Титус

Титус

Дуойи салом

1 Худонинг қули ва Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен — Павлусдан салом! Худонинг танланган одамлари имонда собит бўлсинлар ва художўйликка чорловчи ҳақиқатни билиб олсинлар деб, Худо мени бу хизматга тайинлади.

2 Ҳаворий сифатида мен уларни абадий ҳаётдан умидвор бўлишга даъват этаман. Зеро, Худо абадий ҳаётни азалданоқ ваъда қилган. У ҳеч қачон ёлғон ваъдалар бермайди.

3 Белгиланган пайтда Худо абадий ҳаётга чорловчи Хушхабарни бизнинг воизлигимиз орқали аён этди. Нажоткоримиз Худо бу Хушхабарни менга топшириб, уни эълон қилишимни буюрди.

4 Қадрдоним Титус, бизнинг эътиқодимиз бир, сен менга ўз ўғлимдай бўлиб қолгансан. Отамиз Худо ва нажоткоримиз Исо Масиҳ сенга иноят ва тинчлик ато қилсин.

Титуснинг Крит оролидаги вазифалари

5 Қолган ишларни битиришинг учун мен сени Крит оролида қолдирган эдим. Сенга буюрганимдек, оролнинг ҳар бир шаҳридаги имонлилар жамоати устидан оқсоқоллар тайинлагин.

6 Жамоат оқсоқоли яхши ном чиқарган бўлиши шарт. У ўз хотинига вафодор бўлсин. Унинг фарзандлари имонли бўлиб, шалоқлик ва итоатсизлик айбидан холи бўлишсин.

7 Зеро, жамоат етакчиси Худонинг хонадонини бошқарувчи сифатида камчиликсиз бўлиши лозим, яъни у такаббур, жаҳлдор, майхўр, зўравон ёки пулпараст эмас,

8 балки меҳмондўст, яхшиликни севадиган, вазмин, одил, оқ кўнгил ва нафсини тийган одам бўлсин.

9 Ҳақиқатга ўргатилган, Хушхабар ақидаларига қатъий риоя қиладиган инсон бўлсин. Шунда у бошқаларга ҳам соғлом таълимот билан насиҳат қила олади, қаршилик қилувчиларни эса фош эта олади.

10 Ахир, ҳеч кимга итоат қилмайдиган, қуруқ гап сотадиган ёлғончи биродарлар бор, айниқса суннатлилар орасида бундайлар кўп.

11 Уларнинг сафсаталарини тўхтатиш керак. Зеро, улар пул ишлаш ниятида сохта таълимотлар ўргатиб, бутун оилаларни тўғри йўлдан оздирмоқдалар.

12 Мана, улардан чиққан бир мутафаккир ўз юртдошлари ҳақида шундай деган:

“Критликлар доимо ёлғон гапиришади,

Улар ебтўймас дангасалардир,

Гўёки йиртқич ҳайвонлардир.”

13 Бу гапда жон бор. Шунинг учун бебошларга қаттиқ танбеҳ бер, токи улар ҳақ имонга қайтсинлар.

14 Яҳудийларнинг афсоналарига ва ҳақиқатдан юз ўгирган одамларнинг кўрсатмаларига қулоқ солмасинлар.

15 Қалби пок одамлар учун ҳамма нарса ҳалолдир. Бузуқ ва имонсизларнинг назарида эса ҳамма нарса ҳаромдир. Бундайларнинг ақли ҳам, виждони ҳам булғанган.

16 Улар, Худони биламиз, дейдилар–у, ўз қилмишлари билан Уни инкор этадилар. Бундай қабиҳ, ўзбошимча одамлар ҳеч бир хайрли ишга ярамайдилар.

Жамоатдаги ёшу қариларга ва қулларга насиҳатлар

1 Титус, сен соғлом таълимот асосида насиҳат қил.

2 Ёши катта эркакларга айт: улар майхўрликка берилмаган, ҳурматга сазовор, вазмин, имонда мустаҳкам, меҳрибон ва сабр–тоқатли бўлсинлар.

3 Ёши катта аёлларга ҳам тайинла, улар шарафли ҳаёт кечирсинлар. Ғийбат қилмасинлар, майхўрликка ружу қўймасинлар. Ҳар қандай хайрли ишда ибрат кўрсатиб,

4 келинларга панд–насиҳат қилсинлар, уларга ўз эрлари ва фарзандларини севишни,

5 вазмин, иффатли, рўзғорга жонкуяр, меҳрибон, эрларига бўйсунадиган бўлишни ўргатсинлар. Шунда ҳеч ким Худонинг каломини ёмонламайди.

6 Йигитларни ҳам босиқ бўлишга ундагин.

7 Ҳар бир ишда юриш–туришинг билан ўзинг уларга ўрнак бўлгин. Таълим берганингда самимий ва жиддий бўл.

8 Тўғри таълим бергин, шунда танқиднинг олдини олган бўласан ва рақибларимиз биз ҳақимизда ёмон сўз айтолмай, уятга қоладилар.

9 Қулларга ўргат, улар доим ўз хўжайинларига итоат этиб, уларни мамнун қилсинлар. Гап қайтармасинлар,

10 ўғрилик қилмасинлар, ҳар қандай вазиятда тўғри йўл тутиб, ишончга сазовор бўлсинлар. Шунда қуллар хулқ–атвори билан нажоткоримиз Худо ҳақидаги таълимотнинг тенги йўқ гўзаллигини намоён этадилар.

11 Зеро, Худо бутун инсониятга нажот йўлини очиб бериб, Ўз иноятини кўрсатди.

12-13 Бу иноят орқали Худо бизга шуни ўргатадики, биз худосиз ҳаётдан ва дунёвий орзу–эҳтирослардан воз кечишимиз керак. Ахир, бизнинг ажойиб умидимиз бор: биз нажоткоримиз Исо Масиҳнинг келишига ва буюк Худонинг улуғворлигини кўришга умид боғлаганмиз. Масиҳнинг келишини кутар эканмиз, бу ўткинчи ҳаётимизда нафсни тийишимиз, тўғри ва тақводор ҳаёт кечиришимиз лозим.

14 Ахир, Исо Масиҳ бизни барча иллатларимиздан халос қилиш учун Ўз жонини фидо қилди. У бизни поклаб, Ўзига тегишли бўлган, яхшилик қилишга бағишланган азиз бир халқ қилди.

15 Айтганларимнинг ҳаммасини сен жамоатдагиларга ўргат. Худо берган ҳокимият билан уларга насиҳат қил, танбеҳ бер. Сени биронтаси камситишига йўл қўйма.

Хайрли ишларга бел боғланг

1 Сен жамоатдагиларга эслатиб тур: улар давлат бошлиқларию ҳокимларга бўйсунсинлар, итоат этиб, ҳар қандай хайрли ишга тайёр бўлсинлар.

2 Ҳеч кимни ёмонламасинлар, жанжаллашмасинлар, бошқаларга нисбатан доим мулойим ва меҳрибон бўлсинлар.

3 Бир вақтлар бизлар ҳам фаҳмсиз, итоатсиз, адашган одамлар эдик, ҳар хил завқу эҳтиросларнинг қули бўлиб, гина–кудурат ва ҳасадгўйлик билан кун кечирардик, бир–биримиздан нафратланадиган разил одамлар эдик.

4 Аммо нажоткоримиз Худо бизга бўлган эзгулиги ва меҳр–муҳаббатини кўрсатди.

5 Савоб ишларимиз туфайли эмас, балки Ўзининг раҳм–шафқати туфайли У бизни қутқарди. Муқаддас Руҳ орқали гуноҳларимизни ювди, бизни янгидан туғдириб, янги ҳаёт ато этди.

6 Нажоткоримиз Исо Масиҳ орқали Худо бизнинг устимизга Муқаддас Руҳини мўл–кўл қилиб ёғдирди.

7 Биз Исонинг инояти билан оқландик, энди абадий ҳаётга умид боғлаб, Худо ваъда қилган баракалардан баҳраманд бўла оламиз.

8 Бу гапларнинг ҳаммаси тўғри ва асослидир.

Ушбу таълимотнинг фойдаси катта. Жамоатдагиларга яхшилаб уқтир, улар ўргатганларимнинг ҳаммасига риоя қилсинлар. Худога ишонганлар хайрли ишларга астойдил бел боғласинлар.

9 Сен эса аҳмоқона баҳслардан, шажаралар ҳамда Таврот қонунлари борасидаги мунозараю жанжаллардан ўзингни олиб қоч. Булар фойдасиз ва беҳудадир.

10 Орангизга низо уруғини сепаётган одамни бир–икки марта огоҳлантир, агар гапингга кирмаса, у билан алоқани уз.

11 Ўзинг биласан–ку, бундай одамнинг фикри бузуқ. Унинг қилаётган гуноҳлари ўзини маҳкум этади.

Сўнгги кўрсатмалар ва саломлар

12 Артемас ёки Тихикусни сенинг ёнингга юборганимдан кейин, Никополис шаҳрига, менинг олдимга тезроқ келишга ҳаракат қил. Чунки мен қишни шу ерда ўтказишга қарор қилдим.

13 Қўлингиздан келганча қонуншунос Зинас ва Аполлосга ёрдам қилинглар, сафарга чиқишлари учун керакли ҳамма нарсани уларга бекаму кўст қилиб етказиб беринглар.

14 Токи жамоатдагилар ҳам хайрли ишларга астойдил бел боғлашга одатлансинлар, бошқаларнинг зарурий эҳтиёжларини қондирсинлар, шунда ҳаётлари самарасиз бўлмайди.

15 Ёнимдагиларнинг ҳаммаси сенга салом йўллаяптилар. Бизни яхши кўрадиган имондаги биродарларимизга салом айтгин.

Худонинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин.