Аюб

Аюб

Шайтон Аюбни синайди

1 Бир вақтлар Уз деган юртда Аюб исмли бир одам яшар эди. Бу одам айбсиз ва солиҳ эди. У Худодан қўрқарди, фосиқликдан юз ўгирган эди.

2 Унинг етти ўғли ва уч қизи бор эди.

3 Унинг яна етти мингта қўйи, уч мингта туяси, омочга қўшиладиган беш юз жуфт ҳўкизи, беш юзта эшаги ва жуда ҳам кўп хизматкорлари бор эди. Бу киши шарқда яшайдиганлар орасида энг буюк одам эди.

4 Аюбнинг ўғиллари бир–бирларининг уйларига бориб, зиёфатлар уюштиришар, опа–сингилларини ҳам меҳмонга чақиришар эди.

5 Зиёфатлар тугагандан кейин Аюб фарзандларини чақиртирарди. “Фарзандларим юракларида Худони лаънатлаб, гуноҳ қилган бўлишлари мумкин”, дея эрта тонгда уларнинг ҳар бири учун куйдириладиган қурбонликлар келтириб, уларни покларди. Аюб ҳар доим шундай қилар эди.

6 Бир куни илоҳий зотлар Эгамизнинг олдига келишди. Уларнинг орасида шайтон ҳам бор эди.

7 Шайтондан Эгамиз:

— Қаердан келяпсан? — деб сўради.

Шайтон:

— Ер юзининг у ёғидан бу ёғига юриб, айланиб чиқдим, — деб жавоб берди.

8 Шайтонга Эгамиз шундай деди:

— Қулим Аюбни кўрдингми? Ер юзида унга ўхшаган ҳеч ким йўқ. У айбсиз ва солиҳ одам. Мендан қўрқади, фосиқликдан юз ўгирган.

9 Шайтон шундай жавоб берди:

— Аюб бекордан–бекорга Сендан қўрқармиди?!

10 Унинг хонадонини, ўзини, бор нарсасини ҳимоя қиласан–ку! Ҳар бир қилган ишига барака берасан. Қара, унинг мол–қўйлари бутун юрт бўйлаб ёйилиб кетган.

11 Ҳозир ундан бор нарсасини олиб қўйгин–чи! У юзингга қараб Сени лаънатлайди.

12 Шайтонга Эгамиз шундай деди:

— Майли, Аюбнинг бор–буди сенга, фақатгина унинг ўзига қарши қўл кўтарма!

Шундай қилиб, шайтон Эгамизнинг ҳузуридан кетди.

Аюб бор–будидан маҳрум бўлади

13 Бир куни Аюбнинг фарзандлари зиёфат қилиб ўтиришган эди. Улар энг катта акаларининг уйида йиғилгандилар.

14 Аюбга бир хизматкори қуйидаги хабарни келтирди: “Ҳўкизларингизни омочга қўшиб, ер ҳайдаётган эдик. Эшаклар олдимизда ўтлаб юрганди.

15 Бир тўда Саволиклар бизга ҳужум қилишди. Улар ҳамма ҳайвонларни ўғирлаб кетишди. Далада ишлаётганларнинг ҳаммасини эса ўлдиришди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”

16 У шу гапларни айтиб улгурмасданоқ, яна бир хабарчи келиб, шундай деди: “Осмондан яшин тушиб, ҳамма қўю чўпонларингизни куйдириб юборди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”

17 У гапларини тугатмасдан туриб, учинчи хабарчи келиб шундай деди: “Уч тўда Халдейлар келиб, туяларингизни ўғирлаб кетишди. Хизматкорларингизни эса ўлдиришди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”

18 У шу гапларни айтаётган ҳам эдики, яна бир хабарчи келиб деди: “Ўғил–қизларингиз энг катта акаларининг уйида зиёфат қилиб ўтиришган эди.

19 Бирданига чўлдан қаттиқ шамол туриб, уйни тўртала томонидан урди. Уй қулаб тушиб, фарзандларингизни босиб қолди. Уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”

20 Аюб туриб, қайғудан кийимини йиртиб ташлади. Кейин сочини қириб ташлаб, ерга мук тушди.

21 У шундай деди: “Онамнинг қорнидан яланғоч тушгандим, дунёдан ҳам яланғоч кетаман. Ҳамма нарсамни Худо берган эди, Худонинг Ўзи олиб қўйди. Эгамнинг номига ҳамду санолар бўлсин!”

22 Шунча кўргиликлардан кейин ҳам, Аюб Худони айбламади, гуноҳ қилмади.

Шайтон Аюбни такрор синайди

1 Бир куни илоҳий зотлар Эгамизнинг олдига келишди. Шайтон ҳам Эгамизнинг ҳузурига келди.

2 Шайтондан Эгамиз:

— Қаердан келяпсан? — деб сўради.

Шайтон:

— Ер юзининг у ёғидан бу ёғига юриб, айланиб чиқдим, — деб жавоб берди.

3 Шайтонга Эгамиз шундай деди:

— Қулим Аюбни кўрдингми? Ер юзида унга ўхшаган ҳеч ким йўқ. У айбсиз ва солиҳ одам. Мендан қўрқади, фосиқликдан юз ўгирган. Сен эса бекорга Мени унга зарар кўрсатишга ундадинг. Қара, у ҳали ҳам солиҳлигида маҳкам турибди.

4 Шайтон шундай жавоб берди:

— Жонига азоб бериб кўр–чи, нима қилар экан?! Кўрасан, инсон ўз жонини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсадан воз кечади.

5 Ҳозир унинг танасини дардга йўлиқтиргин, у юзингга қараб Сени лаънатлайди.

6 Шайтонга Эгамиз шундай деди:

— Майли, Аюбни қўлингга топширдим. Уни фақат тирик қолдиргин.

7 Шайтон Эгамизнинг ҳузуридан чиқиб, Аюбни бошидан оёғигача жирканчли яралар билан қоплаб ташлади.

8 Аюб кул уюмлари орасида, сопол парчаси билан яраларини қашлаб ўтирарди.

9 Хотини унга:

— Ҳамон солиҳлигингизда маҳкам тураверасизми?! Худони лаънатланг–да, ўлиб қўя қолинг, — деди.

10 Аюб эса хотинига шундай жавоб берди:

— Сен аҳмоқ хотинлардай гапиряпсан. Худонинг қўлидан яхши нарсаларни қабул қиламиз–у, ёмонларини олмаймизми?

Шунча азоб–уқубатдан кейин ҳам Аюб Худога қарши гапириб, гуноҳ қилмади.

Аюбнинг дўстлари келади

11 Аюбнинг бошига тушган кулфатлар ҳақида унинг уч дўсти эшитди. Булар Темонлик Элифаз, Шувахлик Билдад ва Намахлик Зўфар деган одамлар эди. Улар йиғилишиб, Аюбга ҳамдардлик билдириш ва тасалли бериш ниятида уни кўришга келдилар.

12 Дўстлари Аюбни узоқдан кўриб таний олмадилар. Қаттиқ дод–фарёд солиб, кийимларини йиртишди, бошлари узра тупроқ сочишди.

13 Улар Аюб билан бирга етти кун–етти кеча ерда ўтирдилар. Мана шу кунлар давомида ҳеч бири Аюбга гапирмади, чунки у жуда қаттиқ азоб чекаётганини кўриб турар эдилар.

Аюбнинг илк нутқи: у туғилган кунини лаънатлайди

1 Охири Аюб сўз бошлаб, ўзи дунёга келган кунни лаънатлади.

2 У шундай деди:

3 “Мен туғилган кун қирилиб кетсин,

Мен яратилган кеча лаънати бўлсин.

4 Ўша кун зулматга айланиб қолсин!

Ҳатто Худо ҳам шу кунни эсламасин,

Ўша кун ҳеч қачон нур кўрмасин.

5 Зимзиё зулмат уни қамрасин,

У кунни булутлар беркитсин,

Қуёш нурини қоронғилик тўсиб қўйсин.

6 Ҳа, ўша кечани зулмат ютиб юборсин!

Йил кунлари орасида ҳеч қачон саналмасин,

Ойларнинг ҳисобига ўша кеча кирмасин.

7 Ўша кеча қисир бўлсин,

Ундан шодлик овози янграмасин.

8 Махлуқ Левитанни чақиришга қодир бўлганлар уни қарғасин,

Ҳа, лаънат ўқийдиганлар ўша кечага қарғиш ёғдирсин.

9 Ўша кечада тонг юлдузлари чарақламасин.

Ўша кеча ёруғликка умид қилсин–у,

Аммо тонг шуъласини кўрмасин.

10 Онамнинг бачадонини беркитмагани учун,

Мени шунча қайғудан холи қилмагани учун

Ўша кеча лаънати бўлсин.

11 Нима учун ўлик туғилмадим?!

Онам қорнидан тушибоқ, ўлмадим?!

12 Нима учун онам мени тиззаларида олиб ўтирди экан?!

Нима учун мени эмизди экан?!

13 Ўлганимда эди, ҳозир тинч ётган бўлардим.

Ухлаб, ором олиб ётган бўлардим.

14 Вайроналарни тиклашга қодир бўлган

Шоҳу амалдорлар билан бирга бўлардим.

15 Тиллага бой, уйларини кумушга тўлдирган

Шаҳзодалар қатори ётган бўлардим.

16 Нима учун ўлик туғилган боладай бўлмадим?!

Нима учун ёруғлик кўрмаган чақалоқдай кўмилмадим?!

17 Ахир, қабрда фосиқлар ҳам

Фосиқлик қилишдан тўхтайдилар–ку!

Чарчаганлар ҳам дам оладилар–ку!

18 Асирлар у ерда жам бўлиб тинч яшайди,

Назоратчиларнинг бақир–чақири эшитилмайди.

19 Катта ҳам, кичик ҳам у ерда бордир,

Қуллар ҳам ниҳоят у ерда озоддир.

20 Нима учун қийналганга ёруғлик берилган,

Қайғуга ботганга эса ҳаёт ато қилинган?!

21 Улар ўлимни кутадилар, лекин ўлим келмайди,

Қимматбаҳо хазинадан ҳам кўра,

Кўпроқ ўлимни излайди улар.

22 Ўлим топганларида улар жуда қувонади,

Шодликдан бошлари осмонга етади.

23 Нима учун йўлни кўролмайдиганларга ёруғлик берилган?!

Ахир, Худо уларнинг йўлини тўсиб қўйган–ку!

24 Нон ейиш ўрнига оғир уф тортаман,

Чуқур оҳу нолаларим сувдай оқиб чиқяпти.

25 Ҳа, нимадан қўрққан бўлсам, ўша бошимга тушди.

Хавфсираганларим содир бўлди.

26 Кўнглим тинч эмас, менда хотиржамлик йўқ,

Тинчлик йўқ, ғам–ташвиш эса келаверади.”

Элифаз гапиради: у Аюбни гуноҳда айблайди

1 Шундан кейин Темонлик Элифаз Аюбга шундай деди:

2 “Бир гап айтсам, хафа бўлмайсанми?

Ахир, ким гапирмай жим тура олади?!

3 Сен кўпларга насиҳат қилар эдинг.

Ожизларга ёрдам берар эдинг.

4 Қоқилганларга сўзларинг билан далда берардинг,

Оғир юк остида эзилганларга куч бағишлардинг.

5 Энди эса азоб–уқубатга учраганингда тушкунликка тушяпсан,

Ўз бошингга тушганлардан саросимада ўтирибсан.

6 Худодан қўрқишинг умидинг бўлиши керак эмасми?!

Йўлларинг тўғрилиги сенга умид бағишламайдими?!

7 Ўйлаб кўргин–чи, қачон айбсиз инсон ҳалок бўлган?!

Бирор ерда солиҳ киши ҳеч йўқ қилинганми?!

8 Ўз ҳаётимда кўрганман, ким ёвузлик,

Ғам–ғусса экса, худди ўшани ўради.

9 Худонинг нафаси уларни ўлдиради,

Худонинг ғазабидан фосиқлар даф бўлади.

10 Уларнинг шерникидай бўлган овозларини Худо ўчиради,

Ўша махлуқларнинг тишларини Худо синдиради.

11 Ўлжа йўқлигидан у шерлар ҳалок бўлади,

Шерваччалари ҳам узоқларга тарқалиб кетади.

12 Менга бир сўз яширинча келди,

Қулоғимга шивирлаб эшитилди.

13 Инсонлар чуқур уйқуда бўлганда,

Ташвишли тушларда бу сўз келди.

14 Мени қўрқув–қалтироқ босди,

Бутун вужудим ларзага келди.

15 Бир руҳ юзимни силаб ўтди,

Шунда тукларим тикка бўлиб кетди.

16 Руҳ тўхтаб, қимирламай турди,

Аммо уни аниқ кўрмадим.

Кўз олдимда бир шарпа турар эди.

Сукунат чўкди, кейин бир овоз эшитдим:

17 «Инсонлар Худонинг олдида солиҳ бўла оладими?!

Одамлар Яратувчисининг олдида пок бўла оладими?!

18 Ахир, Худо ҳатто Ўз фаришталарига ишонмайди–ку,

Улардан ҳам айб топади–ку!

19 Шундай экан, тупроқдан яратилган инсонлардан,

Лойдан бино бўлган, куядай эзиладиган

Одамлардан қанчалар айб топади?!

20 Ахир, улар эрталаб бор,

Кечаси эса йўқ бўлиб кетадиган инсонлар–ку!

Уларнинг номи абадий ўчиб кетади.

21 Чодирларининг арқонлари узиб ташланади,

Улар доноликка етишмай ҳалок бўладилар.»

Элифаз гапида давом этади

1 Қани, Аюб, ҳозир чақириб кўр–чи,

Ким сенга жавоб берар экан?

Қайси фаришта сенга ёрдамга келар экан?

2 Ранж–алам нодонни ҳалок қилади,

Ҳасад соддани ўлдиради.

3 Нодонларнинг илдиз отиб, кўкарганини кўрдим,

Бирданига уларнинг уйларини лаънатладим.

4 Уларнинг фарзандлари хавфдан узоқ бўлмайди.

Ҳукм пайтида уларни эзадилар,

Лекин ҳеч ким уларни ҳимоя қилмайди.

5 Нодонлар етиштирган ҳосилни оч қолганлар еб қўяди,

Ҳатто тиканлар билан ўралганларини ҳам олиб қўяди.

Нодонларнинг бойлигини чанқаганлар ютиб юборади.

6 Ахир, қайғу ердан униб чиқмайди–ку,

Ғам–ташвиш далада ўсмайди–ку!

7 Алангадан учқун сакраб чиққани каби,

Инсон ҳам ўзи учун муаммо келтириб чиқаради.

8 Мен Худога интилган бўлар эдим,

Ўз арзимни Худога айтган бўлардим.

9 У шундай буюк ишлар қиладики,

Уларга инсоннинг ақли етмайди.

Худо кўрсатган мўъжизаларнинг сон–саноғи йўқ.

10 У ер юзига ёмғир ёғдиради,

Далаларни суғоради.

11 Хор бўлганларни кўтаради,

Қайғуга тўлганларни шодликка тўлдиради.

12 У айёрларнинг режаларини пучга чиқаради,

Шунда уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.

13 У доноларни ўзларининг айёрлиги орқали тутиб олади,

Эгриларнинг ниятларини пучга чиқаради.

14 Кундуз куни ҳам улар зулматда қолишади,

Ёп–ёруғ кунда ҳам пайпасланиб юришади.

15 Лекин Худо фақирларни эгриларнинг аччиқ сўзларидан,

Золимларнинг чангалидан қутқаради.

16 Шу боис камбағалларнинг умиди бор,

Ноҳақликнинг эса оғзи ёпилади.

17 Худонинг панд–насиҳатини олганлар қандай бахтлидир,

Шунинг учун Қодир Худонинг танбеҳини рад қилмагин.

18 Худо яралайди, аммо Ўзи боғлаб қўяди.

Худо уради, лекин яна Ўзи шифо беради.

19 У сени олти ғам–ташвишдан қутқаради,

Ҳа, етти қайғу–алам сенга яқинлашмайди.

20 Қурғоқчилик пайтида Худо сени ўлимдан,

Уруш пайтида эса қиличдан сақлайди.

21 Худо сени заҳарли тиллардан ҳимоя қилади,

Ҳалокат келганда сен қўрқувга тушиб қолмайсан.

22 Вайронаю қурғоқчилик устидан куладиган бўласан,

Ер юзидаги ёввойи ҳайвонлардан қўрқмайдиган бўласан.

23 Ер ҳайдаганингда далангда тошлар бўлмайди,

Ёввойи ҳайвонлар сенга ҳужум қилмайди.

24 Уйинг бехатар эканлигини биласан,

Подаларингни текширганингда ҳаммаси ўз жойида бўлади.

25 Фарзандларинг кўп бўлади,

Авлодинг даладаги майсадай кўпаяди.

26 Сен бевақт қабрга кирмайсан,

Ўз вақтида йиғилган буғдой донидай бўласан.

27 Буларнинг ҳаммаси тўғри,

Ўз тажрибамиздан биламиз.

Энди насиҳатларимизга қулоқ сол,

Уларни қабул қил.”

Аюбнинг иккинчи нутқи: ноҳақлик қилмагани ҳақида

1 Шундан кейин Аюб яна гапирди:

2 “Қани энди, қайғуларимни ўлчашнинг иложи бўлса эди,

Менинг кулфатларим тарозида тортиб кўрилса эди.

3 Улар денгиз қумларидан ҳам оғирроқ чиққан бўлар эди.

Шунинг учун ҳам бўлар–бўлмас гаплар айтдим.

4 Қодир Худо отган найзалар танамдадир,

Руҳим уларнинг заҳридан ичмоқда.

Худонинг барча даҳшатлари менга қарши тайёрланган.

5 Асов эшак ўт йўқлигида ҳанграйди–ку!

Ҳўкиз ҳам охурида ем бўлмаса бўкиради–ку!

6 Тузсиз овқатни еб бўлмайди–ку!

Пиширилмаган тухум оқи ахир, нақадар бемаза!

7 Уларни кўриб иштаҳам йўқолади.

Уларни ейишни ўйласам кўнглим айнийди.

8 Қани энди, тилагим бажо бўлса эди,

Худо ниятимни бажо келтирса эди!

9 Қани энди, Худо мени эзиб ташлашга рози бўлса эди,

Қўлига эрк бериб, жонимни олса эди.

10 Ана ўшанда мен тасалли топган бўлардим,

Ҳатто оғриқларимга қарамай қувонган бўлардим,

Чунки Муқаддас Худонинг сўзларини мен рад қилганим йўқ.

11 Қачонгача кутаман ахир, кучим етармикан?!

Охири нима бўлади ўзи?

Нима учун сабр–тоқат қилишим керак?!

12 Мен тошдай қаттиқ эмасман–ку!

Менинг танам темирдан эмас–ку!

13 Йўқ, ўзимга ўзим ёрдам беролмайман,

Ҳеч бир чора–иложим йўқ.

14 Қайғу–алам тортаётган инсон

Қодир Худодан қўрқишни рад қилган бўлса ҳам,

Ўша инсонга содиқ дўстлар керак.

15 Аммо дўстларимга ҳам ишониб бўлмайди,

Улар оқиб ўтиб кетадиган ирмоқлардайдир.

16 Ўша ирмоқлар музу қор эриганда тошиб оқади,

17 Иссиқ ҳавода эса улар қуриб қолади,

Кун қизиганда ғойиб бўлади.

18 Карвонлар бу ирмоқларни қидириб,

Йўлларидан адашиб кетадилар.

Юриб–юриб, чўлда ҳалок бўладилар.

19 Темо юртининг карвонлари ҳам сув қидириб келадилар,

Шава юртидан келганлар ҳам сувга умид қиладилар.

20 Аммо ўша ирмоқларга ишонганлар тушкунликка тушадилар,

У ерга бориб, гангиб қоладилар.

21 Сизлар ҳам мен учун худди ўша ирмоқлардайсизлар.

Кулфатимни кўриб туриб, ваҳимага тушяпсизлар.

22 Сизлардан бирон нарса сўрадимми?!

Ёки бойлигингиздан бериб, мени қутқаринглар, деб айтдимми?!

23 Душманларимнинг қўлидан қутқаринглар, дедимми?!

Ёки зўравонлардан мени халос қилинглар, деб сўрадимми?!

24 Менга ўргатинглар, майли жим тураман.

Қандай нотўғри иш қилганимни тушунтириб беринглар.

25 Ҳақиқат сўзлари нақадар аччиқ!

Лекин гапларингиз нимани исботлаяпти?

26 Мени беҳуда гапларни айтяпти, деб ўйлайсиз.

Шундай экан, нимага тушкунликда айтганларимга жавоб қайтарасиз?!

27 Сизлар ҳатто етимлар учун қуръа ташлаган бўлардингиз.

Дўстингиз устидан савдолашиб, уни сотган бўлардингиз.

28 Энди марҳамат қилиб менга қаранглар,

Мен сизларга ёлғон гапирмайман.

29 Бас энди, ноҳақлик қилманг.

Ахир, менинг айбим йўқ–ку!

30 Ё гапимда бирор ноҳақлик борми?

Тилим ёвузликнинг таъмини ажрата билмайдими?!

1 Инсоннинг ердаги меҳнати машаққатли–ку!

Унинг кунлари мардикорнинг кунига ўхшайди–ку!

2 Ҳа, инсон сояни қўмсаган қулга ўхшайди!

Ўз ҳақини кутган мардикордайдир у!

3 Менга ҳам мақсадсиз ойлар,

Қайғуга тўла тунлар берилган.

4 Ётганимда: «Қачон тонг отаркан?» — дейман,

Лекин тун жуда чўзилиб кетади,

Тонг отгунча ағнаб чиқаман.

5 Танамни қурт ва яра босиб кетган,

Терим ёрилиб, йиринглаб кетган.

6 Кунларим бўзчининг мокисидан ҳам тезроқ ўтади,

Асло умид бағишламай ўтиб кетаверади.

Аюб Худога ёлворади

7 Эй Худойим, ҳаётим бир нафасдай эканлигини ёдингда тут,

Кўзларим энди ҳеч қачон яхшиликни кўрмайди.

8 Ҳозир мени кўриб турибсан, лекин бу узоққа чўзилмас,

Мени қидирасан, лекин мен ўшанда бўлмайман.

9 Булут тарқалиб, йўқ бўлиб кетади.

Худди шунга ўхшаб, ўликлар диёрига кетганлар қайтиб келмайди.

10 Улар уйларига қайтиб келмайдилар,

Ўз яшаган жойларида уларни билмайдилар.

11 Шунинг учун жим бўлмай,

Ўз дардимни баён қиламан,

Алам–ҳасратда шикоят қиламан.

12 Эй Худойим! Нима учун устимдан қўриқчи қўйдинг?

Мен денгизманми ёки денгиз махлуқиманми?

13 «Тўшагим менга тасалли берар,

Уйқу дардимни енгиллаштирар», — десам,

14 Тушлар орқали мени қўрқитасан,

Ваҳийлар орқали даҳшатга соласан.

15 Шунда мен, қани энди бўғилиб қўя қолсам, дейман,

Ахир, шу жисмимда яшашдан кўра, ўлим афзалроқ.

16 Ҳаётимдан нафратланяпман, абадий яшамайман.

Ҳаётим бир нафасдай бўлса ўзи, мени тинч қўйгин, ахир!

17 Инсон ким бўлибдики,

Унга шунчалик эътибор берсанг?!

Одам ким бўлибдики,

У ҳақда ўйласанг?!

18 Ҳар тонг уни текшириб,

Ҳар лаҳзада синасанг?!

19 Бир лаҳзага мендан юз ўгиргин,

Тинч қўйгин, ҳеч бўлмаса бир ютинай.

20 Гуноҳ қилган бўлсам, Сенга нима, эй одамзод Қўриқчиси?!

Нима учун мени Ўзингга нишон қилиб олдинг?!

Сенинг менда қасдинг борми?!

21 Нима учун гуноҳимни кечириб,

Айбимдан фориғ қилмайсан?

Ахир, яқинда тупроққа қайтаман–ку!

Мени қидирганингда эса йўқ бўлиб кетган бўламан.”

Билдад гапиради: у Аюбни тавбага чақиради

1 Шувахлик Билдад Аюбга шундай деди:

2 “Қачонгача шундай гапларни гапирасан?

Оғзингдан чиққан сўзлар шамолга ўхшайди–я!

3 Худо адолатга хиёнат қиладими?

Қодир Худо ҳақиқатнинг йўлини тўсадими?

4 Фарзандларинг Унга қарши гуноҳ қилган бўлса,

Худо уларни гуноҳлари учун жазолади.

5 Худога юз бургин,

Қодир Худога ёлворгин.

6 Агар пок ва солиҳ бўлсанг,

Албатта У сенга қўлини узатиб,

Сени ўз ҳаққоний жойингга қайтаради.

7 Охири шунчалик фаровон бўласанки,

Аввалги ҳолатинг ночордай туюлади.

8 Ана, ўтиб кетганларга қарагин,

Аждодларимизнинг қилганларига эътибор бергин.

9 Ахир, биз кечагина туғилганмиз, ҳеч нарса билмаймиз,

Ҳаётимиз ҳам соядек ўтиб кетади.

10 Аждодларимиз сенга муаллим бўлади,

Уларнинг ақл–заковатидан сабоқ ол.

11 Тўқайзор бўлмаса қамиш ўсадими?!

Сув бўлмаган жойда қамиш бўй чўзадими?!

12 Қамишлар ҳали кўкариб турган пайтдаёқ,

Кесилишга тайёр бўлмай туриб,

Ҳамма ўтлардан олдин сўлиб қолади.

13 Ҳа, Худони унутганлар ҳам шу кўйга тушади,

Бетавфиқларнинг умиди пучга чиқади.

14 Улар умид боғлаган нарсалар жуда мўртдир,

Улар ишонган нарсалар ўргимчакнинг тўрларидайдир.

15 Улар ўз уйига суянадилар, аммо уй бузилиб кетади.

Уйини маҳкам ушлайдилар, лекин уй бардош бермайди.

16 Фосиқлар яхши суғорилган,

Қуёш нури остида ўсаётган бутага ўхшайдилар,

Новдалари бутун боғ бўйлаб ёйилиб кетган.

17 Илдизлари тошларга чирмашиб,

Ўша ердан ўзига жой қидиради.

18 Лекин илдиз юлиб ташланганда,

Ўсган жойи ҳам билинмайди.

19 Ҳа, фосиқларнинг шодлиги узоққа чўзилмайди,

Бошқалар чиқиб, уларнинг ўрнини олади.

20 Айбсиз кишини Худо ҳеч рад қилмайди,

Ёвузларга эса ёрдам қўлини узатмайди.

21 У ҳали оғзингни кулги билан тўлдиради,

Лабларингдан эса шодлик садосини янгратади.

22 Сендан нафратланганлар уятга қоладилар,

Фосиқларнинг чодири вайрон бўлади.”

Аюбнинг учинчи нутқи: Худодан қутқарадиган ҳакам йўқ

1 Аюб жавоб бериб, шундай деди:

2 “Ҳа, биламан, айтганларингнинг ҳаммаси тўғри,

Лекин қандай қилиб инсон Худонинг назарида ҳақ бўла олади?

3 Агар бирор инсон Худо билан баҳсга киришса,

У Худонинг мингта саволидан биттасига ҳам жавоб бера олмасди.

4 Ҳа, Худо доно ва қудратлидир,

Ким Худога қарши чиқиб, Ундан устун бўлган?!

5 Худо огоҳлантирмай тоғларни ағдаради,

Ғазаб алангасида уларни йиқитади.

6 Ерни жойидан қўзғатиб, силкитади,

Замин устунларини титратади.

7 Қуёшга амр берса, у нур сочмайди,

Юлдузларнинг нурини ўчиришга қодир Худодир У.

8 Унинг Ўзи самони ёйган,

Денгиз тўлқинларини топтаб юради.

9 Ҳулкар юлдузини, Катта айиқ буржи ва Парвин юлдузларини,

Бутун жанубдаги юлдуз туркумларини яратган Худодир У.

10 Инсон ақли бовар қилмайдиган буюк ишлар қилади Худо,

У қилган мўъжизаларнинг сон–саноғи йўқдир.

11 У ёнгинамдан ўтиб кетса ҳам,

Мен Уни кўра олмайман.

Ўз йўлида давом этиб кетаверади,

Унинг ўтганини пайқамай қоламан.

12 У олиб қўяман, деса, ким тўхтата олади?!

Ким Ундан: «Нима қиляпсан?» деб сўрай олади?!

13 Худо Ўз ғазабини тутиб турмайди,

Ҳатто махлуқ Раҳоб ёрдамчилари Унинг оёғи остида қалтирайди.

14 Мен ким бўлибманки, Унга жавоб бера олсам,

У билан баҳслашиш учун керакли сўзлар тилимга келса?!

15 Айбсиз бўлсам ҳам, Унга жавоб бера олмаган бўлардим,

Ҳакамдан фақат раҳм–шафқат тилаган бўлардим.

16 Агар Уни чақирсам, У менга жавоб берса ҳам,

Гапларимга қулоқ солишига ишонмайман.

17 Худо бўрон чақириб, мени эзмоқда,

Ҳеч бир сабабсиз яраларимни кўпайтирмоқда.

18 Нафасимни ростлаб олишга ҳам имкон бермаяпти,

Юрагимни қайғуга тўлдиряпти.

19 Агар куч синалса, албатта У энг кучлиси бўлиб чиқади.

Одиллик масаласида эса ким Уни маҳкамага чақириб келади?!

20 Гуноҳсиз бўлсам ҳам, ўз оғзим мени айбдор деб топади,

Айбсиз бўлсам ҳам, ўз оғзим мени эгри деб ҳукм қилади.

21 Айбсизман, аммо менга барибир,

Ўз ҳаётимдан нафратланяпман.

22 Эҳ, ҳаммаси барибир экан, шунинг учун ҳам:

«У айбсизни ҳам, фосиқни ҳам ҳалок қилади», деб айтаман.

23 Кулфат кутилмаганда одамга ўлим келтирса,

Айбсизнинг бошига тушган офатдан Худо кулади.

24 Бутун ер юзи фосиқлар қўлида,

Худо ҳакамларнинг кўзларини боғлаб қўйган.

Агар У боғламаган бўлса,

Яна ким боғлаган бўлиши мумкин?!

25 Ҳаётим чопағон кишидан ҳам тезроқ ўтиб кетади.

Шунчалик тезки, ҳеч фароғат кўрмай ўтиб кетаман.

26 Умрим тез сузадиган қайиқлардай кўзга кўринмай кетади,

Ўз ўлжасига ташланган бургутдай тездир.

27 «Энди ҳеч нолимайман,

Қайғули чеҳрам ёришсин,

Хурсанд бўлай», дегим келади,

28 Лекин янада кўпроқ келадиган ғам–аламдан қўрқаман.

Ахир, Сен мени айбсиз ҳисобламайсан.

29 Модомики, айбдор эканман,

Ҳаракат қилишимдан нима фойда бор?

30 Қор сувида чўмилиб,

Қўлларимни совун билан ювсам–да,

31 Эй Худо, Сен мени лой чуқурга ташлайсан,

Ҳатто кийимларим ҳам мендан нафратланади.

32 Худо инсон эмаски, мен У билан баҳслашсам,

Мен билан даъволашгин деб, Уни чақирсам.

33 Иккимиз орамизда ҳакам йўқки,

Бизни ажрим қилса.

34 Ҳакам бўлганда, Худонинг таёғини устимдан олиб ташлаган бўларди,

Ўшанда Худо мени бошқа даҳшатга солмасди.

35 Қўрқмасдан Унга гапира олган бўлардим,

Лекин ҳозирги аҳволимда ундай қилолмайман.

Аюб Худога шикоят қилмоқчи бўлади

1 Ҳаётдан тўйдим!

Эвоҳ, энди бемалол шикоят қилишдан,

Алам–ҳасрат билан гапиришдан ўзимни тиймайман.

2 Худога шундай дейман: «Мени ҳукм қилавермасдан,

Менга қарши бўлган даъволарингни айт.

3 Мени эзишдан Сенга бирор фойда борми ўзи?

Фосиқларга шодлик билан фаровонлик беряпсан–у,

Нима учун мени — Ўз қўлларинг ижодини рад этяпсан?!

4 Сенинг инсонникига ўхшаш кўзларинг борми?!

Сенинг дунёқарашинг инсонларники билан бирми?!

5 Умринг инсон умридай қисқами?!

Йилларинг инсон ҳаёти йилларидай эмас–ку!

6 Нима учун мендан айб қидирасан,

Гуноҳ топишга ҳаракат қиласан?

7 Ахир, Ўзинг биласан, мен айбсизман,

Ҳеч ким мени Сенинг қўлингдан қутқара олмайди.

8 Ахир, қўлларинг билан мени Ўзинг ясагансан,

Ўзинг мени яратгансан,

Энди эса мени бутунлай ҳалок қилмоқчисан.

9 Сен мени лойдан бунёд қилганингни эслагин.

Энди мени яна тупроққа қайтармоқчимисан?!

10 Мени сутдай қуйиб,

Пишлоқдай қотирган Ўзинг–ку.

11 Сен Ўзинг мени эту тери билан қоплаб,

Менга суягу пайлар ато қилдинг.

12 Сен менга ҳаёт бағишлаб, садоқатли севгингни кўрсатдинг.

Ўзинг ғамхўрлик қилиб, ҳаётимни сақладинг.

13 Лекин юрагингда бошқа бир ният бор эди.

Сенинг ўй–хаёлларингни биламан:

14 Гуноҳ қилсам, мени кузатиб турган бўласан,

Айбимни жазосиз қолдирмайсан.

15 Фосиқ бўлсам, ўзимдан кўрай!

Аммо айбсиз бўлсам ҳам,

Шунчалик уятга қолдимки,

Шунчалик қайғуга ботдимки,

Бошимни кўтара олмаяпман.

16 Бошимни кўтарсам, шердай мени пойлайсан,

Ўз буюк қудратингни менга қарши ишлатасан.

17 Менга қарши янги гувоҳлар чақираверасан.

Менга бўлган ғазабинг янада ошиб бораверади,

Устимга яна янги қўшинлар бостириб келаверадилар.

18 Эвоҳ, нима учун мени бу дунёга келтирдинг?

Қанийди, туғилишим биланоқ,

Биров мени кўриб улгурмасдан,

Ўлиб қўя қолганимда эди.

19 Ҳеч нарса кўрмаган бўлардим,

Онам қорнидан тўғри қабрга борган бўлардим.

20 Ҳаётим қисқа, кунларим саноқли эмасми, ахир?!

Мени тинч қўй, озгина бўлса ҳам, хурсанд бўлай.

21 Ҳеч ким қайтиб келмайдиган зулмат юртига,

Тим қоронғи ерга боришимдан олдин озгина қувонай.

22 Тун ярмидаги зулматдай қоронғи бўлган юртга кетаман.

Қоп–қоронғи ҳеч бир тартиб бўлмаган бир жойга,

Ҳатто нури ҳам зулмат бўлган ерга кетаман, ахир!»”

Зўфар гапиради: у Аюбнинг жазога лойиқлигини таъкидлайди

1 Кейин Намахлик Зўфар шундай деди:

2 “Шунча кўп гап жавобсиз қолаверадими?

Кўп гапирган инсон оқланар эканми?

3 Бекорчи гапларинг бошқаларнинг овозини ўчириб қўйдими?

Наҳотки мазах қилиб айтган гапларинг учун ҳеч ким сени уялтирмаса?

4 Сен: «Мен ҳақман, бунга ишончим комил,

Ўзим ҳам Худонинг назарида покман», деб айтасан.

5 Қани энди, Худо гапирса,

Унинг Ўзи сенга қарши оғиз очса эди.

6 Қани энди, У сенга доноликнинг сирларини билдирса эди.

Ахир, ҳақиқий донолик кўп қиррали–ку!

Билиб қўй, Худо сени ўз гуноҳларингга яраша жазолагани йўқ,

Жазони анча кам беряпти.

7 Хўш, Худонинг сирларини англай оласанми?!

Қодир Худонинг комиллигини била оласанми?!

8 Худонинг донолиги осмондан ҳам юксакдир,

Сен нима қила олардинг?!

Худонинг донолиги ўликлар диёридан ҳам чуқурроқдир,

Сен нимани била олардинг?!

9 Унинг ўлчами ер теварагидан ҳам узунроқ,

Денгиздан ҳам кенгроқдир.

10 Худо келиб, сени қамоққа ташласа,

Ёки ҳаммани ҳукмга йиғса,

Ким Уни тўхтата оларди?

11 Албатта У ёлғончиларни билади,

Ёвузликни кўрганда, эътиборга олади–ку!

12 Асов эшакдан одам туғилмагандай,

Нодон ҳам доноликка эриша олмайди.

13 Ўз юрагингни Худога бағишла,

Ибодат қилиб, қўлларингни У томон чўзгин.

14 Қўлларинг гуноҳдан булғанган бўлса, поклагин,

Чодирингда ёвузликка жой бермагин.

15 Шунда сен уялмасдан бошингни тик кўтариб юрасан.

Қўрқувдан холи бўлиб, барқарор турасан.

16 Қайғуларингни эсдан чиқарасан,

Улар оқиб кетган сувлардай бўлиб қолади.

17 Ҳаётинг кундузги нурдай ёруғ бўлади,

Ҳар қандай зулмат тонгдай бўлиб қолади.

18 Умидинг борлиги учун ишончинг комил бўлади,

Атрофингда ҳимоянг бўлиб, тинчликда ором оласан.

19 Ётганингда ҳеч кимдан қўрқмайдиган бўласан,

Ҳамма сендан марҳамат истаб келади.

20 Фосиқларнинг кўз нури сўнади,

Улар қочишга йўл тополмайдилар,

Ўлиб қутуламиз, деб умид қиладилар.”

Аюбнинг тўртинчи нутқи: ҳаммага мазах бўлгани ҳақида

1 Аюб шундай деб жавоб берди:

2 “Ҳа, сизлар ҳамманинг ўрнига гапирасизлар, тўғрими?

Ўлсангиз, донолик ҳам сиз билан бирга ўлса керак–а?!

3 Мен ҳам бир–иккита нарса биламан,

Сизлар мендан устун эмассизлар.

Сизлар айтаётганларни ким ҳам билмас экан?!

4 Мен Худога илтижолар қиляпман.

Унинг жавоб беришини кутяпман.

Дўстларим эса устимдан кулаверадилар.

Солиҳ ва айбсиз бўлсам ҳам, ҳаммага мазах бўлиб қолдим.

5 Беташвиш юрганлар кулфатга такаббурлик билан қарайдилар.

Фалокатни қоқилаётганларнинг тақдири деб биладилар.

6 Ўғриларнинг чодирида ҳам тинчлик ҳукмрон,

Худонинг ғазабини келтирадиганлар ҳам хавф–хатарсиз юрибди.

Гўё улар «гаҳ» деса, Худо қўлига қўнади!

7 Мана, ҳайвонлардан сўранглар,

Улар сизларга ўргатадилар.

Осмондаги қушлардан сўранглар,

Улар сизларга айтиб берадилар.

8 Ердан сўранглар, у сизларга йўл–йўриқ кўрсатади.

Денгиздаги балиқлар сизларга тушунтирадилар.

9 Мана шу жонзотларнинг орасида қайси бири

Ҳаммасига Эгамиз сабабчи эканини билмайди?!

10 Ҳар бир жониворнинг ҳаётию

Инсонларнинг нафаси Унинг қўлидадир.

11 Оғиз овқатнинг таъмини билади.

Худди шундай қилиб, қулоқ ҳам эшитган сўзларини синаб кўриши керак–ку?!

12 Ақл–идрок узоқ умр кўрган одамларда,

Донолик кексаларда бўлади.

13 Лекин ҳақиқий донолик ва қудрат Худодадир.

Маслаҳат ва ақл–идрок Унга тегишлидир.

14 Агар Худо ниманидир бузса, қайта қуриб бўлмайди,

Агар У қамаб қўйса, ҳеч ким қочиб кета олмайди.

15 Агар У ёмғирни ушлаб турса, ер чўлга айланади.

Сувларни қўйиб юборса, ер юзини сув босади.

16 Куч ва зафар Худога тегишли!

Ёлғончию алданганлар ҳам Унинг қўлида!

17 У маслаҳатчиларни қип–яланғоч қилиб қўяди,

Ҳакамларни ҳам ақлдан оздиради.

18 Худо шоҳларнинг ҳам тўнларини ечиб ташлайди.

Уларни қул қилиб, белларига арқон боғлаб қўяди.

19 Руҳонийларни ҳам қип–яланғоч қилиб қўяди,

Мустаҳкам ўрнашганларни Худо ағдариб ташлайди.

20 Ишончли маслаҳатчиларни тилдан қолдиради,

Оқсоқолларни эса идрокидан маҳрум қилади.

21 Шаҳзодаларнинг устидан шармандалик ёғдиради,

Кучлиларнинг қурол–аслаҳаларини тортиб олади.

22 Худо зулматнинг энг яширин жойларини очади,

Тим қоронғиликларни ҳам ёритади.

23 Халқларни юксалтиради–ю, яна Ўзи уларни ҳалокатга дучор қилади,

Халқларни кўпайтиради–да, кейин уларни тарқатиб юборади.

24 Ер юзидаги йўлбошчиларни ақл–заковатдан маҳрум қилади,

Уларни сўқмоқсиз чўлларда саргардон қилиб қўяди.

25 Нурсиз бир қоронғиликда улар пайпасланиб юрадилар.

Худо уларни маст одамдай қилиб қўяди,

Улар довдираб юрадиган бўлиб қоладилар.

Аюб Худо билан даъволашмоқчи бўлади

1 Буларнинг ҳаммасини ўз кўзларим билан кўрганман.

Ўз қулоғим билан эшитиб, англаб олганман.

2 Сизлар билганларни мен ҳам биламан,

Сизлар мендан устун эмассизлар.

3 Қани энди, Қодир Худо билан гаплаша олсам!

Худога ўз даъвоимни билдиришни хоҳлайман.

4 Сизлар эса ёлғонлар тўқийсизлар,

Ҳеч фойда келтирмайдиган табибдайсизлар.

5 Қанийди, жим ўтирсангиз,

Ана ўшанда доно иш қилган бўлардингиз.

6 Энди менинг арзимга қулоқ солинглар,

Шикоятларимга диққат қилинглар.

7 Ёлғон сўзларингиз, ноҳақ гапларингиз билан

Худони ҳимоя қиляпмиз, деб ўйлаяпсизларми?!

8 Худонинг тарафини олиб, Унга ён босасизларми?!

Сизлар Худонинг даъвосини ҳимоя қиласизми?!

9 Қилаётганларингизни У текшириб кўрса, яхши бўладими?

Ёки инсонни алдагандай Уни ҳам алдайсизларми?!

10 Агар ҳатто хаёлингизда ҳам тарафкашлик қилсангиз,

У сизларга албатта танбеҳ беради.

11 Унинг улуғворлиги юрагингизга ваҳима солмайдими?!

Ундан қўрқиб, даҳшатга тушмайсизми?!

12 Сизларнинг гапингиз кулдай фойдасиз,

Ҳимоянгиз лой идишдай кучсиздир.

13 Энди жим бўлинглар! Мен гапирай.

Майли, кейин нима бўлса, бўлсин.

14 Жонимни хавф остига қўйиб бўлса ҳам,

Ичимдагиларни айтаман.

15 Майли, У мени ўлдирсин. Бошқа умидим йўқ–ку!

Ўз ишларимни Унинг олдида ҳимоя қиламан.

16 Унинг олдига боришга журъат қилганим менинг нажотим бўлади,

Ахир, бетавфиқ одам Худонинг олдига бора олмайди–ку!

17 Менинг сўзларимга қулоқ солинглар,

Гапларим қулоқларингизга кирсин.

18 Мен ўз арзимни тайёрлаб қўйдим,

Биламан, айбсизлигим исбот бўлади.

19 Хўш, ким мен билан баҳслашади?

Агар мени айбдор деб топсангиз,

Овозимни ўчираман–у, ўламан.

Аюбнинг ибодати

20 Сендан икки нарса сўрайман, эй Худо,

Шуни қилсанг юзимни Сендан яширмайман.

21 Энди қийноқларингни бас қилгин,

Ваҳиманг билан мени қўрқувга солма.

22 Шундан кейин мени чақир, жавоб бераман,

Ёки мен гапирай, Сен эса менга жавоб бер.

23 Менинг қанча айбу гуноҳларим бор экан?

Итоатсизликларимни, гуноҳларимни билдиргин менга.

24 Нима учун мендан юз ўгирасан,

Мени Ўз душманинг деб ҳисоблайсан?

25 У ёқдан–бу ёққа учиб юрган баргни қўрқитасанми,

Қуруқ сомонни таъқиб қиласанми?

26 Менга қарши аччиқ айблар келтиряпсан,

Ёшлигимдаги гуноҳларимни эслатяпсан.

27 Оёқларимни кишанлаб,

Юрган йўлларимни пойлайсан,

Ҳатто ҳар бир қадамимни ўлчайсан.

28 Эвоҳ, инсон чирик нарсадай,

Куя еган кийимдай йўқ бўлиб кетади.

1 Аёл зотидан туғилган инсоннинг

Умри қисқа, ҳаёти қайғуга тўла бўлади.

2 У гул сингари очилади–ю, яна сўлиб қолади.

Соядай тез ўтиб кетади, кўпга чидамайди.

3 Эй Худо! Шундай инсонга назар ташлайсанми?

Мени ҳукм қилиш учун Ўз олдингга олиб келасанми?

4 Ким ҳалолни ҳаром ичидан чиқара олади?!

Ҳеч ким.

5 Сен инсон ҳаётининг кунларини санаб қўйгансан,

Неча ой яшашини ҳам биласан.

Инсон Сен белгилаган чегаралардан ўтолмайди.

6 Уни тинч қўй, дам олсин.

Мардикорларга ўхшаб, кунлик ишини тинчгина битирсин.

7 Ҳатто дарахтнинг ҳам умиди бор,

Агар у кесиб ташланса, яна ўсаверади,

Дарахтнинг новдалари ўсишдан тўхтамайди.

8 Унинг илдизлари қариб,

Тўнкаси чирий бошласа,

9 Ҳатто сувнинг ҳидини сезса ҳам яна яшнаши мумкин.

Навниҳол кўчатдай яна новдалари кўкариши мумкин.

10 Лекин инсон ўлганда бор кучидан айрилади,

Охирги нафасини чиқаради–ю, йўқ бўлиб кетади!

11 Сув денгиздан буғланиб чиқиб кетгандай

Дарё қуриб, йўқ бўлиб кетгандай,

12 Инсон ҳам ётади–ю, қайтиб турмайди.

Осмон йўқ бўлмагунча, у уйғонмайди.

Ўлим уйқусидан уни ҳеч ким турғиза олмайди.

13 Эй Худо, қани энди, мени ўликлар диёрига юборсанг,

Ғазабинг босилгунча мени яшириб қўйсанг,

Мен учун бир вақт тайинлаб, кейин мени ёдга олсанг.

14 Инсон ўлса, у яна тириладими?

Агар шундай бўлса, озод бўлгунимча

Барча қийинчиликларга чидаб берардим.

15 Мени чақирсанг, Сенга жавоб берган бўлардим.

Менга — Ўз қўлинг билан яратганга мунтазир бўлардинг.

16 Шунда Сен қадамларимни ўлчардинг–у,

Гуноҳларимни ҳисобга олмасдинг.

17 Айбларимни хуржунга солиб, боғлаб қўйгандай бўлардинг.

Фосиқлигимни ўчириб, устидан оқлаб ташлагандай бўлардинг.

18 Аммо тоғлар қулаб, майдаланиб кетади,

Қоялар ўз жойидан сурилади,

19 Сув тошларни емиради,

Тошқин сувлар ерни ювиб кетади.

Худди шу сингари, Сен ҳам

Инсоннинг умидини йўққа чиқарасан.

20 Сен инсонни бутунлай мағлуб қиласан,

Инсон оламдан ўтиб кетади.

Ўлганда юзини ўзгартириб, жўнатиб юборасан.

21 Фарзандлари ҳурматга сазовор бўлсалар ҳам,

Хўрлансалар ҳам у билмайди.

22 Инсон фақат ўз танасидаги оғриқни сезади,

Фақат ўзи учун қайғуради.”

Элифаз иккинчи марта гапиради: у Аюбни Худодан қўрқмасликда айблайди

1 Кейин Темонлик Элифаз шундай деди:

2 “Доно киши шундай беҳуда сўзлар билан жавоб бермаган бўларди!

Оғзини қуруқ гаплар билан тўлдирмас эди!

3 Бефойда сўзлар айтиб баҳслашмаган бўларди!

Қуруқ гаплар айтмас эди!

4 Сен Худодан қўрқмай қўйдинг!

Тоат–ибодатга тўсқинлик қиляпсан.

5 Гуноҳларинг сенга гап ўргатяпти,

Худди айёрлардай гапиряпсан.

6 Мен эмас, ўз оғзинг сени ҳукм қиляпти,

Ўз лабларинг сенга қарши гувоҳлик беряпти.

7 Нима, сен одамзоднинг тўнғичимисан?!

Қирлар яратилмасдан олдин туғилганмисан?!

8 Худонинг кенгашида қатнашганмисан?!

Нима, фақатгина ўзингни доно деб биласанми?!

9 Хўш, биз билмаган нимани биласан?

Биз тушунмаганларни сен тушунасанми?

10 Ҳа, оқсоқоллар, кексалар,

Отангдан ҳам ёши улуғроқ бўлганлар биз томонда.

11 Худонинг тасаллиси сенга камлик қиляптими?!

Мулойимлик билан айтган сўзи сенга етмаяптими?!

12 Нима учун юрагингнинг амрига қараб иш тутасан?

Нима учун кўзларингни чақчайтирасан?

13 Нима учун сен Худо билан тескарисан?

Нимага оғзингдан шундай сўзлар чиқяпти?

14 Инсон ўзи недирки, пок бўла олса?!

Аёл зотидан туғилган инсон қандай қилиб солиҳ бўла олади?!

15 Худо ҳатто Ўз фаришталарига ҳам ишонмайди,

Ҳатто само ҳам Унинг назарида пок эмас.

16 Шундай экан, қабиҳ ва бузуқ инсон қанчалик тубан,

Ахир, инсон ёвузликни сувдай ичиб юборади–ку!

17 Қулоқ сол, мен сенга тушунтираман,

Кўрганимни айтиб бераман.

18 Сенга донишмандларнинг гапларини айтаман.

Улар аждодларидан ўрганиб, яширмасдан айтганларини сўзлаб бераман.

19 Фақат ўша доно инсонларга юрт берилган эди,

Уларнинг орасида бегоналар йўқ эди.

20 Фосиқларнинг бутун умри азоб билан ўтади,

Зўравонларга берилган барча йиллар саноқлидир.

21 Даҳшатли товушлар қулоқларига тинчлик бермайди.

Фаровонлик чоғида ҳам уларнинг устига босқинчи бостириб келади.

22 Фосиқлар зулматдан қочиб қутулишга умид қилмайдилар,

Уларнинг пешанасига қиличдан ўлиш ёзилган.

23 Улар нон излаб дайдиб юрадилар,

Зулмат куни яқинлигини биладилар.

24 Қўрқув ва қайғу уларни даҳшатга солади,

Урушга тайёрланаётган шоҳдай, ваҳимада яшайдилар.

25 Улар қўлларини Худога қарши кўтаргани,

Қодир Худога бўйсунмаганлари учун шундай бўлади.

26 Мустаҳкам қалқонларини кўтариб,

Ўжарлик билан Унга қарши чиқадилар.

27 Чунки улар семириб, юзлари йилтираб кетган,

Қорнию белларини ёғ боғлаб кетган.

28 Улар вайрона шаҳарларда яшайдилар.

Қулаб тушай деб турган,

Ҳеч ким яшамайдиган уйларда турадилар.

29 Улар бойлигича қолавермайдилар, бойликлари абадий эмас.

Мол–дунёси ер юзидан йўқ бўлиб кетади.

30 Улар зулматдан қочиб қутула олмайдилар.

Ҳа, улар шохлари ёнган дарахтга ўхшайдилар.

Худонинг нафаси уларни учириб юборади.

31 Беҳуда нарсаларга умид боғлаб, ўзларини алдамасинлар,

Уларнинг мукофоти ўша беҳуда нарсалар бўлади.

32 Вақти–соати етмай туриб, улар тўлиқ жазо оладилар,

Новдалари гуллаб–яшнамайди.

33 Узумлари пишмай туриб узиб олинган токдай,

Гуллари тўкилиб, мева тугмаган зайтун дарахтидай бўлиб қоладилар.

34 Бетавфиқлар тўдаси бирор авлод қолдирмай ўтиб кетади,

Порахўрларнинг чодирларини олов ёндириб юборади.

35 Фосиқлар бузуқликка ҳомиладор бўлиб, ёвузлик туғадилар,

Юракларида фақат ёлғон туғилади.”

Аюбнинг бешинчи нутқи: у ўзининг айбсизлигини таъкидлайди

1 Аюб шундай жавоб берди:

2 “Мен бундай нарсаларни кўп эшитганман,

Қандай ношуд юпатувчисизлар–а!

3 Бу беҳуда гапларнинг охири борми ўзи?!

Шундай гапиришга сизларни нима ундайди?!

4 Агар сизлар менинг ўрнимда бўлганингизда эди,

Мен ҳам сизлардай гапирсам бўларди.

Бошимни чайқаб,

Сизларга қарши чиройли сўзлар айтсам бўларди.

5 Аммо мен сўзларим билан сизларга далда берган бўлардим.

Гапларим билан дардингизни енгиллаштирардим.

6 Ҳозир эса, гапирсам ҳам дардим енгиллашмайди,

Гапирмасам ҳам азобларим камаймайди.

7 Эй Худо, Сен мени эзиб юбординг,

Бутун оиламни йўқ қилдинг.

8 Юзимни ажинлар билан тўлдириб ташладинг.

Булар менга қарши гувоҳ бўлади.

Озғинлигим ҳам кўзга ташланиб,

Менга қарши гувоҳлик беради.

9 Худо ғазаб билан ортимдан қувиб,

Мени эзиб ташлади.

