Ҳакамлар

Ҳакамлар

Яҳудо ва Шимўн қабилалари Одонивазахни қўлга оладилар

1 Ёшуанинг ўлимидан сўнг, Исроил халқи Эгамиздан: “Канъон халқига қарши жанг қилиш учун орамиздан ким биринчи бўлиб чиқсин?” деб сўради.

2 “Яҳудо қабиласи чиқсин, — деди Эгамиз. — Мен бу юртни уларнинг қўлига беряпман.”

3 Шунда Яҳудо қабиласи қардоши бўлган Шимўн қабиласига шундай деди: “Келинглар, биргаликда бизга улуш бўлиб тушган ерга борайлик. Ўша ерда биргалашиб Канъон халқига қарши жанг қилайлик. Кейин биз ҳам сизларга тушган улушга эргашиб борамиз.” Шундай қилиб, Шимўн қабиласи улар билан бирга борди.

4 Яҳудо қабиласи жангга чиқди. Канъон ва Париз халқларини Эгамиз уларнинг қўлига бергани учун, улар Базах шаҳрида ўн мингта душманни қириб ташлашди.

5 Ўша ерда шоҳ Одонивазахга дуч келишди, унга ҳужум қилиб, Канъон ва Париз халқларини мағлуб этишди.

6 Одонивазах қочди, аммо улар унинг кетидан қувиб, қўлга олишди ва оёқ–қўлларининг бош бармоқларини чопиб ташлашди.

7 Шунда Одонивазах деди: “Оёқ–қўлларининг бош бармоқлари чопиб ташланган етмишта шоҳ дастурхонимдан тушган ушоқларни териб юришар эди. Мен ўша шоҳларнинг бошига солган не–не кунларни Худо қайтариб ўз бошимга солди.” Исроил одамлари Одонивазахни Қуддусга олиб боришди, у ўша ерда жон берди.

Яҳудо қабиласи Қуддус билан Хевронни қўлга киритади

8 Кейин Яҳудо қабиласи Қуддусга ҳужум қилиб, шаҳарни қўлга киритди. Улар у ердагиларни қиличдан ўтказиб, шаҳарга ўт қўйишди.

9 Сўнг эса қирларда, ғарбдаги қир этакларида ва Нагав чўлида яшовчи Канъон халқига қарши жанг қилиш учун жанубга қараб юришди.

10 Яҳудо қабиласи Хеврон шаҳрида истиқомат қилган Канъон халқига ҳужум қилиб, Шешай, Охиман ва Талмай қўшинларини яксон қилди. Хевроннинг эски номи Хират–Арба эди.

Ўтниёл Давир шаҳрини қўлга киритади

11 У ердан Яҳудо одамлари Давир шаҳрига ҳужум қилиш учун йўлга тушишди. Давирнинг эски номи Хират–Сафар эди.

12 Шунда Холиб: “Хират–Сафарга ҳужум қилиб, қўлга киритган кишига қизим Ахсани бераман”, — деди.

13 Ўтниёл шаҳарни қўлга киритди, Холиб эса унга қизи Ахсани узатди. Ўтниёл — Холибнинг жияни, аниқроғи, Ханаз исмли кенжа укасининг ўғли эди.

14 Тўйдан кейин қиз Ўтниёлга: “Келинг, отамдан бир дала сўраб олайлик”, деб туриб олди. Холиб эшакдан тушаётган қизига: “Ҳа, қизим, бирон–бир истагинг борми?” — деб сўради.

15 “Менга бир совға қилсангиз, — деди Ахса. — Сиз менга Нагав чўлидаги ерни бердингиз, энди сув булоқларини ҳам ҳадя этинг.” Шундай қилиб, Холиб унга тепадаги ва пастдаги булоқларни берди.

Яҳудо ва Бенямин қабилаларининг ғалабалари

16 Яҳудо халқи пальма шаҳри Ерихони тарк этди. Мусонинг қайнатаси авлодидан бўлган Хайин халқи Яҳудо халқига эргашиб, Яҳудо чўлига йўл олди. Улар Арод шаҳридан жануб томонда жойлашиб, у ерда маҳаллий халқ орасида ўрнашиб олдилар.

17 Яҳудо ва Шимўн қабилалари биргаликда Зафат шаҳрида яшайдиган Канъон халқига ҳужум қилиб, шаҳарни ер билан яксон қилишди. Шунинг учун бу шаҳар Хўрмах деб аталган.

18 Яҳудо қабиласи Ғазо, Ашқалон, Эхрон шаҳарларини ва уларнинг атрофидаги ерларни қўлга киритди.

19 Эгамизнинг Ўзи Яҳудо қабиласи билан бўлгани учун, улар қирларни эгаллаб олдилар. Аммо текисликда яшайдиган халқларни ўз еридан қува олмадилар, чунки ўша халқларнинг темир жанг аравалари бор эди.

20 Мусо айтганидек, Хеврон шаҳри Холибга берилди. Холиб у ердан Оноқ авлодидан келиб чиққан учта уруғни қувиб чиқарди.

21 Бенямин қабиласи эса Қуддусда истиқомат қилган Ёбус халқини ҳайдаб чиқармади. Шу сабабдан Ёбус халқи бугунга қадар Қуддусда, Бенямин авлодлари орасида яшаб келмоқда.

Эфрайим ва Манаше қабилалари Байтилни босиб олишади

22 Юсуфнинг иккала ўғли — Эфрайим ва Манашедан бино бўлган қабилалар ҳам Байтил шаҳрига ҳужум қилмоқчи бўлиб, йўлга чиқдилар. Эгамиз улар билан эди.

23 Байтил ҳақида кўпроқ маълумот йиғиш учун улар ўз айғоқчиларини шаҳар томон юбордилар. Байтил шаҳрининг эски номи Луз эди.

24 Айғоқчилар шаҳардан чиқиб келаётган бир одамни кўриб, унга: “Бизга шаҳарга олиб кирадиган яширин кириш жойини кўрсат! Бунинг эвазига жонингни сақлаб қоламиз!” — дедилар.

25 Ўша одам уларга йўл кўрсатди. Эфрайим ва Манаше лашкарлари шаҳар аҳолисини битта қўймай қиличдан ўтказишди. Йўл кўрсатган одамни эса бутун оиласи билан бирга қўйиб юборишди.

26 Ўша одам Хет халқининг юртига бориб бир шаҳар қурди, унинг номини эса Луз деб қўйди. Ўша шаҳар бугунга қадар шу ном билан аталади.

Исроил халқи қувиб чиқармаган ўзга халқлар

27 Манаше қабиласи Байт–Шан, Танах, Дўр, Йиблаём, Магидў шаҳарлари ва уларнинг қишлоқларида яшаган Канъон халқини ҳайдаб чиқармади, улар ўша ерларда яшайвердилар.

28 Вақти келиб, Исроил халқи кучини йиғиб олди, шунда Канъон халқини ўзига бўйсундириб, қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур қилди. Аммо шунда ҳам ўз еридан ҳайдаб чиқармади.

29 Эфрайим қабиласи ҳам Гезер шаҳридаги Канъон халқини қувиб чиқармади. Канъон халқи Гезерда уларнинг орасида яшайверди.

30 Забулун қабиласи ҳам Хитрўн ва Наҳалил шаҳарларида истиқомат қилган Канъон халқини ҳайдаб чиқармади. Канъон халқи Забулун қабиласи билан бирга яшаб, уларга қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур бўлди.

31 Ошер қабиласи ҳам Аккў, Сидон, Ахлоб, Ахсиб, Хелба, Офиқ ва Рехоб шаҳарларида яшайдиган Канъон халқини еридан ҳайдаб чиқармади.

32 Улар ўша юрт аҳолисини ҳайдаб чиқармаганлари учун Канъон халқи билан бирга яшадилар.

33 Нафтали қабиласи ҳам Байт–Шамаш ва Байт–Онот шаҳарларининг аҳолисини ҳайдаб чиқармай, ерли халқ — Канъон халқи орасида яшаб қолди. Лекин улар ўша шаҳарлар аҳолисини ўзига бўйсундириб, қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур қилдилар.

34 Бироқ Амор халқлари Дан қабиласини сиқиб, қирларга чиқиб кетишга мажбур қилдилар, водийга тушишларига йўл қўймадилар.

35 Амор халқлари Хар–Харес, Ойжавлон ва Шалбим шаҳарларида яшайвердилар. Лекин Эфрайим ва Манаше қабилалари уларга ўз ҳукмини ўтказиб, қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур қилдилар.

36 Амор халқлари яшаган ҳудуднинг чегараси Чаёнлар довонидан Селагача чўзилган ва у ердан шимолга қараб кетган эди.

Эгамизнинг фариштаси Бохимда

1 Эгамизнинг фариштаси Гилгалдан Бохимга келиб шундай деди:

— Мен сизларни Мисрдан олиб чиқдим. Онт ичиб, ота–боболарингизга бераман деган юртга сизларни олиб кирдим. Мен: “Сизлар билан тузган аҳдимни ҳеч қачон бузмайман”, деган эдим.

2 Сизларга: “Бу юрт халқлари билан аҳдлашманглар, уларнинг қурбонгоҳларини вайрон қилинглар”, деб айтмаганмидим?! Лекин сизлар амримга итоат қилмай, тескарисини қилдингизлар.

3 Бундай қилганингиз учун юртингизда яшаб юрган бу халқларни Мен энди ҳайдаб чиқармайман. Улар сизларга душман бўлиб, уларнинг худолари сизларга тузоқ бўлади.

4 Эгамизнинг фариштаси бу сўзларни айтгач, бутун Исроил халқи фарёд кўтарди.

5 Шундай қилиб, улар ўша ерни Бохим деб атадилар ва Эгамизга қурбонликлар келтирдилар.

Ёшуа вафот этади

6 Ёшуа Исроил халқини тарқатиб юборгандан сўнг, ҳар бир одам ўзига тушган ерни мулк қилиб олиш учун йўлга тушганди.

7 Ёшуа даврида халқ Эгамизга хизмат қилар эди. Улар Ёшуанинг ўлимидан сўнг, Эгамиз Исроил учун қилган буюк ишларини кўрган оқсоқоллар даврида ҳам Эгамизга итоат қилишар эди.

8 Эгамизнинг қули Нун ўғли Ёшуа 110 ёшида оламдан ўтди.

9 Уни Гаш тоғининг шимолида жойлашган Эфрайим қирларидаги Тимнат–Серахда, ўзи улуш қилиб олган ерда дафн қилишди.

10 Бутун кекса авлод ҳам оламдан ўтди. Исроил халқининг ёш авлоди эса Эгамизни тан олмади, Унинг Исроил халқи учун қилган буюк ишларини билмади.

Исроил халқи Эгамизга сажда қилмай қўяди

11 Исроил халқи Эгамизнинг олдида қабиҳликлар қилди, улар Баал деган худонинг тасвирларига сиғина бошлашди.

12 Эгамиз уларни Мисрдан олиб чиққан бўлса–да, улар ота–боболарининг Худосидан юз ўгиришди. Бошқа худоларга — ён–атрофда яшовчи халқларнинг худоларига эргашишди. Уларга сажда қилиб, Эгамизнинг қаҳрини келтиришди.

13 Исроил халқи Эгамиздан юз ўгириб, Баалга ва Аштаретнинг тасвирларига сажда қилаётган эди.

14 Бундан ғазабланган Эгамиз уларни босқинчилар қўлига бериб, талон–тарож қилдирди ва ён–атрофдаги ғанимларга таслим қилди. Бундан буён Исроил халқи душманларига қаршилик кўрсата олмас эди.

15 Исроил халқи қаерда жанг қилмасин, Эгамиз огоҳлантирганидек, уларнинг бошларига фалокат келтириш учун ҳар сафар уларга қарши Ўзи чиқар эди. Исроил халқи оғир аҳволда қолган эди.

16 Эгамиз уларни босқинчилар қўлидан озод қилиш учун ҳакамларни юборди.

17 Лекин улар ҳатто ҳакамларига қулоқ солмадилар. Эгамизга бевафолик қилиб, бошқа худоларга сажда қилавердилар. Улар Эгамизнинг амрларига итоат қилган ота–боболарига ўхшамай, тез орада аждодлари юрган ҳақ йўлдан оздилар.

18 Эгамиз уларга ҳакам юборар экан, ҳар бир ҳакам билан Ўзи бўлар эди, ўша ҳакам даврида халқини душманлардан халос қиларди. Чунки золим ва зўравонларнинг дастидан нолиган халққа Эгамизнинг раҳми келар эди.

19 Аммо ҳакам оламдан кўз юмгач, улар яна эски қилмишларига қайтишар эди. Ота–боболаридан ҳам баттар гуноҳлар қилиб, бошқа худоларга сажда қилишар, уларга сиғинишар эди. Бу одатларининг биронтасини ҳам қолдирмай, қилмишларини ўжарлик билан давом эттиришар эди.

20 Исроил халқидан қаттиқ ғазабланган Эгамиз шундай деди: “Бу одамлар гапимга кирмай, Мен ота–боболари билан тузган аҳдимни буздилар!

21 Шунинг учун Мен уларнинг ораларида Ёшуанинг ўлимидан кейин қолиб кетган бегона халқларнинг биронтасини ҳам уларнинг ҳузуридан ҳайдаб чиқармайман.”

22 Исроил халқи ота–боболари сингари Эгамизнинг йўлидан юриш–юрмаслигини кўриш учун,

23 Эгамиз бу халқларни Ёшуага таслим қилмаган эди. Уларнинг ҳаммасини бирданига ҳайдаб чиқармай, юртда қолишларига ижозат берган эди.

Юртда қолган ўзга халқлар

1-2 Эгамиз, Канъон юртида бўлиб ўтган биронта урушда қатнашмаган Исроил халқини синай, ҳеч қачон уруш кўрмаган бу янги авлодга жангни ўргатай деб, қуйидаги халқларни қолдирган эди:

3 бешта Филист бегини, барча Канъон халқларини, Сидонликлар ва Баал–Хермон тоғидан то Лево–Хоматгача Лубнон қирларида яшаган Хив халқини.

4 Улар ёрдамида Эгамиз Ўз халқи Исроилни синаб, Мусо орқали ота–боболарига берган амрларга итоат қилиш–қилмаслигини кўрмоқчи эди.

5 Шундай қилиб, Исроил халқи Канъон, Амор, Париз, Хив, Хет ва Ёбус халқларининг орасида яшади.

6 Улар ўша халқлар билан апоқ–чапоқ бўлиб, қиз олиб, қиз беришарди, ҳатто худоларига ҳам сиғинишарди.

Ўтниёл

7 Исроил халқи Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилар эди. Улар ўзларининг Эгаси Худони эсларидан чиқариб, Баал ва Ашеранинг тасвирларига сиғинишар эди.

8 Бундан ғазабланган Эгамиз уларни Орам–Нахрайим шоҳи Кушонриштамга тобе қилиб қўйди. Улар саккиз йил давомида Кушонриштамнинг хизматида бўлишди.

9 Аммо Исроил халқи Эгамизга илтижо қилгач, Эгамиз уларга қутқарувчи қилиб Ўтниёлни юборди. Ўтниёл Холибнинг жияни, аниқроғи, кенжа укаси Ханазнинг ўғли эди.

10 Эгамизнинг Руҳи Ўтниёлни қамраб олди. Ўтниёл Исроил халқига ҳакам бўлди. Ўтниёл шоҳ Кушонриштамга қарши жанг қилиб, уни енгди, чунки Эгамиз шоҳни унинг қўлига берган эди.

11 Шундан кейин юртда қирқ йил тинчлик, осойишталик бўлди. Сўнг Ханаз ўғли Ўтниёл оламдан ўтди.

Эҳуд

12 Исроил халқи Эгамизнинг олдида яна қабиҳликлар қилгани учун, Эгамиз Мўаб юртининг шоҳи Эглонни уларга қарши қўзғатди.

13 Шоҳ Эглон Оммон ва Омолек халқлари билан биргаликда Исроил халқини енгиб, пальма шаҳри Ерихони қўлга киритди.

14 Шундай қилиб, Исроил халқи ўн саккиз йил давомида Мўаб юртининг шоҳи Эглонга қарам бўлиб яшади.

15 Аммо Исроил халқи Эгамизга илтижо қилиши биланоқ, Эгамиз уларга Эҳуд исмли бир қутқарувчини юборди. Гера ўғли Эҳуд Бенямин қабиласидан бўлиб, чапақай эди. Исроил халқи Эҳуд орқали Мўаб шоҳи Эглонга ўлпон жўнатди.

16 Эҳуд ўзига узунлиги бир тирсак бўлган ханжар ясаб, уни ўнг томонига, кийимининг ичидан тақиб олганди.

17 У ўлпонни шоҳ Эглон ҳузурига олиб кирди. Шоҳ Эглон ҳаддан ташқари семиз бир одам эди.

18 Эҳуд ўлпонни тақдим қилиб бўлгач, ҳадяларни кўтариб келган одамлар билан бирга уйга йўл олди.

19 Бироқ улар Гилгалдаги тош ҳайкаллар ўрнатилган жойга етганларида, Эҳуд изига қайтди. У Эглоннинг олдига келиб: “Эй ҳазрати олийлари, сизга айтадиган бир сирим бор”, — деди. Шоҳ: “Бизни холи қўйинглар!” — дейиши биланоқ, унинг ҳузуридаги хизматкорлар чиқиб кетишди.

20 Шоҳ салқин болохонасида ёлғиз ўзи қолди. Эҳуд унга яқинлашиб: “Мен сизга Худонинг хабарини етказмоғим лозим”, — деди. Эглон ўрнидан турди.

21 Шунда Эҳуд ўнг тарафида осилган ханжарни чап қўли билан суғуриб олиб, Эглоннинг қорнига санчди.

22 Ханжар сопи билан Эглоннинг қорнига кириб кетди, тешигини эса ёғ қоплади. Эҳуд ханжарни суғуриб олмади, ханжар тиғи шоҳнинг қорнини ёриб бутидан чиқди.

23 Эҳуд айвонга чиқди, болохона эшикларини ёпиб, қулфлади.

24 У кетиши биланоқ, Эглоннинг хизматкорлари келишди. Эшик қулф эканлигини кўришгач: “Шоҳимиз салқингина хонада ҳожатини чиқараётган бўлсалар керак” деган хаёлга боришди.

25 Аммо болохонанинг эшиклари ҳадеганда очилавермагандан сўнг, хизматкорлар безовталанишди. Улар ташқарида анча кутиб қолишганидан кейин, калит олиб, эшикни очишди. Қарашса, шоҳ ҳазратлари жонсиз ётган экан.

26 Эҳуд эса пайтдан фойдаланиб, қочиб қолган эди. У тош ҳайкаллар олдидан ўтиб, Савиро шаҳрига борди.

27 Эфрайим қирларига етиб келганда бурғу чалиб, Исроил халқини жангга даъват қилди. Эҳуд ҳаммани бошлаб қирлардан пастга тушар экан,

28 Исроил халқига: “Орқамдан юринглар! — деди. — Душманимиз Мўаб халқини Эгамиз сизларнинг қўлингизга берди–ку!” Исроил халқи Эҳудга эргашди. Улар Иордан дарёсининг кечув жойларини қўлга олиб, биронта одамни ҳам у ердан ўтказишмади.

29 Ўша куни улар ўн мингтача бақувват ва жасур Мўаб сипоҳларини ўлдиришди. Биронтаси ҳам Исроил халқининг қўлидан қочиб қутулмади.

30 Ўша куни Исроил халқи Мўаб лашкарини мағлуб қилди. Юртда саксон йил тинчлик, осойишталик бўлди.

Шамгар

31 Эҳуддан кейин Онот ўғли Шамгар ҳакам бўлди. У ҳам Исроил халқини қутқариб, говрон билан олти юз нафар Филист сипоҳини ўлдирди.

Добира ва Барақ

1 Эҳуднинг ўлимидан сўнг Исроил халқи яна Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилди.

2 Эгамиз эса уларни Хазор шаҳри тахтида ўтирган Канъон шоҳи Ёбинга қарам қилиб қўйди. Унинг лашкарбошиси Харошет–Хагойим шаҳрида яшаган Сисаро эди.

3 Ёбиннинг тўққиз юзта темир жанг араваси бор эди. Унинг йигирма йил давомида ўтказиб келган зулмига чидай олмаган Исроил халқи нажот сўраб, Эгамизга илтижо қилди.

4 Айни замонда Лаппидўтнинг хотини бўлган пайғамбар аёл Добира Исроил халқига ҳакам бўлиб хизмат қилаётган эди.

5 У Рама ва Байтил шаҳарлари ўртасида, Эфрайим қирларидаги маълум бир пальма дарахти тагида ўтирар, Исроил халқи эса жанжалли масалаларни ечиш учун унинг олдига борар эди. Кейинчалик халқ ўша пальма дарахтига Добира деб ном қўйди.

6 Бир куни Добира Нафтали ерларидаги Кедеш шаҳрига бир одам жўнатиб, Барақни чақиртириб келди. Барақ Абунавамнинг ўғли эди. Добира Бараққа шундай деди:

— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сенга амр қилмоқда: “Бор, ўзинг билан Нафтали ва Забулун қабилаларидан ўн минг нафар одамни Товур тоғига олиб чиқ.

7 Мен Ёбиннинг лашкарбошиси Сисарони, жанг аравалари ва лашкари билан Хишон дарёсининг ёнида сенга рўбарў қиламан. Бу жангда уларни сенинг қўлингга бераман.”

8 — Агар сен мен билан борсанг, бораман, бормасанг, мен ҳам бормайман, — деди Добирага Барақ.

9 Добира шундай жавоб берди:

— Албатта сен билан бораман, лекин билгинким, бу ғалаба сенга шараф келтирмайди, зеро, Эгамиз Сисарони аёл кишининг қўлига беради.

Шундай қилиб, Добира Барақ билан Кедешга жўнади.

10 Барақ Нафтали билан Забулун лашкарларини Кедешга тўплади. Тўпланганлардан ўн мингтаси Бараққа эргашди, Добира ҳам улар билан борди.

11 Шу орада Хайин халқидан бўлган Хабер исмли бир киши ўз уруғ–аймоқларидан ажралиб, бошқа жойга кўчиб ўтган эди. У ўз чодирини Кедешнинг яқинидаги, Зананимдаги эман дарахтининг ёнига қурган эди. Ўша одам Мусонинг қайнағаси Хўвов уруғидан эди.

12 Сисаро Абунавам ўғли Барақнинг Товур тоғига чиққанини эшитгач,

13 тўққиз юз темир жанг араваси билан жамики лашкарини Харошет–Хагойимдан олиб чиқиб, Хишон дарёсида тўплади.14 Шунда Добира Бараққа деди: “Қани, бўл! Эгамиз бугун Сисарони сенга таслим қилади. Эгамизнинг Ўзи сени жангга бошлаб боради.” Барақ ўн мингта одамга бош бўлиб, Товур тоғидан тушди.

15 Барақ ҳужум қилгач, Сисарони, унинг жанг араваларию лашкарини Эгамиз саросимага солди. Сисаро жанг аравасидан тушди–да, қочиб қолди.

16 Барақ душман жанг араваларини ва лашкарини Харошет–Хагойимгача таъқиб қилди. Сисаронинг барча лашкарини қиличдан ўтказди, улардан бирортаси ҳам омон қолмади.

17 Сисаро қочиб, Хабернинг хотини Ёвелнинг чодирига борди, чунки Хазор шоҳи Ёбин Хабер уруғи билан сулҳ тузган эди. Хабер Хайин халқидан эди.

18 Ёвел Сисарони қарши олиб:

— Келинг, тўрам, ичкарига киринг, қўрқманг, — деди.

Сисаро ичкарига кирди, Ёвел уни чодир пардасининг орқасига яшириб қўйди.

19 Кейин Сисаро унга:

— Илтимос, озгина сув бер, чанқаб кетдим, — деди.

Ёвел мешни очиб, унга сутдан ичирди. Сўнг Сисарони яна парда билан тўсиб қўйди.

20 У эса Ёвелга шундай деди:

— Чодирнинг кираверишига бориб тур, агар бирортаси келиб сендан: “Бу ерда бирор одам борми?” — деб сўраса, “Йўқ”, — деб жавоб бер.

21 Сисаро чарчаганидан ётиб ухлаб қолди. Хабернинг хотини Ёвел эса бир қўлига чодир қозиғини, бошқа қўлига болға олиб секингина унинг олдига борди. Қозиқни Сисаронинг чаккасига қоқиб, бошини ерга қадаб қўйди. Сисаро ўлди.

22 Ёвел Сисарони қувиб келаётган Барақни қарши олгани чиқиб: “Келинг, мен сизга қидираётган одамингизни кўрсатаман”, — деди. Барақ чодирга кирди. Қараса, Сисаро ўлиб ётибди, чаккасига қозиқ қоқилган экан.

23 Ўша куни Худо Канъон халқининг шоҳи Ёбинни Исроил халқига бўйсундирди.24 Исроил халқи кундан–кунга кучайиб, охири Канъон шоҳи Ёбинни бутунлай йўқ қилди.

Добира ва Барақнинг қўшиғи

1 Абунавам ўғли Барақ билан Добира ўша куни шундай қўшиқ куйлашди:

2 “Исроил йўлбошчилари йўл бошлаганда,

Халқ фидойилик кўрсатганда,

Эгамизга ҳамду санолар айтинг!

Эшитинг, сизлар, эй шоҳлар!

Қулоқ солинг, эй йўлбошчилар!

Эгамизга мен қўшиқ айтарман,

Исроил халқининг Худоси — Эгамизни

Куйлаб соз чаларман.

4 Сен, эй Эгам, Сеирдан йўлга чиққанингда,

Эдом бўйлаб юриш қилганингда,

Ер силкинди, осмон ёмғирин қуйди,

Ҳа, булутлар шаррос ёмғирин тўкди.

5 Тоғлар титради Синайдаги Эгамиз олдида,

Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг олдида.

6 Онот ўғли Шамгар даврида,

Ёвел замонида юрмай қўйганди карвон.

Йўловчилар сўқмоқдан юришга бўлди мажбур.

7 Исроил қишлоқлари ҳувиллаб қолди буткул.

Мен, Добира, келгунимга қадар,

Исроилнинг волидаси сингари,

Бўм–бўш эди Исроил қишлоқлари!

8 Янги худоларни Исроил халқи танлаганда,

Жанг қизиди шаҳар дарвозаларида.

На қалқони, на найзаси бор эди

Исроилнинг қирқ мингта сипоҳида.

9 Қалбим мойил Исроил йўлбошчиларига,

Халқнинг орасидаги фидойиларга.

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

10 Эшитинг, эй оқ хачир минганлар,

Қимматбаҳо эгарларда ўтирганлар!

Эй йўлда яёв юрганлар!

11 Қудуқ олдидаги чўпонларнинг овозларин эшитинг.

Мадҳ қилаётир улар Эгамизнинг зафарларини,

Исроилдаги қишлоқларнинг ғалабаларини.

Шаҳар дарвозаларига ҳамла қилди Эгамиз халқи:

12 «Олға бос, Добира, олға бос илдам!

Олға бос, куйлагин жанговар қўшиқ!

Абунавам ўғли Барақ! Қани, бўл сен ҳам!

Асирларингни ўзинг бошлагин!»

13 Халқнинг қолгани бўйсундирди баҳодирларни,

Эгамиз халқи мағлуб қилди паҳлавонларни,

14 Омолекларни енгган Эфрайимдан чиққанди.

Бенямин ҳам сенга эргашди,

Мохир наслидан келишди лашкарбошилар,

Забулун қавмидан — ҳокимлик таёғин тутганлар.

15 Добирага қўшилди Иссахор йўлбошчилари,

Барақни қўллади Иссахор ўғлонлари.

Водийга шошилди улар Барақ ортидан.

Аммо беқарорлик қилди Рубеннинг насли.

16 Нега сизлар қўраларда қолдингиз, эй Рубен?

Чўпонларнинг қурей–қурейларин эшитганими?!

Беқарорлик қилди–ку Рубеннинг насли.

17 Гилад Иордан ортида қолди.

Дан ўз кемалари ёнида қолди.

Ошер денгиз соҳилида ўрнашиб олди,

Ўз кўрфазларида жойлашиб қолди.

18 Ўлимдан қўрқмади Забулун лашкари,

Жонин аямади Нафтали ҳам жанг майдонида.

19 Танахда, Магидў сувлари ёнида

Канъон шоҳлари уруш очишди.

Бироқ хазинани улар ўлжа қила олмади.

20 Жанг қилди юлдузлар самода туриб,

Сисарога уруш қилди ўз йўлларида юриб.

21 Супуриб ташлади душманни Хишон дарёси,

Ўша кўҳна дарё — Хишон дарёси.

Эй жоним! Куч ила олға бос!

22 Тулпорлар келди дупур–дупур қилиб,

Сисаро отларининг туёқлари ерни тамғалаб.

23 «Мироз шаҳрини лаънатла,

— дейди Эгамизнинг фариштаси, —

Аҳолисини ҳам қаттиқ қарғагин,

Улар келмади Эгамизга мадад бергани,

Паҳлавонларга қарши Эгамизга мадад бергани.»

24 Хайин уруғидан бўлган Хабернинг хотини — Ёвел

Аёллар орасида барака топсин!

Чодирларда яшайдиган аёлларнинг бахтлиси бўлсин.

25 Сисаро сув сўраганда Ёвел келтирди сут,

Шоҳкосада қатиқ олиб келди у.

26 Чодир қозиғини қўлига олди,

Ўнг қўлида болғани тутди.

Зарба билан Сисаронинг бошини ёрди,

Чаккасига бир уриб, тешиб юборди.

27 Сисаро сулайиб йиқилиб тушди,

Ёвелнинг оёғи остида чурқ этмай қолди.

Ёвелнинг оёғи остида сулайиб қолди,

Йиқилган жойида жон таслим қилди.

28 Сисаронинг онаси деразадан кўчага қарар,

Панжара ортидан у зорланиб айтар:

«Аравалар қолиб кетди намунча?

Туёқлар овози эшитилмас ҳанузгача?»

29 Жавоб берар унинг доно аёллари,

Жавоб берар такрор–такрор ўзига ўзи:

30 «Бўлишаётгандир улар ўлжани,

Ҳар қайси сипоҳга бир–икки жувонни,

Сисарога ранг–баранг либосларни.

Ғолибларга олиб келар икки ҳисса қилиб

Нафис нақшли либосларни.»

31 Эй Эгамиз! Душманларинг барчаси

Сисарога ўхшаб қирилиб кетсин!

Дўстларинг–чи, чиқаётган қуёшдай

Чарақлаб турсин!”

Юртда қирқ йил тинчлик барқарор бўлди.

Гидўн

1 Исроил халқи Эгамизнинг олдида қабиҳликлар қилди. Эгамиз уларни етти йилга Мидиён халқининг қўлига берди.

2 Мидиёнларнинг зулмига чидай олмаган Исроил халқи тоғларда, ғорларда ва адирлардаги пана жойларда яшириниб юрди.

3 Ҳар сафар Исроил халқи экин экканда, Мидиёнлар, Омолек халқи ва шарқдаги кўчманчилар биргаликда уларнинг ерларига бостириб киришарди.

4 Улар Исроил ерида қароргоҳ қуриб, то Ғазо шаҳри атрофларигача бўлган ҳамма ҳосилларини нобуд қилишарди. Исроил халқи учун ҳеч қандай озуқа қолдирмай, қўй, эшак, молларигача тортиб олишарди.

5 Душман галалари ўзлари билан чорвасини олиб, ҳатто чодирларини ҳам кўтариб келишарди. Улар чигиртка каби ғижиллаб ётар эди, одамларнинг ва туяларининг саноғига етиб бўлмасди. Улар келиб, бутун юртни хароб қилишарди.

6 Мидиёнларнинг дастидан жабр–жафо кўрган Исроил халқи Эгамиздан нажот сўраб, фарёд қилди.

7 Исроил халқи Эгамизга фарёд қилганда,

8 Эгамиз уларга бир пайғамбар юбориб, қуйидагиларни хабар қилди:

— Исроил халқининг Худоси — Эгангиз шундай айтмоқда: “Сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Мен эдим.

9 Мен сизларни Мисрликларнинг қўлидан ҳамда бу юртда сизларга зулм ўтказган барча халқлардан халос қилдим. Уларни ўз юртларидан ҳайдаб, ерларини сизларга бердим.

10 Сизларга, Мен Эгангиз Худоман, сизлар Амор халқларининг юртида яшаб юрсангиз ҳам, уларнинг худоларига сажда қилманглар, деган эдим. Аммо сизлар гапларимга қулоқ солмадингизлар.”

11 Кейин Эгамизнинг фариштаси Ўфра шаҳрига келиб, эман дарахтининг тагида ўтирди. Бу дарахт Абуазар уруғидан бўлган Йўшга тегишли эди. Ўша пайтда унинг ўғли Гидўн Мидиёнлардан бекиниб, узум сиқиш чуқурида буғдой янчаётган эди.

12 Эгамизнинг фариштаси унга зоҳир бўлиб деди:

— Эй довюрак жангчи, Эгамиз сен билан биргадир.

13 — Агар Эгамиз биз билан бирга бўлса, нима учун бу кулфатлар бошимизга тушган экан?! — деди Гидўн. — Ота–боболаримиз: “Эгамиз бизни Мисрдан олиб чиқди”, дея бизга айтиб берган эди, Эгамизнинг ажойиб ишлари қаерда қолди?! Эгамиз бизни тарк этиб, Мидиёнларнинг қўлига бериб қўйди–ку.

14 Шунда Эгамиз унга қараб деди:

— Қани, бўл, бор қудратингни ишга солиб, Исроил халқини Мидиёнларнинг қўлидан халос қил. Мен Ўзим сени юборяпман.

15 — Эй тўрам, қандай қилиб мен Исроил халқини халос қила оламан? — деди Гидўн. — Менинг уруғим Манаше қабиласининг энг заифи бўлса, ўзим эса отам хонадонининг кенжаси бўлсам.

16 Эгамиз унга деди:

— Мен сен билан бўламан, сен Мидиёнларнинг ҳаммасини бир одамни енггандай осонликча енгасан.

17 Шунда Гидўн деди:

— Агар марҳаматингга сазовор бўлган бўлсам, Сен чиндан ҳам Эгам эканлигингни исботлаб, бирон–бир аломат кўрсат.

18 Назр олиб келиб, Сенга тақдим қилмагунимча бу ердан кетма.

— Майли, қайтиб келгунингга қадар шу ерда бўламан, — деди У.

19 Гидўн уйига бориб, битта улоқчани пиширди, бир тоғора ундан юпқалар тайёрлади. Улоқчанинг гўштини саватга, шўрвасини эса товоққа солиб, эман дарахтининг тагида ўтирган Эгамизнинг фариштасига олиб бориб, тақдим қилди.

20 Эгамизнинг фариштаси унга деди:

— Гўшт ва юпқаларни олиб, мана бу тошнинг устига қўйгин, шўрвани эса буларнинг устидан қуй.

Гидўн айтилгандай қилди.

21 Эгамизнинг фариштаси қўлидаги таёқнинг учини гўшт ва юпқаларга теккизиши биланоқ тошдан олов чиқиб гўшт ва юпқаларни куйдириб юборди. Сўнг Эгамизнинг фариштаси кўздан ғойиб бўлди.

22 Шунда Гидўн ўша одам Эгамизнинг фариштаси эканлигини фаҳмлаб:

— Вой, шўрим қуриди! — деди. — Ё Эгам Раббий, мен фариштангнинг юзини кўрдим.

23 Эгамиз:

— Тинчлан, — деди. — Қўрқма, сен ўлмайсан.

24 Гидўн Эгамизга атаб бир қурбонгоҳ қуриб, унинг номини “Эгамиз тинчликдир” деб атади. Қурбонгоҳ бугунга қадар Абуазар уруғига қарашли бўлган Ўфрада бор.

25 Худди ўша куни кечаси Эгамиз Гидўнга шундай деди: “Отангнинг етти яшар иккинчи буқасини ол, отанг Баалга атаб қурдирган қурбонгоҳни вайрон қил. Қурбонгоҳ ёнидаги Ашерага аталган устунни ҳам кесиб ташла.

26 Шу ердаги қалъанинг тепасига чиқиб, Эганг Худога — Менга атаб бир қурбонгоҳ қур. Қурбонгоҳ тошлари бир–бирининг устига текис терилган бўлсин. Сўнг ўша буқани олиб, қурбонгоҳда қурбонлик қилиб куйдир. Ўтин ўрнига кесиб ташланган устунни ишлат.”

27 Гидўн ўнта хизматкорини олиб, худди Эгамиз айтгандай қилди. Аммо уйдагиларидан ва шаҳардаги одамлардан қўрққанидан буни кундуз куни қилмай, кечаси қилган эди.

28 Шаҳар аҳолиси эрта билан саҳарда турганда Баал қурбонгоҳи вайрон бўлганини, ёнидаги Ашеранинг устуни кесиб ташланганини ва янги қурилган қурбонгоҳнинг устида буқа қурбонлик қилинганини кўришди.

29 Улар бир–бирларидан: “Буни ким қилган экан?” деб сўрай бошладилар. Сўраб–суриштиргандан кейин буни Йўш ўғли Гидўн қилганини аниқлашди.

30 Шунда шаҳар аҳолиси Йўшга:

— Ўғлингни бу ерга олиб чиқ! — дедилар. — Биз уни ўлдирамиз! У Баал қурбонгоҳини бузибди, қурбонгоҳ ёнидаги Ашеранинг устунини ҳам кесиб ташлабди.

31 — Сизлар ҳали Баалнинг тарафини оляпсизларми?! — дея Йўш ғазабланган оломонга дўқ урди. — Уни ҳимоя қиляпсизларми? Ким унинг тарафини олса, тонг отгунча ўлдирилади. Агар у худо бўлса, вайрон бўлган қурбонгоҳи учун ўзи ўч олсин.

32 Гидўн Баал қурбонгоҳини бузиб ташлагани учун, одамлар ўша кундан бошлаб Гидўнни Еруббаал деб атай бошладилар. Бу: “Баал ўзи ўч олсин” деганидир.

33 Мидиёнлар, Омолек халқи ва шарқдаги кўчманчилар биргаликда Иордан дарёсидан ўтиб, Йизрил водийсида қароргоҳ қурдилар.

34 Эгамизнинг Руҳи Гидўнни қамраб олди. Гидўн бурғу чалиб, Абуазар уруғидан бўлганларни ўзига эргашишга чақирди.

35 У бутун Манаше ҳудуди бўйлаб чопарлар жўнатиб, у ердагиларни ҳам ўз атрофига йиғди. У Ошер, Забулун ва Нафтали қабилаларига ҳам ўз чопарларини юборган эди. Улар ҳам келиб Гидўнга қўшилишди.

36 Шунда Гидўн Худога деди: “Исроил халқини мен орқали озод қилишингни айтган эдинг, бунга амин бўлмоқ учун,

37 мана мен титилган жунни хирмонга қўяман. Агар эрталаб шудринг фақатгина жуннинг устида бўлиб, ер қуп–қуруқ бўлса, Сен Исроил халқини мен орқали озод қилишингга ишонаман.”

38 Худди шундай бўлди. Эртаси куни Гидўн барвақт туриб, жунни олиб сиқди, жундан бир коса сув чиқди.

39 Шунда Гидўн Худога деди: “Менга қаҳринг келмасин, Сенга яна биргина гапим бор. Илтимос, жун билан яна бир бор синов ўтказай. Бу сафар шунақа қилгинки, жуннинг усти қуп–қуруқ, ернинг усти эса шудринг билан қопланган бўлсин.”

40 Шу кечада Худо худди шундай қилди. Жуннинг усти қуп–қуруқ бўлиб, ернинг усти эса шудринг билан қопланган эди.

Гидўн Мидиёнларни яксон қилади

1 Еруббаал, яъни Гидўн, жамики лашкари билан барвақт туриб, қароргоҳини Харўд булоғининг бўйида жойлаштирди. Мидиёнларнинг қароргоҳи эса улардан шимолда, Мўре тепалигининг ёнидаги водийда жойлашган эди.

2 Эгамиз Гидўнга деди: “Сенинг лашкаринг жуда кўп бўлгани учун Мидиёнларни қўлларингга беролмайман. Акс ҳолда, Исроил халқи, Мени улуғламай, ғалабага ўз кучимиз билан эришдик, деб ўзига бино қўяди.

3 Душмандан қўрққанларга ижозат бер, Гилад тоғини тарк этиб, уйларига қайтиб кетсинлар.” Шундай қилиб, одамларнинг йигирма икки мингтаси қайтиб кетиб, ўн мингтаси қолди.

4 Кейин Эгамиз Гидўнга деди: “Қолган лашкар ҳам кўплик қилади. Уларни сув бўйига олиб туш, у ерда сенга уларни ажратиб бераман. Мен сенга, буниси сен билан боради деганим сен билан боради, буниси эса сен билан бормайди деганим сен билан бормайди.”

5 Гидўн лашкарни сув бўйига олиб тушди. Эгамиз унга деди: “Сувни итга ўхшаб, ялаб ичганларнинг ҳаммасини бир тарафга, чўккалаб ичганларни эса бошқа тарафга турғизиб қўй.”

6 Сувни ҳовучлаб ялаганларнинг сони уч юзта эди. Лашкарнинг қолганлари эса чўккалаб сувни ичганди.

7 Эгамиз Гидўнга деди: “Сувни ялаб ичган уч юзта одам билан сизларни озод қилиб, Мидиёнларни қўлларингга бераман. Қолганларни қўйиб юбор, уйларига қайтиб кетаверишсин.”

8 Гидўн уч юзта одамдан бошқа ҳаммасини уйларига қайтариб юборди. Аммо кетганларнинг озиқ–овқатию бурғуларини олиб қолди.

Мидиёнларнинг қароргоҳи пастда, водийда жойлашган эди.

9 Ўша куни кечаси Эгамиз Гидўнга деди: “Тур, қароргоҳга ҳужум қил. Мен уни сенинг қўлингга бердим.

10 Агар қўрқаётган бўлсанг, Пурах деган хизматкорингни олиб, қароргоҳга туш.

11 Мидиёнларнинг гапини эшитгач, юрак ютиб қароргоҳга ҳужум қиласан.” Гидўн Пурах исмли хизматкорини олиб пастга, ёв қароргоҳининг этагига тушди.

12 Мидиёнлар, Омолек халқи ва шарқдаги кўчманчилар водийда чигирткадай ғижиллаб ётарди. Уларнинг туялари эса денгиз қирғоғидаги қумдай сон–саноқсиз эди.

13 Гидўн ёв қароргоҳига етиб борганда, бир одам ўзининг биродарига тушини айтиб бераётганини эшитиб қолди. Ўша одам шундай ҳикоя қилаётган эди:

— Мен бир туш кўрдим. Тушимда арпадан пиширилган қандайдир бир нон Мидиён қароргоҳига юмалаб келиб, чодирга урилибди. Чодир эса ағдарилиб тушибди.

14 — Бу аниқ Исроил халқидан бўлган Йўш ўғли Гидўннинг қиличидир! — деди биродари. — Худо Мидиёнларни барча лашкарлари билан унинг қўлига берган экан–да!

15 Гидўн туш таъбирини эшитгач, Худога сажда қилди. Орқага — Исроил халқининг қароргоҳига қайтиб: “Қани, кетдик! Эгамиз Мидиён лашкарларини қўлимизга берди”, — деди.

16 Кейин уч юзта одамни уч қисмга бўлиб, ҳар бирининг қўлига биттадан бурғу ва бўш кўзадан берди. Кўзаларнинг ичида эса биттадан машъала бор эди.

17 Гидўн лашкарига шундай деди:

— Ёв қароргоҳига яқинлашганимда мени яхшилаб кузатиб туринглар. Мен нима қилсам, сизлар ҳам шуни қилинглар.

18 Қароргоҳни ўраб олинглар. Мен ёнимдагилар билан бурғу чалганимда, сизлар ҳам бурғу чалиб, овозингиз борича: “Эгамиз ва Гидўн учун олға!” деб бақиринглар.

19 Ярим тунда, душман қароргоҳида соқчилар энди алмашиб бўлган пайтда, Гидўн ёнидаги юзта одам билан қароргоҳга яқинлашди. Улар бурғу чалиб, қўлларидаги кўзаларни чарсиллатиб синдирдилар.

20 Лашкарнинг қолган икки қисми ҳам бурғу чалиб, кўзаларни синдирди. Ҳаммалари ўнг қўлларида бурғу, чап қўлларида машъала ушлаганча: “Эгамиз ва Гидўн учун олға!” — деб қичқирдилар.

21 Гидўн одамларининг ҳар бири қароргоҳ атрофидаги ўз жойида турарди. Қароргоҳдагилар эса саросима ичида, бақириб қочишарди.

22 Гидўннинг уч юзта одами бурғу чалганда, душман қароргоҳидаги лашкарлар бир–бирини ўлдира бошладилар. Бу Эгамизнинг қудрати туфайли содир бўлди. Сўнг Мидиён лашкарлари Зариро томон югуриб, то Байт–Шиттахгача, Таббот яқинидаги Овил–Махла шаҳрининг чегарасигача қочишди.

23 Шунда Гидўн Мидиёнларни таъқиб қилиш учун Нафтали, Ошер ва Манаше қабилаларининг одамларини чақиртирди.

24 У бутун Эфрайим қирлари бўйлаб чопарлар жўнатиб деди: “Пастга тушиб Мидиёнларга қарши жанг қилинглар. Иордан дарёсининг ва Байт–Борогача бўлган барча сув оқимларининг кечув жойларини қўлга олиб, Мидиёнларнинг ўтишига йўл қўйманглар.” Эфрайим одамларининг ҳаммаси тўпланиб, Иордан дарёсининг ва Байт–Борогача бўлган барча сув оқимларининг кечув жойларини эгаллаб олдилар.

25 Улар Мидиёнларнинг иккита лашкарбошиси Орив ва Заёвни Иорданнинг шарқий қирғоғигача таъқиб қилиб, қўлга олишди. Оривни бир қоянинг олдида, Заёвни эса узум сиқиш чуқурининг олдида ўлдиришди. Кейинчалик бу жойлар Орив қояси ва Заёв чуқури деб аталадиган бўлди. Сўнг Мидиёнларни таъқиб қилишда давом этиб, Орив ва Заёвнинг бошларини Гидўнга олиб боришди.

Гидўн Мидиён шоҳларини қўлга олади

1 Эфрайим қабиласи Гидўнга:

— Нега бундай қилдинг? Мидиёнларга қарши жанг қилгани чиққанингда нега бизни чақирмадинг? — дея у билан қаттиқ жанжаллашдилар.

2 Гидўн эса уларга деди:

— Мен қилган ишим билан сизларга тенг келармидим?! Эфрайимдаги узум қолдиқлари кичкинагина бир қавмимнинг жами ҳосилидан аъло–ку!

3 Сизлар Худонинг қудрати билан Мидиён лашкарбошилари Орив ва Заёвни қўлга олган бўлсангиз, ўз ишларим билан сизларга тенг келармидим?!

У бу гапларни айтгандан кейин, улар жаҳлдан тушдилар.

4 Гидўн уч юзта одами билан Иордан дарёсига келиб нариги қирғоққа ўтиб олди. Улар ҳолдан тойган бўлсалар–да, душманнинг кетидан қувиб кетаётган эдилар.

5 Гидўн Сухот шаҳри аҳолисига мурожаат қилиб:

— Эй халойиқ, марҳамат қилиб одамларимга озгина нон беринглар, улар ҳолдан тойганлар. Биз Мидиён шоҳлари Зевах ва Залмунонинг кетидан қувиб кетяпмиз, — деди.

6 Аммо Сухот бошлиқлари шундай жавоб беришди:

— Зевах ва Залмунони қўлга олган бўлсанг экан, лашкарингга нон берсак.

7 — Жуда соз! — деди Гидўн. — Зевах ва Залмунони Эгамиз менинг қўлимга бергандан сўнг, сизларни чўлдаги янтоқ ва чақир тиканаклар билан савалаб, терингизни шилиб оламан.

8 Гидўн у ердан Паниёл шаҳрига йўл олди. У ердагиларга ҳам худди шундай илтимос билан мурожаат қилди. Сухот аҳолиси қандай жавоб берган бўлса, Паниёл аҳолиси ҳам худди шундай жавоб берди.

9 Гидўн Паниёл аҳолисига деди:

— Ғолиб бўлиб қайтиб келганимдан сўнг бу минорани ер билан яксон қиламан.

10 Ўша пайтда Зевах ва Залмуно ўз лашкарлари билан Кархорда турган эдилар. Шарқдаги кўчманчиларнинг 120.000 нафар сипоҳи ҳалок бўлиб, 15.000 тачаси қолганди.

11 Гидўн Наваҳ ва Ёҳбохонинг шарқ томонидаги карвон йўли бўйлаб бориб, душманни ғафлатда қолдириб ҳужум қилди.

12 Зевах ва Залмуно қочишди, Гидўн эса уларнинг кетидан қувиб кетди. Икки Мидиён шоҳини қўлга олиб, бутун душман лашкарини саросимага солди.

13 Йўш ўғли Гидўн жангдан қайтиб, Харес довони томон кетаётганда,

14 Сухотлик бир йигитчани ушлаб олиб, сўроққа тутди. Йигитча Сухот шаҳрининг етмиш еттита бошлиқ ва оқсоқолини номма–ном айтиб берди.

15 Сўнг Гидўн Сухот аҳолисининг олдига бориб деди:

— Эсларингдами мени масхара қилиб, Зевах ва Залмунони қўлга олганмидингки, биз ҳолдан тойган лашкарингга нон берсак, деб айтганларинг? Мана ўша Зевах ва Залмуно.

16 Гидўн янтоқ ва чақир тиканакларни олиб, Сухот бошлиқларининг таъзирини берди.

17 Паниёлдаги минорани ҳам вайрон қилиб, шаҳарнинг барча эркакларини қириб ташлади.

18 Сўнг Зевах ва Залмунога юзланиб:

— Сизлар Товур шаҳрида ўлдирган одамлар қандай эди? — деб сўради.

— Улар сенга ўхшаган, кўринишлари шоҳ ўғилларидай савлатли эди, — дея жавоб беришди улар.

19 — Улар менинг жигарларим эди–ку! — дея хитоб қилди Гидўн. — Биз бир қориндан талашиб тушган эдик. Худо шоҳид! Уларни ўлдирмаганларингда, мен ҳам жонларингни сақлаб қолган бўлардим.

20 Сўнг тўнғич ўғли Этерга:

— Бор, уларни ўлдир! — деди.

Аммо бола қўрққанидан қиличини ҳам чиқармади, чунки у ҳали ёш эди.

21 Шунда Зевах ва Залмуно:

— Эркак бўлсанг, ўзинг келиб бизни ўлдир, — дедилар.

Гидўн Зевах ва Залмунони ўлдириб, туяларининг бўйнидаги шоҳона безакларини олди.

22 Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Исроил халқи Гидўннинг олдига келиб:

— Сен бизни Мидиёнларнинг қўлидан қутқардинг, энди ўзинг, ўғилларинг ва набираларинг бизга ҳукмдор бўлинглар, — дейишди.

23 — Мен сизларга ҳукмдор бўлмайман, — деди Гидўн, — ўғлим ҳам ҳукмдорингиз бўлмайди. Эгамнинг Ўзи сизларга ҳукмронлик қилсин.

24 Кейин давом этиб:

— Сизлардан бир нарса сўрамоқчиман, — деди. — Ўлжаларингдан биттадан тилла зирак берсангизлар.

Мидиёнлар ҳам, Исмоил авлоди сингари, тилла зираклар тақиб юришарди.

25 — Жонимиз билан, — деб жавоб берди Исроил халқи.

Сўнг бир кийим ёйиб, ҳар бири ўлжа қилиб олган тилла зиракдан ўша кийим устига ташлади.

26 Тилла зиракларнинг ўлчови бир пуддан ортиқ олтин чиқди. Мидиён шоҳлари кийган сафсар либослар, таққан ярим ой шаклидаги ва шокилали безаклар ҳамда туяларининг бўйнидаги тилла занжирлар ҳисобга киритилмаганди.

27 Гидўн ўша олтиндан бир ҳайкал ясаб, уни ўз шаҳри Ўфрага ўрнатиб қўйди. Бутун Исроил халқи Худога бевафолик қилиб, ўша ердаги ҳайкалга сиғина бошлади. Бу ҳайкал Гидўн ва унинг оиласи учун тузоқ бўлиб қолди.

28 Шундай қилиб, Мидиёнлар мағлуб бўлдилар. Улар Исроил халқига қарши бош кўтаришга қайта журъат этмадилар. Гидўн пайтида юртда қирқ йил тинчлик барқарор бўлди.

Гидўннинг ўлими

29 Йўш ўғли Гидўн уйига қайтиб кетди.

30 Унинг етмишта ўғли бор эди, чунки хотинлари ниҳоятда кўп эди.31 Шакам шаҳридаги чўриси ҳам Гидўнга бир ўғил туғиб берди. Гидўн унга Абумалек деб исм қўйди.

32 Гидўн улуғ ёшга кириб оламдан ўтди ва Ўфра шаҳридаги отаси Йўшнинг хилхонасига дафн этилди. Бу шаҳар Абуазар уруғига қарашли эди.

33 Гидўн оламдан кўз юмиши биланоқ, Исроил халқи яна Худога бевафолик қилиб, Баалнинг тасвирларига сиғина бошлади, улар Баал–Беритни ўзларига худо қилдилар.

34 Уларни атрофдаги душманлардан халос қилган Эгаси Худони эсларидан чиқардилар.

35 Еруббаал, яъни Гидўн, Исроил халқи учун қилган шунча яхшиликларига қарамай, Исроил халқи унинг хонадонига содиқ қолмади.

Абумалек

1 Гидўн ўғли Абумалек Шакам шаҳрига — тоғаларининг олдига бориб, барча уруғ–аймоқларига шундай деди:

2 — Шакам бекларининг ҳузурига боринглар, уларга: “Устингиздан Гидўннинг етмишта ўғли ҳукмронлик қилганидан кўра, биттаси ҳукмронлик қилгани яхши эмасми?” деб айтинглар. Мен сизларнинг жигарингиз эканимни ҳам эсларингдан чиқарманглар.

3 Тоғалари Абумалекнинг манфаатини кўзлаб, бу сўзларни Шакам бекларига етказдилар. Шакам беклари эса: “Ҳар қалай Абумалек қариндошимиз”, дея унинг тарафдорлари бўлдилар.

4 Шакам беклари унга Баал–Берит уйидаги етмиш бўлак кумушни бердилар. Абумалек эса бу кумушга ярамас одамларни ёллади.

5 У Ўфрага — отасининг уйига бориб, етмишта ўгай ака–укасини бир тош устида қатл қилди. Аммо Гидўннинг кенжа ўғли Йўтом бекиниб, тирик қолди.

6 Сўнг Шакам беклари ва Байт–Миллода яшовчилар Шакамдаги муқаддас эман дарахтининг олдига бориб, у ерда Абумалекни тахтга кўтаришди.

7 Йўтом буни эшитгач, Гаризим тоғининг тепасига чиқиб хитоб қилди:

“Эй Шакам беклари, гапимни эшитинглар, шунда Худо ҳам сизларни эшитгай!

8 Бир замонда дарахтлар ўзларига шоҳ танламоқчи бўлишибди. Улар зайтун дарахтига:

— Шоҳимиз бўл, — дейишибди.

9 Зайтун дарахти уларга шундай жавоб берибди:

— Худолар ва бандалар шарафига ишлатиладиган мойимни бермай қўйиб, дарахтлар узра шохларимни силкитиб турайми?!

10 Шунда дарахтлар анжирга:

— Сен келиб, шоҳимиз бўла қол, — деб айтишибди.

11 Анжир дарахти ҳам шундай жавоб берибди:

— Ийе, ширин ва лаззатли меваларимни тугмай, дарахтлар узра шохларимни силкитиб турайми?!

12 Сўнг дарахтлар токка:

— Бизга сен ҳукмронлик қила қол, — дейишибди.

13 Ток ҳам жавоб бериб шундай дебди:

— Худолар ва бандалар димоғини чоғ қиладиган шаробимни бермай қўйиб, дарахтлар узра новдаларимни силкитиб турайми?!

14 Охири дарахтларнинг барчаси янтоққа дейишибди:

— Сен келиб, бизга ҳукмронлик қилгин.

15 Янтоқ эса дарахтларга:

— Агар мени сидқидилдан шоҳликка кўтараётган бўлсангизлар, келиб соямда паноҳ топинглар, акс ҳолда, тиканларимдан чиққан олов авж олиб, ҳатто Лубнондаги садрларни ҳам куйдириб ташлайди! — деб жавоб берибди.

16 Шу тариқа сизлар ҳам Абумалекни тахтга сидқидилдан, виждонан кўтардингизми?! Гидўн ва унинг хонадонига нисбатан тўғри иш тутдингизми?! Қилмишларингиз отамнинг сизлар учун қилган эзгу ишларига лойиқ эканми?!

17 Отам жонини аямай сизлар учун жанг қилган эди, сизларни Мидиёнларнинг қўлидан қутқарган эди.

18 Сизлар эса отамнинг хонадонига қарши чиқиб, унинг етмиш нафар ўғлини бир тошнинг устида қатл қилдингизлар. Чўриси туққан Абумалекни эса қариндошингиз бўлгани учун Шакам бекларининг устидан шоҳ қилиб тайинладингизлар.

19 Агар бугун Гидўн хонадонига нисбатан виждонан иш тутган бўлсангиз, Абумалекдан мамнун бўлиб шодланинг, у ҳам сизлардан мамнун бўлиб шодлансин.

20 Акс ҳолда, Абумалекдан олов чиқиб, Шакам ва Байт–Милло бекларини ямлаб юборсин. Шакам ва Байт–Милло бекларидан ҳам олов чиқиб, Абумалекни куйдириб йўқ қилсин.”

21 Сўнг Йўтом Абумалекдан қўрққанидан Бэр ҳудудига қочиб қолди.

22 Абумалек уч йил Исроилда ҳукмронлик қилди.

23 Худо эса Абумалек ва Шакам беклари орасида низо чиқариш учун бир руҳ юборди. Шунинг учун Шакам беклари Абумалекка хоинлик қилишди.

24 Бу ҳодиса Гидўннинг етмишта ўғлини ўлдирган Абумалекдан ва унинг бу жиноятини қўллаб турган Шакам бекларидан қасос олинишининг дараги эди.

25 Шундай қилиб, Шакам беклари Абумалекка қарши тоғларнинг тепаларида, пистирмаларда одамларини ўтирғизиб қўйишганди. Улар ўтган–кетганларни талаб, бор–йўғини тортиб олишарди. Абумалек бундан хабар топди.

26 Гал исмли бир одам ўз оға–инилари билан Шакамга кўчиб келди. У Шакам бекларининг ишончини қозонди. Гал Эвид деган одамнинг ўғли эди.

27 Шакамликлар далага чиқиб, узумзорларидан узум теришди, уни эзиб шароб тайёрлашди, сўнг зиёфат қилишди. Улар худосининг уйида ўтириб, зиёфат қилишар экан, еб–ичиб Абумалекни мазах қилишди:

28 “Абумалек ким бўлибдики, биз, Шакамликлар, унга хизмат қилсак? — шанғиллаб гапини бошлади Гал. — Падари бузрукворимиз Хамўр бу шаҳарга асос солган эди. Шундай экан, Хамўр наслидан бўлган биронта одам бизга ҳукмронлик қилиши керак. Абумалек эса етти ёт бегона бўлган Гидўннинг ўғли–ку! Нега биз унинг ва ҳокими Забулнинг олдида бош эгишимиз керак экан?

29 Агар бу одамлар қўлим остида бўлганда эди, Абумалекни ўзим йўқ қилардим! Унга, лашкарингни кўпайтириб, жангга чиқ, деган бўлардим.”

30 Шаҳар ҳокими Забул Галнинг бу сўзларини эшитгач, ғазаби аланга олди.

31 У билдирмай Абумалекнинг олдига чопар жўнатиб деди: “Қаранг, Эвид ўғли Гал бутун уруғи билан Шакамга келиб, шаҳарни сизга қарши қўзғатмоқда.

32 Шунинг учун ярим тунда лашкарингиз билан йўлга тушиб, далаларда яширининг.

33 Эртасига саҳарда туриб, шаҳарга қўққисдан ҳужум қилинг. Гал қўшинлари билан сизларга қарши чиққанда қўлингиздан келганича улар билан олишинг.”

34 Шундай қилиб, Абумалек лашкари билан ярим тунда йўлга тушди. Улар тўрт қисмга бўлиниб Шакам яқинида писиб ётишди.

35 Гал чиқиб шаҳар дарвозасида турганда, Абумалек бир қисм лашкари билан қирлар орқасидан чиқиб келди.

36 Гал уларни кўргач, Забулга деди:

— Қаранг! Қирлардан одамлар тушиб келмоқда!

— Қўйсанг–чи, — деди Забул. — Қирлар соялари кўзингга одамлар бўлиб кўриняпти.

37 — Қаранг, қирлардан одамлар пастга тушиб келишяпти, бошқа бир қисми эса фолбинларнинг дарахти томонидан яқинлашяпти, — деди яна Гал.

38 — Катта кетиб: “Абумалек ким бўпти биз унга хизмат қилсак?” деб гапирган сен эмасмидинг?! — деди шунда Забул, — сен мана шу лашкарни мазах қилган эдинг–ку. Қани, бўл, энди чиқиб улар билан жанг қил.

39 Шакам беклари Гал бошчилигида чиқиб, Абумалекка қарши жанг қилишди.

40 Абумалек Гални қувиб кетди, аммо Гал қочиб қолди. Ўша куни Шакам сипоҳларининг кўплари ҳалок бўлди, бутун жанг майдони то шаҳар дарвозасигача жасадларга тўлди.

41 Абумалек Армахда ўрнашди, Забул эса Гални барча қариндошлари билан Шакамдан қувиб юборди. Улар энди Шакамда яшай олмас эдилар.

42 Эртаси куни Шакамликлар юмушларини бажармоқ учун далаларга чиқмоқчи эканлигидан Абумалек хабардор бўлди.

43 У лашкарини уч қисмга бўлди. Лашкар далалардаги қирларда писиб ётди. Абумалек шаҳардан чиқиб келаётган одамларни кўриб, лашкари билан уларга ҳамла қилди.

44 Лашкарнинг бир қисми Абумалек бошчилигида шаҳар дарвозасини қўлга киритди. Улар шаҳар дарвозаси олдидан силжимадилар. Лашкарнинг қолган икки қисми эса даладаги одамларга ҳужум қилиб, уларни қириб ташлади.

45 Ўша куни Абумалек кун бўйи шаҳарга қарши жанг қилди. Охири шаҳарни қўлга олди. У ердаги ҳамма одамни қатл қилди. Шаҳарни эса вайрон қилиб, устидан туз сочиб ташлади.

46 Шакам қалъасининг беклари буни эшитгач, ўша ердаги Баал–Берит уйининг қўрғонига кириб, бекиниб олдилар.

47 Бекларнинг ҳаммаси қўрғонда эканлигидан хабардор бўлган Абумалек

48 лашкари билан Залмон тоғининг тепасига чиқди. Қўлидаги болта билан бир боғлам ўтин кесиб, орқасига ортиб олди. Сўнг лашкарига: “Қани, сизлар ҳам худди шундай қилинглар”, деб буюрди.

49 Сипоҳларнинг ҳар бири бир боғламдан ўтин кесиб олди. Улар Абумалекка эргашиб ўтинларни қўрғоннинг атрофига териб чиқдилар, сўнг қалъага ўт қўйдилар. Қалъадаги ҳамма одамлар ҳалок бўлди. У ерда мингтача аёл ва эркак киши бор эди.

50 Шундан сўнг Абумалек Тавоз шаҳрига йўл олди. Шаҳарни қамал қилиб, қўлга киритди.

51 Аммо шаҳарнинг ичида жуда баланд бир қўрғон бор эди. Шаҳардаги аёлу эркаклар, ҳамма шаҳар беклари ўша қўрғон ичига қочиб киришди. Улар эшикларни тамбалаб, томга чиқиб олишди.

52 Абумалек қўрғондагиларга қарши жанг қилди, унга ўт қўймоқчи бўлиб, ёнига борди.

53 Шу пайт бир аёл тепадан тегирмон тошини улоқтириб, Абумалекнинг бошини ёриб юборди.

54 Жон талвасасида Абумалек қуролбардорини ёнига чақириб:

— Бўл, қиличингни суғуриб мени ўлдир, — деди, — яна одамлар: “Уни аёл киши ўлдирди”, деб юришмасин.

Шунда йигит қилич суқиб, Абумалекни ўлдирди.

55 Одамлар Абумалекнинг ўлганини кўриб уйларига тарқалиб кетишди.

56 Отасига хиёнат қилиб, етмишта ака–укасини ўлдирган Абумалекни Худо шу йўсинда жазолаган эди.

57 Шунингдек, Шакамликларнинг ҳам қилган қабиҳликлари учун таъзирини берган эди. Улар Гидўн ўғли Йўтомнинг қарғишига йўлиқдилар.

Тўло

1 Абумалекнинг ўлимидан сўнг Пувах ўғли Тўло Исроил халқини душманлардан озод қилди. У Иссахор қабиласидан бўлган Дўдўнинг набираси бўлиб, Эфрайим қирларидаги Шомир шаҳрида истиқомат қиларди.

2 У Исроил халқига йигирма уч йил давомида ҳакам бўлиб хизмат қилди. Сўнгра оламдан кўз юмиб, Шомирда дафн қилинди.

Ёвир

3 Ундан кейин Гиладлик Ёвир ҳакам бўлди. У йигирма икки йил давомида Исроилга раҳнамолик қилди.

4 Унинг ўттизта ўғли бор эди. Улар ўттизта эшакни минишар ва Гилад ўлкасидаги ўттизта шаҳарга эгалик қилишарди. Бу шаҳарлар бугунга қадар Ёвир шаҳарлари деб аталади.

5 Ёвир оламдан ўтиб, Камонда дафн қилинди.

Йифтох

6 Исроил халқи яна Эгамизнинг олдида қабиҳликлар қилиб, Баал ва Аштаретнинг тасвирларига сиғиниш билан бир қаторда, Орам, Сидон, Мўаб, Оммон ва Филист халқларининг худоларига сажда қилди. Эгамиздан юз ўгириб, Унга сажда қилмай қўйди.

7 Бундан ниҳоятда ғазабланган Эгамиз Исроил халқини Филист ва Оммон халқларининг қўлига берди.

8 Ўша йили улар Исроил халқига зулм қилиб, роса эздилар. Иорданнинг шарқида, яъни Гилад ўлкасида истиқомат қилган Исроил халқига улар ўн саккиз йил давомида зулмини ўтказиб келдилар. Илгарилари бу ерлар Амор халқига тегишли эди.

9 Шуниси етмагандай, Оммон халқи Яҳудо, Бенямин ва Эфрайим қабилаларига ҳам ҳужум қилмоқчи бўлиб, Иордан дарёсининг нариги қирғоғига ўтиб олган эди.

Бундан қаттиқ ташвишга тушган10 Исроил халқи:

— Биз гуноҳ қилдик! — дея Эгамизга фарёд қилди. — Биз ўз Худойимиздан юз ўгириб, Баалнинг тасвирларига сиғиндик.

11 Эгамиз эса уларга шундай деди:

— Мен сизларни Миср, Амор, Оммон ва Филист халқларининг зулмидан қутқардим.

12 Сидонликларнинг, Омолек ва Моюн халқларининг жабру зулмидан нолиб, Менга ёлворганингизда, сизларга нажот бердим.

13 Шунга қарамай, сизлар Мендан юз ўгириб, бошқа худоларга сиғиндингизлар. Бўлди, етар! Энди сизларни қутқармайман!

14 Бориб, ўзларингиз танлаб олган худоларингизга илтижо қилинглар. Қийналганингизда улар сизларга нажот беришсин.

15 — Биз гуноҳ қилдик! Бизга хоҳлаганингни қил, аммо бугун бизни душманларимиздан қутқаргин, — дея ўтинди Исроил халқи Эгамиздан.

16 Шундай қилиб, улар бегона худоларнинг тасвирларини йўқ қилиб, Эгамизга сажда қилдилар. Исроил халқининг чеккан азоб–уқубатларини кўрган Эгамиз уларга ниҳоятда ачинди.

17 Оммон халқи одамларини жангга сафарбар қилиб, қароргоҳини Гилад ўлкасида жойлаштирди. Исроил халқи эса тўпланиб, қароргоҳини Миспахда жойлаштирди.

18 Исроил қабилаларининг раҳнамолари: “Оммон халқига ким биринчи бўлиб ҳужум қилар экан?” — дея бир–бирларига қараб олишди. Сўнг: “Жангни бошқарган одам Гиладга ҳоким бўлади” деган қарорга келишди.

1 Гиладлик Йифтох довюрак жангчи эди. Унинг отаси Гилад, онаси эса фоҳиша бир аёл эди.

2 Гиладнинг хотини ҳам унга ўғиллар туғиб берган эди. Улар улғайгач, Йифтохга: “Отамиздан қолган меросга сенинг ҳеч қандай ҳақинг йўқ! Бор, йўқол! Сен бошқа аёлнинг боласисан”, дея ҳайдаган эдилар.

3 Йифтох ака–укаларидан қочиб, Тов юртига борган эди. Ўша ерда ўрнашиб олганидан сўнг, атрофига ярамас одамларни тўплаб, босқинчилик қила бошлаган эди.

4 Орадан маълум вақт ўтгач, Оммон халқи Исроил халқига ҳужум қилди.5 Оммон халқи Исроил халқига ҳужум қилганда, Гилад оқсоқоллари Йифтохни олиб келгани Тов юртига жўнадилар.

6 Улар Йифтохга:

— Биз билан юра қол, — дедилар. — Оммон халқи билан жанг қилганимизда бизга раҳнамолик қилгин.

7 — Сизлар мени менсимай отамнинг уйидан ҳайдаган эдингиз–ку! — дея зарда қилди уларга Йифтох. — Нима учун энди бошингизга кулфат тушганда менинг олдимга келдингизлар?

8 — Бўлар иш бўлди энди, — дейишди Гилад оқсоқоллари. — Биз сенинг олдингга бош эгиб келдик, биз билан бориб Оммон халқига қарши жанг қил, Гиладликларга ўзинг бош бўл.

9 Йифтох Гилад оқсоқолларига шундай деди:

— Хўп, майли, сизларга қўшилиб, Оммон халқига қарши жанг қилдим ҳам дейлик. Борди–ю, Эгам душманларни қўлимга берса, мен сизларга ҳукмронлик қиламан.

10 Гилад оқсоқоллари эса Йифтохни ишонтириб:

— Худо шоҳид, ҳаммаси айтганингдай бўлади, — дедилар.

11 Йифтох Гилад оқсоқоллари билан кетди. Халқ уни ҳоким ва лашкарбоши қилиб тайинлади. Йифтох эса қўйган шартларини Миспахда Эгамизнинг ҳузурида қайд қилди.

12 Йифтох Оммон шоҳига чопарларни юбориб деди: “Орамизда нима бўлиб ўтган эдики, сен менинг юртимга жанг қилиб келдинг?”

13 Оммон шоҳи Йифтох чопарларига шундай жавоб берди: “Исроил халқи Мисрдан чиқиб келганда, жанубдаги Арнон сойлигидан то шимолдаги Явоқ дарёсигача ва ғарбдаги Иордан дарёсигача бўлган ҳамма ерларимни тортиб олган эди. Бориб Йифтохга айтинглар, ерларимни менга тинчгина қайтариб берсин.”

14 Йифтох яна чопарларини Оммон шоҳига юбориб

15 деди:

“Исроил халқи на Мўаб, на Оммон ерларини тортиб олган.

16 Улар Мисрдан чиққандан кейин, Қизил денгиз томон саҳродан юриб, Кадешга келган эдилар.

17 Шунда Эдом шоҳи ҳузурига элчилар жўнатиб, Эдом юрти орқали ўтиб кетишга ижозат сўрадилар. Аммо Эдом шоҳи қулоқ солмади. Улар Мўаб шоҳидан ҳам ижозат сўрадилар, бироқ у ҳам рози бўлмагандан кейин, Кадешда қолдилар.

18 Кейин улар саҳрога йўл олиб, Эдом ва Мўаб юртларини айланиб ўтдилар. Мўаб ҳудудининг шарқий чегараси бўйлаб юриб, қароргоҳни Арнон сойлигининг нариги қирғоғида қурдилар. Арнон сойлиги Мўабнинг чегараси бўлгани учун, улар дарёдан ўтмадилар, Мўаб юртига оёқларини ҳам босмадилар.

19 Сўнг элчиларини Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўн олдига юбориб, ҳудудингиздан юртимизга ўтиб кетайлик, деб ижозат сўрадилар.

20 Аммо шоҳ Сихўн рози бўлмади. У барча одамларини йиғди–да, қароргоҳини Яхазда жойлаштириб, Исроил халқига ҳужум қилди.

21 Аммо Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Сихўнни барча одамлари билан Исроил халқининг қўлига берди. Шунинг учун Исроил халқи ўша юртда истиқомат қилган Амор халқининг барча ерларини қўлга киритди.

22 Улар Арнондан Явоққача, саҳродан Иордангача бўлган Амор халқининг барча ерларига эга бўлдилар.

23 Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг Ўзи бу ерларни Амор халқидан тортиб олиб, Ўзининг халқи Исроилга берди. Шундай экан, уларни қайтариб олишга сенинг ҳеч қандай ҳақинг йўқ.

24 Ундан кўра, худойинг Хамўш берган нарсаларга эгалик қил! Биз эса Эгамиз Худо бизга берган ҳамма нарсага эгалик қиламиз!

25 Нима, сенинг Зиппур ўғли Болоқдан ортиқ жойинг бормиди?! У Мўаб шоҳи бўла туриб, Исроил халқи билан бирон марта ҳам тортишган эмас. Бирон марта ҳам бизга қарши жанг қилган эмас.

26 Исроил халқи уч юз йилдан бери Арнон сойлигининг бўйидаги шаҳарларда, Хашбон, Арор ва уларнинг атрофидаги қишлоқларда яшаб келмоқда. Нима учун шу пайтгача ўша ерларни қайтариб олмадинг?!

27 Мен сенга ҳеч қандай ёмонлик қилмадим, сен эса менга қарши жанг қилмоқчи бўлиб нотўғри иш қиляпсан. Худога солдим, Унинг Ўзи бугун ким ҳақ, ким ноҳақ эканини кўрсатсин.”

28 Аммо Оммон шоҳи Йифтохнинг сўзларини эшитишни ҳам хоҳламади.

29 Эгамизнинг Руҳи Йифтохни қамраб олди. Йифтох Гилад ва Манаше ерларидан ўтиб, Гиладдаги Миспах шаҳрига етиб борди. У ердан йўлида давом этиб, Оммон юрти томон юрди.

30 Сўнг қасам ичиб, Эгамизга деди: “Агар жангда Оммон халқини енгишимга ёрдам берсанг,

31 уйимга эсон–омон қайтиб борганимдан сўнг мени қаршилаб чиққан биринчи тирик жонни Сенга қурбонлик қилиб куйдираман.”

32 Йифтох лашкари билан Оммон халқининг устига бостириб бориб, жанг қилди. Эгамиз Оммон халқини Йифтохга таслим қилди.

33 Йифтох Арордан Миннит атрофигача бўлган йигирмата шаҳарни ва Овил–Каромгача бўлган барча қишлоқларни вайрон қилди. Катта талафот кўрган Оммон халқи Исроил халқига бўйсунди.

Йифтохнинг қизи

34 Йифтох Миспахдаги ўз уйига қайтиб келганда, қизи чилдирма чалиб ўйнаганича, уни қаршилаб чиқди. Бу қиз унинг ёлғиз фарзанди эди.

35 Йифтох уни кўргач, қайғу–аламдан кийимларини йиртиб:

— Вой қизим! Нима қилиб қўйдинг?! — деди. — Юрак–бағримни қон қилдинг–ку! Мен Эгамизга қасам ичган эдим, энди сўзимни қайтиб ололмайман!

36 — Отажон, — деди қизи, — Эгамизга сўз берган бўлсангиз, зинҳор сўзингиздан қайтманг, чунки Эгамиз сизга душманингиз — Оммон халқи устидан ғалаба берди.

37 Менинг эса биргина тилагим бор. Менга икки ой муҳлат берсангиз, мен дугоналарим билан тоққа чиқиб, у ерда ёшлигим хазон бўлганидан қайғурай. Чунки мен энди ҳеч қачон турмушга чиқмайман.

38 Йифтох унга ижозат бериб, икки ойга тоққа жўнатиб юборди. Қиз дугоналари билан тоққа чиқиб, қайғуриб йиғлади.

39 Икки ой ўтгач, отасининг ёнига қайтиб келди. Йифтох Эгамизга берган ваъдасига вафо қилди. Қиз бокира эди.

Шундан кейин Исроилда бир одат пайдо бўлди:

40 ҳар йили Исроил қизлари тоғларга чиқиб, тўрт кун давомида Гиладлик Йифтохнинг қизи учун мотам тутадиган бўлишди.

Эфрайим қабиласи ва Йифтох

1 Эфрайим қабиласи лашкарини тўплаб, Иордан дарёсининг нариги қирғоғидаги Зофунга ўтиб Йифтохга дўқ қилди:

— Нега сен Оммон халқига қарши жанг қилганингда бизни ҳам чақирмадинг? Шу қилганинг учун биз сени уйингга қўшиб ёндириб юборамиз!

2 — Мен сизларни ёрдамга чақирган эдим–ку, — деди Йифтох. — Ўшанда, бизга жабр–зулм ўтказган Оммон халқи билан қаттиқ жанжаллашиб қолганимда, ўзингиз менга ёрдам бермадингиз–ку!

3 Сизлар менга ёрдам бермаслигингизни била туриб, жонимни хатар остига қўйдим–да, Оммон халқининг устига бостириб бориб ҳужум қилдим. Эгамиз эса уларни менинг қўлимга берди. Нима учун энди сизлар келиб менга қарши уруш қилмоқчисизлар?!

4 Эфрайим қабиласидан бўлганлар Гилад авлодини ҳақоратлаб: “Гиладликлар ким бўлибди?! Улар бор–йўғи Эфрайим қочоқлари–ку, улар ҳатто Эфрайим ва Манаше ерларида яшаб юришибди”, деб айтган эдилар. Шунинг учун Йифтох Гилад авлодидан бўлган барча эркакларни йиғиб, Эфрайим қабиласи билан жанг қилди. Эфрайим қабиласи бу жангда мағлуб бўлди.

5 Эфрайим қабиласининг омон қолган жангчиларини қўлга тушириш учун Йифтох Иордан дарёсининг кечув жойларига соқчиларни қўйди. Қачонки Эфрайим қочоқларидан бири келиб: “Ўтиб кетай”, деб рухсат сўраганда, соқчилар: “Мабодо Эфрайим қабиласиданмасмисан?” дея савол беришарди. Қочоқ: “Йўқ”, деб жавоб бергач,

6 улар унга: “Ундай бўлса, Шибболет, дегин”, дейишар эди. Ўша одам: “Сибболет”, деб айтар эди, чунки Эфрайим қабиласидагилар “Шибболет” сўзини тўғри талаффуз қила олмас эдилар. “Сибболет” деган одамни соқчилар Иордан кечув жойининг ўзидаёқ ўлдиришарди. Ўша куни Эфрайим қабиласидан қирқ икки минг нафар одам ҳалок бўлди.

7 Гиладлик Йифтох олти йил Исроил халқига ҳакам бўлди. Сўнг оламдан кўз юмиб, Гилад ўлкасидаги шаҳарларнинг бирида дафн қилинди.

Ибсан, Элўн ва Абдўн

8 Ундан кейин Исроил халқига Байтлаҳмлик Ибсан ҳакам бўлди.

9 Унинг ўттиз ўғли билан ўттиз қизи бор эди. У қизларини уруғидан ташқарига узатиб, ўғилларига келинларни ҳам бошқа уруғлардан олиб берганди. Ибсан етти йил Исроил халқига ҳакам бўлди.

10 Сўнг оламдан ўтиб, Байтлаҳмда дафн қилинди.

11 Ундан кейин Забулун қабиласидан бўлган Элўн исмли бир киши ҳакам бўлди. У ўн йил давомида Исроилга раҳнамолик қилди.

12 Элўн оламдан кўз юмди ва Забулун ҳудудидаги Ойжавлонда дафн қилинди.

13 Ундан кейин Пиратонлик Хиллиёлнинг ўғли Абдўн ҳакам бўлди.

14 Унинг қирқта ўғли ва ўттизта ўғил набираси бор эди. Улар етмишта эшакни миниб юришарди. Абдўн саккиз йил Исроил халқига ҳакам бўлди.

15 Сўнг Абдўн ҳам оламдан ўтди ва Эфрайим қирларидаги она шаҳри Пиратонда дафн этилди. Илгарилари ўша жойлар Омолек халқига тегишли бўлган.

Шимшўннинг туғилиши

1 Исроил халқи яна Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилгани учун, Эгамиз уларни қирқ йилга Филист халқининг қўлига берди.

2 Ўша замонда Зорохлик бир одам бор эди. У Дан қабиласидан бўлиб, исми Монувах эди. Унинг хотини бепушт бўлиб, фарзанди йўқ эди.

3 Бир куни Эгамизнинг фариштаси аёлга зоҳир бўлиб шундай деди: “Сен шу пайтгача бола кўришга ожиз эдинг, аммо кўп ўтмай сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан.

4 Шароб ва ўткир ичимликларни энди ича кўрма, ҳаром нарсани ҳам ема,

5 чунки сен ҳомиладор бўлиб, ўғил кўрасан. Бола туғилиши биланоқ Худога назр қилингай, шунинг учун боланинг бошига устара тегмасин. Исроилни Филистларнинг қўлидан озод қилишни бошлайдиган ўшадир.”

6 Кейин аёл эрининг олдига бориб деди: “Олдимга Худонинг бир одами келди, унинг кўриниши худди Худонинг фариштасига ўхшаган жуда қўрқинчли эди. Унинг қаердан келганини сўрамабман. Ўзи ҳам менга исмини айтмади.

7 Унинг гапига қараганда, мен ҳомиладор бўлиб, ўғил кўрар эканман. Бола туғилиши биланоқ бир умрга Худога назр қилинар экан, шунинг учун мен шаробни ҳам, ўткир ичимликни ҳам, ҳаром нарсани ҳам оғзимга олишим мумкин эмас экан.”

8 “Ё Раббий, — дея Эгамизга ёлворди Монувах, — ўша одамингни яна олдимизга юборишингни илтижо қилиб сўрайман. У келиб, бўлажак ўғлимизга нима қилишимиз кераклигини ўргатиб кетсин.”

9 Монувахнинг ибодати ижобат бўлди. Аёл далада ўтирган бир пайтда Худонинг фариштаси яна аёлнинг олдига келди. Аммо ўша пайтда Монувах у ерда йўқ эди.

10 Аёл шошиб–пишиб эрининг олдига югурди–да: “Тунов кун олдимга келган одам яна менга зоҳир бўлди!” — деб айтди.

11 Монувах туриб хотинига эргашди. Ўша одамнинг олдига келиб:

— Бу аёлга гапирган сизмидингиз? — деб сўради.

— Ҳа, мен эдим, — дея жавоб берди у.

12 — Айтганларингиз амалга ошганидан сўнг, бола қай тарзда яшаши керак? У нима иш қилади? — деб сўради Монувах.

13 Эгамизнинг фариштаси Монувахга шундай деб жавоб берди:

— Хотининг айтганларимнинг ҳаммасини сўзсиз бажарсин.

14 Узумдан тайёрланган биронта нарсани ҳам оғзига олмасин. Шароб ва ўткир ичимликларни ичмасин, ҳеч қандай ҳаром нарса емасин. Айтганларимнинг ҳаммасига риоя қилсин.

15 Монувах Эгамизнинг фариштасига:

— Бир оз кутиб турсангиз, сизга бир улоқча тайёрлаб берсам, — деди.

16 — Кутганим билан, барибир, таомингни емайман, — деди Эгамизнинг фариштаси. — Лекин улоқчани куйдириладиган қурбонлик қилмоқчи бўлсанг, уни Эгамизга бахшида эт.

Монувах у Эгамизнинг фариштаси эканлигини билмаганди.

17 Кейин Монувах Эгамизнинг фариштасига:

— Бизга исмингизни айтинг. Токи айтганларингиз рўёбга чиққанда, сизни дуо қилиб юрайлик, — деди.

18 Эгамизнинг фариштаси эса:

— Нега исмимни сўраяпсан? Айтганим билан барибир унга ақлинг етмайди, — деди.

19 Монувах Эгамизга атаб, улоқчани катта бир тошнинг устида қурбонлик қилиб куйдирди, унга қўшиб дон назри ҳам куйдирди. Шу онда Монувах ва унинг хотини олдида Эгамиз ажойиб бир мўъжиза яратди:

20 қурбонгоҳ алангаси осмонга чирмашаётган эди. Эгамизнинг фариштаси ҳам алангага қўшилиб юқорига кўтарилиб кетди. Буни кўрган Монувах билан хотини ерга мук тушишди.

21 Фаришта кўздан ғойиб бўлди–ю, бошқа уларга кўринмади. Шундан кейин Монувах ўша одам Эгамизнинг фариштаси эканлигини англади.

22 Монувах хотинига:

— Биз ўламиз, чунки биз Худони кўрдик! — деди.

23 — Агар Эгамиз бизни ўлдирмоқчи бўлганда, дон назри ва қурбонлигимизни қабул қилмаган бўларди, — деди хотини. — Бу мўъжизаларни бизга кўрсатиб, бундай нарсаларни айтиб ўтирмаган бўларди.

24 Аёл ўғил кўрди, унинг исмини Шимшўн қўйди. Бола катта бўлди, Худо эса уни ёрлақади.

25 Шимшўн Зорох билан Эштойўл шаҳарлари орасидаги Дан қабиласининг қароргоҳида бўлганда, Эгамизнинг Руҳи уни бошқара бошлади.

Шимшўн ва Тимнахлик аёл

1 Бир куни Шимшўн Тимнах деган шаҳарга борди. Тимнахда у бир Филист қизни кўриб қолди.

2 Уйига қайтиб келгач, ота–онасига шундай деди:

— Мен Тимнахда бир Филист қизни кўрдим. Уни менга олиб беринглар.

3 — Ўз халқимиз орасида қиз қуриб қолибдими?! Энди бориб суннатсиз Филистлардан қиз олишимиз қолганди, — деб жавоб берди улар.

Аммо Шимшўн отасига:

— Менга ўша қизни олиб беринг, мен уни ёқтириб қолдим, — деб туриб олди.

4 Бу Эгамизнинг хоҳиши эди, аммо Шимшўннинг ота–онаси бундан бехабар эдилар. Эгамиз Филистларга қарши жанг қилиш учун биронта баҳона қидираётган эди. Ўша замонда Филистлар Исроилда ҳукмронлик қилардилар.

5 Шимшўн ота–онаси билан Тимнахга йўл олди. Улар Тимнах узумзорларига яқинлашганларида, бирдан Шимшўн олдидан бир шер чиқиб қолиб, ўкирганича унга ташланмоқчи бўлди.

6 Ўша заҳоти Эгамизнинг Руҳи Шимшўнни қамраб олиб, кучини оширди. Шимшўн шерни, худди улоқчани парчалагандай, қўллари билан осонгина иккига бўлиб ташлади. Аммо бўлиб ўтган воқеа ҳақида ота–онасига оғиз ҳам очмади.

7 Сўнг Шимшўн қизнинг олдига бориб, у билан гаплашди, қиз Шимшўнга ниҳоятда хуш келди.

8 Кўп ўтмай Шимшўн қизга уйланмоқчи бўлиб, Тимнахга қайтиб борди. Йўл–йўлакай шернинг ўлигини кўриб кетай деб, ўша томон йўл солди. Қараса, шернинг мурдасида асаларининг уяси билан асал бор экан.

9 У бир ҳовуч асал олиб, йўл–йўлакай еб кетди. Ота–онасининг олдига келганда, уларга ҳам еб кўргани берди, лекин асални шернинг мурдасидан олганини айтмади.

10 Шимшўннинг отаси келинини кўрмоқчи бўлиб, қудасининг уйига кирди. Шимшўн ўша ерда тўй муносабати билан катта бир зиёфат берди. Ўша вақтдаги урф–одатлар бўйича, куёвлар катта зиёфатлар беришарди.

11 Шимшўн зиёфат бериш учун Тимнахга борганда, Филистлар унинг олдига куёв навкар қилиб, ўттизта йигитни юбордилар.

12 Шимшўн уларга:

— Келинглар, сизларга бир топишмоқ айтайин, — деди. — Агар уни топиб, зиёфатнинг етти куни ичида менга тушунтириб берсангизлар, ҳар бирингизга биттадан кимхоб тўн ва бир сидрадан кийим–бош бераман.

13 Борди–ю, топишмоғимни тополмасангизлар, сизлар менга ўттизта кимхоб тўн билан ўттиз сидра кийим–бош берасизлар.

Шунда улар:

— Қани, топишмоғингни айт, уни эшитайлик–чи, — дейишди.

14 Шимшўн топишмоғини айтди:

“Хўранданинг ичидан хўрак чиқди,

Кучлининг ичидан ширинлик чиқди.”

Орадан уч кун ўтди, аммо Филист йигитлари топишмоқни тополмадилар.

15 Охири, еттинчи куни Шимшўннинг қайлиғига дўқ қилиб: “Сизлар бизни шилмоқчи бўлиб бу ерга таклиф қилганмидингизлар?! — дедилар. — Бўл, эрингни алдаб–сулдаб топишмоқнинг маъносини бизга билиб бер, бўлмаса сени ҳам, отангнинг хонадонини ҳам ёндириб юборамиз.”

16 Шунда келинчак Шимшўннинг олдига бориб роса йиғлади.

— Сен мени ёмон кўрар экансан! — дея хархаша қилди у. — Мени заррача бўлса ҳам яхши кўрганингда эди, топишмоқнинг жавобини аллақачон айтган бўлар эдинг.

— Менга қара, — деди унга Шимшўн. — Буни ота–онамга ҳам айтмаган бўлсам, нега сенга айтар эканман?!

17 Зиёфат етти кун давом этган бўлса, ўша етти кун давомида келин унга хиралик қилиб йиғлайверди. Еттинчи куни Шимшўннинг юрагини шу қадар эзиб юбордики, у тоқат қила олмай топишмоқнинг жавобини айтиб берди. Қиз жавобни дарҳол Филист йигитларига етказди.

18 Ўша куни қош қораймасдан олдин йигитлар Шимшўннинг олдига келиб, топишмоқнинг жавобини айтдилар:

“Асалдан ширин нима бор?!

Шердан кучли нима бор?!”

Шимшўн: “Агар ғунажинимни ишга солмаганларингда, топишмоғимни тополмас эдиларинг”, — деди.

19 Сўнг Эгамизнинг Руҳи Шимшўнни қамраб олиб, унинг кучини янада оширди. Шимшўн Ашқалон шаҳрига кетди. У ерда ўттиз нафар Ашқалонлик одамни ўлдириб, кийим–бошларини ечиб олди. Ўша кийим–бошларни топишмоқнинг жавобини айтганларга берди–ю, жаҳл устида отасининг уйига қайтиб кетди.

20 Келиннинг отаси эса қизини Шимшўннинг куёв жўрасига узатиб юборди.

1 Орадан вақт ўтди. Буғдой ўрими пайтида, Шимшўн бир улоқча олиб, хотинининг олдига борди. У қайнатасига:

— Мен хотинимнинг олдига кирмоқчиман, — деди.

Қайнатаси эса Шимшўнни ичкарига киргизмади.

2 — Сен қизимни ташлаб кетдинг, деб ўйлагандим, — деди у. — Шунинг учун уни куёв жўрангга узатиб юбордим. Қара, кенжа қизим ундан ҳам чиройлироқ. Кел, унинг ўрнига синглисини ола қол.

3 — Бу сафар Филистларга ёмонлик қилсам, айбга буюрмайсиз, — деб чиқиб кетди Шимшўн.

4 Шимшўн уч юзта тулки ушлаб келди. Тулкиларни жуфт–жуфт қилиб, думларини бир–бирига боғлади–да, орасига биттадан машъала қистирди.

5 Сўнг машъалаларни ёқиб, тулкиларни Филистларнинг буғдойзорларига қўйиб юборди. Буғдойзор ва дон ғарамларини аланга олди–ю, Филистларнинг узумзорлари ва зайтун боғларини ямлади.

6 Филистлар: “Буни ким қилди?” деб суриштира бошладилар. “Буни Тимнахлик бир одамнинг куёви, Шимшўн қилди, — деди бир киши. — У ўша Тимнахликнинг қизига уйланган экан, қайнатаси эса қизини куёвнинг жўрасига узатиб юборибди.” Шунда Филистлар келиб, ўша жувон билан отасининг хонадонини ёқиб юборишди.

7 Шимшўн бундан хабардор бўлгач, Филистларнинг олдига бориб: “Онт ичиб айтаманки, шу қилмишларинг учун сизлардан ўч олмагунимча қўймайман!” — деди.

8 Шимшўн уларни шафқатсизларча қириб ташлади. Кейин эса у ерларни тарк этиб, Этом қоясидаги бир ғорга бориб яшади.

Шимшўн Филистларни енгади

9 Кўп ўтмай Филистлар Яҳудода қароргоҳ қуриб, Лехи шаҳрини босиб олишди.

10 Яҳудо одамлари: “Нима учун бизга ҳужум қилдингизлар?” деб сўрадилар. Улар эса: “Биз Шимшўнни қўлга олмоқчимиз. Бизга қилган ёмонлигини қайтариб ўз бошига солмоқчимиз”, деб жавоб беришди.

11 Яҳудо қабиласидан уч мингта одам Этом қоясига бориб Шимшўнга:

— Филистлар бизга ҳукмронлик қилишларини билмайсанми? — дедилар. — Сен бошимизга битган бало бўлдинг–ку!

Шимшўн жавоб бериб деди:

— Мен қилмишларига яраша жазосини бердим, холос.

12 — Биз сени олиб кетгани келдик, — деди Яҳудо одамлари. — Сени боғлаб Филистларга бермоқчимиз.

— Хўп, майли, — деди Шимшўн. — Аммо сизлар мени ўлдирмасликка сўз беринглар.

13 — Биз сени ўлдирмаймиз, — деб сўз берди улар. — Биз сени боғлаб, уларга топширсак бўлди.

Яҳудо одамлари Шимшўнни иккита янги арқон билан боғлаб, шаҳарга олиб келдилар.

14 Шимшўн Лехига келганда, Филистлар уни қий–чув билан қаршилаб олишди. Шу заҳоти Эгамизнинг Руҳи Шимшўнни қамраб олиб, янада кучини оширди. Шимшўн қўлларидаги арқонларни куйган зиғир толаларини узаётгандай осонликча узиб ташлади.

15 Сўнг атрофига бир назар солиб, эшакнинг жағ суягини кўриб қолди. Жағ суяги офтобда қуриб кетмагани учун қаттиқ ва оғир эди. Шимшўн суякни олиб, Филистларни савалай бошлади. Ўша куни у минг нафар одамни ўлдирди.

16 Шунда Шимшўн деди:

“Эшакнинг жағ суяги билан мингта одамни ўлдирдим.

Эшакнинг жағ суяги билан уларни уюм–уюм қилдим.”

17 У гапини тугатиб бўлгач, суякни улоқтириб юборди–да, ўша жойни Рамат–Лехи деб атади.

18 Шимшўн роса чанқаб кетди, сўнг Эгамизга илтижо қилиб деди: “Сен қулингга шундай буюк бир ғалабани бердинг. Ҳозир эса мен ташналикдан адо бўлиб, суннатсизларнинг қўлига тушаманми?!”

19 Худо Лехида ер остидаги бўшлиқни ёриб, у ердан сув чиқарди. Шимшўн сув ичиб ўзига келди. Шунинг учун булоқ Эн–Хаққор деб аталди, у бугунга қадар Лехидадир.

20 Филистлар ҳукмронлиги даврида Шимшўн Исроил халқига йигирма йил ҳакамлик қилди.

Шимшўн Ғазода

1 Бир куни Шимшўн Филистларнинг шаҳри Ғазога борди. У ерда бир фоҳиша аёлни кўриб унинг олдига кирди.

2 Ғазоликлар Шимшўн келганини билгач, ўша жойни ўраб олишди. Уларнинг баъзилари шаҳар дарвозасида яшириниб, кечаси билан уни пойлаб туришди. Улар тун бўйи писиб, “Қани, тонг ёришгунча кутиб турайлик–чи, кейин уни ўлдирамиз”, деб ўйлаётган эдилар.

3 Шимшўн эса фоҳишаникида фақатгина ярим кечагача бўлди. У тун ярмида туриб, шаҳар дарвозасини ёндорлари билан суғуриб олди–да, барча тамбалари билан елкасига ортиб, Хеврон рўпарасидаги тепаликнинг устига олиб чиқди.

Шимшўн ва Далила

4 Кўп ўтмай Шимшўн Сўрах водийсида яшайдиган Далила исмли бир жувонни яхши кўриб қолди.

5 Филист беклари жувоннинг олдига келиб, шундай дедилар: “Шимшўн бундай буюк кучни қаердан оларкан? Уни боғлаб бўйсундириш йўлини биз учун билиб берсанг, ҳар биримиз сенга 1100 бўлакдан кумуш берамиз.”

6 Бир куни Далила Шимшўнга ялиниб:

— Илтимос, буюк кучингиз сирини менга айтиб беринг, — деди. — Қандай қилиб сизни боғлаб, бўйсундириб бўлади?

7 Шимшўн унга шундай жавоб берди:

— Агар мени еттита янги, қуриб улгурмаган камон ипи билан боғлаб ташлашса, мен эл қатори кучсиз бўлиб қоламан.

8 Шунда Филист беклари жувонга еттита янги, ҳали қуриб улгурмаган камон ипини келтирдилар. Далила иплар билан Шимшўнни боғлаб қўйди.9 Шу пайт ичкари хонада бир нечта одам пойлаб турар эди. Жувон Шимшўнга қараб:

— Шимшўн! Филистлар келяпти! — деб бақирди.

Аммо олов ипак толаларини қандай йўқ қилса, Шимшўн ҳам камон ипларини худди шундай узиб ташлади. Шимшўннинг сири сирлигича қолди.

10 — Сиз мени алдаб аҳмоқ қилдингиз, — деди унга Далила. — Илтимос, сизни қандай қилиб боғлаш кераклигини менга айта қолинг.

11 — Агар мени янги, ишлатилмаган арқонлар билан боғлашса, мен эл қатори кучсиз бўлиб қоламан, — деди Шимшўн.

12 Шунда Далила янги арқонларни олди–да, уни боғлаб:

— Шимшўн! Филистлар келяпти! — деб бақирди, одамлар эса ичкари хонада пойлаб туришар эди.

Аммо Шимшўн қўлларидаги арқонларни ипни узгандай узиб ташлади.

13 — Шу пайтгача мени алдаб, аҳмоқ қилиб келдингиз! — деди Далила. — Менга айтинг–чи, сизни қандай қилиб боғлаб ташласа бўлади?

— Агар сочимнинг еттита тутамини дастгоҳдаги матога қўшиб тўқиб, моки ёрдамида яхшилаб маҳкамлаб қўйсанг, мен эл қатори кучсиз бўлиб қоламан, — деди Шимшўн.

14 Шимшўн ухлаб ётганда, Далила унинг етти тутам сочини дастгоҳдаги матога қўшиб тўқиди–да, моки ёрдамида яхшилаб маҳкамлаб қўйди. Кейин эса:

— Шимшўн! Филистлар келяпти! — деб бақирди.

Шимшўн ухлаб ётган жойида сакраб турди–да, мокини улоқтириб, матони дастгоҳи билан сочидан юлқиб ташлади.

15 Далила унга деди:

— Дилингиз мендан йироқ экан, қандай қилиб менга: “Сени севаман”, дейсиз?! Сиз мени уч марта алдадингиз, кучингиз сирини менга айтмадингиз.

16 Далила ҳар куни ялинавериб, Шимшўннинг қулоқ–миясини еди. Бундан безор бўлган

17 Шимшўн бутун сирини айтиб берди:

— Бирон марта ҳам устара бошимга тегмаган. Чунки онамнинг қорнидаёқ Худога назр қилинганман. Агар сочимни олдирсам, кучим йўқ бўлади ва мен эл қатори кучсиз бўлиб қоламан.

18 Далила Шимшўн унга бутун сирини ошкор қилганини фаҳмлагач, Филист бекларига хабар жўнатиб деди: “Бу сафар яна бир бор келиб кетинглар, чунки у менга бутун сирини ошкор қилди.” Шунда Филистлар Далилага ваъда қилган пулларини олиб, унинг олдига бордилар.

19 Далила Шимшўнни тиззасида ухлатиб қўйди–да, бир одамни чақириб унинг етти тутам сочини қирқтириб ташлади. Шимшўн заифлашиб, кучдан қолди.

20 Далила эса:

— Шимшўн! Филистлар келяпти! — деб бақирди.

Шимшўн уйқудан туриб, ҳар сафаргидек ўзимни халос қиламан, деб ўйлади. Аммо Эгамиз уни тарк этган эди, Шимшўн эса бундан бехабар эди.

21 Филистлар уни қўлга олиб, кўзларини ўйиб ташлашди. Сўнг Ғазога олиб кетиб, занжирбанд қилишди. Шимшўн зиндондаги тегирмон тошини юргизиб, ғалла янчар эди.

22 Шимшўннинг сочлари яна ўса бошлади.

Шимшўннинг ўлими

23 Байрамга йиғилган Филист беклари: “Худойимиз Дўғон душманимиз Шимшўннинг устидан бизга ғалаба берди!” дея шоду хуррамлик билан худосига кўп қурбонликлар келтирдилар.

24 Халқ Шимшўнни кўргач: “Юртимизни хароб қилган, талай сипоҳларимизни ўлдирган душманни худойимиз қўлимизга берди”, дея худосига ҳамду санолар айта бошлади.

25 Маст, вақти чоғ бўлган одамлар: “Шимшўнни келтиринглар, биз учун бир ўйнаб берсин!” деб бақира бошладилар. Шимшўнни зиндондан келтиришди, одамлар уни томоша қилсин деб, устунлар ўртасига турғизиб қўйишди.

26 Шимшўн уни етаклаб келган йигитга деди: “Бинони кўтариб турган устунларни пайпаслаб кўрай. Уларга суяниб олмоқчиман.”

27 Уй эркагу аёл билан тўлган, ҳамма Филист беклари ўша ерда эди. Томнинг устидаги очиқ айвонда уч мингга яқин одам Шимшўнни томоша қилаётган эди.

28 Шимшўн Эгамизга илтижо қилиб, деди: “Ё Эгам Раббий, мени эсла. Эй Худо, яна бир бор менга куч бер, мен Филистлардан икки кўзим учун ёппасига ўч олай.”

29 Шимшўн уйни кўтариб турган ўртадаги икки устун орасида турган эди. У ўнг қўлини бирига, чап қўлини иккинчисига қўйди–да, тиранди.

30 Кейин қичқириб: “Ўлсам, Филистлар билан ўлай!” — деди–ю, кучи борича устунларни итарди. Уй қулаб, у ердаги беклар билан одамларни босиб қолди. Шундай қилиб, ўша жойда ўлган одамларнинг сони Шимшўн ҳаёт даврида ўлдирган одамларнинг сонидан зиёда эди.

31 Шимшўннинг ака–укалари билан бутун оиласи Ғазога келиб, унинг жасадини уйга олиб кетишди. Кейин отаси Монувахнинг Зорох билан Эштойўл шаҳарлари орасидаги хилхонасига дафн қилишди. Шимшўн йигирма йил давомида Исроил халқига ҳакам бўлган эди.

Михонинг бутлари

1 Эфрайим қирларида Михо деган бир одам яшарди.

2 Бир куни у онасига шундай деди:

— Она, эсингиздами, 1100 бўлак кумушни ўғирлатиб қўйган эдингиз. Ўшанда ўғрини олдимда қарғагансиз. Мана, ўша кумушингиз. Уни мен олгандим.

Шунда онаси:

— Илойим барака топгин, ўғлим! — деди.

3 Михо 1100 бўлак кумушни онасига қайтариб берди. Онаси эса:

— Мен бу кумушни бош–кўзингдан хайр–садақа қилиб, Эгамга бағишлайман, — деди, — ундан қуйма ва ўйма бутлар ясаттираман. Ўша кумуш ўзингга қайтиб келади, ўғлим.

4 Михо қайтариб берган кумуш бўлакларининг 200 тасини онаси заргарга берди. Заргар бут ясаб, уни кумуш билан қоплади. Тайёр бўлган бут Михонинг уйига ўрнатилди.

5 Михонинг бир саждагоҳи бор эди. У руҳонийлар киядиган махсус либос тиктириб, яна бир нечта хонаки санамлар ясаттирди, сўнг ўғилларидан бирини ўзининг саждагоҳига руҳоний қилиб тайинлади.

6 Ўша даврда Исроилда шоҳ йўқ эди. Ҳар бир одам билганини қилар эди.

7 Яҳудо ҳудудидаги Байтлаҳм шаҳрида бир ёш леви яшарди.

8 Бу одам ўзига бошқа жойдан бошпана топмоқчи бўлиб, Байтлаҳмни тарк этди. У йўл юриб, Эфрайим қирларидаги Михонинг уйига келиб қолди.

9 — Қаерликсан, ўғлим? — деб сўради ундан Михо.

— Мен Яҳудодаги Байтлаҳмдан келган левиман, — деб жавоб берди у. — Ўзимга бошпана қидириб юрибман.

10 — Кел, меникида тура қол, — деди Михо. — Менинг маслаҳатчим ҳамда руҳонийим бўл. Мен эса ҳар йили сенга ўн бўлакдан кумуш тўлаб, кийим–кечагинг билан егулигингни бераман.

11-12 Леви Михоникида туришга рози бўлди. Михо уни руҳоний қилиб тайинлади. Леви Михоникида яшаб юрди ва Михога худди ўғлидай бўлиб қолди.

13 Шунда Михо деди: “Мана энди Эгам менга барака беришини биламан, чунки левининг ўзи менга руҳоний бўлиб хизмат қиляпти.”

Михо ва Дан қабиласи

1 Бу воқеалар содир бўлган даврда Исроилда шоҳ йўқ эди. Дан қабиласи Исроил қабилалари орасида ўзига улуш бўлиб тушган ерни ҳануз қўлга киритмагани сабабли истиқомат қилиш учун жой қидириб юрган эди.

2 Бир куни улар ўз қабиласининг жамики уруғлари орасидан бешта жангчини танлаб: “Боринглар, юртни синчиклаб текшириб чиқинглар”, — дея уларни Зорох ва Эштойўл шаҳарларидан жўнатиб юбордилар. Бу одамлар йўл юриб, Эфрайим қирларидаги Михонинг уйига келиб қолишди ва тунни ўша ерда ўтказишди.

3 Улар Михонинг уйида бўлганларида ёш левини шевасидан таниб қолишди–да, унинг олдига бориб:

— Бу ерга қандай қилиб келиб қолдинг? Бу ерда нима қилиб юрибсан? — деб сўрашди.

4 У жавоб бериб: “Михо мени ишга олди, руҳоний қилиб тайинлади”, — деди. Михо унга қилган ҳамма яхшиликларини айтиб берди.

5 Шунда улар левига:

— Худога илтижо қилиб, ишимиз ўнгидан келиш–келмаслигини билиб бер, — дедилар.

6 — Ҳеч нарсадан хавотирланманглар. Эгамизнинг Ўзи сизларга бу ишда мададкордир, — деди руҳоний.

7 Бешала одам йўлга равона бўлди. Улар Лайиш шаҳрига келиб, у ерда Сидон аҳолиси каби мулойим, хотиржам ва тинч–тотув яшаётган одамларни кўришди. Бундан ташқари, атрофдаги халқлардан биронтаси ўша халққа хавф солмаган, юртига тажовуз қилмаганди. Улар Сидондан анча узоқда бўлиб, атрофдаги шаҳарлар билан ҳеч қандай алоқа ўрнатмаган эдилар.

8 Бешала одам Зорох билан Эштойўлга — ўз уруғ–аймоқларининг олдига қайтиб боришди.

— Бизга қандай хабар олиб келдингизлар? — деб сўради улардан қариндош–уруғлари.

9 Улар шундай жавоб беришди:

— Келинглар, Лайишга ҳужум қилайлик! Биз кўрган юрт ниҳоятда яхши экан. Нимага қаққайиб турибсизлар?! Бўлинглар, ўша ерга бориб юртни қўлга киритайлик.

10 У ерга борганларингда, хотиржам яшаётган одамларга дуч келасизлар. Барча нарсага мўл ва кенг бу ерни Худо чиндан ҳам қўлингизга беряпти.

11 Дан қабиласининг олти юзта одами жанг аслаҳалари билан қуролланиб, Зорох билан Эштойўлдан сафарга отланишди.

12 Улар йўл юриб, ўз қароргоҳини Яҳудодаги Хират–Йўрим шаҳрининг ғарб томонида қуришди. Шунинг учун ўша жой бугунга қадар Дан қароргоҳи деб аталади.

13 У ердан улар Эфрайим қирлари томон йўл олиб, Михонинг уйига яқинлашиб қолишди.

14 Шунда юртни, аниқроғи, Лайиш шаҳрининг атрофларини кўриб чиққан бешта одам биродарларига дейишди: “Бу хонадонларнинг бирида руҳонийлар либоси, хонаки санамлар ва бут борлигидан хабарларинг борми? Нима қилишимиз кераклигини яхши ўйлаб кўринглар.”

15 Улар ёш леви турадиган Михонинг уйига бориб, левидан ҳол–аҳвол сўрадилар.

16 Олти юзта қуролланган Дан қўшини дарвозанинг ёнида турган эди.

17 Айғоқчилик қилган бешта одам тўппа–тўғри ичкарига бостириб кириб, руҳонийлар либоси, хонаки санамлар ва кумуш билан қопланган бутни олмоқчи бўлдилар. Леви эса қуролланган олти юзта одам билан дарвоза ёнида қолган эди.

18 Айғоқчилар Михонинг уйига кириб, руҳонийлар либоси, хонаки санамлар ва бутни олганларини кўрган леви уларга:

— Бу нима қилганларинг? — деди.

19 — Жим бўл! — деб дўқ қилди улар. — Овозингни ўчириб биз билан юр. Бизга маслаҳатчи ва руҳоний бўл. Ўзинг ўйлаб кўр, сен биттагина хонадонга руҳоний бўлганинг яхшими ёки Исроилнинг бутун бир қабиласигами?

20 Руҳонийга бу таклиф маъқул келди. У руҳонийлар либоси, хонаки санамлар ва кумуш билан қопланган бутни олиб, Дан одамлари билан кетди.

21 Дан одамлари бола–чақаларини, чорваю мол–мулкини олдинга ўтказиб, сафарларини давом эттиришди.

22 Улар Михонинг уйидан анча узоқлашиб қолганларида, Михо қўни–қўшниларини тўплади–да, Дан одамларининг кетидан қувиб кетди.

23 Сўнг овози борича бақириб, Дан одамларини чақирди. Улар эса орқага ўгирилиб Михога:

— Тинчликми?! Шунча одамни етаклаб келибсан?! — дедилар.

24 — Сизлар мен ясаттирган худолар билан руҳонийимни олиб кетиб, мени шип–шийдам қилдингиз–ку. Яна: “Тинчликми?” деганингиз нимаси?! — дея жавоб берди Михо.

25 — Овозингни ўчир, — деди унга Дан одамлари. — Бўлмаса, қони қайнаган биродарларимиз жағингни эзиб, ўзингни ҳам, уйингдагиларни ҳам йўқ қилиб юборишади.

26 Дан одамлари йўлдан қолмадилар. Михо эса уларга бас келолмаслигини кўриб, уйига қайтиб кетди.

27 Дан қабиласи Михо ясаттирган нарсаларни ва унинг хизматида бўлган руҳонийни Лайишга олиб бордилар. Улар Лайишда тинч ва хотиржам яшаётган одамларни қиличдан ўтказиб, шаҳарга ўт қўйдилар.

28 Лайиш аҳолисига нажот берадиган ҳеч ким йўқ эди, чунки Лайиш Сидондан жуда узоқда бўлиб, яқин атрофидаги шаҳарлар билан эса ҳеч қандай алоқа ўрнатмаган эди. Лайиш Байт–Рехоб шаҳри билан бир водийда жойлашган эди. Дан қабиласи шаҳарни тиклаб, у ерда ўрнашиб олди.

29 Шаҳарни эса ота–бобоси Ёқуб ўғли Даннинг номи билан атади. Дан шаҳрининг эски номи Лайиш эди.

30 Дан қабиласи ўзи учун Миходан тортиб олган, кумуш билан қопланган бутни ўрнатди. Гершом ўғли Йўнатан эса уларга руҳоний бўлди. Йўнатан Мусонинг набираси эди. Исроил халқи сургун бўлгунига қадар, Йўнатаннинг бутун насли ҳам Дан қабиласига руҳонийлик қилди.

31 Ўша даврда Худонинг уйи Шилў шаҳрида жойлашган эди, аммо Дан қабиласи у ерга бормай, Михо ясаттирган бутга сажда қилиб келди.

Гиво аҳолиси оғир гуноҳ қилади

1 Исроилда шоҳ бўлмаган ўша даврларда Эфрайим қирларининг кимсасиз жойида Леви қабиласидан бир одам яшарди. У Яҳудо ҳудудидаги Байтлаҳм шаҳридан бир чўрини ўзига хотин қилиб олди.

2 Аммо хотини унга бевафолик қилиб, отасининг уйига — Яҳудодаги Байтлаҳмга қайтиб кетди. Орадан тўрт ой ўтди.

3 Леви эса у билан ярашмоқчи бўлиб, орқасидан борди. У ўзи билан хизматкори ва бир жуфт эшагини олган эди. Улар хотинининг қизлик уйига етганларида, левининг қайнатаси уларни хурсанд бўлиб қаршилаб олди.

4 У қўймай, уларни уйида уч кун меҳмон қилди. Улар еб–ичиб, у ерда тунадилар.

5 Тўртинчи куни леви барвақт туриб йўлга шайланди. Қайнатаси эса унга: “Йўлга чиқишдан олдин чой–пой ичиб олинг, ўғлим, қувват бўлади, кейин кетарсизлар”, — деди.

6 Шунда улар ўтириб, бирга еб–ичишди. Кейин қизнинг отаси: “Бугун ҳам қолиб дам олсангизлар бўларди”, — деди.

7 Леви кетмоқчи бўлиб ўрнидан турганда ҳам уни яна қўярда–қўймай уйида олиб қолди.

8 Бешинчи куни леви кетмоқчи бўлиб эрта билан саҳарда турганда, қизнинг отаси унга: “Чой–пой ичиб олинг, кечроқ кетарсизлар”, — деди. Улар ўтириб еб–ичишди.

9 Леви хотини ва хизматкори билан кетмоқчи бўлиб дастурхондан турганда, қайнатаси унга шундай деди: “Қаранг, ўғлим, кеч бўлиб қолди. Шу ерда тунаб қолақолинглар. Кун ҳам оғиб қопти. Бу ерда қолиб, дамингизни олинглар. Эртага эса саҳарда туриб уйларингга кетарсизлар.”

10 Леви кўнмай йўлга тушди. Хотини ва хуржун ортилган бир жуфт эшаги билан йўл юриб Ёбус шаҳрига, яъни Қуддусга етиб олди.

11 Улар Ёбусга яқинлашганларида кеч кириб қолганди. Хизматкор хўжайинига деди: “Келинг, Ёбус халқининг шаҳрига кириб, у ерда тунаб қолайлик.”

12 “Йўқ, — деди хўжайин. — Исроил халқига ёт бўлган бегоналарнинг шаҳрига кирмаймиз, ундан кўра, йўлимизни давом қилиб, Гивога борамиз.”

13 Леви гапида давом этиб хизматкорига деди: “Кел, икковидан бирига — Гивога ёки Рамага етиб олишга ҳаракат қилайлик.”

14 Улар йўлда давом этиб, кунботар пайтида Бенямин қабиласига қарашли Гиво шаҳрига яқинлашиб қолишди.

15 Сўнг Гивода тунаб қолмоқчи бўлиб, шаҳар томон йўл олишди–да, бориб шаҳарнинг майдонида ўтиришди, аммо ҳеч ким уларни тунаш учун уйига таклиф қилмади.

16 Оқшом кирганда, бир чол даладаги ишларини тугатиб қайтиб келаётган эди. Гивода яшаётган аҳолининг аксарият қисми Бенямин қабиласидан эди, аммо бу чол Гивога Эфрайим қирларидан келиб, энди шу ерларда истиқомат қилаётган эди.

17 Чол шаҳар майдонида ўтирган мусофирларни кўриб:

— Қаердан келиб, қаерга кетяпсизлар? — деб сўради.

18 Леви шундай жавоб берди:

— Биз Яҳудодаги Байтлаҳмга борган эдик, энди эса уйимизга — Эфрайим қирларидаги олис қишлоғимизга қайтиб кетяпмиз. Йўлда Эгамизнинг уйини ҳам зиёрат қилиб кетмоқчимиз, аммо бу ердагиларнинг биронтаси ҳам тунаб қолишимиз учун бизни уйига таклиф қилмаяпти.

19 Бизга турар жойдан бўлак ҳеч нарса керак эмас. Ўзимиз учун нон ва шаробимиз бор. Эшакларимизга ҳам ем–хашак ғамлаб келганмиз.

20 — Уйимга марҳамат қилинглар, — деди чол. — Мен ҳамма камчиликларингизнинг ғамини ейман. Фақат кўчада қолмасангизлар, бас!

21 Чол уларни уйига олиб бориб, эшакларига ем берди. Сўнг мезбону меҳмонлар оёқларини ювиб овқатланишди.

22 Улар дам олиб ўтирганларида, бирданига шаҳарнинг ярамас одамлари уйни ўраб олишди–да, эшикни тарс–турс уриб:

— Сенинг уйингга келган одамни бу ёққа чиқар, биз у билан бирга бўлишни истаймиз! — дея уй эгасига дўқ уришди.

23 Уйнинг эгаси — чол уларнинг олдиларига чиқиб:

— Йўқ укаларим, бундай жирканч иш қилманглар! — деб ўтинди. — Бундай шармандалик қилманглар, ахир, у менинг меҳмоним–ку.

24 Мана, менинг бокира қизим ва у кишининг хотини бор. Мен уларни сизларнинг олдингизга олиб чиқай, уларни нима қилсангиз қилинглар, аммо бу одам билан бундай хунук иш қилманглар.

25 Лекин одамлар чолнинг гапларига қулоқ солишмади. Шунда леви хотинини итариб, уларнинг олдиларига чиқариб юборди. Улар аёл билан ётиб, эрталабгача уни зўрлашди. Тонг ёришаётганда эса қўйиб юборишди.

26 Саҳарда аёл келиб, хўжайини тунаб қолган чолнинг эшиги олдида йиқилди ва тонг отгунча у ерда қолди.

27 Эрталаб хўжайини йўлга чиқмоқчи бўлиб, эшикларни очди. Қараса, эшик тагида хотини қўлларини остонага узатиб ётган экан.

28 “Қани, тура қол, бўл, кетяпмиз”, — деди у. Лекин жавоб бўлмади. Кейин у хотинини эшагига ортиб, уйига йўл олди.

29 У уйига етиб келгач, пичоқ билан хотинининг жасадини ўн икки қисмга бўлди. Бўлакларни бутун Исроил бўйлаб Исроилнинг ўн икки қабиласига юборди.

30 Буни кўрган ҳар бир одам шундай деб айтарди: “Исроил халқи Мисрдан чиққанидан бери бундай ваҳший ҳодиса содир бўлмаган. Энди ўйлаб кўрайлик, мулоҳаза қилиб ҳукм чиқарайлик!”

Исроил халқи урушга тайёрланади

1 Дан ва Бершеба шаҳарларининг орасидаги кенг ҳудудда ва Гилад ўлкасида яшаган бутун Исроил халқи бир ёқадан бош чиқариб, Эгамиз ҳузурида Миспахда тўпланди.

2 Худо аҳлининг йиғинида жамики Исроил қабилаларининг йўлбошчилари ва 400.000 қуролланган пиёда сипоҳ қатнашди.

3 Миспахдаги йиғин ҳақидаги хабар тез орада Бенямин қабиласига ҳам етиб борди.

Исроил халқи шундай деди:

— Бу жиноят қандай қилиб юз берганини бизга айтиб бер.

4 Ўлдирилган аёлнинг эри леви жавоб берди:

— Мен хотиним билан тунамоқ учун Бенямин қабиласига қарашли Гиво шаҳрига бордим.

5 Кечаси Гивонинг баъзи бир одамлари уйни ўраб олишди. Улар мени ўлдирмоқчи бўлиб, менинг ўрнимга хотинимни шу қадар зўрлашдики, бечора жон берди.

6 Ақл бовар қилмайдиган бу разолат Исроилда содир бўлди! Шунинг учун мен хотинимнинг жасадини бўлак–бўлак қилиб, бўлакларни Исроил бўйлаб жўнатдим.

7 Энди эса биродарларим, ҳаммаларингиз шу ҳақда мулоҳаза қилиб, бирон–бир маслаҳат беринглар.

8 Йиғинда иштирок этганлар туриб бир овоздан:

— Биронтамиз ҳам ўз чодиримизга ёки уйимизга қайтиб кетмаймиз, — деди.

9 — Биз бундай қиламиз: Гивога қарши жанг қилишдан олдин, шаҳарга ким ҳужум қилиши кераклигини Худодан сўраб, қуръа ташлаймиз.

10 Исроил халқининг ўндан бир қисми жангчиларни озиқ–овқат билан таъминлаб туради. Қолганлар эса Бенямин еридаги Гиво аҳолисини Исроилда қилган шармандалиги учун жазолайди.

11 Шундай қилиб, бутун Исроил халқи бир ёқадан бош чиқариб, шаҳарга ҳужум қилиш учун тўпланди.

12 Исроил қабилалари Бенямин қабиласи бўйлаб одамларни юбориб дедилар: “Эй халойиқ, орангиздаги айрим одамлар даҳшатли бир жиноятга қўл урди.

13 Гиводаги ярамасларни ҳозироқ бу ерга чиқаринглар, биз уларни ўлдириб, Исроил халқи орасидан ёвузликни йўқ қиламиз.” Аммо Бенямин қабиласи Исроил халқининг гапларига қулоқ солмади.

14 Улар шаҳарларидан чиқиб, Исроил халқига қарши жанг қилиш учун Гивога бордилар.

15 Ўша куни Гиво шаҳридан бўлган етти юзта сараланган жангчидан ташқари Бенямин қабиласининг бошқа шаҳарларидан келган қуролланган сипоҳларнинг сони йигирма олти минг эди.

16 Буларнинг орасида етти юз нафар чапақай аскар бор эди. Уларнинг ҳаммаси моҳир мерган эди. Уларга бир тола сочни нишон қилиб қўйган тақдирда ҳам палахмондан тош отиб, мўлжалга бехато теккизишарди.

17 Исроил халқи эса Бенямин қабиласидан ажралган ҳолда 400.000 қуролланган моҳир жангчини тўплади.

Бенямин қабиласига қарши жанг

18 Исроил лашкари Байтил шаҳридаги саждагоҳга чиқиб: “Орамиздан ким биринчи бўлиб Бенямин қабиласига ҳужум қилиши керак?” — дея Худога илтижо қилди.

“Яҳудо қабиласи ҳужум қилсин”, — деб жавоб берди Эгамиз.

19 Кейинги куни эрталаб Исроил лашкари бориб, Гиво шаҳрининг яқинида қароргоҳ қурди.

20 Сўнг улар Бенямин жангчиларига ҳужум қилиш учун Гиво шаҳрининг рўпарасида саф тортишди.

21 Бенямин жангчилари Гиводан чиқиб, Исроил лашкари билан жанг қилишди. Ўша куни йигирма икки минг Исроил сипоҳи ҳалок бўлди.

22-23 Исроил лашкари Эгамизнинг ҳузурига бориб, кечгача фарёд қилди. Улар Эгамиздан: “Бенямин қариндошимизга қарши яна жанг қилайликми?” — деб сўрашди. “Уларга ҳужум қилинглар”, — деб жавоб берди Эгамиз. Исроил лашкари кўтаринки руҳда илгаригидай аввалги жойда саф тортди.

24 Улар иккинчи куни ҳам Бенямин жангчиларига қарши жанг қилишди.

25 Ўша куни Бенямин жангчилари Гиводан чиқиб, яна ўн саккиз минг моҳир Исроил сипоҳини ўлдиришди.

26 Шунда Исроил лашкари Байтилга қайтиб, йиғи–сиғи қилди. Улар ўша куни кечгача Эгамизнинг ҳузурида ўтириб рўза тутишди. Эгамиз ҳузурида куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини келтиришди.

27-28 Худонинг Аҳд сандиғи ўша ерда — Байтилда турган эди, Элазар ўғли Финхаз эса Аҳд сандиғи ёнида ўз хизматини адо этарди. Финхаз Ҳоруннинг набираси эди.

Исроил лашкари Эгамиздан: “Қариндошимиз Бенямин қабиласига қарши жанг қилайликми, йўқми?” — деб сўради.

“Жанг қилинглар, — деб жавоб берди уларга Эгамиз. — Эртага Мен уларни сизларнинг қўлингизга бераман.”

29 Исроил лашкари Гивонинг теварак–атрофидаги пистирмаларга одамларни ўтирғизиб қўйди.

30 Ўзлари эса учинчи марта Бенямин жангчиларига қарши жанг қилиш учун Гиво рўпарасида олдингидай саф тортишди.

31 Бенямин жангчилари урушга чиқишди. Исроил лашкари илгаригидек чекина бошлади. Бенямин жангчилари Исроил лашкарини таъқиб қилиб, шаҳардан узоқлашиб қолишди. Улар Байтил ва Гивога кетадиган катта йўлларда ва очиқ майдонларда ўттизтача Исроил сипоҳини ўлдиришди.

32 Бенямин жангчилари: “Булар олдингидай тумтарақай бўлишяпти”, деб ўйлашган эди. Аслида эса Исроил лашкари уларни шаҳардан узоқлаштириш ниятида шундай қилаётган эди.

33 Исроил лашкарининг асосий қисми жанг майдонини орқага — Баал–Тамар шаҳри томон тортди. Шунда бирданига Гебо текислигидаги пистирмада ётган сипоҳлар чиқишди.

34 Исроил лашкарининг ўн минг сараланган жангчиси Гивога ҳужум қилди ва у ерда қаттиқ жанг бошланди. Бенямин жангчилари бундай фалокат юз беришини кутишмаган эди.

35 Эгамиз уларни Исроил лашкари олдида мағлуб қилди. Ўша куни Исроил лашкари қуролланган 25.100 Бенямин жангчисини ўлдирди.

36 Шунда Бенямин жангчилари мағлубиятга учраганларини тушунишди.

Исроил лашкарининг асосий қисми Бенямин жангчилари олдида чекинган эди. Шу орқали улар Гиво атрофидаги пистирмаларда ўтирган Исроил сипоҳларига шаҳарга ҳужум қилиш учун қулай вазият яратиб берган эдилар.

37 Пистирмадаги сипоҳлар Гиво томон отилдилар. Улар шаҳардаги бор одамни қириб ташладилар.

38 Исроил лашкарининг асосий қисми билан пистирмадаги сипоҳлар ўзаро шундай келишиб олгандилар: шаҳардан қуюқ тутун чиқиши биланоқ,

39 Исроил лашкарининг асосий қисми орқага қайтиб жанг қилиши керак эди.

Шу орада Бенямин жангчилари ўттизтача Исроил сипоҳини ўлдирган эдилар. Шу сабабдан улар: “Исроил лашкари илгаригидай чекиниши аниқ”, деб ўйлаган эдилар.

40 Бироқ ортга қараганларида шаҳардан қуюқ тутун булут бўлиб кўтарилганини ва бутун шаҳар ёнғин остида қолганини кўрдилар.

41 Шунда Исроил лашкарининг асосий қисми ортига қайтди. Бенямин жангчилари эса мағлубиятга учраганларини англаб, саросимага тушдилар.

42 Улар Исроил лашкаридан қочмоқчи бўлиб, саҳро томон югурдилар, аммо қирғиндан қочиб қутула олмадилар. Чунки шаҳардан чиқиб келаётган сипоҳлар билан Исроил лашкарининг асосий қисми уларни икки томондан сиқиб келаётган эди.

43 Исроил лашкари Бенямин жангчиларини қуршовга олиб, Гивонинг шарқ томонигача уларни тўхтамай таъқиб қилиб, ўлдирди.

44 Бенямин қабиласининг ўн саккиз минг баҳодир жангчиси ҳалок бўлди.

45 Бошқалари эса саҳродаги Риммон қоясига қараб қочишди. Исроил лашкари улардан беш мингтасини катта йўлларда қириб ташлади, қолганларини эса Гидўмгача таъқиб қилиб, яна икки мингтасини ўлдирди.

46 Ўша куни Бенямин қабиласидан жами йигирма беш минг қуролланган довюрак жангчи ҳалок бўлди.

47 Аммо олти юзта сипоҳ саҳродаги Риммон қоясига қочишга муваффақ бўлди. Улар тўрт ой мобайнида у ерда яшаб юрдилар.

48 Исроил лашкари Бенямин шаҳарларига қайтиб, у ерда қолган–қутган одамларни, молларни, барча жонзотни қириб ташлади, атрофдаги шаҳарларга ўт қўйди.

Бенямин йигитлари учун келинлар

1 Исроил халқи Миспахдаги йиғинда: “Биронтамиз ҳам Бенямин қабиласига қиз узатмаймиз”, — деб онт ичган эди.

2 Бенямин қабиласи билан бўлган урушдан кейин Исроил халқи Байтилга бориб, Худонинг ҳузурида кечгача ўтирди. Улар фарёд кўтариб:

3 “Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз, нега бундай кўргилик бошимизга тушди?! Нега Исроилнинг бир қабиласи йўқ бўлиб кетди?!” дея аччиқ–аччиқ йиғладилар.

4 Эртаси куни одамлар барвақт туриб, у ерда қурбонгоҳ қурдилар. Улар куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини келтирдилар.

5 Кейин бир–бирларидан: “Исроил қабилаларидан Эгамиз ҳузурида ўтказилган йиғинга келмаганлар борми?” деб сўрадилар. Чунки улар, Миспахда — Эгамиз ҳузурида ўтказилган йиғинда иштирок этмаган ҳар бир кишининг жазоси ўлимдир, деб қатъий бир қасам ичган эдилар.

6 Исроил халқи ўз жигари бўлган Бенямин қабиласига ачиниб: “Эвоҳ, бугун Исроилнинг бир қабиласи йўқ бўлди”, дея кўп ўкинди.

7 “Ўша қабиладан фақатгина бир нечта йигит омон қолди, холос. Энди улар учун қаердан қиз топамиз? Биронтамиз уларга қиз узатмаймиз, деб Эгамизнинг номи билан қасам ичган эдик–ку!”

8 Исроил халқи: “Миспахдаги йиғинда қатнашмаганлар борми?” дея суриштира бошлади. Шунда Гиладдаги Ёбош шаҳрининг аҳолиси йиғинда қатнашмаганлиги маълум бўлди.

9 Чунки йўқлама қилинганда ўша шаҳардан ҳеч ким йўқ эди.

10 Бутун жамоа ўн икки минг жангчини танлаб, уларга: “Боринглар, Гиладдаги Ёбош шаҳрининг бутун аҳолисини қириб ташланглар, хотину бола–чақаларини ҳам аяманглар!” деди.

11 “Ҳар бир эркак ва эр кўрган ҳар бир аёл ўлдирилсин.”

12 Жангчилар Ёбош аҳолисининг орасидан тўрт юзта эр кўрмаган, ёш бокира қизни топиб, уларни Канъон юртидаги Шилў қароргоҳига олиб келдилар.

13 Кейин бутун жамоа Риммон қоясидаги Бенямин одамларига хабар юбориб, тинчлик эълон қилди.

14 Бенямин одамлари ўз уйларига қайтиб боришди. Исроил халқи Гиладдаги Ёбош аҳолисининг омон қолган қизларини уларга турмушга берди. Аммо қизларнинг сони Бенямин одамларига қараганда камроқ эди.

15 Исроил халқи Бенямин қабиласига ниҳоятда ачинар эди, чунки Эгамиз уларни деярли йўқ қилиб юборган эди.

16 Шунда жамоа оқсоқоллари шундай дедилар:

— Оббо, энди қолган Бенямин ўғилларига қаердан қиз топиб берамиз? Уларнинг қабиласидан биронта қиз ҳам тирик қолмади–ку!

17 Бенямин қабиласи Исроилдан батамом йўқ бўлиб кетмаслиги учун омон қолганлари насл қолдиришлари керак.

18 Лекин шуниси ҳам борки, биз: “Бенямин қабиласига қиз узатган лаънати бўлгай!” деб қасам ичиб қўйдик, энди уларга қиз узата олмаймиз.

19 Шунда одамлардан биттаси:

— Ҳа, айтганча, Эгамизга бағишлаб Шилўда ҳар йили ўтказиладиган байрам ҳақида нима дейсизлар? — деди. — Лавўн ва Байтил шаҳарларининг ўртасида жойлашган бу шаҳар, Байтилдан Шакамга кетадиган йўлнинг шундоқ ёнгинасида–ку.

20 Оқсоқоллар Бенямин қабиласидан бўлган бўйдоқ йигитларга шундай уқтирдилар:

— Боринглар, узумзорларда яшириниб,

21 пойлаб туринглар. Шилў қизлари ўйинга чиққанда, узумзордан чиқиб, ҳар бирингиз ўзларингиз учун қиз олиб қочинглар.

22 Қизларнинг оталари ёки ака–укалари олдимизга шикоят қилиб келадиган бўлишса, биз уларга шундай деймиз: “Қизларингизни олиб қолишимизга ижозат беринглар. Тушунинглар ахир, биз Гиладдаги Ёбошга ҳужум қилганимизда Бенямин йигитлари учун етарлича қиз олиб кела олмадик. Гарчи Бенямин йигитлари қизларингизни олиб қочган бўлса–да, сизлар қасамни бузган ҳисобланмайсизлар.”

23 Бенямин одамлари Шилўга бориб, узумзорларда яшириниб олдилар. Қизлар рақсга тушганларида улар ўзлари учун биттадан қиз олиб қочдилар. Сўнг олиб қочган қизлари билан уйларига қайтиб кетдилар, шаҳарларини тиклаб, ўша жойда яшадилар.

24 Бутун Исроил жамоаси ҳам уй–уйларига, қабилалари ва оилаларига қайтиб борди.

25 Ўша даврларда Исроилда шоҳ йўқ эди. Ҳар бир одам билганини қилар эди.