Хўшея

Хўшея

1 Яҳудо юртида шоҳлар Уззиё, Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё ҳукмронлик қилган даврларда Исроил тахтида Ёҳўш ўғли Ёрубом ўтирган эди. Ўша вақт мобайнида Бэри ўғли Хўшеяга Эгамиз Ўз сўзларини аён қилди.

Хўшеянинг хотини ва фарзандлари

2 Эгамиз дастлаб Хўшея орқали Исроил халқига гапиришни бошлаганда, унга шундай деган эди: “Бориб фоҳиша аёлга уйлан, у сенга бегона эркаклардан орттирган фарзандлар туғиб беради. Зотан, Менинг халқим ҳам фоҳишага ўхшайди. Улар Мен, Эгангизга бевафолик қилиб, бегона худоларга сажда қилишмоқда.”

3 Хўшея Диблайим қизи Гўмерага уйланди. Гўмера ҳомиладор бўлиб, Хўшеяга ўғил туғиб берди.

4 Эгамиз Хўшеяга деди: “Ўғлингнинг исмини Йизрил қўй. Чунки Ёҳу қандай қилиб Йизрилда қон тўккан бўлса, тез орада Ёҳунинг хонадонини ҳам ўша аҳволга солиб, йўқ қиламан. Исроил шоҳлиги барҳам топади.

5 Ўша даврда Мен Йизрил водийсида Исроилнинг камону ўқларини синдираман.”

6 Гўмера яна ҳомиладор бўлиб, қиз туғди. Эгамиз Хўшеяга деди: “Қизингнинг исмини Лўруҳамо, яъни «Раҳмдан бебаҳра» деб қўй. Чунки бундан буён Мен Исроил халқига раҳм қилмайман, уларни кечирмайман.

7 Яҳудо халқига эса раҳм қиламан, уларга нажот бераман. Қиличу камон, жанг–жадал, отлару чавандозлар билан эмас, Ўз қудратим билан уларни қутқараман. Зотан, Мен уларнинг Эгаси Худоман!”

8 Гўмера қизини кўкракдан чиқаргач, яна ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди.

9 Эгамиз Хўшеяга деди: “Ўғлингнинг исмини Лўёми, яъни «Халқим эмас» деб қўй. Чунки Исроил халқи энди Менинг халқим эмас, Мен эса уларнинг Худоси эмасман.

10 Аммо шундай вақтлар келадики, Исроил халқи денгиздаги қум каби бўлади, уларни на санаб, на ўлчаб бўлади. Уларга: «Халқим эмас», деб айтилган бўлса, келажакда улар: «Барҳаёт Худонинг фарзандлари» деб аталади.

11 Яҳудо ва Исроил халқлари қайта бирлашадилар. Улар ўзларига бир йўлбошчи танлайдилар. Ўз юртида туп қўйиб, палак отадилар. Ҳа, Йизрилнинг — «Худо эккан» халқнинг куни улуғ бир кун бўлади.”

1 Эгамиз шундай дейди: “Ака–укаларингизни — Ёми, яъни «Менинг халқим», опа–сингилларингизни — Руҳамо, яъни «Раҳмдан баҳраманд» деб чақиринглар.

Исроил халқи бевафо Гўмера тимсолида

2 Эй фарзандларим,

Онангиз билан даъволашинг,

Айбини юзига солинг.

У энди хотин эмас Менга,

Мен ҳам эр эмасдирман унга.

Айтинг, юзидаги упа–элигини артиб ташласин,

Эгнидаги уятсиз кийимини ечиб ташласин.

Бўлди, фоҳишалигини бас қилсин.

3 Акс ҳолда, унинг кийимини Ўзим ечиб ташлайман,

Онасининг қорнидан тушгандай қип–яланғоч қиламан.

Ерини бепушт саҳрога айлантираман,

Унинг юртини қақраган чўл қиламан.

Ташналикдан уни ўлдираман.

4 Болаларига ҳам раҳм қилмайман,

Ўйнашларидан орттирган ҳароми улар.

5 Ҳа, уларнинг онаси фоҳишалик қилган,

Уларни туққан аёл шарму ҳаёни йўқотган.

У деди: «Ўйнашларим олдига кетдим.

Нону сувимни, жуну зиғир матоларимни,

Зайтун мойию шаробимни,

Менга ўшалар берган.»

6 Шунинг учун йўлини тиканаклар билан тўсаман,

Ўтолмайдиган қилиб девор қураман.

7 У ўйнашларининг кетидан қувиб етолмайди,

Уларни излаб, тополмайди.

Кейин эса айтади:

«Биринчи эримнинг олдига қайтиб борай,

Ахир, ўшандаги ҳолим ҳозиргидан тузукроқ эди.»

8 Буғдойни, шаробу зайтун мойини,

Унга Мен берганимни у билмайди.

Баалга назр қилган кумушу олтинни

Унга Мен совға қилганимни англамайди.

9 Шунинг учун ҳосил пайтида буғдойимни тортиб оламан,

Йиғим–терим мавсумида шаробимни олиб қўяман.

Баданини ёпиб турган жуну зиғир матоларимни қайтариб оламан.

10 Мана энди уни яланғоч қиламан,

Ўйнашларининг олдига чиқариб қўяман,

Қўлимдан уни ҳеч ким халос қила олмайди.

11 Мен унинг базмларига чек қўяман.

Байрамларию янги ой шодиёналарига,

Шаббатлари ва барча тайинланган байрамларига барҳам бераман.

12 «Ўйнашларимнинг берган тўлови», деб ўйлаган

Узумзору анжир боғларини бузиб ташлайман,

Ҳаммасини тўқайзор қиламан.

Ёввойи ҳайвонлар боғларини йўқ қилади.

13 У байрамларда Баалга атаб тутатқилар тутатгани учун,

Узугу тақинчоқлар билан безаниб,

Ўйнашларининг кетидан юргани учун,

Мени эса тамом эсидан чиқариб юборгани учун,

Мен уни жазолайман!”

Эгамизнинг каломи шудир.

14 Эгамиз шундай дейди:

“Кўп ўтмай Мен унинг кўнглини овлайман,

Уни саҳрога олиб бориб, ширин сўзлар айтаман.

15 Ўша ерда узумзорларини қайтариб бераман,

Охор сойлигини умид эшиги қиламан.

Ўша ерда у Менга эргашади,

Ёшлигида, Мисрдан чиққан чоғида эргашгандай ортимдан юради.”

Эгамизнинг Ўз халқига бўлган севгиси

16 Эгамиз шундай демоқда: “Эй Исроил халқи, ўша куни сен Мени «Эрим» деб чақирасан, ҳеч қачон «Хўжайиним» демайсан.

17 Баалнинг номини қайта тилингга олмайдиган қиламан.

18 Ўша куни ёввойи ҳайвонлар, осмондаги қушлар ва ерда судралувчи махлуқлар билан аҳд тузаман, улар сенга зарар етказмайди. Юртдаги барча камону қиличларни, ҳамма жанг қуролларини йўқ қиламан. Сен тинч, бехатар яшайсан.

19 Мен сени Ўзимга абадий никоҳлаб оламан. Сенга нисбатан адолатли ва одил бўламан. Сени доим севаман, меҳр–шафқат кўрсатаман.

20 Сенга вафо қиламан, сен Мени Эганг деб биласан.”

21 Эгамиз демоқда:

“Ўша куни Мен халқимнинг илтижоларига жавоб бераман,

Мен осмонга амр қиламан,

Осмон ерга ёмғир ёғдиради.

22 Ер буғдой, узум, зайтун етиштиради,

Улар эса ҳаёт бағишлайди Йизрилга —

«Худо эккан» деб аталган Менинг халқимга.

23 Ҳа, Мен Йизрилни Ўзим учун бу юртга ўтқазаман.

Лўруҳамога, яъни «Раҳмдан бебаҳра» деганга раҳм қиламан,

Лўёмини, яъни «Халқим эмас» деганни «Ўз халқим» деб атайман.

У эса «Худойим» деб чақирар Мени.”

Хўшея бевафо хотинини қутқариб, уйига олиб келади

1 Эгамиз менга деди: “Қани бор, Хўшея! Ўйнаши бор ўша суюқоёқ хотинингга бошқатдан кўнгил қўй. Мен, Эгангиз, Исроил халқини қандай севсам, сен ҳам хотинингни шундай севгин. Зотан, халқимнинг ҳам кўнгли бошқа худоларга чопади, ҳовуч–ҳовуч майизни уларга назр қилишни халқим яхши кўради.”

2 Шундай қилиб, мен ўн беш бўлак кумуш ва ўн беш тоғора арпага ўз хотинимни сотиб олдим.

3 Унга дедим: “Сен узоқ вақт давомида меникида яшайсан. Фоҳишалик қилмайсан. Ўша вақт мобайнида бирорта эркакка яқинлашмайсан, мен ҳам сенга яқинлашмайман.”

4 Шу сингари, Исроил халқи ҳам узоқ вақт давомида шоҳу шаҳзодасиз, қурбонликлару бутсимон тошларсиз, эфод ва бутларсиз яшайди.

5 Бундан кейин улар қайтадан Эгаси Худога ва Довуд наслидан бўлган шоҳга юз буришади. Келажакда Эгамизга қўрқув билан бўйин эгишади. Худонинг баракасидан баҳраманд бўлишади.

Исроил халқини Эгамиз айблайди

1 Эгамизнинг даъвоси бор бу юрт аҳолисига,

Эй Исроил халқи, қулоқ тут Эгамизнинг сўзига:

“Бу юрт вафою садоқатни билмайди,

Улар Мен, Худони тан олмайди.

2 Қачон қараманг лаънат айтишади,

Алдашади, одам ўлдиришади,

Ўғрилик қилиб, фаҳш ишларга берилишади.

Ҳамма ёқда зўравонлик, қотилликлар қилишади.

3 Мана шунинг учун юрт хазон бўлади,

У ерда яшовчи халқ ҳалок бўлади.

Нобуд бўлади ёввойи ҳайвонлар,

Кўкдаги қушлару ҳатто денгиздаги балиқлар.

Эгамиз руҳонийларни айблайди

4 Биронтангиз халқни айбламанг!

Уларга таъна қилманг!

Менинг даъвоим сизларга қаршидир,

Эй руҳонийлар!

5 Сизлар кечаю кундуз қоқиласизлар,

Ҳатто пайғамбарлар ҳам сизлар билан бирга қоқилади.

Сизларни деб Мен халқингизни нобуд қиламан!

6 Ана, халқим Мени билмагани учун нобуд бўлмоқда.

Бу сизнинг айбингиз, эй руҳонийлар!

Ахир, сизлар воз кечдинглар Мени билишдан,

Энди Мен ҳам воз кечаман сиздан.

Менинг руҳонийларим бўлмайсизлар!

Сизлар Худойингизнинг қонунларини унутдингизлар,

Шунинг учун Мен ҳам фарзандларингизни унутаман.

7 Эй руҳонийлар, кўпайгани сари сизнинг сонингиз,

Менга қарши кўпроқ гуноҳ қилдингиз.

Энди улуғворлигингизни шармандаликка алмаштираман.

8 Ахир, сизлар халқимнинг гуноҳ қурбонликлари билан

Қорнингизни тўйғиздингиз,

Халқимнинг қабиҳликларига ташнадирсиз.

9 Мана, Мен халқимни ҳам,

Сизни ҳам бирдай жазолайман.

Тутган йўлларингиз,

Қилган қилмишларингизга яраша қайтараман.

10 Сизлар ейсизлар, аммо қорнингиз тўймайди,

Зино қиласизлар, аммо сонингиз кўпаймайди.

Сизлар Мен, Эгангизга бўйсунмай қўйгансиз.

Эгамиз бутпарастликни ҳукм қилади

11 Фаҳш, шаробнинг эски ва янгиси

Халқимни эс–ҳушидан айирди.

12 Улар ёғоч бутдан ваҳий сўрашади.

Таёқдан панд–насиҳат олишади.

Шаҳвоний ҳирс уларни йўлдан урди,

Улар Мен, Худосига бевафо бўлдилар.

13 Қурбонликлар қилишаётир тоғ чўққиларида,

Тутатқилар тутатишаётир қирларда,

Эман, чинор ва қайрағочларнинг оромбахш сояларида.

Эй халқим, натижада қизларинг фоҳиша бўлди,

Келинларинг зинога ботди.

14 Аммо Мен фоҳиша қизларингни жазоламайман,

Зинокор келинларингнинг адабини бермайман.

Ахир, эркакларнинг ўзи ғарлар олдига бормоқда,

Саждагоҳ фоҳишалари билан улар қурбонликлар келтирмоқда.

Айтилган–ку, эс–ҳушидан айрилган халқ нобуд бўлади, дея.

15 Исроил халқи Менга бевафолик қилса ҳам,

Бу жиноятга Яҳудо халқи қўл урмасин.

Улар сажда қилгани Гилгалга бормасин,

Байт–Обунга ҳам оёқ босмасин.

«Худо шоҳид», дея қасам ичишмасин.

16 Ҳа, эшакдай ўжардир Исроил халқи,

Кўп ўтмай Мен, Эгангиз, уларни кенг далага ҳайдаб юбораман,

Улар яйловдаги ёлғиз қўзига ўхшаб қолишади.

17 Эфрайим халқи кўнгил боғлади бутларга,

Билганларини қилишсин, қўйинг уларни ўз ҳолига!

18 Айш–ишратдан кейин улар фаҳшга берилишар.

Уларнинг йўлбошчилари беҳаёликни яхши кўрар.

19 Қуюн уларни супуриб кетади.

Бутларга қилган қурбонликлари туфайли шарманда бўлишади.”

1 Эгамиз шундай дейди:

“Эй руҳонийлар, эшитинг буни!

Диққат қилгин, Исроил халқи!

Қулоқ солгин, шоҳ хонадони!

Сизнинг устингиздан ҳукм кетяпти.

Сизлар Миспахда одамлар учун тузоқ бўлдингиз,

Товур тоғида ёйилган тўр бўлдингиз.

2 Қабиҳ ишларга ботиб кетдингиз!

Мен ҳаммангизнинг адабингизни бераман.

3 Эй Эфрайим, жуда яхши биламан сени,

Исроил, Мендан яшира олмассан ўз қилмишингни.

Сен, Эфрайим, Худога бевафо бўлдинг,

Эй Исроил, ўзингни ҳаром қилдинг.

4 Мен Худойингман,

Аммо қилмишларинг Менга қайтиб келишингга йўл қўймас.

Мен, ўз Эгангни сен билмайсан,

Чунки қалбинг шаҳватга тўлган.”

5 Исроилнинг мағрурлиги ўзига қарши гувоҳлик беряпти,

У жиноятлари туфайли қулайди.

Яҳудо ҳам у билан бирга йиқилади.

6 Исроил Эгамизнинг илтифотини излайди,

Қўй–молларини қурбонлик қилади,

Аммо Эгамизни топа олмайди,

Чунки Эгамиз уни тарк этган.

7 У Эгамизга хиёнат қилди,

Бегоналардан никоҳсиз болалар туғди.

Кўп ўтмай у мулки билан бирга хароб бўлади.

Исроил билан Яҳудо орасидаги уруш

8 Эгамиз шундай дейди:

“Бурғу чалинг Гивода!

Карнай чалинг Рамада!

Байт–Обунда бонг уринг!

Эй Бенямин, ортингдан душман келяпти!

9 Жазо куни Эфрайим хароб бўлади.

Исроил қабилаларига эълон қилган бу сўзларим

Албатта рўёбга чиқади.

10 Яҳудо шаҳзодалари чегарани бузган фирибгарларга ўхшайди,

Мен уларнинг устига Ўз қаҳримни жаладай ёғдираман.

11 Ахир, Эфрайим бутларга эргашишни афзал кўрди,

Энди у эзилиб, ҳукмга бардош бера олмайди.

12 Мен Эфрайимни куядай емираман,

Яҳудо халқини қуртдай кемираман.

13 Эфрайим ўз бетоблигини тушунгач,

Яҳудо ўз яраларини кўргач,

Эфрайим Оссурияга борди,

Буюк шоҳни ёрдамга чақирди.

Аммо шоҳ уларни даволай олмайди,

Яраларига шифо бера олмайди.

14 Мен Эфрайимга шердай ҳужум қиламан,

Яҳудо халқига ёш арслондай ташланаман.

Уларни Ўзим тилка–пора қиламан,

Судраб, Ўзим билан олиб кетаман.

Уларни ҳеч ким халос эта олмас.

15 Улар ўз айбини бўйнига олгунча,

Чин дилдан Менга интилгунча,

Мен Ўз маконимга қайтиб кетаман.

Балки қайғули дамларида улар Менга қайтишар.”

Одамларнинг сохта тавбаси

1 Бу халқ шундай дейди:

“Келинглар, Эгамизга қайтайлик!

У бизни тилка–пора қилди,

Шифони ҳам Ўзи беради.

Бизни ярадор қилди,

Яраларимизни Ўзи боғлайди.

2 Унинг ҳузурида яшай олишимиз учун,

Икки кунда бизни ҳаётга қайтаради,

Учинчи куни оёғимизга турғизади.

3 Келинглар, Эгамизни билишга интилайлик.

Тонг отиши муқаррар бўлгандай,

У албатта бизга зоҳир бўлади,

Куз ва баҳорда ёмғир ёғиши табиий бўлгандай,

У албатта олдимизга келади.”

Исроилнинг сохта садоқати ва оладиган жазоси

4 Эгамиз шундай дейди:

“Сени нима қилай, эй Эфрайим?!

Сени нима қилай, эй Яҳудо?!

Сенинг севгинг тонгдаги тумандай тез ғойиб бўлар,

Саҳардаги шудринг каби буғланиб кетар.

5 Шунинг учун сўзларим билан сени ўлгудай саваладим,

Пайғамбарларим орқали сени чопиб ташладим.

Чиқарган ҳукмим чақмоқ каби сени уради.

6 Зеро, Мен қурбонликни эмас,

Раҳм–шафқатни истайман,

Куйдирилган қурбонликларни эмас,

Мени таниб–билишингни афзал кўраман.

7 Халқим Одам Атодай аҳдни бузди,

Эвоҳ, Менга бевафолик қилди.

8 Гилад — ёвузларнинг шаҳридир,

Кўчалари қон доғларига тўладир.

9 Руҳонийлар қароқчиларга ўхшайди,

Улар пистирмада ётиб, қурбонини пойлашади.

Шакам шаҳри йўлида қотилликлар қилишади,

Ҳа, улар мудҳиш жиноятларга қўл урди.

10 Мен Исроилда даҳшатли ҳодисани кўрдим:

Эфрайим бевафолик қилди!

Исроил ўзини булғади!

11 Эй Яҳудо, сен учун ҳам ўрим пайти белгиланди.

Мен халқимни яна фаровонликка эриштирмоқчи бўлганимда,

1 Исроилни шифоламоқчи бўлиб турганимда,

Унинг бузуқлиги ошкор бўлди,

Самариянинг жиноятлари очилди.

Улар маккорона иш тутишади,

Ўғрилар хонадонларни ўмаришади,

Қароқчилар йўлтўсарлик қилишади.

2 Қилган барча қабиҳликлари ёдимда,

Бироқ улар буни хаёлига келтирмайди.

Мана, улар гуноҳларга ботишди,

Кўз ўнгимда бу гуноҳлар гавдаланади.

Саройдаги фитналар

3 Одамлар шоҳни ёвузликлари билан хушнуд қилар,

Улар бекларни ҳийлалари билан шод этар.

4 Уларнинг ҳаммаси садоқатсиз ва маккор,

Ловуллаган тандирга ўхшайди.

Новвой хамирини қориб бўлгунча,

Хамир ошиб тайёр бўлгунча,

Ҳатто олов ковлашга ҳам эҳтиёж йўқ.

5 Шоҳ зиёфат берган куни

Беклар шоҳга майдан ичиришди,

Шоҳ мазахчилар билан ҳамтовоқ бўлди.

6 Уларнинг юраклари тандирга ўхшайди,

Шоҳга қарши улар фитна уюштиради,

Кечаси билан ғазаби чўғдай тутаб ётади,

Саҳарга келиб, оловдай ловуллаб ёнади.

7 Тандирдай қизишган бу ҳамма одамлар,

Ҳукмдорларини ямламай ютяптилар.

Натижада шоҳлари бирин–кетин нобуд бўляпти,

Аммо биронтаси ҳам Менга илтижо қилмаяпти.”

Исроил ва ўзга халқлар

8 Эфрайим бошқа халқларга қоришган.

У хом пишган нонга ўхшаб қолган.

9 Ўзга халқлар унинг кучини кесди,

У эса буни англамайди.

Сочлари оқариб бўлди,

У эса буни пайқамайди.

10 Исроилнинг мағрурлиги

Ўзига қарши гувоҳлик беради.

Бошига тушган кулфатларга қарамай

Исроил ўз Эгаси Худога қайтмайди,

Юзини Унга бурмайди.

11 Эгамиз шундай дейди:

“Эфрайим кабутарга ўхшар,

Ҳам бефаросат, ҳам овсар.

У Мисрдан ёрдам сўрайди,

Пир этиб Оссурияга учади.

12 Учганда, Мен унга тўр ташлайман,

Овланган қушдай ерга тушираман.

Тўдалашганини эшитсам, жазосини бераман.

13 Халқимнинг ҳолига вой!

Ахир, улар Мендан узоқлашди!

Энди нобуд бўлишади!

Ахир, Менга қарши бош кўтаришди!

Уларни халос қилардим–у,

Аммо Менга ёлғон гапиришди.

14 Улар Менга чин дилдан илтижо қилмайди,

Аммо тўшакларида ётиб, фарёд чекишади.

Бутпарастлардай баданларини тилиб,

Буғдой ва шароб талаб қилишади.

Менга қарши бош кўтаришади.

15 Мен Ўзим уларни боқдим, кучайтирдим,

Улар эса Менга қарши фитна қилади.

16 Ҳамма ёқдан мадад излайди,

Мен, Худойи Таолога эса юз бурмайди.

Улар яроқсиз бир камонга ўхшайди,

Уларга асло ишониб бўлмайди.

Беклари ҳақоратли сўзлар айтганлари учун

Қиличдан ҳалок бўлади.

Бу қилмишлари учун

Мисрда кулги бўлишади.”

Бутпараст Исроил халқи ҳукм қилинади

1 Эгамиз шундай дейди:

“Қани бўлинг, бонг уринг!

Душман бургутдай хонадонимга ҳужум қилмоқда.

Ахир, халқим аҳдимни барбод қилди,

Улар қонунимни бузди.

2 Исроил халқи Менга фарёд қилади:

«Эй Худойим, Сени тан оламиз», деб айтади.

3 Ўзлари эса эзгуликни рад этишди,

Душманлар уларни таъқиб қилади.

4 Улар розилигимни сўрамай шоҳлар танлашди,

Ижозатимни олмай, мулозимлар тайинлашди.

Олтину кумушларидан бутлар ясашди,

Шу орқали бошларига ҳалокат келтиришди.

5 Самарияликларнинг олтин бузоғини Мен рад этдим!

Уларга қарши аланга олгандир Менинг ғазабим.

Қачон улар ўзларини поклаб олишади?

6 Бутни Исроиллик ҳунарманд ясаган–ку,

Бут Худо эмас!

Самария шаҳрининг бузоғи парчаланиб ташланади.

7 Шамолни эккан одам бўронни ўриб олар.

Буғдой бошоқсиз бўлса, халқ нонга зор бўлар.

Буғдойингиз бошоқ туккан тақдирда ҳам,

Уни бегоналар еб адо қилар.

8 Бошқа халқлар орасида Исроил адо бўлди,

Қадрсиз сопол идишга у ўхшаб қолди.

9 Ёлғиз дайдиган қулондай у,

Оссурияга ёрдам сўраб борди.

Эфрайим ўзини ўйнашларига сотди.

10 У бошқа халқларга сотилган бўлса ҳам,

Мен уни йиғиб оламан.

Оссурия шоҳининг зулми остида

У тезда хазон бўлади.

11 Эфрайим гуноҳларини ювмоқчи бўлди,

Қурбонгоҳлар қуриб ташлади.

Қурбонгоҳлар эса гуноҳ макони бўлиб қолди.

12 Мен бу халққа кўплаб қонунлар ёздим,

Бироқ қонунларимни улар ёт деб билади.

13 Улар Мен, Эгасига аъло қурбонликлар келтиришса ҳам,

Қурбонлик гўштидан тановул қилишса ҳам,

Мен улардан мамнун бўлмайман.

Мен жиноятларини эсга оламан,

Гуноҳлари учун жазосини бераман.

Улар Мисрга қайтиб кетади.

14 Исроил ўз Яратувчисини унутиб, саройлар қурди.

Яҳудо кўплаб шаҳарларни мустаҳкам қилди.

Мен эса шаҳарларига ўт қўяман,

Қалъаларини оловга ем қиламан.”

Исроил халқи жазоланади

1 Эй Исроил, бас қил шодлигингни!

Бошқа халқлардай нишонладинг сен байрамингни!

Сен Худога бевафолик қилдинг.

Баалга фоҳишадай сажда этдинг,

Олган ҳосилингни Баалдан тўлов деб билдинг.

2 Энди хирмону шароб мешларинг сенга етарлича озуқа бермас,

Янги шаробинг чанқоғингни босмас.

3 Сен Эгамизнинг юртида қолмайсан,

Мисрга қайтиб кетасан.

Ҳа, Оссурияда ҳаром овқат ейсан.

4 Эгамизга шароб назр қила олмайсан,

Келтирган қурбонликларинг Унга маъқул бўлмайди.

Бундай қурбонликлар азадорнинг нонига ўхшайди,

Ундан еганларнинг ҳаммаси булғанади.

Зеро, келтирган қурбонликларинг қорин учун, холос,

Бундай қурбонликлар Эгамизнинг уйига киритилмайди,

Эгамизга улар назр қилинмайди.

5 Эй Исроил, энди сен тайинланган байрамларни ўтказа олмайсан!

Эгамизнинг муқаддас йиғинларини нишонлай олмайсан!

6 Сен офатдан қочиб қутулсанг ҳам,

Миср сенга чангалини солади,

Пойтахти Нуф сенга қабр бўлади.

Кумуш хазиналаринг янтоққа насиб бўлади,

Хароба уйларингни тиканак ўт босади.

7 Эй Исроил, билиб қўйгин:

Ҳисоб–китоб вақти келди!

Жазо олиш пайти етди!

Кўплаб гуноҳларинг сабабли,

Чексиз адоватинг туфайли,

Сен пайғамбарларни аҳмоқ ҳисоблайсан,

Руҳдан илҳомланган одамларни телба деб биласан.

8 Эй Эфрайим,

Худойим пайғамбарларни сенга посбон қилди.

Аммо сен уларни тузоққа туширдинг,

Худосининг юртида уларга адоват қилдинг.

9 Гивода разиллик қилган аждодларингга ўхшаб қолдинг,

Улардай ярамас ишларга берилиб кетдинг.

Аммо Худо жиноятингни эсга олади,

Гуноҳингга яраша жазоингни беради.

Исроилнинг гуноҳи ва унинг оқибати

10 Эгамиз шундай дейди:

“Мен Исроилни илк бор топганимда,

Саҳрода узум солган токни топгандай бўлдим.

Ҳа, ота–боболарини биринчи кўрганимда,

Анжирнинг чиллаки меваларини кўргандай бўлдим.

Аммо улар Пиёр тоғига келганда,

Ўзларини шарманда Баалга бағишладилар.

Кўнгил қўйган ўша бутдай жирканч бўлиб қолдилар.

11 Эфрайимнинг шуҳрати қушдай учиб кетади.

Уларда на фарзанд туғилади,

На аёллари ҳомиладор бўлади,

На пушти камаридан бола бино бўлади!

12 Фарзанд ўстириш насиб қилган тақдирда ҳам,

Биронтасини қолдирмай йўқ қиламан.

Ҳолига вой, уларни тарк этаман!

13 Мен Эфрайимни кўрганимда,

У Тир шаҳрига ўхшарди,

Гўзал ерда жойлашганди.

Аммо энди Эфрайим ўз болаларини

Қотил олдига олиб чиқади.”

14 Эй Эгам, бу халқингга Сендан нима тилай?!

Аёлларини бепушт қилгин,

Эмиза олмайдиган қилгин.

15 Эгамиз шундай дейди:

“Уларнинг ҳар бир қабиҳлиги Гилгалдан бошланган,

Ўша ерда нафратлана бошладим улардан.

Қабиҳ қилмишлари учун

Уларни юртимдан ҳайдаб чиқараман.

Энди уларга меҳр қўймайман.

Уларнинг ҳамма беклари Менга қарши бош кўтарган.

16 Эфрайим қулади,

Унинг илдизлари қуриди,

Мева беришга у ожиз бўлди.

Фарзанд кўрган тақдирда ҳам,

Авайлаган зурриётини ўлдираман.”

17 Исроил халқини Худойим рад этади,

Улар Худога итоат қилмади.

Халқлар орасида дарбадар бўлишади.

Исроил гуноҳкорлиги учун сургун қилинади

1 Исроил гуркираган,

Ҳосилдор ток кабидир.

Аммо ҳосили кўпайгани сари,

У кўплаб қурбонгоҳлар қурди.

Юрти равнақ топгани сари,

Бутсимон тошларига зеб берди.

2 Садоқатсиз бу халқ энди таъзирини ейди.

Эгамиз қурбонгоҳларини вайрон қилади,

Бутсимон тошларини синдириб ташлайди.

3 Кўп ўтмай улар айтишади:

“Биз Эгамиздан қўрқмадик,

Шунинг учун шоҳимиздан айрилиб қолдик.

Аммо шоҳнинг қўлидан нима ҳам келарди?!”

4 Улар бемаъни гаплар гапирмоқда,

Сохта қасамлар ичиб, аҳдлар тузишмоқда.

Натижада эгатлардаги заҳарли ўтдай,

Даъволар униб чиқмоқда.

5 Самария аҳли Байт–Обундаги

Олтин бузоғидан хавотир олади,

Унинг учун улар аза тутишади.

Бутидан хурсанд бўлган руҳонийлар ҳам

Бут сургун бўлганидан йиғлашади.

6 Бутнинг ўзи Оссурияга олиб кетилади,

Буюк шоҳга тақдим қилинади.

Эфрайим шарманда бўлади,

Умидини бутга боғлагани учун

Исроил уятга қолади.

7 Самария шоҳи сувга ғарқ бўлган пайраҳадай

Ҳалок бўлади.

8 Исроилнинг гуноҳига сабаб бўлган

Обундаги саждагоҳлар йўқ қилинади.

Қурбонгоҳларини янтоғу тикан босади.

Одамлар тоғларга: “Бизни босиб қолинглар!” дея бақиришади.

Қирларга: “Устимизга қуланглар!” деб ёлворишади.

Исроил устидан Эгамиз Ўз ҳукмини эълон қилади

9 Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Исроил, сен Гивода гуноҳ қила бошладинг,

Ўша ерда гуноҳдан чиқмай қолди сенинг бошинг.

Гиводаги жиноятчилар жазосини олгандай,

Сен ҳам жазодан қочиб қутула олмайсан.

10 Мен хоҳлаган пайтимда жазоингни бераман.

Сенга қарши халқларни бирлаштираман.

Икки баробар кўпайган жиноятларинг учун

Душманлар сенга кишан солади.

11 Эфрайим ўргатилган бузоққа ўхшарди,

Янчишни у хўп яхши кўрарди.

Мана энди унинг гўзал бўйнига,

Мен бўйинтуруқ тақаман.

Энди унга омоч торттираман.

Қани, Яҳудо шудгор қилсин!

Эфрайим ўзи учун мола боссин!

12 Эй Исроил, ўзингиз учун солиҳлик уруғини экинг,

Чексиз севгини ўриб олинг.

Ҳайдалмаган ерингизга ишлов беринг,

Вақт келди! Мен, Эгангизга интилинг!

Шунда Мен олдингизга бораман,

Ёмғир ёғдиргандай, сизга нажот бераман.

13 Сен ёвузликни экдинг,

Адолатсизликни ўриб олдинг,

Ёлғоннинг мевасидан единг.

Сен ўз кучингга таянганинг учун,

Сон–саноқсиз сипоҳларингга ишонганинг учун,

14 Жангу жадаллар сени четлаб ўтмайди.

Шоҳ Шалман Байт–Арбэлни жангда вайрон қилгандай,

Хотинларни бола–чақалари билан тошга уриб ўлдиргандай,

Ҳамма шаҳарларинг вайрон бўлади.

15 Эй Байтил, сен қабиҳликлар қилганинг учун,

Бу кунлар бошингга тушади.

Тонг отгач, эй Исроил, шоҳинг ўлдирилади.”

Худонинг исёнкор халқига бўлган муҳаббати

1 Эгамиз шундай дейди:

“Мен Исроилни болалигида яхши кўрар эдим,

Ўз ўғлонимни Мисрдан чақириб олган эдим.

2 Уни қанча кўп чақирсам,

Мендан шунча кўп узоқлашарди.

Баалга қурбонликлар келтирарди,

Бутларга тутатқилар назр қиларди.

3 Эфрайимга юришни Мен ўргатган эдим,

Уни қўлларимда кўтариб юрган эдим.

Аммо қилган ғамхўрлигимни у билмади.

4 Мен эса уни меҳр ила етаклагандим,

Муҳаббат ришталари ила олиб юрган эдим.

Бўйнидан бўйинтуруқни олиб ташлагандим,

Мулойимлик билан уни боққандим.

5 Халқим тавба қилишдан бош тортди.

Шунинг учун Мен уларни энди

Мисрга жўнатиб жазолайман,

Ҳа, золим Оссурияга тобе қиламан.

6 Шаҳарларида қилич ҳукм суради,

Дарвозаларининг тамбаларини йўқ қилади.

Ёвуз режалари туфайли халқим қиличдан ҳалок бўлади.

7 Қачон қараманг, улар Мендан юзини ўгиришади.

Пайғамбарларим халқни Менга қайтишга даъват қилса–да,

Халқ Мендан — Худойи Таолодан мадад тиламайди.

8 Эй Эфрайим, қандай қилиб сендан воз кечай?!

Эй Исроил, қандай қилиб сени ташлаб кетай?!

Адмани йўқ қилганимдай, сени йўқ қила олармиканман?!

Завўйимга қилганимни сенга қила олармиканман?!

Бундай қилишга юрагим бетламас асло!

Сенга бўлган меҳрим уйғонди.

9 Йўқ, сочмайман сенга қаҳр–ғазабимни,

Эй Эфрайим, қайта барбод қилмайман сени,

Зеро, Мен Худоман, инсон эмас,

Орангиздаги Муқаддас Худоман,

Олдингизга жаҳл билан бормайман.

10 Мен, Эгангиз, шердай ўкираман,

Ўшанда халқим ортимдан эргашади,

Овозимни эшитгач, фарзандларим ғарбдан шошиб келишади.

11 Улар қушлардай учиб келади Мисрдан,

Каптарлардай етиб келади Оссурия юртидан.

Мен уларни уйларига элтиб қўяман.

— Эгамизнинг каломи шудир. —

Исроил ва Яҳудони Худо айблайди

12 Эфрайим атрофимни ёлғон билан ўраб ташлади,

Исроил хонадони Мени ҳийлага кўмиб ташлади.

Яҳудо халқи Менга қарши бош кўтарди,

Мен, Муқаддас Худога улар итоат қилмаяпти.”

1 Эфрайим гармсел боқиб юрар,

Кун бўйи шарқдан эсган шамол кетидан қувар.

Ёлғону зўравонликни у орттирар.

Оссурия билан сулҳ тузиб,

Зайтун мойини Мисрга жўнатар.

2 Яҳудога Эгамиз даъво қилади.

Ёқуб наслининг таъзирини У беради,

Тутган йўлига яраша уни жазолайди.

3 Онасининг қорнидаёқ Ёқуб акаси билан талашган,

Улғайгач эса Худо билан олишган.

4 Ҳа, фаришта билан олишиб, уни енгган эди,

Кейин йиғлаб, илтифот қилишини сўраганди.

Байтилда Ёқуб Худони топганди,

Ўша ерда Худо билан суҳбат қурганди.

5 Парвардигори Олам — Эгамиз Ўшадир,

Эгамиздир Унинг номи!

6 Эй Ёқуб насли, Худойингизга қайтинг.

Севги ва адолатга интилинг,

Сабр–тоқат ила Худодан умид қилинг.

7 Эгамиз шундай дейди:

“Халқим тарозидан урган савдогарга ўхшайди,

Фирибгарлик қилишни улар хўп яхши кўради.

8 «О, мен бойман,

— деб мақтанасан, эй Эфрайим. —

Мен ўзимга давлат орттирдим,

Боримни пешана терим билан топдим.

Ҳеч ким мени гуноҳда айблай олмас.»

9 Аммо Эгангиз Худо — Менман,

Сени Мисрдан олиб чиққанман.

Мен сенга саҳрода зоҳир бўлар эдим,

Ўша даврдагидай сени яна чодирларда яшаттираман.

10 Мен пайғамбарларга гапиргандим,

Ўзим уларга кўп ваҳийлар бергандим,

Улар орқали сени, эй халқим, огоҳлантирган эдим.

11 Аммо Гиладдаги ёвузлик тўхтамади,

Гилгалда буқалар бутларга аталиб

Ҳамон қурбонлик қилинмоқда.

Шунинг учун Гилад аҳли албатта барҳам топади,

Гилгалдаги қурбонгоҳлар бузиб ташланади,

Улар шудгор қилинадиган далалардан

Улоқтириб ташланган тошлардай бўлиб қолади.”

12 Ёқуб Орам юртига қочиб борди,

Хотин олиш учун у қулдай ишлади,

Қалин эвазига қўйлар боқди.

13 Эгамиз вақти келиб пайғамбар юборди,

Ёқуб наслини Мисрдаги қулликдан олиб чиқди,

Ўша пайғамбари орқали уларни боқди.

14 Аммо Эфрайим Эгамизни қаттиқ ранжитди.

Тўккан қон учун Эфрайимни Раббий жазолайди,

Уни ҳақоратлагани учун адабини беради.

Исроил устидан чиқарилган сўнгги ҳукм

1 Эгамиз шундай дейди:

“Илгари Эфрайим гапирганда ҳаммани титроқ босарди,

Исроилда унинг мартабаси улуғ эди.

Аммо Эфрайим Баалга сажда қилиб, гуноҳ орттирди,

Шундай қилиб, ўзини ўлимга маҳкум этди.

2 Ҳозир ҳам халқим гуноҳ устига гуноҳ қилишар.

Ўзларига бутлар ясашар,

Кумушдан маҳорат билан санамлар ишлашар,

Буларнинг барчаси бор–йўғи ҳунарманднинг иши–ку!

Менинг халқимга шундай деб айтишяпти:

«Бутларга қурбонликлар келтиринглар!

Олтин бузоқларни ўпинглар!»

3 Шунинг учун улар тонгги тумандай бўлади,

Бирпасда ғойиб бўладиган шудрингга ўхшаб қолади.

Шамол хирмондан учирган тўпондай улар ғойиб бўлади,

Мўридан чиқадиган тутунга ўхшаб қолади.

4 Аммо Эгангиз Худо — Менман.

Эй Исроил, сени Мисрдан олиб чиққанман.

Мендан бошқа Худони сен билмайсан,

Мендан бошқа йўқдир нажоткоринг.

5 Мен саҳрода сенга ғамхўрлик қилдим,

Сувсиз қақраган чўлда сени боқдим.

6 Серҳосил ўлкада қорнингни тўйғиздим,

Аммо қорнинг тўйгач, манман бўлиб кетдинг,

Шу сабабдан сен Мени унутдинг.

7 Энди Мен йўлингни қоплондай пойлайман,

Сенга бир шердай ҳужум қиламан.

8 Болаларидан айрилган она айиқ каби ташланаман,

Сени тилка–пора қиламан.

Ўша жойдаёқ сени шердай ғажийман,

Йиртқичга ўхшаб сени қонга белайман.

9 Эй Исроил, ўз бошингга ўзинг бало орттирдинг,

Ахир, Менга — Ўз Мададкорингга қарши чиқдинг.

10 Шаҳарларингни қутқарадиган шоҳинг қани?!

«Бизга шоҳу ҳокимлар бер», деб сўраган бошлиқларинг қани?!

11 Мен жаҳл устида сенга шоҳларни бердим,

Ғазабга минганимда уларни олиб ташладим.

12 Эфрайимнинг жинояти ёзиб қўйилган,

Ҳа, унинг гуноҳи китобга битилган.

13 Исроилнинг яшашга имконияти бор эди,

Аммо у нодон болага ўхшади,

Онани тўлғоқ тутганда,

У қориндан чиқишни хоҳламади.

14 Мен бу халқни ўликлар диёридан қутқарармиканман?!

Уларни ўлимдан халос қилармиканман?!

Эй ўлим, қирғин олиб келгин!

Эй ўликлар диёри, ҳалокатли кучингни кўрсатгин!

Энди Мен раҳм–шафқат қилмайман.”

15 Исроил қариндошлари орасида

Серпушт ва фаровон бўлса–да,

Эгамиз унинг устига шарқ шамолини юборади,

Саҳродан эсган гармселни жўнатади.

Исроилнинг булоғини қуритади,

Унинг чашмасини қовжиратади.

Хазинасидаги қимматбаҳо зийнатларини тортиб олади.

1 Самария аҳолиси ўз Худосига қарши бош кўтарди,

Энди улар гуноҳининг жазосини тортади.

Улар қиличдан ҳалок бўлади,

Гўдакларини душманлар ерга уриб ўлдиради,

Ҳомиладор аёлларнинг қоринларини ёради.

Хўшея Исроил халқига хитоб қилади

2 Эй Исроил, Эганг Худога қайтгин!

Ахир, гуноҳ туфайли сен қуладинг.

3 Гапингни тайёрлаб, Эгамизга қайт.

Сен Унга шундай деб айт:

“Гуноҳларимиздан кечиб юборгин,

Ибодатимизни қабул қилгин.

Қурбонгоҳингда буқаларни қурбонлик қилгандай,

Биз Сенга мадҳиямизни назр қиламиз.

4 Оссурия бизга нажот бермайди,

Биз жанговар отларга минмаймиз.

Қўл билан ясалган бутларни

Энди биз «худоларимиз» деб атамаймиз.

Эй Эгамиз, биз — етимларга

Фақат Сен раҳм–шафқат қиласан.”

Исроилга Эгамиз янги ҳаёт ваъда қилади

5 Эгамиз шундай дейди:

“Мен халқимга шифо бериб,

Уларни бевафоликдан қайтараман,

Уларга қайта кўнгил қўяман,

Мен жаҳлдан тушдим.

6 Мен Исроил учун шудрингдай бўламан,

Шунда Исроил нилуфардай очилади,

Лубнон ўрмонидай томир отади.

7 Уларнинг новдалари ўсиб чиқади,

Зайтун дарахтидек кўркам бўлади,

Лубнон садридай муаттар ҳид таратади.

8 Уларнинг соясида халқлар яшайди.

Исроил мўл буғдой етиштиради,

Улар узумзордай кўп ҳосил беришади,

Лубнон шаробидай машҳур бўлишади.

9 Эй Эфрайим, Мен бутларингга асло ўхшамайман!

Сенинг ибодатларингга жавоб бераман,

Сенга ғамхўрлик қиламан.

Мен доим яшил сарв дарахти кабидирман,

Олган мўл ҳосилингнинг манбаидирман.”

Хотима

10 Ким доно бўлса,

Бу ерда ёзилган сўзларни тушунади,

Ким фаҳм–фаросатли бўлса,

Буларнинг ҳаммасини англаб олади.

Эгамизнинг йўллари тўғридир.

Солиҳлар Унинг йўлларидан юради,

Исёнчилар эса қоқилиб тушади.