1 Юҳанно

1 Юҳанно

Муқаддима: Ҳаёт каломи

1 Бошидан аён бўлган Ҳаёт каломи ҳақида биз сизларга хабар бермоқчимиз. Кўриб эшитганларимизни, ҳа, ўз кўзимиз билан кўриб, ўз қўлларимиз билан пайпаслаб кўрганларимизни сизларга маълум қилмоқчимиз.

2 Отамиз Худонинг ҳузурида бўлган Ҳаёт бизга ошкор бўлди! Биз бу абадий Ҳаётни кўриб, энди У ҳақда сизларга шоҳидлик қиляпмиз.

3 Кўрган–эшитганларимизни маълум қилиш орқали сизлар билан биродар бўлиб яшамоқчимиз. Зеро, ўзимиз ҳам Отамиз Худо ва Унинг Ўғли Исо Масиҳ билан яшаяпмиз.

4 Буларни сизларга қалбимиз шодликка тўлсин деб, ёзяпмиз.

Нурда яшаш тўғрисида

5 Биз Исо Масиҳдан эшитиб, сизларга етказаётган Хушхабаримиз шундан иборат: Худо — нур, Унда ҳеч қандай зулмат йўқ.

6 Агар биз Худо билан яшаяпмиз деб туриб, олдингидай зулматда яшасак, ёлғон гапириб, ҳақиқатга хилоф иш қилган бўламиз.

7 Борди–ю, Худо сингари нурда яшасак, биз биродарларимиз билан уйғунликда яшаймиз ва Худо Ўз Ўғли Исонинг қони орқали бизни ҳар қандай гуноҳдан поклайди.

8 Агар гуноҳимиз йўқ десак, ўзимизни ўзимиз алдаган бўламиз ва бизда ҳақиқат бўлмайди.

9 Борди–ю, гуноҳларимизни эътироф этсак, содиқ ва адолатли бўлган Худо гуноҳларимизни кечириб, бизни ҳар қандай ёмонликдан фориғ қилади.

10 Агар гуноҳ қилганимиз йўқ десак, Худони ёлғончига чиқарган бўламиз. Демак, Унинг каломи қалбимиздан жой олмаган бўлади.

1 Азиз болаларим, гуноҳ қилманглар деб, мен сизларга шуларни ёзяпман. Борди–ю, бирортамиз гуноҳ қилиб қўйсак, Отамиз Худонинг олдида ҳомийимиз — Исо Масиҳ бор, У Солиҳ Зотдир.

2 У бизни гуноҳларимиздан поклаш учун қурбон бўлди. Нафақат бизнинг, балки бутун дунёнинг гуноҳлари учун қурбон бўлди.

Ҳақиқий имонлининг фазилатлари

3 Худони таниб–билганимизни шундан билсак бўлади: Худони таниб–билган одам Унинг амрларига риоя қилади.

4 Худони биламан деб туриб, Унинг амрларига риоя қилмаган эса ёлғончидир, унда ҳақиқат йўқ.

5 Худонинг каломига итоат қилган одамда эса Худонинг севгиси ўз мукаммал ифодасини топган. Биз Худо билан бирга эканимизни ана шундан билсак бўлади.

6 Мен Худо билан биргаман деган одам Исо Масиҳ яшагандай яшаши керак.

7 Эй азизларим, мен сизларга янги амрни эмас, балки бошидан ўзингизга маълум бўлган эски амрни ёзяпман. Бу эски амр сизлар эшитган Худонинг каломидир.

8 Аммо мен ёзаётган бу амрни янги десам ҳам бўлади, чунки бу амр Масиҳ ва сизлар орқали амал қилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, зулмат ўтиб бормоқда, ҳақиқий нур ҳозирданоқ порламоқда.

9 Мен нурда яшаяпман деб туриб, ўз биродаридан нафратланган одам ҳали ҳам зулматдадир.

10 Биродарини севган одам эса нурда яшайди ва ҳеч қандай нарса унинг қулашига сабаб бўла олмайди.

11 Аммо биродаридан нафратланган одам зулматдадир. У зулматда юриб, қаерга кетаётганини билмайди, чунки зулмат унинг кўзларини кўр қилган.

12 Азиз болаларим, сизларга ёзяпман: Масиҳ туфайли гуноҳларингиз кечирилди.

13 Эй оталар, сизларга ёзяпман: сизлар бошидан аён бўлган Масиҳни таниб–билдингизлар.

Эй йигитлар, сизларга ёзяпман: сизлар ёвуз шайтонни енгдингизлар.

Эй болажонлар, сизларга ёзяпман: сизлар Отамиз Худони билдингизлар.

14 Оталар, сизларга ёзяпман: сизлар бошидан аён бўлган Масиҳни таниб–билдингизлар.

Йигитлар, сизларга ёзяпман: сизлар бақувватсизлар, Худонинг каломи қалбингиздан жой олган, сизлар ёвуз шайтонни енгдингизлар.

Дунёга кўнгил боғламанглар

15 Дунёга ва ундаги нарсаларга кўнгил боғламанглар. Дунёни севган одамда Отамиз Худонинг севгиси бўлмайди.

16 Зеро, дунёдаги бор нарса — инсон табиатининг хоҳишлари, нафс ва бойлик билан мағрурланиш Отадан эмас, балки дунёдандир.

17 Дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетади. Худонинг иродасини бажарган одам эса абадий яшайди.

Масиҳ душманининг таълимоти ҳақида огоҳлантириш

18 Болажонларим, дунёнинг сўнгги дамлари келди! Масиҳнинг душмани келишини эшитгансизлар. Мана, ҳозирдан Масиҳнинг кўп душманлари пайдо бўлди. Ана шундан биз сўнгги дамларда яшаётганимизни биламиз.

19 Аслида, бу одамлар ўз орамиздан чиқдилар, аммо улар бизга тегишли бўлмаганлар. Шунинг учун бизни тарк этдилар. Агар бизга қарашли бўлганларида эди, биз билан қолган бўлар эдилар. Аммо чиқиб кетганларидан шуниси маълум бўлдики, биронтаси ҳам бизга қарашли эмас.

20 Сизлар эса ҳаммангиз ҳақиқатни биласизлар, чунки сизлар Исо Масиҳдан Муқаддас Руҳни қабул қилгансизлар.

21 Сизлар ҳақиқатни билмаганингиз учун эмас, аксинча, билганингиз учун мен буларни сизларга ёзяпман. Ёлғончилар ҳақиқатга мансуб эмаслигини ҳам эслатмоқчиман.

22 Исони Масиҳ эмас, дейдиган ҳар қандай одам — ёлғончи, у Масиҳнинг душманидир! У Отамиз Худони ҳам, Ўғилни ҳам рад этади.

23 Ўғилни рад этган одамда Ота йўқ. Ўғилни тан олган одамда эса, Ота ҳам бор.

24 Сизлар бошидан эшитган каломни қалбингизда сақланглар. Агар бошидан эшитган каломни қалбингизда сақласангиз, сизлар ҳам Ўғил, ҳам Ота билан бирга яшайсизлар.

25 Масиҳнинг Ўзи буни бизга ваъда қилган. Бу абадий ҳаётдир.

26 Сизларни йўлдан оздирмоқчи бўлган одамлардан эҳтиёт бўлинглар деб, буларни сизларга ёзяпман.

27 Аммо сизлар Исо Масиҳдан Муқаддас Руҳни қабул қилгансизлар. Муқаддас Руҳ ичингизда яшаётгани учун сизларга ҳеч кимнинг бирор нарса ўргатишига ҳожат йўқ. Муқаддас Руҳ сизларга ҳамма нарсани ўргатади, Унинг таълимоти сохта эмас, ҳақиқийдир. У сизларга ўргатганидек, Масиҳ билан яшашингиз керак.

Худонинг болалари ва иблиснинг болалари ҳақида

28 Ҳа, азиз болаларим, бу сўнгги дамларда Масиҳ билан яшанглар, токи У оламга келганда дадил бўлайлик, Унинг олдида уялиб қолмайлик.

29 Биз Масиҳнинг одил эканлигини биламиз. Шунинг учун адолатли иш тутган ҳар қандай одам Худонинг фарзанди эканлигига амин бўламиз.

1 Қаранглар, Отамиз Худо бизни фарзандларим деб, қандай буюк бир севгини кўрсатди! Ҳақиқатан ҳам, биз Унинг фарзандларимиз. Дунё Отамизни ҳеч қачон тан олмаган, шунинг учун бизни ҳам Худонинг фарзандлари деб тан олмаяпти.

2 Ҳа, азизларим, ҳозир биз Худонинг фарзандларимиз. Аммо келажакда ким бўлишимиз бизга ҳануз очилмаган. Фақат шуни биламизки, ўша пайт келганда, биз Худо сингари бўламиз, чунки Худонинг Ўзини кўрамиз.

3 Худога бундай умид боғлаган ҳар бир одам Исо Масиҳ сингари пок бўлиши учун ўзини поклайди.

4 Гуноҳ қилувчи ҳар қандай одам Худога қарши бош кўтарган бўлади, чунки гуноҳ Худога қарши бош кўтармоқ демакдир.

5 Масиҳ эса гуноҳларимизни ювиш учун келганини биласизлар. Унда гуноҳ йўқлиги ўзингизга аён.

6 Масиҳ билан яшаган ҳар бир одам гуноҳдан юз ўгиради. Гуноҳ қилиб юрган одам эса, Масиҳни кўрмаган ҳам, танимаган ҳам.

7 Азиз болаларим, ҳеч ким сизларни алдамасин. Адолатли иш қилувчи ҳар қандай одам худди Масиҳ сингари одилдир.

8 Гуноҳ қилувчи эса иблис зотидандир. Чунки иблис азалдан гуноҳ қилиб келяпти. Аммо Худонинг Ўғли иблиснинг ишларини барбод қилиш учун келди.

9 Худонинг болалари гуноҳ қилмайди, чунки Худонинг ҳаётбахш кучи уларнинг ичидадир. Улар Худонинг болалари бўлганлари учун гуноҳда яшамайдилар.

10 Адолатли иш қилмаган ва ўз биродарини севмаган одам эса Худодан эмас. Демак, иблис болалари билан Худо болаларининг фарқи ана шундадир.

Бир–биримизни яхши кўрайлик!

11 Сизлар бошидан эшитган калом шу: бир–биримизни яхши кўрайлик!

12 Ёвуз шайтон зоти бўлган Қобилга ўхшамайлик. У ўз укасини ўлдирганди. Нима учун укасини ўлдирди? Чунки унинг ишлари қабиҳ, укасининг ишлари эса тўғри эди.

13 Эй биродарларим, агар дунё сиздан нафратланаётган бўлса, ҳайратланманглар.

14 Биз ўлимдан ҳаётга ўтганимизни биламиз, чунки биродарларимизни севамиз. Биродарини севмаган одам эса ўлим исканжасида қолган.

15 Биродаридан нафратланган ҳар қандай киши қотилдир. Ҳеч бир қотил абадий ҳаётга эга бўлмаслигини биласизлар.

16 Масиҳ бизлар учун жонини фидо қилди, ана шундан биз ҳақиқий севгини билдик. Демак, биз ҳам биродарларимиз учун жонимизни фидо қилишга бурчлимиз.

17 Агар ўзимизга тўқ бўлиб туриб, муҳтожликда яшаётган биродаримизни кўрсак–у, унга ёрдам бермай юрагимизни тош қилсак, қандай қилиб бизда Худонинг севгиси жой олади?!

18 Азиз болаларим, биз ҳақиқий севгимизни қуруқ гап билан эмас, амалда кўрсатайлик.

19-20 Шунда биз ҳақиқат аҳли эканимизга ишонч ҳосил қиламиз. Ҳаттоки виждонимиз қийналганда ҳам “Худо ҳамма нарсани билади, У виждонимиздан ҳам улуғ” деган ҳақиқат билан Худонинг ҳузурида ўзимизни тинчлантира оламиз.

21 Агар виждонимиз бизни қийнамаса, эй азизларим, Худо олдида дадил бўламиз

22 ва Ундан нима сўрасак, У беради. Чунки биз Унинг амрларини бажариб, Унга манзур бўлган ишларни қиляпмиз.

23 Худонинг амри эса Унинг Ўғли Исо Масиҳга ишонишдан ва Масиҳ буюрганидек, бир–биримизни севишдан иборатдир.

24 Худонинг амрларини бажарган одам Худо билан бирга ва Худо у билан бирга яшайди. Худо биз билан яшаётганини У ҳар биримизга берган Руҳидан биламиз.

Руҳларни синовдан ўтказинг

1 Эй азизларим, менда Худонинг Руҳи бор деган ҳар қандай одамга ишониб кетаверманглар. Ҳар бир одамни синанглар, у Худодан ёки Худодан эмаслигини билинглар, чунки дунёда сохта пайғамбарлар кўпайиб кетган.

2 Одамда Худонинг Руҳи борлигини шундан билиб олсангиз бўлади: Исо Масиҳ инсон бўлиб келганини тан оладиган ҳар бир одам Худодандир.

3 Буни тан олмайдиган одам эса Худодан эмас. Бундай одамдаги руҳ Масиҳнинг душманида бўладиган руҳдир. Масиҳнинг душмани келиши ҳақида эшитгансизлар. Мана, унда бўладиган руҳ ҳозирданоқ шу дунёдадир.

4 Сизлар эса, азиз болаларим, Худодансизлар ва сохта пайғамбарларни енгдингизлар. Ахир, ичингиздаги Руҳ дунёдаги шайтондан устундир.

5 Ўша сохта пайғамбарлар бу дунёдан, уларнинг гапи ҳам бу дунёга тегишли, шунинг учун дунё уларга қулоқ солади.

6 Биз эса Худоданмиз. Худони таниган одам бизга қулоқ солади, Худодан бўлмаган эса қулоқ солмайди. Ҳақиқат Руҳи билан ёлғон руҳини биз ана шундан фарқлай оламиз.

Севги Худодандир

7 Эй азизларим, бир–биримизни яхши кўрайлик, чунки севги Худодандир. Севадиган ҳар бир одам Худонинг фарзандидир ва Худони билади.

8 Севмайдиган одам эса Худони ҳеч қачон билмаган. Ахир, Худо севгидир.

9 Худо бизга бўлган севгисини шундай намоён қилди: У бизга ҳаёт бериш учун ягона Ўғлини дунёга юборди.

10 Ҳақиқий севги — бизнинг Худога бўлган севгимиз эмас, балки Худонинг бизга кўрсатган севгисидир. Зеро, Худо бизни гуноҳларимиздан поклаш учун Ўз Ўғлини қурбон қилди.

11 Азизларим, Худо бизни шу қадар севгани учун биз ҳам бир–биримизни яхши кўришимиз керак.

12 Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас. Агар биз бир–биримизни яхши кўрсак, демак, Худо биз билан бирга ва Унинг севгиси бизда ўзининг мукаммал ифодасини топган.

13 Худо ҳар биримизга Ўз Руҳини берган. Шундан биламизки, Худо биз билан ва биз Худо билан бирга яшамоқдамиз.

14 Отамиз Худо Ўз Ўғлини дунёнинг Нажоткори қилиб юборганини биз кўрдик ва бу ҳақда гувоҳлик беряпмиз.

15 Исони Худонинг Ўғли деб тан олган ҳар бир одам Худо билан бирга яшайди ва Худо у билан бирга яшайди.

16 Худонинг бизга бўлган меҳр–муҳаббатини биз татиб кўриб, Худо бизни яхши кўришига ишонч ҳосил қилдик.

Худо севгидир. Севгини дилига жо қилган киши Худо билан бирга яшайди ва Худо у билан бирга яшайди.

17 Шу тариқа Унинг севгиси бизда мукаммал ифодасини топади. Шунда биз қиёмат кунини дадиллик билан қаршилаб оламиз, чунки ҳозирданоқ Масиҳ сингари, Худо билан бирга яшамоқдамиз.

18 Худонинг севгисини ардоқлаган киши қиёмат кунидан қўрқмайди, чунки қалбини тўлдирган Худонинг севгиси бу қўрқувни қувиб чиқаради. Қўрқоқ кишининг қалби эса Худонинг севгисига тўлмаган. Шунинг учун у қиёмат кунидан қўрқиб яшайди.

19 Биз севамиз, чунки Худо бизни биринчи бўлиб севди.

20 Агар бирор киши Худони севаман деса–ю, биродаридан нафратланса, у ёлғончидир. Кўриб турган биродарини сева олмаган одам кўрмаган Худони ҳам сева олмайди.

21 Худони севган одам биродарини ҳам яхши кўриши керак! Бу амрни бизга Худо берган.

1 Исонинг Масиҳ эканлигига ишонган ҳар бир киши Худонинг фарзандидир. Ким Отани яхши кўрса, Унинг фарзандларини ҳам яхши кўради.

2 Биз биламизки, Худони севиб, Унинг амрларини бажарсак, Худонинг фарзандларини ҳам яхши кўрган бўламиз.

3 Худони севиш Унинг амрларини бажариш демакдир. Худонинг амрлари эса қийин эмас,

4 чунки Худонинг ҳар бир фарзанди дунёни енгишга қодир.

Исога бўлган имонимиз дунёни енгади

Биз имонимиз орқали дунё устидан ғалаба қозонамиз.

5 Ҳа, Исо Худонинг Ўғли эканлигига ишонган одамгина дунёни енга олади!

6 Исо Масиҳ келганда сувга чўмдирилиб, биз учун Ўз қонини тўкди. У сувга чўмиш билан чекланибгина қолмай, Ўз қонини тўкди. Муқаддас Руҳнинг Ўзи бу ҳақда гувоҳлик беряпти ва Унинг гувоҳлиги ҳақиқатдир.

7 Шундай қилиб, бунга учта гувоҳ бор:

8 Руҳ, сув ва қон. Улар бир хил гувоҳлик беришяпти.

9 Биз инсонларнинг гувоҳлигини қабул қиламиз, Худонинг гувоҳлиги эса ундан қанчалар муҳимроқ. Худо ҳам Ўз Ўғли ҳақида гувоҳлик берди.

10 Худонинг Ўғлига ишонган одам Худонинг гувоҳлигини чин дилдан қабул қилган бўлади. Худога ишонмаган одам эса Худони ёлғончига чиқаради, чунки у Худонинг Ўз Ўғли ҳақида берган гувоҳлигига ишонмайди.

11 Худонинг гувоҳлиги шундан иборат: Худо бизга абадий ҳаёт берди ва бу абадий ҳаётнинг манбаи Худонинг Ўғли Исодир.

12 Ким Худонинг Ўғлига эга бўлса, ҳаётга эгадир. Худонинг Ўғлига эга бўлмаган одамда эса ҳаёт йўқ.

Хотима

13 Эй Худонинг Ўғлига ишонганлар, сизлар абадий ҳаётга эгасизлар. Шуни билиб олинглар деб, сизларга бу мактубни ёзяпман.

14 Биз абадий ҳаётга эга бўлганимиз учун Худонинг ҳузурида дадил бўламиз, чунки Худонинг иродасига кўра, нимани сўрасак, У бизга қулоқ тутишини биламиз.

15 Худо ибодатларимизга қулоқ тутар экан, демак, ибодатларимизга жавоб олганимизга тўлиқ ишонч ҳосил қиламиз.

16 Агар бирор киши биродарининг гуноҳ қилаётганини кўрса–ю, бу гуноҳ абадий ўлимга сабаб бўлмаса, у учун ибодат қилсин. Унинг ибодати туфайли Худо гуноҳ қилган одамга ҳаёт бағишлайди. Мен гуноҳи абадий ўлимга сабаб бўлмайдиган одамни назарда тутяпман. Абадий ўлимга сабаб бўладиган гуноҳ ҳам бор. Бундай гуноҳга қўл урган одамлар учун ибодат қилинглар, деб айтмаяпман.

17 Ҳар қандай ёмонлик гуноҳдир, аммо ҳамма гуноҳ ҳам абадий ўлимга сабаб бўлавермайди.

18 Худонинг фарзанди бўлган одам гуноҳ қилмаслигини биламиз, чунки Худо бундай одамни Ўз паноҳида асрайди. Ёвуз шайтон унга бирор зарар етказа олмайди.

19 Биз Худодан эканимизни, бутун дунё эса ёвуз шайтон чангалида эканини биламиз.

20 Яна шуни биламизки, Худонинг Ўғли келиб, ҳақ Худони таниб–билишимиз учун бизга ақл–идрок берди. Биз Исо Масиҳ билан бирга яшар эканмиз, ҳақ Худо билан ҳам бирга яшаймиз. Исо Масиҳ ҳақ Худодир ва абадий ҳаёт манбаидир.

21 Азиз болаларим, ўзларингизни бутлардан сақланглар.