2 Юҳанно

2 Юҳанно

Дуойи салом

1 Худо танлаб олган азиз хоним ва унинг болаларига мен — оқсоқолдан салом! Мен сизларни чин дилдан яхши кўраман, менгина эмас, ҳақиқатни билиб олганларнинг ҳаммаси сизларни яхши кўради.

2 Бу севгига дилимиздан жой олган ва то абад биз билан бўладиган ҳақиқат асос бўлди.

3 Биз ҳақиқат ва севги бўйича яшар эканмиз, Отамиз Худо ва Отамизнинг Ўғли Исо Масиҳ берадиган иноят, марҳамат ва тинчлик бизга доим ёр бўлади.

Ҳақиқат ва меҳр–муҳаббат

4 Ҳурматли хоним, фарзандларингизнинг бир нечтаси Отамиз Худонинг бизга берган амрини бажариб, ҳақиқат йўлида юраётган эканлар. Мен бундан ғоят хурсанд бўлдим.

5 Сиздан бир илтимосим бор, бир–биримизни яхши кўрайлик. Сизга янги амрни ёзаётганим йўқ, бу амр бизга бошидан берилган.

6 Севги — биз Худонинг амрларига амал қилишимиздан иборат. Сизлар бу амрни бошидан эшитгансизлар ва унга амал қилиб яшашингиз керак.

7 Буларни ёдингизда тутинглар, чунки дунёда ёлғончилар кўпайиб кетган. Исо Масиҳ инсон бўлиб келганини улар тан олмайдилар. Уларнинг ҳар бири ёлғончи ва Масиҳнинг душманидир!

8 Шундай экан, огоҳ бўлинглар! Мукофотингизни тўлиқ олиш учун Масиҳга бўлган ҳақиқий имонингизни маҳкам тутинглар.

9 Масиҳ таълимотини ортда қолдириб, ўзича “жадаллаб кетган” одамда Худо йўқ. Масиҳ таълимоти бўйича яшаган одамда эса Ота ҳам, Ўғил ҳам бор.

10 Агар бирор киши олдингизга келиб, сизларга бошқача таълимотни ўргатса, уни уйингизга киритманглар, таклиф ҳам қилманглар.

11 Агар уни таклиф қиладиган бўлсангиз, унинг ёмон ишларига шерик бўлган ҳисобланасиз.

Хайрлашув

12 Сизларга айтадиган гапим кўп, аммо буларни сиёҳ билан қоғозга ёзишни истамадим. Ундан кўра, олдингизга бориб, сизлар билан юзма–юз гаплашаман, деб умид қиламан. Шунда шодлигимиз тугал бўлади.

13 Худо танлаб олган азиз синглингизнинг болалари сизларга салом йўллашяпти.