Марсия
1 Вой шўрим!
Одамларга тўлиб–тошган бир вақтлар,
Нақадар ёлғиздир энди бу шаҳар!
Халқлар орасида шуҳрат қозонган,
Энди бир бева аёлга у ўхшаб қолган.
У вилоятлар орасида маликадай эди,
Энди у бир чўрига ўхшаб қолди.
2 Кечалари у аччиқ–аччиқ йиғлайди,
Кўзларидан ёшлар оқади.
Уни юпатадиган бирон кимса
Йўқдир ўйнашларининг орасида.
Дўстлари унга хиёнат қилишди,
Унга душман бўлиб қолишди.
3 Яҳудо халқи сургун бўлиб, азоблар тортди,
Тутқунликнинг машаққатини у тотиб кўрди.
Бегона халқлар орасида ўрнашганда,
Ўзига ором топа олмади.
У танг аҳволга тушиб қолганда,
Таъқиб этувчилар уни қўлга олди.
4 Қуддусга борадиган йўллар тутяпти мотам,
Ахир, белгиланган байрамларга келмас бирор ҳам одам.
Шаҳарнинг ҳамма дарвозалари ҳувиллаб қолди,
Руҳонийлари хўрсиниб ўтирибди.
Қуддуслик қизлар қайғуга ботган,
Қуддуснинг ўзи ҳам изтиробда қолган.
5 Қуддусга душманлари бош бўлди,
Унинг ғанимлари равнақ топди.
Қуддус беҳад кўп гуноҳ қилди,
Шу сабабдан Эгамиз уни азобга солди.
Қуддуснинг фарзандлари сургун қилинди,
Ғанимлари уларни олиб кетди.
6 Қиз Қуддус ўз савлатини йўқотди.
Йўлбошчилари ўтлоқ топа олмаган кийикка ўхшайди.
Овчидан қочишга уларнинг мадори қолмади.
7 Кулфату саргардонлик кунларида
Қуддус олдинги хазиналарини эслади.
Унинг аҳолиси душманларга таслим бўлганда,
Қуддусга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ эди.
Ғанимлари унинг қулашини томоша қилиб,
Қуддусни масхара қиларди.
8 Ҳа, Қуддус жирканч гуноҳга қўл урди,
Атрофдагиларга у кулги бўлди.
Олдин уни эъзозлаганларнинг ҳаммаси
Энди ундан ҳазар қилади.
Қуддуснинг шармандалигини улар кўрдилар.
Мана энди Қуддус хўрсиниб ўтирибди,
Ҳаммадан юзини яшириб ўтирибди.
9 Унинг нопоклиги кийимини доғ қилди,
Келажаги ҳақида у қайғурмади.
У даҳшатли тарзда қулади,
Унинг юпатувчиси йўқ эди.
У шундай деб ёлворди:
“Кулфатимга бир назар солгин, эй Эгам,
Зеро, душманларим ғолиб келди устимдан!”
10 Ғанимлар Қуддус хазиналарига чанг солди.
Қуддуснинг кўзи олдида
Бегона халқлар муқаддас маконга кирди.
Аммо Эгамиз ўша ғайрияҳудийларга
Ҳатто Исроил жамоаси йиғинида бўлишни ман этганди!
11 Мана энди шаҳардаги ҳамма одамлар хўрсиниб,
Бир бурда нонни излаб юрибди.
Улар бойликларини сотиб, овқат олишяпти,
Шу йўсин ўз жонларини сақлашяпти.
Қуддус шундай деб ёлвормоқда:
“Эй Эгам, менга бир боққин,
Хор бўлганимни кўриб қўйгин!”
12 Қуддус ўтган–кетганларга хитоб қилади:
“Наҳотки сизларга барибир бўлса?!
Менга бир қаранглар! — деб ёлворади. —
Эгамиз ғазаб кунида менга азоб берган,
Бундай азобни ҳеч ким кўрмаган.
13 У осмондан олов юборди,
Ўша олов ичимни ёндирди.
Эгамиз оёғимга тузоқ қўйди,
Мени ортга қайтишга мажбур қилди.
Адойи тамом қилди мени Худойим,
Азобу аламда қолди менинг жоним.
14 Гуноҳларим бўйинтуруққа айланган,
Ўша бўйинтуруқни Эгамизнинг Ўзи ясаган.
У гуноҳларимни бўйнимга осди.
Мени тамом ҳолдан тойдирди.
Раббий берди мени душманларим қўлига,
Мен қаршилик қила олмайман уларга.
15 Раббий кучли жангчиларимни рад этди,
Йигитларимни яксон қилиш учун лашкар юборди.
Бокира қиз Яҳудони Раббий узум эзгандай эзди.
16 Шунинг учун мен фарёд қиламан,
Кўз ёшимни сел–сел оқизаман.
Ахир, юпатувчим мендан узоқда,
Жонимга оро кирувчи олисда.
Эвоҳ, душманларим мендан ғолиб келди,
Фарзандларим хонавайрон бўлди.”
17 Қуддус қўлларини чўзиб ёрдам сўрайди,
Бироқ ҳеч ким уни юпатмайди.
Эгамиз қўшни халқларга амр берди,
Шунда ҳаммаси Ёқуб наслига душман бўлиб қолди.
Душманларининг назарида
Қуддус ахлатдай жирканч бўлиб қолди.
18 Қуддус айтмоқда:
“Ҳа, менинг Эгам ҳақ,
Ахир, ўзим Унинг амрига қарши бош кўтардим.
Эй халқлар, менга қулоқ солинг,
Менинг кулфатимни кўриб қўйинг.
Менинг йигит–қизларим сургун бўлди.
19 Мен ўйнашларимни чақирдим,
Улар эса мени алдашди.
Жонини сақлаш учун нон излаган
Руҳонию оқсоқолларим кўчаларда жон берди.
20 Эй Эгам, кўриб қўйгин қайғумни,
Кўргин тўкилиб турган юрагимни.
Эвоҳ, юрак–бағрим эзилиб кетди,
Ахир, мен Сенга қарши бош кўтардим.
Ана, ташқарида қилич одамларни чопяпти,
Ичкарида ўлим ҳукмронлик қиляпти.
21 Одамлар оҳу нолаларимни эшитди,
Бироқ менинг юпатувчим йўқ эди.
Ғанимларим эшитди кулфатларим ҳақида,
Хурсанд бўлишди қилган ишингдан шунда.
Сен эълон қилган ўша кунинг келсин,
Душманларим ҳам менинг ҳолимга тушсин.
22 Назарингдан қочмасин уларнинг қилган қабиҳликлари,
Гуноҳим учун мени жазолагандай жазолагин уларни.
Кўпдир менинг оҳу нолаларим,
Ҳеч ҳам қолмади менинг мадорим.”
Эгамиз Қуддусни жазолайди
1 Вой шўрим!
Раббий ғазабланиб,
Қиз Қуддусни зулмат билан қоплади,
У Исроилнинг салобатини
Осмондан ерга улоқтирди.
Қаттиқ қаҳри келганда,
Ўз пойандози бўлган Маъбадини эсга олмади.
2 Раббий аёвсиз вайрон қилди
Ёқуб наслининг масканларини.
Ғазаби келиб яксон қилди
Қиз Яҳудонинг қалъаларини.
Оёқ ости қилиб, хўрлади
Шоҳликни ва унинг ҳукмдорларини.
3 У қаттиқ ғазабга миниб,
Исроилнинг бор қудратини йўқ қилди.
Ғанимлар ҳужум қилганда,
Ўз халқини ҳимоя қилмади.
Авжига чиққан олов ёндиргандай,
Ёқубнинг юртини ёндириб юборди.
4 У ғанимдай бизга қарата ёйини тортди,
Ўқ узишга Унинг қўли тайёр турарди.
У келишган йигитларимизни душмандай ўлдирди.
Қиз Қуддуснинг чодирларига оловдай қаҳрини сочди.
5 Раббий душманга ўхшаб қолди,
Исроил юртини вайрон қилди.
Хароб қилди барча саройларини,
Яксон этди Исроил қалъаларини.
Қиз Яҳудога келтирди ғам–ғусса,
Унинг қайғусини орттирди минг ҳисса.
6 Боғдаги чайлани йиқитгандай,
Маъбадини У бузиб ташлади.
Қуддусдаги байрам ва Шаббат кунларини
Эгамиз бекор қилди.
Шоҳлар ва руҳонийларни
Ғазаб устида рад этди.
7 Раббий Ўз қурбонгоҳидан воз кечди,
Ўз масканини ташлаб кетди.
Қуддус саройларини ёвнинг қўлига берди.
Эгамиз уйидаги ёвнинг ҳайқириғи
Байрамдаги шодон овозларга ўхшайди.
8 Ҳа, Эгамиз қиз Қуддуснинг деворларини
Вайрон этишга қарор қилди.
Деворларга бирма–бир қараб чиқди,
Шаштидан қайтмади, ҳаммасини яксон қилди.
Энди қалъаю деворлар қайғуряпти,
Ҳаммаси хароб бўлиб ётибди.
9 Қуддус дарвозалари тупроққа беланиб ётибди,
Дарвоза тамбалари парчаланиб ётибди.
Шоҳу амалдорлари сургун бўлишди,
Қонунлар халққа ўргатилмас энди.
Эгамиздан ваҳийлар
Пайғамбарларга келмас энди.
10 Қиз Қуддуснинг оқсоқоллари
Сукут сақлаб ерда ўтирибди.
Бошларидан улар тупроқ сочган,
Ўзлари қанорга ўранган.
Бошларини солиб қуйи
Ўтирибди Қуддус қизлари.
11 Йиғлайвериб кўзларим толган,
Ичимда юрагим тўкилиб кетган.
Жигар–бағрим эзилиб кетди,
Ахир, менинг халқим қирилиб кетди!
Оч қолган гўдагу чақалоқлар
Шаҳар кўчаларида ҳушсиз ётибди!
12 “Қорним очди! Чанқадим!” деб
Оналарига улар фарёд қилар.
Ярадор жангчидай шаҳар кўчаларида ҳушсиз ётишар.
Оналарининг бағрида жон таслим этишар.
13 Сен ҳақингда нима айтай?!
Сени кимга солиштирай, эй қиз Қуддус?
Нима деб юпатай?!
Сени кимларга ўхшатай, эй бокира қиз Сион?
Денгиздай чексиздир сенинг кулфатинг,
Энди шифо бера олмас сенга ҳеч ким!
14 Сенинг пайғамбарларинг
Ёлғон ва беҳуда ваҳийлар айтишди.
Гуноҳларингни фош қилишмади,
Сургуннинг олдини олишмади.
Ёлғон башоратлар айтиб,
Сени йўлдан оздиришди.
15 Ўтган–кетганлар сендан ор қилиб,
Қўл силтаб кетадилар.
Ёқасини ушлаб, бошларини чайқайдилар,
Эй қиз Қуддус, сени мазах қилиб шундай дейдилар:
“Гўзалликда комил шаҳарми шу?!
Бутун дунёнинг севинчимиш у!”
16 Барча ёвларинг устингдан кулади,
Ҳолингни кўриб ёқасини ушлайди.
Тишларини ғижирлатиб айтишади:
“Биз уни ямладик!
Воҳ, қандай интизорлик билан
Бу кунни кутган эдик!
Ниҳоят, ўша кунга етдик!”
17 Эвоҳ, Эгамиз Ўз режаларини амалга оширди,
Ўз айтганларини битта қолдирмай бажарди.
У азалдан огоҳлантириб келгандай
Сизларни аёвсиз қириб ташлади.
Ғанимларнинг қудратини юксалтирди,
Аҳволингиздан душманларни хурсанд қилди.
18 Шаҳар аҳлининг қалби Раббийга фарёд қилмоқда,
Эй қиз Қуддуснинг деворлари!
Кўз ёшингиз кечаю кундуз дарё бўлиб оқсин.
Нолаю фарёдингиз асло тинмасин,
Кўз ёшингиз тўхтамасин!
19 Тур, эй қиз Қуддус!
Кечаси билан Худога илтижо қилиб чиққин!
Юрагингни Раббийга сувдай тўкиб солгин!
Қўлларингни узат осмонга,
Фарзандларинг учун ёлворгин Унга!
Ахир, улар очликдан ҳушсиз ётибди
Ҳар бир кўчанинг бошида.
20 Шундай ибодат қилгин:
“Эй Эгам, кўрмайсанми буни:
Не кўйларга солиб қўйдинг Сен халқингни?!
Оналар эркалатиб ўстирган фарзандларини ейишяпти–ку!
Руҳонию пайғамбарлар масканингда қирилиб кетяпти–ку!
21 Ёшу қариларнинг жасадлари кўчада чангга беланиб ётибди.
Қилич дастидан йигиту қизларим жувонмарг бўлди.
Сен ғазабинг келган куни уларни ҳалок қилдинг,
Аёвсиз уларни қириб ташладинг.
22 Менга қарши йиғдинг Сен теваракдаги ёвларни,
Гўё зиёфатга чақиргандай таклиф қилдинг уларни.
Ўша куни Сенинг ғазабингдан ҳеч ким қутулолмади,
Бирор одам ўз жонини сақлаб қололмади.
Эвоҳ, эркалаб ўстирган болаларимни
Душманларим ўлдирди.”
Умид учқунлари
1 Азобларда қолган инсонман,
Худонинг ғазаби туфайли таёқ едим.
2 Бошлаб борди Эгам мени зулматга,
Нур тушмайдиган қоронғи жойга.
3 Ёлғиз менга қарши У қўл кўтарди,
Кун бўйи мени қайта–қайта жазолади.
4 Қаритиб юборди эту теримни,
Синдириб ташлади суякларимни.
5 Ғам–аламга мени тутқун қилди,
Жабру жафо зиндонига мени ташлади.
6 Мажбур қилди мени зимистонда яшашга,
Ўхшаб қолдим мен анча олдин ўлган одамга!
7 Қочиб кетмасин дея, Худо атрофимни қуршади,
Оғир занжирлар билан мени кишанбанд этди.
8 Ёрдам сўраб ёлворсам ҳам мен Унга,
Қулоқ солмас У менинг фиғонимга.
9 Йўнилган тошлар билан У йўлимни тўсди,
Юрган йўлимни чалкаштириб юборди.
10 Пойлади У мени айиқдай,
Ташланмоқчи бўлди менга шердай.
11 Сўнг мени судради бир четга,
Ғажиди, солиб кетди танг аҳволга.
12 Худо Ўз ёйини тортди,
Ўқларига мени нишон қилди.
13 Садоғидаги ўқлари билан юрагимни тешди.
14 Мана энди ўз халқим устимдан кулмоқда,
Уззукун улар мени мазах қилиб, қўшиқ куйламоқда.
15 Худо менга аччиқ ўтдан едирди,
Заҳарли сувдан менга ичирди.
16 Мени оёқ ости қилиб, тупроққа белади,
Шағал едириб, тишларимни синдирди.
17 Тинчлик билмас энди менинг жоним,
Бахт нималигини тамом унутдим,
18 Шунда ўзимга дедим: “Адойи тамом бўлдим!
Барбод бўлди Эгамга бўлган умидим!”
19 Кулфату саргардонлик ҳақидаги ўйларим
Заҳарли сувга, аччиқ ўтга ўхшайди.
20 Бундай ўйларга толган менинг жоним
Тушкунликка тушди.
21 Бироқ мен бир нарсани ёдда тутарман,
Шунинг учун доим умид қиларман:
22 Эгамнинг содиқ севгиси бўлмайди адо,
Унинг раҳму шафқати тугамас асло.
23 Ҳар тонг улар янгиланади,
Буюкдир Эгамнинг садоқати!
24 Қалбимда айтаман: “Эгамдир менинг бор–йўғим,
Шундай экан, ёлғиз Ундадир менинг умидим.”
25 Эгамиз Ўзига умид боғлаганларга яхшилик қилади,
Унга интилган ҳар бир жонга эзгулигини кўрсатади.
26 Эгамизнинг нажотини тоқат ила кутиш яхшидир.
27 Ёшликдан тарбияга бўйсуниш яхшидир.
28 Раббий тарбиялаганда,
Ёлғиз ўтириб, сукут сақлайлик.
29 Бундай вақтларда ер ўпиб таъзим қилайлик,
Ахир, яна умид бордир.
30 Тарсаки еганимизда қаршилик қилмайлик,
Эшитган кўп ҳақоратларни ичимизга ютайлик.
31 Зеро, Раббий бизни абадий ташлаб қўймайди!
32 Унинг Ўзи бизга қайғу келтирган бўлса–да,
Ўзи бизга раҳм–шафқат қилади.
Ахир, Унинг содиқ севгиси буюкдир!
33 Ҳа, У инсонга ғам келтириб, озор беришни хуш кўрмайди.
34 Юртдаги ҳамма асирларнинг оёқ ости бўлганини,
35 Одамлар ҳақ–ҳуқуқдан маҳрум бўлганини
Худойи Таоло кўриб турибди.
36 Бир ёқлама ҳукм чиқарилганини
Раббий билиб турибди.
37 Раббийнинг ижозатисиз,
Ҳеч кимнинг буйруғи бажо бўлмас.
38 Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам
Худойи Таолонинг амрисиз содир бўлмас.
39 Ҳануз ҳаёт эканмиз,
Гуноҳимиз учун жазо тортганда нолимайлик!
40 Тутган йўлларимизни яхшилаб текширайлик,
Эгамизга қайтайлик.
41 Қўлларимизни осмонга чўзиб,
Чин дилдан самодаги Худога ёлвориб айтайлик:
42 “Эй Эгамиз! Биз итоатсизлик қилдик,
Сенга қарши бош кўтардик,
Сен бизни кечирмадинг.
43 Сен ғазабга миниб, таъқиб қилдинг бизни,
Шафқатсиз қирдинг ҳаммамизни.
44 Илтижоларимиз Сенга етиб бормаслиги учун
Булутлар билан олдингни тўсдинг.
45 Сен бизни ахлатдай ташлаб юбординг,
Халқлар орасида супуриндидай қилдинг.
46 Мана, барча ёвларимиз устимиздан куляпти.
47 Биз ваҳимага тушдик, тузоққа илиндик,
Фалокату ҳалокатга гирифтор бўлдик.”
48 Сел–сел бўлиб оқар менинг кўз ёшларим,
Ахир, қирилиб кетди менинг халқим!
49-50 Эгамиз самодан бизга қарамагунча,
Мен тўхтамай оби дийда қиламан,
Тинмай кўз ёш тўкаман.
51 Қуддусдаги ҳамма қизларнинг қисмати
Юрак–бағримни эзиб юборди!
52 Сабабсиз душманлик қилаётир менга одамлар,
Қушни овлагандай мени овлади улар.
53 Мени тириклайин чуқурликка ташлашди,
Чуқурлик оғзини тош билан беркитишди.
54 Сувлар кўтарилиб ошди бошимдан,
55 Эй Эгам, чуқурлик тубидан
Сенга илтижо қилдим.
56 “Додимни тингла, беркитма қулоғингни!” дедим.
Сен эшитдинг бу илтижоимни.
57 Ёлворганимда Сен менга яқинлашдинг,
“Қўрқма!” деб ўшанда менга айтдинг.
58 Ё Раббий, Сен даъвоимни ҳимоя қилдинг,
Менинг жонимни халос этдинг.
59 Кўрдинг менга қилинган ноҳақликни,
Эй Эгам, Ўзинг ёқлагин мени.
60 Ёвларимнинг тил бириктирганини Сен кўрдинг,
Менга қарши қилган ёвуз ниятларини билдинг.
61 Эй Эгам, улар мени мазах қилганини Ўзинг эшитдинг,
Менга қарши тил бириктирганини билдинг.
62 Ғанимларим мени ғийбат қилар,
Кун бўйи менга пичинг отар!
63 Қара, улар ўтирса ҳам, турса ҳам,
Мени мазах қилиб, қўшиқ куйлашар.
64 Уларнинг қилмишларига яраша,
Жазосини бергин, эй Эгам!
65 Юракларига ғулғула солгин,
Уларни лаънатга дучор қилгин,
66 Ғазаб билан уларнинг кетидан қувла,
Ер юзидан тамомила йўқ қилиб ташла!
Қуддуснинг қамалдаги қисмати
1 Вой шўрим!
Олтин хира тортди,
Соф тилла жилосини йўқотди.
Ҳар бир кўча бошида
Маъбад тошлари сочилиб ётибди.
2 Қуддуснинг азиз фарзандлари
Олтиндан ҳам қадрли эди,
Эвоҳ, энди эса улар
Кулол ясаган сопол идишдай
Қадрсиз бўлиб қолдилар.
3 Ҳатто чиябўрилар
Ўз болаларини эмизишар.
Менинг халқим эса туяқушга ўхшаб қолди,
Улар ўз фарзандларига шафқат қилмайди.
4 Чақалоқлар жуда чанқаган
Тиллари танглайига ёпишиб қолган,
Нон сўраб, ёш болалар тиланчилик қиляпти,
Бироқ ҳеч ким уларга бир бурда ҳам нон бермайди.
5 Тансиқ таомлар еган одамлар
Энди кўчаларда очликдан ўляптилар.
Қимматбаҳо либос кийиб ўсганлар
Энди кул уюмлари орасида ётибдилар.
6 Садўм шаҳрига қарши инсон қўли кўтарилмади,
Аммо бу шаҳар бир зумда вайрон бўлди.
Халқимнинг тортган жазоси
Садўмнинг жазосидан ҳам оғирроқ бўлди.
7 Сутдан ҳам оқ, қордан ҳам оппоқ эди
Йўлбошчиларимизнинг кўнгиллари,
Маржондай товланарди соғлом таналари,
Ёқутдай кўркам эди кўринишлари.
8 Энди таниб бўлмас уларни кўчаларда,
Уларнинг юзлари куядан ҳам қорароқ тусда.
Бужмайган терилари суякларга ёпишган,
Тарашадан ҳам баттар қуриб–қақшаб кетган.
9 Қилич тиғидан нобуд бўлганлар
Бахтлироқдир очлик қурбонларидан.
Зеро, қаҳатчиликка дучор бўлганлар
Жонларини аста–секин таслим қиларлар.
10 Меҳрибон оналар туққан болаларини
Ўз қўллари билан пиширдилар.
Халқим ҳалокатга учраганда,
Болалари уларга емиш бўлди.
11 Эгамизнинг қаҳр–ғазаби қайнади,
У аччиқ қаҳрини сочди,
Қуддус шаҳрида олов ёндирди,
Олов шаҳарни пойдеворигача куйдирди.
12 Душман Қуддус дарвозаларини ёриб ўтишига
Ер юзидаги ҳукмдорлар ишонмаганлар.
Жаҳондаги одамлар буни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганлар.
13 Шаҳардаги пайғамбарларнинг гуноҳи,
Руҳонийларнинг жиноятлари бунга сабаб бўлди.
Ахир, улар шаҳарда солиҳ одамнинг қонини тўкдилар.
14 Ҳа, улар ўз кийимини қонга булғадилар,
Уларнинг кийимидан одамлар ҳазар қиладилар.
Кўр одамдай бу йўлбошчилар
Кўчаларда дайдиб юрибдилар.
15 “Йўқол, ҳаром!” деб бақиради ҳамма уларга,
“Йўқолларинг! Йўқол! Тега кўрманг сизлар бизларга!”
Қочиб, ғарибу мусофир бўлиб юрганда улар,
“Бу ердан чиқиб кетинглар”, деб халқлар уларни ҳайдар.
16 Эгамизнинг Ўзи тарқатиб юборди уларни,
Бу йўлбошчиларга энди У назар солмайди.
Руҳонийларга ҳеч ким ҳурмат кўрсатмайди,
Оқсоқолларга ҳеч ким марҳамат қилмайди.
17 Беҳуда кутавериб мадад,
Толди бизнинг кўзимиз,
Мадад бера олмайдиган бир халққа
Умид боғлаган эканмиз.
18 Ҳар бир қадамимизни пойлади ёвимиз,
Ўз кўчаларимизда юролмадик биз.
Бор–йўғи саноқли кунимиз қолди.
Бизнинг умримиз поёнига етди.
19 Бизни таъқиб қилувчилар
Бургутдан ҳам тезроқ учишарди,
Улар тоғларда бизни овлашарди,
Чўлларда бизни пойлашарди.
20 Эгамиз танлаган шоҳ уларнинг тузоғига илинди,
Эвоҳ, ҳаётимиз манбаи у эди.
Биз шоҳимиз соясида
Халқлар орасида яшаймиз, деб ўйлагандик.
21 Эй Уз юртида яшовчи қиз Эдом,
Хурсанд бўл, шодлан!
Бироқ сен ҳам жазо косасидан ичасан,
Маст бўлиб кийимингни ечасан.
22 Эй қиз Қуддус, жиноятларинг учун
Сен жазоингни тортиб бўлдинг.
Энди Эгамиз сени сургунда ушлаб турмайди.
Эй қиз Эдом, сенинг гуноҳларингни эса
Эгамиз фош қилади,
Жиноятларинг учун У сени жазолайди.
Раҳм–шафқат илтижоси
1 Эй Эгам, бошимизга тушган кўргиликни ёдингда тутгин,
Қанчалар хор бўлганимизни бир кўриб қўйгин!
2 Мулк қилиб олган еримиз ажнабийлар қўлига тушди,
Келгиндилар уйларимизга эга бўлишди.
3 Отасиз етимдай бўлиб қолдик биз,
Бевага ўхшаб қолди оналаримиз.
4 Биз ичган сувимизга пул тўлаймиз,
Ёққани ўтинни сотиб оламиз.
5 Ёвларимиз таъқиб қилиб, қўймас бизни ҳолимизга,
Чарчаб кетдик, тиним йўқ бизга.
6 Тўйгунча нон еймиз деб,
Миср ва Оссурия билан биз сулҳ туздик.
7 Аждодларимиз гуноҳ қилиб, ўтиб кетди,
Аммо уларнинг жазосини биз тортяпмиз энди.
8 Бизга ҳукмронлик қилаётир қуллар,
Улар зулмидан бизни ким қутқарар?!
9 Нон излаймиз жонимизни қўйиб хавф остига,
Чунки каллакесарлар писиб ётибди далаларда.
10 Очарчилик дастидан чиққан иссиғимиз,
Тандирдай қизиган бизнинг баданимиз.
11 Ғанимларимиз Қуддусда аёлларни зўрлашди,
Яҳудо шаҳарларида қизларнинг номусига тегишди.
12 Қўлларидан осишди йўлбошчиларимизни,
Хор қилишди оқсоқолларимизни.
13 Йигитлар тегирмон тошини тортяпти,
Ўғлонлар оғир ўтин остида гандираклаб қолди.
14 Шаҳар дарвозасида оқсоқоллар ўтирмайдиган бўлди,
Йигитлар шодон куйлар чалмайдиган бўлди.
15 Кўнглимизни шодлик тарк этди,
Ўйин–кулгимиз азага айланди.
16 Бошимиздаги тожимиз тушиб кетди,
Гуноҳ қилдик! Шўримиз қуриди!
17 Дарду аламга тўлди юрагимиз,
Йиғлайвериб хиралашди кўзимиз.
18 Ахир, Сион тоғи ҳувиллаб қолди,
Чиябўрилар у ерда изғиб юрибди.
19 Сен эса, эй Эгам, абадий ҳукмронлик қиласан,
Авлодлар оша Ўз тахтингда ўтирасан.
20 Нечун бизни Сен тамом унутдинг?
Нечун узоқ вақтга ташлаб қўйдинг?
21 Эй Эгам, бизни Ўзингга қаратгин,
Токи Сенга қайтайлик.
Қадимги улуғворлигимизни тиклагин.
22 Наҳотки Сен биздан бутунлай воз кечдинг?!
Қаҳру ғазабингнинг ҳад–поёни бордир, ахир?!