Ибтидо

Ибтидо

Дунё яратилишининг тарихи

1 Худо азалда осмон билан ерни яратди.

2 Ер шаклсиз ва бўм–бўш бўлиб, тубсиз денгизлар устини зулмат қоплаган эди. Худонинг Руҳи сувлар узра юрарди.

3 Худо: “Ёруғлик бўлсин”, деб амр берган эди, ёруғлик пайдо бўлди.

4 Худо ёруғликнинг ажойиб эканини кўриб, ёруғликни қоронғиликдан ажратди.

5 Худо ёруғликни кундуз, қоронғиликни тун деб атади. Кеч кириб, тонг отди. Биринчи кун ўтди.

6 Сўнг Худо: “Сувларни бир–биридан ажратиб турадиган гумбаз пайдо бўлсин”, деб амр қилди.

7 Шундай ҳам бўлди: Худо гумбазни яратиб, гумбазнинг остидаги сувлардан гумбаз устидаги сувларни ажратди.

8 Худо гумбазга осмон деб ном берди. Кеч кириб, тонг отди. Иккинчи кун ўтди.

9 Кейин Худо: “Осмон остидаги сувлар бир жойга тўпланиб, қуруқ ер пайдо бўлсин”, деб амр қилди. Шундай ҳам бўлди.

10 Худо қуруқликка ер деб ном берди. Бир жойга йиғилган сувларни эса денгизлар деб атади. Худо бунинг ажойиб эканини кўрди.

11 Сўнгра Худо шундай амр берди: “Ерда ўт–ўлан кўкарсин. Дон берадиган ҳар хил ўсимликлар, данаги бор ҳар хил мевали дарахтлар ўссин.” Шундай ҳам бўлди.

12 Ерда ўт–ўлан кўкарди, дон берадиган ҳар хил ўсимликлар, данаги бор ҳар хил мевали дарахтлар ўсди. Худо буларнинг ҳам ажойиб эканини кўрди.

13 Кеч кириб, тонг отди. Учинчи кун ўтди.

14 Кейин Худо шундай амр қилди: “Кундузни тундан ажратиш учун осмон гумбазида ёритқичлар пайдо бўлсин. Булар кунларнинг, йилларнинг,

нишонланадиган байрамларнинг вақтини кўрсатсин.

15 Бу ёритқичлар осмон гумбазида нур сочиб, ерга ёруғлик берсин.” Шундай ҳам бўлди.

16 Худо иккита катта ёритқични — қуёш ва ойни яратди: кундузи нур сочиб туриши учун каттароқ ёритқич — қуёшни, тунда нур сочиб туриши учун кичикроғи — ойни яратди. Шунингдек, Худо юлдузларни ҳам яратди.

17-18 Бу ёритқичлар ерга ёруғлик берсин, кундуз ва тун устидан ҳукмронлик қилсин, ёруғликни қоронғиликдан ажратиб турсин деб, Худо буларни осмон гумбазига жойлаштирди. Худо бунинг ажойиб эканини кўрди.

19 Кеч кириб, тонг отди. Тўртинчи кун ўтди.

20 Кейин Худо шундай амр берди: “Сув ҳар хил тирик жониворлар билан тўлиб–тошсин, қушлар пайдо бўлиб, ҳавода парвоз қилсин.”

21 Шундай қилиб, Худо баҳайбат денгиз махлуқларини ва сувда сузувчи турли–туман жониворларни, ҳар турли қушларни яратди. Худо бунинг ҳам ажойиб эканини кўрди.

22 Шунда Худо буларнинг ҳаммасига марҳамат қилиб деди: “Балиқлар ва қушлар серпушт бўлиб, кўпайсин. Денгизлар балиқлар билан тўлиб–тошсин, ер узра қушлар кўпайсин.”

23 Кеч кириб, тонг отди. Бешинчи кун ўтди.

24 Сўнгра Худо: “Ер турли–туман жонзотларни — чорвани, судралиб юрувчи жониворларни, ҳар турли ёввойи ҳайвонларни пайдо қилсин”, деб амр берди. Шундай ҳам бўлди.

25 Худо ҳар турли ёввойи ҳайвонларни, чорванинг ҳар хил турларини, ер юзида судралиб юрувчи жониворларнинг ва ҳашаротларнинг ҳар хил турларини яратди. Худо бунинг ажойиб эканини кўрди.

26 Кейин Худо шундай деди: “Энди инсон зотини яратайлик, улар Ўз суратимиздай, Ўзимизга ўхшаган бўлсин. Инсон зоти денгиздаги балиқлар устидан, осмондаги қушлар, ер юзидаги чорва ҳамда жамики ёввойи ҳайвонлар, ерда судралиб юрувчи ҳар қандай жонивор ва ҳашаротлар устидан ҳукмронлик қилсин.”

27 Шундай қилиб,

Худо Ўз суратидай қилиб яратди инсон зотини,

Эркагу аёл қилиб яратди уларни.

28 Худо инсонларга марҳамат қилиб, айтди: “Ували–жували бўлинглар, ер юзини тўлдириб, итоат эттиринглар, денгиздаги балиқлар устидан, осмондаги қушлару ер юзида яшовчи ҳар турли жониворлар устидан ҳукмронлик қилинглар.”

29 Худо яна айтди: “Мана, сизларга бутун ер юзидаги ҳар хил донли ўсимликларни ва мевали дарахтларни бердим. Сизлар булардан егулик учун фойдаланасизлар.

30 Ер юзидаги жамики тирик жонзотга — ҳамма ҳайвонларга, ҳамма қушларга емиш қилиб кўк ўт–ўланни бердим.” Шундай ҳам бўлди.

31 Худо Ўзи яратган ҳамма нарсага назар солди. Булар жуда ажойиб эди. Кеч кириб, тонг отди. Олтинчи кун ўтди.<

1 Шундай қилиб, осмон билан ер ҳамда улардаги жамики нарсалар яратилди.

2-3 Еттинчи куни Худо барча яратиш ишларини битириб, дам олди. Худо еттинчи куни ҳамма ишларидан дам олгани учун бу кунни муборак қилди, уни муқаддас деб бошқа кунлардан ажратди.

4 Осмон билан ернинг яратилиши ана шулардан иборатдир.

Адан боғи

Парвардигор Эгамиз осмон билан ерни яратган пайтда

5 ер юзида на бирон ўт, на бирон гиёҳ унган эди. Чунки Парвардигор Эгамиз ҳали ерга ёмғир ёғдирмаган, ерга ишлов берадиган бирон кимса яратмаган эди.

6 Лекин ер остидан сув чиқиб, бутун ер юзини суғорарди.

7 Шундан кейин Парвардигор Эгамиз ернинг тупроғидан одамни ясади ва унинг бурун тешигидан пуфлаб, жон ато этди. Шундай қилиб, одам тирик жон бўлди.

8 Парвардигор Эгамиз шарқда — Адан деган жойда боғ барпо қилиб, Ўзи яратган одамни ўша боққа қўйди.

9 Кейин Парвардигор Эгамиз ердан чиройли, лаззатли мева берадиган ҳар хил дарахтларни ўстирди. Боғнинг ўртасида эса ҳаёт дарахтини ва яхшилик билан ёмонликни билиш дарахтини ўстирди.

10 Адандан бир дарё оқиб келиб, боғни суғоради ва ўша ерда тўрт ирмоққа бўлинади.

11 Биринчи ирмоқнинг номи Пишон бўлиб, бутун Хавила ери бўйлаб оқади. Бу жойда олтин бор.

12 Ўша ернинг олтини жуда ҳам тозадир. У ерда марварид ва ақиқ тошлар ҳам бор.

13 Иккинчи ирмоқнинг номи Гихўн бўлиб, бутун Куш ери бўйлаб оқади.

14 Учинчи ирмоқнинг номи Дажла бўлиб, Оссурия шаҳрининг шарқидан оқиб ўтади. Тўртинчи ирмоқнинг номи Фуротдир.

15 Шундай қилиб, Парвардигор Эгамиз, бу одам боққа ишлов берсин, парвариш қилсин деб, уни Адан боғига жойлаштирди.

16 Парвардигор Эгамиз унга шундай амр қилди: “Сен боғдаги ҳамма дарахтнинг мевасидан бемалол еявер.

17 Лекин яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтининг мевасидан емайсан, ундан ейишинг биланоқ, шубҳасиз, ўласан.”

18 Сўнгра Парвардигор Эгамиз: “Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, унга муносиб шерик яратаман”, деди.

19 Шундай қилиб, У тупроқдан ҳар хил ҳайвонларни ва ҳар хил қушларни яратди. “Бу жониворларни одам кўриб қанақа ном бераркин”, дея уларни одамнинг олдига олиб келди. Одам ҳар бир жонивор учун ном танлади.

20 Одам ҳамма чорвага, қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ном берди. Лекин ҳамон одамга муносиб шерик йўқ эди.

21 Шу боисдан Парвардигор Эгамиз уни қаттиқ ухлатиб қўйди. Одам ухлаб ётганда, Худо унинг қовурғасидан биттасини олиб, ўрнини беркитиб қўйди.

22 Парвардигор Эгамиз одамнинг қовурғасидан хотин кишини яратди ва уни одамнинг олдига олиб келди.

23 Шунда одам айтди:

“Ниҳоят, бу менинг суякларимдан пайдо бўлган суякдир,

Менинг этимдан яралган этдир.

У Хотин деб аталгай,

Чунки у эркакдан яратилгандир.”

24 Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.

25 Одам билан хотини қип–яланғоч юрардилар, бир–бирларидан уялиш ҳиссини сезмасдилар.

Одам Ато ва Момо Ҳаво гуноҳ қилади

1 Парвардигор Эгамиз ҳамма ёввойи ҳайвонларни ҳам яратган эди. Ўша ҳайвонлар орасида анча айёри илон эди. Илон хотиндан:

— Ҳақиқатан ҳам Худо, боғдаги биронта дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтдими? — деб сўради.

2 Хотин илонга:

— Йўғ–э, биз боғдаги ҳамма дарахтларнинг мевасидан ейишимиз мумкин, — деб жавоб берди.

3 — Лекин Худо, боғ ўртасидаги дарахтнинг мевасидан еманглар ҳам, тегманглар ҳам, акс ҳолда, ўласизлар, деб айтган.

4 Илон эса хотинга:

— Йўқ, ўлмайсизлар, — деди.

5 — Чунки Худо биладики, сизлар бу мевалардан есангиз, кўзларингиз очилиб, сизлар ҳам барча яхши ва ёмон нарсаларни биладиган бўлиб, Худога ўхшаб қоласизлар.

6 Хотин қарасаки, ўша дарахт кўзга чиройли кўринади, мевалари жуда ейишли экан. Хотин: “Қанийди мевалар менга донолик ато қилса”, деб орзу қилди. У дарахтнинг мевасидан олиб еди, кейин ёнида турган эрига ҳам берди. Эри ҳам еди.

7 Ўша заҳоти икковининг ҳам кўзлари очилиб, улар яланғоч эканликларини англадилар, анжир баргларини сонлари атрофига тизиб, ўзларига ёпинчиқ ясадилар.

8 Оқшом пайти шабада эсиб турганда, одам ва хотини боғда Парвардигор Эгамизнинг юрганини билдилар. Улар Парвардигор Эгамизнинг назаридан қочиб, боғдаги дарахтлар орасига яшириндилар.

9 Парвардигор Эгамиз:

— Қаердасан? — деб одамни чақирди.

10 Одам:

— Мен боғда юрганингни билдим–у, яланғоч бўлганим учун қўрқиб, яшириндим, — деди.

11 — Яланғоч эканингни сенга ким айтди? — деб сўради Худо. — Ёки Мен, еманглар, деб амр этган дарахтнинг мевасидан едингми?

12 Одам жавоб берди:

— Ўзинг менга берган хотин ўша дарахтнинг мевасидан менга берди, мен ҳам едим.

13 Шунда Парвардигор Эгамиз хотинга:

— Бу нима қилганинг? — деди.

— Илон мени алдади, мен мевадан едим, — деди хотин.

Худо ҳукм қилади

14 Парвардигор Эгамиз илонга шундай деди:

“Шу қилмишларинг учун

Лаънати бўлгайсан барча жонзотлар орасида

Ва жамики ёввойи ҳайвонлар орасида.

Қорнинг билан судралиб юргайсан,

Умринг бўйи тупроқ егайсан.

15 Душманлик пайдо қиламан сен билан хотин ўртасида,

Сенинг зотинг билан унинг зоти орасида.

Унинг зоти эзиб ташлайди сенинг бошингни,

Сен чақиб оласан унинг товонини.”

16 Хотинга эса шундай деди:

“Ҳомиладорлигингда ғоят азоб бераман,

Машаққат ила бола туғасан.

Аммо эрингни қўмсайверасан,

Эринг эса ҳоким бўлади сенинг устингдан.”

17 Парвардигор Эгамиз одамга шундай деди:

“Хотинингнинг гапига кирганинг учун,

Мен, ема, деб тақиқлаган мевани еганинг учун

Сен туфайли ерни лаънати қилдим.

Бутун умринг бўйи тимдалаб ерни,

Ердан ўтказасан тирикчилигингни.

18 Ернинг ҳосили емишинг бўлса ҳам,

Ер сен учун тиканлару қушқўнмас ўстиради.

19 Сен тупроқдан яралгансан,

То тупроққа қайтгунингга қадар,

Пешана теринг билан нон ейсан.

Зеро, сен тупроқдирсан

Ва тупроққа қайтасан.”

20 Хотин жамики инсонларнинг онаси бўлгани учун, Одам Ато унга Момо Ҳаво деб исм берди.

21 Одам Ато ва унинг хотини учун Парвардигор Эгамиз теридан кийим–кечак ясаб, уларни кийинтириб қўйди.

Одам Ато ва Момо Ҳаво Адан боғидан қувиладилар

22 Кейин Парвардигор Эгамиз шундай деди: “Мана, инсон ҳамма нарсани — яхшилик ва ёмонликни билиб, Бизга ўхшаб қолди. Энди у қўлини узатиб, ҳаёт дарахти мевасидан ҳам олмасин, мевани еб, абадий яшайдиган бўлиб қолмасин.”

23 Шу сабабдан Парвардигор Эгамиз Одам Атони ва Момо Ҳавони Адан боғидан чиқариб юборди. У Одам Атони ернинг тупроғидан ясаган эди, унга энди ўша ерни ишлашга берди.

24 У Одам Атони ҳайдаб юборгандан кейин, ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Адан боғининг шарқ томонига карубларни ва доимо айланиб турадиган алангали қилични ўрнатди.

Қобил билан Ҳобил

1 Одам Ато хотини Момо Ҳавога яқинлашгандан кейин, Момо Ҳаво ҳомиладор бўлди. Момо Ҳаво ўғил кўрди ва: “Худонинг қудрати билан ўғилли бўлдим”, деб исмини Қобил қўйди.

2 Кейинроқ Момо Ҳаво иккинчи ўғлини туғди ва унга Ҳобил деб исм қўйди. Болалар улғайиб, Ҳобил — қўйчивон, Қобил — деҳқон бўлди.

3 Вақти келиб, Қобил ернинг ҳосилидан Эгамизга назр олиб келди.

4 Ҳобил ҳам сурувидаги биринчи туғилган қўзилардан биттасини танлаб олиб, сўйди ва қўзининг ёғли жойларини Эгамизга назр қилиб олиб келди. Эгамиз Ҳобилни ва унинг назрини манзур кўрди,

5 лекин Қобилнинг ўзи ҳам, унинг назри ҳам маъқул бўлмади. Қобил қаттиқ хафа бўлиб, қовоғини солди.

6 Шунда Эгамиз Қобилга деди: “Нега хафа бўлдинг? Нимага қовоғингни солдинг?

7 Агар сен тўғри иш қилсанг, сени қабул қилмасмидим?! Билгинки, ёмон иш қилсанг, эшигингда гуноҳ пойлаб туради, шерга ўхшаб ташланиб, сени ўлжа қилмоқчи бўлади. Гуноҳ сенинг устингдан ҳукмрон бўлишни истайди. Лекин сен гуноҳни мағлуб қилишинг керак.”

8 Қобил укаси Ҳобилга: “Юр, далага борамиз”, деб таклиф қилди. Улар далага борганларида, Қобил укасига ташланиб, уни ўлдирди.

9 Эгамиз Қобилдан:

— Уканг Ҳобил қаерда? — деб сўради.

— Билмайман, нима, укам қаерга борса, мен унинг қадамини ўлчаб юришим керакми?! — деб эътироз билдирди.

10 Шунда Эгамиз:

— Нима қилиб қўйдинг?! — деди. — Эшитиб ол: укангнинг қони Менга ердан фарёд қилмоқда.

11 Укангнинг қони билан ерни булғаганинг учун энди лаънати бўласан, ерга ҳеч қачон ишлов беролмайсан.

12 Ерга қанчалик жон куйдириб ишлов бермагин, ер сен учун бошқа мўл ҳосил етиштирмас. Ҳозирдан бошлаб сен ер юзида доимо бир жойдан бошқа жойга қочиб, бошпанасиз, дайдиб юрасан.

13 Қобил Эгамизга:

— Жазойим шунчалик оғирки, бир ўзим кўтара олмайман, — деб жавоб берди.

14 — Бугун Сен мени еримдан ҳайдадинг. Энди мен Сендан узоқ бўлиб яшайман, ер юзида сарсон–саргардон бўлиб, қочиб юраман. Энди мени бирортаси учратиб қолиб, ўлдириб қўйиши мумкин.

15 Шунда Эгамиз:

— Йўқ, ҳеч ким сени ўлдирмайди! — деб жавоб берди Қобилга. — Ким сени ўлдирса, ундан етти карра ўч оламан.

Шундай қилиб, Эгамиз, Қобилни биров уриб ўлдириб қўймасин деб, унга тамға қўйди.

16 Сўнгра Қобил Эгамиздан узоқлашиб кетди ва Аданнинг шарқидаги Нод деган ерга ўрнашди.

Қобилнинг насли

17 Қобилнинг хотини ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Ўғлига Ханўх деб исм қўйдилар. Қобил бир шаҳар қурди ва шаҳарни ўғлининг исми билан Ханўх деб атади.

18 Ханўх бир ўғил кўриб, исмини Ирод қўйди. Ироддан — Махувол, Махуволдан — Матушол, Матушолдан — Ламех деган ўғиллар туғилди.

19 Ламех икки хотин олди. Биттасининг исми Оида, бошқасиники Зилла эди.

20 Оида бир ўғил кўриб, исмини Ёбол қўйди. Ёбол чодирларда яшайдиган чўпонларнинг ота–бобоси бўлди.

21 Укасининг исми Ювал эди. Ювал лира ва най чалувчи созандаларнинг ота–бобоси бўлди.

22 Зилла ҳам бир ўғил кўриб, исмини Тувалқобил қўйди. Тувалқобил биринчи бўлиб бронза ва темир асбоблар ясаган эди. Тувалқобилнинг Намах деган синглиси бор эди.

23 Ламех хотинларига деди:

“Оида ва Зилла, менга қулоқ солинглар.

Эй хотинларим! Гапимни эшитинглар!

Мени яралаган одамни мен ўлдирдим,

Мени урган ёш йигитни нобуд қилдим.

24 Қобилни ўлдиргандан етти карра ўч олинса,

Ламехни ўлдиргандан етмиш етти карра ўч олинар.”

Шис ва Энўш

25 Одам Ато билан хотини яна бир ўғил кўрдилар. Момо Ҳаво: “Қобил ўлдирган Ҳобилнинг ўрнига Худо бошқа фарзанд берди”, деб исмини Шис қўйди.

26 Шис улғайиб, у ҳам бир ўғил кўрди ва исмини Энўш қўйди. Ўша пайтда одамлар энди Эгамизга сажда қила бошлаган эдилар.

Одам Атонинг насли

1 Одам Атонинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир:

Худо инсон зотини яратганда, уларни Ўзига ўхшаган қилиб яратган эди.

2 Худо инсонларни эркак ва аёл қилиб яратди. Худо уларни яратгандан кейин Инсон деб ном қўйиб, уларга барака берди.

3 Одам Ато 130 ёшида ўғил кўрган эди. Ўғли отасининг суратидай бўлиб, унга ўхшаган эди. Одам Ато ўғлига Шис деб исм қўйган эди.

4 Шис туғилгандан кейин, Одам Ато 800 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

5 Одам Ато 930 ёшида оламдан ўтди.

6 Шис 105 ёшида ўғли Энўшни кўрган эди.

7 Энўш туғилгандан кейин, Шис 807 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

8 Шис 912 ёшида оламдан ўтди.

9 Энўш 90 ёшида ўғли Хенанни кўрди.

10 Хенан туғилгандан кейин, Энўш 815 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

11 Энўш 905 ёшида оламдан ўтди.

12 Хенан 70 ёшида ўғли Махалиёлни кўрди.

13 Махалиёл туғилгандан кейин, Хенан 840 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

14 Хенан 910 ёшида оламдан ўтди.

15 Махалиёл 65 ёшида ўғли Ёредни кўрди.

16 Ёред туғилгандан кейин, Махалиёл 830 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

17 Махалиёл 895 ёшида оламдан ўтди.

18 Ёред 162 ёшида ўғли Ханўхни кўрди.

19 Ханўх туғилгандан кейин, Ёред 800 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

20 Ёред 962 ёшида оламдан ўтди.

21 Ханўх 65 ёшида ўғли Матушалоҳни кўрди.

22 Матушалоҳ туғилгандан кейин, Ханўх 300 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди. У умр бўйи Худога ҳамроҳ бўлиб яшади.

23 Ханўх 365 йил умр кўрди.

24 У бутун умри давомида Худога ҳамроҳ бўлиб яшаб, охири, ғойиб бўлиб қолди, чунки Худо уни олиб кетган эди.

25 Матушалоҳ 187 ёшида ўғли Ламакни кўрди.

26 Ламак туғилгандан кейин, Матушалоҳ 782 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

27 Матушалоҳ 969 ёшида оламдан ўтди.

28 Ламак 182 ёшида бир ўғил кўрди.

29 Ламак: “Эгамиз бу ерни лаънатлаган, энди ерга ишлов берганимизда, оғир ишларимизни шу бола енгиллаштирсин”, деб ўғлининг отини Нуҳ қўйди.

30 Нуҳ туғилгандан кейин, Ламак 595 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

31 Ламак 777 ёшида оламдан ўтди.

32 Нуҳ 500 ёшдан ўтгандан кейин Сом, Хом ва Ёфас деган ўғилларини кўрди.

Инсониятнинг қабиҳлиги

1 Ер юзида инсонлар борган сари кўпая бошлади. Қизлар ҳам туғилган эди.

2 Илоҳий зотлар, бу қизлар чиройли экан, деб ёқтирганларини ўзларига хотин қилиб олавердилар.

3 Шунда Эгамиз айтди: “Мен ато этган Руҳ инсонлар билан абадий қолмайди, чунки улар ўладиган жонлардир. Келгусида улар 120 йил умр кўрсин.”

4 Ўша кунларда, ундан кейин ҳам бу оламда улкан паҳлавонлар яшади. Илоҳий зотлар билан аёл зотидан туғилган бу паҳлавонлар қадимги даврнинг буюк қаҳрамонлари, машҳур жангчилари бўлган эдилар.

5 Эгамиз кўрдики, ер юзида инсон зоти қилаётган қабиҳликлар жуда ҳам кўп экан. Уларнинг кўнглида фақат қабиҳ ният бор экан.

6 Эгамиз ер юзида инсонларни яратганидан пушаймон бўлди, юракдан афсусланди.

7 Эгамиз айтди: “Ўзим яратган инсон зотини ер юзидан қириб юбораман. Мен инсон билан бирга ҳайвонларни, судралиб юрувчи жониворларни, ҳашаротларни, қушларни ҳам қираман, уларни яратганимдан пушаймон бўляпман.”

8 Фақат Нуҳ Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлган эди.

Нуҳ

9 Нуҳнинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир:

Ўша даврда ер юзидаги солиҳ, бенуқсон одам фақат Нуҳ бўлиб, Худога ҳамроҳ бўлиб яшарди.

10 Нуҳнинг Сом, Хом, Ёфас деган учта ўғли бор эди.

11 Эндиликда ер юзи Худонинг олдида ахлоқсизликка, зўравонликка тўлиб–тошиб кетган эди.

12 Худо кўрдики, олам бузилиб кетган, ер юзидаги жамики инсоният йўлдан озган эди.

13 Худо Нуҳга айтди: “Мен бутун ер юзидаги инсонларни қириб ташлашга қарор қилдим. Чунки ер юзи уларнинг дастидан зўравонликка тўлиб–тошди. Энди уларни бутун ер билан бирга йўқ қилмоқчиман.

14 Қаттиқ ёғочдан ўзингга кема яса, кеманинг ичида хоналар ҳам ясаб, кеманинг ички ва ташқи томонини қора сақич билан суваб чиқ.

15 Кеманинг узунлиги 300 тирсак, кенглиги 50 тирсак, баландлиги 30 тирсак бўлсин.

16 Кеманинг томини ясаганингда, том билан кеманинг девори оралиғида бир тирсак очиқ жой қолдир. Эшигини кеманинг ён томонидан яса. Кемани уч қаватли қилиб яса.

17 Мен ер юзини тўфонга бостириб, тирик жонзотнинг ҳаммасини қириб ташлайман. Ер юзидаги жамики мавжудот нобуд бўлади.

18 Сен билан эса Мен аҳд қиламан. Сен кема ичига кирасан, сен билан бирга ўғилларинг, хотининг, келинларинг ҳам киради.

19 Ҳайвонларнинг ҳар бир туридан бир жуфтдан — эркаги ва урғочисидан кема ичига ўзинг билан олиб кирасан, токи тўфон пайтида улар сен билан бирга тирик қолсин.

20 Қушларнинг, ҳайвонларнинг, судралиб юрувчи жониворларнинг ва ҳашаротларнинг ҳар бир туридан жуфт–жуфт қилиб, ўзинг билан олиб кирасан, токи улар тирик қолсин.

21 Ўзинг билан озиқ–овқатларнинг ҳар бир туридан ғамлаб ол. Озиқ–овқатлар оиланг билан барча жонзотларга егулик бўлади.”

22 Нуҳ ҳамма нарсани Худо амр этгандай қилди.

Тўфон

1 Ниҳоят, вақти келиб, Эгамиз Нуҳга айтди: “Сен бутун оила аъзоларинг билан кема ичига кир. Ер юзидаги халқлар орасида Менинг олдимда солиҳ бўлиб юрганлардан фақат сени топдим, холос.

2 Ўзинг билан ҳалол ҳайвонларнинг урғочи ва эркагидан етти жуфтдан, ҳаром ҳайвонларнинг урғочи ва эркагидан эса бир жуфтдан ол.

3 Қушларнинг ҳар бир туридан — эркаги ва урғочисидан ҳам етти жуфтдан танлаб ол, токи бутун ер юзида бу жонзотларнинг турлари сақланиб қолсин.

4 Етти кундан кейин, Мен ер юзига қирқ кечаю қирқ кундуз давомида ёмғир ёғдираман. Ўзим яратган ҳар бир тирик нарсани ер юзидан йўқ қиламан.”

5 Нуҳ ҳаммасини Эгамиз амр этгандай қилди.

6 Ер юзини тўфон босганда, Нуҳ 600 ёшда эди.

7 Нуҳ билан бирга хотини, ўғиллари, келинлари тўфондан омон қолиш учун кеманинг ичига кирдилар.

8 Ҳалол ва ҳаром ҳайвонлардан, қушлардан, ерда судралиб юрувчи жониворлардан, ҳашаротлардан ҳар бири

9 — эркак ва урғочиси жуфт–жуфт бўлиб Нуҳ билан бирга кемага кирди. Шундай қилиб, Нуҳ Худонинг ҳамма амрларини бажарди.

10 Етти кундан кейин ер юзини тўфон боса бошлади.

11 Нуҳ 600 ёшга кирганда, иккинчи ойнинг ўн еттинчи куни ер остидаги булоқлар отилиб чиқди, осмоннинг қопқалари очилди.

12-13 Айни ўша куни Нуҳ билан бирга унинг ўғиллари Сом, Хом ва Ёфас, хотини ва учала келини кема ичига кирдилар. Қирқ кечаю қирқ кундуз тинмай ёмғир ёғди.

14 Улар билан бирга ёввойи ҳайвонлардан, чорвадан, ерда судралиб юрувчи ҳамма жонивор ва ҳашаротлардан, қушлардан — ҳаммасининг ҳар бир туридан кемага кирди.

15 Бу тирик жонзотлар иккита–иккитадан бўлиб Нуҳ билан бирга кемага кирди.

16 Худо Нуҳга амр қилгандай, ҳамма жониворларнинг эркак ва урғочиси кемага кириб бўлгач, Эгамиз Нуҳнинг орқасидан эшикни ёпди.

17 Ер юзида қирқ кун давомида тўфон бўлиб, сув ерни кўмди, кемани ердан юқори кўтарди.

18 Сув ер устида тобора кўпайиб борар, кема сув юзида сузарди.

19 Сув ер юзида шунчалик тўлиб–тошдики, баланд тоғлар ҳам кўмилиб кетди.

20 Сув тоғлардан ўн беш тирсак баландликка кўтарилди.

21 Ер юзида юрган жамики жонзот — қушлар, чорва, ёввойи ҳайвонлар, судралиб юрувчи жониворлар, инсон зоти нобуд бўлди.

22 Қуруқ ер устида яшаб турган ҳамма тирик жонзот нобуд бўлди.

23 Ер юзидаги ҳар қандай жонзотни — инсонларни, ҳайвонларни, судралиб юрувчи жониворларни, ҳашаротларни, қушларни Худо йўқ қилиб юборди, ҳаммаси ер юзидан қирилиб кетди. Фақат Нуҳ ва у билан бирга кемада бўлганларгина тирик қолдилар, холос.

24 Сув 150 кун давомида ер юзини қоплаб турди.

Тўфоннинг интиҳоси

1 Худо Нуҳни ва у билан кемада бирга бўлган барча жонзотларни эсдан чиқармаган эди. Худо ер узра шабада эстирган эди, сув пасая бошлади.

2 Ер остидаги булоқлар, осмоннинг қопқаси беркилди, қаттиқ қуяётган жала тўхтади.

3 Сув аста–секин ер юзида камая бошлади. Ниҳоят, 150 кундан кейин сув камайди.

4 Еттинчи ойнинг ўн еттинчи куни кема Арарат тоғи чўққиларига тиралиб тўхтаб қолди.

5 Ўнинчи ойгача сув камайиб бораверди. Ниҳоят, ўнинчи ойнинг биринчи куни тоғ чўққилари кўринди.

6 Яна қирқ кун ўтгач, Нуҳ кеманинг дарчасини очди–да,

7 қарғани чиқариб юборди. Ер юзидаги сув қуригунча, қарға у ёқдан–бу ёққа учиб юраверди.

8 Ер юзидаги сув қуриганини билиш учун энди Нуҳ кемадан каптарни учириб юборди.

9 Ҳали ер юзини сув босиб ётгани учун каптар қўнгани жой тополмай, кемага — Нуҳнинг ёнига қайтиб келди. Нуҳ каптарни ушлаб, ичкарига олди.

10 Етти кундан кейин Нуҳ яна каптарни кемадан учирди.

11 Кечга яқин каптар унинг ёнига қайтиб келди. Каптарнинг тумшуғида янги ўсиб чиққан зайтун барги бор эди. Нуҳ билдики, ер юзидаги сув пасайибди.

12 Нуҳ яна етти кунни ўтказиб, каптарни учириб юборди. Каптар Нуҳнинг ёнига бошқа қайтиб келмади.

13 Нуҳ 601 ёшга кирганда, биринчи ойнинг биринчи кунида ер юзидаги сув қурий бошлади. Нуҳ кеманинг қопқоғини очиб қаради, ер юзи ҳали тўлиқ қуримаган экан.

14 Ниҳоят, иккинчи ойнинг йигирма еттинчи куни ер бутунлай қуп–қуруқ бўлди.

15 Кейин Худо Нуҳга шундай деди:

16 “Кемадан чиқ, хотининг, ўғилларинг, келинларинг ҳам сен билан бирга кемадан чиқишсин.

17 Ўзинг билан бирга ҳамма тирик жонзотларни — қушлару ҳайвонларни, судралиб юрувчи жониворларни, ҳашаротларни ҳам олиб чиқ, токи улар ер юзида серпушт бўлиб, кўпайиб, ғиж–ғиж қайнасин.”

18 Шундай қилиб, Нуҳ ўғилларини, хотини ва келинларини бошлаб, кемадан ташқарига чиқди.

19 Ҳамма ҳайвонлар, судралиб юрувчи жониворлар, ҳашаротлар, қушлар — ерда яшайдиган жамики жонзотлар ҳам ўз жуфти билан кемадан чиқди.

Нуҳ қурбонлик келтиради

20 Сўнгра Нуҳ Эгамизга атаб қурбонгоҳ қурди. Сўнг ҳар бир ҳалол ҳайвондан ва ҳалол қушдан олиб, қурбонгоҳ устида уларни қурбонлик қилиб куйдирди.

21 Эгамиз қурбонликнинг хушбўй ҳидидан мамнун бўлиб, Ўзига Ўзи деди: “Инсоннинг кўнглида болалигиданоқ қабиҳ ният бор экан. Шундай бўлса ҳам, Мен бундан буён жамики тирик жонзотни олдингидай қириб ташламайман. Инсон туфайли бутун дунёни лаънатламайман.

22 Бу олам турар экан, баҳорда экин–тикин, кузда ўрим–йиғим, ёз ва қиш, совуқ ва иссиқ, кундуз ва тун бўлаверади.”

Худо Нуҳ билан аҳд қилади

1 Худо Нуҳ билан унинг ўғилларига марҳамат қилиб, уларга деди: “Ували–жували бўлинглар, ер юзини тўлдиринглар.

2 Ер юзидаги жамики ҳайвонлар, осмондаги ҳамма қушлар, ерда судралиб юрувчи жонивор ва ҳашаротларнинг ҳаммаси, денгиздаги ҳамма балиқлар сизлардан қўрқиб, ҳуркадиган бўлади. Буларнинг ҳаммаси устидан сизлар ҳукмрон бўласизлар.

3 Ўтни ва сабзавотларни сизларга емиш қилиб берганим сингари, ҳамма тирик жонзотларни ҳам сизлар учун емиш қилиб бераман.

4 Лекин этни қони билан емайсизлар. Қонда жон бўлгани учун Мен буни тақиқлайман.

5 Қотиллик жазоланади. Инсоннинг жонини олган инсондан Мен хун талаб қиламан, инсонни ўлдирган ҳар қандай ҳайвон ўлдирилиши лозим.

6 Кимки инсон қонини тўкса,

Унинг қонини ҳам инсон тўкар.

Зеро, инсон зотини Мен, Худо,

Яратганман Ўз суратимда.

7 Баракали бўлиб кўпайинглар, ер юзида тўлиб–тошиб, тобора ортиб боринглар.”

8 Худо Нуҳ билан унинг ўғилларига яна гапирди:

9 “Мен энди сизлар билан ва сизларнинг авлодингиз билан аҳд қиламан.

10 Сизлар билан кемадан чиққан ҳамма тирик жонзот — қушлар, чорва, ер юзида яшовчи ҳамма жониворлар билан ҳам аҳд қиламан.

11 Сизлар билан қатъий аҳд қиламан: бундан буён барча жонзот тўфон туфайли қирилиб кетмайди, ер юзини қириб битирадиган тўфон бошқа ҳеч қачон бўлмайди, деб ваъда бераман.

12 Сизлар ва жамики тирик жонзот билан қилаётган абадий аҳдимнинг аломати шу бўлади:

13 Мен булутлар орасида Ўз камалагимни ҳосил қиламан. Бу камалак Менинг олам аҳли билан қилган аҳдимнинг аломати бўлади.

14 Мен булутларни ер устига олиб келганимда, камалак булутлар орасида кўриниб туради.

15 Ана ўшанда Мен Ўзим билан сизлар ва ҳамма тирик жонзот ўртасида қилган аҳдимни ёдимда тутаман. Тўфон энди ҳеч қачон жамики жонзотни йўқ қилмайди.

16 Камалак булутлар орасида турганда, Мен камалакни кўриб, ер юзидаги тирик жонзот билан Ўзим қилган абадий аҳдимни ёдимда тутаман.”

17 Худо яна Нуҳга деди: “Ер юзидаги жамики тирик жонзот билан Мен қилаётган аҳднинг аломати ана шудир.”

Нуҳ ва унинг ўғиллари

18 Нуҳ ва унинг ўғиллари Сом, Хом ва Ёфас кемадан чиқишди. Кейинроқ Хом ўғил кўриб, исмини Канъон қўйди.

19 Нуҳнинг учала ўғлидан бутун ер юзидаги халқлар тарқалди.

20 Тўфондан кейин Нуҳ деҳқон бўлди ва илк бор узумзор барпо қилди.

21 Бир куни у ўзи тайёрлаган майдан ичди. Маст бўлиб, чодирида яланғоч ётган эди,

22 Канъоннинг отаси Хом отасининг яланғоч ётганини кўрди ва ташқарига чиқиб, акаларига айтди.

23 Сом билан Ёфас бир кийимни олиб, елкаларига ташладилар. Орқалари билан чодирга кириб, оталарининг яланғоч танасини кўрмаслик учун юзларини тескари ўгириб, унинг устини кийим билан ёпиб қўйдилар.

24 Нуҳ ўзига келгач, кенжа ўғлининг қилмишини билди.

25 Шунда Нуҳ деди:

“Канъон лаънати бўлсин!

Қулларнинг ҳам қули бўлсин акаларига!”

26 Нуҳ яна деди:

“Сомнинг Худоси — Эгамизга

Ҳамду санолар бўлсин.

Канъон Сомга қул бўлсин!

27 Худо Ёфасга мўл ер берсин,

Унинг насли Сомнинг

Халқи билан яшасин!

Канъон Ёфасга қул бўлсин!”

28 Нуҳ тўфондан кейин 350 йил яшади.

29 У 950 ёшида оламдан ўтди.

Нуҳдан тарқалган дунё халқлари

1 Нуҳнинг ўғиллари Сом, Хом ва Ёфас тўфондан кейин ўғиллар кўрдилар. Уларнинг насл–насаби ва улардан келиб чиққан халқлар тарихи қуйидагичадир:

Ёфасдан келиб чиққан халқлар

2 Ёфас насли: Гўмер, Магўг, Модай, Ёвон, Тувал, Мешех, Тирос ва улардан келиб чиққан халқлар.

3 Гўмер насли: Ашканоз, Рифат, Тўхармо ва улардан келиб чиққан халқлар.

4-5 Ёвон насли: Элишох, Таршиш, Кит, Рўдон ва улардан келиб чиққан халқлар. Ёвон насли денгиз бўйларига тарқалиб жойлашди.

Улар ҳар хил қабилаларга ва юртларга бўлиндилар, ҳар бир қабиланинг ўз тили бор эди.

Хомдан келиб чиққан халқлар

6 Хом насли: Куш, Мизра, Фут, Канъон ва улардан келиб чиққан халқлар.

7 Куш насли: Саво, Хавила, Сабто, Рамо, Сабтахо ва улардан келиб чиққан халқлар.

Рамо насли: Шава, Дедон ва улардан келиб чиққан халқлар.

8 Кушнинг наслида яна Нимрўд дегани ҳам бор эди. Нимрўд ер юзидаги биринчи буюк жангчи эди.

9 Эгамизнинг назарида у шу қадар буюк овчи эдики, унинг исми ҳикмат бўлиб қолди. Одамлар моҳир овчи ҳақида гапирганда: “Эгамизнинг назаридаги Нимрўдга ўхшаган буюк овчи” деб айтадиган бўлишди.

10 Нимрўд шоҳлигининг илк маркази Шинар еридаги Бобил, Эрах, Аккад шаҳарларининг ҳаммасини ўз ичига олган эди.

11 Нимрўд ўша ердан Оссурияга бориб, Найнаво, Рехобўт–Ир, Колах,

12 Расан шаҳарларини қурдирди. Расан шаҳри Колах ва буюк Найнаво шаҳарлари орасида жойлашган эди.

13-14 Мизра насли: Луд, Оном, Лахов, Нафтух, Патрўс, Каслув, Хафтўр ва улардан келиб чиққан халқлар. Каслувдан Филист халқи келиб чиқди.

15-18 Канъон насли: Канъоннинг тўнғич ўғли Сидон, Хет ва улардан келиб чиққан халқлар. Канъондан Ёбус, Амор, Гиргош, Хив, Оруқ, Син, Арвод, Замар ва Хомат халқлари ҳам келиб чиқди.

Натижада Канъон уруғлари чегарадан ташқарига тарқалиб кетди.

19 Канъоннинг чегаралари шимолдаги Сидондан бошлаб Гарор томонга — жанубдаги Ғазогача, сўнгра шарқдаги Садўм, Ғамўра, Адма, Завўйим томонга — то Лешагача чўзилган эди.

20 Хомнинг насли ана шулардан иборат эди. Улар ҳар хил қабилаларга ва юртларга бўлиндилар, ҳар бир қабиланинг ўз тили бор эди.

Сомдан келиб чиққан халқлар

21 Ёфаснинг акаси Сом ҳам фарзандлар кўрди. У жамики Ибир наслининг ота–бобоси бўлди.

22 Сом насли: Элам, Ошур, Арпахшод, Луд, Орам ва улардан келиб чиққан халқлар.

23 Орам насли: Уз, Хул, Гетер, Мешех ва улардан келиб чиққан халқлар.

24 Арпахшоднинг Шилах деган ўғли бор эди. Шилахнинг Ибир деган ўғли бор эди.

25 Ибир икки ўғил кўрди: биринчисининг исмини Палах қўйди, чунки унинг даврида дунё бўлиниб кетди. Иккинчисининг исми Ёхтон эди.

26-29 Ёхтоннинг насли: Элмўдод, Шалаф, Хазормават, Ёрах, Ҳадорам, Узол, Дикла, Обал, Абумайл, Шава, Офир, Хавила, Йўвов ва улардан келиб чиққан халқлар.

Ёхтоннинг насли мана шулар эди.

30 Бу халқлар яшаган ҳудуд Мешадан тортиб, шарқдаги Сафор қирлари томонгача чўзилган эди.

31 Сомнинг насли ана шулардан иборат эди. Бу халқлар ҳар хил қабилаларга ва юртларга бўлиндилар, ҳар бир қабиланинг ўз тили бор эди.

32 Нуҳнинг ўғилларидан пайдо бўлган насллар, насабномаси бўйича, алоҳида–алоҳида халқлар сифатида рўйхат қилинган эди. Тўфондан кейин ер юзида мана шу халқлар ўрнашди.

Бобил минораси

1 Бутун ер юзида битта тил бўлиб, ҳамма одамлар бир хил сўзлашардилар.

2 Одамлар шарқдан кўчиб, Шинар еридаги бир текисликка келдилар ва ўша ерда жойлашдилар.

3 Одамлар бир–бирларига: “Келинглар, ғишт қуйиб, яхшилаб пиширайлик”, дедилар. Шундай қилиб, улар қурилиш учун ғиштдан, қоришма учун қора сақичдан фойдаланадиган бўлдилар.

4 Кейин одамлар айтдилар: “Келинглар, ўзимиз учун шаҳар қурайлик, шаҳар минорасининг чўққилари осмонга тегиб турсин. Шу тариқа ном таратайлик. Акс ҳолда, биз бутун ер юзига тарқалиб кетамиз.”

5 Одамлар қураётган шаҳарни ва минорани кўриш учун Эгамиз пастга тушди.

6 Эгамиз деди: “Қаранглар, ҳаммаси битта халқ, ҳаммасининг тили бир! Бу ҳали улар қилмоқчи бўлган ишнинг бошланиши, холос. Ҳадемай, улар кўнглига келган ишни қилишга қодир бўладилар.

7 Қани, пастга тушайлик–да, уларнинг тилини аралаштириб юборайлик, токи бирининг гапини иккинчиси тушунолмай қолсин.”

8 Шундай қилиб, Эгамиз уларни ўша ердан бутун ер юзи бўйлаб тарқатиб юборди. Одамлар шаҳар қурилишини тўхтатдилар.

9 Эгамиз ҳамма одамларнинг тилини ўша ерда чалкаштириб, уларнинг ўзларини бутун ер юзига тарқатиб юборгани учун шаҳарнинг номи Бобил бўлиб қолди.

Сомнинг авлодлари

10 Сомнинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир:

Сом 100 ёшга кирганда, ўғли Арпахшодни кўрган эди. Арпахшод туғилганда, тўфон бўлиб ўтганига икки йил бўлган эди.

11 Арпахшод туғилгандан кейин, Сом 500 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

12 Арпахшод 35 ёшида ўғли Шилахни кўрган эди.

13 Шилах туғилгандан кейин, Арпахшод 403 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

14 Шилах 30 ёшида ўғли Ибирни кўрган эди.

15 Ибир туғилгандан кейин, Шилах 403 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

16 Ибир 34 ёшида ўғли Палахни кўрган эди.

17 Палах туғилгандан кейин, Ибир 430 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

18 Палах 30 ёшида ўғли Равуни кўрган эди.

19 Раву туғилгандан кейин, Палах 209 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

20 Раву 32 ёшида ўғли Саруғни кўрган эди.

21 Саруғ туғилгандан кейин, Раву 207 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

22 Саруғ 30 ёшида ўғли Нахўрни кўрган эди.

23 Нахўр туғилгандан кейин, Саруғ 200 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

24 Нахўр 29 ёшида ўғли Тераҳни кўрган эди.

25 Тераҳ туғилгандан кейин, Нахўр 119 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

26 Тераҳ 70 ёшдан ўтгандан кейин ўғиллари Ибром, Нахўр ва Харонни кўрган эди.

Тераҳнинг авлодлари

27 Тераҳнинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир:

Тераҳдан Ибром, Нахўр ва Харон туғилдилар. Харондан Лут туғилди.

28 Тераҳ ҳали ҳаёт экан, Харон ўзининг туғилган юртида — Халдейдаги Ур шаҳрида отасидан олдин оламдан ўтди.

29 Ибром — Сорай деган қизга, Нахўр — Милхо деган қизга уйландилар. Милхо Хароннинг қизи эди. Милхонинг Исках деган синглиси ҳам бор эди.

30 Сорай бепушт бўлиб, боласи йўқ эди.

31 Тераҳ ўғли Ибромни, Хароннинг ўғли — набираси Лутни, Ибромнинг хотини — келини Сорайни эргаштириб, Халдейдаги Ур шаҳридан чиқиб, Канъон юртига қараб йўл олди. Улар Хорон шаҳрига келишгач, ўша ерда ўрнашдилар.

32 Тераҳ 205 ёшида Хоронда оламдан ўтди.

Худо Ибромни танлайди

1 Шундан кейин Эгамиз Ибромга деди: “Ўз юртингдан, қариндош–уруғларинг олдидан — отанг хонадонидан чиқиб кет. Мен сенга бир юртни кўрсатаман, ўша ерга борасан.

2 Буюк халқнинг отаси қиламан сени,

Барака бераман сенга,

Улуғ қиламан сенинг номингни,

Барака манбаи бўласан сен.

3 Мен барака берарман сени дуо қилганларга,

Сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман.

Сен орқали барака топарлар

Ер юзидаги жамики халқлар.”

4 Эгамиз амр қилгандай, Ибром кетди. Лут ҳам Ибром билан бирга кетди. Ибром Хорондан чиқиб кетганда, етмиш беш ёшда эди.

5 Ибром хотини Сорайни, жияни Лутни, Хоронда хизматга олган одамларини бошлаб, тўплаган жамики мол–мулкини олиб, Канъон юртига қараб йўлга тушди. Ниҳоят, улар Канъон юртига етиб келишди.

6 Ибром бу юртда кўчиб юриб, Шакам яқинидаги Мўре номли муқаддас эман дарахти ёнига етиб келиб тўхтади. Ўша пайтларда бу юртда Канъон халқи яшарди.

7 Шу ерда Эгамиз Ибромга зоҳир бўлиб: “Мана шу юртни сенинг наслингга бераман”, деди. Шундай қилиб, Ибром зоҳир бўлган Эгамизга атаб ўша ерда қурбонгоҳ қурди.

8 Шундан сўнг Ибром Байтилнинг шарқидаги қирларга йўл олди. Байтил билан Ай шаҳарларининг ўртасида чодир тикди. Чодирдан ғарб томонда Байтил, шарқ томонда Ай шаҳарлари бор эди. Бу ерда у қурбонгоҳ қуриб, Эгамизга сажда қилди.

9 Ибром у жойдан бу жойга кўчиб, жанубга — Нагав чўлига кетди.

Ибром Мисрда

10 Ўша пайтда Канъонда қаҳатчилик ҳаддан ортиқ авжига чиқди. Шунинг учун Ибром, қаҳатчилик тугагунча кутиб турай деб, Мисрга йўл олди.

11 Ибром Миср чегарасига яқинлашганда, хотини Сорайга деди:

— Сен жуда ҳам гўзал аёлсан.

12 Мисрликлар сени кўрганларида: “Манави аёл — унинг хотини”, деб айтишади. Мени ўлдириб, сени тирик қолдиришади.

13 Сен, унинг синглисиман, деб айтгин, токи сен туфайли Мисрликлар менга яхши муносабатда бўлсинлар, жонимга раҳм қилсинлар.

14 Ибром Мисрга кириб келганда, Сорайнинг гўзаллиги ҳамманинг оғзида дув–дув гап бўлди.

15 Сарой аъёнлари ҳам Сорайни кўришгач, уни фиръавнга роса мақташди. Шундай қилиб, Сорайни фиръавннинг саройига олиб келишди.

16 Фиръавн Сорай туфайли Ибромга ҳам кўп мурувват қилди: мол–қўй, эшаклар, қул ва чўрилар, туялар инъом қилди.

17 Лекин фиръавн Сорайни ўз ҳарамига олмоқчи бўлгани учун, Эгамиз фиръавн хонадонига даҳшатли ўлат касаллигини юборди.

18 Фиръавн Ибромни чақиртириб келиб, унга деди:

— Бу нима қилганинг? Нима қилиб қўйдинг мени? Нимага Сорай хотининг эканини менга айтмадинг?

19 Нимага, у менинг синглим, деб айтдинг? Гапингга ишониб, уни ўзимга хотин қилиб олмоқчи бўлдим–а! Мана хотининг, ол–да, кўзимдан йўқол!

20 Фиръавн ўз одамларига фармон берган эди, улар Ибромни хотини, ҳамма одамлари ва мол–мулки билан бирга юртдан чиқариб юбордилар.

Ибром ва Лут бир–биридан айрилади

1 Шундай қилиб, Ибром хотинини, жияни Лутни ва бор мол–мулкини олиб, Мисрдан чиқди ва шимолга — Нагав чўлига йўл олди.

2 Ибром энди жуда бойиб кетган, мол–қўйлари, кумушу олтини кўп эди.

3 У Нагав чўлидан Байтилга боргунча бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юрди. Ниҳоят, Байтил билан Ай оралиғига етиб келди. У олдин ҳам шу ерда чодир тикиб,

4 қурбонгоҳ қурган эди. Ибром ўша ерда яна Эгамизга сажда қилди.

5 Ибром билан бирга кетаётган Лут ҳам жуда бой бўлиб, мол–қўйлари, кўплаб чодирлари бор эди.

6 Икковлари чорваси билан бир жойда яшашлари учун ер торлик қилиб қолди.

7 Қолаверса, Ибромнинг чўпонлари билан Лутнинг чўпонлари ўртасида жанжал чиқиб қолди. Бу пайтда ўша юртда Канъон ва Париз халқлари яшардилар.

8 Шунда Ибром Лутга деди:

— Менинг чўпонларим билан сенинг чўпонларинг ўртасида жанжал бўлмаслиги керак. Ахир, биз яқин қариндошлармиз.

9 Нима қилишимиз лозимлигини мен сенга айтай. Сен мана шу ердан яхши жойини керагича танлаб ол, кейин бир–биримиздан ажралайлик. Агар сен чап томонга кетсанг, мен ўнг томонга кетаман, агар сен ўнг томонга кетсанг, мен чап томонга кетаман.

10 Лут Зўвар томондаги Иордан водийсининг серҳосил текисликларига қаради. Ҳамма ёқ серсув, гўё Эгамиз яратган боққа ва Мисрнинг ажойиб ерларига ўхшарди. Эгамиз Садўм ва Ғамўра шаҳарларини вайрон қилмасдан олдин водий шунақа эди.

11 Шундай қилиб, Лут Иордан текисликларини танлади ва шарқ томонга кетди. Шу тариқа Ибром билан Лут бир–биридан айрилдилар.

12 Ибром Канъон юртида ўрнашди, Лут эса Иордан текисликларидаги шаҳарлар орасига ўрнашиб, чодирларини Садўм ёнига кўчирди.

13 Садўм аҳолиси ўта қабиҳ бўлиб, Эгамизга қарши оғир гуноҳлар қилар эдилар.

Ибром Хевронга кўчади

14 Лут Ибромдан айрилиб кетгандан кейин, Эгамиз Ибромга деди:

— Мана шу турган жойингдан шимолга, жанубга, шарққа ва ғарбга қара.

15 Сен кўриб турган ҳамма ерни сенга ва сенинг наслингга абадий мулк қилиб бераман.

16 Мен сенинг наслингни ердаги қумдай кўпайтираман. Кимки ердаги қумни санай олса, сенинг наслингни ҳам санай олади.

17 Қани, отлан, юртни айланиб чиқ. Мен бу юртни сенга мулк қилиб бераман.

18 Шундай қилиб, Ибром чодирини йиғиштириб, Хеврондаги Мамре номли муқаддас эманзор ёнига келди ва ўша ерда ўрнашди. У ерда Эгамизга қурбонгоҳ қурди.

Ибром Лутни қутқаради

1 Ўша пайтда Шинарда Омрафил, Элазарда Ориёх, Эламда Кадўрламар ва Гўйимда Тидол ҳукмронлик қилар эдилар.

2 Улар иттифоқ тузиб, қуйидаги бешта шоҳга қарши уруш очдилар: Садўм шоҳи Берага, Ғамўра шоҳи Биршага, Адма шоҳи Шинавга, Завўйим шоҳи Шемоверга ва Белах шоҳига. (Белах ҳозир Зўвар деб юритилади.)

3 Ана шу бешта шоҳ иттифоқ тузиб, Сиддим водийсида кучларини бирлаштиргандилар. (Сиддим водийси ҳозирги Ўлик денгиздир.)

4 Бу шоҳлар ўн икки йил давомида Кадўрламарга қарам бўлиб келгандилар. Ўн учинчи йили эса унга қарши исён кўтаргандилар.

5 Исёндан бир йил ўтгандан кейин Кадўрламар ва унинг иттифоқчилари лашкарлари билан келиб, Аштарўт–Карнайимдаги Рафа халқини, Хомдаги Зуз халқини, Хиратайим текислигидаги Эйим халқини,

6 Сеир тоғларидаги Хорим халқини чўлнинг четидаги Эл–Поронгача таъқиб қилиб бориб, мағлуб қилдилар.

7 Сўнгра улар орқага қайтиб, Эн–Мишпат шаҳрига келдилар ва Омолекларнинг бутун ерларини, шунингдек, Хазазон–Тамарда яшаётган Амор халқини қўлга олдилар. (Эн–Мишпат ҳозир Кадеш деб юритилади.)

8-9 Садўм, Ғамўра, Адма, Завўйим ва Белах, яъни Зўвар шоҳлари ўз лашкарларини Сиддим водийсида саф торттириб, Элам шоҳи Кадўрламарнинг ва Гўйим, Шинар ва Элазар шоҳларининг лашкарларига қарши жангга тайёр қилиб қўйдилар. Хуллас, тўртта шоҳ бешта шоҳга қарши отланди.

10 Водийда қора сақич тўлдирилган чуқурлар кўп эди. Садўм ва Ғамўра шоҳлари қочиб кетаётганларида, уларнинг жангчилари ўша чуқурларга йиқилиб тушдилар. Тирик қолганлари тоғларга қочиб қутулиб қолдилар.

11 Шундай қилиб, босқинчилар Садўм ва Ғамўрани талон–тарож қилиб, у ердаги ҳамма бойликларни, ғамлаб қўйилган озиқ–овқатларни олиб, ўз йўлларига кетдилар.

12 Ибромнинг жияни Лут Садўмда яшаётган эди. Босқинчилар Лутни асирга олиб, бор нарсасини ўлжа қилиб олдилар.

13 Бир одам босқинчилардан қутулиб, иброний Ибромнинг ёнига қочиб борди ва бўлган воқеани унга сўзлаб берди. Ибром бу пайтда Амор халқидан бўлган Мамре деган одамнинг эманзори ёнида чодир тиккан эди. Мамре ва унинг Эшкўл, Онар деган укалари Ибромнинг иттифоқчилари эдилар.

14 Ибром Лутнинг асирга олинганини эшитгач, ўз хонадонидаги қурол ушлашга қодир ҳамма одамларни тўплади. Улар 318 киши эди. У Кадўрламарнинг лашкари ортидан қувиб, Дан шаҳрида уларга етиб олди.

15 Ибром ўша ерда одамларини гуруҳларга бўлиб, тунда ҳар томондан уларга ҳужум қилди. Кадўрламарнинг лашкари қочди, лекин Ибром уларни Дамашқнинг шимолидаги Хўвах шаҳригача қувлаб борди.

16 Ибром билан унинг иттифоқчилари ҳамма нарсани — ўлжа олинган нарсаларни, Ибромнинг жияни Лутни ва унинг мол–мулкини, аёлларни ва бошқа асирларни қайтариб олиб келдилар.

Маликсидиқ Ибромни дуо қилади

17 Ибром Кадўрламар ва унинг иттифоқчилари устидан ғалаба қилиб қайтиб келаётганда, Садўм шоҳи уни кутиб олгани Шовей сойлигига келди. (Шовей сойлиги Шоҳ сойлиги деб ҳам аталган.)

18 Салим шоҳи Маликсидиқ ҳам Ибромни кутиб олгани чиқиб, нон ва шароб олиб келди. У Худойи Таолонинг руҳонийси ҳам эди.

19 Маликсидиқ Ибромни шундай деб дуо қилди:

“Еру кўкни яратган Худойи Таоло

Ибромга барака берсин.

20 Ёвларингни қўлингга берган Худойи Таолога

Ҳамду санолар бўлсин.”

Ибром қайтариб олиб келган ҳамма нарсанинг ўндан бирини Маликсидиққа берди.

21 Сўнгра Садўм шоҳи Бера Ибромга шундай деди:

— Одамларимни ўзимга қайтариб берсанг бўлди, қайтариб олиб келган ҳамма нарсани ўзингга олавер.

22 Лекин Ибром Садўм шоҳига шундай жавоб берди:

— Еру кўкни яратган Эгамиз — Худойи Таоло ҳақи қасам ичиб айтаманки,

23 мен сенинг бирорта чўпингни ёки чориғингнинг ипини ҳам олмайман. Акс ҳолда: “Ибромни мен бой қилганман”, деб айтишинг мумкин.

24 Йигитларимнинг еб–ичганидан ташқари, мен сендан ҳеч нарса олмайман. Мен билан бирга борган иттифоқчиларим Онар, Эшкўл ва Мамре эса ўзларининг улушларини олишсин.

Худо Ибром билан аҳд қилади

1 Шундан кейин Эгамиз Ибромга шу сўзларни ваҳийда аён қилди:

— Қўрқма, Ибром, Мен сенга қалқон бўламан, сенга берадиган мукофотим буюк бўлади.

2 — Эй Эгам Раббий! Сен менга нима ҳам берар эдинг?! Мен ҳамон бефарзандман, бутун мол–мулким Дамашқлик хизматкорим Элиазарга қолади.

3 Сен менга фарзанд бермадинг, шунинг учун хонадонимда туғилган қулим менинг меросхўрим бўлади–да.

4 Лекин Ибромга Эгамиз яна шу сўзларни аён қилди:

— Йўқ, қулинг сенинг меросхўринг бўлмайди, ўзингнинг пушти камарингдан бўладиган ўғлинг сенинг ҳамма мол–мулкингга меросхўр бўлади.

5 Сўнгра Эгамиз Ибромни ташқарига олиб чиқиб, унга:

— Осмонга қара, агар юлдузларни санай олсанг, санаб кўр, — деди.

Эгамиз яна айтди:

— Сенинг наслинг ҳам ўша юлдузларга ўхшаган кўп бўлади.

6 Ибром Эгамизга ишонди, Эгамиз уни ишончи учун солиҳ деб билди.

7 Сўнгра Эгамиз унга деди:

— Мен сенинг Эгангман, бу юртни сенга мулк қилиб бермоқчиман, шунинг учун сени Халдейдаги Ур шаҳридан олиб чиққанман.

8 — Эй Эгам Раббий! Бу юртни мерос қилиб олишимга қандай ишонч ҳосил қиламан? — деб сўради Ибром.

9 — Менга уч ёшли ғунажин, уч ёшли эчки, уч ёшли қўчқор, каптар, мусичани олиб кел, — деди Эгамиз.

10 Эгамиз нима айтган бўлса, ҳаммасини Ибром олиб келиб, сўйди. Ҳайвонларни узунасига ўртасидан бўлиб, бўлакларни бир–бирига қаратиб қўйди. Лекин қушларни иккига бўлмади.

11 Қузғунлар гўштларни ейиш учун қўнганда, Ибром қузғунларни ҳайдади.

12 Қуёш ботаётганда, Ибромни қаттиқ уйқу босди. Уни қўрқув, ваҳима қамраб олди.

13 Шунда Эгамиз Ибромга айтди:

— Шуни яхши билиб қўйки, сенинг наслинг бегона юртда мусофир бўлиб яшайди. Тўрт юз йил қул бўлиб, жабр–зулм тортади.

14 Лекин Мен сенинг наслингни қул қилган халқни жазолайман. Сенинг наслинг бегона юртдан катта бойлик билан чиқиб кетади.

15 Сен жуда ҳам кексайиб оламдан ўтиб, дафн этиласан, ота–боболаринг ёнига хотиржам кетасан.

16 Сенинг наслинг тўрт авлод ўтгандан кейин бу ерга қайтиб келади, чунки Амор халқларининг қабиҳлиги ҳали ҳаддан ошмади.

17 Қуёш ботиб, қоронғи тушгандан кейин, Ибром ичидан тутун чиқиб турган тоғорани ва ёнаётган машъалани кўрди. Ўша тоғора ва машъала бўғизланган ҳайвон бўлаклари орасидан ўтди.

18 Шундай қилиб, ўша куни Эгамиз Ибром билан аҳд қилди ва шундай деди:

— Мен сенинг наслингга Мисрдаги дарёдан тортиб буюк Фурот дарёсигача бўлган жойларни

19 — Хайин, Ханаз, Кадмон,

20 Хет, Париз, Рафа,

21 Амор, Канъон, Гиргош, Ёбус халқларининг ерларини бераман.

Ҳожар ва Исмоил

1 Ибромнинг хотини Сорай ҳамон бола кўрмас эди. Сорай Мисрлик Ҳожар деган бир аёлни чўри қилиб олган эди.

2 Бир куни Сорай Ибромга айтди:

— Эгамиз мени фарзанддан қисди. Энди чўримнинг ёнига кираверинг. Балки у орқали фарзандли бўларман.

Ибром Сорайнинг таклифига рози бўлди.

3 Шундай қилиб, Ибромнинг хотини Сорай Мисрлик чўриси Ҳожарни эрига хотин қилиб олиб берди. Бу воқеа юз берганда, Ибром Канъон юртига кирганига ўн йил бўлган эди.

4 Ибром Ҳожарнинг ёнига кирди. Ҳожар ҳомиладор бўлди. Ҳожар ҳомиладорлигини билгач, бекаси Сорайни назар–писанд қилмай қўйди.

5 Шунда Сорай Ибромга деди:

— Чўримга имтиёз бериб, ўзим уни сизнинг қўйнингизга солиб қўйдим. Энди у ҳомиладор бўлиб, мени назарига илмай қўйди–я. Буларнинг ҳаммасига сиз айбдорсиз! Худога солдим, қай биримизнинг ҳақ эканимизни Худо ҳал қилсин!

6 Ибром Сорайга:

— Ҳозир ҳам у сенинг чўринг, унга истаганингни қилавер, — деб жавоб берди. Сорай Ҳожарга шунақанги шафқатсизлик қилдики, Ҳожар қочиб кетишга мажбур бўлди.

7 Эгамизнинг фариштаси саҳродаги булоқ ёнида — Шурга борадиган йўл бўйида Ҳожарни топди.

8 — Эй Ҳожар, Сорайнинг чўриси! Қаердан келиб, қаерга кетяпсан? — деб сўради.

— Бекам Сорайдан қочиб келяпман, — деб жавоб берди Ҳожар.

9 — Бекангнинг ёнига қайт, унга итоат эт, — деди Эгамизнинг фариштаси Ҳожарга.

10 — Сенинг наслингни шу қадар кўп қиламанки, кўплигидан ҳеч ким санай олмайди.

11 Эгамизнинг фариштаси Ҳожарга яна гапирди:

“Сен ҳомиладорсан ва туққайсан ўғил,

Эгамиз эшитди жафоларингни,

Унинг исмини қўйгайсан Исмоил.

12 Ўғлинг бўлғай асов эшакдай,

Унинг қўли кўтарилгай ҳаммага қарши

Ва ҳамманинг қўли — унга қарши,

Қариндошлари билан душман бўлиб яшагай.”

13 Ҳожар: “Мени кўрадиган Худони кўрдим–а!” деди. Шунинг учун у ўзига гапирган Эгамизга: “Мени кўрадиган Худосан” деб ном берди.

14 Шунинг учун бу қудуққа Бэр–Лахай–Руй деб ном берилган. Қудуқ Кадеш билан Барид орасида жойлашган.

15 Ҳожар Ибромга ўғил туғиб берди, Ибром бу болага Исмоил деб исм қўйди.

16 Бу пайтда Ибром саксон олти ёшда эди.

Аҳд белгиси — суннат

1 Ибром тўқсон тўққиз ёшга кирганда, Эгамиз унга зоҳир бўлиб, деди:

— Мен Қодир Худоман. Мен кўрсатган йўлдан юр, ҳар доим покдил бўлиб яшагин.

2 Мен сен билан аҳд қиламан, сенга жуда кўп насллар ато қиламан.

3 Ибром ерга мук тушиб таъзим қилди. Кейин Худо унга айтди:

4 — Сен билан қиладиган аҳдим шудир: сен кўплаб халқларнинг отаси бўласан.

5 Энди сенинг исмингни ўзгартираман. Исминг энди Ибром эмас, Иброҳим бўлади. Чунки Мен сени кўплаб халқларнинг отаси қиламан.

6 Сени жуда ҳам баракали қиламан, сендан халқлар яратаман, сендан шоҳлар келиб чиқади.

7 Мен сенга ва сендан кейинги наслларингга берган ваъдамда тураман. Бу абадий аҳд бўлади. Мен доимо Сенинг Худойинг, сендан кейинги наслларингнинг Худоси бўлиб қоламан.

8 Сен мусофир бўлиб яшаб турган мана шу Канъон юртининг ҳаммасини Мен сенга ва наслларингга абадий мулк қилиб бераман. Мен уларнинг Худоси бўламан.

9 Худо Иброҳимга яна деди:

— Сен ва сендан кейинги наслларинг авлодлар оша Мен билан қилган аҳдга риоя қилишларингиз лозим.

10 Сен ва сенинг наслларинг риоя қилишларингиз керак бўлган аҳдим қуйидагичадир: орангиздаги ҳар бир эркак суннат қилинсин.

11 Суннат — сен билан Менинг ўртамиздаги аҳднинг белгиси бўлади.

12 Ҳозирдан бошлаб насллар оша хонадонингдаги ҳар бир ўғил бола туғилгандан кейин саккиз кун ўтгач, суннат қилинсин. Бу фақат сенинг оила аъзоларинггагина тегишли бўлмай, балки хонадонингда туғилган хизматкорларингга ва сенинг наслингдан бўлмаган, бегоналардан сотиб олган хизматкорларингга ҳам тегишлидир.

13 Хонадонингда туғилган хизматкорларинг ҳам, сотиб олинган хизматкорларинг ҳам суннат қилинсин. Шундай қилиб, Менинг сен билан қилган аҳдим абадий эканини танангиздаги белги кўрсатиб туради.

14 Суннат қилинмаган эркак халқим орасидан йўқ қилинсин. У Менинг аҳдимни бузган ҳисобланади.

15 Худо Иброҳимга яна айтди:

— Хотининг Сорайга келсак, унинг исми бундан кейин Сорай бўлмасин. Ҳозирдан бошлаб уни Сора деб чақир.

16 Мен Сорага марҳамат кўрсатаман. Мен ундан сенга ўғил ато қиламан. Ҳа, Мен Сорага шунчалик барака бераманки, у кўп халқларнинг онаси бўлади. Унинг насллари орасидан шоҳлар чиқади.

17 Иброҳим мук тушиб таъзим қилди, кейин кулиб қўйди–да, ўзига ўзи деди: “Юз ёшга кирган одам бола кўрар эканми?! Бунинг устига, Сора ҳам тўқсонга кирди, энди бола туғармиди?!”

18 Иброҳим Худога:

— Қанийди, Исмоил Сенинг марҳаматинг остида яшаса, — деди.

19 — Йўқ, хотининг Сора сенга ўғил туғиб беради, — деди Худо. — Сен ўғлингнинг отини Исҳоқ қўясан. Мен ўғлинг билан ва унинг келгуси насли билан абадий аҳдимни давом эттираман.

20 Исмоил тўғрисида қилган илтимосингни ҳам эшитдим. Мен унга барака бераман, унинг наслини ҳаддан ташқари кўпайтираман. У ўн икки йўлбошчининг отаси бўлади. Ундан буюк халқ келтириб чиқараман.

21 Лекин Мен Ўз аҳдимни туғиладиган ўғлинг Исҳоқ билан қиламан. Келгуси йили худди шу пайтда Сора сенга Исҳоқни туғиб беради.

22 Худо Иброҳим билан гаплашиб бўлгач, унинг ёнидан кетди.

23 Ўша куниёқ Иброҳим Худо амр этгандай қилди: ўғли Исмоилни, хонадонида туғилган хизматкорларини, бегоналардан сотиб олган хизматкорларини — хонадонидаги ҳамма эркакни суннат қилди.

24 Иброҳим суннат қилинганда, тўқсон тўққиз ёшда,

25 ўғли Исмоил ўн уч ёшда эди.

26 Иброҳим билан ўғли бир кунда суннат қилиндилар.

27 Шундай қилиб, Иброҳимнинг хонадонидаги жамики эркак зоти ҳам у билан бирга суннат қилинди.

Худо Иброҳимга ўғил ваъда қилади

1 Куннинг жазирама иссиқ пайти эди. Иброҳим Мамредаги муқаддас эманзорда чодирига кираверишда ўтирган эди, шу пайт Эгамиз унга зоҳир бўлди.

2 Шу лаҳзада Иброҳим рўпарасида учта одам турганини билди. Иброҳим учаласини кўрган заҳоти уларни кутиб олгани югуриб борди ва мук тушиб таъзим қилди.

3 — Ҳазратим, — деди Иброҳим, — марҳаматингизни дариғ тутманглар, бу қулингизнинг эшигини босиб ўтиб кетманглар.

4 Хизматкорларим сув келтиришсин, оёқларингизни ювишсин, ўзларингиз дарахтнинг соясида дам олинглар.

5 Модомики, бу қулингизнинг хонадонига ташриф буюрибсизлар, мен нон–пон олиб келай. Саёҳатингизни давом эттиришдан олдин бардам бўлиб олинглар.

— Майли, — дейишди улар, — айтганингдай қилавер.

6 Иброҳим шошилганича чодирга қайтди–да, Сорага деди:

— Тез бўл! Уннинг яхшисидан дарров бир тоғора олиб, нон ёп.

7 Сўнгра подага бориб, семиз бузоқни танлади ва хизматкорига берди. Хизматкор дарров бузоқни сўйиб, таом тайёрлашга киришди.

8 У сузма, сут ва пишириб тайёрланган бузоқ гўштини олиб, меҳмонларнинг олдига қўйди. Меҳмонлар овқатланишаётганда, Иброҳим дарахт остида уларга ўзи хизмат қилиб турди.

9 — Хотининг Сора қаерда? — деб сўрашди улар.

— Шу ерда, чодирда, — деб жавоб берди Иброҳим.

10 Улардан бири:

— Мен келгуси йили шу пайтда қайтиб келганимда, хотининг Сора ўғилли бўлади, — деди. Сора чодир пардасининг орқасида, чодирга киравериш ёнида бу суҳбатни эшитиб турарди.

11 Бу пайтда Иброҳим ҳам, Сора ҳам жуда кексайиб қолишган, Сора бола туғиш давридан анча ўтган эди.

12 У ичида кулиб, ўзича ўйлади: “Мен мункиллаган кампир бўлсам–у, қандай қилиб лаззатлана олардим?! Бунинг устига, хўжайиним ҳам қариб қолган бўлса.”

13 Шунда Эгамиз яна Иброҳимга айтди:

— Нима учун Сора кулди? Нимага у: “Қариб қолган бўлсам, бола туғармидим”, деди?

14 Мен — Эгангиз учун имконсиз нарса бор эканми?! Келгуси йил шу пайтда Мен қайтиб келаман. Ўшанда Сора ўғилли бўлади.

15 Лекин Сора қўрқиб кетган эди.

— Кулмадим, — деб гапидан тонди у.

— Йўқ, кулдинг, — деди Эгамиз.

Иброҳим Садўм учун ёлворади

16 Шундан кейин учалови ўринларидан туриб, Садўм томонга йўл олдилар. Иброҳим, уларни кузатиб қўяй деб, бирга юрди.

17 Эгамиз: “Мен қилмоқчи бўлган ишларимни Иброҳимдан сир тутмайман”, деди Ўзига.

18 “Иброҳимдан буюк, қудратли халқ келиб чиқади. Ер юзидаги жамики халқлар у орқали барака топади.

19 Иброҳим ўғилларини, ўз наслини Менинг йўлимдан юришга, тўғрилик ва адолат билан иш қилишларига йўл кўрсатсин деб, уни танлаганман. Шунда Мен Иброҳимга берган ваъдамни бажараман.”

20 Сўнгра Эгамиз Иброҳимга деди:

— Садўм ва Ғамўра аҳолисининг разиллиги, уларнинг оғир гуноҳлари ҳақидаги оҳу фиғонлар Менга етиб келди.

21 Мен пастга тушиб кўрай–чи, уларнинг ҳаммаси ҳақиқатан ҳам шунчалик гуноҳга ботиб кетибдимикан?!

22 Шундан кейин икки киши Садўмга қараб йўл олди. Эгамиз эса Иброҳим билан қолди.

23 Иброҳим Унга қараб, сўради:

— Сен гуноҳкорни ҳам, бегуноҳни ҳам бирдай қириб ташлайверасанми?

24 Айтайлик, шаҳарда элликта бегуноҳ одам топсанг, шаҳарни вайрон қилаверасанми? Бегуноҳ одамларнинг ҳақи–ҳурмати учун шаҳарга раҳм қилмайсанми?

25 Наҳотки гуноҳсиз одамни гуноҳкор билан бирга йўқ қилсанг?! Асло! Сен гуноҳсизнинг бошига гуноҳкорнинг кунини солмайсан–ку! Ахир, Сен бутун оламнинг Ҳокимисан, адолат ила иш тутасан!

26 — Агар Мен Садўмда элликта бегуноҳ одамни топсам, — деди Эгамиз, — уларнинг ҳақи–ҳурмати учун бутун шаҳарга раҳм қиламан.

27 — Эй Раббий! Мен тупроқ ва кул бўлсам ҳам, Сенга гапираётганимда қўполлигим учун кечиргин, — деди Иброҳим.

28 — Элликта бегуноҳ одамга бешта етмаса–чи? Бешта кам бўлгани учун бутун шаҳарни қириб ташлайсанми?

— Агар у ерда қирқ бешта солиҳ одамни топсам, шаҳарни қириб ташламайман.

29 Иброҳим Эгамизга яна гапирди:

— Балки у ерда қирқта бегуноҳ одам топилар.

— Ўша қирқта бегуноҳнинг ҳақи–ҳурмати учун бу ишни қилмайман, — деди Эгамиз.

30 — Ё Раббий! — деди Иброҳим. — Гапирсам, Ўзинг кечиргайсан. Балки у ерда ўттизта бегуноҳ топилар?

— Агар у ерда ўттизта бегуноҳ одамни топсам, шаҳарни қириб ташламайман, — деб жавоб берди У.

31 — Раббий! Гапираётганимда қўполлигим учун кечиргин, — деди Иброҳим. — Балки у ерда йигирмата бегуноҳ одам топилар?

— Ўша йигирмата бегуноҳ одамнинг ҳақи–ҳурмати учун шаҳарни қириб ташламайман, — деди У.

32 — Раббий! Яна бир марта гапирсам, Ўзинг кечиргайсан, — деди Иброҳим. — Балки у ерда ўнта бегуноҳ одам топилар?

— Ўша ўнта бегуноҳ одамнинг ҳақи–ҳурмати учун шаҳарни қириб ташламайман, — деб жавоб берди Эгамиз.

33 Эгамиз Иброҳим билан гаплашиб бўлгач, Ўз йўлига кетди. Иброҳим ҳам чодирига қайтди.

Садўм аҳолисининг гуноҳкорлиги

1 Ўша куни кечқурун иккала фаришта Садўмга етиб келди. Лут Садўм дарвозаси ёнида ўтирган эди. Лут фаришталарни кўриб, уларга пешвоз чиқди ва мук тушиб таъзим қилди.

2 — Жаноблар, марҳамат, шу кеча бу қулингизнинг уйига киринглар, оёқларингизни ювайин, меникида тунаб қолинглар. Эртага эрталаб йўлларингизга кетсаларингиз ҳам бўлади.

— Раҳмат, биз тунни шаҳар майдонида ўтказамиз, — деб айтишди улар.

3 Лут ҳадеб қистайвергандан кейин, фаришталар Лутникига келишди. Лут хизматкорларига нон ёпиб, зиёфат тайёрлашни буюрди. Зиёфат тайёр бўлгач, улар овқатланишди.

4 Лекин улар энди ухлашга ётмоқчи бўлиб турганларида, Садўм шаҳрининг ҳамма эркаги — ёшу қариси келиб, Лутнинг уйини ўраб олишди.

5 Улар Лутни чақиришиб, сўрашди:

— Бугун кечқурун сенинг уйингга келган одамлар қани? Уларни олиб чиқ бизнинг олдимизга! Улар билан бирга бўлайлик.

6 Лут ташқарига чиқиб, орқасидан эшикни ёпиб қўйди.

7 — Биродарларим! — деди у, — ўтинаман, зинҳор бундай қабиҳлик қила кўрманглар!

8 Мана, иккита бокира қизим бор. Қизларимни сизларга олиб чиқиб берайин, улар билан билганларингизни қилинглар. Лекин бу одамларга тегманглар, улар менинг меҳмоним, менинг паноҳим остидадирлар.

9 Лекин улар:

— Йўлдан қоч! — деб шовқин солдилар. — Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Биз сенга орамиздан жой бердик, энди эса бизга ақл ўргатадиган бўлиб қолдингми?! Мана энди кўрасан. Анави келган одамларга қиладиганимиздан ҳам баттарроғини сенга қиламиз!

Одамлар Лутни сиқиб келиб, эшикни синдирмоқчи бўлдилар.

10 Шу пайт ичкаридаги иккала фаришта қўлларини ташқарига чиқариб, Лутни уйнинг ичкарисига — ёнларига олдилар ва эшикни ёпдилар.

11 Кейин уйнинг эшиги олдида турган ҳамма одамларни — катталарни ҳам, кичикларни ҳам фаришталар кўр қилиб қўйдилар. Шунинг учун одамлар эшикни топа олмай қолдилар.

Лут Садўмдан кетади

12 Шундан кейин фаришталар Лутдан сўрашди:

— Бу шаҳарда сенинг яна киминг бор? Куёвингми, ўғилларингми, қизларингми — сенга қарашли ким бўлса ҳам, шаҳардан олиб чиқиб кет.

13 Биз шаҳарни бутунлай қириб ташлаймиз. Бу шаҳар аҳолисининг разиллигию оғир гуноҳлари ҳақидаги оҳу фиғонлар Эгамизга етиб борди. “Бу шаҳарни қириб ташланглар”, деб У бизни юборди.

14 Шундан кейин Лут бўлажак куёвлари олдига бориб:

— Тезда шаҳардан чиқиб кетинглар! — деди. — Эгам бу шаҳарни қириб ташламоқчи.

Лекин Лутнинг гапи куёвларига ҳазил бўлиб туюлди.

15 Тонг отгач, фаришталар Лутни шошилтиришди:

— Тез бўл! Хотининг билан иккала қизингни олиб, ҳозироқ бу ердан жўна! Бўлмаса, шаҳарга қирғин келганда, сизлар ҳам ҳалок бўласизлар!

16 Лут ҳали ҳам иккиланиб турганда, фаришталар Лутни, хотинини ва иккала қизини қўлларидан ушлаб, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб қўйдилар. Чунки Эгамиз шафқатли эди.

17 Фаришталар уларни шаҳар ташқарисига олиб чиқиб қўйганларидан кейин, улардан бири огоҳлантирди:

— Қочинглар, жонларингни қутқаринглар! Орқага қараманглар, водийдаги бирон жойда тўхтаманглар! Тоққа қараб қочинглар! Бўлмаса, ҳалок бўласизлар!

18 — Йўқ, Ҳазратим! — деб илтижо қилди Лут.

19 — Бу қулингизга кўп иноят кўрсатдингиз, ҳаётимни қутқариб қолдингиз, менга кўп шафқат қилдингиз. Лекин тоғ жуда ҳам узоқ. Мен фалокатга йўлиқиб, у ерга етиб боролмай ўлиб кетаман–ку!

20 Ҳов анави шаҳарчани кўряпсизми? Ўзи кичкинагина шаҳарча, унча узоқ эмас. Мен ўша ёққа қочиб бора қолай. Ўшанда мен жонимни сақлаб қоламан.

21 — Бўпти! — деди фаришта Лутга. — Сен айтгандай бўлсин. Ўша кичкина шаҳарни йўқ қилмайман.

22 Тез бўл, ўша ёққа қоч! Сен ўша шаҳарга етиб бормагунингча, мен ҳеч нарса қилолмайман.

Лут шаҳарни кичкина дегани учун, бу шаҳар Зўвар деб юритиладиган бўлди.

23 Қуёш чиқаётганда, Лут Зўварга етиб келди.

Садўм ва Ғамўра вайрон қилинади

24 Шундан кейин Эгамиз Садўм ва Ғамўра шаҳарлари устига ёнаётган олтингугурт ёғдирди.

25 Ёнаётган олтингугурт бу шаҳарлар қаторида водийдаги ҳамма шаҳарларни аҳолисию ўт–ўланлари билан бирга қириб ташлади.

26 Лутнинг ортидан хотини келаётган эди. Хотини орқасига қараган эди, туз устунига айланиб қолди.

27 Кейинги куни эрталаб Иброҳим Эгамиз билан гаплашган жойга қайтиб борди.

28 Садўм, Ғамўра ва бутун водийга қараб, у ерлардан тутун кўтарилаётганини кўрди. Бу манзара гўё тандирдан чиқаётган тутунни эслатарди.

29 Худо водийдаги шаҳарларни қириб, Лут яшаётган шаҳарларга фалокат ёғдирганда, Иброҳимни эсдан чиқармаган эди. Шунинг учун Худо Лутни фалокатдан асраб қолди.

Мўаб ва Оммон халқларининг келиб чиқиши

30 Лут Зўварда туришдан қўрқиб, иккала қизи билан тоғдаги бир ғорга жойлашиб, ўша ерда яшайверди.

31 Бир куни катта қизи кичигига деди:

— Бу атрофларда бизга уйланадиган бирорта эркак қолмаган. Отамиз эса қариб қоляпти.

32 Кел, отамизга шароб ичирамиз–да, кейин унинг ёнига кирамиз. Шу йўл билан отамиздан наслимизни давом эттирамиз.

33 Шундай қилиб, улар ўша куни кечаси оталарига шароб ичирдилар. Катта қизи отасининг ёнига кирди. Отаси қизининг қачон кириб, қачон турганини билмади.

34 Кейинги куни катта қизи кичигига деди:

— Кеча тунда мен отамнинг ёнига кирдим. Бугун ҳам отамизга шароб ичирайлик, кейин сен отамизнинг ёнига кирасан. Шу йўл билан отамиздан наслимизни давом эттирамиз.

35 Шундай қилиб, улар ўша куни кечаси ҳам оталарига шароб ичирдилар. Кичик қиз отасининг ёнига кирди. Отаси кичик қизининг қачон кириб, қачон турганини билмади.

36 Шундай қилиб, Лутнинг иккала қизи ҳам оталаридан ҳомиладор бўлдилар.

37 Катта қизи ўғил туғди ва исмини Мўаб қўйди. У бугунги кунда Мўаб халқининг ота–бобоси ҳисобланади.

38 Кичик қиз ҳам ўғил туғди ва исмини Баномми қўйди. У бугунги кунда Оммон халқининг ота–бобоси ҳисобланади.

Иброҳим ва Абумалек

1 Иброҳим бу ердан кўчиб, жанубга — Нагав чўли томонга йўл олди ва Кадеш билан Шур оралиғида жойлашди. Кейинроқ Гарорга кетди. У ерда бир оз яшади.

2 Иброҳим бу ердаги одамларга хотини Сорани, у менинг синглим, деб айтар эди. Гарор шоҳи Абумалек одам юбориб, Сорани саройига олдириб келди.

3 Абумалек кечаси туш кўрди. Тушида Худо зоҳир бўлиб, унга деди: “Сен мана шу хотинни олганинг учун ўласан, чунки унинг эри бор.”

4 Лекин Абумалек ҳали Сорага яқинлашмаган эди.

— Ё Раббий! — деди Абумалек. — Мен бегуноҳман–ку! Энди бегуноҳ одамни ҳам ўлдираверасанми?

5 Иброҳим менга, у менинг синглим, деди–ку! Аёлнинг ўзи ҳам, Иброҳим — менинг акам, деди. Мен бу ишни пок кўнгил билан қилдим.

6 Худо Абумалекка тушида яна деди:

— Сенинг пок кўнгилли эканингни биламан. Шу сабабдан Менга қарши гуноҳ қилишдан сени сақладим. Сорага тегишингга йўл қўймадим.

7 Энди сен бу аёлни эрига қайтариб бер. Унинг эри — пайғамбар, сен учун ибодат қилади. Шунда сен тирик қоласан. Агар бу аёлни эрига қайтариб бермасанг, шуни билиб қўйки, ўзинг ҳам, бутун оила аъзоларинг ҳам ўласизлар.

8 Эртаси куни саҳарда Абумалек ҳамма аъёнларини чақириб, уларга бўлган воқеани айтиб берди. Ҳаммалари қаттиқ ваҳимага тушдилар.

9 Кейин Абумалек Иброҳимни чақиртириб, унга деди:

— Бизни нима қилиб қўйдинг? Сенга қарши қандай гуноҳ қилибман–а?! Мен ҳам, шоҳлигим ҳам шунчалик оғир гуноҳга ботишига сен сабабчи бўлдинг! Сен менга ҳеч ким ҳеч қачон қилмаслиги керак бўлган ишни қилдинг.

10 Абумалек Иброҳимдан:

— Нимани ўйлаб бу ишни қилдинг? — деб сўради.

11 — Бу ерда ҳеч ким Худодан қўрқмайди, хотинимни тортиб олиш учун мени ўлдирадилар, деб ўйладим, — деди Иброҳим.

12 — Бунинг устига, у ҳақиқатан ҳам менинг синглим, отамиз бир, лекин онамиз бошқа–бошқа бўлгани учун унга уйланганман.

13 Худо мени отамнинг хонадонидан бегона юртларга саёҳатга олиб кетганда, хотинимга шундай деган эдим: “Қаерга борсак ҳам, мен тўғримда гапирганингда, у менинг акам, деб айтгин. Шунда менга содиқлигингни кўрсатган бўласан.”

14 Шундан кейин Абумалек мол–қўйидан, қул ва чўриларидан Иброҳимга берди. Хотини Сорани ҳам қайтариб берди.

15 — Мана, шоҳлигимга қарашли ерлар қаршингда турибди, — деди Абумалек. — Қаерда яшашни хоҳласанг, ўша жойни танлаб олавер.

16 Сорага эса шундай деди:

— Мана, акангга минг бўлак кумушни товон қилиб тўлаяпман. Бу кумушлар ёнингдагиларга сенинг поклигингни исботлайди.

17-18 Худо Сора туфайли Абумалекнинг хонадонидаги ҳамма аёлни туғмайдиган қилиб қўйган эди. Иброҳим Худога ибодат қилди. Худо Абумалекка шифо берди, шунингдек, унинг хотини ва чўриларига ҳам шифо бериб, уларни туғадиган қилди.

Исҳоқнинг туғилиши

1 Эгамиз берган ваъдаси бўйича Сорага марҳамат қилди.

2 Сора ҳомиладор бўлиб, Иброҳимга қариган чоғида ўғил туғиб берди. Буларнинг ҳаммаси Худо айтган вақтда юз берди.

3 Иброҳим ўғлига Исҳоқ деб исм қўйди.

4 Худо амр қилгандай, Исҳоқ саккиз кунлик бўлганда, Иброҳим уни суннат қилди.

5 Исҳоқ туғилганда, Иброҳим юз ёшда эди.

6 Сора деди: “Худо менга шодлик ва кулги ато қилди, бу ҳақда эшитган ҳар ким мен билан бирга кулади.

7 Ким ҳам, Сора чақалоқ эмизади, деб Иброҳимга айта оларди?! Мен эса Иброҳимга қариган чоғида ўғил туғиб бердим.”

8 Вақт ўтиб, Исҳоқ катта бўлиб қолгач, Сора уни кўкракдан чиқарди. Бу бахтли кунни нишонлаб, Иброҳим катта зиёфат берди.

Ҳожар билан Исмоил қувилади

9 Мисрлик Ҳожарнинг Иброҳимга туғиб берган ўғли Исмоил Исҳоқни масхара қилаётганини Сора кўриб қолди.

10 Сора Иброҳимдан:

— Бу чўрини ўғли билан бирга ҳайдаб юборинг! — деб талаб қилди. — Чўрининг ўғли менинг ўғлим билан меросхўр бўлмасин.

11 Бу гапдан Иброҳим жуда хафа бўлди, ахир, Исмоил ҳам унинг ўғли эди–да.

12 Лекин Худо Иброҳимга деди:

— Бола ва чўри хотининг учун ташвиш тортма. Соранинг айтганларини қил. Чунки Мен сенга ваъда қилган наслинг Исҳоқ орқали келиб чиқади.

13 Чўри хотинингнинг боласи сенинг ҳам ўғлинг бўлгани учун Мен унга ҳам фарзандлар ато этиб, ундан халқлар яратаман.

14 Иброҳим эртасига саҳарда турди. Бир оз егулик ва бир меш сув олиб, Ҳожарнинг елкасига юклади–да, ўғли билан бирга жўнатиб юборди. Ҳожар Бершеба атрофларида чўлда бемақсад изғиб юрди.

15 Мешдаги сув тамом бўлгач, Ҳожар боласини бир бутанинг тагида қолдирди.

16 Сўнгра: “Боламнинг ўлишини кўрмайин”, деб боласидан бир ўқ отими нарига бориб ўтирди. Ҳожар ўша ерда ўтириб, йиғлаб, фарёд қила бошлади.

17 Худо ўсмирнинг йиғисини эшитди. Худонинг фариштаси самодан Ҳожарни чақириб деди:

— Нимага ғам чекяпсан, Ҳожар? Қўрқма, сен ўсмирни қолдириб кетган жойдан Худо унинг йиғисини эшитди.

18 Қани, ўғлингни тургиз, унинг қўлидан ушла. Мен унинг наслидан буюк халқ яратаман.

19 Худо Ҳожарнинг кўзини очиб юборган эди, у бир қудуқни кўрди. Бориб, мешни сувга тўлдириб келди–да, боласига ичирди.

20 Худо доимо бола билан бирга бўлди. Бола Порон чўлида ўсиб–улғайди. У моҳир камонкаш бўлди.

21 Онаси уни Миср юртидан бир қизга уйлантирди.

Иброҳим билан Абумалек ўртасидаги аҳдлашув

22 Бир куни Абумалек лашкарбошиси Пихол билан бирга Иброҳимнинг олдига борди ва унга деди:

— Сен ҳар қандай ишни қилганингда ҳам Худо сен билан бирга.

23 Энди Худонинг номини ўртага қўйиб, сени, болаларингни, наслингни алдамайман, деб қасам ич. Мен сенга содиқлигимни кўрсатдим. Шунинг учун ҳозир, сенга ва мен истиқомат қилиб турган шу юртингга содиқ бўламан, деб қасам ич.

24 — Қасам ичаман, — деди Иброҳим.

25 Шунда Иброҳим Абумалекка: “Хизматкорларинг зўрлик билан менинг қудуғимни тортиб олишди”, деб шикоят қилиб қолди.

26 — Бу ҳақда биринчи марта эшитяпман, — деди Абумалек. — Сен менга бу ҳақда айтмаган эдинг. Бу ишни ким қилганини билмайман.

27 Шундай қилиб, Иброҳим Абумалекка мол–қўйлар берди ва иккаласи аҳд қилдилар.

28 Иброҳим еттита урғочи қўзини сурувдан ажратиб олди.

29 Абумалек Иброҳимдан:

— Сен еттита урғочи қўзини ажратиб олдинг, бунинг маъноси нима? — деб сўради.

30 Иброҳим шундай жавоб берди:

— Мана шу еттита урғочи қўзини сен қўлимдан олишинг керак, токи бу қудуқни ўзим қазиганимни булар исботлайди.

31 Шундай қилиб, икковлари қасамёд қилишди. Шунинг учун бу жой ҳозиргача Бершеба деб юритилади.

32 Улар аҳд қилганларидан кейин, Абумалек ўз лашкарбошиси Пихол билан Филистлар еридаги Гарор шаҳрига қайтиб кетди.

33 Иброҳим Бершебада юлғун дарахти ўтқазди ва у ерда абадий Худога — Эгамизга сажда қилди.

34 У Филистлар ерида анча вақт яшади.

Худо Иброҳимга амр беради

1 Шу воқеалардан кейин Худо Иброҳимни синади.

— Иброҳим! — деб чақирди Худо.

— Лаббай! — деб жавоб берди Иброҳим.

2 — Ёлғиз суюкли ўғлинг Исҳоқни олиб, Мориёх ерига бор, — деди Худо. — Мен сенга бир тоғни кўрсатаман, ўша тоғда ўғлингни қурбонлик қилиб куйдирасан.

3 Эртаси куни Иброҳим саҳарда туриб, эшагини эгарлади. Оловда куйдириладиган қурбонлик учун ўтин тайёрлади. Сўнг икки хизматкори ва ўғли Исҳоқни ёнига олиб, Худо айтган ерга жўнади.

4 Уч кун йўл юрганларидан кейин, Иброҳим узоқдан ўша жойни кўрди.

5 Иброҳим хизматкорларига деди:

— Сизлар шу ерда — эшакнинг ёнида қолинглар. Ўғлим билан ҳов анави ерга борамиз–у, у ерда сажда қилиб, шу ерга қайтиб келамиз.

6 Иброҳим қурбонлик куйдириш учун ўтинни олиб, ўғли Исҳоқнинг елкасига ортди. Ўзи эса пичоқ билан чўғни олиб кетди. Икковлари бирга кетишди.

7 — Отажон! — деди бир пайт Исҳоқ отасига.

— Лаббай, ўғлим, — деб жавоб берди Иброҳим.

— Олов билан ўтин бор–у, лекин қурбонлик қилиб куйдириладиган қўзи қани? — деб сўради Исҳоқ.

8 — Қурбонлик қилиб куйдириладиган қўзини Худонинг Ўзи беради, ўғлим, — деб жавоб қилди Иброҳим. Шундай қилиб, икковлари бирга йўлда давом этишди.

9 Улар Худо кўрсатган ерга етиб келганларидан кейин, Иброҳим қурбонгоҳ қуриб, қурбонгоҳга ўтин қалади. Сўнгра у ўғли Исҳоқни боғлаб, қурбонгоҳдаги ўтинлар устига ётқизди.

10 Иброҳим пичоқни олди ва ўғлини бўғизлашга шайланди.

11 Шу пайт Эгамизнинг фариштаси самодан унга ҳайқирди:

— Иброҳим! Иброҳим!

— Лаббай! — деб жавоб берди Иброҳим.

12 — Пичоқни ташла! — деб буюрди фаришта. — Бундай қилма, болага зарар етказма. Энди билдим, сен ҳақиқатан Худодан қўрқар экансан. Сен ҳатто ягона ўғлингни ҳам Мендан аямадинг.

13 Иброҳим бошини кўтариб, қўчқорни кўриб қолди. Қўчқорнинг шоҳлари чакалакларга ўралиб қолган эди. Иброҳим қўчқорни ушлаб, қурбонгоҳда ўғлининг ўрнига куйдириб қурбонлик қилди.

14 Шунинг учун бу жойга Иброҳим “Эгамиз беради” деб ном қўйди. Бу ном бугунги кунда: “Эгамизнинг тоғида берилади” деган ҳикматга айланиб кетган.

15 Шундан кейин Эгамизнинг фариштаси самодан Иброҳимни яна чақирди:

16 — Эганг айтмоқда: “Менга итоат қилганинг учун, ҳатто ягона ўғлингни ҳам Мендан аямаганинг учун Ўзимнинг номим билан қасамёд қиламан:

17 сенга албатта қут–барака бераман. Наслингни осмондаги юлдузлардай, денгиз қирғоғидаги қумдай сон–саноқсиз қилиб кўпайтираман. Наслинг ғанимларининг дарвозаларини эгаллайдилар.

18 Менга итоат қилганинг учун ер юзидаги ҳамма халқлар сенинг наслинг орқали барака топади.”

19 Шундай қилиб, Иброҳим ўғли билан бирга хизматкорлари ёнига қайтиб келди ва Бершебага — уйига йўл олди. Иброҳим Бершебада яшаб қолди.

Нахўрнинг насли

20 Шундан кейин Иброҳим: “Уканг Нахўрнинг хотини Милхо саккиз нафар ўғил туққан” деган хабарни эшитди.

21 Тўнғич ўғлининг исми Уз, кейингисининг оти Буз, ундан кейингисиники Камувол (Камувол Орамнинг отаси бўлди),

22 Хосит, Хазо, Пилдаш, Йидлаф, Батувал эди.

23 Батувал бир қиз кўриб, отини Ривқо қўйди.

24 Милхо туғиб берган саккиз нафар ўғлидан ташқари, Нахўрнинг Равумо деган чўриси ҳам унга тўрт ўғил туғиб берди. Бу ўғилларининг исми Тавах, Гахам, Тахаш ва Махо эди.

Сора вафот этиб, дафн қилинади

1 Сора 127 ёшида,

2 Канъон юртидаги Хират–Арбада вафот этди. (Хират–Арба ҳозир Хеврон деб юритилади.) Иброҳим Сорага аза тутиб, йиғлади.

3 У Соранинг жасадини қолдириб, Хет халқидан бўлган оқсоқоллар олдига борди ва уларга деди:

4 — Мен сизларнинг орангизда яшаётган бир мусофирман. Илтимос, менга ерингиздан озгина жойини сотинглар, токи марҳумамни дафн қилай.

5 Хет халқидан бўлган оқсоқоллар Иброҳимга шундай жавоб беришди:

6 — Гапимизга қулоқ солинг, тўрам! Биз сизни улуғ бек деб ҳисоблаймиз. Хотинингизни дафн қилишингиз учун жойларимиздан энг яхшисини танлаб олинг. Марҳумангизни дафн қилишингиз учун бирортамиз сиздан мақбара учун ер аямаймиз.

7 Иброҳим уларга эгилиб таъзим қилди.

8 Кейин деди:

— Марҳумамни дафн қилишимга рози экансизлар, энди менинг гапимга қулоқ солинглар, Зўхар ўғли Эфрўнга менинг илтимосимни етказинглар.

9 У ўзининг Махпаладаги даласининг четида жойлашган ғорни менга сотсин. Мен ғорнинг тўлиқ нархини тўлайман, токи сизларнинг гувоҳлигингизда ғор менинг хонадоним учун мақбара бўлсин.

10 Эфрўн шу пайтда шаҳар дарвозасида йиғилган ўз халқи орасида ўтирган эди. У жамики Хет халқига эшиттириб, Иброҳимга шундай жавоб берди:

11 — Тўрам, энди менинг гапимни эшитсинлар. Мен даламни, даламдаги ғорни ҳам сизга инъом қиламан. Халқимнинг гувоҳлигида буларни сизга бераман. Марҳумангизни дафн қилаверинг.

12 Иброҳим юрт халқига яна таъзим қилди.

13 У юрт халқига эшиттириб, Эфрўнга шундай жавоб берди:

— Раҳмат, лекин мен бутун далангиз учун кумуш тўлаб, сотиб олай, токи марҳумамни у ерга олиб бориб, дафн қилай. Илтимос, менинг таклифимни рад этманг.

14-15 — Э тўрам, — деди Эфрўн Иброҳимга, — тўрт юз бўлак кумуш турадиган бир парча ер бизнинг орамизда нима бўпти?! Марҳумангизни дафн қилаверинг.

16 Иброҳим рози бўлиб, Эфрўн ҳаммага эшиттириб айтган тўрт юз бўлак кумушни унга тортиб берди. Бу ўлчов савдогарлар орасида муомалада эди.

17 Шундай қилиб, Эфрўннинг Мамре шарқида жойлашган Махпаладаги мулки Иброҳимга ўтди. Мулк далани, даладаги ғорни ва даланинг четидаги ҳамма дарахтларни ўз ичига олар эди.

18 Булар шаҳар дарвозасида йиғилган Хет халқининг гувоҳлигида Иброҳимнинг доимий мулки бўлиб қолди.

19 Шундан кейин Иброҳим Канъон юртида Мамре шарқидаги Махпала даласининг четида жойлашган ғорга хотини Сорани дафн қилди. (Мамре Хевронда жойлашган.)

20 Шундай қилиб, Хет халқига қарашли бўлган дала ва у ердаги ғор мақбара сифатида Иброҳимнинг доимий мулки бўлиб қолди.

Исҳоқ ва Ривқо

1 Иброҳим энди анча кексайиб қолди. Иброҳим нима қилмасин, Эгамиз унга барака берарди.

2 Иброҳимнинг хонадонида қулбошиси бор эди. Иброҳим бор мулкини унга ишониб топширган эди. Бир куни Иброҳим ўша қулбошисига айтди:

— Қўлингни сонимнинг остига қўйиб,

3 Самовий Худо — Эгамнинг номи билан: “Ўғлингизга шу ерлик — Канъоннинг қизларидан келин олиб бермайман”, деб қасам ич.

4 Сен менинг она юртимга — қариндошларимникига бор. У ердан ўғлим Исҳоққа келин топиб кел.

5 — Эҳтимол, ўша қиз менга эргашиб, бу юртга келишга рози бўлмас, — деди қулбоши Иброҳимга. — Ундай ҳолда ўғлингизни сизнинг она юртингизга олиб боришим керакми?

6 — Йўқ! Зинҳор бундай қила кўрма! — деди Иброҳим унга. — Ўғлимни у ерга қайтариб олиб борма!

7 Самовий Худо — Эгам мени отам хонадонидан — қариндош–уруғларим юртидан олиб чиққанда, У менга: “Сен турган шу юртни сенинг наслингга бераман”, деб қатъий ваъда берган эди. Сендан олдин Эгам фариштасини юборади. У шундай қиладики, сен менинг ўғлимга келин бўладиган қизни ўша юртдан топиб келасан.

8 Лекин ўша қиз сен билан бирга келишга рози бўлмаса, қасамдан озод бўласан. Зинҳор ўғлимни у ерга олиб борма.

9 Қулбоши ўз хўжайини Иброҳимнинг сони тагига қўлини қўйиб, унинг айтганларини қилишга онт ичди.

10 Шундан кейин қулбоши хўжайинининг ўнта туясига ҳар хил қимматбаҳо совғалардан ортиб, Орам–Нахрайимга йўл олди. Қулбоши Иброҳимнинг укаси Нахўр яшайдиган шаҳарга борди.

11 Оқшом пайти қулбоши шаҳар ташқарисидаги қудуқ ёнига етиб келди ва туяларни чўктирди. Бу пайтда аёллар сув олгани шу ерга келишарди.

12 Қулбоши ибодат қилди:

— Эй Эгам, хўжайиним Иброҳимнинг Худоси! Бугун сафаримни ўнгла, хўжайиним Иброҳимга илтифот кўрсатгин.

13 Мен қудуқ бошида турибман, шаҳар қизлари сув олгани келишяпти.

14 Истагим шуки, мен уларнинг бирига: “Илтимос, кўзангдан сув ичиб олай”, деб айтай. Агар ўша қиз: “Марҳамат, бемалол ичаверинг, туяларингизни ҳам суғориб қўяман”, деб айтса, қулинг Исҳоққа келин қилиб танлаганинг ўша қиз бўлсин. Шу орқали хўжайинимга илтифот кўрсатганингни билайин.

15 У ҳали гапини айтиб тугатмаган ҳам эдики, бир қиз келиб қолди. У елкасида кўзасини кўтариб олган эди. Бу қизнинг исми Ривқо бўлиб, у Батувалнинг қизи, Батувал — Иброҳимнинг укаси Нахўрнинг ўғли эди, Нахўрнинг хотини — Милхо эди.

16 Ривқо ҳали бирон эркакнинг қўли тегмаган бокира қиз бўлиб, жуда чиройли эди. У қудуқ бўйига келиб, кўзасини тўлдирди ва орқасига қайтди.

17 Шунда қулбоши югуриб, унга пешвоз чиқди.

— Илтимос, кўзангдаги сувдан бир қултум бер, — деди.

18 — Марҳамат, жаноблари, ичинг, — деб қиз дарров кўзасини елкасидан туширди–да, унга ичгани сув берди.

19 Қулбоши сув ичиб бўлгач, қиз деди:

— Энди туяларингиз учун ҳам сув тортиб бераман, тўйгунча ичсин.

20 У дарров кўзасидаги сувни охурга бўшатди–ю, яна сув тортгани қудуққа югуриб кетди. Қулбошининг ҳамма туяларини суғорди.

21 Қулбоши: “Эгам саёҳатимни ўнгидан келтиргани ростмикан ёки йўқми”, деб сув тортаётган Ривқони жимгина кузатиб турди.

22 Қиз туяларни суғориб бўлгач, қулбоши қизга бурунга тақиладиган олтин сирғани ва икки билагузукни тақиб қўйди. Олтин сирғанинг оғирлиги бир мисқолдан ортиқ, билагузукнинг оғирлиги йигирма беш мисқол чиқарди.

23 Сўнгра у қиздан:

— Айт–чи, кимнинг қизисан? — деб сўради. — Отангнинг уйида бир кеча тунашимиз учун бизга жой топиладими?

24 — Мен Батувалнинг қизиман. Бобом — Нахўр, бувим Милхо эдилар, — деб жавоб берди қиз.

25 Сўнгра у:

— Уйимизда туяларингиз учун сомон ҳам, ем ҳам кўп, меҳмонлар учун жой ҳам бор, — деб қўшиб қўйди.

26 Қулбоши тиз чўкиб, Эгамизга сажда қилди:

27 — Хўжайиним Иброҳимнинг Худоси — Эгамга ҳамду санолар бўлсин. Эгам хўжайинимга содиқ қолиб, марҳаматини дариғ тутмабди. Эгам мени тўппа–тўғри хўжайинимнинг қариндошлари олдига бошлаб келибди.

28 Қиз уйига югуриб борди ва юз берган воқеалардан уйидагиларни хабардор қилди.

29-30 Ривқонинг Лобон деган акаси бор эди. Лобон синглисининг бурнидаги сирғани ва қўлларидаги билагузукларни кўрди, синглисидан қулбошининг айтганларини эшитиб, қудуқ бўйига шошилди. Ўша одам ҳали ҳам булоқ бошида, туяларининг олдида турган эди.

31 — Қадамингизга ҳасанот, эй Худо ёрлақаган. Нега бу ерда турибсиз? Қани, уйга юринг, уйимда сиз учун битта хона, туяларингиз учун жой тайёрлаб қўйдим.

32 Шундай қилиб, қулбоши уйга кирди. Лобон туяларни юклардан бўшатиб, сомон, ем берди. Кейин у Иброҳимнинг қулбошисига ва у билан бирга келган туякашларга оёқларини ювиш учун сув олиб келди.

33 Шундан кейин кечки таом келтирилди. Иброҳимнинг қулбошиси эса:

— Мен нима учун келганимни сизларга айтмагунимча, овқат емайман, — деди.

— Марҳамат, гапиринг, қандай иш билан келдингиз? — деб сўради Лобон.

34 — Мен Иброҳимнинг қулбошисиман, — деб гап бошлади у.

35 — Хўжайинимга Эгам барака ато этган: у бой бўлиб кетган, Эгам унга кўплаб мол–қўй, кумушу олтинлар, қул ва чўрилар, туяю эшаклар берган.

36 Хотини Сора қариган чоғида хўжайинимга бир ўғил туғиб берди. Хўжайиним бутун мол–мулкини ўғлига топширган.

37 Хўжайиним ўғлига ўзи яшаётган Канъон юртининг қизларидан келин олиб бермаслигим учун менга қасам ичирди.

38 “Менинг ота уруғим — қариндошларим олдига бориб, ўша ердан ўғлимга келин олиб кел”, деди.

39 Мен эса: “Ўша қиз менга эргашиб бу ерга келмаса–чи”, дедим.

40 Лекин хўжайиним айтди: “Мен Эгам кўрсатган йўлдан юраман, У Ўзининг фариштасини сен билан бирга жўнатиб, йўлингни ўнглайди. Сен ўғлимга қариндошларимдан — отам уруғидан келин олиб келасан.

41 Агар қариндошларимникига борганингда, улар қизини бу ерга юборишга рози бўлишмаса, қасамингдан озод бўласан.”

42 Қулбоши гапида давом этди:

— Бугун мен қудуқ бўйига келиб, дедим: “Эй Эгам, хўжайиним Иброҳимнинг Худоси! Ўтинаман, сафаримни ўнгла.

43 Мен булоқ бошида турибман. Сув олгани келган қизга мен, илтимос, кўзангдан сув ичиб олай, деб айтай.

44 Ўша қиз, марҳамат, бемалол ичаверинг, туяларингизни ҳам суғориб қўяман, деб айтса, хўжайинимнинг ўғлига Эгам келин қилиб танлаган қиз ўша бўлсин.”

45 Мен кўнглимдан шу гапларни ўтказиб бўлмаган ҳам эдимки, Ривқо елкасида кўзасини кўтариб келаётган экан. У қудуққа бориб, кўзасини сувга тўлдирди. Мен унга: “Илтимос, сувингдан ичиб олай”, дедим.

46 У дарров елкасидан кўзасини туширди–да: “Марҳамат, ичинг, туяларингизни ҳам суғориб қўяман”, деди. Мен сув ичдим, Ривқо туяларимни ҳам суғорди.

47 Сўнг мен ундан: “Кимнинг қизисан?” деб сўрадим. У: “Батувалнинг қизиман. Бобом — Нахўр, бувим Милхо эдилар”, деб жавоб берди. Шундай қилиб, унинг бурнига сирғани, қўлларига билагузукларни тақиб қўйдим.

48 Сўнгра Эгамга тиз чўкиб, сажда қилдим. Хўжайиним Иброҳимнинг Худоси — Эгамга ҳамду санолар айтдим. Эгам мени тўппа–тўғри хўжайинимнинг қариндошлари олдига олиб келди. Мен хўжайинимнинг ўғлига қариндошлари оиласидан келин топдим.

49 Энди хўжайинимга чинакамига садоқат кўрсатадиган бўлсаларингиз, буни айтинглар, агар йўқ, десангизлар, буни ҳам айтинглар, токи мен бир қарорга келиб, бирор нарса қилайин.

50 — Эгамизнинг Ўзи сизни бу ерга олиб келди, — деб айтдилар Лобон билан Батувал. — Биз сизга нима ҳам дер эдик?!

51 Мана, Ривқо қаршингизда турибди. Уни олинг–да, кетаверинг. Эгамиз айтгандай, у хўжайинингизнинг ўғлига келин бўлсин.

52 Иброҳимнинг қулбошиси уларнинг гапларини эшитгач, мук тушиб, Эгамизга сажда қилди.

53 Сўнгра олтин, кумуш тақинчоқлар, чиройли либосларни Ривқога берди. Ривқонинг акаси билан онасига ҳам қимматбаҳо ҳадялар берди.

54 Қулбоши ва у билан бирга келган одамлар еб–ичдилар, тунни шу ерда ўтказдилар. Улар эртаси куни эрталаб туришгач, қулбоши: “Энди рухсат берсангиз, хўжайинимнинг олдига қайтайлик”, деди.

55 Лекин Ривқонинг акаси билан онаси:

— Ривқо ҳеч бўлмаса ўн кунча биз билан қолсин, кейин кетса ҳам бўлади, — дейишди.

56 Лекин қулбоши уларга шундай деди:

— Мени ушлаб турманглар, Эгамиз сафаримни ўнгидан келтирди. Мен қайтай, хўжайинимнинг олдига борай.

57 — Ҳозир қизимизни чақириб, ўзидан сўрайлик–чи, — дейишди улар.

58 Ривқони чақириб, ундан:

— Ҳозир мана бу одам билан кетасанми? — деб сўрашди.

— Ҳа, кетаман, — деди Ривқо.

59 Шундай қилиб, улар Ривқони, унинг энагасини Иброҳимнинг қулбошиси ва одамлари билан бирга жўнатдилар.

60 Улар Ривқони дуо қилиб, унга шундай дедилар:

“Эй синглимиз! Мингларча, ўн мингларча фарзандларнинг онаси бўлгин!

Наслинг ғанимларининг дарвозаларини эгалласин!”

61 Шундан сўнг Ривқо ва унинг чўрилари туяларга миниб, Иброҳимнинг қулбошиси билан жўнашга тайёр бўлишди. Ҳаммалари йўлга тушишди.

62 Бу вақтда Исҳоқ Нагав чўлида, Бэр–Лахай–Руй қудуғи ёнида яшаётган эди.

63 Исҳоқ кечқурун сайр қилиш учун ташқарига чиққан эди. Бир пайт у туялар келаётганини кўрди.

64 Ривқо ҳам Исҳоқни кўрди ва дарров туядан тушди.

65 — Ҳув ана, бир одам дала бўйлаб биз томонга келяпти, ким у? — деб сўради Ривқо қулбошидан.

— Менинг хўжайиним, — деб жавоб берди қулбоши. Ривқо рўмолини олиб, юзини беркитди.

66 Қулбоши ҳамма қилган ишларини Исҳоққа айтиб берди.

67 Шундай қилиб, Исҳоқ Ривқони онаси Сора яшаган чодирга олиб келди. У Ривқога уйланди. Исҳоқ уни жуда севарди. Шу тариқа Исҳоқ онасининг ўлимидан сўнг тасалли топди.

Иброҳимнинг бошқа ўғиллари

1 Иброҳим бошқа аёлга уйланди. У аёлнинг исми Хатуро эди.

2 У Иброҳимга бир неча ўғил туғиб берди. Ўғилларнинг исми Зимрон, Ёхшон, Мидон, Мидиён, Йишбоқ ва Шувах эди.

3 Ёхшоннинг Шава ва Дедон деган ўғиллари бор эди. Дедоннинг насли Ашур, Латуш ва Лум халқлари эди.

4 Мидиённинг ўғиллари Эфах, Ифар, Ханўх, Авидо ва Элдах эдилар. Хатуродан бино бўлган ўғиллари мана шулар эдилар.

5 Иброҳим бутун мол–мулкини ўғли Исҳоққа берди.

6 Иброҳим ҳаёт экан, чўрилари туғиб берган ўғилларига ҳадялар берди ва ўша ўғилларини Исҳоқнинг олдидан нарига — шарқ томондаги юртга жўнатди.

Иброҳим вафот этиб, дафн қилинади

7 Иброҳим 175 йил яшаб,

8 нуроний ёшда, кексайиб, оламдан ўтди.

9 Ўғиллари Исҳоқ билан Исмоил уни Мамре шарқидаги Махпала даласининг четида жойлашган ғорга дафн қилдилар. Бу дала илгари Хет халқидан бўлган Зўхар ўғли Эфрўнники эди.

10 Бу далани Иброҳим Хет халқидан сотиб олган эди. Иброҳим бу ғорда хотини Соранинг ёнига дафн қилинди.

11 Иброҳим вафот этгандан кейин, Худо унинг ўғли Исҳоққа барака берди. Исҳоқ Бэр–Лахай–Руй қудуғи ёнида истиқомат қиларди.

Исмоилнинг насли

12 Соранинг Мисрлик чўриси Ҳожар Иброҳимга туғиб берган Исмоилнинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир:

13 Туғилиш тартибига кўра, Исмоил ўғилларининг исмлари қуйидагича: тўнғич ўғли — Наваёт, кейингилари Кедар, Адбал, Мивсом,

14 Мишмо, Думах, Массо,

15 Ҳадад, Темо, Ятур, Нофиш ва Кедемах.

16 Исмоилнинг бу ўн икки ўғли ўн икки қабиланинг йўлбошчиси бўлдилар. Ўша қабилалар чодир қуриб жойлашган ерларга уларнинг исмлари берилди.

17 Исмоил 137 ёшида оламдан ўтди.

18 Исмоилнинг насли Оссурияга кетаверишда — Мисрнинг шарқидаги Хавила билан Шур орасида ўрнашди. Улар қариндошларига душман бўлиб яшардилар.

Эсов билан Ёқуб туғилади

19 Иброҳим ўғли Исҳоқнинг хонадони тарихи қуйидагичадир:

Иброҳим Исҳоқнинг отаси эди.

20 Исҳоқ Ривқога уйланганда қирқ ёшда эди. Ривқо Батувалнинг қизи, Лобоннинг синглиси эди. Батувал Орамлик бўлиб, Паддон–Орамдан эди.

21 Ривқонинг боласи бўлмади. Исҳоқ хотини учун Эгамизга илтижо қилди. Эгамиз унинг илтижоларини эшитди. Ривқо ҳомиладор бўлди.

22 Ривқонинг қорнидаги болалари бир–бири билан уришардилар. Ривқо: “Агар шунақа бўлса, ҳомиладор бўлишимнинг нима фойдаси бор?!” деб бу ҳақда Эгамиздан сўради.

23 Эгамиз Ривқога шундай деди:

“Сенинг қорнингда икки халқ бор,

Сендан туғилганлар икки халққа бўлинар.

Бири иккинчисидан кучли чиқажак,

Каттаси кичигига хизмат қилажак.”

24 Ривқонинг ой–куни яқинлашиб, эгизак туғди.

25 Тўнғичи туғилганда, қип–қизил экан. Унинг танаси жун матога ўхшарди. Шунинг учун унинг исмини Эсов қўйдилар.

26 Укаси эса Эсовнинг товонини ушлаб туғилди, шунинг учун унинг исмини Ёқуб қўйдилар. Эгизаклар туғилганда, Исҳоқ олтмиш ёшда эди.

Эсов тўнғичлик ҳуқуқини сотади

27 Болалар улғайдилар. Эсов — дала–даштни яхши кўрадиган моҳир овчи, Ёқуб эса уйда ўтиришни ёқтирадиган, беозор одам бўлди.

28 Эсов овлаб келган ҳайвонларнинг гўштини Исҳоқ тановул қилиб, лаззат олар, шунинг учун у Эсовни яхши кўрарди. Ривқо эса Ёқубни яхши кўрарди.

29 Бир куни Ёқуб ясмиқ шавла пишираётган эди, Эсов даладан очқаб, сулайиб келиб қолди.

30 Эсов Ёқубга:

— Менга ана шу қизил овқатингдан бергин, ўлгудай қорним очди, — деди. (Шунинг учун у Эдом деган исм ҳам олган.)

31 — Бўпти, — деди Ёқуб, — лекин бунинг эвазига менга тўнғичлик ҳуқуқингни сот.

32 — Э, тўнғичлик ҳуқуқимдан менга нима фойда, қорним очганидан ўлай деб турибман, — деди Эсов.

33 — Олдин менга қасам ич, — деди Ёқуб. Эсов Ёқубга қасам ичди. Шундай қилиб, у тўнғичлик ҳуқуқини Ёқубга сотди.34 Шундан кейин Ёқуб Эсовга нон билан ясмиқ шавла берди. Эсов еб–ичиб, ўрнидан турди–да, ўз ишлари билан чиқиб кетди. Шундай қилиб, Эсов ўзининг тўнғичлик ҳуқуқини менсимади.

Исҳоқ ва Филистлар шоҳи Абумалек

1 Шу орада юртда қаттиқ очарчилик бўлди, бундай очарчилик илгари Иброҳим даврида ҳам юз берган эди. Исҳоқ Гарор шаҳрига кўчиб кетди. У ерда Филистлар шоҳи Абумалек яшарди.

2 Эгамиз Исҳоққа зоҳир бўлиб, деди:

— Мисрга борма. Мен сенга кўрсатадиган юртда ўрнашиб,

3 ўша ерда яшаб тур. Агар шундай қилсанг, Мен сен билан бирга бўламан, сенга барака бераман. Мана шу ерларнинг ҳаммасини сенга ва сенинг наслингга бераман. Отанг Иброҳимга берган ваъдамда тураман.

4 Мен сенинг наслингни осмондаги юлдузлар каби сон–саноқсиз қиламан. Мана шу ерларнинг ҳаммасини сенинг наслингга бераман. Сенинг наслинг орқали ер юзидаги ҳамма халқлар барака топадилар.

5 Иброҳим Менинг талабларимга, амрларимга, фармонларимга, қонунларимга итоат этгани учун сенга барака бераман.

6 Шундай қилиб, Исҳоқ Гарор шаҳрида ўрнашиб қолди.

7 Бу ердаги одамлар Исҳоқдан Ривқо тўғрисида сўраганларида, “У менинг синглим”, деб жавоб берарди. “У менинг хотиним”, деб айтишдан қўрқар эди. Ривқо жуда чиройли бўлгани сабабли: “Одамлар уни тортиб олиш учун мени ўлдирадилар”, деб ўйларди.

8 Орадан анча вақт ўтди. Бир куни Исҳоқ Ривқони эркалатаётганда, Филистлар шоҳи Абумалек деразадан кўриб қолди.

9 Абумалек Исҳоқни чақиртирди.

— У сенинг хотининг экан–ку! Нимага уни, синглим, деб айтдинг? — деб сўради.

— Агар хотиним деб айтсам, бирортаси уни тортиб олиш учун мени ўлдиради, деб қўрқдим, — деди Исҳоқ.

10 — Бу нима қилганинг–а?! Ахир, одамларимдан бири хотининг билан осонликча бирга бўлиши мумкин эди–ку! Ундай ҳолда бизни гуноҳкор қилиб қўйган бўлардинг!

Филистлар Исҳоқ билан қудуқ учун тортишади

11 Шундай қилиб, Абумалек: “Кимки бу одамга ёки унинг хотинига озор етказса, ўша одамнинг жазоси ўлимдир”, деб фармон бериб, ҳаммани огоҳлантирди.

12 Исҳоқ у ерда даласига уруғ сепди. Эгамиз унга марҳамат кўрсатгани учун эккан уруғига нисбатан юз баробар кўп ҳосил олди.

13 Исҳоқ бойиб кетди, бойлиги тобора кўпайиб бораверди.

14 Унинг қўй–эчки сурувлари, мол подалари, хизматкорлари кўп эди. Шу сабабдан Филистлар Исҳоққа ҳасад қилишарди.

15 Улар Исҳоқнинг ҳамма қудуқларини тупроққа тўлдириб ташлашди. Иброҳим ҳаётлигида бу қудуқларни ўзининг хизматкорларига қаздирган эди.

16 Абумалек Исҳоққа: “Бизнинг еримиздан кет, сен биздан кўра, жуда кучайиб кетдинг”, деди.

17 Исҳоқ бу ердан кетиб, Гарор сойлигида чодир тикиб, ўша ерда ўрнашиб олди.

18 Иброҳим бу ерда қудуқлар қаздирган, лекин унинг вафотидан кейин Филистлар бу қудуқларни кўмиб юборган эдилар. Исҳоқ ўша қудуқларни қайтадан қаздирди. Исҳоқ қудуқларга отаси қўйган номларни берди.

19 Унинг хизматкорлари сув топиш учун Гарор сойлигида ерни қазиётганларида, булоқ отилиб чиқди.

20 Лекин Гарорлик чўпонлар келишиб: “Бу булоқ бизники”, деб булоқни талаб қилдилар. Шундай қилиб, улар Исҳоқнинг чўпонлари билан қудуқ устида жанжаллашиб қолдилар. Шунинг учун Исҳоқ қудуққа Жанжал деб ном берди.

21 Сўнгра Исҳоқнинг одамлари бошқа қудуқ қазидилар. Лекин бу қудуқ устида ҳам келишмовчилик юз берди. Шунинг учун Исҳоқ бу қудуққа Зиддият деб ном берди.

22 Исҳоқ бу ердан ҳам кўчиб, бошқа қудуқ қаздирди. Ерли аҳоли охири уларни ўз ҳолига қўйди. Исҳоқ: “Ниҳоят, Эгам бу юртда яшашимиз учун бизга кенг жой берди, энди биз бу ерда яйраб–яшнаб кетамиз”, дея қудуққа Кенглик деб ном берди.

23 Исҳоқ бу ердан ҳам Бершебага кўчиб кетди.

24 Ўша куни кечаси Эгамиз Исҳоққа зоҳир бўлиб, деди:

— Мен отанг Иброҳимнинг Худосиман. Қўрқма, Мен сен билан биргаман. Ўз қулим Иброҳимнинг ҳақи–ҳурмати учун сенга барака бераман, сенга сон–саноқсиз насл ато қиламан.

25 Исҳоқ у ерда қурбонгоҳ қуриб, Эгамизга сажда қилди, ўша ерда чодирини тикди. Исҳоқнинг хизматкорлари у ерда қудуқ қазидилар.

Исҳоқ билан Абумалек ўртасидаги аҳдлашув

26 Абумалек маслаҳатчиси Охизат ва лашкарбошиси Пихол билан бирга Гарордан Исҳоқнинг олдига борди.

27 Исҳоқ уларга деди:

— Нимага менинг олдимга келдингиз? Менга адоват билан қараб, ерингиздан чиқариб юборган эдингиз–ку!

28 — Бизга энди аён бўлди: Эганг сен билан бирга экан. Шунинг учун сен билан биз онт ичиб, аҳд қилайлик, дедик.

29 Биз сенга ҳеч қандай ёмонлик қилмаган эдик, аксинча, олижаноблик қилиб, эсон–омон жўнатиб юборган эдик. Сен ҳам: “Сизларга ёмонлик қилмайман”, деб қасам ич. Сен Худонинг ёрлақагани экансан.

30 Исҳоқ уларга зиёфат тайёрлади. Улар еб–ичдилар.

31 Эртаси куни улар эрта тонгда туриб, бир–бирларига қасамёд қилдилар. Сўнгра Исҳоқ уларни уйларига эсон–омон жўнатиб юборди.

32 Ўша куни Исҳоқнинг хизматкорлари келиб: “Биз сув топдик”, деб унга ўзлари қазиган қудуқ тўғрисида айтдилар.

33 Исҳоқ бу қудуққа Қасамёд деб ном қўйди. Шунинг учун шаҳарнинг номи бугунгача Бершебадир.

Эсовнинг ажнабий хотинлари

34 Эсов қирқ ёшида Хет халқидан иккита қизга — Бэри деган кишининг Яҳудит исмли қизига ва Элўн деган кишининг Босимат исмли қизига уйланди.

35 Эсовнинг бу хотинлари Исҳоқ билан Ривқонинг бошига кўп қора кунларни солдилар.

Исҳоқ Ёқубни дуо қилади

1 Исҳоқ қариди, кўзлари хиралашиб кўрмай қолди. Бир куни у ўғли Эсовни чақирди:

— Ўғлим!

— Лаббай, отажон! — деб жавоб берди Эсов.

2 — Кўриб турибсан, мен қариб қолдим. Тўсатдан ўлиб қолишим мумкин.

3 Энди ёйингни, ўқларингни олиб, далага чиқ, менга биронта ҳайвонни овлаб кел.

4 Кейин мен яхши кўрадиган биронта мазали таом тайёрлаб келтир. Мен таомни еб, ўлимимдан олдин сени дуо қилайин.

5 Исҳоқ ўғли Эсовга гапираётганда, Ривқо эшитиб турган эди. Эсов далага овга кетганда,

6 Ривқо ўғли Ёқубга деди:

— Аканг Эсовга отангнинг айтган гапларини эшитиб қолдим.

7 Отанг унга: “Менга биронта ҳайвон овлаб кел, мен яхши кўрадиган биронта мазали таом тайёрлагин, таомни еб, ўлимимдан олдин Эгам олдида сени дуо қилайин”, деди.

8 Энди менинг гапларимни яхшилаб эшит, айтганимни қил, ўғлим.

9 Сурувга бориб, менга иккита улоқчани танлаб олиб кел. Улоқчалардан отанг яхши кўрадиган мазали таом тайёрлаб берай.

10 Сен таомни отангнинг олдига олиб кириб, унга егизгин, токи отанг ўлимидан олдин сени дуо қилсин.

11 — Онажон, ўзингиз биласиз–ку, акам Эсов сержун, менинг терим эса силлиқ, — деди Ёқуб Ривқога.

12 — Мабодо, отам мени пайпаслаб ушлаб кўрса, нима бўлади? Алдаётганимни отам билиб қолади. Отам мени дуо қилиш ўрнига лаънатлайди.

13 — Ўша лаънат менга келсин, болагинам, — деди Ривқо. — Энди айтганимни қил, бор, улоқчаларни олиб кел.

14 Ёқуб онасининг буйруғига итоат этиб, иккита улоқчани олиб келди. Ривқо улоқчалардан Исҳоқ яхши кўрган мазали таом тайёрлади.

15 Сўнг у Эсовнинг уйдаги яхши кийимларини олди–да, Ёқубга кийгизди.

16 Улоқчаларнинг терисини Ёқубнинг қўлларига ва бўйнининг туксиз жойларига ўради.

17 Ўзи тайёрлаган мазали таом билан нонни ўғли Ёқубнинг қўлига берди.

18 Шундай қилиб, Ёқуб таом тўла лаганни отасининг олдига олиб кирди.

— Ассалому алайкум, отажон!

— Ва алайкум ассалом! Қайси бирингсан, ўғлим, Эсовмисан, Ёқубмисан?

19 — Тўнғичингиз Эсовман, — деди Ёқуб отасига. — Айтганингизни қилдим, мана, овимдан сиз яхши кўрган таом тайёрладим. Туринг, еб, мени дуо қилинг.

20 Исҳоқ ўғлига:

— Дарров топиб келдингми, ўғлим? — деди.

— Эгангиз Худо йўлимни ўнглади, — деб жавоб берди Ёқуб.

21 Шундан кейин Исҳоқ Ёқубга деди:

— Яқинроқ кел–чи, ўғлим, ушлаб кўрай–чи, ҳақиқатан ҳам ўғлим Эсовмисан ёки йўқми, билайин.

22 Ёқуб отасига яқинроқ борди. Исҳоқ уни пайпаслаб:

— Овоз — Ёқубнинг овози, қўллар эса Эсовнинг қўллари, — деди.

23 Ёқубнинг қўллари Эсовнинг қўлларига ўхшаб сержун туюлгани учун Исҳоқ уни танимади. Шунинг учун Исҳоқ Ёқубни дуо қилишга чоғланди–ю, лекин яна сўради:

24 — Сен ҳақиқатан ўғлим Эсовмисан?

— Ҳа, Эсовман, — деб жавоб берди у.

25 Шундан кейин Исҳоқ:

— Энди таомни келтир, — деди. — Таомингдан еб, сени дуо қилайин.

Ёқуб таомни отасига келтириб берди. Исҳоқ таомни еб бўлгач, Ёқуб унга шароб келтирди. Исҳоқ шаробни ҳам ичди.

26 Сўнгра Исҳоқ унга:

— Яқинроқ келиб, мени ўп, ўғлим, — деди.

27 Ёқуб яқинлашиб, отасини ўпди. Исҳоқ унинг кийимларини ҳидлаб, шундай дуо қилди:

“О, ўғлимнинг ёқимли ҳиди

Эгам марҳамат қилган

Даланинг ҳидига ўхшар.

28 Худойим ёғдирсин сенга

Осмон шабнамини,

Берсин ернинг унумдор тупроғини,

Мўл–кўл дон ва шаробни.

29 Хизмат қилсин сенга халқлар,

Таъзим қилсин сенга эл–улуслар.

Ҳукмрон бўлгин қариндошларинг устидан,

Таъзим қилсин онангнинг насли сенга.

Сени лаънатлаган лаънати бўлсин,

Сени дуо қилган барака топсин.”

Эсов Исҳоқдан дуо сўраб илтижо қилади

30 Исҳоқ Ёқубни дуо қилиб бўлиши биланоқ, Ёқуб отаси ҳузуридан энди чиққан ҳам эдики, акаси Эсов овдан қайтиб келиб қолди.

31 У ҳам мазали таом тайёрлаб, отаси олдига олиб кирди.

— Отажон, туринг, сизга олиб келган овимнинг гўштидан еб, мени дуо қилинг.

32 — Сен кимсан? — сўради Исҳоқ ундан.

— Тўнғич ўғлингиз Эсовман, — деб жавоб берди у.

33 Исҳоқ ҳаяжондан титраб кетиб деди:

— Овидан таом тайёрлаб, менга олиб келган ким эди? Сен келмасингдан олдин, мен гўштни эндигина еб бўлган эдим! Мен уни дуо қилдим, энди дуо олган удир!

34 Эсов отасининг сўзларини эшитгач, ҳаддан ташқари қаттиқ, аччиқ нола қилди.

— Мени ҳам дуо қилинг, отажон! — деб ёлворди у отасига.

35 Лекин Исҳоқ:

— Уканг олдимга кирибди, у мени алдабди, — деди. — Сенга аталган дуони уканг олди.

36 — Унга Ёқуб деб исм қўйилгани бекорга эмас экан–да, — деди Эсов. — У мени икки марта алдади–я! Биринчи марта тўнғичлик ҳуқуқимни олган эди, энди эса менга аталган дуони ўғирлабди. Менга биронта ҳам дуо сақлаб қўймадингизми? — деб яна сўради у.

37 — Мен Ёқубни сенинг устингдан ҳукмрон қилдим, — деди Исҳоқ Эсовга. — Унинг ҳамма қариндош–уруғларини ҳам ўзига хизматкор қилиб бердим. Дон билан шаробни ҳам унга бериб бўлдим. Сенга берадиган ҳеч нарса қолмади–ку, ўғлим!

38 — Наҳотки менга биронта ҳам дуо қолдирмаган бўлсангиз?! — деб ўтинди Эсов. — Мени ҳам дуо қилинг, отажон! — деб дод солиб йиғлай бошлади.

39 Исҳоқ ўғлига шундай жавоб берди:

“Сенинг манзилинг ернинг унумдор тупроғидан нари бўлсин,

Осмоннинг шабнамидан маҳрум бўлсин.

40 Сен қиличнинг дамида яшагайсан,

Укангга хизмат қилиб ўтгайсан.

Исён кўтарганингда эса

У солган бўйинтуруқни улоқтириб ташлагайсан.”

41 Ёқуб Эсовнинг дуосини ўғирлагани учун, Эсов уни жуда ёмон кўриб қолди. Эсов ўзига ўзи: “Отамнинг куни битиб қолди, азаси ўтгандан кейин Ёқубни ўлдираман”, деди.

42 Лекин кимдир Эсовнинг ниятини Ривқога етказди. Ривқо Ёқубни чақириб, унга:

— Эсов сени ўлдирмоқчи бўлиб, ўзига таскин бериб юрибди экан, — деди.

43 — Энди гапимга қулоқ сол. Ҳозироқ Хоронга — Лобон акамнинг олдига жўна.

44 Аканг ғазабидан тушгунча, Лобон акамнинг ёнида юр.

45 Эсов сенинг қилмишларингни унутиб, ғазабидан тушгандан кейин, орқангдан бирортасини жўнатаман, сени қайтариб олиб келади. Бўлмаса, бир кунда акангдан ҳам, сендан ҳам айрилиб қоламан.

Исҳоқ Ёқубни Лобоннинг ҳузурига жўнатади

46 Шундан кейин Ривқо Исҳоққа деди:

— Эсовнинг анави Хет хотинлари дастидан жонимдан тўйдим. Агар Ёқуб ҳам ўшаларга ўхшаган бирорта Хет қизига уйланса, унда ҳаётим нима кечади?

1 Шундай қилиб, Исҳоқ Ёқубни чақиртириб, уни дуо қилди ва шундай маслаҳат берди:

— Канъонлик қизларга уйланма.

2 Ҳозироқ Паддон–Орамга — бобонг Батувалнинг хонадонига жўна. У ерда тоғанг Лобоннинг қизларидан бирортасига уйлан.

3 Қодир Худо барака бериб, сени кўпайтирсин. Сенинг наслингдан кўп халқлар келиб чиқсин.

4 Худо Иброҳимга ваъда қилган баракасини сенга ва сенинг наслингга ато қилсин. Биз ҳозир мусофир бўлиб яшаётган, Худо Иброҳимга берган шу юрт сенинг мулкинг бўлсин.

5 Шундай қилиб, Исҳоқ Ёқубни жўнатди. Ёқуб Паддон–Орамга — Орамлик Батувалнинг ўғли, тоғаси Лобонникига кетди.

Эсов бошқа хотинга уйланади

6-7 Эсов эшитдики, отаси Ёқубни дуо қилиб, уни Паддон–Орамга жўнатибди. Ёқуб ота–онасининг гапларига итоат этиб, Паддон–Орамга кетибди. Отаси Ёқубга: “Ўша ердан уйлангин”, дебди, “Канъонлик қизларга уйланма”, деб огоҳлантирибди.

8 Канъонлик хотинлари отасига ёқмаслигини Эсов тушуниб етди.

9 Эсов амакиси Исмоилнинг хонадонига борди ва хотинлари устига, Иброҳим ўғли Исмоилнинг қизларидан бирига уйланди. Янги хотинининг исми Махалат эди. Махалатнинг Наваёт деган акаси ҳам бор эди.

Ёқуб Байтилда туш кўради

10 Ёқуб Бершеба шаҳридан чиқиб, Хорон томонга қараб кетди.

11 У бир жойга етиб келганда, кун ботган эди. Шунинг учун ўша ерда тунашга тўхтади. У бир тош топди–да, тошни бошининг остига қўйиб ухлагани ётди.

12 Бир пайт у тушида бир зинапояни кўрди. Зинапоянинг пасти ерга, тепаси эса осмонга тегиб турганмиш. Худонинг фаришталари зинапоядан чиқиб, тушаётган эмишлар.

13 Зинапоянинг ёнида Эгамиз турган эмиш. Эгамиз Ёқубга шундай дебди:

— Мен бобонг Иброҳимнинг, отанг Исҳоқнинг Худоси — Эгангман. Ҳозир сен ётган ер ўзингники бўлади. Бу ерни сенга ва сенинг наслингга бераман.

14 Сенинг наслинг ернинг қуми сингари сон–саноқсиз бўлади. Улар ғарбу шарққа, шимолу жанубга қараб ер юзига ёйилиб кетадилар. Ер юзидаги ҳамма халқлар сен ва сенинг наслинг орқали барака топади.

15 Шуни билгинки, Мен сен билан биргаман, қаерга бормагин, Мен сени сақлайман. Шу юртга сени яна қайтариб олиб келаман. Мен сени ҳеч қачон тарк этмайман, берган ваъдаларимни охиригача бажараман.

16 Ёқуб уйғониб кетди ва: “Ҳақиқатан ҳам Эгамиз шу ерда экан, мен эса буни билмабман”, деди.

17 У қўрқиб кетди: “Бу жой Худонинг уйи экан, самога очиладиган дарвозанинг ўзи! Нақадар қўрқинчли–я бу жой!” деди.

18 Ёқуб саҳарда турди. Бошининг остига қўйган тошни олиб, ёдгорлик қилиб ўрнатди. Кейин ёдгорлик тошининг устидан Худога атаб зайтун мойи қуйди.

19 Илгари бу жойнинг номи Луз эди. Ёқуб эса бу жойга Байтил деб ном берди.

20 Сўнг Ёқуб қуйидагича қасам ичди: “Агар Худо мен билан бирга бўлса, борадиган шу йўлимда мени асраса, менга ризқ–рўзимни ва кийим берса,

21 отамнинг хонадонига эсон–омон қайтариб олиб келса, Эгам менинг Худойим бўлади.

22 Мен ёдгорлик қилиб ўрнатган шу тош Худога сажда қиладиган жой бўлади. Худо менга берган ҳамма нарсанинг ўндан бирини ушр қилиб албатта бераман.”

Ёқуб Лобоннинг уйига келади

1 Ёқуб йўлида давом этиб, ниҳоят, шарқдаги юртга етиб келди.

2 У даштда бир қудуқни узоқдан туриб кўрди. Қудуқ ёнида уч тўп пода ётарди. Чорва шу қудуқдан суғорилар, қудуқнинг оғзи каттакон тош билан ёпиб қўйиларди.

3 Чўпонлар ҳамма қўй–эчкиларни у ерга ҳайдаб келганларидан кейин, қудуқнинг оғзидаги тошни суришиб, қўйларни суғоришарди–да, қудуқнинг оғзини яна ўша тош билан беркитиб қўйишарди.

4 Ёқуб чўпонларнинг олдига бориб, улардан:

— Биродарлар, қаерликсизлар? — деб сўради.

— Хоронданмиз, — деб жавоб беришди улар.

5 — Лобон деган одамни танийсизларми? — деб сўради Ёқуб, — у Нахўрнинг набираси бўлади.

— Ҳа, таниймиз, — деб жавоб беришди чўпонлар.

6 — Лобон тинч–омонми? — деб сўради Ёқуб.

— Яхши, — деб жавоб беришди чўпонлар. — Ана, унинг қизи Роҳила ҳам қўйларини ҳайдаб шу ёққа келяпти.

7 — Сурувни бир жойга тўплабсизлар, лекин ҳозир пайти эмас–ку, оқшомгача ҳали эрта! — деди Ёқуб. — Қўйларни суғориб, ўтлатгани қайтариб олиб бормайсизларми?

8 Чўпонлар шундай жавоб беришди:

— Ҳамма сурувни бу ерга тўплаб, тошни қудуқнинг оғзидан сурганимиздан кейингина қўйларни суғорамиз.

9 Ёқуб чўпонлар билан гаплашиб турганда, Роҳила отасининг қўйларини ҳайдаб келиб қолди. Роҳила чўпонлик қиларди.

10 Ёқуб тоғаси Лобоннинг қизи Роҳилани ва унинг қўйларини кўрди. Қудуқ ёнига бориб, қудуқ оғзидаги тошни сурди–да, тоғасининг қўйларини суғорди.

11 Кейин Роҳилани ўпди, хурсандлигидан кўзларига ёш келди.

12 — Мен отангнинг жияниман, амманг Ривқонинг ўғлиман, — деб Ёқуб ўзини таништирди.

Роҳила югуриб бориб, отасига хабар берди.

13 Лобон, синглимнинг ўғли келибди, деб эшитди–ю, ўша заҳоти, Ёқубни кутиб олишга шошилди. Ёқуб билан қучоқлашиб кўришди. Лобон Ёқубни уйига олиб келди. Ёқуб бошидан кечирганларини тоғасига айтиб берди.

14 — Сен менинг жигаримсан, оиламнинг бир аъзосисан, — деди Лобон.

Ёқуб Лобонга Роҳила ва Леах учун хизмат қилади

Ёқуб Лобонникида бир ой тургандан кейин,

15 Лобон унга деди:

— Сен менинг қариндошим бўлсанг ҳам, текинга ишламаслигинг керак. Айт–чи, хизмат ҳақингга нима истайсан?

16 Лобоннинг икки қизи бўлиб, каттасининг исми — Леах, кичигиники — Роҳила эди.

17 Леахнинг кўзлари чиройли, Роҳила эса ҳар жиҳатдан гўзал — юзи чиройли, қадди–қомати келишган эди.

18 Ёқуб Роҳилани севарди, шунинг учун: “Мен сизга кичик қизингиз Роҳила учун етти йил хизмат қилиб бераман”, деди.

19 Шунда Лобон унга деди:

— Майли, розиман, қизимни бегонага берганимдан кўра, сенга берганим яхши–ку. Меникида қолавер.

20 Шундай қилиб, Ёқуб Роҳилага қалин учун етти йил хизмат қилди. Лекин Ёқубнинг Роҳилага бўлган севгиси шунчалик кучли эдики, етти йил бир неча кундай туюлди.

21 Ниҳоят, Ёқуб Роҳилага уйланадиган пайт ҳам келди.

— Мен шартни бажардим, — деди Ёқуб Лобонга. — Энди қизингизга уйланишимга ижозат беринг.

22 Лобон бутун юрт аҳолисини тўплаб, зиёфат берди.

23-24 Лекин ўша куни кечаси Лобон Роҳиланинг ўрнига, тўнғич қизи Леахни Ёқубга берди. Леахга хизмат қилсин деб, Лобон ўзининг Зилпо деган чўрисини Леахга берди. Ёқуб Леахнинг ёнига кирди.

25 Ёқуб эрталаб туриб қараса, ёнида Леах ётибди!

— Бу нима қилганингиз?! — деди Ёқуб ғазабланиб Лобонга. — Мен сизга етти йил Роҳила учун хизмат қилдим–ку! Нимага мени алдадингиз?

26 — Бизнинг юртдаги одат бўйича, катта қиздан олдин кичиги турмушга берилмайди, — деб жавоб берди Лобон.

27 — Бир ҳафтада бу қизимнинг тўйи тантанаси тугайди, кутиб тур. Агар менга яна етти йил хизмат қилиб берадиган бўлсанг, хизматинг эвазига кичкинасини ҳам сенга бераман.

28 Ёқуб рози бўлди. Бир ҳафтадан кейин Ёқуб билан Леахнинг тўйи тантанаси тугади. Лобон Роҳилани ҳам Ёқубга берди.

29 Лобон ўзининг Билхах деган чўрисини қизи Роҳилага берган эди.30 Шундай қилиб, Ёқуб Роҳиланинг ёнига кирди. У Леахдан кўра, Роҳилани кўпроқ яхши кўрарди. Ёқуб Лобонга яна етти йил хизмат қилиб берди.

Ёқубнинг фарзандлари

31 Ёқуб Леахга кўнгилсиз эканини Эгамиз кўриб турарди. Шунинг учун У Леахни туғишга қодир қилди, Роҳила эса бефарзанд ўтаверди.

32 Леах ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. У: “Эгам менинг бахтсизлигимни кўрди, энди эрим менга албатта кўнгил қўяди”, деб ўғлининг исмини Рубен қўйди.

33 Леах ҳомиладор бўлиб, яна ўғил туғди. “Эрим менга кўнгилсизлигини Эгам эшитиб, яна бир ўғил берди”, деб ўғлининг исмини Шимўн қўйди.

34 Леах яна ҳомиладор бўлди ва яна ўғил туғди. У: “Эримга учта ўғил туғиб бердим, энди у албатта менга боғланиб қолади”, деб ўғлининг исмини Леви қўйди.

35 Леах яна ҳомиладор бўлиб, яна ўғил туғди. У: “Энди Эгамга ҳамду сано айтаман”, деб ўғлининг исмини Яҳудо қўйди. Шундан кейин у туғишдан қолди.

1 Роҳила Ёқубга бола туғиб бера олмагач, энди опасига ҳасад қила бошлади.

— Менга фарзанд беринг, бўлмаса ўламан! — деди у Ёқубга.

2 Ёқуб Роҳиладан қаттиқ ғазабланди.

— Нима, мен Худоманми?! Сени бепушт қилиб яратган Худо–ку!

3 Шунда Роҳила Ёқубга деди:

— Ана, чўрим Билхахнинг ёнига киринг. У менга бола туғиб берсин, токи чўрим орқали мен ҳам болали бўлайин.

4 Шундай қилиб, Роҳила эрига Билхахни олиб берди. Ёқуб Билхахнинг ёнига кирди.

5 Билхах ҳомиладор бўлиб, Ёқубга ўғил туғиб берди.

6 Роҳила: “Худойим мени оқлади, У менинг илтижоимни эшитиб, менга ўғил ато этди”, деб ўғлининг исмини Дан қўйди.

7 Билхах яна ҳомиладор бўлиб, Ёқубга иккинчи ўғлини туғиб берди.

8 Роҳила: “Опам билан қаттиқ олишиб, мен ютиб чиқдим”, деб ўғлининг исмини Нафтали қўйди.

9 Леах бола туғишдан қолганини англаб етди. Шунда у ҳам ўзининг чўриси Зилпони Ёқубга олиб берди.

10 Зилпо Ёқубга ўғил туғиб берди.

11 Леах: “Менга омад кулиб боқди”, деб ўғлининг исмини Гад қўйди.

12 Сўнгра Зилпо Ёқубга иккинчи ўғлини туғиб берди.

13 Леах: “Нақадар бахтлиман–а! Энди аёллар мени жуда бахтли экан, деб айтишади”, дея ўғлининг исмини Ошер қўйди.

14 Буғдой ўрими пайти эди. Бир куни Рубен далага борганда, меҳригиё ўсимлигини топиб олиб, онаси Леахга келтирди. Роҳила: “Ўғлингнинг меҳригиёларидан менга ҳам бер”, деб илтимос қилди.

15 Лекин Леах ғазаб билан жавоб қилди:

— Эримни тортиб олганинг камлик қилдими?! Энди ўғлимнинг меҳригиёларини ҳам тортиб олмоқчимисан?!

— Ўғлингнинг меҳригиёлари эвазига бу кеча эрим сенинг ёнингга киради, унга ижозат бераман, — деди Роҳила.

16 Кечқурун Ёқуб даладан келганда, Леах унга пешвоз чиқди.

— Бу кеча менинг ёнимга киришингиз керак, — деди у эрига. — Ўғлим даладан топиб келган меҳригиёга сизни алмаштирдим.

Шундай қилиб, Ёқуб Леахнинг ёнига кирди.

17 Худо Леахнинг илтижоларига жавоб берди. У яна ҳомиладор бўлиб, Ёқубга бешинчи ўғлини туғиб берди.

18 Леах: “Чўримни эримга олиб берганим учун Худойим мени мукофотлади”, деб ўғлининг исмини Иссахор қўйди.

19 Сўнгра у яна ҳомиладор бўлиб, Ёқубга олтинчи ўғлини туғиб берди.

20 Леах деди: “Худойим менга яхши ҳадя берди. Энди эрим мени ҳурмат қиладиган бўлади, чунки унга олтита ўғил туғиб бердим.” Шундай деб, ўғлининг исмини Забулун қўйди.

21 Кейин Леах қиз туғиб, исмини Дина қўйди.

22 Ниҳоят, Худо Роҳилага ҳам марҳамат қилди ва унинг илтижоларига жавоб бериб, бола туғишга қодир қилди.

23 Роҳила ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. “Худо менга ўғил ато этиб, шармандалигимни олиб ташлади”, деди.

24 “Эгам менга яна ўғил берсин”, деб ўғлининг исмини Юсуф қўйди.

Ёқуб Лобон билан савдолашади

25 Роҳила Юсуфни туққандан кейин кўп ўтмай, Ёқуб Лобонга деди:

— Ижозат берсангиз, мен юртимга қайтмоқчиман.

26 Хотинларим билан болаларимни ҳам олиб кетсам, дегандим. Ўзингиз биласиз, сизга кўп хизматим сингган, пешана теримни тўкиб уларни топганман. Энди кетишга ижозат берсангиз.

27 Лобон эса унга шундай жавоб берди:

— Энди илтимос қиламан, менинг гапимга қулоқ сол: фол очтириб кўрган эдим, Эгам менга сен туфайли барака берганини билдим.

28 Хизмат ҳақингни айт, тўлай.

29 — Ўзингиз биласиз: узоқ йиллар давомида сизга кўп хизмат қилдим. Мол–қўйларингиз менинг меҳнатим туфайли қанчалик кўпайганини биласиз.

30 Аслида мен келмасимдан олдин молингиз оз эди, энди эса бойлигингиз ҳаддан зиёд кўпайди. Мен туфайли Эгам сизга ҳамма нарсада барака берди. Энди оиламни ўйлайдиган пайт келди.

31 — Хизмат ҳақингга нима истайсан? — деб яна сўради Лобон.

— Менга ҳеч қандай хизмат ҳақи керак эмас, — деб жавоб қилди Ёқуб. — Агар рози бўлсангиз, бир таклифим бор. Мен қўй–эчкиларингизни боқаверай.

32 Бугун сурувингизни оралаб, олачипор ва хол–хол қўйларингизни, қора қўзиларингизни, эчкиларингиздан ҳам хол–холини ва олачипорини ажратиб олай. Хизмат ҳақимга шуларни берсангиз кифоя.

33 Агар мен ҳалол бўлмасам, сиз кейин осонликча билиб оласиз. Менинг хизматимни текширгани келганингизда, қўй–эчкиларимнинг орасида бирортаси ола–була, хол–хол бўлмаса, ёки қўзиларимнинг орасида ҳам бирортаси қора бўлмаса, мени ўғри деб ҳисоблашингиз мумкин.

34 — Яхши, сен айтгандай бўла қолсин, — деди Лобон.

35 Лобон ўша куни оқи бор хол–хол ва олачипор така ҳамда урғочи эчкиларни сурувдан ажратиб олди, қора қўзиларни ҳам айириб олди. Ҳаммасини ўғилларининг ихтиёрига берди.

36 Улар ўша қўй–эчкиларни Ёқуб турган жойдан уч кунда борадиган жойга олиб кетдилар. Ёқуб эса Лобоннинг қолган қўй–эчкиларини боқаверди.

37 Ёқуб терак, бодом ва чинор дарахтининг новдаларидан олиб, новдаларни йўл–йўл қилиб пўстлоғини шилди.

38 Сўнгра у пўстлоғи тозаланган новдаларни қўй–эчкиларга кўринадиган жойга — сув ичадиган охурлар ичига қўйди. Чунки Лобоннинг қўй–эчкиларини суғоргани олиб келганда, ҳайвонлар шу ерда жуфтлашар эди.

39 Қўй–эчкилар оқ йўли бор новдаларни кўриб турганда жуфтлашиб, йўл–йўл, олачипор ва хол–хол насл берарди.

40 Ёқуб Лобоннинг бошқа қўй–эчкиларидан совлиқларини ажратиб олди. Совлиқ қўйлар жуфтлашаётганда, Ёқуб қўйларнинг юзини Лобоннинг сурувидаги йўл–йўл ва қоп–қора ҳайвонларга қаратиб қўярди. Шу тариқа Ёқуб Лобоннинг қўй–эчкиларидан ўзининг сурувини вужудга келтирди ва Лобонникидан алоҳида қилиб қўйди.

41 Сурувдаги соғлом урғочи қўй ёки эчкилар жуфтлашишга тайёр бўлганда, Ёқуб пўстлоғи арчилган новдаларни ҳайвонларнинг охурига ташлаб қўярди. Ҳайвонлар йўл–йўл новдаларни кўриб турганларида жуфтлашардилар.

42 Лекин у нимжон ҳайвонларга шундай қилмасди. Оқибатда Лобон нимжон қўй–эчкиларга, Ёқуб эса соғлом қўй–эчкиларга эга бўлиб қолди.

43 Шу йўл билан Ёқубнинг қўй–эчкилари тезлик билан кўпайиб борди, у жуда ҳам бойиб кетди, кўплаб қул ва чўриларга, туя ва эшакларга эга бўлди.

Ёқуб Лобонникидан қочиб кетади

1 Лобоннинг ўғиллари минғир–минғир қила бошладилар: “Ёқуб отамизни хонавайрон қилди. У бутун бойлигини отамизнинг бойлигидан олган.” Ёқуб бу гапларни эшитиб қолди.

2 Ёқуб сездики, Лобон унга анчагина совуқ муносабатда бўляпти.

3 Эгамиз ҳам Ёқубга:

— Ота–боболарингнинг юртига, қариндош–уруғларингнинг олдига қайт, Мен сен билан бирга бўламан, — деди.

4 Ёқуб яйловда қўй–эчкиларини боқаётганда, Роҳила билан Леахни шу ерга чақиртирди.

5 Улар келгач, деди:

— Кўриб турибман, оталарингизнинг менга муносабати олдингидай эмас. Лекин отамнинг Худоси мен билан бирга.

6 Ўзларингиз биласизлар, мен сизларнинг отангизга кучим борича хизмат қилдим.

7 У мени алдаб, хизмат ҳақимни ўн марта ўзгартирди. Лекин у менга зарар етказишига Худо йўл қўймади.

8 Агар отангиз: “Сурувдаги олачипор қўй–эчкилар сенинг хизмат ҳақинг бўлади”, деб айтган бўлса, бутун сурув олачипор бола бераверди. “Йўл–йўли сенинг хизмат ҳақинг бўлади”, деб айтган бўлса, бутун сурув йўл–йўл бола бераверди.

9 Худо шу йўл билан отангизнинг қўй–эчкиларини тортиб олиб, менга берди.

10 Жуфтлашиш мавсуми пайтида бир куни туш кўрдим. Қарасам, сурувдаги жуфтлашган такалар йўл–йўл, хол–хол ва олачипор экан.

11 Тушимда Худонинг фариштаси: “Ёқуб!” деб чақирди. “Лаббай!” деб жавоб бердим мен.

12 Фаришта менга айтди: “Қара, жуфтлашган такаларнинг ҳаммаси йўл–йўл, хол–хол ва олачипор. Буларнинг ҳаммасини Мен қиляпман. Чунки Лобоннинг сенга муносабатини кўрганман.

13 Мен Байтилда сенга зоҳир бўлган Худоман. У ерда сен тош устунга зайтун мойи суртиб, Менга хизмат қилиш учун қасам ичган эдинг. Энди ҳозироқ бу юртдан кет, ўзингнинг она юртингга қайт.”

14 Шунда Роҳила билан Леах Ёқубга:

— Энди отамиздан бизга ҳеч қандай мерос тегмас экан–да, — дейишди.

15 — Биз отамизга худди бегоналардай бўлиб қолдик. У бизни сотди, бизнинг эвазимизга нима олган бўлса, ҳаммасини сарф қилиб бўлди.

16 Худо отамиздан сизга олиб берган ҳамма бойликлар бизники ва болаларимизники. Энди эса Худо сизга нима айтган бўлса, шуни қилинг.

17-18 Шундай қилиб, Ёқуб Канъон юртига — отасининг олдига қайтиб кетишга тайёрланди. Хотинларини ва болаларини туяларга миндирди. Қўй–эчкиларини олдига солиб ҳайдади, Паддон–Орамда топган ҳамма мол–мулкини олди.

19 Лобон қўйларининг жунини қирққани кетди. У йўқ пайтида Роҳила отасининг хонаки худоларини ўғирлаб олди.

20 Бунинг устига, Ёқуб ҳам, биз кетяпмиз, деб Лобонга айтмасдан, уни алдаб жўнаб қолди.

21 Ёқуб ҳамма мол–мулкини олиб, Фурот дарёсини кечиб ўтди ва Гилад қирларига йўл олди.

Лобон Ёқубни қувади

22 Орадан уч кун ўтгач, Лобонга: “Ёқуб қочиб кетибди” деган хабар етиб борди.

23 Лобон қариндош–уруғидан эркакларни ёнига олиб, Ёқубни қувиб кетди. Ёқубни етти кун қувлагандан кейин, охири Гилад қирларида унга етиб олди.

24 Лекин ўша куни кечаси Лобон туш кўрди. Тушида Худо зоҳир бўлиб: “Эҳтиёт бўл, Ёқубга яхши–ёмон гап қилиб юрма”, деди.

25 Лобон Ёқубга етиб олганда, Ёқуб Гилад қирларида чодир тиккан эди. Лобон ҳам қариндош–уруғлари билан Ёқубга яқинроқ жойга чодирини тикди.

26 Лобон Ёқубга:

— Бу нима қилганинг? Мени алдаб кетибсан–ку! — деди. — Қизларимни ҳам, худди урушдаги асиралардай, ўғирлаб кетибсан.

27 Нимага мени алдаб, ҳеч нарса демасдан, яширинча қочиб қолдинг? Агар бир оғиз айтганингда, чилдирма, лира чалиб, ўйин–кулги қилиб, хурсандчилик билан кузатиб қўйган бўлардим.

28 Сен ҳатто невараларим билан қизларимни ўпиб, яхши боринглар, деб айтишимга ҳам имкон бермадинг. Қилган ишинг — ғирт аҳмоқлик.

29 Сенга ёмонлик қилишга кучим етади. Лекин кеча тунда отангнинг Худоси менга зоҳир бўлиб: “Эҳтиёт бўл, Ёқубга яхши–ёмон гап қилиб юрма”, деб айтди.

30 Аҳволингни тушунаман, отангнинг уйини соғингансан, шунинг учун кетгансан. Лекин нимага худоларимни ўғирладинг?

31 — Қизларингизни мендан тортиб оласиз, деб ўйлаб, қўрққан эдим, — деди Ёқуб.

32 — Лекин сизнинг худоларингизга келсак, уларни ким олган бўлса, ўлдирилсин. Қариндошларимизнинг гувоҳлигида нарсаларингизни излаб кўринг. Агар сизнинг нарсаларингиз бўлса, олаверинг.

Лобоннинг худоларини Роҳила ўғирлаганини Ёқуб билмас эди.

33 Лобон худоларини қидириб, аввало Ёқубнинг чодиридан излади. Кейин Леахнинг чодирига, ундан кейин иккала чўрининг чодирига кирди, лекин худоларини топа олмади. Охирида Роҳиланинг чодирига кирди.

34 Роҳила худоларни туя эгарининг ичига яшириб, ўзи эгарга ўтириб олган эди. Лобон чодирнинг ҳамма ёғини ахтарса ҳам, худоларини топа олмади.

35 Роҳила отасига:

— Сизнинг олдингизда ўрнимдан турмаганим учун мендан жаҳлингиз чиқмасин, отажон, — деди. — Ҳозир аёллар касалига йўлиққан пайтим.

Лобон худоларини қанча қидирмасин, топа олмади.

36 Ёқуб қаттиқ ғазабланиб, Лобонни уришиб берди:

— Айбим нима экан?! Қайси гуноҳим учун мени таъқиб қиляпсиз?!

37 Ҳамма нарсаларимни титкилаб чиқдингиз. Энди менга кўрсатинг–чи, бирор нарсангизни топдингизми? Топган бўлсангиз, қани, қариндош–уруғларимиз олдига ўша нарсаларни қўйинг, иккаламиздан қайси биримиз ҳақ эканимизни улар ҳукм қилсин!

38 Йигирма йил мен сизнинг эшигингизда бўлдим. Ана шу даврда биронта совлиқ қўйингиз, эчкингиз чала туғиб қўймади, сурувингиздан биронта қўчқорни еб қўймадим.

39 Ёввойи ҳайвонлар бўғизлаб ташлаганларини сизга кўрсатмасдан, зарарни ўз бўйнимга олардим. Қўйингиз кундузи йўқолганми, ёки кечаси йўқолганми, барибир, сиз мендан талаб қилардингиз.

40 Кундузи жазирама иссиқда, кечалари совуқда, тунларни уйқусиз ўтказиб, сизга хизмат қилдим.

41 Йигирма йил сизнинг хонадонингизда бўлдим: ўн тўрт йил — иккала қизингиз учун, олти йил — қўй–эчкиларга эга бўлишим учун хизмат қилдим. Хизмат ҳақимни ўн марта ўзгартирдингиз.

42 Агар бобом Иброҳимнинг Худоси, отам Исҳоқ сажда қиладиган Худо мен билан бўлмаганда эди, шубҳасиз, сиз мени қуппа–қуруқ қайтарган бўлардингиз. Лекин Худо менинг қийналганимни, оғир меҳнатимни кўрди. Шу сабабдан У ўтган кеча сизга зоҳир бўлиб, ноҳақлигингизни айтган.

Ёқуб билан Лобон ўртасидаги аҳд

43 Шундан кейин Лобон Ёқубга деди:

— Мана бу аёллар — менинг қизларим, мана бу болалар — менинг набираларим, қўй–эчкилар ҳам меники. Сен кўриб турган ҳамма нарса — меники. Лекин ҳозир ўз қизларимга, набираларимга бирор нарса қила олармидим?!

44 Кел, энди икковимиз аҳд қилайлик, токи бу аҳд икковимиз ярашганимизни исботласин.

45 Ёқуб бир тошни олиб, ёдгорлик қилиб қўйди.

46 Кейин у қариндош–уруғларига: “Тош тўплаб келинглар!” деди. Улар ҳам тош тўплаб, бир уюм ҳосил қилишди ва ўша тош уюмининг ёнида тамадди қилишди.

47 Бу жой Лобоннинг тилида Ёгар–Садуто, Ёқубнинг тилида Галед деб аталадиган бўлди.

48 Лобон: “Бу тош уюми бугун сен билан менинг орамизда гувоҳдир”, деб бу жойни Галед деб атайдиган бўлди.

49 Шунингдек, у: “Биз бир–биримиздан айрилганимиздан кейин, Эгам сен билан мени кузатиб турсин”, деб бу жойни Миспах деб атади. Сўнг шундай деди:

50 — Агар қизларимнинг дилини оғритсанг ёки уларнинг устига хотин олсанг, эсингда тут, ҳатто мен билмаган тақдирда ҳам, Худо кўриб туради. Унинг Ўзи сен билан менинг ўртамизда гувоҳдир.

51 Сўнг Лобон Ёқубга яна деди:

— Икковимизнинг ўртамизда мен ўрнатган мана бу тош уюми билан устунга қара.

52 Булар бизнинг онтимизга гувоҳ бўлиб, икковимизнинг ўртамизда турибди. Мен сенга зарар етказиш ниятида бу тош уюмидан нарига ўтмайман, сен ҳам менга зарар етказиш ниятида бу тош уюми ва устундан берига ўтмаслигинг лозим.

53 Ота–боболаримизнинг Худоси — сенинг бобонг Иброҳимнинг Худоси ва менинг бобом Нахўрнинг Худоси — ўртамизда ҳакам бўлсин.

Шундай қилиб, Ёқуб отаси Исҳоқ сажда қиладиган Худо номи билан қасам ичди.

54 Ёқуб қурбонлик қилиб, ҳаммани зиёфатга таклиф қилди. Улар тунни қирда ўтказишди.

55 Эртасига Лобон саҳарда турди. Қизларини, набираларини ўпиб, ҳаммаларини дуо қилди. Сўнгра уйига қайтиб кетди.

Ёқуб Эсовни кутиб олишга тайёрланади

1 Ёқуб оила аъзоларини бошлаб йўлда кетаётган эди, Худонинг фаришталари унга пешвоз чиқдилар.

2 Ёқуб уларни кўриб: “Бу Худонинг лашкаргоҳи!” деди. Шунинг учун бу жойга Моханайим деб ном берди.

3 Ёқуб боришидан олдин Сеир, яъни Эдом юртида истиқомат қилаётган акаси Эсовга хабарчиларни юборди.

4 Ёқуб хабарчиларга шундай кўрсатма берган эди:

— Эсов ҳазратларига шундай деб айтинглар: “Қулингиз Ёқуб айтмоқдаки, у шу пайтгача Лобоннинг хонадонида яшади.

5 Энди моллар, эшаклар, қўй–эчкилар, қул ва чўриларга эга бўлди. Келаётганидан сизни хабардор қилиш учун бизни юборди. Унинг умиди шуки, сиз унга меҳр–мурувват кўрсатсангиз.”

6 Хабарчилар қайтиб келиб, Ёқубга шундай дедилар: “Акангиз Эсовнинг олдига бордик. У сизни кутиб олишга келяпти, ёнида тўрт юзта одами ҳам бор.”

7 Ёқуб бу хабарни эшитди–ю, қўрқиб, ваҳимага тушди. Хонадонидаги одамларини, қўй–эчкиларини, мол подаларини, туяларини икки қисмга бўлди.

8 У: “Агар Эсов келиб, битта қисмни қириб ташласа, нариги қисми қутулиб омон қолади–ку”, деб ўйлади.

9 Кейин Ёқуб ибодат қилди:

— Эй бобом Иброҳимнинг, отам Исҳоқнинг Худоси! Эй Эгам! Менга: “Ўз юртингга, қариндошларинг олдига қайтиб бор, сенга муваффақият келтираман”, деб ваъда берган эдинг.

10 Кўрсатган садоқатингга, иноятингга мен, қулинг, лойиқ эмасман. Илгари Иордан дарёсини кечиб ўтганимда, таёғимдан бошқа ҳеч нарсам йўқ эди. Энди оила аъзоларим икки қўрғонни тўлдирадиган бўлди.

11 Илтижо қиламан, мени Эсов акамнинг қўлидан қутқаргин. У келиб, мен билан бирга хотинларимни, болаларимни ўлдиради, деб қўрқаман.

12 Сен эса менга: “Сенга муваффақият келтираман, сенинг наслингни денгиздаги қумдек кўпайтираман, кўплигидан наслингни санаб бўлмайди”, деб ваъда берган эдинг. Илтижо қиламан, ваъдангни ёдингда тут.

13-15 Ёқуб тунни ибодат қилган ўша жойда ўтказди. Кейин сурувидан акаси Эсовга икки юзта она эчки, йигирмата така, икки юзта совлиқ ва йигирмата қўчқор, ўттизта соғин туяни бўталоқлари билан, қирқта сигир ва ўнта буқа, йигирмата моча эшак ва ўнта эркак эшакни ҳадя қилиш учун танлаб олди.

16 Ёқуб бу ҳайвонларни подаларга бўлиб, хизматкорларига топширар экан, уларга шундай деди:

— Мендан олдин юринглар, ҳар бир поданинг орасида бўш масофа қолдиринглар.

17 Энг олдинги подани ҳайдаб бораётган хизматкорига у шундай кўрсатма берди:

— Эсов акам сени учратиб қолиб: “Кимнинг хизматкорисан? Қаерга кетяпсан? Олдингдаги пода кимники?” деб сўраганда,

18 сен: “Бу подалар қулингиз Ёқубники, буларни сиз, тўрамга ҳадя қилиб юбордилар, ўзлари ҳам орқамизда келяптилар”, деб айтгин.

19 Ёқуб подани ҳайдаб бораётган иккинчи, учинчи, хуллас, ҳамма хизматкорларига ҳам бир хил кўрсатма бериб:

— Эсовни учратиб қолганингизда, ўша гапларимни айтинглар, — деди.

20 “Қулингиз Ёқуб орқамизда келяптилар”, деб албатта айтинглар, — деб таъкидлади. Чунки Ёқуб: “Ўзимдан олдин юборган ҳадяларим билан Эсов акамнинг кўнглини юмшатаман, у билан юзма–юз учрашганимизда, мени кечирса ажабмас”, деб умид қилаётган эди.

21 Шундай қилиб, Ёқуб ўзи боришидан олдин, ҳадяларни жўнатиб юборди ва бу кечани чодир тиккан жойда ўтказди.

Ёқуб Паниёлда кураш тушади

22 Ўша куни тунда Ёқуб ўрнидан турди. Иккала хотинини, иккала чўрисини, ўн битта боласини Явоқ дарёси кечувидан ўтказди.

23 Улар дарёнинг нариги қирғоғига ўтиб бўлганларидан кейин, бутун мол–мулкини ҳам ўтказди.

24 Ёқуб дарёнинг бу томонида ёлғиз ўзи қолди. Ўша ерда бир одам билан тонг отгунча курашди.

25 Ўша одам кўрдики, Ёқубни мағлуб қила олмас экан. Бир пайт у Ёқубнинг бўксасига бир урган эди, сони бўғинидан чиқиб кетди.

26 — Мени қўйиб юбор, тонг отяпти, — деди ўша одам.

— Мени дуо қилмасанг, кеткизмайман, — ҳансираб деди Ёқуб.

27 — Исминг нима? — деб сўради ўша одам.

— Ёқуб, — деб жавоб берди у.

28 — Бундан кейин сенинг исминг Ёқуб эмас, Исроил бўлсин, — деди ўша одам. — Чунки сен Худо ва инсонлар билан олишиб, ғолиб чиқдинг.

29 — Илтимос, исмингни айт! — деди Ёқуб.

— Нимага Менинг исмимни сўраяпсан? — деб сўради ўша одам. Шундай деди–ю, у Ёқубни дуо қилди.

30 Ёқуб: “Худо билан юзма–юз бўлибман–у, ҳаётим сақланиб қолибди–я”, деб бу жойга Паниёл деган ном берди.

31 Ёқуб Паниёлдан кетаётганда, қуёш чиққан эди. Сони оғриётгани учун у оқсоқланиб юрарди.

32 Ўша одам Ёқубнинг бўксасига ургани сабабли, Исроил халқи ўша тунда юз берган воқеанинг хотири учун бугунгача соннинг пайини емайди.

Ёқуб билан Эсов учрашади

1 Ёқуб қараса, Эсов келаётган экан, ёнида тўрт юзта одами ҳам бор. Ёқуб болаларини Леахга, Роҳилага ва иккала чўрисига тақсимлади.

2 Чўрилари билан уларнинг болаларини энг олдинга, Леах билан унинг болаларини улардан кейин, Роҳила билан Юсуфни эса охирига қўйди.

3 Ёқубнинг ўзи уларнинг олдида борди. Акасининг олдига етиб боргунча етти марта эгилиб таъзим қилди.

4 Эсов ҳам укасини кутиб олгани югуриб бориб, уни қучоқлаб олди. Ёқубнинг бўйнига осилиб, ўпди. Иккови ҳам йиғлар эди.

5 Эсов аёлларга ва болаларга қараб:

— Ёнингдаги бу одамлар сенга ким бўлади? — деб сўради.

— Мен, қулингизга Худо иноят қилиб берган болаларим, — деди Ёқуб.

6 Шундан кейин чўрилар билан уларнинг болалари Эсовнинг олдига келишиб, унга эгилиб таъзим қилдилар.

7 Улардан кейин Леах билан унинг болалари яқин келиб, эгилиб таъзим қилишди. Охирида Юсуф билан Роҳила яқин келиб, эгилиб таъзим қилдилар.

8 — Менга сурувлару подалар жўнатибсан, бундан мақсадинг нима эди? — деб сўради Эсов.

— Ҳазратимнинг илтифотига сазовор бўлишим учун ҳадя қилиб юборган эдим, — деб жавоб берди Ёқуб.

9 — Раҳмат, ука, ўзимники жуда кўп, ўзингники ўзингга буюрсин, — деди Эсов.

10 — Йўқ, илтимос, агар мени илтифотингизга сазовор билсангиз, ҳадяларимни оласиз, — деб туриб олди Ёқуб. — Сиз мени шундай яхши кутиб олдингизки, мен учун сизнинг юзингизни кўриш — Худонинг юзини кўришга ўхшайди.

11 Илтимос қиламан, ҳадяларимни олинг. Худо менга иноят қилиб, керакли ҳамма нарсани берди.

Ёқуб қаттиқ илтимос қилавергандан кейин, охири, Эсов ҳадяларни олишга рози бўлди.

12 — Қани, энди кетайлик, мен сенга йўл кўрсатиб бораман.

13 Ёқуб эса шундай деди:

— Ўзингиз кўриб турибсиз, ҳазратим, болаларим чиниқмаган, қўй–сигирларим ҳам болалаган. Қўй–сигирларимни бир кунгина қистаб ҳайдасалар, бутун чорва нобуд бўлади.

14 Шунинг учун мендан олдинда кетаверсангиз. Мен чорванинг юришига ва болаларнинг қадамига қараб секин боравераман. Сиз билан Сеир юртида учрашамиз.

15 — Бўпти, бўлмаса, одамларимдан баъзиларини сен билан қолдирай, ҳам сизларга йўл кўрсатиб боради, ҳам қўриқлаб кетади, — деди Эсов.

— Нима қиласиз овора бўлиб?! Менга кўп меҳрибонлик кўрсатяпсиз, шунга ҳам раҳмат.

16 Эсов ўша куни Сеирга қайтиб кетди.

17 Ёқуб эса оиласи билан Сухотга қараб кетди. У ерда ўзига бир уй, чорваси учун қўралар қурди. Шунинг учун бу жойга Сухот деб ном берилди.

18 Шундай қилиб, Ёқуб Паддон–Орамдан Канъон юртидаги Шакам шаҳрига эсон–омон қайтиб келди. Шаҳар ташқарисида чодирларини тикди.

19 У чодир тиккан жойлар Хамўр деган одамнинг ўғилларига қарашли мулк эди. Хамўр Шакамнинг отаси эди. Ёқуб бу жойларни Хамўрнинг ўғилларидан юз бўлак кумушга сотиб олди.

20 Бу ерда у қурбонгоҳ қуриб, бу жойни “Худо Исроилнинг Худосидир” деб атади.

Динанинг номуси булғанади

1 Бир куни Ёқуб ва Леахнинг қизи Дина шу ерлик қизларни кўришга борди.

2 Бу ернинг беги Хамўр бўлиб, у Хив уруғидан эди. Хамўрнинг ўғли Шакам қизни кўриб қолиб, ушлади ва унинг номусига тегди.

3 Шакам Динани қаттиқ севиб қолди, қизнинг севгисини қозонишга ҳаракат қилди.

4 Отасига: “Шу қизни менга олиб беринг”, деб айтди.

5 Ёқуб қизининг номуси топталганини эшитди. Ёқубнинг ўғиллари эса далада мол–қўйларини боқиб юрган эдилар. Улар қайтиб келгунларича Ёқуб ўзини босиб турди.

6 Шакамнинг отаси Хамўр бу иш юзасидан гаплашгани Ёқубнинг олдига келди.

7 Шу пайтда Ёқубнинг ўғиллари даладан келиб қолишди. Сингиллари шарманда бўлганини эшитишди–ю, қаттиқ ғазабланиб, тутақиб кетдилар. Шакам Ёқубнинг қизини булғаб, Исроилда шармандали иш қилган эди. Бундай иш ҳеч бўлмаслиги керак эди.

8 Хамўр уларга:

— Ўғлим Шакамнинг қизингизга ишқи тушиб қолибди, илтимос, қизингизни ўғлимга берсангизлар, — деди.

9 — Бир–биримиз билан қуда–андачилик қилайлик, қизларингизни ўғилларимизга олиб берайлик, ўғилларингизга қизларимизни олиб беринглар.

10 Шунда юртимизда биз билан бирга, хоҳлаган ерингизда яшайверасизлар, бемалол савдо–сотиқ қилаверасизлар, ерларимиздан ўзларингизга мулк орттирасизлар.

11 Шакам ҳам Динанинг отаси билан акаларига илтимос қилиб, деди:

— Менга мурувват қилинглар, Динани менга беринглар, эвазига истаган нарсаларингизни бераман.

12 Қанча қалин ёки совға талаб қиласизлар — мен учун аҳамияти йўқ, бераман. Фақат қизингизга уйлансам бўлди.

13 Шакам Динани шарманда қилгани учун, Шакам билан Хамўрни Динанинг акалари алдадилар.

14 Улар Шакам билан Хамўрга дедилар:

— Синглимизни қандайдир суннатсиз одамга беролмаймиз. Агар берсак, биз иснодга қоламиз.

15 Биз фақат бир шарт билан рози бўламиз: ҳамма эркакларингиз бизга ўхшаб суннат қилинишлари керак.

16 Шунда биз қизларимизни сизларга берамиз, сизларнинг қизларингизни оламиз. Сизларнинг орангизда яшаб, сизлар билан бир халқ бўламиз.

17 Лекин бизнинг шартимизга кўнмасдан, суннат қилинмасангизлар, синглимизни олиб кетамиз.

18 Уларнинг гапига Хамўр билан Шакам бажонидил рози бўлишди.

19 Шакам Динага хуштор бўлиб қолганидан, бу талабни бажаришни тезлаштирди. У оиласида ҳурматга сазовор, энг обрўли одам эди.

20 Хамўр билан Шакам шаҳар дарвозасига келиб, шаҳарнинг оқсоқолларига шундай дейишди:

21 — У одамлар — бизнинг дўстларимиз. Улар бизнинг юртимизда яшаб, савдо–сотиқ қилаверсинлар. Юртимиз кенг, уларга ҳам етади. Шунда бир–биримиз билан қиз олиб, қиз беришамиз.

22 Улар фақат бир шарт билан бизнинг орамизда яшаб, биз билан бир халқ бўлишга рози: орамиздаги ҳамма эркаклар, улар сингари, суннат бўлишлари керак экан.

23 Агар биз шундай қилсак, уларнинг ҳамма қўй–эчкилари, мол–мулки бизники бўлади. Келинглар, уларнинг айтганларига рози бўлайлик, токи улар бизнинг орамизда яшаб қолишсин.

24 Шаҳар дарвозасига борганлар Хамўр билан унинг ўғли Шакамнинг гапларини эшитгач, рози бўлдилар. Бутун шаҳар эркаклари суннат қилиндилар.

25 Орадан уч кун ўтди. Шаҳарнинг ҳамма эркаклари суннат қилинганлари учун ҳали ҳам оғриб ётган эдилар. Ёқубнинг икки ўғли — Динанинг акалари Шимўн билан Леви қиличларини олдилар ва бамайлихотир шаҳарга кирдилар. Шаҳардаги ҳамма эркакни ўлдирдилар.

26 Хамўр билан унинг ўғли Шакамни ҳам ўлдириб, Шакамнинг уйидан Динани олиб кетдилар.

27 Ёқубнинг қолган ўғиллари, синглимизни шарманда қилганлари учун қасос оламиз деб, жасадларни талаб, шаҳарни талон–тарож қилдилар.

28 Улар шаҳардаги ва далалардаги жамики қўй–эчкиларни, мол подаларини, эшакларни олиб кетдилар.

29 Шаҳар халқининг ҳамма бойликларини, уйларидаги ҳамма нарсасини ўлжа қилиб, болаларини ва аёлларини асир қилиб олиб кетдилар.

30 Шунда Ёқуб Шимўн билан Левига деди:

— Сизлар бошимга бало келтирдингиз. Энди бу юртдаги Канъон ва Париз халқлари, қолаверса, ҳамма мени ёмон кўради. Биз озчилик бўлсак, ахир. Улар биргалашиб ҳужум қилиб қолгудек бўлса, ҳаммамиз қирилиб кетамиз–ку!

31 Шунда ўғиллари:

— Синглимизга фоҳишадай муомала қилишларига йўл қўймаймиз! — деб эътироз билдирдилар.

Худо Байтилда Ёқубга марҳамат қилади

1 Худо Ёқубга деди:

— Қани, отлан, Байтилга кўчиб бор, ўша ерда жойлашиб, Менга атаб қурбонгоҳ ўрнат. Сен аканг Эсовдан қочиб кетаётганингда, Мен у ерда сенга зоҳир бўлган эдим.

2 Ёқуб хонадонидагиларга ва ёнидагиларга айтди:

— Бегона худоларингизни йўқотинглар, ўзларингизни поклаб, тоза кийимларингизни кийинглар.

3 Энди бу ердан кетиб, Байтилга борамиз. У ерда мен Худога қурбонгоҳ қураман. Кулфатда қолганимда, Худо менга мадад берган эди. Қаерга борсам, У мен билан бирга бўлди.

4 Ҳаммалари бегона худоларини, зиракларини Ёқубга беришди. Ёқуб бу нарсаларни Шакам яқинидаги эман дарахтининг остига кўмди.

5 Ёқуб хонадонидагиларини бошлаб йўлга тушганда, Худо бутун атрофдаги шаҳарлар аҳолисига қўрқув юборди. Шунинг учун ҳеч ким уларни таъқиб қилмади.

6 Ниҳоят, Ёқуб бутун хонадон аҳлини бошлаб Луз шаҳрига етиб келди. (Луз ҳозир Байтил деб юритилади.)

7 Ёқуб бу ерда бир қурбонгоҳ қуриб, бу жойни Байтилнинг Худоси деб атади. Ёқуб акасидан қочиб кетаётганда, Худо Ўзини унга шу ерда зоҳир қилган эди.

8 Шу орада Ривқонинг энагаси Добира вафот этди. Уни Байтилнинг ёнидаги эман дарахти остига дафн қилдилар. Ўшандан буён бу дарахт Йиғи дарахти деб юритилади.

9 Ёқуб Паддон–Орамдан қайтиб келгандан кейин, Худо унга яна зоҳир бўлди ва унга марҳамат кўрсатиб, деди:

10 “Сенинг исминг Ёқуб, лекин бундан кейин сени Ёқуб деб чақирмайдилар, сенинг исминг Исроил бўлади.” Шунинг учун у Исроил деб ном олди.

11 Худо шундай деди:

— Мен Қодир Худоман, баракали бўл, наслинг кўп бўлсин. Буюк халқ, ҳатто кўп халқлар сендан пайдо бўлади. Сен шоҳларнинг бобоси бўласан.

12 Мен Иброҳимга ва Исҳоққа ваъда қилган юртни сенга бераман. Сендан кейин бу ерни наслингга бераман.

13 Шундан кейин Худо Ёқубга гапирган жойидан кетди.

14 Ёқуб ўша жойга ёдгорлик тоши ўрнатди. Сўнгра ёдгорлик тоши устига Худога атаб шароб ва зайтун мойи қуйди.

15 Ёқуб бу жойга Байтил деб ном берди.

Роҳила вафот этади

16 Ёқуб билан унинг оиласи Байтилдан чиқиб, Эфрат томон йўл олдилар. Улар Эфратга ҳали етиб бормасдан, Роҳиланинг кўзи ёрийдиган пайти келди, уни қаттиқ тўлғоқ тутиб қолди.

17 Роҳила тўлғоқдан кўп азоб чеккандан кейин, ниҳоят, дояси: “Қўрқма, яна ўғил туғдинг”, деди.

18 Роҳила жон бераётганда, охирги нафасда ўғлининг исмини Бенўн деб қўйди. Отаси эса унга Бенямин деб исм қўйди.

19 Шундай қилиб, Роҳила вафот этди ва Эфрат йўлида дафн қилинди. (Эфрат ҳозир Байтлаҳм деб юритилади.)

20 Ёқуб Роҳиланинг қабрига ёдгорлик тоши ўрнатди. Бу тош шу кунгача бор.

21 Шундан кейин Ёқуб яна кўчиб, Эдер минораси ортида чодирини тикди.

Ёқубнинг ўғиллари

22 Ёқуб ўша ерда яшаётганда, Рубен отасининг чўриси Билхахнинг ёнига кирди. Ёқуб буни эшитиб қолди.

Ёқубнинг ўн иккита ўғли бор эди:

23 Леах туққан ўғиллари — Рубен (Ёқубнинг тўнғич ўғли), Шимўн, Леви, Яҳудо, Иссахор ва Забулун.

24 Роҳила туққан ўғиллари — Юсуф билан Бенямин.

25 Роҳиланинг чўриси Билхах туққан ўғиллари — Дан билан Нафтали.

26 Леахнинг чўриси Зилпо туққан ўғиллари — Гад билан Ошер.

Ёқубнинг Паддон–Орамда туғилган ўғиллари ана шулар эди.

Исҳоқ вафот этади

27 Ёқуб Мамрега — Хират–Арбага отасининг уйига келди. (Хират–Арба ҳозир Хеврон деб юритилади.) Иброҳим ва Исҳоқ Хевронда истиқомат қилган эдилар.

28 Исҳоқ 180 йил умр кўрди.

29 У кексайиб, ёшини яшаб оламдан ўтди. Ўғиллари Эсов билан Ёқуб уни дафн қилишди.

Эсовнинг насл–насаби

1 Эсовнинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир (у Эдом исми билан таниқли):

2 Эсов Канъонлик қизларга уйланган эди. Биринчи хотинининг исми Оида бўлиб, Хет халқидан Элўн деганнинг қизи эди. Иккинчисиники Охолибом бўлиб, Хив халқидан Анаҳ деганнинг қизи эди. Бобосининг исми Зибўн эди.

3 Учинчи хотинининг исми Босимат бўлиб, Исмоилнинг қизи эди. Қизнинг Наваёт деган акаси бор эди.

4 Оида Эсовга Элифазни, Босимат Рувелни,

5 Охолибом эса Ёуш, Ялом ва Кўрахни туғиб берди. Эсовнинг Канъон юртида туғилган ўғиллари ана шулардир.

6 Сўнгра Эсов хотинларини, болаларини, хонадонидаги ҳамма одамларини, подасию сурувларини, Канъон юртида топган жамики бойликларини олиб, укаси Ёқубдан узоқроқ ерга кўчиб кетди.

7 Икковининг подалари ва сурувлари бениҳоя кўп бўлганидан, ер торлик қилиб қолган эди.

8 Шунинг учун Эсов, яъни Эдом, Сеир тоғларига бориб ўрнашди.

9 Сеир тоғларидаги Эдом халқининг ота–бобоси Эсовнинг насл–насаби мана булардир:

10 Эсовнинг хотинлари Оида ва Босимат туққан ўғиллари қуйидагилардир: Оида Элифазни туғди, Босимат Рувелни туғди.

11-12 Элифаз беш ўғил кўрди: Темон, Ўмар, Зафў, Гатам ва Ханаз. Элифазнинг чўриси Тимна ҳам унга ўғил туғиб, исмини Омолек қўйди. Эсовнинг хотини Оиданинг набиралари ана шулар эди.

13 Рувел тўрт ўғил кўрди: Нахат, Зерах, Шаммох ва Миззо. Булар Эсовнинг хотини Босиматнинг набиралари эди.

14 Эсовнинг учинчи хотини Анаҳнинг қизи Охолибом унга уч ўғил туғиб берди. Ўғилларининг исми Ёуш, Ялом ва Кўрах эди.

15-16 Эсовнинг ўғиллари ва набиралари қуйидаги уруғларнинг йўлбошчилари бўлдилар:

Эсовнинг тўнғич ўғли Элифазнинг ўғиллари қуйидаги уруғларнинг йўлбошчилари бўлдилар: Темон, Ўмар, Зафў, Ханаз, Кўрах, Гатам ва Омолек уруғлари. Эдом юртидаги бу уруғлар Эсовнинг хотини Оидадан келиб чиққан эди.

17 Эсов ўғли Рувелнинг ўғиллари қуйидаги уруғларнинг йўлбошчилари бўлдилар: Нахат, Зерах, Шаммох ва Миззо уруғлари. Эдом юртидаги бу уруғлар Эсовнинг хотини Босиматдан пайдо бўлган эди.

18 Эсовнинг хотини Охолибомнинг ўғиллари қуйидаги уруғларнинг йўлбошчилари бўлдилар: Ёуш, Ялом ва Кўрах уруғлари. Охолибомнинг отаси Анаҳ эди.

19 Эсов, яъни Эдомдан келиб чиққан уруғларнинг ҳаммаси ана шулардир.

Эдомнинг туб аҳолиси

20-21 Эдом юртининг туб аҳолиси қабилаларга бўлинган эди. Бу қабилаларнинг ота–бобоси Сеир деган одам бўлиб, у Хорим халқидан эди. Сеирнинг қуйидаги насллари уруғларга асос солди:

Лўтон, Шўвал, Зибўн, Анаҳ, Дишон, Эзер ва Дишан.

22 Лўтоннинг ўғиллари исми Хўри ва Хўмам эди. Лўтоннинг Тимна деган синглиси ҳам бор эди.

23 Шўвалнинг ўғиллари исми Элиён, Монахат, Эбал, Шафо ва Ўнам эди.

24 Зибўннинг ўғиллари исми Оё ва Анаҳ эди. Анаҳ отаси Зибўннинг эшакларини боқиб юрганда, саҳрода иссиқ булоқлар топган эди.

25 Анаҳнинг Дишон деган ўғли ва Охолибом деган қизи бор эди.

26 Дишоннинг ўғиллари исми Хамдон, Эшбон, Йитрон ва Херон эди.

27 Эзернинг ўғиллари исми Билхан, Завон ва Оқон эди.

28 Дишаннинг ўғиллари исми Уз ва Орон эди.

29 Шундай қилиб, қуйидагилар Хорим халқи уруғларининг йўлбошчилари бўлди: Лўтон, Шўвал, Зибўн, Анаҳ,30 Дишон, Эзер ва Дишан. Хорим халқининг уруғлари Сеир юртида яшаган уруғ йўлбошчилари номи билан юритилган.

Эдом шоҳлари

31 Ҳали Исроилда шоҳлар бўлмасдан олдин ҳам, Эдомда шоҳлар ҳукмронлик қилган эди. Бу шоҳлар қуйидагилардир:

32 Бавўр ўғли Белах, у Динхаба шаҳридан эди.

33 Белах вафот этгач, унинг ўрнига Зерах ўғли Йўвов шоҳ бўлди. У Бозрах шаҳридан эди.

34 Йўвов вафот этгандан кейин, унинг ўрнига Хушом шоҳ бўлди. У Темон юртидан эди.

35 Хушом вафот этгач, унинг ўрнига Бадад ўғли Ҳадад шоҳ бўлди. У Обит шаҳридан эди. Ҳадад Мўаб юртида Мидиён лашкарини қириб ташлаган эди.

36 Ҳадад вафот этгандан кейин, унинг ўрнига Самло шоҳ бўлди. У Масрихо шаҳридан эди.

37 Самло вафот этгандан кейин, унинг ўрнига Шовул шоҳ бўлди. У Фурот дарёси бўйидаги Рехобўт шаҳридан эди.

38 Шовул вафот этгандан кейин, унинг ўрнига Ахбор ўғли Баалханон шоҳ бўлди.

39 Баалханон вафот этгандан кейин, унинг ўрнига Ҳадад шоҳ бўлди. У Поғу шаҳридан эди. Ҳададнинг хотини Махитавал эди, Махитавалнинг отаси — Матрид, бобоси Мезахаб эди.

40 Эсов уруғларининг йўлбошчилари номлари қуйидагичадир: Тимно, Элво, Етет,

41 Охолибом, Элох, Пинон,

42 Ханаз, Темон, Мивзар,

43 Махдиёл ва Иром. Эдом халқининг ота–бобоси Эсов уруғларининг номлари ана шулардир. Ҳар бир уруғ ўзи эгаллаган ҳудудга ўзининг номини берган.

Юсуф ва унинг акалари

1 Исҳоқ вафот этгандан кейин, Ёқуб яна Канъон юртида — отаси яшаган юртда ўрнашди.

2 Ёқубнинг хонадони тарихи қуйидагичадир:

Юсуф ўн етти ёшга кирганда, кўпинча ўгай акалари — Билхах ва Зилпонинг ўғиллари билан бирга отасининг қўй–эчкиларини боққани борар эди. Юсуф акалари қилаётган баъзи ёмон ишлардан отасини хабардор қилиб турар эди.

3 Ёқуб Юсуфни қариган чоғида кўргани учун бошқа ўғилларига қараганда кўпроқ яхши кўрар эди. Ёқуб Юсуфга беқасам чопон олиб берди.

4 Акалари кўрдиларки, оталари Юсуфни улардан ортиқ яхши кўрар экан. Шунинг учун акалари Юсуфни ёмон кўриб қолдилар, унга яхши гапирмасдилар.

5 Кунларнинг бирида Юсуф туш кўрди. У акаларига тушини айтиб берганда, акалари Юсуфни баттар ёмон кўриб қолдилар.

6 Юсуф акаларига шундай деди:

— Қулоқ солинглар, кўрган тушимни сизларга айтиб берай.

7 Биз далада буғдой боғлаётган эканмиз. Бирдан менинг боғламим кўтарилиб, тик турди. Сизларнинг боғламларингиз менинг боғламимни ўраб олиб, таъзим қилаётган эмиш.

8 — Эҳ–ҳа, сен ҳали бизнинг устимиздан шоҳ бўлмоқчимисан, сен–а?! — деб акалари киноя билан ундан сўрашди. Кўрган тушини айтиб бергани учун акалари уни яна ҳам ёмон кўриб қолишган эди.

9 Кейинроқ Юсуф яна туш кўрди ва тушини акаларига айтиб берди:

— Қаранглар, яна туш кўрибман. Тушимда қуёш, ой ва ўн битта юлдуз менга таъзим қилиб турган эмиш.

10 Лекин Юсуф тушини отаси билан акаларига айтиб берганда, отаси унга танбеҳ берди:

— Қанақа туш кўрдинг ўзи?! Мен, онанг, акаларинг сенинг олдингга келиб, тиз чўкишимиз керак экан–да?!

11 Акалари Юсуфга ҳасад қилишарди. Лекин отаси бу воқеани доимо эсида тутди.

Юсуфни акалари сотиб юборишади

12 Бир куни Юсуфнинг акалари оталарининг қўй–эчкиларини боқиш учун Шакамга кетишди.

13 Ёқуб Юсуфга:

— Акаларинг Шакамда қўй–эчкиларни боқишяпти, — деди. — Сени акаларинг олдига юборсам, дегандим.

— Хўп бўлади, отажон, — деди Юсуф.

14 — Бориб бил–чи, акаларинг тинч–омон юришибдимикан, қўй–эчкиларнинг аҳволи яхшимикан, — деди Ёқуб, — кейин менга хабарини олиб кел.

Шундай қилиб, Ёқуб Юсуфни Хеврон водийсидан йўлга жўнатди.

Юсуф Шакамга етиб келди.

15 Ўша атрофда айланиб юрган эди, бир одам уни кўриб қолди.

— Нимани излаб юрибсан? — деб сўради ҳалиги одам.

16 — Акаларимни излаб юрибман, — деди Юсуф. — Мабодо билмайсизми, қўй–эчкиларни қаерда боқиб юришибди экан?

17 — Улар бу ердан кетишган, — деди ўша одам. — Акаларинг, Дўтанга борамиз, деб айтганларини эшитган эдим.

Юсуф акаларини излаб Дўтанга кетди. Уларни ўша ердан топди.

18 Улар узоқдан Юсуфни кўришди. Юсуф келмасдан олдин, акалари уни ўлдириш учун фитна тайёрлаб қўйдилар.

19 Улар бир–бирларига:

— Ана, туш кўрувчи келяпти, — дейишди.

20 — Келинглар, уни ўлдириб, чуқур сардобага ташлаймиз. Уни ёввойи ҳайвон еб кетди, деб гап тарқатамиз. Ўшанда кўрамиз унинг тушлари ҳақиқатга айланишини!

21 Лекин Рубен Юсуфни уларнинг қўлидан қутқармоқчи бўлди:

— Унинг жонига қасд қилмайлик,

22 — деди Рубен, — қон тўкмайлик. Уни анави сардобага тириклайин ташлаб юбора қолайлик. Зинҳор унга қўл теккизмайлик.

Рубен Юсуфни уларнинг қўлидан қутқариб, отаси ёнига қайтармоқчи эди.

23 Шундай қилиб, Юсуф етиб келгач, акалари унинг беқасам чопонини ечиб олдилар–да,

24 ўзини сардобага ташлаб юбордилар. Сардоба сув сақлаш учун фойдаланиларди–ю, ўша пайтда қуруқ эди.

25 Шундан кейин улар овқатланиб ўтиришган эди, узоқдан шу томонга келаётган туялар карвонини кўриб қолишди. Карвон Исмоилий савдогарлари бўлиб, туяларга Гиладдан хушбўй зираворлар, мумиё, мирра юклаб, Мисрга олиб кетишаётган эди.

26 Шунда Яҳудо ака–укаларига деди:

— Укамизни ўлдириб, қонини яширганимиз билан бирор фойда топармидик?!

27 Яхшиси, анави савдогарларга сотайлик. Шунда унинг ўлимида жавобгар бўлиб қолмаймиз. Нима бўлганда ҳам, у укамиз, жигаримиз–ку!

Ҳамма ака–укалари рози бўлишди.

28 Исмоилий савдогарлари ўтиб кетишаётганда, Юсуфни акалари сардобадан тортиб чиқардилар ва уни йигирма бўлак кумушга сотдилар. Савдогарлар Юсуфни Мисрга олиб кетдилар.

29 Бир пайт Рубен сардоба олдига қайтиб келиб қараса, сардобада Юсуф йўқ. Рубен қайғудан кийимларини йиртди.

30 У укалари олдига қайтиб келди ва:

— Бола у ерда йўқ! Энди нима қиламан–а! — деб йиғлади.

31 Сўнг улар бир эчкини сўйиб, Юсуфнинг чопонини эчкининг қонига ботирдилар.

32 Улар беқасам чопонни оталарига олиб келдилар.

— Мана бу чопонни даладан топиб олдик. Қаранг–чи, бу Юсуфнинг чопонимикан ёки йўқми?

33 Ёқуб Юсуфнинг чопонини таниди.

— Эвоҳ! Бу ўғлимнинг чопони–ку! Юсуф ўғлимни бирорта ёввойи ҳайвон еган! Ўғилгинам тилка–пора бўлган!

34 Ёқуб қайғудан кийимларини йиртиб, қанорга ўранди. Ўғли учун узоқ вақт аза тутди.

35 Ўғиллари, қизлари унга тасалли беришга ҳаракат қилишарди. Лекин у тасалли топишни истамасди. “Ўликлар диёрига, ўғлимнинг олдига боргунимча аза тутаман”, деб айтарди. Шундай қилиб, Ёқуб ўғлига аза тутаверди.

36 Шу орада Исмоилий савдогарлари Юсуфни Мисрда Пўтифар деган одамга сотишди. Пўтифар Миср шоҳи — фиръавннинг аъёнларидан бири — сарой қўриқчиларининг бошлиғи эди.

Яҳудо ва Тамара

1 Шу орада Яҳудо ака–укаларидан ажралиб, алоҳида бўлди ва Адуллам шаҳрига кўчиб келди. У Хирах деган одамга яқин жойга ўрнашди. Хирах ўша ерлик эди.

2 Яҳудо бу ерда Канъон халқидан бўлган бир қизни учратиб қолди. Бу қиз Шуво деган одамнинг қизи эди. Яҳудо ўша қизга уйланди.

3 Ўша аёл ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Яҳудо ўғлига Ғур деб исм қўйди.

4 Яҳудонинг хотини яна ҳомиладор бўлиб, иккинчи ўғлини туғди. Бу ўғлига Ўнан деб исм қўйди.

5 Яҳудонинг хотини учинчи ўғлини туғди ва унга Шело деб исм қўйди. Бу ўғли туғилганда, Яҳудо Хазиб шаҳрида эди.

6 Тўнғич ўғли Ғур улғайгач, Яҳудо уни Тамара деган қизга уйлантирди.

7 Лекин Ғур Эгамизнинг олдида қабиҳлик қиларди. Охири, Эгамиз унинг жонини олди.

8 Шундан кейин Яҳудо Ўнанга айтди:

— Сен акангнинг хотинига уйланиб, қайнағалик бурчингни бажар, токи акангга зурриёт қолсин.

9 Лекин Ўнан билардики, туғиладиган бола ўзиники ҳисобланмасди. Шу сабабдан Ўнан ҳар сафар Тамаранинг ёнига кирганда, акамга зурриёт қолмасин деб, уруғини ерга тўкарди.

10 Ўнан бу қилмиши билан Эгамизнинг олдида қабиҳлик қилаётган эди. Шунинг учун Эгамиз Ўнаннинг ҳам жонини олди.

11 Шундан кейин Яҳудо келини Тамарага:

— Отангнинг уйига бориб турмушга чиқмай, ўтира тур–чи, ўғлим Шело улғайиб қолар, — деди. Чунки Яҳудо: “Шело ҳам акаларига ўхшаб ўлиб қолмасин”, деб қўрққан эди. Шундай қилиб, Тамара отасининг уйига қайтиб кетди.

12 Орадан бирмунча вақт ўтгач, Яҳудонинг хотини вафот этди. Яҳудо аза муддатини тугатгандан кейин, Адулламлик дўсти Хирах билан бирга қўйларининг жунини қирқаётганлардан хабар олгани Тимнах шаҳрига кетди.

13 Кимдир Тамарага: “Қайнатанг қўйларининг жунини қирқаётганлардан хабар олгани Тимнахга кетяпти”, деб айтиб қолди.

14 Тамара эгнидаги азадорлик либосларини ўзгартирди. Юзини рўмол билан беркитиб олди–да, Энайим шаҳри дарвозаси ёнида ўтирди. Бу шаҳар Тимнахга борадиган йўлда эди. Яҳудонинг кичик ўғли Шело вояга етганини Тамара биларди. Лекин ҳалигача Тамарани Шелога олиб бермаган эдилар.

15 Яҳудо Тамарани кўриб қолди. Тамара юзини беркитиб олгани учун, Яҳудо: “Бу аёл фоҳиша бўлса керак”, деб ўйлади.

16 Яҳудо йўл бўйида ўтирган Тамаранинг олдига келди. Бу аёл ўзининг келини эканини Яҳудо билмагани учун унга: “Мен билан бирга бўлгин”, деб таклиф қилди.

— Сиз билан бўлсам, эвазига нима берасиз? — деб сўради Тамара.

17 — Сурувимдан бир улоқча юбораман, — деди Яҳудо.

— Улоқчани юборгунингизча, менга гаровга бирон нарса қолдириб кетсангиз, — деди Тамара.

18 — Бўпти, гаровга нима берай? — деб сўради Яҳудо.

— Бўйнингиздаги муҳрингизни боғичи билан, яна қўлингиздаги таёғингизни, — деди Тамара.

Шундай қилиб, Яҳудо ўша нарсаларни Тамарага берди. Кейин у билан бўлди. Тамара Яҳудодан ҳомиладор бўлиб қолди.

19 Тамара уйига борди. Юзидаги ёпинчиғини олиб, азадорлик либосларини яна кийиб олди.

20 Яҳудо дўсти Хирахдан: “Мана бу улоқчани олиб бориб ўша аёлга бер, мен унга берган гаровни қайтариб ол”, деб илтимос қилди. Лекин Хирах у аёлни топа олмади.

21 Хирах шу ерлик одамлардан:

— Мана шу шаҳарнинг дарвозаси ёнида — йўл четида бир фоҳиша ўтирар эди, ўша фоҳиша қаерда? — деб сўради.

— Бу ерда ҳеч қандай фоҳиша йўқ, — деб жавоб беришди ўша одамлар.

22 Хирах Яҳудонинг олдига қайтиб келиб:

— У аёлни топа олмадим, — деди, — шаҳар одамлари ҳам, бу ерда ҳеч қандай фоҳиша йўқ, деб айтишди.

23 — Майли, ўша нарсаларим у аёлга қолаверсин, — деди. — Мен унга улоқча жўнатгандим, сен топа олмадинг. Акс ҳолда, масхара бўлардик.

24 Тахминан уч ойдан кейин Яҳудо: “Келининг Тамара фоҳиша экан, ҳомиладор бўлиб қолибди” деган гапни эшитди.

— Уни шаҳардан ташқарига олиб чиқиб ёқиб юборинглар! — деб буюрди Яҳудо.

25 Тамарани олиб чиққанларида, у қайнатасига шу хабарни юборди: “Мен мана бу боғичи бор муҳр ва таёқнинг эгасидан ҳомиладор бўлганман, илтимос, бу нарсаларнинг эгасини аниқласангиз.”

26 Яҳудо бу нарсаларни таниб, деди: “Мен зиммамдаги мажбуриятимни бажармадим — Тамарани ўғлим Шелога олиб бермадим, Тамара эса тўғри иш қилди.” Шундан кейин Яҳудо Тамара билан бошқа бўлмади.

27 Тамаранинг кўзи ёрийдиган пайт яқинлашганда, унинг қорнида эгизаклар борлиги маълум бўлди.

28 Тамара туғаётганда, эгизаклардан бири қўлини ташқарига чиқарди. Доя: “Буниси биринчи бўлиб туғилди”, деб чақалоқнинг қўлига қизил ип боғлаб қўйди.

29 Лекин чақалоқ қўлини ичкарига тортиб олиши биланоқ иккинчиси туғилди. Доя: “Сен йўлингни ўзинг ёриб чиқдинг!” деди. Шу сабабдан унга Параз деб исм қўйилди.

30 Сўнгра қўлига қизил ип боғланган чақалоқ туғилди. Унга Зерах деб исм қўйилди.

Юсуф билан Пўтифарнинг хотини

1 Исмоилий савдогарлари Юсуфни Мисрга олиб келишгач, уни Мисрлик Пўтифар деган бир одамга сотишди. Пўтифар фиръавннинг аъёнларидан бири бўлиб, қўриқчилар бошлиғи эди.

2 Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга кўп муваффақият келтирарди. Юсуф Мисрлик хўжайинининг хонадонида хизмат қилиб юраверди.

3 Пўтифар кўрдики, Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, ҳар бир қилган ишида унга муваффақият келтиряпти.

4 Шундай қилиб, Юсуф хўжайинининг илтифотига сазовор бўлди, хўжайинининг мулозими бўлиб қолди. Пўтифар Юсуфни ўз хонадони устидан назоратчи қилиб, бутун мол–мулкини унга ишониб топширди.

5 Пўтифар Юсуфни назоратчи қилиб тайинлаган кундан бошлаб, Эгамиз Юсуф туфайли Пўтифарнинг хонадони аҳлига, унинг уйидаги ва даласидаги бутун мол–мулкига барака берадиган бўлди.

6 Буни кўрган Пўтифар бутун мол–мулкини Юсуфнинг ихтиёрига топширди. Пўтифарнинг ейдиган овқатидан бошқа ҳеч нарса билан иши бўлмасди.

Юсуф жуда чиройли, келишган йигит эди.

7 Орадан маълум вақт ўтгач, хўжайинининг хотини Юсуфга кўзларини сузиб: “Мен билан бирга бўл”, деб таклиф қилди.

8 Лекин Юсуф рад қилди ва хўжайинининг хотинига деди:

— Ўзингиз ўйлаб кўринг, мен бу ерда бўлганим учун, хўжайиним хонадонидаги ҳеч бир нарса тўғрисида қайғурмайди, ҳамма нарсасини менинг қўлимга топшириб қўйди.

9 Бу хонадонда ҳеч ким мендан катта эмас. Сиздан бошқа бирор нарсани мендан аямади. Чунки сиз унинг хотинисиз. Қандай қилиб мен шу қадар қабиҳлик қилиб, Худога қарши гуноҳ қиламан?!

10 Пўтифарнинг хотини ҳар куни Юсуфга таклиф қилса ҳам, лекин Юсуф рад қилиб, у билан бўлмади.

11 Бир куни Юсуф ўз ишларини бажариш учун уйга кирди. Уйда хизматкорлардан биронтаси ҳам йўқ эди.

12 Аёл Юсуфнинг кийимидан ушлаб: “Мен билан бўл!” деди. Лекин Юсуф ташқарига қочиб чиқиб кетди. Юсуфнинг кийими эса аёлнинг қўлида қолди.

13 Аёл кўрдики, Юсуф кийимини унинг қўлида қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.

14 Шунда аёл уйдаги хизматкорларни чақирди. Аёл ҳўнграб деди:

— Қаранглар! Эрим манави ибронийни бизни таҳқирлаш учун олиб келган экан! У мен билан ётгани кирган экан, овозим борича бақирдим.

15 Додлаганимдан кейин, кийимини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.

16 Хўжайин уйга келгунча, аёл Юсуфнинг кийимини ўзида сақлаб турди.

17 Аёл эрига ҳам ўша воқеани айтиб берди: “Сиз уйимизга олиб келган анави иброний қулвачча хонамга кириб, мени таҳқирламоқчи бўлди.

18 Мен дод солган эдим, у кийимини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.”

19 Пўтифар буни эшитгач, ғазабланди.

20 У Юсуфни ушлаб, шоҳнинг маҳбуслари сақланадиган зиндонга ташлади. Шундай қилиб, Юсуф зиндонда қолаверди.

21 Лекин Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга марҳамат кўрсатарди. Натижада зиндонбоши Юсуфга илтифот қиларди.

22 Зиндонбоши зиндондаги ҳамма маҳбусларга қараб туришни Юсуфга юклаб қўйди, зиндонда бўладиган ҳамма ишларга Юсуф масъул эди.

23 Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унинг ҳамма ишларида муваффақият келтирарди. Шунинг учун Юсуф масъул бўлган ишларга зиндонбоши аралашмасди.

Юсуф маҳбусларнинг тушини таъбир қилади

1 Бир куни сарой соқийси билан новвойи Миср фиръавнини қаттиқ хафа қилдилар.

2 Фиръавн бу иккала аъёнидан — соқийси билан новвойидан ғазабланиб,

3 уларни ҳам Юсуф ётган зиндонга қаматиб қўйди. Зиндон қўриқчилар бошлиғининг уйида эди.

4 Қўриқчилар бошлиғи Юсуфни соқий билан новвойнинг хизматига қўйди. Юсуф уларга хизмат қила бошлади. Улар анча вақт зиндонда қолдилар.

5 Фиръавннинг соқийси билан новвойи зиндонда ётар эканлар, бир куни кечаси иккови ҳам туш кўрдилар. Ҳар бир тушнинг ўзига хос маъноси бор эди.

6 Эрталаб Юсуф уларнинг ёнига келди. Уларнинг юзи ғамгин эди. Юсуф буни пайқади.

7 — Нимага бугун жуда ғамгин кўринасизлар? — деб сўради Юсуф улардан.

8 — Биз туш кўрган эдик, бу ерда тушимизни таъбирлаб берадиган бирон кимса йўқ, — деб жавоб беришди улар.

— Тушларни таъбирлаш Худодандир, — деди Юсуф. — Марҳамат, тушингизни менга айтинг–чи.

9 Аввал соқий тушини Юсуфга айтиб берди:

— Тушимда ток кўрибман. Ток олдимда турган эмиш.

10 Токнинг учта новдаси бор экан. Новдалар дарров куртак отиб, мева тугиб узумлар пишибди.

11 Фиръавннинг қадаҳи қўлимда эмиш. Мен узумларни олиб, фиръавннинг қадаҳига узумнинг шарбатини сиқибман. Кейин қадаҳни фиръавннинг қўлига берибман.

12 Юсуф унга деди:

— Тушингизнинг таъбири шундай бўлар: учта новда — уч кун дегани.

13 Уч кун ичида фиръавн сизни зиндондан озод қилиб, олдинги мансабингизга қайтаради: сиз яна соқий бўлиб, илгаригидай шоҳга қадаҳ тутасиз.

14 Лекин сиздан бир илтимос: ишларингиз яхши бўлиб кетганда, мени ҳам эслаб қўйинг. Сиз менга илтифот кўрсатиб, фиръавнга мен тўғримда ҳам эслатиб қўйинг: мени зиндондан чиқариб олсин.

15 Мен аслида ибронийлар юртидан ўғирлаб келтирилганман. Бунинг устига, яна бу ерда зиндондаман, лекин ҳеч қандай айбим йўқ.

16 Новвой қараса, тушнинг таъбири яхшиликка экан. У Юсуфга деди:

— Мен ҳам туш кўрибман. Бошимда учта нон саватни олиб кетаётган эмишман.

17 Энг тепадаги саватда фиръавнга аталган пишириқларнинг ҳар туридан бор экан. Лекин қушлар учиб келиб, бошимдаги саватдан пишириқларни чўқиётган экан.

18 — Тушингизнинг таъбири шундай бўлар, — деди Юсуф. — Учта сават — уч кун дегани.

19 Уч кун ичида фиръавн бошингизни танангиздан жудо қилиб, танангизни тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтиради. Қушлар танангизни чўқиб ейди.

20 Орадан уч кун ўтгач, фиръавн туғилган кунида барча аъёнларига зиёфат берди. Соқийси билан новвойини ҳам зиндондан аъёнлари олдига чақиртирди.

21 Фиръавн соқийсини озод қилиб, олдинги мансабига қайтарди. Шундай қилиб, соқий яна фиръавнга қадаҳ тутадиган бўлди.

22 Лекин Юсуф айтгандай, фиръавн новвойнинг бошини олдириб, жасадини тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтирди.

23 Соқий эса Юсуфни эсламади, уни унутиб юборди.

Юсуф фиръавннинг тушини таъбир қилади

1 Орадан икки йил ўтди. Бир куни Миср фиръавни туш кўрди. Тушида у Нил дарёси бўйида турган эмиш.

2 Бир пайт дарёдан еттита боқилган, семиз сигир чиқиб, қирғоқдаги ўтларни ея бошлабди.

3 Сўнгра дарёдан яна еттита сигир чиқибди. Бу сигирлар жуда ҳам хунук, ориқ экан. Булар семиз сигирларнинг ёнига келиб турибди.

4 Бир вақт ориқ сигирлар семиз сигирларни еб қўйибди! Шундан кейин фиръавн уйғониб кетди.

5 Сўнгра у яна ухлаб қолди ва бошқа туш кўрди. Тушида битта буғдой поясида еттита тўлиқ, пишган бошоқ ўсган эмиш.

6 Кейин ўша пояда яна еттита бошоқ ўсиб чиқибди. Бу бошоқлар саҳро шамолида қовжираб, пучайиб кетган экан.

7 Бирдан пучайган бошоқлар еттита пишган, тўлиқ бошоқни ютиб юборибди!

Фиръавн яна уйғониб кетди. Бу туши экан.

8 Фиръавн саҳарда кўрган тушини ўйлаб, кўнгли жуда ғаш бўлди. “Тушим нимадан дарак берар экан”, деб жуда хавотирланди. Шу боисдан Мисрдаги жамики сеҳргарларни ва донишмандларни чақиртирди. Фиръавн уларга кўрган тушини айтиб берди. Лекин уларнинг биронтаси фиръавннинг тушини таъбир қилиб бера олмади.

9 Шу орада фиръавннинг соқийси сўз олди:

— Бугун айбларимни эътироф этишимга тўғри келади.

10 Жаноби олийлари! Сиз бирмунча вақт олдин новвой билан мендан ғазабланиб, бизни қўриқчилар бошлиғининг уйидаги зиндонга ташлаган эдингиз.

11 Новвой билан мен бир куни кечаси туш кўрибмиз. Тушларимизнинг ўзига хос маъноси бор эди.

12 Биз билан зиндонда бир иброний йигит ҳам ётган эди. У қўриқчилар бошлиғининг хизматкори эди. Биз ўша иброний йигитга тушимизни айтганимизда, ҳар биримизнинг тушимизни таъбир қилиб берди.

13 Ҳаммаси ўша иброний йигит айтгандай бўлди. Мен олдинги мансабимга қайтдим, новвойни эса тик ўрнатилган ходага қоқишди.

14 Фиръавн Юсуфга одам юборди. Юсуф зудлик билан зиндондан чиқарилди. У соқолини олиб, кийимларини ўзгартирди–да, фиръавннинг ҳузурига келди.

15 — Ўтган кечаси мен туш кўрдим, — деб гап бошлади фиръавн Юсуфга. — Лекин ҳеч ким тушимни таъбир қилиб бера олмади. Эшитишимча, сен тушларни таъбирлай олар экансан. Шу сабабдан сени чақиртирган эдим.

16 — Жаноби олийлари, мен ўзим тушингизни таъбирлай олмайман, — деб жавоб берди Юсуф. — Тўғри жавобни сизга Худо беради.

17 Шундан кейин фиръавн Юсуфга тушини айтди:

— Тушимда Нил дарёси бўйида турган эмишман.

18 Бир пайт дарёдан еттита боқилган, семиз сигир чиқиб, қирғоқдаги ўтларни ея бошлабди.

19 Сўнгра дарёдан яна еттита сигир чиқибди. Бу сигирлар жуда ҳам хунук, ориқ экан. Бунақанги хунук сигирни бутун Миср юртида кўрмаган эдим.

20 Бир вақт ориқ, хунук сигирлар дарёдан олдин чиққан семиз сигирларни еб қўйибди.

21 Хунук сигирлар семиз сигирларни егандан кейин ҳам, улар ҳеч нарса емагандай хунуклигича қолавердилар. Шундан кейин уйғониб кетибман.

22 Сўнгра яна ухлаб қолиб, бошқа туш кўрибман. Тушимда битта буғдой поясида еттита тўлиқ, пишган бошоқ ўсган эмиш.

23 Кейин ўша пояда яна еттита бошоқ ўсиб чиқибди. Бу бошоқлар саҳро шамолида сўлиб, қовжираб, пучайиб кетган экан.

24 Бирдан пучайган бошоқлар еттита пишган, тўлиқ бошоқни ютиб юборибди! Мен тушимни сеҳргарларимга айтган эдим, лекин биронтаси ҳам маъносини айтиб бера олмади.

25 — Фиръавн жаноби олийларининг иккала тушининг маъноси ҳам бирдир, — деди Юсуф фиръавнга. — Худо нима қилмоқчи эканини фиръавнимизга аён этибди.

26 Еттита семиз сигир ва еттита тўлиқ бошоқ етти йил деганидир, буларнинг маъноси бирдир. Шу йиллари фаровонлик бўлади.

27 Еттита озғин, хунук сигир билан еттита пучайган бошоқ ҳам етти йил деганидир. Шу йиллари қаҳатчилик бўлади.

28 Фиръавн жаноблари! Айтганимдай, Худо нима қилмоқчи эканини сизга кўрсатибди.

29 Бутун Миср юртида етти йил давомида ҳосил ниҳоятда мўл бўлади.

30 Лекин шундан кейин етти йил давомида шундай даҳшатли қаҳатчилик бўладики, Мисрда олдинги фаровонлик йиллари унутилиб кетади. Қаҳатчилик юртни хароб қилади.

31 Қаҳатчилик ниҳоятда оғир бўлганидан, одамлар хотирасидан фаровонлик даври тамомила ўчиб кетади.

32 Фиръавн жаноблари икки марта туш кўрганларининг маъноси шуки, бу иш муқаррар юз беришини Худо таъкидлаяпти, Худо буни яқин орада амалга оширади.

33 Шунинг учун, фиръавн жаноблари, сиз ақл–идрокли, доно бир одамни танлаб олиб, Миср юрти устидан тайинланг.

34 Яна юрт устидан назоратчилар тайин қилинг. Ўша назоратчилар ҳосилдор етти йил давомида Миср юртидаги бутун ҳосилнинг бешдан бир қисмини олсинлар.

35 Уларга фармон беринг: фаровонлик йиллари давомида улар дон ғамлашсин, сизнинг назоратингиз остида шаҳарларда дон йиғиб, қўриқлашсин.

36 Шу йўл билан етти йил қаҳатчилик даврида озиқ–овқат бўлиши учун дон ғамланиб туради. Акс ҳолда, қаҳатчилик, шубҳасиз, юртни хароб қилади, бутун халқ ҳалок бўлади.

Юсуф Миср ҳокими бўлади

37 Юсуфнинг маслаҳати фиръавнга ҳам, унинг барча аъёнларига ҳам жуда маъқул келди.

38 Фиръавн аъёнларига: “Биз Юсуфдан бошқа Худонинг Руҳи бошқарадиган бирорта одамни топа олармидик”, деб айтди.

39 Шу боисдан Юсуфга:

— Худо буларнинг ҳаммасини сенга аён қилган экан, бу юртда энг ақл–идрокли, доно одам сенсан, — деди.

40 — Мен сени ўзимга вазир қилиб тайинлайман, бутун халқим сенинг буйруғингга итоат этади. Мен сендан фақат тахтим билан устунман, холос.

41 Фиръавн яна Юсуфга:

— Мана, сени бутун Миср юрти устидан ҳоким қилиб тайинладим, — деди.

42 Сўнг фиръавн ўзининг муҳр узугини бармоғидан чиқариб, Юсуфнинг бармоғига тақиб қўйди. У Юсуфга шоҳона либослар кийдириб, бўйнига олтин занжир тақиб қўйди.

43 Фиръавн Юсуфга ўнг қўл вазир сифатида извошини ҳам тақдим қилди. Юсуф қаерга бормасин, одамларга: “Тиз чўкинглар!” деган буйруқ бериларди. Шундай қилиб, фиръавн Юсуфни бутун Миср юрти устидан ҳоким қилди.

44 Фиръавн Юсуфга яна шундай деди:

— Фиръавн мен бўлсам ҳам, бутун Миср юртида бирон кимса сенинг ижозатингсиз ҳатто миқ этолмайди.

45 Фиръавн Юсуфга Зофнат–Паниёх деб исм қўйди ва Он шаҳри руҳонийси Пўтиферонинг қизи Осанатни олиб берди. Шундай қилиб, Юсуф бутун Миср юртида ҳоким бўлиб қолди.

46 Юсуф Миср фиръавни хизматига кирган пайтда, ўттиз ёшда эди. Юсуф фиръавн саройидан чиқиб, бутун Миср юртини кезиб чиқарди.

47 Етти йил фаровонлик даврида ер мўл–кўл ҳосил берди.

48 Шу йиллар давомида Юсуф Мисрда етиштирилган ҳосилдан бир қисмини олиб, шаҳарларда дон ғамлади. Хусусан, ҳар бир шаҳар атрофидаги далалардан ўша шаҳарга дон йиғиларди.

49 Юсуф шунчалик кўп дон ғамладики, денгиздаги қумдек кўп эди. Шунинг учун донни ўлчамай қўйди. Дон беҳисоб даражада кўп эди.

50 Қаҳатчилик йиллари бошланишидан олдин, Юсуфга хотини Осанат икки ўғил туғиб берди.

51 Юсуф: “Қайғуларимни ва отам хонадонини Худо эсимдан чиқарди”, деб тўнғич ўғлининг исмини Манаше қўйди.

52 Иккинчи ўғлининг исмини Эфрайим қўйди. “Чунки, — деди Юсуф, — мен азоб–уқубат тортган юртда Худо мени баракали қилди.”

53 Ниҳоят, ҳосилдор етти йил ҳам тугади.

54 Юсуф таъбир қилгандай, етти йиллик қаҳатчилик бошланди. Атрофдаги ҳамма юртларда дон танқис бўлиб, Миср юртидагина нон бор эди.

55 Охири, Миср юртида ҳам очарчилик бошланди. Миср халқи нон сўраб фиръавнга ёлворди. Фиръавн эса халққа: “Юсуфга боринглар, у нима деса, шуни қилинглар”, деди.

56 Қаҳатчилик кучайиб, бутун юртга ёйилгач, Юсуф ҳамма омборхоналарнинг эшикларини очиб, Мисрликларга дон сота бошлади.

57 Бутун дунё бўйлаб қаҳатчилик кучайиб борар, шунинг учун атрофдаги юртларнинг халқлари Юсуфдан дон сотиб олгани Мисрга келишарди.

Юсуфнинг акалари дон сотиб олгани Мисрга келишади

1 Ёқуб: “Мисрда дон бор экан”, деб эшитгач, ўғилларига деди:

— Бир–бирларингизга термулиб ўтираверасизларми?

2 Мисрда дон бор экан, деб эшитдим. Боринглар, ўзимизга дон сотиб олиб келинглар, тағин очликдан ўлиб кетмайлик.

3 Шундай қилиб, Юсуфнинг ўнта акаси ҳам дон сотиб олгани Мисрга кетишди.

4 Лекин Ёқуб Юсуфнинг укаси Беняминни ўғиллари билан бирга юбормади. “Бенямин ҳам бирор фалокатга йўлиқмасин”, деб қўрқарди.

5 Шундай қилиб, Ёқубнинг ўғиллари дон сотиб олгани келган бошқа одамлар билан бирга Мисрга келишди. Чунки Канъон юртида ҳам очарчилик бошланган эди.

6 Юсуф бу пайтда бутун Миср устидан ҳоким бўлгани учун юрт халқига дон сотар эди. Юсуфнинг акалари келиб, бошлари ерга теккудай бўлиб, унга таъзим қилишди.

7 Юсуф акаларини кўрибоқ, дарров таниди. Лекин Юсуф уларга худди нотанишлардай муомала қилди:

— Қаердан келдингиз? — деб дағаллик билан сўради Юсуф улардан.

— Канъон юртидан, дон сотиб олгани келдик, — деб жавоб беришди улар.

8 Юсуф акаларини таниган бўлса ҳам, акалари Юсуфни танимадилар.

9 Юсуф акалари тўғрисида анча йиллар олдин кўрган тушларини эслади. Юсуф уларга:

— Сизлар жосуссизлар! — деди. — Сизлар бу юртнинг заиф томонларини билиш учун келгансизлар.

10 — Йўқ, ҳазрати олийлари! Бу қулларингиз фақат дон сотиб олгани келишган! — деб жавоб бердилар акалари.

11 — Биз ҳаммамиз бир одамнинг фарзандларимиз, тўғри одамлармиз. Бу қулларингиз ҳеч қачон жосуслик қилишмаган!

12 — Йўқ! Сизлар бу юртнинг заиф томонларини билиш учун келгансизлар! — деди Юсуф.

13 — Биз, қулларингиз, ўн икки ака–укамиз, отамиз Канъон юртида, — дейишди улар. — Энг кичик укамиз у ерда отамиз билан қолди. Битта укамиз эса нобуд бўлган.

14 — Сизлар жосуссизлар дедимми, жосуссизлар! — дея гапида туриб олди Юсуф.

15 — Энди айтганларингизни текшириб кўраман. Фиръавннинг номини ўртага қўйиб қасам ичаманки, агар энг кичик укангиз бу ерга келмаса, сизлар Мисрдан кетмайсизлар.

16 Сизлардан биттангиз бориб, укангизни олиб келасиз, қолганларингиз зиндонда ётиб турасизлар. Айтганларингиз тўғрими, йўқми, текширилади. Агар тўғри бўлмаса, фиръавннинг номини ўртага қўйиб қасам ичаманки, сизлар, шубҳасиз, жосус бўлиб чиқасизлар.

17 Юсуф уларнинг ҳаммасини уч кун зиндонга қамаб қўйди.

18 Учинчи куни Юсуф уларга деди:

— Мен Худодан қўрқадиган одамман. Агар менинг айтганларимни қилсангиз, тирик қоласизлар.

19 Агар тўғри одамлар бўлсангизлар, биттангиз зиндонда қоласиз, қолганларингиз эса оч қолган оилаларингиз учун дон олиб, уйларингизга кетишларингиз мумкин.

20 Кичик укангизни менинг олдимга олиб келасизлар. Шу йўл билан сизларнинг сўзларингизни текшириб кўраман. Гапларингиз тўғри бўлса, сизларга шафқат қиламан.

Ҳаммалари бу гапга рози бўлишди.

21 Улар бир–бирларига гапира бошладилар: “Мана, укамизга нима қилган бўлсак, энди жазосини тортяпмиз. У қанчалар азобланганини кўзимиз билан кўриб, ёлворишларини эшитганимизда ҳам, қулоқ солмаган эдик. Шу сабабдан бу азоблар ўзимизнинг бошимизга ҳам келди.”

22 Шунда Рубен уларга деди:

— Болага зарар етказманглар, деб айтмаганмидим?! Лекин сизлар гапимга қулоқ солмадингиз. Мана энди унинг қони бизни тутади.

23 Юсуф шу ерда турган эди. Акалари: “Гапимизни мана бу одам тушунади” деб хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Чунки Юсуф акалари билан тилмоч орқали гаплашарди.

24 Юсуф акаларининг олдидан кетиб, йиғлади. Бир оз ўзини босиб олгач, қайтиб келиб, улар билан гаплашди. Сўнг уларнинг орасидан Шимўнни ажратиб олди ва уларнинг кўзи олдида боғлатди.

Юсуфнинг акалари Канъонга қайтишади

25 Шундан кейин Юсуф хизматкорларига шундай буйруқ берди: “Бу одамларнинг қопларини донга тўлдириб беринглар. Ҳар бирининг кумушларини қопига қайтариб солиб қўйинглар, уларга йўл учун керакли озиқ–овқат беринглар.” Ҳаммаси Юсуф буюргандай бўлди.

26 Ака–укалар донларни эшакларига юклаб, йўлга тушдилар.

27 Кечаси бир жойда тунагани тўхтадилар. Улардан бири қопини очиб, эшагига ем олмоқчи бўлган эди, қараса, қоп ичида кумушлари турибди!

28 У ака–укаларига: “Вой, қаранглар! Мана кумушларим! Қопимнинг ичида экан!” деб ҳайратланди. Шунда уларнинг юраклари қинидан чиққудай бўлиб қалтираб, бир–бирларига: “Энди Худо бошимизга нима соляпти экан–а?!” дер эдилар.

29 Улар Канъон юртига — оталари ҳузурига қайтиб келганларидан кейин, бошларидан ўтган ҳамма воқеаларни унга айтиб бердилар:

30 — Ўша юртнинг ҳокими биз билан жуда қўпол гаплашди, бизни, жосуссизлар, деди.

31 Лекин биз тўғри одам эканимизни, жосус эмаслигимизни айтдик.

32 Унга: “Биз ўн икки ака–укамиз, битта отанинг фарзандларимиз, битта укамиз нобуд бўлган, энг кичик укамиз отамиз билан Канъонда қолган”, деб айтдик.

33 Кейин ўша юртнинг ҳокими бизга айтди: “Сизлар тўғри одамлар эканингизни текшириб кўраман. Биттангиз мен билан қоласиз, бошқаларингиз эса оч қолган оилаларингиз учун дон олиб кетаверасизлар.

34 Энг кичик укангизни менинг олдимга олиб келасизлар. Ана шунда сизлар жосус эмас, балки тўғри одам эканингизни билиб оламан. Сўнгра мана бу туғишганингизни сизлар билан бирга жўнатиб юбораман. Сизлар дон сотиб олгани тез–тез келиб тураверасизлар.”

35 Улар қопларини бўшатаётганларида, қарасалар, ҳаммасининг қопи ичида тугунчада кумушлари турибди. Ота–болалар тугунчалардаги кумушларни кўрганларида, ваҳимага тушдилар.

36 Шунда Ёқуб ўғилларига айтди:

— Мени ҳамма болаларимдан жудо қилмоқчимисизлар? Юсуф йўқолди, Шимўн ҳам йўқ, энди эса Беняминни олиб кетмоқчисизлар! Пешанам бунча шўр бўлмаса!

37 Рубен отасига деди:

— Агар Беняминни сизга қайтариб олиб келмасам, майли, менинг иккала ўғлимни ўлдираверинг! Беняминни менга ишониб топширинг, ўзингизга қайтариб олиб келиб бераман.

38 — Ўғлим сизлар билан бирга бормайди, — деди Ёқуб. — Акаси Юсуф ўлган, ўзи ёлғиз қолди. Йўлда у бирор фалокатга йўлиқиши мумкин. Қариганимда мени қайғудан ўликлар диёрига киритасизлар.

Юсуфнинг акалари Беняминни Мисрга олиб келишади

1 Канъон юртида қаҳатчилик ҳаддан ортиқ кучайди.

2 Ёқубнинг ўғиллари Мисрдан олиб келган донни еб тугатишди. Шундан кейин Ёқуб ўғилларига:

— Яна бориб, бир оз дон сотиб олиб келинглар, — деди.

3 Яҳудо отасига шундай деди:

— Ўша одам, укангизни олиб келмагунларингизча, кўзимга кўринманглар, деб бизни огоҳлантирган.

4 Агар укамизни биз билан бирга жўнатсангиз, бориб, сизга дон сотиб олиб келардик.

5 Лекин Беняминни юбормасангиз, биз ҳам бормаймиз. Чунки ўша одам, укангизни олиб келмасангиз, кўзимга кўринманглар, деб айтган.

6 Ёқуб:

— Нимага ўша одамга, яна укамиз бор, деб бошимга бало орттирдингиз?! — деб зорланди.

7 Улар шундай жавоб бердилар:

— У одам: “Отангиз ҳаётми? Бошқа укангиз ҳам борми?” деб ўзимиз, оиламиз тўғрисида сўраб–суриштирди. Биз унинг саволларига жавоб бердик. “Укангизни менинг олдимга олиб келинглар”, деб айтишини қаердан билибмиз?!

8 Яҳудо отасига деди:

— Укамизни мен билан жўнатинг, энди йўлга чиқайлик, токи сизу биз, болаларимиз очликдан ўлмай, тирик қолайлик.

9 Унга мен ўзим кафил бўламан, у учун мени масъул деб билаверинг. Агар уни қайтариб олиб келиб қўлингизга топширмасам, умр бўйи сизнинг олдингизда айбдор бўлиб қолай.

10 Агар орқага сурмаганимизда эди, ҳозиргача икки марта бориб келган бўлардик.

11 Ниҳоят, Ёқуб ўғилларига деди:

— Бошқа иложи йўқ экан, энди бундай қилинглар: юртимизнинг ноз–неъматларидан қопларингизга солинглар. Бир оз мумиё, асал, хушбўй зираворлар, мирра, писта, бодом ҳам олиб, ўша одамга ҳадя қилиб олиб боринглар.

12 Ўтган сафар қопларингизга кумушларни солиб қайтариб юборишган эди, шунинг учун кумушни икки баробар кўп олинглар. Кимдир адашган бўлиши мумкин.

13 Укангизни ҳам олинглар–у, ҳозироқ ўша одамнинг олдига жўнанглар.

14 Ўша одам болаларимга раҳм қилсин, деб Қодир Худога илтижо қиламан, токи у Шимўн билан Беняминни қайтариб юборсин. Агарда фарзандларимдан жудо бўладиган бўлсам, майли, бўла қолай.

15 Шундай қилиб, улар ҳар хил ҳадялар, икки баробар кўп кумуш олдилар–да, Беняминни ҳам эргаштириб, Мисрга шошилдилар. Мисрга етиб келиб, Юсуфнинг ҳузурига кирдилар.

16 Юсуф уларнинг ёнида Беняминни ҳам кўрди ва қулбошисига буюрди: “Бу одамларни уйга олиб бор, биронта жонлиқ сўйиб, тайёргарлик кўр. Улар тушликни мен билан бирга ейдилар.”

17 Қулбоши Юсуф айтгандай қилди: ака–укаларни Юсуфнинг уйига олиб кетди.

18 Қулбоши ака–укаларни Юсуфнинг уйига олиб келгани учун, улар жуда қўрқиб кетишди. Улар бир–бирига дедилар: “Ўтган сафар қопларимизга кумушларимизни қайтариб солиб қўйишган эди. Шу сабабдан қулбоши бизни бу ерга олиб келган. Энди у бизни ўғриликда айблайди. Бизни ушлаб, қул қилиб олади, эшакларимизни ҳам тортиб олади.”

19 Юсуфнинг дарвозаси олдида ака–укалар қулбошига айтдилар:

20 — Кечирасиз, ҳазрат, биз ўтган сафар ҳам дон сотиб олгани келган эдик.

21 Уйга қайтиб кетаётганимизда, тунда дам олгани бир жойда тўхтаб, қопларимизни очдик. Дон сотиб олганимизда тўлаган кумушимизнинг ҳаммаси қопларимизнинг ичида экан. Мана, ўша кумушларни қайтариб олиб келдик.

22 Биз яна дон сотиб олгани қўшимча кумуш олиб келдик. Ким у кумушларни қопларимизга солиб қўйган экан, билмаймиз.

23 — Хотиржам бўлинглар, — деди Юсуфнинг қулбошиси, — бу тўғрида хавотир олманглар. Дон сотиб олишга келтирган кумушларингизнинг ҳаммасини мен олган эдим. Худойингиз — отангизнинг Худоси қопларингизга хазина солиб қўйган бўлса керак.

Сўнг қулбоши Шимўнни уларнинг олдига олиб келди.

24 Қулбоши ака–укаларни Юсуфнинг уйига олиб келгандан кейин, уларга сув берди. Ака–укалар оёқларини ювиб олишди. Қулбоши уларнинг эшакларига ҳам ем берди.

25 Ака–укаларга, Юсуф ҳазрати олийлари билан бирга тушлик қиласизлар, деб айтишди. Шунинг учун Юсуф келгунча, улар ҳадяларини тайёрлаб қўйдилар.

26 Юсуф уйга келгач, улар ҳадяларини Юсуфга бериб, мук тушиб таъзим қилишди.

27 Юсуф улардан ҳол–аҳвол сўради.

— Отангизнинг аҳволлари қалай? Кекса отамиз бор, деб айтган эдингиз. У ҳозир ҳам ҳаётми?

28 — Қулингиз — отамиз яхши юрибдилар, ҳозир ҳаётлар, — деб жавоб беришди ака–укалар. Сўнг улар Юсуфга эгилиб таъзим қилишди.

29 Юсуф туғишган укаси Беняминни кўриб, улардан сўради:

— Кенжа укамиз бор, деб айтган эдингиз. Шу бола укангизми? Худо сенга марҳамат қилсин, ўғлим!

30 Юсуф шундай деб, укасига меҳри товланиб кетганидан йиғлаб юборай дерди. Шунинг учун Юсуф дарров ичкари хонага чиқди–ю, у ерда йиғлаб юборди.

31 Бир оздан кейин Юсуф юзини ювиб, ўзини қўлга олди ва ака–укаларининг олдига қайтиб кирди. “Таомлар келтирилсин!” деб буйруқ берди.

32 Юсуфга алоҳида дастурхонда, ака–укаларига эса бошқа дастурхонда таомлар тортилди. Юсуфникидаги Мисрликлар эса алоҳида дастурхонда таом ейишди. Мисрликлар ибронийлар билан дастурхон атрофида бирга ўтириб овқат ейишдан ҳазар қилишар эди.

33 Юсуф ҳар бир акасига қайси жойда ўтиришини кўрсатди. Ҳар бирини ёши бўйича, катта–кичиклигига қараб ўтқазди. Ака–укалар бир–бирларига таажжуб билан қараб қўйдилар.

34 Ака–укаларга таомларни Юсуфнинг дастурхонидан тарқатишди. Беняминга берилган таом бошқа акалариникига қараганда беш ҳисса кўп эди. Ака–укалар таомни еб, Юсуф билан бирга май ичиб, хушнуд бўлдилар.

Йўқолган қадаҳ

1 Ака–укалар кетишга тайёрланишди. Юсуф қулбошисига шундай кўрсатма берди: “Бу одамларнинг қопларини кўтара оладиган қилиб донга тўлдир. Ҳар бирининг қопига кумушларини қайтариб солиб қўй.

2 Кенжасининг қопи ичига эса кумушлари билан бирга менинг кумуш қадаҳимни ҳам солиб қўй.” Қулбоши ҳаммасини Юсуф айтгандай қилди.

3 Эртасига тонг ёришиши биланоқ, ака–укаларни юк ортилган эшаклари билан жўнатиб юборишди.

4 Улар ҳали шаҳардан унча узоқлашмаган ҳам эдиларки, Юсуф қулбошисига буюрди:

— Бор, анави одамларнинг изидан туш. Уларга етиб олганингдан кейин шундай деб айт: “Нимага яхшиликка ёмонлик қилдингиз?

5 Хўжайинимнинг кумуш қадаҳини ўғирлаганингиз нимаси? Хўжайиним ундан ичимлик ичиш учун, фол очиш учун фойдаланарди, ахир! Қандай ёмон иш қилиб қўйибсизлар–а!”

6 Қулбоши ака–укаларга етиб олиб, ўргатилган гапларни айтди.

7 — Нимага бундай гапларни гапиряпсиз?! — деб жавоб қайтаришди улар. — Худо сақласин! Бу қулларингиз унақа иш қилмайди!

8 Ўзингиз ўйланг, қопларимиздан топиб олган кумушларни Канъондан сизга қайтариб олиб келдик–ку. Шундай экан, биз хўжайинингизнинг уйидан кумуш ёки олтин ўғирлармидик?!

9 Агар ўша нарса биз, қулларингиздан топилса, майли, ўша одам ўлдирилсин. Қолганларимиз ҳазрати олийларига қул бўлайлик.

10 — Майли, мен розиман, сизлар айтганча бўла қолсин, — деди қулбоши. — Кумуш қадаҳ кимдан топилса, у менга қул бўлади. Қолганларингиз эса озод бўласизлар.

11 Сўнгра ҳар бири тезда эшаклари устидан қопларини олиб, очдилар.

12 Юсуфнинг қулбошиси тўнғичининг қопидан бошлаб кенжасининг қопигача титиб чиқди. Қадаҳ Беняминнинг қопидан чиқиб қолса бўладими!

13 Улар умидсизликка тушиб, қайғудан кийимларини йиртдилар. Эшакларига яна юкларини ортиб, орқага — шаҳарга қайтиб келдилар.

14 Яҳудо ва ака–укалар Юсуфнинг уйига келишди. Юсуф ҳали уйида экан. Ака–укалар Юсуфнинг олдида ўзларини ерга отдилар.

15 — Бу қилганингиз нимаси? — деб сўроққа тутди Юсуф уларни. — Мендай бир одам фол очиб билиб олишимни билмасмидингиз?!

16 — Жаноби олийларига нима ҳам дердик? Худо бу қулларингизнинг қилган жиноятларини фош қилди. Энди ўзимизни қандай ҳимоя қила олардик?! Қандай қилиб ўзимизни оқлардик?! Жаноби олийлари! Сизнинг қадаҳингиз укамизнинг қопидан топилган экан, энди укамиз билан бирга биз, ҳаммамиз, сизга қул бўлишга тайёрмиз.

17 — Йўқ, Худо сақласин! Ҳечам бундай қилмайман! — деди Юсуф. — Фақат қадаҳни ўғирлаган одамгина менга қул бўлади. Қолганларингиз эса эсон–омон отангизнинг олдига қайтинглар.

Яҳудо Бенямин учун ёлворади

18 Шунда Яҳудо Юсуфга яқинроқ келиб деди:

— Жаноби олийлари! Ўзингиз фиръавн кабисиз. Сиз, жанобларига мен бир оғиз сўз айтсам, ғазабланманг.

19 Сиз биздан: “Отангиз ёки укангиз борми?” деб сўраган эдингиз.

20 Биз шундай деб жавоб бердик: “Ҳа, қари отамиз ва кенжа укамиз ҳам бор, отамиз уни кексайганда кўрган. Унинг акаси эса ўлган, онасидан бир ўзи ёлғиз қолган. Отамиз уни жуда яхши кўради.”

21 Кейин сиз биз, қулларингизга: “Ўша укангизни менинг олдимга олиб келинглар, уни ўзим кўрайин–чи”, дедингиз.

22 Биз эса сизга: “Бола отасини ташлаб кела олмайди, агар ташлаб келса, отаси ўлиб қолиши мумкин”, деб айтдик.

23 Кейин сиз бизга: “Укангизни олиб келмагунларингизча, кўзимга кўринманглар”, дедингиз.

24 Қулингиз — отамизнинг ҳузурига қайтиб борганимизда, сизнинг гапларингизни унга айтдик.

25 Вақти келиб, отамиз бизга: “Яна бориб, ўзимизга бир оз дон сотиб олиб келинглар”, деди.

26 Лекин биз отамизга айтдикки: “Ўзимиз бора олмаймиз, агар кенжа укамиз биз билан бирга кетсагина, бора оламиз, укамиз бормагунча, биз ўша одамнинг кўзига кўрина олмаймиз.”

27 Шунда отамиз бизга деди: “Биласизларки, хотиним Роҳиладан икки ўғил қолган эди.

28 Биридан айрилдим, уни шубҳасиз, йиртқич ҳайвон тилка–пора қилиб ташлаган. Уни ўшандан кейин кўрмадим.

29 Агар бунисини ҳам мендан олиб кетсангиз, у бирор фалокатга йўлиқиб қолса, қариганимда мени қайғудан ўликлар диёрига киритасизлар.”

30 Энди, жаноби олийлари, мен отамнинг олдига бу болани ташлаб бора олмайман. Отамизнинг умри бу боланинг ҳаётига боғлиқ.

31 Бола биз билан йўқлигини отамиз кўргандан кейин, у ўлиб қолади. Биз эса кекса отамизни қайғудан ўликлар диёрига тиқамиз.

32 Мен, қулингиз, мана шу бола учун отамга кафил бўлганман. Отамга: “Агар уни қўлингизга қайтариб олиб келиб топширмасам, умр бўйи сизнинг олдингизда айбдор бўлиб қолай”, деб айтганман.

33 Илтимос қиламан, жаноби олийлари, шу боланинг ўрнига мен сизга қул бўлиб қолай, рад этманг. Бола акалари билан бирга қайтиб кетаверсин.

34 Агар бола мен билан бирга кетмаса, отамнинг олдига қайси юз билан қайтиб бораман?! Отамнинг бошига тушадиган кулфатларга қараб туришга бардош беролмайман.

Юсуф ака–укаларига ўзини танитади

1 Энди Юсуф ортиқ чидаб тура олмади. У хизматкорларига: “Ҳамма ҳузуримдан чиқсин!” деб буюрди. Юсуф ўзини ака–укаларига танитганда, ҳузурида ҳеч ким қолмаган эди.

2 У шундай қаттиқ йиғладики, хонадонидаги Мисрликлар эшитди. Бу янгилик тезда фиръавннинг саройига етиб борди.

3 — Мен Юсуфман! — деди у ака–укаларига. — Отам ҳали ҳам ҳаёт экан–да?

Лекин ака–укалар Юсуфнинг қаршисида даҳшатга тушиб, жавоб беришга тиллари ожиз эди.

4 — Менга яқинроқ келинглар! — деди Юсуф. Ака–укалари унга яқинроқ боришди.

— Мен Юсуфман! — деди у яна, — сизлар Мисрга сотган укангизман!

5 Мени бу ерга сотганингиздан ғам чекманглар, ўзларингиздан хафа ҳам бўлманглар. Худо шундай қилди. Худо инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун сизлардан олдин мени бу ерга жўнатган экан.

6 Икки йилдирки, юртда қаҳатчилик. Яна беш йил бу юртда на ер ҳайдалади, на ҳосил бўлади.

7 Худо ана шундай ғаройиб йўл билан сизларни ва наслингизни қутқариб, омон қолдириш учун сизлардан олдин мени юборди.

8 Ҳа, мени бу ерга сизлар эмас, Худо юборган! Худо мени фиръавнга маслаҳатчи, унинг бутун хонадонига хўжайин, Миср юрти устидан ҳоким қилди.

9 Тез бўлинглар, отамнинг олдига қайтиб бориб, унга шундай деб айтинглар: “Ўғлингиз Юсуфни Худо бутун Миср устидан ҳоким қилибди. Кечиктирмай йўлга отланинг.

10 Сиз Гўшен ерларига ўрнашар экансиз. Ўзингиз, болаларингиз, набираларингиз, қўй–эчкиларингиз, подаларингиз — ҳамма мол–мулкингиз билан бирга Юсуфга яқин жойда бўласиз.

11 Сизга Юсуф қараб турар экан. Ҳали олдимизда беш йил қаҳатчилик турибди. Ўзингиз ҳам, хонадонингиз ҳам оч қолмас экан, чорвангиз ҳам оч қолмас экан.”

12 Ўзларингиз кўриб турибсизлар, укам Бенямин, сен ҳам кўриб турибсан, сизларга бу гапларни айтаётган мен Юсуфман.

13 Мисрда мен қанчалик шон–шуҳратга эришганимни, ўз кўзларингиз билан кўрганингизни отамга айтинглар. Отамни тезлик билан менинг олдимга олиб келинглар.

14 Юсуф укаси Беняминни қучоқлаб, бўйнига осилиб, хурсандлигидан йиғлар, Бенямин ҳам йиғлар эди.

15 Сўнг Юсуф йиғлаганича, акаларини бирма–бир қучоқлаб ўпди. Энди акалари Юсуф билан бемалол гаплаша бошладилар.

16 “Юсуфнинг ака–укалари келибди!” деган хабар тезда фиръавн саройига етиб борди. Фиръавн ва унинг аъёнлари ғоятда хурсанд бўлдилар.

17 Фиръавн Юсуфга деди:

— Ака–укаларингга айт, юкларини уловларига ортиб, Канъонга қайтишсин.

18 Отангни, бола–чақаларини олиб, Мисрга қайтиб келишсин. Мен уларга юртнинг энг яхши ерларини берай. Улар бу ерда тўкин–сочинликда яшайдилар.

19 Уларга айт, Мисрдан аравалар олиб кетишсин. Хотинларини, болаларини, отангни ўша араваларда бу ерга олиб келишади.

20 Қолиб кетган мол–мулкларига ачинишмасин. Мисрнинг энг яхши ноз–неъматлари уларникидир.

21 Ёқубнинг ўғиллари айтилгандай қилдилар: фиръавннинг кўрсатмасига биноан, Юсуф уларга аравалар берди. Шунингдек, уларга йўл учун озиқ–овқат ҳам ғамлаб берди.

22 Юсуф акаларининг ҳар бирига бир сидрадан янги кийим–бош, Беняминга эса беш сидра кийим–бош ва уч юз бўлак кумуш берди.

23 Отамга деб ўнта эшакка Мисрнинг энг яхши ноз–неъматларидан, ўнта эшакка дон, отаси учун йўлда егани озиқ–овқат юклаб жўнатди.

24 Юсуф ака–укаларини йўлга кузатиб қўйди. Улар йўлга чиқаётганларида Юсуф: “Йўлда жанжаллашиб юрманглар”, деди.

25 Шундай қилиб, улар Мисрдан Канъон юртига — оталари ҳузурига қайтиб келдилар.

26 “Юсуф тирик экан! У бутун Миср юртининг ҳокими экан!” деб айтишди ўғиллари. Ёқуб бу янгиликдан ҳанг–манг бўлиб қолди, ўғилларининг гапига ишонмади.

27 Лекин ўғиллари Ёқубга Юсуфнинг ҳамма гапларини айтиб бўлиб, “Отамни Мисрга олиб келинглар”, деб Юсуф юборган араваларни кўрганда, Ёқубнинг руҳи тетиклашди.

28 — Худога шукур, ўғлим Юсуф тирик экан, менга шунинг ўзи кифоя, — деди Ёқуб, — ўлмасимдан бурун бориб уни кўриб қолай.

Ёқуб ва унинг оиласи Мисрга кўчади

1 Шундай қилиб, Ёқуб бутун мол–мулкини олиб, йўлга чиқди. У Бершебага етиб келиб, отаси Исҳоқнинг Худосига қурбонликлар қилди.

2 Тунда Худодан Ёқубга ваҳий келди:

— Ёқуб! Ёқуб!

— Лаббай! — деди у.

3 — Мен Худоман, отангнинг Худосиман, — деди Худо. — Қўрқмасдан Мисрга боравер, Мен у ерда сендан буюк халқ яратаман.

4 Мен сен билан бирга Мисрга бораман. Сен Юсуфнинг қўлида жон берасан. Вақти келиб, Сенинг наслингни Ўзим Мисрдан олиб чиқаман.

5 Сўнгра Ёқуб Бершебадан кетди. Ўғиллар отасини, болаларини, хотинларини фиръавн юборган араваларга ўтқаздилар.

6 Улар Канъонда орттирган чорвасини, ҳамма мол–мулкини олиб, Мисрга кетдилар. Ёқуб ва унинг ҳамма оила аъзолари

7 — ўғиллари, қизлари ва набиралари кетдилар.

8-9 Мисрга кетган Исроил халқи, яъни Ёқуб наслининг исмлари қуйидагичадир:

Ёқубнинг Леахдан кўрган насли

Ёқубнинг тўнғич ўғли Рубен ва унинг ўғиллари — Ханўх, Паллув, Хазрон ва Карми.

10 Шимўн ва унинг ўғиллари — Ямувол, Ёмин, Охад, Ёхин, Зўхар ва Шовул. (Шовулнинг онаси Канъонлик эди.)

11 Леви ва унинг ўғиллари — Гершон, Қоҳот, Марори.

12 Яҳудо ва унинг ўғиллари — Ғур, Ўнан, Шело, Параз ва Зерах. (Лекин Ғур ва Ўнан Канъон юртида вафот этган эдилар.)

Параз ва унинг ўғиллари — Хазрон ва Хомул.

13 Иссахор ва унинг ўғиллари — Тўло, Пувах, Ёшув ва Шимрон.

14 Забулун ва унинг ўғиллари — Саред, Элўн ва Яхлиёл.

15 Леахнинг бу ўғиллари ва қизи Дина Паддон–Орамда туғилган эдилар. Ёқубнинг Леахдан тарқалган насли жами бўлиб ўттиз уч киши эди.

Леахнинг чўриси Зилподан Ёқубнинг кўрган насли

16 Гад ва унинг ўғиллари — Зафўн, Хаги, Шуно, Эзбўн, Эри, Арўд ва Эрали.

17 Ошер ва унинг ўғиллари — Йимнах, Йишво, Йишви ва Бариё. Буларнинг Серах деган сингиллари ҳам бор эди. Бариёнинг ўғиллари — Хабер ва Малхиёл.

18 Зилпо Ёқубга туғиб берган насл ана шулардир. Улар ҳаммаси бўлиб ўн олти киши эди. Лобон Зилпони қизи Леахга чўри қилиб берган эди.

Ёқубнинг Роҳиладан кўрган насли

19 Ёқубнинг хотини Роҳила туққан ўғиллар — Юсуф билан Бенямин.

20 Юсуф Миср юртида икки ўғил — Манаше ва Эфрайимни кўрди. Юсуфнинг хотини Осанат Он шаҳрининг руҳонийси Пўтиферонинг қизи эди.

21 Бенямин ўғиллари — Белах, Бохир, Ошбол, Гера, Нўъмон, Эхи, Рўш, Мупим, Хупим ва Ард.

22 Ёқубнинг Роҳиладан тарқалган насли ана шулардир. Улар ҳаммаси бўлиб ўн тўрт киши эди.

Роҳиланинг чўриси Билхахдан Ёқубнинг кўрган насли

23 Дан ва унинг ўғли — Хушим.

24 Нафтали ва унинг ўғиллари — Яхзиёл, Гўно, Изар ва Шиллем.

25 Ёқубнинг Билхахдан тарқалган насли ана шулардир. Билхахни Лобон қизи Роҳилага чўри қилиб берган эди. Ҳаммаси бўлиб етти киши эди.

26 Ёқуб билан бирга Мисрга келган унинг насли ҳаммаси бўлиб олтмиш олти киши эди. Келинлари бу ҳисобга кирмасди.

27 Юсуф Мисрда икки ўғил кўрган эди. Шундай қилиб, Ёқуб хонадонидан Мисрга келганлар ҳаммаси бўлиб етмиш киши эди.

Ёқуб ва унинг хонадони Мисрда

28 Ёқуб Яҳудони Юсуфнинг олдига: “Бизни Гўшен ерларида кутиб ол” деган хабар билан ўзларидан олдин жўнатди. Улар Гўшенга етиб келганларида,

29 Юсуф аравасини қўшиб, отасини кутиб олиш учун Гўшенга борди. Юсуф отасини кўриши биланоқ, уни қучоқлаб, бўйнига осилиб, узоқ йиғлади.

30 Ёқуб Юсуфга:

— Тирик эканингни кўзларим билан кўрдим, энди ўлсам ҳам армоним йўқ, — деди.

31 Юсуф ака–укаларига, отаси хонадонининг қолган аҳлига деди:

— Мен бориб, фиръавнга: “Канъон юртидан ака–укаларим, отамнинг қолган оила аъзолари менинг олдимга келишди”, деб хабар берайин.

32 Мен фиръавнга яна: “Улар чўпон, чорвадорлик билан шуғулланишади, мол–қўйларини, бор мулкини олиб келишибди”, деб айтайин.

33 Фиръавн сизларни чақириб: “Касб–корингиз нима?” деб сўраб қолса,

34 унга: “Биз, қулларингиз, ёшлигимиздан ҳозиргача чўпонлик билан машғулмиз, ота–боболаримиз ҳам чўпон бўлиб ўтишган”, деб айтинглар. Токи Гўшен ерларига ўрнашиб олишларингизга у ижозат берсин. Чунки Мисрликлар чўпонлардан ҳазар қилишади.

1-2 Юсуф акаларидан бештасини фиръавн ҳузурига олиб бориб, унга шундай деди: “Менинг отам билан ака–укаларим мол–қўйларини, бутун мулкини олиб, Канъон юртидан келишди. Улар ҳозир Гўшен ерларида.” Сўнг Юсуф акаларини фиръавнга таништирди.

3 Фиръавн улардан:

— Касб–корингиз нима? — деб сўради.

— Биз, қулларингизнинг касби чўпон, ота–боболаримиз ҳам чўпон ўтишган, — деб жавоб беришди улар фиръавнга.

4 — Биз, Мисрда истиқомат қилиб турсак, деб келдик. Чунки қўй–эчкиларимиз учун Канъонда яйлов йўқ, у ерда оғир қаҳатчилик. Сиз, жаноби олийларидан илтимосимиз шуки, биз, қулларингизга, Гўшен ерларида истиқомат қилиб туришимиз учун ижозат берсангиз.

5 Шунда фиръавн Юсуфга деди:

— Отанг, ака–укаларинг сенинг олдингга келишган экан,

6 ана, Миср юрти уларники. Уларни юртнинг энг яхши ерига — Гўшен ерларига жойлаштир. Агар уларнинг орасида уддабуронлари бўлса, менинг чорвамни ҳам уларга топшириб қўй.

7 Сўнг Юсуф отаси Ёқубни бошлаб келиб, фиръавн ҳузурига олиб кирди. Ёқуб фиръавнни дуо қилди.

8 — Ёшингиз нечада? — деб сўради фиръавн Ёқубдан.

9 — Бир юз ўттиз йилдан бери бу дунёда меҳмонман, — деди Ёқуб фиръавнга. — Ота–боболарим ҳам бу дунёдан меҳмон бўлиб ўтдилар. Лекин менинг ҳаётим тез ва қийинчилик билан кечди, мен ҳали ота–боболарим ёшига етмадим.

10 Шундан кейин Ёқуб фиръавнни яна дуо қилиб, унинг ҳузуридан чиқди.

11 Фиръавн амр бергандай, Юсуф отасини, акаларини Мисрдаги энг яхши ерларга — Рамзес шаҳри яқинидаги ерларга жойлаштирди.

12 Юсуф отасини, ака–укаларини, отасининг жамики хонадони аҳлини, уларнинг сонига қараб, озиқ–овқат билан таъминлади.

Қаҳатчилик

13 Қаҳатчилик тобора кучайиб бораверди. Қаҳатчилик Миср ва Канъон юртини хароб қилди.

14 Юсуф донни кумушга алмаштириб, Мисрдаги ва Канъондаги бор кумушларни йиғиб олди. У кумушларни фиръавннинг хазинасига олиб келиб тўплайверди.

15 Миср ва Канъон халқлари кумушларини сарф қилиб бўлди. Ҳамма Мисрликлар Юсуфнинг ҳузурига келишарди. “Кумушларимиз тугади, лекин бизга дон берсинлар! Жанобларининг кўз ўнгиларида ўлиб кетмайлик!” деб ялинишарди.

16 Юсуф эса уларга: “Агар кумушларингиз тугаган бўлса, мол–ҳолингизни олиб келинглар, эвазига дон бераман”, деб жавоб қиларди.

17 Шундай қилиб, улар чорвасини Юсуфга олиб келишарди. Юсуф уларнинг отларини, қўй–эчкиларини, подаларини, эшакларини олиб, эвазига дон берарди. Ўша йили Юсуф уларнинг чорвасини олиб, эвазига егулик берди.

18 Келгуси йили улар яна Юсуфнинг ҳузурига келиб, ҳасрат қилишди: “Биз жаноби олийларидан яшириб нима ҳам қилардик: кумушларимиз тугаган, мол–қўйларимиз ўзлариники бўлди. Жаноби олийларига танамизу еримиздан ташқари берадиган нарсамиз қолмади.

19 Жанобларининг кўзи олдида ўзимиз ҳам, еримиз ҳам нобуд бўлиб кетмасин. Ўзимизни ҳам, ерларимизни ҳам сотиб олиб, эвазига дон берсинлар. Биз ерларимизни фиръавнга бериб, ўзимиз унга қул бўлишга тайёрмиз. Ҳозироқ бизга дон–дун берсалар, токи ўлмай тирик қолайлик, ерларимиз ташландиқ бўлиб қолмасин.”

20 Шундай қилиб, Юсуф Мисрдаги жамики ерларни фиръавн учун сотиб олди. Қаҳатчилик ниҳоятда кучайганидан, ҳамма Мисрликлар далаларини Юсуфга сотдилар. Уларнинг ҳамма ерлари фиръавнники бўлиб қолди.

21 Шу тариқа Мисрнинг бу четидан у четигача бўлган бутун халқ фиръавнга қул бўлиб қолди.

22 Юсуф фақат руҳонийларнинг ерларинигина сотиб олмади. Чунки уларга фиръавн томонидан озиқ–овқат тайинланган бўлиб, ерларини сотишларига зарурат йўқ эди.

23 Шундан сўнг Юсуф халққа айтди:

— Ўзларингиз ҳам, ерларингиз ҳам энди фиръавнники. Мана сизларга уруғ, далага экинглар.

24 Ҳосилни йиғиб олганларингизда, бешдан бирини фиръавнга берасизлар, бешдан тўрт қисми ўзларингизники бўлади, келгуси йил ҳосили учун уруғлик қиласизлар, бола–чақаларингиз билан еб, тирикчилик қиласизлар.

25 — Сиз бизга илтифот кўрсатдингиз, сиз бизнинг ҳаётимизни сақлаб қолдингиз, жаноби олийлари! — деб айтди халқ. — Шунинг учун биз фиръавнга қул бўламиз.

26 Фиръавн ҳосилнинг бешдан бирини оладиган бўлди. Юсуф буни бутун Миср юрти бўйлаб қонун қилиб қўйди. Бу қонун бугунгача бор. Фақат руҳонийларнинг ерларигина фиръавннинг мулки бўлмади, холос.

Ёқубнинг охирги васияти

27 Шундай қилиб, Ёқуб насли Мисрнинг Гўшен ерларига ўрнашиб қолди. Ёқуб насли у ерда мулк орттирди, аҳолиси кўпайиб борди.

28 Ёқуб Миср юртида 17 йил яшади. У 147 йил умр кўрди.

29 Ёқубнинг умри охирлаб қолди. У ўғли Юсуфни чақириб шундай деди:

— Агар мендан рози бўлсанг, қўлингни соним остига қўйиб, “Сизнинг васиятингизни бажараман”, деб қасам ич. Охирги васиятим шуки, мени Мисрда дафн қилмагин.

30 Бу оламдан ўтганимдан кейин, жасадимни Мисрдан олиб кетиб, ота–боболаримнинг хилхонасига дафн қил.

Юсуф: “Айтганингиздай қиламан”, деб ваъда берди.

31 Ёқуб: “Менинг олдимда қасам ич”, деб талаб қилди. Юсуф қасам ичди. Ёқуб ўз тўшаги устида сажда қилди.

Ёқуб Эфрайим билан Манашени дуо қилади

1 Бир куни Юсуфга: “Отангиз касал” деган хабар етиб келди. Юсуф иккала ўғлини — Манаше билан Эфрайимни ёнига олиб, отасининг ҳузурига борди.

2 Ёқуб Юсуфнинг келганини эшитгач, кучини йиғиб, тўшагига ўтирди.

3 Ёқуб Юсуфга деди:

— Қодир Худо Канъон юртидаги Луз шаҳрида менга зоҳир бўлган ва марҳамат кўрсатиб,

4 шундай деган эди: “Мен сени баракали қилиб, наслингни кўпайтираман. Мен сендан кўп халқларни яратаман. Бу ерни сендан кейин наслингга абадий мулк қилиб бераман.”

5 Мен Мисрга келмасимдан аввал Эфрайим билан Манаше бу ерда туғилган эдилар. Шу иккала ўғлинг энди менинг ўғилларимдир. Рубен ва Шимўн менга қандай ўғил бўлса, сенинг иккала ўғлинг ҳам менинг ўғилларим бўлади.

6 Эфрайим билан Манашедан кейин туғиладиган ўғилларинг эса ўзингники бўлади. Туғиладиган ўғилларингга Эфрайим ва Манашега қарашли ерлардан мерос берилсин.

7 Буни шу сабабдан қиляпманки, мен Паддондан қайтиб келаётганимда, афсуски, онанг Роҳила Канъон юртида — Эфратга етиб бормасдан йўлда оламдан ўтган эди. Мен уни ўша ерда — Эфратга борадиган йўл бўйида дафн қилганман. (Эфрат ҳозир Байтлаҳм деб юритилади.)

8-10 Бу пайтга келиб Ёқубнинг кўзлари кексаликдан хиралашган, яхши кўрмас эди. Ёқуб Юсуфнинг ўғилларини кўрганда, “Булар кимлар?” деб сўради.

— Булар Худо шу ерда менга берган ўғилларим, — деб жавоб берди Юсуф.

— Менга яқинроқ олиб келгин уларни, дуо қилайин.

Юсуф ўғилларини отасига яқинроқ олиб борди. Ёқуб болаларни бағрига босиб, ўпди.

11 Ёқуб Юсуфга деди:

— Мен сени ҳеч қачон кўрмайман, деб ўйлаган эдим. Аммо Худо сенинг болаларингни ҳам кўришни насиб этди.

12 Юсуф болаларни отасининг тиззасидан олди ва отасига мук тушиб таъзим қилди.

13 Юсуф ўнг қўли билан Эфрайимни ушлаб, Ёқубнинг чап томонига, чап қўли билан Манашени ушлаб, Ёқубнинг ўнг томонига яқинроқ олиб келди.

14 Лекин Ёқуб қўлларини чалиштирди–ю, ўнг қўлини кенжа ўғил Эфрайимнинг бошига, чап қўлини тўнғич ўғил Манашенинг бошига қўйди.

15 Сўнгра Юсуфни дуо қилди:

“Ота–боболарим Иброҳим ва Исҳоққа йўл кўрсатган Худо,

Умрим бўйи менинг чўпоним бўлган Худо,

16 Барча офатлардан мени сақлаган фаришта

Бу болаларга ҳам марҳамат кўрсатсин.

Менинг номим, бобом Иброҳим, отам Исҳоқнинг номи

Шу болалар орқали яшасин, ер юзида улар лак–лак кўпайсин.”

17 Лекин отаси ўнг қўлини Эфрайимнинг бошига қўйгани Юсуфга ёқмади. Шунинг учун отасининг ўнг қўлини Эфрайимнинг бошидан Манашенинг бошига олиб қўймоқчи бўлди.

18 — Бундай эмас, ота, — деди Юсуф, — буниси тўнғичи, ўнг қўлингизни унинг бошига қўйинг.

19 Лекин отаси рози бўлмади:

— Биламан, ўғлим, биламан. Манашенинг насли ҳам буюк халқ бўлади. Лекин Эфрайимнинг авлоди, Манашеникига қараганда, янада буюк бўлиб, Эфрайимнинг авлодидан кўп халқлар келиб чиқади.

20 Ёқуб ўша куни Эфрайим билан Манашени шундай деб дуо қилди:

“Исроил халқи сизларнинг номингизни айтар бир–бирини дуо қилганда,

Эфрайим ва Манашедай қилсин сени Худо, деб айтганларида.”

Шундай қилиб, Ёқуб Эфрайимни Манашедан юқори қўйди.

21 Шундан кейин Ёқуб Юсуфга деди:

— Менинг умрим охирлаб боряпти. Лекин Худо сизлар билан бирга бўлади, сизларни ота–боболарингизнинг ерига яна қайтариб олиб боради.

22 Шакамни эса акаларингга эмас, сенга беряпман. Бу ҳосилдор ерларни мен қиличу камоним билан Амор халқларидан тортиб олганман.

Ёқубнинг сўнгги сўзлари

1 Ёқуб ўғилларини ҳузурига чорлаб деди: “Ёнимга келинглар, келгусида сизларга нима бўлишини айтай.

2 Келинг, қулоқ солинг, эй Ёқуб ўғиллари,

Эшитинг отангиз Исроилнинг сўзларини.

3 Рубен, сенсан менинг тўнғичим,

Қувватимнинг илк меваси, ҳам қудратим,

Шуҳрату қудратда юксаги сенсан.

4 Лекин денгиз тўлқинидай бетизгинсан,

Бундан кейин асло устун бўлмайсан.

Отангнинг ётоғига сен кирдинг,

Тўшагимга чиқиб, уни булғадинг.

5 Шимўн билан Леви ҳамтовоқлардир,

Қиличлари жабр–жафо қуролидир.

6 Ҳеч қачон шерик бўлмасман уларнинг фитналарига,

Асло қўшилмасман уларнинг йиғинларига.

Улар ғазаб ила ўлдирдилар инсонларни,

Роҳатланиш учун майиб қилдилар ҳўкизларни.

7 Лаънат бўлсин уларнинг раҳмсиз ғазабига,

Лаънат бўлсин уларнинг беаёв зулмларига!

Тарқатиб юбораман уларни ҳар томонга,

Ёқубнинг юртида — Исроилнинг юртида.

8 Эй Яҳудо, сени мадҳ этар биродарларинг,

Ғанимларинг гарданида бўлар қўлларинг.

Сенга таъзим қилишар отангнинг ўғиллари.

9 Яҳудо шернинг боласига ўхшар,

Ўғлим, овдан қайтиб келдинг сен,

Шердек чўкиб, чўзилиб ётарсан.

Сени уйғотмоққа ким журъат этар?!

10 Яҳудонинг қўлидан кетмас салтанат ҳассаси,

Унинг наслида қолар салтанат тамғаси,

Халқлар унга ўлпон келтирарлар,

Унга итоат этиб таъзим қиларлар.

11 Эшагини у доим боғлайди токка,

Хўтикчани — ток новдасига.

Шаробда ювади кийимларини

Аъло шаробда — кўйлакларини.

12 Шаробдан ҳам қора кўзлари,

Сутдан ҳам оппоқ тишлари.

13 Забулун ўрнашади денгиз бўйида,

Кемаларга у бандаргоҳ бўлажак.

Унинг чегараси Сидонгача боражак.

14 Иссахор қўрада ўрнашиб ётган

Кучли эшакка ўхшар.

15 Кўрсаки, ўрнашган ери нақадар яхши,

Жуда ёқимли экан бу жойлар.

Юкни кўтармак чун елкасин тутди,

Оғир меҳнатга у қул бўлиб қолди.

16 Исроил қабиласининг биттаси бўлиб,

Дан ўз халқини ҳукм қилади.

17 Дан йўлда ётган бир илон бўлади,

Сўқмоқда чўзилиб ётган заҳарли илон.

Отларнинг тўпиғини у чақиб олар,

Чавандоз йиқилар, чалқанча тушар.

18 Сендан нажот кутарман, эй Эгам!

19 Гадни талаб кетади босқинчилар,

Гад уларнинг изидан бостириб борар.

20 Ошер тансиқ таом етиштирар,

Шоҳона ноз–неъматлар тайёрлар.

21 Нафтали озод юрган оҳуга ўхшар,

Ажойиб оҳучалар дунёга келтирар.

22 Юсуф ўхшар серҳосил токка —

Булоқ бўйидаги серҳосил узумга.

Унинг новдалари девордан ошиб ўтар.

23 Раҳмсиз камонкашлар унга ҳужум қилишди,

Ўқ отишди унга, қаттиқ сиқишди.

24 Лекин Юсуфнинг камони таранг тортилди,

Унинг қўллари ҳам чаққонлашди

Ёқубнинг қудратли Худоси кучи туфайли,

Исроилнинг Чўпони, Қояси туфайли.

25 Отангнинг Худоси сенга мадад бергай,

Қодир Худо сенга марҳамат кўрсатгай

Юқоридаги осмон баракалари ила,

Ер қаъридан чиққан сувнинг баракалари ила,

Она кўкрагию пуштининг баракаси ила.

26 Абадий тоғлар баракасидан ҳам,

Қадим тепаликлар неъматидан ҳам,

Отангнинг дуолари кучлидир.

Бу баракалар Юсуфга насиб этар,

Биродарлари ичра у йўлбошчи бўлар.

27 Бенямин оч бўрига ўхшар,

Сабоҳда у ўлжасини ямлаб ютар,

Оқшомда у топганини бўлишар.”

28 Исроилнинг ўн икки қабиласи ана шулар бўлиб, отаси уларни дуо қилганда, юқоридаги сўзларни айтган эди. Ҳар бирини ўзига лойиқ тарзда дуо қилди.

Ёқуб вафот этиб, дафн қилинади

29 Шундан сўнг Ёқуб ўғилларига васият қилди:

— Менинг куним битиб боряпти. Мени Хет халқидан Эфрўннинг даласидаги ғорга — ота–боболарим ёнига дафн қилинглар.

30 Ўша ғор Канъон юртида, Мамре шарқида жойлашган Махпаладаги далада. Бобом Иброҳим бу далани Эфрўндан қабристон учун сотиб олган.

31 У ерга бобом Иброҳим билан бувим Сора дафн қилинган. Отам Исҳоқ билан онам Ривқо ҳам у ерга дафн қилинган. У ерга мен Леахни дафн қилганман.

32 Бобом Иброҳим Хет халқидан сотиб олган ғор ўшадир.

33 Ёқуб ўғилларига васият қилиб бўлгач, яна тўшагига ётди–ю, жони узилиб, ота–боболари ёнига кетди.

1 Юсуф ўзини отасининг устига ташлаб, йиғлаганича, уни ўпди.

2 Юсуф қўл остидаги табибларга: “Отамнинг жасадини мумиёланглар!” деб амр берди. Табиблар Ёқубнинг жасадини мумиёлашди.

3 Улар бу иш учун қирқ кун вақт сарф қилдилар. Чунки мумиёлаш учун шунча вақт талаб қилинар эди. Мисрликлар Ёқуб учун етмиш кун аза тутишди.

4 Аза муддати тугагач, Юсуф фиръавннинг аъёнлари ҳузурига келиб, деди:

— Агар мен сизларнинг илтифотингизга сазовор бўлсам, фиръавн жаноби олийларига шу гапларни етказсангизлар:5 “Отам менга қасам ичириб, оламдан ўтганимдан кейин, жасадимни Канъон юртига олиб бориб, ўзим учун мен қазиган қабрга дафн қил, деб айтган. Энди отамни дафн қилгани боришимга ижозат берсалар. Отамни дафн қилганимдан кейин қайтиб келаман.”

6 — Майли, боравер, — деб ижозат берди фиръавн, — қасамни адо қилиб, отангни дафн қилиб кел.

7 Шундай қилиб, Юсуф отасини дафн қилгани жўнади. Фиръавннинг ҳамма аъёнлари — саройидаги амалдорлар, Миср юртидаги барча амалдорлар Юсуф билан бирга кетишди.

8 Шунингдек, Юсуфнинг барча оила аъзолари, ака–укалари, отасининг қолган хонадони аҳли ҳам Юсуф билан бирга кетишди. Фақат уларнинг болалари, қўй–эчкилари, подалари Гўшен ерларида қолдирилди.

9 Ғоят катта жамоа Юсуфга ҳамроҳ бўлди. У билан бир талай аравакашлар ва жанг аравалари ҳам кетди.

10 Улар Иордан дарёси шарқидаги Отад деган хирмонга етиб келдилар. У ерда узоқ вақт оғир таъзия маросими ўтказдилар. Шундай қилиб, Юсуф отаси учун етти кун аза маросими ўтказди.

11 Канъон халқлари бу ердаги аза маросимини кўриб: “Мисрликлар қандай оғир аза маросими ўтказяптилар–а!” деб айтдилар. Шунинг учун бу жойга Овил–Мисрайим деб ном қўйдилар.

12 Шундай қилиб, Ёқуб ўғилларига қандай васият қилган бўлса, ўғиллари оталарининг васиятини тўла–тўкис бажардилар.

13 Улар оталарининг жасадини Канъон юртига олиб келиб, Махпаладаги далада жойлашган ғорга дафн қилдилар. Иброҳим ўз оиласига қабристон учун Хет халқидан бўлган Эфрўндан сотиб олган Мамре шарқидаги ғор шудир.

14 Юсуф отасини дафн қилгандан кейин, ака–укаларини, отасини дафн қилгани бирга келган ҳамроҳларини эргаштириб Мисрга қайтди.

Юсуф акаларига тасалли беради

15 Оталари вафот этгандан кейин, Юсуфнинг акалари: “Биз Юсуфга ёмонлик қилган эдик, энди у ўша ёмонликларимиз учун кек сақлаб юрган бўлса, биздан ўч олади”, деб қўрқа бошладилар.

16 Шунинг учун улар Юсуфга шундай хабар юбордилар: “Отамиз вафотидан олдин бизга,

17 Юсуфнинг ҳузурига бориб айтинглар, мен ундан ўтинаман, сизлар унга қарши қилган оғир жиноятларингизни унутсин, деб айтган эдилар. Илтимос қиламиз, отанг Худосининг бу қуллари қилган жиноятларни унутгин.” Юсуф шу хабарни эшитганда, йиғлаб юборди.

18 Кейин акалари ҳам келиб: “Биз сенинг қулларингмиз”, деб Юсуфнинг оёқларига йиқилдилар.

19 Лекин Юсуф акаларига:

— Қўрқманглар, мен сизларни ҳукм қилиб, жазолайдиган Худо эмасман–ку! — деди.

20 — Сизлар менга раво кўрган ёмонликни Худо яхшиликка ишлатди. Сон–саноқсиз одамларни сақлаб қолиш учун У мени шу ерга олиб келди.

21 Шунинг учун қўрқманглар, мен ўзларингизни ҳам, бола–чақаларингизни ҳам боқаман.

Юсуф акаларига мулойим гапириб, уларга тасалли берди.

Юсуф вафот этади

22 Шундай қилиб, Юсуф, унинг ака–укалари, уларнинг оилалари Мисрда яшаб қолдилар. Юсуф 110 йил умр кўрди.

23 Юсуф Эфрайимнинг невара–чевараларини ҳам кўрди. Манашенинг ўғли Мохирнинг болалари туғилганда, Юсуф ҳаёт эди. Юсуф бу болаларни ҳам фарзандлари қаторига қабул қилди.

24 “Менинг умрим охирлаб боряпти, — деди Юсуф ака–укаларига. — Лекин Худо сизларни кузатиб туради, сизларни бу юртдан олиб чиқиб, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга бераман, деб қасам ичган юртга қайтариб олиб боради.”

25 Сўнг Юсуф Исроил уруғларига қасам ичдириб: “Худо сизларнинг олдингизга келганда, сизлар менинг суякларимни бу ердан олиб кетинглар”, — деди.

26 Юсуф 110 йил яшаб, оламдан ўтди. Унинг жасадини мумиёлаб, Мисрда бир тобутга солдилар.