг улуғворлигини кўрди. Исо Худонинг ўнг томонида турар эди.

56 “Қаранглар! — деди Стефан. — Мен осмон очилганини кўряпман. Инсон Ўғли Худонинг Ўнг томонида турибди!”

57 Улар эса қўллари билан қулоқларини беркитиб олдилар, сўнг бирданига ҳаммалари овозлари борича бақириб, Стефанга ташландилар.

58 Улар Стефанни шаҳар ташқарисига олиб чиқдилар ва тошбўрон қилдилар. Унга қарши гувоҳлик берганлар эса чопонларини Шоул деган йигитнинг оёқлари остига қўйдилар.

59 Улар Стефанни тошбўрон қилаётганларида, Стефан: “Эй Раббим Исо, руҳимни ол!” деб ибодат қилди.60 Сўнгра у тиз чўкиб, овози борича: “Эй Раббим Исо! Бу гуноҳни уларга юкламагин!” деб бақириб, жон берди.

Шоул имонлилар жамоатини қувғин қилади

1 Стефаннинг ўлимини Шоул маъқуллаган эди. Ўша кунданоқ Қуддусдаги имонлилар жамоати шафқатсиз қувғинлардан азоб чека бошлади. Ҳаворийлардан бошқа ҳамма имонлилар Яҳудия ва Самария бўйлаб тарқалиб кетдилар.

2 Тақводор одамлар Стефанни дафн қилдилар, у учун қаттиқ қайғуриб, аза тутдилар.

3 Шоул эса жамоатни йўқ қилиш пайига тушган эди. У уйма–уй юриб, эркагу аёл имонлиларни судраб олиб чиқар, уларни қамоқхонага ташлар эди.

Филип Самарияда ваъз қилади

4 Имонлилар тарқалиб кетиб, Исо ҳақидаги хабарни ҳар жойларда ваъз қилиб юрардилар.

5 Филип Самариянинг бош шаҳрига бориб, у ердаги аҳолига Масиҳ тўғрисида ваъз қилди.

6 Филипни тинглаб турган ва қилган мўъжизаларини кўрган оломон унинг гапларига диққат билан қулоқ солди.

7 Ёвуз руҳлар кўп одамларнинг ичидан чинқириб чиқиб кетарди, кўплаб шол ва чўлоқ одамлар шифо топар эдилар.

8 Шундай қилиб, ўша шаҳарда катта шодлик ҳукм сурарди.

9 Шу ерда Шимўн деган бир одам яшарди. У анчадан бери сеҳр–жодулар қилиб, Самария аҳолисини ҳайратда қолдириб келарди. Шу тариқа у ўзини буюк одам қилиб кўрсатарди.

10 Шаҳардаги ҳар бир одам — каттаю кичик унинг гапларига диққат билан қулоқ солар, “Бу одам Худонинг қудратидир, у Буюк Қудрат деб ном олган”, деб айтарди.

11 Шимўн узоқ вақт одамларни сеҳр–жодулари билан ажаблантириб келгани учун ҳам, одамлар унга диққат билан қулоқ солишарди.

12 Аммо Филип Худонинг Шоҳлиги ва Исо Масиҳ тўғрисидаги Хушхабарни ваъз қилгандан кейин, одамлар Филипга ишондилар. Эркагу аёл сувга чўмдирилди.

13 Ҳатто Шимўн ҳам имонга келди. У сувга чўмдирилгандан кейин, юз бераётган аломатлару буюк мўъжизаларни кўриб, ҳайратда қолди ва Филипдан ажралмайдиган бўлди.

14 Қуддусдаги ҳаворийлар, Самария аҳолиси Худонинг каломини қабул қилибди, деб эшитганлари учун, Бутрус билан Юҳаннони уларнинг олдига юбордилар.

15 Бутрус билан Юҳанно бориб, Муқаддас Руҳни қабул қилиб олинглар, деб Самарияликлар учун ибодат қилдилар.

16 Чунки ҳали Муқаддас Руҳ уларнинг биронтасини ҳам қамраб олмаган эди. Улар фақат Раббимиз Исо номи билан сувга чўмдирилган эдилар, холос.

17 Шундан кейин Бутрус билан Юҳанно уларнинг устига қўлларини қўйдилар. Шу тариқа Самарияликлар Муқаддас Руҳни қабул қилдилар.

18 Шимўн кўрдики, одамларнинг бошларига ҳаворийлар қўлларини қўйганларида, Муқаддас Руҳ уларга бериларди. У Бутрус билан Юҳаннога пул таклиф қилиб, деди:

19 — Шу қудратдан менга ҳам беринглар, токи биронтасининг бошига қўлларимни қўйганимда, ўша одам Муқаддас Руҳни қабул қилсин.

20 Аммо Бутрус шундай жавоб берди:

— Пулинг ўзинг билан бирга дўзахга равона бўлсин, чунки сен, Худонинг инъомини пулга сотиб олсам бўлади, деб ўйлайсан.

21 Бу ишда сенинг на улушинг, на ҳақинг бор! Сенинг юрагинг Худо назарида тўғри эмас.

22 Энди тавба қилиб, бу фосиқ ниятингдан қайт, “Мени кечиргин”, деб Эгамизга ибодат қил, балки юрагингдаги ниятингни У кечирар.

23 Кўриб турибман: юрагинг аччиқ зардага тўла, ўзинг фосиқлик занжирига боғлангансан.

24 Шимўн шундай жавоб берди:

— Мен учун Эгамизга ибодат қилинглар, тағин айтганларингиздан бири бошимга тушмасин.

25 Бутрус билан Юҳанно у ерда гувоҳлик бериб, Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилдилар. Шундан кейин Самариянинг кўп қишлоқларида Хушхабарни эълон қилиб, Қуддусга қайтиб кетдилар.

Филип ва Ҳабашистонлик амалдор

26 Шу орада Эгамизнинг бир фариштаси Филипга деди: “Қани, бўл, жанубга бор, Қуддусдан Ғазога олиб борадиган саҳро йўлидан кет.”

27 Филип йўлга чиқди, кетаётиб Ҳабашистонлик бир амалдорни учратиб қолди. У Ҳабашистон маликасининг бош хазинабони лавозимидаги катта амалдор эди. У сажда қилгани Қуддусга келиб,

28 энди уйига қайтаётган эди. Амалдор аравада ўтирганича, Ишаё пайғамбар китобини ўқиб кетаётган эди.

29 Муқаддас Руҳ Филипга: “Аравага яқинроқ бор, унинг ёнида юр”, деди.

30 Филип югуриб, аравага етиб олди, амалдорнинг Ишаё пайғамбар китобини ўқиётганини эшитди. Филип:

— Ўқиётганингизни тушуняпсизми? — деб сўради.

31 — Биронтаси ёрдам бермаса, тушунармидим?! — деб жавоб берди амалдор. У Филипга: “Чиқ, ёнимга ўтир”, деб таклиф қилди.

32 Амалдор ўқиётган Муқаддас битиклар парчаси қуйидагилар эди:

“Бўғизланишга олиб борилган қўйдай,

Жун қирқувчи олдида жим турган қўзидай

У миқ этмади, оғзини очмади.

33 У хўрланди. Адолатдан маҳрум қилинди.

Унинг насли ҳақида ким ўйлайди?

Ер юзида унинг ҳаётига чек қўйилди.”

34 Амалдор Филипдан сўради:

— Айт–чи, пайғамбар бу гапларни ким тўғрисида айтди — ўзи тўғрисидами ёки бошқа биронтаси тўғрисидами?

35 Шундан кейин Филип тушунтира бошлади, Муқаддас битикларнинг шу қисмидан бошлаб, Исо ҳақидаги Хушхабарни амалдорга сўзлаб берди.

36-37 Улар йўлда кетаётганларида, сув бор жойга келиб қолдилар. Шунда амалдор деди:

— Мана бу ерда сув бор экан. Сувга чўмдирилишимга нима халақит беради?!

38 Амалдор аравани тўхтатишга буюрди. Улар иккаласи — Филип билан амалдор сувга тушдилар, Филип уни сувга чўмдирди.

39 Улар сувдан чиққанларидан кейин, Эгамизнинг Руҳи тўсатдан Филипни олиб кетди. Амалдор уни қайтиб кўрмади, аммо хурсанд бўлганича, йўлида давом этди.

40 Филип эса Азотус шаҳрида пайдо бўлиб қолди. У Қайсарияга келгунча, бутун ўлка бўйлаб ўтар экан, ҳамма шаҳарларда Хушхабарни эълон қилиб бораверди.

Шоул имонга келади

1 Шу орада Шоул Раббимиз Исонинг шогирдларига қарши қаттиқ ўлим хавфини солиб юрарди. У олий руҳонийнинг ҳузурига бориб,

2 Дамашқдаги синагогаларга хат ёзиб беришини сўради. У ерда эркак бўладими ёки аёлми — Исонинг йўлидан юрувчиларни топиб олса, уларни боғлаб Қуддусга олиб келишга ижозат сўраган эди.

3 Шоул Дамашққа яқинлашиб қолганда, бирдан осмондан тушган бир нур унинг ён–атрофини ёритиб юборди.

4 Шоул ерга йиқилиб, шундай бир овозни эшитди:

— Шоул, Шоул! Нега Мени қувғин қиляпсан?

5 — Ё Ҳазратим! Сиз кимсиз? — деб сўради Шоул.

— Сен қувғин қилаётган Исоман, — деган жавоб келди.

6 — Энди ўрнингдан тур, шаҳарга кир. Нима қилишинг кераклиги сенга ўша ерда айтилади.

7 Шоулга ҳамроҳ бўлганларнинг тилларига бир сўз келмай, тўхтаб қолган эдилар. Улар овозни эшитардилар–у, аммо ҳеч кимни кўрмасдилар.

8 Шоул ердан турди, кўзларини очди, аммо ҳеч нарсани кўра олмади. Улар Шоулни қўлидан ушлаб, Дамашқ шаҳрига олиб бордилар.

9 Уч кунгача Шоулнинг кўзи кўрмади, шу кунлар давомида у на еди, на ичди.

10 Дамашқда Исонинг Ханониё деган шогирди бор эди. Раббимиз Исо ваҳийда унга зоҳир бўлиб: “Ханониё!” деб чақирди. “Лаббай, Раббим!” деб жавоб берди у.

11 Раббимиз Исо Ханониёга деди:

— Ўрнингдан тур, Тўғри деб аталувчи кўчага бор. Яҳудонинг уйидан Тарсуслик Шоул деган одамни сўра. Ҳозир у ибодат қиляпти.

12 Унга ваҳий келган. Ваҳийда у Ханониё деган одамнинг келишини кўрган. Унинг кўзлари очилиши учун сен унга қўлларингни қўясан.

13 Ханониё эса шундай жавоб берди:

— Ё Раббим, мен у одам ҳақида кўпчиликдан эшитган эдим. У Қуддусдаги Сенинг азизларингга кўп ёмонлик қилган экан.

14 Бу ерда ҳам у Сенинг номингни тилига оладиганларни қамаш учун бош руҳонийлардан ваколат олибди.

15 Раббимиз Исо эса унга шундай деди:

— Боравер, у Менинг танланган қуролимдир. У ғайрияҳудийлар орасида, шоҳлар ва Исроил халқи орасида номимни машҳур қилади.

16 У Менинг номим ҳақи қанчалар азоб чекиши кераклигини унинг ўзига кўрсатаман.

17 Шундай қилиб, Ханониё бориб, ўша уйга кирди. У Шоулга қўлини қўйиб, шундай деди:

— Биродарим Шоул! Йўлингда сенга зоҳир бўлган Раббимиз Исо мени бу ерга юборди, токи сенинг кўзларинг очилсин, Муқаддас Руҳга тўлгин.

18 Шу заҳоти балиқ тангачаларига ўхшаш нарса Шоулнинг кўзларидан тушди. У яна кўра бошлади. У ўрнидан туриб, сувга чўмдирилди.

19 Овқат еб, қувватга кирди.

Шоул Дамашқда ваъз қилади

Шоул бир неча кун Дамашқдаги имонлилар билан бирга бўлди.

20 У тўғри синагогага бориб: “Исо Худонинг Ўғлидир”, деб ваъз қила бошлади.

21 Унинг ваъзини эшитганларнинг ҳаммаси ҳайрон бўлиб, шундай дейишарди: “Қуддусда Исонинг номини тилга олганларга қирғин келтирган одам шу эмасми? Унинг бу ерга келишдан мақсади — одамларни бош руҳонийлар олдига боғлаб олиб бориш эмасмикан?”

22 Аммо Шоулнинг ваъзи тобора кучли бўлиб бораверди. У Исонинг Масиҳ эканини исбот этиб, Дамашқда яшайдиган яҳудийларни эсанкиратиб қўйди.

23 Бир қанча вақт ўтгандан кейин, яҳудийлар Шоулни ўлдириш учун режа туздилар.

24 Шоул эса уларнинг режасидан хабар топди. Уни ўлдириш учун шаҳар дарвозаларини кечаю кундуз қўриқлардилар.

25 Аммо Шоулнинг шогирдлари уни кечаси саватга солиб, шаҳар деворидаги деразадан тушириб юбордилар.

Шоул Қуддусда

26 Шоул Қуддусга боргандан кейин, Исонинг у ердаги шогирдларига қўшилишга ҳаракат қилди. Аммо шогирдларнинг ҳаммаси ундан қўрқишарди. Шоул ҳам Исонинг шогирди бўлганига улар ишонмадилар.

27 Шунда Барнабо Шоулни ҳаворийларнинг олдига олиб борди. Шоул йўлда қандай қилиб Раббимиз Исони кўрганини, Шоулга У қандай гапирганини, Шоул Дамашқда қўрқмасдан Исо номи билан қандай ваъз қилганини ҳаворийларга ҳикоя қилиб берди.

28 Шундай қилиб, Шоул улар билан қолди ва бутун Қуддус бўйлаб қўрқмасдан Раббимиз номи билан ваъз қилиб юрди.

29 Шоул юнонзабон яҳудийлар билан ҳам суҳбатлашиб, улар билан мунозара қилди. Аммо улар Шоулни ўлдирмоқчи бўлдилар.

30 Имонлилар бу тўғрида хабар топиб, Шоулни Қайсариягача олиб келдилар, кейин уни Тарсус шаҳрига жўнатдилар.

31 Бутун Яҳудия, Жалила ва Самариядаги имонлилар жамоати тинчликка эришиб, кучайиб бораверди. Жамоат Эгамиздан қўрқиб ва Муқаддас Руҳдан мадад олиб, кўпайиб бораверди.

Бутрус Лўд ва Яффада

32 Бутрус ҳамма ёқни айланиб, имонлиларни кўргани борарди. Бир сафар у Лўд шаҳрида яшайдиган Худонинг азизлари ҳузурига ташриф буюрди.

33 У ерда Бутрус Еней деган одам билан учрашиб қолди. Еней шол бўлиб, саккиз йилдан бери тўшакдан тура олмас эди.

34 Бутрус унга:

— Еней, Исо Масиҳ сенга шифо беряпти: ўрнингдан тур, тўшагингни йиғиб қўй! — деди. Еней шу заҳоти ўрнидан туриб кетди.

35 Бутун Лўд шаҳри ва Шарон текислигининг аҳли Енейни кўриб, Раббимиз Исога юз бурди.

36 Яффа шаҳрида Исонинг бир шогирди бор эди. У аёлнинг исми Тавита бўлиб, юнончада Дўркас эди. У кўп хайрли ишлар қиларди, муҳтожларга ёрдам берарди.

37 Ўша пайтда у касал бўлиб, вафот этди. Унинг жасадини ювиб, болохонага қўйдилар.

38 Лўд шаҳри Яффа шаҳрига яқин эди. Шогирдлар Бутрус у ерда эканини эшитдилар ва унинг олдига икки кишини юбориб: “Илтимос, ҳаялламай биз томонга келинг”, деб хабар юбордилар.

39 Бутрус ўрнидан турди–ю, улар билан кетди. Бутрус етиб келгач, уни болохонага олиб чиқдилар. Ҳамма бевалар Бутруснинг ёнида йиғлаб турганларича, камзуллар ва бошқа кийимларни кўрсатиб: “Тавита тириклигида буларни тиккан эди”, дердилар.

40 Бутрус уларни ташқарига чиқариб юборди. Шундан кейин у тиз чўкиб, ибодат қилди–да, жасадга ўгирилиб: “Тавита, тур ўрнингдан!” деди. Шунда Тавита кўзларини очди, Бутрусни кўриб, қаддини ростлаб ўтирди.

41 Бутрус қўлини Тавитага узатиб, ўрнидан туришига ёрдамлашди. Кейин Худонинг азизларини ва беваларни чақириб, тирилган аёлни кўрсатди.

42 Бу воқеа бутун Яффага маълум бўлди ва кўпчилик Раббимиз Исога имон келтирди.

43 Бутрус анча вақт Яффа шаҳрида Шимўн деган бир кўнчининг уйида турди.

Бутрус ва Корнилий

1 Қайсарияда Корнилий деган бир одам бор эди. У Рим лашкаридаги “Италия” номли бўлинмада юзбоши эди.

2 Корнилий тақводор одам бўлиб, унинг ўзи ҳам, оиласи ҳам Худодан қўрқарди. У камбағал яҳудийларга кўп хайр–садақа берар, доимо Худога ибодат қиларди.

3 Бир куни соат учларда унга ваҳий келди. Худонинг фариштаси кириб келаётганини у аниқ кўрди. Фаришта: “Корнилий!” деб чақирди.

4 Корнилий қўрқув ичида унга тикилиб қараб:

— Лаббай, Ҳазрат! — деди.

Фаришта унга шундай деди:

— Сенинг ибодатларинг ва хайр–садақаларинг Худога маъқул бўлди.

5 Энди Яффага одам юбориб, Бутрус деган одамни чақиртириб кел.

6 Бутрус бир кўнчининг уйида меҳмон бўлиб турибди. Шимўн исмли ўша кўнчининг уйи денгиз бўйида.

7 Корнилийга гапирган фаришта кетди. Корнилий хизматкорларидан иккитасини ва унга хизмат қиладиган тақводор, ишончли бир аскарини чақирди.

8 Рўй берган ҳодисани уларга айтиб бериб, уларни Яффага жўнатди.

9 Кейинги кун туш пайтида улар йўлда давом этиб, шаҳарга яқинлашганларида, Бутрус ибодат қилгани томга чиққан эди.

10 У очқаб, бирон нарса тановул қилгиси келди. Овқат тайёрланаётганда, Бутрусга ваҳий келди.

11 У осмон очилганини, катта дастурхонга ўхшаш бир нарса тўрт бурчагидан осилган ҳолда ерга тушиб келаётганини кўрди.

12 Унинг ичида турли ҳайвонлар, судралиб юрувчилар ва қушлар бор эди.

13 Шу пайт у: “Ўрнингдан тур, Бутрус, сўйиб егин” деган овозни эшитди.

14 Аммо Бутрус деди:

— Асло ундай қилмайман, Эгам! Мен ҳеч қачон ҳаром ёки нопок нарсаларни емаганман!

15 Ўша овоз яна Бутрусга: “Худо ҳалол деб айтган нарсаларни сен ҳаром демагин”, дея гапирди.

