Марк

Марк

Яҳё чўмдирувчининг ваъзи

1 Худонинг Ўғли Исо Масиҳ тўғрисидаги Хушхабар шундай бошланади.

2 Ишаё пайғамбарнинг китобида ёзилганки:

“Мана, Сендан олдин Мен Ўз элчимни юборяпман,

У Сен учун йўлни ҳозирлайди.

3 Чўлда бир овоз янграмоқда:

«Эгамизга йўл ҳозирланг,

Унга тўғри йўл очинг!»”

4 Дарвоқе, Яҳё чўмдирувчи чўлда одамларга: “Гуноҳларингиздан тавба қилиб, сувга чўминглар, шунда Худо гуноҳларингизни кечиради”, деб ваъз қила бошлади.

5 Қуддус аҳолиси ва Яҳудия ўлкасининг қолган ҳамма жойларидан келган одамлар Яҳёнинг олдига боришарди. Улар гуноҳларини эътироф этишар, Яҳё уларни Иордан дарёсида чўмдирар эди.

6 Яҳёнинг кийимлари туя жунидан тўқилган бўлиб, белига чарм камар боғлаган эди. У чигиртка ва ёввойи асал ерди.

7 У халққа шундай деб эълон қиларди: “Мендан ҳам қудратлироқ бўлган бир Зот ортимдан келмоқда. Мен энгашиб Унинг чориқ ипларини ечишга ҳам арзимайман.

8 Мен сизларни сувга чўмдиряпман, У эса сизларни Муқаддас Руҳга чўмдиради.”

Исо сувга чўмдирилади

9 Ўша кунлари Исо Жалила ҳудудининг Носира шаҳридан Яҳё олдига келди. Яҳё Уни Иордан дарёсида чўмдирди.

10 Сувдан чиқиши биланоқ Исо осмоннинг очилиб кетганини ва Муқаддас Руҳ Унинг устига каптардай тушиб келганини кўрди.

11 Осмондан эса: “Сен Менинг севикли Ўғлимсан, Сендан ниҳоятда мамнунман” деган овоз эшитилди.

Исо васвасага солинади

12 Муқаддас Руҳ Исони дарҳол саҳрога бошлаб кетди.

13 Исо саҳрода қирқ кун бўлиб, шайтон томонидан васвасага солинди. Исо ёввойи ҳайвонлар орасида яшаб, фаришталар Унга хизмат қилишарди.

14 Яҳё ҳибсга олингандан кейин, Исо Жалилага бориб, Худонинг Хушхабарини ваъз қилди:

15 “Вақт–соати етди. Худонинг Шоҳлиги яқинлашди! Тавба қилинглар, Хушхабарга ишонинглар!”

Исонинг дастлабки шогирдлари

16 Исо Жалила кўли бўйлаб ўтаётиб, Шимўн ва унинг укаси Эндрусни кўриб қолди. Улар балиқчи бўлиб, кўлга тўр ташлаётган эдилар.

17 Исо уларга деди: “Ортимдан юринглар. Мен сизларга одамларни овлашни ўргатаман.”

18 Улар ўша заҳотиёқ тўрларини ташлаб, Исога эргашдилар.

19 Исо бир оз нари юргач, Забадиёнинг ўғиллари Ёқуб ва Юҳаннони кўриб қолди. Улар қайиқда тўрларини ямаб ўтиришган эди.

20 Исо шу онда уларни ҳам чақирди. Улар оталари Забадиёни ва ёлланма ишчиларни қайиқда қолдириб, Исога эргашдилар.

Жинга чалинган одам

21 Улар Кафарнаҳум шаҳрига кириб боришди. Шаббат куни Исо синагогага кириб, таълим бера бошлади.

22 Халойиқ Исонинг таълимотини эшитиб, ҳайратда қолди, чунки У одамларга Таврот тафсирчиларидай эмас, балки ҳокимият эгаси каби таълим берар эди.

23 Ўша синагогада ёвуз руҳга чалинган бир одам бор эди. У тўсатдан қичқириб юборди:

24 — Эй Носиралик Исо! Бизни тинч қўй! Сен бизни ҳалок қилгани келдингми? Сенинг кимлигингни биламан: Сен Худонинг Азизисан!

25 Бироқ Исо жинга дўқ уриб:

— Жим бўл! Ундан чиқиб кет! — деди.

26 Ёвуз руҳ у одамни қаттиқ силтади, овози борича бақириб, унинг ичидан чиқиб кетди.

27 Одамлар ҳайратланиб, бир–бирларидан сўрай бошладилар:

— Бу нимаси? Ҳокимиятга эга бўлган янги таълимот–ку! У ёвуз руҳларга буйруқ беради, ёвуз руҳлар эса Унга бўйсунади–я!

28 Шундай қилиб, Исонинг шуҳрати бутун Жалила ҳудуди бўйлаб ёйила бошлади.

Исо кўп одамларни соғайтиради

29 Исо, Шимўн, Эндрус, Ёқуб, Юҳанно синагогадан чиқиб, тўғри Шимўн ва Эндруснинг уйига бордилар.

30 Шимўннинг қайнанаси иситмалаб, тўшакда ётган эди. Исо келиши биланоқ Унга бу ҳақда айтишди.

31 Исо аёлнинг ёнига борди, қўлидан тутиб, ўтирғизиб қўйди. Шунда аёлнинг иситмаси тушди, у меҳмонларга хизмат қила бошлади.

32 Қуёш ботиб кеч кирган пайтда, одамлар хасталарни ва жинга чалинганларни Исонинг олдига олиб келишди.

33 Бутун шаҳар аҳолиси эшик олдига йиғилди.

34 Исо турли дарду иллатлардан қийналган кўп одамларни соғайтирди. Кўпларнинг ичидан жинларни қувиб чиқарди. Жинларнинг гапиришига ижозат бермасди, чунки жинлар Исонинг кимлигини билишарди.

Исо Жалиладаги синагогаларда ваъз қилади

35 Эртаси куни саҳарда, тонг ёришмасдан олдин, Исо ўрнидан туриб, уйдан чиқиб кетди. Кимсасиз жойга бориб, ибодат қилди.

36 Шимўн ва бошқалар Исони қидириб кетдилар.

37 Исони топиб:

— Ҳамма Сизни излаб юрибди! — дедилар.

38 Исо уларга:

— Яқин атрофдаги қишлоқларга борайлик, Мен у ерларда ҳам воизлик қилай, чунки Мен ана шу мақсадда келганман, — деди.

39 Шундай қилиб, Исо бутун Жалила ҳудудини кезиб, у ердаги синагогаларда воизлик қилар ва одамларнинг ичидан жинларни қувиб чиқарар эди.

Тери касаллигига чалинган одамни Исо соғайтиради

40 Тери касаллигига чалинган бир одам Исонинг олдига келди. У тиз чўкиб, ялинди:

— Биламан, агар истасангиз, мени бу касалликдан поклай оласиз.

41 Исонинг унга раҳми келиб, қўлини узатди ва унга теккизиб:

— Истайман, пок бўл! — деди.

42 Шу заҳоти ўша одам касаллигидан фориғ бўлиб, покланди.

43-44 Исо уни қатъий огоҳлантириб деди:

— Менга қара! Бу тўғрида бировга оғиз оча кўрма. Бориб, ўзингни руҳонийга кўрсат. Покланганингни ҳаммага исбот қилиш учун Мусо амр қилган қурбонликларни келтир.

Шу сўзлар билан Исо уни дарҳол жўнатиб юборди.

45 Ўша одам эса кетаётиб, рўй берган ҳодисани бемалол ҳар ёққа ёя бошлади. Шу боис Исо бирор шаҳарга очиқчасига бора олмай қолди. Аксинча, шаҳардан ташқарида, кимсасиз жойларда яшайдиган бўлди. Шунга қарамай, халойиқ ҳар томондан Унинг олдига келар эди.

Исо шолни соғайтиради

1 Бир неча кундан кейин Исо яна Кафарнаҳум шаҳрига келди. Унинг келгани тўғрисидаги хабар тезда шаҳарга тарқалди.

2 Шу қадар кўп одам йиғилдики, Исо ўтирган уйнинг ҳатто эшиги олдида ҳам жой қолмади. Исо халққа Худонинг сўзини ўргатаётган эди.

3 Шу орада тўрт киши бир шол одамни кўтариб келдилар.

4 Оломон кўплигидан улар шолни Исонинг олдига олиб бора олмай, уйнинг томидан тешик очдилар. Шолни тўшаги билан Исонинг олдига туширдилар.

5 Исо уларнинг ишончини кўриб, шолга:

— Ўғлим, гуноҳларинг кечирилди, — деди.

6 Бу ерда баъзи Таврот тафсирчилари ўтирган эдилар. Улар ичларида шундай деб ўйлаган эдилар:

7 “Нега бу Одам бундай деяпти? Бу куфрлик–ку! Худодан бошқа ҳеч ким гуноҳларни кечира олмайди!”

8 Исо шу онда уларнинг ўй–фикрларини билиб, деди:

— Нега бундай нарсаларни ўйлайсизлар?

9 Қайси бири осонроқ? Шолга: “Гуноҳларинг кечирилди”, деб айтишми ёки: “Ўрнингдан тур, тўшагингни олгин–да, юр!” деб айтишми?

10 Инсон Ўғлига ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимияти берилган. Ҳозир шуни билиб оласизлар.

У шундай деди–ю, шолга:

11 — Сенга айтаман: ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, уйингга бор! — деб буюрди.

12 Шол одам ўрнидан турди, дарҳол тўшагини олиб, ҳамманинг кўзи олдида чиқиб кетди. Ҳамма ҳайратга тушиб: “Бунақасини ҳеч қачон кўрмаган эдик”, деб Худони улуғлар эдилар.

Исо Левини чақиради

13 Исо яна Жалила кўли бўйига чиқди. Тумонат халойиқ Унинг олдига тўпланди. Исо уларга таълим берди.

14 Исо кўл бўйлаб юраркан, солиқ йиғадиган жойда ўтирган Халфей ўғли Левини кўриб қолди. Исо унга:

— Ортимдан юр! — деди. Леви ўрнидан туриб, Исога эргашди.

15 Бир оздан кейин Исо Левининг уйида меҳмон бўлди. Исога эргашган кўп солиқчилар ва гуноҳкорлар ҳам Унинг шогирдлари қаторида дастурхон атрофида ўтирардилар.

16 Исо гуноҳкорлар ва солиқчилар билан бирга овқатланиб ўтирганини фарзий мазҳабидан бўлган баъзи Таврот тафсирчилари кўриб, Унинг шогирдларига:

— Бу қандай гап? У солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга овқатланиб ўтирибди–ку! — дейишди.

17 Исо буни эшитиб, шундай жавоб берди:

— Мен солиҳларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман. Ахир, соғлар эмас, хасталар табибга муҳтождир.

Рўза тутиш ҳақида савол

18 Яҳёнинг ҳам, фарзийларнинг ҳам шогирдлари рўза тутишар эди. Баъзи одамлар Исонинг ёнига келиб:

— Нега Яҳёнинг шогирдлари ва фарзийларнинг шогирдлари рўза тутади–ю, Сизнинг шогирдларингиз тутмайди? — деб сўрашди.

19 Исо уларга деди:

— Тўйда меҳмонлар рўза тута оладиларми? Албатта, йўқ! Куёв улар билан бирга бўлганда, улар рўза тута олмайдилар.

20 Бироқ улар куёвдан жудо бўладиган кунлар келади, ана ўшанда рўза тутадилар.

21 Ҳеч ким эски кийимга янги матодан ямоқ солмайди. Акс ҳолда, янги ямоқ эски кийимни баттар йиртиб юборади.

22 Шунингдек, ҳеч ким янги шаробни эски мешга қуймайди. Чунки янги шароб мешни ёриб юборади, шароб ҳам, меш ҳам исроф бўлади. Аксинча, янги шаробни янги мешга қуймоқ даркор.

Шаббат кунига риоя қилиш ҳақида

23 Шаббат кунларининг бирида Исо буғдойзордан ўтиб кетаётган эди. Унинг шогирдлари йўл–йўлакай бошоқларни уза бошладилар.

24 Буни кўрган фарзийлар Исога:

— Қара, нега улар Шаббат куни қонунга хилоф иш қиляптилар? — дейишди.

25 Исо уларга деди:

— Довуд ҳамроҳлари билан оч қолиб, овқатга муҳтож бўлганда нималар қилганини наҳотки сизлар ҳеч ўқимаган бўлсангиз?!

26 У олий руҳоний Абуатар замонида Худонинг уйига кириб, муқаддас нонларни еган. Ҳатто ҳамроҳларига ҳам берган. Қонунга мувофиқ эса бундай нонларни фақат руҳонийлар ейишга ҳақли эдилар–ку!

27 Кейин Исо давом этди:

— Инсон Шаббат куни учун эмас, балки Шаббат куни инсон учун яратилган.

28 Шу боис, Инсон Ўғли Шаббат кунининг ҳам Ҳокимидир.

Қўли шол одамни Исо соғайтиради

1 Бошқа бир куни Исо синагогага кирди. У ерда қўли шол бир одам бор эди.

2 Исони айбламоқчи бўлган баъзи одамлар: “Исо Шаббат куни ҳам бу одамга шифо берармикан”, деб Уни кузатиб турардилар.

3 Қўли шол одамга Исо:

— Олдинга чиқ! — деди.

4 Сўнг халойиқдан сўради:

— Қонунга мувофиқ Шаббат куни яхшилик қилиш керакми ёки ёмонликми? Жонни халос қилиш керакми ёки ҳалок қилишми?

Улар эса индамай туравердилар.

5 Исо одамларнинг бундай бағри тошлигидан ранжиб, атрофга ғазаб билан қаради. Сўнгра ўша одамга:

— Қўлингни узат! — деди.

У одам қўлини узатиши биланоқ, қўли соппа–соғ бўлиб қолди.

6 Фарзийлар эса дарров ташқарига чиқиб: “Исони қандай қилиб ўлдирсак экан?” деб Ҳирод тарафдорлари билан тил бириктиришди.

Кўл бўйидаги оломон

7-8 Исо шогирдлари билан Жалила кўли томонга кетди. Унга бир талай оломон эргашди. Унинг қилган ишлари тўғрисида эшитган бу одамлар Жалиладан, Яҳудиядан, Қуддусдан, Идумея ҳудудидан, Иордан дарёсининг шарқидаги ерлардан, шунингдек, Тир ва Сидон атрофидаги ҳудудлардан келган эдилар.

9 Одам кўплигидан оёқ остида қолиб кетмай деб, Исо шогирдларига қайиқ тайёрлаб қўйишни буюрди.

10 Исо кўпчиликка шифо бергани учун, ҳамма хасталар Исога қўлларини теккизмоқчи бўлиб, У томон ёпирилишарди.

11 Ёвуз руҳга чалинган одамлар эса Исони кўрган заҳоти, Унинг оёқларига йиқилиб: “Сен Худонинг Ўғлисан”, — деб бақириб юборишарди.

12 Аммо Исо: “Менинг кимлигимни айтманглар!” деб уларга қатъий буюрарди.

Исо ўн икки ҳаворийни танлайди

13 Шундан сўнг Исо тоққа чиқиб, Ўзи хоҳлаган одамларни ёнига чақирди. Улар келгач,

14 Исо ўн икки одамни танлаб олиб, уларга ҳаворийлар деб ном берди. Сўнгра деди:

— Мен билан бирга бўлишларингиз учун сизларни танлаб олдим. Мен сизларни ваъз айтишга юбораман.

15 Сизларга жинларни ҳайдаш ҳокимиятини бераман.

16 Исо танлаб олган ўн икки ҳаворий қуйидагилардир: Шимўн (Исо унга Бутрус деб исм берди),

17 Забадиё ўғиллари Ёқуб ва Юҳанно (Исо уларга Банирагаш, яъни “момақалдироқ ўғиллари” деб ном берди),

18 яна Эндрус, Филип, Бартоломей, Матто, Тўма, Халфей ўғли Ёқуб, Таддеюс, ватанпарвар Шимўн

19 ва Исога хиёнат қилган Яҳудо Ишқариёт.

Исо ва шайтон

20 Шундан сўнг Исо уйга кетди. Аммо яна кўп халойиқ тўплангани учун Исо ва шогирдларининг ҳатто нон ейишга ҳам вақтлари бўлмади.

21 Исонинг қилган ишлари тўғрисида оила аъзолари эшитиб: “Исо ақлдан озиб қолибди”, деб Уни олиб кетгани келдилар.

22 Қуддусдан келган Таврот тафсирчилари эса:

— Унинг ичига Баалзабул кириб олган. У Баалзабулнинг — инс–жинслар ҳукмдорининг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти, — дейишди.

23 Шунда Исо уларни ёнига чақириб, масал билан сўзлай бошлади:

— Қандай қилиб шайтон шайтонни қувиб чиқара олади?!

24 Агар бир шоҳлик низо туфайли ўз ичидан бўлиниб кетса, бундай шоҳлик хароб бўлади.

25 Агар бир хонадон низо туфайли ўз ичидан бўлиниб кетса, у хонадон барбод бўлади.

26 Борди–ю, шайтоннинг шоҳлиги ўз–ўзига қарши чиқиб, бўлиниб кетса, у барбод бўлиб, куни битади.

27 Ҳеч ким кучли одамнинг уйига бостириб кириб, унинг мол–мулкини талон–тарож қилиб олиб кета олмайди. Уйнинг эгасини ўғри боғлаб қўйсагина, уйини талон–тарож қила олади.

28 Сизларга чинини айтайин: одамларнинг қилган гуноҳлари, айтган ҳар қандай куфрликлари кечирилади.

29 Аммо ким Муқаддас Руҳга куфрлик қилса, ҳеч қачон кечирилмайди, чунки бу абадий гуноҳдир.

30 Исо бу сўзни, “Уни ёвуз руҳ чалган” деганлари сабабли айтди.

Исонинг онаси ва укалари

31 Исонинг онаси билан укалари келиб қолишди. Улар Исони чақириб келиш учун одам юбориб, ўзлари уйнинг ташқарисида кутиб туришди.

32 Исонинг атрофида оломон ўтирган эди. Улар Исога:

— Ана, онангиз ва укаларингиз ташқарида Сизни сўраяптилар, — дейишди.

33 Исо уларга жавобан:

— Менинг онам ва укаларим ким? — деди.

34 Сўнгра атрофида ўтирганларга назар солиб деди:

— Мана, Менинг онам ва укаларим!

35 Кимда–ким Худонинг иродасини бажо қилса, у Менинг укам, синглим, онам бўлади.

Уруғ сепувчи ҳақида масал

1 Исо яна кўл бўйида таълим берди. Унинг атрофида шу қадар кўп оломон тўпландики, У кўлдаги қайиққа тушиб ўтиришга мажбур бўлди. Оломон эса кўл қирғоғида турарди.

2 Исо масал орқали халққа таълим бериб, шундай деди:

3 “Қулоқ солинглар! Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди.

4 Уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди.

5 Баъзи уруғлар тупроғи кам тошлоққа тушибди. Тупроқ кам бўлгани учун уруғлар тез кўкариб чиқибди.

6 Бироқ қуёш чиққач, қовжираб, илдизи бўлмагани учун сўлиб қолибди.

7 Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Тиканлар ўсиб, уруғларни бўғиб қўйибди, уруғлар ҳосил бермабди.

8 Яна бошқа уруғлар эса яхши тупроққа тушибди ва униб–ўсиб, ўттиз, олтмиш, ҳаттоки юз баробар кўп ҳосил берибди.”

9 Кейин Исо яна деди: “Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”

Масалларнинг мақсади

10 Исо ўн икки шогирди ва бошқа баъзи одамлар билан ёлғиз қолганда, улар Исодан бояги масални тушунтириб беришини сўрадилар.

11 Исо уларга деди: “Худо Шоҳлигининг сирини билиш сизларга берилган. Ташқаридагиларга эса ҳамма нарсани масаллар билан гапираман,

12 токи:

«Улар қараб туриб, англамасинлар,

Тинглаб туриб, тушунмасинлар.

Акс ҳолда, Худога қайтадилар,

Гуноҳларидан фориғ бўладилар.»”

Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъноси

13 Исо уларга деди: “Агар бу масални тушунмаган бўлсангиз, бошқа масалларни қандай тушунасиз?!

14 Уруғ сепувчининг сепгани — Худонинг каломидир.

15 Баъзи одамлар сўқмоқ йўл устига тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар каломни эшитадилар, аммо ўша заҳоти шайтон келиб, уларнинг ичига экилган каломни олиб кетади.

16 Бошқа одамлар тошлоқ ерга тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар каломни эшитганда, уни дарров севинч билан қабул қиладилар.

17 Лекин уларнинг илдизи бўлмагани учун узоққа чидамайдилар. Калом туфайли қайғу ёки қувғинга дучор бўлишса, дарров чекинадилар.

18 Бошқа бирлари тиканлар орасига тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар Худонинг каломини эшитадилар,

19 лекин дунёнинг ташвишлари, бойликка ўчлик ва бошқа ҳаваслар уларнинг юракларига кириб, каломни бўғиб қўяди, калом эса самарасиз қолади.

20 Бошқа бирлари эса яхши тупроққа тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар каломни эшитиб, қабул қиладилар ва ўттиз, олтмиш, ҳатто юз баробар ҳосил берадилар.”

Идиш остидаги чироқ

21 Исо уларга яна деди: “Чироқни олиб келиб, идишнинг ёки чорпоянинг тагига қўядими?! Аксинча, чироқпояга қўяди.

22 Шу сингари, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади.

23 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”

24 Кейин уларга яна деди: “Эшитаётганларингизни қулоғингизга қуйиб олинг! Сиз қандай ўлчов билан ўлчасангиз, худди шундай ўлчов билан сизга ҳам ўлчаб берилади. Сизга яна қўшиб берилади.

25 Кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, бори ҳам ундан тортиб олинади.”

Униб чиққан уруғ ҳақида масал

26 Исо яна шундай деди: “Худонинг Шоҳлигини шунга қиёсласа бўлади: деҳқон даласига уруғ экади.

27 Кечаси бўлдими, ухлайди, кундузи бўлдими, туради. Аммо уруғ қандай униб чиқиб, ўсишини у билмайди.

28 Ер ўз–ўзидан аввал пояни, сўнгра бошоқни, ундан кейин бошоқдаги тўлиқ донни етиштиради.

29 Ҳосил пишгач, йиғим–терим вақти келди, деб ўша одам дарҳол ўроқни ишга солади.”

Хантал уруғи ҳақида масал

30 Исо яна деди: “Худонинг Шоҳлигини яна нимага ўхшатсак бўлади?! Уни қандай масал билан ифодаласак бўлади?!

31 Худонинг Шоҳлиги хантал уруғига ўхшайди: у ерга сепиладиган уруғларнинг энг майдасидир.

32 Лекин сепилгандан кейин кўкаради ва барча кўкатлардан баланд бўлиб ўсади. Катта шохлар чиқаради, осмондаги қушлар ҳам унинг паноҳида уя қуради.”

33 Шундай қилиб, Исо халқнинг эшитиш имкониятига қараб, бу сингари, кўпгина масаллар орқали Худонинг сўзини ўргатарди.

34 Уларга масалсиз гапирмас эди. Шогирдлари билан ёлғиз қолганда эса, уларга ҳаммасини тушунтирар эди.

Исо бўронни тинчлантиради

35 Ўша куни кечқурун Исо шогирдларига:

— Кўлнинг нариги томонига ўтайлик, — деди.

36 Улар оломонни қолдириб, Исони ўтирган қайиғида олиб кетдилар. Исонинг кетидан бошқа қайиқлар ҳам сузиб кетди.

37 Шу орада кўлда кучли бўрон кўтарилди. Тўлқинлар қайиқни тебратиб юборди, қайиқ сувга тўла бошлади.

38 Исо эса қайиқнинг қуйруқ томонида ёстиққа бош қўйиб, ухлаб ётган эди.

Шогирдлар Исони уйғотиб:

— Устоз! Ҳалок бўляпмиз! Наҳотки Сизга барибир бўлса?! — дейишди.

39 Шунда Исо туриб, шамолга: “Жим бўл!” ва кўлга: “Бас қил!” деб буюрди. Шу онда шамол тинди, чуқур сукунат бўлди.

40 Исо шогирдларига:

— Нега қўрқасизлар? Нега ҳалигача ишончингиз йўқ? — деди.

41 Улар эса ваҳимага тушиб, бир–бирига шундай дейишди:

— Бу Ким бўлди экан–а? Шамол ҳам, кўл ҳам Унга бўйсунади–я!

Жинга чалинган одамни Исо соғайтиради

1 Исо шогирдлари билан кўлнинг нариги қирғоғидаги Гераса ҳудудига етиб келди.

2 Исо қайиқдан тушиши биланоқ, ёвуз руҳга чалинган бир одам қабрлар орасидан югуриб келиб, Унинг қаршисидан чиқди.

3 У одам қабристонда яшарди. Уни ҳеч ким ҳатто занжир билан ҳам боғлай олмасди.

4 Кўп маротаба уни кишанлару занжирлар билан боғлаган бўлсалар–да, аммо у занжирларни узиб, кишанларни ҳам синдириб ташлар эди. Уни тинчитишга ҳеч кимнинг кучи етмас эди.

5 Доимо, кечаю кундуз қабрлар орасида, тоғларда бақириб юрар, баданини тошлар билан тилиб, жароҳатлар эди.

6 У Исони узоқдан кўриб, югуриб келди–да, Унга таъзим қилиб,

7 овози борича бақирди:

— Эй Исо, Худойи Таолонинг Ўғли! Мени тинч қўй! Худо ҳақи Сенга ёлвораман, менга азоб берма!

8 Чунки Исо унга: “Эй ёвуз руҳ, бу одамдан чиқиб кет!” — деб буюрган эди.

9 Исо ёвуз руҳдан:

— Исминг нима? — деб сўради.

— Исмим Тумонат, чунки бизлар кўпчиликмиз, — деб жавоб берди у.

10 Уларни бу ҳудуддан ташқарига ҳайдаб чиқармаслигини Исодан қайта–қайта ёлвориб сўради.

11 Ўша тоғнинг ён бағрида катта чўчқа подаси ўтлаб юрган эди.

12 Ёвуз руҳлар Исога ёлвориб:

— Бизни шу чўчқаларга юборгин, уларга кирайлик, — дейишди.

13 Исо уларга рухсат берди. Ёвуз руҳлар эса шу заҳоти у одамдан чиқиб, чўчқаларга кириб олишди. Икки мингга яқин чўчқа тик қияликдан кўлга ёпирилиб, чўкиб кетди.

14 Шунда чўчқа боқувчилар қочиб кетиб, бўлиб ўтган ҳодисани шаҳар ва қишлоқларда гапириб юрдилар. Аҳоли эса нима бўлганини кўришга борди.

15 Улар Исонинг олдига келганларида, илгари тумонат жин қамраган одамни кийинган ва ақли расо ҳолда ўтирганини кўриб, қўрқиб кетишди.

16 Воқеани кўрганлар эса ҳалиги одам жиндан қандай қутулгани ва чўчқалар билан нима рўй бергани ҳақида халққа сўзлаб беришди.

17 Шунда маҳаллий халқ Исодан: “Ҳудудимиздан чиқиб кетинг”, деб ўтинди.

18 Исо қайиққа тушди. Жиндан қутулган одам Исога:

— Сиз билан кетай, — деб ёлворди.

19 Лекин Исо рози бўлмади. Унга шундай деди:

— Уйингга бор, Мен — Раббинг сен учун нималар қилганимни, қандай раҳм–шафқат кўрсатганимни ўз яқинларингга гапириб бер.

20 Шунда у киши бориб, Исо унга қанчалар мурувват кўрсатганини Декаполис ҳудудида эълон қила бошлади. Ҳамма ҳайратга тушарди.

Соғайган аёл ва тирилган қиз ҳақида

21 Исо қайиқда кўлнинг нариги томонига яна сузиб ўтди. Бир талай оломон қирғоқда Унинг атрофига тўпланди.

22 Шу пайт Яир исмли бир киши келиб қолди. У синагога бошлиғи эди. У Исони кўрди–ю, оёғига йиқилиб:

23 — Менинг жажжи қизим ўлим тўшагида ётибди. Келиб унга қўлингизни теккизинг, у соғайиб тирик қолсин, — деб қайта–қайта ёлворди.

24 Исо у билан кетди. Исонинг орқасидан кўп халойиқ эргашиб, Уни қисиб қўяр эди.

25 У ерда ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл ҳам бор эди.

26 У кўп табиблар муолажасидан анча қийналиб, бутун мол–мулкини сарф этгани билан ҳеч фойда кўрмаган, аҳволи баттар ёмонлашиб борарди.

27 Аёл Исо ҳақида эшитди–ю, халойиқ орасида Исонинг орқасидан келиб, кийимига қўл теккизди.

28 У ўзича: “Агар кийимига бир тегиб олсам бас, соғайиб кетаман”, деб ўйлаган эди.

29 У шундай қилиши биланоқ, қон кетиши тўхтади. Аёл касалликдан фориғ бўлганини ўз танасида ҳис этди.

30 Исо эса шу онда Ўзидан бир куч чиққанлигини сезди. У орқасига ўгирилиб халойиқдан:

— Кийимимга ким тегди? — деб сўради.

31 Шогирдлари Унга:

— Сизни халойиқ қисиб турганлигини кўриб турибсиз–ку! Нимага яна: “Менга ким тегди?” деб сўраяпсиз? — дейишди.

32 Лекин Исо буни ким қилганини кўриш учун атрофга қарар эди.

33 Аёл ўзида қандай ўзгариш бўлганини билиб, титраб–қўрқиб келди, Исонинг оёқлари остига ўзини ташлаб, бутун ҳақиқатни Унга сўзлаб берди.

34 Исо унга деди:

— Қизим, ишончинг сени соғайтирди. Эсон–омон бор, дардингдан халос бўлгин.

35 Исо шундай деб турган ҳам эдики, синагога бошлиғининг уйидан одамлар келиб унга:

— Қизингиз ўлди, нега яна Устозни овора қиляпсиз? — дедилар.

36 Исо бу сўзларни эшитиб қолиб, синагога бошлиғига:

— Қўрқманг, фақат ишонинг, — деди.

37 Исо ҳеч кимнинг эргашишига йўл қўймай, фақат Бутрус, Ёқуб ва унинг укаси Юҳаннони олиб кетди.

38 Синагога бошлиғининг уйига етганларида, безовталикни, дод–фарёд қилаётган одамларни кўрдилар.

39 Исо ичкарига кириб:

— Нега безовтасизлар? Нега йиғлаяпсизлар? Қизча ўлмаган, у ухлаб ётибди, — деди.

40 Улар эса Исонинг устидан кулишди.

Исо ҳаммани ташқарига чиқариб юборди. У қизчанинг ота–онаси ва шогирдларини олиб қолиб, қизча ётган хонага кирди.

41 Қизчанинг қўлидан ушлаб унга:

— Талифа кум! — деди. Бу гапнинг таржимаси: “Қизалоқ, қани, ўрнингдан тур!” демакдир.

42 Ўн икки яшар қизча шу онда ўрнидан турди, юриб, атрофни айлана бошлади. Буни кўрганларнинг ақли шошди.

43 Исо:

— Буни ҳеч ким билмасин, — деб уларга қатъий буюрди ва қизчага овқат беришларини айтди.

Исо Носира шаҳрида рад қилинади

1 Исо у ердан жўнаб, она шаҳрига борди. Шогирдлари ҳам Унинг ортидан эргашдилар.

2 Шаббат куни Исо синагогада таълим берди. Уни тинглаётганларнинг кўпчилиги ҳайратга тушиб:

— Бу Одам шунча нарсани қаердан ўрганди экан–а? — деб сўрардилар. — Унга бундай доноликни ким берди? У бундай мўъжизаларни қандай қиляпти?

3 Ие, У Марямнинг дурадгор ўғли–ку! Ёқуб, Юсуф, Яҳудо ва Шимўннинг акаси эмасми бу?! Унинг сингиллари ҳам орамизда яшайди–ку!

Одамлар Исодан қаттиқ хафа бўлдилар.

4 Исо уларга шундай деди:

— Пайғамбар она шаҳридан, ўз қариндош–уруғлари ва уйидан бошқа ҳамма ерда иззатланади.

5 Исо у ерда ҳеч қандай мўъжиза кўрсата олмади. Фақатгина бирмунча беморларга қўл теккизиб, уларни соғайтирди.

6 Исо одамларнинг ишончсизлигига ҳайрон қолди.

Исо ўн икки ҳаворийни хизматга юборади

Шундан сўнг Исо атрофдаги қишлоқларда кезиб юриб, таълим берарди.

7 Ўн икки ҳаворийни ёнига чақириб, иккита–иккитадан қилиб жўната бошлади. Уларга ёвуз руҳлар устидан ҳокимият берди.

8 Уларга буюриб деди: “Йўл учун ёлғиз ҳассадан бошқа ҳеч нарса — нон ҳам, тўрва ҳам, белбоғларингизга мис чақа ҳам қистириб олманглар,

9 оёғингизга чориқ кийиб, устингизга қўшимча кийим олманглар.”

10 Исо яна деди: “Бирор ерга бориб, биронта уйга кирганингизда, то ўша жойни тарк этгунингизгача, шу уйда туринглар.

11 Агар бирор жойнинг одамлари сизни қабул қилмаса ва сизга қулоқ солмаса, у ердан чиқиб кетаётганингизда уларни огоҳлантириш тариқасида оёқларингизнинг чангини қоқиб кетинглар.”

12 Шундай қилиб, ҳаворийлар йўл юриб, тавба қилинглар, деб ҳаммани даъват қилишди.

13 Улар кўп жинларни қувиб чиқаришди ва кўп хасталарга зайтун мойи суртиб уларни соғайтиришди.

Яҳё чўмдирувчининг ўлими

14 Исонинг номи эл оғзига тушиб қолган эди. Шоҳ Ҳироднинг қулоғига ҳам миш–мишлар етиб борди. Баъзи одамлар: “Яҳё чўмдирувчи тирилиб келибди. Шунинг учун У мўъжизалар кўрсатиш қудратига эга”, дейишарди.

15 Бошқалар эса: “Бу Илёс”, деб айтишарди. Яна бошқа бировлари: “Қадимги пайғамбарларга ўхшаган бир пайғамбар бу”, деб айтардилар.

16 Ҳирод буларни эшитиб: “Мен бошини олдирган Яҳё тирилиб келибди”, деди.

17-18 Ҳирод ўз укаси Филипнинг хотини Ҳиродияга уйланган эди. Яҳё эса Ҳиродга: “Сиз укангизнинг хотинига уйлана олмайсиз, бу қонунга зид”, деб айтар эди. Шунинг учун Ҳирод Яҳёни қўлга олиб, зиндонга қаматиб қўйган эди.

19 Ҳиродиянинг ҳам Яҳёда қасди бор эди. У Яҳёни ўлдирмоқчи бўларди, аммо бу ниятига ета олмаётган эди.

20 Негаки Ҳирод Яҳёнинг солиҳ ва муқаддас киши эканини билиб, ундан қўрқар ва уни ҳимоя қилар эди. Унинг сўзлари Ҳиродни гангитиб қўярди, шунга қарамай, Ҳирод уни эшитишни хуш кўрарди.

21 Бир куни қулай фурсат туғилиб қолди. Ҳирод ўзининг туғилган куни муносабати билан амалдорларига, лашкарбошиларига ва Жалила ҳудудининг йўлбошчиларига зиёфат берди.

22 Ҳиродиянинг қизи кириб, рақс тушди ва Ҳирод билан улфатларининг кўнглини топди. Шоҳ қизга:

— Тила тилагингни, тилаган нарсангни бераман, — деди.

23 Унга ҳатто қасам ичиб:

— Мендан нима сўрасанг, бераман, шоҳлигимнинг ярмигача бўлса ҳам, бераман, — деди.

24 Қиз ташқарига чиқиб онасига:

— Нима сўрай? — деди.

— Яҳё чўмдирувчининг бошини сўра! — деди онаси.

25 Қиз шу онда шоҳ ҳузурига югуриб бориб:

— Менга ҳозироқ Яҳё чўмдирувчининг бошини лаганда келтириб беришингизни сўрайман, — деди.

26 Шоҳ жуда хафа бўлди. Аммо меҳмонлари олдида қасам ичгани учун қизнинг илтимосини рад этишни истамади.

27 У ўша заҳоти жаллодни юбориб, Яҳёнинг бошини келтиришни буюрди.

28 Жаллод зиндонга бориб, Яҳёнинг бошини танидан жудо қилди. Кейин унинг бошини лаганда келтириб, қизга берди. Қиз эса онасига берди.

29 Яҳёнинг шогирдлари юз берган ҳодисани эшитиб, унинг жасадини олгани боришди ва уни дафн этишди.

Исо 5000 кишини тўйдиради

30 Ҳаворийлар Исонинг олдига йиғилиб, қилган ҳамма ишларини, халққа нималар ўргатишганини айтиб бердилар.

31 Исо уларга:

— Келинглар, ёлғиз ўзимиз кимсасиз жойга борайлик, бир оз дам олинглар, — деди. Чунки келиб–кетувчилар кўплигидан уларнинг овқат ейишга ҳам вақти йўқ эди.

32 Исо билан шогирдлари қайиққа тушиб, ёлғиз ўзлари кимсасиз жойга жўнаб кетишди.

33 Лекин кўпчилик уларнинг қаерга кетаётганини билиб қолдилар. Шунда атрофдаги ҳамма шаҳарлардан одамлар пиёда йўлга тушишди, Исо билан шогирдлари бораётган жойга югуриб, улардан олдин етиб боришди.

34 Исо қайиқдан тушганда, катта бир оломонни кўрди. Уларга ачиниб кетди, чунки улар чўпонсиз қўйларга ўхшарди. Исо уларга кўп нарсалар ҳақида таълим берди.

35 Кеч кирганда, шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар:

— Бу жой кимсасиз экан, бунинг устига, жуда кеч бўлиб қолди.

36 Халқни жўнатиб юборинг, токи улар атрофдаги қишлоқ ва овулларга бориб, ўзларига егулик сотиб олишсин.

37 — Сизлар уларга овқат беринглар! — деди Исо.

— Наҳотки биз икки юз кумуш тангага нон сотиб олиб келиб, халққа едирсак? — деб сўрашди Ундан.

38 Исо деди:

— Қанча нонларингиз бор? Бориб кўринглар.

Улар билиб келиб:

— Бешта нон, иккита балиқ бор экан, — дейишди.

39 Исо халойиқни гуруҳ–гуруҳ қилиб, яшил ўт устига ўтқазишни шогирдларига буюрди.

40 Халқ юзтадан ва элликтадан гуруҳ–гуруҳ бўлиб ўтирди.

41 Исо бешта нон билан иккита балиқни олди ва осмонга қараб, шукрона дуосини ўқиди. Нонларни синдириб, халойиққа тарқатиш учун шогирдларига берди. Иккита балиқни ҳам ҳаммага тақсимлаб берди.

42 Ҳамма еб тўйди.

43 Сўнг ортиб қолган нон бурдаларини ва балиқларни йиғиб олишган эди, тўла ўн икки сават чиқди.

44 Нон еганлар орасида беш минг эркак бор эди.

Исо сув устида юради

45 Исо вақт ўтказмай, шогирдларини қайиққа тушириб, кўлнинг нариги томонидаги Байтсайда шаҳрига кетишга мажбур қилди. Оломонни эса уйларига қайтариб жўнатиб юборди.

46 Одамлар билан хайрлашгандан кейин, ибодат қилиш учун тепаликка чиқди.

47 Оқшом тушди. Қайиқ кўлнинг ўртасида, Исо эса ёлғиз Ўзи қуруқликда қолган эди.

48 Шогирдлар эшкак эшишга қийналаётган эдилар, чунки шамол қайиққа қарши эсар эди. Исо буни кўриб, эрта саҳарда кўл устида юрганича шогирдлари томон борди–да, уларнинг олдидан ўтиб кетмоқчи бўлди.

49 Шогирдлар эса кўл юзида юрган Исони кўриб, арвоҳ деб ўйлаб, бақириб юборишди.

50 Чунки ҳаммалари Уни кўриб, ваҳимага тушиб қолган эдилар. Лекин Исо ўша заҳоти уларга:

— Дадил бўлинглар! Қўрқманглар, бу Менман! — деди.

51 Сўнг Исо шогирдлари ёнига — қайиққа ўтгач, шамол тиниб қолди. Шогирдлар тамомила ҳайратга тушдилар,

52 чунки улар нон тўғрисидаги мўъжизани ҳам тушунмаган эдилар, уларнинг имони суст эди.

53 Улар кўлдан сузиб ўтиб, Генисарет ўлкасига келдилар. Ўша ерда қайиқни боғладилар.

54 Қайиқдан чиқишлари биланоқ халқ Исони таниб қолди.

55 Одамлар бутун юртни югуриб айланиб чиқдилар, хасталарни тўшакларда Исонинг олдига олиб бордилар. Улар ҳар сафар Исонинг қаердалигини эшитишса хасталарни ўша ерга олиб боришарди.

56 Исо қаерга бормасин — қишлоқларгами, шаҳарларгами, овулларгами — одамлар хасталарни очиқ майдонларга ётқизиб қўйишарди. Хасталар Исодан: “Ҳеч бўлмаса кийимингизнинг этагига қўл теккизайлик”, деб илтимос қилишарди. Унга қўл теккизганларнинг ҳаммаси шифо топарди.

Диний урф–одатлар ва Худонинг амри

1 Фарзийлар ва Қуддусдан келган айрим Таврот тафсирчилари Исонинг ёнига йиғилиб келдилар.

2 Улар Исонинг шогирдларидан баъзилари ҳаром, яъни ювилмаган қўллари билан нон еяётганларини кўриб қолдилар.

3 Фарзийлар ва умуман яҳудийлар ота–боболарининг урф–одатини сақлаб, ҳеч ҳам қўлларини ювмасдан овқат емайдилар.

4 Бозордан қайтганларида ҳам ювинмай овқат емайдилар. Шунингдек, сўри, коса, товоқ, қозонни ювиш каби кўпгина удумларга риоя қиладилар.

5 Шундай қилиб, фарзийлар ва тафсирчилар Исодан сўрадилар:

— Нега Сизнинг шогирдларингиз ота–боболаримизнинг урф–одатини сақлашмайди? Нима учун ҳаром қўллари билан нон ейишади?

6 Исо уларга шундай жавоб берди:

— Ишаёнинг башорати сиз иккиюзламачиларга жуда тўғри келади. Худонинг қуйидаги сўзларини Ишаё ёзиб қолдирган:

“Бу халқ Мени тилидагина иззат қилади,

Юраклари эса Мендан узоқдир.

7 Улар Менга сажда қиладилар,

Аммо саждалари беҳудадир.

Чунки улар инсон яратган қоидаларни

Илоҳий қонун деб ўргатадилар.”

8 Сизлар Худонинг амрларини йиғиштириб қўясизлар, инсоний урф–одатларга эса ёпишиб оласизлар.

9 Исо яна уларга деди:

— Ҳа, сизлар урф–одатларингизни сақлаш учун Худонинг амрларини четлаб ўтишнинг зўр йўлини топгансизлар!

10 Мусо айтган эди: “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Отасини ёки онасини хўрлаган ҳар қандай одамга ўлим жазоси берилсин.”

11 Аммо сизлар шундай таълим берасизлар: одам ўз отаси ёки онасига: “Фарзандлик бурчим — Худога қурбон, яъни Худога инъом қилинган”, деб айтиши мумкин.

12 Шундан кейин ўша одамнинг отасига ёки онасига яхшилик қилишига сизлар йўл қўймайсизлар.

13 Шу тариқа сизлар ўзларингиз ўрнатган урф–одатларингиз орқали Худонинг каломини бекор қиласизлар. Сизлар бунга ўхшаш яна кўп ишларни қиласизлар.

Инсонни нима ҳаром қилади?

14 Кейин Исо бутун халқни яна ёнига чақириб, деди:

— Ҳаммаларингиз Менга қулоқ солиб, тушуниб олинглар!

15-16 Ташқаридан инсон ичига кирадиган ҳеч нарса уни ҳаром қила олмайди. Аксинча, инсон ичидан чиқадиган нарса уни ҳаром қилади.

17 Исо халойиқ орасидан чиқиб уйга кирди, шогирдлар Ундан: “Ҳалиги айтганларингизни тушунтириб беринг”, деб илтимос қилишди.

18 Исо уларга деди:

— Сизлар ҳам шунчалик бефаҳммисизлар?! Ташқаридан инсоннинг ичига кирадиган ҳеч нарса уни ҳаром қила олмаслигини англамайсизларми?

19 Бу нарсалар инсоннинг қалбига эмас, қорнига киради ва керакли жойдан чиқиб кетади.

Исо бу гаплари билан ҳамма егуликлар ҳалол эканини эълон қилди.

20 У яна деди:

— Инсоннинг ичидан чиқадиган нарсалар инсонни ҳаром қилади.

21 Чунки ичдан, яъни инсон қалбидан ёмон фикрлар, фаҳш, ўғрилик, қотиллик,

22 зино, очкўзлик, фосиқлик, маккорлик, шаҳват, ҳасад, туҳмат, манманлик ва нодонлик чиқади.

23 Ана шу ёмонликларнинг ҳаммаси инсоннинг ичидан чиқиб, уни ҳаром қилади.

Ғайрияҳудий аёлнинг ишончи

24 Исо у ердан чиқиб, Тир ҳудудига кетди. Бир уйга кирди ва буни ҳеч ким билиб қолишини истамас эди, лекин яширина олмади.

25 Қизалоғини ёвуз руҳ чалган бир аёл Исо ҳақида эшитиб қолди–да, тез келиб, Унинг оёғига йиқилди.

26 Бу аёл Суриядаги Финикия ўлкасида туғилган бўлиб, яҳудий эмас эди. У:

— Қизимдан жинни қувиб чиқаринг, — деб Исодан ёлвориб сўради.

27 Бироқ Исо унга:

— Аввал болалар тўйсин, болалардан нонни олиб кучукларга ташлаш яхши эмас, — деди.

28 — Тўғри, Ҳазрат, — деди аёл. — Лекин кучуклар ҳам болаларнинг дастурхонидан тўкилган ушоқларини ейди–ку.

29 Исо унга:

— Мана шу гапинг учун сенга ёрдам бераман. Энди кетавер. Қизингдан жин чиқиб кетди, — деди.

30 Аёл уйига борганда, қизини жиндан қутулиб, тўшакда ётган ҳолда кўрди.

Исо кар одамга шифо беради

31 Исо Тир ҳудудидан чиқиб, Сидонга борди. Сўнг Жалила кўли бўйларидан ўтиб, Декаполис ҳудудига борди.

32 Айрим одамлар Исонинг олдига зўрға гапирадиган бир кар одамни олиб келиб, унга қўл теккизишини сўрашди.

33 Исо у одамни халойиқ орасидан бир четга олиб чиқди, сўнг Ўз бармоқларини унинг қулоқларига тиқиб қўйди. Сўнг тупуриб, сўлагини ўша одамнинг тилига теккизди.

34 Кейин осмонга қараб, чуқур хўрсинди–да, унга: “Эффатаҳ!” деди. Бу сўзнинг таржимаси “Очил!” демакдир.

35 Шу онда у одамнинг қулоқлари очилиб, тилга кирди, равонгина гапира бошлади.

36 Исо у ердагиларга, буни ҳеч кимга айтманглар, деб буюрди. Бироқ Исо одамларга қанча ман этса ҳам, улар бу ҳодисани янада кўпроқ ёйишарди.

37 Улар ҳаддан ташқари ҳайратда қолиб, шундай дейишарди: “У ҳамма нарсани яхши қилади, карларни эшитадиган, соқовларни гапирадиган қилади.”

Исо 4000 кишини тўйдиради

1 Ўша кунларда яна кўп одам йиғилди. Уларнинг ейиш учун ҳеч нарсалари қолмаганда, Исо шогирдларини ёнига чақириб деди:

2 — Халққа ачиняпман. Улар уч кундан бери Мен билан бирга, ейишга ҳеч нарсаси йўқ.

3 Агар уларни уйларига овқат бермай жўнатиб юборсам, йўлда ҳолдан тойиб қоладилар. Уларнинг баъзилари узоқ ерлардан келганлар.

4 Шогирдлари бунга жавобан:

— Уларни тўйдириш учун бу кимсасиз жойда ким қаердан нон топа оларди?! — дейишди.

5 — Қанча нонларингиз бор? — деб сўради Исо.

— Еттита, — деди шогирдлар.

6 Шундан кейин Исо халққа ерга ўтиришни буюрди. Еттита нонни олиб, шукрона дуосини ўқиб синдирди ва тарқатиш учун шогирдларига берди. Шогирдлар халққа тарқатишди.

7 Уларда бир нечта майда балиқ ҳам бор эди. Исо балиқлар учун шукурлар айтиб, балиқларни ҳам тарқатишни буюрди.

8 Халқ еб тўйди. Ортиб қолган нон бурдаларини йиғишганда, еттита сават тўлди.

9 У ерда тўрт мингга яқин одам бор эди.

Исо уларни жўнатгандан кейин,

10 дарҳол шогирдлари билан қайиққа тушиб, Далманута ҳудудига кетди.

Фарзийлар Исодан аломат сўрашади

11 Фарзийлар Исонинг олдига бориб, У билан баҳслаша бошладилар. Уни синаб кўриш мақсадида шундай дедилар:

— Бизга бир мўъжизали аломат кўрсатинг, шунда Сизни Худо юборганини тан оламиз.

12 Лекин Исо чуқур хўрсинди:

— Нега бу авлод аломат талаб қиляпти? Сизларга чинини айтайин, бу авлодга ҳеч қандай аломат берилмайди!

13 Исо уларнинг олдидан кетди, яна қайиққа тушиб, нариги қирғоққа ўтиб олди.

Исо шогирдларини койийди

14 Шогирдлар ўзлари билан нон олишни унутган эканлар. Қайиқда бир дона нон бор эди, холос.

15 Шу орада Исо шогирдларини огоҳлантириб деди:

— Фарзийлар ва Ҳироднинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар!

16 Шогирдлар ўзларича: “Биз нон олмаганимиз учун У шундай деяпти”, деб муҳокама қила бошладилар.

17 Шогирдлар нимани муҳокама қилаётганларини Исо билиб, уларга деди:

— Нега сизлар, нонимиз йўқ, деб айтяпсизлар? Ҳали ҳам тушунмаяпсизларми, англамаяпсизларми? Имонингиз шунчалик сустми?!

18 Кўзларингиз бор–ку, наҳотки кўрмасангиз?! Қулоқларингиз бор–ку, наҳотки эшитмасангиз?! Эслаб кўринг:

19 Мен бешта нонни синдириб, беш мингта эркакка бўлиб берганимда, сизлар қолган нон бурдалари билан нечта саватни тўлдириб олгансизлар?

— Ўн иккита саватни, — деб жавоб берди улар.

20 — Мен еттита нонни синдириб, тўрт минг кишига бўлиб берганимда, бурдалари билан нечта саватни тўлдириб олгансизлар?

— Еттита саватни, — дейишди.

21 — Ҳали ҳам англамадингизми? — деб сўради улардан Исо.

Исо кўрни соғайтиради

22 Исо шогирдлари билан Байтсайда шаҳрига келди. Одамлар Исонинг олдига бир кўрни олиб келиб: “Унга қўлингизни теккизиб қўйинг”, деб ёлвордилар.

23 Исо кўрнинг қўлидан ушлаб, шаҳардан етаклаб олиб чиқди. Сўнг кўзларига тупуриб, қўлларини унинг устига қўйди–да:

— Бирон нарса кўряпсанми? — деб сўради.

24 Кўр бошини кўтариб:

— Одамларни кўряпман, лекин улар юраётган дарахтларга ўхшайди, — деди.

25 Шундан кейин Исо қўлларини яна кўрнинг кўзларига теккизди. Кўр одам кўзларини очиб қараса, соғайиб қолган, ҳамма нарсани аниқ кўраётган эди.

26 Исо уни уйига жўнатар экан:

— Қишлоққа кирмай, тўғри уйингга кет, — деди.

Бутрус Масиҳни тан олади

27 Исо шогирдлари билан Филип Қайсарияси атрофидаги қишлоқларга йўл олди. Йўлда У шогирдларидан:

— Одамлар Мени ким деб билади? — деб сўради.

28 Шогирдлар Исога шундай жавоб беришди:

— Баъзилар Сизни Яҳё чўмдирувчи деб ҳисоблайдилар, баъзилар Илёс, бошқалари эса, қадимги пайғамбарлардан бири, деб айтиб юрибдилар.

29 Исо улардан сўради:

— Сизлар–чи, Мени ким деб биласиз?

Бутрус Унга жавоб бериб:

— Сиз Масиҳсиз, — деди.

30 Шундан сўнг Исо, Мен ҳақимда ҳеч кимга гапирманглар, деб шогирдларига қатъий буюрди.

Исо Ўз ўлими ҳақида гапиради

31 Исо шогирдларига шундай деб уқтира бошлади: “Инсон Ўғли кўп азоб чекади. Йўлбошчилар, бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари томонидан рад қилиниб, ўлдирилади. Учинчи куни эса тирилади.”

32 У бу ҳақда очиқдан–очиқ гапирди. Шунда Бутрус Исони четга тортиб:

— Устоз, бундай деб айтманг, — деди.

33 Аммо Исо ўгирилиб шогирдларига қаради–да, Бутрусни қаттиқ койиб деди:

— Йўқол кўзимдан, шайтон! Сен Худонинг ишларини эмас, инсон ишларини ўйлаяпсан, — деди.

34 Шундан сўнг Исо халқ билан шогирдларини олдига чақириб деди:

— Кимда–ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ўз хочини кўтариб, ортимдан юрсин.

35 Ким ўз жонини асраб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Ким Мен учун ва Хушхабар учун жонини берса, жонини асраб қолади.

36 Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса–ю, ўз жонидан маҳрум бўлса, бундан унга нима фойда?!

37 Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов бера олади?!

38 Бу бевафо ва гуноҳкор насл орасида Мендан ва Менинг сўзларимдан уялманглар! Акс ҳолда, Инсон Ўғли муқаддас фаришталар билан бирга Отасининг улуғворлигига бурканиб келганда, У ҳам сизлардан уялади.

Исонинг қиёфаси ўзгаради

1 Исо уларга яна деди:

— Сизларга чинини айтайин, бу ерда турганлардан баъзилари борки, улар Худонинг Шоҳлиги қудрат билан келишини кўрмагунларича, ўлмайдилар.

2 Орадан олти кун ўтди. Исо ёнига Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннони олиб, баланд бир тоққа чиқди. У ерда, уларнинг кўз ўнгида Исонинг қиёфаси ўзгариб кетди.

3 Унинг кийимлари ҳам кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ бўлиб қолди, ер юзида ҳеч бир кир ювувчи бундай оқартира олмас эди.

4 Шунда шогирдлар Исо билан гаплашиб турган Илёс билан Мусони кўришди.

5 Бутрус Исога деди:

— Устоз, яхши ҳам шу ерда эканмиз! Келинг, учта чайла ясайлик: биттаси Сизга, биттаси Мусога, биттаси Илёсга.

6 Шогирдлар шунчалик қўрқиб кетган эдиларки, Бутрус нима деб айтаётганини ўзи ҳам билмас эди.

7 Шу пайтда булут пайдо бўлиб, уларга соя солди. Булут орасидан шундай овоз эшитилди:

— Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Унга қулоқ солинглар!

8 Бирданига шогирдлар атрофга қараб, ёлғиз Исодан бошқа ҳеч кимни кўришмади.

9 Тоғдан тушаётганларида Исо уларга буюрди:

— Инсон Ўғли ўлиб тирилмагунча, бу кўрганларингизни ҳеч кимга айтманглар.

10 Улар бу ҳақда ҳеч кимга айтмадилар, аммо ўзаро: “Ўликдан тирилиш нима дегани экан?” деб, бу хусусда мунозара қила бошладилар.

11 Улар Исодан сўрадилар:

— Нега Таврот тафсирчилари, Масиҳдан олдин Илёс келиши керак, деб айтадилар?

12 Исо уларга жавобан деди:

— Тўғри, аввало Илёс келиб, ҳамма нарсани тиклайди. Хўш, Муқаддас битикларда, Инсон Ўғли кўп азоб чекиши ва хўрланиши керак, деб ҳам ёзилмаганми?!

13 Бироқ Мен сизларга шуни айтаман: Илёс аллақачон келган ва у ҳақда ёзилганидек, уни хоҳлаганларича хўрладилар.

Жинга чалинган болага Исо шифо беради

14 Исо уч шогирди билан тоғдан тушганда, улар қолган шогирдлари атрофига йиғилган катта оломонни кўрдилар. Баъзи Таврот тафсирчилари Исонинг шогирдлари билан баҳслашаётган эдилар.

15 Одамлар Исони кўриб, ҳайратга тушишди. Унинг олдига югуриб бориб, салом беришди.

16 — Нималар тўғрисида баҳслашяпсизлар? — деб сўради Исо.

17 Оломон орасидан кимдир жавоб берди:

— Устоз! Сизнинг олдингизга ўғлимни олиб келган эдим, уни жин чалгани учун гапира олмайди.

18 Жин уни қаерда тутиб олса, ерга йиқитади. Ўғлимнинг оғзидан кўпик чиқади, у тишларини ғичирлатиб, қотиб қолади. Мен шогирдларингизга, жинни қувиб чиқаринглар, дедим, аммо улар эплай олмадилар.

19 Исо бунга жавобан:

— Эй имонсиз авлод! Қачонгача сизлар билан бирга бўлишим керак?! Сизларга яна қанча тоқат қилишим керак?! Олдимга келтиринглар болани! — деди.

20 Болани Исонинг олдига келтиришди. Исони кўриши биланоқ жин болани қалтиратиб ташлади. Бола ерга йиқилди–ю, оғзидан кўпик оқизганча ағнаб ётаверди.

21 Исо унинг отасидан:

— Қачондан бери у бундай аҳволга тушади? — деб сўради.

— Болалигидан шунақа.

22 Жин уни ҳалок қилмоқчи бўлиб кўп маротаба оловга, сувга ташлади. Агар қўлингиздан келса, бизларга раҳм қилинг, ёрдам беринг, — деди.

23 Исо унга шундай жавоб берди:

— “Қўлингиздан келса” деганинг нимаси?! Агар одам ишонса, ҳамма нарсанинг имкони бор.

24 Шу он боланинг отаси ҳайқириб юборди:

— Ишонаман! Ишончсизлигимни енгишимга ёрдам беринг!

25 Томошага йиғилаётган халқни кўрган Исо ёвуз руҳга дўқ қилиб:

— Эй гунг қиладиган руҳ, Мен сенга буюраман: боладан чиқиб кет! Бундан кейин ҳеч қачон унинг ичига қайтиб кирма! — деди.

26 Шунда жин қаттиқ қичқириб юборди–да, болани шиддат билан қалтиратиб, ундан чиқиб кетди. Бола ўликдай бўлиб қолганидан, кўпчилик уни ўлди, деб айтди.

27 Лекин Исо уни қўлидан ушлаб туришига ёрдам берди, бола оёққа турди.

28 Исо уйга кирди. У ёлғиз экан, шогирдлари Ундан:

— Нега биз жинни қувиб чиқара олмадик? — деб сўрадилар.

29 Исо уларга деди:

— Бу тоифа жинларни ибодатдан бошқа йўл билан ҳайдаб бўлмайди.

Исо яна Ўз ўлими ҳақида гапиради

30 Исо ва шогирдлари у ердан жўнаб, Жалила ҳудудидан ўтдилар. Исо буни ҳеч ким билиб қолишини истамас эди.

31 У шогирдларига таълим бериб, шундай деди:

— Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади. Уни ўлдиришади, учинчи куни эса У тирилади.

32 Шогирдлар эса бу сўзларни тушунмадилар, аммо Ундан гапларининг маъносини сўрашга ботина олмадилар.

Энг катта ким?

33 Исо шогирдлари билан Кафарнаҳум шаҳрига келди. Уйда бўлганда, шогирдларидан сўради:

— Йўлда кетаётиб нималар ҳақида баҳслашдингиз?

34 Улар индамадилар, чунки улар: “Орамизда энг катта ким?” деб ўзаро баҳслашган эдилар.

35 Исо ўтириб, ўн икки шогирдини ёнига чақирди:

— Ким биринчи бўлишни истаса, ҳамманинг охирида турсин ва ҳаммага хизматкор бўлсин, — деди.

36 Сўнгра бир болани олиб, уларнинг ўртасига турғизиб қўйди ва болани қучоқлаганча, шогирдларига деди:

37 — Ким шундай болалардан бирини Менинг номимдан қабул қилса, у Мени қабул қилган бўлади. Ким Мени қабул қилса, у Мени эмас, балки Мени Юборганни қабул қилган бўлади.

Бизга қарши бўлмаган — биз томондадир

38 Юҳанно Исога деди:

— Устоз! Биз бир одамни кўрдик. У Сизнинг номингиз билан жинларни қувиб чиқараётган экан. У биз билан юрмагани учун унга бундай қилишни ман этдик.

39 Исо шундай деди:

— Ман этманг! Чунки Менинг номим билан мўъжиза яратган бирор бир кимса дарров Мени ёмонлай олмайди.

40 Ким бизга қарши бўлмаса, у биз томонда.

41 Сизларга чинини айтай: Масиҳга тегишли бўлганингиз учун сизга бир пиёла сув берган ҳар қандай одам албатта мукофотини олади.

Йўлдан оздириш ҳақида

42 Исо сўзида давом этди:

— Менга ишонган шу кичикларнинг биронтасини йўлдан оздирган одамнинг ҳолига вой. Бундай қилгандан кўра, ўша одамнинг бўйнига тегирмон тошини осиб, уни денгизга ташлашгани ўзи учун яхшироқ бўларди.

43-44 Агар йўлдан озишингга қўлинг сабабчи бўлса, уни чопиб ташла. Икки қўлинг билан сўнмас дўзах ўтига йўлиққанингдан кўра, майиб бўлиб абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир.

45-46 Агар йўлдан озишингга оёғинг сабабчи бўлса, уни чопиб ташла. Икки оёғинг билан дўзахга ташлангандан кўра, чўлоқ бўлиб абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир.

47 Агар йўлдан озишингга кўзинг сабабчи бўлса, уни ўйиб ташла. Икки кўзинг билан дўзахга ташлангандан кўра, бир кўзинг билан Худонинг Шоҳлигига кирганинг яхшироқдир.

48 Дўзахнинг қурти ҳам ўлмайди, олови ҳам ўчмайди.

49 Ҳар бир одам оловда тузланиб, покланади.

50 Туз — яхши нарса. Лекин туз ўз шўрлигини йўқотса, қандай қилиб тузни шўр қила оласизлар?! Туздай бўлинглар, ўзаро тинч–тотув яшанглар.

Никоҳ ва ажралиш ҳақида

1 Исо у ердан кетиб, Яҳудия ўлкасига, сўнг Иордан дарёсининг шарқ томонига борди. Унинг атрофига яна кўп халқ йиғилди. У Ўз одатига кўра, одамларга яна таълим берди.

2 Баъзи фарзийлар келдилар ва Исони синамоқчи бўлиб, сўрадилар:

— Қонунга кўра, эр ўз хотинидан ажралиши мумкинми?

3 Исо бунга жавобан:

— Мусо сизларга нимани амр қилган? — деб сўради.

4 — Эркак талоқ хатини ёзиб, хотинидан ажралишига Мусо ижозат берган эди, — дейишди.

5 Исо уларга деди:

— Бағри тошлигингиз учун Мусо сизларга бу амрни ёзиб қолдирган.

6 Аслида Худо дунёни яратганда одамларни эркагу аёл қилиб яратди.

7 “Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб

8 хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.” Бунга кўра, улар энди икки эмас, балки бир тан ҳисобланадилар.

9 Худо бирга қўшганни бандаси ажратмасин.

10 Уйга келганларида, шогирдлар яна шу ҳақда Исодан сўрадилар.

11 Исо уларга деди:

— Ким ўз хотини билан ажрашиб бошқасига уйланса, у хотинига нисбатан зино қилган бўлади.

12 Хотин ҳам агар ўз эри билан ажрашиб бошқасига тегса, зино қилган бўлади.

Исо болаларни дуо қилади

13 Исо болаларимизга қўл теккизсин деб, одамлар Унинг олдига болаларини олиб келишарди. Шогирдлар эса ўша одамларни койишарди.

14 Исо буни кўрганда, ғазабланиб деди:

— Болаларга йўл беринглар, Менинг олдимга келишларига тўсқинлик қилманглар! Зеро, Худонинг Шоҳлиги бундайларникидир.

15 Сизларга чинини айтайин: ким Худонинг Шоҳлигини бола каби қабул қилмаса, унга ҳеч қачон киролмайди.

16 Кейин болаларни қучоқлаб, уларга қўл қўйиб, дуо қилди.

Бойлик ва абадий ҳаёт

17 Исо йўлга чиқаётганда, бир одам югуриб келиб, Унинг олдида тиз чўкди–да:

— Валинеъмат Устоз! Абадий ҳаётга эга бўлиш учун нима қилишим керак? — деб сўради.

18 Исо унга деди:

— Нега Мени валинеъмат дейсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас–ку!

19 Сен амрларни биласан: “Қотиллик қилма. Зино қилма. Ўғрилик қилма. Ёлғон гувоҳлик берма. Бировнинг ҳақини ема. Ота–онангни ҳурмат қилгин.”

20 У киши Исога деди:

— Устоз! Буларнинг ҳаммасига ёшлигимдан амал қилиб келаман.

21 Исо унга меҳр билан қараб, деди:

— Сенга бир нарса етишмайди. Бориб, бор нарсангни сот, пулини камбағалларга тарқат. Шунда самода хазинанг бўлади. Кейин келиб, Менга эргашгин.

22 Бу сўзлардан бойнинг таъби хира бўлди. У ғамгин бўлиб қайтиб кетди, чунки унинг мол–мулки кўп эди.

23 Исо атрофга разм солиб, шогирдларига деди:

— Мол–дунёси бор одамларнинг Худо Шоҳлигига кириши нақадар қийин!

24 Бу сўзларни эшитиб, шогирдларнинг ақли шошди. Исо эса такрорлаб деди:

— Болаларим, Худонинг Шоҳлигига кириш нақадар қийин!

25 Бой одамнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир.

26 Шогирдлар ҳаддан ташқари ажабланиб ўзларича:

— Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан? — дейишди.

27 Исо уларга кўз тикиб деди:

— Инсон учун бу имконсиздир, лекин Худо учун эмас. Худо учун ҳамма нарсанинг имкони бор.

28 Шунда Бутрус Исога деди:

— Мана, биз уй–жойимизни ташлаб, Сизнинг орқангиздан эргашиб келдик.

29 Исо бунга жавобан деди:

— Сизларга чинини айтайин: ким Мен учун ва Хушхабар учун уй–жойини, ака–укаларини, опа–сингилларини, ота–онасини, болаларини ёки далаларини ташлаб кетса,

30 у бу дунёнинг ўзидаёқ юз ҳисса ортиқ уй–жойларга, ака–укаларга, опа–сингилларга, оналарга, болаларга ва далаларга эга бўлади, шу билан бирга қувғин ҳам қилинади. Нариги дунёда эса абадий ҳаётга сазовор бўлади.

31 Аммо биринчи бўлганларнинг кўплари охирги бўладилар, охиргилар эса биринчи бўладилар.

Исо Ўз ўлими тўғрисида учинчи марта гапиради

32 Исо билан шогирдлари Қуддусга қараб кетаётган эдилар. Исо йўл бошлаб борарди. Шогирдлар хавотирда эди, Исонинг ортидан эргашган халқни эса ваҳима қамраб олганди. Исо ўн икки шогирдини четга олиб, Ўзи билан юз берадиган воқеаларни айта бошлади:

33 — Мана, биз Қуддусга кетяпмиз. У ерда Инсон Ўғли бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари қўлига тутиб берилади. Улар Уни ўлимга маҳкум қилиб, ғайрияҳудийларга топширадилар.

34 Ғайрияҳудийлар Уни ҳақорат қиладилар, юзига тупурадилар, қамчилайдилар ва Уни ўлдирадилар. Лекин учинчи куни У тирилади.

Ёқуб билан Юҳаннонинг тилаги

35 Забадиё ўғиллари Ёқуб билан Юҳанно Исонинг олдига келиб:

— Устоз, бизнинг бир тилагимиз бор, уни биз учун бажо келтиришингизни истаймиз, — дейишди.

36 — Сизлар учун нима қилишимни истайсизлар? — деб сўради Исо.

37 Улар:

— Сиз улуғвор тахтингизда ўтирганингизда, биримиз Сизнинг ўнг томонингизда, бошқамиз эса чап томонингизда ўтиришимизга рухсат беринг, — дейишди.

38 Исо уларга деди:

— Сизлар нима сўраётганингизни билмайсизлар. Мен ичадиган азоб косасидан сизлар ича оласизларми? Мен бошдан кечирадиган қайғу–аламларга ботиб чидай оласизларми?

39 Улар:

— Чидай оламиз, — деб жавоб беришди. Исо уларга деди:

— Сизлар–ку Мен ичадиган азоб косасидан ичасизлар, бошдан кечирадиган қайғу–аламларимга ўзингиз ҳам дучор бўласизлар.

40 Аммо Менинг ўнг ёки чап томонимда ўтиришга рухсат бериш Менинг ихтиёримда эмас. Бу ўрин кимларга аталган бўлса, уларники бўлади.

41 Қолган ўнта шогирд буни эшитиб, Ёқуб билан Юҳаннодан аччиқланиб кетишди.

42 Исо эса уларни ёнига чақириб, деди:

— Бутпарастларга қаранглар, улар ҳукмдорларига иззат кўрсатадилар, ҳукмдорлари эса уларга ўз ҳукмини ўтказадилар, катта амалдорлари элга зўравонлик қиладилар.

43 Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Аксинча, орангизда ким катта бўлишни истаса, сизларга хизмат қилсин.

44 Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, ҳаммангизга қул бўлсин.

45 Ахир, Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи бошқаларга хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни озод қилиш учун келган.

Исо Ерихо шаҳрида кўр одамнинг кўзини очади

46 Исо билан шогирдлари Ерихо шаҳрига келдилар. Улар шаҳардан чиқиб кетаётганларида бир талай халойиқ уларга эргашди. Тимеюс ўғли Бартимеюс исмли бир кўр тиланчи йўл чеккасида ўтирган эди.

47 У Носиралик Исо ўтиб кетаётганини эшитиб:

— Эй Довуд Ўғли Исо, менга раҳм қилинг! — деб бақира бошлади.

48 Кўп одамлар эса:

— Жим бўл! — деб унга дўқ қилишди. Лекин у:

— Эй Довуд Ўғли, менга раҳм қилинг! — деб янада қаттиқроқ бақирди.

49 Исо тўхтаб:

— Уни чақириб келинглар, — деди. Одамлар келиб, кўр одамга:

— Дадил бўл, ўрнингдан тур. У сени чақиряпти, — деб айтишди.

50 Кўр тўнини ечиб ташлаб, ўрнидан сакраб турди–да, Исонинг ёнига келди.

51 Исо ундан сўради:

— Сен Мендан нима истайсан?

— Устоз, кўзларим кўрсин! — деди кўр.

52 Исо унга:

— Боравер, ишончинг сени соғайтирди, — деди.

Ўша заҳоти у кўра бошлади. Сўнг Исонинг ортидан эргашиб кетди.

Исо Қуддусга тантанали киради

1 Исо шогирдлари билан Қуддусга яқинлашиб қолган эдилар. Улар Зайтун тоғи этагидаги Байтфагия ва Байтания қишлоқларига етиб келаётганларида, Исо шогирдларидан иккитасига деди:

2 — Анави қишлоққа боринглар. У ерга киришингиз биланоқ, боғлиқ турган ва ҳеч қачон минилмаган хўтикни кўрасизлар. Ўша хўтикни ечиб, бу ерга олиб келинглар.

3 Агар кимдир сизлардан: “Нима қиляпсизлар?” деб сўраб қолса, “Бу хўтик Раббимиз Масиҳга керак, хўтикни У дарҳол бу ерга қайтариб юборади”, деб жавоб беринглар.

4 Улар бориб, кўчада дарвоза ёнида боғлаб қўйилган хўтикни кўриб, ечиб олишди.

5 У ерда турган бир неча киши уларга:

— Нима қиляпсизлар? Нега хўтикни ечяпсизлар? — деб сўрашди.

6 Шогирдлар Исо буюрганидек жавоб беришди, одамлар уларни қўйиб юборишди.

7 Шогирдлар хўтикни Исонинг олдига олиб келишди. Хўтик устига тўнларини ташлашди, Исо хўтикка минди.

8 Кўпчилик тўнларини йўлга пойандоз қилиб ёйди. Бошқалар эса даштдаги яшил новдаларни кесиб, йўлга тўшадилар.

9 Олдинда ва орқада юраётганлар шундай деб ҳайқиришарди:

“Тасанно!

Эгамиз номидан келаётган Инсон барака топсин!

10 Бобомиз Довуднинг яқинлашган шоҳлиги муборак бўлсин!

Фалак тоқида Унга тасанно ўқилсин!”

11 Исо Қуддусга кириб, Маъбадга борди, ҳамма нарсани кўздан кечирди. Кун кеч бўлиб қолганидан, Исо ўн икки шогирди билан Байтания қишлоғига қайтиб кетди.

Қуриб қолган анжир дарахти

12 Эртаси куни улар Байтаниядан чиққанларида, Исонинг қорни оч эди.

13 У узоқдан барглар билан қопланган бир анжир дарахтини кўриб қолди, дарахтдан бирон анжир топа олармиканман, деб борди. Дарахтнинг ёнига келиб, баргдан бошқа ҳеч нарса тополмади, чунки ҳали анжир териш вақти эмас эди.

14 Исо дарахтга қараб:

— Бундан кейин то абад сенинг мевангни ҳеч ким емасин! — деди.

Шогирдлари ҳам бу гапни эшитишди.

Исо олди–сотди қилувчиларни Маъбаддан қувади

15 Сўнг улар Қуддусга келишди. Исо Маъбадга кириб, ичкарида олди–сотди қилаётганларни қувиб чиқара бошлади. Саррофларнинг хонтахталарини, каптар сотувчиларнинг курсиларини ағдариб юборди.

16 Сотиладиган молни Маъбад ичидан олиб ўтишга ҳеч кимга ижозат бермади.

17 Исо халққа таълим бераётиб деди:

— Тавротда ёзилган–ку: “Менинг уйим барча халқларнинг ибодат уйи деб аталади.” Сизлар эса Худонинг уйини қароқчилар уясига айлантириб юборибсизлар!

18 Бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари буни эшитиб, Исони ҳалок қилиш пайига тушдилар. Бутун халқ Исонинг таълимотига маҳлиё бўлгани учун бош руҳонийлар билан тафсирчилар Ундан қўрқиб қолдилар.

19 Кеч киргач, Исо шогирдлари билан шаҳардан ташқарига чиқиб кетди.

Ибодат ва ишонч ҳақида

20 Эрта билан улар яна анжир дарахти ёнидан ўтиб қарашса, дарахт илдизигача қуриб қолган экан.

21 Бутрус бўлган ҳодисани эслаб, Исога деди:

— Устоз! Қаранг, Сиз лаънатлаган анжир дарахти қуриб қолибди.

22 Исо бунга жавобан деди:

23 — Худога ишончингиз бўлсин. Сизларга чинини айтайин: агар кимки бу тоққа: “Қўпорилиб денгизга отил”, деса–ю, ўз қалбида шубҳаланмай, айтгани бажо келишига қаттиқ ишонса, айтгани бўлади.

24 Бинобарин, сизларга айтаман: сиз ибодатда нимаики сўрасангиз, олдим, деб ишонинглар ва сизга берилади.

25-26 Ибодат қилиб турганингизда бировда гинангиз бўлса, уни кечириб юборинг, токи осмондаги Отангиз ҳам сизларнинг гуноҳларингизни кечирсин.

Исонинг ҳокимияти ҳақида савол

27 Улар яна Қуддусга келдилар. Исо Маъбадда айланиб юрган эди, бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва йўлбошчилар Унинг олдига келиб

28 сўрадилар:

— Сиз бу ишларни қандай ҳокимият билан қиляпсиз? Буларни қилиш учун Сизга ким ҳокимият берган?

29 Исо уларга шундай жавоб берди:

— Мен сизларга бир савол берай. Менга жавоб берсангизлар, Мен ҳам бу ишларни қандай ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтаман.

30 Яҳё халқни сувга чўмдириш ҳуқуқини Худодан олганмиди ёки инсонданми? Жавоб беринглар Менга.

31 Улар ўзларича мулоҳаза юрита бошладилар:

— Агар: “Худодан”, — десак, У: “Нега Яҳёга ишонмадингизлар?” — дейди.

32 Агар: “Инсондан”, — десак–чи?

Ваҳоланки, улар оломондан қўрқардилар, чунки ҳамма Яҳёни ҳақиқий пайғамбар деб ҳисобларди.

33 Хуллас, улар Исога:

— Билмаймиз, — деб жавоб бердилар. Исо уларга деди:

— Ундай бўлса, Мен ҳам бу ишларни қайси ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтмайман.

Ёвуз боғбонлар ҳақида масал

1 Исо халққа масаллар орқали сўзлай бошлади:

“Бир одам узумзор барпо қилибди. Атроф–теварагини девор билан ўраб, узум сиқиш чуқурини қазибди, кузатув минорасини қурибди. Кейин узумзорни боғбонларга ижарага бериб, ўзи сафарга кетибди.

2 Йиғим–терим мавсумида, узумзор ҳосилидан тегишли улушини олиш учун ўша одам хизматкорини боғбонлар олдига юборибди.

3 Боғбонлар эса уни тутиб олишибди, калтаклаб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди.

4 Узумзор эгаси яна бошқа бир хизматкорини уларнинг олдига юборибди. Улар бунисини ҳам бошига уриб, ҳақорат қилибдилар.

5 Яна бошқасини йўллабди, унисини эса ўлдиришибди. У яна хизматкорларини юбораверибди, аммо боғбонлар уларнинг баъзиларини уриб, баъзиларини ўлдиришибди.

6 Узумзор эгасининг энди биргина одами қолибди, у ҳам бўлса, севикли ўғли экан. У: «Ўғлимни ҳурмат этарлар» деб, боғбонлар олдига уни юборибди.

7 Лекин улар бир–бирига:

— Бу меросхўр–ку! Уни ўлдирайлик, шунда мероси бизга қолади, — дейишибди.

8 Ўғлини ушлаб, ўлдириб, жасадини узумзордан чиқариб ташлашибди.

9 Хўш, сизнингча, энди узумзор эгаси нима қилар экан? У келиб боғбонларни ўлдиради, узумзорни эса бошқаларга ижарага беради.

10 Наҳотки сизлар Муқаддас битиклардаги ушбу сўзларни ҳеч ўқимаган бўлсангиз:

«Бинокорлар рад этган тош

Бинонинг тамал тоши бўлди.

11 Бу Эгамизнинг қилган ишидир,

Кўз олдимиздаги ажойиботдир.»”

12 Исо айтган бу масал яҳудий йўлбошчиларга қарши қаратилган эди. Улар буни англаб етдилар–у, Исони қўлга олмоқчи бўлдилар. Аммо халқдан қўрққанлари учун Унга қўл теккизмай кетиб қолдилар.

Худонинг ҳақи Худога

13 Исони тилидан илинтириш учун Унинг олдига фарзийлардан ва Ҳирод тарафдорларидан баъзиларини юбордилар.

14 Улар келиб дедилар:

— Устоз, одил эканингизни биламиз. Сиз бирор кишига хушомадгўйлик қилмайсиз. Одамларга юз–хотир қилмасдан, Худонинг йўлини тўғри ўргатасиз. Айтинг–чи, Қайсарга солиқ тўлашимиз тўғрими ёки йўқми? Биз солиқ тўлайликми ёки тўламайликми?

15 Исо уларнинг иккиюзламачилигини билар эди.

— Нима, Мени синаб кўрмоқчимисизлар? Менга бир динор олиб келинглар, уни бир кўрайин, — деди.

16 Улар олиб келгач, Исо сўради:

— Бу тангадаги сурат ва ёзув кимники?

— Қайсарники, — деди улар.

17 Исо уларга:

— Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, — деди.

Буни эшитганлар ҳайратда қолдилар.

Қиёмат ҳақида савол

18 Саддуқийлар ўликларнинг тирилишини инкор этардилар. Уларнинг баъзилари Исонинг олдига келиб, халқ олдида Унга шундай савол бердилар:

19 — Устоз! Мусо бизга шундай ёзиб қолдирган: агар бировнинг акаси фарзанд кўрмай ўтиб кетса, укаси акасининг хотинига уйланиб, акаси учун фарзандни дунёга келтирсин.

20 Хўш, етти ака–ука бўлган экан. Биринчиси уйланибди, сўнг насл қолдирмай ўлиб кетибди.

21 Иккинчиси ҳам ўша хотинни олиб, фарзанд кўрмай оламдан ўтибди. Учинчиси ҳам шу кўйга тушибди.

22 Шунингдек, ака–укаларнинг еттови ҳам фарзанд кўрмай оламдан ўтибди. Охирида хотин ҳам қазо қилибди.

23 Айтинг–чи, Худо одамларни тирилтирганда хотин қайси бирининг хотини ҳисобланади? Еттови ҳам унга уйланган эдилар–ку!

24 Исо уларга шундай жавоб берди:

— Сизлар Муқаддас битикларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмайсизлар, ана шу сабабдан адашяпсизлар.

25 Ўликлар тирилганда уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар, балки бамисоли самодаги фаришталардай бўладилар.

26 Ўликларнинг тирилиши ҳақидаги масалага келсак: наҳотки сизлар ҳеч қачон Мусонинг китобини ўқимаган бўлсангизлар?! Ёнаётган бута тўғрисидаги воқеада Худо Мусога: “Мен Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман”, — деган–ку!

27 Ахир, Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Сизлар ниҳоятда адашяпсизлар.

Энг муҳим илоҳий амр

28 Таврот тафсирчиларидан бири уларнинг мунозара қилаётганини эшитиб, Исонинг уларга яхши жавоб бериб турганини кўрди. У Исонинг олдига келиб:

— Амрларнинг энг муҳими қайси бири? — деб сўради.

29 Исо унга жавоб бериб деди:

— Энг муҳим амр шудир: “Эй Исроил, қулоқ сол! Эгамиз Худо танҳо Эгадир.

30 Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан, кучингиз борича севинг.”

31 Энг муҳим амрлардан иккинчиси: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.” Булардан буюкроқ амр йўқ.

32 — Яхши гапирдингиз, Устоз, — деди Исога тафсирчи. — Худо танҳодир, Ундан бошқа Худо йўқ, деб тўғри айтдингиз.

33 Уни бутун қалбимиз, бутун идрокимиз билан, кучимиз борича севишимиз керак. Ўзгани ҳам ўзимизни севгандай севишимиз керак. Куйдириладиган ва бошқа қурбонликлар келтиришдан бу аълороқдир.

34 Исо унинг оқилона жавоб берганини кўриб:

— Сиз Худонинг Шоҳлигидан узоқда эмассиз, — деди.

Шундан кейин ҳеч ким Исога савол беришга журъат этмади.

Масиҳ кимнинг ўғли?

35 Исо Маъбадда таълим бераётиб, шундай савол берди:

— Қандай қилиб Таврот тафсирчилари Масиҳни Довуднинг Ўғли дейдилар?

36 Довуднинг ўзи Муқаддас Руҳ илҳоми билан деганки:

“Эгамиз айтмоқда Раббимга:

Душманларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча,

Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.”

37 Демак, Довуднинг ўзи Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ Довуднинг Ўғли бўлади?!

Бир талай оломон Исони иштиёқ билан тинглар эди.

Исо сохта диндорлик тўғрисида огоҳлантиради

38 Исо халққа насиҳат қилиб, яна шундай деди:

— Таврот тафсирчиларидан эҳтиёт бўлинглар! Улар узун кийимлар кийишни яхши кўрадилар, бозорларда юрганда уларга салом беришларини,

39 синагогаларда яхши жойларда ўтиришни, зиёфатларда тўрда ўтиришни ёқтирадилар.

40 Аммо бева аёлларнинг уй–жойларини тортиб оладилар, хўжа кўрсинга узоқ дуо ўқийдилар. Бундай одамлар ниҳоятда қаттиқ жазога мубтало бўладилар.

Бева аёлнинг хайр–эҳсони

41 Исо Маъбад хазинаси қаршисида ўтириб, эҳсон қутисига пул солаётган одамларни кузатиб турди. Кўп бойлар анчагина пул ташладилар.

42 Бир камбағал бева аёл ҳам келиб, қиймати бир тийинга тўғри келадиган икки чақа ташлади.

43 Шунда Исо шогирдларини ёнига чақириб деди:

— Сизларга чинини айтайин, бу камбағал бева аёл хазинага пул ташлаганларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ ташлади.

44 Чунки бойларнинг ҳаммаси ўзларининг ортиқча пулларидан эҳсон қилдилар. Бу аёл эса камбағаллигига қарамасдан, ўзининг бор–йўғини, рўзғорига ишлатиладиган ҳамма пулини ташлади.

Исо охирзамон ҳақида гапиради

1 Исо Маъбаддан чиқиб кетаётганда шогирдларидан бири:

— Устоз, қаранг, нақадар улкан тошлар, нақадар ҳашаматли бинолар! — деди.

2 Исо унга:

— Бу ҳашаматли биноларни кўряпсанми? Буларнинг ҳаммаси вайрон бўлади. Бу ерда тош устида турган биронта тош қолмайди, — деди.

3 Исо Зайтун тоғида, Маъбаднинг рўпарасида ўтирган вақтда Бутрус, Ёқуб, Юҳанно ва Эндрус Ундан алоҳида сўрадилар:

4 — Бизга айтинг–чи, бу ҳодисалар қачон юз беради? Тез орада содир бўлишини нимадан билсак бўлади?

5 Исо уларга шундай жавоб берди: “Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмасин!

6 Кўп кишилар ўзларини Менинг номим билан атаб: «Мен Ўшаман», деб кўпларни йўлдан оздирадилар.

7 Сизлар узоқ–яқиндаги уруш хабарларини эшитганингизда, чўчиманглар. Булар албатта содир бўлади, аммо бу ҳали охири дегани эмас.

8 Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда қаҳатчилик ва зилзилалар бўлади. Бу ҳодисалар тўлғоқ азобларининг бошланишига ўхшайди.

9 Сизлар эса ўзингизга эҳтиёт бўлинглар. Чунки сизларни маҳкамаларга топшириб, синагогаларда урадилар. Мен туфайли сизларни ҳокимлар ва шоҳлар ҳузурида турғизиб қўядилар, сизлар эса Менинг шоҳидларим бўласизлар.

10 Аммо охират келишидан олдин, Хушхабар ҳамма халқларга эълон қилиниши лозим.

11 Сизларни қўлга олиб, маҳкамага топширганларида, нима айтамиз, деб олдиндан хавотир олманглар. Ўша соатда сизларга нима берилса, ўшани айтинглар. Чунки ўшанда сизлар эмас, балки Муқаддас Руҳ гапиради.

12 Ака укасини, ота боласини ўлимга топширади. Болалар ўз ота–оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдиртирадилар.

13 Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. Лекин охиригача бардош берган нажот топади.

Буюк мусибат ва Исонинг келиши

14 Кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўладиган макруҳ бир нарсанинг ман этилган жойга ўрнатилганини кўрганингизда — ўқиган тушуниб олсин! — Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин.

15 Томнинг устида бўлганлар пастга тушиб, уйидан бирон нарса олиб келиш учун уйига киришмасин.

16 Далада бўлганлар эса тўнини олгани қайтиб келмасин.

17 У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой!

18 Қочишингиз қишга тўғри келмаслиги учун илтижо қилинглар.

19 Чунки ўша кунларда шундай азоб–уқубатлар бўладики, Худо дунёни яратганидан то ҳозиргача бундай бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайди.

20 Агар Эгамиз ўша кунларни қисқартирмаганда эди, ҳеч бир жонзот омон қолмас эди. Лекин Худо танлаган одамлари учунгина ўша кунларни қисқартиради.

21 Агар ўшанда кимдир сизларга: «Масиҳ мана бу ерда» ёки: «Ана у ерда», деб айтса, ишонманглар.

22 Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложи бўлса, танланган одамларни йўлдан оздириш учун аломату мўъжизалар кўрсатадилар.

23 Сизлар эса эҳтиёт бўлинглар. Мен ҳаммасини сизларга олдиндан айтиб қўйдим.

24 Ўша кунларда, азоб–уқубатлардан кейин,

«Қуёш қораяди, ойнинг нури сўнади.

25 Осмондан юлдузлар қулаб тушади,

Самовий кучлар ларзага келади.»

26 Шунда ҳамма одам Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли буюк қудрат ва улуғворликка бурканиб, булутларда келади.

27 У фаришталарини ернинг тўрт томонига юбориб, дунёнинг бир бурчагидан тортиб, нариги бурчагигача танлаган одамларини тўплаб олади.

Ҳушёр бўлиш ҳақида

28 Анжир дарахтидан сабоқ олинглар: унинг шохлари кўкариб барг чиқараётганда, ёз яқинлашганини биласизлар.

29 Шу сингари, мана бу воқеалар содир бўлганда, билингки, ўша вақт яқинлашиб қолган, остонангизга етган.

30 Сизларга чинини айтайин: бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади.

31 Еру осмон йўқ бўлиб кетади, аммо Менинг сўзларим кучда қолади.

32 Ўша кун ёки соат ҳақида самовий Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўғил ҳам, самодаги фаришталар ҳам билмайдилар.

33 Эҳтиёт бўлиб, ҳушёр туринглар, чунки ўша вақт–соат қачон келишини сизлар билмайсизлар.

34 Бу худди сафарга жўнаган уй эгасига ўхшайди. У ўз уй–рўзғорини хизматкорларига топшириб, ҳар бирига вазифа бериб, дарвозабонга ҳушёр бўлиб туришни буюриб, жўнаб кетади.

35 Худди шу сингари, сизлар ҳам ҳушёр бўлиб туринглар. Чунки уй эгаси қачон келишини — кечқурунми, ярим тундами, хўрозлар қичқиргандами ёки эрталабми — сизлар билмайсизлар.

36 Тағин У ногаҳон келиб, сизларни ухлаб ётган ҳолда кўрмасин!

37 Сизларга айтганимни ҳаммага айтаман: ҳушёр бўлинглар!”

Исони ўлдириш режаси

1 Фисиҳ зиёфатига ва Хамиртурушсиз нон байрамига икки кун қолган эди. Бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари Исони ҳийла билан тутиб, ўлдириш учун фурсат пойлаб юрган эдилар.

2 Улар: “Биз бу ишни байрам кунлари қилмаслигимиз керак, акс ҳолда, халқ ғалаён кўтариши мумкин”, дедилар.

Исога сунбул мойи қуйган аёл

3 Исо Байтания қишлоғида илгари тери касаллигига чалинган Шимўннинг уйида меҳмон бўлиб ўтирган эди. Шунда бир аёл ганчдан ясалган идишда тоза, қимматбаҳо сунбул мойи олиб келди. Идишни синдириб очиб, мойни Исонинг бошидан қуйди.

4 Баъзилар бундан ғазабланиб, бир–бирига:

— Мойни бундай исроф этишнинг нима кераги бор эди?!

5 Ахир, уни уч юз кумуш тангадан ҳам кўпроққа сотиб, камбағалларга тақсимлаб бериш мумкин эди–ку! — деб аёлни қаттиқ койишди.

6 — Қўйинглар уни! — деди Исо. — Нега аёлни хижолатда қолдиряпсизлар? У Мен учун ажойиб иш қилди.

7 Камбағаллар ҳар доим сизлар билан бирга бўладилар. Истаган вақтингизда уларга ёрдам бера оласизлар. Лекин Мен сизлар билан доимо бирга бўлмайман.

8 Бу аёл қўлидан келганини қилди. У Менинг танамга хушбўй мой суртиб, олдиндан дафнга тайёрлади.

9 Сизларга чинини айтайин: Хушхабар дунёнинг қайси ерида эълон қилинмасин, бу аёл ҳам эсга олиниб, унинг қилган иши ҳақида айтилади.

10 Шунда ўн икки шогирддан бири бўлган Яҳудо Ишқариёт бош руҳонийларнинг олдига бориб, Исони сизларга тутиб бераман, деди.

11 Бош руҳонийлар бу гапни эшитиб, жуда хурсанд бўлдилар, Яҳудога пул беришни ваъда қилдилар. Шундай қилиб, Яҳудо Исони тутиб бериш учун қулай вақтни кута бошлади.

Қутлуғ кеча ва Исога хиёнат

12 Хамиртурушсиз нон байрамининг биринчи кунида, Фисиҳ қўзиси сўйиладиган пайтда шогирдлар Исодан сўрадилар:

— Фисиҳ таомини қаерда емоқчисиз? Биз бориб тайёргарлик кўрайлик.

13 Исо шогирдларидан иккитасини юбораётиб, уларга деди:

— Қуддусга боринглар, у ерда кўзада сув кўтариб кетаётган бир одамни учратасизлар. Унинг орқасидан боринглар.

14 У кирадиган хонадон эгасига шундай деб айтинглар: “Устозимиз шогирдлари билан Фисиҳ таомини емоқчилар. У сиздан: «Бизга тайёрлаб қўйилган меҳмонхона қаерда?» деб сўраб юбордилар.”

15 Уй эгаси сизларга жиҳозланган, тайёрлаб қўйилган катта болохонани кўрсатади. У ерда биз учун ҳозирлик кўринглар.

16 Шогирдлар жўнашди. Шаҳарга кирганларида, худди Исонинг айтганини топдилар ва Фисиҳ таомини тайёрладилар.

17 Кеч кирганда, Исо ўн икки шогирди билан бирга у ерга келди.

18 Улар овқатланиб ўтирганларида Исо шундай деди:

— Сизларга чинини айтайин, Мен билан таом еяётган киши Менга хиёнат қилади. У сизларнинг орангиздадир.

19 Шогирдлар хафа бўлиб, бирин–кетин:

— Наҳотки ўша мен бўлсам? — деб Ундан сўрай бошладилар.

20 Исо уларга жавобан деди:

— У ўн иккитангиздан биттаси, Мен билан баравар косага нонни ботирган — ўшадир.

21 Тўғри, Инсон Ўғли У ҳақда ёзилгандай жон беради. Лекин Инсон Ўғлига хиёнат қилган одамнинг ҳолига вой! Унинг туғилганидан кўра, туғилмагани яхшироқ эди.

22 Улар овқатланаётганда, Исо нонни олди, дуо ўқиб синдирди. Нонни шогирдларига бериб:

— Олинглар, бу Менинг танамдир, — деди.

23 Шароб қуйилган косани ҳам олди, шукрона дуосини ўқиб уларга узатди. Ҳаммалари ундан ичдилар.

24 Исо уларга деди:

— Бу шароб Худонинг аҳдини билдиради. Бу аҳд кўплар учун тўкиладиган қоним эвазига кучга киради.

25 Сизларга чинини айтайин: Худонинг Шоҳлигида Мен янги шароб ичадиган кунгача узум неъматини оғзимга ҳам олмайман.

26 Сўнг улар ҳамду сано куйлаб, Зайтун тоғи томон кетдилар.

Бутруснинг Исодан тониши ҳақида башорат

27 Исо шогирдларига деди:

— Ҳаммаларингиз Мени ташлаб, қочиб кетасизлар. Чунки ёзилган:

“Мен чўпонни ўлдираман,

Шунда қўйлар ҳар ёққа тарқалиб кетади.”

28 Бироқ Мен тирилганимдан кейин, сизларни Жалилада кутаман.

29 Бутрус Исога деди:

— Сизни ҳамма ташлаб кетса ҳам, мен Сизни ташлаб кетмайман!

30 Исо унга:

— Сенга чинини айтайин, бугун, шу кечасиёқ, хўроз икки марта қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан, — деди.

31 Лекин Бутрус ўз гапида қаттиқ туриб олди:

— Керак бўлса, Сиз билан бирга ўламан! Аммо Сиздан асло тонмайман! — деди. Бошқа ҳамма шогирдлар ҳам шундай дейишди.

Исонинг боғдаги ибодати

32 Улар Гетсемания деган жойга бордилар. Исо шогирдларига:

— Мен ибодат қилаётганимда, сизлар шу ерда ўтириб туринглар, — деди.

33 У ёнига Бутрусни, Ёқуб ва Юҳаннони олди. Исони қайғу, ғам босиб кела бошлади.

34 У шогирдларига:

— Юрагимдаги оғир қайғу Мени ўлгудай қийнаб юборди. Шу ерда қолинглар–да, кўз–қулоқ бўлиб туринглар, — деди.

35 Бир оз нари кетиб ерга мук тушди: “Агар иложи бўлса, бу лаҳза Мени четлаб ўтсин”, деб ибодат қилди.

36 У шундай деб ёлворди:

— Отажон! Сен учун ҳамма нарсанинг имкони бор! Бу азоб косасини Мендан узоқлаштир. Аммо Менинг хоҳишим эмас, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.

37 Исо қайтиб келиб, шогирдларининг ухлаб ётганини кўрди. Бутрусга деди:

— Шимўн! Ухлаяпсанми? Бир соатгина ҳам уйғоқ ўтира олмадингми?

38 Кўз–қулоқ бўлиб туринглар, васвасага тушиб қолмайлик, деб ибодат қилинглар. Руҳ тетик, тана эса заифдир.

39 Исо яна бориб, ўша сўзларни айтиб ибодат қилди.

40 У қайтиб келиб, шогирдларининг яна ухлаб ётганини кўрди. Уларнинг кўзлари юмилиб кетаверган эди. Улар Исога нима деб айтишни билмай қолдилар.

41 Учинчи марта бориб келиб, Исо шогирдларига деди:

— Ҳалигача дам олиб, ухлаб ётибсизларми?! Бўлди, вақт–соати келди! Инсон Ўғли гуноҳкорлар қўлига тутиб бериляпти.

42 Туринглар, кетайлик! Ана, Менга хоинлик қилувчи келяпти!

Исо ҳибсга олинади

43 Исо ҳали гапини тугатмаган ҳам эдики, Яҳудо келиб қолди. У ўн икки шогирддан бири бўлиб, унинг ёнида қилич ва таёқ кўтариб олган оломон бор эди. Бу оломонни бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва йўлбошчилар юборган эдилар.

44 Хоин Яҳудо оломон билан тил бириктириб, шундай деганди: “Мен кимни ўпсам, У ўша Кишидир. Уни қўлга олинглар, қўриқлаб, олиб кетинглар.”

45 Яҳудо тўппа–тўғри Исонинг олдига бориб:

— Устоз! — деб Уни ўпди.

46 Шу заҳотиёқ одамлар Исони ушлаб, қўлга олдилар.

47 Ўша ерда турганлардан бири қиличини қинидан суғурди–да, олий руҳонийнинг хизматкорига бир уриб, қулоғини кесиб ташлади.

48 Исо уларга деди:

— Сизлар Мени қўлга олиш учун қўзғолончига қарши чиққандек қиличу таёқлар билан қуролланиб келибсизлар.

49 Мен ҳар куни Маъбадда сизнинг орангизда эдим, таълим берардим. Сизлар ўшанда Мени қўлга олмадингизлар. Аммо булар Муқаддас битикларда айтилганлар бажо бўлиши учун рўй берди.

50 Ўшанда ҳамма шогирдлари Исони ташлаб, қочиб кетишди.

51 Бир ёш йигит Исога эргашиб кетаётган эди. У зиғир матосига ўраниб олган, бошқа кийими йўқ эди. Одамлар ўша йигитни ҳам ушлаган эдилар,

52 у зиғир матосини ташлаб, яланғоч ҳолича қочиб кетди.

Исо яҳудийларнинг Олий кенгаши олдида

53 Исони олий руҳонийнинг олдига олиб келдилар. Бош руҳонийлар, йўлбошчилар ва Таврот тафсирчиларининг ҳаммаси йиғилган эдилар.

54 Бутрус эса Исонинг орқасидан масофа сақлаб эргашиб келиб, олий руҳонийнинг ҳовлисига кирди. У соқчилар билан бирга олов ёнида ўтириб, исинди.

55 Бош руҳонийлар ва Олий кенгашнинг барча аъзолари Исони ўлимга маҳкум қилиш учун Унга қарши гувоҳ излар эдилар, лекин тополмасдилар.

56 Кўп одамлар Унга қарши сохта гувоҳлик бераётган бўлсалар–да, аммо берган гувоҳликлари бир–бирига мос келмас эди.

57 Сохта гувоҳлардан баъзилари сўзга чиқиб шундай дер эдилар:

58 — У: “Инсон қўли билан қурилган бу Маъбадни Мен бузиб ташлайман–у, уч кунда инсон қўлларисиз, бошқа бир Маъбадни тиклайман”, — деганини эшитган эдик.

59 Лекин бу хусусда ҳам гувоҳларнинг берган маълумотлари бир–бирига мос келмас эди.

60 Бундан кейин олий руҳоний олдинга чиқиб, Исога:

— Индамай тураверасанми?! Уларнинг Сенга қўйган айбларига жавоб қайтармайсанми?! — деди.

61 Исо эса индамади, ҳеч жавоб қайтармади. Олий руҳоний яна Ундан сўради:

— Муборак Худонинг Ўғли — Масиҳ Сенмисан?

62 Исо деди:

— Мен Ўшаман. Сизлар Инсон Ўғлини Қодир Худонинг ўнг томонида ўтирганини ва осмон булутларида келаётганини кўрасизлар.

63 Шундан кейин олий руҳоний ўз кийимларини йиртиб деди:

— Бизларга бошқа гувоҳларнинг нима кераги бор?!

64 Унинг куфр кетганини ўзларингиз эшитдингизлар. Сизларнинг қарорингиз қандай?

Ҳаммалари Уни ўлимга лойиқ деб топишди.

65 Баъзилар Унга тупуришди. Унинг юз–кўзини боғлаб, муштлашди: “Пайғамбар, қани, топ–чи, Сени ким урди экан?” деб айтишди. Соқчилар ҳам Уни олиб кетиб, урдилар.

Бутрус Исодан тонади

66 Бутрус пастдаги ҳовлида экан, олий руҳонийнинг бир чўриси келиб қолди.

67 Исиниб турган Бутрусни кўриб, унга тикилиб қаради–да:

— Сиз ҳам ўша Носиралик Исо билан бирга эдингиз–ку! — деди.

68 Лекин Бутрус инкор этиб:

— Нима деяпсан ўзи, тушунмаяпман, — деди–ю, бошқа ёққа, ташқи ҳовлига чиқиб кетди. Шу пайт хўроз қичқирди.

69 Чўри уни яна учратиб, у ерда турганларга:

— Бу одам ўшалардан бири, — деб яна айтди.

70 Бутрус яна инкор этди.

Бир оздан кейин у ерда турганлар яна Бутрусга гапира бошлашди:

— Сен Жалилаликсан–ку! Ўшалардан бири эканлигинг аниқ.

71 — Худо урсин! Сизлар айтаётган бу Одамни мен танимайман! — деб қасам ичди Бутрус.

72 Нақ шу пайт хўроз иккинчи марта қичқирди. Исонинг: “Хўроз икки марта қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан” деган сўзи Бутруснинг эсига тушиб кетди. У чидолмай йиғлаб юборди.

Исо Пилат ҳузурида

1 Тонг отар–отмас, бош руҳонийлар, йўлбошчилар, Таврот тафсирчилари ва Олий кенгашнинг қолган аъзолари бир қарорга келишди. Улар Исони боғлатиб, ҳоким Пилатга олиб бориб топширишди.

2 Пилат Исодан:

— Сен яҳудийларнинг Шоҳимисан? — деб сўради.

— Сиз шунақа дейсиз, — деб жавоб берди Исо.

3 Бош руҳонийлар Уни кўп масалада айблаётган эдилар.

4 Пилат яна Унга:

— Сен ҳеч нарсага жавоб бермайсанми? Кўряпсан–ку, улар Сени кўп жиноятларда айблашяпти! — деди.

5 Лекин Исо бошқа ҳеч жавоб бермади. Пилат бунга қойил қолди.

6 Ҳар Фисиҳ байрамида Пилат халқнинг илтимосига биноан бир маҳбусни озод қилар эди.

7 Исён вақтида қотиллик қилган Бараббас исмли бир киши ўз шериклари билан ўшанда қамоқда эди.

8 Халқ яна келиб, Пилатдан одатдагидай бир маҳбусни озод қилишни сўрай бошлади.

9-10 Бош руҳонийлар Исони ҳасад туфайли қўлга туширишганини билган Пилат оломондан:

— Сизлар учун яҳудийларнинг Шоҳини озод қилишимни истайсизларми? — деб сўради.

11 Аммо бош руҳонийлар: “Унинг ўрнига Бараббасни озод қилишни Пилатдан сўранглар”, деб оломонни қўзғадилар.

12 Пилат уларга яна деди:

— Айтинглар хоҳишингизни! Сизлар “Яҳудийлар Шоҳи” деб атайдиган Кишини нима қилай?

13 — Хочга михлансин! — деб шовқин солди оломон.

14 Пилат улардан:

— Нимага? У нима ёмонлик қилди? — деб сўради. Лекин оломон:

— Хочга михлансин! — деб баттар бақирарди.

15 Шундан кейин Пилат халқни мамнун қилай деб, Бараббасни озод этди. Исони эса қамчилатиб, хочга михлашни буюрди.

Аскарлар Исони ҳақорат қилишади

16 Рим аскарлари Исони ҳукумат саройининг ҳовлисига олиб бориб, бутун бўлинмани Унинг олдига тўплашди.

17 Унга сафсар тўн кийдиришди ва тиканлардан тож ўриб бошига қўйишди.

18 — Яшавор, эй яҳудийларнинг Шоҳи! — деб Уни қутлай бошлашди.

19 Қамиш билан Унинг бошига қайта–қайта уриб, тупуришди. Унинг олдида тиз чўкиб, таъзим қилишди.

20 Уни шундай масхара қилганларидан кейин, устидан сафсар тўнни ечиб олиб, Ўзининг кийимларини кийдиришди. Сўнг Уни хочга михлаш учун олиб кетишди.

Исо хочга михланади

21 Аскарлар йўлда Шимўн деган одамни учратиб қолдилар. У даладан қайтиб келаётган эди. Улар Шимўнни Исонинг хочини кўтариб боришга мажбур қилдилар. Шимўн Киринеялик бўлиб, Искандар ва Руфуснинг отаси эди.

22 Аскарлар Исони Гўлгота деган жойга олиб келишди. Гўлгота “бош суяги” маъносини беради.

23 Исога мирра аралаштирилган шароб беришди, лекин У ичмади.

24 Бундан сўнг Исони хочга михлаб қўйишди. Унинг кийимларини эса ўзаро бўлишиб, ким нима олади, деб қуръа ташлашди.

25 Уни хочга михлаганларида эрталаб соат тўққиз эди.

26 Бош томонида: “Яҳудийларнинг Шоҳи” деб ёзилган айбнома бор эди.

27-28 Исо билан бирга иккита қароқчини ҳам михлаган эдилар. Уларнинг бири Исонинг ўнг томонида, иккинчиси эса чап томонида эди.

29 Ўтиб кетаётганлар бошларини чайқаб, Исони ҳақоратлашарди:

— Эй Маъбадни бузиб, уч кун ичида тиклайдиган!

30 Ўзингни Ўзинг қутқариб, хочдан тушиб кўр–чи!

31 Бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари ҳам уларга қўшилиб, Исони масхаралай кетишди. Улар бир–бирига:

— У бошқаларни қутқарарди, Ўзини эса қутқара олмайди!

32 Исроилнинг Шоҳи Масиҳ энди хочдан тушсин, токи биз буни кўриб Унга ишонайлик! — дейишарди.

Исо билан бирга хочга михланганлар ҳам Уни ҳақоратлар эдилар.

Исо жон беради

33 Туш пайти бутун юртни зулмат қоплади. Соат учга қадар ҳамма ёқ зулматга чўмди.

34 Соат учда Исо баланд овоз билан:

— Элоҳи, Элоҳи, ламо шавақтани? — деб фарёд қилди. Бу сўзнинг таржимаси: “Эй Худойим! Эй Худойим! Нега Мени тарк этдинг?!” демакдир.

35 У ерда турган баъзилар буни эшитиб:

— Қаранг, У Илёсни чақиряпти, — дейишди.

36 Шунда бир одам югуриб бориб, шимгични арзон шаробга ботириб, қамишнинг учига илиб қўйди–да, Исога ичиш учун узатди. Сўнг деди:

— Қани, кўрайлик–чи, Илёс келиб, Уни хочдан туширармикан?

37 Аммо Исо қаттиқ фарёд қилди–ю, жон берди.

38 Шу заҳоти Маъбаддаги парда юқоридан пастгача йиртилиб, иккига бўлиниб кетди.

39 Исонинг қаршисида турган Рим юзбошиси Унинг шу тарзда жон берганини кўриб:

— Ҳақиқатан ҳам бу Одам Худонинг Ўғли экан! — деди.

40 У ерда узоқдан қараб турган аёллар бор эди. Улар орасида Магдалалик Марям, кичик Ёқуб билан Юсуфнинг онаси Марям ҳамда Саломия бор эдилар.

41 Исо Жалилада эканлигида, улар Унга хизмат қилиб, эргашиб келган эдилар. У ерда Исо билан бирга Қуддусга келган бошқа кўп аёллар ҳам бор эди.

Исо дафн қилинади

42 Жума куни кеч киришига оз қолган, Шаббат кунига тайёргарлик қилиш вақти тугаётган эди.

43 Шунда Олий кенгашнинг обрўли аъзоси, Худонинг Шоҳлигини интизорлик билан кутиб юрган Ариматеялик Юсуф журъат этиб, Пилатнинг ҳузурига борди ва Исонинг жасадини сўради.

44 Пилат Исонинг дарров ўлганига ҳайрон бўлди. Юзбошини чақириб:

— Унинг жони узилиб бўлдими? — деб сўради.

45 Пилат Исонинг ўлганини юзбошидан билиб олгач, Унинг жасадини Юсуфга берди.

46 Юсуф зиғир матоси сотиб олди. Жасадни хочдан тушириб олиб, зиғир матоси билан кафанлади. Жасадни қояда ўйилган қабрга қўйди. Кейин қабрнинг оғзига бир тошни юмалатиб келтириб, қўйиб кетди.

47 Исонинг жасади қаерга дафн қилинганини Магдалалик Марям билан Юсуфнинг онаси Марям кўрди.

Исо тирилади

1 Шаббат куни тугагач, Магдалалик Марям, Ёқубнинг онаси Марям ва Саломия Исонинг жасадига суртиш учун хушбўй мойлар сотиб олдилар.

2 Якшанба куни жуда барвақт туриб, тонг ёришганда қабрга бордилар.

3 Улар бир–бирига:

— Қабр оғзидаги тошни биз учун ким ағдариб берар экан–а? — деб айтишарди.

4 Қабрга етиб келганларида қарашса, тош аллақачон ағдарилган экан. Тош жуда катта эди.

5 Улар қабр ичига кириб, ўнг томонда ўтирган оқ либосли бир йигитни кўрдилар–у, чўчиб кетдилар.

6 Йигит уларга:

— Қўрқманглар! — деди. — Сизлар хочга михланган Носиралик Исони излаяпсизлар. Исо тирилди! У бу ерда йўқ. Мана Унинг қўйилган жойи!

7 Энди бориб, Унинг шогирдлари ва Бутрусга: “Исо сизларни Жалилада кутяпти. Ўзи сизларга айтганидек, Уни ўша ерда кўрасизлар”, деб айтинглар.

8 Даҳшатга тушиб, қалтираган аёллар қабрдан чиқиб, қочдилар. Улар қўрққанларидан ҳеч кимга бирон нарса айтмадилар.

Исо Магдалалик Марямга зоҳир бўлади

9 Якшанба куни эрта саҳарда тирилган Исо биринчи бўлиб Магдалалик Марямга зоҳир бўлди. Бу аёлдан У еттита жинни қувиб чиқарган эди.

10 Марям бориб, Исонинг аза тутиб йиғлаётган шогирдларига хабар етказди.

11 Бироқ улар Исонинг тирик эканлигини ва Марям Уни кўрганлигини эшитсалар ҳам, ишонмадилар.

Исо шогирдларига зоҳир бўлади

12 Шундан кейин Исо йўлда бир қишлоқ томон кетаётган иккита шогирдига бошқачароқ қиёфада кўринди.

13 Улар эса қайтиб келиб, бошқаларга хабар етказишди, лекин уларга ҳам ишонмадилар.

14 Ниҳоят, Исо Ўзининг еб–ичиб ўтирган ўн бир шогирдига зоҳир бўлди. Исо шогирдларини имонлари заифлиги ва қайсарлиги учун койиди, чунки улар Исони тирилган ҳолда кўрган одамларга ишонмаган эдилар.

15 Исо шогирдларига деди:

— Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Хушхабарни эълон қилинглар.

16 Кимки Хушхабарга ишониб, сувга чўмдирилса, нажот топади. Ишонмаган эса маҳкум бўлади.

17 Қуйидаги аломатлар имонлиларга ҳамроҳ бўлади: Менинг номим билан жинларни қувиб чиқарадилар. Янги тилларда сўзлайдилар.

18 Қўлларига илон олсалар ҳам, заҳар ичсалар ҳам, уларга зарар етмайди. Хасталарга қўлларини қўйганда, улар соғайиб кетади.

Исо осмонга кўтарилади

19 Раббимиз Исо шогирдларига буларни айтиб бўлгач, осмонга кўтарилди. У Худонинг ўнг томонига ўтирди.

20 Шогирдлар эса кетиб, ҳамма ёқда Хушхабарни ваъз қилиб юрдилар. Раббимиз шогирдларига куч ато қилиб, аломатлар орқали уларнинг сўзларини тасдиқлар эди.