Ёшуа

Ёшуа

Худо Ёшуага Канъон юртини босиб олиш ҳақида амр беради

1 Эгамиз Ўзининг қули Мусо вафотидан кейин Мусонинг ёрдамчиси Ёшуага шундай деди:

2 “Менинг қулим Мусо вафот этди. Энди ҳаммангиз — бутун Исроил халқи Мен сизларга бераётган юртга кириш учун Иордан дарёсидан ўтишга тайёрланинглар.

3 Мусога ваъда берганимдай, оёғингиз теккан ҳамма жойни сизларга бераман.

4 Жанубдаги саҳродан шимолдаги Лубнонгача, шарқдаги буюк Фурот дарёсидан ғарбдаги Ўрта ер денгизигача бўлган жойлар, Хет халқининг ҳамма ерлари сизнинг юртингиз бўлади.

5 Эй Ёшуа, бир умр ҳеч ким сенга бас кела олмайди. Мусо билан бўлганимдай, сен билан ҳам бирга бўламан. Сени тарк этмайман, ҳеч қачон ташлаб кетмайман.

6 Дадил ва ботир бўл, Исроил халқи бу юртни қўлга киритиб, эгалик қилишига сен бош бўласан. Чунки уларнинг ота–боболарига, бу юртни сизларга бераман, деб ваъда қилганман.

7 Дадил ва ботир бўлишинг керак, Мен қулим Мусо орқали буюрган қонунларнинг ҳаммасини битта қолдирмай бажар, борган жойингда ишларинг ўнгидан келиши учун бу қонунлардан ўнгга ҳам, чапга ҳам оғма.

8 Таврот китобида ёзилганлар тилингдан тушмасин, уларни битта қолдирмай бажаришинг учун кечаю кундуз улар ҳақида фикр юритгин. Шунда ишларинг юришиб, ўнгидан келади.

9 Амр қиламан: дадил ва ботир бўл, ваҳимага тушма, қўрқма, қаерга борсанг ҳам, Мен, Эганг Худо, сен билан бирга бўламан.”

Ёшуанинг халққа берган буйруқлари

10 Шундан кейин Ёшуа Исроил қабилаларининг назоратчиларига шундай деб буюрди:

11 — Қароргоҳ бўйлаб юриб, халққа қуйидаги гапларни айтинглар: “Озиқ–овқатларингизни тайёрланглар, чунки уч кундан кейин Иордан дарёсидан ўтиб, Эгангиз Худо сизларга бераётган юртни қўлга кирита бошлайсизлар.”

12 Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярмига Ёшуа шундай деди:

13 — Эгамизнинг қули Мусо сизларга амр қилиб айтган сўзларини эсланг. У сизларга: “Эгангиз Худо сизларга осойишталик ато қилиб, мана шу ерларни берди”, деб айтган эди.

14 Хотинларингиз, болаларингиз, мол–қўйларингиз Мусо сизларга берган ерда — Иорданнинг мана шу шарқ томонида қолади. Орангиздаги барча қуролланган жасур жангчилар эса биродарларингизнинг олдида бориб, Иордан дарёсидан ўтади.

15 Биродарларингиз ҳам Эгангиз Худо бераётган юртни эгалламагунча, жасур жангчиларингиз уларга ёрдам беради. Эгамиз сизга осойишталик бергандай, биродарларингизга ҳам осойишталик бергандан кейингина Эгамизнинг қули Мусо сизларга берган Иорданнинг шарқидаги ўз ерингизга қайтиб келиб, жойлашасизлар.

16 Улар Ёшуага шундай деб жавоб беришди:

— Сиз буюрган ҳамма нарсани қиламиз, қаерга юборсангиз борамиз.

17 Ҳамма нарсада Мусога қандай итоат қилган бўлсак, сизга ҳам шундай итоат қиламиз. Эгангиз Худо, Мусо билан бўлганидек, сиз билан бирга бўлсин!

18 Сизнинг айтган сўзларингизга қарши чиққанларнинг, бирорта буйруғингизга бўйсунмаганларнинг жазоси ўлимдир. Сиз фақат дадил ва ботир бўлинг.

Ёшуа Ерихога айғоқчиларни юборади

1 Ёшуа Шитимдаги қароргоҳдан икки кишини яширинча айғоқчи қилиб юборди. Юборишдан олдин уларга: “Бориб, Канъон юртини, айниқса, Ерихо шаҳрини яхшилаб кўриб келинглар”, деди. Айғоқчилар Ерихога кетишди. Бориб, Раҳоба исмли бир фоҳишанинг уйида тунаб қолишди.

2 Ерихо шоҳига: “Бугун кечқурун Исроил халқидан бир нечтаси бутун юртимизни текшириш учун келишибди” деган хабар етиб борди.

3 Шунда шоҳ Раҳобага хабар юбориб: “Юртимизни текширишга келган кишилар сенинг уйингга кирибди. Энди уларни ташқарига олиб чиқ”, деб буюрди.

4 Лекин аёл ўша кишиларни яшириб қўйган эди. У шоҳнинг одамларига шундай деди: “Тўғри, ўша кишилар меникига келган эди, лекин уларнинг қаердан келганини билмагандим.

5 Кеч тушиб, шаҳар дарвозаси ёпилишидан олдин улар чиқиб кетишди. У кишилар қаерга кетганини билмайман. Агар тез орқасидан борсангиз, уларни ушлашингиз мумкин.”

6 Аслида Раҳоба уларни томга олиб чиқиб, қуритиш учун ёйиб қўйилган зиғир боғламлари тагига яшириб қўйган эди.

7 Шоҳнинг одамлари шаҳардан чиқиб кетиши биланоқ, шаҳар дарвозаси ёпилди. Улар айғоқчиларни қидириб, Иордан дарёсининг кечув жойигача боришди.

8 Айғоқчилар ухлашга ётишдан олдин Раҳоба томга чиқиб,

9 уларга шундай деди: “Эгангиз бизнинг юртимизни сизларга берганлигини биламан. Бутун халқимиз билан сизлардан қўрқиб қолганмиз. Шу ерда яшайдиганларнинг ҳаммаси сизлар ҳақингизда эшитиб ваҳимага тушган.

10 Биз эшитдик, сизлар Мисрдан чиққанингиздан кейин, Эгангиз олдингизда Қизил денгиз сувларини қуритибди. Иорданнинг шарқ томонидаги Амор халқининг шоҳлари Ўг ва Сихўнни нима қилганингизни, уларнинг одамларини бутунлай қириб ташлаганингизни ҳам эшитдик.

11 Бу воқеалар ҳақида эшитишимиз биланоқ юракларимиз орқага тортиб кетди, сизлардан қўрққанимиз учун жасоратимиздан асар ҳам қолмади. Чунки Эгангиз Худо еру самодаги Худодир.

12 Мен сизларга марҳамат кўрсатдим. Энди шунинг учун Эгангиз ҳақи қасам ичиб, сенинг оилангга ҳам меҳрибонлик қиламиз, деб кафолат беринг.

13 Мана шу кафолат ота–онам, ака–укам, опа–сингилларим ва уларга қарашли бўлганларни сақлаб қолишингизни, бизни ўлимдан қутқаришингизни билдирсин.”

14 Айғоқчилар унга шундай дейишди: “Агар биз ҳақимизда ҳеч кимга айтмасанг, Эгамиз бизга шу ерни берганда, сен ва сенинг оилангга марҳамат кўрсатамиз, деб ваъда берамиз. Сизларга бирор нарса бўлса, Худо жонимизни олсин.”

15 Раҳобанинг уйи шаҳар деворларига тақалиб қурилганлиги учун, деразаси шаҳардан ташқарига қараб турган эди. Раҳоба мана шу деразадан арқон тушириб, айғоқчиларнинг қочишига ёрдам берди.

16 Улар кетишидан олдин, Раҳоба: “Сизларни қуваётганлар топиб олмаслиги учун қирларга боринглар. Ўша ерда уч кун яширининглар. Улар қайтиб келганларидан кейин ўз йўлингизга кетаверасиз”, — деган эди.

17-18 Айғоқчилар Раҳобага жавобан шундай дейишган эди: “Биз бу ерга ҳужум қилганимизда мана шу қизил арқонни биз тушадиган деразангга боғлаб, осилтириб қўйгин. Оилангдагиларнинг ҳаммаси — ота–онанг, ака–уканг, қариндош–уруғларинг уйингда бўлиши керак, бўлмаса, биз сенга ичган қасамимиздан халос бўламиз.

19 Бирортаси эшигингдан ташқарига, кўчага чиқса, ўз ўлимига ўзи жавобгар бўлади, биз гуноҳкор бўлмаймиз. Лекин сен билан уй ичида бўлганларга бирортаси қўл теккизса, уларнинг ўлимига биз жавобгар бўламиз.

20 Лекин мабодо биз ҳақимизда бировга оғиз очсанг, сен бизга ичтирган қасамдан халос бўламиз.”

21 Раҳоба: “Сизлар нима десангиз шундай бўлсин” деган сўзлар билан айғоқчиларни чиқариб юборди. Улар ўз йўлларига кетишди. Кейин Раҳоба қизил арқонни деразасига боғлаб қўйди.

22 Ўша айғоқчилар бориб, қирларда уч кун, уларни излаб юрганлар қайтгунча туришди. Уларни қувиб кетганлар йўл бўйидаги ҳамма жойларни излаб ҳам ҳеч кимни топа олмадилар.

23 Айғоқчилар қирдан қайтиб тушишди. Улар дарёни кечиб ўтиб, Ёшуанинг олдига келиб, бўлган воқеаларнинг ҳаммасини унга айтиб беришди.

24 Улар Ёшуага: “Ҳақиқатан ҳам Эгамиз бутун юртни бизнинг қўлимизга берган. У ерда яшовчиларнинг ҳаммаси бизларни деб ваҳимага тушган”, дейишди.

Исроил халқи Иордан дарёсини кечиб ўтади

1 Эртасига тонгда Ёшуа бутун Исроил халқи билан бирга Шитим қароргоҳидан чиқиб, Иорданга етиб келди. Дарёни кечиб ўтишдан олдин улар ўша ерда қароргоҳ қуришди.

2 Уч кундан кейин қабила назоратчилари қароргоҳ бўйлаб юриб,

3 халққа шундай дейишди: “Леви руҳонийлари Эгангиз Худонинг Аҳд сандиғини кўтариб кетаётганини кўрганингизда йўлга чиқинглар. Унинг орқасидан боринглар.

4 У сизга йўлни кўрсатиб боради, чунки сизлар бу йўлни билмайсизлар. Лекин Сандиқ билан сизларнинг орангиздаги масофа тахминан икки минг тирсак бўлиши керак. Орангиздаги масофа мана шундан кам бўлмасин.”

5 Кейин Ёшуа халққа: “Ўзингизни покланг, чунки эртага Эгамиз орамизда мўъжизалар кўрсатади”, — деди.

6 Эртасига Ёшуа руҳонийларга шундай деди: “Аҳд сандиғини олиб, халқнинг олдида юринглар.” Руҳонийлар Аҳд сандиғини кўтариб, халқ олдида боришди.

7 Эгамиз Ёшуага шундай деди:

— Бугундан бошлаб сени бутун Исроил халқи олдида кўкка кўтараман, шунда улар Мен Мусо билан бўлганимдек, сен билан бирга эканимни билишади.

8 Аҳд сандиғини кўтариб борадиган руҳонийларга айтасан: “Иордан дарёсига етиб борганингиздан кейин, дарёга кириб тўхтанглар.”

9 Кейин Ёшуа Исроил халқига шундай деди:

— Яқинроқ келиб, Эгангиз Худонинг гапларини эшитинг.

10-11 Мана, бутун олам Раббийсининг Аҳд сандиғи олдингизда Иордан дарёсидан ўтади. Шундай қилиб, барҳаёт Худо сизларнинг орангизда эканлигини, Унинг Ўзи Канъон, Хет, Хив, Париз, Гиргош, Амор ва Ёбус халқларини сизларнинг олдингиздан албатта қувиб юборишини биласизлар.

12 Энди Исроил халқининг ҳар бир қабиласидан биттадан, жами ўн иккита эркакни танлаб олинглар.

13 Бутун олам Раббийси — Эгамизнинг Аҳд сандиғини кўтарган руҳонийларнинг оёқлари Иордан дарёсининг сувларига тегиши биланоқ оқим тўхтаб қолади, сув бир жойда йиғилиб туради.

14 Халқ ўз чодирларини йиғиб, Иордандан ўтиш учун йўлга тушганда, Аҳд сандиғини кўтарган руҳонийлар уларнинг олдида борар эди.

15 Ҳосил мавсуми бўлгани учун Иордан суви қирғоқларидан ҳам тошиб оқарди. Аҳд сандиғини кўтарган руҳонийлар Иорданга яқинлашдилар. Уларнинг оёқлари сувга тегиши биланоқ,

16-17 дарёнинг оқими тўхтаб қолди. Сув узоқда жойлашган Зоратон ёнидаги Адам шаҳри олдида йиғилиб қолди, Ўлик денгизга қуйиладиган дарё суви эса оқиб кетди, дарё ўзани қуриб қолди. Жамики Исроил халқи қуруқ ердан юриб, Иордандан ўтиб бўлмагунча, Эгамизнинг Аҳд сандиғини кўтарган руҳонийлар дарёнинг ўртасида, қуруқ ерда туришди. Халқ дарёдан ўтиб, Ерихо шаҳрининг ёнидаги ерларга борди.

Исроил халқи тошлардан ёдгорлик ўрнатади

1 Бутун халқ Иордандан ўтиб бўлгандан кейин, Эгамиз Ёшуага шундай деди:

2 — Халқнинг орасидан ўн икки кишини танлагин, ҳар бир қабиладан биттадан бўлсин.

3 Уларга: “Иордан дарёсининг ўртасидан, руҳонийларнинг оёғи турган жойдан ўн иккита тош олиб чиқинглар, бугун кечқурун қароргоҳ қурадиган жойга олиб бориб қўйинглар”, деб буюргин.

4 Ёшуа ҳар бир Исроил қабиласидан танлаган ўн икки кишини чақириб,

5 уларга шундай деди: “Эгангиз Худонинг Аҳд сандиғи олдига, Иорданнинг ўртасига бориб, у ердан ҳар бирингиз Исроил қабилаларининг ҳар бири учун биттадан тош олинглар. Уларни елкангизда кўтариб, қароргоҳга олиб боринглар.

6 Бу тошлар сизларга эсдалик бўлиб хизмат қилади. Вақти келиб, фарзандларингиз сизлардан: «Бу тошлар нимани билдиради?» деб сўраганда,

7 уларга Эгамизнинг Аҳд сандиғи Иордан дарёсидан ўтаётганда, дарёнинг сувлари тўхтаб қолганини айтиб берасизлар. Бу тошлар сизларга умрбод ёдгорлик бўлиб қолади.”

8 Исроил халқидан танланган кишилар Ёшуа уларга буюргандай қилишди. Эгамиз Ёшуага айтгандай, улар Иорданнинг ўртасидан ҳар бир Исроил қабиласи учун биттадан тош, жами ўн иккита тош олиб, ўзлари билан ўша куни қароргоҳ қурилган жойга олиб бориб қўйишди.

9 Шундан кейин Ёшуа яна ўн иккита тош олиб, Иорданнинг ўртасига бир ёдгорлик қурди. Бу ёдгорлик Аҳд сандиғини кўтарган руҳонийлар турган жойга қурилган эди. У тошлар бугунгача ўша ердадир.

10 Эгамиз Ёшуага, халққа айтгин, деб амр қилганларининг ҳаммаси содир бўлмагунча, Сандиқни кўтарган руҳонийлар Иорданнинг ўртасида турдилар. Ёшуага Мусо мана шу йўл–йўриқларни кўрсатган эди. Халқ тез–тез дарёдан ўтди.

11 Ҳамма дарёдан ўтиб бўлгандан кейин, Иорданнинг ўртасида турган руҳонийлар Эгамизнинг Аҳд сандиғини кўтариб, дарёдан чиқдилар. Бутун халқ буни кўриб турди.

12 Мусо буюргандай, Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласи ярмининг эркаклари ҳам қуролланиб, дарёдан ўтган эдилар. Улар Исроил халқининг олдинги сафларида эдилар.

13 Жангга тайёр ўша қирқ мингга яқин киши Эгамиз бошчилигида Ерихо ёнидаги текисликка ўтди.

14 Ўша куни Эгамиз қилган ишлари орқали Исроил халқининг кўзи олдида Ёшуанинг номини юксалтирди. Улар бутун умри давомида Мусони қандай ҳурмат қилган бўлсалар, Ёшуани ҳам шундай ҳурмат қилдилар.

15-16 Ўша куни Эгамиз Ёшуага: “Аҳд сандиғини кўтарган руҳонийларга, Иордандан чиқинглар, деб буюргин”, деган эди.

17 Ёшуа руҳонийларга: “Иордандан чиқинглар!” деб буюрганда,

18 Эгамизнинг Аҳд сандиғини кўтарган руҳонийлар Иорданнинг ўртасидан чиқиб келишганди. Уларнинг оёқлари нариги қирғоқнинг қуруқ ерига тегиши биланоқ, Иорданнинг сувлари яна олдингидай қирғоқлардан тошиб оқа бошлаганди.

19 Шундай қилиб, халқ биринчи ойнинг ўнинчи кунида Иордандан ўтди. Улар Ерихо шаҳрининг шарқидаги Гилгал деган жойда қароргоҳ қуришди.

20 Улар Иордандан олган ўн иккита тошни Ёшуа Гилгалда ўрнатиб,

21 Исроил халқига шундай деди:

— Вақти келиб, фарзандларингиз сизлардан: “Бу тошлар нимани билдиради?” деб сўраса,

22 сизлар шундай жавоб берасизлар: “Исроил халқи мана шу ерда қуруқ ердан юриб Иордандан ўтганди.

23 Эгамиз Худо биз ўтишимиз учун Қизил денгизни қуритгандай, бу ерда ҳам биз ўтиб бўлмагунимизча Иорданнинг сувларини қуритган эди.

24 Ер юзидаги барча халқлар Эгамизнинг қудратли эканини билиши ҳамда сизлар Худойингиз — Эгамиздан бир умр қўрқишингиз учун шундай қилган эди.”

1 Исроил халқи Иордан дарёсидан ўтиб бўлгунча, Эгамиз улар учун дарёнинг сувини қуритган эди. Иорданнинг ғарбидаги Амор шоҳлари ва Ўрта ер денгизи ёнидаги Канъон шоҳлари бу ҳақда эшитиб, юраклари орқага тортиб кетди. Исроил халқидан қўрққанлари учун уларнинг жасоратидан асар ҳам қолмади.

Исроил халқи Гилгалда суннат қилинади

2 Ўша пайтда Эгамиз Ёшуага шундай деди: “Тошдан пичоқлар ясаб, Исроил халқининг бу янги авлодини суннат қилинглар.”

3 Ёшуа тошдан пичоқлар ясатиб, уларни Гивот–Харилўт деган жойда суннат қилдирди.

4 Ёшуа суннат қилганининг сабаби қуйидагича: Мисрдан чиққан, жангга яроқли эркакларнинг ҳаммаси саҳродаги сафар давомида ўлган эди.

5 Мисрдан чиққанларнинг ҳаммаси суннат қилинган бўлса–да, саҳрода туғилган ўғил болалар суннат қилинмаган эди.

6 Эгамизга итоат қилмаган, Мисрдан чиққанда жангга яроқли бўлган наслнинг ҳаммаси ўлмагунча, Исроил халқи қирқ йил саҳрода саргардон бўлиб юрди. Эгамиз уларга: “Мен ота–боболарингизга ваъда қилиб, сизларга бераман деган сут ва асал оқиб ётган юртни ҳеч қачон кўрмайсизлар”, деб қасам ичган эди.

7 Мисрдан чиққанларнинг ўрнига Эгамиз уларнинг фарзандларини бино қилди. Ўша янги авлод йўлда суннат қилинмаган эди. Мана шунинг учун Ёшуа уларни суннат қилди.

8 Ҳамма эркаклар суннат қилингандан кейин, тузалгунча қароргоҳда қолдилар.

9 Эгамиз Ёшуага: “Бугун Мен сизлардан Мисрдаги қуллик шармандалигини олиб ташладим”, — деди. Шунинг учун ўша жой бугунгача Гилгал деб аталади.

10 Исроил халқи Гилгалда турган пайтларида ойнинг ўн тўртинчи кунида кечқурун Ерихо ёнидаги текисликда Фисиҳ зиёфатини ўтказдилар.

11 Фисиҳ зиёфатининг эртаси куниёқ улар ўша ернинг ҳосилидан пиширилган хамиртурушсиз нон ва қовурилган дон едилар.

12 Исроил халқи ўша юртда етиштирилган ҳосилни еган кундан бошлаб, Худо уларга манна юбормай қўйди. Ўша йил Исроил халқи Канъон ерида етиштирилган ҳосилдан еди, улар маннани бошқа кўрмадилар.

Ёшуа ва қилич ушлаб турган киши

13 Бир куни Ёшуа Ерихо шаҳри яқинида бўлганда, қаршисида қилич ушлаган бир кишини кўриб қолди. Ёшуа унинг олдига бориб: “Сен бизникимисан ёки душман тарафдамисан?” — деб сўради.

14 “Ҳеч қайсиси, — деб жавоб берди у киши, — мен Эгамиз лашкарининг лашкарбошисиман. Мана, келдим.” Ёшуа мук тушиб, унга таъзим қилди. “Қулингизга нима буюрасиз, ҳазратим?” — деб сўради Ёшуа.

15 Эгамиз лашкарининг лашкарбошиси Ёшуага шундай деди: “Оёқ кийимингни еч, сен турган ер муқаддасдир.” Ёшуа у айтгандай қилди.

Ерихо қулайди

16 Ерихоликлар Исроил халқидан қўрқиб, шаҳар дарвозаларини маҳкамлаб ёпиб, қўриқчилар қўйишди. Энди шаҳарга ҳеч ким киролмас, у ердан ҳеч ким чиқолмас эди.

1 Эгамиз Ёшуага шундай деди: “Мана, Ерихо шаҳрини шоҳию сипоҳлари билан бирга сенинг қўлингга бердим.

2 Шаҳар атрофини барча жангчилар билан бир марта айлан. Олти кун шундай қиласан.

3 Еттита руҳоний Аҳд сандиғининг олдида юрсин. Уларнинг қўлида қўчқор шохидан қилинган биттадан бурғу бўлсин. Еттинчи куни шаҳар атрофини етти марта айланинглар, руҳонийлар бурғуни чалиб юришсин.

4 Ўша куни бурғуларнинг узоқ чалинганини эшитиши биланоқ, ҳамма бор овози билан бақирсин. Шунда шаҳарнинг деворлари қулайди, ҳамма шаҳарга ҳужум қилиб, тўғри кириб бораверади.”

5 Ёшуа руҳонийларни чақириб, уларга шундай деди: “Аҳд сандиғини кўтаринглар, еттитангиз эса биттадан бурғу олиб, Эгамизнинг Аҳд сандиғи олдида юринг.”

6 Одамларга эса: “Бориб, шаҳарни айланинглар, қуролланган жангчиларнинг ҳаммаси Эгамизнинг Сандиғи олдида борсин”, — деди.

7 Ёшуа халққа буюргандай, Эгамиз олдида еттита руҳоний бурғуларни чалиб боришар, Эгамизнинг Аҳд сандиғи эса уларнинг орқасидан борарди.

8 Қуролланган кишилар бурғу чалаётган руҳонийлар олдидан боришди, Сандиқнинг орқасидан эса қоровуллар бўлинмаси борди. Бурғулар тўхтамай чалиниб турар эди.

9 Ёшуа халққа шундай деган эди: “Мен айтмагунимча, сизлар бақирманг, овозингизни чиқарманг. Мен сизларга, бақиринглар, деб айтган кундагина бақирасизлар.”

10 Эгамизнинг Сандиғи шаҳарни бир марта айланиб келди. Улар қароргоҳга қайтиб келиб, тунни ўша ерда ўтказишди.

11 Ёшуа эртасига саҳарда турди, руҳонийлар яна Эгамизнинг Сандиғини кўтаришди.

12 Еттита бурғуни кўтарган етти руҳоний Эгамиз Сандиғининг олдида боришди. Улар бурғуларни тўхтамай чалишарди. Қуролланган кишилар эса уларнинг олдида боришарди. Эгамизнинг Сандиғи орқасида эса қоровуллар бўлинмаси борарди, бурғулар тўхтамай чалинаётган эди.

13 Иккинчи куни ҳам улар шаҳар атрофини бир марта айланиб, қароргоҳга қайтиб келишди. Улар олти кун шундай қилдилар.

14 Еттинчи куни эрта тонгда туриб, олдингидай шаҳарнинг атрофини айландилар, фақат ўша куни етти марта айланишди.

15 Еттинчи марта айланаётганда, руҳонийлар бурғуни чалар экан, Ёшуа одамларга шундай деди: “Бақиринглар, чунки Эгамиз шаҳарни бизга берган.

16 Шаҳар аҳолисию шаҳар ичидаги ҳамма нарса Эгамизга бағишланиб, йўқ қилинсин. Фақат фоҳиша Раҳоба ва унинг хонадон аҳли тирик қолади, чунки у биз юборган айғоқчиларни яширган эди.

17 Сизлар эса Эгамизга бағишланган нарсаларнинг ҳеч бирига яқинлашманг, тағин ўша нарсаларни олиб, ўзингизни ҳалок қилманг. Исроил халқининг қароргоҳига кулфат келтирманг, қароргоҳ вайрон бўлмасин.

18 Чунки барча олтин, кумуш, ҳамма бронза ва темирдан ясалган идишлар Эгамизга бағишлангандир. Улар Эгамизнинг хазинасига келтирилсин.”

19 Руҳонийлар бурғуларни чалдилар. Халқ бурғу товушини эшитиши биланоқ баланд овоз билан бақирган эди, бутун шаҳар деворлари қулаб тушди. Исроил жангчилари турган жойларидан тўғри шаҳарга кириб, унга ҳужум қилишди. Исроил жангчилари шаҳарни қўлга киритишди.

20 Улар шаҳардаги ҳаммани, эркагу аёлларни, ёшу қариларни, мол–қўй, эшакларни — бутун жонзотни қириб ташладилар.

21 Ёшуа ўша ерни текшириб келган икки кишига айтди: “Фоҳишанинг уйига боринглар. Ичган онтингизга амал қилиб, у билан уйидагиларининг ҳаммасини олиб чиқинг.”

22 Айғоқчилик қилган кишилар бориб, Раҳобани, унинг ота–онасини, ака–укаларини, ҳамма қариндошларини шаҳардан олиб чиқиб, уларни Исроил қароргоҳининг ёнига, хавфсиз жойга келтирдилар.

23 Исроил жангчилари шаҳарни унинг ичидаги бор нарсаси билан ёндириб ташладилар. Фақат олтин, кумуш, бронза ва темирдан ясалган идишларни Эгамизнинг уйи хазинасига келтирдилар.

24 Фоҳиша Раҳоба ва унинг ҳамма қариндошларини Ёшуа сақлаб қолди, чунки Ёшуа Ерихони текшириб келиш учун юборган айғоқчиларни у яширган эди. Унинг хонадони ўшандан бери Исроилда яшайди.

25 Кейин Ёшуа қасам ичиб, қуйидагиларни айтди:

“Ерихо шаҳрини қайта қурмоқчи бўлган одам

Эгамиз олдида лаънати бўлсин!

У ўз тўнғич ўғлининг жони эвазига шаҳар пойдеворин ётқизар,

Кенжа ўғлининг жони эвазига дарвозалар ўрнатар!”

26 Эгамиз Ёшуа билан бирга эди. Ёшуанинг шуҳрати бутун юртга ёйилди.

Охуннинг гуноҳи

1 Аммо Исроил халқи бағишланган нарсалар ҳақида Эгамиз берган амрни бузди. Охун исмли бир киши бағишланган нарсаларнинг бир нечтасини олган экан. Охун Яҳудо қабиласидан бўлиб, Зерах уруғидан бўлган Зимрининг невараси, Кармининг ўғли эди. Эгамиз Исроил халқидан қаттиқ ғазабланди.

2 Шу орада Ёшуа бир неча кишини танлаб, уларга: “Бориб, Ай шаҳрини текшириб келинглар”, — деди. Ай шаҳри Байтилнинг шарқида, Байт–Обун яқинида жойлашган эди. Улар бориб, текширдилар.

3 Қайтиб келиб, Ёшуага: “Ҳаммамиз боришимиз шарт эмас, икки–уч мингта одам чиқиб ҳужум қилса, бас. Ай аҳолисининг сони кам, шунинг учун бутун халқ у ерга бориб овора бўлмасин”, дедилар.

4 Шундай қилиб, уч мингтача одам шаҳарга ҳужум қилди, лекин улар Ай аҳолисининг олдига тушиб қочдилар.

5 Айликлар шаҳардан чиқиб, Исроил жангчиларини тош қазиладиган жойгача қувиб бордилар. Қир ён бағрида ўттиз олтитача Исроил одамларини ўлдирдилар. Бу ҳодисадан кейин бутун Исроил халқининг юраги орқага тортиб кетди.

6 Шунда Ёшуа билан Исроил оқсоқоллари қайғудан кийимларини йиртиб, бошларига тупроқ сочдилар. Эгамизнинг Сандиғи олдида ерга мук тушишди–да, кечгача шу ҳолда қолишди.

7 Ёшуа шундай деди: “Эй Эгамиз Раббий! Нима учун бу халқни Иордан дарёсидан олиб ўтдинг? Наҳотки бизларни Амор халқининг қўлига бериб, йўқ қилиш учун шундай қилган бўлсанг?! Биз Иорданнинг нариги томонида қолаверсак бўлмасмиди?!

8 Эй Раббий, яна нима ҳам дердим, мана, Исроил халқи душманларининг олдига тушиб қочди.

9 Энди Канъон халқлари ва мана шу ерлар аҳолисининг ҳаммаси бу ҳақда эшитиб бизни қуршаб оладилар. Номимизни ер юзидан ўчириб юборадилар. Агар шундай бўлса, улуғворлигингни қандай қилиб кўрсатасан?”

10 Эгамиз Ёшуага деди: “Ўрнингдан тур! Нима учун мук тушиб ётибсан?

11 Исроил халқи гуноҳ қилди, улар билан қилган аҳдимни бузди. Улар Менга бағишланган нарсалардан ўғирлаб олишди. Бунинг устига, алдаб, ўғирланган нарсаларни ўзларининг нарсалари орасига яшириб қўйдилар.

12 Шунинг учун Исроил халқи душманларига бас кела олмаяпти. Чунки уларнинг ўзи ҳам йўқ қилинадиган, Менга бағишланган нарсадай бўлиб қолган. Энди улар душманларига мағлуб бўлиб қочадилар. Менга бағишланган нарсаларни орангиздан йўқ қилмасангиз, Мен сизлар билан бирга бўлмайман.

13 Энди Исроил халқини покла. Уларга шундай дегин: ўзингизни эртанги кун учун тайёрлаб, покланг. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: «Эй Исроил, орангизда Менга бағишланган нарсалар бор. Орангиздаги шу нарсаларни олиб ташламагунингизча, душманларингизга бас кела олмайсиз.»

14 Шунинг учун эрталаб барча қабилалар бирма–бир Эгамизнинг ҳузурига келишади. Эгамиз бир қабилани танлайди. Ана шу қабиланинг уруғлари ҳам бирма–бир келади. Эгамиз улар орасидан бир уруғни танлайди. Ўша уруғнинг оилалари бирма–бир келишади. Эгамиз бир оилани танлайди. Ўша оиланинг аъзолари бирма–бир келади.

15 Лаънатланган нарсаларни олган одамни Эгамизнинг Ўзи кўрсатади. Ўша одам бор нарсаси билан оловда ёндирилади, чунки у Эгамиз билан қилинган аҳдни бузиб, Исроилда ақл бовар қилмайдиган иш қилди.”

16 Шундай қилиб, эртаси куни тонгда, Ёшуанинг буйруғига кўра, Исроил қабилалари бирма–бир Эгамизнинг ҳузурига келишди. Эгамиз Яҳудо қабиласини танлади.

17 Энди Яҳудо қабиласининг уруғлари бирма–бир келди, шунда Зерах уруғи танланди. Зерах уруғининг оилалари бирма–бир келганда, Зимри оиласи танланди.

18 Зимри оила аъзолари бирма–бир келишди, Карми ўғли Охун танланди. У Яҳудо қабиласидан бўлиб, Зерах уруғидан бўлган Зимрининг невараси эди.

19 Ёшуа Охунга шундай деди: “Ўғлим, ҳақиқатни айтаман, деб Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг номи билан қасам ич, гуноҳингни тан олгин. Нима қилганингни яширмай менга айтиб бер.”

20 Охун Ёшуага шундай жавоб берди: “Ҳа, тўғри. Исроил халқининг Худоси — Эгамизга қарши гуноҳ қилган менман.

21 Ўша куни ўлжа орасида Шинардан келтирилган чиройли тўнни, 500 мисқол кумуш ва оғирлиги 125 мисқол келадиган бир бўлак тиллани кўриб қолдим. Кўнглим тусаб, уларни олдим. Уларни чодиримнинг ичида ерга кўмиб қўйганман, кумуш энг тагида.”

22 Ёшуа бир нечта одамни юборди. Улар чодирга югуриб бориб қарашса, у нарсалар ростдан ҳам ўша ерда яширилган экан. Уларнинг энг тагида кумуш бор эди.

23 Улар нарсаларни чодирдан олиб, Ёшуа ва бутун Исроил халқига олиб келишди. Улар нарсаларни Эгамиз олдига ёйиб қўйишди.

24 Кейин Ёшуа ва бутун Исроил халқи Зерах ўғли Охунни ўғирланган кумуш, тўн, тилла бўлаги ҳамда ўғил–қизлари, мол–қўйлари, эшаклари, чодирию бор нарсаси билан бирга Охор сойлигига олиб боришди.

25 Ёшуа: “Бошимизга роса ҳам кулфат келтирдинг–ку. Мана энди бугун Эгамиз сенинг бошингга ҳам кулфат келтиради”, — деди. Бутун Исроил халқи Охунни ва унинг оиласини тошбўрон қилиб ўлдирди–да, уларнинг жасадларини оловда куйдирди.

26 Кейин уларнинг устига катта бир тош уюмини тўплади, тошлар бугунгача ўша ердадир. Шунинг учун ушбу ер ўша пайтдан бери Охор сойлиги деб аталади. Шундан кейин Эгамиз ғазабидан тушди.

Ай шаҳри мағлуб бўлади ва вайрон қилинади

1 Эгамиз Ёшуага айтди: “Қўрқма, ваҳимага тушма, барча жангга яроқли эркакларни бошлаб, Ай шаҳрига боргин. Мана, Ай шоҳини унинг халқи, шаҳри ва ери билан бирга сенга берганман.

2 Ерихо ва унинг шоҳини нима қилган бўлсангиз, Ай ва унинг шоҳини ҳам худди шундай қиласизлар. Фақат шаҳардаги мол–мулкларни ва барча чорвани ўзингизга ўлжа қилиб олсангиз бўлади. Шаҳарнинг орқасида пистирма қўйинглар.”

3 Ёшуа ва ҳамма жангга яроқли эркаклар Айга ҳужум қилишга тайёрланишди. Ёшуа ўз лашкари орасидан ўттиз минг жангчини танлаб олди. Тунда жўнатаётиб,

4 уларга шундай буйруқ берди:

— Бориб, шаҳарнинг орқасида пистирма қўйинг, шаҳардан узоққа борманг, ҳаммангиз сергак бўлиб туринг.

5 Мен одамларим билан шаҳарга яқинлашаман. Улар бизга қарши чиққанда, олдингидай биз улардан қочамиз.

6 Бизни қувиб, душманлар шаҳардан анча узоқлашиб кетади. Улар ўзларича: “Душманларимиз яна олдингидай биздан қочяпти”, деб ўйлашади. Биз қочаётганимизда эса

7 сизлар пистирмадан чиқиб, шаҳарни оласизлар. Эгангиз Худо уни сизларнинг қўлингизга беради.

8 Шаҳарни олганингиздан кейин, Эгамиз буюргандай, уни ёндирасизлар. Мана шу буйруқларни бажаринг.

9 Шу сўзлар билан Ёшуа уларни жўнатиб юборди. Улар Айнинг ғарбида — Ай ва Байтил оралиғида пистирма қўйиб, ўша ерда кутиб ётдилар. Ўша тунни Ёшуа қароргоҳда ўтказди.

10 Эртаси куни, тонг пайти Ёшуа жангчиларини бир жойга йиғиб, қабилаларнинг бошлиқлари билан бирга уларни Айга бошлаб борди.

11 Барча жангга яроқли кишилар у билан кетди. Улар шаҳарга яқинлашиб, Айнинг шимолида қароргоҳ қуришди. Ай ва уларнинг орасида жарлик бор эди.

12 Ёшуа беш мингга яқин одамни шаҳарнинг ғарбига, Ай ва Байтил оралиғида пистирма қўйишга юборди.

13 Шундай қилиб, жангчилар жанговар ҳолатга келтирилди. Уларнинг асосий қисми шаҳарнинг шимолида, қоровуллар бўлинмаси эса шаҳарнинг ғарбида эди. Ёшуа эса ўша тунни жарликда ўтказди.

14 Буни кўрган Ай шоҳи эртаси куни тонгда шошилиб, бутун лашкари билан Иордан водийси рўпарасидаги бир жойга Исроил халқига қарши жанг қилишга борди. Аммо шоҳ шаҳарнинг орқасида ўзига қарши пистирма қўйилганини билмас эди.

15 Ёшуа ва бутун Исроил лашкари ўзларини енгилаётгандай кўрсатиб, саҳро тарафга қочишди.

16 Ёшуа ва Исроил қўшинини қувиш учун Ай шаҳридаги барча эркаклар чақирилди. Улар Ёшуа ва Исроил лашкарини қувиб, шаҳардан анча узоқлашиб кетишди.

17 Ай ва Байтилда Исроил лашкарини қувиш учун чиқмаган бирорта ҳам эркак қолмади. Шаҳарни қўриқлашга ҳеч кимни қолдирмай, Исроил лашкарини таъқиб қилдилар.

18 Эгамиз Ёшуага шундай деди: “Қўлингдаги найзани Ай томонга узат, ўша шаҳарни сенинг қўлингга бераман.” Ёшуа қўлидаги найзасини шаҳар томонга узатди.

19 У қўлини узатиши биланоқ жангчилар пистирмадан отилиб чиқиб, шаҳарга ҳужум қилишди. Улар шаҳарни қўлга олиб, дарров унга ўт қўйишди.

20-21 Шаҳардан тутун чиқаётганини кўрган Ёшуа ва Исроил лашкари, “Пистирмадагилар шаҳарни олди” деб, ортига қайтган эдилар. Улар Ай шаҳрининг одамларига ҳужум қила бошлаган эдилар. Ай лашкари орқага қараса, ёнаётган шаҳарнинг тутуни кўкка кўтариляпти. Улар на у ёққа, на бу ёққа қоча олардилар, чунки саҳрога қочган Исроил лашкари энди орқага бурилиб, уларга қарши чиққан эди.

22 Исроил лашкарининг шаҳардаги қисми ҳам Ай одамларига қарши чиққанди. Исроил лашкари уларни орқа томондан ҳам, олд томондан ҳам ўраб олган эди. Исроил лашкари уларнинг ҳаммасини қириб ташлади. Ҳеч ким тирик қолмади, бирортаси ҳам қочиб кета олмади.

23 Аммо Ай шоҳини тириклайин ушлаб, Ёшуанинг ҳузурига олиб келишди.

24 Исроил лашкари шаҳар ташқарисида — саҳрода бутун Ай қўшинини қириб ташлашди. Уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлгандан кейин Исроил лашкари Айга бориб, у ерда қолганларнинг ҳаммасини йўқ қилди.

25 Ўша куни бутун Ай аҳолиси, ҳаммаси бўлиб ўн икки мингта эркак ва аёл ҳалок бўлди.

26 Айда яшовчиларнинг ҳаммаси йўқ қилинмагунча, Ёшуа найза ушлаган қўлини туширмади.

27 Эгамиз Ёшуага буюргандай, Исроил лашкари фақатгина мол–қўй ва шаҳар аҳолисининг мол–мулкини ўзларига ўлжа қилиб олди.

28 Ёшуа Ай шаҳрини ёндириб юборди. Ўша шаҳар бугунгача вайрон бўлиб ётибди.

29 Ай шоҳини эса қатл эттириб, жасадини тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтирди. Унинг жасади кечгача ўша ерда осилиб турди. Қуёш ботгандан кейин, Исроил жангчилари Ёшуанинг буйруғига кўра, жасадни ходадан тушириб, шаҳар дарвозасининг остонасига ташладилар. Унинг устига катта тош уюми тўпладилар. Шу тош уюми бугунгача ўша ердадир.

Ёшуа Эбал тоғида Таврот китобидан ўқийди

30 Кейин Ёшуа Исроил халқининг Худосига — Эгамизга Эбал тоғида қурбонгоҳ қурди.

31 У қурбонгоҳни Эгамизнинг қули Мусонинг Таврот китобидаги кўрсатмаларга риоя қилган ҳолда, темир асбоб тегмаган, йўнилмаган тошлардан қурган эди. Халқ ўша қурбонгоҳда Эгамизга куйдириладиган қурбонлик ва тинчлик қурбонликлари келтирди.

32 Ўша ерда — Исроил халқининг кўзи олдида Ёшуа тошларга Мусо ёзган қонунларнинг нусхасини ёзди.

33 Қабила оқсоқоллари, назоратчилари, ҳакамлари, бутун Исроил халқи ва уларнинг орасида яшаётган қондош бўлмаган одамлар Эгамизнинг Аҳд сандиғи қаршисида — уни кўтариб турган леви руҳонийларининг олдида туришди. Халқнинг ярми Гаризим тоғи этагида, ярмиси Эбал тоғи этагида турарди. Эгамизнинг қули Мусо, Исроил халқини дуо қилиш вақти келганда шундай қилинглар, деб буюрган эди.

34 Кейин Ёшуа Таврот китобида ёзилгандай, қонунларнинг ҳар бир сўзини, барака ва лаънатларга оид парчаларни ўқиди.

35 Бутун Исроил жамоаси олдида, аёллару болалар, Исроил халқи орасида яшаётган, уларга қондош бўлмаганлар олдида, Мусо уларга буюрган қонунларни Ёшуа битта қолдирмай ўқиди.

Гивонликлар Ёшуани алдашади

1 Иордан дарёсининг ғарб томонида турадиган барча шоҳлар Ёшуанинг ғалабалари ҳақида эшитишган эди. Улар қирларда, қирларнинг этакларида, бутун Ўрта ер денгизи қирғоғи бўйлаб, то шимолдаги Лубнонгача бўлган жойда яшайдиган Хет, Амор, Канъон, Париз, Хив ва Ёбус халқларининг шоҳлари эдилар.

2 Ўша шоҳлар ўз қўшинларини бирлаштириб, Ёшуа ва бутун Исроил халқига қарши жанг қилишга тўпладилар.

3 Аммо Гивон аҳолиси Ёшуанинг Ерихо ва Ай шаҳарларини нималар қилгани ҳақида эшитиб,

4 айёрлик билан иш тутди. Улардан бир нечтаси йўлга тайёргарлик кўриб, ўз эшакларига эски хуржунларни ва йиртилиб ямалган эски мешларни юкладилар.

5 Оёқларига эски, ямалган оёқ кийимлар, устиларига эса жулдур кийимлар кийишди. Улар олган нонларнинг суви қочиб, моғор босган эди.

6 Улар Гилгалдаги қароргоҳга бориб, Ёшуа ва бутун Исроил халқига:

— Биз жуда ҳам олис бир юртдан келдик, биз билан сулҳ тузинглар, — дейишди.

7 Аммо Исроил халқи Хив халқидан бўлган бу одамларга шундай деди:

— Балки сизлар бизга яқин жойда яшарсизлар, биз қандай қилиб сизлар билан сулҳ тузамиз?

8 Шунда улар Ёшуага:

— Биз сизларнинг қулларингизмиз, — дейишди. Ёшуа эса улардан:

— Сизлар кимсизлар? Қаердан келдингизлар? — деб сўради.

9 Улар Ёшуага шундай деб жавоб беришди:

— Биз сизнинг қулларингизмиз, Эгангиз Худони деб жуда ҳам узоқ бир юртдан келдик. Биз сизнинг Худойингиз ҳақида эшитдик. У Мисрда нима қилганини,

10 Иорданнинг шарқидаги Амор халқларининг икки шоҳини — Хашбон шоҳи Сихўнни ва Аштарўтда яшаган Башан шоҳи Ўгни нималар қилганини эшитдик.

11 Шунинг учун оқсоқолларимиз ва юртимиз аҳолиси бизни сизларнинг олдингизга юбориб: “Узоқ сафарга тайёрланинглар. Исроил халқи олдига етиб боргач, бизнинг халқимиз уларга қул эканлигини айтиб, улар билан сулҳ тузиб келинглар”, деб тайинлашди.

12 Мана, нонимизга қаранг, йўлга чиққанимизда иссиққина эди, энди эса суви қочиб, моғор босиб қолган.

13 Мана бу мешлар шаробга тўлдирганимизда янги эди, энди эса қаранг, ёрилиб кетган, уст–бошимиз ва оёқ кийимларимиз ҳам йўл узоқлигидан эскириб кетди.

14 Исроил оқсоқоллари уларнинг озиқ–овқатларини текшириб кўрдилар, Эгамиздан эса йўл–йўриқ сўрамадилар.

15 Ёшуа улар билан тинчлик сулҳини тузди. Жамоа оқсоқоллари уларни ўлдирмасликка қасам ичиб, сулҳни маъқулладилар.

16 Сулҳ тузилгандан кейин уч кун ўтгач, Исроил халқи Гивонликлар ўзларига яқин жойда яшашларини эшитиб қолди.

17 Исроил халқи йўлга чиқиб уларнинг шаҳарларига уч кунда етиб боришди. Гивон, Хафира, Барўт ва Хират–Йўрим уларга қарашли шаҳарлар эди.

18 Аммо Исроил халқи уларга ҳужум қилмади, чунки жамоа оқсоқоллари Исроил халқининг Худоси — Эгамиз номи билан қасам ичиб, уларга ваъда беришган эди. Шунда бутун жамоа минғиллаб, оқсоқолларга нолиди.

19 Оқсоқоллар жамоага шундай дедилар:

— Биз уларга Исроил халқининг Худоси — Эгамиз номи билан қасам ичиб ваъда берганмиз, энди биз уларга тегмаслигимиз керак.

20-21 Майли, яшайверишсин, ичган қасамимизни бузиб, бошимизга Эгамизнинг ғазабини келтирмайлик. Аммо Гивонликлар бутун жамоа учун ўтин ёрувчи ва сув ташувчи бўлиб қолсинлар.

Шундай қилиб, оқсоқоллар Гивонликларга нисбатан ўз ваъдасида қолдилар.

22 Ёшуа Гивонликларни чақириб сўради:

— Бизга яқин жойда яшаркансиз. Нимага, сизлардан узоқ жойда яшаймиз, деб бизни алдадингиз?

23 Шунинг учун энди сизлар лаънатисизлар, то абад Худойимнинг уйи учун ўтин ёрувчи, сув ташувчи қул бўлиб қоласизлар.

24 Улар Ёшуага жавоб бердилар:

— Биз аниқ эшитдик, Эгангиз Худо Ўзининг қули Мусога бутун юртни сизларга бериб, унинг бутун аҳолисини қириб ташлашни буюрибди. Ўз жонимизни ўйлаб, сизлардан қўрққанимиздан шу ишни қилдик.

25 Энди биз сизнинг қўлингиздамиз, нима тўғри ва нима яхши, деб ўйласангиз, бизни шундай қилинг.

26 Исроил халқи Гивонликларни ўлдиришига Ёшуа йўл қўймади.

27 Аммо ўша куни Ёшуа уларни қурбонгоҳ ва Исроил жамоаси учун ўтин ёрувчи ва сув ташувчи қилиб қўйди. Эгамизнинг қурбонгоҳи қаерда қурилишидан қатъий назар, улар ўша вазифаларни бажарадиган бўлишди. Ҳатто бугунгача уларнинг вазифаси шудир.

Исроил халқи жанубдаги шоҳларни мағлуб қилади

1 Қуддус шоҳи Одонисидиқ эшитдики, Ёшуа Ай шаҳрини қўлга киритибди, уни бутунлай вайрон қилибди, Ерихо ва унинг шоҳини нималар қилган бўлса, Ай шаҳрини ва унинг шоҳини ҳам шундай қилибди. Гивонликлар ҳам Исроил халқи билан сулҳ тузганини, энди улар билан тинч–тотув яшаётганларини Одонисидиқ эшитиб,

2 жуда қўрқиб кетди. Ахир, Гивон шаҳри улкан шаҳар бўлиб, ўз шоҳига эга бўлган шаҳарлардай катта, Ай шаҳридан ҳам каттароқ эди–да. Гивон аҳолисининг барча эркаклари ҳам жуда моҳир жангчи эдилар.

3 Хеврон шоҳи Хўхам, Ярмут шоҳи Пиром, Лахиш шоҳи Ёфия ва Эглон шоҳи Дабир Қуддус шоҳи Одонисидиқдан шундай хабар олишди:

4 “Келиб, менга ёрдам беринг. Бирга Гивонга ҳужум қилайлик, чунки улар Ёшуа ва бутун Исроил халқи билан сулҳ тузибди.”

5 Шунда Қуддус шоҳи, Хеврон шоҳи, Ярмут шоҳи, Лахиш шоҳи ва Эглон шоҳи — Амор халқларининг бешала шоҳлари кучларини йиғдилар. Барча қўшинлари билан Гивонни ўраб олиб, ҳужум қилдилар.

6 Гивонликлар Ёшуага — Гилгалдаги қароргоҳга шундай хабар юбордилар: “Қирлардаги ҳамма Амор шоҳлари ўз қўшинлари билан бизларга қарши чиқишди. Қулларингизни тарк этманг! Тез келиб бизларни қутқаринг, бизга ёрдам беринг.”

7 Ёшуа бутун лашкари билан Гилгалдан чиқди. Уларнинг орасида энг зўр жангчилар ҳам бор эди.

8 Эгамиз Ёшуага шундай деди: “Улардан қўрқма, уларни сенинг қўлингга берганман, уларнинг бирортаси ҳам сенга бас кела олмайди.”

9 Ёшуа ўз лашкари билан Гилгалдан чиққандан кейин туни билан йўл босиб, Амор қўшинларининг устига тўсатдан бостириб борди.

10 Бутун Исроил лашкари олдида Эгамиз Амор қўшинларини ваҳимага солди. Исроил лашкари Гивонда уларнинг кўпларини қиличдан ўтказди. Байт–Хўронга чиқадиган йўл билан қувиб, то Озикаҳ ва Маккедога етиб боргунча йўлда Амор қўшинларини йўқ қилди.

11 Улар Исроил лашкаридан қочиб, Байт–Хўрондан пастга тушаётганларида, то Озикаҳга етгунларича Эгамиз осмондан уларнинг устига йирик–йирик дўл ёғдирган эди. Уларнинг кўплари дўл остида ҳалок бўлди. Исроил лашкарининг қиличидан ҳалок бўлганлардан кўра, дўл уриб ўлганлар кўпроқ эди.

12 Эгамиз Амор халқларини Исроил лашкарининг қўлига берган куни Ёшуа Эгамизга гапириб, бутун Исроил халқи олдида шундай деди:

“Эй қуёш, тек тургин Гивон шаҳрида,

Оймомо, сен эса Ойжавлон водийсида.”

13 Халқ ўз душманларидан қасос олмагунча, қуёш ҳам, ой ҳам қимирламай, осмонда тўхтаб тураверди. “Ёшур” китобида шу ҳақида ёзилган. Қуёш осмоннинг ўртасида тўхтаб, кун бўйи ботмай турди.

14 Ўша куни Исроил халқи учун Эгамизнинг Ўзи жанг қилди. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам Эгамиз инсоннинг илтижосига жавоб берган бундай кун бўлмаган.

15 Шундан кейин Ёшуа ва бутун лашкар Гилгалдаги қароргоҳга қайтиб кетишди.

Ёшуа жанубдаги бешта шоҳни ўлдиради

16 Бешала шоҳ қочиб, Маккедодаги ғорга яшириниб олишган эди.

17 Ёшуага: “Бешта шоҳ топилди, улар Маккедодаги ғорнинг ичига яшириниб олишган экан”, деб айтишди.

18 Ёшуа шундай деди: “Катта тошлар олиб, ғорнинг оғзини ёпинглар. Шоҳлар чиқиб кетмаслиги учун у ерга қўриқчилар тайинланглар,

19 лекин ҳаммангиз ҳам ўша ерда қолиб кетманг. Душман лашкарларини қувиб, уларга орқадан ҳужум қилинг. Уларни ўз шаҳарларига киришларига йўл қўйманг, чунки Эгангиз Худо душманларни сизнинг қўлингизга берган.”

20 Ёшуа ва бутун Исроил лашкари душманларнинг деярли ҳаммасини қиличдан ўтказди. Фақат бир–иккитасигина ўз мустаҳкам шаҳарларига қочиб бориб, тирик қолди.

21 Бутун Исроил лашкари Маккедодаги қароргоҳга соғ–саломат қайтиб борди. Шундан кейин ўша ердагилардан ҳеч ким Исроил халқига қарши гапиришга журъат эта олмади.

22 Ёшуа: “Ғорнинг оғзини очиб, бешта шоҳни менинг олдимга олиб келинглар”, деб буюрди.

23 Унинг айтганини қилиб, бешта шоҳни — Қуддус, Хеврон, Ярмут, Лахиш ва Эглон шаҳарларининг шоҳларини ғордан олиб чиқиб, унинг олдига олиб келишди.

24 Ёшуа бутун Исроил жангчиларини йиғиб, ўша бешта шоҳни ерга ётқизди. Жангчиларнинг бошлиқларига эса шундай деди: “Яқинроқ келиб, оёқларингизни шоҳларнинг бўйинларига қўйинглар.” Улар келиб, оёқларини шоҳларнинг бўйинларига қўйдилар.

25 Ёшуа гапида давом этди: “Энди қўрқманг, ваҳимага тушманг, фақатгина дадил ва ботир бўлинглар. Эгамиз сизга қарши чиқадиган ҳамма душманларни шу кўйга солади.”

26 Шундан кейин Ёшуа шоҳларни ўлдириб, уларнинг жасадларини тик ўрнатилган бешта ходанинг учига қоқтирди. Жасадлар кечгача ходаларда осилиб турди.

27 Қуёш ботганда, Ёшуанинг буйруғига кўра, шоҳларнинг жасадларини ходалардан тушириб, илгари ўша шоҳлар яширинган ғорнинг ичига ташладилар. Ғорнинг оғзини эса катта–катта тошлар билан ёпиб қўйдилар. Ўша тошлар бугунгача ўша ердадир.

Ёшуа жанубдаги шаҳарларни вайрон қилади

28 Ёшуа ўша куни Маккедо шаҳрини босиб олди, унинг аҳолисини шоҳи билан бирга қиличдан ўтказди. Шаҳардаги ҳар бир кишини йўқ қилди, у ерда бирорта ҳам тирик жон қолмади. Ерихонинг шоҳини нима қилган бўлса, Маккедонинг шоҳини ҳам шундай қилди.

29 Кейин Ёшуа бутун Исроил лашкари билан Маккедодан Либна шаҳрига бориб, Либнага ҳужум қилди.

30 Эгамиз Либна ва унинг шоҳини ҳам Исроил лашкарининг қўлига берди. Улар бутун шаҳар аҳолисини қиличдан ўтказиб, бирорта ҳам тирик жон қолдирмадилар. Ерихо шоҳини нима қилишган бўлса, Либна шоҳини ҳам шундай қилишди.

31 Ёшуа ва барча Исроил жангчилари Либнадан Лахиш шаҳрига бордилар. Шаҳарни қуршовга олиб, ҳужум қилишди.

32 Эгамиз Лахишни Исроил лашкарининг қўлига берди. Улар иккинчи куни шаҳарни босиб олишди. Худди Либнадагидай бу шаҳарнинг ҳам бутун аҳолисини қиличдан ўтказишди.

33 Гезер шаҳрининг шоҳи Хўром Лахиш шаҳрига ёрдамга келган эди, Ёшуа Хўромни ва унинг бутун қўшинини бирорта ҳам тирик жон қолдирмай йўқ қилди.

34 Исроил лашкари Ёшуа билан Лахишдан чиқиб Эглон шаҳрига борди. Уни ҳам қуршовга олиб, ҳужум қилди.

35 Худди Лахишдагидай Эглонни ҳам бир кун ичида босиб олиб, унинг барча аҳолисини йўқ қилди.

36 Бундан кейин Ёшуа билан Исроил лашкари Эглондан Хеврон шаҳрига боришди. Ўша шаҳарга ҳужум қилишди.

37 Хевронни қўлга олиб, унинг шоҳини, бутун аҳолисини, ҳатто атрофидаги қишлоқларнинг аҳолисини ҳам бутунлай йўқ қилдилар. Худди Эглондагидай битта ҳам тирик жон қолдиришмади.

38 Кейин Ёшуа бутун Исроил лашкари билан Давир шаҳрига бориб, унга ҳужум қилди.

39 Шаҳарни қўлга киритиб, унинг шоҳи, бутун аҳолиси ва ҳатто атрофидаги қишлоқларнинг аҳолисини ҳам бутунлай йўқ қилди. Хеврон, Либна шаҳарлари ва уларнинг шоҳларига нима қилган бўлса, Давир ва унинг шоҳини ҳам худди шундай қилиб, шаҳарда бирорта ҳам тирик жонзот қолдирмади.

40 Ёшуа бутун юртни — қирларнию Нагав чўлини, ғарбдаги қир этакларини, шарқдаги қир ён бағирларини босиб олди ва у ерларнинг шоҳларини мағлуб қилди. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз буюргандай, Ёшуа ҳеч кимни тирик қолдирмади, ҳаммани қириб ташлади.

41 Ёшуа Кадеш–Барнадан Ғазогача бўлган шаҳарларни, бутун Гўшен ерларини, шимолдаги Гивонгача бўлган ерларни босиб олди.

42 Ёшуа бу шоҳлар ва уларнинг ерларини бир юришдаёқ босиб олди, чунки Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Ўз халқи учун жанг қилди.

43 Кейин Ёшуа Исроил лашкари билан бирга Гилгалдаги қароргоҳга қайтиб борди.

Исроил халқи шимолдаги шоҳларни мағлуб қилади

1 Хазор шаҳрининг шоҳи Ёбин Ёшуанинг ғалабалари ҳақида эшитди. У қуйидаги шоҳларга шошилинч хабар юборди: Мадон шоҳи Йўвовга, Шимрон шоҳига, Ахшоф шоҳига,

2 шимолдаги қирларнинг шоҳларига, Жалила кўлининг жанубидаги Иордан водийсининг шоҳларига, ғарбдаги қир этаклари ва Нафўт–Дўр шоҳларига,

3 шарқ ва ғарбдаги Канъон халқларининг шоҳларига, Амор, Хет, Париз халқларининг шоҳларига, қирлардаги Ёбус шоҳларига, Миспах еридаги Хермон тоғининг этагида яшайдиган Хив халқига.

4 Улар бутун лашкарлари, жуда кўп отларию жанг араваларини тўплаб, Исроил халқига қарши жанг қилиш учун йиғилишди. Уларнинг жангчилари денгиз қирғоғидаги қумдай сон–саноқсиз эди.

5 Исроил халқи билан жанг қилишга мана шу шоҳларнинг ҳаммаси лашкарларини бирлаштиришди. Улар Миром сувлари олдида қароргоҳ қурдилар.

6 Эгамиз Ёшуага шундай деди: “Улардан қўрқмагин! Мен Ўзим уларни Исроил халқининг қўлига бераман, эртага шу пайтда уларнинг ҳаммаси ўлган бўлади. Уларнинг отларини майиб қилинглар, жанг араваларини ёндиринглар.”

7 Ёшуа ўзининг бутун лашкари билан Миромга бориб, душман қўшинлари устига тўсатдан ҳужум қилди.

8 Эгамиз Исроил лашкарига душманлари устидан ғалаба берди. Исроил лашкари душманларини шимол томонда Буюк Сидон ва Мисрафўт–Майимгача, шарқ томонда эса Миспах водийсигача қувиб бориб, уларнинг ҳаммасини ҳалок қилди. Душманларнинг бирортаси ҳам тирик қолмади.

9 Ёшуа Эгамиз буюргандай уларнинг отларини майиб қилди, жанг араваларини ёндириб ташлади.

10 Ўшандан кейин Ёшуа ўз лашкари билан орқага қайтиб, Хазор шаҳрига борди. Уни қўлга киритиб, шоҳини ҳалок қилди. У пайтда Хазор ўша шоҳликлар орасида энг қудратлиси эди.

11 Исроил лашкари шаҳар аҳолисининг ҳаммасини бутунлай йўқ қилди. У ерда бирорта ҳам тирик жон қолмади. Шаҳарни эса ёндириб ташлашди.

12 Ёшуа билан Исроил лашкари ўша шаҳарларнинг ҳаммасини босиб олиб, уларнинг шоҳларию барча аҳолисини қиличдан ўтказди. Эгамизнинг қули Мусо буюргандай, уларни бутунлай вайрон қилди.

13 Исроил лашкари тепаликларда қурилган шаҳарлардан фақатгина Хазор шаҳрини ёндириб ташлади.

14 Исроил лашкари шаҳарлардаги мол–мулкларни ва барча чорвани ўзларига ўлжа қилиб олдилар. Аммо шаҳарларнинг барча аҳолисини қиличдан ўтказдилар. У ерда бирорта ҳам тирик жон қолмади.

15 Эгамиз Ўз қули Мусога берган амрларни Мусо Ёшуага етказган эди. Ёшуа Мусо айтгандай қилиб, барча амрларни битта қолдирмай бажарди.

Ёшуа қўлга киритган ерлар

16 Шундай қилиб, Ёшуа бутун юртни — жанубий қирлару ўша қирларнинг этакларини, бутун Нагав чўлини, бутун Гўшен ерларини, Иордан водийсини, шимолий қирлар ва ўша қирларнинг этакларини босиб олди.

17 Исроил халқи босиб олган ернинг жанубий чегараси Сеир ёнидаги Халак тоғи эди, шимолдаги чегараси эса Хермон тоғининг этагида жойлашган Лубнон водийсидаги Баал–Гад шаҳри эди. Ёшуа ўша ерларнинг шоҳларини мағлуб қилиб, ҳаммасини ҳалок қилди.

18 Бу шоҳларни мағлуб қилгунча, Ёшуа узоқ вақт улар билан уруш қилган эди.

19 Гивондаги Хив халқидан ташқари ҳеч бир шаҳар аҳолиси Исроил халқи билан сулҳ тузмаган эди. Уларнинг ҳаммаси жангда мағлуб бўлишди.

20 Эгамиз ўша халқларни ўжару такаббур қилиб қўйгани учун, улар Исроил халқига қарши жанг қилавердилар. Эгамиз Мусога буюргандай, Исроил лашкари уларни бутунлай йўқ қилиб, шафқатсизларча ўлдиришлари учун шундай қилган эди.

21 Ўша пайтда Ёшуа қирларда яшаган Оноқ авлодини йўқ қилиб ташлади. Улар Хеврон, Давир, Онов шаҳарларида, бутун жанубий ва шимолий қирларда яшардилар. Ёшуа уларни ўлдириб, шаҳарларини вайрон қилди.

22 Исроил халқининг юртида Оноқ авлодидан ҳеч ким қолмади, фақатгина Ғазо, Гат ва Ашдод шаҳарларида бир нечтаси қолди.

23 Шундай қилиб, Мусога Эгамиз айтгандай, Ёшуа бутун юртни қўлга киритди. Ёшуа бу ерларни Исроил халқининг қабилаларига мулк қилиб берди. Энди юртда тинчлик барқарор бўлди.

Иордан дарёсининг шарқида Мусо мағлуб қилган шоҳлар

1 Мусо бошчилигида Исроил халқи Иордан дарёсининг шарқида бўлган шоҳларни мағлуб қилиб, уларнинг ерларини эгаллаб олган эди. Бу шоҳлар жанубдаги Арнон сойлигидан шимолдаги Хермон тоғигача бўлган ерларда ҳукмронлик қилган эди. Уларнинг ерлари Иордан водийсининг шарқидаги барча ерларни ўз ичига олар эди.

2 Исроил халқи мағлуб қилган шоҳлардан бири Амор халқининг шоҳи Сихўн эди. У Хашбон шаҳрида яшаган эди. Унинг шоҳлиги Арнон сойлигининг четида жойлашган Арор шаҳрини ва ўша сойликнинг ўртасидан то Явоқ дарёсигача чўзилган жойларни, яъни Гиладнинг ярмини ўз ичига олар эди. Явоқ дарёси Оммон халқи ерининг чегараси эди.

3 Сихўн Иордан водийсининг шарқ томонида ҳам ҳукмронлик қилган эди. Бу ҳудуд шимол томонда Жалила кўлининг ғарбий қирғоқларигача, жануб томонда Ўлик денгизгача, Байт–Яшимўтдан Фисгах тоғ тизмасининг ён бағирларигача бўлган жойларни ўз ичига олар эди.

4 Мағлуб бўлган Башан шоҳи Ўг ўз шаҳарлари Аштарўт ва Эдрейда яшарди. У Рафа халқининг омон қолганларидан бири эди.

5 Унинг шоҳлиги шимолдаги Хермон тоғигача, шарқдаги Салко шаҳригача чўзилиб, ғарбдаги Гашур ва Махо шоҳликларининг чегараларигача етиб борган Башан ўлкасини ҳам ўз ичига олган эди. Бу шоҳлик яна Гиладнинг шимолий ярмини ҳам ўз ичига олиб, Хашбон шоҳи Сихўн ҳудуди чегарасигача етиб борарди.

6 Эгамизнинг қули Мусо ва Исроил халқи мана шу икки шоҳни мағлуб қилиб, уларнинг ерларини эгаллаб олишган эди. Мусо шу ерларни Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярмига мулк қилиб берган эди.

Иордан дарёсининг ғарбида Ёшуа мағлуб қилган шоҳлар

7 Иорданнинг ғарбида — шимолдаги Лубнон водийсида жойлашган Баал–Гаддан тортиб, жанубдаги Сеир ёнида жойлашган Халак тоғигача бўлган жойларда яшаган шоҳларни Исроил халқи Ёшуа бошчилигида мағлуб қилди. Ўша шоҳларнинг ерларини Ёшуа Исроил қабилаларига мулк қилиб бўлиб берди.

8 Қирларни, ғарбдаги қир этакларини, Иордан водийсини, унинг ғарбидаги қир ён бағирларини, Яҳудо адирларидаги ва Нагав чўлидаги ерларни бўлиб берди. Бу ерларда Хет, Амор, Канъон, Париз, Хив ва Ёбус халқлари яшашарди. Исроил халқи мағлуб қилган шоҳлар қуйидагилардир:

9 Ерихо шоҳи,

Байтилнинг ёнидаги Ай шоҳи,

10 Қуддус шоҳи,

Хеврон шоҳи,

11 Ярмут шоҳи,

Лахиш шоҳи,

12 Эглон шоҳи,

Гезер шоҳи,

13 Давир шоҳи,

Гедер шоҳи,

14 Хўрмах шоҳи,

Арод шоҳи,

15 Либна шоҳи,

Адуллам шоҳи,

16 Маккедо шоҳи,

Байтил шоҳи,

17 Таппух шоҳи,

Хафер шоҳи,

18 Офоқ шоҳи,

Шарон шоҳи,

19 Мадон шоҳи,

Хазор шоҳи,

20 Шимрон–Марон шоҳи,

Ахшоф шоҳи,

21 Танах шоҳи,

Магидў шоҳи,

22 Кедеш шоҳи,

Кармилдаги Ёхнаём шоҳи,

23 Нафўт–Дўрдаги Дўр шоҳи,

Гилгалдаги Гўйим шоҳи,

24 Тирза шоҳи.

Исроил халқи ҳаммаси бўлиб ўттиз битта шоҳни мағлуб қилди.

Исроил халқи ҳали босиб олмаган ерлар

1 Йиллар ўтиб, Ёшуа анча кексайиб қолган пайтда, Эгамиз унга шундай деди: “Сен қаридинг, ёшинг ҳам ўтиб қолди, лекин Мен сизларга берган юртнинг кўп жойлари ҳали босиб олинмаган.

2 Исроил халқи ҳали қуйидаги ерларни эгалламаган: бутун Филист ва Гешир халқининг ерлари,

3 яъни Мисрнинг шарқий чегарасидаги Шихор ирмоғидан шимолдаги Эхрон чегараларигача бўлган ерлар. Ҳозир бу ерлар Канъон халқига тегишли. У ерларда Филист халқининг бешта ҳукмдори яшайди. Улар қуйидаги шаҳарларда ҳукмронлик қилади: Ғазо, Ашдод, Ашқалон, Гат ва Эхрон. Жанубдаги Авим халқининг ерлари ҳам ҳали босиб олинмаган.

4 Шимолда эса Исроил халқи ҳали Канъон халқининг барча ерларини босиб олмаган. Бу ерлар Сидон халқига тегишли бўлган Мерах шаҳрини ўз ичига олиб, шимол томонга, Амор халқи ерларининг чегарасидаги Офоқ деган жойгача чўзилади.

5 Исроил халқи яна Габолликларнинг ерларини, Лубнон тоғли ерларининг шарқ томонини — Хермон тоғининг этагидаги Баал–Гаддан Лево–Хоматгача бўлган жойларни қўлга киритмаган.

6 Улар Лубнондан Мисрафўт–Майимгача бўлган қирларнинг аҳолисини — барча Сидонликларни ҳам ҳали мағлуб қилмаган. Мен Ўзим мана шу халқларни бу юртдан, Исроил халқининг олдидан ҳайдайман. Мен сенга буюрганимдай, мана шу ерларни албатта Исроил халқига мулк қилиб бергин.

7 Хуллас, мана шу ерларни қолган тўққизта қабилага ва Манаше қабиласининг ярмига мулк қилиб бўлиб бергин.”

Иордан дарёсининг шарқидаги ерлар

8 Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг бошқа ярми Иордан дарёсининг шарқида ўз улушларини олиб бўлган эдилар. Уларга бу ерларни Эгамизнинг қули Мусо берган эди.

9 Уларнинг ҳудуди жанубдаги Арнон сойлигининг четида жойлашган Арор шаҳридан тортиб, сойликдаги шаҳаргача чўзилиб, Мидаводан Дибонгача бўлган бутун ясси тепаликни ўз ичига олади.

10 Бу ҳудуд Хашбон шаҳрида ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўн қўли остида бўлган ҳамма шаҳарларни, Оммон халқининг чегарасигача бўлган ерларни ўз ичига оларди.

11-12 Булардан ташқари, Гашур ва Махо халқларининг ерлари, шунингдек, шоҳ Ўгнинг бутун шоҳлиги, чунончи, Гилад ўлкаси, шимолдаги бутун Хермон тоғи ва шарқдаги Салкогача бўлган бутун Башан ўша ҳудудга кирар эди. Шоҳ Ўг Рафа халқининг энг охирги авлоди бўлиб, Башан ўлкасининг Аштарўт ва Эдрей шаҳарларида ҳукмронлик қилган эди. Мусо ўша ерларни босиб олиб, халқларини ҳайдаб чиқарган эди.

13 Лекин Исроил халқи Гашур ва Махо халқларини ҳайдаб чиқармади, улар бугунгача Исроил халқи орасида яшайдилар.

14 Фақатгина Леви қабиласига Мусо улуш қилиб ер бермади. Эгамиз айтгандай, қурбонгоҳда Исроил халқининг Худоси — Эгамизга атаб куйдириладиган қурбонликлар Леви қабиласининг улушидир.

Рубен қабиласининг ҳудуди

15 Мусо Рубен қабиласига уруғлари бўйича улуш берган эди.

16 Уларнинг ҳудуди жанубдаги Арнон сойлигининг четида жойлашган Арор шаҳридан тортиб, сойликдаги шаҳаргача чўзилиб, Мидаво атрофидаги бутун ясси тепаликни ўз ичига оларди.

17 Мана шу ҳудуд Хашбон шаҳрини ва ясси тепаликда жойлашган қуйидаги ҳамма шаҳарларни ўз ичига олар эди: Дибон, Бомўт–Баал ва Байт–Баал–Миён,

18 Яхаз, Кадамўт, Мифат,

19 Хиратайим, Сивмо ва Иордан водийсида жойлашган қирнинг устидаги Зарет–Хашахар,

20 Байт–Пиёр, Фисгах тоғ тизмасининг ён бағирлари, Байт–Яшимўт шаҳарлари.

21 Рубен қабиласининг ерлари ясси тепалик устидаги барча шаҳарлар, Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўннинг бутун шоҳлигини ўз ичига оларди. Мусо Сихўнни ва у билан иттифоқ тузган Мидиён ҳукмдорларини мағлуб қилганди. Уларнинг исмлари Эви, Раҳем, Зур, Хур ва Раба эди.

22 Исроил халқи яна Бавўр ўғли Баломни ҳам қиличдан ўтказган эди. У фолбинлик билан шуғулланар эди.

23 Рубен қабиласи ҳудудининг ғарбий чегараси Иордан дарёси ва унинг қирғоқлари эди. Мана шу ерлар Рубен қабиласига мулк қилиб берилган эди.

Гад қабиласининг ҳудуди

24 Мусо Гад қабиласига ҳам уруғлари бўйича улуш берди.

25 Язир шаҳри, Гилад ўлкасидаги ҳамма шаҳарлар, Рабба шаҳрининг шарқидаги Арор шаҳригача бўлган Оммонлар ерининг ярми уларнинг ҳудудига кирар эди.

26 Уларнинг ери яна жанубдаги Хашбон шаҳридан шимол томондаги Рамат–Миспи ва Батоним шаҳарларигача, шунингдек, шимолдаги Моханайимдан Дебиргача чўзилган эди.

27 Гад қабиласининг ери Иордан водийсида Байт–Харам, Байт–Нимро, Сухот, Зофун шаҳарларини ҳамда Хашбон ҳукмдори бўлган Сихўн шоҳининг қолган шоҳлигини ҳам ўз ичига олар эди. Бу ҳудуднинг ғарбий чегараси Иордан дарёси бўлиб, шимолдаги Жалила кўлигача чўзилган эди.

28 Мана шу ҳудуддаги шаҳарлар ва атрофларидаги қишлоқлар Гад қабиласига мулк қилиб берилган эди.

Иордан шарқидаги Манаше қабиласининг ярмига берилган ерлар

29 Мусо Манаше қабиласининг ярмига ҳам уруғлари бўйича улуш берган эди.

30 Уларнинг ҳудуди Моханайим шаҳридан шимолга чўзилиб, бутун Башан ўлкасини ва Ёвир босиб олган олтмишта шаҳарни ўз ичига олар эди. Башан шоҳи Ўг мана шу жойларда ҳукмронлик қилган эди.

31 Гилад ўлкасининг ярми, Башандаги Ўг шоҳлигининг пойтахт шаҳарлари Аштарўт ва Эдрей ҳам уларнинг ҳудудига кирар эди. Бу ерлар Манаше ўғли Мохирдан келиб чиққан наслнинг ярмига берилган эди.

32 Иорданнинг шарқида, Мўаб текислигида, Ерихонинг рўпарасида Мусо бўлиб берган улушлар мана шулардир.

33 Лекин Леви қабиласига Мусо улуш қилиб ер бермаган эди. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз уларга: “Мен Ўзим сизларнинг улушингиз бўламан”, деб ваъда берган эди.

Иордан дарёсининг ғарбидаги ерлар тақсимланади

1 Иордан дарёсининг ғарбидаги Канъон юрти ерларидан Исроил халқининг қолган қабилалари мулк олдилар. Руҳоний Элазар, Нун ўғли Ёшуа ва Исроил қабилаларининг бошлиқлари бу ерларни қабилаларга бўлиб беришди.

2 Иордан дарёсининг ғарбида мана шу тўққиз қабила ва битта қабила ярмининг улушлари, Мусога Эгамиз буюргандай, қуръа ташлаб белгиланди.

3-4 Иорданнинг шарқида эса Мусо икки қабилага ва битта қабиланинг ярмига улуш бериб бўлганди. Юсуфнинг иккала ўғли — Манаше ва Эфрайимдан икки қабила келиб чиққан эди. Аммо Исроил қабилалари орасида Леви қабиласи ҳеч қандай улуш олмади. Уларга фақат ўзлари яшаши учун шаҳарлар ва қўй–молларини боқиш учун шаҳарлар атрофидаги яйловлар берилди.

5 Шундай қилиб, Эгамиз Мусога буюргандай, Исроил халқи ерларни бўлиб олдилар.

Хеврон Холибга берилади

6 Бир куни Яҳудо қабиласидан бир неча киши Ёшуанинг олдига келди. Исроил халқининг ҳаммаси ҳали ҳам Гилгалдаги қароргоҳда эди. Ханаз уруғидан бўлган Яфунах ўғли Холиб ўша кишилар орасида эди. У Ёшуага шундай деди:

— Кадеш–Барна шаҳрида бўлганимизда, Худонинг одами Мусо сиз ва мен ҳақимизда нима деганини биласиз. Мусо Эгамиз номидан гапирган эди.

7 Эгамизнинг қули Мусо мени Кадеш–Барнадан мана шу ерларни текшириб келиш учун юборганда қирқ ёшда эдим. Мен қайтиб келиб, унга бор ҳақиқатни айтган эдим.

8 Мен билан бориб келганлар халқимизни ваҳимага солган бўлса ҳам, мен Эгам Худога содиқ қолдим.

9 Ўша куни Мусо қасам ичиб менга шундай деган эди: “Канъон юртида қадаминг етган ерлар сенга ва авлодингга абадий мулк қилиб берилади, чунки сен Эгам Худога содиқ қолдинг.”

10 Мана кўриб турганингиздек, Эгамиз Мусога шундай деб гапирганига қирқ беш йил бўлди. Ўша пайтда Исроил халқи саҳрода юрган эди. Эгам Ўзи айтгандай ўшандан бери жонимни сақлаб келяпти. Мана ҳозир саксон беш ёшдаман.

11 Мусо мени юборган кунда қандай бақувват бўлган бўлсам, ҳозир ҳам шундайман. Ҳалигача жангга ҳам, қолган барча ишларга ҳам қувватим етади.

12 Энди Эгамиз ўша куни ваъда қилган қирларни менга беринг. Ўша куни айғоқчиларнинг: “Оноқ авлоди у ерда ўзларининг катта, мустаҳкам шаҳарларида яшаркан” деган гапларини ўзингиз эшитдингиз. Аммо Эгамиз мен билан бирга бўлса, Эгамизнинг Ўзи айтгандай, мен уларни бу юртдан ҳайдаб чиқараман.

13 Шундан кейин Ёшуа Холибни дуо қилиб, Хеврон шаҳрини унга мулк қилиб берди.

14 Шундай қилиб, Холиб Исроил халқининг Худосига — Эгамизга содиқ қолгани учун Хеврон шаҳри унинг ва авлодининг мулки бўлиб қолди.

15 Хевроннинг эски номи Хират–Арба эди. Арба Оноқ авлоди орасида энг машҳур киши бўлган эди.

Энди юртда тинчлик барқарор бўлди.

Яҳудо қабиласининг ҳудуди

1 Яҳудо қабиласининг уруғларига тушган улуш юртнинг жануб томонида эди. Уларнинг жанубдаги ерлари Эдом юртининг чегараси бўлган Зин чўлигача етди.

2 Уларнинг жанубий чегараси Ўлик денгизнинг жанубий қирғоғидан бошланади.

3 Чегара Чаёнлар довонидан ўтиб, жануб томонга, Зин чўли томон чўзилади. Кадеш–Барна шаҳрининг жануб томонидан ўтиб, Хазрон шаҳригача боради. Хазрондан ўтгандан кейин Адар шаҳригача бориб, Карха шаҳри томонга бурилади.

4 Бу чегара Озмон шаҳригача бориб, Миср чегарасидаги ирмоқдан ҳам ўтади–да, Ўрта ер денгизининг ёнида тугайди. Яҳудо қабиласининг жанубий чегараси ана шундай бўлади.

5 Уларнинг шарқий чегараси Ўлик денгиздир. Бу чегара шимолдаги Иордан дарёси Ўлик денгизга қуйиладиган жойгача чўзилади. Мана шу жойдан шимолий чегара бошланади.

6 Шимолий чегара Ўлик денгизнинг ғарбидаги Байт–Хўглахгача чўзилиб, Байт–Арабанинг шимолидан ўтади–да, Рубен ўғли Бўханнинг номи билан аталган тош турган жойгача боради.

7 Кейин чегара Охор сойлигидан Давиргача бориб, шимолга — Гилгал томонга бурилади. Гилгал сойликнинг жанубида бўлган Адум довонининг рўпарасида эди. Чегара Эн–Шамаш булоғидан ўтиб, Эн–Рўғолга боради.

8 Кейин Хиннум сойлигининг тепасидан кесиб ўтиб, Ёбус халқига қарашли бўлган тепаликнинг, яъни Қуддуснинг жанубий ён бағридан ўтади. Чегара у ердан Хиннум сойлигининг ғарбидаги қирнинг тепасига — Рафа водийсининг шимолий четигача боради.

9 Чегара тоғнинг тепасидан Нафтува булоқлари томон чўзилиб, Эфрўн тоғининг шаҳарларигача боради, кейин эса Баалах томонга бурилади. Бу шаҳар ҳозирги пайтда Хират–Йўрим деб аталади.

10 Шундан кейин бу шимолий чегара Баалахнинг ғарб томонини айланиб ўтиб, Сеир тоғларигача боради. Кейин Йўрим тоғининг шимолий ён бағридан ўтади. Хисалон шаҳри шу ерда жойлашган. У ердан чегара Байт–Шамаш шаҳригача боради ва Тимнах шаҳридан ўтади.

11 Кейин чегара Эхрон шаҳрининг шимолидаги тепаликнинг ён бағридан ўтиб, Шиккарон шаҳри томонга бурилади. Кейин Баалах тоғининг ёнидан ўтиб, Ёбнаил шаҳрига боради. Шимолий чегара Ўрта ер денгизининг олдида тугайди.

12 Ўрта ер денгизининг қирғоғи ғарбий чегарани ташкил қилади.

Мана шу чегаралар ҳудудида Яҳудо қабиласининг уруғлари яшайди.

Хеврон ва Давир шаҳарларини Холиб мағлуб қилади

13 Эгамиз буюргандай, Ёшуа Яфунах ўғли Холибга Яҳудо қабиласининг ҳудудидан улуш берди. Бу улуш Хират–Арба шаҳри эди. Арба Оноқ авлодининг бобокалони эди. Ҳозирги пайтда Хират–Арба шаҳри Хеврон деб аталади.

14 Холиб у ердан Оноқ авлодини — Шешай, Охиман ва Талмай уруғларини қувиб чиқарди.

15 Яҳудо қабиласининг одамлари у ердан Давир шаҳрига ҳужум қилиш учун йўлга тушишди. Давирнинг эски номи Хират–Сафар эди.

16 Шунда Холиб: “Хират–Сафарга ҳужум қилиб, қўлга киритган кишига қизим Ахсани бераман”, — деди.

17 Ўтниёл шаҳарни қўлга киритди, Холиб эса унга қизи Ахсани узатди. Ўтниёл Холибнинг Ханаз исмли укасининг ўғли эди.

18 Тўйдан кейин қиз Ўтниёлга: “Келинг, отамдан бир дала сўраб олайлик”, деб туриб олди. Холиб эшакдан тушаётган қизига: “Ҳа, қизим, бирон–бир истагинг борми?” — деб сўради.

19 “Менга бир совға қилсангиз, — деди Ахса. — Сиз менга Нагав чўлидаги ерни бердингиз, энди сув булоқларини ҳам ҳадя этинг.” Шундай қилиб, Холиб унга тепадаги ва пастдаги булоқларни берди.

Яҳудо шаҳарлари

20 Қуйида айтиб ўтилган ерларни Яҳудо қабиласи улуш қилиб олди.

21 Бу ҳудуднинг энг жанубидаги — Эдом юрти чегарасидаги шаҳарларнинг номлари қуйидагича эди: Кабзил, Эдер, Ёғур,

22 Хино, Димона, Адад,

23 Кедеш, Хазор, Йитнон,

24 Зиф, Талим, Болўт,

25 Хазор–Хадатто, Харийўт–Хазрон, яъни Хазор,

26 Эмом, Шама, Мўлодах,

27 Хазор–Гаддах, Хашмон, Байт–Палат,

28 Хазор–Шувол, Бершеба, Бизйўтаёх,

29 Баалах, Ийим, Эзам,

30 Элтўлад, Хасил, Хўрмах,

31 Зихлах, Мадманно, Сансанно,

32 Лабойўт, Шилхим, Ойин, Риммон — ҳаммаси бўлиб йигирма тўққизта шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

33 Қир этакларининг шимолидаги шаҳарларнинг номи эса қуйидагича эди: Эштойўл, Зорох, Ашнаҳ,

34 Зонўвах, Эн–Ханним, Таппух, Эном,

35 Ярмут, Адуллам, Сўху, Озикаҳ,

36 Шарайим, Адитайим, Гадера (ёки Гадератайим) — ҳаммаси бўлиб ўн тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

37 Қир этакларининг жанубида қуйидаги шаҳарлар бор эди: Зинон, Ҳадаша, Мигдал–Гад,

38 Дилан, Миспах, Ёхтал,

39 Лахиш, Бозхат, Эглон,

40 Каббўн, Лахмос, Хитлиш,

41 Гадерўт, Байт–Дўғон, Намах, Маккедо — ҳаммаси бўлиб ўн олтита шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

42 Қир этакларининг марказий қисмидаги шаҳарлар қуйидагилар эди: Либна, Этер, Ошон,

43 Йифтох, Ашнаҳ, Назив,

44 Кейлах, Ахсиб, Моришо — ҳаммаси бўлиб тўққизта шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

45 Яҳудо қабиласининг ҳудуди Эхроннинг барча шаҳарлари ва уларнинг атрофидаги қишлоқларни ўз ичига олар эди.

46 Чегара Эхрондан ғарбга, Ўрта ер денгизи томон чўзилиб, Ашдоднинг ёнида бўлган барча шаҳарлар ва уларнинг атрофидаги қишлоқларни ўз ичига олар эди.

47 Уларнинг ҳудуди Ашдод ва унинг шаҳарларию қишлоқларини, Ғазо ва у ердан Миср чегарасидаги ирмоққача бўлган жойлардаги шаҳарлар ва қишлоқларни, Ўрта ер денгизининг қирғоғи бўйидаги шаҳарларни ўз ичига олар эди.

48 Яҳудо қабиласи қирларда қуйидаги шаҳарларни улуш қилиб олди: Шомир, Ятир, Сўху,

49 Данно, Хират–Санно, яъни Давир,

50 Онов, Эштамўва, Оним,

51 Гўшен, Хўлун ва Гилох — ҳаммаси бўлиб ўн битта шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

52 Қирлардаги қуйидаги шаҳарлар Яҳудо қабиласининг ҳудудига кирар эди: Араб, Думах, Ишан,

53 Ёнум, Байт–Таппух, Офоқа,

54 Хумтах, Хират–Арба, яъни Хеврон ва Зиор — ҳаммаси бўлиб тўққизта шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

55 Яна қирларда қуйидаги шаҳарлар Яҳудо қабиласининг улуши бўлди: Моюн, Кармил, Зиф, Ютто,

56 Йизрил, Ёхдаём, Зонўвах,

57 Қайин, Гиво ва Тимнах — ҳаммаси бўлиб ўнта шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

58 Қирлардаги мана бу шаҳарлар ҳам ўша ҳудудга кирарди: Халхул, Байт–Зур, Гадўр,

59 Марот, Байт–Анўт ва Элтахўн — ҳаммаси бўлиб олтита шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

60 Хират–Баал, яъни Хират–Йўрим ва Рабба — қирлардаги мана шу икки шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар ҳам Яҳудо қабиласининг улуши бўлди.

61 Ўлик денгиз бўйидаги адирларда жойлашган қуйидаги шаҳарлар ҳам Яҳудо қабиласига тегишли бўлди: Байт–Араба, Миддин, Сахохо,

62 Нившон, Туз шаҳри ва Эн–Геди — ҳаммаси бўлиб олтита шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

63 Аммо Яҳудо қабиласи Ёбус халқини Қуддусдан ҳайдаб чиқара олмади. Бугунгача Ёбус халқи Яҳудо халқи билан бирга Қуддусда яшайди.

Юсуф авлодининг улуши

1 Юсуф авлодларига берилган улушнинг жанубий чегараси Ерихо шаҳрининг ёнидаги Иордан дарёсидан, Ерихо булоғининг шарқидаги жойдан бошланади. Кейин чегара Ерихонинг олдидан ўтиб, шимоли–ғарбдаги Яҳудо адирлари орқали қирлардаги Байтил шаҳригача чўзилади.

2 Кейин Байтил, яъни Луздан ҳам ўтиб, Орух халқига тегишли бўлган Отрўт–Адаргача боради.

3 Чегара у ердан ғарбдаги Яфлет авлодининг еригача чўзилиб, Пастки Байт–Хўронгача боради. Кейин чегара Гезер шаҳригача бориб, Ўрта ер денгизининг олдида тугайди.

4 Юсуф авлодлари бўлган Манаше ва Эфрайим қабилалари мана шу ерларни улуш қилиб олдилар.

Эфрайим қабиласига берилган ерлар

5 Эфрайим қабиласининг уруғларига қуйидаги ерлар берилди: бу ерларнинг жанубий чегараси Отрўт–Адарда бошланади–да, ғарб томонга, Тепадаги Байт–Хўронгача чўзилиб,

6-7 Ўрта ер денгизининг олдида тугайди. Шарқий чегараси Михматитдан жануб томонга боради, Танат–Шилў, Ёнох, Отарўт, Наро шаҳарларидан ўтиб, Иордан дарёсининг Ерихога яқин бўлган жойида тугайди.

8 Шимолий чегараси эса Таппухдан ғарбга боради. Кейин Канах сойлиги бўйлаб чўзилиб, Ўрта ер денгизида тугайди. Мана шу ерларни Эфрайим қабиласи улуш қилиб олди.

9 Эфрайим қабиласига яна Манаше ҳудудида жойлашган бир нечта шаҳарлар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар ҳам берилди.

10 Аммо Эфрайим қабиласи Гезерда яшаётган Канъон халқини қувиб чиқармади. Бу халқ бугунги кунгача Эфрайим қабиласи орасида яшайди, лекин улар қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур қилинганлар.

Иордан ғарбидаги Манаше қабиласининг ярмига берилган ерлар

1 Кейин Манаше қабиласига улуш берилди. Манаше Юсуфнинг тўнғичи эди. Мохир Манашенинг тўнғичи бўлиб, Гиладнинг отаси эди. Мохир ботир жангчи бўлгани учун, Мусо унга Иорданнинг шарқидаги Гилад ва Башан ўлкаларини берган эди.

2 Иорданнинг ғарбида Манаше қабиласининг қолганига улуш берилди. Манаше ўғиллари Абуазар, Халек, Осриёл, Шакам, Хафер ва Шамидо уруғларининг ҳаммасига ерлар берилди.

3 Манашенинг набираси Гиладнинг Хафер деган ўғли бор эди. Хафернинг эса Залофход деган ўғли бор эди. Залофходнинг ўғиллари йўқ, фақатгина қизлари бор эди. Қизларининг исмлари Махло, Нуваҳ, Хўглах, Милхо ва Тирза эди.

4 Шу аёллар руҳоний Элазар, Ёшуа ва оқсоқолларнинг олдига келиб, шундай дейишди: “Эгамизнинг Ўзи бизга ҳам, амакиларимиз қатори, улуш беришни Мусога амр қилган.” Ёшуа Эгамизга итоат этиб, қизларга ҳам амакилари қатори улуш берди.

5 Натижада Иорданнинг шарқидаги Гилад ва Башан ўлкаларидан ташқари, Манаше қабиласи Иорданнинг ғарбида яна ўн бўлак ер олди.

6 Чунки Манаше авлодининг аёллари ҳам эркаклар қатори улуш олишди. Гилад ерини эса Ёшуа Манаше қабиласининг қолганларига тақсимлаб берди.

7 Иордан дарёсининг ғарбидаги Манаше қабиласи ерларининг шимолий чегараси Ошер қабиласи ҳудудининг чегараси билан туташган эди. Жанубий чегараси эса Михматит шаҳригача бориб, Таппух булоғи атрофида яшайдиганларнинг ерларигача чўзилган эди. Михматит шаҳри Шакам шаҳрининг шарқида эди.

8 Таппух шаҳри Манаше ва Эфрайим қабилаларининг чегарасида жойлашган эди. Таппухнинг атрофидаги ерлар Манаше қабиласига тегишли бўлса ҳам, шаҳарнинг ўзи Эфрайим қабиласига тегишли эди.

9 Манаше ҳудудининг жанубий чегараси Таппух шаҳридан, Канах сойлиги бўйлаб, Ўрта ер денгизигача чўзилади. Канах сойлигининг қирғоғидаги бир нечта шаҳар Манаше қабиласининг ҳудудида бўлишига қарамай Эфрайим қабиласига тегишли эди.

10 Ўша сойликнинг жанубидаги ерлар Эфрайим қабиласиники, шимолидаги ерлар эса Манаше қабиласиники эди. Ўрта ер денгизининг қирғоғи Манаше ҳудудининг ғарбий чегараси эди. Бу ҳудуд шимол томонда Ошер қабиласининг ҳудудигача, шарқ томонда эса Иссахор қабиласининг ҳудудигача чўзилган эди.

11 Иссахор ва Ошер қабилаларининг ҳудудларида жойлашган қуйидаги шаҳарлар ва атрофидаги қишлоқлар Манаше қабиласига берилган эди: Байт–Шан, Йиблаём, Дўр, яъни Нафўт–Дўр, Эн–Дўр, Танах ва Магидў.

12 Лекин Манаше қабиласи бу шаҳарларни қўлга кирита олмади. Канъон халқлари ўша жойларда яшашда давом этаверди.

13 Бирмунча вақт ўтгандан кейин Исроил халқи янада кучайди ва Канъон халқларини қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур қилди. Аммо уларни юртдан бутунлай қувиб чиқармади.

Эфрайим ва Манаше қабилалари каттароқ улушни сўраб боришади

14 Бир кун Юсуф авлодлари келиб, Ёшуадан сўрашди:

— Эгамиз бизни баракали қилиб, жуда ҳам кўпайтирди. Нима учун бизга фақатгина бир улуш ер бердингиз?

15 Ёшуа уларга шундай деб жавоб берди:

— Агар Эфрайим қирлари сизларга кичиклик қилаётган бўлса, боринглар, Париз ва Рафа халқларининг ўрмонларидаги дарахтларни кесиб, ўзингизга жой тозалаб олинглар.

16 Улар шундай дедилар:

— Биз айтганингиздай қилсак ҳам, барибир, у жой бизга торлик қилади. Йизрил водийсига бориб ҳам, у ерда яшай олмаймиз. Нега десангиз, Байт–Шан шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларда ҳамда Йизрил водийсининг бошқа жойларида яшайдиган Канъон халқи биздан анча кучли, уларнинг темирдан ясалган жанг аравалари бор.

17 Ёшуа Юсуфнинг авлодлари бўлган Эфрайим ва Манаше қабилаларига шундай деди:

— Сизлар жуда кўпчиликсизлар, кучингиз ҳам кўп. Нафақат бир улуш ер,

18 балки қирлар ҳам сизларники бўлади. У ерлар ўрмон бўлса ҳам, дарахтларини кесиб, тозаланглар. У жойлар бошидан охиригача сизларники бўлади. Канъон халқларининг темир жанг араваларию катта кучи бўлишига қарамай, сизлар уларни у ердан ҳайдаб чиқарасизлар.

Ёшуа қолган ерларни тақсимлайди

1 Исроил халқи юртни босиб олгандан кейин, бутун Исроил жамоаси Шилў шаҳрида йиғилди. Улар ўша ерда Учрашув чодирини тикдилар.

2 Исроил халқининг орасида ҳали улуш олмаган еттита қабила қолган эди.

3 Ёшуа Исроил халқига шундай деди: “Ота–боболарингизнинг Худоси — Эгамиз сизларга юртни берган, қачонгача у юртга бутунлай жойлашишни орқага сурасизлар?!

4 Ҳар бир қабиладан уч кишини танланглар. Мен уларни бутун юртни кезиб чиқиш учун юбораман. Улар ўз қабилаларининг улуши бўйича, ўша ерни тасвирлаб ёзиб келишади.

5 Жанубдаги Яҳудо қабиласининг ҳудуди ва шимолдаги Юсуф авлодларининг ҳудудларидан ташқари, юртнинг қолган қисмини еттига бўласизлар.

6 Кейин шуларни ёзиб, менинг олдимга олиб келинглар. Мен Эгамиз Худо олдида сизлар учун қуръа ташлайман.

7 Сизларнинг орангизда Леви қабиласига улуш бермайман. Эгамизга руҳоний бўлиб хизмат қилиш уларнинг улушидир. Гад, Рубен қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми Иорданнинг шарқ томонида ўз улушларини олиб бўлганлар. Эгамизнинг қули Мусо ўша ерларни уларга берган.”

8 Шундай қилиб, Ёшуа ернинг харитасини тузиб келишни буюрган кишилар йўлга тушдилар. Улар кетмасдан олдин, Ёшуа уларга шундай деб тайинлаган эди: “Бутун ерни кезиб, унинг харитасини тузиб келганингиздан кейин, мен Шилўда, Эгамиз олдида сизлар учун қуръа ташлайман.”

9 У кишилар бориб, ерни етти қисмга бўлдилар. Бутун юртнинг харитасини тузиб, шаҳарларини рўйхатга олдилар. Кейин Ёшуанинг олдига, Шилўдаги қароргоҳга қайтиб келдилар.

10 Ёшуа Шилўда, Эгамиз олдида улар учун қуръа ташлаб, ўша ерларни Исроил халқига бўлиб берди. Қуръа бўйича ҳар бир қабилага бир улушдан ер берди.

Бенямин қабиласининг улуши

11 Қуръа ташланганда, Бенямин қабиласига Яҳудо қабиласи ва Юсуф авлодлари ҳудудларининг орасидаги ерлар улуш бўлиб тушди.

12 Бенямин ҳудудининг шимолий чегараси шарқ томонда Иордан дарёсидан бошланади, кейин Ерихо қирининг ён бағридан шимол томонга боради. Қирлар бўйлаб ғарб томонга ўтиб, Байт–Обун атрофидаги саҳрога боради.

13 У ердан чегара Луз, яъни Байтил томонга бориб, Лузнинг жанубидаги қир бўйлаб чўзилади. Кейин чегара Отрўт–Адар шаҳрига бориб, у ердан Пастки Байт–Хўрон шаҳрининг жанубидаги қиргача боради.

14 У ердан ғарбий чегара бошланиб, Байт–Хўрон қаршисидаги қирнинг ғарб томони бўйлаб жануб томонга чўзилади ва Хират–Баал, яъни Хират–Йўрим қишлоғида тугайди. Бу қишлоқ Яҳудо қабиласига тегишли. Ғарбий чегара мана шудир.

15 Ғарбда жанубий чегара Хират–Йўримнинг четидан бошланиб, Нафтува булоқларигача боради.

16 Кейин чегара Рафа водийсининг шимолидаги тоғ этагига боради. Хиннум сойлиги мана шу ердан бошланади. Чегара жануб томонга давом этиб, Хиннум сойлиги бўйлаб Ёбуснинг жанубидаги қир ён бағрига боради. У ердан эса Эн–Рўғол томонга қараб давом этади.

17 Чегара у ердан шимолга, Эн–Шамаш томонга бурилади ва Адум довонининг қаршисидаги Гелилўтга боради. Кейин Рубен ўғли Бўхан номи билан аталган тошнинг ёнидан ўтади.

18 Кейин Иордан водийсининг ёнидаги қир ён бағрининг шимол томонидан ўтиб, водийни ҳам кесиб ўтади.

19 У ердан чегара Байт–Хўглах қирининг шимол томонига ўтиб, Иордан дарёси Ўлик денгизга қуйиладиган жойда тугайди. Бу Бенямин қабиласи ҳудудининг жанубий чегарасидир.

20 У ернинг шарқий чегараси Иордан дарёсидир.

Бенямин қабиласига улуш қилиб берилган ерларнинг чегаралари мана шулар эди.

21 Қуйидаги шаҳарлар Бенямин қабиласига берилди: Ерихо, Байт–Хўглах, Эмих–Қазиз,

22 Байт–Араба, Заморайим, Байтил,

23 Авим, Поро, Ўфра,

24 Хафар–Оммонах, Офнах ва Гебо — ҳаммаси бўлиб ўн иккита шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

25 Қуйидаги шаҳарлар ҳам Бенямин қабиласига берилди: Гивон, Рама, Барўт,

26 Миспах, Хафира, Мўзох,

27 Раҳем, Йирпаел, Тарало,

28 Зила, Элеф, Ёбус, яъни Қуддус, Гиво ва Хират–Йўрим — ҳаммаси бўлиб ўн тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

Ёшуа мана шу ерларни Бенямин қабиласига улуш қилиб берди.

Шимўн қабиласининг улуши

1 Қуръа бўйича иккинчи бўлиб Шимўн қабиласи улуш олди. Шимўн қабиласига улуш қилиб берилган ерларнинг атрофи Яҳудо қабиласининг ҳудуди билан ўралган эди.

2 Шимўн қабиласига: Бершеба (яъни Шеба), Мўлодах,

3 Хазор–Шувол, Бала, Эзам,

4 Элтўлад, Батул, Хўрмах,

5 Зихлах, Байт–Маркобот, Хазор–Суса,

6 Байт–Лабойўт ва Шорухан — ҳаммаси бўлиб ўн учта шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар берилди.

7 Қуйидаги шаҳарлар ҳам Шимўн қабиласига тегишли эди: Ойин, Риммон, Этер ва Ошон — тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

8 Шимўн қабиласининг ҳудуди яна жанубдаги Баалат–Бэрни, яъни Нагав чўлидаги Рамагача бўлган ерлардаги барча шаҳарларни ва уларнинг атрофидаги қишлоқларни ўз ичига олар эди.

9 Ёшуа Яҳудо қабиласига берган улуш улар учун керагидан ҳам ортиқ эди. Шунинг учун уларнинг ҳудудидан бир бўлагини олиб, Шимўн қабиласига улуш қилиб берди.

Забулун қабиласининг улуши

10 Қуръа бўйича учинчи бўлиб Забулун қабиласи улуш олди. Уларга теккан ҳудуднинг чегараси Сорид шаҳридан бошланиб,

11 ғарб томонга боради ва Марало шаҳридан ўтади. Кейин Даббешет шаҳрининг ёнидан ўтиб, Ёхнаём шаҳрининг шарқидаги сойликкача етади.

12 Сорид шаҳрининг шарқ томонидан чегара Хислўт–Товур шаҳрининг чегарасигача чўзилади. Кейин Доварат шаҳригача бориб, Ёфия шаҳригача давом этади.

13 Чегара яна шарқ томонга давом этиб, Гат–Хафер ва Эт–Козин шаҳарларигача боради. Кейин чегара Риммон шаҳригача бориб, у ердан Ниёх шаҳри томон бурилади.

14 Ҳудуднинг шимолий чегараси Ханнатон шаҳридан ўтиб, Йифтох–Эл сойлигида тугайди.

15 Забулун қабиласининг ҳудудида ҳаммаси бўлиб ўн иккита шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар бор эди. Каттот, Наҳалил, Шимрон, Йидало ва Байтлаҳм ўша шаҳарлардан баъзилари эди.

16 Мана шу шаҳарлар ва уларнинг атрофидаги қишлоқларнинг ҳаммасини Забулун қабиласи улуш қилиб олди.

Иссахор қабиласининг улуши

17 Қуръа бўйича тўртинчи бўлиб Иссахор қабиласи улуш олди.

18 Бу қабилага улуш қилиб берилган ерларда қуйидаги шаҳарлар бор эди: Йизрил, Хасуллўт, Шунам,

19 Хафорайим, Шиён, Анахарат,

20 Раббит, Хишион, Аваз,

21 Ремот, Эн–Ханним, Эн–Хаддах, Байт–Пазез.

22 Шимолдаги бу ҳудуднинг чегараси Товур тоғидан бошланиб, Иордан дарёсида тугайди. Товур, Шахазимо ва Байт–Шамаш шаҳарлари ҳам мана шу ҳудудга кирар эди — ҳаммаси бўлиб ўн олтита шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

23 Мана шу шаҳарлар ва уларнинг атрофидаги қишлоқларни Иссахор қабиласи улуш қилиб олди.

Ошер қабиласининг улуши

24 Қуръа бўйича бешинчи бўлиб Ошер қабиласи улуш олди.

25 Уларнинг ҳудуди қуйидаги шаҳарларни ўз ичига олар эди: Халкат, Халий, Бэтэн, Ахшоф,

26 Аламмалек, Эмод ва Мишол. Ҳудуднинг жанубий чегараси Ўрта ер денгизидан бошланиб, Кармил қирларининг этакларидаги Шихор–Либнат сойлиги бўйлаб чўзилади.

27 У ердан чегара шарқ томонга бурилиб, Байт–Дўғон шаҳригача боради ва Йифтох–Эл водийсидаги Забулун қабиласи ҳудудининг чегараси билан туташади. Кейин шарқий чегара шимол томонга бурилиб, Байт–Эмих ва Набиёл шаҳригача боради. Ҳудуднинг чегараси Кавул,

28 Абдўн, Рехоб, Хаммон, Канах шаҳарларидан ўтиб, Буюк Сидон шаҳригача етади

29 ва бу ердан ғарбга бурилади. Шу ердан шимолий чегара бошланиб, Рамага боради–да, мустаҳкам Тир шаҳригача етади. Кейин чегара Хўсах шаҳри томон бурилиб, Ўрта ер денгизининг олдида тугайди. Ошер қабиласининг ҳудуди қуйидаги шаҳарларни ҳам ўз ичига олар эди: Махалав, Ахсиб,

30 Уммо, Офоқ ва Рехоб — ҳаммаси бўлиб йигирма иккита шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

31 Мана шу ерларнинг ҳаммасини Ошер қабиласи улуш қилиб олди.

Нафтали қабиласининг улуши

32 Қуръа бўйича олтинчи бўлиб Нафтали қабиласи улуш олди.

33 Нафтали қабиласи ҳудудининг жанубий чегараси Халеф шаҳридан Зананим шаҳри ёнидаги эман дарахти ёнигача боради. У ердан чегара Адамий–Нахаб, Ёбнаил ва Лахум шаҳарларигача давом этиб, Иордан дарёсида тугайди.

34 Ҳудуднинг ғарбий чегараси Ознўт–Товур шаҳридан ўтиб, Ҳуққоқ шаҳригача боради. Нафтали қабиласининг ҳудуди жануб томонда Забулун қабиласининг ҳудуди билан чегарадош, ғарб томонда Ошер қабиласининг ҳудуди билан чегарадош. Шарқий чегараси эса Иордан дарёсидир.

35 Нафтали қабиласининг ҳудудидаги мустаҳкам шаҳарлар қуйидагилардир: Зиддим, Зер, Хаммат, Рахат, Кенерет,

36 Адамах, Рама, Хазор,

37 Кедеш, Эдрей, Эн–Хазор,

38 Ирўн, Мигдал–Эл, Хорем, Байт–Онот ва Байт–Шамаш — ҳаммаси бўлиб ўн тўққизта шаҳар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар.

39 Нафтали қабиласи мана шу ерларни улуш қилиб олди.

Дан қабиласининг улуши

40 Қуръа бўйича еттинчи бўлиб Дан қабиласи улуш олди.

41 Уларнинг ҳудуди қуйидаги шаҳарлардан иборат эди: Зорох, Эштойўл, Ир–Шамаш,

42 Шалаббин, Ойжавлон, Йитла,

43 Элўн, Тимнах, Эхрон,

44 Элтаха, Гибитон, Баалат,

45 Ёҳуд, Бани–Барақ, Гат–Риммон,

46 Межаркон, Раххўн ва Яффанинг қаршисидаги жойлар.

47-48 Мана шу шаҳарлар ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар Дан қабиласининг улуши эди. Аммо кейинчалик душманлар келиб, бу ерларни босиб олдилар. Шунда Дан қабиласи шимол томонга бориб, Лайиш шаҳрига ҳужум қилди. Улар шаҳарни қўлга киритиб, бутун шаҳар аҳолисини қириб ташладилар. Ўзлари эса шу шаҳарда жойлашиб, уни ўз бобоси Дан шарафига Дан деб атадилар.

Ёшуанинг улуши

49 Барча ерлар Исроил қабилаларига бўлиб берилгандан кейин, Исроил халқи Ёшуага ҳам улуш берди.

50 Эгамиз Исроил халқига, Ёшуа хоҳлаган шаҳарни унга беринглар, деб амр қилган эди. Ёшуа Эфрайим қирларидаги Тимнат–Серах шаҳрини сўради. Исроил халқи ўша шаҳарни Ёшуага берди. Ёшуа у шаҳарни қайтадан қуриб, ўша ерда жойлашди.

51 Мана шу ерларнинг ҳаммасини руҳоний Элазар, Нун ўғли Ёшуа ва қабилалар бошлиқлари Исроил қабилаларига улуш қилиб бердилар. Улар бу ишларни Шилўдаги Учрашув чодирига кираверишда, Эгамизнинг ҳузурида қуръа ташлаб амалга оширдилар. Хуллас, бутун юртни бўлиб олиш ҳам ўз ниҳоясига етди.

Паноҳ шаҳарлар

1 Эгамиз бир куни Ёшуага шундай деб айтди:

2 — Исроил халқига шу гапларни етказгин: “Мусо орқали сизларга буюрганимдай, паноҳ шаҳарларни тайинланглар.

3 Мабодо, бирортаси бехосдан одам ўлдириб қўйса, қочиб ўша шаҳарлардан бирига борсин. Қотил ўша шаҳарларнинг бирида паноҳ топиб, марҳумнинг қасос олмоқчи бўлган қариндошларидан омон қолади.

4 Шаҳарга етиб боргандан кейин, қотил шаҳар дарвозаси олдида ўтирган шаҳар оқсоқолларига ўз вазиятини тушунтирсин. Шунда уни шаҳарга олиб кириб, уй–жой беришади.

5 Қасоскор қотилнинг орқасидан қувиб келса, қотил қасоскорга берилмасин. Ахир, қотил одамни бехосдан ўлдириб қўйган, уларнинг орасида ҳеч қандай адоват йўқ эди.

6 Жамоа йиғилиб, қотилни ҳукм қилмагунча, ўша одам паноҳ шаҳарда қолиши лозим. Қотил айбсиз деб топилгандан кейин эса ўша пайтда хизмат қилаётган олий руҳонийнинг ўлимига қадар, паноҳ шаҳарда яшаши керак. Олий руҳонийнинг ўлимидан кейингина у ўзи қочиб келган жойга қайтиб бориши мумкин.”

7 Иордан дарёсининг ғарб томонида Исроил халқи паноҳ шаҳарлар қилиб қуйидаги шаҳарларни тайинлади: Нафтали қабиласига тегишли қирларда жойлашган Жалиладаги Кедеш шаҳри, Эфрайим қабиласига тегишли қирлардаги Шакам шаҳри, Яҳудо қабиласига тегишли қирлардаги Хират–Арба, яъни Хеврон шаҳри.

8 Иордан дарёсининг шарқида, Ерихо шаҳрининг қарши томонида эса Исроил халқи қуйидаги шаҳарларни паноҳ шаҳарлар қилиб ажратди: ясси тепалик саҳросида жойлашган, Рубен қабиласига тегишли бўлган Базер шаҳри, Гад қабиласига тегишли Гиладдаги Рамўт шаҳри, Манаше қабиласига тегишли Башандаги Гўлон шаҳри.

9 Мана шу шаҳарлар Исроил халқи ва уларнинг орасида яшаётган бегоналар учун ажратилди. Агар бирортаси бехосдан одам ўлдириб қўйса, ўша паноҳ шаҳарлардан бирига қочиб боради. Шундай қилиб, жамоа адолатли ҳукм чиқармагунча, одам ўлдирган киши паноҳ шаҳарда хавф–хатарсиз бўлиб, уни қувиб келган қасоскор қўлида ҳалок бўлмайди.

Леви қабиласига берилган шаҳарлар

1 Леви қабиласи уруғбошилари келиб, руҳоний Элазар, Нун ўғли Ёшуа ва Исроил қабилаларининг бошлиқлари билан гаплашишди.

2 Исроил халқи ҳали ҳам Канъон юртидаги Шилў шаҳрида эди. Леви қабиласидан келганлар шундай дейишди: “Леви қабиласига яшаш учун шаҳарлар, қўй–молларини боқиш учун эса шаҳарларнинг атрофидаги яйловларни бер, деб Эгамиз Мусога амр қилган эди.”

3 Исроил халқи Эгамизнинг ўша амри бўйича, ўзларининг ерларидан Леви қабиласига баъзи шаҳарларни ва уларнинг атрофидаги яйловларни берди.

4 Қуръа биринчи бўлиб, Леви қабиласининг Қоҳот уруғига тушди. Қоҳот уруғидан бўлган Ҳорун наслига Яҳудо, Шимўн ва Бенямин қабилаларига қарашли ўн учта шаҳар берилди.

5 Яна қуръа бўйича Қоҳот уруғининг қолган оилаларига Иордан дарёсининг ғарбидаги Манаше қабиласининг ярмига тегишли ҳудуддан, Эфрайим ва Дан қабилалари ҳудудидан ўнта шаҳар берилди.

6 Қуръа ташланиб, Гершон уруғидан бўлганларга Иордан дарёсининг шарқидаги Манаше қабиласининг ярмига тегишли Башандаги ҳудуддан, Иссахор, Ошер ва Нафтали қабилалари ҳудудидан ўн учта шаҳар берилди.

7 Қуръа бўйича Марори уруғига Рубен, Гад ва Забулун қабилаларининг ҳудудидан ўн иккита шаҳар берилди.

8 Исроил халқи Эгамизнинг Мусога берган амрига кўра, қуръа ташлаб мана шу шаҳарларни ва уларнинг яйловларини Леви қабиласига берди.

9-10 Қуйида айтиб ўтилган, Яҳудо ва Шимўн қабилалари ҳудудларидаги шаҳарларни Исроил халқи қуръа бўйича, биринчи бўлиб Ҳоруннинг насли бўлган Қоҳот уруғига берди.

11 Уларга Яҳудо қирларидаги Хират–Арба, яъни Хеврон шаҳри ва унинг атрофидаги яйловлар берилди. Арба Оноқ авлодининг бобокалони эди.

12 Аммо Хират–Арба ёнидаги далалар ва атрофидаги қишлоқлар Яфунах ўғли Холибга мулк қилиб берилган эди.

13 Паноҳ шаҳарларидан бири бўлган Хеврондан ташқари руҳоний Ҳорун наслига яна қуйидаги шаҳарлар ва уларнинг атрофидаги яйловлар ҳам берилди: Либна,

14 Ятир, Эштамўва,

15 Хўлун, Давир,

16 Ойин, Ютто ва Байт–Шамаш — ҳаммаси бўлиб Яҳудо ва Шимўн қабилаларининг ҳудудларидаги мана шу тўққизта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар.

17 Бенямин қабиласининг ҳудудидан эса қуйидаги тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар берилди: Гивон, Гебо,

18 Онотўт, Элмўн.

19 Мана шу ўн учта шаҳар Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларга берилди.

20 Қоҳот уруғининг қолган оилаларига Эфрайим қабиласи ҳудудидан қуйидаги тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар ажратиб берилди:

21 Эфрайим қирларидаги паноҳ шаҳри бўлган Шакам, Гезер,

22 Хивзайим, Байт–Хўрон.

23 Дан қабиласининг ҳудудидан қуйидаги тўрт шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар ҳам руҳонийларга берилди: Элтаха, Гибитон,

24 Ойжавлон, Гат–Риммон.

25 Иорданнинг ғарб томонидаги Манаше қабиласининг ярмига берилган ҳудуддан қуйидаги иккита шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар руҳонийларга берилди: Танах, Билом.

26 Қоҳот уруғининг қолган оилаларига мана шу ўнта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар берилди.

27 Иорданнинг шарқидаги Манаше қабиласининг ярмига берилган ҳудуддан Леви қабиласининг Гершон уруғига қуйидаги икки шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар берилди: Бештара шаҳри ва Башандаги паноҳ шаҳар Гўлон.

28 Иссахор қабиласининг ҳудудидан уларга яна қуйидаги тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар ҳам берилди: Хишион, Доварат,

29 Ярмут ва Эн–Ханним.

30 Ошер қабиласининг ҳудудидаги қуйидаги тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар ҳам Гершон уруғига берилди: Мишол, Абдўн,

31 Халкат ва Рехоб.

32 Улар яна Нафтали қабиласи ҳудудидан қуйидаги учта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловларни ҳам олдилар: Хаммутдўр, Картан ва Жалиладаги паноҳ шаҳар Кедеш.

33 Гершон уруғига мана шу ўн учта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар берилди.

34 Леви қабиласининг қолганларига, яъни Марори уруғига Забулун қабиласининг ҳудудидан қуйидаги тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар берилди: Ёхнаём, Картах,

35 Димна, Наҳалил.

36 Рубен қабиласининг ҳудудидан қуйидаги тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар ҳам Марори уруғига берилди: Базер, Яхаз,

37 Кадамўт, Мифат.

38 Гад қабиласининг ҳудудидан эса қуйидаги тўртта шаҳар ва ўша шаҳарларнинг атрофидаги яйловлар уларга берилди: Гиладдаги паноҳ шаҳар Рамўт, Моханайим,

39 Хашбон, Язир.

40 Леви қабиласининг Марори уруғига мана шу ўн иккита шаҳар берилди.

41 Исроил халқининг ерларидан Леви қабиласига ҳаммаси бўлиб қирқ саккизта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар берилди.

42 Мана шу шаҳарларнинг ҳар бирининг атрофида яйловлар бор эди.

Исроил халқи ерга эгалик қилади

43 Эгамиз Исроил халқига бутун юртни берди. Эгамизнинг Ўзи Исроил халқининг ота–боболарига, мана шу ерларни сизларга бераман, деб ваъда қилган эди. Исроил халқи у ерларни эгаллаб, ўша ерларда жойлашди.

44 Эгамиз уларнинг ота–боболарига ваъда қилгандай, бутун юрт бўйлаб Исроил халқига осойишталик берди. Ҳеч бир душман уларга бас кела олмади, чунки Эгамизнинг Ўзи Исроил халқига душманларининг устидан ғалаба берган эди.

45 Эгамиз Исроил халқига берган эзгу ваъдаларнинг ҳаммаси рўёбга чиқди, бирортаси ҳам бажарилмай қолмади.

Ёшуа Иорданнинг шарқидан улуш олган қабилаларни уйларига қайтариб юборади

1 Ёшуа Иордан дарёсининг шарқ томонида улуш олган Рубен, Гад қабилаларини ва Манаше қабиласининг ярмини чақириб,

2 шундай деди: “Эгамизнинг қули Мусо нима амр қилган бўлса, ҳаммасини бажардингиз. Мен буюрганларимнинг ҳаммасига итоат қилдингиз.

3 Юртни эгаллашга шунча узоқ вақт кетган бўлса ҳам, сиз ўз биродарларингизни тарк этмадингиз, Эгангиз Худо қўйган талабларни битта қолдирмай бажардингиз.

4 Эгангиз Худо Ўзи ваъда қилгандай, биродарларингизга тинчлик берди. Эгамизнинг қули Мусо сизларга Иорданнинг шарқ томонидан улуш берганди. Энди ўша ерлардаги уйларингизга қайтинглар.

5 Эгамизнинг қули Мусо сизларга буюрган амр ва қонунларни битта қолдирмай бажаринглар. Эгангиз Худони севинглар, Унинг йўлидан юриб, амрларини бажариб, Унга содиқ бўлинглар, Унга бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан хизмат қилинглар.”

6 Ёшуа уларни дуо қилиб, ўз ерларига юборди. Улар ўз чодирларига қайтиб кетишди.

7 Манаше қабиласининг ярмига Мусо Башан ўлкасини улуш қилиб берган эди, иккинчи ярмига эса Ёшуа қолган Исроил қабилалари билан бирга Иорданнинг ғарбидан ер берган эди. Ёшуа дуо қилиб, уларни ўз чодирларига юбораётганда,

8 шундай деган эди: “Ўз чодирларингизга кўп бойлик билан, ниҳоятда кўп мол–қўй, кумуш, олтин, бронза, темир, кўп кийим–кечаклар билан қайтиб кетяпсизлар. Душманларингиздан олган ўша ўлжаларни биродарларингиз билан бўлишиб олинглар.”

9 Шундай қилиб, Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми ўз уйларига қайтиб кетишди. Уларнинг ҳудуди Иордан дарёсининг шарқида жойлашган эди. Эгамиз Ўз қули Мусо орқали уларга амр қилиб: “Мана шу ерларни эгаллаб олиб, шу ерда жойлашинглар”, деган эди. Исроил халқининг қолган қабилалари Канъон юртидаги Шилўда қолди.

Иордан дарёси бўйидаги қурбонгоҳ

10 Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми ҳали ҳам Канъон юртида эканлар, Иордан дарёсидан ўтишдан олдин, дарёнинг ёнидаги Гелилўт деган жойда жуда катта қурбонгоҳ қуришди.

11 Қолган Исроил халқига: “Иорданнинг шарқидан улуш олган Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми биз томонда, Канъон юртининг чегарасида, Гелилўтда қурбонгоҳ қурибди” деган хабар келди.

12 Исроил халқининг жамоаси буни эшитиб, Манаше қабиласининг ярми, Рубен ва Гад қабилаларига қарши жанг қилиш учун Шилўда йиғилди.

13 Аммо аввал улар Гиладга — Манаше қабиласининг ярми ва Рубен, Гад қабилаларининг олдига руҳоний Элазар ўғли Финхазни юборишди.

14 Иорданнинг ғарбидаги қабилаларнинг ҳар биридан бир киши — ўз қабиласининг бошлиғи бўлган ўн киши ҳам Финхаз билан бирга борди.

15 Улар Иордан дарёсидан ўтиб, Гиладга бордилар. Ўша ерда Финхаз ва у билан келганлар Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярмига шундай дедилар:

16 — Биз Эгамиз жамоаси номидан гапиряпмиз. Нима учун Исроил халқининг Худосига хиёнат қилдингиз? Қандай қилиб Эгамиздан юз ўгириб, Унга қарши бош кўтариб, ўзингизга қурбонгоҳ қурдингиз?

17 Пиёр тоғида қилган гуноҳимиз етмасмиди?! Ўша гуноҳ туфайли Эгамизнинг бутун жамоаси бошига офат келди–ку. Биз ҳали ҳам ўша гуноҳдан бутунлай покланганимиз йўқ.

18 Сизлар эса яна Эгамиздан юз ўгиряпсиз?! Сизлар бугун Эгамизга қарши бош кўтарган бўлсангиз, эртага У бутун Исроил жамоасидан ғазабланади.

19 Ерингиз Эгамизга сажда қилишга мос келмайдиган жой бўлса, дарёнинг нариги томонига — Эгамизнинг Муқаддас чодири тикилган жойга ўтиб, бизнинг орамизда ўзингизга бирор ерни мулк қилиб олинглар. Аммо Эгамиз Худонинг қурбонгоҳидан ташқари яна бошқа қурбонгоҳ қуриб олиб, Эгамизга ёки бизга қарши бош кўтарманглар.

20 Зерах ўғли Охун Эгамизга хиёнат қилиб, бағишланган нарсалардан ўғирлаган эди. Шу туфайли бутун Исроил халқининг бошига кулфат тушди–ку! Ўша гуноҳ дастидан ёлғиз унинг ўзи ҳалок бўлмади–ку!

21 Шунда Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми Исроил қабилаларининг бошлиқларига шундай жавоб беришди:

22 — Худолар Худоси Эгамиздир! Худолар Худоси Эгамиздир! Унинг Ўзи гувоҳимиз бўлсин. Эгамизнинг Ўзи билади. Бутун Исроил халқи ҳам билсин. Биз қурбонгоҳни Эгамизга қарши бош кўтариб ёки Унга хиёнат қилиб қурганимиз йўқ. Агар шу ниятда қурбонгоҳ қурган бўлсак, энди бизни аяманглар.

23 Биз бу қурбонгоҳни Эгамиздан юз ўгирганимиз учун эмас, ҳатто шу қурбонгоҳ устида куйдириладиган қурбонликлару дон назрлари ва тинчлик қурбонликлари келтириш учун ҳам қурганимиз йўқ. Агар шу ниятда қурбонгоҳ қурган бўлсак, Эгамизнинг Ўзи бизни жазоласин.

24 Биз қўрққанимиздан шундай қилдик. Вақти келиб, сизларнинг авлодларингиз бизнинг авлодимизга шундай деб қолиши мумкин: “Исроил халқининг Худоси — Эгамиз билан сизларнинг нима ишингиз бор?!

25 Эгамиз сизлар — Рубен ва Гад қабилалари билан бизнинг орамизда Иордан дарёсини чегара қилиб қўйди, Эгамизда сизнинг ҳеч ҳақингиз йўқ.” Сизларнинг авлодингиз шундай деб бизнинг авлодларимизни Эгамизга сажда қилишдан тўхтатиб қўйиши мумкин.

26 Шунинг учун биз шундай дедик: “Келинглар, қурбонгоҳ қурайлик, бу қурбонгоҳ куйдириладиган қурбонликлару бошқа ҳар хил қурбонликлар келтириш учун ишлатилмайди.”

27 Биз бу қурбонгоҳни сиз билан бизнинг орамизда, биздан кейинги авлодлар орасида гувоҳ бўлсин, деб қурдик. Биз ҳам, сизлар қатори, Эгамизнинг Муқаддас чодири олдида Эгамизга сажда қилиб, ўша ерда куйдириладиган қурбонликлар, дон назрлари ва тинчлик қурбонликлари келтиришга ҳақли эканимизни мана шу қурбонгоҳ кўрсатади. Шунда сизларнинг авлодларингиз бизнинг авлодларимизга ҳеч қачон: “Эгамизда сизларнинг ҳақингиз йўқ”, — демайди.

28 Борди–ю, шундай деб айтишса, биз ёки авлодларимиз қуйидагидай жавоб бера оламиз: “Мана, Эгамиз қурбонгоҳининг нусхасига қаранглар. Бизнинг аждодларимиз уни куйдириладиган қурбонликлар ва бошқа ҳар хил қурбонликлар келтириш учун эмас, балки сиз билан бизнинг ўртамизда гувоҳ бўлиши учун қуришган.”

29 Фақат Эгамиз Худонинг Чодири олдида турган қурбонгоҳдагина Унга атаб куйдириладиган қурбонликлар, дон назрлари ва бошқа қурбонликлар келтириш мумкин. Эгамизга қарши бош кўтаришдан, Ундан юз ўгиришдан Унинг Ўзи бизни сақласин. Биз қурбонликлар келтириш учун қурбонгоҳ қурмаймиз.

30 Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми айтган бу гапларни эшитиб, руҳоний Финхаз ва у билан бирга келган Исроил халқининг бошлиқлари жуда мамнун бўлишди.

31 Рубен, Гад қабилаларига ва Манаше қабиласининг ярмига Элазар шундай деди:

— Эгамиз биз билан бирга эканлигига бугун амин бўлдик. Сизлар Эгамизга хиёнат қилмай, бутун Исроил халқини Унинг ғазабидан сақлаб қолдингиз.

32 Кейин Элазар ва Исроил халқи бошлиқлари Гиладдан Канъон юртига, Исроил халқининг олдига қайтиб келиб нима бўлганини айтиб беришди.

33 Улар олиб келган хабар Исроил халқини мамнун қилди. Исроил халқи Худога ҳамду сано айтиб, Рубен ва Гад қабилаларига қарши жанг қилиш ва уларнинг ерларини вайрон қилиш ҳақида бошқа оғиз очмади.

34 Рубен ва Гад қабилалари қурбонгоҳга Гувоҳ деган ном беришди, чунки улар: “Эгамиз — Худо эканлигини бу қурбонгоҳ ҳаммамизга эслатиб туради”, деб айтишган эди.

Ёшуанинг охирги насиҳатлари

1 Орадан йиллар ўтди. Эгамиз Исроил халқига тинчлик ато қилди, атрофдаги душманлар уларга хавф солмас эди. Ёшуа ҳам ёши анча ўтиб, қариб қолган эди.

2 У бутун Исроил халқини, уларнинг оқсоқолларию бошлиқларини, ҳакам ва назоратчиларини чақириб шундай деди: “Менинг ёшим ҳам ўтди, анча қариб қолдим.

3 Эгангиз Худо сизлар учун атрофингиздаги халқларни нима қилганини кўрдингиз. Эгангиз Худонинг Ўзи сизлар учун жанг қилди.

4 Мен Исроил халқининг қабилаларига шарқда Иордан дарёсидан бошлаб ғарбдаги Ўрта ер денгизигача бўлган ерларни мулк қилиб бердим. Мен сизларга мағлуб бўлган халқларнинг ҳам, ҳали мағлуб қилинмаган халқларнинг ҳам ерларини тақсимлаб бердим.

5 Эгангиз Худонинг Ўзи ўша халқларни олдингиздан ҳайдаб, орқага чекинтиради. Эгангиз Худонинг Ўзи ваъда қилгандай, сизлар уларнинг ерларини эгаллайсизлар.6 Мусонинг Таврот китобида ёзилган барча қонунларга амал қилинглар. Уларни битта қолдирмай бажаринглар.

7 Орангизда қолган ўзга халқларга қўшилманглар. Уларнинг худоларининг номларини тилга ҳам олманглар, ўша худоларнинг номи билан қасам ичманглар. У худоларга сажда ҳам қилманглар, хизмат ҳам қилманглар.

8 Сизлар шу пайтгача Эгангиз Худога содиқ бўлиб келдингизлар, бундан кейин ҳам Унга содиқ бўлиб қолинглар.

9 Эгамиз сизларнинг олдингиздан катта ва кучли халқларни ҳайдаб чиқарди, мана шу кунгача ҳеч ким сизларга бас кела олгани йўқ.

10 Эгангиз Худо ваъда қилгандай, Унинг Ўзи сизлар учун жанг қилади. Душманларнинг мингтаси биттангизга бас кела олмайди.

11 Шунинг учун доимо чин дилдан Эгангиз Худони севинглар.

12 Ундан юз ўгирманглар, орангиздаги ўзга халқлар билан аралашманглар, улар билан қуда–андачилик қилманглар.

13 Агар шундай қилсангиз, билиб қўйингки, Эгангиз Худо ўша халқларни сизларнинг олдингиздан бошқа ҳайдаб чиқармайди. Улар сизларга қопқон ва тузоқдай, елкаларингизга қамчидай, кўзларингизга эса тикандай бўлади. Охири, Эгангиз Худо сизларга берган мана шу ҳосилдор юртда бирортангиз ҳам тирик қолмайсиз.

14 Мен ҳам бир бандаман, умрим охирлаб боряпти. Шубҳасиз, ҳаммангиз биласиз, Эгангиз Худо сизларга яхши ваъдалар берган эди, шу ваъдаларнинг ҳаммаси рўёбга чиқди, уларнинг бирортаси ҳам бажарилмай қолмади.

15 Эгангиз Худо сизларга ваъда қилган барча яхши нарсаларни рўёбга чиқарди. Агар Эгамизга итоат қилмасангиз, У сизларни огоҳлантириб айтган кулфатларни бошингизга солади. Оқибатда У сизларга берган мана шу ҳосилдор юртдан сизларни бутунлай йўқ қилиб ташлайди.

16 Агар сизлар Эгангиз Худо билан қилган аҳдни бузиб, бошқа худоларга эргашсангиз, уларга хизмат қилиб, сажда қилсангиз, сизларга қарши Эгамизнинг ғазаби қўзғайди–да, У сизларга берган мана шу ҳосилдор юртда тез орада қирилиб кетасизлар.”

Ёшуанинг Шакамда сўзлаган нутқи

1 Кейин Ёшуа барча Исроил қабилаларини, уларнинг оқсоқолларини, бошлиқларини, ҳакамларини ва назоратчиларини Шакамга чақиртирди. Улар Худонинг ҳузурига келдилар.

2 Ёшуа бутун халққа шундай деди:

— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Қадимда сизларнинг аждодларингиз, жумладан, Тераҳ ва унинг ўғиллари Иброҳим ҳамда Нахўр Фурот дарёсининг нариги томонида яшаганлар. Улар бошқа худоларга хизмат қилганлар.

3 Мен сизларнинг ота–бобонгиз бўлган Иброҳимни Фуротнинг нариги томонидаги ердан олиб чиқиб, бутун Канъон юрти бўйлаб бошлаб бордим. Иброҳимнинг наслини кўпайтирдим. Иброҳимга Исҳоқни бердим.

4 Исҳоққа эса Ёқуб ва Эсовни бердим. Эсовга яшаш учун Сеир тоғларини бердим. Ёқуб ва унинг фарзандлари эса Мисрга бордилар.

5 Кейин Мусо ва Ҳорунни Мисрга юбориб, Миср халқининг бошига фалокатлар келтирдим. Ўшандан кейин сизларни Мисрдан олиб чиқдим.

6 Ота–боболарингиз Қизил денгизга етиб келди. Мисрликлар эса аравакашлари ва жанг аравалари билан уларни Қизил денгизгача қувиб бордилар.

7 Ота–боболарингиз Менга илтижо қилганларида, Мен Мисрликлар ва ота–боболарингиз орасига зулмат туширдим. Мисрликларнинг устига денгиз сувларини бостириб, уларни чўктирдим. Мисрни қай аҳволга солганимни сизлар ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Ундан кейин сизлар саҳрода узоқ вақт яшадингиз.

8 Кейин Мен сизларни Иордан дарёсининг шарқ томонидаги юртга олиб келдим. У ерда Амор халқи яшар эди. Улар сизларга қарши чиқиб жанг қилди. Мен сизларга уларнинг устидан ғалаба ато қилдим. Уларни сизларнинг олдингиздан қириб ташладим, сизлар уларнинг ерларини эгаллаб олдингиз.

9 Кейин Мўаб шоҳи — Зиппур ўғли Болоқ сизларга қарши жангга чиқди. Исроил халқини лаънатласин деб, у Бавўр ўғли Баломни чақиртирди.

10 Аммо Мен Баломга қулоқ солмадим, аксинча, у ўз ихтиёрига қарши сизларни дуо қилди. Шундай қилиб, Мен сизларни Болоқнинг қўлларидан қутқардим.

11 Сизлар Иордандан ўтиб, Ерихога келганингизда, Ерихо аҳолиси сизларга қарши жанг қилди. Амор, Париз, Канъон, Хет, Гиргош, Хив ва Ёбус халқлари ҳам сизларга қарши уруш қилди. Мен сизларга уларнинг устидан ғалаба бердим.

12 Икки Амор шоҳини ваҳимага солдим–да, қувиб юбордим. Бу ғалабага сизлар ўз қиличу камонингиз билан эришмадингиз.

13 Мен сизларга ўзингиз ишлов бермаган ерларни бердим. Энди сизлар ўзингиз қурмаган шаҳарларда яшаяпсизлар, ўзингиз экмаган узумзору зайтун боғларининг мевасини еяпсизлар.”

14 Ёшуа гапида давом этиб, шундай деди:

— Энди Эгамиздан қўрқинг, Унга содиқ бўлиб, доимо чин дилдан хизмат қилинг. Аждодларингиз Фурот дарёсининг нариги томонида ва Мисрда сажда қилган худоларнинг тасвирларини улоқтириб юборинг, фақатгина Эгамизга хизмат қилинг.

15 Агар Эгамизга хизмат қилишни маъқул кўрмасангиз, кимга хизмат қилишингизни бугун танланг. Фурот дарёсининг нариги томонида яшаган пайтда сажда қилган худоларингизга хизмат қиласизларми? Ёки олдин Амор халқларига тегишли бўлган ерларда яшаётганингиз учун энди уларнинг худоларига хизмат қиласизларми? Бугун танланг. Мен ва оилам эса Эгамизга хизмат қиламиз.

16 Халқ шундай жавоб берди:

— Худо сақласин! Биз ҳеч қачон бошқа худоларга хизмат қилиш учун Эгамизни ташлаб кетмаймиз!

17 Бизни ва ота–боболаримизни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгамиз Худодир. У қилган мўъжизаларни биз ўз кўзимиз билан кўрдик. Турли халқларнинг орасидан ўтганимизда, қаерга бормайлик, У бизни ҳимоя қилди.

18 Мана шу юртда яшаган Амор ва бошқа халқларнинг ҳаммасини Эгамиз бизнинг олдимиздан ҳайдаб юборди. Шунинг учун ҳам биз Эгамизга хизмат қиламиз, У бизнинг Худойимиздир.

19 Ёшуа халққа шундай деди:

— Эгамиз Муқаддас Худодир. У сизнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худодир. Эгамизга содиқ қолиш осон, деб ўйламанглар. Агар Унга қарши бош кўтарсангиз ёки гуноҳ қилсангиз, У сизларни кечирмайди.

20 Эгамиз сизларга шунча яхшилик қилган бўлса ҳам, агар Уни ташлаб, бошқа худоларга хизмат қилсангиз, У бошингизга кулфат келтириб, сизларни қириб ташлайди.

21 Халқ Ёшуага шундай деди:

— Йўқ, бошқа худоларга хизмат қилмаймиз, биз Эгамизга хизмат қиламиз!

22 Шунда Ёшуа халққа деди:

— Сизлар, Эгамизга хизмат қиламиз, деб қарор қилдингиз. Бунга ўзингиз гувоҳсиз.

— Ҳа, гувоҳмиз, — деб жавоб берди халқ.

23 Ёшуа:

— Ундай бўлса, орангиздаги бегона худоларнинг тасвирларини улоқтириб юборинглар, бутун қалбингиз билан Исроил халқининг Худоси — Эгамизга боғланинглар, — деди.

24 Халқ Ёшуага шундай деди:

— Эгамиз Худога хизмат қиламиз, Унга қулоқ соламиз.

25 Ўша куни Ёшуа Шакамда халқ билан аҳд тузиб, улар бажаришлари учун қонун–қоидалар берди.

26 Ёшуа бу сўзларни Худо Ўз халқига берган қонунлар баён этилган китобга ёзди. Кейин катта тош олиб, уни Эгамизга аталган саждагоҳдаги эман дарахтининг тагига ёдгорлик қилиб ўрнатди.

27 Ёшуа бутун халққа шундай деди:

— Қаранглар, мана шу тош Эгамиз бизга айтган ҳамма гапларни эшитди, шунинг учун агар Эгамизга берган ваъдамизда турмасак, бу тош бизга қарши гувоҳ бўлади.

28 Шундан кейин Ёшуа халқни уларга улуш қилиб берган ерларга юборди.

Ёшуа ва Элазар вафот этадилар

29 Бирмунча вақтдан кейин Эгамизнинг қули Ёшуа 110 ёшга кириб вафот этди.

30 Уни Тимнат–Серах шаҳрида дафн қилдилар. Бу шаҳар унга улуш қилиб берилган бўлиб, Гаш тоғининг шимолида, Эфрайим қирларида жойлашган эди.

31 Ёшуа даврида Исроил халқи Эгамизга хизмат қилар эди. Улар Ёшуанинг ўлимидан сўнг, Эгамиз Исроил учун қилган ҳамма ишларини кўрган оқсоқоллар даврида ҳам Эгамизга итоат қилишар эди.

32 Исроил халқи Мисрдан чиққанда Юсуфнинг суякларини ўзлари билан олган эди. Улар мана шу суякларни Шакамда кўмишди. Ёқуб бу ерни Шакамнинг отаси Хамўрнинг ўғилларидан юз бўлак кумушга сотиб олган эди. Ўша ер Юсуф авлодларининг улуши бўлиб қолди.

33 Ҳорун ўғли Элазар ҳам вафот этди. Элазарнинг ўғли Финхазга Эфрайим қирларидаги Гиво шаҳри улуш қилиб берилган эди. Элазар ўша жойга дафн қилинди.