16 Бу суҳбат уч марта такрорланди. Шунда дастурхон бирдан осмонга олинди.

17 Бутрус, бу ваҳийнинг маъноси нима экан, деб эсанкираб турганда, Корнилий юборган одамлар келиб қолдилар. Улар кўнчи Шимўннинг уйи қаердалигини билиб олиб, дарвоза олдида турган эдилар.

18 Улар баланд овоз билан:

— Бутрус деган меҳмон шу ердами? — деб сўрадилар.

19 Бутрус ҳали ҳам ваҳий ҳақида ўйлаб ўтирган эди. Шунда Муқаддас Руҳ унга деди:

— Қара, учта одам сени излаб келди.

20 Энди ўрнингдан тур, пастга туш, ҳеч иккиланмай улар билан бирга бор. Уларни Мен жўнатганман.

21 Шундай қилиб, Бутрус пастга тушиб, уларга деди:

— Сизлар излаётган одам менман. Нима сабабдан келдингизлар?

22 — Бизни Рим юзбошиси Корнилий жўнатди, — деб жавоб берди улар. — У солиҳ, Худодан қўрқадиган одам, бутун яҳудий халқи орасида катта обрўга эга. Худонинг фариштаси унга: “Бутрусни уйингга таклиф қил, унинг айтганларини эшитгин”, деб айтибди.

23 Шундан кейин Бутрус уларни ичкарига таклиф этиб, меҳмон қилди.

Кейинги куни Бутрус улар билан бирга йўлга отланди. Яффалик баъзи имонлилар Бутрус билан бирга кетдилар.

24 Эртаси куни улар Қайсарияга кириб келдилар. Корнилий уларни кутаётган эди. У қариндошлари ва яқин дўстларини таклиф қилган эди.

25 Бутрус уйга кириб, Корнилийга рўпара келди. Шунда Корнилий Бутруснинг оёқларига бош уриб, унга таъзим қилди.

26 Аммо Бутрус унга:

— Ўрнингдан тур, мен ҳам бир бандаман, — деб уни турғизиб қўйди.

27 Бутрус у билан гаплашаркан, ичкарига кирди ва у ерда бир талай одам тўпланганини кўрди.

28 Бутрус уларга шундай деди:

— Ўзларингиз биласизларки, яҳудий одам бошқа халқдан бўлган одам билан алоқа боғлаши, уникига бориши қонунимизга хилофдир. Аммо Худо энди менга ҳеч бир кимсани ҳаром ёки нопок деб ҳисобламасликни аён қилди.

29 Шунинг учун менга одам юборганларингизда, ҳеч қандай эътироз билдирмай келдим. Энди билсам бўладими, нима учун мени чақиртирдингизлар?

30 Корнилий шундай жавоб берди:

— Тўрт кун илгари худди шу пайтда — соат учларда уйимда ибодат қилаётган эдим. Бирдан рўпарамда оппоқ кийим кийган бир одам пайдо бўлди.

31 У менга шундай деди: “Корнилий, сенинг ибодатинг Худога етиб борди, хайр–садақаларингни У маъқул кўрди.

32 Энди Яффага одам юбориб, Бутрус деган одамни чақиртириб кел. У Шимўн исмли кўнчининг уйида меҳмон бўлиб турибди. Шимўннинг уйи денгиз бўйида.”

33 Шунинг учун дарҳол сизга одам юбордим, сиз ҳам олижаноблик қилиб, келдингиз. Эгамиз сизга айтишни буюрган ҳамма нарсани эшитиш учун энди ҳаммамиз Худонинг ҳузурида тўпландик.

Ғайрияҳудийлар Хушхабарни эшитадилар

34 Бутрус уларга гапира бошлади:

— Ҳақиқатан ҳам, Худо тарафкашлик қилмаслигини биламан.

35 Ҳар бир элатда Худодан қўрқадиган ва тўғри ишларни қиладиган ҳар бир одам Унга маъқулдир.

36 У Исроил халқига юборган хабарни биласизлар. Тинчлик келтирадиган бу Хушхабарни Худо Исо Масиҳ орқали эълон қилди. Исо Масиҳ ҳамманинг Раббийсидир.

37 Яҳудия бўйлаб нималар юз берганини биласизлар. Бу ҳодисаларнинг ҳаммаси Яҳёнинг чўмдирилиш тўғрисидаги хабаридан кейин Жалила ҳудудида бошланган эди.

38 Худо Носиралик Исони Муқаддас Руҳ ва куч–қудрат билан қандай тўлдирганини биласизлар. Исо ҳамма ёққа бориб, яхши ишлар қилди, иблиснинг ҳукмронлигидан азоб чекканларни шифолади, чунки Худо У билан эди.

39 У Яҳудия ва Қуддусда қилган ишларнинг ҳаммасига биз гувоҳмиз. Шундан кейин Исони ёғочга михлаб, ўлдирдилар.

40 Аммо Худо Уни учинчи куни тирилтириб, зоҳир қилди.

41 Исо ҳаммага эмас, фақат бизга зоҳир бўлди. Чунки Худо бизни Исо ҳақида гувоҳлик беришимиз учун танлаганди. Исо тирилгандан кейин биз У билан еб–ичдик.

42 У бизга: “Халқларга ваъз қилиб, гувоҳлик беринглар. Ўликлар ва тирикларни ҳукм қилиш учун Худо Мени тайинлаганини уларга айтинглар”, — деб буюрди.

43 Барча пайғамбарлар ҳам Исо тўғрисида гувоҳлик берган эдилар. Исога ишонган ҳар бир одамнинг гуноҳлари Унинг номи туфайли кечирилади, деб айтган эдилар.

Ғайрияҳудийлар Муқаддас Руҳни қабул қиладилар

44 Бутрус ҳамон гапирар экан, унинг сўзларини эшитаётганларни Муқаддас Руҳ қамраб олди.

45 Худо ғайрияҳудийларга ҳам Муқаддас Руҳни инъом қилиб берганини Бутрус билан бирга келган яҳудий имонлилар кўриб ҳайратда қолдилар.

46 Чунки ғайрияҳудийлар бошқа тилларда гаплашаётганини ва Худони улуғлаётганларини улар эшитиб турардилар. Шунда Бутрус деди:

47 — Бу одамлар, худди биз сингари, Муқаддас Руҳни қабул қилдилар. Шундай экан, уларнинг сувга чўмдирилишига ким тўсқинлик қила олади?!

48 Шундай қилиб, Бутрус уларга, Исо Масиҳ номи билан сувга чўминглар, деб буйруқ берди. Сўнг улар Бутрусдан бир неча кун қолишини илтимос қилдилар.

Қуддусдаги имонлилар жамоатига Бутруснинг хабари

1 Ҳаворийлар ва Яҳудиядаги имонлилар: “Ғайрияҳудийлар ҳам Худонинг каломини қабул қилибдилар” деган хабарни эшитдилар.

2 Бутрус Қуддусга борганда, яҳудий имонлилар унга таъна қилдилар:

3 — Сиз суннатсиз одамларникида меҳмон бўлибсиз, улар билан бирга еб–ичибсиз!

4 Шунда Бутрус уларга юз берган воқеани батафсил тушунтира бошлади:

5 — Мен Яффа шаҳрида ибодат қилаётган эдим, бир пайт ҳушимдан кетиб, ваҳий кўрибман. Осмондан катта дастурхонга ўхшаш бир нарса тўрт бурчагидан осилган ҳолда олдимга тушиб келди.

6 Мен ўша нарсанинг ичига яхшилаб қарадим ва унда турли хил чорва ва ёввойи ҳайвонларни, судралиб юрувчилар ва қушларни кўрдим.

7 Ўшанда бир овоз менга: “Тур, Бутрус, сўйиб егин” деганини эшитдим.

8 Мен шундай жавоб бердим: “Асло ундай қилмайман, Эгам! Мен ҳеч қачон ҳаром ёки нопок нарсаларни оғзимга олмаганман!”

9 Аммо ўша овоз иккинчи марта эшитилиб: “Худо ҳалол деб айтган нарсаларни сен ҳаром деб айтмаслигинг керак”, деб осмондан гапирди.

10 Бу суҳбат уч марта такрорланди. Шунда дастурхонга ўхшаш ўша нарса яна осмонга олинди.

11 Худди шу пайтда Қайсариядан юборилган учта одам мен турган уйга етиб келган эди.

12 Муқаддас Руҳ менга: “Ҳеч иккиланмай бу одамлар билан бирга бор”, деб айтди. Бу олти биродар мен билан бирга бориб, ўша одамнинг уйига кирди.

13 У одам уйида фаришта пайдо бўлганини, унинг ўзи бу фариштани кўрганини бизга сўзлаб берди. Фаришта унга шундай дебди: “Яффага одам юбориб, Бутрус деган одамни чақиртириб кел.

14 У сенга айтадиган хабар орқали ўзинг ва оиланг нажот топасизлар.”

15 Мен гапимни бошлашим биланоқ, Муқаддас Руҳ олдин бизни қамраб олгани сингари, уларни ҳам қамраб олди.

16 Шунда мен Раббимиз Исонинг: “Яҳё сувга чўмдирган эди, сизлар эса Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар” деган сўзларини эсладим.

17 Биз Раббимиз Исо Масиҳга имон келтирганимизда, Худо бизга берган инъомни уларга ҳам берган бўлса, мен ким бўлибманки, Худога қаршилик қилсам?!

18 Улар бу сўзларни эшитиб, жим бўлиб қолдилар. Сўнг Худога ҳамду сано айтиб:

— Худо ҳатто ғайрияҳудийларни ҳам ҳаётга элтадиган тавбага олиб борибди, — дедилар.

Антиохиядаги имонлилар жамоати

19 Стефан ўлдирилгандан кейин бошланган қувғинлар оқибатида имонлилар Финикия, Кипр ва Антиохияга тарқалиб кетдилар. Улар Исо ҳақидаги хабарни яҳудийлардан бошқа ҳеч кимга айтмасдилар.

20 Уларнинг орасида Кипр ва Киринеядан Антиохияга келган баъзи имонлилар бор эди. Улар Раббимиз Исо тўғрисида у ердаги ғайрияҳудийларга ҳам ваъз қилдилар.

21 Эгамизнинг қудрати уларда бор эди, шунинг учун кўпчилик имонга келиб, Раббимизга юз бурди.

22 Бу янгилик Қуддусдаги имонлилар жамоатига етиб келди. Жамоатдагилар Барнабони Антиохияга жўнатдилар.

23 У келиб, Худонинг марҳаматини кўрганидан хурсанд бўлди. Ҳаммага: “Чин юракдан Раббимиз Исога садоқатингизни сақлаб қолинглар”, деб насиҳат қилди.

24 У Муқаддас Руҳга ва имонга тўла, олижаноб одам эди. Жуда кўп одамлар Исони Раббим деб имонга келдилар.

25 Шундан кейин Барнабо Шоулни излаб Тарсус шаҳрига кетди. У Шоулни топгандан кейин, уни Антиохияга олиб келди.

26 Шундай қилиб, Барнабо билан Шоул бир йил давомида у ердаги жамоат билан бир жойга йиғилиб, бир қанча одамларга таълим бердилар. Шогирдларга биринчи марта Антиохия шаҳрида “масиҳийлар” деб ном берилди.

27 Ўша пайтда Қуддусдан Антиохияга пайғамбарлар келдилар.

28 Улардан бири — Хагабус дегани ўртага чиқиб, бутун оламда қаттиқ очарчилик бўлишини Муқаддас Руҳ орқали башорат қилди. (Унинг башорати Қайсар Клавдий ҳукмронлиги даврида амалга ошди.)

29 Шогирдлар, имконимиз борича Яҳудияда яшайдиган имонли биродарларимизга ёрдам жўнатамиз, деб қарор қилдилар.

30 Улар айтганларини қилиб, Барнабо ва Шоул орқали Қуддусдаги жамоат оқсоқолларига ҳадялар юбордилар.

Ёқуб ўлдирилади, Бутрус қамоққа ташланади

1 Худди шу пайтда шоҳ Ҳирод имонлилар жамоатининг баъзи аъзоларини қувғин қила бошлади.

2 У Юҳаннонинг акаси Ёқубни қилич билан ўлдиртирди.

3 Ҳирод кўрдики, бу яҳудийларга маъқул келяпти, шундай қилиб, у Бутрусни ҳибсга олди. Бу воқеа Хамиртурушсиз нон байрами кунларида юз берди.

4 У Бутрусни қаматиб, тўрт кишидан иборат тўрт гуруҳ аскарни қоровул қилиб қўйди. Фисиҳ байрамидан сўнг уни халқнинг олдига олиб чиқиб, ҳукм қилишни режалаштирган эди.

5 Бутрус ҳибсда экан, жамоат у учун Худога чин дилдан ибодат қилди.

Бутрус қамоқдан қутулади

6 Ҳирод Бутрусни халқ олдига олиб чиқмоқчи бўлди. Ўша кундан олдинги тунда Бутрус икки соқчи ўртасида ухлаётган эди. У иккита занжир билан кишанланган, қамоқхона эшигида соқчилар навбатчилик қилишарди.

7 Бирдан Эгамизнинг фариштаси зоҳир бўлиб, ҳужрада нур порлаб кетди. Фаришта Бутруснинг ёнбошига туртиб уйғотди ва: “Тезда ўрнингдан тур!” деди. Шунда кишанлар Бутруснинг билакларидан тушиб кетди.

8 Фаришта унга:

— Камарингни боғла, чориғингни кий, — деди. Бутрус айтилгандай қилди. Кейин фаришта унга:

— Чопонингни кийиб, ортимдан юр, — деди.

9 Бутрус фариштага эргашиб, қамоқхонадан чиқди. Аммо у фариштанинг бу ишлари ҳақиқат эканини англамасдан, “ваҳий кўряпман, шекилли”, деб ўйларди.

10 Улар биринчи ва иккинчи дарвоза соқчилари олдидан ўтгандан кейин, шаҳарга олиб борадиган темир дарвоза олдига келдилар. Дарвоза ўз–ўзидан уларга очилди. Улар ташқарига чиқиб, сўқмоқ бўйлаб кетдилар. Бирдан фаришта Бутруснинг олдида кўздан ғойиб бўлди.

11 Бутрус шу заҳоти ўзига келиб: “Энди ишончим комилки, Эгамиз Ўзининг фариштасини юбориб, мени Ҳироднинг қўлидан, яҳудий халқининг адоватидан қутқарибди”, деди.

12 Бутрус шуларни англаб, Марямнинг уйига йўл олди. Марям Юҳаннонинг онаси эди. Юҳаннонинг иккинчи исми Марк эди. Марямнинг уйида кўпчилик тўпланиб, ибодат қилишаётган экан.

13 Бутрус дарвозани тақиллатган эди, Рода исмли қиз хабар олгани чиқди.

14 Қиз Бутруснинг овозини танигач, шунчалик хурсанд бўлиб кетдики, дарвозани очиш ўрнига, ичкарига югуриб кирди–да, Бутрус дарвоза олдида турибди, деб эълон қилди.

15 Улар қизга:

— Ақлингни еб қўйибсан, — дедилар. Аммо қиз гапида туриб олгач, улар:

— У Бутруснинг фариштаси, — деб жавоб бердилар.

16 Бутрус дарвозани тақиллатишда давом этди. Улар дарвозани очиб, Бутрусни кўрдилар–у, ҳайрон бўлиб қолдилар.

17 Бутрус қўли билан “жим” деган ишорани қилди ва Эгамиз уни қандай қилиб зиндондан озод қилганини сўзлаб берди. Сўнгра “Бу воқеани Ёқубга ва бошқа имонлиларга айтинглар”, деб қўшиб қўйди. Шундан кейин Бутрус у ердан чиқиб, бошқа ерга борди.

18 Тонг отгач, ваҳимали шовқин–сурон кўтарилди. Аскарлар бир–биридан: “Бутрус қаерга ғойиб бўлди?” деб сўрардилар.

19 Ҳирод Бутрусни излашга буйруқ берди, аммо уни топа олмадилар. Ҳирод соқчиларни сўроқ қилиб, уларни ўлимга маҳкум қилди.

Ҳироднинг ўлими

Шундан кейин Ҳирод Яҳудиядан Қайсарияга бориб, ўша ерда туриб қолди.

20 Шоҳ Ҳирод Тир ва Сидон аҳолисидан қаттиқ ғазабланди. Бу шаҳарлар озиқ–овқат бўйича Ҳироднинг шоҳлигига қарам бўлгани учун, Тир ва Сидон вакиллари маслаҳатлашиб, Ҳирод билан кўришгани келдилар. Улар сарой нозири Бластусни ўз томонига оғдириб олганларидан кейин, Ҳирод билан сулҳ тузмоқчи эдилар.

21 Ҳирод уларни қабул қиладиган куни шоҳона либосларини кийиб, тахтига ўтирди–да, уларга нутқ сўзлади.

22 Одамлар унинг бу нутқини эшитиб: “Инсон эмас, балки худо гапиряпти!” деб хитоб қилдилар.

23 Ҳирод Худони шарафламагани учун ўша заҳотиёқ Эгамизнинг фариштаси уни урди. Ҳирод қуртларга емиш бўлиб оламдан ўтди.

24 Худонинг каломи эса тобора ёйилиб, Исога эргашувчилар кўпайиб борарди.

25 Барнабо билан Шоул Қуддусда топшириқни бажариб бўлишгач, Антиохияга қайтдилар. Улар ўзлари билан бирга Юҳаннони ҳам олиб келдилар. Юҳаннонинг иккинчи исми Марк эди.

Барнабо билан Шоул сафарга жўнатилади

1 Антиохиядаги имонлилар жамоатида пайғамбарлар ва муаллимлар ҳам бор эди. Барнабо, Қорача лақабли Шимўн, Киринеялик Лукиёс, вилоят ҳукмдори Ҳирод билан бирга ўсган Манахим ва Шоул шулар жумласидан эди.

2 Улар Эгамизга сажда қилиб, рўза тутар эканлар, Муқаддас Руҳ уларга шундай деди: “Барнабо билан Шоулни Менга бағишланглар, токи улар Мен тайинлаган ишни бажарсинлар.”

3 Улар рўза тутиб, ибодат қилдилар, сўнг қўлларини Барнабо билан Шоулга қўйиб, икковини сафарга жўнатдилар.

Кипрда

4 Муқаддас Руҳ буйруғига кўра, Барнабо билан Шоул йўлга тушдилар. Улар Селевкия шаҳрига бориб, у ердан кемада Кипрга сузиб кетдилар.

5 Саламис шаҳрига келганларидан кейин, яҳудийларнинг синагогаларида Худонинг каломини ваъз қилдилар. Юҳанно ҳам улар билан бирга бўлиб, хизматда ёрдам берар эди.

6 Улар бутун оролни у бошидан бу бошигача кезиб чиқиб, Пафос шаҳрига келдилар. У ерда Барёшуа деган сеҳргарга дуч келдилар. У одам яҳудийларнинг сохта пайғамбари эди.

7 Барёшуа оролнинг ҳокими Сергиюс Павлуснинг яқинларидан бири эди. Сергиюс Павлус ақлли одам эди. У Барнабо билан Шоулни ҳузурига чақириб, Худонинг каломини эшитмоқчи бўлди.

