1 Салоникаликлар

1 Салоникаликлар

Дуойи салом

1 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳнинг Салоника шаҳридаги имонлилар жамоатига Павлус, Силас ва Тимўтийдан салом! Худонинг инояти ва тинчлиги сизларга ёр бўлсин.

Салоникаликларнинг ҳаёти ва имони

2 Биз доим сизлар учун ибодат қилиб, ҳаммангиз учун Худога шукурлар айтамиз.

3 Имон ва севги билан қилган ишларингиз учун, Раббимиз Исо Масиҳга боғлаган собит умидингиз учун доимо Отамиз Худога миннатдорчилигимизни билдирамиз.

4 Эй Худо севган биродарларимиз, Худо сизларни танлаб олганини биламиз.

5 Ахир, биз Хушхабарни сизларга қуруқ сўзлар билан эмас, балки тўлиқ ишонч ва Муқаддас Руҳнинг қудрати билан келтирдик. Орангизда бўлганимизда, сизларнинг манфаатингизни кўзлаб, қандай яшаганимизни биласиз.

6 Сизлар биздан ва Раббимиз Исодан ўрнак олдингиз. Ахир, кўп азоб–уқубат чекканингизга қарамай, Муқаддас Руҳ берадиган қувонч билан Худонинг сўзини қабул қилдингиз.

7 Шундай қилиб, Македония ва Ахая вилоятларидаги барча имонлиларга ўрнак бўлдингиз.

8 Раббимизнинг каломи сизлардан фақатгина Македония ва Ахаяга ёйилиб қолмади, балки сизларнинг Худога бўлган имонингиз ҳамма жойда маълум бўлди. Шунинг учун энди бизнинг бирор нарса гапиришимизга ҳожат қолмади.

9 Бизни яхши қабул қилганингиз ҳақида, барҳаёт ва ҳақиқий Худога хизмат қилайлик, дея бутлардан юз ўгириб, Худога юз бурганингиз ҳақида ҳамма гапиряпти.

10 Худонинг Ўғли Исонинг самодан тушишини кутаётганингиз ҳақида ҳам гапиряптилар. Худо Ўз Ўғли Исони тирилтирган, Исо бизни келажакда Худонинг ғазабидан қутқаради.

Павлуснинг Салоникада қилган ишлари

1 Биродарлар, ўзларингиз биласиз, сизларнинг олдингизга келганимиз беҳуда бўлмади.

2 Яна ўзингизга маълумки, биз Филиппи шаҳрида кўп азоб чеккандик, ҳақоратларга учрагандик. Аммо кўп қаршиликларга қарамай, Худонинг Хушхабарини сизга айтдик, чунки Худонинг Ўзи бизга жасорат берган эди.

3 Биз сизларга таълим берганимизда, бизда на хатолик, на нопок ният, на бирон ҳийла бор эди.

4 Ахир, Худо Хушхабарни бизга ишониб топширди, уни етказиш учун бизни лойиқ топди. Шундай экан, биз инсонларни мамнун қилайлик деб эмас, балки юракларимизни текширадиган Худони мамнун қилайлик, дея таълим берамиз.

5 Ўзларингиз биласиз, биз ҳеч қачон тилёғламалик қилмадик, тамагирлик ниятида гапирмадик. Худонинг Ўзи бунга шоҳид.

6 Биз ҳеч кимнинг — сизларнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам мақтовига сазовор бўлайлик деб, иш қилмадик.

7 Масиҳнинг ҳаворийлари сифатида биз сизларнинг олдингизга талаблар қўйишимиз мумкин эди. Аммо биз сизларга болаларини ардоқлаган эмизикли онадай меҳрибон бўлдик.

8 Сизларга жуда қаттиқ кўнгил боғлаган эдик. Шунинг учун сизларга Худонинг Хушхабарини айтибгина қолмадик, балки юрагимиздан ҳам жой бердик. Чунки сизлар бизга жуда азиз бўлиб қолгандингиз.

9 Эй биродарлар, машаққат билан меҳнат қилганимиз ёдингизда бўлса керак. Сизларга Худонинг Хушхабарини айтаётганимизда ҳеч бирингизга юк бўлмайлик, дея кечаю кундуз ишладик.

10 Сиз — имонлилар билан бўлган муносабатимизда қандай покдил, солиҳ ва бенуқсон бўлганимизга ўзингиз ҳам, Худо ҳам гувоҳ.

11 Яна ўзингиз биласизки, ота фарзандига қандай муомала қилса, биз ҳам ҳар бирингизга шундай муомалада бўлдик.

12 Сизларга далда бердик, юпатдик. Худони мамнун қиладиган ҳаёт кечиринг, деб сизларга ёлвордик. Ахир, У сизларни Ўз Шоҳлигига ва улуғворлигига чорлаяпти.

13 Биз тинмай Худога шукур қилишимизнинг сабаби ҳам шудир. Биздан Худонинг каломини эшитганингизда, буни инсон сўзи сифатида эмас, балки Худонинг каломи сифатида қабул қилдингиз. Бу калом ҳақиқатан Худонинг каломидир. Сиз, имонлиларда бу калом ўз таъсирини кўрсатяпти.

14 Эй биродарлар, сизлар Худонинг Исо Масиҳга тегишли бўлган Яҳудия ўлкасидаги жамоатларидай бўлдингиз. Улар яҳудийлардан қандай азоб чеккан бўлсалар, сизлар ҳам ўз юртдошларингиз томонидан шундай азобларга йўлиқдингиз.

15-16 Яҳудийлар пайғамбарларни ва Раббимиз Исони ўлдиришган. Бизни ҳам қувғин қилишди. Ғайрияҳудийларга нажот Хушхабарини етказишимизга ҳам тўсқинлик қиляптилар. Улар Худони мамнун қилмаяптилар, барча инсонларга қарши чиқяптилар. Мана шу ишлари орқали яҳудийларнинг гуноҳлари авжига чиқди. Ва ниҳоят, Худонинг ғазаби уларнинг бошига тушди.

Павлус Салоника жамоатини бориб кўриш истагида

17 Эй биродарлар, энди биз дилимиз билан бўлмаса–да, вужудимиз билан қисқа бир муддатга сизлардан айрилдик. Аммо сизларни жуда соғиниб, дийдорингизни кўришга жон–жаҳдимиз билан ҳаракат қилдик.

18 Ҳа, биз қайта–қайта сизнинг олдингизга бормоқчи бўлдик. Айниқса мен, Павлус, боришни жуда хоҳлагандим, лекин шайтон бунга йўл қўймади.

19 Ахир, бизнинг умидимиз ва қувончимиз ким?! Раббимиз Исо келганда, Унинг олдида фахр тожимиз сизлар эмасми?!

20 Ҳа, сизлар бизнинг шарафимиз ва қувончимизсиз!

1-3

Охири чидай олмай, укамиз Тимўтийни олдингизга юборишга қарор қилдик. Ўзимиз эса Афина шаҳрида қолдик. Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни тарғиб этишдаги Худонинг хизматида Тимўтий бизнинг ҳамкоримиздир. Азоб–уқубатлар туфайли йўлдан тоймаслигингиз учун Тимўтий сизларни имонда мустаҳкамлаб, далда берсин, дедик. Қийинчиликларга учрашимиз пешанамизга ёзилганини ўзингиз биласиз–ку!

4

Ахир, азоб–уқубатларга учраймиз, деб олдингизда бўлганимизда сизларни огоҳлантиргандик. Мана, биз айтганимиздек бўлди.

5

Шунинг учун ортиқча сабр қила олмай, имонингиз ҳақида билиб келсин деб, Тимўтийни юбордим. Шайтон сизларни васвасага солиб, ишимизни бекор қилган бўлса керак, деб қўрққан эдим.

6

Мана, Тимўтий сизларнинг олдингиздан қайтиб келди. Бизга сизларнинг имонингиз ва севгингиз ҳақида яхши хабар олиб келди. Биз сизларни соғинганимиздек, сизлар ҳам бизни соғиниб қолибсиз. Бизни яхши сўзлар билан эслар экансиз. Тимўтий буларни бизга айтиб берди.

7

Шундай қилиб, биродарлар, қийинчиликлар ва азоб–уқубатларда бўлсак ҳам, сизларнинг имонингиз ҳақида эшитиб, анча тасалли топдик.

8

Раббимиз Исога бўлган имонингиз қатъий экан, энди биз енгил нафас олиб яшаймиз.

9

Сизлар туфайли биз Худо олдида қувончга тўлиб юрибмиз. Шундай экан, қандай қилиб Худога ўз миннатдорчилигимизни билдирмай тура оламиз?!

10

Сизлар билан яна дийдор кўришайлик, имонингизга имон қўшайлик деб, кечаю кундуз жон–жаҳдимиз билан ибодат қиляпмиз.

11

Отамиз Худонинг Ўзи ва Раббимиз Исо сизларнинг олдингизга боришимиз учун йўл очсин.

12

Сизга бўлган меҳримиз тўлиб–тошгани каби, Раббимиз сизларнинг ҳам бир–бирингизга ва бошқа ҳаммага бўлган меҳр–муҳаббатингизга қалбингизни тўлдириб–тоширсин.

13

Шунда қалбларингиз собит бўлади, Раббимиз Исо Ўз фаришталари билан келганда, сизлар Отамиз Худо олдида айбсиз ва пок тура оласизлар.

Худони мамнун қиладиган ҳаёт кечиринг

1 Хуллас, эй биродарлар, сизлар Худони мамнун қилиб яшашни биздан ўргандингиз. Ҳа, шу тарзда яшаяпсиз ҳам. Аммо Раббимиз Исо номидан сизларга ёлворамиз, Худони янада кўпроқ мамнун қилишга астойдил ҳаракат қилаверинг.

2 Раббимиз Исо бизга берган ваколат билан сизларга қандай йўл–йўриқ кўрсатганимизни биласиз.

3 Сизларнинг муқаддас бўлишингиз Худонинг иродасидир. Шунинг учун жинсий ахлоқсизлик қилманг.

4 Ҳар бирингиз муқаддаслик ва иззат–ҳурматга лойиқ тарзда ўзингизни тута билишингиз керак.

5 Худони билмаган бутпарастлардай шаҳвоний ҳирсга қул бўлманг.

6 Жинсий ҳаёт тарзига келганда, ўз биродарларингизнинг ишончини суиистеъмол қилманг, уларга хиёнат қилманг. Бундай қилганларни Эгамиз жазолайди. Биз сизларга бу ҳақда олдиндан айтиб, қаттиқ огоҳлантирганмиз.

7 Худо бизни ҳаром йўлдан юришга эмас, балки муқаддас бўлиб яшашга чақирди.

8 Шундай экан, ким мана шу таълимни рад этса, инсонларни эмас, сизларга Ўз Муқаддас Руҳини берадиган Худони рад қилган бўлади.

9 Ўзаро муҳаббат ҳақида эса сизларга ёзишнинг ҳожати йўқ, чунки бир–бирингизни яхши кўришни сизлар Худодан ўргангансизлар.

10 Зотан, сизлар Македония ҳудуди бўйлаб яшовчи барча биродарларингизга ҳам шундай муносабатда бўляпсизлар. Лекин шунга қарамай, уларни янада кўпроқ яхши кўринг, деб ундаймиз.

11 Сизларга айтганимиздай, осойишта ҳаёт кечиришни, ўз ишингиз билан машғул бўлишни, қўлларингиз меҳнати билан тирикчилик қилишни ўз олдингизга мақсад қилиб қўйинг.

12 Шунда Раббимиз Исога ишонмайдиганларнинг иззат–ҳурматини қозонасиз ва бошқаларнинг қўлига қараб қолмайсиз.

Раббимиз Исонинг келиши

13 Биродарлар, умидсиз яшаётган бошқа одамлар каби, қайғуга тўлманг деб, бу оламдан ўтганлар ҳақидаги ҳақиқатни сизларга билдиришни хоҳлаймиз.

14 Биз Исонинг ўлиб, тирилганига ишонамиз. Шундай экан, Исога ишонган ҳолда ҳаётдан кўз юмган имонлиларни ҳам Худо тирилтириб, Ўз олдига олиб кетишига аминмиз. Бу воқеа Исо келганда юз беради.

15 Раббимиз Исонинг таълимоти бўйича сизларга айтамизки, ўша пайтда биз — ҳали тирик бўлганлар ўлган биродарларимиздан олдин эмас, балки улар билан бирга Исони қаршилаб оламиз.

16 Зотан, Раббимиз Исо Масиҳ буюк бир садо, бош фариштанинг овози ва Худонинг карнайи садоси остида самодан тушиб келганда, биринчи бўлиб Унга ишонган ҳолда ўлганлар тирилади.

17 Сўнг биз — ҳали тирик бўлганлар ҳавода Раббимизни қаршилаб олиш учун улар билан бирга булутларда кўтариламиз. Шундай қилиб, ҳаммамиз Раббимиз билан абадий бирга бўламиз.

18 Шунинг учун мана шу сўзлар билан бир–бирингизга далда беринг.

Раббимиз Исо Масиҳнинг келишига тайёр бўлинг

1 Биродарлар, булар қачон, қайси пайт содир бўлиши ҳақида сизларга ёзишимизнинг ҳожати йўқ.

2 Ахир, Раббимиз Исо, кечаси ўғри тушгандай, ногаҳон келишини ўзингиз биласиз–ку!

3 Ҳомиладор аёлнинг тўлғоқ оғриқлари кутилмаганда келгандай, одамлар: “Ҳамма ёқ тинч, осойишта”, деб юрганларида, бирданига бошларига ҳалокат тушади. Улар қочиб қутула олмайдилар.

4 Бироқ, биродарлар, сизлар зулматда юрмайсизларки, бу кун ўғрига ўхшаб, кутилмаганда келиб, сизларни ҳайратда қолдирса!

5 Сизлар ёруғликда яшайсиз, ҳаммангиз кундуз кунга тегишлисиз. Ахир, биз зулматга, тунга тегишли эмасмиз.

6 Шунинг учун бошқаларга ўхшаб ухлаб қолмайлик. Биз уйғоқ, ҳушёр бўлишимиз керак.

7 Чунки ухлайдиганлар кечаси ухлайди, ичкиликка берилганлар ҳам кечаси ичади.

8 Биз эса кундуз кунга тегишли эканмиз, келинглар, имон ва севги совутини, бошимизга нажот умиди дубулғасини кийиб, ҳушёр турайлик.

9 Чунки Худо бизни ғазабга учрасин деб эмас, балки Раббимиз Исо Масиҳ орқали нажот топишимиз учун тайинлади.

10 Биз тирик бўлсак ҳам, ҳаётдан кўз юмсак ҳам, У билан бирга яшашимиз учун Раббимиз Исо биз учун ўлди.

11 Шунинг учун ҳам ҳозир қилаётганингиздек, бундан кейин ҳам бир–бирингизга далда бериб, куч ва ғайрат бағишланг.

Сўнгги йўл–йўриқлар

12 Биродарлар, сизлардан ўтинамиз: орангизда ишлаб, Раббимиз Исонинг йўлида сизларга етакчилик қилаётган, йўл–йўриқ кўрсатаётганларни ҳурмат қилинг.

13 Қилаётган ишлари учун уларни севиб, эъзозланг. Бир–бирингиз билан тинч–тотув яшанг.

14 Эй биродарлар, сизлардан ўтиниб сўраймиз: ишёқмасларни огоҳлантиринг, журъатсизларга далда беринг, заифларга ёрдам кўрсатинг, ҳаммага сабр–тоқатли бўлинг.

15 Ҳеч бирингиз ёмонликка ёмонлик қайтарманг, балки ҳар доим бир–бирингизга ва ҳаммага яхшилик қилишга интилинг.

16 Ҳамиша хурсанд бўлиб юринглар.

17 Тинмай ибодат қилинглар.

18 Ҳар қандай шароитда ҳам Худога шукур қилинглар, чунки сизлар, яъни Исо Масиҳга имон келтирганлар учун Худонинг иродаси шудир.

19 Муқаддас Руҳнинг ўтини сўндирманглар.

20 Башоратларни камситманглар.

21 Ҳаммасини текшириб кўринглар. Яхшиликни маҳкам тутиб,

22 ҳар қандай ёмонликдан қочинглар.

23 Тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи сизларни бутунлай покласин. Раббимиз Исо Масиҳ келгунча, бутун руҳингиз, жонингиз ва танангиз бенуқсон сақлансин.

24 Сизларни даъват қилган Худо садоқатлидир, У ҳар доим Ўз айтганини бажаради.

25 Биродарлар, биз учун ибодат қилинг.

26 Ҳамма биродарлар билан ўпишиб кўришинглар.

27 Раббимиз номи билан сизларга буюраман, мана шу хатни барча биродарларга ўқиб беринглар.

28 Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин.