Қонунлар

Қонунлар

Синай тоғидаги воқеаларнинг қайд қилиниши

1 Мазкур китобда Мусонинг Исроил халқига айтган нутқи баён қилинган. Ушбу нутқини у Иордан дарёсининг шарқ томонидаги чўлда айтган эди. Бу чўл Суф деган жойнинг қаршисида жойлашган бўлиб, унинг бир томонида Порон шаҳри, қарама–қарши томонида Тофал, Лобон, Хазерўт ва Дизахаб шаҳарлари бор эди.

2 (Синай тоғидан Кадеш–Барнагача Сеир тоғлари бўйлаб ўн бир кунлик йўлдир.)

3 Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин, қирқинчи йилнинг ўн биринчи ойи биринчи кунида Мусо уларга Эгамизнинг амр этган сўзларини айтди.

4 Бундан олдин у Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўнни ҳамда Аштарўт ва Эдрей шаҳарларида ҳукмронлик қилган Башан шоҳи Ўгни мағлуб қилган эди.

5 Иорданнинг шарқ томонида, Мўаб юртида Мусо бу қонунларни Исроил халқига қуйидагича тушунтира бошлади:

6 Эгамиз Худо Синай тоғида бизга шундай деди: “Бу тоғда анча вақт туриб қолдингизлар.

7 Энди йўлга тушинглар, Амор халқининг қирларига ва уларга қўшни бўлган Канъон халқининг юртига боринглар. Бу ўлкага Иордан водийси, қирлар, ғарбдаги қир этаклари, Нагав чўли, Ўрта ер денгизининг қирғоғи, Лубнон ва буюк Фурот дарёсигача бўлган ерлар киради.

8 Мана шу ерларни сизларга беряпман. Боринглар, ўша юртни мулк қилиб олинглар. Мен, Эгангиз, бу ерларни ота–боболарингиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга ҳамда уларнинг авлодларига бераман, деб онт ичганман.”

Мусо ҳакамларни тайинлайди

9 Биз Синай тоғида турган пайтимизда мен сизларга шундай деган эдим: “Бир ўзим оғирлигингизни кўтара олмайман.

10 Эгангиз Худо сизларни кўпайтирди. Мана, бугун сизлар осмондаги юлдузлардай сон–саноқсиз бўлдингиз.

11 Ота–боболарингизнинг Худоси — Эгангиз Ўз ваъдасига мувофиқ сизларни яна минг карра кўпайтирсин, сизларга барака берсин.

12 Бир ўзим сизнинг оғирлигингизни, муаммолару жанжалларингизни кўтара олармидим?!

13 Энди ҳар бир қабилангиздан доно, ақл–идрокли ва обрўли кишиларни танлаб олинглар. Мен ўша одамларни сизларга йўлбошчилар қиламан.”

14 Сизлар менга: “Режангиз яхши”, деб жавоб бердингизлар.

15 Шунда мен доно ва обрўли қабила йўлбошчиларингизни устингиздан назоратчи қилиб тайинладим. Уларга мингбоши, юзбоши, элликбоши, ўнбоши ва турли назоратчилар вазифаларини бўлиб бердим.

16 Ўша вақтда ҳакамларингизга шундай деб буюрган эдим: “Биродарларингиз орасидаги муаммоларга яхшилаб қулоқ солинг. Ҳукмингиз тўғри бўлсин, Исроил халқи орасидаги муаммоларни ҳамда қондошингиз билан мусофир орасидаги муаммоларни тўғри ҳукм қилинг.

17 Ҳукмда тарафкашлик қилманг. Каттага ҳам, кичикка ҳам бирдай қулоқ солинг. Одамлардан қўрқманг, чунки ҳукм Худоникидир. Ўзингиз еча олмаган масалаларни менга олиб келинг, уларни ўзим ечаман.”

18 Қилишингиз лозим бўлган ҳаммасини ўшанда сизларга айтдим.

Исроил халқи Канъон юртига айғоқчиларни юборади

19 Кейин Эгамиз Худо буюрганидай биз Синай тоғидан кетдик. Ўзларингиз кўрган кенг ва ваҳимали саҳро орқали Амор халқининг қирларига борадиган йўлдан юриб, Кадеш–Барнага бордик.

20 Шундан кейин мен сизларга айтдим: “Мана, Эгамиз Худо бизга бераётган Амор халқининг қирларига етиб келдик.

21 Қаранглар, мана шу ерларнинг ҳаммасини Эгангиз Худо сизларга берди. Қани, энди боринглар, ота–боболарингизнинг Худоси — Эгангизнинг ваъдасига мувофиқ ўша ерни қўлга киритинглар. Қўрқманглар, ваҳимага тушманглар.”

22 Сизлар ҳаммангиз олдимга келиб айтдингизлар: “Бормасимиздан олдин одамлар юборайлик. Улар ўша юртни текширсин. Биз борадиган йўл ва босиб оладиган шаҳарлар ҳақида хабар олиб келишсин.”

23 Режангиз менга маъқул бўлди. Орангиздан ўн икки кишини, ҳар бир қабиладан биттадан одамни танлаб олдим.

24 Улар қирларга чиқдилар, Эшкўл водийсигача етиб бориб, ўша юртни текширдилар.

25 У юртнинг меваларидан бизга олиб келдилар. “Эгамиз Худо бизга берган юрт яхши экан”, деб айтдилар.

26 Лекин сизлар бу юртга боришдан бош тортдингизлар, Эгангиз Худонинг амрига қарши чиқдингизлар.

27 Чодирларингизда минғирлаб шундай дедингиз: “Эгамиз бизни ёмон кўради. У бизни Амор халқининг қўлига бериб, ўлдириш учун Мисрдан олиб чиқди.

28 Қаерга кетяпмиз ўзи?! Биродарларимиз юрагимизни ёриб бўлди–ку! У ердаги одамлар биздан кучлироқ, бўйлари ҳам баландроқ эканини айтишди. Уларнинг улкан шаҳарлари осмонўпар деворлар билан ўралган экан! У ерда ҳатто Оноқ авлодини ҳам кўришган экан.”

29 Шунда мен сизларга дедим: “Ваҳимага тушманглар, улардан қўрқманглар.

30 Эгангиз Худонинг Ўзи олдингизда юради. Кўзингиз олдида Мисрда жанг қилгандай, сизлар учун жанг қилади.

31 Эгангиз Худо сизларга саҳрода ғамхўрлик қилганини ўзингиз кўрдингиз. У сизларни шу ергача, худди ота ўғлини опичлагандай, бутун йўл бўйи кўтариб келди.

32 Шунда ҳам сизлар Эгангиз Худога ишонмаяпсиз.

33 У эса қароргоҳ қуришингиз учун жой қидириб, олдингизда юрарди. Юрадиган йўлингизни кўрсатиб, кечаси устун шаклидаги аланга ичида, кундузи эса устун шаклидаги булут ичида борарди.”

Эгамиз Исроил халқини жазолайди

34 Эгамиз нолиганингизни эшитиб, ғазабланди. У онт ичиб деди:

35 “Мен ота–боболарингизга ваъда қилган ҳосилдор юртга бу қабиҳ наслнинг биронтаси ҳам кирмайди.

36 Ўша юртни фақат Яфунах ўғли Холиб кўради. У Менга содиқ қолди. Шунинг учун қадами етган ерни унга ва унинг авлодига бераман.”

37 Сизларни деб Эгамиз мендан ғазабланиб айтди: “Сен ҳам у ерга кирмайсан.

38 У юртга ёрдамчинг Нун ўғли Ёшуа киради. Унга далда бер. Юртни халққа мулк қилиб, олиб берадиган ўшадир.

39 Ўшанда сизлар, болаларимиз душманларга ўлжа бўлади, деб айтган эдингизлар. Болаларингиз ҳануз яхши билан ёмоннинг фарқига бормайди, аммо юртга кирадиган ўшалардир. Мен у юртни болаларингизга бераман. Ҳа, улар ўша юртни эгаллаб оладилар.

40 Сизлар эса саҳрога қайтинглар! Қизил денгизга борадиган йўлдан кетинглар.”

41 Эгамизнинг бу гапларидан кейин, сизлар менга шундай дедингизлар: “Эгамизга қарши гуноҳ қилдик. Энди бориб, Эгамиз Худо бизга амр қилганидек, жанг қиламиз.” Сизлар, ўша қирларни қўлга киритиш осон бўлади, деб ўйлаб, жанг қуролларингизни олдингиз.

42 Лекин Эгамиз менга шундай деди: “Уларга айт, боришмасин. Жанг қилиб юришмасин. Ахир, Мен улар билан бўлмайман. Акс ҳолда, душманлари уларни мағлуб қилади.”

43 Сизларга шундай десам ҳам, менга қулоқ солмадингизлар. Эгамизнинг амрига қарши чиқиб, ўзбошимчалик билан қирларга чиқдингизлар.

44 Ўша қирларда яшайдиган Амор халқи қаршилик кўрсатиб, сизларни арилар каби, қувдилар. Сизларни Сеирда тор–мор қилдилар. Хўрмахгача таъқиб қилиб, қириб ташладилар.

45 Омон қолганингиз қайтиб келиб, Эгамизга фарёд қилдингизлар. Лекин Эгамиз на нолангизга қулоқ солди, на сизларга эътибор берди.

46 Шундай қилиб, Кадеш–Барнада анча турдингиз, бирмунча вақт у ерда қолиб кетдингиз.

Саҳрода ўтган йиллар

1 Эгамиз менга айтганидай, биз Қизил денгиз томондаги саҳрога қайтдик. Сеир тоғлари атрофида кўп вақт юрдик.

2 Эгамиз менга шундай деди:

3 “Бу қирлар атрофида шунча айланиб юрганингиз етади. Энди шимол томонга боринглар.

4 Бу халққа Мендан шундай буйруқ бергин: «Сеир юртида яшайдиган биродарларингиз — Эсов авлодининг ерларидан ўтасизлар. Улар сиздан қўрқишади. Аммо эҳтиёт бўлинглар,

5 улар билан жанг қилманглар. Мен сизларга у ернинг бир қаричини ҳам бермайман, чунки Мен Сеир тоғларини Эсов авлодига мулк қилиб берганман.

6 Улардан овқатни кумушга сотиб олиб енглар, сувни ҳам кумушга сотиб олиб ичинглар.

7 Мен, Эгангиз Худо, ҳар бир ишингизда сизларга барака бердим. Шу бепоён саҳрода юрганингизда сизларни ҳимоя қилдим. Қирқ йилдан бери Мен сизлар билан биргаман, сизлар ҳеч қандай камчилик кўрмадингизлар.»”

8 Шундай қилиб, биз Сеирда яшовчи биродарларимиз — Эсов авлодининг еридан ўтиб кетдик. Элет ва Эзйўн–Гебердан Иордан водийсига кетган йўлдан юрдик. Сўнгра Мўаб чўли томон бурилиб кетдик.

9 Шунда Эгамиз менга деди: “Мўабликлар билан жанжаллашиб, уруш бошламанглар. Мен сизларга уларнинг еридан мулк бермайман, чунки Ор ҳудудини Мен Лут авлодига мулк қилиб берганман.”

10 (Олдин у ерда Эйим халқи яшаган эди. Улар кўпчилик бўлиб, кучли, Оноқ авлоди сингари баланд бўйли халқ эди.

11 Эйим халқи ва Оноқ авлодлари, одатда, Рафа халқи деб аталарди. Аммо Мўабликлар уларни Эйим халқи деб аташарди.

12 Сеирда анча олдин Хорим халқи яшаган. Аммо Эсов авлоди ўша ерларни улардан тортиб олганди. Исроил халқи Эгамиз мулк қилиб берган юртда халқларни йўқ қилгандай, Эсов авлоди ҳам Хорим халқини йўқ қилиб, уларнинг ерларига жойлашиб олган эди.)

13 Эгамиз: “Қани, энди отланинглар, Зарад сойлигидан ўтинглар”, — деб амр берди. Биз Зарад сойлигидан ўтдик.

14 Кадеш–Барнадан чиқишимизга ва Зарад сойлигидан ўтишимизга 38 йил кетди. Эгамиз онт ичиб айтганидай, бу вақт оралиғида ўша наслнинг урушга яроқли бўлган одамлари оламдан ўтиб кетди.

15 Дарҳақиқат, Эгамиз уларга қарши Ўз қўлини кўтариб, қароргоҳдаги ҳамма урушга яроқлиларни қириб ташлади.

16 Урушга яроқли бўлганларнинг ҳаммаси ўлиб, халқ орасидан йўқ бўлгандан кейин,

17 Эгамиз менга шундай деди:

18 “Бугун Ор шаҳридан ўтасизлар, Мўаб юртининг шимолий чегарасини кесиб,

19 Оммон халқининг ерига яқинлашасизлар. Лекин улар билан жанжаллашиб, уруш бошламанглар. Сизларга уларнинг еридан бир парча ҳам бермайман. Бу ерни Мен Лут авлодига мулк қилиб берганман.”

20 (Илгарилари бу ер Рафа халқининг юрти эди. Бу ерда Рафа халқи яшаган эди. Оммон халқи эса уларни Замзум халқи деб аташарди.

21 Бу халқ кучли, кўп бўлиб, Оноқ авлоди сингари баланд бўйли эди. Аммо Эгамиз уларни йўқ қилди. Оммон халқи уларнинг ерини қўлга киритиб, ўша ерга жойлашиб олганди.

22 Сеирда яшаётган Эсов авлоди учун ҳам Эгамиз худди шундай қилган эди. Хорим халқини Эгамиз йўқ қилди. Эсов авлоди Хорим халқининг ерини қўлга киритиб, уларнинг ўрнига ўзлари жойлашиб олишди. Улар ҳозиргача ўша ерда яшайди.

23 Авим халқи эса жанубдаги Ғазогача бўлган қишлоқларда яшарди. Аммо Хафтўрдан келган Хафтўр халқи уларни йўқ қилиб, ўринларига ўзлари жойлашиб олишганди.)

Исроил халқи шоҳ Сихўнни енгади

24 Биз Мўаб юртидан ўтганимиздан кейин, Эгамиз шундай деди: “Энди отланиб, йўлга тушинглар, Арнон сойлигидан ўтинглар. Мен Амор халқининг Хашбонда яшайдиган шоҳи Сихўнни ва унинг ерини сизларнинг қўлингизга бераман. Унга ҳужум қилиб, жанг бошланг, унинг юртини эгаллаб олинг.

25 Мен шундай қиламанки, бугундан бошлаб бутун ер юзидаги халқлар сизлардан қўрқиб, ваҳимага тушадиган бўлишади. Номингизни эшитганлар сизлардан қўрққанидан қалтирайдиган бўлади.”

26 Шундан кейин мен Кадамўт чўлидан Хашбон шоҳи Сихўнга чопарлар орқали қуйидагича дўстона гапларни етказдим:

27 “Бизга юртингиз орқали ўтиб кетишга ижозат берсангиз. Ўнгга ҳам, чапга ҳам қайрилмай, тўғри йўлдан кетамиз.

28 Овқатни биз сиздан кумушга сотиб олиб, еймиз, сувни ҳам сиздан сотиб олиб ичамиз, фақат пиёда юриб ўтишимизга рухсат берсангиз бўлди.

29 Сеирда яшаётган Эсов авлоди ҳам, Ор шаҳрида яшаётган Мўабликлар ҳам ижозат берган эди. Уларнинг ерларидан ўтиб келдик. Улар сингари, сиз ҳам ижозат беринг, ерингиздан ўтиб кетайлик. Иордандан ўтиб, Эгамиз Худо бизга берадиган юртга етиб олайлик.”

30 Бироқ Хашбон шоҳи Сихўн еридан ўтиб кетишимизга рухсат бермади. Сизлар бугун яшаб юрган ерни қўлга киритишингиз учун Эгангиз Худо Сихўннинг юрагини тош қилиб, ўжар қилиб қўйганди.

31 Эгамиз менга шундай деди: “Мен Сихўнни ва унинг юртини сенинг қўлингга беряпман. Унинг юртини забт эта бошла.”

32 Сихўн жамики лашкарини бошлаб, биз билан жанг қилгани Яхаз шаҳрига чиқди.

33 Аммо Эгамиз Худо уни бизнинг қўлимизга берди. Сихўнни, унинг жамики лашкарини, фарзандларини йўқ қилиб ташладик.

34 Сихўннинг ҳамма шаҳарларини босиб олиб, биронтасини ҳам қолдирмай вайрон қилдик. Эркаклари, аёллари ва болаларидан биронтасини ҳам тирик қолдирмадик.

35 Мағлуб қилган шаҳарларимиздан фақат чорва ва бойликларни ўзимизга ўлжа қилиб олдик.

36 Арнон сойлигининг четида жойлашган Арор шаҳридан ҳамда сойликдаги шаҳардан тортиб, то Гиладгача бўлган бирорта шаҳар бизнинг куч–қудратимизга дош беролмади. Чунки Эгамиз Худо ҳаммасини бизнинг қўлимизга берган эди.

37 Аммо биз Явоқ дарёси бўйидаги Оммон халқининг ерларига ва қирлардаги уларнинг шаҳарларига ҳужум қилмадик. Чунки Эгамиз Худо бизга у ерларни босиб олишни ман қилганди.

Исроил халқи шоҳ Ўгни мағлуб қилади

1 Кейин биз Башан ўлкасига йўл олдик. Башан шоҳи Ўг ўзининг жамики лашкарини бошлаб, Эдрей шаҳри яқинида биз билан жанг қилгани чиқди.

2 Шунда Эгамиз менга деди: “Ўгдан қўрқма. Мен унинг ўзини, лашкарини ва бутун юртини сенинг қўлингга берганман. Сен Ўгнинг бошига Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўннинг кунини соласан.”

3 Эгамиз Худо Башан шоҳи Ўгни ва унинг бутун лашкарини бизнинг қўлимизга берди. Биз уларнинг ҳаммасини битта қолдирмай қириб ташладик.

4 Унинг ҳамма шаҳарларини — олтмишта шаҳрини олдик. Башандаги Ўгнинг шоҳлигига кирган бутун Аргоб ҳудудини қўлга киритдик, биз олмаган бирорта ҳам шаҳар қолмади.

5 Бу мустаҳкам шаҳарларнинг ҳаммаси баланд деворлар билан ўралган, дарвозалари тамбаланган эди. Булардан ташқари, девор билан ўралмаган кўп қишлоқлар ҳам бор эди.

6 Биз Хашбон шоҳи Сихўннинг шаҳарларини қандай вайрон қилган бўлсак, Ўгнинг шаҳарларини ҳам шундай вайрон қилдик. Бу шаҳарларни эркагу аёллари ва болалари билан бирга йўқ қилдик.

7 Ҳамма чорва ва шаҳарлардаги ўлжани ўзимизга олдик.

8 Шундай қилиб, ўшанда биз Иордан дарёсининг шарқ томонида ҳукмронлик қилган иккала Амор шоҳини мағлуб қилдик. Жанубдаги Арнон сойлигидан то шимолдаги Хермон тоғигача чўзилган ерларини қўлга киритдик.

9 (Хермон тоғини Сидонликлар — “Сириён”, Амор халқи — “Санир” деб аташади.)

10 Биз Башанда ҳукмронлик қилган шоҳ Ўгнинг бутун шоҳлигини, ясси тепаликдаги ҳамма шаҳарларини, шарқдаги Салко ва Эдрейгача бўлган бутун Гилад ва Башан ўлкаларини қўлга киритдик.

11 (Рафа халқидан биргина Башан шоҳи Ўг тирик қолган эди. Унинг ётадиган ўрни темирдан ясалган бўлиб, одатдаги ўлчам бўйича узунлиги тўққиз тирсак, кенглиги эса тўрт тирсак эди. Унинг ўрни ҳозир ҳам Оммон юртининг Рабба шаҳридадир.)

Иордан дарёсидан шарққа ўрнашган қабилалар

12 Биз ўша ерларни қўлга киритдик. Шунда мен Рубен ва Гад қабилаларига Арнон сойлиги бўйидаги Арор шаҳрининг шимолидаги ҳудудни, Гилад қирларининг ярмисини ва атрофдаги қишлоқларни бердим.

13 Манаше қабиласининг ярмига эса Гиладнинг қолган қисмини ва Ўгнинг шоҳлиги бўлган бутун Башанни бердим. (Башан ўлкасидаги Аргоб ҳудуди Рафа халқининг юрти ҳисобланарди.

14 Манаше қабиласидан бўлган Ёвир бутун Аргоб ҳудудини қўлга киритди. Бу ҳудуд Гашур ва Махо юртларигача чўзилган эди. Ёвир бу жойга ўзининг номини берди. Ўша жойлар бугунгача Ёвир қишлоқлари деб аталади.)

15 Манаше қабиласининг Мохир уруғига Гиладни бердим.

16 Рубен ва Гад қабилаларига Гиладдан то Арнон сойлигигача чўзилган ерларни бердим. Арнон сойлигининг ўртаси иккала қабиланинг чегараси эди. Уларнинг ери Оммон юртининг чегарасини ташкил қилган Явоқ дарёсигача чўзилган эди.

17 Уларнинг ғарбдаги ерлари эса Иордан дарёси бўйлаб, шимолдаги Жалила кўлидан то жанубдаги Ўлик денгизгача ва шарқдаги Фисгах тоғ тизмасининг ён бағирларигача чўзилган эди.

18 Ўшанда сизларга шундай буюрдим: “Эгангиз Худо бу ерни сизларга мулк қилиб берди. Ҳамма сипоҳларингиз қуролланиб, дарёдан кечиб ўтсин. Улар биродарларингиз бўлган Исроил халқини бошлаб борсин.

19 Фақат хотинларингиз ва фарзандларингиз мен сизларга берган шаҳарларда қолсин. Биламан, молларингиз жуда кўп, улар ҳам шаҳарларингизда қолаверсин.

20 Эгамиз сизларга тинчлик ато қилгандай, биродарларингизга ҳам тинчлик ато қилгандан кейин, улар Иорданнинг нариги томонидаги, Эгангиз Худо бераётган ерни эгаллаб олгандан кейин, ҳаммангиз мен сизларга берган мана шу ерга қайтиб келсангиз бўлади.”

21 Ўшанда Ёшуага айтдим: “Эганг Худо ўша иккала шоҳни нима қилганини ўз кўзинг билан кўрдинг. Сен босиб ўтадиган барча шоҳликларни ҳам Эгамиз худди шундай аҳволга солади.

22 Улардан қўрқма. Сизлар учун жанг қиладиган Эганг Худодир.”

Мусога Худо Канъон юртига кириш учун ижозат бермайди

23 Шундан кейин мен Эгамга ёлвордим:

24 “Ё Эгам Раббий! Мен, қулингга Ўз буюклигинг ва қудратингни эндигина кўрсата бошладинг. Самода ҳам, ерда ҳам Сенинг ажойиботларингни, буюк ишларингни қила оладиган бошқа худо йўқ!

25 Ижозат бер, мен Иордан дарёсидан ўтай. Дарёнинг нариги томонидаги ҳосилдор юртни, ўша чиройли қирларни ва Лубнонни кўрай.”

26 Лекин Эгамиз сизлар туфайли мендан ғазаблангани учун илтижоларимга қулоқ солмади. У менга шундай деди: “Бўлди қил! Менга бу ҳақда бошқа гапирма.

27 Фисгах тоғ тизмасининг чўққисига чиқ, ғарбга, шимолга, жанубга ва шарққа қара. Яхшилаб қараб ол, чунки сен мана шу Иордан дарёсидан кечиб ўтмайсан.

28 Ёшуани хизматга тайинла. Унга далда бериб, руҳлантир. Бу халқни дарёнинг нариги томонига Ёшуа бошлаб боради. Унинг бошчилигида бу халқ сен кўрадиган ўша ерни эгаллайди.”

29 Шундай қилиб, биз Байт–Пиёр қаршисидаги водийда тўхтадик.

Мусо Исроил халқини Худога итоат қилишга ундайди

1 Энди, эй Исроил, мен сизларга фармонлар ва қонун–қоидаларни ўргатаман. Уларга риоя қилинглар. Шунда яшайсизлар, ота–боболарингизнинг Худоси — Эгангиз сизларга бераётган ерни мулк қилиб оласизлар.

2 Мен сизларга айтаётган амрларга ҳеч нарса қўшманглар, ҳеч нарса олиб ҳам ташламанглар. Мен сизларга бераётган Эгангиз Худонинг амрларига риоя қилинглар.

3 Эгамиз Пиёр тоғида нималар қилганини ўз кўзларингиз билан кўрдингизлар. Пиёрдаги Баалга сажда қилган ҳаммани Эгангиз Худо йўқ қилган эди.

4 Эгангиз Худога содиқ бўлганлар эса бугун ҳам тирикдир.

5 Эгам Худо амр қилгандай, сизларга фармонларни ва қонун–қоидаларни ўргатдим. Мулк қилиб олаётган ўша юртда буларга риоя қилинглар.

6 Мана шу фармонлар ва қонун–қоидаларни битта қолдирмай бажаринглар, токи сизларнинг ақл–идрокингизни бошқа халқлар кўрсин. Улар бу қонунлар ҳақида эшитиб: “Ҳа, ҳақиқатан бу буюк халқ доно, ақл–идроклидир”, деб айтсин.

7 Эгамиз Худога ҳар сафар илтижо қилганимизда У бизга яқиндир. Қайси буюк халқнинг шундай худоси бор?!

8 Бугун мен сизларга фармонлар ва қонун–қоидалар беряпман. Қайси буюк халқнинг шундай адолатли қонун–қоидалари бор?!

9 Фақат ҳушёр бўлинглар. Кўзларингиз билан кўрганларингизни унутмай, бир умр юрагингизда сақланглар. Буларни ўғилларингизга, невара–чевараларингизга ҳам айтиб беринглар.

10 Сизлар Синай тоғида, Эгангиз Худо олдида турган кунингизни эсланглар. Ўша куни Эгамиз менга айтганди: “Менинг ҳузуримга халқни йиғ. Улар сўзларимни эшитиб, ер юзида бутун умрлари давомида Мендан қўрқишни ўргансинлар, болаларига ҳам ўргатсинлар.”

11 Сизлар яқин келиб, тоғнинг этагида турдингизлар. Тоғ эса осмонгача кўтарилган оловга бурканиб, қоп–қора булутлар билан қопланган эди.

12 Эгамиз олов ичидан сизларга гапирди. Сизлар Унинг сўзларини эшитдингизлар, қиёфасини эса кўрмадингизлар. Фақат Эгамизнинг овози эшитилар эди, холос.

13 У Ўз аҳдини сизларга аён қилиб, бу аҳдни — ўнта амрни бажаринглар, деб фармон берди. Эгамиз уларни икки тош лавҳага ёзди.

14 Иорданни кечиб, мулк қилиб оладиган юртда бажаришингиз керак бўлган фармонлар ва қонун–қоидаларни мен сизларга ўргатишимни Эгамиз буюрди.

Бутпарастлик ҳақида огоҳлантириш

15 Синай тоғида Эгамиз олов ичидан сизларга гапирганда, сизлар бирон қиёфа кўрмадингизлар. Шунинг учун эҳтиёт бўлинглар.

16 Яна йўлдан озиб, ўзингизга эркак ё аёл қиёфасидаги бутни,

17 ерда яшайдиган жонивор ё осмонда учиб юрувчи қуш қиёфасидаги бутни,

18 ерда судралиб юрувчи жонивор ёки сувдаги балиқ қиёфасидаги ҳеч қандай бутни ясаманглар.

19 Шунингдек, осмонга қараб, қуёш, ой ва юлдузларни, жамики самовий жисмларни кўриб васвасага тушманглар, уларга сиғинманглар, хизмат қилманглар. Ахир, Эгамиз Худо буларни дунёда яшовчи барча халқлар учун берди.

20 Сизларни эса Эгамиз Ўзи учун танлаб олди. Бугунгидай Унинг халқи бўлишингиз учун сизларни Мисрдан — темир ўчоқ ичидан олиб чиқди.

21 Эгамиз сизларнинг дастингиздан мендан ғазабланди: “Мен Исроил халқига мулк қилиб берадиган Иорданнинг нариги томонидаги ўша ҳосилдор юртга сен кирмайсан”, — деб қасам ичди.

22 Мен Иорданнинг нариги томонига ўтолмайман, мана шу ерда вафот этаман. Сизлар эса Иордандан ўтиб, ўша ҳосилдор юртни мулк қилиб оласизлар.

23 Шундай экан, эҳтиёт бўлинглар, Эгангиз Худо сизлар билан қилган аҳдни эсдан чиқарманглар. У тақиқлаган қиёфадаги бирорта бутни ўзларингизга ясаманглар.

24 Ахир, Эгангиз Худо ямламай ютадиган оловдир, У рашкчи Худодир.

25 Ўша юртда кўп яшайсизлар, болаларингиз, набираларингиз туғилади. Агар ўшанда йўлдан озсангиз, Эгангиз Худонинг олдида қабиҳлик қилиб, ўзингизга турли қиёфадаги бутларни ясасангиз, У ғазабланади.

26 Бугун сизларга қарши еру осмонни гувоҳ қиламан: агар менга итоатсизлик қилсангиз, юртдан тез орада бутунлай қирилиб кетасизлар. Иорданни кечиб, мулк қилиб оладиган юртда узоқ яшамайсизлар. Биттангиз қолмай ҳалок бўласизлар.

27 Эгамиз сизларни бошқа халқларнинг орасига тарқатиб юборади. Ўша халқлар орасида айримларингиз омон қоласизлар.

28 У ерда инсон қўли билан ясалган ёғоч ва тош худоларга хизмат қиласизлар. У худолар кўролмайди, эшитолмайди, овқат ея олмайди, ҳид билмайди.

29 Аммо у ерда Эгангиз Худога юз бурсангиз, бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан Уни изласангиз, топасизлар.

30 Кулфатда қолганингизда, бошингизга кўргиликлар тушганда, охири Эгангиз Худога қайтасизлар, Унинг сўзига қулоқ соласизлар.

31 Ўшанда У сизларни тарк этмайди, йўқ қилмайди, ота–боболарингиз билан қасам ичиб қилган аҳдини унутмайди. Эгангиз Худо раҳмдил Худодир.

32 Энди сизлар дунёга келмасдан олдинги узоқ ўтмишни, Худо ер юзида одамни яратган даврдан шу кунгача бўлган даврни суриштириб кўринглар. Дунёнинг бу четидан у четигача сўранглар–чи, шу қадар муҳим воқеа бўлганми ёки шунга ўхшаш нарса ҳақида бирортаси эшитганми?!

33 Сизларга ўхшаб олов ичидан гапирган Худонинг овозини эшитиб, тирик қолган бирорта халқ борми?!

34 Эгангиз Худо сизлар учун Мисрда нималар қилганини ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Қайси худо синовлар, аломату мўъжизалар орқали, уруш, қудратию ажойиботлари ва даҳшатли воқеалар орқали бир халқни Ўзи учун бошқа халқ орасидан олиб чиққан?!

35 “Эгамиз Худодир, Ундан бошқа Худо йўқ”, деб англашингиз учун бу воқеалар сизларга аён қилинган.

36 У сизларга йўл–йўриқ кўрсатиш учун самодан овоз берди. Ер юзида олов устуни орқали сизларга зоҳир бўлди. Сизлар ўша буюк олов ичидан Унинг овозини эшитдингизлар.

37 Эгамиз Худо ота–боболарингизни севар эди. Шунинг учун ўзларидан кейин уларнинг авлодларини танлади. Эгамиз зоҳир бўлиб, Ўзининг буюк қудрати билан сизларни Мисрдан олиб чиқди.

38 Эгамиз сизлардан каттароқ ва кучлироқ халқларни олдингиздан ҳайдаб, уларнинг юртига сизларни киритмоқчи эди, худди бугунгидай, мулк қилиб оладиган ерларингизни сизларга бермоқчи эди.

39 Эгамиз еру самодаги Худодир, Ундан бошқа Худо йўқдир. Шуни бугун тан олиб, доимо юрагингизда сақланг.

40 Бугун мен сизларга Эгамизнинг фармонлари ва амрларини айтяпман, шуларга риоя қилинглар. Шунда ўзларингиз ҳам, наслингиз ҳам фаровон ҳаёт кечирасизлар. Эгангиз Худо абадий қилиб бераётган ўша юртда узоқ яшайсизлар.

Иорданнинг шарқидаги паноҳ шаҳарлар

41 Шундан кейин Мусо Иордан дарёсининг шарқ томонида учта шаҳарни ажратди.

42 Агар кимдир биронта одамни бехосдан, адоват қилмай ўлдирган бўлса, ўша шаҳарлардан бирига қочиб бориб, жонини қутқариши мумкин.

43 Бу шаҳарлар қуйидагилар эди: Рубен қабиласи учун ясси тепаликдаги Базер шаҳри, Гад қабиласи учун Гиладдаги Рамўт шаҳри, Манаше қабиласи учун Башандаги Гўлон шаҳри.

Мусо Исроил халқига қонунларни баён қила бошлайди

44 Мусо Исроил халқига қуйидаги қонунларни берди.

45 Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин, Мусо шу шартлар, фармонлар ва қонун–қоидаларни айтди.

46 Мусо буларни Иордан дарёсининг шарқий қирғоғида, Байт–Пиёр рўпарасидаги водийда баён қилди. Бу ер илгари Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўнга қарашли эди. Мусо билан Исроил халқи Мисрдан чиққанларида, Сихўнни мағлуб қилган эдилар.

47 Исроил халқи Иордан дарёсининг шарқида яшаган иккала Амор шоҳининг юртларини, яъни шоҳ Сихўннинг ва Башан шоҳи Ўгнинг юртини босиб олган эди.

48 Бу жойлар Арнон сойлиги этагидаги Арор шаҳридан Сириён тоғигача, яъни Хермон тоғигача чўзилган эди.

49 Шунингдек, Фисгах тоғ тизмасининг этагидаги Ўлик денгизгача чўзилиб, Иордан дарёсининг шарқ томонидаги бутун Иордан водийсини ҳам ўз ичига олган эди.

Ўнта амр

1 Мусо жамики Исроил халқини бир жойга йиғиб, уларга айтган нутқини давом эттирди.

Эй Исроил халқи, эшитинглар! Бугун мен сизларга айтаётган фармонлар ва қонун–қоидаларга қулоқ солинглар. Буларни ёд олиб, битта қолдирмай бажаринглар.

2 Эгамиз Худо биз билан Синай тоғида аҳд қилди.

3 У нафақат ота–боболаримиз билан, балки шу ерда турган ҳар бир одам билан аҳд қилди.

4 Эгамиз ўша тоғда олов ичидан сизлар билан юзма–юз гаплашди.

5 Мен ўшанда Эгамиз билан сизларнинг орангизда туриб, Унинг гапини сизларга айтиб турдим. Чунки сизлар оловдан қўрқиб, тоққа чиқмадингизлар. Эгамиз шундай деб айтди:

6 “Мен сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгангиз Худоман.

7 Мендан бошқа худоларга сажда қилманг.

8 Ўзларингизга ҳеч қандай бутни ясаманг. Осмонда ё ерда ё ер остидаги сувда мавжуд бўлган бирор нарсанинг шаклини ясаманг.

9 Ўша худолар ёки бутларга сажда қилманг, хизмат қилманг. Мен, Эгангиз Худо, сизларнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худоман. Мендан нафратланадиганларни жазолайман, уларнинг гуноҳлари оқибатидан фарзандлари, набиралари ва чеваралари ҳам қочиб қутулмайди.

10 Лекин Мени севиб, амрларимга риоя қиладиганларнинг минг–минг авлодларига содиқ севгимни кўрсатаман.

11 Мен, Эгангиз Худонинг исмини суиистеъмол қилманг. Ким Менинг исмимни суиистеъмол қилса, ўшани жазосиз қолдирмайман.

12 Мен, Эгангиз Худонинг амрига кўра, Шаббат кунини муқаддас деб билинг, бу кунга риоя қилиб юринг.

13 Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор.

14 Еттинчи кун эса Мен, Эгангиз Худога аталган Шаббат кунидир. Ўша куни ҳеч қандай иш қилманглар. Ўғилларингиз, қизларингиз, қулларингиз, чўриларингиз, молингиз, эшагингиз, бирорта ҳайвонингиз, шаҳрингиздаги мусофирлар ҳам ҳеч қандай иш қилишмасин. Қулу чўриларингиз сиздай дам олсин.

15 Ёдингизда тутинг: сизлар Мисрда қул эдингиз, Мен, Эгангиз Худо, қудратим ва ажойиботларим билан сизларни у ердан олиб чиқдим. Шунинг учун, Шаббат кунига риоя қилинглар, деб амр этдим.

16 Мен, Эгангиз Худо, амр этганимдек, ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда Мен сизларга бераётган юртда умрингиз узоқ бўлиб, бахтиёр яшайсиз.

17 Қотиллик қилманг.

18 Зино қилманг.

19 Ўғрилик қилманг.

20 Қўшнингизга қарши ёлғон гувоҳлик берманг.

21 Қўшнингизнинг хотинига кўз олайтирманг. Қўшнингизнинг уйи, даласи, қули ёки чўриси, моли ёхуд эшаги, унга қарашли бирор нарсасига кўз олайтирманг.”

22 Эгангиз бу амрларни ҳаммангизга ўша тоғда олов, булут ва қоронғилик ичидан баланд овоз билан айтди, бошқа бирон сўз қўшмади. Сўнгра У бу амрларни иккита тош лавҳага ёзиб, менга берди.

Халқ Худодан қўрқади

23 Тоғ олов бўлиб ёнаётганда, қоронғилик ичидан овоз эшитдингиз. Шунда қабилаларингиз бошлиқлари ва оқсоқоллари менинг олдимга келиб,

24 шундай дейишди: “Мана, Эгамиз Худо улуғворлигини, буюклигини бизга кўрсатди. Унинг овозини биз олов ичидан эшитдик. Бугун биз Худонинг инсон зотига гапирганини, аммо инсон тирик қолганини кўрдик.

25 Нима қиламиз энди жонимизни хавф остига қўйиб?! Мана бу буюк олов бизни ёндириб ташлайди–ку. Агар биз Эгамиз Худонинг овозини яна эшитсак, аниқ ўламиз.

26 Ахир, олов ичидан гапирадиган барҳаёт Худонинг овозини биз каби, эшитиб, тирик қолган инсон борми?!

27 Энди сен бор, Эгамиз Худонинг ҳамма сўзларини эшит. Кейин Унинг ҳар бир сўзини бизга айт. Биз қулоқ солиб, бажарамиз.”

28 Сизлар менга гапирганларингизда, Эгамиз сўзларингизни эшитиб, шундай деди: “Мен бу халқнинг сенга айтган сўзларини эшитдим, ҳамма айтганлари тўғри.

29 Қанийди, уларнинг юраклари ҳар доим шундай бўлса, Мендан қўрқиб, амрларимни бажаришса! Шунда ўзлари ҳам, фарзандлари ҳам то абад бахтли бўлишарди.

30 Энди уларнинг олдига бориб: «Чодирларингизга қайтинглар», деб айт.

31 Сен эса шу ерда Менинг ёнимда қоласан. Мен сенга амрлар, фармонлар ва қонун–қоидалар бераман. Сен буларни халққа ўргатасан. Мен уларга мулк қилиб берадиган юртда ҳаммасига риоя қилишсин.”

32 Энди ўнгга ҳам, чапга ҳам оғмай, Эгангиз Худо сизларга буюрган амрларга битта қолдирмай риоя қилинглар.

33 Эгангиз Худо амр этган йўлдан юринглар. Шунда яшайсизлар, бахтли бўласизлар, мулк қилиб оладиган юртда узоқ умр кўрасизлар.

Энг буюк амр

1 Эгангиз Худо, халққа ўргатгин, деб менга берган амрлар, фармонлар ва қонун–қоидалар шулардан иборатдир. Иорданни кечиб ўтиб, мулк қилиб оладиган юртда буларга риоя қилинглар.

2 Мен сизларга берадиган фармон ва амрларга ўзларингиз, фарзандларингиз ва набираларингиз, ҳаммангиз риоя қилинглар. Бир умр Эгангиз Худодан қўрқинглар, шунда умрингиз узоқ бўлади.

3 Эй Исроил халқи, қулоқ солинг, буларни битта қолдирмай бажаринг. Шунда ота–боболарингизнинг Худоси — Эгангиз берган ваъдага кўра, сут ва асал оқиб ётган юртда кўпаясизлар, бахтиёр бўласизлар.

4 Эй Исроил, қулоқ сол! Эгамиз Худо танҳо Эгадир.

5 Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун вужудингиз билан севинглар.

6 Бугун мен сизларга берган бу амрларни юрагингизда сақланглар.

7 Буларни болаларингизга ҳам ўргатинглар. Уйда ўтирганда ҳам, йўлда юрганда ҳам, ётганингизда ҳам, турганингизда ҳам шулар ҳақида гапиринглар.

8 Буларни қўлингизга белги қилиб боғланглар, пешанангизга нишона қилиб тақиб олинглар.

9 Эшигингиз кесакисига, дарвозаларингизга ёзиб қўйинглар.

Итоатсизликка қарши огоҳлантириш

10 Эгангиз Худо ота–боболарингиз Иброҳим, Исҳоқ, Ёқубга қасам ичиб, ваъда қилган ерга сизларни олиб киради. У сизларга ўзингиз қурмаган катта ва чиройли шаҳарларни беради.

11 Ўзингиз тўлдирмаган, бойликларга тўла уйларни, ўзингиз қазимаган сардобаларни, сиз экмаган токлар ва зайтунзорларни беради. Ўшанда еб тўйганларингиздан кейин

12 эҳтиёт бўлинглар! Сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгамизни унутманглар.

13 Эгангиз Худодан қўрқинглар. Фақат Унга хизмат қилинглар. Ёлғиз Унинг номи билан қасам ичинглар.

14 Бегона худоларга, атрофингиздаги халқларнинг худоларига эргашманглар.

15 Ахир, орангиздаги Эгангиз Худо сизнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худодир. У ғазабланиб, сизларни ер юзидан йўқотиб юборади.

16 Массахда қилганингиздек, Эгангиз Худони синаманглар.

17 Унинг амрларини, фармон ва шартларини битта қолдирмай бажаринглар.

18 Эгамиз тўғри ва яхши деб билган ишларни қилинглар. Шунда Эгамиз ота–боболарингизга қасам ичиб, ваъда қилган ҳосилдор юртни сизлар мулк қилиб оласизлар, бахтиёр бўласизлар.

19 Эгамиз, Ўзи айтганидек, юртингизда яшаган барча душманларингизни ҳайдаб чиқаради.

20 Келажакда фарзандларингиз сизлардан: “Эгамиз Худо сизларга берган қонун–қоидалар, фармон ва шартларнинг маъноси нима?” деб сўрайди.

21 Уларга шундай деб жавоб беринглар: “Биз Мисрда фиръавннинг қуллари эдик. Эгамиз Ўз қудрати билан бизни Мисрдан олиб чиқди.

22 У бизнинг кўзимиз олдида Мисрга, фиръавн ва унинг бутун хонадонига буюк, қўрқинчли аломату мўъжизаларни кўрсатди.

23 Ота–боболаримизга онт ичиб ваъда қилган юртга бизни олиб кириш учун, ўша юртни бизга бериш учун бизни Мисрдан олиб чиқди.

24 Эгамиз Худо: «Мана шу фармонларнинг ҳаммасига риоя қилинглар, Мендан қўрқинглар, шунда бугунгидай тирик бўласиз, бахтли ҳаёт кечирасиз», деди.

25 Эгамиз Худонинг олдида мана шу амрларни битта қолдирмай бажарсак, солиҳ бўламиз.”

Худонинг халқи

1 Эгангиз Худо сизларни эгалик қиладиган юртингизга олиб киради. Ўшанда У олдингиздан Хет, Гиргош, Амор, Канъон, Париз, Хив, Ёбус каби еттита халқни ҳайдайди. Улар сизлардан кўра, кўпроқ ва қудратлироқдир.

2 Эгангиз Худо бу халқларни сизларнинг қўлингизга топширганда, сизлар уларни мағлуб этасизлар. Шунда уларнинг ҳаммасини тамомила қириб битиринглар. Улар билан иттифоқ тузманглар, уларга раҳм–шафқат қилманглар.

3 Улар билан қуда–андачилик қилманглар, уларга қиз узатманглар, ўғилларингизга уларнинг қизларидан олиб берманглар.

4 Акс ҳолда, улар фарзандларингизни Эгамиздан қайтаради. Фарзандларингиз бошқа худоларга хизмат қиладиган бўлади. Ўшанда Эгамиз ғазабланиб, сизларни бир лаҳзада ҳалок қилади.

5 Аксинча, ўша халқларни сизлар шундай қилинглар: уларнинг қурбонгоҳларини бузинглар, бутсимон тошларини парчалаб ташланглар, Ашерага аталган устунларни кесинглар, бутларини ёндиринглар.

6 Сизлар Эгангиз Худонинг муқаддас халқисиз. У сизларни ер юзидаги жамики халқлар орасидан Ўз халқи, Ўз хазинаси қилиб танлаб олди.

7 Эгамиз сизларни бошқа халқлардан кўп бўлганингиз учун севиб танламади. Сизлар бошқа ҳамма халқлардан оз эдингиз.

8 Эгамиз сизларни севгани учун ва ота–боболарингизга берган ваъдасини адо этиш учун сизларни танлади. Шу боис У сизларни Миср фиръавни ҳукмронлигидан, Мисрдаги қулликдан Ўз қудрати билан олиб чиқиб, озод қилди.

9 Шундай қилиб, Эгангиз Худо ҳақиқий Худо эканини билиб қўйинглар. У содиқ Худодир! Уни севадиган, Унинг амрларини бажарадиганларнинг мингинчи авлодигача аҳдини содиқ сақлайди.

10 Худодан нафратланганларнинг эса қилмишларига яраша бошларига кулфат ёғдиради. Ҳа, Эгамиз Ундан нафратланганларга жавоб беришда кечикмайди.

11 Шунинг учун бугун мен сизларга бераётган амрларни, фармонлар ва қонун–қоидаларни битта қолдирмай бажаринглар.

Итоатгўйликдан келган барака

12 Агар мана шу қонун–қоидаларга итоат этиб, уларни битта қолдирмай бажарсангиз, Эгангиз Худо ҳам ота–боболарингизга онт ичиб, ваъда қилган аҳдини сизлар билан содиқ сақлайди.

13 У сизларга меҳр қўяди, ота–боболарингизга бераман, деб онт ичган юртда сизларга барака бериб, кўпайтиради. Ували–жували бўласизлар, ерингиз ҳосилдор, донингиз, шаробингиз ва мойингиз сероб бўлади, мол–қўйингиз баракали бўлади, сигирларингиз болалайди, қўйларингиз қўзилайди.

14 Сизлар барча халқлар орасида баракага энг бой халқ бўласизлар, орангизда фарзандсиз эркак ҳам, аёл ҳам бўлмайди, молларингиз орасида қисири бўлмайди.

15 Эгамиз сизларни ҳар қандай касалликдан сақлайди. Мисрда ўзларингиз кўрган ҳар хил қўрқинчли хасталиклар сизларнинг бошингизга келмайди. Ўша хасталикларни Эгамиз сизларнинг ғанимларингизга юқтиради.

16 Эгангиз Худо сизларнинг қўлингизга топширадиган барча халқларни қириб юборинглар, уларга раҳм қилманглар, уларнинг худоларига сиғинманглар. Акс ҳолда, уларнинг худолари сизларга тузоқ бўлади.

17 Хаёлингизда: “Бу халқлар биздан жуда кучли–ку, қандай қилиб уларни ҳайдаймиз?” деб ўйлашингиз мумкин,

18 аммо улардан қўрқманглар. Эгангиз Худо фиръавнни, бутун Мисрни нима қилганини эсингизда тутинглар.

19 Эгангиз Худо Ўз қудрати ва ажойиботлари билан сизларни у ердан олиб чиқди, буюк синовлар, аломату мўъжизалар кўрсатди. Буларни ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Сиз қўрқаётган ҳамма халқларни Эгангиз Худо худди ўша аҳволга солади.

20 Ҳатто сизлардан яшириниб тирик қолганларни У ваҳимага солиб, қувиб юборади.

21 Улардан қўрқманглар. Орангиздаги Эгангиз Худо буюк ва ҳайбатли Худодир.

22 У ўша халқларни сизларнинг олдингиздан оз–оздан ҳайдайди. Сизлар уларни бирданига ҳалок қилолмайсизлар. Бўлмаса атрофингизда ёввойи ҳайвонлар кўпайиб кетади.

23 Эгангиз Худо ўша халқларни сизларнинг қўлингизга беради, уларнинг ҳаммасини қаттиқ саросимага солиб, ҳалок қилади.

24 Шоҳларини ҳам сизларнинг қўлингизга беради. Сизлар уларнинг номларини ер юзидан ўчирасизлар. Ҳеч ким сизларга бас келолмайди, уларнинг ҳаммасини ҳалок қиласизлар.

25 Худоларининг тасвирларини оловда ёндиринглар, уларни қоплаган олтину кумушларга кўз олайтирманглар, ўша нарсаларни олманглар, токи улар сизларга тузоқ бўлмасин. Бу бутлар Эгангиз Худога жирканчдир.

26 Бу жирканчли нарсаларни уйингизга олиб кирманг, акс ҳолда, ўшалар сингари йўқ қилинасиз. Ўша нарсалардан нафратланинглар, жирканинглар, чунки улар лаънатлангандир.

Яхши юрт ҳақида

1 Бугун мен сизларга бераётган амрларни битта қолдирмай бажаринглар, шунда яшайсизлар, кўпаясизлар. Эгамиз ота–боболарингизга қасам ичиб, бераман, деб ваъда қилган юртга кирасизлар. Ўша юртни мулк қилиб оласизлар.

2 Эгангиз Худо қирқ йил давомида сизни саҳродан олиб юрди, ўша узоқ сафарни ёдингизда тутинглар. Эгамиз юрагингизда нима борлигини, Унинг амрларини бажаришингизни ёки бажармаслигингизни билиши учун сизларни қийинчиликларга дучор қилиб, синади.

3 У сизларни оч қолдирди, сўнг ўзларингиз кўрмаган, ота–боболарингиз ҳам кўрмаган манна билан қорнингизни тўйдирди. У сизларга инсон фақат нон билан эмас, балки Эгамизнинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан ҳаёт эканини ўргатиш учун шундай қилди.

4 Мана шу қирқ йил давомида кийимларингиз эскириб кетмади, оёғингиз ҳам шишмади.

5 Энди шуни билингларки, инсон фарзандини қандай тарбияласа, Эгангиз Худо ҳам сизларни шундай тарбиялайди.

6 Эгангиз Худонинг амрларига риоя қилинглар. У кўрсатган йўлдан юринглар. Ундан қўрқинглар.

7 У сизларни ҳосилдор юртга олиб боради, у ерда ирмоқлар, булоқлар, водий ва қирларда ер остидан чиқадиган сувлар бор.

8 Буғдой, арпа, узум, анжир, анор, зайтун мойи ва асал ўша юртда мўлдир.

9 У ерда тўйиб нон ейсизлар, ҳеч нарсага муҳтож бўлмайсизлар. У ер шундай бир юртки, қоялардан темир, қирларидан мис чиқарасизлар.

10 Ўша ерда еб тўйганингизда, сизларга берган ҳосилдор юрт учун Эгангиз Худони олқишланглар.

Эгамизни унутмаслик ҳақида огоҳлантириш

11 Ҳушёр бўлинглар, мен бугун сизларга айтаётган Эгамизнинг амрларини, фармонлар ва қонун–қоидаларини бажармай қўйманглар. Эгангиз Худони эсингиздан чиқарманглар.

12 Еб, тўйганингизда, чиройли уйлар қуриб, жойлашганингизда,

13 мол, қўйларингиз, олтин–кумушингиз ва барча мулкингиз кўпайганда,

14 гердайиб кетманглар. Сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгангиз Худони эсингиздан чиқарманглар.

15 У сизларни заҳарли илонлар, чаёнларга тўла ўша баҳайбат ва қўрқинчли саҳродан, сувсиз, тақир жойлардан олиб ўтди. У ерда сизлар учун қоядан сув чиқарди.

16 Ота–боболарингиз билмаган манна билан саҳрода қорнингизни тўйғизди. Оқибатда сизларга яхшилик келтириш учун сизларни қийинчиликларга дучор қилиб, синади.

17 Хаёлингизда: “Ўз куч–қудратим билан мана шу бойликни топдим”, деманглар.

18 Аммо Эгангиз Худони доимо ёдингизда тутинглар. Зеро, бойликни топишга куч берган Эгангиздир. Шундай қилиб, У ота–боболарингиз билан қасам ичиб, қилган аҳдини бугун бажармоқда.

19 Бугун мен сизларни жиддий огоҳлантиряпман. Агар Эгангиз Худони унутиб бошқа худоларга эргашсангизлар, уларга хизмат қилиб, сиғинсангизлар, сизлар албатта йўқ бўласизлар.

20 Эгангиз Худо бошқа халқларни олдингиздан йўқ қилгани каби, Унинг амрларига қулоқ солмаганингиз учун сизларни ҳам йўқ қилади.

Халқнинг итоатсизлиги

1 Қулоқ сол, эй Исроил! Бугун Иордан дарёсининг нариги томонига ўтасизлар. Ўзларингиздан кўпроқ ва кучлироқ бўлган халқларнинг ерларини мулк қилиб оласизлар. Уларнинг улкан шаҳарлари осмонўпар деворлар билан ўралган.

2 Ўша кучли, бўйи баланд халқ Оноқ авлодидандир. Уларни ўзларингиз биласизлар, “Оноқ авлодига ким ҳам бас кела оларди?!” деган гапларни эшитгансизлар.

3 Бугун шуни билиб қўйингларки, Эгангиз Худо ямламай ютадиган оловдай сизларнинг олдингизда боради. Худо Оноқ авлодини мағлуб қилиб, сизларга итоат эттиради. Шунда Эгамиз берган ваъдага кўра, уларни бир лаҳзада қувиб, йўқ қиласизлар.

4 Эгангиз Худо уларни сизларнинг олдингиздан ҳайдаганда, ўзингизча: “Эгам солиҳлигим учун бу ерни менга берди”, деб айтманглар. Бу халқлар фосиқ бўлгани учун Эгамиз уларни сизларнинг олдингиздан ҳайдаяпти.

5 Сизлар солиҳлигингиз учун, юрагингиз тўғри бўлгани учун уларнинг ерига бориб эгалик қилмаяпсизлар. Йўқ! Бу халқларнинг фосиқлиги туфайли Эгангиз Худо уларни олдингиздан ҳайдаяпти. Шу йўл билан оталарингиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга Эгангиз онт ичиб берган ваъдасини бажаради.

6 Шуни билиб қўйингларки, Эгангиз Худо бу ҳосилдор юртни сизларга солиҳ бўлганингиз учун бермаяпти. Сизлар солиҳ эмас, ўжар халқсиз.

7 Эгангиз Худони саҳрода қанчалар ғазаблантирганингизни ёдингизда тутинглар, асло унутманглар. Мисрдан чиққан кундан бошлаб, мана шу ерга етиб келгунингизча Эгамизга қаршилик қилиб келдингизлар.

8 Синай тоғида ҳам Эгамизнинг ғазабини келтирганингизда, У шундай ғазабландики, сизларни йўқ қилиб юборай деди.

9 Мен тош лавҳаларни, яъни Эгамиз сизлар билан қилган аҳд лавҳаларини олгани тоққа чиқдим. Қирқ кечаю қирқ кундуз тоғда бўлдим, у ерда на нон едим, на сув ичдим.

10 Эгамиз менга Ўз қўли билан ёзган иккита тош лавҳани берди. Тоғда йиғилган кунингиз Эгамиз сизларга олов ичидан айтган амрларнинг ҳаммаси тош лавҳаларга ёзилган эди.

11 Қирқ кечаю қирқ кундуздан кейин Эгамиз менга аҳд сўзлари ёзилган иккита тош лавҳани берди.

12 Кейин Эгамиз менга: “Қани бўл, бу ердан тез пастга туш! Ўзинг Мисрдан бошлаб олиб чиққан халқ йўлдан озди. Мен сизларга амр қилган йўлдан дарров тойиб, ўзларига бут ясади”, — деди.

13 Эгамиз менга яна шундай деди: “Бу халқ ҳақиқатан ҳам ўжар эканлигини кўриб турибман.

14 Энди Мени тўхтатма. Ҳаммасини ҳалок қиламан, уларнинг номини ер юзидан ўчираман. Улардан ҳам кўпроқ, кучлироқ халқни сендан яратаман.”

15 Мен тоғдан қайтиб тушдим. Тоғ олов бўлиб ёнар, аҳднинг иккита тош лавҳасини қўлларимга кўтариб олган эдим.

16 Қарасам, сизлар Эгангиз Худога қарши гуноҳ қилибсизлар, ўзларингизга бузоқ шаклидаги бутни ясаб олибсизлар. Бирпасда Эгамиз сизларга амр қилган йўлдан тойибсизлар.

17 Шунда қўлларимдаги иккала тош лавҳани отиб юбордим. Уларни кўз олдингизда синдирдим.

18 Эгамиз олдида юз тубан мук тушиб, олдингидай қирқ кечаю қирқ кундуз нон емай, сув ичмай илтижо қилдим, чунки сизлар гуноҳ қилган эдингизлар. Эгамиз олдида қабиҳ иш қилиб, Уни ғазаблантирган эдингизлар.

19 Эгамиз ғазабланиб, сизларни йўқ қилмоқчи бўлди. Мен Унинг ғазабидан қўрқдим. Лекин Эгамиз бу сафар ҳам менинг илтижоларимга қулоқ солди.

20 Эгамиз Ҳорундан ҳам ғазабланиб, уни ҳалок қилмоқчи бўлди, лекин мен ўшанда Ҳорун учун ҳам Эгамизга ёлвордим.

21 Сизлар бутни ясаб гуноҳ қилдингиз, шунинг учун мен бутни оловда ёндирдим. Тупроқдай майдалаб эзиб, кукунини тоғдан оқиб тушаётган ирмоққа ташлаб юбордим.

22 Сизлар Таверада ҳам, Массах ва Хиврут–Хаттавода турганингизда ҳам Эгамизни ғазаблантирган эдингиз.

23 Эгамиз сизларни Кадеш–Барнадан жўнатганда ҳам, сизларга: “Боринглар, Мен сизларга берадиган ерни мулк қилиб олинглар”, деб амр қилганда, сизлар Эгангиз Худонинг амрига қаршилик қилдингизлар. Унга ишонмадингизлар, қулоқ солмадингизлар.

24 Мен сизларни таниганимдан буён, сизлар Эгамизга қарши бош кўтарасизлар.

25 Эгамиз сизларни ҳалок қилмоқчи бўлгани учун Мен Эгамиз олдида ўша қирқ кечаю қирқ кундуз мук тушиб ибодат қилганимда

26 шундай деб ёлворган эдим: “Эй Эгамиз Раббий! Халқингни ҳалок қилма. Ахир, улар Сенинг мулкинг–ку! Сен уларни буюк кучинг билан қутқариб, қудратинг билан Мисрдан олиб чиққансан.

27 Қулларинг Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубни ёдингда тут, бу халқнинг ўжарлиги, фосиқлиги ва гуноҳига эътибор берма.

28 Акс ҳолда, Мисрликлар шундай дейди: «Анави халқнинг Эгаси ваъда қилган ерига уларни олиб киролмабди. У Ўзининг халқини ёмон кўрар экан, шунинг учун уларни саҳрода нобуд қилиш мақсадида Мисрдан олиб чиққан экан!»

29 Ахир, уларни буюк кучинг ва ажойиботларинг билан Мисрдан Ўзинг олиб чиққансан, улар Сенинг халқингдир.”

Янги тош лавҳалар

1 Шундан кейин Эгамиз менга деди: “Иккита тош лавҳани кесиб ол. Улар олдингиларига ўхшаган бўлсин. Кейин тоққа Менинг олдимга чиқ. Яна ёғочдан бир Сандиқ яса.

2 Мен ўша тош лавҳаларга сен синдирган лавҳалардаги амрларни ёзаман. Сен лавҳаларни Сандиққа солиб қўясан.”

3 Шундай қилиб, мен акас ёғочидан Сандиқ ясадим, олдингисига ўхшаган иккита тош лавҳани кесиб олдим. Кейин иккала тошни кўтариб, тоққа чиқдим.

4 Эгамиз тош лавҳаларга олдингидай ўнта амрни ёзди. Сизлар тоғда йиғилганингизда ўша амрлар Эгамиз олов ичидан сизга айтган сўзларнинг ўзгинаси эди. Эгамиз ўша лавҳаларни менга берди.

5 Мен тоғдан қайтиб тушдим. Эгамизнинг амрига кўра, лавҳаларни Сандиққа солдим. Лавҳалар ҳали ҳам ўша Сандиқда турибди.

6 (Исроил халқи Яқон уруғига қарашли қудуқлардан Мосарахга йўл олди. Ҳорун ўша ерда вафот этиб, дафн қилинди. Ўрнига ўғли Элазар руҳоний бўлди.

7 Исроил халқи у ердан Гудгодахга, Гудгодахдан оқар сувлар ўлкаси Ётботога боришди.

8 Эгамиз: “Менинг Аҳд сандиғимни кўтариб юрсин, Менинг ҳузуримда хизмат қилсин, Менинг исмим билан одамларни дуо қилсин”, деб ўшанда Леви қабиласини танлаб олган эди. Улар бугунгача ҳам шу хизматни адо этиб келмоқдалар.

9 Шунинг учун Леви қабиласига биродарлари орасидан улуш ҳам, мулк ҳам берилмаган. Зотан, Леви қабиласининг улуши Эгамизнинг Ўзидир. Бу гапни Эгангиз Худонинг Ўзи айтди.)

10 Мен яна олдингидай тоғда қирқ кечаю қирқ кундуз қолдим. Эгамиз бу сафар ҳам менинг илтижоимни эшитиб, сизларни ҳалок қилмайдиган бўлди.

11 У менга шундай деди: “Қани, халқни бошла. Уларни Мен ота–боболарига қасам ичиб ваъда берган юртга олиб бор. Улар ўша юртга бориб, уни қўлга киритишсин.”

Худонинг талаблари

12 Эй Исроил халқи! Эгангиз Худо сизлардан битта нарсани талаб қилади: Эгангиз Худодан қўрқинг, Унинг йўлидан юринг, Эгангиз Худони севинг, бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан Унга хизмат қилинг.

13 Мен бугун сизларга бераётган Эгамизнинг амру фармонларига риоя қилинг, шунда бахтиёр бўласиз.

14 Осмон ва фалак тоқи, ер юзи ва ундаги ҳамма нарса Эгангиз Худоникидир.

15 Аммо Эгамиз фақатгина ота–боболарингизга қаттиқ муҳаббат қўйди. Мана бугун кўриб турганингиздай, уларнинг авлодини, сизларни барча халқлар орасидан танлаб олди.

16 Юракларингизни суннат қилинглар, бундан кейин ўжар бўлманглар.

17 Эгангиз Худо худоларнинг Худосидир, эгаларнинг Эгасидир, буюк қудратли, қўрқинчли Худодир. У тарафкашлик қилмайди, пора олмайди.

18 Етим ва беваларга адолат қилади, мусофирга меҳрибонлик қилади, уларга нон ва кийим беради.

19 Сизлар ҳам мусофирларга меҳрибон бўлинглар, ўзларингиз ҳам Мисрда мусофир эдингизлар.

20 Эгангиз Худодан қўрқинглар. Ёлғиз Унга сажда қилинглар, Унга содиқ бўлиб, Унинг номи билан қасам ичинглар.

21 Фақат Унга ҳамдлар айтинглар, чунки У сизларнинг Худойингиздир. Сизлар ўз кўзингиз билан Унинг буюк ва қўрқинчли аломатларини кўрдингиз.

22 Мисрга борган ота–боболарингиз етмиш киши эди, холос. Энди эса Эгангиз Худо сизларни осмондаги юлдузлар каби сон–саноқсиз қилди.

Эгамизнинг буюклиги

1 Эгангиз Худони севинглар. Ҳар доим Унинг амрларига, қонун–қоидаларига ва фармонларига риоя қилинглар, талабларини бажаринглар.

2 Шуни унутмангларки, болаларингиз эмас, сизлар Эгангиз Худонинг тарбиясини олгансизлар. Фарзандларингиз Эгамизнинг буюклигини, қудрати ва ажойиботларини кўрмаган.

3 Эгамиз Миср фиръавнига ва унинг бутун юртига қилган мўъжизалару ишларини улар билмайди.

4 Орқангиздан қуваётган Миср лашкарини, от–араваларини Эгамиз Қизил денгизга чўктириб, тамомила йўқ қилганини болаларингиз кўрмаган.

5 Шу ерга етиб келгунингизча саҳрода Эгамиз сизлар учун нималар қилганини улар билмайдилар.

6 Рубен қабиласидан Элиёбнинг ўғиллари Датан ва Абурамни Эгамиз нималар қилганини билмайдилар. Бутун Исроил халқининг кўз ўнгида ер ёрилиб уларни, оилаларини, чодирларини, уларга қарашли барча жониворларни ютиб юборганини болаларингиз кўрмаган.

7 Эгамизнинг қилган барча буюк ишларини болаларингиз эмас, сизлар ўз кўзингиз билан кўрдингиз.

Ваъда қилинган юртнинг баракалари

8 Шундай экан, Мен бугун сизларга бераётган амрларнинг ҳаммасига риоя қилинглар. Шунда кучли бўласизлар. Иордан дарёсидан кечиб, мулк қилиб оладиган юртни қўлга киритасизлар.

9 Эгамиз ота–боболарингизга ва уларнинг авлодига қасам ичиб, ваъда берган сут ва асал оқиб ётган юртда узоқ яшайсизлар.

10 Сизлар кириб мулк қилиб олаётган бу ер ўзларингиз чиққан Миср юртидай эмас. Мисрда сабзавот уруғини ўзларингиз экиб, ўзларингиз суғорар эдингизлар.

11 Сизлар Иорданни кечиб ўтиб, мулк қилиб оладиган юртдаги қирлару водийларни эса осмон ёмғири суғоради.

12 Эгангиз Худонинг Ўзи уни парвариш қилади. Йил бошидан охиригача Эгангиз Худонинг кўзи доим ўша юртдадир.

13 Бугун мен сизларга бераётган амрларга қулоқ солинглар, Эгангиз Худони севинглар, Унга бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан хизмат қилинглар.

14 Шунда У ерингизга куз ва баҳор ёмғирини ўз вақтида ёғдиради. Донингизни, шаробингизни ва зайтун мойингизни йиғиб оласиз.

15 Эгамиз далаларингизда чорвангиз учун ўт ўстиради, сизларнинг ризқингиз ҳам бут бўлади.

16 Аммо эҳтиёт бўлинглар! Яна васвасага тушиб, йўлдан озманглар. Бошқа худоларга хизмат қилиб, сиғинманглар.

17 Акс ҳолда, Эгамиз сизлардан ғазабланиб, осмонни ёпиб қўяди, ёмғир ёғмайди, ер ҳосил бермайди. Натижада Эгамиз сизларга мулк қилиб бераётган яхши юртдан тез қирилиб кетасизлар.

18 Менинг бу сўзларимни юрагингиз ва қалбингизда сақланглар. Буларни қўлингизга белги қилиб боғланглар, пешанангизга нишона қилиб тақиб олинглар.

19 Буларни болаларингизга ўргатинглар. Уйда ўтирганда ҳам, йўлда юрганда ҳам, ётганингизда, турганингизда ҳам шулар ҳақида гапиринглар.

20 Эшигингиз кесакисига, дарвозаларингизга ёзиб қўйинглар,

21 токи Эгамиз ота–боболарингизга қасам ичиб, мулк қилиб бераман, деб ваъда қилган юртда ўзларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам узоқ умр кўринглар. Осмон ер устида қанча турса, ўша юртда шунча яшанглар.

22 Мен бугун сизларга айтаётган амрларни битта қолдирмай бажарсангиз, Эгангиз Худони севсангиз, Унинг йўлидан юрсангиз, Унга содиқ бўлсангиз,

23 Эгамиз бу юртдаги халқларнинг ҳаммасини сизларнинг олдингиздан ҳайдайди. Сизлар ўзингиздан кўпроқ ва қудратлироқ халқларнинг юртларини эгаллаб оласиз.

24 Оёғингиз теккан ҳар қандай ер сизники бўлади. Чегарангиз жанубдаги саҳродан то шимолдаги Лубнонгача, шарқдаги Фурот дарёсидан то ғарбдаги Ўрта ер денгизигача чўзилади.

25 Сизларга ҳеч ким бас кела олмайди. Эгангиз Худо сизларга ваъда бергандай, қадамингиз етиб борган ердаги ҳаммани сизлардан қўрқадиган, ваҳимага тушадиган қилиб қўяди.

26 Мана бугун мен сизларга баракани ёки лаънатни танланг, деяпман.

27 Мен бугун сизларга айтаётган Эгангиз Худонинг амрларини бажарсангиз, барака топасиз.

28 Борди–ю, Унинг амрларига қулоқ солмасангиз, бугун сизларга буюраётган йўлдан озсангиз, олдин билмаган худоларга эргашсангиз, лаънати бўласиз.

29 Эгангиз Худо ўзларингизга мулк қилиб бераётган ерга сизларни олиб кирганда, Гаризим тоғидан баракаларни айтинглар, Эбал тоғидан лаънатларни айтинглар.

30 Бу иккала тоғ Иорданнинг кунботар томонида жойлашган. Улар Иордан водийсида яшайдиган Канъонликлар юртида, Гилгал яқинида, Мўредаги эманзор ёнидадир.

31 Иордандан кечиб ўтиб, Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб берадиган юртни оласизлар. У ерни қўлга киритиб жойлашиб олганингизда,

32 мен бугун сизларга айтаётган Унинг ҳамма фармонлари ва қонун–қоидаларини битта қолдирмай бажаринглар.

Канъон юртида риоя қилинадиган қонун–қоидалар

1 Ота–боболарингизнинг Худоси — Эгангиз сизларга мулк қилиб бераётган юртда бажаришингиз лозим бўлган фармонлар ва қонун–қоидалар қуйидагилардан иборатдир. Буларни битта қолдирмай бажаринглар.

2 Сизлар борадиган юртдаги халқлар бошқа худоларга сиғинади. Уларнинг юртини қўлга киритганингиздан кейин тоғ чўққиларидаги, қирлардаги ва ҳар бир яшил дарахт остидаги саждагоҳларини бузиб, йўқ қилинглар.

3 Қурбонгоҳларини бузинглар, бутсимон тошларини парчалаб ташланглар, Ашерага аталган устунларни ёндиринглар, бутларини чопиб ташлаб, худоларининг номини у ердан йўқ қилинглар.

Сажда қилиш учун ягона жой

4 Сизларнинг Эгангиз Худога сажда қилишингиз ўша халқларнинг саждасига ўхшамасин.

5 Эгангиз Худо улуғланиши учун барча қабилаларингиз орасидан Ўзига бир жой танлайди. Сизлар ўша жойда Унга сажда қилинглар.

6 У ерга куйдириладиган ва бошқа қурбонликларни, ушрларингизни, эҳсонларингизни, берган ваъдангизга мувофиқ қилинадиган назрларингизни, кўнгилдан чиқариб берадиган қурбонликларингизни, мол–қўйларингизнинг биринчи туғилган болаларини олиб боринглар.

7 У ерда, Эгангиз Худонинг ҳузурида оилаларингиз билан еб, Эгангиз Худо ҳамма ишингизга берган баракадан севининглар.

8 У ерда биз ҳозир қилаётган ишларни қила кўрманглар. Бу ерда ҳамма кўнглига маъқул келганини қиляпти.

9 Чунки Эгангиз Худо сизга мулк қилиб берадиган ерга ҳали кирмадингиз, осойишта ҳаётга эришмадингиз.

10 Аммо кўп ўтмай сизлар Иордан дарёсидан ўтасизлар, Эгангиз Худо мулк қилиб берадиган юртда жойлашасизлар. У душманларингизни енгиб, сизларга ҳар тарафдан осойишталик ато қилади, сизлар хавф–хатарсиз яшайсизлар.

11 Шунда Эгангиз Худо Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойга мен амр қилган назру қурбонликларингизни олиб боринглар. Куйдириладиган ва бошқа қурбонликларингизни, ушрларингизни, эҳсонларингизни, берган ваъдангизга мувофиқ қилинадиган аъло назрларингизни Эгамизга атаб, ўша ерга олиб боринглар.

12 Эгангиз Худо ҳузурида ўзларингиз, ўғилларингиз, қизларингиз, қулларингиз, чўриларингиз, шаҳрингиздаги Леви қабиласидан бўлганлар билан хурсандчилик қилинглар. Чунки левиларнинг сизникига ўхшаган улуши ҳам, мулки ҳам йўқдир.

13 Эҳтиёт бўлинглар, куйдириладиган қурбонлигингизни дуч келган жойда қилаверманглар.

14 Уларни фақат Эгамиз қабилаларингиз орасидан танлаган жойда қилинглар. Мен сизларга амр қилганнинг ҳаммасини ўша ерда адо этинглар.

15 Борди–ю, гўшт емоқчи бўлсангиз, ҳайвонни истаган пайтингизда, Эгангиз Худо берган баракага яраша, хоҳлаган шаҳрингизда сўйиб, ейишингиз мумкин. Одам пок бўлса ҳам, ҳаром бўлса ҳам, кийик ва оҳу гўштини егандай, бу гўштдан еяверсин.

16 Фақат қонни истеъмол қилманглар, уни сувдай ерга тўкиб ташланглар.

17 Назру қурбонликларингизни шаҳарларингизда еманглар. Донингиз, шаробингиз ва зайтун мойингизнинг ўндан бир қисмини, мол, қўйингизнинг биринчи туғилган боласини, берган ваъдангизга мувофиқ қилинадиган назрларингизни, кўнгилдан чиқариб берадиган қурбонликларингизни, эҳсонларингизни

18 фақат Эгангиз Худо танлаган жойда енглар. Буларни Унинг ҳузурида ўғлингиз, қизингиз, қулларингиз, чўриларингиз, шаҳрингиздаги левилар билан бирга еб, Эгангиз Худо ишингизга берган баракадан севининглар.

19 Юртингизда яшар экансиз, эҳтиёт бўлинглар, левиларни унутиб қўйманглар.

20 Эгангиз Худо сизларга берган ваъдага кўра, ерларингизни кенгайтиради. Шунда кўнглингиз гўштни тусаб: “Гўшт егим келяпти”, деб айтсангиз, хоҳлаганингизча гўшт ейсиз.

21 Эгангиз Худо Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жой сизлар турган жойдан узоқда бўлса, мен буюрганимдай, У сизларга берган мол ёки қўйлардан сўйиб, шаҳрингизда хоҳлаганингизча гўшт есангиз бўлади.

22 Пок ёки ҳаром одам бу гўштни оҳу ёки кийик гўштини егандай тановул қилаверсин.

23 Қонни эса асло истеъмол қилманглар, чунки қон жондир, жонни гўшт билан бирга еманглар.

24 Қонни истеъмол қилмай, сув сингари, ерга тўкиб ташланглар.

25 Сизлар ҳам, фарзандларингиз ҳам, қонни истеъмол қилманглар, шунда бахтиёр бўласизлар. Эгамизнинг олдида маъқул иш қилган бўласизлар.

26 Эгамизга атаган эҳсонларингизни ва ваъда қилган назрларингизни У танлаган жойга олиб боринглар.

27 Куйдириладиган қурбонликларингизни, уларнинг қонини, гўштини Эгангиз Худонинг қурбонгоҳида келтиринглар. Бошқа қурбонликларингизнинг қонини ҳам Эгангиз Худонинг қурбонгоҳи ёнига тўкинглар, гўштини эса есангиз бўлади.

28 Мен бераётган бу амрларни битта қолдирмай бажаринглар. Шунда ўзларингиз ҳам, сизлардан кейинги фарзандларингиз ҳам то абад бахтли бўласизлар. Негаки, Эгангиз Худонинг олдида тўғри, яхши ишларни қилган бўласизлар.

Бутпарастликка қарши огоҳлантириш

29 Сизлар юртга кириб, у ернинг халқларига ҳужум қилганингизда, Эгангиз Худо уларни йўқ қилади. Сизлар уларнинг ерларига жойлашасизлар.

30 Шунда эҳтиёт бўлинглар, уларнинг удумларини қилиб, тузоққа тушиб қолманглар. “Бу халқлар худоларига қандай хизмат қилган экан–а?! Мен ҳам улардай қиламан”, деб уларнинг худолари ҳақида суриштирманглар.

31 Уларга хос усул билан Эгангиз Худога сиғинманглар. Ахир, улар ўз худоларига сиғинганларида жирканч ишлар қиладилар, Эгамиз эса бундай ишлардан нафратланади. Улар ҳатто ўғил–қизларини худоларига қурбонлик қилиб, оловда ёндирадилар.

32 Мен сизларга берган амрларни битта қолдирмай бажаринглар. Бу амрларга ҳеч нарса қўшманглар ҳам, олиб ташламанглар ҳам.

1 Агар орангизда бирор пайғамбар ёки туш таъбирловчи пайдо бўлиб: “Аломат ёки мўъжиза кўрсатаман”, деб айтса,

2 унинг айтганлари бажо бўлса, кейин у: “Юр, сен билмаган бошқа худоларга эргашайлик, уларга хизмат қилайлик”, деса,

3 ўша пайғамбар ёки туш таъбирловчининг сўзларига қулоқ солманглар. Эгангиз Худо: “Қани билай–чи, улар бутун қалби билан, жону дили билан Мени севадими ёки йўқми”, деб сизларни синаётган бўлади.

4 Сизлар фақатгина Эгангиз Худога эргашинглар. Ундан қўрқинглар, Унинг амрларига итоат этинглар. Эгангизга қулоқ солинглар, Унга хизмат қилинглар, Унга содиқ бўлинглар.

5 Эгангиз Худо сизни Миср юртидан олиб чиққан, Мисрдаги қулликдан озод қилган. Ўша пайғамбар ёки туш таъбирловчи эса сизни Худойингиздан юз ўгиртиришга ҳаракат қилди. Эгангиз Худо амр қилган йўлдан сизни оздирмоқчи бўлди. Шунинг учун уни ўлдиринглар. Орангиздан ёмонликни йўқ қилинглар.

6 Ҳатто ака–укангиз ёки ўғлингиз, қизингиз, севикли хотинингиз ё жонажон дўстингиз сизни яширинча ўзингиз билмаган, ота–боболарингиз ҳам билмаган бегона худоларга сажда қилишга ундаши мумкин.

7 Атрофингизда яшаётган узоқ–яқиндаги, ернинг бу четидан нариги четигача ўрнашган халқларнинг худоларига сиғинишга ундаши мумкин.

8 Аммо сизлар рози бўлманглар. Бундай одамга қулоқ солманглар, унга раҳм–шафқат қилманглар, унинг ёнини олманглар.

9 Уни ўлдиринглар. Биринчи бўлиб сен, кейин бутун халқ унга тош отинглар.

10 Уни тошбўрон қилиб ўлдиринглар. Чунки у сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгангиз Худодан юз ўгиришга ундади.

11 Бу воқеани Исроил халқи эшитиб қўрқади, бундан кейин орангизда бундай қабиҳлик қилинмайди.

12 Эгангиз Худо сизларга яшаш учун бераётган шаҳарларнинг бирортасида

13 манфур одамлар чиқиб, улар шаҳар аҳлини: “Юринглар, ўзларингиз билмаган бошқа худоларга хизмат қилайлик”, деб йўлдан урганини эшитсангиз,

14 сўраб–суриштиринглар, яхшилаб текширинглар. Бу жирканч воқеа ҳақиқатан юз берган бўлиб, эшитганларингиз рост бўлиб чиқса,

15 ўша шаҳарнинг бутун аҳолисини, ҳайвонларигача қиличдан ўтказинглар. Шаҳарни ва ундаги ҳамма нарсани бутунлай вайрон қилинглар.

16 Ўлжаларни майдон ўртасига йиғинглар. Шаҳарни ва у ердаги ҳамма ўлжани Эгангиз Худога бағишлаб, ёндириб ташланглар. У жой абадий вайронага айлансин, ҳеч қачон қайта тикланмасин.

17 Ёндириладиган нарсалардан ҳеч бирини ўзингизга олманглар. Шунда Эгамиз ғазабидан тушади, сизларга меҳр–шафқат кўрсатади, раҳм қилади, ота–боболарингизга қасам ичиб ваъда берганидай сизларни кўпайтиради.

18 Шунинг учун сизлар Эгангиз Худога қулоқ солишингиз керак. Мен бугун сизларга бераётган Унинг амрларига итоат этиб, Унинг олдида тўғри ишлар қилишингиз керак.

Азадорларга ман этилган одатлар

1 Сизлар Эгангиз Худонинг фарзандларисиз. Марҳумга аза тутганингизда баданингизни тилманг, сочингизнинг олдини қирманг.

2 Сизлар Эгангиз Худонинг муқаддас халқисиз. Эгамиз ер юзидаги барча халқлар орасидан сизларни Ўз халқи, Ўз хазинаси қилиб танлаб олди.

Ҳалол ва ҳаром ҳайвонлар

3 Жирканч ҳайвонларнинг гўштини еманг.

4 Мана бу ҳайвонларни есангиз бўлади: мол, қўй, эчки,

5 оҳу, кийик, буғу, ёввойи эчки, зубр, жайрон, архар.

6 Айри туёқ ва кавш қайтарадиган ҳар қандай ҳайвонни тановул қилишингиз мумкин.

7 Лекин кавш қайтарадиган ёки айри туёқ ҳайвонлардан туя, қуён ва суғурни еманглар, улар кавш қайтарса ҳам, туёғи айрилмаган. Бу ҳайвонлар сизлар учун ҳаромдир.

8 Чўчқани ҳам еманглар, унинг туёғи айрилган, лекин кавш қайтармайди. У сизлар учун ҳаромдир. Бу ҳайвонларнинг гўштини еманглар, мурдасига ҳам тегманглар.

9 Сувда яшайдиган сузгичи ва тангачалари бор ҳар қандай жониворни есангиз бўлади.

10 Сузгичи ва тангаси бўлмаганларини еманг, улар сизга ҳаромдир.

11 Ҳалол қушлардан хоҳлаганингизнинг гўштини есангиз бўлади.

12 Қуйидаги қушларнинг гўштини ейиш мумкин эмас: қумой, болтаютар, тасқара,

13 қирғий, қизил калхат ва унинг зоти,

14 қарға зоти,

15 туяқуш, лочин, қулоқли укки, қарчиғай ва унинг зоти,

16 япалоқ қуш, бойўғли, оқ бойўғли,

17 бирқозон, жўрчи, балиқчи укки,

18 лайлак, оқ қарқара ва унинг зоти, сассиқпопишак, кўршапалак.

19 Қанотли ҳашаротлар сизларга ҳаромдир, уларни еманглар.

20 Аммо баъзи турдаги қанотли ҳашаротларни ейишингиз мумкин.

21 Ўлимтикни еманг, уни шаҳрингизда яшаган мусофирга беринг, у еяверсин, ёки ўлимтикни бегонага сотинг, сизлар Эгангиз Худонинг муқаддас халқисиз.

Улоқчани ўз онасининг сутида қайнатманг.

Ушр бериш ҳақида қонун

22 Ҳар йили далангизда ўсадиган ҳамма нарсадан, экинингизнинг ҳосилидан ўндан бирини ажратинглар.

23 Бу ушрларингизни Эгангиз Худо Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойга олиб боринглар. Донингиз, шаробингиз ва зайтун мойингизнинг ушрларини, мол ва қўйларингизнинг биринчи туғилган болаларини Унинг ҳузурида енглар. Шундай қилиб, Эгангиз Худодан ҳар доим қўрқишни ўрганасизлар.

24 Агар Эгангиз Худо танлайдиган бу жой сиздан узоқ бўлса, шу сабабдан Эгангиз берган бараканинг ушрини у ерга олиб бора олмасангиз,

25 ўша нарсаларингизни кумушга алмаштиринг. Кумушни олиб, Эгангиз Худо танлайдиган жойга боринг.

26 Мана шу кумушга кўнглингиз тусаган нарсани: мол, қўй, шароб, ўткир ичимлик ва кўнглингиз хоҳлаган ҳамма нарсани сотиб олиб, у ерда Эгангиз Худо ҳузурида еб, оилаларингиз билан хурсандчилик қилинглар.

27 Шаҳрингизда яшаган левиларни унутиб қўйманглар, уларнинг сизникига ўхшаган улуши ҳам, мулки ҳам йўқдир.

28 Ҳар учинчи йил охирида ўша йили олган ҳосилингизнинг ўндан бир қисмини тўлиқ олиб, шаҳрингиздаги омборларда сақлаб қўйинглар.

29 Улуши ҳам, мулки ҳам бўлмаган шаҳрингиздаги левилар, шунингдек, мусофир, етим ва бевалар келиб, еб тўяди. Шунда қилган ҳар бир ишингизга Эгангиз Худо барака беради.

Еттинчи йил

1 Ҳар еттинчи йилнинг охирида қарзларингиздан кечинглар.

2 Қарздан кечиш шундан иборатки, яқинига қарз берган одам қарзидан кечсин. Исроил халқидан бўлган биродаридан ўша қарзини сўрамасин, чунки Эгамиз қарздан кечишни эълон қилди.

3 Бегонадан қарзингизни сўрасангиз бўлади. Исроил халқидан бўлган биродарингиздан эса қарзингизни сўраманг.

4 Сизларнинг орангизда камбағал бўлмайди. Эгангиз Худо мулк қилиб бераётган юртда сизларга барака беради.

5 Фақат Эгангиз Худога итоат этиб, Мен бугун сизларга бераётган мана шу амрларни битта қолдирмай бажаришингиз керак.

6 Эгангиз Худо Ўзи ваъда қилгандай, сизларга барака берганда, кўп халқларга қарз берасиз, ўзингиз эса улардан қарз олмайсиз. Кўп халқлар устидан ҳукмронлик қиласиз, улар эса сизларнинг устингиздан ҳукмронлик қилмайди.

7 Эгангиз Худо сизга берадиган юртдаги шаҳарларингизнинг бирида Исроил халқидан бирортаси камбағал бўлса, унга нисбатан бағритошлик қилманг, зиқна бўлманг.

8 Очиқ қўл бўлинг, унга керакли нарсани етарлича қарзга беринг.

9 Эҳтиёт бўлинг, кўнглингизда ёмон ният қилманг, еттинчи йил, қарздан кечиш йили келяпти, деб камбағал биродарингизга нафрат билан қараманг, унга йўқ деманг. Акс ҳолда, биродарингиз Эгамизга сиздан нолийди, натижада сиз гуноҳ орттириб оласиз.

10 Унга сахийлик билан қарз беринг, бунинг учун ачинманг. Шунда Эгангиз Худо ҳар бир ишингизга барака беради.

11 Ер юзида ҳар доим камбағаллар бўлади. Шунинг учун сизларга амрим шуки, юртингиздаги камбағал, муҳтож биродарингизга очиқ қўл бўлинг.

Қулларга бўлган муносабат

12 Биродарингиздан иброний эркак ёки аёл сизга ўзини сотса, олти йил хизмат қилсин, еттинчи йили уни озод қилишингиз керак.

13 Уни озод қилганингизда, қуруқ жўнатманг.

14 Унга сахийлик билан мол–қўйингиздан, дон, шаробингиздан беринг, Эгангиз Худо сизларга ато этган баракадан беринг.

15 Ёдингизда тутинг: сизлар ҳам Миср юртида қул бўлгансиз, Эгангиз Худо сизларни озод қилган. Шунинг учун мен бугун сизларга ўша амрни бердим.

16 Агар қулингиз, сизни, оилангизни яхши кўраман, сизнинг хонадонингизда ўзимга тўқман, сизникидан кетмайман, деб айтса,

17 уни уйингиз эшиги ёнига олиб боринг. Қулоғини эшикка қўйиб, бигиз билан тешинг. Шунда у бир умр сизнинг қулингиз бўлади, чўрингизни ҳам шундай қилинг.

18 Қулингизни озод қилаётганингизда афсусланманг, чунки у олти йил ичида мардикорнинг ҳақига арзийдиган меҳнатни қилди. Уни озод қилсангиз, Эгангиз Худо қилган ҳар бир ишингизга барака беради.

Ҳайвонларнинг биринчи туғилган болалари

19 Мол–қўйларингизнинг биринчи туғилган эркагини Эгангиз Худога бағишланг. Биринчи туғилган буқангизни ишлатманг, биринчи туғилган қўйингизнинг юнгини олманг.

20 Буларнинг гўштини Эгамиз танлайдиган жойда, ўзингиз оилаларингиз билан бирга ҳар йили Унинг ҳузурида енглар.

21 Агар ўша ҳайвон чўлоқ ёки кўр бўлса ё унинг бошқа бир нуқсони бўлса, уни Эгангиз Худога қурбонлик қилманг.

22 Уни шаҳарларингизда еяверинглар. Пок одам ҳам, ҳаром одам ҳам, оҳу ва кийикни егандай, унинг гўштини еса бўлади.

23 Фақат қонини истеъмол қилманг. Қонни сув сингари, ерга тўкиб ташланг.

Фисиҳ зиёфати ва Хамиртурушсиз нон байрами

1 Абиб ойида Эгангиз Худонинг Фисиҳ зиёфатини нишонланглар. Эгангиз Худо сизларни Мисрдан Абиб ойида тунда олиб чиққан.

2 Эгамиз Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойга боринглар, мол ва қўйларингиздан Эгангиз Худога Фисиҳ қурбонлигини келтиринглар.

3 Қурбонлик гўштига хамиртурушли нон қўшиб еманглар. Сизлар Мисрдан шошилинч чиқиб кетганингизда хамиртурушсиз нон еган эдингизлар, шунинг учун етти кун давомида хамиртурушсиз нон енглар. Бу нонни машаққатли кунларда ейиладиган нон деб аташади. Ўша нонни енглар, шунда Мисрдан чиққан кунингизни бир умр ёдингизда тутасизлар.

4 Етти кун давомида юртингизнинг бирор жойида хамиртуруш бўлмасин. Байрамнинг биринчи куни кечқурун келтирган қурбонлигингиз гўштидан эрталабгача ҳеч нима қолмасин.

5 Эгангиз Худо сизларга бераётган шаҳарларнинг биронтасида Фисиҳ қурбонлигини келтириш мумкин эмас.

6 Фисиҳ қурбонлигини фақатгина Эгангиз Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойда келтиринглар. Буни қуёш ботадиган пайтда, сизлар Мисрдан чиққан соатларда қилинглар.

7 Эгангиз Худо танлайдиган жойда қурбонлигингизни пишириб еб, эрталаб чодирларингизга қайтиб кетаверинглар.

8 Кейинги олти кун давомида хамиртурушсиз нон енглар. Еттинчи кун Эгангиз Худога бағишланган муқаддас йиғин бўлади. Шу куни ҳеч қандай иш қилманглар.

Ҳосил байрами

9 Ҳосилга ўроқ солинган кундан бошлаб етти ҳафтани сананглар.

10 Кейин Эгангиз Худо берган баракага яраша кўнгилдан чиқариб назр қилинглар. Эгангиз Худо учун Ҳосил байрамини нишонланглар.

11 Ўзларингиз, ўғилларингиз, қизларингиз, қулларингиз, чўриларингиз, шаҳрингиздаги левилар, орангиздаги мусофирлар, етим ва бевалар билан бирга Эгангиз Худо олдида хурсандчилик қилинглар. Буларни Эгангизнинг Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойда ўтказинглар.

12 Мисрда қул бўлганингизни эсингиздан чиқармасдан, мана шу қонун–қоидаларни битта қолдирмай бажаринглар.

Чайла байрами

13 Донингизни янчиб, шаробингизни тайёрлаб олганингиздан кейин етти кун давомида Чайла байрамини нишонланглар.

14 Байрамда ўғилларингиз, қизларингиз, қул ва чўриларингиз, шаҳрингизда истиқомат қилаётган левилар, мусофирлар, етим ва бевалар билан бирга хурсандчилик қилинглар.

15 Эгангиз Худо танлаган жойда етти кун давомида Унга атаб байрам қилинглар. Эгангиз Худо ҳосилингизга ва қилган ҳар бир ишингизга барака беради. Шу тариқа, албатта хурсандчилик қилинглар.

16 Хамиртурушсиз нон байрамини, Ҳосил байрамини ва Чайла байрамини нишонлаш учун барча эркакларингиз йилда уч марта Эгангиз Худо танлаган жойга, Унинг ҳузурига келсин. Ҳеч ким Эгамизнинг олдига қуруқ келмасин.

17 Ҳар бирингиз Эгангиз Худо берган баракага яраша инъом келтиринглар.

Одил ҳукм

18 Эгангиз Худо сизларга берадиган ҳар бир шаҳарга ҳакамлар ва назоратчилар тайинланглар. Улар халқни адолат билан ҳукм қилсин.

19 Ҳукм қилаётганда адолатсизлик қилмасин, тарафкашлик қилмасин, пора олмасин. Пора доноларнинг кўзини кўр қилади, ҳақларни ноҳаққа чиқаради.

20 Адолатга, фақат адолатга эргашинг. Шунда яшайсизлар, Эгангиз Худо берадиган юртга эгалик қиласизлар.

21 Эгангиз Худо учун қурадиган қурбонгоҳ ёнига Ашерага аталган устунларни ёки

22 бутсимон тошларни ўрнатманглар. Эгангиз Худо булардан нафратланади.

1 Нуқсони ёки камчилиги бор мол–қўйларни Эгангиз Худога қурбонлик қилманглар. Бу Эгангиз Худога жирканчдир.

2 Эгангиз Худо сизга бераётган шаҳарларнинг бирида орангиздан бирорта эркак ёки аёл Эгангиз олдида қабиҳлик қилиб, Унинг аҳдини бузса,

3 бегона худоларга хизмат қилса, ўша худоларга ёки қуёшга, ойга ва самовий жисмларга топинса, тақиқланган бу ишларни қилса,

4 бу воқеадан сизлар хабардор бўлсангиз, эшитганларингизни яхшилаб текширинглар. Исроил халқи орасида ҳақиқатан ҳам бундай жирканч иш қилинган бўлса,

5 ўша гуноҳкор эркак ёки аёлни шаҳар дарвозасидан ташқарига олиб чиқиб, тошбўрон қилиб ўлдиринглар.

6 Одам фақат иккита ёки учта гувоҳнинг сўзи билан ўлимга ҳукм қилиниши мумкин, битта гувоҳнинг сўзи билан ўлдирилмасин.

7 Гуноҳкорга биринчи бўлиб гувоҳлар тош отсин, кейин бутун халқ уни тошбўрон қилсин. Шундай қилиб, орангиздан ёмонликни йўқ қилинглар.

8 Агар шаҳрингизда қон тўкиш, ҳақ–ҳуқуқ талашиш ва зўравонлик каби можароларни ҳукм қилиш қийин бўлса, Эгангиз Худо танлайдиган жойга боринглар.

9 Леви руҳонийларининг ва ўша вақтда хизматда бўлган ҳакамнинг олдига бориб, улардан сўранглар. Улар ҳукм чиқаради.

10 Улар чиқарган ҳукм бўйича иш тутинглар, ўргатганларини битта қолдирмай бажаринглар.

11 Тушунтирган қонунни ва қонунга асосан чиқарган ҳукмни тўлиқ бажаринглар. Уларнинг айтганларидан чапга ҳам, ўнгга ҳам оғманглар.

12 Эгангиз Худонинг хизматида турган руҳоний ва ҳакамнинг гапига қулоқ солмай, ўзбошимча иш тутган одам ўлиши керак. Шундай қилсангиз, Исроил халқи орасидан ёмонликни йўқ қилган бўласизлар.

13 Бутун халқ бу воқеани эшитиб қўрқади, бундан кейин ўзбошимча иш қилмайдиган бўлади.

Шоҳ ҳақида кўрсатмалар

14 Эгангиз Худо сизларга берадиган юртга бориб, у ерга жойлашиб, эгалик қиласизлар. Шундан кейин, “Атрофимиздаги халқларга ўхшаб биз ҳам устимиздан шоҳ қўяйлик”, дейсиз.

15 Кўтарадиган шоҳингиз албатта Эгангиз Худо томонидан танланган бўлсин. Шоҳ ўз халқингиздан бўлсин. Бегона бўлган мусофирни устингиздан шоҳ қилишингиз мумкин эмас.

16 Шоҳ ўзи учун от кўпайтирмасин, от сотиб олиш учун одамларни Мисрга жўнатмасин. Чунки Эгамиз сизларга: “У ерга қайтиб борманглар”, деган.

17 Тайинланган шоҳ хотинларни кўпайтирмасин, акс ҳолда, Эгамиздан юраги совийди. Ўзи учун кўп миқдорда олтин ва кумушни йиғмасин.

18 У шоҳлик тахтига ўтирганда, леви руҳонийлари сақлаган қонунлардан ўзи учун бир нусха кўчиртириб олсин.

19 Қонунларнинг ўша нусхаси доимо шоҳнинг ёнида бўлсин. Шоҳ уни ҳар куни, умри давомида ўқисин, токи ўзининг Эгаси Худодан қўрқишни ўргансин, қонун ва фармонларнинг сўзларини битта қолдирмай бажарсин.

20 Ўзини биродарларидан устун қўймасин, амрлардан чапга ҳам, ўнгга ҳам оғмасин. Шунда ўзи ҳам, ўғиллари ҳам Исроил устидан узоқ йиллар ҳукмронлик қиладилар.

Руҳонийларнинг улуши

1 Леви руҳонийлари, бутун Леви қабиласи қаторида, Исроилда улуш ҳам, мулк ҳам олмайдилар. Улар Эгамизга келтирилган назр ва қурбонликлардан ейдилар.

2 Биродарлари орасида уларнинг улуши бўлмайди. Эгамиз Леви қабиласига: “Мен Ўзим сизларнинг улушингиз бўламан”, деб ваъда берган эди.

3 Қурбонлик қилинган мол ёки қўйнинг елка, жағ ва ичак–човоқлари руҳонийларга берилсин.

4 Ғаллангизнинг илк ҳосилини, энг биринчи тайёрлаган шаробингизни ва зайтун мойингизни, қўйларингизнинг биринчи қирқилган юнгини руҳонийларга беринглар.

5 Чунки Эгангиз Худо, Леви қабиласи ва уларнинг авлодлари ҳар доим Менга хизмат қилишсин, деб уларни қабилаларингиз орасидан танлаб олди.

6 Агар бирор леви Исроилдаги ўзи яшаб турган шаҳардан Эгамиз танлаган жойга ўз хоҳиши билан борса,

7 у ерда Эгамизга хизмат қилган леви биродарлари сингари, Эгаси Худо номидан хизмат қила олади.

8 Оиласининг мулкини сотишдан келган даромади бўлса ҳам, бошқа левилар қатори бир хил улуш есин.

Бутпараст халқларнинг қабиҳ одатлари ҳақида огоҳлантириш

9 Эгангиз Худо берадиган юртга кирганингизда, у ер халқларининг жирканч одатларини ўрганманглар.

10 Ўғли ёки қизини оловда қурбон қиладиган, фолбин, башоратгўй, ромчи, сеҳргар,

11 иссиқ–совуқ қиладиган, арвоҳ чақирувчи, ўликлардан маслаҳат сўрайдиганлар орангизда бўлмасин.

12 Эгамиз бундайлардан жирканади. Мана шу жирканч одатлари учун Эгангиз Худо ўша халқларни сизнинг олдингиздан ҳайдаб чиқаряпти.

13 Эгангиз Худога бутунлай содиқ қолинг.

Пайғамбар юбориш ҳақида ваъда

14 Сизлар юртини олаётган ўша халқлар башоратгўйлар ва фолбинларнинг гапига қулоқ соладилар. Сизларнинг бундай қилишингизга эса Эгангиз Худо рухсат бермайди.

15 Эгангиз Худо сизлар учун ўз халқингиз орасидан менга ўхшаган бир пайғамбар чиқаради. Унга қулоқ солинглар.

16 Сиз Синай тоғида йиғилган кунингизда Эгангиз Худодан ўзингиз уни тилаб олгандингиз, зотан, сиз шундай деган эдингиз: “Эгамиз Худонинг овозини энди эшитмайлик, мана шу буюк оловни ҳам бошқа кўрмайлик, акс ҳолда, ўламиз.”

17 Ўшанда Эгамиз менга шундай деди: “Уларнинг айтганлари тўғри.

18 Улар учун ўз халқи орасидан сенга ўхшаган бир пайғамбар чиқараман, Мен унга нима айтишни ўргатаман. Ўша пайғамбар берган амрларимнинг ҳаммасини уларга айтади.

19 У Менинг номимдан гапиради, унга қулоқ солмаган одамни Мен Ўзим жазолайман.

20 Аммо бирор пайғамбар Мен буюрмаган сўзни Менинг номимдан гапиришга журъат қилса ёки бошқа худолар номидан гапирса, у пайғамбар ўлиши керак.”

21 Кўнглингизда: “Бу сўзлар Эгамизданми ёки йўқми, биз қандай қилиб биламиз?” деб ўйлашингиз мумкин.

22 Агар бирор пайғамбар Эгамизнинг номидан гапирса–ю, ўша воқеа юз бермаса, демак, бу сўзни Эгамиз айтмаган бўлади. Пайғамбар ўзича гапирган, ундан қўрқманглар.

Паноҳ шаҳарлар

1 Эгангиз Худо сизларга берадиган юртнинг халқларини йўқ қилганда, сизлар ўша юртни мулк қиласизлар, шаҳарларига, уйларига жойлашасизлар.

2-3 Ўшанда юртни уч қисмга бўлинглар. Ҳар бир қисмида биттадан паноҳ шаҳар ажратинглар. Ўша шаҳарларга борадиган йўллар қуринглар, токи бировни ўлдириб қўйган одам ўша шаҳарларнинг бирига қочиб бора олсин.

4 Агар у бировни адоват қилмай, бехосдан ўлдириб қўйган бўлса, ўша шаҳарларнинг бирига қочиб, тирик қолади.

5 Масалан, бир одам бошқаси билан дарахт кесгани ўрмонга борди, дейлик. У дарахт кесмоқчи бўлиб болтани кўтарганда, болта сопидан чиқиб кетиб, шеригига бориб тегса–ю, шериги ўлиб қолса, қотил ўша шаҳарларнинг бирига қочиб бориб тирик қолади.

6 Акс ҳолда, қасоскор қотилнинг орқасидан қувиши мумкин, йўл узоқ бўлганидан унга етиб олиб, ўлдириши мумкин. Лекин у ўлимга лойиқ эмас, чунки марҳумга олдиндан унинг адовати йўқ эди.

7 Учта шаҳар ажратинглар, деб сизларга буюрганимнинг сабаби шудир.

8-9 Эгангиз Худони севинг, ҳар доим Унинг йўлидан юринг, деб сизларга бугун амр қилдим. Агар сизлар бу амрларни битта қолдирмай бажарсангиз, Эгангиз Худо ота–боболарингизга қасам ичиб, берган ваъдасига кўра, ерларингизни кенгайтиради, ваъда қилган бутун юртни сизга беради. Шунда сизлар ажратган учта шаҳрингизга яна учта паноҳ шаҳар қўшинглар,

10 токи Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб бераётган юртда айбсизнинг қони тўкилмасин. Сизлар қон учун жавобгар бўлиб қолманглар.

11 Лекин бирорта одам бошқасини адоват билан пойлаб туриб, ҳужум қилиб ўлдирса, сўнг ўша шаҳарларнинг бирортасига қочиб борса,

12 қотилнинг она шаҳридаги оқсоқоллар қотил орқасидан одам юбориб, уни олдириб келсин. Қотилни қасоскорнинг қўлига топширсин. Қотил ўлдирилиши керак.

13 Унга раҳм қилманглар, Исроилни айбсизнинг қонидан тозаланглар. Шунда бахтиёр бўласиз.

Қадимий чегаралар

14 Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб бераётган ерда, ота–боболарингиз илгаридан белгилаган қўшнингизнинг чегарасини сурманглар.

Гувоҳлар ҳақида

15 Бировни гуноҳ ёки жиноят қилишда айблаш учун битта гувоҳ етарли эмас. Иш иккита ёки учта гувоҳнинг сўзлари асосида кўриб чиқилади.

16 Агар сохта гувоҳ ёмон ният билан бирортасини айбласа,

17 жанжаллашаётган иккала одам Эгамизнинг ҳузурига борсинлар. Ўша кунларда хизматини ўтаётган руҳонийларга ва ҳакамларга учрашсинлар.

18 Ҳакамлар ишни яхшилаб кўриб чиқишсин. Агар гувоҳ биродарига қарши ёлғон гувоҳлик бераётган бўлса,

19 биродарига қарши ўйлаган ниятини ўзига қайтаринглар. Шу тариқа орангиздан ёмонликни йўқ қилинглар.

20 Бошқалар бўлиб ўтган воқеаларни эшитиб, қўрқадилар, орангизда бундай жиноятни бошқа қилмайдилар.

21 Бундайларга раҳм қилманглар: жон эвазига жон, кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш, қўл эвазига қўл, оёқ эвазига оёқ.

Жанг ҳақида

1 Душманларингизга қарши урушга борганингизда, отларни, араваларни, ўзингизникидан кўпроқ бўлган лашкарни кўрсаларингиз, улардан қўрқманглар. Чунки сизларни Мисрдан олиб чиққан Эгангиз Худо сизлар биландир.

2 Жангга киришингиздан олдин, руҳоний лашкарнинг олдига чиқсин,

3 уларга шундай десин: “Қулоқ сол, эй Исроил халқи! Бугун сизлар душманларингизга қарши жангга чиқяпсизлар. Дадил бўлинглар, қўрқманглар, душман олдида ваҳимага тушманглар.

4 Эгамиз Худонинг Ўзи сизлар билан урушга боради! Сизлар учун душманларингизга қарши жанг қилади, сизларга ғалаба беради!”

5 Назоратчилар лашкарга шундай деб айтсин: “Орангизда янги уй қуриб, ўша уйини ҳали Худога бағишлаб улгурмаган бирорта одам борми? Бор бўлса, уйига қайтсин. Агар у жангда ҳалок бўлса, бошқа одам унинг уйини бағишлайди.

6 Узумзор экиб, ҳали мевасидан емаган одам борми? Агар бор бўлса, уйига қайтиб кетсин. У жангда ҳалок бўлса, бошқа одам унинг узумзори мевасидан биринчи бўлиб татийди.

7 Бирор қизга унаштирилиб, ҳали уйланмаган йигит борми? Агар бор бўлса, уйига қайтиб кетсин. У жангда ҳалок бўлса, бошқа одам ўша қизга уйланади.”

8 Назоратчилар яна шундай дейишсин: “Орангизда қўрқувдан юрагини олдириб қўйган одам борми? Бор бўлса, уйига қайтиб кетсин. Бўлмаса биродарлари ҳам унга ўхшаб чўчиб қолади.”

9 Назоратчилар лашкарга шу гапларни айтиб бўлгандан кейин, лашкарбошилар бош бўлсин.

10 Бирор шаҳарни олиш учун яқинлашганингизда, шаҳар аҳлига сулҳ таклиф қилинг.

11 Улар сулҳга рози бўлиб, дарвозаларини очиб берса, шаҳарнинг бутун аҳолиси сизларга қарол бўлиб хизмат қилади.

12 Агар шаҳар аҳли сулҳга рози бўлмай, сизлар билан жанг қилса, шаҳарни қамал қилинглар.

13 Эгангиз Худо у шаҳарни сизнинг қўлингизга берганда, бутун эркак зотини қиличдан ўтказинглар.

14 Фақат аёлларни, болаларни, молларни ва шаҳарда қолган ҳамма нарсани ўлжа қилиб олсангиз бўлади. Эгангиз Худо сизларнинг қўлингизга берган, душманлардан олган ўлжаларни ишлатишингиз мумкин.

15 Сизлар эгалик қиладиган юртингиздан узоқда жойлашган шаҳарларни шундай қилинглар.

16 Лекин Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб бераётган юртдаги шаҳарларни қўлга олганингизда биронта жонни тирик қолдирманглар.

17 Эгангиз Худо сизларга амр этганидай, Хет, Амор, Канъон, Париз, Хив, Ёбус халқларини тамомила қириб битиринглар.

18 Токи улар ўзларининг худоларига қилган жирканч одатларини сизларга ўргатмасин. Акс ҳолда, сизлар Эгангиз Худога қарши гуноҳ қилган бўласизлар.

19 Агар бирор шаҳарни қўлга киритиш учун узоқ вақт қамал қилиб турсаларингиз, у ердаги мевали дарахтларни кесманглар. Ўша дарахтларнинг мевасини ейишингиз мумкин, дарахтларнинг ўзини эса кесиб ташламанглар. Ахир, даладаги дарахтлар одам эмас–ку, қуршовдан қочиб чиқса!

20 Мева бермайдиган дарахтларни эса кесишингиз мумкин. Шаҳар қуламагунча қамал иншоотларини қуришда ўша дарахтлардан фойдалансангиз бўлади.

Қотил топилмаганда кўриладиган чоралар

1 Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб бераётган юртнинг бирор даласида одам жасади топилса ва уни ким ўлдиргани номаълум бўлса,

2 оқсоқоллар ва ҳакамлар мурда билан атрофдаги шаҳарлар оралиғидаги масофани ўлчашсин.

3 Мурдага энг яқин шаҳарнинг оқсоқоллари ҳали қўшга қўшилмаган, бўйинтуруқ солинмаган ғунажинни олишсин.

4 Шаҳар оқсоқоллари ерга ишлов берилмаган, уруғ экилмаган, сув оқиб турадиган сойликка бу ғунажинни олиб боришсин. Ўша сойликда ғунажиннинг бўйнини синдиришсин.

5 Леви руҳонийлари бу ерга келишсин. Эгангиз Худо “Леви насли Менга хизмат қилсин, Менинг номим билан халқни дуо қилсин”, деб уларни танлаган. Барча жанжалли ишлар ва зўравонлик масалалари уларнинг сўзи билан ҳал қилинади.6 Мурдага энг яқин бўлган шаҳарнинг оқсоқоллари сойликда бўйни синдирилган ғунажиннинг тепасида қўлларини ювишсин.

7 Кейин улар шундай десин: “Бу одамнинг қонини бизнинг қўлларимиз тўккани йўқ. Ким қилганини кўзларимиз кўргани йўқ.

8 Эй Эгамиз! Ўзинг Мисрдан озод қилган халқинг Исроилни кечиргин, халқинг Исроилни тўкилган айбсиз қонга жавобгар қилмагин.” Шундан сўнг улар тўкилган қонга жавобгарликдан холи бўладилар.

9 Шундай қилсангизлар, Эгамизнинг олдида тўғри иш қилган бўласизлар, айбсизнинг қонидан ўзингизни тозалайсизлар.

Асиралар ҳақида

10 Эгангиз Худо жангда душманларингизни сизларга мағлуб этганда, уларни асирга олганингизда,

11 асирлар орасида чиройли бир аёлни кўриб, уни севиб қолганингиздан унга уйланмоқчи бўлсангиз,

12 уни уйингизга олиб келинг. Ўша аёл сочини қириб ташласин, тирноқларини олсин.

13 Асирликда кийган кийимларини алмаштирсин. Бир ой давомида ота–онаси учун аза тутиб, уйингизда яшасин. Шундан кейин сиз у аёлнинг олдига кира оласиз, сиз унинг эри, у эса сизнинг хотинингиз бўлади.

14 Агар ўша аёл сизга ёқмай қолса, уни озод қилинг. Уни сотманг, унга қулдай муносабатда бўлманг, чунки уни хотинингиз бўлишга мажбур қилгансиз.

Тўнғич ўғилнинг мероси

15 Агар бирортасининг иккита хотини бўлса–ю, бирини яхши кўриб, иккинчисини яхши кўрмаса, иккаласи ҳам унга ўғил туғиб берса, тўнғичи яхши кўрмаган хотинининг ўғли бўлса,

16 ўғилларига мерос бўлиб бераётганда, яхши кўрган хотиннинг ўғлини устун қўймасин, унга тўнғич ўғил ҳуқуқини бермасин.

17 Яхши кўрмаган хотиннинг ўғлини тўнғич деб тан олсин, унга мол–дунёсидан икки ҳисса мерос берсин. Чунки ўша ўғил отаси қудратининг илк ҳосилидир. Тўнғичлик ҳуқуқи ўша ўғилга тегишлидир.

Итоатсиз ўғил

18 Агар бирортасининг ўғли ота–онасининг гапига қулоқ солмайдиган, ўжар ва итоатсиз бўлса, уни жазолаганларида ҳам гапларига кирмаса,

19 ота–онаси у ўғилни шаҳар дарвозасида хизмат қиладиган шаҳар оқсоқоллари олдига олиб келсин.

20 Ота–онаси оқсоқолларга: “Бу ўғлимиз ўжар ва итоатсиздир. У бизнинг гапимизга қулоқ солмайди. У очкўз ва майхўрдир”, десин.

21 Шундан кейин шаҳар эркаклари ўша йигитни тошбўрон қилиб ўлдирсин. Шундай қилиб, орангиздан ёмонликни йўқ қилинглар. Бутун Исроил халқи бу воқеани эшитиб, қўрқади.

Жиноятчининг жасади

22 Агар бирортаси ўлим ҳукмига лойиқ гуноҳ қилса, сизлар уни ўлдириб, жасадини тик ўрнатилган ходанинг учига қоқсангиз,

23 ўша жасад кечаси билан ходада осиғлиқ қолмасин. Уни ўша куниёқ дафн қилинглар, чунки ёғочга қоқилган одам Худо томонидан лаънатлангандир. Эгангиз Худо сизга мулк қилиб бераётган юртни ҳаром қилманглар.

Ҳар хил қонунлар

1 Биродарингизнинг адашиб қолган молини ёки қўйини кўриб қолганингизда, ўзингизни кўрмаганга олманг, уни албатта эгасига қайтариб олиб боринг.

2 Агар ҳайвоннинг эгаси сиздан узоқда яшаса ёки сиз эгасини танимасангиз, уйингизга олиб боринг. Эгаси келиб олиб кетмагунча унга қараб туринг, кейин қайтариб беринг.

3 Биродарингизнинг эшагига ҳам, кийимига ҳам, сиз топиб олган ҳар қандай нарсасига шундай муносабатда бўлинг. Ўзингизни кўрмаганга олманг.

4 Биродарингизнинг эшаги ёки ҳўкизи йўлда ётиб қолганини кўрсангиз, ўзингизни кўрмаганга олманг, уларни турғизишга ёрдам беринг.

5 Аёл эркакнинг кийимини киймасин, эркак эса аёлнинг либосини киймасин. Бундай иш қиладиганларнинг ҳаммасидан Эгангиз Худо жирканади.

6 Йўлда кетаётганингизда дарахтдаги ёки ердаги қуш инига дуч келсангиз, қуш тухум босган ёки полапонлари билан ўтирган бўлса, онасини болалари билан олманг.

7 Ўзингизга фақат полапонларини олишингиз мумкин, онасини эса қўйиб юборинг. Шунда бахтиёр бўлиб, умрингиз узоқ бўлади.

8 Янги уй қурсангиз, томингиз атрофида тўсиқ қуринг. Шунда бирортаси томингиздан йиқилиб ўлса, оилангиз жавобгар бўлмайди.

9 Узумзорингиз эгатларига бошқа турдаги уруғ экманг. Акс ҳолда, узумзорингиздан ва эккан уруғингиздан олган жамики ҳосилни Эгамизга бағишлашингизга тўғри келади.

10 Ҳўкиз билан эшакни бирга қўшга қўшманг.

11 Устингизга жун ва зиғирпоядан аралаштириб тўқилган кийимни кийманг.

12 Тўнингизнинг этагига попук қилиб осиб юринг.

Жинсий алоқага оид қонунлар

13 Бирортаси уйланиб, қиз билан ётгандан сўнг уни ёқтирмай қолса,

14 қизни ёмон отлиқ қилиб, мен бу қизга уйландим, у эса қиз чиқмади, деб баҳона қилса,

15 қизнинг ота–онаси қизлик белгиларини оқсоқолларга кўрсатиш учун шаҳар дарвозасига олиб борсин.

16 Қизнинг отаси оқсоқолларга шундай айтсин: “Қизимни мана бу кишига узатган эдим. Энди у қизимни ёқтирмай қолибди.

17 Қизингиз қиз чиқмади, деб баҳона қиляпти. Мана қизимнинг қизлик белгилари”, деб шаҳар оқсоқоллари олдига ўша матони ёйсин.

18 Шаҳар оқсоқоллари ўша кишини олиб келиб, жазоласин.

19 Оқсоқоллар унга юз бўлак кумуш жарима солсинлар. У Исроил халқининг бокира қизини ёмон отлиққа чиқаргани учун кумушни қизнинг отасига берсинлар. Қиз у одамнинг хотини бўлиб қолаверсин, у одам қиздан умри бўйи ажралиши мумкин эмас.

20 Лекин у одамнинг айтганлари тўғри бўлиб, қиз бокира бўлмаса,

21 қизни отасининг эшиги олдига олиб келишсин. Шаҳар эркаклари у қизни тошбўрон қилиб ўлдирсин. У отасининг уйида яшаган пайтда фоҳишалик қилиб, Исроил халқи орасида шармандаларча иш қилди. Шу тариқа орангиздан ёмонликни йўқ қилинг.

22 Агар бирор эркак оилали хотин билан ётса ва бу маълум бўлиб қолса, иккови — хотин ҳам, хотин билан ётган эркак ҳам ўлдирилсин. Шу тариқа Исроилдан ёмонликни йўқ қилинг.

23 Агар бирон қиз унаштирилган бўлса–ю, шаҳарда бирортаси ўша қизни учратиб қолиб, у билан ётса,

24 икковини ҳам ўша шаҳарнинг дарвозаси олдига олиб келишсин. Қиз шаҳарда бўла туриб, бақирмагани учун жазолансин. Эркак эса бировнинг хотинини шарманда қилгани учун жазолансин. Икковини ҳам тошбўрон қилиб ўлдиринг. Шу тариқа орангиздан ёмонликни йўқ қилинг.

25 Агар бирорта эркак унаштирилган қизни далада учратиб қолиб, уни ушлаб зўрласа, ўша қиз билан ётган эркакнигина ўлдириш керак.

26 Қизга ҳеч нарса қилманглар. У қизнинг ўлимга лойиқ айби йўқ, бу худди бирорта одам бошқасига ҳужум қилиб ўлдиргани кабидир.

27 Чунки ўша эркак қизни далада ушлаб олган, қиз ёрдам сўраб бақирган бўлиши мумкин. Аммо уни қутқарадиган ҳеч ким бўлмаган.

28 Агар бирортаси унаштирилмаган қизни учратиб қолса, қизни ушлаб, у билан ётса, аммо икковини ушлаб олишса,

29 ўша қиз билан ётган киши қизнинг отасига эллик бўлак кумуш бериши керак. Қиз эса унинг хотини бўлсин. Ўша одам қизни шарманда қилгани учун умри бўйи у қиздан ажралиши мумкин эмас.

30 Ҳеч ким отасининг хотинига уйланмасин, бундай қилиб отасини шарманда қилмасин.

Эгамизнинг жамоасига кира олмайдиган одамлар

1 Жинсий аъзоси кесиб ташланган ёки мояги эзилган одамга Эгамиз жамоаси йиғинида иштирок қилиш ман этилади.

2 Ноқонуний туғилган бола Эгамиз жамоасига киролмайди, унинг ўнинчи авлодигача бирорта авлоди ҳам Эгамиз жамоасига киролмайди.

3 Оммонликлар ва Мўабликлар Эгамиз жамоасига киролмайди, уларнинг ўнинчи авлодигача бирорта авлоди Эгамиз жамоасига асло киролмайди.

4 Чунки Мисрдан чиқиб келаётганингизда улар йўлда сизларни нон ва сув билан кутиб олмадилар. Улар Орам–Нахрайимдаги Патўр шаҳридан Бавўр ўғли Баломни сизларни лаънатлаш учун ёллади.

5 Лекин Эгангиз Худо Баломга қулоқ солишни хоҳламади. Эгангиз Худо сизларни севгани учун Баломнинг лаънатини баракага айлантирди.

6 Тирик экансиз, уларнинг тинчлигини, фаровонлигини ҳеч қачон кўзламанглар.

7 Эдомликлардан эса ҳазар қилманглар, чунки улар сизларнинг қариндошларингиздир. Мисрликлардан ҳам ҳазар қилманглар, чунки сизлар уларнинг юртида мусофир бўлган эдингизлар.

8 Улардан туғилган учинчи авлод болалари Эгамиз жамоасига кирса бўлади.

Қароргоҳни ҳалол сақлаш

9 Душманларингиз билан жанг қилишга борганингизда, ҳар қандай ҳаромликдан сақланинг.

10 Агар орангиздан бирортаси, кечаси маний оққани туфайли ҳаром бўлиб қолса, у қароргоҳдан чиқиб кетсин. У қароргоҳда қолиши мумкин эмас.

11 Кеч кираётганда ювиниб, қуёш ботгандан кейин қароргоҳга кириши мумкин.

12 Қароргоҳнинг ташқарисида ҳожат чиқаришингиз учун жой бўлсин.

13 Қурол–аслаҳангиз орасида куракчангиз ҳам бўлсин, эҳтиёжингизни қондириш учун чуқурча ковлаб, кейин уни кўмиб қўйинг.

14 Қароргоҳингизни пок сақланг, чунки Эгангиз Худо сизларга нажот бериш ва душманларингиз устидан ғалаба қозонишингиз учун сизлар билан қароргоҳдадир. Агар У орангизда уятли ишларни кўрса, сизлардан юз ўгиради.

Ҳар хил қонунлар

15 Ўз эгасидан қочиб, Исроилдан паноҳ сўраб келган қулни яна қайтариб эгасига бериб юборманглар.

16 У сизларнинг орангизда, ўзи ёқтирган жойда, танлаган шаҳарларингизнинг бирида яшайверсин. Унга зулм қилманглар.

17 Исроил аёллари орасида саждагоҳ фоҳишалари бўлмасин. Исроил эркаклари орасида саждагоҳ фоҳишлари бўлмасин.

18 Эгангиз Худо бузуқ аёлу эркаклардан жирканади. Уларнинг иш ҳақини Эгангиз Худонинг уйига олиб кирманглар. Ўшани аталган назр сифатида келтирманглар.

19 Исроил халқидан бўлган биродарингизга кумушни, нонни ёки ҳар қандай бошқа нарсани қарзга берганингизда, фоиз талаб қилманглар.

20 Бошқа халқдан бўлгандан фоиз талаб қилсангиз бўлади, лекин биродарингиздан фоиз талаб қилманглар. Шунда Эгангиз Худо сизга мулк қилиб берадиган юртда ҳар бир ишингизга барака беради.

21 Эгангиз Худога назр атаган бўлсангиз, уни кечиктирмасдан келтиринг. Эгангиз Худо ваъдангизни бажаришни сиздан талаб қилади. Келтирмасангиз, ўзингизга гуноҳ орттириб оласиз.

22 Назр атамасангиз гуноҳ бўлмайди.

23 Аммо ўз хоҳишингиз билан Эгангиз Худога онт ичиб назр атасангиз, оғзингиздан чиққан ваъдангизни албатта бажаринг.

24 Бировнинг узумзорига кирганингизда, тўйгунингизча узумдан есангиз бўлади, лекин идишингизга териб олманг.

25 Бировнинг даласига кирганингизда қўлингиз билан бошоқ узсангиз бўлади, лекин экинига ўроқ солманг.

Ажралиш ва қайтадан турмуш қуриш

1 Агар бирор киши уйланса–ю, кейинчалик хотинидан бирорта уятли қилиқ топиб, уни ёқтирмай қолса, унинг қўлига талоқ хати ёзиб бериб, уйидан чиқариб юбориши мумкин.

2 Аёл эрининг уйидан кетиб, бошқа эрга тегса–ю,

3 бу эри ҳам уни ёқтирмай қолса, аёлнинг қўлига талоқ хати ёзиб бериб, уйидан чиқариб юборса ёки аёлнинг кейинги эри ўлиб қолса,

4 биринчи эри аёлга қайтадан уйланиши мумкин эмас. Чунки у аёл ҳаром бўлди. Бундай қилмишдан Эгамиз жирканади. Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб бераётган юртни булғаманг.

Ҳар хил қонунлар

5 Янги уйланган одам урушга бормасин, шунга ўхшаш мажбурият унга юкланмасин. У бир йил давомида эркин бўлиб, хотинини уйда бахтли қилсин.

6 Ҳеч ким тегирмонни ёки тегирмон тошини гаровга олмасин. Шундай қилса, у ҳаётни гаровга олгандай бўлади.

7 Агар бирортаси Исроил халқидан бўлган биродарини ўғирлаб, уни қул қилиб олгани ёки сотгани маълум бўлса, бундай ўғри ўлдирилсин. Шу тариқа орангиздан ёмонликни йўқ қилинглар.

8 Тери касаллигидан эҳтиёт бўлинглар. Мен леви руҳонийларига берган амрларимни битта қолдирмай бажаринглар.

9 Мисрдан чиққанларингиздан кейин, Эгангиз Худо йўлда Марямни нима қилганини эсингизда тутинглар.

10 Бировга бирор нарсани қарзга берганингизда, гаров олгани унинг уйига кирманг.

11 Ташқарида кутиб туринг. Сиз қарз бераётган одамнинг ўзи сизга гаровни кўчага олиб чиқиб берсин.

12 Агар у камбағал бўлса, унинг кийимини гаровга олиб, ухлагани ётманг.

13 Қуёш ботаётганда ундан олган гаровни қайтариб беринг. У ўзининг кийимини кийиб ухласин, сизни дуо қилсин. Бу билан сиз Эгангиз Худонинг назарида тўғри иш қилган бўласиз.

14 Камбағал, муҳтож мардикорнинг иш ҳақини ушлаб қолманг. У Исроил халқидан бўладими ёки шаҳрингизга келган мусофир бўладими, бундай қилманг.

15 У камбағалдир, тирикчилиги мана шу иш ҳақига боғлиқ. Шунинг учун ҳар куни, қуёш ботмасдан олдин унга ҳақини беринг. Акс ҳолда, биродарингиз Эгамизга сиздан нолийди, натижада сиз гуноҳ орттириб оласиз.

16 Оталар фарзандларининг гуноҳи учун ўлдирилмасин. Фарзандлар оталарининг гуноҳи учун ўлдирилмасин. Ҳар ким ўз гуноҳи учун ўзи ўлим жазосини олсин.

17 Мусофир ва етимга ноҳақлик қилманг, беванинг кийимини гаровга олманг.

18 Ўзларингиз ҳам Мисрда қул бўлганингизни, Эгангиз Худо сизларни озод қилиб, у ердан олиб чиққанини ёдингизда тутинг. Шунинг учун ҳам мен сизларга шундай қилинглар, деб буюряпман.

19 Далангиз ҳосилини ўрганингизда, бирон боғлам эсингиздан чиқиб қолса, шу боғламни олиб келгани қайтиб борманг. Ўша боғлам мусофирларга, етим ва беваларга қолсин. Шунда Эгангиз Худо қиладиган ҳар бир ишингизга барака беради.

20 Зайтун дарахтингиз мевасини қоқиб олганингиздан кейин, қолган–қутганига тегманг. Уларни мусофирларга, етим ва беваларга қолдиринг.

21 Узумзорингиз ҳосилини йиққанингизда, токларда қолиб кетган узум бошларини йиғиб олманг. Уларни мусофир, етим ва беваларга қолдиринг.

22 Мисрда қул бўлганингизни эсингиздан чиқарманг. Шунинг учун ҳам мен сизларга шундай қилинглар, деб буюряпман.

1 Икки киши жанжаллашганда, улар ҳакамлар олдига келсин. Ҳакамлар даъвога қараб, улардан бирини ҳақ, иккинчисини ноҳақ деб эълон қилсин.

2 Агар ноҳақ деб топилган киши калтакланишга лойиқ бўлса, ҳакам айбдорни ётқизсин. Ўз олдида айбига кўра, унга дарра урдирсин.

3 Айбдорга қирқ даррадан ортиғи урилмасин. Акс ҳолда, биродарингиз кўзингиз олдида хўрланади.

4 Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсманг.

Марҳум ака ёки ука олдидаги бурч

5 Агар бирга яшаётган ака–укаларнинг биттаси ўлса–ю, унинг ўғли бўлмаса, марҳумнинг хотини бегонага турмушга чиқмасин. Марҳумнинг акаси ёки укаси бевани ўзига хотин қилиб олсин. Унинг олдида қайнағалик вазифасини бажарсин.

6 Ўша аёл туққан тўнғич ўғил марҳум ака ёки уканинг номини олиб юради. Шунда марҳумнинг номи Исроилдан ўчиб кетмайди.

7 Агар ўша одам марҳум акаси ёки укасининг бевасига уйланишни хоҳламаса, бева аёл шаҳар дарвозасига бориб, оқсоқолларга айтсин: “Қайнағам туғишганининг номини Исроил халқи орасида тиклашни рад қиляпти, мен учун қайнағалик вазифасини бажаришни истамаяпти.”

8 Шунда шаҳар оқсоқоллари ўша одамни чақириб, у билан суҳбатлашсин. Агар ўша одам: “Мен бу аёлга уйланишни хоҳламайман”, деб туриб олса,

9 бева аёл қайнағасининг ёнига борсин. Шаҳар оқсоқоллари олдида унинг чориғини ечсин, сўнг унинг юзига тупуриб, айтсин: “Биродарининг наслини тиклашни хоҳламаган одамга шундай қилинади.”

10 Исроил халқи орасида у одамнинг хонадони “чориғи ечилган” деб ном олади.

Бошқа қонунлар

11 Икки киши бир–бири билан уришаётганда, улардан бирининг хотини келиб, эрини қутқариш мақсадида нариги эркакнинг нозик жойидан ушласа,

12 ўша аёлнинг қўли кесиб ташлансин. Унга раҳм қилманглар.

13 Қадоқ тошларингиз тўғри бўлсин, бири оғир, бири енгил бўлмасин.

14 Уйингиздаги ўлчов косаларнинг ҳажми тўғри бўлсин, бири катта, бири кичик бўлмасин.

15 Тошларингиз ҳалол ва тўғри бўлсин, ўлчовларингиз ҳам ҳалол ва тўғри бўлсин. Шунда Эгангиз Худо сизларга берадиган юртда умрингиз узоқ бўлади.

16 Ғирромлик қиладиганларнинг ҳаммасидан Эгангиз Худо жирканади.

Омолек халқини ўлдириш ҳақида буйруқ

17 Мисрдан чиқаётганингизда йўлда Омолек халқи сизларга нима қилганини эсингиздан чиқарманг.

18 Сизлар чарчаб, ҳолсизланиб қолганингизда, улар Худодан қўрқмай сизларга ҳужум қилган эдилар. Орқангизда келаётган ҳамма ҳолдан тойганларни ўлдирган эдилар.

19 Эгангиз Худо сизларга юртни мулк қилиб берганда, душманларингизни енгиб, ҳар тарафдан осойишталик ато қилганда, Омолек халқини ҳалок қилиб, уларнинг номини ер юзидан ўчиринглар. Бундай қилишни унутманглар!

Ҳосилдан бериладиган назрлар

1 Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб бераётган юртга кириб, у ерни эгаллаб жойлашганингизда,

2 ҳамма экинларингизнинг илк ҳосилидан олиб, саватга солинглар. Сўнг ўшани Эгангиз Худо Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойга олиб боринглар.

3 Хизматда бўлган руҳонийнинг олдига бориб, шундай деб айтинглар: “Эгамиз ота–боболаримизга қасам ичиб бераман деган юртга мен кирдим. Бугун мен шуни Эганг Худо олдида эътироф қиляпман.”

4 Руҳоний саватни қўлингиздан олиб, Эгангиз Худонинг қурбонгоҳи олдига қўйсин.

5 Сизлар Эгангиз Худонинг ҳузурида шу гапни айтинглар: “Бобокалонимиз Ёқуб кўчманчи бир Орамлик эди. Саноқли одам билан Мисрга бориб, у ерда мусофир бўлиб яшади. Ундан буюк, кучли, кўп сонли халқ келиб чиқди.

6 Мисрликлар бизни оғир ишларга солиб, эзиб қийнадилар.

7 Шунда биз ота–боболаримизнинг Худоси — Эгамизга ёлворган эдик, Эгамиз илтижоимизни эшитди. Биз чекаётган азобларни, қилаётган оғир меҳнатимизни, Мисрликлар бизга қилаётган зулмни кўрди.

8 Шундан кейин Эгамиз қудратию ажойиботлари билан, буюк, ваҳимали аломату мўъжизалари билан бизни Мисрдан олиб чиқди.

9 Бизни мана шу жойга олиб келди, сут ва асал оқиб ётган шу юртни бизга берди.

10 Энди, эй Эгамиз, бизга берган ернинг илк ҳосилини Сенга олиб келдик.”

Шундан кейин саватни Эгангиз Худо олдига қўйиб, Унга таъзим қилинг.

11 Эгамиз Худо сизга ва оилангизга берган мўл–кўллик туфайли шодланиб, байрам қилинглар. Левилар ва орангизда яшаган мусофирлар ҳам сизлар билан байрам қилсин.

12 Сизлар учинчи йилда, ушр бериш йилида, барча ҳосилингизнинг ўндан бир қисмини ажратинг. Кейин ўша ушрни левиларга, мусофирларга, етим ва беваларга беринг, токи улар ҳам шаҳарларингизда еб тўйсин.

13 Сўнгра Эгангиз Худога айтинг: “Мен уйимдан муқаддас улушни ажратиб олдим. Сенинг амрингга кўра, бу улушни левиларга, мусофирларга, етимларга, беваларга бердим. Сенинг амрларингдан чиқмадим, ҳеч қайси амрингни унутмадим.

14 Аза тутган пайтимда муқаддас ушрдан емадим. Ҳаром бўлганимда унга тегмадим, бирон қисмини ҳам ўликлар учун атамадим. Эй Эгам Худо, Сенга қулоқ солдим, менга берган ҳамма амрларингга риоя этдим.

15 Энди самодаги муқаддас маконингдан бизга боқ! Ота–боболаримизга ичган қасамингга биноан, бизга, Исроил халқингга, барака бер. Ўзинг бизга берган сут ва асал оқиб ётган юртга барака бер.”

Эгамизнинг Ўз халқи

16 Эгангиз Худо бугун сизларга: “Мана шу фармонлар ва қонун–қоидаларга риоя қилинглар”, деб буюряпти. Буларни битта қолдирмай, бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан бажаринглар.

17 Бугун сизлар шундай деб айтдингиз: “Эгамиз бизнинг Худойимиз, Унинг йўлидан юрамиз, Унинг фармонларига, амрларига, қонун–қоидаларига риоя қиламиз, Унга қулоқ соламиз.”

18 Эгамиз сизларга берган ваъдасига кўра, бугун сизларни Ўз халқи, Ўз хазинаси деб атади. Унинг барча амрларига риоя қилсангиз,

19 У сизларни Ўзи яратган барча халқлардан устун қилади. Сизлар мақтовларга, шуҳрату ҳурматга эришасиз. Унинг ваъдасига кўра, Эгангиз Худонинг муқаддас халқи бўласиз.

Худонинг тошда битилган қонунлари

1 Мусо ва Исроил оқсоқоллари халққа шундай буйруқ беришди:

— Бугун мен сизларга бераётган барча амрларга риоя қилинглар.

2-4 Кўп ўтмай сизлар Эгангиз Худо берадиган юртга кирасизлар. Сут ва асал оқиб ётган бу юртни ота–боболарингизнинг Худоси сизларга ваъда қилган. Сизлар Иордан дарёсидан кечиб ўтганингиздан кейин, Эбал тоғига боринглар. Ўша ерга катта тошларни ўрнаштиринглар. Уларни суваб, бу қонунларнинг нусхасини ёзинглар.

5 Ўша ерда Эгангиз Худога атаб, тош қурбонгоҳ қуринглар. Қурбонгоҳга темир асбоб теккизманглар.

6 Эгангиз Худонинг бу қурбонгоҳини йўнилмаган тошлардан қуринглар. Қурбонгоҳ устида Эгангиз Худога куйдириладиган қурбонликлар келтиринглар.

7 Тинчлик қурбонликларини ҳам шу ерда келтириб, тановул қилинглар. Эгангиз Худо олдида хурсандчилик қилинглар.

8 Ўрнатадиган тошларга бу қонуннинг ҳамма сўзларини ёзишни унутманглар. Уларни ўқиш осон бўлсин.

9 Шундан кейин Мусо билан леви руҳонийлари бутун Исроил халқига айтдилар:

— Тинчланинг, қулоқ солинг, эй Исроил халқи! Бугун сизлар Эгангиз Худонинг халқи бўлдингиз.

10 Эгангиз Худога қулоқ солинглар. Бугун мен сизларга бераётган Унинг амрларига ва фармонларига риоя қилинглар.

Итоатсизликдан келадиган лаънатлар

11 Ўша куни Мусо халққа қуйидаги буйруқни берди:

12 Иордандан ўтганларингиздан кейин, халқни дуо қилиш учун қуйидаги қабилалар Гаризим тоғида турсинлар: Шимўн, Леви, Яҳудо, Иссахор, Юсуф, Бенямин.

13 Лаънатлар ўқиш учун эса қуйидаги қабилалар Эбал тоғида турсин: Рубен, Гад, Ошер, Забулун, Дан, Нафтали.

14 Левилар жамики Исроил халқига баланд овоз билан шундай десин:

15 “Ўйма ёки қуйма бут ясаган, уни яширинча ўрнатган ҳар қандай одам лаънати бўлсин. Ҳунармандлар қилган бу бутлардан Эгамиз жирканади.” Бутун халқ: “Омин”, деб айтсин.

16 “Отасини ёки онасини ҳурмат қилмаган лаънати бўлсин.” Бутун халқ: “Омин”, деб айтсин.

17 “Ўз қўшнисининг чегарасини сурган лаънати бўлсин.” Бутун халқ: “Омин”, деб айтсин.

18 “Кўр одамни йўлдан адаштирган лаънати бўлсин.” Бутун халқ: “Омин”, деб айтсин.

19 “Мусофир, етим ва беваларга ноҳақлик қилган лаънати бўлсин.” Бутун халқ: “Омин”, деб айтсин.

20 “Отасини шарманда қилиб, унинг хотини билан ётган лаънати бўлсин.” Бутун халқ: “Омин”, деб айтсин.

21 “Бирорта ҳайвон билан жинсий алоқа қилган лаънати бўлсин.” Бутун халқ: “Омин”, деб айтсин.

22 “Отасининг ёки онасининг қизи билан ётган, ўз опаси ёки синглиси билан ётган лаънати бўлсин.” Бутун халқ: “Омин”, деб айтсин.

23 “Қайнанаси билан ётган лаънати бўлсин.” Бутун халқ: “Омин”, деб айтсин.

24 “Одамни яширинча ўлдирган лаънати бўлсин.” Бутун халқ: “Омин”, деб айтсин.

25 “Бегуноҳни ўлдирмоқ учун пора олган лаънати бўлсин.” Бутун халқ: “Омин”, деб айтсин.

26 “Мана шу қонунга риоя қилмаган ва уни бажармаган лаънати бўлсин.” Бутун халқ: “Омин”, деб айтсин.

Итоатгўйликдан келадиган баракалар

1 Агар Эгангиз Худога итоат этиб, мен бугун айтаётган Унинг барча амрларини битта қолдирмай бажарсангиз, У сизларни ер юзидаги ҳамма халқлардан устун қилади.

2 Эгангиз Худога итоат этсангиз, У сизларга барака беради, барака сиздан аримайди.

3 Эгангиз сизга шаҳарда ҳам, далада ҳам барака беради.

4 Ували–жували бўласизлар, ерингиз ҳосилдор, мол–қўйингиз баракали бўлади, сигирларингиз болалайди, қўйларингиз қўзилайди.

5 Супрангиз ва буғдой солинган саватларингиз баракали бўлади.

6 Уйда бўлганингизда ҳам, йўлга чиққанингизда ҳам Эгамиз сизга барака беради.

7 Сизларга ҳужум қилган душманларингизни Эгамиз мағлуб қилади. Улар сизларга бир томондан ҳужум қилиб келади, аммо етти томонга тумтарақай қочади.

8 Қилган ҳар бир ишингизни Эгангиз Худо сербарака қилади, омборларингизни тўлдиради. У сизларга бераётган юртда барака беради.

9 Эгангиз Худонинг амрларига итоат этсангиз, Унинг йўлидан юрсангиз, Эгамиз сизларга қасам ичиб ваъда берганидай, сизларни Ўзининг муқаддас халқи қилади.

10 Эгамизга тегишли эканингизни кўриб, ер юзидаги барча халқлар сизлардан қўрқадиган бўлади.

11 Эгамиз ота–боболарингизга қасам ичиб, сизларга бераман, деб ваъда қилган юртда фаровонлик ато қилади. Ували–жували бўласизлар, молингиз кўпаяди, далангизнинг ҳосили баракали бўлади.

12 Эгамиз Ўзининг осмондаги бой хазинасини очиб, вақтида ерингизга ёмғир ёғдиради, қиладиган ҳар бир ишингизга барака беради. Кўп халқларга қарз берасиз–у, ўзингиз қарз олмайсиз.

13 Бугун Эгангиз Худонинг мен сизларга айтаётган амрларини битта қолдирмай бажарсангиз, Эгамиз сизларни дум эмас, бош қилади. Сизлар пастда эмас, баландда бўласиз.

14 Бугун мен сизларга айтаётган амрлардан ўнгга ёки чапга чиқманг, бошқа худоларга эргашманг, уларга хизмат қилманг.

Итоатсизликнинг оқибати

15 Агар Эгангиз Худога қулоқ солмасангиз, бугун мен сизларга айтаётган Эгамизнинг ҳамма амри ва фармонларига риоя қилмасангиз, қуйидаги лаънатлар бошингизга келади:

16 Шаҳарда ҳам, далада ҳам лаънати бўласиз.

17 Супрангиз ва буғдой солинган саватларингиз лаънатланади.

18 Фарзандга зор бўласиз, ерингиз ҳосил бермайди, мол–қўйингиз кўпаймайди.

19 Уйда бўлганингизда ҳам, йўлга чиққанингизда ҳам лаънати бўласиз.

20 Эгамизни тарк этиб, қабиҳликлар қилганингиз учун қилган ҳар бир ишингизда У сизларни лаънатга, бало–қазога дучор қилади. Ишингиз ўнгидан келмайди. Охири, Эгамиз устингизга кулфат ёғдириб, бир лаҳзада йўқ қилади.

21 Мулк қилиб оладиган юртингизга Эгамиз ўлат юбориб, сизларни йўқ қилади.

22 У сизларни иситма ва яллиғланиш билан кечадиган тузалмас касалликка дучор қилади. Жазирама иссиқ ва қурғоқчилик юбориб, ҳосилингизни қовжиратади, моғорлатади. Ўлгунингизча бу кулфатлар орқангиздан қувади.

23 Тепангиздаги осмон бронза каби қаттиқ, остингиздаги ер темир каби заранг бўлади.

24 Йўқ бўлиб кетгунингизча, Эгамиз устингизга ёмғир ўрнига чанг–тўзон ёғдиради.

25 Эгамиз сизларни душманларингиз олдида тиз чўктиради. Уларга бир томондан ҳужум қиласизлар, аммо етти томонга тумтарақай қочасизлар. Ер юзидаги барча шоҳликлар аҳволингизни кўриб, даҳшатга тушади.

26 Мурдаларингиз осмондаги қушларга, ердаги йиртқич ҳайвонларга ем бўлади, уларни ҳайдайдиган кимса бўлмайди.

27 Эгамиз сизларни Мисрликларга тоштирган чипқонга, йиринг боғлайдиган яраларга, қўтир ва қичималарга мубтало қилади. Бу хасталикларга даво тополмайсиз.

28 Эгамиз сизларни ақлдан оздириб, кўр ва овсар қилиб қўяди.

29 Кўр одам қоронғида пайпасланиб юргандай, сизлар куппа–кундузи пайпасланиб юрасизлар. Ишларингиз юришмайди, хор бўласизлар, сизларни талон–тарож қиладилар, ҳеч ким сизларни қутқармайди.

30 Бир қиз билан унаштириласиз, аммо у билан бошқаси ётади. Уй қурасиз–у, уйингизда яшамайсиз, узумзор экасиз–у, мевасидан емайсиз.

31 Молингизни кўз олдингизда сўйишади, лекин гўштини емайсиз. Эшагингизни кўз олдингиздан ўғирлаб кетишади, қайтиб беришмайди. Қўйларингиз душманларингизга берилади. Сизларга ҳеч ким ёрдам бермайди.

32 Ўғилларингиз, қизларингиз кўз олдингизда бошқа халқларга берилади. Улар томон талпинасиз–у, бирор нарса қилишга ожиз бўласиз.

33 Ерингиз ҳосилидан, меҳнатингиз самарасидан бегона халқлар баҳраманд бўлади. Сизни эса ҳар куни эзишади, хор қилишади.

34 Кўзларингиз билан кўрган воқеалардан жинни бўлиб қоласиз.

35 Эгамиз оёқларингизга тузалмас яралар тоштиради. Бутун баданингизга бошдан–оёқ чипқон чиқади.

36 Эгамиз сизларни ва устингиздан қўйган шоҳни ўзларингиз ҳам, ота–боболарингиз ҳам билмаган халқ олдига ҳайдаб боради. У ерда ёғоч ва тошдан ясалган бошқа худоларга хизмат қиласиз.

37 Эгамиз сизларни ўша бегона халқларга олиб борганда, улар аҳволингиздан даҳшатга тушади. Сизлар уларга масхара, кулги бўласиз.

38 Далага кўп уруғ экасиз, лекин кам ҳосил оласиз. Ҳосилингизни чигирткалар еб битиради.

39 Узумзорлар барпо қиласиз, парваришлайсиз, лекин шаробидан ичмайсиз, узумини термайсиз. Уларга қурт тушади.

40 Ерларингизда зайтун дарахтлари ўсади, лекин устингизга зайтун мойи суртмайсиз. Зайтун мевалари тўкилиб кетади.

41 Ўғил–қизлар кўрасиз, лекин улар ўзингизга буюрмайди, уларни асир қилиб олиб кетишади.

42 Ҳамма дарахтларингиздаги меваларни ва ерингиз ҳосилини чигирткалар еб, нобуд қилади.

43 Орангиздаги мусофирлар янада кўтарилади, сизлар эса янада пасаясиз.

44 Улар сизларга қарз беради, сизлар эса уларга қарз беролмайсиз. Улар бош бўлади, сизлар эса дум бўласиз.

45 Эгангиз Худога итоат этмаганингиз учун, У сизларга айтган амрларни ва фармонларни бажармаганингиз учун, мана шу лаънатлар бошингизга келади, орқангиздан қувиб, сизларга етиб олиб ҳалок қилади.

46 Бу лаънатлар то абад сизлар ва авлодларингиз учун Худо берган жазонинг исботи бўлади.

47 Ҳамма нарса мўл–кўл бўлганда, сизлар Эгангиз Худога хурсандчилигу қувонч билан хизмат қилмадингиз.

48 Шунинг учун Эгамиз юборган душманларга хизмат қиласиз, оч, ташна, яланғоч, муҳтож бўлиб қоласиз. Душманларингиз сизларга темир бўйинтуруқ солади, ҳаммангизни нобуд қилади.

49 Эгамиз бошингизга узоқдан, ер юзининг у четидан бургутдай бир халқни юборади. Сизлар бу халқнинг тилини тушунмайсиз.

50 Бу халқ қўрқинчли, катталарни ҳурмат қилмайди, кичикларга раҳм–шафқат кўрсатмайди.

51 Сизларни хонавайрон қилмагунча, молларингизни, ерингизнинг ҳосилини ейишади. Сизларга на донни, на шаробни, на зайтун мойини, на подангиздаги бузоқларни, на сурувингиздаги қўзиларни қолдиришади. Шунда сизлар йўқ бўлиб кетасизлар.

52 Эгангиз Худо сизларга бераётган юртдаги ҳамма шаҳарларни улар қамал қилишади. Сиз суянган баланд ва мустаҳкам деворларни вайрон қилишади.

53 Қамал пайтида душманларингиз бошингизга солган кулфат туфайли ўз фарзандларингизни, Эгангиз Худо сизларга берган ўғил–қизларингизнинг этини ейсизлар.

54 Ораларингиздаги энг мулойим, энг диёнатли эркак ҳам туғишган акасидан, суюкли хотинидан, соғ қолган болаларидан этни қизғанади.

55 Ўзи еяётган болаларининг этидан ҳеч кимга бермайди, бундан бошқа чораси ҳам бўлмайди. Чунки душманнинг қуршови ҳамма шаҳарларингизда сизни шу қадар танг аҳволга солиб қўяди.

56 Ораларингиздаги энг мулойим, энг нозик аёл, нозиклигидан оёғини ерга қўйишни ҳам истамайдиган аёл, севикли эридан, ўғли ва қизидан этни қизғанади.

57 Очликдан у, ҳатто, оёқлари орасидан чиққан йўлдошни ва ўзи туққан болаларни яширинча ейди. Душманнинг қуршови ҳамма шаҳарларингизда сизни шу қадар танг аҳволга солиб қўяди.

58 Эгангиз Худонинг буюк ва ҳайбатли номидан қўрқмасангиз, шу китобда ёзилган қонуннинг ҳамма сўзларини бажармасангиз,

59 Эгамиз ўзларингизни ва авлодларингизни оғир ва доимий кулфатларга, ёмон, тузалмайдиган хасталикларга гирифтор қилади.

60 Сизларни ваҳимага туширадиган барча Миср хасталикларини бошингизга солади, улардан ҳеч қачон шифо топмайсиз.

61 Сизлар йўқ бўлгунингизча, Эгамиз мана шу қонун китобида ёзилмаган бошқа хасталигу офатларни ҳам бошингизга келтираверади.

62 Сизлар осмондаги юлдузлар каби кўп эдингизлар, аммо Эгангиз Худога қулоқ солмаганингиз учун саноқли бўлиб қоласизлар.

63 Эгамиз сизларга яхшилик қилиб, сизларни кўпайтиргандан қанчалик мамнун бўлган бўлса, сизларни ҳалок қилиб йўқ қилгандан ҳам шунчалик мамнун бўлади. Мулк қилиб оладиган юртингиздан сизларни суғуриб, улоқтириб ташлайди.

64 Эгамиз сизларни дунёнинг у четидан бу четигача ҳамма халқлар орасига тарқатиб юборади. У ерда ўзларингиз ҳам, ота–боболарингиз ҳам билмаган, тош ва ёғочдан ясалган бошқа худоларга хизмат қиласизлар.

65 Лекин бу халқлар орасида ором тополмайсизлар, оёқ узатиб дам олишингиз учун жой бўлмайди. Эгамиз сизларга титроқ юрак, хира кўз, умидсиз руҳ беради.

66 Ҳаётингиз қил устида тургандек бўлади, кечасию кундузи ўлимдан қўрқиб яшайсиз.

67 Юрагингиздаги қўрқув ва кўзларингиз кўраётган воқеалар туфайли эрталаб: “Қанийди, кечқурун бўлса”, кечқурун эса: “Қанийди, эрталаб бўлса”, дейсизлар.

68 Эгамиз сизларга, Мисрга қайтиб бормайсизлар, деб айтган бўлса–да, У сизларни кемаларда Мисрга қайтариб жўнатиб юборади. Ўша ерда, душманларимизга қул ва чўри бўлиб сотилсайдик, деб ҳаракат қиласизлар, лекин сизларни сотиб оладиган харидорлар бўлмайди.

Мўаб юртида тузилган аҳднинг шартлари

1-2 Эгамиз Исроил халқи билан Синай тоғида қилган аҳдидан ташқари, Мусога Мўабда Исроил халқи билан аҳд қилишни амр этган эди. Мусо бутун Исроил халқини йиғиб, ўша аҳд шартларини уларга қуйидагича тушунтирди:

Эгамиз Мисрда фиръавнни, унинг аъёнларини, бутун юртини кўз олдингизда нималар қилганини кўрдингизлар.

3 Оғир синовларнинг, даҳшатли аломату мўъжизаларнинг гувоҳи бўлдингизлар.

4 Лекин шу пайтгача Эгамиз сизларга англайдиган онг, кўрадиган кўз, эшитадиган қулоқ бермади.

5 У сизларни қирқ йил саҳрода олиб юрди. Шу даврда кийимингиз эскирмади, оёғингиздаги чориғингиз тўзимади.

6 Нон емадингиз, шароб, ўткир ичимлик ичмадингиз. Буларнинг ҳаммасини У Эгангиз Худо эканлигини билишингиз учун қилди.

7 Мана шу ерга келганимизда Хашбон шоҳи Сихўн билан Башан шоҳи Ўг бизга ҳужум қилишди. Биз жанг қилиб уларни енгдик.

8 Уларнинг ерини тортиб олиб, Рубен ва Гад қабиласига ҳамда Манаше қабиласининг ярмига мулк қилиб бердик.

9 Шундай экан, қиладиган ишларингиз ўнгидан келиши учун мана шу аҳд шартларини битта қолдирмай бажаринглар.

10-11 Бугун ҳаммангиз — қабила бошлиқлари, оқсоқоллар, назоратчилар, барча Исроил эркаклари, болалар, хотинлар, орангиздаги мусофирлар, ўтин ёрувчидан тортиб, сув тортувчиларгача Эгангиз Худо олдида турибсизлар.

12 Бугун Эгангиз Худо билан аҳд қиласизлар. Бу аҳдни Эгангиз Худо Ўз қасами билан муҳрлайди,

13 токи бугундан бошлаб сизлар Унинг халқи, У эса сизнинг Худойингиз бўлсин. У бундай қилишини сизларга ва ота–боболарингиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга қасам ичиб ваъда қилган эди.

14-15 Мана, бугун сизлар биз билан бирга Эгамиз Худонинг ҳузурида турибсизлар. Бу аҳд ва қасамёдни Худо нафақат биз билан, балки ҳали дунёга келмаган авлодларимиз билан қиляпти.

16 Мисрда қандай турмуш кечирганимизни, бошқа халқларнинг ҳудудидан қандай қилиб ўтиб келганимизни сизлар биласизлар.

17 Уларнинг тошдан, ёғочдан, кумушдан ва олтиндан ясалган жирканч бутларини кўрдингизлар.

18 Эҳтиёт бўлинг, ораларингизда Эгамиз Худодан юраги совиган, ўша халқларнинг худоларига хизмат қиладиган эркак, аёл, насл ёки қабила бўлмасин. Ораларингизда заҳарли, аччиқ илдиз ўсмасин.

19 Борди–ю, орангиздаги бирор одам бу аҳд шартларини эшитиб, кўнглида: “Ўзим хоҳлаган ишни қилсам ҳам, менга ҳеч нарса қилмайди”, деб ўйласа, у ҳамманинг бошига бирдай кулфат келтиради.

20 Эгамиз бундай одамдан қаттиқ ғазабланади, уни кечирмайди. Мана шу китобда ёзилган аҳднинг лаънатлари унинг бошига келади, Эгамиз унинг номини ер юзидан ўчиради.

21 Эгамиз уни Исроил қабилалари орасидан ажратиб олади–да, мана шу китобда ёзилган аҳднинг барча лаънатларини унинг устига ёғдиради.

22 Сизлардан кейинги авлод, сизларнинг фарзандларингиз, узоқ юртдан келган мусофирлар Эгамиз шу юртга келтирган офатлар ва хасталикларни кўради.

23 Бутун юртни олтингугурт ва туз куйдириб ташлаган бўлади. У ерга ҳеч нима экиб бўлмайди, ҳеч нарса унмайди, ҳеч қандай ўт ўсмайди. Юртингиз Эгамиз ғазаб устида йўқ қилган Садўм, Ғамўра, Адма ва Завўйим шаҳарларига ўхшаб қолади.

24 Барча халқлар шундай дейди: “Нима учун бу халқнинг Эгаси бу юртни шундай аҳволга солди экан–а? Бундай ғазаб сочишнинг сабаби нима экан–а?”

25 Кейин улар шундай айтишади: “Эҳ–ҳа, бу халқ ота–боболарининг Худоси билан қилган аҳдидан кечди. Эгаси уларни Мисрдан олиб чиққанда улар билан бу аҳдни тузган эди.

26 Улар Ўз Эгасидан юз ўгириб, бегона худоларга хизмат қилишди. Бундай қилишни Эгаси уларга қатъиян ман этса–да, улар ҳеч фойдаси тегмайдиган бу сохта худоларга сажда этишди.

27 Шу сабабдан Эгаси ғазабини сочди. Мана шу китобда ёзилган лаънатларнинг ҳаммасини бу юртга ёғдирди.

28 У қаттиқ жаҳл билан, кучли қаҳр–ғазаб билан халқини ўз юртидан суғуриб олиб, бошқа юртга улоқтириб юборди. Улар бугунгача ўша юртлардадир.”

29 Сирлар Эгамиз Худога тегишлидир. Аммо У қонунни бизга аён қилди, токи биз фарзандларимиз билан бу қонун шартларига то абад амал қилайлик.

Марҳамат ва лаънат сабаблари

1 Мен сизларга айтган мана шу баракалар ёки лаънатлар бошингизга келганда, Эгангиз Худо сизларни тарқатиб юборган халқлар орасида буларни эсга олинглар.

2 Ўзларингиз ва фарзандларингиз Эгангиз Худога қайтинглар. Мен бугун сизларга амр қилаётгандай, бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан Унга қулоқ солинглар.

3 Шунда Эгангиз Худо сизларни яна фаровонликка эриштиради. Сизларга раҳм–шафқат қилиб, Ўзи тарқатиб юборган барча халқлар орасидан қайтариб йиғиб келади.

4 Ер юзининг тўрт тарафига тарқалиб кетган бўлсангиз ҳам, Эгангиз Худо сизларни ўша ерлардан йиғиб олади, ўша юртлардан қайтариб олиб келади.

5 Эгангиз Худо сизларни ота–боболарингиз эгалик қилган юртга олиб келади. Ўша юртга эгалик қилганларингизда, Эгамиз сизларни бахтиёр қилади. Сизларни ота–боболарингиздан ҳам кўпроқ қилиб кўпайтиради.

6 Эгангиз Худо сизларнинг юрагингизни, авлодларингизнинг юрагини суннат қилади. Шунда сиз Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан севасиз, ҳаётга эга бўласиз.

7 Эгангиз Худо барча лаънатларни сиздан нафратланган, сизни қувган душманларингиз бошига ёғдиради.

8 Сизлар яна Эгамизга қулоқ соласизлар. Мен бугун сизларга бераётган Унинг амрларига риоя қиласизлар.

9 Қиладиган ҳар бир ишингизни Эгангиз Худо муваффақиятли қилади. Ували–жували бўласизлар, молингиз кўпаяди, ерингиз ҳосили баракали бўлади. Эгангиз ота–боболарингизга берган фаровонликдан қанчалик мамнун бўлган бўлса, сизларга берадиган фаровонликдан ҳам шунчалик мамнун бўлади.

10 Шунинг учун Эгангиз Худога итоат этинг. Бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан мана шу китобда ёзилган амр ва фармонларга риоя қилиб, Эгангизга қайтинг.

11 Мен бугун буюраётган амр сизлар учун унчалик қийин эмас, ёки сизлар етиб бора олмайдиган даражада узоқда эмас.

12 У осмонда эмаски, сизлар: “Ким биз учун осмонга чиқиб, амрни олиб беради, токи биз эшитиб, бажарсак?” десангизлар.

13 У денгизнинг нариги томонида эмаски, сизлар: “Ким биз учун денгизнинг нариги томонига бориб, у амрни олиб келади, токи биз эшитиб, бажарсак?” — десангизлар.

14 Аксинча! Бу амр сизнинг яқинингиздадир, оғзингизда, юрагингиздадир, шунинг учун уни бажара оласизлар.

15 Бугун мен сизларга ҳаёт билан фаровонликни ёки ўлим билан кулфатни танлаш имкониятини беряпман.

16 Мен бугун сизларга: “Эгангиз Худони севинг, Унинг йўлидан юринг, Унинг амрларига, фармонларига, қонун–қоидаларига риоя қилинг”, деб буюряпман. Шунда сизлар яшайсизлар, кўпаясизлар, мулк қилиб оладиган юртингизда Эгангиз Худо сизларга барака беради.

17 Лекин сизларга шуни айтиб қўяйки, агар юрагингизни Худодан ўгирсангиз, қулоқ солмасангиз, йўлдан озиб, бошқа худоларга сиғинсангиз, уларга хизмат қилсангиз,

18 сизлар албатта йўқ бўласизлар. Иорданни кечиб, мулк қилиб оладиган юртда кўп яшамайсизлар.

19 Бугун мен сизларга ҳаётни ёки ўлимни, баракаларни ёки лаънатларни танлаш имкониятини бердим. Бунга еру осмонни гувоҳ қилиб чақирдим. Ҳаётни танланг, шунда ўзларингиз ҳам, авлодларингиз ҳам яшайсизлар.

20 Эгангиз Худони севинг, Унга қулоқ солинг. Унга содиқ бўлинг, чунки У сизнинг ҳаётингиздир. Эгамиз ота–боболарингиз Иброҳим, Исҳоқ, Ёқубга қасам ичиб бераман деган юртда сизнинг умрингизни узоқ қилади.

Ёшуа — Мусонинг давомчиси

1 Мусо бутун Исроил халқига юқоридаги сўзларни айтиб бўлгандан кейин,

2 шундай деди:

— Ҳозир 120 ёшдаман, мен сизларни жангларга бошлаб бора олмайман. Эгамиз менга: “Сен Иорданнинг нариги томонига ўтмайсан”, деб айтган.

3 Сизлар Эгангиз Худонинг бошчилигида Иорданнинг нариги томонига ўтасизлар. Эгангиз у ерда яшайдиган халқларни йўқ қилади. Сизлар уларнинг юртига эгалик қиласизлар. Эгамизнинг ваъдасига кўра, Ёшуа сизларнинг йўлбошчингиз бўлади.

4 Эгамиз Амор халқининг шоҳлари Ўг билан Сихўнни мағлуб қилиб, уларнинг юртини йўқ қилгандай, бу халқларни ҳам худди шундай йўқ қилади.

5 Эгамиз бу халқларни сизларнинг қўлингизга топширади. Уларни худди мен буюрганимдай қилишингиз шарт.

6 Дадил ва ботир бўлинглар, улардан қўрқманглар, ваҳимага тушманглар. Эгангиз Худонинг Ўзи сизлар билан бирга боради, сизларни ташлаб кетмайди, сизларни тарк этмайди.

7 Мусо Ёшуани чақириб, бутун Исроил халқи олдида унга шундай деди:

— Дадил ва ботир бўл. Эгамиз, бу юртни ота–боболарингизга, авлодларингизга бераман, деб қасам ичиб ваъда қилган. Бу халқ билан ўша юртга сен кирасан. Сен орқали улар ўша юртни мулк қилиб олишади.

8 Эгамизнинг Ўзи сенинг олдингда боради, Унинг Ўзи сен билан бирга бўлади, сени ташлаб кетмайди, тарк этмайди. Қўрқма, ваҳимага тушма.

Ҳар етти йилда қонун ўқилади

9 Мусо мана шу қонунни ёзиб, уни Эгамизнинг Аҳд сандиғини олиб юрадиган Леви авлодидан бўлган руҳонийларга ва Исроилнинг ҳамма оқсоқолларига берди.

10 Сўнгра Мусо уларга шундай амр қилди:

— Ҳар еттинчи йилнинг охирида, қарзларингиздан кечиш йили Чайла байрамини нишонлаганингизда мана шу қонунни ўқинглар.

11 Эгангиз Худонинг танлаган жойига, Унинг ҳузурига йиғиладиган жамики Исроил халқига бу қонунни баланд овоз билан ўқиб беринглар.

12 Бунинг учун эркагу аёлни, бола–чақани, шаҳрингиздаги мусофирларни, борингки, бутун халқни йиғинглар. Улар эшитиб ўрганишсин, Эгангиз Худодан қўрқишсин. Мана шу қонуннинг барча сўзларини битта қолдирмай бажаришсин.

13 Сизлар Иорданни кечиб, мулк қилиб оладиган юртда яшар экансиз, умрингиз давомида шундай қилинглар. Токи қонунни билмайдиган болаларингиз қонунни эшитиб, Эгангиз Худодан қўрқишни ўрганишсин.

Мусога берилган охирги йўл–йўриқлар

14 Эгамиз Мусога деди:

— Ўлиминг яқинлашиб қолди, Ёшуани чақир, икковингиз Учрашув чодирига келинглар. Мен унга кўрсатмаларимни бераман.

Мусо билан Ёшуа Учрашув чодирига бориб туришди.

15 Кейин Эгамиз чодирнинг кириш жойида, устун шаклидаги булут ичида кўринди.

16 Эгамиз Мусога айтди: “Сенинг вақти–соатинг яқинлашиб қолди. Бу халқ эса борадиган юртда Менга бевафолик қилади, ўша юртнинг бегона худоларига сажда қилади. Улар Мени тарк этадилар, улар билан қилган аҳдимни бузадилар.

17 Шунда уларга ғазабимни сочаман, уларни тарк этиб, юзимни ўгираман. Улар осон олинадиган ўлжадай бўлиб қолишади, кўп кулфат ва офатлар бошларига келган куни: «Худойимиз орамизда бўлмагани учун шу кулфатлар бошимизга тушмадимикин?!» дейишади.

18 Улар бошқа худоларга эргашиб, қилган қабиҳликлари учун, Мен албатта улардан юзимни ўгираман.

19 Энди қуйидаги қўшиқ сўзларини ёзиб ол. Уни бутун Исроил халқига ўргат. Бу қўшиқ доимо уларнинг оғзида бўлсин, Исроил халқига қарши Менинг гувоҳим бўлсин.

20 Мен уларни, ота–боболарига қасам ичиб ваъда берганимдай, сут ва асал оқиб ётган юртга олиб кираман. Улар еб тўйиб семирадилар, кейин бошқа худоларга юз бурадилар, ўша худоларга хизмат қиладилар. Мендан юз ўгириб, аҳдимни бузадилар.

21 Бошларига кўп кулфат ва офатлар келганда, бу қўшиқ уларга қарши гувоҳ бўлади. Чунки уларнинг авлодлари бу қўшиқни оғзиларидан туширмайди. Мен қасам ичиб, ваъда берган юртга уларни олиб кирмасимдан олдин, ҳозирданоқ ниятларини билиб турибман.”

22 Мусо ўша куни қўшиқни ёзиб, Исроил халқига ўргатди.

23 Эгамиз Нун ўғли Ёшуага шундай амр қилди:

— Дадил ва ботир бўл. Сен Исроил халқини Мен уларга ваъда қилган юртга олиб кирасан. Мен сен билан бирга бўламан.

24 Мусо қонунларнинг ҳамма сўзларини охиригача ёзиб бўлгач,

25 Эгамизнинг Аҳд сандиғини олиб юрадиган левиларга шундай буйруқ берди:

26 — Бу қонунларни Эгангиз Худонинг Аҳд сандиғи ёнига қўйинглар, ўша ерда сизларга қарши гувоҳ бўлиб турсин.

27 Мен сизларнинг итоатсизлигингизни, ўжарлигингизни яхши биламан. Борлигимда Эгамизга бўйсунмайсизлар–у, мен ўлганимдан кейин баттар бўласизлар!

28 Қани, барча қабила оқсоқолларингизни ва назоратчиларингизни олдимга йиғиб келинглар. Мен уларга шу сўзларни айтайин. Ер ва осмон уларга қарши гувоҳ бўлсин.

29 Ўлимимдан кейин сизлар бузилиб кетишингизни, мен кўрсатган йўлдан чиқиб кетишингизни биламан. Бошингизга кулфатлар тушади, чунки Эгамизнинг олдида қабиҳликлар қиласизлар. Қилган ишларингиз билан Уни ғазаблантирасизлар.

Мусонинг қўшиғи

30 Мусо жамики Исроил жамоаси олдида қуйидаги қўшиқни бошдан охиргача айтди:

1 Эй само, қулоқ сол, мен гапираман.

Эй замин, оғзимдан чиққан сўзларни эшит.

2 Таълимотим ёмғир каби ёғсин,

Сўзларим шудринг каби тушсин,

Майсаларни сийпалайдиган ёмғир томчиларидай,

Ўтлар устига ёғадиган мўл ёмғирдай бўлсин.

3 Эгамизнинг номини улуғлайман!

Худойимизнинг буюклигига ҳамдлар ўқинг!

4 У суянган Қоям, Унинг ишлари комил,

Ҳамма йўллари адолатлидир.

Худо садоқатлидир, Унда ёлғон йўқ,

У ҳақ ва одилдир.

5 Аммо сизлар Унга содиқ қолмадингиз!

Эй бузуқ ва эгри насл,

Энди сизлар Унинг фарзандлари деб аталмайсиз,

Бу сизларнинг иснодингиздир.

6 Эгамизга шундай қайтарасизми,

Эй аҳмоқ, нодон халқ?!

У сизларни яратган Отангиз–ку!

Сизга шакл берган Яратувчингиз–ку!

7 Қадимги кунларни эсланг,

Узоқ ўтмишни ўйланг.

Отангиздан сўранг, у сизларга айтиб беради,

Оқсоқоллардан сўранг, сизларга гапириб беришади.

8 Худойи Таоло халқларга ерни бўлиб берганда,

Одамзодни ер юзига тарқатганда,

Халқларнинг чегараларини,

Илоҳий зотлар сонига кўра, белгилаганди.

9 Ёқуб наслини эса Эгамиз Ўзига улуш қилиб олди,

Исроилни Ўз насибаси қилди.

10 Эгамиз Исроилни саҳродан,

Увиллайдиган даштдан топиб олди.

Уни Ўз бағрига олди,

Унга ғамхўрлик қилиб,

Кўз қорачиғидай сақлади.

11 Гўё бургут инидагиларни уйғотиб,

Ўз полапонлари узра айлангандай,

Қанотларини ёйиб, полапонларини кўтаргандай,

Қанотлари устида уларни олиб юргандай,

12 Эгамизнинг ёлғиз Ўзи Исроилни олиб юрди,

Ёнида бошқа худо йўқ эди.

13 Ернинг чўққиларига Исроилни ҳукмдор қилди,

Даланинг ҳосили билан уни тўйдирди.

Тошдан чиққан асал билан,

Тошлоқ ерда ўсган зайтунларнинг мойи билан боқди.

14 Сигир қатиғию эчки сути билан,

Қўзичоқ ва қўй думбаси билан,

Башан қўчқорию бузоқлари гўшти,

Аъло буғдой билан боқди.

Узумдан қилинган аъло шаробдан ичирди.

15 Азизим Исроил семириб, ўжар бўлди.

У семириб, шишиб кетди, охири бўкиб қолди.

Ўзини яратган Худодан юз ўгириб,

Ўз нажот Қоясини хор қилди.

16 Бошқа худоларга сажда қилиб, Унинг рашкини келтирди.

Жирканчли бутлар билан Унинг ғазабини қўзғатди.

17 Худога эмас, жинларга қурбонлик келтирди.

Бу худоларни ўзлари билмас эди,

Бу худолар яқинда пайдо бўлган,

Ота–боболари улардан қўрқмаган эди.

18 Эвоҳ, эй Исроил, сени туққан Худони эсламадинг,

Сени дунёга келтирган Қояни унутдинг.

19 Эгамиз буларни кўриб, уларни рад этди,

Ўз ўғил–қизлари Унинг ғазабини келтирганди.

20 У шундай деди: “Бу халқдан юзимни ўгираман,

Уларнинг аҳволи нима бўлишини кўраман.

Ахир, улар эгри насл, садоқатсиз фарзандлардир.

21 Улар Худо бўлмаган бутлар билан рашкимни келтирдилар,

Бетайин худолари билан ғазабимни қўзғатдилар.

Мен ҳам халқ бўлмаганлар билан уларнинг рашкини келтираман,

Ақлсиз бир халқ билан ғазабини қўзғатаман.

22 Менинг ғазабимдан олов чиқади,

Ўликлар диёрининг энг чуқур жойигача ёндиради,

Ерни, ҳосилини куйдиради,

Тоғ пойдеворини кул қилади.

23 Уларга кулфат кетидан кулфат келтираман,

Ўқларимни битта қўймай уларга отаман:

24 Очлик уларнинг силласини қуритади,

Иситма ёндириб куйдиради,

Офат жонларини олади.

Ёввойи ҳайвонлар уларни тилка–пора қилади,

Ерда судраладиган илонлар заҳрини сочади.

25 Кўчаларда йигиту қизларни қилич ҳалок қилади,

Уйларда эса чақалоғу оқ сочли кексаларни ваҳима ўлдиради.

26 Ҳа, Мен уларни сочиб ташлаган бўлардим,

Одамлар орасидан уларнинг хотирасини ўчириб юборган бўлардим,

27 Аммо душманнинг мазахидан ҳайиқдим,

Ғанимлар нотўғри тушунмасин, дедим.

«Исроилни Эгаси эмас, биз мағлуб қилдик», деб

Ўйламасин дедим.”

28 Исроил ақлини йўқотган, идроксиз халқдир.

29 Агар уларда ақл бўлса эди, тушунарди,

Оқибати нима бўлишини биларди.

30 Ана, Эгаси Исроилни тарк этди,

Суянган Қояси уларни душманга бериб қўйди.

Акс ҳолда, бир киши Исроилнинг мингтасини таъқиб қила олармиди?!

Икки киши Исроилнинг ўн мингтасини ҳайдай олармиди?!

31 Ҳатто душманлари тан олади,

Исроил халқининг Худоси

Қудратли Қоя эканлигини.

32 Исроилнинг душманлари узум токига ўхшар,

Садўм ва Ғамўра далаларида ўсар,

Узумзорларининг меваси заҳарли,

Узумлари оғу сингари аччиқдир.

33 Уларнинг шароби аждарҳо заҳри,

Илонларнинг қўрқинчли оғусидир.

34 Эгамиз шундай дейди:

“Мен Исроил душманларини

Нималар қилишни дилимда тутаман,

Ўшаларни хазинамда сақлайман.

35 Уларнинг оёқлари чалишганда

Мен Ўзим қасос ва ўч оламан.

Уларнинг ҳалокат куни яқиндир,

Уларнинг қисмати ҳал бўлади.”

36 Эгамизнинг халқи кучдан қолганда,

Эркину эрксизлар нобуд бўлганда,

Эгамиз Ўз халқини оқлайди,

Ўз қулларига раҳм–шафқат қилади.

37 Шунда Эгамиз Ўз халқидан сўрайди:

“Ишонган худоларингиз қани?!

Сиз паноҳ олган қоянгиз қани?!

38 Сизлар ўшаларга қурбонлик ёғидан едирдингиз,

Назр шаробидан ичирдингиз.

Энди улар келиб, сизларга ёрдам берсин!

Ўшалар сизга қалқон бўлиб кўрсин!

39 Билиб қўйинг, Мен ягонаман!

Мендан бошқа Худо йўқдир.

Ўлдирадиган Менман,

Ҳаёт берадиган ҳам Менман,

Жароҳат етказадиган Менман,

Шифо берадиган ҳам Менман.

Менинг қўлимдан ҳеч ким қутула олмайди.

40 Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи,

Қўлимни осмонга кўтариб, онт ичиб айтаманки,

41 Мен ялтироқ қиличимни чархлайман,

Адолат ўрната бошлайман.

Душманларимдан қасос оламан,

Мендан нафратланганларга қайтараман.

42 Ҳалок бўлганлар ва асирларнинг қони билан

Ўқларимни маст қиламан,

Ёв лашкарбошиларининг каллалари билан

Қиличимни этга тўйдираман.”

43 Эй эллар, Унинг халқи билан бирга шодланинг,

У қулларининг ўлими учун ўч олади.

Душманларидан қасос олиб,

Юрти ва халқини гуноҳдан поклайди.

44 Мусо Нун ўғли Ёшуа билан бирга бу қўшиқнинг барча сўзларини овоз чиқариб, халққа айтиб берди.

Мусонинг охирги кўрсатмалари

45 Мусо мана шу сўзларнинг ҳаммасини бутун Исроил халқига айтиб бергандан кейин,

46 уларга шундай деди:

— Бугун мен сизларни огоҳлантириб, айтган сўзларнинг ҳаммасини юрагингизда сақланг. Болаларингизга ҳам буюринг, мана шу қонуннинг сўзларини битта қолдирмай бажаришсин.

47 Бу шунчаки қуруқ сўзлар эмас, балки сизларнинг ҳаётингиздир. Мана шу сўзлар туфайли сизлар мулк қилиб оладиган Иорданнинг нариги томонидаги юртда узоқ яшайсизлар.

48 Эгамиз ўша куни Мусога шундай деди:

49 — Аборим тизмасидаги Наво тоғига чиқ. Бу тоғ Ерихо шаҳри рўпарасидаги Мўаб юртида жойлашган. У ердан Мен Исроил халқига мулк қилиб бераётган Канъон юртига қара.

50 Аканг Ҳорун Хўр тоғида оламдан ўтгандай, сен ҳам ўзинг чиқадиган тоғда оламдан ўтасан.

51 Икковингиз Исроил халқининг олдида Менга садоқатсизлик қилган эдингиз. Сизлар Зин чўлида, Марива сувлари бўйидаги Кадеш ёнида Исроил халқига муқаддаслигимни намоён қилмаган эдингиз.

52 Шунинг учун сен ўша юртни узоқдан кўрасан. Мен Исроил халқига бераётган ўша ерга сен кирмайсан.

Мусо Исроил қабилаларини дуо қилади

1 Худонинг одами Мусо ўлимидан олдин Исроил халқини қуйидаги сўзлар билан дуо қилди:

2 “Эгамиз Синай тоғидан Ўз халқига келди,

Сеир юрти узра қуёшдай порлади,

Порон қирларидан нур сочди.

Ўн мингларча фаришта У билан келди,

Ўнг қўлида оташин олов бор эди.

3 Дарҳақиқат, Эгамиз Ўз халқини севади,

Унга бағишланган одамларни ҳимоя қилади.

Улар Эгамизга таъзим қиладилар,

Ундан кўрсатмалар оладилар.

4 Мусо Исроил халқига берган ушбу қонун

Ёқуб наслининг бебаҳо мулкидир.

5 Исроил қабилалари йиғилганда,

Халқ йўлбошчилари тўпланганда,

Эгамиз азиз Исроилга шоҳ бўлди.”

6 Мусо Рубен қабиласи ҳақида шундай деди:

“Рубен қабиласи яшасин, ўлмасин,

Сони кам бўлса–да, омон бўлсин.”

7 Яҳудо қабиласи ҳақида шундай деди:

“Эй Эгам, Яҳудонинг овозини эшитгин,

Уни бошқа қабилалар билан бирлаштиргин.

У ўз қўллари билан ўзини ҳимоя қилмоқда,

Душманларига қарши унга мадад бергин.”

8 Леви қабиласи ҳақида шундай деди:

“Эй Эгам, Сен Урим билан Туммимни

Тақводор Левига бердинг.

Уни Массахда синаб кўрдинг,

У билан Марива сувлари бўйида беллашдинг.

9 У ота–онасидан, ака–укасидан,

Бола–чақасидан Сени устун кўрди.

Сенинг амрларингни бажарди,

Аҳдингга содиқ қолди.

10 Ёқуб наслига қоидаларингни,

Исроил халқига қонунингни ўргатади,

Ҳузурингда тутатқилар тутатиб,

Қурбонгоҳингда қурбонликлар куйдиради.

11 Эй Эгам, унинг давлатига барака бергин,

Қилган ишларидан мамнун бўлгин.

Ёвларининг белини синдиргин,

Ундан нафратланганлар қайтиб туролмасин.”

12 Бенямин қабиласи ҳақида у шундай деди:

“Эгамизнинг суюклиги бехатар яшайди,

Худойи Таоло доим уни асрайди,

У Худонинг қучоғида ором олади.”

13 Юсуф қабиласи ҳақида шундай деди:

“Эгамиз унинг ерига барака берсин.

Осмон ёмғири, ер ости суви билан баракаласин.

14 Қуёшга тўйган аъло ҳосиллар берсин,

Ўз мавсумида мўл мевалар етиштирсин.

15 Қадимий тоғларнинг асил унумини,

Кўҳна адирларнинг сероб баракасини берсин.

16 Ернинг аъло инъомлари Юсуфга насиб этсин,

Ёнган бута орасида зоҳир бўлган

Худо уни Ўз мурувватига муяссар қилсин,

Ака–укалари орасидан танланган Юсуфга булар буюрсин.

17 Биринчи туғилган буқадай қудратлидир у!

Унинг шохлари ёввойи буқанинг шохларидайдир.

Бир шохи Эфрайимнинг туман лашкаридир,

Бошқа шохи Манашенинг минглаб жангчиларидир.

Бу шохлари билан Юсуф халқларни қувади,

Ер юзининг четигача уларни ҳайдаб боради.”

18 Забулун ва Иссахор қабиласи ҳақида шундай деди:

“Забулун сафарга чиққанда хурсанд бўлсин,

Иссахор эса чодирларида шодлансин.

19 Улар бутун халқни тоққа чақиради,

У ерда маъқул қурбонликлар келтиради,

Денгизнинг бойлиги билан,

Қумдаги хазина билан озиқланади.”

20 Гад қабиласи ҳақида шундай деди:

“Гаднинг ерини кенгайтирган Худони олқишланг!

Гад бир арслон каби яшайди,

Қурбонининг қўлу бошини узиб ташлайди.

21 У ўзи учун ернинг аълосини олди,

Йўлбошчининг улуши унга берилди.

Халқнинг йўлбошчилари йиғилганда

Гад Эгамизнинг одил иродасини бажарди,

Эгамизнинг Исроил учун чиқарган қарорини адо этди.”

22 Дан қабиласи ҳақида шундай деди:

“Дан ёш шерга ўхшар,

У Башандан сакраб чиқар.”

23 Нафтали қабиласи ҳақида шундай деди:

“Эгамизнинг муруввати Нафталига ёр!

Баракаси уни тўлдирди бисёр!

Ғарбу жанубга у эгалик қилар.”

24 Ошер қабиласи ҳақида шундай деди:

“Ўғиллар орасида Ошер энг кўп барака топди,

Ака–укалари уни афзал кўрсин,

Оёғи зайтун мойида бўлсин.

25 Тамбалари темиру бронзадан бўлсин,

Умри қанча узоқ бўлса, кучи шунча кўп бўлсин.”

Мусо Исроил халқига шундай деди:

26 “Эй азизим Исроил, Худойингга ўхшагани йўқ,

У салобат билан булутларни эгарлайди,

Сенга ёрдам бергани осмондан учиб келади,

27 Қадимдан бор бўлган Худо сенинг паноҳингдир,

Унинг абадий қўллари сени тутиб туради.

У душманларингни олдингдан ҳайдайди,

Сенга: «Уларни қириб ташла!» деб айтади.

28 Эй Исроил, хавф–хатарсиз яшайсан,

Ёқуб насли, осойишта бўласан.

Сенинг еринг дон ва шаробга бойдир,

Юртингга осмондан шудринг тушади.

29 Эй Исроил, сен бахтлисан!

Ким сенга ўхшар?!

Сен Эгамиз қутқарган халқсан.

Сени асрайдиган қалқонинг,

Шонли қиличинг Эгамиздир.

Олдингда душманларинг титраб тиз чўкади,

Сен эса уларнинг белини эзасан.”

Мусонинг ўлими

1 Мусо Мўаб текислигидан Наво тоғининг чўққисига чиқди. Наво тоғи Ерихо шаҳрининг шарқида жойлашган Фисгах тоғ тизмасининг энг баланд жойи эди. У ердан Мусога Эгамиз бутун ўлкани кўрсатди: шимолдаги Дан шаҳригача чўзилган бутун Гилад ўлкасини,

2 ҳамма Нафтали ерларини, Эфрайим ва Манаше ерларини, Ўрта ер денгизигача чўзилган бутун Яҳудо ерларини,

3 Нагав чўли ва текисликни. Бу текислик Зўвар шаҳридан то пальмалар шаҳри бўлмиш Ерихогача чўзилган эди.

4 Эгамиз Мусога деди:

— Мен Иброҳим, Исҳоқ, Ёқубга, сенинг авлодингга бераман, деб қасам ичиб айтган юрт мана шудир. Мана, бу юртни ўз кўзинг билан кўрдинг, лекин у юртга кирмайсан.

5 Эгамиз айтганидай, Унинг қули Мусо ўша ерда, Мўаб юртида вафот этди.

6 Эгамиз уни Мўабда, Байт–Пиёр шаҳрининг яқинидаги бир водийда дафн қилди. Мусо дафн қилинган жойни ҳозиргача ҳеч ким билмайди.

7 Мусо вафот этганда 120 ёшда эди. Лекин кўзларининг нури ҳали сўнмаган эди, ғайрати йўқолмаган эди.

8 Исроил халқи Мўаб текислигида Мусо учун ўттиз кун аза тутди. Мусо учун аза кунлари тамом бўлди.

9 Мусо ўлимидан олдин Ёшуага қўл қўйиб, уни йўлбошчи қилиб тайинлаган эди. Нун ўғли Ёшуани Худо донолик руҳи билан тўлдирди. Исроил халқи Ёшуага бўйсунди, Эгамиз Мусога буюрганларнинг ҳаммасини улар қилди.

10 Исроилда Мусога ўхшаган пайғамбар бошқа чиқмади. Эгамиз Мусо билан юзма–юз гаплашар эди.

11 Эгамиз уни Миср юртида фиръавнга, унинг аъёнлари ва бутун халқига аломату мўъжизалар кўрсатиш учун юборган эди.

12 Мусо бутун Исроил халқи олдида буюк қудрату ҳайбатли ишларни намоён қилганди.