2 Бутрус
Дуойи салом
1 Исо Масиҳнинг қули ва ҳаворийси мен — Шимўн Бутрусдан биз каби қадрли бир имонга эга бўлган биродарларга салом! Худойимиз ва нажоткоримиз Исо Масиҳ одил бўлгани учун ҳаммамизга бирдай барака берган.
2 Сизлар Худони ва Раббимиз Исони таниб–билар экансиз, Худонинг чексиз инояти ва тинчлиги доим сизларга ёр бўлсин.
Масиҳнинг даъватига муносиб бўлинглар
3 Раббимиз Исо Ўз улуғворлиги ва эзгулиги ила бизни даъват этиб, Ўзини бизга танитди. Энди биз Худога муносиб ҳаёт кечира оламиз, чунки Раббимиз илоҳий қудрати билан бизга зарур бўлган барча фазилатларни ато этди.
4 Масиҳнинг шарофати билан биз Худо ваъда қилган баракаларни олдик. Энди сизлар бузғунчи эҳтирослар дастидан авж олган бу дунёнинг ахлоқсизлигидан қочиб, Худонинг илоҳий табиатидан баҳраманд бўла оласизлар.
5 Буларни ёдингизда тутиб, Худога муносиб ҳаёт кечириш учун жон куйдиринглар. Имонингизни фазлу камолот, илму маърифат,
6 вазминлик, сабр–тоқат, диёнат,
7 биродарларингизга бўлган меҳр–оқибат ва тугал муҳаббат билан бойитинглар.
8 Агар бу хислатларга эга бўлиб, уларни камол топтираётган бўлсангиз, демак, Раббимиз Исо Масиҳни ҳақиқатан таниб–билган бўласиз. Кунларингиз беҳуда ўтмаган бўлади, Масиҳни билганингиз ҳаётингизда ўз самарасини беради.
9 Бу хислатларга эга бўлмаганлар эса калтабин ва кўрдирлар, улар аввалги гуноҳларидан покланганини унутганлар.
10 Шундай экан, эй биродарларим, Масиҳ сизларни танлаганини ва даъват этганини тасдиқлашга астойдил ҳаракат қилинглар. Айтилган хислатларга эга бўлсангиз, имондан қайтмайсизлар.
11 Шунда Раббимиз ва нажоткоримиз Исо Масиҳ сизларга Ўзининг абадий Шоҳлиги эшикларини кенг очиб беради.
12 Сизлар айтганларимнинг ҳаммасини биласизлар, ўзларингиз Масиҳ ҳақида ўрганган ҳақиқатда собит турибсизлар. Шунга қарамай, буларни сизларга доимо эслатиб туришни хоҳлайман.
13 Тирик эканман, буларни ёдингизга солиб туришни канда қилмайман. Бу мен учун фарз,
14 чунки ҳадемай бу оламдан кўз юмишимни биламан. Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзи буни менга маълум қилган.
15 Бу дунёдан ўтиб кетганимдан кейин ҳам, сизлар айтганларимни эсда сақланглар, деб мен бу мавзуни қўлимдан келганча батафсил ёритиб беришга ҳаракат қилдим.
Масиҳнинг келиши афсона эмас
16 Раббимиз Исо Масиҳнинг куч–қудрат билан келиши афсона эмас. Биз сизларга ўргатган бу таълимотни ўзимиз тўқиб чиқармадик. Ахир, Масиҳнинг улуғворлигини ўз кўзимиз билан кўрган эдик.
17-18 Отамиз Худо муқаддас тоғда Масиҳни шон–шараф ила юксалтирганда, биз ўша ерда эдик. Маҳобатли ва улуғвор Худонинг самодан: “Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман”, — деган овозини эшитган эдик.
19 Бундан ташқари, биз пайғамбарларнинг башоратларига тўлиқ ишонамиз. Сизлар ҳам уларнинг сўзларига диққат этсангизлар, яхши қилган бўласизлар. Зеро, бу сўзлар Масиҳ келадиган кунгача сизлар учун гўё зулматда нур сочиб турган чироқдай бўлади. Сўнг Масиҳнинг Ўзи келади. Унинг келиши тонг юлдузи каби бўлиб, янги замоннинг бошланишидан дарак беради, Масиҳнинг нури қалбларингизни ёритади.
20 Энг аввало, шуни билингларки, Муқаддас битиклардаги башоратларнинг ҳеч бири пайғамбарларнинг шахсий талқини эмас.
21 Ҳеч бир ҳақиқий пайғамбар ўзининг инсоний хоҳиши билан башорат қилган эмас. Бу пайғамбарлар Муқаддас Руҳ томонидан бошқарилиб, Худонинг сўзларини гапирганлар.
Сохта устозларнинг гуноҳи ва жазоси
1 Исроил халқи орасида сохта пайғамбарлар бўлгани каби, сизларнинг орангизда ҳам сохта устозлар бўлади. Улар найранг ишлатиб, орангизда ҳалокатли бидъатлар тарқатадилар. Ҳатто уларнинг жонларини сотиб олган Хўжайинини ҳам рад этиб, бу билан ўзларини муқаррар кулфатга йўлиқтирадилар.
2 Кўп одамлар уларга тақлид қилиб, ахлоқсиз ҳаёт кечирадилар. Уларнинг дастидан имонсизлар ҳақиқат йўлини ёмонлайдилар.
3 Бу тамагир устозлар тўқиб чиқарган гаплари билан сизларни йўлдан оздирадилар, сўнг пулингизни шилиб оладилар. Аммо Худо бундай одамларни анча олдин ўлимга маҳкум қилиб қўйган. У мудрамайди, уларнинг ҳалокатини кечиктирмайди.
4 Худо ҳатто гуноҳ қилган фаришталарни ҳам аямаган. Қиёмат кунигача уларни тубсиз чуқурликдаги зулматга занжирбанд қилиб қўйган.
5 Худо қадимги дунёни ҳам аямай, бетавфиқлар устига тўфон келтирди. У фақат солиҳлик жарчиси бўлган Нуҳни ва бошқа етти кишини омон сақлади.
6 Худо Садўм ва Ғамўра шаҳарларини ҳалокатга маҳкум этди. Худосизларга сабоқ бўлсин деб, бу шаҳарларни куйдириб кул қилди.
7 Бебош одамларнинг ўтакетган ахлоқсизликларидан азоб чеккан солиҳ Лутни эса қутқарди.
8 Ўша халқ орасида яшаган бу солиҳ одам ҳар куни уларнинг қабиҳ ишларини кўриб эшитгани учун ичидан эзилиб қийналар эди.
9 Бу мисоллар қуйидагиларни англатади: Эгамиз тақводорларни кулфатлардан қутқара олади, бетавфиқларни эса қиёмат кунидаги азоблар учун сақлайди.
10 Айниқса, шаҳвоний ҳирсга берилиб, ўз танасини булғатувчи, илоҳий ҳокимиятни эса рад қилувчи одамларни У жазолайди.
Дарвоқе, орангиздаги сохта устозлар ҳам илоҳий ҳокимиятни рад қиляптилар, улар сурбет ва такаббурдирлар. Улар самовий мавжудотлардан қўрқмайдилар, уларни назарга ҳам илмайдилар.
11 Фаришталар ўша ёвуз мавжудотлардан кучлироқ ва қудратлироқ бўлишларига қарамай, Эгамизнинг ҳузурида мавжудотларни ҳақоратламайдилар, ҳукм ҳам қилмайдилар.
12 Аммо бу сохта устозлар ёввойи ҳайвонларга ўхшайдилар, улар фақат туғма ҳис–туйғуларига берилиб яшайдилар. Ўзлари англаб етмайдиган ёвуз мавжудотларни менсимай юрибдилар. Бироқ улар ўша мавжудотлар билан бирга ҳалок бўладилар, ҳайвонлар сингари овланиб, йўқ қилинадилар.
13 Сохта устозларнинг қилган ноҳақликлари ўзларининг бошига етади. Ахир, улар куппа–кундузи айш–ишрат қилишни хуш кўрадилар, жамоатингиз шаънига доғ туширадилар. Сизлар таом ейиш учун бирга йиғилганингизда, Раббимиз Исони хотирлаш учун нон синдирганингизда, улар орангизда ўтириб, кайфу сафо қиладилар. Бузуқлиги билан бошқаларни йўлдан урадилар.
14 Кўзлари доимо шаҳват билан ёнади, гуноҳ қилиб тўймайдилар. Улар имонда суст кишиларни овлаб, йўлдан оздирадилар. Бу сохта устозлар истаган нарсасини ундириб олишга устаси фарангдирлар. Эҳ, лаънатга учрагурлар!
15 Улар тўғри йўлни тарк этдилар, Бавўр ўғли Балом йўлидан бориб, гумроҳ бўлдилар. Балом ҳаром йўл билан пул топишни хуш кўрганди.
16 Лекин бу гуноҳи учун таъзирини еди. Тилсиз эшак тилга кириб, инсон овози билан пайғамбарнинг аҳмоқлигига чек қўйди.
17 Бу сохта устозлар бамисоли сувсиз қудуқдирлар, шамолда тез ғойиб бўладиган туман кабидирлар. Улар учун тим қоронғи зулмат тайёрлаб қўйилган.
18 Чунки улар нотўғри йўлдан зўрға қочиб қутулган имонлиларни яна ахлоқсизлик домига тортадилар. Дабдабали, аммо тентаксимон гаплари билан уларни авраб, нафсларини қўзғатадилар.
19 Уларга: “Эркин бўласизлар”, дея ваъда берадилар, ҳолбуки, ўзлари гуноҳ қулидирлар. Ахир, одам нимадан енгилса, ўшанинг қули бўлар, деб бежиз айтилмаган.
20 Раббимизу нажоткоримиз бўлган Исо Масиҳни таниб, дунёнинг қабоҳатларидан қочиб қутулган одамлар яна эски қилиқларига қайтиб, қабиҳликка мағлуб бўлишса, уларнинг сўнгги аҳволи олдингидан ҳам баттар бўлади.
21 Солиҳлик йўлини билгандан кейин, уларга топширилган муқаддас амрлардан юз ўгиргандан кўра, бу йўлни ҳеч билмагани ўзлари учун яхшироқ бўлар эди.
22 Бундай одамларга мана шу мақол айнан тўғри келади:
“Ит ўз қусуғига қайтар,
Ювилган чўчқа эса балчиққа.”
Исонинг оламга келиши муқаррардир
1 Эй азизларим, бу менинг сизларга ёзаётган иккинчи мактубимдир. Иккала мактубимда ҳам сизларда пок фикр уйғотишга ҳаракат қилиб, ўрганганларингизни ёдингизга солмоқчи бўлдим.
2 Хусусан, Муқаддас пайғамбарларнинг ўтмишда айтган сўзларини, шунингдек, Раббимиз ва нажоткоримиз Исонинг амрларини эслашингизни истадим. Раббимиз Исо бу амрларни олдингизга борган ҳаворийлар орқали берган.
3 Аввало, шуни билинглар: охирги кунларда шундай мазахчилар бўладики, улар чиркин эҳтиросларига берилиб яшайдилар. Сизларни мазах қилиб,
4 шундай дейдилар: “Раббимиз Исо келаман деб, сўз берган эди. Қани У?! Мана, ота–боболаримиз дунёдан ўтиб кетганларидан бери, ҳеч нарса ўзгармади. Дунё бино бўлганидан бери, ҳамма нарса шундайлигича турибди.”
5 Улар ҳақиқатни рад этганлари учун шундай гапирадилар, азалда Худо еру осмонни Ўз каломи орқали яратганини улар инобатга олмайдилар. Ўшанда Худо еру осмонни сувлар орасидан пайдо қилганди.
6 Сўнг эса Ўз каломи орқали қадимги дунёни ўша сувлар гирдобига чўктирганди.
7 Ҳозирги еру осмонни эса Худо Ўз каломи билан қиёмат кунигача асраб турибди. Қиёмат куни У ҳозирги дунёни оловга ем қилиб, барча бетавфиқларни ҳалок этади.
8 Эй азизларим, Раббимиз Исонинг назарида бир кун минг йил ва минг йил бир кун кабидир, буни доим инобатга олинглар.
9 Баъзилар Раббимиз келмаяпти, берган ваъдасини бажаришга У кечикяпти, деб ўйламоқда. Аслида ундай эмас, У сабр–тоқат қиляпти, чунки ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамай, ҳамманинг тавба қилишини хоҳлаяпти.
10 Аслида, Раббимиз Исо, ўғри келгандай, ногаҳон келиб қолади. Ўша куни осмон гувиллаб ёниб, ғойиб бўлади, самовий жисмлар олов тафтидан куйиб кетади, шунда ер ва унда қилинган ҳар бир иш очиқдан–очиқ ошкор бўлиб, ҳукм этилади.
11 Қиёмат куни бутун борлиқ ёниб, йўқ бўлиб кетар экан, сизлар Худони мамнун қилишга жон куйдиринглар! Муқаддас ҳаёт кечиришга жон–жаҳдингиз билан ҳаракат қилинглар.
12 Худонинг кунини интизорлик билан кутинглар, унинг келишини тезлаштиринглар! Ўша куни осмон ёниб, йўқ бўлади, самовий жисмлар олов тафтидан эриб кетади.
13 Шундан сўнг Худонинг ваъдаси амалга ошиб, ҳамма нарса янгиланади. Ҳа, биз янги еру осмонга, адолат ҳукм сурадиган дунёга кўз тикканмиз.
Далда ва огоҳлантириш
14 Эй азизларим, сизлар янги дунёни кутар экансиз, Худо назарида бенуқсон ва беғубор бўлишга, У билан тотув яшашга жон куйдиринглар.
15 Раббимиз Исонинг сабр–тоқатини нажот учун имконият деб билинглар. Азиз биродаримиз Павлус ҳам Худонинг берган донолиги билан сизларга муқаддас ҳаёт ва Раббимизнинг келиши ҳақида ёзган.
16 Павлус барча мактубларида булар ҳақида фикр юритган. Унинг мактубларидаги тушуниш қийин бўлган баъзи парчаларни уқувсиз ва имони суст кишилар бузиб талқин қиладилар. Муқаддас битикларнинг бошқа жойларини ҳам бузиб ўргатадиган бу кишилар ўз бошини ўзи ейдилар.
17 Эй азизларим, сизлар буларнинг ҳаммасини олдиндан биласизлар. Эҳтиёт бўлинглар, бу бебош одамларнинг сохта таълимотига ишониб йўлдан озманглар, қарорингизда собит бўлинглар.
18 Ўз ҳаётингиз билан Худони мамнун этинглар, Раббимиз ва нажоткоримиз Исо Масиҳни янада яқинроқ таниб–билинглар. Ҳозирдан то абад Унга шон–шарафлар бўлсин! Омин.