1 Шоҳлар
Элқана ва унинг Шилўдаги оиласи
1 Эфрайим қирларида жойлашган Рама шаҳрида бир одам яшарди. Унинг исми Элқана бўлиб, Эфрайим қабиласининг Зуф уруғидан бўлган Ерохам деганнинг ўғли эди. Ерохам — Элихунинг ўғли, Элиху — Тўхунинг ўғли, Тўху — Эфрайим қабиласига мансуб бўлган Зуфнинг ўғли эди.
2 Элқананинг Ханна ва Панинна исмли икки хотини бўлиб, Паниннанинг болалари бор эди–ю, Ханна бефарзанд эди.
3 Элқана ҳар йили Сарвари Оламга сажда қилиб, қурбонлик келтирмоқ учун ўз шаҳридан Шилўга борарди. Шилўда Элах деган одамнинг Хўфнах ва Финхаз деган икки ўғли бўлиб, улар Эгамизнинг руҳонийлари эдилар.
4 Элқана қурбонлик қилган куни хотини Паниннага, ўғиллари билан қизларига бир улушдан берса,
5 Ханнага эса яхши жойидан бир улуш берарди. Чунки Эгамиз Ханнани бепушт қилиб қўйган бўлса ҳам, Элқана уни яхши кўрарди.
6 Ханнани Эгамиз бефарзанд қилиб қўйгани учун, кундоши Панинна Ханнага қаттиқ озор бериб хафа қиларди.
7 Ҳар йили Ханна Эгамизнинг уйига борганда ҳам шу воқеа юз берарди: Ханнани кундоши хафа қилар, у эса йиғлаб ҳеч нарса емасди.
8 Эри Элқана эса:
— Ханна, нега йиғлаяпсан, нимага овқат емаяпсан? — дерди. — Нимага бу қадар ғамгинсан? Сен учун мен ўнта ўғилдан ҳам афзал эмасманми?!
Ханна ва руҳоний Элах
9 Бир куни улар Шилўда еб–ичиб бўлганларидан кейин, Ханна ўрнидан турди. Руҳоний Элах Эгамизнинг уйи эшиги ёнидаги курсида ўтирган эди.
10 Ханна дили хуфтон, аччиқ–аччиқ йиғлаб, Эгамизга ибодат қилиб,
11 шундай ваъда берди:
— Эй Сарвари Олам! Шу чўрингнинг қайғусига назар солиб, уни ёдга олсанг, чўрингни унутмай, унга бир ўғил ато этсанг, ўша ўғлимни умрбод Сенга назр қилган бўлардим, унинг бошига устара тегмасди.
12 Ханна Эгамиз ҳузурида узоқ вақт ибодат қилди. Элах эса унинг оғзига қараб турарди.13 Ханна ичида гапирар, овози эшитилмас, фақат лаблари қимирларди. Шунинг учун Элах Ханнани маст бўлса керак, деб ўйлади:
14 — Қачонгача сархуш бўлиб юрасан?! Энди шаробдан воз кеч! — деди.
15 — Йўқ, ундай эмас, ҳазратим, — деди Ханна. — Мен кўнгли ғамга тўла бир аёлман. На шароб ичганман, на бўза. Фақат юрагимдагини Эгамга тўкиб соляпман.
16 Бу чўрингизни аллақандай ярамас хотин деб ўйламанг. Ғам–қайғуларим кўплигидан, шу пайтгача ибодат қиляпман.
17 — Эсон–омон бор, — деди Элах. — Исроил халқининг Худоси тилагингни бажо келтирсин.
18 — Мен, чўрингизни илтифотингизга сазовор билинг, — деди Ханна. Сўнг бориб овқат еди, энди чеҳраси ғамгин эмас эди.
Шомуил туғилади ва Худога бағишланади
19 Эртасига Элқана оиласи билан тонг саҳарда туриб, Эгамизга сажда қилишди. Кейин Рамага — уйларига қайтиб келишди. Элқана хотини Ханна билан қовушди. Эгамиз Ханнага марҳамат қилди.
20 Ханна ҳомиладор бўлди ва вақт–соати етиб ўғил туғди. “Уни Эгамиздан тилаб олдим”, деб отини Шомуил қўйди.
21 Элқана Эгамизга атаб йиллик қурбонлик маросимини ўтказиш ва ваъдасини адо этиш учун оиласи билан бирга Шилўга борди.
22 Ханна бу сафар бормади. У эрига:
— Гўдак кўкракдан чиққандан кейин олиб бораман, у Эгамизнинг ҳузурида бўлиб, Унга хизмат қилади, умр бўйи ўша ерда қолади, — деди.
23 — Сенга нима маъқул бўлса, шундай қилавер, — деди Элқана. — Гўдак кўкракдан чиққунча шу ерда бўл. Эгамиз Ўз ваъдасини бажо қилсин.
Ханна уйда қолиб, ўғли кўкракдан чиққунча, уни эмизди.
24 Кичкинтой кўкракдан чиқди. Сўнг Ханна уч ёшли буқа, бир тоғора ун ва бир меш шароб олиб, ўғлини Эгамизнинг Шилўдаги уйига олиб келди. Бола ҳали ёш эди.
25 Буқани сўйишгандан кейин, болани Элахнинг олдига олиб келишди.
26 — Эй ҳазрат, мени эслайсизми? — деди Ханна. — Шу ерда, ҳузурингизда туриб Эгамга ибодат қилган ўша аёл менман.
27 Мен мана шу бола учун Эгамга илтижо қилган эдим, Эгам тилагимни бажо қилди.
28 Шунинг учун уни Эгамга бағишладим, умр бўйи Унга аталган бўлсин, дедим.
Улар шу ерда Эгамизга сажда қилдилар.
Ханнанинг ибодати
1 Ханна шундай ибодат қилди:
“Эгам туфайли кўнглим тоғдай кўтарилди,
Қувватимни оширган Ўшадир.
Душманларим олдида мақтанарман,
Нажот берганинг учун севинарман.
2 Эгам — танҳо ва Муқаддас Худо,
Ҳа, Сендан бошқаси йўқ, эй Эгам.
Худойимиздай қоя йўқдир.
3 Ортиқ манманликка берилманг оғиз кўпиртириб,
Оғзингиздан кибрли сўзлар чиқмасин.
У ҳаммасини биладиган Худодир,
У одамларнинг хатти–ҳаракатини ҳукм қилади.
4 Кучлиларнинг ёйлари синиб кетади,
Ожизлар қувват камарини боғлайди.
5 Тўқ бўлганлар луқма нон учун мардикордирлар,
Оч бўлганлар эса энди тўқдирлар.
Бефарзанд аёл етти бола туғар,
Серфарзанд аёл эса кимсасиз қолар.
6 Жонни оладиган ҳам Эгамиздир,
Жонни ато қиладиган ҳам Эгамиздир.
Ўликлар диёрига У туширар ва
Яна қайта олиб ҳам чиқар.
7 У кимнидир йўқсил, кимнидир бой қилар,
Кимнидир ерга урар, кимнидир юксалтирар.
8 Бечораҳолларни У тупроқдан кўтарар,
Фақирларни ахлатдан олиб чиқиб юксалтирар.
Уларга шаҳзодалар ёнидан жой берар,
Шуҳрат тахтини мерос қилиб берар.
Чунки Эгамникидир замин устунлари,
Устунларнинг устига қўйгандир У оламни.
9 Содиқ бандаларини У ҳимоя қилар,
Фосиқлар эса зулматда сўниб қолар.
Зеро, куч ила зафарга етишмас инсон.
10 Эгамизга қарши турганлар парча–парча бўлажак,
Худойи Таоло уларга қарши осмонни гумбурлатажак.
Бутун оламни Эгамиз ҳукм қилажак,
Ўзи мой суртиб танлаган шоҳига куч ато этиб,
Унинг қувватини оширажак.”
11 Шундан кейин Элқана оиласи билан Рамага — уйига жўнади. Кичкина Шомуил эса руҳоний Элахнинг ҳузурида қолди ва Эгамизга хизмат қила бошлади.
Элахнинг ярамас ўғиллари
12 Элахнинг ўғиллари ярамас йигитлар эди. Улар Эгамизни ҳурмат қилмас,
13 халқ олдидаги ўз руҳонийлик бурчларини менсимасдилар. Бирортаси келиб қурбонлик сўйиб, гўштини қайнатаётганда, Элах ўғилларининг хизматкори уч тишли санчқи билан келарди.
14 Хизматкор санчқини қозонга ёки товага тиқарди. Санчқига илинганини Элахнинг ўғилларига олиб борарди. Улар Шилўга келган Исроил халқининг ҳаммасига шундай муносабатда бўлишарди.
15 Ҳатто қурбонликнинг ёғини куйдирмасдан олдин, руҳонийнинг хизматкори келиб, қурбонлик қилаётган одамга шундай дерди:
— Руҳонийга қовуриш учун гўшт бер! У сендан қайнатилганидан эмас, хомидан қабул қилади.
16 Қурбонлик қилаётган одам:
— Олдин Эгамизга атаб қурбонликнинг ёғини куйдириб олай, кейин хоҳлаганингча олавер, — дейдиган бўлса, хизматкор:
— Йўқ, ҳозир берасан, йўқса зўрлик билан тортиб оламан, — деб жавоб берарди.
17 Элах ўғилларининг бу гуноҳи Эгамиз олдида жуда оғир эди, чунки улар Эгамизга аталган назр–ниёзларга шундай ҳурматсизлик қилишарди.
Ёш Шомуил Шилўда
18 Ёш Шомуил эса шу пайтда руҳонийларнинг муқаддас либосини кийиб, Эгамиз ҳузурида хизмат қилиб юрарди.
19 Ҳар йилги қурбонликни адо этиш учун онаси билан отаси бу ерга келишар, онаси ўзи тиккан кийимни ўғлига олиб келарди.
20 Руҳоний Элах эса Элқана билан унинг хотинини дуо қилиб, Элқанага: “Худодан тилаб олиб, Унга бағишлаган фарзандингнинг ўрнига Эгамиз сенга шу хотиндан яна фарзандлар берсин”, деб айтарди. Шундан кейин улар уйларига кетишарди.
21 Эгамиз Ханнага ғамхўрлик қилди. У ҳомиладор бўлиб, яна уч ўғил, икки қиз туғди. Ёш Шомуил эса Эгамизнинг ҳузурида ўсиб–улғайди.
Элах ва унинг ўғиллари
22 Элах жуда кексайиб қолган эди. У ўғилларининг жамики Исроил халқига ёмон муносабатда бўлишаётганини, Учрашув чодирига кираверишда хизмат қиладиган аёллар билан зино қилишаётганини эшитиб турарди.
23 Элах ўғилларига дерди:
— Нимага бундай қиляпсизлар? Қилаётган қабиҳ ишларингиз ҳамманинг оғзида.
24 Бундай қилманглар, ўғилларим! Эгамизнинг халқи орасида ёйилган гап–сўзлар яхши эмас.
25 Одам одамга қарши гуноҳ қилса, Худо воситачилик қилади. Аммо одам Эгамизга қарши гуноҳ қилса, ўртада ким воситачилик қила олади?!
Бироқ ўғиллари оталарининг гапини қулоқларига олмасдилар. Шунинг учун Эгамиз уларни ўлдиришга қарор қилиб қўйган эди.
26 Ёш Шомуил эса улғайиб, Эгамизнинг ва халқнинг олқишига сазовор бўлаётган эди.
Элах хонадони ҳақида башорат
27 Бир куни Элахнинг олдига бир пайғамбар келиб, шундай деди:
— Эгамиз сенга айтмоқда: “Исроил халқи Миср юртида фиръавнга қул бўлиб юрганда, Ўзимни ота–боболарингга зоҳир қилдим–ку!
28 Бобонг Ҳорун Менинг қурбонгоҳимга чиқсин, қурбонлик куйдириб, олдимда эфодни кийиб юрсин деб, жамики Исроил қабилалари орасидан Мен уни Ўзимга руҳоний қилиб танлаб олган эдим. Бунинг устига, Ҳорун авлодининг улуши бўлсин деб, ҳамма куйдириладиган қурбонликлардан ҳам бердим.
29 Шундай бўлгач, Мен буюрган қурбонлик ва назрларни нимага писанд қилмаяпсизлар?! Нимага халқим Исроил берган ҳамма назрлардан энг яхши улушларни олиб ўзингиз еб семиряпсизлар?! Нимага ўғилларингни Мендан ортиқ кўряпсан?!
30 Шунинг учун Мен, Исроил халқининг Худоси — Эгангиз, айтаманки, авлодинг ва отангнинг авлоди Менга абадий хизмат қиладилар, деб айтган бўлсам ҳам, энди бундай бўлмайди! Мени иззат қилганни Мен ҳам иззат қиламан, Мени хор қилган эса шарманда бўлар.
31 Шундай кунлар яқинлашмоқда: Мен сенинг ва отангнинг хонадонини йўқотаман. Натижада хонадонингдаги ҳамма кимса ажалидан беш кун бурун ўлади.
32 Мен Исроил халқи устига ёғдирадиган роҳат–фароғатни сен кўриб, кулфат ичра уларга ҳасад қиласан. Сенинг хонадонингдан ҳеч ким узоқ умр кўрмайди.
33 Хонадонингдан фақат биттасини йўқ қилмасдан асраб қоламан. Лекин унинг кўзлари ёшга, юраги ғам–ғуссага тўлади. Бутун хонадонинг аҳли жувонмарг кетади.
34 Иккала ўғлинг — Хўфнах билан Финхазнинг бошига тушадиган кўргилик сенга бир аломат бўлсин: иккови ҳам бир кунда нобуд бўлади.
35 Менинг хоҳиш–иродамни амалга оширадиган садоқатли бир руҳонийни Ўзим учун тайин этаман, у кўнглимдагидай хизмат қилади. Унинг авлодини боқий қиламан, Мен мой суртиб танлаган шоҳ олдида у умр бўйи хизмат қилади.
36 Хонадонингда тирик қолган ҳар бир одам қора чақага ва бир бурда нонга зор бўлиб унинг олдига келади, ўтинаман, менга бирор руҳонийлик вазифасини бер, тирикчилигимни ўтказиб турай, деб ёлвориб таъзим қилади.”
Худо Шомуилга садо беради
1 Ўспирин Шомуил Элахнинг қўли остида Эгамизга хизмат қилиб юрарди. Ўша пайтлари Эгамизнинг каломи кам келар, ваҳий ҳам аҳён–аҳёнда бўларди.
2 Элахнинг кўзлари хиралашиб, кўрмайдиган бўлиб қолган эди. Бир куни кеч кирганда Элах ётоғида ётарди.
3 Шомуил эса Эгамизнинг Маъбадида ётган эди, Худонинг Сандиғи ҳам ўша ерда эди. Худонинг чироғи ҳали ҳам ёниб турарди.
4 Шу пайт Эгамиз Шомуилни чақириб қолди. Шомуил:
— Лаббай, ҳазратим! — деб овоз берди ва
5 Элахнинг олдига югуриб келиб:
— Мени чақирган эдингиз, шу ердаман, — деди.
— Йўқ, сени мен чақирмадим, қайт, бориб жойингга ёт, — деди Элах. Шомуил қайтиб бориб ётди.
6 Эгамиз яна:
— Шомуил! — деб чақирди. Шомуил яна туриб, Элахнинг олдига кирди ва:
— Мени чақирган эдингиз, шу ердаман! — деди.
— Чақирганим йўқ, ўғлим, қайт, бориб жойингга ёт, — деди у.
7 Шомуил Эгамизни ҳали танимас, Эгамизнинг каломи ҳали унга аён бўлмаган эди.
8 Эгамиз учинчи марта Шомуилга садо берди. Шомуил ўрнидан туриб Элахнинг олдига келди–да:
— Мени яна чақирдингиз–ку, мен шу ердаман, — деди. Шунда Элах билдики, ўспиринни Эгамиз чақираётган экан.
9 Элах Шомуилга деди:
— Бориб жойингга ёт, ўша овоз сени яна чақириб қолса, “Гапиравер, эй Эгам, қулинг тинглаётир”, дегин.
Шомуил бориб, жойига ётди.
10 Эгамиз ўша ерда зоҳир бўлди ва олдингидай:
— Шомуил, Шомуил! — деб чақирди.
— Гапиравер, эй Эгам! Қулинг тинглаётир! — деб жавоб берди Шомуил.
11 Эгамиз деди:
— Шомуил! Мен Исроилда шундай бир иш қилмоқчиманки, эшитганнинг бошидан ҳуши учади.
12 Ўша куни Мен Элахнинг хонадони тўғрисида нима айтган бўлсам, ҳаммасини бажо қиламан, бошлаган ишимни охирига етказаман.
13 Элахга, сенинг хонадонингни то абад жазолайман, деб уни огоҳлантирган эдим. Унинг ўғиллари кўп гуноҳ қилиб, ўзларига лаънат орттирдилар. Элах эса буни била туриб, уларни тергамади.
14 Шу сабабдан онт ичиб айтаманки, Элах хонадонининг бу гуноҳларини асло кечирмайман. Уларнинг қилган гуноҳларини то абад қурбонлигу назр қилиш билан ювиб бўлмайди.
15 Шомуил эрталабгача ўрнида ётди. Кейин туриб, Эгамизнинг уйи эшикларини очди. Ўша ваҳийни Элахга айтишдан қўрқди.
16 Шу пайт Элах:
— Шомуил, ўғлим! — деб чақирди.
— Лаббай, шу ердаман, — деб Шомуил Элахга яқин келди.
17 — Эгамиз сенга нималар деди? — сўради Элах. — Зинҳор мендан яшира кўрма. Эгамизнинг сенга айтган гапларидан бирортасини мендан яширсанг, Худо сени ёмон кўйга солсин, ҳатто ундан баттарроғини қилсин!
18 Шомуил Элахдан ҳеч нарсани яширмай айтиб берди.
— У Эгамиздир, — деди Элах, — Унга нима маъқул бўлса, ўшани бажо қилади.
19 Шомуил улғаяверди, Эгамиз доимо у билан бирга бўлди, Шомуил башорат қилган ҳамма нарсани Эгамиз рўёбга чиқарди.
20 Дандан Бершебагача бўлган жамики Исроил халқи Шомуил ҳақиқатан ҳам Эгамизнинг пайғамбари эканлигини билди.
21 Эгамиз Шилўда яна такрор–такрор зоҳир бўлиб, ўша ерда Ўз каломи орқали Шомуилга аён бўларди.
1 Бутун Исроилда Шомуилнинг сўзи вожиб эди.
Муқаддас Аҳд сандиғи қўлдан кетади
Шу орада Филистлар уруш бошлаган эди, Исроил лашкари уларга қарши отланди. Исроил лашкари Эванзор деган жойда, Филистлар эса Офоқ шаҳрида қароргоҳ қурдилар.
2 Филистлар Исроил лашкарига қарши саф тортдилар. Жанг бошланди, Филистлар Исроил лашкарини мағлуб қилдилар. Жанг майдонида тўрт мингга яқин Исроил сипоҳлари нобуд бўлди.
3 Лашкар қароргоҳга қайтгач, Исроил оқсоқоллари шундай дедилар:
— Нима учун бугун Эгамиз бизни Филистларга мағлуб қилиб берди? Эгамизнинг Аҳд сандиғини Шилўдан бу ерга олиб келайлик. Аҳд сандиғи бизнинг орамизда борсин, токи бизни ғанимларимизнинг қўлидан қутқарсин.
4 Оқсоқоллар икки каруб орасида тахт қурган Сарвари Оламнинг Аҳд сандиғини Шилўдан олиб келиш учун одамларни юбордилар. Элахнинг иккала ўғли — Хўфнах билан Финхаз ҳам Худонинг Аҳд сандиғини жанг бўлаётган жойга олиб келиш учун ёрдамлашдилар.
5 Эгамизнинг Аҳд сандиғини қароргоҳга олиб келишганда, ҳамма Исроил халқи шундай баланд овоз билан бақиришдики, ҳатто ер турган жойидан қўзғалиб кетди.
6 Филистлар шовқин–суронни эшитиб:
— Ибронийлар қароргоҳида нега бунчалик қаттиқ бақир–чақир бўляпти экан? — дейишди. Кейин Эгамизнинг Сандиғини қароргоҳга олиб келганларини билиб,
7 қўрқиб кетишди:
— Худолари қароргоҳга келибди, энди шўримиз қурийди! Бунақасини ҳеч қачон эшитмагандик!
8 Оҳ, шўримиз қурсин! Бундай қудратли худоларнинг қўлидан ким бизни халос қилади? Саҳрода Мисрликларни ҳар балога гирифтор қилган худолар ўшалар–ку!
9 Дадил бўлинг, эй Филистлар! Мард бўлинглар! Акс ҳолда, ибронийлар сизларга қандай бўйсунган бўлсалар, сизлар ҳам уларга шундай бўйсуниб қоласизлар. Шунинг учун мардона курашиб, жанг қилинглар!
10 Шундан сўнг Филистлар қаттиқ ҳужум қилиб, Исроил лашкарини мағлуб этдилар. Исроил лашкарининг бари уйларига қочиб қолди. Исроил лашкари шунчалик катта талафот кўрдики, улар ўттиз минг пиёда сипоҳидан айрилди.
11 Худонинг Сандиғи ҳам қўлдан кетди, Элахнинг иккала ўғли — Хўфнах билан Финхаз эса ҳалок бўлди.
Элахнинг ўлими
12 Беняминлик бир одам жанг майдонидан қочиб, ўша куниёқ Шилўга етиб келди. У қайғудан кийимларини йиртган, бошига тупроқ сочган эди.
13 Ўша одам Шилўга етиб келганда, Элах Худонинг Сандиғига бирор нарса бўлишидан хавотирланиб, йўл ёқасида курсида кутиб ўтирган эди. Ҳалиги одам шаҳарга кириб, бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берган эди, бутун шаҳар аҳли дод–фарёд кўтарди.
14 Элах шовқин–суронни эшитиб:
— Нимага бунчалик шовқин? — деб сўради. Ўша одам, бўлган воқеадан Элахни хабардор қилиб қўяй деб, дарров унинг ёнига келди.
15 Ўша пайтда Элах тўқсон саккиз ёшда бўлиб, кўзлари хиралашган, яхши кўра олмасди.
16 Ҳалиги киши Элахга:
— Мен жанг майдонидан келяпман, у ердан бугун қочиб келдим, — деди.
— Нима бўлди, ўғлим? — деб сўради Элах.
17 Хабар келтирган одам шундай деди:
— Исроил лашкари Филистларнинг олдига тушиб қочди. Лашкар катта талафот кўрди. Иккала ўғлингиз — Хўфнах билан Финхаз ҳам ҳалок бўлди. Худонинг Сандиғи эса қўлдан кетди.
18 Элах ҳали ҳам дарвоза ёнидаги курсида ўтирган эди. Хабарчи, Худонинг Сандиғини Филистлар тортиб олди, деб айтиши билан Элах курсидан орқаси билан йиқилди. Кексалиги ва семизлигидан бўйни синиб, ўша заҳоти жон берди. У Исроилда қирқ йил ҳакамлик қилган эди.
Финхазнинг хотини вафот этади
19 Элахнинг келини — Финхазнинг хотини ҳомиладор бўлиб, яқин орада кўзи ёриши керак эди. “Худонинг Сандиғи қўлдан кетди, қайнатанг ва эринг ўлди” деган хабарни эшитиши биланоқ уни тўлғоқ тутиб қолди. У ерга чўнқайиб ўтириб, туғиб қўйди.
20 Доя хотинлар унга ўлими олдидан:
— Қўрқма, ўғил туғдинг, — дедилар. Лекин у эътибор бермади, бирор сўз ҳам айтмади.
21 Худонинг Сандиғи қўлдан кетгани учун, қайнатаси билан эри ўлгани учун у:
— Исроилдан улуғворлик кетди, — дея чақалоққа Ихабод деб исм қўйди.
22 Кейин у яна:
— Худонинг Сандиғи қўлдан кетди, Исроилдан улуғворлик кетди, — деди.
Аҳд сандиғи Ашдод ва Эхронга сурилади
1 Филистлар Худонинг Сандиғини қўлга киритганларидан кейин, уни Эванзордан Ашдод шаҳрига олиб кетишди.
2 Уни Филистларнинг худоси Дўғон уйига олиб бориб, Дўғон ҳайкали ёнига жойлаштиришди.
3 Ашдодликлар эртасига саҳарда туриб қарашса, Дўғон Эгамизнинг Сандиғи олдида юзи билан ерга ағдарилиб ётган экан. Шунда Дўғонни кўтариб, жойига турғизиб қўйишди.
4 Эртасига яна саҳарда туриб қарашса, Дўғон Эгамизнинг Сандиғи олдида юзи билан ерга ағнаб ётган экан. Бу сафар Дўғоннинг боши билан иккала қўли синиб, остонада ётган, фақат гавдаси бутун қолган экан, холос.
5 Шунинг учун Дўғон руҳонийлари ва Дўғон уйига келиб сажда қилувчиларнинг бирортаси бугунгача Ашдоддаги бу жойнинг остонасини босмайди, улар остонани ҳатлаб, ичкарига киришади.
6 Эгамиз Ашдод аҳолисини ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолисини қаттиқ жазолади. Уларни чипқонга гирифтор қилиб, катта кулфат келтирди.
7 Ашдодликлар бўлиб турган воқеаларни кўргач:
— Исроил Худосининг Сандиғи энди биз билан қолмасин, чунки у ўзимизга ҳам, худойимиз Дўғонга ҳам оғир кулфат келтирди, — дейишди.
8 Сўнгра хабарчилар жўнатиб, ҳамма Филист бекларини чақиртириб келишди:
— Исроил Худосининг Сандиғини нима қиламиз? — деб сўрашди Ашдодликлар.
— Исроил Худосининг Сандиғи Гатга юборилсин, — дейишди Филист беклари.
Шундай қилиб, Исроил Худосининг Сандиғи Гат шаҳрига жўнатиб юборилди.
9 Аммо Сандиқ у ерга келтирилгандан кейин, Эгамиз ўша шаҳарга ҳам бало–қазо келтирди. Шаҳарни қаттиқ ваҳима босди. Эгамиз бутун шаҳар аҳолисини, каттаю кичикни яна чипқонга мубтало қилди.
10 Шундан кейин Исроил Худосининг Сандиғини Эхрон шаҳрига жўнатишди.
Худонинг Сандиғи Эхронга кирар–кирмас, Эхронликлар:
— Ўзимизни ва халқимизни қириб ташлагани Исроил Худосининг Сандиғини бизга олиб келишди! — деб шовқин солдилар.
11 Хабарчилар жўнатиб, Филистларнинг ҳамма бекларини тўплаб, шундай дедилар:
— Исроил Худосининг Сандиғини келган жойига қайтариб юборинглар, тағин ўзимиз ҳам, халқимиз ҳам қирилиб кетмайлик.
Шаҳарнинг ҳар тарафида ўлим ваҳимаси ҳукм сурарди. Худо уларга оғир жазо юборган эди.
12 Омон қолганларнинг ҳаммасига эса чипқон чиқди. Шаҳар аҳлининг оҳу фиғони кўкларга ўрлади.
Аҳд сандиғи Исроилга қайтиб келади
1 Эгамизнинг Сандиғи Филистлар ҳудудида етти ой қолиб кетди.
2 Филистлар ўзларининг руҳонийлари ва фолбинларини чақириб:
— Исроил Худосининг Сандиғини нима қиламиз, уни ўз ерига қандай қайтарамиз? Бизга ўргатинг, — дейишди.
3 Руҳонийлар билан фолбинлар шундай жавоб бердилар:
— Сандиқни орқага қайтарадиган бўлсангизлар, бўш қайтарманглар. Исроил халқининг Худосига албатта айбингизни ювадиган назр атанглар. Ўшанда шифо топиб, Худо нима учун сизларни жазолаётганини билиб оласизлар.
4 — Айбимизни ювиш учун Унга нимани назр қиламиз? — деб сўрашди Филистлар. Руҳонийлар ва фолбинлар шундай жавоб беришди:
— Айбингизни ювадиган назр, Филист бекларининг миқдорича — олтиндан қилинган бешта чипқон ва бешта сичқон бўлсин. Чунки бало–қазо сизларнинг ҳаммангиз учун ҳам, бекларингиз учун ҳам баравардир.
5 Шунинг учун чипқонларнинг ва мамлакатга қирғин келтирган сичқонларнинг ҳайкалчаларини ясанг, шу тариқа Исроил халқининг Худосини шарафланг. Балки ана шунда ўзларингизга, худоларингизга ва юртингизга келган бало–қазони У енгиллатар.
6 Нимага Мисрликларга ва фиръавнга ўхшаб ўжарлик қиласизлар? Эсингизда йўқми, Исроил халқининг Худоси Мисрликларни роса эзгандан кейингина, улар Исроил халқини ўз йўлига қўйиб юбордилар–ку!
7 Энди битта янги арава билан ҳали ҳеч бўйинтуруқ солинмаган иккита соғин сигир ҳозирланглар. Сигирларни аравага қўшинглар, бузоқларини эса сигирлардан айириб, оғилхонага олиб боринглар.
8 Сандиқни аравага юкланглар, айбларингизни ювадиган назрларни — Исроил халқининг Худосига атаб ясалган олтин ҳайкалчаларни бир қутига жойлаштиринглар. Ўша қутини Сандиқнинг ёнига қўйинглар. Кейин аравани қўйиб юборинглар, ўз йўлига кетсин.
9 Араванинг орқасидан кузатиб боринглар. Агар сигирлар бизнинг юртимиз чегарасидан ўтиб, Байт–Шамаш шаҳрига борадиган йўлдан кетса, демак, бошимизга бундай катта кулфатни солган Исроил халқининг Худосидир. Агарда шундай бўлмаса, бу кулфат бизга Ундан келмаганини, балки бир тасодиф бўлганини билиб оламиз.
10 Одамлар айтилгандай қилишди. Икки соғин сигир келтириб, аравага қўшишди, бузоқларни эса оғилхонага қамаб қўйишди.
11 Эгамизнинг Сандиғини, шунингдек, ичига олтин сичқонлар ва чипқонларнинг ҳайкалчалари солинган қутини аравага юклашди.
12 Сигирлар тўппа–тўғри Байт–Шамаш йўлидан кетди. Ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилмай, бўкирганича, катта йўл бўйлаб илгарилаб кетаверди. Филист беклари аравани Байт–Шамаш чегарасигача кузатиб боришди.
13 Ўша пайтда Байт–Шамаш аҳолиси водийда буғдой ўраётган эди. Улар Сандиқни кўриб, севиниб кетишди.
14-15 Арава Байт–Шамашлик Ёшуанинг даласига етиб келиб, тўхтаб қолди. Ўша ерда катта бир тош бор эди. Левилар Эгамизнинг Сандиғини ва ёнидаги олтин ҳайкалчалар жойланган қутини аравадан тушириб, ўша катта тошнинг устига қўйишди. Байт–Шамаш аҳолиси араванинг ёғочларини ўтин қилиб ёрди. Сигирларни эса Эгамизга куйдириладиган қурбонлик қилишди. Ўша куни Байт–Шамаш аҳолиси Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар ва бошқа қурбонликлар келтирди.
16 Бешала Филист беклари бўлиб ўтган воқеаларни ўз кўзлари билан кўриб, шу куни Эхронга қайтиб кетдилар.
17 Филистлар айблари учун Эгамизга назр қилиб бешта олтин чипқон ҳайкалчасини жўнатган эдилар. Ҳадялар Ашдод, Ғазо, Ашқалон, Гат ва Эхрон шаҳарларининг ҳокимларидан эди.
18 Бешта олтин сичқон бешта ҳукмдор бошқарган Филистлар шаҳарларининг ва уларнинг атрофидаги қишлоқларнинг рамзи эди. Байт–Шамашлик Ёшуанинг даласидаги Эгамизнинг Сандиғи қўйилган катта тош шу кунгача бунга гувоҳ бўлиб турибди.
19 Байт–Шамашлик етмиш киши Эгамизнинг Сандиғи ичига қараган эди, Худо уларни йўқ қилди. Эгамиз халқнинг бошига оғир кулфат келтиргани учун, Байт–Шамашликлар мотам тутдилар.
Аҳд сандиғи Хират–Йўримда
20 Байт–Шамаш аҳолиси шундай деди:
— Эгамиз олдида — бу Муқаддас Худо олдида ким бардош беришга қодир экан?! Унинг Сандиғини ўзимизнинг олдимиздан қаёққа жўнатсак экан?
21 Ниҳоят, улар Хират–Йўрим аҳолисига хабарчи жўнатиб: “Филистлар Эгамизнинг Сандиғини қайтаришди, келинглар, уни ўз шаҳрингизга олиб кетинглар” деган гапни етказишди.
1 Шундан кейин Хират–Йўрим аҳолиси бориб, Эгамизнинг Сандиғини олди. Уни Абунадавнинг тепаликдаги уйига олиб келишди. Эгамизнинг Сандиғини авайлаб сақласин деб, Абунадавнинг ўғли Элазарни поклаб, шу вазифага тайинлашди.
Шомуил Исроилга йўлбошчилик қилади
2 Сандиқ узоқ вақт — йигирма йилча Хират–Йўримда қолиб кетди. Бу орада бутун Исроил халқи Эгамизга талпинди.
3 Шомуил жамики Исроил халқига деди:
— Агар чин дилдан Эгамизга қайтмоқчи бўлсангиз, ҳамма бегона худоларни ва Аштарет тасвирларини орангиздан йўқотинг. Кўнглингизни Эгамизга бериб, ёлғиз Унга хизмат қилинг. Ана шунда Эгамиз сизларни Филистларнинг қўлидан қутқаради.
4 Исроил халқи Баал ва Аштарет тасвирларини йўқ қилиб, фақат Эгамизга хизмат қила бошлашди.
5 Ўшанда Шомуил:
— Бутун Исроил халқи Миспахда тўплансин, мен у ерда Исроил халқи учун Эгамизга илтижо қиламан, — деди.
6 Миспахда тўпланган Исроил халқи қудуқдан сув тортиб, Эгамизга назр қилиб тўкишди. “Эгамиз олдида гуноҳ қилдик”, деб ўша куни рўза тутишди. Шомуил Миспахда Исроил халқига ҳакамлик қила бошлади.
7 Филистлар Исроил халқининг Миспахда тўпланганини эшитиб қолишди. Филист беклари, Исроил халқи билан уришамиз, деб отланишди. Исроил халқи буни эшитиб, Филистлардан қўрқиб кетишди.
8 Улар Шомуилга:
— Биз учун Эгамиз Худога тинимсиз илтижо қилинг, токи У бизни Филистларнинг қўлидан қутқарсин, — дейишди.
9 Шу боисдан Шомуил битта эмадиган қўзичоқ олиб, Эгамизга куйдириладиган қурбонлик қилди. Сўнг Исроил халқи учун Эгамизга нолаю фарёд билан илтижо қилди. Эгамиз унинг илтижосини эшитди.
10 Шомуил куйдириладиган қурбонликни адо этаётган эди, Филистлар Исроил лашкарига ҳужум қилмоқчи бўлиб яқин келдилар. Аммо ўша заҳоти Эгамиз ваҳимали овоз чиқариб, Филистларни шундай саросимага солдики, оқибатда улар Исроил лашкарига мағлуб бўлди.
11 Исроил лашкари Миспахдан чиқиб, Филистларни Байт–Кор деган ернинг этагигача қувиб бориб ўлдирдилар.
12 Шомуил бир тошни олиб, Миспах билан Яшоно орасига ўрнатди. “Эгамиз бизга йўл бўйи ёрдам берди”, дея тошга Эванзор деб ном берди.
13 Мағлуб бўлган Филистлар Исроил ҳудудига қайтиб ҳужум қилишмади. Шомуил ҳаётлигида Исроил халқи Филистларга ҳужум қилганда, Эгамиз мадад бериб турди.
14 Эхрондан Гатга қадар Филистлар қўлга киритган шаҳарларнинг ҳаммасини Исроил халқи яна қайтариб олди. Шундай қилиб, Исроил халқининг ҳамма ерлари Филистлардан озод бўлди. Исроил халқи билан Амор халқлари орасида сулҳ тузилди.
15 Шомуил умр бўйи Исроилга ҳакамлик қилди.
16 У ҳар йили Байтил, Гилгал, Миспахни айланар, бу шаҳарларда туриб, Исроилни бошқарарди.
17 Кейин Рама шаҳридаги уйига қайтар ва ўша ерда туриб Исроилга ҳакамлик қиларди. Шомуил Рамада Эгамизга атаб бир қурбонгоҳ қурдирди.
Исроил халқи бир шоҳ талаб қилади
1 Шомуил кексайгач, ўғилларини Исроилга ҳакам қилиб тайинлаган эди.
2 Тўнғич ўғлининг оти Йўэл, иккинчи ўғлининг оти Абиё эди. Бершеба шаҳрида шу ўғиллари ҳакам эдилар.
3 Аммо ўғиллари Шомуилнинг йўлидан юришмади. Улар тама қилар, пора олар, бир ёқлама ҳукм чиқарардилар.
4 Бир куни Исроилнинг ҳамма оқсоқоллари тўпланишиб, Рамага — Шомуилнинг ҳузурига боришди
5 ва унга шундай дейишди:
— Мана, сиз кексайдингиз, ўғилларингиз эса сизнинг йўлингиздан юришмаяпти. Энди бошқа халқларда бўлганидай, устимиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳ тайинланг.
6 Исроил оқсоқолларининг “Устимиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳ тайинланг” деган гаплари Шомуилга ёқмади. Шунинг учун у Эгамизга ибодат қилган эди,
7 Эгамиз Шомуилга шундай жавоб берди:
— Халқ сенга нима айтса, ҳамма гапига қулоқ сол. Улар сени рад этишмади, ўзларининг шоҳи сифатида Мени рад этишди.
8 Уларни Мисрдан олиб чиққан кунимдан буён Менга нима қилган бўлсалар, сенга ҳам шундай қилишаётир: улар Мени тарк этиб, бошқа худоларга сажда қилишди.
9 Энди уларнинг гапига қулоқ сол. Фақат уларни жиддий огоҳлантириб қўй, ўзлари устидан ҳукмронлик қиладиган шоҳнинг ҳуқуқи ва муомаласини очиқчасига айт.
10 Ўзлари учун шоҳ талаб қилаётган халққа Шомуил Эгамизнинг ҳамма айтганларини етказди:
11 — Сизларга ҳукмронлик қиладиган шоҳнинг ҳуқуқи ва муомаласи қуйидагича бўлади: шоҳ ўғилларингизни мажбурлаб жанг араваларида ва сувори лашкари сафида хизмат қилишга олади. Баъзиларини ўзига қўриқчи қилиб тайинлайди, улар шоҳнинг жанг аравалари олдида югуришади.
12 Шоҳ баъзиларини мингбоши, баъзиларини элликбоши этиб тайинлайди. Қай бирини шоҳ ўз даласини экиш–ўришга, яна бошқасини эса жанг қуролларини ва жанг араваларининг асбоб–ускуналарини ясашга мажбур этади.
13 Қизларингизни пардозчи, ошпаз, новвой қилиб олади.
14 Энг яхши далаларингизни, узумзорларингизни, зайтунзорларингизни олиб, ўзининг аъёнларига беради.
15 Донингизнинг, узумларингизнинг ўндан бирини олиб, сарой амалдорлари билан бошқа аъёнларига тақсимлаб беради.
16 Қул ва чўриларингизни, энг сара ҳўкизларингизни, энг сара эшакларингизни олиб, ўзининг иши учун фойдаланади.
17 Қўй ва эчки сурувларингизнинг ҳам ўндан бирини тортиб олади. Ўзларингиз ҳам унга қул бўлиб қоласизлар.
18 Вақти келиб, ўзларингиз истаган шоҳ дастидан фарёд қиласизлар. Лекин ўша пайтда Эгамиз сизларга жавоб бермайди.
19 Барибир халқ Шомуилнинг гапини эшитишни истамади:
— Йўқ, устимиздан бир шоҳ бўлсин,
20 ўшанда биз ҳам ҳамма халқлар сингари бўламиз. Шоҳимиз бизга ҳукмронлик қилсин, олдимизда бориб, урушларимизда бош бўлсин, — дейишди.
21 Шомуил халқнинг ҳамма гапини тинглади, сўнг уларнинг гапларини Эгамизга айтди.
22 Эгамиз Шомуилга:
— Уларнинг гапига қулоқ сол, устиларидан шоҳ тайинла, — деб амр берди. Шомуил Исроил халқига:
— Ҳар ким ўз шаҳрига қайтсин, — деди.
Шомуил Шоулни қарши олади
1 Бенямин қабиласида Киш деган бир одам бор эди. Киш — Абилнинг ўғли, Абил — Зарорнинг ўғли эди. Зарор — Бахуратнинг, Бахурат — Офиёхнинг ўғли эди. Бенямин қабиласидан бўлган Киш анча обрўли одам эди.
2 Унинг Шоул деган ёш, чиройли бир ўғли бор эди. Исроил халқи орасида Шоулдан чиройли одам йўқ эди. Ҳар қандай одамнинг бўйи унинг елкасидан келарди.
3 Бир куни Кишнинг эшаклари йўқолиб қолди. Киш ўғли Шоулга:
— Хизматкорлардан бирини ёнингга олгин–да, бориб, эшакларни топиб кел, — деди.
4 Шоул Эфрайим қирларини, сўнг Шолишо ерларини айланиб чиқди. Аммо эшакларни топа олмади. Кейин Шалим ерларига ўтди, эшаклар у ерда ҳам йўқ экан. Сўнгра Бенямин ҳудудини кезиб чиқди, эшакларни у ердан ҳам топа олмади.
5 Зуф деган жойга боришгач, Шоул ёнидаги хизматкорига:
— Бўлди энди, орқага қайтамиз, бўлмаса, эшаклар қолиб, отам биздан хавотирланади, — деди.
6 — Энди бундай қилсак, — деди хизматкори, — шу шаҳарда бир пайғамбар бор, у обрўли одам. Ҳамма айтганлари вожиб бўлади. Ўша одамникига борсак, балки борадиган йўлимизни у бизга кўрсатар.
7 — Агар борсак, унга нима олиб борамиз? — деб сўради Шоул. — Тўрваларимиздаги нон тугади. Пайғамбарга олиб борадиган бирор ҳадямиз йўқ. Нимамиз қолди?
8 — Мана, менда бир кумуш танга бор, — деди хизматкор. — Буни пайғамбарга бераман, у бизга борадиган йўлимизни кўрсатади.
9 (Қадимда Исроилда кимдир Худонинг хоҳиш–иродасини билмоқчи бўлса, “Қани, валийга борамиз”, дерди. Бугунги пайғамбар ўша вақтда валий дейиларди.)
10 Шоул хизматкорига:
— Маъқул, қани, кетдик, — деди. Шундай қилиб, улар пайғамбар яшайдиган шаҳарга жўнадилар.
11 Шаҳар тепаликда жойлашган эди. Улар шаҳарга борадиган қия йўлдан кетаётганларида, қудуқдан сув олишга келган қизларга дуч келишди. Улар қизлардан:
— Валий шу ердами? — деб сўрашди.
12 Қизлар жавоб беришди:
— Ҳа, ана олдингизда! Фақат тезроқ боринглар, шаҳримизга бугун келдилар. Бугун тепаликдаги саждагоҳда халқ қурбонлик келтиради.
13 Шаҳарга киришингиз биланоқ, уни топасизлар. У саждагоҳга таом ейишга келмоқда. Валий келиб, қурбонликни табаррук қилмагунча, халқ таом емайди. У келгандан кейингина таклиф қилинганлар таом ейди. Ҳозир борсангиз, уни дарров топасизлар.
14 Шоул билан хизматкори шаҳарга келишди. Шаҳарга кирганларида, саждагоҳга чиқишга тараддуд кўраётган Шомуил улар томонга келаётган экан.
15 Шоул келмасдан бир кун олдин, Эгамиз Шомуилга шуни аён қилган эди:
16 “Эртага шу вақтда сенинг олдингга Бенямин юртидан биттасини юбораман. Унинг бошига мой суртиб танла. У халқим Исроилнинг ҳукмдори бўлсин. Халқимни Филистлар қўлидан у қутқаради. Халқимнинг аҳволига назар солдим, уларнинг оҳу фиғони Менга етиб келди.”
17 Шомуил Шоулни кўргач, Эгамиз унга: “Ана Мен сенга айтган одам, Менинг халқимга у раҳнамолик қилади”, — деди.
18 Шоул шаҳар дарвозаси олдида Шомуилга яқинлашиб сўради:
— Марҳамат қилиб айтинг–чи, валийнинг уйи қаерда?
19 — Валий менман, — деди Шомуил. — Мендан олдин саждагоҳга чиқ. Бугун мен билан бирга таом ейсизлар. Эртага эрталаб дилингдаги ҳамма нарсани сенга айтиб, кейин ўзим кузатиб қўяман.
20 Исроил халқининг умиди сендан ва сенинг хонадонингдан эканини ўзинг билишинг зарур. Уч кун олдин йўқолган эшакларинг учун қайғурма. Улар топилди.
21 — Мен Исроил қабиласининг энг кичиги бўлган Бенямин қабиласиданман–ку! Мен мансуб бўлган уруғ Бенямин қабиласининг ҳамма уруғидан энг кичиги бўлса, менга нима учун бундай гапларни айтяпсиз? — деди Шоул.
22 Шомуил Шоул билан хизматкорини ўша ердаги хонага олиб борди. Чақирилганлар тахминан ўттизтача эди. Энг тўрига Шоул билан хизматкорини ўтқазди.
23 Кейин ошпазга:
— Мен сенга, бир четга олиб қўй, деб улуш берган эдим–ку, ўша улушни келтир, — деди.
24 Ошпаз ўнг сон гўштини олиб келиб, Шоулнинг олдига қўйди.
— Мана, сен учун ажратиб қўйилган улуш, марҳамат, егин! — деди Шомуил. — Бу улушни белгиланган кунда ўзим чақирган халқим билан бирга ейсан, деб сенга сақлаб қўйган эдим.
Ўша куни Шоул Шомуил билан таом еди.
25 Сўнгра улар саждагоҳдан шаҳарга тушишди. Шомуил уйининг томида Шоул билан суҳбатлашди.
Шомуил Шоулни ҳукмдор этиб тайинлайди
26 Саҳар пайти Шомуил том устида ётган Шоулни чақириб:
— Бўла қол! Сени кузатиб қўяман, — деди.
Шоул ўрнидан туриб, Шомуил билан бирга ташқарига чиқди.
27 Шаҳар чеккасига яқинлашганларида, Шомуил Шоулга деди:
— Хизматкорингга айт, у биздан олдинроқ юрсин. Сен орқароқда қол, сенга Худонинг каломини айтаман.
1 Сўнгра Шомуил мой идишини олиб, Шоулнинг бошига мой суртди. Кейин Шоулни ўпиб, шундай деди:
— Мана, Эгамиз сенга мой суртиб, Ўз халқига ҳукмдор этиб танлади.
2 Бугун менинг олдимдан кетганингдан кейин Бенямин ҳудудида, Зилзахдаги Роҳиланинг мақбараси ёнида икки кишига дуч келасан. Улар сенга: “Излаб кетган эшакларинг топилди, отанг энди эшакларни ўйламай, балки, ўғлимга нима бўлди экан, деб сендан хавотирланиб ўтирибди”, деб айтишади.
3 У ердан яна йўлингда давом этиб, Товурдаги муқаддас дарахт олдидан чиқасан. У ерда учта одамга дуч келасан. Уларнинг бири учта улоқча, бири учта гардиш нон, яна бошқаси бир меш шароб билан Худонинг ҳузурига — Байтилга йўл олган бўлади.
4 Улар сенга омонлик тилаб, иккита гардиш нон беришади. Сен нонларни ол.
5 Кейин Филистлар қўнолғаси жойлашган, Худонинг тепалиги деб аталган Гивога борасан. Шаҳарга кирганингда, пайғамбарлар гуруҳига дуч келасан. Улар жўшиб зикр тушиб, саждагоҳдан тушиб келаётган бўладилар. Уларнинг олдиларида арфа, чилдирма, най ва лира чалиб келаётган одамлар бўлади.
6 Эгамиз Руҳи сени ҳам қамраб олади. Улар билан бирга сен ҳам жўшиб зикр тушасан ва бутунлай бошқа одамга айланасан.
7 Бу аломатлар сенда намоён бўлганда, ўзингга маъқул бўлганини қил. Худо сен билан.
8 Мендан олдин сен Гилгалга бор. Мен ҳам куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини назр қилгани ҳузурингга бораман. Мени етти кун кут, ёнингга борганимдан кейин нима қилишингни айтаман.
9 Шоул энди Шомуилнинг ёнидан кетиш учун чоғланган ҳам эдики, Худо унинг юрагини ўзгартирди. Ўша куни Шомуил айтган ҳамма аломатлар бажо бўлди.
10 Шоул Гивога келганда, уни пайғамбарлар гуруҳи қарши олди. Худонинг Руҳи уни қамраб олди, Шоул улар билан бирга жўшиб зикр туша бошлади.
11 Шоулнинг дўстлари буни кўриб, ҳайратга тушдилар:
— Нима? Наҳотки Шоул ҳам пайғамбар бўлса?! Кишнинг ўғли қандай қилиб пайғамбар бўлиб қолибди?
12 Қўшниларидан бири эътироз билдирди:
— Отаси кимлигининг аҳамияти йўқ. Ҳар ким ҳам пайғамбар бўлиши мумкин.
Шу сабабдан ҳам “Наҳотки Шоул ҳам пайғамбар бўлса?!” деган гап аслида ўшандан қолган.
13 Зикр тушиш тўхтагач, Шоул саждагоҳга чиқди.
14 Амакиси Шоул билан хизматкоридан:
— Қаерларда қолиб кетдингизлар? — деб сўради.
— Эшакларни қидирдик, уларни топа олмай, Шомуилнинг олдига бордик, — деб жавоб берди Шоул.
15 — Шомуил сизларга нималар деди, менга ҳам айт–чи, — деди амакиси.
16 — Эшакларнинг топилганини бизга тўппа–тўғри айтиб берди, — деди Шоул. Шомуилнинг шоҳликка алоқадор сўзларини эса амакисига айтмади.
Шоул шоҳ деб эълон қилинади
17 Шомуил Исроил халқини Миспахга, Эгамизнинг ҳузурига чақириб,
18 шундай деди:
— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз айтмоқда: “Исроил халқини Мисрдан Мен олиб чиққанман. Мисрликларнинг ва сизларга зулм қилган ҳамма шоҳликларнинг қўлидан сизларни қутқардим.
19 Аммо бугун бутун машаққат ва заҳматларингиздан сизларни қутқарадиган Мен, Худойингизни рад қилдингиз ҳамда: «Бизга устимиздан шоҳ тайинланг», дедингиз. Энди Мен, Эгангизнинг ҳузурида қабила ва уруғларга бўлиниб тизилинг.”
20 Шомуил Исроил халқининг ҳамма қабилаларини бирин–кетин ўз ҳузурига чақирди. Қуръа ташлаб, улардан Бенямин қабиласини танлаб олди.
21 Кейин Бенямин қабиласини уруғлари бўйича олдига чақирди. Қуръа ташлаб, Матри уруғини танлаб олди. Яна қуръа ташлаб, Матри уруғидан Кишнинг ўғли Шоулни танлаб олди. Исроил халқи уни ахтариб топа олмади.
22 Улар Эгамиздан:
— Ўша одам келдими ўзи? — деб сўрашди.
— У шу ерда, анжомларнинг орасида яшириниб юрибди, — деган жавоб келди Эгамиздан.
23 Одамлар югуриб бориб, Шоулни олиб келишди. Шоул халқнинг орасида тикка турган эди, ҳамма унинг елкасидан келар экан.
24 Шомуил бутун халойиққа қарата:
— Эгамиз танлаган одамни кўряпсизми, бутун халқ орасида унга тенг келадигани топилмайди, — деди. Шунда халқ:
— Яшасин шоҳ! — деб ҳайқирди.
25 Шомуил шоҳликнинг қонун–қоидаларини халққа айтиб берди. (Кейинчалик Шомуил бу қонун–қоидаларни китоб ҳолига келтириб, Эгамизнинг уйига қўйди.) Сўнг ҳамма одамни уй–уйларига жўнатиб юборди.
26 Шоул ҳам Гивога — ўз уйига кетди. Худо руҳлантирган бир неча киши унга ҳамроҳ бўлди.
27 Аммо баъзи ярамас одамлар: “У бизни қутқара олармиди?!” деб Шоулни назарларига илмади, шу сабабдан унга инъомлар тортиқ қилишмади. Шоул эса билиб билмасликка олиб қўя қолди.
Шоул Оммон халқини енгади
1 Оммон шоҳи Нахош Гиладдаги Ёбош шаҳрига келиб, у ерни қамал қилди. Ҳамма Ёбошликлар Нахошга:
— Биз сен билан сулҳ тузиб, сенга итоат этамиз, — дейишди.
2 Оммон шоҳи Нахош:
— Фақат бир шарт билан сулҳ тузаман, — деди. — Ҳар бирингизнинг ўнг кўзингизни ўйиб оламан–да, бутун Исроил халқини бадном қиламан.
3 Ёбош шаҳрининг оқсоқоллари Нахошга шундай дейишди:
— Бизга етти кун муҳлат бер, Исроилнинг ҳамма ҳудудига хабарчилар жўнатайлик. Агар бизга нажот берадиган кимса чиқмаса, сенга таслим бўламиз.
4 Хабарчилар Шоул яшайдиган Гиво шаҳрига келиб, бўлаётган воқеаларни халққа билдиришди. Ҳаммаси йиғи–сиғи қилиб, дод–фарёд солди.
5 Худди шу пайт Шоул ҳўкизларини олдига солиб даладан қайтаётган эди. Шоул:
— Одамларга нима бўлди? Нега бунчалик йиғлайди? — деб сўради.
Ёбошликларнинг жўнатган хабарини унга айтиб беришди.
6 Шоул бу гапларни эшитган заҳоти, Худонинг Руҳи уни қамраб олди. Шоул қаттиқ ғазабланди.
7 Бир жуфт ҳўкизни сўйиб, нимталади. Хабарчилар орқали Исроилнинг ҳамма томонига ўша нимталанган бўлакларни жўнатиб, шундай деди: “Кимки Шоул билан Шомуилнинг орқасидан эргашмаса, ўша одамнинг ҳўкизлари ҳам худди шу аҳволга тушади.”
Одамлар Эгамиздан қўрққанидан зир титраб, бир ёқадан бош чиқариб йўлга тушди.
8 Шоул уларни Базах шаҳрида йиғди. Исроил уруғларидан 300.000, Яҳудо уруғидан эса 30.000 киши бор эди.
9 У ерга келган Ёбошлик хабарчиларга шундай дейишди:
— Гиладдаги Ёбош аҳолисига, эртага пешингача нажот топасизлар, деб айтинглар.
Хабарчилар бориб, бу гапни етказишди. Ёбошликлар қувониб кетишди.
10 Нахошга эса:
— Эртага сизга таслим бўламиз, бизга нимани лозим кўрсангиз, шуни қилаверинг, — дейишди.
11 Эртаси куни Шоул одамларни уч қисмга бўлди. Улар тонг пайти Оммон лашкарининг қароргоҳига бостириб киришди. Куннинг жазирама иссиғи бошлангунча, уларни мағлуб қилиб бўлишди. Омон қолганлари шундай тирқираб қочдики, ҳатто бирон жойда икки киши тўпланганини учратиб бўлмасди.
12 Исроил лашкари Шомуилнинг олдига бориб:
— “Бизга шоҳлик қилиш Шоулга тушиб қолибдими?” деганлар кимлар эди? Олиб келинг уларни, ўлдирамиз! — деб қаттиқ талаб қилишди.
13 Шоул эса:
— Бугун бирон кимса ўлдирилмайди, чунки Эгамиз бугун Исроилга нажот берди, — деди.
14 — Майли, Гилгалга борамиз, ўша ерда шоҳликни янгидан тиклаймиз, — деди Шомуил халққа.
15 Шундай қилиб, бутун халқ Гилгалга борди ва Эгамиз ҳузурида Шоулнинг шоҳлигини тасдиқлади. Ўша ерда — Эгамизнинг ҳузурида тинчлик қурбонликлари келтиришди. Шоул ва бутун Исроил халқи роса хурсандчилик қилишди.
Шомуилнинг айрилиш нутқи
1 Шундан кейин Шомуил бутун Исроил халқига деди:
— Менга нима гапирган бўлсангиз, ҳаммасига қулоқ солдим. Сизларнинг устингиздан бир шоҳ тайинладим.
2 Энди у сизларга раҳнамолик қилади. Мен эса кексайдим, сочим оқарди. Мана, ўғилларим ҳам сизлар билан бирга. Ёшлигимдан буён шу кунгача сизларга йўлбошчилик қилдим.
3 Қани, айтинглар–чи, қайси бирингизнинг ҳўкизингизни олдим? Кимнинг эшагини тортиб олдим? Кимни товладим? Кимга зулм қилдим? Кимдан пора олиб, унинг айбларини кўриб–кўрмасликка олдим? Эгамизнинг ва У мой суртиб танлаган шоҳнинг олдида мен ҳақимда гувоҳлик беринг, сизлардан бирор нарса олган бўлсам, қайтариб берай.
4 — Бизни товламадингиз, бизга зулм қилмадингиз, бирор кимсанинг қўлидан бирон нарса олмадингиз, — деди халқ.
5 — Мендан бирор нуқсон топмаганингизга бугун Эгамиз ҳамда У мой суртиб танлаган шоҳ гувоҳдир, — деди Шомуил.
— Ҳа, улар гувоҳ бўлиб турибди, — деди халқ.
6 Шомуил гапини давом эттирди:
— Мусо билан Ҳорунни тайин қилган, ота–боболарингизни Миср юртидан олиб чиққан — Эгамиздир.
7 Энди шу ерда туринглар, Эгамизнинг сизларга ва ота–боболарингизга нажот бериш учун қилган ҳамма ажойиботларининг исботини Унинг ҳузурида сизларга кўрсатаман.
8 Ёқуб Мисрга келгандан кейин, ота–боболарингиз Эгамизга ёлворди, У эса Мусо билан Ҳорунни юборди. Улар ота–боболарингизни Мисрдан олиб чиқиб, бу ерга жойлаштирди.
9 Аммо ота–боболарингиз ўзларининг Эгаси Худони унутишди. Шунинг учун Эгамиз уларни Хазор шоҳининг лашкарбошиси Сисаронинг, Филистларнинг ва Мўаб шоҳининг қўлига топширди. Улар ота–боболарингиз билан уришишди.
10 Ота–боболарингиз Эгамизга: “Гуноҳ ишлар қилдик, Сендан юз ўгириб, Баал билан Аштаретга хизмат қилдик, энди бизни ғанимларимизнинг қўлидан озод эт, Сенга хизмат қиламиз”, деб ёлворишди.
11 Эгамиз эса Гидўн, Барақ, Йифтох, Шимшўн сингари ҳакамларни юборди. Бехавотир яшанглар деб, сизларни бўйсундирган ғанимларингиз қўлидан озод этди.
12 Сўнгра Оммон шоҳи Нахош сизларга ҳужум қилмоқчи бўлганини кўриб, қўрқиб кетдингиз. Ўз Эгангиз Худо сизларнинг шоҳингиз бўлса ҳам, менга: “Йўқ, бизни оддий шоҳ бошқарсин”, деб туриб олдингиз.
13 Мана, танлаб, тилаб олган шоҳингиз! Ҳа, Эгамиз устингиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳни берди.
14 Эгамиздан қўрқиб, Унга хизмат қилинглар, Унинг сўзларига қулоқ солиб, амрларидан бўйин товламанглар. Сизларга ҳукмронлик қиладиган шоҳингиз билан бирга Эгангиз Худога эргашинглар. Агар шундай қилсангизлар, ҳаммаси яхши бўлади.
15 Эгамизнинг сўзларига итоат этмасдан, Унинг амрларига қарши чиқсангиз, Эгамиз ота–боболарингизни жазолаганидай, сизларни ҳам жазолайди.
16 Энди турган ерингизда тураверинг, кўз ўнгингизда Эгамизнинг ажойиботини кўринглар.
17 Ҳозир буғдой ўрими пайти, қурғоқчилик бошланди. Мен Эгамизга илтижо қиламан, У момақалдироқ гулдиратиб, ёмғир ёғдиради. Шундай қилиб, сизлар бир шоҳ сўраш билан Эгамиз олдида қанчалик қабиҳлик қилганингизни яхшилаб тушуниб оласиз.
18 Шомуил Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз ўша куни момақалдироқ гумбурлатиб, ёмғир ёғдирди. Жамики халқ Эгамиздан ҳам, Шомуилдан ҳам жуда қўрқиб кетди.
19 Улар Шомуилга:
— Нобуд бўлмайлик. Биз — қулларингиз учун ўз Эгангиз Худога илтижо қилинг, — дейишди. — Энди билдик, биз бир шоҳ сўраб, бутун гуноҳларимиз устига яна гуноҳ қилибмиз.
20 Шомуил халққа деди:
— Сизлар бу қилмишларингиз билан қабиҳлик қилдиларингиз, лекин энди қўрқманглар, Эгамиздан юз ўгирмасдан Унга эргашинглар. Унга бутун қалбингиз билан хизмат қилинглар.
21 Бирор кимсага нажот беролмайдиган яроқсиз бутларнинг орқасидан эргашманглар, улар бефойда нарсалар–ку, ахир.
22 Эгамиз сизларни Ўзининг халқи қилди. У Ўзи танлаган халқдан юз ўгирмайди. Акс ҳолда, Ўзининг улуғ исмини бадном қилган бўлади.
23 Энди менга келсак, албатта Эгамизга сизлар учун ибодат қиламан. Акс ҳолда, Унга қарши гуноҳ қилган бўламан. Бундан Худо сақласин! Сизларга фақат тўғри ва яхши йўлни кўрсатаман.
24 Фақат Эгамиздан қўрқинглар, Унга бутун қалбингиз билан ишониб хизматда бўлинглар. Қаранг, У сизлар учун қандай ажойиб ишлар қилган!
25 Агарда қабиҳлик қилаверсангизлар, Эгамиз сизларни ҳам, шоҳингизни ҳам йўқ қилади.
Филистлар билан уруш
1 Шоҳ Шоул ўттиз ёшида тахтга ўтириб, Исроилда қирқ икки йил шоҳлик қилди.
2 У Исроил лашкаридан уч мингта одам саралаб олиб, қолганларини уйларига жўнатиб юборди. Ўша уч мингтадан икки мингтасини Михмаш ва Байтил қирларига жойлаштирди, мингтасини эса Бенямин уруғига қарашли Гиво шаҳрига — Йўнатаннинг ихтиёрига юборди.
3 Орадан кўп ўтмай, Йўнатан Филистларнинг Гебо шаҳридаги қўнолғасини мағлуб қилди. Бу хабар Филистлар орасида тезда тарқалди. Шоул: “Ибронийлар бу ҳодисадан хабардор бўлсин”, деб бутун ўлка бўйлаб бурғу чалдирди.
4 Шундай қилиб, Шоул Филистлар қўнолғасини енгганини ва Филистлар Исроил халқидан нафратланганини Исроил халқининг ҳаммаси билди. Сўнг лашкар Гилгалда Шоулнинг атрофига тўпланди.
5 Филистлар ҳам Исроил лашкари билан уришмоқ учун йиғилишди. Уч мингта жанг араваси, олти мингта отлиқ сипоҳ ва денгиз қирғоғидаги қум сингари сон–саноқсиз лашкар йўлга чиқиб, Байт–Обун шаҳрининг шарқидаги Михмашга келди. Улар ўша ерда қароргоҳ қуришди.
6 Исроил лашкарининг аҳволи оғирлашиб, қийналиб қолди ва улар ғорларга, хандақларга, қоялар орасига, қабрларга, сардобаларга яшириндилар.
7 Ибронийларнинг айримлари эса Иордан дарёси шарқидаги Гад ва Гилад ерларига кечиб ўтишди.
Шоул у вақтда ҳали ҳам Гилгалда эди. Унга эргашганларнинг ҳаммаси қўрқиб кетишди.
8 Шомуил Шоулга: “Мени етти кун кут”, деб айтгани учун, уни Гилгалда етти кун кутиб турди. Шомуил Гилгалга келавермагач, лашкар энди Шоулнинг ёнидан қоча бошлади.
9 Шунинг учун Шоул:
— Куйдириладиган қурбонлик билан тинчлик қурбонликларини менга олиб келинглар, — деб буюрди. Кейин у куйдириладиган қурбонликларни назр қилди.
10 Шоул қурбонликни куйдириб бўлган ҳам эдики, Шомуил келиб қолди. Шоул, унга салом берай деб, пешвоз чиқди.
11 — Нима қилиб қўйдинг?! — деди Шомуил.
— Одамларим менинг ёнимдан қочиб кетяпти, — деди Шоул. — Сиз эса белгиланган куни келмадингиз. Бунинг устига, Филистлар Михмашда тўпланиб туришибди. Уларни кўриб,
12 энди Филистлар Гилгалга устимга бостириб келади, мен эса ҳанузгача Эгамдан ёрдам сўраб илтижо қилмадим, деб ўйладим. Шундан кейин куйдириладиган қурбонликни қилишга мажбур бўлдим.
13 Шомуил Шоулга деди:
— Нодонларча иш тутибсан, ўз Эганг Худонинг сенга берган амрига итоат этмадинг. Бўлмаса, Эгам Исроилдаги шоҳлик тахтингни то абад мустаҳкам қилган бўларди.
14 Энди сенинг шоҳлигинг узоққа бормайди. Эгам Ўз кўнглига мос биттасини топди, уни Ўз халқи устидан ҳукмдор қилиб тайинлади. Чунки сен Эгамнинг амрига итоат қилмадинг.
15 Шундан сўнг Шомуил Гилгалдан чиқиб, Бенямин уруғига қарашли Гиво шаҳрига жўнаб кетди. Шоул ёнида қолган одамларни санаб чиқди, ҳаммаси бўлиб тахминан олти юз киши экан.
16 Шоул, ўғли Йўнатан ва уларнинг лашкари Бенямин қабиласига қарашли Гебода жойлашдилар. Филистлар эса Михмашда қароргоҳ қурган эдилар.
17 Филистларнинг илғорлари уч гуруҳга бўлиниб, Исроил қишлоқларини талаш учун қароргоҳдан чиқишди. Гуруҳлардан бири Шувол ҳудудидаги Ўфра шаҳри томонга,
18 иккинчиси Байт–Хўрон шаҳри томонга, учинчиси эса чўл томонга — Завўм водийси кўриниб турган чегара адирга йўл олди.
