2 Салоникаликлар
Дуойи салом
1 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳнинг Салоника шаҳридаги имонлилар жамоатига Павлус, Силас ва Тимўтийдан салом!
2 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.
Исо Масиҳ келганда бўладиган ҳукм
3 Биродарлар, сизлар учун ҳар доим Худога шукр қилишни бурч деб биламиз. Шундай қилишимиз жуда ўринли, чунки сизларнинг имонингиз кундан–кунга ўсиб боряпти, бир–бирингизга ва бошқа ҳаммага меҳр–муҳаббатингиз ошяпти.
4 Шунинг учун биз Худонинг жамоатлари олдида сизлар билан фахрланамиз. Ахир, сизлар қувғинлару азоб–уқубатларга сабр–тоқат ва имон билан бардош беряпсиз.
5 Худонинг Шоҳлиги йўлида азоб чекяпсиз, шундай экан, Худо сизларни Ўз Шоҳлигига лойиқ топиб, унга эриштиради. Оқибатда эса Унинг одил ҳукми ҳаммага аён бўлади.6 Ҳа, Худо одилдир, сизларни азоблаганларга У азоб беради.
7-8 Азоб чекаётган сизларга эса Ўз тинчлигини ато қилади, сизлар қатори бизга ҳам тинчлигини беради. Буларнинг ҳаммаси Раббимиз Исо Ўзининг қудратли фаришталари билан, ловуллаб турган аланга ичида, кўкдан зоҳир бўлганда рўй беради. Худони рад этганларни ва Ўзи ҳақидаги Хушхабарга қулоқ солмаганларни Исо Масиҳ жазолайди.
9 Ўша одамлар Раббимиз Исонинг ҳузури ва қудратли улуғворлигидан айрилиб, абадий ҳалокат жазосини оладилар.
10 Ўша куни Раббимизни Унинг муқаддас халқи улуғлайди. Унга ишонган ҳамма одамлар Уни мадҳ қилади. Сизлар ҳам ўша инсонларнинг қаторига кирасиз, чунки биз айтган хабарга ишондингиз.
11 Шундай экан, Худойимиз сизни Ўз чақириғига лойиқ деб топсин, Ўз қудрати билан сизларнинг барча яхши ниятларингизни рўёбга чиқарсин, имон билан қилган ишларингизни амалга оширсин, деб биз доим сизлар учун ибодат қиламиз.
12 Раббимиз Исонинг номи орангизда улуғлансин, сизлар эса Худойимиз ва Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти билан У орқали улуғланинглар, деб ибодат қиламиз.
Қабиҳ одам
1 Раббимиз Исо Масиҳнинг келиши ва бизнинг У билан бирга бўладиган кунимиз ҳақида қуйидагиларни айтсак: биродарлар, сизлардан ўтиниб сўраймиз,
2 Раббимиз келибди деган гаплар бошингизни айлантирмасин, сизларни хавотирга солмасин. Эҳтимол, бундай гаплар башорат орқали, бирор хабар ёки худди биз ёзган хатга ўхшаш бир хат орқали келиб чиққандир.
3 Ҳеч ким сизларни ҳеч қандай усул билан алдамасин. Кўпчилик Худога қарши бош кўтармагунча ва қабиҳ одам келмагунча, ўша кун келмайди. Ўша одам ҳалокатга маҳкум қилинган.
4 У ҳар қандай “худо” деб аталган ва сажда қилинган нарсага қарши чиқиб, ўзини улардан устун қўяди. Ҳаттоки, Худонинг Маъбадида ўтириб олиб, ўзини худо деб атайди.
5 Сизлар билан бўлганимда шуларни айтганим эсингизда йўқми?
6 Ўша қабиҳ одамни ҳозир нима тутиб турганини ўзингиз биласиз. Бу одам белгиланган вақтда зоҳир бўлади.
7 Ҳа, қабиҳликнинг яширин кучи аллақачон ишга тушган. Бироқ бир зот бу кучни тийиб турибди. Ўша зот олиб ташлангандан кейин,
8 қабиҳ одам ошкор қилинади. Уни Раббимиз Исо бир нафас билан ҳалок қилади. Раббимиз келганда, Ўз улуғворлигининг ёрқинлиги билан уни йўқ қилиб ташлайди.
9 Ўша қабиҳ одам шайтоннинг кучи билан келади. Қудратини кўрсатиб, ҳар хил мўъжизаю ажойиботлар қилади.
10 Ҳалок бўлаётганларни турли макр–ҳийлалар билан алдайди. Улар нажот берадиган ҳақиқатни рад қилганлари учун, уни севмаганлари учун ҳалок бўляптилар.
11 Мана шунинг учун Худо уларни адаштирадиган бир кучга топшириб қўяди. Шунда улар ёлғонларга ишониб юраверадилар.
12 Натижада, ҳақиқатга ишонмай, ёвузликдан завқ топганларнинг ҳаммаси ҳукм қилинади.
Имонингиз қатъий бўлсин
13 Эй Эгамиз севган биродарлар! Сизлар учун ҳар доим Худога шукр қилишни бурч деб биламиз. Ахир, Муқаддас Руҳ кучи билан поклансин ва ҳақиқатга ишонсин деб, Худо сизларни бошиданоқ нажот учун танлаган эди.
14 Раббимиз Исо Масиҳнинг улуғворлигидан баҳраманд бўлишингиз учун биз айтган Хушхабар орқали Худо сизларни чақирди.
15 Шунинг учун, эй биродарлар, имонингиз қатъий бўлсин. Биз гапларимиз ва хатларимиз орқали сизларга ўргатган ҳақиқатни маҳкам тутинглар.
16 Бизни севадиган, Ўз инояти билан бизга тенгсиз жасорат ва барқарор умид берган Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзи
17 сизларга далда берсин, ҳар бир қилган яхши ишингиз ва сўзингизда сизларга куч ато қилсин.
Биз учун ибодат қилинглар
1 Эй биродарлар, хатимиз ҳам ниҳоясига етиб қолди. Биз учун ибодат қилинглар, худди сизларнинг орангизда бўлгани каби, Раббимиз Исо ҳақидаги Хушхабар тарқалаверсин ва иззат–ҳурмат билан қабул қилинсин.
2 Худо бизни ёмон ва ёвуз одамлардан қутқариши учун ҳам ибодат қилинглар, чунки ҳамма ҳам имонли эмас.
3 Аммо Раббимиз Исо садоқатлидир. У сизларни кучга тўлдириб, ёвуз шайтондан ҳимоя қилади.
4 Сиз ҳақингизда Раббимиз бизда ишонч ҳосил қилди. Биз аминмизки, буюрганларимизни бажаряпсизлар ва бажаришда давом этасизлар.
5 Раббимиз Исо Масиҳ юракларингизни Унга содиқ бўлишга ва Худони севишга йўналтирсин.
Ишлаган тишлайди
6 Биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ номи билан сизларга буюрамиз: дангасалик қилаётган, биз берган таълимотларга кўра яшамаётган биродарлардан узоқроқ юринг.
7 Биздан қандай ўрнак олишингиз кераклигини ўзингиз биласиз. Сизларнинг орангизда бўлганимизда дангасалик қилмадик.
8 Бировнинг нонини бекорга емадик. Аксинча, бошқаларга оғирлигимиз тушмасин деб, кечаю кундуз ишладик. Машаққат билан меҳнат қилдик.
9 Албатта, сизлардан бирор нарса талаб қилишга ҳақимиз йўқлиги учун эмас, балки сизларга намуна бўлиш учун шундай қилдик.
10 Ахир, сизлар билан бўлганимизда: “Ишламаган тишламайди!” деб айтган эдик–ку!
11 Эшитишимизча, баъзи бирларингиз ялқовлик қилаётган экансиз. Бошқаларнинг ишларига аралашишдан бошқа нарсани билмас эмишсиз.
12 Мана шундай одамларга Исо Масиҳ номи билан буюриб айтамизки, тинчгина ўз ишларингиз билан машғул бўлинг, нонни пешана терингиз билан топиб енг.
13 Сизлар эса, биродарлар, ҳеч қачон яхшилик қилишдан чарчаманглар.
14 Ушбу хатимиздаги йўл–йўриқларга қулоқ солмаганларни кўз остингизга олиб қўйинг. Бундай одамларни уялтириш учун улар билан алоқада бўлманг.
15 Уларни душман ҳисобламанг, балки биродар сифатида огоҳлантиринг.
Хотима
16 Тинчлик манбаи бўлган Раббимиз Исонинг Ўзи сизларга ҳар доим ва ҳар йўсинда тинчлик берсин. Раббимиз ҳаммангизга ёр бўлсин.
17 Мен, Павлус, мана шу мактубнинг якунини ўз қўлим билан ёзяпман. Ҳар бир ёзган мактубимнинг ўзига хос белгиси шудир.
18 Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин!