Дониёр

Дониёр

Дониёр ва унинг дўстлари бошидан ўтган воқеалар

(1:1-6:28)

Ўспиринлар шоҳ Навухадназар саройида

1 Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ҳукмронлигининг учинчи йилида Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусга қўшин тортиб келиб, шаҳарни қамал қилди.

2 Раббий Ёҳайиқимни Навухадназарнинг қўлига берди. Навухадназар Худонинг уйидаги айрим идишларни ўлжа қилиб, Бобил юртига олиб борди–да, идишларни ўз худосининг уйидаги хазинага жойлаштирди.

3 У саройнинг бош мулозими Ашнапазга шундай буйруқ берган эди: “Исроил халқидан олинган асирлардан шоҳ ва зодагонларнинг оилаларига мансуб бўлган

4 йигитларни олиб кел. Улар ёш, жисмонан соғлом, хушқомат, зеҳни ўткир, қобилиятли, фаросатли, хуллас, шоҳ саройида хизмат қилишга лаёқатли бўлишсин. Сен уларга бобил тилини ва адабиётини ўргатишинг керак.

5 Ҳар кунги егулик билан шароб уларга менинг дастурхонимдан берилсин. Улар уч йил таълим олишгач, менинг ҳузуримда ҳозир бўлишлари лозим.”

6 Танланганларнинг орасида Яҳудо қабиласидан бўлган Дониёр, Ханониё, Мишаил ва Озариё исмли ўспиринлар бор эди.

7 Бош мулозим уларнинг исмларини ўзгартириб, Дониёрни — Белташазар, Ханониёни — Шадрах, Мишаилни — Мешах, Озариёни эса Абеднаху деб атади.

8 Дониёр шоҳона егулик ва шаробдан булғанишни хоҳламади. Бу таомлардан у воз кечмоққа аҳд қилиб, бош мулозимдан бунинг учун ижозат сўради.

9 Худонинг иродаси билан Дониёр бош мулозимнинг мурувватию илтифотига сазовор бўлган эди.

10 Аммо бош мулозим Дониёрнинг таклифини эшитиб лол қолди ва деди: “Йўқ, егулик билан ичимликларни сизларга шоҳ ҳазратларининг ўзлари белгилаганлар. Ҳазратимнинг буйруқларидан бош тортишдан қўрқаман. Борди–ю, кўринишларинг тенгдошларингникидан ёмонроқ бўлса, менинг жонимни хавф остига қўйган бўласизлар.”

11 Кейин Дониёр бу масала хусусида бош мулозим тайинлаган соқчи билан гаплашди, чунки бу соқчи Дониёр ва унинг уч оғайниси учун масъул бир одам эди. У соқчига шундай деди:

12 “Илтимос, қулларингизни ўн кун давомида синаб кўринг. Бизга егани сабзавот, ичгани сув беринг.

13 Кейин эса бизни шоҳона егуликни еган йигитлар билан солиштириб кўринг, сўнг билганингизни қилаверинг.”

14 Соқчи рози бўлиб, уларни ўн кун давомида сабзавотлар билан боқди.

15 Ўн кун ўтгач, уларнинг гавдалари тўлишиб, шоҳона егулик еган бошқа йигитлардан анча кўркам бўлди.

16 Шундай қилиб, соқчи уларнинг шоҳона егуликлари ва шаробини ўзига олиб қолиб, уларга фақат сабзавотлар берадиган бўлди.

17 Худо бу тўртта йигитга адабиёт ва фалсафанинг ҳар соҳасини фаҳмламоқ учун билим ва истеъдод берган эди. Бундан ташқари, Дониёр турли хил ваҳий ва тушларни таъбирлаш қобилиятига эга эди.

18 Шоҳ белгилаган муддат тугагач, бош мулозим ҳамма йигитларни Навухадназар ҳузурига олиб борди.

19 Шоҳ уларнинг ҳар бири билан суҳбатлашди. Улар орасида ҳеч ким Дониёр, Ханониё, Мишаил ва Озариёга тенг кела олмасди. Шунинг учун шоҳ уларни ўз саройида олиб қолди.

20 Шоҳ қандай савол бермасин ва қандай жумбоқни ечишни сўрамасин, уларнинг билими ва донолиги бутун шоҳликдаги фолбину мунажжимларникидан ўн баробар зиёда эди.

21 Дониёр саройда шоҳ Куруш ҳукмронлигининг биринчи йилигача хизмат қилди.

Навухадназарнинг туши

1 Навухадназар ўз ҳукмронлигининг иккинчи йилида бир туш кўрди. Бу туш уни шу қадар безовта қилиб юбордики, кўзига бошқа уйқу келмади.

2 Шоҳ тушининг таъбирини билиш учун қўли остидаги барча фолбин, мунажжим, сеҳргар ва афсунгарларни чақиртирди. Улар шоҳ ҳузурида ҳозир бўлганларида,

3 шоҳ уларга шундай деди:

— Мен ғалати бир туш кўрдим. Юрагимга ғулғула солган бу тушнинг таъбирини билмоқчиман.

4 Улар шоҳга орамий тилида дедилар:

— Шоҳ ҳазратларининг умри боқий бўлсин! Шоҳ ҳазратлари аввал тушларини айтсинлар, бу қулларингиз уни таъбирлашга тайёрдирлар.

5 — Билиб қўйинглар, — деди уларга шоҳ. — Агар менга туш ва унинг таъбирини айтиб бермасангиз, мен таналарингизни бўлак–бўлак қилдириб, сизларни жазолайман, уйларингизни эса вайрон қилиб, бир уюм тошга айлантираман.

6 Борди–ю, тушимни айтиб, уни таъбирлаб берсангиз, сизларга инъому мукофотлар бериб, иззат–икром кўрсатаман. Қани, энди менга кўрган тушимни ва унинг таъбирини айтиб беринглар!

7 Улар шоҳга иккинчи марта дедилар:

— Шоҳ ҳазратлари аввал тушларини айтсинлар, каминаларингиз уни таъбирлашга тайёрдирлар.

8 — Сизлар қарорим қатъий эканини кўриб, вақтни чўзмоқчисизлар, — деди шоҳ. — Буни аниқ билиб турибман.

9 Агар тушимни айтиб бермасангизлар, ҳаммангизга жазо битта! Сизлар мени лақиллатиб, вазият ўзгаргунча вақтни чўзишга келишиб олгансизлар. Тушни менга айтиб беринглар, шунда уни таъбирлай олишингизни ҳам биламан.

10 — Ер юзида шоҳнинг бу талабини қондирадиган биронта жон бормикан?! — дея ажабландилар улар. — Шуҳрати рўйи заминга ёйилган шоҳларнинг биронтаси ҳам бундай нарсани на фолбин, на мунажжим, на афсунгардан талаб қилган.

11 Шоҳ ҳазратлари биздан имконсиз бир нарсани талаб қиляптилар. Буни шоҳга фоний бандалар дунёсидан йироқ яшайдиган худолардан бошқа ҳеч ким очиб беролмайди.

12 Дарғазаб бўлган шоҳ: “Бобилдаги барча сарой маслаҳатчилари қатл қилинсин!” — деб фармон берди.

13 Фармон эълон қилинди. Сарой маслаҳатчилари қатл қилиниш арафасида эди. Дониёр ва унинг ўртоқлари ҳам қатл қилинишлари керак эди.

=Навухадназарнинг туши Дониёрга ошкор бўлади

14 Шоҳ соқчиларининг бошлиғи Ориёх сарой маслаҳатчиларини қатл қилмоқ учун йўлга чиққанда, Дониёр унинг олдига бориб, эҳтиёткорлик билан мурожаат қилиб:

15 “Эй Ориёх ҳазратлари, нима боис шоҳ бундай шошилинч фармон чиқардилар?” — деб сўради. Шунда Ориёх бўлиб ўтган воқеани унга бирма–бир сўзлаб берди.

16 Дониёр шоша–пиша шоҳ ҳузурига кириб, тушнинг таъбирини топмоқ учун ҳазратларидан муҳлат сўради.

17 Сўнг уйга бориб, бўлиб ўтган воқеани шериклари Ханониё, Мишаил ва Озариёларга айтиб берди:

18 “Сарой маслаҳатчилари билан бирга ҳалок бўлмаслигимиз учун, Самовий Худога илтижо қилинглар. У бизга раҳм қилиб, бу сирни очиб беришини сўранглар.”

19 Ўша кеча Дониёрга бу сир ваҳий орқали ошкор бўлди ва Дониёр Самовий Худога ҳамду санолар айтди:

20 “Худойимиз доно ва қудратлидир,

Асрлар оша Унинг номи улуғлансин!

21 У замон ва даврларни ўзгартирар,

Шоҳларни тахтдан тушириб тахтга ўтқазар.

Донишмандларга донолик,

Оқилу фозилларга билим берар.

22 Пинҳон сақланган сирларни очар,

Зулматда яширинган нарсаларни билар,

Ёруғлик Унинг даргоҳида маскан топар.

23 Эй ота–боболаримнинг Худоси,

Сенга шукурлар айтаман, мадҳлар куйлайман,

Зеро, донолигу қудратни менга берган Сенсан,

Истаган нарсамни менга очган Сенсан,

Шоҳ тушини бизга ошкор қилган Сенсан.”

Дониёр шоҳга туш билан унинг таъбирини айтади

24 Дониёр сарой маслаҳатчиларини қатл қилиш учун шоҳ томонидан тайинланган Ориёхнинг олдига бориб:

— Ҳазратим, сарой маслаҳатчиларининг жонларига зинҳор қасд қилманг, — деди. — Мени дарҳол шоҳ ҳузурига олиб киринг, мен шоҳ ҳазратлари кўрган тушни таъбирлаб бераман.

25 Ориёх зудлик билан Дониёрни шоҳ ҳузурига олиб кириб:

— Эй олампаноҳ, каминангиз Яҳудо асирлари орасидан тушингизни таъбирлаб берадиган бир одамни топиб келди, — деди.

26 Шоҳ Дониёрга юзланиб (Дониёрнинг бошқа исми Белташазар эди):

— Сен менга кўрган тушимни ҳамда унинг таъбирини айтиб бера оласанми? — деди.

27 Дониёр шоҳга шундай жавоб берди: “Эй ҳазрати олийлари, на сарой маслаҳатчиси, на мунажжим, на фолбин, на раммол бунинг уддасидан чиқа олади.

28 Лекин самода шу каби, сирларни ошкор қила оладиган бир Худо бордир. У сизга, эй шоҳ ҳазратлари, охиратда бўладиган нарсаларни аён қилмоқчи. Сиз тушингизда кўрган ваҳий қуйидагича эди:

29 Эй олампаноҳ, сиз ухлаб, келажак ҳақида бир туш кўрдингиз. Бу туш орқали сирларни ошкор қилувчи Худо сизга келажакда рўй берадиган нарсаларни аён қилди.

30 Бу сирнинг менга очилганлиги эса донолигим бошқаларникидан зиёда бўлгани учун эмас, балки шоҳаншоҳим кўрган тушининг таъбирини билиб, унинг маъносини тушунишлари учундир.

31 Эй шоҳ ҳазратлари, тушингизда сиз баҳайбат бир ҳайкал кўрдингиз. Олдингизда турган ўша улкан ҳайкалнинг кўриниши ниҳоятда ярқироқ ва қўрқинчли эди.

32 Ҳайкалнинг боши тоза олтиндан, кўкрак ва қўллари кумушдан, бели ва сонлари бронзадан,

33 болдирлари темирдан, оёқларининг бир қисми лойдан, бир қисми темирдан эди.

34 Унга қараб турганингизда, тоғдан ўз–ўзидан узилган бир тош думалаб келиб ҳайкалнинг лой ва темирдан бўлган оёқларига урилди–да, уларни парча–парча қилди.

35 Темир, лой, бронза, кумуш ва олтин парчаланиб, ёзги хирмонлардаги тўпондай бўлди. Шамол уларни учириб кетиб, ҳеч бир асар қолдирмади. Ҳайкалга урилган тош эса катта тоғ бўлиб, бутун ер юзини қоплади.

36 Бу сиз кўрган туш эди. Энди эса шоҳ ҳазратлари тушининг таъбирини эшитсинлар.

37 Эй шоҳ ҳазратлари, сиз каби буюк ҳукмдорни дунё ҳали кўрмаган. Самовий Худо сизга салтанат, куч–қудрат ва шон–шуҳрат ато қилгандир.

38 У сизга ерда яшовчи барча инсонларни, ҳатто даштдаги ёввойи ҳайвонлару осмонда учувчи қушларни тобе қилган, улар устидан ҳукмронлигингизни мустаҳкам ўрнатган. Тилла бош — сизсиз.

39 Аммо сиздан кейин жаҳон саҳнасига бошқа буюк бир шоҳлик чиқади. Бу шоҳлик сизникидан заифроқ бўлади. Сўнг ҳайкалнинг бронза бели ва сонлари билан ифодаланган учинчи шоҳлик ҳукмронлик қилади.

40 Ундан кейин темирдай қаттиқ тўртинчи шоҳлик бўлади. Темир ҳамма нарсани синдириб йўқ қилганидай, ўша шоҳлик ҳам ундан олдинги шоҳликларни бузиб, йўқ қилади.

41 Сиз ҳайкалнинг оёқлари ва оёқ бармоқларининг бир қисми лойдан, бир қисми темирдан эканлигини кўрдингиз, бу бўлинган шоҳлик бўлади. Лой билан темир бирга қорилгани учун бу шоҳликда бир оз темирнинг кучи бўлади.

42 Шоҳлик айрим жиҳатдан кучли, айрим жиҳатдан заиф бўлади.

43 Темир билан лойнинг қоришмаси яна шундан далолат берадики, ўша замон ҳукмдорлари қуда–андачилик йўли билан шоҳликларини мустаҳкам қилмоқчи бўладилар, аммо темир лой билан қовушмагани каби, улар ҳам бир–бири билан қовуша олмайдилар.

44 Ўша шоҳларнинг даврида Самовий Худо битмас–туганмас бир шоҳлик ўрнатади. Ҳеч ким уни енга олмайди. Бу шоҳлик бошқа барча шоҳликларни ер билан яксон қилиб, ўзи абадий туради.

45 Тоғдан ўз–ўзидан думалаб тушиб, темир, бронза, лой, кумуш ва олтинни парчалаб ташлаган тош ўша шоҳликнинг ифодасидир. Буюк Худо сизга, эй шоҳ ҳазратлари, келажакда содир бўладиган нарсаларни аён қилди. Сиз кўрган тушингиз ҳақиқатан ҳам кароматли, таъбири эса рўйиростдир.”

Шоҳ Навухадназар Дониёрни тақдирлайди

46 Шоҳ Навухадназар мук тушиб Дониёрга сажда қилди. Сўнг одамларига Дониёр олдида назрлар келтириб, хушбўй тутатқилар тутатишни буюрди.

47 Шоҳ Дониёрга деди:

— Чиндан ҳам сенинг Худойинг сирларни ошкор қилувчи энг буюк Худодир, У шоҳларнинг ҳақиқий Эгасидир, чунки бу сирни менга фақат сен ошкор қила олдинг!

48 Шоҳ Дониёрни юқори мансабга кўтариб, кўпдан–кўп инъомлар тақдим қилди, уни Бобил вилоятининг ҳокими ва сарой маслаҳатчиларининг бошлиғи қилиб тайинлади.

49 Дониёрнинг илтимосига биноан шоҳ Бобил вилоятининг бошқарувини Шадрах, Мешах ва Абеднахуга топширди. Дониёрнинг ўзи эса шоҳ саройида хизмат қилиб қолди.

Навухадназар ясаттирган олтин ҳайкал

1 Шоҳ Навухадназар соф олтиндан улкан бир ҳайкал ясаттирди. Баландлиги олтмиш тирсак, эни эса олти тирсак бўлган бу ҳайкал Бобил вилоятидаги Дурах текислигида ўрнатилди.

2 Сўнг қўли остидаги барча ноиблар, ҳокимлар, беклар, аъёнлар, хазинабонлар, қозилар, маъмурлар ва вилоятларнинг амалдорларини чақиртириб, ўрнатган ҳайкалнинг очилишида қатнашишларини буюрди.

3 Бу барча амалдорлар шоҳ Навухадназар ўрнатган ҳайкалнинг очилишига йиғилганларида,

4 жарчи баланд овозда шундай эълон қилди: “Эй барча халқлар, элатлар ва уруғлар!

5 Ҳозир созандаларимиз карнай, най, лира, чанг, арфа, доира ва бошқа чолғу асбобларини чаладилар, сизлар эса мук тушиб шоҳ Навухадназар ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қиласизлар.

6 Кимки мук тушиб сажда қилмаса, ўша заҳотиёқ оловли чуқурликка ташланади.”

7 Чолғу асбобларининг садоларини эшитгач, барча халқлар, элатлар ва уруғлар мук тушиб, шоҳ Навухадназар ўрнатган ҳайкалга сажда қилдилар.

Дониёрнинг уч оғайниси итоатсизликда айбланади

8 Яҳудийларни қоралаш ниятида юрган айрим Бобилликлар учун қулай бир вазият туғилган эди. Бундай фурсатни бой бермаслик учун улар

9 шоҳ Навухадназарга шундай дедилар: “Шоҳ ҳазратларининг умри боқий бўлсин!

10 Эй шоҳ ҳазратлари, сиз берган амрингизга биноан чолғу асбобларининг садоларини эшитган ҳар бир одам мук тушиб олтин ҳайкалга сажда қилиши керак эди, шундай эмасми?

11 Сиз, амримга итоат қилмаган ҳар қандай киши оловли чуқурликка ташланади, деб айтган эдингиз.

12 Аммо айрим яҳудийлар, хусусан, сиз Бобил вилоятига ҳоким қилиб тайинлаган Шадрах, Мешах ва Абеднаху шоҳ ҳазратларининг амрига бўйсунмадилар. Бу одамлар худоларингизга сиғинмайдилар, улар ҳатто сиз ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қилишни ҳам ўзларига эп кўрмадилар.”

13 Бу хабардан ғазабланиб кетган Навухадназар Шадрах, Мешах ва Абеднахуни ўз ҳузурига келтиришни буюрди. Улар шоҳ ҳузурига келтирилганда,

14 Навухадназар уларга деди:

— Шадрах, Мешах ва Абеднаху, сизлар менинг худоларимга сиғинмаганингиз ва мен ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қилмаганингиз тўғрисида хабар топдим.

15 Аммо мен сизларга лутф айлаб яна бир имконият бераман. Ҳозир чолғу асбобларининг садоларини эшитишингиз биланоқ, мук тушиб мен ўрнатган ҳайкалга сажда қиласизлар. Акс ҳолда, ўша заҳотиёқ оловли чуқурликка ташланасизлар. Шунда сизларни менинг қўлимдан биронта худо ҳам қутқара олмайди!

16 Шадрах, Мешах ва Абеднаху шоҳга шундай жавоб беришди:

— Эй олампаноҳ, бу масалада биз ўзимизни оқламоқчи эмасмиз.

17 Биз сиғинадиган Худо бизни оловли чуқурликдан ҳам, сизнинг қўлингиздан ҳам қутқаришга қодир.

18 Аммо У бизни қутқармаган тақдирда ҳам, билиб қўйингки, эй шоҳ ҳазратлари, биз ҳеч қачон худоларингизга сиғинмаймиз, сиз ўрнатган олтин ҳайкалга ҳам сажда қилмаймиз.

Дониёрнинг уч оғайниси ўлимга маҳкум қилинади

19 Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг бундай жавоби Навухадназарнинг қонини қайнатди. Унинг афти–башараси буришиб кетди. У оловни одатдагидан етти баробар қаттиқроқ ёндиришни буюрди.

20 Сўнг лашкари орасидаги энг кучли полвонларга Шадрах, Мешах ва Абеднахуни боғлаб, оловли чуқурликка ташлашни амр қилди.

21 Полвонлар уларни боғлаб, устки кийими, иштони, бош кийими, хуллас, бутун уст–боши билан оловли чуқурликка ташладилар.

22 Ғазабланган шоҳ қаттиқ олов ёндиришни буюргани учун, аланга авжига чиққан эди. Оловнинг тафти уч оғайнини чуқурликка ташлаётган полвонларни куйдириб юборди.

23 Шадрах, Мешах ва Абеднаху эса боғланган ҳолда оловли чуқурликка йиқилдилар.

24 Буни томоша қилиб турган шоҳ Навухадназар бирданига ўрнидан сапчиб турди–да, ҳайрат ичра маслаҳатчиларига:

— Чуқурликка биз учта боғланган одамни ташламаганмидик? — деб ҳайқириб юборди.

— Худди шундай, шоҳ ҳазратлари, — деб жавоб берди улар.

25 — Воажабо! Аланганинг ўртасида боғланмаган тўртта одам юрибди–ку, — деди шоҳ. — Уларнинг бирортасига ҳам зарар етмаган. Тўртинчи кимса худди илоҳий зотга ўхшайди–я!

Учала йигит озод қилиниб, юқори лавозимга кўтарилади

26 Навухадназар чуқурликнинг оғзига бориб:

— Шадрах, Мешах ва Абеднаху, эй Худойи Таолонинг хизматкорлари, қани, чиқинглар! Олдимга келинглар! — деб бақирди.

Шадрах, Мешах ва Абеднаху аланга орасидан чиқишди.

27 Барча ноиблар, ҳокимлар, беклар ва шоҳ аъёнлари Шадрах, Мешах ва Абеднахуни ўраб олиб, олов ўша одамларга ҳеч қандай зиён етказмаганлигини кўришди. Уларнинг на сочлари куйган, на устки кийимларига зарар етган, улардан ҳатто тутун ҳиди ҳам келмас эди.

28 Навухадназар деди: “Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг Худосига ҳамду санолар бўлсин! У Ўз фариштасини юбориб, Ўзига инонган қулларини халос қилди. Улар ўз Худосидан бошқа бўлган худоларга сиғинишдан кўра, ўлимни раво кўрдилар, шу боис шоҳнинг амрига ҳам бўйсунмадилар.

29 Шунинг учун фармоним қуйидагичадир: Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг Худосига шак келтирган ҳар бир одам қайси халқ, элат ёки уруққа мансуб бўлишидан қатъий назар, чопиб ташланади, унинг уйи эса вайрон қилинади. Зеро, бундай нажот берадиган бошқа худо йўқдир.”

30 Кейин шоҳ Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг мартабасини янада ошириб, уларни Бобил вилоятидаги юқори лавозимларга кўтарди.

Навухадназарнинг мактуби

31 Шоҳ Навухадназар ер юзидаги барча халқлар, элатлар ва уруғларга қуйидаги хабарни юборди:

Хонадонингиздан барака аримасин!

32 Худойи Таоло менга кўрсатган аломату мўъжизалари ҳақида сизларни хабардор қилмоқчиман.

33 Нақадар буюкдир Унинг аломатлари!

Нақадар қудратли мўъжизалари!

Унинг шоҳлиги — мангу шоҳлик бўлар,

У абадий ҳукмронлик қилар.

Навухадназарнинг дарахт ҳақидаги туши

1 Мен, Навухадназар, ўз уйимда хотиржам, шоҳона саройимда роҳат–фароғатда яшаётган эдим.

2 Аммо бир куни кечаси кўрган тушим юрагимга аллақандай ваҳима солди. Бу тушим мени даҳшатга туширган эди.

3 Мен тушимнинг таъбирини билишни истаб, Бобилдаги ҳамма сарой маслаҳатчиларини ҳузуримга келтиришни буюрдим.

4 Қаршимда ҳозир бўлган фолбин, мунажжим, афсунгар ва раммоллар тушимни эшитдилар–у, аммо уни таъбирлай олмадилар.

5 Ниҳоят, Дониёр келди (унинг Белташазар деган исми мен сиғинадиган худонинг исми билан ҳамоҳангдир). Дониёр муқаддас худоларнинг руҳи билан тўладир. Мен унга тушимни айтиб бердим:

6 “Эй Белташазар, фолбинларнинг бошлиғи, сенда муқаддас худоларнинг руҳи борлиги менга аён, ҳар қандай сир сенга ошкордир. Кўрган тушимнинг таъбирини менга айтиб бер.

7 Тушимда мен дунёнинг қоқ ўртасида ўсаётган бир дарахтни кўрдим. У ниҳоятда улкан эди.

8 Дарахт ўсиб, унинг учи осмонга етди. Дарахтни дунёнинг тўрт бурчагидан туриб кўрса бўлар эди.

9 Унинг япроқлари ниҳоятда чиройли, мўл мевалари бутун дунёни таъминлар эди. Ёввойи ҳайвонлар унинг тагида пана топар, осмондаги қушлар шохларида ин қурар, ер юзидаги барча мавжудот ундан озиқланар эди.

10 Мен тўшагимда ётиб, келган ваҳийни томоша қилаётганимда, осмондан кузатувчи бир фаришта тушиб келди.

11 У баланд овозда бақирди: «Дарахтни йиқитинглар, шохларини чопиб ташланглар, япроқларини узиб, меваларини сочиб юборинглар. Тагидаги ҳайвонларни ҳайданглар, шохлардаги қушларни учиринглар.

12 Аммо дарахтнинг тўнкаси ва илдизларига тегманглар, уларни темир ва бронза билан занжирлаб, майин дашт ўтлари орасида қолдиринглар. Дарахт тимсолидаги бу одам осмондан тушган шудрингга чўмилсин, ёввойи ҳайвонлар билан яшаб, насибасини дашт ўтлари орасидан териб есин.

13 Ундан инсон онги олиб ташлансин. У етти йил мобайнида онгсиз ҳайвондай яшасин.

14 Кузатувчи фаришталар шу ҳукмни чиқаришди, токи ҳар бир мавжудот Худойи Таолони инсон салтанатининг ягона Ҳукмдори деб билсин. У шоҳликни хоҳлаган одамига берар, хокисор қашшоқни тахтга ўтқазар.»

15 Мен, шоҳ Навухадназар, кўрган туш мана шудир. Энди сен, Белташазар, менга тушимнинг таъбирини айтиб бер, чунки сарой маслаҳатчилари уни таъбирлай олмадилар. Сен эса бунинг уддасидан чиқасан, чунки сенда муқаддас худоларнинг руҳи бор.”

Тушнинг таъбири

16 Сўнг Белташазар, яъни Дониёр бир қанча вақт ўзига келолмай турди. Менинг тушим уни даҳшатга туширган эди. “Белташазар, тушим ва унинг таъбири сени даҳшатга солмасин, — дедим унга мен.”

“Ҳазратим, — деб гапини бошлади Белташазар. — Илойим, бу тушингиз ва унинг таъбири душманларингиз бошига тушсин!

17 Сиз, учи осмон билан ўпишган баланд бир дарахтни кўрдингиз. Бу дарахт шу қадар улкан эдики, уни дунёнинг тўрт бурчагидан туриб кўрса бўлар эди.

18 Унинг япроқлари ниҳоятда чиройли, мўл мевалари бутун дунёни таъмин қилар эди. Тагида ёввойи ҳайвонлар яшар, осмондаги қушлар шоҳларида ин қурар эди.

19 Ўша улкан дарахт — сизсиз, эй шоҳ ҳазратлари! Сиз ер юзида ҳокимиятингизни ўрнатиб, шуҳратингизни осмону фалакларга ёйгансиз.

20 Тушингизда сиз, эй ҳазрати олийлари, осмондан тушиб келаётган кузатувчи фариштани ҳам кўрдингиз. Фаришта: «Дарахтни йиқитиб, йўқ қилинглар», деб буйруқ берди. «Аммо тўнка ва илдизларига тегманглар, уларни темир ва бронза билан занжирлаб, дашт ўтлари орасида қолдиринглар. Етти йил давомида у осмондан тушган шудрингга чўмилиб, ёввойи ҳайвонлар билан бирга яшасин.»

21 Туш таъбири шундайдир: Худойи Таолонинг амрига мувофиқ, буларнинг барчаси келажакда бошингизга тушади.

22 Сиз инсонлар жамиятидан ҳайдалиб, ёввойи ҳайвонлар орасида яшайсиз. Худойи Таоло инсон салтанатининг ягона Ҳукмдори эканини ва У тахтни хоҳлаган одамига беришини англаб етмагунингизча етти йил давомида молга ўхшаб ўт еб, осмондан тушган шудрингга чўмиласиз.

23 Аммо дарахт тўнкаси ва илдизлари қолдирилганлиги шундан далолат берадики, сиз Худони Олий Ҳукмдор деб тан олганингиздан кейин, шоҳлигингиз қайта тикланади.

24 Ўтинаман сиздан, эй шоҳ ҳазратлари, маслаҳатимни рад этманг: гуноҳларингиздан юз ўгириб, тўғриликни маҳкам тутинг, ёмон қилмишларингиздан воз кечиб, эзилганларга илтифот қилинг. Ким билсин, балки шунда давлатингиз равнақи давом этар.”

Навухадназарнинг туши ўнгидан келади

25 Буларнинг ҳаммаси менинг бошимга тушди.

26 Ўн икки ойлардан кейин, мен, Навухадназар, Бобилдаги саройимнинг томида сайр қилиб юрган эдим.

27 Шунда шаҳарга назар ташлаб: “Ўз қудратим билан қурдирган шоҳона пойтахт Бобилни бир кўриб қўйинглар–а! — дедим, — чексиз кучим ва дабдабали улуғворлигим бу шаҳарда акс эттирилган.”

28 Бу сўзлар оғзимдан чиқиб улгурмаган ҳам эдики, осмондан бир овоз келди: “Эй шоҳ Навухадназар, гапимга қулоқ сол! Сен тахтингдан туширилдинг!

29 Сен инсонлар жамиятидан ҳайдалиб, ёввойи ҳайвонлар билан яшайсан. Худойи Таоло — инсон салтанатининг ягона Ҳукмдори эканини ва У тахтни хоҳлаган одамига беришини уқмагунингча, етти йил давомида молга ўхшаб ўт еб юрасан.”

30 Менга айтилган бу кароматли сўзлар ўша заҳотиёқ амалга ошди. Мен инсонлар жамиятидан ҳайдалдим. Мол каби ўт еб, осмондан тушган шудрингга чўмилдим. Сочларим бургут қанотларидай узун, тирноқларим қушнинг чангалларидай бўлгунига қадар, ҳаётим шу зайлда давом этди.

Навухадназар Худони олқишлайди

31 Белгиланган муддат тугагач, мен кўзимни осмонга тикдим, ўша заҳотиёқ эс–ҳушим ўзимга қайтиб келди. Мен Худойи Таолога шукроналар айтдим, мангу яшовчини олқишлаб, улуғладим:

“Зеро, абадийдир Унинг ҳукмронлиги,

Авлодлар ошадир Унинг шоҳлиги.

32 Ердаги инсонлар Унинг наздида ҳеч нарсадайдир,

Инсонлару малакларга У ҳукмини ўтказгайдир.

Бирор кимса Унга бас кела олмас,

«Нима қиляпсан?» — деб сўрашга журъат этмас.”

33 Эс–ҳушим ўзимга қайтиб келганидан сўнг, шоҳлигим, обрў–эътиборим ҳамда шуҳратим тикланди. Маслаҳатчи ва бекларим мени қидириб келишди. Мен қайта тахтга ўтирдим, улуғворлигим эса олдингидан ҳам ошди.

34 Энди мен, Навухадназар, Самовий Шоҳга ҳамду санолар айтаман, Уни улуғлаб, шарафлайман. Унинг ҳамма ишлари тўғри, чиқарган ҳукмлари адолатлидир, У димоғи шишганларнинг попугини пасайтиришга қодирдир.

Белшазарнинг зиёфати

1 Орадан йиллар ўтди. Бир куни шоҳ Белшазар катта бир зиёфат уюштирди, зиёфатга мингта бегини таклиф қилиб, улар билан майхўрлик қилаётган эди.

2 Ширакайф бўлиб қолган шоҳ: “Катта бобом Навухадназар Қуддусдаги Маъбаддан олиб келган олтин ва кумуш қадаҳлар келтирилсин!” — деб буюрди. Шоҳ беклари, хотинлари ва канизаклари билан ўша қадаҳлардан шароб ичмоқчи эди.

3 Қуддусдаги Маъбад, яъни Худонинг уйидан олиб келинган олтин қадаҳлар базмхонага келтирилди. Шоҳнинг ўзи, унинг беклари, хотинлари ва канизаклари қадаҳлардан шароб ичишди.

4 Улар ичиб, олтин, кумуш, бронза, темир, ёғоч ва тошлардан қилинган худоларни олқишлар эдилар.

5 Тўсатдан одам қўлининг панжаси пайдо бўлиб, шоҳ саройининг деворларидаги сувоқнинг устида ёза бошлади. Сарой чироқлари деворнинг ўша қисмини яхши ёритиб тургани учун, шоҳ ёзаётган қўл панжасини кўриб қолди.

6 Шоҳ бундан даҳшатга тушиб, бўзариб кетди. Унинг қўллари бўшашиб, тиззалари титрай бошлади.

7 Шоҳ бақириб, мунажжим, афсунгар ва раммолларни келтиришни буюрди. Улар ҳозир бўлганларида, шоҳ шундай деди: “Ким бу ёзувни ўқиб, унинг маъносини менга тушунтириб берса, мен ўша одамнинг устига шоҳона сафсар тўн кийгизаман, бўйнига олтин занжир тақиб, чап қўл вазирим қилиб тайинлайман.”

8 Шоҳнинг бу маслаҳатчилари ичкарига кирганларидан кейин ҳам ёзувни ўқий олмадилар, унинг маъносини ҳам тушунтириб бера олмадилар.

9 Бундан қаттиқ ваҳимага тушган шоҳ Белшазарнинг рангида ранг қолмади, беклари эса талмовсираб қолишди.

10 Ичкаридаги шовқин–суронни эшитиб, базмхонага кирган она малика: “Шоҳ ҳазратларининг умри боқий бўлсин! — деди. — Шоҳим, шунчалик ҳам қўрқасизми, қаранг, ахир, рангингизда ранг қолмабди–ку!

11 Сизнинг шоҳлигингизда муқаддас худоларнинг руҳига тўлган бир одам бор. Катта бобонгиз даврида бу одам идрокли, зеҳни ўткир ва худолар каби доно деб тан олинган эди. Катта бобонгиз — шоҳ Навухадназар уни фолбин, мунажжим, афсунгар ва раммолларнинг бошлиғи қилиб тайинлаган эдилар.

12 Дониёр исмли бу одам тушларни таъбирлашда, сирларни очишда ва жумбоқларни ечишда ғайритабиий қобилият, билим ва фаҳм–фаросатга эгадир. Катта бобонгиз уни Белташазар деб атаган эди. Шоҳим, буюринг, Дониёрни бу ерга келтиришсин, у сизга бу ёзувнинг маъносини тушунтириб бергай.”

Дониёр ёзувни тушунтириб беради

13 Дониёр шоҳ ҳузурига келтирилди. Шоҳ Дониёрдан: “Катта бобом Яҳудодан асир қилиб олиб келган Дониёр сенмисан? — деб сўради.

14 Сени худоларнинг руҳи билан тўлган, идрокли, зеҳни ўткир ва доно деб эшитдим.

15 Мен маслаҳатчилар ва мунажжимларни ҳузуримга чақиртириб, уларга мана бу ёзувни ўқиб, маъносини тушунтириб беришни буюрган эдим. Аммо уларнинг биронтаси ҳам бунинг уддасидан чиқа олмади.

16 Сен эса жумбоқларни ечиб, уларни тушунтира олишингни эшитганман. Агар сен ҳозир бу ёзувни ўқиб, унинг маъносини менга тушунтириб берсанг, мен сенинг устингга шоҳона сафсар тўн кийгизаман, бўйнингга олтин занжир тақиб, чап қўл вазирим қилиб тайинлайман.”

17 Дониёр шоҳ ҳузурида шундай жавоб берди: “Эй олампаноҳ, раҳмат, совғаларингиз ўзингизда қолаверсин ёки уларни бошқа бировга бера қолинг. Мен бу ёзувни шундоқ ҳам ўқиб, унинг маъносини тушунтириб бераман.

18 Эй шоҳ ҳазратлари, Худойи Таоло катта бобонгиз Навухадназарни буюк бир салтанатнинг тахтига ўтқазиб, шуҳратини рўйи заминга ёйгандир.

19 Худо унга берган улуғворлиги туфайли ҳамма одамлар — қайси халқ, элат ва уруғдан бўлишларидан қатъий назар, катта бобонгиздан қўрқиб қалтирар эдилар. У хоҳлаган одамни ўлдирар, хоҳлаганини тирик қолдирар, юксалтирмоқчи бўлганини юксалтирар, хор қилмоқчи бўлганини оёқ ости қилар эди.

20 Аммо мағрурланиб, ўжарлиги ила иш тута бошлаганда шоҳона тахтидан туширилиб, улуғворлигидан маҳрум қилинган эди.

21 У инсонлар жамиятидан ҳайдалиб, онгсиз ҳайвондай бўлиб қолганди. Ёввойи эшаклар билан яшаб, мол сингари, ўт билан озиқланган ва осмондан тушган шудрингга чўмилганди. Охири Худойи Таоло инсон салтанатининг ягона Ҳукмдори эканини ва У тахтни хоҳлаган одамига беришини катта бобонгиз тан олган эди.

22 Аммо сиз, эй шоҳ Белшазар, катта бобонгизнинг бошидан ўтган бу воқеалардан хабардор бўла туриб Худога бўйсунмадингиз!

23 Сиз ҳаддингиздан ошиб, Самовий Худога қарши бош кўтардингиз! Худо Маъбадининг қадаҳларини ҳузурингизга келтириб, бекларингиз, хотинларингиз ва канизакларингиз билан майхўрлик қилдингиз. Ҳеч нарса кўрмайдиган, ҳеч нарса эшитмайдиган, ҳеч нарса билмайдиган олтин, кумуш, бронза, темир, ёғоч ва тошдан ясалган худоларни мадҳ айладингиз. Аммо сизга ҳаёт берувчи ва охиратингизни белгиловчи Худони улуғламадингиз.

24 Шунинг учун Худо қўл панжасини юбориб қуйидаги сўзларни ёздирди:

25 МЕНЕ, МЕНЕ, ТЕКЕЛ ва ПАРСИН.

26 Бунинг маъноси қуйидагича:

МЕНЕ, яъни «ҳисоб» — Худо ҳукмронлик вақтингизни ҳисоблаб чиқиб, шоҳлигингизга якун ясади.

27 ТЕКЕЛ, яъни «тортилган» — сиз тарозида тортилиб, ҳукмронлик қилишга номуносиб бўлиб чиқдингиз.

28 ПЕРЕС, яъни «бўлинган» — шоҳлигингиз бўлиниб, Мидияликлар ва Форсларга берилди.”

29 Сўнг Белшазар берган амрга биноан, Дониёрга шоҳона сафсар тўн кийдирилиб, бўйнига олтин занжир тақилди ва у шоҳнинг чап қўл вазири деб эълон қилинди.

30 Худди ўша куни кечаси Бобил шоҳи Белшазар ўлдирилди.

31 Тахтга эса олтмиш икки ёшли Мидиялик Доро ўтирди.

Дониёр шерлар уясида

1 Шоҳ Доро бутун шоҳлигидаги ерларни 120 та вилоятга бўлиб, ҳар бир вилоят устидан ноиб тайинлашга қарор қилди.

2 Ноибларни назорат қилиш учун эса учта амирни тайинлади, уларнинг бири Дониёр эди. Шоҳни уринтирмаслик учун улар ноиблардан барча ҳисоботни олишлари керак эди.

3 Дониёр бошқа амиру ноибларга қараганда ўз ишини юксак маҳорат билан бажарар эди. Шунинг учун шоҳ бутун салтанат бошқарувини Дониёрга топширишни режалаштириб қўйганди.

4 Буни кўра олмаган амиру ноиблар қилдан қийиқ ахтариб, Дониёрнинг бошқарув ишларидаги нуқсонларни топишга ҳаракат қилишди. Аммо Дониёр ўз ишини пухта бажариб, ҳеч қандай масъулиятсизлик ва ноҳақликка йўл қўймасди. Шунинг учун уни айблашга бирон–бир баҳона ҳам топа олмадилар.

5 Ниҳоят улар бир–бирларига шундай дедилар: “Дониёрни фақатгина ўз Худосининг қонуни билан боғлиқ бўлган ҳолда айблашимиз мумкин, бундан бошқа чорамиз йўққа ўхшайди.”

6 Шунда амиру ноиблар шоҳнинг ҳузурига бориб: “Шоҳ Доро ҳазратларининг умри боқий бўлсин! — дедилар.

7 — Шоҳликнинг барча амирлари, беклари, ноиблари, аъёнлари ва ҳокимлари шундай деб ўзаро келишиб олдилар: шоҳимиз фармон жорий қилсинлар. Эй шоҳ ҳазратлари, бу фармон бўйича ҳамма одам ўттиз кун мобайнида фақатгина сизга сажда қилсин. Кимки бошқа бир худо ёки одамга сажда қилса, шерлар уясига ташлансин. Бу фармон қатъий равишда амалга оширилсин.

8 Эй шоҳ ҳазратлари, фармон чиқариб уни имзоланг. Бу фармонингиз Мидия ва Форс қонунларига биноан ўзгармас бўлсин.”

9 Шоҳ Доро фармонни имзолади.

10 Дониёр фармон имзоланганлигини била туриб уйига борди. Болохонасига чиқиб, ҳар доим қилганидай, кунига уч маҳал тиз чўкиб Худога илтижо қилди, Уни мадҳ этиб улуғлади. Болохонанинг деразалари эса Қуддус томон очилган эди.

11 Амалдорлар бир тўда бўлиб Дониёрнинг уйига борганларида, Дониёр ўз Худосига илтижо қилаётганини кўриб қолдилар.

12 Улар зудлик билан бу ҳақда шоҳни хабардор қилиш учун шоҳ ҳузурига бордилар.

— Эй шоҳ ҳазратлари! — дея мурожаат қилди улар. — Сиз фармон чиқариб, кимки ўттиз кун ичида мендан бошқа биронта худо ёки одамга сажда қилса, шерларнинг уясига ташланади, деб айтмаганмидингиз?

— Ҳа, чиқарган бу фармоним Мидия ва Форс шоҳлигининг қонунларига биноан, қатъийдир, — дея жавоб берди шоҳ.

13 — Эй шоҳ ҳазратлари, Яҳудо асирларидан бўлмиш Дониёр сизни ҳам, сиз чиқарган фармонингизни ҳам менсимай, кунига уч марта ўз Худосига илтижо қиляпти, — деди улар.

14 Шоҳ буни эшитгач, қаттиқ ташвишга тушди. У Дониёрни сақлаб қолиш ниятида кун ботгунга қадар, қўлидан келганича ҳаракат қилди.

15 Аммо амалдорлар шоҳнинг олдига келиб:

— Шоҳ ҳазратлари, Мидия ва Форс қонунларига биноан, сиз чиқарган ҳар бир фармон ўзгармас эканлигини эсингизда тутинг, — дедилар.

16 Шоҳ Дониёрни шерларнинг уясига ташлашни буюрди.

Дониёрнинг ўзига эса: “Сени Худойинг қўлига топширдим, сен доим сажда қиладиган ўша Худо сени асрасин”, — деди.

17 Тош келтирилиб, чуқурликнинг оғзи беркитиб қўйилди. Ҳеч ким Дониёрни шерлардан қутқара олмасин деб, шоҳ ўзининг ва амалдорларининг тамғалари билан тошни муҳрлаб қўйди.

18 Сўнг саройига қайтиб, кечаси билан туз тотмади. Одатдаги кечки вақти чоғлик ҳам кўнглига сиғмай, туни билан ухламай чиқди.

19 Эртаси куни тонг отгач, шоҳ шоша–пиша шерлар уяси томон югурди.

20 У ерга боргач:

— Ҳой Дониёр, барҳаёт Худонинг хизматкори! — дея куйиниб хитоб қилди у. — Сен доимо сажда қилиб юрган Худойинг сени шерлардан қутқара олдими?

21 — Шоҳ ҳазратларининг умри боқий бўлсин! — деди шоҳга Дониёр.

22 — Худойимнинг назарида бегуноҳ бўлганим учун У фариштасини юбориб, шерларнинг оғизларини беркитиб қўйди ва шерлар менга ҳеч қандай зарар етказмадилар. Сизнинг олдингизда ҳам, эй шоҳ ҳазратлари, мен бирон–бир айбли иш қилган эмасман.

23 Хурсандчилиги ичига сиғмаган шоҳ Дониёрни чуқурликдан чиқаришни буюрди. Дониёрни чуқурликдан чиқарган одамлар унга ҳеч қандай зарар етмаганини кўришди, чунки Дониёр Худога инонган эди.

24 Шоҳнинг буйруғига биноан, Дониёрни қоралаган одамларни хотину бола–чақалари билан бирга шерлар уясига ташладилар. Улар чуқурликнинг тубига етмаган ҳам эдики, шерлар уларга ташланиб ғажиб ташлашди.

25 Шоҳ Доро бутун дунё бўйлаб барча халқлар, элатлар ва уруғларга шундай мактуб йўллади:

“Хонадонингиздан барака аримасин!

26 Шоҳлигимдаги барча одамлар Дониёрнинг Худосидан қўрқиб титрасин, чунки

У барҳаёт ва мангу Худодир.

Унинг шоҳлиги асло қуламас,

Ҳукмронлиги ҳеч ҳам тугамас,

27 Нажоткору халоскор Удир.

Еру кўкда аломату мўъжизалар кўрсатган,

Удир Дониёрни шерлардан қутқариб олган.”

28 Шоҳ Доро ва Форс шоҳи Курушнинг ҳукмронлиги даврларида Дониёрнинг мартабаси яна ҳам ошди.

Дониёр кўрган ваҳийлар

(7:1-12:13)

Дониёрнинг тўрт махлуқ ҳақидаги ваҳийси

1 Бобил шоҳи Белшазар ҳукмронлигининг биринчи йилида Дониёр бир туш кўрди. У кўрган туши ҳақида шундай ёзди:

2 “Мен тушимда бир ваҳий кўрдим. Осмоннинг тўрт томонидан эсаётган қаттиқ шамол улкан бир денгизни тўлқинлантираётган эди.

3 Ўша денгиздан бир–бирига ўхшамайдиган тўртта баҳайбат махлуқ чиқди.

4 Биринчиси шерга ўхшаган эди, унинг бургут қанотларига ўхшаган қанотлари бор эди. Мен махлуқни томоша қилиб турган эдим, бирданига қандайдир бир куч унинг қанотларини узиб ташлади, ўзини эса кўтариб одамзодга ўхшатиб икки оёғида турғизиб қўйди. Ўша махлуққа инсон онги берилган эди.

5 Иккинчи махлуқ айиққа ўхшар эди. У оғзига учта қовурға суякларини тишлаб олган эди. У ҳамла қилишга шайлана бошлаганда, унга шундай буйруқ берилди: «Қани, ол, тўйгунингча гўшт егин!»

6 Сўнг қоплонга ўхшагани пайдо бўлди. Бу махлуқнинг тўртта боши ва орқасида қуш қанотига ўхшаган тўртта қаноти бор эди. Унга ҳукмронлик қилиш ҳуқуқи берилган эди.

7 Бундан кейин тундаги ваҳийда мен қўрқинчли, даҳшатли ва бениҳоя кучли бўлган тўртинчи махлуқни кўрдим. У ўз қурбонларини темир тишлари билан ғажиб, парчалаб ташларди. Қолдиқларини эса оёқлари билан босиб эзарди. Унинг ўнта шохи бўлгани учун, у олдинги махлуқлардан ажралиб турар эди.

8 Мен махлуқнинг шохларини томоша қилиб турганимда, уларнинг орасидан ўсиб чиқаётган яна бир шохчани кўрдим. Унга жой бериш учун олдинги ўнта шохдан учтаси таг–туги билан узилиб тушди. Бу янги ўсиб чиққан шохнинг инсон кўзларига ўхшаган кўзлари ва такаббурона гапирадиган оғзи бор эди.

Дониёрнинг Азалий Нуроний ҳақидаги ваҳийси

9 Мен тахтларнинг жой–жойига ўрнатилганини томоша қилиб турдим, Азалий Нуроний Ўз жойига ўтирди. Унинг кийими қордай оқ, сочлари эса оппоқ момиқдай эди. Унинг тахти оташин аланга, тахтининг ғилдираклари ловуллаган олов эди.

10 Унинг ҳузуридан оловли дарё оқиб чиқди. Минглар Унга хизмат қилар эди, миллион–миллионлар Унинг амрига мунтазир эди. Суд мажлиси бошланди, ҳамма китоблар очилди.

11 Кичкина шохнинг кибрланиб шанғиллаши менинг эътиборимни тортган эди. Мен уни томоша қилаётганимда ўша тўртинчи махлуқ ўлдирилди, унинг жасади оловга ташланиб, куйдириб юборилди.

12 Қолган махлуқларга келсак, уларнинг ҳукмронлиги йўқ қилинди, аммо ҳаётлари маълум бир вақтгача сақлаб қолинди.

13 Тунда келган ўша ваҳийда мен осмон булутларида келаётган инсон қиёфасидаги бир зотни кўрдим. У Азалий Нуронийнинг олдига келди.

14 Унга ҳукмронлик, улуғворлик ва шоҳлик берилди. Барча халқлар, элатлар ва уруғлар унга бўйсунишди. Унинг ҳукмронлиги битмас–туганмас, абадий ҳукмронликдир. Унинг шоҳлиги ҳеч қачон бузилмайди.

Дониёр кўрган ваҳийнинг маъноси

15 Мен кўрган бу ваҳий юрагимга ғулғула солиб, алланечук ваҳимага туширган эди.

16 Мен тахт ёнида турганларнинг биттасига яқинлашиб, буларнинг ҳаммасини тушунтириб беришини сўрадим. У менга ваҳийнинг маъносини очиб, деди:

17 «Сен кўрган тўртта махлуқ бу ер юзида ҳукмронлик қиладиган тўртта шоҳликдир.

18 Аммо Худойи Таолонинг азизлари шоҳликни қабул қилиб, унга то абад эга бўладилар.»

19 Мен тўртинчи махлуқ ҳақида кўпроқ маълумот олишни хоҳлар эдим, чунки у бошқа махлуқлардан ажралиб турар эди. Темир тишлари ва бронза чангаллари бўлган бу бадбашара махлуқ қурбонларини ғажиб тилка–пора қилар, қолдиқларини босиб эзарди.

20 Унинг бошидаги ўнта шохи, айниқса, янги ўсиб чиққан шох мени жуда қизиқтириб қолган эди. Ўша шох ўсиб чиқаётганда ўрнидаги учта шохни тушириб юборган эди. Кўзлари ва кибрланиб гапирадиган оғзи бўлган бу шох бошқа шохларга қараганда кўпроқ аҳамиятга эгадай бўлиб кўринар эди.

21 Бундан ташқари, ваҳийда мен ўша шохнинг Худонинг азиз халқи билан жанг қилаётганини ва уларни енгаётганини кўрган эдим.

22 Шу орада Азалий Нуроний келиб, Ўзининг азизлари фойдасига ҳукм чиқарди. Худойи Таолонинг азиз одамлари учун шоҳликни ўз тасарруфига олиш вақти етиб келган эди.

23 Суҳбатдошим менга шундай деди: «Тўртинчи махлуқ бу ер юзида ҳукмронлик қиладиган тўртинчи шоҳликнинг тимсолидир. Бу шоҳлик бошқа шоҳликлардан ажралиб туради. У бутун дунёни ғажиб, эзиб парча–парча қилади.

24 Махлуқнинг ўнта шохи — шоҳликни бошқарадиган ўнта ҳукмдордир. Кейинчалик тахтга янги бир ҳукмдор ўтиради. Бу ҳукмдор олдинги ўнта ҳукмдордан ажралиб туради ва учта ҳукмдорни тахтдан туширади.

25 У куфр кетиб, Худойи Таолонинг азизларини аёвсиз эзади. Муқаддас байрамлар ва қонунларни ўзгартиришга уринади. Худонинг азиз одамлари уч ярим йил давомида ўша ҳукмдорнинг зулми остида бўладилар.

26 Бу муддат тугагач, самода суд мажлиси бошланади. Золим ҳукмдор тахтдан туширилиб, бутунлай йўқ қилинади.

27 Худойи Таолонинг азизларига эса шоҳлик, ҳукмронлик ва ер юзидаги барча салтанатларнинг улуғворлиги берилади. Ҳамма ҳукмдорлар уларга бўйсуниб, хизмат қиладилар, уларнинг шоҳлиги абадий шоҳлик бўлади.»

28 Кўрган, эшитганларим мана шудир. Бу тушимдан шу қадар ваҳимага тушган эдимки, рангимда ранг қолмаган эди. Аммо булар тўғрисида оғиз очмай, ҳаммасини ичимга ютдим.”

Дониёрнинг қўчқор ва эчки ҳақидаги ваҳийси

1 Дониёр шундай деб ёзди:

“Шоҳ Белшазар ҳукмронлигининг учинчи йилида менга яна бир ваҳий келди.

2 Бу ваҳийда мен Элам вилоятидаги Шушан қалъасида, Улой дарёсининг бўйида турган эканман.

3 Мен дарё бўйида бир қўчқор турганини кўрдим. Унинг иккита узун–узун шохлари бор экан. Иккинчи бўлиб чиққан шох биринчисига қараганда узунроқ экан.

4 Қўчқор ўзини ғарб, шимол ва жанубга уриб, йўлида дуч келган ҳамма нарсани сузар эди. Ҳеч қандай ҳайвон унга бас кела олмас, унинг қурбонларини қутқара олмас эди. Қўчқор хоҳлаган ишини қилар, кучи тобора ошиб борар эди.

5 Буни томоша қилиб турганимда, ғарб томондан бир така кўринди. Елдай учиб келаётган бу таканинг туёқлари гўё ерга тегмаётгандай туюлар эди. Унинг икки кўзи орасида улкан бир шох бор эди.

6 У қутурганича қўчқор томон югурди–да,

7 қаҳр–ғазаб билан унга ташланиб, сузди. Таканинг зарбаси зўрлигидан, қўчқорнинг иккала шохи синиб тушди. Қўчқор такага бас кела олмади. Така уни ерга йиқитиб топтади, ҳеч ким қўчқорни ундан қутқара олмас эди.

8 Така ниҳоятда кучайиб кетди, аммо куч–қудрат чўққисида унинг улкан шохи синиб тушди. Синиб тушган шохнинг ўрнига дунёнинг тўрт томонига қайрилган тўртта катта шох ўсиб чиқди.

9 Уларнинг биридан яна битта шохча чиқди. Унинг куч–қудрати ошиб, жануб, шарқ ва гўзал Исроил ўлкаси томон ёйилди.

10 Қудрати осмону фалакка етган бу шох самовий лашкарларга ҳужум қилди. Самовий лашкарлар бўлмиш юлдузларнинг айримларини ерга тушириб топтади.

11 Ҳатто самовий лашкарнинг Саркардаси — Худони менсимай, Унга келтириладиган кундалик қурбонликларни тўхтатди. Маъбадни эса вайрон қилиб,

12 самовий лашкарларни мағлуб қилди. Кундалик қурбонликлар ўрнига ҳаддан ташқари жирканч бир нарсани ўрнатди. Ҳақиқатни оёқ ости қилган бу шох ҳар бир ишида муваффақият қозонар эди.

13 Кейин мен фаришталар ўзаро гаплашаётганини эшитиб қолдим. Уларнинг бири бошқасидан шундай деб сўраганини эшитдим:

— Ваҳийдаги бу ҳодисалар қачонгача давом этар экан–а? Қачонгача бу жирканч нарса кундалик қурбонликлар ўрнини эгаллайди? Қачонгача Маъбад ва самовий лашкарлар оёқ ости бўлади?

14 Шериги унга шундай жавоб берди:

— Бундай аҳвол 2300 кечаю кундуз давом этади. Ўша вақт мобайнида қурбонликлар келтирилмайди. Шундан сўнг Маъбад покланиб, асл ҳолига қайтарилади.

Фаришта Жаброил ваҳийларни тушунтириб беради

15 Мен кўрган ваҳийнинг мағзини чақмоқчи бўлиб, бошимни қотириб турганимда, бирданига олдимда одам қиёфасидаги аллаким пайдо бўлди.

16 Шу пайтда мен Улой дарёси томонидан:

— Эй Жаброил, бу одамга ваҳийнинг маъносини тушунтириб бер, — деб хитоб қилаётган инсон овозини эшитдим.

17 Жаброил менга яқинлашганда, мен қўрққанимдан юз тубан ерга йиқилдим. Аммо у менга:

— Тушунгин, эй инсон, бу охирзамон ваҳийси, — деди.

18 У гапираётганда мен ҳушимдан кетиб, юз тубан ерда чўзилиб ётган эдим. Аммо у қўлини теккизиб, мени турғизиб қўйди–да,

19 шундай деди:

— Эшит, мен сенга охирзамон пайтида содир бўладиган нарсаларни аён қиламан, ўша даврда Худо Ўз ғазабини ер юзига сочишни белгилагандир.

20 Сен кўрган икки шохли қўчқор — бу Мидия ва Форс шоҳликларидир.

21 Така эса Юнон шоҳлигидир. Иккала кўзининг орасидаги улкан шох — бу Юнон шоҳлигининг тахтида ўтирадиган биринчи ҳукмдордир.

22 Синиб тушган шохнинг ўрнига чиққан тўртта шох — Юнон шоҳлиги тўрт қисмга бўлинишини билдиради. Тахтга ўтирган тўртала ҳукмдор олдинги ҳукмдорга қараганда заифроқ бўлади.

23 Уларнинг ҳукмронлик пайтлари охирлаб, гуноҳлари тўлиб–тошганда, макр–ҳийлага уста, важоҳати хунук бир ҳукмдор тахтга ўтиради.

24 У ниҳоятда кучайиб кетади, бироқ ўзининг кучи билан эмас. У ҳамма ёқни вайрон қилиб, барча ишларида муваффақият қозонади. Забардаст йўлбошчилару Худонинг азизларини қириб ташлайди.

25 Усталик билан ишлатган маккорлиги туфайли кўп ютуқларга эришади. Кўзини ёғ босган бу ҳукмдор огоҳлантирмасдан кўп одамларни ҳалок қилади. У ҳатто энг буюк Ҳукмдорга қарши бош кўтаради. Оқибатда эса йўқ қилиб ташланади, аммо бу инсоннинг кучи билан қилинмайди.

26 Дониёр, мен ҳозир сенга тушунтириб берган эрталабки ва кечқурунги қурбонликларга оид бўлган бу ваҳий албатта амалга ошади. Сен ваҳийни сир тутгин, чунки бу узоқ келажакка оид нарсадир.

27 Бу воқеадан сўнг тобим қочиб, бир неча кун бетоб бўлиб ётдим. Кейин туриб, шоҳнинг хизматига қайтдим. Аммо ваҳий мени тамомила эсанкиратиб қўйган эди. Мен унинг маъносини тушунмаган эдим.

Дониёр халқ учун ибодат қилади

1 Бобил тахтига ўтирган Мидиялик Ахашвераш ўғли Доро ҳукмронлигининг илк даври.

2 Мен Доро ҳукмронлигининг дастлабки йилида пайғамбарлар ёзиб қолдирган битикларни мутолаа қилишга киришган эдим. Эгамиз Еремиё пайғамбарга айтган сўзларига кўра, Қуддус етмиш йил давомида хароб бўлиб ётишини билиб олдим.

3 Шунда мен Раббий Худога ёлвордим, рўза тутиб, қанорга ўрандим, кулга беланиб, илтижо қилдим.

4 Мен Эгам Худога ибодат қилиб, халқимнинг гуноҳлари учун шундай деб тавба қилдим:

Ё Раббий, Сен буюк ва ҳайбатли Худосан! Сени севиб, амрларингга риоя қилган бандаларингга Сен аҳдингни содиқ сақлайсан.

5 Аммо биз ноҳақлик қилиб, гуноҳга қўл урдик. Қабиҳ ишлар қилиб, Сенга қарши бош кўтардик, амрлару қонун–қоидаларингни унутиб,

6 шоҳларимизга, раҳнамоларимизга, ота–боболаримизга ва авом халққа Сенинг номингдан гапирган хизматкорларинг — пайғамбарларга биз қулоқ солмадик.

7 Сен ҳақсан, ё Раббий. Биз эса бугун шарманда бўлдик. Биз Сенга хиёнат қилганимиз учун, Сен ҳаммамизни — Яҳудо ва Қуддус аҳолисини ҳамда бутун Исроил халқини яқин ва узоқ юртларга тарқатиб юборгансан.

8 Эй Эгам, биз Сенга қарши гуноҳ қилганимиз учун шоҳларимиз, раҳнамоларимиз, ота–боболаримиз — биз ҳаммамиз шарманда бўлдик.

9 Ё Раббимиз Худо, биз Сенга қарши бош кўтарган бўлсак ҳам, Сен гуноҳларимизни кечирувчи, раҳмдил Худосан.

10 Эй Эгамиз Худо, биз Сенга итоат этмадик! Сен хизматкорларинг бўлмиш пайғамбарлар орқали бизга қонунлар бердинг, аммо биз уларга риоя қилмадик.

11 Бутун Исроил халқи қонунингни бузиб, ҳақ йўлдан озди, Сенга қулоқ солишни хоҳламади. Биз Сенга қарши гуноҳ қилганимиз учун қулинг Мусонинг қонунида ёзилган қасамёду лаънатлар бошимизга тушди.

12 Ҳа, Сен бизни ва раҳнамоларимизни огоҳлантирган эдинг! Сўнг айтганларингни қилиб, бошимизга шундай фалокатлар ёғдирдингки, Қуддусда юз берган бундай даҳшатли фожиани ёруғ дунё ҳали кўрмаган эди.

13 Мусонинг қонунида ёзилган ҳар бир фалокат бошимизга тушди. Аммо биз шунда ҳам гуноҳларимиздан қайтмадик, Эгамиз Худонинг марҳаматини изламадик, Унинг содиқлигини эсга олмадик.

14 Вақти келиб Эгам бизни бу фалокатларга гирифтор қилди, чунки биз Унинг гапларига итоат қилмадик. Дарҳақиқат, Эгамиз Худо доим адолат ила иш тутар.

15 Эй Раббимиз Худо, Сен Ўз халқингни қудратинг ила Мисрдан олиб чиқиб, шуҳратингни оламга ёйдинг. Сенинг қудратинг бугунга қадар тилга олинар. Биз эса гуноҳ қилдик, қабиҳликка қўл урдик.

16 Ё Раббий, Сен ўтмишда бизга кўп илтифот қилдинг. Ҳозир ҳам ғазабу қаҳрингни Қуддусдан йироқ қилгин, деб ёлвораман. Қуддус Сенинг шаҳринг, Сенинг муқаддас тоғинг–ку, ахир! Бизнинг ва ота–боболаримизнинг гуноҳлари туфайли Қуддус ва танланган халқинг қўшни халқлар орасида хор–зор бўлмоқда.

17 Шунинг учун, эй Худойимиз, мен, қулингнинг ибодату илтижоларига қулоқ тутгин. Ё Раббий, хароб бўлган Маъбадингга Ўз ҳақи–ҳурматинг учун мунаввар юзинг билан боққин.

18 Эй Худойим, қулоқ солиб, нолаларимизни эшитгин! Кўзингни очиб, биз тортган жабрни кўриб қўйгин! Шаҳарнинг аҳволига бир қара, ахир, у Сенинг номинг билан аталган–ку! Биз Сенинг марҳаматингга лойиқ бўлмасак–да, Ўзингнинг чексиз раҳмдиллигинг туфайли бизга шафқат қил.

19 Ё Раббий, нолаларимни эшитгин! Ё Раббий, бизни кечиргин! Ё Раббий, илтижоларимни эшитиб ёрдам бергин! Ҳурматинг ҳақи шошилгин, чунки бу шаҳринг ва халқинг Сенинг номинг билан аталгандир, эй Худойим!

Жаброил башоратни тушунтириб беради

20 Мен тоат–ибодатда бўлиб, ўзимнинг гуноҳларим ва халқим Исроилнинг гуноҳлари учун тавба қилиб, Худонинг муқаддас тоғи — Қуддус учун Эгам Худога илтижо қилаётган эдим.

21 Кечки қурбонлик пайтида мен ҳали ибодат қилаётганимда, олдимга Жаброил учиб тушди. Мен уни олдинги ваҳийда ҳам кўрган эдим.

22 У менга тушунтирди: «Дониёр, мен олдингга ваҳийни тушунтирмоқ учун келдим.

23 Сен Худога илтижо қила бошлаганингда, У сенга жавоб берган эди. Мен жавобини сенга етказмоқ учун келдим, чунки сен Худонинг суюкли бандасисан. Қани, энди айтадиган гапларимни яхшилаб эшит, ваҳийнинг маъносини тушуниб олгин:

24 исённи бартараф этиш, қабиҳликка чек қўйиш, гуноҳдан поклаш ҳамда абадий адолат ўрнатиш учун Худо сенинг халқинг ва муқаддас шаҳринг учун етмиш карра етти йил белгилади. Шунда ваҳий ва кароматлар амалга ошади, муқаддас Маъбад эса табаррук қилинади.

25 Шуни билиб қўйгинки, Қуддусни тиклаш учун амр берилганидан то Худо мой суртиб танлаган йўлбошчи келгунига қадар, етти карра етти йил ўтади. Олтмиш икки карра етти йил мобайнида Қуддус шаҳри, унинг йўллари ва мудофаа иншоотлари тикланади, аммо булар машаққатли дамларда содир бўлади.

26 Олтмиш икки карра етти йил ўтгач, Худо танлаган йўлбошчи ўлдирилади. У эришган ҳамма нарса барбод бўлади. Қўшин тортиб келган ажнабий бир ҳукмдор шаҳарга кучли селдай ёпирилиб, шаҳарни ҳамда Маъбадни вайрон қилади. Худонинг қарорига мувофиқ, урушу вайронагарчиликлар ўша даврнинг охиригача давом этади.

27 Ўша ҳукмдор кўп халқлар билан бир карра етти йилга кучли бир битим тузади. Ўша вақтнинг ярми ўтгач, қурбонлик ва назрларга чек қўйиб, Маъбадда макруҳ бир нарса ўрнатади. Бу нарса кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўлади. Бу аҳвол Худо белгилаган кунгача давом этади. Ўша куни шаҳар билан Маъбадни вайрон қилган ҳукмдорнинг куни битади.»”

Дониёрнинг фаришта ҳақидаги ваҳийси

1 Форс шоҳи Куруш ҳукмронлигининг учинчи йилида, Белташазар деб аталган Дониёрга Худодан бир хабар келган эди. Келажакда албатта содир бўладиган кучли тўқнашувга оид бўлган бу хабарнинг маъноси Дониёрга ваҳий орқали аён бўлди.

2 Дониёр шундай деб ёзди:

“Ўша пайтда мен уч ҳафта азадордай юрдим.

3 Уч ҳафта давомида ҳеч қандай тансиқ таом емадим, гўшт билан шаробни оғзимга олмадим, ювиниб–таранмадим.

4 Биринчи ойнинг йигирма тўртинчи кунида буюк Дажла дарёсининг бўйида турганимда,

5 мен бировни кўрдим. Унинг эгнида зиғир толасидан тўқилган либос, белида соф тилладан ясалган камар бор эди.

6 Унинг танаси қимматбаҳо тошдай ярқираб турар эди. Юзи яшиндай порлаб, кўзлари машъаладай ёниб турар эди. Оёқ–қўллари ялтироқ мисдай товланиб, овози бутун бир оломон овозидай янграр эди.

7 Ваҳийни фақат мен кўрдим. Ёнимдагилар ваҳийни кўрмаган бўлсалар ҳам, ваҳимага тушдилар. Улар тумтарақай бўлиб ҳар ёққа яшириниб олдилар.

8 Мен бир ўзим қолдим. Ўша ажойиб ваҳийни кўраётганимда қувватсизланиб, афт–ангорим таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетганини сездим. Мадорим қолмаган эди.

9 Мен фариштанинг овозини эшитганимда ҳушимдан кетиб, юз тубан ерда чўзилиб қолдим.

10 Сўнг эса кимнингдир бир қўли менга тегиб, мени кафт ва тиззаларимга турғизиб қўйди.

11 Ўша фаришта менга:

— Эй Дониёр, сен Худонинг суюкли бандасисан, — деди. — Қани, тур! Сенга айтадиган гапларимга қулоқ сол, чунки мен сенинг олдингга юборилганман.

У шу гапларини менга айтаётганда, мен қалтираб ўрнимдан турдим.

12 — Дониёр, қўрқма! — деди у менга. — Сен ҳаёт лаззатларидан воз кечиб, хабар хусусида мулоҳаза юритишни бошлаган кунингдаёқ, илтижоларинг ижобат бўлган эди. Илтижоларингга биноан, мен олдингга келдим.

13 Аммо Форс шоҳлигини ҳимоя қилувчи фаришта йигирма бир кун давомида менга қаршилик кўрсатди. Мен у билан жанг қилиб ҳаяллаб қолганим учун, бош фаришталардан бири бўлган Микойил менга ёрдамга келди.

14 Мен сенга келажакда халқинг бошига тушадиган нарсаларни тушунтириш учун келдим. Бу ваҳий ўша кунларга оиддир.

15 У шу сўзларни гапираётганда, мен лом–мим дея олмай, бошимни эгиб турар эдим.

16 Сўнг одам қиёфасидаги бошқа бирови лабларимга қўл теккизди. Мен оғзимни жуфтлаб, олдимда турганга дедим:

— Ҳазратим, бу ваҳий юрак–бағримни эзиб юборди, мадорим қуриди.

17 Мендай бир қул қандай қилиб ҳазратим билан гаплаша олади? Ҳолдан тойганман, базўр нафас оляпман.

18 У яна бир бор менга қўлини теккизиб, менга куч ато этди.

19 Мен биринчи кўрган бошқа бирови шундай деди:

— Эй Худонинг суюкли бандаси, қўрқма! Тинчлан! Дадил бўл!

У менга гапираётганда, дадилланиб дедим:

— Ҳазратим, сиз менга далда бердингиз, энди гапираверинг.

20-21 — Сенинг олдингга нима учун келганимни биласанми ўзи? — деб сўради у. — Мен сенга Ҳақиқат китобида ёзилган нарсаларни айтиб бермоқчиман. Бундан сўнг мен қайтиб, Форс шоҳлигини ҳимоя қилувчи фариштага қарши урушга чиқаман. Кейин Юнон шоҳлигини ҳимоя қилувчи фаришта билан жанг қиламан. Бу тўқнашувда Исроилни ҳимоя қилувчи Микойил фариштадан бошқа ёрдамчим йўқ.

1 Мидиялик Доро ҳукмронлигининг биринчи йилида мен Микойилга ёрдам бериб, уни муҳофаза қилиб турган эдим.”

Фаришта Дониёрга берган башорат

Миср ва Сурия шоҳликлари

2 Фаришта гапида давом этиб, Дониёрга шундай деди:

“Энди эса мен сенга ҳақиқатни айтаман. Форс шоҳлигида яна учта шоҳ ҳукмронлик қилади. Тўртинчи шоҳ бошқаларга қараганда анча бадавлат бўлади. У бойлиги орқали куч орттириб, ҳаммани Юнон шоҳлигига қарши қўзғатади.

3 Кейин тахтга жанговар бир шоҳ ўтиради, у беқиёс бир салтанатни бошқариб, хоҳлаган ишини қилади.

4 Аммо қудратининг чўққисида салтанати парчаланиб, тўрт қисмга бўлиниб кетади. Шоҳ сулоласига мансуб бўлмаган етти ёт бегоналар тахтга ўтиради, бироқ салтанатнинг илгариги куч–қудрати уларда бўлмайди.

5 Шу орада Миср шоҳи кучайиб кетади, аммо шоҳнинг зобитларидан бири зўрайиб, шоҳ салтанатидан улканроқ бир салтанатга ҳукмронлик қилади.

6 Бир неча йил ўтгач, Миср шоҳи Сурия шоҳи билан иттифоқ тузиб, унга қизини узатади. Шу орқали у Сурия шоҳи билан алоқасини мустаҳкамламоқчи бўлади, бироқ иттифоқ узоқ давом этмайди. Қиз, куёв, қизнинг отаси ва уларнинг хизматкорлари хоинликнинг қурбонлари бўлишади.

7 Кўп ўтмай Миср тахтига қизнинг қариндошларидан бири ўтиради. У Сурия шоҳининг қўшинларига ҳужум қилиб, истеҳкомларини забт этади. Қўшинларни тор–мор қилиб, ғалаба қозонади.

8 Сурия худоларининг ҳайкалларини, олтин ва кумушдан қилинган қимматбаҳо идишларни ўлжа қилиб, Мисрга олиб кетади. Сўнг бир неча йил давомида Сурия шоҳининг тинчлигини бузмайди.

9 Шундан кейин Сурия шоҳи Мисрга бостириб боради, аммо енгилиб, ўз юртига қайтиб кетади.

10 Сурия шоҳининг ўғиллари жангга отланиб, Мисрга катта бир қўшин тортиб боришади. Қўшинлар сел каби оқиб, ёвнинг қалъасига ҳужум қилишади.

11 Ғазабланган Миср шоҳи Сурия шоҳи билан жанг қилиб, катта ёв қўшинини тор–мор қилади.

12 Ғалабага эришган Миср шоҳи ўта мағрурланиб кетади, аммо омад унга бошқа кулиб боқмайди,

13 чунки бир неча йилдан кейин Сурия шоҳи яна Мисрга қўшин тортиб келади. Бу сафар Сурия қўшинлари олдингидан ҳам зиёдроқ, тиш–тирноғигача қуролланган бўлади.

14 Шунда кўп одамлар Миср шоҳига қарши бош кўтарадилар. Ваҳий амалга ошсин деб, халқинг орасидаги айрим зўравонлар ҳам қўзғалади, аммо муваффақиятга эриша олмайдилар.

15 Сурия шоҳи мустаҳкам бир шаҳарни қамал қилиб, қўлга киритади. Суриянинг сиқуви остида Миср қўшинлари чекинадилар, ҳатто Мисрнинг сараланган лашкари ҳам ёв қўшинининг шиддатли ҳужумини қайтара олмайди.

16 Сурия шоҳи хоҳлаган ишини қилади, бирор киши унга қаршилик қилишга журъат этмайди. У гўзал Исроил юртини қўлга киритиб, уни вайрон қилиш имкониятига эга бўлади.

17 Даставвал Сурия шоҳи ўз салтанатидаги бор қўшинни тўплаб, Мисрни забт этмоқчи бўлади. Кейин Мисрни ичидан емирмоқчи бўлиб, Миср шоҳи билан сулҳ тузади ва унга қиз узатади. Аммо Сурия шоҳининг бу режалари пучга чиқиб, муваффақият келтирмайди.

18 Бундан сўнг Сурия шоҳи денгиз қирғоғидаги шаҳарларга ҳужум қилиб, кўпларини қўлга киритади. Аммо ўзга юртлик бир саркарда бу сурбет шоҳнинг попугини пасайтириб, қилмишларига яраша жазосини беради.

19 Шунда Сурия шоҳи чекиниб, ўз юртидаги қалъаларига қайтиб кетади, аммо йўлда ҳалокатга учраб нобуд бўлади.

20 Унинг ўрнига Сурия тахтига бошқа бир шоҳ ўтиради. Хазинасини бойитмоқчи бўлган бу шоҳ зобитини юбориб, одамларга катта солиқлар солади. Аммо қисқа вақт ичида ҳалок бўлади. Бу нохуш воқеа на жангда, на бировнинг қасди натижасида содир бўлади.

Разил Сурия шоҳи

21 Тахтга ўтирган кейинги шоҳ эса ярамас бир одам бўлади. Шоҳ сулоласига мансуб бўлмаган бу киши кутилмаганда ҳийла орқали Сурия тахтига чиқиб олади.

22 Унга қаршилик кўрсатган барча қўшинларни орадан супуриб ташлаб, йўқ қилади. Ҳатто олий руҳонийни ҳам шу кўйга солади.

23 У бошқа халқлар билан битим тузгач, маккорона иш тутади. Унга эргашувчиларнинг сони кам бўлишига қарамай, қудрати тобора ошиб бораверади.

24 У тўсатдан бадавлат вилоятларга бостириб бориб, ота–боболари қилмаган ишларга қўл уради. Қўлга киритган ўлжаю мол–мулкни ўзига эргашганларга улашиб беради. Қалъаларни қўлга олиш режаларини тузади, аммо бундай ҳол узоқ давом этмайди.

25 У куч–қудратини йиғиб, Миср шоҳига қарши катта бир лашкар тортиб боради. Миср шоҳи эса Сурия лашкаридан бисёрроқ ва кучлироқ қўшин билан ёв ҳужумини қайтармоқчи бўлади. Бироқ ҳийлагарларнинг домига тушиб, инқирозга юз тутади.

26 Миср шоҳининг ўз ҳамтовоқлари унинг томирига болта урадилар. Тор–мор бўлган Миср қўшинлари жангда ҳалок бўладилар.

27 Ўша иккала шоҳ бир дастурхонда ўтириб овқатланишади, аммо дилидаги ғаразни хушомад билан яшириб, бир–бирига ёлғон гапиришади. Бироқ Худо белгилаб қўйган вақт–соати етиб келмагани учун, биронтаси ҳам муваффақиятга эришмайди.

28 Сурия шоҳи бир талай бойлик билан она юртига қайтиб кетади. Йўлда эса муқаддас аҳд аҳлига ва уларнинг эътиқодига қарши чиқиб, уларга кўп озор етказади.

29 Белгиланган вақтда Сурия шоҳи яна Мисрга юриш қилади, аммо бу сафар вазият бошқача тус олади.

30 Ғарб соҳилларидан келган жанг кемалари Сурия шоҳига қаршилик кўрсатишади, юраги дов бермаган Сурия шоҳи чекинади. Бироқ муқаддас аҳд аҳлига ва уларнинг эътиқодига ғазабини сочиб, аламидан чиқади, муқаддас аҳддан тойганларни эса мукофотлайди.

31 Унинг лашкари Худо халқининг қалъаси бўлмиш Маъбадга бостириб кириб, табаррук жойни ҳаром қилади. Улар кундалик қурбонликларни тўхтатиб, кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўладиган макруҳ нарсани ўрнатишади.

32 Шоҳ ширин сўзлар билан аҳддан тойганларнинг кўнглини овлаб, уларни ўз томонига оғдириб олади. Худога содиқ қолганлар эса бор кучлари билан унга қаршилик кўрсатадилар.

33 Халқ орасидаги доно йўлбошчилар одамларга оқилона панд–насиҳатлар беришади. Аммо кўп ўтмай уларнинг айримлари қиличдан ўтказилади, айримлари тириклайин оловда куйдирилади, айримлари зиндонга ташланади, уларнинг мол–мулки тортиб олинади.

34 Қувғин пайтида уларга озгина ёрдам тегади. Бироқ сафларига баъзи бир риёкор одамлар кириб олишади.

35 Қувғин пайтида айрим доно кишилар азоб чекадилар. Бироқ бу азоблар орқали Худо уларни охирзамон вақтига тайёрлаб, тозалаб поклайди, чунки белгиланган вақт ҳали ҳам келмаган бўлади.

36 Сурия шоҳи хоҳлаганини қилади. Ўзини юксалтириб, худолардан устун қўяди. Энг буюк Худога қарши гапириб, куфр кетади. Худо белгилаб қўйган ғазаб даври тугагунига қадар муваффақият қозонади. Бироқ Худо Ўз режасини албатта амалга оширади.

37 Сурия шоҳи ота–боболари сиғинган худоларни ҳамда аёллар яхши кўрадиган худони писанд қилмайди. Ўзини юксалтириб, биронта худони назарига илмайди.

38 Буларнинг ўрнига у қалъаларни ҳимоя қилувчи худони улуғлайди. Ота–боболари топинмаган бу худога у олтин, кумуш, жавоҳир ва қимматбаҳо совғаларни назр қилади.

39 Ўзга юрт худосининг ҳомийлиги билан қалъаларини ҳимоя қилади. Уни ҳақиқий ҳукмдор деб билганларга иззат–эҳтиром билдириб, юқори мансабларга кўтаради. Бундай одамларга ерларни мукофот сифатида бўлиб беради.

40 Охирзамон вақтида Миср шоҳи Сурия шоҳига ҳужум қилади. Аммо Сурия шоҳи жанг аравалари, чавандозлари ва талай кемалари билан унга қаршилик кўрсатиб, тошқин сувлар каби кўп шоҳликларни босиб олади.

41 У гўзал Исроил ўлкасини ҳам забт этиб, минглаб халқларнинг бошига етади. Аммо Эдом ҳамда Мўаб халқлари ва Оммон халқининг асосий қисми Сурия шоҳининг чангалидан қочиб қутулади.

42 Кўплаб шоҳликлар, шулар қатори, Миср ҳам Сурия истилоси остида қолади.

43 Сурия шоҳи Мисрнинг олтину кумуш хазиналарига ва барча бойликларига эгалик қилади. Ливияликлар билан Ҳабашистонликлар ҳам унга қарам бўладилар.

44 Бироқ шарқ ва шимолдан келган нохуш хабарлар Сурия шоҳини ваҳимага солади. Бу хабарлардан дарғазаб бўлган шоҳ йўлга отланиб, кўп одамларни қириб ташлайди.

45 Сўнг денгиз ва гўзал муқаддас тоғ орасидаги ерларга бориб, у ерда шоҳона чодирларини тикади. Аммо ўша жойда жон беради, унга ёрдам берадиган ҳеч ким бўлмайди.”

Охирзамон

1 Фаришта гапини давом эттирди:

“Ўша пайтда халқингни ҳимоя қилувчи буюк Микойил фаришта ҳозир бўлади. Шунда инсонлар бирлашиб халқ бўлгандан бери мисли кўрилмаган даҳшатли азоб–уқубатлар даври бошланади. Аммо ўша дамларда сенинг халқинг орасидан Худонинг китобига исми ёзилган ҳар бир одам нажот топади.

2 Қора ер бағрида ётганларнинг кўпчилиги уйғонади: кимдир абадий ҳаётга эришади, кимдир шармандалигу абадий иснодга дучор бўлади.

3 Донолар мусаффо осмон каби яшнайдилар, одамларни ҳақ йўлга солганлар эса юлдузлар каби мангу порлайверадилар.

4 Сен эса, эй Дониёр, китобни муҳрлагин–у, бу сўзларни охирзамонгача сир сақла. Бу давр мобайнида кўп одамлар ўзларини у ёқдан–бу ёққа уриб, юз бераётган ҳодисаларни тушунмоқчи бўладилар.”

Дониёрнинг икки фаришта ҳақидаги ваҳийси

5 Дониёр шундай деб ёзди:

“Мен дарёнинг бўйида пайдо бўлган яна бошқа икки фариштани кўрдим. Биттаси дарёнинг бу томонида, бошқаси у томонида турар эди.

6 Уларнинг бири оқимнинг юқори қисмида турган зиғир либосли фариштадан:

— Бундай қийинчиликлар қачонгача давом этади? Охири борми ўзи? — деб сўради.

7 Зиғир либосли фаришта иккала қўлини осмонга чўзиб, барҳаёт Худонинг номи билан қасам ичганини ва шундай сўзлар айтганини эшитдим:

— Бу қийинчиликлар уч ярим йил давом этади. Худога қарашли одамларнинг куч–қудрати тамомила йўқ қилингандан кейин, ўша қувғинларнинг барчаси ўз ниҳоясига етади.

8 Ўша одамнинг гапларини эшитдим–у, тушунмадим:

— Эй ҳазратим, бунинг оқибати нима бўлади? — деб сўрадим.

9 У шундай жавоб берди:

— Бу тўғрида ҳеч хавотир олма, Дониёр, чунки бу сўзлар муҳрланган бўлиб охирзамонга қадар сир сақланади.

10 Бу қувғинлар туфайли кўп одамлар тозаланиб, покланади, аммо фосиқлар фосиқлигини давом эттираверади. Фосиқларнинг биронтаси ҳам буни тушунмайди, донолар эса буларнинг барчасини англаб оладилар.

11 Кундалик қурбонликлар тўхтатилиб, кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўладиган макруҳ бир нарса ўрнатилган пайтдан бошлаб 1290 кун ўтади.

12 Охиргача, яъни 1335 кун ўтгунга қадар содиқ бўлиб қолганлар нақадар бахтиёрдир.

13 Эй Дониёр, сен эса ҳаётингни шу зайлда давом эттиравер. Вақти келиб, оламдан кўз юмасан. Охиратда эса мукофотингни олиш учун тириласан.”