Саҳрода

Саҳрода

Исроил халқи илк бор рўйхатга олинади

1 Исроил халқи Миср юртини тарк этиб, Синай саҳросига келганига икки йилу икки ой бўлди. Иккинчи ойнинг биринчи кунида Эгамиз Учрашув чодирида Мусога шундай деди:

2-3 “Сен ва Ҳорун жамики Исроил халқини уруғи, хонадони бўйича санаб чиқинглар. Урушга яроқли бўлган йигирма ва ундан юқори ёшдаги ҳамма эркакларни гуруҳларга бўлиб, номма–ном рўйхатини тузинглар.

4 Ҳар бир қабиладан биттадан уруғбоши сизларга ёрдам берсин.

5 Сизларга ёрдам берадиган уруғбошиларнинг исми қуйидагичадир: Рубен қабиласидан — Шадувор ўғли Элизур.

6 Шимўн қабиласидан — Зуришадай ўғли Шалумиёл.

7 Яҳудо қабиласидан — Оминадав ўғли Нахшўн.

8 Иссахор қабиласидан — Зувор ўғли Натанил.

9 Забулун қабиласидан — Халон ўғли Элиёб.

10 Юсуф ўғли Эфрайим қабиласидан — Омиҳуд ўғли Элишама. Юсуф ўғли Манаше қабиласидан — Падозур ўғли Гамалиёл.

11 Бенямин қабиласидан — Гидўнах ўғли Авидон.

12 Дан қабиласидан — Омишадай ўғли Охазар.

13 Ошер қабиласидан — Охрон ўғли Пахиёл.

14 Гад қабиласидан — Дувел ўғли Элиасаф.

15 Нафтали қабиласидан — Энан ўғли Охир.”

16 Жамоа орасидан танланган ана шу уруғбошилар Исроил қабилаларининг йўлбошчилари эди.

17-19 Мусо ва Ҳорун уруғбошилар билан биргаликда иккинчи ойнинг биринчи кунида бутун жамоани йиғишди. Улар Исроил халқининг барча уруғларини ва хонадонларини аниқлаб чиқишди. Сўнг Мусога Эгамиз амр этгандай, жамоанинг йигирма ва ундан юқори ёшдаги ҳамма эркакларини номма–ном алоҳида рўйхатга олишди. Шу тариқа Мусо Синай саҳросида Исроил халқини санаб чиқди.

20-21 Уруғи ва хонадони бўйича номма–ном рўйхатга олинган, йигирма ва ундан юқори ёшдаги урушга яроқли эркакларнинг сони қуйидагича эди: Исроилнинг тўнғич ўғли Рубен қабиласидан — 46.500 нафар одам,

22-23 Шимўн қабиласидан — 59.300 нафар одам,

24-25 Гад қабиласидан — 45.650 нафар одам,

26-27 Яҳудо қабиласидан — 74.600 нафар одам,

28-29 Иссахор қабиласидан — 54.400 нафар одам,

30-31 Забулун қабиласидан — 57.400 нафар одам,

32-33 Юсуф ўғли Эфрайим қабиласидан — 40.500 нафар одам,

34-35 Юсуф ўғли Манаше қабиласидан — 32.200 нафар одам,

36-37 Бенямин қабиласидан — 35.400 нафар одам,

38-39 Дан қабиласидан — 62.700 нафар одам,

40-41 Ошер қабиласидан — 41.500 нафар одам,

42-43 Нафтали қабиласидан — 53.400 нафар одам.

44 Мусо, Ҳорун ва Исроил халқининг ўн икки уруғбошиси санаб чиққан одамлар ана шулар эдилар. Уларнинг ҳаммаси ота–боболарининг насли бўйича рўйхатга олинди.

45 Хуллас, Исроил халқининг йигирма ва ундан юқори ёшдаги урушга яроқли ҳамма эркаклари хонадонлари бўйича саналганда,

46 603.550 та чиқди.

47 Леви қабиласи эса бу рўйхатга киритилмаган эди,

48 чунки Мусога Эгамиз шундай деганди:

49 “Леви қабиласини рўйхатга киритма, уларни Исроил халқи билан бирга санама.

50 Левиларга Муқаддас аҳд чодирини, унинг ҳамма ашёларини ва Чодирга тегишли бўлган барча нарсаларни топшир. Йўлга чиққанларингизда, левилар Чодирни ва ундаги ҳамма ашёларни кўтариб юрсинлар. Чодирни асраб–авайлаб, унинг ёнига ўз чодирларини тиксинлар.

51 Ҳар сафар Муқаддас чодир кўчирилганда, левилар Чодирни йиғишсин. Қароргоҳ қурганингизда эса Чодирни яна ўрнатишсин. Чодирнинг яқинига борган бошқа ҳар қандай одам учун жазо ўлимдир.

52 Қолган Исроил қабилалари ўз қароргоҳларида гуруҳ–гуруҳ бўлиб жойлашсин.

53 Исроил халқи Менинг қаҳр–ғазабимга учрамаслиги учун, левилар ўз чодирларини Муқаддас аҳд чодири атрофида ўрнатиб, ўша ерда Чодирни қўриқлашсин.”

54 Мусога Эгамиз қандай амр этган бўлса, Исроил халқи шуни қилди.

Исроил қабилаларининг қароргоҳдаги жойлашув тартиби

1 Эгамиз Мусо билан Ҳорунга яна деди:

2 “Исроил халқининг ҳар бир қабиласи чодирларини ўз қароргоҳида, ўз хонадони байроқлари остида жойлаштирсин. Улар чодирларини Учрашув чодирининг айланасига, ундан маълум бир масофада тикишсин. Шарқий қароргоҳ

3 Учрашув чодирининг шарқ томонида чодир тикадиган қабилалар Яҳудо қароргоҳида гуруҳ–гуруҳ бўлиб жойлашсин. Яҳудо қабиласининг йўлбошчиси Оминадав ўғли Нахшўндир.

4 Унинг саноққа кирган сипоҳлари 74.600 тадир.

5 Ундан кейин Иссахор қабиласи чодирларини жойлаштирсин. Иссахор қабиласининг йўлбошчиси Зувор ўғли Натанилдир.

6 Унинг саноққа кирган сипоҳи 54.400 тадир.

7 Ундан кейин эса Забулун қабиласи чодирларини жойлаштирсин. Забулун қабиласининг йўлбошчиси Халон ўғли Элиёбдир.

8 Унинг саноққа кирган сипоҳи 57.400 тадир.

9 Яҳудо қароргоҳидаги саноққа кирган сипоҳларнинг ҳаммаси 186.400 тадир. Биринчи бўлиб улар йўлга чиқишсин. Жанубий қароргоҳ

10 Учрашув чодирининг жануб томонида чодир тикадиган қабилалар Рубен қароргоҳида гуруҳ–гуруҳ бўлиб жойлашсинлар. Рубен қабиласининг йўлбошчиси Шадувор ўғли Элизурдир.

11 Унинг саноққа кирган сипоҳлари 46.500 тадир.

12 Унинг ёнида Шимўн қабиласи чодирларини ўрнаштирсин. Шимўн қабиласининг йўлбошчиси Зуришадай ўғли Шалумиёлдир.

13 Унинг саноққа кирган сипоҳи 59.300 тадир.

14 Кейин Гад қабиласи чодирларини жойлаштирсин. Гад қабиласининг йўлбошчиси Дувел ўғли Элиасафдир.

15 Унинг саноққа кирган сипоҳи 45.650 тадир.

16 Рубен қароргоҳидаги ҳисобга кирган сипоҳларнинг ҳаммаси 151.450 тадир. Иккинчи бўлиб улар йўлга чиқишсин. Қароргоҳларнинг маркази

17 Дастлабки иккита қароргоҳ ва кейинги иккита қароргоҳ ўртасида левилар Учрашув чодири билан бирга йўлга чиқишсин. Қабилалар қай тартибда қароргоҳда жойлашган бўлса, яна ўша тартибда йўлга чиқишлари лозим. Ҳар бири ўз ўрнида, ўз қароргоҳи сафида борсин. Ғарбий қароргоҳ

18 Учрашув чодирининг ғарб томонида чодир тикадиган қабилалар Эфрайим қароргоҳида гуруҳ–гуруҳ бўлиб жойлашсинлар. Эфрайим қабиласининг йўлбошчиси Омиҳуд ўғли Элишамадир.

19 Унинг саноққа кирган сипоҳи 40.500 тадир.

20 Ундан кейин Манаше қабиласи чодирларини ўрнаштирсин. Манаше қабиласининг йўлбошчиси Падозур ўғли Гамалиёлдир.

21 Унинг саноққа кирган сипоҳлари 32.200 тадир.

22 Сўнгра Бенямин қабиласи чодирларини жойлаштирсин. Бенямин қабиласининг йўлбошчиси Гидўнах ўғли Авидондир.

23 Унинг саноққа кирган сипоҳлари 35.400 тадир.

24 Эфрайим қароргоҳидаги саноққа кирган ҳамма сипоҳлар 108.100 тадир. Учинчи бўлиб улар йўлга чиқишсин. Шимолий қароргоҳ

25 Учрашув чодирининг шимол томонида чодир тикадиган қабилалар Дан қароргоҳида гуруҳ–гуруҳ бўлиб жойлашсинлар. Дан қабиласининг йўлбошчиси Омишадай ўғли Охазардир.

26 Унинг саноққа кирган сипоҳлари 62.700 тадир.

27 Унинг ёнида Ошер қабиласи чодирларини ўрнаштирсин. Ошер қабиласининг йўлбошчиси Охрон ўғли Пахиёлдир.

28 Унинг саноққа кирган сипоҳлари 41.500 тадир.

29 Сўнгра Нафтали қабиласи чодирларини ўрнаштирсин. Нафтали қабиласининг йўлбошчиси Энан ўғли Охирдир.

30 Унинг саноққа кирган сипоҳлари 53.400 тадир.

31 Дан қароргоҳидаги саноққа кирган ҳамма сипоҳлар 157.600 тадир. Улар гуруҳ–гуруҳ бўлиб охирида йўлга чиқишсин.”

32 Шундай қилиб, бутун Исроил халқи хонадонлари бўйича саноқдан ўтди. Қароргоҳларда гуруҳ–гуруҳ бўлиб жойлашган лашкарнинг умумий сони 603.550 та чиқди.

33 Мусога Эгамиз амр этгандай, Леви қабиласи Исроил халқига қўшиб ҳисобланмади.

34 Хуллас, Мусога Эгамиз нима амр этган бўлса, Исроил халқи шуни қилди. Улар қароргоҳи бўйича жойлашган, ҳар бири ўз уруғи, хонадони бўйича йўлга чиққан эди.

Руҳоний Ҳоруннинг ўғиллари

1 Эгамиз Синай тоғида Мусо билан сўзлашганда, Мусо ва Ҳоруннинг насли қуйидагилардан иборат эди:

2 Ҳоруннинг тўртта ўғли бор эди: Надов, Абиҳу, Элазар ва Итамар. Надов тўнғич ўғил эди.

3 Мусо Ҳоруннинг бу ўғилларига мой суртиб, уларни руҳонийликка тайинлаган эди.

4 Лекин Надов билан Абиҳу Синай саҳросида Эгамиз амр этмаган оловни Унинг ҳузурига олиб келганлари учун ўша ерда нобуд бўлган эдилар. Иккови ҳам бефарзанд эди. Шунинг учун фақат Элазар билан Итамар оталари Ҳорун ҳаётлигида руҳоний бўлиб хизмат қилган эдилар. Леви қабиласи руҳонийлик хизматига тайинланади

5 Мусога Эгамиз шундай амр берди:

6 “Леви қабиласини руҳоний Ҳорун ҳузурига бошлаб кел. Улар Ҳорунга ёрдам беришсин.

7 Левилар Учрашув чодирида Ҳорунга ва бутун Исроил жамоасига хизмат қилиб, Чодирга оид бўлган барча юмушларни бажаришсин.

8 Улар Муқаддас чодирда Исроил халқи учун хизмат қилишар экан, Чодирдаги ҳамма ашёлар учун масъул бўлишсин.

9 Левиларни Ҳорун ва унинг ўғиллари ихтиёрига бер. Исроил халқининг бу қабиласи тўлиқ уларнинг ихтиёрида бўлиши шарт.

10 Ҳорун ва унинг ўғилларини руҳонийлик хизматига тайинла. Руҳонийлик вазифасини бажарган ҳар қандай бошқа одамнинг жазоси ўлимдир.”

11 Мусога Эгамиз яна деди:

12 “Мен левиларни Исроил халқининг онадан туғилган барча тўнғич ўғиллари ўрнида қабул қилганман. Левилар Меникидир.

13 Зотан, ҳамма тўнғич ўғиллар Менга тегишли. Мен Мисрликларнинг ҳамма тўнғич ўғилларини нобуд қилган куним Исроил халқининг барча тўнғичларини — одамидан тортиб ҳайвонига қадар Ўзим учун ажратиб олганман. Уларнинг ҳаммаси Меники бўлиши шарт. Зотан, Мен Эгангизман.” Леви қабиласи рўйхатга олинади

14 Мусога Эгамиз Синай саҳросида яна айтди:

15 “Леви қабиласини уруғи ва хонадонлари бўйича санаб чиқ. Бир ойлик ўғил болалардан тортиб, катта ёшдаги эркакларгача санаб чиқ.”

16 Эгамизнинг амри бўйича Мусо уларни санаб чиқди.

17 Левининг учта ўғли бўлиб, исмлари Гершон, Қоҳот ва Марори эди.

18 Гершоннинг Лубнах ва Шимах деган ўғиллари бўлиб, ҳар қайсисидан биттадан уруғ келиб чиқди.

19 Қоҳотнинг Имром, Изхор, Хеврон ва Узиёл деган ўғиллари бўлиб, уларнинг ҳар биридан ҳам биттадан уруғ келиб чиқди.

20 Марорининг Махли ва Муши деган ўғиллари бўлиб, уларнинг ҳар биридан ҳам биттадан уруғ келиб чиқди. Леви уруғларининг ота хонадони бўйича рўйхатга олинганлари ана шулар эди.

21 Гершондан Лубнах ва Шимах уруғлари келиб чиқди.

22 Гершон уруғига қарашли бир ойлик ўғил болалардан тортиб, катта ёшдаги эркакларгача саналганда, 7500 та чиқди.

23 Гершон уруғи чодирларини Муқаддас чодирнинг орқа томонида, ғарбда ўрнаштиришлари керак эди.

24 Гершон уруғининг оқсоқоли Лоёл ўғли Элиасаф эди.

25 Гершон уруғи Чодирнинг қуйидаги ашёлари учун масъул эди: Чодирнинг ички қавати ва қопламалари, Чодирга кираверишдаги парда,

26 Чодир билан қурбонгоҳ атрофини тўсиб турадиган пардалар, ҳовлига кираверишдаги парда ва унинг арқонлари. Чодирнинг бу ашёлари билан боғлиқ бўлган барча хизмат Гершон уруғи зиммасида эди.

27 Қоҳотдан Имром, Изхор, Хеврон ва Узиёл уруғлари келиб чиқди.

28 Уларга қарашли бир ойлик ўғил болалардан тортиб, катта ёшдаги эркакларгача саналганда, 8600 та чиқди. Қоҳот уруғи Муқаддас чодир учун масъул эди.

29 Қоҳот уруғи Муқаддас чодирнинг жануб томонида Чодир қуриши керак эди.

30 Қоҳот уруғи оқсоқоли Узиёл ўғли Элизофон эди.

31 Улар Чодирдаги қуйидаги ашёлар учун масъул эдилар: Сандиқ, хонтахта, чироқпоя, қурбонгоҳлар, хизмат пайтида ишлатиладиган Муқаддас чодир буюмлари ва ички пардаси. Чодирдаги бу ашёлар билан боғлиқ бўлган барча хизмат Қоҳот уруғи зиммасида эди.

32 Леви оқсоқоллари устидан руҳоний Ҳорун ўғли Элазар бошчилик қиларди. Муқаддас чодир учун масъул бўлганлар Элазарнинг назорати остида эдилар.

33 Мароридан Махли ва Муши уруғлари келиб чиқди.

34 Марори уруғининг бир ойлик ўғил болаларидан тортиб, катта ёшдаги эркакларигача саналганда, 6200 та чиқди.

35 Марори уруғи оқсоқоли Абуҳайил ўғли Зуриёл эди. Улар Муқаддас чодирнинг шимол томонига чодирларини ўрнатишлари керак эди.

36-37 Улар Чодирдаги қуйидаги ашёлар учун масъул эдилар: Чодирнинг ромлари, тамбалари, устунлар ва устун тагликлари, уларга оид барча буюмлар, ҳовлининг атрофидаги устунлар ва устун тагликлари, қозиқ ва арқонлари, уларга тегишли ҳамма буюмлар. Чодирдаги бу ашёлар билан боғлиқ бўлган барча хизмат Марори уруғи зиммасида эди.

38 Мусо, Ҳорун ва унинг ўғиллари ўз чодирларини шарқ томонда — Муқаддас чодирнинг олдида ўрнатишлари керак эди. Улар Исроил халқининг вакиллари сифатида Муқаддас чодирдаги хизмат учун масъул эдилар. Улардан бошқа биронтаси Чодирга яқин келса, ўша одамнинг жазоси ўлим эди.

39 Мусо ва Ҳорун, Эгамизнинг амрига кўра, Леви қабиласининг бир ойлик ўғил болаларидан тортиб, катта ёшдаги эркакларигача ҳаммани уруғлари бўйича санаб чиққанларида, уларнинг умумий сони 22.000 та чиқди. Леви қабиласи тўнғич ўғилларнинг ўрнини босади

40 Эгамиз шундан кейин Мусога яна айтди: “Исроил халқининг бир ойлик ва ундан юқори ёшдаги ҳамма тўнғич ўғилларини санаб чиқ. Уларнинг исмларини рўйхат қилиб ёз.

41 Исроил халқининг ҳамма тўнғич ўғиллари ўрнига Мен Леви қабиласини қабул қиламан. Исроил халқининг чорвасида биринчи туғилган ҳайвонлари ўрнига эса левиларнинг чорвасини оламан. Мен Эгангизман.”

42 Мусо Эгамизнинг амрини бажарди. Исроил халқининг ҳамма тўнғич ўғилларини санаб чиқди.

43 Бир ойлик ва ундан юқори ёшдаги ҳамма тўнғич ўғил бирма–бир саналганда, 22.273 та чиқди.

44 Мусога Эгамиз айтди:

45 “Исроил халқининг ҳамма тўнғич ўғиллари ўрнига левиларни Менга бағишла, Исроил халқининг чорваси ўрнига эса левиларнинг чорвасини Менга бағишла. Левилар Меники бўлади. Мен Эгангизман.

46 Исроилнинг тўнғич ўғиллари левилардан 273 та ортиқ. Исроил халқи ана шу ортиқчаси эвазига товон тўлаши керак.

47 Ҳар бир ортиқча одам эвазига беш бўлакдан кумуш ол. Ҳар бир кумуш бўлакнинг оғирлиги икки ярим мисқол бўлсин.

48 Ўша кумушни Ҳорун ва унинг ўғилларига бер.”

49-50 Мусо ортиқ чиққан Исроил тўнғич ўғилларидан 1365 та кумуш бўлакни йиғиб олди.

51 Мусо Эгамизнинг амрига кўра, йиғиб олган товон пулини Ҳорун ва унинг ўғилларига берди.

Леви қабиласидан бўлган Қоҳот уруғининг бурчлари

1 Мусо билан Ҳорунга Эгамиз яна деди:

2 “Энди Леви қабиласидан бўлган Қоҳот авлодини уруғи ва хонадони бўйича санаб чиқ.

3 Учрашув чодирида хизмат қилишга яроқли, ўттиз ёшдан эллик ёшгача бўлганларни сана.

4 Қоҳот уруғининг хизмати Учрашув чодирининг энг муқаддас ашёлари билан боғлиқ бўлади.

5 Йўлга чиққанингизда, Ҳорун ва унинг ўғиллари Чодирга кириб, Аҳд сандиғини тўсиб турадиган ички пардани ечишсин. Ўша парда билан Сандиқни ёпишсин.

6 Сўнг унинг устидан юмшоқ теридан қилинган ёпинчиқ ташлашсин. Ёпинчиқ устидан эса сидирға кўк чойшаб ташлашсин. Сўнг ходаларни жой–жойига ўрнатишсин.

7 Кейин муқаддас нонлар қўйиладиган хонтахтага кўк чойшаб тўшашсин. Хонтахтага лаган, пиёла, шароб назр қилиш учун коса ва кўзалар қўйишсин. Хонтахта устида муқаддас нонлар доимо турсин.

8 Бу нарсаларнинг устидан қирмизи чойшаб ташлашсин. Кейин юмшоқ теридан қилинган ёпинчиқ билан ёпиб, ходаларни жой–жойига ўрнатишсин.

9 Сўнг кўк чойшаб билан чироқпояни, унинг мойчироқларини, қисқичларини, патнисларини ва зайтун мойи солинган ҳамма идишларини ёпиб қўйишсин.

10 Сўнг буларнинг устидан юмшоқ теридан қилинган ёпинчиқ билан ёпиб, замбилга солишсин.

11 Олтин қурбонгоҳ устига кўк чойшаб ташлаб, унинг устини юмшоқ теридан қилинган ёпинчиқ билан ёпишсин ва ходаларни жой–жойига ўрнатишсин.

12 Кейин Муқаддас хонада ишлатиладиган буюмларни олиб, кўк чойшаб устига қўйишсин. Сўнг устини юмшоқ теридан қилинган ёпинчиқ билан ёпиб, замбилга солишсин.

13 Бронза қурбонгоҳни кулдан тозалаб, уни сафсар рангдаги чойшаб билан ёпишсин.

14 Сўнг қурбонгоҳда ишлатилган ҳамма буюмларни — оловкурак, санчқи, курак, тоғорачаларни қурбонгоҳ устига қўйишсин. Юмшоқ теридан қилинган ёпинчиқ билан қурбонгоҳни ёпиб, ходаларни жой–жойига ўрнатишсин.

15 Ҳорун ва унинг ўғиллари Муқаддас чодирдаги жиҳозларни ва буюмларни ёпиб бўлганларидан кейин, йўлга чиқиш вақти бўлганда, Қоҳот уруғи бу ашёларни кўтариб борсин. Лекин улар бу муқаддас ашёларга қўл теккизмасин, акс ҳолда, улар ўладилар. Демак, Қоҳот уруғи Учрашув чодиридаги ашёларни кўтариб боради.

16 Руҳоний Ҳорун ўғли Элазар чироқпоя учун зайтун мойи, хушбўй тутатқи, кундалик дон назри ва муқаддас қиладиган мойга масъул бўлади. Хуллас, бутун Муқаддас чодир ва у ердаги ҳамма нарсалар, муқаддас жиҳозлар ва буюмлар Элазар назорати остида бўлади.”

17 Эгамиз Мусо билан Ҳорунга яна деди:

18 “Леви қабиласи орасидан Қоҳот уруғининг қирилиб кетишига йўл қўйманглар.

19-20 Қоҳот уруғидан бўлган ҳар бир одамга хизмат вақтида нима қилишини ва нимани кўтариб боришини Ҳорун ва унинг ўғиллари айтишсин. Муқаддас ашёларга бир лаҳза бўлса ҳам қарагани Қоҳот уруғи Чодирга кирмаслиги керак. Шунда Қоҳот уруғидаги эркаклар энг муқаддас ашёларга яқин келганларида, ўлмай тирик қолишади.” Леви қабиласидан бўлган Гершон уруғининг бурчлари

21 Сўнг Мусога Эгамиз шундай деди:

22 “Гершон авлодини ҳам уруғи ва хонадони бўйича санаб чиқ.

23 Учрашув чодирида хизмат қилишга яроқли, ўттиз ёшдан эллик ёшгача бўлганларини сана.

24 Гершон уруғининг хизмати ва кўтарадиган юклари қуйидагилардан иборат бўлади:

25 Улар Муқаддас чодирнинг ички қаватини, Чодирнинг қопламаси ва юмшоқ теридан қилинган ташқи қопламани, Чодирга кираверишдаги пардани,

26 Чодир билан қурбонгоҳ атрофини тўсиб турадиган пардаларни, ҳовлига кираверишдаги пардани ва унга тегишли арқонлар ва ҳамма буюмларни кўтариб боришлари лозим. Бу ашёлар билан алоқадор ишларнинг ҳаммасини Гершон уруғи бажарсин.

27 Ҳорун ва унинг ўғиллари Гершон уруғининг хизматини, ташийдиган юкларини ва бажарадиган вазифаларини тўлиқ назорат қилиб туришсин. Гершон уруғи уларнинг айтганларини қилиб, айтган юкларни кўтаришсин.

28 Гершон уруғининг Учрашув чодирида қиладиган хизмати мана шулардан иборатдир. Улар руҳоний Ҳорун ўғли Итамарнинг назорати остида хизмат қилишади. Леви қабиласидан бўлган Марори уруғининг бурчлари

29 Энди Марори авлодини уруғи ва хонадони бўйича санаб чиқ.

30 Учрашув чодирида хизмат қилишга яроқли ўттиз ёшдан эллик ёшгача бўлганларини сана.

31 Уларнинг Учрашув чодиридаги вазифаси қуйидаги ашёларни кўтариб юришдан иборат бўлади: Чодирнинг ромларини, тамбаларини, устунлар ва устун тагликларини,

32 ҳовлининг атрофидаги устунлар ва устун тагликларини, қозиқ ва арқонларини, уларга тегишли ҳамма буюмларни. Қайси одам қайси нарсани кўтариб боришини аниқ белгиланглар.

33 Марори уруғининг Учрашув чодирида қиладиган ишлари мана шулардан иборатдир. Улар руҳоний Ҳорун ўғли Итамарнинг назорати остида хизмат қилишади.” Леви қабиласи санаб чиқилади

34 Мусо, Ҳорун ва жамоанинг йўлбошчилари Қоҳот авлодини уруғи ва хонадони бўйича санаб чиқишди.

35 Учрашув чодирида хизмат қилишга яроқли, ўттиз ёшдан эллик ёшгача бўлган эркакларнинг сони

36 2750 та чиқди.

37 Қоҳот уруғининг Учрашув чодирида хизмат қиладиганлари ана шулар эди. Мусо орқали Эгамиз берган амрга кўра, Мусо билан Ҳорун уларни санади.

38 Гершон авлоди ҳам уруғи ва хонадони бўйича санаб чиқилди.

39 Учрашув чодирида хизмат қилишга яроқли ўттиз ёшдан эллик ёшгача эркакларнинг сони

40 2630 та чиқди.

41 Гершон уруғининг

Учрашув чодирида хизмат қиладиганлари ана шулар эди. Эгамизнинг амрига кўра, Мусо билан Ҳорун уларни санади.

42 Марори авлоди ҳам уруғи ва хонадони бўйича санаб чиқилди.

43 Учрашув чодирида хизмат қилишга яроқли ўттиз ёшдан эллик ёшгача эркакларнинг сони

44 3200 та чиқди.

45 Марори уруғи ана шулар эди. Мусо орқали Эгамиз берган амрга кўра, Мусо билан Ҳорун уларни санади.

46 Шундай қилиб, Мусо, Ҳорун ва Исроил йўлбошчилари Леви қабиласини уруғи ва хонадони бўйича санаб чиқишди.

47 Учрашув чодирида хизмат қилишга ва Чодир ашёларини кўтаришга яроқли, ўттиз ёшдан эллик ёшгача бўлган эркакларнинг

48 умумий сони 8580 та чиқди.

49 Улар Мусо орқали Эгамиз берган амрга кўра, ҳар бир одамга қиладиган ишларини ва кўтариб борадиган буюмларини тақсимлаб беришди. Мусога Эгамиз амр этгандай, ҳамма одам рўйхатга олинди.

Қароргоҳни булғайдиган одамлар

1 Мусога Эгамиз айтди:

2 “Исроил халқига буюр. Улар тери касаллигига чалинганларни, жинсий аъзосидан ажралма чиққанларни, мурдаларга тегиб ҳаром бўлганларни қароргоҳдан чиқариб юборишсин.

3 Эркагини ҳам, аёлини ҳам қароргоҳдан ташқарига чиқариб юборишсин. Уларнинг дастидан қароргоҳ ҳаром бўлмасин. Ахир, Мен халқим орасида яшайман.”

4 Исроил халқи Эгамизнинг Мусога берган амрини адо этиб, ўшанақа одамларни қароргоҳдан чиқариб юборди. Товон тўлаш ҳақида қонун

5-6 Мусо орқали Исроил халқига Эгамиз қуйидаги қонунларни берди: Эгамизга хиёнат қилган, биродарига фириб берган ҳар қандай эркак ёки аёл айбдор ҳисоблансин.

7 Бундай одам қилган гуноҳини тан олсин. Жабр чеккан томонга келтирган зарари учун товон тўласин, бунинг устига, товоннинг бешдан бир қисмини ҳам қўшиб берсин.

8 Борди–ю, жабр чеккан одам вафот этган бўлса ва унинг яқин қариндоши бўлмаса, зарарни қоплаш учун тўланадиган товон Эгамизга бағишланиб, руҳонийга берилсин. Айбдор томон товон билан бирга бир қўчқорни олиб келсин. Руҳоний қўчқорни қурбонлик қилиб, айбдор томонни гуноҳдан покласин.

9 Исроил халқи Эгамизга атаб, руҳонийга олиб келган ҳар қандай эҳсон руҳонийники ҳисоблансин.

10 Руҳоний қабул қилиб олган ҳамма эҳсонлар руҳонийнинг ўзига тегишли бўлсин.

Рашк қилган эрлар масаласи

11-12 Мусо орқали Исроил халқига Эгамиз қуйидаги қонунларни берди: агар биронтасининг хотини ёмон йўлга кириб, эрига хиёнат қилса,

13 бегона эркак билан ётиб ўзини булғаса–ю, уни ҳеч ким тутиб олмаса, бунга бирор гувоҳ бўлмагани учун эрининг бундан хабари бўлмаса,

14 кейинчалик эри хотинидан шубҳалана бошласа, хотини ўзини булғамаган тақдирда ҳам, эри ундан шубҳаланиб, рашк қилса,

15 эр хотинини руҳоний ҳузурига етаклаб борсин. Хотини учун тўрт коса арпа унини назр қилиб олиб борсин. Арпа унига зайтун мойи ёки хушбўй тутатқи қўшилмасин. Бу назр аёл айбдор ёки айбдор эмаслигини билиш учун келтирилаётган рашк назридир.

16 Руҳоний аёлни етаклаб, Эгамиз ҳузурига олиб кирсин.

17 Сўнг муқаддас сувни сопол идишга қуйсин–да, Муқаддас чодирнинг ичидаги ердан тупроқ олиб, сувга қўшсин.

18 Аёлни руҳоний Эгамиз ҳузурига олиб киргандан сўнг, аёлнинг сочини ёйсин. Унинг қўлига рашк учун келтириладиган дон назрини тутқизиб қўйсин. Руҳонийнинг ўзи эса қўлида лаънат келтирадиган аччиқ сувни ушлаб турсин.

19 Руҳоний аёлга қасам ичтириб, унга шундай сўзларни айтсин: “Агар сен бегона эркак билан ётмаган бўлсанг, булғанмаган, эрингга хиёнат қилмаган бўлсанг, мана шу лаънат келтирадиган аччиқ сув сенга ҳеч қандай зарар етказмасин.

20 Агар эрингга хиёнат қилиб, булғанган бўлсанг, эрингдан бошқа одам билан ётган бўлсанг,

21 одамлар кимнидир лаънатлаганда, Эгам сенинг номингни лаънатга қўшиб айтадиган қилсин. Эгам сени бола туға олмайдиган қилиб қўйсин.

22 Ўша лаънат келтирадиган сув ичингга кирганда, сени туға олмайдиган қилиб қўйсин.” Шунда аёл: “Омин, омин”, деб айтсин.

23 Сўнг руҳоний лаънат сўзларини қоғозга ёзиб, уни аччиқ сувда ювсин.

24 Токи аёл ўша сувни ичганда, лаънат унинг танасига кириб азоб берсин.

25 Руҳоний аёлнинг қўлидан рашк учун келтирилган дон назрини олиб, бу назрни Эгамизга бағишлаганини кўрсатиш учун юқорига кўтарсин, сўнг қурбонгоҳга олиб борсин.

26 Дон назрининг бир ҳовучини қурбонгоҳ устида куйдирсин. У бундай қилганда ҳамма ун Худога тегишли эканини билдиради. Кейин аёлга аччиқ сувдан ичирсин.

27 Агар аёл эрига хиёнат қилиб булғанган бўлса, лаънат келтирувчи аччиқ сув унинг ичига киргач, қаттиқ азоб беради. Аёл бола туға олмайдиган бўлиб қолади. Ўша аёл ўз халқи орасида лаънати бўлади.

28 Агар аёл булғанмаган, пок бўлса, ҳеч қандай зарар кўрмайди, бундан кейин ҳам фарзанд кўришга қодир бўлади.

29 Рашк ҳақидаги қонун ана шулардан иборатдир.

Хуллас, хотин эрига вафо қилмай, ёмон йўлга кириб булғанганда

30 ёки эри хотинини рашк қилиб, ундан шубҳалана бошлаганда, эр хотинини Эгамизнинг ҳузурига бошлаб келсин. Руҳоний эса юқоридаги қонунга биноан иш тутсин.

31 Ўшанда эр гуноҳдан фориғ бўлади, аёл эса қилган гуноҳи учун жазосини тортади.

Ўзини Эгамизга назр қилганлар учун қоида

1-2 Мусо орқали Исроил халқига Эгамиз қуйидаги қонунларни берди: агар эркак ёки аёл онт ичиб, ўзини маълум бир муддатга Эгамизга назр сифатида бағишлашга қарор қилган бўлса,

3 у шароб ва ўткир ичимликлардан ўзини тийсин. Узум сиркасини ҳам, бошқа ўткир ичимликларни ҳам истеъмол қилмасин. Узумдан тайёрланган бирор ичимликни зинҳор ичмасин. Майизни ва узумни ҳеч оғзига олмасин.

4 У ўзини назр қилган давр мобайнида узумдан тайёрланган бирор нарсани истеъмол қилмасин, ҳатто узумнинг дони ва пўстлоғини ҳам оғзига олмасин.

5 Ўзи онт ичиб, белгилаган давр мобайнида сочига ҳам, соқолига ҳам устара теккизмасин. У Эгамизга бағишланганлиги учун назр қилинган кунлари тугагунга қадар сочларини ўстириб юрсин.

6-7 Соч ўша одамнинг Худога бағишланганлиги белгисидир. Шунинг учун ўша одам Эгамизга назр қилинган кунлари давомида мурдага яқинлашмасин. Отаси, онаси, ака–укаси ёки опа–сингилларидан бирортаси вафот этиб қолганда ҳам, у мурда ёнига бориб ўзини булғамасин.

8 Назр қилинган кунлари давомида у Эгамизга бағишлангандир.

9 Борди–ю, унинг олдида кимдир тўсатдан вафот этиб қолса, назр қилинган одамнинг боши ҳаром бўлган ҳисобланади. Шунинг учун назр қилинган одам етти кундан кейин сочини олдирсин. Шунда у яна пок бўлади.

10 Саккизинчи куни эса Учрашув чодири кираверишига иккита каптар ёки иккита мусичани олиб келиб руҳонийга берсин.

11 Руҳоний бу қушлардан биттасини гуноҳ қурбонлиги қилади, иккинчисини эса куйдириладиган қурбонлик қилади. Шундай қилиб, мурда туфайли ҳаром бўлган ўша одамни гуноҳидан поклайди. Назр қилинган одам ўша куниёқ ўзини қайтадан Эгамизга бағишлаши керак.

12 У булғанганлиги учун олдинги кунлар ҳисобга кирмайди. У Эгамизга бағишланган назр кунларини бошқатдан бошлаши лозим. Бунинг учун у бир ёшли қўчқор қўзини айб қурбонлиги қилсин.

13 Назр қилинганлар учун қонун қуйидагичадир: назр қилинган одам Эгамизга бағишлаган кунлари тугаганда, Учрашув чодири кираверишига келсин.

14 У Эгамизга атаб қуйидаги қурбонлигу назрларни келтирсин: куйдириладиган қурбонлик учун бир ёшли нуқсонсиз қўчқор қўзини, гуноҳ қурбонлиги учун бир ёшли нуқсонсиз совлиқ қўзини, тинчлик қурбонлиги учун нуқсонсиз қўчқорни,

15 уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назрини, бир сават хамиртурушсиз нонни — зайтун мойи аралаштирилган сифатли ундан тайёрланган нонлар ва зайтун мойи суртилган чалпакларни.

16 Руҳоний буларнинг ҳаммасини Эгамизга тақдим қилиб, гуноҳ қурбонлиги ва куйдириладиган қурбонлик қилсин.

17 Сўнг қўчқорни дон ва шароб назри билан бирга Эгамизга тинчлик қурбонлиги қилсин. Шунингдек, саватдаги хамиртурушсиз нонни ҳам келтирсин.

18 Назр қилган одам Учрашув чодирига кираверишда назр қилинган сочини олдирсин. Кейин сочларини йиғиштириб олиб, тинчлик қурбонлиги куйдирилаётган оловга ташласин.

19 У сочини олдириб бўлгандан сўнг, руҳоний қўчқорнинг пиширилган елкасини, саватдан бир дона хамиртурушсиз нонни, битта чалпакни олиб, назр қилинган одамнинг қўлига тутқизсин.

20 Кейин руҳоний ўша нарсаларни Эгамизга бағишлаганини кўрсатиб, юқорига кўтарсин. Бу нарсалар руҳонийнинг муқаддас улуши бўлади. Булар — руҳоний юқорига кўтариши учун бериладиган қўчқор тўши ва назр қилинган қўчқор сонидан ташқари берилади. Шундан сўнг назр қилинган одам шароб ичиши мумкин.

21 Назр қилинганлар учун қонун шундан иборатдир. Агар назр қилинган одам Эгамизга булардан ташқари яна бирон нарсани ваъда қилган бўлса, берган ваъдаси устидан чиқсин. Руҳонийларнинг дуоси

22 Эгамиз Мусога деди:

23 — Ҳорун ва унинг ўғиллари Исроил халқини дуо қилганларида, шундай деб айтишлари керак:

24 “Эгам сенга барака берсин,

Сени Ўз паноҳида асрасин!

25 Эгам сенга очиқ юз билан боқсин, Сенга илтифот қилсин.

26 Эгам сенга назарини солсин, Сенга тинчлик ато этсин!”

27 Ҳорун ва унинг ўғиллари Исроил халқини Менинг номим билан дуо қилишсин. Шунда Мен Исроил халқига барака бераман.

Йўлбошчиларнинг назрлари

1 Мусо Муқаддас чодирни ўрнатиб бўлган куни Чодирга мой суртиб, уни муқаддас қилди. Сўнг Чодирнинг барча ашёларига, қурбонгоҳга ва унинг барча буюмларига мой суртиб чиқиб, муқаддас қилди.

2 Шундан кейин халқни рўйхатга олиш учун масъул бўлган йўлбошчилар — Исроил қабилаларининг уруғбошилари ўз назрларини келтиришди.

3 Уларнинг Эгамизга келтирган назрлари олтита соябонли арава ва ўн иккита ҳўкиздан иборат эди. Ҳар бир йўлбошчи биттадан ҳўкиз ва ҳар иккита йўлбошчи биттадан арава олиб келган эди. Йўлбошчилар бу назрларини Эгамизга Муқаддас чодир олдида тақдим қилишди.

4 Шунда Эгамиз Мусога айтди:

5 “Улар олиб келган нарсаларни қабул қилиб ол. Бу нарсалардан Учрашув чодирида хизмат қилишда фойдаланинглар. Левилар нима иш қилишларига қараб, бу нарсаларни уларга тақсимлаб бер.”

6 Шундай қилиб, Мусо араваларни ва ҳўкизларни левиларга тақсимлаб берди.

7 Гершон уруғининг қиладиган хизмати эвазига иккита арава ва тўртта ҳўкизни берди.

8 Марори уруғининг қиладиган хизмати эвазига эса тўртта арава ва саккизта ҳўкизни берди. Марори ва Гершон уруғлари руҳоний Ҳоруннинг ўғли Итамар назорати остида Чодирда хизмат қилишарди.

9 Қоҳот уруғига эса Мусо ҳеч нарса бермади, чунки улар Чодирнинг муқаддас ашёлари учун масъул эдилар ва бу ашёларни елкада кўтариб боришлари лозим эди.

10 Мусо қурбонгоҳга мой суртиб, уни муқаддас қилгандан кейин Исроил йўлбошчилари қурбонгоҳнинг бағишланишига ҳам ўз назрларини олиб келишди. Улар назрларини қурбонгоҳ олдига қўйишди.

11 Эгамиз Мусога шундай деган эди: “Йўлбошчилар қурбонгоҳни бағишлаш маросимига олиб келган бу назрларни ҳар куни биттадан тақдим қилишсин.”

12 Биринчи куни Яҳудо қабиласидан Оминадавнинг ўғли Нахшўн назрларини тақдим қилди.

13 У қуйидаги назрларни берди: оғирлиги 330 мисқол бўлган битта кумуш лаган, оғирлиги 180 мисқол бўлган битта кумуш тоғорача. Иккаласи ҳам дон назри учун сифатли ун билан тўлдирилиб, унга зайтун мойи аралаштирилган эди.

14 Булардан ташқари, Нахшўн тутатқи тўлдирилган, оғирлиги 25 мисқол келадиган битта олтин пиёлани ҳам берди.

15 У битта буқани, битта қўчқорни, битта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилди,

16 битта такани гуноҳ қурбонлиги қилди,

17 иккита ҳўкизни, бешта қўчқорни, бешта такани, бешта бир ёшли қўчқор қўзини тинчлик қурбонлиги қилди. Оминадав ўғли Нахшўннинг назрлари ана шулардан иборат эди.

18 Иккинчи куни Иссахор қабиласининг йўлбошчиси Зувор ўғли Натанил назрларини тақдим қилди.

19 У қуйидаги назрларни берди: оғирлиги 330 мисқол бўлган битта кумуш лаган, оғирлиги 180 мисқол бўлган битта кумуш тоғорача. Иккаласи ҳам дон назри учун сифатли ун билан тўлдирилиб, унга зайтун мойи аралаштирилган эди.

20 Булардан ташқари, Натанил тутатқи тўлдирилган, оғирлиги 25 мисқол келадиган битта олтин пиёлани ҳам берди.

21 У битта буқани, битта қўчқорни, битта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилди,

22 битта такани гуноҳ қурбонлиги қилди,

23 иккита ҳўкизни, бешта қўчқорни, бешта такани, бешта бир ёшли қўчқор қўзини тинчлик қурбонлиги қилди. Зувор ўғли Натанилнинг назрлари ана шулардан иборат эди.

24 Учинчи куни Забулун қабиласининг йўлбошчиси Халон ўғли Элиёб назрларини тақдим қилди.

25 У қуйидаги назрларни берди: оғирлиги 330 мисқол бўлган битта кумуш лаган, оғирлиги 180 мисқол бўлган битта кумуш тоғорача. Иккаласи ҳам дон назри учун сифатли ун билан тўлдирилиб, унга зайтун мойи аралаштирилган эди.

26 Булардан ташқари, Элиёб тутатқи тўлдирилган, оғирлиги 25 мисқол келадиган битта олтин пиёлани ҳам берди.

27 У битта буқани, битта қўчқорни, битта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилди,

28 битта такани гуноҳ қурбонлиги қилди,

29 иккита ҳўкизни, бешта қўчқорни, бешта такани, бешта бир ёшли қўчқор қўзини тинчлик қурбонлиги қилди. Халон ўғли Элиёбнинг назрлари ана шулардан иборат эди.

30 Тўртинчи куни Рубен қабиласининг йўлбошчиси Шадувор ўғли Элизур назрларини тақдим қилди.

31 У қуйидаги назрларни берди: оғирлиги 330 мисқол бўлган битта кумуш лаган, оғирлиги 180 мисқол бўлган битта кумуш тоғорача. Иккаласи ҳам дон назри учун сифатли ун билан тўлдирилиб, унга зайтун мойи аралаштирилган эди.

32 Булардан ташқари, Элизур тутатқи тўлдирилган, оғирлиги 25 мисқол келадиган битта олтин пиёлани ҳам берди.

33 У битта буқани, битта қўчқорни, битта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилди,

34 битта такани гуноҳ қурбонлиги қилди,

35 иккита ҳўкизни, бешта қўчқорни, бешта такани, бешта бир ёшли қўчқор қўзини тинчлик қурбонлиги қилди. Шадувор ўғли Элизурнинг назрлари ана шулардан иборат эди.

36 Бешинчи куни Шимўн қабиласининг йўлбошчиси Зуришадай ўғли Шалумиёл назрларини тақдим қилди.

37 У қуйидаги назрларни берди: оғирлиги 330 мисқол бўлган битта кумуш лаган, оғирлиги 180 мисқол бўлган битта кумуш тоғорача. Иккаласи ҳам дон назри учун сифатли ун билан тўлдирилиб, унга зайтун мойи аралаштирилган эди.

38 Булардан ташқари, Шалумиёл тутатқи тўлдирилган, оғирлиги 25 мисқол келадиган битта олтин пиёлани ҳам берди.

39 У битта буқани, битта қўчқорни, битта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилди,

40 битта такани гуноҳ қурбонлиги қилди,

41 иккита ҳўкизни, бешта қўчқорни, бешта такани, бешта бир ёшли қўчқор қўзини тинчлик қурбонлиги қилди. Зуришадай ўғли Шалумиёлнинг назрлари ана шулардан иборат эди.

42 Олтинчи куни Гад қабиласининг йўлбошчиси Дувел ўғли Элиасаф назрларини тақдим қилди.

43 У қуйидаги назрларни берди: оғирлиги 330 мисқол бўлган битта кумуш лаган, оғирлиги 180 мисқол бўлган битта кумуш тоғорача. Иккаласи ҳам дон назри учун сифатли ун билан тўлдирилиб, унга зайтун мойи аралаштирилган эди.

44 Булардан ташқари, Элиасаф тутатқи тўлдирилган, оғирлиги 25 мисқол келадиган битта олтин пиёлани ҳам берди.

45 У битта буқани, битта қўчқорни, битта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилди,

46 битта такани гуноҳ қурбонлиги қилди,

47 иккита ҳўкизни, бешта қўчқорни, бешта такани, бешта бир ёшли қўчқор қўзини тинчлик қурбонлиги қилди. Дувел ўғли Элиасафнинг назрлари ана шулардан иборат эди.

48 Еттинчи куни Эфрайим қабиласининг йўлбошчиси Омиҳуд ўғли Элишама назрларини тақдим қилди.

49 У қуйидаги назрларни берди: оғирлиги 330 мисқол бўлган битта кумуш лаган, оғирлиги 180 мисқол бўлган битта кумуш тоғорача. Иккаласи ҳам дон назри учун сифатли ун билан тўлдирилиб, унга зайтун мойи аралаштирилган эди.

50 Булардан ташқари, Элишама тутатқи тўлдирилган, оғирлиги 25 мисқол келадиган битта олтин пиёлани ҳам берди.

51 У битта буқани, битта қўчқорни, битта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилди,

52 битта такани гуноҳ қурбонлиги қилди,

53 иккита ҳўкизни, бешта қўчқорни, бешта такани, бешта бир ёшли қўчқор қўзини тинчлик қурбонлиги қилди. Омиҳуд ўғли Элишаманинг назрлари ана шулардан иборат эди.

54 Саккизинчи куни Манаше қабиласининг йўлбошчиси Падозур ўғли Гамалиёл назрларини тақдим қилди.

55 У қуйидаги назрларни берди: оғирлиги 330 мисқол бўлган битта кумуш лаган, оғирлиги 180 мисқол бўлган битта кумуш тоғорача. Иккаласи ҳам дон назри учун сифатли ун билан тўлдирилиб, унга зайтун мойи аралаштирилган эди.

56 Булардан ташқари, Гамалиёл тутатқи тўлдирилган, оғирлиги 25 мисқол келадиган битта олтин пиёлани ҳам берди.

57 У битта буқани, битта қўчқорни, битта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилди,

58 битта такани гуноҳ қурбонлиги қилди,

59 иккита ҳўкизни, бешта қўчқорни, бешта такани, бешта бир ёшли қўчқор қўзини тинчлик қурбонлиги қилди. Падозур ўғли Гамалиёлнинг назрлари ана шулардан иборат эди.

60 Тўққизинчи куни Бенямин қабиласининг йўлбошчиси Гидўнах ўғли Авидон назрларини тақдим қилди.

61 У қуйидаги назрларни берди: оғирлиги 330 мисқол бўлган битта кумуш лаган, оғирлиги 180 мисқол бўлган битта кумуш тоғорача. Иккаласи ҳам дон назри учун сифатли ун билан тўлдирилиб, унга зайтун мойи аралаштирилган эди.

62 Булардан ташқари, Авидон тутатқи тўлдирилган, оғирлиги 25 мисқол келадиган битта олтин пиёлани ҳам берди.

63 У битта буқани, битта қўчқорни, битта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилди,

64 битта такани гуноҳ қурбонлиги қилди,

65 иккита ҳўкизни, бешта қўчқорни, бешта такани, бешта бир ёшли қўчқор қўзини тинчлик қурбонлиги қилди. Гидўнах ўғли Авидоннинг назрлари ана шулардан иборат эди.

66 Ўнинчи куни Дан қабиласининг йўлбошчиси Омишадайнинг ўғли Охазар назрларини тақдим қилди.

67 У қуйидаги назрларни берди: оғирлиги 330 мисқол бўлган битта кумуш лаган, оғирлиги 180 мисқол бўлган битта кумуш тоғорача. Иккаласи ҳам дон назри учун сифатли ун билан тўлдирилиб, унга зайтун мойи аралаштирилган эди.

68 Булардан ташқари, Охазар тутатқи тўлдирилган, оғирлиги 25 мисқол келадиган битта олтин пиёлани ҳам берди.

69 У битта буқани, битта қўчқорни, битта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилди,

70 битта такани гуноҳ қурбонлиги қилди,

71 иккита ҳўкизни, бешта қўчқорни, бешта такани, бешта бир ёшли қўчқор қўзини тинчлик қурбонлиги қилди. Омишадай ўғли Охазарнинг назрлари ана шулардан иборат эди.

72 Ўн биринчи куни Ошер қабиласининг йўлбошчиси Охрон ўғли Пахиёл назрларини тақдим қилди.

73 У қуйидаги назрларни берди: оғирлиги 330 мисқол бўлган битта кумуш лаган, оғирлиги 180 мисқол бўлган битта кумуш тоғорача. Иккаласи ҳам дон назри учун сифатли ун билан тўлдирилиб, унга зайтун мойи аралаштирилган эди.

74 Булардан ташқари, Пахиёл тутатқи тўлдирилган, оғирлиги 25 мисқол келадиган битта олтин пиёлани ҳам берди.

75 У битта буқани, битта қўчқорни, битта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилди,

76 битта такани гуноҳ қурбонлиги қилди,

77 иккита ҳўкизни, бешта қўчқорни, бешта такани, бешта бир ёшли қўчқор қўзини тинчлик қурбонлиги қилди. Охрон ўғли Пахиёлнинг назрлари ана шулардан иборат эди.

78 Ўн иккинчи куни Нафтали қабиласининг йўлбошчиси Энан ўғли Охир назрларини тақдим қилди.

79 У қуйидаги назрларни берди: оғирлиги 330 мисқол бўлган битта кумуш лаган, оғирлиги 180 мисқол бўлган битта кумуш тоғорача. Иккаласи ҳам дон назри учун сифатли ун билан тўлдирилиб, унга зайтун мойи аралаштирилган эди.

80 Булардан ташқари, Охир тутатқи тўлдирилган, оғирлиги 25 мисқол келадиган битта олтин пиёлани ҳам берди.

81 У битта буқани, битта қўчқорни, битта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилди,

82 битта такани гуноҳ қурбонлиги қилди,

83 иккита ҳўкизни, бешта қўчқорни, бешта такани, бешта бир ёшли қўчқор қўзини тинчлик қурбонлиги қилди. Энан ўғли Охирнинг назрлари ана шулардан иборат эди.

84 Шундай қилиб, Мусо қурбонгоҳга мой суртиб, уни муқаддас қилгандан кейин, Исроил йўлбошчилари қурбонгоҳнинг бағишланишига олиб келган назрларнинг жами қуйидагича бўлди: ўн иккита кумуш лаган, ўн иккита кумуш тоғорача, ўн иккита олтин пиёла.

85 Ҳар бир кумуш лаганнинг оғирлиги 330 мисқол, ҳар бир кумуш тоғорача 180 мисқол эди. Ҳаммаси бўлиб тақдим қилинган кумуш буюмларнинг оғирлиги икки пудга яқин эди.

86 Тутатқи тўлдирилган ҳар бир олтин пиёланинг оғирлиги 25 мисқол эди. Бу ўн иккита олтин буюмнинг умумий оғирлиги 300 мисқол чиқди.

87 Ўн иккита буқа, ўн иккита қўчқор, ўн иккита бир ёшли қўчқор қўзи куйдириладиган қурбонлик қилинди, қурбонликка қўшиб қилинадиган дон назри ҳам келтирилди. Ўн иккита така гуноҳ қурбонлиги қилинди.

88 Йигирма тўртта ҳўкиз, олтмишта қўчқор, олтмишта така, олтмишта бир ёшли қўчқор қўзи тинчлик қурбонлиги қилинди. Мусо қурбонгоҳга мой суртиб, уни муқаддас қилгандан кейин, қурбонгоҳнинг бағишланишига ана шу назрлар тақдим қилинган эди.

89 Мусо Эгамиз билан гаплашиш учун Учрашув чодирига кирганда, Эгамизнинг овозини эшитди. Овоз Аҳд сандиғининг қопқоғи устидаги икки каруб орасидан келаётган эди.

Ҳорун мойчироқларни ўрнатади

1 Эгамиз яна Мусога деди:

2 “Ҳорунга айт, у еттала мойчироқни чироқпояга ўрнатганда, мойчироқларнинг нури чироқпоянинг олд томонини ёритадиган қилиб ўрнатсин.”

3 Эгамизнинг Мусо орқали берган бу амрини Ҳорун бажарди. У еттита мойчироқни чироқпоянинг олд томонини ёритадиган қилиб ўрнатди.

4 Чироқпоя, Эгамиз Мусога кўрсатган намуна бўйича, таглигидан тортиб, гулларигача олтиндан зарб уриб ясалган эди. Левилар покланиб Худога бағишланади

5 Эгамиз Мусога яна айтди:

6 “Исроил халқи орасидан левиларни ажратиб олиб, қуйидаги йўл билан уларни покла:

7 левиларга гуноҳдан поклайдиган сувни сеп. Улар устара билан бутун баданларини қириб тозалашсин, кийимларини ювишсин. Шундан сўнг улар пок бўлишади.

8 Сўнгра улар буқани ва буқага қўшиб назр қилинадиган зайтун мойи аралаштирилган сифатли унни олиб келишсин. Бундан ташқари, бошқа бир буқани гуноҳ қурбонлиги қилиш учун олиб келишсин.

9 Сўнг бутун жамоани тўпла, левиларни Учрашув чодири олдига олиб кел.

10 Левиларни Мен, Эгангизнинг ҳузурига олиб келганингда, Исроил халқи левиларга қўлларини қўйсин.

11 Ҳорун левиларни Исроил халқидан махсус назр сифатида Мен, Эгангизга бағишласин, токи левилар Менга хизмат қилишсин.

12 Левилар қўлларини буқаларнинг бошига қўйишсин. Ҳорун бир буқани гуноҳ қурбонлиги, иккинчи буқани эса куйдириладиган қурбонлик қилиб, левиларни гуноҳлардан покласин.

13 Кейин левиларни Ҳорун ва унинг ўғиллари рўпарасига турғизиб қўй. Левиларни махсус назр сифатида Мен, Эгангизга бағишла.

14 Шундай қилиб, левиларни Исроил халқи орасидан ажратиб ол. Левилар Меники бўлади.

15 Левиларни поклаб, махсус назр сифатида Менга бағишлаганингдан сўнг, улар хизмат қилиш учун Учрашув чодирига кира оладилар.

16 Мен левиларни Исроил халқи орасидан Ўзим учун олганман. Уларни Ўзим учун Исроил аёлларидан туғилган барча тўнғич ўғиллари ўрнига олганман.

17 Чунки Исроил халқининг ҳамма тўнғичлари — одамнинг тўнғич ўғлидан тортиб, молларнинг биринчи эркак боласигача Меникидир. Мисрда ҳамма тўнғичларни нобуд қилган куним Мен Исроил халқининг тўнғич ўғилларини Ўзим учун ажратиб олганман.

18 Исроил халқи орасидаги ҳамма тўнғич ўғиллар ўрнига эса левиларни олганман.

19 Левиларни Исроил халқи орасидан ажратиб олиб, Ҳорун ва унинг ўғиллари ихтиёрига топширганман. Левилар Исроил халқи номидан Учрашув чодирида хизмат қиладилар. Исроил халқи Чодирга яқин келиб қолганда, юз берадиган кулфатдан левилар уларни ҳимоя қилади.”

20 Мусо, Ҳорун ва бутун Исроил жамоаси левиларни Эгамизга бағишладилар. Хуллас, Эгамизнинг левилар ҳақида Мусога берган амрларини бажардилар.

21 Левилар покланишди, кийимларини ювишди. Ҳорун уларни махсус назр сифатида Эгамизга бағишлаб, поклаш маросимини ўтказди.

22 Шундан кейин левилар Ҳорун ва унинг ўғиллари назорати остида Учрашув чодирида хизмат адо этиш учун у ерга кирдилар. Шундай қилиб, Эгамиз левилар ҳақида Мусога қандай амр этган бўлса, Исроил халқи унинг амрларини адо этди.

23 Эгамиз яна Мусога айтди:

24 “Левилар қуйидаги қоидага риоя қилишсин: йигирма беш ва ундан юқори ёшдаги левилар Учрашув чодиридаги хизматини бошлашсин.

25 Эллик ёшда эса хизматидан бўшаб, бошқа хизмат қилишмасин.

26 Хизматидан бўшаган левилар Учрашув чодирида хизмат қилаётган биродарларига ёрдам беришлари мумкин. Лекин бирор иш учун масъулиятни ўз бўйинларига олишмасин. Левиларнинг мажбуриятларини шу тариқа кўрсатиб бер.”

Фисиҳ зиёфати

1 Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин, иккинчи йилнинг биринчи ойида Эгамиз Синай саҳросида Мусога деди:

2 “Исроил халқига айт, улар Фисиҳ зиёфатини белгиланган вақтда,

3 шу ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун нишонлашсин. Байрамнинг ҳамма қонун–қоидаларига риоя қилишсин.”

4 Шундай қилиб, Мусо Исроил халқига: “Фисиҳ зиёфатини нишонланглар”, деб буйруқ берди.

5 Исроил халқи биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун Синай саҳросида Фисиҳ зиёфатини нишонлади. Улар ҳамма нарсани Эгамизнинг Мусога берган амри бўйича қилишди.

6 Бироқ одам мурдасига тегиб ҳаром бўлганлар ўша куни Фисиҳ зиёфатида иштирок этиша олмади. Улар ўша куниёқ Мусо билан Ҳоруннинг ҳузурига келиб шундай дейишди:

7 — Биз мурдага текканимиз учун ҳароммиз. Лекин нима учун биз четда қолишимиз керак? Биз ҳам, Исроил халқи қатори, белгиланган вақтда Эгамизга қурбонлик келтирмоқчимиз!

8 Мусо уларга: — Кутиб туринглар–чи, Эгамиз сизлар тўғрингизда қандай амр берар экан, эшитай, — деди.

9 Мусога Эгамиз шундай деди:

10 — Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Бирортангиз ёки авлодларингиздан кимдир мурдага тегиб ҳаром бўлса ёки сафарга кетган бўлса, Эгамизга бағишланган Фисиҳ зиёфатини нишонлайверсин.

11 Бундай одамлар байрамни иккинчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун нишонлаб, қурбонлик гўштини хамиртурушсиз нон ва тахир ўтлар билан бирга ейишсин.

12 Эрталабгача таомдан қолдиришмасин. Қурбонликнинг бирорта суягини синдиришмасин. Фисиҳ зиёфатини ҳамма қонунларга мувофиқ нишонлашсин.

13 Лекин биронта одам пок бўлиб, сафарда бўлмаса ва шунга қарамай, Фисиҳ зиёфатини нишонлашдан бош тортса, белгиланган вақтда Эгамизга бағишлаб қурбонлик қилмагани учун Исроил халқи орасидан йўқ қилинсин. Шундай қилиб, у ўз гуноҳи учун жазосини тортади.

14 рангизда яшаётган мусофир Эгамизга бағишланган Фисиҳ зиёфатини нишонламоқчи бўлганда, ўша қонун–қоидаларга риоя қилиши шарт. Ҳаммангиз учун — сизлар ва мусофирлар учун қонун битта бўлсин.” Алангали булут

15 Муқаддас чодир ўрнатилган куни Чодирни булут қоплаб олди. Оқшомдан эрталабгача Муқаддас чодир тепасидаги ўша булутнинг кўриниши алангага ўхшар эди.

16 Ҳар доим шу аҳвол юз берарди: Чодирни кундузи булут қоплаб олар, тунда эса булут алангага ўхшаб турарди.

17 Булут Чодир тепасидан кўтарилгач, Исроил халқи йўлга чиқарди. Булут тўхтаган жойда эса Исроил халқи чодир тикарди.

18 Исроил халқи Эгамизнинг амри билан йўлга чиқар ва Эгамизнинг амри билан чодир тикарди. Булут Муқаддас чодир тепасида турган вақт мобайнида, улар ҳам жойларидан силжимас эдилар.

19 Булут Чодир тепасида узоқ кунлар туриб қолганда ҳам, Исроил халқи Эгамизнинг талабига риоя қилиб, йўлга чиқмасди.

20 Баъзан эса булут Чодир тепасида озроқ кун турарди. Бундай пайтда ҳам Исроил халқи Эгамизнинг амрига мувофиқ тўхтарди, Унинг амри билан йўлга чиқарди.

21 Айрим вақтларда эса булут Чодир тепасида бор–йўғи бир кечагина туриб, эрталаб кўтарилар эди. Шунда Исроил халқи ҳам йўлга чиқарди. Булут кўтарилган пайти, кечаси бўладими, кундузи бўладими, Исроил халқи ҳам йўлга чиқарди.

22 Баъзан булут икки кун, бир ой ёки узоқроқ вақт мобайнида Чодир тепасида туриб қоларди. Шунда Исроил халқи ҳам қароргоҳда қолиб, йўлга чиқмасди. Булут кўтарилгандан сўнг Исроил халқи йўлга чиқарди.

23 Улар Эгамизнинг амри билан тўхтаб, Унинг амри билан йўлга чиқишарди. Мусо орқали Эгамиз берган амрларига мувофиқ ҳамма талабларни бажаришар эди.

Кумуш карнайлар

1 Эгамиз Мусога айтди:

2 “Сен иккита кумуш карнай ясаттир, карнайлар зарб уриб ясалган бўлсин. Бу карнайлар жамоани йиғиш ҳамда йўлга чиқиш вақтини эълон қилиш учун керак бўлади.

3 Карнайларнинг иккаласи чалинганда, бутун жамоа сенинг олдингга — Учрашув чодири киравериши олдига тўплансин.

4 Карнайнинг биттаси чалинганда эса, Исроил қабилаларининг йўлбошчилари сенинг олдингга йиғилиб келишсин.

5 Карнай қисқа чалинганда, шарқдаги қароргоҳда турган қабилалар йўлга чиқишсин.

6 Иккинчи марта қисқа чалинганда эса, жанубдаги қароргоҳда турган қабилалар йўлга чиқишсин. Карнайнинг қисқа садоси йўлга чиқиш кераклигини билдиради.

7 Жамоани йиғиш лозим бўлганда эса, карнайлар бошқача садо чиқариб чалинсин.

8 Карнайни Ҳоруннинг ўғиллари, руҳонийлар чалишлари лозим. Бу амр сизлар учун ва сизларнинг авлодларингиз учун доимий қонун–қоидадир.

9 Юртингизга бостириб келган душманга қарши жангга отланаётганингизда, хатардан дарак бериб карнайларни чалинглар. Шунда Мен, Эгангиз Худо, сизларга ёрдам бериб, сизларни душманларингиз қўлидан халос қиламан.

10 Шунингдек, хурсандчилик кунларингизда — белгиланган байрамларингизда ва ой бошида қурбонликлар куйдирганингизда ҳамда тинчлик қурбонликларини келтирганингизда карнайларни чалинглар. Шунда Мен, Эгангиз Худо, сизларга ёрдам бераман. Зотан, Мен Эгангиз Худоман.”

11 Исроил халқи Синайдан кетади Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин, иккинчи йилнинг иккинчи ойи йигирманчи кунида булут Муқаддас аҳд чодири тепасидан кўтарилди.

12 Шундан сўнг Исроил халқи Синай саҳросидан йўлга чиқди. Ниҳоят, булут Порон чўлида тўхтади.

13 Улар биринчи марта Эгамизнинг Мусо орқали берган амрига кўра, йўлга чиққан эдилар.

14 иринчи бўлиб, Оминадав ўғли Нахшўн бошчилигида Яҳудо қароргоҳида турган қабилалар ўз байроғи остида гуруҳ–гуруҳ бўлиб йўлга чиқишди.

15 Иссахор қабиласига Зувор ўғли Натанил бошчилик қилар эди.

16 Забулун қабиласига Халон ўғли Элиёб бошчилик қилар эди.

17 Шундан кейин Муқаддас чодир йиғиштириб олинди. Гершон ва Марори уруғлари Чодирни кўтариб, йўлга чиқишди.

18 Кейин Шадувор ўғли Элизур бошчилигида Рубен қароргоҳида турган қабилалар ўз байроғи остида гуруҳ–гуруҳ бўлиб йўлга чиқишди.

19 Шимўн қабиласига Зуришадай ўғли Шалумиёл бошчилик қилар эди.

20 Гад қабиласига Дувел ўғли Элиасаф бошчилик қилар эди.

21 Кейин Чодирнинг муқаддас ашёларини кўтарган Қоҳот уруғи йўлга чиқди. Улар қароргоҳ қуриладиган жойга етиб боргунларича, Муқаддас чодир ўрнатиб бўлиниши керак эди.

22 Кейин Омиҳуд ўғли Элишама бошчилигида Эфрайим қароргоҳида турган қабилалар ўз байроғи остида гуруҳ–гуруҳ бўлиб йўлга чиқишди.

23 Манаше қабиласига Падозур ўғли Гамалиёл бошчилик қиларди.

24 Бенямин қабиласига Гидўнах ўғли Авидон бошчилик қиларди.

25 Энг охирида Омишадай ўғли Охазар бошчилигида Дан қароргоҳидаги қабилалар ўз байроғи остида гуруҳ–гуруҳ бўлиб йўлга чиқишди. Улар Исроил қароргоҳларининг қоровуллар бўлинмасини ташкил қилишган эди.

26 шер қабиласига Охрон ўғли Пахиёл бошчилик қиларди.

27 Нафтали қабиласига Энан ўғли Охир бошчилик қиларди.

28 Исроил халқи доим шу тартибда гуруҳ–гуруҳ бўлиб йўлга чиқар эди.

29 Мусо ўзининг қайнағаси, Мидиёнлик Ятро ўғли Хўвовга деди: — Эгамиз, сизларга бераман, деб ваъда қилган юртга биз кетяпмиз, сиз ҳам биз билан юринг. Эгамиз бизга кўп яхшиликларни ваъда қилган, агар биз билан борсангиз, биз ҳам сизга яхшилик қиламиз.

30 — Бормайман, — деди Хўвов, — мен ўз юртимга — ўзимнинг қариндошларим олдига қайтиб кетаман.

31 — Илтимос, бизни ташлаб кетманг! — деди унга Мусо. — Саҳронинг қайси жойига чодир тикиш кераклигини сиз биласиз. Сиз бизнинг кўзимиз бўласиз.

32 Агар биз билан бирга борсангиз, Эгамиз бизга қилган ҳамма яхшиликларни сиз билан баҳам кўрамиз.

33 Улар Эгамизнинг муқаддас тоғини тарк этганларидан сўнг, уч кун йўл юришди. Левилар чодир тикадиган жойини топиш учун Эгамизнинг Аҳд сандиғини доимо олдинда кўтариб боришарди.

34 Улар кундуз куни йўл юрганларида, Эгамизнинг булути уларнинг устида борар эди.

35 Сандиқ йўлга чиққанда, Мусо шундай дерди: “Қўзғал, эй Эгам, Сенинг ғанимларинг тумтарақай бўлсин. Сени кўролмаганлар олдингдан қочиб кетсин.”

36 Аҳд сандиғи тўхтаганда эса Мусо шундай дерди: “Қайт, эй Эгам, Минг–минглаб Исроил халқи орасига!”

Тавера номли жой

1 Орадан кўп вақт ўтмай халқ қийинчиликлардан минғирлаб нолий бошлади. Уларнинг нолишларини эшитган Эгамиз ғоят ғазабланиб, қароргоҳга аланга туширди. Аланга авж олиб, қароргоҳнинг четларини куйдириб юборди.

2 Халқ Мусога фарёд қилди. Мусо Эгамизга илтижо қилган эди, аланга ўчди.

3 Эгамизнинг алангаси қароргоҳни ёндиргани учун бу жойга Тавера деб ном берилди.

4 Мусо етмишта оқсоқолни танлайди. Исроил халқи орасидаги қаланғи–қасанғиларнинг нафсига ўт тушди. Исроил халқи ҳам уларга қўшилишиб фиғон чекиб, зорлана бошлади: “Қанийди гўшт бўлса!

5 Биз Мисрда текинга балиқ, бодринг, қовун, пиёз, кўк пиёз, саримсоқ ердик.

6 Энди эса силламиз қуриган, маннадан бошқа ейдиган ҳеч нарса йўқ.”

7 Манна кашнич уруғига ўхшарди, унинг ранги дарахт елими рангидай эди.

8 Халқ маннани ердан йиғиштириб олар, тегирмонда янчиб ёки ҳавончада туйиб, сўнг қозонга солиб қайнатарди, нон ҳам ёпарди. Унинг мазаси зайтун мойи қўшиб ёпилган нонга ўхшарди.

9 Тунда қароргоҳга шабнам тушганда, шабнам билан бирга манна ҳам ёғиларди.

10 Ҳамма одамлар оила аъзолари билан бирга ўз чодирларининг кираверишида туриб фарёд қилишаётган эди. Буни эшитган Мусо қаттиқ ранжиди. Эгамизнинг ғазаби ҳам аланга олди.

11 Шунда Мусо Эгамизга деди: — Нимага қулингнинг бошига шунча азобларни солдинг? Нима учун мендан марҳаматингни дариғ тутдинг? Нима учун бу халқнинг оғирлигини менга юкладинг?

12 Шу халқнинг ҳаммасини мен қорнимда кўтариб юрганмидим?! Уларни мен туққанмидим?! Нимага унда Сен менга: “Энага чақалоқни кўтариб юргандай, сен бу халқни Мен ота–боболарингга ваъда қилган юртга қўлларингда кўтариб борасан”, деб айтяпсан?

13 Улар йиғлаб, бизга гўшт бер, деб айтишяпти! Шунча халққа гўштни қаердан топиб бераман, ахир?!

14 Бу халқнинг оғирлигини мен бир ўзим кўтара олмайман. Бунга ортиқ чидай олмайман.

15 Агар менга муносабатинг шу бўлса, ҳозироқ жонимни олиб қўя қол. Борди–ю, Сендан марҳамат топган бўлсам, менинг бунчалик хор бўлишимга йўл қўйма.

16 Шунда Эгамиз Мусога деди: — Менга Исроил оқсоқолларидан етмиштасини йиғиб бер. Улар халқнинг орасида йўлбошчи деб тан олинган обрўли одамлардан бўлишсин. Уларни Учрашув чодирига олиб келиб, ўзингнинг ёнингга турғизиб қўй.

17 Мен тушиб келиб, у ерда сен билан гаплашаман. Сўнг сенга берган Руҳимдан олиб, уларга ҳам бераман. Сен бу халқнинг оғирлигини ёлғиз ўзинг кўтармаслигинг учун, улар ёнингга кириб, оғирингни енгил қилишади.

18 Халққа эса шу гапни айт: “Эртанги кунга тайёрланиб покланинглар, гўшт ейсизлар. Сизлар Эгамизнинг қулоғи остида минғирлаб нолиб, қанийди гўшт бўлса, биз Мисрда давр сурган эканмиз–да, деб фарёд қилдингизлар. Шунинг учун Эгамиз сизларга гўшт беради, сизлар гўшт ейсизлар.

19 Сизлар гўштни бир–икки кун эмас, беш–ўн кун ҳам эмас, йигирма кун ҳам эмас,

20 балки бир ой давомида — гўшт бурнингиздан чиққунча, кўнглингизга ургунча ейсизлар. Чунки сизлар, Мисрдан чиқишимизнинг нима кераги бор эди, дея минғирлаб нолиб, орангиздаги Эгангизни рад этдингиз.”

21 Лекин Мусо Эгамизга айтди: — Менинг ёнимдаги бу халқ 600.000 жондан иборат. Сен эса: “Уларни бир ой давомида гўшт билан боқаман”, деяпсан!

22 Бор мол–қўйимизни сўйсак ҳам, денгиздаги ҳамма балиқларни йиғиштириб келсак ҳам, уларни тўйдира олармидик?!

23Эгамиз шунда Мусога айтди: — Нима, Мен, Эгангнинг қўли калтамиди?! Менинг сенга айтган гапларим бажо бўлиши ёки бўлмаслигини энди кўрасан.

24 Шундан кейин Мусо ташқарига чиқиб, Эгамизнинг сўзларини халққа етказди. Сўнг етмишта халқ оқсоқолини йиғиб, уларни Муқаддас чодир атрофига жойлаштирди.

25 Шунда Эгамиз булут ичида тушиб келиб, Мусо билан гаплашди, Мусога берган Ўз Руҳидан олиб, етмишта оқсоқолга берди. Руҳ оқсоқолларни қамраб олди ва улар зикр туша бошладилар. Лекин бундай ҳол бошқа такрорланмади.

26 Етмишта оқсоқолнинг иккитаси Муқаддас чодирга бормай қароргоҳда қолган эди. Бирининг исми Элдод, иккинчисиники Мидод эди. Бироқ Эгамизнинг Руҳи уларни ҳам қамраб олди, улар ҳам қароргоҳда зикр туша бошладилар.

27 Бир ўспирин югуриб келиб, Мусога: “Элдод билан Мидод қароргоҳда зикр тушишяпти”, деди.

28 Мусога ёшлигидан хизмат қилиб келган ёрдамчиси Нун ўғли Ёшуа деди: — Мусо ҳазратлари! Уларни тўхтатинг!

29 Мусо эса унга шундай жавоб берди: — Сен менинг манфаатимни кўзлаб, шу гапларни айтяпсанми? Менга қолса, Эгамнинг бутун халқи пайғамбар бўлсин, Эгамиз Ўз Руҳини уларнинг ҳаммасига берсин, дейман!

30 Шундан сўнг Мусо билан Исроил оқсоқоллари қароргоҳга қайтиб келишди. Эгамиз беданалар юборади

31 Эгамиз шамол қўзғатди. Шамол денгиздан беданаларни қароргоҳга ва қароргоҳ атрофига учириб келди–да, кўпларини ерга туширди. Анчаси эса қароргоҳнинг айланаси бўйлаб бир кунлик масофада, икки тирсак баландликда учиб юрган эди.

32 Халқ ўша куни кундузи ва кечаси, кейинги куни ҳам эртадан кечгача бедана йиғиштирди. Энг оз терган одамники олтмиш сават чиқди. Улар беданаларни қуритиш учун бутун қароргоҳ атрофига ёйиб ташлашди.

33 Лекин одамлар гўштни энди оғзига олиб, ҳали ейишга ҳам улгурмаган эдиларки, Эгамиз халққа ғазабини сочиб, қақшатқич ўлат юборди.

34 Бу ерга Хиврут–Хаттаво деб ном берилди, чунки бу ерга нафси бузуқ одамлар дафн қилинганди.

35 Халқ Хиврут–Хаттаводан Хазерўтга қараб йўлга чиқди. Улар Хазерўтга етиб борганларидан кейин қароргоҳ қуришди.

Марям жазоланади

1 Мусо Ҳабашистонлик аёлга уйлангани учун Марям ва Ҳорун Мусога қарши гапирдилар.

2 Иккови: “Эгамиз ёлғиз Мусо орқали гапирибдими?! У биз орқали ҳам гапирмаганми?!” дейишди. Эгамиз уларнинг бу гапини эшитди.

3 Мусо жуда камтар одам эди, ер юзида камтарликда унга тенг келадигани йўқ эди.

4 Эгамиз бирдан Мусо, Ҳорун ва Марямга: — Учовингиз ҳам Учрашув чодирига келинглар! — деб амр берди. Шундан сўнг учовлари Учрашув чодирига келишди.

5 Эгамиз устун шаклидаги булутда тушиб, Чодирга кираверишда турди ва Ҳорун билан Марямни чақирди. Иккови олдинга чиқди.

6 Эгамиз уларга деди: — Менинг сўзларимни эшитиб олинглар. Орангизда пайғамбар бўлганда, Мен, Эгангиз, Ўзимни уларга ваҳийда аён қиламан, улар билан тушларида гаплашаман.

7 Лекин қулим Мусо билан бошқача гаплашаман. Менинг бутун халқим орасида ишончлиси Мусодир.

8 Мен у билан жумбоқли башоратлар орқали эмас, балки юзма–юз, очиқ–ойдин гаплашаман. Мусо Мен, Эгангизнинг шарпасини кўради. Наҳотки сизлар Менинг қулим Мусога қарши гапиришдан қўрқмадингизлар?!

9 Эгамиз улардан қаттиқ ғазабланиб, узоқлашди.

10 Булут Чодир тепасидан кетиши биланоқ, Марям тери касаллигига чалиниб, қордай оппоқ бўлиб қолди. Ҳорун буни кўриб,

11 Мусога ёлворди: — Эй ҳазратим, биз аҳмоқлик қилиб қўйдик! Ўтинаман, гуноҳимиздан ўтинг!

12 Марям она қорнидаёқ чирий бошлаган ўлик чақалоққа ўхшаб қолмасин!

13 Шунда Мусо Эгамизга илтижо қилиб: — Эй Худо, унга шифо бер! — деб ёлворди.

14 Эгамиз эса Мусога шундай жавоб берди: — Агар Марямнинг ўз отаси унинг юзига тупурганда, у етти кун шарманда бўлиб юрмасмиди?! Марямни қароргоҳдан чиқариб юборинглар, у етти кундан кейингина қароргоҳга қайтиб келиши мумкин.

15 Шундай қилиб, Марям қароргоҳдан ҳайдаб чиқарилди. У етти кун қароргоҳдан ташқарида бўлди. У қайтиб келмагунча халқ йўлга чиқмай турди.

1 Шундан сўнг халқ Хазерўтдан йўлга чиқиб, Порон чўлига келиб қароргоҳ қурди.

2 Эгамиз Мусога деди:

3 “Мен Исроил халқига бераётган Канъон юртига айғоқчилар юбор. Ҳар бир қабиладан биттадан йўлбошчини жўнат.”

4 Мусо, Эгамизнинг амрига мувофиқ, қабила йўлбошчиларини Порон чўлидан Канъон юртига жўнатди.

5 Уларнинг исми қуйидагичадир: Рубен қабиласидан — Заккур ўғли Шаммува.

6 Шимўн қабиласидан — Хўри ўғли Шофот.

7 Яҳудо қабиласидан — Яфунах ўғли Холиб.

8 Иссахор қабиласидан — Юсуф ўғли Йихал.

9 Эфрайим қабиласидан — Нун ўғли Хўшея.

10 Бенямин қабиласидан — Рофу ўғли Палти.

11 Забулун қабиласидан — Сўди ўғли Гаддиёл.

12 Юсуф қабиласидан, яъни Манаше қабиласидан — Сусих ўғли Гадди.

13 Дан қабиласидан — Гамали ўғли Омиёл.

14 Ошер қабиласидан — Микойил ўғли Сатур.

15 Нафтали қабиласидан — Вофси ўғли Нахби.

16 Гад қабиласидан — Мохи ўғли Гувал.

17 Мусо Канъон юртига айғоқчиликка юборган одамларнинг исми ана шулардир. Мусо Нун ўғли Хўшеянинг исмини ўзгартириб, уни Ёшуа деб атади.

18 Мусо уларни Канъон юртига айғоқчиликка юборар экан, шундай деди: “Шимолга қараб юринглар, Нагав чўлини айланиб чиққанингиздан кейин, чўлдан шимолда жойлашган қирли ерларни ҳам кўриб чиқинглар.

19 У ерлар қандай жой, у ерда яшаётган халқ кучлими ёки заифми, кўпми ёки озми,

20 юрти яхшими ёки ёмонми, шаҳарлари девор билан ўралганми ёки йўқми,

21 ерлари унумдорми ёки камҳосилми, дарахтлари борми ёки йўқми, билиб келинглар. Ўша юртнинг меваларидан олиб келишнинг иложини қилинглар.” Узум мавсуми энди бошланган эди.

22 Шундай қилиб, айғоқчилар шимолга қараб кетишди. Зин чўлидан бошлаб, Лево–Хомат яқинидаги Рехоб шаҳригача бўлган ҳамма жойларни кўздан кечириб чиқишди.

23 Даставвал улар Нагав чўлини кесиб ўтиб, Хеврон шаҳрига боришганди. Ўша ерда Оноқ авлодидан келиб чиққан Охиман, Шешай ва Талмай уруғлари яшашарди. Хеврон Мисрдаги Зўван шаҳридан етти йил олдин қурилган эди.

24 У ердан айғоқчилар Эшкўл сойлигига бориб, бир бош узумни шохи билан қирқиб олишганди. Бу бош узумни икки киши ходага осиб кўтариб кетганди. Бундан ташқари, улар анор ва анжирлардан ҳам олишганди.

25 Айғоқчилар сойликдан бир бош узум қирқиб олганлари учун ўша сойликка Эшкўл деб ном берилди.

26 Ниҳоят, улар юртни кўриб чиқиб, қирқинчи куни қайтишди.

27 Порон чўлидаги Кадешга — Мусо, Ҳорун ва бутун Исроил жамоаси олдига келишди. Уларга кўрган–билганларини айтиб, ўша юртнинг меваларини кўрсатишди.

28 Улар Мусога шундай деб айтишди: — Сиз бизни юборган юртга бордик, у ерда чиндан ҳам сут ва асал оқиб ётибди. Мана бу мевалар ўша ердан.

29 Лекин у ернинг халқлари кучли, шаҳарлари мустаҳкам ва ниҳоятда улкан экан. Биз у ерда ҳатто Оноқ авлодини ҳам кўрдик!

30 Омолек халқи — Нагав чўлида, Хет, Ёбус ва Амор халқлари — қирларда, Канъон халқи эса Ўрта ер денгизи қирғоқларида ва Иордан дарёси бўйларида истиқомат қилишар экан.

31 Холиб Мусонинг рўпарасида турган халқни тинчлантириб: — Бўла қолинглар, ўша юртга ҳужум қилиб, уни эгаллаб олайлик. Ўша юртни босиб олишга албатта кучимиз етади, — деди.

32 Лекин Холиб билан бирга борганлар: — У халққа бас кела олармидик?! Улар биздан кучлироқ–ку! — дейишди.

33 Шундай қилиб, улар ўзлари кўриб келган юрт тўғрисида Исроил халқи орасида бўлмағур миш–мишлар тарқата бошлашди: “Биз кўриб келган юрт у ерда яшашга борадиганларни ютиб юборар экан. Ўша юртдаги ҳамма одамлар дев қомат экан.

34 Биз у ерда ҳатто улкан паҳлавонлар уруғидан бўлган Оноқ авлодини кўрдик. Уларнинг олдида ўзимизни худди чигирткадай ҳис қилдик. Ҳа, уларнинг назарида ҳам биз чигирткадай эдик.”

Халқ зорланади

1 Кейин бутун жамоа фиғон чекиб, тун бўйи йиғи–сиғи қилиб чиқди.

2 Жамики Исроил халқи Мусо ва Ҳорундан минғирлаб нолиб, уларга шундай деди: — Қанийди, Мисрда ўлиб кетганимизда ёки шу саҳрода жон берганимизда эди!

3 Агар жангда қирилиб кетадиган бўлсак, нима учун Эгамиз бизни ўша юртга олиб боряпти? Бизнинг хотину бола–чақаларимиз душманга ўлжа бўлади–ку! Бундан кўра, Мисрга қайтиб кетганимиз яхшироқ эмасми?!

4 Шундан сўнг улар ўзаро: “Ўзимизга бир йўлбошчи танлаймиз–у, Мисрга қайтиб кетамиз”, деб келишиб олишди.

5 Мусо билан Ҳорун эса бутун Исроил жамоаси олдида мук тушишди.

6 Юртни кўриб келган айғоқчиларнинг иккитаси Нун ўғли Ёшуа ва Яфунах ўғли Холиб қайғудан кийимларини йиртишди.

7 Иккови жамики Исроил жамоасига дейишди: — Биз кўриб келган юрт — жуда ҳам яхши жой!

8 Агар Эгамиз биздан мамнун бўлса, У бизни ўша юртга олиб киради, сут ва асал оқиб ётган ўша юртни бизга беради.

9 Фақат Эгамизга қарши исён қилманглар! У юртнинг халқидан қўрқманглар! Улар биз учун осон ўлжа бўлишади. Улар пушти паноҳидан айрилган, Эгамиз эса биз билан бўлади. Улардан қўрқманглар!

10 Лекин бутун жамоа: “Ёшуа ва Холибни тошбўрон қиламиз!” деб пўписа қилди. Шунда Эгамиз улуғворлигини Учрашув чодирида жамики Исроил халқига зоҳир қилди.

11 Эгамиз Мусога деди: — Қачонгача бу халқ Мени хўрлайди?! Уларнинг орасида қанча мўъжиза кўрсатган бўлсам–у, қачонгача Менга ишонмай юради?!

12 Мен ўлат юбориб бу халқни қириб ташлайман. Сендан эса улардан ҳам кучлироқ ва буюкроқ бир халқ яратаман.

13 Аммо Мусо Эгамизга шундай жавоб берди: — Сен бу халқни Ўз қудратинг билан Мисрликлар орасидан олиб чиққан эдинг–ку! Агар халқингни қириб ташласанг, Мисрликлар бу ҳақда эшитишади.

14 лар бу юртда истиқомат қилаётган халқларга ҳам бу ҳақда хабар беришади. Эй Эгам, ўша халқлар Сен биз билан эканингни билишади. Сен биз билан юзма–юз кўришганингни, Сенинг булутинг доимо бизнинг тепамизда турганини, Сен бизни кундузи устун шаклидаги булут ичида, кечаси устун шаклидаги аланга ичида йўлга бошлаганингни улар билишади, ахир!

15-16 Борди–ю, Сен халқингнинг ҳаммасини бирдай қириб ташласанг, Сенинг улуғворлигинг ҳақида эшитган халқлар: “Исроил халқининг Эгаси қасам ичиб ваъда берган юртга Ўз халқини олиб кира олмагани учун уларни саҳрода нобуд қилиб юборибди”, деб айтишмайдими?!

17 Ё Раббий, илтижо қиламан, Ўз матонатингни кўрсат. Сен Ўзинг айтгансан:

18 “Мен, Эгангизнинг жаҳли тез эмас, содиқ севгим мўлдир. Фосиқликни, исённи кечираман. Лекин айбдорни асло жазосиз қолдирмайман. Мен уларни жазолайман, уларнинг гуноҳлари оқибатидан фарзандлари, набиралари ва чеваралари ҳам қочиб қутулмайди.”

19 Ўтинаман, чексиз севгинг туфайли бу халқнинг гуноҳидан ўт. Ахир, Сен уларни Мисрдан чиққанларидан бери кечириб келяпсан.

20 — Илтимосингга мувофиқ уларни кечираман, — деди Мусога Эгамиз.

21 — Лекин Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи, ер юзини тўлдирган улуғворлигим ҳақи, онт ичиб айтаманки,

22-23 бу одамларнинг бирортаси Мен оталарига ваъда қилган юртга кирмайди. Улар Менинг буюк қудратимни, Мисрда ва саҳрода қилган мўъжизаларимни кўра туриб Менга қулоқ солмадилар, Мени қайта–қайта синадилар. Мени хўрлаган бу одамлар Канъон юртини кўрмайдилар.

24 Лекин қулим Холиб бундайлардан эмас. У Менга содиқ қолди. Шунинг учун Мен уни ўзи кўриб келган ўша юртга олиб кираман. Унинг насли юртни эгаллайди.

25 нди эса Омолек ва Канъон халқлари яшайдиган водийларга бора кўрманглар. Эртагаёқ орқага қайтинглар, Қизил денгиз йўлидаги саҳрога боринглар.

26 Эгамиз халқни шикоят қилгани учун жазолайди Эгамиз Мусо билан Ҳорунга деди:

27 — Қачонгача бу қабиҳ жамоа Мендан нолийверади?! Мен Исроил халқининг минғирлаб нолишини эшитдим,

28 бориб уларга Менинг бу гапимни айт: “Барҳаёт Худо бўлганим ҳақи, онт ичиб айтаманки, минғирлаб нолиганларингизни Мен бошингизга соламан. Мен, Эгангиз, айтдим.

29 Жасадларингиз мана шу саҳрода қолади. Рўйхатга кирган йигирма ва ундан юқори ёшдагилар — Мендан минғирлаб нолиганларнинг ҳаммаси

30 Мен онт ичиб, сизларга яшаш учун бермоқчи бўлган юртга киришмайди. У юртга фақат Яфунах ўғли Холиб билан Нун ўғли Ёшуа киришади.

31 Сизлар, болаларимиз у ерда душманга ўлжа бўлади, деб айтдингиз. Аммо Мен болаларингизни ўша ерга олиб кираман. Сизлар рад этган ўша юртдан улар баҳра олишади.

32 Сизларнинг жасадларингиз эса мана шу саҳрода қолиб кетади.

33 олаларингиз саҳрода қирқ йил тентираб юради. Ҳаммангиз мана шу саҳрода нобуд бўлмагунингизча, болаларингиз сизнинг садоқатсизлигингиз учун азоб тортишади.

34 Сизлар ўша юртни қирқ кун давомида кўриб қайтиб келган эдингизлар. Энди гуноҳингиз учун қирқ йил, ҳар бир кун эвазига бир йилдан жазо тортиб юрасизлар. Менга қарши чиққанларнинг ҳоли не кечишини ана шунда биласизлар!

35 Менга қарши йиғилган мана шу қабиҳ жамоанинг ҳаммасини Мен шундай аҳволга соламанки, улар мана шу саҳрода қирилиб, йўқ бўлиб кетишади. Буни Мен, Эгангиз, айтдим.”

36 Мусо Канъон юртига айғоқчи қилиб юборган ўнта одам бўлмағур гаплар тарқатиб, жамоанинг Эгамиздан минғирлаб нолишига сабабчи бўлган эди.

37 Ўша юрт ҳақида нохуш хабар олиб келган бу одамлар ўлатга чалиниб, Эгамизнинг олдида жон беришди.

38 Айғоқчилардан фақат Нун ўғли Ёшуа билан Яфунах ўғли Холиб тирик қолди.

39 Канъон юртини босиб олишга биринчи уриниш Мусо жамики Исроил халқига шу гапларни айтганда, халқ чуқур қайғуга ботди.

40 Эртасига улар тонг саҳарда турдилар, Канъондаги қирларга томон жўнаётиб шундай дедилар: — Қани, кетдик, гуноҳ қилганимизни англаб етдик. Мана энди Эгамиз бизга ваъда қилган ўша юртга киришга тайёрмиз.

41 Лекин Мусо: — Нима учун Эгамизнинг амрига яна итоатсизлик қиляпсизлар? — деди. — Бу билан ҳеч нарсага эришолмайсизлар–ку!

42 У ерга борманглар. Эгамиз сизлар билан эмас! Душманларингиз олдида мағлуб бўласизлар!

43 Омолек ва Канъон халқлари сизларга қаршилик кўрсатишади. Қирилиб кетасизлар. Сизлар Эгамиздан юз ўгирганингиз учун, У сизлар билан бирга бўлмайди.

44 Бироқ Исроил халқи билганидан қолмай ўша ердаги қирларга чиқди. Эгамизнинг Аҳд сандиғи билан Мусо эса қароргоҳда қолишди.

45 ша қирларда яшайдиган Омолек ва Канъон халқлари пастга тушиб, Исроил халқига ҳужум қилишди, уларни Хўрмахгача қувиб боришди.

Қурбонликларга оид қонунлар

1-2 Мусо орқали Исроил халқига Эгамиз қуйидаги қонунларни берди: Эгамиз сизларга берадиган юртга ўрнашиб олганингиздан кейин мана бу қонунларга риоя қилинг:

3 Эгамизга атаб, буқа, қўчқор, қўзи ва улоқчаларингиздан қурбонликлар келтиринг. Уларни куйдириладиган қурбонлик, тинчлик қурбонлиги, кўнгилдан чиқариб бериладиган қурбонлик ва берган ваъдангизга мувофиқ келтириладиган қурбонлик қилинг. Уларни белгиланган байрам кунларида ҳам келтиринг. Бу қурбонликларнинг маълум қисмларини қурбонгоҳда куйдиринг, шунда Эгамизга ёқимли ҳид боради.

4-5 Бу қурбонликларга қўшиб, Эгамизга атаб, албатта дон ва шароб назрларини келтиришингиз керак. Қўзи ёки улоқчани қурбонлик қилганингизда, дон назрини — икки коса зайтун мойи аралаштирилган тўрт коса сифатли унни ҳамда икки коса шаробни назр қилинглар.

6 Қўчқорни қурбонлик қилганингизда, дон назрини — уч коса зайтун мойи аралаштирилган саккиз коса сифатли унни ва

7 уч коса шаробни назр қилинглар. Бу қурбонлик ва назрлардан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

8 Буқани Эгамизга атаб, куйдириладиган қурбонлик, берган ваъдангизга мувофиқ қилинадиган қурбонлик ёки тинчлик қурбонлиги қилганингизда,

9 қурбонликка қўшиб тўрт коса зайтун мойи аралаштирилган ўн икки коса сифатли унни ва

10 тўрт коса шаробни назр қилинглар. Оловда куйдириладиган бу қурбонлик ва назрлардан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

11 Шундай қилиб, буқа, қўчқор, қўзи ёки улоқчани қурбонлик қилганингизда, шу назрларни қурбонликка қўшиб келтиринглар.

12 Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг сони қанча бўлишидан қатъий назар, ҳар бир ҳайвонга қўшиб, белгиланган миқдорда дон билан шароб назр қилинглар.

13 Исроил халқидан бўлган ҳар бир одам қурбонликни Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун оловда куйдирганда, мана шу қоидаларга риоя қилиши шарт.

14 Агар орангизда ўрнашиб олган ёки вақтинча истиқомат қилаётган бирорта мусофир Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун қурбонликни оловда куйдирмоқчи бўлса, у ҳам шу қоидаларга риоя қилсин.

15 Исроил жамоаси учун ҳам, орангизда яшаётган мусофир учун ҳам қонун–қоида бир. Эгамизнинг олдида сизлар ҳам, мусофирлар ҳам бирдир. Бу қонун–қоидага доимо, авлодларингиз оша риоя қилинглар.

16 Сизлар учун ҳам, орангизда яшаётган мусофирлар учун ҳам қонун–қоида бирдир.

17-18 Мусо орқали Исроил халқига Эгамиз яна қуйидаги қонунларни берди: Эгамиз сизларни бошлаб бораётган юртга кирганингиздан кейин,

19 ўша юртнинг нонидан тановул қиласизлар. Ўшанда нонингизнинг бир қисмини Эгамизга назр қилинглар.

20 Хамирнинг биринчи зуваласидан ёпилган нонни Эгамизга назр қилинглар. Буни янчилган донни назр қилгандай назр қилинглар.

21 Хамирнинг биринчи зуваласини авлодлар оша Эгамизга назр қилинглар.

22-23 Агар Эгамиз мен орқали берган бу амрларнинг бирортасига — Эгамиз амр этган кундан бошлаб авлодларингиз оша риоя қилмасангиз,

24 агар жамоа бу хатога билмаган ҳолда йўл қўйган бўлса, бутун жамоа Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун битта буқани куйдириб қурбонлик қилсин. Улар буқага қўшиб, белгиланган миқдорда дон билан шароб назрини келтиришсин. Бундан ташқари, битта такани гуноҳ қурбонлиги қилишсин.

25 Шундай қилиб, руҳоний бутун Исроил жамоасини гуноҳларидан поклайди. Жамоа билмасдан хато қилгани учун кечирилади, чунки улар қилган хатоси учун Эгамизга қурбонлик қилиб, оловда куйдирган ва гуноҳ қурбонлигини келтирган бўладилар.

26 Эгамиз бутун Исроил жамоасини ва сизларнинг орангизда яшаётган мусофирларни кечиради, чунки бутун халқ билмай хато қилган эди.

27 Агар бирорта одам билмасдан гуноҳ қилиб қўйса, бир ёшли эчкини гуноҳ қурбонлиги қилсин.

28 Руҳоний Эгамизнинг олдида ўша одамни гуноҳидан поклайди, ўша одам кечирилади.

29 Билмасдан гуноҳ қилиб қўйган Исроил одами учун ҳам, орангизда истиқомат қилаётган мусофир учун ҳам қонун бир.

30 Лекин қасддан гуноҳ қилган одам, Исроил халқиданми ёки мусофирми, Эгамизга шак келтирган бўлади. Ўша одам Исроил халқи орасидан йўқ қилинсин.

31 У Эгамизнинг сўзларини назар–писанд қилмагани учун, амрларига итоат қилмагани учун албатта йўқ қилинсин. Унинг гуноҳи ўз гарданида қолади.

32 Шаббат қоидаларини бузган одам ҳақида Бир куни Исроил халқи саҳрода турган пайтда, Шаббат куни ўтин териб юрган бир одамни ушлаб олишди.

33 Улар ўша одамни Мусо, Ҳорун ва бутун Исроил жамоаси олдига олиб келишди.

34 Бироқ бу одамни нима қилиш кераклигини ҳали аниқ билишмагани учун уни қамаб қўйишди.

35 Кейин Эгамиз Мусога деди: — Бу одамнинг жазоси ўлимдир. Бутун жамоа уни қароргоҳдан ташқарига олиб чиқиб, тошбўрон қилсин.

36 Эгамиз Мусога амр этгандай, бутун жамоа ўша одамни қароргоҳдан ташқарига олиб чиқиб, тошбўрон қилиб ўлдирди.

37 Попуклар ҳақида қоидалар Шундан кейин Эгамиз Мусога деди:

38 — Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Сизлар авлодлар оша кийимларингизнинг этагига попук қилиб осиб юринглар. Ҳар бир попукка кўк ип қўшиб эшилган бўлсин.

39 Попуклар сизларга Мен, Эгангизнинг амрларини эслатиб туради. Уларни кўрганингизда Мен сизларга берган ҳамма амрларимни эслаб, бажарасизлар. Хиёнатга етакловчи кўнглингиз, кўзингиз эҳтиросларига ортиқ берилмайсизлар.

40 Шунда сизлар Менинг ҳамма амрларимни ёдингизда тутиб бажарасизлар, Менга бағишланган бўласизлар.

41 Мен Эгангиз Худоман. Мен Худойингиз бўламан деб, сизларни Мисрдан олиб чиққанман. Ҳа, Мен Эгангиз Худоман.”

Кўрах, Датан ва Абурамнинг исёни

1-2 Бир куни Леви қабиласининг Қоҳот уруғидан бўлган Изхор ўғли Кўрах Мусога қарши исён кўтарди. У Рубен қабиласидан Элиёбнинг ўғиллари Датан ва Абурамни ҳамда Палаф ўғли Онни ёнига қўшиб олди. Исроил халқининг 250 йўлбошчиси ҳам уларга қўшилди. Бу йўлбошчилар жамоа кенгашининг тайинланган аъзоларидан бўлиб, обрўли кишилар эди.

3 Улар Мусо билан Ҳорунга қарши йиғилишиб, икковига шундай дейишди: — Сизлар ҳаддингиздан ошиб кетдингиз! Ахир, бутун жамоа ва унинг ҳар бир аъзоси Эгамизга тегишли–ку! Эгамиз ҳаммамиз билан биргадир. Нимага энди сизлар ўзингизни Эгамизнинг жамоасидан устун қўйяпсизлар?!

4 Мусо бу гапни эшитиб, мук тушди.

5 Сўнг Кўрах ва унинг шерикларига шундай деди: — Эртага эрталаб Эгамиз Ўзиникиларни кўрсатади. Ўзига тегишли бўлган одамини аён қилади. Ким Худонинг танлангани бўлса, Эгамиз ўшани Ўзига яқинлаштиради.

6 Сен, Кўрах, ҳамтовоқларинг билан бирга оловкуракларингизни олиб,

7 эртага Эгамиз олдида ўша оловкуракларингизда тутатқи тутатинглар. Ўшанда Эгамиз кимни танлаб олганини, ким Унга тегишли эканлигини кўрамиз. Эй левилар, сизлар ҳаддингиздан ошиб кетдингизлар!

8 Кейин Мусо: — Эй левилар, эшитиб олинглар! — деди Кўрахга.

9 — Исроил халқининг Худоси сизларни Исроил жамоасидан ажратиб олди. Эгамизнинг Муқаддас чодиридаги юмушларни бажаришингиз учун сизларни Ўзига яқинлаштирди. Жамоа вакили сифатида бутун халққа хизмат қилишингиз учун сизларни танлаб олди. Наҳотки шуниси сизларга камлик қилса?!

10 Эгамиз сизларни, ҳамма леви биродарларингизни Ўзига яқинлаштирган бўлса, яна руҳонийликни ҳам талаб қилишингиз нимаси?

11 Ҳорун ким бўптики, сизлар ундан минғирлаб нолисангиз? Сизлар асли Ҳорунга эмас, Эгамизга қарши йиғилгансиз!

12 Мусо Элиёбнинг ўғиллари Датан ва Абурамни чақириб келгани одам юборди. Лекин улар: — Бормаймиз! — деб айтиб юборишди.

13 — Эй Мусо, сен бизни сут ва асал оқиб ётган юртдан олиб чиқиб, саҳрода ҳалок қилмоқчи бўлдинг. Шуниси етмагандай, энди бизга хон бўлмоқчимисан?!

14 Сен бизни сут ва асал оқиб ётган юртга олиб кирмадинг, мулк қилиб далалару узумзорларни бермадинг. Шу пайтгача бизни лақиллатиб келяпсан. Йўқ, олдингга бормаймиз!

15 Буларни эшитган Мусо қаттиқ ғазабланиб, Эгамизга айтди: — Уларнинг назрларини қабул қилма. Мен уларнинг бирортасига ёмонлик қилмадим–ку, уларнинг биронтасидан ҳатто эшагини ҳам олмадим–ку!

16 Сўнг Мусо Кўрахга айтди: — Эртага ўзинг ҳам, ҳамма шерикларинг ҳам Эгамиз олдида ҳозир бўлинглар. Ҳорун ҳам шу ерда бўлади.

17 250 нафар йўлбошчининг ҳаммаси оловкуракларига тутатқи солиб, Эгамизнинг ҳузурига олиб келишсин. Сен ҳам оловкурагингни олиб кел, Ҳорун ҳам ўзиникини олиб келади.

18 Шундай қилиб, эртаси куни ҳар бир одам ўз оловкурагини олди. Оловкуракка чўғ солиб, чўғ устига тутатқи ташлади. Улар Мусо ва Ҳорун билан бирга Учрашув чодири кираверишига келиб туришди.

19 Кўрах бутун жамоани Учрашув чодири киравериши олдига — Мусо ва Ҳоруннинг рўпарасига тўплагач, Эгамиз улуғворлигини бутун жамоага зоҳир қилди.

20 Кейин Эгамиз Мусо билан Ҳорунга:

21 — Бу жамоадан нари туринглар, — деди. — Мен уларни бир зумда йўқ қилиб юбораман.

22 Иккови эса мук тушиб: — Эй Худойим! Эй одамзод руҳларининг Худоси! — деб илтижо қилишди. — Гуноҳ қилган битта одам–ку, Сен эса бутун жамоадан ғазабланяпсанми?!

23 Эгамиз Мусога деди:

24 — Жамоага айт, улар Кўрах, Датан ва Абурамнинг чодирларидан узоқроқ туришсин.

25 Мусо ўрнидан туриб, Датан билан Абурамнинг олдига кетди. Исроил оқсоқоллари ҳам Мусога эргашишди.

26 Мусо жамоага деди: — Бу қабиҳ одамларнинг чодирларидан узоқроқ туринглар. Уларнинг бирор нарсасига ҳам тегманглар. Акс ҳолда, уларнинг ҳамма гуноҳлари учун сизлар нобуд бўласизлар.

27 Жамоа Кўрах, Датан ва Абурамнинг чодирларидан узоқроққа бориб туришди. Датан ва Абурам эса хотинлари, бола–чақалари билан чодирларининг кираверишига чиқиб турган эдилар.

28 — Бу ишларнинг ҳаммасини адо этишим учун мени Эгамиз юборганини, буларни ўзимча қилмаганимни шундан биласизлар, — деди Мусо.

29 — Агар Кўрах ва унинг шериклари ўз ажали билан, ҳамма одамлар каби, ўлишса, мени Эгамиз жўнатмаган бўлади.

30 Борди–ю, Эгамиз фавқулодда бир нарса қилса — ер ёрилиб уларни бор нарсаси билан ютиб юборса, улар ўликлар диёрига тириклайин кириб кетишса, билингларки, ўша одамлар Эгамизни хўрлаган бўлади.

31 Мусо гапини энди тугатган ҳам эдики, ўша одамларнинг оёғи остидаги ер ёрилиб кетди.

32 Ернинг оғзи катта очилиб, уларни оила аъзолари, Кўрахнинг ҳамма шериклари, мол–мулки билан бирга ютиб юборди.

33 Шундай қилиб, улар жамики мол–мулки билан бирга тириклайин ўликлар диёрига кириб кетишди. Ер ёпилиб, уларни жамоа орасидан ғойиб қилди.

34 Уларнинг фарёдидан атрофда турган Исроил халқи: “Бизни ҳам ер ютиб юбормасин!” деб бақирганча тумтарақай бўлди.

35 Шу пайт Эгамиз аланга юбориб, тутатқи тутатган 250 нафар одамни куйдириб юборди.

36 Эгамиз яна Мусога деди:

37-38 — Ҳоруннинг ўғли руҳоний Элазарга айт. У гуноҳлари учун ўлдирилганларнинг оловкуракларини ёнғин орасидан йиғиштириб олсин. Оловкураклардаги чўғларни бир четга чиқариб ташласин, чунки оловкураклар муқаддасдир. Бу оловкураклар Менга назр қилиш учун фойдаланилганда, муқаддас бўлган. Бу оловкуракларни ёйиб, қурбонгоҳни қоплаш учун тунука қилинглар. Булар Исроил халқини огоҳлантирувчи бир белги бўлади.

39 Руҳоний Элазар куйиб ўлганларнинг тутатқи тутатган бронза оловкуракларини йиғиштириб олди. Сўнг у оловкуракларни ёйиб, қурбонгоҳни қоплаш учун тунука ҳолига келтирди.

40 Ҳоруннинг наслидан бўлмаган бирорта одам Эгамизнинг олдида тутатқи тутатиб, Кўрах ва унинг шериклари каби ҳалок бўлмаслиги учун, бу тунука Исроил халқини огоҳ қилиб турарди. Шундай қилиб, Эгамизнинг Мусо орқали берган кўрсатмалари амалга оширилди.

41 Ҳорун халқни қутқаради Эртасига жамики Исроил жамоаси Мусо билан Ҳорундан норози бўлиб: “Эгамизнинг халқини сизлар ўлдирдингизлар”, деб минғирлай бошлади.

42 Жамоа уларга қарши йиғилган пайтда Мусо билан Ҳорун Учрашув чодири томон қарашса, Чодирни булут қоплаб олган, Эгамиз улуғворлигини зоҳир қилган экан.

43 Улар Учрашув чодирининг олд томонига бориб туришганда,

44 Эгамиз Мусога деди:

45 — Бу жамоадан нари тур, Мен уларни ҳозирнинг ўзидаёқ йўқ қилиб юбораман. Аммо Мусо билан Ҳорун ерга мук тушди.

46 Мусо Ҳорунга деди: — Қани, бўл, оловкурагингни ол! Қурбонгоҳдан оловкуракка чўғ солиб, устига тутатқи ташла–да, тезроқ жамоанинг олдига бор. Уларни гуноҳларидан покла. Эгамиз ғазабини сочди, одамлар ўлатдан нобуд бўляпти.

47 Ҳорун Мусо буюргандай қилиб, жамоанинг орасига югуриб борди. Одамлар ҳақиқатан ҳам ўлатдан нобуд бўлишаётган эди. Ҳорун тутатқи тутатиб, Исроил халқини гуноҳларидан поклади.

48 У тириклар билан марҳумларнинг ўртасига турган эди, ўлат тўхтади.

49 Лекин ўлатдан 14.700 киши нобуд бўлган эди. Кўрахнинг қилмиши туфайли ўлганлар бу ҳисобга кирмасди.

50 Ўлат тўхтагандан кейин Ҳорун Учрашув чодирининг кираверишида турган Мусонинг ёнига қайтиб келди.

Ҳоруннинг таёғи

1 Шундан кейин Эгамиз Мусога деди:

2 — Исроил халқига айт, улар ҳар бир қабила йўлбошчисининг таёғини олиб келишсин. Ҳаммаси бўлиб ўн иккита таёқ бўлсин. Ҳар бир қабила йўлбошчисининг исмини ўз таёғига ёзиб қўйинглар.

3 Леви қабиласининг таёғига Ҳоруннинг исмини ёзинглар, ҳар бир қабила йўлбошчисидан биттадан таёқ бўлиши лозим.

4 Сен таёқларни Учрашув чодирига олиб кириб, Мен сен билан учрашадиган жойга — Аҳд сандиғи олдига қўй.

5 Мен танлаган одамнинг таёғи куртак чиқаради. Шундай қилиб, сенга қаршилик қилаётган Исроил халқининг минғирлаб нолишларига Мен чек қўяман.

6 Мусо Исроил халқига Эгамизнинг гапларини айтди. Йўлбошчилар ҳар бир қабила номидан биттадан таёқни беришди, ҳаммаси бўлиб ўн иккита таёқ бўлди. Ҳоруннинг таёғи ҳам ўша таёқлар орасида эди.

7 Мусо таёқларни Муқаддас аҳд чодирига — Эгамизнинг олдига қўйди.

8 Эртаси куни Мусо Муқаддас аҳд чодирига кириб қараса, Ҳоруннинг Леви қабиласини ифода этган таёғи куртак ёзибди, кўкариб, гуллабди, ҳатто бодом тугибди.

9 Мусо Эгамизнинг ҳузуридаги ҳамма таёқларни Исроил халқи олдига олиб чиқиб кўрсатди. Ҳар бир йўлбошчи ўз таёғини олди.

10 Эгамиз Мусога шундай амр берди: — Ҳоруннинг таёғини Аҳд сандиғи олдига қайтариб олиб бориб қўй. Таёқ доимо ўша ерда сақланиб, исёнчиларни огоҳ қилиб турсин. Шундай қилиб, сен уларнинг минғирлаб нолишларига чек қўйиб, уларнинг қирилиб кетишига йўл қўймайсан.

11 Эгамиз қандай амр этган бўлса, Мусо ҳаммасини бажарди.

12 Исроил халқи эса Мусога фарёд қилди: — Шўримиз қуриди! Кунимиз битди!

13 Эгамизнинг Муқаддас чодирига яқин борганлар нобуд бўлишади. Биз ҳаммамиз қирилиб кетамиз!

Руҳонийлар ва левиларнинг бурчлари

1 Эгамиз Ҳорунга деди: “Сен, ўғилларинг ва бутун Леви қабиласи Муқаддас чодирга нисбатан қилинган ҳар қандай айб учун жавобгар бўласизлар. Руҳонийлик хизматида йўл қўйилган айблар учун эса фақатгина сен ва ўғилларинг жавобгар бўласизлар.

2 Қабиладош леви биродарларингни ёнингга ол. Сен ўғилларинг билан Муқаддас аҳд чодирида хизмат қилаётганингда, улар сизларга ёрдам беришади.

3 Левилар сизларнинг назоратингиз остида хизмат қилиб, Муқаддас чодирга оид барча юмушларни бажаришади. Лекин улар муқаддас жиҳозларга ва қурбонгоҳга зинҳор яқинлашмасинлар, акс ҳолда, улар ҳам, сизлар ҳам ҳалок бўласизлар.

4 Левилар сизларга қўшилишиб, Учрашув чодиридаги барча вазифаларни бажаришсин. Левилардан бошқа бирортаси сизлар билан бирга хизмат қилмасин.

5 Менинг ғазабим Исроил халқига қарши яна авж олмаслиги учун Чодирнинг Муқаддас хоналарида ва қурбонгоҳда фақатгина сен ўғилларинг билан хизмат қилгин.

6 Леви биродарларингни Мен Ўзим сенга ёрдамчи қилиб, Исроил халқи орасидан танлаб олганман. Улар Учрашув чодирида хизмат қилишлари учун Мен, Эгангизга бағишланган.

7 Шундай бўлса–да, қурбонгоҳ ва ички парда орқасидаги Энг муқаддас хона билан боғлиқ бўлган барча руҳонийлик хизматини фақат сен ўғилларинг билан бажар. Руҳонийликни Мен сизларга ҳадя қилиб бердим. Муқаддас буюмлар олдига келган бошқа ҳар қандай одамнинг жазоси ўлимдир.”

8 Руҳонийларнинг улуши Эгамиз яна Ҳорунга деди: “Исроил халқи Менга олиб келган ҳамма муқаддас назрларни назорат қилишни сенга топширдим. Бу назрларни сенга ва ўғилларингга доимий улуш қилиб бердим.

9 Исроил халқи Менга берадиган энг муқаддас назрларнинг, яъни дон назри, гуноҳ қурбонлиги ва айб қурбонликларининг куйдирилмайдиган қисми сен билан ўғилларингга тегишлидир.

10 Буларни муқаддас жойда тановул қилинглар. Бу назрларни фақат эркаклар тановул қилишлари мумкин. Бу назрларни ғоят муқаддас деб билинглар.

11 Қурбонгоҳ олдида Исроил халқи юқорига кўтариб, Менга берган бошқа ҳамма назрлар ҳам сен билан ўғил–қизларингнинг доимий улушидир. Хонадонингдаги ҳар бир пок одам бу назрларни тановул қилиши мумкин.

12 Одамлар Мен, Эгангизга назр қилган илк ҳосилнинг энг сифатли зайтун мойини, шаробини ва донини ҳам Мен сизларга бердим.

13 Менга назр қилинган бутун юртнинг илк ҳосили сизларники бўлади. Хонадонингиздаги ҳар бир пок одам бу назрларни тановул қилиши мумкин.

14 Исроилда Менга тамомила бағишланган ҳар бир нарса сизларники бўлади.

15 Исроил халқи Менга назр қилган ҳар бир тўнғич ўғил ва ҳайвонларининг биринчи эркак боласи ҳам сизларникидир. Лекин сизлар уларнинг ҳар бир тўнғич ўғли эвазига ҳамда ҳаром ҳайвоннинг биринчи эркак боласи эвазига улардан кумуш олишларингиз шарт.

16 Ҳар бир тўнғич ўғил бир ойлик бўлганда, уларнинг эвазига беш бўлакдан кумуш олинглар. Ҳар бир кумуш бўлакнинг оғирлиги 2,5 мисқол бўлсин.

17 Лекин сигирнинг, қўйнинг ва эчкининг биринчи боласи эвазига ҳеч қандай тўлов олма. Бу жониворлар фақат Менга тегишлидир. Уларнинг қонини қурбонгоҳга сеп, ёғини эса Мен, Эгангизга ёқимли ҳид келиши учун оловда куйдир.

18 Қўчқорнинг юқорига кўтарилган тўши ва ўнг сони сеники бўлгани каби, бу жониворларнинг гўшти ҳам сеники бўлади.

19 Исроил халқи Менга келтирадиган эҳсонларнинг ҳаммасини Мен сенга ва ўғил–қизларингга доимий улуш қилиб бераман. Бу сен ва сенинг наслинг билан Менинг ўртамдаги қатъий аҳддир.”

20 Сўнг Эгамиз Ҳорунга яна деди: “Сизлар Исроил юртида улуш олмайсизлар, халқингиз орасида сизларга бир бўлак ер ҳам берилмайди. Зотан, Исроил халқи орасидаги улушингиз ҳам, мулкингиз ҳам Менман.

21 Левиларнинг улуши Левиларнинг Учрашув чодирида қилган хизмати эвазига Мен уларга Исроил юртидаги ҳамма ушрларни хизмат ҳақи қилиб бераман.

22 Бундан буён Исроил халқи Учрашув чодирига яқин келмасин. Акс ҳолда, улар қилган гуноҳи учун жазо тортиб ўладилар.

23 Левилар эса Учрашув чодирида хизмат қилиб, Чодирга нисбатан қилинган ҳар қандай айб иш учун жавобгар бўлишади. Бу авлодларингиз оша абадий қонун–қоида бўлсин. Левилар Исроил халқи орасида ерни улуш қилиб олишмайди.

24 Бунинг ўрнига, Мен уларга Исроил халқининг Менга назр қилган барча ушрларини бераман. Шу сабабли Мен, левилар Исроил халқи орасида улуш олмайди, деб айтган эдим.”

25 Левиларнинг ушри Эгамиз яна Мусога деди:

26 — Левиларга Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз Исроил халқининг ушрини сизларга улуш қилиб берган. Сизлар ушрни олганингизда, шу ушрнинг ўндан бир қисмини Эгамизга назр қилиб беринглар.

27 Эгамиз бу назрингизни дон билан шаробнинг илк ҳосили ўрнида қабул қилиб олади.

28 Демак, сизлар Исроил халқидан оладиган жамики ушрингизнинг ўндан бир қисмини Эгамизга назр қилишингиз шарт. Ўша назрни руҳоний Ҳорунга беринглар.

29 Исроил халқидан қабул қилган ушрнинг фақатгина энг сифатлисини Эгамизга назр қилинглар.

30 Исроил халқи Эгамизга дон билан шароб назрларини келтиргандан кейин ҳосилнинг қолганини ўзларига қолдирадилар. Шу сингари, сизлар ҳам ушрларнинг энг сифатлисини Эгамизга бағишлаганингиздан кейин, қолганини ўзингизга олинглар.

31 Қолганини ўзингиз оилангиз билан ҳар қандай жойда еб–ичишингиз мумкин. Булар Учрашув чодирида қилган хизматингиз учун тўловдир.

32 Эгамизга ушрнинг энг сифатлисини бағишлаганингиздан кейингина ушрнинг қолганини ейишингиз мумкин, шунда сизлар айбдор ҳисобланмайсизлар. Шундай йўл тутсангиз, Исроил халқининг муқаддас ҳадяларини булғамаган бўласизлар, ўзларингиз нобуд бўлмайсизлар.”

Малла ғунажиннинг кули

1-2 Мусо билан Ҳорун орқали Исроил халқига Эгамиз қуйидаги қонунни берди: сизлар бизга битта нуқсонсиз малла ғунажинни олиб келинглар. Ғунажинга бўйинтуруқ урилмаган бўлсин.

3 Малла ғунажинни руҳоний Элазарга беринглар. Сўнг ғунажинни қароргоҳдан ташқарига олиб чиқиб, Элазарнинг олдида сўйинглар.

4 Руҳоний Элазар ғунажиннинг қонига бармоғини ботириб, қонни Учрашув чодирининг олди томонига қарата етти марта сачратсин.

5 Сўнг жонивор бутунлигича — териси, гўшти, қони, ичак–човоқлари билан бирга Элазарнинг кўзи олдида куйдирилсин.

6 Руҳоний садр ёғочини, қирмизи ипни ва бир тутам иссоп ўтини олиб, куйдирилаётган ғунажин қурбонлиги устига ташласин.

7 Сўнг руҳоний ювиниб, кийимларини ҳам ювсин. Шундан кейингина у қароргоҳга қайтиб кириши мумкин. Лекин руҳоний кечгача ҳаром бўлади.

8 Ғунажинни ёққан одам ҳам ювиниб, кийимларини ювсин. У ҳам кечгача ҳаром бўлади.

9 Кейин бирорта пок одам ғунажиннинг кулини йиғиштириб, қароргоҳ ташқарисидаги тоза жойга олиб бориб қўйсин. Исроил халқи бу кулни покланиш сувига солиб ишлатиш учун сақласин. Бу кул одамларни гуноҳлардан поклаш маросимида ишлатилади.

10 Ғунажиннинг кулини йиғиштирган одам ҳам кийимларини ювсин, у ҳам кечгача ҳаром бўлади. Бу Исроил халқи учун ҳам, уларнинг орасида яшаётган мусофирлар учун ҳам доимий қонун–қоидадир.

11 Мурдадан булғанган одамнинг покланиши Ҳар қандай кишининг мурдасига теккан одам етти кун ҳаром бўлади.

12 Мурдага теккан одам покланиш суви билан учинчи ва еттинчи куни ўзини покласин. Шунда у пок бўлади. Ўша одам учинчи ва еттинчи куни ўзини покламаса, ҳаром бўлиб қолаверади.

13 Мурдага тегиб, ўзини покламаган одам Эгамизнинг Муқаддас чодирини булғаган бўлади. Покланиш суви ўша одамнинг устига сепилмагани учун у ҳаромлигича қолади. Бундай одам Исроил халқи орасидан йўқ қилинсин.

14 Агар одам чодирда вафот этса, қуйидаги қоидага риоя қилинглар: ўша пайтда чодирда бўлган ва чодирга кирган ҳамма одамлар етти кун ҳаром бўлишади.

15 Чодирдаги қопқоғи ёпилмаган, усти очиқ ҳар қандай идиш ҳам ҳаром бўлади.

16 Агар бирорта одам очиқ майдонда ўлдирилган ёки ўз ажали билан ўлган кимсанинг жасадига, марҳумнинг суягига ёки қабрига тегса, у етти кун ҳаром бўлади.

17 Ҳаром бўлган одам учун гуноҳдан поклаш мақсадида куйдирилган малла ғунажиннинг кулидан олиб идишга солинглар, сўнг кулнинг устига оқар сувдан қуйинглар.

18 Пок одам иссопни олиб, сувга ботирсин–да, сувни чодирга, чодирдаги ҳамма жиҳозларга, чодирдаги одамларга сепсин. Одамнинг суягига, марҳумга, ўлдирилган кимсанинг жасадига ёки қабрга теккан одамнинг устига ҳам ўша сувдан сепсин.

19 Учинчи ва еттинчи кунлари пок одам ҳаром одамга сувдан сепиб, еттинчи куни уни покласин. Покланган одам ювиниб, кийимларини ювсин. Ана шунда кечқурунга бориб у пок бўлади.

20 Ҳаром бўла туриб ўзини покламаган ҳар қандай одам Исроил жамоаси орасидан йўқ қилинсин. Чунки покланиш суви сепилмаган ўша одам ҳаромлигича қолиб, Эгамизнинг Муқаддас чодирини булғаган бўлади.

21 Бу сизлар учун доимий қонун–қоидадир. Покланиш сувини сепган одам кийимларини ювсин. Покланиш сувига теккан ҳар қандай одам кечгача ҳаром бўлиб қолади.

22 Ҳаром одам теккан ҳар қандай нарса ҳаромдир. Ҳаром одамга теккан одам ҳам кечгача ҳаром бўлади.

Кадешдаги воқеалар

1 Биринчи ойда бутун Исроил жамоаси Зин чўлига етиб келди ва Кадешда ўрнашди. Марям ўша ерда вафот этиб, дафн қилинди.

2 У ерда жамоа учун ичишга сув йўқ эди. Шу сабабли халқ Мусо билан Ҳорунга қарши йиғилиб,

3 Мусога таъна қила бошлашди: — Биз ҳам қариндошларимиз билан бирга Эгамиз олдида қирилиб кетсак бўлмасмиди–я!

4 Нимага сизлар Эгамизнинг жамоасини мана шу саҳрога олиб келдингизлар? Биз мол–ҳолимиз билан бирга қирилиб кетишимиз учунми?!

5 Нимага бизни Мисрдан олиб чиқиб, мана шу касофат жойга олиб келдингизлар ўзи? Бу ерда экин экиб бўлмаса, бирорта анжир дарахти, узум ёки анорлар бўлмаса. Бу ерда ҳатто ичишга сув ҳам топиб бўлмайди–ку!

6 Мусо билан Ҳорун жамоа олдидан кетишди. Улар Учрашув чодири кираверишига бориб, мук тушишди. Шунда Эгамиз улуғворлигини уларга зоҳир қилди.

7 Эгамиз Мусога деди:

8 — Таёғингни ол. Аканг Ҳорун билан биргаликда жамоани йиғинглар. Сўнг жамоанинг кўзи олдида қояга буйруқ беринглар. Шунда қоядан сув чиқади. Шу йўсинда сизлар қоядан сув чиқариб, жамоага ҳам, уларнинг молларига ҳам сув берасизлар.

9 Мусо Эгамизнинг айтганини қилиб, Эгамиз ҳузуридаги таёқни олди.

10 Сўнг Мусо билан Ҳорун жамоани қоя ёнига йиғишди. Мусо уларга: — Қулоқ солинглар, эй исёнчилар! Мана шу қоядан биз сизларга сув чиқариб беришимиз керакми? — деди.

11 Мусо қўлини кўтариб, қояга таёғи билан икки марта урган эди, қоядан шариллаб сув оқди. Жамоанинг ўзи ҳам, уларнинг моллари ҳам сув ичди.

12 Шунда Мусо билан Ҳорунга Эгамиз деди: — Менга етарлича ишонмаганингиз учун, Исроил халқига Менинг муқаддаслигимни намоён қилмаганингиз учун бу жамоани Мен уларга берадиган юртга сизлар бошлаб кирмайсиз.

13 Исроил халқи бу ерда Эгамиздан нолигани учун бу жой Марива деб ном олди. Ўша жойда Эгамиз Исроил халқига Ўзининг муқаддаслигини намоён қилди.

14 Исроил халқи ўтиб кетишига Эдом шоҳи ижозат бермайди Мусо Кадешдан Эдом шоҳига чопарлар орқали қуйидаги мазмунда бир хабар жўнатди: “Биз, Исроил халқи, сизнинг жигарингизмиз. Бизнинг бошимизга тушган кулфатлардан сизлар хабардорсиз.

15 Бизнинг оталаримиз Мисрга кўчиб борган эдилар. Биз Мисрда узоқ вақт яшадик. Мисрликлар оталаримизга ҳам, бизга ҳам зулм ўтказишди.

16 Кейин биз Эгамизга ёлвориб илтижо қилган эдик, У бизнинг илтижоимизни эшитди. У фариштасини жўнатиб, бизни Мисрдан олиб чиқди. Мана энди биз Кадешда — юртингиз чегарасидаги шаҳарда турибмиз.

17 Бизга юртингиз орқали ўтиб кетишга ижозат берсангиз. Биз экинзорларингиз ва узумзорларингизга кирмаймиз, қудуқларингиз сувидан ичмаймиз. Сизнинг юртингиздан ўтиб кетгунимизча, фақат Шоҳ йўлидан юрамиз, йўлдан ўнгга ҳам, чапга ҳам чиқмаймиз.”

18 Лекин Эдом шоҳи Мусога: “Менинг юртимдан ўта кўрма, акс ҳолда, устингга қилич яланғочлаб бостириб бораман”, деб жавоб юборди.

19 Исроил халқи эса Эдом шоҳидан илтимос қилди: “Биз катта йўлдан кетамиз. Агар сувингиздан ўзимиз ёки молларимиз ичса, ҳақини тўлаймиз. Биз бор–йўғи юртингиздан ўтиб кетмоқчимиз, холос.”

20 Лекин Эдом шоҳи: “Ўтмайсизлар!” деб туриб олди. У Исроил халқига қарши тиш–тирноғигача қуролланган катта лашкарини бошлаб чиқди.

21 Хуллас, Эдом шоҳи Исроил халқига ўз юртидан ўтиб кетишга ижозат бермади. Исроил халқи Эдом юртини четлаб ўтиб кетди.

22 Ҳоруннинг ўлими Бутун Исроил жамоаси Кадешдан жўнаб, Хўр тоғига етиб келди.

23 Эгамиз Мусо билан Ҳорунга Хўр тоғида — Эдом юрти чегарасида шундай деди:

24 — Ҳоруннинг бу оламдан кўз юмадиган вақти келди. Мен Исроил халқига берадиган юртга у кирмайди. Чунки сизлар икковингиз Марива сувлари бўйида Менинг амримга қарши чиқдингизлар.

25 Энди сен Ҳорун билан унинг ўғли Элазарни Хўр тоғига бошлаб чиқ.

26 Ҳоруннинг устидан руҳонийлик кийимларини ечиб олиб, ўғли Элазарга кийгиз. Ҳорун ўша ерда вафот этади.

27 Мусо Эгамиз амр бергандай қилди. Учалови Хўр тоғига чиқишди, бутун жамоа буни кўриб турди.

28 Мусо Ҳоруннинг устидан кийимларини ечиб олиб, унинг ўғли Элазарга кийгизди. Ҳорун ўша ерда — тоғ тепасида вафот этди. Шундан сўнг Мусо билан Элазар тоғдан қайтиб тушишди.

29 Бутун жамоа Ҳоруннинг вафот этганини билди. Жамики Исроил халқи Ҳорун учун ўттиз кун аза тутди.

Канъон халқи устидан эришилган ғалаба

1 Нагав чўлида истиқомат қилаётган Арод шоҳи: “Исроил халқи Оторим йўлидан келаётган экан” деган хабарни эшитиб, жангга отланди. Канъон наслидан бўлган бу шоҳ Исроил халқи билан жанг қилиб, улардан бир нечтасини асир олди.

2 Бу воқеадан сўнг Исроил халқи Эгамизга қасам ичиб, шундай деди: — Эй Эгамиз! Агар Сен шу халқни бизнинг қўлимизга берсанг, уларнинг ҳамма шаҳарларини бутунлай вайрон қиламиз.

3 Эгамиз Исроил халқининг илтижосини эшитиб, Канъон халқини уларнинг қўлига берди. Улар Канъонликларни қириб ташлаб, шаҳарларини бутунлай вайрон қилишди. Шунинг учун бу жойга Хўрмах деб ном берилди.

4 Бронзадан ясалган илон Исроил халқи Хўр тоғини тарк этиб, Эдом ерларини четлаб ўтиш учун Қизил денгизга борадиган йўлдан кетди. Лекин халқ йўлда кетаётиб, яна сабрсизлик қилди.

5 Улар минғирлаб Худодан ва Мусодан нолий бошладилар: — Нимага бизни Мисрдан олиб чиқдингизлар? Саҳрода ўлиб кетишимиз учунми?! Бу ерда на нон бор, на сув. Мана бу бўлмағур манна меъдамизга тегиб кетди–ку!

6 Шу воқеадан кейин Эгамиз халқ орасига заҳарли илонларни жўнатди, илонлар Исроил халқининг кўпчилигини чақиб ўлдирди.

7 Охири халқ Мусонинг олдига келиб: — Биз Эгамизга ҳам, сенга ҳам қарши гапириб гуноҳ қилдик, — деди, — Эгамизга илтижо қил, У бизнинг орамиздан илонларни даф қилсин. Мусо халқ учун Эгамизга илтижо қилди.

8 Шунда Эгамиз Мусога деди: — Илон ясаб, уни ходага маҳкамлаб қўй. Илон чаққан одам ўшанга қараб тирик қолади.

9 Мусо бронзадан илонни ясаб, уни ходага маҳкамлаб қўйди. Илон чаққан одам бронзадан ясалган илонга қараганда, ўлмасдан тирик қоларди.

10 Хўр тоғидан — Мўаб водийсига Исроил халқи сафарини давом эттириб, Обўтда қароргоҳ қурди.

11 Сўнг улар Обўтдан ҳам кетиб Ивай–Аборимга қўнишди. Ивай–Аборим Мўаб юртининг шарқидаги саҳрода жойлашган эди.

12 У ердан ҳам кетиб, Зарад сойлигида тўхташди.

13 Сўнг яна йўлга чиқиб, Арнон сойлигининг шимолий қирғоғига — Амор юртининг чегарасига туташ бўлган саҳрога жойлашишди. Арнон сойлиги Амор ва Мўаб юртларининг ўртасида чегара эди.

14 Шу сабабдан “Эгамизнинг жангномаси” китобида Суфа ерларидаги Воҳиб шаҳри ва сойликлар тилга олинади. Шунингдек, Арнон сойлиги

15 ва Мўаб чегарасидаги Ор шаҳригача чўзилган дарёнинг ирмоқлари эсланади.

16 Исроил халқи у ердан чиқиб, Бэр деган жойдаги қудуққа йўл олди. Ўша қудуқ ёнида Эгамиз Мусога: “Халқни йиғ, Мен уларга сув бераман”, деди.

17 Ўшанда Исроил халқи шу қўшиқни куйлади: “Тўлиб–тош, эй қудуқ, Қудуқ ҳақида куйланг!

18 Йўлбошчилар қазиганди бу қудуқни, Асилзодалар ковлаганди бу қудуқни Салтанат ҳассалари ила, Салтанат тамғалари ила.” Сўнг улар саҳродан Маттоно шаҳрига йўл олдилар.

19 Маттонодан эса Наҳалиёлга, Наҳалиёлдан Бомўтга,

20 Бомўтдан Мўаб ерларидаги водийга боришди. Фисгах тоғ тизмаси ёнидаги бу водийдан саҳронинг манзараси очиларди.

21 Шоҳ Сихўн ва шоҳ Ўг устидан қозонилган ғалаба Кейин Исроил халқи Амор халқининг шоҳи Сихўнга шу гапни айтиш учун чопарлар жўнатди:

22 “Бизга юртингиз орқали ўтиб кетишга ижозат берсангиз. Биз экинзорларингизга, узумзорларингизга кирмаймиз, қудуқларингиз сувидан ичмаймиз. Сизнинг юртингиздан ўтиб кетгунча, фақат Шоҳ йўлидан юрамиз.”

23 Лекин Сихўн Исроил халқига ўз юртидан ўтиб кетишга ижозат бермади. У жамики лашкарини йиғиб, саҳродаги Яхаз шаҳри ёнида Исроил халқига ҳужум қилди.

24 Жангда Исроил халқи Сихўнни мағлуб этди ва Арнон сойлигидан тортиб, Явоқ дарёсигача бўлган ҳамма ерларини эгаллаб олди. Лекин Оммон халқининг чегарасидан у ёғига ўтмади, чунки Оммон юртининг чегараси мустаҳкам эди.

25 Исроил халқи Амор халқининг ҳамма шаҳарларини, хусусан, Хашбон шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларни босиб олиб, ўша шаҳарларда ўрнашиб олди.

26 Хашбон шаҳри Амор шоҳлигининг пойтахти эди. Амор шоҳи Сихўн Мўабнинг олдинги шоҳи билан жанг қилиб, унинг Арнон сойлигигача бўлган ҳамма ерларини босиб олган эди.

27 Шунинг учун достончилар айтишарди: “Хашбонга келинглар, қайта қуринглар уни, Мустаҳкам этинглар Сихўн шаҳрини.

28 Олов чиқиб кетди–ку Хашбон шаҳридан, Аланга чиқди шоҳ Сихўннинг шаҳридан. Ёнғин яксон қилди Мўабдаги Ор шаҳрини, Йўқ қилди Арнон қирлари шоҳларини.

29 Ҳолингга вой, эй Мўаб халқи! Тамом бўлдингиз, Хамўш ихлосмандлари! Хамўш қочқин қилди ўғилларингизни, Амор халқининг шоҳи Сихўнга асир қилди Сизнинг қиз–жувонларингизни.

30 Қириб ташладик биз уларни, Хашбондан Дибонга қадар йўқ қилдик ҳаммасини. Нўфахдан Мидавога қадар хонавайрон қилдик уларни.”

31 Шундай қилиб, Исроил халқи Амор халқининг юртида ўрнашиб олди.

32 Мусо Язир шаҳрига айғоқчилар жўнатди. Исроил халқи Язир ва унинг атрофидаги қишлоқларни босиб олиб, у ерда истиқомат қилаётган Амор халқини ҳайдаб чиқарди.

33 Сўнг улар Башан ўлкасига йўл олишди. Башан шоҳи Ўг жамики лашкарини бошлаб, Эдрей шаҳри яқинида Исроил халқи билан жанг қилгани чиқди.

34 Шунда Эгамиз Мусога деди: — Ўгдан қўрқма. Мен унинг ўзини, лашкарини ва бутун юртини сенинг қўлингга берганман. Сен Ўгнинг бошига Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўннинг кунини соласан.

35 Исроил халқи Ўгни, унинг ўғилларини, бутун халқини битта қолдирмай қириб ташлади. Сўнг улар Ўгнинг юртини қўлга киритишди.

Мўаб шоҳи Баломни чақиртиради

1 Исроил халқи йўлда давом этди. Мўаб текислигига етиб келиб, Ерихо шаҳрининг рўпарасида — Иордан дарёсининг шарқида қароргоҳ қурди.

2 Исроил халқи Амор халқини қандай аҳволга солгани ҳақидаги хабар Мўаб шоҳи — Зиппур ўғли Болоққа ҳам етиб борган эди.

3 Исроил халқи кўплигидан бутун Мўаб халқи қаттиқ ваҳимага тушганди.

4 Мўаб оқсоқоллари Мидиён оқсоқолларига: — Ҳўкиз даладаги ўтларни еб битиргани сингари, анави оломон ҳам теварак–атрофимиздаги ҳамма нарсани еб битиради–ку! — деди. Ўша даврда Мўабда ҳукмронлик қилаётган Зиппур ўғли Болоқ,

5 Бавўр ўғли Баломни чақирай деб, унинг олдига чопарлар жўнатди. Балом ўз она юрти, Фурот дарёси қирғоғидаги Патўр шаҳрида истиқомат қилар эди. Болоқ Баломга шундай деб даъват қилди: “Мисрдан чиққан бир халқ ер юзини босиб кетди. Энди эса улар шундоққина менинг биқинимда ўрнашиб олишди.

6 Мен уларга бас кела олмайман. Сен келиб, ўша халқни мен учун лаънатла. Балки шунда мен Исроил халқини мағлуб қилиб, юртимдан қувиб чиқара оларман. Шуни биламанки, сен кимни дуо қилсанг, ўша дуо олади, кимни лаънатласанг, ўша лаънати бўлади.”

7 Шундай қилиб, Мўаб ва Мидиён оқсоқоллари Баломнинг олдига борар эканлар, унга тўланадиган лаънат ҳақини ҳам ўзлари билан олиб кетдилар. Улар Баломнинг ҳузурига келишгач, унга шоҳ Болоқнинг гапларини айтишди.

8 — Шу ерда тунаб қолинглар, — деди Балом оқсоқолларга. — Эгамизнинг берган жавобини мен эртага сизларга айтаман. Мўаб оқсоқоллари Баломникида қолишди.

9 Худо Баломнинг олдига келиб, ундан: — Уйингдаги одамлар ким? — деб сўради.

10 Балом Худога шундай жавоб берди: — Мўаб шоҳи Зиппур ўғли Болоқ менга қуйидагича хабар юборибди:

11 “Мисрдан чиққан бир халқ ер юзини босиб кетди, бу ёққа кел, ўша халқни мен учун лаънатла, балки ўшандагина мен у халққа зарба бериб, ўз юртимдан қувиб чиқара оларман.”

12 — Улар билан борма! — деди Худо Баломга. — У халқни зинҳор лаънатлай кўрма, чунки у халққа Мен барака берганман.

13 Балом эрталаб туриб: — Юртингизга қайтиб кетаверинглар, Эгамиз сизлар билан кетишимга ижозат бермади, — деди Болоқнинг аъёнларига.

14 Мўаб аъёнлари Болоқ олдига қайтиб бориб: “Балом бизлар билан келишга рози бўлмади”, дейишди.

15 Болоқ эса олдингидан ҳам кўпроқ ва обрўлироқ аъёнларини юборди.

16 Улар Баломнинг олдига келиб, шундай дейишди: “Зиппур ўғли Болоқ шундай демоқда: Балом қандай қилиб бўлса ҳам ҳузуримга келсин,

17 мен уни яхшилаб тақдирлайман, нима истаса муҳайё қиламан. Фақат келиб, ўша халқни мен учун лаънатласин.”

18 Балом эса Болоқнинг аъёнларига шундай жавоб берди: — Болоқ менга саройидаги ҳамма олтину кумушини берса ҳам, мен Эгам Худонинг амридан четга чиқа олмайман. Ҳатто кичик масалада ҳам ўз ихтиёрим билан иш тута олмайман.

19 Яхшиси, сизлар, олдингилар каби, бу кеча шу ерда тунаб қолинглар. Эгамиз яна нима дер экан, мен билай–чи.

20 Шу кеча Худо Балом олдига келиб, унга деди: — Агар бу одамлар сени ўзлари билан олиб кетгани келган бўлсалар, отлангин–у, улар билан бирга кет. Лекин сен фақат Менинг айтганимни қиласан.

21 Балом ва унинг эшаги Балом эрталаб турди. Эшагини эгарлаб, Мўаб аъёнлари билан бирга жўнади.

22 Балом кетганда, Худо қаттиқ ғазабланди. Эгамизнинг фариштаси Баломга қаршилик кўрсатиш учун унинг йўлини тўсиб олди. Балом эшагини миниб, ёнидаги иккита хизматкори билан йўлда кетаётган эди.

23 Бирданига эшак йўл устида қилич яланғочлаб турган Эгамизнинг фариштасини кўриб қолди–да, йўлидан бурилиб, дала ичига кириб кетди. Балом эса эшакни йўлга солиш учун савалай бошлади.

24 Эгамизнинг фариштаси энди узумзорлар орасидан ўтган тор сўқмоқда туриб олди. Йўлнинг иккала томони ҳам девор эди.

25 Эшак Эгамизнинг фариштасини кўрди–ю, деворга қапишиб, Баломнинг оёғини қисиб қўйди. Балом яна эшакни ура бошлади.

26 Эгамизнинг фариштаси яна олдинга ўтиб, тор жойга туриб олди. Энди эшак ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилиб кета олмас эди.

27 Эшак Эгамизнинг фариштасини кўргач, ётиб олди. Балом эса бундан қаттиқ ғазабланиб, эшакни таёғи билан савалай бошлади.

28 Шу пайт Эгамизнинг қудрати билан эшак тилга кириб: — Мен сенга нима қилдим? Нимага сен мени уч марта урдинг? — деди Баломга.

29 — Сен мени аҳмоқ қилдинг! — деб дўқ қилди Балом. — Агар қўлимда қиличим бўлганда эди, сени ҳозироқ чопиб ташлаган бўлар эдим.

30 — Ахир, сен мени илгаридан миниб юрасан–ку! Мен сенинг ўша–ўша эшагингман. Олдин ҳам шунақа қилиқ қилганмидим?! — деди эшак. — Йўқ, — деди Балом.

31 Шу он Эгамиз Баломнинг кўзини очиб юборган эди, у йўлда турган Эгамизнинг фариштасини кўриб қолди. Фаришта қўлида қиличини яланғочлаб турарди. Балом ерга мук тушди.

32 Эгамизнинг фариштаси Баломга деди: — Нимага сен эшагингни уч марта урдинг? Тутган йўлинг Менинг назаримда эгри бўлгани учун, Мен сенга қаршилик кўрсатиш мақсадида келдим.

33 Эшагинг эса мени кўрди–ю, уч марта ўзини четга олиб қочди. Агар у менинг олдимдан бурилиб кетмаганда эди, Мен сени ўлдириб, эшагингни тирик қолдирган бўлардим.

34 — Гуноҳ қилдим, — деди Балом Эгамизнинг фариштасига. — Сен йўлимни тўсиб турганингни билмабман. Агар мен сенинг назарингда номаъқул иш қилаётган бўлсам, уйимга қайтиб кетаман.

35 — Шу одамлар билан бирга боравер. Лекин сен фақат Мен айтган гапларимни гапирасан, — деди Эгамизнинг фариштаси. Шундай қилиб, Балом Болоқнинг аъёнлари билан бирга кетаверди.

36 Болоқ Баломни кутиб олади Болоқ Баломнинг келаётганини эшитди–ю, уни кутиб олиш учун Ир шаҳрига етиб келди. Бу шаҳар Арнон сойлиги бўйида, Мўаб юртининг чегарасида жойлашган эди.

37 Болоқ Баломга деди: — Мен сенинг олдингга бундан олдин ҳам одамларимни юборган эдим–ку! Нимага ўшанда кела қолмадинг? Ё мени, етарли даражада тақдирлай олмайди, деб ўйладингми?

38 — Мана энди келдим олдингга, — деди Балом. — Худо оғзимга солган сўзлардан бўлак мен нима ҳам айта олар эдим?!

39 Балом Болоқ билан бирга кетди. Улар Хират–Хузўт шаҳрига келишди.

40 Болоқ мол ва қўйлар сўйиб, қурбонлик қилди. Баломга ва унга ҳамроҳ бўлиб келган шоҳ аъёнларига ҳам қурбонликдан улашди.

41 Баломнинг биринчи башорати Болоқ кейинги куни эрталаб Баломни Бомўт–Баал тепалигига олиб чиқди. Балом у ердан туриб Исроил халқининг бир қисмини кўрди.

1 Балом Болоққа деди: — Шу ерда мен учун еттита қурбонгоҳ қуриб, еттита буқа ва еттита қўчқорни тайёрлаб қўй.

2 Болоқ Балом айтгандай қилди. Сўнг икковлари ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонлик қилишди.

3 Кейин Балом Болоққа деди: — Сен куйдирилган қурбонликларинг ёнида қол, мен эса бориб кўрай, Эгамиз менга пешвоз чиқармикин. У менга нимани аён қилса, шуни сенга айтаман. Балом тепаликка чиқди.

4 Худо Балом билан учрашгач, Балом Худога деди: — Мен еттита қурбонгоҳ қурдириб, ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонлик қилдим.

5 Эгамиз Баломнинг оғзига сўз солиб: — Болоқнинг олдига қайтиб бор, унга Мен айтган сўзларимни етказ, — деди.

6 Балом Болоқнинг олдига қайтиб келди. Болоқ ҳамма Мўаб аъёнлари билан бирга куйдирилган қурбонликларнинг ёнида турган эди.

7 Балом қуйидагича башорат қилди: “Мени Мўаб шоҳи Болоқ шарқий тоғлардан, Орамдан олиб келиб, деди: «Кел, мен учун Ёқуб наслини лаънатла, Кел, Исроил халқини сен қарға!»

8 Худо лаънатламаганни мен қандай лаънатлайин?! Эгамиз қарғамаганни қандай қилиб қарғайин?!

9 Қоянинг тепасида туриб мен уларни кўряпман, Тепаликдан уларга қараб турибман, Яшайди бу халқ ҳаммадан алоҳида. Ўзгачадир улар халқлар орасида.

10 Қумдай сон–саноқсиз бўлган Ёқуб наслини ким санаб чиқар?! Исроилнинг чорагини ким ҳисоблаб чиқа олар?! Мен ҳам солиҳ инсон бўлиб оламдан ўтай, Илойим, бўлсин уларникидай охиратим бахайр.”

11 — Сен нима қиляпсан ўзи? — деди Болоқ Баломга. — Мен сени, душманларимни лаънатлайди деб, чақиртириб келган эдим, сен эса уларни дуо қиляпсан–ку!

12 — Мен фақат Эгамиз оғзимга солган сўзни айтишим керак–ку! — деб жавоб берди Балом.

13 Баломнинг иккинчи башорати — Кел, мен билан бирга бошқа жойга бора қол, — деди Баломга Болоқ. — Сен ўша жойдан Исроил халқининг бир қисмини кўрасан. Ўша жойдан туриб Исроилни мен учун лаънатла.

14 Болоқ Баломни Фисгах тоғ тизмаси тепасидаги Зўфим деган ясси жойга бошлаб келди. У ерда ҳам еттита қурбонгоҳ қуриб, ҳар бир қурбонгоҳ устида биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонлик қилди.

15 Сўнг Балом Болоққа деди: — Сен шу ерда — куйдирилган қурбонликларинг ёнида қол, мен эса ҳов анави ерга бориб, Эгамиз билан учрашиб келаман.

16 Эгамиз Баломга пешвоз чиқиб, унинг оғзига сўз солди. Сўнг: — Болоқнинг олдига қайтиб бор, унга Мен айтган сўзларимни айт, — деди.

17 Балом Болоқнинг олдига қайтиб келди. Болоқ Мўаб аъёнлари билан бирга куйдирилган қурбонликларнинг ёнида турган эди. — Эганг нима деди? — деб сўради ундан Болоқ.

18 Балом қуйидагича башорат қилди: “Менга қара, эй Зиппур ўғли Болоқ, Гапларимни эшит, яхшилаб солгин қулоқ.

19 Худо инсон эмаски, У ёлғон гапирса, У одам эмаски, фикрини ўзгартирса. У доим ваъдаси устидан чиқар! Ўз айтганларин албатта бажарар!

20 Худо менга берди дуо сўзларини, Ўзгартира олмайман мен Худонинг баракасини.

21 Мен Исроилнинг келажагини кўряпман, Ёқуб насли бошига кулфат тушмас, Бу халқ бирор кўргилик кўрмас. Эгаси Худо уларнинг орасида, Шоҳ, дея олқишлар Уни ҳамма.

22 Ёввойи буқанинг кучи билан Худо уларни Мисрдан олиб чиққан.

23 Ёқуб наслига ҳеч қандай сеҳр–жоду таъсир қилмайди, Исроилга қарши фолбинлик асло ўтмайди. Одамлар Ёқуб насли ҳақида, Исроил тўғрисида: «Қаранглар, Худо нималарни қилган», деб айтишар.

24 Исроил халқи шер каби қўзғалар, Арслондай сакраб турар, Ўлжасини еб битирмагунча, Қурбонларнинг қонига тўймагунча ётмас.”

25 Шундан сўнг Болоқ Баломга айтди: — Исроил халқини лаънатламагин ҳам, дуо ҳам қилмагин!

26 Баломнинг учинчи башорати Лекин Балом Болоққа: — Мен сизга, фақат Эгамизнинг айтганини қиламан, деб айтмаганмидим?! — деди.

27 — Юр, энди мен сени бошқа жойга олиб бораман, — деди Болоқ. — Балки шунда Худо мамнун бўлиб, ўша ердан туриб мен учун Исроилни лаънатлашингга йўл қўяр.

28 Болоқ Баломни Пиёр тоғининг тепасига бошлаб олиб чиқди. Бу тоғдан саҳронинг манзараси кўриниб турарди.

29 Балом Болоққа деди: — Шу ерда менга еттита қурбонгоҳ қуриб, еттита буқа билан еттита қўчқорни тайёрлаб қўй.

30 Болоқ Балом айтгандай қилиб, ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонлик қилди.

1 Балом Исроилни дуо қилаётгани Эгамизга маъқул келганини кўриб, бу сафар фол очгани бормади. У саҳро томон назар ташлаб,

2 у ерда қабила–қабила бўлиб қароргоҳ қурган Исроил халқини кўрди. Шунда Худонинг Руҳи Баломни қамраб олди,

3 Балом шундай башорат қилди: “Бавўр ўғли Балом гапиряпти, Кўзи очиқ инсон сўзлаяпти.

4 Худонинг каломини эшитган, Қодир Худодан келган ваҳийни кўрган, Ҳушидан айрилган, лекин кўзлари катта очиқ одам айтяпти.

5 Эй Ёқуб насли! Чодирларингиз қандай ажойиб! Эй Исроил халқи! Маконингиз нақадар гўзал!

6 Чодиру маконларингиз пальмазор сингари бепоён, Бамисоли дарё бўйидаги боғ–роғлардир, Эгамиз ўтқазган алоэга ўхшар, Сув бўйидаги садр дарахти кабидир.

7 Уларнинг челаклари сув билан тўлиб–тошар, Эккан уруғлари мириқиб сувга тўяр. Исроил шоҳи Ўгахдан устун бўлар, Исроил шоҳлиги ғоят юксалар.

8 Ёввойи буқанинг кучи билан Худо Мисрдан олиб чиққан уларни. Исроил халқи ямламай ютар ғанимларини, Уларнинг суякларини майдалаб ташлар, Ўқлар отиб, уларни яксон этар.

9 Ана, у урғочи шердай эгилди–да, ётди. Уни турғизишга ким журъат этар?! Сени дуо қилганлар барака топар, Сени лаънатлаганлар лаънати бўлар!”

10 Болоқ Баломдан қаттиқ ғазабланганидан кафтини кафтига уриб: — Мен сени, ғанимларимни лаънатлагин деб, чақиртирган эдим. Сен эса уларни уч марта дуо қилдинг! — деб дўқ урди.

11 — Йўқол! Уйингга жўна! Мен сени мукофотламоқчи эдим, лекин Эганг сени мукофотдан маҳрум қилди.

12 Шунда Балом Болоққа деди: — Менинг олдимга жўнатган чопарларингга айтмаганмидим:

13 “Болоқ менга саройидаги ҳамма олтину кумушини берса ҳам, мен Эгамизнинг айтганидан четга чиқа олмайман. Ўз ихтиёрим билан бирор яхши ёки ёмон иш қилолмайман. Эгамиз менга нима деса, шуни айтаман”, деб?!

14 Энди мен ўз халқим олдига қайтиб кетаман. Лекин кетишимдан олдин, Исроил халқи келажакда халқинг бошига қандай кунларни солишини сенга айтиб қўяй.

15 Баломнинг сўнгги башоратлари Шундан сўнг Балом қуйидагича башорат қилди: “Бавўр ўғли Балом гапиряпти, Кўзи очиқ инсон сўзлаяпти.

16 Худонинг каломини эшитган, Худойи Таолодан илму маърифат олган, Қодир Худонинг ваҳийини кўрган, Ҳушидан айрилган, лекин кўзлари катта очиқ одам айтяпти.

17 Уни кўряпман–у, лекин шу топда йўқ, Унга қараяпман–у, лекин у яқин эмас. Бир юлдуз чиқар Ёқуб наслидан, Салтанат ҳассаси Исроил халқидан. Вайрон қилар у Мўаб чегараларини, Яксон этар Шет халқининг ерларини.

18 Эдом ўлжага айланар, Ҳа, Сеир ғанимларнинг мулки бўлар, Исроил халқи эса зафарни қучар.

19 Ёқуб наслидан ҳукмдор чиқар, Ир халқини тамом қириб ташлар.”

20 Сўнг Балом Омолек халқини кўриб, улар ҳақида шундай башорат қилди: “Халқларнинг сардоридир Омолеклар, Лекин охири абадий ҳалокатга йўлиқар улар.”

21 Кейин у Хайин халқини кўриб, улар ҳақида қуйидагича башорат қилди: “Мустаҳкамдир сизнинг бошпанангиз, Тоғ чўққисида жойлашган сизнинг инингиз.

22 Ошур халқи сизни асир қилиб олиб кетажак, Шунда Хайин халқи қирилиб йўқ бўлажак.”

23 Балом яна башоратини давом эттирди: “Эвоҳ! Худо шу ишларни амалга оширгач, ким тирик қолар?!

24 Кипрдан сузиб келар кемалар, Ошур ва Ибир халқларини таслим этишар. Абадий ҳалокатга учрайди улар.”

25 Шундан кейин Балом йўлга чиқиб, уйига жўнади. Болоқ ҳам ўз йўлига кетди.

Исроил халқи Пиёр тоғидаги Баалга сажда қилади

1 Исроил халқи Шитимда ўрнашганда, Исроил эркаклари Мўаб аёллари билан зино қила бошлашди.

2 Мўаб аёллари уларни ўз худоларига бағишланган қурбонлик зиёфатларига таклиф этишди. Исроил халқи уларнинг қурбонлигидан тановул қилиб, худоларига ҳам сажда этди.

3 Исроил халқи Пиёр тоғидаги Баалга қаттиқ боғланиб қолгани учун, Эгамиз улардан ғазабланди.

4 У Мусога шундай деди: — Бу халқнинг бошлиқларини ушла, уларни куппа–кундузи Мен, Эгангизнинг ҳузурида қатл қил, жасадларини эса тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтир. Шунда Мен Исроил халқидан қаҳр–ғазабимни қайтараман.

5 Мусо Исроил ҳакамларига: — Пиёрдаги Баалга сажда қилган ҳар бир одамингизни ўлдиринглар, — деб буйруқ берди.

6 Шу пайт Исроил халқидан биттаси Мусонинг ва бутун Исроил жамоасининг кўзи олдида қароргоҳга Мидиёнлик бир аёлни бошлаб келиб қолди. Жамоа Учрашув чодирига кираверишда йиғлаб турган эди.

7 Руҳоний Ҳоруннинг набираси — Элазар ўғли Финхаз буни кўрди–ю, ўрнидан туриб, жамоа орасидан чиқиб кетди. У найзасини олиб,

8 Исроил халқидан бўлган ўша одамнинг орқасидан чодирга кирди–да, найзаси билан икковини ҳам ўлдирди. Финхазнинг санчган найзаси ўша одамнинг баданини тешиб ўтиб, аёлнинг қорнига кирган эди. Шундан кейингина Исроил халқи орасидаги ўлат тўхтади.

9 Лекин ўлатдан 24.000 одам ўлиб бўлган эди.

10 Шунда Эгамиз Мусога:

11 — Руҳоний Ҳоруннинг набираси — Элазар ўғли Финхаз Менинг қаҳр–ғазабимни Исроил халқидан қайтарди, — деди. — Исроил халқи орасида у Менга жон куйдиргани учун, Мен ғазаб устида уларга қирғин келтирмадим.

12 Сен унга айт: Мен Финхаз билан алоҳида тинчлик аҳдимни тузаман.

13 Бу аҳдга мувофиқ, Финхазнинг ўзи ва унинг авлоди то абад руҳоний бўлишади, чунки у ўз Худосига — Менга жон куйдириб, қилган иши билан Исроил халқидан Менинг ғазабимни қайтарди.

14 Мидиёнлик аёл билан бирга ўлдирилган Исроил одамининг исми Зимри бўлиб, Шимўн қабиласининг уруғбошиси Солунинг ўғли эди.

15 Ўлдирилган аёлнинг исми эса Хозби эди, у Мидиёнликларнинг уруғбошиси Зурнинг қизи эди.

16 Эгамиз Мусога:

17 — Мидиён халқини душман деб билинглар, уларни қириб ташланглар! — деди.

18 — Чунки улар сизларга душманлик қилиб, Пиёрдаги воқеа орқали сизларни йўлдан оздиришди. Бундан ташқари, Пиёрда ўлат ҳукмронлик қилган куни ўлган Мидиёнлик йўлбошчининг қизи Хозби орқали сизларни алдашди.

Исроил халқи иккинчи марта рўйхатга олинади

1 Ўлатдан сўнг Эгамиз Мусо билан руҳоний Ҳорун ўғли Элазарга деди:

2 “Жамики Исроил халқининг урушга яроқли бўлган йигирма ва ундан юқори ёшдаги ҳамма эркакларини хонадони бўйича санаб чиқинглар.”

3 Бу пайтда Исроил халқи Мўаб текислигида, Ерихо шаҳри рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида қароргоҳ қурган эди. Мусо билан руҳоний Элазар халққа:

4 “Эгамиз бизга амр қилгандай йигирма ёшдан юқори бўлган эркакларини санаб чиқинглар”, деб айтишди. Миср юртидан чиққан жамики Исроил халқининг рўйхати қуйидагича эди:

5 Рубен Исроилнинг тўнғичидир. Рубен ўғилларидан келиб чиққан уруғлар мана шулардир: Ханўхдан Ханўх уруғи, Паллувдан Паллув уруғи,

6 Хазрондан Хазрон уруғи, Кармидан Карми уруғи келиб чиққан.

7 Рубен уруғлари мана шулардан иборатдир. Улар саналганда, 43.730 киши чиқди.

8 Паллувнинг Элиёб деган ўғли бор эди,

9 Элиёбнинг эса Намувол, Датан ва Абурам деган ўғиллари бор эди. Датан ва Абурам Исроил йўлбошчилари эди. Кўрахнинг издошлари Эгамизга қарши исён кўтаришганда, Датан ва Абурам ҳам уларга қўшилишиб, Мусо билан Ҳорунга қарши бош кўтарган эдилар.

10 Ер ёрилиб, Кўрах билан бирга уларни ҳам ютиб юборганди. Ўша куни аланга Кўрахнинг 250 нафар издошини куйдириб йўқ қилганди. Мана шу воқеа халққа огоҳлантириш эди.

11 Лекин Кўрахнинг ўғиллари ўша куни омон қолди.

12 Шимўн ўғилларидан келиб чиққан уруғлар шулардир: Намуволдан Намувол уруғи, Ёминдан Ёмин уруғи, Ёхиндан Ёхин уруғи,

13 Зерахдан Зерах уруғи, Шовулдан Шовул уруғи келиб чиққан.

14 Шимўн уруғлари мана шулардан иборатдир. Улар саналганда, 22.200 киши чиқди.

15 Гад ўғилларидан келиб чиққан уруғлар шулардир: Зафўндан Зафўн уруғи, Хагидан Хаги уруғи, Шунодан Шуно уруғи,

16 Ознахдан Ознах уруғи, Еридан Ери уруғи,

17 Арўддан Арўд уруғи, Эралидан Эрали уруғи келиб чиққан.

18 Гад уруғлари мана шулардан иборатдир. Улар саналганда, 40.500 киши чиқди.

19-20 Яҳудо ўғилларидан келиб чиққан уруғлар шулардир: Шелодан Шело уруғи, Параздан Параз уруғи, Зерахдан Зерах уруғи келиб чиққан. Яҳудонинг икки ўғли Ғур ва Ўнан Канъон юртида оламдан ўтган эдилар.

21 Параздан келиб чиққан уруғлар шулардир: Хазрондан Хазрон уруғи, Хомулдан Хомул уруғи келиб чиққан.

22 Яҳудо уруғлари мана шулардан иборатдир. Улар саналганда, 76.500 киши чиқди.

23 Иссахор ўғилларидан келиб чиққан уруғлар шулардир: Тўлодан Тўло уруғи, Пувахдан Пувах уруғи,

24 Ёшувдан Ёшув уруғи, Шимрондан Шимрон уруғи келиб чиққан.

25 Иссахор уруғлари мана шулардан иборатдир. Улар саналганда, 64.300 киши чиқди.

26 Забулун ўғилларидан келиб чиққан уруғлар шулардир: Сареддан Саред уруғи, Элўндан Элўн уруғи, Яхлиёлдан Яхлиёл уруғи келиб чиққан.

27 Забулун уруғлари мана шулардан иборатдир. Улар саналганда, 60.500 киши чиқди.

28 Юсуфнинг ўғиллари Манаше ва Эфрайимдан келиб чиққан уруғлар қуйидагилардир:

29 Манашедан келиб чиққан уруғлар шулардир: Мохирдан Мохир уруғи келиб чиқди. Гилад уруғи Мохирнинг ўғли Гиладдан келиб чиққан.

30 Гиладдан келиб чиққан уруғлар қуйидагичадир: Язардан Язар уруғи, Халекдан Халек уруғи,

31 Осриёлдан Осриёл уруғи, Шакамдан Шакам уруғи,

32 Шамидодан Шамидо уруғи, Хафердан Хафер уруғи келиб чиққан.

33 Хафер ўғли Залофходнинг ўғли йўқ, қизлари бор эди, холос. Залофход қизларининг исмлари Махло, Нуваҳ, Хўглах, Милхо ва Тирза эди.

34 Манаше уруғлари мана шулардан иборатдир. Улар саналганда, 52.700 киши чиқди.

35 Эфрайим ўғилларидан келиб чиққан уруғлар шулардир: Шуталахдан Шуталах уруғи, Бохирдан Бохир уруғи, Тахандан Тахан уруғи келиб чиққан.

36 Шуталах ўғли Ирондан Ирон уруғи келиб чиққан.

37 Эфрайим уруғлари мана шулардан иборатдир. Улар саналганда, 32.500 киши чиқди. Юсуф насли ана шулардан иборатдир.

38 Бенямин ўғилларидан келиб чиққан уруғлар шулардир: Белахдан Белах уруғи, Ошболдан Ошбол уруғи, Охирамдан Охирам уруғи,

39 Шафуфамдан Шафуфам уруғи, Хуфамдан Хуфам уруғи келиб чиққан.

40 Белахнинг ўғиллари Ард ва Нўъмондан келиб чиққан уруғлар шулардир: Арддан Ард уруғи, Нўъмондан Нўъмон уруғи келиб чиққан.

41 Бенямин уруғлари мана шулардан иборатдир. Улар саналганда, 45.600 киши чиқди.

42 Дан ўғли Хушимдан Хушим уруғи келиб чиққан. Дан уруғлари шулардан иборатдир:

43 бутун Дан насли Шухом уруғидан ташкил топган эди. Улар саналганда, 64.400 киши чиқди.

44 Ошер ўғилларидан келиб чиққан уруғлар шулардир: Йимнахдан Йимнах уруғи, Йишвидан Йишви уруғи, Бариёдан Бариё уруғи келиб чиққан.

45 ариё ўғилларидан келиб чиққан уруғлар шулардир: Хабердан Хабер уруғи, Малхиёлдан Малхиёл уруғи келиб чиққан.

46 Ошернинг Серах деган қизи ҳам бор эди.

47 Ошер уруғлари мана шулардан иборатдир. Улар саналганда, 53.400 киши чиқди.

48 Нафтали ўғилларидан келиб чиққан уруғлар шулардир: Яхзиёлдан Яхзиёл уруғи, Гўнодан Гўно уруғи,

49 Изардан Изар уруғи, Шиллемдан Шиллем уруғи келиб чиққан.

50 Нафтали уруғлари мана шулардан иборатдир. Улар саналганда, 45.400 киши чиқди.

51 Шундай қилиб, Исроил халқининг ҳамма эркаклари саналганда, 601.730 киши чиқди.

52 Эгамиз Мусога деди:

53 “Ерни одамларнинг сонига қараб қабилаларга мулк қилиб бўлиб бер.

54 Катта қабилага каттароқ улуш бер, кичик қабилага кичикроқ улуш бер. Ҳар бир қабилага рўйхатга олинган одамларнинг миқдорига қараб улуш берилсин.

55 Ерни қабилаларга рўйхатдаги одамларнинг сонига қараб бўлиб бераётганингизда, қуръа ташланглар.

56 Ҳар бир қабиланинг улуши қабиланинг катта–кичиклигига қараб қуръа бўйича тақсимлансин.”

57 Леви қабиласининг рўйхати эса, уруғлари бўйича, қуйидагичадир: Гершондан Гершон уруғи, Қоҳотдан Қоҳот уруғи, Мароридан Марори уруғи келиб чиққан.

58 Бу уруғлардан: Лубнах уруғи, Хеврон уруғи, Махли уруғи, Муши уруғи, Кўрах уруғи келиб чиққан. Қоҳот Имромнинг отаси эди.

59 Имромнинг хотини эса Йўхавад деган аёл эди. Йўхавад Левининг қизи бўлиб, у Мисрда туғилган эди. Йўхавад Имромга икки ўғил — Ҳорун ва Мусони ҳамда бир қиз — Марямни туғиб берди.

60 Ҳоруннинг Надов, Абиҳу, Элазар, Итамар деган ўғиллари бор эди.

61 Надов ва Абиҳу Эгамиз амр этмаган оловни Унинг ҳузурига олиб келганлари учун нобуд бўлган эдилар.

62 Шундай қилиб, Леви қабиласининг бир ойлик ўғил болаларидан тортиб, катта ёшдаги эркакларигача саналганда, 23.000 киши чиқди. Левиларга Исроил халқи орасида улуш берилмагани учун, улар Исроил халқи қаторида рўйхатга олинмаган эди.

63 Мусо билан руҳоний Элазар Мўаб текислигида, Ерихо шаҳри рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида рўйхатга олган Исроил халқи ана шулардан иборат эди.

64 Мусо билан руҳоний Ҳорун Синай саҳросида рўйхатга олган одамларнинг бирортаси бу рўйхатга кирмади,

65 чунки Эгамиз Исроил халқининг ўша авлодига: “Сизлар саҳрода ўлиб кетасизлар”, деб айтганди. Улардан фақат Натан ўғли Холиб ва Нун ўғли Ёшуа тирик қолган эди.

Залофходнинг қизлари

1-2 Бир куни Залофходнинг қизлари Учрашув чодири кираверишига келишди. Залофход Хафернинг ўғли, Гиладнинг невараси, Мохирнинг эвараси, Юсуф ўғли Манашенинг чевараси эди. Хуллас, Залофход Манаше уруғидан эди. Залофход қизларининг исмлари Махло, Нуваҳ, Хўглах, Милхо ва Тирза эди. Улар Мусо, руҳоний Элазар, йўлбошчилар ва бутун жамоанинг олдида туриб шундай дейишди:

3 — Отамиз саҳрода вафот этди. У Эгамизга қарши йиғилган Кўрахнинг тўдасига шерик бўлмаган, ўз гуноҳи туфайли оламдан ўтди. Отамизнинг ўғли йўқ.

4 Ўғли бўлмагани учун отамизнинг номи уруғи орасидан ўчиб кетиши керакми? Бизга ҳам амакиларимиз қатори ерни мулк қилиб беринглар.

5 Мусо уларнинг талабини Эгамизга айтди.

6 Эгамиз шундай жавоб қайтарди:

7 — Залофходнинг қизлари ҳақ гапни айтишяпти. Уларга албатта амакилари қатори ерни мулк қилиб беринглар. Отасининг улуши қизларига берилсин.

8 Исроил халқига ҳам шундай деб уқтир. Агар бирор киши вафот этса–ю, ўғли бўлмаса, унинг мулки қизига қолсин.

9 Агар қизи ҳам бўлмаса, у одамнинг мулки ака–укаларига қолсин.

10 Борди–ю, марҳумнинг ака–укалари ҳам бўлмаса, унинг мулки амакиларига қолсин.

11 Агар марҳумнинг амакилари ҳам бўлмаса, унинг мулки уруғидаги энг яқин қариндошига қолсин. Ўша қариндоши меросхўр бўлсин. Сен орқали, Мен, Эгангиз, берган бу амр Исроил халқи учун қонун бўлиб қарор топсин.

12 Ёшуа Мусонинг вориси қилиб танланади Эгамиз яна Мусога деди: — Аборим тизмасидаги анави тоққа чиқиб, Мен Исроил халқига берадиган юртга қара.

13 Ўша юртни кўрганингдан кейин, аканг Ҳорун сингари оламдан ўтасан.

14 Чунки жамоа Зин чўлида Мендан нолиганда, сизлар икковингиз Менинг амримга қарши исён қилган эдингизлар. Марива сувлари бўйида жамоанинг кўзи олдида Менинг муқаддаслигимни намоён қилмадингизлар. (Ўша Марива сувлари Зин чўлидаги Кадеш яқинидадир.)

15 Мусо Эгамизга деди:

16 — Эй Эгам, одамзод руҳларининг Худоси, жамоа устидан бир одамни тайинла.

17 У халқни жангларга бошлаб борсин, токи Сенинг жамоанг чўпонсиз қўйдай бўлиб қолмасин.

18 Шунда Эгамиз Мусога: — Нун ўғли Ёшуани ёнингга ол, — деди. — Унда Менинг Руҳим бор. Ёшуага қўлингни қўй.

19 Кейин уни руҳоний Элазарнинг ва бутун жамоанинг олдида турғизиб, халқ йўлбошчиси этиб тайинла.

20 Бутун Исроил жамоаси унга итоат қилиши учун Ёшуага ўз салоҳиятингдан бер.

21 Ёшуа ҳамма ишни Элазар билан бамаслаҳат қилсин. Элазар Урим орқали Ёшуа учун Менинг иродамни билиб берсин. Ёшуа ва бутун Исроил жамоаси ҳамма вазиятда шунга қараб иш тутсин.

22 Эгамиз амр этгандай, Мусо Ёшуани руҳоний Элазар ва бутун жамоанинг олдида тик турғизиб қўйди.

23 Сўнг Эгамизнинг Мусога берган амрига мувофиқ, қўлини Ёшуага қўйиб, Исроил халқининг йўлбошчиси қилиб тайинлади.

Доимий назрлар

1 Эгамиз Мусога айтди:

2 “Исроил халқига шундай деб буюр: улар таом назрларини Менга ҳар доим белгиланган вақтда келтиришсин. Куйдириладиган бу назрлардан Менга ёқимли ҳид келади.”

3 Эгамиз давом этиб, Исроил халқига оловда куйдириладиган назрлар тўғрисида қуйидаги қонунларни етказ, деб Мусога амр берди: “Ҳар куни иккита нуқсонсиз бир ёшли қўчқор қўзини Эгамизга кунда куйдириладиган қурбонлик қилинглар.

4 Битта қўзини эрталаб, иккинчисини кечқурун қурбонлик қилинглар.

5 Ҳар бир қўзига қўшиб, икки коса тоза зайтун мойи аралаштирилган тўрт коса сифатли унни дон назри қилиб келтиринглар.

6 Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун оловда кунда куйдириладиган қурбонликлар илк бор Синайда жорий қилинган эди.

7 Ҳар бир қўзига қўшиб икки коса шароб назрини ҳам келтиринглар. Шаробни Эгамизга атаб Муқаддас чодирда назр қилиб қуйинглар.

8 Иккинчи қўзини кечқурун қурбонлик қилинглар. Эрталабки қурбонлик сингари, бу қурбонликка қўшиб, белгиланган миқдорда дон билан шароб назри қилинглар. Оловда куйдириладиган бу қурбонликлардан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

9 Шаббат кунида қилинадиган назрлар Шаббат куни эса иккита бир ёшли нуқсонсиз қўчқор қўзини қурбонлик қилинглар. Бу қурбонликлар билан бирга белгиланган миқдорда шароб назрини ва зайтун мойи аралаштирилган саккиз коса сифатли унни дон назри қилиб келтиринглар.

10 Бу куйдириладиган қурбонликларни ҳар Шаббатда кунда куйдириладиган қурбонликлардан ва унга қўшиб қилинадиган шароб назридан ташқари келтиринглар.

11 Ойнинг биринчи кунида қилинадиган назр Ҳар ойнинг бошида иккита буқани, битта қўчқорни ва еттита бир ёшли қўчқор қўзини Эгамизга атаб куйдириладиган қурбонлик қилинглар. Ҳамма жониворлар нуқсонсиз бўлсин.

12 Бу қурбонликларга қўшиб қуйидаги миқдорда зайтун мойи аралаштирилган сифатли унни дон назри қилиб келтиринглар: ҳар бир буқа билан ўн икки коса ун, қўчқор билан саккиз коса ун,

13 ҳар бир қўчқор қўзи билан тўрт коса ун. Оловда куйдириладиган бу қурбонликлардан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

14 Ҳар бир буқа билан тўрт коса шароб, ҳар бир қўчқор билан уч коса шароб, ҳар бир қўчқор қўзи билан эса икки коса шаробни назр қилинглар. Бу куйдириладиган назрларни ҳар ойнинг биринчи кунида адо этинглар.

15 Бундан ташқари, битта такани Эгамизга гуноҳ қурбонлиги қилинглар. Бу ҳамма қурбонлигу назрларни кунда куйдириладиган қурбонликлар ва уларга қўшиб қилинадиган шароб назридан ташқари келтиринглар.

16 Фисиҳ зиёфати ва Хамиртурушсиз нон байрамида қилинадиган назрлар Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни Эгамизга бағишланган Фисиҳ зиёфатини нишонланглар.

17 Ўн бешинчи куни эса етти кунлик байрам бошланади, сизлар етти кун давомида хамиртурушсиз нон ейишларингиз лозим.

18 Байрамнинг биринчи куни бутун халқ муқаддас йиғинга келсин. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар.

19 Эгамизга атаб иккита буқани, битта қўчқорни ва еттита бир ёшли қўчқор қўзини оловда куйдириладиган қурбонлик қилинглар. Ҳамма жониворлар нуқсонсиз бўлсин.

20 Бу қурбонликларга қўшиб қуйидаги миқдорда зайтун мойи аралаштирилган сифатли унни дон назри қилиб келтиринглар: ҳар бир буқа билан ўн икки коса ун, қўчқор билан саккиз коса ун,

21 ҳар бир қўчқор қўзи билан тўрт коса ун.

22 Ўзларингизни гуноҳдан поклаш учун такани гуноҳ қурбонлиги қилинглар.

23-24 Бу назрларни кунда эрталаб куйдириладиган қурбонликдан ташқари, етти кун давомида келтиринглар. Бу таом назрларини Эгамизга ёқимли ҳид бўлиши учун оловда куйдиринглар. Булар кунда куйдириладиган қурбонликлар ва уларга қўшиб қилинадиган шароб назридан ташқари келтирилсин.

25 Байрамнинг еттинчи куни ҳам муқаддас йиғин ўтказинглар. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар.

26 Ҳосил байрамида қилинадиган назрлар Ҳосил байрамининг биринчи куни, Эгамизга янги ҳосилингизнинг донини назр қилганингизда, бутун халқ муқаддас йиғинга келсин. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар.

27 Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун иккита буқа, битта қўчқор, еттита бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилинглар.

28 Бу қурбонликларга қўшиб қуйидаги миқдорда зайтун мойи аралаштирилган сифатли унни дон назри қилиб келтиринглар: ҳар бир буқа билан ўн икки коса ун, қўчқор билан саккиз коса ун,

29 ҳар бир қўчқор қўзи билан тўрт коса ун.

30 Ўзларингизни гуноҳдан поклаш учун битта такани қурбонлик қилинглар.

31 Бу назрларни ва уларга қўшиб қилинадиган шароб назрини кунда куйдириладиган қурбонликлардан ва уларга қўшиб қилинадиган дон назридан ташқари келтиринглар. Қурбонлик қилинадиган ҳамма жониворларингиз нуқсонсиз бўлсин.

Карнай байрамида қилинадиган назрлар

1 Еттинчи ойнинг биринчи кунида бутун халқ муқаддас йиғинга келсин, ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар. Ўша куни карнайлар чалинсин.

2 Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун битта буқани, битта қўчқорни ва еттита бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилинглар. Жониворлар нуқсонсиз бўлсин.

3 Қурбонликларга қўшиб қуйидаги миқдорда зайтун мойи аралаштирилган сифатли унни дон назри қилиб келтиринглар: буқа билан ўн икки коса ун, қўчқор билан саккиз коса ун,

4 ҳар бир қўчқор қўзи билан тўрт коса ун.

5 Ўзларингизни гуноҳлардан поклаш учун битта такани гуноҳ қурбонлиги қилинглар.

6 Бу назрлар ҳар ойнинг бошида ва кунда куйдириладиган қурбонликлардан, уларга қўшиб, белгиланган миқдорда қилинадиган дон билан шароб назрларидан ташқари келтирилсин. Булар Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун оловда куйдирилсин.

7 Покланиш кунида қилинадиган назрлар Еттинчи ойнинг ўнинчи куни ҳам бутун халқ муқаддас йиғинга келсин. Шу куни рўза тутинглар, ҳеч қандай иш қилманглар.

8 Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун битта буқани, битта қўчқорни ва еттита бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилинглар. Жониворлар нуқсонсиз бўлсин.

9 Бу қурбонликларга қўшиб қуйидаги миқдорда зайтун мойи аралаштирилган сифатли унни дон назри қилиб келтиринглар: буқа билан ўн икки коса ун, қўчқор билан саккиз коса ун,

10 ҳар бир қўчқор қўзи билан тўрт коса ун.

11 Битта такани гуноҳ қурбонлиги қилинглар. Бу назрлар гуноҳлардан поклаш қурбонлигидан ва унга қўшиб қилинадиган шароб назридан ҳамда кунда куйдириладиган қурбонликлару уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назрларидан ташқари келтирилсин.

12 Чайла байрамида қилинадиган назрлар Еттинчи ойнинг ўн бешинчи куни ҳам бутун халқ муқаддас йиғинга келсин. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар. Етти кун давомида Эгамизга атаб байрам қилинглар.

13 Биринчи куни Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун ўн учта буқани, иккита қўчқорни ва ўн тўртта бир ёшли қўчқор қўзини оловда куйдириладиган қурбонлик қилинглар. Жониворлар нуқсонсиз бўлсин.

14 Бу қурбонликларга қўшиб қуйидаги миқдорда зайтун мойи аралаштирилган сифатли унни дон назри қилиб келтиринглар: ҳар бир буқа билан ўн икки коса ун, ҳар бир қўчқор билан саккиз коса ун,

15 ҳар бир қўчқор қўзи билан тўрт коса ун.

16 Битта такани гуноҳ қурбонлиги қилинглар. Бу назрлар кунда куйдириладиган қурбонликлар ва уларга қўшиб қилинадиган дон, шароб назридан ташқари келтирилсин.

17 Иккинчи куни ўн иккита буқани, иккита қўчқорни ва ўн тўртта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилинглар. Жониворлар нуқсонсиз бўлсин.

18 Ҳар бир буқа, қўчқор ва қўчқор қўзига қўшиб, белгиланган миқдорда дон билан шароб назрларини келтиринглар.

19 Битта такани гуноҳ қурбонлиги қилинглар. Бу назрлар кунда куйдириладиган қурбонликлар ва уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назридан ташқари келтирилсин.

20 Учинчи куни ўн битта буқани, иккита қўчқорни ва ўн тўртта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилинглар. Жониворлар нуқсонсиз бўлсин.

21 Ҳар бир буқа, қўчқор ва қўчқор қўзига қўшиб, белгиланган миқдорда дон билан шароб назрларини келтиринглар.

22 Битта такани гуноҳ қурбонлиги қилинглар. Бу назрлар кунда куйдириладиган қурбонликлар ва уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назридан ташқари келтирилсин.

23 Тўртинчи куни ўнта буқани, иккита қўчқорни ва ўн тўртта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилинглар. Жониворлар нуқсонсиз бўлсин.

24 Ҳар бир буқа, қўчқор ва қўчқор қўзига қўшиб, белгиланган миқдорда дон билан шароб назрларини келтиринглар.

25 Битта такани гуноҳ қурбонлиги қилинглар. Бу назрлар кунда куйдириладиган қурбонликлар ва уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назридан ташқари келтирилсин.

26 Бешинчи куни тўққизта буқани, иккита қўчқорни ва ўн тўртта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилинглар. Жониворлар нуқсонсиз бўлсин.

27 Ҳар бир буқа, қўчқор ва қўчқор қўзига қўшиб, белгиланган миқдорда дон билан шароб назрларини келтиринглар.

28 Битта такани гуноҳ қурбонлиги қилинглар. Бу назрлар кунда куйдириладиган қурбонликлар ва уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назридан ташқари келтирилсин.

29 Олтинчи куни саккизта буқани, иккита қўчқорни ва ўн тўртта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилинглар. Жониворлар нуқсонсиз бўлсин.

30 Ҳар бир буқа, қўчқор ва қўчқор қўзига қўшиб, белгиланган миқдорда дон билан шароб назрларини келтиринглар.

31 Битта такани гуноҳ қурбонлиги қилинглар. Бу назрлар кунда куйдириладиган қурбонликлар ва уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назридан ташқари келтирилсин.

32 Еттинчи куни еттита буқани, иккита қўчқорни ва ўн тўртта бир ёшли қўчқор қўзини куйдириладиган қурбонлик қилинглар. Жониворлар нуқсонсиз бўлсин.

33 Ҳар бир буқа, қўчқор ва қўчқор қўзига қўшиб, белгиланган миқдорда дон билан шароб назрларини келтиринглар.

34 Битта такани гуноҳ қурбонлиги қилинглар. Бу назрлар кунда куйдириладиган қурбонликлар ва уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назридан ташқари келтирилсин.

35 Саккизинчи куни эса бутун халқ муқаддас йиғинга келсин, ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар.

36 Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун битта буқани, битта қўчқорни ва еттита бир ёшли қўчқор қўзини оловда куйдириладиган қурбонлик қилинглар. Жониворлар нуқсонсиз бўлсин.

37 Ҳар бир буқа, қўчқор ва қўчқор қўзига қўшиб, белгиланган миқдорда дон билан шароб назрларини келтиринглар.

38 Битта такани гуноҳ қурбонлиги қилинглар. Бу назрлар кунда куйдириладиган қурбонликлар ва уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назридан ташқари келтирилсин.

39 Байрамларда Эгамизга атаб куйдириладиган қурбонлик, тинчлик қурбонлиги, дон билан шароб назрлари шулардан иборатдир. Булар берган ваъдангизга мувофиқ қилинадиган назр ва кўнгилдан чиқариб бериладиган назрлардан ташқари келтирилади.”

1 Шундай қилиб, Эгамиз, етказ, деб буюрган ҳамма қонунларни Мусо Исроил халқига айтди.

2 Ваъда ҳақида қоидалар Мусо Исроил йўлбошчиларига Эгамиз берган қуйидаги қонунларни ҳам айтиб берди:

3 агар бирорта эркак киши Эгамизга ваъда берган бўлса ёки бирор нарсадан ўзини тийишга қасам ичган бўлса, айтганларининг ҳаммасини бажарсин. У сўзидан қайтмасин.

4 Агар қиз бола отасининг уйида яшаб юрган даврда Эгамизга ваъда берса ёки ўзини бирор нарсадан тийишга қасам ичса,

5 отаси қизининг берган ваъдаси ёки ичган қасамини эшитиб индамаса, қиз бола айтганларининг ҳаммасини бажариши шарт.

6 Борди–ю, отаси буларни эшитганда эътироз билдирса, қизнинг берган ваъдаси ёки ичган қасами бекор қилинади. Отаси қизига эътироз билдиргани учун, Эгамиз қизни берган ваъдаси ёки ичган қасамидан озод қилади.

7 Агар қиз ваъда бергандан кейин ё ўйламасдан қасам ичиб қўйгандан кейин турмушга чиқса,

8 унинг эри бу ҳақда эшитиб индамаса, қиз айтганларининг ҳаммасини бажариши шарт.

9 Лекин эр бу ҳақда эшитиб эътироз билдирса, эр хотинининг берган ваъдаси ва ўйламасдан ичган қасами асосидаги мажбуриятларини бекор қилган бўлади. Эгамиз хотинни ўша мажбуриятлардан озод қилади.

10 Бева ёки эридан ажралган аёл берган ҳамма ваъдалари ва ўзини бирор нарсадан тиймоқчи бўлиб, ичган қасамлари устидан чиқиши лозим.

11 Агар турмушга чиққан аёл ваъда берса ёки ўзини бирор нарсадан тийишга қасам ичса,

12 эри бу ҳақда эшитиб индамаса, хотинига эътироз билдирмаса, аёл айтганларининг ҳаммасини бажариши шарт.

13 Лекин эр бу ҳақда эшитиб уларни тақиқласа, хотиннинг оғзидан чиққан ҳамма ваъдалару қасамлар бекор қилинади. Эр уларни тақиқлагани учун, Эгамиз аёлни берган ваъдаси ёки ичган қасамидан озод қилади.

14 Шундай қилиб, эр хотинининг ҳар қандай ваъдаси ёки қасамини бажаришига ижозат бериши ёки тақиқлаши мумкин.

15 Агар эр бир кун ичида хотинига ҳеч қандай эътироз билдирмаса, хотини ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришига ижозат берган ҳисобланади.

16 Аммо бир кун ўтгандан кейин уларни бекор қилса, хотинининг гуноҳи учун эри жазо тортади.

17 Эгамиз Мусога берган эр ва хотин ўртасидаги, ота ва ҳали отасининг хонадонида яшаётган қиз ўртасидаги муносабатларга оид қонунлар ана шулардан иборатдир.

Исроил халқи Мидиён халқи билан жанг қилади

1 Эгамиз Мусога деди:

2 — Исроил халқи учун Мидиёнлардан қасос ол. Ўшандан сўнг сен оламдан кўз юмасан.

3 Шундан кейин Мусо халққа айтди: — Одамларингизнинг бир қисмини қуроллантиринглар. Улар Мидиён халқи билан жанг қилиб, улардан Эгамизнинг қасосини олишсин.

4 Ҳар бир Исроил қабиласидан мингтадан одамни урушга жўнатинглар.

5 Ҳар бир Исроил қабиласидан мингтадан одам танлаб олинди, жами ўн икки минг одам қуролланиб жангга шай бўлди.

6 Мусо уларни ва улар билан бирга Элазар ўғли руҳоний Финхазни урушга жўнатди. Финхаз ўзи билан муқаддас ашёларни ва карнайларни олиб кетди. Бу карнайлар хатардан дарак бериш учун чалинарди.

7 Эгамиз Мусога амр қилгандай, Исроил сипоҳлари Мидиёнлар билан жанг қилишди. Улар Мидиён халқининг бутун эркак зотини қириб ташлашди.

8 Мидиён халқининг бешала шоҳини — Эви, Рахем, Зур, Хур, Рабани ҳам бошқалар қатори ўлдириб юборишди. Бавўр ўғли Баломни ҳам қиличдан ўтказишди.

9 Мидиён халқининг аёлларию болаларини асир қилиб, жамики подаларини, сурувларини ва мол–мулкини ўлжа қилиб олишди.

10 Мидиён халқи истиқомат қилган ҳамма шаҳару қароргоҳларга ўт қўйишди.

11 Олган ҳамма ўлжаларини — одамидан тортиб, молигача

12 қароргоҳга — Мусо, руҳоний Элазар ва Исроил жамоаси ҳузурига олиб келишди. Қароргоҳ Мўаб текислигида, Ерихо шаҳри рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида жойлашган эди.

13 Мусо, руҳоний Элазар ва жамоанинг ҳамма йўлбошчилари уларни кутиб олиш учун қароргоҳдан ташқарига чиқишди.

14 Мусо урушдан қайтиб келган мингбоши ва юзбошилардан қаттиқ ғазабланди.

15 — Нимага ҳамма аёлларни тирик қолдирдингиз? — деб сўради улардан Мусо.

16 — Баломнинг маслаҳати билан Пиёр тоғида Исроил халқини Эгамизга хиёнат қилишга ундаган шулар–ку! Ўшаларнинг дастидан Эгамизнинг жамоаси орасида ўлат пайдо бўлган эди!

17 Қани, бўлинглар, ҳамма ўғил болаларни ва эр кўрган аёлларни ўлдиринглар.

18 Фақат эр кўрмаган қизларни ўзингиз учун тирик қолдиринглар.

19 Сўнг етти кун давомида қароргоҳдан ташқарида бўлинглар. Қайси бирингиз одам ўлдирган ёки жасадга қўл теккизган бўлсангиз, учинчи ва еттинчи кунлари покланинглар. Сизлар билан бирга асирлар ҳам покланишсин.

20 Ҳамма кийимларни, барча чарм ва ёғоч буюмларни, эчки жунидан тўқилган ҳамма нарсаларни покланглар.

21 Руҳоний Элазар урушга борган сипоҳларга деди: — Мусога Эгамиз амр этган қонун шундан иборат:

22 олтин, кумуш, бронза, темир, қалай ва қўрғошинни,

23 хуллас, оловда ёнмайдиган ҳамма нарсани оловдан ўтказиб покланглар. Бундан ташқари, покланиш суви билан ҳам покланглар. Оловда ёнадиган буюмларни эса сувнинг ўзи билан покланглар.

24 Еттинчи куни кийимларингизни ювинглар. Шунда пок бўласизлар. Кейин қароргоҳга кирсангиз бўлади.

25 Ўлжаларнинг тақсимланиши Эгамиз яна Мусога айтди:

26 — Сен, руҳоний Элазар ва жамоанинг уруғбошилари асир олинган одамларни, ўлжа қилинган ҳайвонларни ҳисоблаб чиқинглар.

27 Асиру ўлжаларни тенг икки қисмга бўлиб, бир қисмини урушга борган сипоҳларга, иккинчи қисмини бутун жамоага беринглар.

28 Урушга борган сипоҳлар улушидан Мен — Эгангиз учун улуш ажратинглар. Асирлар, мол, эшак, қўй ва эчкиларнинг ҳар беш юзтасидан биттасини Менга улуш қилиб беринглар.

29 Сипоҳлардан олинган бу улушни Менга қилинган назр сифатида руҳоний Элазарга беринглар.

30 Халққа тегишли бўлган ўлжанинг иккинчи қисмидан Муқаддас чодирим учун масъул бўлган левиларга улуш беринглар. Асирлар, мол, эшак, қўй ва эчкиларнинг ҳар элликтасидан биттаси левиларга берилсин.

31 Мусо билан руҳоний Элазар Эгамизнинг Мусога берган амрини адо этишди.

32 Сипоҳлар қўлга киритган нарсалардан ташқари ўлжа қилиб олган мол–ҳол ва аёлларнинг умумий сони қуйидагича эди: қўй–эчкилар — 675.000 та,

33 моллар — 72.000 та,

34 эшаклар — 61.000 та,

35 эр кўрмаган қизлар — 32.000 та.

36-37 Ўлжанинг урушга борган сипоҳларга тегишли қисми қуйидагича эди: қўй–эчкилар — 337.500 та, шулардан 675 та қўй–эчки Эгамизнинг улушидир,

38 моллар — 36.000 та, шулардан 72 таси Эгамизнинг улушидир,

39 эшаклар — 30.500 та, шулардан 61 таси Эгамизнинг улушидир,

40 эр кўрмаган қизлар — 16.000 та, шулардан 32 нафари Эгамизнинг улушидир.

41 Эгамиз Мусога амр қилгандай, Мусо Эгамизга ажратилган улушни назр сифатида руҳоний Элазарга берди.

42 Мусо Исроил халқи учун сипоҳларнинг ўлжасидан ажратиб олган қисм қуйидагилардан иборат эди:

43 қўй–эчкилар — 337.500 та,

44 моллар — 36.000 та,

45 эшаклар — 30.500 та,

46 эр кўрмаган қизлар — 16.000 та.

47 Исроил халқи улуш қилиб олган одаму ҳайвонларнинг ҳар элликтасидан биттасини Мусо Эгамизнинг Муқаддас чодири учун масъул бўлган левиларга берди. Эгамиз Мусога нимани амр қилган бўлса, Мусо шуни қилди.

48 Шундан сўнг мингбоши ва юзбошилар Мусонинг ҳузурига келишди.

49 Улар Мусога: — Биз, қулларингиз, қўлимиз остидаги сипоҳларни санаб чиқдик, — дейишди, — биронта одамимизни йўқотмабмиз.

50 Ўзимизни Эгамиз ҳукмидан ҳимоя қилиш учун, биз топган олтин буюмларимизни — билагузуклар, муҳр узуклар, сирғалар ва зебигардонларимизни Эгамизга назр қилиб олиб келдик.

51 Мусо билан руҳоний Элазар улар олиб келган ҳамма олтин зеб–зийнатларни олишди.

52 Мингбоши ва юзбошилар Эгамизга назр қилган олтиннинг умумий оғирлиги ўн икки пудга яқин чиқди.

53 Оддий сипоҳлар эса қўлга киритган ўлжаларни ўзларига қолдирган эдилар.

54 Исроил халқини Эгамиз доим эсида тутиши учун Мусо билан руҳоний Элазар мингбоши ва юзбошилардан олган олтин буюмларни Учрашув чодирига олиб келишди.

Иордан дарёсининг шарқига ўрнашган қабилалар

1 Рубен ва Гад қабилаларининг чорваси ниҳоятда кўп эди. Улар Язир ва Гилад ерларининг чорвабоп эканлигини кўриб,

2 Мусо, руҳоний Элазар ва жамоа йўлбошчиларининг олдига бориб шундай дейишди:

3 — Отарўт, Дибон, Язир, Нимро, Хашбон, Элалей, Савом, Наво, Байўн шаҳарлари

4 жойлашган бутун ўлкани Эгамиз Исроил халқига мағлуб қилиб берди. Булар ниҳоятда чорвабоп ерлар экан. Биз, қулларингизда эса чорва бор.

5 Агар биз сизларнинг илтифотингизга сазовор бўлган бўлсак, ўша ерларни бизга мулк қилиб берсангизлар, бизни Иордан дарёсининг нариги томонига олиб ўтмасангизлар.

6 Шунда Мусо Гад билан Рубен қабилаларига шу гапни айтди: — Биродарларингиз урушга борганларида, сизлар бу ерда қоласизларми?

7 Нимага сизлар, Исроил халқи Эгамиз берган юртга бормасин деб, уларнинг раъйини қайтаряпсизлар?

8 Мен оталарингизни Кадеш–Барнадан юртни кўриб келиш учун жўнатганимда, улар ҳам худди шундай йўл тутишган эди.

9 Улар Эшкўл сойлигигача бориб, юртни кўриб чиққан эдилар. Сўнг Эгамиз берган юртга Исроил халқи бормасин деб, уларнинг раъйини қайтарган эдилар.

10 Ўша куни Эгамиз оталарингиздан қаттиқ ғазабланиб шундай қасам ичган эди:

11 “Мисрдан чиққан йигирма ва ундан юқори ёшдаги одамлар Мен Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга ваъда қилган юртга кирмайдилар, чунки улар Менга содиқ қолмадилар.

12 Ўша юртга фақат Ханаз уруғидан Яфунах ўғли Холиб билан Нун ўғли Ёшуа кирадилар, чунки улар икковигина Мен, Эгангизга содиқ қолдилар.”

13 Ҳа, Эгамиз Исроил халқидан қаттиқ ғазабланган эди. Эгамиз Унинг олдида қабиҳлик қилган аждодларингизни қирқ йил — улар батамом тугаб битмагунча саҳрода кездирди.

14 Энди эса сиз, эй гуноҳкорлар насли, оталарингизнинг ўрнини эгаллаб, Эгамизнинг ғазабини Исроил халқига қарши қўзғатяпсизлар!

15 Агар Эгамиздан юз ўгирсангизлар, У Исроил халқини яна саҳрода ташлаб кетади. Бутун халқ сизлар туфайли қирилиб кетади.

16 Лекин Рубен ва Гад қабилалари Мусога яқин келиб, шундай дейишди: — Биз бу ерда сурувларимиз учун қўй қўралари, бола–чақаларимиз учун шаҳарлар қурамиз.

17 Ўзимиз эса қуролланиб, Исроил халқини уларнинг юртига жойлаштирмагунимизча, сафнинг бошида борамиз. Шу аснода болаларимиз мустаҳкам шаҳарларда қоладилар, маҳаллий халқлар уларга хавф солмайдилар.

18 Исроил халқининг ҳар бири ўз мулкига эга бўлмагунча, биз уйимизга қайтмаймиз.

19 Биз Иордан дарёсининг нариги томонидан ўзимизга мулк олмаймиз, чунки бизнинг мулкимиз Иорданнинг бу томонида — шарқ томонида бўлади.

20 Мусо уларга шундай деди: — Агар сизлар ҳақиқатан ҳам айтганингизни қилсангизлар, Эгамиз бошчилигида жанг қилиш учун қуролланинглар.

21 ўлига қурол тутган барча сипоҳларингиз Иордан дарёсидан ўтсин. Эгамиз Ўз ғанимларини қувиб юбормагунча, Унинг олдида боринглар.

22 Эгамиз ўша юртни таслим қилгандан кейингина, шу ерга қайтиб келишингиз мумкин. Шунда сизлар Эгамиз олдида ҳам, Исроил халқи олдида ҳам ўз мажбуриятингиздан озод бўласиз. Иордан дарёсининг шарқ томонидаги ер сизнинг Эгамиздан олган мулкингиз бўлади.

23 Агар шундай қилмасангизлар, сизлар Эгамизга қарши гуноҳ қилган бўласизлар. Гуноҳингиз ўз бошингизни ейди.

24 Болаларингиз учун шаҳарлар, сурувларингиз учун қўралар қуринглар. Лекин ваъдангиз устидан чиқинглар.

25 Гад ва Рубен қабилалари Мусога: — Ҳазрат нима буйруқ берсалар, қуллари шуни адо этгайлар, — дейишди.

26 -Болаларимиз, хотинларимиз, подалару сурувларимиз шу ерда — Гиладдаги шаҳарларда қолади.

27 Лекин қўлига қурол тутган ҳар бир эркагимиз, ҳазратимиз айтганларидай, Эгамиз бошчилигида жанг қилиш учун дарёнинг нариги томонига ўтади.

28 Шундан кейин Мусо руҳоний Элазарга, Нун ўғли Ёшуага ва Исроил қабилаларининг уруғбошиларига буйруқ бериб деди:

29 — Агар Гад ва Рубен қабилалари қуролланиб, Эгамиз бошчилигида жанг қилиш учун сизлар билан бирга Иорданнинг нариги томонига ўтишса, сизлар ўша юртни мағлуб қилганингиздан кейин Гилад ерларини уларга мулк қилиб беринглар.

30 Борди–ю, улар сизлар билан бирга қуролланиб бормаса, бошқа қабилалар қатори, Канъон юртидан мулк олишади.

31 Шунда Гад ва Рубен қабилалари: — Эгамиз қулларингизга қандай амр берган бўлса, ҳаммасини адо этамиз, — деб жавоб беришди.

32 — Биз қуролланиб, Эгамиз бошчилигида Иордан дарёсининг нариги томонига ўтиб, Канъон юртига борамиз. Лекин Иорданнинг шу томонидаги ерлар бизнинг мулкимиз бўла қолсин.

33 Шундан кейин Мусо Гад билан Рубен қабилаларига ҳамда Юсуф ўғли Манаше қабиласининг ярмига Амор халқининг шоҳи Сихўннинг юрти билан Башан шоҳи Ўгнинг юртини — уларнинг жамики ерларию шаҳарларини, шаҳар атрофидаги ўлкаларни берди.

34-36 Гад қабиласи Дибон, Отарўт, Арор, Отрўт–Шифан, Язир, Ёҳбохо, Байт–Нимро ва Байт–Хорон деган мустаҳкам шаҳарларни қайтадан барпо қилиб, қўй қўраларини қурди.

37 Рубен қабиласи ҳам Хашбон, Элалей, Хиратайим, Наво, Баал–Миён ва Сивмо шаҳарларини қайта қурди. Улар тиклаган шаҳарларига янги ном беришди.

39 Манаше ўғли Мохирнинг авлодлари Гилад ўлкасига боришди. Улар Гиладни босиб олиб, Амор халқини у ердан қувиб чиқаришди.

40 Шундан кейин Мусо Гиладни Мохир авлодига берди. Мохир авлоди у ерда жойлашди.

41 Манаше ўғли Ёвир эса Амор халқининг шаҳарларини эгаллади. У ўша ерларга Ёвир шаҳарлари деб ном берди.

42 Наваҳ Қанот шаҳрини ва унинг атрофидаги қишлоқларни эгаллади, у ерларга Наваҳ деб ўзининг исмини берди.

Мисрдан Мўабга бўлган сафар

1-2 Мусо Эгамизнинг амрига кўра, сафар давомида қароргоҳ қурилган жойларнинг номларини бирма–бир рўйхат қилиб ёзган эди. Мусо ва Ҳорун бошчилигида Мисрдан қабила–қабила бўлиб чиққан Исроил халқининг тўхтаган жойлари қуйидагилардир:

3 Биринчи ойнинг ўн бешинчи кунида, Фисиҳ зиёфатининг эртасига Исроил халқи Рамзес шаҳрини тарк этди. Улар жамики Миср халқининг кўзи олдида шахдам қадам билан Мисрдан чиқиб кетишди.

4 Шу вақтда Мисрликлар Эгамиз нобуд қилган ҳамма тўнғич ўғилларини дафн қилаётган эдилар. Эгамиз шу йўсинда Миср худоларини маҳкум этган эди.

5 Шундай қилиб, Исроил халқи Рамзесни тарк этиб, Сухотда қароргоҳ қурди.

6 Сўнг Сухотдан кетиб, саҳронинг четидаги Этхамда қароргоҳ қурди.

7 Улар Этхамдан чиқиб, орқага — Баал–Зафўннинг шарқидаги Пий–Хахирўтга йўл олиб, Мигдол ёнида қароргоҳ қуришди.

8 Пий–Хахирўтдан ҳам чиқиб, Қизил денгиздан ўтишди–да, саҳро томон йўл олишди. Этхам саҳросини уч кун кезганларидан кейин, Марода қароргоҳ қуришди.

9 Кейин Мародан кетиб, Илимда қароргоҳ қуришди. Илимда ўн иккита булоқ ва етмишта хурмо дарахти бор эди.

10 Улар Илимдан кейин, Қизил денгиз бўйида қароргоҳ қуришди.

11 Кейин Қизил денгиз бўйидан кетиб, Син саҳросида қароргоҳ қуришди.

12 Син саҳросидан кетиб, Дофкахда қароргоҳ қуришди.

13 Дофкахдан кетиб, Элишда қароргоҳ қуришди.

14 Элишдан кетиб, Рафидимда қароргоҳ қуришди. Лекин у ерда ичимлик суви йўқ эди.

15 Рафидимдан кетиб, Синай саҳросида қароргоҳ қуришди.

16 Синай саҳросидан кетиб, Хиврут–Хаттавода қароргоҳ қуришди.

17 Хиврут–Хаттаводан кетиб, Хазерўтда қароргоҳ қуришди.

18 Хазерўтдан кетиб, Ритмада қароргоҳ қуришди.

19 Ритмадан кетиб, Риммон–Паразда қароргоҳ қуришди.

20 Риммон–Параздан кетиб, Либнада қароргоҳ қуришди.

21 Либнадан кетиб, Риссада қароргоҳ қуришди.

22 Риссадан кетиб, Кахелетахда қароргоҳ қуришди.

23 Кахелетахдан кетиб, Шафер тоғида қароргоҳ қуришди.

24 Шафер тоғидан кетиб, Харадахда қароргоҳ қуришди.

25 Харадахдан кетиб, Макхилўтда қароргоҳ қуришди.

26 Макхилўтдан кетиб, Тахатда қароргоҳ қуришди.

27 Тахатдан кетиб, Тераҳда қароргоҳ қуришди.

28 Тераҳдан кетиб, Миткада қароргоҳ қуришди.

29 Миткадан кетиб, Хашмонахда қароргоҳ қуришди.

30 Хашмонахдан кетиб, Мосарўтда қароргоҳ қуришди.

31 Мосарўтдан кетиб, Банияқонда қароргоҳ қуришди.

32 Банияқондан кетиб, Хор–Хагигадда қароргоҳ қуришди.

33 Хор–Хагигаддан кетиб, Ётботода қароргоҳ қуришди.

34 Ётботодан кетиб, Аврўнда қароргоҳ қуришди.

35 Аврўндан кетиб, Эзйўн–Геберда қароргоҳ қуришди.

36 Эзйўн–Гебердан кетиб, Зин чўлидаги Кадешда қароргоҳ қуришди.

37 Кадешдан кетиб, Эдом юртининг чегарасидаги Хўр тоғида қароргоҳ қуришди.

38 Руҳоний Ҳорун Эгамизнинг амри билан Хўр тоғига чиқиб, ўша ерда вафот этди. Бу воқеа Исроил халқи Мисрдан чиққанига қирқ йил бўлганда, бешинчи ойнинг биринчи кунида содир бўлди.

39 Ҳорун Хўр тоғида вафот этганда 123 ёшда эди.

40 Канъонлик Арод шоҳи шу пайтда: “Исроил халқи келяпти” деган хабарни эшитди. У Канъондаги Нагав чўлида яшарди.

41 Исроил халқи Хўр тоғидан кетиб, Залмўнода қароргоҳ қурди.

42 Улар Залмўнодан кетиб, Пунонда қароргоҳ қуришди.

43 Пунондан кетиб, Обўтда қароргоҳ қуришди.

44 Обўтдан кетиб, Мўаб ҳудудидаги Ивай–Аборимда қароргоҳ қуришди.

45 Ивай–Аборимдан кетиб, Дибон–Гадда қароргоҳ қуришди.

46 Дибон–Гаддан кетиб, Элмон–Диблатайимда қароргоҳ қуришди.

47 Элмон–Диблатайимдан кетиб, Наво тоғининг ёнидаги Аборим тоғларида қароргоҳ қуришди.

48 Аборим тоғларидан кетиб, Мўаб текислигида, Ерихо шаҳрининг рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида қароргоҳ қуришди.

49 Улар Мўаб текислигида Иордан бўйлаб, Байт–Яшимўтдан тортиб, Овил–Шитимгача қароргоҳ қуришди.

50 Иордан дарёсидан ўтишдан олдин берилган кўрсатмалар Мўаб текислигида, Ерихо шаҳрининг рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида Эгамиз Мусога шундай деди:

51 — Исроил халқига айт: “Сизлар Иордан дарёсининг нариги томонига ўтиб, Канъон юртига борганларингиздан кейин

52 у ернинг аҳолисини ҳайдаб чиқаринглар. Уларнинг ҳамма тош ва қуйма бутларини йўқ қилинглар, жамики саждагоҳларини бузиб ташланглар.

53 Ўша юртга эгалик қилинглар, у ерда ўрнашиб олинглар, чунки Мен ўша юртни сизларга берганман.

54 Ерларни уруғларингиз орасида қуръа бўйича бўлиб беринглар. Катта уруққа каттароқ улуш, кичик уруққа кичикроқ улуш беринглар. Қуръа бўйича кимга қаер чиқса, ўша ер ўша уруғнинг улуши бўлиб қолади. Шу йўсинда ерларни қабилалар орасида бўлиб беринглар.

55 Агар сизлар ўша юртнинг аҳолисини ҳайдаб чиқармасангиз, уларнинг қолган–қутганлари сизлар учун кўзга кирган зирапчадай, биқинга санчилган тикандай бўлади. Улар сизларни яшаб турган юртингизда сиқади.

56 Шунда Мен уларнинг бошига нима солмоқчи бўлган бўлсам, сизнинг бошингизга соламан.”

Канъон юртининг чегаралари

1 Эгамиз Мусога деди:

2 — Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Канъон юртига кириб борганингиздан кейин, сизларга мулк қилиб бериладиган бу юрт қуйидагича чегараланади:

3 Юртингизнинг жанубий қисми Зин чўлидан Эдом юрти бўйлаб чўзилади. Жанубий чегарангиз шарқ томонда Ўлик денгизнинг жанубий қирғоғидан бошланиб,

4 Чаёнлар довонидан ўтади ва жанубга — Зин чўли томонга чўзилади. Чегарангизнинг энг жанубий нуқтаси Кадеш–Барна бўлади. У ердан чегара Хазор–Адаргача бориб, Озмон орқали ўтади.

5 Сўнг бурилиб, Миср чегарасидаги ирмоқ бўйлаб Ўрта ер денгизига бориб тақалади.

6 Ўрта ер денгизининг қирғоғи ғарбий чегарангизни ташкил қилади.

7 Шимолий чегарангиз эса Ўрта ер денгизидан шарққа, Хўр тоғига томон чўзилади.

8 Хўр тоғидан Лево–Хоматгача боради, сўнг Задоддан ўтиб,

9 Зифрўнга чўзилиб боради ва Хазор–Энанда тўхтайди. Бу сизнинг шимолий чегарангиз бўлади.

10 Шарқий чегарангиз шимолдаги Хазор–Энандан бошланиб, жануб томон Шафомга боради,

11 сўнг яна жанубга чўзилиб, Ойиннинг шарқ томонидаги Ривлодан ўтади ва Жалила кўлининг шарқ томонидаги қирлар бўйлаб боради.

12 Сўнг чегара Иордан дарёси бўйлаб жанубга чўзилиб, Ўлик денгизга бориб тўхтайди. Ҳар томондан чегараланган мана шу ерлар сизларнинг юртингиз бўлади.”

13 Шундан сўнг Мусо Исроил халқига буюрди: — Бу юртни қуръа ташлаб, бўлиб олинглар. Эгамиз бу юртни тўққизта қабилага ва бир қабиланинг ярмига бўлиб беришни амр этган.

14-15 Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми хонадонлари бўйича Ерихо шаҳрининг рўпарасидаги Иорданнинг шарқ томонидан ўзларига тегишли мулкни олганлар.

16 Юртнинг тақсимланишига жавобгар йўлбошчилар Эгамиз Мусога яна айтди:

17 “Руҳоний Элазар ва Нун ўғли Ёшуа юртни Исроил халқига бўлиб беришсин.

18 Ҳар бир қабиладан биттадан йўлбошчини уларга ёрдамчи қилиб тайинланглар.

19 Ўша одамларнинг исмлари қуйидагичадир: Яҳудо қабиласидан — Яфунах ўғли Холиб.

20 Шимўн қабиласидан — Омиҳуд ўғли Шомуил.

21 Бенямин қабиласидан — Хислон ўғли Элидод.

22 Дан қабиласидан — Ёхли ўғли Букки.

23 Юсуф ўғли Манаше қабиласидан — Эфўд ўғли Ханниёл.

24 Эфрайим қабиласидан — Шифтон ўғли Камувол.

25 Забулун қабиласидан — Парнўх ўғли Элизофон.

26 Иссахор қабиласидан — Оззон ўғли Палтиёл.

27 Ошер қабиласидан — Шалуми ўғли Охихуд.

28 Нафтали қабиласидан — Омиҳуд ўғли Падаҳиёл.”

29 Эгамиз ана шу одамларга, Исроил халқига Канъон юртини мулк қилиб бўлиб беринглар, деб амр берган эди.

Левиларга берилган шаҳарлар

1 Мўаб текислигида, Ерихо шаҳрининг рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида Эгамиз Мусога деди:

2 “Исроил халқига буюр, улар мулк қилиб оладиган еридан левиларга яшаш учун шаҳарлар беришсин. Шунингдек, шаҳарларнинг атрофидаги яйловларни ҳам беришсин.

3 Шаҳарлар левиларга ватан бўлади, яйловлар эса мол–ҳоли учун ярайди.

4 Левиларга бериладиган яйловлар шаҳар деворидан 1000 тирсак масофада бўлган теваракдаги ҳамма яйловларни ўз ичига олсин.

5 Шаҳар ташқарисидан шарқ, жануб, ғарб, шимол томонга 2000 тирсакдан ўлчанглар, шаҳар ўртада бўлсин. Шаҳар атрофи эса левиларнинг яйловлари бўлади.

6 Сизлар левиларга берадиган шаҳарларингизнинг олтитаси паноҳ шаҳарлар бўлсин. Бирортангиз бехосдан одам ўлдириб қўйсангиз, ўша шаҳарларнинг бирига қочиб боришингиз мумкин. Бу олтита шаҳардан ташқари, левиларга яна қирқ иккита шаҳар беринглар.

7 Ҳаммаси бўлиб левиларга қирқ саккизта шаҳар ва улар атрофидаги яйловлар берилсин.

8 Исроил халқи мулкидан ҳар бир қабила олган улушининг ҳажмига кўра, левиларга шаҳарлар ажратиб беринглар. Каттароқ улуш олган қабила кўпроқ, кичикроқ улуш олган қабила эса камроқ шаҳар берсин.”

9-10 Паноҳ шаҳарлар Исроил халқига қуйидаги амр ва қонунларни етказ, деб Мусога Эгамиз шундай амр берди: “Сизлар Иордан дарёсининг нариги томонига ўтиб, Канъон юртига кирганларингиздан кейин,

11 ўзларингиз учун паноҳ шаҳарларни танланглар. Бирортаси бехосдан одам ўлдириб қўйса, ўша шаҳарларнинг бирига қочиб бора оладиган бўлсин.

12 Қотил жамоа олдида ҳукм қилинишдан олдин ўлдирилиб қўйилмаслиги учун бу шаҳарлар қотилга қасоскордан паноҳ бўлади.

13 Олтита паноҳ шаҳрингиз бўлсин.

14 Учта шаҳарни Иордан дарёсининг шарқ томонидан, қолган учтасини Канъон юртидан танланглар.

15 Ана шу олтита шаҳар сизлар учун ҳам, орангизда вақтинча ёки доимий равишда истиқомат қилаётган мусофирлар учун ҳам паноҳ бўлади. Бирортасини бехосдан ўлдириб қўйган одам ўша ёққа қочиб борсин.

16 Агар бирорта одам бошқасини темир асбоб билан уриб ўлдириб қўйса, урган одам қотил ҳисобланади ва ўша одамнинг жазоси ўлимдир.

17 Одамни тош билан уриб ўлдирган киши ҳам қотилдир. Қотилнинг жазоси ўлимдир.

18 Одамни ёғоч қурол билан уриб ўлдирган киши ҳам қотилдир. Қотилнинг жазоси ўлимдир.

19 Марҳумнинг хунини оладиган одам қотилни ўлдирсин. Қотилни учратиб қолганда унинг жонини олсин.

20 Шунингдек, агар бирортаси бошқасини ёмон кўргани учун итариб ёки қасддан унга бирор нарсани отиб ўлдириб қўйса,

21 ёхуд адоватдан унга мушт тушириб ўлдирса, урган одамнинг жазоси ўлимдир. У қотилдир. Марҳумнинг хунини оладиган одам қотилни учратганда ўлдирсин.

22 Борди–ю, бири бошқасини бехосдан, хусумат қилмай, туртиб юборса ёки қасд қилмай бирор нарса отса

23-24 ё кўрмай туриб устига тош тушириб юборса ва ўша одам ўлса, жамоа қасоскор билан одам ўлдирган кишининг орасидаги можарони ҳал қилсин. Чунки одам ўлдирганнинг ва марҳумнинг орасида ҳеч қандай адоват бўлмаган эди.

25 Жамоа қотилни қасоскорнинг қўлидан халос қилиб, уни қайтариб паноҳ шаҳарга жўнатсин. Мой суртиб танланган олий руҳоний вафот этгунча, қотил ўша ерда қолсин.

26 Лекин қотил паноҳ шаҳар чегарасидан чиқса

27 ва қасоскор уни паноҳ шаҳардан ташқарида тутиб олиб ўлдирса, қасоскор қотилликда айбланмайди.

28 Чунки олий руҳоний вафот этгунча, қотил паноҳ шаҳарда қолиши лозим эди. Олий руҳонийнинг вафотидан сўнггина у ўз уйига қайтиб бориши мумкин эди.

29 Мана шулар сизлар учун авлодларингиз оша, қаерда яшасангиз ҳам, қонун бўлиб қолсин.

30 Одам ўлдирган киши фақат гувоҳларнинг кўрсатмалари асосидагина қотилликда айбланиб, ўлим жазосига тортилсин. Битта одамнинг гувоҳлиги асосида ҳеч ким ўлдирилмасин.

31 Ўлимга ҳукм қилинган қотилнинг жони эвазига пул олманглар. Қотилни албатта ўлдиринглар.

32 Паноҳ шаҳарга қочиб кетган одамдан ҳам пул олманглар, у олий руҳонийнинг вафотидан олдин ўз ерига қайтиб келиб яшаши учун йўл қўйманглар.

33 Ўзингиз яшаб юрган ерни булғаманглар. Ер тўкилган қон туфайли булғанади. Қотиллик туфайли булғанган ерни фақат қотилнинг қони билан тозалаб бўлади.

34 Ўзларингиз яшайдиган ва Мен истиқомат қиладиган ерни булғаманглар, зотан, Мен, Эгангиз, Исроил халқи орасида истиқомат қиламан.”

Турмушга чиққан аёлларнинг мероси

1 Бир куни Гилад уруғининг уруғбошилари Мусо билан Исроил йўлбошчилари олдига келишди. Гилад Мохирнинг ўғли, Манашенинг невараси, Юсуфнинг эвараси эди.

2 — Эй Мусо ҳазратлари, — дея мурожаат қилишди улар. — Эгамиз сизга, Исроил халқига қуръа бўйича ерни мулк қилиб бер, деб амр қилганда, инимиз Залофходнинг мулкини қизларига беришингизни айтган эди.

3 Борди–ю, Залофходнинг қизлари Исроилнинг бошқа қабиласидаги йигитларга турмушга чиқсалар, уларнинг мулки турмушга чиққан уруғнинг мулкига қўшилади. Шунда қабиламиз улуш қилиб олган ернинг бир қисмидан айрилиб қолади.

4 Қутлуғ йил келганда эса Залофход қизларининг мулки ўзлари турмушга чиққан уруғнинг мулкига қўшилиб, қабиламизнинг мулкидан айириб олинади ва биз қабиламизга тегишли бўлган бир қисм ердан маҳрум бўлиб қоламиз.

5 Мусо, Эгамизнинг амрига биноан, Исроил халқига айтди: — Юсуф авлодининг гапи тўғри.

6 Эгамиз Залофходнинг қизлари ҳақида шундай амр берди: Залофходнинг қизлари ўзлари хоҳлаган одамларга турмушга чиқишсин. Лекин улар турмушга чиқадиган йигитлар Залофходнинг қабиласидан бўлишлари шарт.

7 Исроил халқининг мулки бир қабиладан бошқасига ўтиб кетмасин. Ҳар бир Исроил одами оталаридан мерос қилиб олган ерни сақласин.

8 Исроилнинг ҳамма қабиласида мулкка меросхўрлик қиладиган ҳар қандай қиз, ўзининг қабиласидан бирортасига турмушга чиқсин, токи Исроилнинг ҳамма одамлари мулк қилиб олган ерларига ўзлари эгалик қилсин.

9 Ана шунда мулк бир қабиладан бошқа қабилага ўтиб кетмайди. Исроил халқининг ҳар бир қабиласи ўз мулкини сақлаб қолсин.

10 Эгамиз Мусога нима амр этган бўлса, Залофходнинг қизлари шуни қилдилар.

11 Залофходнинг Махло, Тирза, Хўглах, Милхо ва Нуваҳ исмли қизлари ўз амакиларининг ўғилларига турмушга чиқдилар.

12 Улар турмушга чиққан йигитлар Юсуф ўғли Манаше уруғларидан эдилар. Шундай қилиб, у қизларнинг мероси оталари қабиласида қолди.

13 Мусо орқали Исроил халқига Эгамиз берган амр ва қонунлар ана шулардан иборатдир. Бу қонунлар Мўаб текислигида, Ерихо шаҳрининг рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида берилган эди.