Қўшиқ

Қўшиқ

1 Сулаймоннинг энг гўзал қўшиғи.

Биринчи қўшиқ

Қиз:

Ўпгин мени лабларинг билан,

Сенинг севгинг шаробдан ҳам ширинроқдир.

2 Атир мойларинг қанчалик хушбўй!

Ёқимли атир каби номинг ҳар тарафга таралар.

Шунинг учун қизлар сени севарлар.

3 Мени ўзинг билан олиб кет, тезроқ борайлик.

Эй шоҳим, мени ўз ётоғингга олиб киргин.

Қуддус қизлари:

Эй шоҳимиз, биз қувонамиз. Сиз билан севинамиз,

Шаробдан ҳам кўпроқ сизнинг севгингизни мақтаймиз.

Қиз:

Эй севгилим! Қизлар сени севиб, тўғри қилишади.

4 Эй Қуддус қизлари!

Мен қорачадан келган бўлсам ҳам гўзалман,

Кедар чодирларидай қора бўлсам ҳам,

Сулаймон пардаларидай чиройлидирман.

5 Қоралигим учун менга паст назар билан қараманглар.

Қуёш нурлари мени қорайтирди.

Ака–укаларимнинг мендан жаҳли чиқиб,

Мени узумзорлар қоровули қилиб қўйишди,

Аммо ўз узумзоримга қарай олмадим!

6 Севгилим, менга айтгин–чи,

Қаерда ўз подангни боқасан?

Туш вақти уларни қаерга ётқизасан?

Айт менга, яна подачи дўстларинг олдида

Уятсиз аёллардай бўлиб юрмай, ахир.

Йигит:

7 Қаердалигимни билмасанг,

Эй гўзалларнинг гўзали,

Поданинг изларидан боргин.

Чўпонларнинг чодирлари олдида

Ўз эчкиларингни ўтлатгин.

8 Эй севгилим,

Сен фиръавн аравасига қўшилган учқур отдай гўзалсан.

9 Зиракларинг туфайли ёноқларинг гўзалдир,

Марваридлар бўйнингни қандай чиройли қилар.

10 Сенга атаб тилладан безаклар,

Кумушдан тақинчоқлар ясаттираман.

Қиз:

11 Шоҳим ёнбошлаб ётганда,

Атирларим ўз ҳидини таратди.

12 Кўкракларим орасида ётган,

Хушбўй миррага тўла халтача кабидир менинг севгилим.

13 У мен учун Эн–Геди боғларидаги

Хина гулларидайдир.

Йигит:

14 Гўзалдирсан, эй севгилим,

Сен гўзалсан!

Кўзларинг кабутар кўзларидай назокатлидир.

Қиз:

15 Чиройлисан, эй севгилим,

Жуда ҳам хушрўйдирсан,

Ям–яшил майсалар бизнинг тўшагимиздир.

16 Садр дарахтлари томимиз бўлса,

Арчалар томимиз синчларидир.

Қиз:

1 Мен Шарон атиргулиман,

Водийлар нилуфариман.

Йигит:

2 Менинг севгилим қизлар орасида,

Тиканлар орасидаги нилуфар гулидайдир!

Қиз:

3 Менинг севгилим йигитлар орасида,

Ўрмон дарахтлари орасидаги олма дарахтидай ажралиб турар.

Мен унинг соясида ўтириб завқ оламан,

Унинг меваси жуда шириндир.

4 У мени ўз меҳмонхонасига олиб кирди,

Мени ўз севгиси билан қоплади.

5 Майизлар едириб, менга куч бергин,

Олмалар билан қувватга тўлдиргин,

Ахир, севгилимнинг ишқи дардида ёнмоқдаман.

6 Унинг чап қўли бошим остидадир,

Ўнг қўли билан эса мени қучоқлайди!

7 Эй Қуддус қизлари,

Кийигу ёввойи оҳулар ҳақи онт ичинг.

Вақт–соати келмагунча,

Севгини қўзғатманг, уйғотманг.

Иккинчи қўшиқ

Қиз:

8 Севгилим овози эшитиляпти,

Ана қаранглар, у келяпти.

Тоғлару қирлар оша келяпти.

9 Севгилим оҳудай, ёш кийикдайдир.

Мана, у девор ортида турибди.

Ойналардан мўралаб,

Панжаралар орасидан қараб турибди.

