Нохум

Нохум

1 Найнаво шаҳри ҳақида башорат. Бу китобда Элқўшлик Нохумга келган ваҳий баён қилинган.

Эгамизнинг Найнавога бўлган ғазаби

2 Эгамиз рашкчи, қасоскор Худодир,

Эгамиз қасоскор, дарғазабдир.

Ғанимларидан Эгамиз қасос олар,

Душманларидан ғазабланиб юрар.

3 Эгамизнинг жаҳли тез эмас,

Унинг кучи буюкдир,

Айбдорни Эгамиз асло оқламас!

Юрган йўли қуюну бўрон бўлар.

Оёғи остидан чангдай

Кўтарилар қора булутлар.

4 У денгизга дўқ уриб, уни қуритар,

Барча дарёларни қақратиб юборар.

Башан ва Кармил яйловлари хазон бўлади,

Лубнон гуллари сўлиб қолади.

5 Унинг олдида силкинар тоғлар,

Парчаланиб кетар адиру қирлар.

Ҳузурида замин тебранар,

Бутун жаҳон ва ундаги мавжудот қалтирар.

6 Унинг қаҳрига ким бардош бергай?!

Алангали ғазабидан ким омон қолгай?!

Унинг ғазаби оловдай ёйилар,

Унинг олдида қоялар чилпарчин бўлар.

7 Эгамиз яхшидир,

Кулфат кунида қўрғондир У,

Худода паноҳ топганларни сақлайди У.

8 Тошқин сел билан Найнавони вайрон қилар,

Ёвларининг пайига тушиб, зулматга ҳайдар.

9 Эй Найнаво, нечун Эгамизга қарши фитна уюштирасан?!

Ахир, У бир уриб сени қириб ташлайди,

Иккинчи уришига ҳожат бўлмайди.

10 Чирмашган тикану қуруқ хас–чўп каби

Сизлар ҳам, эй майхўрлар, ёндириб ташланасиз!

11 Эй Найнаво, қабиҳ шоҳ сендан чиқди,

Эгамизга қарши у фитна–фасод қилди.

12 Эгамиз эса шундай айтур:

“Оссурияликлар кучли ва беҳисоб бўлсалар–да,

Улар қирилиб, йўқ бўладилар.

Эй халқим, бошингга кулфат солдим!

Энди бундай кулфат солмайман зинҳор!

13 Сени Оссурия бўйинтуруғидан озод қиламан,

Кишанларингни узиб ташлайман.”

14 Сен ҳақингда, эй Оссурия, Эгамиз шундай амр этар:

“Сенинг номинг дунёдан ўчар.

Йўқ қиламан худоларинг уйидаги қуйма ва ўйма бутларни,

Ярамас хулқ–атворинг учун ҳозирлайман қабрингни.”

Найнаво қулайди

15 Қаранг! Хушхабар келтирувчи кимса,

Тоғлар оша шошиб келади бу ёққа.

Тинчликни эълон қилади У сизга!

Эй Яҳудо халқи, нишонлагин байрамларингни,

Олиб кел онт ичиб атаган назрларингни.

Юртингга тажовуз қилмас энди қабиҳлар,

Зеро, тамомила йўқ бўлди улар.

1-2 Душманлар Исроил юртини хароб қилган,

Узумзорларини пайҳон этган.

Бироқ Эгамиз тиклар Ёқуб наслининг улуғворлигини,

Ҳа, Исроил халқининг буюклигини.

Босқинчи сенга ҳужум қилди, эй Найнаво!

Қани бўл, қўриқла қўрғонларингни,

Йўлдан узма сен кўзингни.

Йиғиб олгин бор кучингни,

Жангга боғла белингни.

3 Душман сипоҳларининг қалқони қизил,

Жангчиларининг кийими алвон,

Жанг куни аравалари оловдай чақнар,

Беҳисоб найзалари бош узра тебраниб турар.

4 Шаҳар ичида аравалар қутуриб елар,

Майдонларни кесиб у ёқдан–бу ёққа ўтар,

Машъалаларга ўхшаб ёниб турар,

Яшин тезлиги билан учар.

5 Найнаво шоҳи амр берар лашкарбошиларига,

Олға босиб қоқинар улар йўлда.

Қалқонлари паноҳида босқинчилар

Шаҳар деворига ёпирилар.

6 Дарё тўғонларини улар бузиб ташлар,

Сарой ивиб, қулай–қулай деб турибди.

7 Шаҳар аҳлини сургун қилишга қарор қилинди,

Чўрилари ўз кўксига уриб,

Мусичадай нола қилмоқда.

8 Найнаво дарз кетган ҳовузга ўхшайди,

Ёриқларидан сув оқиб кетгандай,

Унинг аҳолиси қочиб кетяпти,

Ортидан “Тўхтанглар! Тўхтанглар!”

Деган қичқириқлар эшитилар,

Лекин ҳеч ким ортига қайтмас.

9 Босқинчилар бақирар:

“Талон–тарож қилинг кумушу олтинни!

Битмас–туганмасдир Найнавонинг хазинаси!

Серобдир унинг қимматбаҳо нарсаси!”

10 Шип–шийдам, вайрон, талқон бўлди Найнаво!

Қўрқувдан юраклар орқага тортиб кетди,

Тиззалар қалтиради, баданни титроқ босди,

Бўздай оқарди ҳамманинг юзи!

11 Нима бўлди Найнаво шаҳрига?!

Ўхшар эди–ку у шернинг уясига.

Ҳа, ўхшар эди Найнаво шер болаларини боққан бир инга.

Шер ва она шер изғиган пайтда,

Болалари хатарсиз эди у ерда!

12 Шер ўз болалари учун

Етарлича ўлжа тилка–пора қилган,

У она шер учун ҳам овини бўғизлаган,

Мурда билан тўлдирган ўз инларини,

Ўлжа билан — уяларини.

13 Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Мен сенга қаршиман, эй Найнаво! Жанг араваларингни тутатиб ёндираман. Ёш шерларинг қиличдан ҳалок бўлади. Сен энди ер юзида талончилик қилмайсан. Ўлпончиларингнинг овози ўчади.”

Найнавонинг қисмати

1 Ҳолингга вой, эй қўли қон шаҳар!

Ўтакетган маккор, ўлжага тўлган шаҳар!

У ердаги қотилликлар ҳеч тугамас!

2 Қулоққа чалинар қамчиларнинг визиллаши,

Ғилдиракларнинг тарақ–туруғи,

Елаётган от туёқларининг товуши,

Жанг араваларининг гумбурлаши!

3 Жангга кирмоқда отлиқ сипоҳлар,

Ялт–юлт этмоқда қиличлар,

Ярқирамоқда найзалар,

Уйилиб кетди ўликлар,

Уюм–уюм бўлди жасадлар,

Мурдаларнинг сон–саноғи йўқ.

Қоқилишар жасадларга одамлар!

4 Эй Найнаво, ўзингни бузуқ фоҳишадай тутдинг,

Суюқоёқ жодугардай одамларни ром қилдинг,

Бузуқлигинг билан халқларни қул қилдинг,

Сеҳр–жодуларинг билан ўзингга оғдирдинг.

5 “Мен сенга қаршиман!

— деб айтмоқда Сарвари Олам. —

Мен кўйлагингни кўтариб,

Халқларга яланғоч танангни кўрсатаман,

Эллар олдида шармандангни чиқараман.

6 Устингдан ахлат ёғдириб, сени хўрлайман.

Одамларга сени томоша қилдираман.

7 Сени кўрганлар орқага чекиниб, шундай дейишар:

«Найнаво вайрон бўлди!

Ким унга ачинар экан?!»

Сени юпатадиган ҳеч ким йўқ!”

8 Нў–Омон шаҳридан сенинг ортиқ жойинг бормиди?!

Ўша шаҳар Нил дарёси бўйида жойлашганди,

Сувлар қуршовида турганди,

Дарё — унинг истеҳкоми,

Сувлар — ҳимояси бўлганди.

9 Ҳабашистону Миср унинг устидан ҳукмронлик қиларди,

Кучининг чек–чегараси йўқ эди.

Ливия билан Луб унинг иттифоқдошлари эди.

10 Шундай бўлса–да,

Нў–Омон шаҳрининг аҳолиси сургун қилинди,

Одамлари асирликка олиб кетилди,

Ҳар бир кўчанинг бошида

Тошга уриб ўлдирилди гўдаклари,

Аслзодалари учун қуръа ташланди,

Барча зодагонлари занжирбанд бўлди.

11 Эй Найнаво, сен ҳам маст бўлиб, гандираклаб қоласан,

Бекинасан, душманларингдан қочиб, паноҳ излайсан.

12 Сенинг ҳамма қалъаларинг

Меваси пишган анжир дарахтига ўхшар.

Анжирни силкитсанг,

Анжирлар хўранданинг оғзига тушар.

13 Лашкарингга бир қарасанг–чи!

Хотин кишидан фарқи йўқ–ку уларнинг.

Юртингнинг дарвозалари ёв учун кенг очилди,

Дарвозаларнинг тамбаларини олов йўқ қилди.

14 Қамалга тайёрлангин!

Сувга тўлдир идишларингни!

Мустаҳкамла қўрғонларингни!

Оёқ билан эзгин лойни,

Тайёрла тезроқ қолипларингни!

15 Барибир олов сени ямлаб юборар,

Чигиртка экинларни қиртишлагандай,

Қилич сени қириб ташлар.

Чигирткадай кўпаявер!

16 Савдогарларингни осмондаги юлдузлардан ҳам кўп қилдинг,

Бироқ улар чигирткадай юртингни талашар,

Сўнг қанот қоқиб учиб кетишар.

17 Совуқ кунда деворларга қўнадиган,

Қуёш чиққач эса учиб йўқ бўладиган

Чигирткадайдир сенинг посбонларинг,

Чигиртка галасидайдир сенинг саркардаларинг.

Улар қаерга ғойиб бўлганини билмайди ҳеч ким.

18 Эй Оссурия шоҳи,

Раҳнамоларингнинг кўзи юмилган,

Йўлбошчиларинг абадий уйқуга кетган,

Сенинг халқинг тоғларга тарқалган,

Уларни йиғадиган бирор кимса йўқ.

19 Сенинг ярангни даволаб бўлмас,

Жароҳатинг ҳалокатлидир.

Бу ҳақда хабар топган ҳамма одамлар

Хурсандлигидан чапак чалар.

Зотан, ҳеч ким чексиз зулмингдан

Қочиб қутула олмаган.