8 Аммо сеҳргар Элимос Барнабо билан Шоулга қарши чиқди. (Элимос Барёшуанинг яна бир исми бўлиб, юнончада “сеҳргар” демакдир.) Элимос ҳокимни имондан тойдиришга ҳаракат қилди.

9 Шоул, яъни Павлус, Муқаддас Руҳга тўлиб, сеҳргарга тик боқиб

10 деди:

— Эй иблис ўғли! Сен ҳар қандай ҳақиқатнинг душманисан, юрагинг айёрлик ва ярамасликларга тўла. Эгамизнинг тўғри йўлини бузиб кўрсатишни қачон бас қиласан?!

11 Энди эшит: Эгамизнинг қўли сенга қарши кўтарилган, сен маълум бир вақтгача кўр бўлиб қоласан, қуёш нурини кўрмайсан.

Шу заҳоти Элимоснинг кўзи олди хиралашиб, қоронғи бўлди. Элимос у ёқ–бу ёқни пайпаслаб, қўлидан етаклаб юрадиган биронтасини излади.

12 Ҳоким юз берган воқеани кўриб, имонга келди, чунки у Раббимиз Исо ҳақидаги таълимотдан ҳайратга тушган эди.

Писидиядаги Антиохия шаҳрида

13 Павлус билан унинг ҳамроҳлари Пафос шаҳридан сузиб, Памфилиядаги Перга шаҳрига келдилар. Юҳанно шу ерда уларни тарк этиб, Қуддусга қайтди.

14 Қолганлар эса Пергадан жўнаб, Писидиядаги Антиохия шаҳрига келдилар. Шаббат куни улар синагогага кириб ўтиришди.

15 Таврот ва Пайғамбарлар битикларидан қироат тугагач, синагоганинг йўлбошчилари: “Биродарлар, агар бизга бирор насиҳатингиз бўлса, марҳамат”, деб уларга хабар юбордилар.

16 Павлус ўрнидан туриб, қўли билан “жим” деган ишорани қилди, сўнг сўз бошлади: “Эй Исроил халқи! Худодан қўрқадиган бошқа халқлар, қулоқ солинглар!

17 Мана шу Исроил халқининг Худоси бизнинг ота–боболаримизни танлаб олди. Улар Мисрда мусофир бўлиб яшаган вақт давомида Худо улардан буюк халқ яратди. Буюк қудрати билан уларни Мисрдан олиб чиқди.

18 Қирқ йил давомида Худо уларнинг саҳродаги қилмишларига чидади.

19 У Канъон юртида етти элатни қириб ташлаб, уларнинг юртини Исроил халқига мулк қилиб берди.

20 Буларнинг ҳаммаси тахминан 450 йил давом этди.

Бундан кейин Худо уларга Шомуил пайғамбар замонигача ҳакамларни берди.

21 Кейин Исроил халқи шоҳ сўраган эди, Худо уларга Киш ўғли Шоулни шоҳ қилиб берди. Шоул Бенямин қабиласидан бўлиб, қирқ йил ҳукмронлик қилди.

22 Худо Шоулни тахтдан туширгандан кейин, Довудни Исроил халқининг шоҳи қилди. Худо у ҳақда шундай деган эди: «Эссай ўғли Довудни Ўзимнинг кўнглимга мос деб топдим. Довуд Менинг ҳамма хоҳишларимни бажо қилади.»

23 Худо берган ваъдасига мувофиқ, Довуд наслидан Исони Исроил халқига нажоткор қилиб юборди.

24 Исо хизматини бошламасдан олдин, Яҳё бутун Исроил халқига, гуноҳларингиздан қайтинглар, сувга чўминглар, деб ваъз қилди.

25 Яҳё хизматини якунлаётиб: «Сизлар мени ким деб биласизлар? Мен ваъда қилинган Зот эмасман. У мендан кейин келади. Мен Унинг чориқларини ечиб қўйишга ҳам арзимайман», деган эди.

26 Эй биродарларим, Иброҳим авлодлари! Эй Худодан қўрқадиган бошқа халқлар! Нажот ҳақидаги бу хабар бизга берилган.

27 Аммо Қуддус аҳолиси ва уларнинг ҳукмдорлари Исонинг кимлигини танимадилар. Гарчи улар ҳар Шаббат куни ўқилаётган пайғамбарларнинг сўзларини эшитсалар–да, пайғамбарлар Исо ҳақида ёзганини улар тушунмадилар. Исони ўлимга маҳкум қилиб, пайғамбарларнинг башоратларини амалга оширдилар.

28 Ўлимга маҳкум қилиш учун улар сабаб топа олмаган бўлсалар ҳам, Пилатдан Уни ўлдиришни талаб қилдилар.

29 У тўғрида ёзилган ҳар бир нарсани амалга оширганларидан кейин, жасадини ёғочдан тушириб, қабрга қўйдилар.

30 Аммо Худо Уни ўликдан тирилтирди.

31 Бир неча кун У Жалиладан Қуддусга Ўзи билан келганларга зоҳир бўлиб турди. Ҳозир улар Исроил халқига гувоҳлик беряптилар.

32-33 Барнабо билан мен эса бу Хушхабарни сизларга эълон қилмоқдамиз: Худо Исони тирилтирди! Шу орқали ота–боболаримизга берган ваъдасини уларнинг фарзандлари бўлмиш бизлар учун бажарди. Бу ҳақда Забурнинг иккинчи саносида шундай ёзилган:

«Сен Менинг Ўғлимсан,

Бугун Мен Сенга Ота бўлдим.»

34 Ахир, Худо, Уни ўликдан тирилтираман, Уни қабрда чиритмайман, деб ваъда берган эди. У шундай деган эди:

«Довудга ваъда қилган табаррук баракаларни сизларга бераман.»

35 Бошқа бир санода бу янада тўлиқроқ тушунтирилган:

«Тақводорингни қабрда чиритмайсан.»

36 Дарвоқе, Довуд ўз вақтида Худонинг мақсади учун хизмат қилган эди. Довуд вафот этгач, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг танаси қабрда чириди.

37 Аммо Худо тирилтирган Исонинг танаси чиримади.

38 Шунинг учун, эй биродарларим, эшитинглар! Гуноҳларимиз Исо орқали кечирилишини биз сизларга эълон қилмоқдамиз.

39 Исога ишонган ҳар бир киши ҳамма гуноҳларидан У орқали оқланади. Мусонинг қонуни орқали эса оқланиб бўлмайди.

40 Эҳтиёт бўлинглар, токи пайғамбарлар айтган қуйидаги сўзлар бошингизга тушмасин:

41 «Қаранглар, эй мазахчилар!

Ҳайратда қолиб ўлинглар!

Сизнинг даврингизда Мен шундай бир иш қиламанки,

Эшитсангиз қулоқларингизга ишонмайсизлар.»”

42 Павлус билан Барнабо синагогадан чиқар эканлар, халқ уларга: “Келгуси Шаббат куни ҳам шу нарсалар тўғрисида гапириб берсангизлар”, деб илтимос қилдилар.

43 Синагогадаги йиғиндан кейин халқ тарқалди. Павлус билан Барнабога кўплаб яҳудийлар ва яҳудий динига кирган тақводорлар эргашдилар. Павлус билан Барнабо уларга, Худонинг марҳамати остида яшашни давом эттиринглар, деб далда бердилар.

44 Кейинги Шаббат куни ҳам деярли бутун шаҳар Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни эшитиш учун йиғилди.

45 Яҳудийлар шунчалик кўп одамни кўриб, қаттиқ ҳасад қила бошладилар. Павлуснинг айтганларига қарши чиқиб, уни ҳақоратладилар.

46 Шунда Павлус билан Барнабо иккови жасорат билан шундай дедилар:

— Худонинг каломини биринчи навбатда сизларга билдиришимиз керак эди. Аммо сизлар Худонинг каломини рад қилдингизлар ва ўзларингизни абадий ҳаётга нолойиқ деб билдингизлар. Шунинг учун биз ғайрияҳудийларнинг олдига кетяпмиз.

47 Эгамиз бизга шундай амр берган эди:

“Ернинг четигача нажотни олиб боринглар деб,

Мен сизларни ғайрияҳудийларга нур қиламан.”

48 Ғайрияҳудийлар бу гапни эшитиб, хурсанд бўлдилар. Улар Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни иззат–ҳурмат билан қабул қилдилар. Абадий ҳаёт учун танланганларнинг ҳаммаси имонга келди.

49 Шундай қилиб, Раббимиз Исо ҳақидаги хабар юрт бўйлаб ёйилиб бораверди.

50 Аммо яҳудийлар шаҳарнинг юқори мартабали, Худодан қўрқадиган аёлларини ва эътиборли эркакларини қайраб, Павлус билан Барнабони таъқиб қилиб, уларни юртдан қувиб чиқаришга ундадилар.

51 Ҳаворийлар эса огоҳлантириш тариқасида оёқларининг чангини қоқиб, Икония шаҳрига кетдилар.

52 Антиохиядаги шогирдлар севинч ва Муқаддас Руҳга тўлиб боравердилар.

1 Худди шунга ўхшаш воқеа Икония шаҳрида юз берди: Павлус билан Барнабо синагогага кириб, оташин ваъз айтдилар. Натижада бир қанча яҳудийлар билан ғайрияҳудийлар имонга келдилар.

2 Аммо имонга келмаган яҳудийлар ғайрияҳудийларни қайраб, уларни имонлиларга қарши қўзғатдилар.

3 Павлус билан Барнабо бу ерда узоқ вақт қолиб, Раббимиз Исо ҳақида жасорат билан гапиравердилар. Раббимиз ҳам уларга мўъжизалар ва аломатлар кўрсатиш қудратини бериб, Ўзининг марҳамати ҳақидаги хабарни улар орқали тасдиқлади.

4 Шаҳар аҳолиси эса иккига бўлинди: баъзилари яҳудийлар томонга ўтди, бошқалари эса ҳаворийларга қўшилди.

5 Шундан кейин яҳудийлар ва ғайрияҳудийлар ўз йўлбошчилари билан бирга ҳаворийларга ҳамла қилиб, уларни тошбўрон қилмоқчи бўлдилар.

6 Ҳаворийлар бу тўғрида билиб қолганларидан кейин Ликониянинг бошқа ҳудудларига қочиб кетдилар. Улар Листра ва Дарба шаҳарларида ва уларнинг ён–атрофидаги жойларда

7 ҳам Хушхабарни ваъз қилишда давом этдилар.

Листра ва Дарба шаҳарларида

8 Листра шаҳрида бир одам бўлиб, оёқларини қимирлата олмасдан ўтирарди. У туғма майиб бўлиб, ҳеч қачон юрмаган эди.

9 Павлус гапираётганда, у қулоқ солиб ўтирган эди. Павлус унга тикилиб қаради. У одамнинг шифо топишига ишончи борлигини кўриб,

10 унга баланд овозда деди:

— Ўрнингдан тур!

У одам сакраб ўрнидан турди–да, юра бошлади.

11 Оломон Павлуснинг қилган ишини кўргач, Ликоний тилида: “Худолар бизнинг олдимизга инсон қиёфасида келибди!” деб шовқин солдилар.

12 Улар Барнабони Зевс, Павлус нотиқ бўлгани учун уни Хермес деб аташди.

13 Зевснинг маъбади шаҳар ташқарисида эди. Зевс руҳонийси шаҳар дарвозаларига буқалар ва гулчамбарлар олиб келди. Руҳоний билан оломон қурбонлик назр қилмоқчи бўлдилар.

14 Ҳаворийлар Барнабо билан Павлус буни эшитиб, қаттиқ изтироб чекиб, кийимларини йиртдилар, оломон орасига ёриб кирдилар. Улар шундай деб бақирдилар:

15 — Нимага бундай қиляпсизлар! Биз ҳам сизлар сингари, инсонлармиз! Биз сизларга Хушхабар олиб келдик, токи сизлар анави беҳуда нарсалардан юз ўгиринглар, осмон билан ерни, денгизни ва улардаги ҳамма мавжудотни яратган барҳаёт Худога юз буринглар.

16 Ўтмишда Худо ҳамма халқларни ўз ҳолига қўйди.

17 Аммо шунга қарамай, Ўз эзгулигини кўрсатиб, осмондан ёмғир ёғдириб келди, мавсумида ҳосил берди, ризқингизни тугал қилиб, юракларингизни шодликка тўлдирди.

18 Шу гапларни айтиб, ҳаворийлар, биз учун қурбонлик келтирманглар, деб оломонни зўрға тўхтатиб қолдилар.

19 Антиохия ва Икониядан баъзи бир яҳудийлар келиб, халқни ўзларига оғдириб олдилар. Улар Павлусни тошбўрон қилдилар ва “У ўлди, шекилли”, деб уни шаҳардан ташқарига судраб чиқариб ташладилар.

20 Шогирдлар Павлуснинг атрофига йиғилганларидан кейин эса, у ўрнидан туриб, шаҳарга қайтиб кирди. Эртаси куни эса Барнабо билан бирга Дарба шаҳрига кетди.

Павлус ва Барнабо Суриянинг Антиохия шаҳрига қайтадилар

21 Улар Хушхабарни Дарба шаҳрида ваъз қилиб, кўп шогирдлар орттирганларидан кейин, Листра шаҳрига, сўнгра Икония ва Антиохия шаҳарларига қайтиб келдилар.

22 Улар шогирдларни имонда собит қолишга ундаб: “Биз Худонинг Шоҳлигига киришимиз учун кўп машаққатларни бошдан кечиришимиз керак”, деб далда берардилар.

23 Улар ҳар бир имонлилар жамоатига оқсоқоллар тайин қилдилар. Сўнг ибодат қилиб ва рўза тутиб, оқсоқолларни ўзлари ишонган Раббимиз Исонинг паноҳига топширдилар.

24 Сўнгра улар Писидиядан ўтиб, Памфилияга келдилар.

25 Перга шаҳрида Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилганларидан кейин, Атталияга кетдилар.

26 Сўнг кемада Антиохияга қайтиб келдилар. Бу шаҳардаги жамоат уларни мана шу қилган ишлари учун Худонинг марҳаматига топширган эди.

27 Ҳаворийлар Антиохияга келганларидан кейин, жамоатни бир жойга йиғдилар ва Худо улар орқали нималар қилганини, ғайрияҳудийларнинг имонга келиши учун Худо қандай йўл очиб берганини айтиб бердилар.

28 Ҳаворийлар бу ерда шогирдлар билан бирга анча вақт қолдилар.

Қуддусдаги йиғин

1 Яҳудиядан бир неча одам Антиохияга келиб, имонлиларга шундай таълим бера бошладилар: “Мусонинг қонунига биноан суннат қилинмасангизлар, нажот топа олмайсизлар.”

2 Павлус билан Барнабо улар билан қизғин баҳсу мунозарага киришдилар. Шунда: “Павлус билан Барнабо ҳамда Антиохиядан бир неча одам Қуддусга юборилсин”, деб қарор қилинди. Улар бу масалани ҳаворийлар ва оқсоқоллар билан муҳокама қилишлари керак эди.

3 Имонлилар жамоати уларни йўлга кузатиб қўйди. Улар Финикия ва Самария орқали ўтар эканлар, ғайрияҳудийлар қандай қилиб Худога юз бурганини айтиб бердилар. Бу хабар ҳамма имонлиларга катта қувонч бағишлади.

4 Павлус ва Барнабо Қуддусга келганларидан кейин, жамоат, ҳаворийлар, оқсоқоллар уларни самимий кутиб олдилар. Павлус ва Барнабо Худонинг улар орқали қилган ишларини йиғилганларга сўзлаб бердилар.

5 Аммо фарзийлар мазҳабига мансуб имонлилар ўринларидан туриб: “Ғайрияҳудийлар суннат қилинишлари керак. Уларга Мусонинг қонунига риоя қилишларини буюриш керак”, дедилар.

6 Ҳаворийлар ва оқсоқоллар бу масалани муҳокама қилиш учун йиғилдилар.

7 Узоқ давом этган мунозарадан кейин Бутрус ўрнидан туриб, уларга деди:

— Биродарларим! Ўзларингиз биласизларки, Хушхабарни ғайрияҳудийларга ваъз қилишим учун Худо мени анча вақт олдин орангиздан танлаб олди. Ғайрияҳудийлар ҳам Хушхабарни эшитиб, имонга келиши Унинг мақсади эди.

8 Худо инсон зотининг юрагини билади, У бизга берган Муқаддас Руҳни ғайрияҳудийларга ҳам берди. Шу орқали уларни қабул қилганини тасдиқлади.

9 Худо имон орқали ғайрияҳудийларнинг юракларини поклади. Шундай қилиб, биз билан ғайрияҳудийлар орасидаги фарқни Худо йўқ қилди.

10 Шундай экан, нима учун шогирдларнинг елкасига оғир юк ортиб, Худони синаяпсизлар?! Ахир, бу юкни биз ҳам, ота–боболаримиз ҳам кўтара олмаган эдик–ку!

11 Йўқ! Ишонамизки, биз ҳам улар сингари, Раббимиз Исонинг инояти туфайли нажот топамиз.

12 Ҳамма ҳаворийлар ва оқсоқоллар сукутда қолдилар. Барнабо билан Павлус Худонинг улар орқали ғайрияҳудийлар орасида кўрсатган аломатлари ва ажойиботлари тўғрисида ҳикоя қилиб бердилар.

13 Улар гапини тугатгач, Ёқуб сўз олди:

— Биродарларим! Мени эшитинглар.

14 Ҳозир Бутрус бизга Худонинг илк бор ғайрияҳудийларга илтифот назарини солганини ва улар орасидан Ўзига бир халқ танлаб олганини тушунтириб берди.

15 Бу сўзлар пайғамбарларнинг айтганлари билан мос келади. Ёзилганидай:

16-17 “Эгамиз шундай демоқда:

«Бундан кейин Мен қайтиб келиб,

Довуднинг йиқилган шоҳлигини қайта тиклайман,

Унинг харобаларини янгидан барпо қилиб,

Уни қайта қураман.

Шунда бошқа халқларнинг ҳаммаси Менга интиладилар,

Ўзим даъват қилган ўша ғайрияҳудийлар Мени излайдилар.»

18 Эгамиз буларни бизга азалдан маълум қилган.”

19 Ёқуб гапида давом этди:

— Шунинг учун Худога юз бураётган ғайрияҳудийларни қийин аҳволга солиб қўймаслигимиз керак.

20 Бунинг ўрнига, уларга хат ёзиб, шундай деб айтайлик: “Бутларга келтирилган қурбонликнинг гўштини тановул қилишдан, фаҳш–зинодан ва қони чиқарилмаган ҳайвоннинг гўштини ейишдан ўзларингизни тийинглар.”

21 Ахир, Мусонинг қонуни азал–азалдан ҳар бир шаҳарда ваъз қилинмоқда, ҳар Шаббат куни синагогаларда ўқилмоқда.

Ғайрияҳудий имонлиларга мактуб

22 Шундан кейин ҳаворийлар ва оқсоқоллар бутун имонлилар жамоати билан шундай қарорга келдилар: “Гуруҳимиздан бир неча одамни танлаб олиб, уларни Павлус ва Барнабо билан бирга Антиохияга юборамиз.” Улар иккита одамни — Барсабо деган Яҳудони ва Силасни танлаб олдилар. Яҳудо ва Силас жамоатнинг йўлбошчилари эдилар.

23 Уларни шундай мактуб билан жўнатдилар:

“Биз, биродарларингиз бўлган ҳаворийлар ва оқсоқоллар, Антиохия, Сурия ва Киликияда яшайдиган ғайрияҳудий биродарларимизга салом йўллаяпмиз.

24 Эшитишимизча, бизнинг орамиздан баъзилар бориб, ўзларининг гаплари билан сизларни хавотирга солибди, юракларингизни ғаш қилибди. Аммо уларни биз юбормаган эдик.

25 Биз вакиллар танлаб, уларни азиз дўстларимиз Барнабо ва Павлус билан бирга сизларнинг ҳузурингизга юборишга бир овоздан қарор қилдик.

26 Барнабо билан Павлус Раббимиз Исо Масиҳ ҳақи–ҳурмати, ҳаётларини хавф остига қўйганлар.

27 Шу боис биз Яҳудо билан Силасни юборяпмиз. Ушбу ёзаётганларимизни улар сизларга оғзаки ҳам тасдиқлаб берадилар.

28 Биз Муқаддас Руҳ бошчилигида сизларга қуйидаги керакли талаблардан бошқа юкни юкламасликка қарор қилдик:

29 сизлар бутларга келтирилган қурбонликнинг гўштини ва қони чиқарилмаган ҳайвоннинг гўштини тановул қилишдан ҳамда фаҳш–зинодан ўзларингизни тийинглар. Ўзларингизни ана шулардан тийсангизлар, яхши иш қилган бўласизлар.

Омон бўлинглар.”

30 Шундай қилиб, вакиллар йўлга чиқиб, Антиохияга келдилар. Улар жамоатни йиққанларидан кейин мактубни жамоат аъзоларига топширдилар.

31 Жамоат аъзолари мактубни ўқиб, далда сўзларидан хурсанд бўлдилар.

32 Яҳудо билан Силас пайғамбар эдилар. Улар имонлиларга далда бердилар, уларга кўп гаплар айтиб, имонда мустаҳкамладилар.

33-34 Яҳудо билан Силас маълум вақт у ерда бўлганларидан кейин, имонлилар уларни юборган биродарлари ёнига хайрихоҳлик билан жўнатиб юбордилар.

35 Павлус билан Барнабо эса бирмунча вақт Антиохияда қолишди. Улар у ерда бошқалар билан бирга таълим бериб, Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилдилар.

Павлус билан Барнабо айрилишади

36 Орадан бир неча кун ўтгач, Павлус Барнабога деди: “Қани, биз Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилган шаҳарларга борайлик, имонлиларни йўқлайлик, уларнинг ҳол–аҳволини билайлик.”

37 Марк деган Юҳаннони Барнабо бирга олиб кетмоқчи эди.

38 Аммо Павлус буни истамади. Марк уларни Памфилияда қолдириб, хизматда охиригача бирга бўлмагани учун Павлус Барнабонинг бу фикрига қаттиқ эътироз билдирди.

39 Павлус билан Барнабонинг орасида шундай англашилмовчилик бўлдики, улар бир–бирларини тарк этдилар. Барнабо Маркни ўзи билан бирга олиб, кемада Кипрга сузиб кетди.

40 Павлус эса Силасни танлади. Имонлилар уларни Раббимиз Исонинг паноҳига топширганларидан кейин, улар йўлга чиқдилар.

41 Сурия ва Киликия ҳудудларини кезиб, жамоатларни имонда мустаҳкамладилар.

Тимўтий Павлус ва Силас билан бирга кетади

1 Павлус билан Силас Дарба ва Листра шаҳарларига борди. Листрада Исонинг Тимўтий исмли шогирди яшарди. Унинг онаси имонга келган яҳудий бўлиб, отаси юнон эди.

2 Листра ва Икониядаги имонлилар Тимўтий тўғрисида яхши гаплар айтишарди.

3 Павлус Тимўтийни бирга олиб кетмоқчи бўлиб, ўша ерларда яшайдиган яҳудийлар сабабли уни суннат қилдирди. Чунки Тимўтийнинг отаси юнон эканини ҳамма биларди.

4 Улар шаҳарлар оралаб ўтганларида, Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқоллар қарор қилган қоидаларни имонлиларга етказиб, буларга риоя қилинглар, деб айтишарди.

5 Шундай қилиб, жамоатлар имонда мустаҳкам бўлиб, кундан–кунга сон жиҳатдан кўпайиб бораверди.

Троас шаҳрида Павлусга келган ваҳий

6 Павлус ва унинг йўлдошлари Фригия ва Галатия ўлкасидан ўтишди, Муқаддас Руҳ Асия вилоятида Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилишни уларга тақиқлаганди.

7 Улар Мисиядан ўтиб, Битиния вилоятига киришга ҳаракат қилдилар. Аммо Муқаддас Руҳ орқали Исо уларга ижозат бермади.

8 Шундай қилиб, улар қайтиб, Мисия орқали Троасга кетдилар.

9 Тунда Павлусга ваҳий келди: Македониялик бир одам: “Македонияга келиб, бизга ёрдам бер!” деб илтижо қиларди.

10 Павлусга келган бу ваҳийдан кейин, биз тезда Македонияга боришга ҳозирлик кўрдик. Худо бизни у ернинг халқига Хушхабарни ваъз қилишга чақирди, деб ишонч ҳосил қилган эдик.

Филиппида Лидия имонга келади

11 Биз кемада Троас шаҳридан сузиб кетиб, тўғри Самофракия оролига йўл олдик, эртаси куни Неаполис шаҳрига кетдик.

12 У ердан эса Филиппига бордик. Бу Македония вилоятининг Биринчи туманидаги шаҳар бўлиб, Римга қарашли эди. Биз бир неча кун у ерда бўлдик.

13 Шаббат куни биз шаҳардан дарё бўйига чиқдик. У ерда ибодат қиладиган жой бор, деб ўйлаган эдик. Ўша ерда аёллар йиғилган экан, биз улар билан ўтириб суҳбатлашдик.

14 Бизни тинглаб ўтирганлар орасида Лидия деган бир аёл ҳам бор эди. У Тиятира шаҳридан бўлиб, сафсар матолар сотарди. У художўй эди. Павлуснинг айтганларини жон дили билан тингласин деб, Эгамиз Лидиянинг юрагини очди.

15 Лидия билан унинг хонадон аҳли сувга чўмдирилганларидан кейин, у бизга шундай таклиф қилди: “Агар мени Раббимиз Исога содиқ имонли деб ҳисобласангизлар, менинг уйимга келиб, ўша ерда туринглар.” Лидия бизни кўндирди.

Филиппи шаҳридаги қамоқхонада

16 Бир куни биз ибодат қиладиган жойга кетаётганимизда, олдимизга бир чўри қиз келди. Бу қизда фолчилик руҳи бўлиб, у башорат қилиш орқали хўжайинларига кўп пул ишлаб берар экан.

17 У Павлус билан бизга эргашиб, шундай деб бақирарди: “Манави одамлар Худойи Таолонинг қуллари! Улар сизларга нажот топиш йўлини эълон қиладилар.”

18 Ўша чўри бир неча кун давомида шундай қилиб юрди. Охири, Павлус безор бўлиб, орқасига ўгирилди–да, ёвуз руҳга деди: “Сенга Исо Масиҳ номидан буюраман: бу қизнинг ичидан чиқиб кет!” Ўша заҳоти ёвуз руҳ қизнинг ичидан чиқиб кетди.

19 Қизнинг хўжайинлари пул ишлаш имконияти қўлдан кетганини англаб етдилар. Улар Павлус билан Силасни ушлаб, шаҳар майдонига судраб келдилар.

20 Уларни Рим амалдорлари ҳузурига олиб келиб:

— Бу одамлар шаҳримизни алғов–далғов қиляптилар! — дедилар. — Улар яҳудийлардир,

21 биз содиқ Рим фуқароларимиз, улар бизнинг қонунларимизга зид бўлган одатларни тарғиб қиляптилар. Биз уларнинг одатларини қабул қила олмаймиз ёки амалда қўллай олмаймиз.

22 Оломон Павлус билан Силасга қарши ҳужумга қўшилди.

Шунда Рим амалдорлари Павлус билан Силаснинг кийимларини ечдириб, аскарларга: “Буларни калтакланглар”, деб буюрдилар.

23 Уларни роса калтаклашгандан кейин, зиндонга ташладилар. Рим амалдорлари зиндонбонга: “Уларни яхшилаб қўриқла”, деб буйруқ бердилар.

24 Зиндонбон буйруқни олиб, икковини ички бўлмага ташлади ва уларнинг оёқларини кундага маҳкамлаб қўйди.

25 Ярим тунда Павлус билан Силас ибодат қилиб, Худога ҳамду сано айтаётган эдилар. Маҳбуслар эса уларни тинглаб ўтиришарди.

26 Бирдан шундай қаттиқ зилзила юз бердики, қамоқхонанинг пойдевори ларзага келди, шу заҳоти ҳамма эшиклар очилиб, маҳбусларнинг кишанлари ечилиб кетди.

27 Зиндонбон уйғониб, қамоқхона эшиклари очиқ эканини кўрди. У, маҳбуслар озод бўлиб кетибди, деб ўйлаб, қиличини қинидан суғуриб, ўзини ўлдирмоқчи бўлди.

28 Павлус овози борича: “Зинҳор ўзингга шикаст етказа кўрма, ҳаммамиз шу ердамиз!” деб бақирди.

29 Зиндонбон, чироқлар ёқилсин, деб буюрди ва шошилганича ичкари кирди–да, титраб–қақшаб, ўзини Павлус билан Силаснинг оёқлари остига ташлади.

30 Зиндонбон икковини ташқарига олиб чиқиб: “Жаноблар, нажот топишим учун нима қилишим керак?” деб сўради.

31 — Раббимиз Исога ишон, шунда ўзинг ва хонадон аҳлинг нажот топасизлар, — деб жавоб беришди улар.

32 Павлус билан Силас Раббимиз ҳақидаги хабарни зиндонбонга ва унинг хонадон аҳлига ваъз қилдилар.

33 Зиндонбон тунда ўша заҳотиёқ икковини бир четга олиб ўтиб, яраларини ювди. Сўнг ўзи ва бутун хонадон аҳли сувга чўмдирилди.

34 Зиндонбон Павлус билан Силасни уйига олиб келиб, уларга дастурхон ёзди. У бутун хонадони билан бирга Худога имон келтирганидан севинди.

35 Тонг отгач, амалдорлар миршабларни юбориб: “Анави одамлар ўз йўлига кетаверсин”, дедилар.

36 Зиндонбон бу хабарни Павлусга етказди: “Амалдорлар сизларни кетаверсин, деб хабар юборибди, ҳозироқ чиқинглар, эсон–омон боринглар”, деди.

37 Павлус эса миршабларга шундай деди:

— Рим фуқароси бўлсак ҳам, бизни ҳукм қилмасдан халқнинг кўз ўнгида калтакладилар, зиндонга ташладилар. Нима учун энди яширинча бизни жўнатиб юбормоқчилар?! Бунақаси кетмайди! Ўзлари келиб, бизни зиндондан чиқарсинлар.

38 Миршаблар бу сўзларни амалдорларга етказдилар. Улар Павлус билан Силаснинг Рим фуқароси эканини эшитиб, қўрқиб кетдилар.

39 Шундай қилиб, амалдорлар бориб, улардан кечирим сўраб, уларни зиндондан олиб чиқдилар. Сўнгра: “Шаҳардан кетсангизлар”, деб илтимос қилдилар.

40 Павлус билан Силас зиндондан чиққанларидан кейин, Лидиянинг уйига бордилар. Улар у ерда имонлилар билан учрашиб, уларга далда бердилар. Шундан кейин улар Филиппидан жўнаб кетдилар.

Салоника шаҳрида

1 Павлус билан Силас Амфиполис ва Аполлония шаҳарларини босиб ўтиб, Салоника шаҳрига келдилар. Бу шаҳарда яҳудийлар синагогаси бор эди.

2 Павлус, ўз одатига кўра, синагогага кирди ва уч ҳафта давомида Шаббат кунлари яҳудийлар билан мунозара олиб борди. У Муқаддас битиклар асосида

3 Масиҳнинг азоб чекиши ва ўликдан тирилиши кераклигини тушунтириб, исботлаб берди. Сўнг: “Мен сизларга айтаётган Исо ўша Масиҳдир”, деди.

4 Яҳудийлардан баъзилари, шунингдек, Худодан қўрқадиган кўп ғайрияҳудийлар ва юқори мартабали аёлларнинг кўпчилиги Павлус билан Силасга ишониб, уларга қўшилдилар.

5 Аммо ишонмаган яҳудийлар ҳасадга тўлдилар ва кўчалардаги бекорчи дайдиларни тўплаб, оломонни йиғиб, шаҳарда ғалаён бошладилар. Улар: “Павлус билан Силасни қидириб топамиз, халқнинг олдига олиб чиқамиз”, деб Ясон деган одамнинг уйига ҳужум қилдилар.

6 Аммо уларни топа олишмади. Сўнгра Ясон билан бир неча имонлиларни шаҳар амалдорлари ҳузурига судраб келдилар ва шундай дея шовқин солдилар: “Анави одамлар бутун дунёни остин–устин қилиб, бизнинг шаҳримизга ҳам келибдилар.

7 Ясон ўша одамларга уйидан жой берибди. Уларнинг ҳаммаси, Исо деган бошқа шоҳ бор, деб Қайсарнинг фармонларига қарши чиқяптилар.”

8 Халқ ва шаҳар амалдорлари бу гапларни эшитиб, безовталаниб қолдилар.

9 Улар Ясон ва бошқа имонлилардан гаровга пул олиб, уларни қўйиб юбордилар.

Верия шаҳрида

10 Қоронғи тушгач, имонлилар Павлус билан Силасни Верия шаҳрига жўнатдилар. Улар шаҳарга келиб, яҳудийлар синагогасига кирдилар.

11 Бу ердаги яҳудийлар Салоникадаги яҳудийларга қараганда кенг фикрли эдилар. Улар зўр иштиёқ билан Исо ҳақидаги хабарни тинглашар, Павлуснинг айтганлари ҳақиқат эканини кўриш учун Муқаддас битикларни ҳар куни тадқиқ этишарди.

12 Уларнинг кўпчилиги шу боисдан имонга келдилар, шунингдек, ғайрияҳудий эркаклару юқори мартабали аёлларнинг кўпчилиги ҳам имонга келдилар.

13 Аммо Салоникадаги яҳудийлар, Павлус Верияда Худонинг каломини ваъз қилибди деган гапни эшитганларида, улар Верияга келиб, оломонни гижгижлаб, қайрадилар.

14 Шунда имонлилар Павлусни зудлик билан денгиз бўйига жўнатиб юбордилар. Силас билан Тимўтий эса Верияда қолдилар.

15 Павлусни кузатиб кетганлар уни Афинагача олиб бориб қўйдилар. Улар Павлусдан: “Силас билан Тимўтий тезроқ менинг олдимга етиб келсин” деган кўрсатмани олганларидан кейин Верияга қайтиб кетдилар.

Павлус Афинада

16 Павлус Силас билан Тимўтийни Афинада кутаркан, шаҳар бутларга тўлиб кетганини кўриб, таъби жуда хира бўлди.

17 Павлус синагогада яҳудийлар ва Худодан қўрқадиган ғайрияҳудийларга далиллар келтирди. Шунингдек, шаҳар майдонида ҳар куни дуч келган одамларга ҳам ваъз қилди.

18 Бир неча эпикурчи ва стоик файласуфлар ҳам Павлус билан баҳсга киришишди. Баъзилари: “Бу маҳмадона нима демоқчи?” деса, бошқалари: “У бегона худолар тўғрисида ваъз қиляпти”, дер эди. Павлус Исо тўғрисидаги Хушхабарни ва ўликлардан тирилишни ваъз қилаётгани учун улар шундай деб айтардилар.

19 Улар Павлусни ушлаб, Арёпагус кенгашига олиб бордилар ва шундай дедилар: “Сен ўргатаётган янги таълимот нима эканини биз ҳам билишимиз мумкинми?

20 Бу таълимотинг бизга бир оз ғалати туюляпти, шунинг учун бу нимани англатишини билмоқчимиз.”

21 (Ҳамма Афиналиклар ва бу ерда яшаётган мусофирлар бутун вақтларини охирги янгиликларни айтиб бериш ёки эшитиш билан ўтказишни яхши кўришарди.)

22 Павлус Арёпагус кенгашининг олдига чиқиб, шундай деди: “Эй Афиналиклар! Сизлар ҳар жиҳатдан ғоят диндор эканингизни кўриб турибман.

23 Мен бутун шаҳарни кезиб чиқиб, сизларнинг саждагоҳларингизга диққат билан назар ташладим. Мен ўша нарсаларнинг орасидан «Номаълум худога» деган ёзув битилган қурбонгоҳни кўрдим. Ўзларингиз билмасдан туриб сажда қилаётган Худони мен сизларга англатай.

24 Оламни ва ундаги ҳамма нарсаларни яратган Худо еру осмоннинг Эгаси бўлиб, инсон қўли билан ясалган саждагоҳларда яшамайди.

25 Ҳар қандай одамга жон, нафас ва ҳамма нарсани Унинг Ўзи берган. Шунинг учун У инсоннинг қўлига қараб қолмаган. У ҳеч нарсага муҳтож эмас.

26 Худо битта одамдан жамики элатларни яратиб, уларни бутун ер юзига жойлаштирди. У элатларнинг ҳаёти вақтини ва улар истиқомат қиладиган жойларнинг чегараларини белгилаб берди.

27 Худо буларни, Мени қидирсинлар, пайпасланиб бўлса–да, топсинлар деб қилди. Ҳақиқатан ҳам, У ҳар биримиздан узоқда эмас.

28 Зотан, бир одамнинг айтиши бўйича: «Биз Унда яшаймиз, Унда ҳаракат қиламиз ва Унда мавжудмиз.» Сизнинг шоирларингиздан бири шундай деган эди: «Биз ҳам Унинг зурриётимиз.»

29 Биз Худонинг зурриётидан эканмиз, Худони инсон ўз санъати ва маҳорати билан шаклга солган олтинга ёки кумушга, ё тошга ўхшатмаслигимиз керак.

30 Худо ўтмишда инсониятнинг жоҳиллигига эътибор бермади. Энди эса У ҳамма жойдаги жамики халқларга: «Тавба қилинглар!» деб амр бермоқда.

31 Чунки У дунё халқларини Ўзи тайинлаган Зот орқали адолат билан ҳукм қиладиган кунни белгилади. Ўша Зотни ўликдан тирилтирди. Шу йўсинда жамики инсонларга бу Зотнинг тайинланганини исбот қилди.”

32 Улар Павлуснинг ўликлар тирилиши ҳақидаги гапини эшитганларида, баъзилар уни масхара қилди, аммо бошқалар: “Биз бу ҳақда яна сизнинг гапларингизни эшитмоқчимиз”, дедилар.

33 Шундай қилиб, Павлус уларнинг олдидан кетди.34 Бир неча одам унга эргашиб, имонга келди. Имонга келганларнинг орасида Арёпагус кенгашининг аъзоси Дионисис, Дамара исмли аёл ва бошқа одамлар ҳам бор эди.

Коринф шаҳрида

1 Шундан кейин Павлус Афинадан кетиб, Коринфга йўл олди.

2 У ерда Павлус Акил деган бир яҳудий билан танишди. Акил Понтусда туғилган бўлиб, хотини Прискилла билан Италиядан яқинда келган экан. Чунки Қайсар Клавдий, ҳамма яҳудийлар Римдан чиқиб кетсин, деб фармон берган эди. Павлус уларни кўргани борди.

3 Улар ҳамкасб бўлиб, чодир тикувчилик билан шуғулланганлари учун, Павлус уларникида қолиб, ишлади.

4 Ҳар Шаббат куни у синагогада мунозара ўтказиб, яҳудийлар ва ғайрияҳудийларни ишонтиришга ҳаракат қиларди.

5 Силас билан Тимўтий Македониядан келганларидан кейин, Павлус бутун вақтини Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилишга бағишлади. У яҳудийларга Исонинг Масиҳ экани тўғрисида гувоҳлик берарди.

6 Яҳудийлар эса Павлусга қарши чиқиб, уни ҳақорат қилдилар. Павлус кийимларидан чангни қоқди–да: “Қонингиз ўз гарданингизда қолсин, менда айб йўқ, ҳозирдан бошлаб ғайрияҳудийлар орасига кетганим бўлсин”, деди уларга.

7 Шундай қилиб, Павлус синагогани тарк этиб, Титас Юстус деган бир одамнинг уйига борди. Титас Юстус ҳам художўй одам бўлиб, унинг уйи синагоганинг ёнгинасида эди.

8 Синагоганинг қавмбошиси Криспус бутун хонадони билан Раббимиз Исога имон келтирди. Павлусдан Хушхабар эшитган Коринфликларнинг кўпчилиги ишониб, сувга чўмдирилдилар.

9 Бир куни тунда Раббимиз Исо ваҳийда Павлусга зоҳир бўлиб, деди: “Қўрқма! Гапиравер, сукут сақлама!

10 Мен сен билан биргаман. Бу шаҳардаги кўпчилик Менинг одамларим бўлгани учун ҳеч ким сенга зарар етказа олмайди.”

11 Шундай қилиб, Павлус бу шаҳарда бир йилу олти ой туриб, халққа Худонинг каломидан таълим берди.

12 Галлион Ахая вилоятига ҳокимлик қилган пайтларда, яҳудийлар биргалашиб Павлусга қарши чиқдилар ва уни судраб, маҳкамага олиб келдилар.

13 Улар шундай дедилар:

— Мана бу одам қонунга қарши йўллар билан Худога сажда қилишга халқни даъват қиляпти.

14 Павлус энди гапирмоқчи бўлиб турган эди, Галлион яҳудийларга шундай деди:

— Эй яҳудийлар! Агар даъвоингиз ёмон қилмиш ёки оғир жиноят масаласида бўлганда эди, шикоятларингизни қабул қилишга сабаб топган бўлардим.

15 Аммо бу даъволарингиз шунчаки айрим сўзлар, исмлар ва ўз қонунингиз борасида экан, буларни ўзларингиз кўриб чиқаверинглар. Мен бу масалаларнинг ҳаками бўлмайман.

16 Галлион яҳудийларни маҳкамадан ҳайдаб чиқарди.

17 Шунда оломон синагога қавмбошиси Состенисни тутиб олди–да, маҳкаманинг олдида уни калтаклади. Аммо Галлион буларнинг биронтасига эътибор бермади.

Павлус қисқа муддатга Антиохияга қайтади

18 Павлус Коринфда имонлилар билан узоқ вақт турди. Сўнг улар билан хайрлашиб, кемада Сурияга сузиб кетди. Акил билан Прискилла ҳам у билан бирга кетдилар. Павлус Худога онт ичгани учун Кенхреядан сузиб кетишдан олдин сочини олдирди.

19-21 Улар Эфесга етиб келдилар. Павлус синагогага бориб, яҳудийлар билан мунозара ўтказди. Одамлар Павлусдан, биз билан узоқроқ қолинг, деб илтимос қилдилар. Аммо Павлус рози бўлмади. Кетишидан олдин эса уларга: “Худо хоҳиш билдирса, сизларнинг олдингизга қайтиб келаман”, деди. Шундан кейин Акил билан Прискиллани Эфесда қолдириб, ўзи кемада сузиб кетди.

22 Павлус Қайсарияга етиб келгандан кейин, Қуддусга борди ва имонлилар жамоати билан кўришди. Шундан сўнг Антиохияга кетди.

23 У ерда маълум вақт бўлгач, яна йўлга чиқди ва Галатия, Фригия ўлкаларини кезиб, барча имонлиларга далда берди.

Аполлос

24 Шу пайтда Аполлос деган бир яҳудий Эфесга келди. У асли Искандариядан эди. У гапга чечан одам бўлиб, Муқаддас битикларни жуда яхши биларди.

25 У Раббимиз Исонинг йўлида таълим олган бўлиб, оташин руҳ билан гапирарди. Исо ҳақида тўғри таълим берарди. Сувга чўмдириш ҳақида эса фақатгина Яҳёнинг таълимотини биларди.

26 Аполлос синагогада жасорат билан гапира бошлади. Прискилла билан Акил Аполлоснинг ваъзини эшитганларидан кейин, уни уйига таклиф қилиб, Худонинг йўлини янада аниқроқ тушунтириб бердилар.

27 Аполлос Ахаяга боришга қарор қилди. Эфесдаги имонлилар Ахаядаги шогирдларга, Аполлосни яхши қабул қилсангизлар, деб мактуб ёздилар. Аполлос Ахаяга келгач, Худонинг инояти билан имонга келганларга катта ёрдам берди.

28 Аполлос, Муқаддас битиклар асосида Исонинг Масиҳ эканини исбот этиб, қатъият билан яҳудийларнинг ноҳақлигини очиқчасига фош қиларди.

Павлус Эфес шаҳрида

1 Аполлос Коринфда экан, Павлус қирлар бўйлаб йўл юриб, Эфес шаҳрига келди. Бу ерда у Исога имон қўйган бир нечта одамни учратди.

2 Павлус улардан:

— Имонга келганларингизда, Муқаддас Руҳни қабул қилдингизларми? — деб сўради. Улар:

— Йўқ, биз Муқаддас Руҳ борлигини ҳатто эшитмаганмиз, — деб жавоб бердилар.

3 — Ундай бўлса, қай асосда сувга чўмдирилдингизлар? — деб сўради Павлус.

— Яҳёнинг таълимотига кўра, сувга чўмдирилдик, — деб жавоб берди улар.

4 Шунда Павлус деди:

— Яҳё тавба қилганларни сувга чўмдирар эди. У Исроил халқига, мендан кейин келаётганга, яъни Исога, имон келтиринглар, деган эди.

5 Улар бу гапни эшитиб, Раббимиз Исонинг номидан сувга чўмдирилдилар.

6 Павлус уларга қўлини қўйган эди, Муқаддас Руҳ уларни қамраб олди. Улар бошқа тилларда гапира бошладилар ва Худо аён қилган сўзларни айтдилар.

7 Улар тахминан ўн икки киши эди.

8 Павлус синагогага уч ой давомида бориб, жасорат билан халққа гапириб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ишончли далиллар келтирди.

9 Аммо баъзилари ўжарлик қилиб, умуман ишонмадилар ва ҳамманинг олдида Исонинг йўли тўғрисида ёмон гапларни айтдилар. Павлус ёнига имонлиларни олиб, уларнинг ҳузуридан кетди. Ҳар куни у Тиранус деган одамнинг маъруза залида мунозара ўтказадиган бўлди.

10 Бу ҳолат икки йил давом этди, Асия аҳолисининг ҳаммаси — яҳудийлар ҳам, ғайрияҳудийлар ҳам Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни эшитишди.

11 Худо Павлус орқали ғаройиб мўъжизалар кўрсатар эди.

12 Павлуснинг танасига теккан рўмолча ёки кийимлар хасталарга теккизилганда, улар хасталикларидан шифо топар, улардан ёвуз руҳлар чиқиб кетарди.

13-14 Скевас деган яҳудий бош руҳонийси бор эди. Унинг етти ўғли ўлка бўйлаб кезиб, одамлардан ёвуз руҳларни қувиб чиқарар эдилар. Бир куни улар Раббимиз Исонинг номи билан шундай қилишга уриниб, ёвуз руҳга: “Павлус эълон қилаётган Исо номи билан буюрамиз: чиқиб кет!” дедилар.

15 Ёвуз руҳ эса уларга: “Мен Исони биламан, Павлусни ҳам биламан, сизлар эса ким бўлибсизлар?” деб сўради.

16 Ичида ёвуз руҳи бор одам уларга ташланди. Уларни шу қадар қаттиқ урдики, улар ўша уйдан яланғоч, ярадор ҳолда зўрға қочиб қутулдилар.

17 Эфесда яшаган яҳудий ва ғайрияҳудийларнинг ҳаммаси бу воқеани эшитиб, қўрқувга тушдилар. Раббимиз Исонинг номи улуғланди.

18 Шунингдек, имонга келганларнинг кўпчилиги қилмишларини очиқчасига эътироф этдилар.

19 Афсунгарлик билан машғул бўлганларнинг бир қанчаси китобларини тўплаб, омманинг кўзи олдида ёқиб юбордилар. Бу китобларнинг қиймати ҳисобланганда, эллик минг кумуш танга чиқди.

20 Шу тариқа Раббимиз ҳақидаги хабар ёйилиб, таъсири тобора ортиб борар эди.

21 Шу ҳодисалар юз бергандан кейин, Павлус Македония ва Ахаядан ўтиб, Қуддусга боришга қарор қилди. “У ерга борганимдан кейин, Римга ҳам боришим керак”, деди у.

22 Шундай қилиб, у икки ёрдамчиси — Тимўтий билан Эрастусни Македонияга юборди. Павлуснинг ўзи эса маълум вақт Асия вилоятида қолди.

23 Аммо ўша пайтда Исонинг йўлига қарши қаттиқ ғала–ғовур бўлди.

24 Демитрус деган бир заргар одам Артемиснинг маъбади тасвирини кумушдан ясаб, ҳунармандларга кўп фойда келтирарди.

25 Демитрус бу соҳада ишлайдиган ҳамма ҳунармандларни чақириб, шундай деди:

— Биродарлар, биласизларки, биз шу ҳунар орқали яхши даромад оламиз.

26 Сизлар фақат Эфесдагина эмас, балки бутун Асия вилоятида Павлус деган одамнинг қилаётганларини кўриб эшитяпсизлар. Павлуснинг айтиши бўйича, қўлда ясалган худолар асло худолар эмасмиш. У кўпчиликни шунга ишонтириб, йўлдан уряпти.

27 Шуниси хавфлики, бизнинг бу ҳунаримиз халқнинг назаридан қолиши мумкин. Фақат шугина эмас, балки бошқа хавф ҳам бор: буюк Артемиснинг маъбади ҳеч нарсага арзимас экан деган фикрга олиб келади. Асия вилояти ва бутун дунёдаги ҳамма одам топинадиган бу маъбуданинг улуғворлиги барҳам топади–ку!

28 Ҳунармандлар бу гапни эшитганларида, ғазабланиб: “Эфеснинг Артемиси буюкдир!” деб шовқин–сурон кўтардилар.

29 Шаҳарда тўс–тўполон бошланди. Халқ иккита Македонияликни — Гаюс билан Аристархусни тутиб олиб, театр томонга шошилдилар. Иккалови Павлусга йўлда ҳамроҳ бўлиб келаётган эдилар.

30 Павлус оломон олдига чиқмоқчи бўлган эди, имонлилар йўл қўймадилар.

31 Ҳатто Павлуснинг дўстлари бўлган Асия вилоятининг баъзи амалдорлари хабар бериб, театрга киришга таваккал қилманг, деб илтимос қилдилар.

32 Оломон саросимага тушган эди. Баъзилари бир нарса деб шовқин солса, бошқалари бошқа нарсани айтиб шовқин соларди. Уларнинг кўпчилиги нима учун йиғилганини билмасди.

33 Яҳудийлар оломонга вазиятни тушунтирмоқчи бўлиб, Искандар деган бир одамни олдинга чиқардилар. Искандар қўли билан оломонга, жим бўлинглар деган ишорани қилиб, ҳимоя нутқини айтишга ҳаракат қилди.

34 Аммо халқ унинг яҳудий эканини билгач, ҳаммалари жўр бўлиб: “Эфесликларнинг Артемиси буюкдир!” деб икки соатга яқин бақириб туришди.

35 Шаҳар котиби оломонни тинчлантиргач, шундай деди:

— Эй Эфесликлар! Буюк Артемис маъбадининг ва осмондан тушган ҳайкалининг сақловчиси Эфес шаҳри эканини ким билмайди?!

36 Буларни ҳеч ким инкор эта олмайди. Шундай экан, сизлар сукут сақлаб, ўйламасдан қадам босмаслигингиз керак.

37 Бу одамлар маъбадни талон–тарож қилмаган ёки маъбудамизни ҳақорат қилмаган, сизлар эса уларни бу ерга олиб келибсизлар.

38 Агар Демитрус билан унинг ҳунармандлари бирон одамни айблайдиган бўлса, маҳкамалар очиқ, қозилар бор, бир–бирига қарши айбловларни ўша ерда ҳукм қилишсин.

39 Агар бошқа бир чора кўрмоқчи бўлсангиз, у аҳолининг қонуний йиғинида ҳал қилинади.

40 Ахир, бугун юз берган воқеадан кейин бизни исёнда айблашлари мумкин. Бизда бу шовқин–суронни оқлайдиган бирон сабаб йўқ.

У шу гапларни айтиб, оломонни тарқатиб юборди.

Павлус Македония ва Юнонистонда

1 Шовқин–сурон босилгач, Павлус имонлиларни чақириб, уларга далда берди. Кейин улар билан хайрлашиб, Македонияга йўл олди.

2 У ўзи босиб ўтган ҳамма шаҳарларда имонлиларга кўп далда берди. Сўнг Юнонистонга бориб,

3 у ерда уч ой турди. У Сурияга сузиб кетмоқчи бўлган эди, яҳудийлар унга қарши фитна уюштираётганини билиб қолди. Шунинг учун Македония орқали қайтишга қарор қилди.

4 Вериядан Пирус ўғли Сопатрус, Салоникадан Аристархус ва Секундус, Дарбадан Гаюс, Тимўтий, Асия вилоятидан Тихикус ва Трофимус Павлусга ҳамроҳ бўлдилар.

5 Улар биздан олдин кетиб, Троасда бизни кутиб турган эдилар.

6 Хамиртурушсиз нон байрамидан кейин биз Филиппидан сузиб кетдик. Беш кундан сўнг эса Троасда улар билан учрашиб, у ерда етти кун турдик.

Павлуснинг Троасга охирги сафари

7 Якшанба куни биз Раббимиз Исони хотирлаб, нон синдириш учун йиғилдик. Павлус одамларга ярим кечасигача гапирди. Эртаси куни у жўнаб кетишни режалаштирган эди.

8 Биз йиғилган болохонада кўп чироқлар ёниб турарди.

9 Эвтихус деган бир йигит дераза рахида ўтирган эди. Павлус гапини давом эттирар экан, Эвтихусни қаттиқ уйқу босди. Уйқу ғолиб келиб, Эвтихус учинчи қаватдан ерга йиқилди. Уни кўтарганларида, жон берган эди.

10 Павлус пастга тушди, эгилиб, йигитни қучоқлади–да: “Хавотир олманглар, у тирик”, деди.

11 Сўнгра Павлус яна болохонага қайтиб чиқди. Раббимизни хотирлаб, нон синдириб, овқатланди. Улар билан тонг отгунча суҳбатлашди, кейин йўлга чиқди.

12 Шу орада бу йигитни уйига тирик олиб бордилар, имонлилар бу воқеадан ғоят тасалли топдилар.

Троасдан Митилинага

13 Павлус Ассас шаҳрига қуруқлик орқали кетишга қарор қилди. Қолганларимиз эса ундан олдин кемада сузиб кетдик. Павлус ўша шаҳарда кемага чиқиб, бизга қўшилади, деб режалаштирган эдик. Зотан, у бизга шундай қилишини айтган эди.

14 Павлус биз билан Ассасда учрашгандан кейин, уни кемага олиб, Митилина шаҳрига йўл олдик.

15 Биз у ердан сузиб, эртаси куни Хиос ороли яқинига етиб бордик. Кейинги куни Самос оролига, унинг эртасига Милейтус шаҳрига етиб бордик.

16 Павлус Асия вилоятида вақтни йўқотмаслик учун Эфесни четлаб ўтишга қарор қилди. Агар имконини топса, Ҳосил байрамида Қуддусда бўлишни жуда истаётган эди.

Эфес оқсоқолларига Павлус оташин нутқ сўзлайди

17 Павлус Милейтусдан Эфесга хабар юбориб, имонлилар жамоатининг оқсоқолларига: “Менинг ҳузуримга келсангизлар”, деб илтимос қилди.

18 Оқсоқоллар Павлуснинг ҳузурига келганларида, у оқсоқолларга деди: “Мен Асия вилоятига келган биринчи кунимдан бошлаб сизларнинг орангизда қандай яшаганимни ўзларингиз биласизлар.

19 Мен кўп кўз ёш тўкиб, камтарлик билан Раббимиз Исога хизмат қилдим. Яҳудийларнинг фитналари дастидан келган синовларни бошдан кечирдим.

20 Ўзларингиз биласизлар, мен сизларга бирон фойда келтиришдан ўзимни олиб қочмадим. Балки уйма–уй юриб, таълим бердим, халқ олдида ваъз қилдим.

21 Мен яҳудийларни ҳам, ғайрияҳудийларни ҳам тавбага чақирдим. Худога юз буринглар, Раббимиз Исога имон келтиринглар, деб уларга жиддий насиҳат қилдим.

22 Энди эса Муқаддас Руҳнинг асири бўлиб, Қуддусга отланяпман. У ерда менга нима бўлишини билмайман.

23 Аммо мени қамоқ ва қувғинлар кутаётгани тўғрисида Муқаддас Руҳ ҳар бир шаҳарда огоҳлантириб келмоқда.

24 Лекин ҳаётим ўзим учун ҳеч нарсага арзимайди, деб ҳисоблайман. Мен фақат вазифамни охирига етказишни ва Раббимиз Исо менга юклаган ишни тугатишни истайман. Бу иш Худонинг инояти тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилишдир.

25 Мен ораларингизда бўлиб, Худонинг Шоҳлигини ваъз қилдим. Энди шуни биламанки, биронтангиз ҳам менинг юзимни бошқа кўрмайсизлар.

26 Шунинг учун бугун сизларга шуни эълон қиламан: мен бировнинг ҳалокати учун масъул эмасман.

27 Ахир, мен Худонинг ҳамма мақсадини сизларга баён қилишдан бўйин товламадим.

28 Ўзларингизни эҳтиёт қилинглар, сурувни ҳам эҳтиёт қилинглар. Чунки Муқаддас Руҳ уларни сизнинг қарамоғингизга берган. Худонинг жамоатига чўпон бўлинглар. Худо жамоатни Ўз Ўғлининг қони эвазига сотиб олган.

29 Биламан, мен кетганимдан кейин сизларнинг орангизга йиртқич бўрилар келади, улар сурувга шафқат қилмайди.

30 Ҳатто ўз ораларингиздан баъзи одамлар чиқиб, имонлиларни ортидан эргаштириб, ҳақиқатни бузиб гапирадилар.

31 Ҳушёр бўлинглар! Мана шу уч йил давомида кечаю кундуз кўз ёш тўкиб, ҳар бирингизга қилган панд–насиҳатларимни ёдингизда тутинглар.

32 Энди мен сизларни Худога ва Унинг марҳамати ҳақидаги хабар паноҳига топширдим. Бу хабар сизларга куч–қудрат ато қилиб, жамики муқаддас қилинганлар орасида мерос беришга қодирдир.

33 Мен ҳеч кимнинг кумуши ёки олтини, ё кийимига кўз олайтирмадим.

34 Ўзларингиз биласизларки, ўзимни ва шерикларимни таъминлаш учун қўлларим билан меҳнат қилдим.

35 Мен сизларга бу борада намуна бўлиб, заифларни қандай қўллаб–қувватлашимиз кераклигини кўрсатдим. Раббимиз Исо айтган шу сўзларни эслайлик: «Олмоқдан кўра, бермоқ кўпроқ марҳамат келтиради.»”

36 Павлус гапини тугатгандан кейин, ҳамма билан бирга тиз чўкиб, ибодат қилди.

37 Ҳаммалари йиғлаб, Павлусни бағирларига босдилар, у билан ўпишиб хайрлашдилар.

38 Павлус: “Энди мени ҳеч қачон кўрмайсизлар”, деб айтгани учун улар ниҳоятда ғамгин бўлиб қолдилар. Улар Павлусни кемагача кузатиб бордилар.

Павлуснинг Қуддусга саёҳати

1 Биз улар билан хайрлашиб, кемага ўтирдик ва тўғри Кос оролига келдик. Эртаси куни Родос оролига, кейин эса Патара шаҳрига бордик.

2 У ерда биз Финикияга кетаётган кемани топиб, ўша кемада сузиб кетдик.

3 Кипрга яқинлашганимизда, бу оролни чап томонимизда қолдириб, Финикияга йўл олдик. Тирда кемадан юк туширмоқчи бўлганлари учун биз қирғоқда қолдик.

4 Исонинг у ердаги шогирдларини қидириб топдик ва улар билан бир ҳафта қолдик. Улар Муқаддас Руҳдан илҳомланиб, Павлусга: “Қуддусга борманг”, деб айтдилар.

5 Бу ерда вақтимиз охирлаб қолгач, йўлга чиқиб, сафаримизни давом эттирдик. Имонлиларнинг ҳаммаси, хотинлари ва бола–чақалари билан бирга, бизни шаҳар ташқарисигача кузатиб чиқди. Денгиз бўйида тиз чўкиб, ибодат қилдик.

6 Сўнг бир–биримиз билан хайрлашдик. Биз кемага чиқдик, улар ҳам уйларига қайтиб кетдилар.

7 Биз Тир шаҳридан саёҳатни давом эттириб, Птолемай шаҳрига келдик. У ердаги имонлиларни зиёрат этиб, бир кун ёнларида қолдик.

8 Эртаси куни йўлга чиқиб, Қайсарияга келдик. Хушхабарчи Филипнинг уйига бориб, уникида қолдик. Филип озиқ–овқат тақсимлаш учун сайланган етти кишидан бири эди.

9 Филипнинг турмушга чиқмаган тўртта қизи бўлиб, уларга башорат қилиш инъоми берилган эди.

10 У ерда бир неча кун бўлганимиздан кейин, Яҳудиядан Хагабус деган пайғамбар келди.

11 У бизнинг олдимизга келди ва Павлуснинг камарини олиб, ўзининг оёқ–қўлларини боғлади–да, шундай деди:

— Муқаддас Руҳ демоқда: мана бу камарнинг эгасини яҳудийлар Қуддусда худди шу сингари боғлаб, уни ғайрияҳудийлар қўлига топширадилар.

12 Бу гапни эшитганимиздан кейин биз ҳам, у ердаги одамлар ҳам Павлусга, Қуддусга борманг, деб ялиниб–ёлвордик.

13 Шунда Павлус қуйидагича жавоб берди:

— Нима қиляпсизлар? Нимага йиғлаб, юрагимни сиқяпсизлар? Мен фақат оёқ–қўлларимнинг боғланишига эмас, балки Раббимиз Исонинг номи учун Қуддусга бориб ўлишга ҳам тайёрман.

14 Биз Павлусни кўндира олмаганимиздан кейин, “Раббимиз истаганидай бўлсин”, деб жим қолдик.

15 Бу ерда маълум вақт бўлганимиздан кейин, тайёргарлигимизни кўриб, Қуддусга йўл олдик.

16 Қайсариядан Исонинг баъзи шогирдлари биз билан бирга бордилар. Улар бизни дастлабки имонлилардан бўлган Кипрлик Минасоннинг уйига олиб келдилар. Биз унинг хонадонида қолдик.

17 Қуддусга келганимизда, имонлилар бизни хурсандчилик билан қабул қилдилар.

18 Кейинги куни Павлус биз билан бирга Ёқубни кўргани борди. Барча жамоат оқсоқоллари ҳам у ерда йиғилишган эди.

19 Павлус улар билан саломлашгандан кейин, ўзининг хизмати орқали ғайрияҳудийлар орасида Худо қилган ишларни батафсил ҳикоя қилиб берди.

20 Улар бу гапларни эшитиб, Худога ҳамду сано айтдилар. Кейин Павлусга дедилар:

— Биродаримиз Павлус, кўриб турибсизки, яҳудийлар орасида бир неча минг одам имонга келган. Уларнинг ҳаммаси қонунга чин дилдан ўзларини бағишлаганлар.

21 Уларнинг эшитишича, сиз ғайрияҳудийлар орасида яшаётган ҳамма яҳудийларга, Мусонинг қонунидан воз кечинглар, болаларингизни суннат қилманглар, яҳудийларнинг урф–одатларига риоя қилманглар, деб таълим берган экансиз.

22 Энди нима бўлади? Сизнинг келганингизни улар албатта эшитадилар.

23 Энди бизнинг айтганларимизни қилинг. Орамизда назр атаган тўртта одам бор.

24 Бу одамлар билан бирга Маъбадга бориб, у ерда покланиш маросимида иштирок этинг. Улар сочларини олдирганларида талаб қилинган покланиш қурбонлигининг харажатларини улар учун ўзингиз тўланг. Ана шунда, сиз тўғрингизда айтилган гаплар ҳақиқат эмаслигини, сиз эса Мусонинг қонунига риоя қилган ҳолда яшаётганингизни ҳамма билиб олади.

25 Имонли ғайрияҳудийларга келсак, бир қанча вақт олдин биз уларга мактуб жўнатиб, қуйидаги қароримизни маълум қилган эдик: “Бутларга келтирилган қурбонлик гўштини ва қони чиқарилмаган ҳайвон гўштини тановул қилишдан ҳамда фаҳш–зинодан ўзларингизни тийинглар.”

26 Эртаси куни Павлус ўша одамларни ёнига олиб, улар билан бирга ўзини поклади. Сўнг Маъбадга кириб, покланиш кунлари қачон тугашини, ҳар бир одам учун қачон қурбонлик келтирилишини эълон қилди.

Павлус Маъбадда қамоққа олинади

27 Етти кунлик маросим охирлаб қолган эди. Асия вилоятидан келган яҳудийлар Павлусни Маъбадда кўриб қолдилар. Улар оломонни қайраб, Павлусни ушладилар.

28 — Эй Исроил халқи! Ёрдам беринглар! — деб шовқин солди улар. — Манави одам ҳамма жойда бизнинг халқимизга, қонунимизга, Маъбадга қарши таълим бериб юради. Бунинг устига, у ғайрияҳудийларни Маъбадга олиб келиб, бу муқаддас жойни булғади!

29 Бундай дейишларига сабаб, бундан олдин улар Эфеслик Трофимусни шаҳарда Павлус билан бирга кўришган бўлиб, “Павлус ўша ғайрияҳудийни Маъбадга олиб кирди”, деб ўйлаган эдилар.

30 Бутун шаҳар оёққа турди, халқ биргалашиб ҳаракатга келди. Улар Павлусни тутиб, Маъбаддан судраб чиқариб ташладилар. Ўша заҳоти Маъбад эшиклари ёпилди.

31 Оломон энди Павлусни ўлдирмоқчи бўлиб турган эди, Рим лашкарининг мингбошисига: “Бутун Қуддус оёққа турди” деган хабар етиб келди.

32 Мингбоши ўша заҳоти аскарлари ва юзбошиларни олиб, оломон томонга югуриб кетди. Оломон мингбоши билан унинг аскарларини кўргач, Павлусни калтаклашни бас қилдилар.

33 Мингбоши Павлуснинг олдига келиб, уни қамоққа олди ва иккита кишан билан боғлашни буюрди. Сўнгра у: “Бу одам ким? У нима қилди?” деб сўради.

34 Оломон орасидан баъзилари бир нималар деб шовқин солди, бошқаси яна нималардир деди. Ғала–ғовур бўлганидан мингбоши нима юз берганини аниқ била олмади. Шунинг учун у Павлусни қалъага олиб боришни буюрди.

35 Павлус қалъанинг зинапоясига келганда, оломон шунчалик жунбишга келдики, аскарлар Павлусни кўтариб кетишларига тўғри келди.

36 Оломон Павлуснинг ортидан эргашиб: “Унга ўлим!” деб шовқин соларди.

37 Аскарлар Павлусни қалъага олиб кираётганларида, у мингбошига:

— Сизга бир нарсани айтсам майлими? — деди.

— Юнонча биласанми?! — деб ҳайрон қолди мингбоши.

38 Бир қанча вақт олдин исён бошлаб, тўрт минг қуролланган каллакесарни саҳрога олиб чиққан Мисрлик мабодо сен эмасмисан?

39 — Мен яҳудийман, Киликиядаги Тарсус шаҳриданман, — деди Павлус. — Ўша муҳим шаҳарнинг фуқаросиман. Илтимос, халққа гапиришимга ижозат беринг.

40 Мингбоши Павлусга ижозат бергач, у зинапояда туриб, одамларга қўли билан: “Жим бўлинглар!” деган ишорани қилди. Одамлар тинчлангандан кейин, Павлус уларга орамий тилида гапира бошлади.

1 Павлус оломонга шундай деди: “Биродарларим, оталар! Гапимга қулоқ солинглар, сизларнинг олдингизда ўзимни оқлай.”

2 Одамлар унинг орамийча гапираётганини эшитиб, сув қуйгандай, жим бўлиб қолдилар. Павлус гапида давом этди:

3 “Мен яҳудийман, Киликиядаги Тарсус шаҳрида туғилганман, аммо Қуддусда улғайдим. Бу шаҳарда Гамалиёлнинг шогирди бўлиб, ота–боболаримизнинг қонунига жиддий эътибор бериб таълим олдим. Худди бугунгидай сизларга ўхшаб, Худога ўзимни бағишладим.

4 Исонинг йўлига кирган одамларни ўлгудай қувғин қилардим, эркагу аёлни боғлаб, зиндонга ташлардим.

5 Айтаётганларим ҳақиқат эканини олий руҳоний билан бутун Кенгаш тасдиқлай олади. Улар Дамашқдаги яҳудий биродарларимизга хат ёзиб бердилар. Шундай қилиб, мен бу одамларни кишанлаб, Қуддусга олиб келиб жазолаш учун Дамашққа жўнадим.

Павлус ўзининг имонга келиши тўғрисида сўзлаб беради

6 Мен йўлимда давом этиб, Дамашққа яқинлашиб қолганимда, туш пайти бирдан осмондан ёп–ёруғ нур менинг ён–атрофимни ёритиб юборди.

7 Мен ерга йиқилдим. Шу пайт: «Шоул! Шоул! Нега сен Мени қувғин қиляпсан?» деган бир овозни эшитдим.

8 «Ё Ҳазратим! Сиз кимсиз?» деб сўрадим. Шунда У менга: «Сен қувғин қилаётган Носиралик Исоман», деб жавоб берди.

9 Менинг ёнимдагилар нурни кўрардилар–у, аммо мен билан гаплашаётганнинг овозини эшитмасдилар.

10 Шунда мен: «Ё Раббим Исо, нима қилай?» деб сўрадим. Раббий менга шундай деди: «Ўрнингдан тур, Дамашққа бор. Нима қилишинг кераклигини Худо белгилаб қўйган. Ҳамма нарса ўша ерда сенга айтилади.»

11 Ўша нурнинг ярқирашидан кўзларим кўрмай қолган эди. Шунинг учун ҳамроҳларим қўлларимдан ушлаб, мени Дамашққа олиб кетдилар.

12 Ўша шаҳарда Ханониё деган бир тақводор, қонунга итоат этадиган одам бор эди. У ўша шаҳардаги ҳамма яҳудийлар орасида катта обрўга эга эди.

13 Ханониё олдимга келиб, ёнимда турди–да: «Биродарим Шоул! Кўзларинг яна очилсин!» деди. Ўша заҳоти кўзларим очилиб, Ханониёни кўрдим.

14 Шунда у деди: «Ота–боболаримизнинг Худоси сени танлади. Токи сен Унинг хоҳишини билгин, Солиҳ Зотни кўриб, Унинг овозини эшитгин.

15 Сен кўриб–эшитганларинг тўғрисида бутун оламга Унинг гувоҳи бўласан.

16 Энди нимани кутяпсан? Ўрнингдан тур, сувга чўмгин. Раббимизга илтижо қилиб, гуноҳларингни ювгин.»

17 Мен Қуддусга қайтиб келганимдан кейин, Маъбадда ибодат қилаётганимда, менга бир ваҳий келди.

18 Мен Раббим Исони кўрдим, У шундай деди: «Тез бўл, Қуддусдан зудлик билан кет! Бу ердаги одамлар Мен тўғримда берган гувоҳлигингни қабул қилмайдилар.»

19 Мен эса: «Ё Раббий! — дедим. — Мен синагогаларга бориб, Сенга ишонган одамларни қамаб, калтаклаганимни улар яхши биладилар.

20 Шоҳидинг Стефан ўлдирилганда, мен ўша ерда эдим, унинг ўлдирилишини маъқуллаб, уни ўлдираётганларнинг кийимларига пойлоқчилик қилиб турган эдим.»

21 Раббим Исо менга: «Кетавер, — деди. — Сени узоқдаги ғайрияҳудийларнинг олдига юбораман.»”

22 Халқ Павлусга қулоқ солиб турди. Аммо у шу гапини айтиши биланоқ, улар овози борича, шовқин солди:

— Йўқотинглар уни! Ўлдиринглар! У яшашга лойиқ эмас!

23 Улар бақир–чақир қилиб, кийимларини отиб, ҳавони чанг–тўзон қилиб юбордилар.

24 Рим мингбошиси одамларига:

— Павлусни қалъага олиб киринглар! — деб буйруқ берди. Сўнгра у яна одамларига:

— Уни қамчиланглар! Нима учун одамлар унга қарши бақир–чақир қилганини билинглар! — деди.

25 Павлусни қамчилаш учун боғлаётганларида, Павлус ўша ерда турган юзбошига деди:

— Рим фуқаросининг бирон айби топилмаган бўлса ҳам, уни қамчилаш сизларнинг қонунингизда борми?

26 Юзбоши бу гапни эшитиб, мингбошининг олдига борди–да:

— Нима қилмоқчисиз? Ахир, бу одам Рим фуқароси экан–ку! — деди.

27 Мингбоши Павлуснинг олдига келиб, ундан:

— Менга айт–чи, сен Рим фуқаросимисан? — деди.

— Ҳа, — деб жавоб берди Павлус.

28 Мингбоши:

— Мен катта миқдорда пул тўлаб, фуқароликни олган эдим, — деди.

— Мен эса Рим фуқароси бўлиб туғилганман, — деди Павлус.

29 Павлусни сўроқ қилмоқчи бўлиб турганлар ўша заҳоти ундан қўлларини тортдилар. Мингбоши Павлуснинг Рим фуқароси эканини эшитиб, уни кишанлагани учун қўрқиб кетди.

Павлус Олий кенгаш олдида

30 Яҳудийлар Павлусни нима учун айблаётганларини мингбоши билмоқчи бўлди. Эртаси куни у Павлусни озод қилди ва “бош руҳонийлар билан Олий кенгаш аъзолари йиғилсин”, деб буюрди. Мингбоши Павлусни уларнинг қошига олиб келди.

1 Павлус Олий кенгаш аъзоларига диққат билан қараб шундай деди:

— Биродарлар! Шу кунгача мен Худо олдида тоза виждон билан яшадим.

2 Олий руҳоний Ханониё Павлуснинг ёнида турганларга: “Унинг оғзига уринглар!” деб буюрди.

3 Павлус унга деди:

— Худо албатта сизни уради, эй оқланган девор! Сиз қонунга кўра, мени ҳукм қилгани ўтирибсиз–ку! Нега энди қонунни бузиб, мени уришга амр беряпсиз?!

4 Павлусга яқин турган одамлар:

— Сен ҳали Худонинг олий руҳонийсини ҳақорат қиляпсанми?! — дедилар.

5 — Биродарлар, мен унинг олий руҳоний эканини билмабман, — деди Павлус. — Муқаддас битикларда: “Ўз халқинг йўлбошчиси тўғрисида ёмон гапирмагин”, деб айтилган.

6 Павлус билдики, бу ердагиларнинг баъзилари саддуқийлар, бошқалари фарзийлар экан. У Олий кенгашга қараб даъват қилди:

— Биродарлар! Мен фарзийман, фарзийнинг ўғлиман. Ўликлар тирилади, деб умид қилганим учун мени ҳукм қиляптилар.

7 Павлус шу гапларни айтгач, фарзийлар ва саддуқийлар баҳслаша бошладилар, гуруҳ иккига бўлинди.

8 Саддуқийлар, тирилиш ҳам, фаришта ҳам, руҳ ҳам йўқ, деб айтардилар, фарзийлар эса учаласига ҳам ишонардилар.

9 Шунда шовқин–сурон авжига чиқди. Фарзий мазҳабидан бўлган баъзи Таврот тафсирчилари ўринларидан туриб, қаттиқ эътироз билдирдилар:

— Биз бу одамда бирон айб топмадик. Эҳтимол, руҳ ёки фаришта унга гапирган бўлиши мумкин.

10 Баҳс шу даражада кучайиб кетдики, мингбоши: “Павлусни тилка–пора қилишмасайди”, деб қўрқиб кетди. Шундан кейин у аскарларга: “Пастга тушинглар, Павлусни зудлик билан олиб чиқиб, қалъага олиб киринглар!” деб буюрди.

