2 Тимўтий
Дуойи салом
1-2 Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен — Павлусдан севимли ўғлим Тимўтийга салом! Худо абадий ҳаётни эълон қилишим учун мени юборди. У ваъда қилган бу ҳаётга Исо Масиҳга бўлган имон орқали эришилади. Ўғлим Тимўтий, сенга Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ иноят, марҳамат ва тинчлик ато қилсин.
Исо Масиҳга содиқ қолишга даъват
3 Тимўтий, борингга шукур! Мен, ота–боболарим каби, Худога виждонан хизмат қилиб, кечаю кундуз сен учун ибодат қиламан.
4 Сени жуда соғинганман, кўз ёш тўкканларинг ҳамон ёдимда. Қанийди, дийдорингни кўрсам–у, қалбим қувончга тўлса, дейман.
5 Сенинг самимий имонингни доим эслайман. Аввалдан бувинг Лоида ҳамда онанг Эвника ўз қалбларига жо этган ўша имон энди сенда ҳам равнақ топаётганига аминман.
6 Шу сабабдан, ёдингда бўлсин: мен устингга қўлларимни қўйиб дуо қилганимда, сен Худодан Муқаддас Руҳни инъом қилиб олгансан. Ичингдаги ўша Муқаддас Руҳ инъомини алангалатиб тур.
7 Зеро, Худо берган Руҳ қалбимизга қўрқув солмайди, аксинча, бизга куч, муҳаббат ва ақли расоликни ато қилади.
8 Шундай экан, Раббимиз Исо ҳақида шоҳидлик беришдан ор қилма, мен Раббимиз туфайли занжирбанд бўлганимдан ҳам уялма. Мендан ибрат олиб, Хушхабар туфайли азоб чекишга тайёр тургин, бунинг учун Худонинг берган кучига таянгин.
9 Ахир, Худо бизга нажот берди, Хушхабар айтиш каби муқаддас хизматга бизни даъват этди. Бунга бизнинг савоб ишларимиз эмас, аксинча, Худонинг мурод–мақсадию инояти сабаб бўлди. Худо азалданоқ Исо Масиҳ орқали бизга иноят кўрсатишга қарор қилган эди.
10 Мана энди бу иноят нажоткоримиз Исо Масиҳнинг оламга келиши билан яққол намоён бўлди. Масиҳ ўлим кучини йўқ қилди. У мангу ҳаётга элтувчи йўлни бизга Хушхабар орқали ёритиб берди.
11 Худо мени бу Хушхабарни турли халқларга етказувчи воиз, ҳаворий ва муаллим қилиб тайинлади.
12 Шу сабабдан ҳам бу азобларни тортяпман. Бироқ мен бундан ор қилмайман, чунки Кимга эътиқод қилганимни яхши биламан. Ишончим комилки, Худо менга топширган Хушхабарни қиёмат кунигача Унинг Ўзи тўлиғича сақлашга қодир.
13 Сен мендан эшитган бу соғлом таълимотдан намуна олгин, уни асрагин. Исо Масиҳга тегишли бўлган инсон сифатида имон ва муҳаббатга тўла ҳаёт кечиргин.
14 Сенга ишониб топширилган бу эзгу таълимотни ичимизда яшаётган Муқаддас Руҳ ёрдамида авайлаб–асрагин.
15 Асия вилоятидаги барча биродарлар, шу жумладан, Фигелус билан Ҳермогенес мендан юз ўгирганларини биласан.
16 Онисифорус барака топсин, Раббимиз Исо унинг хонадонига марҳамат қилсин. Онисифорус бир неча марта келиб, менинг кўнглимни кўтарди. Занжирбандлигимдан ор қилмай,
17 Римга келиши биланоқ, мени астойдил қидириб, охири топди.
18 У менга Эфес шаҳрида ҳам қанчалар хизмат қилганини ўзинг яхши биласан. Ё Раббим Исо, қиёмат кунида Ўз марҳаматингни Онисифорусдан дариғ тутмагин!
Масиҳ туфайли азобларга дош бериш ҳақида
1 Тимўтий ўғлим, бардам бўл. Бунинг учун Исо Масиҳ орқали кўрсатилган Худонинг иноятига таянгин.
2 Сен кўп шоҳидлар ҳузурида Хушхабар ҳақида таълим берганимни эшитгансан. Энди бу таълимотни бошқаларга ҳам ўргатишга қобилияти бор, ишончли одамларга топширгин.
3 Исо Масиҳнинг яхши бир аскари каби, мен билан бирга азоб чекишга тайёр тургин.
4 Ҳарбий хизматдаги аскар тирикчилик ишлари билан банд бўлмайди, чунки қўмондонини мамнун қилишни истайди.
5 Шунингдек, мусобақада қатнашган киши қоидага риоя қилмаса, ғалаба тожини киймайди.
6 Меҳнат қилган деҳқон олган ҳосилидан биринчи бўлиб баҳраманд бўлиши лозим.
7 Айтганларим ҳақида мулоҳаза қил, буларни тушуниб олишингга Раббимиз Исо сенга ёрдам беради.
8 Довуд наслидан бўлган Исо Масиҳ ўликдан тирилганини доимо ёдингда тут! Мен тарғиб қилаётган Хушхабар шудир!
9 Ана шу Хушхабар учун мен азобларга дучор бўляпман, ҳатто жиноятчидай занжирбанд қилиндим. Аммо Худонинг каломини занжирлаб бўлмайди!
10 Шундай экан, Худонинг танлаган одамлари Исо Масиҳ берган нажотдан баҳраманд бўлсинлар, абадий улуғворликка эришсинлар деб, мен ҳамма нарсага чидаб келяпман.
11 Қуйидаги гап тўғри ва асослидир:
“Агар биз Масиҳ билан бирга ўлган бўлсак,
У билан бирга ҳам яшаймиз.
12 Агар қийинчиликларга чидасак,
У билан бирга ҳукмронлик қиламиз.
Борди–ю, Уни рад этсак,
У ҳам бизни рад этади.
13 Содиқ бўлмасак ҳам,
Масиҳ содиқ бўлиб қолаверади,
Ахир, У Ўз табиатига қарши чиқа олмайди.”
Ҳақиқатга содиқ қолиш ҳақида
14 Бу гапларни имонлиларга эслатиб тур, уларга Худонинг номидан қатъий буюр: майда–чуйда гаплар юзасидан баҳслашмасинлар. Бундай баҳслар бефойда, тингловчиларга фақат зарар етказади, холос.
15 Худонинг олдида ёруғ юз билан тура олишинг учун астойдил меҳнат қил. Ўз ишидан уялмайдиган, ҳақиқат каломини тўғри ўргатадиган хизматчи бўлгин.
16 Худодан узоқлаштирадиган қуруқ гаплардан қоч. Бундай гапларга берилган одамлар тобора бетавфиқ бўлиб боради.
17 Уларнинг бу таълимоти ўлат каби ёйилади. Мана, Хуманаёс билан Филитус ҳам шундай одамлар жумласидан.
18 Улар тўғри йўлдан озганлар. Биз аллақачон ўликдан тирилдик, деб баъзиларни имонидан қайтаряптилар.
19 Аммо Худо асос солган пойдевор мустаҳкам турибди. Бу пойдевор устига шундай сўзлар битилган: “Эгамиз Ўзиникиларни билади” ва “Эгамизнинг номини тилга олган ҳар бир одам ёмонликдан узоқлашсин.”
20 Катта бир уйда нафақат олтин ва кумуш идишлар, балки ёғоч ва сопол идишлар ҳам бор. Олтин ва кумуш идишлар хўжайинга шараф келтиради, қадрсиз идишлар эса унинг обрўйини тўкади.
21 Ким ўзини мен айтган ёмонликлардан покласа, Эгаси учун шараф келтирадиган идишдай бўлади. Бундай одам Эгасига хизмат қилишга бағишланган, ҳар бир яхши иш қилишга тайёр бўлади.
22 Ўғлим, ёшлик эҳтиросларидан қоч. Чин юракдан Раббимиз Исога илтижо қилган одамлар билан бирга солиҳлик, имон, меҳр–муҳаббат ва тинчлик пайида бўлгин.
23 Аҳмоқона, бемаъни баҳслардан узоқлаш. Ўзинг биласан–ку, булар фақат жанжал келтириб чиқаради.
24 Раббимиз Исонинг қули эса жанжалкаш бўлмаслиги керак. Аксинча, у ҳаммага меҳрибон, таълим беришга қобилиятли, сабр–тоқатли бўлиши лозим.
25 У ўз рақибларини мулойимлик билан йўлга солсин. Ким билсин, балки Худо уларни тавбага олиб келар?! Шунда улар ҳақиқатни билиб,
26 ўзларига келарлар, иблиснинг тузоғидан қутулиб қоларлар. Ахир, иблис уларни асир қилиб, ўзига тобе қилиб олган.
Охирги кунлар ҳақида
1 Шуни билгинки, охирги кунларда оғир вақтлар келади.
2 Ўша пайтда одамлар фақат ўзини ўйлайдиган, пулпараст, мақтанчоқ, такаббур, сўкинадиган, ота–онага итоат қилмайдиган, нонкўр, диёнатсиз,
3 тош юрак, гиначи, туҳматчи, нафсини тия олмайдиган, ваҳший, яхшиликдан ҳазар қиладиган,
4 хоин, бебош, босар–тусарини билмайдиган бўладилар. Улар Худони эмас, айш–ишратни яхши кўрадилар.
5 Ўзларини художўй қилиб кўрсатадилар–у, аммо ҳақиқий имондан юз ўгирадилар. Сен бундай одамлардан узоқлаш.
6 Улар атрофдагиларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, уйларига кириб оладилар. Турли ҳирсу ҳавасларга берилган, гуноҳларидан виждони қийналиб юрган нодон аёлларнинг дилини овлайдилар.
7 Қачон қарама, бундай аёллар янги таълимотлар пайида бўладилар, ҳақиқатни эса тан олмайдилар.
8 Яннис ва Ямбрис Мусога қандай қарши турган бўлсалар, бу одамлар ҳам ҳақиқатга худди шундай қарши турадилар. Аммо фикри бузуқ, имони сохта бу одамлар
9 узоққа бормайдилар. Улар Яннис билан Ямбриснинг ҳолига тушадилар, уларнинг ақлсизлиги ҳаммага маълум бўлади.
Имонда содиқ қолишга даъват
10 Сен эса, Тимўтий, таълимотимга риоя қилдинг, турмуш тарзим, мурод–мақсадим, имоним, сабр–тоқатим, меҳр–муҳаббатим ва саботимдан намуна олдинг.
11 Хушхабар туфайли чеккан азоб–уқубатларимни ўзинг биласан. Антиохия, Икония ва Листра шаҳарларида қувғин бўлганим ҳақида эшитгансан. Ҳа, мен қаттиқ қувғинларни бошдан кечирдим! Аммо Раббим Исо буларнинг ҳаммасига қарамай, жонимни омон сақлади.
12 Дарҳақиқат, Исо Масиҳ йўлида тақводор ҳаёт кечирган ҳар бир одам қувғинга учрайди.
13 Аммо фосиқ ва маккор одамлар тобора разиллашиб бораверади. Улар бошқаларни алдайдилар, ўзлари ҳам алданадилар.
14 Сен эса, ўзинг олган ва қаттиқ ишонган таълимотингга содиқ қол. Чунки бу таълимотни сенга ўргатган устозларнинг ибратомуз ҳаётини ўзинг кўргансан.
15 Болалигингданоқ Муқаддас битикларни ўргангансан. Бу битиклар инсонга донолик ато қилади, Исо Масиҳга бўлган ишонч орқали уни нажотга эриштиради.
16 Муқаддас битикларнинг ҳаммаси илоҳий илҳом билан ёзилган бўлиб, таълим ва танбеҳ бериш, хатоларни тузатиш ва солиҳлик йўлида тарбия бериш учун фойдалидир.
17 Битиклардаги ўгитлар бўйича яшаган Худонинг қули ҳар қандай яхши иш қилишга қобил бўлиб, тайёр туради.
Тимўтийга қатъий буйруқ
1 Худо ҳузурида ҳамда тиригу ўликларни ҳукм қиладиган Исо Масиҳ ҳузурида, Унинг келиши ва ҳукмронлиги ҳақи, сенга қатъий буюраман:
2 Худонинг каломини тарғиб қил. “Ҳозир бунинг вақтими, вақти эмасми?” демай, уни астойдил эълон қил. Одамларга таълим бериб, уларни тўғри йўлга сол, танбеҳ бер, насиҳат қил. Ҳаммасини сабр–тоқат билан бажар.
3 Чунки шундай вақт келадики, одамлар соғлом таълимотга тоқат қилмайдиган бўладилар, улар атрофига ўзларига мос, қулоқларига ёқимли сўзлар айтадиган муаллимлар тўплайдилар.
4 Улар ҳақиқатдан юз ўгириб, афсоналарга берилиб кетадилар.
5 Аммо сен ҳар қандай шароитда ақл билан иш тут, азобларга чида, Хушхабарни тарғиб қил, ўз хизматингни тўлиқ бажаргин.
6 Мен ҳадемай бу дунёдан ўтиб кетаман, жоним Худога қурбон.
7 Мен улуғ курашда жанг қилдим, зиммамдаги вазифани охирига етказдим, Хушхабарга содиқ қолдим.
8 Мени солиҳлик тожи кутмоқда. Одил Ҳакам — Раббимиз Исо келган кунда ўша тожни менга Ўзи беради. Бундай тож фақат менга эмас, балки Унинг келишини интизорлик билан кутаётганларнинг ҳаммасига насиб бўлади.
Павлуснинг Тимўтийга сўнгги кўрсатмалари
9 Менинг олдимга тезроқ келишга ҳаракат қил.
10 Чунки Димас бу дунёга кўнгил боғлаб, мени тарк этди. У Салоника шаҳрига кетди. Крискес Галатия вилоятига, Титус Далматия вилоятига кетди. Ёнимда фақат Луқо бор.
11 Маркни ўзинг билан бирга олиб кел, у хизматимда менга ёрдам беради.
12 Мен Тихикусни Эфес шаҳрига юбордим.
13 Келаётганингда ўзинг билан тўнимни олиб кел, мен уни Троас шаҳридаги Карпусникида қолдирганман. Қўлёзмаларни ҳам, айниқса, чармга ёзилганларини олиб кел.
14 Темирчи Искандар менга кўп ёмонлик қилди. Раббимиз Исо уни қилмишига яраша жазолайди.
15 Сен Искандардан эҳтиёт бўл, чунки у бизнинг таълимотимизга қаттиқ қаршилик кўрсатди.
16 Мени биринчи марта маҳкамага олиб боришганда, ҳеч ким мени ёқламади. Ҳамма мени ташлаб кетди. Худо бу айбни уларнинг бўйнига қўймасин!
17 Аммо Раббим Исо ёнимда турди, Хушхабарни тўлиғича барча халқларга етказишим учун Унинг Ўзи менга куч берди. У мени ўлим чангалидан қутқарди.
18 Раббим мени бундан кейин ҳам ҳар қандай ёмонликдан халос қилади ва Ўзининг самовий Шоҳлигига соғ–саломат етказади. Унга абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.
Сўнгги саломлар
19 Прискилла билан Акилга ва Онисифоруснинг хонадонига салом айтиб қўй.
20 Эрастус Коринф шаҳрида қолди. Трофимус эса касал бўлгани учун, уни Милейтус шаҳрида қолдирдим.
21 Қиш бошланмасдан олдин келишга ҳаракат қил. Эбулус, Пудес, Линус, Клавдия ва бу ердаги ҳамма имонлилар сенга салом йўллаяптилар.
22 Раббимиз Исо сенга ҳамроҳ бўлсин. Унинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин.