Зафаниё

Зафаниё

1 Яҳудо юртида Омон ўғли шоҳ Йўшиё ҳукмронлик қилган даврда Зафаниёга Эгамиз Ўз сўзини аён қилди. Зафаниё шоҳ Ҳизқиё авлодидан бўлиб, Кушининг ўғли, Гадалиёнинг невараси ва Эмориёнинг эвараси эди.

Яҳудо халқи жазо оладиган кун яқинлашиб келмоқда

2 Эгамиз шундай демоқда:

“Мен ер юзидаги ҳаммани

Гард қолдирмай супуриб ташлайман.

3 Ҳа, Мен одамлару ҳайвонларни,

Кўкдаги қушлару

Денгиздаги балиқларни супуриб ташлайман.

Ўша ҳайвонлар тасвиридаги бутларни парчалайман.

Улар қаторида фосиқларни ҳам йўқ қиламан,

Ер юзидаги бутун инсон зотини

Илдизидан қуритиб юбораман.

— Эгамизнинг каломи шудир. —

4 Мен Яҳудо ва Қуддусга қарши қўл кўтараман.

Баалга сиғинганларни битта қолдирмай йўқ қиламан,

Бутпараст руҳонийларни одамларнинг хотирасидан ўчираман.

5 Томда қуёш, ой, юлдузларга сиғинганларни ҳалок қиламан,

Тўғри, улар Мен, Эгангизга сажда қилиб, садоқат онтини ичади,

Лекин Мўлахга ҳам топиниб, ваъдалар беришади.

6 Мен, Эгангиздан юз ўгирган,

Изимдан юрмаган бу одамлар нобуд бўлади,

Менга интилмаган, Мендан ёрдам сўрамаганлар ўлади.”

7 Эгамиз Раббий олдида сукут сақланг!

Зеро, Эгамизнинг куни яқинлашиб қолди.

Эгамиз Ўз халқини қурбонлик қилишга тайёрлади.

У таклиф қилган меҳмонлар етиб келди.

8 Эгамиз шундай дейди:

“Мен қурбонлик келтирадиган ўша куни

Яҳудо аъёнларини, шоҳнинг ўғилларини,

Бутпарастлик одатларига берилганларнинг ҳаммасини жазолайман.

9 Бутпарастларга ўхшаб остона ҳатлаганларнинг

Таъзирини бераман.

Шоҳ саройини зўравонлигу фирибгарликка

Тўлдирганларни жазолайман.”

10 Эгамиз шундай демоқда:

“Ўша куни Қуддуснинг Балиқ дарвозасидан фарёд кўтарилади,

Шаҳарнинг Янги даҳасидан дод–вой эшитилади.

Қирлардан вайронагарчилик садолари келади.

11 Эй бозор кўчасида яшайдиганлар, дод солинг!

Ахир, ҳамма савдогарларингиз ҳалок бўлади,

Олди–сотди қилганлар қириб ташланади.

12 Мен ўша куни бир чироқ оламан,

Қуддуснинг ҳар бир бурчагини текшириб чиқаман.

«Эгамизнинг қўлидан на яхшилик, на ёмонлик келади», деб

Ўйлаганларнинг жазосини бераман.

Гуноҳга ботиб ўтирган

Бепарво одамларни жазолайман.

13 Улар уйлар қуришади,

Аммо уйларида яшаш уларга насиб этмайди.

Узумзорлар барпо қилишади,

Аммо шаробидан ичишолмайди.

Бойликлари талон–тарож қилинади,

Қурган уйлари бузиб ташланади.”

14 Оз қолди Эгамизнинг буюк кунига!

Оз қолди! Ўша кун шиддат билан яқинлашмоқда.

Қулоқ солинг! Бу Эгамизнинг кунидир.

Бу кун аччиқ кулфат келтиради,

Ҳатто жасур жангчилар қўрққанидан бақиради.

15 Бу кун Худонинг ғазаб кунидир.

Ўша куни ҳамма азоб–уқубат чекади,

Ҳамма ёқ вайронаю харобазорга айланади.

Зимзиё зулмат куни бўлар ўша кун,

Булут қоплаган тим қоронғи бўлар ўша кун!

16 Мустаҳкам шаҳарлару баланд миноралар

Ҳужум остида қолади,

Бурғу овозию жангга даъват товушларини

Ўша кун ўзида мужассам этади.

17 Эгамиз шундай дейди:

“Одамлар Менга қарши гуноҳ қилдилар,

Шу сабабдан Мен уларнинг бошига кулфат соламан,

Улар кўр одамдай қоқилиб юрадилар.

Уларнинг қони тўкилиб, ерни қоплайди,

Жасадлари тилка–пора бўлиб, ерда гўнгдай ётади.”

18 Эгамизнинг ғазаб кунида

Кумуш ҳам, олтин ҳам уларга нажот бермайди.

Эгамизнинг рашк ўти

Бутун дунёни куйдириб ташлайди.

Ҳа, ер юзида яшаган ҳаммани

Эгамиз даҳшатли тарзда йўқ қилади.

Зафаниё халқни тавба қилишга чорлайди

1 Эсингни йиғиб олгин,

Эй шарманда халқ!

2 Шамол учирадиган сомондай

Йўқ бўлиб кетмасингдан олдин,

Эгамизнинг алангали қаҳрига

Учрамасингдан олдин,

Эгамизнинг ғазаб куни

Келмасдан олдин эсингни йиғиб олгин!

3 Эгамизнинг амрларига итоат қиладиган,

Эй юртнинг камтарин одамлари,

Эгамизга интилинглар.

Тўғриликка боғланиб,

Мўмин–қобиллик пайида бўлинглар.

Шундагина Эгамизнинг ғазаб кунида

Жазодан қутулиб қолишингиз мумкин.

Яҳудонинг ён–атрофидаги халқларни Эгамиз ҳукм қилади

Филист халқи

4 Ғазо шаҳри ҳувиллаб қолади,

Ашқалон шаҳри вайрон бўлади.

Ашдод аҳолиси куннинг туш пайтигача ҳайдаб чиқарилади,

Эхрон шаҳри таг–туги билан йўқ қилинади.

5 Эй денгиз қирғоғида яшаётган Филист халқи,

Сенинг ҳолингга вой!

Эй Канъондаги Филист юрти,

Эгамиз сенга қарши шундай дейди:

“Мен сени вайрон қиламан,

Биронтангни ҳам тирик қолдирмайман.”

6 Эй денгиз қирғоғидаги ўлка,

Сен даштга айланасан.

У ерда чўпонлар чодирлар тикади,

Улар қўй–эчкилари учун қўралар қуради.

7 Яҳудо халқининг омон қолганлари

Юртингга эгалик қилади.

Чўпонлари юртингда қўй–эчкиларини ўтлатишади,

Улар Ашқалондаги ташландиқ уйларда тунашади.

Ахир, Эгаси Худо уларга ғамхўрлик қилади,

Уларни яна фаровонликка эриштиради.

Мўаб ва Оммон халқи

8-9 Исроил халқининг Худоси —

Сарвари Олам шундай демоқда:

“Мўабликлар халқимни қанчалик таҳқирлаганини,

Оммонликлар уларни қанчалик хўрлаганини,

Халқимни ҳақоратлаб, юртига таҳдид солишганини эшитдим.

Шундай экан, Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи айтаманки,

Мўаб юрти Садўм шаҳрининг ҳолига тушади,

Оммон юрти Ғамўра шаҳрига ўхшаб қолади.

Ўша юртлар шўр босган тиканзорларга айланади,

То абад ташландиқ жойлар бўлиб қолади.

Халқимнинг омон қолганлари уларни талон–тарож қилади.

Юртларини ўзларига мулк қилиб олишади.”

10 Улар Сарвари Оламнинг халқини мазах қилганлари учун,

Кеккайиб, мағрурланганлари учун

Бу кўргиликлар бошларига тушади.

11 Эгамиз уларни ваҳимага солади,

Ер юзидаги жамики худоларни йўқ қилади.

Шунда денгиз қирғоғидаги эллар

Эгамизга сажда қилишади.

Ҳар бири ўз юртида Эгамизни мадҳ этади.

Ҳабашистонликлар

12 Эй Ҳабашистонликлар,

Эгамиз сизларни ҳам қиличи билан ўлдиради.

Оссурия халқи

13 Эгамиз шимолга қарши қўл кўтаради,

У Оссурияни йўқ қилади.

Найнаво шаҳрини вайрон қилади,

Уни сувсиз саҳрога айлантиради.

14 У ерда чорва ўтлаб юрадиган бўлади,

Ҳар хил ёввойи ҳайвонлар ором олади.

Сарой вайроналарида бойўғли яшайди,

Ойналаридан унинг товуши эшитилади.

Остоналарида харобалар уюм–уюм бўлиб ётади.

Биноларининг садр ёғочлари шилиб олинади.

15 Бехатар яшаётган манман шаҳар шу кўйга тушади!

“Менга тенг келадигани йўқ”, деб айтаётган шаҳарнинг ҳоли шу бўлади!

Хароб бўлган бу шаҳар

Ёввойи ҳайвонларнинг маконига айланади.

Вайроналар олдидан ўтган–кетганлар

Ундан ҳазар қилиб, ерга тупуриб кетишади.

Қуддуснинг гуноҳи ва итоатсизлиги

1 Булғанган, бузуқ шаҳарнинг ҳолига вой!

Золимларга тўлиб кетган шаҳарнинг ҳолига вой!

2 У ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмайди,

Ўзига ҳеч қандай сабоқ олмайди.

Ўз Худоси томон юз бурмайди,

Умидини Эгамизга боғламайди.

3 Шаҳар аъёнлари ўкираётган шерларга ўхшайди.

Ҳакамлари ҳам кечаси оч қолган бўриларга ўхшаб,

Эрталабгача ўлжасидан ҳеч нарса қолдирмайди.

4 Пайғамбарлари катта кетади,

Ҳаммаси қаллоблик қилади.

Руҳонийлари Худонинг уйини ҳаром қилади,

Худонинг қонунини бузади.

5 Аммо Эгамиз ҳамон шаҳардадир.

У доимо тўғри иш қилади,

У ноҳақлик қилмайди асло!

У ҳар куни эрталабдан адолат ўрнатади,

Тонг саҳардан одиллик билан иш тутади,

Фосиқлар эса уялмай ёмонлик қилаверади.

6 Эгамиз шундай дейди:

“Мен халқларни қириб ташладим,

Уларнинг шаҳарларини вайрон қилдим,

Қалъаларини қулатдим.

Ана, кўчалари ҳувиллаб қолди,

Шаҳарларида инсон зоти қолмади.

7 Энди халқим Мендан қўрқар,

Бундан ўзига сабоқ олар, деб ўйлаган эдим.

Қуддусни вайрон қилмайман,

Айтганларимни бошига солмайман, деган эдим.

Аммо улар шунда ҳам,

Қабиҳликлар қилиш иштиёқидан воз кечмадилар.”

Халқлар Эгамизга юз буради

8 Эгамиз шундай демоқда:

“Менинг келишимни кутинглар,

Мен халқларга ҳамла қилиб,

Уларни талон–тарож қиладиган кунни кутинглар.

Мен қарор қилдим: халқларни йиғаман,

Барча элларни тўплаб оламан.

Уларнинг устига ғазабимни сочаман,

Алангали қаҳримни уларга ёғдираман.

Рашким ўти бутун дунёни куйдириб ташлайди.

9 Кейин Мен барча халқларнинг нутқини ўзгартираман,

Шунда улар бутларга илтижо қилишмайди,

Фақат Мен, Эгангизгагина ибодат қилишади.

Биргаликда Менга хизмат этишади.

10 Олис юртлардан ихлосмандларим келишади,

Ҳабашистондаги дарёларнинг нариги томонидан,

Менга назрлар олиб келишади.

11 Эй халқим, ўша куни сизлар уялиб қолмайсизлар,

Олдинлари Менга бўйсунмаганингиздан ўшанда хижолат тортмайсизлар.

Ахир, Мен орангиздаги такаббур одамларни йўқ қиламан.

Шунда муқаддас тоғимда ўзларингизни катта тутмайдиган бўласизлар.

12 Мен фақат камтарин ва итоаткор одамларни қолдираман.

Улар Мен, Эгангиздан паноҳ топадилар.

13 Исроил халқининг омон қолганлари

Ҳеч ёмонлик қилмайдилар.

Улар ҳеч кимни алдамайдилар,

Оғизларидан ёлғон сўз чиқмайди.

Улар яйловда ўтлаб юрган қўйлардай ором оладилар,

Ҳеч ким уларни безовта қилмайди.”

Севинч қўшиғи

14 Эй Исроил халқи, севинч ила ҳайқиринг!

Эй Қуддус аҳолиси, куйланг!

Эй Сион аҳли, бутун қалбингиздан шодланинг!

15 Эгамиз сизларни жазолаб бўлди,

Душманларингизни У қувиб юборди.

Исроилнинг Шоҳи — Эгамиз орангиздадир.

Сиз энди кулфатдан қўрқманг.

16 Ўша куни Қуддусга шундай сўзлар айтилади:

“Эй Сион аҳолиси, қўрқманг! Асло бўшашманг!

17 Эгангиз Худо сизнинг орангиздадир,

Сизга зафар келтирувчи жангчи Ўшадир.

У сизни деб хурсанд бўлиб севинади.

Ўз севгиси ила қўрқувларингиздан халос қилади.

Ҳа, сизни деб шод бўлиб куйлайди.”

18 Эгамиз шундай дейди:

“Эй сургун бўлганлар,

Тайинланган байрамларда сизлар

Қатнаша олмаганингиздан хафасизлар,

Мен сизларни ўз юртингизга олиб келаман,

Бундан буён хор бўлишингизга йўл қўймайман.

19 Сизларга зулм ўтказган халқлар билан

Ўшанда Ўзим ҳисоб–китоб қиламан.

Мен чўлоқларни қутқараман,

Ҳайдаб юборилганларни йиғиб оламан.

Улар шарманда бўлган ҳар бир юртда

Обрў ва шуҳрат топадилар.

20 Ҳа, ўша вақтда сизларни йиғиб оламан,

Уйларингизга элтиб қўяман.

Сизларни яна фаровонликка эриштираман,

Буни ўз кўзингиз билан кўрасиз,

Халқларнинг ҳурмату мақтовларига сазовор бўласиз.”

Эгамизнинг каломи шудир.