Матто
Исо Масиҳнинг насл–насаби
1 Иброҳим ва Довуд авлодидан бўлган Исо Масиҳнинг насабномаси қуйидагича:
Иброҳимдан Довудгача
2 Иброҳимдан Исҳоқ туғилди.
Исҳоқдан Ёқуб туғилди.
Ёқубдан Яҳудо ва унинг ака–укалари туғилдилар.
3 Яҳудо ва Тамарадан Параз ва Зерах туғилдилар.
Параздан Хазрон туғилди.
Хазрондан Рам туғилди.
4 Рамдан Оминадав туғилди.
Оминадавдан Нахшўн туғилди.
Нахшўндан Салмўн туғилди.
5 Салмўн ва Раҳобадан Бўаз туғилди.
Бўаз ва Рутдан Обид туғилди.
Обиддан Эссай туғилди.
6 Эссайдан шоҳ Довуд туғилди.
Довуд давридан Исроил халқи Бобилга сургун бўлган давргача
Довуд ва Уриёнинг собиқ хотинидан Сулаймон туғилди.
7 Сулаймондан Рахабом туғилди.
Рахабомдан Абиё туғилди.
Абиёдан Осо туғилди.
8 Осодан Ёҳушафат туғилди.
Ёҳушафатдан Ёҳурам туғилди.
Ёҳурамдан Уззиё туғилди.
9 Уззиёдан Йўтом туғилди.
Йўтомдан Охоз туғилди.
Охоздан Ҳизқиё туғилди.
10 Ҳизқиёдан Манаше туғилди.
Манашедан Омон туғилди.
Омондан Йўшиё туғилди.
11 Исроил халқи Бобилга сургун қилинган даврда
Йўшиё Ёҳайихинни ва бошқа ўғил фарзандларни кўрди.
Исроил халқи Бобилга сургун бўлган даврдан Исо давригача
12 Исроил халқи Бобилга сургун қилингандан кейин
Ёҳайихиндан Шалтиёл туғилди.
Шалтиёлдан Зарубабел туғилди.
13 Зарубабелдан Абиҳуд туғилди.
Абиҳуддан Элияқим туғилди.
Элияқимдан Аззур туғилди.
14 Аззурдан Зодўх туғилди.
Зодўхдан Охиём туғилди.
Охиёмдан Элиҳуд туғилди.
15 Элиҳуддан Элазар туғилди.
Элазардан Маттон туғилди.
Маттондан Ёқуб туғилди.
16 Ёқубдан Марямнинг эри Юсуф туғилди.
Марямдан эса Масиҳ деб аталган Исо туғилди.
17 Шундай қилиб, Иброҳимдан Довудгача ҳаммаси бўлиб ўн тўрт насл, Довуддан то халқ Бобилга сургун қилингунгача ўн тўрт насл ва сургунлик давридан то Масиҳ туғилгунгача ўн тўрт наслдир.
Исо Масиҳнинг туғилиши
18 Исо Масиҳнинг туғилиши шундай содир бўлди: Исонинг онаси Марям Юсуфга унаштириб қўйилган эди. Уларнинг никоҳидан олдин Марям Муқаддас Руҳдан ҳомиладор эканини билди.
19 Марямнинг бўлғуси эри Юсуф солиҳ одам бўлиб, Марямни шарманда қилишни истамай, бировга билдирмасдан фотиҳасини бузмоқчи бўлди.
20 Юсуф бу ҳақда ўйлаб юрганда, Эгамизнинг бир фариштаси унга тушида зоҳир бўлиб деди: “Эй Довуд ўғли Юсуф! Марямга уйланишдан қўрқма, чунки қорнидаги Бола Муқаддас Руҳдан пайдо бўлган.
21 Марям ўғил туғади, Унинг исмини Исо қўясан, чунки У Ўз халқини гуноҳлардан қутқаради.”
22 Бу барча воқеалар Эгамизнинг пайғамбар орқали айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлиши учун юз берган эди:
23 “Қиз ҳомиладор бўлади, у ўғил туғади,
Унинг исмини Иммануил деб қўйишади.”
Иммануил “Худо биз билан” деганидир.
24 Юсуф уйғониб кетди. Эгамизнинг фариштаси буюргандек, у Марямга уйланди.
25 Аммо Марям Ўғилни туғмагунча Юсуф Марямга яқинлашмади. Бола туғилганда эса Юсуф Унга Исо деб исм қўйди.
Шарқдан келган мунажжимлар
1 Исо шоҳ Ҳироднинг ҳукмронлиги даврида, Яҳудиядаги Байтлаҳм шаҳрида туғилган эди. Орадан кўп ўтмай шарқдан Қуддусга мунажжимлар келишди.
2 Улар:
— Яҳудийларнинг янги туғилган шоҳи қаерда? — деб сўрадилар. — Биз Унинг юлдузи чиққанини кўрдик. Унга таъзим қилгани келдик.
3 Бу гапни эшитиб шоҳ Ҳирод ҳам, бутун Қуддус аҳолиси ҳам безовталаниб қолди.
4 Ҳирод барча бош руҳонийларни ва Таврот тафсирчиларини тўплаб, улардан:
— Масиҳ қаерда туғилиши керак? — деб сўради.
5 Улар шундай жавоб бердилар:
— Яҳудиядаги Байтлаҳм шаҳрида, чунки пайғамбарнинг битикларида шундай ёзилган:
6 “Эй Яҳудо юртидаги Байтлаҳм!
Сен Яҳудонинг буюк шаҳарларидан ҳеч кам эмассан.
Зеро, сендан бир Ҳукмдор чиқади,
У халқим Исроилга чўпонлик қилади.”
7 Шундан кейин Ҳирод ҳеч кимга билдирмай мунажжимларни чақириб, улардан юлдуз пайдо бўлган аниқ вақтни билиб олди.
8 Сўнг уларни Байтлаҳмга жўнатаётиб, деди:
— Байтлаҳмга боринглар, Бола тўғрисида ҳамма нарсани аниқ билиб олинглар. Болани топганларингиздан кейин, менга хабар беринглар, токи мен ҳам бориб, Унга таъзим қилайин.
9-10 Мунажжимлар шоҳнинг сўзларини эшитиб бўлиб, йўлга тушдилар. Уларга олдин кўринган юлдуз яна пайдо бўлди, мунажжимлар роса хурсанд бўлдилар. Юлдуз уларга йўл кўрсатиб борди ва ниҳоят, Бола ётган жой тепасига келиб тўхтади.
11 Мунажжимлар уйга кириб, Болани ва Унинг онаси Марямни кўрдилар. Тиз чўкиб, Болага таъзим қилдилар. Сўнг хазиналар солинган қутичаларини очиб, Унга олтин, хушбўй тутатқилар ва миррани тортиқ қилдилар.
12 Ҳироднинг олдига қайтмасликлари тўғрисида улар тушларида огоҳлантирилгандан кейин, бошқа йўл билан ўз юртига қайтиб кетдилар.
Юсуф Марям ва чақалоқни Мисрга олиб қочади
13 Мунажжимлар кетганларидан кейин, Эгамизнинг бир фариштаси Юсуфга тушида зоҳир бўлиб деди: “Тур! Бола билан онасини олиб, Мисрга қоч. Чунки Ҳирод Болани топиб, ўлдирмоқчи. Мен сенга айтмагунимча, Мисрда қол.”
14 Юсуф ўрнидан туриб, Бола билан Марямни олди–ю, тунда Мисрга жўнади.
15 Ҳироднинг ажали етгунча, у ерда қолди. Эгамизнинг пайғамбар орқали: “Мен Ўғлимни Мисрдан чақириб олдим”, деб айтган башорати бажо бўлиши учун бу воқеа юз берганди.
Байтлаҳмда болалар ўлдирилади
16 Ҳирод мунажжимларнинг алдаб кетганини билиб, ғазабга минди. У Байтлаҳмдаги ва унинг атрофларидаги икки ёшгача бўлган ҳамма ўғил болаларни қиличдан ўтказишни буюрди. Чунки мунажжимларнинг айтгани бўйича юлдуз тахминан икки йил олдин чиққан эди.
17 Шундай қилиб, Еремиё пайғамбарнинг айтганлари бажо бўлди:
18 “Рама шаҳридан бир нидо эшитилар,
Аччиқ бир нолаю оҳу фиғон бу.
Болалари учун йиғлар Роҳила,
Овунишни хоҳламас, чунки улар энди йўқ.”
Юсуф оиласи билан Мисрдан қайтиб келади
19 Ҳирод вафот этгандан кейин Юсуф Мисрда экан, Эгамизнинг бир фариштаси унга тушида зоҳир бўлиб деди:
20 “Тур, Бола билан онасини олиб, Исроил юртига қайтиб бор. Боланинг жонига қасд қилганлар оламдан ўтди.”
21 Шунда Юсуф Бола билан Марямни олиб, Исроил юртига йўл олди.
22 Аммо Яҳудияда Ҳирод ўрнига унинг ўғли Архелаюс ҳукмронлик қилаётганини эшитиб, у ерга боришга қўрқди. Сўнг тушида ҳам Яҳудияга бормаслик ҳақида огоҳлантирилгандан кейин, Жалила ҳудудига йўл олди.
23 У ерга бориб, Носира деган шаҳарга жойлашди. Шундай қилиб, Эгамиз пайғамбарлар орқали: “Уни Носиралик деб атайдилар”, деб айтган башорати бажо бўлди.
Яҳё чўмдирувчининг келиши
1 Ўша кунларда Яҳё чўмдирувчи Яҳудия чўлида ваъз қила бошлади.
2 У одамларга: “Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди!” деб айтарди.
3 Яҳё тўғрисида Ишаё пайғамбар шундай деган эди:
“Чўлда бир овоз янграмоқда:
«Эгамизга йўл ҳозирланг,
Унга тўғри йўл очинг!»”
4 Яҳё туя жунидан тўқилган кийим кийиб, чарм камар тақиб юрарди. Унинг егулиги чигиртка ва ёввойи асал эди.
5 Унинг олдига Қуддус шаҳри ва Яҳудия ўлкасининг қолган ҳамма жойларидан ҳамда Иордан дарёси атрофларидан одамлар келарди.
6 Улар гуноҳларини эътироф этишар, Яҳё эса уларни Иордан сувига чўмдирарди.
7 Фарзий ва саддуқий мазҳабларидан бўлган кўп одамлар сувга чўмдирилиш учун келаётганларини Яҳё кўриб, деди: “Ҳой, илонлар зоти! Бошингизга келаётган Худо ғазабидан қочиб қутуласиз, деб сизларга ким уқтирди?
8 Тавбага яраша иш тутинглар!
9 Ўзингизча: «Биз Иброҳим наслиданмиз», деб айтишни хаёлингизга ҳам келтирманглар! Сизларга шуни айтай: Худо мана бу тошлардан Иброҳимга авлод тиклашга қодир.
10 Ҳозирданоқ дарахтлар илдизида болта ётибди. Яхши мева бермаган ҳар бир дарахт кесилиб, оловга ташланади.
11 Тавба қилганингизни кўрсатиш учун мен сизларни сувга чўмдиряпман. Лекин мендан ҳам қудратлироқ бўлган бир Зот ортимдан келмоқда. Мен Унинг чориқларини кўтариб юришга ҳам арзимайман. У сизларни Муқаддас Руҳга ва оловга чўмдиради.
12 Унинг паншахаси қўлида тайёр турибди. У Ўз хирмонини шопиради: буғдойини омборга тўплаб, сомонни эса сўнмас ўтда ёндириб юборади.”
Исо сувга чўмдирилади
13 Шу орада Исо Жалила ҳудудидан Иордан дарёси бўйига борди. У Яҳё томонидан сувга чўмдирилмоқчи эди.
14 Лекин Яҳё Исони тўхтатмоқчи бўлиб деди:
— Аслида Сиз мени сувга чўмдиришингиз керак! Сиз бўлсангиз менинг олдимга келдингиз!
15 Исо унга деди:
— Келинг, бу сафар шундай бўла қолсин. Ахир, биз Худонинг иродасини тўла бажаришимиз зарур.
Шундан кейин Яҳё рози бўлди.
16 Исо сувга чўмдирилди. У сувдан чиққан заҳоти, осмон очилиб кетди ва Исо Ўз устига Худонинг Руҳи каптар шаклида тушиб қўнганини кўрди.
17 Шу пайт осмондан: “Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан ниҳоятда мамнунман”, деган овоз келди.
Исони иблис васвасага солади
1 Иблиснинг синовидан ўтиши учун Муқаддас Руҳ Исони саҳрога бошлаб кетди.
2 Исо қирқ кун ва қирқ кеча рўза тутди, охири оч қолди.
3 Шунда иблис келиб, Исони васвасага солмоқчи бўлиб деди:
— Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, бу тошларга буюр, нонга айлансин!
4 Исо унга жавобан деди:
— Ёзилганки: “Инсон фақат нон билан эмас, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди.”
5 Кейин иблис Исони муқаддас шаҳар Қуддусга олиб борди. Уни Маъбаднинг энг юқори жойига чиқариб,
6 шундай деди:
— Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни пастга ташла. Ахир, ёзилган–ку:
“У Сен тўғрингда фаришталарига амр беради,
Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин дея,
Фаришталар қўлларида Сени кўтариб боради.”
7 Иблисга Исо деди:
— “Эганг Худони синама”, деб ҳам ёзилган.
8 Сўнг Исони иблис баланд бир тоққа олиб чиқди. Унга оламнинг барча шоҳликларини ҳамда уларнинг ҳашаматини кўрсатиб,
9 деди:
— Агар тиз чўкиб менга сажда қилсанг, буларнинг ҳаммасини Сенга бераман.
10 Шунда Исо деди:
— Йўқол кўзимдан, шайтон! Ахир: “Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил”, деб ёзилган–ку!
11 Шундан кейин Исони иблис тарк этди. Фаришталар келиб, Исога хизмат қилдилар.
Исо Жалилада хизматини бошлайди
12 Исо Яҳёнинг ҳибсга олинганини эшитгач, Жалила ҳудудига қайтиб борди.
13 У Носира шаҳрида қолмай, Кафарнаҳумга бориб ўрнашди. Кафарнаҳум шаҳри Забулун ва Нафтали ҳудудидаги Жалила кўли бўйида жойлашган эди.
14 Шундай қилиб, Ишаё пайғамбарнинг айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлди:
15 “Эй Забулун ва Нафтали юрти!
Эй денгиз бўйидаги ерлар ва Иорданнинг нариги томонидаги ўлка!
Эй ғайрияҳудийлар Жалиласи!
16 Зулматда юрган халқ ёрқин зиёни кўрди,
Ўлим соя солган юрт аҳолиси устига нур сочилди.”
17 Шу кундан бошлаб Исо: “Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди”, деб ваъз қиладиган бўлди.
Исонинг дастлабки шогирдлари
18 Исо Жалила кўли бўйлаб кетаётган эди, икки ака–укани кўриб қолди. Бирининг исми Бутрус деб аталувчи Шимўн, укасиники Эндрус эди. Улар балиқчи бўлиб, кўлга тўр ташлаётган эдилар.
19 Исо уларга деди: “Ортимдан юринглар, Мен сизларга одамларни овлашни ўргатаман.”
20 Улар ўша заҳотиёқ тўрларини ташлаб, Исога эргашдилар.
21 Исо бир оз юргандан кейин, Ёқуб ва Юҳанно деган икки ака–укани кўриб қолди. Улар отаси Забадиё билан бирга қайиқда тўр ямаётган эдилар. Исо уларни ҳам чақирди.
22 Улар ҳам дарҳол қайиқни ва отасини қолдириб, Исонинг орқасидан эргашдилар.
Исо халққа таълим беради ва хасталарни соғайтиради
23 Исо бутун Жалила ҳудудини кезиб юрарди. У синагогаларда таълим бериб, Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қиларди, одамларнинг ҳар хил хасталиклари ва дардларига шифо берар эди.
24 Исо ҳақидаги хабар бутун Сурияга ёйилди. Турли–туман дарду иллатлардан қийналиб юрганларни, жинга чалинганларни, тутқаноқ ва шол касалига йўлиққанларнинг ҳаммасини Исонинг олдига келтиришарди. Исо уларнинг ҳаммасига шифо берарди.
25 Жалиладан, Декаполис ҳудудидан, Қуддусдан, Яҳудиядан ва Иорданнинг нариги томонидаги ерлардан кўплаб одамлар Исога эргашиб келарди.
Ҳақиқий бахтиёрлик
1 Исо катта бир оломонни кўриб, тоққа чиқиб ўтирди. Шогирдлари Унинг олдига келишди.
2 Исо шогирдларига таълим бериб, гап бошлади:
3 “Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир,
Чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир.
4 Йиғлаётганлар бахтлидир,
Чунки улар тасалли топадилар.
5 Камтарин бўлганлар бахтлидир,
Чунки улар ер юзига эга бўладилар.
6 Адолатга ташна бўлганлар бахтлидир,
Чунки Худо уларни қондиради.
7 Раҳмдил бўлганлар бахтлидир,
Чунки улар раҳм–шафқат топадилар.
8 Покдил бўлганлар бахтлидир,
Чунки улар Худони кўрадилар.
9 Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир,
Чунки улар Худонинг фарзандлари деб аталадилар.
10 Худонинг йўлидан юргани учун
Қувғин бўлганлар бахтлидир,
Чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир.
11 Одамлар Мен туфайли сизларни ҳақоратлаб қувғин қилганларида, сизлар ҳақингизда ёлғон гапириб туҳмат қилганларида, бахтлисизлар!
12 Севининглар, хурсанд бўлинглар. Сизларни осмонда буюк мукофот кутмоқда. Ахир, сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам худди шундай қувғин бўлганлар.
Туз ва нур ҳақида
13 Сизлар ернинг тузисизлар. Лекин туз ўз таъмини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиб бўлади?! Бундай туз бошқа ҳеч нарсага ярамайди, уни оёқ остига ташлаб юборишади.
14 Сизлар дунёнинг нурисизлар. Тепаликка қурилган шаҳарни кўздан пинҳон тутиб бўлмайди.
15 Ҳеч ким чироқни ёқиб, устини идиш билан ёпиб қўймайди. Аксинча, уни чироқпояга қўйишади, шунда чироқ уйдагиларнинг ҳаммасига ёруғлик беради.
16 Сизнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида шундай порласинки, улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни улуғласинлар.
Мусонинг қонуни ҳақида
17 Мени, Таврот ёки пайғамбарларнинг битикларини бекор қилгани келган, деб ўйламанглар. Мен бекор қилгани эмас, балки бажо келтиргани келдим.
18 Сизга чинини айтайин: еру осмон йўқ бўлиб кетиши мумкин. Аммо Тавротдаги на бир ҳарф, на бир нуқта ўчади. Унда ёзилган ҳамма нарса амалга ошади.
19 Шу боис ким бу амрларнинг энг кичигига ҳам риоя қилмай, уни бошқаларга бузиб ўргатса, Осмон Шоҳлигида энг кичик бўлади. Лекин ким бу амрларни бажариб, бошқаларга ўргатса, Осмон Шоҳлигида буюк бўлади.
20 Сизларга айтиб қўяй: агар сизларнинг солиҳлигингиз Таврот тафсирчилари ва фарзийларнинг солиҳлигидан устун келмаса, сизлар ҳеч қачон Осмон Шоҳлигига киролмайсизлар.
Ғазаб ва жазо ҳақида
21 Аждодларимизга шундай айтилганини эшитгансизлар: «Қотиллик қилма. Қотиллик қилган одам ҳукм қилинади.»
22 Лекин Мен сизларга айтаман: ўз яқинидан ҳатто ғазабланган одам ҳам ҳукм қилинади. Яқинини ҳақоратлаган одам олий маҳкамада жавоб беради. Яқинига: «Аҳмоқсан» деган одам эса, дўзах оловига ташланади.
23 Шундай экан, сиз эҳсонингизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, яқинингиз нимадандир сиздан хафа эканлиги ёдингизга тушса,
24 эҳсонингизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг. Биринчи навбатда бориб, яқинингиз билан ярашинг, кейин келиб, эҳсонингизни назр қилинг.
25 Биров сизни айблаб қозихонага олиб борса, вақтни бой бермай, йўлдаёқ айбловчингиз билан келишиб олинг. Акс ҳолда, айбловчингиз сизни қози олдига олиб боради, қози эса сизни миршабга топширади. Сизни зиндонга ташлашади.
26 Сизларга чинини айтай: охирги тийинингизни тўламагунингизча, у ердан чиқолмайсиз.
Зино ва ажралиш ҳақида
27 «Зино қилма», — деб айтилганини ҳам эшитгансизлар.
28 Лекин Мен сизларга айтаман: агар сиз аёлга шаҳват билан қарасангиз, хаёлингизда у билан зино қилган бўласиз.
29 Борди–ю, ўнг кўзингиз гуноҳ қилишингизга сабабчи бўлса, уни ўйиб олиб, улоқтириб юборинг. Бутун баданингиз дўзахга ташлангандан кўра, аъзоларингиздан биттаси йўқ бўлгани сиз учун яхшироқдир.
30 Агар ўнг қўлингиз гуноҳ қилишингизга сабабчи бўлса, уни кесиб ташлаб, улоқтириб юборинг. Бутун баданингиз дўзахга йўлиққандан кўра, аъзоларингиздан биттаси йўқ бўлгани сиз учун яхшироқдир.
31 Яна дейилганки: «Ким хотини билан ажрашмоқчи бўлса, унга талоқ хатини ёзиб берсин.»
32 Лекин Мен сизларга айтаман: ким бевафолик айбидан бошқа сабаб туфайли ўз хотини билан ажрашса, унга зино қилишга сабаб топиб беради. Шунингдек, ким ажрашган хотинга уйланса, зино қилган бўлади.
Қасам ҳақида
33 Аждодларимизга: «Ичган қасамингдан қайтма. Эгамизга берган ваъдаларингни бажаргин», деб айтилганини ҳам эшитгансизлар.
34 Лекин Мен сизларга айтаман: умуман қасам ичманглар. «Осмон ҳақи», дея қасам ичманглар, чунки осмон Худонинг тахтидир.
35 «Ер ҳақи», дея қасам ичманглар, чунки ер Худонинг пойандозидир. «Қуддус ҳақи», дея ҳам қасам ичманглар, чунки Қуддус буюк Шоҳнинг шаҳридир.
36 Бошингиз ҳақи ҳам қасам ичманглар, чунки ўзларингиз сочингизнинг бир толасини ҳам оқ ёки қора қила олмайсиз.
37 Сизларнинг сўзингиз фақат «ҳа» ёки «йўқ» бўлсин. Бундан ортиғи эса ёвуз шайтондандир.
Ёмонликни яхшилик билан енгиш ҳақида
38 Сизлар: «Кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш», — деб айтилганини ҳам эшитгансизлар.
39 Лекин Мен сизларга айтаман: сизга ёмонлик қилган одамга қаршилик кўрсатманг. Агар кимдир ўнг чаккангизга урса, унга чапини ҳам тутинг.
40 Ким сиз билан даъволашиб, кўйлагингизни олмоқчи бўлса, унга тўнингизни ҳам бериб юборинг.
41 Биров сизни бир чақирим йўл юришга мажбур қилса, у билан бирга икки чақирим юринг.
42 Сиздан сўраганга беринг, сиздан қарз олмоқчи бўлгандан юз ўгирманг.
Душманларингизни яхши кўринглар
43 «Яқинингни севгин, душманингдан нафратлан», деб айтилганини ҳам эшитгансизлар.
44 Лекин Мен сизларга айтяпман: душманларингизни яхши кўринглар. Сизларни қувғин қилганлар учун ибодат қилинглар.
45 Шунда сиз осмондаги Отангизнинг фарзандлари бўласизлар. Чунки У Ўз қуёшини ёвузлар устида ҳам, яхшилар устида ҳам балқитади, ёмғирини солиҳлар устига ҳам, фосиқлар устига ҳам ёғдиради.
46 Агар сизни севганларнигина яхши кўрсангиз, сизларга қандай мукофот бўлади? Ахир, солиқчилар ҳам шундай қилишмайдими?
47 Агар сиз фақат ўз яқинларингиз билан саломлашсангиз, бошқалардан нима фарқингиз қолади?! Ахир, бутпарастлар ҳам худди шундай қилишмайдими?!
48 Осмондаги Отангиз баркамол бўлгани каби, сизлар ҳам баркамол бўлинглар.
Хайр–садақа ҳақида
1 Эҳтиёт бўлинглар, савоб ишингизни одамларга кўз–кўз қилманглар. Акс ҳолда, осмондаги Отангиздан мукофот ололмайсизлар.
2 Бировга хайр–садақа берганингиз ҳақида ҳаммага жар солиб юрманглар. Иккиюзламачиларгина одамлардан таҳсин олиш учун синагогаларда ва кўча–кўйда шундай қиладилар. Сизларга чинини айтайин: улар ўз мукофотини олиб бўлганлар.
3 Сиз эса хайр–садақа бераётганингизда, ўнг қўлингиз нима қилаётганини чап қўлингиз билмасин.
4 Хайр–садақангизни ҳеч кимга билдирмай беринг. Яширинча қилган бу ишингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди.
Ибодат ҳақида
5 Ибодат қилганингизда, иккиюзламачиларга ўхшаманглар. Улар ўзларини ҳаммага кўрсатиш учун синагогаларда ва кўчаларнинг бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўрадилар. Сизларга чинини айтай: улар ўзларининг мукофотларини олиб бўлганлар.
6 Сиз эса ибодат қилаётганингизда ичкари хонага кириб, эшикни беркитиб олинг ва яширин бўлган Отангизга ибодат қилинг. Яширин қилган ишларингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди.
7 Ибодат қилаётганингизда, бутпарастлар каби, беҳуда сўзларни ҳадеб такрорлайверманг. Улар, кўп сўзласам, ибодатим ижобат бўлади, деб ўйлайдилар.
8 Уларга ўхшаманглар, чунки осмондаги Отангиз сўрамасингиздан олдин нимага муҳтожлигингизни билади.
9 Сизлар эса шундай ибодат қилинглар:
«Бизнинг осмондаги Отамиз!
Сенинг муқаддас номинг улуғлансин.
10 Сенинг Шоҳлигинг келсин.
Осмонда бўлгани каби,
Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин.
11 Бугунги ризқимизни бергин.
12 Бизга қарши гуноҳ қилганларни биз кечиргандек,
Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин.
13 Бизни васвасага дучор қилмагин,
Ёвуз шайтондан халос қилгин.»
14 Агар сизларга ёмонлик қилганларни кечирсангизлар, осмондаги Отангиз ҳам сизни кечиради.
15 Борди–ю, сизлар бошқаларнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, Отангиз ҳам сизни кечирмайди.
Рўза ҳақида
16 Рўза тутаётганингизда, иккиюзламачилар каби, қовоқ солиб юрманглар. Улар рўза тутаётганларини бошқаларга кўрсатиш учун ювиниб–таранмайдилар. Сизларга чинини айтайин: улар ўз мукофотларини олиб бўлганлар.
17 Сизлар рўза тутганларингизда юзларингизни ювиб, сочларингизни тараб юринг,
18 токи рўза тутганингизни яширин бўлган Отангиздан бошқа ҳеч ким билмасин. Шунда яширин қилган ишингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди.
Самовий хазина ҳақида
19 Бу дунёда ўзларингиз учун бойлик ғамламанглар. Ахир, бундай бойликни куя ейди, занг босади, ўғри тушиб ўғирлайди.
20 Аксинча, ўзларингиз учун самода хазина йиғинглар. Бундай бойликни куя емайди, занг босмайди, ўғри ҳам ўғирлай олмайди.
21 Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади.
22 Тананинг чироғи — кўз. Агар кўзингиз яхши бўлса, бутун танангиз ёп–ёруғ бўлади.
23 Аммо кўзингиз ёмон бўлса, бутун танангиз зулматга тўлади. Агарда ичингиздаги нур зулмат бўлса, зимзиё зулматда қолган экансиз.
24 Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига бағишланиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка бирдек хизмат қила олмайсизлар.
Тирикчилик ташвишлари ҳақида
25 Шунинг учун сизларга айтаман: тирикчилигингиздан хавотир олиб, нима еймиз, нима ичамиз, устимизга нима киямиз, деманглар. Ахир, ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ эмасми?!
26 Қушларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборга дон йиғади. Шунга қарамай, осмондаги Отангиз уларнинг ризқини беради. Сизлар эса улардан анча қадрлисизлар–ку!
27 Биронтангиз ташвишланиб, умрингизни бир лаҳзага бўлса ҳам узайтира олармидингиз?!
28 Нега кийим учун ташвишланасизлар? Нилуфар гулларнинг қандай ўсишига эътибор қилинг: улар меҳнат қилмайди, ип йигирмайди.
29 Аммо сизларга айтаманки, ҳатто шоҳ Сулаймон ўзининг шуҳрат чўққисида ҳам ўша гулларнинг биронтасидай кийинмаган.
30 Бугун бор, эртага эса ўчоққа ташланадиган дала ўтини Худо шундай безаган бўлса, наҳотки сизларни кийинтирмаса, эй имони сустлар?!
31 Шундай экан, нима еймиз, нима ичамиз, нима киямиз, деб ташвишланиб юрманглар.
32 Бутпарастлар ҳадеб бу нарсаларнинг ташвишида юрадилар. Лекин осмондаги Отангиз буларнинг ҳаммасига муҳтож эканингизни билади–ку!
33 Сизлар аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродасини бажариш пайида бўлинглар, шунда қолган ҳамма нарса сизга берилади.
34 Хуллас, эртанги кун учун ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир. Ҳар бир куннинг ғам–ташвиши ўзига етади.
Бошқаларни ҳукм қилманглар
1 Бошқаларни ҳукм қилишни бас қилинглар, шунда Худо ҳам сизларни ҳукм қилмайди.
2 Сизлар бошқаларни қандай ҳукм қилсангизлар, Худо ҳам сизларни худди шундай ҳукм қилади. Сизлар бошқаларни ҳукм қилганда қандай ўлчовдан фойдалансангизлар, Худо ҳам сизни ҳукм қилганда худди ўшандай ўлчовдан фойдаланади.
3 Нега сен биродарингнинг кўзидаги зирапчани кўрасан–у, ўз кўзингдаги ходани сезмайсан?
4 Ўз кўзингда хода бўла туриб, қандай қилиб биродарингга: «Кел, кўзингдаги зирапчани олиб ташлай», деб айтасан?
5 Ҳой, иккиюзламачи! Олдин кўзингдаги ходани чиқариб ол, шунда кўзинг тиниқ кўради ва биродарингнинг кўзидан зирапчани чиқара оласан.
6 Муқаддас бўлган нарсани кўппакларга берманг, марваридларингизни чўчқалар олдига ташламанг. Акс ҳолда, улар муқаддас нарсаларингизни оёқ ости қилиб, ўзингизни ҳам тилка–пора қиладилар!
Худодан сўранглар
7 Сўранг, сизга берилади. Изланг, топасизлар. Тақиллатинг, эшик очилади.
8 Чунки сўраган ҳар бир одам олади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади.
9 Орангиздан қайси бир ота ўғли нон сўраганда, унга нон ўрнига тош беради?
10 Ёки балиқ сўраганда, унга балиқ ўрнига илон беради?
11 Сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадялар бера олар экансиз, осмондаги Отангиз ҳам Ундан сўраганларга аъло неъматлар беришга қанчалар тайёр!
12 Одамлар сизларга нима қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга ўшани қилинглар. Таврот ва пайғамбарлар таълимотининг мағзи шундадир.
Нажот эшиги тордир
13 Тор эшикдан киринглар! Чунки ҳалокатга олиб борадиган дарвоза энли, йўли ҳам кенгдир. Бу йўлдан юраётганлар кўп.
14 Ҳаётга олиб борадиган эшик эса жуда тор, йўли энсиздир. Бу йўлни топадиганлар оз.
Дарахт ва унинг меваси
15 Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар! Улар сизнинг олдингизга қўй пўстинида келадилар, лекин ичларидан йиртқич бўрилардир.
16 Уларнинг кимлигини қилган ишларидан билиб оласиз. Ахир, тиканзордан узумни, янтоқдан анжирни териб бўлмайди–ку!
17 Ҳар бир яхши дарахт яхши мева беради, ёмон дарахт эса ёмон мева беради.
18 Яхши дарахт ёмон мева беролмайди, ёмон дарахт ҳам яхши мева беролмайди.
19 Яхши мева бермайдиган ҳар бир дарахт эса кесилиб, оловга ташланади.
20 Шундай қилиб, сохта пайғамбарларни меваларидан билиб оласиз.
21 Мени «Ё Раббий, ё Раббий!» деб чақирган ҳар ким Осмон Шоҳлигига киравермайди. У ерга фақат осмондаги Отамнинг иродасини бажарган одамларгина киради.
22 Қиёмат кунида кўплар Менга шундай дейдилар: «Ё Раббий, ё Раббий, биз Сенинг номинг билан ваъз қилган эдик! Сенинг номинг билан жинларни қувиб чиқаргандик! Сенинг номинг билан кўп мўъжизалар қилган эдик–ку!»
23 Мен эса уларга дейман: «Мен сизларни асло танимайман! Йўқолинглар, эй бадкирдорлар!»
Доно ва аҳмоқ бинокор
24 Ким Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларга амал қилса, уйини тош устига қурган доно одамга ўхшайди.
25 Ёмғир ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, ўша уйни босиб қолибди. Лекин тош устига ўрнатилгани учун уй қуламабди.
26 Бироқ ким Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларга амал қилмаса, ўз уйини қум устига қурган аҳмоқ одамга ўхшайди.
27 Ёмғир ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, ўша уйни босиб қолибди. Уй қулаб, бутунлай вайрон бўлибди!”
28 Исо бу гапларини айтиб бўлгандан кейин, оломон Унинг таълимотидан ҳайратга тушди.
29 Чунки Исо Таврот тафсирчиларидай эмас, балки ҳокимият эгаси каби таълим берар эди.
Тери касаллигига чалинган одамни Исо соғайтиради
1 Исо тоғдан тушганда катта бир оломон Унинг орқасидан эргашди.
2 Шу орада тери касаллигига чалинган бир одам Исонинг олдига келди. У тиз чўкиб, деди:
— Ҳазрат, биламан, истасангиз, мени бу касалликдан Сиз поклай оласиз.
3 Исо қўлини узатиб, унга теккизди–да:
— Истайман, пок бўл! — деди. Тери касаллигига чалинган одам шу заҳоти дардидан фориғ бўлди.
4 Исо унга деди:
— Менга қара! Бу тўғрида бировга оғиз оча кўрма. Бориб, ўзингни руҳонийга кўрсат. Покланганингни ҳаммага исбот қилиш учун Мусо амр қилган қурбонликларни келтир.
Рим юзбошисининг имони
5 Исо Кафарнаҳум шаҳрига кириб келганда, бир Рим юзбошиси Унинг олдига келиб, ёлворди:
6 — Ҳазрат, хизматкорим уйда тўшакка михланиб ётибди. У қаттиқ азоб чекяпти.
7 — Майли, Мен бориб, хизматкорингизни соғайтираман, — деди Исо.
8 Юзбоши шундай деди:
— Ҳазрат! Кулбамга оёқ босишингиз учун номуносибман. Сиз буюрсангиз, бас, хизматкорим соғайиб кетади.
9 Мен ўзим буйруққа тобе одамман, аммо менинг ҳам қўлим остида аскарларим бор. Бирига “кет” десам, кетади, бошқасига “кел” десам, келади. Бирон хизматкоримга “шуни қил” десам, қилади.
10 Исо юзбошининг бу гапини эшитиб, ҳайратланди. У орқасидан эргашиб келаётганларга деди:
— Сизларга чинини айтайин: Мен Исроил халқи орасида бундай кучли имонга эга бўлган биронта одамни учратмадим.
11 Сизларга шуни айтаман: кўп одамлар шарқу ғарбдан келиб, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан бирга Осмон Шоҳлигида зиёфатга ўтирадилар.
12 Осмон Шоҳлигининг меросхўрлари эса ташқаридаги зулматга қувиб чиқарилади. Улар у ерда қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекадилар.
13 Кейин Исо юзбошига деди:
— Боринг, сиз ишонганингиздай бўлсин.
Юзбошининг хизматкори ўша заҳоти соғайиб кетди.
Исо кўп одамларга шифо беради
14 Исо Бутруснинг уйига келганда, унинг қайнанаси иситмалаб, тўшакда ётганини кўрди.
15 Исо унинг қўлига тегиши билан иситмаси тушди. Аёл туриб, Унга хизмат қилди.
16 Кеч кирганда Исонинг олдига жин чалган кўплаб одамларни олиб келишди. У сўз билан жинларни қувиб чиқарди, хаста одамларнинг ҳаммасига шифо берди.
17 Шу тариқа Ишаё пайғамбарнинг қуйидаги айтган сўзи бажо бўлди:
“Дардларимизни У Ўзига олди,
Оғриқларимиздан бизни фориғ қилди.”
Исога эргашиш шартлари
18 Исо атрофида бир талай оломонни кўриб, шогирдларига кўлнинг нариги томонига ўтишни буюрди.
19 Шу пайт Исонинг олдига Таврот тафсирчиси келиб деди:
— Устоз, қаерга борсангиз ҳам, мен ортингиздан бораман.
20 Исо унга шундай деди:
— Тулкиларнинг уялари бор, қушларнинг инлари бор. Инсон Ўғлининг эса бош қўядиган жойи йўқ.
21 Шогирд бўлган бошқа бир одам эса Исога:
— Ҳазрат, ижозат беринг, аввал бориб отамни дафн қилиб келай, — деди.
22 Исо эса Унга деди:
— Сен ортимдан юр. Марҳумларни руҳан ўлик бўлганлар дафн қилсинлар.
Исо бўронни тинчитади
23 Исо қайиққа тушди, шогирдлари ҳам Унга эргашиб, қайиққа тушдилар.
24 Шу орада кўлда бўрон кўтарилди, тўлқинлар қайиқни сувга тўлдира бошлади. Исо эса ухлаётган эди.
25 Шунда шогирдлари Исонинг олдига бориб:
— Ҳазрат, бизни қутқаринг! Ҳалок бўляпмиз! — деб Исони уйғотдилар.
26 Исо уларга деди:
— Нега қўрқяпсизлар, эй имони сустлар?
Сўнг туриб, шамолга ва тўлқинларга дўқ урди. Шу ондаёқ чуқур сукунат чўкди.
27 Қайиқдагилар ҳайратланиб, бир–бирига:
— Бу ким бўлди экан–а? Ҳатто шамол ва тўлқинлар Унга бўйсунади–я! — дейишди.
Жинга чалинган икки одамга Исо шифо беради
28 Исо кўлнинг нариги қирғоғига, Гадара шаҳрининг яқинига етиб борди. Шунда жинга чалинган икки одам қабрлар орасидан югуриб келиб, Исонинг қаршисидан чиқишди. Улар шунчалик ваҳший эдиларки, биронта одам у ердан ўта олмасди.
29 Улар шундай деб бақиришди:
— Эй Худонинг Ўғли! Бизни тинч қўй! Сен бизга вақтидан олдин азоб бергани бу ерга келдингми?
30 Улардан нарироқда катта бир чўчқа подаси ўтлаб юрган эди.
31 Жинлар Исога ёлвориб:
— Агар бизларни қувиб чиқарадиган бўлсанг, унда чўчқа подасига юборгин, — дейишди.
32 Исо уларга:
— Боринглар! — дейиши биланоқ, жинлар одамлар ичидан чиқиб, чўчқаларга кириб олишди. Шу онда бутун чўчқа подаси тик қияликдан кўлга ёпирилиб, сувда нобуд бўлди.
33 Чўчқа боқувчилар эса қочиб шаҳарга бордилар. Жинга чалинганлар билан бўлиб ўтган ҳодисани ҳаммага гапириб бердилар.
34 Шунда бутун шаҳар аҳолиси Исонинг олдига борди. Уни кўргач, ҳудудимиздан чиқиб кетинг, деб ўтиниб сўрадилар.
Исо шолни соғайтиради
1 Исо қайиққа тушиб, кўлнинг нариги томонидаги Кафарнаҳум шаҳрига сузиб борди. У ўша пайтда Кафарнаҳумда яшарди.
2 Исо шаҳарга кириши биланоқ бир неча киши Унинг олдига тўшакда ётган бир шол одамни кўтариб келдилар. Исо уларнинг ишончини кўриб, шолга:
— Дадил бўл, ўғлим, гуноҳларинг кечирилди, — деди.
3 Шунда Таврот тафсирчиларидан баъзилари ўзларича: “Бу Одам куфрлик қиляпти–ку!” дейишди.
4 Уларнинг бу ўй–фикрларини билган Исо деди:
— Нега сизлар бундай ёмон нарсаларни ўйлайсизлар?
5 Қайси бири осонроқ? “Гуноҳларинг кечирилди!” деб айтишми, ёки: “Ўрнингдан туриб юр!” деб айтишми?
6 Инсон Ўғлига ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимияти берилган. Ҳозир шуни билиб оласизлар.
Исо шундай деди–ю, шолга:
— Ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, уйингга бор! — деб буюрди.
7 Шол ўрнидан туриб, уйига кетди.
8 Оломон бу воқеани кўриб, қўрқиб кетди. Улар инсон зотига бундай ҳокимият берган Худони улуғладилар.
Исо Маттони чақиради
9 Исо йўлда давом этаркан, солиқ йиғадиган жойда ўтирган Маттони кўриб қолди. Исо унга:
— Ортимдан юр! — деди. Матто ўрнидан туриб, Исога эргашди.
10 Бир оздан кейин Исо Маттонинг уйида меҳмон бўлди. Кўп солиқчилар ва гуноҳкорлар келиб, Исо ва Унинг шогирдлари билан бирга дастурхон атрофига ўтирдилар.
11 Фарзийлар буни кўриб, Исонинг шогирдларидан:
— Нега Устозингиз солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб–ичиб ўтирибди? — деб сўрадилар.
12 Исо бу гапни эшитиб, уларга шундай жавоб берди:
— Соғлар эмас, хасталар табибга муҳтождир.
13 Боринглар–да, Тавротдаги: “Мен қурбонликни эмас, раҳм–шафқатни истайман” деган сўзларнинг маъносини ўрганиб келинглар. Ахир, Мен солиҳларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман.
Рўза тутиш ҳақида савол
14 Бир куни Яҳёнинг шогирдлари Исонинг олдига келиб, шундай савол бердилар:
— Бизлар ва фарзийлар кўп рўза тутамиз, нега Сизнинг шогирдларингиз рўза тутмайдилар?
15 Исо уларга деди:
— Куёв даврада бўлганда тўйдаги меҳмонлар қайғурадими? Бироқ улар куёвдан жудо бўладиган кунлар келади, ана ўшанда рўза тутадилар.
16 Ҳеч ким эски кийимга янги матодан ямоқ солмайди. Чунки янги ямоқ эски кийимни баттар йиртиб юборади.
17 Шунингдек, янги шаробни ҳам эски мешга қуймайдилар. Чунки меш ёрилиб кетади, шароб ҳам тўкилади, меш ҳам нобуд бўлади. Аксинча, янги шаробни янги мешга қуядилар, шунда униси ҳам, буниси ҳам сақланиб қолади.
Тирилган қиз, соғайган аёл
18 Исо уларга бу сўзларни айтиб турганда, бир синагога бошлиғи келиб қолди. У Исонинг олдида тиз чўкиб, шундай деб ёлворди:
— Қизим ҳозиргина вафот этди. Юринг, қизимга қўлингизни теккизинг, у тирилиб кетади.
19 Исо ўрнидан туриб, шогирдлари билан ўша одамнинг орқасидан борди.
20 Шу пайт ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл Исонинг орқасидан келиб, Унинг кийими этагига қўл теккизди.
21 У ўзича: “Агар кийимига бир тегиб олсам, соғайиб кетаман”, деб ўйлаган эди.
22 Исо орқасига ўгирилди. Аёлни кўриб, деди:
— Дадил бўл, қизим, ишончинг сени соғайтирди.
Аёл шу заҳоти дардидан халос бўлди.
23 Исо синагога бошлиғининг уйига етиб борганда, най чалувчиларни ва дод–фарёд қилаётган оломонни кўрди.
24 Исо:
— Ҳаммаларингиз чиқинглар! — деб буюрди. — Қизча ўлмаган, у ухлаб ётибди.
Одамлар Исонинг устидан кулишди.
25 Оломон ташқарига чиқарилгандан сўнг Исо ичкарига кириб, қизчанинг қўлидан ушлади. Қизча ўрнидан туриб кетди.
26 Бу хабар бутун атрофга ёйилди.
Исо иккита кўр одамга шифо беради
27 Исо у ердан жўнаб кетаётганда, икки кўр Унинг орқасидан эргашганча дод солиб:
— Эй Довуд Ўғли Исо, бизларга раҳм қилинг! — деб фарёд қилишарди.
28 Исо уйга кирганда, кўрлар Унинг ёнига келишди. Исо улардан сўради:
— Сизларга шифо бера олишимга ишонасизларми?
— Ҳа, Ҳазрат! — деб жавоб беришди улар.
29 Шунда Исо уларнинг кўзларига қўлини теккизиб:
— Сизларнинг ишончингизга яраша бўлсин, — деди.
30 Уларнинг кўзлари очилиб кетди. Исо уларга:
— Буни ҳеч ким билмасин! — деб қатъий огоҳлантирди.
31 Аммо улар ўша ердан чиқибоқ, бутун атрофга Исо ҳақида овоза қилдилар.
Исо соқов одамга шифо беради
32 Улар кетгандан кейин, Исонинг олдига жин чалган бир соқовни олиб келишди.
33 Исо жинни қувиб чиқаргандан кейин, соқов тилга кирди, халқ эса ҳайратда қолиб:
— Исроил халқи орасида бундай ҳодиса ҳеч қачон бўлмаган, — деди.
34 Аммо фарзийлар шундай дердилар:
— У инс–жинслар ҳукмдорининг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти.
Ҳосил мўл, ишчилар оз
35 Исо ҳамма шаҳару қишлоқларга бориб, синагогаларда таълим берарди, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилиб, одамларнинг турли хасталигу дардларига шифо берарди.
36 Исо оломонни кўриб, уларга ачиниб кетди, чунки улар чўпонсиз қўйлардай довдираган ва ҳолдан тойган эдилар.
37 Шунда Исо шогирдларига деди:
— Ҳосил мўл, аммо ишчилар оз.
38 Шунинг учун ҳосил Эгасидан: “Ҳосилингни йиғиб олишга яна ишчилар юбор”, деб сўранглар.
Исо ўн икки ҳаворийни хизматга юборади
1 Исо Ўзининг ўн икки ҳаворийсини ёнига чақириб, уларга ёвуз руҳларни қувиб чиқариш ва ҳар қандай дарду хасталикларни соғайтириш қудратини берди.
2 Бу ўн икки ҳаворийнинг исмлари қуйидагичадир: биринчиси Бутрус деб аталган Шимўн, унинг укаси Эндрус, Забадиёнинг ўғиллари Ёқуб ва Юҳанно,
3 Филип, Бартоломей, Тўма, солиқчи Матто, Халфей ўғли Ёқуб, Таддеюс,
4 ватанпарвар Шимўн ва Исога хоинлик қилган Яҳудо Ишқариёт.
5 Исо ўн икки ҳаворийни жўнатаётиб, уларга қуйидагича кўрсатмалар берди: “Ғайрияҳудийлар яшайдиган жойларга оёқ босманглар, Самарияликларнинг шаҳарларига кирманглар.
6 Аксинча, адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи олдига боринглар.
7 Борганларингизда: «Осмон Шоҳлиги яқинлашди», деб эълон қилинглар.
8 Хасталарни соғайтиринглар, ўликларни тирилтиринглар, тери касаллигига чалинганларни покланглар, жинларни қувиб чиқаринглар. Текин олдингизлар, текин беринглар.
9 Белбоғларингизга олтин, кумуш, ҳатто мис чақа ҳам қистириб олманглар.
10 Йўлга тўрва ҳам, қўшимча кийим ҳам, чориқ ҳам, ҳасса ҳам олманглар. Чунки меҳнаткаш ўзининг нон–насибасига муносибдир.
11 Қайси шаҳар ёки қишлоққа кирсангиз, у ерда ўзингизга муносиб одамни топиб, кетгунингизча ўша одамнинг уйида туринглар.
12 Уйга кирганингизда: «Хонадонингизда тинчлик–омонлик бўлсин», деб айтинглар.
13 Агар у муносиб хонадон бўлса, сиз тилаган тинчлик ўша хонадонда қолади. Агарда номуносиб бўлса, тилаган тинчлигингиз ўзингизга қайтиб келади.
14 Агар ким сизни қабул қилмаса ва сўзларингизга қулоқ солмаса, ўша уйдан ёки шаҳардан чиқиб кетаётганингизда оёқларингиздаги чангни қоқиб кетинглар.
15 Сизга чинини айтаман: қиёмат кунида ўша шаҳарнинг ҳоли Садўм ва Ғамўра шаҳарларининг ҳолидан ҳам баттар бўлади.
Келажакдаги машаққатлар
16 Мен сизларни бўрилар орасига қўйлардай юборяпман. Сизлар илондай зийрак, каптардай оқ кўнгил бўлинглар.
17 Инсонлардан эҳтиёт бўлинглар. Чунки улар сизларни маҳкамаларга топшириб, синагогаларда калтаклайдилар.
18 Мен туфайли сизларни ҳокимлар ва шоҳлар ҳузурига олиб борадилар, сизлар эса уларга ва ғайрияҳудийларга Мен ҳақимдаги Хушхабарни айтасизлар.
19 Сизларни маҳкамага олиб боришганда: «Қандай гапирамиз, нима айтамиз», деб хавотир олманглар. Нима айтишингиз ўша вақтда сизларга билдирилади.
20 Ўшанда сизлар эмас, балки Отангиз Худонинг Руҳи сизлар орқали гапиради.
21 Ака укасини, ота боласини ўлимга топширади. Болалар ўз ота–оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдиртирадилар.
22 Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. Лекин охиригача бардош берган нажот топади.
23 Агар сизларни бир шаҳарда қувғин қилсалар, бошқасига қочиб боринглар. Сизларга чинини айтайин: сизлар Исроилнинг шаҳарларини айланиб чиқишга улгурмасингиздан, Инсон Ўғли келади.
24 Шогирд устозидан устун эмас, қул ҳам ўзининг хўжайинидан устун эмас.
25 Шогирд устозидай, қул хўжайинидай бўлса кифоя. Агар уй эгасини Баалзабул, яъни инс–жинслар ҳукмдори деб атаган бўлишса, уй аҳлини ундан баттар ном билан аташади!
Қўрқиш ва қўрқмаслик ҳақида
26 Шундай бўлса–да, одамлардан қўрқманглар! Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади.
27 Сизга қоронғида гапираётганларимни ёруғда айтинглар. Қулоғингизга шивирлаб айтганларимни уйларнинг томи устидан бақириб, эълон қилинглар.
28 Танани ўлдириб, жонни ўлдира олмайдиганлардан қўрқманглар. Худодан қўрқинглар! Чунки У жонни ҳам, танани ҳам дўзахда ҳалок этишга қодир.
29 Иккита чумчуқ бир тангага сотилади, шундай эмасми? Бироқ буларнинг биронтаси ҳам осмондаги Отангизнинг хоҳишисиз ерга тушмайди.
30 Сизларнинг эса ҳатто бошингиздаги ҳар бир тола сочингиз саналган.
31 Шунинг учун қўрқманглар, сизлар кўплаб чумчуқлардан қадрлироқсизлар.
Исога лойиқ бўлиш ҳақида
32 Ким Мени инсонлар олдида тан олса, Мен ҳам осмондаги Отамнинг олдида уни тан оламан.
33 Аммо ким инсонлар олдида Мени рад этса, Мен ҳам осмондаги Отамнинг олдида уни рад этаман.
34 Мени ер юзига тинчлик олиб келган, деб ўйламанглар. Мен тинчлик эмас, қилич олиб келганман.
35 Ўғилни отасидан, қизни онасидан, келинни қайнанасидан ажратиш учун келганман.
36 Инсоннинг душманлари ўз уйидагилари бўлади.
37 Кимки отасини ёки онасини Мендан ортиқ севса, Менга лойиқ эмас. Кимки ўғлини ёки қизини Мендан ортиқ севса, Менга лойиқ эмас.
38 Кимки ўз хочини олиб, ортимдан юрмаса, Менга лойиқ эмас.
39 Ўз жонини аямоқчи бўлган уни йўқотади. Мен учун жонини берган эса, уни асраб қолади.
40 Сизни қабул қилган одам Мени қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса Мени Юборганни қабул қилган бўлади.
41 Кимки пайғамбарни пайғамбар бўлгани учун қабул қилса, пайғамбарга муносиб мукофотни олади. Кимки солиҳ одамни солиҳ бўлгани учун қабул қилса, солиҳга муносиб мукофотни олади.
42 Агар сиз шогирдларимнинг энг кичигига у Менинг шогирдим бўлгани учун бир пиёла совуқ сув берсангиз, албатта мукофотингизни оласиз, деб сизга чинини айтаман.”
Исо Масиҳ ва Яҳё чўмдирувчи
1 Исо ўн икки шогирдига кўрсатмаларни бериб бўлгандан кейин, яқин атрофдаги шаҳарларда таълим бериш ва ваъз айтиш учун кетди.
2 Яҳё бу пайтда зиндонда эди, у Исонинг қилаётган ишларини эшитиб, шогирдларини Исонинг олдига
3 шундай савол билан юборди: “Келадиган Зот Сизмисиз, ёки биз бошқасини кутайликми?”
4 Исо Яҳёнинг шогирдларига шундай жавоб берди:
— Боринглар, кўриб эшитаётганларингизни Яҳёга айтинглар:
5 кўрлар кўрмоқда, чўлоқлар юрмоқда, тери касаллигига чалинганлар тузалмоқда, карлар эшитмоқда, ўликлар тирилмоқда, йўқсиллар Хушхабарни эшитмоқда.
6 Мендан юз ўгирмаганлар нақадар бахтлидир!
7 Яҳёнинг шогирдлари кетаётганларида, Исо оломонга Яҳё ҳақида гапира бошлади: “Саҳрога нимани кўргани бордингизлар? Шамолда ҳилпираб турган қамишними?
8 Хўш, нимани кўргани бордингизлар? Башанг кийинган одамними? Башанг кийинганлар шоҳ саройида бўлади–ку!
9 Ундай бўлса, нимани кўргани бордингизлар? Пайғамбарними? Ҳа, сизларга шуни айтай: сизлар пайғамбардан ҳам улуғини кўрдингизлар!
10 У ҳақда шундай ёзилган:
«Мана, Сендан олдин Мен Ўз элчимни юборяпман,
У Сен учун йўлни ҳозирлайди.»
11 Сизларга чинини айтай: бутун инсон зоти орасида Яҳё чўмдирувчидан улуғи йўқ. Аммо Осмон Шоҳлигида энг кичик ҳисобланган одам ҳам ундан улуғроқдир.
12 Яҳё чўмдирувчи давридан шу кунгача одамлар Осмон Шоҳлигига шафқатсиз ҳужум қилмоқдалар. Зўравонлар Осмон Шоҳлигини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқдалар.
13 Яҳё чўмдирувчидан олдин ўтган ҳамма пайғамбарларнинг битикларида ва Таврот китобида Осмон Шоҳлиги ҳақида башорат қилинган.
14 Агар бу башоратларга ишонишни истасангизлар, Яҳё — келиши башорат қилинган Илёсдир.
15 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!
16 Бу наслни кимга қиёсласам бўлади? Улар болаларга ўхшайдилар, майдонда ўтириб олиб, шундай дея бир–бирларига бақирадилар:
17 «Сизлар учун най чалдик, аммо рақсга тушмадингиз,
Биз оҳ–воҳ қилдик, аммо сизлар қайғурмадингиз.»
18 Яҳё келганда, у на еди, на ичди, шунинг учун ҳамма: «Уни жин урибди», дейдилар.
19 Инсон Ўғли келганда эса ҳам еди, ҳам ичди. Аммо Уни: «Ебтўймас, шаробхўр, солиқчилар ва гуноҳкорларнинг дўсти», дейдилар. Лекин билиб қўйинглар: донолик тўғри эканлиги ўз натижасидан аён.”
Гуноҳкор шаҳарларнинг ҳолига вой
20 Исо баъзи шаҳарларда кўп мўъжизалар кўрсатганди, аммо халқ ўз гуноҳлари учун тавба қилмади. Исо ўша шаҳарлар аҳолисига таъна қилди:
21 “Сенинг ҳолингга вой, эй Хоразин! Сенинг ҳолингга вой, эй Байтсайда! Агар сизларда қилинган мўъжизалар Тир билан Сидон шаҳарларида қилинганда эди, улар аллақачон қанорга ўраниб, бошларига кул сочиб, тавба қилган бўлардилар.
22 Бироқ сизларга айтайин: қиёмат кунида сизнинг ҳолингиз Тир ва Сидоннинг ҳолидан баттар бўлади.
23 Эй Кафарнаҳум! Худо сени кўкларга кўтаради деб ўйлайсанми?! Йўқ, У сени тубсиз чуқурликка улоқтиради! Агар сенда юз берган мўъжизалар Садўмда бўлганда эди, у шаҳар шу кунгача сақланиб қолган бўлар эди.
24 Бироқ сенга айтайин: қиёмат кунида сенинг ҳолинг Садўм шаҳрининг ҳолидан баттар бўлади.”
Ҳолдан тойганларга ором ваъдаси
25 Ўша вақтда Исо яна шундай деди: “Эй Ота, еру осмоннинг Эгаси! Сен бу ишларни донолару идроклилардан яшириб, гўдакларга маълум этганинг учун Сенга шукурлар айтаман.
26 Ҳа, Ота, бу Сенинг эзгу хоҳишинг эди.
27 Отам ҳамма нарсани Менинг ихтиёримга топширган. Ўғилни Отадан бошқа ҳеч ким билмайди. Отани ҳам Ўғилдан бошқа ва Ўғил аён қилишни истаган одамдан бошқа ҳеч ким билмайди.
28 Эй ҳолдан тойганлар, оғир юк остида қолганлар, ҳаммаларингиз Менинг олдимга келинглар! Мен сизларга ором бераман.
29 Менинг бўйинтуруғимни тақиб олинглар, Мендан ўрганинглар. Чунки Мен юмшоқ кўнгил ва камтаринман. Шунда сизларнинг жонларингиз ором топади.
30 Ахир, Менинг бўйинтуруғим қулай, юким енгилдир.”
Шаббат кунига риоя қилиш ҳақида
1 Орадан кўп ўтмай Исо Шаббат куни буғдойзордан ўтиб бораётган эди. Оч қолган шогирдлари бошоқлардан узиб, донларини еярдилар.
2 Фарзийлар буни кўриб, Исога:
— Қара, шогирдларинг Шаббат куни қонунга хилоф иш қиляптилар! — дейишди.
3 Исо уларга деди:
— Довуд ҳамроҳлари билан оч қолганда нималар қилганини наҳотки сизлар ҳеч ўқимаган бўлсангизлар?!
4 У Худонинг уйига кириб, муқаддас нонларни еган. Қонунга мувофиқ эса бундай нонларни фақат руҳонийлар ейишга ҳақли эдилар. Довудга ва унинг ҳамроҳларига бундай нонларни ейиш тақиқланган эди!
5 Ёки Шаббат кунида Маъбаддаги руҳонийлар Шаббат қонунини бузсалар ҳам, айбдор бўлмасликларини Тавротда ўқимаганмисизлар?
6 Сизларга шуни айтай: бу ерда Маъбаддан ҳам улуғ бир Зот турибди.
7 Агар сизлар: “Мен қурбонликни эмас, раҳм–шафқатни истайман” деган сўзларнинг маъносини тушунганингизда эди, айбсиз одамларни ҳукм қилмаган бўлар эдингизлар.
8 Зотан, Инсон Ўғли Шаббат кунининг ҳам Ҳокимидир.
9 Исо у ердан кетиб, синагогага борди.
10 У ерда қўли шол бир одам бор эди. Исони айбламоқчи бўлган баъзи одамлар Унга шундай савол бердилар:
— Қонунга кўра, Шаббат куни хасталарга шифо бериш мумкинми?
11 Исо уларга шундай жавоб берди:
— Агар бир дона қўйингиз бўлса–ю, ўша қўйингиз Шаббат куни чуқурга тушиб кетса, уни чиқариб олмасмидингиз?!
12 Одам эса қўйдан анча қадрлироқ–ку! Шунга кўра, Шаббат куни яхшилик қилиш қонунга мувофиқдир.
13 Қўли шол одамга Исо:
— Қўлингни узат! — деди. У қўлини узатиши биланоқ, қўли нариги қўлидай соппа–соғ бўлиб қолди.
14 Фарзийлар эса ташқарига чиқиб, Исони ҳалок қилиш учун тил бириктиришди.
Исо — Эгамиз танлаган Қул
Исо фарзийларнинг бу ниятини билиб, у ердан кетди.
15 Бир талай оломон Исога эргашди. У хасталарнинг ҳаммасига шифо бериб,
16 “Менинг кимлигимни айтманглар!” деб уларга буюрарди.
17 Шу тариқа Ишаё пайғамбарнинг айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлди:
18 “Мана Менинг Қулим,
Ўзим Уни танлаб олганман.
У кўнглимни мамнун этган Суюклигимдир.
Мен Унга Ўз Руҳимни бераман,
У адолатни элатларга эълон қилади.
19 Жанжаллашмайди, бақирмайди,
Кўчаларда ҳеч ким Унинг овозини эшитмайди.
20 У эзилган қамишни синдирмайди,
Тутаётган пиликни ўчирмайди,
Қатъият билан адолат ўрнатади.
21 Элатлар Унинг исмига умид боғлайди.”
Исо ва шайтон
22 Шундан кейин Исонинг олдига жин чалган бир одамни олиб келишди. У ҳам кўр, ҳам соқов эди. Исо унга шифо бергач, у гапирадиган ва кўрадиган бўлди.
23 Бутун халқ ҳайратда қолиб: “Бу Довуднинг Ўғли эмасмикан?!” дерди.
24 Бу воқеани эшитган фарзийлар эса шундай дедилар: “У инс–жинслар ҳукмдори Баалзабулнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти.”
25 Исо уларнинг нима ҳақида ўйлаётганини билиб турарди. У шундай деди: “Низо туфайли ўз ичидан бўлиниб кетган ҳар бир шоҳлик хароб бўлади, низо туфайли бўлинган шаҳар ҳам, хонадон ҳам барбод бўлади.
26 Агар шайтон шайтонни қувиб чиқарса, унинг шоҳлиги ўзаро бўлинган бўлади. Бундай шоҳлик қандай тура олади?!
27 Агар Мен жинларни Баалзабулнинг кучи билан қувиб чиқараётган бўлсам, у ҳолда ўз шерикларингиз кимнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаришяпти? Шу сабабдан ҳам улар сизларни ҳукм қилади.
28 Агар Мен жинларни Худонинг Руҳи билан қуваётган бўлсам, демак, Унинг Шоҳлиги сизларга ҳам келган.
29 Ким кучли одамнинг уйига бостириб кириб, унинг мол–мулкини талон–тарож қила олади? Аввал у уйнинг эгасини боғлаб қўйиши керак, кейингина уйини талон–тарож қила олади.
30 Ким Мен томонда бўлмаса, Менга қаршидир. Ким Мен билан бирга йиғмаса, сочади.
31 Шунинг учун сизларга айтаман: инсонларнинг ҳар қандай гуноҳи ва куфрлиги кечирилади. Лекин Муқаддас Руҳга куфрлик қилганлар кечирилмайди.
32 Ким Инсон Ўғлига қарши сўз айтса, кечирилади. Лекин ким Муқаддас Руҳга қарши сўз айтса, икки дунёда ҳам кечирилмайди.
33 Яхши дарахт яхши мева беради, ёмон дарахт эса ёмон мева беради. Ҳар бир дарахтнинг қандайлигини мевасидан билса бўлади.
34 Вой илонлар зоти! Сизлар ёвуз бўла туриб, яхши нарса гапира олармидингиз?! Ахир, одамнинг дили нимага тўлиб–тошса, ўша тилига чиқади!
35 Яхши одам юрагининг эзгулик хазинасидан яхшилик чиқаради, ёмон одам юрагининг ёмонлик хазинасидан ёмонлик чиқаради.
36 Яна шуни айтиб қўяй: сизлар айтадиган ҳар бир бемаъни сўзингиз учун қиёмат кунида ҳисоб берасизлар.
37 Сизлар ўз сўзларингиз асосида ё оқланасизлар, ёки айбланасизлар.”
Юнус пайғамбарнинг аломати
38 Шунда Таврот тафсирчилари ва фарзийлардан баъзилари Исога: “Устоз, бизга бир аломат кўрсатишингизни хоҳлар эдик”, дедилар.
39 Исо уларга жавобан деди: “Бу қабиҳ ва бевафо насл аломат сўраяпти, аммо уларга Юнус пайғамбарнинг аломатидан бошқа аломат берилмайди.
40 Юнус уч кечаю кундуз наҳанг балиқнинг қорнида бўлганидай, Инсон Ўғли ҳам уч кечаю кундуз ер бағрида бўлади.
41 Найнаво аҳолиси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслни маҳкум этади. Чунки Найнаволиклар Юнуснинг ваъзидан кейин тавба қилганлар. Бу ерда эса Юнусдан ҳам буюкроқ бир Зот турибди!
42 Жануб маликаси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслнинг одамларини маҳкум этади. Чунки Сулаймоннинг доно таълимотини тинглагани малика дунёнинг у четидан келган эди. Бу ерда эса Сулаймондан ҳам буюкроқ бир Зот турибди!
43 Ёвуз руҳ инсондан чиққандан кейин, ҳузур–ҳаловат излаб, сувсиз ерларни кезади, лекин топмайди.
44 Сўнг: «Чиққан уйимга қайтиб бораман», дейди. Уйига келганда, уйни кимсасиз, супурилган ва йиғиштирилган ҳолда кўради.
45 Шунда бориб, ўзидан ҳам ёвузроқ бошқа етти руҳни эргаштириб келади ва улар билан уйга кириб, жойлашиб олади. Охир–оқибат ўша одамнинг аҳволи олдингидан ҳам баттар бўлади. Бу ёвуз насл ҳам худди ўша кўйга тушади.”
Исонинг онаси ва укалари
46 Исо оломонга гапираётганда, онаси билан укалари Уни ташқарида кутиб турган эдилар. Улар Исо билан гаплашмоқчи эдилар.
47 Кимдир Исога деди:
— Онангиз билан укаларингиз ташқарида туришибди, улар Сиз билан гаплашмоқчи.
48 Исо эса бу гапларни айтган одамга шундай жавоб берди:
— Менинг онам ким? Укаларим ким?
49 Сўнг қўли билан шогирдларини кўрсатиб, деди:
— Мана, Менинг онам ва укаларим!
50 Осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирганлар Менинг укам, синглим ва онам бўлади.
Уруғ сепувчи ҳақида масал
1 Ўша куни Исо уйдан чиқиб, кўл бўйига бориб ўтирди.
2 Унинг атрофида шу қадар кўп оломон тўпландики, У қайиққа тушиб, ўтиришга мажбур бўлди. Оломон эса кўл қирғоғида турарди.
3 Исо масал орқали халққа кўп нарсаларни ўргатди: “Қулоқ солинглар! Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди.
4 У уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди.
5 Баъзи уруғлар тупроғи кам тошлоққа тушибди. Тупроқ кам бўлгани учун уруғлар тез кўкариб чиқибди.
6 Бироқ қуёш чиққач, қовжираб, илдизи бўлмагани учун сўлиб қолибди.
7 Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Тиканлар ўсиб, уруғларни бўғиб қўйибди.
8 Яна бошқа уруғлар эса яхши тупроққа тушибди. Баъзилари юз, баъзилари олтмиш, баъзилари эса ўттиз баробар кўп ҳосил берибди.
9 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”
Масалларнинг мақсади
10 Шундан кейин шогирдлар келиб, Исодан сўрадилар:
— Нега одамларга масаллар билан гапиряпсиз?
11 У шундай жавоб берди: “Осмон Шоҳлигининг сирларини билиш уларга эмас, сизларга берилган.
12 Зеро, кимда бор бўлса, унга яна берилади ва унда мўл–кўлчилик бўлади. Аммо кимда йўқ бўлса, бори ҳам тортиб олинади.
13 Одамларга масаллар билан гапираётганимнинг сабаби шуки, улар қараб туриб кўрмайдилар, қулоқ солиб туриб, эшитмайдилар ва англамайдилар.
14 Ишаёнинг башорати уларда бажо бўлган:
«Сизлар тинглаб турасиз–у, лекин ҳеч тушунмайсиз,
Қараб турасиз–у, аммо ҳеч англаб етмайсиз.
15 Зеро, бу халқнинг ақли ўтмас бўлиб қолди,
Қулоқлари гаранг бўлди,
Кўзларини юмиб олишди.
Акс ҳолда, кўзлари кўрган бўларди,
Акс ҳолда, қулоқлари эшитган бўларди,
Ақллари англаган бўларди,
Яна Менга қайтган бўлишарди,
Мен уларга шифо берган бўлардим.»
16 Сизлар эса ниҳоятда бахтлисизлар! Ахир, сизларнинг кўзларингиз кўради, қулоқларингиз эшитади.
17 Сизларга чинини айтай: қанчадан–қанча пайғамбарлар, қанчадан–қанча солиҳ одамлар сиз кўрганларни кўришни истаганлар, аммо кўрмаганлар. Сизлар эшитганларингизни эшитишни улар истаганлар, аммо эшитмаганлар.
Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъноси
18 Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъносини англаб олинглар.
19 Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги каломни эшитган, аммо тушуниб олмаган одамга ёвуз шайтон келиб, унинг юрагига экилган каломни ўғирлаб кетади. Сўқмоқ йўл устига тушган уруғлар ана шуларга ишорадир.
20 Тошлоқ ерга сепилган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитганда, уни дарров севинч билан қабул қиладилар.
21 Лекин уларнинг илдизи бўлмагани учун узоқ вақтга чидамайдилар. Калом туфайли қийинчилик ёки қувғинга дучор бўлишса, дарров чекинадилар.
22 Тиканлар орасига сепилган уруғлар шундай одамларни билдирадики, улар Худонинг каломини эшитадилар, лекин дунёнинг ташвишлари ва бойликка ўчлик каломни бўғиб қўяди, калом эса самарасиз қолади.
23 Яхши тупроққа сепилган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитиб, унинг маъносини тушуниб оладилар. Уларнинг баъзилари юз баробар, баъзилари олтмиш баробар ва баъзилари ўттиз баробар мўл ҳосил берадилар.”
Бегона ўт ҳақида масал
24 Исо уларга бошқа бир масал айтиб берди: “Осмон Шоҳлигини ўз даласига яхши уруғ сепган бир одамнинг вазиятига ўхшатса бўлади.
25 Ҳамма ухлаб ётганда, душман келиб, буғдойзорга бегона ўт уруғини сепиб кетибди.
26 Буғдой ўсиб, бошоқлай бошлаганда, бегона ўтлар ҳам ўсиб чиқибди.
27 Хизматкорлар келиб, хўжайинига айтибдилар:
— Хўжайин, далангизга яхши уруғ эккан эдингиз–ку! Манави бегона ўтлар қаёқдан пайдо бўлди экан?
28 — Бу душманнинг иши, — деб жавоб берибди хўжайин. Хизматкорлар хўжайинга:
— Истасангиз, биз бориб ўша ўтларни юлиб ташлаймиз.
29 — Йўқ, — дебди у, — сизлар бегона ўтларни юлаётганларингизда, буғдойни ҳам қўшиб юлиб олишингиз мумкин.
30 Майли, ўрим–йиғим пайтигача буғдой билан бирга бегона ўтлар ҳам ўсаверсин. Пайти келганда ўроқчиларга: “Аввал бегона ўтларни йиғиштириб, боғланглар–да, ёқиб юборинглар, кейин буғдойни йиғиштириб, омборхонамга жойланглар”, дейман.”
Хантал уруғи ҳақида масал
31 Исо уларга яна бошқа бир масални айтиб берди: “Осмон Шоҳлиги бир одам ўз боғига сепган хантал уруғига ўхшайди.
32 Хантал уруғларнинг энг майдаси бўлса–да, ўсиб чиққанда, ҳамма кўкатлардан баланд бўлади. У шундай дарахт бўладики, қушлар унинг шохларига уя қуради.”
Хамиртуруш ҳақида масал
33 Исо уларга бошқа бир масални ҳам айтиб берди: “Осмон Шоҳлиги хамиртурушга ўхшайди. Аёл бир бўлак хамиртурушни бир тоғора унга қорса ҳам, ҳамма хамир ошади.”
34 Исо буларнинг ҳаммасини оломонга масаллар билан гапирди. Уларга ҳеч нарса тўғрисида масалсиз гапирмасди.
35 Шундай қилиб, пайғамбарнинг қуйидаги сўзлари бажо бўлди:
“Оғзимни масалга очаман,
Дунё яратилгандан бери сир сақланганларни
Сизга эълон қиламан.”
Бегона ўт ҳақидаги масалнинг маъноси
36 Шундан кейин Исо оломон олдидан кетиб, уйга кирди. Шогирдлари Исонинг олдига келиб:
— Бегона ўтлар ҳақидаги масални бизга тушунтириб беринг, — дедилар.
37 Исо шундай жавоб берди: “Яхши уруғ сепувчи Инсон Ўғлидир.
38 Дала оламдир, яхши уруғлар — Осмон Шоҳлигининг одамлари, бегона ўтлар эса ёвуз шайтоннинг одамларидир.
39 Бегона ўтларни сепган душман — иблис, ўрим–йиғим — охирзамон, ўроқчилар эса фаришталардир.
40 Бегона ўтларни йиғиштириб, оловда ёқишгандай, охирзамонда ҳам худди шундай воқеа юз беради.
41 Инсон Ўғли Ўз фаришталарини юборади. Фаришталар Унинг Шоҳлигидан гуноҳга ундаган ҳаммани ва барча бадкирдорларни йиғиб оладилар.
42 Уларни ловуллаб турган ўчоққа ташлайдилар. Бадкирдорлар у ерда қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекадилар.
43 Шунда солиҳлар ўз Оталарининг Шоҳлигида қуёш каби порлайдилар. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!
Яширилган хазина ҳақида масал
44 Осмон Шоҳлиги далада яширилган хазинага ўхшайди. Бир одам уни топиб олибди. Уни яна яшириб, хурсанд бўлганидан бор–йўғини сотиб, у далани харид қилибди.
Қимматбаҳо марварид ҳақида масал
45 Осмон Шоҳлиги нодир марварид излаётган бир савдогарга ўхшайди.
46 Савдогар қимматбаҳо марваридни топганда, бор–йўғини сотиб, марваридни харид қилибди.
Тўр ҳақида масал
47 Осмон Шоҳлиги балиқчилар денгизга ташлаган тўрга ўхшайди. Тўрга турли хил балиқлар тутилибди.
48 Тўр тўлгач, балиқчилар уни қирғоққа тортиб чиқаришибди ва ўтириб, яхши балиқларни саватларга солишибди, ёмонларини эса ташлаб юборишибди.
49 Охирзамонда ҳам худди шундай бўлади: фаришталар келиб, фосиқларни солиҳлар орасидан ажратиб олиб,
50 ловуллаган ўчоққа ташлайдилар. Ўчоққа тушганлар қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекадилар.”
51 Исо шогирдларидан сўради:
— Буларнинг ҳаммасини тушундингизларми?
— Тушундик, — деб жавоб берди улар.
52 Исо уларга деди:
— Шундай экан, Осмон Шоҳлигига шогирд тушган ҳар бир Таврот тафсирчиси омборидан ҳам янги, ҳам эски нарсаларни олиб чиқаётган уй эгасига ўхшайди.
Исо Ўз юртида рад этилади
53 Исо бу масалларни айтиб бўлгач, у ердан кетди.
54 У она шаҳрига келиб, синагогада одамларга таълим берди. Одамлар эса ҳайратга тушиб дедилар:
— Бу Одам шунча доноликни ва мўъжиза кўрсатиш қудратини қаердан олган экан–а?
55 Бу ўша дурадгорнинг ўғли эмасми?! Онасининг исми Марям, укалари Ёқуб, Юсуф, Шимўн ва Яҳудо–ку!
56 Унинг сингиллари ҳам орамизда яшайди! Бундай буюк ишларни У қандай қилар экан–а?
57 Одамлар Исодан қаттиқ хафа бўлдилар. Исо эса уларга деди:
— Пайғамбар она шаҳридан ва ўз уйидан бошқа ҳамма ерда иззатланади.
58 Одамларнинг ишончсизлиги туфайли, Исо у ерда ҳеч қандай мўъжиза кўрсатмади.
Яҳё чўмдирувчининг ўлими
1 Шу орада вилоят ҳукмдори Ҳирод Исо тўғрисидаги хабарларни эшитиб,
2 амалдорларига деди: “Бу Яҳё чўмдирувчи эканлиги аниқ! У тирилиб келган, шунинг учун мўъжизалар кўрсатиш қудратига эга.”
3 Унинг бу гапни айтишига сабаб шу эди: бундан анча вақт олдин Ҳирод Яҳёни ҳибсга олганди. У ўз укаси Филипнинг хотини Ҳиродия дастидан Яҳёни кишанлаб, зиндонга ташлаган эди.
4 Чунки Яҳё унга: “Бу хотин билан яшашингиз қонунга зид”, деб айтар эди.
5 Ҳирод Яҳёни ўлдиришни хоҳлаган бўлса–да, халқдан қўрққан эди. Чунки одамлар Яҳёни пайғамбар деб билишарди.
6 Ҳироднинг туғилган куни бўлганда, Ҳиродиянинг қизи ўртага чиқиб рақсга тушди. Қизнинг рақси Ҳиродга шунчалик ёқдики,
7 Ҳирод унга:
— Онт ичаман, сўраган нарсангни муҳайё қиламан, — деб ваъда берди.
8 Қиз эса онасининг гапига кириб:
— Менга Яҳё чўмдирувчининг бошини лаганда келтириб беринг! — деди.
9 Шоҳ айтган гапидан афсус чекди, аммо меҳмонлари олдида қасам ичгани учун қизнинг илтимосини бажаришни буюрди.
10 У зиндонга одам юбориб, Яҳёнинг бошини олдирди.
11 Унинг бошини лаганда келтириб қизга бердилар, қиз эса онасига олиб бориб берди.
12 Яҳёнинг шогирдлари келиб, устознинг жасадини олдилар, уни дафн этдилар. Сўнг бориб, Исога хабар бердилар.
Исо 5000 кишини тўйдиради
13 Яҳё ҳақидаги хабарни эшитгандан кейин, Исо қайиққа тушиб, ёлғиз Ўзи кимсасиз жойга сузиб кетди. Оломон эса бу ҳақда эшитиб, шаҳарлардан пиёда Унинг орқасидан эргашди.
14 Исо қайиқдан чиққанда, катта бир оломонни кўрди. Уларга ачиниб кетиб, хасталарига шифо берди.
15 Кеч кирганда, шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар:
— Бу жой кимсасиз экан, бунинг устига, жуда кеч бўлиб қолди. Халқни жўнатиб юборинг, токи улар атрофдаги қишлоқларга бориб, ўзларига егулик сотиб олишсин.
16 Исо уларга деди:
— Кетишларига ҳожат йўқ, сизлар уларга овқат беринглар.
17 — Бизда бор–йўғи бешта нон ва иккита балиқ бор, — деб жавоб берди шогирдлар.
18 — Ўша нарсаларни Менга олиб келинглар, — деди Исо.
19 У одамларга майсалар устига ўтиришни буюрди. Сўнг бешта нон билан иккита балиқни олди–да, осмонга қараб шукрона дуосини ўқиди. У нонларни синдириб, шогирдларига берди, шогирдлар нонларни одамларга тарқатишди.
20 Ҳамма еб тўйди. Ортиб қолган нон бурдаларини йиғиб олишганда, тўла ўн икки сават чиқди.
21 Аёллар ва болаларни ҳисобга олмаганда, тахминан беш мингга яқин одам нон еган эди.
Исо сув устида юради
22 Исо вақт ўтказмай, шогирдларини қайиққа тушириб, кўлнинг нариги томонига кетишга мажбур қилди. Оломонни эса уйларига қайтариб жўнатиб юборди.
23 У одамларни кеткизиб юборгандан кейин, ибодат қилиш учун бир Ўзи тепаликка чиқди. Оқшом тушди, У ҳамон ўша ерда ёлғиз эди.
24 Қайиқ эса қирғоқдан анча узоқлашиб қолганди. Шамол қайиққа қарши эсаётгани учун тўлқинлар қайиққа келиб уриларди.
25 Эрта саҳарда Исо кўл устида юриб, шогирдлари ёнига келди.
26 Шогирдлар эса кўл юзида юриб келаётган Исони кўриб, қаттиқ ваҳимага тушишди. Қўрққанларидан:
— Бу арвоҳ–ку! — деб бақириб юборишди.
27 Лекин Исо ўша заҳоти уларга:
— Дадил бўлинглар! Қўрқманглар, бу Менман! — деди.
28 Шунда Бутрус:
— Ҳазрат, агар ҳақиқатан бу Сиз бўлсангиз, амр беринг, мен сув устида юриб Сизнинг олдингизга борай, — деди.
29 Исо:
— Кел! — деди. Бутрус қайиқдан чиқиб, сув устида юрганича Исо томон йўл олди.
30 Аммо шамолнинг кучли эканлигидан қўрқиб кетди. У сувга чўка бошлаб:
— Ҳазрат, мени қутқаринг! — деб бақирди.
31 Исо шу заҳоти қўлини чўзиб, Бутрусни ушлади–да:
— Эй имони суст, нега иккиландинг?! — деди.
32 Улар қайиққа тушганларидан кейин, шамол тинди.
33 Қайиқдагилар Исога сажда қилиб:
— Сиз ҳақиқатан ҳам Худонинг Ўғлисиз! — дедилар.
34 Улар кўлдан сузиб ўтиб, Генисарет ўлкасига келдилар.
35 У ердаги одамлар Исони танидилар ва атрофга хабар юбориб, ҳамма хасталарни Исонинг олдига олиб келдилар.
36 Хасталар Исодан: “Ҳеч бўлмаса кийимингизнинг этагига қўл теккизайлик”, деб илтимос қилишарди. Унга қўл теккизганларнинг ҳаммаси шифо топишарди.
Диний урф–одатлар ва Худонинг амри
1 Қуддусдан фарзийлар ва Таврот тафсирчилари Исонинг олдида келиб, шундай дедилар:
2 — Нега Сизнинг шогирдларингиз ота–боболаримизнинг урф–одатларига амал қилмаяптилар? Нега овқатланишдан олдин қўлларини ювмайдилар?
3 Исо уларга жавоб бериб деди:
— Ўзларингиз–чи? Нега ўз урф–одатингизни деб, Худонинг амрини бузиб юрибсизлар?
4 Худо: “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Отасини ёки онасини хўрлаган ҳар қандай одамга ўлим жазоси берилсин”, деб айтган.
5 Аммо сизлар шундай таълим берасизлар: одам ўз отаси ёки онасига: “Фарзандлик бурчим — Худога инъом қилинган, — деса,
6 — у ота–онасини ҳурмат қилмаса ҳам бўлади.” Шу тариқа сизлар ўз таълимотингиз билан Худонинг каломини бекор қиляпсизлар.
7 Сизлар иккиюзламачисизлар! Ишаё пайғамбар сиз ҳақингизда тўғри айтган:
8 “Худо айтди:
«Бу халқ Мени тилидагина иззат қилади,
Юраклари эса Мендан узоқдир.
9 Улар Менга сажда қиладилар,
Аммо саждалари беҳудадир.
Чунки улар инсон яратган қоидаларни
Илоҳий қонун деб ўргатадилар.»”
Инсонни нима ҳаром қилади?
10 Кейин Исо халқни ёнига чақириб, деди:
— Менга қулоқ солиб, тушуниб олинглар!
11 Оғизга кирадиган нарса эмас, балки оғиздан чиқадиган нарса инсонни ҳаром қилади.
12 Шунда шогирдлар Исонинг олдига бориб дедилар:
— Айтган бу гапингиз фарзийларга қаттиқ ботганини билдингизми?
13 Исо шундай жавоб берди:
— Осмондаги Отам ўтқазмаган ҳар қандай ўсимлик илдизи билан суғуриб ташланади.
14 Фарзийларга эътибор берманглар. Улар ўзлари кўр ва кўрларга йўлбошчилик қиладилар. Агар кўр одам кўрни етакласа, иккаласи ҳам чуқурга йиқилиб тушади.
15 Шунда Бутрус:
— Халққа айтган гапингизни бизга тушунтириб беринг! — деди.
16 — Шунчалик ҳам бефаҳм бўласизларми?! — деди Исо.
17 Оғизга кирадиган ҳар бир нарса қоринга ўтиб, керакли жойдан чиқиб кетишини наҳотки тушунмасангизлар?
18 Аммо оғиздан чиқадиган нарсалар юракдан чиқади. Ана ўшалар инсонни ҳаром қилади.
19 Чунки инсон юрагидан ёмон фикрлар, қотиллик, фаҳшу зино, ўғрилик, сохта гувоҳлик ва туҳмат чиқади.
20 Ана шулар инсонни ҳаром қилади. Ювилмаган қўл билан овқат ейиш эса инсонни ҳаром қилмайди.
Ғайрияҳудий аёлнинг ишончи
21 Исо у ердан кетиб, Тир ва Сидон ҳудудларига борди.
22 Шу ерда яшайдиган Канъон халқидан бўлган бир аёл Исонинг олдига келиб, фарёд қилди:
— Эй Ҳазрат, Довуднинг Ўғли, менга раҳм қилинг! Қизимни жин чалган, аҳволи ёмон!
23 Исо унга бир оғиз сўз ҳам жавоб бермади. Шогирдлари Исонинг олдига келиб, илтимос қилдилар:
— Уни жўнатиб юборинг! Ахир, у кетимиздан қолмай, додлаб юрибди.
24 Исо эса шундай деди:
— Худо Мени фақат Исроил халқининг адашган қўйлари олдига юборди.
25 Аёл эса келиб, Исонинг олдига тиз чўкди–да:
— Ёрдам беринг, Ҳазрат! — деб ёлворди.
26 Исо эса:
— Болалардан нонни олиб кучукларга ташлаш яхши эмас, — деди.
27 — Тўғри, Ҳазрат, — деди аёл. — Лекин кучуклар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тўкилган ушоқларини ейди–ку.
28 Шунда Исо:
— Эй аёл, сенинг ишончинг буюк! — деди. — Майли, сен истаганингдай бўлсин.
Шу заҳоти аёлнинг қизи соғайиб қолди.
Исо кўп одамларга шифо беради
29 Исо у ердан чиқиб, Жалила кўли бўйлаб кетди. Сўнг тоққа чиқиб, ўтирди.
30 Исонинг олдига бир талай оломон келди. Улар ўзлари билан чўлоқ, кўр, майиб, соқов ва бошқа кўплаб хасталарни олиб келиб, Исонинг оёқлари томонига ўтқиздилар. Исо уларнинг ҳаммасига шифо берди.
31 Соқовларнинг гапирганини, майибларнинг соғайганини, чўлоқларнинг юрганини ва кўрларнинг кўзлари очилганини халқ кўриб, ҳайратда қолди. Улар Исроил халқининг Худосини олқишладилар.
Исо 4000 кишини тўйдиради
32 Исо шогирдларини ёнига чақириб деди:
— Халққа ачиняпман. Улар уч кундан бери Мен билан бирга, ейишга ҳеч нарсаси йўқ. Уларга овқат бермай жўнатиб юборишни хоҳламайман, йўлда ҳолдан тойиб қолишлари мумкин.
33 Шогирдлари Унга:
— Шу қадар катта оломонни тўйдириш учун бу кимсасиз жойда қаердан нон оламиз?! — дейишди.
34 — Қанча нонларингиз бор? — деб сўради Исо.
— Еттита нон ва озгина майда балиғимиз бор, — деди шогирдлар.
35 Шундан кейин Исо халққа ерга ўтиришни буюрди.
36 Еттита нон ва балиқларни олиб, шукрона дуосини ўқиди. Нон ва балиқларни синдириб, тарқатиш учун шогирдларига берди. Шогирдлар халққа тарқатишди.
37 Ҳамма еб тўйди. Ортиб қолган нон бурдаларини йиғишганда, тўла етти сават чиқди.
38 Болалар билан аёлларни ҳисобга олмаганда, нон еганларнинг сони тўрт мингта эди.
39 Шундан кейин Исо одамларга кетишга ижозат берди, Ўзи эса қайиққа ўтириб, Магадан ҳудудига йўл олди.
Фарзийлар ва саддуқийлар Исодан аломат сўрашади
1 Фарзий ва саддуқий мазҳабидагилар Исонинг олдига келиб, Уни синаб кўриш мақсадида:
— Бизга бир мўъжизали аломат кўрсатинг. Шунда Сизни Худо юборганини тан оламиз, — дедилар.
2 Исо уларга шундай жавоб берди:
— Қуёш ботганда, сизлар, осмон қизғиш, ҳаво яхши бўлади, дейсизлар.
3 Эрталаб эса, осмон қизил, ҳавонинг авзойи бузуқ, бугун бўрон бўлади, дейсизлар. Сизлар осмоннинг авзойига қараб, об–ҳавони аниқлай оласизлар–ку! Нега замон аломатларини талқин қила олмайсизлар?!
4 Бу қабиҳ ва бевафо насл аломат сўраяпти, аммо уларга Юнуснинг аломатидан бошқа аломат берилмайди.
Исо уларни қолдириб кетди.
Фарзийлар ва саддуқийларнинг хамиртуруши
5 Нариги қирғоққа етиб келган шогирдлар ўзлари билан нон олишни унутган эдилар.
6 Исо уларга деди:
— Фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар!
7 Шогирдлар ўзларича: “Биз нон олиб келмаганимиз учун У шундай деяпти”, деб муҳокама қила бошладилар.
8 Шогирдлар нимани муҳокама қилаётганларини Исо билиб, уларга деди:
— Эй имони сустлар! Нега сизлар, нонимиз йўқ, деб айтяпсизлар?
9 Ҳали ҳам тушунмадингизларми? Беш мингта одамга бешта нонни бўлиб берганим эсингиздами? Ўшанда қолган–қутган нонларга нечта саватни тўлдириб олган эдингизлар?
10 Ёки еттита нонни тўрт минг кишига бўлиб берганим–чи? Ўшанда, нон бурдалари билан нечта саватни тўлдириб олган эдингизлар?
11 Мен сизларга нон ҳақида гапирмаганимни ҳали ҳам англамадингизларми? Мен сизларга: “Фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар!” деб айтяпман.
12 Шундан кейин шогирдлар тушундиларки, Исо уларни нонга ишлатиладиган хамиртурушдан сақланиш тўғрисида эмас, балки фарзийлар билан саддуқийларнинг таълимотидан эҳтиёт бўлиш тўғрисида огоҳлантираётган экан.
Бутрус Масиҳни тан олади
13 Исо Филип Қайсарияси атрофидаги ҳудудга келди. Ўша ерда У шогирдларидан сўради:
— Одамлар Инсон Ўғлини ким деб билади?
14 Шогирдлар Унга шундай жавоб бердилар:
— Баъзилар Яҳё чўмдирувчи, баъзилар Илёс, баъзилар Еремиё, бошқалар эса, қадимги пайғамбарлардан бири, деб айтиб юрибдилар.
15 Исо улардан сўради:
— Сизлар–чи, Мени ким деб биласиз?
16 Шимўн Бутрус жавоб бериб деди:
— Сиз Масиҳсиз, Барҳаёт Худонинг Ўғлисиз!
17 Шимўн Бутрусга Исо деди:
— Сен бахтлисан, эй Юҳанно ўғли Шимўн! Ахир, бу сирни сенга инсон эмас, балки осмондаги Отам очиб берган.
18 Шимўн, сенга шуни айтай: Бутрус исминг “қоя” дегани–ку! Мана шу қоя устига Мен Ўзимнинг жамоатимни қураман. Ҳатто ўлим шоҳлиги ҳам жамоатимга бас кела олмайди.
19 Осмон Шоҳлиги калитларини Мен сенга бераман. Ер юзида сен нимани тақиқласанг, самода ҳам тақиқланади. Ер юзида сен нимага ижозат берсанг, самода ҳам ижозат берилади.
20 Бундан сўнг Исо: “Масиҳ эканимни ҳеч кимга айтманглар”, деб шогирдларига қатъий буюрди.
Исо Ўз ўлими ҳақида гапиради
21 Шу вақтдан бошлаб, Исо шогирдларига қуйидагиларни очиқчасига тушунтира бошлади: “Мен Қуддусга бориб, йўлбошчилар, бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари қўлида кўп азоб чекаман. Мени ўлдиришади, лекин учинчи куни Мен тириламан.”
22 Шунда Бутрус Исони четга тортиб деди:
— Бундай деб айтманг, Ҳазратим! Худо сақласин! Бошингизга асло бундай кунлар келмасин!
23 Исо эса Бутрусга қараб:
— Йўқол кўзимдан, шайтон! — деди. — Мени йўлдан урма! Сен Худонинг ишларини эмас, инсон ишларини ўйлаяпсан.
24 Кейин Исо Ўз шогирдларига деди:
— Кимда–ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва хочини кўтариб, орқамдан юрсин.
25 Ким ўз жонини асраб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Ким Мен учун жонини берса, уни асраб қолади.
26 Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса–ю, ўз жонидан маҳрум бўлса, бундан унга нима фойда?! Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов бера олади?!
27 Инсон Ўғли самовий Отасининг улуғворлигида, фаришталари билан келганда, ҳар кимни ўз ишига яраша тақдирлайди.
28 Сизларга чинини айтайин: бу ерда турганлардан баъзилари, Инсон Ўғлининг Шоҳ бўлиб келганини кўрмагунча, ўлмайдилар.
Исонинг қиёфаси ўзгаради
1 Орадан олти кун ўтди. Исо ёнига фақат Бутрус, Ёқуб ва Ёқубнинг укаси Юҳаннони олиб, баланд бир тоққа чиқди.
2 У ерда, уларнинг кўз ўнгида Исонинг қиёфаси ўзгарди: юзи қуёшдай порлаб, кийимлари кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ бўлиб қолди.
3 Бирданига уларга Мусо билан Илёс зоҳир бўлишди. Улар Исо билан гаплашдилар.
4 Бутрус Исога деди:
— Ҳазрат, яхши ҳам шу ерда эканмиз! Истасангиз, учта чайла ясайман: биттаси Сизга, биттаси Мусога, биттаси Илёсга.
5 У шу гапини тугатмаган ҳам эдики, бирданига оппоқ булут пайдо бўлиб, ҳаммаларига соя солди. Булут орасидан шундай овоз келди:
— Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар!
6 Шогирдлар овозни эшитганларида, шунчалик қўрқиб кетдиларки, ерга юз тубан йиқилдилар.
7 Исо эса келиб, уларга қўл теккизди–да:
— Туринглар, қўрқманглар! — деди.
8 Улар бошларини кўтариб, ёлғиз Исодан бошқа ҳеч кимни кўрмадилар.
9 Тоғдан тушаётганларида Исо уларга буюрди:
— Инсон Ўғли ўлиб тирилмагунча, бу кўрганларингизни ҳеч кимга айтманглар.
10 Шогирдлари Ундан сўрадилар:
— Нега Таврот тафсирчилари, Масиҳдан олдин Илёс келиши керак, деб айтадилар?
11 Исо уларга шундай жавоб берди:
— Тўғри, аввало Илёс келиб, ҳамма нарсани тиклаши керак.
12 Бироқ Мен сизларга шуни айтаман: Илёс аллақачон келган. Аммо одамлар уни танимай, уни хоҳлаганича хўрладилар. Худди шунга ўхшаб, Инсон Ўғли ҳам одамлар қўлида кўп азоб чекади.
13 Шунда шогирдлар тушундиларки, Исо уларга Яҳё чўмдирувчи тўғрисида гапираётган экан.
Жинга чалинган болага Исо шифо беради
14 Исо шогирдлари билан оломон олдига келганда, бир одам Исонинг олдида тиз чўкиб:
15 — Ҳазрат, — деди, — ўғлимга раҳм қилинг! Унинг тутқаноқ касали бор, қаттиқ азоб чекмоқда. У кўпинча оловга ёки сувга йиқилиб тушади.
16 Ўғлимни шогирдларингиз олдига олиб келгандим, аммо улар даволай олмадилар.
17 Исо шундай деди:
— Эй имонсиз ва бузуқ авлод! Қачонгача сизлар билан бирга бўлишим керак?! Сизларга яна қанча тоқат қилишим керак?! Болани бу ерга олиб келинглар!
18 Исо жинга дўқ қилди. Жин боланинг ичидан чиқиб кетди, шу заҳоти бола соғайиб қолди.
19 Шогирдлар Исо билан ёлғиз қолганларида, Ундан:
— Нега биз жинни қувиб чиқара олмадик? — деб сўрадилар.
20-21 Исо жавоб бериб деди:
— Етарли имонингиз йўқлиги учун шундай бўлди. Сизларга чинини айтайин: агар зиғирдай имонингиз бўлиб, шу тоққа: “Бу ердан у ерга кўч”, — деб айтсангиз, тоғ кўчади. Сизлар учун имконсиз нарса бўлмайди.
22 Исо шогирдлари билан Жалила ҳудудига қайтиб келгандан кейин, уларга деди:
— Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади.
23 Уни ўлдиришади, учинчи куни эса У тирилади.
Шогирдлар ниҳоятда ғамгин бўлиб қолдилар.
Маъбад солиғи
24 Исо билан шогирдлари Кафарнаҳумга келганларида, Маъбад солиғини йиғувчилар Бутруснинг олдига келиб:
— Устозингиз Маъбад солиғини тўламайдими? — деб сўрадилар.
25 — Тўлайди! — деб жавоб берди Бутрус.
Бутрус уйга келгач, Исо биринчи бўлиб гапирди:
— Бутрус, сенинг фикринг қандай? Бу дунё шоҳлари солиқ ва божни кимдан йиғадилар? Ўзиникиларданми ёки бегоналарданми?
26 — Бегоналардан–да, — деб жавоб берди Бутрус.
— Демак, ўзиникилар солиқдан озод экан–да, — деди Исо.
27 Аммо уларни норози қилмайлик. Кўлга бориб қармоқ ташла. Биринчи илинган балиқни олиб оғзини очсанг, кумуш тангани топасан. Тангани олиб, икковимиз учун солиқ тўла.
Худо олдида ким буюк?
1 Шу пайт шогирдлар Исонинг олдига келиб: “Осмон Шоҳлигида энг каттаси ким бўлади?” — деб сўрадилар.
2 Исо ёнига бир болани чақирди, уни ўрталарида турғизиб,
3 деди: “Сизларга чинини айтайин: агар сизлар ўзгармасангиз ва болалардай бўлмасангиз, ҳеч қачон Осмон Шоҳлигига кира олмайсизлар.
4 Агар ўзингизни мана шу бола сингари, паст тутсангиз, Осмон Шоҳлигида энг каттаси бўласиз.
5 Ким шундай бир болани Менинг номимдан қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади.
Васваса ва гуноҳ ҳақида
6 Менга ишонган шу кичикларнинг биронтасини йўлдан оздирган одамнинг ҳолига вой. Бундай қилгандан кўра, ўша одамнинг бўйнига тегирмон тошини осиб, денгиз тубига чўктирилгани ўзи учун яхшироқ бўлар эди.
7 Одамларни йўлдан оздирадиган васвасалар дастидан бу дунёнинг ҳолига вой! Васвасалар албатта келади, лекин васвасага сабабчи бўлган одамнинг ҳолига вой!
8 Агар йўлдан озишингга қўлинг ёки оёғинг сабабчи бўлса, уни чопиб ташлаб, улоқтириб юбор. Икки қўл ёки икки оёқ билан абадий оловга ташлангандан кўра, майиб ёки чўлоқ бўлиб абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир.
9 Агар йўлдан озишингга кўзинг сабабчи бўлса, уни ўйиб олиб, улоқтириб юбор. Икки кўзинг билан дўзах оловига тушгандан кўра, бир кўзинг билан абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир.
Адашган қўй ҳақида масал
10-11 Эҳтиёт бўлинглар, бу кичиклардан биронтасини ҳам хор қилманглар. Сизларга шуни айтай: самода уларнинг фаришталари доимо самовий Отамнинг жамолини кўриб туради.
12 Нима деб ўйлайсиз: агар бир одамнинг юзта қўйи бўлса–ю, улардан бири адашиб қолса, у тўқсон тўққизтасини тоғларда қолдириб, адашиб қолганини излаб кетмайдими?!
13 Агарда уни топиб олса, сизга чинини айтай: адашмаган тўқсон тўққизтасидан кўра, шу битта қўй учун у кўпроқ севинади.
14 Шу сингари осмондаги Отангиз ҳам бу кичиклардан биронтасининг йўқолиб қолишини истамайди.
Гуноҳ қилган биродарга муносабат
15 Агар биродарингиз сизга қарши гуноҳ қилса, унинг олдига боринг. У билан якка ҳолда гаплашиб айбини юзига айтинг. Агар у сизга қулоқ солса, сиз орангиздаги биродарлик ришталарини тиклаган бўласиз.
16 Агар сизга қулоқ солмаса, ўзингиз билан яна бир ёки икки кишини олиб боринг, чунки «ҳар бир масала иккита ёки учта гувоҳнинг сўзлари асосида кўриб чиқилади.»
17 Агар биродарингиз уларга ҳам қулоқ солмаса, имонлилар жамоатига айтинг. Агар имонлилар жамоатига ҳам қулоқ солмаса, уни бутпараст ёки солиқчи деб ҳисоблаб, у билан алоқани узинг.
18 Сизларга чинини айтайин: ер юзида сизлар нимани тақиқласангизлар, самода ҳам тақиқланади. Ер юзида сизлар нимага ижозат берсангизлар, самода ҳам ижозат берилади.
19 Сизларга яна шуни ҳам айтай: ораларингиздан иккитангиз якдил бўлиб бирон нарса учун ибодат қилсангизлар, осмондаги Отам тилагингизни бажаради.
20 Қаерда икки ёки уч киши Менинг номим учун йиғилса, Мен ўша ерда уларнинг орасида бўламан.”
Раҳмсиз хизматкор ҳақида масал
21 Шундан кейин Бутрус келиб Исога деди: “Ҳазрат, агар биродарим менга қарши гуноҳ қилса, уни неча марта кечирай? Етти мартами?”
22 “Сизларга шуни айтай: етти марта эмас, — деди Исо, — балки етмиш карра етти марта.
23 Шу сабабли Осмон Шоҳлигини бир шоҳга қиёслаш мумкин. Шоҳ ўз хизматкорлари билан ҳисоб–китоб қилмоқчи бўлибди.
24 Ҳисоб–китобни бошлаганда, унинг ҳузурига минг–минглаб тилла танга қарздор бўлган хизматкорини олиб келибдилар.
25 Лекин қарз тўлашга қурби етмагани учун шоҳ унга:
— Ўзингни, хотинингни, болаларингни ва бутун мол–мулкингни сотиб, қарзингни тўлайсан, — деб буюрибди.
26 Хизматкор шоҳнинг оёғига йиқилиб:
— Озгина сабр қилинг, ҳамма қарзимни тўлайман, — дебди.
27 Хизматкорига шоҳнинг раҳми келибди. Шоҳ уни қўйиб юбориб, қарзидан кечибди.
28 Хизматкор эса ташқарига чиқиб, ўзидан юз кумуш танга қарздор бўлган бир шеригини учратиб қолибди. Уни ёқасидан олиб:
— Қарзингни тўла! — деб бўға бошлабди.
29 Шериги эса унинг оёқларига йиқилиб:
— Озгина сабр қилинг, қарзимни тўлайман, — деб ёлворибди.
30 Аммо у кўнмабди:
— Қарзингни тўламагунингча зиндонда ётасан, — деб шеригини қаматиб қўйибди.
31 Бошқа хизматкорлар юз берган воқеани кўриб, хафа бўлибдилар. Шоҳнинг ҳузурига бориб, ҳаммасини айтиб берибдилар.
32 Шунда шоҳ хизматкорини ҳузурига чақириб:
— Эй ярамас хизматкор! — дебди. — Менга ёлворганинг учун барча қарзингдан кечдим.
33 Мен сенга раҳм қилганимдай, сен ҳам шеригингга раҳм қилсанг бўлмасмиди?!
34 Ғазабланган шоҳ хизматкорини зиндонбоннинг қўлига топшириб:
— Ҳамма қарзини тўламагунча унга азоб беринглар, — деб буюрибди.
35 Хуллас, агар сизлар биродарингизни чин дилдан кечирмасангиз, осмондаги Отам сизларни ҳам шу кўйга солади.”
Никоҳ ва ажралиш ҳақида
1 Исо бу гапларини тугатгандан кейин, Жалила ҳудудини тарк этди. У Иордан дарёсининг шарқ томонига, Яҳудия ўлкасининг нариги томонига борди.
2 Бир талай оломон Исога эргашиб борган эди. Исо у ерда хасталарга шифо берди.
3 Бир неча фарзийлар Исонинг олдига келдилар ва Уни синамоқчи бўлиб сўрадилар:
— Қонунга кўра, эркак киши ҳар қандай сабаб билан ўз хотинидан ажралиши мумкинми?
4 Исо уларга шундай жавоб берди:
— Наҳотки сизлар: азалда Яратувчи “одамларни эркагу аёл қилиб яратди” деган сўзларни ўқимаган бўлсангизлар?
5 “Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.”
6 Бунга кўра, улар энди икки эмас, балки бир тан ҳисобланадилар. Худо бирга қўшганни бандаси ажратмасин.
7 Фарзийлар эса Исога дедилар:
— Ундай бўлса, нима учун Мусо, эркак ўз хотинига талоқ хатини ёзиб бериб, жўнатиб юборсин, деб амр берган?
8 Исо уларга шундай жавоб берди:
— Сизлар бағри тош бўлганларингиз учун Мусо хотинларингиз билан ажрашишга ижозат берган, аммо азалда бундай бўлмаган.
9 Мен сизларга шуни айтайин: ким бевафоликдан бошқа сабаб туфайли ўз хотини билан ажрашиб, бошқасига уйланса, зино қилган бўлади.
10 Шогирдлар Исога дедилар:
— Агар эркакнинг хотинига нисбатан шундай мажбурияти бўлса, уйланмаган яхшироқ экан–да!
11 Исо эса шогирдларига:
— Ҳа, бу таълимотимни ҳамма ҳам қабул қилавермайди, — деди. — Бу таълимотим Худо атаган одамларгагина тегишли.
12 Баъзи эркакларнинг уйлана олмаслигига айрим сабаблар бор: баъзиларнинг эркаклиги туғма заифдир. Бошқалари эса одамлар томонидан бичилган. Яна бошқалари Осмон Шоҳлиги йўлида уйланишдан воз кечадилар. Бу таълимотни қабул қила оладиган қабул қилсин.
Исо болаларни дуо қилади
13 Исо болаларимизга қўл қўйиб дуо қилсин деб, одамлар Исонинг олдига болаларни олиб келишди. Шогирдлар эса болаларни олиб келган одамларни койидилар.
14 Аммо Исо деди:
— Болаларга йўл беринглар, Менинг олдимга келишларига тўсқинлик қилманглар! Зеро, Осмон Шоҳлиги шундайларникидир.
15 Исо болаларнинг бошига қўл қўйиб, дуо қилди, кейин Ўз йўлига кетди.
Бойлик ва абадий ҳаёт
16 Шу маҳал бир одам Исонинг ёнига келиб:
— Устоз! Абадий ҳаётга эга бўлишим учун қандай яхши иш қилишим керак? — деб сўради.
17 Исо унга деди:
— Нега Мендан яхши иш тўғрисида сўраяпсан? Фақатгина Худо яхши–ку! Абадий ҳаётдан баҳраманд бўлишни истасанг, Худонинг амрларига риоя қилгин.
18 — Қайсиларига? — деб сўради у. Исо деди:
— “Қотиллик қилма. Зино қилма. Ўғрилик қилма. Ёлғон гувоҳлик берма.
19 Ота–онангни ҳурмат қил. Ўзгани ўзингни севгандай севгин” деган амрларга.
20 Йигит Унга деди:
— Буларнинг ҳаммасига амал қилиб келаман. Яна нима қилишим керак?
21 Исо йигитга айтди:
— Агар комил бўлишни истасанг, бориб, мол–мулкингни сотиб, пулини камбағалларга тарқат. Шунда самода хазинанг бўлади. Кейин келиб, Менга эргашгин.
22 Йигит бу сўзларни эшитиб, ғамгин бўлиб қайтиб кетди, чунки унинг мол–мулки кўп эди.
23 Исо шогирдларига деди:
— Сизга чинини айтайин: бой одамнинг Осмон Шоҳлигига кириши қийин бўлади.
24 Сизларга яна шуни айтай: бойнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир.
25 Шогирдлар буни эшитиб, ғоят ажабланишди ва:
— Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан? — дейишди.
26 Исо уларга кўз тикиб деди:
— Инсон учун бу имконсиздир, лекин Худо учун ҳамма нарсанинг имкони бор.
27 Шунда Бутрус деди:
— Мана, биз уй–жойимизни ташлаб, Сизнинг орқангиздан эргашиб келдик. Бунинг эвазига нима оламиз?
28 Исо уларга шундай жавоб берди: “Сизга чинини айтайин: ҳамма нарса янгиланганда ва Инсон Ўғли Ўзининг улуғвор тахтида ўтирганда, Менинг орқамдан эргашиб келган сизлар ҳам ўн иккита тахтга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласига ҳукмронлик қиласизлар.
29 Мен учун уй–жойини, ака–укаларини, опа–сингилларини, ота–онасини, болаларини ёки ер–мулкини ташлаб кетган ҳар бир киши булардан юз ҳисса ортиқроғини олиб, абадий ҳаётга эга бўлади.
30 Аммо биринчи бўлганларнинг кўплари охирги бўладилар, охиргилар эса биринчи бўладилар.
Мардикорлар ҳақида масал
1 Осмон Шоҳлиги эрта саҳарда узумзорига мардикорлар ёллагани чиққан боғ эгасига ўхшайди.
2 Боғ эгаси мардикорларга, сизларга бир кумуш тангадан, одатдаги бир кунлик иш ҳақини тўлайман, деб улар билан келишибди. Сўнг уларни ўзининг узумзорига юборибди.
3 Соат тўққизларда у бозор майдонига чиққан экан, бекор турган бир неча одамларни кўриб,
4 уларга:
— Сизлар ҳам менинг узумзоримга боринглар, тегишли иш ҳақингизни тўлайман, — дебди. Улар борибди.
5 Боғ эгаси соат ўн иккиларда ва учда бозор майдонига чиқиб, яна шундай қилибди.
6 Соат бешларда тағин бозор майдонига борса, бекор турган яна бошқаларни кўрибди–да:
— Нега сизлар бу ерда кун бўйи бекор турибсизлар? — деб сўрабди.
7 Улар:
— Ҳеч ким бизни ишга ёлламади, — деб жавоб берибдилар. Шунда боғ эгаси:
— Сизлар ҳам менинг узумзоримга бориб ишланглар, — дебди.
8 Кеч бўлганда, узумзор эгаси ўзининг ишбошисига:
— Мардикорларни чақириб, уларга иш ҳақларини бер. Охир келганлардан бошлагин, биринчи келганларга охирида берасан, — деб буюрибди.
9 Шундай қилиб, соат бешларда иш бошлаганлар бир кумуш тангадан олишибди.
10 Биринчи келганларга ҳақ тўлаш навбати келганда, улар: “Биз кўпроқ оламиз”, деб ўйлабдилар. Аммо уларнинг ҳар бирига ҳам бир кумуш тангадан берилибди.
11 Улар пулларини олгач, боғ эгасига норозилигини билдира бошлашибди:
12 — Манави охирги келганлар бир соатгина ишлашди, биз эса кун бўйи жазирамада меҳнат қилдик. Аммо сиз бизнинг меҳнатимизни уларнинг қилган иши билан тенг кўрдингиз.
13 Боғ эгаси улардан бирига шундай деди:
— Дўстим, мен сенга ноҳақлик қилганим йўқ. Сен билан бир кумуш тангага келишган эдик–ку!
14 Энди ҳақингни олгин–у, жўна. Мана бу охирги келганларга сен билан баравар иш ҳақи беришни хоҳладим.
15 Ўзимнинг пулимни хоҳлаганимча сарф қила олишга ҳақим йўқми?! Ёки менинг сахийлигимни кўролмаяпсанми?
16 Шундай қилиб, охиргилар биринчи бўладилар, биринчилар эса охирги бўладилар.”
Исо Ўз ўлими тўғрисида учинчи марта гапиради
17 Исо Қуддусга кетаётганда, ўн икки шогирдини четга олиб, уларга деди:
18 — Мана, биз Қуддусга кетяпмиз. У ерда Инсон Ўғли бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари қўлига тутиб берилади. Улар Инсон Ўғлини ўлимга маҳкум қиладилар.
19 Сўнг ғайрияҳудийларга топширадилар. Ғайрияҳудийлар Уни ҳақоратлайдилар, қамчилайдилар ва хочга михлайдилар. Аммо учинчи куни У тирилади.
Бир онанинг тилаги
20 Ўша пайтда Забадиёнинг хотини икки ўғлини бошлаб, Исонинг олдига келди. У Исодан бир нарса илтимос қилмоқчи бўлиб, Унга таъзим қилди.
21 Исо аёлдан:
— Нима истайсиз? — деб сўради.
— Шоҳлигингизда ўғилларимнинг бири Сизнинг ўнг томонингизда, бири чап томонингизда ўтирсин! — деди Унга аёл.
22 Исо шундай деди:
— Сизлар нима сўраётганингизни билмайсизлар. Мен ичадиган азоб косасидан сизлар ича оласизларми?
— Ича оламиз! — деб жавоб берди улар.
23 Исо уларга деди:
— Сизлар–ку Мен ичадиган азоб косасидан ичасизлар, аммо Менинг ўнг ва чап томонимда ўтиришга рухсат бериш Ўз ихтиёримда эмас. Бу ўринни осмондаги Отам кимларга атаган бўлса, ўшаларники бўлади.
24 Қолган ўнта шогирд буни эшитиб, иккала ака–укадан аччиқланиб кетишди.
25 Исо эса уларни ёнига чақириб, деди:
— Бутпарастларга қаранглар, уларнинг ҳукмдорлари халқларига ўз ҳукмини ўтказадилар, катта амалдорлари элга зўравонлик қиладилар.
26 Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Аксинча, орангизда ким катта бўлишни истаса, сизларга хизмат қилсин.
27 Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, сизларга қул бўлсин.
28 Ахир, Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи бошқаларга хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни озод қилиш учун келган.
Исо икки кўрга шифо беради
29 Исо билан шогирдлари Ериходан кетар эканлар, бир талай оломон Исога эргашди.
30 Йўл бўйида иккита кўр одам ўтирган эди. Улар олдиларидан Исо ўтиб кетаётганини эшитиб:
— Эй Ҳазрат, Довуд Ўғли, бизларга раҳм қилинг! — деб бақирдилар.
31 Оломон эса:
— Жим бўлинглар! — деб уларга дўқ қилди. Улар эса янада қаттиқроқ бақириб:
— Эй Ҳазрат, Довуд Ўғли, бизларга раҳм қилинг! — деб фарёд қилишарди.
32 Исо тўхтаб, уларни ёнига чақирди–да:
— Мендан нима истайсизлар? — деб сўради.
33 Улар:
— Ҳазрат, кўзларимиз очилсин! — дейишди.
34 Исонинг уларга раҳми келиб, кўзларига қўл теккизди. Шу заҳоти уларнинг кўзлари очилди. Сўнг улар Исонинг ортидан эргашдилар.
Исо Қуддусга тантанали киради
1 Исо билан шогирдлари Қуддусга яқинлашиб, Зайтун тоғи этагидаги Байтфагия қишлоғига етиб келишганда, Исо икки шогирдига деди:
2 — Анави қишлоққа боринглар. У ерга боришингиз биланоқ, боғлаб қўйилган эшакни ва ёнидаги хўтикни кўрасизлар. Уларни ечиб, Менинг олдимга олиб келинглар.
3 Агар кимдир сизга бирон нима деса, “Булар Раббимиз Масиҳга керак. У дарҳол буларни қайтариб юборади”, деб айтинглар.
4 Бу воқеа пайғамбарнинг айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлиши учун юз берган эди:
5 “Қуддус халқига айтинг:
Мана Шоҳингиз келяпти.
Камтариндир Шоҳингиз,
У эшакнинг устида,
Ҳа, эшакнинг боласини —
Хўтикни миниб келяпти.”
6 Шогирдлар бориб, Исо уларга буюрганидай қилишди.
7 Улар эшак билан хўтикни Исонинг олдига олиб келишди. Эшак ва хўтик устига тўнларини ташлашди, Исо хўтикка минди.
8 Бир талай оломон тўнларини йўлга пойандоз қилди. Баъзилари эса дарахт шохларини кесиб, йўлга тўшадилар.
9 Олдинда ва орқада юраётган оломон шундай деб ҳайқирарди:
“Довуд Ўғлига тасанно!
Эгамиз номидан келаётган Инсон барака топсин!
Фалак тоқида Унга тасанно ўқилсин!”
10 Исо Қуддусга кириб келганда, бутун шаҳар: “Бу ким бўлди?” деб ғимирлаб қолди.
11 Оломон эса шундай деб жавоб берарди: “У Жалиланинг Носира шаҳридан бўлган Исо пайғамбар!”
Исо сотувчиларни Маъбаддан қувади
12 Исо Маъбадга кириб, ичкарида олди–сотди қилаётган ҳаммани қувиб чиқарди. Саррофларнинг хонтахталарини ва каптар сотувчиларнинг курсиларини ағдариб юборди.
13 Исо уларга шундай деди:
— “Менинг уйим, ибодат уйи деб аталади”, деб Тавротда ёзилган–ку! Сизлар эса Худонинг уйини қароқчилар уясига айлантириб юборибсизлар!
14 Маъбадда Исонинг олдига кўрлар ва чўлоқлар келди. Исо уларга шифо берди.
15 Бош руҳонийлар билан Таврот тафсирчилари Исонинг қилаётган ажойиб ишларини кўриб ва Маъбаддаги болаларнинг: “Довуд Ўғлига тасанно!” деб ҳайқираётганини эшитиб, қаттиқ ғазабландилар.
16 — Уларнинг нима деяётганларини эшитяпсанми? — дедилар Унга.
— Ҳа, эшитяпман! — деб жавоб берди Исо. — Наҳотки сизлар: “Сен болалар ва чақалоқларга мадҳия айтишни ўргатдинг” деган сўзларни ҳеч қачон ўқимаган бўлсангиз?
17 Сўнг Исо уларни тарк этиб, Қуддусдан чиқиб кетди. У Байтания қишлоғига бориб, у ерда тунаб қолди.
Қуриб қолган анжир дарахти
18 Эрталаб Исо шаҳарга қайтиб келаётганда оч эди.
19 Йўл четида бир анжир дарахтини кўриб, унинг ёнига борди. Исо барглардан бошқа ҳеч нарса топмай, дарахтга:
— Бундан буён сенда асло мева бўлмасин! — деди. Анжир дарахти шу заҳоти қуриб қолди.
20 Шогирдлар буни кўриб:
— Қандай қилиб анжир дарахти дарров қуриб қолди? — деб ҳайрон бўлдилар.
21 Исо уларга шундай деди:
— Сизларга чинини айтайин, агар шубҳаланмай ишонсангиз, нафақат анжир дарахтини шу кўйга сола оласиз, балки мана бу тоққа: “Қўпорилиб, денгизга отил”, — десангиз, айтганингиз бўлади.
22 Ишонинг, шунда ибодатда нимаики сўрасангиз, оласиз.
Исонинг ҳокимияти ҳақида савол
23 Исо Маъбадга кириб таълим бераётганда, бош руҳонийлар ва халқ йўлбошчилари Унинг олдига келиб, савол бердилар:
— Сиз бу ишларни қандай ҳокимият билан қиляпсиз? Бу ҳокимиятни Сизга ким берган?
24 Исо уларга шундай жавоб берди:
— Мен ҳам сизларга бир савол берайин. Агар Менга жавоб берсангизлар, Мен ҳам бу ишларни қандай ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтаман.
25 Яҳё халқни сувга чўмдириш ҳуқуқини Худодан олганмиди ёки инсонданми?
Улар эса ўзаро мулоҳаза юритдилар:
— Агар: “Худодан”, — десак, У: “Нега Яҳёга ишонмадингизлар?” — дейди.
26 Агар: “Инсондан”, — десак, халқдан қўрқамиз, чунки ҳамма Яҳёни пайғамбар деб ҳисоблайди.
27 Шундай қилиб, улар Исога:
— Билмаймиз, — деб жавоб бердилар. Исо уларга деди:
— Ундай бўлса, Мен ҳам бу ишларни қайси ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтмайман.
Икки ўғил ҳақида масал
28 Сўнг Исо уларга деди: “Сизлар мана бунга нима дейсизлар? Бир одамнинг икки ўғли бор экан. У катта ўғлининг ёнига келиб:
— Ўғлим, бор, бугун узумзорда ишла, — дебди.
29 — Бормайман! — дебди ўғил. Аммо кейин айтган гапига пушаймон бўлиб, борибди.
30 Ота кенжа ўғлининг олдига бориб, ўша гапини айтибди. Бу ўғил:
— Бўпти, бораман, ота, — дебди, аммо бормабди.
31 Икковидан қайси бири отасининг хоҳишини бажарди?”
“Биринчиси”, — деб жавоб берди улар.
Исо уларга: “Сизларга чинини айтайин, — деди. — Солиқчилар билан фоҳишалар Худонинг Шоҳлигига сизлардан олдин кириб борадилар.
32 Чунки Яҳё чўмдирувчи сизнинг олдингизга тўғри йўлни кўрсатгани келди, аммо сизлар унга ишонмадингизлар. Солиқчилар билан фоҳишалар эса ишонишди. Сизлар буни кўриб туриб ҳам пушаймон бўлмадингизлар, ишонмадингизлар.
Ёвуз боғбонлар ҳақида масал
33 Энди бошқа бир масални эшитинглар: бир ер эгаси бор экан. У узумзор барпо қилибди. Атроф–теварагини девор билан ўраб, узум сиқиш чуқурини қазибди, кузатув минорасини қурибди. Кейин узумзорни боғбонларга ижарага бериб, ўзи сафарга кетибди.
34 Йиғим–терим мавсумида хўжайин: «Ҳосилдан менга тегишли улушни олиб келинглар», деб хизматкорларини боғбонлар олдига юборибди.
35 Боғбонлар эса унинг хизматкорларини тутиб олишибди, бирини уриб, бирини ўлдириб, бошқа бирини эса тошбўрон қилишибди.
36 Шундан кейин у олдингидан кўпроқ хизматкорларини боғбонлар олдига жўнатибди. Боғбонлар эса улар билан ҳам худди шундай қилишибди.
37 Охирида узумзор эгаси:
— Ўғлимни албатта ҳурмат этадилар, — деб боғбонлар олдига ўз ўғлини юборибди.
38 Аммо боғбонлар унинг ўғлини кўрганларида бир–бирига:
— Бу меросхўр–ку! Келинглар, уни ўлдириб, меросига эга бўлайлик, — дейишибди.
39 Уни тутиб, узумзордан ташқарига чиқариб, ўлдиришибди.
40 Хўш, сизнингча, узумзорнинг эгаси қайтиб келганда, у боғбонларни нима қилади?”
41 “У бу ярамасларни шафқатсизларча ўлдиради, — деб жавоб берди улар. — Узумзорни эса бошқа боғбонларга ижарага беради. Бу боғбонлар узум ҳосилини унга ўз вақтида беришади.”
42 Исо уларга деди: “Наҳотки сизлар Муқаддас битиклардаги шу сўзларни ҳеч ўқимаган бўлсангиз:
«Бинокорлар рад этган тош
Бинонинг тамал тоши бўлди.
Бу Эгамизнинг қилган ишидир,
Кўз олдимиздаги ажойиботдир.»
43 Шунинг учун сизларга айтаман: Худонинг Шоҳлиги сизлардан тортиб олинади ва Шоҳлик учун ҳосил етиштирадиган одамларга берилади.
44 Ким бу тамал тошига йиқилса, парча–парча бўлади. Тош кимнинг устига тушса, уни эзиб юборади.”
45 Бош руҳонийлар ва фарзийлар бу масални эшитиб, Исо улар ҳақида гапирганини тушундилар.
46 Уни ҳибсга олмоқчи бўлдилар, аммо халқдан қўрқдилар. Чунки халқ Исони пайғамбар деб билар эди.
Тўй зиёфати ҳақида масал
1 Исо одамларга яна масаллар билан гапира бошлади:
2 “Осмон Шоҳлигини ўғлига тўй зиёфати берган шоҳга қиёсласа бўлади.
3 Шоҳ тўйга таклиф этилган меҳмонларни чақириш учун хизматкорларини юборибди. Меҳмонлар эса келишни хоҳламабдилар.
4 Шоҳ яна бошқа хизматкорларини юбориб, шундай дебди:
— Таклиф этилганларга айтинглар: мен зиёфат дастурхонини тайёрлаб қўйдим, буқаю бўрдоқиларим сўйилди, ҳаммаси тайёр. Тўйга келаверинглар!
5 Бироқ улар бу таклифни ҳам назарга илмабдилар, бири даласига, бошқаси ўз ишига кетибди.
6 Қолганлар эса шоҳ хизматкорларини тутиб, хўрлаб, ўлдиришибди.
7 Шоҳ буни эшитиб, ғазабланибди. Лашкарини юбориб, қотилларни қатл қилдирибди, шаҳарларини эса ёндириб кул қилибди.
8 Шундан кейин у хизматкорларига айтибди:
— Тўй зиёфати тайёр, лекин таклиф этилганлар бунга муносиб эмас эканлар.
9 Шунинг учун чорраҳаларга боринглар, кимни кўрсангиз, тўй зиёфатига таклиф қилинглар.
10 Хизматкорлар йўлга чиқиб, учратганларининг ҳаммасини — ёмонларни ҳам, яхшиларни ҳам йиғиб келибдилар. Хуллас, тўйхона меҳмонларга тўлибди.
11 Шоҳ меҳмонларни кўриш учун кирганда, у ерда тўй кийимини киймаган бир одамни кўрибди
12 ва ундан:
— Дўстим, тўй кийимисиз бу ерга қандай кирдингиз? — деб сўрабди, у ҳеч қандай жавоб бера олмабди.
13 Шунда шоҳ хизматкорларига айтибди:
— Бу одамнинг қўл–оёқларини боғлаб, ташқарига, қоронғиликка ташланглар. У ерда у қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекади.
14 Ахир, даъват этилганлар кўп, аммо танланганлар оздир.”
Солиқ тўлаш ҳақида савол
15 Шунда фарзийлар келиб, Исони тилидан илинтириш учун режа туздилар.
16 Улар ўз шогирдларини Ҳирод тарафдорлари билан бирга Исонинг олдига юборишди.
— Устоз, — дейишди улар, — Сиз одил эканингизни биламиз. Сиз Худонинг йўлини тўғри ўргатасиз. Бирор кишига хушомадгўйлик, юз–хотирчилик қилмайсиз.
17 Бизга айтинг–чи, Қайсарга солиқ тўлашимиз тўғрими ёки йўқми?
18 Аммо Исо уларнинг нияти ёмон эканини билиб турарди. У шундай деди:
— Ҳой иккиюзламачилар! Нима, Мени синаб кўрмоқчимисизлар?
19 Солиққа тўланадиган тангани Менга кўрсатинглар.
Улар Исога бир динор келтирдилар.
20 — Бу сурат ва ёзув кимники? — деб сўради Исо.
21 — Қайсарники, — деб жавоб берди улар.
— Ундай бўлса, Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, — деди Исо.
22 Улар буни эшитиб лол қолдилар. Исони ўз ҳолига қўйиб, қайтиб кетдилар.
Ўликларнинг тирилиши ҳақида савол
23 Саддуқийлар ўликларнинг тирилишини инкор этардилар. Уларнинг баъзилари ўша куни Исонинг олдига келиб, шундай савол бердилар:
24 — Устоз! Мусо айтган эдики: “Агар одам фарзанд кўрмай ўлиб кетса, марҳумнинг укаси акасининг хотинига уйланиб, акаси учун фарзандни дунёга келтирсин.”
25 Хўш, бизда етти ака–ука бор эди. Биринчиси уйланди, аммо фарзанд кўрмай оламдан ўтди, хотини эса укасига қолди.
26 Иккинчи, учинчи, ҳатто еттинчисигача, ҳаммасининг бошига шу кўргилик тушди.
27 Охирида хотин ҳам қазо қилди.
28 Айтинг–чи, Худо одамларни тирилтирганда хотин еттовидан қайси бирининг хотини ҳисобланади? Ахир, ҳаммаси унга уйланган эди–ку.
29 Исо уларга шундай жавоб берди:
— Сизлар Муқаддас битикларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмайсизлар, ана шу сабабдан адашяпсизлар.
30 Ўликлар тирилганда уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар, балки бамисоли самодаги фаришталардай бўладилар.
31 Ўликларнинг тирилиши ҳақидаги масалага келсак: наҳотки Худонинг сизларга айтган гапларини ҳеч қачон ўқимаган бўлсангизлар?!
32 У: “Мен Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман”, — деган–ку! Ахир, Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир.
33 Оломон буни эшитиб, Исонинг таълимотидан ҳайратда қолди.
Энг буюк амр
34 Исо саддуқийларни мот қилиб қўйганини эшитиб, фарзийлар бир жойга йиғилдилар.
35 Исони синаш мақсадида улардан бири — Таврот тафсирчиси Унга шундай савол берди:
36 — Устоз, Тавротдаги қайси амр энг буюк?
37 Исо унга деди:
— “Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан севинг.”
38 Бу биринчи ва энг буюк амр.
39 Иккинчиси эса шунга ўхшашдир: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.”
40 Бутун Таврот ва пайғамбарларнинг ҳамма битиклари мана шу икки амрга таянади.
Масиҳ кимнинг ўғли?
41 Фарзийлар йиғилишганда, Исо улардан сўради:
42 — Масиҳ ҳақида нима деб ўйлайсизлар? У кимнинг ўғли?
— Довуднинг Ўғли, — деб жавоб берди улар.
43 Исо уларга деди:
— Ундай бўлса, қандай қилиб Довуд Муқаддас Руҳ орқали Масиҳни Раббим деб айтади? Довуд шундай деган эди:
44 “Эгамиз айтмоқда Раббимга:
Душманларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча,
Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.”
45 Агар Довуд Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ Довуднинг Ўғли бўлади?!
46 Исонинг саволига ҳеч ким жавоб бера олмади. Ўша кундан бошлаб ҳеч ким Унга савол беришга журъат этолмайдиган бўлди.
Сохта ва чин тақводорлик
1 Шундан кейин Исо оломонга ва шогирдларига гапирди:
2 “Қонунни изоҳлаш ҳуқуқи Таврот тафсирчилари ва фарзийларга берилган.
3 Шу боис уларга қулоқ солинглар, айтганини қилинглар, аммо қилганини қилманглар! Чунки улар ўзлари айтганларни қилмайдилар.
4 Улар кўтариб бўлмайдиган оғир юкни бировларга юклайдилар, ўзлари эса ёрдам бериш учун ҳатто бармоғини ҳам қимирлатмайдилар.
5 Ҳамма ишларини бошқалар кўрсин деб қиладилар. Пешаналарига таққан нишоналарини каттароқ, кийимларининг попукларини узунроқ қиладилар.
6 Шунингдек, зиёфатларда тўрга чиқишни ва синагогаларда яхши жойларда ўтиришни ёқтирадилар.
7 Бозорларда одамлар уларга салом беришларини, «устоз» деб мурожаат этишларини яхши кўрадилар.
8 Аммо сизларни ҳеч ким «устоз» деб чақирмасин, чунки ҳаммангизнинг битта Устозингиз бор. Сизлар эса бир тенг биродару опа–сингилсизлар.
9 Ер юзида ҳеч кимни ота деб айтманг, чунки сизларнинг самода ягона Отангиз бор.
10 Ҳеч ким сизларни «йўлбошчи» деб ҳам айтмасин, чунки сизларнинг яккаю ягона йўлбошчингиз Масиҳдир.
11 Орангизда ким бош бўлса, сизларга хизмат қилсин.
12 Зотан, ўзини ўзи юксалтирган камситилади, ўзини паст тутган эса юксалтирилади.
Исо Таврот тафсирчиларига ва фарзийларга таъна қилади
13-14 Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Ахир, сизлар одамлар кирмасин деб, Осмон Шоҳлиги эшикларини беркитиб қўйяпсизлар. У ерга ўзларингиз ҳам кирмаяпсизлар, кирмоқчи бўлганларни ҳам киргизмаяпсизлар.
15 Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Ахир, сизлар ҳеч бўлмаса бир кишини ўз динингизга киритиш учун денгизу қуруқликни кезиб чиқасизлар. Ниятингизга эришганингизда эса, уни ўзингиздан беш баттар дўзахи одам қиласизлар.
16 Эй кўр етакчилар, ҳолингизга вой! Сизлар: «Ким Маъбад ҳақи деб қасам ичса, у қасамини бажармаса ҳам бўлади, аммо ким Маъбад олтини ҳақи деб қасам ичса, ўз қасамини бажариши шарт», дейсиз.
17 Ҳой кўр нодонлар! Қайси бири буюкроқ: Маъбаднинг олтиними ёки олтинни муқаддас қилган Маъбаднинг ўзими?!
18 Яна сизлар шундай деб айтасизлар: «Ким қурбонгоҳ ҳақи деб қасам ичса, у қасамини бажармаса ҳам бўлади, аммо ким қурбонгоҳдаги қурбонлик ҳақи деб қасам ичса, қасамини бажариши шарт», дейсизлар.
19 Шу қадар кўр бўлмасангиз–а! Қайси бири буюкроқ: қурбонликми ёки қурбонликни муқаддас қилган қурбонгоҳми?
20 Ахир, қурбонгоҳ ҳақи деб қасам ичган, ҳам қурбонгоҳнинг ўзи, ҳам ундаги барча қурбонликлар ҳақи қасам ичган бўлади–ку!
21 Маъбад ҳақи деб қасам ичган эса, ҳам Маъбаднинг ўзи, ҳам Маъбадда яшайдиган Худо ҳақи қасам ичган бўлади.
22 Осмон ҳақи деб қасам ичган эса, осмондаги Худонинг тахти ва тахтда ўтирган Худонинг Ўзи ҳақи қасам ичган бўлади.
23 Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Сизлар ялпиз, укроп ва зирадан ушр берасизлар, аммо қонуннинг адолат, шафқат ва имон каби энг муҳим таълимотларини писанд қилмайсизлар. Буларнинг бирини бажара туриб, иккинчисини ҳам ташлаб қўймаслигингиз керак эди.
24 Ҳой кўр етакчилар! Сизлар ичимлигингиздан чивинни сузиб оласизлар, аммо туяни бутунлигича ютиб юборасизлар!
25 Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Сизлар пиёлаю лаганингизнинг сиртини тозалайсизлар–у, аммо ичи очкўзлик ва худбинликка тўла.
26 Эй кўр фарзий! Сен, аввало, пиёла ва лаганнинг ичини тозалаб ол, шунда уларнинг сирти ҳам тоза бўлади.
27 Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Чунки сизлар оҳакланган қабрларга ўхшайсизлар: қабрларнинг ташқи томони чиройли, аммо ичи мурдаларнинг суякларига ва ҳар хил ифлосликларга тўла.
28 Шу сингари, сизлар ҳам ташқи томондан бошқаларга тақводор бўлиб кўринасиз, аммо ичингиз иккиюзламачиликка ва гуноҳга тўла.
Сохта тақводорлар оладиган жазо
29 Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Ахир, сизлар пайғамбарларга мақбаралар қуриб, тақводорларнинг қабрларини безатиб,
30 шундай дейсизлар: «Агар ота–боболаримиз даврида биз ҳам яшаганимизда эди, уларга қўшилишиб пайғамбарларнинг қонини тўкмаган бўлардик.»
31 Бу билан сизлар пайғамбарларни қатл қилганларнинг ўғиллари эканингизни тан оляпсизлар.
32 Ота–боболарингиз бошлаган ишни охирига етказинглар энди!
33 Ҳой илонлар, заҳарли илонлар зоти! Сизлар дўзах жазосидан қандай қочиб қутуласиз?!
34 Ана шу сабабдан Мен олдингизга пайғамбарларни, донишманду устозларни юбораман. Аммо сизлар уларнинг баъзиларини ўлдирасизлар, баъзиларини хочга михлайсизлар, бошқаларини эса синагогаларингизда қамчилаб, шаҳарма–шаҳар қувғин қиласизлар.
35 Натижада ўлдирилган ҳамма бегуноҳ одамларнинг қони учун сизлар жазоланасизлар. Айбсиз Ҳобилнинг тўкилган қонидан тортиб, қурбонгоҳ билан Маъбад орасида сиз ўлдирган Бархиё ўғли Закариёнинг қони сизнинг гарданингизда бўлади.
36 Ҳа, сизларга чинини айтаман: бу насл ҳамма қотилликлар учун жазо олади.
Исонинг Қуддус учун ноласи
37 Эҳ Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни қатл этиб, ҳузурига юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! Товуқ ўз жўжаларини қанотлари остига қандай тўпласа, Мен ҳам сенинг халқингни бир неча марта шундай тўпламоқчи бўлдим. Лекин сен истамадинг.
38 Эй Қуддус аҳолиси, сизнинг Маъбадингиз ҳувиллаб қолади.
39 Сизга шуни айтай: «Эгамиз номидан келадиган Инсон барака топсин», деб айтмагунингизча, Мени кўрмайсизлар.”
Исо охирзамон ҳақида гапиради
1 Исо Маъбаддан чиқиб кетаётганда, шогирдлари келиб, Исонинг диққатини Маъбаднинг биноларига қаратдилар.
2 Исо уларга деди:
— Буларнинг ҳаммасини кўряпсизми? Сизларга чинини айтайин: булар вайрон бўлади. Бу ерда тош устида турган биронта тош қолмайди.
3 Исо бир Ўзи Зайтун тоғида ўтирганда, шогирдлари Унинг ёнига келиб, сўрашди:
— Бизларга айтинг–чи, бу ҳодисалар қачон юз беради? Сизнинг келишингизни ва охирзамон яқинлашганини нимадан билсак бўлади?
4 Исо уларга шундай жавоб берди: “Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмасин!
5 Чунки кўп кишилар ўзларини Менинг номим билан атаб: «Мен Масиҳман», — деб бир қанча одамни йўлдан оздирадилар.
6 Сизлар узоқ–яқиндаги уруш хабарларини эшитасизлар. Бироқ чўчиманглар! Булар содир бўлиши шарт, аммо бу ҳали охири дегани эмас.
7 Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда қаҳатчилик ва зилзилалар бўлади.
8 Бу ҳодисалар тўлғоқ азобларининг бошланишига ўхшайди.
9 Ўшанда сизларни қийнаш ва ўлдириш учун тутиб берадилар. Менинг номим туфайли ҳамма халқлар сизлардан нафратланади.
10 Шунда кўплар имондан қайтади, улар бир–бирини сотиб, бир–биридан нафратланади.
11 Кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлади, улар кўпларни йўлдан уради.
12 Ёмонлик кўпайгани учун одамлар орасида меҳр–оқибат йўқолади.
13 Лекин охиригача бардош берган нажот топади.
14 Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади, ҳамма халқлар уни эшитади. Шундагина охирзамон келади.
Буюк мусибат ва Исонинг келиши
15 Дониёр пайғамбар айтганидай, кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўладиган макруҳ бир нарсанинг муқаддас жойда турганини кўрганингизда — ўқиган тушуниб олсин!
16 Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин.
17 Томнинг устида бўлганлар уйидан бирон нарса олиш учун пастга тушмасин.
18 Далада бўлганлар эса тўнини олгани қайтиб келмасин.
19 У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой!
20 Қочишингиз қишга ёки Шаббат кунига тўғри келмаслиги учун илтижо қилинглар.
21 Чунки ўша вақтда шундай азоб–уқубатлар бўладики, дунё яратилгандан то ҳозиргача бунақаси бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайди.
22 Лекин танланган одамлар учунгина у кунлар қисқартирилади. Агар ўша кунлар қисқартирилмаганда эди, ҳеч бир жонзот омон қолмасди.
23 Агар ўшанда кимдир сизларга: «Масиҳ мана бу ерда» ёки: «Ана у ерда», деб айтса, ишонманглар.
24 Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложи бўлса, танланган одамларни ҳам йўлдан оздириш учун буюк аломату мўъжизалар кўрсатадилар.
25 Мана, Мен сизларга олдиндан айтиб қўйдим.
26 Шундай қилиб, агар улар сизларга: «Қаранглар! У саҳрода!» деб айтсалар, борманглар. Агар улар: «У яширин жойда», деб айтсалар, ишонманглар.
27 Чунки Инсон Ўғли келганда, Уни ҳамма кўради. У шарқдан ғарбга қадар бутун осмонни ёритиб юборган чақмоқдай бўлади.
28 Калхатлар тўпланган жойда мурда бўлишини ҳамма билади. Менинг келишим ҳам шу сингари, ҳаммага аён бўлади.
29 Ўша кунлардаги азоб–уқубатлар ўтиши биланоқ,
«Қуёш қораяди, ойнинг нури сўнади.
Осмондан юлдузлар қулаб тушади,
Самовий кучлар ларзага келади.»
30 Ўшанда Инсон Ўғлининг аломати осмонда намоён бўлади. Ер юзидаги барча қабилалар қайғуради. Шунда ҳамма одамлар Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли қудратга ва буюк улуғворликка бурканиб, булутларда келади.
31 Карнайнинг баланд садоси остида У фаришталарини ернинг тўрт томонига юборади. Улар дунёнинг бир бурчагидан тортиб, нариги бурчагигача танланган одамларни тўплаб олишади.
Ҳушёр бўлиш ҳақида
32 Анжир дарахтидан сабоқ олинглар: унинг шохлари кўкариб барг чиқараётганда, ёз яқинлашганини биласизлар.
33 Шу сингари, мана бу воқеалар содир бўлганда, билингки, ўша вақт яқинлашиб қолган, остонангизда турибди.
34 Сизларга чинини айтайин: бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади.
35 Еру осмон йўқ бўлиб кетади, аммо Менинг сўзларим кучда қолади.
36 Ўша кун ва соат ҳақида самовий Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўғил ҳам, самодаги фаришталар ҳам билмайдилар.
37 Нуҳ даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли келишида ҳам шундай бўлади.
38 Тўфонгача бўлган даврда одамлар еб–ичардилар, уйланиб, турмушга чиқардилар. Нуҳ кемага киргунга қадар ҳаёт шу зайлда давом этарди.
39 Тўфон келиб, уларнинг ҳаммасини ювиб кетмагунча, улар ҳамма нарсадан бехабар эдилар. Инсон Ўғли келганда ҳам худди шундай бўлади.
40 Ўшанда икки киши далада бўлади, бири олинади, бири қолдирилади.
41 Тегирмон тортаётган икки аёл бўлади, бири олинади, бири қолдирилади.
42 Шунинг учун ҳушёр бўлинглар. Мен — Раббингиз қайси куни келишимни сизлар билмайсизлар.
43 Аммо шуни билиб қўйингки, агар уй эгаси туннинг қай пайтида ўғри келишини билганда эди, у уйғоқ ўтириб, ўғрининг уйга бузиб киришига йўл қўймаган бўларди.
44 Шунга ўхшаб, сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар кутмаган вақтда келади.
Садоқатли ва садоқатсиз хизматкор ҳақида масал
45 Ишончли ва доно хизматкор ким? Хўжайин бундай одамни бошқа хизматкорларига бошлиқ қилиб қўяди, уларга ўз вақтида овқат тарқатишни унга топширади.
46 Хўжайин уйга қайтганда ўша хизматкорини юмуш устида кўрса, хизматкор нақадар бахтлидир!
47 Сизларга чинини айтай: хўжайин ўша хизматкорини бутун мулки устидан бошқарувчи қилиб қўяди.
48 Борди–ю, у хизматкор ёмон бўлиб, кўнглида: «Хўжайиним ҳали бери қайтиб келмайди» деб,
49 бошқа хизматкорларни ура бошласа ва шаробхўрлар билан еб–ичса,
50 хизматкор кутмаган кунда, ўйламаган соатда хўжайини келиб қолади.
51 У хизматкорини қаттиқ жазолаб, бошига иккиюзламачиларнинг кунини солади. Шунда хизматкор қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекади.
Келиннинг ўнта дугонаси ҳақида масал
1 Охирзамон яқинлашганда Осмон Шоҳлигини қуйидагига ўхшатса бўлади: келиннинг ўнта дугонаси мойчироқларини олиб, куёвни қаршилагани чиқишибди.
2 Улардан бештаси нодон, бештаси доно экан.
3 Нодонлари мойчироқларни олишибди–ю, аммо чироқ учун мой олишмабди.
4 Донолари эса мойчироқлари билан бирга идишларда мой ҳам олибдилар.
5 Куёв кечикибди, шу сабабдан ҳаммалари мудраб, ухлаб қолибдилар.
6 Ярим кечаси: «Ана, куёв келяпти! Уни кутиб олгани чиқинглар!» деган бир овоз янграбди.
7 Шунда қизларнинг ҳаммаси ўрнидан туриб, мойчироқларини тайёрлай бошлабдилар.
8 Нодонлари доноларига айтибдилар:
— Бизга ҳам мойингиздан озгина беринглар, чироқларимиз ўчяпти!
9 Донолари эса шундай жавоб берибдилар:
— Йўқ! Бизга ҳам, сизларга ҳам мой етмай қолади. Яхшиси, сотувчиларга бориб, ўзларингизга мой сотиб олинглар.
10 Улар мой сотиб олгани кетишганда, куёв келиб қолибди. Тайёр турган қизлар куёв билан бирга тўйхонага кириб кетишибди. Орқаларидан эшик ёпилибди.
11 Кейин қолган қизлар келиб:
— Ҳазрат! Ҳазрат! Бизга эшикни очинг! — дейишибди.
12 Лекин У:
— Сизларни умуман танимайман, — деб жавоб берибди.
13 Хуллас, ҳушёр бўлинглар, чунки қайси куни, қайси соатда келишимни билмайсизлар.
Учта хизматкор ҳақида масал
14 Яна Осмон Шоҳлигини сафарга жўнаб кетаётган одамга ўхшатса бўлади. У кетишидан олдин хизматкорларини чақириб, ўз мол–мулкини уларга топширибди.
15 У ҳар бирига қобилиятига яраша: бирига беш минг тилла, иккинчисига икки минг тилла, учинчисига эса минг тилла бериб, жўнаб кетибди.
16 Беш минг тилла олган хизматкор вақтни бой бермай, пулни ишга солибди ва яна беш минг тилла даромад олибди.
17 Икки минг тилла олган хизматкор ҳам худди шундай йўл тутиб, икки минг тилла орттирибди.
18 Минг тилла олган хизматкор эса бориб, чуқур қазибди–да, хўжайин берган пулини кўмиб қўйибди.
19 Орадан анча вақт ўтибди. Хўжайин қайтиб келиб, хизматкорларидан ҳисобот сўрабди.
20 Беш минг тилла олган хизматкори орттирган беш минг тиллани ҳам олиб келиб, шундай дебди:
— Хўжайин! Менга беш минг тилла берган эдингиз. Мана, қаранг, мен булардан ташқари яна беш минг тилла ишладим.
21 Хўжайини унга:
— Баракалла! Сен яхши ва ишончли хизматкорсан! — дебди. — Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун сенга катта ишларни ишониб топшираман. Кел, менинг хурсандчилигимга шерик бўл.
22 Икки минг тилла олган хизматкор ҳам келиб:
— Хўжайин! Менга икки минг тилла бергандингиз. Мана, қаранг, мен булардан ташқари яна икки минг тилла ишладим, — дебди.
23 Хўжайини унга:
— Баракалла! Сен яхши ва ишончли хизматкорсан! — дебди. — Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун сенга катта ишларни ишониб топшираман. Кел, менинг хурсандчилигимга шерик бўл.
24 Минг тилла олган хизматкор ҳам келиб шундай дебди:
— Хўжайин! Мен сизнинг қаттиққўл одам эканингизни билардим. Сиз экмаган ердан ўрасиз, ўзингиз етиштирмаган ҳосилни йиғиб оласиз.
25 Шунинг учун мен қўрққанимдан бориб, берган тиллангизни ерга кўмиб қўйган эдим. Мана тиллангиз!
26 Хўжайин унга шундай жавоб берибди:
— Эй ёмон, ялқов хизматкор! Мен экмаган ердан ўришимни, ўзим етиштирмаган ҳосилни йиғиб олишимни билар экансан,
27 пулимни муомалага киритсанг бўлмасмиди?! Мен қайтиб келиб, пулимни фойдаси билан қайтариб олган бўлар эдим.
28 Сўнг хўжайин дебди:
— Қани, ундаги минг тиллани олиб, ўн минг тилласи борга беринглар!
29 Чунки кимда бор бўлса, унга яна берилади ва у мўл–кўлчиликда яшайди. Кимда йўқ бўлса, ҳатто бори ҳам тортиб олинади.
30 Энди бу ярамас хизматкорни ташқарига, қоронғиликка улоқтириб юборинглар. У ерда бу ярамас қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекади.
Қиёмат–қойим сўроғи
31 Инсон Ўғли Ўзининг улуғворлигида, жамики фаришталари билан бирга келганда Ўзининг шоҳона тахтига ўтиради.
32 Барча халқлар Унинг ҳузурига тўпланадилар. Чўпон қўйларни эчкилардан ажратгандай, У халқларни бир–биридан ажратади.
33 У қўйларни ўнг томонига, эчкиларни чап томонига қўяди.
34 Шундан кейин Шоҳ ўнг томонидагиларга айтади:
— Эй самовий Отамнинг баракасини олганлар, келинглар! Шоҳликни мерос қилиб олинглар! Бу шоҳлик олам яратилгандаёқ сизлар учун тайёрлаб қўйилган.
35 Ахир, Мен оч эдим, Менга овқат бердингизлар. Чанқаган эдим, Менга ичимлик бердингизлар. Мусофир эдим, уйингиздан бошпана бердингизлар.
36 Яланғоч эдим, Мени кийинтирдингизлар. Касал эдим, Менга ғамхўрлик қилдингизлар. Зиндонда эдим, Мени келиб кўрдингизлар.
37 Бунга жавобан солиҳлар Унга шундай дейдилар:
— Ё Раббий! Қачон Сени оч ҳолда кўриб, овқат берибмиз?! Қачон чанқаганингни кўриб, бирон нарса ичирибмиз?
38 Мусофир эканингни қачон кўриб, уйимиздан бошпана берибмиз? Яланғоч эканингни қачон кўриб, кийинтирибмиз?
39 Касал ёки зиндонда бўлганингда қачон Сени йўқлаб борибмиз?
40 Шоҳ уларга шундай жавоб беради:
— Сизларга чинини айтайин: сизлар энг кичик биродаримга қилган ҳар қандай яхшилигингизни Менга қилган бўласиз.
41 Сўнг У чап томондагиларга ҳам айтади:
— Эй лаънатилар, кўзимдан йўқолинглар! Иблис ва унинг фаришталарига тайёрлаб қўйилган абадий оловга мубтало бўлинглар!
42 Ахир, Мен оч эдим, овқат бермадингизлар. Чанқагандим, ичгани ҳеч нарса бермадингизлар.
43 Мусофир эдим, уйингиздан бошпана бермадингизлар. Яланғоч эдим, Мени кийинтирмадингиз. Касал бўлдим, зиндонга тушдим, Мени келиб кўрмадингиз.
44 Шунда улар айтадилар:
— Ё Раббий! Қачон Сени оч, чанқаган, мусофир, яланғоч, касал ҳолда ёки зиндонда эканингни кўрибмиз? Агар кўрганимизда эди, наҳотки Сендан хизматимизни аяган бўлардик?!
45 У эса шундай жавоб беради:
— Сизларга чинини айтайин: сизлар энг кичик биродаримдан аяган яхшилигингизни Мендан аяган бўласизлар.
46 Булар абадий жазога, солиҳлар эса абадий ҳаётга муяссар бўладилар.”
Исони ўлдириш режаси
1 Исо бу гапларни айтиб бўлгач, шогирдларига шундай деди:
2 “Икки кундан кейин Фисиҳ зиёфати бўлишини биласизлар. Ана ўшанда Инсон Ўғлига хоинлик қилишади, Уни хочга михлашади.”
3 Бу пайтда бош руҳонийлар ва халқ йўлбошчилари Каяфас исмли олий руҳонийнинг саройида йиғилган эдилар.
4 Улар Исони ҳийла билан тутиб, ўлдириш учун фитна ўйлаб топдилар.
5 Аммо улар: “Биз бу ишни байрам кунлари қилмаслигимиз керак, акс ҳолда, халқ ғалаён кўтариши мумкин”, дедилар.
Исога атир мой қуйган аёл
6 Исо Байтанияда илгари тери касаллигига чалинган Шимўннинг уйида
7 меҳмон бўлиб ўтирган эди. Шунда бир аёл ганчдан ясалган идишда қимматбаҳо атир мой олиб келиб, Исонинг бошидан қуйди.
8 Шогирдлар буни кўргач, ғазабланиб:
— Бу исрофгарчиликнинг нима кераги бор эди?!
9 Ахир, бу мойни катта пулга сотиб, камбағалларга тақсимлаб бериш мумкин эди–ку! — дейишди.
10 Шогирдлар нима тўғрисида гапираётганларини Исо билиб қолиб, уларга деди:
— Нега аёлни хижолатда қолдиряпсизлар? У Мен учун ажойиб иш қилди.
11 Камбағаллар ҳар доим сизлар билан бирга бўладилар. Мен эса ҳар доим ҳам сизлар билан бирга бўлмайман.
12 Аёл бу мойни танамга тўкиб, Мени дафнга тайёрлади.
13 Сизларга чинини айтайин: Хушхабар дунёнинг қайси ерида эълон қилинмасин, бу аёл ҳам эсга олиниб, унинг қилган иши ҳақида айтилади.
14 Шунда ўн икки шогирддан бири бўлган Яҳудо Ишқариёт бош руҳонийларнинг олдига бориб:
15 — Агар Исони сизларга тутиб берсам, менга нима берасизлар? — деб сўради. Улар Яҳудога ўттиз кумуш танга бердилар.
16 Ўша вақтдан бошлаб Яҳудо Исони тутиб бериш учун қулай фурсатни кута бошлади.
Қутлуғ кеча ва Исога хиёнат
17 Хамиртурушсиз нон байрамининг биринчи кунида шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар:
— Фисиҳ таомини қаерда емоқчисиз? Биз бориб тайёргарлик кўрайлик.
18 Исо деди:
— Қуддусга фалончининг олдига бориб, унга шундай деб айтинглар: Устозимиз сизга: “Вақтим етди. Мен Фисиҳ зиёфатини шогирдларим билан сизнинг уйингизда ўтказмоқчиман”, деб айтиб юбордилар.
19 Шогирдлар Исонинг айтганини қилиб, Фисиҳ таомини тайёрладилар.
20 Кеч кирганда, Исо ўн икки шогирди билан дастурхон атрофига ёнбошлади.
21 Овқатланаётганларида Исо:
— Сизларга чинини айтайин, орангиздан биттангиз Менга хиёнат қилади, — деди.
22 Шогирдлар қаттиқ хафа бўлиб, бирин–кетин:
— Ҳазрат, наҳотки мени назарда тутаётган бўлсангиз? — деб сўрадилар.
23 У эса шундай жавоб берди:
— Мен билан баравар косага нонни ботирган Менга хиёнат қилади.
24 Ҳа, Инсон Ўғли У ҳақда ёзилгандай жон беради. Аммо Инсон Ўғлига хиёнат қилган одамнинг ҳолига вой! Унинг туғилганидан кўра, туғилмагани яхшироқ эди.
25 Сотқин Яҳудо Исога:
— Устоз, наҳотки ўша мен бўлсам? — деди.
— Ўзинг айтдинг, — деб жавоб берди Исо.
26 Улар овқатланаётганда, Исо нонни олди, дуо ўқиб синдирди. Нонни шогирдларига бериб:
— Олиб енглар, бу Менинг танамдир, — деди.
27 Шароб қуйилган косани ҳам олди, шукрона дуосини ўқиб, уларга узатди:
— Бундан ҳаммаларинг ичинглар, — деди.
28 — Бу шароб Худонинг аҳдини билдиради. Бу аҳд кўпларнинг гуноҳини ювиш учун тўкиладиган қоним эвазига кучга киради.
29 Сизларга шуни айтай: бир кун келиб, Мен сизлар билан бирга осмондаги Отамнинг Шоҳлигида янги шароб ичаман. Аммо ўша кун келмагунча узум неъматини оғзимга ҳам олмайман.
30 Сўнг улар ҳамду сано куйлаб, Зайтун тоғи томон кетдилар.
Бутруснинг Исодан тониши ҳақида каромат
31 Исо шогирдларига деди:
— Бугун кечаси ҳаммаларингиз Мени ташлаб, қочиб кетасизлар. Чунки ёзилган:
“Мен чўпонни ўлдираман,
Шунда сурувдаги қўйлар ҳар ёққа тарқалиб кетади.”
32 Бироқ Мен тирилганимдан кейин, сизларни Жалилада кутаман.
33 Бутрус Исога деди:
— Сизни ҳамма ташлаб кетса ҳам, мен ташлаб кетмайман!
34 Исо унга:
— Сенга чинини айтайин, шу кечасиёқ, хўроз қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан, — деди.
35 Бутрус Унга:
— Керак бўлса, Сиз билан бирга ўламан! Аммо Сиздан асло тонмайман! — деди. Бошқа ҳамма шогирдлари ҳам шундай дедилар.
Исонинг боғдаги ибодати
36 Шундан кейин Исо шогирдлари билан Гетсемания деган жойга борди. Исо шогирдларига:
— Шу ерда ўтириб туринглар, Мен нарироққа бориб, ибодат қиламан, — деди.
37 У ёнига Бутрусни ва Забадиёнинг икки ўғлини олди. Исони қайғу, ғам қамради.
38 У шогирдларига:
— Юрагимдаги оғир қайғу Мени ўлгудай қийнаб юборди. Шу ерда қолинглар–да, кўз–қулоқ бўлиб туринглар, — деди.
39 Сўнг бир оз нари кетиб, ерга мук тушди–да, шундай деб ёлворди:
— Эй Отам, агар иложи бўлса, бу азоб косаси Мени четлаб ўтсин. Аммо Менинг хоҳишим эмас, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.
40 У шогирдлари ёнига келиб, уларнинг ухлаб ётганини кўрди. Бутрусга деди:
— Мен билан бирга бир соатгина ҳам уйғоқ ўтира олмабсизлар–да!
41 Кўз–қулоқ бўлиб туринглар, васвасага тушиб қолмайлик, деб ибодат қилинглар. Руҳ тетик, тана эса заифдир.
42 Исо иккинчи марта кетиб, шундай деб илтижо қилди:
— Эй Отам! Агар бу азоб косасидан қутулишимнинг иложи бўлмаса, майли, Мен ўша косадан ичаман. Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.
43 У қайтиб келиб, шогирдларининг яна ухлаб ётганини кўрди. Уларнинг кўзлари юмилиб кетаётган эди.
44 Исо уларнинг олдидан яна кетиб, аввалги сўзларини такрорлаб, учинчи марта ибодат қилди.
45 Сўнг У шогирдлари ёнига қайтиб келиб, уларга деди:
— Ҳалигача дам олиб, ухлаб ётибсизларми?! Мана, вақт–соати келди, Инсон Ўғли гуноҳкорлар қўлига тутиб бериляпти.
46 Туринглар, кетайлик! Ана, Менга хоинлик қилувчи келяпти!
Исо ҳибсга олинади
47 Исо ҳали гапини тугатмаган ҳам эдики, Яҳудо келиб қолди. У ўн икки шогирддан бири бўлиб, унинг ёнида қилич ва таёқ кўтариб олган оломон бор эди. Бу оломонни бош руҳонийлар ва халқ йўлбошчилари юборган эдилар.
48 Хоин Яҳудо оломон билан тил бириктириб, шундай деганди: “Мен кимни ўпсам, У ўша Кишидир. Уни қўлга олинглар.”
49 У тўғри Исонинг олдига бориб:
— Ассалому алайкум, Устоз! — деб, Уни ўпди.
50 Исо унга:
— Дўстим, қиладиган ишингни қила қол, — дейиши биланоқ, одамлар Исони ушлаб, қўлга олдилар.
51 Шунда Исо билан бирга бўлганлардан бири қиличини қинидан суғурди–да, олий руҳонийнинг хизматкорига бир уриб, қулоғини кесиб ташлади.
52 Лекин Исо унга деди:
— Қиличингни қинига солиб қўй! Қилич кўтарганларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлади.
53 Керак бўлганда эди, Мен Отамга илтижо қилган бўлардим. У Менга ўша заҳотиёқ ўн минглаб фаришталарини юборган бўларди. Шуни билмайсанми?
54 Лекин бундай қилганимда эди, қандай қилиб Муқаддас битиклар амалга ошарди? Ахир, буларнинг ҳаммаси содир бўлиши керак–ку!
55 Шундан сўнг Исо оломонга деди:
— Мен қароқчимидим, Мени олиб кетгани қиличу таёқлар билан келибсизлар?! Мен ҳар куни Маъбадда таълим берардим. Сизлар ўшанда Мени қўлга олмадингизлар.
56 Аммо буларнинг ҳаммаси пайғамбарларнинг Муқаддас битиклардаги башоратлари бажо бўлиши учун рўй берди.
Ўшанда ҳамма шогирдлари Исони қолдириб, қочиб кетишди.
Исо яҳудийларнинг Олий кенгаши олдида
57 Исони қўлга олганлар Уни олий руҳоний Каяфаснинг ҳузурига олиб келдилар. У ерда Таврот тафсирчилари билан йўлбошчилар ҳам йиғилишган эди.
58 Бутрус эса Исонинг орқасидан масофа сақлаб эргашиб, олий руҳонийнинг ҳовлисигача келди. Бутрус ичкарига кириб, охири нима билан тугаркин, деб кузатиш учун соқчиларнинг ёнига ўтирди.
59 Бош руҳонийлар ва Олий кенгашнинг барча аъзолари Исони ўлимга маҳкум қилиш учун Унга қарши сохта далиллар излар эдилар.
60 Анча гувоҳлар чиққан бўлса–да, етарлича айбловчи далиллар топилмади. Ниҳоят, икки сохта гувоҳ сўзга чиқиб,
61 шундай айтишди:
— Бу Одам: “Мен Худонинг Маъбадини бузиб, уч кунда уни тиклай оламан”, деган.
62 Олий руҳоний ўрнидан туриб, Исога:
— Индамай тураверасанми?! Уларнинг Сенга қўйган айбларига жавоб қайтармайсанми?! — деди.
63 Исо эса индамади. Олий руҳоний Унга деди:
— Барҳаёт Худо ҳақи қасам ичиб, айт: Худонинг Ўғли — Масиҳ Сенмисан?
64 Исо унга:
— Гапингиз тўғри, — деди. — Бундан буён сизлар Инсон Ўғлини Қодир Худонинг ўнг томонида ўтирганини ва осмон булутларида келаётганини кўрасизлар.
65 Шунда олий руҳоний ўз кийимларини йиртиб деди:
— У куфрлик қиляпти–ку! Бизларга бошқа гувоҳларнинг нима кераги бор?! Унинг куфрлик қилганини ҳозиргина ўзларингиз эшитдингизлар.
66 Сизларнинг қарорингиз қандай?
— У ўлимга лойиқ! — деб жавоб берди улар.
67 Сўнг улар Исонинг юзига тупуриб, Уни муштлай бошладилар. Бошқалари эса Унга шапалоқ уриб:
68 — Эй Масиҳ! Қани, топ–чи, Сени ким урди экан? — дердилар.
Бутрус Исодан тонади
69 Бу пайтда Бутрус ташқарида ҳовлида ўтирган эди. Бир чўри қиз унинг ёнига келиб:
— Сиз ҳам ўша Жалилалик Исо билан бирга эдингиз–ку! — деди.
70 Лекин Бутрус ҳамманинг олдида буни инкор этиб деди:
— Нима тўғрисида гапираётганингизни тушунмаяпман.
71 Сўнг дарвоза олдига борди. Шунда бошқа бир чўри қиз уни кўриб, у ерда турганларга:
— Мана бу одам Носиралик Исо билан бирга эди, — деди.
72 Бутрус эса қасам ичиб:
— Мен Уни танимайман! — деб яна Исодан тонди.
73 Бир оздан кейин у ерда турганлар келиб, Бутрусга:
— Сен ўшалардан эканинг шевангдан билиниб турибди, — дейишди.
74 — Худо урсин! Мен бу Одамни танимайман! — деб қасам ичди Бутрус. Шу пайт хўроз қичқирди.
75 Шунда Бутрус Исонинг: “Хўроз қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан” деган гапини эслади. У ҳовлидан чиқиб, аччиқ–аччиқ йиғлади.
Хоин Яҳудонинг ҳалокати
1 Тонг отганда, бош руҳонийлар ва халқ йўлбошчиларининг ҳаммаси Исони ўлимга маҳкум қилишга келишиб олдилар.
2 Улар Исони боғлаб, ҳоким Пилатга олиб бориб топширдилар.
3 Хоин Яҳудо эса Исонинг ўлимга маҳкум этилганини билиб, қилган ишидан пушаймон бўлди. У ўттиз кумуш тангани бош руҳонийлар билан йўлбошчиларга қайтариб олиб келди.
4 У:
— Мен гуноҳ қилдим! Бегуноҳ одамга хоинлик қилдим, — деди. Улар эса:
— Бизга нима?! Бу сенинг ишинг! — дейишди.
5 Яҳудо кумуш тангаларни Маъбадга отиб юборди–да, чиқиб кетди. У бориб, ўзини осиб ўлдирди.
6 Бош руҳонийлар тангаларни териб олиб: “Бу пулни Маъбад хазинасига қўша олмаймиз, чунки булар қонга беланган”, — дейишди.
7 Улар маслаҳатлашиб, бу пулга кулолнинг даласини сотиб олдилар, у ерга мусофирлар дафн қилинадиган бўлди.
8 Шунинг учун ўша ер бугунгача “Қон Ери” деб аталади.
9-10 Шундай қилиб, Еремиё пайғамбарнинг башорати бажо бўлди:
“Улар ўттиз кумуш тангани олиб,
Кулолнинг даласини сотиб олдилар.
Бу пул Исроил халқининг У учун белгилаган нархи эди.”
Эгамизнинг амри бўйича, Еремиёнинг ҳаётида ҳам худди шундай воқеа юз берган эди.
Исо Пилат ҳузурида
11 Исо ҳоким Пилатнинг ҳузурида турганда ҳоким Исодан:
— Сен яҳудийларнинг Шоҳимисан? — деб сўради.
— Сиз шунақа дейсиз, — деб жавоб берди Исо.
12 Бош руҳонийлар билан йўлбошчилар Исони айблаётганларида эса, У ҳеч қандай жавоб бермади.
13 Шунда Пилат Унга:
— Эшитмаяпсанми, Сенинг бўйнингга қанча айблар қўйишяпти! — деди.
14 Лекин Исо биронта айбловга жавоб қайтармади. Ҳоким бунга қойил қолди.
15 Ҳокимнинг бир одати бор эди: у ҳар Фисиҳ байрамида оломоннинг хоҳишига кўра, бир маҳбусни озод қилар эди.
16 Ўша пайтда отнинг қашқасидай таниқли бўлган Ёшуа Бараббас исмли бир маҳбус бор эди.
17 Халқ тўплангач, Пилат улардан сўради:
— Сизлар кимни озод қилишимни истайсизлар: Ёшуа Бараббасними ёки Масиҳ деб аталган Исоними?
18 Улар Исони ҳасад туфайли қўлга туширишганини Пилат билар эди.
19 Пилат ҳукм курсисида ўтирган эди, хотини унга шундай хабар юборди: “Бу Одам айбсиз, Унга бирон нарса қила кўрмагин, кеча тушимда У сабабли қаттиқ азоб тортдим.”
20 Аммо бош руҳонийлар билан йўлбошчилар оломонни қайраб, Пилатдан: “Бараббасни озод қилинг, Исони эса ўлдиринг” деб сўрашга уларни кўндирдилар.
21 Ҳоким оломондан яна сўради:
— Икковидан қайси бирини озод қилишимни истайсизлар?
— Бараббасни! — деб жавоб берди улар.
22 — Масиҳ деб ном олган Исони нима қилай? — деб сўради Пилат.
— Хочга михлансин! — дейишди бир оғиздан.
23 — Нимага? У нима ёмонлик қилди? — деб сўради ҳоким. Лекин оломон:
— Хочга михлансин! — деб баттар бақирарди.
24 Пилат қўлидан ҳеч нарса келмаётганини ва ғалаён бошланаётганини кўриб:
— Бу Одамнинг тўкиладиган қони учун мен айбдор эмасман. Бунга ўзларингиз жавоб берасизлар! — деди–да, оломоннинг кўзи олдида сув олиб, қўлларини чайди.
25 Бутун халқ бунга жавобан:
— Унинг қони бизнинг ва болаларимизнинг гарданида бўлсин! — дейишди.
26 Шундан сўнг Пилат Бараббасни озод қилди. Исони эса қамчилатиб, хочга михлашни буюрди.
Исони ҳақорат қилишади
27 Ҳокимнинг аскарлари Исони ҳукумат саройига олиб бориб, бутун бўлинмани Унинг олдига тўплашди.
28 Улар Исонинг кийимларини ечиб олиб, Унинг эгнига қизил тўн кийдирдилар.
29 Тиканлардан тож ўриб, бошига кийгиздилар. Ўнг қўлига қамиш тутқизиб, Унинг олдида тиз чўкканча: “Яшавор, эй яҳудийларнинг Шоҳи!” деб масхара қилдилар.
30 Сўнг Унга тупуриб, қамиш билан қайта–қайта бошига урдилар.
31 Уни шундай масхара қилганларидан кейин, устидаги тўнни ечиб олиб, Ўзининг кийимларини кийдиришди. Сўнг Уни хочга михлаш учун олиб кетишди.
Исо хочга михланади
32 Улар йўлда Киринеялик Шимўн деган кишини учратиб қолиб, Исонинг хочини кўтариб боришга уни мажбур қилдилар.
33 Улар Гўлгота деган жойга етиб келдилар. Гўлгота “бош суяги” маъносини беради.
34 Аскарлар у ерда Исога ичгани аччиқ ўт аралаштирилган шароб бердилар. Исо уни татиб кўрди, аммо ичмади.
35 Аскарлар Исони хочга михлаб қўйишди. Кийимлари учун қуръа ташлаб, ўзаро бўлишиб олишди.
36 Кейин ўша ерда Исони қўриқлаб ўтиришди.
37 Исонинг бош томонига улар: “Бу яҳудийларнинг Шоҳи Исодир” деган айбномани осиб қўйдилар.
38 Исо билан бирга иккита қароқчини ҳам михлаган эдилар. Уларнинг бири Исонинг ўнг томонида, бири чап томонида эди.
39 Ўтиб кетаётганлар бошларини чайқаб, Исони ҳақоратлашарди:
40 — Эй Маъбадни бузиб уч кун ичида тиклайдиган! Агар Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни Ўзинг қутқар–чи! Хочдан тушиб кўр–чи!
41 Бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва йўлбошчилар ҳам уларга қўшилиб, Исони масхаралай кетишди:
42 — У бошқаларни қутқарарди, Ўзини эса қутқара олмайди! У Исроилнинг Шоҳи эмиш! Қани, хочдан тушсин, шунда биз Унга ишонамиз.
43 У Худога ишонарди. Агар Худо Ундан мамнун бўлса, ҳозир Уни қутқарсин. Ахир, У Ўзини Худонинг Ўғли деб атаган–ку!
44 Исо билан бирга хочга михланган қароқчилар ҳам Уни шундай ҳақоратлар эдилар.
Исо жон беради
45 Тушдан бошлаб соат учгача ҳамма ёқ зулматга чўмди.
46 Соат учларда Исо баланд овоз билан:
— Эли, Эли, ламо шавақтани? — деб фарёд қилди. Бунинг таржимаси: “Эй Худойим! Эй Худойим! Нега Мени тарк этдинг?!” демакдир.
47 У ерда турган баъзилар буни эшитиб:
— У Илёсни чақиряпти, — дейишди.
48 Улардан бири югуриб бориб, шимгични олди ва арзон шаробга ботириб, бир қамишнинг учига илди–да, Исога ичиш учун узатди.
49 Бошқалари эса:
— Қани, кўрайлик–чи, Илёс келиб Уни қутқарармикан, — дейишди.
50 Аммо Исо қаттиқ фарёд қилди–ю, жон берди.
51 Шу заҳоти Маъбаддаги парда юқоридан пастгача йиртилиб, иккига бўлиниб кетди. Ер ларзага келди, тошлар ёрилди.
52 Қабрлар очилиб, тақводор одамларнинг кўпчилиги тирилди.
53 Улар қабрларидан чиқдилар, Исо тирилгандан кейин муқаддас Қуддус шаҳрига бордилар. Кўп одамлар уларни кўрди.
54 Исони қўриқлаб турган Рим юзбошиси билан ёнидаги аскарлар зилзилани ва содир бўлаётган барча ишларни кўриб, ваҳимага тушдилар. Улар:
— Ҳақиқатан ҳам бу Одам Худонинг Ўғли экан! — дедилар.
55 У ерда бир талай аёллар ҳам бор эди, улар узоқдан қараб турган эдилар. У аёллар Жалиладан Исога эргашиб келган ва Унга хизмат қилгандилар.
56 Уларнинг орасида Магдалалик Марям, Ёқуб билан Юсуфнинг онаси Марям ва Забадиё ўғилларининг онаси ҳам бор эди.
Исо дафн қилинади
57 Оқшом тушаётган пайтда Юсуф деган Ариматеялик бир бой одам келди. У ҳам Исонинг шогирди эди.
58 Юсуф Пилатнинг ҳузурига бориб, Исонинг жасадини сўради. Пилат жасадни унга беришни буюрди.
59 Юсуф жасадни олиб, уни тоза зиғир матосига кафанлади
60 ва ўзи учун қояга ўйдирган янги қабрга қўйди. Юсуф катта тошни юмалатиб келиб, қабрнинг оғзини ёпди ва ўзи кетди.
61 Магдалалик Марям билан бошқа Марям у ерда қолиб, қабрнинг рўпарасида ўтиравердилар.
62 Шаббат арафасининг эртасига бош руҳонийлар ва фарзийлар Пилатнинг ҳузурига йиғилишиб,
63 дедилар:
— Ҳазрати олийлари, бир нарса эсимизга тушиб қолди: ўша ёлғончи тириклигида: “Уч кундан кейин Мен тириламан”, деган эди.
64 Шунинг учун буйруқ беринг: қабр уч кун қўриқлансин. Акс ҳолда, Унинг шогирдлари бориб, жасадни ўғирлаб кетадилар–да, одамларга: “У ўликдан тирилди” деб айтадилар. Бу ёлғон биринчисидан ҳам баттар бўлади.
65 Пилат уларга деди:
— Хўп, қўриқчиларни олиб, қўлингиздан келганча, қабрни қўриқланглар.
66 Улар бориб, қабр тошига муҳр босдилар ва қабрни қўриқлай бошладилар.
Исо тирилади
1 Шаббат кунининг эртасига, якшанба куни тонготарда Магдалалик Марям билан бошқа Марям қабрни кўргани боришди.
2 Шунда тўсатдан қаттиқ зилзила бўлди, чунки Эгамизнинг фариштаси осмондан тушиб, қабр оғзидаги тошни ағдариб юборди. Фаришта ўша тош устига ўтирди.
3 Унинг қиёфаси яшиндай порларди, кийимлари қордай оппоқ эди.
4 Уни кўриб соқчилар шунчалик қўрқиб кетдиларки, титраб, мурдадай қотиб қолдилар.
5 Фаришта аёлларга деди:
— Қўрқманглар! Биламан, сизлар хочга михланган Исони қидиряпсизлар.
6 У бу ерда йўқ. Ўзи айтганидай, У тирилди. Мана, келиб кўринглар, У шу ерда ётган эди.
7 Энди тезроқ бориб, Унинг шогирдларига: “Исо ўликдан тирилди. У сизларни Жалилада кутяпти. Уни ўша ерда кўрасизлар”, — деб айтинглар. Сизларга айтадиган гапим шу эди.
8 Аёллар шоша–пиша қабр ёнидан кетдилар. Қўрқув ва чексиз севинчга тўлиб, Исонинг шогирдларига хабар бергани югуриб кетдилар.
9 Бирданига Исонинг Ўзи уларнинг қаршисидан чиқиб:
— Салом! — деди.
Аёллар Исонинг олдига бориб, оёқларига ёпишганча Унга сажда қилдилар.
10 Исо уларга деди:
— Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга: “Жалилага борар экансизлар”, деб айтинглар. Улар Мени ўша ерда кўрадилар.
Соқчиларнинг хабари
11 Аёллар кетганларидан кейин, соқчилар бўлинмасидан бир нечтаси шаҳарга кириб, юз берган воқеа тўғрисида бош руҳонийларга айтиб бердилар.
12 Бош руҳонийлар билан йўлбошчилар учрашиб, режа туздилар. Улар соқчиларга катта миқдорда пул бериб,
13 шундай дедилар:
— Сизлар ҳаммага: “Исонинг шогирдлари кечаси келиб, биз ухлаб ётганимизда жасадни ўғирлаб кетишди”, деб айтасизлар.
14 Борди–ю, бу хабар ҳокимнинг қулоғига етиб боргудек бўлса, уни ўзимиз ишонтирамиз, сизларни ҳар қандай кўнгилсизликдан халос этамиз.
15 Шундай қилиб, соқчилар пулни олиб, айтилгандай қилдилар. Воқеанинг шу таърифи бугунги кунгача яҳудийлар орасида кенг тарқалган.
Буюк топшириқ
16 Ўн бир шогирд Жалила ҳудудига, Исо уларга тайин этган тоққа бордилар.
17 Шогирдлар Исони кўрганлари заҳоти, Унга сажда қилдилар, баъзилари эса иккиланиб қолдилар.
18 Исо келиб, уларга деди: “Еру осмондаги бутун ҳокимият Менга берилган.
19 Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдиринглар.
20 Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Зотан, Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан.”