3 Шоҳлар

3 Шоҳлар

Шоҳ Довуд кексаяди

1 Шоҳ Довуд анча қариб қолди. Уни кўрпа–тўшаклар билан ўраб ташлашса ҳам, ҳеч исимас эди.

2 Шунда аъёнлари Довудга айтишди:

— Ҳазрати олийлари учун ёш, бокира қиз қидириб топсак. Ўша қиз шоҳимиз олдида бўлсин, парвариш қилсин, шоҳимизнинг қучоғида ётсин. Ана шунда шоҳ ҳазратлари исийдилар.

3 Шундай қилиб, бутун Исроил ҳудуди бўйлаб чиройли, бўйи етган қизни қидирдилар. Ниҳоят, Шунамлик Обиша исмли қизни топиб, шоҳ ҳузурига олиб келишди.

4 Қиз ғоятда гўзал эди. У шоҳни парвариш қилиб, унинг хизматида бўлди. Лекин шоҳ қизга яқинлашмади.

Одониё тахтга даъвогар бўлади

5 Абсалом вафот этгандан кейин, Хаггитнинг Довуддан кўрган ўғли Одониё “Мен шоҳ бўламан”, деб ўзини жуда катта тутадиган бўлиб қолди. У ўзига жанг аравалари, чавандозлар ва элликта қўриқчи олди.

6 Отаси эса “Нима учун сен бундай қиляпсан?” деб ҳеч қачон уни тергамади. Одониё Абсаломдан кейингиси бўлиб, жуда чиройли йигит эди.

7 У Зеруя ўғли Йўаб ва руҳоний Абуатарга маслаҳат солди. Иккови ҳам Одониё тарафига ўтдилар.

8 Лекин руҳоний Зодўх, Ёҳайидо ўғли Бинаё, Натан пайғамбар, Шимах, Рей ва Довуднинг қўриқчилари Одониё томонга ўтмадилар.

9 Одониё Эн–Рўғол булоғи бўйидаги Зўхалат тоши ёнида қўй, буқа ва боқилган бузоқларни қурбонлик қилиб, ҳамма ака–укаларини — шоҳ ўғилларини, шоҳга қарашли барча Яҳудо аъёнларини таклиф қилди.

10 Натан пайғамбарни, Бинаёни, шоҳнинг қўриқчиларини, укаси Сулаймонни эса таклиф қилмади.

Сулаймон тахтга ўтиради

11 Шундан сўнг Натан Сулаймоннинг онаси Ботшевага деди:

— Хаггитнинг ўғли Одониё ўзини ўзи шоҳ қилганини, Довуд ҳазратлари эса бу аҳволдан бехабар эканини эшитмадингми?

12 Энди мен сенга шундай маслаҳат бераман: сен ўзингнинг ва ўғлинг Сулаймоннинг ҳаётини қутқар.

13 Шоҳ Довуд саройига бориб, унинг ҳузурига киргин. Шоҳга шундай деб айт: “Шоҳ ҳазратлари бу чўрисига, ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради, деб ваъда бермаганмидилар?! Нимага энди Одониё шоҳ бўлиб қолди?”

14 Сен у ерда шоҳ билан суҳбатни давом эттираётганингда, мен орқангдан кириб, сенинг гапингни қўллаб–қувватлайман.

15 Ботшева бориб, шоҳ Довуднинг хонасига кирди: шоҳ жуда мункиллаб қолган, Шунамлик Обиша эса унинг хизматини қилаётган эди.

16 Ботшева шоҳга эгилиб таъзим қилди.

— Тила тилагингни, — деди шоҳ.

17 Ботшева унга деди:

— Шоҳ ҳазратлари! Бу чўрингизга ўз Эгангиз Худо номи билан онт ичиб “Мендан кейин ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб ваъда берган эдингиз–ку.

18 Энди эса Одониё шоҳ бўлиб қолибди. Шоҳ ҳазратлари эса бу ҳақда ҳеч нарса билмайдилар.

19 У бир талай буқа, боқилган бузоқ ва қўйлар сўйиб, шоҳимизнинг ҳамма ўғилларини, руҳоний Абуатарни, лашкарбоши Йўабни таклиф қилибди. Қулингиз Сулаймонни эса таклиф қилмабди.

20 Шоҳ ҳазратлари! Жамики Исроил халқининг кўзлари сизга қадалган, ўзингиздан кейин тахтга ким ўтиришини сиз эълон қилишингизни кутишяпти.

21 Акс ҳолда, шоҳ ҳазратлари оламдан ўтиб, ота–боболари ёнига кетганларида, мен ва ўғлим Сулаймон хиёнаткордай бўлиб қоламиз.

22 Ботшева шоҳ билан гаплашаётганда, Натан пайғамбар етиб келди.

23 Шунда шоҳга: “Натан пайғамбар шу ердалар, сизни кўрмоқчилар”, деб хабар беришди. Натан шоҳ ҳузурига кирди–ю, ер ўпиб унга таъзим қилди. Ботшева эса чиқиб кетди.

24 Кейин Натан шоҳга деди:

— Шоҳ ҳазратлари! Сиз “Мендан кейин Одониё шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб айтган эдингизми?

25 У бугун чиқибоқ бир талай буқа, боқилган бузоқ, қўйлар сўйиб, шоҳнинг ҳамма ўғилларини, қўшинингизнинг лашкарбошиларини ва руҳоний Абуатарни таклиф қилди. Ҳаммалари Одониёнинг ҳузурида еб–ичиб ўтиришибди, “Яшасин шоҳ Одониё!” деб бақиришяпти.

26 Мен, қулингизни, руҳоний Зодўхни, Ёҳайидо ўғли Бинаёни ва қулингиз Сулаймонни эса таклиф қилмади.

27 Буларнинг ҳаммаси шоҳ ҳазратларининг хоҳишига кўра бўлдими? Шоҳ ҳазратлари ўзларидан кейин тахтга ким ўтириши ҳақида биз, қулларига нега аён қилмадилар?

28 Шунда Довуд: “Ботшевани менга чақиринглар!” — деди. Ботшева кириб, шоҳ қаршисида турди. Натан чиқиб кетди.

29 Шоҳ онт ичиб Ботшевага айтди:

— Мени ҳар қандай балолардан доимо сақлаб келган Худойим шоҳид!

30 Мен Исроил халқининг Худоси — Эгамиз номи билан онт ичиб, сенга “Ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб ваъда берган эдим. Ўша онтимни бугун адо этаман.

31 Ботшева ер ўпиб, шоҳга таъзим қилди:

— Шоҳимиз Довуд ҳазратлари дунё тургунча турсинлар!

32 — Руҳоний Зодўхни, Натан пайғамбарни, Ёҳайидо ўғли Бинаёни менинг ҳузуримга таклиф қилинглар! — деди шоҳ Довуд. Улар шоҳ ҳузурига кириб келдилар.

33 Шундан сўнг шоҳ уларга:

— Ёнингизга шоҳингизнинг қўриқчиларини олинглар, — деди. — Ўғлим Сулаймонни менинг хачиримга ўтқазиб, Гихўн булоғига олиб боринглар.

34 У ерда руҳоний Зодўх ва Натан пайғамбар Сулаймоннинг бошига мой суртиб, уни Исроил шоҳи қилсинлар. Кейин бурғу чалиб, баланд овоз билан: “Яшасин шоҳ Сулаймон!” деб айтинглар.

35 Сўнг унинг орқасидан қайтиб келинглар. У келгач, менинг тахтимга ўтирсин, менинг ўрнимга шоҳ бўлсин. Мен уни Исроил ва Яҳудонинг ҳукмдори қилиб тайинладим.

36 Бинаё шоҳга қарата:

— Омин! Шоҳимиз ҳазратларининг Худоси — Эгамизнинг амри ҳам шундай бўлсин! — деди.

37 — Эгамиз доимо шоҳ ҳазратлари билан бўлган эди. Бундан кейин У Сулаймонга ёр бўлсин, Сулаймоннинг тахтини шоҳимиз Довуд ҳазратлари тахтидан ҳам юксак қилсин.

38 Руҳоний Зодўх, Натан пайғамбар, Ёҳайидо ўғли Бинаё, шоҳнинг Харетлик ва Палатлик қўриқчилари Сулаймонни шоҳ Довуднинг хачирига ўтқазиб жўнадилар. Ниҳоят, уни Гихўн булоғига олиб келдилар.

39 Руҳоний Зодўх чодирдан олиб келган мой солинган қўчқор шохини олиб чиқди ва Сулаймоннинг бошига мой суртди. Кейин бурғу чалдилар. Шунда бутун халқ: “Яшасин шоҳ Сулаймон!” деб қичқирди.

40 Халқ Сулаймонга эргашиб, най чалиб, ўйин–кулги қилиб кетди. Халқнинг қийқириғидан гўё ер титраб кетди.

41 Одониё ва ҳамма таклиф қилинганлар таомни еб бўлар–бўлмас, шовқин–суронни эшитиб қолдилар. Йўаб бурғу овозини эшитиб: “Нимага бунчалик шовқин? Шаҳарни ларзага келтиради–я”, — деди.

42 У гапини тугатмаган ҳам эдики, руҳоний Абуатарнинг ўғли Йўнатан кириб келди.

— Кел, — деди Одониё унга, — сен улуғ одамсан, яхши хабар олиб келяпсан–ов.

43 — Йўқ, шоҳимиз Довуд ҳазратлари Сулаймонни шоҳ қилиб кўтардилар, — деб жавоб берди Йўнатан.

44 — Шоҳ Довуд у билан бирга руҳоний Зодўхни ва Натан пайғамбарни, Бинаёни, ўзининг Харетлик ва Палатлик қўриқчиларини жўнатди. Улар Сулаймонни шоҳнинг хачирига ўтқазишди.

45 Руҳоний Зодўх ва Натан пайғамбар Гихўн булоғида Сулаймоннинг бошига мой суртиб, уни шоҳ қилдилар. У ердан шод–хуррам бўлиб қайтиб келишди. Шунинг учун шаҳар ола–ғовур бўлиб қолди. Сизлар эшитаётган шовқин–суроннинг боиси шудир.

46 Сулаймон шоҳлик тахтига ўтирибди.

47 Шоҳнинг аъёнлари Довуд ҳазратларини табриклаш учун келиб шундай дейишди: “Сулаймоннинг номини Худойингиз сизнинг номингиздан ҳам кўпроқ улуғласин, унинг тахтини сизнинг тахтингиздан ҳам юксалтирсин.” Шоҳ эса тўшагида ётганича Худога сажда қилиб,

48 шундай деди: “Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У бугун кўзларим очиқлигида зурриётимдан биттасини тахтга ўтқазди.”

49 Одониёнинг меҳмонлари қўрқув ичида ўринларидан туриб, ҳаммаси ҳар ёққа тарқалиб кетдилар.

50 Одониё ҳам Сулаймондан қўрққанидан ўрнидан турди–ю, қочиб бориб, қурбонгоҳнинг бурчагидан маҳкам ушлаб олди.

51 Сулаймонга шу хабарни олиб келдилар: “Одониё шоҳ Сулаймондан қўрқяпти, у қурбонгоҳнинг бурчагини маҳкам ушлаб олиб, Сулаймон, бу қулимни ўлдирмайман, деб олдин менга сўз берсин, деяпти.”

52 — Агар у менга содиқ бўлса, — деди Сулаймон, — бошидаги бир тола сочига ҳам зарар етмайди. Борди–ю, кўнглида ёмонлик бўлса, бошини оламан.

53 Шоҳ Сулаймон одам юбориб, Одониёни қурбонгоҳдан олдириб келди. Одониё келиб, шоҳ Сулаймонга таъзим қилди. Шундан сўнг Сулаймон: “Бор, уйингга жўна!” — деди унга.

Довуднинг Сулаймонга васияти

1 Довуднинг умри охирлаб бораётган эди. У ўғли Сулаймонга шундай деб васият қилди:

2 — Энди менинг ҳам умрим охирлаб боряпти. Сен қатъий иродали, мардонавор бўл.

3 Эганг Худо қўйган талабларни бажар. Мусонинг Таврот китобида ёзилганидай, Унинг йўлидан юриб, фармон ва амрларига, қонун–қоидалари ва шартларига риоя қил. Шунда нима қилсанг ҳам, қаерга борсанг ҳам, ҳар доим барака топасан.

4 Эгамиз мен ҳақимда айтган мана бу ваъдасини адо этади: “Агар ўғилларинг Менинг олдимда ўз йўлларидан адашмай, бутун қалби билан, жону дили билан содиқ бўлиб юрсалар, сенинг наслингдан бўлган эркак зоти то абад Исроил тахтида ўтиради.”

5 Яна Зеруя ўғли Йўаб менга нима қилганини сен биласан. У Исроилнинг иккита лашкарбошисини — Нар ўғли Абнур билан Этер ўғли Эмосани ўлдириб, тинчлик пайтида уруш давридагидай қон тўкди. Чориғидан тортиб, белигача урушдагидай қонга булғанди.

6 Йўаб ажалидан беш кун бурун ўлсин, ўликлар диёрига тинчгина кирмасин. Шунга ақлингни ишлат.

7 Гиладлик Борзулайнинг ўғилларига садоқатли бўл. Улар сенинг дастурхонингдан таом ейдиганлар орасида бўлсин. Чунки мен аканг Абсаломдан қочиб юрганимда, улар менинг олдимда ҳозиру нозир бўлишди.

8 Эсингда бўлсин: ёнингда Бенямин қабиласидан Бохуримлик Гера ўғли Шимах ҳам бор. Моханайимга қочиб ўтаётганимда, у мени ёмон қарғаган эди. Лекин кейинроқ у мени кутиб олиш учун Иордан дарёси бўйига чиқди. Мен Эгамиз номи билан онт ичиб, унга: “Сени ўлдирмайман”, деган эдим.

9 Лекин сен уни айбсиз деб билма. Сен ақлли одамсан, нима қилишни ўзинг биласан. У қариб қолган бўлса ҳам, ўлдирилиши керак.

Довуднинг ўлими

10 Ниҳоят, Довуд оламдан ўтиб, Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди.

11 Довуд Исроилда қирқ йил шоҳлик қилди: шундан етти йили Хевронда, ўттиз уч йили Қуддусда ўтди.

12 Шундай қилиб, Сулаймон отаси Довуд ўрнига тахтга ўтирди. Унинг шоҳлиги мустаҳкам бўлди.

Одониёнинг ўлими

13 Хаггитнинг ўғли Одониё Сулаймоннинг онаси Ботшева ҳузурига келди.

— Тинчликми, бу ерга яхшилик билан келдингми? — деб сўради Ботшева.

— Ҳа, яхшилик билан, — деди Одониё.

14 — Сизда гапим бор эди.

— Гапиравер, — деди Ботшева.

15 Одониё гап бошлади:

— Яхши биласиз, мен шоҳ бўлишим керак эди. Бутун Исроил халқи менга, бўлажак шоҳ, деб кўз тикиб турган эди. Лекин шоҳлик қўлдан кетди, Эгамизнинг хоҳиши билан укамга насиб қилган экан.

16 Энди сиздан бир ўтинчим бор, фақат йўқ деманг.

— Гапир, — деди Ботшева.

17 — Илтимосим шуки, — деди Одониё, — шоҳ Сулаймон билан гаплашсангиз, Шунамлик Обишани менга хотинликка берса. Сиз айтсангиз, йўқ демайди.

18 — Яхши, мен шоҳга сен тўғрингда айтиб кўрай–чи, — деди Ботшева.

19 Ботшева, Одониё ҳақида гаплашай деб, шоҳ Сулаймон ҳузурига кетди. Шоҳ унга пешвоз чиқиб, таъзим қилди, кейин яна тахтига ўтирди. Шоҳнинг онаси учун ҳам тахт қўйиб беришди. Ботшева шоҳнинг ўнг томонига ўтирди.

20 — Сенга битта кичкинагина илтимосим бор, қайтармагин, — деди Ботшева.

— Сўранг, онажон, тилагингиз бажо бўлар, — деди шоҳ.

21 — Шунамлик Обишани аканг Одониёга хотинликка берсанг, — деди Ботшева.

22 Сулаймон кинояли оҳангда онасига деди:

— Нимага Одониё учун сиз фақат Шунамлик Обишани сўраяпсиз? Одониё акам бўлгандан кейин, у учун шоҳликни ҳам сўрайверинг. Ахир, руҳоний Абуатар, Зеруя ўғли Йўаб унинг тарафини олишларини биласиз–ку!

23 Шоҳ Сулаймон Эгамиз номи билан онт ичиб, шундай деди:

— Агар Одониёни шу гапи учун ўлдирмасам, Худо мени ҳар қандай жазога мубтало қилсин, ундан ҳам баттарроғига дучор қилсин.

24 Отам Довуднинг тахтига мени ўтқазиб, куч–қудратимни оширган ва Ўзи айтганидай, менинг сулоламни яратган Худо шоҳид! Одониё шу бугуноқ ўлдирилади!

25 Шоҳ Сулаймон Бинаёни жўнатди. Бинаё Одониёни ўлдирди.

Абуатарнинг бадарға қилиниши ва Йўабнинг ўлдирилиши

26 Руҳоний Абуатарга эса Сулаймон шу гапларни айтди:

— Сен Онотўтга — ўзингнинг ерингга жўнаб қол! Сен аслида ўлимга лойиқсан! Лекин сен отам Довуднинг олдида Эгамиз Раббийнинг Сандиғини олиб борган эдинг, отам билан бирга ҳар нарсага бардош берган эдинг. Шунинг учун ҳозир сени ўлдирмайман!

27 Сулаймон Абуатарни Эгамизнинг руҳонийлигидан маҳрум қилди. Шундай қилиб, Эгамизнинг Шилўда Элах хонадони ҳақида айтган сўзлари бажо бўлди.

28 Бу хабарни Йўаб ҳам эшитди. Абсаломга эргашмаган бўлса ҳам, Одониё исён кўтарганда, Йўаб унга қўшилган эди. Одониёнинг ўлими ҳақида эшитган Йўаб Эгамизнинг Муқаддас чодирига қочиб борди ва қурбонгоҳнинг бурчагидан ушлаб олди.

29 “Йўаб Эгамизнинг Чодирига қочиб кетибди, қурбонгоҳ ёнида экан” деган хабарни Сулаймонга етказишди. Сулаймон ўша заҳоти Бинаёни жўнатиб: “Бор, уни ўлдириб кел”, деб буюрди.

30 Бинаё Эгамизнинг Чодирига келиб, Йўабга: “Шоҳимиз сени, Чодирдан чиқсин, деяптилар”, деб хабар берди. Йўаб эса: “Йўқ, мен шу ерда ўлишни истайман”, деб жавоб қилди. Бинаё: “Йўаб менга шундай–шундай деди”, деб шоҳга етказди.

31 Шоҳ Бинаёга:

— У нима деган бўлса, айтганини қил, — деди, — уни ўлдириб, дафн қил, токи Йўаб тўккан бегуноҳ қонларнинг жавобгарлиги менинг ва отам хонадонининг гарданида қолмасин.

32 Эгамиз унинг қонини ўзининг бошига етказсин. У отам Довудга билдирмасдан, иккита солиҳ, ўзига қараганда яхши инсонни ўлдирган эди. Улардан бири Исроил лашкарбошиси Нар ўғли Абнур, иккинчиси эса Яҳудо лашкарбошиси Этер ўғли Эмоса эди.

33 Икковининг қони то абад Йўабнинг гарданида, унинг насли гарданида қолсин. Эгамиз Довудни, унинг наслини, хонадонини ва тож–тахтини то абад саломат қилсин!

34 Сўнг Бинаё бориб, Йўабни ҳам ўлдирди. Йўаб чўл яқинидаги ўз уйида дафн қилинди.

35 Шоҳ Сулаймон Йўабнинг ўрнига Бинаёни лашкарбоши, Абуатарнинг ўрнига Зодўхни руҳоний қилиб тайинлади.

Шимахнинг ўлими

36 Шундан сўнг шоҳ одам юбориб, Шимахни чақиртириб келди ва унга шундай деди:

— Қуддусда ўзингга бир уй қур ва ўша ерда ўтир. У ердан ҳеч қаерга чиқма.

37 Шуни билиб қўйки, ўша ердан чиқиб, Қидрон сойлигидан ўтсанг, ўша куниёқ ўлиминг муқаррардир. Ўзингнинг бошингни ўзинг ейсан.

38 — Хўп бўлади, шоҳ ҳазратлари, гапингиз тўғри, — деди Шимах шоҳга. — Нима буюрсалар, мен, қулингиз, бажо айларман.

Шундай қилиб, Шимах узоқ вақт Қуддусда яшаб қолди.

39 Лекин орадан уч йил ўтиб, бир воқеа юз берди: Шимахнинг икки қули Гат шоҳи Охишнинг ёнига қочиб кетди. Шоҳ Охиш Махо деганнинг ўғли эди. Шимахга: “Қулларинг Гатда экан”, деб хабар бердилар.

40 Шимах эшагини эгарлади ва қулларини излаб Гатга — Охиш ҳузурига йўл олди. У ерга бориб, қулларини қайтариб олиб келди.

41 Шундан кейин Сулаймонга: “Шимах Қуддусдан Гатга бориб, яна қайтиб келибди”, деб хабар бердилар.

42 Шоҳ Шимахни чақиртириб келиб, унга шундай деди:

— Сенга: “Билиб қўй, Қуддусдан чиқиб, бирор ерга борган кунингоқ ўлишинг муқаррар”, деб Эгамиз номи билан онт ичдириб, қаттиқ огоҳлантирмаганмидим?! Сен эса: “Хўп бўлади! Гапингиз тўғри” деган эдинг.

43 Нега Эгамизга ичган онтингга ва менинг амримга итоат қилмадинг?

44 Шоҳ яна Шимахга айтди:

— Отам Довудга қилган ёмонликларингни ўзинг биласан, юрагингда муҳрланиб қолган. Қилган ёмонликларинг учун сенга Эгамиздан қайтсин!

45 Шоҳ Сулаймон эса Эгамизнинг марҳаматидан баҳраманд бўлсин, Довуднинг тож–тахти Эгамизнинг олдида то абад мустаҳкам турсин!

46 Сўнг шоҳ Сулаймон Бинаёга амр берди, у чиқибоқ, Шимахни ўлдирди. Шундай қилиб, Сулаймоннинг шоҳлиги хавф–хатардан холи бўлиб, мустаҳкамланди.

Сулаймон Эгамиздан донолик сўрайди

1 Сулаймон Миср шоҳи — фиръавннинг қизларидан бирига уйланиб, фиръавн билан алоқасини мустаҳкамлади, хотинини эса Қуддусдаги Довуд қалъасига олиб келди. У ўз саройини, Эгамизнинг уйини ва Қуддус атрофидаги деворни битиргунга қадар, хотини ўша ерда яшади.

2 Халқ ҳали ҳам турли жойлардаги саждагоҳларда қурбонлик қилиб юрарди, чунки ўша кунларгача Эгамизга атаб бир уй қурилмаган эди.

3 Сулаймон Эгамизни севарди, шунинг учун отаси Довуднинг кўрсатмалари бўйича юрарди. Лекин у ҳам саждагоҳларда қурбонлик қилар ва тутатқи тутатарди.

4 Шоҳ қурбонлик қилиш учун Гивонга кетди. Чунки энг асосий саждагоҳ ўша ерда эди. Сулаймон илгари ҳам ўша қурбонгоҳда минглаб куйдириладиган қурбонликлар келтирган эди.

5 Сулаймон Гивонда кечаси туш кўрди. Тушида Эгамиз зоҳир бўлди. Худо унга:

— Тила тилагингни! — деди.

6 Сулаймон айтди:

— Эй Худойим! Отам Довуд Сенинг қулинг эди. Отам Сенга содиқ бўлиб, солиҳлик билан, тўғри кўнгил билан юргани учун унга улуғ севгингни кўрсатдинг. Отамга марҳамат қилиб, бугун унинг тахтига ўтирмоғи учун унга бир ўғил ато этдинг.

7 Эй Эгам Худо, энди бу қулингни отам Довуд ўрнига шоҳ қилдинг. Мен эса бир ёш боладайман, кўп нарсага ақлим етмайди, нима қилишимни ҳам билмайман.

8 Энди мен, қулинг, Ўзинг танлаб олган халқни бошқаришим лозим. Кўплигидан бу халқни ҳисоблаб чиқишнинг имкони ҳам йўқ.

9 Энди халқингга шоҳлик қилишим учун менга ақл–идрок бергин, токи яхшилик билан ёмонликнинг фарқига борайин. Бинобарин, Сенинг шу қадар беҳисоб халқингга ким ҳукмронлик қила олади?!

10 Сулаймон сўраган нарсалар Раббийга маъқул бўлди.

11 Сўнг Худо унга деди:

— Сен ўзинг учун узоқ умр сўрамадинг, ўзинг учун бойлик истамадинг, душманларингнинг жонини сўрамадинг. Аксинча, тўғри ҳукм этмоқ учун ўзингга ақл–идрок сўрадинг.

12 Ўзингнинг сўраганингга кўра, сенга донишмандлик ва ақл–идрок ато қиламан. Сендан аввал ўзингга ўхшагани дунёга келмаган эди, бундан сўнг ҳам сенга ўхшагани дунёга келмас.

13 Яна ўзинг сўрамаган нарсаларни — бойлик ва шон–шуҳратни ҳам бераман: умринг бўйи шоҳлар орасида сенга тенг келадигани бўлмас.

14 Сен ҳам отанг Довуд сингари, Менинг йўлларимдан юрсанг, фармонларимга, амрларимга риоя қилсанг, умрингни янада узайтираман.

15 Сулаймон уйғониб кетди, ҳаммаси туш эди. Шундан кейин у Қуддусга келди ва Эгамизнинг Аҳд сандиғи олдида туриб, куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини келтирди, ҳамма аъёнларига зиёфат берди.

Сулаймоннинг донишмандлигидан бир лавҳа

16 Бир куни иккита фоҳиша хотин шоҳнинг ҳузурига келиб, унинг олдига киришди.

17 Хотинлардан бири гап бошлади:

— Ҳазрати олийлари! Мен мана бу аёл билан бир уйда яшайман. У билан уйда қолганимда, менинг кўзим ёриди.

18 Шундан кейин, учинчи куни бу аёл ҳам фарзанд кўрди. Хуллас, биз бирга эдик. Уйда фақат икковимиз, бошқа одам йўқ эди.

19 Манави хотин кечаси боласини босиб олган экан, боласи ўлиб қолибди.

20 Ярим кечаси туриб, мен ухлаб ётганимда, ўғлимни бағримдан олиб, ўзининг ёнига қўйибди. Нобуд бўлган боласини эса менинг ёнимга ётқизиб қўйибди.

21 Боламни эмизиш учун саҳарда турсам, у жонсиз ётган экан. Фақат тонг ёришгандагина менинг ўғлим эмаслигини билдим.

22 Иккинчи хотин эса:

— Йўқ, тириги — менинг ўғлим, ўлган бола — сеники! — деди.

Биринчиси эса:

— Йўқ, ўлган бола — сеники, тириги — меники! — деди.

Шундай қилиб, улар шоҳ ҳузурида можаро қилишди.

23 Ниҳоят, шоҳ деди:

— Бирингиз: “Тириги — менинг ўғлим, нобуд бўлгани — сеники”, деяпсиз. Иккинчингиз эса: “Йўқ, нобуд бўлгани — сеники, тириги — меники”, деяпсиз.

24 Шундан кейин шоҳ:

— Менга бир қилич олиб келинглар! — деб буюрди. Шоҳга қилич олиб келишди.

25 — Тирик болани иккига бўлинглар. Ярмини бирига, ярмини эса иккинчисига беринглар! — деб буюрди.

26 Шу заҳоти боласи тирик қолган аёл шоҳга деди:

— Ҳазрати олийлари! Тирик қолган болани манави аёлга бераверинг! Уни ўлдирмасангиз бўлди!

Бу аёлнинг фарзанди учун жони ачирди.

Наригиси эса:

— Менга ҳам бўлмасин, сенга ҳам, иккига бўлаверинглар! — деди.

27 Шу онда шоҳ:

— Тўхтанглар, болани ўлдирманглар! — деди. — Болани раҳмдил аёлга беринглар, онаси ўшадир.

28 Шоҳ чиқарган бу ҳукмни бутун Исроил халқи эшитди. Шундан кейин шоҳдан ҳайиқадиган бўлдилар, чунки эътибор берсалар, адолатли ҳукм қилиш учун Худо унга донишмандлик ато қилган экан.

Сулаймоннинг аъёнлари

1 Сулаймон бутун Исроилнинг шоҳи эди.

2 Унинг қўли остидаги аъёнлар қуйидагилар эди:

Зодўх ўғли Озариё — руҳоний,

3 Шишонинг ўғиллари Элихорут ва Охиё — котиб,

Охилуд ўғли Ёҳушафат — тарихнавис,

4 Ёҳайидо ўғли Бинаё — лашкарбоши,

Зодўх билан Абуатар — руҳоний,

5 Натан ўғли Озариё — ҳокимларнинг назоратчиси,

Натан ўғли Забуд — руҳоний ва шоҳнинг маслаҳатчиси,

6 Охисар — сарой бошқарувчиси,

Абдах ўғли Одонирам — қаролларнинг бошлиғи эди.

7 Сулаймоннинг ўн иккита ҳокими бўлиб, улар Исроил ҳудудларини бошқарар, шоҳни ва шоҳ хонадонини озиқ–овқат билан таъминлардилар. Ҳар биттаси йилига бир ой давомида шоҳ хонадонига озиқ–овқат етказиб бериши шарт эди.

8 Уларнинг исмлари қуйидагича эди:

Эфрайим қирларида — Банхур,

9 Мохаз, Шалбим, Байт–Шамаш, Элўн–Байт–Ханон деган шаҳарларда — Бандахор,

10 Арбўт ва Сўху шаҳарларида, бутун Хафер ўлкасида — Банхесед,

11 Бутун Нафўт–Дўр деган жойда — Банабунадав (Сулаймоннинг қизи Тўфат Банабунадавнинг хотини эди),

12 Танах ва Магидў шаҳарларида, бутун Байт–Шан ҳудудида — Охилуд ўғли Бано (бу жой Йизрил этагидаги Зоратон шаҳридан Овил–Махла шаҳригача ва Ёхмаём шаҳрининг нариги томонига қадар бўлган ерлардир),

13 Гиладдаги Рамўт шаҳрида — Бангебер, шунингдек, Манаше ўғли Ёвир уруғига қарашли Гилад ўлкасидаги қишлоқлар, Башан ўлкасидаги Аргоб ҳудуди, девор билан ўралган ва дарвозаси бронза тамба билан мустаҳкамланган олтмишта катта шаҳар ҳам унга қарашли эди.

14 Моханайим ерларида — Иддо ўғли Охинадав,

15 Нафтали ҳудудида — Охимас (у Сулаймоннинг қизи Босиматга уйланган эди),

16 Ошер ҳудудида ва Болўт шаҳрида — Хушай ўғли Бано,

17 Иссахор ерларида — Парувах ўғли Ёҳушафат,

18 Бенямин ерларида — Эла ўғли Шимах,

19 Гилад ўлкасида — Ури ўғли Гебер. Илгари Гилад ўлкасида Амор шоҳи Сихўн ва Башан шоҳи Ўг ҳукмронлик қилишган.

Яҳудо юртининг ўз ҳукмдори бор эди.

Сулаймон ҳукмронлигининг равнақ топиши

20 Яҳудо ва Исроил халқи шу қадар кўп эдики, гўё денгиз қирғоғидаги қумни эслатарди. Улар еб–ичиб, хурсандчилик билан яшарди.

21 Сулаймон Фурот дарёсидан Филистлар ерига ва Миср чегараларига қадар бўлган ҳамма ўлкаларда шоҳлик қиларди. Бу ўлкалардаги халқлар Сулаймонга ўлпон тўлаб, умр бўйи унга тобе бўлдилар.

22 Сулаймон хонадонининг бир кунлик озиғи қуйидагича эди: 300 тоғора сифатли ун ва 600 тоғора кепакли ун,

23 оғилхонада боқилган 10 та семиз мол ва яйловда боқилган 20 та буқа, 100 та қўй, булардан ташқари, буғулар, кийиклар, оҳулар, семиз паррандалар.

24 Фурот дарёсининг ғарбидаги Тифсахдан Ғазо шаҳрига қадар бўлган ўлкаларда, дарёнинг ғарб томонидаги ҳамма шоҳлар устидан Сулаймон ҳукмрон эди. Атрофдаги ҳамма юртлар билан алоқаси яхши эди.

25 Сулаймон ҳаётлигида Дандан Бершебагача бўлган Яҳудо ва Исроил юртидаги ҳар бир одам ўз узумзорида, ўз анжир дарахти остида тинчгина умр кечирарди.

26 Сулаймоннинг отхоналарида жанг аравалари учун 4000 оти ва 12.000 учқур отлари бор эди.

27 Ўша ўн икки ҳокимнинг ҳар бири шоҳ Сулаймонни, шоҳ Сулаймоннинг дастурхонидан таом ейдиганларнинг ҳаммасини белгиланган ойда озиқ–овқат билан таъминларди, бирорта ҳам камчиликка йўл қўйишмасди.

28 Ҳар бири ўзининг навбати келганда шоҳ тайинлаган ерга жанг араваларининг отлари ва бошқа отлар учун арпа, сомон ҳам олиб келишарди.

29 Шундай қилиб, Худо Сулаймонга денгиз қирғоғидаги қум каби чексиз–чегарасиз донолик, идрок, тенгсиз ақл берди.

30 Сулаймоннинг донолиги бутун шарқ халқларининг донолигидан, бутун Миср халқининг донолигидан ҳам ортиқ эди.

31 У ҳамма инсонлардан, Зерах уруғидан бўлган Этхандан, Мохул ўғиллари Хаман, Қолкўл, Дардахдан ҳам доно эди. Атрофдаги ҳамма халқлар орасида унинг донғи кетган эди.

32 У 3000 матал, 1005 та қўшиқлар ижро этди.

33 У Лубнондаги садр дарахтидан тортиб, деворда ўсган иссопгача, қўйингки, жамики дов–дарахтлар, ҳайвонлар, қушлар, судралиб юрувчилар, балиқлар ҳақида сўз юритарди.

34 Сулаймоннинг донолиги ҳақида эшитган дунёдаги ҳамма шоҳлар унинг олдига одамларини юборарди. Барча халқлардан келган бу одамлар Сулаймоннинг донолигидан баҳраманд бўларди.

Сулаймон Эгамизнинг уйини қуришга тайёргарлик кўради

1 Тир шоҳи Хирам: “Сулаймонни отасининг ўрнига мой суртиб шоҳ қилиб кўтаришибди” деган хабарни эшитгач, аъёнларини унинг ҳузурига жўнатди. Хирам Довудни доимо ўзига дўст деб биларди.

2 Сулаймон ҳам Хирам ҳузурига аъёнларини жўнатиб, шу гапларни айтиб юборди:

3 “Сиз биласизки, отам доимо душманларига қарши жанг қилиш билан банд бўлиб, ўзининг Эгаси Худога атаб бир уй бунёд эта олмади. Ниҳоят, Эгам отам Довуднинг душманларини унинг оёқлари остига ташлади.

4 Эгам Худо энди менга ҳар тарафдан осойишталик ато этди: ҳозирда на ғанимим бор, на ҳужум хавфи бор.

5 Эгам отам Довудга: «Сендан кейин тахтга ўғлингни ўтқазганимда, Менга атаб уйни у барпо қилади», деган эди. Шунинг учун Эгам Худога атаб бир уй қурмоққа қарор қилдим.

6 Энди сиз амр беринг, Лубнонда менга садр дарахтлари кесиб берсинлар. Менинг одамларим сизнинг одамларингиз билан бирга ишлайдилар. Одамларингизга сиз сўраган ҳақни бераман. Ўзингиз биласиз, дарахт кесишда Сидонлик одамларингизга тенг келадиган устаси бизнинг орамизда йўқ.”

7 Хирам Сулаймон юборган хабарни эшитгач, жуда хурсанд бўлиб, шундай деди: “Ўша буюк халқни бошқариш учун Эгамиз Довудга доно бир ўғил ато қилибди, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин.”

8 Кейин у Сулаймонга шундай хабар жўнатди:

“Менга айтиб юборган гапларингни эшитдим. Садр ва сарв дарахти кесишни сўраган экансан, эҳтиёжингни қондираман.

9 Қаролларим ёғочларни Лубнондан денгизга судраб келадилар. Қаерни тайин этсанг, ёғочлардан сол қилиб, денгиз соҳили бўйлаб ўша ерга келтириб бераман. У ерда солларни ечдираман, сен эса олиб кетаверасан. Менинг эҳтиёжимни қондириб, одамларим учун озиқ–овқат берасан.”

10 Шундай қилиб, Хирам, Сулаймоннинг эҳтиёжига кўра, садр ва сарв ёғочлари берди.

11 Сулаймон эса, Хирамнинг одамлари истеъмол қилсин деб, 200.000 тоғора буғдой ва 40.000 кўза тоза мой берди. У ҳар йили Хирамга шунча миқдорда буғдой ва мой бериб турди.

12 Эгамиз эса ваъдасига кўра, Сулаймонга донишмандлик берди. Хирам билан Сулаймон ўртасида тотувлик пайдо бўлиб, улар ўзаро сулҳ туздилар.

13 Шоҳ Сулаймон бутун Исроилдан 30.000 қаролни мажбурлаб олди.

14 Навбати билан ойига 10.000 нафар қаролни Лубнонга жўнатиб турди. Улар бир ой Лубнонда, икки ой уйда бўлишарди. Бу қаролларга Одонирам бошчилик қиларди.

15 Яна Сулаймоннинг оғир юк ташувчи 70.000, қирларда тош кесадиган 80.000 одами бор эди.

16 Булардан ташқари, қаролларни назорат қиладиган, ишнинг бошида турадиган 3300 нафар назоратчи ҳам бор эди.

17 Сулаймон амр бергач, улар Эгамизнинг уйи пойдеворини тарошланган тошдан барпо қилиш учун йирик мармар тошларни кесдилар.

18 Сулаймоннинг одамлари, Хирамнинг одамлари, Габолликлар тошларни йўндилар, ниҳоят, Эгамизнинг уйини қуриш учун дарахт ва тошларни ҳозирлаб бўлдилар.

Сулаймон Эгамизнинг уйини қуради

1 Исроил халқи Миср юртидан чиққанига 480 йил бўлганда, Сулаймон Исроил тахтига ўтирганига тўрт йил бўлган эди. У ўша йилнинг иккинчи ойида — Зив ойида Эгамизнинг уйини барпо қилишни бошлади.

2 Шоҳ Сулаймон Эгамиз учун қураётган уйнинг узунлиги 60 тирсак, эни 20 тирсак, баландлиги 30 тирсак эди.

3 Эгамиз уйининг асосий хонаси олдида айвон бўлиб, айвоннинг узунлиги асосий хонанинг эни билан бир ўлчовда — 20 тирсак, эни 10 тирсак эди.

4 Уйга панжарали деразалар ҳам ясаттирди.

5 Уйнинг ташқаридаги деворининг ёнига ва орқасига уч қаватли ён хоналар қурдирди.

6 Биринчи қаватнинг кенглиги 5 тирсак, иккинчи қаватнинг кенглиги 6 тирсак, учинчи қаватнинг кенглиги 7 тирсак эди. Сулаймон уйнинг деворларини, ён хоналарнинг ҳажмига мослаб, зинапоя шаклида қурдирди. Шу сабабдан ён хоналар уйнинг деворига тақалмаган эди.

7 Уй қурилиши учун тошлардан фойдаланилди. Тошлар коннинг ўзида йўниб тайёрланди. Шу сабабдан уй қурилаётганда, на болға, на болта, на бирор темир асбоб овози эшитилди.

8 Ўрта қаватдаги ён хонанинг эшиги уйнинг жануб томонида эди: айланма зинапоя орқали ўрта қаватга, ўрта қаватдан эса учинчисига чиқиларди.

9 Шундай қилиб, Сулаймон уйнинг деворларини қуриб битказди. Сўнг уйнинг томини садр дарахтидан қилинган тўсинлар ва тахталар билан ёпди.

10 Уйнинг айланаси бўйлаб қурилган ён хоналарнинг ҳар бир қаватининг баландлиги 5 тирсак эди. Тўсинлар ён хоналар билан уйнинг деворини боғлаб турарди.

11 Эгамиз Сулаймонга шу сўзларни аён қилди:

12 — Мана, сен уйни қуряпсан. Агар Менинг фармонларимга кўра юрсанг, қонун–қоидаларимга риоя этсанг, ҳамма амрларимга итоат қилсанг, ўшанда отанг Довудга берган ваъдаларимни сен орқали бажараман.

13 Ҳар доим Исроил халқи орасидан маскан қиламан, халқим Исроилни асло тарк этмайман.

14 Шундай қилиб, Сулаймон Худонинг уйини қуриб бўлди.

Эгамиз уйининг безаклари ҳақида батафсил маълумотлар

15 Сулаймон Эгамиз уйининг девори ичкарисини ердан шифтига қадар садр ёғочидан қилинган тахта билан қоплатди. Полини сарв ёғочи тахтасидан қилди.

16 Ички хона уйнинг ичкарисига қурилган бўлиб, ердан шифтига қадар садр ёғочи билан ажратилган эди. Бу хона Энг муқаддас хона деб аталди. Бу хонанинг бўйи 20 тирсак чиқарди.

17 Асосий хонанинг бўйи эса 40 тирсак бўлиб, бу хона Энг муқаддас хонанинг олд томонида эди.

18 Уйнинг ичкариси садр тахталари билан қопланиб, тахталарга қовоқ ва очилиб турган гуллар сурати шундай ўйилган эдики, девор тошлари кўринмас эди.

19 Энг муқаддас хона Эгамизнинг Аҳд сандиғини қўйиш учун ҳозирланган эди.

20 Ўша хонанинг узунлиги ички тарафдан 20 тирсак, кенглиги 20 тирсак, баландлиги ҳам 20 тирсак эди. Сулаймон бу хонани тоза олтин билан қоплатди. Садр ёғочидан ясалган тутатқи қурбонгоҳини ҳам олтин билан қоплатди.

21 Сулаймон уйнинг асосий хонасини ҳам олтин билан қоплатди. Олтин билан қопланган Энг муқаддас хонанинг олд томонига олтин занжирлар торттирди.

22 Шундай қилиб, Сулаймон уйнинг ҳамма жойини бошдан охиригача олтин билан қоплатди. Энг муқаддас хонанинг кираверишидаги тутатқи қурбонгоҳини ҳам тамомила олтин билан қоплатди.

23 Сўнг Энг муқаддас хонага қўйиш учун зайтун дарахти ёғочидан иккита каруб ясаттирди. Карубларнинг баландлиги 10 тирсак эди.

24 Карубларнинг қанотлари 5 тирсакдан эди. Қанотларнинг у учидан бу учигача ҳаммаси бўлиб 10 тирсак чиқарди.

25 Ҳар иккала карубнинг шакли, ҳажми бир эди.26 Ҳар бир карубнинг баландлиги 10 тирсак эди.

27 Сулаймон карубларни Энг муқаддас хонага ёнма–ён қўйди. Карубларнинг қанотлари чўзилиб кетган, бирининг қаноти бир деворга, иккинчисининг қаноти эса нариги деворга тегиб турарди. Уйнинг ўртасида эса икковининг қанотлари бир–бирига туташарди.

28 Сулаймон карубларни ҳам тоза олтин билан қоплатди.

29 Иккала хонанинг деворига гир айланаси бўйлаб карублар, пальма дарахтлари, очилиб турган гулларнинг суратини ўйдирди.

30 Бу хоналарнинг полини ҳам олтин билан қоплатди.

31 Энг муқаддас хонанинг кириш жойига зайтун ёғочидан икки тавақали эшик ясаттирди. Эшикнинг кесакиси беш қиррали эди.

32 Зайтун ёғочидан ясалган икки тавақали эшикка карублар, пальма дарахтлари, очилиб турган гуллар суратини ўйдирди, сўнг эшик устини, карублар ва пальма дарахтлари суратини ҳам олтин билан қоплатди.

33 Асосий хонанинг кираверишидаги тўрт бурчакли кесакини зайтун ёғочидан,

34 иккита эшикни сарв дарахти ёғочидан ясади. Эшикларнинг ҳар бири икки тавақали, йиғма эди.

35 Эшикларнинг юзасига ҳам карублар, пальма дарахти, очилиб турган гуллар суратини ўйдириб, уларни олтин билан бир текис қилиб қоплатди.

36 Ички ҳовли деворларининг уч қаторини тарошланган тошдан, бир қаторини садр ёғочидан қилдирди.

37 Эгамиз уйининг пойдевори Сулаймон ҳукмронлигининг тўртинчи йилида, айнан Зив ойида қўйилиб,

38 ўн биринчи йилнинг саккизинчи ойида — Бул ойида лойиҳага биноан батамом, ҳамма икир–чикиригача қуриб битказилди. Шундай қилиб, Сулаймон уйни етти йил давомида бунёд қилди.

Сулаймоннинг саройи

1 Сулаймон ўзига ҳам сарой қурди. У ўз саройини ўн уч йилда қуриб битказди.

2 У дастлаб саройдаги “Лубнон ўрмони” деган уйни қурди. Уйнинг узунлиги 100 тирсак, кенглиги 50 тирсак, баландлиги 30 тирсак бўлиб, садр ёғочидан тўрт қатор устун ўрнатилган, устунлар тепасига садр ёғочидан қилинган тўсинлар ташланган эди.

3 Уйнинг томи садр ёғочи билан қопланган эди. Тўсинлар қирқ бешта бўлиб, ҳар қаторда ўн бештадан эди.

4 Ён деворлардаги деразалар уч қатор бўлиб, бир–бирига рўпарама–рўпара эди.

5 Ҳамма эшиклар ва эшиклар кесакиси тўрт бурчакли қилиб ясалган, ён деворларда учтадан эшик бўлиб, бир–бирига рўпарама–рўпара эди.

6 Сулаймон саройнинг “Устунли кошона”сини ҳам қурди. Кошонанинг бўйи 50 тирсак, эни 30 тирсак эди. Кошонанинг олд томонида айвон қурдириб, устун билан тиради. Айвоннинг томи ёпилган эди.

7 Яна саройнинг тахт турадиган кошонасини қурдириб, тепасидан пастига қадар садр ёғочи билан қоплатди. Сулаймон бу кошонада ўтириб, ҳукм чиқарарди.

8 Бу кошонанинг орқа томонидаги ҳовлида Сулаймон яшайдиган уй бор эди. Бу уй ҳам айни шу тарзда қурилган эди. Сулаймон хотини — фиръавннинг қизи учун ҳам худди шу кошона каби бир уй қуриб берди.

9 Бинолар пойдеворидан томигача мармар тошлардан қилинган эди. Мармар тошларнинг олд ва орқа томони арралаб тарошланган, белгиланган ўлчовга кўра тайёрланган эди. Ҳовлининг деворлари ҳам шу тарзда қурилган эди.

10 Пойдеворнинг мармар тошлари йирик, 8 тирсакли, 10 тирсакли эди.

11 Девори ҳам мармар тошлардан қурилган эди. Тошлар белгиланган ўлчовга кўра, тайёрланиб, тарошланган эди. Девор қурилишида садр ёғочидан ҳам фойдаланилди.

12 Катта ҳовлининг чор атрофи девор билан ўралган бўлиб, уч қатор тарошланган тош ва бир қатор садр ёғочидан қилинган эди. Эгамиз уйининг ички ҳовлиси билан айвонининг деворлари ҳам шундай қилинган эди.

Уста Хуром

13 Шоҳ Сулаймон Тир шаҳридан Хуром деган бир одамни чақиртириб келди.

14 У Нафтали қабиласидан бир бева аёлнинг ўғли эди. Отаси Тир шаҳридан бўлиб, мисгар ўтган эди. Хуром бор истеъдоди, маҳорати ва ақлини ишга солиб, бронзадан турли буюмлар ясашни ўрганиб олган эди. У Сулаймон ҳузурига келгач, ҳамма ишларни бажариб берди.

Бронзадан ясалган иккита устун

15 Хуром бронзадан иккита устун ясади, ҳар бир устуннинг баландлиги 18 тирсак, тевараги 12 тирсак чиқарди.

16 Бронзани эритиб яна иккита устунқош ясади, бу устунқошлар устунларнинг тепасига қўйиш учун керак эди. Устунқошларнинг баландлиги 5 тирсак эди.

17 Устунқошларнинг ҳар бири еттита тўрсимон безаклару тўқилган занжирлар билан безатилган эди.

18 Устунқошларни қоплаш учун ҳар бир тўрсимон нақш атрофидан айланасига икки қатор қилиб анор тасвири солинган эди.

19 Ҳар бир устуннинг иккинчи устунқоши ҳам бор эди. Уларнинг баландлиги 4 тирсак бўлиб, лолагул шаклида эди.

20 Устунқошнинг бўртиқ жойларига тўрсимон безаклар солинган бўлиб, безакларнинг тепаси ва пастига айлантириб, 200 та анор тасвири солинган эди.

21 Хуром устунларни уйнинг айвонига ўрнатди: жануб томонига ўрнатилган устунга Ёхин деб, шимол томонига ўрнатилган устунга Бўаз деб ном берди.

22 Устунларнинг тепаси лолагул шаклида эди. Шундай қилиб, устунлар тайёр бўлди.

Бронзадан ясалган ҳовуз

23 Кейин Хуром бронзани эритиб думалоқ шаклда ҳовуз ясади. Ҳовузнинг бир қирғоғидан нариги қирғоғигача 10 тирсак, баландлиги эса 5 тирсак эди. Айланаси 30 тирсак эди.

24 Ҳовузнинг ташқи томонида, қирғоғи остида айланасига икки қатор қовоқсимон бўртиқ бор эди. Ҳар бир тирсак масофада ўнтадан шундай шакл қилинган эди. Бронза эритилиб, ҳовуз ясалаётган пайтда, бу қовоқсимон бўртиқлар ҳам қилинган эди.

25 Ҳовуз бронзадан ясалган ўн иккита буқа устига ўрнаштирилган эди. Буқаларнинг учтаси шимолга, учтаси ғарбга, учтаси жанубга ва учтаси шарққа қаратилган эди. Буқаларнинг орқа томони ҳовузнинг ичкарисига қаратилган эди.

26 Ҳовузнинг қалинлиги тўрт энли бўлиб, четлари косанинг четларига ўхшар, шакли лолагулга ўхшарди. Унга 4000 кўза сув сиғарди.

Бронзадан ясалган аравалар

27 Сўнг Хуром бронзадан ўнта арава ясади. Ҳар бир араванинг узунлиги ҳам, кенглиги ҳам 4 тирсак, баландлиги эса 3 тирсак эди.

28 Араваларнинг тузилиши қуйидагича эди: араваларнинг тўртала томонида бронзадан ясалган тўсиқлар бўлиб,

29 бу тўсиқларга арслон, буқа ва карубларнинг сурати солинган эди. Ҳар бир тўсиқнинг тўрт томонига бўртиқ шаклда гулчамбарлар ишланган эди.

30 Ҳар бир араванинг тўртта бронза ғилдираги ва ўқлари бор эди. Араванинг ҳар тўртала бурчагида ҳам тоғорани ушлаб турадиган тирговучлар бор эди. Ҳар бир қуйма тирговучнинг ёнбошида гулчамбарлар ясалган эди.

31 Араванинг тепасида думалоқ шаклда чамбарак бўлиб, аравадан бир тирсак юқори чиқиб турарди. Чамбарак кўндалангига бир ярим тирсак эди. Чамбарак оғзи ҳам айланасига суратлар билан безатилган эди. Араваларнинг тўсиқлари эса тўртбурчак шаклда эди.

32 Араваларнинг тўртала ғилдираги ён тўсиқларнинг остида эди. Ғилдиракларнинг ўқлари аравага маҳкамланган, ҳар бир ғилдиракнинг баландлиги бир ярим тирсак эди.

33 Ғилдиракларнинг тузилиши жанг араваси ғилдирагининг тузилишига ўхшарди: ғилдиракларнинг ўқлари, тўғини, кегайлари, гупчаклари қуйма эди.

34 Ҳар бир араванинг тўрт бурчагида тўртта кашак бор эди. Кашаклар аравага маҳкамланган эди.

35 Араванинг юқорисидан ярим тирсак баландликда думалоқ ҳалқа бор эди. Араванинг юқорисидан тирговуч ва ён тўсиқлари бирга қўйилган эди.

36 Шундай қилиб, Хуром ҳар бир тирговучнинг ва ён тўсиқларнинг юзасига карублар, арслонлар, пальма дарахтлари ва гулчамбарлар суратини ўйди.

37 У ўнта араванинг ҳаммасини бир хил шакл ва ҳажмда ясади.

38 Хуром ўнта араванинг устига қўйиш учун бронзадан ўнта тоғора ясади. Ҳар бир тоғорага 80 кўза сув сиғар эди. Ҳар бир тоғора кўндалангига 4 тирсак чиқарди. Ҳар бир аравага биттадан тоғора эди.

39 Хуром араванинг бештасини Эгамиз уйининг жануб томонига, бештасини шимол томонига қўйди. Ҳовуз шаклини эса уйнинг жануби–шарқ томонига ўрнаштирди.

40 У қозонлар, куракчалар ва тоғорачалар ҳам ясади.

Эгамиз уйи безакларининг рўйхати

Шундай қилиб, Хуром шоҳ Сулаймон учун Эгамизнинг уйига оид қуйидаги ашёларни ясаб берди:

41 иккита устун,

устунларнинг тепасидаги иккита доира шаклидаги устунқош,

устунқошни ўраб турган иккита тўрсимон безак,

42 иккала безакнинг ёнларида тўрт юзта анор тасвири, яъни устунлар тепасида доира шаклидаги иккита устунқошни қоплаб туриш учун ҳар бир тўрсимон безакнинг иккала чеккасидаги анор суратлари,

43 ўнта арава, араванинг устидаги ўнта тоғора,

44 битта ҳовуз, ҳовуз остидаги ўн икки буқа шакли,

45 қозонлар, кураклар, тоғорачалар.

Хуром шоҳ Сулаймон учун Эгамизнинг уйига оид ана шу ашёларни сайқалланган бронзадан ясаб берди.

46 Шоҳ бу нарсаларни Иордан водийси атрофларида — Сухот ва Зоратон орасида лойдан ясалган қолипларда қуйдирди.

47 Буюмлар ғоят кўплигидан Сулаймон бронзани ўлчамасдан ишлатаверди. Шунинг учун ишлатилган бронзанинг ҳисоби аниқланмади.

48 Сулаймон Эгамизнинг уйи учун қуйидаги ҳамма буюмларни ҳам ясаттирди:

олтиндан ясалган тутатқи қурбонгоҳи,

устида муқаддас нонлар турадиган олтин хонтахта,

49 ўнта тоза олтиндан ишланган чироқпоялар (бу чироқпоялар Энг муқаддас хонанинг олдида бўлиб, бештаси жануб томонда, бештаси шимол томонда турарди),

яна олтиндан гуллар, мойчироқлар, қисқичлар,

50 тоза олтиндан тоғоралар, қайчилар, тоғорачалар, куракчалар ва оловкураклар,

Энг муқаддас хона эшигининг ошиқ–мошиғи, асосий хонанинг эшиклари ошиқ–мошиғи.

51 Шундай қилиб, шоҳ Сулаймон Эгамизнинг уйига оид ҳамма ишларни битирди. Сулаймон отаси Довуд назр қилган нарсаларни олиб келиб, кумуш, олтин ва турли буюмларни Эгамизнинг уйи хазинасига қўйди.

Аҳд сандиғи Эгамизнинг уйига келтирилади

1 Шундан сўнг Сулаймон Эгамизнинг Аҳд сандиғини Довуд қалъасидан — Сиондан Эгамизнинг уйига олиб келмоқчи бўлди. Шу мақсадда у Исроил оқсоқолларини, ҳамма қабила йўлбошчиларини, Исроил халқи уруғбошиларини Қуддус шаҳрига чақиртирди.

2 Уларнинг ҳаммаси еттинчи ойда — Етаним ойида, Чайла байрами пайтида шоҳ Сулаймоннинг ҳузурига йиғилишди.

3 Исроил оқсоқолларининг ҳаммаси келгач, руҳонийлар Сандиқни ердан кўтаришди.

4 Руҳонийлар ва левилар, Эгамизнинг Сандиғи билан бирга, Учрашув чодирини, Чодирдаги барча муқаддас буюмларни Эгамизнинг уйига олиб келишди.

5 Шоҳ Сулаймон ва тўпланган бутун Исроил жамоаси Сандиқнинг олдида қўйлар, буқалар сўйиб, қурбонлик қилишди. Қурбонлик қилинган қўй ва буқалар шу қадар кўп эдики, ҳисобига етиб бўлмасди.

6 Руҳонийлар Эгамизнинг Аҳд сандиғини алоҳида аталган жойга — Энг муқаддас хонага, карубларнинг қанотлари остига қўйишди.

7 Карубларнинг қанотлари Сандиқ усти бўйлаб чўзилган ва Сандиқ ҳамда унинг ходаларини беркитиб турарди.

8 Ходалар шунчалик узун эдики, уларнинг учи Энг муқаддас хонанинг шундайгина олдидан кўриниб турарди, бошқа жойдан эса кўринмасди. Ходалар бугунгача ҳам ўша ерда турибди.

9 Сандиқнинг ичида иккита тош лавҳадан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин, Эгамиз Синай тоғида улар билан аҳд тузган эди. Ўшанда Мусо бу тош лавҳаларни Сандиқ ичига солиб қўйган эди.

10 Руҳонийлар Муқаддас хонадан чиқаётганларида, Эгамизнинг уйи булут билан тўлиб кетди.

11 Булут нур сочиб, кўзни қамаштирарди. Руҳонийлар хизматни давом эттириш учун у ерга киролмай қолдилар, чунки уй Эгамизнинг улуғворлиги билан тўлганди.

12 Шунда Сулаймон ибодат қилди:

— Эй Эгамиз! Сен, зимзиё зулматда маскан қиламан, деган эдинг.

13 Мана энди Сенга ажойиб бир уй, абадий истиқомат қилишинг учун бир маскан барпо қилдим.

Шоҳ Сулаймоннинг дуоси

14 Кейин шоҳ орқасига қайрилиб, тик турган жамики Исроил жамоасини дуо қилди.

15 Шоҳ деди:

“Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин. У отам Довудга берган ваъдасини бажарди.

16 Эгамиз отамга шундай деган эди: «Халқим Исроилни Мисрдан олиб чиққан кунимдан бери Мен улуғланадиган уйни барпо қилиш учун Исроил қабилаларининг бирорта шаҳрини танламадим. Мен сени, эй Довуд, халқим Исроил устидан ҳукмдор бўлгин деб танладим.»

17 Исроил халқининг Худоси — Эгамизга атаб бир уй барпо қилмоқ отам Довуднинг нияти эди.

18 Лекин Эгамиз отам Довудга шундай деб айтди: «Модомики, Менга атаб бир уй барпо қилмоқни кўнглингга туккан экансан, яхши қилибсан.

19 Бироқ Менга атаб ўша уйни сен эмас, балки сенинг пушти камарингдан бино бўладиган ўғлинг барпо қилади.»

20 Эгамиз ваъда берган эди, бажо айлади: отам Довуднинг ўрнига тахтга мен чиқдим, Эгамиз ваъда этганидай, Исроил тахтига ўтирдим, Исроил халқининг Худоси — Эгамизга атаб бир уй барпо қилдим.

21 Ўша уйда Аҳд сандиғи учун ҳам жой тайёрладим. Эгамиз ота–боболаримизни Миср юртидан олиб чиққандан кейин, улар билан қилган аҳд лавҳаси шу Сандиқнинг ичида турибди.”

Сулаймоннинг ибодати

22 Сулаймон Эгамизнинг қурбонгоҳи олдида, Исроил жамоаси рўпарасида қўлларини кўкка чўзганича деди:

23 “Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! Ер юзида ҳам, осмону фалакда ҳам Сенга ўхшаши йўқ! Сенга бутун қалби билан боғланиб, Сен кўрсатган йўлдан юрадиган қулларингга Ўзинг аҳдингни содиқ сақлайсан.

24 Қулинг — отам Довудга Сен Ўз оғзинг билан берган ваъдаларингни бугун Ўз қўлинг билан бажо айладинг.

25 Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! Ўзингнинг қулингга — отам Довудга: «Болаларинг ҳам сенга ўхшаб олдимда ўйлаб қадамини боссалар, сенинг наслингдан бўлган эркак зоти то абад Исроил тахтида ўтиради», деб ваъда берган эдинг. Энди берган ваъдангни адо эт!

26 Эй Исроил халқининг Худоси! Қулингга — отам Довудга айтганларинг амалга ошсин, деб илтижо қиламан.

27 Эй Худо, Сен ер юзида яшармидинг?! Сен осмонга, ҳатто фалак тоқига ҳам сиғмассан. Фалак тоқи олдида мен қурган уй нима бўлибди?!

28 Эй Эгам Худо, бугун илтижо билан қилган ибодатимни қабул эт! Сенга ёлвориб қилаётган илтижоларимга жавоб бер.

29 Сен: «Мен ўша ерда улуғланай», деб айтган эдинг. Кўзларинг кечаю кундуз ўша жойга — ўша уйга қадалиб турсин. Мен, қулинг, ўша томонга қараб ибодат қиламан, ибодатларимни тингла.

30 Исроил халқи билан бирга ўша томонга қараб қилган илтижоларимизга қулоқ тут. Самолардан — Ўз маконингдан туриб қулоқ сол, эшитгин–у, гуноҳимиздан ўт.

31 Кимдир гуноҳкорликда айбланса, ўша одам келиб, шу уйингдаги қурбонгоҳинг олдида, айбсизман, деб онт ичса,

32 эй Эгам, самодан туриб қулоқ сол, қулларингни Ўзинг ҳукм эт. Гуноҳкорнинг қилмишини бўйнига қўй, жазосини бер. Гуноҳсизнинг эса ҳақлигини кўрсат, ҳақ бўлгани учун уни озод қил.

33 Халқинг Исроил Сенинг олдингда гуноҳ қилгани учун ёвга мағлуб бўлса, яна қайтиб Сени тан олса, ўша уйда Сенга ёлвориб илтижо қилса,

34 Сен самодан туриб, уларнинг илтижоларига қулоқ сол, гуноҳларидан ўт. Оталарига Ўзинг томондан берилган юртга уларни қайтар.

35 Улар Сенга қарши гуноҳ қилганлари учун осмон беркилиб, ёмғир ёғмаганда, улар ўша уйга қараб, Сени яна тан олиб илтижо қилсалар, Сен уларни гуноҳлари учун жазолаганингда, тавба қилсалар,

36 қулларинг Исроил халқига самодан туриб қулоқ сол, уларнинг гуноҳидан ўт. Уларга тўғри йўл кўрсат, токи ўша йўлдан юрсинлар, кейин халқингга мулк қилиб берган ерга ёмғир ёғдир.

37 Юртда очарчилик ё ўлат пайдо бўлса, гармсел, занг касали, чигиртка, қурт–қумурсқа босса ёки халқингни ёвлар қамал қилса, ёхуд кулфат, хасталик уларнинг бошига келса,

38 ҳар қандай инсон ёки халқинг Исроил Сенга ёлвориб ибодат қилса, ҳар ким ўз юрагидаги дардини айтиб, бу уй томонга қўлларини чўзса,

39-40 Сен осмондан — масканингдан туриб қулоқ сол ва уларнинг гуноҳидан ўт. Ҳар бирининг тутган йўлига қара, хизматига яраша бер, токи Сен Ўзинг ота–боболаримизга берган юртда умрларининг охиригача Сендан қўрқиб яшасинлар. Зотан, жамики инсон боласининг кўнглидагини ёлғиз Сен биласан, холос.

41 Халқинг Исроилдан бўлмаган бегона одам Сени деб узоқ юртдан келиб,

42 Сенинг шуҳратинг, қудратинг ва ажойиботларинг ҳақида эшитиб, ўша уйга қараб ибодат қилса,

43 Сен маконингдан туриб қулоқ сол. Ўша одамнинг сўраганини бажо айла, токи ер юзидаги ҳамма халқлар Сени билсин, халқинг Исроил каби, Сендан ҳайиқадиган бўлсин. Мен барпо қилган шу уй Сенга атаб қилинганини билсин.

44 Сен халқингни ғанимларига қарши жанг қилишга юборганингда, улар Ўзинг танлаб олган бу шаҳарга, Сенга атаб мен қурган уйга юз буриб, ибодат қилсалар,

45 осмондан туриб уларнинг илтижоларини эшит, бажо айла.

46 Сенинг олдингда улар гуноҳ қилганларида, чунки гуноҳ қилмайдиган одамнинг ўзи йўқ, Сен ғазабланиб, уларни яқин ёки узоқ юртларга асир қилиб олиб кетадиган душманларнинг қўлига берганингда,

47 улар ғанимлари юртида асирликда юриб, эсини йиғиб олгач: «Гуноҳ қилдик, шаккоклик қилдик, айбдормиз», деб тавба қилиб, Сенга ёлворсалар,

48 ғанимлар юртида бутун қалби билан, жону дили билан Сенга қайтсалар, Ўзинг ота–боболарига берган юртга, Ўзинг танлаб олган шаҳарга, Сенга атаб мен қурган уйга юз буриб, Ўзингга ибодат қилсалар,

49 самодан — маконингдан туриб уларнинг қилган илтижоларини эшит, бажо айла.

50 Халқинг Сенга қарши қанча гуноҳ қилган бўлмасин, Сенга қарши қанчалик исён қилган бўлмасин, уларни кечир. Халқингни асир этган ёв кўнглида шафқат қўзғатгин, токи улар халқингга меҳрибонлик қилсин.

51 Ахир, Исроил Сенинг халқинг, Сенинг улушингдир. Уларни Мисрдан — темир ўчоқ ичидан Ўзинг олиб чиққансан.

52 Халқинг Сенга доимо илтижо қилганда, мен, қулингнинг илтижоларини, халқинг илтижоларини эшитиб, уларга доимо назарингни солиб марҳамат қилгин.

53 Зотан, ота–боболаримизни Мисрдан олиб чиққанингда, қулинг Мусо орқали айтганингдай, уларни Ўзингнинг улушинг қилиб, дунёдаги ҳамма халқдан ажратиб олдинг, эй Эгамиз Раббий!”

Сулаймоннинг сўнгги дуоси

54 Сулаймон Эгамизнинг қурбонгоҳи олдида тиз чўкиб, қўлларини кўкка чўзиб, ибодат қилиб бўлгандан кейин, ўрнидан турди.

55 Сулаймон тик турганича баланд овоз билан Исроил жамоасини дуо қилди:

56 “Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У ваъдасига кўра, Ўзининг халқи Исроилга тинчлик–омонлик берди. У қули Мусо орқали яхши ваъдалар берган эди, ўша ваъдаларнинг биронтаси ҳам бажарилмай қолмади.

57 Эгамиз Худо ота–боболаримиз билан бўлганидай, биз билан ҳам бўлсин, бизни тарк этмасин, ташлаб кетмасин.

58 Эгамизнинг йўлидан юрмоқ учун, ота–боболаримизга буюрган амр, фармон ва қонун–қоидаларга риоя этмоғимиз учун кўнглимизни Ўзига ром қилсин.

59 Эгамизнинг олдида илтижо қиларканман, шу илтижоларимга У қулоқ тутиб, бу қулининг ва Ўзининг халқи Исроилнинг кундалик эҳтиёжларини бажо айласин,

60 токи дунёдаги жамики қавмлар Эгамиз — Худо эканини билиб қўйсин. Ундан бошқаси йўқ.

61 Ҳозиргидай, Унинг фармонлари бўйича юрмоқ учун, амрларига риоя этмоқ учун чин юракдан Эгамиз Худога боғланинглар.”

Сулаймон қурбонликлар келтиради

62 Шундан кейин шоҳ ва бутун Исроил халқи Эгамизга атаб қурбонлик қилдилар.

63 Сулаймон 22.000 буқани, 120.000 қўйни Эгамизга атаб тинчлик қурбонлиги қилди. Шу тариқа шоҳ ва бутун Исроил халқи Маъбадни Эгамизга бағишладилар.

64 Шу куни шоҳ Эгамизнинг уйи олдидаги ҳовли ўртасини ҳам муқаддас қилди. Сўнг ўша ерда куйдириладиган қурбонликлар, дон назрлари ва тинчлик қурбонликларининг ёғини назр қилди, чунки буларнинг ҳаммаси Эгамизнинг ҳузуридаги бронза қурбонгоҳ устига сиғмаган эди.

65 Кейин Сулаймон ва у билан бирга катта жамоа — Лево–Хоматдан тортиб, Миср чегарасидаги ирмоққа қадар ерларда яшайдиган бутун Исроил халқи Эгамиз Худо олдида Чайла байрамини нишонлашди. Байрам ўн тўрт кун давом этди. Улар етти кун қурбонгоҳнинг Худога бағишланишини нишонлашди, етти кун Чайла байрамини қилишди.

66 Чайла байрамидан кейин Сулаймон халққа рухсат берди, халқ шоҳни дуо қилди. Шундан кейин Эгамиз Ўз қули Довудга ва Исроил халқига кўрсатган муруввати туфайли ҳамманинг кўнгли шодликка тўлиб, уйларига қайтиб кетдилар.

Эгамиз яна Сулаймонга зоҳир бўлади

1 Сулаймон Эгамизнинг уйини ҳам, ўзининг саройини ҳам қуриб бўлди. Мўлжалланган ҳамма юмушларни тамом қилди.

2 Шундан кейин Эгамиз Сулаймонга, илгари Гивонда зоҳир бўлганидай, яна зоҳир бўлди.

3 Эгамиз унга шу сўзларини аён қилди:

“Менга қилган илтижоларингни эшитдим. Сен қурган ва Ўзим улуғланадиган уйни муқаддас қилдим. Кўзларим, кўнглим доимо ўша ерда бўлади.

4 Сен ҳам Менинг олдимда, отанг Довуд каби, софдил ва тўғри бўлиб юрсанг, Мен амр этган ҳамма фармонларимни ижро этсанг, қонун–қоидаларимни маҳкам тутсанг,

5 Исроил устидан шоҳлик тахтингни абадий мустаҳкам қиламан. Отанг Довудга ҳам: «Сенинг наслингдан бўлган эркак зоти то абад Исроил тахтида ўтиради», деб ваъда берган эдим.

6 Борди–ю, сен ҳам, сенинг наслинг ҳам Мен кўрсатган йўлдан қайтсангиз, сизларга берган амр ва фармонларимга риоя қилмасангиз, бориб бошқа худоларга хизмат қилсангиз, уларга топинсангиз,

7 Исроил халқини Ўзим берган юртдан улоқтириб ташлайман. Мен муқаддас қилган, Ўзим улуғланадиган уйни тарк этаман. Ана ўшанда Исроил халқи ҳамманинг оғзида дув–дув гап бўлади, ҳамма халқлар уларни масхара қилади.

8 Ҳозир ажойиб бўлиб турган уйнинг ёнидан ўтганлар бунинг аянчли аҳволини кўрганда, даҳшатга тушиб: «Нимага уларнинг Эгаси бу юртни ва бу уйни мана шу аҳволга солди экан–а?» деб қотиб қолади.

9 Сўнг яна ўзлари шундай хулоса чиқарадилар: «Эҳа, улар ота–боболарини Миср юртидан олиб чиққан ўзларининг Эгаси Худодан юз ўгирдилар–ку! Бошқа худоларга эргашиб, ўша худоларга топиниб, хизмат қилдилар–ку! Қилмишларига яраша ўзларининг Эгаси уларнинг бошига шу кўргиликларни солибди–да.»”

Сулаймоннинг шоҳ Хирам билан тузган битими

10 Сулаймон иккала уйни — Эгамизнинг уйини ва ўз саройини йигирма йилда битирган эди.

11 Тир шоҳи Хирам Сулаймоннинг эҳтиёжига кўра, садр ёғочи, сарв ёғочи, олтин етказиб берган эди. Шоҳ Сулаймон Хирамга бу хизматлари учун Жалила ҳудудидаги йигирмата шаҳарни берди.

12 Хирам: “Сулаймон берган шаҳарларни кўрай–чи”, деб Тирдан йўлга чиқди, лекин у шаҳарлар Хирамга маъқул келмади.

13 — Дўстим, менга берган шаҳарларинг бори–йўғи шуми?! — деди Хирам Сулаймонга. Хирам ўша ерларга Кавул деб ном берди ва бугунга қадар шу ном билан юритилади.

14 Хирам эса шоҳ Сулаймонга 250 пуд олтин юборган эди.

Сулаймоннинг ютуқлари

15 Шоҳ Сулаймон мажбурлаб олган қаролларни чақиртириб, Эгамизнинг уйини, ўзининг саройини барпо эттирган эди. Шунингдек, Қуддуснинг шарқ томонидаги Миллони мустаҳкам қилдирган ва шаҳар деворини қурдирган эди. Хазор, Магидў ва Гезер шаҳарларини мустаҳкамлаган эди.

16 Миср фиръавни Гезерга бостириб келиб, шаҳарни қўлга олган ва ўт қўйганди. Шу ерда истиқомат қилаётган Канъон аҳолисини қириб ташлаб, шаҳарни ўзининг қизи — Сулаймоннинг хотинига сеп қилиб берганди.

17 Шундан сўнг Сулаймон Гезер шаҳрини, Пастки Байт–Хўронни,

18 Баалатни, Яҳудонинг чўлидаги Тамарни,

19 ўзининг ҳамма омбор шаҳарларини, жанг аравалари сақланадиган шаҳарларни, отлиқлари турадиган шаҳарларини қайтадан тузатиб мустаҳкамлади. Бундан ташқари, Қуддусда, Лубнонда, шоҳликнинг ҳамма бурчакларида нима истаса, барпо қилди.

20 Шу ўлкада қолиб кетган Амор, Париз, Хив, Хет ва Ёбус халқлари Исроил халқидан эмасди.

21 Исроил халқи уларнинг бу юртда қолиб кетган авлодларини тамомила қириб битиролмаган эди. Сулаймон ўша қолиб кетганларини қарол қилиб олди. Улар бугунгача бор.

22 Лекин Сулаймон Исроил халқидан бирортасини қул қилмади. Аксинча, уларни шоҳнинг сипоҳлари, аъёнлари, акобирлари, лашкарбошилари, жанг араваларининг қўмондонлари ва сувориларининг қўмондонлари лавозимига тайинлади.

23 Сулаймоннинг ишбошилари 550 киши бўлиб, улар ишлаётган одамлар устидан назоратчи эдилар.

24 Фиръавннинг қизи Довуд қалъасидан ўзига аталган саройга кўчиб ўтди. Бу саройни Сулаймон унга атаб барпо қилган эди. Шундан кейин Сулаймон Қуддуснинг шарқ томонидаги Миллони мустаҳкам қилдирганди.

25 Хуллас, Сулаймон Эгамизнинг уйини битказди. У Эгамизга атаб қурган қурбонгоҳда йилига уч марта куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликлари қилар, тутатқи тутатарди.

26 Шоҳ Сулаймон Эдом юртида, Қизил денгиз бўйидаги Элет шаҳри ёнида жойлашган Эзйўн–Гебер шаҳрида кемалар ясади.

27 Хирам ўз тажрибали денгизчиларини Сулаймоннинг одамлари билан бирга кемаларда жўнатди.

28 Улар Офир юртига бориб, у ердан 900 пуд олтин олиб, шоҳ Сулаймонга келтириб бердилар.

Шава маликасининг ташрифи

1 Шава маликаси Сулаймоннинг донғини, Эгамизга атаб қилган ишларини эшитгач, Сулаймоннинг ҳузурига келди. У Сулаймонга топишмоқлар айтиб синаб кўрмоқчи эди.

2 Малика Қуддусга жуда кўп миқдорда олтин ва қимматбаҳо тошлар, хушбўй зираворлар юкланган катта карвонни бошлаб келди.

Малика Сулаймоннинг ҳузурига киргач, кўнглида нима бўлса, ҳаммасини унга айтди.

3 Сулаймон маликанинг ҳамма саволларига жавоб берди, маликанинг биронта саволига жавоб беришда қийналмади.

4 Шава маликаси Сулаймоннинг донолигини, у қурган саройни,

5 дастурхонидаги ноз–неъматларни, хизматкорларининг яшаш шароитларини, шоҳ соқийларию баковулларини ҳамда уларнинг хизмат либосларини, Эгамизнинг уйида шоҳ Сулаймон куйдириб, назр қилган қурбонликларни кўрди. Малика ғоят ҳайратланиб,

6 шоҳга деди:

— Сизнинг ишларингиз, донолигингиз ҳақида юртимда эшитганларим тўғри экан.

7 Келиб ўз кўзларим билан кўрмагунимча, гап–сўзларга ишонмаган эдим. Менга ҳатто ярмини ҳам айтишмаган экан. Мен эшитгандан ҳам кўра, донороқ экансиз, бойлигингиз ҳам жуда кўп экан.

8 Нақадар бахтиёрдир одамларингиз! Омадлидир хизматкорларингиз! Улар доимо ҳузурингизда бўлиб, донолигингиздан баҳра олишар.

9 Сиздан мамнун бўлиб, Исроил тахти узра ўтқазган Эгангиз Худога ҳамду санолар бўлсин. У Исроилни то абад севгани учун адолат ва тўғрилик билан ҳукм этсин деб, сизни шоҳ қилган экан.

10 Малика Сулаймонга 250 пуд олтин, беҳисоб хушбўй зираворлар, қимматбаҳо тошлар ҳадя қилди. Ҳеч ким шоҳ Сулаймонга олдин ҳам, кейин ҳам Шава маликаси берганчалик хушбўй зираворлар ҳадя қилмаган эди.

11 Хирамнинг Офирдан олтин олиб келган кемалари жуда кўп сандал дарахти ёғочлари ва қимматбаҳо тошлар ҳам келтирганди.

12 Шоҳ ўша ёғочлардан Эгамизнинг уйи учун ҳам, шоҳ саройи учун ҳам жиҳозлар, мусиқачилар учун лира ва арфалар ясаттирганди. Бугунгача бунақа сандал дарахти ёғочлари келтирилмаган ва ҳеч ким кўрмаган эди.

13 Шоҳ Сулаймон Шава маликасига истаганини ва сўраганининг ҳаммасини муҳайё қилди. Бундан ташқари, маликага кўнгилдан чиқариб ҳадялар инъом этди. Шундан кейин малика ҳамма одамларини эргаштириб, ўз юртига жўнаб кетди.

Шоҳ Сулаймоннинг бойлиги

14 Ҳар йили Сулаймонга келиб турадиган олтиннинг оғирлиги 1425 пуд эди.

15 Одамларнинг олди–сотдисидан, савдогарлар тижоратидан олинадиган солиқ ва бутун Араб шоҳларидан, Исроилдаги вилоят ҳокимларидан олинадиган ўлпон бунга кирмасди.

16 Шоҳ Сулаймон олтиндан икки юзта катта қалқон ясаттирди. Ҳар бир қалқонни ясашга ярим пуд олтин сарф бўлди.

17 Яна олтиндан уч юзта кичик қалқон ҳам ясаттирди. Ҳар бир қалқон учун 400 мисқол олтин сарф бўлди. Шоҳ бу қалқонларни “Лубнон ўрмони” деган уйига қўйди.

18 У яна фил суягидан катта тахт ясатиб, уни тоза олтин билан қоплатди.

19 Тахтнинг олтита поғонаси бўлиб, суянчиғининг юқориси орқага қайрилган, ўриндиғининг икки томонида тирсаги бор эди. Тирсакларнинг ёнида иккита шер тасвири турарди.

20 Ҳар бир поғонанинг икки чеккасида ҳам биттадан шер тасвири бўлиб, тахтнинг олти поғонасида жами ўн иккита шер тасвири бор эди. Бундай тахт бошқа бирорта шоҳликда бўлмаган эди.

21 Шоҳ Сулаймоннинг ичимлик ичадиган ҳамма идишлари олтиндан, “Лубнон ўрмони” деган уйидаги ҳамма идишлар ҳам тоза олтиндан бўлиб, бирорта ҳам буюм кумушдан ясалмаган эди. Сулаймон даврида кумуш арзимас нарса бўлиб қолганди.

22 Денгизда, Хирамнинг кемалари қаторида, Сулаймоннинг ҳам савдо кемалари бўлиб, бу кемалар ҳар уч йилда олтин, кумуш, фил суяги, турли–туман маймунлар олиб қайтарди.

23 Шундай қилиб, Сулаймон бойликда ҳам, доноликда ҳам ер юзидаги ҳамма шоҳлардан ўтиб кетди.

24 Сулаймонга Худо берган доноликни эшитмоқ учун бутун дунё унинг олдига келгани ошиқарди.

25 Келганларнинг ҳар бири кумуш ва олтин идишлар, кийим, қурол–аслаҳа, хушбўй зираворлар, от ва хачирлар ҳадя қилиб олиб келар эди. Бундай ҳол йиллаб давом этарди.

26 Сулаймон жанг аравалари ва отларни тўплади. Унинг 1400 та жанг араваси ва 12.000 та оти бор эди. Сулаймон буларнинг бир қисмини жанг аравалари сақланадиган шаҳарларга ва бир қисмини Қуддусга — ўзининг ёнига жойлаштирди.

27 Унинг ҳукмронлиги даврида Қуддусда кумуш кўчадаги тошдай кўп эди. Садр ёғочлари ҳам худди Яҳудо қир этакларида ўсадиган оддий шикамора–анжир дарахтидай сероб эди.

28 Шоҳнинг савдогарлари Мисрдан ва Қуведан Сулаймон учун отлар олиб келишарди. Улар отларни Қуведан сотиб олишарди.

29 Мисрдан келтирилган ҳар бир жанг араваси учун 600 кумуш танга, ҳар бир от учун 150 кумуш танга тўлашарди. Сўнг буларни барча Хет шоҳларига ва Орам шоҳларига сотишарди.

Сулаймон Худодан юз ўгиради

1 Шоҳ Сулаймон фиръавннинг қизидан бошқа яна Мўаблик, Оммонлик, Эдомлик, Сидонлик ва Хет халқидан кўпгина ажнабий аёлларга кўнгил қўйди.

2 Эгамиз Исроил халқига бу халқлар ҳақида гапириб, шундай деган эди: “Уларга қиз берманглар ҳам, қиз олманглар ҳам. Акс ҳолда, улар кўнглингизни ўз худоларига ром қилиб қўядилар.” Сулаймон эса ўша аёлларга шаҳват билан ёпишди.

3 Унинг етти юзта хотини шоҳлар қизларидан бўлиб, уч юзта канизаги ҳам бор эди. Хотинлари сабабли шоҳ бегона худоларга юз бурди.

4 Охири шундай бўлдики, кексайган чоғида шоҳнинг кўнгли хотинлари туфайли бегона худоларга мойил бўлди. Довуд ўзининг Эгаси Худога чин юракдан боғланган эди, Сулаймон эса отасига ўхшамади.

5 Шундай қилиб, Сулаймон Сидон аҳолисининг худоси Аштарет, Оммон халқининг макруҳ худоси Мўлахга сажда қила бошлади.

6 Сулаймон Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Отаси Довуд Эгамизга содиқ қолган бўлса, Сулаймон ундай қилмади.

7 Қуддуснинг шарқидаги тепаликда Мўаб халқининг макруҳ худоси Хамўшга ва Оммон халқининг макруҳ худоси Мўлахга саждагоҳ қурди.

8 Ҳамма ажнабий хотинлари ўз худоларига тутатқи тутатиб, қурбонликлар келтиришлари учун шундай қилди.

9-10 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз икки марта Сулаймонга зоҳир бўлган эди. Шунга қарамай Сулаймон Эгамиздан юз ўгирди. Эгамизнинг, бегона худоларга эргашма деган амрини бажо қилмади. Шунинг учун Эгамиз Сулаймондан қаттиқ ғазабланди.

11 Эгамиз Сулаймонга деди:

— Модомики, Сен билан қилган аҳдимни ва сенга амр қилган фармонларимни била туриб бажармаган экансан, Мен энди шоҳликни сендан тортиб оламан ва тобе одамларингдан бирига бераман.

12 Лекин отанг Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун бу ишни сен ҳаётлигингда қилмайман. Шоҳликни ўғлингнинг қўлидан тортиб оламан.

13 Шунда ҳам шоҳликнинг ҳаммасини тортиб олмайман, қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун, Ўзим танлаб олган Қуддус ҳақи–ҳурмати учун битта қабилани сенинг ўғлингга қолдираман.

Сулаймоннинг душманлари

14 Эгамиз Сулаймонга Эдомлик Ҳададни душман қилиб қўйди. У Эдом шоҳлари наслидан эди.

15 Анча олдин Довуд Эдомликлар билан уруш қилган эди. Ўша жангда Исроил халқидан ҳалок бўлганларни дафн қилиш учун лашкарбоши Йўаб Эдомга борди.

16 Исроил лашкари ва Йўаб Эдомдаги эркак зотини битта қўймай қириб ташлагунга қадар, олти ой у ерда қолган эдилар.

17 Шунда Ҳададга ва унинг отасига хизмат қилган баъзи Эдомликлар Мисрга қочиб кетишган эди. Ўша пайтда Ҳадад кичкина бола эди.

18 Улар Мидиёндан жўнаб, Поронга етиб келишди. Порондан ҳам одамлар уларга қўшилдилар. Кейин Мисрга — Миср шоҳи фиръавн ҳузурига етиб келишди. Фиръавн Ҳададга уй берди, озиқ–овқат тайин этди, ер берди.

19 Ҳадад фиръавннинг ҳурматини қозонди. Фиръавн Ҳададга қайинсинглисини — малика Тахпанаснинг синглисини никоҳлаб берди.

20 Хотини Ҳададга ўғли Гануватни туғиб берди. Тахпанас болани фиръавн хонадонида тарбия қила бошлади. Гануват фиръавн хонадонида унинг ўғиллари қаторида улғайди.

21 Ҳадад Мисрда: “Довуд оламдан ўтибди, лашкарбоши Йўаб ҳам вафот этибди” деган хабарни эшитгач, фиръавнга деди:

— Менга ижозат берсалар, ўз юртимга кетсам.

22 — Юртимга кетаман, дейсан, нима, менинг ёнимда бирор нарсага муҳтожлик сезяпсанми? — деб сўради фиръавн.

— Йўқ, асло, лекин барибир, менга ижозат берсалар, — деб туриб олди Ҳадад.

23 Худо Разўнни ҳам Сулаймонга душман қилиб қўйди. Разўн Элёдах деганнинг ўғли эди. Разўн ўз хўжайини, Зўво шоҳи Ҳададзарнинг дастидан қочиб кетган эди.

24 Довуд Зўволикларни қиргач, Разўн ҳам атрофига бир босқинчи гуруҳни тўплаб, ўша гуруҳга бош бўлди. Сўнг улар Дамашққа бориб, у ерда жойлашдилар. Дамашқда ўз ҳукмронлигини ўрнатдилар.

25 У ҳам Сулаймон ҳаёт пайтида Исроилга душман бўлиб қолди. Разўн Орамда шоҳ бўлиб турар экан, Ҳадад каби, Исроилга нафрат билан қараб, доимо душманлик қилиб келди.

Ерибом Сулаймонга қарши исён кўтаради

26 Яна Сулаймоннинг аъёнларидан бири — Эфрайим қабиласидан бўлган Ерибом дегани ҳам шоҳга қарши бош кўтарди. У Заридо шаҳридан Набат деганнинг ўғли эди. Ерибомнинг онаси бева аёл бўлиб, оти Зарува эди.

27 Ерибом Сулаймонга қарши бош кўтарганининг сабаби қуйидагича эди: Сулаймон Қуддуснинг шарқ томонидаги Миллони мустаҳкамлаб, отаси Довуд қалъасининг деворларини тузаттираётганда,

28 қурилишда ғайрат билан ишлаётган Ерибомга назари тушди. Ерибом жуда ҳам қобилиятли йигит бўлгани учун Сулаймон уни Юсуф қабиласидан олинган барча қаролларга назоратчи қилиб қўйди.

29 Бир куни Ерибом Қуддусдан ташқарига чиққан эди, Шилўлик Охиё пайғамбар билан йўлда учрашиб қолди. Охиё пайғамбар янги кийимлар кийиб олган экан. У ерда икковидан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

30 Шу пайт Охиё устидаги янги кийимларини ечди–ю, йиртиб ўн икки бўлакка бўлиб ташлади.

31 Кейин Ерибомга деди:

— Ўзингга ўн бўлагини ол. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз ҳам шундай айтмоқда: “Мен Сулаймоннинг қўлидан шоҳликни тортиб оламан ва ўнта қабилани сенга бераман.

32 Қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун, Исроилнинг ҳамма қабилалари орасидан Ўзим танлаб олган Қуддус шаҳри ҳақи–ҳурмати учун битта қабила Сулаймонники бўлади.

33 Сулаймон Мендан юз ўгириб, Сидоннинг худоси Аштаретга, Мўабнинг худоси Хамўшга, Оммоннинг худоси Мўлахга сажда қила бошлади. Отаси Довудга ўхшамади, олдимда тўғри ишлар қилмади, фармонларимга ва қонун–қоидаларимга риоя қилмади, йўлларимдан юрмади.

34 Аммо шоҳликни ундан тамомила тортиб олмайман. Амр ва фармонларимга риоя қилган ва ўзим танлаб олган қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун Сулаймонни умрининг охиригача шоҳ қиламан.

35 Шоҳликни эса унинг ўғлидан тортиб олиб, ўнта қабилани сенга бераман.

36 Мен ўша ерда улуғланай деб, Ўзим учун Қуддус шаҳрини танлаганман. Қулим Довуднинг чироғи Қуддусда ҳеч қачон ўчмасин деб, Сулаймоннинг ўғлига битта қабилани бераман.

37 Мен сени Исроил шоҳи қиламан, кўнглинг қаерни истаса, ўша ерда шоҳлик қилаверасан.

38 Агар қулим Довудга ўхшаб айтганларимга итоат қилсанг — йўлларимдан юрсанг, олдимда тўғри ишлар қилсанг, фармон ва амрларимга риоя қилсанг, Мен сен билан бўламан. Исроилни сенга бериб, Довудга қилганимдай, хонадонинг ҳукмронлигини ўзингдан кейин ҳам давом эттираман.

39 Сулаймоннинг шу қилмишлари эвазига Довуднинг наслини таҳқирлайман, лекин то абад эмас.”

40 Сулаймон Ерибомни ўлдирмоқчи бўлди. Ерибом эса Мисрга — Миср шоҳи Шишахнинг ёнига қочиб кетди. У Сулаймон вафот этгунча Мисрда қолди.

Сулаймоннинг ўлими

41 Сулаймоннинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, унинг донишмандлиги ҳақида “Сулаймоннинг ишлари” китобида ёзиб қолдирилган.

42 Сулаймон Қуддусда бутун Исроил устидан ҳукмдор эди. Унинг ҳукмронлиги қирқ йил давом этди.

43 Сулаймон оламдан ўтди. У отаси Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Рахабом шоҳ бўлди.

Шимолдаги қабилалар исён кўтаришади

1 Рахабом Шакам шаҳрига кетди. Жамики Исроил халқи ҳам, Рахабомни шоҳ қилиб кўтарамиз деб, Шакамга келишди.

2 Набат ўғли Ерибом бу ҳақда эшитиб, Мисрдан қайтди. У Сулаймоннинг дастидан Мисрга қочиб кетганича, ҳануз ўша ерда эди.

3 Исроил халқи одам юбориб, уни чақиртириб келди. Сўнг Ерибом билан барча Исроил жамоаси Рахабом ҳузурига келиб, унга шу гапни айтишди:

4 — Отангиз бизга оғир бўйинтуруқ солиб, оғир меҳнат қилишга бизни мажбурлаган эди. Энди сиз меҳнатимизни енгиллатиб, бизни бўйинтуруқдан халос қилинг. Ўшанда биз сизга итоат этамиз.

5 — Ҳозир қайтиб кетаверинглар, — деди Рахабом келганларга. — Уч кундан кейин яна ҳузуримга келинглар.

Шундай қилиб, халқ қайтиб кетди.

6 Шоҳ Рахабомнинг отаси Сулаймон ҳаётлиги даврида оқсоқоллар ҳар доим унинг олдида ҳозиру нозир эдилар. Шоҳ ўша оқсоқолларга маслаҳат солди.

— Сизлар нима дейсизлар, бу халққа нима деб жавоб берсам бўлади?

7 Оқсоқоллар шоҳга шундай деб маслаҳат беришди:

— Агар сиз бу халққа бугун қул бўлиб хизмат қилсангиз, уларга жавоб берганингизда, яхши сўзингизни аямасангиз, улар сизга бир умр хизмат қиладилар.

8 Лекин шоҳ оқсоқолларнинг маслаҳатларини рад қилди. Бирга ўсган ва ўзига хизмат қилаётган ёш йигитлар билан маслаҳатлашди.

9 Шоҳ ўша йигитларга деди:

— Бу халқ менга: “Отангиз бизга солган оғир бўйинтуруқдан энди бизни сиз халос қилинг”, деяпти. Уларга нима деб жавоб берайин? Сизлар қандай маслаҳат берасизлар?

10 Рахабом билан бирга ўсиб–улғайган ёш йигитлар унга шундай маслаҳат беришди:

— Арз қилган ўша халққа шундай деб айт: “Менинг жимжилоғим отамнинг белидан ҳам йўғон.

11 Отам сизларга оғир бўйинтуруқ солган эди, энди мен ундан ҳам баттарроғини қиламан. Отам сизларни қамчи билан жазолаган экан, мен эса чаёнларга чақтириб, жазолайман.”

12 Рахабом Ерибомга ва халққа: “Учинчи куни ҳузуримга келинглар”, деб айтгани учун, халқ айтилган пайтда шоҳ Рахабомнинг ҳузурига келди.

13-14 Шоҳ оқсоқолларнинг берган маслаҳатларини писанд қилмай, ёш йигитларнинг гапига кириб, халққа кескин жавоб берди:

— Отам сизларга оғир бўйинтуруқ солган эди, энди мен ундан ҳам баттарроғини қиламан. Отам сизларни қамчи билан уриб жазолаган экан, мен эса чаёнларга чақтириб жазолайман.

15 Шундай қилиб, шоҳ халққа қулоқ солмади. Эгамизнинг Шилўлик Охиё орқали Набат ўғли Ерибомга берган сўзи бажо бўлиши учун Худо бу воқеани шундай режалаштирган эди.

16 Исроил халқи қарасаки, шоҳ гапга қулоқ солмаяпти. Шундан кейин халқ унга шундай хитоб қилди:

“Эссай ўғли Довуднинг бизга ўтказиб қўйган жойи йўқ,

Бизнинг ҳам ундан қарзимиз йўқ!

Эй Исроил халқи, ҳамма ўз уйига қайтсин!

Эй Довуд, энди ўз кўмочингга ўзинг кул тортавер!”

Шундай қилиб, Исроил халқи уйларига тарқалиб кетди.

17 Рахабом фақат Яҳудо шаҳарларида яшайдиган Исроил халқи устидангина ҳукмронлик қиладиган бўлиб қолди.

18 Шоҳ Рахабом қароллар бошлиғи Одонирамни Исроил халқи олдига юборган эди, Исроил халқи уни тошбўрон қилиб ўлдирди. Бу хабарни шоҳ Рахабом эшитди–ю, шоша–пиша жанг аравасига миниб Қуддусга қочди.

19 Исроил халқи ўша кундан бошлаб Довуд хонадонидан юз ўгирди.

20 Исроил халқи: “Ерибом қайтиб келибди” деган хабарни эшитишди–ю, одам юбориб, уни ўзларининг ҳузурига чақиртириб келишди. Исроил халқи Ерибомни бутун Исроилга шоҳ қилди. Довуд хонадонига содиқ бўлган фақат Яҳудо қабиласи қолди, бошқа ҳеч ким бу хонадонга эргашмади.

Шамаёнинг башорати

21 Сулаймон ўғли Рахабом Қуддусга келиб, Яҳудо ва Бенямин қабилаларидан 180.000 одамни сипоҳликка танлаб олди. “Шоҳликни қайтариб оламан” деган мақсадда уларни Исроил халқига қарши жанг қилиш учун тайёрлади.

22 Лекин ўшанда Шамаё пайғамбарга Худонинг қуйидаги сўзлари аён бўлди:

23 “Яҳудо шоҳи Сулаймон ўғли Рахабомга ҳамда бутун Яҳудо ва Бенямин қабиласига, бу ердаги бошқа халқларга шу гапларни етказ:

24 «Эгамиз шундай айтмоқда: қариндошларингиз Исроил халқига қарши уруш бошламанглар! Ҳар ким ўз уйига қайтсин! Чунки бу ишлар ҳаммаси Мендан бўлди.»”

Улар Эгамизнинг амрига итоат этиб, уйларига қайтиб кетдилар.

Ерибом Худодан юз ўгиради

25 Ерибом Эфрайим қирларидаги Шакам шаҳрини мустаҳкам қилиб, ўша ерда ўрнашди. У ердан Паниёлга кетиб, у шаҳарни ҳам мустаҳкам қилди.

26 Кейин Ерибом ўзига ўзи айтди: “Шоҳлик яна Довуд хонадонига қайтиб қолиши мумкин.

27 Агар бу халқ Эгамизнинг уйига қурбонлик қилиш учун Қуддусга бораверса, у пайтда халқнинг кўнгли яна ўзларининг ҳукмдори Яҳудо шоҳи Рахабомга чопади, мени эса ўлдирадилар.”

28 Шундан сўнг шоҳ Ерибом маслаҳатчилари билан кенгашиб, икки олтин бузоқ ясади ва халққа деди:

— Эй Исроил, Қуддусга бориб юришингизга ҳожат йўқ! Мана, сизларни Мисрдан олиб чиққан худоларингиз!

29 Ерибом олтин бузоқларнинг бирини Байтил шаҳрига, иккинчисини Дан шаҳрига ўрнаштирди.

30 Халқ олтин бузоқларга топинмоқ учун Байтилга ва Данга борарди. Бу нарсалар эса ҳаммани гуноҳга ботирди.

31 Ерибом, бундан ташқари, бегона худоларга атаб саждагоҳлар қурдирди. Леви қабиласидан бўлмаган халқдан руҳонийлар тайинлади.

Байтилдаги қурбонгоҳ

32-33 Ерибом Исроил халқи учун Байтилда нишонланадиган бир байрам тайин қилди, бу байрам Яҳудода нишонланадиган байрамга ўхшаш эди. Бу байрамнинг санасини Ерибом ўзича саккизинчи ойнинг ўн бешинчи кунига белгилади. Ўзи барпо қилган саждагоҳларда хизмат қиладиган руҳонийларни тайинлади. Ўзи ясаган қурбонгоҳда ўша байрам куни олтин бузоқларига атаб қурбонликлар келтирди.

1 Ерибом қурбонгоҳнинг ёнида қурбонлик куйдирмоқчи бўлиб турган пайтда, бир пайғамбар, Эгамизнинг амрига кўра, Яҳудодан Байтилга келди.

2 Пайғамбар Эгамизнинг амри билан қурбонгоҳга нидо қилди:

— Қурбонгоҳ, эй қурбонгоҳ! Эгамиз шундай айтар: “Довуд хонадонида бир ўғил фарзанд дунёга келар, Унинг исми Йўшиё бўлар. Саждагоҳларда қурбонлик куйдирадиган руҳонийларни сенинг устингда қурбон қилар. Сенинг устингда инсон суякларини ёқар.”

3 Пайғамбар ўша куниёқ бунинг аломати тўғрисида айтди:

— Эгамиз айтган аломат қуйидагича бўлади: қурбонгоҳ ёрилиб кетар, устидаги кул тўкилар.

4 Пайғамбарнинг Байтилдаги қурбонгоҳга айтган бу сўзларини Ерибом эшитгач, қурбонгоҳдан унга томон қўлини узатиб: “Ушланглар уни!” — деди. Ерибомнинг пайғамбарга қарши чўзилган қўли эса қуриб, ёғочдай қотиб қолди. Унинг қўли букилмайдиган бўлиб қолди.

5 Эгамизнинг пайғамбар орқали айтган аломати бажо бўлди: қурбонгоҳ ёрилиб, устидаги кул тўкилиб кетди.

6 Шунда шоҳ пайғамбарга деди:

— Илтижо қиламан, Эгангиз Худога мен учун ёлвориб, ибодат қилинг, токи қўлим аввалги ҳолига келсин.

Пайғамбар Эгамизга ибодат қилган эди, шоҳнинг қўли аввалги ҳолига келиб, букиладиган бўлди.

7 Шоҳ пайғамбарга яна айтди:

— Мен билан юр уйимга, тамадди қилиб ол, сенга ҳадялар берай.

8 Пайғамбар шоҳга деди:

— Бойлигингнинг ярмини берсанг ҳам, сен билан бормайман, бу ерда нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман.

9 Эгамиз менга: “Нон емайсан, сув ичмайсан, борган йўлингдан қайтмайсан”, деб амр берган.

10 Шундан кейин пайғамбар Байтилга келган йўлидан қайтмай, бошқа йўлдан кетди.

Байтиллик кекса пайғамбар

11 Байтилда кекса бир пайғамбар яшарди. Унинг ўғиллари келиб, Яҳудолик пайғамбарнинг шу куни Байтилда қилган ишлари ҳақида оталарига айтиб бердилар. Пайғамбарнинг шоҳга айтган сўзларини ҳам оталарига баён қилдилар.

12 Отаси ўғилларидан: “Ўша одам қайси йўлдан кетди?” — деб сўради.

Яҳудодан келган пайғамбарнинг қайси йўлдан кетганини унга ўғиллари кўрсатдилар.

13 Шунда кекса пайғамбар ўғилларига: “Эшагимни эгарланглар!” — деди. Ўғиллари пайғамбарнинг эшагини эгарлаб бердилар, у эшагига миниб жўнади.

14 Кекса пайғамбар Яҳудолик пайғамбарнинг изидан кетди ва ниҳоят уни топди. Яҳудолик пайғамбар эман дарахти остида ўтирган экан. Кекса пайғамбар ундан:

— Яҳудодан келган пайғамбар сенмисан? — деб сўради.

— Ҳа, менман, — жавоб берди у.

15 Кекса пайғамбар унга:

— Мен билан юр уйимга, тамадди қилиб ол, — деди.

16 У эса кекса пайғамбарга:

— Сен билан бирга қайтиб боролмайман, — деди. — Бу ерда сен билан бирга нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман.

17 Эгамиз менга: “У ерда нон ҳам емайсан, сув ҳам ичмайсан, борган йўлингдан қайтмайсан”, деб амр берган.

18 Пайғамбар эса унга шундай деди:

— Мен ҳам сенга ўхшаган бир пайғамбарман, фаришта менга Эгамизнинг шу сўзларини айтди: “Уни йўлдан қайтариб, ўзинг билан бирга уйингга олиб кел, нон еб, сув ичиб олсин.”

Лекин кекса пайғамбар ёлғон гапираётган эди.

19 Шундай қилиб, Яҳудолик пайғамбар кекса пайғамбар билан бирга қайтиб келди, унинг уйида тамадди қилди.

20 Улар дастурхон атрофида ўтирганларида, кекса пайғамбарга Эгамиз шу сўзларни аён қилди.

21 Кекса пайғамбар эса Яҳудолик пайғамбарга деди:

— Эгамиз шундай айтмоқда: “Сен Менинг сўзимга итоат қилмадинг! Мен, Эгангиз Худонинг амрига қарши чиқиб

22 орқангга қайтдинг. Мен сенга нон ема, сув ичма, деб айтган ерда еб–ичдинг. Энди сенинг жасадинг ота–боболаринг хилхонасига дафн қилинмайди.”

23 Яҳудолик пайғамбар тамадди қилиб бўлиши биланоқ, кекса пайғамбар унинг эшагини эгарлаб берди.

24 Яҳудолик пайғамбар йўлда кетаётган эди, олдидан бир шер чиқиб қолди. Шер уни тилка–пора қилиб, жасадни йўлнинг устига ташлади. Эшак ҳам, шер ҳам жасаднинг олдида турарди.

25 Шу ердан ўтиб кетаётган одамлар йўл ўртасидаги жасадни ва жасад ёнида турган шерни кўрдилар. Одамлар кекса пайғамбар яшайдиган шаҳарга бориб, кўрганларини айтдилар.

26 Яҳудолик пайғамбарни йўлдан қайтариб келган кекса пайғамбар шу воқеани эшитиб деди:

— Эгамизнинг амрига итоат этмаган пайғамбар ўшадир. Шунинг учун Эгамиз шерни юборди ва шер уни тилка–пора қилиб ташлади. Эгамиз, айтганига биноан, уни ўлдирди.

27 Кекса пайғамбар ўғилларига: “Эшагимни эгарланглар!” — деди. Ўғиллари эшакни эгарлаб бердилар.

28 У бориб, йўл ўртасида ётган жасадни топди. Эшак ҳам, шер ҳам жасаднинг ёнида турар, шер жасадни емаган, эшакка ҳеч қандай зарар етказмаган эди.

29 Кекса пайғамбар Яҳудолик пайғамбарнинг жасадини ердан кўтариб олиб, эшакка ортди ва орқасига қайтариб, олиб кетди. Уни дафн қилиб, унга аза очай деб, шаҳарга келди.

30 Жасадни ўзининг қабрига қўйгач: “Вой жигарим, вой жигарим!” деб қабр устида фарёд чекди.

31 Яҳудолик пайғамбарни дафн қилгач, кекса пайғамбар ўғилларига:

— Вафот этганимдан сўнг мени ҳам Яҳудолик пайғамбар дафн қилинган хилхонага қўйинглар, — деди. — Суякларим унинг суяклари ёнида турсин.

32 Эгамизнинг амрига кўра, Байтилдаги қурбонгоҳ ва Самария шаҳарларидаги ҳамма саждагоҳлар ҳақида унинг айтган сўзлари албатта бажо бўлади.

Ерибомнинг гуноҳ ишлари

33 Бу ҳодисадан кейин ҳам Ерибом қабиҳ йўлдан қайтмади. Яна саждагоҳларга оддий халқдан руҳонийлар тайин этди. Кимни хоҳласа, ўшани руҳоний қилиб тайинлайверди.34 Бу гуноҳ ишлар Ерибом наслининг ер юзидан қирилиб, йўқолиб кетишига сабаб бўлди.

Ерибомнинг ўғли вафот этади

1 Ўша пайтда шоҳ Ерибомнинг ўғли Абиё касал бўлиб қолди.

2 Ерибом хотинига:

— Қани, тур, кийимларингни ўзгартир, токи менинг хотиним эканлигингни ҳеч ким билиб қолмасин, — деди. — Шилўга жўна. Охиё пайғамбар ўша ерда. Исроил халқининг шоҳи бўлишим ҳақида у башорат қилган эди.

3 Ўнта нон, бир нечта кулча, бир хумча асал олиб, Охиё пайғамбарнинг ҳузурига бор. Ўғлимизга нима бўлишини у сенга айтади.

4 Хотини Ерибом айтганидай қилди, ўрнидан туриб, Шилўга йўл олди. Охиёнинг уйига етиб ҳам келди. Охиё қартайганидан кўзлари кўрмайдиган бўлиб қолган эди.

5 Эгамиз Охиёга деди:

— Ана, Ерибомнинг хотини келяпти, қара, қиёфасини ўзгартириб олган, ўғли касал, унга нима бўлади — шуни сендан сўрамоқчи. Унга шундай–шундай деб айт.

6 Ерибомнинг хотини эшикни очиб, остона ҳатлаши биланоқ, Охиё унинг қадам товушларини эшитди. Шу заҳоти Охиё аёлга деди:

— Кел, Ерибомнинг хотини, ичкарига кир. Мени биров таниб қолмасин, деб бошқача кийиниб олибсанми?! Аммо сенга совуқ хабарларим бор.

7 Изингга қайтиб бор, Ерибомга шу гапларни етказ: “Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: сени халқинг орасидан юксалтириб, халқим Исроил устидан ҳукмдор қилдим.

8 Шоҳликни Довуд хонадонидан тортиб олиб, сенга бердим. Бироқ сен қулим Довудга ўхшаган бўлмадинг. У менинг амрларимга риоя қилиб, бутун қалби билан Менга эргашар, олдимда тўғри ишларнигина қиларди.

9 Сен ўзингдан олдин ўтганларнинг ҳаммасидан ҳам кўп ёмон ишлар қилдинг. Ўзинг учун бошқа худоларнинг тасвирларини ясаб, Мени ғазаблантирдинг. Мендан юз ўгирдинг.

10 Ана шу қилмишларинг эвазига хонадонингга балою офат келтираман. Хоҳ қул бўлсин, хоҳ озод бўлсин, Исроилдаги ҳар бир эркак уруғингни қириб юбораман. Хонадонингни, худди супуриндини битта қолдирмай улоқтиргандай, илдизидан қуритиб ташлайман.

11 Шаҳарда ўлган оиланг аъзоси кўппакларга ем бўлар, қирда ўлгани кўкдаги қушларга ем бўлар. Зотан, бу сўзларни Эгамиз айтган.”

12 Энди ўрнингдан тур, уйингга жўна. Шаҳарга қадам қўйишинг биланоқ, боланг нобуд бўлади.

13 Бутун Исроил халқи болангни дафн қилади, унга аза тутади. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Ерибом хонадонидан фақат шу боланигина хуш кўрди. Ерибом хонадонидан қабрга кўмиладиган фақат шу боладир.

14 Шундан кейин Эгамиз Ўзи учун Исроил устига бир шоҳ қўяди. У шоҳ Ерибом хонадонини ўша куни — ўша заҳотиёқ қириб битиради.

15 Эгамиз Исроил халқини шундай урадики, Исроил сув ичида ўсган қамишга ўхшаб титрайди. Эгамиз Исроил халқини ота–бобосига берган бу ҳосилдор юртдан юлиб олиб, Фурот дарёсининг нариги томонига сочиб юборади. Чунки бу халқ Ашерага атаб устунлар ясаб, Эгамизни ғазаблантирди.

16 Ерибом гуноҳ қилди, Исроил халқини ҳам гуноҳга ботирди, шунинг учун Эгамиз Исроилни тарк этади.

17 Ерибомнинг хотини ўрнидан туриб, уйига жўнади. У Тирзага етиб келиб, уйининг остонасидан ҳатлаши биланоқ, боласи жон берди.

18 Эгамизнинг Ўз қули Охиё пайғамбар орқали айтган сўзлари бажо бўлди, бутун Исроил халқи болани дафн қилиб, унга аза тутди.

Ерибомнинг ўлими

19 Ерибомнинг бошқа ишлари — қандай жанг қилгани, қай тарзда ҳукмронлик қилгани — ҳаммаси “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

20 Ерибом йигирма икки йил шоҳ бўлди. У ҳам оламдан ўтди. Ўрнига ўғли Надов шоҳ бўлди.

Яҳудо шоҳи Рахабом

21 Сулаймоннинг ўғли Рахабом эса Яҳудода ҳукмронлик қилди. У тахтга ўтирган пайтда қирқ бир ёшда эди. Онаси Оммонлик бўлиб, исми Намах эди. Рахабом Қуддусда ўн етти йил шоҳлик қилди. Эгамиз ҳамма Исроил қабилаларининг шаҳарлари орасидан Қуддус шаҳрини Ўзи улуғланиши учун танлаб олган эди.

22 Яҳудо халқи ҳам Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Гуноҳ ишлари билан Худонинг рашкини қўзғатиб, Уни ота–боболаридан ҳам қаттиқроқ ғазаблантирди.

23 Ҳар бир тепалик жойда, ҳар бир яшил дарахт остида ўзларига саждагоҳлар, бутсимон тошлар, Ашеранинг устунларини ясадилар.

24 Бу юртдаги саждагоҳларда фоҳишлар ҳам бор эди. Яҳудо халқи шунчалик кўп қабиҳ ишлар қилдики, уларнинг қилмишлари Канъон юртидан Эгамиз қувиб юборган ҳамма халқларнинг жирканч ишларига баробар эди.

25 Рахабом ҳукмронлигининг бешинчи йилида Миср шоҳи Шишах Қуддусга бостириб келди.

26 У Эгамизнинг уйидаги ва саройдаги хазиналарни тортиб олди, қўлига нима илинса, ҳаммасини олди. Сулаймон ясаттирган ҳамма олтин қалқонларни ҳам олди.

27 Шоҳ Рахабом олтин қалқонлар ўрнига бронза қалқонлар ясаттирди ва уларни шоҳ саройи дарвозасини қўриқлайдиган соқчилар бошлиқлари қўлига берди.

28 Шоҳ Эгамизнинг уйига кирганда, соқчилар қалқонларни кўтариб боришар, кейин эса қалқонларни жойига элтиб қўйишарди.

29-30 Рахабом билан Ерибом бутун умри давомида уришиб келдилар. Рахабомнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

31 Ниҳоят, Рахабом оламдан ўтиб, Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Онаси Оммонлик бўлиб, исми Намах эди. Рахабомнинг ўрнига ўғли Абиё шоҳ бўлди.

Яҳудо шоҳи Абиё

1 Исроил шоҳи Ерибом ҳукмронлик қилаётганига ўн саккиз йил бўлганда, Абиё Яҳудога шоҳ бўлди.

2 У Қуддусда уч йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Махо бўлиб, у Абсаломнинг қизи эди.

3 Абиё ҳам отасининг илгари қилган гуноҳларини давом эттирди. Абиё ўзининг Эгаси Худога чин дилдан боғланган бобоси Довуд сингари эмас эди.

4 Шунга қарамай, Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун Эгаси Худо Абиёдан кейин Абиёнинг ўғлини тахтга ўтқазди. Шундай қилиб, Қуддусни мустаҳкам қилиб, шу шаҳарда Довуд сулоласининг чироғини ўчирмади.

5 Зеро, Довуд Эгамиз олдида доим тўғри иш қилди. Хет халқидан бўлган Уриёга қилган номуносиб хатти–ҳаракатини ҳисобга олмаганда, Довуд умрининг охиригача Эгамизнинг амридан зинҳор бўйин товламади.

6-7 Рахабом билан Ерибом ўртасида бошланган уруш Абиёнинг умри охиригача давом этди. Абиёнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган.

8 Абиё оламдан ўтиб, Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Осо шоҳ бўлди.

Яҳудо шоҳи Осо

9 Ерибом Исроилга ҳукмронлик қилаётганига йигирма йил бўлганда, Осо Яҳудо ҳукмдори бўлди.

10 У Қуддусда қирқ бир йил шоҳлик қилди. Бувисининг исми Махо бўлиб, у Абсаломнинг қизи эди.

11 Осо, бобоси Довуд каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.

12 Саждагоҳлардаги фоҳишларни бу юртдан қувди. Ота–боболари ясаган ҳамма бутларни йўқ қилди.

13 Бувиси Махо Ашеранинг макруҳ тасвирини ясаттирган эди, шунинг учун Осо бувисини маликалик мартабасидан маҳрум қилди. У бувиси ясаттирган бутни қўпориб ташлаб, Қидрон сойлигида ёқиб юборди.

14 Осо саждагоҳларни йўқ қила олмаган бўлса–да, умр бўйи Эгамизга содиқ қолди.

15 Отаси ва ўзи Худога атаб назр этган олтину кумушларни, идишларни Эгамизнинг уйига олиб келди.

16 Осо билан Исроил шоҳи Башо умрларининг охиригача бир–бирлари билан уришиб ўтдилар.

17 Исроил шоҳи Башо Яҳудога ҳужум қилди. Одамлар Яҳудо юртига осонликча кириб чиқа олмаслиги учун, Башо Рама шаҳрини мустаҳкамлади.

18 Осо эса Эгамиз уйининг хазинасида қолган ҳамма олтин ва кумушни ҳамда шоҳ саройи хазиналарини олди. Хазиналарни аъёнлари орқали Орам шоҳи Банҳадад ҳузурига жўнатди. Хезиённинг набираси Банҳадад Тавриммўннинг ўғли эди. Осо Дамашқда ўтирган Банҳададга шу гапларни етказишни буюрди:

19 “Сенинг отанг билан менинг отам ўртасида иттифоқ бўлгани каби, сен билан менинг ўртамда ҳам иттифоқ бўлсин. Сенга ҳадя қилиб кумуш ва олтин бериб юборяпман. Исроил шоҳи Башо билан иттифоқ тузган эдинг, энди ўшани бекор қил, токи у юртимдан жўнаб қолсин.”

20 Банҳадад шоҳ Осонинг таклифини қабул қилди, лашкарбошиларига: “Исроил шаҳарларига ҳужум қилинглар”, деб уларни ўша ёққа юборди. Улар Ийхон, Дан, Овил–Байт–Махо шаҳарларини, бутун Нафтали ерлари билан бирга Жалила кўли атрофларини босиб олдилар.

21 Башо бу воқеани эшитгач, Рамани мустаҳкамлаш фикридан воз кечиб, Тирзага қайтиб келди.

22 Шоҳ Осо Яҳудо халқининг биттасини ҳам қолдирмай чақирди. Уларга Рама шаҳрини мустаҳкамлашда Башо ишлатган тош ва ёғочларни ташиттирди. Осо ўша тош ва ёғочлар билан Бенямин ерларидаги Гебо ҳамда Миспах шаҳарларини мустаҳкамлади.

23 Осонинг бошқа ишлари, қаҳрамонликлари, бутун фаолияти, мустаҳкам қилган шаҳарлари ҳақида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган. У ҳам кексайиб, оёқлари оғрийдиган бўлиб қолди.

24 Ниҳоят, Осо оламдан ўтиб, бобоси Довуднинг қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ёҳушафат шоҳ бўлди.

Исроил шоҳи Надов

25 Осо Яҳудода шоҳлик қилаётганига икки йил бўлганда, Надов Исроил шоҳи бўлди ва икки йил ҳукмронлик қилди. Надов Ерибомнинг ўғли эди.

26 У ҳам Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Исроилни гуноҳга ботирган отасидан намуна олди.

27 Иссахор хонадонидан Охиё ўғли Башо Надовга қарши суиқасд уюштириб, Филистларнинг Гибитон шаҳрида уни ўлдирди. Ўшанда Надов ва бутун Исроил лашкари Гибитон шаҳрини қамал қилиб турган эди.

28 Осо Яҳудода учинчи йили шоҳлик қилаётганда, Башо Надовни ўлдирди. Башо Надовнинг ўрнига шоҳ бўлди.

29 У шоҳ бўлгандан кейин Ерибомнинг бутун оиласини битта қўймай қириб ташлади. Шундай қилиб, Эгамизнинг Ўз қули, Шилўлик Охиё орқали айтган сўзлари бажо бўлди.

30 Ерибомнинг ўзи ҳам гуноҳ қилиб, Исроил халқини ҳам гуноҳга ботириб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантиргани учун шу воқеалар юз берганди.

31 Надовнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган.

32 Осо билан Исроил шоҳи Башо умрларининг охиригача бир–бири билан уришиб ўтдилар.

Исроил шоҳи Башо

33 Яҳудо шоҳи Осо ҳукмронлик қилаётганига уч йил бўлганда, Башо Тирзада бутун Исроил халқи устидан ҳукмдор бўлди ва йигирма тўрт йил шоҳлик қилди.

34 У ҳам Ерибомнинг йўлидан кетиб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирди.

1 Эгамиз Исроил шоҳи Башога Хонин ўғли Ёҳу орқали шу сўзларни аён қилган эди:

2 — Сени Мен тупроқ остидан чиқариб юксалтирдим. Сени халқим Исроилнинг ҳукмдори қилдим. Сен эса Ерибомнинг йўлидан кетиб, халқим Исроилни гуноҳга ботирдинг. Гуноҳларингиз Мени ғазаблантирди.

3 Мана кўрасан, Набат ўғли Ерибом хонадони сингари, сенинг оилангни ҳам илдизидан қуритаман.

4 Сенинг хонадонингдан бўлган одам шаҳарда ўлса кўппакларга ем бўлар, қирда ўлса кўкдаги қушларга ем бўлар.

5 Башонинг бошқа ишлари, фаолияти, қаҳрамонликлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган.

6 Башо ҳам оламдан ўтиб, Тирзада ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Элох шоҳ бўлди.

7 Хонин ўғли Ёҳу орқали Башога ва унинг хонадонига Эгамиз Ўзининг сўзларини аён қилган эди. Башо Эгамиз олдида Ерибом хонадони каби қабиҳликлар қилгани ва Ерибомнинг хонадонини қириб ташлагани учун Эгамиз ундан ғазабланди.

Исроил шоҳи Элох

8 Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига йигирма олти йил бўлганда, Элох Исроил шоҳи бўлди. Элох Башонинг ўғли эди. У Тирзада истиқомат қилиб, икки йил ҳукмронлик қилди.

9 Лекин жанг араваларининг ярмига қўмондон бўлган Зимри унга суиқасд уюштирди. Элох Тирзада турган пайтда Тирзадаги бош вазири Арзонинг уйида ичиб маст бўлиб қолди.

10 Шунда Зимри ичкарига кирди–ю, уни ўлдирди. Сўнг Зимри шоҳ бўлиб олди. Осо Яҳудода шоҳлик қилаётганига йигирма етти йил бўлганда, шу воқеа юз берди.

11 Зимри шоҳ бўлиб тахтга ўтиргач, Башо хонадонини битта қўймай қириб ташлади. Башонинг қариндош–уруғидан ҳам, ёр–биродарларидан ҳам биронта эркак зоти тирик қолмади.

12 Эгамизнинг Ёҳу пайғамбар орқали айтган сўзларига кўра, Зимри Башо хонадонини йўқ қилди.

13 Башо билан унинг ўғли Элохнинг гуноҳлари кўп бўлиб, улар Исроил халқини гуноҳга ботирган, ўзларининг бутлари билан Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантиргани учун шу ҳодисалар юз берган эди.

14 Элохнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган.

Исроил шоҳи Зимри

15 Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига йигирма етти йил бўлганда, Зимри ҳам Тирзада етти кун Исроилга шоҳ бўлди. Исроил лашкари шу пайтда Гибитон шаҳрини қамал қилиб турган эди. Бу шаҳар Филистларники эди.

16 “Зимри шоҳга суиқасд уюштирибди, шоҳни ўлдирибди” деган хабарни лашкар Гибитонни қамал қилиб турган ерда эшитди. Халқ лашкарбоши Омрини қароргоҳда ўша куниёқ Исроил шоҳи қилиб кўтарди.

17 Омри Исроил лашкарини бошлаб Гибитондан чиқиб келди ва Тирзани қамал қилди.

18 Зимри эса шаҳарнинг қўлдан кетганини кўрди–ю, шоҳ саройининг ички қалъасига кирди. Кейин орқасидан шоҳ саройига ўт қўйиб юбориб, ўзи ҳам нобуд бўлди.

19 Зимри гуноҳ қилгани учун шу ҳодисалар юз берган эди. У Ерибомнинг йўлидан юриб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилган ва Исроил халқини гуноҳга бошлаган эди.

20 Зимрининг бошқа ишлари, хоинлиги “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган.

Исроил шоҳи Омри

21 Энди Исроил халқи иккига бўлиниб қолди. Халқнинг ярми: “Гинат ўғли Тивнахни шоҳ қиламиз”, деб унга эргашди, ярми эса Омрининг этагини тутди.

22 Омрининг этагини тутган халқ Тивнахга эргашган халқ устидан ғолиб келди, Тивнах эса ўлди. Омри шоҳ бўлиб қолди.

23 Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига ўттиз бир йил бўлганда, Омри Исроил шоҳи бўлди. У ҳаммаси бўлиб ўн икки йил ҳукмронлик қилди. Олти йили Тирзада ўтди.

24 У Шамер исмли одамдан тўрт пуд кумушга тепаликни сотиб олиб, у ерга шаҳар қурдирди. Шаҳарни тепаликнинг олдинги эгаси Шамернинг исми билан Самария деб атади.

25 Омри ҳам Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. У шу даражада қабиҳлик қилдики, аввал ўтган шоҳларнинг бирортаси Омричалик қабиҳлик қилмаган эди.

26 Омри ҳам Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибомнинг йўлидан кетди. Омри халқни бутпарастликка бошлаб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантирди.

27 Омрининг бошқа ишлари, кўрсатган қаҳрамонликлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган.

28 Ниҳоят, Омри оламдан ўтиб, Самарияда ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ахаб шоҳ бўлди.

Исроил шоҳи Ахаб

29 Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига ўттиз саккиз йил бўлганда, Ахаб Исроил шоҳи бўлди. Ахаб Омрининг ўғли эди. У Самарияда туриб, йигирма икки йил давомида Исроилни бошқарди.

30 Ахаб Эгамиз олдида шундай қабиҳликлар қилдики, олдин ўтган шоҳларнинг бирортаси ҳам шунчалик қабиҳлик қилмаган эди.

31 Ҳатто Набат ўғли Ерибомнинг гуноҳларига шерик бўлгани камлик қилгандай, Сидонликлар шоҳи Этбаалнинг қизи Изабелга уйланиб, Баалга сажда қилиб, хизмат қила бошлади.

32 Самарияда Баалга атаб қурган уйда қурбонгоҳ ҳам барпо қилди.

33 Ахаб, бунинг устига, Ашерага атаб устун ясади. У ўзидан аввал ўтган ҳамма Исроил шоҳларидан зиёда гуноҳ қилиб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантирди.

34 Ахаб шоҳлик қилган даврда Байтиллик Хиёл Ерихо шаҳрини қайтадан қурди. Эгамизнинг Нун ўғли Ёшуа орқали қилган башорати бажо бўлди. Хиёл тўнғич ўғли Абурамнинг жони эвазига шаҳарнинг пойдеворини ётқизди. Кичик ўғли Сахувнинг жони эвазига эса шаҳар дарвозасини ўрнатди.

Илёс ва қурғоқчилик

1 Гиладнинг Тишба шаҳридан бўлган Илёс Ахабга деди:

— Мен хизмат қилаётган Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шоҳид! Мен айтмагунимча, шу йилларда на шудринг тушади, на ёмғир ёғади.

2 Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:

3 — Бу ердан кет, шарқ томонга бор. Иордан дарёси шарқидаги Харит жилғаси ёнида беркиниб ол.

4 Сен ўша жилғанинг сувидан ичасан, қарғаларга амр бердим: улар сени боқишади.

5 Илёс Эгамизнинг амрига биноан, бу ердан кетди. Иордан дарёсининг шарқидаги Харит жилғасига бориб, ўша ерда қолди.

6 Қарғалар унга эрталаб ҳам, кечқурун ҳам нон ва гўшт олиб келишар, ўзи эса жилғанинг сувидан ичарди.

7 Бутун юрт бўйлаб ёмғир ёғмади, орадан бир неча кун ўтгач, жилға ҳам қуриб қолди.

Илёс ва Зорафатлик бева аёл

8 Кейин Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:

9 — Тур ўрнингдан! Сидондаги Зорафат шаҳрига бориб, ўша ерда яша. Шу шаҳарда яшайдиган бир бева аёлга амр этдим, у сени боқади.

10 Илёс Зорафатга жўнади. Шаҳар дарвозаси олдига етиб боргач, қараса, бир аёл ўтин териб юрибди. Илёс аёлни чақириб, унга деди:

— Илтимос, менга ичгани идишда озгина сув берсангиз.

11 Аёл сувга кетаётган эди, уни яна чақириб айтди:

— Илтимос, менга бир бурда нон ҳам ола келинг.

12 Аёл деди:

— Эгангиз Худо шоҳид! Уйимда нон увоғи ҳам йўқ, фақат хумда бир ҳовуч ун ва хурмачада озгина зайтун мойи бор, холос. Икки–учта тараша ўтин териб олсам, бориб, ўзим ва ўғлим учун нимадир тайёрлаган бўлардим. Бу охирги егулигимиз бўлади. Балки кейин ўлиб кетармиз.

13 Илёс аёлга деди:

— Қўрқманг, бораверинг, егуликни тайёрлайверинг. Фақат олдин ўша ун ва мойдан кулча қилиб, менга олиб келиб беринг. Ўзингизга ва ўғлингизга эса кейин қиларсиз.

14 Бинобарин, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен ер узра ёмғир ёғдирмагунга қадар, хумдаги ун тамом бўлмас, хурмачадаги мой ҳам тугамас.”

15 Аёл бориб, Илёснинг айтганларини қилди. Шундан кейин Илёс билан аёлнинг оиласи учун егулик кўп кунларга етадиган бўлди.

16 Эгамизнинг Илёс орқали айтганларига биноан, хумдаги ун ҳам тамом бўлмади, хурмачадаги мой ҳам тугамади.

17 Орадан бир қанча вақт ўтгач, хонадон соҳибаси — аёлнинг ўғли касал бўлиб қолди. У шунчалик оғир дардга йўлиқдики, охири жон берди.

18 Аёл Илёсга деди:

— Мендан нима истайсиз, эй Худонинг одами? Сиз гуноҳларимни Худога эслатгани ва ўғлимнинг ўлимига сабабчи бўлгани келибсиз–да?!

19 Илёс аёлга: “Менга беринг ўғлингизни!” — деб болани аёлнинг қучоғидан олди, уни ўзи истиқомат қиладиган болохонага олиб чиқиб, тўшакка ётқизди.

20 Сўнгра Эгамизга хитоб қилди:

— Эй Эгам Худо! Мен шу бева аёлнинг меҳмониман. Наҳот, унинг ўғлини нобуд қилиб, бошига кулфат ёғдирсанг?!

21 Илёс боланинг устига уч марта чўзилиб, кейин Эгамизга яна хитоб қилди:

— Эй Эгам Худо! Илтижо қиламан, бу болага қайтадан жон ато эт!

22 Эгамиз Илёснинг илтижосини эшитди. У болага қайтадан жон ато этиб, тирилтирди.

23 Илёс болани болохонадан уйга олиб тушди, уни онасига бериб: “Қаранг, ўғлингиз тирик!” — деди.

24 Аёл эса Илёсга:

— Энди билдим, сиз Худонинг одами экансиз, — деди. — Эгамиз чиндан ҳам сиз орқали гапирар экан.

Илёс ва Баалнинг пайғамбарлари

1 Орадан анча кунлар ўтди. Ниҳоят, қурғоқчиликнинг учинчи йили Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:

— Ахабнинг ҳузурига бор. Мен ер юзига ёмғир ёғдираман.

2 Илёс Ахабга кўрингани кетди. Бу вақтда Самарияда даҳшатли очарчилик ҳукм сурарди.

3 Ахаб сарой бошқарувчиси Ободиёни чақирди. Ободиё Эгамиздан жуда қўрқарди.

4 Изабел Эгамизнинг пайғамбарларини ўлдираётганда, Ободиё юзта пайғамбарни ғорга олиб кетган ва элликта–элликта қилиб ўша ерда яширган, уларни нон–сув билан таъминлаб турганди.

5 Ахаб Ободиёга деди:

— Юртдаги ҳамма булоқлар ва сойликларга бор, ўт–ўлан топиб, отларни, хачирларни боқайлик, мол–ҳолдан айрилиб қолмайлик тағин.

6 Иккови айланиб чиқиш учун юрт ҳудудини тақсимлаб олишди. Ахаб бир йўлдан ўзи алоҳида кетди. Ободиё ҳам ўзи алоҳида бошқа йўлдан кетди.

7 Ободиё йўлда кетаётганда, рўпарасидан Илёс чиқиб қолди. Ободиё Илёсни таниди ва етти букилиб таъзим қилиб:

— Сизмисиз, тўрам Илёс? — деб сўради.

8 — Ҳа, менман, — деб жавоб берди Илёс унга. — Бор, хўжайинингга: “Илёс шу ерда”, деб айт.

9 — Менинг қандай айбим борки, сиз мен, қулингизни Ахабнинг қўлига топширяпсиз?! — деди Ободиё. — Мени ўлдириш учунми?!

10 Эгангиз Худо шоҳид! Бирорта шоҳлик ёки халқ йўқки, хўжайиним сизни ахтариб топиш учун ўша ерларга бирор одамни жўнатмаган бўлсин. Ўша шоҳликлардан, халқлардан: “Илёс бу ерда йўқ”, деб жавоб келгандан кейин ҳам уларга сизни топа олмаганлари ҳақида қасам ичдирди.

11 Энди эса сиз: “Бор, хўжайинингга, Илёс шу ерда, деб айт”, деяпсиз.

12 Ёнингиздан кетишим биланоқ, Эгамизнинг Руҳи сизни бирор жойга олиб кетади. Қаергалигини эса мен билолмай қоламан. Мен Ахабнинг ҳузурига бориб хабар бердим ҳам дейлик. У эса сизни топа олмаса, ўша заҳоти мени ўлдиради. Лекин мен, қулингиз, болалигимдан Эгамиздан қўрқаман.

13 Изабел Эгамизнинг пайғамбарларини ўлдираётганда, мен Эгамизнинг пайғамбарларидан юзтасини элликта–элликта қилиб ғорларда яширдим, уларга нон–сув бериб турдим. Наҳотки мана шу қилган ишларим ҳақида тўрам эшитмаган бўлсалар?!

14 Энди эса сиз менга: “Бор, Илёс шу ерда, деб хўжайинингга айт”, деяпсиз. У мени ўлдиради–ку!

15 — Мен хизмат қилаётган Сарвари Олам шоҳид! Бугун мен унга албатта кўринаман, — деди Илёс.

16 Шундан кейин Ободиё Ахабнинг ёнига бориб, уни воқеадан хабардор қилди. Ахаб эса Илёсни кутиб олиш учун кетди.

17 Ахаб Илёсни кўрди–ю: “Исроилга бало келтирадиган сенмисан ҳали?!” деб дўқ урди.

18 — Исроилга бало келтирадиган мен эмас, — дея жавоб берди Илёс. — Аксинча, сен ва отангнинг хонадони Эгамизнинг амрларидан юз ўгирдингизлар, Баалга сажда қилиб, Исроилга бало келтирдингизлар.

19 Энди бирортасига буюр: бутун Исроил халқини, Баалнинг Изабел дастурхонидан таом ейдиган 450 нафар пайғамбарини, Ашеранинг 400 нафар пайғамбарини менга Кармил тоғи ёнига тўплаб берсин.

20 Ахаб жамики Исроил халқини, пайғамбарларни Кармил тоғи ёнига тўплади.

21 Илёс халқнинг рўпарасига чиқиб, уларга танбеҳ берди:

— Қачонгача икки кеманинг учини тутиб юрасизлар?! Агар Эгамиз Худо бўлса, Унга эргашинглар. Борди–ю, Баал Худо бўлса, унга сажда қилинглар.

Халқдан садо чиқмади.

22 Илёс яна халққа қараб гапира бошлади:

— Эгамизнинг пайғамбарларидан ёлғиз мен қолдим, Баалнинг пайғамбарлари эса 450 киши.

23 Энди бизга иккита буқа келтиринглар. Баалнинг пайғамбарлари битта буқани танлаб олиб нимталасин, кейин ўтинларнинг устига қўйишсин, лекин олов ёқишмасин. Мен ҳам буқанинг биттасини тайёрлаб ўтинларнинг устига қўяман, лекин олов ёқмайман.

24 Баалнинг пайғамбарлари илтижо қилиб, Баални чақиришсин. Мен ҳам илтижо қилиб, Эгамизни чақираман. Кимнинг Худоси аланга орқали жавоб берса, Худо Ўшадир.

Халққа бу гап жуда маъқул келди.

25 Илёс Баалнинг пайғамбарларига деди:

— Сизлар кўпчиликсиз, битта буқани танлаб олиб, аввал сизлар нимталанглар. Кейин худойингизга илтижо қилиб, чақиринглар, лекин олов ёқманглар.

26 Баалнинг пайғамбарлари ўзлари танлаб олган буқани нимталаб, тайёрлаб қўйдилар. Кейин эрталабдан пешингача: “Эй Баал, бизга жавоб бер!” деб ўзларининг худосига илтижо қилиб, чақирдилар. Лекин на бирон садо келди, на бирортаси жавоб берди. Улар ўзлари қурган қурбонгоҳнинг атрофида сакрайвердилар.

27 Пешин вақти бўлди. Илёс энди уларнинг устидан кула бошлади:

— Баландроқ овоз билан чақиринглар. Ахир, у худо–ку, балки хаёл суриб ўтиргандир, ё бирор нарса билан машғулдир, ёки йўлда келаётгандир, ёки ухлаб ётган бўлса, уйғотиш керакдир.

28 Хуллас, улар баланд овоз билан бақиравердилар. Кейин, одатларига кўра, ўзларига пичоқ ва найза санчиб, қон оқиздилар.

29 Пешин вақти ўтиб кетди. Кечки қурбонлик пайтига қадар улар жазавага тушиб бақиравердилар. Лекин на бир садо бўлди, на бирорта аломат, на бир жавоб бўлди.

30 Илёс: “Менга яқинроқ келинглар”, — деб ҳамма одамларни чақирди. Халқ Илёснинг ёнига келди. Шу пайт Илёс Эгамизнинг бузилган қурбонгоҳини қайта тиклай бошлади.

31 Илёс ўн иккита тош олди. Бу тошлар Ёқубнинг ўғилларидан келиб чиққан қабилаларни англатарди. Ёқубга Эгамиз: “Сенинг номинг Исроил бўлади” деган сўзларни аён қилган эди.

32 Илёс ўша тошларни ишлатиб, Эгамизга атаб қурбонгоҳ қурди. Қурбонгоҳ атрофида бир тоғора буғдой сиғадиган хандақ қазиди.

33 Сўнг ўтинларни қалаштирди, буқани нимталаб, ўтинлар устига қўйди.

— Тўртта кўзада тўлдириб сув олиб келинглар, — деди Илёс одамларга. — Сувни куйдириладиган қурбонликнинг ва ўтинларнинг устидан тўкинглар.

34 Кейин: “Яна такрорланглар!” деб буюрди Илёс одамларга. Одамлар яна тўрт кўза сув қуйдилар. “Учинчи марта ҳам такрорланглар!” — деди. Учинчи марта ҳам тўрт кўза сув қуйдилар.

35 Шунда қурбонгоҳнинг атрофида сув оқа бошлади, хандақ ҳам сувга тўлди.

36 Кечки қурбонлик пайти бўлганда, Илёс пайғамбар қурбонгоҳга яқин келиб, хитоб қилди:

— Эй Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худоси — Эгамиз! Бугун Сенинг Исроилда Худо эканлигинг, мен эса Сенинг қулинг эканлигим аён бўлсин. Буларнинг ҳаммасини Сенинг амрингга биноан бажо қилганим аён бўлсин.

37 Менга жавоб бер, эй Эгамиз! Менга жавоб бер, мана бу халқ Сенинг Худо эканингни, уларнинг дилини Сен Ўзингга мойил қилувчи эканингни билсин.

38 Ўша заҳоти Эгамиз олов юборди. Олов куйдиришга аталган қурбонликни, ўтинларни, тошларни ва тупроқни ямламай ютиб юборди. Хандақдаги сувни ҳам олов тортиб кетди.

39 Бу ҳодисани кузатиб турган халқ юз тубан мук тушиб: “Эгамиз — Худодир, Эгамиз — Худодир”, — деди.

40 Шундан сўнг Илёс одамларга: “Баалнинг пайғамбарларини ушланглар, бирортаси ҳам қочиб кетмасин!” деб буюрди. Одамлар Баалнинг пайғамбарларини ушладилар. Илёс уларни Хишон дарёсига олиб тушиб, ўша ерда ўлдирди.

Қурғоқчилик тугайди

41 Шу воқеадан кейин Илёс Ахабга: “Бор, энди еб–ичавер, қаттиқ ёмғир ёғади, ёмғир яқинлашаётганини эшитяпман”, деди.

42 Ахаб тамадди қилиб олиш учун кетди. Илёс эса Кармилнинг тепасига чиқди. Пешанаси ерга теккудек чўккалаб ўтирди.

43 Кейин хизматкорига:

— Бор, денгиз томонга қара–чи, — деди. Хизматкор кетди.

— Ҳеч нарса йўқ экан, — деди у қайтиб келиб.

Илёс хизматкорига етти марта: “Денгизга қара!” деб буюрди.

44 Хизматкор еттинчи марта ҳам бориб қаради.

— Ана, денгиздан кичкина бир булут чиқиб келяпти, катталиги одамнинг кафтича келади, — деди у, ниҳоят.

Илёс хизматкорига буюрди:

— Тез бориб, Ахабга айт, аравасини қўшиб жўнасин. Тағин ёмғирда қолиб кетмасин.

45 Шу пайт бирдан осмонни қоп–қора булут қоплади, шамол эсиб, шиддат билан ёмғир ёға бошлади. Ахаб эса аравасига ўтириб, Йизрилга йўл олди.

46 Эгамиз Илёсга алоҳида куч–қудрат ато қилди. У тўнининг этагини белига қистирди–да, Йизрилга қараб югуриб, Ахабдан илгарилаб кетди.

Илёс Синай тоғида

1 Ахаб Илёс қилган ҳамма ишларни, барча пайғамбарларни қандай қилиб қиличдан ўтказганини Изабелга айтиб берди.

2 Изабел Илёсга чопар орқали шу хабарни етказди: “Пайғамбарларнинг жонини қандай олган бўлсанг, эртага шу вақтда мен ҳам сенинг жонингни олмасам, худолар мени ҳар қандай жазога мубтало қилсин, ундан ҳам баттарроғига дучор қилсин.”

3 Илёс бу хабарни эшитди–ю, ўрнидан туриб, жонини қутқариш умидида Яҳудонинг Бершеба шаҳри томон йўл олди. Хизматкорини ўша шаҳарда қолдириб,

4 ёлғиз ўзи чўлда бир кун йўл юрди. Ниҳоят, бир юлғун дарахти остига келиб ўтирди. Ўзига ўзи ўлим тилаб:

— Етар, эй Эгам! — деб хитоб қилди у, — энди жонимни ола қол. Ахир, ота–боболаримдан менинг ортиқ жойим йўқ.

5 Илёс юлғун остида ётиб ухлаб қолди. Бир пайт фаришта уни туртиб: “Тур, таом еб ол”, — деди.

6 Илёс туриб қараса, бош томонида иссиқ тош устида пишган нон, кўзада сув турибди. У еб–ичиб бўлиб, яна ётди.

7 Эгамизнинг фариштаси иккинчи дафъа қайтиб келди ва Илёсга тегиб: “Тур, таом еб ол, олдингда ҳали узоқ йўл турибди”, деди.

8 Илёс ўрнидан туриб еб–ичиб олди. Таомнинг қуввати билан қирқ кечаю қирқ кундуз йўл юриб, Худонинг тоғи Синайга етиб келди.

9 Илёс Синай тоғидаги бир ғорга кириб, ўша ерда тунади. Бир пайт Эгамиз ундан: “Эй Илёс, бу ерларда нима қилиб юрибсан?” деб сўради.

10 — Эй Парвардигори Олам — Эгам, Сен учун кўп жон куйдирган эдим, — деди Илёс. — Чунки Исроил халқи Сен билан қилган аҳддан қайтди, қурбонгоҳларингни бузди, пайғамбарларингни қиличдан ўтказди. Эй Эгам, Сенинг пайғамбарларингдан ёлғиз мен қолдим, холос. Энди жонимни олиш учун мени ҳам қидириб юрибдилар.

11 — Чиқ, тоғда Менинг рўпарамда тур, ёнингдан ўтаман, — деди Эгамиз унга.

Эгамиз ўтаётганда, қудратли бўрон тоғларни ёриб, қояларни парча–парча қилиб ташлади, лекин Эгамиз бўрон ичида эмасди. Шамолдан сўнг зилзила бўлди, лекин Эгамиз зилзилада ҳам эмасди.

12 Зилзиладан сўнг эса аланга кўтарилди. Бироқ Эгамиз аланга ичида ҳам эмас экан. Алангадан кейин эса майин шабада товуши эшитилди.

13 Илёс бу товушни эшитиб, юзини чакмони билан беркитиб олди. Ташқарига чиқиб, ғорнинг оғзида турди. Шунда яна: “Илёс, бу ерда нима қилиб турибсан?” деган садо келди.

14 — Эй Парвардигори Олам — Эгам, мен Сен учун кўп жон куйдирган эдим, — деди Илёс. — Исроил халқи Сен билан қилган аҳддан қайтди, қурбонгоҳларингни бузди, пайғамбарларингни қиличдан ўтказди. Эгамнинг пайғамбарларидан ёлғиз мен қолдим, холос. Энди жонимни олиш учун мени ҳам қидириб юрибдилар.

15 Эгамиз унга айтди:

— Сен келган йўлингдан орқага қайт. Дамашқ яқинидаги саҳрога бор. У ерга борганингдан кейин, Хазайилнинг бошига мой сурт, у Орам юртининг шоҳи бўлсин.

16 Нимши ўғли Ёҳунинг бошига ҳам мой сурт, у Исроилнинг шоҳи бўлсин. Овил–Махлалик Шофот ўғли Элишайнинг бошига ҳам мой сурт, у сенинг ўрнингга пайғамбар бўлади.

17 Хазайилнинг қиличидан қочиб қутулганни Ёҳу ўлдиради, Ёҳунинг қиличидан қочиб қутулганни Элишай ўлдиради.

18 Мен Исроил халқидан етти минг одамни қолдираман, улар Баал олдида тиз чўкмаган, бирортаси ҳам Баални ўпмаган.

Элишай

19 Илёс у ердан кетиб, Шофот ўғли Элишайни топди. У ўн икки жуфт ҳўкиз билан ер ҳайдаётганларнинг орасида бўлиб, ўн иккинчи жуфт ҳўкизни ҳайдаб кетаётган эди. Илёс Элишайнинг ёнидан ўтаётиб, чакмонини унинг устига ташлади.

20 Элишай ҳўкизларини қолдириб, Илёснинг орқасидан югуриб борди.

— Ижозат бер, бориб, ота–онамни ўпиб хайрлашиб келай, кейин орқангдан етиб бораман, — деди у Илёсга.

Илёс Элишайга деди:

— Бор, лекин мен сенга қилганимни ўйлаб кўр!

21 Элишай Илёснинг ёнидан қайтиб бориб, ўзининг бир жуфт ҳўкизини сўйди. Омоч–бўйинтуруқларини ёқиб, ҳўкизларнинг гўштини пишириб, одамларга берди. Одамлар гўштни еб бўлгач, Элишай Илёснинг ортидан жўнади ва унга хизмат қила бошлади.

Орам шоҳи билан уруш

1 Орам шоҳи Банҳадад бутун лашкарини тўплади. Ўттиз иккита шоҳ ўз отлари, жанг аравалари билан унга мадад берди. Банҳадад Самарияни қамал қилиб, бу шаҳарга уруш бошлади.

2 Банҳадад шаҳарга — Исроил шоҳи Ахаб ҳузурига чопарлар жўнатиб, улар орқали шу хабарни етказди:

— Банҳадад айтмоқда:

3 “Сенинг олтин–кумушларинг, энг сара хотинларинг, ўғилларинг меники бўлади.”

4 — Сиз айтгандай бўла қолсин, шоҳ ҳазратлари, — деб жавоб йўллади Исроил шоҳи, — ўзим ҳам, менинг ҳамма нарсам ҳам сизникидир.

5 Банҳададнинг чопарлари яна қайтиб келиб, Ахабга шу хабарни етказдилар:

— Банҳадад айтмоқда: “Олтинингни, кумушингни, хотинларингни ва болаларингни менга берасан, деб сенга хабар берган эдим.

6 Эртага шу пайтда қулларимни жўнатаман: улар саройингни, аъёнларингнинг бошпанасини бирма–бир кўриб чиқиб, кўзингни қувнатиб турган қимматбаҳо ҳамма нарсаларингни олиб кетадилар.”

7 Исроил шоҳи юрт оқсоқолларини чақириб, уларга айтди:

— Ўйлаб бир қаранглар, у одам қандай ёмонликни ўйлаб топади–я. У хотинларимни, ўғилларимни, олтин–кумушларимни сўраб чопар жўнатганда, мен рад қилмагандим.

8 Ҳаммалари шоҳга:

— Қулоқ солманг унинг гапларига, рози бўлманг! — деб маслаҳат бердилар.

9 Шунда Исроил шоҳи Банҳададнинг чопарларига шу гапни айтди:

— Шоҳ ҳазратларига шундай деб етказинглар: мен унга олтинимни ҳам, кумушимни ҳам, ҳатто хотинларим ва болаларимни ҳам беришга тайёрман, лекин бундан ортиғига рози эмасман.

Чопарлар Банҳададга Ахабнинг шу гапини олиб келдилар.

10 Банҳадад Ахабга яна чопарларини жўнатиб, қуйидаги гапни етказди:

— Самарияни ер билан яксон қиламан, агар Самариянинг кули орқамда юрган мана шу одамларимнинг ҳар бирига бир ҳовучдан етиб ортиб қолса, худолар мени ҳар қандай жазога мубтало қилсин, ундан ҳам баттарроғига дучор қилсин.

11 Исроил шоҳи ҳам Банҳададнинг гапларига муносиб жавоб берди:

— Айтиб қўйинг, шоҳингиз совутини кийишдан олдин эмас, ечгандан кейин мақтансин.

12 Банҳадад иттифоқдош шоҳлар билан чодирда кайфу сафо қилиб ўтирган эди. У Ахабнинг гапини эшитиши биланоқ: “Шаҳарга ҳужум қилгани тайёрланинг!” деб амр берди. Унинг одамлари шу заҳоти шаҳарни қуршаб олди.

13 Ўша пайт Исроил шоҳи Ахабнинг олдига бир пайғамбар келиб, шу гапларни айтди:

— Эгам шундай демоқда: “Эй Ахаб, анави катта қўшинни кўряпсанми? Бугун ўшаларни сенинг қўлингга бераман. Ана ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни биласан.”

14 — Ким орқали беради? — деб сўради Ахаб.

— Вилоят ҳокимларининг паҳлавонлари орқали бераман, деб айтмоқда Эгам, — гапида давом этди пайғамбар.

— Жангни ким бошлайди? — яна сўради Ахаб.

— Сен, — деди пайғамбар.

15 Ахаб вилоят ҳокимларининг паҳлавонларини чақирди: улар 232 та экан. Кейин Исроил лашкарининг ҳаммасини чақирди, улар 7000 киши чиқди.

16 Пешин вақтида Исроил лашкари ҳужум қилиб қолди. Банҳадад ва шоҳлар, яъни унга ёрдам бераётган ўттиз икки шоҳ чодирларда ичиб маст бўлиб ётган экан.

17 Исроил лашкари томонидан аввал вилоят ҳокимларининг паҳлавонлари чиқдилар. Банҳадад чопарлар жўнатган эди, чопарлар: “Самариядан одамлар чиқиб келяпти”, деб унга хабар етказдилар.

18 — Уларни тириклайин ушланглар! Сулҳ тузишга келишяптими, жанг қилишгами, фарқи йўқ! — деб амр берди Банҳадад.

19 Вилоят ҳокимларининг паҳлавонлари, уларнинг орқасидан эса лашкар шаҳардан чиқиб келиб,

20 ҳар бир Исроил жангчиси биттадан Орамлик душманини ўлдирди. Бундан саросимага тушган Орам лашкари қочиб қолди. Исроил лашкари эса уларни қувлаб кетди. Орам шоҳи Банҳадад от устида, отлиқлар билан бирга қочиб қутулди.

21 Исроил шоҳи келиб, отларни, жанг араваларини яксон қилиб ташлади. Шундай қилиб, Орам лашкари қаттиқ мағлубиятга учради.

22 Шундан кейин пайғамбар яна Исроил шоҳи ёнига келиб деди:

— Бор, яна куч тўпла, нима қилишингни кўриб–билиб ол. Янаги баҳорда Орам шоҳи сенга хавф солади.

Банҳадад яна ҳужум қилади

23 Айни пайтда Орам шоҳига ҳам аъёнлари уқтирдилар:

— Уларнинг худолари — тоғлар худоларидир. Шунинг учун бу сафар уларнинг қўли баланд келди. Агар улар билан текисликда жанг қилсак, албатта биз ғолиб келамиз.

24 Энди шоҳимиз шундай қилсинлар: ҳукмдорларнинг ҳаммасини вазифаларидан четлатсинлар. Уларнинг ўрнига лашкарбошиларини тайинласинлар.

25 Қанча лашкар, от, жанг араваси йўқотган бўлсалар, ўшанча лашкар, от, жанг аравалари тўплаб, қўшин ташкил қилсинлар. Кейин Исроил лашкари билан текисликда жанг қилиб, албатта уларни мағлуб этамиз.

Орам шоҳи аъёнларининг маслаҳатини инобатга олиб, улар айтгандай қилди.

26 Кейинги йил баҳорда Банҳадад Исроил билан уришиш учун отланди. У Орам лашкарини йиғиб, Офоқ шаҳрига олиб чиқди.

27 Исроил лашкари ҳам йиғилиб, озиқ–овқат тўплади. Сўнг Орам лашкари билан жанг қилиш учун жўнаб кетди. Исроил лашкари Орам лашкарининг рўпарасида қароргоҳ қурди. Орам лашкари юртни босиб кетган, Исроил лашкари эса уларнинг олдида иккита кичкина эчки галасичалик келарди, холос.

28 Шунда пайғамбар Исроил шоҳи ёнига келиб, унга шу хабарни баён қилди:

— Эгам шундай айтмоқда: “Модомики, Орам лашкари, Исроил халқининг Эгаси текислик худоси эмас, тоғлар худосидир, деб айтаётган эканлар, Мен мана шу катта қўшиннинг ҳаммасини сенинг қўлингга бераман. Шунда Эгангиз Мен эканлигимни биласизлар.”

29 Бир–бири билан душманлашган иккала томон етти кун қароргоҳда кутиб ётдилар. Ниҳоят, еттинчи куни жанг бошланди. Исроил лашкари бир кунда Орам лашкаридан 100.000 кишини қириб ташлади.

30 Қолганлари Офоққа — шаҳар ичкарисига қочиб кирган эдилар, 27.000 тасини девор босиб қолди. Банҳадад ҳам шаҳарга қочиб бориб, бир уйнинг энг ичкари хонасига кириб олди.

31 Аъёнлари унга:

— Исроил шоҳлари раҳмдил шоҳлардир, деб эшитган эдик, — дедилар. — Қани, энди эгнимизга қанор кийиб, бўйнимизга арқон боғлайлик–да, кейин Исроил шоҳи ҳузурига борайлик. Шояд у сизнинг бир қошиқ қонингиздан кечса.

32 Ҳамма аъёнлар эгниларига қанор кийиб, бўйинларига арқон боғлаб, Исроил шоҳи ҳузурига келдилар.

— Қулингиз Банҳадад: “Ўтинаман, шоҳ мени ўлдирмасин”, деб илтижо қиляпти, — дедилар.

— У ҳозир тирикми? Ахир, у менинг акам–ку! — деди Ахаб.

33 Бу одамлар бир аломат кутаётган эдилар. Унинг гапини дарров оғзидан илиб олиб:

— Ҳа, Банҳадад — акангиз, — дедилар.

— Боринглар, уни олиб келинглар, — деб буюрди Ахаб.

Банҳадад Ахабнинг ёнига келди. Ахаб уни аравага ўтқазди.

34 — Менинг отам сенинг отангдан тортиб олган шаҳарларни қайтариб бераман, — деди Банҳадад Ахабга. — Отам Самарияда бозорлар барпо қилган эди, худди шу сингари, сен ҳам Дамашқда ўзинг учун бозорлар барпо қиласан.

— Сулҳ тузганимиздан кейин мен сени озод қиламан, — деди Ахаб ҳам ўз навбатида. У Банҳадад билан сулҳ тузгач, Банҳададни озод қилди.

Бир пайғамбар Ахабга қарши гапиради

35 Пайғамбарлар гуруҳидан биттаси бошқасига:

— Мени ур! — деди. Пайғамбар Эгамизнинг амри бўйича иш тутаётган эди. Лекин шериги пайғамбарни уришни истамади.

36 Пайғамбар шеригига шундай деди:

— Модомики, сен Эгамизнинг амрига қулоқ солмадингми, энди кўрасан, ёнимдан кетишинг биланоқ, сени шер ғажиб ташлайди.

У одам пайғамбарнинг ёнидан кетиб, шерга дуч келиб қолди. Шер уни тилка–пора қилиб ташлади.

37 Пайғамбар бошқа бир одамни учратиб қолиб, унга ҳам:

— Мени ур! — деди. У одам пайғамбарни уриб, жароҳат етказди.

38 Пайғамбар нарироқ бориб кўзларини ёпинчиқ билан тўсиб, қиёфасини ўзгартирди ва йўл бўйида шоҳни кута бошлади.

39 Шоҳ ўтиб кетаётган эди, пайғамбар унга қараб бақирди:

— Эй шоҳим, мен, қулингиз, жангга борган эдим. Қарангки, орқадан бир одам менинг ёнимга бошқа одамни бошлаб келиб: “Бу асирни маҳкам ушла, қочиб кетмасин, бошинг билан жавоб берасан ёки эвазига икки пуд кумуш берасан”, деди.

40 Мен, қулингиз, у–бу ишлар билан машғул бўлиб турганимда, асир ғойиб бўлди.

— Сен ўзингга ўзинг ҳукм чиқариб қўйибсан–ку, — деди Исроил шоҳи пайғамбарга.

41 Пайғамбар шу заҳоти кўзидан ёпинчиқни олди. Шоҳ билдики, у пайғамбарлардан бири экан.

42 Пайғамбар шоҳга деди:

— Эгамиз шундай айтмоқда: “Модомики, Мен ўлимга маҳкум этган одамни сен қўлингдан чиқариб юборган экансан, унинг жони эвазига сенинг жонингни оламан, унинг халқи ўрнига сенинг халқингни жазолайман.”

43 Ғазабланган Исроил шоҳи хафаҳол уйига жўнаб, Самарияга етиб келди.

Навўтнинг узумзори

1 Воқеалар кетидан воқеалар юз бераверди.

Йизрил шаҳрида, Самария шоҳи Ахабнинг саройи ёнида шу ерлик Навўт деган одамнинг узумзори бор эди.

2 — Узумзорингни менга бер, мен у ерни полиз қиламан, — деди Ахаб Навўтга. — Узумзоринг менинг уйимга яқин. Ўша жойнинг ўрнига мен сенга ундан ҳам яхшироқ узумзор бераман. Истасанг, баҳосини айт, кумуш берайин.

3 — Оталаримдан қолган меросни сизга бераманми?! Худо сақласин, — деб жавоб қайтарди Навўт Ахабга.

4 Йизриллик Навўтнинг: “Оталаримдан қолган меросни сизга бераманми?!” деган гапидан Ахаб ғазабланди, хафаҳол уйига келди. Нон ҳам емай ўринга кириб, тескари қараб ётаверди.

5 Хотини Изабел Ахабнинг ёнига келиб, ундан: “Нега руҳингиз тушкун, нон ҳам емадингиз?” деб сўради.

6 Ахаб бўлиб ўтган воқеани айтиб берди:

— Йизриллик Навўтга: “Узумзорингни менга сот, кумуш бераман, ёки истасанг унинг ўрнига сенга бошқа узумзор берай”, десам, у: “Узумзоримни сизга бермайман”, деб жавоб қилди.

7 — Сиз Исроил шоҳимисиз ўзи?! — деди Изабел Ахабга. — Туринг ўрнингиздан, нон–пон еб олинг. Кўнглингизни чоғ қилаверинг. Йизриллик Навўтнинг узумзорини сизга мен олиб бераман.

8 Изабел Ахаб номидан мактублар ёзди, Ахабнинг муҳри билан тасдиқлади. Мактубларни Навўт яшаётган шаҳарнинг оқсоқолларига, аслзодаларига юборди.

9 Мактуб қуйидаги мазмунда битилган эди:

“Рўза эълон қилинглар. Халқни тўплаб, Навўтни тўрга — ҳаммага кўринадиган жойга ўтқазиб қўйинглар.

10 Унинг рўпарасига эса иккита ярамас одам ўтирсин. Улар: «Эй Навўт, сен Худони ва шоҳни ҳақорат қилдинг», деб Навўтни айбласинлар. Кейин уни ташқарига олиб чиқиб, тошбўрон қилиб ўлдиринглар.”

11 Навўт истиқомат қиладиган шаҳардаги одамлар, аслзодалар ва оқсоқоллар ҳаммасини Изабел буюрганидай қилдилар.

12 Аввал рўза эълон қилдилар. Кейин халқни тўплаб, Навўтга тўрдан жой бердилар.

13 Иккита ярамас одам келиб, Навўтнинг рўпарасига ўтирди. Улар халқнинг олдида: “Навўт Худони ва шоҳни ҳақорат қилди”, деб Навўтга айб қўйишди. Шундан сўнг Навўтни шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, тошбўрон қилиб ўлдирдилар.

14 Оқсоқоллар ва аслзодалар: “Навўт тошбўрон қилиб ўлдирилди”, деб Изабелга хабар бердилар.

15 Изабел Навўтнинг тошбўрон қилиб ўлдирилганини эшитган замон Ахабга деди:

— Йизриллик Навўт узумзорини сизга кумушга ҳам сотмаган эди. Боринг энди, унинг ўша узумзорини ўзингизнинг мулкингизга қўшиб олинг. Навўт энди йўқ. У ўлибди.

16 Ахаб Навўтнинг ўлдирилганини эшитди–ю: “Тезроқ бориб, Йизриллик Навўтнинг узумзорини ўзимга мулк қилиб олай”, деб ҳаракатга тушди.

17 Ўша пайт Тишба шаҳридан бўлган Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилган эди:

18 “Бор, Самарияда ўтирган Исроил шоҳи Ахабни кутиб олиш учун чиқ. У ҳозир Навўтнинг узумзорида, ўша узумзорни ўзига мулк қилиб олмоқчи бўлиб, у ерга келди.

19 Ахабга шу гапларни етказ: «Эгам шундай айтмоқда: Навўтни ўлдириб, унинг мулкини ўзингга олмоқчимисан?! Навўтнинг қонини кўппаклар ялаган ерда сенинг қонингни ҳам кўппаклар ялайди.»”

20 — Ҳа, душманим, мени бу ерга ҳам топиб келдингми? — деди Ахаб Илёсга.

— Ҳа, топиб келдим, — деди Илёс, — сен Эгамиз олдида қабиҳликларга роса муккангдан кетдинг.

21 Эгамизнинг гапи шундай: “Бошингга бало ёғдираман, сени илдизингдан қуритаман. Исроилдаги сенга қарашли эркак зотини, хоҳ қул бўлсин, хоҳ озод бўлсин, қириб ташлайман.

22 Исроилни гуноҳга ботириб, Мен, Эгангни ғазаблантирганинг учун сенинг хонадонингни Набат ўғли Ерибомнинг хонадони кўйига, Охиё ўғли Башонинг хонадони кўйига соламан.”

23 Эгамиз Изабел ҳақида ҳам айтди: “Йизрил девори ичкарисида Изабел кўппакларга ем бўлар.”

24 Эй Ахаб, хонадонингдан бўлган одам шаҳарда ўлса кўппакларга ем бўлар, қирда ўлса кўкдаги қушларга ем бўлар.

25 Шу пайтгача ҳеч ким Ахаб сингари, Эгамиз олдида қабиҳликларга муккасидан кетмаган эди. Хотини Изабел эса уни гижгижлаб турар эди.

26 Ахаб, Амор халқи сингари, бутларга эргашиб, кўп қабиҳликлар қилган эди. Амор халқини эса гуноҳ ишлари учун Эгамиз у юртдан ҳайдаб, юртни Исроил халқига берган эди.

27 Ахаб Илёснинг айтганларини эшитиб, қайғудан кийимларини йиртди, қанор кийиб олди ва рўза тутди. Ҳатто ухлаганда ҳам қанорни ечмади, доимо ғамгин юрди.

28 Шундан кейин Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:

29 “Кўрдингми, Ахаб тавба қилиб, Менинг олдимда қандай мўмин бўлиб қолди! У Менга итоат қилгани учун ҳаёти давомида бошига бало келтирмайман. Ўғли шоҳ бўлгандан сўнг, унинг хонадонига бало–қазо ёғдираман.”

Михиё Ахабни огоҳлантиради

1 Орадан уч йил ўтди. Шу вақт оралиғида Орам билан Исроил ўртасида уруш бўлмади.

2 Учинчи йили Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Исроил шоҳи ҳузурига келди.

3 Исроил шоҳи аъёнларига деди:

— Гиладдаги Рамўт бизники эканини биласизларми? Лекин биз бу шаҳарни узоқ вақтдан буён Орам шоҳидан тортиб олмай, сукут сақлаб келяпмиз.

4 — Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа мен билан борасанми? — деб сўради Ахаб Ёҳушафатдан.

— Мени гўё ўзинг деб бил, халқимни ўзингнинг халқинг деб, отларимни ўзингнинг отларинг деб бил, — деди унга Ёҳушафат.

5 Ёҳушафат Исроил шоҳига яна айтди:

— Аввал Эгамизнинг хоҳиш–иродасини бил–чи, У нима дер экан.

6 Исроил шоҳи тўрт юзга яқин пайғамбарни тўплаб улардан сўради:

— Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа борайми ёки бормайми?

— Бораверсинлар, Раббий у шаҳарни шоҳ ҳазратларининг қўлига беради.

7 — Бу ерда улардан бошқа Эгамизнинг бирорта пайғамбари қолмадими? Агар бўлса, ундан ҳам сўраб кўрайлик, — деди Ёҳушафат.

8 — Яна бир киши бор, — деди Ахаб Ёҳушафатга, — Йимлонинг ўғли Михиё. У орқали Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билсак бўлади. Лекин мен уни ёмон кўраман, чунки у мен ҳақимда башорат қилса, хайрли гап айтмайди, ҳар доим хунук гап айтади.

— Эй шоҳ, бундай деб айтма, — деди Ёҳушафат.

9 Исроил шоҳи мулозимини чақириб:

— Тез бориб, Йимлонинг ўғли Михиёни олиб кел, — деб буюрди.

10 Исроил шоҳи Ахаб ва Яҳудо шоҳи Ёҳушафат шоҳлик либосларини кийиб, ҳар қайсиси ўз тахтида Самария дарвозаси ёнидаги буғдой янчиладиган майдонда ўтирар, ҳамма пайғамбарлар эса уларнинг рўпарасида туриб башорат қилаётган эди.

11 Ханано ўғли Зидқиё темир шохлар ясаб, деди:

— Эгамиз: “Орам лашкарини қириб битирмагунингча, уларни шу шохлар билан сузаверасан”, деб айтмоқда.

12 Бошқа пайғамбарлар ҳам шоҳга:

— Рамўтга бораверсинлар, албатта ғалаба қиладилар, Эгамиз ўша шаҳарни шоҳимизнинг қўлларига беради, — деб башорат қилдилар.

13 Мулозим Михиёни чақириш учун кетди. У Михиёнинг олдига бориб, унга деди:

— Қара, ҳозир ҳамма пайғамбарлар бир оғиздан шоҳга яхшиликдан башорат қиляптилар. Сенинг башоратинг ҳам уларникидай бўлсин. Сен ҳам яхшиликдан каромат қил.

14 — Худо ҳақи! Эгамиз менга нимани аён қилса, шуни айтаман, — деди Михиё.

15 Михиё шоҳ ҳузурига келди.

— Эй Михиё, мен Гиладдаги Рамўт шаҳрини қайтариб олиш учун жанг қилмоқчиман. Рамўтга ҳужум қилайми ёки йўқми? — деб сўради шоҳ ундан.

— Ҳужум қилаверсинлар, албатта ғолиб келадилар, — деди Михиё. — Эгамиз ўша шаҳарни шоҳ ҳазратларининг қўлига беради.

16 — Фақат ҳақиқатни айтишинг учун Эгамиз номини ўртага қўйиб, сенга неча марта онт ичдирайин?! — деб шоҳ ундан яна сўради.

17 Михиё унга шундай жавоб берди:

— Исроил халқини кўриб турибман, улар тоғлар устида ёйилиб юрган чўпонсиз қўйларга ўхшайди. Эгамиз менга деди: “Уларнинг хўжайини йўқ, ҳар бири ўз уйига тинч–омон қайтиб кетсин.”

18 — У мен ҳақимда башорат қилганда хайрли гап айтмайди, балки хунук хабар айтади, деб сенга айтмаганмидим?! — деб хафалигини изҳор қилди Ахаб Ёҳушафатга.

19 — Ундай бўлса, Эгамизнинг сўзларини эшитсинлар, — деди Михиё Ахабга. — Мен Эгамизни Ўзининг тахтида ўтирган ҳолатда кўрдим. Жамики самовий мавжудотлар Унинг ўнг ва чап томонидан жой олган эди.

20 Эгамиз улардан сўради: “Ахаб Гиладдаги Рамўт шаҳрига бориб, ўша ерда ҳалок бўлсин дея, ким уни ўзига оғдира олади?” Бири ундай деди, бошқаси бундай деди.

21 Бир пайт руҳлардан биттаси Эгамизнинг рўпарасида пайдо бўлди ва: “Уни мен кўндираман”, деди.

22 “Қандай қилиб кўндирасан?” сўради Эгамиз. “Мен чиқиб, ҳамма пайғамбарларнинг оғзида ёлғончи руҳга айланаман”, деди у. “Сен уни кўндир, бор, айтганингдай қил, сен уддасидан чиқасан”, деди Эгамиз.

23 Мана кўрдингизми, Эгамиз ҳамма пайғамбарларингизнинг оғзига ёлғончи руҳ солиб қўйган. У бошингизга фалокат келтиришга қарор қилган.

24 Шу пайт Ханано ўғли Зидқиё Михиёнинг олдига келиб, унинг юзига бир шапалоқ урди:

— Наҳотки Эгамизнинг Руҳи мени тарк этиб, сен билан гаплашгани кетган бўлса?! Айт–чи, у қайси йўлдан кетди? — сўради Зидқиё.

25 — Қараб тур, сичқоннинг ини минг танга бўлиб, яширингани ичкари хонага югурганингда кўрасан, — деди Михиё Зидқиёга.

26 — Михиёни ушланглар! — буюрди Исроил шоҳи. — Уни шаҳар ҳокими Омоннинг ва шаҳзода Йўшнинг ҳузурига олиб боринглар.

27 Уларга менинг амримни етказинглар. Улар Михиёни зиндонга ташлашсин. Мен соғ–саломат қайтиб келгунимча, оз–моз нон–сув бериб турсин, холос.

28 — Эй халойиқ! Ҳаммангиз эшитиб қўйинг! Агар шоҳ ҳазратлари соғ–саломат қайтиб келсалар, Эгамиз мен орқали гапирмаган бўлади, — деди Михиё.

Ахабнинг ўлими

29 Исроил шоҳи Ахаб билан Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Гиладдаги Рамўт шаҳрига кетишди.

30 — Мен қиёфамни ўзгартириб, жангга кираман, сен эса шоҳлик либосларингни кийиб ол, — деди Ахаб Ёҳушафатга.

Ахаб қиёфасини ўзгартириб, жангга кирди.

31 Орам шоҳи ўттиз иккита жанг аравалари қўмондонига: “Каттаси билан ҳам, кичиги билан ҳам жанг қилиб ўтирманглар, асосий ҳужумни Исроил шоҳининг ўзига қаратинглар”, деб амр берган эди.

32 Жанг аравалари қўмондонлари Ёҳушафатни кўргач: “Исроил шоҳи ана шу!” деб ўйлаб унга ҳужум бошладилар. Лекин Ёҳушафат жангга даъват қилиб бақирганда,

33 араваларнинг қўмондонлари билдиларки, у Исроил шоҳи эмас экан. Қўмондонлар орқага қайтдилар.

34 Бир одам бехосдан ёйини тортиб қўйиб юборган эди, ўқ тўппа–тўғри Исроил шоҳига келиб тегди. Шоҳнинг устидаги совути уланган жойдан ўқ кириб кетган экан. Шоҳ оғир жароҳатланди.

— Отни орқага бур, мен жароҳатландим, лашкар орасидан мени олиб чиқиб кет! — деди шоҳ извошчисига.

35 Ўша куни ғоятда шиддатли жанг бўлди. Шоҳ эса араваси устида суяниб Орам лашкарини кузатиб турди. Ўқ теккан жойдан араванинг ичига қон оқарди. Кечга томон бориб шоҳ қазо қилди.

36 Кунботар пайтида лашкар орасида: “Ҳар ким ўз шаҳрига, ўз юртига кетаверсин!” деган овоза тарқалди.

37 Шоҳнинг жасадини Самарияга олиб келиб, ўша ерда дафн қилдилар.

38 Аравани эса Самариядаги ҳовузда ювдилар. Фоҳишалар ҳам шу ерда ювинишарди. Эгамизнинг айтгани бўлди: кўппаклар унинг қонини ялади.

39 Ахабнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, фил суягидан қурган саройи, ҳамма мустаҳкам қилган шаҳарлари ҳақида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

40 Ахаб оламдан ўтди. Унинг ўрнига ўғли Охозиё шоҳ бўлди.

Яҳудо шоҳи Ёҳушафат

41 Исроил шоҳи Ахаб шоҳлик қилаётганига тўрт йил бўлганда, Ёҳушафат Яҳудога шоҳ бўлган эди. Ёҳушафат Осонинг ўғли эди.

42 Ўшанда Ёҳушафат ўттиз беш ёшда эди. У Қуддусда йигирма беш йил шоҳлик қилди. Онаси Озиба Шилхининг қизи эди.

43 Ёҳушафат отаси Осонинг йўлидан юрди. Йўлдан озмай, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. Лекин саждагоҳларни йўқ қилиб ташламади. Халқ ҳамон ўша жойларда қурбонлик қилиб, тутатқи тутатарди.

44 Ёҳушафат Исроил шоҳи билан сулҳ тузди.

45 Ёҳушафатнинг бошқа ишлари, кўрсатган қаҳрамонликлари, қандай жанг қилгани “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

46 Отаси Осо давридан қолган–қутган саждагоҳлардаги фоҳишларни Ёҳушафат юртдан қувиб чиқарди.

47 Бу пайтда Эдомда шоҳ йўқ эди, шоҳнинг ноиби юртни бошқарарди.

Ёҳушафатнинг кемалари

48 Ёҳушафат: “Офирдан олтин олиб келаман” деб, денгизда савдо кемалари ясади, лекин Эзйўн–Геберга борганда, кемалар парчаланиб, Офирга ета олмади.

49 Ўшанда Исроил шоҳи Охозиё Ёҳушафатга: “Менинг одамларим сенинг одамларинг билан бирга кемада кетсин”, деган, лекин у рози бўлмаган эди.

50 Ёҳушафат оламдан ўтди. У ҳам бобоси Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ёҳурам шоҳ бўлди.

Исроил шоҳи Охозиё

51 Ёҳушафат Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўн етти йил бўлганда, Охозиё Исроилга шоҳ бўлди. Охозиё Ахабнинг ўғли эди. У Самарияда истиқомат қиларди. У икки йил Исроил шоҳи бўлди.

52 Охозиё Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди. Ота–онасининг йўлидан, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибомнинг йўлидан кетди.

53 Охозиё Баалга хизмат қилиб, унга топинди. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз унинг қилмишларидан қаттиқ ғазабланди. Бинобарин, отаси ҳам Эгамизнинг қаҳрини келтирган эди.