Филимўн
Дуойи салом
1 Исо Масиҳга қилган хизматим туфайли қамоқда бўлган мен — Павлусдан ҳамда биродаримиз Тимўтийдан севикли ҳамкоримиз Филимўнга салом!
2 Синглимиз Аффия билан сафдошимиз Архиппусга, шунингдек, хонадонингда йиғилиб турадиган имонлилар жамоатига ҳам салом йўллаймиз.
3 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.
Худога шукрона
4 Эй Филимўн, мен ибодат қилганимда сени эслаб, ҳар доим Худойимга шукур айтаман.
5 Чунки сенинг Раббимиз Исога бўлган имонинг ва барча азиз биродарларга бўлган муҳаббатинг ҳақида эшитиб турибман.
6 Ибодатим шуки, биргаликда баҳам кўраётган имонимиз сенинг ҳаётингда самара берсин. Исо Масиҳ учун қилишимиз керак бўлган яхшиликларни чуқурроқ тушунишингга олиб келсин.
7 Биродарим, сен туфайли биродарларнинг кўнгли тинч. Сенинг меҳр–муҳаббатинг менга катта севинч ва тасалли берди.
Павлус қул Ўнисимус учун илтимос қилади
8 Филимўн, сен ҳам, мен ҳам Масиҳга ишонамиз. Шунинг учун мен сенга, ўз бурчингни бажаргин, деб буюришга ҳаддим сиғади.
9 Аммо сен мени яхши кўрганинг учун илтимос қилишни афзал кўрдим. Исо Масиҳ туфайли қамоқда бўлган, ёши ўтиб қолган мен, Павлус,
10 маҳбуслигимда имон орқали менга ўғил бўлиб қолган Ўнисимус учун сендан илтимос қиляпман.
11-12 Ўнисимус бир вақтлар сенга фойдасиз эди. Энди эса у сенга ҳам, менга ҳам фойдалидир. Кўзимнинг оқу қорасидай бўлиб қолган Ўнисимусни сенинг олдингга қайтариб юбордим.
13 Мен Хушхабарни тарғиб қилганим учун қамоқда ётибман. Ўнисимуснинг ёнимда қолишини, сенинг ўрнингга менга хизмат қилишини хоҳлар эдим.
14 Аммо сенинг розилигингсиз ҳеч бир иш қилишни хоҳламадим, чунки сенинг илтифотингни мажбурий эмас, балки ихтиёрий бўлишини истадим.
15 Балки, сен Ўнисимусни абадий қайтариб олишинг учун у сендан вақтинчалик ажралгандир.
16 Энди у сенга фақатгина қул эмас, балки қулдан юқори, севикли биродарингдир. Мен уни жуда қадрлайман. Ишончим комилки, у сенга қул сифатида ҳам, Раббимиз Исо орқали биродаринг сифатида ҳам янада қадрлироқдир.
17 Агар сен мени Раббимиз хизматидаги сафдошинг деб билсанг, Ўнисимусни мени қабул қилгандай қабул қилгин.
18 Мабодо, у сенга зарар келтирган бўлса ёки сендан қарздор бўлса, буни менинг зиммамга юкла.
19 Мен, Павлус, қуйидагини ўз қўлим билан ёзяпман: мен қарзингни тўлайман. Сен ўз ҳаётинг учун мендан қарздор эканлигингни айтишимнинг эса ҳожати йўқ.
20 Ҳа, биродарим, Раббимиз Исо туфайли мендан бу илтифотингни аяма! Масиҳ ҳақи–ҳурмати жонимга оро киргин!
21 Сен менинг сўзларимга қулоқ солиб, айтганларимни қиласан, ҳа, бундан ҳам кўпроғини бажарасан, деб ишонганим учун буларни ёздим.
22 Бундан ташқари, менга бирор турар жой ҳам тайёрлаб қўйгин. Чунки Худо ибодатларингизни эшитиб, мени яна сизларнинг олдингизга қайтаришига ишонаман.
Сўнгги саломлар
23-24 Мен билан бирга Исо Масиҳ номи учун маҳбус бўлган Эпафрас, ҳамкорларим Марк, Аристархус, Димас, Луқо сенга салом йўллаяптилар.
25 Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин.