2 Коринфликлар
Дуойи салом
1 Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен — Павлусдан ва биродаримиз Тимўтийдан Худонинг Коринф шаҳридаги жамоатига ҳамда Ахая вилоятидаги барча Худонинг азизларига салом!
2 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга инояту тинчлик ато қилсин.
Тасалли манбаи — Худо
3 Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога, ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо — марҳаматли Отага ҳамду санолар бўлсин!
4 Ҳар хил азоб–уқубатларга учраганимизда, Худо бизга тасалли беради. Шундай экан, биз ҳам азоб чекаётган инсонга тасалли бера оламиз. Худо бизга берган тасалли билан уни овунтира оламиз.
5 Масиҳга ўхшаб биз қанчалик кўп азоб чексак, Худо бизга Масиҳ орқали шунчалик кўп тасалли беради.
6 Биз азоб–уқубатларга дучор бўлаётган эканмиз, сизлар тасалли ва нажот топишингиз учундир. Биз тасалли топаётган бўлсак, бу ҳам сизлар тасалли топишингиз учундир, токи сизлар ҳам бизга ўхшаб азоб–уқубатларга учраганингизда бардош бера олинг.
7 Сизлар нафақат азоб–уқубатларимизга, балки тасаллимизга ҳам шерик бўлишингизга ҳеч шубҳамиз йўқ.
8 Эй биродарлар, биз шуни истар эдикки, сизлар Асия вилоятидаги биз чеккан азоблардан бехабар қолманглар. Биз ҳаддан ташқари, чидаб бўлмас даражада азоб–уқубат тортдик, ҳатто тирик қолишдан ҳам умидимизни узган эдик.
9 Ўлим муқаррар эканлигига амин бўлган эдик. Буларнинг ҳаммаси бизнинг ўзимизга эмас, балки ўликларни тирилтирадиган Худога умид боғлашимиз учун содир бўлди.
10 Ҳақиқатан ҳам Худо бизни шундай оғир ўлим таҳликасидан қутқарди ва яна қутқаради ҳам. Ҳа, Худо бизни яна қутқаради, деб Ундан қаттиқ умид қиламиз.
11 Сизлар ҳам ибодатларингиз орқали бизнинг фаолиятимизга шерик бўляпсизлар. Буни кўриб, кўпчилик биз учун Худога шукр айтади, чунки уларнинг биз учун қилган илтижолари натижасида Худо бизга илтифот кўрсатди.
Павлуснинг сафар режалари ўзгаради
12 Виждонимиз гувоҳлик бериб турибди, биз бу дунёда, айниқса сизлар билан бўлган муносабатимизда Худо ато қилган соддалик ва самимийлик билан иш тутдик. Биз дунёвий доноликка эмас, балки Худонинг иноятига таяниб ҳаракат қилдик. Фахрланишимизнинг сабаби ана ўшадир.
13-14 Сизлар ўқиб, тушуна оладиганлардан бошқа ҳеч нарса ёзмаймиз. Сизлар ҳозир бизни қисман бўлса–да, тушунасизлар. Умид қиламанки, бир кун келиб, сизлар қуйидагини тўла англаб оласиз: биз сизлардан қандай фахрлансак, сизлар ҳам Раббимиз Исо келадиган кунда биздан шундай фахрлана оласизлар.
15 Юқорида айтиб ўтганларимнинг тўғрилигига ишонганим учун мени икки марта кўриб, хурсанд бўлиб қолинглар деган ниятда сизларнинг олдингизга бормоқчи эдим.
16 Македонияга бораётганимда сизларнинг олдингизга кириб ўтиш, қайтишда ҳам сизларни кўриб кетиш ниятим бор эди. Шундай қилиб, Яҳудияга кетишимда йўлда учраши мумкин бўлган эҳтиёжларимни қондириб, кузатиб қўярдингизлар.
17 Шундай режаларим бор эди. Ўша режалар амалга ошмаса, енгилтаклик билан иш тутган бўламанми?! Ёки мен режа қилаётган пайтда гоҳ “ҳа”, гоҳ “йўқ” дейдиган, бетайин одамга ўхшайманми?!
18 Худо ишончлидир, шунинг учун сизларга етказган хабаримиз ҳам ҳеч ўзгармайди.
19 Силас, Тимўтий ва мен сизларга Худонинг Ўғли — Исо Масиҳ ҳақида айтганмиз. Исо Масиҳ ўзгарувчан эмас. У доимо садоқатлидир.
20 Исо Масиҳ орқали Худо Ўз ваъдаларини бажаради, шунинг учун биз ҳам Исо Масиҳ орқали Худони улуғлаб, “Омин, илойим шундай бўлсин”, деймиз.
21 Худонинг Ўзи бизни ҳам, сизларни ҳам Исо Масиҳга бўлган имонимизда мустаҳкам қилади. У бизни Ўзи учун танлаб олди.
22 Бизга Ўз муҳрини босиб, келажакдаги қут–баракаларнинг кафили сифатида Муқаддас Руҳни берди.
23 Худо шоҳид, ўз жоним ҳақи айтяпман, сизларни аяганим учун ҳануз Коринфга бормадим.
24 Биз сизларнинг имонингиз устидан ҳукмдормиз, демоқчи эмасман, чунки сизлар имонда маҳкам турибсизлар. Хизмат қилишимиздан мақсад қувончингизни кўпайтиришдир.
1 Яна хафагарчилик келтирмаслик учун сизларнинг олдингизга бормасликка қарор қилдим.
2 Ахир, сизларни хафа қилсам, менга хурсандчилик келтирадиганларни хафа қилган бўламан–ку! Ундай ҳолда, ким мени хурсанд қилади?!
3 Олдинги мактубни ёзганимнинг сабаби ҳам шудир, токи сизларнинг олдингизга борганимда орамизда хафагарчилик бўлмасин, ахир, менга катта қувонч келтирадиган сизлар эмасми?! Ишончим комилки, менинг қувончим сизларнинг қувончингиздир.
4 Сизларни хафа қилиш учун эмас, балки сизларни қанчалик яхши кўришимни кўрсатиш учун ўша мактубни ёзган эдим. Уни чуқур қайғу, изтироб билан, кўз ёш тўкиб ёзган эдим.
Гуноҳ қилган одамни кечириш ҳақида
5 Мени хафа қилган одам фақатгина мени эмас, балки қайсидир даражада сизларнинг ҳаммангизни хафа қилган бўлади, аммо бу масалага керагидан ортиқ урғу бермайлик.
6 Ахир, хафа қилган одамга кўпчилик томонидан берилган жазо етарли.
7 Энди бўлса, уни кечириб, тасалли беринглар, токи у ҳаддан ортиқ қайғуриб, тушкунликка тушмасин.
8 Сизлардан ўтинаман, унга бўлган меҳр–муҳаббатингизни кўрсатинг.
9 Олдинги мактубимни ёзишдан яна бир мақсадим шу эди: сизлар ҳар жиҳатдан итоаткор эканмисиз ёки йўқми, шуни билмоқчи эдим.
10 Сизлар бирор кишини кечирсангиз, мен ҳам уни кечираман. Бирортаси кечиришим керак бўладиган айб иш қилган бўлса, сизларнинг манфаатингизни кўзлаб, Масиҳнинг ҳузурида уни кечираман.
11 Шайтонга алданиб қолмайлик, ахир, унинг фитналаридан бехабар эмасмиз–ку!
Павлус Троас шаҳрида безовта бўлади
12 Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни эълон қилиш учун Троас шаҳрига борганимда, Эгамиз менга йўл очиб берган эди.
13 Аммо кўнглим нотинч эди, чунки биродарим Титусни у ерда топа олмадим. Шунинг учун у ердагилар билан хайрлашиб, Македонияга жўнадим.
Масиҳ орқали қозониладиган ғалаба
14 Худога шукур! Худо бизга Масиҳнинг тантанали юришида иштирок этишни насиб қилди. Атирнинг ҳиди қандай таралса, худди шу сингари, ҳар ерда ва ҳар доим Худо биз орқали Ўзи ҳақидаги хабарни тарқатмоқда.
15 Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни ёяр эканмиз, биз нажот топадиганлар орасида ҳам, ҳалок бўладиганлар орасида ҳам Худога хуш келадиган тутатқи назрининг ҳидига ўхшаймиз.
16 Бу ҳид ҳалок бўладиганлар учун ўлим ҳидидир, нажот топадиганлар учун эса ҳаётбахш хушбўй ҳиддир. Бундай юксак масъулиятга Худо бизни лойиқ топди.
17 Мана, биз кўпчилик каби, Худонинг каломини бозорга солмаймиз. Аксинча, Худо томонидан юборилган ва Масиҳ хизматида бўлган кишилардек, Худонинг кўзи олдида соф кўнгил билан воизлик қилмоқдамиз.
Янги аҳднинг улуғлиги
1 Яна ўзимизни тавсия қиляпмизми?! Ёки баъзиларга керак бўлгандай, сизларга тавсияномалар кўрсатишимиз керакми ёки сизлардан бизга тавсияномалар керакми?!
2 Ахир, юрагимизга ёзилган тавсияномамиз сизларнинг ўзингиз–ку! Бу ҳаммага аён, уни ҳамма ўқий олади.
3 Очиқ кўриниб турибдики, бизнинг хизматимиз туфайли ёзилган Масиҳнинг мактуби сизларсиз. Бу мактуб сиёҳ билан эмас, балки барҳаёт Худонинг Руҳи орқали ёзилган, тош лавҳаларга эмас, балки инсон қалбининг лавҳаларига ёзилгандир.
4 Масиҳ туфайли Худонинг олдида буларга ишончимиз комилдир.
5 Ахир, биз ўзимизнинг кучимиз билан бирор нарса қила олмаймиз–ку! Ҳамма қобилиятимиз бизга Худо томонидан берилган.
6 Худо бизга янги аҳднинг хизматкорлари бўлиш қобилиятини берди. Бу аҳд қонунга эмас, балки Руҳга асосланиб тузилган, чунки қонун ўлимга етаклайди, Руҳ эса ҳаёт бағишлайди.
7 Тош лавҳаларга ёзилган, ўлимга етаклайдиган эски аҳднинг қонун–амрлари шунчалик улуғворликка эга эдики, Исроил халқи Мусонинг ўша улуғворликдан порлаётган юзига тик қарай олмаган эди. Ўткинчи улуғворлик шунчалик порлоқ экан,
8 Руҳ орқали тузилган аҳд келтирадиган улуғворлик қандай порлоқ бўлиши ҳақида бир ўйлаб кўринг–чи!
9 Ўлим ҳукмини келтирадиган эски аҳд улуғвор экан, инсонларни оқлайдиган аҳд ундан ҳам улуғвор бўлмайдими?!
10 Энди бу ажойиб улуғворлик олдида ўша олдинги улуғворлик арзимас бўлиб қолди.
11 Ўткинчи эски аҳд улуғвор бўлган экан, боқий бўлган бу янги аҳд нақадар улуғвордир!
12 Шундай умидимиз борлиги учун ҳам жасорат билан Хушхабарни айтамиз.
13 Биз Мусога ўхшамаймиз. Юзида порлаб турган ўткинчи улуғворликни Исроил халқи кўрмаслиги учун Мусо юзини ёпган эди.
14 Исроил халқининг ақли ўтмас бўлиб қолганди. Бугунга қадар эски аҳд ўқилганда, худди бир парда уларнинг онгини тўсиб турганга ўхшайди. Бу пардани фақатгина Масиҳ олиб ташлайди.
15 Ҳа, ҳозир ҳам Мусонинг қонуни ўқилганда, уларнинг онги тўсиқдир.
16 Аммо Эгамизга юз бурган инсоннинг онгидан тўсиқ парда олиб ташланади.
17 Бу ерда Эгамиз деганда, Муқаддас Руҳни назарда тутяпман. Эгамизнинг Руҳи қаерда бўлса, ўша ерда эркинлик бор.
18 Биз ҳаммамиз очиқ юз билан Эгамизнинг улуғворлигини кўриб турибмиз. Биз ўзгариб борар эканмиз, янада улуғвор бўлиб, Эгамизга ўхшаган бўламиз. Буларнинг ҳаммаси Эгамизнинг Руҳи орқали содир бўлмоқда.
Сопол идишлардаги улуғ хазинамиз
1 Биз Худонинг марҳамати билан янги аҳднинг хизматкорлари бўлганимиз учун тушкунликка тушмаймиз.
2 Аксинча, сирли ва уятли ишлар қилишдан, макр–ҳийла ишлатишдан бош тортиб, Худонинг каломини бузмай гапирамиз. Ҳақиқатни очиқ–ойдин айтиб, Худонинг ҳузурида ўзимизни бошқа одамларнинг ҳукмига топширамиз.
3 Хушхабаримиз сирли, тўсиқ парда ортида тургандай бўлиб туюлса, у ҳалок бўладиганлар учун шундай туюлади.
4 Бу дунёнинг худоси имонсизларнинг онгини кўр қилиб қўйган. Шунинг учун улар Хушхабарнинг нурини кўра олмайдилар. Бу Хушхабар Худонинг аниқ тасвири бўлган Масиҳнинг улуғворлигини кўрсатади.
5 Биз ўзимиз ҳақимизда эмас, Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида ваъз қиламиз. Исонинг йўлида сизларнинг хизматкорларингизмиз.
6 Худо дунёни яратганда Ўз сўзи билан зулматдан нур яратган эди. Энди У Ўзининг нури билан бизнинг юракларимизни ҳам ёритди, Исо Масиҳ сиймосида порлаб турган Ўз улуғворлигини бизга кўрсатди.
7 Шундай ажойиб хазинани сопол идишлардай бўлган таналаримизда олиб юрибмиз. Шу орқали олий қудрат бизга эмас, Худога мансуб эканлиги кўриниб турибди.
8 Биз ҳар томонлама жабрланиб эзиламиз, аммо синмаймиз. Кўнглимиз алағда бўлиб, мушкул аҳволга тушсак ҳам умидимизни йўқотмаймиз.
9 Қувғинларга учраймиз, лекин Худо ҳеч қачон бизни ташлаб кетмайди. Бизни ерга йиқитадилар, аммо яксон қила олмайдилар.
10 Исо Масиҳ ўлимга рўбарў бўлганидек, биз ҳам азоб–уқубат тортиб, ўлим таҳликасида яшаяпмиз, токи Исонинг ҳаёти бизнинг танамизда намоён бўлсин.
11 Исо Масиҳга тегишли бўлганимиз учун биз доим ўлимга дучор бўляпмиз, токи Исонинг ҳаёти бизнинг фоний баданимизда намоён бўлсин.
12 Шундай қилиб, ўлим хавфи остида яшашимиз сизларга абадий ҳаёт келтиради.
13 Муқаддас битикларда: “Ишонганим учун гапирдим”, деб ёзилган. Бизда ҳам шундай имон бор, шунинг учун Хушхабар айтишни давом эттираверамиз.
14 Биламизки, Раббимиз Исони тирилтирган Худо бизни ҳам Исога ўхшатиб тирилтиради ва сизлар билан бирга Ўзининг ҳузурига олиб киради.
15 Бошимиздан ўтганларнинг ҳаммаси сизларнинг манфаатингиз учун юз берган. Худонинг инояти кўпдан–кўп одамлар орасида ёйилар экан, Худога янада кўп одамлар шукур айтади ва бундан Унга янада кўпроқ шон–шуҳрат келади.
16 Шунинг учун ҳам умидимизни йўқотмаймиз. Тўғри, бу фоний баданимиз хазон бўляпти, аммо биз руҳан янгиланиб боряпмиз.
17 Бизнинг ўткинчи, енгил азоб–уқубатларимиз бизга ҳаддан ташқари ажойиб ва абадий улуғворлик келтиради.
18 Ахир, биз кўринадиган нарсаларга эмас, балки кўринмайдиган нарсаларга кўз тикканмиз. Кўринадиган нарсалар ўтиб кетади, кўринмайдиганлари эса мангудир!
Самовий масканимиз
1 Биламизки, биз макон қилган бу танамиз ер юзидаги бир кулбадайдир. Бу кулба хароб бўлганда, Худо самода бизга қўл билан қурилмаган мангу бир уй беради.
2 Биз самовий масканимизга етишишни кутиб, бу ердаги кулбада, яъни танамизда оҳ чекиб юрибмиз.
3 Худо бизга самовий тана беради, руҳимиз маскансиз қолмайди.
4 Бу танамизда эканмиз, худди оғир юк остида қолгандек оҳ–нола чекамиз. Ўлишни хоҳламаганимиз учун оҳу нола қиламиз. Самовий тана дарҳол бу моддий тананинг ўрнини олишини истаймиз. Ахир, ўшанда мангу тана фоний тананинг ўрнини эгаллайди.
5 Худо бизни мана шу мақсад учун яратган ва бунга кафил сифатида бизга Муқаддас Руҳни ато қилган.
6 Биз бу танада бўлганимизда самовий масканимиздан ва Эгамиздан узоқда эканлигимизни билсак ҳам ишончимиз барқарор.
7 Ахир, биз кўзга кўринадиган нарсаларга эмас, балки имонимизга таяниб ҳаёт кечирамиз.
8 Ҳа, ишончимиз барқарор, шунинг учун бу таналаримизни ташлаб, Эгамиз билан бирга самода маскан қилишни афзал кўрамиз.
9 Хоҳ мана шу фоний танада бўлайлик, хоҳ абадий масканда бўлайлик, бизнинг мақсадимиз Эгамизни мамнун қилишдир.
10 Чунки ҳар биримиз Масиҳнинг ҳукм курсиси олдида ҳозир бўлишимиз керак. Шунда ҳар биримиз қилган яхши ёки ёмон ишларимизга яраша мукофот ёки жазо оламиз.
Худо билан ярашиш
11 Биз Худодан қўрқиш нималигини билганимиз учун бошқаларни ҳам Хушхабарга ишонишга даъват қиламиз. Биз қандай одам эканлигимиз Худога аёндир, умид қиламанки, сизлар ҳам бизнинг қандайлигимизни очиқ–ойдин биласизлар.
12 Биз ўзимизга ўзимиз тавсия бермаяпмиз. Аксинча, биз билан фахрланиш имконини сизларга беряпмиз. Шунда қалбидаги ўй–хаёлу фазилатлар билан эмас, балки ташқи қиёфаси билан мақтанадиган инсонларга сизлар ўринли жавоб бера оласизлар.
13 Агар биз бошқаларга ақлдан озгандай кўринсак, бу Худога шуҳрат келтириш учундир. Ақлимиз жойида бўлса, бу сизларнинг манфаатингиз учундир.
14 Ахир, Масиҳнинг бизга бўлган муҳаббати бизни рағбатлантиради. Бир Одам ҳамма учун ўлган бўлса, демак, биз ҳаммамиз ўлганмиз деган хулосага келдик.
15 Ҳа, Масиҳ ҳамма учун ўлди, токи яшаётганлар энди ўзлари учун эмас, балки улар учун ўлган ва тирилган Масиҳ учун яшасинлар.
16 Шу сабабдан энди биз ҳеч кимга инсоний нуқтаи назардан баҳо бермаймиз. Бир вақтлар Масиҳга ҳам инсоний нуқтаи назардан баҳо берган эдик, энди эса ундай қилмаймиз.
17 Бинобарин, ким Масиҳга тегишли бўлса, у янги ижоддир. Эски ҳаёт ўтиб кетди, янгиси эса бошланди.
18 Буларнинг ҳаммаси Худодандир. У Масиҳ орқали бизни Ўзи билан яраштирди ҳамда бошқаларга Худо билан ярашиш йўлини кўрсатиш хизматини бизга берди.
19 Ҳа, Худо инсонларни гуноҳлари учун жазоламади, аксинча, Масиҳ орқали дунёни Ўзи билан яраштирди. Ярашиш ҳақидаги бу хабарни етказишни эса бизга топширди.
20 Шундай қилиб, биз Масиҳнинг элчиларимиз, Худо биз орқали инсонларга мурожаат этяпти. Масиҳ номидан ёлворяпмиз: сизлар ҳам Худо билан ярашинглар.
21 Ахир, Худо бизни Масиҳ орқали оқлаш учун бегуноҳ Масиҳни гуноҳкорни жазолагандай, жазолади.
1 Худонинг ҳамкорлари сифатида сизларга ёлворамиз: Худонинг инояти ҳаётингизда самарасиз бўлмасин.
2 Худо шундай деб айтяпти:
“Мурувват пайти келганда,
Мен сенга қулоқ соламан.
Нажот куни келганда,
Мен сенга ёрдам бераман.”
Ўша мурувват пайти ҳозирги пайтдир, ўша нажот куни бугунги кундир.
Худонинг ҳақиқий хизматкорлари
3 Хизматимизда бирорта айб топилмасин деб, биз ҳеч кимни заррача ранжитмаймиз.
4 Худонинг ҳақиқий хизматкорлари эканлигимизни ўз ҳаракатларимиз билан исботлаяпмиз. Ҳар хил қийинчиликлару кулфатлар бошимизга тушганда, танг аҳволда қолганимизда сабр–тоқат кўрсатяпмиз.
5 Бизни урганларида, қамоққа ташлаганларида, ғалаёнларда қолганимизда, машаққат билан меҳнат қилганимизда, уйқусизликда ва оч қолганимизда, ҳаммасига бардош бердик.
6 Поклик, донолик, сабр–тоқат билан яшаб, меҳрибон бўлиб, Муқаддас Руҳ бизда маскан қилганини кўрсатиб, самимий муҳаббатимиз билан Худонинг хизматкорлари эканимизни исботладик.
7 Биз ҳақиқатни эълон қиляпмиз, Худонинг қудратига таяниб хизмат қиляпмиз. Ҳам ўнг қўлимизда, ҳам чап қўлимизда солиҳлик қуролларини тутиб юрибмиз.
8 Шарафга эришамизми ёки иснодга қоламизми, бошқалар бизни ҳақорат қиладими ёки мақтайдими, ҳар қандай вазиятда Худонинг хизматкорлари эканлигимизни кўрсатяпмиз. Бизни ёлғончи, деб айтишади, аммо биз ҳақиқатгўймиз.
9 Машҳур эмасмиз, аммо бизни билишади. Бизни ўлган деб ҳисоблайдилар, аммо мана, тирикмиз. Бизни жазога тортадилар, аммо ўлимга маҳкум қилмайдилар.
10 Бизни хафа қиляптилар, аммо доимо хурсандмиз. Ўзимиз камбағалмиз–у, кўп кишиларни бойитамиз. Ҳеч нарсамиз йўғ–у, аммо ҳамма нарсага эгамиз.
11 Эй Коринфликлар! Сизларга бемалол, очиқ–ойдин гапирдик. Сизларга бағримизни кенг очдик.
12 Биз сизлардан меҳр–муҳаббатимизни аямадик, сизлар эса ўз меҳрингизни биздан қизғанасиз.
13 Сизларга ўз фарзандларимга гапираётгандай гапиряпман. Биз сизларга қандай муомала қилсак, сизлар ҳам бизга шундай муомала қилинг: бизга бағрингизни кенг очинг.
Барҳаёт Худонинг маъбади
14 Имонсизлар билан шерик бўлманглар. Солиҳлик билан қабиҳликнинг орасида қандай алоқа бор?! Нур билан зулмат орасида қандай умумийлик бўлиши мумкин?!
15 Масиҳ билан шайтон орасида қандай иттифоқ бўлиши мумкин?! Имонли билан имонсизнинг орасида қандай шериклик бўлиши мумкин?!
16 Худонинг маъбади билан бутлар орасида қандай умумийлик бор?! Ахир, биз барҳаёт Худонинг маъбадимиз–ку! Худо шундай деб айтган:
“Мен уларнинг орасида яшайман,
Уларнинг орасида юраман.
Мен уларнинг Худоси бўламан,
Улар эса Менинг халқим бўлади.”
17 Бинобарин, Эгамиз шундай деган:
“Халқлар орасидан чиқинглар,
Улардан ажралиб чиқинглар,
Ҳаромга қўл теккизманг,
Шунда Мен сизларни қабул қиламан.”
18 Қодир Худо — Эгамиз яна шундай деб айтган:
“Мен сизларга ота бўламан,
Сизлар эса Менга ўғил–қизлар бўласизлар.”
1 Эй азизларим, Худо бизга шундай ажойиб ваъдалар берган экан, баданимизни ва руҳимизни булғовчи ҳар қандай нарсадан ўзимизни поклайлик. Худодан қўрқиб яшаб, бутунлай Худо учун ажратилган эканлигимизни кўрсатайлик.
2 Бизга бўлган меҳрингизни кўрсатинг. Биз ҳеч кимга озор бермадик, ҳеч кимга зиён етказмадик, ҳеч қачон ўзимизнинг манфаатимизни кўзлаб, бошқалардан фойдаланмадик.
3 Буларни сизга таъна қилиб айтмаяпман. Ахир, олдин айтганимдек, ўламизми, яшаймизми, сизлар бизнинг дилимиздасиз.
4 Сизларга жасорат билан гапира оламан, сизлар билан жуда фахрланаман. Азоб–уқубатларимиз қанчалик кўп бўлмасин, дилим тасаллидан тўлиб–тошади, беҳад қувонаман.
Павлуснинг шодлиги
5 Биз ҳатто Македонияга борганимиздан кейин ҳам ҳеч хотиржам бўла олмадик, аксинча, ҳар томондан ғам–ғуссага тушдик: сиртдан ҳужумлар бўлди, кўнглимизда эса қўрқувлар бор эди.
6 Тушкунликка тушганларга тасалли берувчи Худо Титусни ёнимизга юбориб, бизга тасалли берди.
7 Биз фақатгина унинг келганидан эмас, балки унинг сизлардан олган тасаллиси ҳақида эшитиб ҳам анча далда топдик. Сизлар мени қаттиқ соғинаётганингиз, мен учун қайғуриб, тарафимни олганингиз ҳақида хабар олиб келганидан жуда севиндим.
8 Шу сабабдан мактубим билан сизларни хафа қилган бўлсам ҳам, уни ёзганимдан афсусланмайман. Тўғри, бу мактуб сизларни бир оз муддатга бўлса–да, хафа қилганини билиб афсусландим.
9 Мана энди севиняпман. Сизлар хафа бўлганингиздан эмас, балки бу хафагарчилик сизларни тавбага келтиргани учун севиняпман. Худо бу хафагарчиликни яхшилик учун ишлатди, шунинг учун биздан ҳеч қандай зиён кўрмадингиз, деб айта оламан.
10 Ахир, Худо яхшиликка ишлатадиган хафагарчилик тавбага олиб келади, тавба эса нажотга етаклайди ва ҳеч қандай армону афсусга сабаб бўлмайди. Бу дунё келтирадиган хафагарчилик эса ўлимга олиб боради.
11 Мана қаранг, Худо яхшиликка ишлатадиган хафагарчилик сизларнинг ҳаётингизда қандай самара келтирди. Энди сизлар менга қарши эмаслигингиз кўриниб турибди. Ўша айбдор бўлган инсондан ғазабланяпсиз, унга ҳамтовоқ бўлиб қолишдан қўрқяпсиз. Мени кўришга интизорсиз. Айбдорни жазолашга тайёрсиз. Мана шуларнинг ҳаммаси сизларнинг бу борада пок эканлигингизни исботламоқда.
12 Мен бу мактубни айб иш қилган инсон ҳақи ёки айб иш туфайли ранжиган инсон ҳақи ёзмадим. Асосий мақсад, Худонинг олдида сизларнинг менга қанчалик бағишланган эканлигингизни ўзларингизга кўрсатиш эди.
13 Шунинг учун биз анча тасалли топдик.
Бундан ташқари, Титуснинг хурсандчилиги бизни янада қувонтирди, чунки сизлар унинг руҳини кўтарибсизлар.
14 Мен унга сизларни мақтаган эдим, сизлар мени уятга қолдирмабсизлар. Сизларга айтганларимиз тўғри бўлгани каби, мақтаниб Титусга айтганларим ҳам тўғри эканлиги исботланди.
15 Титус сизларнинг итоаткорлигингизни, уни ҳурмат–эҳтиром билан кутиб олганингизни эслар экан, унинг сизларга бўлган муҳаббати янада ошиб бормоқда.
16 Сизларга тўлиқ ишона олганимдан жуда хурсандман.