10 Севгилим менга шундай дейди:

“Тура қол, севгилим, оппоғим,

Мен билан юргин.

11 Мана қиш ўтди, ёмғирлар тўхтади.

12 Ер юзи гуллар билан қопланмоқда,

Юрт бўйлаб кабутарлар куйи эшитилмоқда,

Қўшиқ куйлаш вақти етиб келди.

13 Анжир мева тугишни бошлади,

Токлар ҳам гулга кирди.

Улар хушбўй ҳидларини таратмоқда.

Тура қол, севгилим, оппоғим,

Мен билан юргин.”

Йигит:

14 Севгилим, сен тоғларда яшайдиган,

Қояларда яширинадиган кабутардайсан.

Юзингни кўрсатгин, овозингни эшитай.

Овозинг жуда ширин, юзинг гўзалдир.

15 Қаранг, узумзоримиз гуллаб ётибди,

Кичкина тулкиларни ушланглар.

Ахир, улар узумзорларни вайрон қилади.

Қиз:

16 Севгилим меникидир, мен эса уникиман,

У нилуфарлар териб, ўз боғидан завқ олади.

17 Тонг отмай туриб, бора қол, жоним.

Баланд тоғларда сакрайдиган оҳу, кийикдай бўлиб,

Қоронғилик чекинмасдан олдин, қайтиб кета қол.

Қиз:

1 Кечқурун ўрнимда ётганимда,

Бутун қалбим билан севган ошиғимни қўмсадим.

Жуда қўмсадим, лекин уни тополмадим.

2 Энди туриб, шаҳарга чиқаман.

Шаҳар майдонларию кўчаларида юриб,

Севгилимни излайман.

Изладим–у, аммо уни тополмадим.

3 Қўриқчилар шаҳарни кезиб юриб,

Мени кўриб қолишди.

Улардан: “Севгилимни кўрмадингизми?” деб сўрадим.

4 Уларнинг олдидан кетишим биланоқ,

Севгилимни топдим.

Уни маҳкам қучиб, қўйиб юбормадим.

Онамнинг уйига олиб келдим.

Уни ўз туққан онамнинг хонасига олиб кирдим.

5 Эй Қуддус қизлари,

Кийигу ёввойи оҳулар ҳақи онт ичинг.

Вақт–соати келмагунча,

Севгини қўзғатманг, уйғотманг.

Учинчи қўшиқ

Қуддус қизлари:

6 Даштда тутундай кўтарилиб,

Кўринаётган нарса нимадир?

Ундан аттор растасидаги барча хушбўй атирларнинг ҳиди,

Мирра ва хушбўй тутатқиларнинг ҳиди келиб турибди.

7 Қаранглар, у Сулаймоннинг тахтиравонидир,

Унинг атрофида олтмишта паҳлавони бор.

Улар Исроил халқи орасидаги энг баҳодир жангчилардир.

8 Қилич ўйнатишда ҳаммаси моҳир,

Жангда ҳам жуда маҳоратлидирлар.

Тунда бўладиган ҳужумлардан сақланиш учун

Уларнинг ҳаммаси қилич билан қуролланган.

9 Шоҳ Сулаймон ўз тахтиравонини

Лубнон ёғочларидан ясаттирган.

10 Бу тахтиравон дасталари кумушдан,

Орқаси тилладан ясалган,

Ўриндиғига эса сафсар кимхоб тўшалган.

Қуддус қизлари тахтиравоннинг ичини

Муҳаббат билан безатганлар.

11 Чиқинглар, эй Сион қизлари!

Шоҳ Сулаймонга қаранглар.

Тўйи куни, юраги шодлик билан тўлган куни

Онаси кийдирган тожга қаранглар.

Йигит:

1 Қандай гўзалсан, эй севгилим,

Қанчалик гўзалсан!

Чачвонинг ортидаги кўзларинг

Кабутарлардай мулойимдир.

Гилад қирларидан ёйилиб тушаётган

Қоп–қора қўйлардайдир сенинг сочларинг.

2 Ювиб–таралган, жуни қирқиладиган,

Оппоқ эчкилардайдир сенинг тишларинг.

Ҳар бирининг эгизи бор,

Ўрни ҳеч бўш қолмаган.

3 Лабларинг қирмизи ғунчалардайдир,

Оғзинг ҳам жуда гўзал.

Чачвонинг ортидаги ёноқларинг эса

Анорлардай қип–қизил.

4 Бўйнинг тик қурилган Довуд минорасидай,

Маржонларинг тизим–тизим,

Жангчиларнинг мингларча қалқонларидайдир.

5 Кўкракларинг эгизак кийиклардайдир.

Ҳа, нилуфарлар орасида ўтлайдиган

Икки кийикдайдир улар.

6 Қоронғилик чекинмасдан олдин,

Тонг отмай туриб,

Ўша хушбўй мирра тоғига,

Зираворлар қирига чиқаман.

7 Ҳар жиҳатдан гўзалдирсан, севгилим,

Сенда ҳеч қандай нуқсон йўқ.

8 Кела қол, келинчагим,

Лубнондан менга кел.

Эмона ва Санир тоғларидан,

Хермон тоғларию шерлар маконидан,

Қоплонларнинг масканидан туш.

9 Эй жоним, келинчагим,

Қалбимни асир қилдинг.

Кўзларингнинг нигоҳи билан,

Бўйнингдаги маржонинг билан

Қалбимни асир қилдинг.

10 Севгинг қандай шириндир,

Эй жоним, келинчагим.

Сенинг севгинг шаробдан ҳам яхшироқдир.

Атир мойларинг эса

Ҳар қандай зиравордан ҳам хушбўйроқдир.

11 Келинчагим, лабларингдан бол томар.

Асал ва сут тилинг остида,

Кийимларинг ҳиди Лубнон ҳидига ўхшар.

12 Жоним менинг, келинчагим.

Қулфланган боғ, девор билан ўралган булоқдайсан,

Ёпиб қўйилган чашмадайсан сен.

13 Аъло мевалар берадиган

Анор боғига ўхшайсан.

Бу боғда хина ва сунбуллар ўсади.

14 Ҳа, бу боғда сунбулу заъфарон,

Хушбўй қамиш ва долчин,

Ҳар хил хушбўй дарахтлар,

Мирра ва алоэ,

Энг аъло зираворлар ўсади.

15 Севгилим, сен боғдаги чашмага,

Ҳаётбахш сув булоғига ўхшайсан.

Лубнон тоғларининг оқар сувларидайсан.

Қиз:

16 Эй шимол шабадаси, қўзғал,

Жануб шамоли, келгин!

Боғимда эсгин,

Токи боғимнинг хушбўй ҳидлари

Ҳамма жойга таралсин.

Севгилим ўз боғига келиб,

Аъло меваларидан есин.

Йигит:

1 Эй жоним, келинчагим, боғимга келиб,

Мирра ва зираворларимни тўплайман.

Асалари мумини ҳамда асалимни ейман,

Сут ва шаробимни ичаман.

Тўйгунингча егин, севгилим,

Севгидан ичиб, қониққин.

Тўртинчи қўшиқ

Қиз:

2 Ухладим, лекин юрагим уйғоқ эди.

Ана, севгилим чақирмоқда:

“Очгин эшигингни, жоним, севгилим,

Кабутарим, комилим.

Бошим ҳўлдир шудрингдан,

Сочларим эса тун шабнамидан.”

3 Кийимларимни ечиб қўйганман,

Қандай қилиб яна кияман?!

Оёқларим ювилган,

Уларни кир қилайми?!

4 Севгилим қўлини эшик тешигидан киргизганда,

Бутун вужудим титраб кетди.

5 Севгилимни киргизай, дея турдим.

Қўлларимдаги мирра,

Эшикнинг тутқичларига оқиб тушди.

6 Севгилимга эшикни очдим,

Лекин у кетиб қолибди.

У кетганига юрак–бағрим эзилди.

Қидириб, уни топа олмадим,

Чақирдим, лекин у жавоб бермади.

7 Шаҳарни айланиб юрган қўриқчилар

Мени кўриб қолдилар.

Улар мени уриб яраладилар.

Ўша шаҳар қўриқчилари

Устимдаги рўмолимни олиб қўйдилар.

8 Эй Қуддус қизлари, ваъда беринглар,

Севгилимни топсангиз, айтиб қўйинглар,

Унинг ишқи дардида ёнмоқдаман.

Қуддус қизлари:

9 Эй аёллар гўзали,

Севгилингнинг бошқалардан нимаси ортиқ?!

Унинг бошқалардан нимаси ортиқки,

Сен бизга, ваъда беринглар, деб айтасан?!

Қиз:

10 Севгилим кўҳлик, чиройлидир,

Ўн мингтанинг ичида ажралиб турар.

11 Боши энг аъло тилладай гўзал,

Жингалак сочлари қарғадай қоп–қорадир.

12 Кўзлари эса булоқлар бўйидаги кабутарлардай,

Чашмалар бўйидаги, сутга чўмдирилган каптарлардайдир.

13 Унинг ёноқлари муаттар ҳидли

Зиравор боғлари каби жуда хушбўйдир.

Лаблари эса мирра оқиб турган

Нилуфарлар каби шириндир.

14 Қўллари тилладан ясалиб,

Топаз тошлар билан безатилганга ўхшайди.

Танаси эса зангори ёқутлар ўрнатилган

Теп–текис фил суягидай чиройлидир.

15 Оёқлари тилла тагликка ўрнатилган

Мармар устунлари каби кучлидир.

Унинг қиёфаси улуғвор Лубнондай,

Қудратли, аъло садр дарахтларидайдир.

16 Унинг овози жуда ширин,

Ўзи эса ҳар жиҳатдан мафтункор.

Эй Қуддус қизлари, мана шундай йигит

Менинг севгилим, дўстимдир.

Қуддус қизлари:

1 Севгилинг қаерга кетди,

Эй гўзалларнинг гўзали?

Айт–чи, қайси томонга йўл олди?

Биз сен билан уни қидирайлик.

Қиз:

2 Севгилим ўз боғига,

Хушбўй зираворлар боғига кетди.

У нилуфар гуллар териб,

Ўз боғидан завқ олгани кетди.

3 Мен севгилимники, севгилим эса меникидир!

У нилуфарлар териб, ўз боғидан завқ олади.

Бешинчи қўшиқ

Йигит:

4 Сен Тирза шаҳридай гўзалдирсан, севгилим,

Қуддус шаҳридай хушрўйдирсан,

Байроқлари кўтарилган қўшиндай савлатлисан.

5 Кўзларингни олиб қоч мендан,

Улар мени мафтун қилганлар.

Гилад қирларидан ёйилиб тушаётган

Қоп–қора қўйлардайдир сенинг сочларинг.

6 Ювиб–таралган оппоқ

Эчкилардайдир сенинг тишларинг.

Ҳар бирининг эгизи бор,

Ўрни ҳеч бўш қолмаган.

7 Чачвонинг ортидаги ёноқларинг эса

Анорлардай қип–қизил.

8 Ана, олтмишта малика, саксонта канизак,

Сон–саноқсиз қизлар!

9 Аммо менинг кабутарим,

Комил севгилим ўзгачадир.

Онасининг эркаси,

Туққан онасининг ягонасидир.

Қизлар уни кўриб, у бахтлидир, дейишади,

Маликаю канизаклар уни кўриб, мақташади.

10 Маҳбубамнинг нигоҳлари тонгдайдир.

Ўзи эса тўлин ойдай гўзал, қуёшдай ёрқин,

Байроқлари кўтарилган қўшиндай савлатлидир.

11 Мен бодомзорга,

Водий чечакларини кўришга бордим.

Токлару анорлар гуллаганмикин, дея бордим.

12 Шоҳона аравада ўтиргандай,

Ҳаяжондан титрар эдим.

Қуддус қизлари:

1 Қайтгин, қайтиб келгин, эй Шуламлик қиз!

Қайтиб кел, сени яна бир бор кўрайлик.

Йигит:

Нима учун бу Шуламлик қизга қарайсизлар?!

У икки қатор қизлар орасида рақсга тушяптими?!

2 Эй маликага ўхшаган қиз!

Кафш кийган оёқларинг қандай чиройли!

Дўмбоқ сонларинг жавоҳирлардай,

Худди моҳир устанинг қўли билан ишлангандай!

3 Доимо хушбўй шаробга тўла бўлган,

Дум–думалоқ косадайдир сенинг киндигинг.

Юмалоқ қорнинг эса нилуфарлар билан ўралган,

Тилларанг буғдой уюми кабидир.

4 Кўкракларинг эгизак кийиклардайдир.

5 Фил суягидан қурилган минорадай гўзалдир бўйнинг,

Батрабим дарвозаси ёнидаги

Хашбон булоқларидай ёрқиндир кўзларинг.

Бурнинг эса Дамашқ шаҳрига қараган

Лубнон минорасидай текисдир.

6 Бошинг Кармил тоғидай баланд туради,

Сочинг кимхобдай гўзал,

Ҳатто шоҳ ҳам унга асирдир.

7 Қандай гўзал ва хушрўйсан,

Ҳузурбахш севгилим менинг.

8 Пальма дарахтидай савлатлисан,

Кўкракларинг унинг меваларидай тўлиқдир.

9 Мен шундай дедим: “Пальма дарахтига чиқиб,

Меваларидан ушлайман.”

Кўкракларинг мен учун узумдай мазали,

Нафасинг эса олмалардай ширин бўлсин.

10 Ўпичларинг энг аъло шаробдай шириндир,

Бундай шароб лаб ва тишлар орасидан текис ўтади.

Қиз:

11 Мен севгилимникиман,

У фақат мени қўмсайди.

12 Келгин, севгилим, далаларга борайлик.

Хина гуллари орасида ётиб қолайлик.

13 Вақтли туриб, узумзорларга кирайлик.

Улар гулга кирдимикин?!

Токлару анорлар гуллаганмикин?!

Ўша ерда мен сенга ўз севгимни тўла кўрсатаман.

14 Меҳригиёлар ҳид таратиб турибди.

Эшигимиз тепасига ҳар хил мевалардан осиб,

Сен учун сақлаб қўйдим, севгилим.

Қиз:

1 Қанийди, онам эмизган акамдай бўлсанг эди.

Кўчада кўрганимда, сени ўпган бўлардим,

Ҳеч ким мени бу учун айбламаган бўларди.

2 Мен сени онамнинг уйига бошлаб келардим.

Менга ўгит берган онамнинг ётоғига олиб кирардим,

Сенга хушбўй шаробу анорларим шарбатини берардим.

3 Мана, севгилимнинг чап қўли бошим остидадир,

Ўнг қўли билан эса мени қучоқлайди!

4 Эй Қуддус қизлари, ваъда беринглар,

Вақт–соати келмагунча,

Севгини қўзғатманг, уйғотманг.

Олтинчи қўшиқ

Қуддус қизлари:

5 Ўз севгилиси билан қучоқлашиб,

Чўл тарафдан келаётган ким?

Қиз:

Олма дарахти остида мен сени уйғотдим.

Онанг шу ерда сенга ҳомиладор бўлган,

Мана шу ерда сени дунёга келтирган.

6 Қўлингдаги муҳр узугингдай,

Мени ҳам юрагингга муҳрлаб олгин.

Ахир, севги ўлимдай кучли,

Ишқ ажалдай шиддатлидир.

Севгининг учқунлари олов учқунларидай,

Ловуллаган алангадайдир.

7 Сув севгини ўчиролмайди,

Тўфонлар уни чўктиролмайди.

Бирортаси севги учун

Уйидаги бор бойлигини берса ҳам,

Мазахдан бошқа ҳеч нарсага эришмайди.

Қизнинг акалари:

8 Бизнинг бир синглимиз бор,

Унинг кўкраклари ҳали бўртмаган.

Уни сўраб келишса,

Биз нима қиламиз?

9 Агар у девор бўлса,

Унинг атрофида кумушдан қалъа қурамиз.

Агар у эшик бўлса,

Уни садр ёғочлари билан тўсиб қўямиз.

Қиз:

10 Мен ҳам девордай эдим.

Энди эса кўкракларим миноралардайдир.

Шунинг учун севгилим мени

Тўлиқ етилган деб билади.

11 Сулаймоннинг Баал–Хомонда узумзори бор эди.

У узумзорини боғбонларга ишониб топширди.

Уларнинг ҳар бири узумзор учун

Минг кумуш танга тўлаши керак эди.

Йигит:

12 Сулаймон, сен минг танга ол,

Қоровулларга эса икки юз тангадан берилсин.

Менинг узумзорим ўзимникидир.

13 Эй боғларда яшовчи қиз,

Дўстларим овозингни эшитишни кутмоқда.

Қани, мен ҳам овозингни бир эшитай.

Қиз:

14 Худди кийикдай, ёш оҳудай бўлгин,

Зираворлар тоғларига тезроқ келгин, севгилим.