11 Ўша куни тунда Павлуснинг олдига Раббимиз Исо келиб, шундай деди: “Дадил бўл! Сен Қуддусда Мен учун гувоҳлик берган эдинг, энди Римда ҳам гувоҳлик беришинг керак.”

Павлусга қарши фитна

12 Эрталаб бир неча яҳудийлар йиғилиб, фитна қўзғадилар. Улар: “Павлусни ўлдирмагунимизча еб–ичмаймиз”, дея қасам ичдилар.

13 Қасам ичганлар қирқ кишидан ортиқ эди.

14 Шундан кейин улар бош руҳонийлар билан йўлбошчиларнинг олдига бориб айтдилар:

— Биз, Павлусни ўлдирмагунимизча, еб–ичмаймиз, деб қатъий қасам ичдик.

15 Энди сизлар ва Олий кенгаш аъзолари мингбошига: “Павлусни бизнинг ҳузуримизга олиб кел, у тўғрида маълумотларни яхшироқ текшириб кўрмоқчимиз”, деб буюринглар. Павлус ҳузурингизга етиб келмасдан олдин уни ўлдирамиз.

16 Павлуснинг жияни, яъни синглисининг ўғли бу фитна ҳақида эшитиб қолди. У қалъага бориб, Павлусга бу тўғрида айтиб берди.

17 Павлус Рим юзбошиларидан биттасини чақирди–да, шундай деди:

— Манави йигитни мингбошининг олдига олиб бор. У мингбошига бир нарса тўғрисида хабар бермоқчи.

18 Юзбоши йигитни мингбошининг олдига олиб бориб, деди:

— Маҳбус Павлус мени чақириб, манави йигитни сизнинг олдингизга олиб келишимни илтимос қилди. Унинг сизга айтадиган гапи бор экан.

19 Мингбоши йигитни қўлидан ушлаб бир четга олиб ўтди–да, сўради:

— Менга нима тўғрисида хабар бермоқчисан?

20 У шундай жавоб берди:

— Яҳудийлар сиздан: “Эртага Павлусни Олий кенгашга олиб келинг”, деб илтимос қилишга келишиб олишди, гўё Олий кенгаш Павлус тўғрисидаги маълумотларни аниқроқ қилиб текширишар эмиш.

21 Аммо уларга қулоқ солманг! Қирқтадан кўпроқ одам яшириниб, Павлусни кутиб ётибди. Улар, Павлусни ўлдирмагунимизча, еб–ичмаймиз, деб қасамёд қилганлар. Улар ҳозир тайёр бўлиб, сизнинг қарорингизни кутяптилар.

22 Мингбоши йигитга:

— Менга берган хабарингни биронтасига айта кўрма! — деди. Сўнг унга рухсат берди.

Павлус ҳоким Феликс ҳузурида

23 Мингбоши юзбошилардан иккитасини ёнига чақириб, деди:

— Оқшом соат тўққизда Қайсарияга кетиш учун икки юзта пиёда аскарни, етмишта отлиқ аскарни, икки юзта найзабардорларни тайёр қилиб қўйинглар.

24 Павлусни ҳам отга миндириб олинглар. Уни ҳоким Феликс олдига эсон–омон олиб боринглар.

25 Мингбоши қуйидаги мазмунда мактуб ёзди:

26 “Клавдиюс Лисиясдан ҳоким Феликс жаноби олийларига саломлар!

27 Яҳудийлар бу одамни ушлаб, ўлдирмоқчи бўлдилар. У Рим фуқароси эканини билганимдан кейин, мен аскарларим билан бирга бориб, уни қутқариб қолдим.

28 Унинг қандай айби бор эканлигини билмоқчи бўлиб, уни яҳудийларнинг Олий кенгашига олиб келдим.

29 Мен шуни билдимки, у яҳудийларнинг қонунига оид масалаларда айбланган экан. Аммо ўлимга ёки зиндонга ташланишга лойиқ бирон иш қилмаган.

30 Бу одамга қарши фитна уюштирилаётганидан хабар топганимдан кейин, ўша заҳоти уни сизнинг ҳузурингизга юборишга қарор қилдим. Унинг айбловчиларига ҳам, даъволарингизни ҳоким Феликсга бориб айтинглар, дедим.”

31 Шундай қилиб, аскарлар мингбошининг кўрсатмасига мувофиқ, Павлусни олиб, тун бўйи юриб, Антипатрис шаҳрига олиб келдилар.

32 Эртаси куни отлиқ аскарлар Павлус билан бирга йўлда давом этди, қолганлар эса қалъага қайтиб кетдилар.

33 Отлиқ аскарлар Қайсарияга етиб келганларидан кейин, ҳокимга мактубни бердилар, Павлусни ҳам ҳокимга рўпара қилдилар.

34 Ҳоким мактубни ўқиб бўлиб, Павлусдан: “Сен қайси вилоятдансан?” деб сўради. Павлуснинг Киликиядан эканини билгач,

35 ҳоким: “Айбловчилар келганларидан кейин, сени эшитаман”, деди. Шундан кейин ҳоким: “У Ҳироднинг саройида ушлаб турилсин”, деб буйруқ берди.

Павлусга қарши далиллар

1 Беш кун ўтгач, олий руҳоний Ханониё бир неча йўлбошчилар ва Тертуллус деган бир ҳуқуқшунос билан бирга Қайсарияга келди. Улар Павлусга қарши арзларини ҳокимга баён қилмоқчи бўлдилар.

2 Павлусни чақириб келтирганларидан кейин, Тертуллус уни айблай бошлади:

3 “Жаноби олийлари! Сизнинг доно раҳбарлигингиз остида биз анчадан буён тинч–хотиржам яшаяпмиз, узоқни кўра билишингиз шарофати билан халқимиз учун ислоҳотлар амалга оширилди. Биз буни ҳамма жойда ва ҳар доим эътироф этамиз, сиздан чуқур миннатдормиз.

4 Мен сизнинг вақтингизни кўп олмоқчи эмасман, марҳаматингизни дариғ тутмай, бизнинг қисқа ахборотимизга қулоқ солишингизни илтимос қиламан.

5 Биз, аслида, бу одамни вабо сингари хавфли деб биламиз. У дунёдаги ҳамма яҳудийлар орасида исён бошлади. У насронийлар мазҳабининг раҳнамосидир.

6-7 У ҳатто Маъбадни булғашга ҳаракат қилди. Шунинг учун биз уни ҳибсга олдик.

8 Бу одамни ўзингиз сўроқ қилсангиз, биз уни нимада айблаётганимизни унинг ўзидан билиб оласиз.”

9 Яҳудийлар бу айбловларга қўшилиб, буларнинг ҳаммаси ҳақиқат, деб айтдилар.

Павлуснинг Феликс ҳузуридаги ҳимоя нутқи

10 Ҳоким, гапир, деб Павлусга ишора қилгандан кейин, у шундай жавоб берди: “Биламан, сиз анча йилдан бери бу халқ устидан ҳукмрон бўлиб келасиз. Шунинг учун ўзимни сизнинг ҳузурингизда ҳимоя қилаётганимдан хурсандман.

11 Ўзингиз билиб олишингиз мумкин: Худога сажда қилгани Қуддусга борганимга ўн икки кундан ошгани йўқ.

12 Мен Маъбадда бирон одам билан тортишиб қолганимни ёки синагогаларда, ё бўлмаса шаҳарда оломон орасига ғулғула солганимни улар кўрганлари йўқ.

13 Қолаверса, ҳозир менга қарши айтаётган айбловларини улар исботлаб бера олмайдилар.

14 Аммо шуни тан олишим керакки, улар Исонинг йўлини сохта эътиқод деб айтишади. Мен эса Исонинг йўли орқали ота–боболаримизнинг Худосига сажда қиламан. Тавротга мос келган ва Пайғамбарлар битикларида ёзилган ҳар бир сўзга мен ишонаман.

15 Мен мана шу одамлар сингари, Худога умид боғлаганман. Худо солиҳларни ва фосиқларни тирилтиришига мен ҳам улардай ишонаман.

16 Айни шу сабабдан Худо ва халқ олдида мен доим виждонимни соф сақлашга тиришаман.

17 Мана, Қуддусда бўлмаганимга бир неча йил бўлди, энди халқимга хайр–садақа бериш ва назр қилиш учун Қуддусга боргандим.

18 Мен шуларни бажараётганимда, улар мени Маъбадда кўриб қолдилар. Мен покланиш маросимини адо этаётган эдим, ёнимда оломон йўқ эди, шовқин–сурон ҳам кўтармаган эдим.

19 Асия вилоятидан бўлган бир неча яҳудийлар ўша ерда эдилар. Агар уларнинг менга қарши бирон даъволари бўлса, улар ўзлари сизнинг ҳузурингизга келиб, ўз айбловларини билдиришлари керак.

20 Ёки бу ердагилар айтишсин, мен Олий кенгаш аъзолари олдида турганимда менда қандай жиноят топдилар экан?

21 Мен уларнинг олдида турганимда, баланд овозда: «Мен ўликлар тирилади, деб айтганим учун бугун олдингизда ҳукм қилиняпман», деб айтган эдим. Бундан бошқа нима айбим бор?”

22 Исонинг йўли тўғрисида батафсил хабардор бўлган Феликс йиғилишни тўхтатиб: “Мингбоши Лисияс келгандан кейин, сенинг ишинг тўғрисида қарор қабул қиламан”, деди.

23 Феликс юзбошига: “Уни қамаб қўй, аммо унга озгина эркинлик бер, унинг эҳтиёжлари учун хизмат қилмоқчи бўлган дўстларига ижозат бер”, деб буйруқ берди.

Павлус Феликс ва Друсилла ҳузурида

24 Бир неча кундан кейин Феликс хотини Друсилла билан келди. Друсилла яҳудий эди. Феликс Павлусни чақиртириб келди ва Исо Масиҳга ишониш тўғрисидаги гапларини тинглади.

25 Павлус солиҳлик, нафсни тийиш, қиёмат кунининг келиши тўғрисида гапирар экан, Феликс қўрқиб, деди: “Сен энди боравер. Имкон топилган заҳоти, сени чақираман.”

26 Феликс: “Павлус менга пора беради”, деб умид қиларди, шунинг учун Павлусни тез–тез чақириб, у билан суҳбатлашарди.

27 Орадан икки йил ўтгач, Феликснинг ўрнига Пўркиюс Фестус ҳоким бўлди. Феликс яҳудийларнинг кўнглини олмоқчи бўлиб, Павлусни қамоқда қолдирди.

Павлус ҳоким Фестус ҳузурида

1 Фестус Яҳудия вилоятига ҳоким бўлиб келгандан кейин уч кун ўтгач, Қайсариядан Қуддусга борди.

2 У ерда бош руҳонийлар ва яҳудий йўлбошчилари Павлусга қарши далилларни ҳоким Фестусга баён қилдилар. Улар Фестусдан:

3 “Павлусни Қуддусга чақиртирсангиз”, деб илтимос қилдилар. Аслида улар йўлда Павлусга суиқасд қилишни режалаштирган эдилар.

4 Фестус уларга шундай жавоб берди:

— Павлус Қайсарияда қамоқда, мен ҳадемай ўша ерга қайтиб бораман.

5 Йўлбошчиларингиз мен билан бирга Қайсарияга борсин. Агар Павлус бирон ёмон иш қилган бўлса, майли, уни айбласинлар.

6 Фестус саккиз–ўн кунча улар билан бирга бўлиб, кейин Қайсарияга қайтди. Эртаси куни у ҳукм курсисига ўтириб: “Павлус олиб келинсин!” деб буюрди.

7 Павлус келгач, Қуддусдан келган яҳудийлар уни ўраб олдилар ва унга қарши жиддий айбловларни қўя бошладилар. Ўзлари эса бу айбларни исботлай олмасдилар.

8 Аммо Павлус ўзини ҳимоя қилиб, шундай деди:

— Мен яҳудийлар қонунига ёки Маъбадга, ё Қайсарга қарши бирон нотўғри иш қилмадим.

9 Фестус эса яҳудийларнинг кўнглини олмоқчи бўлиб, Павлусдан сўради:

— Қуддусга бориб, ўша ерда менинг олдимда сенга қўйилган шу айблар бўйича ҳукм қилинишни истайсанми?

10 — Мен Қайсарнинг маҳкамасида турибман, мен шу ерда ҳукм қилинишим керак, — деди Павлус. — Мен яҳудийларга қарши бирон нотўғри иш қилмадим, буни ўзингиз ҳам яхши биласиз.

11 Агар мен қонунга хилоф бирон иш қилиб, ўлимга лойиқ бўлсам, ўлимдан қутулиш учун ҳаракат қилмайман. Агар бу одамларнинг менга қарши айбловлари ёлғон бўлса, ҳеч ким мени уларнинг қўлига топширишга ҳақли эмас. У ҳолда мен Қайсарнинг ҳукмини талаб қиламан.

12 Фестус ўз маслаҳатчилари билан кенгашиб олгач, Павлусга:

— Сен Қайсарнинг ҳукмини талаб қилдинг, энди Қайсарнинг олдига борасан, — деди.

Павлус шоҳ Агриппа ва Верника ҳузурида

13 Бир неча кун ўтгандан кейин, шоҳ Агриппа билан Верника Қайсарияга Фестус ҳузурига ташриф буюрдилар.

14 Улар бир неча кун шу ерда турдилар. Павлуснинг аҳволини Фестус шоҳга тушунтирди:

— Бу ерда бир одам бор, Феликс уни қамоқда қолдирган эди.

15 Қуддусда бўлганимда бош руҳонийлар билан яҳудий йўлбошчилари ўша одам тўғрисида менга ахборот бердилар ва “Уни ўлимга маҳкум қилинг”, деб мендан илтимос қилдилар.

16 Мен уларга шундай деб айтдим: “Рим йўл–йўриқлари бўйича ҳеч ким сўроқ қилинмасдан жазоланиш учун айбловчининг қўлига топширилмайди. Айбланувчига айбловчилар билан юзма–юз учрашиб, ўзини ҳимоя қилиш имконияти берилади.”

17 Бош руҳонийлар ва йўлбошчилар бу ерга келганларида, мен вақтни бой бермай, эртаси куниёқ ҳукм курсисига ўтирдим–да, Павлусни олиб келинглар, деб буюрдим.

18 Лекин Павлуснинг рақиблари уни мен кутган жиноятларда айбламадилар.

19 Бунинг ўрнига улар ўзларининг дини тўғрисида, ўлиб кетган қандайдир Исо тўғрисида Павлус билан баҳс қилдилар. Павлус, Исо тирикдир, деб тасдиқлайверди.

20 Бу масалаларни қандай ҳал қилсам экан, деб бошим қотиб қолди. Мен Павлусдан: “Қуддусга бориб, ўша ерда ўзингга қўйилган айблар бўйича ҳукм қилинишни истайсанми?” деб сўрадим.

21 Аммо Павлус, мен император жаноби олийлари қарор чиқармагунча қамоқда қоламан, деди. Шунинг учун мен: “Павлусни Қайсарнинг ҳузурига жўнатгунимча, у қамоқда сақлансин”, деб буйруқ бердим.

22 Агриппа Фестусга:

— Ўша одамнинг гапларини мен ўзим эшитишни хоҳлайман, — деди.

— Эртага унинг гапларини эшитасиз, — деб жавоб берди Фестус.

23 Эртаси куни Агриппа билан Верника дабдаба билан келиб, мингбошилар, шаҳарнинг юқори мартабали одамлари билан бирга йиғин залига кирдилар. Фестус: “Павлус олиб келинсин!” деб буйруқ берди.

24 — Шоҳ Агриппа жаноблари! Бу ерда ҳозир бўлганлар! — деди Фестус. — Манави одамни кўриб турибсизлар. Шу ердаги ва Қуддусдаги ҳамма яҳудийлар бу одамга қаршидир. Улар менга шикоят қилиб: “Бу одам яшашга лойиқ эмас!” деб шовқин солмоқдалар.

25 Аммо менинг назаримда бу одам ўлимга лойиқ бирон иш қилмаган. У император жаноби олийларининг ҳукмини талаб қилгани учун, уни Римга юборишга қарор қилдим.

26 Аммо у тўғрида император жаноби олийларига ёзишим учун аниқ бир нарса йўқ. Шунинг учун мен бу одамни сизларнинг ҳузурингизга, хусусан, шоҳимиз Агриппа жаноби олийлари, сизнинг ҳузурингизга олиб келдим. Бу масалани кўриб чиққанимиздан кейингина, мен бирон нарса ёзишим мумкин.

27 Маҳбусга қарши айбловларни аниқ кўрсатмай туриб, уни императорга юбориш мен томондан ақлсизлик бўлар эди.

Павлус шоҳ Агриппа олдида ўзини оқлайди

1 Агриппа Павлусга:

— Ўзингни ҳимоя қилиб гапиришинг мумкин, — деди. Шундан кейин Павлус қўлини чўзиб, ўзини ҳимоя қилиб гапира бошлади:

2 “Шоҳ Агриппа жаноби олийлари! Бугун мана бу яҳудийлар менга қўяётган айблардан ўзимни сизнинг ҳузурингизда ҳимоя қилаётганим учун бахтиёрман.

3 Ахир, яҳудийларнинг одатлари ва баҳсларини сиз жуда яхши биласиз. Сиздан илтимос, марҳамат қилиб менинг гапимни эшитсангиз.

4 Ёшлигимдан босиб ўтган ҳаёт йўлимни — Қуддусда, ўз халқим орасида кечирган ҳаётимни ҳамма яҳудийлар биладилар.

5 Агар улар гувоҳлик беришни истасалар, динимизнинг энг ашаддий мазҳаби фарзийларга мансуб бўлганимни улар азалдан биладилар.

6 Энди эса, Худонинг ота–боболаримизга берган ваъдасига умид қилганим учун ҳукм қилиняпман.

7 Ваҳоланки, халқимизнинг ўн икки қабиласи кечаю кундуз Худога чин дилдан сажда қилиб, шу ваъда бажо бўлишига умид қиляптилар. Жаноби олийлари, мен ҳам айнан шундай умид қилганим учун яҳудийлар мени айблаяптилар.

8 Эй шу ерда турганлар! Нима учун Худо ўликларни тирилтиришига ишониб бўлмайди, деб ўйлайсизлар?

9 Мен ўзимча, Носиралик Исонинг номига қарши ҳар нарсани қилишим керак, деб ўйлагандим.

10 Мен буни Қуддусда қилдим ҳам. Бош руҳонийлардан ваколат олиб, Худонинг азизларидан кўпчилигини қамоққа ташладим. Улар ўлимга ҳукм қилинганларида, мен буни маъқуллаб турардим.

11 Мен тез–тез бир синагогадан иккинчисига бориб, уларни жазолардим, имонларидан қайтаришга ҳаракат қилардим. Мен уларга нисбатан шунчалик шафқатсиз эдимки, ҳатто бегона шаҳарларда ҳам уларни қувғин қилгани борардим.

12 Бир куни шу мақсадда бош руҳонийлардан ваколат олиб, Дамашққа бир топшириқ билан кетаётган эдим.

