Левилар

Левилар

Куйдириладиган қурбонликлар

1 Эгамиз Учрашув чодиридан Мусони чақириб, унга

2 Исроил халқи учун қуйидаги қонунларни берди: биронтангиз Эгамизга қурбонлик қилмоқчи бўлсангиз, подангиздаги ёки сурувингиздаги ҳайвонни олиб келинг.

3 Борди–ю, қорамол подасидан бирорта ҳайвонни қурбонлик қилиб, куйдирмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз бир буқани танлаб олинг. Эгамиз бу қурбонлигингизни қабул қилиши учун буқани Учрашув чодири кираверишига олиб келинг.

4 Куйдириладиган ҳайвоннинг бошига қўлингизни қўйинг, шунда Эгамиз сизни гуноҳингиздан поклаш учун бу қурбонлигингизни қабул қилади.

5 Сўнг буқани Эгамизнинг ҳузурида сўйинг. Ҳоруннинг руҳоний ўғиллари буқанинг қонини олиб, Учрашув чодирига кираверишда турган қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин.

6 Сиз эса куйдириладиган қурбонликнинг терисини шилиб, танасини бўлакларга бўлинг.

7 Руҳоний Ҳоруннинг ўғиллари қурбонгоҳга чўғ солиб, устига ўтин қалашсин.

8 Сўнг қурбонликнинг бўлакларини, шунингдек, калласини ва ёғларини қурбонгоҳдаги ёниб турган ўтинлар устига қўйишсин.

9 Сиз эса қурбонликнинг ичак–човоқлари ва оёқларини ювинг. Сўнг руҳоний буларнинг ҳаммасини қурбонгоҳда куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

10 Борди–ю, сиз сурувингиздаги қўй ёки эчкини қурбонлик қилиб куйдирмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз қўчқор ёки такани олиб келинг.

11 Уни қурбонгоҳнинг шимол тарафида, Эгамизнинг ҳузурида сўйинг. Ҳоруннинг руҳоний ўғиллари қурбонликнинг қонини қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин.

12 Сиз қурбонликни бўлакларга бўлинг. Руҳоний эса бўлакларни қурбонликнинг калласи ва ёғлари билан бирга қурбонгоҳдаги ёниб турган ўтинлар устига қўйсин.

13 Сиз қурбонликнинг ичак–човоқлари ва оёқларини ювинг. Руҳоний буларнинг ҳаммасини келтириб, қурбонгоҳда куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

14 Агар бирор қушни Эгамизга қурбонлик қилиб, куйдирмоқчи бўлсангиз, каптар ёки мусичани олиб келинг.

15 Руҳоний уни қурбонгоҳ олдига олиб келиб, бўйнини узсин, сўнг бошини қурбонгоҳда куйдирсин. Қонини эса қурбонгоҳнинг ёнига оқизсин.

16 Жиғилдонини, ичидаги нарсалари билан бирга, суғуриб олиб, қурбонгоҳнинг шарқ тарафига, кул турган ерга ташласин.

17 Кейин қанотларидан тортиб, танасини ярмигача бўлсин, лекин икки қисмга ажратмасин. Сўнг уни қурбонгоҳдаги ёниб турган ўтинлар устига қўйиб куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

Дон назри

1 Агар бирортангиз Эгамизга дон назрини келтирмоқчи бўлсангиз, сифатли буғдой унини назр қилинг. Буғдой унига зайтун мойини қўшиб, устига хушбўй тутатқидан қўйинг.

2 Сўнг ўша буғдой унини Ҳоруннинг руҳоний ўғилларига олиб келинг. Руҳоний мой қўшилган сифатли уннинг бир ҳовучини ва устидаги тутатқининг ҳаммасини олиб, қурбонгоҳ устида куйдирсин. Бундай қилиш назрнинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Оловда куйдирилган бу назрдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

3 Дон назрининг қолгани эса Ҳорун ва унинг ўғиллариники бўлсин. Назрнинг руҳонийларга тегишли бу қисми ғоят муқаддасдир, чунки у Эгамизга аталган, оловда куйдириладиган назрлардан қолган қисмидир.

4 Агар тандирда ёпилган нонни дон назри сифатида келтирмоқчи бўлсангиз, зайтун мойига қорилган нонларни ёки юзига зайтун мойи суртилган чалпакларни назр қилинг. Уларни сифатли ундан ёпиб, хамиртуруш қўшманг.

5 Агар товада пиширилган нонни назр қилмоқчи бўлсангиз, нонингиз зайтун мойига қорилган сифатли ундан ёпилган бўлсин. Унга хамиртуруш қўшманг.

6 Нонни синдириб, устига зайтун мойидан қуйинг. Бу дон назридир.

7 Агар назрингиз қозонда тайёрланган бўлса, у сифатли ундан тайёрланган бўлиб, зайтун мойида қовурилган бўлиши керак.

8 Дон назрингизни қайси усулда тайёрлаганингиздан қатъий назар, уни Эгамизга олиб келиб, руҳонийга беринг. Руҳоний эса уни қурбонгоҳга олиб борсин.

9 Руҳоний дон назрингизнинг бир қисмини олиб, қурбонгоҳда куйдирсин. Бундай қилиш назрнинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Оловда куйдирилган бу назрдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

10 Дон назрингизнинг қолгани эса Ҳорун ва унинг ўғиллариники бўлсин. Назрнинг руҳонийларга тегишли бу қисми ғоят муқаддасдир, чунки у Эгамизга аталган, оловда куйдириладиган назрлардан қолган қисмидир.

11 Эгамизга келтирадиган дон назрингизнинг бирортасига хамиртуруш қўшманг. На хамиртурушни, на қиёмни оловда куйдириб, Эгамизга назр қилманг.

12 Хамиртуруш ва қиёмни илк ҳосил назрингизга қўшиб, Эгамизга келтиришингиз мумкин. Лекин Эгамизга ёқимли ҳид борсин деб, буларни қурбонгоҳ устида куйдирманг.

13 Дон назрингизнинг ҳаммасига туз қўшинг. Зотан, туз Худойингиз сизлар билан тузган аҳдни билдиради. Шундай экан, бирорта назрингиз тузсиз бўлмасин.

14 Агар Эгамизга илк ҳосилингиздан дон назри келтирмоқчи бўлсангиз, қовурилган янги буғдой бошоқларини туйиб, олиб келинг.

15 Бу дон назри бўлгани учун унга зайтун мойини қўшиб, устига хушбўй тутатқидан қўйинг.

16 Руҳоний туйилган буғдойнинг бир қисмини, устидаги мой ва ҳамма тутатқи билан бирга қурбонгоҳ устида куйдирсин. Бундай қилиш назрнинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Эгамизга атаб, оловда куйдирилган дон назри шудир.

Тинчлик қурбонлиги

1 Агар подангиздаги бирорта ҳайвонни тинчлик қурбонлиги қилмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз сигир ёки буқани Эгамиз олдига олиб келинг.

2 Қўлингизни қурбонликнинг бошига қўйинг, сўнг уни Учрашув чодирининг кираверишида сўйинг. Ҳоруннинг руҳоний ўғиллари қурбонликнинг қонини қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин.

3 Сиз тинчлик қурбонлигининг қуйидаги қисмларини оловда куйдириб, Эгамизга назр қилинг: ичак–човоқларини қоплаб турган ёғларни, ҳамма чарвини,

4 иккала буйракни, буйрак атрофидаги ёғларини ва жигарнинг аъло қисмини. Жигарнинг аъло қисми буйраклар билан бирга ажратиб олинган бўлиши лозим.

5 Сўнг Ҳоруннинг ўғиллари буларни қурбонгоҳда, ёниб турган ўтин устидаги куйдириладиган қурбонлик билан бирга куйдирсинлар. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

6 Агар Эгамизга сурувингиздаги ҳайвонни тинчлик қурбонлиги қилмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз урғочи ёки эркак жониворни олиб келинг.

7 Қўйни қурбонлик қилмоқчи бўлсангиз, уни Эгамиз олдига олиб келиб,

8 қўлингизни қурбонликнинг бошига қўйинг. Сўнг уни Учрашув чодири олдида сўйинг. Ҳоруннинг ўғиллари қурбонликнинг қонини қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин.

9 Сиз тинчлик қурбонлигининг қуйидаги қисмларини оловда куйдириб, Эгамизга назр қилинг: думғазадан бошлаб кесиб олинган думбасини, ичак–човоқларини қоплаб турган ёғларни, ҳамма чарвини,

10 иккала буйракни, буйрак атрофидаги ёғларини ва жигарнинг аъло қисмини. Жигарнинг аъло қисми буйраклар билан бирга ажратиб олинган бўлиши лозим.

11 Руҳоний буларни таом назри сифатида қурбонгоҳ устида куйдирсин. Эгамизга келтирилиб, оловда куйдириладиган қурбонлик шудир.

12 Агар Эгамизга эчкини қурбонлик қилмоқчи бўлсангиз, уни Эгамизнинг олдига олиб келинг.

13 Қўлингизни эчкининг бошига қўйиб, уни Учрашув чодири олдида сўйинг. Сўнг Ҳоруннинг ўғиллари эчкининг қонини қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин.

14 Сиз қурбонликнинг қуйидаги қисмларини оловда куйдириб Эгамизга назр қилинг: ичак–човоқларини қоплаб турган ёғларни, ҳамма чарвини,

15 иккала буйракни, буйрак атрофидаги ёғларини ва жигарнинг аъло қисмини. Жигарнинг аъло қисми буйраклар билан бирга ажратиб олинган бўлиши лозим.

16 Сўнг руҳоний буларнинг ҳаммасини таом назри сифатида қурбонгоҳ устида куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

Ёғнинг ҳаммаси Эгамизга тегишлидир.

17 Ёғ ва қонни тановул қилманг. Қаерда яшашингиздан қатъий назар, бутун авлодингиз бу қонунга доимо риоя қилсин.

Билмасдан қилинган гуноҳ учун назрлар

1 Эгамиз Мусо орқали

2 Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: агар бирорта одам Эгамизнинг амрига кўра тақиқланган бирор ишни билмасдан қилиб қўйиб, гуноҳ орттириб олса, қуйидагича иш тутсин:

3 мой суртиб танланган руҳоний гуноҳ қилиб қўйса, у бутун халқни айбдор қилиб қўйган бўлади. У қилган гуноҳи учун нуқсонсиз буқани гуноҳ қурбонлиги сифатида Эгамизга келтирсин.

4 Буқани Учрашув чодири кираверишига олиб келиб, қўлини буқанинг бошига қўйсин. Сўнг буқани ўша ерда — Эгамизнинг ҳузурида сўйсин.

5 Мой суртиб танланган руҳоний буқанинг қонидан олиб, Учрашув чодирига олиб кирсин.

6 У бармоғини қонга ботириб, қонни Эгамизнинг ҳузурида, Энг муқаддас хонани тўсиб турган ички парда томонга етти марта сачратсин.

7 Сўнг қонни Эгамизнинг ҳузурида Учрашув чодиридаги хушбўй тутатқи қурбонгоҳининг шохларига суртсин. Буқанинг ортган қонини эса Учрашув чодирига кираверишдаги қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳнинг ёнига тўксин.

8 Гуноҳ қурбонлиги қилинган буқанинг ҳамма ёғларини ажратиб олсин: ичак–човоқларини қоплаб турган ёғларни, ҳамма чарвини,

9 иккала буйракни, буйрак атрофидаги ёғларни ва жигарнинг аъло қисмини. Жигарнинг аъло қисми буйраклар билан бирга ажратиб олинган бўлиши лозим.

10 Тинчлик қурбонлигининг ёғлари қандай ажратиб олинса, гуноҳ қурбонлигининг ёғлари ҳам шу усулда ажратиб олинсин. Руҳоний ёғларни қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ устида куйдирсин.

11 Буқанинг қолган қисмларини: терисини, гўштини, калласини, оёқларини ва ичак–човоқларини

12 қароргоҳнинг ташқарисидаги кул тўкиладиган ҳалол жойга олиб чиқиб, ўтинлар устида куйдирсин.

13 Агар бутун жамоа Эгамизнинг амрига кўра тақиқланган бирор ишни билмасдан қилиб, гуноҳ орттириб олса, улар бундан хабарсиз бўлган тақдирда ҳам, барибир айбдор бўладилар.

14 Қилган гуноҳлари фош бўлгандан кейин, улар бутун жамоа номидан гуноҳ қурбонлиги қилиш учун буқани Учрашув чодири олдига олиб келишсин.

15 Жамоа оқсоқоллари буқанинг бошига қўлларини қўйиб, уни ўша ерда — Эгамизнинг ҳузурида сўйишсин.

16 Мой суртиб танланган руҳоний буқанинг қонидан Учрашув чодирига олиб кирсин.

17 У бармоғини қонга ботириб, қонни Эгамизнинг ҳузурида ички парда томонга етти марта сачратсин.

18 Сўнг Эгамизнинг ҳузурида турган Учрашув чодиридаги тутатқи қурбонгоҳининг шохларига қондан суртсин. Буқанинг қолган қонини эса Учрашув чодирига кираверишдаги қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳнинг ёнига тўксин.

19 Кейин буқанинг ёғларини ажратиб олиб қурбонгоҳ устида куйдирсин.

20 Руҳонийнинг гуноҳи учун келтирилган буқани нима қилган бўлса, бу буқани ҳам ўшандай қилсин. Шу йўсинда руҳоний жамоани гуноҳдан покласин, шунда уларнинг гуноҳи кечирилади.

21 Сўнг руҳоний буқанинг қолган қисмларини қароргоҳдан ташқарига олиб чиқиб, олдинги буқани куйдиргандай куйдирсин. Жамоанинг гуноҳи учун келтириладиган қурбонлик шудир.

22 Агар ҳукмдор ўз Эгаси Худонинг амрига кўра тақиқланган бирор ишни билмасдан қилиб қўйиб, гуноҳ орттириб олса, у айбдор бўлади.

23 Қилган гуноҳи фош бўлгандан кейин, у нуқсонсиз бир такани қурбонлик қилиш учун олиб келсин.

24 Сўнг қўлини таканинг бошига қўйиб, такани Эгамизнинг ҳузурида, куйдириладиган қурбонликлар бўғизланадиган жойда сўйсин. Бу гуноҳ қурбонлигидир.

25 Руҳоний бармоғини гуноҳ қурбонлиги қонига ботириб, қонни қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ шохларига суртсин. Қоннинг қолганини эса қурбонгоҳнинг ёнига тўксин.

26 Сўнг така ёғининг ҳаммасини тинчлик қурбонлигининг ёғини куйдиргандай, қурбонгоҳ устида куйдирсин. Руҳоний шу тариқа ҳукмдорни гуноҳдан покласин, шунда ҳукмдорнинг гуноҳи кечирилади.

27 Агар жамоа аъзоси Эгамизнинг амрига кўра тақиқланган бирор ишни билмасдан қилиб қўйиб, гуноҳ орттириб олса, у айбдор бўлади.

28 Қилган гуноҳи фош бўлгандан кейин, нуқсонсиз эчкини қурбонлик қилиш учун олиб келсин.

29 У қўлини гуноҳ қурбонлигининг бошига қўйсин, сўнг уни куйдириладиган қурбонликлар бўғизланадиган жойда сўйсин.

30 Руҳоний бармоғини қурбонликнинг қонига ботириб, қонни қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ шохларига суртсин. Қоннинг қолганини эса қурбонгоҳнинг ёнига тўксин.

31 Тинчлик қурбонлигининг ёғи ажратиб олингандай, эчкининг ёғларини ажратиб олсин. Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун ёғни қурбонгоҳ устида куйдирсин. Шу тариқа руҳоний гуноҳ қилган одамни гуноҳидан покласин, шунда ўша одамнинг гуноҳи кечирилади.

32 Агар жамоа аъзоси қўйни гуноҳ қурбонлиги қилмоқчи бўлса, нуқсонсиз совлиқни олиб келсин.

33 У қўлини гуноҳ қурбонлигининг бошига қўйсин, сўнг уни куйдириладиган қурбонликлар бўғизланадиган жойда сўйсин.

34 Руҳоний ўз бармоғини гуноҳ қурбонлигининг қонига ботириб, қонни қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ шохларига суртсин. Қолган қонни эса қурбонгоҳнинг ёнига тўксин.

35 Тинчлик қурбонлиги қилинган қўйнинг ёғи қандай ажратиб олинса, бу қурбонликнинг ҳам ёғларини худди шундай қилиб ажратиб олсин. Сўнг буларни қурбонгоҳ устида, Эгамизга келтирилган назрлар билан бирга оловда куйдирсин. Шу тариқа руҳоний гуноҳ қилган одамни гуноҳдан покласин, шунда унинг гуноҳи кечирилади.

Билмасдан қилинган гуноҳлар

1 Қуйидаги вазиятларда гуноҳ қурбонлиги келтирилиши шарт: агар орангиздаги бирор киши гувоҳлик бериш учун маҳкамага чақирилса–ю, кўрган ёки билган ҳодиса ҳақида гувоҳлик беришдан бўйин товласа, у жазога тортилсин.

2 Биронтангиз ҳаром нарсага — ёввойи ҳайвоннинг, чорванинг ёки судралиб юрувчининг мурдасига қўл теккизсангиз–у, ҳаром бўлганингизни билмасангиз, сиз барибир айбдор ҳисобланасиз.

3 Борди–ю, инсоннинг бирор нопоклигига қўл теккизсангиз–у, ҳаром бўлганингизни билмасангиз, қилиб қўйган ишингизни англаганингиздан кейин айбдор ҳисобланасиз.

4 Агар бирортангиз билмай туриб, шошилганингиздан яхши ёки ёмон ниятда қасам ичиб қўйсангиз, қилиб қўйган ишингизни англаганингиздан кейин айбдор ҳисобланасиз.

5 Айтилганларнинг бирортасида ўзингизни айбдор деб топсангиз, қилган гуноҳингизни эътироф этинг.

6 Қилган гуноҳингизнинг тўлови сифатида сурувингиздаги қўй ёки эчкини Эгамизга гуноҳ қурбонлиги қилиш учун олиб келинг. Руҳоний қурбонлик қилиб, сизни гуноҳдан покласин.

7 Борди–ю, қўйни қурбонлик қилишга қурбингиз етмаса, гуноҳингиз тўлови сифатида иккита каптар ёки иккита мусичани Эгамизга олиб келинг. Қушнинг биттаси гуноҳ қурбонлиги, иккинчиси куйдириладиган қурбонлик қилинсин.

8 Қушларни руҳонийга олиб келинг. Руҳоний қушлардан бирини гуноҳ қурбонлиги учун олиб, қушнинг бўйнини қайириб синдирсин, лекин бошини узиб ташламасин.

9 Сўнг гуноҳ қурбонлигининг қонидан қурбонгоҳнинг ён томонига сепсин, қоннинг қолганини эса қурбонгоҳнинг ёнига тўксин. Бу гуноҳ қурбонлигидир.

10 Қушнинг иккинчисини эса қоидага биноан куйдириладиган қурбонлик қилсин. Шу тариқа руҳоний сизни гуноҳингиздан поклайди, қилган гуноҳингиз кечирилади.

11 Иккита каптар ёки иккита мусичани қурбонлик қилишга қурбингиз етмаса, қилган гуноҳингиз учун тўрт коса сифатли унни гуноҳ назри учун олиб келинг. Унга зайтун мойидан қўшманг, устига хушбўй тутатқидан ҳам қўйманг, зотан, бу гуноҳ учун келтириладиган назрдир.

12 Назрингизни руҳонийга олиб келинг. Руҳоний уннинг бир ҳовучини олиб, Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган назрлар билан бирга қурбонгоҳ устида куйдирсин. Бундай қилиш, уннинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради.

13 Шу тариқа руҳоний сизни қилган ҳар қандай гуноҳингиздан поклайди, шунда гуноҳингиз кечирилади. Гуноҳ назрининг ортиб қолган қисми дон назри сингари, руҳонийга тегишлидир.

Зарарни қоплайдиган қурбонликлар

14 Эгамиз Мусога қуйидаги қоидаларни берди:

15 агар бирортангиз билмаган ҳолда гуноҳ қилиб, эҳсонларга оид кўрсатмаларни бузиб қўйсангиз, айб қурбонлигини келтиринг. Айб қурбонлиги сифатида Эгамизга нуқсонсиз бир қўчқорни ёки қўчқорнинг қийматига яраша кумушни олиб келинг. Бу айб қурбонлигидир.

16 Эҳсонларга келтирган зарарни қоплашингиз учун руҳонийга товон тўланг. Бунинг устига эҳсон қийматининг бешдан бир қисмини қўшиб беринг. Руҳоний қўчқорни айб қурбонлиги қилиб, сизни гуноҳингиздан поклайди, шунда гуноҳингиз кечирилади.

17 Агар бирортангиз Эгамизнинг амрига кўра тақиқланган бирор ишни билмасдан қилиб қўйиб, гуноҳ орттириб олсангиз, қилган ишингизни англаганингиздан кейин жазога лойиқ ҳисобланасиз.

18 Бундай ҳолда руҳонийга айб қурбонлиги сифатида нуқсонсиз бир қўчқорни ёки қўчқорнинг қийматига яраша кумушни олиб келинг. Руҳоний сизни гуноҳингиздан поклайди, шунда билмасдан қилиб қўйган гуноҳингиз кечирилади.

19 Бу айб қурбонлигидир. Сиз ҳақиқатан ҳам, Эгамизнинг олдида айбли иш қилиб қўйган эдингиз.

1 Эгамиз Мусога қуйидаги қоидаларни берди:

2 агар бирортангиз Эгамизга хиёнат қилсангиз, яъни сизга омонатга берилган ёки гаровга қўйилган нарса борасида қўшнингизни алдасангиз, ёки қўшнингизнинг бирор нарсасини ўғирласангиз, ёки товламачилик қилсангиз,

3 ёки йўқолган нарсани топиб олиб, топмадим, деб айтсангиз, ёки қасам ичиб туриб ёлғон гувоҳлик берсангиз, сиз гуноҳ қилган бўласиз.

4 Гуноҳ қилиб, айбингизни тан олганингиздан кейин ўғирлаган, товламачилик қилиб қўлга киритган, омонатга берилган, топиб олган,

5 ёлғон қасам ичиб ўзингизга олиб қолган ҳар қандай нарсани эгасига қайтариб беринг. Устига ўша нарсанинг бешдан бир қисми қийматини ҳам қўшиб беринг.

6 Бундан ташқари, айб қурбонлиги учун Эгамизга нуқсонсиз бир қўчқорни ёки қўчқорнинг қийматига яраша кумушни олиб келинг.

7 Руҳоний Эгамиз ҳузурида сизни гуноҳдан поклайди, шунда қилган ҳар қандай айбингиз кечирилади.

Куйдириладиган қурбонлик келтириш қоидаси

8 Эгамиз Мусо орқали

9 Ҳорун ва унинг ўғилларига куйдириладиган қурбонликка оид қуйидаги қоидаларни берди: куйдириладиган қурбонлик қурбонгоҳ устида тун бўйи, эрталабгача қолсин. Қурбонгоҳ устидаги олов доим ёниб турсин.

10 Эртаси куни эрталаб руҳоний зиғир матосидан тикилган либосни ва ичидан иштонни кийсин. Сўнг куйдирилган қурбонликнинг кулини қурбонгоҳ устидан йиғиштириб олсин. Кулни қурбонгоҳнинг ёнига ташласин.

11 Кейин устидаги либосларни ечиб, бошқа либосларни кийсин. Кулни қароргоҳдан ташқаридаги ҳалол жойга олиб чиқиб ташласин.

12 Қурбонгоҳдаги олов ўчмай доим ёниб туриши шарт. Ҳар куни эрталаб руҳоний оловга ўтин ташлаб, унинг устига куйдириладиган қурбонликни қўйсин. Тинчлик қурбонлигининг ёғини ҳам ўша оловда куйдирсин.

13 Қурбонгоҳдаги олов зинҳор ўчмасин, у муттасил ёниб турсин.

Дон назри

14 Дон назр қилинганда қуйидаги қоидага риоя қилинсин: Ҳоруннинг ўғиллари дон назрини Эгамизнинг ҳузурига, қурбонгоҳ олдига олиб келишсин.

15 Руҳоний зайтун мойи қўшилган сифатли уннинг бир ҳовучини ва устидаги хушбўй тутатқининг ҳаммасини олиб, қурбонгоҳ устида куйдирсин. Бундай қилиш уннинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Бу назрдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

16 Уннинг қолганидан хамиртурушсиз нонлар ёпилсин. Ҳорун ва унинг ўғиллари бу нонларни муқаддас жойда есинлар. Нонлар Учрашув чодирининг ҳовлисида тановул қилиниши лозим.

17 Унга хамиртуруш қўшилмасин. Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган назрлардан уларга бериладиган улуш шудир. У гуноҳ қурбонлиги ва айб қурбонлиги сингари, ғоят муқаддасдир.

18 Ҳоруннинг наслидан бўлган ҳар бир эркак зоти бу назрдан еса бўлади. Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган назрлардан Ҳоруннинг наслига авлодлар оша берилган доимий улуш шудир. Бу назрга теккан ҳар қандай нарса муқаддас бўлади.

19 Эгамиз Мусо орқали яна қуйидаги қоидаларни берди:

20 Ҳорун ва унинг ўғиллари руҳонийликка тайинланган куни Эгамизга дон назрини келтиришсин. Бу назрнинг миқдори, кундалик назрдай, тўрт коса сифатли ундан ташкил топсин. Уннинг икки косаси эрталаб, икки косаси кечқурун назр қилинсин.

21 Ундан зайтун мойига хамир қорилсин, сўнг товада қовурилсин. Қовурилган хамир мойга яхшилаб бўктирилган бўлсин, уни бурдалаб Эгамизга назр қилинг. Бу назрдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

22 Бошига мой суртилиб, руҳонийликка тайинланадиган Ҳоруннинг ўғли бу назрни тайёрласин. Бу турдаги назр ҳар бир руҳонийликка тайинлаш маросимида Эгамизга келтирилсин. Назрни бутунлай куйдириш лозим.

23 Хуллас, руҳоний келтирган ҳар қандай дон назри бутунлай куйдирилсин, уни ейиш мумкин эмас.

Гуноҳ қурбонлиги

24 Эгамиз Мусо орқали

25 Ҳорун ва унинг ўғилларига гуноҳ қурбонлигига оид қуйидаги қоидаларни берди: гуноҳ қурбонлиги қилинадиган жонивор Эгамизнинг ҳузурида, куйдириладиган қурбонлик бўғизланадиган жойда бўғизлансин. Бу ғоят муқаддас қурбонликдир.

26 Гуноҳ қурбонлигини келтирган руҳоний қурбонлик гўштидан тановул қилсин. Қурбонлик гўшти муқаддас жойда, яъни Учрашув чодирининг ҳовлисида ейилиши лозим.

27 Қурбонлик гўштига теккан ҳар қандай нарса муқаддас бўлади. Агар қурбонликнинг қони кийимга сачраса, кийим муқаддас жойда ювилсин.

28 Гўшт пиширилган сопол идиш синдирилсин. Борди–ю, гўшт бронза қозонда пиширилган бўлса, қозонни ишқалаб ювиш лозим.

29 Руҳонийлар уруғига мансуб ҳар бир эркак зоти бу қурбонлик гўштидан тановул қилса бўлади. Бу қурбонлик ғоят муқаддасдир.

30 Борди–ю, гуноҳ қурбонлигининг қони Учрашув чодирининг ичига, гуноҳдан поклаш учун Муқаддас хонага олиб кирилса, бундай қурбонлик гўштини тановул қилиш мумкин эмас. Уни бутунлай куйдириш лозим.

Айб қурбонлиги

1 Айб қурбонлиги ғоят муқаддасдир. Уни келтирганда қуйидаги қоидага риоя қилинсин:

2 айб қурбонлиги учун келтириладиган жониворни куйдириладиган қурбонлик бўғизланадиган жойда сўйишсин. Унинг қонини қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин.

3 Жонивор ёғининг ҳаммаси келтирилсин: думбаси, ичак–човоқларини қоплаб турган ёғлари,

4 иккала буйраги, буйрак атрофидаги ёғлари ва жигарнинг аъло қисми. Жигарнинг аъло қисми буйраклар билан бирга ажратиб олинсин.

5 Руҳоний буларни оловда куйдириб, Эгамизга назр қилсин. Бу айб қурбонлигидир.

6 Руҳонийлар уруғига мансуб бўлган ҳар бир эркак зоти қурбонликни тановул қилса бўлади. Уни муқаддас жойда тановул қилишсин, чунки бу қурбонлик ғоят муқаддасдир.

7 Айб қурбонлиги учун ҳам, гуноҳ қурбонлиги учун ҳам қоида бир: қурбонликнинг гўшти гуноҳдан поклаш маросимини олиб борган руҳонийга тегишли бўлсин.

8 Бировнинг куйдириладиган қурбонлигини келтирган руҳоний ўзига қурбонликнинг терисини олсин.

9 Тандирда ёпилган, қозонда ёки товада тайёрланган ҳар қандай дон назри ҳам, уни келтирган руҳонийга тегишли бўлсин.

10 Лекин бошқа турдаги дон назрлари, зайтун мойи аралаштирилган ёки аралаштирилмаганидан қатъий назар, Ҳоруннинг ҳамма ўғилларига бирдай тегишли бўлсин.

Тинчлик қурбонлиги

11 Эгамизга тинчлик қурбонлигини келтирганингизда қуйидаги қоидага риоя қилинг:

12 агар қурбонликни шукрона айтиш учун келтираётган бўлсангиз, қурбонлик билан бирга зайтун мойи аралаштирилган хамиртурушсиз нонларни, зайтун мойи суртилган хамиртурушсиз чалпакларни ҳамда сифатли ун ва зайтун мойидан қориб тайёрланган кулчаларни келтиринг.

13 Шукрона қурбонлиги қаторида хамиртурушли нонларни ҳам олиб келинг.

14 Нонларнинг ҳар бир туридан биттасини Эгамизга ҳадя сифатида тақдим қилинг. Бу нонлар тинчлик қурбонлиги қонини қурбонгоҳга сепган руҳонийники бўлсин.15 Шукрона айтиш учун келтирилган тинчлик қурбонлигининг гўштини ўша куниёқ тановул қилинг. Қурбонлик гўштидан эрталабгача қолдирманг.

16 Борди–ю, қурбонликни ичган онтингиз бўйича келтирсангиз, ёки кўнгилдан чиқариб берсангиз, гўштини қурбонлик қилган кунингиз ва қолганини иккинчи куни ҳам есангиз бўлади.

17 Учинчи куни эса қурбонликнинг қолган ҳамма гўштини куйдириб ташланг.

18 Агар қилган тинчлик қурбонлигингизнинг гўшти учинчи куни тановул қилинса, қурбонлигингиз қабул бўлмайди ва ҳисобга ўтмайди. Қурбонлигингиз булғанган ҳисобланиб, унинг гўштидан еган одам жазога тортилади.

19 Ҳар қандай нопок нарсага теккан қурбонлик гўшти ейилмасин. Уни куйдириб ташланг. Гўштнинг қолганини эса ҳар бир пок одам тановул қилиши мумкин.

20 Борди–ю, бирор одам ҳаром бўла туриб, Эгамизга келтирилган тинчлик қурбонлигининг гўштидан еса, ўз халқи орасидан йўқ қилинсин.

21 Агар бирортангиз одамнинг нопоклигига, ҳаром ҳайвонга ёки ҳар қандай жирканч жонзотга тегиб, Эгамизнинг тинчлик қурбонлиги гўштидан тановул қилсангиз, халқингиз орасидан йўқ қилинасиз.

22 Эгамиз Мусо орқали

23 Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: мол, қўй ва эчкининг ёғини асло еманг.

24 Ҳаром ўлган ёки ёввойи ҳайвон ғажиб ташлаган жониворнинг ёғини ҳар қандай эҳтиёжларга ишлатишингиз мумкин, лекин уни асло тановул қилманг.

25 Борди–ю, бирортангиз Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган қурбонликнинг ёғидан есангиз, халқингиз орасидан йўқ қилинасиз.

26 Қуш ёки ҳайвоннинг қонини истеъмол қилманг. Қаерда яшашингиздан қатъий назар, бу амримга риоя қилинг.

27 Борди–ю, бирортангиз қон истеъмол қилсангиз, халқингиз орасидан йўқ қилинасиз.

28 Эгамиз Мусо орқали

29 Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: тинчлик қурбонлигини келтирганингизда, қурбонликнинг бир қисмини Эгамизга тақдим қилинг.

30 Оловда куйдириладиган бу назрни ўз қўлингиз билан олиб келинг. Қурбонликнинг ёғи ва тўшини келтиринг. Тўшни Эгамизга бағишлаганингизни кўрсатиш учун юқорига кўтаринг.

31 Руҳоний ёғни қурбонгоҳ устида куйдирсин, тўш эса Ҳорун ва унинг ўғиллариники бўлсин.

32 Тинчлик қурбонлигининг ўнг сонини руҳонийга ҳадя қилинг.

33 Қурбонликнинг қонини келтирган ва ёғини куйдирган Ҳоруннинг ўғлига ўшани улуш қилиб беринг.

34 Зотан, Исроил халқи қилган тинчлик қурбонлигининг юқорига кўтарилган тўшини ва ҳадя қилинган сонини Эгамиз Ҳорунга ва унинг ўғилларига берди. Бу Исроил халқидан уларга бериладиган доимий улушдир.

35 Ҳорун ва унинг ўғиллари Эгамиз ҳузурида руҳоний бўлиб хизмат қилишлари учун тайинланган кундан бошлаб, оловда куйдириладиган қурбонликлардан уларга тегадиган улуш ана шудир.

36 Ҳорун ва унинг ўғилларига мой суртилган куни Исроил халқи бу улушни уларга беришини Эгамиз амр этди. Авлодлар оша бу уларнинг доимий улушидир.

37 Хуллас, куйдириладиган қурбонлик, дон назри, гуноҳ қурбонлиги, айб қурбонлиги, руҳонийликка тайинлаш маросимида келтириладиган қурбонлик ва тинчлик қурбонлигига оид қоидалар шулардан иборатдир.

38 Мусо Исроил халқи билан Синай тоғи ён бағридаги саҳрода турган пайтларида Эгамиз уларга бу қурбонликларни келтира бошлашни буюрган эди.

Ҳорун ва унинг ўғиллари руҳоний қилиб тайинланадилар

1 Эгамиз Мусога деди:

2 “Ҳорун ва унинг ўғилларини Учрашув чодири кираверишига олиб кел, улар билан бирга руҳонийлик либосларини, муқаддас қиладиган мойни, гуноҳ қурбонлиги учун буқани, иккита қўчқорни ва бир сават хамиртурушсиз нонни олиб кел.

3 Сўнг бутун жамоани ўша ерга тўпла.”

4 Мусо Эгамизнинг айтганини қилди. Жамоа Учрашув чодирига кираверишда тўплангач,

5 Мусо уларга деди: “Мен ҳозир Эгам берган амрни бажараман.”

6 Мусо Ҳорун ва унинг ўғилларини олдинга чиқариб ювинтирди.

7 Сўнг Ҳоруннинг устига кўйлакни кийдириб, белига белбоғни боғлади. Устидан ридони кийдириб, эфодни тақди. Сўнг белига эфоднинг нафис нақшинкор камарини боғлаб, эфодни маҳкамлади.

8 Кўксига кўкракпеч тақиб, кўкракпеч халтасининг ичига Урим ва Туммимни солди.

9 Ҳоруннинг бошига саллани кийдирди. Эгамизнинг Мусога берган амрига биноан салланинг олд томонига олтин лавҳани ўрнаштирди, бу лавҳа Ҳорун Эгамизга бағишланганини билдирар эди.

10 Сўнг Мусо Муқаддас чодирга ва унинг ичидаги ҳамма ашёларга муқаддас қиладиган мойдан суртиб чиқиб, уларни муқаддас қилди.

11 Қурбонгоҳ устига мойдан етти марта сачратди. Сўнг қурбонгоҳга, қурбонгоҳ буюмларига, қўлювгичга ва қўлювгич таглигига мойдан суртиб, уларни муқаддас қилди.

12 У Ҳоруннинг бошига ҳам муқаддас қиладиган мойдан суртиб, Ҳорунни Эгамизнинг хизматига бағишлади.

13 Сўнг Эгамизнинг амрига кўра, Ҳоруннинг ўғилларини олдинга чиқариб, уларнинг устига кўйлаклар кийдирди, белларига белбоғлар, бошларига пешанабоғлар боғлади.

14 Кейин Мусо гуноҳ қурбонлиги қилинадиган буқани етаклаб келди. Ҳорун ва унинг ўғиллари қўлларини буқанинг бошига қўйишди.

15 Мусо буқани сўйди. Қурбонгоҳни поклаш учун бармоғини қонга ботириб, қонни қурбонгоҳнинг шохларига суртиб чиқди. Қоннинг қолганини қурбонгоҳнинг ёнига тўкди. Шу йўсин у қурбонгоҳни поклаб, Эгамизга бағишлади.

16 Сўнг буқанинг ичак–човоқларини қоплаган ҳамма ёғларни, жигарнинг аъло қисмини, иккала буйрагини ва буйрак атрофидаги ёғларини ажратиб олиб, қурбонгоҳ устида куйдирди.

17 Буқанинг ўзини эса териси, гўшти ва ичак–човоқлари билан бирга, Эгамизнинг амрига кўра, қароргоҳнинг ташқарисига олиб чиқиб куйдирди.

18 Сўнг Мусо куйдириладиган қурбонлик қилиш учун қўчқорни олиб келди. Ҳорун ва унинг ўғиллари қўлларини қўчқорнинг бошига қўйишди.

19 Мусо қўчқорни сўйиб, қонидан қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқди.

20 Сўнг қўчқорнинг танасини бўлакларга бўлиб, калласини, бўлакларини ва ёғини қурбонгоҳ устида куйдирди.

21 Ичак–човоқлари ва оёқларини ювиб, қўчқорни бутунлай қурбонгоҳ устида куйдирди. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид борди. Мусо ҳаммасини Эгамизнинг амрига биноан бажарди.

22 Сўнг Мусо иккинчи қўчқорни етаклаб келди. Ҳорун ва унинг ўғилларини руҳонийликка тайинлаш маросимида келтириладиган қурбонлик шу эди. Ҳорун ва унинг ўғиллари қўлларини қўчқорнинг бошига қўйишди.

23 Мусо қўчқорни сўйиб, қўчқорнинг қонидан Ҳоруннинг ўнг қулоғи солинчагига, ўнг қўлининг бош бармоғига ва ўнг оёғининг бош бармоғига суртди.

24 Сўнг Мусо Ҳоруннинг ўғилларини олдинга чиқариб, қўчқорнинг қонидан уларнинг ўнг қулоқлари солинчакларига, ўнг қўллари бош бармоқларига ва ўнг оёқлари бош бармоқларига суртди. Қоннинг қолганини эса қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқди.

25 У қўчқорнинг ёғини, чунончи, думбасини, ичак–човоқларини қоплаб турган ёғларни, жигарнинг аъло қисмини, иккала буйрагини, буйрак атрофидаги ёғларини ва ўнг сонини ажратиб олди.

26 Эгамиз ҳузуридаги хамиртурушсиз нонлар солинган саватдан хамиртурушсиз нондан биттасини, зайтун мойи қўшилган нондан биттасини ва чалпакдан биттасини олиб, қўчқорнинг ёғи ва ўнг сони устига қўйди.

27 Мусо буларнинг ҳаммасини Ҳорун ва ўғилларининг қўлига тутқазди. Улар буларни Эгамизга бағишлаганини кўрсатиш учун юқорига кўтардилар.

28 Сўнг Мусо бу назрларни уларнинг қўлларидан олиб, қурбонгоҳ устида куйдириладиган қурбонлик билан бирга куйдирди. Оловда куйдирилган бу назрлардан Эгамизга ёқимли ҳид борди. Руҳонийликка тайинлаш маросимида келтирилган назрлар шулар эди.

29 Кейин Мусо тўшни олиб, уни Эгамизга бағишлаганини кўрсатиш учун юқорига кўтарди. Эгамизнинг амрига биноан руҳонийликка тайинланиш маросимида қурбонлик қилинган қўчқорнинг бу қисми Мусога тегадиган улуш эди.

30 Мусо муқаддас қиладиган мойдан ва қурбонгоҳ устидаги қондан олиб, Ҳорунга ва унинг либосларига ҳамда Ҳоруннинг ўғилларига ва уларнинг либосларига сачратди. Шундай қилиб, у Ҳорунни ва унинг либосларини ҳамда Ҳоруннинг ўғилларини ва уларнинг либосларини муқаддас қилди.

31 Мусо Ҳорун ва унинг ўғилларига деди: “Учрашув чодирига кираверишда қурбонликнинг гўштини пиширинглар. Гўштни ўша ернинг ўзида, саватдаги назр қилинган нонларга қўшиб енглар. Зотан, бу Эгамизнинг амридир.

32 Ортиб қолган гўшт ва нонни куйдиринглар.

33 Руҳонийликка тайинлаш маросими тамом бўлгунга қадар, етти кун давомида Учрашув чодири кираверишидан жилманглар.

34 Биз бугунги маросимни Эгамизнинг амрига кўра, сизларни гуноҳдан поклаш учун адо этдик.

35 Сизлар Учрашув чодирига кираверишда кечаю кундуз етти кун давомида бўлиб, Эгамизнинг барча талабларини бажаринглар. Шунда нобуд бўлмайсизлар. Эгамизнинг амри шудир.”

36 Ҳорун ва унинг ўғиллари Эгамизнинг Мусо орқали берган ҳамма амрларини бажардилар.

Ҳорун қурбонликлар келтиради

1 Саккизинчи куни Мусо Ҳорунни, унинг ўғилларини ва Исроил оқсоқолларини чақиртириб келди.

2 У Ҳорунга деди: “Гуноҳ қурбонлиги учун бир нуқсонсиз бузоқни, куйдириладиган қурбонлик учун эса бир нуқсонсиз қўчқорни Эгамизнинг ҳузурига олиб кел.

3 Сўнг Исроил халқига айт, улар ҳам гуноҳ қурбонлиги учун битта такани, куйдириладиган қурбонлик учун бир ёшли нуқсонсиз бузоқни ва бир ёшли нуқсонсиз қўзини,

4 тинчлик қурбонлиги учун битта буқани ва битта қўчқорни олиб келишсин. Улар бу жониворларни Эгамизнинг ҳузурида қурбонлик қилишсин. Булар билан бирга зайтун мойи аралаштирилган дон назрини ҳам келтиришсин. Зотан, Эгамиз бугун уларга зоҳир бўлади.”

5 Улар Мусо амр қилган ҳамма нарсани Учрашув чодирининг олдига олиб келишди. Бутун жамоа Эгамиз ҳузурига келиб турди.

6 Мусо деди: “Эгамизнинг берган бу амрини адо этинг, шунда Эгамизнинг улуғворлиги сизларга зоҳир бўлади.”

7 Сўнг Мусо Ҳорунга деди: “Қурбонгоҳнинг олдига бор, ўзингни ва халқни гуноҳдан поклаш учун гуноҳ қурбонлигингни ва куйдириладиган қурбонлигингни келтир. Сўнг халқнинг қурбонликларини адо этиб, уларни гуноҳдан покла. Эгамизнинг амри шудир.”

8 Ҳорун қурбонгоҳ ёнига борди, ўз гуноҳлари учун гуноҳ қурбонлиги сифатида келтирган бузоқни сўйди.

9 Ўғиллари Ҳорунга қурбонликнинг қонидан олиб тутдилар. У бармоғини қонга ботириб, қурбонгоҳнинг шохларига суртиб чиқди, қоннинг қолганини эса қурбонгоҳнинг ёнига тўкди.

10 Сўнг Эгамиз Мусога берган амрга биноан гуноҳ қурбонлигининг ёғини, иккала буйрагини ва жигарнинг аъло қисмини қурбонгоҳ устида куйдирди.

11 Гўшти ва терисини эса қароргоҳдан ташқарига олиб чиқиб куйдириб ташлади.

12 Кейин Ҳорун куйдириладиган қурбонликни сўйди. Ҳоруннинг ўғиллари унга қурбонлик қонидан тутдилар. Ҳорун қонни қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқди.

13 Сўнг ўғиллари куйдириладиган қурбонликнинг бўлаклари ва калласини Ҳорунга бирин–кетин бердилар. Ҳорун буларнинг ҳаммасини қурбонгоҳ устида куйдирди.

14 Сўнг қурбонликнинг ичак–човоқларини ва оёқларини ювиб, куйдирилган қурбонлик устида куйдирди.

15 Кейин Ҳорун халқнинг қурбонликларини келтирди. Ўзининг гуноҳи учун қурбонлик қилгани сингари, халқнинг гуноҳи учун ҳам такани сўйиб, қурбонлик қилди.

16 Куйдириладиган қурбонликни ҳам олиб келиб, қоидага кўра, адо этди.

17 Сўнг дон назрини келтириб, назрнинг бир ҳовучини қурбонгоҳ устида куйдирди. Булар эрталаб куйдириладиган кундалик назрдан ташқари эди.

18 Ҳорун халқнинг тинчлик қурбонлиги учун келтирган буқа ва қўчқорни сўйди. Унинг ўғиллари тинчлик қурбонлигининг қонидан олиб, Ҳорунга тутдилар. Ҳорун қонни қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқди.

19 Сўнг Ҳоруннинг ўғиллари буқа ва қўчқорнинг ёғини, яъни думбасини, ичакларини қоплаб турган ёғларини, буйраклари ва жигарнинг аъло қисмини

20 тўшлар устига қўйдилар. Ҳорун ёғни қурбонгоҳ устида куйдирди.

21 Мусо амр қилгандай, Ҳорун буқа ва қўчқорнинг тўшларини ва ўнг сонларини Эгамизга бағишлаганини кўрсатиш учун юқорига кўтарди.

22 Шундан кейин Ҳорун қўлларини халқ томон чўзиб уларни дуо қилди. Ҳорун гуноҳ қурбонлигини, куйдириладиган қурбонликни ва тинчлик қурбонлигини адо этгач, қурбонгоҳдан пастга тушди.

23 Мусо билан Ҳорун Учрашув чодирига киришди, Чодирдан қайтиб чиққанларидан кейин халқни дуо қилишди. Шунда Эгамизнинг улуғворлиги халққа зоҳир бўлди.

24 Эгамизнинг ҳузуридан олов чиқиб, қурбонгоҳ устидаги куйдириладиган қурбонликни ва ёғларни ямлаб юборди. Халқ буни кўргач, ҳайқириб юборди–да, ерга мук тушди.

Надов ва Абиҳунинг гуноҳи

1 Ҳоруннинг ўғиллари Надов ва Абиҳу ўз оловкуракларини олиб, ичига чўғ солдилар, чўғ устига хушбўй тутатқи ташладилар. Улар Эгамиз амр этмаган бегона оловни Унинг ҳузурига олиб кирдилар.

2 Тўсатдан Эгамизнинг ҳузуридан олов отилиб чиқиб, уларни куйдириб юборди. Иккови ҳам ўша ерда, Эгамизнинг ҳузурида ҳалок бўлдилар.

3 Шунда Мусо Ҳорунга деди:

— Эгамизнинг, “Ёнимда бўлганлар орқали Мен муқаддаслигимни кўрсатаман, бутун халқ олдида улуғланаман”, деб айтгани мана шудир.

Ҳорун индамади.

4 Мусо Ҳоруннинг амакиси Узиёл ўғиллари Мишаил ва Элзафанни чақиртириб, уларга деди: “Боринглар, қариндошларингизнинг жасадларини Муқаддас чодирнинг олдидан олиб кетиб, қароргоҳнинг ташқарисига олиб чиқинглар.”

5 Мишаил ва Элзафан Мусонинг айтганини қилиб, қариндошларининг жасадларини кўйлакларидан ушлаб, қароргоҳ ташқарисига олиб чиқдилар.

6 Сўнг Мусо Ҳорунга ва унинг ўғиллари Элазар билан Итамарга айтди: “Қайғудан сочингизни тўзитманглар, либосларингизни йиртманглар, акс ҳолда, сизлар ҳам нобуд бўласизлар ва бутун жамоа Худонинг ғазабига учрайди. Аммо қариндошларингиз, бутун Исроил насли Эгамиз куйдириб нобуд қилган Надов ва Абиҳу учун аза тутишлари мумкин.

7 Сизлар эса Учрашув чодирига кираверишдан нарига жилманг. Акс ҳолда, нобуд бўласизлар. Сизнинг устингизга Эгамизнинг муқаддас қиладиган мойи суртилган.”

Улар Мусонинг айтгани бўйича иш тутдилар.

Руҳонийларга берилган низом

8 Эгамиз Ҳорунга шундай деди:

9 “Сен ва ўғилларинг Учрашув чодирига киришдан олдин шароб ёки бошқа ўткир ичимликлар ичманглар. Ичсангиз, нобуд бўласизлар. Бу авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлсин.

10 Сизлар муқаддас нарсаларни оддий нарсалардан, ҳаромни ҳалолдан ажрата олишларинг шарт.

11 Мусо орқали Мен айтган ҳамма қонунларни Исроил халқига ўргатишларинг лозим.”

12 Мусо Ҳорунга ва унинг омон қолган ўғиллари Элазар билан Итамарга деди: “Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган дон назрларининг ортиб қолганини олиб, хамиртурушсиз нонлар ёпинглар. Бу нонларни қурбонгоҳ ёнида тановул қилинглар, чунки бу назр ғоят муқаддасдир.

13 Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган назрлардан сенга ва сенинг ўғилларингга тегадиган улуш мана шудир. Шунинг учун буни муқаддас жойда тановул қилинглар. Эгам менга шуни амр қилди.

14 Юқорига кўтарилган тўш билан назр қилинган сонни эса сен ва сенинг ўғил–қизларинг ҳар қандай ҳалол жойда тановул қилишларинг мумкин. Бу нарсалар Исроил халқининг тинчлик қурбонликларидан сенга ва фарзандларингга улуш қилиб берилгандир.

15 Исроил халқи қурбонликнинг оловда куйдириладиган ёғи билан бирга қурбонликнинг тўши ва сонини олиб келсинлар. Улар тўш ва сонни Эгамизга бағишлаганини кўрсатиш учун юқорига кўтарганларидан кейин, булар сенга ва фарзандларингга берилади. Эгамизнинг амрига кўра, сизларга тегадиган доимий улуш шудир.”

16 Сўнг Мусо гуноҳ қурбонлиги қилинган эчки ҳақида сўради, билсаки, у қурбонлик куйдирилиб бўлибди. Мусо Ҳоруннинг қолган иккала ўғли Элазар билан Итамардан қаттиқ ғазабланиб, уларга деди:

17 — Нимага гуноҳ қурбонлигининг гўштини муқаддас жойда емадинглар?! Бу жуда муқаддас қурбонлик–ку! Ахир, ўша қурбонлик жамоанинг айбини ювишингиз ва Эгамиз ҳузурида уларни гуноҳдан поклашингиз учун сизларга берилган–ку!

18 Бу қурбонликнинг қони Муқаддас хонага олиб кирилмаган. Бундай қурбонликни муқаддас жойда енглар, деб сизларга амр қилмаганмидим?!

19 Шунда Ҳорун Мусога деди:

— Мана, бугун ўғилларим Эгамизга гуноҳ қурбонлигини ва куйдириладиган қурбонликни келтирдилар. Аммо шўрим қуриди–ку! Агар бугун гуноҳ қурбонлиги гўштидан еганимда, Эгам мендан мамнун бўлармиди?!

20 Мусо бу гапни эшитиб, маъқул топди.

Ҳалол ва ҳаром ҳайвонлар

1 Эгамиз Мусо ва Ҳорун орқали

2 Исроил халқига шундай деди: “Ер юзидаги жамики ҳайвонлардан

3 айри туёқ ва кавш қайтарадиган ҳар қандай ҳайвонни тановул қилишингиз мумкин.

4 Лекин кавш қайтарадиган ёки айри туёқ ҳайвонлардан қуйидагиларни тановул қилманг: туя кавш қайтаради–ю, лекин айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир.

5 Суғур кавш қайтаради, лекин айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир.

6 Қуён кавш қайтаради, лекин айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир.

7 Чўчқа айри туёқ бўлгани билан кавш қайтармайди. У сизлар учун ҳаромдир.

8 Бу ҳайвонларнинг гўштини еманг, уларнинг мурдасига қўл теккизманг. Улар сизлар учун ҳаромдир.

9 Денгиз ва дарёларда яшайдиган сузгичи ва тангачалари бор ҳар қандай жониворни есангиз бўлади.

10 Бироқ сувда яшайдиган, сузгичи ва тангачалари бўлмаган ҳар қандай сузадиган ва бошқа турдаги жониворни еманг. Улардан ҳазар қилинг.

11 Бундай жониворлар сизлар учун жирканчдир. Уларнинг гўштини оғзингизга олманг, мурдасидан ҳазар қилинг.

12 Сузгичи ва тангачалари бўлмаган ҳар қандай сув жонивори сизлар учун жирканчдир.

13 Паррандалар орасидаги қуйидаги қушларни зинҳор еманг, улардан ҳазар қилинг, улар сизлар учун жирканчдир: қумой, болтаютар, тасқара,

14 қизил калхат, қирғий ва унинг зоти,

15 ҳар қандай қарға ва унинг зоти,

16 туяқуш, лочин, қулоқли укки, қарчиғай ва унинг зоти,

17 япалоқ қуш, балиқчи укки, бойўғли,

18 оқ бойўғли, бирқозон, жўрчи,

19 лайлак, оқ қарқара ва унинг зоти, сассиқпопишак, кўршапалак.

20 Тўрт оёғида юрадиган ҳамма қанотли ҳашаротлар сизлар учун жирканчдир.

21 Лекин қанотли ҳашаротлар орасидаги, тўрт оёқда юрадиган баъзиларини ейишингиз мумкин. Оёқлари сакраш учун бўғинлар билан мосланган

22 чигиртканинг ҳамма турини ва уларнинг зотини ейишингиз мумкин.

23 Бошқа ҳамма тўрт оёқли, қанотли ҳашаротлар сизлар учун жирканчдир.

24 Баъзи ҳайвонлар сизларни булғайди. Уларнинг ўлигига қўл теккизсангиз, кечгача ҳаром бўласиз.

25 Ҳаром ҳайвоннинг мурдасини кўтарган одам кийимларини ювсин. У кечгача ҳаром бўлади.

26 Туёқли, лекин туёқлари бутунлай айрилмаган ёки кавш қайтармайдиган ҳар қандай ҳайвон сизлар учун ҳаромдир. Бундай ҳайвоннинг мурдасига теккан одам ҳаром бўлади.

27 Тўрт оёғида юрадиган панжали ҳайвонлар ҳам сизлар учун ҳаромдир. Уларнинг мурдасига теккан ҳар бир одам кечгача ҳаром бўлади.

28 Бундай ҳайвоннинг мурдасини кўтарган одам кийимларини ювсин, у кечгача ҳаром бўлади. Улар сизлар учун ҳаромдир.

29 Ерда ўрмалаб юрадиган майда жониворлардан сизлар учун қуйидагилар ҳаромдир: каламуш, сичқон, эчкемар ва унинг зоти,

30 геккон, кулранг эчкемар, оддий калтакесак, чўл калтакесаги ва буқаламун.

31 Буларнинг ҳаммаси сизлар учун ҳаромдир. Уларнинг мурдасига теккан одам кечгача ҳаром бўлади.

32 Агар бундай жониворнинг мурдаси бирор нарсанинг устига тушса, ўша нарса ҳаром бўлади. Ҳаром бўлган бундай нарса — ёғоч, мато, чарм ёки қанордан бўлишидан ва нимага ишлатилишидан қатъий назар, уни сувга ботириб, чайиб олинг. Бу нарса кечгача ҳаром бўлиб, сўнг яна ҳалол бўлади.

33 Борди–ю, бундай жонивор ўлиб, сопол идишнинг ичига тушса, идишдаги ҳамма нарса ҳаром бўлади. Шунда идишнинг ўзини ҳам синдиринг.

34 Бундай идишдаги сув ҳар қандай овқат устига тушса, овқат ҳам ҳаром бўлади. Ҳаром идишдаги ҳар қандай ичимлик ҳаром ҳисобланади.

35 Жониворнинг мурдаси тушган ҳамма нарса ҳаром бўлади. Мурда тандир ёки ўчоққа тушган бўлса, шу нарсалар ҳаром ҳисобланиб бузиб ташлансин. Уларни ҳаром деб билинг.

36 Лекин мурда булоқ ёки сув йиғиладиган сардобага тушса, булоқ ва сардоба ҳалоллигича қолади. Аммо ўша жониворнинг мурдасига нимаики тегса, бу нарса ҳаром ҳисобланади.

37 Борди–ю, мурда экиш учун ажратиб қўйилган уруғ устига тушса, уруғ ҳалол ҳисобланади.

38 Аммо мурда сувда ивитилган уруғ устига тушса, уруғ ҳаром бўлади.

39 Борди–ю, еса бўладиган ҳайвон ўлса, бундай ҳайвоннинг мурдасига теккан одам кечгача ҳаром бўлади.

40 Унинг гўштидан еган ёки мурдасини кўтарган одам кийимларини ювсин. Бундай одам кечгача ҳаром бўлади.

41 Ерда ўрмалаб юрувчи ҳар қандай жонивор сизлар учун жирканчдир. Уларни тановул қилманг.

42 Қорни билан судралиб юрувчи, тўрт оёқли ва кўп оёқли жониворларни еманг. Улар сизлар учун жирканчдир.

43 Бундай жониворларни еб, булғанманг. Улар туфайли ўзингизни ҳаром қилманг.

44 Зотан, Мен Эгангиз Худоман. Ўзингизни Менга бағишлаб муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман. Ўрмалаб юрадиган жониворлар дастидан ўзингизни булғаманглар.

45 Мен Эгангизман, Худойингиз бўлишим учун сизларни Мисрдан олиб чиққанман. Шундай экан, Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман.

46 Ҳайвонлар, қушлар, сувдаги турли жониворлар ва ерда судралувчи жонзотларга оид қонунлар шудир.

47 Сизлар ҳалолни ҳаромдан ажрата олинг, ейиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган тирик жониворларнинг фарқига боринг.”

Кўзи ёриган аёлнинг покланиши

1 Эгамиз Мусо орқали

2 Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: агар аёл ҳомиладор бўлиб, ўғил туғса, у аёл етти кун ҳаром ҳисобланади, ҳайз кўрган кунларидаги каби, ҳаром бўлади.

3 Саккизинчи куни эса ўғил чақалоқ суннат қилинсин.

4 Аёлнинг қондан покланиш муддати ўттиз уч кун бўлсин. Бу муддат тугамагунча у бирорта муқаддас нарсага тегмаслиги ва Муқаддас чодирга кирмаслиги лозим.

5 Агар аёл қиз туғса, у ҳайз кўргандаги каби, икки ҳафта давомида ҳаром ҳисобланади. У олтмиш олти кундан кейингина қон кетишидан покланади.

6 Ўғил ёки қиз кўрган аёлнинг покланиш муддати тугагач, у куйдириладиган қурбонлик қилишга бир ёшли қўзини ва гуноҳ қурбонлиги қилишга мусичани ёки каптарни Учрашув чодири кираверишига олиб келиб, руҳонийга берсин.

7 Руҳоний Эгамизнинг ҳузурида қурбонликларни келтирсин, шу йўсин аёлни нопокликларидан покласин. Шундан сўнг аёл қон кетишидан покланади. Ўғил ёки қиз кўрган аёл учун қонун шудир.

8 Борди–ю, қўзини қурбонлик қилишга аёлнинг қурби етмаса, у иккита каптар ёки иккита мусичани олиб келсин. Руҳоний бирини куйдириладиган қурбонлик, иккинчисини гуноҳ қурбонлиги қилсин, шу йўсин аёлни нопокликларидан покласин. Шунда аёл пок бўлади.

Тери касаллиги ҳақида қонун

1 Мусо ва Ҳорунга Эгамиз қуйидаги қонунларни берди:

2 агар бирортасининг баданида тери касаллигига айланиши мумкин бўлган шиш, тошма ёки доғ пайдо бўлса, ўша одамни руҳоний Ҳорун ёки унинг ўғилларидан бири ҳузурига олиб келинг.

3 Руҳоний бадандаги ярани кўрсин. Агар яра устидаги туклар оқарган ва яра тери остига ўтган бўлса, бу тери касаллигидир. Руҳоний ярани кўриб бўлиши биланоқ ўша одамни ҳаром деб эълон қилсин.

Теридаги оқ доғ

4 Борди–ю, одамнинг баданида оқ доғ бўлиб, тери остига ўтмаган бўлса ва доғ устидаги туклар оқармаган бўлса, руҳоний касалланган одамни етти кунга ёлғизлатиб қўйсин.

5 Еттинчи куни руҳоний яна ўша одамни кўрсин. Агар яра ўзгармаган бўлса ва атрофидаги терига ёйилмаган бўлса, руҳоний ўша одамни яна етти кунга ёлғизлатиб қўйсин.

6 Еттинчи куни руҳоний уни яна кўрсин. Агар яра тузала бошлаган бўлиб, атрофидаги терига ёйилмаган бўлса, руҳоний у одамни пок деб эълон қилсин. Бу тошмадир. Ўша одам кийимларини ювсин ва у пок бўлади.

7 Борди–ю, руҳоний текшириб, пок деб эълон қилган ўша одамнинг терисидаги тошмаси ёйилиб кетса, у қайтадан руҳонийга кўринсин.

8 Руҳоний касални яна текширсин. Агар тошма терига ёйилган бўлса, руҳоний у одамни ҳаром деб эълон қилсин. Бу тери касаллигидир.

Теридаги шиш

9 Агар одам тери касаллигига чалинса, уни руҳоний ҳузурига олиб келинг.

10 Руҳоний уни текширсин. Агар тери устида оқ шиш пайдо бўлиб, шиш устидаги туклар оқарган бўлса ва очиқ яра ҳосил бўлган бўлса,

11 бу тузалмас тери касаллигидир. Руҳоний у одамни ҳаром деб эълон қилсин, уни ёлғизлатиб ўтирмасин, чунки унинг ҳаромлиги ойдиндир.

12 Борди–ю, теридаги тошма одамнинг бутун танасини бошдан–оёқ қоплаб олса,

13 руҳоний уни текширсин. Агар тошма бутун танага ёйилган бўлса, руҳоний уни пок деб эълон қилсин. Ҳамма тери бирдай оқаргани учун бундай одам пок ҳисобланади.

14 Борди–ю, унинг баданида очиқ яра ҳосил бўлса, ўша одам ҳаром ҳисобланади.

15 Руҳоний очиқ ярани кўрсин ва у одамни ҳаром деб эълон қилсин. Очиқ яра ҳаромдир, бу тери касаллигининг белгисидир.

16 Лекин очиқ яра тузалиб, оқарса ўша одам руҳонийнинг олдига келсин.

17 Руҳоний уни кўрсин. Агар яра ҳақиқатан ҳам оқарган бўлса, руҳоний касал одамни пок деб эълон қилсин. Шунда у пок бўлади.

Чипқон

18 Агар бирортасининг баданига чипқон чиқиб, битган бўлса–ю,

19 лекин чипқон ўрнида оқ шиш ёки қизғиш–оқ доғ пайдо бўлса, у одам руҳонийга кўринсин.

20 Руҳоний уни кўрсин. Агар доғ тери остига ўтган бўлса ва туклари оқариб қолган бўлса, руҳоний ўша одамни ҳаром деб эълон қилсин. Демак, чипқон ўрнида тери касаллиги ҳосил бўлган.

21 Лекин руҳоний уни текширганда, доғ устидаги туклар оқармаган, доғ терининг остига ўтмаган ва тузала бошлаган бўлса, руҳоний ўша одамни етти кунга ёлғизлатиб қўйсин.

22 Агар доғ терига ёйилиб кетса, руҳоний у одамни ҳаром деб эълон қилсин. Бу тери касаллигидир.

23 Борди–ю, доғ ўзгармаса ва ёйилмаса, бу доғ чипқоннинг чандиғи, холос. Руҳоний бу одамни пок деб эълон қилсин.

Теридаги куюк

24 Агар бирортаси куйиб қолса ва куйган жойининг ранги ўзгариб, қизғиш–оқ ёки оппоқ тусга кирса,

25 руҳоний куйган жойни текширсин. Агар куйган жой устидаги туклар оқариб қолган бўлса ва доғ тери остига ўтган бўлса, демак, куйган жой ўрнида тери касаллиги ҳосил бўлган. Руҳоний бу одамни ҳаром деб эълон қилсин.

26 Лекин руҳоний уни текширганда туклар оқармаган ва доғ тери остига ўтмаган бўлса, бунинг устига доғ тузала бошлаган бўлса, руҳоний у одамни етти кунга ёлғизлатиб қўйсин.

27 Еттинчи куни руҳоний у одамни кўрсин. Агар доғ терига ёйилган бўлса, руҳоний у одамни ҳаром деб эълон қилсин. Бу тери касаллигидир.

28 Борди–ю, доғ ўзгармаса ва атрофдаги терига ёйилмаса, бунинг устига тузала бошлаган бўлса, демак, бу куйиш натижасида пайдо бўлган шишдир. Руҳоний у одамни пок деб эълон қилсин. Бу куйган жойнинг изидир.

Бошдаги ёки жағдаги яра

29 Агар эркак ёки аёлнинг бошига ё жағига яра чиқса,

30 руҳоний ярани текширсин. Яра терининг остига ўтган бўлса ва яра устидаги туклар сарғайиб, нимжон бўлиб қолган бўлса, руҳоний ўша эркак ёки аёлни ҳаром деб эълон қилсин. Демак, унинг боши ёки жағига қичитма чиққан, бу тери касаллигидир.

31 Агар руҳоний қичитмани текширганда яра терининг остига ўтмаган бўлса, лекин яранинг устида соғлом туклар бўлмаса, руҳоний қичитмага чалинган бу одамни етти кунга ёлғизлатиб қўйсин.

32 Еттинчи куни руҳоний қичитмани яна кўрсин. Агар қичитма ёйилмаган бўлса, унинг устида сарғиш туклар бўлмаса, яра терининг остига ўтмаган бўлса,

33 касал одам ҳамма сочини қирсин, лекин қичитма бор жойига тегмасин. Сўнг руҳоний уни яна етти кунга ёлғизлатиб қўйсин.

34 Еттинчи куни руҳоний қичитмани кўрсин. Агар қичитма ёйилмаган ва терининг остига ўтмаган бўлса, руҳоний у одамни пок деб эълон қилсин. У одам кийимларини ювсин, шунда у пок бўлади.

35 Борди–ю, руҳоний уни пок деб эълон қилгандан кейин қичитма ёйилса,

36 руҳоний у одамни яна текширсин. Агар қичитма ҳақиқатан ҳам ёйилган бўлса, сарғиш тукни қидиришнинг ҳожати йўқ. У одам ҳаромдир.

37 Борди–ю, руҳонийнинг назарида қичитма ўзгармаган бўлса ва унинг устида қора туклар ўса бошлаган бўлса, қичитма тузалган бўлади. Руҳоний у одамни пок деб эълон қилсин.

Теридаги оқиш доғлар

38 Агар эркак ёки аёлнинг баданида оқ доғлар пайдо бўлса,

39 руҳоний ўша одамни текширсин. Агар бу доғлар кўринар–кўринмас оқишроқ тусда бўлса, бу бор–йўғи тошмадир. Бундай одам покдир.

Кал бўлган бош

40 Агар одамнинг сочи тўкилган бўлса, у одам кал, лекин пок ҳисобланади.

41 Бошнинг олд томонидаги ва чаккаларидаги сочлари тўкилган бўлса, у одам кал бўлгани билан пок ҳисобланади.

42 Борди–ю, бошнинг кал жойида қизғиш–оқ доғ пайдо бўлса, бу тери касаллигидир.

43 Руҳоний уни кўрсин. Агар шиш ҳақиқатан тери касаллиги сингари қизғиш–оқ тусда бўлса,

44 демак, одам касалланган, у ҳаромдир. Бошидаги яраси туфайли руҳоний уни ҳаром деб эълон қилсин.

Хаста одамнинг ҳаёт тарзи

45 Бундай ёмон тери касалликларидан бирига чалинган одам кийимларини йиртсин, сочини тўзитсин, юзининг қуйи қисмини беркитсин. Сўнг: “Ҳаром! Ҳаром!” деб бақирсин.

46 У одам касаллиги давомида ҳаром ҳисобланади. У алоҳида, қароргоҳдан ташқарида яшасин.

Моғорга оид қонунлар

47 Агар кийимни моғор босса, жун ёки зиғир матосидан тикилган кийимни,

48 жун ёки зиғирдан тўқилган матони, чармни ё чармдан ясалган буюмни

49 босган ўша моғор кўкимтир ёки қизғиш рангда бўлса, бу ёйиладиган замбуруғдир, уни руҳонийга кўрсатиш лозим.

50 Руҳоний моғорни текширсин, сўнг зарарланган нарсани етти кунга қадар олиб қўйсин.

51 Еттинчи куни руҳоний уни яна кўрсин. Агар моғор кийимга, тўқилган матога ё чармдан ясалган ҳар қандай буюмга ёйилган бўлса, бу ёйиладиган замбуруғдир. Зарарланган нарса ҳаром ҳисобланади.

52 Руҳоний ўша нарсани куйдирсин. Буюм ёйиладиган замбуруғ билан зарарлангани учун уни куйдириб юбориш керак.

53 Борди–ю, моғор кийимга, матога ёки чармга ёйилмаган бўлса,

54 руҳоний зарарланган ўша нарсани ювдирсин. Сўнг уни яна етти кунга олиб қўйсин.

55 Руҳоний ювилган ўша нарсани яна текширсин. Агар моғорлаган жойнинг ранги ўзгармаган бўлса, моғор ёйилмаган тақдирда ҳам ҳаром ҳисобланади. Нарсанинг моғорлаган жойи ички ёки ташқи томонида бўлишидан қатъий назар, уни куйдириб юборинг.

56 Борди–ю, руҳоний ювилган нарсани текширганда моғорнинг ранги ўчган бўлса, руҳоний кийим, мато ёки чармдаги моғорлаган жойни юлиб олсин.

57 Агар моғор ўша нарсада яна пайдо бўлса, замбуруғ яна кўпайишни бошлагандир, нарсанинг эгаси уни куйдириб юборсин.

58 Борди–ю, ювилгандан кейин нарсадаги моғор кетса, уни иккинчи марта ювинг ва у пок бўлади.

59 Жун ёки зиғир матосидан тикилган кийимда, жун ёки зиғирдан тўқилган матода ва чармдан ясалган ҳар қандай буюмда ҳосил бўлган замбуруққа оид қоидалар шулардан иборатдир. Булар сизларга ҳалолни ҳаромдан ажрата олишингиз учун хизмат қилади.

Тери касаллигидан фориғ бўлган одамнинг покланиши

1 Эгамиз Мусога

2 хаста одамнинг покланиш маросимига оид қуйидаги қоидаларни берди: тери касаллигидан фориғ бўлган одамни руҳонийнинг олдига олиб келинг.

3 Руҳоний уни қароргоҳдан ташқарида кўрсин. Агар ўша одам ҳақиқатан ҳам касаллигидан фориғ бўлган бўлса,

4 руҳоний уни поклаш учун иккита ҳалол тирик қушни, садр ёғочини, қирмизи ипни ва бир тутам иссоп ўтини келтирсин.

5 Руҳонийнинг амрига биноан қушларнинг биттаси янги булоқ суви солинган сопол идиш устида бўғизлансин.

6 Сўнг руҳоний тирик қушни, садр ёғочини, қирмизи ипни ва иссопни олиб, булоқ суви устида бўғизланган қушнинг қонига ботирсин.

7 Кейин қонни тери касаллигидан покланадиган одамнинг устига етти марта сепсин. Руҳоний ўша одамни пок деб эълон қилсин ва тирик қушни далага қўйиб юборсин.

8 Покланадиган одам кийимларини ювсин. Ҳамма сочини қириб ташлаб, ювинсин, шунда у пок бўлади. Шундан кейин у қароргоҳга кирсин, лекин етти кун давомида чодирининг ташқарисида яшасин.

9 Еттинчи куни у яна сочини, соқолини, қошларини ва ҳамма тукларини қирсин. Сўнг кийимларини ювиб, ўзи ҳам ювинсин, шунда у пок бўлади.

10 Саккизинчи куни у иккита нуқсонсиз қўчқор қўзини ва битта бир ёшли нуқсонсиз урғочи қўзини, дон назри сифатида зайтун мойи қўшилган ўн икки коса сифатли унни ва бир коса зайтун мойини олиб келсин.

11 Покланиш маросимини олиб бораётган руҳоний покланадиган одамни ва унинг олиб келган қурбонлигу назрларини Эгамизнинг ҳузурига, Учрашув чодири кираверишига қўйсин.

12 Сўнг қўзининг биттасини бир коса зайтун мойи билан бирга айб қурбонлиги сифатида келтирсин. Ўша нарсаларни Эгамизга бағишлаганини кўрсатиб, юқорига кўтарсин.

13 У қўзини муқаддас жойда, гуноҳ қурбонлиги ва куйдириладиган қурбонлик бўғизланадиган жойда сўйсин. Айб қурбонлиги гуноҳ қурбонлиги сингари, руҳонийга тегишлидир. Бу қурбонлик ниҳоятда муқаддасдир.

14 Руҳоний айб қурбонлигининг қонидан олиб, покланаётган одамнинг ўнг қулоғи солинчагига, ўнг қўлининг бош бармоғига ва ўнг оёғининг бош бармоғига суртсин.

15 Сўнг косадаги зайтун мойидан олиб, ўз қўлининг чап кафтига қуйсин.

16 Ўнг қўлининг бармоғини чап кафтидаги зайтун мойига ботириб, етти марта Эгамизнинг ҳузурида сачратсин.

17 Чап кафтида қолган зайтун мойидан покланаётган одамнинг ўнг қулоғи солинчагига, ўнг қўли бош бармоғига ва ўнг оёғи бош бармоғига — айб қурбонлигининг қони суртилган жойга суртсин.

18 Ортиб қолган мойни эса покланаётган одамнинг бошига суртсин. Шу йўсин, руҳоний Эгамизнинг ҳузурида покланиш маросимини ўтказсин.

19 Кейин руҳоний гуноҳ қурбонлигини келтириб, покланиш маросимини ўтказсин. У куйдириладиган қурбонликни сўйиб,

20 дон назри билан бирга қурбонгоҳ устида куйдирсин. Руҳоний шу йўсин покланиш маросимини ўтказсин, шунда касалликдан фориғ бўлган одам пок бўлади.

21 Борди–ю, у одам камбағал бўлиб, буларни қурбонлик қилишга қурби етмаса, у покланиши учун юқорига кўтариладиган айб қурбонлиги сифатида битта қўчқор қўзини, дон назри учун зайтун мойи қўшилган тўрт коса сифатли унни ва бир коса зайтун мойини олиб келсин.

22 Булардан ташқари, имкониятига кўра, иккита каптарни ёки иккита мусичани олиб келсин. Бири гуноҳ қурбонлиги, иккинчиси куйдириладиган қурбонлик учундир.

23 У шу нарсаларни саккизинчи куни покланиш учун Учрашув чодири кираверишига, Эгамизнинг олдига олиб келиб, руҳонийга берсин.

24 Руҳоний айб қурбонлиги учун келтирилган қўзини ва бир коса зайтун мойини олиб, Эгамизга бағишлаганини кўрсатиш учун Эгамизнинг ҳузурида юқорига кўтарсин.

25 Сўнг қўзини сўйсин, қонидан олиб, покланаётган одамнинг ўнг қулоғи солинчагига, ўнг қўлининг бош бармоғига ва ўнг оёғининг бош бармоғига суртсин.

26 Кейин руҳоний чап қўлининг кафтига зайтун мойидан қуйсин.

27 Ўнг қўлининг бармоғи билан ўша мойни етти марта Эгамизнинг ҳузурида сачратсин.

28 Сўнг қўлидаги мойдан покланаётган одамнинг ўнг қулоғи солинчагига, ўнг қўлининг бош бармоғига ва ўнг оёғининг бош бармоғига — айб қурбонлигининг қони суртилган жойга суртсин.

29 Қўлидаги ортиб қолган мойни покланаётган одамнинг бошига суртсин. Шу йўл билан руҳоний покланиш маросимини ўтказсин.

30 Сўнг руҳоний каптарларни ёки мусичаларни қурбон қилсин.

31 Биттасини гуноҳ қурбонлиги, иккинчисини куйдириладиган қурбонлик қилиб, дон назри билан бирга келтирсин. Шу йўсин, руҳоний Эгамизнинг ҳузурида покланиш маросимини ўтказсин.

32 Бу қоидалар тери касаллигидан фориғ бўлган, лекин покланиш маросими учун керакли қурбонликларни келтиришга қурби етмаган одам учундир.

Уйлардаги моғор

33 Эгамиз Мусо ва Ҳорунга

34 моғор босган уйларга оид қуйидаги қонунларни берди: Эгамиз сизларга мулк қилиб берадиган Канъон юртига борганингиздан кейин сизларга қарашли юртдаги уйни моғор бостириши мумкин.

35 Шунда хонадон соҳиби руҳонийнинг олдига бориб: “Уйимни моғор босганга ўхшайди”, — деб айтсин.

36 Уйдаги нарсалар ҳаром деб эълон қилинмаслиги учун, руҳоний моғорни кўришга киришдан олдин, уйдаги ҳамма нарсаларни чиқартиришни буюрсин. Шундан сўнг уйни кўздан кечириш учун ичкарига кириб,

37 моғор босган деворларни кўрсин. Агар моғорнинг кўкимтир ёки қизғиш доғлари бўлиб, деворга чуқур ботиб кирган бўлса,

38 руҳоний ташқарига чиқиб, уйни етти кунга беркитиб қўйсин.

39 Еттинчи куни руҳоний қайтиб келиб, уйни яна кўрсин. Агар моғор деворга ёйилиб кетган бўлса,

40 руҳоний моғор ёйилган девордаги тошларни кўчиртириб, шаҳар ташқарисидаги ҳаром жойга олиб бориб ташлашни буюрсин.

41 Сўнг уй ичкарисидаги деворларнинг сувоғини кўчиртириб, шаҳар ташқарисидаги ҳаром жойга чиқартириб ташлатсин.

42 Кўчириб олинган тошлар ўрнига бошқа тошлар қўйдириб, уйнинг ичини янгидан сувоқ қилдирсин.

43 Агар шундан кейин ҳам уйни моғор босса,

44 руҳоний келиб уйни кўрсин. Моғор деворларга ёйилган бўлса, бу ёйиладиган замбуруғдир. Уй ҳаром ҳисобланади.

45 Уй бузиб ташлансин, унинг тош, ёғоч ва сувоғини шаҳар ташқарисидаги ҳаром жойга олиб чиқиб ташлашсин.

46 Уй ёпиқ пайтида у ерга кирган ҳар қандай одам кечгача ҳаром ҳисобланади.

47 Ўша уйда ухлаган ёки у ерда овқатланган ҳар қандай одам кийимларини ювсин.

48 Борди–ю, уй янгидан сувоқ қилингандан кейин руҳоний келиб, уйни кўрганда деворларни моғор босмаган бўлса, руҳоний уйни пок деб эълон қилсин. Моғор йўқ бўлган бўлади.

49 Уйни поклаш учун руҳоний иккита қушни, садр ёғочини, қирмизи ипни ва бир тутам иссоп ўтини олсин.

50 Қушнинг бирини сопол идишдаги янги булоқ суви устида сўйсин.

51 Сўнг садр ёғочини, иссоп тутамини, қирмизи ипни ва тирик қушни олиб, уларни булоқ суви устида бўғизланган қушнинг қонига ботирсин–да, уйга етти марта сепсин.

52 Шу йўл билан уйни поклагандан кейин,

53 тирик қушни шаҳар чеккасига олиб чиқиб, далага қўйиб юборсин. Шу тариқа руҳоний уй учун поклаш маросимини ўтказсин, шунда уй пок бўлади.

54 Тери касаллигига ва ёйиладиган замбуруғларга оид қоидалар шулардир. Бу қоидалар теридаги қичитманинг,

55 уй ва кийимлардаги моғорларнинг, теридаги шиш, тошма ёки доғларнинг

56 ҳалол ёки ҳаром эканлигини билиш учун хизмат қилади.

Хуллас, тери касаллиги ва ёйиладиган замбуруғларга оид қоидалар шулардан иборат.

Одамни ҳаром қиладиган нарсалар

1 Эгамиз Мусо ва Ҳорун орқали

2 Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: касаллик туфайли бирор эркакнинг жинсий аъзосидан ажралмалар оқса, у одам ҳаром бўлади.

3 Ажралма оқиши давом этса ҳам, йўли ёпилгандан тана ичида қолса ҳам, одам ҳаром ҳисобланади.

4 Бундай одам тўшакка ётса, тўшак ҳаром бўлади, у ўтирган ҳар қандай жой ҳам ҳаром ҳисобланади.

5 Унинг тўшагига теккан ҳар қандай одам кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

6 Ажралмаси оққан одам ўтирган жойга ким ўтирса, кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

7 Ажралмаси оққан одамга теккан ҳар ким кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

8 Ажралмаси оққан одам пок одамга тупурса, пок одам кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

9 Ажралмаси оққан одам эгарда ўтирган бўлса, эгар ҳаром ҳисобланади.

10 Бундай одамнинг ўтирган нарсасига теккан ҳар ким кечгача ҳаром бўлади. Ким ўша нарсани кўтариб борса, кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

11 Ажралмаси оққан одам қўлини ювмасдан кимга тегса, ўша одам кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

12 Ажралмаси оққан одам теккан ҳар қандай сопол идиш синдириб ташлансин, ёғоч идиш эса ювилсин.

13 Ажралмаси оққан одам касаллигидан халос бўлгач, етти кун кутсин. Сўнг кийимларини ювиб, булоқ сувида ювинсин ва у пок бўлади.

14 Саккизинчи куни у иккита каптар ёки иккита мусичани Эгамизнинг ҳузурига, Учрашув чодири кираверишига олиб келиб, руҳонийга берсин.

15 Руҳоний қушларнинг биттасини гуноҳ қурбонлиги, иккинчисини эса куйдириладиган қурбонлик қилсин. Шу тариқа руҳоний ажралмаси оққан одамни Эгамизнинг ҳузурида ҳаромлигидан покласин.

16 Агар бирор эркакдан маний оқса, у бутун баданини ювсин. У кечгача ҳаром бўлади.

17 Маний теккан ҳар қандай кийим ва чарм ювилсин, ўша нарсалар кечгача ҳаром бўлади.

18 Эркак аёл билан ётгандан кейин, эркакдан маний оқса, иккови ҳам ювинишсин. Улар кечгача ҳаром бўладилар.

19 Аёл киши ҳайз кўриб, баданидан қон оққанда, у етти кун давомида ҳаром ҳисобланади. Унга теккан одам ҳам кечгача ҳаром бўлади.

20 Аёл ҳаромлигида ётган ва ўтирган ҳамма нарса ҳаромдир.

21 Унинг тўшагига теккан одам кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин. У кечгача ҳаром бўлади.

22 Аёл ўтирган буюмга теккан одам ҳам кийимларини ювиб, ўзи ҳам ювинсин. У кечгача ҳаром бўлади.

23 Борди–ю, аёлнинг тўшаги ёки ўтирган буюми устида бирон нарса бўлса, ўша нарсага теккан одам ҳам кечгача ҳаром бўлади.

24 Агар эркак ҳайз кўрган аёл билан ётса, аёлнинг ҳаромлиги эркакка ўтган бўлади. Эркак ҳам етти кун давомида ҳаром бўлиб, у ётган ҳар бир тўшак ҳаром ҳисобланади.

25 Агар аёлнинг ҳайз кўрган пайтдан ташқари қони келса ва бу аҳвол узоқ вақт давом этса ёки ҳайз кўрган даври чўзилиб кетса, қон тўхтагунча аёл ҳаром ҳисобланади. У ҳайз кўрган кунларидай ҳаром бўлади.

26 Ўша вақт давомида аёл ётган ҳар қандай тўшак ва ўтирган ҳар қандай буюм, ҳайз кўрган кунларидай, ҳаром бўлади.

27 Ўша нарсаларга теккан одам ҳаром ҳисобланади. У кийимларини ювиб, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

28 Аёлнинг қони тўхтаса, орадан етти кун ўтсин. Шундан кейин у пок бўлади.

29 Саккизинчи куни у иккита каптар ёки иккита мусичани Учрашув чодирининг кираверишига олиб келиб, руҳонийга берсин.

30 Руҳоний қушлардан биттасини гуноҳ қурбонлиги, иккинчисини куйдириладиган қурбонлик қилсин. Шу йўсин руҳоний ҳайз кўрган аёлни Эгамизнинг ҳузурида ҳаромлигидан покласин.

31 Хуллас, Исроил халқини ҳаромликдан сақланглар. Тағин улар ҳаромлиги билан ораларидаги Муқаддас чодиримни булғаб қўйиб, нобуд бўлмасинлар.

32 Бу қоидалар жинсий аъзосидан маний оққан эркакларга,

33 ҳайз кўрган аёлларга, ҳар қандай ажралмаси оққан эркагу аёлларга ва аёлнинг ҳаромлиги даврида у билан ётган эркакларга тааллуқлидир.

Покланиш куни

1-2 Ҳоруннинг икки ўғли Эгамиз амр этмаган бегона оловни олиб келиб, нобуд бўлганларидан сўнг, Эгамиз Мусога гапириб, шундай деди: “Аканг Ҳорунга айт, у ички парда орқасидаги Энг муқаддас хонага хоҳлаган пайтида кирмасин. У ердаги Аҳд сандиғининг қопқоғи олдига бормасин. Акс ҳолда, у нобуд бўлади. Зотан, Мен ўша қопқоқ устида булут орасида зоҳир бўламан.”

3 Эгамиз Мусога қуйидаги қоидаларни берди: Ҳорун Муқаддас хонага киришидан олдин битта буқани гуноҳ қурбонлиги ва битта қўчқорни куйдириладиган қурбонлик қилиши лозим.

4 Устига у зиғир матосидан тикилган муқаддас кўйлакни, ичидан зиғир иштонни кийиб олсин, белига зиғир белбоғ боғлаб, бошига зиғир матосидан салла кийсин. Бу муқаддас либослардир. Шунинг учун у шу либосларни кийишдан олдин ювинсин, шундан сўнггина уларни кийсин.

5 Сўнг Исроил жамоасидан гуноҳ қурбонлиги учун иккита такани ва куйдириладиган қурбонлик учун битта қўчқорни олсин.

6 Ҳорун ўзини ва хонадонини гуноҳдан поклаш учун буқани гуноҳ қурбонлиги сифатида келтирсин.

7 Сўнг иккита такани Учрашув чодири кираверишига етаклаб келиб, Эгамизга тақдим қилсин.

8 Ўша ерда иккала така учун қуръа ташласин, қайси бирини Эгамизга қурбонлик қилишни ва қайси бирини қўйиб юборишни аниқласин.

9 Ҳорун қуръа бўйича Эгамизга тегишли такани келтириб, гуноҳ қурбонлиги қилсин.

10 Қўйиб юбориладиган такани эса тириклайин Эгамизнинг олдига олиб келсин. Бу така халқни гуноҳдан поклаш учун чўлга ҳайдаб юборилади.

11 Ҳорун ўзини ва хонадонини гуноҳдан поклаш учун олиб келган буқани сўйиб, гуноҳ қурбонлиги қилсин.

12 Сўнг оловкурагига Эгамиз ҳузурида турган қурбонгоҳдаги чўғлардан солсин. Туйилган хушбўй тутатқидан икки ҳовуч олиб, ички парда орқасидаги Энг муқаддас хонага кирсин.

13 Бу тутатқиларни Эгамизнинг ҳузурида ёниб турган чўғлар устига ташласин. Тутатқи тутунидан ҳосил бўлган булут Аҳд сандиғининг қопқоғини беркитади. Шунда Ҳорун ўлмайди.

14 Ҳорун буқанинг қонидан олиб, бармоғи билан қопқоққа бир марта сачратсин, сўнг қопқоқнинг олдида етти марта сачратсин.

15 Сўнгра халқни гуноҳларидан поклаш учун такани сўйсин. Қонидан Энг муқаддас хонага олиб кирсин. Буқанинг қонини сачратгандай, таканинг қонини ҳам қопқоқ устига ва унинг олдида сачратсин.

16 Шу тариқа у Энг муқаддас хонани Исроил халқининг нопокликларидан, итоатсизликларидан ва гуноҳларидан поклаш учун маросим ўтказсин. Бутун Учрашув чодири учун ҳам, шу сингари, поклаш маросимини ўтказсин. Чунки бу Чодир булғанган халқ орасида ўрнатилгандир.

17 Ҳорун Энг муқаддас хонага кириб, ўзини, хонадонини ва Исроил жамоасини гуноҳдан поклаб чиқмагунча ҳеч ким Учрашув чодирига кирмасин.

18 Сўнг Ҳорун ташқарига чиқиб, Эгамиз ҳузуридаги қурбонгоҳни поклаш учун маросим ўтказсин. Буқанинг ва таканинг қонидан олиб, қурбонгоҳнинг ҳар бир шохига суртиб чиқсин.

19 Қурбонгоҳга етти марта бармоғи билан қонни сачратсин. Шу йўл билан қурбонгоҳни Исроил халқининг нопокликларидан поклаб, муқаддас қилсин.

Чўлга ҳайдаладиган така

20 Ҳорун Энг муқаддас хона, Учрашув чодири ва қурбонгоҳни поклаш маросимини ўтказиб бўлгач, тирик такани етаклаб келсин.

21 У иккала қўлини таканинг бошига қўйсин, Исроил халқининг ҳамма ноҳақликларини, ҳамма итоатсизликларини ва ҳамма гуноҳларини бирма–бир эътироф этиб, таканинг бошига юкласин. Такани чўлга ҳайдаб юбориш учун масъул бўлган одам такани олиб кетсин.

22 Ўша одам такани чўлга қўйиб юборгандан кейин, така ўзи билан халқнинг гуноҳларини кимсасиз жойга олиб кетади.

23 Шундан кейин Ҳорун Учрашув чодирига кириб, Энг муқаддас хонага кийиб кирган зиғир матосидан тикилган либосларини ечсин–да, уларни ўша ерда қолдирсин.

24 У муқаддас жойда бутун баданини ювиб, кундалик руҳонийлик кийимларини кийиб олсин. Сўнг ташқарига чиқиб, ўзининг ва халқнинг куйдириладиган қурбонликларини адо этсин. Шу тариқа ўзини ҳам, халқни ҳам гуноҳдан покласин.

25 Гуноҳ қурбонлигининг ёғини қурбонгоҳ устида куйдирсин.

26 Қўйиб юбориладиган такани чўлга ҳайдаб юборган одам кийимларини ва бутун баданини ювсин. Шундан сўнггина у қароргоҳга кира олади.

27 Гуноҳ қурбонлиги қилинган ва қони Исроил халқини гуноҳдан поклаш учун Энг муқаддас хонага олиб кирилган буқа ва таканинг танаси қароргоҳнинг ташқарисига олиб чиқилсин. Буларнинг териси, танаси ва ичак–човоқлари куйдириб юборилсин.

28 Буларни куйдирган одам кийимларини ва бутун баданини ювсин. Шундан сўнггина у қароргоҳга кира олади.

Покланиш кунига риоя қилиш

29 Қуйидагилар сизлар учун доимий қонун–қоида бўлсин: еттинчи ойнинг ўнинчи кунида рўза тутинглар, ҳеч қандай иш қилманглар. Бу қонун–қоида Исроил халқига ва орангиздаги мусофирларга бирдай тааллуқлидир.

30 Зотан, ўша куни руҳоний сизларни гуноҳларингиздан поклайди. Шунда сизлар Эгамиз ҳузурида барча гуноҳларингиздан фориғ бўласизлар.

31 Ўша куни Шаббат сингари тўлиқ дам олинглар, рўза тутинглар. Бу сизлар учун доимий қонун–қоида бўлсин.

32 Мой суртилган руҳоний бобоси Ҳорун ўрнига олий руҳонийликка бағишланиб, муқаддас зиғир либосларини кийгач, сизларни гуноҳларингиздан покласин.

33 У Энг муқаддас хонани, Учрашув чодирини, қурбонгоҳни, руҳонийларни ва бутун Исроил жамоасини поклаш учун маросим ўтказсин.

34 Йилда бир марта Исроил халқи барча гуноҳларидан поклансин. Бу сизлар учун доимий қонун–қоида бўлсин.

Эгамиз нимани амр этган бўлса, Мусо ҳаммасини адо этди.

Қоннинг табарруклиги

1 Эгамиз Мусо орқали

2 Ҳорунга, унинг ўғилларига ва жамики Исроил халқига қуйидаги амрларни берди:

3 агар Исроил халқидан бирортаси қароргоҳда ёки қароргоҳ ташқарисида буқа, қўзи ёки эчкини қурбонлик қилса–ю,

4 уни Эгамизга тақдим қилиш учун Учрашув чодири кираверишига олиб келмаса, ўша одам қон тўккани учун айбдор ҳисоблансин. Қон тўккан бу одам халқ орасидан йўқ қилинсин.

5 Бу қоида Исроил халқининг далаларда қурбонликлар қилишларига чек қўяди. Улар қурбонликларини руҳонийга, Учрашув чодири кираверишига олиб келадиган бўлишади ва қурбонликларини тинчлик қурбонлиги қилиб, Эгамизга бағишлашади.

6 Руҳоний қурбонликнинг қонини Учрашув чодирига кираверишда турган Эгамизнинг қурбонгоҳига сепсин. Сўнг Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун қурбонликнинг ёғини куйдирсин.

7 Бундан буён Исроил халқи ўз қурбонликларини эчки жинларга келтирмасин, Эгамизга бевафолик қилмасин. Бу қоидага улар доимо, авлодлари оша риоя қилишсин.

8 Исроил халқидан ёки уларнинг ораларида истиқомат қилаётган мусофирлардан бирортаси куйдириладиган ва бошқа қурбонликлар қилса–ю,

9 ўшаларни Эгамизга назр қилиш учун Учрашув чодири кираверишига олиб келмаса, у одам халқ орасидан йўқ қилинсин.

10 Агар Исроил халқидан ёки уларнинг ораларида истиқомат қилаётган мусофирлардан бирортаси қони чиқарилмаган гўштни еса, Эгамиз қон истеъмол қилган ўша одамга қарши чиқиб, уни халқ орасидан йўқ қилиб юборади.

11 Зотан, жонзотнинг жони унинг қонидир. Эгамиз қонни сизларга қурбонгоҳ устида гуноҳларингизни ювиш учун берган. Жон ато этадиган қон сизларни гуноҳларингиздан поклайди.

12 Шунинг учун Эгамиз Исроил халқига: “Қони чиқарилмаган гўштни зинҳор истеъмол қилманг, ораларингизда яшаётган мусофир ҳам қонни истеъмол қилмасин”, — деб айтган.

13 Овланган ҳалол ҳайвон ёки қушнинг қонини чиқаринглар. Қонни тупроқ билан кўмиб қўйинглар. Бу қоида Исроил халқига ва уларнинг орасида истиқомат қилаётган мусофирларга тааллуқлидир.

14 Ҳар бир жонзотнинг жони унинг қонидир. Шу боис Эгамиз Исроил халқига айтди: “Қони чиқарилмаган гўштни еманглар. Зотан, ҳар бир жонзотнинг жони қондадир. Қон истеъмол қилган одам халқи орасидан йўқ қилинсин.”

15 Ҳаром ўлган ёки ёввойи ҳайвон ғажиб ташлаган жониворнинг гўштини еган ҳар бир одам, Исроил халқидан ёки бошқа халқдан бўлишидан қатъий назар, кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин. У кечгача ҳаром бўлиб, сўнг яна пок бўлади.

16 Борди–ю, у кийимларини ювмаса, ўзи ҳам ювинмаса, қилган гуноҳи учун жазоланади.

Ман қилинган жинсий алоқалар

1 Эгамиз Мусо орқали

2 Исроил халқига шундай деди: “Мен Эгангиз Худоман.

3 Сизлар яшаб юрган Миср халқининг одатларига ва Мен сизларни олиб бораётган Канъон юртидаги халқларнинг одатларига тақлид қилманглар. Уларнинг удумларига эргашманглар.

4 Фақат Менинг қонунларимга итоат этинглар, қоидаларимни битта қолдирмай бажаринглар. Зотан, Мен Эгангиз Худоман.

5 Қонун–қоидаларимга амал қилинглар. Уларга риоя қилган одам ҳаётдан баҳраманд бўлади. Мен Эгангизман.

6 Туғишган яқин қариндошингиз билан ётманг. Мен Эгангизман.

7 Онангиз билан ётиб, отангизнинг шаънига доғ туширманг. Онангиз бўлгани учун у билан ётманг.

8 Отангизнинг хотини билан ётманг, бундай қилиб отангизнинг шаънига доғ туширманг.

9 Туғишган ёки ўгай опа–синглингиз билан ётманг. У отангизнинг қизи ёки онангизнинг қизи бўлишидан қатъий назар, сиз билан бир уйда катта бўлган ёки бошқа жойда ўсганидан қатъий назар, у билан ётманг.

10 Ўз неварангиз — ўғлингизнинг қизи ёки қизингизнинг қизи билан ётманг. Бундай қилиб ўз шаънингизга доғ туширманг.

11 Отангиздан туғилган, ўгай онангизнинг қизи билан ётманг, чунки у сизнинг ўгай синглингиздир.

12 Аммангиз билан ётманг, чунки у отангизнинг жигаридир.

13 Холангиз билан ётманг, чунки у онангизнинг жигаридир.

14 Амакингизнинг шаънига доғ тушириб, унинг хотини билан ётманг. Ахир, у сизнинг келин ойингиздир.

15 Келинингиз билан ётманг. У ўғлингизнинг хотинидир.

16 Ака–укангизнинг хотини билан ётманг. Бундай қилиб акангизнинг шаънига доғ туширманг.

17 Сиз бирор аёл билан ётган бўлсангиз, ўша аёлнинг қизи ёки қиз невараси билан ётманг. У ўғлининг қизи бўлса ҳам ёки қизининг қизи бўлса ҳам у билан ётманг, улар қондошдир. Бундай қилиш бузуқликдир.

18 Хотинингизнинг синглисини хотинингизга кундош қилманг. Хотинингиз тирик экан, унинг синглиси билан ётманг.

19 Ҳайз кўриб ҳаром бўлган аёл билан ётманг.

20 Қўшнингизнинг хотини билан жинсий алоқа қилиб, ўзингизни булғаманг.

21 Болаларингизнинг бирортасини Мўлахга қурбонлик қилманг, ахир, Мен Эгангизман. Бундай қилмиш билан Мен, Худойингизни бадном қилманг.

22 Аёл билан ётгандай, эркак киши билан ётманг. Бу жирканчдир.

23 Ҳайвон билан жинсий алоқа қилиб, ўзингизни булғаманг. Аёл киши ҳам ўзини ҳайвонга қўйиб бериб, у билан жинсий алоқа қилмасин. Бу ўтакетган разилликдир.

24 Бундай ишлар қилиб ўзингизни булғаманг. Мен олдингиздан ҳайдаётган халқлар мана шундай ишлари туфайли булғанган эдилар.

25 Натижада бутун юрт ҳаром бўлиб кетди. Мен юртни жазоладим, юрт эса у ернинг халқларини қусиб юборди.

26 Сизлар Менинг қонун–қоидаларимга риоя қилинглар. Исроил халқидан бўлганлар ва орангизда яшаётган мусофирлар бундай жирканч ишларни қилмасин.

27 Зотан, сизлардан олдин мана шу юртда яшаган халқлар бу жирканч ишларнинг ҳаммасини қилиб, юртни булғаган эдилар.

28 Агар сизлар ҳам юртни булғасангиз, бу юрт олдинги халқларни қусиб юборгандай сизларни ҳам қусиб юборади.

29 Бундай жирканч ишни қилган ҳар қандай одам халқ орасидан йўқ қилинсин.

30 Хуллас, талабларимни бажаринглар. Сизлардан олдин бу юртда қилинган жирканч ишларни қилиб, ўзингизни булғаманглар. Зотан, Мен Эгангиз Худоман.”

Адолат ва солиҳлик ҳақида қонунлар

1 Эгамиз Мусо орқали

2 бутун Исроил жамоасига шундай деди: “Муқаддас бўлинглар, чунки Мен, Эгангиз Худо, муқаддасман.

3 Ҳар бирингиз ота–онангизни ҳурмат қилинг. Шаббат кунларимга риоя қилинг. Зотан, Мен Эгангиз Худоман.

4 Бутларга сажда қилманг, ўзларингиз учун бутлар ясаманг. Мен Эгангиз Худоман.

5 Тинчлик қурбонлигини Менга келтирганингизда қоидаларга риоя қилинг, токи қурбонлигингиз қабул бўлсин.

6 Қурбонликнинг гўштини қурбонлик қилинган куни ёки эртаси куни тановул қилинг. Учинчи куни ортиб қолган гўштни куйдиринг.

7 Борди–ю, қурбонликнинг гўшти учинчи куни ейилса, қурбонлигингиз булғанган ҳисобланиб, қабул бўлмайди.

8 Ундан еган ҳар бир одам Менинг муқаддас деб билган нарсамни булғагани учун жазога тортилсин. Бундай одам халқ орасидан йўқ қилинсин.

9 Далангиз ҳосилини ўрганингизда даланинг энг четидаги буғдойни ўрманг, ерга тушиб қолган буғдой бошоқларини ҳам терманг.

10 Узумзорингиз ҳосилини йиққанингиздан кейин, токларда қолиб кетган ва ерга тушиб қолган узум бошларини йиғиб олманг. Уларни камбағал ва мусофирларга қолдиринг. Мен Эгангиз Худоман.

11 Ўғрилик қилманг, алдаманг, бировга ёлғон гапирманг.

12 Менинг номим билан ёлғондакам онт ичманг. Шу орқали Мен, Худойингизни бадном қилманг. Мен Эгангизман.

13 Қўшнингизни товламанг, уни таламанг. Мардикорнинг ҳақини эрталабгача қолдирманг.

14 Кар одамни қарғаманг. Кўр одамнинг йўлига тўсиқ қўйманг. Мен, Худойингиздан қўрқинг. Мен Эгангизман.

15 Ҳукм чиқарганда ҳақсизлик қилманг, фақирга ҳам ён босманг, обрўли одамнинг ҳам кўнглига қараб иш тутманг. Қўшнингизни адолат билан ҳукм қилинг.

16 Одамлар орасида қўшнингизни ғийбат қилиб, унинг жонини хавф остига қўйманг. Мен Эгангизман.

17 Дилингизда биродарингизга қарши гина қилманг. Қўшнингизнинг айбини очиқ юзига солинг, шунда сиз унинг айби учун жазога тортилмайсиз.

18 Қасос олманг, юртдошингизга қарши кек сақламанг. Аксинча, ўзгани ўзингизни севгандай севинг. Мен Эгангизман.

19 Қонун–қоидаларимга риоя қилинг. Молингизни бошқа турдаги ҳайвонлар билан чатиштирманг. Далангизга икки хил уруғ сепманг. Устингизга икки турдаги ипдан тўқилган кийимни кийманг.

20 Агар эркак киши бошқа бировга унаштириб қўйилган чўри билан ётса, у келтирган зарарни чўрининг эгасига тўлаши лозим. Чўри ҳали озодликка чиқарилмагани учун икковига ҳам ўлим жазоси берилмасин.

21 Эркак айб қурбонлиги сифатида бир қўчқорни Учрашув чодири кираверишига олиб келиб, Менга тақдим қилсин.

22 Руҳоний қўчқорни айб қурбонлиги қилиб, ўша одамни Менинг ҳузуримда гуноҳидан покласин. Шунда унинг қилган гуноҳи кечирилади.

23 Сизлар Канъон юртига кириб, турли хил мевали дарахтлар экканингиздан кейин, уч йил давомида уларнинг мевасидан еманг. Уларни ейиш ман этилсин.

24 Тўртинчи йили ҳамма мевалар шукрона назри сифатида Менга бағишлансин.

25 Бешинчи йили эса меваларини ейишингиз мумкин. Шундай қилсангиз, дарахтларингиз серҳосил бўлади. Мен Эгангиз Худоман.

26 Қони чиқарилмаган гўштни еманг. Таъбирчиларга эътиқод қилманг, фол очтирманг.

27 Чаккангиздаги сочларингизни қирманг, соқолингизнинг учини қирқманг.

28 Аза тутганингизда марҳум учун баданингизни кесманг, терингизни тешиб сурат солманг. Зеро, Мен Эгангизман.

29 Қизингизни фоҳишалик қилишга ундаманг, уни булғаманг. Токи юрт зинога ботмасин, бузуқлик авж олмасин.

30 Менинг Шаббат кунларимга риоя этинг, муқаддас маконимни иззат қилинг. Мен Эгангизман.

31 Арвоҳ чақирувчиларнинг олдига борманг, фолбинларга маслаҳат солманг. Уларнинг дастидан ўзингизни булғаманг. Мен Эгангиз Худоман.

32 Мўйсафидни кўрганингизда ўрнингиздан туринг, қариянинг ҳурматини жойига қўйинг. Мен, Худойингиздан қўрқинг. Мен Эгангизман.

33 Юртингизда яшаб юрган мусофирга зулм қилманг.

34 Унга ўз юртдошингиздай қаранг. Мусофирни ўзингизни севгандай севинг, чунки сизлар ҳам Миср юртида мусофир эдингизлар. Мен Эгангиз Худоман.

35 Узунликни, оғирликни ва миқдорни ўлчаганда ғирромлик қилманг.

36 Тарозингиз, қадоқ тошларингиз, ўлчов тоғораю косаларингиз тўғри бўлсин. Мен сизларни Миср юртидан олиб чиққан Эгангиз Худоман.

37 Қонун–қоидаларимнинг ҳаммасини битта қолдирмай бажаринглар. Мен Эгангизман.”

Итоатсизлик учун жазолар

1 Эгамиз Мусо орқали

2 Исроил халқига шундай деди: “Ўз боласини Мўлахга қурбонлик қилган ҳар қандай одамга, Исроил халқидан ёки юртингизда яшаган мусофир бўлишидан қатъий назар, ўлим жазоси берилсин. Бутун жамоа уни тошбўрон қилсин.

3 Мен Ўзим бундай одамга қарши чиқиб, уни халқ орасидан йўқ қилиб юбораман, чунки у фарзандини Мўлахга қурбонлик қилиб, Муқаддас чодиримни булғаган бўлади, Мен, Муқаддас Худони бадном этган бўлади.

4 Борди–ю, жамоа бу одамнинг қилмишидан кўз юмиб, уни ўлдирмаса,

5 Мен Ўзим бу одамга ва унинг хонадонига қарши чиқаман. Уларни халқ орасидан йўқ қиламан. Менга бевафолик қилиб, Мўлахга сиғинадиган барча издошларини улар қатори қириб юбораман.

6 Агар бирор одам Менга бевафолик қилиб, арвоҳ чақирувчига ва фолбинга маслаҳат солса, Мен ўша одамга қарши чиқиб, уни халқ орасидан йўқ қилиб юбораман.

7 Ўзларингизни Менга бағишланглар, муқаддас бўлинглар. Мен Эгангиз Худоман.

8 Қонун–қоидаларимни битта қолдирмай бажаринглар. Сизларни муқаддас қиладиган Эгангизман.

9 Отасини ёки онасини хўрлаган ҳар қандай одамга ўлим жазоси берилсин. Унинг қони ўз гарданида қолади.

10 Агар эркак қўшнисининг хотини билан зино қилса, иккови ҳам ўлдирилсин.

11 Отасининг хотини билан ётган эркак отасининг шаънига доғ туширган бўлади. Бундай эркак ва аёл ўлдирилсин. Уларнинг қони ўз гарданида қолади.

12 Агар эркак ўз келини билан ётса, иккови ҳам ўлдирилсин. Ахир, улар ўтакетган разиллик қилдилар. Уларнинг қони ўз гарданида қолади.

13 Агар эркак аёл билан ётгандай бошқа эркак билан ётса, уларнинг иккови жирканч иш қилган бўладилар. Иккови ҳам ўлдирилсин, уларнинг қони ўз гарданида қолади.

14 Агар эркак хотин олиб, хотинининг онасига ҳам уйланса, у бузуқлик қилган бўлади. Уларнинг учалови ҳам тириклайин оловга ташлансин. Орангиздан бузуқликни йўқ қилинг.

15 Агар эркак ҳайвон билан жинсий алоқа қилса, у ўлим жазосини олсин. Ҳайвон ҳам ўлдирилсин.

16 Агар аёл ҳайвоннинг олдига бориб жинсий алоқа қилса, аёлни ҳам, ҳайвонни ҳам ўлдиринг. Уларнинг қони ўз гарданида қолади.

17 Агар эркак ўз синглисига — отасининг ёки онасининг қизига уйланиб, у билан қовушса, шармандаликка йўл қўйган бўлади. Уларнинг иккови ҳам халқнинг кўзи олдида йўқ қилинсин. У синглисининг шаънига доғ туширгани учун жазога тортилсин.

18 Агар эркак ҳайз кўрган аёл билан ётса, иккаласи аёлнинг ҳайз манбаини очган ҳисобланади. Уларнинг иккови ҳам халқ орасидан йўқ қилинсин.

19 Холангиз ёки аммангиз билан ётманг. Бундай қилган одам ўз қондошининг шаънига доғ туширган бўлади. Уларнинг иккови ҳам жазога тортилсин.

20 Агар эркак амакисининг хотини билан ётса, у амакисининг шаънига доғ туширган бўлади. Эркак ҳам, аёл ҳам жазога тортилсин. Улар фарзанд кўрмай ўтиб кетишади.

21 Агар эркак акасининг ёки укасининг хотинига уйланса, ярамас иш қилган бўлади. У акасининг ё укасининг шаънига доғ туширгани учун, улар фарзандсиз ўтиб кетишади.

22 Қонун–қоидаларимни битта қолдирмай бажаринглар, токи Мен сизларни олиб бораётган юрт сизларни қусиб юбормасин.

23 Мен олдингиздан қувиб юбораётган халқларнинг одатларига тақлид қилманглар. Улар бу ишларнинг ҳаммасини қилганлари учун, Мен улардан жирканиб кетдим.

24 Сизлар уларнинг сут ва асал оқиб ётган юртини мулк қилиб оласизлар, деб Мен сизларга ваъда қилган эдим. Ўша юртни сизларга Мен бераман. Мен Эгангиз Худоман. Сизларни халқлар орасидан ажратиб олганман.

25 Шундай экан, сизлар ҳалол билан ҳаром ҳайвоннинг фарқига, ҳалол билан ҳаром қушнинг фарқига боришингиз лозим. Ҳаром ҳайвону қушларни ва ерда судралиб юрувчиларни еб ўзингизни булғаманг. Мен уларни ҳаром деб эълон қилганман.

26 Ўзингизни Менга бағишлаб, муқаддас бўлинглар, чунки Мен, Эгангиз, муқаддасман. Мен сизларни бошқа халқлардан Ўзим учун ажратиб олганман.

27 Арвоҳ чақирадиган ва фолбинлик қиладиган эркагу аёлнинг жазоси ўлимдир. Уларни тошбўрон қилинг, уларнинг қони ўз гарданида қолади.”

Руҳонийларнинг муқаддаслиги

1 Эгамиз Мусо орқали Ҳоруннинг руҳоний ўғилларига шундай деди: “Руҳоний қазо қилган қариндошининг жасадига тегиб ўзини булғамасин.

2 Борди–ю, марҳум руҳонийнинг энг яқин қариндоши, яъни ота–онаси, ўғил–қизи, ака–укаси,

3 шунингдек, турмушга чиқмаган опа–синглиси бўлса, улар туфайли булғаниши мумкин.

4 Лекин хотини томонидан биров қазо қилса, у туфайли ўзини булғаб, мурдор бўлмасин.

5 Руҳоний аза тутганда сочини қирмасин, соқолининг учини қирқмасин, баданини тилмасин.

6 У Менинг олдимда муқаддас бўлсин, Мени бадном этмасин. Мен, Эгасига оловда куйдириладиган таом назрларини келтиргани учун у муқаддас бўлсин.

7 Фоҳишалик қилиб булғанган ёки эридан ажралган аёлга уйланмасин. Зотан, руҳоний Менинг олдимда муқаддасдир.

8 Халқ ҳам руҳонийни муқаддас деб билсин, чунки Мен, Худойингизга нон келтирадиган ўшадир. У одамлар учун муқаддас бўлсин, зотан, Мен, Эгангиз, муқаддасман. Халқимни муқаддас қиладиган Менман.

9 Агар руҳонийнинг қизи фоҳишалик қилиб ўзини булғаса, у отасини ҳам булғаган бўлади. Ундай қизни тириклайин куйдириш лозим.

10 Ака–укалари орасидан бошига мой суртиб танланган олий руҳоний руҳонийлик либосларини кийиш учун бағишлангандир. Шунинг учун у қайғудан сочини тўзитмасин, либосларини ҳам йиртмасин.

11 Жасаднинг яқинига бормасин, ҳатто вафот этган ота–онаси туфайли ҳам ўзини булғамасин.

12 У ота–онасини дафн қилиш учун Муқаддас чодирдан чиқмасин, шу туфайли Менинг Чодиримни булғамасин. Зотан, Менинг муқаддас қиладиган мойим унинг устидадир, у Менга бағишлангандир. Мен Эгангизман.

13 Олий руҳоний фақат бокира қизга уйлансин.

14 Бева, эридан ажралган ёки фоҳишалик қилиб булғанган аёлни хотинликка олмасин. Ўз қавмидаги бокира қизга уйлансин,

15 шу тариқа муқаддас наслини ҳаромликдан асрасин. Мен, Эгангиз, уни муқаддас қилганман.”

16 Эгамиз Мусо орқали

17 Ҳорунга шундай деди: “Авлодингдан нуқсони бор бирор одам Менга қурбонликларни келтирмасин. Бунга авлодлар оша риоя қилинглар.

18 Нуқсони бор ҳеч ким яқинимга келмасин: кўр, чўлоқ, юзи шикастланган, майиб,

19 қўл–оёғи синган,

20 букур, пакана, кўзида нуқсони бор, йиринглаган яралари ёки қўтири бор, мояги эзилган одам қурбонгоҳнинг яқинига бормасин.

21 Руҳоний Ҳорун наслидан нуқсони бор биронтаси ҳам оловда куйдириладиган назрларни Мен, Эгангизга келтирмоқчи бўлиб яқинлашмасин. Нуқсони бўлгани учун у Менга таом назрларини келтириш учун яқинлашмасин.

22 У Менинг қурбонликларимни, энг муқаддас ва муқаддас назрларимни тановул қилиши мумкин.

23 Лекин нуқсони борлиги учун у Муқаддас хонадаги ички пардага ва қурбонгоҳга асло яқинлашмасин. Акс ҳолда, у муқаддас маконимни булғаган бўлади. Маконимни муқаддас қиладиган Эгангиз Менман.”

24 Шундай қилиб, Мусо буларнинг ҳаммасини Ҳорун ва унинг ўғилларига ҳамда бутун Исроил халқига айтди.

Назрларнинг муқаддаслиги

1 Эгамиз Мусо орқали

2 Ҳорун ва унинг ўғилларига шундай деди: “Сизлар Исроил халқининг Менга бағишлаган эҳсонлари билан эҳтиёткор бўлинглар, тағин Мен, Муқаддас Худони бадном қилиб қўйманглар. Мен Эгангизман.

3 Агар наслингиздан биронтаси ҳаром бўла туриб, Исроил халқи Менга бағишлаган эҳсонларга яқинлашса, у Менинг ҳузуримда бошқа хизмат қилмайдиган бўлсин. Мен Эгангизман.

4 Ҳоруннинг наслидан тери касаллигига чалинган ёки ажралмаси оққан бирортаси покланмагунча эҳсондан тановул қилмасин. Борди–ю, руҳонийлардан бирортаси мурда дастидан булғанган нарсага тегса ёки жинсий аъзосидан маний оқса,

5 ёхуд ўрмалаб юрадиган ҳаром жониворга ё ҳаром бўлган одамга тегса, ўзи ҳаром бўлган ҳисобланади. У теккан одам қандай йўл билан ҳаром бўлганидан қатъий назар,

6 руҳоний кечгача ҳаром бўлади. Руҳоний баданини ювмагунча эҳсондан тановул қилмасин.

7 Қуёш ботгандан кейин у пок бўлади. Ана шундагина у эҳсонлардан тановул қила олади, чунки бу эҳсонлар унинг таомидир.

8 Ҳаром ўлган ёки ёввойи ҳайвон ғажиган жониворнинг гўштини руҳоний емасин. Акс ҳолда, у ўзини ўзи ҳаром қилади. Мен Эгангизман.

9 Руҳонийлар талабларимни бажаришсин. Акс ҳолда, талабларимга риоя қилмаганлари учун гуноҳларининг жазосини олиб, нобуд бўладилар. Уларни муқаддас қиладиган Эгангиз Менман.

10 Руҳоний хонадонига мансуб бўлган кишиларгина эҳсонлардан тановул қилишлари мумкин. Руҳонийникида турган мусофир ёки мардикор эҳсонлардан тановул қилмасин.

11 Лекин руҳоний ўз кумушига сотиб олган ёки унинг хонадонида туғилган қулу чўрилар бу назрлардан тановул қилишлари мумкин.

12 Агар руҳонийнинг қизи руҳонийлар қавмига мансуб бўлмаган одамга турмушга чиқса, эҳсонлардан тановул қилиш унга ман этилсин.

13 Борди–ю, руҳонийнинг бу қизи фарзанд кўрмай бева бўлиб қолса ёки эридан ажралса, отасининг хонадонига қайтиб келгандан кейин, қизлик давридагидай отасининг таомидан тановул қилиши мумкин. Аммо руҳонийлар қавмига мансуб бўлмаган одам руҳонийнинг таомидан тановул қилмасин.

14 Агар бирор одам билмаган ҳолда эҳсондан еб қўйса, у руҳонийга келтирган зарарни тўлаб, устига бешдан бир қисмини қўшиб берсин.

15 Руҳонийлар Исроил халқининг Менга келтирган эҳсонларини булғашмасин.

16 Уларни бошқаларнинг тановул қилишига йўл қўйишмасин. Акс ҳолда, руҳонийлар Исроил халқини айбдор қилиб қўйишади, халқ айб қурбонлиги келтириши керак бўлади. Эҳсонни муқаддас қиладиган Эгангиз Менман.”

17 Эгамиз Мусо орқали

18 Ҳорунга, унинг ўғилларига ва бутун Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: Исроил халқидан ёки орангизда яшаётган мусофирлардан бирортаси берган ваъдаси устидан чиқмоқчи бўлиб ёки кўнгилдан чиқариб, Эгамизга куйдириладиган қурбонлик келтирмоқчи бўлса

19 нуқсонсиз буқа, қўчқор ёки такани олиб келсин. Шунда қурбонлиги қабул бўлади.

20 Нуқсони бор жониворни олиб келманг, бундай қурбонлигингиз қабул бўлмайди.

21 Агар бирортаси берган ваъдаси устидан чиқиш учун ёки кўнгилдан чиқариб, Эгамизга тинчлик қурбонлигини келтирмоқчи бўлса, подаси ёки сурувидан нуқсонсиз жониворни танлаб олсин. Қурбонлиги қабул бўлиши учун жонивор беками–кўст бўлсин.

22 Кўр, жароҳатланган, майиб, ярасидан йиринг оққан, қўтир ёки қичимаси бор жониворни Эгамизга келтирманг, уни оловда куйдириладиган назр сифатида қурбонгоҳ устида куйдирманг.

23 Бир туёғи калта ёки узун бўлган бузоқни ёки қўзичоқни кўнгилдан чиқариб берадиган қурбонлик сифатида келтиришингиз мумкин. Лекин бундай жониворни берган ваъдангиз устидан чиқиш учун олиб келманг, у қабул бўлмайди.

24 Мояги кўкарган, эзилган, узилган ёки кесиб олинган жониворни Эгамизга келтирманг. Юртингизда бунга йўл қўйманг.

25 Худойингизга қурбонлик келтирмоқчи бўлган мусофирдан ҳам майиб жониворни қабул қилманг. Бундай жонивор нуқсонли бўлгани учун қабул бўлмайди.

26 Эгамиз Мусога яна деди:

27 “Янги туғилган бузоқ, қўзичоқ ёки улоқча етти кун онасининг ёнида бўлсин. Еттинчи кундан кейин уни оловда куйдириб, Менга назр қилишингиз мумкин.

28 Лекин подангиздаги ёки сурувингиздаги она ва болани бир кунда сўйманг.

29 Менга шукрона қурбонлигини келтирмоқчи бўлганингизда қоидаларга риоя қилган ҳолда келтиринг, токи қурбонлигингиз қабул бўлсин.

30 Қурбонликнинг гўштини ўша куниёқ тановул қилинг. Ундан эрталабгача ҳеч нарса қолдирманг. Мен Эгангизман.

31 Амрларимни битта қолдирмай бажаринг. Мен Эгангизман.

32 Мен, Муқаддас Худони бадном қилманг. Бутун Исроил халқи Мени муқаддас деб билсин. Мен сизларни муқаддас қиладиган Эгангизман.

33 Худойингиз бўлиш учун сизларни Миср юртидан олиб чиққанман. Мен Эгангизман.”

Байрамлар

1 Эгамиз Мусо орқали

2 Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: Эгамиз белгилаган байрамларни нишонланглар, ўша кунлари муқаддас йиғин эълон қилинглар. Эгамизнинг белгилаган байрамлари қуйидагилардир.

Шаббат куни

3 Олти кун меҳнат қилинглар, еттинчи куни — Шаббат куни эса тўлиқ дам олинглар. Шу куни муқаддас йиғин бўлсин. Ҳеч қандай иш қилманглар. Ахир, Шаббат куни Эгамизга аталгандир! Қаерда яшашингиздан қатъий назар, шу кунга риоя қилинглар.

Фисиҳ зиёфати ва Хамиртурушсиз нон байрами

4 Эгамиз Шаббат кунидан ташқари бошқа байрамларни ҳам белгилаб берди. Бу байрамларда муқаддас йиғинларни ўз вақтида ўтказинглар.

5 Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун Эгамизга бағишланган Фисиҳ зиёфатини нишонланглар.

6 Ўша ойнинг ўн бешинчи куни эса Эгамизга атаб хамиртурушсиз нон байрамини қилинглар. Етти кун давомида хамиртурушсиз нонлар енглар.

7 Байрамнинг биринчи куни бутун халқ муқаддас йиғинга келсин. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар.

8 Етти кун давомида ҳар куни Эгамизга қурбонлик келтириб, оловда куйдиринглар. Байрамнинг еттинчи куни ҳам муқаддас йиғин ўтказинглар. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар.

Илк ҳосил назри

9 Эгамиз Мусо орқали

10 Исроил халқига шундай деди: “Мен сизларга бераётган юртга кирганингиздан кейин, ҳар йили йиғиштирган ҳосилингизнинг биринчи боғламини руҳонийга олиб келинг.

11 Шаббат кунининг эртасига руҳоний боғламни Мен, Эгангизга бағишлаганини кўрсатиб юқорига кўтарсин, шунда Мен назрингизни қабул қиламан.

12 Ўша куни бир ёшли нуқсонсиз қўзини Менга куйдириладиган қурбонлик қилинг.

13 Қўзи билан бирга зайтун мойи аралаштирилган саккиз коса сифатли унни дон назри қилинг. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Мен, Эгангизга ёқимли ҳид боради. Булар билан бирга икки коса шароб назрини келтиринг.

14 Илк ҳосил назрини Менга келтирмагунингизча янги буғдойдан ёпилган нонни, қовурилган буғдой ва буғдой бошоқларини тановул қилманг. Қаерда яшашингиздан қатъий назар, бу сизлар учун авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлсин.

Ҳосил байрами

15 Ҳосилингизнинг биринчи боғламини юқорига кўтариб, Мен, Эгангизга бағишлаган кунингиздан, яъни Шаббатнинг эртаси кунидан бошлаб, тўлиқ етти ҳафтани сананг.

16 Эллигинчи куни, еттинчи Шаббатдан кейин, Менга янги дон назрини олиб келинг.

17 Қаерда яшашингиздан қатъий назар, юқорига кўтариладиган назр учун икки дона нонни олиб келинг. Нонлар саккиз коса сифатли ундан, хамиртуруш қўшиб ёпилган бўлсин. Булар Менга келтириладиган илк ҳосилингиз назридир.

18 Нон билан бирга еттита бир ёшли нуқсонсиз қўзини, битта буқани ва иккита қўчқорни олиб келинг. Буларни дон ва шароб назрлари билан бирга куйдириладиган қурбонлик қилинг. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Менга ёқимли ҳид боради.

19 Булардан ташқари, битта такани гуноҳ қурбонлиги ва иккита бир ёшли эркак қўзини тинчлик қурбонлиги қилинг.

20 Руҳоний иккита қўзини нонлар билан бирга Менга бағишлаганини кўрсатиш учун юқорига кўтаради. Мен — Эгангиз учун муқаддас бўлган бу назр руҳонийларники бўлсин.

21 Ўша куни муқаддас йиғин эълон қилинглар. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар. Қаерда яшашингиздан қатъий назар, бу сизлар учун авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлсин.

22 Далангиз ҳосилини ўрганингизда даланинг энг четидаги буғдойни ўрманг, ерга тушиб қолган буғдой бошоқларини ҳам терманг. Уларни камбағал ва мусофирларга қолдиринг. Мен Эгангиз Худоман.”

Карнай байрами

23 Эгамиз Мусо орқали

24 Исроил халқига шундай деди: “Еттинчи ойнинг биринчи кунида тўлиқ дам олинглар. Бу кун карнайларнинг садолари билан нишонланадиган хотира кунидир. Ўша куни муқаддас йиғин ўтказинглар.

25 Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар. Менга қурбонлик келтириб, оловда куйдиринглар.”

Покланиш куни

26 Эгамиз Мусога деди:

27 “Еттинчи ойнинг ўнинчи кунида эса Покланиш кунини нишонланглар. Ўша куни муқаддас йиғин бўлсин. Рўза тутиб, Менга қурбонлик келтириб, оловда куйдиринглар.

28 Ўша куни ҳеч қандай иш қилманглар, чунки бу куни олий руҳоний Эгангиз Худо ҳузурида сизларни гуноҳларингиздан поклайди.

29 Ўша куни рўза тутмаган одам халқ орасидан йўқ қилинсин.

30 Иш билан машғул бўлган одамни ҳам Мен халқ орасидан йўқ қиламан.

31 Ўша куни умуман ҳеч қандай иш қилманг. Қаерда яшашингиздан қатъий назар, бу сизлар учун авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлсин.

32 Бу куни Шаббат куни сингари тўлиқ дам олинг. Тўққизинчи куни кечқурундан бошлаб, кейинги куни кечқурунгача рўза тутинг.”

Чайла байрами

33 Эгамиз Мусо орқали

34 Исроил халқига шундай деди: “Еттинчи ойнинг ўн бешинчи кунидан бошлаб етти кун давомида Менга атаб Чайла байрамини нишонланглар.

35 Байрамнинг биринчи куни муқаддас йиғин қилинглар. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар.

36 Етти кун давомида ҳар куни Менга қурбонлик келтириб, оловда куйдиринглар. Саккизинчи куни ҳам муқаддас йиғин қилинглар, Менга қурбонлик келтириб, оловда куйдиринглар. Бу охирги муқаддас йиғин кунидир. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар.

37 Мен, Эгангиз, белгилаган байрамлар шулардир. Уларни нишонлаб, муқаддас йиғинлар ўтказинглар. Оловда куйдириладиган ҳамма назрларингизни — куйдириладиган қурбонликларни, дон назрларини, шароб назрларини белгиланган кунларда Менга келтиринглар.

38 Бу байрамларни Менга атаб, Шаббат кунларидан ташқари нишонланглар. Байрам кунлари келтирадиган қурбонликларингиз Менга берадиган эҳсонларингиздан, берган ваъдангизга мувофиқ келтирадиган қурбонликларингиздан ва кўнгилдан чиқариб берадиган назрларингиздан ташқари келтирилиши лозим.

39 Далангизнинг ҳосилини йиғиб бўлганингиздан кейин, етти кун давомида Менга атаб Чайла байрамини нишонланглар. Байрам еттинчи ойнинг ўн бешинчи кунида бошлансин. Байрамнинг биринчи ва саккизинчи кунлари тўлиқ дам олинглар.

40 Биринчи куни дарахтларингизнинг энг яхши меваларини териб олинглар, пальма дарахтининг шохларини, сув бўйида ўсадиган мажнунтолнинг ва бошқа сербарг дарахтларнинг новдаларини олиб, етти кун давомида Мен, Эгангиз Худонинг ҳузурида хурсандчилик қилинглар.

41 Менга атаб бу байрамни ҳар йили, етти кун давомида нишонланглар. Йилнинг еттинчи ойида нишонланадиган бу байрам сизлар учун авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлсин.

42 Етти кун давомида чайлаларда яшанглар. Исроил халқига мансуб бўлган ҳар бир киши чайлада яшасин.

43 Шунда Мен Исроил халқини Мисрдан олиб чиққанимда, сизларни чайлаларда яшаттирганимни авлодларингиз билишади. Мен Эгангиз Худоман.”

44 Шундай қилиб, Мусо Исроил халқига Эгамиз белгилаган байрамларни эълон қилди.

Мойчироқлар

1 Эгамиз Мусо орқали

2 Исроил халқига қуйидаги амрларни берди: тоза зайтун мойидан олиб келинглар. Токи мойчироқлар ҳар доим тун бўйи ёниб турсин.

3 Ҳорун мойчироқларни Учрашув чодирига, Аҳд сандиғини тўсиб турган ички парда олдига ўрнатсин. Мойчироқлар Эгамизнинг ҳузурида оқшомдан эрталабгача ўчмай ёниб турсин. Бу авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлсин.

4 Ҳорун мойчироқларни тоза олтиндан ясалган чироқпояга ўрнатсин. Мойчироқлар Эгамизнинг ҳузурида доимо тун бўйи ёниб турсин.

Худога назр қилинадиган нонлар

5 Сифатли ундан ўн иккита нон ёп. Ҳар бир нон саккиз коса ундан ёпилган бўлсин.

6 Нонларни Эгамиз ҳузуридаги тоза олтиндан ясалган хонтахта устига икки қатор қилиб тер. Ҳар бир қаторда олтитадан нон бўлсин.

7 Ҳар бир қаторга тоза хушбўй тутатқидан қўй. Бу хушбўй тутатқи ноннинг ўрнига оловда куйдирилиб, Эгамизга назр қилинади.

8 Ҳорун нонларни доимий тарзда, ҳар Шаббат куни Исроил халқи номидан Эгамиз олдига қўйсин. Бу Исроил халқининг абадий мажбуриятидир.

9 Бу нонлар Ҳорун ва унинг авлодиники бўлсин. Улар бу нонларни муқаддас жойда тановул қилишсин. Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган назрлардан Ҳоруннинг наслига берилган доимий улуш шудир, у ғоят муқаддасдир.

Тўғри ва адолатли ҳукмнинг мисоли

10-11 Дан қабиласидан бўлган Дибри қизи Шалумит Мисрлик бир кишига турмушга чиққан эди. Уларнинг бир ўғли бор эди. Бир куни ўша ўғли Исроил халқидан бўлган бир одам билан жанжаллашиб қолди. Жанжал пайтида Шалумитнинг ўғли қарғаниб, Худога шак келтирди. Шунда уни Мусонинг олдига олиб келишди.

12 Эгамизнинг ҳукми маълум бўлгунга қадар уни қамаб қўйишди.

13 Эгамиз Мусога деди:

14 “Шаккокни қароргоҳнинг ташқарисига олиб чиқинглар. Шак келтирганини эшитганларнинг ҳаммаси қўлини унинг бошига қўйсин, кейин бутун жамоа уни тошбўрон қилсин.

15 Исроил халқига шу гапимни айтиб қўй: «Мени қарғаган ҳар қандай одам жазога тортилсин.

16 Мен, Эгангизга шак келтирган одамнинг жазоси ўлимдир. Бутун жамоа уни тошбўрон қилсин. Ўша шаккок ким бўлишидан қатъий назар, мусофир бўладими ёки Исроил халқиданми, ўлдирилсин.

17 Одамнинг жонига қасд қилган ҳар қандай одам ўлдирилсин.

18 Бировнинг молини ўлдириб қўйган одам эгасига товон тўласин. Бундай вазиятда жон эвазига жон деган қоида қўлланилсин.

19 Агар кимдир бировга шикаст етказса, унга ҳам худди шундай шикаст етказилсин.

20 Синиқ эвазига синиқ, кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш билан жавоб қайтарилсин. Шикаст етказганга худди шундай шикаст етказилсин.

21 Жониворни ўлдирган товон тўласин, одамни ўлдирган эса ўлим жазосини олсин.

22 Мусофир учун ҳам, Исроиллик учун ҳам қонун бирдир. Мен Эгангиз Худоман.»”

23 Мусо бу сўзларни Исроил халқига айтиб бўлгач, халқ шаккокни қароргоҳ ташқарисига олиб чиқиб, тошбўрон қилди. Шундай қилиб, Исроил халқи Эгамизнинг Мусога берган амрини адо этди.

Еттинчи йил

1-2 Эгамиз Мусо орқали Исроил халқига Синай тоғида шундай деди: “Мен сизларга бераётган юртга кирганингиздан кейин, ҳар еттинчи йили ерингизга дам беринг.

3 Олти йил давомида далаларингизга экин экинглар, узумзорларингизни бутаб, ҳосилини йиғинглар.

4 Еттинчи йили эса ер тўлиқ дам олсин, Мен, Эгангизга бағишланган йил бўлсин. Шу йили далаларингизга экин экманглар, узумзорингизни хомток қилманглар.

5 Ердан ўсиб чиққан бошоқларни ўрманглар, хомток қилинмаган токдаги узум бошларини йиғманглар. Ер бир йил тўлиқ дам олсин.

6 Аммо ўша йили ердан табиий ҳолда ўсиб чиққан ҳамма нарсани ейишингиз мумкин. Булар сизлар учун, қулу чўриларингиз учун, мардикору сизникида вақтинчалик турган мусофирлар учун озуқа бўлади.

7 Мол–ҳолингиз ва юртингиздаги ёввойи ҳайвонлар ҳам ер ҳосилидан озиқланишади.

Қутлуғ йил

8 Етти йилни етти марта қўшиб сана, ҳаммаси бўлиб қирқ тўққиз йил бўлади.

9 Сўнг еттинчи ойнинг ўнинчи куни, яъни Покланиш куни бутун юрт бўйлаб карнайлар чалинсин.

10 Эллигинчи йилни муқаддас деб билинг. Ўша йили юрт бўйлаб ҳамма одамга озодлик эълон қилинг. Шу йил сизлар учун Қутлуғ йил бўлсин. Ҳар ким ота–бобосининг жойига, ўз қавмига қайтиб борсин.

11 Ҳа, эллигинчи йил сизлар учун Қутлуғ йил бўлсин. Шу йили экин экманглар, ердан ўсиб чиққан бошоқларни ўрманглар, хомток қилинмаган токдаги узум бошларини йиғманглар.

12 Бу Қутлуғ йил бўлгани учун, уни муқаддас деб билинглар. Тўғридан–тўғри даладан узилган ҳосилни ейишингиз мумкин.

13 Қутлуғ йил ҳаммангиз ота–боболарингиздан мерос бўлиб қолган ерларингизни қайтариб олиш учун у ерларга боринг.

14 Ерингизни қўшнингизга сотганингизда ёки қўшнидан ер сотиб олганингизда ғирромлик қилманг.

15 Ер сотиб олганингизда ернинг нархи кейинги Қутлуғ йилгача қолган йилларнинг ҳисобига асосланган бўлсин. Сотувчи ернинг нархини қолган ҳосилли йилларнинг миқдорига қараб белгиласин.

16 Агар ҳали кўп йил бор бўлса, ернинг баҳосини оширсин. Борди–ю, озроқ йил қолган бўлса, баҳосини камайтирсин. Сотувчи аслида ерни эмас, балки ер берадиган ҳосил миқдорини сотади.

17 Ғирромлик қилманг, Мен, Худойингиздан қўрқинг. Мен Эгангиз Худоман.

Еттинчи йил муаммоси

18 Қонун–қоидаларимни битта қолдирмай бажаринг, шунда юртингизда тинч яшайсизлар.

19 Ер ҳосилини беради, сизлар тўйгунингизча унинг неъматларидан ейсизлар. Юртингизда бехатар яшайсизлар.

20 Сизлар:

— Экин экиб ҳосил олмасак еттинчи йили нима еймиз? — деб сўрашингиз мумкин.

21 Мен олтинчи йили ҳосилингизга барака бераман. Ўша йили сизлар уч йилга етадиган ҳосил йиғиб оласизлар.

22 Саккизинчи йили уруғ экканингизда олтинчи йил давомида йиққан ҳосилдан тановул қиласизлар. Тўққизинчи йили ҳам ҳосилингиз пишгунча ҳануз эски ҳосилдан ейсизлар.

Мулк ҳақида

23 Ерни фақат вақтинчага сотинг, чунки ер Меникидир. Сизлар эса Менинг еримда яшаб юрган мусофир ва келгиндисизлар.

24 Ўз ерини сотган одамга ерини қайта сотиб олиш имкониятини яратиб беринг.

25 Агар юртдошингиз қашшоқлашиб мерос қилиб олган ерининг бир қисмини сотса, унинг энг яқин қариндоши сотилган ерни қайтариб сотиб олсин.

26 Агар ерни қайтариб сотиб оладиган қариндоши бўлмаса ва у одамнинг ўзи кейинчалик мол–дунё топиб, етарли маблағ йиғса, у ўз ерини қайтариб сотиб олиши мумкин.

27 Бунинг учун у Қутлуғ йилгача қолган йиллар давомида ердан олинадиган даромадни ҳисоблаб чиқиб, харидорга тўласин, шундан кейин ўз мулкини қайтариб олсин.

28 Борди–ю, ерни қайтариб сотиб олишга қурби етмаса, ер харидорнинг ихтиёрида Қутлуғ йилгача қолсин. Қутлуғ йил ер асл эгасига қайтиб берилсин.

29 Борди–ю, бирортаси девор билан ўралган шаҳар ичидаги уйини сотса, сотилган кундан бошлаб бир йил ўтгунча уйини қайтариб сотиб олиши мумкин. Уйни қайтариб сотиб олиш муддати бир йилдир.

30 Бир йил ўтгунча у уйини қайтариб сотиб олмаса, девор билан ўралган шаҳар ичидаги бу уй харидорнинг мулкига айланиб, абадий унинг ва наслининг ихтиёрида қолади. Қутлуғ йилда ҳам уй унинг ихтиёридан чиқмайди.

31 Атрофи девор билан ўралмаган қишлоқлардаги уйлар дала сифатида ҳисоблансин. Бундай уйларни ҳар қандай вақтда қайтариб сотиб олиш мумкин, Қутлуғ йилда улар асл эгасига қайтариб берилсин.

32 Левиларнинг шаҳарларига келсак, левилар ўз шаҳарларидаги уйларини қайтариб сотиб олиш ҳуқуқига доимо эга бўлишсин.

33 Борди–ю, леви бундай шаҳардаги сотилган уйини қайтариб сотиб олмаса, бу уй унга Қутлуғ йил қайтариб берилсин. Зотан, левиларга қарашли шаҳарлардаги уйлари левиларнинг Исроил халқи орасидаги мулкидир.

34 Лекин уларнинг шаҳарлари атрофидаги ерлар зинҳор сотилмасин, чунки бу ерлар левиларнинг абадий мулкидир.

Камбағалларга қарз бериш ҳақида

35 Агар бирор юртдошингиз ночор аҳволга тушиб, сизга қараб қолса, унга ёрдам беринг. У орангизда ғариб ёки мусофирдай яшасин.

36 Ундан фойдаланиб пул ишламанг, фойда ҳам олманг, Мен, Худойингиздан қўрқинг. Бундай юртдошингизнинг орангизда яшашига йўл қўйинг.

37 Берган қарзингиздан фоиз талаб қилманг, овқатни ўз нархидан қимматга сотманг.

38 Мен Эгангиз Худоман. Мен Худойингиз бўлишим учун ва сизларга Канъон юртини бериш учун сизларни Мисрдан олиб чиққанман.

Қулларни озод қилиш ҳақида

39 Агар юртдошингиздан бирортаси ўта қашшоқлашиб, ўзини сизга сотса, уни қулдай ишлатманг.

40 Унга мардикор ёки мусофирдай муомала қилинг. У Қутлуғ йилгача сизникида хизмат қилсин.

41 Қутлуғ йил у болалари билан озод бўлсин. Улар ўз хонадонига, ота–боболарининг мулкига қайтиб боришсин.

42 Бинобарин улар Менинг қулларимдир, Мен уларни Миср юртидан олиб чиққанман. Уларни қулдай сотманглар.

43 Уларга зулм ўтказманглар, Мен, Худойингиздан қўрқинглар.

44 Агар қулу чўриларга муҳтож бўлсангиз, уларни атрофингиздаги халқлардан сотиб олишингиз мумкин.

45 Орангизда яшаётган мусофирлардан ва уларнинг Исроил юртида туғилган болаларидан ҳам қулу чўрилар сотиб олишингиз мумкин. Улар сизнинг мулкингиз бўлади.

46 Уларни ўзингиздан кейин болаларингизга мерос қилиб беришингиз мумкин. Уларга қулларга муомала қилгандай муомала қилинг. Лекин Исроил халқидан бўлган биродарларингизга зулм қилманг.

47 Агар орангизда яшаётган мусофир бойлик орттирса–ю, Исроил халқидан бўлган биродарингиз эса қашшоқлашиб ўзини мусофирга ёки мусофирнинг қавмидан бўлганларга сотса,

48 биродарингиз озод бўлиш ҳуқуқига эга бўлсин. Унинг ака–укаси озодлик эвазига ҳақини тўлаб, уни озод қилсин.

49 Шунингдек, амакиси, амакиваччаси ёки бошқа бир қариндоши озодлик ҳақини тўлаб, уни озод қилиши мумкин. Сотилган одамнинг ўзи ҳам давлат орттирса, ўзини ўзи озод қила олади.

50 Бунинг учун у харидори билан келишиб, ўзини сотган йилдан бошлаб Қутлуғ йилгача қолган йилларнинг сонини ҳисоблаб чиқсин. Озодлигининг баҳоси ўша йиллар давомида мардикорга тўланадиган иш ҳақи асосида белгилансин.

51 Агар Қутлуғ йилгача ҳали кўп йиллар бор бўлса, озодлик баҳоси харидор тўлаган нархга асосланган бўлсин.

52 Борди–ю, Қутлуғ йилгача оз қолган бўлса, қолган йилларни ҳисоблаб, шунга яраша озодлигининг нархини тўласин.

53 Мусофир сотиб олган биродарингизга бир йилга ёллаган ишчига муомалада бўлгандай муомала қилсин. Исроил халқидан бўлган биродарингизга зулм ўтказишига йўл қўйманг.

54 Агар сотилган биродарингиз озодлик ҳақини тўлаб озод бўлмаса, у Қутлуғ йил бола–чақалари билан озод қилинсин.

55 Зотан, Исроил халқи Менинг қулларимдир, уларни Миср юртидан Мен олиб чиққанман. Мен Эгангиз Худоман.

Итоаткорлик эвазига бериладиган баракалар

1 Ўзингиз учун бутлар ясаманг, ўйиб ишланган тасвирлару бошқа худоларга аталган тошларни ўрнатманг. Юртингизда бутсимон тошлар ўрнатиб, уларга сажда қилманг. Зотан, Мен Эгангиз Худоман.

2 Шаббат кунларига риоя қилинг, муқаддас маконимни иззат этинг. Мен Эгангизман.

3 Агар қонунларимга риоя қилиб, амрларимни битта қолдирмай бажарсангиз,

4 Мен ўз вақтида ёмғир ёғдираман. Ер ҳосилини беради, дарахтлар мева солади.

5 Ғалла янчиш вақти узум териш пайтига уланиб кетади, узум териш пайти экин–тикин вақтига уланиб кетади. Тўйгунингизча нон ейсиз, ўз юртингизда бехатар яшайсиз.

6 Мен юртингизга тинчлик ато этаман, ётганингизда ҳеч ким сизни ваҳимага солмайди. Юртингиздан йиртқич ҳайвонларни ҳайдаб юбораман. Заминингиз уруш кўрмайди.

7 Ғанимларингизни таъқиб қиласиз, улар қиличингиздан ҳалок бўлади.

8 Сизлардан бештаси ғанимларнинг юзтасини қувади, юзтангиз ўн мингтасини қувади. Уларни қиличдан ўтказасизлар.

9 Сизларга юз бураман, баракали қилиб кўпайтираман. Сизлар билан қилган аҳдимга содиқ қоламан.

10 Эски ҳосилингизни еб бўлмасингиздан, янгисига жой бўшатиш учун эскисини чиқариб ташлайсизлар.

11 Мен орангизда яшайман, сизлардан ҳазар этмайман.

12 Доимо орангизда бўламан. Мен сизнинг Худойингиз, сизлар эса Менинг халқим бўласизлар.

13 Мен Эгангиз Худоман. Сизлар бундан буён қул бўлмаслигингиз учун Мен сизларни Мисрдан олиб чиққанман. Қаддингизни ростлаб юришингиз учун бўйинтуруғингизни синдирганман.

Итоатсизлик эвазига бериладиган жазо

14 Агар Менга қулоқ солмасангиз, Менинг амрларимни бажармасангиз,

15 қонунларимни рад этсангиз, қоидаларимдан нафратлансангиз, амрларимни бажармай, аҳдимни бузсангиз,

16 Мен бошингизга кулфат соламан, сизларни тузалмас касалликка дучор қиламан, иситмангизни чиқариб, кўзингизнинг нурини оламан, жонингизни изтиробга соламан. Эккан уруғларингиз беҳудага кетар, чунки ҳосилингиз ғанимларга насиб этар.

17 Мен юзимни сизларга қарши бураман, душманларингиз сизларни мағлуб этади. Ёвларингиз устингиздан ҳукмронлик қилади. Сизларни ҳеч ким таъқиб қилмаса ҳам тумтарақай бўлиб қочасизлар.

18 Шунда ҳам Менга итоат қилмасангизлар, гуноҳларингиз учун жазони етти карра кучайтираман.

19 Такаббурона қайсарлигингизни синдираман, осмонни темир каби қаттиқ, ерни мис каби заранг қиламан.

20 Меҳнатингиз беҳудага сарф бўлар: ерингиз ҳосил бермас, дарахтларингиз мева солмас.

21 Шунда ҳам Менга қаршилик қилиб итоат этмасангиз, гуноҳларингизга яраша етти карра кўпроқ таъзирингизни бераман.

22 Сизларга қарши йиртқич ҳайвонларни юбораман. Улар сизларни болаларингиздан жудо қилади, мол–ҳолингизни қириб юборади, шунда сонингиз камайиб, кўчаларингиз ҳувиллаб қолади.

23 Агар шундан ҳам сабоқ олмай, Менга қаршилик қилаверсангиз,

24 Мен ҳам сизларга қаршилик қилишни давом эттираман. Ўзим гуноҳларингиз учун етти карра кўпроқ таъзирингизни бераман.

25 Аҳдимни бузганингиз учун бошингизга қилич келтираман. Шаҳарларингизга қочиб беркинсангиз, ораларингизга ўлат юбориб, сизларни ғанимлар қўлига тутиб бераман.

26 Ризқ–рўзингизни қирқаман. Ўнта аёл бир тандирда нон ёпади, нонни ҳаммага ўлчаб беришади. Сизлар ейсизлар–у, аммо тўймайсизлар.

27 Борди–ю, шунда ҳам Менга қулоқ солмай қаршилик қилаверсангиз,

28 Мен ҳам ғазаб устида сизларга қаршилик қилавераман. Гуноҳларинг учун жазони етти карра кўпайтираман.

29 Сизлар ҳатто ўғил–қизларингизнинг этини ейдиган бўласизлар.

30 Мен саждагоҳларингизни бузиб ташлайман, тутатқи қурбонгоҳларингизни вайрон қиламан. Жасадларингизни жонсиз бутларингиз устига уйиб ташлайман. Сизлардан ҳазар қиламан.

31 Шаҳарларингизни вайрон этаман, муқаддас жойларингизни бузиб ташлайман. Қурбонликларингизнинг ёқимли ҳидидан завқ олмайман.

32 Юртингизни шу қадар хароб қиламанки, у ерда ўрнашиб оладиган ғанимларингиз унинг аҳволидан донг қотади.

33 Сизларни эса халқлар орасига тарқатиб юбораман, қиличимни яланғочлаб сизларни таъқиб қиламан. Юртингиз ҳувиллаб қолади, шаҳарларингиз харобазорга айланади.

34 Сизлар ғанимларингиз ерида бўлганингизда юртингиз дам олади. Хароб бўлиб ётган йиллар давомида юртингиз ором олади.

35 Вайроналар ичра ётиб, дам олади, чунки сизлар юртингизда яшаб юрган пайтингизда ерингизга дам бермаган эдингизлар.

36 Ғанимларингиз юртида омон қолганларингизнинг юрагига ваҳима соламан. Сизлар ҳилпираётган баргнинг овозидан даҳшатга тушасизлар. Қиличдан қочгандай қочасизлар. Ҳеч ким сизни таъқиб қилмаса ҳам, қочиб йиқиласизлар.

37 Ҳеч ким сизни қувламаса ҳам, жонингизни ҳовучлаб қочасизлар, бир–бирингизга туртилиб йиқиласизлар. Ҳа, сизлар ғанимларингизга бас кела олмайсизлар.

38 Шунда халқлар орасидан йўқ бўлиб кетасизлар, ғанимларингиз юрти сизни ютиб юборади.

39 Омон қолганларингиз ғанимлар юртида ўласизлар. Ўз гуноҳларингиз ва ота–боболарингизнинг гуноҳлари туфайли адойи тамом бўласизлар.

40 Лекин охири сизлар ўз гуноҳларингизни ва ота–боболарингизнинг гуноҳларини тан оласизлар. Менга қилган қаршилигу хиёнатга иқрор бўласизлар.

41 Ўша гуноҳларингиз туфайли Мен сизларга қаршилик қилиб, сизларни ғанимларингиз юртига олиб келаман. Шунда сизнинг суннатсиз юрагингиз камтарликка тўлади. Қилган гуноҳларингиз учун жазо тортасизлар.

42 Шунда Мен Ёқуб билан қилган аҳдимни ёдга оламан. Исҳоқ ва Иброҳим билан қилган аҳдимни ҳам ёдимда тутаман, Мен юртни ёдга оламан.

43 Ҳувиллаб ётган юрт ором олган йиллар давомида қилган гуноҳларингиз учун жазо олади. Ахир, сизлар қоидаларимни рад этишга жазм этдингизлар, қонунларимдан ҳазар қилдингизлар.

44 Шундай бўлса–да, Мен сизларни ғанимларингиз юртида рад этмайман, сиздан ҳазар қилмайман, тамомила қириб юбормайман. Сизлар билан қилган аҳдимни бузмайман. Зотан, Мен Эгангиз Худодирман.

45 Мен сизнинг манфаатингизни кўзлаб, ота–боболарингиз билан қилган аҳдимни ёдимда тутаман. Мен Худойингиз бўлишим учун ота–боболарингизни элларнинг кўзи олдида Мисрдан олиб чиққанман. Мен Эгангизман.”

46 Эгамиз Мусо орқали Исроил халқига Синай тоғида берган фармону қонун–қоидалар шулардан иборат эди.

Эгамизга келтириладиган инъомлар тўғрисидаги қонун

1 Эгамиз Мусо орқали

2 Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: агар бирортангиз онт ичиб, Эгамизга бирор одамни бағишлаган бўлсангиз, онтингизни адо этиш учун қуйидаги қийматни тўланг:

3 20 дан 60 ёшгача бўлган эркак учун 50 бўлак кумуш,

4 20 дан 60 ёшгача бўлган аёл учун 30 бўлак кумуш,

5 5 дан 20 ёшгача бўлган ўғил бола учун 20 бўлак кумуш,

5 дан 20 ёшгача бўлган қиз бола учун 10 бўлак кумуш,

6 1 ойликдан 5 ёшгача бўлган ўғил бола учун 5 бўлак кумуш,

1 ойликдан 5 ёшгача бўлган қиз бола учун 3 бўлак кумуш,

7 60 ва ундан юқори ёшдаги эркак учун 15 бўлак кумуш,

60 ва ундан юқори ёшдаги аёл учун 10 бўлак кумуш.

8 Агар онт ичган одам ночорлигидан белгиланган қийматни тўлай олмаса, у Эгамизга бағишлаган одамини руҳонийнинг олдига олиб келсин. Руҳоний онт ичган одамнинг аҳволига яраша қийматни белгиласин.

9 Агар сиз онт ичиб, қурбонлик қилишга ярайдиган жониворни Эгамизга бағишлаган бўлсангиз, Эгамизга аталган бу жонивор муқаддас ҳисоблансин.

10 Бундай жониворни бошқасига алмаштириб бўлмайди. Яхшисини ёмонига ёки ёмонини яхшисига айирбошламанг. Жониворнинг бирини бошқасига алмаштирадиган бўлсангиз, жониворларнинг иккаласи ҳам муқаддас ҳисоблансин.

11 Агар Эгамизга қурбонлик қилишга ярамайдиган, ҳаром ҳайвонни атаган бўлсангиз, ўша ҳайвонни руҳоний олдига олиб келинг.

12 Руҳоний ҳайвоннинг яхши ёки ёмон аҳволига қараб баҳосини белгиласин ва унинг қиймати руҳоний белгилагандай бўлсин.

13 Борди–ю, сиз атаган ҳайвонингизни қайтариб олмоқчи бўлсангиз, руҳоний томонидан белгиланган қиймат устига ўша қийматнинг бешдан бир қисмини қўшиб беринг.

14 Агар одам Эгамизга ўз уйини бағишласа, руҳоний уйни баҳоласин, уйнинг яхши ёки ёмон аҳволига қараб қийматини белгиласин ва унинг қиймати руҳоний белгилагандай бўлсин.

15 Мабодо уйни бағишлаган одам уйини қайтариб олмоқчи бўлса, у руҳоний белгилаган қиймат устига қийматнинг бешдан бир қисмини қўшиб берсин. Шунда уй яна уники бўлади.

16 Агар одам мерос қилиб олган ерини Эгамизга бағишламоқчи бўлса, ернинг қиймати у ерга экиладиган уруғнинг миқдорига кўра белгилансин. Ўн сават уруғлик арпанинг баҳоси эллик бўлак кумуш бўлсин.

17 Агар дала Қутлуғ йили бағишланган бўлса, даланинг қиймати белгиланган баҳода қолсин.

18 Борди–ю, дала Қутлуғ йилдан кейин бағишланган бўлса, руҳоний даланинг қийматини кейинги Қутлуғ йилгача қолган йилларнинг сонига кўра, белгиласин. Даланинг асл қиймати камайтирилсин.

19 Далани бағишлаган одам даласини қайтариб олмоқчи бўлса, у белгиланган қиймат устига дала қийматининг бешдан бир қисмини қўшиб берсин. Шунда дала яна уники бўлади.

20 Борди–ю, у даласини қайтариб сотиб олмаса ва дала бошқа бировга сотилган бўлса, даланинг эгаси ўз даласини қайтариб сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинсин.

21 Кейинги Қутлуғ йил келганда бу дала Эгамизга тамомила бағишланган бўлиб, муқаддас ҳисобланади. Дала руҳонийларга қарашли бўлади.

22 Агар бирор одам сотиб олган, яъни мерос бўлиб қолмаган даласини Эгамизга бағишласа,

23 руҳоний даланинг қийматини Қутлуғ йилгача қолган йиллар сони асосида белгиласин. У одам руҳоний белгилаган қийматни ўша куниёқ Эгамизга эҳсон сифатида келтирсин.

24 Қутлуғ йил эса дала меросхўрга — кимдан сотиб олинган бўлса, ўша одамга қайтариб берилсин.

25 Ҳар қандай нарсанинг қийматини белгилашда Муқаддас чодирда ишлатиладиган кумуш бирлиги асос қилиб олинсин. Ҳар бир кумуш бўлагининг оғирлиги 2,5 мисқол бўлсин.

26 Молу қўйларингизнинг биринчи туғилган болаларини Эгамизга бағишламанг, улар шусиз ҳам Эгамизга тегишлидир.

27 Ҳаром ҳайвоннинг тўнғич боласини қайтариб сотиб олишингиз мумкин. Бунинг учун белгиланган қийматни тўлаб, бунинг устига қийматнинг бешдан бир қисмини қўшиб беринг. Агар уни қайтариб сотиб олмасангиз, руҳоний уни бошқа бировга белгилаган қийматга сотиб юбориши мумкин.

28 Эгамизга тамомила бағишланган ҳар қандай одамни, жонивор ёки мерос қилиб олинган ерни қайтариб сотиб олиш ёки сотиб юбориш мумкин эмас. Эгамизга тамомила бағишланган ҳар қандай нарса Эгамизга абадий тегишли ҳисобланади.

29 Ҳатто Эгамизга тамомила бағишланган одамни ҳам қайтариб сотиб олишингиз мумкин эмас. Уни ўлдиришингиз лозим.

30 Ер ҳосилидан ва дарахт меваларидан олинган ушр ҳам Эгамизникидир. Булар Эгамиз учун муқаддасдир.

31 Агар бирортаси ушрини қайтариб сотиб олмоқчи бўлса, ушрнинг қиймати устига қийматнинг бешдан бир қисмини қўшиб берсин.

32 Пода ва сурувингиздан олинган ушрни — саналган ҳар ўнинчи жониворни Эгамизга бағишланг.

33 Ушр қилиб олинган жониворни танламанг, уни яхшиси ёки ёмонига алмаштирманг. Агар алмаштирадиган бўлсангиз, жониворларнинг иккаласи ҳам муқаддас ҳисоблансин, уларни қайтариб сотиб олишингиз мумкин эмас.

34 Эгамиз Мусо орқали Исроил халқига Синай тоғида берган амрлар шулардан иборат эди.