Галатияликлар

Галатияликлар

Дуойи салом

1-2 Мен — Павлус ва мен билан бирга бўлган ҳамма биродарлар Галатия вилоятидаги имонлилар жамоатларига салом йўллаймиз. Мен инсонлар томонидан эмас, инсон орқали ҳам эмас, балки Исо Масиҳ ва Уни тирилтирган Отамиз Худо томонидан ҳаворий қилиб тайинланганман.

3 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ҳамда тинчлик ато қилсин.

4 Исо Масиҳ бизни ҳозирги ёвуз замондан қутқарай деб, бизнинг гуноҳларимиз учун Ўзини фидо қилди. У шу йўсин Отамиз Худонинг иродасини адо этди.

5 Худога абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

Ягона Хушхабар

6 Сизлар Худодан шунчалик тез юз ўгириб, бошқа бир хушхабарга юз бураётганингиздан жуда ҳайронман. Ахир, Масиҳнинг инояти орқали Худо сизларни Ўз Хушхабарига даъват қилган эди.

7 Ўша Хушхабардан бошқа ҳеч қандай хушхабар йўқ–ку! Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни бузиб кўрсатмоқчи бўладилар.

8 Аммо кимда–ким, ҳатто биз ўзимизми ёки осмондан келган бирор фариштами, сизларга биз етказган Хушхабардан бошқа бир хушхабар келтирса, у лаънати бўлсин!

9 Мен олдин ҳам айтган эдим, ҳозир ҳам айтяпман: кимки сизлар қабул қилган Хушхабарга зид бўлган хабарни тарғиб этса, лаънати бўлсин!

10 Хўш, мен кимнинг мақтовига сазовор бўлмоқчиман: инсонларнингми ёки Худонингми?! Наҳотки инсонларни мамнун қилмоқчи бўлсам?! Агар мен ҳали ҳам инсонларни мамнун қилаётган бўлсам эди, Масиҳнинг қули бўлолмас эдим!

Хушхабарни тарғиб этишга Павлусни Худо даъват қилган

11 Эй биродарлар, сизларга айтиб қўяй: мен тарғиб этаётган Хушхабар инсон ижоди эмас.

12 Ахир, мен бу Хушхабарни инсондан қабул қилмаганман ёки бирор одамдан ўрганмаганман. Уни менга Исо Масиҳнинг Ўзи ваҳий орқали аён қилган.

13 Мен яҳудий динига эътиқод қилиб, қандай ҳаёт кечирганим ҳақида эшитгансизлар. Ўша пайтларда Худонинг жамоатини шафқатсизларча қувғин қилардим, уни қириб ташлашга ҳаракат қилардим.

14 Қавмимдан бўлган кўп тенгдошларимга қараганда, яҳудий динини чуқурроқ тушуниб, улардан анча илгарилаб кетган эдим. Ота–боболаримнинг урф–одатларини деб, жонкуярлик қилардим.

15 Аммо Худо менга мурувват қилди, инояти билан мени Ўзига даъват этиб, онам қорнида бўлганимдаёқ мени танлаган эди.

16 Мен ғайрияҳудийлар орасида Худо Ўғли ҳақидаги Хушхабарни тарғиб қилишим учун, Худо Ўз Ўғлини менга зоҳир қилди. Шунда мен ҳеч бир инсон билан маслаҳатлашмадим.

17 Ҳатто мендан олдин ҳаворий бўлганларни кўриш учун Қуддусга бормай, дарҳол Арабистонга жўнадим. Ундан кейин яна Дамашққа қайтдим.

18 Уч йилдан кейин, Бутрус билан танишай деб, Қуддусга бордим. Унинг ёнида ўн беш кун бўлдим.

19 Аммо Қуддусда Бутрусдан ва Раббимиз Исонинг укаси Ёқубдан бошқа ҳеч бир ҳаворийни кўрмадим.

20 Мен сизларга нима ёзаётган бўлсам, Худо шоҳид, ҳеч бири ёлғон эмас.

21 Ундан сўнг Сурия ва Киликия ҳудудларига бордим.

22 Яҳудия ўлкасидаги имонлилар жамоатлари мени ҳали шахсан танимас эдилар.

23 Ўша имонлилар мен ҳақимда фақат бошқаларнинг: “У бир вақтлар бизларни қувғин қилиб юрган киши эди. Энди эса илгари илдизи билан қуритмоқчи бўлган имонни ўзи тарғиб қилмоқда” деган гапларини эшитардилар

24 ва мен туфайли Худони улуғлар эдилар.

Қуддусдаги ҳаворийлар Павлуснинг ишларини маъқуллайди

1 Ўн тўрт йил ўтгандан кейин, мен Барнабо билан бирга яна Қуддусга бордим. Титусни ҳам ёнимга олган эдим.

2 Худо менга берган ваҳийга биноан у ерга боргандим. Ўша ердаги жамоатнинг эътиборли етакчилари билан алоҳида учрашдим. Уларга ғайрияҳудийлар орасида ўзим тарғиб қилаётган Хушхабарнинг моҳиятини баён этдим. Буни олдин қилган ва ҳозир қилаётган ишларим беҳуда кетмаслиги учун қилган эдим.

3 Ҳатто ҳамроҳим Титус, юнон бўлишига қарамай, суннат қилинишга мажбур этилмади.

4 Аммо баъзи сохта биродарлар билдирмайгина орамизга кириб олиб, Исо Масиҳ бизга ато этган озодлик ҳақида суриштириб кўрдилар. Уларнинг мақсади бизни яна қулларга айлантириш эди.

5 Биз эса, Хушхабарнинг ҳақиқати доимо сизлар билан бўлсин деб, уларга заррача ҳам ён бермадик.

6 Эътиборли ҳисобланган етакчилар билан учрашганим ҳақида айтиб ўтдим. Уларнинг қандай мартабага эгалиги менга барибир, зотан, Худо инсонлар орасида тарафкашлик қилмайди. Энди уларга келганда шуни айтай, улар мендан бошқа ҳеч нима талаб қилмадилар.

7 Аксинча, яҳудийларга Хушхабар етказиш Бутрусга буюрилгандай, ғайрияҳудийларга Хушхабар етказиш менга буюрилганини улар тушуниб етдилар.

8 Ахир, Бутрусни яҳудийлар орасида ҳаворийлик фаолиятини кўрсатишга тайинлаган Худо мени ҳам ғайрияҳудийлар орасида хизмат қилишга тайинлади.

9 Шундай қилиб, Худо менга бу иш учун алоҳида иноят берганига Ёқуб, Бутрус ва Юҳанно ишонч ҳосил қилдилар. Имонлилар жамоатининг устуни ҳисобланмиш бу ҳаворийлар биз билан қўл ташлашди: мен ва Барнабо ғайрияҳудийлар орасида, улар эса яҳудийлар орасида хизмат қилишга рози бўлишди.

10 Улар биздан, фақат камбағалларга ғамхўрлик қилишни давом эттиринглар, деб илтимос қилдилар. Шахсан мен анчадан бери бу ҳақда жон куйдирардим.

Павлус Антиохияда Бутрусга танбеҳ беради

11 Бутрус Антиохия шаҳрига келганда, унинг нотўғри иш тутаётганлигини очиқчасига юзига айтдим.

12 Чунки Қуддусдан — Ёқубнинг олдидан баъзи одамлар келмасдан аввал Бутрус ғайрияҳудийлар билан бирга еб–ичиб юрган эди. Аммо улар келгандан кейин Бутрус суннат тарафдори бўлганлардан хавотирланиб, ўзини четга олди ва ғайрияҳудийлар билан бирга бир дастурхонда ўтирмайдиган бўлди.

13 Шунда бошқа яҳудий масиҳийлар ҳам Бутрусга ўхшаб иккиюзламачилик қилишди. Ҳатто Барнабо ҳам уларнинг иккиюзламачилиги туфайли йўлдан озди.

14 Мен уларнинг Хушхабар ҳақиқати бўйича иш тутмаётганини кўриб, ҳамманинг олдида Бутрусга шундай дедим: “Мана сиз яҳудий бўла туриб, яҳудийлар каби эмас, ғайрияҳудийлардай яшаяпсиз. Шундай экан, қандай қилиб ғайрияҳудийларни яҳудийлар каби яшашга мажбур қила оласиз?”

Инсон фақатгина Масиҳга бўлган имони туфайли оқланади

15 Тўғри, бизлар яҳудий наслиданмиз, гуноҳкор ҳисобланган ғайрияҳудийлардан эмасмиз.

16 Лекин шуни биламизки, инсон қонунга амал қилиш билан эмас, балки Исо Масиҳга бўлган имони орқали оқланади. Шунинг учун ҳам биз қонунга амал қилиш билан эмас, Масиҳга бўлган имонимиз туфайли оқланамиз деб, Исо Масиҳга ишондик. Ахир, ҳеч ким қонунга амал қилиш билан оқланмайди.

17 Мана, биз Масиҳ орқали оқланишга интиляпмиз, бу эса биз ҳам ғайрияҳудийлар қатори гуноҳкор эканлигимизни кўрсатиб турибди. Бундан келиб чиқадики, гуноҳкорлигимизнинг сабабчиси Масиҳ экан–да? Йўқ, асло!

18 Аммо мен ўзим қулатган қонун–қоидалар биносини қайтадан қуришга киришадиган бўлсам, унда мен яна қонунбузар бўлиб қоламан.

19 Ахир, қонуннинг ўзи мени ўлимга маҳкум қилди. Энди мен Худо учун яшай деб, қонун учун ўлганман. Мен Масиҳ билан бирга хочга михлаб қўйилганман.

20 Энди яшаётган мен эмас, балки Масиҳдир. У менинг ҳаётимни бошқаряпти. Ҳали тирик эканман, Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшайман. Ахир, У мени севиб, Ўзини мен учун фидо қилган.

21 Мен Худонинг иноятини инкор қилмайман. Агар қонунга амал қилиш билан оқланиш мумкин бўлганда эди, Масиҳ беҳуда ўлган бўларди.

Қонунга амал қилиш ва Масиҳга ишониш ҳақида

1 Эй бефаҳм Галатияликлар! Ким сизларни сеҳрлаб қўйди? Ахир, Исо Масиҳнинг хочга михлангани кўз ўнгингизда аниқ тасвир этилмаганмиди?!

2 Сизлардан фақатгина бир нарсани сўраб билмоқчиман! Хўш, сизлар Руҳни қандай қилиб олдингизлар: қонунга амал қилиш орқалими ёки эшитганларингизга ишониш орқалими?

3 Сизлар шунчалик бефаҳммисизлар? Руҳ қудрати билан янги ҳаёт бошлаган экансиз, энди уни ўз инсоний кучингиз билан камолга етказмоқчимисиз?

4 Татиб кўрганларингизнинг ҳаммаси беҳуда кетдими? Наҳотки ростдан ҳам беҳуда кетган бўлса?!

5 Худо сизларга Ўз Руҳини ато этиб, орангизда мўъжизалар яратмоқда. Нима деб ўйлайсиз: У буни қонунга амал қилганингиз учун қиляптими ёки эшитганларингизга ишонганингиз учунми?!

6 Муқаддас битикларда Иброҳим ҳақида шундай ёзилган: “У Худога ишонди, мана шу ишончи учун Худо уни солиҳ деб билди.”

7 Шундан билингларки, ким имонли бўлса, ўша инсон Иброҳимнинг авлоди деб ҳисобланади.

8 Худо даставвал Иброҳимга: “Барча халқлар сен орқали барака топадилар”, деб Хушхабар келтирган. Муқаддас битиклардаги бу сўзлар шуни кўрсатадики, Худо ғайрияҳудийларни имон орқали оқлайди.

9 Шунинг учун ким имонли бўлса, Худога ишонган Иброҳим қатори Худонинг баракасидан баҳраманд бўлади.

10 Қонунга амал қилиш орқали Худони мамнун қилмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси лаънат остидадир. Ахир, Муқаддас битикларда: “Қонун китобидаги амрларнинг ҳаммасини тўлиқ бажармаганлар лаънат остидадир!” деб ёзилган–ку!

11 Шундай экан, кўриниб турибдики, қонунга амал қилиш билан ҳеч ким ўзини Худо олдида оқлай олмайди, зотан, солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади.

12 Қонунни бажариш имонга асосланмаган, қонунда фақатгина амрларнинг ҳаммасини бажарганларга ҳаёт ваъда қилинган.

13 Масиҳ эса бизни қонун лаънатидан халос қилди. У хочга михланганда бизнинг ўрнимизга лаънатланди. Ахир, Муқаддас битикларда: “Ёғочга қоқилган ҳар бир киши лаънатидир”, деб ёзилган–ку!

14 Шу йўсин ғайрияҳудийлар ҳам Исо Масиҳ орқали Худонинг Иброҳимга ваъда қилган баракаларидан баҳраманд бўладилар, биз ҳам имон орқали Худо ваъда қилган Руҳни оламиз.

Худонинг ваъдаси ва қонуннинг ғояси

15 Биродарлар! Ҳаётдан бир мисол келтирай: одамнинг васияти тасдиқлангандан кейин уни ҳеч ким бекор қилолмайди ва унга ҳеч нарса қўшолмайди.

16 Энди эса Худонинг Иброҳимга ва унинг зурриётига берган ваъдаларига қарайлик. Муқаддас битикларда Иброҳимга: “Сенинг зурриётларингга”, деб айтилмаган, аксинча, “Сенинг зурриётингга”, деб айтилган. Бундан кўриниб турибдики, ваъдада кўпчилик эмас, балки бир Киши, яъни Масиҳ назарда тутилган.

17 Шуни айтмоқчиманки, Худо Иброҳим билан аҳд тузгандан сўнг 430 йил ўтгач, қонун берилди. Аммо тасдиқланган аҳдни қонун кучдан қолдирмади, демак, Худонинг ваъдасини бекор қилмади.

18 Агар Худонинг инъоми инсонларнинг қонунга амал қилишига кўра, бериладиган бўлса, демак, ваъдага кўра, берилмайди. Иброҳимга эса Худо Ўз инъомини ваъда бўйича берди.

19 Ундай ҳолда қонун нима учун берилган? Қонун гуноҳкорлигимизни кўрсатиш учун берилган. Иброҳимнинг ваъда қилинган Зурриёти келмагунча, бу қонун жорий бўлиши керак эди. Қонун фаришталар томонидан, бир воситачи орқали халққа берилди.

20 Ваҳоланки, одам бир ўзи иш қилганда, воситачи керак бўлмайди. Танҳо бўлган Худо эса ваъда берганда ҳеч бир воситачисиз беради.

21 Хўш, қонун Худонинг ваъдаларига зидми? Асло! Агар абадий ҳаёт ато қилишга қодир бир қонун берилган бўлса эди, унда шубҳасиз қонунга амал қилиш билан оқланса бўлар эди.

22 Аммо Муқаддас битикларга кўра, бутун борлиқ гуноҳнинг тутқунидир. Шунинг учун ваъда фақат Исо Масиҳга ишониш орқали рўёбга чиқади ва имонлиларга насиб бўлади.

23 Имон йўли аён бўлишидан аввал, биз қонун назорати остидаги тутқунлар эдик. Ўша имон аён бўлишини кутаётган эдик.

24 Бошқача айтганда, қонун Масиҳга бошловчи мураббийимиз эди. Энди эса биз Масиҳга бўлган имон орқали оқланамиз.

25 Имон йўли аён бўлган экан, биз энди мураббийнинг тарбиясида эмасмиз.

Масиҳга ишонганлар Худонинг фарзандларидир

26 Энди сизлар Исо Масиҳга бўлган имонингиз орқали Худонинг фарзандисизлар.

27 Сизлар сувда чўмдирилиб, Масиҳ билан бирлашдингиз. Ҳар бирингиз Масиҳга бурканиб олдингиз.

28 Энди на яҳудий, на юнон бор, на қул, на озод бор, на эркак, на аёл бор. Сизлар Исо Масиҳга тегишли бўлганингиз учун ҳаммангиз бирсизлар.

29 Сизлар Масиҳники экансизлар, демак Иброҳимнинг ҳам зурриётисизлар, берилган ваъданинг баракаларидан баҳраманд бўласизлар.

1 Мен бундай демоқчиман: меросхўр ҳали ёш бола экан, гарчи у бутун мулкнинг эгаси бўлса ҳам, қулдан ҳеч фарқ қилмайди.

2 У отаси белгилаган фурсатгача васийга ва уй–рўзғорни бошқарувчи хизматкорга бўйсунади.

3 Худди шу сингари, бизлар ҳам олдин болалардай бўлиб, хурофот кучларига қул эдик.

4 Муддат битгандан кейин, Худо Ўз Ўғлини юборди. Унинг Ўғли қонун остидаги ҳаёт учун аёлдан туғилди.

5 Худонинг Ўз Ўғлини юборишдан мақсади бизни қонун остидаги ҳаётдан халос этиб, Ўзига фарзанд қилиб олиш эди.

6 Биз Худонинг фарзандлари эканлигимизни кўрсатиш учун У юрагимизга Ўз Ўғлининг Руҳини юборди. Бу Руҳ орқали биз Худони “Отажон” деб чақирамиз.

7 Демак, энди сиз қул эмас, балки фарзандсиз. Фарзанд экансиз, Худонинг шарофати билан У Ўз фарзандларига атаган қут–баракаларга эга бўласиз.

Павлус Галатияликлар учун қайғуради

8 Олдин сизлар Худони билмаган пайтингизда, асли худолар бўлмаган кучларга қул эдингиз.

9 Энди эса Худони биласизлар, тўғрироғи, Худо сизларни билади. Шундай экан, қандай қилиб яна ўша кучсиз, қадрсиз хурофотларга қайтяпсиз?! Қандай қилиб яна ўшаларга қул бўлишни хоҳлаяпсиз?!

10 Сизлар белгиланган алоҳида кунлар, ойлар, йилларга риоя қилиб, диний маросимлар ўтказяпсиз!

11 Сизлар учун қайғуряпман! Наҳотки сизларни деб чеккан заҳматларим бекор кетган бўлса?!

12 Эй биродарлар, сизлардан илтимос қиламан, менга ўхшаган бўлинглар, чунки мен ҳам сизларга ўхшаб қонун остидаги ҳаётдан озодман. Сизлар менга ҳеч ҳам озор бермагансиз.

13 Ўзингиз биласиз, мен сизларга биринчи марта Хушхабар айтганимда, жисман ожиз эдим.

14 Ожизлигим туфайли сизларга оғирлигим тушган бўлса ҳам, мендан нафратланмадингиз, мени рад этмадингиз. Аксинча, мени Худонинг фариштасидай, худди Исо Масиҳнинг Ўзини қабул қилгандай қабул қилдингиз.

15 Қани энди ўша хайрихоҳлигингиз?! Ахир, ўзим шоҳидман: агар иложи бўлганда, ҳатто кўзларингизни ҳам суғуриб олиб, менга берган бўлардингиз!

16 Наҳотки энди сизларга ҳақиқатни айтганим учун душманингиз бўлиб қолган бўлсам?!

17 Баъзи бировлар сизларни ўзларига оғдириб олишга тиришмоқдалар. Лекин улар сизларнинг фойдангизни кўзламаяптилар. Сизлар уларнинг атрофида гирдикапалак бўлишингиз учун улар бизни бир–биримиздан ажратиб ташламоқчи.

18 Яхши ғояга бағишланиш яхшидир. Лекин бу фақат мен сизларнинг олдингиздалигимда эмас, балки доим шундай бўлиши керак.

19 Болаларим, мен сизларни янгидан туғаётгандай, тўлғоқ азобидаман. Мақсадим шуки, сизларда Масиҳнинг табиати намоён бўлсин.

20 Сизлар мени таажжубга солиб қўйдингиз! Қани, энди сизларнинг олдингизда бўлсам–у, бошқа оҳангда гапира олсам!

Иброҳимнинг икки ўғли ва уларнинг оналари мисоли

21 Эй сизлар, қонун остидаги ҳаётни афзал кўрганлар, менга айтинглар–чи, наҳот сизлар Тавротдаги қонунларни тушунмасангизлар?!

22 Ахир, унда ёзилганлардан биламизки, Иброҳимнинг икки ўғли бўлган. Ўғилларининг бири чўридан, иккинчиси эса озод аёлдан туғилган.

23 Чўрисиники инсон ташаббуси билан, озод хотининики эса Худонинг ваъдасига биноан туғилган эди.

24 Бунда рамзий маъно бор. Икки она Худонинг икки аҳдини билдиради: биринчиси — қулларни туғадиган Ҳожар биби Синай тоғида қилинган аҳднинг рамзидир.

25 Ҳожар Арабистондаги Синай тоғини билдирса–да, у яҳудий динининг маркази бўлмиш ҳозирги Қуддуснинг рамзидир. Ахир, Қуддус ва унинг болалари қулликдалар–ку.

26 Самовий Қуддус эса озоддир: у бизларнинг онамиздир!

27 Муқаддас битикларда шундай ёзилган:

“Эй бола кўрмаган бепушт аёл!

Шод бўлгин!

Эй тўлғоқ оғриғини билмаган аёл!

Хитоб қил, ҳайқиргин!

Ахир, ташлаб кетилган аёлнинг болалари

Эри бор хотинникидан ҳам кўпроқ бўлади!”

28 Сизлар эса, эй биродарлар, Исҳоққа ўхшаб ваъдага биноан туғилган фарзандларсиз.

29 Ўша замонда табиий йўл билан туғилган ўғил Руҳнинг кучи билан туғилган ўғилни қувғин қилди. Ҳозир ҳам худди шундай.

30 Аммо бу ҳақда Муқаддас битикларда нима дейилган? “Чўрини ва унинг ўғлини ҳайдаб юборинг, чунки чўрининг ўғли озод аёлнинг ўғли билан бирга меросхўр бўлмайди”, — деб ёзилган–ку!

31 Шундай қилиб, эй биродарлар, биз чўрининг эмас, балки озод аёлнинг фарзандларимиз.

Масиҳ озодлик ато этади

1 Бизга эркинлик бериш учун Масиҳ бизни озод қилди. Энди шу эркинликни маҳкам тутинглар, қайтадан қуллик бўйинтуруғини тақманглар.

2 Мана, мен, Павлус, сизларга айтяпман: агар сизлар суннат қилинсангиз, Масиҳнинг сизларга ҳеч қандай фойдаси йўқ.

3 Суннат қилинадиган ҳар бир одамга яна таъкидлаб айтаман: у бутун қонунни бажаришга мажбурдир.

4 Сизлар, қонунни бажариш билан ўзимизни оқлаймиз деб, Масиҳдан ажралдингизлар ва ўзингизни Худонинг иноятидан маҳрум қилдингизлар.

5 Бизлар эса Руҳга таяниб, Худо бизни имонимиз туфайли солиҳ деб эълон қилишини интизорлик билан кутяпмиз.

6 Исо Масиҳга тегишли бўлганлар орасида суннат қилинган, қилинмаганликнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Фақатгина меҳр–муҳаббат орқали ифодаланган имонимиз муҳимдир.

7 Сизлар имон йўлида олға қадам босаётган эдингиз. Хўш, ҳақиқатга қулоқ солишингизга ким халақит берди?

8 Албатта Худо эмас! Унинг Ўзи сизларни даъват қилган–ку!

9 Эсингизда бўлсин, озгина хамиртуруш бутун хамирни ачитади!

10 Ишонаманки, сизлар бу хусусда бошқача фикр қилмайсизлар. Бу ишончни Раббимиз Исонинг Ўзи менга берди. Аммо сизларнинг фикрингизни чалғитувчи ким бўлмасин, жазосини олади.

11 Биродарлар, борди–ю, мен ҳамон суннатни тарғиб этаётган бўлганимда эди, қувғинларга дучор бўлмаган бўлардим. Бундай ҳолда Исо Масиҳнинг хочдаги қурбонлиги ҳақидаги тарғиботим ҳеч кимнинг жаҳлини чиқармасди.

12 Қанийди, сизларни чалғитаётганларнинг ўзлари биратўла бичилса!

13 Эй биродарлар, сизлар озод ҳаёт кечиришга даъват қилингансизлар. Лекин бу ўзингизнинг худбин истакларингизга эрк бериш дегани эмас, аксинча, бир–бирингизга муҳаббат билан хизмат қилинглар деганидир.

14 Ахир, қонун: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг” деган гапда мужассам.

15 Эҳтиёт бўлинглар! Ҳадеб тишлашиб, ғажишаверманглар, бўлмаса охири бир–бирингизни еб битирасиз!

Руҳ етакчилигида ҳаёт кечиринг

16 Яна шуни айтайин: Руҳ етакчилигида ҳаёт кечиринг, шунда худбин истакларингизни қондирмайсиз.

17 Ахир, ўшандай инсоний истаклар Руҳга қарши, Руҳнинг истаклари эса инсоний худбин истакларга қаршидир. Буларнинг иккаласи бир–бирига қарши, шунинг учун сизлар хоҳлаганингизни қила олмайсизлар.

18 Аммо Руҳ сизни бошқарса, сиз қонуннинг амри остида эмассиз.

19 Худбин истакларга эрк бериш қуйидагиларни келтириб чиқариши ҳаммага аён: фаҳш–зино, ҳаром–ҳаришлик, ахлоқий бузуқлик,

20 бутпарастлик, фолбинлигу иссиқ–совуқ қилишлар, душманлик, жанжалкашлик, рашк, жаҳлдорлик, ғаламислик, низолару ҳар хил гуруҳларга бўлиниш,

21 бахиллик, ичкиликбозлик, айш–ишратга берилиш ва шуларга ўхшаш ишлар. Сизларни олдин огоҳлантиргандим, яна огоҳлантиряпман: бундай ишларни қилувчилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайди.

22 Руҳнинг самараси эса қуйидагилардир: муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр–тоқат, меҳрибонлик, эзгулик, ишонч,

23 мулойимлик ва ўзини тута билиш. Бу хислатларга қарши бирон қонун йўқ.

24 Исо Масиҳга тегишли бўлганлар ўзларининг худбин истакларини ва эҳтиросларини хочга михлаб қўйганлар.

25 Руҳ ҳаётимиз манбаи экан, энди Руҳнинг етакчилиги остида ҳаёт кечиришимиз лозим.

26 Шуҳратпараст бўлмайлик, бир–биримизни гижгижламайлик, бахиллик қилмайлик.

Бир–бирингизни қўллаб–қувватланглар

1 Эй биродарлар, дейлик, орангиздан бирортаси гуноҳ қилиб қўйганини билиб қолдингиз. Сизлар — Руҳнинг етакчилигида ҳаёт кечираётганлар уни мулойимлик билан тўғри йўлга солинглар. Ўзингизга эҳтиёт бўлинглар, тағин ўзингиз ҳам васвасага йўлиқиб қолманглар.

2 Бошингизга ғам–ташвиш тушганда, бир–бирингизни қўллаб–қувватланглар. Шундай қилсангизлар, Масиҳнинг амрларини бажарган бўласизлар.

3 Ахир, бирор киши, гарчи ўзи ҳеч ким бўлмаса–ю, ўзини муҳим деб ҳисобласа, ўзини ўзи алдаган бўлади.

4 Ҳар ким ўз ишини текшириб кўрсин. Шунда у фақат ўзидан фахрланса бўлади, ўзини бошқалар билан солиштиришга ҳожат бўлмайди.

5 Зотан, ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим.

6 Каломдан таълим олувчи эса бор–йўғини устози билан баҳам кўриши керак.

7 Ўзларингизни алдаманглар! Худони лақиллатиб бўлмайди. Инсон нима экса, шуни ўриб олади.

8 Худбин истакларини қондириш учун уруғ экканлар ўша худбин истаклари туфайли ҳалокатни ўриб оладилар. Руҳни мамнун қилиш учун уруғ экканлар эса Руҳдан абадий ҳаёт ўриб оладилар.

9 Шундай экан, яхшилик қилишдан чарчамайлик. Агар ҳолдан тойиб қолмасак, ўз вақтида бунинг ҳосилини ўриб оламиз.

10 Демак, ҳали фурсат бор экан, ҳаммага, айниқса, Масиҳ хонадонига тегишли бўлганларга яхшилик қилаверайлик.

Муҳими янгидан яратилишдир

11 Мана қаранглар, энди сизларга ўз қўлим билан, қандай йирик ҳарфлар билан ёзяпман!

12 Сизларни суннат бўлишга мажбур қилаётганлар сиртдан яхши таассурот қолдирмоқчи бўляптилар. Масиҳнинг хочи учун қувғинга дучор бўлмайлик, дея шундай қиляптилар.

13 Ҳолбуки, суннатни татбиқ қилаётганларнинг ўзлари ҳам қонунга риоя этмайдилар. Улар фақатгина сизларнинг суннат қилинганингиз билан мақтанишни истайдилар.

14 Мен эса Раббимиз Исо Масиҳнинг хочидан бошқа ҳеч нарса билан мақтанмайман. Ўша хоч туфайли бу дунё мен учун ўлган, мен эса бу дунё учун ўлганман.

15 Ахир, суннат қилинган ёки қилинмаганликнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Муҳими — янгидан яратилишдир.

16 Бу қоидага кўра, яшаётганларнинг ҳаммасига, яъни Худонинг ҳақиқий халқига тинчлик ва марҳамат ёр бўлсин!

17 Энди ҳеч ким менга азият келтирмасин. Ахир, танамдаги чандиқлар Исога тегишли эканлигимни кўрсатадиган тамғалар–ку!

18 Эй биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин. Омин.