Тишларини ғичирлатиб,

Кўзлари билан тешади.

10 Мени кўриб, одамларнинг оғзилари очилиб қолди,

Улар мени мазах қилиб, юзимга урдилар.

Тўдалашиб, менга қарши чиқиш учун йиғилдилар.

11 Худо мени бетавфиқлар ихтиёрига ташлади,

Фосиқларнинг қўлига бериб қўйди.

12 Мен тинчгина яшаётган эдим,

У мени парчалаб ташлади,

Бўйнимдан ушлаб, мени эзди.

Кейин эса Худо мени нишон қилиб,

13 Ўз камонлари билан ўраб олди.

Раҳм–шафқат қилмай,

Ўқлари билан мени илма–тешик қилиб ташлади.

Ичак–човоқларим ерга тўкилди.

14 Худо қайта–қайта менга ҳужум қилди,

Менинг устимга жангчидай бостириб келди.

15 Қайғу–аламдан қанорга буркандим,

Қанор худди теримга қўшиб тўқилгандай бўлиб қолди,

Ғурурим поймол бўлди.

16 Нолаю фарёддан юзим қизариб,

Қовоқларим қорайиб кетган.

17 Лекин қўлларим ёвузликдан узоқ,

Ибодатларим покдир.

18 Эй тупроқ, менинг қонимни яширма,

Менинг фарёдим йўқолиб кетмасин.

19 Мана, ҳозир менинг Гувоҳим самодадир,

Менинг Ҳимоячим юксакда ўтирибди.

20 Дўстларим мени мазах қиляпти,

Мен эса Худо олдида кўз ёш тўкаман.

21 Қани энди биронтаси

Ўз яқини учун Худога илтижо қилгандай,

Мен учун ҳам Худога ёлворса.

22 Чунки мен кўп вақт ўтмай

Борса келмас жойга кетаман.

1 Руҳим тушган, умрим оз қолган,

Қабр мени кутиб турибди.

2 Мазах қилувчилар атрофимни ўраб олган.

Адоватларини ўз кўзларим билан кўриб турибман.

3 Эй Худо, Ўзинг мени кафилликка олгин.

Ахир, яна ким бор мени қўллайдиган?

4 Сен дўстларимнинг онгини ақл–заковат учун ёпиб қўйгансан,

Шунинг учун уларнинг устун бўлишларига йўл бермайсан.

5 Улар ўз фойдасини кўзлаб, дўстларига хиёнат қиладилар.

Шундайларнинг фарзандлари кўр бўлсин.

6 Худо мени одамлар орасида кулги қилиб қўйди,

Улар юзимга тупуришади.

7 Қайғудан кўзларим хиралашган,

Аъзои баданим заифлашиб, қоқ суяк бўлиб қолган.

8 Ўзини покдил деб билганлар мени кўриб ажабланяптилар,

Улар мени иккиюзламачи деб ўйлаяптилар.

Ўзини айбсиз деб билганлар мендан ғазабланяптилар.

9 Аммо шунга қарамай, солиҳ одам ўз йўлида юраверади,

Қўли пок бўлган кучайиб кетаверади.

10 Қани энди сизлар келинглар–чи?!

Орангиздан бирорта доно инсонни топа олармиканман?!

11 Мана кунларим ўтиб кетди,

Режаларим ҳам барбод бўлди,

Кўнглимдаги орзуларим пучга чиқди.

12 Дўстларим тунни кун, дейишади,

Атрофи қоп–қоронғи,

Лекин улар, ёруғлик яқин, деб туриб олишган.

13 Хўш, агар ўликлар диёри менинг уйим бўлса,

Тўшагимни зулматда ёзсам,

14 Қабрга, сен отамсан, десам,

Қурт–қумурсқаларни, онамсиз, опа–сингилларимсиз, десам,

15 Мен умидли одам бўламанми?

Мени, умиди бор, деб ким айтади?!

16 Наҳотки ўликлар диёрида умид бўлса?!

Йўқ, тупроқда ётганимда умид бўлмайди.”

Билдад иккинчи марта гапиради: у Аюбни фосиқлар қаторига қўшади

1 Шунда Шувахлик Билдад жавоб берди:

2 “Қачонгача валдирайсан–а?!

Гапингни ўйлаб гапиргин, кейин суҳбатлашамиз.

3 Нима, бизни мол деб ўйлаяпсанми?

Ёки бизни гўл деб биляпсанми?

4 Жаҳл билан ўзингни жароҳатлаяпсан.

Нима энди, сени деб ер юзи ҳувиллаб қолиши керакми?!

Ёки қоялар ўрнидан қўзғалиши керакми?!

5 Фосиқларнинг чироғи албатта ўчади,

Оловининг учқуни ёруғлик бермайди.

6 Чодиридаги ёруғлик зулматга айланади,

Тепасида осилган чироғи ўчади.

7 Собит қадам фосиқлар энди қоқилиб юради.

Ўз режалари уларни оёғидан чалади.

8 Ўз оёқлари уларни тузоққа етаклайди,

Ўзлари чуқурликка йиқилиб тушади.

9 Қопқон уларни товонидан қисиб қолади,

Тўр уларни маҳкам тутади.

10 Ерда фосиқларга илмоқ ташланган,

Уларнинг йўлига тузоқ қўйилган.

11 Ҳар томондан уларни ваҳима босиб,

Ҳар қадамда ортидан қувиб юради.

12 Очликдан уларнинг силлалари қуриб қолади,

Кулфат ҳам уларнинг қоқилишини кутиб туради.

13 Касаллик уларнинг терисини кемириб битиради,

Ўлат уларнинг оёқ–қўлларини чиритиб юборади.

14 Паноҳлари бўлган чодирларидан уларни суғуриб олиб,

Ўликлар диёри шоҳининг олдига олиб келишади.

15 Фосиқларнинг чодирларидан ҳеч нарса қолмайди,

Улар яшаган жой олтингугурт билан қопланади.

16 Уларнинг илдизлари қуриб қолади,

Новдалари ҳам сўлиб қолади.

17 Ер юзидан уларнинг хотираси ўчиб кетади,

Кўчаларда улардан ном–нишон ҳам қолмайди.

18 Улар ёруғликдан зулматга ҳайдаладилар,

Ҳа, бу дунёдан қувиб чиқариладилар.

19 Халқи орасида улардан авлод–зурриёт қолмайди,

Улар яшаган жойлар кимсасиз бўлиб қолади.

20 Уларнинг тақдиридан ғарбдагилар даҳшатга тушади,

Шарқдагиларни эса ваҳима босади.

21 Ҳа, ёвузларнинг маскани шу аҳволга тушиб қолади,

Худосизларнинг жойи шундай бўлиб қолади.”

Аюбнинг олтинчи нутқи: Халоскори уни ҳимоя қилишига ишонч билдиради

1 Аюб шундай жавоб берди:

2 “Қачонгача мени қийнайсизлар,

Гапларингиз билан мени эзасизлар?

3 Мана, мени ўн марта ҳақоратладингиз!

Менга ҳамла қилаверишдан уялмайсизларми?

4 Агар хато қилганим рост бўлса,

Гуноҳим ўзимнинг ташвишим.

5 Сизлар ўзингизни мендан устун қўйяпсиз.

Мана бу гуноҳингнинг далили, деб

Шарманда бўлганимни кўрсатяпсиз.

6 Шуни билинглар, Худонинг Ўзи менга ҳақсизлик қилди,

Тўрлари билан атрофимни ўради.

7 «Ўлдиряпти!» деб хитоб қилсам ҳам,

Менга ҳеч ким жавоб бермайди.

Фарёд қиламан, лекин адолат йўқдир.

8 Худо йўлимга ғов қўйган, ўтолмайман.

Йўлларимни зулмат билан қоплаган.

9 У бор обрўйимни тўккан,

Бошимдаги тожимни тортиб олган.

10 Менга ҳар томондан ҳужум қилди, тамом бўлдим,

Дарахтни суғургандай, умидимни суғуриб ташлади.

11 Унинг ғазаби менга қарши қайнайди,

У мени Ўзига душман деб ҳисоблайди.

12 Унинг қўшинлари бостириб келади.

Мени қамал қилиш ниятида

Чодирим атрофида қароргоҳ қуради.

13 Худо қариндош–уруғимни мендан узоқлаштирди,

Танишларим мендан юз ўгирдилар.

14 Қариндошларим мени тарк этишди.

Дўстларим мени унутишди.

15 Уйимга келган меҳмонлар ҳам,

Чўриларим ҳам менга бегонадай қарашади.

Уларнинг назарида бир мусофирдай бўлиб қолдим.

16 Хизматкоримни чақирсам, у жавоб бермайди.

Унга ўзим ялиниб боришим керак.

17 Нафасим хотинимга жирканч бўлиб қолган,

Қариндош–уруғим мендан нафратланади.

18 Ҳатто ёш болалар ҳам мендан ҳазар қилади.

Оёққа турсам, улар мени мазах қилади.

19 Ҳамма яқин дўстларим мендан ҳазар қилади.

Яхши кўрганларим ҳам мендан юз ўгирди.

20 Терию суягимдан бошқа ҳеч нарсам қолмади,

Ўлишимга бир бахя қолди.

21 Эй дўстларим, менга раҳм қилинглар,

Ахир, мени Худо урди–ку!

22 Худо мени қувғин қилгандай,

Нима учун сизлар ҳам мени қувғин қиляпсизлар?

Мени еб битирдингиз–ку! Ҳали ҳам тўймадингизми?

23 Қани энди, айтган сўзларим ёзиб қўйилса!

Улар китобга туширилса!

24 Темир қаламу қўрғошин билан

Қояга абадий ўйиб битилса!

25 Аммо мен биламан,

Менинг Халоскорим ҳаётдир,

Вақти келиб, У мени ҳимоя қилади.

26 Терим ириб кетган бўлса ҳам,

Мана шу танамда Худони кўраман.

27 Мен Уни ўз кўзларим билан кўраман,

Ҳа, мен кўраман, бошқа ҳеч ким эмас.

Юрагим орзиқиб кетяпти!

28 Агар сизлар: «Мана энди унга қарши чиқамиз!

Ахир, кулфатларининг илдизи ўзида–ку», десангиз,

29 Ўзингиз жазодан қўрқинг.

Худо ғазаби келганда қилич билан жазолайди,

Шунда сизлар ҳукм борлигини билиб оласизлар.”

Зўфар иккинчи марта гапиради: фосиқларнинг қисмати ҳақида

1 Намахлик Зўфар шундай деди:

2 “Гапларинг мени безовта қилди,

Энди гапирмасам бўлмайди.

3 Танбеҳларинг билан мени ҳақоратладинг,

Лекин энди онгим, жавоб бер, деб ундаяпти.

4 Ўтмишдан билмайсанми?!

Ахир, инсонлар ер юзига жойлаштирилгандан бери,

5 Фосиқларнинг шодлиги узоққа чўзилмайди–ку,

Бетавфиқларнинг қувончи бир лаҳзалик–ку!

6 Такаббурлиги самога етса ҳам,

Бошлари булутларга тегса ҳам,

7 Ўзларининг ахлатидай бутунлай йўқ бўлиб кетади.

Уларни олдин кўрганлар: «Қани энди улар?» деб сўрайдилар.

8 Фосиқлар тушдай ўтиб кетадилар, уларни топиб бўлмайди.

Кечаси кўринган шарпадай ғойиб бўладилар.

9 Ҳа, фосиқларни кўрганлар уларни бошқа кўрмайдилар,

Маконлари энди уларни танимайди.

10 Фосиқларнинг фарзандлари камбағаллардан мурувват кутади,

Ўз қўллари билан тортиб олган бойликларини қайтариб беради.

11 Фосиқлар ёш ва кучли эди,

Энди суяклари тупроқда ётади.

12 Фосиқлик уларнинг оғизларида ширин туюлди,

Шунинг учун фосиқликни

Тилларининг тагига солиб, сўриб ўтирибдилар.

13 Фосиқликни ташлагиси келмай,

Оғзиларида ушлаб турсалар ҳам,

14 Ўша еганлари қоринларида аччиқ бўлади,

Илонларнинг заҳрига айланади.

15 Бойликларни ютиб, қайтиб қусадилар,

Қоринларидан бўлса ҳам,

Худо қайтариб олиб қўяди.

16 Улар кобра илонларнинг заҳарини сўрадилар,

Заҳарли илон уларни ўлдиради.

17 Энди фосиқлар оқар дарёлардан —

Сут ва асал оқадиган ирмоқлардан завқ олмайдилар.

18 Заҳмат билан топганларидан баҳраманд бўлмайдилар.

Савдо–сотиқ қилиб топганларининг гаштини сурмайдилар.

19 Ахир, фосиқлар камбағалларга зулм қилиб,

Бўлганича бўлсин, деб ташлаб кетгандилар.

Ўзлари қурмаган уйларни камбағаллардан тортиб олгандилар.

20 Улар нафс балосига учраган, ҳеч қачон қониқмайдилар.

Орзу–ҳавас қилиб йиққан бойликлари уларни қутқармайди.

21 Улар ҳеч нарса қолдирмай, еб битирганди.

Шунинг учун фаровонлиги узоққа чўзилмайди.

22 Фаровонлик даврида ҳам улар ғам–ташвишга тўладилар.

Уларнинг бошига офату кулфатлар тушади.

23 Фосиқлар қоринларини тўйдириб бўлганларида,

Худо уларга бор ғазабини сочади.

Уларнинг устига Ўз зарбаларини ёғдиради.

24 Фосиқлар темир қуролдан қочсалар,

Бронза найза уларни тешиб ўтади.

25 Найза уларнинг таналаридан суғуриб олинади,

Ҳа, ялтироқ найза уларнинг жигарларидан тортиб чиқарилади,

Уларни ваҳима қамраб олади.

26 Уларнинг хазиналари зулматда йўқ бўлиб кетади.

Инсон ёқмаган олов уларни ютиб юборади,

Олов фосиқларнинг чодирию ундаги бор нарсасини йўқ қилади.

27 Само уларнинг айбини кўрсатади,

Ер уларга қарши гувоҳлик беради.

28 Худонинг ғазаби келган куни

Уйидагиларни сел оқизиб кетади.

29 Худо фосиқларга берган улуш ана шулардир,

Худонинг уларга тайинлаган насибаси мана шудир.”

Аюбнинг еттинчи нутқи: фосиқларнинг фаровонлиги ҳақида

1 Аюб шундай деб жавоб берди:

2 “Сўзларимга яхшилаб қулоқ солинг,

Мана шу сизларнинг менга берган тасаллингиз бўлади.

3 Сабр қилинг, мен ҳам гапирай,

Гапириб бўлганимдан кейин, мазах қилаверинг.

4 Мен инсонларга эмас, Худога арз қиляпман–ку.

Шунинг учун сабрим чидамаяпти–да.

5 Мана, ҳолимга қаранг, довдираб қоласиз,

Дамингиз ичингизга тушиб, ҳанг–манг бўласиз.

6 Бошимга тушган кулфатлар ҳақида ўйласам, ваҳимага тушаман,

Танамни қалтироқ босади.

7 Нима учун фосиқларнинг умрлари узилмай, давом этаверади?

Нега улар кекса ёшга етадилар?

Нега нуфузи ошиб бораверади?

8 Фарзандлари ўсиб, ўз ўрнини топганини кўради,

Невараларини ҳам кўришга муяссар бўлади.

9 Уйлари хавф–хатарсиз бўлади,

Худонинг таёғи уларнинг бошига тушмайди.

10 Буқалари ҳеч бир қийинчиликсиз кўпаяверади,

Сигирлари болалайди, ҳеч қачон боласи тушиб қолмайди.

11 Фосиқларнинг болалари қўзиларга ўхшаб сакрайдилар,

Фарзандлари ўйнаб–кулиб юраверадилар.

12 Доира ва лира садосига қўшиқ куйлайдилар,

Най садосига ўйин–кулги қиладилар.

13 Умрлари фаровонликда ўтади,

Ўликлар диёрига тинчгина кетадилар.

14 Худога шундай дейдилар: «Бизни тинч қўй!

Сенинг йўлларингни билишни хоҳламаймиз.

15 Қодир Худо ким бўлибдики, Унга хизмат қилсак,

Унга илтижо қилсак, бизга нима фойда тегарди?!»

16 Аммо фосиқларнинг фаровонлиги ўз қўлининг иши эмас–ку!

Фосиқларнинг ўй–хаёлларидан мен жирканаман.

17 Фосиқларнинг чироғи бирон марта бўлса ҳам ўчдими?

Бошига тез–тез кулфат тушиб турибдими?

Худо Ўз ғазабида уларга қийноқ беряптими?

18 Қачон улар шамолда тўзиган хашакдай,

Бўрон учириб кетган сомондай бўладилар?

19 Сен: «Худо инсонларнинг гуноҳлари учун

Уларнинг фарзандларини жазолайди», дейсан.

Мен эса гуноҳкорларнинг ўзи жазолансин, дейман.

Мана шу уларга сабоқ бўлади.

20 Гуноҳкорлар ўз кўзлари билан ҳалокатларини кўрсинлар.

Ўзлари Қодир Худонинг ғазаби шаробини ичсинлар.

21 Зотан, улар ўлганларидан кейин

Оиласига нима бўлишини ўйламайдилар ҳам!

22 Ким Худога сабоқ бера олади,

Ахир, У ҳатто самовий зотларни ҳукм қилади–ку!

23 Мана, бир одам тўлиқ фаровонликда,

Тинч ва хотиржам оламдан кўз юмади.

24 Унинг бели бақувват,

Суяклари иликка тўла.

25 Иккинчи одам эса руҳи тушкун ҳолда,

Ҳеч қачон яхшилик кўрмай ўлиб кетади.

26 Иккови ҳам тупроқда бирдай ётади,

Уларни қуртлар босиб кетади.

27 Эҳ, дўстларим, ниятларингизни биламан,

Мақсадларингиз ҳам менга аён.

28 Сизлар: «Қани золим амалдорнинг уйи?

Фосиқларнинг чодири қаерда?» деб сўрайсизлар.

29 Кўп жойларга бориб келганлардан сўранглар.

Улар айтганларини инкор қила олмайсиз!

30 Кулфат кунида фосиқлар нажот топишларини,

Худонинг ғазаб кунида қутқарилишларини улар айтадилар–ку!

31 Фосиқларнинг қилмишларини ким уларнинг юзига солади?

Қилмишлари учун ким уларни жазолайди?

32 Жасадлари қабрга олиб борилганда,

Қабр бошига соқчи қўйилади.

33 Сон–саноқсиз одамлар кетларидан бориб,

Уларга аза тутади.

Ҳатто тупроқ ҳам уларнинг устига секин тушади.

34 Қандай қилиб мени пуч сўзларингиз билан юпата оласиз?

Барча берган жавобларингиз ёлғондир!”

Элифаз учинчи марта гапиради: у Аюбни ўта гуноҳкорликда айблайди

1 Темонлик Элифаз шундай деди:

2 “Инсон Худога қандай фойда келтиради?!

Доно инсон У учун бирор фойдали иш қила оладими?!

3 Солиҳ бўлсанг бу Қодир Худога қандай завқ келтиради?!

Юрган йўлларинг пок бўлса, Унга қандай фойда?!

4 У сенга художўйлигинг учун танбеҳ берадими?!

Бунинг учун сени ҳукм қиладими?!

5 Ахир, фосиқлигинг қанчалар оғир?!

Гуноҳингнинг чеки йўқ–ку!

6 Яқинларингдан ҳеч бир сабабсиз гаров олдинг,

Камбағаллардан кийимини ечиб олиб, яланғоч қолдирдинг.

7 Чанқаганларга сув бермадинг.

Қорни очлардан нонингни қизғандинг.

8 Ҳа, қудратлилар юртга эгалик қиладилар,

Обрўлилар у ерда яшайдилар.

9 Беваларни қуруқ қўл билан орқага қайтардинг,

Етимларга ёрдам қўлини чўзмадинг.

10 Шунинг учун атрофинг тузоқлар билан ўралган.

Тўсатдан сени ваҳима босган.

11 Атрофингни зулмат қамраб олган,

Кўзларинг ҳеч нарсани кўрмаяпти,

Сув тошқинлари сени кўмиб кетган.

12 Юксакдаги баланд юлдузларга қара.

Аммо Худо само чўққисида–ку!

13 Шунда ҳам сен: «Худо нимани биларди,

Зулмат орасидан У қандай ҳукм қила оларди», дейсан.

14 «Қуюқ булутлар Уни яширган, У бизни кўрмайди,

Худо осмон гумбази узра айланиб юрибди–ку», деб айтасан.

15 Сен фосиқлар юрган

Азалий йўлдан юраверасанми?

16 Улар ҳаётдан бевақт маҳрум бўлдилар,

Умр пойдеворларини сел ювиб кетди.

17 Фосиқлар Худога шундай дедилар:

«Бизни тинч қўйгин.

Эй Қодир Худо, бизга нима қила олардинг?»

18 Аммо уларга барака бериб, уйларини тўлдирган Худо–ку!

Фосиқларнинг ўй–хаёлларидан мен жирканаман.

19 Солиҳлар фосиқларнинг аҳволини кўриб, хурсанд бўладилар,

Айбсизлар фосиқларни мазах қилиб куладилар.

20 Улар: «Душманларимиз йўқ қилинди,

Битта қолмай оловда ёниб кетдилар», деб айтадилар.

21 Худо билан тортишаверма!

У билан ярашгин,

Шунда фароғатда яшайсан.

22 Худонинг оғзидан чиққан ўгитларига қулоқ тут,

Сўзларини юрагингда сақла.

23 Қодир Худога юз бурсанг, соғлигу бойлигинг қайта тикланади.

Чодирингни фосиқликдан тозаласанг,

24 Олтинни чанг деб билиб,

Офир тилласини дарёга отсанг,

25 Қодир Худонинг Ўзи сенинг хазинанг бўлади.

У сенинг қимматбаҳо кумушинг бўлади.

26 Шунда Қодир Худодан завқ топасан,

Худога юз бурасан.

27 Сен Унга илтижо қиласан, У эса сенга қулоқ тутади.

Унга берган ваъдаларингни бажарасан.

28 Нима ният қилсанг, ҳаммаси амалга ошади,

Ҳаёт сўқмоқларинг нурга тўлади.

29 Агар шарманда бўлган одам учун Худога илтижо қилсанг,

Худо ўша одамни шармандаликдан қутқаради.

30 Сенинг пок қўлларинг туфайли

Ҳатто айбдорлар ҳам нажот топади.”

Аюбнинг саккизинчи нутқи: у аччиқ шикоят қилади

1 Шунда Аюб яна гапирди:

2 “Бугун ҳам аччиқ шикоят қиламан,

Оҳ–воҳдан ўзимни тута олмайман.

3 Қанийди, Худони қаердан топишни билсам,

Тахти олдига борган бўлардим!

4 Унинг олдига барча арзларимни ёйиб,

Ўз даъволаримни айтган бўлардим.

5 Ўшанда Унинг жавобини тинглаган бўлардим,

Унинг менга айтганларини тушунган бўлардим.

6 У буюк қудрати билан менга қарши чиқармиди?

Йўқ, У менга қулоқ тутган бўларди.

7 Ҳа, солиҳ инсон Унга келиб, арзини айта олади.

Ўз Ҳакамим мени бир умрга оқлайди.

8 Шарққа борсам, Худо йўқдир,

Ғарбга бориб ҳам Уни тополмайман.

9 Шимолда бирор иш қилса, мен Уни кўролмайман,

Жануб томон бурилса ҳам Уни тополмайман.

10 У эса менинг юрган йўлимни билади,

У мени синагандан кейин соф тилладай бўламан.

11 Мен фақат Худонинг йўлидан юрдим,

Унинг йўлини тутдим, четга оғмадим.

12 У берган амрлардан четга чиқмадим,

Кундалик ризқимдан ҳам кўра

Унинг сўзларини қимматли билдим.

13 Худо қарорида қатъий туради,

Ким Унинг фикрини ўзгартира олади?!

У нима хоҳласа, шуни қилади.

14 Менга қарши тузган режаларини

У охиригача бажаради,

Унинг бундай режалари ҳали кўп.

15 Шунинг учун Унинг ҳузурида қўрқувга тушаман,

Бу ҳақда ўйласам, мени ваҳима босади.

16 Худо мени журъатсиз қилиб қўйди,

Қодир Худо мени даҳшатга солиб қўйди.

17 Аммо юзимни қоплаган тим қоронғилик,

Зулмат менинг овозимни ўчира олмади.

Аюб: “Нима учун фосиқлар жазоланмайди?” деб сўрайди

1 Нима учун Қодир Худо ҳукм вақтини белгиламайди?

Нима учун Худони билганлар бекорга Уни кутадилар?

2 Фосиқлар чегараларни бузадилар,

Ўғирланган подаларни яйловларда боқадилар.

3 Етимларнинг эшакларини ҳайдаб кетадилар.

Беванинг ҳўкизини кафиллик сифатида олиб қўядилар.

4 Камбағалларни йўлдан четга чиқариб ташлайдилар.

Қашшоқларни яширинишга мажбур қиладилар.

5 Қашшоқлар ёввойи эшаклардай чўлда овқат излашади,

Уларнинг фарзандлари учун даштдан бошқа ерда егулик йўқ.

6 Бегоналарнинг далаларида сомон йиғишади,

Фосиқларнинг узумзорларида қолган–қутганини теришади.

7 Тунни кийим–кечаксиз, яланғоч ўтказади,

Совуқда уларнинг ёпинадиган нарсаси йўқ.

8 Тоғ ёмғирлари уларни шалаббо қилади,

Бошпаналари йўқлигидан улар

Қоянинг олдида қалтирайдилар.

9 Фосиқлар беванинг фарзандини

Онасининг қучоғидан юлиб олади,

Камбағалнинг чақалоғини гаровга олади.

10 Кийимлари йўқлигидан камбағаллар яланғоч юришади.

Буғдой боғламларини кўтариб юрсалар–да, қоринлари оч қолади.

11 Қатор–қатор зайтун дарахтлари орасида

Зайтунни эзиб мой чиқарадилар.

Узум сиқиб шароб қиладилар,

Аммо чанқоқлари босилмайди.

12 Шаҳарда жон бераётганларнинг нолалари эшитилади,

Жароҳатланганлар мадад сўраб фарёд қилади.

Шунда ҳам Худо ҳеч кимни бу ноҳақлик учун жавобгар қилмайди.

13 Нурга қарши бош кўтарганлар бор.

Улар нур йўлидан юрмайдилар,

Нур йўли олиб борадиган жойга бормайдилар.

14 Қотил эрта тонгда туради,

Камбағалу бечорани ўлдиради,

Кечаси эса ўғрилик қилади.

15 Зинокор кеч бўлишини кутади,

«Ўшанда мени ҳеч ким кўрмайди», деб ўйлайди.

Ниқоб билан юзини беркитади.

16 Ўғрилар кечаси уйларни талаб,

Кундуз куни яширинади.

Улар нур нималигини билмайди.

17 Барча ўғриларнинг тонги зулматдир.

Ҳа, зулмат даҳшатлари уларнинг дўстидир.

18 Аммо ўша фосиқлар дарё сувлари устидаги кўпикдай ўткинчидир.

Уларнинг ерлари лаънатланган,

Уларнинг узумзорларига ҳеч ким қадам босмайди.

19 Иссиқ ҳаво ва қурғоқчилик қорни эритиб йўқ қилгандай,

Ўликлар диёри ҳам гуноҳкорни ўз оғушига олади.

20 Қуртлар эса уни маза қилиб кемиради.

Гуноҳкорни ҳатто ўз онаси унутади,

Ҳеч ким уни эсга олмайди.

Фосиқлар дарахтлардай синдириб ташланади.

21 Фосиқлар фарзандсиз аёлга зулм ўтказади,

Беваларга меҳр–шафқат кўрсатмайди.

22 Аммо Худо Ўз қудрати билан кучлиларни ҳалок қилади.

Улар баланд кўтарилиши мумкин,

Аммо уларнинг ҳаёти учун кафолат йўқ.

23 Улар осойишта яшашларига Худо йўл қўяди,

Аммо Ўзи уларнинг йўлларини доим кузатиб туради.

24 Ҳозирча улар буюк бўлса ҳам, кейинроқ йўқ бўлади.

Улар ерга урилади, худди бошқалардай ўлиб кетади.

Дон бошоқларидай қуриб қолади.

25 Қани, ким гапларимни ёлғон, деб айта олади?

Ким менинг гапларимни пучга чиқара билади?”

Билдад учинчи марта гапиради: инсон зоти солиҳ бўла олмаслиги ҳақида

1 Шунда Шувахлик Билдад деди:

2 “Худо ҳайбатли ҳукмрондир!

Самоларда У тинчлик ўрнатади.

3 Унинг лашкарларини ким санай олади?!

Ахир, Унинг нури бутун ер юзини ёритади–ку!

4 Шундай экан, инсон зоти қандай қилиб

Худо олдида солиҳликка даъво қила олади?!

Аёлдан туғилганлар қандай қилиб пок бўла олади?!

5 Худонинг назарида ҳатто ой ҳам ёруғмас,

Юлдузлар ҳам пок эмас.

6 Шундай экан, инсон ким бўлибди?!

Ахир, у бир қурт–ку,

Одамзод бир пашшадай–ку!”

Аюбнинг тўққизинчи нутқи: Худонинг беқиёс буюклиги ҳақида

1 Аюб шундай деб жавоб берди:

2 “Ожизга берган ёрдаминг шуми?

Кучсизга шундай мадад керакми?!

3 Ақлсизга бирам ўргатиб қўйдинг–а!

Берган маслаҳатларинг бирам маънолики!

4 Ким ўргатди ўзи сенга бу доно гапларни?!

Сен орқали кимнинг руҳи гапирган ўзи?!

5 Сувлар остидаги ўликлар диёрида

Марҳумларнинг руҳи қалтирайди.

6 Худонинг олдида ўликлар диёри очиқдир,

Ҳалокат диёрининг ҳам ёпинчиғи йўқ.

7 Худо бўшлиқ устига самони ёйди,

Ерни эса бўшлиққа осиб қўйди.

8 Худо булутларни ёмғир сувига тўлдиради,

Булутлар эса сувнинг оғирлигидан йиртилиб кетмайди.

9 Худо тўлин ойнинг юзини яшириб,

Булутлар билан ўраб қўяди.

10 Худо уфқни бепоён уммон узра ёйиб,

Ёруғлик ва қоронғилик орасига чегара қўйди.

11 Худо осмоннинг устунларига дўқ қилса,

Улар қўрқувдан қалтираб тебранади.

12 Худо Ўз қудрати билан денгизни мағлуб қилди,

Ўз заковати билан махлуқ Раҳобни ҳалок қилди.

13 Ўз нафаси билан булутларни ҳайдаб,

Мовий осмонни очди.

Унинг қудрати қочаётган илонни эзиб ташлади.

14 Булар Худо қилган ишларнинг кичик бир парчасидир,

Худди пичирлаб айтилган гапга ўхшайди!

Шундай экан, агар Унинг қудрати

Момоқалдироқдай гумбурласа, ким тушуна олади?”

Аюбнинг сўнгги нутқи: ўзини ноҳақликдан сақлаши ҳақида

1 Аюб яна гап бошлаб шундай деди:

2 “Менга адолат қилмай,

Қалбимни яралаган Қодир Худо шоҳид!

3 Танамда Худо ато қилган жон бор экан,

Сўнгги нафасимгача,

4 Оғзимдан фисқу фасод эшитилмас,

Тилимдан ёлғон сўзлар чиқмас.

5 Ҳеч қачон сизларни ҳақ деб тан олмайман,

Ўлгунимча айбсиз эканлигимни рад қилмайман.

6 Иккиланмай ўзим ҳақлигимни айтавераман,

Ҳаёт эканман, виждоним тоза менинг.

7 Душманим фосиқлардай жазо олсин,

Рақибларим ёвузлардай жазолансин.

8 Худосиз одам ҳаётдан маҳрум бўлганда,

Унда қандай умид қолади?

Худо уни йўқ қилганда умиди бўладими?

9 Худосизларнинг бошига кулфат тушганда,

Худо уларнинг фарёдига қулоқ тутармикин?

10 Ахир, улар Қодир Худодан завқ топмайдилар–ку!

Улар ҳар доим ҳам Худога илтижо қилмайдилар–ку!

11 Худонинг қудрати ҳақида сизларга ўргатаман.

Қодир Худонинг йўлларини сизлардан яширмайман.

12 Ахир, ўзингиз буларнинг ҳаммасини кўргансиз–ку!

Шунда ҳам бекорчи гапларни қўймайсиз.

13 Фосиқларнинг тақдири қуйидагичадир,

Қодир Худо золимларнинг бошига солгани мана шудир:

14 Уларнинг фарзандлари кўпайса ҳам,

Барибир урушда ҳалок бўлади.

Зурриёти ҳеч қачон нонга тўймайди.

15 Тирик қолганларини ўлат нобуд қилади,

Бевалари эса аза ҳам тутолмайди.

16 Кумушлари чангдай кўп бўлса ҳам,

Кийим–кечаклари уюм–уюм бўлса ҳам,

17 Ўша кийимларни солиҳлар кияди,

Кумушларини эса айбсизлар бўлиб олади.

18 Фосиқларнинг уйлари қуш инидай мўрт бўлади,

Дала қоровулларининг капалари сингари бўлади.

19 Фосиқлар кечқурун ёстиққа бош қўйганда бой бўлса,

Кўзларини очиб қараганда, бор бойликлари йўқолиб кетган бўлади.

20 Ваҳима уларни сув тошқинидай босади,

Тунда бўронлар уларни учириб кетади.

21 Шарқ шамоли уларни олиб кетади,

Фосиқларни ўз жойларидан супуриб ташлайди.

22 Бу шамол шафқатсизларча уларга ташланади,

Фосиқлар шамолнинг кучидан қочишга уринади.

23 Шамол уларнинг устидан кулади,

Ҳуштак чалиб, уларни даҳшатга солади.

Донолик

1 Мана, кумуш қазиб олинадиган конлар бор,

Тилла тозаланадиган жойлар ҳам бор.

2 Темирни ердан қазиб олишади,

Тошларни эритиб, мис ажратиб олишади.

3 Инсон қоронғи конларга чироқ билан киради,

Ҳатто ер остининг энг чет жойларини ҳам қазийди.

Ернинг қоп–қоронғи жойларигача бориб,

Темир ва мис қидиради.

4 У одамзод яшайдиган жойлардан узоқда,

Инсон қадам босмайдиган ерларда конлар қазийди.

Одамзоддан узоқ жойларда арқонларга осилиб, чуқурларга тушади.

5 Мана, дону нон ердан униб чиқади,

Аммо ер ости эса ёндирилгандай алғов–далғов бўлиб ётибди.

6 Ердаги тошлардан зангори ёқутлар чиқади,

Тупроғида тилла бор.

7 Ҳеч бир қузғун конларнинг яширин сўқмоқларини билмайди,

Ҳеч бир бургутнинг кўзлари у жойларни кўрмаган.

8 Ёввойи ҳайвонлар у ерларга оёқ босмаган,

Шерлар ҳам у ерлардан юрмаган.

9 Инсон қояларни ўяди,

Тоғларни таг–туги билан қўпориб ташлайди.

10 Қоялар орасидан йўллар очади,

Инсон кўзлари ҳамма бебаҳо хазиналарни кўради.

11 Инсон дарёларнинг манбаини топади,

Яширин хазиналарни ёруғликка олиб чиқади.

12 Аммо доноликни қаердан топса бўлади?!

Идрокнинг манбаи қаерда экан?!

13 Одамзод доноликнинг қаерда эканлигини билмайди,

Чунки ёруғ ер юзида донолик топилмайди.

14 Тубсиз сувлар, донолик бизда эмас, дейдилар,

Денгиз ҳам, менинг ичимда у йўқ, деб айтар.

15 Доноликни тиллага сотиб олиб бўлмайди,

Унинг нархини кумуш билан ўлчаб бўлмайди.

16 Донолик Офир тилласию ақиқ тошлар,

Зангори ёқутлар билан ҳам сотиб олинмайди.

17 Тилла ҳам, биллур ҳам доноликка тенг келмайди,

Доноликни тоза тилла тақинчоқларга алмаштириб бўлмайди.

18 Доноликнинг қадри гавҳардан ҳам баланддир,

Маржон ва жавоҳирлар унинг олдида қадрсиздир.

19 Ҳабашистоннинг жавоҳири ҳам унга тенг келолмайди,

Энг соф тилла билан ҳам доноликни сотиб олиб бўлмайди.

20 Шундай экан, донолик қаердан келиб чиқади?

Идрокнинг манбаи қаерда?

21 У барча жонзотларнинг кўзларидан яширилган,

Ҳатто осмондаги қушлардан ҳам беркитилган.

22 Ҳатто Ҳалокат ва Ўлим ҳам,

Биз донолик ҳақида фақат эшитганмиз, деб айтади.

23 Доноликка олиб борадиган йўлни Худо билади,

Доноликнинг масканини фақатгина У билади.

24 Зотан, Худо ернинг тўрт томонини ҳам кўриб туради,

Фалак остидаги ҳамма нарсани кузатиб туради.

25 Худо шамолга куч берган,

Денгизнинг ҳажмини белгилаган.

26 Ёмғирнинг қаерга ёғишини У кўрсатиб берган,

Чақмоқ учун йўлларни белгилаган.

27 Ўшанда Худо доноликка қаради–да,

Доноликнинг қадрини белгилади.

Уни текшириб кўриб, барқарор қилди.

28 Худо одамзодга шундай деди:

«Мен, Раббингиздан қўрқиш доноликдир,

Фосиқликдан юз ўгириш идрокдандир.»”

Аюб илгари Худо унга берган барака ҳақида гапиради

1 Аюб гапида давом этди:

2 “Қани энди, Худо менга

Ғамхўрлик қилган пайтлари қайтиб келса эди.

3 Ўша пайтларда Худо Ўз чироғи билан йўлимни ёритарди,

Унинг нури билан зулматдан ўтар эдим.

4 Куч–қувватга тўлган кезларимда

Худо билан бўлган дўстлигим чодиримни тўлдириб турарди.

5 Қодир Худо мен билан эди,

Фарзандларим ҳам атрофимда юрарди.

6 Уйимда қаймоқ ошиб–тошиб ётарди,

Зайтунзорларимдан мой ариқ бўлиб оқарди.

7 Шаҳар дарвозаси олдида ўтирганимда,

Йўлбошчилар орасидан жой олганимда,

8 Ёшлар мени кўриб, йўл берарди,

Ҳатто кексалар ҳам ўрнидан турарди.

9 Оқсоқоллар ҳам гапидан тўхтарди,

Дами ичига тушиб кетарди.

10 Бошлиқларнинг ҳам овози тинарди,

Тиллари танглайига ёпишиб қоларди.

11 Гапларимни эшитганлар мени мақтарди,

Кўрганлар мен ҳақимда яхши гапирарди,

12 Ахир, мен нола қилган йўқсилларга ёрдам берардим,

Суянчиғи йўқ етимларни четда қолдирмас эдим.

13 Ўлимдан қутқарилган бу одамлар мени дуо қилардилар,

Ёрдамим билан беваларнинг қалбини қувончга тўлдирардим.

14 Солиҳликка кийим каби ўрангандим,

Одилликни саллам ва тўнимдай кийиб юрардим.

15 Кўрларга кўз бўлдим,

Чўлоқларга оёқ бўлдим.

16 Фақирларга ота бўлдим,

Мусофирларнинг арзларини эшитиб, ҳимоя қилдим.

17 Золимларнинг тишларини синдирдим,

Уларнинг оғзидан ўлжасини тортиб олдим.

18 Мен шундай деб ўйлардим:

«Узоқ умр кўриб, ўз уйимда ҳаётдан кўз юмаман.

19 Ахир, мен илдизлари сувга етган,

Шохларида тун бўйи шабнам турадиган дарахтдайман.

20 Доимо обрўйим баланд бўлаверади,

Кучим қайта–қайта янгиланаверади.»

21 Ҳамма сукут сақлаб, менга қулоқ соларди,

Бизга қандай маслаҳат бераркан, деб кутарди.

22 Менинг сўзларимдан кейин ҳеч ким гап қўшмасди,

Сўзларим уларнинг устига шабнамдай оҳиста тушар эди.

23 Улар ёмғир кутгандай мени кутишарди,

Сўзларим баҳор ёмғири сингари уларга сингиб кетарди.

24 Уларга кулиб қарасам, кўзларига ишонишмасди,

Марҳамат қилишимни умид билан кутишарди.

25 Уларга бош бўлиб, йўл–йўриқ кўрсатардим,

Лашкарлари орасидаги шоҳдай яшар эдим,

Улар қайғуга тушганларида тасалли берардим.

Аюб ўз дарди ҳақида гапиради

1 Энди эса ўзимдан ёш бўлганлар устимдан кулади,

Уларнинг оталари қўриқчи итларим орасида бўлишга ҳам арзимайди.

2 Улардан менга нима фойда?!

Ахир, улар куч–қувватдан қолган–ку!

3 Улар очлигу муҳтожликдан озиб–тўзиб кетган,

Тун бўйи дашту биёбонда дайдиб юради.

4 Чўл буталари орасида аччиқ ўтлар теради,

Юлғун бутасининг илдизлари уларга емиш бўлади.

5 Улар одамлар орасидан ҳайдалган.

Ўғриларга бақиргандай уларнинг орқасидан бақирадилар.

6 Улар қуруқ сойликлару чуқурларда,

Қоялар орасида яшашга мажбурдирлар.

7 Чангалзорларда ҳайвонлар сингари бўкиради,

Қичитқи ўтлар орасида ғужанак бўлиб ўтиради.

8 Энг паст, ярамас бу тўдани

Хивчинлар билан юртдан ҳайдашган.

9 Мана энди ўшалар мазах қилиб,

Мен ҳақимда қўшиқлар куйлайди,

Мен уларга кулги бўлиб қолдим.

10 Улар мендан нафратланиб, яқинимга ҳам келмайди,

Ҳатто юзимга тупуришдан ҳам тоймайди.

11 Худо кучимни кесди, мени ерга урди.

Шунинг учун ўша ярамаслар ҳам

Менинг олдимда ўзларини жиловлай олмайдиган бўлдилар.

12 Ўша қаланғи–қасанғилар

Менга қарши чиқиб, ерга йиқитадилар,

Мени ўлдирмоқчи бўлиб, ҳужум қиладилар.

13 Йўлларимни тўсиб,

Бошимга тушадиган кулфатни тезлатадилар,

Уларни тўхтатадиган ҳеч ким йўқ.

14 Мени мазах қилувчилар ҳар томонлама ҳужум қиладилар,

Тўфондай устимга ёпириладилар.

15 Мени қўрқув босган,

Обрўйим шамол учиргандек кетди,

Фаровонлигим булут каби ўтиб кетди.

16 Энди юрагим эзилиб кетяпти,

Ҳар куни мен азоб–уқубат тортаман.

17 Тун бўйи суякларим зирқираб оғрийди,

Мени дард қийнаб, ҳеч тинчлик бермайди.

18 Худо шахт билан кийимимдан ушлади,

Кўйлагимнинг ёқасидан тутди.

19 У мени лойга булғади,

Чангу тупроқчалик қадрим йўқ.

20 Эй Худойим, Сенга илтижо қиламан,

Аммо Сен менга жавоб бермайсан.

Сенинг олдингда турибман,

Сен эса қараб тураверасан.

21 Менга нисбатан шафқатсиз бўлиб қолдинг,

Ўз қудратинг билан мени қувғин қиляпсан.

22 Қуюн билан мени кўтариб,

Бўрон орасида у ёқдан–бу ёққа отасан.

23 Биламан, инсоннинг қисмати бўлган ўлимга

Мени ҳам олиб борасан.

24 Бошига кулфат тушган муҳтож одам нола қилса,

Ҳеч ким унга қўл кўтармайди–ку, ахир.

25 Мен бошига кулфат тушганлар учун қайғурдим–ку!

Муҳтожларни кўриб, юрагим ачиди–ку!

26 Аммо яхшилик кутганимда ёвузлик келди,

Ёруғликка умид қилсам, зулмат тушди.

27 Қалбим безовталанган, тиним билмайди,

Оғир кунлар бошимга тушган.

28 Қуёш нури бўлмаган бир зулматда юрибман,

Жамоа олдида мадад сўраб, фарёд қиламан.

29 Мен чиябўрининг дўстидай,

Туяқушнинг укасидай бўлиб қолдим.

30 Терим қорайиб кетган,

Танам иситмадан ёняпти.

31 Найим садоси азадорларга жўр бўлади,

Лирам қайғули нола қилади.

Аюб айбсизлигини охирги марта таъкидлайди

1 Мен: «Аёл–қизларга шаҳват билан қарамайман», деб

Кўзларим билан аҳд тузган эдим.

2 Хўш, Худо менга берган насиба нима бўлди?!

Қодир Худо мен учун нима буюрган?!

3 Адолатсизларнинг бошига офат,

Бадкирдорларнинг бошига кулфат тушади–ку.

4 Худо ҳамма йўлларимни кўради,

Босган қадамимни кузатиб туради.

5 Агар ёлғон гапирган бўлсам,

Тилим ёлғон–яшиққа тўла бўлса,

6 Майли, Худо мени адолат тарозисида тортиб кўрсин,

Шунда У поклигимни билиб олади.

7 Агар тўғри йўлдан оғиб кетган бўлсам,

Нафсим мени йўлдан уриб,

Қўлларимни булғаган бўлсам,

8 Майли, мен экай, ҳосили бировга насиб бўлсин,

Даламда унган экинлар суғуриб ташлансин.

9 Бирор аёл мени йўлдан урган бўлса,

Шаҳват билан қўшнимни пойлаган бўлсам,

10 Майли, хотиним бошқаларнинг буғдойини янчсин,

Бегона эркаклар унинг олдига кирсин.

11 Ахир, шаҳват бузуқлик–ку!

Бу гуноҳ албатта ҳукм қилинади.

12 Ҳалокат диёригача етиб борадиган оловдайдир у,

Бор–будимни таг–томири билан еб битиради.

13 Қулларим, чўриларим мен ҳақимда шикоят қилганда,

Уларга нисбатан доим адолатли бўлганман.

14 Акс ҳолда, Худо ҳукмга турганда мен нима қилардим?

Худо мени сўроқ қилганда нима деган бўлардим?

15 Мени яратган уларни ҳам яратган–ку!

Онамизнинг қорнида барчамизга шакл берган — Худо–ку!

16 Муҳтожлар мадад сўраганда, қайтариб юбормадим,

Беваларнинг умидини пучга чиқармадим.

17 Овқатимни бир ўзим емадим,

Етимлар билан бўлишдим.

18 Ёшлигимдан етимларга ота бўлдим,

Умрим бўйи беваларга ғамхўрлик қилдим.

19-20 Кўзим тушган яланғоч бечоралар

Қўйларимдан қирқиб олинган жунлар билан исинди.

Уст–боши бўлмаган фақирларга меҳр кўрсатдим,

Шунинг учун улар мени дуо қилди.

21 Агар қозихонада сўзим ўтишини билиб туриб,

Етимларга қарши қўл кўтарган бўлсам,

22 Қўлларим синиб қолсин,

Қўлим елкамдан узилиб тушсин.

23 Мен Худодан келадиган кулфатдан қўрқардим,

Худонинг улуғворлигини била туриб, бундай иш қила олмасдим.

24 Тиллага ишондимми?

Тоза тиллага умид боғладимми?

25 Бойлигим кўплигидан ёки мол–мулким билан мақтандимми?

26 Осмондаги ёруғ қуёшга қараб,

Гўзал ойнинг сузишини кузатиб,

27 Юрагим васвасага тушдими?

Уларга сиғиндимми?

28 Агар шундай қилган бўлсам, бу ҳам ҳукмга лойиқ гуноҳ бўлар эди.

Ахир, бу иш билан юксакдаги Худога садоқатсизлик кўрсатган бўлардим–да!

29 Ҳатто ғанимларимга келган кулфатдан суюнмадим,

Бошига офат тушганда қувонмадим.

30 Уларни қарғашдан ўзимни тийдим,

Бошимга гуноҳ орттирмадим.

31 Хизматкорларим шундай дердилар:

«Аюбнинг чодирида гўшт еб, тўймаганлар борми?»

32 Ҳеч бир мусофир кўчада тунамас эди,

Чунки эшигим доимо сайёҳларга очиқ эди.

33 Бошқаларга ўхшаб, гуноҳларимни яширмадим,

Айбларимни юрагимда сақламадим.

34 Оломондан чўчийдиганлару

Одамларнинг гапидан қўрқадиганлар каби

Кўчага чиқмай, жим ўтиравермадим.

35 Кошки энди менга қулоқ соладиган бирортаси бўлса!

Мана арзимга ўзим қўл қўйяпман.

Энди Қодир Худо Ўзи жавоб берсин.

Қани энди, душманим айбларимни ёзиб берса,

36 Мен фахрланиб, уларни елкамга осган бўлардим,

Тож қилиб кийиб юрган бўлардим.

37 Ҳар бир босган қадамимга жавоб берган бўлардим,

Мағрур бир шаҳзода каби Худонинг олдига борган бўлардим.

38 Агар ерларим менга қарши фарёд қилса,

Ерларим эгатлари кўз ёшга тўла бўлса,

39 Баҳосини тўламай, ҳосилини еган бўлсам,

Деҳқонларнинг ўлимига сабабчи бўлган бўлсам,

40 Буғдой ўрнига тиканлар ўссин,

Арпа ўрнига газанда ўтлар чиқсин.”

Шундай қилиб, Аюбнинг гаплари тугади.

Элиху Аюбнинг дўстларига жавоб беради

1 Шундай қилиб, ўша уч киши Аюбга бошқа гапирмадилар, чунки Аюб ўз назарида солиҳ эди.

2 Аммо Буз авлодининг Рам хонадонидан бўлган Борахиёл ўғли Элихунинг жаҳли чиқди. Аюб ўзини оқлаб, Худони айблаётгани учун ундан қаттиқ ғазабланди.

3 У Аюбнинг учала ўртоғидан ҳам жуда қаттиқ аччиқланди, чунки улар Аюбнинг гапига жавоб топиб бера олмадилар. Натижада Худо айбдордай бўлиб қолди.

4 Элиху гапириш учун ўз навбатини кутиб турарди, чунки бошқаларнинг ёши уникидан улуғроқ эди.

5 Лекин уларнинг бошқа гапи йўқлигини кўриб, Элихунинг жаҳли чиқди.

6 Шундай қилиб, Буз авлодидан бўлган Борахиёл ўғли Элиху ўз гапини бошлади:

“Мен ёшман,

Сизларнинг эса ёшингиз улуғ.

Шунинг учун уялиб,

Фикрларимни айтишга қўрқдим.

7 Ёши улуғлар гапирсин,

Кўпни кўрганлар ақл ўргатсин, дедим.

8-9 Аммо фақатгина ёши улуғлар доно бўлмайди,

Нима тўғрилигини фақат кексалар тушунавермайди.

Ахир, инсонга унинг ичидаги руҳ —

Қодир Худонинг нафаси ақл–идрок беради–ку!

10 Шунинг учун менга қулоқ солинг,

Мен ҳам ўз фикримни баён қилай.

11 Сизлар гапирганда жим турдим,

Доно гапларингизга қулоқ солдим.

Гап қидирганингизда ҳам кутиб турдим.

12 Сизларга диққат билан қулоқ солдим,

Лекин ҳеч бирингиз Аюбнинг айбини исботлай олмадингиз.

Унинг гапларига жавоб бера олмадингиз.

13 Сизлар: «Энг доно йўлни топдик,

Аюбни инсон эмас, Худонинг Ўзи мағлуб қилсин», дея кўрманглар.

14 Аюб гапларини менга қарата айтгани йўқ.

Шундай бўлганда ҳам,

Мен ҳеч қачон сизларга ўхшаб жавоб бермасдим.

15 Эй Аюб! Бу учала ўртоғингиз эсанкираб қолди,

Гап тополмай ўтирибдилар.

Айтадиган биронта сўзи йўқ.

16 Энди уларнинг айтадиган гапи бўлмаса,

Мен кутиб ўтираверайми?!

17 Мен ҳам жавоб бераман,

Ўз фикримни билдираман.

18 Ичимда сўзлар тошиб кетяпти,

Руҳим мени даъват қиляпти.

19 Қалбим очилмаган шароб каби жўшмоқда,

Янги шароб қуйилган меш каби ёрилиб кетай, дейди.

20 Гапириб, озгина ёзилай.

Оғиз очиб, жавоб берай.

21 Мен ҳеч кимга тарафкашлик қилмайман,

Ҳеч бир инсонга хушомад қилмайман.

22 Агар хушомадгўйликка уста бўлсам,

Яратувчим мени йўқ қилган бўлар эди.

Элиху Аюбга қарши гапиради

1 Эй Аюб, энди менинг сўзларимни эшитинг,

Ҳамма гапларимга қулоқ солинг.

2 Мен ҳозир гапиришга тайёрман.

Сўзларим тилимда тизилиб турибди.

3 Сўзларим пок кўнглимдан чиқади,

Чин дилдан гапираман.

4 Мени Худонинг Руҳи яратган,

Қодир Худонинг нафаси менга ҳаёт бериб турибди.

5 Агар қўлингиздан келса, менга жавоб беринг–чи,

Ўзингизни ҳимоя қилиб кўринг–чи!

6 Худонинг олдида сиз ҳам, мен ҳам бирмиз,

Мен ҳам тупроқдан яралганман.

7 Мендан қўрқмасангиз ҳам бўлади,

Сизга ҳеч зулм ўтказмайман.

8 Гапларингизни ўз қулоғим билан эшитдим,

Қуйидаги сўзларни олдимда айтгансиз:

9 «Мен покман, айбсизман,

Топ–тозаман, менда ҳеч бир айб йўқ.

10 Худо эса менга қарши чиқишга баҳона қидиряпти,

Мени Ўз душманлари қаторига қўшиб қўйди.

11 Оёқларимни занжирбанд қилди,

Юрган йўлимни кузатиб туради.»

12 Аюб, мана шу борада сиз ноҳақсиз.

Мен сизга шуни айтай:

Худо бутун одамзоддан улуғроқдир.

13 Шундай экан, нимага У билан даъволашяпсиз?

Нима учун, Худо менга жавоб бермайди, дейсиз?

14 Худо қайта–қайта гапиради.

Шунда ҳам одамлар тушунмайди.

15 Одамлар чуқур уйқуга кетганда,

Ўринларида ухлаб ётганда,

Тушлар, тунги ваҳийлар орқали

16 Худо уларнинг қулоқларига гапиради,

Ўз огоҳлантиришлари билан уларни қўрқитади.

17 Инсон гуноҳларидан қайтсин,

Одамзод такаббур бўлмасин деб, бу сўзларни айтади.

18 Ўша огоҳлантиришлар одамларни қабрдан сақлайди,

Ўлим дарёсидан қутқаради.

19 Худо инсонларга дарду оғриқ бериб,

Одамларнинг суякларини зирқиратиб, тарбиялайди.

20 Шунда улар нонга ҳам қарай олмайдиган бўлиб қолади.

Ҳатто энг ширин овқатлар ҳам кўнглини айнитади.

21 Улар озиб–тўзиб кетади, фақат териси қолади.

Олдин кўринмаган суяклари энди туртиб чиқади.

22 Ана, улар қабрга яқинлашиб қолди.

Ўлим уларнинг жонини пойлаб турибди.

23 Лекин шу пайтда инсоннинг ҳимоячиси бўлса,

Мингларга қарши чиқиб,

Ўша инсонни солиҳ деб тасдиқлайдиган бир ҳимоячиси

24 Ўша инсонга раҳм қилиб:

«Эй Худойим, уни қабрдан қутқаргин,

Бу инсоннинг жони эвазига тўлов топдим», деса,

25 Ўша инсоннинг танаси ёш боланики каби янгиланади,

Ёшлигидаги каби яна кучга тўлади.

26 Ўша инсон Худога ибодат қилади,

Худо эса уни қабул қилади.

Худонинг ҳузурига у шодлик билан киради,

Чунки Худо уни солиҳлик йўлига қайтаради.

27 Ўша инсон келиб, бошқаларга шундай дейди:

«Мана, мен тўғри йўлдан юрмасдан,

Гуноҳ қилган эдим,

Лекин мен ўзимга лойиқ жазони олмадим.

28 Худо жонимни қабрдан қутқариб қолди.

Энди менинг ҳаётим ёруғ кунларга тўла!»

29 Ҳа, Худо одамзодга шундай қилади,

Бир эмас, икки эмас, кўп марта такрорлайди.

30 Инсонларни қабрдан сақлаш учун,

Ҳаёт нури уларнинг йўлларини ёритсин деб, шундай қилади.

31 Эй Аюб, диққат қилинг, менга қулоқ солинг,

Жим туринг, мен гапирай.

32 Агар бирор гапингиз бўлса, менга жавоб беринг.

Гапираверинг, чунки оқланишингизни хоҳлайман.

33 Лекин гапингиз бўлмаса, менга қулоқ солинг,

Сукут сақланг, мен сизга доноликни ўргатай.”

Элиху Аюбни такаббурликда айблайди

1 Элиху гапида давом этиб шундай деди:

2 “Менинг сўзларимни тингланг, эй донишмандлар.

Менга қулоқ солинг, эй билимдонлар.

3 Тил таомнинг таъмини татигандай,

Қулоқ ҳам сўзларни синаб кўради.

4 Келинглар, нима тўғрилигини танлайлик,

Нима яхшилигини биргаликда ўрганайлик.

5 Аюб шундай дейди: «Мен айбсизман,

Лекин Худо менга адолат қилмаяпти.

6 Тўғри бўлсам ҳам, мени ёлғончига чиқаришди.

Гуноҳсиз бўлсам ҳам тузалмас дардга йўлиққанман.»

7 Аюбга ўхшаган одам борми?

Аюб учун Худога шак келтириш сув ичишдай бир гап!

8 Унинг ўртоқлари бадкирдорлардир,

У фосиқлар билан вақт ўтказади.

9 Аюб ҳатто шундай деган:

«Худога ёқадиган иш қилишдан ҳеч бир фойда йўқ!»

10 Шунинг учун менга қулоқ солинг, заковатлилар.

Худо асло фосиқлик қилмас,

Қодир Худо ноҳақлик қилмас.

11 Ахир, У одамларнинг қилганларига яраша қайтаради,

Қилмишларининг оқибатини ўз бошларига келтиради.

12 Мана бу ҳақиқатдир:

Худо фосиқлик қилмайди,

Қодир Худо адолатга хиёнат этмайди.

13 Худога ер юзидаги ҳукмронликни биров берибдими?!

Бирор кимса Худони дунёга ҳукмдор қилиб қўйибдими?!

14 Агар Худо Ўз нафасини

Қайтариб олишга қарор қилса,

15 Бутун инсоният бирданига ҳалок бўлган бўларди,

Одамзод яна тупроққа қайтган бўларди.

16 Ақлингиз бўлса эшитинг,

Гапларимга қулоқ солинг.

17 Адолатдан нафратланган инсон ҳукмдор бўла олармиди?

Қудратли ва одил Худони ҳукм қилмоқчимисиз?

18 Шоҳларга: «Сизлар ярамассиз», дейдиган,

Бекларни фосиқ деб атайдиган Худо–ку!

19 У беклар учун тарафкашлик қилмайди,

Бойни камбағалдан устун кўрмайди.

Ахир, уларнинг ҳаммасини Ўзи яратган!

20 Одамлар бир зумда ўлади.

Ярим кечада қалтирайди–ю, жон беради.

Қудратлилар осонликча йўқ қилинади.

21 Одамлар қилган ишларни Худо кузатиб туради,

Улар босган ҳар бир қадамни Худо кўриб туради.

22 Бирон зулмат ёки қоронғи жой йўқки,

Бадкирдорлар ўша жойда яшириниб олса.

23 Инсонни ҳукм қилиш учун

Худо тафтиш ўтказиши шарт эмас.

24 Худо текширмасдан ҳам қудратлиларни қулатиб,

Уларнинг ўрнига бошқаларни жойлайди.

25 Худо қудратлиларнинг ишларини кузатиб туради.

Шунинг учун кечаси уларни ағдариб ташлайди,

Улар ҳалок бўлади.

26 Худо уларни фосиқлиги учун

Ҳамманинг кўзи олдида жазолайди.

27 Чунки улар Худога эргашишни рад қилдилар,

Худонинг йўлларини англаб етмадилар.

28 Камбағалларни шундай эздиларки,

Уларнинг ноласи Худога етиб борди.

29 Худо сукут сақласа, ким ҳам Уни ҳукм қиларди?

У юзини яширса, ким кўра оларди?

Бу бирор инсон ёки бирор халқнинг қўлидан келармикан?!

30 Бетавфиқлар бошқа одамларга тузоқ бўлмасин деб,

Худо уларни ҳукмдор қилиб қўймайди.

31 Бирортаси Худога:

«Мен жазоимни олдим, энди гуноҳ қилмайман.

32 Мен кўролмайдиган нарсаларни ўргат,

Ҳа, нотўғри ишлар қилдим,

Энди бундай қилмайман», — дейдими?

33 Худо сизнинг ўлчовингиз бўйича қайтариши керакми?

Ахир, сиз Ундан нафратландингиз–ку!

Эй Аюб, мен эмас, сиз қарор қилишингиз керак.

Қани, билганингизни айтинг–чи.

34 Мана, гапларимни эшитган донолар,

Ақл–идроклилар шундай деяпти:

35 «Аюб билмасдан гапиряпти,

Гапларининг маъниси йўқ.»

36 Қани энди, Аюб яхшилаб ҳукм қилинса,

Ахир, у фосиқларга ўхшаб гапиряпти–ку.

37 Аюб Худога қарши чиқиб,

Гуноҳи устига гуноҳ қўшяпти.

Орамизда Худони мазах қиляпти,

Худога қарши кўп гап айтяпти.”

Элиху Аюбга Худонинг адолатли эканини эслатади

1 Элиху гапини давом эттириб, шундай деди:

2 “Эй Аюб: «Худонинг олдида айбсизман»,

— деб айтишингиз нотўғри.

3 Сиз Худога: «Гуноҳсизлигим

Менга яхшилик келтириши керак эди–ку!

Аммо мен ёмонлик кўрдим!»

— деб айтишингиз ҳам тўғри эмас.

4 Сиз ва дўстларингиз гапимни эшитинглар.

5 Осмонга қараб кўринглар,

Сизлардан анча тепада бўлган булутларга қаранглар.

6 Итоатсизлик қилсангиз, Худога нима зарар?

Гуноҳларингиз кўпайса, Худога нима?

7 Борди–ю, солиҳ бўлсангиз, Унга нима қилиб берардингиз?

У сизнинг қўлингиздан бирор нарса олишга зорми?

8 Фосиқлигингиздан фақат инсонлар қийналади.

Солиҳлигингиз ҳам фақатгина инсонларга мадад беради.

9 Зулм ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун одамлар фарёд қилади.

Зўравонларнинг қўлидан қутқаринглар, деб ёрдам сўрайди.

10 Аммо ҳеч ким Яратувчига ёлвормайди.

Тунлари умид берадиган Худога илтижо қилмайди.

11 У эса ер юзидаги жониворларга қараганда бизга кўпроқ билим берган–ку!

Бизни осмондаги қушлардан ақллироқ қилган–ку!

12 Зулм остида қолган инсонлар фарёд қилишса ҳам, Худо жавоб бермайди.

Ахир, уларнинг ўзлари такаббур ва фосиқдир.

13 Худо бундай инсонларнинг пуч сўзларига умуман қулоқ солмайди,

Қодир Худо уларга эътибор бермайди.

14 Эй Аюб! Сиз: «Худони кўрмаяпман», дейсиз.

Даъвоингизни Унга келтирдингиз, энди сабр қилинг!

15 Сиз: «Худо ғазабини сочмаяпти,

Фосиқликка заррача эътибор бермаяпти», деб ўйлайсиз.

16 Шундай қилиб, Аюб бемаъни гапларни гапиряпти.

Ҳеч нима билмай туриб, гапни кўпайтиряпти.”

1 Элиху гапида давом этиб шундай деди:

2 “Яна бир оз сабр қилинг, мен сизларга кўрсатай,

Худо томонида туриб гапирадиган гапларим бор ҳали.

3 Менинг билимим жуда кўп,

Мени яратган Худо одил эканлигини сизларга кўрсатаман.

4 Ростини айтаман, сўзларим ёлғон эмас.

Мана мен, билими баркамол инсон, сизнинг олдингиздаман.

5 Худо қудратлидир,

Аммо У инсонлардан нафратланмайди,

Худо қудратли ва барқарордир.

6 Фосиқларнинг яшашига Худо йўл қўймайди,

Эзилганларга эса адолат қилади.

7 Солиҳлардан юз ўгирмайди,

Солиҳларни шоҳлар билан бирга тахтга чиқаради,

Уларни то абад юксалтиради.

8 Агар инсонлар занжирбанд бўлса,

Азоб уларни исканжага олган бўлса,

9 Худо уларнинг қилмишларинию гуноҳларини ўзларига кўрсатади,

Улар мағрурланиб кетганларини ошкор қилади.

10 Йўл–йўриқларини тинглашга мажбур қилади,

Ёвузликдан қайтишга амр қилади.

11 Агар улар итоат этиб, Худога хизмат қилсалар,

Қолган умрларини фаровонликда ўтказадилар,

Ҳаётлари роҳатда ўтади.

12 Аммо итоат этмасалар,

Улар ўлим дарёсига ғарқ бўладилар,

Ақл–идрокка эришмай, оламдан ўтадилар.

13 Худосизлар аламини ичига ютиб юраверадилар,

Худо уларни кишанласа ҳам ёрдам сўрамайдилар.

14 Улар саждагоҳлардаги фоҳишлар орасида,

Ёшликларидаёқ вафот этадилар.

15 Худо қийналганларни ўша азоблари орқали қутқаради,

Зулм ва жабр–жафога мубтало қилиб, уларнинг кўзларини очади.

16 Худо сизни ҳам дарддан озод қилиб,

Бепоён кенгликка олиб чиқади,

Дастурхонингиз ноз–неъматга тўлади.

17 Аммо сиз ҳозир фосиқларни ҳукм қилиш билан оворасиз.

Хаёлингиз адолат ва ҳукм билан банд.

18 Эҳтиёт бўлинг, яна биров сизни бойлик билан васвасага солмасин,

Катта поралар сизни йўлдан урмасин.

19 Бойликларингиз сизни кулфатдан қутқара олармиди?!

Қудрату–кучингиз энди сизга ёрдам бера олармиди?!

20 Тунни кутаверманг,

Ахир, халқлар кечаси йўқ бўлиб кетадилар–ку!

21 Ҳушёр бўлинг! Фосиқликка юз бурманг,

Ахир, дард сизни фосиқликдан сақлаш учун юборилган–ку.

Элиху Аюбга Худонинг қудратини эслатади

22 Худо Ўз қудрати туфайли юксакдир!

Унга ўхшаш устоз борми?

23 Ким Худога йўл кўрсата оларди?!

Ким Унга: «Қилганларинг нотўғри», дея олади?!

24 Худо қилган ишлари учун

Инсонлар Уни мадҳ қиладилар,

Сиз ҳам доимо уларга жўр бўлинг.

25 Бутун инсон зоти Унинг ишларини кўрган,

Ҳамма узоқдан туриб кузатади.

26 Худо қанчалар буюк!

Унинг буюклигига ақлимиз етмайди,

Худонинг умрини ҳисоблайдиган соннинг ўзи йўқ.

27 У сув томчиларини йиғиб,

Уларни ёмғирга айлантиради.

28 Булутлардан ёмғир ёғдиради,

Одамзод бундан баҳраманд бўлади.

29 Худо қандай қилиб булутларни юргизишини

Ёки Ўз масканидан туриб, момақалдироқни қандай гумбурлатишини

Ким ҳам тушуна олади?

30 Мана, қаранглар, Худо шундай чақмоқ чақтирадики,

Ҳатто денгиз туби ҳам ёришиб кетади.

31 Худо Ўз қудратли ишлари билан халқларни бошқаради,

Уларга фаровонлик ато қилади.

32 Чақмоқни қўлига олиб,

Белгилаган жойига бориб уришни амр қилади.

33 Бўрон келаётганини момақалдироқ билдириб туради,

Ҳатто чорва ҳам олдиндан сезади.

1 Мана шулар ҳақида ўйласам,

Юрагим ўйнаб, жойида сакрагандай бўлади.

2 Худо овозининг гумбурлашига яхшилаб қулоқ солинг.

Унинг оғзидан чиқаётган гулдиросни эшитинг.

3 Чақмоғи бутун фалак остида чақнаб,

Ернинг тўрт бурчига етиб боради.

4 Ундан кейин гулдурос эшитилади,

Худо Ўзининг улуғвор овози билан гумбурлаган садо чиқаради,

Унинг овози эшитилганда чақмоқ чақнайверади.

5 Ўз овози билан Худо ажойиб гулдурос ҳосил қилади,

Унинг қилган ишларига ақлимиз етмайди.

6 У буюрса ерга қор ёғади,

Худо айтгани учун сел ёғади.

7 У ҳамма одамларнинг ишларини тўхтатиб қўяди,

Шунда инсонлар Худонинг қудратини билиб олади.

8 Жониворлар ўз инларига киради,

Ўз уяларида яширинади.

9 Бўрон ўз маконидан чиқади,

Совуқ шамол эсади.

10 Худо нафаси билан муз ҳосил қилади,

Бепоён сувлар музлаб қолади.

11 Булутларни сув билан тўлдиради–да,

Уларнинг орасидан чақмоқ чақтиради.

12 Худо булутларга йўл кўрсатади,

Худонинг амрлари бажо бўлиши учун

Шамолу сув ер юзи бўйлаб айланади.

13 У баъзан, одамзодни жазолай деб, ёмғир ёғдиради.

Баъзан эса ерни суғорай,

Одамзодга Ўз севгимни кўрсатай деб, булутларни юборади.

14 Бир дақиқа жим туринг, Аюб, қулоқ солинг,

Худонинг ажойиб ишлари ҳақида ўйлаб кўринг.

15 Худо қандай қилиб булутларни бошқаришини

Ёки чақмоқ чақтиришини биласизми?

16 Қандай қилиб булутлар осмонда осилиб туришини,

Билими баркамол Худонинг ажойиботларини биласизми?

17 Ахир, ер юзида эсган гармсел туфайли

Кийимларингиз ҳам исиб кетади–ку!

18 Осмон сайқалланган бронзадай қаттиқ,

Худо уни ёйиб қўйган!

Шундай қилиш сизнинг ҳам қўлингиздан келадими?

19 Худога қандай гапиришни бизга ўргатинг.

Биз нотавонлар даъвоимизни тушунтира олмаймиз.

20 Гапирмоқчи бўлганимни бирортаси Худога айтиши керакми?

Ахир, инсон гапирса, албатта ҳалок бўлади–ку!

21 Шамол булутларни ҳайдагандан сўнг

Тиниқ осмонда чарақлаб турган қуёшга

Ҳеч ким қарай олмайди.

22 Шимолдан ёрқин нурлар таралмоқда,

Худо ажойиб улуғворликка бурканган.

23 Биз Қодир Худога етолмаймиз,

Унинг қудрати юксакдир.

У тўғри ҳукм чиқаради, адолатига хиёнат қилмайди.

24 Шунинг учун инсонлар Ундан қўрқади.

Ҳа, қалби донолар Худони кўради.”

Эгамиз Аюбга жавоб беради

1 Шундан кейин Эгамиз қуюн орасидан Аюбга шундай деб айтди:

2 “Билмай туриб гапираётган ким?

Ким донолигимга гумон қиляпти?

3 Қани, эркакка ўхшаб белингни боғла,

Сени сўроқ қиламан, жавоб бер–чи.

4 Заминнинг пойдеворини қўйганимда қаерда эдинг?

Доно экансан, қани айт–чи!

5 Ер юзининг сарҳадларини белгилаган ким?

Ахир, ўзинг биласан–ку!

Ким ернинг устидан чизиқ ўтказди?

6-7 Ернинг пойдеворини нима ушлаб турибди?

Тонг юлдузлари жўр бўлиб, қўшиқ куйлаганда,

Илоҳий зотлар қувончдан ҳайқирганда

Ернинг тамал тошини қўйган ким?

8 Денгиз ер тубидан отилиб чиққанда,

Дарвозаларни ёпиб, тўсиб қўйган ким?

9 Ахир, Мен булутларни денгизга кийим қилиб қўйдим.

Денгизни қалин зулмат билан ўраб қўйган Менман.

10 Мен денгизга чегаралар белгиладим,

Денгизни тамбаланган дарвозалар билан тўсиб қўйдим.

11 Мен денгизга: «Фақат мана шу ергача келасан,

Сенинг мағрур тўлқинларинг шу ерда тўхтайди», деб айтдим.

12 Сен умрингда бирор марта, тонг отсин, деб буюрганмисан?

Ёки, шарқдан кун чиқсин, деб айтганмисан?

13 Қуёш нурига: «Ернинг тўрт бурчига тарқалиб,

Фосиқларни яширинган жойидан силтаб чиқаргин», деб айтганмисан?

14 Кун ёришар экан, матодаги безаклар каби

Муҳр босилган мум каби

Ер юзидаги қирлару водийлар ўз шаклини кўрсатади.

15 Фосиқларга нур берилмайди,

Уларнинг ёмон ниятда кўтарилган қўли синади.

16 Денгиз тубидаги булоқларни бориб кўрганмисан?

Сувлар тубида юриб, текшириб кўрганмисан?

17 Ўлим дарвозалари қаердалигини биласанми?

Зулмат дарвозаларини сенга кўрсатишганми?

18 Бу дунёнинг қанчалик улканлигини биласанми?

Агар шуларнинг ҳаммасини билсанг, Менга айт–чи!

19 Ёруғликнинг масканига олиб борадиган йўлни,

Зулматнинг турар жойини биласанми?

20 Уларни ўз жойларига олиб бора оласанми?

Ўша жойга қандай боришни биласанми?

21 Ҳа, сен биласан албатта!

Сен ёруғлик ва зулматдан олдин туғилгансан–да!

Қанчалик узоқ умр кўряпсан–а!

22 Қор сақланадиган омборхоналарни кўрганмисан?

Дўл сақланадиган омборларни–чи?

23 Мен уларни кулфат кунлари учун,

Уруш ва жанг кунлари учун сақлаб қўйганман.

24 Ёруғлик манбаига олиб борадиган йўл қани?

Шарқ шамоли чиқадиган жой қаерда?

25 Селу жалага ким йўл очиб берган?

Чақмоқнинг йўлларини ким белгилаган?

26 Ҳувиллаб ётган биёбонга,

Кимсасиз чўлга ким ёмғир ёғдиради?

27 Ташландиқ харобазорларни сувга қондириб,

У ерларда майсалар ўстирадиган ким?

28 Ёмғирнинг отаси борми?

Шабнамни ким дунёга келтирган?

29 Муз қаердан туғилади?

Самодан тушадиган қировга ким ҳаёт берган?

30 Сув тошлардай қотиб қолади,

Денгиз сатҳи музлайди.

31 Парвин юлдузларини сен боғлаб қўя оласанми?

Ҳулкар юлдузини ушлаб турган арқонларни еча оласанми?

32 Юлдуз туркумларини ўз мавсумида жойига бошлайсанми?

Катта айиқ ва кичик айиқ буржидаги юлдузларга йўл кўрсата оласанми?

33 Осмон қонунларини биласанми?

Сен ўша қонунларни ер юзига татбиқ қила оласанми?

34 Булутларга қараб бақириб кўргин–чи,

Қани, устингга ёмғир ёғармикан?

35 Сен чақмоқни чақтира оласанми?

У келиб, хизматингиздаман, дейдими?

36 Ким юракларга донолик берган?

Каллага ақл–идрокни ким солиб қўйган?

37-38 Қани, булутларни санашга кимнинг ақли етади?

Ер қақраганда, тупроқ қотиб, кесакка айланганда

Ким фалак мешларини ағдариб, ёмғир ёғдира олади?

39-40 Ғорларида яширин ётган,

Инларида кутиб ётган

Шернинг болаларини тўйдира оласанми,

Она шерга ўлжа топиб бера оласанми?

41 Қарғанинг болалари қорни очиб, дайдиб юрганда,

Менга фарёд қилганда эҳтиёжларини қондирган ким, ахир?

1 Тоғ эчкилари қачон туғишини биласанми?

Кийиклар болалаганини кўрганмисан?

2 Улар боласини неча ой қорнида кўтариб юришини биласанми?

Улар болалайдиган вақтни–чи?

3 Улар чўккалаб туғади,

Болаларини дунёга келтиради.

4 Уларнинг болалари очиқ жойларда ўсиб, кучга тўлади,

Ота–онасини ташлаб кетади, бошқа қайтиб келмайди.

5 Қулонга ким озодлик берган?

Ким унинг арқонини ечиб ташлаган?

6 Мен даштларни унга макон қилиб бердим,

Шўр ерлар қулоннинг маскани бўлди.

7 Шаҳардаги шовқин–сурондан у кулади,

Ҳеч ким унинг устига миниб, унга бақиролмайди.

8 Қирлар қулоннинг яйловидир,

Ўша ерларда у кўкатларни қидириб юради.

9 Ёввойи буқа сенга хизмат қилишга рози бўладими?

Тунни сенинг оғилингда ўтказадими?

10 Арқон билан уни омочга боғлай оласанми?

У ерларингни ағдариб берадими?

11 Кучи кўп, деб унга ишона оласанми?

Ҳамма оғир ишларингни унга топширасанми?

12 У ҳосилингни йиғиб,

Хирмонга олиб келишига ишонасанми?

13 Туяқуш қанотларини севинч билан қоқаверади,

Аммо унинг қаноту патлари лайлакникига тенг келолмайди.

14 Туяқуш тухумларини ерга қўяди,

Уларни қумда иситади.

15 Биров оёқлари билан тухумларини босиб кетишидан,

Ёввойи ҳайвон уларни эзиб ташлашидан хавотирланмайди.

16 Ўз болаларига бегоналарга ўхшаб бераҳм.

Чеккан заҳмати беҳуда, аммо унга барибир.

17 Чунки Худо унга ақл бермаган,

Уни идрокдан қисиб қўйган.

18 Аммо туяқуш қанотларини ёйиб югурганда,

Оту чавандозни чангида қолдириб кетади.

19 Отга кучни сен берганмисан?

Унинг бўйнини сен ёл билан қоплаганмисан?

20 Сен отларни чигирткадай сакратасанми?!

Отлар баланд овоз билан кишнаб,

Одамларни қўрқувга солади.

21 Шиддат билан ерни тепади,

Қаттиқ куч билан югуриб, жангга отилади.

22 Қўрқувни билмайди, ваҳимага тушмайди,

Қиличдан ҳам қочмайди.

23 Уларнинг устида ўқдон тарақлайди,

Атрофида қиличу найзалар ялтирайди.

24 Бурғулар чалинганда отлар бир жойда туролмайди,

Улар чопқиллаб, ерни чангитади.

25 Ҳар бурғу чалинганда кишнайди,

Узоқданоқ жанг ҳидини сезади.

Сардорларнинг жангга даъватларию ҳайқириқларини эшитади.

26 Қарчиғайлар қанотларини ёйиб, жанубга учади.

Уларга учишни сен ўргатдингми?

27 Сен буюрганинг учун бургут парвоз қиладими?

Сенинг сўзинг билан баланд жойларда ин қурадими?

28 У қояларда яшайди,

Қиррали қоялар унинг қалъаси.

29 Ўша ердан туриб, бургут ўлжасини топади,

Узоқдан туриб кўзлари кўради.

30 Унинг болалари қонга тўяди,

Жасадлар қаерда бўлса, улар ҳам ўша ерда.”

31 Кейин Эгамиз Аюбга шундай деди:

32 “Қодир Худо билан баҳслашаётган одам энди Уни тўғрилайдими?!

Қани, Худони айблаган гапирсин энди!”

Аюб Эгамизга жавоб беради

33 Шунда Аюб Эгамизга жавоб берди:

34 “Мен сенга жавоб беришга лойиқ эмасман,

Дамим ичимда, оғиз очмайман.

35 Бир–икки гапириб жавоб топмадим,

Энди бошқа гапирмайман.”

Эгамиз яна Аюбга гапиради

1 Шундан кейин Эгамиз қуюн орасидан гапириб, Аюбга шундай деди:

2 “Қани, эркакка ўхшаб белингни боғла,

Сени сўроқ қиламан, жавоб бер–чи.

3 Сен Мени адолатсизликда айбламоқчимисан?

Мени ҳукм қилиб, ўзингни оқламоқчимисан?

4 Сенинг қўлинг Худонинг қўлидай қудратлими?

Унинг овозига ўхшаб гумбурлайдиган овозинг борми?

5 Шундай бўлса, қани, ўзингни шонли дабдабага ўрагин–чи,

Улуғворлик ва салобат билан буркангин–чи.

6 Ғазабингни тўкиб соч,

Ҳамма такаббур инсонларга назар солгин–да,

Уларнинг попугини пасайтириб қўй.

7 Ҳа, барча мағрур инсонларга қарагин–да,

Уларни ер билан битта қил.

Фосиқларни турган жойида эзиб ташла.

8 Ҳаммасини тупроққа кўмиб ташла,

Ҳа, юзига тупроқ тортиб, қабрни ёп.

9 Шунда Мен сенга тан бераман,

Ўз кучинг билан нажот топа оларкансан, дейман.

10 Бегемотга қарагин,

Худди сени яратганимдай уни ҳам Мен яратганман,

У ҳўкизга ўхшаб ўт ейди.

11 Унинг белида кучи кўп,

Қорин мушаклари кучга тўла.

12 Думи садр дарахтидай кучли,

Сон мушаклари жуда ҳам бақувват.

13 Унинг суяклари бронзадан ясалган новлардай,

Қўл–оёқлари темирдай мустаҳкам.

14 Мен яратган жониворлар орасида у энг ажойибидир,

Яратганнинг Ўзигина унга бас кела олади.

15 Ёввойи ҳайвонлар ўйнаб юрадиган қирлар

Унга озиқ беради.

16 У халқоблардаги қамишлар орасида,

Нилуфар гуллари тагида ётади.

17 У нилуфар гулларининг соясида ётади,

Ирмоқ бўйидаги толлар уни ўраб олади.

18 Дарё жўшиб оқса ҳам у қўрқмайди,

Иордан дарёсининг тўлқинлари юзига урилса ҳам

У бехавотир тураверади.

19 Биров унинг кўзларини кўр қилиб, ушлай оладими?!

Илмоқ билан бурнини тешиб тута оладими?!

20 Махлуқ Левитанни балиқ сингари,

Илмоқ билан ушлай оласанми?!

Тилини арқон билан боғлай оласанми?!

21 Бурнидан арқон ўтказиб,

Жағини илмоқ билан теша оласанми?!

22 Ўша махлуқ қайта–қайта сендан раҳм–шафқат тилайдими?!

Хўш, у сенга майин сўзлар билан гапирадими?!

23 Сен билан аҳд тузиб,

Бир умрга қулинг бўлиб қоладими?

24 Қуш билан ўйнагандай у билан ўйнай оласанми?

Ёки қизларинг учун уни боғлаб бера оласанми?

25 Балиқчилар унинг учун савдолашадими?!

Савдогарларга уни бўлиб берадими?!

26 Унинг терисини найза билан теша оласанми?

Бошини балиқчиларнинг санчқиси билан ёра оласанми?

27 Агар унга қўл теккизсанг,

Бир умрга пушаймон бўласан!

Иккинчи қўл теккизмайдиган бўласан.

1 Ҳа, махлуқ Левитанни ушламоқчи бўлганлар ўзини ўзи алдайди,

Унинг кўриниши одамни даҳшатга туширади.

2 Уни қўзғатишга ҳеч кимнинг юраги дов бермайди.

Шундай экан, ким Менга қарши чиқа олади?!

3 Хўш, кимдан қарзим борки, ҳисобини талаб қилса?!

Ахир, фалак остидаги ҳамма нарса Меники–ку!

4 Мен Левитаннинг қўлу оёқлари,

Беқиёс кучи ва ажойиб танаси ҳақида айтиб берай.

5 Ким унинг терисини шила олади?

Зирҳга ўхшаган терисини ким тешиши мумкин?

6 Унинг оғзини ким очиб кўра олади?

Ахир, унинг тишлари қўрқинчли–ку!

7 Унинг бели қатор тизилган қалқонлардайдир,

Улар бир–бирига ёпиштириб маҳкамланган.

8 Бир–бирига шунчалик яқинки,

Ҳатто орасидан ҳаво ҳам ўтолмайди.

9 Улар бир–бирига ёпишган,

Бирга маҳкамланган, ажратиб бўлмайди.

10 Левитан аксирганда учқун чиқади,

Кўзлари тонг нурига ўхшаб чақнайди.

11 Оғзидан аланга чиқади,

Олов учқунлари отилади.

12 Ёнаётган қамиш устида қайнаётган қозондан буғ чиққандай,

Унинг ҳам бурнидан тутун чиқади.

13 Унинг нафаси кўмирни ёндиради,

Оғзидан аланга чиқади.

14 Бўйни шу қадар бақувватки,

Кўрганлар ваҳимага тушади.

15 Эти қатлам–қатлам бўлиб, бир–бирига ёпишиб кетган,

Улар шунчалик қаттиқки, қимирлатиб бўлмайди.

16 Юраги тошдай қаттиқ,

Ҳа, тегирмон тошидай қаттиқ.

17 Левитан қўзғалганда, кучлилар ҳам қўрқади,

Левитан ташланганда, улар ғужанак бўлади.

18 Унга теккан қилич, найза, ёй ўқию

Ханжар ҳеч таъсир қилмайди.

19 Темир унга сомон кабидир,

Бронза эса чириган ёғоч кабидир.

20 Ёй ўқи уни қочиролмайди,

Палахмон тоши сомончалик таъсир қилмайди.

21 Таёқ унга хашакдай туюлади,

Найзаларнинг шувиллашидан у кулади.

22 Қорнидаги тангачалари сопол парчасидай ўткир,

Лойдан юрса, ерни ёриб ўтади.

23 Левитан ҳаракатларидан денгиз қайнайди,

Чуқур сувларни қайнаган мойдай қилади.

24 У сузган жойларда ялтираган из қолади,

Денгиз оқ сочлар билан қопланганга ўхшайди.

25 Ер юзида унга тенг келадигани йўқ,

Бу жониворда қўрқув деган нарса йўқ.

26 Барча такаббур жонзотга у паст назар билан қарайди,

Мағрур ёввойи ҳайвонларнинг шоҳи Левитандир.”

Аюб Эгамизга жавоб беради

1 Шунда Аюб Эгамизга жавоб берди:

2 “Ҳа, биламан, Сен ҳамма нарсани қила оласан.

Сенинг режаларингни ҳеч ким буза олмайди.

3 «Билмай туриб, донолигимга гумон қилаётган ким?» — деб сўрадинг.

Ўша менман.

Ўзим тушунмайдиган нарсалар ҳақида оғиз очдим.

Ақлим етмайдиган ажойиботлар ҳақида гапирдим.

4 Сен: «Қани қулоқ сол, Мен гапираман.

Сени сўроқ қиламан, жавоб бер», — дединг.

5 Сен ҳақингда бировлардан эшитгандим,

Аммо энди кўзларим билан Сени кўриб турибман.

6 Шунинг учун энди айтганларимни қайтиб оламан,

Бошимга тупроғу кул сочиб, тавба қилдим.”

Хулоса

7 Аюбга гапириб бўлгандан кейин, Эгамиз Темонлик Элифазга шундай деди: “Сен ва икки дўстингдан жуда қаттиқ ғазабдаман, чунки сен Мен ҳақимда тўғри сўзларни айтмадинг. Аюб эса тўғри гапирди.

8 Энди еттита буқа ва еттита қўчқор олиб, Аюбнинг ёнига боринглар. Ўша ерда ўз гуноҳларингиз учун Менга куйдириладиган қурбонлик келтиринглар. Аюб сизлар учун ибодат қилади. Мен унинг ибодатларини қабул қиламан, сизларга аҳмоқлигингизга лойиқ жазо бермайман. Сизлар Мен ҳақимда тўғри сўзларни гапирмадингиз. Аюб эса тўғри гапирди.”

9 Шундай қилиб, Темонлик Элифаз, Шувахлик Билдад ва Намахлик Зўфар бориб, Эгамизнинг айтганларини қилдилар. Эгамиз Аюбнинг ибодатларини қабул қилди.

10 Аюб ўз дўстлари учун ибодат қилгандан кейин, Эгамиз унинг бойлигини қайта тиклади. Унга олдингидан икки баравар кўп барака берди.

11 Шунда Аюбнинг ҳамма ака–укалари, опа–сингиллари, эски танишларининг барчаси келишди. Унинг уйида зиёфат қилишди. Эгамиз томонидан юборилган кулфатлар учун Аюбга ҳамдардлик билдириб, унга тасалли беришди. Уларнинг ҳар бири Аюбга бир бўлак кумуш ва тилла узук ҳадя қилди.

12 Аюбнинг қолган умри давомида Эгамиз унга олдингидан ҳам кўпроқ барака берди: бу даврда Аюбнинг ўн тўрт мингта қўйлари, олти мингта туяси, минг жуфт ҳўкизи ва мингта эшаги бор эди.

13 Эгамиз Аюбга етти ўғил ва уч қиз ҳам берди.

14 Аюб биринчи қизига Ямима, иккинчисига Казиё, учинчисига эса Харанхаппух деб от қўйди.

15 Бутун юртда Аюбнинг қизларидай гўзал қизлар йўқ эди. Аюб қизларига ҳам ака–укалари қатори мерос берди.

16 Шундан кейин Аюб яна бир юз қирқ йил яшади. Фарзандлар кўрди, набиралару уларнинг фарзандларини ҳам кўрди, ҳаммаси бўлиб тўрт насл кўрди.

17 Шундай қилиб, Аюб ёшини яшаб, ошини ошаб, узоқ умр кўриб, оламдан ўтди.