Рут

Рут

Элималек оиласи билан Байтлаҳмдан Мўабга кўчади

1 Исроилда ҳакамлар ҳукмронлиги даврида бир муддат очарчилик бўлган эди. Бир одам хотини ва икки ўғли билан бирга бирмунча вақт яшаш ниятида Мўаб юртига жўнади. У Яҳудонинг Байтлаҳм шаҳридан эди.

2 У одамнинг номи Элималек, хотинининг оти Наима, ўғилларининг исмлари эса Махлўн ва Хилён эди. Бу оила Яҳудонинг Байтлаҳм шаҳридан — Эфратлик эди. Улар Мўаб юртига бориб, ўша ерда яшаб қолди.

3 Улар ўша ерда яшаётганларида, Элималекнинг ажали етди. Наима икки ўғли билан қолди.

4 Унинг ўғиллари Мўаблик қизларга уйландилар. Қизлардан бирининг исми Ўрпа, иккинчисиники Рут эди. Улар ўша ерда ўн йилча яшашгандан кейин

5 Махлўн ва Хилён иккаласи ҳам вафот этишди. Наима ҳам эридан, ҳам фарзандларидан айрилиб, ёлғиз қолди.

Наима ва Рут Байтлаҳмга қайтишади

6-7 “Эгамиз Ўз халқига эътибор бериб, уларга нон берди” деган хабарни эшитгач, Наима ўз юртига қайтишга қарор қилди. Наима яшаб келган Мўаб юртини ташлаб, келинлари билан бирга йўлга тушди ва Яҳудога қараб юришди.

8 Йўлда давом этишаркан, Наима иккала келинига деди:

— Боринглар, икковингиз ҳам оналарингизнинг уйларига қайтинглар. Менга ва марҳумларга бўлган иззат–ҳурматингиз учун Эгам сизларга ҳам марҳамат қилсин.

9 Икковларингизга ҳам яхши жойлардан ато қилсин, турмуш қуриб, ўз эрларингиз билан бахтли бўлинглар!

Шундай деб Наима келинларини ўпди, иккаласи эса йиғлаб фарёд кўтаришди:

10 — Йўқ, биз сиз билан кетамиз, сизнинг халқингиз орасида яшаймиз, — дейишди.

11 Наима эса яна келинларига:

— Қайтинглар, жон қизларим! — деди. — Мен билан кетганингиздан нима фойда?! Қорнимда яна ўғилларим бормидики, сизларга умр йўлдоши бўлса?!

12 Бўлди энди, қизларим, қайтинглар! Мен энди кексайдим, эрга тегишга ожизман. Борди–ю, мен, ҳали умид қилсам бўлади, деб шу кеча эрим билан қовушсам–у, ўғиллар туғсам,

13 улар улғайгунча сизлар кутиб турармидингиз?! Орқага чўзиб, турмушга чиқмай юрармидингизлар?! Йўқ, қизларим. Сизларни ўйлаб жуда қайғуряпман. Ахир, Эгам шунча кўргиликни бошимга солди–ку.

14 Улар яна йиғлаб, дод–вой кўтаришди. Ниҳоят, Ўрпа қайнанаси билан ўпишиб хайрлашиб, орқага қайтиб кетди. Рут эса Наимага ёпишиб олди.

15 Наима Рутга:

— Мана, овсининг ўз халқи орасига, ўз худоларига сиғинадиган юртга қайтиб кетди. Сен ҳам унинг орқасидан боргин, — деди.

16 — Сиздан ажралишга, қайтиб кетишга мени мажбур қилманг, — деди Рут. — Сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман, сиз қаерда бўлсангиз, мен ҳам ўша ерда бўламан. Сизнинг халқингизни ўзимнинг халқим, сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим дейман.

17 Сиз қаерда оламдан ўтсангиз, мен ҳам ўша ерда жон бериб, дафн қилинаман. Эгам мени не кўйга солса солсин, ҳатто ундан баттарроғини қилсин. Мени сиздан фақат ўлим ажрата олади.

18 Наима амин бўлдики, келини у билан кетишга қатъий аҳд қилибди. Шундан сўнг уни кўндиришга қайта уринмади.

19 Икковлари йўл юриб Байтлаҳмга етиб келишди. Байтлаҳмга етиб келганларида, уларни кўриб бутун шаҳар ғимирлаб қолди. Аёллар бир–бирига: “Ийи, наҳотки бу ўша Наима бўлса?!” деб ҳайрон қолишди.

20 Наима уларга деди:

— Энди мени Наима эмас, Мусибат денглар. Чунки Қодир Худо бошимга чексиз қайғу–кулфат солди.

21 Мен бу ердан тўкис бўлиб чиқиб кетган эдим, Эгам эса қуп–қуруқ қайтарди. Энди нега мени Наима дейсизлар?! Ахир, Эгам — Қодир Худо мени азоб–уқубатларга гирифтор қилиб, бахтсиз қилди–ку!

22 Шундай қилиб, Наима Мўаблик келини Рут билан бирга Мўаб юртидан қайтиб келди. Улар Байтлаҳмга келган пайтда арпа ўрими бошланган эди.

Рутнинг Бўаз билан учрашуви

1 Наиманинг Бўаз деган қариндоши бўлиб, анчагина обрўли, бадавлат одам эди. У Наиманинг марҳум эри Элималек уруғидан эди.

2 Бир куни Мўаблик Рут Наимага:

— Мен далага бормоқчи эдим. Ким илтифот кўрсатса, ўша даладан бошоқ териб келардим, — деди.

— Майли, боравер, қизим, — деди Наима.

3 Рут кетди. Далага етиб келиб, ўроқчиларнинг орқасидан тўкилган бошоқларни тера бошлади. Қарангки, бу дала Элималекнинг қариндоши Бўазники экан.

4 Бир пайт Байтлаҳмдан Бўаз келиб қолди. У ўроқчиларга:

— Ҳорманглар, Худо сизларга ёр бўлсин! — деди. Улар ҳам:

— Бор бўлинг, Худо умрингизга барака берсин! — деб жавоб қайтаришди.

5 Бўаз ўроқчилар назоратчисига Рутни кўрсатиб:

— Бу жувон ким? — деб сўради.

6 Ўроқчилар назоратчиси:

— Бу ўша Мўаблик мусофир, — деди, — Наима билан бирга Мўаб юртидан келган.

7 У: “Мен ўроқчилар орқасидан юриб, тўкилган бошоқларни териб олсам”, деб сўраган эди. Тонг саҳарда келиб шу чоққача тинмай далада ишлади. Ҳозиргина чайлада бир оз дам олгани ўтирди.

8 Бўаз Рутга:

— Менга қара, қизим, — деди, — бошоқ териш учун бошқа далага бормай қўя қол. Шу ерда менинг чўриларим билан бирга юравер.

9 Сен фақат хизматкорларим буғдой ўраётган далада бўл, уларнинг орқасидан юравер. Хизматкорларимга тайинлаб қўяман, сенга индашмайди. Чанқасанг, анави идишларда сув бор. Қудуқдан хизматкорларим тортиб олган, ичавер!

10 Рут ер ўпгудай бўлиб таъзим қилди–да, Бўазга шундай деди:

— Нечун назарингизга тушиб, шунчалик меҳрингизга сазовор бўлдим? Мен ахир, келгинди бўлсам, сиз менга шу қадар эътибор беряпсиз.

11 Бўаз шундай жавоб берди:

— Эринг ўлгандан кейин қайнанангга қандай муносабатда бўлганингни менга айтиб беришди. Сен ота–онангни, юртингни ташлаб, илгари ўзингга бегона бўлган халқ орасида яшашга келдинг.

12 Яхшиликларинг учун Эгамдан қайтсин. Сен паноҳ истаб келган Исроил халқининг Худоси — Эгамдан сенга тўлиқ мукофот бўлсин.

13 — Сизнинг меҳрингизга сазовор бўлайин, тўрам! — деди Рут. — Сиз мендай чўрингизнинг дилидаги армонларини гапириб, тасалли бердингиз. Лекин мен сизнинг чўриларингиздан биронтаси эмасман–ку.

14 Тушлик пайти бўлганда Бўаз Рутга:

— Бу ёққа кел, нондан ол, мусалласга ботириб егин, — деди.

Рут хизматкорлар ёнидан жой олди. Бўаз унга қовурилган донлардан узатди. Рут тўйди ва озроқ орттириб ҳам қолдирди.

15 Сўнгра Рут яна бошоқ териб олай деб, ўрнидан туриб нарига кетди. Бўаз хизматкорларига шундай буйруқ берди:

— У боғламлар орасидан ҳам териб олаверсин, зинҳор хафа қила кўрманглар.

16 Ҳатто боғламдан атайин ташлаб қолдириб кетинглар. У териб олсин, уни койиманглар.

17 Шундай қилиб, Рут қош қорайгунча далада бошоқ терди, терганларини янчди. У янчган арпа бир тоғорадан кўпроқ чиқди.

18 Донни кўтариб, шаҳарга жўнади. У териб келган донни қайнанасига кўрсатди. Рут ўзи тўйгандан сўнг орттириб қолдирган қовурилган донларни қайнанасига берди.

19 Қайнанаси Рутдан сўради:

— Қайда ишладинг? Кимнинг даласидан бошоқ тердинг бугун? Сенга ёрдам кўрсатганни Худо ёрлақасин!

Рут кимникида ишлаганини қайнанасига айтди:

— Бугун мен ишлаган даланинг эгаси Бўаз деган одам экан, — деди.

20 Наима келинига:

— Уни Худо ёрлақасин! — деди ҳаяжонланиб. — Тирикларга, ҳам марҳумларга содиқ қолиб, марҳаматини дариғ тутмабди.

Сўнг:

— У киши бизнинг яқин қариндошларимиздан, оиламизни ўз паноҳига олишга бурчли одамлардан, — деб қўшиб қўйди.

21 Мўаблик Рут ҳам қўшимча қилди:

— У менга ҳатто, даламда ўрим–йиғим тугамагунча, менинг хизматкорларим билан бирга юравер, деб айтди.

22 Наима келинига:

— Яхши, қизим, сен унинг чўри қизлари билан юравер. Бегона далага борсанг, сенга озор беришлари мумкин, — деди.

23 Шу тариқа Рут арпа ва буғдой ўрими тугагунга қадар, Бўазнинг чўри қизлари ёнида бошоқ териб юрар, қайнанаси билан бирга яшарди.

Рут ва Бўаз хирмонда

1 Орадан маълум вақт ўтгач, Рутга қайнанаси Наима шундай деди:

— Қизим, бирортаси билан рўзғор қилсанг, ўзингга яхши бўлармиди. Мен сенга қайлиқ топиб беришим лозим.

2 Ўша Бўаз бизнинг қариндошимиз, сен унинг чўрилари билан бирга бўлган эдинг–ку. Биласанми, бугун кечқурун у хирмонда арпасини совуради.

3 Энди сен ювиниб–тараниб, чиройли кийимларингни кий, кейин хирмонга бор. Лекин Бўаз еб–ичиб бўлмагунча, унга кўринма.

4 У ухлашга ётганда, ётган жойини билиб олгин–да, сўнг бориб оёқ томонини очиб, ўша ерда ёт. Нима қилишни унинг ўзи айтади.

5 Рут қайнанасига:

— Ҳаммасини айтганингиздай қиламан, — деди.

6 Рут хирмонга жўнади. Етиб келиб, қайнанаси айтгандай қилди.

7 Бўаз еб–ичди, вақти чоғ бўлди. Сўнг ғарам ёнига бориб ёнбошлади–да, ухлаб қолди. Рут оҳиста келиб, унинг оёқ томонини очиб, ётди.

8 Ярим кечаси Бўаз чўчиб уйғониб кетди. Қараса, оёқ томонида бир аёл ётибди.

9 — Кимсан? — деб сўради аёлдан. Рут унга:

— Сизнинг чўрингиз Рутман. Чўрингизни паноҳингизга олсангиз, ахир, сиз бизнинг оиламизни паноҳингизга олишга бурчли одамсиз, — деди.

10 Бўаз Рутга деди:

— Сени Худо ёрлақасин, қизим. Оилангга сенинг бу сафарги қилган садоқатинг олдингисидан ҳам аълодир. Сен камбағал ёки бойвачча йигитларнинг ортидан чопмадинг.

11 Энди хавотирланма, қизим. Айтганларингнинг ҳаммасини муҳайё қиламан. Бутун шаҳар халқи сенинг олижаноб аёл эканлигингни билади.

12 Тўғри, мен сизларнинг оилангизни паноҳимга олишга бурчли одамман, лекин бу ишга мендан ҳам яқинроғи бор.

13 Шу кеча ўтсин, ётавер. Агар эртага у киши сенга нисбатан ўз бурчини ўтамоқчи бўлса, майли, сени олаверсин. Борди–ю, ўз бурчини ўташни хоҳламаса, мен ўз зиммамга оламан. Худо ҳақи, мен ўз зиммамга оламан. Эрталабгача ухлайвер.

14 Лекин тонг пайтида туриб кет, хирмонга келганингни одамлар билмай қўя қолишсин.

Рут Бўазнинг оёқ томонида саҳаргача ухлади. Кўз кўрмайдиган, ғира–шира тонг пайтида Рут ўрнидан турди.

15 Бўаз Рутга:

— Шолрўмолингни очиб, ушлаб тур, — деди.

Рут шолрўмолини очиб ушлаб турди. Бўаз эса олти тоғора арпа ўлчаб, шолрўмолга солди ва орқасига кўтартириб қўйди. Кейин ўзи шаҳарга жўнаб кетди.

16 Рут эса қайнанаси олдига қайтди. Қайнанаси ундан:

— Нима бўлди, қизим? — деб сўради.

Бўаз Рутга қандай муносабатда бўлган бўлса, Рут ҳаммасини қайнанасига айтиб берди.

17 — У, қайнанангнинг олдига қуруқ қўл билан борма, деб мана бу олти тоғора арпани ҳам бериб юборди, — деди Рут.

18 Қайнанаси Рутга деди:

— Қизим, бу ишлар нима билан тугайди, ҳали билмайсан. Кутиб тургин–чи, у бу ишни бугуноқ охирига етказмай қўймаса керак.

Бўаз Рутга уйланади

1 Бўаз шаҳар дарвозаси олдига чиқиб ўтирди. Ўша пайт Бўаз айтган яқин қариндоши ёнгинасидан ўтиб қолди. Бўаз унинг исмини айтиб чақириб:

— Бу ёққа келинг, ўтиринг, биродарим, — деди.

Қариндоши яқин келиб ўтирди.

2 Бўаз шаҳар оқсоқолларидан ўн кишини гувоҳликка чақириб:

— Шу ерда ўтиринглар! — деди. Улар келиб ўтиришди.

3 Бўаз қариндошига деди:

— Мўаб юртидан қайтиб келган Наима бор–ку, у Элималек акамизнинг даласини сотмоқчи.

4 Мен шу ерда ўтирганлар ва қавмим оқсоқоллари ҳузурида ўша далани сотиб оласизми, йўқми, билай дедим. Агар сиз қариндошлик бурчингизни ўташни хоҳласангиз, майли, сотиб олаверинг. Борди–ю, хоҳламасангиз, айтинг, мен билайин. Чунки бу бурчни ўташ биринчи навбатда сизга тушади. Сиздан кейин навбат меники бўлади.

У киши:

— Қариндошлик бурчимни мен ўтайман, — деди.

5 Бўаз деди:

— Хўп. Лекин сиз Наиманинг даласини харид қилганингизда, дала билан бирга марҳум Махлўннинг беваси Мўаблик Рутни ҳам олишингиз керак. Чунки марҳумнинг номи ўз мулкидан йўқолиб кетмаслиги шарт.

6 Шунда қариндоши Бўазга:

— Ундай бўлса, мен уни ололмайман, акс ҳолда, ўзимнинг мулкимни хавф остига қўйган бўламан. Зиммамдаги қариндошлик бурчимни сиз ўтайверинг, менинг иложим йўқ, — деди.

7 Илгари Исроилда қариндошлик бурчини ўтамоқчи ёки мол–мулкини алмаштирмоқчи бўлсалар, далил–исбот тариқасида биттаси чориғини ечиб, иккинчисига берарди. Мана шу одат Исроилда қонуний гувоҳлик ўрнини босарди.

8 Шундай қилиб, қариндоши Бўазга:

— Ўзингиз сотиб олаверинг, — деди–да, чориғини ечиб берди.

9 Шундан кейин Бўаз оқсоқолларга ва ўша ердаги бошқа одамларга мурожаат қилди:

— Сизлар гувоҳсиз: мен бугун Элималекдан Хилён ва Махлўнга қолган ҳамма мулкни Наимадан сотиб оляпман.

10 Яна Махлўннинг хотини Мўаблик Рутни ҳам ўз никоҳимга оляпман, токи марҳумнинг номи ўз мулкида қолсин, биродарлари орасида ва киндик қони тўкилган юртида номи йўқолиб кетмасин. Бугун сизлар бунга гувоҳ бўлиб турибсизлар.

11 Шунда шаҳар дарвозаси ёнида турган одамлар ва оқсоқоллар:

— Биз гувоҳмиз, — дедилар. — Эгамиз сенинг хонадонингга келадиган аёлни Роҳила ва Леахдай қилсин, ана ўша бибилардан Исроил халқи бино бўлган. Эфратда бойликлар эгаси бўлгин, Байтлаҳмда номинг улуғ бўлгай.

12 Сенинг хонадонинг Яҳудога Тамара туғиб берган ўғли бобомиз Параз хонадонидай баракали бўлсин. Эгамиз мана шу жувон орқали сенга ўшандай буюк насл ато этсин.

Наимага Эгамиз марҳамат қилади

13 Шундай қилиб, Бўаз Рутга уйланди. Улар турмуш қуриб, бир ёстиққа бош қўйишди. Эгамизнинг марҳамати билан Рут ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди.

14 Аёллар Наимага айтишди:

— Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У бугун сенга ғамхўрлик қиладиган невара берди, меросхўрсиз қолдирмади. Меросхўрингнинг номи Исроилда улуғ бўлсин.

15 У туфайли ҳаётинг яна шодликка тўлади, қариганингда суянчиғинг бўлади. Чунки бу ўғилни сени яхши кўрадиган, сен учун ҳатто етти ўғилдан ҳам аъло бўлган келининг туғди.

16 Наима чақалоқни ўзига олди, бир дам бағридан узмади. Ўзи энагалик қилди.

17 Қўшни аёллар: “Наима учун ўғил туғилди”, деб чақалоққа Обид исмини бердилар.

Шоҳ Довуд — Бўаз ва Рутнинг чевараси

Обид Довуднинг падари бузруквори Эссайнинг отаси бўлди.

18 Параздан Довудгача бўлган авлод–аждод қуйидагича:

Параздан Хазрон бунёд бўлди.

19 Хазрондан Рам бунёд бўлди.

Рамдан Оминадав бунёд бўлди.

20 Оминадавдан Нахшўн бунёд бўлди.

Нахшўндан Салмўн бунёд бўлди.

21 Салмўндан Бўаз бунёд бўлди.

Бўаздан Обид бунёд бўлди.

22 Обиддан Эссай бунёд бўлди.

Эссайдан Довуд бунёд бўлди.