13 Жаноби олийлари! Мен куппа–кундузи йўлда кетаётганимда, бирдан осмонда қуёшдан ҳам ёруғ нурни кўрдим. Нур шерикларим билан менинг ён–атрофимни ёритиб юборди.

14 Ҳаммамиз ерга йиқилдик. Шунда орамий тилида менга гапираётган бир овозни эшитдим:

— Шоул! Шоул! Нимага Мени қувғин қиляпсан? Ҳўкиз ўз эгасининг таёғини тепиб, ўзига зарар келтиргандай, сен ҳам Менга қарши чиқиб, ўзингга зарар келтиряпсан.

15 — Ҳазратим! Сиз кимсиз? — деб сўрадим мен.

— Сен қувғин қилаётган Исоман, — деб жавоб берди Раббий.

16 — Энди ўрнингдан тур, Шоул. Сени Ўз хизматкорим қилиб тайинлаш мақсадида сенга зоҳир бўлдим. Сен Мени кўрганингни бошқаларга айтасан, сенга кўрсатадиганларим тўғрисида гувоҳлик берасан.

17 Мен сени ўз халқинг қўлидан қутқараман. Сени ғайрияҳудийлар орасига юбориб, уларнинг қўлидан ҳам халос этаман.

18 Сен ғайрияҳудийларнинг кўзларини очасан, уларни зулматдан ёруғликка, шайтоннинг ҳукмронлигидан Худонинг ҳукмронлигига қайтарасан. Менга имон келтириш орқали уларнинг гуноҳлари кечирилиб, улар Худонинг танланган халқи орасидан жой оладилар.

19 Шундай қилиб, шоҳ Агриппа жаноблари, самодан менга келган ваҳийга итоатсизлик қилмадим.

20 Аввало, Дамашқда ва Қуддусда, кейин бутун Яҳудияда, шунингдек, ғайрияҳудийлар орасида: «Гуноҳларингиз учун тавба қилинглар, Худога юз буринглар, тавба қилганингизни кўрсатадиган ишлар қилинглар», деб ваъз қилдим.

21 Шу сабабдан яҳудийлар мени Маъбадда тутиб олиб, ўлдирмоқчи бўлдилар.

22 Аммо шу кунгача Худо менга мадад берди. Мен ҳаммага — каттаю кичикка бирдай гувоҳлик бериб келдим. Мен уларга фақат пайғамбарларнинг ва Мусонинг айтганларини гапирган эдим.

23 Масиҳ Ўз халқига ва ғайрияҳудийларга нур олиб келиш учун азоб чекиши ва биринчи бўлиб ўликдан тирилиши керак, деб айтдим, холос.”

24 Павлус шу тариқа ўзини ҳимоя қилар экан, Фестус унга бақириб деди:

— Сен телба бўлиб қолибсан, Павлус! Кўп билганинг сени ақлдан оздиряпти!

25 Павлус эса шундай деди:

— Мен ақлдан озганим йўқ, Фестус жаноби олийлари! Мен жиддий ҳақиқатни гапиряпман.

26 Шоҳ бу нарсалар тўғрисида билгани учун, мен унга бемалол гапирмоқдаман. Бу нарсаларнинг ҳар бири унинг эътиборидан четда қолмаганига имоним комил. Чунки булар яширин қилинган эмас.

27 Шоҳ Агриппа жаноблари! Сиз пайғамбарларнинг башоратларига ишонасизми? Биламан, ишонасиз.

28 Агриппа Павлусга:

— Сен дарров мени масиҳий бўлишга кўндирмоқчисан–а, — деди.

29 Павлус шундай жавоб берди:

— Дарров бўладими ёки узоқ вақтдан кейин бўладими, нафақат сиз, балки менинг гапларимни эшитаётганларнинг ҳаммаси мен сингари бўлсин деб, Худога ибодат қиламан. Аммо мана бу кишанларни сизларга раво кўрмайман.

30 Шундан кейин шоҳ Агриппа, ҳоким Фестус, Верника ва бошқалар ўринларидан турдилар.

31 Улар кетаётиб, бир–бирларига: “Бу одам ўлимга ёки зиндонга ташланишга лойиқ бирон иш қилмаган”, деб айтдилар.

32 Агриппа Фестусга:

— Агар бу одам Қайсарнинг ҳукмини талаб қилмаганда эди, уни озод қилиш мумкин эди, — деди.

Павлуснинг денгиз орқали Римга сафари

1 Бизни денгиз орқали Италияга жўнатишга қарор қилдилар. Шундан кейин улар Павлусни ва бошқа баъзи маҳбусларни Империя қўшинидаги Юлиюс деган Рим юзбошисига топширдилар.

2 Ҳаммамиз Адрамиттион шаҳридан келган кемага ўтирдик. Кема Асия вилоятининг бандаргоҳларига энди жўнамоқчи бўлиб турган экан. Биз йўлга тушдик. Салоникадан келган Македониялик Аристархус деган одам бизга ҳамроҳ бўлди.

3 Эртаси куни биз Сидон шаҳрига етиб келдик. Юлиюс Павлусга яхши муносабатда бўлди, шунинг учун дўстлари олдига боришга ва керакли нарсаларни олишга ижозат берди.

4 Биз у ердан жўнаб кетдик. Шамол бизга қарши томондан эсаётгани учун Кипр оролини паналаб сузиб ўтдик.

5 Сўнг Киликия ва Памфилия вилоятларининг жануб томонидан сузиб, Ликия вилоятидаги Мура шаҳрига келдик.

6 Юзбоши у ерда Искандариядан Италияга сузиб кетадиган кемани топди ва бизни унга ўтқазди.

7 Биз бир неча кун секин сузиб, ниҳоят қийинчиликлар билан Книдус шаҳрига етиб келдик. Шамол бизга қарши эсаётгани учун Салмона ярим оролининг ёнидан ўтиб, Крит оролини паналаб суза бошладик.

8 Оролнинг қирғоғи бўйлаб машаққатлар билан Гўзал бандаргоҳлар деган жойга етиб келдик. Бу жой Ласея шаҳри яқинида жойлашган.

9 Биз анча вақт ўша ерда қолдик. Ҳатто Покланиш куни ҳам ўтди, сузиш хавфли бўлиб қолди. Павлус кемачиларга маслаҳат берди:

10 — Дўстлар! Кўриб турибман, бу ердан сузиб кетадиган бўлсак, нафақат юкимиз ва кемамиз, балки жонимиз ҳам хавф остида қолади, оғир ҳалокатга учраймиз.

11 Лекин юзбоши Павлуснинг маслаҳатига қулоқ солмай, кема дарғаси ва кема эгасининг гапига кирди.

12 Қишни ўтказиш учун бандаргоҳ яхши шароитга эга эмас эди. Шунинг учун деярли ҳамма у ердан денгизга чиқишга, қандай қилиб бўлса ҳам Финиксга етиб олиб, қишни ўша ерда ўтказишга рози эди. Финикс Крит оролидаги бандаргоҳ бўлиб, қаттиқ қиш шамолларидан панада эди.

Денгиздаги бўрон

13 Жанубдан майин шабада эса бошлаганда, улар: “Ниятимиз амалга ошадиган бўлди”, деб ўйладилар. Шунинг учун улар лангарни кўтариб, Крит ороли бўйлаб, қирғоққа яқин суза бошладилар.

14 Аммо кўп ўтмай орол томондан ниҳоятда кучли бўрон кўтарилди. Бу “Шимоли–шарқ” бўрони деб айтиларди.

15 Бўрон кемага шундай урилдики, натижада кема шамолга қарши сузолмай қолди. Шундан кейин ўзимизни тўлқинларга топшириб, шамол йўналиши бўйлаб сузиб кетдик.

16 Биз Кавда деган оролчани паналаб ўтдик. Кеманинг қайиқчасини зўрға ушлаб қолдик.

17 Денгизчилар қайиқни юқорига кўтариб олдилар. Кейин эса кема парчаланиб кетмасин деб, уни остидан арқонлар билан маҳкам боғладилар. Улар: “Суртис атрофларида қумга ўтириб қолмасак эди”, деб қўрқиб, тезликни камайтирадиган лангарни туширдилар ва кемани шамол йўналишига қўйиб бердилар.

18 Қутурган бўрон давом этарди. Эртаси куни улар кемадан юкларни улоқтира бошладилар.

19 Учинчи куни эса ўз қўллари билан кеманинг асбоб–ускуналарини денгизга отдилар.

20 Бир неча кун биз на қуёшни, на юлдузларни кўрдик. Бўрон қутургани сари, қутулишимизга бўлган умид сўниб борарди.

21 Ҳеч ким узоқ вақт бирон нарса тановул қилмади. Шунда Павлус уларнинг ўртасига чиқиб, шундай деди:

— Дўстлар! Агар менинг гапларимга қулоқ солиб, Кипрдан кетмаганларингизда эди, биз мана шу зарарга ва оғир ҳалокатларга дучор бўлмасдик.

22 Энди сизларга маслаҳатим шу: дадил бўлинглар! Орамиздан ҳеч ким нобуд бўлмайди, фақат кемадан маҳрум бўламиз, холос.

23 Мен мансуб бўлган ва мен сажда қиладиган Худойим ўтган куни олдимга Ўз фариштасини юборди.

24 Фаришта менга шундай деди: “Қўрқма, Павлус, сен Қайсар ҳузурида бўлишинг керак. Сен билан бирга кемада сузиб кетаётганларга Худо ҳаёт бағишлади.”

25 Шунинг учун, дўстлар, дадил бўлинглар, чунки Худога ишонаман: ҳаммаси менга айтилганидай бўлади.

26 Биз бирон оролга албатта тушамиз.

27 Ўн тўртинчи куни кечаси биз Ўрта ер денгизида шамол йўналиши бўйлаб сузаётган эдик. Тахминан тун ярмида денгизчилар қуруқликка яқинлашиб қолганимизни пайқаб қолдилар.

28 Улар чуқурликни ўлчаган эдилар, 20 қулоч чиқди. Бир оз нарироқни ўлчаган эдилар, 15 қулоч чиқди.

29 Улар: “Кема қояларга бориб урилади”, деб қўрқиб кетганлари учун кеманинг ортидан тўртта лангарни туширдилар ва тезроқ тонг отсин, деб Худога астойдил илтижо қилдилар.

30 Шу орада денгизчиларнинг баъзилари кемадан қочиб чиқишга уриндилар. Улар қайиқни сувга тушириб, ўзларини худди кеманинг олд томонидан лангар туширмоқчи бўлгандай кўрсатдилар.

31 Павлус юзбоши билан аскарларга шундай деди:

— Бу одамлар кемада қолмас эканлар, билиб қўйинглар, сизлар ҳам ўзларингизни қутқара олмайсизлар.

32 Аскарлар қайиқ боғланган арқонни кесдилар ва қайиқни сувга тушириб юбордилар.

33 Тонг отиши билан, Павлус улардан тамадди қилиб олишларини илтимос қилди:

— Бугун ўн тўрт кундирки, сизлар хавотирликда бўлиб, ҳеч нарса емадингизлар.

34 Ёлвораман: бир оз тамадди қилиб олинглар, бу тирик қолишингиз учун керак. Бошингиздан бирон тола соч ҳам тушмайди.

35 Павлус шу сўзларни айтиб бўлгач, нонни олди ва ҳамманинг кўз ўнгида Худога шукрона айтди. Сўнгра нонни синдириб, ея бошлади.

36 Бошқалар ҳам дадилланиб, овқатлана бошладилар.

37 Кемада жами 276 киши бор эди.

38 Улар тўйиб олгач, буғдойнинг ҳаммасини денгизга ташлаб, кемани енгиллаштирдилар.

Кема ҳалокатга учрайди

39 Тонг отганда, денгизчилар қирғоқни таний олмадилар. Аммо қирғоқдаги қумли қўлтиқни пайқадилар. Агар имкони бўлса, кемани ўша ерда қирғоққа тўхтатамиз, деб қарор қилдилар.

40 Сўнг лангарларни кесиб, денгизга тушириб юбордилар. Айни пайтда эшкакларни маҳкам боғлаб турган арқонларни ечдилар. Шундан кейин олдинги елканни шамолга қаратиб, қирғоққа сузиб кетдилар.

41 Лекин кема саёз жойга урилиб, қумга ўтириб қолди. Оқибатда кеманинг олд қисми қумга тиқилиб, қимирламай қолди. Кеманинг орқа қисми эса тўлқинлар шиддатидан парча–парча бўлиб кетди.

42 Шунда аскарлар: “Маҳбуслар сузиб, қутулиб кетмасин”, дея уларни ўлдирмоқчи бўлдилар.

43 Аммо юзбоши Павлусни қутқармоқчи бўлиб, аскарларни бу ниятларидан қайтарди. Уларга шундай буйруқ берди: “Сузишни биладиганлар биринчи бўлиб кемадан сакрасин ва қирғоққа сузиб борсин,

44 қолганлар эса тахталарни ёки кеманинг бирон синиқ бўлагини олиб, уларнинг ортидан эргашсинлар.” Шу йўсин ҳаммалари эсон–омон қирғоққа етиб олдилар.

Мальта оролида

1 Биз қирғоққа эсон–омон етиб борганимиздан кейин, билдикки, бу оролнинг номи Мальта экан.

2 Ерли аҳоли бизга ғоят дўстона муносабатда бўлди. Ёмғир ёғаётгани ва совуқ бўлгани учун улар олов ёқиб, ҳаммамизни олов атрофига таклиф қилдилар.

3 Павлус шох–шабба йиғиб келиб, олов устига ташлаётганда, бир заҳарли илон иссиқдан қочиб, унинг қўлига осилиб қолди.

4 Ерли аҳоли Павлуснинг қўлига осилиб қолган илонни кўриб бир–бирларига: “Бу одам қотил бўлса керак, у денгиздан қутулса ҳам, Қасос худоси унга яшашга имкон бермади”, дедилар.

5 Аммо Павлус илонни олов ичига силкитиб отди, ўзи эса ҳеч қандай зарар кўрмади.

6 Аҳоли, ҳозир бу одам шишиб кетади ёки бирдан йиқилиб ўлади, деб кутарди. Улар узоқ кутдилар, лекин ғайритабиий равишда унга ҳеч нарса бўлмаганини кўрдилар. Энди одамлар фикрларини ўзгартириб: “У худо экан”, деб айта бошладилар.

7 Ўша жойнинг яқинида бир дала бор эди, бу дала орол бошлиғи Публиюсга тегишли экан. Публиюс бизни уйига олиб кетиб, уч кун меҳмон қилди.

8 Унинг отаси ичбуруғдан иситмалаб, тўшакда ётарди. Павлус унинг хонасига бориб, ибодат қилди, унга қўлини қўйиб, шифо берди.

9 Шу воқеа юз бергандан кейин, оролдаги ҳамма хаста одамлар Павлуснинг олдига келиб, шифо топдилар.

10 Улар бизга кўп иззат–ҳурмат кўрсатдилар. Жўнаб кетаётганимизда эса сафаримиз учун зарур озиқ–овқатларни кемага жойлаштирдилар.

Мальтадан Римга

11 Уч ойдан кейин Искандариядан келган кема билан денгизга чиқдик. Кема “Эгизак худолар” деб аталарди. У оролда қишлаб қолган эди.

12 Биз Суракуз шаҳрига бориб, у ерда уч кун турдик.

13 У ердан сузиб кетиб, Региумга келдик. Эртаси куни жанубдан шамол эса бошлади. Иккинчи кун Путеол шаҳрига етиб келдик.

14 У ерда бир неча имонлилар билан учрашдик. Улар: “Биз билан қолинглар”, деб илтимос қилдилар.

Бир ҳафтадан кейин биз Римга кетдик.

15 Римдаги имонлилар биз тўғримизда эшитиб, бизни кутиб олгани йўлга чиқишди. Баъзилари билан Аппиюс бозорида кўришдик, бошқа бирлари билан эса Уч меҳмонхона деган жойда учрашдик. Павлус уларни кўриб, Худога шукур айтди ва янада дадиллашди.

16 Биз Римга келганимиздан кейин, Павлусга бир аскар кузатувида ёлғиз яшашга рухсат берилди.

Павлуснинг Римдаги фаолияти

17 Павлус уч кундан кейин маҳаллий яҳудийларнинг йўлбошчиларини чақирди. Улар йиғилишгач, Павлус деди:

— Биродарлар! Мен халқимизга ёки ота–боболаримиз одатларига қарши бирон нарса қилмаган бўлсам ҳам, мени Қуддусда қамаб, Рим амалдорларининг қўлига топширишди.

18 Улар мени текшириб кўрганларидан кейин, мени озод қилмоқчи бўлдилар, чунки ўлимга лойиқ бирон иш қилмаган эдим.

19 Аммо яҳудийлар қаршилик қилганларидан кейин, мен Қайсарнинг ҳукмини талаб қилишга мажбур бўлдим. Мен бу билан ўз халқимни айбламоқчи эмасман.

20 Шу сабабдан мен сизлар билан кўришиб, суҳбатлашишни истадим. Аслини олганда, мен Исроилнинг умиди учун занжирбанд қилинганман.

21 Улар Павлусга дедилар:

— Сиз тўғрингизда Яҳудиядан биронта хат олмадик, бу ерга ташриф буюрган биродарларимиздан биронтаси ҳам сиз тўғрингизда бирон хабар ёки ҳеч қандай ёмон гап айтмади.

22 Аммо фикрингизни ўзингиздан эшитишни истардик, чунки бу мазҳабга нисбатан ҳар ерда қарши гапириб юрганларини биз биламиз.

23 Улар Павлус билан бир кунни келишиб олдилар. Ўша куни улар Павлус турган жойга бир талай одамни бошлаб келдилар. Павлус эрталабдан кечгача уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида тушунтирди. Шунингдек, Мусонинг Таврот китобидан ва Пайғамбарлар битикларидан Исо тўғрисида ишончли далиллар келтирди.

24 Улардан баъзилари Павлуснинг айтганларига ишондилар, бошқалари эса умуман ишонмадилар.

25 Шундай қилиб, улар ўзаро баҳслашдилар. Улар кетмоқчи бўлиб турганларида Павлус шундай деди: “Муқаддас Руҳ Ишаё пайғамбар орқали ота–боболарингизга ушбу гапни тўғри айтган экан:

26 «Бор, мана шу халққа айт:

‘Сизлар тинглаб турасиз–у, лекин ҳеч тушунмайсиз,

Қараб турасиз–у, аммо ҳеч англаб етмайсиз.’

27 Зеро, бу халқнинг ақли ўтмас бўлиб қолди,

Қулоқлари гаранг бўлди,

Кўзларини юмиб олишди.

Акс ҳолда, кўзлари кўрган бўларди,

Акс ҳолда, қулоқлари эшитган бўларди,

Ақллари англаган бўларди,

Яна Менга қайтган бўлишарди,

Мен уларга шифо берган бўлардим.»

28-29 Сизларга шу маълум бўлсинки, Худонинг нажоти ғайрияҳудийларга юборилган. Улар қулоқ соладилар.”

30 Павлус ижарага олган уйида икки йил яшади ва уни кўргани келган ҳаммани қабул қилди.

31 У жасорат билан Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз айтиб, Раббимиз Исо Масиҳ тўғрисида таълим берди. Ҳеч ким унга буни тақиқлашга уринмади.