19 Филистлар: “Ибронийлар қилич, найза ясай олмасин”, деб бутун Исроил юртида бирорта ҳам темирчи қолдирмаган эдилар.
20 Шунинг учун бутун Исроил халқи омоч тишларини, чўкичларини, болта ва ўроқларини ўткирлаш учун Филистларнинг олдига борар эди.
21 Омоч тиши билан чўкични ўткирлаш баҳоси икки мисқол кумуш, паншаха, болта ва темир учли говронни ўткирлаш баҳоси бир мисқол кумуш эди.
22 Шу сабабдан Шоул билан Йўнатаннинг жангчиларидан бирортасида қилич ёки найза йўқ эди, фақат Шоул ва унинг ўғлида бор эди, холос.
23 Бу пайтга келиб, Филистлар қўнолғасини Михмаш довонида жойлаштирган эдилар.
Йўнатаннинг мардона иши
1 Ўша куни Шоулнинг ўғли Йўнатан ёшгина қуролбардорига:
— Юр, нариги томондаги Филистларнинг қўнолғаси турган жойга ўтамиз, — деди. Аммо бу ҳақда отасига ҳеч нарса айтмади.
2 Шоул Гиво шаҳри яқинидаги Мигронда бир анор дарахти тагида ўтирар, ёнида олти юзтача одамдан иборат лашкари бор эди.
3 Эфод кўтариб юрган руҳоний Охиё ҳам ўша ерда эди. Охиёнинг отаси — Охитоб, Охитобнинг акаси — Ихабод эди. Ихабод — Финхазнинг ўғли, Финхаз эса Шилўда Эгамизнинг руҳонийси бўлиб хизмат қилган Элахнинг ўғли эди.
Одамлар Йўнатаннинг кетганини сезмай қолган эдилар.
4 Йўнатан Филистлар қўнолғасига довон орқали ўтмоқчи бўлди. Довоннинг ҳар икки томонида иккита баланд чўққи бор эди. Бириси — Бозаз, бошқаси Санех деб аталарди.
5 Чўққилардан бири шимол томонда бўлиб, Михмашга, иккинчиси жанубда бўлиб, Гивога қараган эди.
6 Йўнатан ёш қуролбардорига:
— Юр, ўша суннатсизларнинг қўнолғаси томонга ўтайлик, Эгамиз бизга ёрдам беради, — деди. — У кўпчилик билан ҳам, озчилик билан ҳам ғалабага эриштираверади. Чунки Эгамиз учун тўсқинлик йўқ.
7 — Сиз нима десангиз, шу–да, — деди қуролбардор. — Бўпти, борамиз. Кўнглингизга нима маъқул келса, мен ҳам сиз билан биргаман.
8 — Биз анави одамларга ўзимизни кўрсатамиз, — деди Йўнатан. — Агар улар бизни кўргач:
9 “Ёнингизга боргунимизча, ўша ерда тўхтаб туринглар”, деб айтса, айтган жойида тўхтаб турамиз, уларнинг олдига бормаймиз.
10 Борди–ю: “Ёнимизга келинглар”, деса борамиз. Ана шунда Эгамиз Филистларни бизнинг қўлимизга берганини биламиз, бизга аломат шу бўлади.
11 Иккови Филистларга кўриниш берган эди, Филистлар:
— Қаранглар, ибронийлар яширинган хандақларидан чиқа бошлашди! — деб қолди.
12 Сўнг Филистлар Йўнатан билан қуролбардорига:
— Бу ёққа келинглар–чи, бир гаплашиб қўяйлик, — деб бақиришди. Йўнатан қуролбардорига:
— Орқамдан юр, Эгамиз уларни Исроил халқининг қўлига берди, — деди.
13 Йўнатан тирмашиб қир тепасига чиқа бошлади. Қуролбардори ҳам унга эргашди. Олдидан келган Филистларни Йўнатан, орқадан келганини қуролбардори ўлдираверди.
14 Йўнатан билан қуролбардори биринчи ҳужумдаёқ кичкина майдонда йигирматача сипоҳни ўлдиришди.
15 Ҳаммани — қароргоҳдаги ва қирдаги одамларни ваҳима босди. Сипоҳлар, ҳатто илғорлар ҳам дағ–дағ титрарди. Бирдан ер тебранди. Бу Худо юборган даҳшат эди.
Филистлар устидан ғалаба
16 Шоулнинг Бенямин ҳудудидаги Гиво шаҳрида ўрнашган кузатувчилари Филистларнинг югур–югурини кўриб қолишди.
17 Шоул ёнидаги одамларга:
— Билинглар–чи, орамизда ким йўқ экан, — деди. Йўқлама қилган эдилар, Йўнатан билан унинг қуролбардори йўқлиги маълум бўлди.
18 Шоул Охиёга:
— Худонинг Сандиғини олиб кел, — деди. (Ўша пайтда Худонинг Сандиғи Исроил халқи билан эди.)
19 Шоул руҳоний билан гаплашаётган пайтда Филистларнинг қароргоҳидаги ғала–ғовур роса авжига чиқди. Шунинг учун Шоул руҳонийга:
— Керак эмас, қўявер! — деди.
20 Ўша заҳоти Шоул ва ёнидаги сипоҳларининг ҳаммаси бирга уруш майдонига кетишди. У ерда катта ғалаён бўлаётган эди, ҳамма бир–бирига қилич соларди.
21 Шунда илгари Филистлар томонда бўлган ва уларнинг қароргоҳига келган ибронийлар ҳам сафдан чиқиб, энди Шоул билан Йўнатаннинг сипоҳларига — Исроил сипоҳларига қўшилиб олишди.
22 Эфрайим қирларида яшириниб олганлар ҳам Филистларнинг қочаётганини эшитиб, уларни жанг майдонидан қувлай бошлади.
23 Шундай қилиб, ўша куни Исроил лашкарини Эгамиз ғалабага эриштирди.
Шоул лашкарига онт ичиради
Уруш Байт–Обуннинг нариги томонларигача ёйилди.
24 Ўша куни Исроил лашкари жуда ҳам ҳолдан тойди, чунки Шоул лашкарига онт ичириб, шундай деган эди: “Душманларимиздан ўч олмагунимизча, оқшомга қадар ким бир луқма таом еса, лаънати бўлсин!” Шунинг учун бирор кимса ҳеч нарса емади.
25-26 Лашкар ўрмонга борганда, ерда оқиб ётган асални кўрди, лекин Шоул ичирган қасамдан қўрқиб, бирортаси асалга қўл теккизмади.
27 Йўнатан эса отасининг лашкарига онт ичирганидан бехабар эди. Қўлидаги таёғини узатиб, таёқ учини асалари инига ботирди. Асалдан озгина татиб кўрган эди, кўзлари чақнаб кетди.
28 Шу заҳоти сипоҳлардан бири Йўнатанга:
— Отангиз лашкарга, бугун ким таом еса, лаънати бўлсин, деб онт ичирган эди, шунинг учун одамлар ҳолдан тойган, — деди.
29 — Отам одамларни оғир аҳволга солиб қўйди, — деди Йўнатан. — Қаранглар, мана бу асалдан бир оз татиб кўрган эдим, кўзларим чарақлаб кетди.
30 Бугун лашкаримиз ғанимлардан тортиб олган таомлардан тўйиб есайди, жуда яхши бўларди. Ўшанда Филистларни мағлуб қилиш янада осон бўлармиди?!
31 Ўша куни Исроил лашкари Михмаш билан Ойжавлон оралиғидаги Филистларни мағлуб қилди. Қорни очган Исроил лашкари шу қадар ҳолдан тойдики,
32 охири улардан ўлжа қилиб олинган чорваларга ташланишдан ўзга чора қолмади. Қўй, мол, бузоқларни шу ернинг ўзидаёқ сўйиб, қонини оқизмасдан еяверишди.
33 — Қаранг, лашкарингиз гўштни қони билан еб, Эгамизга қарши гуноҳ иш қиляпти! — деб аҳволни Шоулга маълум қилишди.
— Хоинлик қилдингизлар, ҳозироқ катта бир тошни бу ерга юмалатиб олиб келинглар! — деди Шоул.
34 Сўнг қўшиб қўйди:
— Лашкар орасида юриб айтинглар, ҳар бир одам молини, қўйини менинг ҳузуримга олиб келиб, шу ерда сўйиб, есин. Гўштни қони билан еб, Эгамизга қарши гуноҳ иш қилманглар.
Ўша куни кечаси ҳар бир одам молини олиб келиб, Шоулнинг олдида сўйди.
35 Шоул Эгамизга атаб бир қурбонгоҳ қурди. Бу Шоулнинг Эгамизга атаб қурган илк қурбонгоҳи эди.
36 Кейин Шоул одамларига айтди:
— Қани, шу кеча Филистларни бир қувайлик. Тонг отгунча молларини тортиб оламиз, бирортасини соғ қолдирмаймиз.
— Бир оғиз сўзингиз, — деб жавоб беришди одамлар.
— Аввал Худонинг хоҳиш–иродасини билайлик, — деб қолди руҳоний.
37 Шоул Худодан:
— Филистларга ҳужум қилаверайми? Уларни Исроил лашкарининг қўлига тутиб берасанми? — деб сўради. Лекин Худо ўша куни жавоб бермади.
38 Шундан сўнг Шоул деди:
— Исроилнинг ҳамма лашкарбошилари шу ерга келишсин, бугун қандай гуноҳ қилинганини билиб оламиз.
39 Исроилга нажот берадиган Худо шоҳид! Гуноҳ қилган ўғлим Йўнатан бўлиб чиқса ҳам, албатта ўлдирилади.
Бирон кимсадан садо чиқмади.
40 Шоул ўз одамларига буюрди:
— Сизлар бир томонда туринглар, ўғлим Йўнатан билан мен бошқа томонда турамиз.
— Бир оғиз сўзингиз, — деб жавоб берди одамлар.
41 Шоул Исроил халқининг Худоси — Эгамизга:
— Эй Эгам! Айбсизни ўзинг оқла! — деб илтижо қилди.
Сўнг қуръа ташланди, қуръа Йўнатан билан Шоулга тушди, одамларнинг ҳаммаси эса оқланди.
42 — Энди мен билан ўғлим Йўнатан орасига қуръа ташланг, — деди Шоул. Бу сафар қуръа Йўнатанга тушди.
43 Шоул Йўнатандан:
— Менга айт–чи, нима қилдинг? — деб сўради.
— Мен қўлимдаги таёқнинг учини асалга ботириб олиб, озгина татиб кўрган эдим, энди мен ўлимимга розиман, — деб жавоб берди Йўнатан.
44 — Йўнатан, агар сени ўлдиртирмасам, Худонинг қаҳрига учрай, ҳатто ундан баттарроғига учрай, — деди Шоул.
45 Аммо одамлар Шоулга эътироз билдирди:
— Исроилни улуғ зафарга эриштирган Йўнатанни ўлдирмоқчимисиз? Асло! Худо шоҳид! Сочининг бир толасига ҳам зарар етмайди. У бугун нима қилган бўлса, Худонинг мадади билан қилди.
Шундай қилиб, одамлар Йўнатанни ўлимдан қутқариб қолди.
46 Шундан сўнг Шоул Филистларни таъқиб қилмади. Филистлар эса ўз ерларига қайтиб кетишди.
Шоулнинг эришган ғалабалари
47 Шоул Исроил шоҳи бўлгандан кейин атрофидаги барча душманлари — Мўаб, Оммон, Эдом халқлари, Зўво шоҳлари ва Филистлар билан уруш қилди. Қаерга борса, ғалаба қилди.
48 Мардона жанг қилиб Омолек халқини мағлуб қилди, Исроил халқини талончиларнинг қўлидан халос қилди.
Шоулнинг оиласи
49 Шоулнинг Йўнатандан бошқа Ишбосит ва Малкишува исмли ўғиллари бор эди. Унинг икки қизи ҳам бўлиб, каттасининг исми Мерав, кичкинасиники Михал эди.
50 Хотини Охинавам эди. У Охимас деганнинг қизи эди. Шоулнинг амакиси Нарнинг ўғли Абнур лашкарбоши эди.
51 Абнурнинг отаси Нар ва Шоулнинг отаси Киш ака–ука эдилар. Нар ва Кишнинг отаси Абил эди.
52 Шоул даврида Филистлар билан доимо қақшатқич уруш бўлар эди. Шоул қаерда мард ёки жанг қилишга моҳир одамни кўрса, ўз қўшинига оларди.
Омолек халқи билан жанг
1 Бир куни Шомуил Шоулга шундай деди:
— Эгамиз сенга мой суртиб, Ўз халқи Исроилнинг шоҳи қилиш учун мени сенинг олдингга юборган эди. Энди Эгамизнинг сўзларини эшит.
2 Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Исроил халқига қилган ёвузликлари учун Омолек халқини жазолайман. Чунки Исроил халқи Мисрдан чиқаётганда, Омолек халқи уларнинг йўлини тўсиб қўйган эди.
3 Энди бориб, Омолек халқига ҳужум қил. Уларга қарашли ҳамма нарсани тамоман йўқ қилиб ташла, ҳеч нарсасини аяма. Эркагу аёл, бола–чақа, молидан тортиб, қўйигача, туясидан тортиб, эшагигача ҳаммасини ўлдир.”
4 Шоул лашкарини Талойим шаҳрида тўплаб санаб чиқди. Исроилдан 200.000 нафар пиёда сипоҳи, Яҳудодан ҳам 10.000 нафар сипоҳи бор экан.
5 Шоул Омолек халқига қарашли бўлган шаҳарга бориб, сойликда пистирма қўйди.
6 Ўша ердаги Хайин халқига қуйидаги хабарни жўнатди: “Энди кетинглар, Омолек халқини тарк этинглар, тағин сизларни ҳам улар билан бирга йўқ қилиб юбормайин. Исроил халқи Мисрдан чиқаётган пайтда, сизлар бизга яхшилик қилгандингиз.”
Шундан кейин Хайин халқи Омолек халқини тарк этди.
7 Шоул Хавиладан Мисрнинг шарқидаги Шургача бўлган жойлардаги Омолек халқини тор–мор қилди.
8 У Омолек шоҳи Ўгахни тириклайин қўлга олиб, халқини бутунлай қириб ташлади.
9 Шоул ва унинг одамлари Ўгахни ҳамда унинг энг яхши қўй–молларини, бузоқ–қўзиларини, жамики яхши нарсаларини аяб, сақлаб қолишди. Уларни бутунлай йўқ қилиб ташлашни исташмади. Фақат арзимас, нуқсонли ҳайвонларини йўқ қилишди.
Худо Шоулни рад этади
10 Эгамиз Шомуилга шу сўзларни аён қилди:
11 “Шоулни шоҳ қилиб тайинлаганимга пушаймонман. У Мендан юз ўгирди, амрларимни бажо қилмади.” Шомуил хафа бўлиб, тун бўйи Эгамизга ёлвориб чиқди.
12 Шомуил эртаси куни саҳарда, Шоул билан кўришай деб борса, Шоул Кармил шаҳрига кетибди. Билсаки, у ерда ўзига бир ёдгорлик ўрнатибди. Кейин Гилгалга қайтибди.
13 Шомуил Шоулнинг олдига келганда, Шоул:
— Худо сизни ёрлақасин! Мен Эгамизнинг амрини адо этдим, — деди.
14 — Агар шундай бўлса, қулоғимга эшитилаётган қўйнинг маъраши нимаси? Мен эшитаётган сигирнинг бўкириши нимаси? — деб сўради Шомуил.
15 — Одамларим Омолек халқининг ҳайвонларини тортиб олди, — деди Шоул, — Эгангиз Худога қурбонлик қилиш учун қўй, сигирларнинг энг сараларини аяб, сақлаб қолишди. Қолганларини эса бутунлай қириб ташладик.
16 — Шошмай тур, бу кеча Эгамизнинг менга нималар айтганини сенга билдириб қўяйин, — деди Шомуил.
— Айтинг, — деди Шоул.
17 Шомуил гапида давом этди:
— Ўзингни кичик деб санасанг–да, Исроил халқининг йўлбошчиси бўлмадингми?! Эгамиз сенга мой суртиб танлаб, Исроилга шоҳ қилмадими?!
18 У сенга: “Бор, ўша гуноҳкор Омолек халқини бутунлай қириб ташла, ҳаммасини йўқотмагунингча, улар билан жанг қил”, деб амр берган эди–ку.
19 Нега энди Эгамизнинг амрига итоат этмадинг?! Нима учун ўлжага ташланиб, Эгамиз олдида қабиҳлик қилдинг?!
20 — Ахир, мен Унинг амрларига итоат қилдим–ку! — деди Шоул. — Мен, Эгамиз амр берганидай, бордим. Омолек шоҳи Ўгахни бу ерга олиб келдим. Омолек халқини эса бутунлай қириб ташладим.
21 Одамларим қириб ташланиши керак бўлган ўлжадан фақат энг сара мол–қўйларни олишди, холос. Бу мол–қўйларни Гилгалга олиб келиб, Эгангиз Худога қурбонлик қилишмоқчи.
22 Шомуил шундай жавоб берди:
“Куйдириладиган ва бошқа қурбонликлардан кўра,
Эгамиз итоат этганлардан шод бўлмасми?!
Ҳа, итоат этиш — қурбонлик сўйишдан яхши,
Худога итоаткорлик — қўчқорлар ёғидан аълороқдир.
23 Ўзбошимчалик сеҳр–жодуга ўхшаб гуноҳдир,
Итоатсизлик эса бут–санамга бош эгиш билан тенгдир.
Сен Эгамизнинг амрини рад этдинг,
Эгамиз ҳам сенинг шоҳлигингни рад этди.”
24 — Гуноҳ қилдим! — деди Шоул. — Ҳа, Эгамизнинг амрига ҳам, сизнинг сўзларингизга ҳам хилоф иш тутдим. Халқдан ҳайиққаним учун уларнинг гапига кирдим.
25 Энди ёлвораман: гуноҳимдан ўтинг, мен билан бирга қайтиб боринг, Эгамизга сажда қилайин.
26 — Сен билан бормайман, — деди Шомуил. — Чунки сен Эгамизнинг амрини рад этдинг, Эгамиз ҳам сени рад этиб, Исроил тахтидан туширди.
27 Шомуил бурилиб, кетмоқчи бўлган эди, Шоул унинг ридоси этагидан ушлаб қолди. Ридо йиртилди.
28 — Ридо йиртилгани сингари, Эгамиз ҳам бугун Исроил шоҳлигини қўлингдан тортиб олиб, сендан кўра, яхшироғига берди, — деди Шомуил.
29 — Исроилнинг улуғвор Худоси ёлғон сўзламас, фикрини ҳам ўзгартирмас. У инсон эмаски, фикрини ўзгартирса.
30 — Гуноҳ қилдим, — деди Шоул, — энди халқимнинг оқсоқоллари олдида, Исроил халқи олдида мени беобрў қилманг. Шунинг учун мен билан бирга қайтиб боринг, Эгангиз Худога сажда қилайин.
31 Шомуил Шоул билан бирга орқага қайтиб борди. Шоул Эгамизга сажда қилди.
32 Шомуил:
— Омолек шоҳи Ўгахни менинг олдимга олиб келинглар! — деб буюрди. Ўгахни боғланган ҳолда, Шомуилнинг олдига олиб келишди. Ўгах ўзича: “Ўлим хавфи аниқ ўтиб кетди”, деб ўйлади.
33 Лекин Шомуил:
— Қиличинг аёлларни фарзандидан қандай жудо қилган бўлса, сенинг онанг ҳам аёллар орасида бефарзанд бўлсин! — деди–ю, Ўгахни Эгамизнинг олдида Гилгалда қилич билан чопиб ташлади.
34 Шундан сўнг Шомуил Рамага, Шоул эса Гивога — уйига кетди.
35 Шомуил умрининг охиригача Шоулни бошқа кўрмади, лекин у Шоулни деб ғамгин бўлиб юрди. Эгамиз эса Шоулни Исроил шоҳи қилганидан пушаймон эди.
Эгамиз Довудга мой суртиб шоҳ қилиб танлади
1 Эгамиз Шомуилга айтди:
— Сен қачонгача Шоулни деб ғамгин бўлиб юрасан?! Шоул Исроил шоҳи бўлмасин деб, уни Мен рад этдим. Қани, энди қўчқор шохини мой билан тўлдириб, йўлга отлан. Сени Байтлаҳмлик Эссайнинг уйига жўнатаман. Мен унинг ўғилларидан биттасини шоҳ қилиб танладим.
2 — Қандай қилиб бораман?! Шоул эшитиб қолса, мени ўлдиради–ку! — деди Шомуил.
— Ўзинг билан битта бузоқчани олгин–да: “Эгамизга қурбонлик қилгани келдим”, деб айт, — деди Эгамиз.
3 — Эссайни қурбонликка таклиф қил. Ўшанда нима қилишинг кераклигини Мен сенга аён қиламан, Ўзим сенга кўрсатадиган одамнинг бошига Менинг номимдан мой суртиб, уни танлайсан.
4 Шомуил, Эгамиз буюрганидай, Байтлаҳм шаҳрига кетди. Шаҳар оқсоқоллари уни қўрқиб кутиб олишди ва:
— Тинчликми? — деб сўрашди.
5 — Ҳа, тинчлик, — деди Шомуил. — Эгамизга қурбонлик қилгани келдим. Ўзларингизни покланглар, мен билан қурбонлик маросимига борасизлар.
Сўнг Эссайни ва унинг ўғилларини ҳам поклаб қурбонлик маросимига таклиф қилди.
6 Эссай ўғиллари билан келгач, Шомуил Элиёбни кўрди–ю: “Эгамиз олдида турган бу одам, шубҳасиз, Унинг мой суртиб танлаган одамидир”, деб ўйлади.
7 Эгамиз эса Шомуилга деди:
— Унинг чиройи ва қоматдорлигига қарама. Мен уни рад этдим, чунки Мен инсонлардай эмасман. Инсонлар ташқи кўринишига қарайди, Мен эса дилига қарайман.
8 Сўнг Эссай бошқа ўғли Абунадавни чақириб, Шомуилнинг олдидан ўтказди. Лекин Шомуил:
— Эгамиз буни ҳам танламади, — деди.
9 Шундан сўнг Эссай Шаммохни Шомуилнинг олдидан ўтказди. Лекин у яна:
— Эгамиз буни ҳам танламади, — деди.
10 Шу тариқа Эссай еттала ўғлини Шомуилнинг олдидан ўтказди. Аммо Шомуил:
— Эгамиз булардан бирортасини танлаб олмади, — деди.
