Ҳизқиёл

Ҳизқиёл

Худонинг тахти

1-3 Ҳаётимнинг ўттизинчи йилида, тўртинчи ойнинг бешинчи кунида мен, Бузи ўғли руҳоний Ҳизқиёл, сургунда яшаётган одамлар билан бирга Бобилдаги Кавор дарёсининг бўйида эдим. Шунда осмон қопқаси очилди–да, Худодан менга ваҳийлар келди. Ўша куни Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди. Мен Эгамизнинг қудратини яққол сезиб турар эдим. Бу воқеа шоҳ Ёҳайихин сургундалигининг бешинчи йилида содир бўлган эди.

4 Қарасам, шимолдан бўрон турди. Улкан бир булутдан чақмоқ чақар эди, булут атрофи ярқираб турарди. Булутнинг оловли маркази сайқалланган мисдай товланарди.

5 Ўшанинг ўртасида мен тўртта жонли мавжудотни кўрдим. Улар инсон қиёфасида эди.

6 Аммо ҳар бирининг тўртта юзи ва тўртта қаноти бор эди.

7 Уларнинг оёқлари текис бўлиб, бузоқнинг туёқларига ўхшаш туёқлари бор эди. Туёқлар ялтироқ бронза каби товланиб турарди.

8 Қанотлари остида одам қўлига ўхшаган қўллари бор эди.

9 Мавжудотлар бир–бирига орқа ўгириб турар эдилар, қанотларининг учлари бир–бирига тегиб турарди. Улар ҳар томонга биргаликда юрардилар, юрганларида бурилмас эдилар.

10 Мавжудотларнинг юзларига келсак, улар тўрт хил эди: олд томонида инсон юзи, ўнг томонида шер юзи, чап томонида буқа юзи ва орқа томонида бургут юзи бор эди.

11 Мавжудотларнинг бир жуфт қаноти тепага ёйилган бўлиб, ёнидаги мавжудотларнинг қанотларига тегиб турарди. Қолган бир жуфт қаноти эса танасини ёпиб турарди.

12 Мавжудотлар тўғрига қараб юришар эди. Руҳ уларни қаерга йўналтирса, улар ўша ёққа боришарди, юрганда бурилмас эдилар.

13 Жонли мавжудотларнинг кўриниши ёнаётган кўмирга ёки машъалага ўхшар эди. Мавжудотларнинг орасида олов айланиб юрарди. Бу олов чақнарди, ундан чақмоқ чақиб турар эди.

14 Мавжудотларнинг ўзлари ҳам чақмоқ тезлиги билан у ердан–бу ерга бориб келишарди.

15 Мен тўртта мавжудотни томоша қилиб турганимда, мавжудотлар ёнидаги ғилдиракларни кўрдим. Ҳар бир мавжудотнинг ёнида биттадан ғилдирак бор эди. Ғилдираклар ерга тегиб турарди.

16 Тўртала ғилдиракнинг кўриниши ва тузилиши бир хил эди. Улар қимматбаҳо тошдай товланарди. Ҳар бир ғилдиракнинг ичида кўндалангига солинган яна биттадан ғилдирак бор эди.

17 Шу сабабдан ғилдираклар ҳаракатга келганда, тўрт томонга юра олар эди, юрганда бурилмасди.

18 Ғилдиракларнинг гардишлари баланд ва баҳайбат эди. Уларнинг гир айланаси кўзлар билан қопланган эди.

19 Жонли мавжудотлар юрганда, ёнларидаги ғилдираклар ҳам ҳаракатга келарди. Ердан кўтарилганда, ғилдираклар ҳам улар билан бирга кўтариларди.

20-21 Мавжудотлардаги руҳ ғилдиракларда ҳам бор эди. Шу сабабдан руҳ мавжудотларни қаерга йўналтирса, мавжудотлар ўша ёққа боришарди, ғилдираклар ҳам улар билан бирга ҳаракатга келарди. Мавжудотлар юрганда, улар ҳам юрар эди, тўхтаганда тўхтар эди, ердан кўтарилганда кўтарилар эди.

22 Мавжудотларнинг бошлари узра гумбазга ўхшаш бир нарса бор эди, ўша нарса биллурдек товланарди.

23 Қанотларини ёйган мавжудотлар гумбаз остида турар эди. Уларнинг қанотлари бир–бирига тегиб турарди. Иккинчи жуфт қанотлари эса баданларини ёпиб турарди.

24 Улар қанот қоқиб учардилар. Қанот қоққанларида чиққан товуши шовуллаган денгиз шовқинидай, Қодир Худонинг гумбурлаган овозидай, улкан лашкарнинг шовқин–суронидай эди. Мавжудотлар тўхтаганларида қанотларини йиғиб олишарди.

25 Улар тўхтаб, қанотларини йиғиб олдилар. Шунда бошлари тепасидаги гумбаз узра бир овоз янгради.

26 Гумбаз устида зангори ёқутдан ясалган тахтга ўхшаш бир нарса бор эди. Тахт устида инсон қиёфасидаги бир Зот ўтирарди.

27 Ўша кимсанинг белидан юқори қисми сайқалланган мисдай ярқирарди, атрофини олов ўраганди. Белидан пастки қисми эса оташ каби порларди. Унинг бутун борлиғи нур таратиб турарди.

28 Ўша нур ёмғирдан кейин булутлар орасида пайдо бўладиган камалакдек жилваланарди. Бу ёғду Эгамизнинг улуғворлигини акс эттирарди.

Худо Ҳизқиёлни хизматга чақиради

Мен буни кўришим биланоқ ерга мук тушдим, сўнг бир овоз эшитдим.

1 Ўша овоз менга деди:

— Эй инсон, ўрнингдан тур, Мен сен билан гаплашмоқчиман.

2 Овоз менга гапираётганда, Руҳ ичимга кириб, мени турғизиб қўйди. Мен гапнинг давомини тингладим.

3 У менга шундай деди:

— Эй инсон, Мен сени итоатсиз Исроил халқининг олдига юбораман. Улар Менга қарши бош кўтаришди. Уларнинг ўзлари ҳам, ота–боболари ҳам шу кунгача Менга қарши гуноҳ қилиб келишган.

4 Бу халқ қайсар ва ўжардир. Мен сени уларнинг олдига юбораман. Сен уларга: “Эгамиз Раббий шундай демоқда”, деб гапирасан.

5 Бу исёнкор халқ гапингга қулоқ соладими, йўқми, Мен уларнинг олдига пайғамбарни юборганимни билиб қўйишсин.

6 Сен эса, эй инсон, улардан ҳайиқма, уларнинг гапларидан қўрқма. Атрофингни янтоғу тиканаклар ўраб олса ҳам, чаёнлар орасида яшасанг ҳам қўрқма. Уларнинг гапларидан чўчима, уларнинг важоҳатидан даҳшатга тушма.

7 Бу исёнкор халқ сенга қулоқ соладими, йўқми, уларга Менинг гапларимни етказ.

8 Сен эса, эй инсон, бу исёнкор халққа ўхшама. Оғзингни оч. Мен сенга берадиган нарсани егин.

9 Қарасам, мен томон бир қўл чўзилди. Қўлда бир ўрама қоғоз бор эди.

10 Қўл ўрамни очиб, менга кўрсатди. Ўрамнинг олди ва орқа томонларига марсия, мотам ва қайғу сўзлари ёзилган эди.

1 У менга шундай деди:

— Эй инсон, Мен сенга бераётган бу ўрама қоғозни олиб егин. Сўнг Исроил халқининг олдига бориб, айтганларимни уларга етказ.

2 Мен оғзимни очдим, У менга ўша ўрама қоғозни егани берди.

3 У менга деди:

— Қоғознинг ҳаммасини еб, қорнингни тўйғаз.

Мен қоғозни едим, унинг таъми асалдай ширин эди.

4 У менга яна шундай деди:

— Эй инсон, энди бориб, Исроил халқига Менинг гапларимни айт.

5 Мен сени қийин ва мураккаб тилда гапирадиган халқ олдига эмас, балки Исроил халқи олдига юборяпман.

6 Агар Мен сени тили тушунарсиз бўлган кўп халқлар олдига юборганимда эди, улар сенга албатта қулоқ солишган бўлар эди.

7 Аммо Исроил халқи сенга қулоқ солмайди, улар ҳатто Менга ҳам қулоқ солишмайди. Ҳа, бу халқ қайсар ва ўжардир.

8 Мана қара, Мен сени улар каби қайсар ва ўжар қиламан.

9 Сенинг бошинг тошдай қаттиқ, қайроқтошдан ҳам қаттиқроқ бўлади. Улар исёнкор халқ бўлса–да, сен улардан чўчима, даҳшатга тушма.

10 У гапида давом этиб шундай деди:

— Эй инсон, сенга айтадиган гапимни икки қулоғинг билан яхшилаб эшитиб, ҳаммасини дилингга тугиб олгин.

11 Сўнг сургундаги юртдошларинг олдига бор. Улар сенга қулоқ соладими, йўқми, уларга: “Эгамиз Раббий шундай демоқда”, деб гапларимни етказ.

12 Руҳ мени кўтарди. Шунда мен орқадан келаётган қаттиқ гумбурлаган товушни эшитдим. Ўша товуш: “Эгамизнинг улуғворлигини Унинг маконида мадҳ қилинглар”, деб айтаётган эди.

13 Мен жонли мавжудотларнинг бир–бирига ишқаланган қанотларининг товушини ва ёнларидаги ғилдиракларнинг гулдуросини эшитдим.

14 Руҳ мени бошқа ёққа олиб кетди. Мен аччиқланиб, жаҳлим чиқа бошлади. Эгамизнинг қудрати мени қамраб олган эди.

15 Мен Кавор дарёсининг бўйидаги Тел–Овувда яшаётган сургундагиларнинг олдига бордим. Ўша ерда етти кун давомида ўзимга кела олмай гангиб ўтирдим.

Ҳизқиёлни Эгамиз соқчи қилиб тайинлайди

16 Етти кундан кейин Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

17 — Эй инсон, Мен сени Исроил халқига соқчи қилиб тайинладим. Оғзимдан чиққан ҳар бир гапимни уларга айтиб, огоҳлантирасан.

18 Агар Мен фосиққа: “Сен албатта ўласан”, деб айтсам–у, сен эса ўша одамни бу ҳақда огоҳлантирмасанг, ҳаётини сақлаб қолай деб, уни фосиқлик йўлидан қайтармасанг, ўша одам ўз гуноҳи учун ўлади. Бироқ унинг ўлими учун Мен сени жавобгар қиламан.

19 Агарда сен фосиқни огоҳлантирсанг–у, у эса фосиқлик йўлидан қайтмаса, у ўз гуноҳи учун ўлади, сен эса ўз жонингни асраб қолган бўласан.

20 Агар солиҳ киши ёмон йўлга кириб, гуноҳга қўл урса, Мен унинг оёғига тўғоноқ соламан, у қоқилиб йиқилади. Борди–ю, сен ўша одамни огоҳлантирмасанг, у нобуд бўлади. Мен унинг қилган савоб ишларини эсга олмайман, у ўзининг гуноҳи учун ўлади. Унинг ўлими учун эса сени жавобгар қиламан.

21 Борди–ю, сен солиҳ кишини ёмон йўлдан қайтарсанг, у сенга қулоқ солгани учун яшайди. Сен эса ўз жонингни асраб қолган бўласан.

Ҳизқиёл тилдан қолади

22 Эгамиз менга Ўз қудратини ато этиб, шундай деди:

— Қани, тур, водийга туш. Мен сен билан ўша ерда гаплашаман.

23 Мен туриб, водийга тушдим. Эгамизнинг улуғворлиги менга зоҳир бўлди. Мен у ерда кўрган Эгамизнинг улуғворлиги худди Кавор дарёси бўйида кўрган улуғворликка ўхшар эди. Мен мук тушдим.

24 Руҳ вужудимга кириб, мени оёқларимга турғизиб қўйди. Сўнг Эгамиз менга шундай деди:

— Уйингга кириб, эшикларни ичидан қулфлаб ол.

25 Кўчага чиқа олмаслигинг учун сени арқонлар билан боғлашади.

26 Сен бу исёнкор халққа танбеҳ бера олмаслигинг учун, Мен сени гунг қилиб, тилингни танглайингга ёпиштириб қўяман.

27 Аммо уларга айтадиган гапим бўлганда, сени яна тилга киритаман. Уларга: “Эгамиз Раббий шундай демоқда”, деб гапирасан. Сенга қулоқ соладиганлар қулоқ солсин, қулоқ солишни хоҳламаганлар эса солмасин. Ахир, улар исёнкор халқ–ку!

Қуддус қамалининг рамзи

1 Эгамиз шундай деди: “Эй инсон, бир ғишт олиб олдингга қўй, унинг устига Қуддус расмини чиз.

2 Расмдаги шаҳарни қамал қилиб, атрофига қамал иншоотларини билдирувчи уюмларни ҳосил қил, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уй, душман қароргоҳларини ўрнат, шаҳарнинг гир айланасига девортешар қуролларни жойлаштир.

3 Кейин товани ол. Товани темир девор каби, ўзинг билан расмдаги шаҳарнинг орасига ўрнат. Сўнг шаҳарга юзлан, сен шаҳарни қамал қилган бўласан. Исроил халқи учун бу бир аломат бўлади.

4 Сўнг чап томонингга ёнбошлаб, устингга Исроил халқининг гуноҳларини юкла. Сен чап томонингда ётган пайтингда уларнинг гуноҳи учун жазо тортган бўласан.

5 Улар гуноҳ қилган йилларнинг сонига кўра, Мен сен учун кунларни ажратдим. Сен 390 кун давомида Исроил халқининг гуноҳи учун жазо тортасан.

6 Белгиланган вақт тугагач, ўнг томонингга ёнбошлаб ётгин. Бу сафар сен 40 кун давомида Яҳудо халқининг гуноҳи учун жазо тортасан. Бир кун бир йил ҳисобланади.

7 Қуддус рамзи бўлган ғиштга юзлан, қўлингни паншаха қилиб, қамал қилинган шаҳарга қарши башорат қил.

8 Мана, қамалингнинг муддати тугамагунча бир томондан бошқа томонга ўгирилмаслигинг учун Мен сени арқонлар билан боғлаб ташлайман.

9 Энди бориб ўзинг учун буғдой, арпа, ловия, ясмиқ дони, тариқ ва қизил буғдойни олиб, бир хумчага сол. Сен улардан ўзингга нон тайёрлайсан. 390 кун чап томонингга ёнбошлаб ётиб, ўша нондан ейсан.

10 Бир кунлик ейдиган озуқангнинг миқдори 50 мисқолни ташкил қилиши керак. Ҳар куни белгиланган вақтдагина уни ейишинг шарт.

11 Сувни ҳам белгиланган вақтда ва белгиланган миқдорда ичасан. Кунига бир коса сув ичасан.

12 Ўтин ўрнига одам тезагини ишлатасан, одамларнинг кўзи олдида нон ёпиб ейсан.”

13 Эгамиз шундай деди:

— Мен Исроил халқини бегона халқлар орасига сургун қилганимда, улар ҳам худди шундай ҳаром нонни ейдиган бўладилар.

14 — Ё Эгам Раббий! — дея ёлвордим, — мен ҳеч қачон ўзимни булғаган эмасман. Ҳаром ўлган ёки ҳайвонлар ғажиган жониворнинг гўштини ёшлигимдан еган эмасман. Ҳеч қандай ҳаром гўштни оғзимга олган эмасман!

15 У менга шундай деб жавоб берди:

— Хўп, майли, одам тезагининг ўрнига мол тезагини ишлата қол. Тезак ёқиб, нон ёпиб ейсан.

16 Сўнг гапида давом этди:

— Мен Қуддус аҳолисини нонга зор қилиб қўяман. Улар қўрқув ичра нонни ўлчаб ейдилар, умидсизланиб сувни тақсимлаб ичадилар.

17 Сув ва нон танқислигидан одамлар бир–бирларига ваҳима ичра қарайдилар. Тортган жазосидан адойи тамом бўладилар.

Ҳизқиёл сочини олдиради

1 Эгамиз шундай деди: “Эй инсон, ўткир бир қилич ол. Устара ўрнига ўшани ишлатиб, сочинг билан соқолингни қириб ташла. Сўнг сочингни тарозида ўлчаб, тенг уч қисмга бўл.

2 Шаҳарнинг қамал кунлари тугаганда, сочингнинг бир қисмини ғиштга чизилган шаҳар ўртасида ёндир. Иккинчи қисмини шаҳар атрофига сочиб ташлаб, қилич билан майдала. Учинчи қисмини эса шамолда учиртириб юборгин. Мен қиличимни яланғочлаб, шаҳар аҳолисини таъқиб қиламан.

3 Сочингнинг озгинасини олиб, чопонинг этагига қистириб қўй.

4 Ўша сочингнинг бир қисмини оловга ташлаб, ёндириб юбор. Ундан чиққан олов авж олиб, бутун Исроил халқига ёйилади.”

5 Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: “Мана, Қуддусга бир қаранг. Мен уни халқларнинг ўртасига жойлаштирдим, бошқа юртлар уни ўраб турибди.

6 Аммо у қонун–қоидаларимга қарши чиқди, атрофдаги халқлардан кўра, кўпроқ қабиҳлик қилди. У қонун–қоидаларимни рад этди, фармонларимга бўйсунмади.”

7 Шунинг учун Эгамиз Раббий Қуддусга айтмоқда: “Сизлар бадкирдорликда атрофингиздаги халқлардан ҳам ўтиб тушдингиз. Фармонларимга бўйсунмадингиз, қонун–қоидаларимга риоя қилмадингиз. Ахлоқсизликда бошқа халқлардан баттар бўлдингиз.

8 Эй Қуддус аҳли, Мен Ўзим сизларга қарши чиқаман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Халқларнинг кўзи олдида сизларни жазолайман.

9 Қилган жирканч ишларингиз туфайли Мен бошингизга даҳшатли бир кўргилик келтираман. Мен бунақасини ҳеч қачон қилмаганман ва бундан кейин ҳам қилмайман.

10 Қуддусда ота–оналар ўз фарзандларининг этини, фарзандлар эса ўз ота–оналарининг этини ейдилар. Мен сизларни жазолайман, омон қолганларингизни дунёнинг тўрт томонига тарқатиб юбораман.

11 Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сизларни йўқ қиламан. Сизлар муқаддас масканимни макруҳ бутлару жирканч одатларингиз билан ҳаром қилдингиз. Шунинг учун сизларга ачинмайман, раҳм қилмайман.

12 Халқингизнинг учдан бир қисми ўлату қаҳатчиликдан нобуд бўлади. Иккинчи қисми жангда, шаҳар ташқарисида қирилиб кетади. Қолган қисмини эса Мен тўрт томонга тарқатиб юбораман, қиличимни яланғочлаб таъқиб қиламан.

13 Шунда ғазабимдан тушаман, қаҳримни сизларга сочиб бўлганимдан кейингина таскин топаман. Қаҳримни сизларга сочиб бўлганимдан кейин, Мен, Эгангиз, рашк устида гапирганимни сизлар билиб оласиз.

14 Мен сизларни хонавайрон қиламан. Ён–атрофда яшовчи халқлар ҳамда ўтган–кетган одамлар сизларни мазах қиладилар.

15 Мен сизларни қаҳру ғазаб билан ҳукм қилганимда, жаҳл устида қаттиқ жазолаганимда, атрофдаги халқлар даҳшатга тушадилар. Улар бундан сабоқ оладилар, сизларни эса мазах қилиб, устингиздан куладилар. Буларни Мен, Эгангиз, айтдим.

16 Мен устингизга қаҳатчиликнинг ҳалокатли ўқларини ёғдираман, сизларни йўқ қиламан. Шаҳардаги очарчиликни авжига чиқараман, сизларни бир бурда нонга зор қиламан.

17 Мен сизларни қаҳатчиликка гирифтор қиламан, устингизга ёввойи ҳайвонларни юбораман. Улар сизларни фарзандларингиздан жудо қилади. Юртингизда ўлат ва қотиллик ҳукм суради, Мен сизларга қарши душман қиличини яланғочлайман. Буларни Мен, Эгангиз, айтдим.”

Эгамиз бутпарастликни ҳукм қилади

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Исроил тоғларига юзлан. Уларга қарши шундай башорат қил:

3 «Эй Исроил тоғлари, Эгамиз Раббийнинг сўзларини эшитинглар! Эгамиз Раббий тоғлару қирларга, жарликлару водийларга шундай деб айтмоқда: Мен Ўзим сизларга қарши қилич юбораман, бутларга аталган барча саждагоҳларингизни вайрон қиламан.

4 Қурбонгоҳларингиз бузиб ташланади, тутатқи қурбонгоҳларингиз парча–парча қилинади. Мен одамларингизни бутларингиз олдида қириб юбораман.

5 Исроил халқининг жасадларини бутларингиз олдига ташлайман, суякларини қурбонгоҳларингиз атрофига сочаман.

6 Ҳамма шаҳарларингизни яксон қиламан, саждагоҳларингизни вайрон этаман. Шунда қурбонгоҳларингиз бузилади, бутларингиз парча–парча қилинади, тутатқи қурбонгоҳларингиз қўпориб ташланади, қўлларингиз яратган ҳамма нарса супуриб ташланади.

7 Бутун юрт жасадларга тўлади. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

8 Мен баъзи бир одамларнинг жонини қирғиндан сақлаб қоламан. Бироқ уларни бошқа юртларга, бегона халқлар орасига қувиб юбораман.

9 Улар бегона халқлар орасига сургун қилинганда Мени эслайдилар. Мени рад этган вафосиз қалбларию бутлар кетидан қараган ҳирсли кўзлари дилимга қанчалик озор етказганини тушуниб оладилар. Улар қилган қабиҳликлари ва жирканч ишлари учун ўзларидан–ўзлари ҳазар қилиб, нафратланадилар.

10 Ўшанда Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар. Бошларига келадиган фалокат ҳақида Мен уларни жиддий огоҳлантирганимни билиб оладилар.»”

11 Эгамиз Раббий менга деди: “Қани бўл, кўксингга ур, ерни теп. Шундай деб хитоб қил: «Қабиҳликка қўл урган Исроил халқининг ҳолига вой!» Ахир, улар қиличдан, очарчилигу ўлатдан нобуд бўладилар!

12 Узоқларда бўлганлар ўлатдан қирилиб кетади. Яқинда бўлганлар қиличдан ўтказилади. Омон қолганлар очарчиликдан нобуд бўлади. Шу йўл билан Мен уларнинг устиларига қаҳримни сочаман.

13 Уларнинг жасадлари бутлари орасида, қурбонгоҳлари атрофида, ҳар бир баланд тепаликда, барча тоғ чўққиларида, ҳар бир яшил дарахту серсоя эман остида — халқим бутларга атаб хушбўй тутатқилар тутатган ҳар бир жойда ётади. Ўшанда омон қолганлари Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.

14 Мен уларга қарши қўлимни кўтараман. Уларнинг бутун юртини, саҳродан тортиб, то Ривло шаҳригача вайрон қилиб, ташландиқ ерга айлантираман. Ўшанда улар Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.”

Исроил халқи гуноҳлари учун жазо тортади

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Исроил юртига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: куни битди! Бутун юртнинг куни етди!

3 Эй Исроил, сенинг кунинг битди, Мен қаҳримни устингга сочаман. Тутган йўлинг учун сени ҳукм қиламан, жирканч одатларинг учун жазолайман.

4 Сенга ачинмайман, раҳм ҳам қилмайман. Тутган йўлинг учун, жирканч одатларинг учун адабингни бераман. Ўшанда Эганг Мен эканлигимни билиб оласан.

5 Эй Исроил, Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: мана, кулфат келмоқда! Даҳшатли кулфат!

6 Кунингиз битди! Эвоҳ, кунингиз битди! Мана, бало бошингизга келди!

7 Эй юрт аҳли, ҳалокатингиз келди! Тоғларда хурсандчилик эмас, саросима ҳукм сурадиган кун келди.

8 Кўп ўтмай сизларни ғазабимга дучор қиламан, жаҳлимдан тушмагунимча қаҳримни устингизга сочаман. Тутган йўлингиз учун сизларни ҳукм қиламан, жирканч одатларингиз учун жазолайман.

9 Сизга ачинмайман, раҳм қилмайман. Тутган йўлингиз учун, жирканч одатларингиз учун адабингизни бераман. Ўшанда сизни жазолаган Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласиз.»

10 Эй инсон, ана, кулфат куни етиб келди! Ҳалокат яқинлашиб қолди! Зўравонлик гуллади, мағрурлик куртаклади.

11 Зўравонлик фосиқликни жазолайдиган хивичга айланди. Бу одамларнинг биронтаси омон қолмайди. Тўкин–сочинлиги, бойлиги, дабдабаси адо бўлади.

12 Ўша вақт келди! Ўша кун яқинлашди! Харидор харид қилган нарсасидан қувонмасин, сотувчи кўрган зараридан ғам чекмасин. Менинг ғазабим бутун оломон устига бирдай ёғилади.

13 Сотувчи билан харидор тирик қолган тақдирда ҳам, сотувчи сотган ерини қайтариб ололмайди. Бутун оломонга тегишли бу башоратни қайтариб бўлмайди. Гуноҳ қилганлари учун уларнинг бирортаси ўз ҳаётини сақлаб қололмайди.

14 Бурғулар чалинди, ҳаммаси тайёр бўлди. Аммо жангга киришга ҳеч ким журъат қилмади. Ахир, Менинг ғазабим бутун оломон устига ёғилади.

15 Кўчада жанг бўлмоқда. Ичкарида очарчилигу ўлат ҳукм сурмоқда. Даладагилар жангда ҳалок бўладилар, шаҳардагилар очарчилигу ўлатдан ўладилар.

16 Омон қолганлар даштдаги кабутарлардай тоғларга қочади. Улар гуноҳ қилганлари учун инграйди.

17 Одамларнинг қўлларида мадор қолмайди, иштонлари ҳўл бўлади.

18 Улар қайғудан қанорга ўранишади, даҳшат уларнинг ёпинчиғи бўлади. Улар сочларини қирдиришади, юзлари шувут бўлади.

19 Кумушларини кўчага улоқтиришади, олтини ахлат каби бўлади. Менинг ғазаб кунимда кумушу олтини уларга нажот бера олмайди. Уларнинг нафсини қондирмайди, оч қоринларини тўйдирмайди. Ҳа, олтину кумуши Исроил халқининг бошига ҳалокат келтиради.

20 Улар кўз–кўз қилиб юрган чиройли олтин безакларидан макруҳ худоларни, жирканч бутларни ясадилар. Шу сабабдан Мен бойликларини улар учун ахлат каби қиламан.

21 Мен ўша бойликларни келгиндиларга ўлжа қилиб бераман, дунёнинг фосиқларига талатаман. Улар Исроил халқининг бор бисотини ҳаром қиладилар.

22 Мен бу халқдан юзимни ўгираман. Шунда келгиндилар азиз уйимни булғайдилар. Ҳа, зўравонлар бостириб келиб, уни булғайдилар.

23 Бу халқ учун занжирлар тайёрланг! Зеро, юртда қотиллик авжига чиққан. Қуддус шаҳри зўравонликка тўлган.

24 Мен бу юртга энг ваҳший халқларни бошлаб келаман. Улар юрт аҳлининг уйларига эгалик қилишади. Мен кучлиларнинг мағрурлигига чек қўяман. Уларнинг саждагоҳлари ҳаром қилинади.

25 Даҳшату алам Исроил халқини қамраб олади. Улар тинчликка интилишади, аммо тинчлик бўлмайди.

26 Кулфат кетидан кулфат келади, миш–миш кетидан миш–миш тарқалади. Одамлар башорат истаб, пайғамбар олдига беҳуда боришади. Руҳонийлар таълимот беришга, оқсоқоллар маслаҳат беришга ожиз бўладилар.

27 Шунда шоҳ қайғуга ботади, шаҳзодалар тушкунликка тушади. Қўрққанидан юрт аҳлининг қўли титрайди. Мен уларни қилган қилмишларига яраша жазолайман. Улар бошқаларни қандай ҳукм қилган бўлсалар, Мен ҳам уларни худди шундай ҳукм қиламан. Ўшанда Исроил халқи Эгаси Мен эканлигимни билиб олади.”

Маъбаддаги бутпарастлик

1 Сургун бўлган пайтимизнинг олтинчи йили олтинчи ойининг бешинчи кунида Яҳудо оқсоқоллари мени кўргани уйимга келишди. Мен улар билан ўтирганимда, Эгам Раббийнинг қудрати мени қамраб олди.

2 Қарасам, инсон қиёфасидаги бир киши турибди. Ўша кимсанинг белидан пастки қисми оловдай чақнар эди. Юқори қисми эса сайқалланган мисдай нур таратиб турар эди.

3 У қўлга ўхшаш бир узвини узатиб, мени сочимдан тутди. Сўнг Руҳ мени замин узра кўтарди–да, Худонинг мана шу ваҳийсида Қуддус шаҳрига олиб кетди. У мени Маъбаднинг ички ҳовлисидаги шимолий дарвозанинг олдида турган катта бир бут олдига олиб борди. Бу бут Худонинг рашкини қўзғатарди.

4 Ўша ерда Исроил Худосининг улуғворлиги бор эди. Мен бундай ваҳийни водийда ҳам кўрган эдим.

5 Худо менга шундай деди: “Эй инсон, шимол томонга назар ташла.” Мен шимол томонга назар ташладим. Худонинг рашкини қўзғатадиган ўша бут қурбонгоҳ ёнидаги дарвозанинг кираверишида турарди.

6 Шунда Худо менга деди: “Эй инсон, халқимнинг қилмишини кўрдингми? Улар бу ерда жирканч ишларни қилиб, Мени муқаддас масканимдан ҳайдаб юбормоқчилар. Қани юр, Мен сенга бундан баттарини ҳам кўрсатаман.”

7 У мени Маъбаднинг ташқи ҳовлиси кираверишига олиб борди. Қарасам, деворда бир тешик бор экан.

8 У менга деди: “Эй инсон, қани бўл, девордаги тешикни катталаштир.” Мен девордаги тешикни катталаштирдим, шунда бир эшикка дуч келдим.

9 Худо менга деди: “Ичкарига кир. Бу ерда қилинаётган ўтакетган жирканч ишларни ўз кўзинг билан кўриб қўй.”

10 Мен ичкарига кирдим. Деворларнинг ҳамма ёғига судралиб юрувчи жониворларнинг ва ҳаром ҳайвонларнинг расмлари ҳамда Исроил халқи сиғинадиган барча бутларнинг тасвирлари солинган эди.

11 Тасвирларнинг олдида Исроил халқининг етмишта оқсоқоли турган эди. Шофон ўғли Язаниё ҳам ўшаларнинг орасида эди. Ҳар бирининг қўлида биттадан оловкурак бор эди. Оловкураклардан ёнаётган тутатқиларнинг хушбўй тутуни кўтариларди.

12 Худо деди: “Эй инсон, Исроил оқсоқолларининг бутларга тўла қоронғи хонада нима қилаётганини кўрдингми? Улар шундай дейдилар: «Эгамиз бизни кўрмаяпти, У юртимизни тарк этган.»”

13 Сўнг Худо яна деди: “Қараб тур, Мен сенга бундан ҳам баттарроғини кўрсатаман.”

14 Кейин Эгамиз мени уйининг шимолий дарвозаси ёнига олиб борди. У ерда хотинлар ўтириб, худо Таммуз учун қайғуриб йиғлаётган эдилар.

15 Шунда Худо деди: “Эй инсон, буни кўрдингми?! Мен сенга бундан ҳам баттарроғини кўрсатаман.”

16 Эгамиз мени уйининг ички ҳовлисига олиб кирди. Уйнинг кираверишида, айвон ва қурбонгоҳ орасида йигирма беш нафар киши турар эди. Улар Маъбадга орқасини ўгириб, шарқдан чиқаётган қуёшга сажда қилаётган эдилар.

17 Эгамиз менга шундай деди: “Ана кўрдингми, инсон? Яҳудо халқининг мана шу ерда қилаётган жирканч ишлари етмасмиди?! Улар бутун юртни зўравонликка тўлдирмоқдалар, қайта–қайта қаҳримни келтирмоқдалар. Мени ҳақорат қилаётганларини бир кўриб қўй!

18 Шунинг учун Мен уларнинг устига ғазабимни сочаман. Уларга ачинмайман, раҳм қилмайман. Овозлари борича Менга хитоб қилишса ҳам, уларга қулоқ солмайман.”

Қуддуснинг жазоси

1 Мен Худонинг жарангдор овозини эшитдим. У баланд овозда деди:

— Эй шаҳарни жазолаш учун тайинланганлар, қуролларингизни олинглар. Бу ерга келинглар!

2 Шу онда шимолдаги Юқори дарвоза томондан олти киши келди. Ҳар бирининг қўлида ҳалокатли қуроли бор эди. Уларнинг орасида зиғир толасидан тўқилган либос кийган, белига эса котиблик асбобларини тақиб олган бир кимса ҳам бор эди. Келган одамларнинг ҳаммаси ичкарига кириб, бронза қурбонгоҳнинг ёнига бориб туришди.

3 Карублар устидаги Исроил Худосининг улуғворлиги ўз жойидан кўтарилиб, уйнинг остонасига борди. Сўнг Эгамиз зиғир либос кийган кишини чақириб,

4 деди:

— Бориб шаҳарнинг ҳамма жойини айланиб чиқ. Шаҳарда қилинаётган жирканч ишлардан сиқилиб, зорланган кишиларнинг пешанасига белги қўй.

5 Қуролланган олти кишига эса Эгамизнинг шундай деганини эшитдим:

— Унга эргашинглар. Бутун шаҳарни айланиб чиқинглар. Одамларни ўлдиринглар, уларга ачинманглар, раҳм қилманглар.

6 Қарияларни, йигиту қизларни, аёлу болаларни — ҳаммасини ўлдиринглар, аммо пешанасига белги қўйилган биронта одамга ҳам зарар етказманглар. Буйруғимни бажаришни шу ердан, муқаддас масканимдан бошланглар.

Шундай қилиб, улар қирғинни Эгамизнинг уйи олдида бўлган оқсоқоллардан бошладилар.

7 Эгамиз деди:

— Уйимни ҳаром қилинглар! Ҳовлини жасадларга тўлдиринглар. Қани бошланглар!

Қуролланган одамлар шаҳарга бориб, у ердагиларни қириб ташладилар.

8 Улар буйруқни бажаргани кетганларида, мен ёлғиз ўзим қолдим. Мен ерга мук тушиб, Худога илтижо қилдим:

— Ё Эгам Раббий! Сен ғазабингни Қуддусга сочиб, Исроилнинг қолган–қутган халқини ҳам йўқ қилиб юбормоқчимисан?

9 У менга шундай жавоб берди:

— Исроил ва Яҳудо халқлари оғир гуноҳга қўл уришди. Улар бутун юртни қонга белашди, Қуддус шаҳрини адолатсизликка тўлдиришди. Улар: “Эгамиз юртимизни тарк этган, У бизни кўрмаяпти”, деб айтишяпти.

10 Мен эса уларга ачинмайман, раҳм қилмайман. Қилган барча қилмишларига яраша жазосини бераман.

11 Шу орада зиғир либосли, белига котиб асбобларини тақиб олган киши қайтиб келиб Эгамизга:

— Амрларингизни бажо айладим, — деди.

Худонинг улуғворлиги Маъбадни тарк этади

1 Қарасам, карублар тепасидаги гумбаз узра зангори ёқутга ўхшаш бир нарса пайдо бўлди. Ўша нарса тахт шаклида эди.

2 Худо зиғир либос кийган кишига шундай деди: “Қани бўл, карублар остидаги ғилдираклар орасига кириб, у ердан бир ҳовуч ёнаётган кўмирдан олиб чиқ. Кўмирни шаҳарнинг ҳамма ёғига сочиб ташла.”

Ўша киши ғилдираклар орасига кириб кетди. Мен эса уни кузатиб турдим.

3 У кирган пайтда карублар Эгамиз уйининг жануб томонида турган эдилар, ички ҳовлини эса булут қоплаган эди.

4 Сўнг Эгамизнинг улуғворлиги карублар узра кўтарилиб, уйнинг остонасига бориб тўхтади. Шу онда уй булутга тўлди, бутун ҳовли Эгамизнинг улуғворлигидан чақнаб ёришиб кетди.

5 Карублар қанотларини қимирлатганларида шундай шовқин кўтарилар эдики, уни ҳатто ташқи ҳовлидан туриб эшитса ҳам бўлар эди. Бу шовқин Қодир Худонинг овозига ўхшаб кетар эди.

6 Эгамиз зиғир либос кийган кишига: “Карубларнинг ўртасига кир, ғилдираклар орасидаги ёнаётган кўмирдан олиб чиқ”, деб амр берганда, ўша киши битта ғилдиракнинг олдига бориб турди.

7 Шунда карублардан бири қўлини узатиб, ёнаётган кўмирдан озроғини олди–да, зиғир либос кийган кишининг қўлига тутқизди. У киши ёнаётган кўмирни олиб кетди.

8 Ҳар бир карубнинг қаноти остида инсон қўлига ўхшаган қўли бор эди.

9 Қарасам, карублар ёнида тўртта ғилдирак турибди. Ҳар бир карубнинг ёнида биттадан ғилдирак бор эди. Ғилдираклар қимматбаҳо тошдай товланарди.

10 Тўртала ғилдиракнинг кўринишига келсак, улар бир–бирига ўхшар эди. Ҳар бир ғилдиракнинг ичида кўндалангига солинган яна биттадан ғилдирак бор эди.

11 Улар ҳаракатга келганда тўрт томонга юра олар эди, юрганда бурилмасди. Карубнинг юзи қаерга йўналтирилган бўлса, ҳаммаси бурилмай ўша томонга юришарди.

12 Карубларнинг бутун баданлари, орқалари, қўллари, қанотлари ҳатто тўртала ғилдираги ҳам кўз билан қопланган эди.

13 Ғилдиракларнинг номи “Айланадиган ғилдираклар” эканлигини мен эшитиб қолдим.

14 Ҳар бир карубнинг тўрттадан юзи бор эди: биринчи юз — карубнинг юзи, иккинчи юз — одамнинг юзи, учинчи юз — шернинг юзи ва ниҳоят тўртинчи юз бургутнинг юзи эди.

15 Карублар замин узра кўтарилдилар. Мен Кавор дарёси бўйида кўрган жонли мавжудотлар мана шу карублар экан.

16 Карублар юрганларида, ғилдираклар ҳам ёнларида юрарди. Қанот ёзиб кўтарилганларида, ғилдираклар ҳам улардан айрилмасди.

17 Хуллас, карублар тўхтаганда, улар ҳам тўхтар эди, кўтарилганда улар ҳам бирга кўтарилар эди, чунки жонли мавжудотларнинг руҳи ғилдиракларда эди.

18 Эгамизнинг улуғворлиги уй остонасидан чиқиб, карублар узра тўхтади.

19 Мен буни томоша қилиб турганимда, карублар қанотларини ёздилар, замин узра кўтарилиб, ғилдираклари билан бирга уйдан чиқиб кетдилар. Карублар Эгамиз уйининг шарқий дарвозаси ёнида тўхтаб қолдилар. Исроил Худосининг улуғворлиги уларнинг устида эди.

20 Бу жонли мавжудотларни мен Кавор дарёси бўйида кўрган эдим. Ўшанда ҳам улар Исроил Худосининг оёғи остида эдилар. Бу мавжудотлар карублар эканлигини мен энди тушуниб олган эдим,

21 чунки ҳар бир карубнинг тўртта юзи, тўртта қаноти ҳамда қанотлари остида одам қўлига ўхшаган қўллари бор эди.

22 Уларнинг юз тузилиши мен Кавор дарёси бўйида кўрган мавжудотларники билан бир хил эди. Ҳар бир мавжудот олд томонга қараб юрар эди.

Исроилнинг фосиқ йўлбошчилари ҳукм қилинади

1 Руҳ мени кўтариб, Эгамиз уйининг шарқий дарвозасига олиб борди. Дарвоза ёнида мен йигирма беш нафар кишини кўрдим. Уларнинг орасида халқ раҳнамоларидан Аззур ўғли Язаниё ва Бинаё ўғли Пилатиё бор эди.

2 Эгамиз менга шундай деди: “Эй инсон, мана бу одамларнинг нияти ёмон. Улар шаҳардагиларга бўлмағур маслаҳатлар бериб юришибди.

3 Ўша бузуқ одамлар шундай дейдилар: «Ҳозир иморатлар солишнинг ҳожати йўқ. Бу шаҳар қозон кабидир, биз эса қозонда сақланган гўштдаймиз.»

4 Шундай экан, эй инсон, уларга қарши башорат қил!”

5 Сўнг Эгамизнинг Руҳи бутун вужудимни қамраб олди. У Исроил халқига қуйидагиларни айтишимни буюрди: “Эгамиз шундай демоқда: эй Исроил халқи, сизлар ўша гапни айтдингиз. Мен эса ҳамма ўй–хаёлларингизни биламан.

6 Сизлар шаҳардаги кўп одамларни ўлдирдингиз, кўчаларни жасадларга тўлдирдингиз.

7 Шунинг учун Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, бу шаҳар ҳақиқатан ҳам қозон кабидир. Аммо гўшт сизлар эмас, балки сиз ўлдирган одамларнинг жасадларидир. Мен сизларни шаҳардан чиқариб юбораман.

8 Сизлар қиличдан қўрққан эдингизлар, аммо устингизга қилич юбораман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

9 — Сизларни шаҳардан ҳайдаб чиқариб, ажнабийларнинг қўлига топшираман. Сизларни шу йўсин жазолайман.

10 Сизлар қиличдан нобуд бўласизлар. Мен сизларни Исроил чегараларида жазолайман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

11 Бу шаҳар сизлар учун қозондай бўлмайди, сизлар ҳам қозон ичидаги гўштдай бўлмайсизлар. Мен сизларни Исроил чегараларида жазолайман.

12 Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Зеро, сизлар шу пайтгача қонун–қоидаларимни бузиб, ён–атрофингизда яшовчи халқларнинг одатларига тақлид қилиб келдингизлар.”

13 Мен, Ҳизқиёл, башорат қилаётганимда, бирданига Бинаё ўғли Пилатиё жон берди. Мен ерга юз тубан йиқилиб: “Ё Эгам Раббий! Сен Исроилда қолган ҳамма одамларни нобуд қилмоқчимисан?” дея овозим борича ҳайқириб юбордим.

Худонинг ваъдаси

14 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

15 “Эй инсон, сургун бўлган сенинг оиланг, уруғ–аймоқларинг ва бутун Исроил халқи ҳақида Қуддусдагилар шундай айтишмоқда: «Улар узоқда, Эгамизга сажда қила олмайдилар. Шунинг учун бу юрт бизга мулк қилиб берилди.»

16 Аммо сен сургунда бўлган Исроил халқига шундай хабар етказ: «Эгамиз Раббий айтмоқда: Мен сизларни олисдаги халқлар орасига жўнатдим. Бошқа юртларга тарқатиб юбордим. Бироқ бегона юртдаги мусофирлик даврингизда, Ўзим сизларга саждагоҳ бўламан.»

17 Яна айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен сизларни халқлар орасидан йиғиб оламан. Ҳа, сизлар бегона юртларга тарқалиб кетдингиз, аммо Мен сизларни у ерлардан олиб чиқаман. Исроил юртини сизларга қайтариб бераман.»

18 Эй инсон, Исроил халқи ўз юртига қайтиб келганда, у ердаги макруҳ худоларни, жирканч бутларни илдизи билан йўқ қилади.

19 Мен уларга яхлит бир юрак бераман, қалбларини янги руҳга тўлдираман. Бағридаги тош юракни олиб ташлаб, ўрнига юмшоқ юрак соламан.

20 Шунда улар фармонларимни бажарадиган, қонун–қоидаларимга риоя қиладиган бўладилар. Улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг Худоси бўламан.

21 Аммо макруҳ худоларга, жирканч бутларга сажда қилишни хуш кўрадиган одамларни қилмишларига яраша жазолайман.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

Худонинг улуғворлиги Қуддусни тарк этади

22 Карублар қанотларини ёзиб, ёнидаги ғилдираклари билан бирга осмонга кўтарилдилар. Исроил Худосининг улуғворлиги карублар устида эди.

23 Эгамизнинг улуғворлиги шаҳарни тарк этиб, шаҳарнинг шарқ томонидаги тоққа бориб тўхтади.

24 Ваҳийда Руҳ мени кўтариб, Бобилга сургун қилинганларнинг олдига қайтариб олиб борди. Ваҳий тамом бўлди.

25 Мен сургундаги биродарларимга Эгамиз аён қилган ҳамма нарсани айтиб бердим.

Сургун тимсоли

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, сен исёнкор халқ орасида яшаб юрибсан. Уларнинг кўзлари бор, аммо кўрмайдилар, қулоқлари бор, аммо эшитмайдилар, чунки улар исёнкор халқдир.

3 Эй инсон, керакли нарсаларингни тугиб ол. Худди сургунга кетаётгандай йўлга чиқ. Буни кундуз куни қил, одамлар сени кўрсин. Сен уйингни ташлаб, бошқа жойга кетаётганингни ҳамма кўрсин. Ким билсин, балки шунда бу исёнкор халқ эсини йиғиб олар.

4 Халқ сени томоша қила олиши учун тугунингни кундуз куни ташқарига чиқариб қўй. Ўзинг эса, кеч тушганда, сени томоша қилаётган оломон олдида, худди сургунга кетаётгандай йўлга чиқ.

5 Одамларнинг кўзи олдида уйинг деворини теш, тугунингни тешикдан олиб чиқ.

6 Кеч тушганда, уни елкангга ортиб, йўлга туш. Тарк этаётган юртингни кўра олмаслигинг учун юзингни ёпиб ол, чунки халқ томоша қиладиган бу намойиш улар учун бир тимсол бўлади.”

7 Мен Эгамизнинг айтганини қилиб, сургунга кетаётгандай, тугунимни кундуз куни кўчага чиқариб қўйдим. Кеч тушганда қўлим билан уйим деворини тешдим. Қоронғида тугунни кўчага чиқариб, елкамга ортиб олдим. Одамлар мени томоша қилиб турар эдилар.

8 Эртаси куни эрталаб Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

9 “Эй инсон, бу исёнкор Исроил халқи сендан «Нималар қиляпсан?» деб сўраган эди, шундай эмасми?

10-11 Уларнинг олдига бориб айт: «Кеча мен сизларга келажакда содир бўладиган воқеаларни намойиш қилдим. Қилган намойишим Қуддусда ҳукмронлик қилаётган шаҳзода ва у ердаги бутун Исроил халқининг қисмати рамзидир. Эгамиз Раббий шундай демоқда: сизлар асирликка тушиб, сургун бўласизлар.

12 Ҳозир ҳукмронлик қилаётган шаҳзодангиз ҳам қоронғида елкасига тугун ортиб, йўлга тушади. У деворда очилган тешикдан чиқади. Тарк этаётган юртни кўрмаслиги учун юзини ёпиб олади.

13 Мен унинг устига тўр ташлайман, у тузоғимга тушади. Мен уни Халдейлар юрти Бобилга олиб бораман, аммо у Бобилни кўра олмайди. У ўша ерда оламдан ўтади.

14 Мен шоҳ саройининг бутун аҳлини — вазирлару соқчиларини тўрт томонга тарқатиб юбораман. Қиличимни яланғочлаб, уларни таъқиб қиламан.

15 Эй Исроил халқи, Мен сизларни халқлар орасига тарқатиб ташлаганимда, бошқа юртларга қувиб юборганимда, Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

16 Аммо Мен баъзиларингизни асраб қоламан. Уларни жангда сақлайман, очарчилигу ўлатдан қутқараман. Улар бошқа халқлар орасига сургун бўлганда, қилган жирканч одатларини эътироф қиладилар. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»”

Жазо кечиктирилмайди

17 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

18 “Эй инсон, нонингни еганингда титрагин, сувингни ичганингда қўрқув ичра қалтирагин.

19 Юртдаги одамларга айт: «Исроил юрти ва Қуддус аҳолиси тўғрисида Эгамиз Раббий шундай демоқда: бу одамлар ёвуз бўлиб кетганлари учун, Мен уларнинг юртини талон–тарож қилдираман. Улар нонни қўрқув ичра ейдилар, сувни саросима ичра ичадилар.

20 Аҳоли яшаган шаҳарлари вайрон бўлади, бутун юрт ташландиқ бўлиб қолади. Шунда улар Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.»”

Эгамизнинг сўзлари амалга ошади

21 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

22 “Эй инсон, Исроил юртида айтилаётган, «кунлар ўтяпти, башоратлар эса пучга чиқяпти» деган мақолни эшитгансан.

23 Энди халқим олдига бориб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен бу мақолни йўқ қилиб юбораман. Исроилда уни айтмайдиган бўлишади.» Яна уларга айт: «Башоратлар бажо бўладиган кунлар яқинлашиб қолди.

24 Энди Исроил юртида сохта башоратлару ёлғон кароматлар айтилмайди.

25 Аммо Мен, Эгангиз, сизларга гапираман, айтган сўзларим амалга ошади, кечикмайди. Эй исёнкор халқ, сизлар ҳаёт бўлган кунларда айтганларимни бажо келтираман. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

26 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

27 “Эй инсон! Исроил халқи сен айтган башоратлар узоқ келажакка тааллуқли, деб ўйлаяпти.

28 Шунинг учун уларга бориб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: айтган бирорта сўзим кечикмайди, ҳаммаси амалга ошади! Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Сохта пайғамбарларнинг ҳоли

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Исроилда ўзича башорат қилиб юрган пайғамбарларга қарши башорат қил. Уларга шундай деб айт: «Эгамизнинг сўзларини эшитинг!

3 Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй аҳмоқ пайғамбарлар, ҳолингизга вой! Сизлар ҳеч қандай ваҳий кўрмагансиз, башоратларингизни ўзингиз ўйлаб тўқигансиз.»

4 Исроил халқига айт: «Пайғамбарларингиз шаҳар вайроналари орасида дайдиб юрган чиябўриларга ўхшайди.

5 Мана, улар деворнинг ўпирилиб тушган жойларини қўриқламадилар, деворни тузатмадилар. Энди Менинг ғазаб кунимдаги жангда сизлар ўзингизни муҳофаза қила олмайсиз.

6 Пайғамбарларингизнинг кўрган ваҳийлари сохта, кароматлари ёлғондир! Мен уларни юбормаганман, аммо улар ‘Эгамиз шундай демоқда’, деб гапирадилар. Яна ўз гаплари амалга ошишини кутадилар!

7 Кўрган ваҳийлари сохта эмасми?! Айтган кароматлари ёлғон эмасми?! Мен уларга гапирмасам ҳам, ‘Эгамиз шундай демоқда’, деб айтишади!

8 Пайғамбарларингиз ёлғон гаплар айтиб юрибдилар, сохта ваҳийлар кўряптилар. Шунинг учун уларга қаршиман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

9 — Бу ёлғончи пайғамбарларга қўл кўтараман, уларни кенгашингиздан йўқ қиламан. Номларини Исроил халқи рўйхатидан ўчириб ташлайман, улар ҳеч қачон Исроил юртига қайтиб келмайдилар. Ўшанда Эгангиз Раббий Мен эканлигимни билиб оласизлар.»

10 Эй инсон, нотинч пайтларда, бу пайғамбарлар «тинчлик», дея халқимни йўлдан урадилар. Халқим заиф девор кўтарганда, пайғамбарлар уни оҳак билан оқлайдилар.

11 Шунинг учун деворни оқлаётганларга айт: «Бу девор қулайди. Унинг устига жала ёғади, катта–катта дўл тушади, унга қарши довул туради.

12 Девор қулаганда одамлар сизларга: ‘Деворни оқлаганингиздан нима фойда чиқди?!’ деб айтмайдими?

13 Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен ғазаб устида довул турғизаман. Қаҳр устида жала ёғдираман. Жаҳл устида дўл юбориб, деворни қулатаман.

14 Сизлар оҳак билан оқлаган бу деворни Мен йиқитаман. Уни пойдеворигача очиб ташлайман. Қулаган девор сизларни босиб қолади, сизлар ҳаммангиз ҳалок бўласизлар. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»

15-16 Исроил халқига айт: «Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: шу йўсинда Мен ғазабимни девор ва деворни оқлаган одамлар устига ёғдираман. Мен сизларга: ‘Девор ҳам, уни оқлаган одамлар ҳам йўқ бўлди’, деб айтаман. Ҳа, бу пайғамбарлар нотинч дамларда Қуддус аҳолисига башорат қилиб, тинчлик ваҳийларини берган эдилар.»

Жодугар аёлларнинг ҳоли

17 Эй инсон, Исроил халқининг ўзича башорат қилиб юрган аёлларига юзлан. Уларга қарши башорат қилиб

18 айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй одамларнинг жонини овлаб юрган аёллар, сизларнинг ҳолингизга вой! Сизлар ҳар бир одамнинг билагига тумор тақасизлар. Ёшу қарининг бошига ёпинчиқлар ёпасизлар. Сизлар халқимнинг жонларини овлаб туриб, ўз жонимизни сақлаб қоламиз, деб ўйлайсизми?!

19 Сизлар бир ҳовуч арпа билан бир бурда нон учун халқим олдида Мени бадном қилдингиз–ку! Ёлғонни хуш кўрган халқимга ёлғон гапириб, айбсиз одамни нобуд қилдингиз. Ўлимга лойиқ бўлган одамнинг жонини эса асраб қолдингиз.

20 Шунинг учун Эгамиз Раббий айтмоқда: сизлар туморларингиз билан одамларнинг жонларини овлаяпсизлар. Мен ўша туморларингизга қаршиман. Мен уларни қўлларингиздан юлиб оламан, қафасдаги қушни озод қилгандай, халқимни озод қиламан.

21 Ёпинчиқларингизни йиртиб ташлайман, халқимни чангалингиздан халос қиламан. Улар энди сизнинг қурбонларингиз бўлмайди. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

22 Сизлар ёлғонларингиз билан солиҳ одамнинг дилини ранжитдингиз. Мен эса уни ранжитмоқчи эмас эдим. Фосиқ одам ёмон йўлидан қайтмаслиги, жонини сақлаб қолмаслиги учун сизлар уни қўллаб турдингиз.

23 Шу сабабдан энди сизлар ёлғон ваҳийлар кўрмайсизлар, фол очиб юрмайсизлар. Мен Ўз халқимни чангалингиздан озод қиламан. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»”

Худо бутпарастликни ҳукм қилади

1 Исроил оқсоқолларидан баъзи бирлари мени кўргани келдилар.

2 Шу онда Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

3 “Эй инсон, бу одамлар бутларга кўнгил қўйганлар, гуноҳ уларнинг бошига ҳалокат келтиради. Шундай экан, Менга маслаҳат солишларига қандай йўл қўяй?!

4 Сен уларга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Исроил халқидан бирорта одам бутларга кўнгил қўйса, бу гуноҳ унинг бошига ҳалокат келтиради. Агар бундай одам маслаҳат сўрагани пайғамбар олдига келса, Мен, Эгангиз, ўша одамнинг саноқсиз бутларига яраша жавобини бераман.

5 Ўша бутлари туфайли бутун Исроил халқи Мендан узоқлашиб кетди, аммо Мен берадиган жавобим билан уларнинг садоқатини қозонаман.»

6 Исроил халқига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: тавба қилинглар, бутларингиздан воз кечинглар. Жирканч одатларингиздан юз ўгиринглар.

7 Эй Исроил халқи, билиб қўйинглар, агар сизлардан бирортангиз ёки орангизда яшаб юрган бирорта мусофир Мендан юз ўгириб, бутларга кўнгил қўйса, бу гуноҳ унинг бошига ҳалокат келтиради. Бундай одам пайғамбар олдига келиб, Менга маслаҳат солса, ўша одамга жавобни Ўзим бераман.

8 Мен бундай одамларга қарши чиқаман. Бошқалар уларни мисол қилиб, масаллар айтади. Мен уларни орангиздан йўқ қиламан. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

9 Агар пайғамбар янглишиб, нотўғри маслаҳат берса, ўша пайғамбарни Мен, Эгангиз, янглиштирган бўламан. Мен унга қарши қўлимни кўтараман, уни орангиздан даф қиламан.

10 Мен пайғамбарни ҳам, унинг олдига маслаҳат сўраб келган одамни ҳам бирдай жазолайман.

11 Шунда сизлар йўлимдан озмайдиган бўласиз, гуноҳларингиз билан ўзингизни булғамайсиз. Сизлар Менинг халқим бўласиз, Мен эса сизларнинг Худойингиз бўламан. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Эгамиз юрт аҳолисини жазолаши муқаррар

12 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

13 “Эй инсон, агар бирор юртнинг аҳолиси Менга бўлган садоқатини унутиб, гуноҳга қўл урса, Мен уларга қарши қўлимни кўтариб, бутун юртга очарчилик юбораман. Одамларни бир бурда нонга зор қиламан. Юртдаги одаму ҳайвонларни қириб ташлайман.

14 Бундай халқ орасида ҳаттоки Нуҳ, Дониёр ва Аюб пайғамбарлар яшаган тақдирда ҳам, улар солиҳлиги туфайли фақат ўз жонларини сақлаб қолган бўлишарди, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

15 — Мен ўша юрт аҳолисини йиртқич ҳайвонларга талатмоқчи бўлдим, дейлик. Юрт ҳувиллаб қолиб, ҳайвонлар туфайли одамлар у ерга оёқ босмай қўйди ҳам, дейлик.

16 Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, агар ўша учала пайғамбар у ерда бўлганда эди, улар ўз бола–чақасини ҳам қутқара олмаган бўларди. Улар фақат ўз жонларини сақлаб қолган бўларди. Юрт эса харобазорга айланарди.

17 Ёки Мен ўша юртга душман юбориб, у ердаги бор жонзотни қиличдан ўтказишга қарор қилдим, дейлик.

18 Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, агар ўша учала пайғамбар у ерда бўлганда эди, улар ўз бола–чақасини ҳам қутқара олмаган бўларди. Улар фақат ўз жонларини сақлаб қолган бўларди, холос.

19 Ёки Мен ўша юртга ғазабимни ёғдириб, бутун жонзотни ўлат орқали қириб ташламоқчи бўлдим, дейлик.

20 Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, ҳаттоки Нуҳ, Дониёр ва Аюб у ерда бўлганда эди, улар ўз бола–чақасини ҳам қутқара олмаган бўларди. Улар фақат ўз жонларини сақлаб қолган бўларди.”

21 Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Мен бундан ҳам баттарини қиламан, Қуддус устига тўрт хил даҳшатли кулфат ёғдираман. Шаҳардаги одамлар ва ҳайвонлар уруш, очарчилик, ёввойи ҳайвонлар дастидан ва ўлатдан нобуд бўладилар!

22 Аммо баъзи эркагу аёллар омон қоладилар. Улар қочиб, сизларнинг олдингизга, Бобилга келадилар. Ўшанда уларнинг юриш–туришини, қилмишларини ўзларингиз кўриб, Мен Қуддус устига юборган ҳамма кулфатлардан таскин топасизлар.

23 Ҳа, ўша одамларнинг юриш–туришини, қилмишларини кўрганларингиздан кейин таскин топасизлар. Қилган ҳамма ишларим бежиз эмаслигини билиб оласизлар.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

Узум токи ҳақида матал

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, ток новдасининг ёғочдан фарқи борми?! Ўрмон дарахтларидан унинг бирон афзаллиги борми?!

3 Ундан бирон–бир нарса ясаб бўладими? Ҳеч бўлмаса, буюм осиш учун қозиқ қилса бўладими?

4 Йўқ, у фақат ўтин учун ярайди, холос. Новданинг икки чеккаси куйиб, ўртаси ёниб бўлгандан кейин, уни бирон нарсага ишлатиб бўлармиди, ахир?!

5 Куймаган ток новдаси яроқсиз бўлгандан кейин, куйиб бўлгани ҳеч қандай фойда келтирмаслиги аниқ!

6 Шунинг учун Мен, Эгангиз Раббий, шуни айтиб қўяй: Қуддус аҳолиси ўрмон дарахтлари орасидаги узум токига ўхшайди. Улар яроқсиз бўлганлари учун, Мен уларни оловда куйдириб юбораман.

7 Мен Ўзим уларга қарши чиқаман. Улар оловдан қочиб қутулсалар ҳам, барибир, оловдан нобуд бўладилар. Мен уларга қарши чиққанимдан кейин, Эгангиз Мен эканлигимни сизлар билиб оласизлар.

8 Халқим Менга хиёнат қилгани учун, Мен бутун юртни саҳрога айлантираман.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

Қуддус гўзал келинчак тимсолида

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Қуддуснинг барча жирканч одатларини юзига солиб,

3 айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: асли сен Канъон юртида туғилгансан, сенинг отанг Амор халқидан, онанг Хет уруғидан бўлган.

4 Сен туғилганингда, ҳеч ким сенга қарамаган. Ҳеч ким киндигингни қирқмаган, сени ювинтирмаган, терингни туз билан артиб, йўргакламаган.

5 Биронта одамнинг сенга раҳми келмаган, ҳеч ким сенга ачинмаган, қарамаган. Сен туғилганингда, ҳамма сендан ҳазар қилган, шунинг учун сени далага олиб бориб ташлашган.

6 Мен ўша ердан ўтиб кетаётиб, сени кўриб қолдим. Сен ўз қонингга беланиб, типирчилаб ётган эдинг. Шунда Мен сенга: ‘Сен ўлмайсан!’ дедим. Сенга умр тиладим.

7 Мен сени даштдаги ўсимлик каби ўстирдим. Сен улғайдинг, бўйинг чўзилди, энг гўзал бир гавҳарга ўхшаб қолдинг. Сенинг кўкракларинг тўлишди, сочларинг узун бўлди, аммо сен қип–яланғоч эдинг.

8 Мен яна ўша ердан ўтиб кетаётиб, сени кўриб қолдим. Сен севги учун етилганингни кўриб, кийимимнинг этаги билан яланғоч баданингни ёпдим. Мен сенга қасамёд қилдим, сен билан никоҳ аҳдини туздим. Шунда сен Меники бўлдинг, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

9 — Сени чўмилтириб, баданингга ёпишиб қолган қон қолдиқларини ювиб ташладим. Терингга хушбўй мойларни суртдим.

10 Эгнингга нақш солинган кўйлак, оёғингга юмшоқ теридан тикилган чориқлар кийдирдим. Бошингга ҳарир рўмол ўраб, устингга шойи тўн ташладим.

11 Қимматбаҳо безаклар билан сенга зеб бердим: қўлларингга билагузуклар, бўйнингга тилла занжир,

12 бурнингга узук, қулоқларингга сирға тақдим, бошингга гўзал бир тож кийдирдим.

13 Сени олтину кумуш билан безантирдим, устингга қимматбаҳо шойи, майин зиғир матосидан тикилган либослару нақш солинган кўйлаклар кийдирдим. Олий навли ундан ёпилган нонлар билан, зайтун мойи ва асал билан сени боқдим. Сен ниҳоятда гўзал бўлдинг, ҳақиқий маликага ўхшаб қолдинг.

14 Мислсиз гўзаллигинг билан халқлар орасида донг таратдинг, чунки Мен сенга берган улуғворлигим гўзаллигингни мукаммал қилган эди. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

Қуддус фоҳиша тимсолида

15 Сен эса гўзаллигингга ишондинг. Шуҳратингдан фойдаланиб, фаҳш йўлига кирдинг. Ўтган–кетган эркакка ўзингни бердинг, гўзаллигингдан уларни баҳраманд қилдинг.

16 Мен сенга берган нафис матолар билан саждагоҳларингни безаб, у ерда фоҳишалик қилдинг. Қандай шармандагарчилик! Асло бундай бўлиши керак эмас эди!

17 Бундан ташқари, Мен сенга берган олтин ва кумуш безаклардан ўзингга эркак тасвиридаги ҳайкалчалар ясаттирдинг. Улар билан зино қилдинг.

18 Нақш солинган кўйлакларингни бутлар устига кийдирдинг. Мен сенга берган мой билан хушбўй тутатқиларни уларга назр қилдинг.

19 Сенга нон учун берган олий навли унни, зайтун мойи ва асални бутларингга хушбўй ҳадялар сифатида тортиқ қилдинг. Эҳа, шулар содир бўлди, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

20 — Сўнг Мендан кўрган ўғил–қизларингни олдинг, уларни ўз бутларингга ем қилиб, қурбон қилдинг. Наҳотки фоҳишалик қилганинг етмаган бўлса?!

21 Болаларимни сўйишинг, уларни бутларингга қурбонлик қилиб, оловда куйдиришинг шартмиди?!

22 Жирканч одатлару фоҳишалик қилганингда сен бирон марта ҳам ўз болалигингни эсламадинг, қип–яланғоч бўлганингни, ўз қонингга беланиб типирчилаб ётганингни эсга олмадинг.

23 Сенинг ҳолингга вой! — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Қилган қабиҳликларинг етмагандай сен

24 ўзинг учун сўрилар қурдинг, ҳар бир майдонда баланд супалар ўрнатдинг.

25 Ҳар бир кўчанинг бошида баланд супалар қуриб, гўзаллигингни хор қилдинг. Ўтган–кетганга путингни очдинг, фоҳишаликка берилиб кетдинг.

26 Аъзоси йирик бўлган қўшни Миср билан ётдинг. Фаҳшга берилиб, ғазабимни келтирдинг.

27 Шунда Мен қўлимни сенга қарши кўтардим. Ризқингни камайтириб, сени душманларинг бўлган Филист аёлларининг ихтиёрига топширдим. Ҳаттоки ўшалар ҳам сенинг беҳаёлигингни кўриб, ёқаларини ушлашган.

28 Сен тўймас ҳирсингни қониқтириш учун Оссурия билан фоҳишалик қилдинг. Аммо шунда ҳам қониқмадинг.

29 Савдогарлар юрти бўлган Бобил билан ҳам фаҳшга берилдинг, аммо шунда ҳам қониқмадинг.

30 Нақадар бузуқдир сенинг юрагинг! — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Сен ўзингни шалоқ хотиндай тутдинг–ку!

31 Сен ҳар бир кўчанинг бошида сўрилар қурдинг, ҳар бир майдонда баланд супалар ўрнатдинг. Йўқ, сен фоҳишадай эмас эдинг, сен тўловдан ҳазар қилардинг.

32 Сен бузуқ аёлсан! Бегона эркакларни ўз эрингдан афзал кўрдинг.

33 Ҳамма фоҳишаларга совғалар берилади. Лекин сен ҳамма ўйнашларингга совғалар бердинг. Ҳар ёқдан келиб, сен билан фоҳишалик қилишлари учун уларни сотиб олдинг.

34 Ҳа, сен бошқа фоҳишалардан ажралиб турасан. Ҳеч ким сени фоҳишалик қилишга ундамаган, ҳеч ким сенга тўлов бермаган. Аксинча, бошқаларга сен тўлов бергансан. Ҳақиқатан ҳам, сен бошқачасан!»

Худо Қуддусни ҳукм қилади

35 Эй инсон, Қуддусга айт: «Энди эса, эй фоҳиша, Эгамизнинг сўзларини эшит!

36 Эгамиз Раббий шундай демоқда: сен кийимларингни ечиб, ўйнашларинг билан фоҳишалик қилдинг, макруҳ бутларингга сажда этдинг. Ўз болаларингнинг қонини тўкиб, худоларингга қурбон қилдинг.

37 Шунинг учун сендан лаззатланган ҳамма ўйнашларингни Мен ҳар ердан йиғиб келаман. Сен севганларни ҳам, нафратланганларни ҳам сенга қарши йиғаман. Сени қип–яланғоч қилиб, уларнинг олдига чиқариб қўяман. Улар сени томоша қиладилар.

38 Мен сени қотиллигинг ва зинокорлигинг учун ҳукм қиламан. Рашку ғазабда сени қонга белайман.

39 Сени ўйнашларинг ихтиёрига топшираман. Улар сўриларингни бузадилар, супаларингни вайрон қиладилар. Устингдаги кийимларингни юлиб оладилар, чиройли тақинчоқларингни тортиб оладилар. Сен қип–яланғоч қоласан.

40 Улар оломонни йиғиб, сени тошбўрон қиладилар, жасадингни қилич билан нимталаб ташлайдилар.

41 Уйларингни ёндириб юборадилар, сени бир талай аёлларнинг кўзи олдида жазолайдилар. Шу йўсин Мен фоҳишалигингга чек қўяман. Сен ўйнашларингга бошқа тўлов бермайсан.

42-43 Сен болалигингни эсламаганинг учун, қилмишларинг билан қаҳримни келтирганинг учун, Мен қилмишларингга яраша жазоингни бераман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Шунда Мен жаҳлдан тушаман, рашкимни босиб оламан. Тинчланиб, бошқа ғазабланмайман.

Эй Қуддус, жирканч одатларинг етмасмиди, нимага беҳаёлик қилдинг?

44 Одамлар сен ҳақингда гапирганда ‘қиз онасига тортар’ деган мақолни ишлатишади.

45 Сен ҳақиқатан ҳам ўз эри ва болаларидан ҳазар қилган онангга ўхшайсан. Эрлари ва болаларидан ҳазар қилган опа–сингилларингдан қолишмайсан. Сенинг онанг Хет уруғидан, отанг Амор халқидан эди.

46 Сенинг опанг Самария ўз қизлари билан шимолда, синглинг Садўм эса ўз қизлари билан жанубда яшар эдилар.

47 Сен нафақат уларнинг йўлларидан юргансан, жирканч одатларига тақлид қилгансан, балки қисқа вақт ичида барча қабиҳликларинг билан улардан ўзиб ҳам кетгансан.

48 Мен, Эганг Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сенинг синглинг Садўм ўз қизлари билан сенчалик ва сенинг қизларингчалик қабиҳликлар қилмаган.

49 Садўмнинг айби шудир: у ва унинг қизлари мағрур эдилар. Улар тўқ, тинч ва осойишта ҳаёт кечирар эдилар, аммо мазлуму ночорларга ёрдам бермас эдилар.

50 Ҳа, улар мағрур эдилар, олдимда жирканч ишлар қилгандилар. Мен буни кўриб, уларни йўқ қилган эдим.

51 Ҳатто Самария ҳам сен қилган гуноҳларнинг ярмисини қилмаган. Сен улардан кўпроқ қабиҳликлар қилгансан. Қилган қабиҳликларинг олдида опанг билан синглинг солиҳ бўлиб кўринади.

52 Мана энди шармандалигингга тоқат қилишга мажбурсан. Сен опа–сингилларингнинг жазосини енгиллаштирдинг. Сен улардан ҳам баттар гуноҳлар қилиб, уларни бегуноҳдай кўрсатдинг. Энди уялгин, шармандалигингга тоқат қилгин, чунки сен опа–сингилларингни оппоқ қилиб кўрсатдинг.

53 Аммо бир кун келиб, Мен Садўм ва Самарияни уларнинг қизлари билан бирга яна фаровонликка эриштираман. Улар билан бирга сени ҳам тиклайман.

54 Шунда сен шармандалигингга тоқат қилиб, ўзингдан–ўзинг уялиб кетасан, чунки сен қилган қилмишларинг билан опа–сингилларингни анча юпатдинг.

55 Ҳа, опа–сингилларинг Садўм ва Самария қизлари билан тикланади. Сен ҳам қизларинг билан қайта тикланасан.

56 Сен мағрурланиб, синглинг Садўмни мазах қилар эдинг.

57 Аммо энди, сенинг фосиқлигинг бутун дунёга ошкор бўлди. Сен Эдом қизлари ва уларнинг ҳамма қўшнилари учун мазах бўлдинг. Филист қизлари ҳамма жойда сени масхара қиладилар.

58 Сен беҳаёлигинг ва жирканч одатларингга яраша жазо тортишинг шарт. Эгамизнинг каломи шудир.

Абадий аҳд

59 Эгамиз Раббий демоқда: эй Қуддус, Мен қилган қилмишингга яраша жазоингни бераман, чунки сен берган ваъдаларингни менсимадинг, аҳдингни буздинг.

60 Аммо Мен ёшлигингда сен билан тузган аҳдимга содиқ қоламан, сен билан абадий бир аҳд тузаман.

61 Сен қилган қилмишларингни эслайсан. Опангни ҳам, синглингни ҳам қабул қилганингда уяласан. Мен уларни сенга фарзанд қилиб бераман. Буни сен билан тузадиган аҳддан ташқари қиламан.

62 Ҳа, Мен сен билан аҳд тузаман, шунда Эганг Мен эканлигимни билиб оласан.

63 Мен қилган барча гуноҳларингни кечираман, аммо сен уларни доим ёдингда тутиб, хижолат бўласан. Уялганингдан сен ҳатто оғзингни ҳам оча олмайсан. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Бургутлар ва узум ҳақида матал

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Исроил халқига қуйидаги бир матални айтиб бер.

3 Уларга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: баҳайбат, бароқ патли, чипор бир бургут улкан қанотларини кенг ёйиб, Лубнон тоғларига учиб келди. У садр дарахтининг учини ушлаб,

4 учидаги бир шохчасини синдириб олди. Сўнг уни савдогарлар шаҳрига олиб бориб, у ерга ўтқазди.

5 Кейин Исроил юртидан олиб келган ток қаламчасини унумдор ерга экди. Уни сероб сувлар бўйига мажнунтолдай ўтқазди.

6 Қаламча униб, ерда ёйилган серновда узум токига айланди. Унинг новдалари бургут томон чўзилди, тагидаги илдизлари ерга чуқур ёйилди. У токка айланди, новдалари гуркираб ўсди, барра япроқлар чиқарди.

7 Кейин бошқа баҳайбат бир бургут учиб келди. Бу улкан қанотли бургут қалин пат билан қопланган эди. Шунда ток, келган бургут мени суғорар, дея ўсган жойидан илдизларини бургут томон чўзди, новдаларини у томон узатди.

8 Аммо ток аллақачон сероб сувлар бўйидаги унумдор ерда ўсаётган эди. У униб чиққан эди, мўл ҳосил беришга, кўркам узум токи бўлиб етишишга имконияти бор эди.»

9 Исроил халқига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: бу ток энди гуркираб ўсармикан?! Токни эккан бургут уни илдизи билан суғуриб ташламайдими?! Узумларини узиб, барра япроқларини қуритиб юбормайдими?! Ҳа, токни суғуриб ташлаш учун катта куч ёки қудратли лашкар керак эмас.

10 Борди–ю, токни бошқа бир жойга кўчириб ўтқазса, у яна кўкарармикан?! Йўқ, гармсел уни батамом қовжиратиб юборади–ку. Ток ўсган жойида сўлиб қолади–ку.»”

Маталнинг маъноси

11 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

12 “Бу исёнкор Исроил халқига шундай деб айт: «Маталнинг маъносини тушундингизми? Мен сизларга маъносини айтиб берай: Бобил шоҳи Қуддусга бостириб келди, у ердаги шоҳу аъёнларни ўзи билан Бобилга олиб кетди.

13-14 Сўнг шоҳ оиласига мансуб бўлган бир кишини танлади. Унга қасам ичдириб, у билан бир сулҳ тузди. Исроил халқи итоаткор бўлсин, исён кўтармасин, сулҳга риоя қилгани учун омон қолсин деб, Бобил шоҳи юртдаги барча нуфузли одамларни ўзи билан олиб кетди.

15 Аммо янги танланган Исроил шоҳи Бобилга қарши исён кўтарди. У Миср шоҳи ҳузурига чопарлар жўнатди, ундан кўмак учун отлару лашкар сўради. У муваффақият қозонармикан?! Бундай иш қилган одам жазосиз қолармикан?! Сулҳни бузган киши жазодан қочиб қутулармикан?!

16 Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, бундай шоҳ Бобилда жон беради. Гарчи Бобил шоҳи уни тахтга чиқарган бўлса–да, у Бобил шоҳи билан тузган сулҳни бузди, ичган қасамини назар–писанд қилмади.

17 Шу сабабдан Бобил шоҳи Қуддусдаги кўп одамларни қатл қилиш учун шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдиради, қамал иншоотларини қурдиради. Шунда Исроилга ҳатто фиръавннинг қудратли лашкари ҳам ёрдам бера олмайди.

18 Чунки Исроил шоҳи ичган қасамидан қайтди, тузган сулҳни бузди. У Бобил шоҳига сўз берган бўлса–да, ана шу ишларни қилди! Мана энди у қочиб қутула олмайди!

19 Шунинг учун Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, аҳдимни бузган, Менинг номим билан ичган қасамидан қайтган бу одам жазосиз қолмайди.

20 Мен унинг устига тўр ташлайман, уни Ўз тузоғимга тушираман. Менга хиёнат қилгани учун уни Бобилга олиб бориб, у ерда адабини бераман.

21 Унинг қочаётган жангчилари қиличдан ҳалок бўладилар, омон қолганлари дунёнинг тўрт томонига тарқалиб кетадилар. Шунда сизларга бу сўзларни айтган Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

Худонинг умидбахш ваъдаси

22 Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, баланд садр дарахтининг учидан нозик бир новдани оламан. Улкан тоққа чиқиб, уни ўтқазаман.

23 Ҳа, Исроил тоғининг чўққисига экаман. Новда бутоқ чиқариб, ҳосилга киради, кўркам садр дарахти бўлиб етишади. У ерда ҳар хил қушлар яшайди, турли паррандалар дарахтнинг шохлари соясида паноҳ топади.

24 Ана ўшанда даштдаги ҳамма дарахтлар Эгангиз Мен эканлигимни билиб олади. Зотан, улкан дарахтларни йиқитадиган Менман. Паст дарахтларни баланд қилиб, ўстирадиган ҳам Менман. Кўкариб турган дарахтни қовжиратадиган ҳам, қовжираган дарахтни кўкартирадиган ҳам Менман. Буларни Мен, Эгангиз, айтдим! Айтганларимнинг ҳаммасини Ўзим амалга ошираман.»”

Шахсий масъулият

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Нима учун сизлар Исроил юртида:

«Оталари нордон узум ейишган эди,

Болаларининг тиши қамашди»,

деган мақолни ишлатасизлар?

3 Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сизлар энди Исроилда бу мақолни бошқа айтмайдиган бўласизлар.

4 Билиб қўйинг, ҳар бир одамнинг жони Меникидир. Ота–оналарнинг ҳам, болаларнинг ҳам жонлари Менга тегишлидир. Фақат гуноҳ қилган одамгина ўлади.

5 Борди–ю, одам солиҳ бўлиб, адолатли ва тўғри ишлар қилса,

6 Исроил халқининг бутларига сиғинмаса, бутхоналарда келтирилган қурбонликлардан тановул қилмаса, бировнинг хотини билан зино қилмаса, ҳайз кўрган аёлга яқинлашмаса,

7 бировга жабр қилмаса, гаровга олган нарсасини қайтариб берса, ўғрилик қилмаса, очга нон, яланғочга кийим берса,

8 берган қарзидан фоиз талаб қилмаса, ўзини гуноҳдан тортса, тўғри ҳукм чиқарса,

9 фармонларимга риоя қилса, қонун–қоидаларимни битта қолдирмай садоқат билан бажарса, Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, бундай одам ҳақиқатан ҳам солиҳ ҳисобланиб албатта яшайди.

10 Энди шундай солиҳ одамнинг ваҳший бир ўғли бор, деб фараз қилайлик. Борди–ю, бу ярамас ўғил қотиллик қилса ёки қуйидаги жиноятларнинг бирортасига қўл урса:

11 отаси қилмаган ишларни қилиб, бутхоналарда келтирилган қурбонликлардан тановул қилса, бировнинг хотини билан зино қилса,

12 камбағалу мазлумларга жабр етказса, ўғриликка қўл урса, гаровга олган нарсани қайтармаса, бутларга сиғинса, жирканч одатларга тақлид қилса,

13 берган қарзидан фоиз талаб қилса, у яшармиди?! Йўқ! Бундай жирканч ишларга қўл урган одамга ўлим жазоси берилсин. У ўз бошини ўзи еган бўлади!

14 Аммо бундай фосиқ кишининг ўғли, отасининг қилган гуноҳларини кўрса–ю, отасига тақлид қилмаса,

15 Исроил халқининг бутларига сиғинмаса, бутхоналарда келтирилган қурбонликлардан тановул қилмаса, бировнинг хотини билан зино қилмаса,

16 бировга зулм ўтказмаса, қарздорларидан кафиллик талаб қилмаса, ўғрилик қилмаса, очга нон, яланғочга кийим берса,

17 камбағалга жабр етказмаса, берган қарзидан фоиз олмаса, қонун–қоидаларимга риоя қилиб, фармонларимни бажарса, бундай одам ўз отасининг гуноҳлари учун ўлдирилмасин. У албатта яшасин.

18 Қилган қабиҳликлари учун отасининг ўзи ўлдирилсин, чунки у биродарига жабр етказиб, нарсасини ўғирлади, одамлар орасида ярамас ишлар қилди.

19 Сизлар эса: «Йўғ–э, наҳотки бола отасининг гуноҳи учун жазо тортмаса?» деб айтасизлар. Агар бола адолатли ва тўғри ишлар қилса, қонун–қоидаларимнинг ҳаммасини битта қолдирмай бажарса, у албатта яшайди.

20 Гуноҳ қилган одамгина ўлади. Бола отасининг гуноҳи учун жазоланмайди, ота ҳам боласининг гуноҳи учун жазоланмайди. Солиҳ одамлар ўз солиҳлигига яраша мукофот оладилар, фосиқлар ўз фосиқлиги учун жазо тортадилар.

21 Борди–ю, фосиқ одам қилган гуноҳларидан тавба қилса, қонун–қоидаларимнинг ҳаммасини бажарса, адолатли ва тўғри ишлар қилса, у албатта яшайди, ўлмайди.

22 Мен бундай одамнинг қилган барча гуноҳларидан кечиб юбораман. У қилган солиҳ ишлари туфайли яшайди.

23 Наҳотки фосиқ одамнинг ўлимини истасам? — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Йўқ! Мен унинг ёмон йўлдан қайтишини ва яшашини истайман!

24 Ёмон йўлга кириб кетган солиҳ одам–чи? Фосиқлар каби жирканч ишлар қилган бундай одам яшайдими? Йўқ! Мен унинг биронта хайрли ишини эсга олмайман. У Менга хиёнат қилгани учун, гуноҳга қўл ургани учун ўлади.

25 Сизлар эса: «Раббий нотўғри иш тутяпти», деб айтяпсизлар. Эй Исроил халқи, гапимни тингланг: нотўғри иш тутган Менми ёки сизларми?!

26 Билиб қўйинг, ёмон йўлга кириб кетган ҳар бир солиҳ киши қилган гуноҳи учун ўлади.

27 Ёмон йўлдан қайтган фосиқ эса адолатли ва тўғри ишлар қилса, ўз ҳаётини асраб қолади.

28 Бундай одам тутган йўли нотўғри эканлигини англаб, қилган гуноҳларидан қайтгани учун албатта яшайди, у ўлмайди.

29 Шундай бўлса–да, Исроил халқи: «Раббий нотўғри иш тутяпти», деб айтяпти. Эй Исроил халқи, қани, Менга айтинг–чи, нотўғри иш тутган Менми ёки сизларми?!

30 Эй Исроил халқи, ҳар бирингизни тутган йўлингизга яраша ҳукм қиламан, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Тавба қилинглар! Гуноҳларингиздан қайтинглар! Акс ҳолда, гуноҳ бошингизга ҳалокат келтиради.

31 Менга қарши қилган гуноҳларингиздан воз кечинглар. Ўзларингиз учун янги юрак ва янги руҳ олинглар! Нима учун сизлар ўлишингиз керак, эй Исроил халқи?!

32 Биронта одамнинг ҳалок бўлишини истамайман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Ёмон йўлдан қайтинглар, яшанглар!”

Ҳасрат қўшиғи

1 Эгамиз менга Исроилнинг икки шаҳзодаси учун мана шу марсияни айтишимни буюрди:

2 “Сенинг онанг қўрқмас бир шер эди!

У шерлар орасида ўрнашди,

Ёш шерлар орасида болаларини ўстирди.

3 Битта боласи кучли бир шер бўлди.

У ов қилишни ўрганди,

Одамхўрлик қила бошлади.

4 Буни халқлар эшитдилар,

Шерни ўзларининг тузоғига туширдилар.

Уни занжирбанд қилиб,

Мисрга олиб кетдилар.

5 Она шер умиди пучга чиққанини кўрди,

Орзуси ушалмаганини билди.

Шунда бошқа боласини ўстирди,

Уни кучли бир шер қилди.

6 У катта бўлгач,

Бошқа шерлар ила изғийдиган бўлди.

Ов қилишни ўрганди,

Одамхўрлик қила бошлади.

7 Қалъаларини бузар эди,

Шаҳарларини вайрон қиларди.

Юрт ва унинг бутун аҳолиси

У ўкирганда даҳшатга тушарди.

8 Атрофдаги ҳудудлардан халқлар

Унга ҳужум қилдилар.

Устига тўр ташлаб,

Тузоғига туширдилар.

9 Занжирбанд қилиб, қафасга солдилар,

Бобил шоҳи ҳузурига олиб бордилар.

Исроил тоғларида унинг товуши

Бошқа эшитилмасин дея,

Уни зиндонга ташладилар.

10 Сенинг онанг узумзордаги токдай эди,

Ариқ бўйига ўтқазилган эди.

Сувга мириққанидан

Серновдаю серҳосил эди.

11 Бақувват новдалари

Салтанат ҳассаларига айланди.

Қалин шох–шаббадан ҳам баланд кўтарилди.

Баландлиги, сербарглиги билан

Кўзга ташланиб турар эди.

12 Аммо ғазаб ичра ток суғуриб ташланди,

Ерга улоқтириб юборилди.

Шарқдан эсган шамол ҳосилини қуритди,

Бақувват новдалари синиб қуриди.

Ҳаммасини олов ямлаб юборди.

13 Энди бу ток саҳрога ўтқазилган.

Ҳа, сувсаган, қақроқ чўлга экилган.

14 Унинг поясидан олов чиқди,

Новдалару меваларини куйдириб юборди.

Биронта бақувват новдаси қолмади,

Салтанат ҳассасига ярамайдиган бўлди.”

Бу марсия қўшиғидир, у мотам оҳангида куйланади.

Исёнкор Исроил

1 Сургун бўлган пайтимизнинг еттинчи йили бешинчи ойининг ўнинчи кунида айрим Исроил оқсоқоллари Эгамизга маслаҳат солмоқчи бўлиб, олдимга келдилар. Улар рўпарамга ўтирдилар.

2 Шунда Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

3 “Эй инсон, Исроил оқсоқолларига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: сизлар ҳали Менга маслаҳат солмоқчи бўлиб келдингизларми?! Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сизларга ҳеч қандай маслаҳат бермайман!»

4 Эй инсон, келган бу одамларни сен ҳукм қилишга тайёрмисан? Қани, уларга ота–боболарининг қилган жирканч одатлари ҳақида гапириб бер–чи.

5 Уларга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен Исроил халқини танлаб, Мисрда уларга Ўзимни танитган эдим. Ўшанда Мен уларга, Эгангиз Худо бўламан, деб онт ичгандим.

6 Уларни Мисрдан олиб чиқишга, улар учун танлаб қўйган энг улуғвор юртга — сут ва асал оқиб ётган юртга олиб боришга онт ичган эдим.

7 Ўшанда уларга айтган эдим: ‘Ҳар бирингиз, кўзингизни қувонтирган макруҳ бутларингизни йўқотинглар. Миср бутларига сиғиниб ўзингизни булғаманглар. Эгангиз Худо Менман.’

8 Аммо улар Менга қарши исён кўтардилар. Гапимга қулоқ солмадилар. Биронтаси ҳам макруҳ бутини ташламади, Миср худоларидан улар воз кечмадилар.

Шунда Мен қаҳру ғазабимни Мисрдаёқ уларнинг устига ёғдирмоқчи бўлдим.

9 Аммо шахтимдан қайтдим. Исроил атрофида яшаган халқлар олдида бадном бўлишни истамадим. Чунки Мен Исроил халқини Мисрдан олиб чиқиб, ўша халқлар олдида Ўзимни танитган эдим.

10 Шунинг учун Мен Исроил халқини Мисрдан олиб чиқдим, саҳрога бошлаб бордим.

11 У ерда уларга фармонларимни бердим, қонун–қоидаларимни билдирдим. Зотан, қонун–қоидаларимга риоя қилган ҳар қандай киши яшайди.

12 Мен уларга Шаббат кунларимни Ўзим ва улар орасидаги аломат қилиб бердим. Токи уларни муқаддас қиладиган Эгаси Мен эканлигимни билишсин.

13 Аммо улар саҳрода ҳам Менга қарши исён кўтардилар. Фармонларимни бажармадилар, қонун–қоидаларимни рад этдилар. Ўшаларга риоя қилган киши яшаган бўларди. Улар Шаббат кунларимни ҳам булғадилар.

Шунда Мен саҳрода уларнинг устига ғазабимни ёғдириб, йўқ қилиб юбормоқчи бўлдим.

14 Аммо Исроилни Мисрдан олиб чиққанимни кўрган халқлар олдида бадном бўлмаслигим учун шахтимдан қайтдим.

15 Шундай бўлса–да, уларни дунёдаги энг улуғвор юртга, сут ва асал оқиб ётган юртга олиб бормайман, деб саҳрода онт ичдим.

16 Улар қонун–қоидаларимни рад этган эдилар, фармонларимни бажармаган эдилар, Шаббат кунларимни булғагандилар. Қўйингки, қалбларини бутларга бағишлаган эдилар.

17 Шунга қарамай, Мен уларга ачиндим, саҳрода қирилиб кетишларига йўл қўймадим.

18 Мен уларнинг фарзандларига шундай деб уқтирдим: ‘Ота–боболарингиз йўлидан юрманглар, уларнинг одатларига тақлид қилманглар, бутлари билан ўзингизни булғаманглар.

19 Мен Эгангиз Худоман. Менинг фармонларимга риоя қилинглар, қонун–қоидаларимни битта қолдирмай бажаринглар.

20 Шаббат кунларимни муқаддас деб билинглар, чунки булар орамиздаги аломатдир. Шунда Эгангиз Худо Мен эканлигимни билиб оласизлар.’

21 Аммо фарзандлари ҳам Менга қарши исён кўтардилар. Қонунларимга риоя қилган киши яшаган бўларди. Аммо улар фармонларимни бажармадилар, қонун–қоидаларимга риоя қилмадилар. Шаббат кунларимни булғадилар. Шунда Мен саҳрода уларнинг устига ғазабимни ёғдирмоқчи бўлдим.

22 Аммо Исроилни Мисрдан олиб чиққанимни кўрган халқлар олдида бадном бўлмаслигим учун Ўзимни тийдим.

23 Шундай бўлса–да, Мен саҳрода онт ичдим: сизларни бошқа юртларга қувиб юбораман, халқлар орасига тарқатиб ташлайман, деб айтдим.

24 Чунки улар қонун–қоидаларимни буздилар, фармонларимни рад этдилар, Шаббат кунларимни булғадилар, кўнгиллари ота–боболарининг бутларини тусади.

25 Мен уларга ёмон қонунларни, ҳаёт учун яроқсиз қоидаларни бердим.

26 Уларни ўзлари келтирган назрлари билан булғадим. Тўнғич болаларини қурбонлик қилиб, оловда куйдиришларига йўл қўйиб бердим. Уларни хонавайрон қилиш учун шундай қилдим, токи улар Эгаси Мен эканлигимни билиб олишсин.»

27 Шунинг учун, эй инсон, Исроил халқига айт: «Эгамиз Раббий демоқда: сизларнинг ота–боболарингиз Менга хиёнат қилиб, шак келтирар эдилар.

28 Мен, бераман, деб онт ичган юртга уларни олиб кирганимдан сўнг, улар кўзига кўринган ҳар бир баланд тепалик устида, ҳар бир яшил дарахт остида ўз худоларига қурбонликлар келтирар эдилар. Мени қаттиқ ғазаблантирар эдилар! Ўша худоларига хушбўй тутатқилар тутатиб, шаробни назр қилардилар.

29 Мен улардан: ‘Сизлар ўша худоларга сажда қилиш учун қаерга борасизлар?’ деб сўрадим. Улар менга: ‘Саждагоҳларга борамиз’, деб жавоб бердилар. Шу сабабдан ўша жойлар бугунги кунгача Бамах деб аталмоқда.»

Худонинг жазоси ва кечирими

30 Шундай экан, Исроил халқига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: сизлар ҳам, ота–боболарингиз сингари, ўзларингизни булғамоқчимисизлар?! Менга бевафолик қилиб, макруҳ бутларга сиғинмоқчимисизлар?!

31 Сизлар бутларга назрлар келтиряпсизлар. Болаларингизни қурбонлик қилиб, оловда куйдиряпсизлар. Бундай жирканч қилмишлар билан бугунга қадар булғаниб келяпсизлар. Шундай экан, қандай қилиб Мендан маслаҳат сўрашга журъат этдингиз?! Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сизларга ҳеч қандай маслаҳат бермайман.

32 Сизлар ичингизда: ‘Бошқа халқларга ўхшасак эди, ёғоч ва тошга сиғинадиган эллардай бўлсак эди’, деб ният қиласизлар. Аммо бу ниятингиз амалга ошмайди.

33 Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, чексиз қудратим, ажойиботларим ва алангали ғазабим билан сизларга ҳукмронлик қиламан.

34 Сизлар бегона халқлар орасига тарқалиб кетдингиз, Мен сизларни ўша юртлардан олиб чиқаман. Қудратим, ажойиботларим ва алангали ғазабим билан сизларни йиғиб оламан.

35 Сизларни халқлардан узоққа, саҳрога олиб бораман. У ерда ҳаммангизни юзма–юз ҳукм қиламан.

36 Ота–боболарингизни Миср саҳросида қандай ҳукм қилган бўлсам, сизларни ҳам худди шундай ҳукм қиламан, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

37 — Сизларни чўпоннинг таёғи билан саралайман, аҳдимга бўйсунишга мажбур қиламан.

38 Менга қарши гуноҳ қилган исёнкор одамларни орангиздан йўқ қиламан. Сизлар мусофир бўлиб юрган юртдан ўша исёнкорларни чиқариб юбораман. Аммо Исроил юртига улар кирмайдилар. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

39 Эй Исроил халқи, Эгамиз Раббий шундай демоқда: Менга қулоқ солишни хоҳламасангиз, йўқолинглар! Ҳар бирингиз бутларингизга сиғиниб юраверинглар! Аммо назрлару бутларингиз билан Мени бадном қила кўрманглар.

40 Зеро, эй Исроил, бутун хонадонинг фақат Менинг муқаддас тоғимда, Исроилнинг баланд тоғида, ўша юртда Менга сажда қилади, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Ўша ерда сизларни қабул қиламан. Ҳадялару аъло инъомларингизни, муқаддас тортиқларингизни келтиришни буюраман.

41 Сизлар бошқа юртларга тарқалиб кетган бўлсангиз–да, Мен сизларни йиғиб оламан, халқлар орасидан олиб чиқаман. Хушбўй тутатқининг муаттар ҳидидан мамнун бўлгандай, сизлардан мамнун бўламан. Барча халқларнинг кўзи олдида Ўз муқаддаслигимни орангизда намоён қиламан.

42 Ота–боболарингизга онт ичиб ваъда қилган Исроил юртига сизларни олиб кирганимда, Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

43 Шунда сизни булғаган қабиҳ ишларингизни, тутган йўлларингизни эслаб, ўзингиздан–ўзингиз ҳазар қиласизлар.

44 Мен сизнинг эгри йўлларингизга, қабиҳ ишларингизга кўра, иш тутмайман. Ўз номим ҳақи, сизларга яхшилик қиламан. Шунда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Жанубдаги ёнғин

45 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

46 “Эй инсон, жанубга юзланиб, Нагавдаги ўрмонга қарши башорат қилгин.

47 Жанубдаги бу ўрмонга айт: «Эгамизнинг сўзини эшит! Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен сенинг ҳар бир дарахтингни, кўкарганини ҳам, қуриганини ҳам ёндириб йўқ қиламан. Авж олган алангани ҳеч ким ўчира олмайди. Бу аланга жанубдан шимолгача бўлган ер юзини куйдириб ташлайди.

48 Бу оловни Мен, Эганг, ёндирганимни бутун дунё кўради. Ҳеч ким уни ўчира олмайди.»”

49 Шунда мен ёлвориб, дедим: “Ё Эгам Раббий, бу одамлар менга: «Ҳадеб маталлар билан гапираверасанми?» деб айтишмоқда.”

Бобил шоҳи Эгамизнинг қиличи тимсолида

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Қуддусга юзлан. Исроил юртига ва барча саждагоҳларига қарши башорат қил.

3 Исроил юртига қаратиб шундай сўзларни айт: «Эгамиз демоқда: Мен Ўзим сенга қарши чиқаман! Қиличимни қинидан суғуриб, ҳаммангизни — солиҳларни ҳам, фосиқларни ҳам йўқ қиламан.

4 Қиличим жанубдан шимолгача бўлган ҳамма жонзотни қириб ташлайди.

5 Шунда Эгангиз Мен эканлигимни ҳамма билиб олади. Ҳа, Мен қиличимни қинидан суғураман! Уни қайтариб жойига солмайман.»

6 Эй инсон, сиқилган одамга ўхшаб, чуқур хўрсингин, қайғурганингни ҳамма кўрсин.

7 Улар сендан: «Нега хўрсиняпсан?» деб сўрашганда, уларга шундай жавоб бер: «Нохуш бир хабар эшитдим. У амалга ошганда, одамларнинг юраги орқага тортиб кетади, қўлларида мадор қолмайди, руҳи тушади, иштонлари ҳўл бўлади. Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мана ўша вақт яқинлашиб қолди! У албатта амалга ошади.»”

8 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

9 “Эй инсон, башорат қилиб айт: «Раббий шундай демоқда:

Мана, Мен қиличимни ялтиратиб чархладим.

10 Одамларни қириш учун қайрадим.

Чақмоқ каби чақнаши учун ялтиратиб тозаладим.

Аммо бундан қандай хурсанд бўлайлик?!

Эй ўғлим Яҳудо,

Қиличим салтанат ҳассасини менсимайди,

Ҳеч қандай таёқни писанд қилмайди.

11 Мана, қиличим чархланди,

Ишлатиш учун тайёр бўлди.

Ялтиратиб қайралди,

Қотил учун ҳозирланди.»

12 Эй инсон, дод солиб фарёд қил!

Энди кўксингга ур!

Зеро, қилич халқимга қаршидир,

Барча Исроил шаҳзодаларига қаршидир.

Улар қиличдан нобуд бўлади,

Халқ қатори қирилиб кетади.

13 Бу синов пайтидир!

Қилич ҳатто Яҳудонинг салтанат ҳассасини

Менсимаса нима бўлади?!

Салтанатнинг куни битади,

— деб айтмоқда Эгамиз Раббий. —

14 Эй инсон, башорат қил.

Кафтингни кафтингга уравер,

Қилич халқимни қайта–қайта чопаверсин.

Бу қирғин қиличидир,

Қирғин–барот қиличидир.

У халқимни ҳар томондан сиқиб келмоқда!

15 Одамларнинг юраги орқага тортиб кетди,

Улар қўрқувдан қоқила бошлашди.

Мен қиличимни қирғин учун ўрнатдим,

Шаҳарнинг ҳар бир дарвозаси олдига қўйдим.

Эҳ, мана қиличим ялтиратиб тозаланди.

Одамларни қириш учун қинидан чиқарилди.

16 Эй қиличим, ўнгдагиларни чоп!

Сўлдагиларни чоп! Ҳаммани тиғдан ўтказ!

17 Мен ҳам кафтимни кафтимга ураман,

Шунда жаҳлдан тушаман.

Буларни Мен, Эгангиз, айтдим.”

18 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

19 “Эй инсон, харитага икки йўлни тушир. Бобил шоҳи бу йўллардан юриб, ҳужум қилади. Иккала йўл ҳам бир жойдан бошлансин. Йўлларнинг айрилган жойига бир белги қўй.

20 Йўллардан бири Бобил шоҳини Оммон юртининг пойтахти Раббага, иккинчиси Яҳудо юртининг мустаҳкам шаҳри Қуддусга олиб борсин.

21 Ҳозир Бобил шоҳи йўллар айрилган жойда туриб, қайси шаҳарга ҳужум қилиш кераклиги ҳақида бош қотиряпти. У камон ўқларини силкитиб, қуръа ташлаяпти. Бут–санамларга маслаҳат соляпти, қурбонлик қилинган ҳайвонларнинг жигарига қараб, фол очтиряпти.

22 У ўнг қўли билан «Қуддус» деб ёзилган ўқни чиқаради. Қуддус атрофига девортешар қуролларни ўрнаштиради. Лашкарига, ўлдир, дея буйруқ беради, уларни жангга даъват қилади. Дарвозани бузадиган қуролларни ўрнаштиради, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдиради, қамал иншоотларини қурдиради.

23 Қуддус аҳолиси Бобил шоҳига садоқат қасамини ичгани учун бу уларга сохта башоратдай туюлади. Аммо Бобил шоҳи уларнинг айбини юзига солади, уларни асир қилиб олади.

24 Эй Исроил халқи, Мен, Эганг Раббий, сенга айтяпман: сен очиқчасига исён кўтариб, ўз айбингни ўзинг фош қилдинг. Қилган ҳар бир ишинг билан гуноҳларингни кўрсатдинг. Шу боис сен асирликка тушасан.

25 Эй бузуқ, фосиқ Исроил ҳукмдори, сенинг кунинг битди! Охирги жазоингнинг вақт–соати етди!

26 Мен, Эганг Раббий, сенга айтяпман: бошингдаги саллангни еч, тожингни олиб ташла. Энди ҳаммаси ўзгаради, хўрланган одам юксалади, юксалган одам эса хўрланади.

27 Ана вайроналар, вайроналар! Ҳа, Мен Қуддусни вайрон қиламан. Аммо шаҳарни ҳукм қиладиган одам келмагунча, булар содир бўлмайди. Мен шаҳарни ўшанинг қўлига бераман.

28 Эй инсон, башорат қилиб айт: «Исроилни мазах қилган Оммон халқи ҳақида Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй қилич, қилич! Сен қирғин учун қиндан чиқарилдинг. Одамларни қириш учун чархландинг, чақмоқ каби чақнаш учун ялтиратиб тозаландинг!

29 Оммон халқи сен ҳақингда ёлғон ваҳийлар кўряпти, сен тўғрингда бўлмағур фоллар очтиряпти. Сен бу ёвуз фосиқларнинг бошини чопиб ташлайсан! Уларнинг куни битди, охирги жазосининг вақт–соати етди!

30 Эй Бобил шоҳи, қиличингни қинига сол! Бошқаларни жазолашдан тўхта! Энди Мен сени она юртингда, таваллуд топган жойингда ҳукм қиламан.

31 Устингга ғазабимни сочаман, қаҳримнинг оловини сенга уфураман. Сени шафқатсизларнинг қўлига бераман, ўша моҳир қотилларга топшираман.

32 Сен оловга ем бўласан, қонинг она юртингда тўкилади. Сен ҳақингдаги хотира абадий ўчади. Эгамизнинг каломи шудир.»”

Қуддуснинг жиноятлари

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, қотиллар шаҳрини ҳукм қил. Унинг жирканч одатларини юзига сол,

3 унга шундай деб айт: «Эгамиз Раббий демоқда: эй Қуддус, сен ўз кўчаларингда қон тўкиб, бошингга бало орттирдинг. Бутлар ясаб, ўзингни булғадинг.

4 Тўкилган ўша қон учун сен айбдор бўлдинг, ясаган бутларинг билан булғандинг. Ҳалокат кунингни яқинлаштирдинг. Ўз ҳаётингга якун ясадинг! Шу боис халқлар сени мазах қилишларига, юртлар устингдан кулишларига Мен йўл қўяман.

5 Эй ёмон от чиқарган, ғалаёнга тўла шаҳар, узоқ–яқиндагилар сени мазах қиладилар.

6 Шаҳардаги Исроил йўлбошчилари ўз мансабидан фойдаланиб, қон тўкадилар.

7 У ердаги одамлар ота–онасини хор қиладилар, мусофирларни алдайдилар, етим ва беваларга зулм ўтказадилар.

8 Муқаддас нарсаларимни хор қилиб, Шаббат кунларимни булғайдилар.

9 Баъзилари одамларни ўлдириш учун туҳмат қиладилар. Бутхоналарда келтирилган қурбонликлардан тановул қиладилар, ўзларининг шаҳвоний ҳирсларини қондириш билан овора бўладилар.

10 Бошқалари ўгай оналари билан ётадилар, ҳайз кўрган аёлларни зўрлайдилар.

11 Қўшнининг хотини билан жирканч ишлар қиладилар, келинларини уятсизларча булғайдилар, туғишган сингилларининг номусига тегадилар.

12 Шаҳардаги баъзи одамлар пул учун одам ўлдирадилар. Берган қарзидан фоиз ундирадилар, ўзганинг бор–йўғини тортиб олиб, даромад кўрадилар. Эй Қуддус аҳолиси, Мени унутиб юбордингиз! Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

13 Ноҳақ фойда кўрганингиз учун, қон тўкканингиз учун Мен ғазаб ичра кафтимни кафтимга ураман.

14 Адабингизни берган куним мардлигингизни кўраман, ўшанда Мен билан олишишга қурбингиз етармикан?! Мен, Эгангиз, айтганларимни амалга ошираман.

15 Мен сизларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман, ифлос қилмишларингизга чек қўяман.

16 Бегона халқлар сизларни хор қилганда, Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»”

Эгамизнинг ўчоғи

17 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

18 “Эй инсон, Исроил халқи Мен учун тошқолдай қадрсиз бўлиб қолди. Кумуш эритилгандан кейин ўчоқда қотиб қолган мис, қалай, темир ва қўрғошин қоришмаси кабидир бу халқ.

19 Уларга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: сизлар тошқолдай бўлиб қолганингиз учун Мен сизларни Қуддусга йиғаман.

20 Кумуш, мис, қалай, темир ва қўрғошин ўчоққа қандай йиғилса, эритиш учун тагига олов қандай ёқилса, Мен худди шундай қаҳру ғазаб билан сизларни йиғаман, ҳаммангизни шаҳарда эритиб йўқ қиламан.

21 Ҳа, Мен сизларни Қуддусга йиғиб оламан, ғазабим оловини сизларга сочаман. Сизлар эриб йўқ бўлиб кетасизлар.

22 Кумуш ўчоқда эригандай, сизлар қаҳрим ўтида эриб йўқ бўласизлар. Шунда устингизга ғазаб ўтини сочган Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»”

Исроил йўлбошчиларининг гуноҳлари

23 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

24 “Эй инсон, Исроил халқига шундай деб айт: «Сизлар қаҳр кунида покланмаган, устига ёмғир ёғмаган бир юртдирсиз.

25 Юртингиздаги шаҳзодалар ўкираётган, ўлжасини тилка–пора қилаётган шерга ўхшайди. Улар одамхўрлик қиладилар, мулку бойликни қўлга киритадилар, қотилликлар қилиб, беваларнинг сонини кўпайтирадилар.

26 Руҳонийларингиз қонунимни бузиб, муқаддас нарсаларимни булғадилар. Муқаддас билан оддий нарсанинг фарқига бормадилар. Одамларга нима ҳарому нима ҳалол эканини ўргатмадилар, Шаббат кунларига риоя қилмадилар, хуллас, халқим орасида Мени беобрў қилдилар.

27 Юртингиздаги йўлбошчилар ўлжасини тилка–пора қилаётган бўрига ўхшайдилар. Улар бойлик орттириш учун қон тўкадилар, одамларнинг жонини оладилар.

28 Пайғамбарларингиз эса деворни оқлаган мардикорлар каби, бу гуноҳларни яшириб, устидан оқлайдилар. Ёлғон ваҳийлар кўриб, сохта башоратлар айтадилар. Мен уларга гапирмасам ҳам, ‘Эгамиз Раббий шундай демоқда’ деб гапирадилар.

29 Юртингиздаги одамлар қаллоблигу ўғрилик қиладилар, камбағалу ночорни эзадилар, мусофирнинг бор–йўғини тортиб оладилар, ҳақини талаб қилишга йўл қўймайдилар.

30 Деворни қайта қурадиган, деворнинг ўпирилиб тушган жойида туриб, юртни ҳимоя қиладиган бирорта одам бормикан, дея сизларнинг орангиздан изладим. Аммо юртни қаҳримдан сақлаб қоладиган бундай одамни топа олмадим.

31 Шунинг учун Мен сизларга қаҳримни сочаман, ҳаммангизни ғазабим оловида йўқ қиламан. Қилган қилмишларингизга яраша жазоингизни бераман. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Фоҳиша опа–сингиллар: Самария ва Қуддус

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, бир онадан туғилган икки опа–сингил бор эди.

3 Улар Мисрда фоҳишалик қилардилар. Ёшлигидан фаҳш йўлига киргандилар. Қизлик кўкраги у ерда силанди, эмчаклари сийпаланди.

4 Каттасининг исми Охола, кичкинасининг исми Охолибо эди. Мен икковини ҳам Ўз никоҳимга олган эдим, улар Менга ўғил–қизлар туғиб беришди. Охола Самарияни, Охолибо Қуддусни билдиради.

5 Охола Менинг никоҳимда бўла туриб, фоҳишалик қилар эди. У ўйнашлари бўлган Оссуриялик жангчиларга ҳирс қўйган эди.

6 Уларнинг ҳаммаси келишган йигитлар, зангори либос кийган, от минган ҳокиму лашкарбошилар эди.

7 Охола Оссуриянинг ҳамма сара эркаклари билан фоҳишалик қилар эди. Ҳирс қўйган ҳар бир эркакнинг бутларига сиғиниб, ўзини булғаб юрарди.

8 У Мисрда қилган фоҳишаликларини ташламади. Ёшлигида эркаклар у билан ётишган эди, қизлик кўкрагини силаб, шаҳватини қондиришган эди.

9 Шу сабабдан Мен уни ўйнашларининг қўлига топшириб қўйдим. У ҳирс қўйган ўша Оссурияликларнинг қўлига бердим.

10 Улар Охолани қип–яланғоч қилдилар, уни ўлдирдилар. Ўғил–қизларини ўзларига қул қилиб олдилар. Жазосини тортган Охола аёлларнинг оғзидан тушмай қолди.

11 Синглиси Охолибо буларни кўрди. Шундай бўлса–да, суюқоёқлиги ва фоҳишалиги билан опасидан ўтиб тушди.

12 У ҳам ўша Оссуриялик ҳокиму лашкарбошиларга, қурол–аслаҳалар таққан отлиқ хушбичим жангчиларга ҳирс қўйди.

13 Мен Охолибонинг булғанганини кўрдим, опаси билан бир йўлни танлаганини билдим.

14 У борган сари фоҳишаликка берилиб кетар эди. Бир куни у Бобилликларнинг деворга туширилган расмларини кўриб қолди. Улар қизил рангга бўялган эди.

15 Белларида камар, бошларида кўркам салла билан тасвирланган эдилар. Улар Халдей юртида туғилган Бобил отлиқ саркардаларига ўхшар эдилар.

16 Охолибо ўша расмларни кўрди–ю, шаҳват унинг қонини қиздира бошлади. У Бобилга чопарлар жўнатиб, Бобилликларни ўз ҳузурига чорлади.

17 Бобилликлар унинг олдига кирдилар, ишқ тўшагига у билан ётдилар, ўз ҳирси билан уни булғадилар. Охолибо булғангандан кейин Бобилликлардан жирканиб кетди, улардан юзини ўгирди.

18 У фоҳишаликка берилиб, яланғоч баданини ҳаммага кўз–кўз қилганда, Мен ундан жирканиб кетдим, опасидан юз ўгирганимдай ундан ҳам юзимни ўгирдим.

19 У эса ёшлик даврини, Мисрда қилган беҳаёлигини эслаб, янада кўп фоҳишалик қилаверди.

20 Жинсий аъзолари эшакларникидай, манийлари айғирларникидай бўлган ўйнашларига ҳирс қўйди.

21 Ёшлигида қилган беҳаёликларини қайтармоқчи бўлди. Ўша пайтларда Мисрликлар эмчакларини сийпалаган эдилар, қизлик кўкракларини силаган эдилар.

Қуддус тимсолидаги Охолибони Худо жазолайди

22 Шунинг учун, Охолибога айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: сен ўша ўйнашларингдан жирканиб, улардан юзингни ўгиргансан, аммо Мен ўшаларни сенга қарши қўзғатаман. Улар ҳар томондан келиб, сенга ҳамла қиладилар.

23 Мен Бобилликларни, Пахўд, Шўва ва Қўвадан келган ҳамма Халдейларни, жамики Оссурияликларни бошлаб келаман. От минган ўша хушбичим ёш аслзодаларни, ҳокиму лашкарбошиларни, саркардаю зодагонларни йиғиб келаман.

24 Улар қуролланадилар, сенга қарши жанг аравалари, юк аравалари ва талай лашкарни тортиб келадилар. Бошига дубулға кийган, қўлига қалқон ва сипар тутган жангчилар сени қуршовга оладилар. Ҳукм қилишлари учун Мен сени уларнинг қўлига топшираман. Улар сени ўз қонунларига мувофиқ ҳукм қиладилар.

25 Мен устингга қаҳримни ёғдираман, лашкарлар сени шафқатсизларча жазолайдилар. Улар бурнинг ва қулоқларингни кесиб ташлайдилар, омон қолган ҳар бир одамни қиличдан ўтказадилар. Ўғил–қизларингни асир қилиб оладилар, омон қолганларни ёндириб юборадилар.

26 Устингдаги кийимларни ечиб оладилар, қимматбаҳо тақинчоқларингни олиб кетадилар.

27 Сен Мисрда бошлаган фоҳишалигу суюқоёқлигингга Мен шу йўсин чек қўяман. Буларга бўлган иштиёқинг йўқолади, сен Мисрни унутиб юборасан.

28 Зеро, сени ўзинг нафратланган, жирканиб, юзингни ўгирган одамларнинг қўлига топшираман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

29 — Улар нафрат билан сени жазолайдилар, топган–тутганингни тортиб оладилар. Сени яланғоч, ҳеч вақосиз ташлаб кетадилар. Фоҳишалигинг очилади, шарманда бўласан. Суюқоёқлигинг, фоҳишалигинг

30 туфайли шу аҳволга тушасан. Сен бошқа халқлар билан фоҳишалик қилдинг, уларнинг бутлари билан булғандинг.

31 Сен опангнинг йўлидан кетдинг, шунинг учун Мен опангга ичирган жазо косасидан сенга ҳам ичираман.

32 Ҳа, Мен, Эганг Раббий, айтаманки:

Сен ҳам опангнинг косасидан ичасан,

У коса катта ва чуқурдир.

Сени мазах қилишади, устингдан кулишади,

У коса лиммо–лим тўладир.

33 Сен қайғуга ботиб маст бўласан.

Ҳа, бу даҳшату вайроналик косасидир,

Опанг Самариянинг косасидир.

34 Сен косани охиригача ичасан,

Уни чил–чил синдирасан.

Кўксингни юлиб, фарёд қиласан.

Буларни Мен, Эганг Раббий, айтдим.

35 Эгамиз Раббий шундай демоқда: сен Мени унутиб, Менга орқа ўгирганинг учун, фоҳиша ва суюқоёқ бўлганинг учун жазо тортасан.»”

Икки опа–сингил тимсолидаги Самария ва Қуддусни Худо жазолайди

36 Эгамиз менга деди: “Эй инсон, сен Охола ва Охолибони ҳукм қилишга тайёрмисан? Тайёр бўлсанг, уларнинг жирканч одатларини юзларига сол.

37 Ахир, улар зино қилдилар, қонли жиноятларга қўл урдилар. Бутлари билан зино қилиб, Мендан кўрган болаларини ўша бутларга таом назри сифатида қурбонлик қилиб, оловда куйдирдилар.

38 Бундан ташқари, ўша вақтнинг ўзидаёқ муқаддас масканимни ҳаром қилдилар, Менинг Шаббат кунларимни булғадилар.

39 Болаларини бутларга атаб сўйган куни муқаддас масканимга кириб, уйимни ҳаром қилдилар!

40 Улар узоқ юртларга чопарлар жўнатиб, эркакларни ўз ҳузурига чорладилар. Улар етиб келганларида, бу опа–сингиллар ювиниб–тарандилар, кўзларига сурма сурдилар, тақинчоқлар билан безаниб олдилар.

41 Дастурхон тузалган серҳашам супага ўтирдилар. Ўша дастурхон устига Менинг хушбўй тутатқимни ва мойимни қўйдилар.

42 Хоналаридан айш–ишрат қилаётган эркакларнинг овози келар эди. Саҳродан келган бу майхўр қаланғи–қасанғилар опа–сингилларнинг қўлларига билагузуклар тақдилар, бошларига чиройли тожлар кийдирдилар.

43 Шунда мен: «Бу аёллар фоҳишалик қилавериб, ҳолдан тойганлар. Наҳотки келганлар уларнинг бу аҳволини кўра туриб, улар билан жинсий алоқа қилишса?!» деб ўйладим ичимда.

44 Келган эркаклар бу суюқоёқлар билан бирга бўлишди. Улар, фоҳишанинг олдига киргандай, қайта–қайта Охола ва Охолибонинг олдига кираверишди.

45 Солиҳ одамлар эса бу икки опа–сингилни зинокорлик ва қотилликда айблайдилар, чунки опа–сингиллар зинога ружу қўйиб, қўлларини қонга беладилар.

46 Охола ва Охолибога айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: сизларга қарши бир оломонни йиғиб келаман. Улар сизларни азоблаб, бор–йўғингизни тортиб оладилар.

47 Сизларни тошбўрон қилиб, таналарингизни нимталаб ташлайдилар, ўғил–қизларингизни ўлдирадилар, уйларингизга ўт қўядилар.

48 Шу йўсин Мен юртдаги бу беҳаёликка чек қўяман. Буни кўрган бошқа аёллар ўзлари учун сабоқ оладилар, бундай беҳаёликни бошқа қилмайдиган бўладилар.

49 Сизлар ўз беҳаёлигингиз туфайли жабр тортасизлар, гуноҳкор бутпарастлигингизнинг жазосини оласизлар. Ўшанда Эгангиз Раббий Мен эканлигимни биласизлар.»”

Ифлос қозон

1 Сургун бўлган пайтимизнинг тўққизинчи йили ўнинчи ойининг ўнинчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, бу куннинг санасини ёзиб қўй, чунки Бобил шоҳи бугун Қуддусни қамал қилди.

3 Бу исёнкор халқимга матал сўзлаб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: ўчоққа ўт ёқинг, қозонга сув қуйинг.

4 Қозон ичига энг яхши гўштлардан — сон ва елка гўштларидан солинг, иликли суяклар билан қозонни тўлдиринг.

5 Сурувнинг сара қўчқоридан сўйинг, ўчоққа кўпроқ ўтин йиғинг, қозондаги сувни қайнатинг, гўшту суякларни обдан пиширинг.

6 Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: қотиллар шаҳри Қуддуснинг ҳолига вой! Бу шаҳар қасмоқли қозон кабидир, унинг қасмоғи кетмайдиган бўлиб қолган. Қани, қозонни бир чеккадан бўшатинг, қўлингизга нима илинса, олиб кетаверинг.

7 Шаҳар ичида қотиллик қилинди, одамларнинг қони қоятошга тўкилди. Ўша қон ерга тўкилганда эди, тупроқ билан кўмилиб кетарди.

8 Мен қонни ўша қоя устида қолдирдим, уни яшириб бўлмайди. Мен уни кўрганимда ғазабим аланга олади, у Мени қотиллардан қасос олишга ундайди.

9 Шунинг учун Эгамиз Раббий айтмоқда: қотиллар шаҳри Қуддуснинг ҳолига вой! Мен Ўзим ўтинни баланд қилиб уяман.

10 Қани, кўпроқ шох–шаббаларни йиғайин, катта олов ёқайин! Гўшт обдан пишсин, шўрваси қайнаб йўқ бўлсин. Суяклар эса оловда ёниб куйиб кетсин.

11 Қозонни бўшатайин, кўмир устига қўяйин! Темир қозонни қизаргунча қиздирайин. Ичидаги ифлосликлари эриб кетсин, қасмоқлари оловда куйиб, йўқ бўлсин.

12 Эҳ, Ўзимни беҳуда уринтирибман. Қозоннинг қалин қасмоғи кетмади. Уни қасмоғи билан оловга ташланглар!

13 Эй Қуддус, сен беҳаёлигинг билан ўзингни булғадинг. Мен сени тозалаб кўрдим, аммо сен ҳаромлигингча қолдинг. Энди устингга Ўз қаҳримни сочмагунимча сен покланмайсан.

14 Мен, Эганг, шундай дедим. Айтганларимни амалга оширадиган вақт келди. Энди Ўзимни тутиб турмайман. Сенга ачинмайман, Ўз шахтимдан қайтмайман. Тутган йўлларингга, қилган қилмишларингга яраша сени жазолайман. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Ҳизқиёлнинг хотини оламдан ўтади

15 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

16 “Эй инсон, Мен ўлат юбориб, сени кўзинг қувончидан жудо қиламан. Аммо сен аза тутма, фарёд қилма, кўз ёш тўкма.

17 Инграган товуш чиқарма, ўлган азиз одаминг учун мотам тутма. Саллангни ечма, оёқ яланг юрма. Юзингни ёпма, таъзияхоналарда ейиладиган овқатдан ема.”

18 Эрталаб мен халойиққа гапирдим. Ўша куни кечқурун эса менинг хотиним оламдан ўтди. Эртаси куни мен Худонинг айтганини қилдим.

19 Одамлар мендан:

— Нимага бундай қиляпсан? Бу билан бизга бирон нарса айтмоқчимисан? — деб сўрадилар.

20 Мен уларга шундай жавоб бердим:

— Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилиб,

21 Исроил халқига шу гапларни айтиб қўйишимни буюрди: “Эгамиз Раббий шундай демоқда: фахрланадиган қўрғонингиз, кўзингиз қувончи, юрагингиз орзуси бўлмиш муқаддас масканимни Мен ҳаром қилдираман. Қуддусда қолган ўғил–қизларингиз қиличдан ҳалок бўлади.

22 Шунда Ҳизқиёл нима қилган бўлса, сизлар ҳам шуни қиласизлар. Сизлар юзингизни ёпмайсизлар, таъзияхоналарда ейиладиган овқатдан емайсизлар,

23 саллангизни ечмайсизлар, оёқ яланг юрмайсизлар, аза тутмайсизлар, фарёд қилмайсизлар. Гуноҳларингиз сизларни адойи тамом қилади, дардингизни бир–бирингизга инграб айтасизлар.

24 Ҳизқиёл сизлар учун бир аломат бўлади, у ҳозир нима қилаётган бўлса, сизлар ҳам шуни қиласизлар. Ўша вақт келганда бу ишларни Мен, Эгангиз Раббий, қилганимни билиб оласизлар.”

25 Эгамиз менга шундай деди: “Эй инсон, Мен халқимнинг қўрғонини, завқу шуҳратини, кўз қувончи, юрак орзуси бўлмиш Маъбадни вайрон қилган куним ўғил–қизларини ҳам қирдириб ташлайман.

26 Қирғиндан қочиб қутулган бир одам ўша куни ёнингга келади. У бўлиб ўтган воқеаларни сенга сўзлаб беради.

27 Шунда сен яна тилга кирасан. Келган ўша одам билан гаплашасан, бошқа сукут сақламайсан. Хуллас, халқим учун бир аломат бўласан, шунда Эгангиз Мен эканлигимни улар билиб оладилар.”

Оммон халқи ҳақида башорат

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Оммон халқига юзлан, уларга қарши башорат қил.

3 Оммон халқига айт: «Эгамиз Раббийнинг сўзларини эшитинг! Эгамиз Раббий шундай демоқда: муқаддас масканим ҳаром қилинганда, Исроил юрти хароб бўлганда, Яҳудо халқи сургун қилинганда, сизлар: ‘Аҳа!’ дея хурсанд бўлган эдингизлар.

4 Шунинг учун Мен сизларни шарқдаги кўчманчилар қўлига топшираман. Улар юртингизда қароргоҳлар қуриб, чодирларини тикадилар, ҳосилингизни еб, сутингизни ичадилар.

5 Мен пойтахтингиз Раббани туялар учун даштга айлантираман. Бутун юртингизни қўйлар учун қўра қиламан. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

6 Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: сизлар юрагингиздаги бутун ғараз билан Исроилнинг бахтсизлигидан севиндингизлар, чапак чалиб, сакраб ўйнадингизлар.

7 Шу қилганингиз учун Мен қўлимни сизларга қарши кўтараман. Сизларни бошқа халқларга ўлжа қилиб бераман. Халқлар орасидан сизларни йўқ қилиб, юртингизни ер юзидан супуриб ташлайман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»”

Мўаб халқи ҳақида башорат

8 Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Мўаб халқи: «Яҳудо халқининг бошқа халқлардан ҳеч қандай фарқи йўқ», деб айтгани учун,

9 Мен Мўабнинг ғарбий қанотини очиб ташлайман, юртнинг гавҳарлари Байт–Яшимўт, Баал–Миён, Хиратайим шаҳарларини вайрон қиламан.

10 Мўабни Оммон халқи сингари, шарқдаги кўчманчиларнинг қўлига бераман. Оммон халқи ер юзидан йўқ бўлиб кетади,

11 Мен Мўаб халқини ҳам жазолайман. Шунда улар Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.”

Эдом халқи ҳақида башорат

12 Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Эдом халқи Яҳудодан ўч олиб, катта гуноҳ қилди.

13 Шу сабабдан Мен уларга қарши қўлимни кўтариб, Эдом юртини вайрон қиламан, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Одаму ҳайвонларини қириб ташлайман. Темон шаҳридан тортиб, то Дедон шаҳригача бўлган ҳаммани қиличдан ўтказаман.

14 Халқим Исроил орқали Эдомдан қасос оламан. Улар орқали қаҳру ғазабимни Эдомликлар устига сочаман. Шунда Эдом халқи қасосим нима эканлигини билиб олади.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

Филистлар ҳақида башорат

15 Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Асрлар давомида Филистлар адоват қилиб, халқимдан ўч олдилар. Халқимни хонавайрон қилиш мақсадида, юракларидаги ғаразга берилиб, улардан қасос олдилар.

16 Шу сабабдан Мен Филист юртига қарши қўлимни кўтараман, Харет халқини йўқ қиламан, соҳилда қолганларнинг ҳаммасини қириб юбораман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

17 — Мен улардан даҳшатли қасос оламан, ғазабим устида уларни жазолайман. Ўшанда Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.”

Тир шаҳри ҳақида башорат

1

Сургун бўлган пайтимизнинг ўн биринчи йили, ойнинг биринчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2

“Эй инсон, мана, Тир Қуддус ҳақида шундай деб айтмоқда: «Аҳа! Халқларнинг савдо дарвозаси бузилди. Менга кенг йўл очилди. Энди у вайрон бўлганда, мен бойиб кетаман.»

3

Шунинг учун Тирга айт: «Эгамиз Раббий демоқда: Мен сенга қаршиман! Мен кўплаб халқларни сенга қарши йиғаман, улар денгиз тўлқинлари каби сенга ёпириладилар.

4

Шаҳрингнинг деворларини бузиб, минораларингни қулатадилар. Мен тупроғингни супуриб ташлайман, сени яланғоч бир тошлоқ ҳолига келтираман.

5

Денгиз ўртасидаги бу оролда балиқчилар тўрларини ёйиб қуритадиган бўладилар. Ахир, буларни Мен айтдим. Шаҳринг халқларга ўлжа бўлади.

6

Сенга қарашли соҳилдаги ҳамма қишлоқлар аҳли қиличдан ўтказилади. Ўшанда Эганг Мен эканлигимни сен билиб оласан.

7

Эгамиз Раббий демоқда: сенга қарши энг буюк шоҳни — Бобил юртининг ҳукмдори Навухадназарни қўзғатаман. У сенинг устингга шимолдан отлару жанг араваларини, суворилару катта лашкарни тортиб келади.

8

Бобил шоҳи сенга қарашли барча қишлоқларингни қиличдан ўтказади. Шаҳар атрофига қамал иншоотларини қурдиради, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдиради, сенга қарши қалқонларини ўрнатади.

9

Девортешар қуроллар билан деворларингга зарба беради. Болталар билан минораларингни бузади.

10

Деворидан тешик очилган шаҳарга одамлар бостириб киргандай, Бобил шоҳи сенинг дарвозаларингдан бостириб киради. Сувориларининг, ғилдирагу жанг араваларининг шовқинидан деворларинг титрайди. Сон–саноқсиз отларининг кўтарган чанги сени қоплаб олади.

11

Отларининг туёқлари ҳамма кўчаларингни топтайди. Одамларинг қиличдан йиқилади, улкан устунларинг ер билан яксон бўлади.

12

Душман бойликларингни талаб кетади, молларингни ўлжа қилиб олади. Деворларингни йиқитади, ҳашаматли уйларингни вайрон қилади, тошлари, ёғочлари, ҳатто тупроғини ҳам денгизга улоқтиради.

13

Мен қўшиқларингга чек қўяман. Арфангнинг наволари ҳам эшитилмайдиган бўлади.

14

Мен сени яланғоч бир тошлоққа айлантираман, балиқчилар тўрларини қуритадиган бир ер бўласан. Ҳеч ким шаҳрингни қайта қурмайди. Ахир, буларни Мен айтдим. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»

15

Яна Тирга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: шаҳрингда қирғин бўлганда, ярадорлар инграганда, қулашингнинг шовқинидан соҳилдаги барча халқларни титроқ босади.

16

Денгиз бўйидаги салтанатларнинг шоҳлари тахтларидан тушиб, зар чопону нақш солинган либосларини ечишади. Улар ваҳимага бурканиб, ерга ўтиришади. Бошингга келган кулфатдан даҳшатга тушиб, тўхтовсиз титрашади.

17

Улар сен ҳақингда шундай марсия куйлашади:

‘Эй донг таратган денгизчилар шаҳри,

Нақадар вайрон бўлиб кетдинг–а!

Сен ва сенинг аҳолинг денгиз қудрати эдингиз,

Соҳилдаги барча халқларни даҳшатга солар эдингиз.

18

Сен қулаган кунинг соҳилларни титроқ босди,

Ҳалокатингдан денгиздаги ороллар саросимага тушди.’

19

Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Тир, Мен сени ҳувиллаган харобазорга айлантираман. Денгиз тубидаги улкан сувлар билан вайроналарингни қоплайман.

20

Сени гўрга, қадимда ўтиб кетган одамлар олдига тушираман. Сен ер ости салтанатида яшайсан, абадий вайроналар орасидаги марҳумларга ҳамроҳ бўласан. Тириклар дунёсига ҳеч қачон қайтиб келмайсан, обод бўлиб илгариги мавқеингга эришмайсан.

21

Ҳа, Мен бошингга даҳшатли ўлим келтираман, сени йўқ қиламан. Сени қидирганлар ҳеч қачон топа олмайдилар. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Тир шаҳри ҳақида марсия

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Тир ҳақида бир марсия куйла.

3 Денгиз бўйидаги юртлар билан савдо–сотиқ қиладиган, денгиз дарвозасида ўрнашган Тир шаҳрига айт:

«Эгамиз Раббий шундай демоқда:

Эй Тир, сен: ‘Гўзалликда баркамолман’, дединг.

4 Ҳа, сенинг чегараларинг денгиз бағридан ўтган,

Қурувчиларинг гўзаллигингни баркамол қилган.

5 Хермон тоғидаги арча ёғочидан қурилган

Улкан бир кемадай эдинг сен.

Қурувчиларинг мачтангни ясаш учун

Лубнондан келтирилган садр ёғочини ишлатдилар.

6 Эшкакларингни Башан эманларидан ясадилар.

Кема саҳнини Кипр қарағайларидан қилдилар,

Фил суяги билан уни безатдилар.

7 Елканларинг Мисрдан келтирилган нақшли матолардан эди,

Улар сенга байроқ бўлиб хизмат қиларди.

Элишох қирғоқларидан олиб келинган

Кўк ва сафсар газламалар соябонинг эди.

8 Сидон ва Арвод одамлари эшкакларингни эшар эди,

Ўз моҳир одамларинг эса кемаларингни бошқарар эди.

9 Габоллик тажрибали кемасозларинг бор эди,

Улар кемангнинг ёриқларини сақичларди.

Барча кемалару денгизчилар келиб,

Сенинг молларингни сотиб олишар эди.

10 Форс, Лидия ва Ливия юртларининг аскарлари

Сафларингда хизмат қилар эди.

Қалқону дубулғаларини деворларингга осиб,

Сени салобатли қилишар эди.

11 Арвод ва Хелекдан келган одамлар

Деворларингда соқчилик қилишарди,

Гамадликлар минораларингни қўриқлашарди.

Деворларингга қуролларини осиб,

Гўзаллигингни баркамол қилишарди.

12 Сенинг бойликларинг шу қадар кўп эдики, ҳатто Таршиш аҳолиси сен билан савдо–сотиқ қиларди. Улар кумуш, темир, қалай ва қўрғошинни молларингга айирбошлашарди.

13 Юнонлар, Тувал ва Мешех халқлари сен билан савдо–сотиқ қилар эди. Молларинг эвазига қулларни ва бронза буюмларни беришар эди.

14 Тўхармоликлар аравага қўшиладиган отларни, жанг отларию хачирларини молларингга алмаштиришарди.

15 Рўдон халқи сен билан савдо–сотиқ қилар эди. Денгиз соҳилидаги кўп юртлар сенинг харидорларинг эди. Улар фил суяги ва обнус ёғочини сенга тўлов сифатида беришарди.

16 Молларинг беҳисоб бўлгани учун Орам халқи ҳам сен билан савдо–сотиқ қиларди. Молларинг эвазига қимматбаҳо фируза тошларни, сафсар матоларни, нақш солинган газламаларни, майин зиғир матоларини, маржону ёқутларни олиб келарди.

17 Яҳудо ва Исроил юртлари сен билан олди–сотди қилишарди. Улар молларинг эвазига Миннитдан келтирилган буғдойни, шунингдек, ширинликлар, асал, зайтун мойи ва мумиё олиб келишарди.

18 Сенинг чексиз бойликларинг, турли хил молларинг туфайли, Дамашқ аҳолиси сен билан савдо–сотиқ қиларди. Молларинг эвазига улар Хелбон шаробини ва оппоқ юнгни олиб келишарди.

19 Узол шаҳридан шароб келтириб, сен билан олди–сотди қилишарди. Ишлов берилган тоза темирни, долчин ва хушбўй қамишни молларингга алмаштиришарди.

20 Дедонликлар сенга от терлигини сотишар эди.

21 Қўзичоқ, қўчқор ва эчкилар билан сени таъминлаган Арабистон ва Кедар шаҳзодалари молларингни харид қилишарди.

22 Шава ва Рамо савдогарлари сен билан савдо–сотиқ қилишарди. Молларинг эвазига энг аъло зираворларни, қимматбаҳо тошлару олтинни беришарди.

23 Хорон, Ханнох ва Эден шаҳарлари ҳамда Шава, Ошур ва Хилмад савдогарлари сен билан савдо–сотиқ қилишарди.

24 Улар қимматбаҳо либослар, кўк матолар, нақш солинган кўйлаклар, ранг–баранг гиламлар, пухта эшилган арқонларни сенга сотишарди.

25 Таршиш кемалари карвонларинг бўлиб хизмат қиларди.

Сен денгизда сузган бир кемадайдирсан,

Оғир юк сенга юкланган.

26 Эвоҳ, эшкакчиларинг сени очиқ денгизга олиб чиқишади.

Шарқ шамоли сени денгиз бағрида парчалаб юборади.

27 Кеманг ҳалокатга учраган куни

Молларинг, бойликларинг,

Денгизчиларинг, дарғаларинг,

Кемасозларинг, савдогарларинг,

Жангчиларинг ва кемадаги одамларинг

Денгиз тубига чўкиб, ҳалок бўладилар.

28 Чўкаётган дарғаларинг фарёд қилади,

Додлари соҳилларни ларзага солади.

29 Ҳамма эшкакчилар кемаларини тарк этади,

Денгизчилару дарғалар соҳилга чиқиб олади.

30 Улар сен учун фарёд қилади,

Аччиқ–аччиқ кўз ёшлар тўкади.

Бошларидан тупроқ сочади,

Кулга беланиб, ётиб олади.

31 Сени деб сочларини қирдиради,

Қанорга ўраниб олади,

Қайғудан юрак–бағри қон бўлади.

32 Улар йиғлаб, сен ҳақингда марсия куйлайди:

‘Тир каби биронта шаҳар борми?!

Денгиз уни ўз қаърига тортиб кетди.’

33 Сен денгиз ортидан келтирган молларинг билан,

Кўплаб халқларнинг эҳтиёжини қондирдинг.

Чексиз зийнатлару молларинг билан

Дунё шоҳларини сен бойитдинг.

34 Энди эса денгиз сени парчалади,

Ўз домига сени тортиб кетди.

Барча молларингу денгизчиларинг

Сен билан бирга нобуд бўлди.

35 Соҳилдаги халқлар кулфатингни кўриб, даҳшатга тушади.

Қўрқувдан шоҳларнинг афти буришиб кетади.

36 Аҳволингдан дунё савдогарлари ёқасини ушлайди.

Ҳа, сенинг бошингга даҳшатли ўлим келди,

Сен абадий йўқ бўласан.»”

Тир шоҳи ҳақида башорат

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Тир шоҳига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: сен мағрурланиб кетдинг. ‘Мен худоман, денгиз бағридаги худолар тахтида ўтирибман’, деб айтдинг. Сен ўзингни худодай доно деб биласан, ахир, сен худо эмас, инсонсан–ку!

3 Наҳотки Дониёрдан ҳам доно бўлсанг?! Наҳот барча сирларни билсанг?!

4 Сен донолигинг ва ақлинг билан ўзингга давлат орттирдинг, хазиналарингни олтину кумушга тўлдирдинг.

5 Савдо–сотиқдаги иқтидоринг билан кўп давлат йиғдинг. Аммо бойлигинг туфайли мағрурланиб кетдинг.

6 Эгамиз Раббий шундай демоқда: сен ўзингни худодай доно деб билганинг учун,

7 Мен устингга бегона халқни тортиб келаман. Улар ўтакетган ёвуз халқдир. Улар гўзаллигинг ва донолигингга қарши чиқиб, қилич яланғочлайдилар. Ҳашаматингни оёқ ости қиладилар.

8 Ўзингни эса тубсиз чуқурликка улоқтирадилар. Ҳа, сен денгиз бағрида азобланиб жон берасан.

9 Шунда, жаллодларинг олдида ‘мен худоман’, деб айтармикансан?! Ахир, қотилларинг қўлида сен худо эмас, оддий бир инсон бўласан!

10 Сен мусофирлар қўлида суннатсизлар каби ўласан. Буларни Мен айтдим. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Тир шоҳи ҳақида марсия

11 Эгамиз менга яна шундай деди:

12 “Эй инсон, Тир шоҳи ҳақида марсия айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда:

Эй Тир шоҳи, сен баркамолликнинг аъло намунаси бўлдинг.

Ниҳоятда доно, гўзалликда баркамол эдинг.

13 Сен Худонинг боғи Аданда яшар эдинг.

Қизил ёқут, хризолит, олмос,

Топаз, ақиқ, яшма,

Зангори ёқут, фируза ва зумрад каби

Қимматбаҳо тошлар билан безанар эдинг.

Тақинчоқларинг олтиндан ясалган эди.

Сен яралган кунинг булар тайёрланганди.

14 Мен сени соқчи каруб қилиб танладим,

Ўша мартабага сени тайинладим.

Сен Худонинг тоғида яшар эдинг,

Оловдай товланган тошлар орасида юрар эдинг.

15 Бино бўлганингдан то қабиҳлик қилгунингга қадар,

Сен тўғри йўлдан юрдинг.

16 Катта тижоратинг туфайли,

Ёвузликка тўлиб, гуноҳ қилдинг.

Мен сени шармандаларча Худонинг тоғидан ҳайдадим.

Эй соқчи каруб, Мен сени чиқариб юбордим,

Оловдай товланган тошлар орасидан ҳайдадим.

17 Сен гўзаллигинг туфайли мағрурланиб кетган эдинг.

Савлатинг туфайли ақл–фаросатдан воз кечган эдинг.

Шунинг учун Мен сени ерга улоқтирдим,

Шоҳлар олдида шармандангни чиқардим.

18 Сен чексиз гуноҳларинг билан,

Савдо–сотиқдаги ноҳақликларинг билан,

Ўз саждагоҳларингни булғадинг.

Шунинг учун Мен ичингдан олов чиқардим,

Сени куйдириб ташладим.

Одамларнинг кўзи олдида кулингни кўкка совурдим.

19 Сени билган халқлар аҳволингни кўриб, донг қотдилар.

Сенинг бошингга даҳшатли ўлим келди,

Сен абадий йўқ бўласан.»”

Сидон шаҳри ҳақида башорат

20 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

21 “Эй инсон, Сидон шаҳрига юзлан, унга қарши башорат қилиб айт:

22 «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Сидон, Мен сенга қаршиман! Сени жазолаб, сен орқали муқаддаслигимни аён қиламан, шу тариқа орангда Ўзимни улуғлайман. Ўшанда Эганг Мен эканлигимни билиб оласан.

23 Мен сени даҳшатли ўлатга гирифтор қиламан. Кўчаларингда қон дарё бўлиб оқади. Душманларинг сенга ҳар томондан ҳамла қилади, одамларнинг жасадлари шаҳар ичида ётади. Ўшанда Эганг Мен эканлигимни билиб оласан.»”

Келажакда Исроил оладиган баракалар

24-25 Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Исроил халқидан ҳазар қилиб, зулм ўтказган биронта қўшни халқ бундан буён Исроил халқи учун тикан ва янтоқдай бўлмайди. Исроил халқи Эгаси Раббий Мен эканлигимни билиб олади. Мен тарқатиб юборган халқим Исроилни узоқ юртлардан Ўзим йиғиб оламан. Улар орқали барча халқларга муқаддаслигимни аён қиламан. Мен қулим Ёқубга мулк қилиб берган ерда уларни ўрнаштираман.

26 Улар осойишта ҳаёт кечирадилар. Уйлар қуриб, узумзорлар барпо қиладилар. Улардан ҳазар қилган қўшни халқларни жазолаганим учун халқим бехатар, тинч яшайди. Ўшанда Эгаси Худо Мен эканлигимни билиб олади.”

Миср ҳақида башорат

1 Сургун бўлган пайтимизнинг ўнинчи йили ўнинчи ойининг ўн иккинчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Миср фиръавнига юзлан. Унга ва бутун Миср халқига қарши башорат қилиб айт:

3 «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Миср фиръавни, Мен сенга қаршиман. Сен Нил ҳавзаларида чўзилиб ётган бамисоли буюк аждарҳодирсан. Сен: ‘Нил дарёси менинг шахсий мулким, уни ўзим учун яратганман’, деб айтасан.

4 Аммо Мен жағларингга илмоқлар соламан. Терингдаги тангачаларингга балиқларни ёпиштираман. Сени тангачаларингга ёпишган балиқлар билан бирга қуруқликка тортиб чиқараман.

5 Мен сени ва ҳавзаларингдаги ҳамма балиқларни саҳрога улоқтириб ташлайман. Сен очиқ майдонда ётасан. Сени олиб, кўмадиган одам бўлмайди. Мен сени дашт ҳайвонларию осмон қушларига ем қилиб бераман.

6 Шунда бутун Миср халқи Эгангиз Мен эканлигимни билиб олади.

Сен халқим Исроил учун қамиш ҳассадай бўлдинг.

7 Улар сени ушлаганда, сен ёрилиб, қўлларини кесиб юбординг. Сенга суянганларида синиб, белларини чиқариб юбординг.

8 Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда: Мен сенинг бошингга қилич келтираман, одаму ҳайвонларингни қилич тиғидан ўтказаман.

9 Бутун Миср юртини ташландиқ харобазорга айлантираман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

Сен: ‘Нил меники, мен ўзим уни яратдим’, деб айтганинг учун,

10 Мен сенга ва сенинг барча ҳавзаларингга қарши чиқаман. Бутун Миср юртини тамомила хароб қиламан. Мигдолдан тортиб, то Саванайгача ва жанубдаги Ҳабашистон ҳудудигача ҳамма ерларини ташландиқ қиламан.

11 Одам у ерга оёғини босмайди, ҳайвонлар ҳам у ердан юрмайди. Қирқ йил мобайнида у ерда ҳеч ким яшамайди.

12 Мен Миср юртини дунёдаги энг хароб юртга айлантираман. У ердаги шаҳарлар қирқ йил мобайнида ташландиқ бўлиб ётади, вайроналари бошқа шаҳарлардан баттар бўлади. Мен Мисрликларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман.»

13 Фиръавнга яна айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: қирқ йил ўтгач, Мен халқлар орасига тарқатиб юборган Мисрликларни йиғиб оламан.

14 Уларни яна фаровонликка эриштириб, ўз она юрти Патрўсга олиб келаман. Уларнинг шоҳлиги ожиз бир шоҳлик бўлади.

15 Ҳа, улар дунёнинг энг ожиз шоҳлиги бўлиб, ҳеч қачон бошқа халқлардан устун бўла олмайди. Мен уларни шу қадар заиф қилиб қўяманки, улар ўз ҳукмини бошқа халқларга ўтказа олмай қолади.

16 Халқим Исроил энди ҳеч қачон ўз умидини Мисрга боғламайди. Улар Мисрдан ёрдам сўраб, гуноҳ қилганларини доимо эсларида тутадилар. Ўшанда Мисрликлар Эгангиз Раббий Мен эканлигимни билиб оладилар.»”

Шоҳ Навухадназар Мисрни босиб олади

17 Сургун бўлган пайтимизнинг йигирма еттинчи йили биринчи ойининг биринчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

18 “Эй инсон, Бобил шоҳи Навухадназар Тирга қарши шиддатли уруш олиб борди. Бобил лашкарининг сочлари тўкилиб, елкалари шилиниб яллиғланди. Аммо қилган меҳнатларига яраша улар Тирдан ҳеч қандай ўлжа ололмадилар.

19 Шу боис Миср юртини Бобил шоҳи Навухадназарга бераман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — У Мисрни талон–тарож қилиб, у ердаги бойликларни ўзи билан олиб кетади. Миср бойликлари Бобил лашкари учун меҳнат ҳақи бўлади.

20 Ҳа, Мен Миср юртини Бобил шоҳига меҳнат ҳақи қилиб бердим, чунки у ва унинг лашкари Менинг хизматимни қилдилар, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

21 Ўша куни Мен Исроил халқининг қудратини тиклайман. Бу сўзларимни халқимга етказишинг учун Мен сенга куч бераман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни улар билиб оладилар.”

Миср ҳақида марсия

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Миср ҳақида башорат қилиб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда:

Шўримиз қурсин, эвоҳ!

3 Даҳшатли кун яқинлашди,

Менинг ғазаб куним келишига оз қолди.

Мана шу кун булутли кун бўлади,

Халқлар кулфат чекадиган замон бошланади.

4 Мисрнинг бўғзига қилич келади,

Ҳабашистон кулфат азобида қолади.

Мисрда кўп одамлар ҳалок бўлади,

Унинг бойлиги олиб кетилади,

Пойдевори бузиб ташланади.

5 Ҳабашистон, Ливия, Лидия, бутун Арабистон, Куб ва Мисрнинг қолган барча иттифоқчилари жангда ҳалок бўладилар.

6 Эгамиз айтмоқда: Миср иттифоқчиларининг устига қирғин келади. Улар қилич тиғидан ҳалок бўлиб, жасадлари шимолдаги Мигдолдан то жанубдаги Саванайгача ётади. Мисрнинг мағрур қудрати ҳалок бўлади, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

7 — Миср дунёнинг энг хароб юртига айланади, у ердаги шаҳарлар вайрон бўлади.

8 Мен Мисрга ўт қўйиб, унинг мададкорларини тор–мор қиламан. Шунда Эгаси Мен эканлигимни Мисрликлар билиб оладилар.

9 Ўша куни хотиржам яшаётган Ҳабашистонликларни қўрқитиш учун Мен кемаларда элчиларимни жўнатаман. Миср устига кулфат тушган куни Ҳабашистонликлар азобда қоладилар. Мана, ўша кун ҳадемай келади.

10 Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен Бобил шоҳи Навухадназар орқали Мисрнинг тўдасини яксон қиламан.

11 Навухадназар қўшин тортиб келади. Улар ўтакетган ёвуз халқдир. Улар бутун юртни хароб қиладилар. Мисрликларни қиличдан ўтказиб, юртни жасадларга тўлдирадилар.

12 Мен Нил ҳавзаларини қуритаман, юртни разил одамларнинг қўлига бераман. Келгиндиларнинг қўли билан Мисрни ва у ердаги ҳамма нарсани хароб қиламан. Буларни Мен айтдим.

13 Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен барча бутларни йўқ қиламан, Нуф маъбудаларига чек қўяман. Миср юртида биронта ҳукмдор қолмайди, Мисрликларни қўрқув қамраб олади.

14 Мен Патрўсни ташландиқ жойга айлантираман. Зўван шаҳрига ўт қўяман, Миср пойтахти Нўни жазолайман.

15 Мисрнинг мустаҳкам Син қалъасини ғазабимга гирифтор қиламан, пойтахт шаҳар Нўнинг тўдасини қириб ташлайман.

16 Бутун Миср юртига ўт қўяман! Син аҳолиси чексиз азобда қолади, Нў шаҳрининг девори йиқитилади, душманлар куппа–кундузи Нуф шаҳрига ҳужум қилади.

17 Он ва Пи–Башат йигитлари жангда ҳалок бўлишади, шаҳарлар аҳолиси асирликка тушади.

18 Мен Мисрнинг ҳукмронлигини йўқ қилганимда, унинг пеш қилган қудратини синдирганимда, Тахпанхас шаҳри қоронғиликка ботади, уни қора булутлар қоплаб олади. Шаҳар атрофидаги қишлоқлар асирликка тушади.

19 Шу йўсин Мен Мисрни жазолайман. Ўшанда улар Эгаси Мен эканимни билиб оладилар.»”

Фиръавннинг синган қўли ҳақида башорат

20 Сургун бўлган пайтимизнинг ўн биринчи йили биринчи ойининг еттинчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

21 “Эй инсон, Мен Миср фиръавнининг қўлини синдирдим. Ҳеч ким унинг қўлини боғламади, тахтакачлаб қўймади. Энди унинг қўли шифо топмайди, қилич ушлашга қодир бўлмайди.

22 Мен фиръавнга қаршиман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Унинг иккала қўлини — соғ қўлини ҳам, синган қўлини ҳам синдираман. Қўлидаги қилични ерга тушириб юбораман.

23 Мисрликларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман.

24 Бобил шоҳининг кучига эса куч қўшиб, қўлларига қиличимни тутқазаман. Ҳа, Мен фиръавннинг қўлларини синдираман, у душмани олдида оғир яраланган одам каби инграйди.

25 Унинг қўллари арқондай осилиб қолади, Бобил шоҳининг қўлларини эса Мен кучли қиламан. Унинг қўлларига қиличимни тутқазиб, Мисрга қарши юбораман. Шунда Эгаси Мен эканлигимни Мисрликлар билиб оладилар.

26 Ҳа, Мен Мисрликларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман. Ўшанда Эгаси Мен эканлигимни улар билиб оладилар.”

Мисрнинг қисмати садр дарахти тимсолида

1 Сургун бўлган пайтимизнинг ўн биринчи йили учинчи ойининг биринчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Миср фиръавни ва унинг тўдасига шундай деб айт:

«Буюклигингда сенга тенг келадиган ким бор?!

3 Оссурияга бир қара!

У ҳам бамисоли Лубнондаги садр дарахти эди,

Кўркам шохлари ўрмонга соя солар эди,

Унинг учи булутларга тегиб турарди.

4 Сувлар уни суғорар эди,

Ер ости булоқлари уни ўстирар эди.

Анҳор сувлари илдизларининг атрофида оқар эди,

Ирмоқлари ҳамма дашт дарахтларини тўйдирарди.

5 Бу улкан садр баланд ўсиб,

Атрофдаги ҳамма дарахтлардан дароз бўлди.

Мўл суғорилгани учун новдалари ўсди,

Шохлари узун ва серсоя бўлди.

6 Барча осмон қушлари шохларида ин қурарди,

Остида барча ёввойи ҳайвонлар болалашарди,

Соясида ҳамма буюк халқлар яшарди.

7 Бу дарахт кўркам, салобатли эди,

Унинг шохлари кенг ёйилган эди.

Ахир, илдизлари сероб сувдан баҳра оларди.

8 Худонинг боғи — Адандаги бирорта садр

Унга тенг кела олмас эди,

Бирорта арча унинг бутоқлари билан беллаша олмасди.

Бирорта чинорнинг бундай шохлари йўқ эди,

Худонинг боғидаги бирорта дарахт шу қадар гўзал эмасди.

9 Худо уни гўзал қилиб яратди,

Шох–бутоқларини серфайз қилди.

Худонинг боғи — Адандаги ҳамма дарахтлар унга ҳавас қиларди.

10 Шу боис Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: эй фиръавн, бу садр дарахти баланд ўсиб, учи булутларга етди. У баландлигидан мағрурланиб кетди.

11 Мен уни ажнабий ҳукмдорнинг қўлига топширдим. У ўша дарахтни фосиқлигига яраша жазолади. Мен Ўзим эса бу дарахтдан воз кечдим.

12 Ажнабийларнинг энг ёвуз халқи уни йиқитиб, ташлаб кетди. Чопилган шохлари қирлару водийларда, синган бутоқлари юртнинг ҳамма жарликларида сочилиб ётди. Соясида ором олган жаҳоннинг ҳамма халқлари тарқалиб кетди.

13 Барча осмон қушлари ағдарилиб ётган дарахт танасига келиб қўнди, барча ёввойи ҳайвонлар шохлари орасига кириб ётди,

14 токи сув бўйига ўтқазилган бирорта дарахт энди бу қадар баланд бўлиб ўсмасин. Уларнинг учи булутларга тегмасин. Сувга тўйган бирорта дарахт шунчалик баланд бўлмасин. Уларнинг ҳаммаси, фоний бандалар каби, бу дунёдан ўтиб кетишади, қабрдаги марҳумларга ҳамроҳ бўлишади.

15 Эгамиз Раббий демоқда: ўша улкан дарахт ўликлар диёрига тушганда, унга аза тутишлари учун Мен ер ости сувларини беркитган эдим. Дарёларига тўсиқ қўйган эдим, сероб сувларини тўхтатган эдим. Уни деб Лубнон тоғларига зулмат либосини кийдирган эдим. Уни деб ҳамма ўрмон дарахтлари хазон бўлган эди.

16 Мен ўша дарахтни чуқурдаги марҳумларга ҳамроҳ қилиб, ўликлар диёрига туширганимда, дарахтнинг қулаши шовқинидан халқлар қўрқувга тушиб, титраган эди. Ўшанда Адан боғининг ер қаърига тушган ҳамма дарахтлари, Лубноннинг энг сара, энг аъло, яхши суғорилган ҳамма дарахтлари унинг қулашидан таскин топган эди.

17 Унинг панасида яшаган иттифоқчиларининг ҳаммаси дарахт билан бирга ўликлар диёрига тушишган. Улар қилич тиғидан ҳалок бўлганларга қўшилишган.

18 Эй фиръавн, сенинг шон–шуҳратингу салобатингни Адандаги қайси дарахтга қиёсласам бўлар экан–а? Сен ҳам Адандаги бошқа дарахтлар сингари, ер қаърига тушасан. Қиличдан ҳалок бўлган суннатсизлар билан бирга гўрда ётасан. Сен ва тўдангнинг қисмати худди Оссурияникидай бўлади. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Фиръавн аждарҳо тимсолида

1 Сургун бўлган пайтимизнинг ўн иккинчи йили ўн иккинчи ойининг биринчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, фиръавнга шундай марсия куйла:

«Сен ўзингни халқлар орасидаги шер деб биласан.

Аммо сен сувдаги аждарҳо кабидирсан!

Сен ирмоқларингдаги сувни кўпиртирасан,

Оёқларинг билан уни лойқалатасан.

3 Эгамиз Раббий шундай демоқда:

Бир талай халойиқ йиғилганда,

Мен устингга тўр ташлайман.

Улар эса сени қирғоққа тортиб чиқаришади.

4 Мен сени ерга улоқтираман,

Ялангликка ташлаб қўяман.

Осмондаги барча қушларни устингга қўндираман.

Ер юзидаги ҳамма ёввойи ҳайвонларга

Сени ем қилиб бераман.

5 Ичак–човоқларингни қирларга ёйиб ташлайман,

Водийларни жасадинг қолдиқлари билан қоплайман.

6 Юртни оққан қонинг билан суғораман,

Тоғларни қонингга бўктираман.

Жарликларни қонингга тўлдираман.

7 Сени даф қилганимда, осмонни тўсиб қўяман,

Юлдузларни зулматга чўктириб юбораман.

Қуёш юзини булут билан қоплайман,

Ой нурини сўндираман.

8 Бошинг узра порлаган

Ҳамма осмон чироқларини ўчираман.

Юртингни зулмат қучоғига отаман,

— деб айтмоқда Эгамиз Раббий. —

9 Мен қулашинг ҳақидаги хабарни халқлар орасига ёяман, сен билмаган юртларга етказаман. Шунда кўп халқларнинг юракларига ваҳима соламан.

10 Бошингга туширадиган кулфатлар боис кўп халқларнинг ақлини шошираман. Қиличимни ўйнатиб, сен туфайли уларнинг ҳукмдорларини титратаман. Бошингга кулфат келган куни, уларнинг ҳар бири жонини ҳовучлаб, қалтирайди.»

11 Фиръавнга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Бобил шоҳининг қиличи бўғзингда бўлади.

12 Лашкаринг ўтакетган ёвуз халқнинг қўлига тушади. Улар қудратли жангчилар тиғидан ўлади. Сенинг ғуруринг поймол этилади, тўда лашкаринг ҳалок бўлади.

13 Сероб сувлар бўйидаги ҳамма подаларингни Мен қириб ташлайман. Бундан буён бирорта инсон оёғи билан сувларни лойқалатмайди, бирорта ҳайвон туёқлари билан уни булғамайди.

14 Мен Миср сувларини тиндираман, ирмоқларини мойдай сокин оқадиган қиламан, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

15 Мен Мисрни ташландиқ қилганимда, у ердаги ҳамма нарсани йўқ қилганимда, бутун аҳолисини қириб ташлаганимда, эй фиръавн, сен ва халқинг Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

16 Сизлар учун айтиладиган марсия шудир. Ажнабий аёллар бу марсияни куйлашар. Ҳа, бу мотам шеърини Миср ва унинг тўдасига бағишлаб айтишар. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Мисрликлар ўликлар диёрига тушади

17 Ўша ойнинг ўн бешинчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

18 “Эй инсон, Миср ва унинг тўдаси учун қайғуриб йиғла. Уларни бошқа буюк халқлар қаторида гўрдаги марҳумлар олдига жўнат.

19 Уларга шундай деб айт: «Сизлар ўзингизни бошқалардан гўзал деб биласизми? Қани боринг, суннатсизлар билан бир гўрда ётинг!

20 Сизлар жангда ҳалок бўлганлар билан бирга жон берасиз. Мана, қилич ҳозирланди! У ҳаммаларингизни қириб ташласин.

21 Ўликлар диёридаги буюк саркардалар сизларни ва иттифоқчиларингизни қаршилаб олишади. Улар шундай деб ҳайқиришади: ‘Бу суннатсизлар жангда ҳалок бўлди, ер бағрига тушиб келди, энди шу ерда ётибди!’

22 Оссурия ҳам у ерда, сипоҳларининг қабрлари орасида ётибди. Уларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлишган.

23 Қабрлари чуқурликнинг энг тубидадир. Оссуриянинг қабри сипоҳларининг қуршовида жойлашган. Ҳа, тириклар дунёсига даҳшат солганларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлди.

24 Элам ҳам ўша ерда, бир тўда сипоҳларининг қабрлари орасида ётибди. Уларнинг ҳаммаси жангда ҳалок бўлган. Бу суннатсизлар нариги дунёга кетган. Улар тириклар дунёсига даҳшат солишган эди, энди эса гўрдаги марҳумлар сингари иснодга қолишди.

25 Ўлдирилганлар орасида Элам учун тўшак ҳозирланган. Бир тўда сипоҳлари унинг атрофига дафн қилинган. Жангда ҳалок бўлган бу суннатсизлар қачонлардир тириклар дунёсига даҳшат солишган эди, энди эса гўрдаги марҳумлар сингари иснодга қолишди. Ҳа, улар ҳалок бўлганлар орасида ўрнашишди.

26 Мешех билан Тувал ҳам ўша ердадир. Улар сипоҳларининг қабрлари орасида ётишибди. Бу суннатсизларнинг ҳаммаси жангда ҳалок бўлишган. Бироқ улар ҳам қачонлардир тириклар дунёсига даҳшат солишган эди.

27 Қадимда қаҳрамонларни қурол–аслаҳалари билан бирга дафн қилишар эди. Марҳумларнинг боши остига қилич қўйиб, танасини қалқон билан ёпишар эди. Бироқ Мешех билан Тувал бундай ҳурмат–эҳтиромларга сазовор бўлмади, чунки улар тириклигида бутун жаҳонга даҳшат солишган эди.

28 Улар ҳам йўқ қилинади. Жангда ҳалок бўлган суннатсизлар билан бирга ётади.

29 Эдом ҳам ўз шоҳларию раҳнамолари билан ўша ердадир. Улар ўз қудратига қарамай, ўлдирилганлар орасига дафн қилинганлар. Гўрдаги суннатсизлар билан бирга ётишибди.

30 Шимолдаги салтанатларнинг ҳамма шаҳзодалари ва ҳамма Сидонликлар ўша ердадир. Улар қачонлардир буюк қудрати билан бутун жаҳонни даҳшатга туширишган эди, сўнг шармандаларча ҳалок бўлишди. Бу суннатсизлар қиличдан ҳалок бўлганлар орасида ётишибди. Улар гўрдаги марҳумлар сингари иснодга қолишди.»

31 Фиръавн ва унинг тўдасига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй ўз тўдасидан айрилган фиръавн, сен бу чексиз қабристоннинг манзарасини кўриб, таскин топасан.

32 Сен орқали бутун жаҳонни даҳшатга солган бўлсам ҳам, энди барча қўшинларинг билан бирга жангда ҳалок бўлган суннатсизлар орасида ётасан. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Худо Ҳизқиёлни соқчи қилиб тайинлайди

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, халқинг олдига бориб шундай сўзларни айт: «Борди–ю, Мен бирон–бир юртга қилич юбормоқчи бўлсам, ўша ердаги халқ ўзига бир соқчини тайинлайди.

3 Соқчи яқинлашиб келаётган ёв қўшинларини кўргач, бурғу чалиб бу ҳақда бутун халқни огоҳлантиради.

4 Борди–ю, бурғу овозини эшитган одамлар бепарволик қилиб ҳалок бўлишса, уларнинг қони ўз гарданида қолади.

5 Улар бурғу овозини эшитиб туриб, унга эътибор бермаганлари учун ўз бошини ўзлари еган бўладилар. Улар огоҳлантиришга эътибор берганда, жонларини сақлаб қолишлари мумкин эди, ахир!

6 Борди–ю, соқчи яқинлашиб келаётган ёв қўшинини кўриб туриб, бурғу чалмаса, у халқни огоҳлантирмаган бўлади. Ҳалок бўлган одамлар ўз гуноҳлари дастидан ўладилар, бироқ уларнинг ўлими учун Мен соқчини жавобгар қиламан.»

7 Шу сингари, эй инсон, Мен сени Исроил халқи учун бир соқчи қилиб тайинладим. Сен оғзимдан чиққан ҳар бир сўзимни халқимга айтиб, уларни огоҳлантирасан.

8 Борди–ю, Мен фосиққа: «Эй фосиқ, сен ўласан», деб айтсам–у, сен эса унга гапирмасанг, уни ёмон йўлдан қайтариш учун огоҳлантирмасанг, ўша фосиқ ўз гуноҳи дастидан ўлади, бироқ унинг ўлими учун Мен сени жавобгар қиламан.

9 Борди–ю, сен ўша фосиқни огоҳлантирсанг–у, у эса ёмон йўлидан қайтмаса, у ўз гуноҳи дастидан ўлади, сен эса жонингни сақлаб қолган бўласан.

Одамнинг шахсий масъулиятлари

10 Эй инсон, Исроил халқига айт: «Сизлар шундай деб айтасизлар: ‘Қилган гуноҳларимиз бизни босиб қолди. Биз адо бўляпмиз. Бундай аҳволда яшаб бўладими, ахир?!’

11 Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, фосиқнинг ҳалокатидан севинмайман. Аксинча, фосиқлар ёмон йўлидан қайтиб, яшашини хоҳлайман. Эй Исроил, орқага қайт! Ёмон йўлдан қайт! Нима учун ҳалок бўлишинг керак?!»

12 Эй инсон, халқинг олдига бориб айт: «Агар солиҳ одам ёмон йўлга кирса, қилган савоб ишлари уни қутқара олмайди. Агар фосиқ одам тўғри йўлга кирса, қилган гуноҳлари уни ҳалокатга етакламайди. Гуноҳга қўл урган солиҳ одам эса жонини сақлаб қололмайди.»

13 Эй инсон, борди–ю, Мен солиҳ одамга ҳаёт ваъда қилсам–у, у одам эса солиҳлигига ишониб, гуноҳга қўл урса, унинг қилган савоб ишлари ҳисобга олинмайди. Қилган гуноҳи туфайли у ўлади.

14 Борди–ю, фосиқ одамга: «Сен ўласан», деб айтсам–у, у одам эса ёмон йўлидан қайтиб тўғри, адолатли ишлар қилса,

15 гаровга олган нарсани эгасига берса, ўғирлаган нарсасини қайтарса, ёмонликдан воз кечиб, ҳаётбахш қонун–қоидаларга риоя қилса, бундай одам албатта яшайди, у ўлмайди.

16 Мен унинг қилган бирорта гуноҳини эсга олмайман. Ўша одам тўғри ва адолатли ишлар қилгани учун албатта яшайди.

17 Эй инсон, сенинг халқинг «Раббийнинг тутган йўли ноҳақ–ку!» деб шикоят қилади. Аслида эса ўзларининг йўллари ноҳақ.

18 Ҳақ йўлдан озган ва гуноҳга қўл урган солиҳ киши қилган гуноҳи учун ҳалок бўлади.

19 Ёмон йўлдан қайтиб тўғри, адолатли ишлар қилган фосиқ киши эса қилган тўғри ишлари учун жонини сақлаб қолади.

20 Улар эса: «Раббийнинг тутган йўли ноҳақ–ку», деб айтади. Уларга Менинг шу сўзларимни айт: «Эй Исроил халқи, билиб қўй, Мен ҳаммангизни қилган ишингизга яраша ҳукм қиламан.»”

Қуддуснинг қулаши ҳақидаги хабар

21 Сургун бўлган пайтимизнинг ўн иккинчи йили ўнинчи ойининг бешинчи кунида Қуддусдан қочиб келган бир одам олдимга келиб: “Қуддус қулади”, деб айтди.

22 Бундан бир кун аввал, кечаси, Эгамизнинг қудрати мени қамраб олган эди. Эрталаб қочоқ келмасдан олдин, Эгамиз менга гапириш иқтидорини қайтариб берган эди. Мен яна тилга кирган эдим.

Халқнинг гуноҳлари

23 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

24 “Эй инсон, Исроилнинг хароб шаҳарларида яшаб юрган одамлар шундай деб юришибди: «Иброҳим ёлғиз ўзи бўла туриб, бутун юртга эгалик қилар эди. Биз эса кўпчиликмиз. Бизнинг ҳам бу юртга эгалик қилишга ҳақимиз бор.»

25 Ўша одамларга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: сизлар қони чиқарилмаган гўштни тановул қиласизлар, бутларга сиғиниб, қотилликка қўл урасизлар. Шундай экан, бу юртга эгалик қилишга нима ҳақингиз бор?!

26 Сизлар фақат ўз қиличингизга ишоняпсизлар! Жирканч ишлар қиляпсизлар. Ҳар бирингиз қўшнингизнинг хотинини булғаяпсизлар! Бу юртга эгалик қилишга нима ҳақингиз бор?!»

27 Уларга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, ўша хароб шаҳарларда яшаб юрган одамларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўладилар. Бепоён далаларда бўлганларни ёввойи ҳайвонлар ғажиб ташлайди. Қалъаларда ва ғорларда бўлганлар эса ўлатдан нобуд бўладилар.

28 Мен бутун юртни ташландиқ харобазорга айлантираман. Сизларнинг мағрур қудратингизга чек қўяман. Исроил тоғларида бирорта тирик жон қолмайди, у ерга одам оёқ босмайди.

29 Мен сизларни қилган жирканч ишларингиз учун жазолаб, юртни ташландиқ харобазорга айлантирганимда, Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»

Ҳизқиёл воизлигининг натижаси

30 Эй инсон, юртдошларинг шаҳар деворлари олдида ҳамда уй остоналарида туриб, сени ғийбат қилишяпти. Улар бир–бирларига: «Қани юринглар, Эгамиздан келган хабарни бир эшитиб кўрайлик–чи!» дейишади.

31 Улар олдингга тўдалашиб келишади. Гапларингни эшитиб ўтиришади, лекин биронтаси ҳам айтганларингни қилмайди. Уларнинг тилидан бол томади, аммо дилида ўз фойдасини кўзлайдилар.

32 Улар учун сен моҳир бир созанда, муҳаббат ҳақида куйлаган хушовоз бир хонанда кабисан, холос. Улар айтганларингни эшитишади–ю, аммо гапингга киришмайди.

33 Мен сенга айтган барча кулфатлар уларнинг бошига тушади. Шунда улар сени пайғамбар деб тан олишади.”

Исроил чўпонлари

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Исроил чўпонларига қарши башорат қилиб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Исроил чўпонлари, сизнинг ҳолингизга вой! Сизлар қўйларни боқиш ўрнига ўзингизни боқиб юрибсизлар!

3 Энг семиз қўйларни сўйиб, ёғини ейсизлар. Жундан тўқилган кийимлар киясизлар. Қўйларни эса боқмайсизлар.

4 Нимжон қўйларга қарамайсизлар, касалларни даволамайсизлар, яраларини боғламайсизлар, адашганларни олиб келмайсизлар, йўқолганларни изламайсизлар. Аксинча, уларни қаттиққўллик билан бошқариб, зулм ўтказасизлар.

5 Сурувнинг чўпони бўлмагани учун қўйларим ҳар ёққа тарқалиб кетди. Улар ҳамма ёввойи ҳайвонларга ўлжа бўлди.

6 Ҳа, қўйларим тарқалиб кетди. Улар тоғу тепаликларда сандироқлаб юрди. Бутун ер юзига ёйилиб кетди, уларни ҳеч ким изламади.

7 Эй чўпонлар, Менинг сўзимни эшитиб қўйинглар.

8 Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаман: ана, чўпонсиз қолган қўйларим ўлжа бўлди. Менинг қўйларим ҳамма ёввойи ҳайвонларга егулик бўлди. Эй чўпонларим, сизлар қўйларимни қидирмадингиз. Қўйларимни боқмай, ўзингизни боқдингиз.

9 Шунинг учун, эй чўпонлар, Менинг сўзимни икки қулоғингиз билан эшитиб қўйинглар!

10 Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, сизларга қаршиман. Нобуд бўлган қўйларимни сизлардан ундириб оламан. Сизлар сурувимни бошқа боқмайсизлар. Бундан буён фақат ўз қоринларингизни тўйғизиб юрмайсизлар. Мен қўйларимни сизнинг оғзидан тортиб оламан, сиз қўйларимни емайсизлар.

Яхши чўпон

11 Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй чўпонлар, Мен Ўзим қўйларимни қидириб топаман.

12 Адашган сурувни қидирган чўпондай қўйларимни излайман. Булутли, қоронғи кунда ҳар ёққа тарқалиб кетган қўйларимни ҳамма жойдан халос қилиб олиб келаман.

13 Уларни бегона ўлкаю юртлардан олиб чиқиб, она заминига олиб келаман. Исроил тоғларида, сойликларда ва юртнинг обод ўлкаларида уларни боқаман.

14 Яхши яйловларда ўтлатаман, Исроил тоғлари уларнинг яйлови бўлади. Улар ўша ердаги майсазорларда ётиб, Исроил тоғларининг кўм–кўк яйловларида ўтлаб юради.

15 Мен Ўзим қўйларимга чўпон бўламан. Уларга ором бераман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

16 — Йўқолган қўйларимни излаб топаман, адашганларини қайтариб олиб келаман. Уларнинг яраларини боғлаб қўяман, нимжон қўйларни парвариш қиламан. Семиз, бақувват қўйларни эса йўқ қиламан. Мен сурувимни адолат ила боқаман.

17 Эй сурувимдаги қўйлар, сизлар ҳақингизда Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, сурувимдаги қўйлар орасида ажрим қиламан, қўчқор ва така орасида ҳукм чиқараман.

18 Нега сизлар яхши ўтдан еб, ортганини пайҳон қиляпсизлар?! Тиниқ сувдан ичиб, қонганингиздан кейин сувни лойқалатяпсизлар?!

19 Нима учун қолган қўйларим сизлар пайҳон қилган ўтдан ейишлари керак?! Сизлар лойқалатган сувдан ичишлари керак?!»

20 Исроил халқига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен Ўзим семиз ва ориқ қўйларни ажрим қиламан.

21 Семиз қўйлар ориқ қўйларимни биқини ва елкаси билан итариб, шохлари билан сузди. Уларни узоқларга тарқатиб юборди.

22 Лекин Мен сурувимни қутқариб оламан, улар энди ўлжа бўлмайдилар. Мен бир қўй билан бошқа қўй орасида ажрим қиламан.

23 Мен қулим Довудни чўпон қилиб тайинлайман. У сурувимни боқади, уларга чўпонлик қилади.

24 Мен уларнинг Худоси бўламан, қулим Довуд эса уларнинг ҳукмдори бўлади. Буларни Мен, Эгангиз, айтдим.

25 Эй Исроил халқи! Сизлар менинг сурувимсиз. Мен сизлар билан тинчлик аҳдини тузиб, юртдаги барча ёввойи ҳайвонларни қувиб чиқараман. Шунда сизлар дашту биёбонларда осойишта ҳаёт кечирасизлар, ўрмонларда тинч ухлайсизлар.

26 Мен сизларга барака бераман. Муқаддас тоғим атрофида яшашингизга йўл қўяман. Сизларга ёмғирни ўз мавсумида барака қилиб ёғдираман.

27 Боғ–роғлардаги дарахтлар мева беради, ер мўл ҳосил етиштиради. Сизлар ўз заминингизда ҳар қандай хавф–хатардан холи бўласиз. Мен сизларни қул қилиб олган золимларнинг қўлидан халос қиламан, бўйинтуруғини синдираман. Ўшанда сизлар Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласиз.

28 Бундан буён ўзга халқлар сизларни таламайди, юртдаги ёввойи ҳайвонлар сизларни ғажимайди. Сизлар осойишта ҳаёт кечирасиз, ҳеч ким сизларга таҳдид солмайди.

29 Очарчиликдан нобуд бўлмаслигингиз учун Мен сизларга серунум ерларни бераман. Ўзга халқлар сизларни ҳақорат қилмайдиган бўладилар.

30 Эй Исроил халқи! Шунда Мен сизлар билан бирга эканлигимни билиб оласизлар. Менинг халқим эканлигингизни сизлар англаб етасизлар. Зотан, Мен Исроил халқининг Эгаси Худоман! — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

31 Эй Исроил халқи, сизлар Менинг сурувим, яйловимдаги қўйларимсизлар, Мен эса сизнинг Худойингизман. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Худо Эдомни жазолайди

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Сеир тоғларига юзлан, уларга қарши башорат қилиб айт:

3 «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Сеир тоғлари, Мен сизларга қаршиман. Мен сизларга қарши қўлимни кўтариб, сизларни ташландиқ харобазор қиламан.

4 Шаҳарларингизни вайрон қилиб, юртингизни ташландиқ жойга айлантираман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

5 Халқимга бўлган қадимги адоватингиз туфайли сизлар Исроил халқининг тақдирини қилич билан ҳал қилган эдингизлар. Улар шусиз ҳам охирги жазосини тортиб, бошларидан оғир дамларни кечираётган эдилар–ку!

6 Шу қилганларингиз учун, Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сизларни қонга белайман, қон кетингиздан қувади. Сизлар қотилликдан ҳазар қилмаганингиз учун қотиллик сизларни доим таъқиб қилади.

7 Эй Сеир тоғлари, Мен сизларни хароб қилиб, ташландиқ жойга айлантираман. Ҳудудингиздан ҳеч ким юрмайдиган бўлади.

8 Мен сизларни жасадларга тўлдираман. Қиличдан ҳалок бўлган одамларнинг жасадлари қирларингизда, водийларингизда, сойликларингизда ётади.

9 Сизларни то абад ташландиқ қиламан. Шаҳарларингизда ҳеч қачон одам яшамайди. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

10 Мен, Эгангиз, Яҳудо ва Исроил юртида бўлганимга қарамай, сизлар шундай деб айтган эдингиз: ‘Бу икки халқ бизники бўлади, уларнинг юртини биз қўлга киритамиз.’

11 Шундай экан, Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сизларни қилган қилмишларингизга яраша жазолайман. Сизлар халқимдан нафратланиб, уларга ҳасад қилганингиз ҳамда устиларига ғазабингизни сочганингиз учун адабингизни бераман. Мен сизларни жазолаганимда Ўзимни халқимга танитаман.

12 Сизлар Исроил тоғларига қарата айтган ҳақоратли сўзларингизни Мен, Эгангиз, эшитганимни билиб оласизлар. Сизлар шундай деган эдингиз: ‘Исроил хароб бўлди, энди бу халқ бизга ем бўлади.’

13 Ҳа, сизлар Менинг олдимда ўзингизни катта тутдингизлар. Оғзингизни кўпиртириб, Менга қарши гапирдингизлар. Мен ҳаммасини эшитдим.

14 Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен сизларни хароб қилганимда, бутун жаҳон севинади.

15 Ахир, сизлар Исроил юрти хароб бўлганидан севинган эдингизлар. Шунинг учун Мен бу кўргиликни бошларингизга соламан. Эй Сеир тоғлари, эй бутун Эдом юрти, сизлар хароб бўласиз. Шунда Эгангиз Мен эканлигимни бутун жаҳон билиб олади.»”

Исроил тоғлари ҳақида башорат

1 Эгамиз менга деди: “Эй инсон, Исроил тоғлари ҳақида шундай башорат қил: «Эй Исроил тоғлари, Эгамизнинг сўзини эшитинг.

2 Эгамиз Раббий шундай демоқда: ғанимларингиз сизни мазах қилиб: ‘Аҳа! Бу кўҳна тепаликлар энди бизники бўлди’, деб айтган эдилар.»

3 Шунинг учун, эй инсон, башорат қилиб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: қўшни халқлар сизларга ҳар ёқдан ҳамла қилиб, сизларни хонавайрон қилганлари учун, сизлар уларнинг мулки бўлдингиз, одамлардан ҳақоратлар эшитиб, хўрликлар кўрдингиз.

4 Эй Исроил тоғлари, энди Менинг сўзимни эшитинг! Мен, Эгангиз Раббий, тоғлару қирларга, сойликлару водийларга, харобазорлару ҳувиллаган шаҳарларга гапирмоқдаман. Ахир, бу шаҳарлар атрофдаги ҳамма халқларга ўлжа ва кулги бўлди.

5 Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, Исроил атрофида яшаган халқлардан, хусусан, Эдом халқидан қаттиқ ғазабдаман. Чунки улар нафрат туйғусига берилиб, яйловларни талон–тарож қилиш учун юртимни қўлга киритдилар. Шунда ўзида йўқ хурсанд бўлдилар.»

6 Эй инсон, шу сабабдан Исроил юрти ҳақида башорат қилиб, тоғлару қирларга, сойликлару водийларга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: қўшни халқлар сизларни қанчалик хўрлаганини кўриб, ғазабим келди, рашким қўзиди.

7 Шу сабабдан Мен, Эгангиз Раббий, онт ичиб айтаманки, атрофингиздаги барча халқларни хўрламай қўймайман.

8 Сизлар эса, эй Исроил тоғлари, бутоқ чиқарасизлар. Халқим Исроил учун мўл ҳосил етиштирасизлар. Ҳа, кўп ўтмай улар ўз юртига қайтиб келадилар.

9 Мен сизларга юз бураман, Ўзим сизларга ғамхўрлик қиламан. Ерларингиз шудгор қилинади, экинлар экилади.

10 Мен Исроил аҳолисини кўпайтираман. Бутун Исроил хонадонини сон–саноқсиз қиламан. Ҳувиллаган шаҳарларга одамлар кўчиб келади, вайроналар қайта тикланади.

11 Нафақат одамларнинг, балки мол–қўйларнинг ҳам сони беҳад кўпаяди. Улар кўпайиб, баракали бўлади. Юртингиз илгаригидай одамларга тўлиб–тошади. Мен сизларни олдингидан ҳам аълороқ ҳаётга эриштираман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

12 Мен халқим Исроилни олдингизга етаклаб келаман. Улар ерларингизга эгалик қиладилар, сизлар халқимнинг мулки бўласизлар. Халқимнинг фарзандларини бошқа нобуд қилмайсизлар.

13 Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Исроил тоғлари, одамлар сизлар ҳақингизда шундай гапиришади: ‘Исроил юрти ўз одамларини нобуд қилади, ўз халқини фарзандларидан жудо қилади.’

14 Аммо энди сизлар одамларни нобуд қилмайсизлар, халқингизни фарзандларидан жудо қилмайсизлар, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

15 — Бегона халқлар сизларни ҳақорат қилишларига ва устингиздан кулишларига Мен йўл қўймайман. Бундан буён халқимнинг қоқилишига сизлар сабаб бўлмайсиз. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”

Исроил халқининг янги ҳаёти

16 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

17 “Эй инсон, Исроил халқи она юртида яшаб юрган пайтида ерни ярамас қилмишлари билан булғаган эди. Уларнинг бундай қилмишлари Менинг назаримда ҳайз кўрган аёлдай нопок эди.

18 Улар юртда қон тўкканлари учун, бутларга сиғиниб заминни булғаганлари учун, Мен уларнинг устига ғазабимни сочган эдим.

19 Уларни халқлар орасига тарқатиб ташлаган эдим, бошқа юртларга қувиб юборган эдим. Мен уларни тутган йўллари ва қилган қилмишларига яраша жазолаган эдим.

20 Бироқ улар борган жойларида Мени бадном қилишди. Уларни кўрган одамлар: «Бу Худонинг халқи–ку! Улар Эгасининг юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлибди–да!» деб айтишар эди.

21 Ҳа, Исроил халқи борган жойида Мени бадном қилди. Булғанган муқаддас номим учун Мен қайғурдим.

22 Шундай экан, Исроил халқига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен сизларни юртингизга қайтариб олиб келаман. Лекин буни сизлар учун эмас, балки халқлар орасида сизлар булғаган Ўз номим учун қиламан.

23 Сизлар булғаган Менинг буюк номим қанчалик муқаддас эканлигини Мен барча халқларга кўрсатаман. Ўшанда Эгаси Мен эканлигимни улар билиб оладилар. Мен сизлар орқали Ўз муқаддаслигимни уларга аён қиламан. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

24 Ахир, сизларни барча халқлар орасидан, ҳамма юртлардан йиғиб оламан. Ўз юртингизга олиб бориб ўрнаштираман.

25 Устингизга тоза сувдан сепиб, сизларни поклайман. Барча нопокликлару бутларингиздан тозалайман.

26 Сизларга янги юрак бериб, қалбингизни янги руҳга тўлдираман. Бағрингиздаги тош юракнинг ўрнига юмшоқ юрак бераман.

27 Ичингизга Ўз Руҳимни соламан. Сизлар фармонларимга риоя қиладиган, қонун–қоидаларимни битта қолдирмай бажарадиган бўласизлар.

28 Шунда Мен ота–боболарингизга берган бу юртда яшайсизлар. Сизлар Менинг халқим бўласиз, Мен эса сизнинг Худойингиз бўламан.

29 Мен сизларни барча нопокликлардан халос қиламан. Ғалла ҳосилини мўл етиштириб, очарчиликка чек қўяман.

30 Овқат танқислигидан халқлар орасида хор бўлмаслигингиз учун боғлару далаларингизга мўл ҳосил бераман.

31 Шунда сизлар ёвуз йўлларингизни, қабиҳ қилмишларингизни эслайсизлар, қилган гуноҳларингиз ва жирканч одатларингиз учун ўзингиздан нафратланиб кетасизлар.

32 Эй Исроил халқи, билиб қўйинглар, Мен сизларга қилмоқчи бўлган бу яхшиликларга лойиқ эмассиз, бироқ шу орқали Мен сизларни уялтираман. Қилган қилмишларингиздан пушаймон бўласиз. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»

33 Эй инсон, уларга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен сизларни гуноҳлардан поклаганимда, одамларни олиб келиб, шаҳарларингизга ўрнаштираман. Вайрона бўлиб ётган харобаларингиз тикланади.

34 Қачонлардир сайёҳлар кезиб юрган ташландиқ, қаровсиз ерларга қайта ишлов берилади.

35 Улар бу ерларни кўрганда шундай деб айтишади: ‘Воажабо! Ташландиқ бўлиб ётган бу ерлар Адан боғидай яшнаб кетибди–ку! Ҳувиллаб ётган хароб шаҳарлар мустаҳкам деворлар билан ўралиб, обод бўлибди–ку!’

36 Шунда атрофдаги омон қолган халқлар хароб шаҳарларни Мен, Эгангиз, қайта қурганимни, яланг майдонларга Мен экин экканимни билиб олишади. Мен, Эгангиз, айтган бу сўзларимни албатта амалга ошираман.»”

37 Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Мен халқим Исроилнинг илтижоларига қулоқ тутиб, уларни қўйлардай сон–саноқсиз қиламан.

38 Байрам арафасида Қуддус кўчалари қурбонлик қилинадиган қўйлар билан тўлиб–тошганидай, ҳозир вайрон бўлиб ётган шаҳарлар ҳам одамлар билан тўлиб–тошади. Ўшанда Исроил халқи Эгаси Мен эканлигимни билиб олади.”

Қуриган суяклар водийси

1 Эгамизнинг қудрати мени қамраб олди. Эгамизнинг Руҳи мени кўтариб, водийнинг ўртасига қўйди. Водий суякларга тўла эди.

2 Руҳ мени водийдаги бир дунё суяклар орасида айлантириб юрди. Суяклар қуриб кетган эди.

3 Руҳ менга:

— Эй инсон, бу суяклар тирилиши мумкинми? — деб савол берди.

— Ё Эгам Раббий, буниси ёлғиз Ўзингга аён, — деб жавоб бердим мен.

4 Сўнг У менга шундай деди:

— Суякларга башорат қилиб айт: “Эй қуриган суяклар, Эгамизнинг сўзини эшитинг!

5 Эгам Раббий сизларга шундай демоқда: Мен сизларга нафас бераман, сизлар тириласизлар.

6 Устингизни паю мушаклар билан қоплаб, тери тортаман, сизларга ҳаёт нафасини пуфлаб, сизларни тирилтираман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.”

7 Эгамиз менга амр қилганидай, мен Унинг бу сўзларини башорат қилиб айтдим. Башорат қилаётганимда бирданига қулоғимга тарақ–туруқ овозлар чалинди, суяклар бирлаша бошлади.

8 Қарасам, суяклар паю мушаклар билан қопланди, сўнг устиларига тери тортилди. Бироқ таналарда ҳануз нафас йўқ эди.

9 Эгамиз менга шундай деди:

— Энди шамолга шундай буйруқ бер: “Эй шамол, Эгамиз Раббий айтмоқда: ҳар томондан эсиб, бу ўлик таналарга ҳаёт нафасини пуфла, уларни тирилтир.”

10 Мен Эгамизнинг айтганини қилдим. Шамол таналарнинг ичига кириб, одамларни тирилтирди. Улар турганларида буюк бир оломонни ташкил қилишди.

11 Кейин Эгамиз менга шундай деди:

— Эй инсон, бутун Исроил халқи мана шу суякларга ўхшайди. Улар: “Суякларимиз қуриб кетди, келажакдан ҳеч қандай умид йўқ”, деб нола қилишади.

12 Шунинг учун халқимга башорат қилиб айт: “Эгамиз Раббий шундай демоқда: «Эй халқим Исроил, Мен қабрларингизни очиб, сизларни у ердан чиқараман. Сўнг сизларни ўз юртингиз — Исроилга қайтариб олиб бораман.

13 Ўшанда сизлар Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

14 Менинг Руҳим сизларга ҳаёт нафасини пуфлаб, сизларни тирилтиради. Мен сизларни она юртингизга олиб бориб, у ерда ўрнаштираман. Ўшанда Мен, Эгангиз, айтган гапларимни амалга оширганимни сизлар билиб оласизлар.» Эгамизнинг каломи шудир.”

Яҳудо билан Исроил бир шоҳлик бўлади

15 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

16 “Эй инсон, бир таёқ олиб, унинг устига «Яҳудо шоҳлиги» деб ёз. Сўнг бошқа бир таёқ олиб, унинг устига «Исроил шоҳлиги» деб ёз.

17 Кейин иккала таёқнинг учларини бир қўлингда шундай қилиб ушлагинки, улар бир таёқдай бўлиб кўринсин.

18 Одамлар сендан: «Бу билан бизга нима демоқчисан?» деб сўраганларида,

19 уларга шундай деб жавоб бер: «Эгамиз Раббий демоқда: Мен Исроил шоҳлигини билдирувчи таёқни оламан. Уни Яҳудо шоҳлигининг таёғи билан бирлаштираман. Иккала таёқни битта қилиб, қўлимда ушлайман.»

20 Қўлингдаги таёқларни ҳамма кўрадиган бўлсин,

21 сўнг халққа айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен ҳар ёққа тарқалиб кетган халқимни ўзга халқлар орасидан йиғиб оламан. Уларни ўз юртларига олиб келаман.

22 Уларни ўша юртда ягона бир халқ қиламан. Ҳа, Исроил тоғларида улардан ягона давлат яратаман. Устиларидан бир шоҳ тайинлайман, улар ҳеч қачон икки шоҳликка ажралмайдилар.

23 Бутлар ва макруҳ худолар туфайли ўзларини булғамайдилар, гуноҳдан ўзларини пок сақлайдилар. Мен уларни садоқатсизлик айбидан халос этаман. Дилларини поклаб тозалайман. Шунда улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг Худоси бўламан.

24 Қулим Довуд уларнинг шоҳи бўлади. Ҳа, ҳаммасини бир чўпон бошқаради. Улар қонун–қоидаларимга риоя қилиб, фармонларимни битта қолдирмай бажаришади.

25 Мен қулим Ёқубга берган ерда улар яшайдилар, аждодлари ўтган юртда истиқомат қиладилар. Бола–чақалари ва бутун авлоди ўша юртда абадий ўрнашади. Қулим Довуднинг сулоласи уларга то абад ҳукмронлик қилади.

26 Мен улар билан тинчлик аҳдини тузаман. Бу мангу бир аҳд бўлади. Мен уларга барака бераман, кўпайтираман. Маъбадимни уларнинг орасида абадий ўрнаштираман.

27 Улар орасида маскан қураман, Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўладилар.

28 Мен масканимни улар орасида абадий ўрнаштирганимда, Исроил халқини муқаддас қиладиган Эгаси Мен эканлигимни халқлар билиб оладилар.»”

Ҳукмдор Гўг Исроилга ҳужум қилади

1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2 “Эй инсон, Магўг юртидаги Мешех ва Тувал халқларининг бош ҳукмдори Гўгга юзлан. Унга қарши башорат қилиб

3 айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Мешех ва Тувал халқларининг бош ҳукмдори Гўг, Мен сенга қаршиман!

4 Мен сени орқага қайтараман, жағларингга илмоқлар соламан. Сени ва бутун лашкарингни, отлару отлиқларингни, тиш–тирноғигача қуролланган аскарларингни, улкан бир оломонни, катта ва кичик қалқон ушлаб, қилич ўйнатган жангчиларингни судраб чиқараман.

5 Сенинг сафингга Форслар, Ҳабашистонликлар ва Ливияликларнинг қуролланган жангчилари қўшилади.

6 Гўмер халқининг ва шимолдаги Тўхармо юртининг барча лашкари сенга эргашади. Сенинг лашкарларинг ниҳоятда кўпдир.

7 Қани, тайёрлан! Атрофингдаги лашкарларни жангга шай қил! Сен уларни бошлаб борасан.

8 Йиллар ўтиб, жангга отланасан. Урушдан кейин ўзини тиклаб олган бир юртга сен бостириб борасан. Узоқ вақт давомида ташландиқ бўлиб ётган бу юртга, турли халқлардан Исроил тоғларига келиб ўрнашган одамларга ҳужум қиласан. Уларнинг ҳаммаси осойишта турмуш кечираётган бўлади.

9 Аммо сен довулдек уларга ёпириласан. Сен, лашкаринг ва сенга эргашиб келган кўп халқлар юртни булут каби қоплаб оласизлар.

10 Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Гўг, ўша куни сен ёмон хаёлларга бериласан, ёвуз режалар туза бошлайсан.

11 Сен шундай айтасан: ‘Мен девор билан ўралмаган қишлоқларга бостириб бораман. Хотиржам яшаётган одамларга ҳужум қиламан. Уларнинг на деворлари бор, на дарвозаси, на тамбаси бор.’

12 Сен хароб шаҳарларни тиклаган одамларни талон–тарож қиласан. Бу одамлар турли халқлардан йиғилган, чорва кўпайтириб, дунё орттирган, жаҳон чорраҳасида жойлашиб олишган.

13 Шунда Шава ва Дедон халқлари ҳамда Таршиш савдогарларию зодагонлари сендан сўрайдилар: ‘Сен ҳали ўлжа олгани келдингми? Талон–тарож қилгани, олтину кумуш олиб кетгани, чорваю бойликни тортиб олгани, қўлга беҳад ўлжа киритгани бир тўда қўшин тортиб келдингми?’»

14 Эй инсон, Гўгга башорат қилиб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: сен халқим Исроилнинг хотиржам яшаганини кўриб,

15 шимолдаги олис юртингдан кўп халқларни эргаштириб келасан. Ҳа, бу чексиз отлиқ лашкарни, бир тўда буюк қўшинни тортиб келасан.

16 Ер юзини қоплаган булут каби, халқим Исроилни босиб оласан. Эй Гўг, келажакда Мен сени юртимга ҳужум қилгани юбораман. Сен орқали халқларга муқаддаслигимни аён қилиб, Ўзимни танитаман.

Худо Гўгни жазолайди

17 Эгамиз Раббий шундай демоқда: Ўз қулларим — пайғамбарларим орқали Мен халқимни огоҳлантириб келганман. Келажакда уларга қарши бир душман юборишимни олдиндан айтганман. Эй Гўг, ўша душман сенсан.

18 Исроил юртига ҳужум қилган кунинг, Мен ғазабга миниб оламан! — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

19 — Рашку ғазабда эълон қиламанки, ўша куни Исроил юртида даҳшатли зилзила бўлади.

20 Ер юзидаги барча жонзот — денгиздаги балиқлару кўкдаги қушлар, ёввойи ҳайвонлару судралувчилар, ҳамма одамлар Менинг ҳузуримда титрайди. Тоғлар ағдарилиб тушади, қоялар парчаланиб кетади, ҳамма деворлар ўпирилиб тушади.

21 Мен ҳамма Исроил тоғларида сенга қарши қилич ҳозирлайман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Лашкарларинг бир–бирига ҳамла қилади.

22 Мен ўлату қотилликлар орқали сени жазолайман. Сенинг, лашкарингнинг, сенга эргашиб келган кўп халқларнинг устига оловли олтингугурт, жала ва дўл ёғдираман.

23 Дунёдаги кўплаб халқларга Ўзимнинг улуғворлигим ва муқаддаслигимни намоён қиламан, уларга Ўзимни танитаман. Ўшанда барча халқларнинг Эгаси Мен эканлигимни улар билиб оладилар.»”

Гўгнинг мағлубияти

1 Эгамиз менга деди: “Эй инсон, Гўгга қарши башорат қилиб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Мешех ва Тувалнинг бош ҳукмдори Гўг, Мен сенга қаршиман!

2 Мен сени орқага қайтариб, судраб келаман. Сени узоқ шимолдан олиб чиқиб, Исроил тоғларига олиб келаман.

3 Чап қўлингдаги ёйинг ва ўнг қўлингдаги ўқларингни уриб тушираман.

4 Сен Исроил тоғларида жон берасан! Сенинг ҳамма лашкарларинг ва сенга эргашиб келган халқлар у ерда ҳалок бўлишади. Уларнинг жасадлари турли йиртқич қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ўлжа бўлади.

5 Сен очиқ майдонда ўласан. Буни Мен айтдим.

6 Мен Магўг устига ва денгиз қирғоғида осойишта ҳаёт кечираётган барча халқлар устига олов ёғдираман. Ўшанда барча халқларнинг Эгаси Мен эканлигимни улар билиб оладилар.»

7 Эй инсон, Мен Ўз муқаддаслигимни халқим Исроилга аён қиламан. Мени бадном қилишларига энди йўл қўймайман. Шунда барча халқлар Мен, Исроил халқининг Худосини муқаддас деб биладилар, уларнинг Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.

8 Мен айтган ўша кун албатта келади, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

9 Шунда Исроил халқи шаҳарлардан чиқиб, мағлуб бўлган ёвнинг қурол–аслаҳаларини йиғади. Улар йиғиб олган каттаю кичик қалқонларни, ёй ва ўқларни, таёқ ва найзаларни ёқишади. Етти йил давомида уларни ўтин ўрнига ишлатишади.

10 Ўтин йиғиш, ўрмонда дарахт кесишга эҳтиёж қолмайди, чунки бу қурол–аслаҳалар халқим учун ёқилғи бўлади. Шу тариқа Исроил халқи ўз талончиларидан ўч олади.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

Гўг дафн қилинади

11 Эгамиз менга деди: “Эй инсон, бу ҳодисалар рўй берган куни Гўг ва унинг тўдаси учун Мен бир қабристон ҳозирлайман. Бу қабристон Ўлик денгизнинг шарқ томонидаги Сайёҳлар водийсида жойлашган бўлади. У сайёҳларнинг йўлини тўсиб қўяди. Шунинг учун сайёҳлар ўша водийнинг номини ўзгартириб, уни «Гўг тўдасининг водийси» деб атайдиган бўлишади.

12 Исроил халқи етти ой мобайнида жасадларни кўмиб, ўз юртини поклайди.

13 Бутун юрт аҳолиси жасадларни кўмади. Шу қилганлари учун Мен улуғворлигимни намоён қилган кунда улар юксак обрўга эришади, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

14 — Етти ой ўтгач, юртни поклайдиган махсус одамлар тайинланади. Улар юртни кезиб, кўмилмай қолиб кетган жасадларни кўмадилар.

15 Улар юртни кезиб юрганларида топилган ҳар бир суяк олдига белги қўядилар. Гўрковлар бу суякларни йиғиб олиб, «Гўг тўдасининг водийси»га кўмадилар.

16 Қабристон ёнидаги шаҳарнинг номи ҳам Тўда бўлади. Шундай қилиб, улар юртни поклайдилар.

17 Эй инсон, турли хил қушларни ва ҳамма ёввойи ҳайвонларни йиғиб, уларга шундай деб айт: «Эгамиз Раббий демоқда: қани, келинглар! Мен сизлар учун қурбонлик ҳозирлайман, Исроил тоғларида катта зиёфат уюштираман. Сизлар тўйгунингизча гўштдан еб, қондан ичасизлар.

18 Башан ўлкасида семиртирилган қўчқор, қўзичоқ, эчки ва буқалар бўғизлангандай, баҳодир жангчилару жаҳон ҳукмдорлари қурбон қилинади. Сизлар уларнинг таналарини еб, қонини ичасизлар.

19 Мен сизлар учун уюштирадиган бу зиёфатда сизлар тўйгунингизча ёғдан ейсизлар, маст бўлгунингизча қондан ичасизлар.

20 Сизлар Менинг дастурхонимдан хоҳлаганингизча от ва отлиқларнинг гўштидан, сипоҳ ва турли хил жангчиларнинг гўштидан тановул қиласизлар. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»

Исроил тикланади

21 Мен Ўз улуғворлигимни халқлар орасида намоён қиламан. Халқларни жазолаб, уларга Ўз қудратимни кўрсатаман.

22 Ўша кундан бошлаб, Исроил халқи Эгаси Худо Мен эканлигимни билади.

23 Исроил халқи гуноҳ қилиб, Менга хиёнат қилгани учун, Мен уларни бегона юртларга сургун қилганимни бошқа халқлар тушуниб олишади. Халқимнинг бу қилмиши учун Мен улардан юз ўгириб, душманларнинг қўлига топширган эдим, қирилиб кетишларига тўсқинлик қилмадим.

24 Мен улардан юз ўгирдим, бузуқлиги ва қилган гуноҳларига яраша жазосини бердим.”

25 Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Мана энди Мен Ёқуб наслини яна фаровонликка эриштираман. Бутун Исроил халқига шафқат кўрсатаман. Обрўйим тўкилишига йўл қўймайман!

26 Улар ўз юртига қайтиб келганларидан кейин ўтмишдаги шармандагарчилиги ва Менга қилган хиёнатига иқрор бўладилар. Улар тинч яшайдилар, ҳеч ким уларга таҳдид қилмайди.

27 Мен уларни ғанимларнинг юртларидан олиб чиққанимда, халқлар муқаддаслигимни кўришади.

28 Эгаси Худо Мен эканлигимни халқим билиб олади. Гарчи Мен уларни ўзга юртларга тарқатиб юборган бўлсам–да, уларни она юртига қайтариб олиб келаман. Халқимдан биронтаси ҳам бегона юртда қолиб кетмайди.

29 Мен халқим Исроил устига Ўз Руҳимдан ёғдираман, энди улардан юз ўгирмайман.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

Маъбад ҳақида ваҳий

1 Сургун бўлган пайтимизнинг йигирма бешинчи йили биринчи ойининг ўнинчи кунида Қуддус қулаганига ўн тўрт йил бўлган эди. Ўша куни Эгамизнинг қудрати мени қамраб олиб, кўтариб кетди.

2 Ваҳийда Худо мени Исроил юртига олиб бориб, жуда баланд бир тоғнинг устига турғизиб қўйди. У ердан мен жануб томонда жойлашган шаҳарга ўхшаш бир нечта бинони кўрдим.

3 Худо мени ўша ерга яқинроқ олиб борганда, мен дарвоза ёнида турган бир одамни кўриб қолдим. Ўша одамнинг бутун вужуди ярқироқ мисдай товланиб турар эди. Унинг қўлида ўлчов асбобларидан зиғир арқон ва чизғич бор эди.

4 У менга шундай деди: “Эй инсон, мен сенга кўрсатадиган ҳамма нарсага яхшилаб эътибор бер, сен шу сабабдан бу ерга келтирилгансан. Яхшилаб қулоқ сол, чунки сен кўрганларингни Исроил халқига айтиб беришинг керак.”

Шарқий дарвоза биноси

5 Мен Маъбад ҳовлисини ўраб турган бир деворни кўрдим. Дарвоза ёнида турган ўша одам чизғичи билан деворни ўлчади. Чизғичининг узунлиги олти узун тирсак бўлиб, ҳар бир узун тирсак бир тирсагу тўрт энли эди. Деворнинг қалинлиги олти тирсак, баландлиги ҳам олти тирсак чиқди.

6 Сўнг у шарқий дарвоза биносининг олдига борди. Зиналардан тепага кўтарилиб, остонани ўлчади. Остона икки ён деворининг қалинлиги олти тирсак чиқди.

7 Остонадан йўлак бошланар эди. Йўлакнинг икки томонида соқчилар учун махсус қурилган учтадан хона бор эди. Хоналарнинг эни ва узунлиги бир хил — олти тирсакдан эди. Хоналарни ажратиб турган деворларнинг қалинлиги эса беш тирсак эди. Йўлакнинг охирида даҳлиз остонаси бор эди. Даҳлиз остонасининг икки ён девори олти тирсак қалинликда эди.

8 Сўнг ўша одам даҳлизни ўлчади.

9 Даҳлизнинг эни саккиз тирсак эди. Даҳлиз эшигининг икки ён деворлари икки тирсак қалинликда эди. Бу даҳлиз дарвоза биносининг ички тарафида, Маъбаднинг рўпарасида жойлашган эди.

10 Йўлакнинг икки томонидаги ўша соқчилар хоналари бир хил катталикда, орасидаги деворлар ҳам бир хил қалинликда эди.

11 Сўнг ўша одам дарвоза биносининг остонасини ўлчади. Остонанинг эни ўн тирсак чиқди. Йўлакнинг эни эса ўн уч тирсак чиқди.

12 Ҳар бир хонанинг олдида баландлиги ва эни бир тирсак бўлган пастак девор бор эди. (Хоналарнинг узунлиги ва эни олти тирсакдан эди.)

13 Сўнгра ўша одам дарвоза биносининг шифтини кўндалангига, бир хонанинг орқа деворидан тортиб, рўпарадаги хонанинг орқа деворигача ўлчади. Шифтнинг эни 25 тирсак чиқди.

14 Кейин у даҳлиз эшигининг икки ён деворини ўлчади. Деворнинг баландлиги 60 тирсак чиқди. Дарвоза биносининг атрофи ҳовли эди.

15 Дарвоза биносининг узунлиги, дарвозадан тортиб, то ичкаридаги даҳлизгача 50 тирсак эди.

16 Хоналарнинг учала деворида панжарали туйнуклар бор эди. Даҳлизда ҳам панжарали туйнуклар бор эди. Даҳлиз эшиги ён деворларига пальма дарахтининг тасвирлари туширилган эди.

Ташқи ҳовли

17 Ўша одам мени дарвоза орқали Маъбаднинг ташқи ҳовлисига олиб кирди. Ҳовлининг девори бўйлаб ўттизта ҳужра қурилган эди. Ҳужраларнинг олд томонида тош ётқизилган бир йўл бор эди.

18 Бу йўл паст йўл ҳисобланар эди. Унинг эни 50 тирсак эди.

19 Сўнг мен ички ҳовлига олиб кирадиган дарвоза биносини кўрдим. Ўша одам ички дарвоза биноси билан ташқи дарвоза биноси орасидаги масофани ўлчади. Масофа 100 тирсак чиқди.

Шимолий дарвоза биноси

20 Сўнг ўша одам ташқи ҳовлининг шимолий дарвоза биносини ўлчади.

21 Бу дарвоза биносининг икки ён томонидаги учтадан бўлган соқчилар хоналари, даҳлиз ва ён деворларнинг ўлчамлари шарқий дарвоза биносиники билан бир хил эди. Дарвоза биносининг узунлиги 50 тирсак, эни 25 тирсак эди.

22 Деворлардаги панжарали туйнуклар, даҳлиз ва пальма тасвирларининг ўлчамлари шарқий дарвоза биносиники билан бир хил эди. Дарвозага етти поғонали зина олиб борар эди. Даҳлиз дарвоза биносининг ички томонида жойлашган эди.

23 Шимолий дарвоза биносининг рўпарасида ҳам шарқий дарвоза биносидагидай ички ҳовлига олиб кирадиган дарвоза биноси бор эди. Ўша одам ички дарвоза биносидан ташқи дарвоза биносигача бўлган масофани ўлчаган эди, масофа 100 узун тирсак чиқди.

Жанубий дарвоза биноси

24 Сўнг ўша одам мени жануб томонга олиб борди. Жануб томонда ҳам дарвоза биноси бор эди. Ўша одам дарвоза биносининг даҳлизини ва даҳлиз деворларини ўлчади, уларнинг ўлчамлари бошқаларники билан бир хил эди.

25 Бу дарвоза биносидаги хоналарнинг ва даҳлизнинг бошқа дарвозаларникига ўхшаган панжарали туйнуклари бор эди. Дарвоза биносининг узунлиги 50 тирсак, эни эса 25 тирсак эди.

26 Дарвозага етти поғонали зина олиб борар эди. Даҳлиз дарвоза биносининг ички томонида жойлашган эди. Даҳлиз эшигининг икки ён деворига пальма дарахтининг тасвирлари туширилган эди.

27 Жануб томонда Маъбаднинг ички ҳовлисига олиб кирадиган дарвоза биноси бор эди. Ўша одам жанубдаги ички дарвоза биносидан ташқи дарвоза биносигача бўлган масофани ўлчади, масофа 100 тирсак чиқди.

Ички ҳовли: жанубий дарвоза биноси

28 Сўнг ўша одам мени жанубий дарвоза орқали Маъбаднинг ички ҳовлисига олиб кирди–да, дарвоза биносини ўлчади. Дарвоза биносининг ўлчамлари бошқа дарвоза бинолариники билан бир хил эди.

29 Дарвоза биносининг хоналари, даҳлизи ва даҳлиз эшигининг икки ён девори бошқа дарвоза бинолариникига ўхшаган эди. Хоналарнинг ва даҳлизнинг панжарали туйнуклари бор эди. Дарвоза биносининг узунлиги 50 тирсак, эни 25 тирсак эди.

30 Ички ҳовлига қаратилган дарвоза биноларининг даҳлизлари бир хил эди. Уларнинг узунлиги 25 тирсак, эни 5 тирсак эди.

31 Даҳлиз орқали Маъбаднинг ташқи ҳовлисига чиқилар эди. Даҳлиз эшигининг икки ён деворига пальма дарахтининг тасвирлари туширилган эди. Дарвозага саккиз поғонали зинапоя олиб борар эди.

Ички ҳовли: шарқий дарвоза биноси

32 Сўнг ўша одам мени шарқий дарвоза орқали Маъбаднинг ички ҳовлисига олиб кирди–да, дарвоза биносини ўлчади. Дарвоза биносининг ўлчамлари бошқа дарвоза бинолариники билан бир хил эди.

33 Дарвоза биносининг хоналари, даҳлизи ва даҳлиз эшигининг ён деворлари бошқа дарвозаларникига ўхшаган эди. Хоналарнинг ва даҳлизнинг панжарали туйнуклари бор эди. Дарвоза биносининг узунлиги 50 тирсак, эни 25 тирсак эди.

34 Даҳлиз орқали Маъбаднинг ташқи ҳовлисига чиқилар эди. Даҳлиз эшигининг икки ён деворига пальма дарахтининг тасвирлари туширилган эди. Дарвоза биносига саккиз поғонали зинапоя олиб борар эди.

Ички ҳовли: шимолий дарвоза биноси

35 Сўнг ўша одам мени шимолий дарвоза олдига олиб бориб, дарвоза биносини ўлчади. Дарвоза биносининг ўлчамлари бошқа дарвоза бинолариники билан бир хил эди.

36 Дарвоза биносининг хоналари, даҳлизи ва даҳлиз эшигининг ён деворлари бошқа дарвоза бинолариникига ўхшаган эди. Хоналар ва даҳлизнинг панжарали туйнуклари бор эди. Дарвоза биносининг узунлиги 50 тирсак, эни 25 тирсак эди.

37 Даҳлиз орқали Маъбаднинг ташқи ҳовлисига чиқилар эди. Даҳлиз эшигининг икки ён деворига пальма дарахтининг тасвирлари туширилган эди. Дарвозага саккиз поғонали зинапоя олиб борар эди.

Шимолий дарвоза биноси ёнида қурилган иморатлар

38 Шимол томондаги ички дарвозанинг даҳлизи ёнида бир хона бор эди. Бу хонага даҳлиз орқали кирилар эди. Қурбонлик учун бўғизланган ҳайвонлар шу хонада ювилар эди.

39 Даҳлизнинг ўзида тўртта хонтахта бор эди. Хонтахтанинг иккитаси даҳлизнинг бир чеккасида, қолган иккитаси даҳлизнинг бошқа чеккасида турар эди. Бу хонтахталарнинг устида куйдириладиган қурбонлик, гуноҳ қурбонлиги ва айб қурбонлиги учун ҳайвонлар бўғизланар эди.

40 Ташқи ҳовлида яна тўртта хонтахта бор эди. Хонтахтанинг иккитаси дарвоза зинапоясининг бир томонида, бошқа иккитаси зинапоянинг бошқа томонида турар эди.

41 Ҳаммаси бўлиб саккизта хонтахта бор эди. Тўртта хонтахта даҳлизнинг ичида, яна тўрттаси дарвозанинг ташқарисида турар эди. Бу хонтахталарнинг устида ҳайвонлар бўғизланар эди.

42 Куйдириладиган қурбонликлар учун яна тўртта хонтахта бор эди. Бу хонтахталар йўнилган тошдан ясалган бўлиб, уларнинг узунлиги ва эни бир ярим тирсак, бўйи бир тирсак эди. Бу хонтахталар устига қурбонликларни сўйишда ишлатиладиган асбоблар қўйилар эди.

43 Даҳлиз деворларига узунлиги тўрт энли бўлган илгаклар қоқилган эди. Ҳайвонларнинг гўшти эса хонтахталар устига қўйилар эди.

Руҳонийларнинг хоналари

44 Ички ҳовлида иккита хона қурилган эди. Хоналарнинг биттаси шимолий дарвоза ёнида жануб томонга қаратиб қурилган эди. Иккинчиси эса жанубий дарвоза ёнида шимол томонга қаратиб қурилган эди.

45 Ўлчаётган одам менга шундай деди: “Шимолий дарвоза ёнидаги хона Маъбад учун масъул бўлган руҳонийларга мўлжаллаб қурилган.

46 Жанубий дарвоза ёнидаги хона эса қурбонгоҳ ёнида хизмат қиладиган руҳонийлар учун мўлжаллаб қурилган. Ҳамма руҳонийлар Зодўх авлодидан эди. Леви қабиласидан фақат Зодўх авлодлари Эгамизнинг ҳузурида хизмат қилишга ҳақлидир.”

Ички ҳовли ва Маъбад

47 Сўнг ўша одам ички ҳовлини ўлчади. Ҳовли тўртбурчак шаклда, узунлиги ва эни 100 тирсакдан эди. Қурбонгоҳ Маъбаднинг олд тарафида эди.

48 Кейин у одам мени Маъбад айвонига олиб кириб, айвон остонасининг ён деворларини ўлчади. Ён деворларнинг қалинлиги 5 тирсак чиқди. Остонанинг эни 14 тирсак, остона ён деворларининг узунлиги 3 тирсак чиқди.

49 Айвоннинг узунлиги 20 тирсак, эни 12 тирсак эди. Айвонга ўн поғонали зинапоя олиб борар эди. Айвон остонасининг икки ён томонида биттадан устун бор эди.

Маъбад биноси

1 Кейин ўша одам мени Маъбаднинг асосий хонасига олиб кирди. У асосий хона эшигининг икки ён деворини ўлчади. Ён деворларнинг қалинлиги 6 тирсак чиқди.

2 Остонанинг эни 10 тирсак, остона икки ён деворларининг узунлиги 5 тирсакдан чиқди. Сўнгра ўша одам асосий хонани ўлчади. Хонанинг узунлиги 40 тирсак, эни 20 тирсак чиқди.

3 Кейин у асосий хонадан Маъбаднинг ички хонасига кириб, ички хона эшигининг ён деворларини ўлчади. Ён деворларнинг қалинлиги 2 тирсак чиқди. Остонанинг эни 6 тирсак, остона икки ён деворларининг узунлиги эса 7 тирсакдан чиқди.

4 Ўша одам ички хонани ҳам ўлчади. Ички хонанинг узунлиги билан эни бир хил — 20 тирсакдан чиқди. У менга: “Бу Энг муқаддас хона”, деб тушунтирди.

Маъбаддаги ён хоналар

5 Сўнг ўша одам Маъбад деворини ўлчади. Деворнинг эни 6 тирсак чиқди. Маъбаднинг ташқи деворига тақаб ён хоналар қурилган эди. Хоналарнинг узунлиги 7 тирсак эди.

6 Хоналар уч қават қилиб қурилган бўлиб, ҳар бир қаватда ўттизтадан хона бор эди. Маъбаднинг деворлари уч поғонали зина шаклида бўлиб, хоналарга таянч бўлиб хизмат қилар эди. Шу сабабдан Маъбад деворларининг ўзи бутун эди.

7 Маъбад деворининг қуйи қисми юқори қисмига нисбатан қалинроқ бўлгани учун тепадаги хоналар кенгроқ эди. Зинапоя орқали пастки қаватдан иккинчи қаватга, сўнг учинчи қаватга чиқилар эди.

8 Мен Маъбад атрофида баландлиги 6 тирсак бўлган пойдевор борлигини ҳам кўрдим. Ён хоналар мана шу пойдевор устига қурилган эди.

9 Ён хоналарнинг ташқи девори 5 тирсак қалинликда эди. Ён хоналар ва

10 ички ҳовлининг девори бўйлаб қурилган ҳужралар орасидаги масофа 20 тирсак эди. Маъбаднинг гир айланаси ҳовли эди.

11 Ён хоналарга иккита эшик орқали кирилар эди. Бир эшик шимол томонда, бошқаси жануб томонда жойлашган эди. Ён хоналар теварагида бўш қолган жойнинг эни 5 тирсак эди.

Ғарб томондаги иморат

12 Маъбад ҳовлисининг ғарб томонида катта бир иморат бор эди. Иморатнинг эни 70 тирсак, узунлиги 90 тирсак, деворларнинг қалинлиги 5 тирсак эди.

Маъбад мажмуасининг умумий ўлчамлари

13 Ўша одам Маъбаднинг узунлигини ўлчади. Маъбаднинг узунлиги 100 тирсак чиқди. Сўнг у Маъбаднинг орқа деворидан ғарбдаги иморатнинг орқа деворигача бўлган масофани ўлчади, масофа 100 тирсак чиқди.

14 Маъбаднинг олд томонидаги, яъни шарқ томондаги ҳовлининг эни ҳам 100 тирсак чиқди.

15 Сўнгра у одам ҳовлининг ғарбида жойлашган иморатнинг узунлигини ўлчади. Иморат ва унинг икки ён томонидаги хоналарнинг узунлиги 100 тирсак чиқди.

Маъбаднинг икир–чикирлари

Маъбаднинг айвони, асосий хонаси ва ички хонаси

16 ердан деразаларгача ёғоч билан қопланган эди. Маъбаднинг остоналари, панжарали деразалари ва ён хоналари ёғоч билан пардоз қилинган эди.

17 Маъбаднинг ичкаридаги ҳамма деворларига, эшикларнинг тепаларигача ўйма нақшлар солинганди.

18 Ҳамма деворларга карубларнинг суратлари ўйилган эди. Карубларнинг орасига пальма дарахтининг суратлари ҳам ўйилганди. Ҳар бир карубнинг иккитадан юзи бор эди.

19 Карубнинг инсон юзига ўхшаган юзи бир томондаги пальма дарахтига, шер юзига ўхшаган бошқа бир юзи бошқа томондаги пальма дарахтига қаратилган эди. Бундай суратлар Маъбаднинг ички деворининг гир айланасига,

20 ердан эшиклар устидаги деворларгача ўйилган эди.

21 Асосий хона эшигининг кесакиси тўртбурчак шаклида ясалган эди.

Ёғоч қурбонгоҳ

Энг муқаддас хонанинг рўпарасида

22 қурбонгоҳга ўхшаш бир нарса бор эди. Унинг бўйи 3 тирсак, узунлиги ва эни 2 тирсак эди. Бурчаклари, асоси ва ён томонлари ёғочдан ясалган эди. Ўша одам менга шундай деди: “Бу Эгамиз ҳузурида турадиган хонтахтадир.”

Эшиклар

23 Асосий хонанинг ва Энг муқаддас хонанинг эшиклари бор эди.

24 Эшикларнинг ҳар бири икки тавақали, йиғма эди.

25 Асосий хона эшикларининг юзасига девордагидай карублар ва пальма дарахтларининг суратлари ўйилган эди. Маъбад айвонининг олди томонига ёғоч бостирма қурилган эди.

26 Айвон ён деворларининг панжарали деразалари бор эди. Деворларга пальма дарахтининг суратлари ўйилган эди. Маъбаддаги ён хоналарнинг кираверишига ёғоч бостирмалар қурилганди.

Руҳонийларнинг муқаддас хоналари

1 Сўнг ўша одам мени ташқи ҳовлига олиб чиқиб, Маъбаднинг шимолидаги бир қатор хоналар олдига олиб борди. Бу хоналар Маъбаднинг ғарб томонидаги иморатга яқин жойлашган эди.

2 Уларнинг шимол томонидаги умумий узунлиги 100 тирсак, эни 50 тирсак эди.

3 Хоналар бир томони билан эни 20 тирсак бўлган ички ҳовлининг очиқ жойига, иккинчи томони билан Маъбаднинг тош ётқизилган ташқи ҳовлисига қараб турарди. Хоналар уч қават қилиб қурилган эди.

4 Хоналарнинг ички ҳовли томонида бир кенг йўлак бор эди. Бу йўлакнинг эни 10 тирсак, узунлиги 100 тирсак эди. Аммо хоналарнинг эшиклари шимол томонга очилар эди.

5 Учинчи қаватдаги хоналар, иккинчи қаватдагиларга, иккинчи қаватдаги хоналар эса биринчи қаватдагиларга қараганда торроқ эди. Шунинг ҳисобига юқори қаватдаги айвонлар кенгроқ эди.

6 Қуйи қаватдаги хоналар юқори қаватдаги хоналарга таянч бўлиб хизмат қилар эди. Шу сабабдан бу иншоот қурилмасида Маъбад ҳовлисидаги бошқа бинолардан фарқли равишда устунлардан фойдаланилмаган.

7 Бу хоналарни ташқи ҳовлидан девор ажратиб турар эди. Узунлиги 50 тирсак бўлган бу девор ташқи ҳовлидаги ҳужраларнинг давомига қурилган эди.

8 Ташқи ҳовлидаги ҳужраларнинг узунлиги 50 тирсак, ички ҳовлидаги бу хоналарнинг узунлиги эса 100 тирсак эди.

9 Бу хоналарга ташқи ҳовлидан кириш учун шарқдаги кираверишдан фойдаланилган.

10 Бу киравериш ҳовлининг девори бошланган жойда эди.

Жанубда ҳам очиқ жой ва хоналар бор эди, бу хоналар иморат рўпарасида эди.

11 Бу хоналарнинг олд томонида йўлакчаси бор эди. Хоналарнинг ҳажми, эшиклари, тузилиши ва кириш жойлари шимол томондаги хоналарники билан бир хил эди.

12 Бу хоналарга шарқ томондан ўша йўлакча орқали кирилар эди. Йўлакнинг бир томони девор эди.

13 У одам менга шундай деди: “Маъбаднинг шимол ва жануб томонига қурилган бу хоналар муқаддасдир. Бу хоналарда Эгамизнинг ҳузурига кирадиган руҳонийлар энг муқаддас назрларни тановул қиладилар. Дон назри, гуноҳ қурбонликлари ва айб қурбонликлари бу хоналарга қўйилади, чунки бу хоналар муқаддасдир.

14 Руҳонийлар Маъбадда хизмат қилиб бўлганларидан кейин, муқаддас либосларини бу хоналарда ечиб, бошқа кийим кийиб олишлари керак. Шундан кейингина ташқи ҳовлига — одамларнинг олдига чиқишлари мумкин.”

Маъбад ҳудудининг ўлчамлари

15 Ўша одам Маъбад ҳовлисидаги биноларни ўлчаб бўлгандан сўнг, мени шарқий дарвоза орқали ташқарига олиб чиқиб, Маъбад ҳовлисининг атрофидаги деворни ўлчай бошлади.

16 У чизғичи билан деворнинг шарқ томонини ўлчади, деворнинг узунлиги 500 тирсак чиқди.

17-19 Сўнг деворнинг шимол, жануб ва ғарб томонларини ўлчади. Деворнинг ҳамма томонлари 500 тирсак узунликда эди.20 Маъбад ҳудуди тўртбурчак шаклда эди. Бу девор муқаддас жойни оддий жойдан ажратиб турар эди.

Эгамиз Маъбадга қайтиб келади

1 Ўша одам мени шарқий дарвоза олдига олиб борди.

2 Бирданига мен шарқ томонда пайдо бўлган Исроил Худосининг улуғворлигини кўрдим. Худонинг овози шовуллаган денгиз товушига ўхшар эди. Унинг улуғворлигидан замин порлай бошлади.

3 Мен кўрган бу ваҳий, Худо Қуддусни вайрон қилиш учун келганда ва Кавор дарёси бўйида кўрган ваҳийларимга ўхшаб кетар эди. Мен мук тушдим.

4 Эгамизнинг улуғворлиги шарқий дарвоза орқали Маъбадга кирди.

5 Сўнг Руҳ мени оёққа турғизиб, ички ҳовлига олиб кирди. Эгамизнинг улуғворлиги Маъбадни тўлдирди.

6 Маъбадни ўлчаган одам ёнимда турганда, Маъбад ичидан менга бир овоз келди.

7 Ўша овоз менга деди: “Эй инсон, бу жой Менинг тахтимдир, оёғим остидаги пойандозимдир. Мен бу ерда, халқим Исроил орасида абадий яшайман. Улар ва уларнинг шоҳлари энди Мени бадном қилишмайди. Улар бошқа худоларга кўнгил боғлашмайди, ўлган шоҳларига ҳайкаллар ясашмайди.

8 Улар ўз саройларини муқаддас Маъбадимнинг ёнгинасига қуришган эди. Мени улардан биттагина девор ажратиб турар эди, холос. Улар қилган жирканч ишлари билан Мени бадном қилишди. Шунинг учун Мен ғазабланиб, уларни қириб ташладим.

9 Агар энди улар бегона худолардан воз кечиб, шоҳларига ўрнатган ҳайкалларни йўқ қилишса, Мен уларнинг орасида абадий яшайман.

10 Эй инсон, сен бориб Исроил халқига Маъбадимни тасвирлаб бер, улар Маъбаднинг лойиҳаси билан танишиб чиқишсин. Қилган гуноҳларидан пушаймон бўлишсин.

11 Қилмишларидан пушаймон бўлганларида сен уларга Маъбаднинг лойиҳасини: унинг жойлашиш тартибини, кириш–чиқишларини, тузилишини, қонун–қоидаларини батафсил тушунтириб бер. Лойиҳанинг чизмасини уларнинг олдида чизиб, барча қонун–қоидаларини ёзиб қўй, токи ҳаммасига риоя қилишсин.

12 Тоғ чўққисидаги Маъбад жойлашган ҳудуд муқаддас сақлансин. Бу Маъбаднинг асосий қоидаси бўлсин.

Маъбаддаги қурбонгоҳ

13 Маъбаддаги қурбонгоҳнинг ўлчамлари узун тирсак бўйича бўлсин. Яъни ҳар бир узун тирсак бир тирсагу тўрт энни ташкил қилиб, ўлчамлари қуйидагича бўлсин: қурбонгоҳ атрофидаги ариқчанинг чуқурлиги бир тирсак, эни ҳам бир тирсак, ариқча четининг баландлиги бир қарич.

14-17 Қурбонгоҳ уч қисмдан иборат бўлиши шарт. Ҳар бир қисм тўртбурчак шаклида бўлсин. Қурбонгоҳ қуйи қисмининг баландлиги ариқчанинг тубидан ўлчаганда икки тирсак, ҳар бир томонининг узунлиги ўн олти тирсак бўлсин. Иккинчи қисмининг баландлиги тўрт тирсак, ҳар бир томонининг узунлиги ўн тўрт тирсак бўлсин. Бу қисмнинг айланасига тарнов қилинсин. Тарновнинг эни ярим тирсак, тарнов четининг баландлиги бир тирсак бўлсин. Қурбонгоҳнинг юқори қисмида қурбонликлар куйдирилади. Бу қисмнинг баландлиги тўрт тирсак, ҳар бир томонининг узунлиги ўн икки тирсак бўлсин. Унинг тўртала бурчагидан шохлар чиқиб турсин. Қурбонгоҳга шарқ томондан, зинапоялар орқали чиқиладиган бўлсин.”

Қурбонгоҳни муқаддас қилиш маросими

18 Сўнг Эгамиз менга деди: “Эй инсон, Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, қурбонликларни куйдириш ва қон сепиш учун қурбонгоҳни қурганингиздан кейин қуйидаги қоидаларга риоя қилинглар:

19 Менинг ҳузуримда фақат Зодўх наслидан бўлган леви руҳонийлари хизмат қилишсин. Сен уларга гуноҳ қурбонлиги учун бир буқани бер, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

20 — Сен ўша буқанинг қонидан олиб, қурбонгоҳнинг тўртта шохига, қурбонгоҳ ўрта қисмининг тўртала бурчагига ва четларга суртиб чиқ. Шу йўсин сен қурбонгоҳни поклаб, муқаддас қиласан.

21 Буқанинг жасадини эса Маъбаддан ташқарига, махсус ажратилган жойга олиб чиқиб куйдир.

22 Кейинги куни гуноҳ қурбонлиги сифатида нуқсонсиз такани келтир. Қурбонгоҳни буқанинг қони билан қандай поклаган бўлсанг, таканинг қони билан ҳам худди шундай покла.

23 Қурбонгоҳни поклаганингдан сўнг, нуқсонсиз буқа ва қўчқорни

24 Менинг ҳузуримга келтир. Руҳонийлар бу жониворларнинг устига туз сочиб, уларни Менга атаб қурбонлик қилиб куйдиришсин.

25 Ҳар куни, етти кун давомида бир такани гуноҳ қурбонлиги қил. Бундан ташқари, бир буқа ва бир қўчқорни қурбонлик учун келтир. Жониворлар нуқсонсиз бўлиши шарт.

26 Ўша етти кун давомида руҳонийлар қурбонгоҳни поклаб, муқаддас қилишсин. Шундай қилиб, уни Менинг хизматимга бағишласинлар.

27 Саккизинчи кундан бошлаб, улар ҳар куни ўша қурбонгоҳда тинчлик ва куйдириладиган қурбонликларини келтиришсин. Шунда Мен сизлардан мамнун бўламан.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

Шарқий дарвоза биносининг вазифаси

1 Ўша одам мени Маъбаднинг шарқ томонидаги ташқи дарвоза биноси ёнига олиб борди. Бироқ дарвоза ёпиқ эди.

2 Эгамиз менга шундай деди: “Бу дарвоза доим ёпиқ турсин, уни оча кўрманглар. Бирорта одам бу дарвозадан фойдаланмасин. Мен, Исроил халқининг Худоси — Эгангиз, бу дарвозадан кирганим учун, у ёпиқлигича қолсин.

3 Фақатгина ҳукмдорингиз шу дарвоза биносининг ичида ўтириб, Менинг ҳузуримда муқаддас таомни тановул қилиши мумкин. Дарвоза биносига у даҳлиз орқали кириб, яна ўша йўл билан чиқиб кетади.”

Маъбаднинг кириш жойига оид қоидалар

4 Сўнг ўша одам мени шимолий дарвоза орқали Маъбад олдига олиб борди. Воажабо! Эгамизнинг улуғворлиги Маъбадни тўлдирганини кўрдим! Мен мук тушдим.

5 Эгамиз менга деди: “Эй инсон, гапларимни қулоғингга қуйиб ол. Мен сенга Маъбадимнинг қонун–қоидаларини тушунтираман. Маъбадга ким кириши мумкин–у, ким кириши мумкин эмаслигини яхшилаб эслаб қол.

6 Исёнкор Исроил халқига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: жирканч ишларингизни бас қилинглар!

7 Қурбонликларнинг қони ва ёғи Менга тақдим қилинаётган пайтда, сизлар юраги ва танаси суннат қилинмаган мусофирларни даргоҳимга олиб кириб, Маъбадимни булғадингиз. Жирканч одатларингиз билан аҳдимни буздингиз.

8 Муқаддас назрларимга оид талабларимни бажармай, мусофирларни Маъбадимдаги хизматга тайинладингиз.

9 Эгамиз Раббий шундай демоқда: юраги ва танаси суннат қилинмаган биронта мусофир Маъбадимга кирмайди. Бу Исроил халқи орасида яшаган ҳамма мусофирларга тааллуқлидир.»”

Левилар руҳонийлик вазифасидан четлаштирилади

10 Эгамиз менга деди: “Исроил халқи ҳақ йўлдан озганда, баъзи бир левилар ҳам Мендан юз ўгириб, бутларга сиғина бошлаган эдилар. Бунинг учун Мен уларни жазосиз қолдирмайман.

11 Улар Маъбадимда хизмат қилаверадилар: дарвозабонлар бўладилар, Маъбад ичида хизмат қиладилар. Куйдириладиган ва бошқа қурбонликлар учун келтирилган ҳайвонларни сўядилар, Маъбадга келган одамларга хизмат қиладилар.

12 Аммо улар бутларга сажда қилган Исроил халқига хизмат қилиб, халқни гуноҳга ботирганлари учун, Мен, Эгангиз Раббий, қасам ичиб айтаманки, улар ўз жазосини тортадилар.

13 Мен уларни руҳонийликдан четлаштираман. Улар энди на ҳузуримга кирадилар, на муқаддас нарсаларимга, на энг муқаддас назрларимга қўл теккизадилар. Жирканч одатлари учун тортадиган жазоси шу бўлади, улар иснодга қоладилар.

14 Шунга қарамай, Маъбаддаги ҳамма юмушларни бажараверадилар.

Руҳонийлар

15 Исроил халқи Мендан юз ўгирганда, Зодўх наслидан бўлган леви руҳонийлари Маъбадимдаги хизматларини садоқат билан бажариб келдилар. Шундай экан, улар доимо Менинг хизматимда бўладилар. Ҳузуримда туриб, қурбонликларнинг қонини ва ёғини Менга тақдим қиладилар, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

16 — Маъбадимга кирадиган, дастурхоним ёнига бориб, Менга хизмат қиладиган ўшалардир. Улар Менинг талабларимни бажаришлари шарт.

17 Руҳонийлар Маъбаднинг ички ҳовлисига кирганларида эгниларига зиғир матосидан тикилган либосларни кийиб олишсин. Маъбад ичкарисида ёки ички ҳовлида хизмат қилганларида устиларида биронта жунли кийим бўлмасин.

18 Бошларига зиғир салла ўраб, ичларидан зиғир иштон кийиб олишсин. Терлатадиган бирорта кийим кийишмасин.

19 Ташқи ҳовлига, халойиқ олдига чиқишларидан олдин хизмат вақтида кийган кийимларини ечиб, муқаддас ҳужраларда қолдиришсин. Устиларига бошқа кийимларни кийиб олишсин, токи халқ муқаддас кийимларга қўл теккизмасин.

20 Руҳонийлар сочларини ўз вақтида калталатиб туришсин. Соч қирдириш ва соч ўстириш уларга ман этилган.

21 Ички ҳовлига киришларидан олдин шароб ичишмасин.

22 Бева ёки эридан ажрашган аёлга уйланишмасин. Ўз никоҳига фақат Исроил халқидан бўлган бокира қизни ёки бошқа руҳонийнинг бевасини олишсин.

23 Руҳонийлар халқимга муқаддас ва оддий нарсанинг фарқини, ҳалол билан ҳаромнинг фарқини ўргатишсин.

24 Халқимга қози бўлишсин, арзларни қонунларимга мувофиқ ҳал этишсин. Мен тайин этган байрамларга оид қонун ва фармонларимга риоя қилишсин. Шаббат кунини муқаддас сақлашсин.

25 Руҳоний марҳумга яқинлашиб булғанмасин. Вафот этган одам руҳонийнинг отаси, онаси, фарзанди, ака–укаси ёки турмуш қурмаган опа–синглиси бўлсагина, руҳоний марҳумга яқинлашиб, булғаниши мумкин.

26 Бундай ҳолларда у покланиш маросимини адо этиши шарт. Етти кундан кейин

27 Маъбаднинг ички ҳовлисига кириб, покланиш қурбонлигини келтирсин. Шундан кейингина у Маъбадда яна хизмат қила олади.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

28 Эгамиз менга деди: “Руҳонийларга Исроил халқи орасидан ҳеч қандай улуш берилмасин. Уларнинг мулки ҳам, улуши ҳам Менман.

29 Дон назри, гуноҳ ва айб қурбонликлари уларнинг ризқидир. Исроил халқи Менга атаган ҳар бир нарса руҳонийларга тегишли бўлсин.

30 Илк ҳосилнинг ва ҳамма назрларнинг энг яхшиси руҳонийларники бўлсин. Хамирнинг биринчи зуваласидан ёпилган нонни руҳонийларга назр қилиб беринглар, шунда хонадонингиздан барака аримайди.

31 Ҳаром ўлган ёки ёввойи ҳайвон ғажиган жониворнинг гўштини тановул қилиш руҳонийларга тақиқланган.”

Эгамизнинг Исроилдаги улуши

1 Эгамиз деди: “Исроил қабилаларига ерни бўлиб бераётганингизда, Мен, Эгангизга тегишли қисмини ҳам ажратиб қўйинглар. Менга ажратилган ҳудуднинг узунлиги 25.000 тирсак, эни 20.000 тирсак бўлсин. Бутун ҳудуд табаррук ҳисоблансин.

2 Ҳудуднинг 500 тирсакка 500 тирсак бўлган тўртбурчак ери Маъбад учун ажратилади. Унинг атрофи 50 тирсак масофада очиқ жой бўлади.

3-4 Табаррук ҳудуднинг ярми муқаддас масканда Менга хизмат қилган руҳонийларга қарашли бўлади. Узунлиги 25.000 тирсак, эни 10.000 тирсак бўлган ҳудуднинг бу қисмида руҳонийларнинг уйлари ва Маъбад жойлашади. Бу энг муқаддас жой бўлади.

5 Табаррук ҳудуднинг иккинчи ярми Маъбаддаги юмушларни бажараётган левиларга қарашли бўлади. Улар яшайдиган шаҳарлар шу ерда жойлашади.

6 Табаррук ҳудуднинг ёнига узунлиги 25.000 тирсак, эни 5000 тирсак бўлган ерни қўшинглар. Бу ерда шаҳар жойлашади. Исроил халқидан бўлган ҳар қандай одам келиб, бу шаҳарда яшаса бўлади.

Ҳукмдорнинг ерлари

7 Тахтда ўтирган ҳукмдорга алоҳида ер берилсин. Унга бериладиган ернинг бир қисми табаррук ҳудуднинг ғарбий чегарасидан Ўрта ер денгизигача чўзилсин. Иккинчи қисми табаррук ҳудуднинг шарқий чегарасидан Иордан дарёсигача чўзилсин. Демак, ҳукмдорга қарашли ернинг узунлиги Исроил қабилаларига ажратилган ернинг узунлиги билан бир хил бўлади.

8 Бу ҳукмдорнинг улушидир. Бундан буён ҳукмдорлар халқимга зулм ўтказмайдилар, Исроил қабилалари ўз ерларига ўзлари эгалик қиладилар.

Ҳукмдорга оид қоидалар

9 Исроил ҳукмдорларига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: зўравонлигу зулмингизни бас қилинг! Адолату тўғрилик ила иш тутинг. Халқимни ўз еридан маҳрум қилманг, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

10 — Доим тўғри ўлчовни ва тўғри тарозини ишлатинг:

11 сочилувчан қуруқ нарсаларни ўлчаш учун эфа ўлчов бирлигидан фойдаланинг, суюқ нарсаларни ўлчаш учун бат ўлчов бирлигидан фойдаланинг. Эфа ва батнинг ҳажми бир хил бўлсин. Эфа ҳам, бат ҳам ҳўмрнинг ўндан бир қисмини сиғдирсин.

12 Оғирлик бирлиги сифатида шақални ишлатинг. Бир шақал 20 герага, бир мина 60 шақалга тўғри келсин.»

13 Ҳукмдорга қуйидаги миқдорда солиқ тўлансин:

Буғдой ҳосилининг олтмишдан бир қисми.

Арпа ҳосилининг олтмишдан бир қисми.

14 Зайтун мойининг бир фоизи. (Зайтун мойини ўлчаш учун бат ўлчов бирлигидан фойдаланинг. Ўн бат бир корга, яъни бир ҳўмрга тўғри келади.)

15 Сурувдаги икки юзта қўйдан бири.

Булар дон назри, куйдириладиган ва тинчлик қурбонликлари сифатида халқни гуноҳларидан поклаш учун келтирилади, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

16 — Бутун Исроил халқи бу назрларни ҳукмдорга бериши лозим.

17 Ҳукмдор янги ой шодиёнасида, Шаббат ва бошқа байрамларда келтириладиган қурбонликлару назрлар учун ҳайвонларни, дон ва шаробни таъминлаб бериши шарт. Исроил халқини гуноҳларидан поклаш учун келтириладиган гуноҳ, тинчлик ва куйдириладиган қурбонликлар ҳамда дон назри учун ҳукмдор масъулдир.”

Байрамлар

18 Эгамиз Раббий менга деди: “Биринчи ойнинг биринчи кунида Маъбадни поклаш учун нуқсонсиз бир буқани қурбонлик қил.

19 Руҳоний бу гуноҳ қурбонлигининг қонидан олиб, Маъбад эшикларининг кесакисига, қурбонгоҳнинг тўрт бурчагига ва ички ҳовли дарвозаларининг ёндорларига суртсин.

20 Биринчи ойнинг еттинчи куни ҳам худди шундай қилсин ва шу йўл билан халқнинг билмай қилган гуноҳларини ювсин. Шунда Маъбад пок бўлади.”

21 Сўнг Эгамиз деди: “Биринчи ойнинг ўн тўртинчи кунидан бошлаб, Фисиҳ зиёфатини ва етти кун давомида Хамиртурушсиз нон байрамини нишонланглар. Ўша вақт давомида хамиртурушсиз нон енглар.

22 Байрамнинг биринчи кунида ҳукмдор ўзининг ва бутун халқнинг гуноҳлари учун бир буқани гуноҳ қурбонлиги қилиб, олиб келсин.

23 У байрамнинг етти куни давомида Менга куйдириладиган қурбонлик учун ҳар куни еттитадан буқа ва еттитадан нуқсонсиз қўчқор етказиб берсин. Бундан ташқари, ҳар куни гуноҳ қурбонлиги учун биттадан така берсин.

24 Қурбонлик қилинадиган ҳар бир буқа ва ҳар бир қўчқор билан бирга бир тоғора дон ва саккиз коса зайтун мойини берсин.

25 Еттинчи ойнинг ўн бешинчи кунида бошланадиган Чайла байрами учун ҳам, етти кун давомида келтириладиган гуноҳ қурбонликлари, куйдириладиган қурбонликлар, дон ва зайтун назрларини етказиб турсин.”

Ҳукмдор ва байрамларга оид қонунлар

1 Эгамиз Раббий менга деди: “Ички ҳовлининг шарқий дарвозаси ҳафтанинг олти куни давомида ёпиқ турсин, Шаббат куни ва янги ой шодиёнаси куни очилсин.

2 Ҳукмдор ташқи ҳовлидан бу дарвоза биносининг даҳлизига кириб, даҳлизнинг эшигида турсин. Руҳоний куйдириладиган ва тинчлик қурбонликларини келтираётганда, ҳукмдор даҳлиз остонасида туриб Худога сажда қилсин. Сўнг келган йўли билан чиқиб кетсин. Дарвоза кечгача очиқ турсин.

3 Ҳар Шаббат ва янги ой шодиёнаси куни Исроил халқи бу дарвоза олдида туриб, Мен, Эгангизга сажда қилсин.

4 Ҳар Шаббат куни ҳукмдор куйдириладиган қурбонлик учун олтита нуқсонсиз қўзини ва битта нуқсонсиз қўчқорни Менга атаб, олиб келсин.

5 Қўчқор билан бирга бир тоғора донни назр қилсин. Қурбонлик қилинадиган ҳар бир қўзи билан бирга хоҳлаган миқдорда дон назр қилсин. Ҳар бир тоғора дон билан бирга саккиз коса зайтун мойини назр қилсин.

6 Янги ой шодиёнаси куни битта нуқсонсиз бузоқ, олтита нуқсонсиз қўзини ва битта нуқсонсиз қўчқорни олиб келсин.

7 Менга аталган ҳар бир бузоқ ва қўчқор билан бирга бир тоғорадан дон назр қилсин. Қўзилар билан бирга эса хоҳлаган миқдорда дон назр қилсин. Ҳар бир тоғора дон билан бирга саккиз коса зайтун мойини назр қилсин.

8 Ҳукмдор ичкарига кирганда, дарвоза биносининг даҳлизи орқали кирсин ва яна ўша йўл билан қайтиб чиқсин.

9 Белгиланган байрамларда одамлар Мен, Эгангизга сажда қилгани келадилар. Шунда улар бир дарвозадан кириб, қаршисидаги дарвозадан чиқиб кетишлари шарт. Маъбад ҳовлисига шимолий дарвозадан кирганлар жанубий дарвоза орқали чиқишсин. Жанубий дарвозадан кирганлар шимолий дарвозадан чиқишсин.

10 Ҳукмдор халқ билан бирга кириб, халқ билан бирга чиқиб кетсин.

11 Шундай қилиб, байрамларда ва белгиланган тантаналарда қурбонлик қилинадиган ҳар бир бузоқ ва қўчқор билан бирга бир тоғорадан дон назр қилинади. Қурбонлик қилинадиган қўзилар билан бирга хоҳлаган миқдорда дон назр қилиниши мумкин. Ҳар бир тоғора дон билан бирга саккиз коса зайтун мойи назр қилинади.

12 Ҳукмдор кўнгилдан чиқариб берадиган тинчлик ёки куйдириладиган қурбонликни Мен, Эгангизга келтирмоқчи бўлганда, у учун ички ҳовлининг шарқий дарвозаси очилсин. Бу қурбонликларини у Шаббат кунида келтирадиган қурбонликларга ўхшаб тақдим қилсин, дарвоза биносидан чиқиб кетганидан сўнг дарвоза беркитилсин.

Кундалик назрлар

13 Ҳар куни эрталаб нуқсонсиз бир ёшли қўзини Мен, Эгангизга қурбонлик қилиб, куйдиринглар.

14 Бу билан бирга, ҳар куни эрталаб дон назрини келтиринглар. Дон назри олти коса сифатли ундан ва ун билан аралаштириладиган уч коса зайтун мойидан иборат бўлсин. Кундалик қурбонлик ва назрларга оид бу қоидага доимий равишда риоя қилинглар.

15 Хуллас, ҳар куни эрталаб Менга қўзини, донни ва зайтун мойини куйдириладиган қурбонлик қилиш учун олиб келинглар. Бу сизлар учун абадий қоида бўлсин.”

Ҳукмдорнинг ерларига оид қонунлар

16 Эгамиз Раббий менга деди: “Агар ҳукмдор бирор ўғлига ерини совға қилса, совға қилинган ер ўша ўғлининг абадий мероси бўлиб қолади.

17 Борди–ю, ҳукмдор ерини бирор хизматкорига совға қилса, хизматкор совға қилинган ерга Қутлуғ йилгача эгалик қила олади. Қутлуғ йилда ер ҳукмдорга қайтади. Ҳукмдор ерларини фақатгина ўз ўғилларига мерос қилиб бериши мумкин.

18 Бошқа одамларнинг ерларини тортиб олиш унга тақиқланади. У ўғилларига фақат ўзининг қарамоғида бўлган ерлардан мерос берсин, халқимни ўз еридан маҳрум қилмасин.”

Маъбад ошхонаси

19 Сўнг ўша одам мени дарвоза ёнидаги йўл орқали шимол томондаги руҳонийларнинг муқаддас хоналари олдига бошлаб борди. Ўша ердан у менга ғарбдаги, энг четдаги бир жойни кўрсатиб,

20 деди: “Анави — ошхона. Руҳонийлар у ерда айб ва гуноҳ қурбонликларининг гўштини қайнатадилар, назр қилинган доннинг унидан нон ёпадилар. Бу муқаддас назрларни ташқи ҳовлига олиб чиқмаслик учун ва халқ муқаддас назрларга қўл теккизмаслиги учун ошхона айнан шу ерда жойлашган.”

21 Сўнг у мени яна ташқи ҳовлига олиб чиқиб, ҳовлининг тўрт бурчагида жойлашган ошхоналарни кўрсатди.

22 Усти очиқ бу тўртала ошхона бир хил: узунлиги 40 тирсак, эни 30 тирсак эди.

23 Ошхона деворлари бўйлаб ўчоқлар қурилган эди.

24 Ўша одам менга шундай деди: “Бу ошхоналар Маъбадда хизмат қиладиганлар учун мўлжалланган. Улар бу ерда халқ келтирган қурбонликлар гўштини қайнатадилар.”

Маъбаддан оқиб чиққан ирмоқ

1 Ўша одам мени Маъбаднинг эшиги ёнига олиб борди. Қарасам, Маъбад остонасидан бир ирмоқ оқиб чиқаётган экан. Остонанинг жануб томонидан чиққан бу ирмоқ қурбонгоҳнинг жанубидан ўтиб, шарққа оқаётган эди.

2 Сўнг ўша одам мени шимолий дарвоза орқали ташқарига олиб чиқди. Биз айланиб, Маъбаднинг шарқий дарвозаси ёнига бордик. Ирмоқ шарқий дарвозанинг жануб томонидан жилдираб оқиб чиқаётган эди.

3 Ўша одам қўлидаги арқон билан шарқ томонга оқаётган бу ирмоқнинг узунлигини ўлчай бошлади. У 1000 тирсак ўлчаб бўлгандан сўнг, менга ирмоқдан кечиб ўтишимни буюрди. Ўша ердаги сув тўпиғимгача келар эди.

4 Сўнг яна 1000 тирсак ўлчаб, ирмоқдан кечиб ўтишимни буюрди. Бу сафар сув тиззамгача чиқди. Кейинги 1000 тирсак масофадан сўнг сув белимгача чиқди.

5 Сўнг у одам яна 1000 тирсак ўлчади, бу ерда ирмоқ ўтиб бўлмайдиган бир дарёга айланган эди. Дарё шу қадар чуқур эдики, уни фақат сузиб ўтса бўлар эди.

6 Шунда у одам менга: “Эй инсон, кўрган бу нарсани доим ёдингда тут”, — деди–да, мени қирғоққа бошлаб кетди.

7 Қирғоққа чиққанимиздан сўнг, мен дарёнинг икки томонида ўсаётган жуда кўп дарахтларни кўрдим.

8 Одам менга деди: “Бу дарё саҳро орқали Иордан водийсига оқиб, Ўлик денгизга қуйилади. Шунда Ўлик денгизнинг шўр сувлари ширин бўлади.

9 Дарё оқиб борган ҳамма жойда судралувчилар яшайди, балиқлар тўлиб–тошади. Ширин бўлган бу сувлар оқиб ўтган ҳамма жойда ҳаёт бошланади.

10 Одамлар Ўлик денгизнинг қирғоқларида туриб балиқ тутишади, Эн–Гедидан Эн–Эхлайимгача бўлган жойда тўрларини қуритишади. Ўрта ер денгизидаги каби, балиқларнинг тури кўп бўлади.

11 Бироқ ботқоқликлар билан халқобларнинг сувлари янгиланмайди. Улар туз манбаи бўлиб қолади.

12 Дарёнинг икки томонида турли хил мевали дарахтлар ўсади. Улар ҳар ойда янги мевалар тугади, барглари ҳеч қачон сўлимайди. Маъбаддан чиққан сув уларни суғоргани учун улар ҳеч қачон ҳосилдан қолмайди. Уларнинг мевалари озуқа бўлади, барглари шифо келтиради.”

Юртнинг чегаралари

13 Сўнг Эгамиз Раббий шундай деди: “Юртни Исроилнинг ўн икки қабиласига бўлиб бераётганингизда қуйидаги кўрсатмаларга риоя қилинглар: Юсуф авлодларига икки улуш ер берилсин.

14 Мен ота–боболарингизга онт ичиб, ваъда қилган бу ерни қабилалар орасида тенг бўлинглар. Бу ер сизнинг мулкингиз бўлади.

15 Шимолий чегарангиз Ўрта ер денгизидан бошланиб, шарққа — Хетлон шаҳри томон боради, сўнг Лево–Хомат орқали ўтиб, Задод шаҳригача давом этади.

16 Кейин Дамашқ ва Хомат оралиғидаги Барўтах ва Сиврайим шаҳарларигача бориб, Хаврон чегарасидаги Хазер–Хатиконгача чўзилади.

17 Шундай қилиб, шимолий чегарангиз Ўрта ер денгизидан шарқдаги Хазор–Энан шаҳригача боради. Хазор–Энан шаҳри жанубдаги Дамашқ ва шимолдаги Хомат ҳудудлари орасида жойлашган.

18 Шарқий чегара Хаврон ва Дамашқ ҳудудлари орасида бошланиб, Исроил ва Гилад ерлари ўртасидан оқиб ўтган Иордан дарёси бўйлаб боради. Ўлик денгиздан ҳам ўтиб, жанубдаги Тамар шаҳригача етиб боради. Мана шу шарқий чегарадир.

19 Жанубий чегара Тамар шаҳридан бошланиб, Кадешдаги Марива сувларигача боради, кейин Миср чегарасидаги ирмоқ бўйлаб бориб, Ўрта ер денгизигача етади. Бу жанубий чегарадир.

20 Ўрта ер денгизининг қирғоғи ғарбий чегарани ташкил қилиб, Лево–Хоматнинг ғарбдаги шимолий чегараси бошланган жойигача боради.

21 Бу ерларни Исроил қабилаларига бўлиб беринглар.

22 Улар бу ерларни қуръа бўйича мерос қилиб олсинлар. Болалари Исроилда туғилган орангиздаги мусофирларга ҳам ерингиздан улуш беринглар. Уларни Исроилнинг маҳаллий аҳолиси деб билинглар. Уларга ўзингиз қатори Исроил қабилалари орасидан ерни мулк қилиб беринглар.

23 Улар қайси қабила орасида яшашса, ўша қабила ҳудудидан ер олишсин.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

Ер қабилалар орасида бўлинади

1 Эгамиз деди: “Қуйида Исроил қабилаларининг номлари ва уларнинг улуш қилиб олган ерлари қайд этилган. Дан қабиласининг ҳудуди Исроил юртининг шимолида жойлашган. Унинг чегараси Хетлон йўли бўйлаб Лево–Хоматга, сўнг Хазор–Энанга боради. Хазор–Энан шаҳри жанубдаги Дамашқ ва шимолдаги Хомат ҳудудлари орасида жойлашган. Дан қабиласининг ҳудуди Исроил юртининг ғарбий чегарасидан шарқий чегарасигача чўзилади.

2 Дан қабиласи ҳудудидан жанубда Ошер қабиласи жойлашади, унинг ҳудуди ҳам Исроил юртининг ғарбий чегарасидан шарқий чегарасигача чўзилади.

3 Ошер ҳудудидан жанубда Нафтали қабиласи жойлашади, уларнинг ҳудуди ҳам ғарбдан шарққача чўзилади.

4-7 Нафталидан жанубда Манаше қабиласи, Манашедан жанубда Эфрайим, сўнг Рубен, сўнг Яҳудо қабилалари жойлашади. Ҳамма қабилаларнинг ҳудудлари Исроил юртининг ғарбий чегарасидан шарқий чегарасигача чўзилади.

Махсус ажратилган ер

8 Яҳудо ҳудудидан жанубда махсус ажратилган ер бўлади. Бу ернинг ғарбдан шарққа чўзилган узунлиги ҳар бир қабилага ажратилган ернинг узунлиги билан тенг, яъни ғарбдаги Ўрта ер денгизидан то шарқдаги Иордан дарёсигача бўлади. Шимолдан жанубга чўзилган эни эса 25.000 тирсак бўлади. Бу махсус ажратилган ернинг ўртасида Маъбад жойлашади.

9 Бу ҳудуднинг бир қисми Мен, Эгангизга ажратилган бўлиб, ғарбдан шарққа 25.000 тирсакни, шимолдан жанубга 20.000 тирсакни ташкил қилади.

10 Мен бу муқаддас еримнинг ярмини руҳонийларга бераман. Уларга ажратилган ернинг ғарбдан шарққа бўлган узунлиги 25.000 тирсак, шимолдан жанубга чўзилган эни 10.000 тирсак бўлади. Руҳонийларга ажратилган ернинг марказида Менинг Маъбадим жойлашади.

11 Бу ер фақат Зодўх авлодидан тайинланган руҳонийларга тегишли бўлади, чунки улар Менинг талабларимни бажардилар. Исроил халқи ва бошқа левилар Мендан юз ўгирганларида, улар Мендан юз ўгирмадилар.

12 Менга ажратилган ҳудуднинг энг муқаддас жойи руҳонийларнинг махсус улуши бўлади. Руҳонийларнинг бу ери левиларнинг ерларига туташган бўлади.

13 Мен муқаддас еримнинг иккинчи ярмини левиларга бераман. Уларга бериладиган ернинг ғарбдан шарққа бўлган узунлиги 25.000 тирсак, шимолдан жанубга чўзилган эни 10.000 тирсак бўлади. Хуллас, руҳоний ва левиларга бериладиган ернинг умумий узунлиги 25.000 тирсак, эни 20.000 тирсак бўлади.

14 Бу ерни сотиш, айирбошлаш ёки бировнинг номига ўтказиш қатъиян ман этилади. Ахир, бу ер Меники, у муқаддасдир.

15 Менга ажратилган ердан жанубда шаҳарга қарашли ерлар бўлади. Бу ернинг ғарбдан шарққа бўлган узунлиги 25.000 тирсак, шимолдан жанубга чўзилган эни 5000 тирсак бўлиб, бу ерларда одамларнинг уйлари ва яйловлари бўлади. Шаҳар ўша ернинг марказида жойлашади.

16 Шаҳарнинг эни ва узунлиги бир хил 4500 тирсак бўлади.

17 Шаҳар ҳар томондан эни 250 тирсак бўлган яйловлар билан ўралган бўлади.

18 Шаҳардан ортиб қолган ғарбдаги ва шарқдаги 10.000 тирсакка 5000 тирсак бўлган ер майдони далалар учун мўлжалланган. У ерда шаҳардаги ишчилар учун озуқа етиштирилади.

19 Шаҳарда яшайдиган ҳар қандай одам, қайси қабиладан бўлмасин, ўша далаларга экин экиши мумкин.

20 Демак, махсус ажратилган ер тўртбурчак шаклда, ҳар бир томони 25.000 тирсак узунликда бўлади. Бу ер муқаддас ерларни ва шаҳар қарамоғидаги ерларни ўз ичига олади.

21 Махсус ажратилган ернинг ғарб ва шарқ томонидаги ортган ерлар Исроил ҳукмдорига қарашли бўлади. Ҳукмдорнинг шарқдаги ерлари Иордан дарёсига, ғарбдаги ерлари Ўрта ер денгизига бориб тақалади. Ғарбдаги ернинг ҳам, шарқдаги ернинг ҳам узунлиги 25.000 тирсак бўлади. Уларнинг ўртасида Менинг муқаддас улушим, Маъбадим,

22 Левиларнинг улуши ва Қуддус шаҳри жойлашади. Ҳукмдорнинг ерлари шимолда Яҳудо қабиласининг ерларига, жанубда Бенямин қабиласининг ерларига чегарадош бўлади.

Жанубдаги қабилаларнинг ерлари

23 Қолган қабилаларга қуйидаги ерлар улуш қилиб берилади: махсус ажратилган ердан жанубда Бенямин қабиласининг ҳудуди бўлиб, Исроил юртининг шарқий чегарасидан ғарбий чегарасигача чўзилади.

24 Бенямин ҳудудидан жанубда Шимўн қабиласининг ҳудуди бўлиб, юртнинг шарқий чегарасидан ғарбий чегарасигача чўзилади.

25 Шимўн ҳудудидан жанубда Иссахор қабиласининг ҳудуди бўлиб, шарқий чегарадан ғарбий чегарагача чўзилади.

26 Иссахор ҳудудидан жанубда Забулун қабиласининг ҳудуди бўлиб, шарқий чегарадан ғарбий чегарагача чўзилади.

27 Забулун ҳудудидан жанубда Гад қабиласининг ҳудуди бўлиб, шарқий чегарадан ғарбий чегарагача чўзилади.

28 Гад ҳудудининг жанубий чегараси Тамар шаҳридан то Кадешдаги Марива сувларигача боради, кейин Миср чегарасидаги ирмоқ бўйлаб ўтиб, Ўрта ер денгизигача етади.

29 Шундай қилиб, Исроил юрти ўн икки қабилага бўлиб берилади, олган ерлари уларнинг улуши бўлади.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

Қуддус дарвозалари

30 Эгамиз деди: “Шаҳарнинг дарвозалари қуйидагича бўлсин: шаҳарнинг шимолий девори 4500 тирсак узунликда бўлиб,

31 унинг учта дарвозаси бўлади. Шаҳар дарвозаларига Исроил қабилаларининг номлари берилади. Бу томондаги дарвозаларнинг номлари Рубен, Яҳудо ва Леви бўлади.

32 Шарқий деворнинг узунлиги ҳам 4500 тирсак бўлади, унинг учта дарвозаси Юсуф, Бенямин ва Дан қабилалари номлари билан аталади.

33 Жанубий деворнинг узунлиги ҳам 4500 тирсак бўлади, унинг учта дарвозаси Шимўн, Иссахор ва Забулун деб номланади.

34 Ғарбий деворнинг узунлиги ҳам 4500 тирсак бўлади, унинг учта дарвозаси Гад, Ошер ва Нафтали деб номланади.

35 Шаҳарни ўраб турган деворнинг умумий узунлиги 18.000 тирсак бўлади. Ўша вақтдан бошлаб шаҳарнинг номи «Эгамиз шу ердадир» бўлади.”