Қуддусдаги жамоат учун ҳадя
1 Энди биродарлар, Худонинг Македониядаги жамоатларга кўрсатган инояти ҳақида сизларга айтмоқчимиз.
2 Улар оғир кулфатларга йўлиқиб, синалган бўлсалар–да, жўшқин бир севинчга тўлиб–тошдилар, ўта камбағал бўлсалар–да, юраклари сахийликка бой эканлигини кўрсатдилар.
3 Улар ўз хоҳишлари билан, қўлларидан келганча, ҳатто имконларидан ортиқ хайр–эҳсон берганларига мен шоҳидман.
4 Улар, Худонинг Қуддусдаги азизларига ёрдам беришда иштирок этайлик, деб биздан ўтиниб сўрадилар.
5 Ҳатто умид қилганимиздан ҳам зиёдроғини қилдилар. Худонинг иродаси бўйича улар ўзларини аввал Раббимиз Исога, кейин эса бизга бағишладилар.
6 Титус сизларнинг орангизда бошлаган хайрли ишини битирсин деб, уни рағбатлантирдик.
7 Сизлар имон ва илм–маърифатга бой, гапга чечан, нотиқликда моҳирсизлар, ғайрату тиришқоқликда ҳеч кимдан қолишмайсизлар, биз туфайли қалбингизда уйғонган меҳр–муҳаббатингиз чексиздир. Шундай экан, бу хайрли иш орқали сахийлигингизнинг чексизлигини ҳам кўрсатинг.
8 Мен буни сизларга буйруқ тариқасида эмас, балки меҳр–муҳаббатингизнинг самимийлигини исбот қилишингиз учун айтяпман. Шунинг учун бошқаларнинг ғайратию тиришқоқлигига эътиборингизни қаратяпман.
9 Ахир, ўзингиз Раббимиз Исо Масиҳнинг кўрсатган иноятини биласизлар–ку, У бой бўлса ҳам, сизларни бой қилиш учун камбағал бўлди.
10-11 Юқорида айтиб ўтилган хайр–эҳсонлар ҳақида маслаҳатим қуйидагичадир: ўтган йили нафақат ўша хайрли ишни қилишни бошладингиз, балки бу ишга қўшилиш ҳақида ўзингиз хоҳиш билдирган эдингиз. Энди ўз манфаатингиз учун хайрли ишингизни охирига етказинглар, қандай ният билан бошлаган бўлсангиз, шундай қилиб, қўлингиздан келганича битиришга ҳаракат қилинглар.
12 Агар инсон ҳадя беришни хоҳласа, ундан йўқ бўлган нарса талаб қилинмайди, балки ўзида бор нарсасини бергани қабул қилинади.
13 Бошқаларнинг ҳаёти енгиллашиб, сизлар эса оғир аҳволда қолишингизни истамаймиз. Ҳамманинг орасида тенглик бўлсин.
14 Ҳозирги пайтда сизлардаги барака улардаги етишмовчиликларни тўлдирсин, пайти келганда улардаги барака сизлардаги етишмовчиликларни тўлдиради, шундай қилиб тенглик бўлади.
15 Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган: “Кўп йиғиб олганлардан ҳеч нарса ортиб қолмади, оз йиғиб олганлар учун эса етарли бўлди.”
Титус ва унинг йўлдошлари
16 Худога шукур! Мен сизларга қандай ғамхўр бўлсам, Худо сизларга нисбатан шундай ғамхўрликни Титуснинг дилига жо қилди.
17 Ахир, Титусдан сизларнинг олдингизга боришни илтимос қилганимда, у нафақат рози бўлди, балки хоҳиш ва иштиёқ билан борди.
18 У билан бирга барча жамоатларда Хушхабарнинг воизи деб мақталган биродарни ҳам юбордик.
19 Хайрли ишда ёрдам қилиб, улар билан бирга Қуддусга борсин деб, жамоатлар уни бизга йўлдош қилиб сайлаган эдилар. Биз бу ишни Эгамизни улуғлаш учун ҳамда ўзимизнинг иштиёқимизни кўрсатиш учун қиляпмиз.
20 Сахийлик билан берилган хайр–эҳсонларни аталган одамларга етказишда ҳеч қандай айб иш қилмаяпмиз.
21 Биз нафақат Эгамизнинг назарида, балки инсонлар олдида ҳам тўғри иш қилишга ҳаракат қиляпмиз.
22 Титус ва ваъзхон биродарга қўшиб, яна бир биродарни ҳам юборяпмиз. У биз томондан кўп синалган ва ҳар жиҳатдан ғайратли эканлигини кўрсатган. Сизларга нисбатан ишончи комил бўлгани учун унинг сизларга хизмат қилиш иштиёқи янада кўпайган.
23 Агар Титус ҳақида кимдир сўраса, у менинг ҳамроҳим ва сизлар учун хизмат қилаётган ҳамкорим эканлигини айтинглар. Ҳалиги икки биродар эса жамоатлар томонидан юборилган ва улар Масиҳга улуғворлик келтирадилар.
24 Шундай қилиб, жамоатлар олдида ўша биродарларга бўлган меҳр–муҳаббатингизни кўрсатиб, уларга сизларни мақтаганимиз бекор эмаслигини исботланг.
Сахий бўлишга даъват
1 Сизларга Худонинг Қуддусдаги азизлари учун бериладиган ёрдам ҳақида ёзишимга ҳеч ҳожат йўқ.
2 Ахир, биламан–ку, сизлар ёрдам беришга тайёрсизлар, шунинг учун ҳам “Ахая ҳудудидаги имонлилар ўтган йилдан бери тайёр”, деб Македониядаги имонлиларга сизларни мақтаб юрибман. Сизларнинг сахийлик билан бераётган хайр–эҳсонларингиз уларни ҳам сахийликка ундади.
3 Энди ўша мақтанганларим бекор эмаслигини кўрсатиш учун ҳамда мен айтганимдай тайёр бўлиб туришингиз учун биродарларни сизларнинг олдингизга юборяпман.
4 Яна Македонияликлардан баъзилари мен билан бирга борса–ю, сизлар тайёр бўлмасангиз, сизларга қаттиқ ишонган биз уятга қоламиз, сизлар эса биздан баттар уялиб қоласиз.
5 Шу сабабдан ваъда қилган ҳадянгизни олдиндан тайёрлаб қўйинглар деб, ўзим бормасимдан аввал сизларнинг олдингизга биродарларни юборишни лозим кўрдим. Шунда сизларнинг ҳадянгиз норозилик билан эмас, сидқидилдан берилган ҳадя бўлади.
6 Шуни унутмангки, оз эккан оз ўриб олади, мўл эккан эса мўл ўриб олади.
7 Ҳар ким норози бўлиб ёки мажбурият билан эмас, балки кўнглида ният этганини берсин. Ахир, Худо мамнуният билан берадиган инсонни яхши кўради.
8 Худо сизларнинг ҳаётингизни ҳар жиҳатдан иноятга тўлдириб–тоштиришга қодирдир. Шунда ҳар доим, ҳар жиҳатдан, ҳамма эҳтиёжингиз қондирилади ва сизлар янада кўпроқ ҳар хил хайрли ишлар қиласизлар.
9 Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган:
“Бойлигини муҳтожларга сахийлик ила тақсимлайди,
Унинг солиҳлиги то абад давом этади.”
10 Деҳқонга экиш учун уруғ, ҳаммага ейиш учун нон берадиган Худо сизларнинг экадиган уруғингизни мўл қилади, солиҳлигингиздан келадиган ҳосилни ҳам кўпайтиради.
11 Ҳар доим сахий бўлишингиз учун Худо сизни ҳар жиҳатдан бой қилади. Шундай қилиб, биз сизларнинг ҳадяларингизни муҳтожларга етказганимизда, улар Худога кўп шукроналар айтади.
12 Мана шу ҳадянгиз билан кўрсатган ёрдамингиз нафақат Худонинг Қуддусдаги азизларининг эҳтиёжларини қондиради, балки кўпчиликнинг Худога кўпдан–кўп шукрона айтишига сабаб бўлади.
13 Уларга ҳамда бошқаларга кўрсатган сахийлигингиз ва Масиҳнинг Хушхабарига ишониб, итоаткорона яшаётганингиз туфайли кўпчилик Худони улуғлайди. Ахир, ҳадянгиз буларнинг далолати–ку!
14 Худонинг сизларга кўрсатган чексиз инояти сабабли улар меҳр–муҳаббат билан сизлар учун ибодат қиладилар.
15 Таърифига тил ожиз бўлган ажойиб ҳадяси учун Худога шукур!
Павлусга Худо берган ҳокимият
1 Масиҳнинг Ўзи кўрсатган мулойимлик ва меҳрибонлик билан сизлардан илтижо қиламан. Баъзилар мен ҳақимда: “Павлус шахсан орамизда бўлганда мўмин–у, узоқда бўлганда эса жуда жасур экан–а!” деб айтаётган экан.
2 Баъзилар мени бўшанг одам, деб айтаётган экан. Мен албатта бундай одамларга қаттиқ муомала қиламан. Сизлардан ўтинаман, сизларга қаттиқ гапиришга мени мажбур қилманглар.
3 Биз инсон бўлиб, бу дунёда яшасак ҳам, башарий куч билан жанг қилмаймиз.
4 Бизнинг қурол–аслаҳаларимиз башарий манфаат учун эмас, балки илоҳий манфаат учун ишлатилади. Бизнинг қурол–аслаҳаларимиз бу дунёнинг қурол–аслаҳаларидай эмас. Худонинг қудрати билан бу қурол–аслаҳаларимиз қалъадай мустаҳкам бўлган инсоний ўй–хаёлларни ҳамда қуруқ сафсаталарни йўқ қилишга қодир.
5 Худони таниб–билишга тўсқинлик қилаётган такаббурона дунёқарашга биз барҳам берамиз. Ҳар қандай ўй–хаёлни Масиҳга бўйсундириб, асир қиламиз.
6 Шундай қилиб, ўзларингиз ҳам тўла бўйсунганингиздан кейин, биз биргаликда ҳар хил итоатсизликни жазолашга тайёр бўламиз.
7 Сизлар менинг ҳаворий эканлигимни наҳотки билмасангизлар?! Агар бирортаси ишонч билан: “Мен Масиҳга тегишлиман”, деса, шуни ўйлаб кўрсин: у тегишли бўлган Масиҳга биз ҳам тегишлимиз!
8 Эгамиз томонидан берилган ҳокимият ҳақида жуда кўп мақтансам ҳам, бундан ҳеч хижолат бўлмайман. Ахир, бу ҳокимият менга сизларнинг имонингизни вайрон қилиш учун эмас, балки мустаҳкамлаш учун берилган.
9-11 Дарвоқе, баъзилар: “У мактубларида талабчан ва кучли, лекин шахсан биз билан бўлганда эса заиф, сўзлари ҳам таъсирсиз”, деб айтаётган экан. Бундай деб айтаётганлар шуни билиб қўйсинларки, мен фақатгина мактубларимда огоҳлантириб қолмаяпман. Мен мактубларимда қандай инсон эканлигимни кўрсатган бўлсам, ҳузурингизда бўлганимда ҳам шундай инсон эканлигимни ўз ҳаракатларим билан исботлайман.
Мақтанишу мақтанмаслик ҳақида
12 Ўзларига юқори баҳо берадиган одамларнинг қаторига биз ўзимизни қўшмаймиз, ҳатто улар билан солиштирмаймиз. Улар ўзларини ўзлари билан ўлчаб, ўзларини ўзларига қиёс қиладилар. Бу қандай аҳмоқлик!
13 Биз ҳаддан ташқари мақтанмаймиз. Худо бизга юклаган масъулият ва вазифа доирасидан чиқиб кетмаймиз. Сизлар ҳам бизнинг масъулиятимиз доирасига кирасизлар.
14 Агар биз сизларга масъул бўлмаганимизда эди, сизларга қилган муомаламизда ҳаддимиздан ошган бўлардик. Аммо ўзларингиз биласиз–ку, биринчи бўлиб сизларга Масиҳнинг Хушхабарини келтирган бизмиз.
15 Биз ҳаддимиздан ошиб, бошқаларнинг қилган меҳнати билан мақтанмаймиз. Умид қиламизки, имонингиз ошиб бораверади, шунда сизларнинг ёрдамингиз билан хизматимиз янада кўпаяди.
16 Шундай қилиб, бошқаларнинг тайёр ишлари билан мақтанмай, сизлардан узоқроқ бўлган жойларга ҳам Хушхабарни етказайлик.
17 Муқаддас битикларда ўргатилгандай, ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизнинг қилган ишлари билан мақтансин!
18 Ўзини ўзи мақтаган одам эмас, балки Эгамизнинг мақтовига сазовор бўлган одамгина Унга мақбул бўлади.
Павлус ва сохта ҳаворийлар
1 Қанийди, сизлар менинг озгина аҳмоқлик қилишимга чидасангиз! Иложингиз қанча? Ахир, қаранг, сизлар менга чидаб келяпсизлар–ку!
2 Мен сизларни Худонинг рашки билан қизғаняпман, чунки гўё бир пок бокира қизни ягона эрга никоҳлагандай, сизларни Масиҳга тақдим этмоқчиман.
3 Аммо Момо Ҳаво илоннинг ёлғон–яшиқларига ишониб, йўлдан озгани каби, сизларнинг ҳам ўй–хаёлларингиз бузилмасин. Мен сизлардан хавотирдаман, сизлар ўзингизни чин юракдан, самимийлик билан Масиҳга бағишлаганингизни унутиб қўясиз, деб қўрқаман.
4 Ахир, биров келиб, биз ваъз қилган Исодан бошқа бир Исо ҳақида ваъз қилса ёки сизлар олган Руҳдан бошқа бир руҳ ҳақида ва сизлар қабул қилган Хушхабардан бошқа бир хушхабарни айтса, бундай одамларни хуш қаршилаб ўтирибсиз.
5 Сизлар “олий ҳаворийлар” деб билган ўша устозларингиздан мен ҳеч бир нарсада қолишмайман, деб ўйлайман.
6 Мен моҳир ваъзхон бўлмасам–да, илм–маърифатда ҳеч камчилигим йўқ. Буни сизларга ҳар жиҳатдан очиқ–ойдин кўрсатдим.
7 Мен сизларни юксалтириш учун ўзимни паст олиб, Худонинг Хушхабарини сизларга текинга айтиб, гуноҳ қилдимми?!
8 Сизларга хизмат қилиш учун бошқа жамоатлардан маблағ олдим. Бу билан худди улардан ўғирлагандай бўлдим. Орангизда бўлиб, муҳтожликда қолганимда ҳам бировга ортиқча юк бўлмадим,
9 чунки Македониядан келган биродарлар барча эҳтиёжларимни қондирдилар. Мен бирон нарсада сизларга оғирлигимни туширмасликка ҳаракат қилдим ва шундай қилишда давом этавераман.
10 Қалбимда Масиҳнинг ҳақиқати борлигига шубҳа йўқ, шу боис Ахая ҳудуди бўйлаб ёйилаётган бу обрў–эътиборимни ҳеч ким тўка олмаслигига аминман.
11 Нима учун сизлардан ёрдам сўрамадим? Бу сизларни ёмон кўришимдан дарак берадими? Мана, Худога аён, сизларни яхши кўраман.
Мен қилаётган ишимни давом эттиравераман.
12 Ана шунда, бизнинг ишларимиз Павлуснинг хизмати билан баравар, деб мақтанаётганларнинг гапларига ҳеч бир асос бўлмайди.
13 Ахир, улар ўзларини Масиҳнинг ҳаворийлари қилиб кўрсатаётган сохта ҳаворийлар ва ҳийлакор хизматчилар–ку!
14 Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ, чунки ҳатто шайтон ҳам ўзини нурли фаришта қилиб кўрсатади.
15 Шунинг учун шайтоннинг хизматкорлари ўзларини солиҳлик хизматчилари қилиб кўрсатар эканлар, бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Оқибатда улар қилмишларига яраша жазо оладилар.
Павлуснинг чеккан заҳматлари
16 Яна айтаман, бирор киши мени аҳмоқ экан, деб айтмасин. Борди–ю, сизлар шундай деб ўйласангиз, унда аҳмоқларга қандай муносабатда бўлсангиз, менга ҳам шундай муносабатда бўлинглар, шунда мен ҳам озгина мақтаниб оламан.
17 Мен баландпарвозлик билан гапириб, аҳмоқлардай мақтаняпман. Бу Раббимиз Исога муносиб эмас.
18 Модомики, кўпчилик инсоний мавқеи билан мақтанаётган экан, майли, мен ҳам мақтанай.
19 Ахир, сизлар шунчалик доносизки, ақлсизларга жон деб тоқат қиласизлар.
20 Ҳақиқат шуки, бирортаси сизларни ўзига асир қилса ҳам, ҳақингизни еса ҳам, талон–тарож қилса ҳам, ўзини катта тутса ҳам, юзингизга тарсаки солса ҳам, уларнинг ҳаммасига тоқат қилиб келяпсиз.
21 Биз сизларга ўшандай муомала қилмадик. Шунинг учун биз сизнинг назарингизда ожиз бўлиб кўрингандирмиз–да?! Бундан уялишимиз керакми?! Хўп, аҳмоқларча гапираётган эканман, одамлар нима билан мақтанишга журъат қилаётган бўлса, мен ҳам ўшалар билан мақтанишга журъат қиламан.
22 Улар ибронийми? Мен ҳам ибронийман! Улар Исроил халқига тегишлими? Мен ҳам Исроил халқиданман! Улар Иброҳим наслиданми? Мен ҳам Иброҳим наслиданман!
23 Улар Масиҳнинг хизматкорларими? Мен бефаросатлик қилиб айтяпманки, уларнинг ҳаммасидан устунман. Заҳмат десангиз, мен улардан кўпроқ заҳмат чекдим. Зиндон десангиз, улардан кўпроқ зиндонда ётдим. Зарба десангиз, мен ҳаддан ташқари кўп зарба едим, ҳатто кўп марта ўлимга рўбарў бўлдим.
24 Яҳудийлардан беш марта бир кам қирқтадан калтак едим.
25 Рим амалдорлари мени уч марта калтаклатдилар. Бир марта тошбўрон бўлдим, уч марта кемада ҳалокатга учрадим, бир кечаю кундузни денгиз бағрида ўтказдим.
26 Кўп марта узоқ сафарларда бўлдим. Дарёларда таҳликада қолдим. Қароқчилар ҳужумидан ҳаётим таҳликада қолди. Ўз қондошлариму ғайрияҳудийлар туфайли таҳлика остида қолдим. Шаҳарда таҳлика, саҳрода таҳлика, денгизда таҳлика, сохта биродарлар орасида таҳлика!
27 Мен анча меҳнат ва машаққат остида, кўп марта уйқусизликда, очлик ва ташналикда қолдим. Баъзан ейишга ноним, совуқда кийишга кийимим бўлмади.
28 Яна булардан ва қолган бошқа нарсалардан ташқари, ҳар куни барча жамоатлар ҳақида қайғуриш ҳам менинг зиммамда.
29 Айтинг–чи, заиф одам борми? Мен ундан ҳам заифман. Бирорта одам васвасага тушиб, йўлдан озганми? Мен васваса дастидан адо бўлдим–ку!
30 Мақтаниш керак бўлса, ожизлигим билан мақтанаман.
31 Раббимиз Исонинг Отаси — абадий ҳамду санога лойиқ Худо биладики, мен ёлғон гапирмаяпман.
32 Дамашқда бўлганимда, шоҳ Харетасга қарашли вилоят ҳокими мени тутиб олиш учун Дамашқ шаҳрини назорат остига олган эди. Аммо мени сават ичида шаҳар деворидаги деразадан туширишди ва мен унинг қўлидан қочиб қутулдим.
Павлусга келган ваҳийлар
1 Мақтанишнинг ҳеч фойдаси йўқ, аммо барибир мақтанишим керак. Энди Эгамиз аён қиладиган ваҳийларга келсак,
2 Масиҳга қарашли бир одамни биламан. Ўн тўрт йил олдин ўша одам ердан арши аълога кўтарилди. Баданда эдими ёки бадандан ташқарида эдими, билмайман, Худо билади.
3 Шуни биламанки, бадандами ёки бадандан ташқаридами, менга эмас, Худога аён, ўша одам
4 жаннатга кўтарилганда инсоннинг тили таърифлашга ожиз бўлган сўзларни эшитди. Бундай сўзларни инсон тилга олмаслиги керак.
5 Бундай одам билан мақтансам бўлади. Лекин ўзим ҳақимда бўлса, ожизлигимдан бошқа ҳеч нарса билан мақтанмайман.
6-7 Агарда ўзим ҳақимда мақтанадиган бўлсам ҳам, аҳмоқона иш қилган бўлмайман, чунки ҳақиқатни гапирган бўламан. Одамлар ўша ҳаддан ташқари ажойиб ваҳийларга қараб менга баҳо бермасинлар. Аммо қилаётган ишларимга қараб ёки мендан эшитганлари бўйича менга баҳо берсинлар, ундан ортиқ мени юқори кўтармасинлар деб, ўзимни тутиб турибман.
Шунинг учун мени кибрланиб кетмасин деб, баданимга бир ниш, мени ниқталайдиган шайтоннинг элчиси берилди.
8 Буни мендан олиб ташлагин, деб уч марта Раббимиз Исога ёлвордим.
9 Лекин У менга шундай деди: “Менинг иноятим доим сенга етарли бўлади, чунки Менинг қудратим сенинг ожизлигингда тўлиқ намоён бўлади.” Шундай қилиб, Масиҳнинг қудрати мен орқали аён бўлиши учун ожизлигим билан мақтанишни афзал кўраман.
10 Шу сабабдан Масиҳ ҳақи ожизликни, хўрликларни, муҳтожликларни, қувғин ва қийинчиликларни шодлик билан қабул қиламан. Айниқса, ожиз бўлган пайтимда Масиҳнинг қудрати билан кучли бўламан.
Павлус Коринфдаги имонлилар учун қайғуради
11 Мен ўзимни ақлсиз инсондай тутдим. Аммо мени бунга ўзларингиз мажбур этдингиз–ку, чунки сизлар мени мақташингиз керак эди. Менинг ўзим ҳеч бир аҳамиятга эга бўлмасам–да, ўша “олий ҳаворийлардан” ҳеч бир кам жойим йўқ.
12 Орангизда бўлганимда ҳар хил қийинчиликларга бардош берганим, мўъжизалару аломатлар, қудратли ишлар қилганим ҳақиқий ҳаворий эканлигимдан далолат беради.
13 Хўш, қачон мен сизларга, бошқа жамоатларга қараганда ёмонроқ муомалада бўлдим? Тўғри, сизларга оғирлигимни туширмадим. Агар бу сизларга адолатсизлик бўлиб туюлса, мени кечиринглар.
14 Мана, сизларнинг олдингизга учинчи марта боришга тайёрман. Сизларга юк бўлмайман, чунки менга сизларнинг нарсангиз эмас, ўзингиз кераксиз. Зотан, фарзандлар ота–оналари учун эмас, балки ота–оналар фарзандлари учун мол–мулк йиғиши лозим.
15 Шодлик билан бор мол–мулкимни, ҳатто ўз жонимни ҳам сизлар учун бераман. Мен сизларни шунчалик яхши кўрар эканман, сизларнинг мени камроқ яхши кўришингиз тўғри ишми?!
16 Хўп, майли, мен сизларга юк бўлмабман–у, аммо ёлғону ҳийла билан сизларни ўз томонимга оғдириб олганмишман.
17 Сизларнинг олдингизга юборган бирорта одам орқали сизлардан фойдаланиб олдимми?
18 Мен Титусни сизнинг олдингизга боришга ундаган эдим. Ҳалиги бошқа биродар билан у сизларнинг олдингизга бориб, сизлардан фойдаландими? У мен билан бир ниятда хизмат қилади, йўлимиз бир–ку!
19 Юқорида айтиб ўтган гапларимизнинг ҳаммаси ўзимизни сизларнинг олдингизда ҳимоя қилиш учун ёзилган, деб ўйлаяпсизларми? Билиб қўйинг, биз бу гапларни Масиҳнинг қуллари сифатида Худонинг шоҳидлигида айтяпмиз. Азиз дўстлар, қилаётган ишларимизнинг ҳаммаси сизларни имонда қўллаб–қувватлаш учундир.
20 Мен бир нарсадан қўрқиб турибман: сизларнинг олдингизга борганимда, нимани кўраркинман, сизлар мен ўйлаган одамлар бўлиб чиқмасангиз, мен ҳам сизлар ўйлаган одам бўлиб чиқмасам–а! Борганимда орангизда жанжалу ҳасадгўйлик, жаҳолат, рақобат, бўҳтон, ғийбат, манманлик ва тартибсизликни кўраман деган хавотирдаман.
21 Борди–ю, яна ёнингизга борганимда, орангиздаги кўпчилик олдин қилган гуноҳларидан тавба қилмай, ифлослик, жинсий ахлоқсизлик ва фисқу фужурни давом эттираётган бўлса, Худойимнинг олдида уятга қолмай, сизлар учун мотам тутиб, йиғламайин.
Сўнгги панд–насиҳатлар ва саломлар
1 Мен энди сизларнинг олдингизга учинчи марта бораман. Ўзингиз биласиз, ҳар бир иш иккита ёки учта гувоҳнинг сўзлари асосида кўриб чиқилади.
2 Мен сизларнинг олдингизга иккинчи марта борганимда гуноҳ қилганларни ҳам, қолганларни ҳам огоҳлантирган эдим. Энди сизларнинг олдингизда бўлмасам ҳам, яна огоҳлантириб айтяпман, кейинги сафар гуноҳ қилганларнинг ҳеч бирини аямайман.
3 Масиҳ мен орқали гапираётганини исботлашимни хоҳлаяпсизми? Менинг хатти–ҳаракатим бунинг далили эмасми?! Масиҳ сизлар билан бўлган муносабатида заиф эмас, аксинча, У орангизда Ўз қудратини намойиш қиляпти.
4 У инсоний танасининг заифлиги туфайли хочга михланиб ўлдирилган эди, аммо энди Худонинг қудрати туфайли тирикдир. Биз ҳам Масиҳнинг инсоний заифлигига шерик бўлсак–да, ўзингиз кўрасиз, Худонинг қудрати туфайли Масиҳнинг ҳаётига ҳам шерик бўламиз.
5 Ўзингизни ўзингиз текшириб кўринглар. Қани, имонда турибсизларми? Ўзингизни синаб кўринглар. Исо Масиҳ орангизда эканлигини билмайсизми? Буни билмасангиз, синовдан ўтмаган бўласиз.
6 Биз синовдан ўтганлигимизни биласиз деган умиддаман.
7 Сизлар ҳеч қандай ёмон ишлар қилмаслигингизни Худодан илтижо қиламиз. Бу бизнинг синовдан ўтганлигимизни исботлаш учун эмас. Мабодо, биз синовдан ўтмаган бўлиб туюладиган бўлсак ҳам, сизлар тўғри иш қилаверинг.
8 Зотан, биз ҳақиқатга қарши тура олмаймиз, балки ҳақиқат йўлида иш тутамиз.
9 Бизлар заиф, сизлар эса кучли бўлганингиздан хурсандмиз. Ахир, сизлар комил бўлишингиз учун Худога илтижо қиламиз.
10 Шунинг учун сизларнинг ёнингизда бўлмасам ҳам шуларни ёзяпман. Токи олдингизга борганимда Эгамиз менга берган ҳокимият билан сизларга қаттиқ муомала қилмайин. Ахир, менга бу ҳокимият сизларни барбод қилиш учун эмас, балки имонингизни мустаҳкамлаш учун берилган.
11 Шундай қилиб, биродарларим, энди сизлар билан хайрлашаман. Камолотга интилаверинглар, бир–бирингизга далда беринглар, ҳамфикр бўлинглар, ўзаро аҳил–иноқ бўлиб яшанглар. Шунда меҳр–муҳаббат ва тинчлик манбаи бўлган Худо сизлар билан бўлади.
12 Бир–бирингиз билан ўпишиб кўришинглар. Худонинг бу ердаги ҳамма азизлари сизларга салом айтяпти.
13 Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти, Худонинг меҳр–муҳаббати ва Муқаддас Руҳнинг ҳамроҳлиги ҳаммангизга ёр бўлсин!