11 Ниҳоят Шомуил Эссайдан:
— Ўғилларингнинг ҳаммаси шуларми? — деб сўради.
— Яна энг кенжаси бор, қўй боқяпти, — деди Эссай.
— Бирортасини жўнат, уни чақириб келсин, — деди Шомуил. — Ўша ўғлинг бу ерга келмагунча, таом емоққа ўтирмаймиз.
12 Эссай биттасини юбориб, ўғлини чақиртириб келди. У чиройли, келишган йигит бўлиб, кўзлари ёниб турарди.
— Қани, унинг бошига мой суртиб танла! Мен танлаган одам шу! — деди Эгамиз Шомуилга.
13 Шомуил мой солинган шохни олди–да, акаларининг кўз ўнгида йигитнинг бошига мой суртди. Ўша пайтда Эгамизнинг Руҳи Довудни қамраб олди ва ўша кундан бошлаб уни бошқарадиган бўлди. Шомуил эса Рамага қайтиб кетди.
Довуд Шоулнинг саройида
14 Эгамизнинг Руҳи Шоулни тарк этди. Эгамиз юборган ёвуз руҳ уни қийнар эди.
15 — Биламиз, Худо юборган ёвуз руҳ сизни қийнайди, — дейишди хизматкорлар Шоулга.
16 — Жаноби олийлари биз, қулларига амр берсалар, лирани яхши чаладиган одамни топиб келар эдик. Худо юборган ёвуз руҳ сизни тутиб қолганда, у лира чалади, сиз эса енгил тортасиз.
17 Шоул хизматкорларига:
— Майли, лирани яхши чаладиган бирортасини топиб, менинг ҳузуримга олиб келинглар, — деб буюрди.
18 — Байтлаҳмлик Эссайнинг ўғилларидан бирини кўрган эдим, — деди йигитлардан биттаси. — Лирани яхши чалар экан. Бунинг устига, жасур жангчи, гаплари маънили, ўзи ҳам келишган йигит. Эгамиз у билан.
19 Шоул Эссайга: “Қўй боқиб юрган ўғлинг Довудни менинг ҳузуримга юбор”, деб хабарчи жўнатди.
20 Эссай нон, бир меш шароб ва битта улоқчани битта эшакка юклаб бериб, ўғли Довудни Шоулнинг ҳузурига юборди.
21 Довуд Шоулнинг ҳузурига келиб, унинг хизматига кирди. Довудга Шоулнинг қаттиқ меҳри тушиб қолди, уни ўзига қуролбардор қилиб олди.
22 Шоул Эссайга: “Ижозат берсанг, Довуд менинг хизматимда қолсин, ундан жуда мамнунман” деган хабарни жўнатди.
23 Ўша кундан бошлаб Худо юборган ёвуз руҳ Шоулни қийнаганда, Довуд лирани олиб чалар, Шоул ўзига келиб роҳатланар, ёвуз руҳ Шоулдан чекинарди.
Гўлиёт Исроил халқини олишувга чақиради
1 Филистлар, жанг қиламиз деб, лашкарини тўплаб, Яҳудо ҳудудидаги Сўху шаҳрида йиғилишди. Сўху билан Озикаҳ шаҳарлари орасидаги Эфес–Даммим деган жойда қароргоҳ қуришди.
2 Шоул ҳам Исроил лашкарини тўплади. Элох водийсида қароргоҳ қуриб, Филистларга қарши жангга тайёрланди.
3 Бир тепаликни Филистлар, бошқа тепаликни Исроил лашкари эгаллади. Иккала томоннинг ўртаси водий эди.
4 Филистлар сафидан Гўлиёт деган бир паҳлавон ўртага чиқди. У Гат шаҳридан эди. Бўйи олти тирсагу бир қарич бўлиб,
5 бошига бронза қалпоқ, устига бронза совут кийиб олган эди. Совутнинг оғирлиги уч ярим пуд эди.
6 Болдирлари бронза зирҳлар билан ўралган эди. Елкасида отиладиган бронза найзани кўтариб юрарди.
7 Қўлидаги найзанинг сопи эса тўқувчи дастгоҳининг ходасидай келар, найза учидаги темирнинг оғирлиги ярим пуд эди. Гўлиётнинг олдида қуролбардори унинг катта қалқонини кўтариб юрарди.
8 Гўлиёт ўрнида турганича, Исроил қароргоҳига қараб ҳайқирди:
— Биз билан уришгани саф тортдингизларми?! Мен Филистман, сизлар Шоулнинг қулларимисиз, ахир?! Орангиздан бирортангизни танланглар–чи, у менинг олдимга келсин.
9 Агар у мен билан олишиб, мени енгиб ўлдира олса, Филистлар сизларнинг қулингиз бўлади. Борди–ю, мен ғолиб келиб, уни ўлдирсам, сизлар бизнинг қулимиз бўласизлар, бизга бўйсунасизлар.
10 Сўнг ўша Филист гапида давом этди:
— Бугун Исроил лашкарини шарманда қиламан. Қани, бирортасини чиқаринг олдимга! Мен билан олишиб кўрсин!
11 Шоул ва барча Исроил лашкари Филистнинг гапларини эшитгач, қаттиқ қўрқиб, ваҳимага тушиб қолдилар.
Довуд жанг майдонида
12 Довуд Яҳудо ҳудудидаги Байтлаҳм шаҳридан — Эфратлик Эссай деган одамнинг ўғли эди. Эссайнинг саккизта ўғли бор эди. Шоулнинг шоҳлиги даврида Эссай анча кексайиб қолган эди.
13 Эссайнинг катта ўғилларидан учтаси Шоул билан бирга урушга кетган эди. Урушга кетган тўнғич ўғлининг оти Элиёб, ўртанчасиники Абунадав, учинчисиники Шаммох эди.
14 Довуд кенжа ўғил эди. Унинг учта катта акаси эса Шоул билан бирга эди.
15 Шу пайтда Довуд вақти–вақти билан Шоулнинг олдидан Байтлаҳмга отасининг қўйларини боққани келиб турарди.
16 Филист Гўлиёт қирқ кун мобайнида эртаю кеч ўртага чиқиб урушга даъват қилди.
17 Эссай бир куни ўғли Довудга шундай деди:
— Мана бу қовурилган бир тоғора буғдой билан анави ўнта нонни олгин–у, тезда қароргоҳга, акаларингнинг олдига жўна.
18 Мана бу ўн бўлак пишлоқни эса мингбошига олиб бор. Акаларингнинг аҳволини бил ва яхши юрганларини билдирадиган бирорта нишона олиб кел.
19 Акаларинг Шоул лашкари билан бирга Элох водийсида Филистларга қарши уришяптилар.
20 Эртаси куни Довуд саҳарда турди. Сурувни бир чўпонга қолдирди. Отаси буюрганидай, озиқ–овқатларни олиб йўлга чиқди. Жанг майдонига етиб борган пайтда сипоҳлар жангга даъват қилиниб, қароргоҳдан уришгани чиқаётган эканлар.
21 Исроил лашкари билан Филистлар бир–бирларига рўпара бўлиб, саф тортдилар.
22 Довуд келтирган нарсаларини орқадаги қўриқчига қолдириб, сафга томон югурди. Акаларининг ёнига бориб, улар билан саломлашди.
23 Довуд улар билан гаплашиб турганда, Гат шаҳридан бўлган Филист — паҳлавон Гўлиёт ўз лашкари сафидан ўртага чиқиб, олдинги гапларини такрорлади. Довуд унинг гапларини эшитди.
24 Исроил лашкари Гўлиётни кўришди–ю, қаттиқ қўрқиб бирданига қочиб қолишди.
25 Улар бир–бирларига шундай дердилар:
— Анави одамга қаранглар! У Исроилни ҳақорат қиляпти. Ким уни ўлдирса, шоҳ унга катта бойлик ҳадя қилар экан, қизини ҳам берар экан. Ўша одамнинг ота хонадонини ҳам Исроилга солиқ тўлашдан озод қилар экан.
26 Довуд ёнидагилардан сўради:
— Бу Филистни ўлдириб, Исроилни шармандаликдан халос қилганга шоҳ нима беради? Бу суннатсиз Филист ким бўлибдики, барҳаёт Худонинг қўшинини ҳақорат қилади?!
27 — Ўша одамни ким ўлдирса, фалон–фалон нарсалар тортиқ қилинади, — деб сипоҳлар олдинги гапларини такрорладилар.
28 Тўнғич акаси Элиёб Довуднинг сипоҳлар билан гаплашиб турганини кўриб аччиқланди:
— Бу ерда нима қилиб юрибсан? Ўша беш–олтитагина қўйимизни чўлда кимга қолдириб келдинг? Сенинг қанчалик манманлигингни, ниятинг ёмонлигини биламан. Сен фақат урушни томоша қилгани келгансан.
29 — Мен нима қилибман?! Сўраб ҳам бўлмайдими?! — деди Довуд.
30 Сўнгра бошқа сипоҳга қараб, яна ўша гапни сўради. Сипоҳлар аввалгидай бир хил жавоб беришди.
31 Сипоҳлар Довуднинг гапларини эшитиб, Шоулга етказишди. Шоул Довудни чақиртирди.
32 Довуд Шоулга деди:
— Ўша Филистни деб ҳеч кимнинг руҳи тушмасин. Мен, қулингиз, бориб, у билан олишаман.
33 — Тентаклик қилма, бу Филистга бас келолмайсан. Сен жуда ёшсан, у эса ёшлигидан бери жангчи, — деди Шоул.
34 — Мен отамнинг сурувини боқардим, — деб жавоб берди Довуд. — Шер ёки айиқ келиб, сурувдан бирорта қўзини олиб қочса,35 орқасидан қувиб, унга ҳужум қилардим. Қўзини ўша ҳайвоннинг оғзидан тортиб олардим. Борди–ю, шер ёки айиқ менга ташланса, ёлидан ушлардим–у, уриб ўлдирардим.
36 Мен шерни ҳам, айиқни ҳам ўлдирганман. Анави суннатсиз Филистнинг бошига ўшандай кунни соламан. Чунки у барҳаёт Худонинг қўшинини ҳақорат қилди.
37 Мени шер, айиқнинг панжасидан халос қилган Эгамиз ўша Филистнинг қўлидан ҳам халос қилади.
— Майли бор, Худо ёр бўлсин, — деди Шоул.
38 Сўнг у ўзининг жанг кийимларини Довудга берди, бошига бронза қалпоқ, эгнига совут кийдирди.
39 Довуд шоҳнинг совутларини кийиб, устидан қиличини боғлаб, юрмоқчи бўлди. Лекин у бунақа кийимларга кўникмаган эди.
— Бу кийимлар билан юра олмаяпман, кўникмаганман, — деди Довуд Шоулга. Сўнг кийимларни ечиб ташлади.
Довуд Гўлиётни ўлдиради
40 Довуд таёғини олиб, сойликдаги ирмоқдан бешта силлиқ тош териб олди. Тошларни ёнидаги чўпон халтасига солди–да, палахмонини олиб тўғри Гўлиётга томон юрди.
41 Гўлиёт ҳам Довудга қараб юрди. Гўлиётнинг олдида қуролбардори қалқонини кўтариб борарди.
42 Гўлиёт Довудга бошдан–оёқ разм солди. Чиройли, келишган йигит экан, деб ёшгина бўлгани учун уни менсимади.
43 — Мен кўппакмидимки, устимга таёқ билан келяпсан? — деди–да, ўз худоларининг номи билан Довудга қарғиш ёғдирди.
44 — Келавер, танангни кўкдаги қушларга, даштдаги йиртқичларга ем қиламан, — деди Филист.
45 Довуд эса шундай жавоб қайтарди:
— Сен қилич, найзаю ханжарлар билан устимга бостириб келяпсан. Мен эса сен ҳақоратлаган Исроил лашкарининг Худоси, Сарвари Оламнинг номи билан қуролланиб устингга бостириб боряпман.
46 Бугуннинг ўзида Эгамиз сени менинг қўлимга беради. Сени ўлдириб, бошингни танангдан жудо қиламан. Бугуннинг ўзида Филист лашкарининг жасадларини кўкдаги қушларга, даштдаги йиртқичларга ем қиламан. Шунда Исроилда Худонинг борлигини бутун ер юзи билиб олади.
47 Эгамиз қиличу найза билан нажот бермаслигини бутун жамоа билиб олади, чунки бу урушда Эгамизнинг Ўзи жанг қилади. У сизларни бизнинг қўлимизга беради.
48 Гўлиёт Довудга ташланмоқчи бўлиб, тўғри унга қараб юрди. Довуд ҳам у билан олишиш учун Филистлар сафи томон тез югуриб кетди.
49 Қўлини халтасига солиб, битта тошни олди–да, палахмонга солиб отди. Тош Филистнинг қоқ пешанасига тегиб ўйиб кирди. Филист юз тубан ерга йиқилди.
50 Шундай қилиб, Довуд Филистни палахмону битта тош билан мағлуб қилди. Қўлида қилич бўлмаса ҳам, уни ўлдириб, ерга чўзилтириб ташлади.
51 Сўнг югуриб борди–ю, Гўлиётни босиб олди. Унинг қиличини қинидан суғуриб олди–да, бошини кесиб ташлаб, бутунлай бир ёқли қилди.
Филистлар ўзларининг паҳлавони Гўлиётнинг ўлганини кўриб, тумтарақай қоча бошладилар.52 Исроил билан Яҳудо лашкари қўзғалди–ю, наъра тортиб, Филистларни Гат ва Эхрон остоналаригача қувлаб борди. Шарайимдан Гат ва Эхрон шаҳарларигача борадиган йўлда Филистларнинг жасадлари чўзилиб қолди.
53 Филистларни қувиб юборгандан кейин, Исроил лашкари орқага қайтиб Филистлар қароргоҳини талон–тарож қилди.
54 Довуд Гўлиётнинг бошини олиб, Қуддусга келтирди, қурол–аслаҳасини эса ўз уйига қўйди.
Довуд Шоулнинг ҳузурида
55 Шоул Довуднинг Гўлиёт билан олишувга чиққанини кўрганда, лашкарбоши Абнурдан:
— Абнур, бу йигитча ким? — деб сўради.
— Тўғриси, шоҳим, билмайман, — деди Абнур.
56 — Бўлмаса бил–чи, бу йигит кимнинг ўғли экан, — деб буюрди шоҳ Шоул.
57 Довуд Гўлиётни ўлдириб, қароргоҳга энди кирган ҳам эдики, Абнур Довудни етаклаб Шоулнинг ҳузурига олиб келди. Гўлиётнинг кесилган боши ҳали Довуднинг қўлида эди.
58 — Кимнинг ўғлисан, йигитча? — деб сўради Шоул.
— Байтлаҳмлик қулингиз Эссайнинг ўғлиман, — деб жавоб берди Довуд.
1 Шоул билан Довуднинг суҳбати энди тугаган ҳам эдики, Йўнатаннинг кўнгли Довудга боғланди, Йўнатан уни ўз жони каби азиз кўрди.
2 Ўша кундан бошлаб Шоул Довудни ёнида олиб қолди, отасининг уйига қайтиб кетишига ижозат бермади.
3 Йўнатан Довудни ўз жонидай азиз кўргани учун у билан аҳд қилди.
4 Устидаги кийимини ечиб берди, совути, қиличи, камони ва камарини ҳам Довудга ҳадя қилди.
5 Шоул Довудни қаерга жўнатмасин, Довуд муваффақиятга эришди. Шу боис Шоул унга қўшинидаги катта лавозимни берди. Бу воқеадан барча халқ ҳам, Шоулнинг хизматкорлари ҳам хушнуд бўлишди.
Шоул Довудга ҳасад қилади
6 Довуд Гўлиётни ўлдиргандан кейин, жангчилар ўз уйларига қайтаётган эди. Исроилнинг ҳамма шаҳарларидан келган аёллар чилдирма ва торли мусиқа асбобларини чалиб, ўйин–кулги қилиб, шоҳ Шоулни кутиб олгани чиқишди.
7 Яйраб–ўйнашаркан, шу қўшиқни айтишарди:
“Шоул мингларчасини ўлдирди,
Довуд эса ўн мингларчасини!”
8 Бу сўзлар Шоулга оғир ботди, унинг ғашини келтирди. “Довудга ўн мингтасини, менга эса мингтасини беришди! Унга шоҳ бўлишдан бошқа яна нима қолди?!” деб ўйлади.
9 Шундай қилиб, ўша кундан бошлаб Шоул Довудга ёмон кўз билан қарай бошлади.
10 Эртаси куни Худо юборган ёвуз руҳ Шоулни қамраб олди, у ўз уйида жазавага тушди. Довуд ҳар галгидай яна лира чалиб ўтирар, Шоулнинг қўлида найза бор эди.
11 У ўзича: “Довудни найза билан уриб деворга қоқиб қўяман”, деб найзани унга қаратиб отди. Лекин Довуд икки сафар ҳам унга чап бериб қутулиб қолди.
12 Шоул Довуддан қўрқарди. Чунки Эгамиз Довуд билан бирга эди, Шоулни эса тарк этган эди.
13 Шу сабабли Шоул ўз ёнидан Довудни узоқлаштирди, уни мингта сипоҳга бош этиб тайинлади. Довуд лашкарга бош бўлиб, жангга борарди.
14 Эгамиз Довуд билан бўлгани учун, у ҳар қандай ишнинг уддасидан чиқарди.
15 Довуднинг катта муваффақиятини кўриб, Шоул баттарроқ қўрқарди.
16 Бутун Яҳудо ва Исроил халқи Довудни яхши кўрарди, чунки Довуд уларнинг олдинги сафида юриб, жангга борарди.
Довуд Шоулнинг қизига уйланади
17 Бир кун Шоул Довудга деди:
— Тўнғич қизим Меравни сенга бераман. Фақат довюрак бўлиб, мен учун Эгамизнинг урушларига бош бўл.
Шоул: “Довуд менинг қўлим билан эмас, Филистларнинг қўли билан ўлдирилсин”, деб ўйларди.
18 Довуд Шоулга:
— Мен ўзим ким бўлибман, ёки Исроилда оилам, отам хонадони нима бўлибдики, шоҳга куёв бўлсам?! — деди.
19 Шундай қилиб, Шоулнинг қизи Мерав Довудга узатиладиган бўлди. Лекин Шоул қизини, Довудга бермай, Махлалик Одриёлга узатди.
20 Шоулнинг бошқа қизи Михал эса Довудга кўнгил қўйган эди. Буни эшитган Шоул хурсанд бўлди.
21 “Довудга Михални бераман, қизимни бериб, Довудни тузоғимга илинтириб оламан, Филистлар эса уни ўлдиради”, деб ўйлади.
— Энди бу сафар қулай фурсат етди, менга куёв бўласан, — деди Довудга Шоул.
22 Кейин Шоул аъёнларига:
— Довудга, шоҳ сендан хурсанд, ҳамма хизматкорлари ҳам сени яхши кўради, шоҳга куёв бўладиган пайтинг келди, деб яширинча айтинглар, — деди.
23 Шоулнинг аъёнлари бу гапни Довудга етказишди. Довуд эса шундай жавоб қайтарди:
— Мен камбағал, арзимас бир одам бўлсам, шоҳга куёв бўлиш, сизлар айтгандай, осонми?!
24 Аъёнлар, ўз навбатида, Довуднинг гапларини Шоулга етказишди.
25 Шоул шундай амр берди:
— Довудга, шоҳ ғанимларидан ўч олмоқчи, шунинг учун қалинга юзта Филистнинг суннат терисидан бошқа нарса истамайди, деб айтинглар.
Шоул шу йўсинда Довуднинг Филистлар қўлига тушиб нобуд бўлишини режалаштирган эди.
26 Аъёнлар Шоулнинг айтганларини Довудга етказишди. Довуд, ўшанда шоҳга куёв бўлишга ҳақли бўлар эканман–да, деб севинди. Белгиланган кундан олдин,
27 Довуд ва унинг одамлари бориб, икки юзта Филистни ўлдирди. Довуд ўлдирилган Филистларнинг суннат терисини битта ҳам қолдирмай, шоҳга келтириб бериб, шоҳнинг куёви деган номга муносиб ишларни бажарди. Шундан сўнг Шоул қизи Михални Довудга турмушга берди.
28 Шоул энди аниқ билдики, Эгамиз Довуд билан бирга экан, қизи Михал ҳам Довудни севар экан.
29 Шундай қилиб, Довуддан янада ҳадиксираб, умрининг охиригача унга душман бўлиб қолди.
30 Филист беклари қачон ҳужум қилсалар, Довуд Шоулнинг бошқа лашкарбошиларига қараганда ортиқ зафарга эришарди. Шу сабабдан Довуд катта шуҳрат қозонди.
Шоул Довудни ўлдиришни режалаштиради
1 Шоул ҳамма аъёнларига ва ўғли Йўнатанга, Довуд ўлдирилсин, деб фармон берди. Йўнатан эса Довудни жуда яхши кўрарди.
2 — Отам Шоул сени ўлдирмоқчи, — деб у Довудни огоҳлантирди. — Эртага тонг пайти ҳушёр бўл, бирор жойга бориб яшириниб, жим ўтир.
3 Мен эса отамни сен яширинган далага бошлаб бораман. Ўша ерда сен тўғрингда у билан гаплашаман. Бирор хабар эшитсам, сенга етказаман.
4 Йўнатан отаси Шоулга Довудни мақтаб шу гапларни айтди:
— Шоҳ ўз қули Довудга қарши гуноҳ қилмасинлар. Чунки у сизга ҳеч қачон ҳақсизлик қилмаган. Ҳар бир иши билан сизга катта фойда келтирган.
5 Жонини хавф остига қўйиб, Филистни ўлдирди, Эгамиз Довуд туфайли Исроил халқини катта зафарга эриштирди. Сиз буларни кўриб севиндингиз. Шундай экан, нега Довудни бекордан–бекорга нобуд қилмоқчисиз, бегуноҳнинг қонини тўкиб гуноҳ қилмоқчисиз?
6 Шоул Йўнатаннинг гапларини англаб:
— Худо шоҳид! Довуднинг жонига ҳеч ким қасд қилмайди, — деб онт ичди.
7 Йўнатан Довудни чақиртириб келди ва бўлиб ўтган гап–сўзларни айтиб берди. Сўнг Довудни Шоулнинг ёнига бошлаб борди. Довуд эса илгаригидай шоҳга хизмат қилишни давом эттирди.
8 Шу орада яна уруш аланга олди. Довуд урушга кетди, у Филистлар билан жанг қилиб, уларга шундай қаттиқ зарба бердики, охири Филистлар Довуднинг олдига тушиб қочиб қолишди.
9 Бир куни Шоул, найзаси қўлида, уйида ўтирарди, Довуд эса лира чалаётган эди. Шу пайт Эгамиз юборган ёвуз руҳ Шоулни чулғаб олди.
10 Шоул найзаси билан Довудни деворга михлаб қўймоқчи бўлди, лекин Довуд чап бериб қолди. Шоулнинг найзаси деворга санчилиб қолди. Ўша тун Довуд яна қочиб қутулди.
11 Шоул Довудни эрта тонгда тутиб ўлдирмоқчи бўлди, кузатиб туринглар, деб унинг уйига одамларини жўнатди. Хотини Михал Довудга:
— Бу кеча қочиб қутулмасангиз, эрта тонгда сизни ўлдиришади, — деди.
12 Шундай қилиб, Довудни деразадан чиқариб юборди. Довуд қочиб қутулди.
13 Михал бутни олиб, тўшакка ётқизди, бош томонига эса эчки жунидан қилинган ёстиқ ташлади, устини кўрпа билан ёпди.
14 Шоул юборган одамлар Довудни тутиб олиб кетишга келишди.
— Довуд касал, — деди Михал уларга.
15 Сўнг Шоул одамларини яна жўнатиб:
— Довудни ўз кўзларингиз билан кўринглар, уни тўшаги билан бу ерга олиб келинглар, ўлдираман, — деб буюрди.
16 Шоулнинг одамлари уйга кирдилар. Қарасалар, тўшакда бут, бутнинг бош томонида эчки жунидан қилинган ёстиқ турибди.
17 — Нимага мени алдаб, ғанимимни қочириб юбординг? — деб сўради Шоул Михалдан.
— Довуд: “Қўйиб юбор мени, бўлмаса, сени ўлдираман”, деди, — деб жавоб берди Михал.
18 Қочиб қутулган Довуд Рамада яшаётган Шомуилнинг ёнига кетди. Шоул унга нима қилган бўлса, ҳаммасини Шомуилга айтиб берди. Кейин Шомуил билан бирга Нойўт маҳалласига бориб, ўша ерда қолди.
19 Довуд Раманинг Нойўт маҳалласида экан деган хабар Шоулга етиб келди.
20 Шоул: “Довудни тутиб келинглар”, деб одамларини ўша ерга юборди. Улар Шомуил бошчилигидаги пайғамбарлар гуруҳининг жўшиб зикр тушаётганини кўришди. Шу пайт Худонинг Руҳи Шоулнинг одамларини ҳам қамраб олди ва улар ҳам жўшиб зикр тушдилар.
21 Шоул бўлиб ўтган воқеаларни эшитгач, бошқа одамларини юборди. Бу юборилганлари ҳам жўшиб зикр тушдилар. Шоул учинчи бор яна одамларини жўнатди, улар ҳам жўшиб зикр тушдилар.
22 Охири Шоулнинг ўзи Рамага қараб йўл олди. Сахудаги катта сардоба бўйига бориб:
— Шомуил билан Довуд қаерда? — деб сўради.
— Рамадаги Нойўт маҳалласида, — деди биттаси.
23 Шоул Рамадаги Нойўт маҳалласига кетаётганда, Худонинг Руҳи уни ҳам қамраб олди. Нойўтга боргунча йўлма–йўл жўшиб зикр тушиб кетди.
24 Кийимларини ечиб ташлаб, Шомуилнинг олдида ҳам жўшиб зикр тушди. Ерга йиқилганича, бир кеча–кундуз яланғоч аҳволда ётиб қолди. “Наҳотки Шоул ҳам пайғамбар бўлса?!” деган матал ана шундан қолган.
Йўнатан Довудга ёрдам беради
1 Довуд Рамадаги Нойўт маҳалласидан қочиб, Йўнатаннинг олдига келди.
— Мен нима қилибман? Айбим нима? Отангга қарши нима гуноҳ иш қилибманки, мени ўлдирмоқчи бўлади? — деди Довуд унга.
2 — Худо сақласин, ўлмайсан! — деди Йўнатан. — Отам мени хабардор қилмай, хоҳ муҳим бўлсин, хоҳ муҳим бўлмасин, бирор иш қилмайди. Нимага энди буни мендан яширсин?! Ҳеч нарса бўлмайди.
3 Довуд яна онт ичиб деди:
— Сен мени яхши кўрасан, буни отанг ҳам яхши билади. Йўнатан нима қилишимни билмай қўя қолсин, акс ҳолда, азоб чекади, деб ўйлайди. Худо шоҳид! Тўғрисини айтсам, жар ёқасида турибман.
4 — Тила тилагингни, сен учун бажо келтираман, — деди Йўнатан.
5 — Қара, эртага янги ой шодиёнаси бўлади, — деди Довуд. — Шоҳ билан бирга дастурхонда ўтиришим керак. Лекин менга ижозат бер, индин кечгача далада яшириниб юрай.
6 Агар отанг йўқлигимни сезиб қолса, унга шундай дейсан: “Довуд шошилинч ўз шаҳри Байтлаҳмга кетадиган бўлиб қолди, мендан қаттиқ туриб илтимос қилди. У ерда бутун уруғ–аймоғи йиллик қурбонлик маросими ўтказар экан.”
7 Отанг “яхши” деса, демак, бу қулингга хавф–хатар йўқ. Агар ғазабланса, билгинки, менга зарар етказишга қатъий қарор қилган.
8 Эгамиз олдида аҳд қилгансан–ку! Энди менга содиқ қол. Агар айбдор бўлсам, мени ўзинг ўлдир! Мени отангнинг ҳузурига олиб боришингга на ҳожат?!
9 — Худо сақласин! — деди Йўнатан, — отам сенга ёмонлик қилмоқчи бўлганини билганимда, сенга айтмасмидим?!
10 — Отанг сенга дағал жавоб берса, ким менга билдиради? — деб сўради Довуд.
11 — Юр, далага чиқайлик, — деди Йўнатан.
Икковлари далага кетишди.
12 Йўнатан гапида давом этиб, Довудга деди:
— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шоҳид бўлсин! Эрта ё индинга худди шу вақтгача отамнинг ниятини ўсмоқчилаб билиб оламан. Отам сенга мойиллик билдирса, албатта хабар юбораман.
13 Борди–ю, отам сени ўлдирмоқни ният қилган бўлса–ю, сени хабардор қилмасам, бехатар кетишингни таъминламасам, Эгам мени ёмон кўйга солсин, ҳатто ундан ҳам баттарроғини қилсин! Эгам, илгари отам билан бўлганидай, доимо сен билан бўлсин.
14 Агар мен тирик бўлсам, Эгамизга ўхшаб ваъдангда тур, менга содиқ бўл. Агар ўлсам,
15 Эгамиз душманларингни йўқ қилганда, менинг хонадонимдан садоқатингни дариғ тутмагин.
16 Йўнатан Довуд хонадони билан аҳд тузди ва:
— Эгамиз ҳамма душманларингни қириб ташласин, — деди.
17 Йўнатан Довудни жонидан ҳам ортиқ яхши кўрарди. У: “Менга бўлган дўстона севгингни тасдиқлагин”, деб Довудга яна бир бор онт ичирди.
18 — Эртага янги ой шодиёнаси бўлади, — деди Йўнатан Довудга. — Ўрнинг бўш қолади, йўқлигинг билинади.
19 Индинга дарҳол пастга туш, олдинги сафар яширинган жойингга бориб яширин. Эзел деган тошнинг ёнида кутиб тур.
20 Мен мўлжаллаб ўша тош томонга учта ўқ отаман.
21 Кейин хизматкоримни: “Бор, ўқларни топиб кел”, деб жўнатаман. Агар унга: “Қара, ўқлар орқангда, уларни олиб бу ёққа қайт”, деб айтсам, сен уйингга қайтиб боргин. Демак, ҳеч қандай хавф–хатар йўқ. Худо шоҳид, сен тинч–омон бўласан.
22 Агар хизматкоримга: “Қара, ўқлар олдингда”, десам, сен кетгин. Демак, Эгамиз кетишингни хоҳлаган бўлади.
23 Бир–биримизга қилган аҳдимизга Эгамиз абадий шоҳид бўлсин.
24 Шундай қилиб, Довуд далада яшириниб олди. Янги ой чиққани муносабати билан байрам бошланганда, шоҳ Шоул келиб, байрам дастурхонига ўтирди.
25 У одатдагидай, девор ёнидаги ўриндиқдан жой олди. Йўнатан Шоулнинг рўпарасидан, Абнур эса унинг ёнидан ўз жойларини эгаллашди. Довуднинг ўрни бўш қолди.
26 Аммо Шоул ўша куни ҳеч нарса демади. Бирор тасодиф бўлса керак, Довуд ҳаром бўлган–у, ювинмагандир, деб ўйлади.
27 Эртасига, янги ой шодиёнасининг иккинчи куни Довуднинг жойи яна бўш қолди. Шоул ўғли Йўнатандан сўради:
— Эссайнинг ўғли нимага кеча ҳам, бугун ҳам таомга келмади?
28 — Довуд Байтлаҳмга кетмоқчи экан, мендан қаттиқ илтимос қилди, — деб жавоб берди у.
29 — “Илтимос, ижозат берсанг, оиламиз ўша шаҳарда қурбонлик қилади. Акам, ўша ерда бўл, деб буюрди. Менга илтифот кўрсатсанг, бориб, акаларимни кўриб келсам”, деди. Шу важдан шоҳнинг дастурхонига кела олмади.
30 Шоул ғазабланиб, Йўнатанга бақирди:
— Сен, ярамас, суюқоёқ хотиннинг боласи, у билан дўстлашганингни билмасмидим?! Бу қилиғинг билан ўзингни ҳам, сени туққан онангни ҳам иснодга қолдирдинг–ку.
31 Эссайнинг ўғли ер юзида яшар экан, на ўзинг, на шоҳлигинг сақланиб қолади. Энди бирорта одамни жўнатиб, уни менинг олдимга чақиртириб кел. Уни ўлим кутяпти.
32 — Нега у ўлдирилар экан? У нима қилди? — деди Йўнатан отасига.
33 Шоул Йўнатанни ўлдирмоққа шайланиб, найзасини унга қаратиб отди. Йўнатан тушундики, отаси Довудни ўлдирмоққа қатъий қарор қилган экан.
34 Йўнатан дарғазаб бўлиб дастурхондан турди, янги ой шодиёнасининг иккинчи куни ҳеч нарса емади. Отаси Довудни бу қадар ҳақорат қилганига хафа бўлди.
35 Эрталаб Йўнатан Довуд билан кўришмоқ учун далага кетди. Ёнига бир кичкина болани олди.
36 Йўнатан болага:
— Югур, мен отган ўқларни қидир! — деди.
Бола югуриб кетди. Йўнатан боланинг олд томонига бир ўқ отди.
37 Йўнатаннинг ўқи тушган ерга бола етиб борган ҳам эдики, у:
— Ўқ олдингда!
38 Тез бўл, югур, тўхтаб турма! — деб овоз берди. Бола ўқни олиб, хўжайинига келтириб берди.
39 Бола бундан бехабар, бу гапнинг маъноси Йўнатан билан Довудга аён эди, холос.
40 Йўнатан қурол–аслаҳаларини ўша болага бериб:
— Кўтар буларни, шаҳарга олиб бор, — деди.
41 Бола кетиши биланоқ, Довуд тош орқасидан чиқиб келди ва юзи билан ерга мук тушиб, уч марта таъзим қилди. Иккала дўст бир–бирларини қучоқлаб, ўпиб, йиғлашди. Довуд Йўнатанга қараганда қаттиқроқ йиғлади.
42 Ниҳоят Йўнатан:
— Энди эсон–омон йўлингга кет, — деди. — Икковимиз: “Худо сену менинг орамизда, уруғларимиз орасида абадий шоҳид бўлсин”, деб Унинг номини ўртага қўйиб онт ичганмиз.
43 Шундан кейин Довуд ўз йўлига кетди. Йўнатан эса шаҳарга қайтди.
Довуд Шоулдан қочиб юради
1 Довуд Нав шаҳридаги руҳоний Охималекнинг ҳузурига борди. Охималек Довудни кутиб оларкан:
— Нимага ёлғизсан? Нега ёнингда ҳеч ким йўқ? — деб қўрқув ичра сўради.
2 — Шоҳ менга бир топшириқ берди, — деди Довуд. — Сенга берган топшириғимни ҳеч ким билмасин, деди. Шунинг учун одамларимга, фалон жойга бориб туринглар, деб тайинлаб келдим.
3 Ҳозир ейишга бирор нарсангиз борми? Менга бешта нон, ёки қўлингизга нима илинса, беринг.
4 — Оддий нонимиз йўқ, — деб жавоб берди руҳоний, — агар одамларинг аёллардан ўзларини тийган бўлишса, назр қилинган нонимиз бор.
5 — Йўлга чиққанимиздан буён аёлларга яқинлашганимиз йўқ, — деди Довуд. — Сафаримизнинг мақсади оддий бўлганда ҳам, одамларим ўзларини пок тутади. Айниқса, бу сафаримизда одамларим ўзларини жуда пок тутдилар.
6 Шундан кейин руҳоний унга муқаддас нон берди. Бу ерда Худога бағишланган нондан бошқа нон йўқ эди. Бу нон, Эгамизнинг ҳузурида тургандан кейин, иссиқ нон келтирилган куни олиб қўйилганди.
7 Ўша куни Шоулнинг Доег деган хизматкори ҳам шу ерда эди. У Эдомлик бўлиб, Шоулнинг бош чўпони эди. Доег расм–русумларни адо этгани Эгамиз ҳузурига келганди.
8 — Ёнингизда найза ёки қилич йўқми? — деб сўради Довуд Охималекдан. — Шоҳнинг топшириғи шошилинч бўлгани учун ўзим билан на қиличимни олибман, на бошқа қуролимни.
9 — Элох водийсида ўзинг ўлдирган Филист Гўлиётнинг қиличи бор, — деди руҳоний. — Эфод орқасида матога ўроғлиқ турибди. Бу ерда бошқа қурол йўқ. Хоҳласанг, ўшани олавер.
— Ўша қилични менга бера қолинг, унақаси топилмайди, — деди Довуд.
10 Довуд Шоулдан қочиб, ўша куни Гат шоҳи Охишнинг ҳузурига борди.
11 Охишнинг хизматкорлари:
— Бу Исроил шоҳи Довуд–ку! — дейишди. — Одамлар: “Шоул мингларчасини ўлдирди, Довуд эса ўн мингларчасини”, деб ўйнаб қўшиқ айтган эди–ку.
12 Бу гаплар Довудни чўчитиб қўйди. У Гат шоҳи Охишдан жуда қўрқарди.
13 Довуд уларнинг кўз ўнгида қиёфасини ўзгартирди, уларнинг олдида ўзини телбаликка солар, сарой дарвозасини тимдалаб, сўлакларини соқолига оқизарди.
14 Охиш хизматкорларига деди:
— Қаранглар бу одамга! Жиннининг ўзи–ку! Нимага уни менинг ҳузуримга олиб келдингизлар?
15 Менинг олдимда жиннилик қилсин деб уни олиб келдингизларми? Менга жиннилар керакмиди?! Шу одамнинг саройимга кириши шартми?!
Шоул Нав шаҳридаги руҳонийларни ўлдиради
1 Шундан сўнг Довуд у ердан чиқиб, Адуллам шаҳри яқинидаги ғорга қараб қочди. Акалари ва жамики ота хонадони бу ҳақда эшитиб, ўша ёққа — Довуднинг ёнига боришди.
2 Эзилган, қарзини тўлашга қурби етмаган, норози одамлар Довуднинг атрофига тўпланишди. Довуд уларга бош бўлди. Унга эргашганлар тўрт юзтача эди.
3 Довуд у ердан Мўабдаги Миспах шаҳрига бориб, Мўаб шоҳидан илтимос қилди: “Ижозат беринг, Худо мени нима қилмоқчилиги маълум бўлгунча, ота–онам ёнингизда қолсин.”
4 Шундай қилиб, Довуд ота–онасини Мўаб шоҳи ҳузурига олиб келди. Довуд адирлардаги қароргоҳида яшириниб турганда, ота–онаси Мўаб шоҳининг паноҳида яшадилар.
5 Лекин Довудга Гад пайғамбар: “У ерда қолма, Яҳудо ерига бор”, деди. Шундан кейин Довуд у ердан чиқиб, Хорет ўрмонига борди.
6 Шу орада Шоул “Довуд ва унинг одамлари топилди”, деб эшитди. Шоул қўлида найзасини ушлаганича, Гиво тепалигидаги юлғун дарахти остида ўтирган эди. Барча аъёнлари ҳам унинг атрофида турган эдилар.
7 Шоул уларга шундай деди:
— Эй Бенямин одамлари, эшитиб олинглар! Эссайнинг ўғли ҳар бирингизга далаю узумзорларни бериб қўймайди–ку! Ҳар бирингизни мингбоши ёки юзбоши қилиб ўтирадими?!
8 Ҳаммангиз менга қарши тил бириктирдингиз–ку! Ўғлим Йўнатан Эссайнинг ўша ўғли билан аҳд қилган экан, мени ҳеч ким хабардор этмади. Орангиздан менга ён босадиган бирор одам чиқмади. Довуд менга пистирма қўймоқчи экан, уни ўғлим қайрабди. Ҳозир шу иш бўлди–ку! Шундай эмасми?!
9 Шу пайт Шоулнинг аъёнлари ёнида турган Эдомлик Доег айтди:
— Эссайнинг ўғли Довудни кўрдим, у Нав шаҳридаги Охитобнинг ўғли руҳоний Охималекнинг ёнига келган эди.
10 Охималек “Довуд нима қилсин?” деб Эгамизнинг хоҳиш–иродасини сўради. Унга ҳам озиқ–овқат берди, ҳам Филист Гўлиётнинг қиличини тақдим қилди.
11 Шоҳ Шоул аъёнларига: “Охитобнинг ўғли руҳоний Охималекни ва унинг Навда яшайдиган ота уруғларининг ҳаммасини — барча руҳонийларни олиб келинглар”, деб буюрди. Ҳаммаларини шоҳнинг олдига олиб келишди.
12 — Эй Охитобнинг ўғли, гапларимни эшит! — деди Шоул Охималекка.
— Лаббай, ҳазратим, — деди Охималек.
13 — Нимага сен Эссайнинг ўғли билан бирга менга қарши тил бириктирдинг? — деди Шоул. — Довудга нон, қилич берибсан, унинг учун Худонинг хоҳиш–иродасини сўрабсан. Мана бугун Довуд менга қарши қўзғалиб, пистирмада пойлаб турибди.
14 Охималек шундай жавоб берди:
— Бутун аъёнларингиз орасида Довуд сингари, ишончли ким бор?! Довуд — сизнинг куёвингиз, соқчиларингизнинг сардори, хонадонингизда ҳурматли киши–ку.
15 Тўғри, ўша куни Довуд учун Худонинг хоҳиш–иродасини сўрадим. Аммо бу биринчи марта эмас эди–ку! Шоҳ мени ва ота хонадонимни айбламасинлар, чунки мен Довуднинг ёмон ниятидан бехабар эдим.
16 — Эй Охималек, ўзинг ҳам, бутун ота хонадонинг ҳам албатта ўласизлар! — деди Шоул.
17 Сўнг у ёнида турган қўриқчиларига буюрди:
— Қани, Довудни қўллаган Эгамизнинг руҳонийларини ўлдириб ташланглар! Улар Довуднинг қочиб кетганини билганлари ҳолда, менга хабар беришмади.
Шоҳнинг қўриқчилари қўл кўтариб, Эгамизнинг руҳонийларини ўлдиришни исташмади.
18 Шунда шоҳ Шоул Доегга:
— Сен бор, руҳонийларни ўлдир! — деб буюрди.
Ўша куни Эдомлик Доег муқаддас либос кийган саксон беш руҳонийни бир ўзи чопиб ўлдирди.
19 Сўнгра эркак–аёл, ёш бола, ҳатто чақалоқ демасдан, руҳонийлар яшайдиган Нав шаҳрининг халқини ҳам қиличдан ўтказди. Моллари, эшаклари, қўйларини ҳам чопиб ташлади.
20 Руҳоний Охималекнинг ўғилларидан биргина Абуатар дегани тирик қолиб, Довуднинг ёнига қочиб кетди.
21 Шоул Эгамизнинг руҳонийларини ўлдирганини Абуатар Довудга айтиб берди.
22 Довуд Абуатарга деди:
— Ўша куни у ерда Эдомлик Доег бор эди. У албатта Шоулга хабар беришини билардим. Отанг хонадонидаги ҳар бир жоннинг ўлимига мен сабабчи бўлдим.
23 Энди сен ёнимда қол, қўрқма. Менинг жоним пайига тушган кимса — сенинг ҳам жонинг пайига тушган. Ёнимда қолсанг, бехатар бўласан.
Довуд Кейлах шаҳрини озод қилади
1 Довудга: “Филистлар Кейлах шаҳрига ҳужум қилиб, ҳосилни талон–тарож қиляпти”, деб хабар беришди.
2 — Бориб ўша Филистлар билан уришайми? — деб Эгамиздан сўради Довуд.
— Бор, Филистлар билан уришиб, Кейлах шаҳрини халос эт, — деди Эгамиз.
3 Лекин Довуднинг одамлари:
— Биз шу ерда — Яҳудода қўрқиб ўтирибмиз–у, Кейлахга бориб, Филист лашкарига қарши уришмоққа бизда журъат бормиди?! — дейишди.
4 Довуд яна Эгамиздан Унинг хоҳиш–иродасини сўради.
— Отлан, Кейлахга бор! Филистларни Ўзим сенинг қўлингга бераман, — деди унга Эгамиз.
5 Довуд одамлари билан Кейлахга бориб, Филистларга қарши уруш қилди. Довуд Филистларнинг мол–ҳолини тортиб олди. Уларга оғир талафот етказди. Шундай қилиб, Кейлах халқини қутқарди.
6 Охималекнинг ўғли Абуатар Кейлахда турган Довуднинг ёнига қочиб, ўзи билан эфодни ҳам олиб кетган эди.
7 Шоул Довуднинг Кейлах шаҳрига кетганини эшитиб: “Худо Довудни қўлимга берди, ўша шаҳар дарвозаларининг тамбалари бор, у шаҳарга кириб ўзини ўзи тутиб берди”, деди.
8 Шоул Довудни ва унинг одамларини қамалга олиш мақсадида бутун лашкарини урушга даъват этиб, Кейлахга юриш қилди.
9 Довуд Шоулнинг қабиҳ ниятини эшитиб, руҳоний Абуатарга:
— Эфодни бу ерга олиб кел, Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билайлик, — деди.
10 Сўнг Худога шундай деб илтижо қилди:
— Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! Аниқ хабар эшитдим: Шоул Кейлахга келиб, шу қулинг сабабли шаҳарни вайрон қилмоқчи экан.
11 Кейлахликлар мени Шоулнинг қўлига тутиб берадими? Бу қулингнинг эшитганлари ростми, Шоул бу ерга келадими? Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз, ўтиниб сўрайман, бу қулингга аён эт!
— Шоул келади, — деди Эгамиз.
12 — Кейлахликлар мени ва одамларимни Шоулнинг қўлига тутиб берадими? — деб сўради Довуд.
— Тутиб беради, — деди Эгамиз.
13 Шу онда Довуд билан ёнидаги олти юзтача одам Кейлахдан чиқиб, бир жойдан бошқа жойга кўчиб юраверишди. Довуд Кейлахдан қочиб кетибди деган хабарни эшитган Шоул у ерга бормайдиган бўлди.
Довуд чўлда
14 Довуд адирлардаги пана жойларда — Зиф чўлидаги қирларда макон қиларди. Шоул Довудни муттасил таъқиб қилди, лекин Худо уни Шоулнинг қўлига бермади.
15 Бир пайт Довуд Зиф чўлидаги Хорешда турганда, Шоул уни ўлдиргани йўлга чиққани ҳақида хабар эшитди.
16 Шу пайтда Шоулнинг ўғли Йўнатан Хорешда турган Довуднинг олдига борди ва “Худо сени сақлайди”, деб уни руҳлантирди.
17 — Қўрқма, — деди Йўнатан унга, — отам Шоул сени топа олмайди. Сен Исроил шоҳи бўласан, мен эса сендан кейинги одам бўламан. Отам Шоул ҳам шуни билади.
18 Иккови Эгамиз олдида аҳд қилишди. Довуд Хорешда қолди, Йўнатан эса уйига кетди.
19 Бир неча Зифликлар Гивога бориб, Шоулга хабар бердилар:
— Довуд ҳудудимиздаги Хореш деган жойда яшириниб юрибди. Бу жой Йишмоннинг жанубидаги Хахило адирларида жойлашган.
20 Эй шоҳ ҳазратлари, бораверинг. Биз албатта Довудни шоҳнинг қўлига тутиб берамиз.
21 — Сизлар менга қайишар экансиз, Худо сизларни ёрлақасин! — деди Шоул.
22 — Бориб, яна бир марта текшириб чиқинглар, Довуд қаерларда яшириниб юрганини, ўша ерда уни кимлар кўрганини яхшилаб суриштиринглар. Айтишларича, у жуда айёр экан.
23 Ҳамма яширинган жойларини билиб олиб, кейин менга аниқ хабар келтиринглар. Ўшанда мен сизлар билан бораман. Агар Довуд ўша ерда бўлса, уни бутун Яҳудо уруғлари орасидан қидириб топаман.
24 Шундай қилиб, Зифликлар йўлга тушиб, Шоулдан олдин Зифга келишди. У пайтда Довуд одамлари билан Йишмоннинг жанубидаги Моюн чўлининг кимсасиз бир водийсида эдилар.
25 Шоул ҳам одамлари билан Довудни излашга чиқди. Довуд Шоулнинг келаётганини эшитгач, Моюн чўлининг қоялик жойига бориб яширинди. Шоул буни билиб қолиб, Довуднинг орқасидан кетди.
26 Шоул қирнинг бир томонидан, Довуд билан унинг одамлари эса қирнинг бошқа томонидан боришарди. Довуд тезда Шоулдан қочиб қутулмоқчи эди. Шоул эса сипоҳлари билан Довуд одамларининг йўлини тўсмоқчи бўлиб, ўраб олаётган эди.
27 Худди шу пайт бир хабарчи келиб Шоулга:
— Тезроқ юринг! Филистлар юртимизга ёпирилди, — деб қолди.
28 Шоул Довудни таъқиб қилиш ўрнига, Филистлар билан жанг қилгани қайтиб кетди. Шунинг учун ўша ерга “Қутулиш қояси” деб ном берилди.
Довуд Шоулнинг жонига қасд қилмайди
1 Довуд у жойларни ҳам тарк этиб, Эн–Гедидаги пана жойларда яшай бошлади.
2 Шоул Филистларни қувлаб юбориб қайтиб келгач, Довуд Эн–Геди ёнидаги дашт–чўлларда юрибди деган хабарни эшитди.
3 Шоул одамлари билан Довудни қидирмоққа отланди. Исроилнинг энг сара сипоҳларидан уч мингтасини танлаб олиб, қоялари ва ёввойи эчкилари билан машҳур бўлган жойга кетишди.
4 Йўлда қўй қўраси бўлиб, унинг яқинида бир ғор бор эди. Шоул эҳтиёжини қондирмоқчи бўлиб ғорга кирди. Ғорнинг энг ичкарисида эса Довуд одамлари билан ўтирган эди.
5 Одамлари Довудга айтдилар:
— Эгамиз сенга: “Ғанимингни қўлингга бераман, унга билганингни қилавер”, деган эди. Ўша кун шу бугундир!
Довуд секин бориб, Шоулнинг ридоси этагидан билинтирмай бир парча кесиб олди.
6 Лекин Шоулнинг этагидан бир парча кесиб олгани учун юрагида ўкинч пайдо бўлди.
7 Кейин одамларига деди:
— Худо сақласин! Мен Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳга — жаноби олийларига бундай қилолмайман. Унга қарши қўлимни кўтармайман, чунки у Эгамизнинг мой суртиб танлаганидир.
8 Довуд шундай деб одамларига танбеҳ берди, Шоулга тегишларига ижозат бермади. Шоул ғордан чиқиб, йўлига кетди.
9 Унинг ортидан Довуд ҳам ғордан чиқди–да:
— Шоҳ ҳазратлари! — деб Шоулни чақирди. Шоул орқасига ўгирилди, Довуд эгилиб таъзим қилди ва ер ўпиб
10 деди:
— Довуд сенга ёмонлик қилмоқчи деган одамларнинг гапларига нима учун қулоқ соляпсиз?
11 Ўз кўзингиз билан кўриб турибсизки, ҳозир Эгамиз ғорда сизни қўлимга берган эди. Одамларим сизни ўлдирмоқчи бўлишган эди, лекин менинг кўзим қиймади, “Жанобларига қўл теккизмайман, чунки у Эгамизнинг мой суртиб танлаганидир”, дедим.
12 Қаранг, эй отам! Қўлимдаги манави парчага қаранг! Ридоингизнинг этагидан кесиб олдим. Ридоингиздан бир парчани кесиб олдим–у, лекин сизни ўлдирмадим. Кўнглимда ёмонлик ва маккорликдан асар йўқлигини яхши билиб олинг. Мен сизга гуноҳ қилмаганман–у, сиз эса менинг жонимга қасд қилиш пайига тушгансиз.
13 Худога солдим, мен учун У сиздан ўч олсин. Мен сизга қўл кўтармайман.
14 Эскилар: “Ёмонлик ёмон одамлардан келар”, дейишган, шунга кўра, мен сизга қўлимни кўтармайман.
15 Исроил шоҳи кимнинг пайига тушган, ахир? Сиз кимни таъқиб қиляпсиз? Ўлган итдай ёки бургадай арзимас бўлган меними?
16 Худога солдим, қай биримизнинг ҳақ эканимизни Худо ҳукм қилсин, додимни Ўзи эшитсин. Эгамиз менинг йўлимни бериб, сизнинг қўлингиздан халос этсин.
17 Довуд гапини тугатган ҳам эдики, Шоул:
— Довуд, ўғлим, бу сенинг овозингми? — деди–ю, уввос солиб йиғлай бошлади.
18 — Сен ҳақсан, мен нотўғри қилдим, — деди Шоул Довудга. — Сен менга яхшилик қилган эдинг, мен ёмонлик билан жавоб қайтардим.
19 Бугун менга бўлган муносабатингни аниқ–равшан исботладинг. Эгамиз мени сенинг қўлингга берибди–ю, лекин сен мени ўлдирмабсан.
20 Қанийди, ҳаммаям сенга ўхшаб душманини тутиб олганда, оқ йўл тилаб қўйиб юбораверса?! Бугун менга қилган яхшилигинг учун сенга Эгамиздан қайтсин!
21 Энди мен англаб етдим: сен албатта шоҳ бўласан, Исроил шоҳлиги сенинг қўлингда мустаҳкам бўлади.
22 Энди менга, сиздан кейин авлодингизни йўқ қилмайман, отангиз хонадонидан номингизни ўчирмайман, деб Эгамиз олдида онт ич.
23 Довуд Шоулнинг олдида онт ичди. Шундан сўнг Шоул уйига қайтиб кетди. Довуд эса одамлари билан адирлардаги қароргоҳига қайтди.
Шомуилнинг ўлими
1 Шу орада Шомуил оламдан ўтди. Бутун Исроил халқи йиғилишиб, Шомуилга аза тутди. Уни ўз она шаҳри Рамада дафн қилишди.
Довуд ва Обигайл
Шундан кейин Довуд Порон чўлига кетди.
2 Моюн шаҳрида бир бой–бадавлат одам яшар, мол–мулки Кармил шаҳри яқинидаги ерда бўлиб, уч мингта қўйи, мингта эчкиси бор эди. Бу пайтда у Кармилда қўйларининг жунини қирқаётган эди.
3 Ўша одамнинг исми Навол, хотинининг исми эса Обигайл эди. Аёл ақл–фаросатли ва чиройли эди. Эри Холиб уруғидан бўлиб, қўрс, феъл–атвори ёмон одам эди.
4 Довуд даштда юрганда, Навол қўйларининг жунини қирқяпти деган хабарни эшитиб қолди.
5 Довуд йигитларидан ўнтасини Кармилга — Наволнинг ҳузурига жўнатаётиб, уларга деди:
6 — Наволга мендан салом айтиб, шу гапларимни етказинглар: “Умринг узоқ бўлсин! Сенга, хонадонингга, қарамоғингдаги ҳар бир одамга тинчлик–омонлик бўлсин.
7 Қўйларингнинг жунини қирқаётганингни эшитдим. Чўпонларинг биз билан бирга эди. Уларни хафа қилмадик, Кармилда бўлган кунларида ҳеч нарсаси йўқолмади.
8 Хизматкорларингдан сўраб кўрсанг, ўзлари ҳам сенга айтиб беришади. Шунинг учун одамларимга илтифот кўрсат, сенинг ҳузурингга зиёфат куни келдик. Бу қулларингга ва ўғлинг Довудга қўлингдан келганча марҳамат қилиб, ёрдам кўрсат.”
9 Довуднинг одамлари Навол ҳузурига бориб, Довуднинг номидан унга шу гапларни етказишди ва жавоб кута бошлашди.
10 Навол эса Довуднинг одамларига шундай жавоб берди:
— Довуд дегани ким ўзи?! Эссайнинг ўғли бўлса, нима қипти?! Шу кунларда ўз хўжайинларидан қочиб кетаётган қуллар жуда кўпайиб кетди–да!
11 Нонимни, сувимни, жун қирқаётган одамларим учун сўйган қўйларимнинг гўштини олиб, аллақайдан келган одамларга берайми?!
12 Довуднинг одамлари келган йўлига қайтиб кетишди. Наволнинг ҳамма айтганларини Довудга етказишди.
13 — Ҳамма қиличини белига боғласин! — деб амр берди Довуд одамларига. Довуднинг ўзи ҳам, одамлари ҳам қиличларини белларига боғлашди. Тўрт юзга яқин одам Довуд билан бирга кетди. Икки юзтаси эса анжомлар ёнида қолди.
14 Наволнинг хизматкорларидан бири унинг хотини Обигайлга деди:
— Довуд хўжайинимиз Наволга салом йўллаб, даштдан хабарчилар жўнатган экан, лекин Навол уларни ҳақорат қилди.
15 У одамлар эса бизга кўп яхши муносабатда бўлишган эди. Даштда улар билан қолган пайтларимизда бизни ҳеч хафа қилишмасди, бирор нарсамиз ҳам йўқолмасди.
16 Қўйларимизни боқиб юрганимизда, ҳар доим — кечаю кундуз бизни ҳимоя қилишарди.
17 Энди нима қилиш лозимлигини ўзингиз яхшилаб ўйланг. Чунки хўжайинимизнинг ва унинг бутун хонадонининг бошига фалокат хавф солиб турибди. Хўжайинимиз эса шу қадар баджаҳлки, бирор кимса унга бир оғиз гап айта олмайди.
18 Обигайл вақтни бой бермай, икки юзта нон, икки меш шароб, бешта қўйнинг пиширилган гўштини, икки тоғора қовурилган буғдой, юз ҳовуч майиз ва икки юз ҳовуч анжир қоқини олиб эшакларга юклади.
19 Сўнг хизматкорларига:
— Сизлар мендан олдин юринглар, мен орқаларингиздан бораман, — деди. Эри Наволга эса ҳеч нарса демади.
20 Обигайл эшакка миниб, тоғнинг ёлғизоёқ йўлларидан тушиб келаётганда, унга томон келаётган Довуднинг одамларига дуч келиб қолди.
21 Довуд шу гапларни айтаётган экан:
— Бу одамнинг даштдаги мол–ҳолини беҳудага қўриқлабман–да. Унинг қўтонидан бирор қўй йўқолмади–ю, оқибатда у менинг яхшилигимга ёмонлик билан жавоб қайтарди.
22 Агар эрталабгача унга қарашли эркак зотидан бирортасини тирик қолдирсам, Худо менинг жазоимни берсин, ҳатто ундан баттарроғига дучор қилсин!
23 Обигайл Довудни кўрибоқ эшакдан тушди. Довудга таъзим қилиб, ерга мук тушди.
24 Унинг оёқларига бош уриб ёлворди:
— Тўрам, мен айбдорман, айб менда. Ижозат беринг, бу чўрингиз сизга бир оғиз гап айтсин, айтганларимга қулоқ солинг.
25 Ёлвораман, тўрам! Ўша баттол Наволга эътибор бермасинлар. Унинг феъл–атвори худди исмининг ўзи. Навол — ақлсиз дегани. Мен, чўрингиз, тўрам юборган одамларни кўрмабман.
26 Энди, тўрам, Эгамиз сизнинг қон тўкишингизга, ўз қўлингиз билан қасос олмоғингизга изн бермаган. Худо шоҳид! Тўғрисини айтай, ғанимларингиз, қолаверса, тўрамга қасд қилган ҳамманинг бошига Наволнинг куни тушсин.
27 Тўрам, мен, чўрингиз, сизга мана бу инъомларни келтирдим. Энди булар сизга эргашиб хизмат қилаётган одамларингизга берилсин.
28 Бу чўрингизнинг гуноҳидан ўтинг. Эгамиз албатта тўрамнинг хонадонини мустаҳкам қилади, чунки тўрам Эгамиз учун жанг қиляпти. Умрингиз охиригача сиз томондан бирон–бир ҳақсизлик бўлмасин.
29 Биронтаси ортингиздан тушиб, жонингизга қасд қилса, ҳаётингизни Эгангиз Худо Ўз паноҳида асрасин. Ғанимларингизни эса палахмондан отилган тошдай улоқтириб юборсин.
30 Эгамиз тўрамга ваъда қилган барча эзгуликларни бажо келтириб, сизни Исроилнинг йўлбошчиси қиладиган кун келади, албатта.
31 Ўшанда ўзим учун ўч олиб, беҳудага қон тўкдим, деб пушаймон бўлмагайсиз. Эгамиз тўрамга барака берганда, бу чўрисини унутмасин.
32 — Бугун сени мен билан учраштирган Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! — деди Довуд.
33 — Ақлингга балли, барака топ! Бугун мени қон тўкишдан, ўз қўлим билан ўч олишдан сақлаб қолдинг, бунинг учун сени Худо ёрлақасин.
34 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сенга ёмонлик қилишимнинг олдини олди. Агар сен мени тезда учратиб қолмаганингда, Худо ҳақи, кун чиққунча Наволга қарашли эркак зотидан бирортаси тирик қолмаган бўларди!
35 Довуд Обигайл олиб келган ҳадяларни олди. Кейин:
— Эсон–омон уйингга бор, билиб қўй, гапларингга қулоқ солиб, арзингга эътибор бердим, — деди.
36 Обигайл Наволнинг ёнига қайтиб келди. Навол уйида шоҳона зиёфат уюштирган, маст, жуда вақти чоғ эди. Обигайл эса эрталабгача унга бир оғиз гап айтмади.
37 Эртасига эрталаб Навол ўзига келгач, хотини унга бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди. Ўша заҳотиёқ Наволнинг юраги музлаб, шол бўлиб қолди.
38 Ўн кунлардан кейин Эгамиз Наволнинг жонини олди.
39 Худо Наволнинг жонини олганини Довуд эшитди.
— Навол мени ҳақорат қилган эди, Эгамизнинг Ўзи мени оқлади, бу қулини ёмонлик қилмоқдан асради. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У Наволнинг ёмонлигини ўзининг бошига солибди, — деди.
Шундан сўнг Довуд Обигайлнинг олдига хабарчилар жўнатиб, унга уйланмоқчи эканлигини билдирди.
40 Довуд юборган хабарчилар Кармилга — Обигайлнинг ҳузурига бориб:
— Довуднинг сенга уйланиш истаги бор, шуни билдириш учун бизни юборди, — дедилар.
41 Обигайл ўрнидан турди, боши ерга теккудай бўлиб таъзим қилди–да:
— Мен тўрамга хизмат қилмоққа ва тўрамнинг хизматкорлари оёқларини ювишга тайёрман, — деб жавоб берди.
42 Обигайл тезда ўрнидан туриб, эшакка минди. Ёнига бешта чўрисини олиб, Довуднинг хабарчилари орқасидан йўлга тушди. Шундай қилиб, Обигайл Довудга турмушга чиқди.
43 Довуд Йизриллик Охинавамга ҳам уйланган эди. Шу тариқа Довуд икки хотинлик бўлди.
44 Довуднинг биринчи хотини Михални эса отаси Шоул Палтига бериб юборган эди. Палти Галимлик Лайиш деганнинг ўғли эди.
Довуд яна Шоулнинг жонини сақлаб қолади
1 Зифликлар Гивога — Шоулнинг ҳузурига келиб: “Довуд Йишмон четидаги Хахило тепалигида яшириниб юрибди”, деб хабар етказишди.
2 Шоул уч мингта сараланган Исроил сипоҳи билан Довудни қидириб Зиф дашт–биёбонига борди.
3 У Хахило тепалигидаги йўл бўйида қароргоҳ қурди, бу тепалик Йишмон саҳросининг четида эди. Довуд ҳали ҳам саҳрода яшириниб юрарди. Ўз орқасидан Шоулнинг тушганини билиб, Довуд
4 айғоқчилар жўнатди. Шу тариқа Шоулнинг шу ерга келганини аниқ билиб олди.
5 Довуд Шоулнинг қароргоҳи томон яқин бориб, Шоул билан лашкарбоши Абнурнинг ухлаётган жойини кўрди. Шоул қароргоҳнинг ўртасида, сипоҳлар эса унинг атрофида ётган эдилар.
6 Шу пайт Довуд Охималек билан Абушайдан:
— Ким мен билан қароргоҳга — Шоулнинг ёнига киради? — деб сўради. Охималек Хет халқидан эди. Абушай Зеруянинг ўғли бўлиб, Йўабнинг акаси эди.
— Мен сиз билан бораман, — деди Абушай.
7 Довуд билан Абушай ўша кун кечаси қароргоҳга киришди. Шоул найзасини бош томонига ерга санчиб қўйиб, қароргоҳнинг ўртасида ухлаб ётарди. Абнур билан сипоҳлар унинг атрофида ухлашарди.
8 — Бугун Худо ғанимингизни сизнинг қўлингизга берди, — деди Абушай Довудга. — Энди ижозат беринг, уни найза билан бир уриб ерга михлаб қўяйин. Иккинчи марта уришимга ҳожат қолмайди.
9 — Йўқ, уни ўлдирмайсан, — деди Довуд, — Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳга қўл кўтарганни сира оқлаб бўлмайди.
10 Худо шоҳид! Шоулни ё Худо уради, ё унинг куни битиб оламдан ўтади, ёки жангда ҳалок бўлади.
11 Аммо Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳга қўл кўтаришдан мени Худонинг Ўзи сақласин. Майли, Шоулнинг бош томонидаги найза билан сувдонини олиб кетамиз.
12 Довуд Шоулнинг бош томонидаги найзаси ва сувдонини олди. Кейин у ердан қайтишди. Уларни ҳеч ким кўрмади, бирор кимса бўлиб ўтган воқеани билмай қолди, ҳеч ким уйғонмади ҳам. Ҳамма ухлаб ётарди, зотан, Эгамиз уларни қаттиқ ухлатиб қўйган эди.
13 Довуд нариги томонга ўтиб, узоқроқдаги тепаликнинг устига чиқди, Шоулнинг сипоҳлари билан унинг орасида анчагина масофа бор эди.
14 Ўша ердан Абнурни ва одамларини чақириб:
— Эй Абнур, менга жавоб бер–чи! — деди.
— Сен кимсан, нега бақириб шоҳимизни безовта қиляпсан? — сўради Абнур.
15 — Сен катта одамсан, Абнур, тўғрими гапим? — деди Довуд. — Бутун Исроилда сенга тенг келадигани йўқ. Шоҳ ҳазратларини биттаси ўлдирмоқчи бўлиб, қароргоҳга кирди, нега шоҳни муҳофаза этмадинг?
16 Бу қилган ишинг ёмон. Худо ҳақи, ўзинг ҳам, одамларинг ҳам ўлимга лойиқсизлар, чунки жаноби олийларини — Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳни муҳофаза этмадингизлар. Қараб кўр–чи, шоҳнинг бош томонидаги найзаси билан сувдони қаерда экан?
17 Шоул Довуднинг овозини таниди:
— Бу сенинг овозингми, Довуд ўғлим? — деб сўради.
— Ҳа, шоҳ ҳазратлари, менман, — жавоб берди Довуд.
18 — Жаноби олийлари! Мен, қулингизни нега таъқиб қилаверасиз? Мен нима қилдим? Гуноҳим нима?
19 Шоҳ ҳазратлари! Марҳамат қилиб мен, қулингизнинг сўзларига қулоқ солинг. Агар сизни менга қарши қўзғатган Эгамиз бўлса, назр атанг, У тинчлансин. Агар бу ишни инсонлар қилган бўлса, Эгамиз олдида лаънати бўлсинлар. Чунки улар Эгамизнинг еридан мени ҳайдаб: “Бор, бегона худоларга хизмат қил”, деяётгандай бўляпти.
20 Ишқилиб, қоним Эгамизнинг ҳузуридан узоқ ерларга тўкилмасин. Нима учун, эй шоҳим, бургадай арзимас бир инсонни овлашга чиқдингиз?! Нечун, тоғлардаги какликни овлагандай, мени овлаб юрибсиз?!
21 — Гуноҳ қилдим, Довуд ўғлим, бери кел, — деди Шоул. — Бугун менинг ҳаётим сен учун қадрли эканини билдим. Энди сенга сира ёмонлик қилмайман. Ҳақиқатан ҳам, нодонлик қилдим, қаттиқ янглишдим.
22 — Мана шоҳимизнинг найзаси, йигитларингиздан бири келиб олсин, — деди Довуд,
23 — Эгамиз ҳар бир одамнинг тўғрилигига ва садоқатига яраша мукофот беради. Бугун Эгамиз сизни қўлимга берган бўлса–да, мен Эгамизнинг мой суртиб танлаганига қўл кўтаришни истамадим.
24 Бугун сизнинг ҳаётингизни сақлаганимдай, Эгамиз менинг ҳаётимни ҳам шундай сақласин. У мени ҳар қандай балолардан асрасин.
25 — Довуд ўғлим, Худо сени ёрлақасин, сен албатта буюк ишлар қиласан, улуғ зафарларга эришасан, — деди Шоул. Шундан кейин Довуд ўз йўлига кетди, Шоул эса уйига қайтди.
Довуд Филистлар орасида
1 Довуд: “Бир кун Шоулнинг қўлида нобуд бўлсам керак”, деб ўйларди. “Яхшиси, Филистлар ерларига қочиб қолай. Ўшанда Шоул Исроилнинг ҳар бурчагидан мени қидириб юришдан воз кечади, мен ҳам унинг қўлидан қутулиб қоламан.”
2 Шундай қилиб, Довуд ва унинг ёнидаги олти юз киши оилалари билан йўлга отланиб, Гат шоҳи Охиш томонига ўтиб кетишди. Шоҳ Охиш Моюх деганнинг ўғли эди.
3 Ҳаммалари оилалари билан бирга Гатда — Охишнинг ёнида жойлашишди. Довуд ҳам иккала хотини — Йизриллик Охинавам ва Кармиллик Наволнинг беваси Обигайл билан жойлашди.
4 Шоул Довуднинг Гатга қочиб кетганини эшитгач, энди уни ахтармай қўйди.
5 Довуд Охишга:
— Агар мен, қулингиз, сизнинг илтифотингизга сазовор бўлсам, ён–атрофдаги шаҳарларнинг биридан менга жой берсангиз, мен ўша ерда истиқомат қилайин, — деди. — Қулингизнинг сиз билан бирга шоҳ шаҳрида яшашига ҳожат йўқ.
6 Охиш ўша куни Довудга Зихлах шаҳрини берди. Ўшандан буён Зихлах Яҳудо шоҳларига қарашли шаҳардир.
7 Довуд Филистлар юртида бир йилу тўрт ой истиқомат қилди.
8 Довуд одамлари билан Гешир, Гезер ва Омолек халқларининг ерига бостириб борарди. Бу элатлар узоқ замонлардан бери Шурга ва Миср чегарасигача чўзилган ерларда яшаб келишарди.
9 Довуд бирор юртни босиб олса, эркак, аёл демас, тирик жонни соғ қўймасди. Фақат қўй, мол, эшак, туя ва кийим–кечакларни ўлжа олиб, шоҳ Охишнинг ҳузурига қайтиб келарди.
10 Охиш: “Бугун бирон ерга бостириб бордингизларми?” деб сўраса, Довуд: “Яҳудонинг Нагав чўлидаги ҳудудларини босиб олдик”, ёки “Нагав чўлидаги Ярахмал уруғи ерларини босиб олдик”, ёки “Нагав чўлидаги Хайин халқи ерларини қўлга олдик”, деб жавоб берарди.
11 Довуд бирор кимсани Гатга олиб келмас, “Довуд ундай қилди, бундай қилди, деб айтмасин” дея, эркагу аёлни тирик қолдирмасди. Довуд Филистлар юртида яшаган пайтда шундай қиларди.
12 Охиш Довудга ишонарди. “Довуд ўз халқи — Исроил халқига ўзини душман қилиб қўйди, бундан кейин то абад менинг хизматимда қолади”, деб ўйларди.
1 Ўша кунларда Филистлар Исроил лашкари билан уруш қилмоқчи бўлиб, лашкарларини тўплашди. Охиш Довудга:
— Билиб қўй, сен одамларинг билан албатта мен томонда жанг қиласан, — деб таъкидлади.
2 — Мен қулингизман, ўшанда нималар қилишимни ўзингиз кўрасиз, — деди Довуд.
— Яхши, — деди Охиш, — сен доимо менинг шахсий қўриқчим бўлиб қоласан.
Шоул арвоҳдан маслаҳат сўрайди
3 Шомуил оламдан ўтганда, бутун Исроил халқи унга аза тутган ва уни ўз шаҳри Рамага дафн қилишган эди. Шоул эса арвоҳ чақирувчиларни ва фолбинларни юртдан йўқотиб юборган эди.
4 Шу орада Филистлар тўпланиб, Шунам шаҳрига бориб қароргоҳ қуришди. Шоул ҳам жамики Исроил қўшинини йиғиб, Гилбова тоғида қароргоҳ қурди.
5 Шоул Филистлар қўшинини кўрди–ю, қаттиқ қўрқиб кетди, уни ваҳима босди.
6 Шоул “Нима қилай?” деб Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билмоқчи бўлган эди, У Шоулга на тушида, на руҳонийлар ва на пайғамбарлар орқали жавоб берди.
7 Шундан кейин Шоул аъёнларига:
— Менга бирорта арвоҳ чақирадиган аёлни топиб келинглар, унинг олдига бориб маслаҳат солайин, — деб фармон берди.
— Эн–Дўрда бир арвоҳ чақирадиган аёл бор, — деди аъёнлар.
8 Шоул бошқача кийимлар кийиб, қиёфасини ўзгартирди ва икки кишини эргаштириб, кеч кирганда, ўша аёлникига борди.
— Илтимос қиламан, мен учун руҳларга маслаҳат сол, сенга кимнинг номини айтсам, ўша одамни чақириб бер, — деди.
9 Аёл шоҳга шундай жавоб берди:
— Шоул нималар қилганини, арвоҳ чақирадиганларни ва фолбинларни юртдан йўқотиб юборганини биласан–ку. Шундай экан, нимага мени нобуд қилмоқ учун тузоқ қўйяпсан?
10 — Худо ҳақи, бундан сенга заррача ёмонлик келмайди, — деб онт ичди Шоул.
11 Шундан сўнг аёл:
— Сенга кимни чақириб берайин? — деб сўради.
— Менга Шомуилни чақириб бер! — деди Шоул.
12 Аёл Шомуилни кўргач, қаттиқ бақириб юборди. Сўнг Шоулга қараб, деди:
— Сиз шоҳ Шоулсиз–ку! Нега мени алдадингиз?
13 — Қўрқма! — деди шоҳ аёлга, — нимани кўряпсан?
— Ер остидан чиқаётган бир арвоҳни кўряпман, — деб жавоб берди аёл.
14 — Нимага ўхшайди? — сўради Шоул.
— Ридо кийган кексароқ одам юқорига чиқяпти, — деди аёл. Шу заҳоти Шоул билдики, у одам Шомуил. Мук тушиб унга таъзим қилди.
15 — Нимага мени чақириб безовта қилдинг? — сўради Шомуил.
— Мен жуда қийналиб кетдим, — деди Шоул. — Филистлар менга ҳужум қилишмоқчи. Худо эса мени тарк этди. Менга на пайғамбарлар орқали, на тушимда жавоб беряпти. Энди нима қилай, айтинг, шунга сизни чақирган эдим.
16 — Эгамиз сени тарк этиб, сенга душман бўлган экан, энди нимага мендан сўраяпсан? — деди Шомуил.
17 — Эгамиз мен орқали айтганини қилди. Шоҳликни сенинг қўлингдан тортиб олиб, Довудга берди.
18 Чунки сен Эгамизнинг амрига итоат этмадинг, Унинг алангаланган ғазабини сен Омолек халқига сочмадинг. Ана шунинг учун Эгамиз бугун шу кунларни бошингга соляпти.
19 У сени ҳам, Исроил халқини ҳам Филистлар қўлига беради. Эртага сен ва ўғилларинг менинг ёнимда бўласизлар. Эгамиз бутун Исроил қўшинини ҳам Филистлар қўлига топширади.
20 Шоул бирдан муккаси билан ерга тушди. Шомуилнинг гапларидан қаттиқ қўрқиб кетди, силласи қуриди. У бир кеча–кундуз туз тотмаган эди.
21 Аёл Шоулга яқинлашди–да, унинг қаттиқ қўрқиб кетганини кўриб шундай деди:
— Бу чўрингиз ҳам сизнинг гапларингизни эшитди, жонимни хатарга қўйиб бўлса–да, истагингизни бажо келтирдим.
22 Энди бу чўрингизнинг гапларини эшитинг. Олдингизга озгина нон–пон қўяман, ейсиз. Ҳали йўл юрасиз, нон–пон еб олсангиз, дармон бўлади.
23 — Емайман! — деб рад этди Шоул.
Лекин аъёнлари ҳам, аёл ҳам уни кўндиришга кўп ҳаракат қилишди. Охири, Шоул уларнинг айтганини қилишга рози бўлди. Ётган еридан туриб, тўшакка ўтирди.
24 Аёлнинг уйида боқувдаги бир бузоғи бор эди. Аёл уни тезда сўйди. Ун олди–да, хамир қориб, хамиртурушсиз нон ёпди.
25 Таомларни Шоул билан аъёнлари олдига қўйди. Улар еб–ичиб, ўша куни тунда туриб жўнаб кетишди.
Филистлар Довудга ишонмайди
1 Филистлар ҳамма сипоҳларини Офоққа йиғди. Исроил лашкари эса Йизрилдаги булоқ ёнида қароргоҳ қуриб, жойлашиб олган эдилар.
2 Филист беклари юз ва минг кишилик гуруҳлардан иборат бўлган қўшин билан боришарди. Довуд ва унинг одамлари эса шоҳ Охиш билан бирга орқада келаётган эдилар.
3 Филист лашкарбошилари:
— Анави ибронийлар бу ерда нима қилиб юрибди? — деб сўраган эдилар, Охиш шундай жавоб берди:
— Бу одам Исроил шоҳи Шоулнинг хизматкори Довуд бўлади. Неча ой–йиллардан бери ёнимда юрибди. Мен томонга ўтгандан буён ундан бирор ёмонлик кўрмадим.
4 Лекин Филист лашкарбошилари Охишга:
— Бу одамни орқасига қайтариб юборинг! — дейишди жаҳл билан. — Сиз унга ажратиб берган жойга бораверсин. Биз билан урушга боришига йўл қўйманг! Жанг вақтида бизга қарши чиқиши мумкин. У олдинги хўжайинига ўзини қандай қилиб яхши кўрсатишини биласизми? Одамларимизнинг бошини унга тутиб беришдан бошқа яхши йўл топа олармиди?!
5 Ҳалиги: “Шоул мингларчасини ўлдирди, Довуд эса ўн мингларчасини”, деб куйлаб ўйнаб қўшиқ айтган эдилар–ку. Бу ўша Довуд–да.
6 Охиш Довудни ёнига чақириб, деди:
— Худо ҳақи, сен яхши одамсан. Ҳузуримга келганингдан бери бирон номаъқул иш қилганингни кўрмадим. Мен билан бирга урушга боришингни истардим–у, аммо бекларимиз урушга боришингни маъқул кўришмаяпти.
7 Майли, бу сафар орқангга қайт, тинчгина кет, тағин Филист бекларининг кўзи олдида бирорта номаъқул иш қилиб қўймагин.
8 — Ахир, мен нима қилдим?! — деди Довуд. — Ҳузурингизга келганимдан бери мендан бирор айб топмадингиз–ку! Энди шоҳ ҳазратларининг ғанимларига қарши урушга нима учун бормаслигим керак экан?!
9 — Биламан, — деди Охиш, — сен менинг назаримда Худонинг фариштасидай поксан. Лекин Филист лашкарбошилари, биз билан урушга бормасин, дейишяпти.
10 Энди сен одамларинг билан эрталаб туринглар–да, тонг отар–отмас жўнанглар.
11 Шундай қилиб, Довуд одамлари билан эрта тонгда туриб, Филистлар ҳудудига қараб йўл олди. Филистлар эса Йизрилга жўнашди.
Довуд Омолек халқини мағлуб қилади
1 Довуд одамлари билан йўл юриб, учинчи куни ўз шаҳри Зихлахга етиб келди. Бу орада Омолек халқи Нагав чўлига, хусусан, Зихлах шаҳрига ҳам бостириб кирган, Зихлахга ўт қўйиб, шаҳарни талон–тарож қилган экан.
2 Улар бирор кимсани ўлдирмай, у ердаги аёллару ёш–қарини асир олишиб, олдиларига солиб ҳайдаганча, йўлларига қайтиб кетишган эди.
3 Довуд одамлари билан у ерга етиб боргач, шаҳарнинг аланга ичида қолганини, хотинлари, ўғил–қизларини асир олиб кетишганини билди.
4 Улар ҳолдан тойгунча дод–вой солиб йиғлашди.
5 Довуднинг иккала хотини — Йизриллик Охинавам ва Кармиллик Наволнинг беваси Обигайл ҳам асир олинган эди.
6 Довуд ёмон аҳволда қолди, чунки ҳар бир одам ўғиллари, қизлари учун қайғурар, “Довудни тошбўрон қиламиз”, дейишарди. Лекин Довуд ўз Эгаси Худодан мадад олди.
7 У Охималекнинг ўғли руҳоний Абуатарга:
— Менга эфодни келтир, Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билайлик, — деди. Абуатар эфодни олиб келди.
8 Довуд Эгамиздан:
— Бу қароқчиларнинг орқасидан қувиб борайми? Қувсам, етиб оламанми? — деб сўради.
— Орқаларидан қув, уларга албатта етиб олиб, асирларни озод қиласан, — деди Эгамиз.
9 Шундай қилиб, Довуд ёнидаги олти юзта одами билан йўлга чиқиб, Басор сойлигига юриш қилди.
10 Улар сойликдан ҳали ўтиб бўлмаган эдики, икки юз киши толиқиб йиқилиб, ўша ерда қолди. Довуд қолган тўрт юз кишиси билан қароқчиларни қувлаб кетди.
11 Чўлда бир Мисрликни топиб, Довуднинг олдига келтиришди. “Еб, ичиб ол”, деб унга нон–пон беришди.
12 Бир ҳовуч анжир қоқи билан икки ҳовуч майиз ҳам беришди. Ҳалиги одам тамадди қилиб олгач, бир оз жонланди. У уч кечаю уч кундуз на туз тотган, на сув ичган эди.
13 Довуд ундан:
— Сен кимнинг одамисан? Қаердан келяпсан? — деб сўради.
— Мисрликман, Омолек уруғидан бўлган бир одамнинг қулиман, — деди йигит. — Уч кун олдин касал бўлиб қолган эдим, хўжайиним мени чўлда қолдириб кетди.
14 Нагав чўлидаги Харет халқи ҳудудига, Яҳудо ҳудудига, Нагав чўлидаги Холиб уруғи ерларига бостириб бориб, Зихлах шаҳрига ўт қўйдик.
15 — Мени ўша босқинчиларнинг ёнига олиб бора оласанми? — деб сўради Довуд.
— Сени ўлдирмайман, хўжайинингнинг қўлига топширмайман, деб Худо номи билан онт ичсангиз, сизни ўша босқинчилар олдига олиб бораман, — деди йигит.
16 Шундай қилиб, Мисрлик одам Довудга йўл кўрсатиб кетди. Босқинчилар дала бўйлаб тарқалиб, Филист ва Яҳудо ерларидан талон–тарож қилиб келган мўл–кўл ўлжаларини еб–ичиб, хурсандчилик қилишаётган эди.
17 Довуд эртаси куни кечқурунгача уларни қирди. Туяларга миниб қочган тўрт юз йигитдан ташқари, улардан бирортаси ҳам қутулиб кета олмади.
18 Шундай қилиб, Довуд Омолек халқи тортиб олган ҳамма нарсаларини, жумладан, иккала хотинини ҳам қайтариб олди.
19 Катта–кичикдан, ўғил–қизлардан, ўлжа олинган моллардан, хуллас, Омолек халқи олиб кетган нарсалардан бирортаси қолиб кетмади. Довуд ҳаммасини қайтариб олди.
20 Довуд Омолек халқининг ҳамма мол–қўйларини ўлжа қилиб олди. Довуднинг одамлари ўлжа олинган мол–қўйларни ўзларининг моллари олдидан ҳайдаб кетар экан: “Булар — Довуднинг ўлжалари”, дейишарди.
21 Шундан кейин Довуд Басор сойлигида толиқиб орқада қолиб кетган икки юз киши олдига қайтди. Улар ҳам Довуд билан унинг одамларини кутиб олгани чиқишди. Довуд уларга яқин келгач, омонлик тилади.
22 Лекин Довуд билан борган баъзи ёмон, ярамас одамлар:
— Булар биз билан бирга бормадилар, энди уларга ўлжа олинган нарсалардан ҳеч қандай улуш бермаймиз, ҳар қайсиси фақат хотини билан болаларини олиб кетсин, — дейишди.
23 — Йўқ, биродарларим, — деди Довуд, — бу нарсаларни бизга Эгамиз берди, энди ундай қилманглар. Эгамизнинг Ўзи бизни сақлади, устимизга бостириб келган босқинчиларни қўлимизга берди.
24 Сизларнинг бу гапингизга ким рози бўлади? Урушга борганлар билан анжомлар ёнида қолганларнинг улуши бирдир, ҳар бир нарса тенг бўлинади.
25 Ўша кундан бошлаб Довуд бу усулни Исроилда қонун–қоида ҳолига келтирди, ушбу қонун бугунгача давом этиб келяпти.
26 Ниҳоят, Довуд Зихлахга қайтди. У ўзининг ўртоқлари — Яҳудо оқсоқолларига тортиб олинган ўлжалардан жўнатиб: “Мана Эгамизнинг ғанимларидан тортиб олинган ўлжалардан сизларга инъомлар”, деб айтиб юборди.
27 Инъомлар қуйидаги шаҳарларнинг оқсоқолларига жўнатилди: Байтил, Нагав чўлидаги Рамўт шаҳри, Ятир,
28 Арор, Сифмўт, Эштамўва,
29 Рахол, Ярахмал уруғи ва Хайин халқининг шаҳарлари,
30 шунингдек, Хўрмах, Бўр–Ошон, Отах
31 ва Хеврон шаҳарлари. Довуд одамлари билан кезган ерларнинг ҳаммасига ўлжалардан жўнатди.
Шоул билан ўғиллари ҳалок бўладилар
1 Филистлар эса шу пайтда Исроил лашкари билан жанг қилишаётган эди. Исроил лашкари Филистларнинг олдига тушиб қочди, кўплари Гилбова тоғида ҳалок бўлди.
2 Энди Филистлар Шоул билан унинг ўғиллари ортидан тушдилар. Натижада Шоулнинг ўғиллари Йўнатан, Абунадав ва Малкишува ўлдирилди.
3 Шоулнинг атрофида жанг тобора авжига чиқди. Шу пайт Филист камонкашлари Шоулга қарата ўқ отдилар. Шоул оғир яраланди.
4 У қуролбардорига:
— Қиличингни суғургин–да, менга санч, токи анави суннатсизлар келиб, менга қилич солиб, хўрламасинлар, — деди. Лекин қуролбардори қўрқди, Шоулнинг айтганини қилмади. Шунда Шоул қиличини қинидан суғуриб, ўзини қилич устига ташлади.
5 Қуролбардори ҳам Шоулнинг ҳалок бўлганини кўриб, ўзини қиличи устига ташлаб, Шоул билан бирга ўлди.
6 Шундай қилиб, Шоул, унинг учала ўғли, қуролбардори ва ҳамма сипоҳлари бир кундаёқ ҳалок бўлишди.
7 Йизрил водийсининг нарёғида ва Иордан дарёсининг шарқ томонида яшайдиган Исроил халқи ўз сипоҳларининг қочганини, Шоул билан ўғиллари ўлганини кўришди–ю, шаҳарларини ташлаб қочишди. Филистлар бу шаҳарларга келиб ўрнашиб олишди.
8 Эртаси куни Филистлар ҳалок бўлганларни талон–тарож қилгани жанг майдонига келишди. Бирдан улар Гилбова тоғида Шоул билан учала ўғлининг жасади ётганини кўриб қолишди.
9 Улар Шоулнинг бошини кесиб, қуролларини олишди. Филист юрти бўйлаб хабарчилар жўнатиб, бу хушхабарни ўз бутхоналарида эълон қилиб, халққа эшиттиришди.
10 Шоулнинг қурол–аслаҳасини Аштарет уйига қўйишди, жасадини эса Байт–Шан шаҳрининг деворига қоқиб қўйишди.
11 Филистлар Шоулни қандай аҳволга солганини Гиладдаги Ёбош аҳолиси эшитиб қолди.
12 Шунда ҳамма жасур йигитлар тун бўйи юриб, Байт–Шанга боришди. Шоул билан ўғилларининг жасадларини Байт–Шан деворидан олиб, Ёбош шаҳрига келтиришди ва у ерда куйдиришди.
13 Суякларини йиғиштириб, Ёбошдаги юлғун дарахти тагига дафн қилгач, етти кун рўза тутишди.