Чиқиш

Чиқиш

Мисрликлар Исроил халқига зулм ўтказади

1-4 Исроил ўғилларининг исмлари қуйидагичадир: Рубен, Шимўн, Леви, Яҳудо, Иссахор, Забулун, Бенямин, Дан, Нафтали, Гад, Ошер. Улар отаси Ёқуб билан бирга ўз оилаларини олиб, Мисрга кетган эдилар.

5 Ўшанда Ёқубнинг авлоди ҳаммаси бўлиб етмиш кишидан иборат эди. Унинг ўғли Юсуф бу пайтда Мисрда яшарди.

6 Вақти–соати етиб, Юсуф, унинг ака–укалари ва ўша авлоднинг ҳаммаси оламдан ўтиб кетди.

7 Исроил насли эса баракали бўлиб, борган сари кўпайиб бораверди. Миср юрти улар билан тўлиб–тошди.

8 Ўша пайтда Миср тахтига янги фиръавн ўтирди. У Юсуф тўғрисида ҳеч нарса билмасди.

9 У ўз халқига шундай деди:

— Қаранглар, Исроил халқи бизга қараганда кўпайиб, кучайиб кетди.

10 Қани, бир йўлини топиб, уларни кўпайиб кетишдан тўхтатайлик. Бўлмаса, уруш бўлиб қолганда, улар душманларимизга қўшилиб, бизга қарши уруш қиладилар. Кейин юртимиздан қочиб кетадилар.

11 Шундай қилиб, Мисрликлар назоратчилар тайинлаб, Исроил халқини оғир ишларга мажбур қилдилар, тинка–мадорини қуритдилар. Исроил халқи фиръавн учун Питом ва Рамзес деган омбор шаҳарларни қуриб берди.

12 Лекин Мисрликлар Исроил халқига қанчалик зулм ўтказсалар ҳам, Исроил халқи яна ҳам кўпайиб юрт бўйлаб ёйилиб борарди. Мисрликлар бу аҳволдан қўрқувга тушиб қолдилар.

13-14 Улар Исроил халқини аёвсиз, зўрлик билан қул қилиб, ҳар турли дала ишларига, лойдан ғишт қуйишга мажбурладилар. Мисрликлар уларга шафқат қилмадилар.

15 Шифро ва Пуво деган иброний доялар бор эди. Миср фиръавни уларга шундай фармон берди:

16 — Иброний аёллар кўзи ёриётган пайтда доялик қилаётганингизда, яхшилаб эътибор беринг: чақалоқ ўғил бўлса, ўлдиринглар, қиз бўлса, яшайверсин.

17 Иккала доя Худодан қўрқарди. Шунинг учун Миср фиръавнининг фармонига итоат этмасдан, ўғил болаларни ўлдирмадилар.

18 Миср фиръавни дояларни чақириб сўради:

— Нимага бунақа қиляпсизлар? Нимага ўғил болаларни тирик қолдиряпсизлар?

19 — Иброний аёллар Мисрлик аёлларга ўхшамайдилар, — деб жавоб беришди доялар. — Улар жуда бақувват, шунинг учун биз бормасимиздан олдин туғиб қўйяптилар.

20 Шунинг учун Худо дояларга марҳамат қилди. Исроил халқи кўпайиб, яна ҳам кучаяверди.

21 Доялар Худодан қўрққанлари учун, Худо уларни оилали қилди.

22 Шундан кейин фиръавн ўз халқига: “Ибронийларда туғилган ҳар бир ўғил бола Нил дарёсига улоқтирилсин, қиз болалар эса яшайверсин”, деб фармон берди.

Мусонинг туғилиши

1 Ўша пайтда Леви наслидан бир йигит билан қиз оила қурдилар.

2 Кейинчалик аёл ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Аёл чақалоқнинг чиройлилигини кўриб, уни уч ой яшириб юрди.

3 Лекин аёл чақалоқни ортиқ яшириб юролмаслигига кўзи етгач, қамиш сават олди. Сув кирмасин деб, саватни қора сақич билан сувади. Кейин саватнинг ичига чақалоқни солиб, саватни дарё бўйидаги қамишзор орасига қўйиб кетди.

4 Чақалоқнинг опаси эса: “Унинг тақдири нима бўларкин”, деб узоқдан кузатиб турди.

5 Шу пайтда фиръавннинг қизи дарё бўйига чўмилгани келиб қолди. Канизаклари эса дарё бўйида юришарди. Фиръавннинг қизи бирдан қамишзор орасидаги саватни кўриб қолди–да, чўрисига: “Саватни олиб кел!” деб буюрди.

6 Фиръавннинг қизи саватни очиб қарасаки, бир чақалоқ йиғлаб ётган экан. “Бу иброний болаларидан бири”, деди у. Чақалоққа раҳми келди.

7 Чақалоқнинг опаси шу пайтда фиръавннинг қизи олдига келиб, ундан сўради:

— Бориб, иброний аёлларидан бирортасини чақириб келайми? У энагалик қилиб, сизга чақалоқни боқиб берарди.

8 — Майли, бор, — деди фиръавннинг қизи. Қизча бориб, чақалоқнинг онасини чақириб келди.

9 Фиръавннинг қизи аёлга:

— Мана бу чақалоқни олиб бор, менга боқиб бер, — деди. — Қилган хизматинг учун ҳақини тўлайман.

Шундай қилиб, аёл чақалоқни олиб кетди ва ўзи парвариш қилди.

10 Бола катта бўлгач, аёл уни фиръавннинг қизига олиб келди. Фиръавннинг қизи болани ўзига ўғил қилиб олди. “Уни сувдан чиқариб олганман”, деб исмини Мусо қўйди.

Мусо Мидиён юртига қочиб кетади

11 Мусо улғайгандан кейин, бир куни қабиладошларини кўргани борди. У қабиладошлари қилаётган оғир меҳнатни кузатиб турганда, бир иброний биродарини бир Мисрлик ураётганига кўзи тушиб қолди.

12 Мусо атрофга қаради. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, Мисрлик одамни ўлдириб, қумга кўмиб қўйди.

13 Кейинги куни Мусо яна ўша ерга борганда, иккита ибронийнинг бир–бири билан жанжаллашаётганини кўриб қолди. Мусо ноҳақлик қилган одамдан: “Нимага биродарингни уряпсан?” деб сўради.

14 Шунда ҳалиги одам:

— Ким сени бизга ҳукмдор ва ҳакам қилиб қўйди? Мисрликни ўлдирганингдай, мени ҳам ўлдирмоқчимисан? — деди. Ўша заҳоти Мусо: “Бу иш ошкор бўлиб қолганга ўхшайди”, деб ўйлаб қўрқиб кетди.

15 Кейин фиръавн ҳам бу воқеани эшитиб, Мусони ўлдирмоқчи бўлди. Лекин Мусо фиръавндан қочиб Мидиён юртига кетди. У Мидиёнга келиб, қудуқ ёнида ўтирди.

16 Мидиён юрти руҳонийсининг еттита қизи бор эди. Қизлар отасининг қўй–эчкиларини суғориш учун охурларга сув тўлдиргани келиб қолдилар.

17 Аммо бир нечта чўпон келиб, қизларни ҳайдаб юборишди. Шунда Мусо қизларни ҳимоя қилди, уларнинг қўйларини суғоришга ҳам ёрдамлашди.

18 Кейин қизлар оталари Ятронинг ёнига қайтиб келдилар.

— Нимага бугун эрта қайтиб келдингизлар? — деб сўради Ятро қизларидан.

19 — Мисрлик бир одам бизни чўпонлардан ҳимоя қилди, — деб жавоб беришди қизлар. — Бунинг устига, бизнинг ўрнимизга сув тортиб, қўйларимизни ҳам суғорди.

20 — Қаерда ўша одам? — деб сўради Ятро қизларидан. — Нимага у одамни қолдириб келдингизлар? Боринглар, уни чақириб келинглар, биз билан бирга овқатлансин.

21 Шундай қилиб, Мусо Ятроникида яшашга рози бўлди. Ятро эса Мусони қизи Зиппурага уйлантириб қўйди.

22 Зиппура Мусога ўғил туғиб берди. Мусо: “Мен бегона юртда мусофир бўлиб қолдим”, деб ўғлининг исмини Гершом қўйди.

23 Йиллар ўтди. Бу орада Миср фиръавни оламдан ўтиб кетди. Исроил халқи ҳамон қулликда азоб чекар, мадад сўраб фарёд қиларди. Уларнинг фарёди Худога етиб борди.

24 Худо Исроил халқининг оҳу нолаларини эшитди. Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб билан аҳд қилиб берган ваъдаси Унинг ёдида эди.

25 Хуллас, Худо Исроил халқининг аҳволини кўриб, уларга ачинди.

Худо Мусони чақиради

1 Мусонинг қайнатаси — Мидиён юртининг руҳонийси бўлган Ятро эди. Мусо унинг қўй–эчкиларини боқиб юрарди. У қўй–эчкиларни саҳронинг ғарб томонига ҳайдаб, Худонинг муқаддас тоғи Синайга бориб қолди.

2 Бирдан бутадаги алангада Эгамизнинг фариштаси Мусога зоҳир бўлди. Мусо ҳайрон бўлди: бута ёнарди–ю, аммо ёниб тугамасди.

3 Мусо: “Жуда ғалати–ку, бориб, бир қарай–чи, бута нимага ёниб тугамаяпти экан”, деб ўйлади.

4 Мусо яқинроқ борди, Эгамиз унинг келаётганини кўриб, бутанинг орасидан: “Мусо! Мусо!” деб чақирди.

— Лаббай, шу ердаман, — деб жавоб берди Мусо.

5 — Энди бу ёғига келма! Оёғингдаги чориғингни еч! — деди Худо. — Сен турган жой муқаддас ердир.

6 Мен ота–боболаринг — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман.

Мусо Худога қарашдан қўрқиб, дарров юзини беркитиб олди.

7 Кейин Эгамиз яна айтди:

— Имонинг комил бўлсин: халқимнинг Мисрда чеккан азобларини кўрдим, мадад сўраб назоратчилар зулми дастидан қилган фарёдларини эшитдим. Ҳа, халқимнинг чеккан ҳамма азобларини биламан.

8 Шунинг учун Мен халқимни Мисрликларнинг зулмидан қутқаргани келдим. Мен уларни Мисрдан олиб чиқиб, кенг, унумдор, сут ва асал оқиб ётган юртга олиб боргани келдим. У ерда Канъон, Хет, Амор, Париз, Хив ва Ёбус халқлари яшайди.

9 Халқимнинг фарёди Менга етиб келди. Мисрликлар халқимга қанчалик зулм ўтказаётганини кўриб турибман.

10 Қани, бўл, сени ҳозир Миср фиръавни ҳузурига юбораман. Халқим Исроилни Мисрдан сен олиб чиқасан.

11 Шунда Мусо Худога:

— Мен ким бўлибманки, фиръавннинг ҳузурига бориб Исроил халқини Мисрдан олиб чиқсам?! — деб жавоб берди.

12 Худо эса шундай деди:

— Мен сен билан бўламан. Исроил халқини Мисрдан олиб чиққанингдан кейин, шу тоққа келиб, Менга сажда қиласизлар. Сени Мен юборганимнинг исботи шу бўлади.

13 Аммо Мусо Худога қуйидагича жавоб берди:

— Исроил халқи олдига бориб: “Сизларнинг олдингизга ота–боболарингизнинг Худоси мени юборди”, деб айтсам, улар: “Ким У?” деб сўрайдилар–ку! Ўшанда мен нима деб жавоб бераман?

14 — Мен ҳар доим бор бўлган Худоман, — деб жавоб берди У. — Халқим Исроилга: “Мени сизларнинг олдингизга юборганнинг номи — Мен Борман”, деб айтасан.

15 Исроил халқига яна: “Мени сизларнинг олдингизга ота–боболарингиз — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Эгангиз юборди”, деб айт. Менинг номим то абад шундай бўлсин. Унвонимни келгуси авлодлар шундай деб айтсин.

16 Худо яна Мусога айтди:

— Энди бор, халқим Исроилнинг оқсоқолларини тўплаб, уларга: “Ота–боболарингиз — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Эгангиз менга зоҳир бўлди”, деб айт. Уларга шу гапимни етказ: “Имонингиз комил бўлсин: Мисрликлар сизларга қандай зулм ўтказаётганини Мен кўриб, кузатиб турибман.

17 Энди ваъда бериб айтаманки, сизларни Мисрда чекаётган азоб–уқубатларингиздан халос қиламан. Сизларни Канъон, Хет, Амор, Париз, Хив ва Ёбус халқларининг ерларига, сут ва асал оқиб ётган юртга бошлаб олиб бораман.”

18 Исроил оқсоқоллари сенга қулоқ солишади. Кейин Миср фиръавни ҳузурига улар билан сен ҳам бирга бор. Фиръавнга шундай деб айтинглар: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз Ўзини бизга зоҳир қилди. Энди бизга ижозат бер, саҳрода уч кун йўл юриб бориб, Эгамиз Худога қурбонликлар келтирайлик.”

19 Аммо Миср фиръавнини мажбурламаса у сизларнинг кетишингизга ижозат бермаслигини биламан.

20 Ўшанда Мен қўлимни кўтариб, Мисрликларни ураман, ҳа, мўъжизалар орқали уларни жазолайман. Ўшандан кейингина фиръавн сизларнинг кетишингизга ижозат беради.

21 Мен шундай қиламанки, Мисрликлар сизларга илтифот кўрсатадилар. Сизлар кетаётганларингизда бўш қўл билан чиқиб кетмайсизлар.

22 Исроил халқидан ҳар бир аёл Мисрлик қўшнисидан ёки қўшнисининг уйида истиқомат қилаётган Мисрлик аёлдан олтин ва кумуш тақинчоқлар, кийим–кечаклар сўраб олади. Ўғилларингизни, қизларингизни тақинчоқлару кийим–кечаклар билан ясантирасизлар. Шундай қилиб, Мисрликларнинг бойликларини олиб кетасизлар.

Мусога Эгамиз мўъжиза кўрсатиш қудратини ато қилади

1 Шунда Мусо:

— Исроил халқи гапимга қулоқ солмасдан: “Эгамиз сенга зоҳир бўлмаган”, деб менга ишонмаса, унда нима қиламан? — деб сўради.

2 — Қўлингдаги нима? — деб сўради Эгамиз.

— Таёқ, — деб жавоб берди Мусо.

3 — Таёқни ерга ташла! — деб амр қилди Эгамиз. Мусо таёқни ерга ташлаган эди, таёқ илонга айланиб қолди. Мусо дарров илондан ўзини олиб қочди.

4 Эгамиз яна Мусога:

— Қўлингни узатиб, илоннинг думидан ушла! — деб амр берди. Мусо қўлини узатиб, илоннинг думидан ушлаган эди, шу заҳоти илон Мусонинг қўлида яна таёққа айланиб қолди.

5 — Шу мўъжизани кўрсатасан! — деб амр берди Эгамиз, — токи Менинг халқим ота–боболари — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Мен сенга зоҳир бўлганимга ишонсинлар.

6 Сўнгра Эгамиз яна:

— Қўлингни қўйнингга тиқ! — деб амр берди. Мусо қўлини қўйнига тиқиб, чиқарган эди, қўлига яра тошиб, қордай оппоқ бўлиб қолди.

7 — Қўлингни яна қўйнингга тиқ! — деб амр берди Эгамиз. Мусо қўлини яна қўйнига тиқиб чиқарган эди, қўли танасининг қолган қисми сингари асл ҳолига қайтди.

8 — Агар сенга ишонмасалар ёки кўрсатган биринчи мўъжизангга эътибор бермасалар, иккинчи мўъжизага ишонадилар, — деди Эгамиз.

9 — Гапингга қулоқ солмай, иккала мўъжизага ҳам ишонмасалар, Нил дарёси сувидан олиб, қуруқ ерга тўк. Дарёдан олиб ерга тўккан сувинг қонга айланади.

10 — Ё Раббий! — деди Мусо. — Мен ҳеч қачон гапга чечан бўлмаганман. Мен, қулингга гапирганингдан буён ҳам худди шундайман. Ахир, менинг тилим чучук, секин гапираман.

11 Шунда Эгамиз:

— Инсонга тил ато қилган ким? — деди. — Инсонни ким соқов, кар, кўрадиган ёки кўр қилиб яратади? Мен, Эгангиз, эмасми?!

12 Энди бор! Гаплашганингда, Мен сен билан бирга бўламан. Нимани гапиришингни Мен сенга ўргатиб тураман.

13 — Ё Раббий! — деди Мусо. — Илтижо қиламан: менинг ўрнимга бошқасини юбора қолгин.

14 Шундан кейин Эгамиз Мусодан қаттиқ ғазабланиб деди:

— Аканг Ҳорун бор–ку! У ҳам Леви наслидан. Биламан, у гапга чечан. Ана, ўзи ҳам сенга пешвоз келяпти. Аканг сени кўриб хурсанд бўлади.

15-16 Ҳорун сенинг ўрнингга халқ билан гаплашади. Ҳорун нима дейиши лозимлигини сен айтасан. Сен у учун Худога — Менга ўхшаган бўласан. Сизлар гапирганингизда, Мен икковингиз билан бирга бўламан. Ҳар икковингизга Мен нима қилишингизни айтиб тураман.

17 Мана бу таёғингни қўлингга ол, бу мўъжизаларни таёқ орқали кўрсатасан.

Мусо Мисрга қайтиб боради

18 Мусо қайнатаси Ятронинг олдига қайтиб келиб, унга деди:

— Ижозат беринг, Мисрдаги қабиладошларимнинг ёнига қайтай. Бориб билай–чи, улар ҳалиям тирикмикан.

— Эсон–омон бор, — деб Ятро у билан хайрлашди.

19 Мусо ҳамон Мидиёнда яшар экан, Эгамиз унга:

— Мисрга қайт, сенинг жонингни олмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси оламдан ўтиб кетди, — деган эди.

20 Шундай қилиб, Мусо хотини билан ўғилларини эшакка миндирди. Худо, ол, деб тайинлаган таёқни қўлига олиб, Мисрга борадиган йўлга чиқди.

21 Эгамиз Мусога яна шуларни эслатди:

— Мисрга борганингда, Мен берган қудрат билан сен фиръавннинг кўзи олдида ҳамма ажойиботларни кўрсат. Мен эса унинг юрагини тош қилиб қўяман. У халқимнинг кетишига ижозат бермайди.

22 Кейин сен фиръавнга Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда: Исроил Менинг тўнғич ўғлимдир.

23 Ижозат бер, ўғлим бориб, Менга сажда қилсин, деб сенга айтган эдим. Аммо сен унга кетишга ижозат бермадинг. Шунинг учун энди сенинг тўнғич ўғлингни нобуд қиламан.”

24 Мусо ва унинг оиласи тунни ўтказгани йўлда тўхтадилар. Шу пайтда Эгамиз Мусонинг олдига бориб, сал бўлмаса уни ўлдирай деди.

25 Шу заҳоти хотини Зиппура тош пичоқ олиб, ўғлини суннат қилди. Суннат терисини Мусонинг оёқларига теккизиб: “Сени мен учун шу суннат қони ҳимоя қилди”, деди.

26 Шунда Эгамиз Мусонинг ҳаётини сақлади. Зиппура Мусога: “Сен шу суннат қони орқали ҳимоя қилиндинг”, деди.

27 Сўнгра Эгамиз Ҳорунга:

— Мусони кутиб олгани саҳрога бор! — деб амр берди. Шундай қилиб, Ҳорун Мусони кутиб олгани Худонинг муқаддас тоғига кетди. Ҳорун Мусони топгач, у билан қуюқ саломлашди.

28 Мусо Эгамизнинг айтган ҳамма гапларини Ҳорунга гапириб берди. Бажариши керак бўлган ҳамма мўъжизалар ҳақида ҳам Ҳорунга сўзлаб берди.

29 Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун Мисрга боришгач, Исроилнинг барча оқсоқолларини тўпладилар.

30 Ҳорун Эгамизнинг Мусога айтган ҳамма гапларини оқсоқолларга сўзлаб берди. Уларнинг кўзи олдида мўъжизаларни кўрсатди.

31 Оқсоқоллар эшитиб кўрганларига ишондилар. Эгамиз Ўз халқини кузатиб турганини, уларнинг чеккан азобларини кўрганини эшитиб, Унга таъзим этиб, сажда қилдилар.

Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузурида

1 Шундан кейин Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузурига бориб, унга шундай дедилар:

— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Халқимга ижозат бер, улар саҳро ичкарисига бориб, Менга атаб байрам нишонлашсин.”

2 Фиръавн эса:

— Эгангиз ким ўзи?! Унинг сўзига кириб Мен Исроил халқини қўйиб юборайми?! — деди. — Эгангизни танимайман, Исроил халқининг кетишига эса ижозат бермайман.

3 Шунда Мусо билан Ҳорун:

— Ибронийларнинг Худоси бизга Ўзини зоҳир қилди, — деб жавоб беришди. — Ижозат беринг, саҳрода уч кун йўл юриб бориб, Эгамиз Худога қурбонликлар келтирайлик. Акс ҳолда, У бизни ё ўлатга мубтало қилади, ёки қиличнинг дамига рўпара қилиб жазолайди.

4 Лекин Миср фиръавни:

— Эй Мусо! Эй Ҳорун! Нимага халқни ишдан қолдиряпсизлар?! — деди. — Боринглар, ишларингизни қилинглар!

5 Қаранглар, бу ерда қанча қароллар бор–а! Сизлар бўлса, уларни чалғитиб, ишдан қўймоқчисизлар!

6 Ўша куни фиръавн Исроил халқининг тепасида турган Мисрлик назоратчиларга ва Исроил халқидан бўлган ишбошиларга шундай фармон берди:

7 “Исроил халқига ғишт қуйгани энди олдингидай сомон берманглар. Ўзлари юриб сомон йиғишсин.

8 Олдин қанча ғишт қуйишган бўлса, бундан кейин ҳам шунча ғишт қуйишга мажбур қилинглар. Ғишт қуйиш миқдорини ҳеч ҳам камайтирманглар. Улар дангаса халқ. Шунинг учун улар, ижозат беринг, бориб, Худойимизга қурбонликлар келтирайлик, деб нола қилишяпти.

9 Уларни шунақанги ишлатингларки, иш билан қаттиқ банд бўлиб, беҳуда гапларга қулоқ солишмасин.”

10 Шундай қилиб, Исроил халқининг тепасида турган Мисрлик назоратчилар билан Исроил халқидан бўлган ишбошилар бориб, Исроил халқига айтдилар:

— Фиръавн шундай демоқда: “Сизларга энди сомон бермайман.

11 Боринглар! Қаердан бўлса ҳам ўзларингиз сомон топинглар. Лекин қуяётган ғиштингизнинг миқдори асло камаймасин.”

12 Исроил халқи сомон ўрнига хас–чўп йиғиш учун бутун Миср юрти бўйлаб тарқалиб кетди.

13 Назоратчилар эса уларни сиқувга олар эдилар. “Кундалик ишларингизни сомон берилган кунлардагидай камайтирмасдан бажаринглар”, деб айтардилар.

14 Фиръавннинг назоратчилари ўзлари хизматга тайинлаган Исроил халқи ишбошиларини калтаклаб: “Нимага кеча ҳам, бугун ҳам, олдингидай, белгиланган миқдордаги ғиштни қуймаяпсизлар?” деб талаб қилардилар.

15 Шундан сўнг Исроил халқининг ишбошилари фиръавн ҳузурига бориб, фарёд қилдилар:

— Нимага биз, қулларингизга, бундай муомала қиляпсиз?

16 Бизга сомон беришмайди–ю, “Ғишт қуйинглар!” деб буйруқ қилишади. Биз калтак остида қолдик–ку! Айбдор эса сизнинг одамларингиз.

17 Фиръавн эса:

— Дангасасизлар, дангаса! — дея жавоб берди. — Шунинг учун: “Ижозат бер, бориб, Эгамизга қурбонликлар келтирайлик”, деяверасизлар.

18 Боринглар, ишланглар! Сизларга сомон берилмайди. Лекин белгиланган миқдордаги ғиштни қуясизлар.

19 Шунда Исроил халқининг ишбошилари: “Кунда белгиланган ғишт миқдорини камайтирмасдан қуясизлар!” деган гапни эшитиб, қийин аҳволда қолганларини тушундилар.

20 Улар фиръавн ҳузуридан чиқишлари билан, Мусо билан Ҳорунга дуч келишди. Иккови уларни кутиб турган эди.

21 Исроил халқи ишбошилари:

— Сизлар бизни фиръавнга, унинг аъёнларига ёмон кўрсатиб қўйдингизлар, — дейишди. — Бизни ўлдиришига сабаб топиб бердингиз. Эгамиз қилмишларингизни кўриб, жазоингизни берсин!

Мусо Эгамизга шикоят қилади

22 Шундан кейин Мусо уларнинг олдидан кетиб, Эгамизга илтижо қилди:

— Ё Раббий! Нимага бу халқни шунчалик кулфатга қўйдинг? Нимага мени юбординг?

23 Фиръавнга Сенинг хабарингни олиб келишим биланоқ, у халқингга баттар ваҳшийлик қила бошлади. Сен эса Ўзингнинг халқингни озод қилмадинг.

Эгамиз Исроил халқини қутқаришга ваъда беради

1 Шундан сўнг Эгамиз Мусога айтди:

— Фиръавнни нима қилишимни энди кўрасан. У қудратли кучимни кўргандан кейин, халқимнинг кетишига ижозат берибгина қолмайди, ҳатто халқимни ўз юртидан қувиб юборади.

2 Худо Мусога яна деди:

— Мен Эгангизман.

3 Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга Мен Қодир Худо бўлиб Ўзимни зоҳир қилдим. Аммо уларга Мен, уларнинг Эгаси деб танилмаган эдим.

4 Улар Канъон юртида мусофир бўлиб яшаган эдилар. Ўша юртни сизларга бераман, деб улар билан аҳд қилдим.

5 Мисрликлар қул қилган Исроил халқининг фарёдини аниқ эшитдим. Мен ўша аҳдимни ёдимда тутаман.

6 Шундай қилиб, бу тўғрида Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Мен Эгангизман. Мен сизларни Мисрликларнинг зулмидан озод қиламан, қулликдан олиб чиқаман. Қудратли кучим ва ҳукмнинг буюк ишлари билан сизларни қулликдан озод қиламан.

7 Мен сизларни Ўзимнинг халқим қиламан, сизларнинг Худойингиз бўламан. Сизларни Мисрликларнинг зулмидан халос қилган Эгангиз Худо Мен эканлигимни ўшанда билиб оласизлар.

8 Мен Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга онт ичиб, бераман деган юртга сизларни олиб бораман. Ўша юртни сизларга мулк қилиб бераман. Мен Эгангизман.”

9 Мусо бу гапларни Исроил халқига айтган эди, аммо халқ унинг гапларига қулоқ солмади. Чунки халқ оғир зулм остида қолиб, руҳан тушкунликка тушган эди.

10 Шундан кейин Эгамиз Мусога айтди:

11 — Миср фиръавни ҳузурига бориб айт: Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетишига ижозат берсин.

12 — Гапимга Исроил халқи қулоқ солмади–ю, фиръавн қулоқ солармиди?! — деди Мусо. — Қолаверса, яхши гапира олмайман–ку!

13 Аммо Эгамиз Мусо билан Ҳорунга амр қилди: “Миср фиръавни олдига қайтиб боринглар. Исроил халқи Мисрдан кетишига ижозат беринг, деб талаб қилинглар.”

Мусо ва Ҳоруннинг насл–насаби

14 Баъзи Исроил қабилаларининг уруғбошилари қуйидагилардир:

Ёқубнинг тўнғич ўғли Рубеннинг Ханўх, Паллув, Хазрон ва Карми деган ўғиллари бор эди. Улардан Рубен қабиласининг уруғлари келиб чиққан.

15 Шимўннинг Ямувол, Ёмин, Охад, Ёхин, Зўхар ва Канъонлик аёлдан туғилган Шовул деган ўғиллари бор эди. Улардан Шимўн қабиласининг уруғлари келиб чиққан.

16 Леви 137 йил яшади. Унинг Гершон, Қоҳот ва Марори деган ўғиллари бор эди.

17 Гершоннинг Лубнах ва Шимах деган ўғиллари бор эди.

18 Қоҳот 133 йил яшади. Унинг Имром, Изхор, Хеврон ва Узиёл деган ўғиллари бор эди.

19 Марорининг Махли ва Муши деган ўғиллари бор эди. Уларнинг ҳаммасидан Леви қабиласининг уруғлари келиб чиқди.

20 Имром 137 йил яшади. У ўзининг аммаси Йўхавадга уйланди. Йўхавад Имромга Ҳорун ва Мусони туғиб берди.

21 Изхорнинг Кўрах, Нафах ва Зихри деган ўғиллари бор эди.

22 Узиёлнинг Мишаил, Элзафан ва Ситри деган ўғиллари бор эди.

23 Ҳорун Элишбага уйланди. У Оминадавнинг қизи, Нахшўннинг синглисидир. Элишба Ҳорунга тўртта ўғил: Надов, Абиҳу, Элазар ва Итамарни туғиб берди.

24 Кўрахнинг Асер, Элқана ва Абуасаф деган ўғиллари бор эди. Улардан Кўрах уруғлари келиб чиқди.

25 Ҳоруннинг ўғли Элазар Футиёлнинг қизларидан бирига уйланди. Хотини Элазарга Финхазни туғиб берди.

Уруғлари бўйича Леви қабиласининг уруғбошилари ана шулардир.

26 Юқорида айтиб ўтилган Ҳорун ва Мусога Эгамиз: “Исроилнинг ҳар бир оиласи ва қабиласини Мисрдан олиб чиқинглар!” деб амр берди.

27 Улар: “Исроил халқини озод қилинг”, деб Миср фиръавнига буйруқ бердилар.

Ҳорун Мусонинг ўрнига гапиради

28 Шундай қилиб, Эгамиз Мусо билан Мисрда гаплашганда,

29 унга: “Мен Эгангизман, сенга айтганларимнинг ҳаммасини Миср фиръавнига етказ!” деб амр берган эди.

30 Мусо эса Эгамизнинг олдида: “Мен яхши гапира олмайман–ку! Фиръавн менинг гапимга қулоқ солмайди!” деган эди.

1 Эгамиз Мусога айтди:

— Қараб тур, аканг Ҳорунни сенинг ўрнингга гапирадиган қиламан. Сени фиръавн учун Худодай қилиб қўяман. Ҳорун эса сенинг пайғамбаринг бўлиб, гапларингни фиръавнга етказади.

2 Мен сенга айтган ҳамма амрларни акангга айт. Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетиши учун ижозат бер, деб Ҳорун фиръавнга айтади.

3 Лекин Мен аломату мўъжизаларимни Миср юртида кўрсатай деб, фиръавннинг юрагини тош қилиб қўяман.

4 Фиръавн сизларнинг гапингизга қулоқ солмайди. Ўшанда Мен Мисрга қарши қўл кўтариб, унга кўп кулфатлар келтираман. Кейин ҳукмнинг қудратли ишлари билан Исроил оилаларини ва қабилаларини олиб чиқаман.

5 Мисрга қарши қўл кўтариб, Исроил халқини Мисрликларнинг орасидан олиб чиққанимда, Эгангиз Мен эканлигимни Миср халқи билиб олади.

6 Мусо билан Ҳорун Эгамизнинг амрига биноан иш тутдилар.

7 Улар фиръавн билан гаплашганларида, Мусо саксон ёшда, Ҳорун саксон уч ёшда эди.

Ҳоруннинг таёғи

8 Эгамиз Мусо билан Ҳорунга гапирди:

9 — Фиръавн сизларга: “Бирорта ажойибот кўрсатинглар–чи”, деб айтса, Ҳорунга буюр, таёқни олиб, фиръавннинг олдига ташласин. Таёқ илонга айланиб қолади.

10 Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузурига бордилар. Эгамиз амр этгандай иш тутдилар: Ҳорун таёғини фиръавн ва унинг аъёнлари олдига ташлаган эди, таёқ ўша заҳоти илонга айланиб қолди.

11 Шунда фиръавн ҳам ўзининг сеҳргарларини — донишмандларини ва фолбинларини чақирди. Миср сеҳргарлари сеҳр–жодуларини ишлатиб, ўшанақа мўъжиза кўрсатдилар.

12 Ҳар бири таёғини ерга ташлаган эди, таёқ илонга айланиб қолди. Ҳоруннинг илони Миср сеҳргарларининг илонларини ютиб юборди.

13 Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолди, Мусо билан Ҳоруннинг гапига у қулоқ солмади.

Биринчи фалокат: Нил дарёси қонга айланади

14 Шундан кейин Эгамиз Мусога айтди:

— Барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, халқимнинг кетишига ижозат беришни истамаяпти.

15 Эртага эрталаб фиръавннинг олдига бор. У дарёга боради. Сен уни дарё бўйида кутиб тур. Илонга айланган таёғинг қўлингда бўлсин.

16 Фиръавнга шундай деб айт: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз мени сенинг ҳузурингга шу гапни айтгани юборди: «Менинг халқимга ижозат бер, улар саҳрога бориб, Менга сажда қилишсин.» Сен ҳамон Эгамизнинг гапига қулоқ солмаяпсан.

17 Эгамиз шундай айтмоқда: «Эгангиз Мен эканлигимни энди билиб оласан.» Қўлимдаги мана бу таёқни Нил дарёсининг сувига урганимда, сув қонга айланади.

18 Дарёдаги балиқлар нобуд бўлади. Дарё сасиб кетади. Миср халқи дарё сувини ичолмайди.”

19 Сўнгра Эгамиз Мусога шундай деди:

— Ҳорунга айт, таёқни қўлига олиб, Миср сувлари томонга — Мисрдаги дарёлар, анҳорлар, кўллар, ҳамма сув ҳавзалари томонга узатсин. Мисрдаги ҳамма жойларда сув қонга айланади, ҳатто бутун Миср юртидаги ёғоч ва тош идишлардаги сувлар ҳам қонга айланади.

20 Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун Эгамиз амр этгандай қилишди: Ҳорун фиръавн ва унинг аъёнлари кўзи олдида таёғини кўтариб дарё сувига урган эди, шу заҳоти дарё суви қонга айланиб қолди.

21 Дарёдаги балиқлар нобуд бўлиб, дарё суви сасиб кетди. Миср халқи дарё сувини ичолмай қолди. Мисрнинг ҳамма ери қонга тўлиб кетди.

22 Миср сеҳргарлари ҳам сеҳр–жодуларини ишлатиб, худди ўшандай қилдилар. Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолди, Мусо билан Ҳоруннинг гапига у қулоқ солмади.

23 Бўлиб ўтган мўъжизадан фиръавннинг юраги қилт этмасдан, саройига қайтди.

24 Дарё сувини ичиб бўлмагани сабабли, Миср халқи ичимлик суви топиш учун дарё яқинида қудуқлар ковлай бошладилар.

25 Эгамиз Нил дарёси сувини қонга айлантиргандан кейин етти кун давомида сув қон бўлиб оқаверди.

Иккинчи фалокат: қурбақа офати

1 Эгамиз Мусога яна айтди:

— Фиръавннинг ҳузурига бориб, Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда: Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин.

2 Агар сен халқимга ижозат беришдан бош тортсанг, бутун юртингга қурбақа юбориб шикаст етказаман.

3 Дарё қурбақалар билан тўлиб–тошади. Қурбақалар дарёдан чиқиб, сенинг саройингга, ётоқхонангга, тўшагингга, аъёнларингу халқингнинг уйларига, тандирларига ва хамир тоғораларига ҳам кириб олади.

4 Қурбақалар сенинг, Миср халқининг ва барча аъёнларингнинг устиларида сакраб юради.”

5 Эгамиз Мусога яна гапирди:

— Ҳорунга айт, у қўлидаги таёғини дарёлар, анҳорлар, кўллар томонга узатиб, қурбақаларни чиқарсин. Миср юртини қурбақалар босиб кетсин.

6 Ҳорун таёғини Миср сувлари томонга узатди. Ўша заҳоти қурбақалар чиқиб, Мисрни босиб кетди.

7 Мисрлик сеҳргарлар ҳам сеҳр–жодулари билан Миср юртига қурбақалар чиқардилар.

8 Шунда фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб айтди:

— Эгангизга: “Фиръавнни ва унинг халқини Ўзинг қурбақалардан халос қилгин”, деб ибодат қилинглар. Шундан кейин Исроил халқига кетгани ижозат бераман, токи улар бориб Эгангизга қурбонликлар келтирсин.

9 Шунда Мусо фиръавнга деди:

— Хўп, вақтини ўзинг тайинла. Қурбақалар сизлардан, хонадонларингиздан йўқолсин, фақат Нил дарёсида қолсин деб, сен учун, аъёнларинг ва халқинг учун қачон ибодат қилай?

10 — Эртага, — деди фиръавн.

— Бўпти, сен айтгандай бўлади! — деб жавоб берди Мусо. — Ўшанда Эгамиз Худога ўхшаган худо йўқлигини билиб оласан.

11 Қурбақалар сендан, аъёнларингдан, халқингдан ва хонадонларингиздан йўқолади. Фақат Нилда қолади, холос.

12 Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузуридан чиқдилар. Фиръавн бошига келтирган қурбақа офатини йўқ қилгин, деб Мусо Эгамизга илтижо қилди.

13 Эгамиз Мусонинг илтижосини эшитди, уйлардаги, ҳовлилардаги ва далалардаги қурбақалар ўлди.

14 Қурбақаларнинг ўлигини уюм–уюм қилдилар. Миср юртини қўланса ҳид тутиб кетди.

15 Лекин фиръавн Миср юрти қурбақадан халос бўлганини кўргач, Эгамиз айтгандай, юрагини тош қилиб, Мусо билан Ҳоруннинг гапига қулоқ солмади.

Учинчи фалокат: бурга офати

16 Эгамиз Мусога гапиришда давом этди:

— Ҳорунга буюр, у таёғини узатиб, ернинг чангига урсин. Шунда ердаги чанг бургага айланиб, бутун Мисрни қоплайди.

17 Улар Эгамизнинг айтганини қилдилар: Ҳорун қўлидаги таёғини узатиб, ернинг чангига урган эди, инсонлар билан ҳайвонларнинг устига бурга ёпирилди. Бутун Миср ерининг чанги бургага айланди.

18 Одамларни, ҳайвонларни бурга босиб кетди. Сеҳргарлар ҳам сеҳр–жодулари билан чангни бургага айлантирмоқчи бўлдилар, лекин уддасидан чиқолмадилар.

19 Улар фиръавнга: “Бу Худонинг иши”, дейишди. Лекин Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Мусо билан Ҳоруннинг айтганларига қулоқ солмади.

Тўртинчи фалокат: сўна офати

20 Эгамиз Мусога яна гапирди:

— Эртага саҳарда ўрнингдан тур. Фиръавн дарёга бораётганда, унинг олдига боргин–да, Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда: Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин.

21 Агар халқимни қўйиб юбормасанг, Мен ўзингнинг, аъёнларингнинг, халқингнинг устига сўналар галасини юбориб жазолайман. Мисрликларнинг уйлари, улар яшаётган ер сўнага тўлиб–тошади.

22 Лекин ўша куни Ўз халқим яшаётган Гўшен ерларини ажратиб қўяман. У ерда сўна бўлмайди. Мен, Эгангиз, бу юртда бор эканлигимни билиб олинглар деб, шуни қиламан.

23 Мен Ўз халқим билан сенинг халқингни айириб қўяман. Бу мўъжиза эртага юз беради.”

24 Эгамиз айтганини қилди: фиръавннинг саройига, аъёнларининг уйларига гала–гала сўна юборди. Бутун Миср юрти сўна оқибатида хароб бўлди.

25 Шундан сўнг фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб: “Боринглар, шу юрт ичида Худойингизга қурбонликлар келтираверинглар”, деб айтди.

26 — Бундай қилсак, тўғри бўлмайди, — деб жавоб берди Мусо. — Эгамиз Худога ҳайвонларни қурбонлик қилсак, Мисрликлар буни жирканч деб ҳисоблайдилар. Мисрликлар қабиҳ деб ҳисоблаган ишни яна уларнинг кўзи олдида қилсак, бизни тошбўрон қилмайдиларми?!

27 Эгамиз Худо, бизга амр этгандай, Унга қурбонликлар келтиргани саҳрода уч кун йўл юриб боришимиз керак.

28 — Майли, ижозат бераман, — деди фиръавн. — Саҳрога бориб, Эгангиз Худога қурбонликлар келтиринглар. Лекин узоққа кетмайсизлар. Энди сен ҳозироқ мен учун ибодат қил.

29 — Ҳузурингдан чиқишим биланоқ Эгамизга: “Эртага сўналар фиръавндан, аъёнларидан, халқидан даф бўлсин”, деб ибодат қиламан, — деди Мусо. — Лекин халқ Эгамизга қурбонликлар келтиргани кетаётганда, бизни алдама, ижозат бермай қўйма.

30 Мусо фиръавн ҳузуридан чиқиб, Эгамизга ибодат қилди.

31 Эгамиз Мусонинг ибодатини эшитди. Фиръавндан, унинг аъёнларидан, Миср халқидан сўналарни даф қилди. Бирорта ҳам сўна қолмади.

32 Лекин фиръавн бу сафар ҳам юрагини тош қилиб, халққа кетишга ижозат бермади.

Бешинчи фалокат: чорванинг ўлими

1 Шундан кейин Эгамиз Мусога яна гапирди:

— Фиръавннинг ҳузурига бориб, унга Менинг шу гапимни етказ: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: «Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилишсин.»

2 Агар ижозат бермай, Исроил халқини ушлаб тураверсанг,

3 чорвангни — отларингни, эшакларингни, туяларингни, мол–қўйларингни Эгамиз Ўз қудрати билан уриб, оғир ўлат касали юборади.

4 Эгамиз Исроил халқи билан Мисрликларнинг чорвасини айириб қўяди. Исроил халқининг чорвасидан бирортасиям нобуд бўлмайди.

5 Эгамиз вақтини ҳам белгилаб, айтганларим эртага бу юртда бажо бўлади, деб айтди.”

6 Эртаси куни Эгамиз айтганларини қилди: Мисрликларнинг чорваси қирилиб кетди. Исроил халқининг чорвасидан эса бирортасини ҳам нобуд қилмади.

7 Фиръавн одам юбориб билдики, Исроил халқининг чорвасидан бирортасиям нобуд бўлмабди. Лекин барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Исроил халқига кетишга ижозат бермади.

Олтинчи фалокат: чипқон офати

8 Шундан кейин Эгамиз Мусо билан Ҳорунга яна айтди:

— Ўчоқдан бир оз кул олинглар. Мусо кулни фиръавннинг кўзи олдида осмонга сочсин.

9 Шунда кул чангга айланиб, бутун Мисрни чанг қоплайди. Кул бутун юртдаги инсонларнинг, ҳайвонларнинг танасига яллиғланган чипқон чиқаради.

10 Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун ўчоқдан кул олиб, фиръавн ҳузурига бордилар. Мусо кулни осмонга сочган эди, кул одамларда ва ҳайвонларда яллиғланган чипқон пайдо қилди.

11 Сеҳргарлар ҳам Мусонинг олдида чипқон оғриғига чидаб туролмадилар. Чунки барча Мисрликлар каби, сеҳргарларга ҳам чипқон чиққан эди.

12 Аммо Эгамиз фиръавннинг юрагини тош қилиб қўйди. У Мусога айтгандай, Мусо билан Ҳоруннинг гапига фиръавн қулоқ солмади.

Еттинчи фалокат: дўл офати

13 Эгамиз Мусога яна деди:

— Саҳар пайти тур. Фиръавннинг ҳузурига бориб, унга Менинг шу гапимни етказ: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз айтмоқда: Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин.

14 Агар ижозат бермасанг, бу дунёда Менга ўхшаган худо йўқлигини билиб оласан деб, Мен ўзингнинг, аъёнларингнинг, халқингнинг устига жуда оғир фалокатларни юбораман.

15 Ҳақиқатан, Мен сенга қарши қўл кўтариб, ўзинг ва халқингни ўлатга дучор қилиб, ер юзидан қириб юборган бўлардим.

16 Аммо сенга қудратимни кўрсатай, бутун оламга шуҳратимни ёяй деб, яшашингга изн бердим.

17 Сен халқимнинг кетишига ижозат бермай, уларга қаршилик қиляпсан.

18 Билиб қўй, Мен эртага шу вақтда шунақанги дўл ёғдираманки, Миср юрти пайдо бўлгандан буён бунақа дўлни кўрмаган.

19 Энди, чорвамни ва очиқ жойлардаги бор мол–мулкимни пана жойларга йиғинглар, деб фармон бер. Дўл ёққанда очиқ далада қолган ҳамма одамлару ҳайвонлар нобуд бўлади.”

20 Фиръавннинг аъёнларидан баъзилари Эгамизнинг сўзларидан қўрқиб, қулларини ва чорвасини дарров уйларига олиб келдилар.

21 Эгамизнинг сўзларини менсимаганлар эса қуллари билан чорвасини очиқ жойда қолдирдилар.

22 Эгамиз Мусога:

— Қўлингни осмонга узат! — деди. — Мисрнинг ҳамма жойига, одамларнинг, ҳайвонларнинг, даладаги жамики экинларнинг устига дўл ёғади.

23 Мусо таёғини осмонга тўғри кўтарган эди, Эгамиз момақалдироқ ва дўл пайдо қилди, ерга яшин тушди. Шундай қилиб, Эгамиз Миср юртига дўл юборди.

24 Натижада ғоят кучли дўл ёғиб, узоқ вақт яшин чақнади. Миср пайдо бўлгандан бери бунақанги дўлни кўрмаган эди.

25 Дўл Мисрда очиқ жойлардаги ҳамма нарсани — инсондан тортиб, ҳайвонлару экин–тикинларгача нобуд қилди. Дарахтларни ер билан яксон қилди.

26 Фақат Исроил халқи яшаётган Гўшен ерларига дўл ёғмади.

27 Фиръавн шундан сўнг Мусо билан Ҳорунни чақиртириб келиб шундай деди:

— Бу сафар мен айбдорман. Эгангиз ҳақ, мен билан халқим эса ноҳақмиз.

28 Бу даҳшатли момақалдироқ билан дўлга ортиқ бардош беролмаймиз. Илтимос, Эгангиздан сўранг, буларни тўхтатсин. Халқингиз кетишига ижозат бераман. Сизлар энди Мисрда ортиқ қолмайсизлар.

29 — Шаҳардан чиқишим биланоқ қўлларимни Эгамизга чўзиб илтижо қиламан, — деди Мусо. — Момақалдироқ тўхтайди, дўл ҳам ёғмайди. Ўшанда бутун олам Эгамизники эканини биласан.

30 Лекин шуниси менга маълумки, ўзинг, аъёнларинг ҳали ҳам Парвардигор Эгамиздан қўрқмайсизлар.

31 Бу пайтда арпа бошоқлаган, зиғирпоя гуллаб қолганди. Зиғирпоя ва арпа пайҳон бўлди.

32 Бироқ буғдой кечки бўлгани учун зарар кўрмади.

33 Мусо фиръавн ҳузуридан чиқиб, шаҳардан ташқарига борди. У қўлларини Эгамиз томон узатган эди, момақалдироқ ва дўл тўхтади, ёмғир ҳам тинди.

34 Ёмғир тиниб, дўл ва момақалдироқ тўхтаганини фиръавн кўрди–ю, яна гуноҳга қўл урди. Ўзи ҳам, аъёнлари ҳам юрагини тош қилиб олдилар.

35 Эгамиз Мусо орқали айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Исроил халқига кетишга ижозат бермади.

Саккизинчи фалокат: чигиртка офати

1 Эгамиз Мусога амр берди:

— Фиръавннинг ҳузурига бор! Мен, мўъжизаларимни уларнинг орасида кўрсатай деб, фиръавнни ва унинг аъёнлари юрагини тош қилиб қўйдим.

2 Мисрликларни масхара қилдим, уларга мўъжизалар кўрсатдим. Энди сизлар болаларингизга, набираларингизга буларни айтиб берасизлар деб, шу ишларни қилдим. Ана шунда Эгангиз Мен эканлигимни ҳаммаларингиз билиб оласизлар.

3 Мусо билан Ҳорун фиръавннинг ҳузурига бориб, унга Эгамизнинг шу гапини етказдилар:

— Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Сен қачонгача Менга итоат этмай юрасан?! Халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилишсин.

4 Агар халқимнинг кетишига ижозат бермасанг, Мен эртага юртингга чигирткалар юбораман.

5 Чигирткалар ер юзини шунақанги қоплайдики, ер тамомила кўринмай қолади. Дўлдан омон қолган ҳосилингизни, далада ўсган жамики дарахтларингизни чигирткалар еб битиради.

6 Саройинг, аъёнларингнинг уйлари, ҳамма Мисрликларнинг хонадонлари чигирткага тўлиб кетади. Ота–боболаринг ер юзида пайдо бўлгандан буён бунақасини кўрмаган.”

Шундан кейин Мусо фиръавннинг ҳузуридан бурилиб чиқиб кетди.

7 Шунда аъёнлар фиръавнга:

— Бу одам бизга тузоқ бўлса ҳам, қачонгача индамайсиз?! — дедилар. — Ижозат беринг ўшаларга! Кетаверишсин. Эгаси Худога сажда қилишсин. Кўрмаяпсизми, Миср хароб бўлди–ку!

8 Шундан сўнг Мусо билан Ҳорунни фиръавн ўз ҳузурига чақиртирди. Фиръавн икковига деди:

— Майли, боринглар, Эгангиз Худога сажда қилинглар. Аммо сизлардан кимлар боради?

9 — Ёшу қари — ҳаммамиз бирга кетамиз, — деб жавоб берди Мусо. — Ўғилларимизни, қизларимизни, мол–қўйларимизни ҳам олиб кетамиз. Эгамизга атаб байрам нишонлашимиз керак.

10 Фиръавн қаршилик қилди:

— Агар хотинларингиз ва болаларингиз билан кетишларингизга ижозат берсам, Эгангиз албатта сизлар билан бўлади! Ниятингиз ёмонлиги очиқ кўриниб турибди.

11 Йўқ, уларга асло жавоб бермайман! Эгангизга сажда қилгани боришни истаётган сизлар эмасми?! Жуда яхши. Фақат эркакларни олинглар–у, кетаверинглар.

Шунда Мусо билан Ҳорунни фиръавннинг ҳузуридан ҳайдадилар.

12 Эгамиз Мусога:

— Қўлингни Миср узра узат! — деб амр берди. — Миср юртига чигиртка ёғилсин. Чигирткалар бу юртдаги ҳамма ўсимликларни, дўлдан омон қолган ҳамма экин–тикинни еб битирсин.

13 Мусо таёғини Миср узра узатган эди, Эгамиз бу юртга шарқдан шамол эстирди. Бир кеча–кундуз шамол эсди. Шарқдан эсган шамол эрталабгача чигирткаларни олиб келди.

14 Бутун Миср юртига чигиртка ёпирилди. Мисрнинг ҳамма жойини чигиртка босиб кетди. Чигирткалар шунчалик уйилиб кетдики, илгари бунақаси бўлмаган эди, бундан кейин ҳам бўлмайди.

15 Ер юзини чигиртка босиб кетганидан, ер қоп–қора бўлиб қолди. Жамики экин–тикинни, дўлдан омон қолган дарахтлардаги мева–чеваларни чигиртка еб битирди. Мисрдаги бирор дарахтда, бирор ўсимликда яшил барг қолмади.

16 Фиръавн зудлик билан Мусо билан Ҳорунни чақиртириб, уларга айтди:

— Эгангиз Худога ва ўзларингизга қарши гуноҳ қилдим.

17 Ўтинаман, бир мартагина гуноҳимдан кечиб, Эгангиз Худога илтижо қилинглар. Бу ҳалокатли офатни мендан даф қилсин.

18 Мусо фиръавннинг ҳузуридан чиқиб, Эгамизга ибодат қилди.

19 Эгамиз ғарбдан жуда кучли шамол эстирди. Шамол чигирткаларни Қизил денгизга учириб олиб кетди. Миср юртида биронта ҳам чигиртка қолмади.

20 Лекин Эгамиз фиръавннинг юрагини яна тош қилиб қўйди ва фиръавн Исроил халқига кетишга ижозат бермади.

Тўққизинчи фалокат: зулмат

21 Эгамиз Мусога:

— Қўлингни осмонга узат! — деб амр берди. — Мисрни қўрқинчли зулмат қоплайди.

22 Мусо қўлини осмонга узатди. Шундан кейин Миср уч кун давомида зимзиё зулмат ичида қолди,

23 биров бировни кўра олмади. Натижада ҳеч ким бирон жойга юриб бора олмади. Исроил халқи яшаётган ер эса ёруғ эди.

24 Фиръавн яна Мусони чақиртириб, унга:

— Боринглар, Эгангизга сажда қилаверинглар, — деди. — Бола–чақаларингизни олиб кетаверинглар. Аммо мол–қўйларингизни қолдириб кетасизлар.

25 — Бўлмайди! — деди Мусо. — Чорвамизни ҳам олиб кетишимизга ижозат беришинг керак. Биз Эгамиз Худога қурбонликлар ва куйдириладиган қурбонликлар келтирамиз.

26 Ҳамма чорвамизни ўзимиз билан олиб кетамиз, орқада биронта ҳам туёқ қолмаслиги керак. Эгамиз Худога сажда қилганимизда, қурбонликларни шу мол–қўйларимиздан оламиз. У ерга бормагунимизча, Эгамизга нимани қурбонлик қилишимизни билмаймиз–ку!

27 Шундай қилиб, Эгамиз яна фиръавннинг юрагини тош қилиб қўйди. Фиръавн ўжарлик қилиб, Исроил халқига кетишга ижозат бермади.

28 Охири фиръавн Мусога:

— Йўқол бу ердан! — деб бақирди. — Эҳтиёт бўл, бундан кейин зинҳор кўзимга кўринма! Кўзимга кўринган заҳоти ўласан!

29 — Сен айтганингдай бўлсин! — деди Мусо. — Бундан кейин кўзингга кўринмайин!

Мусо охирги фалокатни фиръавнга аён қилади

1 Эгамиз Мусога айтганди: “Мен фиръавннинг бошига ҳам, Миср юртига ҳам яна битта фалокат юбораман, ўшандан кейингина бу ердан кетишингизга у сизларга ижозат беради. Бу юртдан ўзи сизларни ҳатто ҳайдаб чиқаради.

2 Энди Исроил халқига айт: ҳамма эркагу аёл Мисрлик қўшнисидан олтин, кумуш тақинчоқлар сўраб олсин.”

3 Эгамиз Мисрликларни шундай қилдики, улар Исроил халқига илтифот кўрсатдилар. Мусони ҳам Миср юртида, фиръавннинг аъёнлари, Миср халқи кўз олдида ғоят улуғ қилган эди.

4 Шунда Мусо фиръавнга деди:

— Эгамиз шундай айтмоқда: “Тун ярмида Миср бўйлаб юраман.

5 Шунда Мисрдаги ҳамма тўнғич ўғиллар — тахтда ўтирган фиръавннинг тўнғичидан тортиб, қўл тегирмонида ўтириб ишлаётган чўри хотиннинг тўнғич ўғлигача нобуд бўлади. Ҳатто чорванинг биринчи эркак боласигача нобуд бўлади.

6 Бутун Миср бўйлаб қаттиқ фарёд кўтарилади. Бунақа воқеа илгари бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди.

7 Исроил халқи яшаган ерларда эса тинчлик ҳукм суради. Уларга қарашли бирорта одамга ёки бирорта ҳайвонга ҳатто ит ҳам ҳуриб қўймайди. Ўшанда Мен, Эгангиз, Исроил халқини Миср халқидан айирганимни билиб оласизлар.”

8 Ўшанда аъёнларинг ҳаммаси келиб, менга икки букилиб таъзим қилади. Менга: “Сен ҳам, сенга эргашган халқинг ҳам кетинглар”, деб ёлворасизлар. Мен ўшандан кейин кетаман.

Мусо ғазаб билан фиръавннинг ҳузуридан чиқиб кетди.

9 Эгамиз Мусога шундай деган эди: “Мисрда Менинг ажойиботларим кўпайиши учун фиръавн сизларнинг гапингизга қулоқ солмайди.”

10 Мусо билан Ҳорун фиръавннинг олдида ҳамма ажойиботларни кўрсатиб бўлдилар. Лекин Эгамиз фиръавннинг юрагини тош қилиб қўйди. Фиръавн ўз юртидан Исроил халқининг кетишига ижозат бермади.

Фисиҳ зиёфати ва Хамиртурушсиз нон байрами тўғрисида кўрсатмалар

1 Мусо билан Ҳорун Мисрда яшар эканлар, Эгамиз уларга қуйидаги кўрсатмаларни берди:

Фисиҳ зиёфати

2 “Бу ой сизлар учун илк ой — йилнинг биринчи ойи бўлади.

3 Исроил халқининг бутун жамоасига етказинглар: шу ойнинг ўнинчи кунида оила бошлиқлари битта қўзи ёки улоқча танлайди. Буни хонадондагилар тановул қилади.

4 Битта жонлиқ бир оилага кўплик қиладиган бўлса, оила аъзоларининг сони ва бир одам тановул қиладиган гўшт миқдори ҳисоблаб чиқилади. Сўнгра ўша оила жонлиқ гўштини ёнидаги қўшниси билан бўлишади.

5 Нуқсонсиз, бир яшар эркак жонлиқни танлаб олинглар.

6 Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурунгача қўзиларни алоҳида сақланглар. Сўнгра Исроил халқи жамоасининг ҳар бир хонадони ўзининг қўзисини сўйиши лозим.

7 Сўнг улар қурбонликнинг қонидан олиб, қурбонлик гўшти тановул қилинадиган уйнинг эшиги кесакиси ёнларига ва тепасига суртишсин.

8 Ўша куни кечқурун гўштни оловда пиширишсин ва ўша гўштни, хамиртурушсиз нон ҳамда тахир ўтларни тановул қилишсин.

9 Қурбонлик гўштининг сувда қайнатилганини ёки хомини тановул қилишмасин. Калла–поча ва ичак–човоқларини оловда пишириб ейишсин.

10 Гўштдан эрталабгача қолмасин. Агар ортиб қолса, эрталабга қолдирмай оловда куйдиринглар.

11 Гўштни тановул қилаётганингизда, шай туринглар. Чориғингиз оёғингизда, таёғингиз қўлингизда бўлсин, тез–тез енглар. Мен, Эгангизга бағишланган Фисиҳ қурбонлиги шудир.

12 Ўша тунда Мен Мисрнинг бу бошидан нариги бошигача ўтиб, инсонларнинг ҳар бир тўнғич ўғилларини ҳам, чорванинг биринчи эркак боласини ҳам ўлдираман. Мен, Эгангиз, Мисрнинг ҳамма худоларига қарши ҳукмни ижро этаман.

13 Эшикларингизнинг кесакисига суртилган қон яшаётган уйларингизни белгилайди. Қонни кўриб, сизларни четлаб ўтаман. Мен Мисрни жазолаганимда, ўлат офатидан сизлар омон қоласизлар.

Хамиртурушсиз нон байрами

14 Бу кунни сизлар то абад эсда тутишларингиз лозим. Ҳар йили бу кунни Мен, Эгангизга аталган байрам қилиб нишонланглар. Бу байрам авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлиб қолсин.

15 Ўша етти кун давомида хамиртурушсиз нон тановул қилинглар. Биринчи куниёқ уйларингиздаги хамиртурушни йўқотинглар. Кимки етти кун давомида хамиртуруш қўшилган нон тановул қилса, у Исроил халқи орасидан йўқ қилинади.

16 Байрамнинг биринчи куни ҳам, еттинчи куни ҳам бутун халқ муқаддас йиғинга келиши лозим. Шу кунлари, овқат тайёрлашдан ташқари, ҳеч қандай иш қилманглар.

17 Хамиртурушсиз нон байрамини ҳар йили нишонлайсизлар, чунки айнан ўша куни Мен сизларнинг оилаларингизни ва қабилаларингизни Мисрдан олиб чиққанман. Бу байрам авлодларингиз оша нишонланиб, доимий қонун–қоида бўлиб қолсин.

18 Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурундан бошлаб шу ойнинг йигирма биринчи куни кечқурунгача хамиртурушсиз нон тановул қилинглар.

19 Уйларингизда ўша етти кун давомида асло хамиртуруш бўлмасин. Кимки хамиртуруш қўшилган нон тановул қилса, у асли Исроил наслиданми, мусофирми, барибир, Исроил халқининг жамоасидан йўқ қилинади.

20 Хамиртуруш қўшилган нонни ҳеч тановул қилманглар. Қаерда яшасангизлар ҳам, хамиртурушсиз нон тановул қилинглар.”

Илк Фисиҳ зиёфати

21 Шундан кейин Мусо Исроилнинг ҳамма оқсоқолларини чақиртириб, уларга деди:

— Ҳар бир хонадонга шундай деб айтинглар: “Оилангиз учун биттадан қўзи ёки улоқча танлаб олиб, Фисиҳ зиёфатига қурбонлик қилинглар.

22 Кейин иссоп ўтидан бир тутам олиб, идишдаги қурбонлик қонига ботиринглар. Қонни уйларингиз эшиги кесакисининг ёнларига ва тепасига суртинглар. Тонггача бирортангиз уйингиздан чиқманглар.

23 Чунки Эгамиз Миср юрти бўйлаб ўтиб, Мисрликларнинг тўнғич ўғилларини нобуд қилади. У эшикларингизнинг кесакисидаги қонни кўриб, уйларингизни четлаб ўтиб кетади. Азроил уйларингизга кириб, сизларнинг тўнғич ўғилларингизни нобуд қилишига Эгамиз йўл қўймайди.

24 Ўзларингиз ҳам, авлодларингиз ҳам бу расм–русумларга то абад риоя қилишларингиз лозим.

25 Эгамиз сизларга бераман, деб ваъда қилган юртга кирганларингиздан кейин ҳам, бу удумни нишонлайверинглар.

26 Болаларингиз сизлардан:

— Бу удумнинг маъноси нима? — деб сўраганларида, шундай жавоб беринглар:

27 — Бу Эгамизга бағишланган Фисиҳ қурбонлигидир. Эгамиз Мисрликларнинг тўнғич ўғилларини ҳалок қилганда, Мисрдаги Исроил халқининг уйларини четлаб ўтиб кетди. Шундай қилиб, бизнинг хонадонларимизни омон сақлаб қолди.”

Шунда Исроил оқсоқоллари эгилиб, сажда қилди.

28 Сўнгра улар бориб, Эгамизнинг Мусога ва Ҳорунга берган амри бўйича иш тутдилар.

Ўнинчи фалокат: жамики тўнғич эркак зоти нобуд бўлади

29 Эгамиз ярим кечаси Мисрликларнинг жамики тўнғичларини — тахтда ўтирган фиръавннинг тўнғич ўғлидан тортиб, зиндонда ётган асирнинг тўнғич ўғлигача ўлдирди. Ҳамма чорванинг биринчи эркак боласини ҳам нобуд қилди.

30 Ўша кеча фиръавн, унинг ҳамма аъёнлари ва бутун Миср халқи уйғониб кетди. Бутун Мисрни қаттиқ дод–фарёд тутди. Одам нобуд бўлмаган бирорта хонадон йўқ эди.

31 Ўша тундаёқ фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақиртириб айтди:

— Ўзларингиз ҳам, Исроил халқингиз ҳам йўқолинглар! Менинг юртимдан чиқиб кетинглар! Ўзларингиз айтганингиздай, бориб Эгангизга сажда қилаверинглар.

32 Мол–қўйларингизни ҳам олиб кетинглар. Аммо кетаётганингизда, мени дуо қилинглар.

33 “Исроил халқи юртимиздан тезроқ чиқиб кетсин, агар чиқиб кетмаса, ҳаммамиз ўлиб кетамиз”, деб Мисрликлар уларни қистовга олдилар.

34 Шундай қилиб, Исроил халқи кийим–кечакларига ўралган хамиртуруш қўшилмаган хамир тўла тоғораларини олиб, елкаларига ортишди.

35 Исроил халқи Мусонинг айтганини қилиб, Мисрликлардан олтин ва кумуш тақинчоқлар, кийим–кечаклар сўраб олишди.

36 Эгамиз Мисрликларни шундай қилдики, улар Исроил халқига илтифот кўрсатдилар. Исроил халқи нима сўраса, улар бердилар. Шу йўл билан Исроил халқи, ғолиб лашкардай, Мисрликларнинг бойликларини олиб кетди.

Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетади

37 Исроил халқи Рамзесдан Сухотга қараб яёв йўлга чиқди. Улар 600.000 тача эркак бўлиб, аёллар ва болалар бу ҳисобга кирмасди.

38 Сон–саноқсиз бегона халқлар, кўплаб мол–қўйлар ҳам улар билан бирга кетди.

39 Исроил халқи Мисрдан олиб чиққан хамиртурушсиз хамирдан патир нон ёпдилар. Улар Мисрдан шунчалик тез чиқиб кетдиларки, йўлга егулик тайёрлагани вақт тополмагандилар.

40 Исроил халқи Мисрда 430 йил яшади.

41 430 йилнинг охирги кунида Эгамизнинг халқига қарашли бўлган ҳамма қабилалар Мисрдан чиқиб кетишди.

42 Ўша куни кечаси Эгамиз халқига посбонлик қилиб, уларни Мисрдан олиб чиққан эди. Шу сабабдан Исроил халқи ҳам авлодлар оша, ҳар йили ўша тунни Эгамизга бағишлаб, байрам қилишлари керак.

Фисиҳ зиёфати тўғрисида қонун–қоидалар

43 Кейин Эгамиз Мусо билан Ҳорунга айтди: “Сизлар риоя қилишингиз лозим бўлган Фисиҳ зиёфатининг қонун–қоидалари қуйидагичадир:

Исроил халқига қондош бўлмаган одам Фисиҳ таомидан тановул қилмайди.

44 Лекин сотиб олган қулларингиз суннат қилингандан кейин Фисиҳ таомидан тановул қилса бўлади.

45 Мусофирлар ва мардикорлар ҳам бу таомдан тановул қилишмайди.

46 Таомлар қайси уйда тайёрланган бўлса, ҳаммаси ўша уйда тановул қилиниши лозим. Ташқарига таом олиб чиқилмайди. Фисиҳ зиёфатига атаб қурбонлик қилинган бирорта ҳам ҳайвоннинг суяги синдирилмайди.

47 Исроил халқининг бутун жамоаси Фисиҳ зиёфатини нишонлайди.

48 Ёнларингиздаги бирор мусофир Мен, Эгангизга бағишланган Фисиҳ зиёфатини нишонламоқчи бўлса, олдин унинг хонадонидаги ҳамма эркаклар суннат қилиниши лозим. Шундан кейингина Исроил халқига мансуб бўлган одамдай, Исроил жамоасига қўшилиб, Фисиҳ зиёфатини нишонлайди. Суннат қилинмаганларнинг ҳеч қайсиси Фисиҳ таомидан тановул қилиши мумкин эмас.

49 Шу ернинг туб аҳолиси учун ҳам, ораларингизда яшаётган мусофир учун ҳам қонун ўшадир.”

50 Эгамизнинг Мусо ва Ҳорун орқали берган қонун–қоидаларини Исроил халқи бажардилар.

51 Шундай қилиб, ўша куниёқ Эгамиз Исроил оилаларини ва қабилаларини Мисрдан олиб чиқди.

Тўнғич эркакларни бағишлаш тўғрисидаги амр

1 Эгамиз Мусога яна гапирди:

2 — Ҳамма тўнғичларни Менга бағишланглар. Исроил халқининг ҳамма тўнғич ўғиллари ва ҳайвонларининг биринчи эркак боласи Меникидир.

Хамиртурушсиз нон байрами тўғрисида кўрсатмалар

3-4 Шундан сўнг Мусо халққа деди: “Бугун Абиб ойида сизлар Миср юртидан чиқиб кетяпсизлар. Хамиртуруш қўшилган нонни еманглар. Бу кунни асло эсларингиздан чиқарманглар. Зеро, Эгамиз Ўз қудрати билан сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиқди.

5 У сизларни Канъон, Хет, Амор, Хив ва Ёбус халқларининг ерларига олиб боради. Эгамиз бу ерларни ота–боболарингизга, бераман, деб онт ичган. У сизларни сут ва асал оқиб ётган ўша юртга олиб боргандан кейин, Абиб ойида қуйидагича удумни ўтказинглар:

6 етти кун хамиртурушсиз нон енглар. Еттинчи куни Эгамизга атаб байрам қилинглар.

7 Шу пайтларда уйингизда ёки юртингизнинг бирон жойида хамиртурушли нон ёки хамиртуруш бўлмасин.

8 Ҳар йили байрам кунлари давомида нима учун байрамни нишонлаётганингизни болаларингизга тушунтиришингиз лозим. Уларга:

— Мисрдан чиқаётганимизда, Эгамиз бизга кўрсатган чексиз муруввати учун байрамни нишонлаяпмиз, — деб айтинг.

9 Бу байрам гўё қўлингиздаги ёки пешанангиздаги бир белгидай бўлади. Эгамиз сизларни Мисрдан Ўз қудрати билан олиб чиққанини бу байрам эслатиб туради. Эгамизнинг таълимотини болаларингизга ўргатишингиз учун байрамни нишонланглар.

10 Сизлар белгиланган вақтда йиллар оша ушбу қонун–қоидага риоя қилиб боринглар.

Тўнғич эркакларни Эгамизга бағишлаш тўғрисида кўрсатмалар

11 Эгамиз ўзларингизга ва ота–боболарингизга онт ичиб ваъда берган Канъон халқларининг юртига сизларни олиб келади. Ўша юртни сизларга беради. Шундан кейин

12 тўнғич ўғилларингизни, ҳамма чорвангизнинг биринчи эркак боласини Унга беринглар. Буларнинг ҳаммаси Эгамизникидир.

13 Эшакнинг туғилган биринчи эркак боласини ҳам Эгамиздан бир қўзи ёки улоқчани аташ эвазига сотиб олинглар. Агар эшакни қайтариб сотиб олмасликка қарор қилсангиз, эшакнинг бўйнини синдириб ўлдиришингиз керак. Сизлар Эгамиздан ҳамма тўнғич ўғилларни ҳам қайтариб сотиб олишингиз лозим.

14 Келажакда фарзандларингиз сиздан:

— Бу удумнинг маъноси нима? — деб сўрашганда шундай жавоб беринглар:

— Эгамиз бизни Мисрдаги қулликдан қудратли қўли билан олиб чиққан.

15 Фиръавн ўжарлик қилиб, кетишимиз учун бизга ижозат бермаганда, Эгамиз Миср юртидаги ҳамма тўнғичларни — одамларнинг тўнғичидан тортиб, ҳайвонларнинг биринчи эркак боласигача ўлдирган. Мана шунинг учун ҳам ҳайвонларнинг биринчи эркак боласини Эгамизга қурбонлик қиламиз. Тўнғич ўғилларимизни эса қайтариб сотиб оламиз.

16 Бу байрам қўлингиздаги ёки пешанангиздаги бир белгидай бўлиб қолади. Эгамиз бизни қудратли қўли билан Мисрдан олиб чиққанини шу байрам сизларга эслатиб туради.”

Устун шаклидаги булут ва аланга

17 Халқ урушга дуч келиб қолса, Мисрга қайтиб кетмасин, деб ўйлади Худо. Шунинг учун фиръавн Исроил халқига ижозат бергандан кейин, Филист халқининг юрти орқали ўтадиган йўл тўғри Канъонга олиб борса ҳам, Худо халқни бу йўлдан бошлаб кетмади.

18 Худо халқни Қизил денгизга саҳро бўйлаб айланма йўл орқали олиб кетди.

Исроил халқи Мисрдан чиққанда, гуруҳларга бўлинган ҳолда йўлга тушди.

19 Мусо Юсуфнинг суякларини ўзи билан олди. Юсуф Исроил уруғларига қасам ичдириб: “Худо сизларни қутқаргани албатта келади, ўшанда менинг суякларимни бу ердан олиб кетинглар”, деган эди.

20 Исроил халқи Сухотдан чиққандан кейин, саҳро этагидаги Этхамда қароргоҳ қурди.

21 Эгамиз кундузи устун шаклидаги булут ичида, кечаси устун шаклидаги аланга ичида уларнинг олдида юриб, йўлларини ёритиб йўл кўрсатиб борди. Шу тариқа Исроил халқи ҳамма вақт — кундузи ҳам, кечаси ҳам йўл юра олди.

22 Кундузи булут устуни, кечаси аланга устуни халқнинг олдидан бир дам нари кетмади.

Эгамиз Қизил денгизда Исроил халқини қутқаради

1 Эгамиз Этхамда Мусога шундай деди:

2 — Исроил халқига: “Мигдол билан денгиз ўртасидаги Пий–Хахирўт яқинига қайтиб боринглар”, деб айт. У ерда Баал–Зафўн қаршисидаги Қизил денгиз соҳили бўйлаб чодир тикишсин.

3 Ўшанда фиръавн: “Исроил халқи юртда адашиб қолибди, саҳро уларнинг кетишига халақит беряпти”, деб ўйлайди.

4 Фиръавн сизларни таъқиб қилсин деб, Мен унинг юрагини тош қилиб қўяман. Фиръавн ва унинг лашкари устидан ғалаба қиламан. Шу орқали шуҳратга эришаман. Ана ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни Миср халқи билиб олади.

Исроил халқи Эгамиз айтгандай қилди.

5 Фиръавнга: “Исроил халқи қочиб кетибди”, деб хабар етказишди. Фиръавн ва аъёнларининг Исроил халқи тўғрисидаги ниятлари ўзгарди: “Нима қилиб қўйдик–а? Исроил халқига кетишга ижозат бериб, қулларимиздан айрилиб қолибмиз–ку!” дейишди.

6 Фиръавн жанг араваларини тайёрлатди, лашкарини ёнига олди.

7 У Мисрдаги ҳамма жанг аравасини, шу билан бирга, олти юзта сара жанг аравасини ҳам йўлга отлантирди. Ҳар бир жанг аравасининг лашкарбошиси бор эди.

8 Эгамиз Миср фиръавнининг юрагини тош қилиб қўйди. Фиръавн Исроил халқининг ортидан қувди. Исроил халқи шахдам қадам билан Мисрдан чиқиб кетаётган эди.

9 Мисрликлар — фиръавннинг жамики лашкари, отлари, аравакашлар ва жанг аравалари билан Исроил халқининг ортидан тушди. Денгиз қирғоғида Баал–Зафўн қаршисида — Пий–Хахирўт яқинида Исроил халқига етиб олдилар. Исроил халқи бу ерда қароргоҳ қурган эди.

10 Фиръавн тобора яқинлашиб келарди. Исроил халқи орқаларига қараб Мисрликлар қувиб келаётганини кўрдилар–у, саросимага тушиб қолдилар. Улар Эгамизга илтижо қилиб, мадад сўрадилар.

11 Кейин Мусога айтдилар:

— Бизни саҳрога ўлдиргани олиб келган экансан–да. Мисрда биз учун қабристон етарли эмасмиди?! Бизни Мисрдан олиб чиқиб, нима қилиб қўйдинг–а?!

12 Мисрда эканлигимизда шунга ўхшаш ёмон ҳодисалар юз беришини айтмаганмидик?! Биз: “Мисрликларга қул бўлиб хизмат қилиб юраверайлик, саҳрода ўлиб кетганимиздан кўра, уларга хизмат қилганимиз яхши”, деб айтган эдик–ку!

13 Аммо Мусо:

— Қўрқманглар! — деди. — Жойингизда тўхтаб, қараб туринглар. Ҳозир кўрасизлар, Эгамиз сизларни қандай қилиб қутқарар экан. Ҳозир қаршингизда турган Мисрликларни қайтиб кўрмайсизлар.

14 Хотиржам бўлинглар, Эгамиз сизлар учун жанг қилади.

15 Шу пайт Эгамиз Мусога гапирди:

— Нимага Менга илтижо қилиб, мадад сўраяпсан? Исроил халқига айт, олдинга қараб кетаверсин.

16 Таёғингни кўтариб, қўлингни денгиз устига узат, сувни икки томонга айир. Шунда Исроил халқи қуруқ ер устида юриб, денгиздан ўтади.

17-18 Мисрликлар сизларнинг ортингиздан денгизга борсин деб, Мен уларнинг юрагини тош қилиб қўяман. Фиръавн, унинг лашкари, аравакашлари ва жанг аравалари устидан ғалаба қилиб шуҳратга эришаман. Мен уларни ер билан яксон қилганимда Эгангиз Мен эканлигимни Миср халқи билиб олади.

19 Исроил халқи олдида бораётган Худонинг фариштаси жойини ўзгартириб, уларнинг орқасига ўтди. Исроил халқининг олдидаги булут устуни ҳам жойини ўзгартирди. Булут устуни орқага ўтиб,

20 Миср лашкари билан Исроил халқи ўртасида туриб қолди. Булут устуни Мисрликлар турган томонни зимистон ва булутли, Исроил халқи турган томонни эса ёп–ёруғ қилиб турди. Шунинг учун Миср лашкари тун бўйи Исроил халқига яқин кела олмади.

21 Мусо қўлини денгиз томонга узатди. Шундан кейин тун бўйи Эгамиз шарқдан кучли шамол эстириб, денгизни икки томонга айирди, денгизни қуруқ ерга айлантирди. Сув икки томонга сурилди.

22 Шундан кейин Исроил халқи денгиздаги қуруқ ердан юриб, ўта бошлади. Сув Исроил халқининг ўнг томонида ҳам, чап томонида ҳам девор бўлиб турарди.

23 Мисрликлар Исроил халқининг ортидан қувди. Фиръавннинг ҳамма отлари, аравакашлари ва жанг аравалари денгизнинг ўртасига тушди.

24 Тонг пайти Эгамиз аланга ва булут устунидан Миср лашкарига қараб, уларни саросимага солди.

25 Жанг араваларининг ғилдираклари ботиб қолди. Натижада Мисрликлар араваларини зўрға тортиб кетдилар. Шунда Мисрликлар: “Бу ердан қочиб қолайлик! Исроил халқи учун уларнинг Эгаси жанг қиляпти! У бизга қарши!” деб шовқин солдилар.

26 Кейин Эгамиз Мусога:

— Қўлингни денгизга узат! — деб амр берди. — Сув Мисрликларнинг, уларнинг аравакашлари ва жанг аравалари устига қайтсин!

27 Мусо қўлини денгизга узатди. Тонг пайти денгиз суви асл ҳолига қайтди. Мисрликлар сувдан қутулмоқчи бўлиб қочаётган эди, Эгамиз уларни денгизнинг ўртасига силкиб отди.

28 Сув асл ҳолига қайтди. Фиръавннинг аравакашларини ва жанг араваларини, Исроил халқини ортидан қувиб, денгиз ўртасига тушган ҳамма Миср лашкарини ғарқ қилди. Улардан бирортаси ҳам тирик қолмади.

29 Исроил халқи эса денгиз ўртасида қуруқ ердан юриб ўтди. Сув ўнг томонда ҳам, чап томонда ҳам Исроил халқига девор бўлиб турарди.

30 Шундай қилиб, Эгамиз ўша куни Исроил халқини Мисрликларнинг қўлидан қутқарди. Исроил халқи денгиз қирғоғида Мисрликларнинг жасадларини кўрди.

31 Эгамиз буюк қудрати билан Мисрликларни мағлуб қилганини Исроил халқи кўргач, Ундан қўрқадиган бўлдилар. Улар Эгамизга ва Унинг қули Мусога ишондилар.

Мусо ва Марямнинг ғалаба қўшиғи

1 Шундан кейин Мусо ва Исроил халқи Эгамизга қуйидаги қўшиқни куйлади:

“Эгамизни мадҳ этиб куйлайман. У буюк ғалаба келтирди.

Отларни, аравакашларни денгизга улоқтирди.

2 Эгамиз менинг куч–қудратимдир.

У менинг қутқарувчимдир.

У менинг Худойимдир, мен Уни олқишлайман,

Отамнинг Худосидир, мен Уни улуғлайман.

3 Ҳа, У жангчидир, У Эгамиздир.

4 Фиръавннинг лашкарини, жанг араваларини Эгамиз денгизга улоқтирди.

Унинг сара лашкарбошиларини Қизил денгизга чўктирди.

5 Денгиз қаъри уларни кўмди.

Улар тош сингари тубсизликка тушиб кетдилар.

6 Эй Эгамиз, Сенинг қудратинг азимдир.

Эй Эгамиз, Сенинг ўнг қўлинг душманни роса эзди.

7 Сен буюк ғалаба қозондинг.

Душманларингни йиқитиб,

Уларга ғазабингни сочган эдинг,

Ғазабинг уларни хас–чўп сингари ёндириб ташлади.

8 Қаҳрли нафасингдан сув бир жойга йиғилиб,

Девор каби тик туриб қолди,

Денгизнинг қаъри қаттиқ ер бўлиб қолди.

9 Шунда душман гердайиб айтди:

«Орқаларидан тушаман, қувиб етаман.

Ўлжани баҳам кўраман. Булардан кўнглим қониқади.

Қиличимни яланғочлаб, уларни яна қул қиламан.»

10 Қаҳрли нафасингдан денгиз уларни кўмиб юборди.

Улар баҳайбат сувда қўрғошиндай ғарқ бўлдилар.

11 Худолар орасида Сенга ўхшагани борми, эй Эгамиз?!

Ким Сенга ўхшар?!

Муқаддаслигинг билан улуғворсан Сен,

Қўрқинчли ишларинг билан ҳамду санога илҳомлантирасан,

Сен ажойиботлар кўрсатасан.

12 Сен ўнг қўлингни узатган эдинг,

Ғанимларни ер ютди.

13 Ўзинг қутқарган ўша халқни Сен содиқ севгинг билан олиб борасан.

Муқаддас маконингга қудратинг билан уларни етаклаб борасан.

14 Халқлар эшитиб буни, титрашади:

Филист халқи ваҳимага тушиб қолади.

15 Эдом уруғбошилари қўрқувга тушади–ку,

Мўаб бекларини титроқ босади–ку!

Канъондаги халқлар умидсизликка тушади–ку!

16 Уларни қўрқув ва даҳшат қамраб олар.

Эй Эгамиз, Сенинг халқинг ўтиб кетгунча,

Ўзинг эга бўлган бу халқ ўтиб кетгунча,

Улар билагинг кучи олдида тошдай қотиб қолади.

17 Халқингни Ўз тоғингга олиб келасан,

Уларни жойлаштирасан уйинг учун танлаган ерга, эй Эгамиз!

Қўлларинг ўрнатган муқаддас масканингга

Олиб кириб жойлаштирасан, эй Раббий!

18 Эгамиз абадулабад шоҳ бўлиб ҳукмронлик қилади.”

19 Фиръавннинг отлари, аравакашлари ва жанг аравалари денгиз ўртасига тушди. Шунда Эгамиз уларнинг устига денгиз сувларини қайтариб олиб келди. Исроил халқи эса денгиз ўртасидаги қуруқ ердан ўтиб кетди. Шу боис Мусо ва халқ қўшиқ куйлади.

20 Ҳоруннинг опаси Марям пайғамбар чилдирмани қўлига олди. Ҳамма аёллар унга эргашиб, чилдирмаларини қўлларига олиб, ўйнадилар.

21 Марям қуйидаги нақоратни куйлаб, уларга бошчилик қилди:

“Эгамизни мадҳ этиб куйланг. У буюк ғалаба келтирди.

Отларни, аравакашларни денгизга улоқтирди.”

Тахир сув

22 Мусо Исроил халқини Қизил денгиздан бошлаб чиққандан кейин, улар Шур саҳросига бордилар. Улар саҳрода уч кун юрсалар ҳам, сув топа олмадилар.

23 Ундан кейин Марога бордилар. Аммо Маронинг суви тахир бўлгани учун ичолмадилар. Шунинг учун ҳам у ерга Маро деб ном берилган эди.

24 Халқ эса: “Энди нима ичамиз?” деб Мусога минғирлаб нолиди.

25 Мусо эса Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз Мусога бир чўпни кўрсатди. Мусо чўпни олиб сувга ташлаган эди, сув ичишга яроқли бўлиб қолди. Шундай қилиб, ўша ерда Эгамиз Исроил халқини синади. Эгамиз уларга яшаш қонун–қоидасини берди.

26 У Исроил халқига шундай деди: “Агар Мен, Эгангиз Худога ҳушёр бўлиб қулоқ солсангиз, Менинг олдимда тўғри ишлар қилсангиз, амрларимга итоат этсангиз, ҳамма қонунларимга риоя қилсангиз, ўшанда Мен Мисрликларни дучор қилган хасталикларнинг бирортасига ҳам сизларни дучор қилмайман. Сизларга шифо берадиган Эгангиз Менман.”

27 Шундан сўнг Исроил халқи Илим деган жойга келди. У ерда ўн иккита булоқ, етмишта пальма дарахти бор эди. Улар булоқ бўйида қароргоҳ қурдилар.

Манна ва беданалар

1 Исроил халқининг бутун жамоаси Илимдан чиқиб жўнади. Улар Мисрдан чиққанларидан кейин бир ой ўтгач, Илим билан Синай тоғи оралиғидаги Син саҳросига етиб келдилар.

2 Улар саҳрода турар эканлар, ҳаммалари минғирлаб Мусо билан Ҳорундан нолишди:

3 “Қанийди Эгамиз бизни Мисрда ўлдириб қўя қолганда эди! Биз Мисрда гўшт солинган қозон бошида ўтирардик, тўйгунимизча нон ердик. Сизлар эса, бутун жамоа очликдан ўлиб кетсин деб, бизни саҳрога олиб келдингиз.”

4 Шунда Эгамиз Мусога:

— Нонни сизларга осмондан ёғдираман! — деди. — Халқ ҳар куни чиқиб, кунда керак бўладиган нонини йиғиштириб олади. Шу йўл билан бу халқни синайман. Улар Менинг кўрсатмаларимга риоя қиладиларми, ёки йўқми, кўраман.

5 Ҳар ҳафтанинг олтинчи куни эса кунда тўплаганларига қараганда икки ҳисса кўп нон йиғиштириб олиб, тайёрлаб қўядилар.

6-8 Мусо билан Ҳорун жамики Исроил халқига шундай деб айтдилар:

— Сизлар минғирлаб Эгамиздан нолиган эдингиз, У эшитди. Энди У кечқурун сизларга гўшт беради. Эртага эрталаб мўл қилиб нон беради. Эгамизнинг буюк қудратини шунда кўрасизлар. Сизларни Мисрдан олиб чиққан Эгамиз эканини билиб оласизлар. Аммо биз ким бўлибмизки, минғирлаб биздан нолийсизлар?! Биз бор–йўғи Эгамизнинг хабарчиларимиз, холос. Биздан нолиганларингизда, сизлар аслида биздан эмас, Эгамиздан нолиган бўласизлар.

9 Шундан сўнг Мусо Ҳорунга деди:

— Исроил халқининг бутун жамоасига айт. Эгамизнинг ҳузурига келсин. Эгамиз уларнинг минғирлаб нолиганини эшитди.

10 Ҳорун Исроил халқининг бутун жамоасига шу гапларни айтиб бўлиши биланоқ, халқ саҳрога қаради. Шу пайт Эгамиз улуғворлигини булут ичида зоҳир қилди.

11 Кейин Эгамиз Мусога гапирди:

12 — Мен Исроил халқининг минғирлаб нолиганини эшитдим. Уларга шу гапларни етказ: “Оқшом гўшт ейсизлар, эрталаб эса тўйгунингизча нон ейсизлар. Ўшанда Эгангиз Худо Мен эканлигимни билиб оласизлар.”

13 Шу куни оқшомда беданалар учиб келиб, қароргоҳни босиб кетди. Эртасига эрталаб қароргоҳ атрофига шудринг тушди.

14 Шудринг кўтарилгач, ер юзи лайлак қор учқунига ўхшаш, қировсимон бир нарса билан қопланди.

15 Исроил халқи бу нарсани кўрганда, нима эканини билолмасдан: “Бу нима?” деб бир–бирларидан сўрайвердилар.

— Тановул қилишларингиз учун Эгамиз сизларга берган нон шудир, — деди Мусо Исроил халқига.

16 — Эгамиз шундай амр берган: “Ҳар бир хонадон ўзи ейдиган нонни олсин. Хонадондаги ҳар бир жон учун бир омирдан йиғиб олсин.”

17 Исроил халқи Эгамиз амр этгандай қилди. Биров кўпроқ, биров озроқ йиғиб олди.

18 Ҳар бир одам учун омир билан ўлчаганларида, кўп йиғиб олганлардан ҳеч нарса ортиб қолмади, оз йиғиб олганлар учун эса етарли бўлди. Ҳар бир хонадон кераклисини олди.

19 Мусо яна халққа: “Ҳеч ким бу маннадан эрталабгача қолдирмасин”, — деди.

20 Аммо баъзилар Мусонинг гапига қулоқ солмай, эрталабгача қолдирган эдилар, қолдирган маннага қурт тушиб, сасий бошлади. Шунда Мусо ўша одамлардан ғазабланди.

21 Маннани ҳар бир хонадон ҳар куни эрталаб эҳтиёжига ярашасини тўплаб оларди. Қуёш ерни қиздиргандан кейин эса, ерда қолгани эриб кетарди.

22 Олтинчи куни эса маннани икки ҳисса — жон боши учун икки омирдан йиғиб олдилар. Жамоа оқсоқоллари бу тўғрида Мусога хабар берганларида,

23 Мусо уларга айтди:

— Эртага Шаббат куни бўлгани учун олтинчи куни икки баробар кўпроқ манна олиш ҳақида Эгамиз халққа амр берган. Шаббат куни иш қилмай дам олинглар, бу кун Эгамизга ажратилган кундир. Шунинг учун ёпадиганингизни бугун ёпиб олинглар, қайнатадиганингизни бугун қайнатиб олинглар. Ортганини сақлаб, эртанги кунга қолдиринглар.

24 Шундай қилиб, Мусо буюргандай, ортганини эртасига қолдирган эдилар, қолгани на сасиди, на қуртлади.

25 — Бугунги маннангиз шудир, — деди Мусо. — Чунки бугун Эгамизга аталган Шаббат кунидир. Бугун ерда ҳеч нарса бўлмайди.

26 Олти кун манна йиғиштириб оласизлар. Аммо еттинчи кун — Шаббат куни асло манна топиб бўлмайди.

27 Еттинчи куни ҳам баъзилар манна йиғиштиргани ташқарига чиқдилар, лекин тополмадилар.

28 Шунда Эгамиз Мусога:

— Қачонгача Менинг амрларимга ва кўрсатмаларимга итоат этмай юрасизлар?! — деди.

29 — Мен, Эгангиз, еттинчи кунни — Шаббатни дам олиш куни қилиб, сизларга берганимни англаб етмайсизларми?! Мана, сизларга икки кунга етарли маннани олтинчи куни беряпман. Еттинчи куни ҳар ким уйида бўлиб, дам олиши лозим.

30 Шундай қилиб, халқ еттинчи куни ишламади.

Исроил халқи маннадан хотира учун сақлаб қўяди

31 Исроил халқи бу егуликка манна деб ном қўйдилар. У кашнич уруғига ўхшарди, ранги эса оқиш, мазаси асал қўшилган чалпакни эслатарди. Мусо Исроил халқига айтди:

32 — Эгамиз шундай амр берган: “Бир омир маннани келгуси авлодлар учун сақлаб қўйинглар, токи Мен сизларни Мисрдан олиб чиққанимдан кейин саҳрода ўзларингизга едирган нонни улар кўрсинлар.”

Шундан кейин Мусо Ҳорунга айтди:

33 — Бир идиш олиб, ичига бир омир манна солгин–да, Эгамизнинг ҳузурига қўй, токи келгуси авлодларга сақланиб қолсин.

34 Эгамиз Мусога амр этгандай, Ҳорун, маннани сақлаб қўямиз деб, уни Аҳд сандиғининг олдига қўйди.

35 Исроил халқи кейинги қирқ йил давомида, Канъон юртига етиб бориб ўрнашгунларича, манна тановул қилдилар.

36 (Маннани ўлчаш учун фойдаланилган идиш омир деб айтилган. Бу идиш тахминан тўрт косанинг ҳажмига тўғри келган.)

Қоядан чиққан сув

1 Исроил халқининг бутун жамоаси ҳар доим Эгамизнинг амрига риоя қилиб, бир жойдан бошқа жойга кўчиб юриб, Син саҳросидан кетди. Исроил халқи Рафидимда қароргоҳ қурган эди, лекин у ерда ичгани сув йўқ экан.

2 Улар Мусога таъна қила бошладилар. “Бизга ичгани сув бер”, деб ундан талаб қилдилар. Шунда Мусо:

— Нимага менга таъна қиляпсизлар?! — деди. — Нима учун Эгамизни синаяпсизлар?!

3 Лекин халқ чанқаган эди. “Нимага бизни Мисрдан олиб чиқдинг?! Ўзимизни, болаларимизни, чорвамизни сувсизликдан ўлдириш учун олиб чиққан экансан–да?!” деб Мусони айбладилар.

4 — Бу халқни нима қилай? — деб илтижо қилди Мусо Эгамизга. — Яна бир оздан кейин улар мени тошбўрон қилишади–ку!

5 — Исроил оқсоқолларидан баъзиларини ёнингга олиб, халқнинг олдида бор! — деб амр берди Эгамиз Мусога. — Нил дарёсига урган таёғингни ҳам ўзинг билан ол.

6 Мен сенинг олдингда — Синай тоғидаги қоянинг тепасида тураман. Сен таёқни қояга ур, қоядан сув отилиб чиқади. Кейин халқ ичади.

Мусо Исроил оқсоқолларининг кўзи олдида Эгамиз айтгандай қилди.

7 Шундай қилиб, Мусо ўша жойга Массах ва Марива деб ном берди. Исроил халқи у ерда Мусо билан жанжал қилган, “Эгамиз биз учун ғамхўрлик қиладими, йўқми?” деб Худони синаган эди.

Исроил халқи Омолек халқини енгади

8 Омолек халқи Рафидимга келиб, Исроил халқига уруш очдилар.

9 Шунда Мусо Ёшуага:

— Одамлардан танлаб олгин–да, бориб, Омолекларга қарши урушга чиқ! — деди. — Эртага мен тепаликнинг устида бўламан. Худо, ол, деб тайинлаган таёқ қўлимда бўлади.

10 Ёшуа Мусо буюргандай қилиб Омолеклар билан жанг қилгани борди. Мусо, Ҳорун ва Хур тепаликнинг устига чиқишди.

11 Мусо қўлларини кўтарганда, Исроил халқи ғолиб келар, туширганда эса Омолеклар ғолиб келарди.

12 Охири Мусонинг қўллари толиқди. Шунда Ҳорун билан Хур Мусога тош келтириб қўйиб бердилар. Мусо тош устига ўтирди. Кейин Мусонинг қўлларини бир томондан Ҳорун, бир томондан Хур юқорига кўтариб турди. Қуёш ботгунча, Мусонинг қўлларини юқорига кўтариб туравердилар.

13 Шундай қилиб, Ёшуа Омолекларни енгиб, қиличдан ўтказди.

14 Шундан кейин Эгамиз Мусога айтди:

— Бу ғалабани хотира қилиб, ёзиб қўй, Менинг қуйидаги ваъдамни ҳам кирит: “Мен Омолекларнинг номини ер юзидан ўчираман.” Кейин буни овоз чиқариб Ёшуага ўқиб бер.

15 Мусо бир қурбонгоҳ қурдириб, бу қурбонгоҳга: “Эгам байроғимдир” деб ном берди.

16 “Омолеклар Эгамизнинг тахтига қарши қўлларини кўтаришга журъат қилганлари учун, Эгамиз доимо уларга қарши уруш қилади”, деди.

Ятро Мусони зиёрат қилади

1 Мидиён юртининг руҳонийси Ятро Мусонинг қайнатаси эди. Худо Мусога ва Ўз халқи Исроилга ҳамма қилганларини, Эгамиз Исроил халқини Мисрдан қандай қилиб олиб чиққанини у эшитди.

2 Мусо хотинини отаси ёнига жўнатиб юборганда, Ятро Мусонинг хотини Зиппура билан

3 иккала ўғлини ёнига олган эди. Мусо: “Мен бегона юртда мусофир бўлиб қолдим”, деб тўнғич ўғлига Гершом деб исм қўйган эди.

4 Сўнгра: “Ота–боболаримнинг Худоси менга мадад берди, мени фиръавннинг қиличидан қутқарди”, деб иккинчи ўғлига Элиазар деб исм қўйганди.

5 Қайнатаси Мусонинг хотини ва ўғилларини Худонинг муқаддас тоғи этагига — саҳрода Мусо тиккан чодирга бошлаб келди.

6 Ятро Мусога: “Мен, қайнатанг Ятро, хотининг ва иккала ўғлинг билан бирга сенинг ёнингга боряпмиз”, деб хабар берди.

7 Мусо қайнатасини кутиб олгани чиқди ва унга таъзим қилиб, ўпди. Икковлари бир–биридан ҳол–аҳвол сўраб, чодирга киришди.

8 Эгамиз Исроил халқи учун фиръавнни ва Миср халқини нималар қилганини, Исроил халқи йўлда чеккан азоб–уқубатларни, Эгамиз уларни қандай қутқарганини Мусо қайнатасига айтиб берди.

9 Эгамиз Исроил халқига қилган яхшиликлари учун, уларни Мисрликларнинг қўлидан қутқаргани учун Ятро севиниб, шундай деди:

10 — Сизларни Мисрликларнинг ва фиръавннинг қўлидан қутқарган Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Исроил халқини Мисрликларнинг зулмидан У қутқарди.

11 Эгамиз бошқа ҳамма худолардан улуғ эканини энди биламан. Эгамиз Ўз халқини такаббур Мисрликларнинг қўлидан халос қилди.

12 Сўнгра Мусонинг қайнатаси Ятро Худога куйдириладиган қурбонлик ва бошқа қурбонликлар келтирди. Ҳорун ва барча Исроил оқсоқоллари Мусонинг қайнатаси билан Худонинг ҳузурида муқаддас таом егани келишди.

Ятронинг маслаҳати

13 Эртаси куни Мусо ҳукм курсисига ўтириб, халқнинг жанжалларини ажрим қила бошлади. Халқ Мусонинг атрофида эрталабдан кечгача тик турди.

14 Қайнатаси Мусонинг халқ учун қилаётган ҳамма ишларини кўргач, айтди:

— Нимага шунча ишни бир ўзинг қиляпсан? Одамлар сендан ёрдам сўраш учун кун бўйи тик туришди.

15 Шунда Мусо қайнатасига айтди:

— Одамлар Худонинг ҳукмини билиш учун менинг олдимга келишади.

16 Қачон бир жанжалли иш бўлса ҳам менинг олдимга келишади. Мен эса иккала томон ўртасида қарор чиқариб, Худонинг қонун–қоидаларини уларга айтаман.

17 — Бу йўл яхши эмас, — деди қайнатаси Мусога.

18 — Ҳам ўзингни, ҳам ёнингдаги халқни қийнаяпсан. Бу иш жуда оғир юк, бир ўзинг бажара олмайсан.

19 Гапимга қулоқ сол, сенга бир маслаҳат берайин: Худо сенга ёр бўлсин. Худонинг ҳузурида халқ учун сен воситачи бўлишинг керак. Халқнинг баҳс–мунозараларини Худога сен етказишинг лозим.

20 Худонинг қарорини халққа сен айт, Худонинг қонун–қоидаларини ўргат, улар қандай қилиб тўғри ҳаёт кечиришлари кераклигини кўрсат.

21 Аммо буларга қўшимча қилиб, сен Худодан қўрққан, диёнатли, тамадан нафратланадиган, лаёқатли одамларни танлаб ол. Уларни халқ тепасига мингбоши, юзбоши, элликбоши, ўнбоши қилиб тайинла.

22 Бу одамлар ҳамма ҳақ масалалар устидан қарор қилиб, халққа хизмат қилишсин. Жуда муҳим ёки жуда қийин масалаларни эса сенга олиб келишлари мумкин. Кичикроқ ишларни ўзлари кўриб чиқаверсин. Улар сен учун ишни осонроқ қилиб, оғирликни кўтаришда сенга ёрдам берадилар.

23 Агар Худо шу маслаҳатларимни юрагингга солса, сен тазйиқларга бардош бера оласан. Ҳамма тинчгина ўз жойига кетади.

24 Мусо қайнатасининг гапига қулоқ солди. У нима айтган бўлса, ҳаммасини қилди.

25 Исроил халқи орасидан лаёқатли одамларни танлаб олди. Ўша одамларни мингбоши, юзбоши, элликбоши, ўнбоши қилиб тайинлади.

26 Улар ҳамма масалаларни адолатли ҳал қилардилар. Қийин масалаларни Мусога олиб келишар, кичикроқ ишларни эса ўзлари қараб чиқишарди.

27 Шундан кейин Мусо қайнатасига ижозат берди. Ятро ўз юртига қайтиб кетди.

Исроил халқи Синай тоғида

1-2 Исроил халқи Рафидимдан кетди. Мисрдан чиққандан кейин учинчи ойнинг биринчи куни улар Синай саҳросига етиб келдилар. Улар Синай тоғи этагида қароргоҳ қурдилар.

3 Мусо тоққа — Худонинг ҳузурига чиқди. Эгамиз тоғдан уни чақириб, шундай деди:

— Ёқуб наслига — Исроил халқига шундай деб айт:

4 “Мен, Эгангиз, Мисрликларни нима қилганимни кўргансизлар. Бургут ўз болаларини қанотлари устида кўтариб келтиргандай, Мен сизларни кўтариб, ҳузуримга олиб келганимни ҳам кўргансизлар.

5 Энди Менинг амрларимга чин дилдан итоат этсангиз, аҳдимга риоя қилсангиз, сизлар Менинг халқим, бошқа халқлар орасида хазинам бўласизлар. Бутун ер Меникидир,

6 аммо сизлар Мен, Эгангизга, хизмат қиладиган руҳонийлар шоҳлиги, муқаддас бир халқ бўласизлар.” Исроил халқига сен етказадиган хабар шудир.

7 Мусо келиб, халқ оқсоқолларини чақирди. Эгамиз унга, айт, деб амр этган ҳамма гапларни айтди.

8 Жамики халқ бир овоздан: “Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз”, деб жавоб берди. Мусо халқнинг жавобини Эгамизга қайтариб олиб келди.

9 Эгамиз Мусога:

— Мен сенинг олдингга қалин булут ичида келаман, — деди, — токи Мен сенга гапираётганимни халқ эшитсин. Шунда халқ сенга ҳар доим ишонади.

Мусо халқнинг гапини Эгамизга айтганда,

10 Эгамиз деди:

— Бор, бугун ва эртага халқ поклансин, кийимларини ювсин.

11 Шундай қилиб, эртадан кейинги кунга тайёр бўлишсин. Ўша куни Мен, Эгангиз, Синай тоғига тушаман. Жамики халқ Мени ўша ерда кўради.

12 Тоғ атрофига чегара қилиб қўй, токи халқ чегарани босиб ўтмасин. Халққа айт: “Тоққа чиқманглар, тоғнинг яқинига ҳам бора кўрманглар. Агар бирортаси тоққа қадам қўйса, ўшанинг жазоси ўлимдир.

13 Ўша одамни тошбўрон қилиб ёки ўқ отиб ўлдиринглар, унга зинҳор қўл теккизманглар. Ҳайвон бўладими ёки инсон бўладими, ўлимга ҳукм қилинсин.” Бурғу овози қаттиқ чалингандан кейин эса халқ тоққа чиқса бўлади.

14 Шундай қилиб, Мусо тоғдан халқнинг ёнига тушди, халқ покланди, кийимларини ювди.

15 Кейин у халққа:

— Учинчи кунга тайёр бўлинглар, хотинларингизга яқинлашманглар, — деб айтди.

16 Учинчи куни эрталаб момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чақди. Тоғнинг устини қалин булут қоплади. Бурғу овози жуда қаттиқ чалинди. Қароргоҳдаги жамики халқни титроқ босди.

17 Мусо халқни Худо билан учраштиргани қароргоҳдан олиб чиқди. Халқ тоғнинг этагида турди.

18-20 Кейин Эгамиз Синай тоғига — тоғ чўққисига тушди. Эгамиз Синай тоғига аланга ичида тушиб келгани учун бутун тоғ тутаётган эди. Тоғ қаттиқ силкинганда, тандирдан тутун чиққани сингари, тоғдан ҳам тутун чиқаётган эди. Бурғу овози қаттиқроқ чиққани сари, Мусо ҳам гапирарди. Худо унга момақалдироқ орасидан туриб жавоб берарди. Эгамиз Мусони тоғ чўққисига чақирди. Мусо у ерга чиқди.

21 Кейин Эгамиз Мусога айтди:

— Пастга туш, халқни огоҳлантир, улар чегарани босиб ўтишмасин. Улар Мен, Эгангизни кўргани келмасликлари лозим, шундай қилганлар нобуд бўлади.

22 Ҳатто доимо Менинг яқинимга келадиган руҳонийлар ҳам ўзларини поклашлари лозим. Акс ҳолда, Мен уларни қириб ташлайман.

23 Шунда Мусо Эгамизга айтди:

— Халқ Синай тоғига чиқмайди. Ўзинг: “Тоғ атрофига чегара қўй, бу тоғни муқаддас сақла”, деб мени огоҳлантирган эдинг.

24 Эгамиз унга:

— Бор, пастга туш! — деди. — Ўзинг билан бирга Ҳорунни олиб кел. Аммо руҳонийлар ёки халқ, тоққа чиқамиз, деб чегарани оёқ ости қилишмасин. Акс ҳолда, уларни Мен оёқ ости қиламан.

25 Шундай қилиб, Мусо халқнинг ёнига тушди. Эгамизнинг айтганларини уларга гапириб берди.

Ўнта амр

1 Кейин Худо қуйидаги сўзларни айтди:

2 “Мен сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгангиз Худоман.

3 Мендан бошқа худоларга сажда қилманг.

4 Ўзларингизга ҳеч қандай бутни ясаманг. Осмонда ё ерда ё ер остидаги сувда мавжуд бўлган бирор нарсанинг шаклини ясаманг.

5 Ўша худолар ёки бутларга сажда қилманг, хизмат қилманг. Мен, Эгангиз Худо, сизларнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худоман. Мендан нафратланадиганларни жазолайман, уларнинг гуноҳлари оқибатидан фарзандлари, набиралари ва чеваралари ҳам қочиб қутулмайди.

6 Лекин Мени севиб, амрларимга риоя қиладиганларнинг минг–минг авлодларига содиқ севгимни кўрсатаман.

7 Мен, Эгангиз Худонинг исмини суиистеъмол қилманг. Ким Менинг исмимни суиистеъмол қилса, ўшани жазосиз қолдирмайман.

8 Шаббат кунини муқаддас деб билинг, бу кунга риоя қилиб юринг.

9 Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор.

10 Еттинчи кун эса Мен, Эгангиз Худога аталган Шаббат кунидир. Ўша куни ҳеч қандай иш қилманглар. Ўғилларингиз, қизларингиз, қулларингиз, чўриларингиз, ҳайвонларингиз, шаҳрингиздаги мусофирлар ҳам ҳеч қандай иш қилишмасин.

11 Мен, Эгангиз, олти кун давомида осмон билан ерни, денгизни ва улардаги ҳамма мавжудотни яратдим. Еттинчи куни эса дам олдим. Шунинг учун Мен, Эгангиз, Шаббат кунини муборак қилиб, муқаддас деб бошқа кунлардан ажратдим.

12 Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда Мен, Эгангиз Худо, сизларга бераётган юртда умрингиз узоқ бўлади.

13 Қотиллик қилманг.

14 Зино қилманг.

15 Ўғрилик қилманг.

16 Қўшнингизга қарши ёлғон гувоҳлик берманг.

17 Қўшнингизнинг уйига кўз олайтирманг. Қўшнингизнинг хотини, қули ёки чўриси, моли ёхуд эшаги, унга қарашли бирор нарсасига кўз олайтирманг.”

Исроил халқи ваҳимага тушади

18 Бутун халқ чақмоқни ва тоғнинг тутунини кўрди, момақалдироқ товушини ва бурғунинг баланд овозини эшитди. Халқ қўрққанидан титраб, узоқроққа бориб турди.

19 Халқ Мусога айтди:

— Бизга ўзингиз гапиринг, биз қулоқ солайлик. Худо бизга гапирмасин, тағин ўлиб кетмайлик.

20 — Қўрқманглар! — деди Мусо халққа. — Худо фақат сизларни синаш учун, Ундан қўрқиб, гуноҳ қилмаслигингиз учун келган.

21 Аммо халқ узоқ масофада тураверди. Мусо Худо турган қалин булутга яқин борди.

Қурбонгоҳлар тўғрисида кўрсатмалар

22 Сўнгра Эгамиз Мусога айтди:

— Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Мен сизларга самодан гапирганимга ўзларингиз гувоҳ бўлдингиз.

23 Ўзларингиз учун кумуш ёки олтиндан худолар ясаманглар. Мендан бошқа ҳеч бир худога сажда қилманглар.

24 Мен Ўзимни сизларга қаерда зоҳир қилсам, ўша жойда Менга атаб тупроқдан қурбонгоҳ қуринглар. Шунда Мен келиб, сизларга марҳамат қиламан. Ўша қурбонгоҳ устида қўйларингиздан, эчкиларингиздан, молларингиздан Менга куйдириладиган ва тинчлик қурбонликлари келтиринглар.

25 Агарда Менга атаб тошдан қурбонгоҳ ясасангиз, уни йўнилган тошдан қилманглар. Тошга тешани теккизганларингизда, тош ҳаром бўлади.

26 Менга аталган қурбонгоҳга зинапоя орқали чиқманглар, акс ҳолда, зинапоядан чиқаётганингизда, очиқ жойларингиз кўриниб қолади.”

Қуллар тўғрисида қонун–қоидалар

1 Эгамиз яна Мусога айтди: “Сен уларга етказадиган қонун–қоидалар қуйидагича:

2 Агар иброний эркак сизларга қул бўлиб сотилса, у сизларга олти йил хизмат қилсин. Еттинчи йили эса у озод бўлсин, қарзи йўқ деб ҳисоблансин.

3 Уни сотиб олганингизда, бўйдоқ бўлса, бўйдоқлигича чиқиб кетсин. Агар у уйланган бўлса, хотини ҳам у билан бирга кетсин.

4 Агар хўжайини ўша қулни уйлантириб қўйган ва хотини фарзанд кўрган бўлса, хотини ва болалари хўжайинникида қолиб, бир ўзи чиқиб кетсин.

5 Лекин қул:

— Мен хўжайинимни, хотинимни ва болаларимни яхши кўраман, озод бўлиб чиқиб кетмайман, — деб айтса,

6 хўжайини уни ҳакамлар ҳузурига олиб келсин. Хўжайин унинг қулоғини эшикка ёки эшик кесакисига қўйиб, бигиз билан тешсин. Ўшанда бу одам умрининг охиригача хўжайинига қул бўлиб қолади.

7 Бирор одам ўз қизини чўриликка сотса, у қиз, эркаклар сингари, олти йил тугамагунча озод бўлмайди.

8 Агар қиз бирортасига сотилса–ю, ўша одам унга уйланишни ният қилган бўлса, аммо у қизни ёқтирмай қолса, қиз отасига қайтариб сотилсин. Хўжайин қизни бегоналарга сотиши мумкин эмас. Акс ҳолда, келишувни бекор қилишга олиб келган бўларди. Хўжайин қизни сотиб олганда, ўртада келишув бўлган.

9 Борди–ю, қизни ўғлига чўри қилиб сотиб олиб берган бўлса, унга қизидай муомала қилсин.

10 Агар хўжайин чўрига уйланиб, сўнгра бошқа хотинга уйланган бўлса, чўрини озиқ–овқат ёки кийим–кечакдан, ё хотини сифатида у билан ётишдан маҳрум қилмасин.

11 Агар ўша одам ана шу уч йўлни чўрига қилмаса, чўри қарз бўлмасдан, пул тўламай кетаверсин.

Зўравонлик тўғрисида қонун–қоидалар

12 Бирортаси бошқасини уриб ўлдириб қўйса, урган одамнинг жазоси ўлимдир.

13 Лекин бирортаси қасддан қилмай, Мен, Худойингиз, шунга йўл қўйган бўлсам, у қочиб борадиган жойни Мен тайинлайман.

14 Борди–ю, бирортаси бошқа бир одамни ҳийла билан қасддан ўлдирса, жонини сақлаш учун Менга аталган қурбонгоҳга қочиб борса, уни қурбонгоҳдан олиб чиқиб ўлимга ҳукм қилиш лозим.

15 Ўз отаси ёки онасига қўл кўтарганнинг жазоси ўлимдир.

16 Кимки бирортасини ўғирлаб, ўғирлаган одамни сотиб юборса, ёки ҳали ҳам ушлаб турган бўлса, ўшанинг жазоси ўлимдир.

17 Кимки отасини ёки онасини хўрласа, ўша одамнинг жазоси ўлимдир.

18 Икки киши жанжаллашиб, бири иккинчисини тош ёки мушт билан урса–ю, у ўлмай, тўшакка ётиб қолса,

19 лекин ўрнидан туриб, таёқ билан уйдан чиқа олса, урган одам жавобгар бўлмасин. Фақат жароҳатланган одамга йўқотган вақти, даволаниши учун пул тўласин.

20 Бирортаси ўз қулини ёки чўрисини таёқ билан уриб ўлдириб қўйса, калтакланган одам унинг қўлидан ўлса, урган одам жазоланиши лозим.

21 Лекин хўжайин қул ёки чўрини урса–ю, у бир–икки кундан кейин ўлиб қолса, хўжайин жазоланмасин. Ўз мулкидан айрилгани унга етарли жазодир.

22 Уришаётган одамлар ҳомиладор аёлни туртиб юборсалар, аёл чала туғиб қўйса–ю, унга бошқа зиён етмаса, зиён етказган одам ўша аёлнинг эри талаб қилган ва ҳакамлар белгилаган миқдордаги зарарни тўлаши лозим.

23 Агар бошқа зарар етган бўлса, жон эвазига жон,

24 кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш, қўл эвазига қўл, оёқ эвазига оёқ,

25 куюк эвазига куюк, яра эвазига яра, лат ейиш эвазига лат етказиш билан жавоб берсин.

26 Кимки қул ёки чўрисининг кўзига уриб кўр қилиб қўйса, кўзи эвазига уни озодликка чиқарсин.

27 Қули ёки чўрисининг тишини синдирса ҳам, уни тиши эвазига озодликка чиқарсин.

Эгаларнинг масъулияти тўғрисида қонун–қоидалар

28 Агар эркак ёки аёлни буқа сузиб ўлдирса, буқа тошбўрон қилиб ўлдирилсин. Гўшти эса тановул қилинмасин. Лекин буқанинг эгаси айбдор ҳисобланмасин.

29 Бироқ буқа илгари ҳам сузонғич бўлса–ю, эгаси буни била туриб, буқасини назорат қилмаган бўлса, буқа бирор эркак ёки аёлни сузиб ўлдирса, буқа тошбўрон қилиб ўлдирилсин. Буқанинг эгасига ҳам жазо ўлимдир.

30 Аммо буқа эгасига ўз ҳаётини сақлаб қолиши учун пул тўлагани ижозат берилса, у талаб қилинган маблағни тўлаши лозим.

31 Ўғил болани сузса ҳам, қиз болани сузса ҳам, шу қонун амал қилсин.

32 Агар буқа қул ёки чўрини сузса, унинг хўжайинига буқа эгаси ўттиз бўлак кумуш тўласин. Буқа эса тошбўрон қилинсин.

33 Бирортаси чуқур ковлаб, устини ёпиб қўймаса ёки ёпиқ чуқурнинг устини очиб қўйса–ю, ўша чуқурга мол ёки эшак тушиб кетса,

34 чуқурнинг эгаси ўлган ҳайвоннинг эгасига товон тўласин. Ҳайвоннинг жасади эса чуқур эгасиники бўлсин.

35 Агар бирортасининг буқаси бошқасининг буқасини сузиб ўлдириб қўйса, тирик буқани сотиб, пулини тенг бўлишсин. Ўлган буқани ҳам тенг бўлишсин.

36 Аммо буқа илгари ҳам сузонғич бўлса–ю, эгаси буни била туриб, буқасини назорат қилмаган бўлса, буқа эвазига буқа билан товон тўлаши керак. Ўлган буқани эса ўзига олсин.

Мулкни ҳимоя қилиш тўғрисида қонун–қоидалар

1 Бирортаси мол ёки қўйни ўғирлаб, сўйса ёки сотса, молнинг эвазига ўғри бешта мол, қўйнинг эвазига тўртта қўй тўласин.

2-4 Ўғирланган ҳайвонни ўғри қайтариши керак бўлса–ю, лекин товон тўлай олмаса, у ўғирлаган ҳайвон эвазига қул қилиб сотилсин. Ўғирланган ҳайвон тириклайин ўғрининг қўлида топилса, топилган ҳайвон мол бўладими ё эшак ёки қўй бўладими, икки баравар қилиб товон тўласин.

Бирортаси кечаси девор тешаётган ўғрини кўриб қолиб, ўғрини уриб ўлдириб қўйса, ўғрини ўлдирган одам айбдор эмас. Агар ўғрилик кундузи содир бўлса, қон тўккан одам айбдор бўлади.

5 Агар бирортаси бировнинг даласига ёки узумзорига чорвасини ўтлатгани қўйиб юборса, чорва экинзорни ёки узумзорни пайҳон қилса, чорва эгаси ўзининг даласидан ёки узумзоридан яхши ҳосилини даланинг эгасига қайтариб бериши лозим.

6 Агар бирортаси олов ёқса, олов чангалзор бўйлаб бировнинг даласига ўтиб, ўсаётган донни ёки ўриб, боғлаб қўйилган ғаллани ёндириб юборса, олов ёққан одам ҳамма зарарни қоплаши лозим.

7 Бирортаси пулини ёки буюмини қўшнисига сақлаш учун берса, аммо шулар қўшнисининг уйидан ўғирланиб, ўғри топилса, ўғри икки баравар қилиб тўлаши керак.

8 Ўғри топилмаса, уй эгаси ҳакамлар ҳузурига келиб:

— Қўшнимнинг мулкига қўлимни теккизмаганман, — деб қасам ичсин.

9 Кимдир йўқотиб қўйган бирор буюми, моли, эшаги, қўйи, кийими тўғрисида қўшниси билан жанжаллашиб қолса, бу меники, деб даъво қилса, иккови ҳам, ажрим қиламиз деб, ҳакамлар ҳузурига борсин. Ҳакамлар айбдор деб топган одам буюм эгасига икки баравар товон тўлаши керак.

10 Бирортаси қўшнисига эшагини ё молини ёки қўйини ёхуд бошқа ҳайвонини қараб тургани берса–ю, ўша ҳайвон ўлиб қолса, ёки шикастланса, ёки ўғирлаб олиб кетилган бўлса, лекин гувоҳ бўлмаса,

11 олган одам ҳайвон эгасига: «Худо ҳақи, айбим йўқ», деб қасам ичсин. Ҳайвон эгаси қасамга ишонсин, қўшниси товон тўламасин.

12 Борди–ю, ўша ҳайвон қўшнисининг айби билан ўғирланган бўлса, қўшниси ҳайвон эгасига товон тўласин.

13 Агарда ҳайвонни бирор йиртқич тилка–пора қилган бўлса, далил қилиб бурдаларини кўрсатсин. Бурдаланган бўлаклари учун у товон тўламайди.

14 Бирортаси бошқасининг ҳайвонини сўраб олган бўлса–ю, ҳайвон шикастланса ёки ўлса, лекин ўша пайтда эгаси ҳайвоннинг олдида бўлмаса, сўраб олган одам ҳайвон учун товон тўласин.

15 Агар ўшанда эгаси ўз ҳайвони ёнида бўлса, товон тўламасин. Агар ҳайвон ёллаб олинган бўлса, ёлланган баҳоси тўлансин.

Ахлоқ ва дин тўғрисида қонун–қоидалар

16 Кимки вояга етган ва унаштирилмаган қизни зўрлаб, у билан ётса, ўша одам у қиз учун қалин берсин, ўша қизга уйлансин.

17 Агар отаси қизни ўша одамга беришга рози бўлмаса, ўша одам вояга етган қизларга бериладиган миқдордаги пулни қизнинг оиласига тўласин.

18 Жодугарларни тирик қолдирманглар.

19 Ҳайвон билан жинсий алоқа қилган одамнинг жазоси ўлимдир.

20 Фақат Мен, Эгангизгагина қурбонлик келтиринглар. Мендан бошқа худоларга қурбонлик келтирган одамни ўлимга ҳукм қилинглар.

21 Мусофирни эзиб, унга зулм ўтказманглар. Ўзларингиз ҳам Мисрда мусофир бўлган эдингизлар.

22 Беваларга ва етимларга жабр қилманглар.23 Агар шундай қилсангиз, улар Менга ёлворадилар. Мен уларнинг нолаларини эшитаман.

24 Мен қаттиқ ғазабланиб, эркакларингизга қирғин келтираман. Оқибатда хотинларингиз бева, болаларингиз етим бўлиб қолади.

25 Менинг халқимдан бирорта камбағалга қарз берсангиз, қарз берувчи сифатида уни сиқувга олманглар, ундан фоиз талаб қилманглар.

26 Агар қўшнингизнинг тўнини гаровга олган бўлсангиз, кун ботмасдан олдин тўнини қайтариб беринг.

27 Ўша тўн қўшнингизнинг биттаю битта ёпинчиғидир. Бўлмаса, қўшнингиз нимани ёпиниб ухлайди?! У Менга ёлворганда, эшитаман. Мен раҳмдилман.

28 Мен, Худойингизни хўрламанглар, оқсоқолларингиздан биронтасини ҳам қарғаманглар.

29 Хирмонингизнинг ҳосилидан, зайтун мойи ва шаробдан Менга назр қилишни кечиктирманглар.

Тўнғич ўғилларингизни Менга бағишланглар.

30 Мол ва қўй–эчкиларингизнинг биринчи эркак боласини ҳам Менга бағишланглар. Улар етти кун онаси билан бўлсин, саккизинчи куни эса уларни Менга назр қилинглар.

31 Сизлар Менинг муқаддас халқим бўлинглар. Далада йиртқич тилка–пора қилган ҳайвоннинг гўштини ўзларингиз еманглар, итларга беринглар.

Адолатли ҳукм тўғрисида қонун–қоидалар

1 Ёлғон хабарлар тарқатманглар. Ёлғон гувоҳлик бериш орқали фосиқ одамларга қўшилманглар.

2 Кўпчилик нотўғри иш қилганда ёки адолатдан четга чиқиб гувоҳлик берганда, уларга эргашманглар.

3 Камбағални ҳукм қилаётганда ҳам, камбағал, деб унинг тарафини олманг.

4 Агар душманингизнинг йўқолиб қолган ҳўкизини ёки эшагини топиб олсангиз, эгасига олиб бориб беринг.

5 Душманингизнинг эшаги юк оғирлигидан йиқилиб қолса, сиз уни кўрган бўлсангиз, душманингизни ташлаб кетманг. Унга ёрдам беринг.

6 Ҳукмда камбағалга қарши адолатдан кўз юмманг.

7 Туҳматчилардан узоқ туринглар, айбсиз, тўғри одамни ўлимга ҳукм қилманглар. Мен бундай иш қилган айбдорларни ҳукмда оқламайман.

8 Пора олманглар. Пора туфайли кўзи очиқларнинг кўзини ёғ босади. Пора ҳар доим тўғри одамларнинг ишига зарар етказади.

9 Мусофирга зулм қилманглар. Ўзларингиз Мисрда мусофир бўлган эдингизлар, шу боис мусофирнинг аҳволини биласизлар.

Еттинчи йил ва еттинчи кун тўғрисида қонун–қоидалар

10 Олти йил далангизга уруғ сепиб, ҳосилини йиғиштириб олинг.

11 Еттинчи йили эса ерингизни бўш қолдиринг, дам беринг. Халқингиз орасидаги камбағаллар ерингиздан ўсиб чиқадиган ҳосилдан бирон егулик топиб есин. Улардан қолганини эса дашт ҳайвонлари есин. Узумзорингизни ва зайтунзорингизни ҳам шундай қилинглар.

12 Олти кун иш қилинглар, еттинчи куни эса ишламанглар, токи ҳўкизларингиз, эшакларингиз ҳам ишдан тинсин, қулларингиз, мусофирлар ҳам ором олсин.

13 Мен сизларга берган амрларимга риоя қилинглар. Бошқа худоларга илтижо қилманглар. Уларнинг номларини ҳатто тилга ҳам олманглар.

Йилда қилинадиган байрамлар тўғрисида қонун–қоидалар

14 Менга атаб йилда уч марта байрам қилинглар:

15 Абиб ойининг белгиланган вақтида хамиртурушсиз нон байрамини нишонланглар. Сизлар ўша ойда Мисрдан чиққансизлар. Мен сизларга амр этганимдай, етти кун хамиртурушсиз нон енглар. Ҳар ким Менинг ҳузуримга муносиб назрлар олиб келиши лозим.

16 Буғдой ўримини йиғиштиришни бошлаганингизда, далангизга эккан уруғнинг илк ҳосилидан назр қилинглар. Шу орқали Ҳосил байрамини нишонланглар.

Кузда даладаги ҳамма ҳосилингизни йиғиштириб бўлганингизда, Чайла байрамини нишонланглар.

17 Ҳамма эркаклар ҳар йили шу учала байрамда Мен, Эгангиз Раббийнинг ҳузурига келиб сажда қилсин.

18 Менга қилинган қурбонликнинг қонини хамиртуруш қўшилган нон билан бирга назр қилманглар. Қилинган қурбонликнинг ёғини эрталабга қолдирмай куйдиринглар.

19 Ерингиздан олган илк ҳосилнинг энг яхшисини Мен, Эгангиз Худонинг уйига олиб келинглар.

Улоқчани онасининг сутида қайнатманглар.

Ваъда ва огоҳлантиришлар

20 Сизларни йўлда муҳофаза этсин, сизларни Мен тайёрлаган ерга олиб борсин деб, олдингизда фариштани юборяпман.

21 Менинг номимдан келадиган қудрату ҳокимият унга берилган. Шунинг учун унга ўжарлик қилманглар, акс ҳолда, у ўжарлигингизни кечирмайди.

22 Агар фариштамнинг айтганларига диққат билан қулоқ солсангиз, Менинг амрларимга итоат этсангиз, душманларингизга душман, рақибингизга рақиб бўламан.

23 Фариштам олдингизда бориб, сизларни Амор, Хет, Париз, Канъон, Хив ва Ёбус халқларининг ерларига бошлаб боради. Мен ўша халқларни йўқ қиламан.

24 Уларнинг худоларига сажда қилманглар, хизмат қилманглар. Бу халқларнинг одатларига тақлид қилманглар. Уларнинг худоларини йўқ қилинглар, бутсимон тошларини синдириб ташланглар.

25 Фақат Мен, Эгангиз Худогагина хизмат қилинглар. Шунда Мен ош–сувингизни баракали қиламан, орангиздан хасталикларни йўқ қиламан.

26 Юртингизда ҳомиласи тушиб қолган ёки бефарзанд аёл бўлмайди. Мен умрингизни узоқ қиламан.

27 Сизларга қарши бўлган халқларни Мендан қўрқадиган қиламан. Сизларга қарши жанг қиладиган халқларни саросимага соламан. Душманларингизнинг ҳаммасини олдингиздан қочираман.

28 Мен Хив, Канъон ва Хет халқларини ваҳимага соламан–да, олдингиздан қувиб юбораман.

29 Лекин Мен бир йил ичидаёқ уларни олдингиздан ҳайдаб юбормайман. Агар бир йилнинг ичида уларни ҳайдасам, ўша юрт бўм–бўш бўлиб қолади, дашт ҳайвонлари кўпайиб, сизга хавф солади.

30 Шунинг учун сизлар кўпайиб, ўша юртни бутунлай эгаллаб олмагунингизча, у ернинг халқларини оз–оздан олдингиздан ҳайдайман.

31 Чегараларингизни Қизил денгиздан Ўрта ер денгизигача, саҳродан Фурот дарёсигача кенгайтираман. Шу юртнинг халқларини қўлларингизга бераман. Сизлар уларни олдингиздан қувасизлар.

32 Уларнинг ўзлари билан ҳам, худолари билан ҳам аҳд қилманглар.

33 У халқлар сизнинг юртингизда яшамасин. Бўлмаса улар сизни ўзларининг худоларига сажда қилдириб, Менга қарши гуноҳга бошлайди. Бу йўл билан сизларни тузоғига илинтириб олади.”

Халқ Худога итоат этишга рози

1 Шундан кейин Эгамиз Мусога деди:

— Сен Ҳорунни ва унинг икки ўғли Надов билан Абиҳуни, Исроилнинг етмишта оқсоқолини Менинг ҳузуримга олиб кел. Кейин узоқдан сажда қилинглар.

2 Менга фақат сен яқин келгин, бошқа ҳеч ким яқин келмасин. Халқ эса сизлар билан бирга чиқмасин.

3 Мусо келиб, Эгамизнинг ҳамма амрларини, ҳамма қонун–қоидаларини халққа айтиб берди. Халқ бир овоздан: “Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз”, дея жавоб берди.

4 Мусо Эгамизнинг ҳамма амрларини ва қонун–қоидаларини ёзди. Сўнг эртаси куни тонгда туриб, тоғ этагига қурбонгоҳ қурди. Ўн икки Исроил қабиласининг миқдорига кўра, ўн иккита тош ўрнатди.

5 Мусо Исроил халқи орасидан ёш йигитларни қурбонликлар келтиргани юборди. Улар Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар қилишди. Буқаларни тинчлик қурбонликлари қилишди.

6 Мусо қоннинг ярмини тоғорага қуйди, қолган ярмини эса қурбонгоҳга сепди.

7 Сўнгра у Аҳд китобини олиб, халққа овоз чиқариб ўқиб берди. Шунда халқ: “Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз, Унга итоат қиламиз”, деди.

8 Мусо тоғорадаги қонни олди–да, халққа сепиб: “Ана шу сўзларга мувофиқ, шу қон Эгамизнинг сизлар билан қилган аҳдини тасдиқлайди”, — деди.

9 Шундан кейин Мусо, Ҳорун, Надов, Абиҳу ва Исроилнинг етмишта оқсоқоли тоққа чиқишиб,

10 у ерда Исроил халқининг Худосини кўрдилар: Унинг оёқлари остида зангори ёқутдан қилинган полга ўхшаш бир нарса бор эди. У мовий осмон каби мусаффо эди.

11 Исроил халқининг бу йўлбошчилари Худони кўрган бўлсалар–да, Худо уларни ўлдирмади. Улар ўша ерда қурбонлик гўштини тановул қилдилар.

Мусо Синай тоғида

12 Кейин Эгамиз Мусога айтди:

— Тоққа, Менинг олдимга чиқиб, шу ерда тур. Мен сенга амр ва қонунлар ёзилган иккита тош лавҳани бераман. Бу амр ва қонунларни халқ ўргансин деб ёздим.

13 Мусо билан унинг шогирди Ёшуа отланишди. Мусо Худонинг муқаддас тоғига кетаётиб,

14 оқсоқолларга айтди:

— Ёнларингизга қайтиб келгунимизча шу ерда — қароргоҳда кутиб туринглар. Ҳорун билан Хур сизларнинг ёнингизда қолади. Кимнинг иши бўлса, уларга мурожаат этсин.

15 Мусо тоққа чиққанда, тоғни булут қоплади.

16 Эгамиз улуғворлигини зоҳир қилиб, Синай тоғига тушди. Олти кун давомида булут тоғни қоплаб турди. Еттинчи куни Эгамиз булут орасидан Мусони чақирди.

17 Эгамизнинг улуғворлиги тоғ чўққисида ловуллаётган аланга каби, Исроил халқи кўзи ўнгида зоҳир бўлиб турарди.

18 Мусо булут орасида юриб, тоғ чўққисига чиқди. Мусо тоғда қирқ кечаю қирқ кундуз қолди.

Муқаддас чодир учун назрлар

1 Эгамиз Синай тоғида Мусога деди:

2 “Исроил халқига, Эгамизга назр келтиринглар, деб айт. Менга чин кўнгилдан назр қилмоқчи бўлган одамнинг назрини қабул қил.

3 Сен улардан қабул қилиб оладиган назрлар қуйидагилардир: олтин, кумуш, бронза,

4 шунингдек, кўк, сафсар ва қирмизи рангли иплар, майин зиғир матоси, эчки жуни,

5 қизилга бўялган қўчқор териси, юмшоқ тери, акас ёғочи,

6 мойчироқлар учун зайтун мойи, муқаддас қиладиган мой учун зираворлар, хушбўй тутатқи учун зираворлар,

7 эфод ва кўкракпечга тақиладиган ақиқ ҳамда бошқа қимматбаҳо тошлар.

8 Исроил халқи Мен учун муқаддас маскан барпо қилишсин, токи Мен Исроил халқи орасида истиқомат қилайин.

9 Бу Муқаддас чодирни ва унинг ҳамма жиҳозларини Мен сенга кўрсатадиган намунага мувофиқ ясат.

Аҳд сандиғи ва унинг қопқоғига оид кўрсатмалар

10 Акас ёғочидан Сандиқ ясат. Сандиқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак бўлсин.

11 Сандиқнинг ичкарию ташқарисини тоза олтин билан қоплат. Айланасига олтин гулчамбар қилдир.

12 Сандиқ учун эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясатиб, тўртала оёғига маҳкамлат: иккита ҳалқа бир томонида, иккита ҳалқа иккинчи томонида бўлсин.

13 Кейин акас ёғочидан ходалар ясатиб, ходаларни олтин билан қоплат.

14 Ходаларни Сандиқнинг иккала томонидаги ҳалқадан ўтказ, токи ходалар ёрдамида Сандиқни кўтариб юришсин.

15 Ходалар Сандиқнинг ҳалқаларидан айириб олинмасин, доимо турсин.

16 Мен сенга берадиган аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани Сандиққа солиб қўй.

17 Тоза олтиндан Сандиқнинг қопқоғини ясат. Қопқоқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак бўлсин.

18-19 Шу билан бирга, олтиндан зарб уриб иккита каруб ясат. Битта каруб қопқоқнинг бир четида, иккинчи каруб иккинчи четида бўлиб, ҳар иккаласи қопқоқ билан бир бутунни ташкил қилсин.

20 Карубларнинг тепага кўтарилган қанотлари қопқоқни беркитиб турсин. Улар юзма–юз туриб, қопқоққа қараган бўлсин.

21 Қопқоқни Сандиқнинг устига қўй. Мен сенга берадиган иккита тош лавҳани Сандиққа сол.

22 Мен сен билан Аҳд сандиғи олдида учрашаман. Карублар ўртасидаги гуноҳдан поклаш жойи тепасидан Мен сенга гапириб, Исроил халқи учун ҳамма амрларимни сенга бераман.

Муқаддас нонлар қўйиладиган хонтахтага оид кўрсатмалар

23-24 Акас ёғочидан хонтахта ясат. Уни тоза олтин билан қоплат. Хонтахтанинг узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак бўлсин. Хонтахтанинг четларига айлантириб олтин гулчамбар қилдир.

25 Яна хонтахтанинг айланаси бўйлаб тўрт энли ром ўрнат. Бу ромни нақшли ҳошия қилиб безат. Уни хонтахтанинг оёқларига маҳкамлат.

26-28 Яна тўртта олтин ҳалқа ясатиб, ҳар бирини тахта маҳкамланган жойнинг ёнига — тўртала бурчагидаги тўртала оёғига ўрнаштир. Акас ёғочидан иккита хода ясатиб, уларни олтин билан қоплат. Бу ёғочларни ҳалқалардан ўтказиб, хонтахтани кўтариб юриш учун фойдалан.

29 Хонтахтага қўйиладиган лаган, пиёлалар, шароб назр қилиш учун кўза ва косалар ясат. Бу буюмларни тоза олтиндан ясат.

30 Менинг ҳузуримдаги хонтахтада доим муқаддас нонлар турсин.

Чироқпояга оид кўрсатмалар

31 Соф олтиндан зарб уриб чироқпоя ясат. Бутун чироқпоя ва унинг безаклари бир бутун қилиб ясалсин. Чироқпоянинг таглиги, пояси ва куртакли гулга ўхшаш шаклдаги пиёлалари бўлсин.

32 Яна чироқпоянинг поясидан олтита шохча чиқарилсин: учта шохчаси бир ёнидан, учта шохчаси иккинчи ёнидан чиқарилсин.

33 Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар бирида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги учта пиёла бўлсин.

34 Чироқпоянинг поясида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги тўртта пиёла бўлсин.

35 Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар жуфтида бу куртаклардан учтаси бирин–кетин тизилиб турсин.

36 Чироқпоя, шохчалари ва куртаклари билан битта қилиб, тоза олтиннинг яхлит бўлагидан зарб уриб ясалиши лозим.

37 Чироқпоя учун еттита мойчироқ ясат. Мойчироқларни чироқпояга шундай ўрнаштиргинки, чироқпоянинг олд томонини ёритадиган бўлсин.

38 Мойчироқларга қараб туриш учун тоза олтиндан қисқичлар ва патнислар ясат.

39 Чироқпояни ва бу буюмларни икки пуд тоза олтиндан ясашсин.

40 Эҳтиёт бўл, ўша ҳамма буюмларни Мен сенга шу ерда — тоғда кўрсатган намунага мувофиқ ясат.

Муқаддас чодирга оид кўрсатмалар

Чодирнинг ички қавати

1 Энди Муқаддас чодирнинг ўзига келсак, унинг ички қаватини қилдир. У майин зиғир матосидан тикилган ўнта чойшабдан иборат бўлсин. Моҳир усталар бу чойшабларни безатиб, уларга кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини солишсин.

2 Ҳар бир чойшабнинг бўйи йигирма саккиз тирсак, эни тўрт тирсак бўлсин. Ҳамма чойшабларнинг ўлчови бир хил бўлсин.

3 Чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тиктир, қолган бештасини ҳам шундай қилдир.

4-5 Ҳосил бўлган икки узун бўлак чойшабнинг бўйига кўк матодан элликтадан ҳалқа тиктир. Ҳар икки томонга тикилган ҳалқалар бир–бирига рўпарама–рўпара бўлсин.

6 Кейин олтиндан элликта илгак ясаттир, иккала чойшабнинг ҳалқаларини илгаклар билан бир–бирига улат. Шунда Чодирнинг ички қавати бир бутун бўлади.

Чодирнинг ташқи қопламалари

7 Муқаддас чодирнинг қопламаси учун эчки жуни матосидан ўн битта чойшаб тиктир.

8 Ҳар бир чойшабнинг бўйи ўттиз тирсак, эни тўрт тирсак бўлсин. Ўн битта чойшабнинг ҳаммаси бир ўлчовда бўлсин.

9-11 Чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тиктир, қолган олтитасини ҳам шундай қилдир. Уланган икки бўлак чойшабнинг бўйига элликтадан ҳалқа тиктир. Кейин бронзадан элликта илгак ясат, иккала чойшабнинг ҳалқаларини илгаклар билан бир–бирига улат. Шунда Чодирнинг қопламаси бир бутун бўлади. Чодир устига қопламани ташлаганларингизда, Чодирга кираверишнинг юқорисида олтинчисини узунаси бўйлаб икки букла.

12 Қопламанинг бўйидан қолган икки тирсаги Чодирнинг орқасида ерга ёйилиб туради.

13 Қопламанинг эни охиридаги қўшимча бир тирсак Чодирнинг икки ёнбошида ерга осилиб туради ва Чодирни бутунлай қоплайди.

14 Бу қоплама устига қўйиш учун қизилга бўялган қўчқор терисидан қоплама, сўнг юмшоқ теридан ташқи қоплама қилдир.

Чодирни тутиб турадиган ром

15 Акас ёғочидан Муқаддас чодирни тутиб турадиган ромлар ясат.

16 Ҳар бир ромнинг бўйи ўн тирсак, эни бир ярим тирсак бўлсин.

17 Ҳар бир ромнинг остида бир–бирига параллель бўлган иккита тиргак ясат.

18 Чодирнинг жануб томонидаги девор учун йигирмата ром ясат.

19 Бу ромлар остига қўйиш учун кумушдан қирқта таглик — ҳар бир ром учун иккитадан таглик қилдир, токи ҳар бир тиргак остида битта таглик бўлсин.

20 Чодирнинг шимол томонидаги девори учун йигирмата ром ясат.

21 Ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан, жами қирқта кумуш таглик ясат.

22 Чодирнинг орқадаги — ғарб томонидаги девор учун олтита ром,

23 Чодирнинг орқасида бурчаклар ҳосил қилиш учун ҳар икки томонига яна биттадан ром ясат.

24 Бу иккала ромни пастдан ва юқоридан туташган девордаги охирги ромга бирлаштир. Битта бурчак ҳосил қилиш учун битта ҳалқа билан яхлит қилиб бирлаштир. Бу ҳар иккала бурчак шу йўл билан ҳосил қилинади.

25 Шундай қилиб, ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан — ўн олтита кумуш тагликка таянган саккизта ромдан орқадаги девор ясалади.

26 Муқаддас чодирнинг жануб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун акас ёғочидан бешта тамба,

27 шимол томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба, орқа томони — ғарб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба ясат.

28 Ромларнинг ярмигача ўрнаштирилган ўртадаги тамбалар Чодирнинг бошидан охиригача чўзилади.

29 Ромларни олтин билан қоплат, тамбаларни ушлаб турадиган олтин ҳалқаларни ромларга бирлаштир, тамбаларни ҳам олтин билан қоплат.

30 Чодирни Мен сенга шу ерда — тоғда кўрсатган намуна бўйича ўрнаштир.

Чодирнинг ички пардаси

31 Майин зиғир матосидан ички пардани тиктир. Моҳир усталар бу пардани безатиб, унга кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини солишсин.

32 Акас ёғочидан тўртта устун ясат. Устунларга олтин қоплатиб, уларга олтин илгакларни маҳкамлат. Кумуш тагликка устунларни биттадан ўрнаштир ва ички пардани устундаги илгакларга осдир.

33 Ички парда Чодир шипидаги илгаклар остида осилиб турсин. Аҳд сандиғи ички парданинг орқасига олиб кирилсин. Ички парда Муқаддас хонани Энг муқаддас хонадан ажратиб туради.

34 Сандиқнинг қопқоғи Энг муқаддас хонага олиб кирилсин, уни Аҳд сандиғи устига қўйдир.

35 Хонтахтани Чодирнинг шимол томонига — ички парданинг ташқарисига қўйдир. Чироқпояни эса Чодирнинг жануб томонига — ички парданинг ташқарисидаги хонтахтанинг рўпарасига ўрнат.

Чодирнинг киришидаги парда

36 Чодирга кириш жойи учун майин зиғир матосидан пардани тиктир. Парда устига кўк, сафсар ва қирмизи иплардан нафис нақш солдир.

37 Акас ёғочидан бешта устун ясат, токи пардани ушлаб турсин. Устунларга олтин қоплатиб, уларга олтин илгакларни маҳкамлат. Эритилган бронзадан устунлар остига қўйиш учун бешта таглик ясат.

Қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳга оид кўрсатмалар

1 Акас ёғочидан тўртбурчак қилиб қурбонгоҳ ясат. Қурбонгоҳнинг узунлиги беш тирсак, эни ҳам беш тирсак, бўйи уч тирсак бўлсин.

2 Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагига ўзидан йўниб чиқарилган биттадан шох ясат. Қурбонгоҳ ва унинг шохларини бронза билан қоплат.

3 Қурбонгоҳдаги кулни тўккани қозонлар, кураклар, тоғорачалар, санчқилар, оловкураклар ясат. Ҳамма буюмларни бронзадан қилдир.

4 Қурбонгоҳга бронзадан панжара ясат. Панжаранинг тўртала бурчагига тўртта бронза ҳалқа ясат.

5 Панжарани қурбонгоҳнинг ичига — тўрт томонига ўрнатилган токчанинг остида ўрнат, ярмигача етиб борсин.

6 Яна қурбонгоҳ учун акас ёғочидан ходалар ясатиб, ходаларни бронза билан қоплат.

7 Қурбонгоҳни кўтариб юриш учун қурбонгоҳнинг иккала ёнидаги ҳалқалардан ходаларни ўтказ.

8 Қурбонгоҳнинг четларига тахта қоқтириб, ичини бўш қолдир. Қурбонгоҳни Мен сенга шу ерда — тоғда кўрсатганимдай қилиб ясаттир.

Муқаддас чодир ҳовлиси атрофидаги тўсиққа оид кўрсатмалар

9 Сўнгра Муқаддас чодирнинг ҳовлисини ўраб турсин деб, пардадан тўсиқ қилдир: тўсиб турадиган пардаларни майин зиғир матосидан тиктир. Ҳовлининг жануб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги юз тирсак бўлсин.

10 Ўша тўсиқда бронзадан қилинган йигирмата тагликка ўрнатилган йигирмата устун бўлсин. Шу ердаги пардаларни осиш учун устунларга кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамлат.

11 Ҳовлининг шимол томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги ҳам юз тирсакни ташкил қилсин, унинг йигирмата устуни ва бронзадан қилинган тагликлари ҳам бўлсин. Пардаларини осиш учун устунларига кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамлат.

12 Ҳовлининг ғарб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги эллик тирсак, унинг ўнта устуни ва таглиги бўлсин.

13 Ҳовлининг шарқ томони эллик тирсак кенгликда бўлсин.

14-15 Ҳовлига кириш жойи шу ер бўлади. Киришнинг ўнг ва чап томонидаги пардадан қилинган тўсиқларнинг узунлиги ўн беш тирсакдан бўлсин, ҳар икки томонга учтадан устун ва тагликлар ўрнатилсин.

16 Ҳовлига кириш жойига узунлиги йигирма тирсак бўлган парда қилдир. Уни майин зиғир матосидан тиктир, устига кўк, сафсар ва қирмизи иплардан нафис нақш солдир. Бу пардани тўртта тагликка ўрнатилган тўртта устун ушлаб туради.

17 Ҳовлининг атрофидаги ҳамма устунларнинг кумушдан қилинган илгаклари ва ҳалқалари, бронзадан қилинган тагликлари бўлсин.

18 Ҳовлининг узунлиги юз тирсак, эни эллик тирсак бўлсин. Тўсиб турадиган пардалар майин зиғир матосидан тиктирилиб, бўйи беш тирсак бўлсин. Тагликлар бронзадан бўлсин.

19 Муқаддас чодирнинг бошқа барча зарур ашёлари ҳам, Чодирни ва пардадан қилинган тўсиқни ушлаб турадиган қозиқлар ҳам бронзадан ясалсин.

Мойчироқлар учун зайтун мойига оид кўрсатмалар

20 Сен Исроил халқига буйруқ бер: чироқпоядаги мойчироқлар учун тоза зайтун мойини улар сенга олиб келиб туришсин, токи мойчироқлар ҳар доим тун бўйи ёниб турсин.

21 Чироқпоя Учрашув чодирига, Аҳд сандиғини тўсиб турган ички парда олдига ўрнатилган бўлсин. Ҳорун ва унинг ўғиллари, ҳар куни оқшомдан эрталабгача Эгамизнинг ҳузурида мойчироқлар ёниб турсин деб, мойчироқлардан хабар олиб туришсин. Бу қонун–қоидага Исроил халқи авлодлар оша доимо амал қилсин.

Руҳонийлик либосларига оид кўрсатмалар

1 Исроил халқи орасидан аканг Ҳорунни ва у билан бирга унинг ўғилларини ёнингга чақир. Ҳорун ҳам, унинг ўғиллари Надов, Абиҳу, Элазар, Итамар ҳам руҳоний бўлиб Менга хизмат қилишсин.

2 Аканг Ҳорунни салобатли ва кўркам қилиш учун унга муқаддас руҳонийлик либосларини тиктир.

3-4 Мен қобилият ато қилган ҳамма моҳир усталарга айт. Улар Ҳорунга қуйидаги руҳонийлик либосларини тикишсин: кўкракпеч, эфод, ридо, нақшли кўйлак, салла ва белбоғ. Ҳорун Менга хизмат қилганда, бу либослар уни муқаддас қилиб бошқалардан ажратиб туради. Ҳорун ўғиллари кийишлари учун уларга муқаддас либослар тиктир, токи улар руҳоний бўлиб Менга хизмат қилганларида, бу либосларни кийишсин.

5 Улар бу либосларни майин зиғир матосидан тикиб, кўк, сафсар, қирмизи ва зар иплар билан безатишсин.

Олий руҳоний учун эфод

6 Эфодни майин зиғир матосидан ясатиб, устига кўк, сафсар, қирмизи ва зар иплардан нафис нақш солдир.

7 У бир–бирига иккита елка боғичи билан боғланган олд ва орқа қисмлардан иборат бўлсин.

8 Камар ясатиб, уни эфодга боғлат. Камарни ҳам майин зиғир матосидан қилдир. Унга кўк, сафсар, қирмизи ва зар иплардан нафис нақш солдир.

9-11 Кейин иккита ақиқ тош олиб, уста қимматбаҳо тошга муҳр ўядигандай, бу тошларга Исроил ўғилларининг исмини ўйиб ёздир. Битта тошга Исроил ўғилларидан олтитасининг исмини, иккинчи тошга қолган олтитасининг исмини ёши бўйича ёздир. Ёзилган тошларни олтиндан қилинган нақшли уялар ичига қўйдириб,

12 эфоднинг елка боғичларига ўрнаштир. Ҳорун Мен, Эгангизнинг ҳузурига кирганда, Исроилнинг ўн икки қабиласини эслатиб туриш учун иккала елкасида бу тошларни олиб юради.

13 Яна иккита нақшли, олтин уя ва

14 тоза олтиндан ипга ўхшатиб эшилган иккита занжир ясат. Бу иккала занжирнинг бир учи уяга маҳкамланади.

Олий руҳоний учун кўкракпеч

15 Олий руҳоний учун кўкракпеч ясат. У ҳукм қилаётганда, Худонинг хоҳишини билиш учун мана шу кўкракпечдан фойдаланади. Кўкракпечни, эфод сингари, майин зиғир матосидан ясатиб, устига кўк, сафсар, қирмизи ва зар иплардан нафис нақш солдир.

16 Кўкракпечни тўртбурчак халта шаклида, икки букланган, бўйи бир қарич, энига ҳам бир қарич қилиб ясат.

17 Кўкракпечга тўрт қатор тошни тўғри қилиб тердир: қизил ёқут, хризолит ва зумрад тошларни биринчи қаторга тердир.

18 Иккинчи қаторга фируза, зангори ёқут ва олмосни тердир.

19 Учинчи қаторга ложувард, агат ва аметист тошларни тердир.

20 Тўртинчи қаторга топаз, ақиқ ва яшма тошларни тердир. Ҳамма тошлар олтиндан қилинган нақшли уяларга ўрнаштирилсин.

21 Бу ўн икки тош Исроилнинг ўн икки қабиласини эслатиб туради. Муҳр ўйгандай қилиб, Исроилнинг ўн икки ўғлидан ҳар бирининг исмини бу тошларнинг ҳар бирига ўйиб ёздир.

22-23 Иккита олтин ҳалқа ясатиб, кўкракпечнинг иккала устки бурчакларига маҳкамлат. Тоза олтиндан ипга ўхшатиб эшилган иккита занжирни ол.

24 Иккала занжирнинг бир учини кўкракпечдаги ҳалқаларга боғлат,

25 иккинчи учини нақшли олтин уяларга маҳкамлат. Уяларни эфоднинг олд томонидаги елка боғичларига ўрнаштир.

26-27 Яна олтиндан тўртта ҳалқа ясат. Иккитасини кўкракпечнинг остки бурчакларига — эфодга яқин бўлган ички қирғоғига маҳкамлат. Иккитасини эфоднинг олд томонига, иккала елка боғичининг пастига — нақшли камар устидаги жойга маҳкамлат.

28 Кўкракпеч эфоднинг нақшли камари устида бўлсин, эфоддан осилиб турмаслиги учун кўкракпеч ҳалқалари ёрдамида эфоднинг ҳалқаларига кўк боғич билан маҳкамланади.

29 Ҳорун ҳар сафар Муқаддас хонага кирганда кўкракпечдаги ўн икки Исроил қабиласининг исми унинг юраги тепасида бўлади. Шундай қилиб, Ҳорун Мен, Эгангизнинг ҳузурида бўлганда, кўкракпеч доимо Менга Исроил қабилаларини эслатиб туради.

30 Урим ва Туммимни кўкракпеч халтасининг ичига сол, токи Ҳорун Менинг ҳузуримга кирганда, халқим учун Менинг хоҳишимни билгани фойдаланиладиган ўша нарсаларни доимо юраги тепасида кўтариб юрсин.

Бошқа руҳонийлик либослари

31 Эфоднинг ридосини кўк ипдан тўқилган матодан тиктир.

32 Ридонинг ўртасидан бош сиғадиган тешик қилдир. Ридо йиртилиб кетмаслиги учун тешикнинг четини тўқит.

33-34 Ридо этагининг учига айланаси бўйлаб анор шаклини ва қўнғироқчаларни бирин–кетин қилиб биттама–битта остириб чиқ. Анор шаклини кўк, сафсар ва қирмизи иплардан қилдир. Олтин қўнғироқчаларни анор шакли ораларига остир.

35 Мен, Эгангизнинг ҳузурида Ҳорун олий руҳоний бўлиб хизмат қилганда, шу ридони кийиши керак. У Муқаддас хонага кирганда ва у ерда бўлганда, ридонинг қўнғироқчалари чалинади, шунда Ҳорун хавф–хатардан йироқ бўлиб, ўлмайди.

36 Кейин тоза олтиндан лавҳа ясат. Лавҳанинг юзасига муҳр ўйгандай қилиб, «Эгамизга бағишланган», деб ўйиб ёздир.

37 Лавҳани кўк боғич билан салланинг олд томонига маҳкамлат.

38 Исроил халқининг эҳсонлари Менга қабул бўлиши учун Ҳорун доимо ўз руҳонийлик вазифасини бажарганда, лавҳани пешанасида олиб юрсин. Исроил халқи назр қилганда, Ҳоруннинг назрларга оид гуноҳни ювиш вазифасининг рамзи шу лавҳа бўлади.

39 Ҳоруннинг кўйлагини ва салласини майин зиғир матосидан қилдир, кўйлагига нақш солдир. Яна белбоғини қилдир, уни ҳам нақш билан безат.

40 Ҳоруннинг ўғилларини салобатли ва кўркам қилиш учун уларга кўйлаклар, белбоғлар, пешанабоғлар тиктир.

41 Аканг Ҳорун ва унинг ўғиллари руҳоний бўлиб Менга хизмат қилишлари учун уларни бағишла: бу либосларни уларга кийгизиб, мой сурт, уларни руҳоний қилиб тайинла.

42 Тананинг очиқ жойлари кўриниб қолмасин деб, яна уларга зиғир матосидан иштонлар тиктир. Кийимлар уларнинг белидан сонигача ёпиб турсин.

43 Ҳорун ва унинг ўғиллари Учрашув чодирига кирганларида ёки Муқаддас хонада хизмат қилиш учун қурбонгоҳга яқинлашганларида, шу ички кийимларни кийиб олсин. Шунда Ҳорун ва унинг ўғиллари очиқ жойларини беркитмагани учун айбдор бўлиб ўлдирилмайди. Ҳорун ва унинг наслига доимий қонун–қоида ана шудир.

Ҳорун ва унинг ўғилларини руҳоний қилиб бағишлаш тўғрисида кўрсатмалар

1 Ҳорун билан унинг ўғиллари руҳоний бўлиб Менга хизмат қиладилар. Шунинг учун уларни Менга бағишлаб, қуйидагича маросим ўтказ. Нуқсонсиз битта буқани ва иккита қўчқорни ол.

2 Сифатли буғдой унидан қилинган хамиртурушсиз нонларни, зайтун мойи қўшилган хамиртурушсиз нонларни ва зайтун мойи суртилган хамиртурушсиз чалпакларни ҳам пиширтир.

3 Шундан кейин нонларни саватга солиб, буқа ва иккала қўчқор билан бирга Менга назр қилиб олиб кел.

4 Ҳорун билан ўғилларини Учрашув чодири кираверишига олиб кел. Ҳаммаларини ювинтир.

5 Сўнгра руҳонийлик либосларини ол. Ҳорунга кўйлакни ва ридони, эфодни, кўкракпечни кийгиз. Белига эфоднинг нафис нақшинкор камарини боғла.

6 Кейин Ҳоруннинг бошига саллани кийгизиб, салланинг устига олтин лавҳани — уни бошқалардан ажратиб турадиган муқаддаслик рамзини ўрнаштир.

7 Сўнгра муқаддас қиладиган мойни олиб, унинг бошига сурт ва уни Менинг хизматимга бағишла.

8 Ҳоруннинг ўғилларини олиб келиб, уларга кўйлакни кийгизиб,

9 бошларига пешанабоғ боғла. Ҳорун билан ўғилларига яна белбоғ боғла. Доимий қонун–қоида бўйича руҳонийлик уларники бўлади.

Сўнг Ҳорун ва унинг ўғилларини руҳонийлик хизматига тайинла.

10 Буқани Учрашув чодири олдига олиб кел. Ҳорун билан ўғиллари эса буқанинг бошига қўлларини қўйишгач,

11 Учрашув чодирига кираверишда Мен, Эгангизнинг ҳузурида буқани сўй.

12 Буқанинг қонидан олиб, бармоғинг билан қурбонгоҳнинг шохларига қонни сурт. Ортган қоннинг ҳаммасини эса қурбонгоҳнинг ёнига тўк.

13 Ичак–човоқларини қоплаб турган ҳамма ёғларини, жигарнинг аъло қисмини, иккала буйрагини ва буйрак атрофидаги ёғларини олиб, қурбонгоҳда куйдир.

14 Буқанинг гўштини, терисини, чиқиндиларини қароргоҳдан ташқарига олиб чиқиб куйдир. Бу гуноҳ қурбонлигидир.

15 Сўнгра қўчқорнинг биттасини олиб кел. Ҳорун билан ўғиллари қўчқорнинг бошига қўлларини қўйишгач,

16 қўчқорни сўйиб, қонидан олгин–да, қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сеп.

17 Қўчқорнинг танасини бўлаклаб, ичак–човоқларини, оёқларини юв. Қўчқорнинг бу аъзоларини бўлакланган танаси ва калласи устига қўйиб,

18 қўчқорни қурбонгоҳда куйдир. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Мен, Эгангизга ёқимли ҳид келади.

19 Кейин иккинчи қўчқорни олиб кел. Ҳорун билан ўғиллари қўлларини қўчқорнинг бошига қўйгач,

20 қўчқорни сўйиб, қонини ол. Сўнгра Ҳорун билан ўғилларининг ўнг қулоғи солинчагига, ўнг қўлининг бош бармоғига, ўнг оёғининг бош бармоғига қон сурт. Сўнгра қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига қон сеп.

21 Кейин қурбонгоҳдаги қондан, муқаддас қиладиган мойдан олиб, Ҳорун билан ўғилларига, ҳаммаларининг руҳонийлик либосларига сачрат. Шундай қилиб, Ҳорун билан ўғиллари, ҳаммаларининг либослари муқаддас бўлади.

22 Бу қўчқор Ҳорун ва унинг ўғилларини руҳонийликка тайинлаш маросимида фойдаланилади. Шунинг учун қўчқорнинг ўнг сонини, ичак–човоқларини қоплаб турган ҳамма ёғларини, жигарнинг аъло қисмини, иккала буйрагини ва буйрак атрофидаги ёғларни ол.

23 Яна Мен, Эгангизнинг ҳузуридаги саватдан сифатли буғдой унидан қилинган хамиртурушсиз нондан биттасини, зайтун мойи қўшилган хамиртурушсиз нондан биттасини ва зайтун мойи суртилган хамиртурушсиз чалпакдан биттасини ол.

24 Буларнинг ҳаммасини Ҳорун ва ўғилларининг қўлларига қўй. Буларни улар Мен, Эгангизга бағишлаганларини кўрсатиш учун юқорига кўтаришсин.

25 Сўнгра бу ҳамма назрларни уларнинг қўлларидан олиб, қурбонгоҳда биринчи куйдириладиган қўчқор билан куйдир. Оловда куйдирилган бу назрлардан ҳам Мен, Эгангизга ёқимли ҳид келади.

26 Сўнгра руҳонийликка тайинлаш маросимида фойдаланиладиган ўша иккинчи қўчқорнинг тўшини олиб, Мен, Эгангизга бағишлаганини кўрсатиш учун юқорига кўтар. Буниси сенинг улушинг бўлади.

27 Ҳорун ва унинг ўғиллари Менинг ҳузуримда руҳонийликка тайинланиш маросимида қўчқорнинг юқорига кўтариладиган қисмлари — тўши ва сони муқаддас деб қаралади.

28 Келгусида Исроил халқи Мен, Эгангизга тинчлик қурбонликлари қилганларида, бу қисмлар Ҳорун ва унинг ўғилларига доимий улуш қилиб берилсин.

29 Ҳоруннинг муқаддас руҳонийлик либослари ўзидан кейин унинг насллариники бўлсин. Ҳоруннинг наслларига шу либосларда мой суртилиб, шу либосларда улар олий руҳонийликка тайинланадилар.

30 Ҳоруннинг ўрнига олий руҳоний бўлиб Муқаддас хонада хизмат қилиш учун Учрашув чодирига кирадиган ўғли бу либосларни етти кун кийиб юрсин.

31 Энди руҳонийликка тайинланиш маросимида қурбонлик қилинган қўчқорнинг гўштини олиб, муқаддас жойда қайнат.

32 Ҳорун билан ўғиллари Учрашув чодирига кираверишда қўчқор гўштидан ва саватдаги нонлардан тановул қилишсин.

33 Фақат улар бу гўштдан ва нондан тановул қила оладилар. Ҳорун ва унинг ўғилларини руҳонийликка тайинлаш ва бағишлаш маросимида уларни гуноҳдан поклаш учун ўша нон ва гўштдан фойдаланилади. Бу гўшт ва нон муқаддас бўлгани учун руҳоний бўлмаган одамлар булардан тановул қила олмайди.

34 Агар руҳонийликка тайинланиш маросимида қурбонлик қилинган ҳайвон гўштидан ва нонлар назридан эрталабгача қолса, қолганларини оловда куйдир. Булар муқаддас бўлгани учун тановул қилиш мумкин эмас.

35 Мен сенга амр этганимдай, етти кун давомида ҳар куни Ҳорун ва унинг ўғиллари учун руҳонийликка тайинланиш маросимини такрорла.

36 Уларни гуноҳларидан поклаш учун ҳар куни буқани қурбонлик қил. Қурбонгоҳни поклаш учун маросим ўтказ. Қурбонгоҳга мойдан суртиб, муқаддас қил.

37 Етти кун давомида ҳар куни шундай қил. Ана шунда қурбонгоҳ ғоят муқаддас бўлади. Биронтаси ёки бирон нарса қурбонгоҳга тегиб кетса ҳам, у муқаддас бўлади.

Кундалик назрлар тўғрисида кўрсатмалар

38 Ҳар куни иккита бир ёшли қўзини қурбонгоҳда қурбонлик қилиб куйдир.

39 Битта қўзини эрталаб, иккинчисини кечқурун қурбонлик қил.

40-41 Ҳар бир қўзига қўшиб, икки коса тоза зайтун мойи аралаштирилган тўрт коса сифатли унни дон назри қилиб келтир. Шу билан бирга, икки коса шароб назрини ҳам келтир. Оловда куйдириладиган бу қурбонликлардан Мен, Эгангизга ёқимли ҳид келади.

42 Куйдириладиган бу икки қурбонлик Мен, Эгангизнинг ҳузурида Учрашув чодирига кираверишда авлодлар оша қилинсин. Ўша ерда Мен сен билан учрашиб, гаплашаман.

43 Учрашув чодирида Мен зоҳир бўлиб, Исроил халқи билан учрашаман, улуғворлигимдан бу жой муқаддас бўлади.

44 Мен Учрашув чодирини ва қурбонгоҳни муқаддас қиламан. Ҳорун билан ўғиллари руҳоний бўлиб Менга хизмат қилишлари учун уларни ҳам муқаддас қиламан.

45 Мен Исроил халқи орасида истиқомат қиламан, уларнинг Худоси бўламан.

46 Шунда улар Эгаси Худо Мен эканлигимни билиб оладилар. Ахир, Мен Исроил халқи орасида истиқомат қилай деб, уларни Миср юртидан олиб чиққанман. Мен уларнинг Эгаси Худоман.

Тутатқи қурбонгоҳига оид кўрсатмалар

1 Тутатқи тутатиш учун акас ёғочидан қурбонгоҳ ясат.

2 Қурбонгоҳ тўртбурчак, узунлиги бир тирсак, эни ҳам бир тирсак, бўйи эса икки тирсак бўлсин. Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагига ўзидан йўниб чиқарилган биттадан шох ясат.

3 Қурбонгоҳнинг устини, ён–атрофини, шохларини тоза олтин билан қоплат, айланаси бўйлаб олтиндан гулчамбар ясат.

4-5 Қурбонгоҳнинг икки томонидаги гулчамбарнинг остига иккита олтин ҳалқа ўрнаштир. Акас ёғочидан иккита хода ясатиб, уларни олтин билан қоплат. Бу ходаларни ҳалқалардан ўтказиб, қурбонгоҳни кўтариб юришда фойдалан.

6 Тутатқи қурбонгоҳини Аҳд сандиғининг қопқоғи олдида осилиб турадиган ички парданинг ташқарисига қўйдир. Бу жой — сен билан Мен учрашадиган жойнинг ташқарисида.

7 Ҳорун ҳар куни эрталаб мойчироқлардан хабар олганда бу қурбонгоҳда хушбўй тутатқи тутатсин.

8 У кечқурун мойчироқлардан хабар олганда ҳам тутатқи тутатсин. Бу тутатқи назрлари сизларнинг авлодларингиз оша Мен, Эгангизнинг ҳузурида ҳар куни тутатилиши лозим.

9 Бу қурбонгоҳда фақат муқаддас тутатқини тутатинглар. Тутатқи қурбонгоҳида куйдириладиган қурбонлик келтирманглар, дон назри ёки шароб назри ҳам қилманглар.

10 Ҳорун бир йилда бир марта қурбонгоҳни поклаш маросимини ўтказсин. Бунинг учун гуноҳ қурбонлигининг қонидан қурбонгоҳнинг тўртала шохига суртиб, қурбонгоҳни покласин. Бу маросим ҳар йили авлодлар оша қилиниши лозим. Бу қурбонгоҳ Мен, Эгангизга бағишланган ғоят муқаддас қурбонгоҳдир.”

Муқаддас чодир учун тўловлар

11 Сўнгра Эгамиз Мусога яна гапирди:

12 “Исроилда эркакларни рўйхатга олганингда, уларнинг ҳар бири Мен, Эгангизга ҳимоя қиладиган тўлов тўласин. Шунда сен уларни санаганингда, уларга кулфат келтирмайман.

13-14 Рўйхатга киритиладиган йигирма ва ундан юқори ёшдаги ҳар бир одам 1,25 мисқол кумушдан Мен, Эгангизга назр қилиши лозим.

15 Улар ўзларини Менинг ҳукмимдан ҳимоя қиладиган назрни берганларида, бой одам ўшандан кўп бермасин, камбағал ҳам ўшандан оз бермасин.

16 Бағишланган бу кумушни Учрашув чодирини ясаш учун сарф қил. Мен, Эгангизнинг ҳузурида бу кумуш Исроил халқига ҳукмимдан ҳимоя қиладиган назр берилганини эслатиб туради.”

Бронза қўлювгичга оид кўрсатмалар

17 Эгамиз Мусога яна гапирди:

18 “Ювиниш учун бронзадан қўлювгич ясат. Қўлювгичнинг таглиги ҳам бронзадан бўлсин. Қўлювгични Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига ўрнатиб, унга сув қуй.

19-20 Ҳорун билан унинг ўғиллари Учрашув чодирига кираётганларида, қўлювгичдаги сув билан қўлларини ва оёқларини ювишсин. Шунда улар нобуд бўлмайди. Қурбонгоҳда куйдиргани назрлар олиб келиб Мен, Эгангизга хизмат қилганларида ҳам,

21 албатта қўл–оёқларини ювишсин. Шунда улар нобуд бўлмайди. Бу Ҳорун ва унинг насллари учун авлодлари оша доимий қонун бўлсин.”

Муқаддас қиладиган мойга оид кўрсатмалар

22 Эгамиз Мусога яна айтди:

23 “Қуйидаги энг яхши хушбўй зираворлардан ол: 1250 мисқол суюқ мирра, 625 мисқол долчин, 625 мисқол қамиш

24 ва 1250 мисқол кассия. Саккиз коса зайтун мойи олиб,

25 уста одам хушбўй мой тайёрлаш учун зираворларни мой билан аралаштирсин. Бу муқаддас қиладиган мойдир.

26 Бу мойни Учрашув чодирига, Аҳд сандиғига,

27 хонтахтага ва хонтахтанинг ҳамма буюмларига, чироқпояга ва унинг ҳамма буюмларига, тутатқи қурбонгоҳига,

28 қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳга ва унинг ҳамма буюмларига, қўлювгичга ва унинг таглигига сурт.

29 Шу тариқа бу нарсаларни Менга бағишла. Шунда улар ғоят муқаддас бўлади. Биронтаси ёки бирон нарса уларга текканда, муқаддас бўлади.

30 Сўнг Ҳорун билан ўғилларига бу мойдан суртиб, уларни бағишла, токи улар руҳоний бўлиб Менга хизмат қилишсин.

31 Исроил халқига эса Менинг шу гапимни етказ:

— Муқаддас қиладиган мой сизларнинг бутун авлодларингиз оша Менга бағишлансин.

32 Бу мой руҳоний бўлмаган одамнинг танасига суртилмаслиги керак. Шу таркибдаги мой аралашмасини сизлар тайёрламанглар. Чунки бу мой муқаддасдир, сизлар бунга муқаддас деб қарашингиз лозим.

33 Кимки бунга ўхшаш ҳидли мойни тайёрласа ёки бу мойдан руҳоний бўлмаган одам устига суртса, у Исроил халқи орасидан йўқ қилинади.”

Хушбўй ҳидли тутатқига оид кўрсатмалар

34-35 Эгамиз яна Мусога гапирди: “Қуйидаги хушбўй зираворларни олиб, уларни аралаштир: елимдан қилинган зиравор, молюска қобиғидан қилинган зиравор, хилвон. Сўнгра уста одам тоза хушбўй тутатқидан, хушбўй аралашмадан бир ўлчовда олсин. Уларни туз билан аралаштириб, тоза, муқаддас бўладиган тутатқи қилсин.

36 Бу тутатқидан бир қисмини олиб, майда қилиб туйгин ва Мен сен билан учрашадиган Учрашув чодиридаги Аҳд сандиғи олдига қўй. Бу тутатқини сизлар ғоят муқаддас деб билишингиз лозим.

37 Ўша таркибдаги тутатқи аралашмасини ўзларингиз учун қилманглар. Буни Мен, Эгангизга бағишланган муқаддас тутатқи деб билинг.

38 Кимки тутатгани ўзича шунга ўхшаган тутатқи қилса, у Исроил халқи орасидан йўқ қилинади.”

Эгамиз Муқаддас чодирни ясаш учун моҳир усталарни танлайди

1 Эгамиз Мусога яна гапирди:

2 “Ана, Мен Яҳудо қабиласидан Урининг ўғли, Хурнинг набираси Базалилни танладим.

3 Мен уни Руҳим билан тўлдириб, ҳунармандчиликнинг ҳамма тури бўйича моҳир ва идрокли қилдим, қобилият ато этдим.

4 У ажойиб бадиий безаклар қилишга, безакларга олтин, кумуш ва бронза билан ишлов беришга,

5 қимматбаҳо тошларни ўйишга, уларга ишлов бериб жиҳозлашга, ёғоч ўймакорлигига, бадиий ҳунармандчиликка лаёқатлидир.

6 Дан қабиласидан Охисамах ўғли Охолиёвни унга ёрдамчи қилиб танладим. Мен ҳамма ҳунармандларга лозим даражада қобилият ато қилганман. Мен сенга амр берган қуйидаги ашёларни улар ясайдилар ва тикадилар:

7-9 Учрашув чодирини,

Аҳд сандиғи ва Сандиқнинг қопқоғини,

Чодирнинг бошқа ҳамма жиҳозлари — хонтахта, хонтахтанинг буюмлари, тоза олтиндан чироқпоя ва чироқпоянинг ҳамма буюмларини, тутатқи қурбонгоҳини, қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ ва қурбонгоҳнинг ҳамма буюмларини, қўлювгич ва қўлювгичнинг таглигини,

10 руҳоний Ҳорун учун ажойиб қилиб тикилган муқаддас либосларни, унинг ўғиллари руҳоний бўлиб хизмат қилганларида киядиган либосларни,

11 муқаддас қиладиган мой ва Муқаддас хона учун хушбўй тутатқини.

Мен сенга қандай амр этган бўлсам, улар худди шундай қилиб бажаришсин.”

Шаббат куни тўғрисидаги амр

12 Сўнгра Эгамиз Мусога айтди:

13 — Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Менга бағишланган Шаббат кунига риоя қилиб юринглар. Авлодларингиз оша Шаббат куни Мен билан сизларнинг орангизда аломат бўлиб хизмат қилади. Шу орқали Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Сизларни Мен муқаддас қилиб бошқалардан ажратаман.

14 Шаббат кунига риоя қилиб юринглар, бу кунни муқаддас деб билинглар. Кимки бу кунни иззат қилмаса, ўша одамнинг жазоси ўлимдир. Кимки ўша куни ишласа, у Исроил халқи орасидан йўқ қилинади.

15 Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. Еттинчи кун — Шаббат куни эса ҳамма ишлардан тиниб, Мен, Эгангизга атаб ажратилган кундир. Ким Шаббат куни ишласа, ўшанинг жазоси ўлимдир.

16 Исроил халқи авлодлар оша Шаббат қонун–қоидаларига итоат этиш орқали бу кунга риоя қилиб юришлари лозим.

17 Бу сен билан Менинг ўртамиздаги аҳднинг доимий аломатидир, Мен, Эгангиз, олти кун давомида ер ва осмонни яратиб, еттинчи куни тиниб, ором олганимни доимо эслатиб туради.”

18 Шундай қилиб, Худо Синай тоғида Мусо билан гапини тугатиб, унга иккита тош лавҳани берди. Лавҳаларга битилган аҳднинг амр ва қонунларини Худонинг Ўзи ёзган эди.

Олтин буқа

1 Мусо тоғда узоқ қолиб кетди. Халқ Мусонинг тоғдан қайтиб тушавермаганини кўргач, Ҳоруннинг ёнига йиғилишиб, унга айтишди:

— Қани, бизга худо ясаб бер, у бизни йўлда бошлаб борсин. Бизни Мисрдан олиб чиққан ўша одамга — Мусога нима бўлганини билолмаяпмиз.

2 Шунда Ҳорун одамларга:

— Хотинингиз ва ўғил–қизларингиз қулоқларидаги олтин сирғаларни ечиб олиб, менга келтиринглар, — деди.

3 Шундан кейин жамики халқ қулоқларидаги олтин сирғаларни ечиб, Ҳорунга олиб келди.

4 Ҳорун буқа ясади. Халқдан олган олтин сирғаларни эритиб, асбоб ёрдамида буқани олтин билан қоплади. Шунда одамлар дедилар:

— Эй Исроил! Мана бизни Мисрдан олиб чиққан худойимиз!

5 Ҳорун буни кўргач, олтин буқанинг олдига қурбонгоҳ қурди. Кейин: “Эртага Эгангизга бағишланган байрам бўлади”, деб эълон қилди.

6 Эртаси куни халқ саҳарда туриб, куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини келтирди. Ўтириб еб–ичишганидан кейин кўнгилхушлик қилишди.

7 Шунда Эгамиз Мусога айтди:

— Ҳозироқ туш! Ўзинг Мисрдан олиб чиққан халқинг йўлдан озди.

8 Улар Мен амр этган йўлдан дарров оғдилар. Ўзларига буқанинг тасвирини ясаб, унга сажда қилиб, қурбонликлар келтириб: “Эй Исроил! Мана бизни Мисрдан олиб чиққан худойимиз!” — дедилар.

9 Эгамиз Мусога яна гапирди:

— Ўша халқнинг нақадар ўжарлигини кўриб турибман.

10 Энди Мени тўхтатаман деб овора бўлма, бу халққа шунақанги ғазабимни сочаманки, уларни қириб ташлайман. Эй Мусо, уларнинг ўрнига сендан буюк халқ яратаман.

11 Шунда Мусо Эгаси Худога:

— Эй Эгам! — деб ёлворди, — ахир, бу халқни буюк куч–қудратинг билан Мисрдан Ўзинг олиб чиққансан–ку! Ўз халқингга Ўзинг ғазабингни сочмагин!

12 Мисрликлар: “Эгаси уларни ёмон ният билан — тоғларда ўлдириш учун, ер юзидан қириб ташлаш учун бу ердан олиб чиққан экан”, деб айтишмасин! Қўйгин, бу ниятингдан қайтгин, ғазабингни сочиб, Ўз халқингни қириб ташламагин.

13 Ўз қулларинг Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга айтганларингни ёдингда тутгин. Сен уларга: “Сизларнинг наслингизни осмондаги юлдузлар сингари кўпайтираман, Мен ваъда қилган ҳамма ерни наслингизга бераман, улар ўша юртга то абад эгалик қиладилар”, деб Ўз номинг билан онт ичган эдинг–ку!

14 Шундай қилиб, Эгамиз ниятини ўзгартириб, айтган кулфатларни Ўз халқининг бошига келтирмайдиган бўлди.

15 Мусо тоғдан қайтиб тушди. У қўлига аҳднинг иккита тош лавҳасини кўтариб олган эди. Лавҳаларнинг иккала томонига ҳам амр ва қонунлар битилганди.

16 Бу лавҳалар Худонинг ижоди бўлиб, лавҳалардаги ёзувни Худо ўйиб битган эди.

17 Ёшуа халқнинг шовқин–суронини эшитиб, Мусога: “Қароргоҳда уруш шовқин–сурони эшитиляпти”, деб айтди.

18 Шунда Мусо деди:

— Бу ғолибларнинг ҳайқириғи эмас, мағлубларнинг фарёди ҳам эмас, эшитганим — ишратпарастлар қўшиғи.

19 Мусо қароргоҳга яқинлашиб, буқани, одамларнинг кўнгилхушлигини кўрди. Шунда у ғазабланиб, тоғ этагида қўлидаги лавҳаларни улоқтирган эди, лавҳалар чилпарчин бўлди.

20 Мусо Исроил халқи ясаган буқани олиб, оловда ёқди. Уни эзиб, кукун қилди–да, сувга сочди. Сувни Исроил халқига ичирди.

21 Мусо Ҳорунга:

— Бу халқ сенга нима қилган эдики, уларни оғир гуноҳга ботирибсан? — деди.

22 — Ғазабланманг, ҳазратим, — деди Ҳорун унга. — Бу халқнинг ёмонлик қилишга мойиллигини биласиз–ку!

23 Улар менга: “Бизга худо ясаб бер, у бизни йўлда бошлаб борсин, чунки бизни Мисрдан олиб чиққан ўша одамга — Мусога нима бўлганини билолмаяпмиз”, деб айтишди.

24 Мен эса уларга: “Кимнинг олтин сирғалари бўлса, уларни менга олиб келинглар”, деган эдим, улар олтин сирғаларини олиб, менга келтирдилар. Олтинларни оловга ташлаганимда, олов ичидан мана шу буқа келиб чиқди.

25 Мусо кўрдики, Ҳорун халқни назорат қилмай, душманлари олдида ўзларини масхара қилишларига йўл қўйиб берган эди.

26 Мусо қароргоҳнинг кираверишига келиб:

— Ким Эгамиз томонда бўлса, менинг ёнимга келсин! — деб буюрди. Левилар унинг ёнига тўпланди.

27 Мусо уларга деди:

— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Ҳар бирингиз қиличингизни олинг. Қароргоҳнинг ҳамма ёғини айланиб, биродарингизни, қўшнингизни ва яқин қариндошингизни ўлдиринг.”

28 Левилар Мусонинг буйруғини бажардилар. Шу куни Исроил халқидан тахминан уч мингта одам ҳалок бўлди.

29 Мусо левиларга:

— Бугун Эгам сизларга марҳамат қилиб, сизларни Ўзининг хизматига тайинлади, — деди. — Ҳатто ўғилларингизни, ака–укаларингизни ўлдиришга тўғри келган бўлса ҳам, сизлар Унга итоат этдингиз.

30 Эртаси куни Мусо халққа деди:

— Сизлар оғир гуноҳ қилдингизлар. Энди мен тоққа Эгамизнинг олдига чиқаман, балки сизларни гуноҳларингиздан покларман.

31 Мусо Эгамизнинг олдига қайтиб бориб, шундай деди:

— Эвоҳ! Бу халқ оғир гуноҳ қилибди: ўзларига олтиндан худо ясабди.

32 Аммо энди, уларнинг гуноҳини кечиргин, деб Сенга илтижо қиламан. Агар кечирмасанг, Ўзинг ёзган китобдан менинг номимни ўчириб ташлагин.

33 Шунда Эгамиз Мусога айтди:

— Ким Менга қарши гуноҳ қилган бўлса, ўшанинг номини Ўзимнинг китобимдан ўчириб ташлайман.

34 Энди бор, бу халқни Мен сенга айтган жойга бошла. Менинг фариштам сендан олдинда боради. Шунга қарамай, Ўзим белгилаган кунда Мен уларни қилган гуноҳи учун жазолайман.

35 Шундай қилиб, Эгамиз уларнинг бошига кулфат юборди, чунки Исроил халқи Ҳорунга, бизга буқа ясаб бер, деб талаб қилган эдилар. Ҳорун уларнинг талабини бажарганди.

Эгамиз Исроил халқига, Синайни тарк этинглар, деб амр беради

1 Кейин Эгамиз Мусога айтди:

— Қани, сен ҳам, Мисрдан ўзинг олиб чиққан халқинг ҳам бу жойдан кетинглар. Ота–боболарингиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга Мен: “Сизларнинг наслингизга бераман”, деб қасам ичган юртга боринглар.

2 Сендан олдинда фариштани юбориб, Канъон, Амор, Хет, Париз, Хив ва Ёбус халқларини ҳайдайман.

3 Сут ва асал оқиб ётган ўша юртга кетинглар. Аммо Мен сизлар билан бормайман, чунки сизлар ўжар халқсиз. Сизлар билан борсам, сизларни йўлда ҳалок қилиб ташлашим мумкин.

4-5 Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Сизлар ўжар халқсиз. Агар Мен бир лаҳза сизлар билан борсам, сизларни қириб ташлашим мумкин. Энди зеб–зийнатларингизни ечиб қўйинглар. Мен сизларни нима қилишим тўғрисида бир қарорга келаман.”

Халқ бу ваҳимали гапни эшитгач, дод солиб йиғлади. Ҳеч ким зеб–зийнатларини тақмади.

6 Шундай қилиб, Исроил халқи Синай тоғида зеб–зийнатларини ечиб қўйди. Ўшандан кейин улар зеб–зийнатларини бошқа тақмадилар.

Қароргоҳнинг ташқарисидаги чодир

7 Мусо бир чодирни қароргоҳнинг ташқарисига — қароргоҳдан узоқроққа олиб бориб ўрнатди. Бу чодирга у Учрашув чодири деб ном берди. Эгамиздан маслаҳат сўрамоқчи бўлган ҳар бир одам ўша ерга келарди.

8 Мусо Учрашув чодирига борганда, бутун халқ туриб, ўз чодирининг кираверишида чиқиб турарди. Мусо чодирга кириб кетгунча, ҳамма тик турганича унинг орқасидан қараб турарди.

9 Мусо чодирга кириб, Эгамиз Мусо билан гаплашганда, устун шаклидаги булут пастга тушиб, чодирнинг кираверишида турарди.

10 Бутун халқ буни кўрганда, ўз чодирлари кираверишида мук тушиб таъзим қиларди.

11 Бирортаси дўсти билан гаплашгандай, Эгамиз ҳам Мусо билан юзма–юз гаплашарди. Кейин Мусо қароргоҳга қайтиб келар, унинг ёш ёрдамчиси Нун ўғли Ёшуа эса чодирни тарк этмасди.

Эгамиз Ўз халқи билан бирга бўлишга ваъда беради

12 Шундан кейин Мусо Эгамизга айтди:

— Сен: “Бу халқни бошлаб олиб кет”, деб менга амр бердинг–у, лекин биз билан кимни юборишингни айтмадинг. Яна: “Мен сени танладим, сен ҳақиқатан Мендан марҳамат топгансан”, деган эдинг.

13 Агар мен Сендан марҳамат топган бўлсам, илтижо қиламан: менга йўлларингни кўрсатгин. Сендан марҳамат топиб юришим учун Сени билайин. Бу халқ Ўзингнинг халқинг эканини ёдингда тутгин.

14 Эгамиз Мусога деди:

— Мен сизлар билан бораман. Сизларга тинчлик ато қиламан.

15 Мусо эса Эгамизга айтди:

— Агар Сен биз билан бормайдиган бўлсанг, бизни бу ердан олиб чиқмагин.

16 Бўлмаса, мен ва халқингдан мамнун эканлигинг нимадан билинади? Биз билан бирга борганингдан эмасми?! Ер юзидаги ҳамма халқлардан бизнинг фарқимиз ҳам шу эмасми?!

17 Шунда Эгамиз Мусога айтди:

— Сен нимани сўраган бўлсанг, Мен шуни қиламан. Чунки сен Мендан марҳамат топгансан. Мен сени танладим.

18 — Илтижо қиламан: менга улуғворлигингни зоҳир қилгин, — деди Мусо.

19 — Мен Ўзимни сенга маълум қиламан. Мен сенинг олдингдан ўтиб, бутун эзгулигимни сенга зоҳир қиламан, — деди Эгамиз Мусога. — Марҳамат қиладиганимга марҳамат қиламан, шафқат қиладиганимга шафқат қиламан.

20 Лекин Менинг юзимни кўра олмайсан. Мени кўрган одам тирик қолмайди.

21 Менга яқин жойда қоя бор. Ўша қоянинг устида тур!

22 Мен ўтаётиб улуғворлигимни зоҳир қилганимда, сени қоянинг ёриқ жойига қўяман. Ўтиб кетгунимча сени қўлим билан тўсиб тураман.

23 Кейин қўлимни оламан. Сен Мени орқамдан кўрасан. Юзимни эса кўрмайсан.

Эгамиз халқ билан тузган аҳдни тасдиқлайди

1 Эгамиз Мусога амр берди:

— Иккита тош лавҳани кесиб ол. Улар олдингиларига ўхшаган бўлсин. Мен ўша тош лавҳаларга сен синдирган лавҳалардаги амрларни ёзаман.

2 Эрталабга тайёр бўл, Синай тоғига чиқиб, тоғ чўққисида Мени кутиб олишга ҳозир бўлиб тур.

3 Лекин сен билан бирга ҳеч ким чиқмасин. Тоғнинг бирор жойида ҳеч ким бўлмасин. Тоғнинг яқинида ҳаттоки мол–қўйлар ҳам боқилмасин.

4 Эгамиз амр этгандай, Мусо олдингиларига ўхшаган иккита тош лавҳани кесди. Эртасига саҳарда туриб, қўлига иккала тош лавҳани олиб, Синай тоғига чиқди.

5 Эгамиз булут ичида тушиб келди. Мусо билан бирга туриб, Ўзини Мусога маълум қилди.

6 Мусонинг олдидан ўтиб, баланд овоз билан гапирди:

— Мен Эгангман! Мен Эгангман! Раҳмдил ва иноятли, жаҳли тез чиқмайдиган Худоман, севгим ва садоқатим мўлдир.

7 Минг–минг авлодларга содиқ севгимни кўрсатавераман. Фосиқликни, исённи ва гуноҳларни кечираман. Лекин айбдорларни асло жазосиз қолдирмайман. Мен уларни жазолайман, уларнинг гуноҳлари оқибатидан фарзандлари, набиралари ва чеваралари ҳам қочиб қутулмайди.

8 Ўша заҳоти Мусо икки букилиб таъзим айлаб, сажда қилди.

9 Сўнгра:

— Ё Раббий! — деди. — Агар мен Сендан марҳамат топган бўлсам, илтижо қиламан, Сен биз билан боргин. Бу халқ ўжар бўлса ҳам, фосиқлигимизни ва гуноҳларимизни кечиргин, бизни Ўзингнинг халқинг қилиб қабул эт.

10 Эгамиз айтди: “Мен энди Исроил халқи билан аҳд тузаман. Бутун халқинг кўзи олдида ажойиботлар кўрсатаман. Бунақа ажойиботлар ер юзида ёки биронта халқ орасида бўлмаган. Мен, Эгангиз, сизларга кўрсатадиган ўша даҳшатли ишни сен билан бирга бўлган бутун халқ кўради.

11 Мен сизларга бугун берадиган амрларга итоат қилинглар. Мен сизларнинг олдингиздан Амор, Канъон, Хет, Париз, Хив ва Ёбус халқларини қуваман.

12 Эҳтиёт бўлинглар, сизлар кирадиган юртнинг аҳолиси билан сулҳ тузманглар. Бўлмаса, сизларни тузоғига илинтириб олади.

13 Сизлар уларнинг қурбонгоҳларини бузинглар, бутсимон тошларини майдалаб ташланглар, Ашерага аталган устунларни кесиб ташланглар.

14 Бошқа худоларга сажда қилманглар. Мен, Эгангизнинг номи Рашкчидир: Мен сизларнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худоман.

15 Ўша юртнинг аҳолиси билан сулҳ тузманглар. Улар ўз худолари ортидан ҳирс билан эргашадилар. Улар билан сулҳ тузсангиз, ўз худоларига қурбонликлар келтираётганларида сизларни ҳам ўзларига қўшилишга таклиф қиладилар. Сизлар улар билан бориб, қурбонликларидан тановул қиласиз.

16 Кейин уларнинг қизларини ўғилларингизга олиб берасизлар. Улар ўз худоларига ҳирс билан сажда қилганда, ўғилларингизни ҳам ўша худоларга ҳирс қўйишга бошлайдилар.

17 Ўзларингизга худолар тасвирларини ясаманглар.

18 Хамиртурушсиз нон байрамини ҳар йили нишонланглар. Мен сизларга амр этганимдай, Абиб ойининг белгиланган вақтида етти кун хамиртурушсиз нон енглар, чунки сизлар Абиб ойида Мисрдан чиққансизлар.

19 Тўнғич ўғилларингиз, ҳамма чорвангизнинг — мол–қўйларингизнинг биринчи туғилган эркак боласи Меники.

20 Эшакнинг туғилган биринчи эркак боласини Эгамиздан бир қўзи ёки улоқча эвазига сотиб олинглар. Агар эшакни қайтариб сотиб олмасликка қарор қилсангиз, эшакнинг бўйнини синдириб ўлдиришингиз керак. Сизлар Эгамиздан ҳамма тўнғич ўғилларни ҳам қайтариб сотиб олишингиз лозим.

Ҳар ким Менинг ҳузуримга муносиб назрлар олиб келиши лозим.

21 Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. Еттинчи кун эса иш қилманглар. Ҳатто экин–тикин пайтида ҳам, ўрим–йиғим пайтида ҳам дам олинглар.

22 Ҳар йили буғдой ўримини йиғиштиришни бошлаганингизда, далангизга эккан уруғнинг илк ҳосилидан назр қилинглар. Шу орқали Ҳосил байрамини нишонланглар. Кузда Чайла байрамини нишонланглар.

23 Ҳамма эркакларингиз ҳар йили учала байрамда Мен, Исроил халқининг Худоси — Эгангиз Раббийнинг ҳузурига келиб сажда қилсин.

24 Сизларнинг ерингиздан халқларни қуваман, чегараларингизни кенгайтираман. Ҳар йили уч марта Мен, Эгангиз Худога сажда қилишга келганингизда, сизларнинг мулкингиз бўлган ерни ҳеч ким босиб олмайди.

25 Менга қилинган қурбонликнинг қонини хамиртуруш қўшилган нон билан бирга назр қилманглар. Фисиҳ зиёфатининг қурбонлик гўштини эрталабгача қолдирманглар.

26 Ерингиздан олган илк ҳосилнинг энг яхшисини Мен, Эгангиз Худонинг уйига олиб келинглар.

Улоқчани онасининг сутида қайнатманглар.”

27 Кейин Эгамиз Мусога:

— Бу сўзларни ёзиб ол! — деб амр қилди. — Шу сўзларга биноан Мен сен билан ҳамда Исроил халқи билан аҳд тузаман.

28 Мусо ўша ерда Эгамизнинг ҳузурида емай–ичмай, қирқ кечаю қирқ кундуз бўлди. Эгамиз иккита тош лавҳага аҳд сўзларини — ўнта амрни ёзди.

Мусонинг юзидан нур ёғилади

29 Мусо қўлига иккита лавҳани олиб, тоғдан тушди. У Худо билан гаплашгани учун юзидан нур сочилар эди. Мусонинг ўзи эса буни билмасди.

30 Ҳорун ҳам, жамики Исроил халқи ҳам Мусони кўриб, унинг юзидан нур ёғилиб тургани учун бирортаси унга яқин келишга қўрқарди.

31 Мусо Ҳорунни ва барча жамоа оқсоқолларини чақирди, улар Мусонинг олдига келишди. Мусо улар билан гаплашгандан кейин,

32 жамики Исроил халқи унга яқинроқ келди. Мусо Синай тоғида Эгамиз берган амрларни бажаришни халққа буюрди.

33 Мусо улар билан гаплашиб бўлгандан кейин, юзига ёпинчиқ ёпиб олди.

34 Мусо Эгамизга гапириш учун Унинг ҳузурига борганда, юзидаги ёпинчиқни олиб ташлар эди. У чиқиб, Эгамиз, айт, деб буюрган ҳамма амрни Исроил халқига етказарди. Шунда Исроил халқи

35 Мусонинг юзи ҳамон нур сочиб турганини кўрарди. Сўнгра Мусо кейинги сафар Эгамиз билан гаплашиш учун боргунига қадар юзини ёпиб оларди.

Шаббат куни тўғрисидаги амр

1 Сўнгра Мусо Исроил халқининг бутун жамоасини тўплаб, уларга гапирди:

— Сизларга Эгамизнинг амри шундай:

2 “Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. Еттинчи кун эса Эгамизга атаб ажратилган Шаббат кунидир. Бу кунда ҳамма ишларингиздан тининглар. Кимки Шаббат куни ишласа, ўша одамнинг жазоси ўлимдир.

3 Шаббат куни биронта масканингизда ҳам олов ёқманглар.”

Муқаддас чодир ясаш учун тайёргарлик

4 Кейин Мусо Исроил халқининг бутун жамоасига айтди:

— Эгамиз сизларга қуйидагиларни амр этди:

5 “Мен, Эгангизга чин кўнгилдан назр қилмоқчи бўлган одам ўз назрини олиб келсин. Халқ Менга қуйидагиларни назр қилсин: олтин, кумуш, бронза,

6 шунингдек, кўк, сафсар ва қирмизи рангли иплар, майин зиғир матоси, эчки жуни,

7 қизилга бўялган қўчқор териси, юмшоқ тери, акас ёғочи,

8 мойчироқлар учун зайтун мойи, муқаддас қиладиган мой учун зираворлар, хушбўй тутатқи учун зираворлар,

9 эфод ва кўкракпечга тақиладиган ақиқ ҳамда бошқа қимматбаҳо тошлар.

10 Ораларингиздан моҳир усталар келиб, Мен, Эгангиз, амр қилган Муқаддас чодирни ясашсин. Чодир қуйидаги ашёлардан иборат бўлсин:

11 Чодирнинг ички қавати, унинг ёпинчиқлари, илгаклари, ромлари, тамбалари, устунлари ва тагликлари,

12 Сандиқ, унинг ходалари, қопқоғи ва Сандиқни тўсиб турадиган ички парда,

13 хонтахта, унинг ходалари, ҳамма буюмлари ва унга қўйиладиган муқаддас нонлар,

14 ёруғ бўлиши учун чироқпоя, унинг буюмлари, мойчироқлари ва мойчироқлар учун зайтун мойи,

15 тутатқи қурбонгоҳи ва унинг ходалари,

муқаддас қиладиган мой ва хушбўй тутатқи,

Муқаддас чодирга кираверишдаги парда,

16 қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ, унинг бронза панжараси, ходалари ва ҳамма буюмлари,

қўлювгич ва унинг таглиги,

17 ҳовлини тўсиб турадиган пардалар, пардаларни ушлаб турадиган устунлар, устунларнинг тагликлари ва ҳовлига кираверишдаги парда,

18 Муқаддас чодир билан ҳовли учун қозиқлар ва арқонлар,

19 Руҳоний Ҳорун ва унинг ўғиллари Муқаддас хонада хизмат қилганда киядиган, ажойиб қилиб тикилган муқаддас либослар.”

Халқ Муқаддас чодир учун назрлар олиб келади

20 Шундай қилиб, Исроил халқининг бутун жамоаси Мусонинг ёнидан қайтиб кетди.

21 Юраги завққа тўлган ҳар бир одам бориб, Учрашув чодирини ва Чодирда доимий хизматларда фойдаланиладиган ашёларни қилиш учун, муқаддас руҳонийлик либосларини тикиш учун Эгамизга назрлар олиб келишди.

22 Шундай қилиб, юраги завқ–шавққа тўлган барча эркагу аёллар турли хил олтин тақинчоқларни — жиға, сирға, узук, маржонларни олиб келишди. Буларни Эгамизга бағишлаганларини кўрсатиш учун улар олтин тақинчоқларини юқорига кўтардилар.

23 Кимда кўк, сафсар ва қирмизи ип, майин зиғир матоси, эчки жуни, қизилга бўялган қўчқор териси, юмшоқ тери бўлса, олиб келди.

24 Ким кумуш ёки бронзани Эгамизга назр қилишга қодир бўлса, уни олиб келиб, Эгамизга назр қилди. Кимда акас ёғочи бўлса, Чодирни ва унинг ашёларини тайёрлашда фойдалангани олиб келди.

25 Ип йигиришга моҳир аёллар ўз қўллари билан йигирган кўк, сафсар ва қирмизи ипни ҳамда майин зиғирдан йигирилган ипни назр қилиб олиб келишди.

26 Эчки жунидан ип йигиришга моҳир аёллар юраги завққа тўлиб, эчки жунидан ип йигириб олиб келдилар.

27 Оқсоқоллар эфод ва кўкракпечга тақиш учун ақиқ ва бошқа қимматбаҳо тошлар,

28 шунингдек, мойчироқлар, муқаддас қиладиган мой учун зираворлар, хушбўй тутатқи учун зираворлар ва зайтун мойи олиб келишди.

29 Юраги завқ–шавққа тўлган Исроил халқининг эркагу аёллари Мусо орқали Эгамиз амр этган ҳамма ишни бажаргани Эгамизга кўнгилдан чиқариб назрлар олиб келишди.

Муқаддас чодирни ясайдиган моҳир усталар

30 Кейин Мусо Исроил халқига айтди: “Ана, Эгамиз Яҳудо қабиласидан Урининг ўғли, Хурнинг набираси Базалилни танлади.

31 Эгамиз уни Ўз Руҳи билан тўлдириб, ҳунармандчиликнинг ҳамма тури бўйича моҳир ва идрокли қилди, қобилият ато этди.

32 У ажойиб бадиий безаклар қилишга ва буларга олтин, кумуш ва бронза билан ишлов беришга,

33 қимматбаҳо тошларни ўйишга, уларга ишлов бериб жиҳозлашга, ёғоч ўймакорлигига, бадиий ҳунармандчиликка лаёқатли қилди.

34 Эгамиз Базалилга ва Дан қабиласидан Охисамахнинг ўғли Охолиёвга ўз маҳоратини бошқаларга ўргатиш иқтидорини ато қилди.

35 Бу одамлар ҳар қандай ишни бажара олсин деб, Эгамиз уларга маҳорат ато қилди. Улар ҳар қандай ашёдан ҳар турли буюмлар қилишга қодирдир. Улар ижод қилиб, буюмлар ясай оладилар, тўқишни биладилар, кўк, сафсар, қирмизи иплардан фойдаланиб, майин зиғир матосига нақш солишни биладилар. Улар ҳар турли ишларни бажаришга моҳир ҳунарманддирлар.

1 Базалил, Охолиёв ва бошқа ҳамма иқтидорли усталар Эгамиз амр этган ҳамма ишларни бажарсинлар. Муқаддас чодир ясашда талаб қилинган ҳар қандай хизматни бажаришлари учун Эгамиз уларга маҳорат ва қобилият ато қилган.”

2 Мусо Базалилни, Охолиёвни ва Эгамиз қобилият ато қилган ҳамма иқтидорли усталарни, юраги завққа тўлган одамларни чақирди.

3 Муқаддас чодирни ясаш учун Исроил халқи олиб келган ҳамма назрларни Мусо усталарга берди. Булардан ташқари, халқ ҳар куни эрталаб Мусога кўнгилдан чиқариб назрлар олиб келишарди.

4 Ишларни бажараётган ҳамма усталар юмушларини ташлаб,

5 Мусонинг олдига келиб айтишди:

— Эгамиз бизга амр этган ишлар учун халқ керагидан ортиқ олиб келяпти.

6 Шунда Мусо: “Биронта эркак, аёл энди Муқаддас чодир учун назр олиб келмасин”, деб буйруқ берди. Унинг буйруғи қароргоҳ бўйлаб эълон қилинди. Шундан кейин халқ назр олиб келишни тўхтатди.

7 Халқнинг олиб келган назрлари ишнинг ҳаммасини бажаришга етиб, ҳатто ортиб ҳам қолар эди.

Муқаддас чодир ясалади

8 Ишлаётганлар орасидаги энг моҳир одамлар Муқаддас чодирни ясадилар:

Чодирнинг ички қавати

Моҳир тикувчилар Базалилнинг кўрсатмаси билан Чодирнинг ички қаватини қилдилар. У майин зиғир матосидан тикилган ўнта чойшабдан иборат бўлди. Кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини маҳорат билан солиб, бу чойшабларни безатдилар.

9 Ҳар бир чойшабнинг бўйи йигирма саккиз тирсак, эни тўрт тирсак эди. Ҳамма чойшабларнинг ўлчови бир хил эди.

10 Улар чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тикдилар, қолган бештасини ҳам шундай қилдилар.

11-12 Ҳосил бўлган икки узун бўлак чойшабнинг бўйига кўк матодан элликтадан ҳалқа тикдилар. Ҳар икки томонга тикилган ҳалқалар бир–бирига рўпарама–рўпара эди.

13 Кейин олтиндан элликта илгак ясадилар, иккала чойшабнинг ҳалқаларини илгаклар билан бир–бирига уладилар. Шунда Чодирнинг ички қавати бир бутун бўлди.

Чодирнинг ташқи қопламалари

14 Муқаддас чодирнинг қопламаси учун эчки жуни матосидан ўн битта чойшаб тикдилар.

15 Ҳар битта чойшабнинг бўйи ўттиз тирсак, эни тўрт тирсак эди. Ўн битта чойшабнинг ҳаммаси бир ўлчовда эди.

16 Чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тикдилар, қолган олтитасини ҳам шундай қилдилар.

17 Уланган икки бўлак чойшабнинг бир бўйига элликтадан ҳалқа тикдилар.

18 Кейин, Чодирнинг қопламаси бир бутун бўлсин деб, иккала чойшабни бирлаштириш учун бронзадан элликта илгак ясадилар.

19 Бу қоплама устига қўйиш учун қизилга бўялган қўчқор терисидан қоплама, сўнг юмшоқ теридан ташқи қоплама қилдилар.

Чодирни тутиб турадиган ром

20 Акас ёғочидан Муқаддас чодирни тутиб турадиган ромлар ясадилар.

21 Ҳар бир ромнинг бўйи ўн тирсак, эни бир ярим тирсак эди.

22 Ҳар бир ромнинг остида бир–бирига параллель бўлган иккита тиргак ясадилар.

23 Чодирнинг жануб томонидаги девор учун йигирмата ром ясадилар.

24 Бу ромлар остига қўйиш учун кумушдан қирқта таглик — ҳар бир ром учун иккитадан таглик қилдилар, ҳар бир тиргак остида битта таглик бўлди.

25 Чодирнинг шимол томонидаги девори учун йигирмата ром ясадилар.

26 Ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан, жами қирқта кумуш таглик ясадилар.

27 Чодирнинг орқадаги — ғарб томонидаги девор учун олтита ром,

28 Чодирнинг орқасида бурчаклар ҳосил қилиш учун ҳар икки томонига яна биттадан ром ясадилар.

29 Бу иккала ромни пастдан ва юқоридан туташган девордаги охирги ромга бирлаштирдилар. Битта бурчак ҳосил қилиши учун битта ҳалқа билан яхлит қилиб бирлаштирдилар. Ҳар иккала бурчак шу йўл билан ҳосил қилинди.

30 Шундай қилиб, ўн олтита кумуш тагликка таянган саккизта ромдан орқадаги девор қилинди, ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан таглик ясалди.

31 Муқаддас чодирнинг жануб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун акас ёғочидан бешта тамба,

32 шимол томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба, орқа томони — ғарб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба ясадилар.

33 Ромларнинг ярмигача ўрнаштирилган ўртадаги тамбалар Чодирнинг бошидан охиригача чўзилди.

34 Ромларни олтин билан қопладилар, тамбаларни ушлаб турадиган олтин ҳалқаларни ромларга бирлаштирдилар, тамбаларни ҳам олтин билан қопладилар.

Чодирнинг ички пардаси

35 Майин зиғир матосидан ички пардани тикдилар. Пардага кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини маҳорат билан солиб, уни безатдилар.

36 Ички парда ушлаб турилиши учун акас ёғочидан тўртта устун ясадилар. Устунларга олтин қоплаб, уларга олтин илгакларни маҳкамладилар. Устунлар учун эритилган кумушдан тўртта таглик ясадилар.

Чодирнинг киришидаги парда

37 Чодирга кириш жойи учун майин зиғир матосидан пардани тикдилар. Парда устига кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан нақш солдилар.

38 Бу парда ушлаб турилиши учун бешта устун ясадилар. Устунларнинг тепасини ва ҳалқаларини олтин билан қопладилар. Устунларнинг бешта таглигини эса бронзадан қилдилар.

Аҳд сандиғи ва унинг қопқоғи ясалади

1 Базалилнинг кўрсатмаси билан акас ёғочидан Сандиқ ясадилар. Сандиқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак эди.

2 Сандиқнинг ичкарию ташқарисини тоза олтин билан қоплаб, айланаси бўйлаб олтин гулчамбар қилдилар.

3 Сандиқ учун эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясаб, тўртала оёғига маҳкамладилар: иккита ҳалқа бир томонида, иккита ҳалқа иккинчи томонида эди.

4 Кейин акас ёғочидан ходалар ясаб, ходаларни олтин билан қопладилар.

5 Сандиқнинг иккала томонидаги ҳалқадан Сандиқни кўтариб юриш учун ходаларни ўтказдилар.6 Тоза олтиндан Сандиқнинг қопқоғини ясадилар. Қопқоқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак эди.

7-8 Шу билан бирга, олтиндан зарб уриб иккита каруб ясадилар. Битта каруб қопқоқнинг бир четида, иккинчи каруб иккинчи четида бўлиб, ҳар иккаласи қопқоқ билан бир бутунни ташкил қилди.

9 Карубларнинг тепага кўтарилган қанотлари қопқоқни беркитиб турарди. Улар юзма–юз туриб, қопқоққа қараган эди.

Муқаддас нонлар учун хонтахта ясалади

10-11 Акас ёғочидан хонтахта ясадилар. Уни тоза олтин билан қопладилар. Хонтахтанинг узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак эди. Хонтахтанинг четларига айлантириб олтин гулчамбар қилдилар.

12 Яна хонтахтанинг айланаси бўйлаб тўрт энли ром ўрнатдилар. Бу ромни нақшли ҳошия қилиб безатдилар. Уни хонтахтанинг оёқларига маҳкамладилар.

13-15 Яна эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясаб, ҳар бирини тахта маҳкамланган жойнинг ёнига — тўртала бурчагидаги тўртала оёғига ўрнаштирдилар. Акас ёғочидан иккита хода ясаб, уларни олтин билан қопладилар. Бу ходаларни ҳалқалардан ўтказиб, хонтахтани кўтариб юриш учун фойдаланилар эди.

16 Хонтахтага қўйиладиган буюмларни — лаган, пиёлалар, шароб назр қилиш учун коса ва кўзаларни тоза олтиндан ясадилар.

Чироқпоя ясалади

17 Соф олтиндан зарб уриб чироқпоя ясадилар. Бутун чироқпояни ва унинг безакларини бир бутун қилиб ясадилар. Чироқпоянинг таглиги, пояси ва куртакли гулга ўхшаш шаклдаги пиёлалари бор эди.

18 Яна чироқпоянинг поясидан олтита шохча чиқарилди: учта шохчаси бир ёнидан, учта шохчаси иккинчи ёнидан чиқарилди.

19 Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар бирида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги учта пиёла бор эди.

20 Чироқпоянинг поясида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги тўртта пиёла бор эди.

21 Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар жуфтида бу куртаклардан учтаси бирин–кетин тизилиб турарди.

22 Чироқпояни шохчалари ва куртаклари билан битта қилиб, тоза олтиннинг яхлит бўлагидан зарб уриб ясадилар.

23 Чироқпоя учун еттита мойчироқ ясадилар. Мойчироқларга қараб туришда фойдалангани тоза олтиндан қисқичлар ва патнислар ясадилар.

24 Чироқпоя билан унинг ҳамма буюмларини икки пуд тоза олтиндан ясадилар.

Тутатқи қурбонгоҳи ясалади

25 Акас ёғочидан тутатқи қурбонгоҳи ясадилар. Қурбонгоҳ тўртбурчак бўлиб, узунлиги бир тирсак, эни ҳам бир тирсак, бўйи эса икки тирсак эди. Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагига ўзидан йўниб чиқарилган биттадан шох ясадилар.

26 Қурбонгоҳнинг устини, ён–атрофини, шохларини тоза олтин билан қопладилар, айланаси бўйлаб олтиндан гулчамбар ясадилар.

27-28 Қурбонгоҳнинг икки томонидаги гулчамбарнинг остига иккита олтин ҳалқа ўрнаштирдилар. Акас ёғочидан иккита хода ясаб, уларни олтин билан қопладилар. Бу ходаларни ҳалқалардан ўтказиб, қурбонгоҳни кўтариб юриш учун фойдаланилар эди.

Муқаддас қиладиган мой ва хушбўй тутатқи тайёрланади

29 Уста одам муқаддас қиладиган мой ва тоза, хушбўй тутатқи тайёрлади.

Куйдириладиган қурбонлик учун қурбонгоҳ ясалади

1 Акас ёғочидан тўртбурчак қилиб куйдириладиган қурбонлик учун қурбонгоҳ ясадилар. Қурбонгоҳнинг узунлиги беш тирсак, эни ҳам беш тирсак, бўйи уч тирсак эди.

2 Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагига ўзидан йўниб чиқарилган биттадан шох ясадилар. Қурбонгоҳ ва унинг шохларини бронза билан қопладилар.

3 Қурбонгоҳнинг ҳамма буюмлари — қозонларни, куракларни, тоғорачаларни, санчқиларни ва оловкуракларни бронзадан ясадилар.

4 Қурбонгоҳга бронзадан панжара ясадилар. Панжарани қурбонгоҳнинг ичига — тўрт томонига ўрнатилган токчанинг остида ўрнатдилар, ярмигача етиб борди.

5 Бронза панжаранинг тўртала бурчагига ходаларни ўтказиш учун эритилган бронзадан тўртта ҳалқа ясадилар.

6 Акас ёғочидан ходалар ясаб, ходаларни бронза билан қопладилар.

7 Қурбонгоҳни ходалар ёрдамида кўтариб юриш учун қурбонгоҳ ёнларидаги ҳалқаларга ходаларни ўтказиб қўйдилар. Қурбонгоҳнинг четларига тахта қоқиб, ичини бўш қолдирдилар.

Бронза қўлювгич ясалади

8 Учрашув чодирига кираверишда хизмат қилган аёллар ҳадя қилган бронза кўзгулардан улар бронза қўлювгични ва унинг таглигини ясадилар.

Муқаддас чодир ҳовлиси атрофидаги тўсиқ ясалади

9 Сўнгра Муқаддас чодирнинг ҳовлисини ўраб турсин деб, пардадан тўсиқ қилдилар: тўсиб турадиган пардаларни майин зиғир матосидан тикдилар. Ҳовлининг жануб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги юз тирсак эди.

10 Ўша тўсиқда йигирмата бронзадан қилинган тагликка йигирмата устун ўрнатилган эди. Шу ердаги пардаларни осиш учун устунларга кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамладилар.

11 Ҳовлининг шимол томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги ҳам юз тирсакни ташкил қилиб, унинг йигирмата устуни ва бронзадан қилинган тагликлари бор эди. Унинг пардаларини осиш учун устунларига ҳам кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамладилар.

12 Ҳовлининг ғарб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги эллик тирсак, унинг ўнта устуни ва таглиги бор эди. Унинг пардаларини осиш учун устунларига ҳам кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамладилар.

13 Ҳовлининг шарқ томони эллик тирсак кенгликда эди.

14-15 Ҳовлининг кириш жойи шу ер эди. Киришнинг ўнг ва чап томонидаги пардадан қилинган тўсиқларнинг узунлиги ўн беш тирсакдан эди, ҳар икки томонда учтадан устун ва тагликлар бор эди.

16 Ҳовлининг ҳамма томонидаги тўсиб турадиган пардаларни майин зиғир матосидан қилдилар,

17 устунларнинг таглигини бронзадан, илгаклари ва ҳалқаларини кумушдан қилдилар. Устунларнинг тепасини кумуш билан қопладилар. Ҳовлининг ҳамма устунларида кумуш ҳалқалар бор эди.

18 Ҳовлига кириш жойи учун парда қилдилар. Уни майин зиғир матосидан тикдилар, устига кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан нақш солдилар. Бу парданинг эни йигирма тирсак, бўйи ҳовлининг тўсиб турадиган пардалари каби, беш тирсак эди.

19 Бу пардани тўртта тагликка ўрнатилган тўртта устун ушлаб турди. Устунларнинг таглигини бронзадан, илгаклари ва ҳалқаларини кумушдан қилдилар. Устунларнинг тепасини кумуш билан қопладилар.

20 Муқаддас чодирни ва пардадан қилинган тўсиқни ушлаб турадиган барча қозиқларни ҳам бронзадан ясадилар.

Муқаддас чодирда фойдаланилган олтин, кумуш ва бронза

21-23 Эгамизнинг Мусога берган амрига кўра, Яҳудо қабиласидан Урининг ўғли, Хурнинг набираси Базалил ҳамма ишларни бажариб бўлди. Дан қабиласидан бўлган Охисамах ўғли Охолиёв унинг ёнида бўлди. У ҳунарманд бўлиб, ижод қилар, буюмлар ясай оларди, кўк, сафсар, қирмизи иплардан фойдаланиб, майин зиғир матосига нақш солишни биларди.

Мусонинг ихтиёридаги руҳоний Ҳоруннинг ўғли Итамар назорати остида Леви қабиласи сарф қилинган олтин, кумуш ва бронзанинг ҳисобини олиб борган эди. Муқаддас аҳд чодирини ясашда ишлатилган олтин, кумуш ва бронза ҳисоби қуйидагича эди:

Олтин

24 Чодир ясалишига сарф қилинган олтиннинг жами 62,5 пуд эди. Халқ Эгамизга назр қилган олтиннинг ҳисоби шунча эди.

Кумуш

25 Санаб чиқилган халқдан йиғилган кумушнинг жами ҳисоблаб чиқилганда, 214 пуд бўлди.

26 Бу миқдор ҳисоблаб чиқилган йигирма ва ундан юқори ёшдаги 603.550 одамнинг ҳар бирига 1,25 мисқолдан тўғри келарди.

27 213 пуд кумуш эритилиб, Чодирнинг ромлари ва ички пардани ушлаб турадиган устунлар учун 100 та таглик қилишга ишлатилди, ҳар бир таглик учун 2 пуддан ортиқ кумуш сарф қилинди.

28 Қолган 1 пуд кумуш ҳовли атрофидаги устунлар учун илгаклар ва ҳалқалар ясашга, устунларнинг тепасини қоплашга ишлатилди.

Бронза

29 Халқ Эгамизга назр қилган бронзанинг миқдори 151 пуд эди.

30 Қуйидаги ашёларни ясашда ўша бронза ишлатилди:

Учрашув чодирига кираверишдаги устунлар учун тагликларни,

бронза қурбонгоҳ билан унинг бронза панжарасини, унинг ҳамма буюмларини,

31 ҳовлининг атрофидаги пардаларни ушлаб турадиган устунлар учун тагликларни,

ҳовлига кираверишдаги парда учун тагликларни,

Муқаддас чодир билан атрофдаги пардадан қилинган тўсиқни ушлаб турадиган барча қозиқни.

Руҳонийлик либослари тикилади

1 Улар кўк, сафсар ва қирмизи иплардан Муқаддас хонада хизмат қилганда кийиш учун руҳонийларга либосларни ажойиб қилиб тикдилар. Ҳорунга муқаддас руҳонийлик либослари тикишди. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

Олий руҳоний учун эфод

2 Улар эфодни майин зиғир матосидан тикиб, устига кўк, сафсар, қирмизи ва зар иплардан нақш солдилар.

3 Олтинни юпқа қилиб ёйиб, ингичка–ингичка қилиб кесиб, зар ип қилишди. Улар ўз маҳоратларини ишга солиб кўк, сафсар, қирмизи иплардан нақш солинган майин зиғир матосини бу зар ип билан безатдилар.

4 Эфоднинг олд ва орқа қисмларини бир–бирига боғлаш учун иккита елка боғичини қилиб, уларни олд ва орқа қисмларининг устки четига тикдилар.

5 Камар ясаб, уни эфодга боғладилар. Камарни ҳам майин зиғир матосидан қилдилар. Унга кўк, сафсар, қирмизи ва зар иплардан маҳорат билан нақш солдилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

6 Кейин муҳр ўйгандай қилиб, Исроил ўғилларининг исмини иккита ақиқ тошга ўйиб ёздилар. Ёзилган тошларни олтиндан қилинган нақшли уялар ичига қўйиб,

7 Исроилнинг ўн икки қабиласини эслатиб туриш учун эфоднинг елка боғичларига ўрнаштирдилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

Олий руҳоний учун кўкракпеч

8 Улар кўкракпечни ясадилар. Кўкракпечни, эфод сингари, майин зиғир матосидан қилиб, кўк, сафсар, қирмизи ва зар иплардан унга маҳорат билан нақш солдилар.

9 Кўкракпечни тўртбурчак халта шаклида, икки букланган, бўйи бир қарич, энига ҳам бир қарич қилиб ясадилар.

10 Кўкракпечга тўрт қатор тошни тўғри қилиб тердилар: қизил ёқут, хризолит ва зумрад тошларни биринчи қаторга тердилар.

11 Иккинчи қаторга фируза, зангори ёқут ва олмосни тердилар.

12 Учинчи қаторга ложувард, агат ва аметист тошларни тердилар.

13 Тўртинчи қаторга топаз, ақиқ ва яшма тошларни тердилар. Ҳамма тошларни олтиндан қилинган нақшли уяларга ўрнаштирдилар.

14 Бу ўн икки тош Исроилнинг ўн икки қабиласини эслатиб турарди. Муҳр ўйгандай қилиб, Исроилнинг ўн икки ўғлидан ҳар бирининг исмини бу тошларнинг ҳар бирига ўйиб ёздилар.

15 Улар кўкракпечни эфодга боғлаш учун тоза олтиндан ипга ўхшатиб эшилган иккита занжир ясадилар.

16 Яна нақшли иккита олтин уя ва иккита олтин ҳалқа ясаб, иккала ҳалқани кўкракпечнинг устки бурчакларига маҳкамладилар.

17 Иккала олтин занжирнинг бир учини кўкракпечдаги ҳалқаларга боғлаб,

18 иккинчи учини нақшли олтин уяларга маҳкамладилар. Уяларни эфоднинг олд томонидаги елка боғичларига ўрнаштирдилар.

19-20 Яна олтиндан тўртта ҳалқа ясадилар. Иккитасини кўкракпечнинг остки бурчакларига — эфодга яқин бўлган ички қирғоғига маҳкамладилар. Иккитасини эфоднинг олд томонига, иккала елка боғичининг пастига — нақшли камардан юқорига маҳкамладилар.

21 Кўкракпеч эфоднинг нақшли камаридан юқорида бўлсин, эфоддан осилиб турмаслиги учун кўкракпечни ҳалқалари ёрдамида эфоднинг ҳалқаларига кўк боғич билан маҳкамладилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

Бошқа руҳонийлик либослари

22 Эфоднинг ридосини кўк иплардан тўқилган матодан тикдилар.

23 Ридонинг ўртасидан бош сиғадиган тешик қилдилар. Ридо йиртилиб кетмаслиги учун тешикнинг четини тўқидилар.

24-26 Ридо этагининг учига айланаси бўйлаб анор шаклини ва қўнғироқчаларни бирин–кетин қилиб биттама–битта осиб чиқдилар. Анор шакли йигирилган кўк, сафсар ва қирмизи иплардан қилинган эди. Қўнғироқчалар тоза олтиндан қилинган бўлиб, анор шакли ораларига осилган эди. Ҳорун олий руҳоний бўлиб хизмат қилганда, у шу ридони кийиши керак эди. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

27 Ҳорун билан унинг ўғилларига майин зиғир матосидан кўйлакларни,

28 саллани, пешанабоғларни ва иштонларни қилдилар.

29 Белбоғини майин зиғир матосидан тўқиб, устига кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан нақш солдилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

30 Тоза олтиндан лавҳани — муқаддаслик рамзини ясадилар. Лавҳанинг юзасига муҳр ўйгандай, “Эгамизга бағишланган” деб ўйиб ёздилар.

31 Лавҳани саллага маҳкамлаш учун кўк боғични лавҳага боғлаб қўйдилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

Иш ниҳоясига етади

32 Шундай қилиб, Учрашув чодири — Муқаддас чодир ясалишига оид ҳамма ишлар ниҳоясига етди. Исроил халқи ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.33 Кейин Мусонинг олдига қуйидагилардан иборат Муқаддас чодирни олиб келдилар:

Чодирнинг ички қаватини ва унинг ҳамма қисмларини — илгакларини, ромларини, тамбаларини, устунлари ва тагликларини,

34 қизилга бўялган қўчқор терисидан ёпинчиқни, юмшоқ теридан ёпинчиқ ва Энг муқаддас хонани тўсиб турадиган ички пардани,

35 Аҳд сандиғини, унинг ходалари ва қопқоғини,

36 хонтахтани, унинг ҳамма буюмларини ва унга қўйиладиган муқаддас нонларни,

37 тоза олтиндан қилинган чироқпоя, унга ўрнатилган мойчироқларни, унинг ҳамма буюмларини ва мойчироқлар учун зайтун мойини,

38 олтин тутатқи қурбонгоҳини,

муқаддас қиладиган мой ва хушбўй тутатқини,

Чодирга кираверишдаги пардани,

39 бронза қурбонгоҳни, унинг бронза панжарасини, ходалари ва ҳамма буюмларини,

қўлювгични ва унинг таглигини,

40 ҳовлини тўсиб турадиган пардаларни, пардаларни ушлаб турадиган устунларни, устунларнинг тагликларини ва ҳовлига кираверишдаги пардани,

Чодир ва ҳовли учун арқонларни, қозиқларни,

Муқаддас чодир — Учрашув чодирида фойдаланадиган ҳамма ашёларни,

41 Руҳоний Ҳорун ва унинг ўғиллари Муқаддас хонада хизмат қилганда киядиган, ажойиб қилиб тикилган муқаддас либосларни.

42 Хуллас, Исроил халқи ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

43 Мусо қилинган ҳамма ишларни кўздан кечирди, Исроил халқи бу ишларни Эгамизнинг амри бўйича қилганларини кўриб, Мусо уларни дуо қилди.

Муқаддас чодир ўрнатилиб, бағишланади

1 Эгамиз Мусога айтди:

2 “Биринчи ойнинг биринчи куни Учрашув чодирини — Муқаддас чодирни ўрнаттир.

3 Сўнг Аҳд сандиғи чодирга олиб кирилсин, Сандиқни ички парда билан тўсдир.

4 Кейин хонтахта олиб кирилсин. Хонтахтага тегишли ашёларни унинг устига жойлаштир. Чироқпоя ҳам олиб кирилсин, чироқпояга мойчироқларни ўрнаштир.

5 Олтин тутатқи қурбонгоҳини Аҳд сандиғи олдига қўйдир. Муқаддас чодирга кираверишда пардани осдир.

6 Қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳни Учрашув чодирига — Муқаддас чодирга кираверишда ўрнаштир.

7 Қўлювгични Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига ўрнаштириб, ичига сув қуйдир.

8 Чодир ва қурбонгоҳнинг атрофига пардадан қилинган тўсиқни ўрнаштириб, ҳовлига кираверишдаги пардани осдир.

9 Кейин муқаддас қиладиган мойни олиб, Чодирга ва унинг ҳамма ашёларига суртиб чиқиб, Менга бағишла. Шунда Чодир муқаддас бўлади.

10 Қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳга ва унинг ҳамма буюмларига ҳам мой суртиб, Менга бағишла. Шунда қурбонгоҳ ғоят муқаддас бўлади.

11 Қўлювгичга ва унинг таглигига ҳам мой суртиб, Менга бағишла.

12 Ҳорун билан ўғилларини Учрашув чодирининг кираверишига олиб келиб, ҳаммаларини ювинтир.

13 Сўнг Ҳорун руҳоний бўлиб хизмат қилиши учун уни Менга бағишла: унга муқаддас руҳонийлик либосларини кийдириб, мой сурт.

14 Шундан кейин Ҳоруннинг ўғилларини ҳам олиб келиб, уларга кўйлак кийгиз.

15 Отасига мой суртганингдай, уларга ҳам мой сурт, токи улар руҳоний бўлиб Менга хизмат қилишсин. Ҳорун ва унинг ўғилларига мой суртиш билан уларнинг ўзлари ҳам, насллари ҳам авлодлар оша Менга руҳоний бўлиб хизмат қилишлари учун сен уларга ижозат берган бўласан.”

16 Мусо Эгамиз амр этган ҳамма ишларни бажариб бўлди.

17-18 Иккинчи йилнинг биринчи ойида, ойнинг биринчи куни Мусо Муқаддас чодирни ўрнаттирди: у ҳамма тагликларни жойига қўйдирди, ромларни ўрнаштириб, тамбаларни жойлаштирди, устунларни ўрнаштирди.

19 Сўнгра Чодирни тутиб турадиган ромлар устига чойшаблар ва қопламаларни ташлатди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

20 Кейин аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани олиб, Сандиққа солиб қўйди. Ходаларни Сандиқ ҳалқасидан ўтказгач, Сандиқнинг қопқоғини Сандиқ устига ўрнаштирди.

21 Сандиқни Муқаддас чодирга олиб кирди. Ички пардани осиб, Аҳд сандиғини тўсдириб қўйди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

22 Учрашув чодирига — чодирнинг шимол томонига, ички парданинг ташқарисига хонтахтани қўйдирди.

23 Хонтахта устига — Эгамизнинг ҳузурига муқаддас нонларни қўйди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

24 Учрашув чодирига — хонтахтанинг рўпарасига, Чодирнинг жануб томонига чироқпояни қўйдирди.

25 Эгамизнинг ҳузурига — чироқпояга мойчироқларни ўрнаштирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

26 Учрашув чодиридаги ички парданинг ташқарисига олтин тутатқи қурбонгоҳини қўйдирди.

27 Қурбонгоҳда хушбўй тутатқи тутаттирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

28 Муқаддас чодирга кираверишда пардани осдирди.

29 Учрашув чодирига — Муқаддас чодирга кираверишда қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳни ўрнаштирди. Сўнг қурбонлик билан дон назри келтириб, қурбонгоҳда куйдирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

30 Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига қўлювгични ўрнаштириб, ювиниш учун ичига сув қуйдирди.

31-32 Мусо, Ҳорун ва Ҳоруннинг ўғиллари Учрашув чодирига кирганларида ёки қурбонгоҳда назрларни куйдирганларида, қўлювгичдаги сув билан оёқ–қўлларини ювишар эди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

33 Сўнгра Мусо Чодир билан қурбонгоҳнинг атрофига пардадан қилинган тўсиқни ўрнаштириб, ҳовлига кираверишда пардани осдирди. Шундай қилиб, Мусо ишини тугатди.

Булут ва Эгамизнинг улуғворлиги

34-35 Кейин Учрашув чодирини — Муқаддас чодирни булут қоплади, Эгамиз улуғворлиги билан зоҳир бўлиб Чодирни тўлдирди. Шунинг учун Мусо Чодирга кира олмади.

36 Чодирдан булут кўтарилганда, Исроил халқи ҳар бир тўхтаган жойидан йўлга чиқиб саёҳатини давом эттирарди.

37 Булут кўтарилмасдан, то булут кўтариладиган кун келмагунча, улар йўлга чиқишмасди.

38 Шундай қилиб, Исроил халқи бутун саёҳатлари давомида кундузи Муқаддас чодир устида Эгамиз зоҳир бўладиган булутни, кечаси Чодир тепасидаги булут ичида ёнаётган алангани кўрар эдилар.