Амос
1 Ушбу китобда Тахувада чорвадор бўлган Амоснинг сўзлари баён этилган. Исроил тўғрисидаги бу сўзлар Амосга зилзиладан икки йил аввал ваҳий орқали аён бўлган эди. Ўша даврда Яҳудо юртида шоҳ Уззиё, Исроил юртида эса Ёҳўш ўғли шоҳ Ёрубом ҳукмронлик қилаётган эдилар.
2 Амос шундай деди:
“Эгамиз Қуддусдан туриб ҳайқиради,
Сиондан гулдурос овози янграйди!
Чўпонларнинг яйловлари қуриб қолади,
Кармил чўққисидаги ўтлар хазон бўлади.”
Исроил атрофидаги халқлар ҳукм қилинади
Орам
3 Эгамиз шундай демоқда:
“Дамашқ аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди!
Мен уларни жазосиз қолдирмайман,
Ахир, улар Гилад аҳолисини темир тишли хўптир билан янчди.
4 Шундай экан, Мен шоҳ Хазайилнинг саройига олов ёғдираман,
Олов Банҳададнинг қалъаларини ёндириб юборади.
5 Мен Дамашқ дарвозаларининг тамбаларини синдираман.
«Қабиҳлик водийси»нинг ҳукмдорини йўқ қиламан,
Байт–Эденда салтанат ҳассасини тутган зотни ҳалок қиламан.
Орам халқи асирликка тушади, Хир юртига олиб кетилади.”
Эгамизнинг каломи шудир.
Филистия
6 Эгамиз шундай демоқда:
“Ғазо аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди!
Мен уларни жазосиз қолдирмайман,
Ахир, улар халқимнинг қишлоқларидаги аҳолисини
Асирликка олиб, Эдом халқига қул қилиб сотдилар.
7 Шундай экан, Мен Ғазо деворига олов ёғдираман,
Олов Ғазо қалъаларини куйдириб ташлайди.
8 Мен Ашдод шаҳрининг ҳукмдорини йўқ қиламан,
Ашқалонда салтанат ҳассасини тутган зотни ҳалок қиламан.
Эхрон шаҳрига қарши қўл кўтараман,
Омон қолган Филистларни қириб ташлайман!”
Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.
Тир
9 Эгамиз шундай демоқда:
“Тир аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди!
Мен уларни жазосиз қолдирмайман.
Ахир, улар биродарлик иттифоқини унутиб,
Халқимнинг қишлоқларидаги аҳолисини
Эдомликларга қул қилиб сотдилар.
10 Шундай экан, Мен Тир деворига олов ёғдираман,
Олов Тир қалъаларини куйдириб ташлайди.”
Эдом
11 Эгамиз шундай демоқда:
“Эдом аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди!
Мен уларни жазосиз қолдирмайман.
Ахир, улар қардоши Исроил халқига раҳм қилмадилар.
Уларни қилич билан таъқиб қилиб,
Қаҳрини чексиз сочдилар,
Ғазабидан ҳеч тушмадилар.
12 Шундай экан, Мен Темон шаҳрига олов ёғдираман,
Бозрах қалъаларини олов куйдириб ташлайди.”
Оммон
13 Эгамиз шундай демоқда:
“Оммон халқи гуноҳ устига гуноҳ қилди,
Мен уларни жазосиз қолдирмайман.
Ахир, улар ҳудудини кенгайтириш учун Гиладга ҳужум қилдилар,
Ўшанда ҳомиладор аёлларнинг қоринларини ёрдилар.
14 Шундай экан, Мен Рабба шаҳрининг деворига ўт қўяман,
Олов Рабба қалъаларини куйдириб ташлайди.
Ўша куни жангдаги ҳайқириқлар фалакни тутади,
Жанг бўрон каби авж олади.
15 Оммон шоҳи сургун қилинади,
У билан бирга мулозимлар ҳам олиб кетилади.”
Эгамизнинг каломи шудир.
Мўаб
1 Эгамиз шундай демоқда:
“Мўаб халқи гуноҳ устига гуноҳ қилди!
Мен уларни жазосиз қолдирмайман.
Ахир, улар Эдом шоҳининг қабрини булғадилар,
Суякларини куйдириб оҳак қилдилар.
2 Шундай экан, Мен Мўаб устига олов ёғдираман,
Олов Харийўт қалъаларини куйдириб ташлайди.
Шовқин–сурон остида, босқинчиларнинг ҳайқириқларию
Бурғу садолари остида Мўаб халқи ҳалок бўлади.
3 Мен Мўаб ҳукмдорини йўқ қиламан,
У билан бирга мулозимларини қириб ташлайман.”
Эгамизнинг каломи шудир.
Яҳудо
4 Эгамиз шундай демоқда:
“Яҳудо халқи гуноҳ устига гуноҳ қилди!
Мен уларни жазосиз қолдирмайман,
Ахир, улар қонунларимдан юз ўгирдилар.
Қоидаларимни бажармадилар.
Ота–боболари сингари, сохта худоларга сиғиниб,
Ҳақ йўлдан оздилар.
5 Шундай экан, Мен Яҳудо юртига олов ёғдираман,
Олов Қуддус қалъаларини куйдириб ташлайди.”
Исроил халқи ҳукм қилинади
6 Эгамиз шундай демоқда:
“Исроил халқи гуноҳ устига гуноҳ қилди!
Мен уларни жазосиз қолдирмайман,
Ахир, улар айбсизларни пулга сотяптилар.
Камбағалларни бир жуфт чориққа алмаштиряптилар.
7 Йўқсилнинг бошини тупроққа қориб, оёқ ости қиляптилар,
Мазлумни йўлдан четга итариб чиқаряптилар.
Ота ва ўғил битта жувон билан ётиб,
Мени бадном қиляптилар.
8 Улар ҳар бир қурбонгоҳ олдида
Ўзлари гаровга олган либослар устида ётибдилар.
Ўз Худосининг уйида,
Жарима эвазига олган шаробни ичяптилар.
9 Эй Исроил халқи, Мен сизни деб,
Амор халқларини йўқ қилган эдим.
Уларнинг бўй–басти садр дарахтидай баланд,
Эман дарахтидай бақувват бўлган бўлса–да,
Мен уларнинг мевасини қовжиратган эдим,
Илдизини қуритган эдим.
10 Амор халқининг юртини сизларга мулк қилиб бераман деб,
Сизларни Миср юртидан олиб чиққандим.
Қирқ йил саҳрода сизларга йўл кўрсатиб юргандим.
11 Фарзандларингиздан пайғамбарлар тайинладим,
Баъзи йигитларингизни, Менга бағишланинглар, деб чорладим.
Шундай эмасми, эй Исроил халқи?!
— деб айтмоқда Эгамиз. —
12 Сизлар эса Менга бағишланганларга шароб ичирдингиз,
Пайғамбарларимга: «Башорат қилманглар!» деб буюрдингиз.
13 Мана энди сизларни шу қадар эзаманки,
Сизлар оғир юк остида ғирчиллаган аравадай бўласиз.
14 Ўшанда чаққонлар ҳам қочиб қутулолмайди,
Паҳлавонлар ҳам кучдан қолади,
Ҳатто жангчилар ҳам жонини сақлай олмайди.
15 Камонкаш дош беролмайди,
Чопарлар қутқара олмайди ўзини,
Отлиқлар сақлай олмайди жонини.
16 Ўша куни жасурларнинг энг довюраги ҳам
Қурол–аслаҳаларини ташлаб қочади.”
Эгамизнинг каломи шудир.
1 Эй Исроил халқи, Эгамизнинг сўзларига қулоқ солинг. У Мисрдан олиб чиққан бутун халқингизга шундай деб айтмоқда:
2 “Ер юзидаги барча халқлар орасидан
Ёлғиз сизларни танлаб олган эдим.
Шу сабабдан ҳам гуноҳларингизга тоқат қила олмайман,
Қилган ҳамма гуноҳларингиз учун сизларни жазолайман.”
Пайғамбар Худонинг жарчисидир
3 Икки киши келишиб олгандан кейингина бирга йўлга тушади.
4 Шер қурбонини кўзлаб қўйсагина, ўрмонда ўкиради,
Йиртқич шер ўлжасини ушласагина, уясида ириллайди.
5 Тузоққа емиш қўйилсагина, қуш сиртмоққа тушади,
Тузоққа ҳеч нарса илинмаса, сиртмоқ тортилмайди.
6 Хўш, шаҳарда бурғу чалинса, ким саросимага тушмайди?!
Эгамизнинг иродасисиз ҳеч бир кулфат шаҳарга келмайди.
7 Дарҳақиқат, Эгамиз Раббий Ўз сирини пайғамбарларига аён қилади,
Сирини ўша хизматкорларига аён қилмай туриб, У ҳеч нарса қилмайди.
8 Ана, шер ўкирди! Ким қўрқмайди?!
Ана, Эгамиз Раббий гапирди! Ким башорат қилмайди?!
Самариянинг қисмати
9 Ашдод қалъаларида эълон қилинг,
Миср қалъаларида шундай деб жар солинг:
“Самария атрофидаги қирларда тўпланинг,
У ердаги авжига чиққан ғалаённи бир кўринг,
Зўравонликнинг гувоҳи бўлинг.”
10 Эгамиз шундай демоқда:
“Самарияликлар қалъаларини ҳаром бойликка тўлдирдилар,
Тўғрилик нималигини улар билмайдилар.”
11 Шу сабабдан Эгамиз Раббий шундай демоқда:
“Душман Самарияни қуршовга олади,
Истеҳкомларини вайрон қилади,
Самария қалъалари талон–тарож бўлади.”
12 Эгамиз шундай демоқда: “Арслоннинг оғзидан қўзичоқни тортиб олмоқчи бўлган чўпон, қўзичоқнинг икки туёғини ёки қулоғининг бир парчасини тортиб олади, холос. Самария аҳолиси ҳам шу аҳволга тушади. У ер–бу ерларда супаю курси парчалари қолади, холос.”
13 Парвардигори Олам — Эгамиз Раббий демоқда:
“Гапимни эшитинг! Ёқуб наслига қарши гувоҳлик беринг!
14 Мен Исроил халқини қилган гуноҳи учун жазолайман,
Ўша куни Байтил қурбонгоҳларини вайрон қиламан.
Қурбонгоҳнинг шохлари кесилиб, ерга тушиб ётади.
15 Мен қишки ва ёзги саройларни бузиб ташлайман,
Фил суяги билан безатилган кошоналарни вайрон қиламан,
Барча ҳашаматли уйларни йўқ қиламан.”
Эгамизнинг каломи шудир.
1 Эй Самария аёллари, эшитинг!
Сизлар Башандаги сигирлардай семириб кетгансиз,
Камбағалларга жабр қиласиз, йўқсилни эзасиз,
Эрларингиздан ичкилик талаб қиласиз.
2 Эгамиз Раббий Ўз муқаддас номи ҳақи онт ичиб демоқда:
“Шундай кунлар келадики,
Сизларни илмоқлар билан судраб кетишади,
Ҳар бирингизни қармоқлар билан тортиб кетишади.
3 Ҳар бирингизни девордаги тешиклар орасидан судраб олиб чиқишади.
Итариб–итариб сизларни Хермон томон олиб кетишади,
— деб айтмоқда Эгамиз. —
4 Қани, энди Байтилга бориб гуноҳ қилаверинг!
Гилгалда гуноҳларингизни кўпайтиринг!
Саҳарда қурбонликлар келтиринг,
Эртасига ушрлар олиб келинг!
5 Хамиртурушли нонларни Менга шукрона назри қилинг,
Кўнгилдан чиқариб берган қурбонлигингиз ҳақида
Жар солиб ҳаммага айтинг,
Ахир, бундай қилишни хўп яхши кўрасиз, эй Исроил халқи!
— деб айтмоқда Эгамиз Раббий. —
6 Мен ҳамма шаҳарларингизда сизларга
Тишингизнинг кирини сўрдирдим,
Қишлоқларингизни нонга зор қилдим,
Шунда ҳам сизлар Менга қайтмадингизлар,
— деб айтмоқда Эгамиз. —
7 Экинзорларингизга сув керак бўлганда,
Мен ёмғир ёғдирмадим.
Бир шаҳарга ёмғир ёғдириб,
Бошқасига ёғдирмас эдим.
Бир далани ёмғир сувига тўйдирардим,
Бошқасига ёмғир ёғдирмай, қуритар эдим.
8 Шунда икки–уч шаҳар аҳолиси сув ичгани
Бошқа шаҳарга оёғини судраб борарди.
Лекин сизлар сувга тўймадингизлар.
Шунда ҳам Менга қайтмадингизлар,
— деб айтмоқда Эгамиз. —
9 Мен ҳосилингизга шира ва оққиров касалини юбордим.
Чигирткалар қайта–қайта боғу узумзорларингизни,
Анжир ва зайтун дарахтларингизни нобуд қилди,
Шунда ҳам сизлар Менга қайтмадингизлар,
— деб айтмоқда Эгамиз. —
10 Мисрда бўлгани каби орангизга фалокат юбордим.
Йигитларингизни қиличдан ўтказдим,
Отларингизни душманларингизга бердим.
Қароргоҳингиздаги жасадларнинг қўланса ҳиди билан
Димоғингизни тўлдирдим.
Шунда ҳам сизлар Менга қайтмадингизлар,
— деб айтмоқда Эгамиз. —
11 Садўм ва Ғамўрани йўқ қилганим каби,
Мен кўпларингизни йўқ қилдим.
Баъзиларингизни эса олов ичидан қутқаргандай қутқаргандим.
Шунда ҳам Менга қайтмадингизлар,
— деб айтмоқда Эгамиз. —
12 Шундай экан, эй Исроил,
Мен сени жазолайман.
Худонинг олдида ҳисоб беришга тайёрлангин!”
13 Зеро, Худо тоғларга шакл берди,
Шамолни юзага келтирди.
У режаларини инсонларга аён қилади,
Тонгги шафақ нурини зулматга айлантиради,
Тоғ чўққилари узра юради.
Парвардигори Олам — Эгамиздир Унинг номи!
Тавба–тазарруга даъват
1 Эй Исроил халқи, мен сен ҳақингда айтаётган марсиямга қулоқ солгин:
2 Бокира қиз Исроил талафот кўрди,
Энди у ҳеч қачон ўзини ўнглаб олмайди!
Ташлаб кетилган, у ўз юртида ағнаб ётади,
Унга туриш учун ҳеч ким ёрдам бермайди.
3 Эгамиз Раббий шундай демоқда:
“Бир шаҳрингдан жангга чиққан мингта жангчидан
Юзтаси омон қолади.
Бошқа шаҳрингдан жангга чиққан юзта жангчидан
Ўнтаси омон қолади.”
4 Исроил халқига Эгамиз шундай демоқда:
“Менга интилинглар, шунда яшайсизлар.
5 Байтилга эса борманглар,
Гилгалга оёқ босманглар,
Бершеба томонга ўтиб юрманглар.
Ахир, Гилгал аҳолиси сургун қилинади,
Байтил буткул вайрон бўлади.”
6 Эгамизга интилинг, шунда яшайсиз.
Акс ҳолда, эй Юсуф хонадони,
Сизга Худо оловдай ёпирилади,
Олов Байтилни ямлаб ютади.
Ёнғинни ўчирадиган одам бўлмайди.
7 Эй адолатни заҳар ўтга айлантирганлар,
Ҳақиқатни ерга улоқтирганлар,
Сизнинг ҳолингизга вой!
8 Парвин ва Ҳулкар юлдузларини яратган Эгамиздир,
У зулматни тонгги нурга айлантиради,
Кундузни қоронғиликка чўктириб, тун қилади,
Денгиз сувларини йиғиб, ер юзига сочиб юборади.
Эгамиздир Унинг номи.
9 У кучлилар устига кулфат ёғдиради,
Қалъаларни кулфатга гирифтор қилади.
10 Сизлар эса адолатли қозилардан нафратланасизлар,
Ҳақиқатни гапирувчилардан ҳазар қиласизлар.
11 Камбағалнинг буғдойидан катта солиқ олиб, бечорани эзасизлар.
Шундай экан, йўнилган тошдан қурган уйларингизда яшамайсизлар.
Барпо қилган гўзал узумзорларингиз маҳсулидан шароб ичмайсизлар.
12 Мен биламан сизлар гуноҳга ботиб кетганингизни,
Кўплаб жиноятларга қўл урганингизни.
Сизлар айбсиз кишини эзиб, пора ейсизлар,
Маҳкамаларда фақирни адолатдан маҳрум қиласизлар.
13 Шунинг учун фаросатли одам бундай замонда сукут сақлайди,
Ахир, бу ёвуз замондир.
14 Ёмонликнинг эмас,
Яхшиликнинг пайида бўлинглар,
Шунда яшайсизлар.
Парвардигори Олам — Эгамиз ҳам,
Ўзларингиз айтганингиздай сизлар билан бирга бўлади.
15 Ёмонликдан нафратланиб, яхшиликни севинг,
Маҳкамаларда адолат ўрнатинг.
Балки шунда, эй Юсуф наслидан омон қолганлар,
Парвардигори Олам — Эгамиз сизга илтифот қилар.
16 Эй Исроил халқи, гуноҳларингиз туфайли
Раббий, Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда:
“Ҳамма шаҳар майдонларида одамлар дод–фарёд кўтаришади,
Ҳамма кўчаларда «Вой жоним! Вой жоним!» дея йиғи–сиғи қилишади.
Деҳконларни аза тутиш учун чақиришади,
Марсия айтадиган йиғичи аёллар ёлланади.
17 Ҳар бир узумзордан фиғон эшитилади,
Ахир, Мен орангиздан ўтиб, сизларни жазолайман.”
Эгамизнинг каломи шудир.
Эгамизнинг куни — зулмат куни
18 Эгамизнинг кунини интизорлик билан кутганларнинг ҳолига вой!
Нега Эгамизнинг кунини кутяпсизлар?
Бу кун ёруғлик эмас, зулмат олиб келади–ку!
19 Ўша куни сизлар гўё арслондан қочиб,
Айиққа дуч келган одамдай бўласизлар.
Ўша одам айиқдан ҳам қочиб, уйига келади,
Қўли билан деворга суянганда уни илон чақади.
20 Наҳот тушунмасангиз?!
Эгамизнинг куни ёруғлик эмас,
Қоронғилик олиб келади–ку!
Ўша кун нурсиз, зулмат куни бўлади!
21 Эгамиз шундай дейди:
“Эй Исроил халқи!
Мен маросимларингиздан нафратланаман,
Улардан ҳазар қиламан.
Муқаддас йиғинларингизни хуш кўрмайман.
22 Менга қурбонликлар куйдирсангиз ҳам,
Дон назрларини атасангиз ҳам,
Мен уларни қабул қилмайман.
Семиз ҳайвонларингизни сўйиб,
Тинчлик қурбонликларини келтирсангиз ҳам,
Мен улардан рози бўлмайман.
23 Бўлди, бас қилинг сершовқин ашулаларингизни,
Мен эшитмайман торингизнинг наволарини.
24 Ундан кўра, сувдай оқсин адолат,
Тўхтовсиз дарёдай оқсин ҳақиқат.
25 Эй Исроил халқи, сизлар жуда кўп қурбонликлар келтирасизлар! Мен ота–боболарингизни қирқ йил саҳрода олиб юрганимда, улардан шу қадар кўп қурбонлигу назрларни талаб қилмадим!
26-27 Сизлар ўзингиз учун ясаган илоҳий шоҳингиз Сиккут ва юлдуз худоси Кивуннинг тасвирларига топиниб юрибсизлар. Шунинг учун Мен сизларни Дамашқ ортидаги юртга сургун қиламан. Қани энди туринглар! Худоларингизни кўтариб олиб кетинглар.” Эгамизнинг каломи шудир. Парвардигори Оламдир Унинг номи.
1 Эй Қуддусда роҳат–фароғатда яшаганлар, ҳолингизга вой!
Эй Самария тоғида бехатар бўлганлар, ҳолингизга вой!
Сизлар ўзларингизни энг сара халқнинг обрўли одамлари деб биласизлар,
Бизга бош бўлинглар, деб Исроил халқи сизнинг олдингизга келади.
2 Калней шаҳрига бориб, унинг аҳволини кўринглар.
У ердан буюк Хомат шаҳрига ўтиб, ҳолини билинглар.
Филист халқининг Гат шаҳрига ҳам бориб кўринглар.
Сизларнинг бу шоҳликлардан афзалроқ жойингиз бормиди?!
Ёки ерингиз уларникидан каттароқмиди?!
3 Кулфат куни келишига сизлар ишонмаяпсизлар,
Зўравонлик ҳукмрон бўлишига сабабчи бўляпсизлар!
4 Сизлар фил суягидан ясалган супаларда чўзилиб ётасизлар,
Курсиларда ёнбошлаб ўтирасизлар,
Қўзичоқларнинг гўштидан лаззатланасизлар,
Семиртирилган бузоқларнинг гўштидан таом ейсизлар,
5 Ўзларингизча Довуд каби куйлар басталайсиз,
Арфанинг янграган наволарига ашулалар айтасиз.
6 Қадаҳлаб шароб ичасиз,
Хушбўй мойнинг энг аълосини баданингизга суртасиз.
Халқингиз — Юсуф наслининг кулфати учун эса қайғурмайсиз!
7 Шундай экан, сизлар биринчи бўлиб сургун қилинасиз,
Ёнбошлаб ўтказган зиёфатларингиз тугайди.
8 Эгамиз Раббий Ўз номини ўртага қўйиб онт ичди,
Ҳа, Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда:
“Мен Ёқуб наслининг такаббурлигидан нафратланаман,
Уларнинг қалъаларидан ҳазар қиламан.
Самария шаҳрини ва у ердаги ҳамма нарсани
Мен душманнинг қўлига бераман.”
9 Агар бир уйда ўнта одам қолган бўлса, уларнинг ҳаммаси ўлади.
10 Уларнинг яқин қариндоши ва гўрков марҳумларни дафн қилмоқчи бўлиб келишади. Яқин қариндоши жасадларни олиб чиққанда гўрковдан: “Яна жасадлар борми?” деб сўрайди. Гўрков: “Йўқ”, деб жавоб беради. Кейин эса: “Жим! Эгамизнинг номини тилга олмайлик!” деб айтади.
11 Ана, Эгамиз амр бермоқда:
Кошоналар бузиб ташланади,
Кулбалар яксон бўлади.
12 Отлар қоялар устида чопа олмайди–ку!
Денгизни ҳўкизлар билан шудгор қилиб бўлмайди–ку!
Қойил–э, сизлар эса адолатни заҳарга айлантирдингиз,
Солиҳликнинг ширин мевасини аччиқ қилдингиз.
13 Сизлар: “Лўдавор шаҳрини
Қўлга киритдик”, деб мақтаниб юрибсизлар.
“Карнайим шаҳрини
Ўз кучимиз билан енгдик”, деб айтяпсизлар.
14 Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда:
“Эй Исроил халқи, қаранглар!
Мен сизларга қарши бир халқни қўзғатдим.
Улар Лево–Хоматдан то Арабадаги сойликкача сизларни эзадилар.”
Чигирткалар ҳақидаги ваҳий
1 Эгамиз Раббий менга шундай ваҳий кўрсатди: деҳқонлар шоҳ саройи учун буғдой ўриб олганларидан кейин, иккинчи экинлар униб чиқа бошлабди. Шу пайтда Эгамиз гала–гала чигирткаларни пайдо қилди.
2 Чигирткалар ер юзида кўкариб турган ҳамма нарсани еб битиришибди. Шунда мен ёлвордим:
“Эй Эгам Раббий, илтижо қиламан, гуноҳимиздан ўтгин!
Ёқуб насли бунга бардош бера олармикин?!
Ўзи кичкина бир халқ бўлса!”
3 Шунда Эгамиз шахтидан қайтди:
“Бундай қилмайман”, деб менга айтди.
Олов ҳақидаги ваҳий
4 Эгамиз менга яна бир ваҳий кўрсатди: Эгамиз Раббий халқини олов билан жазоламоқчи бўлибди. Олов буюк денгизни ямлабди, кейин юртни ёндира бошлабди.
5 Шунда мен ёлвордим:
“Эй Эгам Раббий, ўтинаман, бас қилгин!
Ёқуб насли бунга бардош бера олармикин?!
Ўзи кичкина бир халқ бўлса!”
6 Шунда Эгамиз шахтидан қайтди.
Эгамиз Раббий: “Хўп, бундай ҳам қилмайман”, деб менга айтди.
Шоқул ҳақидаги ваҳий
7 Мен яна бир ваҳий кўрдим: шоқул ёрдамида қурилган деворнинг олдида Раббий турган экан. У деворнинг тўғри ёки қийшиқлигини шоқул билан текшираётган эди.
8 Эгамиз мендан:
— Нимани кўряпсан, Амос? — деб сўради.
— Шоқулни, — деб жавоб бердим мен. Сўнг Раббий шундай деди:
“Қара, Мен шоқул ёрдамида
Халқим Исроилни текшираман.
Энди уларга шафқат қилмайман.
9 Исҳоқ наслининг саждагоҳлари вайрон бўлади,
Ҳа, Исроилнинг қадамжолари йўқ қилинади,
Мен шоҳ Ёрубом хонадонига қилич билан ҳужум қиламан.”
Амос ва руҳоний Эмозиё
10 Байтилдаги руҳоний Эмозиё Исроил шоҳи Ёрубомга хабар юбориб, шундай деди:
— Амос Исроил халқи орасида сизга қарши фитна уюштирмоқда. Унинг бу сўзларини халқимиз кўтара олмайди.
11 Амос шундай деб айтиб юрибди: “Ёрубом қиличдан ҳалок бўлади, Исроил халқи ўз юртидан албатта сургун қилинади.”
12 Эмозиё Амоснинг ўзига эса шундай деди:
— Эй валий, бу ердан чиқиб кет! Яҳудо юртига бор. Нонингни ўша ердан топиб егин. Башоратларингни ҳам ўша ерда айт.
13 Аммо Байтилда қайта башорат қила кўрма, чунки бу шоҳнинг қутлуқ жойидир, шоҳлигимизнинг саждагоҳидир.
14 Амос эса Эмозиёга шундай жавоб берди:
— Менинг машғулотим пайғамбарлик эмас, пайғамбарларга шогирд ҳам тушмаганман. Мен бир чорвадор эдим, шикамора–анжир дарахтларини ҳам парвариш қилардим.
15 Бир куни сурувни ҳайдаб кетаётганимда Эгамиз мени чақириб: “Бор, халқим Исроилга башорат қил”, деб айтди.
16 Эй Эмозиё, энди Эгамизнинг сўзларини эшит! Сен менга: “Исроил ҳақида башорат қилма, Исҳоқ хонадонига қарши гап гапирма”, деб айтяпсан.
17 Шу сабабдан Эгамиз шундай демоқда:
“Сенинг хотининг шаҳарда фоҳишалик қилади,
Ўғил–қизларинг қиличдан ҳалок бўлади.
Еринг бошқаларга бўлиб берилади.
Ўзинг эса ҳаром бир юртда ўласан.
Исроил халқи ўз юртидан албатта сургун қилинади.”
Етилиб пишган мевалар ҳақидаги ваҳий
1 Эгамиз Раббий менга яна ваҳий кўрсатди: бир сават етилиб пишган мевалар бор экан.
2 Эгамиз мендан:
— Амос, нимани кўряпсан? — деб сўради.
— Бир сават етилган мевани, — деб жавоб бердим мен. Сўнг Эгамиз менга шундай деди:
“Халқим Исроил ҳам жазо учун етилиб турибди.
Энди Мен уларга шафқат қилмайман.
3 Ўша куни Маъбаддаги ашулалар марсияга айланади,
— деб айтмоқда Эгамиз Раббий. —
Ҳамма жойда жасадлар ётади.
Сукунат босган!”
4 Эй йўқсилларни эзадиганлар, қулоқ солинглар!
Эй юртдаги камбағалларни йўқ қилганлар, эшитинглар!
5 Сизлар шундай айтасизлар:
“Янги ой шодиёнаси тезроқ тамом бўла қолса–ю,
Донни сотсак.
Шаббат куни тезроқ ўтса–ю,
Буғдойни бозорга олиб чиқсак.
Шунда биз оғирлигини камайтириб,
Нархини оширамиз,
Тарозидан уриб, одамларни алдаймиз.
6 Буғдой чиқитларини ҳам сотиб юборамиз.
Йўқсилни бир жуфт чориққа сотиб оламиз,
Камбағални кумушга харид қиламиз.”
7 Ёқуб наслининг такаббурлигини кўриб, Эгамиз шундай деб онт ичди:
“Уларнинг қилмишларини Мен ҳеч қачон унутмайман,
Уларни албатта жазолайман.
8 Шу сабабдан ер титрайди!
Ер юзида яшовчи ҳар бир мавжудот аза тутади!
Бутун ер юзи дарё тўлқинларидай ларзага келади,
Ҳа, Нил сувларидай кўтарилиб, пастга тушади.”
9 Эгамиз Раббий демоқда:
“Эй Исроил халқи,
Ўша куни шундай қиламанки,
Қуёш туш пайтида ботади,
Куппа–кундузи ер юзини қоронғилик қоплайди.
10 Байрамларингиз мотамга айланади,
Ҳамма ашулаларингиз марсия бўлади.
Сизлар ҳаммаларингиз қайғудан қанорга ўранасиз,
Аза тутганингиздан сочингизни қирдирасиз.
Ёлғиз ўғлидан жудо бўлган ота–онага ўхшаб қоласиз.
Ўша кун охирига қадар аччиқ кулфатдай бўлади.”
11 Эгамиз Раббий демоқда:
“Шундай кунлар келадики,
Мен юртга очарчилик юбораман.
Одамлар нон билан сувни эмас,
Мен, Эгангизнинг сўзини қўмсаб, оч қолишади.
12 Улар Менинг сўзимни эшитмоқчи бўлиб,
Бир денгиздан бошқа денгизгача оёғини судраб боришади,
Шимолдан шарққа йўл олишади.
У ёқдан–бу ёққа юриб, сарсон бўлишади–ю,
Аммо Мен, Эгангизнинг сўзини эшита олишмайди.
13 Ўша куни гўзал қизлару бақувват йигитлар
Ташналикдан ҳушидан кетадилар.
14 Ахир, улар Самариянинг шарманда маъбудаси номи билан
Қасам ичиб юрибдилар,
«Эй Дан шаҳри, худойинг шоҳид», деб айтиб юрибдилар,
«Бершебага олиб борадиган зиёрат йўли ҳақи», деб юрибдилар.
Аммо улар йиқилиб тушадилар, қайтиб турмайдилар.”
Ҳукм ҳақидаги ваҳий
1 Мен қурбонгоҳнинг олдида турган Раббийни кўрдим, У шундай деди:
“Саждагоҳ устунқошларига шундай зарба берингларки,
Пойдеворлари ларзага келсин.
Устунқошлар одамлар устига ўпирилиб тушсин.
Омон қолганларни Мен қиличдан ўтказаман,
Улардан биронтаси ҳам қочиб кетолмайди.
Ҳеч қайсиси қутулиб қолмайди.
2 Улар ер қазиб, ўликлар диёрига киришса ҳам,
Мен қўлимни узатиб, уларни чиқариб оламан.
Осмонга чиқиб олишса ҳам,
У ердан тортиб тушираман.
3 Кармил чўққисида яшириниб олишса ҳам,
Уларни овлаб, қўлга тушираман.
Мендан қочиб, денгиз тубига бекиниб олишса ҳам,
Денгиз илонига амр бериб чақтираман.
4 Душманлар уларни асирликка олиб кетишса ҳам,
Қиличга амр бериб, ҳаммасини қириб ташлайман.
Уларга яхшилик эмас, ёмонлик келтиришга қарор қилдим.”
5 Сарвари Олам — Раббий
Ерга қўл теккизса, ер ўпирилиб кетади,
Бутун ер юзи Нил сувларидай
Баланд кўтарилиб, пастга тушади.
Ерда яшовчи ҳар бир мавжудот аза тутади.
6 Эгамиз осмонда Ўзига маскан қурди,
Ер узра осмон гумбазини ўрнатди.
Денгиз сувларини йиғиб,
Ер юзига сочиб юборадиган Ўшадир.
Эгамиздир Унинг номи.
7 Эгамиз шундай демоқда:
“Эй Исроил халқи,
Сизнинг Ҳабашистонликлардан ортиқ жойингиз бормиди?!
Мен Исроилни Мисрдан қандай олиб чиққан бўлсам,
Филист халқини ҳам худди шундай Хафтўрдан олиб чиққанман,
Орам халқини ҳам Хирдан олиб чиққанман.
8 Мен, Эгангиз Раббий,
Гуноҳкор Исроил шоҳлигини кузатиб турибман.
Уни ер юзидан супуриб ташлайман,
Ёқуб наслини эса батамом йўқ қилмайман,
— деб айтмоқда Эгамиз. —
9 Мен амр бераман,
Шунда барча халқлар орасида,
Буғдой элагандай Исроилни ғалвирдан ўтказаман.
Яхши доннинг биронтаси ерга тушмайди.
10 Халқим орасидаги ҳамма гуноҳкорлар эса қиличдан ҳалок бўлади,
Ахир, бундай одамлар шундай айтишади:
«Кўрмаймиз биз ёмонлик,
Бошимизга тушмас бирор кўргилик.»”
Исроил шоҳлиги келажакда қайта тикланади
11-12 Эгамиз шундай демоқда:
“Ўша куни Мен Довуд шоҳлигини қайта тиклайман.
Ҳозир у қийшайиб кетган кулбадай бўлса–да,
Деворларидаги ёриқ жойларини тузатаман,
Бузилган жойларини кўтараман.
Уни қайта қуриб, илгариги ҳолатга қайтараман.
Шунда Исроил халқи эгалик қилади
Эдомликларнинг омон қолганларига,
Қўлим остидаги ҳамма халқларга.”
Эгамиз айтганларини бажо қилади.
13 Эгамиз шундай демоқда:
“Шундай вақтлар келадики,
Деҳқон ҳосилни йиғиб улгурмасдан,
Ерни шудгор қилиш вақти келади.
Шаробни тайёрлаб улгурмасдан,
Узумнинг янги ҳосили пишади.
Тоғлардан ширин шароб томади,
Ҳамма қирлардан пастга оқиб тушади.
14 Мен халқимни яна фаровонликка эриштираман.
Улар вайрон бўлган шаҳарларни қайта қуриб,
У ерда ўрнашиб оладилар.
Узумзорлар барпо қилиб, шаробини ичадилар.
Боғлар яратиб, меваларини ейдилар.
15 Мен уларни ўз юртида кўкартираман.
Мен берган юртдан
Уларни ҳеч ким суғуриб ташламайди.”
Эгангиз Худонинг каломи шудир.