Закариё
Эгамиз халқини Ўзига қайтишга ундайди
1 Шоҳ Доро ҳукмронлигининг иккинчи йили саккизинчи ойида Йиддонинг набираси — Бархиёнинг ўғли Закариё пайғамбарга Эгамиз Ўз сўзини аён қилди.
2-3 Эгамиз унга қуйидаги хабарни халққа етказишни буюрди:
Эгамиз ота–боболарингиздан қаттиқ ғазабланган эди. Энди Сарвари Олам шундай айтмоқда:
— Менга қайтинглар, — демоқда Сарвари Олам. — Шунда Мен ҳам сизларга қайтаман, — дейди Сарвари Олам.
4 Ота–боболарингизга ўхшаган бўлманглар. Олдинги пайғамбарлар Сарвари Олам номидан уларга:
— Ёмон йўлдан қайтинглар! Қабиҳ қилмишларингиздан тавба қилинглар! — деб огоҳлантиришган.
Эгамиз шундай демоқда:
— Гарчи Мен ота–боболарингизни огоҳлантирган бўлсам–да, улар Менинг сўзларимга эътибор бермадилар, Менга қулоқ солмадилар.
5 Қани энди ўша ота–боболарингиз?! Қани, ўша пайғамбарлар, улар абадий яшайдиларми?!
6 Ўз қулларим пайғамбарлар орқали айтган сўзларим, огоҳлантиришларим ота–боболарингизнинг бошига тушди–ку! Шунда улар тавба қилиб: “Сарвари Олам Ўзи режалаштиргандай, юрган йўлларимиз ва қилмишларимизга яраша бизни жазолади”, деб айтишди.
Закариё кўрган саккизта ваҳий
7 Шоҳ Доро ҳукмронлигининг иккинчи йили ўн биринчи ойи — Шебат ойининг йигирма тўртинчи кунида Йиддонинг набираси — Бархиёнинг ўғли Закариё пайғамбарга Эгамиз яна Ўз сўзини аён қилди. Закариё қуйидаги ваҳийларни кўрди:
Биринчи ваҳий: отлар ва чавандозлар
8 Кечаси мен қизғиш от минган Эгамизнинг фариштасини кўрдим. У кичик жарликда мирта буталари орасида тўхтаб турарди. Унинг орқасида эса қизғиш, жигар ранг ва оқ отлар минган чавандозлар бор эди.
9 Бошқа бир фаришта мен билан гаплашаётган эди. Мен ундан:
— Эй тўрам, бу чавандозлар ким бўлди? — деб сўрадим. У шундай деди:
— Уларнинг кимлигини сенга кўрсатаман.
10 Шунда мирта буталари орасидаги фаришта шундай жавоб берди:
— Эгамиз уларни, бутун ер юзини кезиб чиқсин, деб юборган.
11 Кейин чавандозлар мирта буталари орасидаги Эгамизнинг фариштасига дедилар:
— Биз бутун ер юзини айланиб чиқдик, бутун дунё ўзига берилган, ўзича тинч яшаб юрибди.
12 Шунда Эгамизнинг фариштаси шундай деб ёлворди:
— Эй Сарвари Олам, қачонгача Қуддус ва Яҳудо шаҳарларидан Ўз меҳр–шафқатингни дариғ тутасан?! Ахир, Сен етмиш йилдан бери улардан ғазабланиб келяпсан!
13 Шунда Эгамиз мен билан гаплашган фариштага тасалли берувчи, меҳрга тўла сўзлар билан жавоб берди.
14 Ўша фаришта одамларга қуйидаги хабарни эълон қилишимни буюрди:
Сарвари Олам шундай айтмоқда:
— Мен Қуддус ва Сионга жуда ачиниб кетдим.
15 Анави халқлардан эса қаттиқ ғазабдаман, чунки Ўз халқимдан озгина жаҳлим чиққанда, улар халқимнинг бошига тушган кулфатни янада орттиришди. Энди эса ўзича тинч яшаб юришибди.
16 Шунинг учун Эгамиз айтмоқда:
— Мен Қуддусга меҳр–шафқат кўрсатай деб қайтдим. Менинг уйим ўша ерда қурилади, Қуддус қайтадан қурилиши учун ўлчанади.
Сарвари Оламнинг каломи шудир.
17 Фаришта яна шундай сўзларни эълон қилишимни буюрди:
Сарвари Олам демоқда:
— Менинг шаҳарларимда яна тўкин–сочинлик бўлади. Мен Қуддус аҳолисини яна бир бор юпатаман, Сионни Ўз шаҳрим деб яна айтаман.
Иккинчи ваҳий: шохлар ва темирчилар
18 Мен тепага қараб, буқанинг тўртта шохини кўрдим.
19 Мен билан гаплашган фариштадан:
— Булар нима? — деб сўрадим. У менга деди:
— Бу буқа шохлари Яҳудо, Исроил халқларини ва Қуддус аҳолисини сочиб ташлаган ҳукмдорларни билдиради.
20 Шундан кейин Эгамиз менга тўртта темирчини кўрсатди.
21 Мен яна:
— Бу темирчилар нима қилгани келишяпти? — деб сўрадим. У шундай деб жавоб берди:
— Бошқа ҳеч ким бош кўтармасин деб, тўртта шох Яҳудо халқини сочиб ташлаганди. Энди темирчилар ўша буқа шохларини қўрқувга солишга келишяпти. Ўзга халқлар Яҳудо юртини ўз шохлари билан сузганди, юртнинг халқини сочиб юборганди. Энди темирчилар мана шу халқларнинг шохларини кесиб ташлаш учун келишяпти.
Учинчи ваҳий: таноби бор киши
1 Мен яна тепага қараб, қўлида таноби бор бир кишини кўрдим.
2 Ундан:
— Қаерга кетяпсиз? — деб сўрадим. У менга:
— Қуддусни ўлчашга, эни ва узунлиги қанча чиқаркан, шуни билиб келишга кетяпман, — деб жавоб берди.
3 Шундан кейин мен билан гаплашган фаришта кетаётган эди, яна бошқа фаришта унга пешвоз чиқиб,
4-5 шундай деди:
— Югур, бориб ўша йигитга айт: “Эгамиз айтмоқда:
— Одамлар ва мол–қўйлар кўплигидан Қуддус шаҳрига сиғмай қолади. Уларнинг кўплари шаҳар ташқарисида яшайди, аммо Мен Ўзим уларнинг атрофида олов девордай бўламан. Ўзим шаҳар ичидаги улуғворлик бўламан.”
Лирик чекиниш: сургундагилар ўз ватанига чақирилади
6 “Қани, туринглар! Шимолдаги юртдан қочинглар, — демоқда Эгамиз. — Мен сизларни ернинг тўрт тарафига сочиб ташлаган бўлсам ҳам туринглар, — айтмоқда Эгамиз.
7 — Эй Бобилда яшайдиганлар, Қуддусга қочинглар.”
8 Эй Қуддус! Сизларни талон–тарож қилган халқлар олдига Сарвари Олам мени юборди. Шу орқали У Ўз шуҳратини намоён қилмоқчи. У шундай айтмоқда: “Сизларга текканлар худди Менинг кўз қорачиғимга теккандай бўлади.
9 Қараб туринглар, Мен Ўзим уларга қарши чиқаман. Ўз қуллари уларни талон–тарож қиладилар.” Ҳа, ана ўшанда Сарвари Олам мени юборганлигини англаб етасиз.
10 Эгамиз шундай демоқда: “Қўшиқ куйлаб, хурсанд бўлгин, эй Қуддус халқи! Мен келиб сизларнинг орангизда яшайман.
11 Ўша куни кўп халқлар Менга юз буриб, Менинг халқим қаторига қўшиладилар. Мен сизларнинг орангизда яшайман.” Ҳа, ана ўшанда Сарвари Олам мени юборганини англаб етасиз.
12 Яҳудо муқаддас юртдаги Эгамизнинг мулки бўлади, Эгамиз Қуддусни “Ўз шаҳрим” деб айтади.13 Эй одамзод, Эгамиз олдида сукут сақла. Ана, У муқаддас масканидан чиқиб келмоқда.
Тўртинчи ваҳий: олий руҳоний ва шайтон
1 Кейин фаришта менга Эгамизнинг фариштаси олдида олий руҳоний Ёшуа турганини кўрсатди. Ёшуанинг ўнг томонида эса шайтон уни айблаб турган эди.
2 Эгамиз шайтонга шундай деди:
— Эй шайтон! Гапларингнинг ҳаммаси ёлғон! Мен Қуддусни танлаган Эгангман. Мен сенга айтаман, гапларинг ёлғон! Ахир, бу киши алангадан қутқарилган бир ўтин парчасидай эмасми?!
3 Ёшуа фариштанинг олдида кир кийимларда турар эди.
4 Фаришта атрофида турганларга:
— Унинг кир кийимларини ечинглар, — деди. Ёшуага эса:
— Мана, қара, Мен сенинг гуноҳларингни олиб ташладим, — деди. — Энди сенга тоза, байрамларда киядиган янги кийимларни кийдираман.
5 Кейин мен:
— Унинг бошига тоза салла кийдиринглар, — дедим. Унинг бошига тоза салла, устига эса янги кийим кийдиришди. Эгамизнинг фариштаси унинг ёнида турар эди.
6 Кейин Эгамизнинг фариштаси Ёшуани огоҳлантириб, шундай деди:
7 — Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Агар сен Менинг йўлимдан юриб, талабларимни бажарсанг, Менинг уйимда, Маъбадим ҳовлиларида бош бўласан. Сенга шу ерда турганлар орасидан жой бераман.
8 Эй олий руҳоний Ёшуа, қулоқ сол! Олдингда турган руҳонийлар ҳам қулоқ солишсин. Сизлар келажакда содир бўладиган воқеаларнинг рамзисизлар. Мен исми «Новда» бўлган хизматкоримни зоҳир қиламан.
9 Мен Ёшуанинг олдига бир тош қўйдим. Менинг етти кўзим ўша тошга қадалган. Бу тошнинг устига Мен ёзув ёзаман, — демоқда Сарвари Олам. — Мана шу юртнинг гуноҳини бир кунда олиб ташлайман.
10 Ўша куни сизлар қўни–қўшниларингизни чақириб, ўз узумзорларингизда ва анжир дарахтларингиз тагида ўтирасизлар.” Сарвари Оламнинг каломи шудир.
Бешинчи ваҳий: чироқпоя ва иккита зайтун дарахти
1 Мен билан гаплашган фаришта қайтиб келиб, худди мени уйқудан уйғотгандай қилиб турғизди.
2 У мендан:
— Нима кўряпсан? — деб сўради. Мен шундай жавоб бердим:
— Тилладан ясалган бир чироқпояни кўряпман, унинг устида мой учун бир товоқ турибди. Чироқпояда эса еттита мойчироқ турибди. У мойчироқларнинг ҳар бирида еттитадан жўмраги бор.
3 Чироқпоянинг олдида иккита зайтун дарахти бор. Бу дарахтларнинг бири чироқпоянинг ўнг томонида, иккинчиси эса чап томонида турибди.
4 Мен билан гаплашган фариштадан сўрадим:
— Булар нима, эй тўрам?
5 У мендан:
— Нималигини билмайсанми? — деб сўради. Мен:
— Йўқ, тўрам, — деб жавоб бердим.
6 У менга шундай деди:
— Қуйидагилар Эгамизнинг Зарубабелга берган хабаридир: “Қудрат билан эмас, куч билан эмас, Менинг Руҳим ила муваффақиятга эришасан, — дейди Сарвари Олам.
7 — Эй баланд тоғ, сен нима бўлибсан?! Зарубабел олдида сен текислик бўласан. Зарубабел Менинг уйимни қайта қуради, унинг энг охирги тошини қўяди. Шундан кейин бутун халқ: «Худо марҳамат қилсин!» деб ҳайқиради.”
8 Яна Эгамиз менга қуйидаги сўзини аён қилди:
9 “Зарубабел ўз қўллари билан уйимнинг пойдеворини ётқизди. Қурилишни ҳам ўзи тугатади. Ана шунда Мен, Сарвари Олам, сени юборганимни халқ англаб олади.
10 Қурилишнинг бошланиши арзимасдай кўринса ҳам, кўнглингиз чўкмасин! Зеро, Менинг кўзларим, яъни Эгангизнинг еттита кўзи Зарубабелнинг қўлидаги ёзув ўйилган тошга хурсандчилик билан қарайди.”
Шунда Фаришта менга деди:
— Сен кўрган еттита мойчироқ бутун ер юзига қараб турувчи Эгамизнинг еттита кўзидир.
11 Мен фариштадан сўрадим:
— Чироқпоянинг ўнг ва чап томонида турган зайтун дарахтларининг маъноси нима?
12 Олтин новлари орқали тилласимон мой оқаётган зайтун дарахтларининг икки шохи нимани билдиради?
13 У мендан:
— Билмайсанми? — деб сўради. Мен:
— Йўқ, тўрам, — деб жавоб бердим.
14 У шундай деди:
— Булар бошига мой суртиб танланган, бутун оламнинг Раббийси олдида хизмат қиладиган икки зотдир.
Олтинчи ваҳий: учаётган ўрама қоғоз
1 Мен яна тепага қараб учаётган ўрама бир қоғозни кўрдим.
2 Фаришта мендан:
— Нима кўряпсан? — деб сўради. Мен:
— Учиб кетаётган ўрама бир қоғозни кўряпман, унинг узунлиги йигирма тирсак, эни эса ўн тирсак, — деб жавоб бердим.
3 Шунда у менга деди:
— Бу қоғозга бутун юрт устига келадиган лаънат ёзилган. Қоғознинг бир томонидаги ёзувга кўра, ўғрилик қилганлар, орқа томонидаги ёзувга кўра, ёлғон қасам ичганлар юртдан йўқ қилинади.
4 Сарвари Олам айтмоқда: “Бу лаънатни Мен юбордим, у ўғрининг уйига киради. Ким Менинг номим билан ёлғон қасам ичса, ўшанинг уйига киради. Лаънат ўша уйда бўлиб, уни тош ва синчларига қўшиб, бутунлай вайрон қилади.”
Еттинчи ваҳий: сават ичидаги аёл
5 Мен билан гаплашган фаришта келиб, менга шундай деди:
— Қара–чи, келаётган нарса нима экан.
6 Мен:
— У нима? — деб сўрадим. Фаришта:
— Бу келаётган нарса саватдир, — деб жавоб берди. — Юртдаги жамики аҳолининг нияту муддаоларини билдирувчи тимсол ўша сават ичидадир.
7 Қўрғошиндан ясалган қопқоқ очилди, саватнинг ичида эса бир аёл ўтирган экан.
8 Фаришта деди:
— Бу аёлнинг исми Фосиқлик.
Шундай деб, у аёлни қайтариб саватга тиқиб қўйди–да, қопқоғини ёпди.
9 Мен яна тепага қараб, иккита аёл учиб келаётганини кўрдим. Улар қанотларини шамолда ёйган ҳолда учиб келаётган эдилар, қанотлари турнанинг қанотларига ўхшар эди. Улар келиб ўша саватни олдилар–да, осмонга кўтариб олиб кетдилар.
10 Мен билан гаплашаётган фариштадан сўрадим:
— Улар саватни қаерга олиб кетишяпти?
11 У менга:
— Бобил юртига олиб кетишяпти, — деб жавоб берди. — Ўша ерда унга саждагоҳ қуришади. Саждагоҳ тайёр бўлгандан кейин, саватни ўша ерда ўз жойига қўйишади.
Саккизинчи ваҳий: тўртта арава
1 Мен яна тепага қараб, иккита бронза тоғ орасидан чиқиб келаётган тўртта аравани кўрдим.
2 Биринчи аравани қизғиш, иккинчи аравани эса қора отлар,
3 учинчи аравани оқ, тўртинчи аравани эса ола–була отлар тортиб келаётган эди. Бу отларнинг ҳаммаси кучли эди.
4 Мен билан гаплашаётган фариштадан:
— Эй тўрам, булар нима? — деб сўрадим.
5 Фаришта шундай жавоб берди:
— Булар бутун олам Раббийсининг ҳузуридан чиқиб келаётган тўртта самовий руҳдир.
6 Қора отли арава шимолга боради. Оқ отлиси эса унинг орқасидан кетади. Ола–була отли арава жанубга боради.
7 Ана шу кучли отлар чиқиб келиб, ерни айланишга шошилдилар. Фаришта уларга:
— Боринглар, ерни кўриб чиқинглар, — деди. Шунда улар ерни айланиб келишди.
8 Кейин фаришта мени чақириб, шундай деди:
— Мана, қара! Отлар шимолдаги юртга боришди. У ерда Эгамизнинг иродасини адо этишди, Эгамиз жаҳлидан тушди.
Ёшуага тож кийдириш ҳақида амр
9 Эгамиз менга қуйидаги сўзларни аён қилди:
10 — Бобилдаги сургундан қайтиб келган Халдай, Тўвиё ва Ёдаёдан тилла ва кумуш ол. Ўша куниёқ Зафаниё ўғли Йўшиёнинг уйига бор.
11 Берилган кумуш ва олтиндан тож ясагин. Уни Ёҳузадах ўғли — олий руҳоний Ёшуанинг бошига кийгизгин–да,
12 унга шундай дегин: “Сарвари Олам шундай демоқда: Новда деган одам ўз турган жойидан шохлайди–да, Менинг Маъбадимни қуради.
13 Ҳа, Менинг Маъбадимни қурадиган ўшадир. У шоҳона улуғворликка эга бўлиб, ҳукмронлик қилади. Тахтининг олдида руҳоний туради. Иккаласи орасида тинчлик, осойишталик бўлади.
14 Бу тож Халдай, Тўвиё, Ёдаё ва Зафаниё ўғли Йўшиёнинг қарамоғида бўлади. У Менинг Маъбадимда ёдгорлик бўлиб қолади.
15 Узоқ жойлардан одамлар келиб, Менинг Маъбадимни қуришга ёрдам беришади.”
Эй сургундан қайтиб келганлар! Шунда Сарвари Олам мени юборганини сизлар англаб етасизлар. Агар сизлар Эгангиз Худонинг сўзларига яхшилаб қулоқ солсангизлар, мана шуларнинг ҳаммаси содир бўлади.
Юзаки тутилган рўза ҳукм қилинади
1 Шоҳ Доро ҳукмронлигининг тўртинчи йили тўққизинчи ойи — Хислав ойининг тўртинчи кунида Эгамиз Ўз сўзини Закариёга аён қилди.
2 Бундан олдин Байтил аҳолиси Эгамиздан илтифот сўраш учун Саризар, Рахеммалек ва уларнинг одамларини Маъбадга юбориб, шундай деган эди:
3 — Бориб, Сарвари Оламнинг уйида бўлган руҳоний ва пайғамбарлардан сўранглар: “Биз анча йиллардан бери Эгамизнинг уйи вайрон қилинган ойда қайғуриб, рўза тутиб келамиз. Шундай қилишда давом этаверайликми?”
4 Сарвари Олам Закариёга аён қилган сўзида шундай деди:
5 — Бу юртдаги барча одамларга ва руҳонийларга айт: “Ҳа, сизлар мана шу ўтган етмиш йил давомида бешинчи ва еттинчи ойларда рўза тутиб, қайғурдингизлар. Аммо буни Мен учун эмас, ўзингиз учун қилган эдингизлар!
6 Қорнингизни тўйдириш учун еб–ичганингиздай, ўз манфаатингиз учун рўза тутиб қайғургансизлар.
7 Мен, Эгангиз, ўтган пайғамбарлар орқали айнан шу ҳақда сизларни огоҳлантирганман–ку! Ўша пайтларда Қуддус ва унинг атрофидаги қишлоқлар одамга тўла эди. У ерда фаровонлик ҳукм сурар эди. Нагав чўли ва Яҳудо қир этакларида ҳам одамлар яшардилар.”
Сургуннинг сабаби итоатсизликдир
8 Эгамиз Закариёга қуйидаги сўзларни аён қилди:
9 — Мен, Сарвари Олам, шундай деган эдим: “Адолатли ҳукм қилинглар. Бир–бирингизга меҳрибон бўлинглар, раҳм–шафқат қилинглар.
10 Беваларга, етимларга, мусофирларга, камбағалларга зулм қилманглар. Бир–бирингизга қарши ёвуз режалар тузманглар.”
11 Аммо халқим қулоқ солишдан бош тортди. Ўжарлик қилиб, эшитмаслик учун қулоқларини беркитди.
12 Мен, Сарвари Олам, Ўз Руҳим билан пайғамбарлар орқали сўзларимни аён қилганман. Аммо халқим юрагини тош қилиб, қонун ва ўгитларга қулоқ солмади. Шунинг учун Мен жуда қаттиқ ғазабландим.
13 “Мен чақирганимда улар эшитмагандилар, улар чақирганда Мен ҳам эшитмадим, — дейди Сарвари Олам.
14 — Мен уларни ўзлари танимаган, билмаган халқлар орасига сочиб ташладим. Шундай қилиб, уларнинг юрти вайрон бўлди. На у ерга биров боради, на у ердан биров келади. Ўша ажойиб юрт вайрон бўлди.”
Эгамиз Қуддусни қайта қуришга ваъда беради
1 Сарвари Олам менга Ўз сўзини аён қилди.
2 Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Мен Қуддусга қаттиқ ачиниб кетдим. Унинг душманларига бўлган ғазабим алангадай ёнмоқда.”
3 Эгамизнинг каломи шудир: “Мен Қуддусга қайтаман, Сион Менинг масканим бўлади. Шунда Қуддус садоқатли шаҳар деб аталади. Менинг тоғим — Сарвари Оламнинг тоғи муқаддас тоғ деб аталади.”
4 Сарвари Олам шундай демоқда: “Чолу кампирлар яна Қуддус кўчаларида ўтирадилар. Ёши улуғ бўлгани учун уларнинг қўлларида ҳассалари бўлади.
5 Шаҳарнинг кўчалари ўйнаётган болалар билан тўлади.”
6 Сарвари Оламнинг каломи шудир: “Балки буларнинг ҳаммаси халқимдан қолганларига имконсиздай туюлар. Аммо бу ишлар Мен учун имконсиз эмас”, — демоқда Сарвари Олам.
7 Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Мен шарқ ва ғарбда сарсон бўлган Ўз халқимни қутқараман.
8 Уларни яна Қуддусда яшашлари учун олиб келаман. Улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг Худоси бўламан. Уларни садоқат ва одиллик билан бошқараман.”
9 Сарвари Олам шундай демоқда: “Довюрак бўлинглар, энди сизлар пайғамбарларнинг сўзларини эшитяпсизлар. Маъбадим, яъни Уйимнинг қайта қурилиши учун пойдевор қўйилаётганда, ўша пайғамбарлар шу ерда эдилар.
10 Ҳа, ўша кунлардан олдин одам ва ҳайвонларнинг тер тўкиб қилган меҳнатлари зое кетарди, улар яхши ҳосил ололмас эдилар. Душманлар халққа тинчлик бермасди. Мен ҳаммани бир–бирига қарши қилиб қўйган эдим.
11 Аммо энди, эй халқимнинг қолганлари, Мен сизлар билан олдингидай муносабатда бўлмайман, — демоқда Сарвари Олам.
12 — Сизлар тинчликда уруғларингизни экасизлар. Токларингиз серҳосил бўлади. Ер ҳосил беради, осмондан шудринг тушади. Сизларни Мен мана шулар билан баракалайман.
13 Эй Яҳудо ва Исроил халқи, сизлар бошқа халқлар орасида лаънатланган халқнинг рамзи эдингизлар. Энди бундай бўлмайди! Мен сизларни қутқараман. Сизлар барака рамзи ва манбаи бўласизлар. Қўрқманглар! Дадил бўлинглар!”
14 Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Ота–боболарингиз Менинг жаҳлимни чиқарганда бошларига офат келтираман, дегандим. Ўз фикримдан қайтмадим, — демоқда Сарвари Олам.
15 — Қўрқманглар, эй Қуддус ва Яҳудо халқи! Энди Мен сизларга яхшилик келтираман, деб қарор қилдим.
16 Қуйидаги айтганларимни қилишингиз керак: бир–бирингизга ҳақиқатни айтинг. Ҳукм қилганингизда одил қарор чиқариб, тинчлик ўрнатинг.
17 Бир–бирингизга қарши ёвуз режалар тузманг, ёлғон қасам ичманг. Мен булардан нафратланаман.” Сарвари Оламнинг каломи шудир.
18 Сарвари Олам менга Ўз сўзини аён қилди.
19 Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Эй Яҳудо халқи, тўртинчи, бешинчи, еттинчи ва ўнинчи ойлар энди азаю рўза вақти эмас, балки сизлар учун шоду хуррамлик ва қувноқ байрамлар даври бўлади. Сизлар ҳақиқат ва тинчликни севинглар.”
20 Сарвари Олам шундай демоқда: “Ҳали бошқа шаҳарларда яшайдиган одамлар ҳам Қуддусга келади.
21 Бир шаҳарнинг аҳолиси иккинчи шаҳарда яшовчиларнинг олдига бориб: «Биз кетяпмиз, юринглар, Эгамиздан илтифот сўрайлик, Сарвари Оламга сажда қилайлик», деб айтади.”
22 Кўп эллар ва кучли халқлар Сарвари Оламдан илтифот сўрагани ва Унга сажда қилгани Қуддусга келадилар.
23 Сарвари Оламнинг каломи шудир: “Ўша кунларда турли тилларда гапирувчи, ҳар хил элларга мансуб бўлган ўн киши бир яҳудийни ушлаб олади. Унинг кийимидан маҳкам тутадилар–да, унга: «Биз сен билан борайлик. Ахир, Худо сизлар билан эканини эшитдик», деб айтадилар.”
Исроилнинг душманлари устидан чиқарилган ҳукм
1 Башорат. Эгамизнинг сўзи Хадрах юртига қаршидир.
Дамашқ шаҳрига қаратилгандир.
Эгамиз барча Исроил қабилаларини кузатиб тургандай,
Бутун инсониятни ҳам кузатади.
2 Хадрахга чегарадош бўлган Хомат ҳам,
Доноларга тўла бўлган Тир ва Сидон ҳам Эгамизнинг кўзи остидадир.
3 Тир шаҳри ўзига қалъа қуриб олган,
Шунчалик кўп кумуш ва олтин йиққанки,
Улар кўчадаги чанг ва лойдайдир.
4 Лекин энди Раббий уларнинг мулкини тортиб олади,
Бойликларини денгизга улоқтиради.
Шаҳарнинг ўзи эса оловга ем бўлади.
5 Ашқалон шаҳри буни кўриб, қўрқувга тушади,
Ғазо ҳам даҳшатга тушиб қалтирайди,
Умиди пучга чиққан
Эхрон ҳам шу аҳволга тушади.
Ғазонинг шоҳи ҳалок бўлади,
Ашқалонда эса ҳеч бир зот қолмайди.
6 Эгамиз шундай дейди:
“Ашдодда насли бузилган халқлар яшайди.
Ҳа, Мен Филистларнинг такаббурлигига чек қўяман.
7 Мен Филистларнинг оғзидаги қонли гўштни,
Тишларидаги ҳаром овқатни олиб ташлайман.
Филистларнинг тирик қолганлари Менга тегишли бўлади,
Улар Яҳудонинг авлодидай бўлиб қолади.
Эхрон ҳам Ёбус халқидай
Ўз халқимнинг бир қисми бўлади.
8 Босқинчилардан асрай деб
Мен Ўзим уйимни қўриқлайман.
Халқимнинг юртини ҳеч ким босиб ололмас,
Ҳа, Мен ҳаммасини кўриб турибман.
Бўлажак шоҳ
9 Хурсанд бўлиб, қувонинг,
Эй Қуддус халқи!
Шодлик ила ҳайқиринг,
Эй Сион аҳолиси!
Мана, шоҳингиз келяпти.
У зафар қозонган ғолибдир.
Шунга қарамай,
Камтариндир шоҳингиз,
У эшакнинг устида,
Ҳа, эшакнинг боласини —
Хўтикни миниб келяпти.
10 Мен Эфрайимнинг жанг араваларини йўқотаман,
Қуддуснинг жанг отларини тортиб оламан.
Уруш камонлари ҳам йўқ қилинади,
Шоҳингиз халқларга тинчлик келтиради.
Мен бир денгиздан иккинчисига қадар,
Фурот дарёсидан тортиб
Ер юзининг тўрт томонига ҳукмронлик қиламан.
Худо Ўз халқини қайта тиклайди
11 Мен сизлар билан қилган,
Қурбонлик қони билан тасдиқланган аҳдим туфайли,
Асирларингизни сувсиз чуқурликдан озод қиламан.
12 Эй умидвор асирлар,
Ўз қалъангизга қайтинг.
Бугун Мен айтяпман,
Йўқотганларингизни икки баробар қилиб тиклайман.
13 Мен Яҳудони Ўз камонимдек қайирдим,
Эфрайимни эса камоним ўқи қилдим.
Эй Сион, Мен сенинг ўғилларингни
Юнон ўғилларига қарши қўзғатаман.
Менинг қўлимда жангчининг қиличидай ўйнайсан.”
Эгамиз Ўз халқини ҳимоя қилади
14 Шундан кейин Эгамиз Ўз халқи узра зоҳир бўлади,
Унинг ўқи яшиндай отилади.
Эгамиз Раббий бурғуни чалиб,
Жанубдан келган қуюнлар орасида ҳужум қилади.
15 Сарвари Олам Ўз халқини ҳимоя қилади,
Улар душманларини қириб,
Ёв палахмонларини оёқ ости қилиб ташлайдилар.
Қурбонлик сўйгандай ёв қонини тўкадилар,
Қурбонгоҳ шохлари қонга белангандай,
Улар душманларининг қонига беланадилар.
Шаробу май билан ғалабани нишонлайдилар,
Хурсандлигидан маст одамдай ҳайқирадилар.
16 Ўша куни уларнинг Эгаси Худо
Ўз халқини қутқаради.
Ахир, улар Эгамизнинг сурувидир.
Эгамизнинг юртида улар
Тож гавҳарларидай порлайдилар.
17 Унинг халқи қандай гўзал ва ажойиб!
Янги шаробу донлар
Йигит–қизларни бақувват қилар.
Эгамиз нажот беришга ваъда қилади
1 Баҳорда ёмғир берадиган Эгамиздан ёмғир сўранглар.
Бўрон булутларини яратган,
Одамзодга ёмғир берадиган,
Ҳамма учун далаларни
Ўт–ўланга тўлдирадиган Эгамиздир.
2 Хонаки санамлар беҳуда гапларни гапирадилар,
Фолбинлар ёлғон фоллар очадилар.
Туш таъбир қилувчилар ёлғон таъбир қиладилар,
Беҳуда тасалли берадилар.
Шунинг учун бу халқ қўйдай сарсон бўлиб юрибди,
Чўпони йўқлиги учун азоб чекяпти.
3 Эгамиз шундай демоқда:
“Ғазабим халқимнинг йўлбошчиларига қарши ёнмоқда,
Мен халқимнинг бу чўпонларини жазолайман.
Мен, Сарвари Олам, Ўз сурувим бўлган
Яҳудо халқи учун қайғураман.
Мен ўша сурувни улуғвор жанг отларидай қиламан.
4 Яҳудо орасидан тамал тоши,
Чодир қозиғи, жанг камони чиқади.
Ҳа, ҳар бир етакчи уларнинг орасидан чиқади.
5 Биргаликда улар жанг пайти кўчада лой кечган
Жангчилардай бўладилар,
Мен, Эгангиз, улар билан биргаман.
Улар урушга чиқиб,
Душман чавандозларини шарманда қиладилар.
6 Мен Яҳудо халқини кучга тўлдираман,
Юсуфнинг авлодини қутқараман.
Уларга раҳм–шафқат кўрсатаман,
Ахир, Мен уларнинг Эгаси Худоман.
Уларнинг илтижоларига жавоб бериб,
Ўз юртига қайтариб олиб келаман.
Ўшанда улар ҳеч қачон рад қилинмагандай бўлади.
7 Эфрайим халқи қудратли жангчилардай бўлади,
Уларнинг юраклари шароб ичгандаги сингари қувноқ бўлади.
Буни кўрган фарзандлари шодланади,
Улар Менинг қилган ишларимдан хурсанд бўлади.
8 Мен чўпон каби ҳуштак чалиб, Ўз халқимни йиғаман,
Ахир, Мен уларни қутқарганман.
Олдин улар қанча бўлган бўлсалар,
Уларнинг сони яна шунча бўлади.
9 Мен уларни халқларнинг орасига сочиб юборган бўлсам ҳам,
Энг узоқдаги юртларда ҳам улар Мени эслайдилар.
Фарзандларию ўзлари омон қолиб, қайтиб келишади.
10 Мен халқимни Миср юртидан қайтараман,
Оссурия еридан йиғиб келаман.
Мен уларни Гилад ўлкаси ва Лубнон юртигача бўлган ерларга жойлаштираман.
Ҳатто мана шу жойлар ҳам уларга торлик қилади.
11 Менинг халқим кулфат денгизидан ўтса,
Ўша денгизнинг тўлқинларини уриб тушираман.
Нил дарёсининг туби қуриб қолади.
Оссурия халқининг такаббурлигига барҳам бераман.
Миср эса ўз салтанат ҳассасини йўқотади.
12 Ўз қудратим билан халқимни кучли қиламан.
Улар Менинг номимга лойиқ ҳаёт кечирадилар.”
Эгамизнинг каломи шудир.
Босқинчиларнинг қулаши
1 Эй Лубнон, оч дарвозаларингни!
Садр дарахтларингни олов ёндириб ташласин.
2 Эй сарв дарахти, дод солиб йиғлагин,
Ахир, садр дарахтлари қулади.
Ўша улуғвор дарахтлар вайрон бўлди.
Эй Башандаги эманлар, дод солиб йиғланг,
Қалин–қалин ўрмонларнинг дарахтлари
Кесиб ташланди, ахир.
3 Ана, эшитинг! Чўпонларнинг йиғисин,
Кўм–кўк яйловлар нобуд бўлди, ахир.
Қулоқ солинг шерларнинг ўкиришига,
Иордан бутазорлари нобуд бўлди, ахир.
Икки хил чўпон
4 Эгам Худо менга шундай деди:
— Бўғизланишга олиб кетилаётган қўй сурувига чўпонлик қилгин.
5 Қўйларни сотиб олганлар уларни ўлдириб, жазосиз юрибдилар. Қўйларни сотганлар эса: “Худога шукур! Биз боймиз”, дейдилар. Қўйларга ҳатто ўз чўпонларининг ҳам раҳми келмайди.
6 Мен, Эгангиз, шундай айтмоқдаман: “Энди бу юртдаги одамларга раҳм қилмайман. Мен уларни бир–бирининг қўлига ва ҳукмдорларининг қўлига топшираман. Ҳукмдорлари юртни вайрон қилади. Мен эса ҳеч кимни бу ҳукмдорларнинг қўлидан қутқармайман.”
7 Шундай қилиб, қўй савдогарлари мени бўғизланадиган қўй сурувига чўпон қилиб ёлладилар. Мен иккита таёқ олдим. Улардан бирини “Илтифот”, иккинчисини эса “Аҳиллик” деб атаб, қўйларни боқдим.
8 Бир ой ичида уларнинг учта чўпонини ҳайдаб юбордим. Қўй савдогарларига бўлган сабр–тоқатим ҳам тугади, улар ҳам мени ёмон кўриб қолдилар.
9 Шундан кейин мен қўй савдогарларига:
— Энди сизларнинг қўйларингизни боқмайман, — дедим. — Ўладигани ўлсин, ҳалок бўладигани ҳалок бўлсин, қолганлари эса бир–бирининг гўштини есин.
10 Мен “Илтифот” номли таёғимни олдим–да, уни синдириб ташладим. Шу орқали Эгамизнинг Ўз халқи билан қилган аҳдини бекор қилдим.
11 Шундай қилиб, ўша куни бу аҳд бекор бўлди. Мени кузатиб турган қўй савдогарлари бу иш Эгамизнинг сўзи эканлигини тушундилар.
12 Кейин мен уларга шундай дедим:
— Агар сизлар иш ҳақимни беришни лозим кўрсангиз, беринглар, бўлмаса, бермай қўяверинглар.
Шунда улар менга бор–йўғи ўттиз кумуш танга бердилар.
13 Шундан кейин Эгамиз менга:
— Бу кумушни кулолга бергин, — деди.
Мени баҳолаб берилган бу арзимас кумуш тангаларни олиб, Эгамиз уйидаги кулолга бердим.
14 Кейин “Аҳиллик” деб аталган иккинчи таёғимни синдирдим. Шундай қилиб, Яҳудо ва Исроил орасидаги биродарликни бекор қилдим.
15 Шундан кейин Эгамиз менга айтди: “Бор, яна бир марта чўпонлик қилгин. Аммо бу сафар фойдасиз чўпондай бўлгин.
16 Ҳа, Мен бу юртга шундай бир чўпон бераманки, у ҳалок бўлаётганларга қарамайди. Йўқолганларни изламайди, ярадорларга шифо бермайди, соғ бўлганларни озиқлантирмайди. Аксинча, семиз қўйларни сўйиб ейди, туёқларини ҳам кесиб ташлайди.
17 Эй сурувни тарк этадиган қадрсиз чўпоним,
Ҳолингга вой!
Қилич сенинг қўлингни чопиб,
Ўнг кўзингни ўйиб ташласин!
Сенинг қўлинг бутунлай қуриб қолсин,
Ўнг кўзинг кўр бўлсин!”
Қуддуснинг келажакдаги ғалабаси
1 Башорат. Эгамизнинг Исроил ҳақида айтган гаплари. Замин пойдеворини қўйган, фалакларни ёйган, инсонга жон ато қилган Эгамиз шундай демоқда:
2 “Қараб туринглар, Мен Қуддусни шароб қадаҳидай қилиб қўяман. У ўзининг атрофидаги халқларни гандираклатадиган бўлади. Қуддусни қамалга олишганда, Яҳудо юртининг қолган бошқа жойларига ҳам ҳужум қилишади.
3 Ўша куни Мен Қуддусни бошқа халқлар учун оғир тошдай қилиб қўяман. Уни кўтарганларнинг ҳаммаси ўзларига зарар келтирадилар. Бутун ер юзидаги халқлар унга қарши чиқиш учун бирлашадилар.
4 Ўша куни, Мен ҳар бир отни даҳшатга соламан, уларнинг чавандозларини эса ақлдан оздираман, — демоқда Эгамиз. — Яҳудо халқига эса Ўзим ғамхўрлик қиламан. Душманларининг отларини кўр қилиб қўяман.
5 Шунда Яҳудо уруғлари ўзларига:
— Қуддус аҳолисининг қудрат манбаи бизнинг Худойимиз, Сарвари Оламдир, — дейдилар.
6 Ўша куни Мен Яҳудо уруғларини ўтин орасидаги қизиб турган чўғдай, буғдой боғламлари орасидаги ёниб турган машъаладай қиламан. Улар ўнгу сўлдаги, атрофидаги халқларни ямлаб ютадилар. Қуддусдаги одамлар эса осойишта ҳаёт кечирадилар.
7 Мен, Эгангиз, аввал Яҳудо халқига ғалаба бераман. Довуд авлодининг ва Қуддус аҳолисининг шуҳрати Яҳудонинг шуҳратидан ошиб кетмаслиги учун шундай қиламан.
8 Ўша куни Мен Қуддус аҳолисини ҳимоя қиламан. Уларнинг орасидаги энг ожизи ҳам Довуддай кучли бўлади. Довуд авлоди эса Менинг фариштамдай, худди Ўзимдай Қуддус аҳлини бошлаб боради.
9 Менинг режам ўша куни Қуддусга қарши чиққан барча халқларни ҳалок қилишдир.
10 Мен Довуд авлодига, Қуддус аҳолисига меҳр–шафқат ва ибодат руҳини ёғдираман. Улар Менга — ўзлари найза санчганга қарашади. Ёлғиз фарзандга аза тутгандай, аза тутишади. Тўнғич фарзанд учун мотам тутгандай, мотам тутишади.
11 Ўша куни Қуддусдаги дод–фарёд, Магидў водийсидаги Ҳадад–Риммонда тутилган азадай, кучли бўлади.
12 Бутун юрт аза тутади. Ҳар бир оила алоҳида аза тутади: Довуд авлодининг оилалари алоҳида, уларнинг хотинлари алоҳида, Натан авлодининг оилалари алоҳида, уларнинг хотинлари алоҳида,
13 Леви авлодининг оилалари алоҳида, уларнинг хотинлари алоҳида, Шимах авлодининг оиласи ва уларнинг хотинлари алоҳида аза тутадилар.
14 Қолган оилалар ҳам ўзлари алоҳида аза тутадилар. Уларнинг хотинлари ҳам алоҳида аза тутадилар.”
1-2 Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Ўша куни Довуд авлоди ва Қуддус аҳолиси учун бир булоқ очилади. Бу булоқ уларнинг барча гуноҳлари ва нопокликларини ювади.
Ўша куни Мен бу юртдан барча бутларни йўқ қиламан. Ҳатто уларнинг номлари ҳам унутилади. Мен бу юртдан яна сохта пайғамбарларни ва уларни илҳомлантирадиган ёвуз руҳни олиб ташлайман.
3 Агар яна сохта пайғамбар чиқса, ўз ота–онаси унга шундай дейди:
— Сен энди яшамайсан, чунки сен Эгамиз номидан ёлғон гапларни гапиряпсан.
Ўша пайғамбар яна башорат қилганда ўз туққан ота–онаси уни найза санчиб ўлдиради.
4 Ўша куни сохта пайғамбарларнинг ҳар бири ўзларининг башоратларидан уятга қоладилар. Улар энди халқни алдамайдилар, пайғамбарларнинг жундан тўқилган кийимларини киймайдилар.
5 Энди улар:
— Мен пайғамбар эмасман, мен ерга ишлов бераман. Ёшлигимдан бир кишининг хизматидаман, — дейдилар.
6 Агар бирортаси улардан:
— Баданингиздаги яра излари қаердан пайдо бўлган? — деб сўраса, уларнинг жавоби қуйидагича бўлади:
— Мен бу яраларни дўстларимнинг уйида орттирганман.”
Худонинг чўпонини ўлдириш ҳақидаги амр
7 Сарвари Олам шундай демоқда:
“Қани, қўзғалгин, эй қилич!
Менга яқин бўлганга,
Ўзимга хизмат қилган чўпонга қарши чиқ.
Чўпонга ҳамла қилгин,
Шунда қўйлар ҳар ёққа тарқалиб кетади,
Мен қўзичоқларга қарши қўлимни кўтараман.
8 Бутун юрт халқининг учдан икки қисми ҳалок бўлади,
— деб айтмоқда Эгамиз. —
Учдан бир қисми эса тирик қолади.
9 Мен мана шу қолган учдан бир қисмини
Оловдан ўтказиб поклагандай поклайман.
Уларни кумушни тоблагандай тоблайман,
Олтинни синагандай синайман.
Улар Менга илтижо қиладилар,
Мен эса уларга жавоб бераман.
«Улар Менинг халқимдир», дейман Мен.
Улар эса: «Эгамиз бизнинг Худойимиздир», деб айтишади.”
Келажакдаги уруш ва ғалаба
1 Эгамизнинг кунига оз қолди. Эй Қуддус аҳли, ўша куни мулкингиз кўз олдингизда талон–тарож қилинади.
2 Эгамиз барча халқларни Қуддусга қарши жанг қилишга йиғади. Душманлар шаҳарни қўлга киритишади. Уйларни талаб кетишади, аёлларни зўрлашади. Шаҳар аҳолисининг ярми сургунга кетади. Қолганлари эса шаҳардан ҳайдалмайди.
3 Шундан кейин Эгамиз урушдаги жангчидай ўша халқларга ҳужум қилади.
4 Ўша куни У Қуддус шаҳрининг шарқида бўлган Зайтун тоғининг устида туради. Шу куни Зайтун тоғи иккига ажралади. Тоғ орасидан шарқдан ғарбга қараб кетган кенг бир водий ўтади. Шунда тоғнинг бир тарафи шимолга, иккинчи тарафи эса жанубга сурилади.
5 Сизлар ўша водий орқали қочасизлар. Тоғлар орасидаги водий Озиёлгача чўзилади. Сизлар Яҳудо шоҳи Уззиё даврида бўлган зилзила пайтида қочгандай қочасизлар. Шунда Эгамиз Худо Ўз фаришталари билан бирга келади.
6 Ўша куни барча ёруғлик манбалари сўниб, нур таратмайдиган бўлиб қолади.
7 Аммо кун давом этаверади. Шунда кун ҳам, тун ҳам бўлмайди. Кеч кирганда ҳам ёруғ бўлиб тураверади. Бу қачон содир бўлишини фақатгина Эгамиз билади.
8 Ўша куни Қуддусдан ҳаётбахш сувлар оқиб чиқади, унинг ярми Ўлик денгизга, қолган ярми эса Ўрта ер денгизига қуйилади. Сув ёзда ҳам, қишда ҳам оқаверади.
9 Эгамиз эса бутун ер юзининг Шоҳи бўлади. Ўша куни барча халқлар Эгамизни танҳо Эга деб тан олади ва фақат Унга сажда қилишади.
10 Шимолдаги Гебодан Қуддуснинг жанубидаги Риммонгача бўлган жойлар, бутун юрт текисликка айланади. Қуддус эса ўзининг юксак жойида тураверади. Шаҳар Бенямин дарвозасидан Эски дарвозагача, Бурчак дарвозасигача, Ханонил минорасидан шоҳга қарашли бўлган узум сиқиш чуқуригача чўзилган бўлади.
11 Қуддусда яна одамлар яшайдиган бўлади, бундан кейин уни ҳеч қачон вайрон қилишмайди. Қуддусда тинчлик қарор топади.
12 Қуддусга қарши уруш очган халқларнинг бошига Эгамиз қуйидаги ўлатни юборади: тирик бўлсалар ҳам танаси чириб кетади, кўзлари косасидаёқ чириб кетади, тиллари эса оғизларидаёқ чириб кетади.
13 Ўша куни Эгамиз уларни бениҳоя даҳшатга туширади. Ҳамма ўз ёнидаги одамни ушлаб, бир–бирига қарши қўл кўтаради.
14 Ҳатто Яҳудо халқи ҳам Қуддусдаги жангга қўшилади. Унинг атрофидаги барча халқларнинг бойликлари — жуда кўп тилла, кумуш ва кийимлар ўлжа қилиб олинади.
15 Юқорида айтилган ўлат душманларнинг қароргоҳидаги ҳамма ҳайвонларга — отларга, хачирларга, туяларга, эшакларга ҳам қирғин келтиради.
16 Қуддусга қарши уруш очганлардан тирик қолганлари эса ҳар йили Шоҳ — Сарвари Оламга сажда қилишга ва Чайла байрамини нишонлашга келишади.
17 Агар ер юзидаги халқларнинг бирортаси Шоҳ — Сарвари Оламга сажда қилиш учун Қуддусга келмаса, уларнинг юртида ёмғир ёғмайди.
18 Агар Миср халқи ҳам байрамга келишни рад этса, уларнинг юртида ҳам ёмғир ёғмайди. Эгамиз Чайла байрамига келишни рад этган бошқа халқларнинг бошига солган ўша кулфатни уларнинг бошига ҳам солади.
19 Чайла байрамини нишонлашга чиқмаган Миср халқи ва бошқа ҳамма халқларнинг жазоси шу бўлади.
20 Ўша куни ҳатто отларнинг юганларидаги қўнғироқларида ҳам “Эгамизга бағишланган” деган ёзув бўлади. Қурбонгоҳ олдида ишлатиладиган тоғорачалар муқаддас бўлгани каби, Эгамизнинг уйидаги оддий қозонлар ҳам худди шундай муқаддас бўлади.
21 Қуддус ва Яҳудодаги барча қозонлар Сарвари Оламга бағишланган бўлади. Шунда ким қурбонлик келтирмоқчи бўлса, қурбонлик гўштини шу қозонларда қайнатса бўлаверади. Ўша куни Менинг уйимда савдогарлар бошқа бўлмайди.